Nabi Jaloliddin. Oraliq (Xayyom). Roman.

02215 (18) май — Буюк шоир ва мутаффакир Умар Хайём (1048-1122) таваллуд топган кун.

   Умар Хайём ҳақида дунё миқёсида жуда кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилган. Уларнинг муаллифлари шоирни турлича талқин қилишган ва баъзилари даҳрий, осий инсон сифатида тасвирлашган. Биз манбаларда «Ҳужжатул Ислом» номини олган Имом Ғаззолий билан шоирни қарама-қарши қўйиш ҳолатлари ҳам учрайди. Наби Жалолиддиннинг мазкур асарида эса бу жиҳатга бутунлай янгича ёндашилган. Ҳар икки буюк сиймонинг ақлу тафаккури, ўй-ҳаёллари, илм йўлидаги заҳматлари меҳр билан очиб берилган. Романда гўё тарих тирилади.

876
Наби Жалолиддин.
ОРАЛИҚ (ХАЙЁМ)
Роман
033

Бир қўлда Қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром.
Фируза гумбазли осмон тагида
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом1.

Умар Хайём

И Б Т И Д О

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Жумла оламни, бу ҳадсиз коинотни ўз қудрати ва меҳри ила бино этиб, унда инсонни мукаррам қилган Раҳиму Раҳмонга, бандасига Ақл аталмиш мўъжизани бериб, фикрлатиб қўйган, қалб отлиғ сирли ҳилқатни ато қилиб, уни Ишқ ва Ҳақиқат насиймлари ила муаттар этган карамли Зотга беадад ҳамду санолар бўлсин.
Умматига шафоатлар тилаган, заминга боқий саодатнинг илк муждаларини етказган сарвари олам, Саййидул Коинот Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин. Ва ул Зотнинг аҳли байти ва саҳобаларига ҳам салоту саломлар бўлсин.
Аммо баъд, бу мискин бир тарихи муборакни баён этмоқни ният қилдики, Оллоҳ рози ва мададкор бўлғай.

* * *

У йўл излагувчи эди. Куну тун, тушу хуш йўл изларди. Бу ҳатто бир кеча суратан аён бўлди: у саросар кезарди, жони ҳалқумида, кўнгли туғёнда, бутун вужуди лов-лов ёнарди. Бу йўл бошида ғала-ғовур ила турган одамларнинг қошига етди. Жигар-бағри хун, қоврилиб етди.
-Бу йўл қай маъвога олиб боради?-дея сўради ёниб.
Одамлар парво қилмадилар.
-Эй, одамлар, бу йўл қайга боради ахир?!
Яна ҳамма жим. Баъзилари ажаб жилмайиб, елка қисдилар.
У яна чопа кетди. Товонидан, бағридан ўт чиқа чопди. Алҳол тағин бир йўл бошидаги одамлар қошига етди.
-Бу йўл қай гўшага элтади?-деди уларга бутун вужудидан тер қуйилиб.
Одамлар жим туравердилар.
-Эй, одамлар, айтинг ахир, бу йўл қай маъвога олиб боради?!

Жавоб йўқ.
Яна чопа кетди.
Яна йўл.
Яна савол.
Яна жавоб йўқ.
Бу ҳол қайтарилаверди.

Ахийри ҳолдан тойиб, йиқилар пайтида кўзлари олдидаги хира парда йўқолиб, соқоли-ю кийим-боши оппоқ нуроний зот пайдо бўлди. Унинг юзидаги ҳалийм ва ёқимли табассумни таърифламоққа тил ожиз эди. У яна «Йўл!..» деди овози базўр чиқиб.
-Йўл?!..
-Ахир ҳар бир йўлнинг аввали кўнгилда-ку. Йўлнинг бошини кўнглингдан изла!
Энди унинг вужудига унга нотаниш ҳаловат ина бошлади ва шуурини ажиб бир ойдинлик қамрамоққа тушди. Кўнглидаги боягина оламни зеру забар этмоққа қодирдек туюлган тўфонлар тин олиб, энди тўлғоқли саволларга доя бўлдилар.
-Мен… мен… Тавротни ўқидим, Инжилни ўқидим… Қуръонни мутолаа этдим, ё Ҳазрат.
Бироқ йўл?!..
-Умрингни сарҳисоб эт, болам. Дунёда икки мингдан зиёд илоҳий аталмиш китоблар бор. Керагини ўқи ва аввало кўнглингда ихлосни бино эт. Сўнг бу оламдаги вазифангни англаб ет- да, ўша вазифани адо айла. Муродингнинг қолганлари ўзи келади. Йўл ҳам, нажот ҳам ихлос ҳамда вазифада.
-Энди эса йўлларимни, йўлимни англаётгандекман. Юртимга қайтиб, улкан черковни бузаман-да, унинг ўрнида муҳташам масжид барпо этаман.
-Йўлни хато танлама, бўтам, ҳаддингни бил. Ул черковнинг ҳам ўз соҳиблари, ул диннинг ҳам ўз авлиёлари бор. Уларнинг руҳини чирқиратма. Масжидни бошқа ерга қур.
Саволлар ниҳоясиз эди. Нуроний зот бўлса жавобдан чарчамасди. Овозида озгина бўлсин малол ёхуд зарда сезилмасди.
-Бошимизда турган коинот чексиз-чегарасиз. Унинг охир ҳаддини Ўзидан ўзга кимса билмайди. Шул каби бу чексизлик қаърида беҳисоб йўллар, юлдузу сайёралар бор. Аммо уларнинг барчаларининг адоғи Меҳвари Муаззамда туташгусидир. Бу нимарсаларни бирон-бир дин таърифида туриб англаб бўлмиайди. Уларнинг ҳар бири ва Меҳвари Муаззам оралиғдаги сирли маъвони изламоқ ҳамда илғамоқ зарур. Ҳақиқат ана ўша ерда.
Ўзи тузган бу борлиқда Ўзи бор ва Иблис бор. Яъни Эзгулик ҳамда Ёвузлик мавжуд ва уларнинг оралиғи мавжуд.
Бани башар бу оламда қўним топгандан буён не-не мукаррам зотлар яшаб ўтмадилар. Уларнинг ҳар бирлари бир сайёра, бир юлдуз бўла оладилар. Динлари турфа, миллатлари турфа, лекин маслагу муродлари бир- эзгулик эди. Уларнинг қалбларида Ўзи яшарди. Илло бу зотларга ҳам бирон бир дин ёхуд миллий тамойиллар тарафида туриб ҳақ баҳони бермоқ душвор ва уларни англамоқ мушкул. Шундай экан, Ҳақиқат барқарор бўлган оралиқни-сирли маъвони изла!..
Унинг шуури ойдин-ойдин эди. Нуроний зот сўзлагани сари вужуди ҳузурбахш жимирлаб, ўзга бир оламга сингиб бораётгандек бўларди. У рўбарўсидаги кишининг сўздан тўхтамоғини сира-сира истамасди.
Нуроний зот эса мудом сўзлар, ҳикоя қиларди. Унинг овози ўзга бир оламдан, сирли бир маъводан эшитилаётгандек туюларди…

БИРИНЧИ ҚИСМ
Биринчи боб

Ҳижрий 455 (мелодий 1076) йилнинг баҳори. Исфаҳонда тонг отмоқда. Қадим шаҳарнинг муҳташам деворлари оша, уларнинг ортида қорайиб кўринган ҳайбатли тоғларнинг виқорли елкалари узра тонгнинг илк муждалари сезилади. Осмоннинг шарқий буржидаги ҳов анови улкан чўққининг кети кўзнинг оқи янглиғ оқариб бормоқда. Гўё тун тўнининг бир пеши химарилиб, қўйнидаги оппоқ тонгнинг елкаси кўриниб келаётгандек.
Бу азим шаҳарга оламга ҳукмронлик даъвосини қилган Искандар Зулқарнайн асос солган бўлиб, уни водий шаҳар деса ҳам бўлади. Чунки шаҳар қалъасининг уч томони қир-адирлару уларга туташиб кетган баланд тоғлар билан ўралган, атрофи эса кенг яйловлардан иборат эди. Фақатгина жанубий-шарқ томонигина очиқ, яъни текислик бўлиб, чўлу саҳролар билан уланиб кетганди. Шаҳар қалъасининг асосий дарвозаси ҳам айни шу тарафда эди.
Қалъа деворлари анча баланд ва мустаҳкам эди. Уларнинг ости чуқур ҳандақлар билан ихоталанган, устида эса қоровул ва соқчилар юриши ҳамда атрофни кузатиши учун махсус йўлаклар, туйнуклар қилинган, ёв бос-қини пайти камончиларнинг ёй отишларига мўлжалланган супачали кунгурадор сангандозлар (ўқ отиш учун қолдириладиган туйнук) ҳам  қурилганди. Буларнинг барчаси, хусусан қалъа девори ҳам тунда, айниқса, маҳобатли ва ҳатто ваҳимали кўринар, дунёнинг катта бир қисмини эгаллаб турган Сулжуқийлар доруссалтанатининг бутун улуғлиги ҳамда салобатини намойиш этаётгандек туюларди.
Исфаҳон араблар ҳукмронлиги даврида анча обод бўлди. Шаҳарнинг бош майдонида (халқ тили билан айтсак, шоҳмайдонида) қад ростлаб турган анови жомъе масжиди, Низомия мадрасаси биноси, асосий бозор ва ҳатто султон саройи ҳам араблар замонида қурилган. Масжиду мадрасанинг ҳозир қорайиб кўринаётган аслида мовий гумбазлари кўплаб шуҳратталаб ҳукмдорларнинг кўзларини қамаштирганлиги ҳам рост. Исфаҳон шуҳратига шуҳрат қўшмиш жомъе масжиди минорасининг баландлиги етмиш аршин бўлиб, анча узоқлардан кўриниб туради…
Одатда Умар Хайём бомдод намозини ўз ҳужрасида ўқирди. Аммо бугун муҳим бир юмушни режалаб, эртароқ уйғонди. Таҳорат олгач, суннат номозини ўқиди-да, жундан тўқилган хирқасимон одми чакмонини кийиб, ташқарига чиқди. Мақсади намоз фарзини жомъе масжидида ўқиш эди. Тонг осмонининг оқиш-кўкимтир ранги оламга хиёл ойдинлик бахш этаётган бўлса-да, ҳали атроф нимқоронғулик оғушида эди. Шаҳар ташқарисининг шимол томонидан оқиб ўтгувчи дарёнинг муздек баҳорий сувини хўплаган шабада кишининг баданини жунжиктирар даражада совуқ. Ҳавонинг тозалигидан нафас олганда кишининг томоғи, бурни ачишиб кетгудек бўларди. Шоир чакмонига яхшироқ бурканиб, бир-икки томоқ қириб қўяркан, бироз энкайган кўйи масжид томон одимлади. Шу пайт муаззиннинг минора устидан эшитилган бутун оламлар Эгасини шарафловчи жарангдор овози бутун атрофни тутди:
-Оллоҳу Акбар! Оллоҳу Акбар!..
Намоз ниҳоялангач, масжиддан аввалроқ чиққан Умар Хайём ўзини бир четга олиб, улуғ вазир Низом ул-Мулк жанобларининг чиқишини кута бошлади… Олам мудом осуда, ҳаво мусаффо, илло бу гўзал ва файзли хилқатлар киши умрига барокот бераётгандай туюлади. Табиатдаги бу тиниқлик одамлар шуурига ҳам кўчган ва улар шуурларидаги тиниқлигу тонгги ибодатнинг илоҳий таъсири ҳамда субҳидам тароватидан ўзларини ўзгача, балки енгилроқ ҳис этадилар. Намоздан турган ва масжиднинг нақшинкор ҳашаматли эшикларидан чиқаётган аҳли тақвонинг йўталишлари ва ҳатто томоқ қиришлари ҳам бомдодий сокинлик қўйнида мисоли темирчи болғасининг товушидай қулоққа ёқимсиз эшитилади. Одамларнинг лабидан учган ожиз шипшишлар ёҳуд бир оғиз сўз ҳам чор атрофга акс садодай сочилади… Мана, ниҳоят мақсурада (меҳроб ёнидаги аркони давлат намоз ўқийдиган жой) бўлгани учун кечроқ чиққан вазири аъзам ҳам кўринди. У хонаки ва одми бўлса-да, озода ҳамда оҳорли либосда бўлиб, кўринишдан бу либосини фақатгина намоз учун кийишини сезиш мумкин эди. Аслида ҳам шавкатли Салжуқлар давлатининг таянчларидан бири бўлмиш, шуҳрати бутун Шарққа ёйилган бу инсон жудаям саришта ва покликни суйгувчи эди. Унинг эгнига тушган анчайин уринган  мато ёхуд либос ҳам оҳорли кўринар, мой суртилгандай ялтираб тургувчи юзи, доимо қиртишланган ихчам мош-гуруч соқол-мўйлови, на кичигу на катта бўлмаган, бироқ ўзига ўта ярашган оппоқ салласи шу қадар файзли эдики, кишининг завқини келтирарди. Зотан унинг қадди-қомати ҳам ўртадан қуйироқ бўлиб, паканаликка хиёл мойил эди.
Вазири аъзамнинг ҳам шоирга кўзи тушди-да, унинг масжид эшигида пешвоз туриши бежиз эмаслигини сезиб ҳамда у билан кўришмоқ ниятида ўша тарафга майл қилди.
-Ассалому алайкум, эй, мискинлар халоскори, фозиллар ғамхўри улуғ вазир жаноблари!- Шоир аслан бундайин жимжимадор сўзлардан иборат ҳамду саноларни ёқтирмасди. Эҳтимол шунинг учунми ҳар сафар шу каби сўзларни айтганда кўнглида ажиб бир ҳолат пайдо бўлар ва бу билан ўзини ўзи масхаралаётгандай туюларди-да, ичида ғашлик туғиларди. Унинг бу феълини, балки кайфиятини Низом ул Мулк ҳам тўла бўлмаса-да, бир қадар биларди. Қолаверса, бундайин мақтовлар шодасини Хайём ҳам ҳар кимга-да, ҳамиша-да айтавермас, айни дамда эса бу ҳамдлар вазири аъзам учун қуруқ хушомадгина эмас, балки унга берилган  тўғри баҳо эди. У ҳақиқатан ҳам мискинлар халоскори, олиму фозиллар посбони эди. Шу важҳдан ҳам шоир ул зотни бениҳоя ҳурматларди.
Улар қўшқўллаб кўришдилар. Вазири аъзам шоирнинг тавозесига мағрур тавозе ила жавоб берди. Икковлон ёнма-ён вазири аъзамнинг қасри томон йўл олдилар. Дарвоқе, ул зотнинг қасри султон саройига туташ бўлиб, ихчам боғ ва тош ётқизилган текис йўлакчалардан иборат эди. Қаламга ошно фозиллар аҳлидан бўлган улуғ вазир одатда субҳи содиқдан то нонушта маҳалигача мазкур боғда сайр этиб, хаёл сургувчи, режалар тузгувчи эди. Хайём унинг бу ошиёнида бир неча бор бўлган ва ҳатто тонгги сайрларини ҳам кўрганди. Ёдида, у билан илк учрашувлари ҳам мана шу қасрда кечган эди…
Икки йил олдин, ўшанда ҳам айни кўклам маҳали эди. Ҳзининг Бухородаги ҳаётидан, балки Мовароуннаҳр ҳукмдори Шамс ул Мулк муносабатидан қониқмай қолган Умар Хайём ўз валинеъмати қозикалон Абу Тоҳирга рўбарў бўлди. Қозикалон бу кўҳна ва жафокаш дунёда анча яшаб қўйган, шул боис одамнинг ичидагини юз-кўзидан била оямоқлик қурбига эга инсон эди. У ёш шоирнинг аҳволи руҳиясига қалб кўзини тутаркан, инчунун зоҳиридаги ижод заҳматини, ўзидан қониқмаслик, ҳаловатсизлик сифатларини ҳам пайқади. Ўшанда зийрак қозикалон ҳам ундаги бедорлик ортида яширинган бўронларни, тўфонларни тўлалигича илғай олмаганди. Вужудида кечаётган бу ғалаёнларни ҳатто унинг ўзи ҳам бутун борича ҳали тушунмас, идрок этолмасди.
-Энди не манзилни ихтиёр этмоқ истарсен?-дея сўради Абу Тоҳир Умарга синовчан тикиларкан.
Шоирнинг ўз муддаоси, кўзлаган мақсади бор эди. Мовароуннаҳр ҳоқонининг унга бўлган муносабати анчайин совуқлиги шунда ҳам акс этардики, унга тайин этилган маош нафақат қадр-қимматини, балки тирикчилигини меъёрига солмоққа-да изн бермасди. Аммо Хайём қозикалонга буни арз этмайди, бу борада аввало унинг ўзи сўз айтмоғини кутади. Унинг феъли шундай-бировга ҳасрат қилиш, юкиниш, ўтиниб ёрдам сўраш мағрур юрагини жароҳатлайди. Қолаверса, Абу Тоҳир ҳам унинг бу феълини яхши билади ва қадрлайди.
-Сизнинг маслаҳатингизни кутмоқдамен.-деди Хайём тавозе ила.
-Бухорони тарк этмоқчи эканлигингни сезиб турибмен. -Қозикалон мудом мулоҳазакор бир оҳангда сўзларди. -Менинг фикримча, ҳозир сенинг жойинг Исфаҳонда. Чунки Салжуқийлар султони Жалолиддин Маликшоҳ ва унинг улуғ вазири Низом ул-Мулк жаноблари ўз доруссалтанатларига кўплаб олиму фозилларни жаъм этмоқдалар. Илло Султон ҳазратлари хўп илмпараст ва Исломпараст эрмиш. Агар истасанг, дўстим Низом ул-Мулк жанобларига нома битиб берурмен. Иншооллоҳ, ул зот сени бенасиб этмагай.
Хайём учун бу айни муддо эди, айни шу нарса у кўзлаган мақсаднинг ибтидосини ташкил этарди. Чунки шоир Исфаҳондаги улкан кутубхонанинг шуҳратини эшитган ва ўшал бебаҳо хазинага тезроқ етишмоқ орзусида эди. Шунингдек, кўҳна Исфаҳонда ўзининг ғойибона устози, Шайх ур-раис Абу Али ибн Сино ҳам яшаб, ижод этганлигидан бохабар эдики, илло унинг битикларини зўр бир ташналик ила мутолаа қиларди. Унинг баъзи мухтасар асарларини ёддан билар, «Ал-Қонун»ини эса ёнидан қўймасди. Айни дамда Шайх ур-раисдай улуғ олимнинг янги асарлари билан танишмоқ иштиёқидан шодланмоқда эди. Зеро уни Бухорои шарифга етаклаб келган асосий сабаблардан бири ҳам жаннатмакон Ибн Сино доҳосининг завқу сурури бўлганди.
-Марҳаматингиздан миннатдормен, муҳтарам қозикалон ҳазратлари! -Шоир хиёл бош эгиб, таъзим қилди.
Шундай қилиб, Умар Хайём қозикалоннинг улуғ вазирга битилган номасига эришгач, Бухородан Исфаҳон сари йўл тутган карвонга қўшилди. У карвонда уч туяга эга бўлиб, бирига ўзи минган, қолган иккитасига эса китоб ва битиклари ортилган эди. Карвондаги бошқа туя ва отларга Мовароуннаҳр ҳукмдори Шамс ул Мулкнинг чор атрофни босиб келаётган Салжуқийлар султони Маликшоҳга йўллаган совға-саломлари юкланганди. Шамс ул-Мулк шу йўл ила жон сақламоққа уринарди…
Баҳорнинг ўрталарида доруссалтанатга етиб келгач, бир-икки кун ювиниб-тараниб, ҳордиқ олди ва улуғ вазирнинг қабулига ошиқди. Ҳшанда ҳам Низом ул Мулк шоирни ўз қасрида қабул қилган эди. Ёши элликдан ошган хуш чеҳрали улуғ вазир Умар Хайём ҳақида аввалдан эшитган, унинг ҳеч бир битикка қиёслаб бўлмайдиган рубоийларидан ҳам бохабар эди. Шунинг учун ҳам кўп илмлар борасида баҳс этмоққа қодир бўлган донишманд вазир ёш шоирни  илиқлик ила кутиб олди. Унинг истиқболига пешвоз чиқиб, қучоқлашиб кўришди. Хайём бундайин муомалани кутмаганлиги боис бироз эсанкиради ва эҳтимол улуғ вазирнинг салобати ҳам босди.
Вазирнинг таклифи билан нақшинкор хонтахта ёнига юзма-юз ўтирдилар. Оллоҳ таолодан яхшилик тилаб, юзларга фотиҳа тортилгач, шоир Абу Тоҳирнинг мактубини тавозе ила улуғ вазирга узатди.
Умар Хайём шуҳрати узоқ-узоқларга кетган Низом ул Мулкдай инсон билан бу янглиғ  юзма-юз ўлтириб ҳамсуҳбат бўлмоқ ҳар кимга ҳам насиб этавермаслигини яхши тушунар ва шул важҳдан-да имкон қадар ул муборак зотнинг эътиборини қозонмоқ истагида одоб сақларди. Вазир то мактубни ўқиб бўлгунича бошини қуйи солиб, жим ўлтирди. Ваниҳоят улуғ вазир очиқ чеҳра ила яна шоирга юзланди.
-Қалай, сафар толиқтирмадими? Оллоҳ таолонинг паноҳида эсон-омон етиб келдингизми? (вазири аъзам учрашувларининг дастлабки вақтларида шоирни «сиз»лаб гапирарди.) Биродарим Қозикалон Абу Тоҳир жаноблари ҳам омонда юрибдиларми?-дея бир муддат ҳол-аҳвол сўрамоқ ила банд бўлди.
-Шукр.-деди Хайём илкини (қўлини) кўксига қўйиб, -ул зоти бобарокот Оллоҳ таолонинг паноҳида соғ-омон яшаб юрибдилар. Мазлумлар паноҳи, олиму фозиллар ҳомийси бўлмиш сиз вазири аъзам жаноби олийларига кўпдан-кўп дуои салом йўлладилар.
-Ул зотдан Оллоҳ рози бўлғай. Филҳақиқат, Абу Тоҳир жаноблари ўз номасида битганларидек, улуғ султонимиз Маликшоҳ жаноби олийларининг фармонлари ҳамда истакларига биноан Ислом оламининг билимдон олиму фозилларини, оташзабон шоирларини  доруссалтанатга жаъм этмоқдамиз. Иншооллоҳ, Исфаҳон жумлаи жаҳоннинг бош кентига айлангай. -Улуғ вазир бир муддат сукутга толди-да, сўнг яна сўзида давом этди. -маълумингиз бўлғайким, доруссалтанатда расадхона бунёд этилмиш. Лекин унинг улуғворлиги султонимизнинг шону шавкатларига монанд ва арзирли эмасдур. Расадхона қурилишини ниҳояламоқ, айниқса, унинг юқори қисмини такомилга етказмоқ илми ҳандаса ва илми нужумдин бохабар бўлган сиз каби олимга лозимдур.
-Қуллуқ, ҳазратим!-деди илки мудом кўксида бўлган шоир хокисорлик ила.-Банда ҳам улуғ султонимизнинг шону шавкатлари соясинда илм ила машғул бўлмоқ орзусида ёнмоқдамен. Илло Исфаҳон расадхонаси-ю кутубхонаси ҳақида кўп бор эшитганмен. Оллоҳ таолога ҳамдлар бўлғайким, ул мўътабар даргоҳлар остонасини кўзга суртмоқ бахтига мушарраф этаётир.
-Бороколло, аё шоир! -Улуғ вазир шоирга меҳр ва самимият ила боқиб деди,- Қаерга қўндингиз?
-Карвонсаройдамен, жаноби олийлари.
-Бу кеч ҳам ўша ерда тунамоққа сабр этурсиз. Эртага ҳузури муборакдин сўнгра расадхонага кўчиб ўтгайсиз. Улуғ Султонимизга шу бугуноқ сиз ҳақингизда етказурмен.
Шу билан суҳбатлари ниҳояланиб, Хайём карвонсаройга қайтди. Эртаси куни Низом ул Мулкнинг чорлови ила Султон ҳузурига кирди ва салжуқийлар салтанатининг ёш ҳукмдори назаридан ўтди. Султон ҳам унга олий мулозамат кўрсатди, шоирнинг ташрифидан илҳомланибми, ўзи орзулаган юмушлар хусусида-да мухтасар сўзлаб ўтди. Қабул ниҳоясида шоирнинг режалари борасида ҳам қизиқди. Ҳша илк учрашувдаёқ Умар Хайём ёш Султоннинг  билимига, ўзини тута билиш салоҳиятига қойил қолганди. Зеро яқиндагина тахтга ўлтирган ўн етти ёшли Маликшоҳ ўзини худди катталардай ва ҳатто анча-мунча йилларни яшаб қўйган донишмадлардай тутар, келишган қадди-басти ҳам унга янада салобат бахш этарди. Шоир асли кўчманчи турк-ўғизлардан бўлмиш Султондан бундайин қобилият ва юксак маданиятни кутмаганди. Ўша учрашувдан сўнг унинг қалбида туғилган Султонга бўлган ҳурмати вақт ўтгани сайин тобора мустаҳкамланиб, собитлашиб борди…
Улар улуғ вазирнинг боғидаги тош ётқизилган текис йўлак бўйлаб борардилар. Вазири  аъзам эрта баҳорнинг этни жунжиктиргудай салқин ҳавосини гўё писанд қилмаётгандай ўзини мағрур ва виқорли тутар, у кишидан бироз тикроқ бўлган, юз суяклари бўртиб чиққан, қисқа қора соқоли ўзига ярашган басавлат шоир эса бошини хиёл эгганча қадам ташлайди.
Ваниҳоят улуғ вазир тилга кирди:
-Шоирлар шоирини саҳармардонда бизнинг ҳузуримизга не юмуш бошлаб келди?
-Аввало узримни қабул этгайсиз, жаноби олийлари.-Шоир субҳий бир тиниқ ва ўктам овозда сўзларди. -Расадхонамиз таббохига (ошпазига) бир-икки бор қутлуғ назарингиз тушган бўлса  керак.
-Хўш-хўш?..-дея вазири аъзам диққатини жамлаб, шоирга қаради.
-Ўша одамнинг ёлғиз қизи мана бир неча кундирки ғойиб бўлган. Назаримда, Саббоҳниг таррорлари ўғирлаб кетишган шекилли…
Хайёмнинг мақсадига тушунолмаётган вазир мудом унга тикилиб турарди.
Буни пайқаган шоир дарров гапига ойдинлик киритишга ўтди:
-Агар бошқа бир ташвиш туғилмаганда сизнинг қимматли вақтингизни олишга жазм этмаган бўлур эрдик.
-Тортинмай сўзлайвер.-дея далда берди вазир.
-Энг яхши сангтарошимиз бўлмиш йигит ўша қизга кўнгил қўйган экан. Ҳозир у жуда безовта. Қизни излаб кетиб қоладими деган ҳадикдамен..
-Агар йўқолганига шунча кун бўлган бўлса, ўғирлашгани аниқ. -Вазир бироз хаёлга толгач, деди,-Бироқ сенга ёрдам бермоққа ожизмен. Боиси улуғ Султонимиз тез кунларда улкан юриш режасини тузганлар. Илло бир ожизани деб бу режага даҳл этолмаймен.
Умар Хайём шу билан суҳбатга якун ясалганини тушунди. Улуғ вазирнинг бу ошкора тушунтиришидан сўнгра бирон нарса дейиш одобсизлик саналиши аниқ эди. У Низом ул-Мулк билан хайрлашиб, расадхона сари қайтаркан, Маҳмудни ўйларди. Бечора йигит шу бир ҳафта ичида хароб бир аҳволга тушди қолди. На бир тузукроқ овқат ейди, на бир ишида унум бўлади. Шоир йигитга дил-дилдан ачинаркан, уни илк бор учратган пайтини эслади…

011

РОМАННИ ТЎЛИҚ ҲОЛДА НАБИ ЖАЛОЛИДДИННИНГ
МУАЛЛИФЛИК САҲИФАСИДА МУТОЛАА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН:

Биринчи қисм Иккинчи қисм
CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА НАБИ ЖАЛОЛИДДИННИНГ
«ОРАЛИҚ» (УМАР ХАЙЁМ) РОМАНИНИ ТЎЛИҚ ҲОЛДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ

021

066

(Tashriflar: umumiy 154, bugungi 1)

Izoh qoldiring