Nabijon Boqiy. Gulzamira. Qissa

gulzamira

Набижон Боқий
ГУЛЗАМИРА
Қисса

Осмонда бир юлдуз қолди, тўлин ой қолди. Осмон сутдай оқаришди.
Замира бошини тиззалари устига қўйибдию қўлларини қумга ботирибди, сўнг болдирларидан маҳкам қучиб олди. Қоп-оқра сочлари мовут мисоли қўл-оёқларини ёпиб тушди. Толим-толим сочларининг учлари қизғиш қумлоқдан ўпич олаётганга ўхшарди.
Мусича кукулади. Сўнгра Замира номини билмайдиган қандайдир қушча чуғур-чуғур қилди.
Юсуф чолнинг кулбасидан ширали тиловат товуши эшитилди.
Ўртатўғай уйғонди.
Асов дарё қирғоқни ялаб-юлқаб, вишиллаб-пишиллаб, бўтана-бўтана бўлиб, эшилиб-тўлғониб оқиб ётарди. Ўртатўғай – далли дарёнинг ўртасида пайдо бўлган мўъжаз ҳам мўъжизавий орол эди. Оролнинг тумшуғига урилиб, икки бўлакка ёрилиб кетган қайсар оқим қуйруқ тарафида яна туташарди ва ёйилма ҳосил қилиб оқарди. Ўша ёйилмани мухожирлар «Чубек кечуви» дейишарди. Кечувнинг сўл соҳили Афғонистон, ўнг соҳили Шўро Туркистони эди. Қўлобий лақайлар соҳилда истиқомат қилишарди. Чегара чизиқлари эса кечувдан ҳам, соҳилдан ҳам анча олисда бўлиб, Афғонистон чегараси Ўристоғ этакларидан, Шўро Туркистони чеграси Чолтов ёнбағридан ўтарди. Лекин, ҳар икки тарафда ҳам чегарачиларнинг истеҳкомлари кўринмасди. Ўртатўғай, ҳақиқатан ҳам, давлат чагараларию асов дарё ўрталиғидаги дахилсиз бир макон эди. Аҳоли у ёққа ҳам, бу ёққа қатнайвермасди, ўз ҳолича – ибтидоийроқ йўсинда умргузаронлик қиларди. Одамлар ғалла экишарди, мол-қўй боқишарди, мерганлари вақти-вақти билан овга ҳам чиқиб турар эдилар. Ўрта тўқайнинг тожик овулида ҳунармандлар ғуж-ғуж бўлиб яшардилар, форсийда сўйлашардилар. Оролнинг туб ҳалқи лақайлар ҳисобланиб, Дўстмуродбой лақай Ўртатўғайнинг оқсоқоли эди. Ерли аҳоли мўйсафидлари уни ўзларича баъзан «Бургут бобо» деб улуғлашарди. Бургут, аслида, қарчиғайсимонлар оиласига мансуб йиртқич қуш бўлса-да, аммол лақайлар уни муайян депаранинг (ҳусусан, Ўртатўғай) ҳокими деб билишарди. Демак, «бургут» атамаси бу ерларда фақат қўчма маънода ишлатиларди. Дўстмуродбой лақайга бу унвони шарифни бир пайтлар Хонободда пойтахт тутиб, Шимолий Афғонистонда муваққат ҳукумат бўлиб турган Иброҳимбек тупчибоши ҳадя қилган экан. Дарвоқе, Иброҳимбек қиссаси узун, у ҳақидаги «жангнома» алоҳида достонга мавзу, мавриди келса,Усмон бахши дўмбирасини яна қўлига олиб, ул зот тўғрисида ҳам куйлаб беради. Ё насиб!.. Туркистонлик мухожирларни, жумладан, Замиранинг отасини лақайлар ўзларининг азиз меҳмонлари деб билишар, эъзозлашарди. Лақайи жужуқлар уларнинг атрофида «айна-айна» дейишиб, парвона бўлишарди.
Ширр-ширр, ширр-ширр, ширр.
Замира бошини кўтариб, кунчиқар тарафга қаради: соҳил бўйлаб бир киши дадил қадам ташлаб келарди; кимса ҳар гал оёғини ердан узган пайт бир ҳовуч қум шопирилиб, тўзғирди. Нотаниш киши бир таёқними, соҳилда сочилиб ётган томирлардан бириними судраб келаётгандек эди. Кимса хиёл яқинлашгач, маълум бўодики, у қўшоғиз милтиқни қувуридан чангаллаб олиб, судраб келаётган экан. Милтиқнинг ялтироқ, чилвир тасмаси ҳам бор эди. «Елкасига осиб олса бўлмасмикан, ўзини қийнаб нима қиларди?» деб хаёлидан ўтказди Замира. Ҳаял ўтмай милтиқли киши туятош ёнидан ўнгга бурилиб, ёлғизоёқ сўқмоққа тушиб олди – шундагина оғзи тугилган қопчиқни орқалаб олгани аён бўлди. У танлаган сўқмоқ тўппа-тўғри Юсуф чолнинг кулбасига, ундан наридаги мачитга элтиб қўярди.
Замира ўрнидан туриб Ўристоққа тикилди: тоғ чўққиси лов-лов ёнаётган улкан гулханни эслатарди – тоғ тепасида қуёш кўринмасди-ю, аммо унинг заррин нурлари қояларга урилиб, кўкак чирс-чирс сачрарди. Гўё Ўристоғ бошидан мой сепиб, ўзига ўт қўйиб юборган қора паҳлавон каби тишини тишга босиб хўмрайиб турар, олов эса борган сари юқорига ўрлаб, гуркирарди… Ноҳоят, бош ўрнида баркашдай кўринди – қуёш чиқди.
Қиз сочларини турмаклаб, қизил дуррачасини бошига танғиб олди.
У қўрғонга қайтиб келган пайт отаси оқ терак остидаги супада тасбеҳ ўгириб ўтирар, ўчоқдаги чойдиш шарақлаб қайнар эди.
-Сигирни подага қўшиб юбордингми, чироғим?
-Битта ўзини Бақа қуриллоққа ҳайдаб келдим. Пода бошқа тарафга кетди. Иккита хўкиз ёвшанзорда шохлашиб ётибди!
-Подавон-чи? Бугун кимнинг навбати экан?
-Э-э, ордона қолсин, Олим шилқим, шекилли Мажнунтол устига чиқиб олиб, яна най чалиб ўтирибди! – деди Замира бурнини жийириб.
Отаси мийиғида кулди-да, киши билмас тарзда ўнг қўли ҳовичини қулоғи остига тутди: дарҳақиқат, соҳил тарафдан ғамгин най садоси тараларди.
-Бу дейман, ўпкаси торс ёрилиб кетмасмикан-а?! Олимбой тушмағур, за-ап эрмак топибди-да ўзиям! – деди отаси худди ўзига ўзи гапираётгандек. Сўнг, гапи ўзига нашъа қилиб хоҳлаб юборди. – Фарғоначиларнинг ота касби шу – ё най чалишади ёки ликопчани оғзига тутиб олиб ашула айтишади: «Боғ аро қўйсам қадам…» Уккағарлар-эй!
Замира бу гапларни эшитмаганга олди. У мис чойнакка кийикўтдан уқалаб-уқалаб ташлаб, чой дамлади. Сўнгра сопол косага оқшомги сутнинг бетини содириб солди. Ширавани дастурхонга келтириб қўйди. Кейин товатош остига олов қалади.
-Аввал чой-пой ичиб олгин, нонга сўғин уннарсан, – деди отаси.
-Хамир кўпчиб қолибди, кечиксам ачиб кетади. Сиз баҳузур ичаверинг, ота хамирни унга ағдарди. Зувалла ясашдан илгари кўзадан лаганчага қатиқ қуйиб келтирди ва лаганчани отасига узатаётиб, «Ош бўлсин!» деди.
-Жудаям тўлдириб юборибсан-ку, бай-бай! Ярмини ичиб бергин!
-Кўнглингиз кўтарганча ичинг, кейин мен, – деб Замира қатиқ юқи бармоқларини ялаб олди.
-Бисмиллоҳ! – Отаси хўр-хўр этказиб қатиқ ичиди ва: – Худога шукр! – деб лаганчани қайтариб узатди. – Ич ўзинг!
Замира супанинг бир четига омонатгина ўтирдию қатиққа нон ботириб еди. Кейин лаганча тубидаги қатиқ юқини бармоғи билан сидириб ялади ва лаганчани олиб қудуқ томон йўналди.
-Мен бугун Дўланабулоқда пичан ўраман. Дўстмуродбой ижозат берди. Пешинга яқин ул-бул егулик элтиб берарсан, – деб отаси юзиша фотиҳа тортибю супадан ьушди ва белбоғига қайроқтош қистириб, чалғисини елкасига ташлаб қўрғондан чиқди.
Замира тўрқовоқда турган какликка дон сепди. Тўрқовоқни ишкомга илиб қўйди. Каклик қовоқ тубини тук-тук этказиб донлай бошлади.
Қўрғоннинг икки пахсали деворидан ола мушук ҳатлаб ўтиб, ҳовлига тушди. У Замира томон қараб: «Миёв!» дедию бостирма тагига кириб кетди.
Замира тўқима сўрини лик-лик этказиб зувала ясади. Зувалани обдан пиширгач, жўва билан хамир ёя бошлади: хамирни қалин ёйди. Бир туркум ишни бирёқлик қилгач, сўридан тушиб, қизиб турган товатош устига нон ёпди.
Оламушук лабларини ялаганча бостирма томондан қайтиб келиб, яна пахса девор устига ҳатлаб чиқди-да, бир зумгина тўхтаб орқасига ўгирилди ва: «Миёв!» дедию майсазорга сакраб тушди.
-Жиннивой! – деб қўйди Замира кулумсираб.
Замира косадаги сувга хамир юқи қўлини ювиб, ювиндини бостирма остида турган мушук ялоғига элтиб тўкди. Кейин ялоққа ярим чўмич сут қуйиб, устига бир бурда суви қочган нон тўғраб ташлади; нон бўкиб турса, ҳали-замон «жиннивой» тушлик қилгани келиб қолади.
Товатош тарафдан нон ҳиди таралди. Замира ноннинг устини ағдариб, хом томонини тошга ёпди. Товатош остига ўчоқдан бир оловкурак чўғ келтириб тўкди. Ҳадемай нон пишди, ўзиб олиб савватга солди. Кейин товатошга яна нон ёпди.
Қуёш Ўристоғ устидан саржин кўтарилган чоқ Замира савват тўла нон пишириб олди. Гоҳ-гоҳ у ҳовли ўртасила тўхтаб, най навосига қулоқ соларди ва қошларини чимирганча индамай юмушга уннаб кетарди.
-Бировларнинг моли ҳаром ўлиб қолишидан ҳам қўрқмайди, фарғоначи! Яхшиямки, алмисоқдан қолган шу найи бор экан, бўлмасам, носқовоғини чалиб ўтирармиди! – деди Замира худди кимгадир шикоят қилаётган оҳангда.
У ғудранган кўйи қудуқ тубидан бежирим мешни тортиб чиқардию қимиз ҳиди гуп этиб димоғига урилди. Мешни терак бутоғига илиб, ертўладан – ҳумдондан бир товоқ қовурилган гўшт олиб чиқди ва товоқ устига битта нон бостириб, эски дастурхонга тугди. Тугунчани илгакли чўпнинг биручига, мешни бошқа учига илди. Мис чойнакни қўлига олди. У ёққа ўтиб чоғланди, бу ёққа ўтиб чоғланди-ю, аммо илгакли чўпни елкасига ололмади. Охири чойнакни ерга қўйиб, обкашни тўрт букланган сочиқ тўшалган чап елкасига ўрнаштирди ва чойнакни ўнг қўлига олиб, йўлга тушди.
У подайўлдан бориб соҳилга чиқди-да, боя милтиқли киши келган тарафга қараб кетди ва туйқус нотаниш кимсага унчалик эътибор бермаганини эслаб қолди: у ким эди – ёнида дўмпайиб турган ёлғиз қабрга юзланиб дуо ўқир, юзига фотиҳа тортарди. Замирадан ҳам отасининг ҳол-аҳволини сўраб-суриштириб, салом айтиб ўтарди. Ҳарқалай, эгасини сийламоқчи бўлган одам ҳатто итига ҳам суяк ташлайди. Таомил шунақа, ахир!
Соҳил бўйлаб муҳрланиб қолган из – пошнаси ейилмаган пойабзал изи эди. Ўртатўғайда пошнали оёқ кийими йўқ ҳисоби. Ҳамма маҳси-калиш ёки чориқ кияд. Ҳошим этикдўз эркакларга ҳар йили ошланган теридан пошнасиз ағдарма этик тикиб беради.
Ёвшанзор рўпарасида ўйдим-чуқур бўлиб келган из ғойиб бўлди. Замира бир муддат тўхтаб, қалин ёвшанзор ёқасига борди, лекин ичкарига қадам босмади – бир-бирига чирмашиб кетган ёвшан оралаб юриш хийла мушкул. Агар зарурият тақозо этмаса, ёвшанзор ёқалаб юрган маъқул. Одам чиқиб келган билиниб турган жойдан ҳув нарида, тепкиланган майдонча, майдонча четида эса бир нима дўмпайиб туради: янги қабрмикан?.. Замиранинг эти жунжикиб кетди ва тез-тез калима қайтардию орқасига тисарилиб, соҳил бўйлаб жадал юриб кетди. Ёвшанзор адоғидан аста-секин Дўланабулоқ сари кўтарила борди. Харсанг ёнида тарвақайлаб ўсган дўлана кўзига ташланган чоғда нафасини ростлади. Ширт-ширт этказиб пичан ўраётган чалғи товуши қулоғига чалиндию Замиранинг юрак ўйноғи ҳам босилди.
Булоққа мол-қўй тушиб ифлоснаентирмаслиги учун атрофига шох-шабба, қора тикан уюб қўйилган эди. Булоқдан бир тарнов сув оқиб чиқар эди. Замира дўлана соясига юкларини қўйиб, муздек сувга бет-қўлини чайди. Ёноқлари лов-лов ёнарди. У дуррачасини ечиб елпинди.
Бирпасдан сўнг отаси ҳам ёнбағридан тушиб келди.
-Ҳорманг, ота! – деди Замира.
-Кам бўлма чироғим!.. Чалғи одамни ҳоритмайди, лекин ўроқ билан болға еб қўяди: қийин-қийин – ғаллакор билан ҳунармандга қийин! – Отаси чалғини дўлана танасига суяди-да, белбоғини ечиб елкасига ташлади ва ариқча ёқасига чўнқайиб юз-қўлини мириқиб ювди.
Замира тугунчани ечиб, егуликларни даструхонга тузаб қўйди.
-Ота, ёвшанзорда бир нарса борга ўхшайди. Кўзингиз тушмадими?
Отаси белбоғига юз-қўлини артган кўйи даструхон бошига келиб ўтирди. Бармоқларини тароқ қилиб, иягининг остидан соқолини таради.
-Хабарим бор. Мустафо келибди. Қайиқ ўшаники бўлса керак.
-Бирам юрагим ёрилдики, қуриб кетсин, янги қабрмикан деб ўйлабман! – деди Замира ёқасига туфлаб.
-Ўликни дуч келган жойга кўмиб кетавермайдилар. Имкон бўлса, мозорга кўмиш керак. Имкон бўлмаса, қақасроқ жойга кўмиш керак. Агар бир-икки йилдан кейин йўқолиб кетмайдиган бирор нишон бўлса, янаям дуруст бўлади – излаб келувчилар қийналмай топадилар. Ёвшанзор-чи, бир ёнғин чиқса, ундан ном-нишонқолмайди-ку!- деб мулоҳаза юритди отаси ва ёнбошлаб мешнинг оғзини бўшатди-да, чўлдиратиб косага қимиз қуйди. Қимиз кўпириб, кўпиги косадан тошиб кетди.
– Мен ҳозир келаман,-деб Замира қўзғолди.
– Қаёққа, чироғим?
– Бир тутамгина кийикўт териб оламан,-деди Замира юзини терс ўгириб. Унинг юзи қизара бошлаган эди.
– Тез кел, муҳим гап бор. Гаплашиб олишимиз керак, хўпми?!
– Хўп бўлади.
Замиранинг юраги шиғғ этди-ю, лекин сир бой бермасдан Дўланбулоқ жилғаси ёқалаб ҳовар жойга эна бошлади.
Ота мийиғида кулиб қўйди ва қимиз юқи қўлини артиб, яна иягининг остидан соқолини таради – супурги соқолининг уч тарафи олдинга қараб қайрилиб қолди. У овқат чайнаётганда соқолининг учларига, аниқроғи, соқолининг учлари қандай қимирлаётганига қараб ўтиришни яхши кўрарди. Билмаган одам, соқолнинг жағлари қимирлаяпти-ю, лекин ўзи пинакка кетиб қолибди, деб ўйлаши мумкин эди. Аслида эса, оқсоқол кўзларини ярим юмган ҳолда ҳузур қилиб соқолининг учлари қандай қимирлаётганини томоша қилиб ўтирган бўларди.
Шу тобда кийикўт териш важҳи ҳам Замира учун омонат бир баҳона бўлиб, бостирма тўсинида тўрт боғлам кийикўт осиғлиқ турганини ота-бола жуда яхши билишарда. Замира дув-дув қизарган ёноқларини отасига кўрсатгиси йўқ, отаси ҳам қизини ўша ҳолатда кўришни истамасди, албатта. Замира дукур-дукур қилаётган юрагини ҳовучлаган куйи нишабликдан эниб борарди.
Демак, ўша киши Мустафо экан-да! Милтиқли киши… Қуролланиб, ўз хасмини қўриқлагани келибдилар-да! Ордона қолсин, қўриқчи эмиш, баайни хасмол-ку! Ёрилса ёрила қолмайди, лўқ-лўқ оғриқ беради, холос.
Юсуф чолнинг кампири уззу-кун нақл қилгувчи эди: чироғим, Гулзамира, сен Мустафонинг хасми бўласан – Тошхўжа пиримиз оқ фотиҳа бериб кетганлар, унаштирганлар, у пайтлари сен сочингга толпопук тақиб юрардинг, э-э, бирам шўх эдингки, Петергофдаги ўқишиданМустафо овулимизга таътилга келган кезларда унинг елкасига миниб олардинг ва то таътилдан кетгунча елкасидан тушмасдинг…Мустафо улуғ жуз уруғидан, Абулхайрхон бийнинг еттинчи бўғин невараси бўлади, билмадим, она томониданми ёки ота тармоғиданми, ҳартугул, қондош… Агар анави сўқа-сўқлар бошланиб кетмаганда борми, аллақачон тўйларинг бўлиб, у сени олисларга олиб кетарди, еру кўкак ишонмасди, ҳеч кимга бермасди бояқиш!.. Шу пайтгача увала-жували бўлиб кетардиларинг, чироғим, лекин тақдир экан-да, тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди. Ойинг ўнтбеши ундоқ бўлса, ўн беши бундоқ! Илойим, пешонангга ёзилганидан айирмасин!! Илойим, Мустафобекнинг мушкули кушода бўлиб, йўллари очилсин, тезроқ Ўртатўғайга келсин… Қараб тур, Мустафо албатта келади, мени айтди дейсан! Пиримизнинг дуоси, худо хоҳласа, ижобат бўлади… Пири борнинг – иймони бор, дейдилар. Иймонли одамлар хор-зор бўлишмайди.
Замира Кумуш кампирнинг ривоятларини кўп эшитган: илгари уялмасди, ёш эди, кейин уяладиган бўлди, кейин аста-секин кўникди, ўрганди – гўё тақдирга атн берди. Аммо бари бир Мустафонинг хасми эканини сира кўз олдига келтира олмасди, асов эди, тизгинсиз тойчоқ… Шундай бўлса-да, отаси истаган пайтида тизгинга солиши мумкин эканини биларди.
Оврўпоча кийинган ўсмир шимининг почаларини шимарганча чанг кўчадан лайлак каби бир-бир қадам ташлаб ўтарди: у ҳатто туфлисига ҳам чанг юқтирмасликка ҳаракат қиларди – дам-бадам энгашиб кафтлари билан туфлисининг бетини артиб қўярди… Чолдевор панасида яшириниб турган тўққиз-ўн яшар қизалоқ олифта ўсмирни зимдан кузатар ва кулгисини яшириш учун оғзини маҳкам чангаллаб олар эди.
Ўшами Мустафо?.. Замира ўша қизалоқми?..
Мустафо олис хаёлга айланиб қолмиш Туркистонда истиқомат қиларди. Ўша сеҳрли юртни Замира элас-элас кўз олдига келтирарди, холос. Тўкилибгина қолган бир минора, бурган қоплаган қатор-қатор қабрлар – шуларнинг орасида онасининг ғариб хилхонаси, шаҳид кетган оғасининг мозори ҳам бор эди. Оғаси ҳам Мустафо каби Петергофда таҳсил кўрган зобит эди. У илк бора заррин ҳарбий либосга бурканиб овулга кириб келган кунни Замира жуда яхши эслайди. Ўшанда оғаси маллатоб бир қизни эргаштириб келиб: «Ота, бу қиз – келинингиз, Тамара. Биз бир-биримизни севамиз», деган эди. Отаси остонада ер сузиб турган қизни бошдан оёғигача назаридан ўтказгач: «Тур, йўқол, уйимда сенга ўрин йўқ!» деган эди қатъий оҳангда. «Ота, Тамара белорус – оқ ўрис», деб оқламоқчи бўлган эди оғаси. «Икковиинг ҳам даф бўл, қоранг ўчсин!» деган эди лтаси эътирозга ўрин қолдирмай. Оға бир отасига, бир онасига қараб жавдираганча серрайиб туриб-туриб, охири Тамарани эргаштириб уй ни тарк этди. Ўшанда бир умрга киндик қони тўкилган уйни тарк этган экан. Онаси бўлса, бирдан ерга ўтириб олиб, ерни муштлаб-муштлаб, сочларини юлиб-юлиб, аччиқ-аччиқ йиғлай бошлайди… Кейинчалик ҳам онаси йил мобайнида муттасил ерни мушталб-муштлаб, ўксиб-ўксиб йиғлаб ўтирди: сочлари қордай оқариб кетди, қадди дол бўлди. Она олти йил йиғлади, кўзларидан нур кетди, танидан мадор… Отаси хийла камгап бўлиб қолди. Орадан анча-мунча вақт ўтгач, оғаси ёлғиз гоҳ-гоҳ овулга келиб-кетиб юрди: У Ўрисиянинг қайсидир бир шаҳрида ўша «оқ ўрис» хотини билан бирга яшарди. Кейин: «Оқ подшо тахтдан йиқилибди, инқилоб бўлибди!» деган гаплар чиқиб қолди. Ҳар хил овозлар тарқалди ва сўқа-сўқ бошланди. Аслида, сўқа-сўқ хийла илгари қўпган эса-да, лекин илгари оқ подшо билан Оврўпанинг бир подшоси сўқишарди. Кейин фуқаролар сўқишуви бошланиб кетди. Ит эгасини танимайдиган замон келди. Тала-тўпларнинг бирида оғаси шаҳид бўлди. Унинг қонга бўялган жаскадини Мустафо чойшабга ўраб келтирди. Қаҳратон қиш эди; овулнинг кекса-ёши тўпланди. Дунёнинг ишларидан хабардор оқсоқоллар айтишди: «Йигит жувон ўлди, кофирлар қўлида ўлди – шаҳид кетди, маййитни мусулмон мозорига дафн этиш жоиз». Оғасининг қазосидан онаизор қирқ кун яшади, йўқ-йўқ, қирқ кун қўлларини мушт қилиб, муштумларини ерга ниқтаб, кўзларини ердан узмай ўтирди, ўтираверди… Қириқ биринчи куни бомдод маҳали: «Ўғлим! Бакиржон ўғлим! Қўзичоғим, шошма энди, энанг ўлсин, энагинанг ўлсин!.. Кўзланибсан, чироғим, кўзланибсан-ку! Айланай болам, ўргилай болам! Болам…» дедию отасининг қўлида жон берди. Отаси юм-юм йиғлаганча марҳуманинг очиқ кўзларини кафти билан юмиб қўйди. Замира уйнинг бир бурчагида мунғайиб ўтирарди; юрагида бир нима чирт этиб узилди, ваммо нима узилганини англай олмади.
Кўкдан юлдуз учди, тўкилди.
Онаси Бакиржон ўғлини яхши кўрарди, жудаям яхши кўрарди. «Тўнғичим» деб суярди. «Тойчоғим, қўзичоғим!» дея суярди. Ўғлига меҳри бўлакча эди. Ўзи бўлакча бўлакча бўлиб кетди.
«Етим бўлиб қолдик, чироғим!» деб бўзлади отаси. «Сағир бўлиб қолдик, момо қизим!» деб бўзлади отаси. Овулдошлар тўпландилар. Отаси овулдошларни ҳам бўзлатди. Марҳума эса уй ўртасида худди ором олаётгандай бемалол чўзилиб ётарди
Кейин ёмон бир давр бошланди. Отаси уюрдаги отларини кимларгадир миндориб юборди, қўтондаги қўйларини кимларгадир тақсимлаб берди. Рўзғор анжомларини малла-салла аскарлар талон-тарож қилиб кетишди. Овулдаги сулув-сулув келинчакларни, қиз-жувонларни кундузи ҳам, тунда ҳам ўша малла-салла аскарлар овлоқ чакалакзорларга судраб кетишарди. Йиғи-сиғи, дод-фарёд дунёни тутиб кетарди. Гўё қиёмат келиб қолганга ўхшарди. Бир ҳафта-ўн кундан сўнг юз-кўзлари қонталаш, маммалари мўматалоқ бўлиб кетган ярим-яланғоч келинчаклар, қиз-жувонлар ҳуш-беҳуш овулга бирин-кетин қайтиб келишарди… Сулувлаикдан асар ҳам қолмаган бўларди: сулувлар бир ҳафта-ўн кундан кейин алвастиларга айланиб қолишарди.
«Юрт кофирхона бўлди, бизга ҳаром бўлди!» деди отаси мусибатли кунлардан бирида ва этагини силтаб ўрнидан турди: минг бир машаққат билан асраб қолган йўрға отига эгар-жабдуқ босди-да, жажжи Замирани орқасига мингаштириб йўлга тушди. Тун эди, қоп-қора тун. Олдинда ҳам, орқада ҳам бошларини эгиб олган отлиқлар лом-мим демай боришарди. Ора-орада отларнинг пишқирган товушлари эшитилиб қоларди, холос. Замира отасининг белидан маҳкам қучиб олган эди, отасининг чопонидан пичан ҳиди анқиб турарди.
Мустафо қўрқинчли Туркистонда истиқомат қиларди. Мавҳум бир ҳаёл, интиҳоси йўқ бир хаёлга ўхшарди. Унутиб – унута олмайсан хаёл суриб – кўз олдингга келтиролмайсан, хуноб бўлиб кетасан, дунё кўзингга дўзахдай кўринади… «Балки, дунёни тор айлаган ўшамикан?» дейсан ўзингча ва ҳаммаси бошидан бошланади. Аламли ва ардоқли. Замиранинг юрагида ўша мудҳиш тонг палласи узилиб ё узилмай қолган, нозик бир толаси билан юраккинасининг туб-тубига туташиб турган исмсиз нимарса эди Мустафо.
Замира бир тутам кийикўт териб, ажиб тароватданми, ширин-чучук хаёлларданми мастроқ бўлиб Дўланабулоққа қайтиб чиқди. Бу пайт отаси тамадди қилиб, қолган егуликларни тугиб қўйган экан.
-Кийикўт ҳали пишгани йўқ. Қуритсанг – барглари тўкилиб кетади, – деди ота.
-Салқинда селгитиб оламан.
-Ўзинг биласан, чироғим. Энди гап бундай: Мустафо келибди…
-Боя айтиб эдингиз, эшитдим, ота.
-Гапнинг пўсакалласи шуки… – Ота «пўсткалласи»ни айтолмай хийла тараддудланиб қолди.
-Ота, ўзингиз биласиз… Мен битта муштипар ожизаман, холос, – деди Замира ерга қараб.
-Қўй, ундай дема… Ҳаркалай, Мустафо ёмон йигит эмас, ориятли. Петергофда ўқиб, ўрисларнинг хизматини қилиб юрган бўлса ҳам, лекин эл-юртини унутгани йўқ Иймонини сотмади: мана, йўқлаб келди.
-Ўзингиз биласиз, ота, – Замира қулт этиб ютинди.
-Бўпти, бора қол. Мени Маърифат оқсоқол айтириб юборибди. Бирор маслаҳатли иш чиқиб қолганга ўхшайди. Эртароқ тушиб бораман.
Замира тугунчаларни илгакчўпга осиб, елкасига олди-да зил-замбилдай бўлиб қолган оёқларини аранг судраб соҳилга эниб кетди.
Аллақаерда улоқ маъради: ўнгур-пўнгурдаги шувоққа алаҳсиб подадан айрилиб, адашиб қолган, шекилли.
Ёвшанзорда бояги «қабр» кўзга ташланмади. Унинг ўрнида бир уюм ёвшан ғарам бўлиб турарди. Дафъатан, қўлини пешонасига соябон қилиб туятош устида шу тарафга қараб ўтирган кимсага кўзи тушдию Замиранинг юраги ҳаприқиб кетди. «Ўша киши», деди ўзича . Аммо, сир бой бермасдан бемалол соҳил бўйлаб бораверди. Туятошга яқинлашгач, кўз қири билан тусмолдан ўша томонга назар солди – у киши энди оёқ устида тамаки тутатиб турарди. «Кашанда экан-ку, ориятли йигит!».
-Ассалому алайкум, Замира, – деди Мустафо ҳолатини ўзгартирмай, Замира йўлида тўзхтаб, елкаси оша туятош устида ўтирган йигитга қаради. Қаради-ю, фақат унинг қоп-қора хром этигини кўрди, холос.
Йигит бир сакраб пастга тушди.
-Ёрдамлашиб юборайми? – деб сўради.
Замира индамади. Миаствфонинг юзига қаради: мўғил башара экан, ўзимнинг қозоқлардан… Мустафо икки-уч қадам нарида тўхтади ва икки бармоғи орасида буруқсиб турган тамаксини ерга ташлаб, этиги билан эзғилаб ўчирди. Сўнг, негадир икки лунжини шиширди-да:
-Менга тегасизми? – деб сўради.
-Отамни калака қиляпсизми?
-Менга тегасизми? – деб саволини такрорлади Мустафо ва бир қадам олға босди, аммо иккинчи қадам ташлашга журъат этмади.
Замира ундан кўз узмай турарди. Мустафонинг юз ифодаси ўзгармади, фақат кўзларининг тубида аллақандай ҳадик-хавотир бор эди.
Ҳозир отам келади, – деди Замира ва йўлила давом этди.
-Яхшилаб ўйлаб кўринг, барибир сизга уйланаман! – деди Мустафо ишончли товушда.
-Ҳо-о! – деди Заимра орқасига ўгирилиб, сўнг қадамини тезлатди.
Мустафо беихтиёр бошини қашлади, бир нима демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади, аммо у айтмоқчи бўлган гапнинг дарагини топгунча Замира хийла олислаб кетди.
Пахса устида ўзини офтобга тоблаб ётган оламушук қадам шарпасини сезиб бошини кўтарди ва Замирани кўриб: «МИёв», дедия яна бамайлихотир чўзилди.
Замира четан дарвозани қиялатиб қўрғонга кирди. Илгакчўпни сўпага қўйиб, тугунчани бўшатди. Сўнг бурган супурги билан ҳовли саҳнини супириб-сидирмоққа тутинди. Ахлатни бир жойга тўп қилиб, эски пақирга солди ва қўйхонага элтиб тўкди. Қудуқдан сув чиқариб, атрофга шакароб қилиб сепди. Супага кигиз тўшади. Охири супанинг бир четига ўтириб, тўнкариб қўйилган пиёланинг кетига ўсма сиқди. Уйга кириб, ойнахалтасини кўтариб чиқди. Ундан кўзгуни олиб тутди: қора қош, бодомқовоқ, қора кўз, лабининг устида билинар-билинмас тукчалар сабза урган, писта даҳан, юзларида кулдиргичлари чуқурча бўлиб ўн беш кунлик ойдек оппоқ-момиқ қиз акси кўринди. Чиройлими? Истараси иссиқми? Албатта, албатта. Замира мана шу икки ўлчам оралиғидаги мўъжазгина бир қиз эди. Йўқ-йўқ, мўъжизавий бир қиз эди. Унинг бежиримгина бурни устида реза-реза тер пайдо бўлди. Замира ўзидан уялиб кетди. Ҳув, бир замон кечувга яқинроқ саёз жо да қип яланғоч бўлиб чўмилаётган сержун битта тожик кишини нохос кўриб қолиб ҳам худди шундай уялиб кетган эди. У шоша-пиша кўзгуни ойнахалтасига солиб, ичкарига олиб кириб кетди. Уйдан қайтиб чиқиб ўсма сувини ҳам қудуқ ёнига сепиб ташлади ва пиёла билан қўлини кулга ишқаб-ишқаб ювди. Яна супанинг бир четига келиб чўкди. Қўлларига қаради: ажаб, кафтлари терлаб кетибди! «Ўл-э, – деди у, – шу кафтларингда уят бўлса борки, сенда уят йўқ!» Ўтирган ўрнидан узаниб, оқ терак шоҳида илиғлик турган сочини олди-да, кафтларини, юз-кўзларини обдан артди. Сўнг юзларини аста-секин ушлаб кўрди: ёноқлари лов-лов ёнарди. Гўё Замиранинг ичида чўғ бога ўхшарди.
Отаси Дўланабулоқдан аср пайти келди. Қуёш ботишига бир-икки соатча вақт бор эди. Чопони ўнгирларидаги чанг-чунгни қоқаётган тобда Юсуф чолнинг кулбаси томондан азон товуш янгради. Азон айтиб бўлгач, чўнқайиб ўтирган отаси ўрнидан турди-да, юзига фотиҳа тортди ва обдастани олиб, томорқага ўтиб кетди. Ҳаял ўтмай у белбоғини елаксига ташлаб қайитб келди ва Замира авайлабгина ушлаб турган оқ қалпоғини бошига қўндирди.
-Раҳмат, чироғим. Мен борай. Асрни жамоа бўлиб ўқиймиз. Бугун Асқар ҳожи имомликка ўтса керак: бормай қолмай, бир йилгача сасиб юради. Шомдан кейин оқсоқолникида машварат қиламиз.
Қўтонда турган олабузоқ маъраб юборди. Замира бугун ҳисобидан унга сув бермаганини эслади ва пақирдаги сувни ёрмаохурга элтиб қуйди. Бузоқ думчасини лик-лик этказиб сув симирди-да, сўнг қўтонни айланиб, дикир-дикир сакраб ўйноқлай бошлади.
Оқшом пайти говмуш четан дарвозани шоҳи билан очиб, кавш қайтарганча қўрғонга кириб келди: унинг елини тирсаллаб кетган эди. Замира сигирни дарҳол қозиққа боғлаб, қўтон эшигини очиб юборди. Бузоқ сакраб-сакраб келиб, онасининг елинига ёпишди қолди. Замира бузоқнинг қулоғидан тортиб-тортиб сигирнинг эмчакларини бирма-бир эмдирди – ийдирди. Кейин бузоқнинг бўйнига чилвир солиб, сургалаб бориб қўтонга қамади. Офтобда қуритилган кўзани тиззалари орасига қисиб, пов-пов этказиб сигир соғди. Кўза яримлагач, оғзини бўз даструхонча билан чирмаб боғлади, идишни товатош устига олиб бориб қўйди. Қайтишда қўтон эшигини очиб юборди: бузоқ ўйноқлаб келиб онасининг ёнига етган пайт мункиб кетиб, сигирнинг остига кириб кетди ва эрка бир товушда маъради-да, ўрнидан туриб онасини эмас бошлади.
Замира ўчоққа олов қалади. Чойдишга қудуқдан сув тўлдириб келди. Чойидишни ўчоққа тиқиб қўйди. Кейин супага чиқиб, оёқларини бир томонга буклаб ўтирди-да, лабларини пичирлатиб, Қуръон тиловат қилди. Кафтларини очиб юзига фотиҳа тортди. Ўрнидан турмоқчи бўлиб қўлига таянган пайт ич-ичидан оғир бир ҳўрсиниқ чиқиб, томоғига муштдек юраги қадалаб қолди гўё. Ва «бундай юракни туфлаб ташлагиси» келди-ю, аксига олиб қулт этиб ютинди. Ютиндию бирдан кўзёшлари дув этиб кигизга тўкилди. Кўзёшлари ёз ёмғиридай йирик-йирик эди.
-Йиғладингизми? – деб сўради Замира ўзидан.
-Йўқ, – деб жавоб берди ўзи, кафти билан мижжаларини артиб.
-Кафтим ўзи шунақа, тез-тез терлайди.
Дуррачасининг учи билан мижжаларини қайта-қайта артди.
Чойидиш шарақлаб қайнай бошлади. Замира мис чойнакка кийикўт солиб, чой дамлади. Чойнакни супага келтириб, бир-икки қайтарди. Аммо ўзи ичмади. Ичкиси келмади. чойнакни авайлабгқина дастурхон билан ўраб қўйди.
Оқшом чўкди.
Замира уйдан кўрпа-тўшак олиб чиқиб, супага тўшади – отаси ҳавода ухлашни яхши кўрарди. Сўнг, даҳлизга кириб қорачироқни ёқиб қўйди: дарчадан таралаётган шуъла уй ичини ҳам, супани ҳам нимтатир ёритиб турарди. Ўзига уй тўрига жой солди ва кўрпа устига аста чўзилди. Бирпас ётгач, ўнг ёнига ўгирилиб, қўлларини худди чапак чалаётгандай бир-бирига бириктириб, бошининг остига тўшади. Кўзларини юмганча ўйга толди. Ўйларининг адоғи йўқ, поёни йўқ эди.
-Хаёл суришни яхши кўрасизми?
Сукунат.
-Нималарни ўйлаяпсиз?
Сокин сукунат ҳукм сурарди, лекин ризолик аломати сезилмасди.
Замиранинг сочлари ёстиқ билан битта бўлиб сочилиб ётарди. Нимқоронғи уй тўла сеҳр, уй тўла сиру асрор эди. Бу сиру асрору сеҳрнинг тилсими Замира эди. Тилсим Замирани, Замира тилсимни қўриқлаб ётарди.
-Хайрли тушлар кўринг, бону! – деди тилсим.
Хуфтондан кейин йўталиб-йўталиб отаси қўрғонга кириб келди ва даҳлсиз дарчасига яқинлашиб:
-Чироғим, ухлаб қолдингми? – деб сўради.
-Уйғоқман. Тинчликми, ота? – деди Замира ўрнидан сапчиб туриб.
-Шукр… Мустафоқул гурунг берди. Баъмани, оғир-вазмин йигит бўлибди. Замира мавзуни ўзгартириш учунми, дарҳол гапни чалғитди:
-Чой бор. Ичасизми? – деб сўради. – Ё иссиқроқ дамлаб берайми?
-Чой ичдик. Ўзинг ичдингми? – «Ҳа», деган тасдиқ олгач, давом этди: – Бўпти, дамингни ол. Эрталаб янгиликларни гапириб берарман.
Отаси гурс-гурс қадам ташлаб дарчадан нари кетди. Орадан анча-мунча фурсат ўтгач:
-Чироқни ўчириб қўя қол, тутаб ётмасин, – деди у.
Замира ўрнидан туриб, қора чироқни пуфлаб ўчирди. Атроф зим-зиё бўлиб қолди. Ҳали ой туғмаган эди. Яна ўй босди. Хаёллари чувалашиб-чувалашиб Чуваланчига етди. Йигит бобонинг эски тегирмонини, Чевар момонинг юзидаги тангадек холини, Расул қорининг байтолини ва тойини эслади. Ич-ичидан афсусланади, ўкинди. АфсусландикиЧуваланчининг ҳидини, Чуваланчининг чангини Мустафо олиб келмаган – ундан аллақандай нотаниш ҳид уфуриб турарди, чамаси, денгиз ҳиди шунақа ўлса керак, шўртак таъм келмадими-ёй, балиқ ҳиди келадими-ёй… Ўкиндики, Чуваланчини энди Замира ҳам кўрмайди, кўра олмайди: онасининг, оғасининг мозорларини тавоф қила олмайди, муқаддас тупроқни кўзларига сурта олмайди, ҳатто овулдошлари билан дийдорлашув ҳам қиёматга қолди… Охири кўзи илинганини ўзи ҳам сезмади.
Замиранинг тушига ҳам Чуваланчи кирди: тегирмонбошига ястаниб ёнбошлаб олган оқин қора терга ботиб дўмбира чертарди, унинг бутун борлиғидан оппоқ буғ кўтариларди, мўйсафиднинг кўксини тўлдириб турган мошгуруч соқоли дўмбира торларига тегиб-тегиб кетарди. Оқин қўққис бошини кўтардию рўпарасида тиззаларини қучиб ўтирган Замира тик қараб: «Эҳҳей, ҳе-ҳе-ҳеййй…» деб бўғиқ товушда қичқириб юборди. Замира ўтирган ўрнида бир сапчиб тушди. Оқин эса унга сирли-сирли кўз қисди. Замира дувқизарди, юраги дукурлаб кетди. Ҳам уялди, ҳам хавотирланди. Сўнг, енгил тин олди: «Ордона қолсин, ўша киши-ку, қариб қолибди», деди ўзича. Дўмбира чертаётган оқин – Мустафо эди. Оқин хўб куйлади, кўп куйлади, куйиниб куйлади, йиғлаб куйлади; барчани кулдирди, барчани йиғлатди – Замира бўлса, тиззаларини қучган куйи бепарвогина оқинни томоша қилиб ўтирарди… «Алпомиш» ёвга қарши отланган пайт, Замира бепарво ўтирган пайт оқин достон айтишни шарт тўхтатди. Ва дўмбирасига таяниб ўрнидан турмоқчит бўлди. Дўмбира қирс этиб ёрилди ва ёриқдан қип-қизил қон сизиб чиқа бошлади. «Вой ўлмасам!» деб қичқириб юборди Замира. Унинг бепарволигидан асар ҳам қолмади. Оломон эса бу ҳолатни бепарвогина томоша қилиб ўтирарди… Мустафо бир дўмбирасига, бир Замирага назар ташлади – қиёфасида умидсизлик ифодаси зоҳир бўлди. «Қон оқяпти» деди Замира чоғланиб. «Ҳечқиси йўқ, энди тиббий ёрдам бари бир кор қилмайди. Оҳ, жоним-эй!» деб Мустафо сўл кўксини чангаллаб олди. «Нима бўлди?» деди Замира, нажот истаб атрофга жавдирар экан. Атрофда зоғ учмасди – ғуж-ғуж томошабинлар, шинавандалар қаёққадир ғойиб бўлишган эди. «Юрак… юраккинам оқиб кетяпти», деди Мустафор. У кўксини ғижимлаганча букчайиб қолди, нафас олаётгани ҳам сезилмасди. Замира ўтирган ўрнида мажусийлар санамидек қотиб қолди. «Энди туятошга айланиб қолмасам гўрга эди!» деб ичида хавотирланди Замира. «Ўзингизни қийнаманг, Гулзамира! Кеч бўлди, кечикдим, шекилли. Сиз ҳам кечикдингиз», деди Мустафо кўзларини юмиб, надомат қилар экан. «Балки, муолажа кор қилар? Нима қилай, айтинг! » деди Замира ўтинчли оҳангда. Унинг кўзларида ғилт-ғилт ёш пайдо бўлди. «Сочим оқарди, соқолимга оқ оралади, аммо дилим сиёҳ, гулим… Ё Оллоғ!» деб Мустафо илкис қаддини ростладию кўзлари ярқ этиб очилиб кетди. Ва лекин, кўзлари, киприклари очиқ ҳолатда қотди-қолди. У ўнг тарафига аста-аста, беозоргина ёнбошлади. Ҳамон чап кўксини ғижимлаб турарди. Бу ҳолати ғайритабиий эди. Қўрқинчли. «Ота, отажон! Қайдасиз? Анув киши…» деб Замира расмона қичқириб юборди Нафаси бўғилди. Биров бўйнига сиртмоқ солиб дорга тортаётганга ўхшарди…
У чўчиб уйғонди. Уйғондию товушининг акс садосини эшитиб қолишга улгурди. Ўрнидан туриб, яна жойига чўзилди. Сўнгра эмаклаганча қоп-қоронғи уйни тимирскилиб, ҳансираб-ҳансираб беҳуш Мустафони қидира бошлади. «Кўзларини юмиб қўйиш керак», деган ўй негадир шу тобда хаёлини чулғаб олган эди. Уйни бир қур пайтаслаб чиққанидан кейин бехосит туш кўрганини англаб етди. Холсизланиб, наматга кўксини бериб ётиб олди. Вужудини совуқ тер қоплади. Мажолсиз, дармонсиз эди.
Бир маҳал ташқаридан отасининг: «Ассалому алайкум, раҳматул-лоҳ!» деган таниш товуши эшитилди. Бомдод вақти бўлибди. Замира ётган жойида юмалаб осмонга қараб олди. Қўлини чўзиб, бурчакдан отасининг чакмонини тортиб олди-да устига ойқара ёпди. Осмонга қараб кўйлакчан ётгани истиҳола қилди. Шу кўйи бирпас ётгач, аъзойи баданига иссиқлик югуриб, ўзига келди. Тез-тез калима қайтариб ўрнидан турди. Жойини йиғди. Дуррачасини бошига елвагай ташлаб, ташқарига чиқди. Қудуқдан муздек сув олиб ювинди, таранди. Уйга кириб намоз ўқиди. Сўнг, сигир соғди. Бузоқни қондириб эмдирди-да, қўтонга қамади. Сигирнинг арқонини ечиб, ўтлоққа ҳайдаб кетди.
Шу бугун илк турмуш ташвишларидан, икир-чикирлардан безор бўлганини ич-ичидан ҳис этди. «Шу ҳам ҳаёт бўлдими? Ҳаёт эмас бу!» деди ўзича кимгадир, нимагадир аччиқ қилиб. Лекин, айнан кимга, нимага аччиқ қилаётганини ўзи ҳам билмасди. Наҳотки, ҳаёт шунақа бўлса? Ҳаёт шугина холосми?..
«Уйқудаги кўзлар каби,
Сўйланмаган сўзлар каби,
Очилмаган гуллар каби
Сен ўзингни менга асрагил, менга асрагил…»
Ўтлоқдан Олимбойнинг хиргойиси эшитилдию Замира беихтиёр жилмайди.
Хўрозлар Ўртатўғайни бошларига кўтаришиб қичқиришарди.
Говмуш қаёққа боришини билгандек Бақа қуриллоқ ўтлоғи томон жадал йўл олди. Замира туятош ёнидан изига қайтди. Дуррачасини бошидан олиб, турмакланган сочларини ёйиб юборди. Қумлоқ соҳилга ўтириб, тиззаларини кучди. Дарё ясси қирғоқни ялаб-юлқаб, вишиллаб-пишиллаб, бўтана-бўтана бўлиб, эшилиб-тўлғониб оқиб ётарди. Ўристоғ чўққиси лов-лов ёнаётган гулханни эслатарди – тоғ тепасида қуёш кўринмасди-ю, аммо унинг заррин нурлари қояларга урилиб, кўкак чирс-чирс сачрарди. Гўё Ўристоғ бошидан мой сепиб, ўзига ўт қўйиб юборган паҳлавон каби ҳўмрайиб, муштумни дўлайтириб турарди. Олд тарафга бўртиб чиқан қоя олға чўзилган муштумга ўхшарди. Олов эса, борган сари юқори ўрлар, гуркирар эди.
-Мен ўша томонлардан ўтиб келдим: худойим-эй, оға ўз инисини, иниси ўз оғасини ўлдираётирлар! Биродаркушлик бошланибди, биродаркушлик!..
Замира илкис сўл ёнига қаради: унда икки-уч қулоч нарида Мустафо дўмбирасини бағрига босиб ўтирарди.
-Яхшимисиз? – деди Замира.
-Шукр, – деди Мустафо љўлини кўксига љқўйиб. – Ўзингиз-чи?
Замира оёқларини бир томонга букиб, тиззалари устига кўйлак барини тортиб қўйди.
-Бир туш кўрдим… Ажаб туш… Ўша тушумни сувга айтиб ўтирибман.
-Хитойча бир мақол бор экан: «Агар душманингни ўлигини кўрмоқчи бўлсанг, марҳамат, дарё ёқасига ўтиргин – жасади оқиб кетганини кўрасан» дейишадию
Замиранинг юраги ёмон бир нарсани сезгандек увишди, ич-ичида қалтироқ турди.
-Тавба қилдим, – деди Замира. – Ишқилиб, яхшилиб бўлсин!
-Қанақа туш кўрдингиз? Айтмадингиз-ку?
-Сўраманг, бари бир қиз боланинг туши тескари келади.
-Ўнгидан келса-чи?
-Қўйинг, унақа деманг! – деди Замира илтижо қљилиб. – Дарвоқље, милтиғђингиз љқани?
-ҚЉайси млтиқљ? – деди Мустафо ҳќайратланиб.
Гап оҳангидан Мустафо ўзини гўлликка соляптими ёки ростакамига ҳайратланяптими, билиб бўлмасди. Ҳарқалай, Мустафо чин гапиряпти, деб ўйлади Замира. Шундай бўлса-да:
-Кеча тонгда судраб келгансиз, шекилли, – деди ишонқирмай.
Мустафо хахолаб юборди, шубҳасиз, кулгиси чин юракдан чиқди.
-Ўша «милтиқ» мана шу! – деди у дўмбирасини баланд кўтариб ва думбира қорнини елкасига тираб, кун чиқар тарафдаги бир нуқтани нишонга олди-да: – Пақ-пуқ! – деди ўқ товушига тақлид қилиб.
-Демак, милтиғингиз қўшоғиз экан-да; «пақ» этиб биттаси, «пуқ» этиб иккинчиси отилди, – деди Замира ҳазил аралаш. Лекин кўнгилда яна шубҳа уйғонди.
-Қўрққанга қўша кўринади. Тцушунгизда қўрқдингизми?
Замира жавоб бермади. Бошини эгиб олди.
-Қўрқибсиз, – деди Мустафо.
Замира дуррачасининг учини бурай бошлади.
-Юринг, мен сизга бир нима кўрсатаман, – Мустафо ўрнидан туриб, Замирага қўлини чўзди.
-Раҳмат, ўзим, – деб Замира ерга қаради.
Мустафо чапдастлик билан энгашиб, Замиранинг билагидан ушлади ва:
-Ё Тошхўжа пирим! – деб уни тортиб турғазиб қўйди. Замирадан кўзларини узмаган ҳолда кафтини кафтига босиб, сиқди. – Кетдикми? – деди сирли товушда.
Замира қулт этиб ютинди.
Ёвшанзор тарафга кета бошладилар.
-Кафтингиз терлаб кетди, – деди Мустафо.
Ичимда иссиғим бор.
Мустафо ялт этиб Замирага қаради, ажаланди, чоғи.
-Йиғлапсиз-а? – деди қошларини чимириб.
Замиранинг кўз жияклари қизариб турарди.
-Нимани кўрсатасиз? – деди Замира гапни чалғитиб.
-Ёнғоқдан ясалган қайиқни.
-Кеча кўрганман. Аммо ёнғоқдан ясалганини билганим йўқ. Рости, янги қабрмикан, деб ўйлабман. Қўрқиб кетдим.
-Анави Ўристоғам узоқдан қарасангиз қабрга ўхшайди.
-Нима учун Ўристоғ дейишади?
-Бундан қириқ-эллик йил муқаддам лақайлар оқ подшо аскарларини қувлашиб ўша тоққа чиқариб юборишган экан. Кейин улар қайтиб қорасини кўрсатшмабди – йўқ бўлиб кетишибди. Илгари бу тоғни «ўрис қочди» дейишарди. Яқиндан бери «Ўристоғ» дейияпти. Бу номни мухожирлар қўйишди.
-Кўктошда «Кофирниҳон» деган дарё бор. Дарёнинг қирғоқларида лақайлар марқалар истиқомат қилишди – иккови ҳам туркий улус.
Уларнинг ёнгинасидан битта олапар тилини осилтирганича югириб ўтиб кетди.
-Кимнинг ити? Деб сўради Мустафо.
-Чингиз оғаники.
-Яхши ит экан.
-Доим соҳил бўйлаб югуриб юради.
-Ўз юртини соғинса керак-да?
Қайдам, – деди Замира. – Сиздан бир нимани сўрамоқчи эдим?
-Сўранг-чи!
-Ҳозир… Тилимнинг учида турибди-ю, лекин эслай олмаяпман. Майли, рост бўлса, эсимга тушади. Қайси уруғлансиз?
-Улуғ жуздан бўламиз. Шу холосми?
-Уруғчилик қачон пайдо бўлган ўзи?
-Билмадим. Буни Бўрибой муаллимдан сўраш керак.
-У киши қаерда?
-Олимонияда муқимлашиб қолди. Дорилфунунда дарс беряпти. Доктор.
-Сиз Олмониядан келдингизми?
-Э-э, мен етти иқлимни кезиб келдим, етти йил кездим ўзиям!
-Роса сайру саёҳат қилибсиз-да?!
Мухожирнинг кўрган куни қурсин? «Ўз юртингда гадо бўлганинг афзал» дейишиб бекорга айтишмас экан.
-Туркистонда ҳозир нима бўляпти?
-Ҳозирми? – Мустафо Замиранинг қўлини янада маҳкамроқ қисиб олди. – Дўстларимиз сотилдилар, соитлмаганлари отилдилар… Иброҳим деган жўрамиз бор эди. У ўз отасини НКВДга тутиб берди, муштумзўр сифатида Сибирга сургун қилдирди. Бунинг эвазига ўзи ўша идорага ишга жойлашди. Исмини ҳам ўзгартириб олди: «Абрам». – Мустафо Замиранинг қўлини қўйиб юбориб, тамаки тутатди.
-Бизга аҳён-аҳён Истанбулдан «Янги Туркистон» газити келиб турарди, холос. Лекин, унда эски гапларни ёзишади, – деди Замира.
-Янги гапларни эшитмаганингиз маъқул, – деди Мустафо бурнидан тутун қайтариб.
-Бурнингиз худди мўрига ўхшайди, – деди Замира кулумсираб. – Мунча кўп чекасиз?
-Яқинда Шўро суди бир гуруҳ «ватан хоинлари»ни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилди. – Мустафо қўйнидан саккиз букланган газит чиқарди-да уни Замирага узатди. – Мана, ўқинг!
Замира газитани қўлига олиб, қатини ёзди.
-Ўрисча, шекилли. Ўқишни билмайман. Лотин алифбосидаги ёзувни ҳижжалаб, зўрға ўқийман-ку!
-Бу ўрисча эмас, ҳозир Туркистонда шунақа алифбо урф бўлди.
-Кимлар ҳукм этилибди? – деб сўради Замира газитани Мустафога қайтариб узатар экан.
-Асосан, ўзимизникилар. Инқилобдан сўнг чопонини елкасига ташлаб, Туркистондан чиқиб кетган мухожирлар ҳукм этилдилар.
-Нима учун? Ахир, юртни кофирлар босиб олса, мусулмонларнинг ҳижрат қилиши суннат ҳисобланади-ку? Ҳатто ҳазрати пайғамбаримиз ҳам Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганлар…
-Нима бало, Шўро ҳокимияти ислом динини дастурламал љқљилиб олиб, Туркистонни бошқараётир, деб ўйлаяпсизми?..
-Ҳарқалай, бегуноқ кишиларни ноҳақ ҳукм… Бирор асос бордир, ахир?
-Хорижда «Миллий машварат» қўмитаси тузилган эмиш, Туркистонда Шўро ҳокимиятини тўнтариб ташлашга ҳозирлик кўрилаётган эмиш! Тушундингизми?
-Йўғ-э, мен бўлсам, бир кун эмас-бир кун, албатта, Тукистонга қайтиб борамиз, деб юрардим, деди Замира бўшашиб ва Чолтов тарафга тикилиб қолди. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.
-Чучварани хом санабсиз! – деди Мустафо чўрткесарликбилан. Сўнг, сўзлари Замирага оғир ботганини сезди, шекилли, қўшиб қўйди: – Аслида, биз ҳам ячучварани хом санаган эканмиз.
Замиранинг елкалари силкина бошлади: у Мустафога тескари қараганча ўксиб-ўксиб йиғларди.
-Кечиринг, – деди Мустафо Замиранинг елкасига қўлини қўйиб.
-Ҳечқиси йўқ, мен ўзим… шунчаки…
-Тақдир экан-да, Замира, тақдир экан.
-Насора, – деди Замира ғижимлаб турган дуррачаси билан кўзёшларини артиб.
-Шошманг, менга қаранг-чи! – Мустафо Замирани ўзига қаратди-да, рўмолчаси билан унинг мижжаларини, юзларини артиб қўйди ва: – Ана энди бу рўмонча ҳам табаррук унинг бўлди! – деб рўмолчасини лабига босди.
Замира уялинқираб ерга қаради, юзлари ёришди, лабларига табассум югурди.
-Мендан бир нарсани сўрамоқчи эдингиз?- деди Мустафо. Унинг назарида, Замира бир қўрқичли нарсани сўрамоқчи эди гўё. Шу боис, Замира кулиб турган пайтдан фойдаланиб мушкулини осон қилиб олмоқчи бўлди.
-Уйланганмисиз?- деб сўради Замира. Унинг лабларидаги ханда ғойиб бўлди.
-Ҳа… Лекин, ажралишдик,-деди Мустафо ўзини оқламоқчи бўлаётгандек шошиб.
-Болаларингиз борми?
-Бир қиз, бир ўғил.
-Исмлари нима?
-Гулзамира, Бакиржон.
Замира ғалати бўлиб кетди: ранг-рўйи бир оқарди, бир қизарди.
-нега ажралишдиларинг?-деди у норози бўлиб.
-У муслима бўлмади, мен уни муслима қилолмадим.
-Ғайридинмиди?
-Бир олмон профессорининг (улар муаллимни шунақа дейишади) қизи эди. Отаси туркшунос олим, мусулмончиликни яхши билади.
-Улар қаерда қолишди? Хабар олмайсизми?
-Отасиникида. Мўйинхенда. Оиласи ўзига тўқ. Албатта, имкон топиб хабар олиб тураман…Биз уришганимиз ёки жанжаллашганимиз йўқ, фақат келиша олмадим, холос.
-Айтинг-чи, неча йил умр кўрмоқчисиз?- деди Замира мавзуни ўзгартириб.
-Худо билади.Ўзингиз-чи?
-Онамнинг ёшига етсам – бас, армоним шу. Онам эллик ёшида йиқилди…
-Худо раҳмат қилсин!-деб Мустафо юзига фотиҳа тортди.-Чамамда, яна бир нимани сўрамоқчи эдингиз?
-Қаёқдан бидингиз?
-Шуни билмасам, келармидим?-деди Мустафо маънодор кўз қисиб.
Мустафонинг бу қилиғи Замирага ёқмади – у қовоқларини уйиб олди.
-Ундай бўлса, шу – ўйлаб кўринг!
-Майли. Ўзингиз-чи?
-Ўйлаб кўрганман.
-Бафуржа ўйлаб кўрганмисиз?
-Менимча, бафуржа ўйлаш учун етти йил камлик қилмаса керак?
-Тўғри, -деди Мустафо жиддий тортиб.-Тўғри айтасиз…Лекин етти иқлимда сарсону саргардон бўлиб юриш ҳам осонмас, шекилли? Қолаверса, мен икки йил олдин даракларингни топдим…
-Қўйинг, ўтган ишга саловат! Тақдир экан,- деди Замира муросасозлик оҳангида.
-Пешонам шўр экан, – деди Мустафо бўғиқ товушда, унинг томоғига муштдек бир нарса қадалиб турарди. – Пешонамиз шўр экан, Замиржон!
-Шукур, денг. Бандаси пешонасигша ёзилганини кўради… Кечирасиз-у, йўлингизда най чалиб ўтирган йигитни учратдингизми?
-Учратдим. Мажнунтол шоҳида ўтирибди. Исми Олимбой экан. Танишиб ҳам олдик. Нимайди?
-Ҳеч нима… Беш йилдан бери най чалади.
-Топган ҳунари шуми? Ҳаваси зўр экан-а, аммо-лекин, хийла ҳавосиним олибди! Замира маъюс жилмайди.
Шу пайт Чубек кечуви тарафдан ўқ товуши эшитилди. Чуғур-чуғур қилишиб, бир гала қуш осмонга кўтарилди.
-Чегарачилар отишяпти, – деб изоҳ берди Замира. – Ҳар куни шу маҳалда тўқайга қаратиб милтиқ отишади. Тўнғиз овлашар эмиш.
-Юринг энди, қайиқни кўрсатаман! – деб Мустафо Замиранинг қўлидан ушлади.
-Қўйворинг қўлимни! Замира қўлини тортиб олди. – Қайиқни кеча кўрганман, дедим-ку. – Сўнг беозоргина жилмайди-да қўшиб қўйди: – Ёнғоқдан ясалган экан…
-Қайдан билдингиз? – деди сўради Мустафо кўзларини катта очиб.
-Боя ўзингиз айтдингиз-ку, афанди-ей!
-Ие, ҳа-а, эсим қурсин! – деди Мустафо пешонасига шап этказиб уриб.
-Ўзингизникими? Олимониядан олиб келдингизми?
-Қаёқда! Лақай сувчилари ижрагага беришди. Кейин қайтариб бераман.
-Қачон?
-Сафардан кейин-да!
-Яна қанақа сафар?! – деди Замира аразли оҳангда.
-Сафар ойидан кейинги сафардан кейин. Билдингизми? – деди мустафо ўсмоқчилаб. – Сафар ойидан сафарга чиқиб бўлмайди.
-Боринг-э, нуқул одамни уялтиришни ўрганиб келибсиз-ку, сайёҳ! – деб Замира шарт орқасига бурилиб жўнаб қолди.
Осмонда гала-гала бўлиб учиб юрган қушлар тўқайга шўнғишди.
-Эй-эй, ҳазиллашдим! – деди мустафо. – Нима, ўзингиз ҳадеб уялаверманг-да! – деди товушини кўратиб.
Замира орқасига қайрилиб ҳам қарамади.
-«Гўрўғли»ни айтиб бермоқчиман, қайтинг! – деди Мустафо қичқириб.
Замира жойида таққа тўхтади-да, Мустафо эшитадиган товушда:
-Ташаккур! Кўп эшитганман, – деди қўлини кўксига қўйиб.
Юзларига бирдан кулги югурган Мустафо яна қовоғини осилтирди.
Замира уч-тўрт қадам юргач, яна орқасига қайрилди-да:
-Керак бўлса, куй басталаган «Гўрўғли»ни ҳам минг марта эшитганман! – деди. Лекин бу сафар эгилиб «қуллуқ» қилмади.
-Гап бу ёқда экан-да, билдик! – деди Мустафо ва дўмбирасини тошга қарс этказиб уриб, синдириб ташлади.
-Ордона қолсин! – деди Замира. – Аччиқлари ҳам буринларининг учида турар экан-ку! – У дуррачасини боши узра кўтариб хилпиратганча чопқиллаб кетди.
Замира қўрғонга қайтиб борган чоқда отаси супага ёнбошлаб ётган кўйи лотин алифбосида чоп этилган битта газитани мутолаа қиларди.
-Келдингми, чироғим, – деди ота бошини кўтариб. – Чой-пой ичайлик!
Замира супа четига бежиримгина бўлиб ўтирди-да, устига сочиқ ёпилган мис чойнакдан чой қўйиб отасига узатди ва:
-«Янги Туркистон»ми? – деб сўради.
-Буниси бошқа, «Мусовот». Бокуда яширинча чоп этилади. Ҳақ гапларни ёзишибди, азаматлар!
-Нима дейишибди?
-«Эдил дарёси Ҳазор денгизиға қуйиладур. Бир кун келуб денгиз тошмасму?» дейишибди. Бу гапда рамзий маъно бор, чироғим!
-Қанақа маъно экан, ота?
-Яъни, туркий қавмлар ўсиб-улғайиб Шўро истибдодига барҳам берадилар, деб ишора қиладилар.
-Шу гапни тўғри айтиб қўя қолишса бўлмасмикан?
-Тўғри айтилса ҳам бўлади-ю, аммо бетаъсир бўлади. Имо-ишора қилинса, сирли-сеҳрли туюлади: рақиблар ваҳимага тушиб қолишади… Жанг арафасида рақиб сафлари пароканда қилиб юборилса, ғалаба нақд бўлади! Жаннатмакон Анвар пошшо ўз зобитларига шундай деб таълим берган экан.
-Чойингизни ичинг, ота – деди Замира кулимсираб. – Совиб қолмасин!
Афтидан, Чўқон бий қизига ҳарбий санъат илми масаласида маъруза қилишга чоғланиб турган эди. Шу сабабли Замиранинг ноўрин такаллуфидан норози бўлиб, соқолини силади. Замира ўзини ноқулай аҳволга тушиб қолганини ҳис этди.
-Мен ҳозир ширава қаймоқ келтираман, – деб Замира ўрнидан туриб, товатош тарафга кетди.
«Миёв», деди бостирма остидаги ялоғидан сут ичаётган ола мушук Замирага қараб лаб-лунжини ялар экан.
-Пишт-э турқинг қурсин! – деди Замира ер тепиниб. – Одамни келака қилади-я ҳўкиз!
Мушук «хўкиз»га хос бўлмаган чапдастлик билан бир сакраб товоқнинг нариги томомнига ўтди-да, яна ялоғига бўйин чўзди.
Нонуштадан сўнг отаси чалғини елкасига ташлаб Дўланабулоққа йўл олди. Пешин пайти Замира ҳам тушликни тугунчага тугиб Дўланабулоқ сари жўнади. Оқшом маҳали ота-бола пичан ўримидан қайтишди.
Замира одатий юмушлари билан машғул бўлди. Юмушлар одатий эди-ю, лекин Замиранинг ўзи одатий эмасди, отаси ундан Дўланабулоқда яна ўша гапни сўради. «Мустафони кўрдингми?» деди. Замира чўп билан ер чизиб ўтираверди. «Кўрибсан, шекилли, – деб хулоса чиқарди отаси. – Хўш, розимисан?» деб сўради. Замира бошини кўтариб, бир сўз айтмади, айта олмади. «Ҳа, дегин чироғим! – деди отаси ялиниб. – Ахир, мен ҳам дилингдаги гапни билайин… Кейин армон қилиб юрмайин; бу дунёга келиб бир дунё армон орттирдим, шуниси ҳам етади! Айтгин, ахир!» Замира «ҳа, розиман», дейишга бир-икки оғиз жуфтлади, аммо қани энди бўғзидан бир садо чиқса!Аксига олиб, кўзларидан шашқатор ёшлар оқа бошлади; тиззаларига дув-дув ёшлари тўкиларди. Кўзёшлари тина қолса кошкийди! Охири, отаси ҳам ўзини тийиб тура олмади- бирдан ўкраб юборди! Шундан кейин: «Отажон, айтганман-ку, ўзингиз биласиз! Агар юзингизни ерга қаратсам, мен қизингиз эмасман, мен… мен…» деб Замира отасини маҳкам қучоқлаб олди. «Сендан бошқа кимим бор, чироғим?! Мендан бошқа киминг бор, чироғим?!» деб Замиранинг бошини силаб-сийпалаб хўб йиғлади Чўқон бий, кўп йиғлади Чўқон бий. Ота-бола бир-бирини овутди, бир-бирини совутди. Лекин Замира юрак ютиб бир сўз айтолмади, Чўқон бий ҳам юрак ютиб бир савол сўролмади. Улар Дўланабулоқдан мужмал-мавҳум бир кайфиятда қайтдилар. Замира умрида илк бора отасига тўғри гапни айтмагани учун хижолат чекарди ва айни пайтда билиб-билмай ёлғон гапириб қўймагани учун ўзидан мингдан-минг рози эди. Чунки ҳалигача қайси жавоб («ҳа» ёки «йўқ») тўғри эканини ўзи ҳам аниқ билмасди. Энди, яшириб нима қилди, аслида, ўша саволни унга Олимбой ҳам берган эди: «Менга тегасанми?» деб сўраган эди. Тўғри, ўша савол берилган пайт Замира Олимбойни силтаб ташлади: «Шилқимсан! – деди. – Ахир мен сени доақал «сиз»ламайман-ку!» деди. «Майли, – деди Олимбой. – Тўйимиздан кейин мен ҳам сизни «сен»лайвераман». Замира тутоқди, ўтоқди. Аммо, тайинли жавоб бермади, «ҳа» ёки «йўқ» деб айтмади, айтолмади. Мана, энди негадир Олимбойни оқламоқчи бўларди: у ҳам беш йил най чалиб юрди, охири аҳмоқ қилиб кетиш инсофдан бўлмас, ҳарқалай, унинг ҳам ўзига яраша орзу-ҳаваси бор… Аммо, Замира нима учун Олимбойни оқламоқчи бўлаётганини ўзи билмасди. Йўқ, биларди-ю, лекин ўзини билмасликка соларди. Тўғриси, ўзини билмасликка ҳам солмасди, фақат тан олишни истамасди. Айнан нимани тан олишни истамаётганини ҳатто ўйлашдан ҳам қўрқарди; ўйласа, ўйлари ҳақиқатга айланиб кетишидан қўрқарди. «Эл-улус олдида нима деган одам бўламиз? Отам қандай қилиб бош кўтариб юради? Ахир, бизни Тошхўжа пиримиз битилгани шу бўлса, мен нима қилай?»
Бироқ, меҳр кўзда бўлади, деган ҳикмат ҳам бор эди.
Бир пайт қўрғон дарвозаси ғийқ этиб очилдию ҳовлига бирин-кетин Маърифат оқсоқол, Юсуф чол, Дўстмуродбой лақай кириб келдилар. Улар негадир Чўқон бий билан қирқ йилдан бери энди кўришаётгандек, ачомлашиб, елкаларини силаб-сийпашиб кўришдилар, узоқ ҳол-аҳвол сўрашдилар. Фақат Асқар ҳожи қўл сўрашди-да, бир четда қўл қовуштириб турди. Афтидан, яна-тағин Чўқон бий билан ораларида гап қочган кўринарди. Фарғонача манзиратдан сўнг меҳмонлар супага жойлашдилар ва қайтадан «айтинг-айтинг»лар бошланди (бу ёғи энди қўнғиротча манзират эди). Замира ўзини бир четга тортиб турган бўлса-да, лекин меҳмонлар бири олиб-бири қўйиб, уни хийла алқашди.
-Агар худойим менга ўғил ато этганда борми, Гулзамирани келин қилиш учун бутун Лақайистонни қалин ўрнида ҳадя этардим! – деди Дўстмуродбой лақай лоф аралаш.
-Қуллуқ! – деди Чўқон бий. – Қуллуқ, бургут боб!
-Чироғим, момонг шўрлик вайронада ёлғиз қолди. Сен бориб унга ҳамсоя бўлиб ўтиргин, – деди Юсуф чол Замирани имлаб ёнига чақирар экан.
-Майли, бора қол, – деди Чўқон бий ҳам.
-Олдин чой-пой дамлаб берайми? – деб сўради Замира шошиб.
-Ўзимиз бир иложини қилармиз, аммо сизнинг қўлингиздан ҳам бир марта чой ичишимиз бор ҳали, – деди Дўстмуродбой айна қувлик қилиб.
«Лақай бобосининг кўнглини овлашга ҳам улгурибди-да!» деди Замира ўзича.
Мўйсафидлар оёқларини узатишиб «лақайи гурунг» бошлашган пайт Замира қўрғон дарвозасини аста ёпди.
Жинкўча муюлишига етган маҳали кимдир тап этиб бақатеракдан сакраб тушди. Замиранинг юраги шув этиб кетди ва шоша-пиша ёқасига туфлади.
-Қўрқманг, Замира, бу мен! Олимбой чўк тушган кўйи.
-Қўрққаним йўқ, фақат чўчиб кетдим, холос. Юрагим тушиб қолса нима бўлади?! – деди Замира жаҳли чиқиб.
-Анави гап нима бўлди? – деди Олимбой чопонининг ўнгирларини қоқиб, ўрнидан турар экан.
-Қайси гап? – деди Замира талмовсираб.
-Талмовсираманг, Замира! – деди Олимбой ўдағайлаб. – Ураман, лекин!
-Хўш, нима дейсан ўзи?!
-Дарров совчи юбордими, деяпман!
Замира бундай саволни кутмаган, шекилли, тили калимага келмай қолди.
-Нега индамайсиз?! Совчи юбордими? – деди Олимбой чинакамига жазаваси тутиб.
-Олимжон, ахирр сен… ахир биз…
-Бўлди, гап тамом – айтиб қўяй, мен бари бир уни ўлдираман!
Замира нафасинин ичига ютганча Олимбойга тикилиб тураверди.
-Кўрдим, соҳилда гаплашиб турган экансизлар, – деди Олимбой негадир товушини пасайтириб. – Уни яхши кўриб қолдингизми?
-Аҳмоқ! – деди Замира зардаси қайнаб ва беихтиёр Олимбойнинг ўнг юзига бир таркаси туширди. – Сени одам деб юрсам, одам эмас экансан, жосус экансан, билдингми?!
-Чапақай экансиз-а? – деди Олимбой кулумсираб. – Ўлай агар, билмас эдим!
-Ҳали сен кўп нарсани билмайссан! Яна урайми?
-Урсангиз ураверинг, аммо-лекин, ўша гапим гап: мен уни бари бир ўлдираман! – деди Олимбой қатъий оҳангда. – У мендан қочиб қутула олмайди.
-Бор-э, биринг ўлиб-биринг қолмайсанми, менга нима! – деди Замира яна зардаси қайнаб ва шарт бурилиб йўлида давом этди.
-Замира, кейин менга тегасизми? – деб сўради Олимбой орқадан.
-Миёв! – деди Замира орқасига бурилиб. – Мов мушук!
-Мазахламанг, ҳозир бориб қучоқлаб оламан! – деб Олимбой олдинга қараб икки-уч қадам ташлади.
Олимбойнинг шижоати жиддий эди. Замира жон-жаҳди билан югуриб кетди.
Юсуф чолнинг кампири Замиранинг йўлига мунтазир бўлиб ўтирган эканми, дарҳол эски «ашула»сини бошлаб юборди: «Айланайин, айтганимдай, энди тўй бўлади! Мустафоқул келди! Суюнчи бермайсанми?.. Куёв муборак бўлсин!»
Замира икки кўрсатгич бармоғини икки қулоғига тиқиб, кўзларини пирпирлатиб ўтираверди. Кампир эса тинимсиз гапираверди, гапираверди. Охири, чарчади. Чарчагач, иягини тиззаларига суяган кўйи ҳаёлга толди. Хаёллари жуда олислаб кетди, шекилли, бир пайт кўзларида милт-милт ёш пайдо бўлди.
-Нима бўлди? – деб сўради Замира хавотирланиб.
-Сўрама, эна сўрама! Тошхўжа пиримзнинг тўнғич ўғиллари бор эди. Зикруллохон Валий дердик. Жезданг айтди: шу кишини ҳам ўлдиришибди! Ўлдиришиб, ўлигини ахлатхонага ташлаб кетишибди, ер юткурлар!
-Ким ўлдирибди? Нега?
Кампир жавоб ўрнига бошини сарак-сарак қилди, холос.
Замира тушундики, Туркистонда ҳамон хунрезлик давом этарди. Аммо, онасининг ғариб мозори, она қарғишига учраган оғасининг ғариб мозори Замирани муттасил Туркистонга чорларди: ҳар пайшанба оқшоми турфа хил капалаклар ўзларини даҳлиз ойнасига уришиб, чириллашарди. Булар, албатта, капалак шаклига кириб олган арвоҳлар эди… Туркистон ёди хаёлини мудом тарк этмасди. Қанчалик ваҳшатли туюлмасин, ўша томонларга кетгиси келарди, юраги ўша томонларга талпинаверарди. Бегона юртларда мангу қолиб кетишни асло-асло кўз олдига келтира олмасди. Туркситонликлар Ўртатўғайда омонат эканини ич-ичидан ҳис этиб юрарди. Тўғри, у ҳозир Туркистоннинг тусини ҳам тусмоллай олмасди, лекин отаюрт дийдорини бир кўрса – бас, дарров ҳаммасини эслайди, таниб олади; бўйларидан билади, ҳидларидан билади. Ахир, тушларида ҳам олис-олисдан онасининг қорасини кўриб қолса, ҳидларидан, тусларидан таниб оларди-ку! Югуриб-елиб ўша томон кетарди-ку! Ва онасига етиб олиб, оёқларидан қучиб, кўйлакларига юзларини буркаб: «Онажон, тўхтанг энди, акам ҳам қайтиб келди, анави хотинини ташлаб келди!» дерди энтикиб-энтикиб. Негадир тушларида доим ана шу гапини такрорларди. Онаси эса, қизининг бошини бир-икки силаб қўярдию бирдан ғойиб бўларди, Замира кўзларини очган пайтда қора тупроққа қапишиб ётган бўларди… Онасини фақат Туркистон тупроғида кўрарди. Гоҳ онаси Туркистон шамойилида намоён бўлса, гоҳида Туркистон оппоқ сочли онаси қиёфасида тушларига кирарди. Замира онасини таскин билмас соғинч билан соғинарди: она дийдорини тушларимда бир кўрсам эди, деб юраккинаси эзилиб кетарди, оқиб кетарди юраккинаси… Она дийдорига ташна бўлиб кетган пайтларида югуриб дарё ёқасига борарди; дарёга ўзини отгиси келарди, ташналигини қондиргиси келарди, дарёнинг ўнг соҳилига ўтиб, шамолдай елиб Туркистонга кетгиси келарди. Гўё Туркистонга борса, ҳар кеча тушларида онасини кўрадигандай эди. Ҳар кеча тушларида онасини кўриш учун эса, ҳар нарсага тайёр эди: майли, унга Мустафо уйлансин; майли, унга Олимбой уйлансин! Хўш, нима фарқи бор? Тошхўжа пиримиз оқ фотиҳа бергани туфайли, ёшлигида унаштириб қўйилгани боис Мустафога эрга тегиши керакми?.. Майли, Замира рози. Олимбой эсини таниганидан бери Замиранинг орқасидан соядай эргашиб юрадими, яхши кўрадими? Майли, Замира унга хотин бўлишга ҳам рози. Уни кимга эрга беришни отаси ҳал қилсин, инон-ихтиёрини отасига берди. Агар онаси тирик бўлганида инон-ихтиёрини онасига берарди. Зинҳор-базинҳор оғасига ўхшаб онасининг юрак-бағрини ўртамасди, онасини куйдирмасди, куйдириб-куйдириб, адойи тамом қилмасди. Оғаси тошбағир экан, тошмеҳр экан!.. Умуман, эркак зотида қилча меҳр бўлмас экан, уларга ҳатто онанинг кўзёшлари ҳам кор қилмас экан! Улар норасида сингилларини, ҳали она дийдорига тўймаган, ҳали она меҳрига қонмаган қора кўз сингилларини онасини тушларида бир кўришга зор этиб, зор қақшатиб кетар эканлар…
Кампир Замирани бағрига босиб ўтирар ва нималар тўғрисидадир бир маромда сўйлар эди. Кампир нималар тўғрисида сўйлаётганини Замира англамайди: гўё онаси «алла» айтиб, бошини силаб ўтиргандай ҳис этарди ўзини. Онасинниг таниш ҳиди димоғини чоғ этиб, юрагини ҳил-ҳил эритиб юборган эди. Беихтиёр кўзи илинди ва кўз ўнгида тўкилибгина қолган бир минор, бурган қоплаган бир жуфт қабр намоён бўлди. Талотўп оломон тупроғи кўпчилиб ётган йўлни чангитиб уфқ сари ошиқарди; оломон ўртасида алвон-алвон маторларга бурканган тобут лопиллаб борарди.
Бир маҳал Замира уйғониб кетди. Уй ичи ойдин эди, ёнгинасида Юсуф чолнинг кампири пиш-пиш этиб ухлаб ётарди, усти очиқ-сочиқ эди.
Ўртатўғай ҳам ширин уйқуда эди, ҳатто итларнинг ҳуриши ҳам эшитилмасди.
Сокин сукунат бомдодгача давом этди. Бирдан сўфининг азон товуши янгради: «Аллоҳи акбар, Аллоҳи акбар, Аллоҳи акбар!..»
Кампир дарров уйғонди ва «бисмиллоҳ!» деб ўрнидан турдию ташқарига чиқиб кетди. Кўча тарафдан эркакларнинг йўғон-йўғон товуши эшитилди: чамаси, улар мачитга йўл олишган эди. Замира ўрнидан туриб жойларни йиғди, кўрпа-тўшакни тахмонга тахлади. Сўнг дуррачасини бошига ҳилвагай ташлаб ҳовлига чиқди. Муздек ҳавода эти жунжикди. Нохос ғўнғир-ғўнғир товуш қулоғига чалиндию кампирига бир нималарни тушунтириб, дарвозадан чиқиб кетаётган Юсуф чолнинг қорасини кўриб қолди. Замира ўзини сезмасликка солиб, боғча томон ўтиб кетди. Ювиниб-тараниб ҳовлига қайтиб келган пайт ўчоқда чойдиш шарақлаб қайнарди. Кампир бўлса, эски чорпояда, жойнамоз устида юзини қиблага қаратиб, қўл қовуштириб тик турарди. Замира ҳам жойнамознинг бир четига бориб турди. Биргалашиб намоз ўқидилар. Саловат айтиб бўлингач, юзларига фотиҳа тортишиб ўринларида қўзғолишди. Кампир жойнамозни қоқиб-қоқиб, устундаги михга илиб қўйди. Замира чой дамлади ва:
-Мен энди уйга борай, – деб кампирдан изн сўради.
-Шошилма, чироғим, мундай ўтир, – деб кампир Замирани ёнига чорлади. – Кеча оқшом отанг розилик берибди Мустафоқулга. Маъқул-ми? Эшитяпсанми, деяпман?!
Замира ердан бошини кўтармай:
-Эшитяпман, – деди.
-Эшитаётган бўлсанг, гап шу – чоршанба куни тўй!
-Мунча тез, момо?
-Тезлиги қоптими??! Сен тенгилар аллақачондан бери бешик қучоқлаб ўтиришибди!
-Момо, ахир… – деди Замира ялинчоқ товушда.
-Бўлди, бор энди уйларингни сарамжон-саришта этиб қўйгин! Мустафоқул ич-куёв бўлади!
-Ие, шунақами? – деди Замира ҳайратланиб.
-Ҳа-а, йўғасам, мачитга келин бўлиб тушусанми?..
Замира оёғига тош боғлангандек оғирлашиб ўрнидан турди. Ич-ичидан бир нима чирт этиб узилди: юрагини тираб турган тиргак қуладими ё юраги осилиб турган ришта узилдими – билмайди. Билгани шуки, энди у Мустафога хотин бўлади, вассалом! Мустафо энди эр бўлади, амир бўлади, подшоҳ бўлади, шаҳаншоҳ бўлади… Пошдоҳнинг амри вожибдир, маликам!
Энди Замира ҳам ўзгаради. Дунёи дун ўзгаради, муносабат ўзгаради, муносабат ҳозирдан ўзгарди: у ҳатто Юсуф чолнинг кампири учун ҳам бор-йўғи Мустафонинг маҳрига тушган бир ожиза, холос. У энди х о т и н бўлади…
Қиз бола бировнинг хасми – бир кун эгаси келиб олади-кетади. Омонатга хиёнат қилмасдан, сақлаб берганлари учун «судхўрлар»га раҳмат айтиб кетади. Хасм – буюмдир, омонатга қўйилган буюм. Жилла қурса, хасмол эмас, ёриб чиқса ёрилиб-портлаб чиқса! Ичида йиғилиб қолган фатоси, зардоби сачраб кетса кошкийди! Афсуски, сачрамайди, сузмахалта остидан чакки томгандек бир умр юракдаги зардоб томчилайди, томчилаверади…
Қиз бола хасм эмас, анжир экан: айни шира боғлаётган кезларида анжирни кўтариб турган айри-тиргак, одатда, ёрилиб кетади ва уч-учидан бол сизиб чиқа бошлаган анжир мевалари ер-кўприк бўлиб тўкилиб қолади, увол бўлади. Увол-а!
Ҳафта айланиб, чоршанба келди. Замира нима бўлаётганини, нима қилаётганини билмасди. Қўрғон хийла гавжум бўлиб қолган эди: биров келарди, биров кетарди. Кимлардир ҳовлида ивирсиб юришарди. Ўша кимсалар қаторида Замира ҳам шарпадек ивирсиб юрарди. Хаёллари паришон эди, тўзғоқдек тўзиб кетган эди хаёллари…
Чоршанба куни оқшом чоғи Маърифат оқсоқол хутба ўқиди; Мустафоқул билан Замирани никоҳлаб қўйди. Уй тўла хотин-халаж, қиз-жувон эди; даҳлсиз тўла эркак эди. Хутба ўқилгач, Маърифат оқсоқол эр-хртинниг бурчи, мажбуриятлари тўғрисида насиҳатомуз маъруза қилди. Бу маъруза Замирада чучмал таассурот қолдирди, холос. Келин-куёвдан розилик сўради: Гулзамира «тегаман» деди, Мустафо «оламан» деди. Кейин ўткан-кетганлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди; тиловатдан сўнг Асқар ҳожи аразлаб мачитга кетиб қолди. Айтишларича, ҳожи бобо куёвдан тамаки сўраган экан, буни Дўстмуродбой лақай эшитиб қолиб, маърака давомида Асқарбойнинг роса калака қилиб ўтирибди ва охири: «Бўпти, бундан кейин ҳаммангни бир-бир оғзингни ҳидлаб кўриб, иннайкейин мачитга киритаман! Қани, бирортанг тамаки чекиб боргинчи!» дебди фиғони фалакка чиқиб Асқар ҳожи.
Келин либосида чимилдиққа қадам қўяётиб, Замира бирдан ҳўнграб юборди ва ўзини даҳлизга урди. Лақай, фарғоначи дугоналари уни ушлаб қолишди, сургалашиб яна чимилдиққа олиб киришди. Замиранинг бутун вужуди нозик япроқ мисоли дир-дир титрарди.
-Гулжон, айна, уят бўлади! Ундай қилма, айланай!
Кимдир Замирага муздек сув тутди. Бир коса дам солинган сув. Сув ичгач, Замиранинг титроғи хийла босилди ва Тошгул чеча кўмагида чимилдиққа кириб, пар ёстиққа бош қўйди. Кўзларини чрт юмиб олди. Юраккинаси нохос тузоққа илиниб қолган қушча каби типирчиларди, ўзини ҳар ёққа урарди, ҳатто кўкрак қафасини ёриб чиқиб кетмоққа интиларди. Замира ўнг қўлини юрагининг устига босди: маммаси гўё тузоқнинг бир учи боғланган қозиқ каби тубидан кўчиб-кўчиб қўярди.
Бир пайт шивир-шивир эшитилди. Чимилдиқ пардаси кўтарилиб тушганини сезди Замира. Лекин, кўзларини очмади. Билдики, кўзларига чироқ шуъласи тушиб турарди. ўрпанинг қати кўтарилиб, чап ёнига биров кириб ётди.
-Гулзамира, кўзингизни очинг, айна! -деди Тошгул чеча шивирлаб.
Замира кўзларини очди ва кўзгуда ўз аксини эмас, Мустафони кўрди – у ажабланиб Замирага тикилиб ётарди.
-Танидингизми? – деб сўради Тошгул чеча. – Шу киши куёвингиз.
Замира индамади. Кўрпани бошига тортди ва беихтиёр Мустафонинг иягина туртиб, тирсаклаб юборди.
-Майли, ҳозир урсангиз ҳам, кейин ярашиб олинг! Илойим, қўша қаринглар, кўз тегмасин! – деь Тошгул чеча чимилдиқни тарк этди.
Мустафо пайпасланиб Замиранинг қўлини излади. Замира қўлини ушлатмади, ўнг томонига яшириб олди.
-Тегманг! – деди Замира. – Менга тега кўрманг! – деб огоҳлантирди.
Мустафо қўлини тортди.
-Нима гап ўзи, Замира? – деди Мустафо чуқур уф тортиб. Сўнг, Замира томон ўгирилиб, қўлини устидан оширди-да: Гулим, гулгинам! – деди меҳри товланиб.
Замира миқ этмади, қимир этмади. Мастафо пайпасланиб, Замиранинг кўйлагини юқорига тотқилади.
-Йўқ, – деди Замира, – тегманг, деяпман!
-Ахир, биз шаръий эр-хотинмиз, – деди Мустафо истаб.
-Ўтинаман, ҳеч бўлмаса, бугун мени ўз ҳолимга қўйинг!
Кейин ўртада бошқа гап-сўз бўлмади. Замира кўзларини юмганча индамай ётаверди. Мустафо оғир-оғир уф тортарди.
Кеча узайиб кетди. Ахийри азон товуш эшитилди. Тонг отди.
Тошгул чеча чимилдиққа иссириқ тутатиб кирди. Ҳаммаёқни обдан дудлади; ўзича аллақандай дуо ўқиб, инс-жинсларни ҳайдаган бўлди. Сўнг, холи жойга дастрхон ёзиб, Замирани чорлади. Мустафо аллақачон дастурхон бошидан муносиб ўрин эгаллаб олган эди. Замира даҳлизга чиқиб обрезда ювинди. Тошгул чеча узатган оппоқ сочиққа артинди ва икковлашиб уйга кирдилар. Мустафо ўрнидан туриб, қўл қовуштириб уларни қарши олди. Замира эгилиб салом берди, Мустафо алик олди, лекин эгилмади. Тошгул чеча куёвга ҳам, келинга ҳам чой қуйиб узатди. Кейин чойнакни Замиранинг ёнига суриб, бир нимани баҳона қилдию ташқарига чиқиб кетди.
Замиранинг томоғидан чой ҳам ўтмасди, бир ҳўплам чойни минг бир азоб билан зўрға ютарди. Мустафо икки-уч бурда қовурдоқ еди; Замирани ҳам қистади, бир бурда лаҳм олиб узатди.
-Қўлимни қайтарманг, – деб илтимос қилди.
Замира қовурдоқни олдию дастурхоннинг бир четига қўйди. Бирпадан кейин Мустафо ҳам узр сўраб ташқарига чиқиб кетди. Дастурхон четида қинидан чиқарилмаган. Чуст пичоғ қолди. Замира пичоқни қинидан чиқариб томоша қилди; тиғи кескир эди, бир томонига араб имлосида «Чуст» деб ёзилган эди.
Кундуз ҳам узайиб кетди. Замира дастурхоннинг устини ўраб қўйди. Чимилдиққа кириб чўзилди, озгина миғзиб олди. Кейин нима қилишини билмасдан дераза дарпардасини кўтариб ҳовлига қаради: таниш-нотаниш аёллар куймаланишиб юришарди: кимдир келинхона деразасидан парда кўтарилганини сезиб, шу тмомнга ўгирилди ва шоҳи рўмол ўраган Замирани кўриб, ёйилиб илжайди – унинг кемшик оғизи кишида нохуш таассурот қолдирарди. Замира дарҳол пардани туширди.
Ниҳоят, оқшом чўкди. Замиранинг кўнгли ҳам қоп-қоронғи ва бўм-бўш уйга ўхшарди.
Зарбоф чопонини елкасига елвагай ташлаб олган Мустафо кириб келди. Замирадан ҳол-аҳвол сўради, чақмоқтоши билан пиликли қорачироқни ёқди. Кейин юзма-юз ўтиришиб, Тошгул чеча ичкарига киритиб берган паловдан бир-икки чўқариб қўйди. Чимилдиққа киришдан аввал Мустафо Қуръон тиловат қилди. Қўнғироқдай овози бор экан. «Бекорга оқин эмас экан-да!» деб ўйлади Замира.
-Ҳадича онамизнинг гўрлари нурга тўлсин, жойлари жаннатда бўлсин! – деб юзига фотиҳа тортди Мустафо. Кейин: – Жаннат аёл эди, раҳматли! Жуда кўнгилчанг беозор эди. Лекин, охирги пайтларда кўп ғам чекди, доим йиғлаб ўтирарди… Илойим, Оллоҳ шафоатига ноил бўлсин! – деди-да ўрнидан қўзғолди.
Замира онасининг исми шарифини эшитиб, ичи сал ёришгандай бўлди, кўнгли юмшади.
Чимилдиқнинг зардўзи пардаси мусиқий товуш чиқариб кўтарилиб тушди. Сал фурсатдан сўнг ўша товуш такрорланди: келин-куёв бирин-кетин чимилдиққа кирдилар. Бу кеча Замира куёвнинг ўнг ёнига кирди. ўткан кеча куёви унинг чап ёнига кирган эди. Ҳарқалай, ўрин алмашмаган бўлса-да, лекин бу кеча Мустафо илгарироқ ўз ўрнини эгаллади. Демак, шу кечадан эътиборан эрнинг айтгани бўлади, эр ҳукмрон бўлади. Замиранинг юраги сирқирарди… Шифтга термилиб узоқ ётишди, шифтда қорамтир шуъла ўйноқларди. Мустафо астагина Замиранинг қўлини ушлади. Мустафонинг қўли дир-дир титрарди. Дам ўтмай титроқ Замирага ҳам юқди: унинг аъзойи бадани чўғдай қизиб кетди, ёноқлари лов-лов ёна бошлади. Муцстафо Замиранинг сочларини силади, юзларини сийпалади. Сўнг, тирсагига суяниб ўмганини кўтарди-да, Замиранинг ёноқларидан қизғин-қизғин бўсалар олди.
-Жоним, жонгинам! – деб Замиранинг қулоғига шивирлади Мустафо. – Энди мен сени ҳеч кимга бермайман! Меникисан, фақат меники!
Замира Мустафонниг эҳтиросларига ошиғич рағбат кўрсатмади, лекин қаршилик ҳам қилмайди. У гўё бор дунёни унутган каби эди… Руҳи арши аълога учиб кетди, тўшакда соҳибидан айрилган вужуди қолди…
Замира илгари ҳеч қачон хаёлига ҳам келтирмаган ажиб ва нажиб оғриқдан нохос қичқириб юборди. Қичқириб юбордию шундан кейингина Мустафонинг иссиқ-иссиқ нафаси ёноқларига гуп-гуп урилаётганини яққол сезди. Арши аълода учиб юрган руҳи вужудига қайтиб келиб қўнди, қўноқ бўлди. Фақат қўноқ бўлди, холос. Руҳи қўноқ эканини Замира хира торган шуури билан англаб етди. Англадию бирдан йиғлаб юборди ва Мустафонинг кўкрагидан итариб, унинг юз-кўзларига, дуч келган жойига муштлай бошлади, юмдалади… Мустафо Замирани овунтирди, овунтирмоқчи бўлди: ялинди, ёлворди… Бироқ, Замира овунмади, тиззаларини қучганча ўксиб-ўксиб йиғлайверди, йиғлайверди.
Уч кундан сўнг лақай қизлар, жувонлар тўдалашиб келин кўргани кўрмана кўтариб келишди. Тошгул чеча уларга келинни эмас, нуқул ол «байроқ»ни кўз-кўзлади. Замира шунчалар номус қилди, қанийди ер ёрилсаю ерга кириб кетса!.. Қизлар пиқир-пиқир кулдилар, жувонлар бир-бирларига маъноли-маъноли им қоқдилар. Ва чимилдиқ ёнидаги дорга алвон-алвон матолар илдилар.
Бир ҳафтадан кейин Чўқон бий йўрғасини етаклаб қўрғонга кириб келди. Замира ўша куни отасининг кўзига кўринмади. Мустафодан ҳол-аҳволини суруштирди, холос.
Кейин кун тартиби ўзгарди: Мустафо тонгда қайнотаси билан Дўланабулоққа пичан ўримига отланар, Замира тушлик овқат тайёрлаб уларга элтиб берар эди. Дўланабўлоққа боришда ҳам, келишда ҳам ўзига қадрдон бўлиб қолган ўша сўқмоқдан юрарди.
Асов дарё ясси қирғоқни ялаб-юлқаб, вишилаб-пишиллаб, бўтана-бўтана бўлиб, эшилиб-тўлғониб оқиб ётарди. Ўристоғ чўққиси лов-лов ёнаётган гулханни эслатарди. Ўристоғ гўё бошида мой сепиб, ўзига ўзи ўт қўйиб юборган паҳлавонга ўхшарди.
Бир куни Замира Дўланабулоққа тушлик овқатни элтиб, қайтиб келаётган пайт, туятош ёнида Олимбой йўлини тўсди.
-Яна нима дейсан?! – деди Замира оғриниб.
Олимбойнинг ранг-рўйи сарғайиб, кўзлари ичига ботиб кетган эди.
-У қўлларингиздан ушладими? Ҳамма жойингиздан ушладими? – деб сўради Олимбой лаблари пирпираб. Кўзлари жиққа ёш эди.
Замира ерга қаради.
-Олимжон, мени иснодга қўйма! – деди у ялиниб. – Энди айб бўлади.
-Бўпти, – деди Олимбой бўшашиб. – Лекин, мен сизни бари бир яхши кўраман. Ростини айтсам, бу ерлардан бош олиб кетмоқчи бўлдим. Аммо, кета олмадим. Хонободга бориб, қайтиб келдим… Чегара биз ўйлаганчалик маҳкам эмас экан: бухоролик мухожирлар у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа зув-зув қатнаб ётишибди. Чегара гўё ини бузилган арихонга ўхшайди. Э-э, гап бунда эмас, Замира, сизни соғиниб кетдим, дийдорингизни тағин би-ир кўрайин дедим. Мана, кўрдим, худога минг қатла шукур!.. Юзингизга доғ тушибди… Аммо-лекин, барибир чиройлисиз, доғ ҳам ярашиб турибди… Энди кетолмайман, кечолмайман сиздан! Фойдваси йўқ, ўзимни авраб-алдасам ҳам фойдаси бўлмаяпти… Ахир, мен нима қилай?! – Олимбой бирдан ҳиқ-ҳиқ этиб йиғлаб юборди. Кўзёшларини жуддур чопониниг енги билан артди.
-Қўй, Олимжон, йиғламагин! Юрагимни эзмагин! – деди Замира эланиб.
-Қошингизни кўрганмисиз, Замира?! Бўйгинангизни кўрганмисиз, Гулзамира?! – деди Олимбой ёшли кўзларини жавдиратиб.
Замиранинг юраги худди оби-тобида мижғиланган анор мисоли нозик бир жойидан «порс» этиб ёрилдию оқиб кетди. Ана шу оқим бемажол, бемадор Замирани ўз гирдобига тортмоқчи бўларди. Замиранинг нафаси бўғилди, унга ҳаво етишмасди… Дунёга келганига минг-минг пушаймонлар қилди Замира.
-Ахир, сен ўғил боласан, Олимжон! Йигитсан! Сенга кўзёш ярашмайди! Йигитнинг зийнати – унинг иродаси-ку! – деди Замира алам билан ва шарт бурилиб, уйи томонга йўл олди.
Олимбой унинг орақсидан ҳайратланиб термилиб қолди.
Жума куни қўрғонни гир-гир айланиб, оппоқ капалакни қувлаб юрган оламушук қўққис шалоп этиб қудуққа тушиб кетди. У жон аччиғида бир-икки миёвладию кейин саси чиқмай қолди. Замиранинг ёлғиз ўзи супада кашта тикиб ўтирарди, отаси билан куёви мачитга кетишган эди. У илгакчўп билан бир амаллаб мушук жасадини чиқариб олди ва чорбоғнинг бир четига элтиб кўмди. Бу ҳақда кечаси куёвига айтди. Мустафо хийла вақт уф тортиб ётди. Замиранинг кўнглига ғулғула тушди…
Тўйдан кейин ана-мана дегунча қирқ кун ўтди. Чилла чиқди.
Қириқ биринчи куни тонгдан то шомгача Ўртатўғайда найнинг ғамгин навоси эшитилиб турди. Хуфтонга яқин наво тинди… Ўша куни най навоси қаердан таралаётганини ҳеч ким билмади: гўё олисдан акс садо келаётгандек туюларди. Ҳақиқаттан ҳам, ул ёндан Ўристоққа, бул ёндан Чолтовга урилиб акс садо қайтарди.
Ўша садоли кун оқшоми Мустафодан дарак бўлмади. Хуфтондан сўнг Чўқон бий куёвини қидириб Ўртатўғайни бир қур кезиб келди. Лекин Мустафони кўрдим деган кишини учратмади, тарвузи қўлтиғидан тушиб қўрғонга қайтди. Бояқишнинг хийла боши қотди… Тонгда туриб яна куёвини қидириб кетди.
Пешин маҳали, ҳайҳот, Мустафонинг жасадини келтирдилар. У нақд манглайидан отилган эди, ўқ мия қопқоғини ўпириб ташлаган эди.
-Тўнғиз ўқ билан отибди, мараз! – деди Дўстмуродбой лақай.
Жасадни ювиб-тараб, аср чоғи дафн этдилар.
Замира уйдан кўчага чиқмасдан эрига қирқ кун мотам тутди. Қирқ кундан кейин ҳам эгнидаги аза кийимини ечмади. Озиб-тўзиб, қовжираган қамишдай бўлиб қолди. Фақат пайваста қошларидан илгари Замирани таниб олиш мумкин эди, холос.
Замиранинг назарида, дунё остин-устин бўлиб кетди, осмон узилиб ерга тушди. Лекин, юрагидаги ўша соғинч ҳамон таскин нелигин билмасди. Замира она дийдорини, ҳея бўлмаса, тушларимда бир кўрсам эди, деб эзиларди, орзиқарди, ўртанарди, юракинаси сел бўлиб оқиб кетарди. Тонгда туриб дарё соҳилига қараб югурарди, дарёга ўзини ташлагиси келарди. Ўртанган юрагини юлиб олиб, балиқларга отгиси келарди, лекин ота олмасди.
Сокин сукунатни тап этган товуш бузди. Замира истамайгина орқасига ўгирилди: Олимбой қўшоғиз милтиғининг қўндоғини ерга тираганча ғўдайиб турарди. Унинг турқи-атворига қараб бўлмасди: иркит, исқирт бўлиб кетган эди. Ундан бадбўй ҳид анқирди.
-Қўрқманг, Замира, – деди у бегона товушда.
-Милтиқни қаердан олдинг? – деб сўради Замира.
-Бу ўшаники, яшириб қўйган жойидан олдим, – деди Олимбой.
-Уни сен ўлдирдингми? – деб сўради Замира хотиржам.
-Лекин, ўзининг милтиғи билан отдим… Мени кечиринг, – деб бошини эгди Олимбой. – Милтиқ меники эмас, – деб илова қилди у.
Замира ҳанг-манг бўлиб, оҳиста яқинлашиб Олимбойнинг бурнига бурнини теккизди ва кўзлари қинидан чиқиб кетгудай бир алфозда Олимбойнинг кўзларига, кўзларининг қорачиқларига тикилди, тикилиб тураверди. Не тонгки, Олимбойнинг қорасиқларида Замиранинг онаси – Хадича биби букчайиб, тиззаларини қучиб ўтирарди: Замира эса она дийдорига тикилиб-тикилиб сира тўймасди.
Замиранинг иссиқ ҳам муаттар нафаси Олимбойнинг димоғига гуп этиб урилди. Олимбой қулт этиб ютинди, кекиртаги ўйнади.
-Мен сизни яхши кўраман, – деди Олимбой, – бари бир яхши кўраман… Гўримда ҳам сизни яхши кўриб ётаман…
-Йиғламагин, – деди Замира илтижоли оҳангда. – Ахир, кўзёш билан дунёни тузатиб бўлмайдими?! Йиғламагин! – Замира Олимбойнинг елкасидан тутиб, бир-икки силкитди.
-Гулзамира, ўтинчим бор, худо хайрингизни берсин, ўлганимдан кейин кўзларимга тупроқ сепиб қўйинг, токи, ҳеч ким кўзларимни кўрмасин! Кўзларимда сизнинг сувратингиз муҳраланиб қолади… – Олимбой Замиранинг қўлларини елкаларидан аста-аста олиб қўйди-да, бир-икки-уч қадам орқасига тисарилди. Сўнг, Замирадан кўзларини узмай, милтиқ оғзини иягига тиради ва шу ҳолатда Замирага тўйиб-тўйиб тикилди, тикилиб-тикилиб тўйди.
Замира ҳайратланиб, тошдай қотиб турарди.
Олимбой бироз энгашди, ияги олдга чўзилди (баъзан Замиранинг отаси ҳам соқолини остидан тарамоқчи бўлса, иягини худди шу тарзда бироз олдинга чўзарди). Олимбойнинг ияги бироз олдинга чўзилган пайт бирдан варанглаган ўқ товуши эшитилдию Олимбой бир силтаниб орақсига чалқанча йиқилди. ўнг оёғининг кўрсатгич бармоғи тепкини туртиб юборган эди. Милтиқ Олимбойнинг қучоғига тушди.
Замира оғзини маҳкам тутамлаганча Олимбойнинг устига югириб борди: тўнғиз ўқ мияни ўпириб кетган эди, миянинг қатиғи чиқиб ётарди. Замира кўзларини кетта-катта очиб, Олимбойнинг бош тарафига чўкди. Олимбойнниг кўз қорачиқлари аста-аста қовоқлари остига сурилиб борарди: унинг қорачиғида Замира ўз аксини кўрдию юраги ҳалпиқиб кетди. Охир кўз қорачиғи қовоқ остига ботиб, фақат оқи-гавҳари қолди, холос. Замира бир сиқим қум олди-ю, аммо уни марҳумнинг кўзларига сепишга журъат этмади. Олимбойнинг пешонасини, қошларини силаб-сийпалаб кўзларини юмиб қўйди. Кафтини бирпас унинг қовоқларига босиб ўтирди. Шу маҳал Олимбойнинг тешик бўғзидан «оҳ!» деган ҳирқироқ фиғон отилиб чиқди ва киприклари остидан бир жуфт кўзёш сизиб чиқиб, ёноқларидан сирғалиб тушди-да, энди сабза ура бошлаган нозик мўйловларининг икки четига сингиб кетди.
-Мендан рози бўлгин, Олимжон! Муштипар опангдан рози бўлгин, инижон! – деди Замира икки чаккасини чангаллаб.
Гулзамира ўртаниб-ўртаниб, доғланиб-доғланиб йиғламоққа бошлади.
Орадан уч кун ўткач, Ўртатўғай мачитида хомуш бўлиб ўтиришган чолларга Дўрмуродбой лақай:
-Олимбой ўзини ҳам тўнғиз ўқ билан отибди. Лекин буниси бошқача хили экан, гўё бировнинг махсус буюртмаси асосида тайёрланганга ўхшайди, – деди. – Аслида, муддатидан беш кун бутун келган ажал ўзгача бўлади, одатдагисидан фарқ қилади.Кескин фарқ қилади…
* * *
199… йилнинг куз фаслида Туркиядан Олимбой исмли бир ватандошимиз Туркистон тупроғини тавоф қилгани келгани келдилар. Олимбой афанди қора қош, қора кўз, кўркам киши бўлиб, ўзларининг нақл қилишларича, ьундан олтмиш уч йил муқаддам Ўртатўғайда таваллуд топганлар, аммо ўзларини Туркистоннинг асл фақири ҳисоблайдилар. Чунки волидалари Гулзамира биби ҳам, падари бузруквори Мустафоқул оқин ҳам, ҳатто отдоши Олимжон фарғонаси ҳам тукистонлик мухожирлардан бўлганлар.
Гўлзамира биби ўтган йили Туркиянинг адан шаҳрида, саксон икки ёшида бандаликни бажо келтирибдилар. Илойим, жойлари жаннатда бўлсин! Марҳума то сўнгги нафасигача Туркистонни бир кўриш, онаси билан оғасининг мозорини зиёрат қилиш орзуси билан яшабдилар, шу армони билан боқийликка юз тутибдилар.
Олимбой афанди онаизор армони тўғрисида сўйлаётиб, беихтиёр кўзларига ёш олдилар.
Айтмоқчи, Олимбой афандининг бобоси – Чўқон бий бундан ўттиз йил муқаддам Адан шаҳрида вафот эткан эканлар. Илойим, у кишини ҳам Оллоҳ ўз раҳаматидан бенасиб этмасин!
-Таскин билмас бир соғинч каминани етаклаб келди, жигарим! – дедилар Олимбой афанди кўзёшларини артиб.
Биз у киши билан Ўртасаройда, кўл бўйида тасодифан учрашиб қолдик. Узоқ бир қариндошлари долғали замонларда Ўртасаройга кўчиб келишиб, кўл бўйида Ватан қурган эканлар. Насиб этса, Олимбой афанди хориждаги тижорат ишларини ворисларига топшириб, келаси йили Ўртасаройга кўчиб келмоқчилар. Ҳатто келадиган кунларини ҳам белгилаб қўйибдилар.
-Милодий ҳисобда ўттиз биринчи ўктабр куни элга худойи қилиб бераман. Кейин, худо хоҳласа, ҳижрий тартиб бўйича яшай бошлаймиз, – дедилар у киши кулумсираб.
Биз яна дийдор кўришгунча хайр-хўшлашдик.

(Tashriflar: umumiy 121, bugungi 1)

Izoh qoldiring