Nabijon Boqiy. Umidjon buyuk musavvir bo’ladi.

011

Йўл-йўлакай таассуротлар билан ўртоқлашамиз: Ойниса опа камбағал бўлса-да, ориятли ўзбек аёлининг тирик тимсоли бўлса, Умиджон миллат учун қайғурадиган навқирон инсон тимсоли эди. Умиджон зийрак йигитча. У келажакда “Онасининг тиззасида ўтирган умид” номли бетакрор суврат чизиб, онасининг тимсолини яратади. Ўша сувратни томоша қилаётган одамларнинг кўзларидан дув-дув ёшлар тўкилажак. Ўша сувратни томоша қилаётган одамларнинг юзларида нури ҳидоят пайдо бўлажак. Ўша сувратни томоша қилаётган одамларнинг лабларида ханда пайдо бўлажак.

022
Набижон Боқий
УМИДЖОН БУЮК МУСАВВИР БЎЛАДИ

2014 йилнинг 25 январь шанба куни соат 15  чамаси биз Иштихон (Самарқанд вилояти) шаҳарчаси бозорига кираверишда (автоуловлар қўйиладиган тўхтамгоҳда) семичка, носвой, сигарет, сақич каби майда-чуйда сотиб ўтирган хотиннинг тиззасида ўн бир-ўн икки ёшлардаги ўсмир йигитча онасининг бағрига қапишиб олганини кўриб, асло ҳайрон бўлмадик. Одамлар у ёқдан-бу ёққа ўтиб турибди. Панжара билан ўралган авто тўхтамгоҳида бекорчи кишилар чақ-чақлашиб турарди, битта ўртаяшар миқти киши биз томонга қизиқсиниб қараб қўярди.

Биз – Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Нуруллоҳ Остон (Достон ҳам шу киши) ва мен эрталаб Хўжа Аҳрор вали ҳазрат мозорини зиёрат қилиб, ғойибона танишларимиз билан учрашиб, ҳол-аҳвол сўрашиб қайтмоқ ниятида Тошкентдан йўлга чиқдик. Мўлжалимиз Иштихон туманидаги Шайхлар қишлоғида истиқомат қиладиган Ойниса Низомова чала битган бир хонали уйида ҳали вояга етмаган ўғли билан қишли-қировли кунларни қандай ўтказаётганини билиш, уйни иситиш бўйича Хоразмда кашф этилган ихтиро билан она-болани воқиф этиб қўйишни истар эдик. Эмишки, Хоразмда уйларга ўрнатилган чўян печкаларга қор ва муз тўлдириб қўйилса ҳам ёнаверармиш. Биз бундай ихтиро учун Нобел мукофоти берилишига ишонган ҳолда журналист дўстимиз Рўзимбой Ҳасанга мурожаат этиб: “Шу гап ростми?” деб сўрадик. “Ҳа, рост, – деди Рўзимбой Ҳасан, – афсуски, бу ихтиро ҳақида тўлиқ маълумот беролмайман, ихтиро муаллифи Нобел мукофоти олганидан сўнг қор билан музни ёндириб исситадиган печка тўғрисида тушунча берамиз”, деб мийиғида кулиб қўяди журналист.

Шайхлар қишлоғи қиш чоғида обод кўринади. Ғуж-ғуж тўпланиб турган одамлар машина ойнасидан лип-лип ўтиб, кўнгилда хотиржамлик уйғотади: “Хайрият, ҳали бу қишлоқда ҳаёт давом этаяпти экан”, деб бир-биримизга маъноли қараб қўямиз. Қишлоқ гузаридаги хўжалик моллари дўкони ёнида ўтган-кетганни томоша қилиб турган Полвондан Ойинса опа Низомовани, эски раисни Нуруллоҳ Остон ётиғи билан сўраб-суриштиради. “Раис нафақада, уйида сандалга оёқларини тиқиб ўтирган бўлса керак”, деди Полвон. “Ойинса эса Пахта пункти орқасидаги чала битган уйчасида бўлса керак”, деб бизга йўл кўрсатиб юборади.

Бир пайтлар ЎзТВнинг Самарқанд вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлаган Нуруллоҳ Остон биздан олдин Пахта пунктига йўл олади ва қоровулхонага кириб, у ерда ўтирган уч-тўрт одамга мақсадини тушунтиради. Чорак соатлардан сўнг мўйловли киши билан ташқарига чиқади. Мўйловли киши: “Қишда чала битган уйда яшаб бўлмайди. Ойниса ҳозир Иштихон марказидан ижарага уй олган. Ўғлини эса мактаб-интернатга ўқишга жойлаб қўйган”, деб изоҳ беради. Биз мўйловли киши кўрсатмаси бўйича 8-10 чақирим наридаги Иштихонга йўл оламиз ва бозор оралаб Шайхлар қишлоғидан келиб, семичка сотадиган тужжор опани сўраб суриштирамиз. Бозорга астойдил ўрнашиб олган хотинлар Ойинса опани танимас экан. Шундан сўнг таваккал қилиб, авто тўхтамгоҳ оралаб ўтиб, бозордан ташқарига чиққан жойимизда онасининг тиззасида ўтирган ўсмир йигитчани кўриб, учовимиз ҳам таққа тўхтаймиз. Ёнимда фотоаппаратим бор эди, лекин шу ҳолатни суратга туширишни хаёлимга ҳам келтирмайман. Икки адаш майда-чуйда ёйиб қўйилган ясама столнинг сўл томонига ўтиб, рўмол устига тўкиб қўйилган семичкадан ҳовучлаб олиб чақа бошлайди. Ўзларича нарх-навони суриштирадилар. Рўпарада бегона харидорлар тўхтаганини сезган йигитча дик этиб онасининг тиззасидан тушиб, бу томонга ўтади.
09
– Нечанчи синфда ўқийсиз? – деб савол бераман йигитчага.
– Бешинчи синфда ўқийман.
– Мактабингиз қаерда?
– Жума шаҳрида.
– Қанақа мактаб ўзи?
– Яхши мактаб. Бизни Муродов деган домла ўқитади. У киши рассомлик тўғрисида китоб ёзган, – дейди.
– Исмингиз нима?
– Умиджон.
– Муродов домлани танийман, – дейди Нуруллоҳ Остон.

Афсуски, ўқитувчисининг исми Тошкентга келгунимизча эсимдан чиқиб қолади.
Мен елкамга осиб олган сумкадан шоир Шавкат Раҳмон сайланмасини, Масъуд Абдуллаевнинг “Ўтганлар ёди” хотира китобини ва яна бир шеърий тўпламни Умиджонга тақдим қиламан.

– Абдулла Қодирийни танидингизми? – деб “Ўтганлар ёди” муқовасидаги суратни кўрсатаман.
Умиджон суратни кўздан кечириб:
– Ҳа, танидим, – дейди. – Бу китоб Абдулла Қодирий тўғрисидами?
– Ҳа. Ўғли ёзган. Масъуд отасидан айрилган чоғларида ўн-ўн бир яшар бола бўлган.
– Абдулла Қодирий 1938 йилнинг тўртинчи октябрь куни қатл этилади, – дейди Умиджон. – Лекин қабри йўқ.
– Ҳа, шундай, қаерга дафн этилгани номаълум – дейман. – Мен “Қатлнома” деган китоб ёзганман. Ўша китобда сиз айтган гапларга изоҳ берилган.
– Ие, сизлар ёзувчиларми? – дейди Ойниса опа.
– Биз ёзувчимиз, – деб Нуриллоҳ Муҳаммад Рауфхонга ишора қиламан, – бу киши эса шоир – Нуриллоҳ Остон ва Достон!
– Ие, ие! – деб шошиб қолади Ойниса опа.

Суҳбат қизиб кетганини кўриб, панжаранинг нариги томонида турган миқти киши биз томон яқинлашиб, гап-сўзларга қулоқ сола бошлайди.
– Муҳаммад Юсуфнинг “Қора қуёш” достонини ўқидим, – дейди Умиджон, – достон қаҳрамони “Сталин” дея олмайди, тили чучук бўлади. Шунинг учун “Ишталин” дейди. “Ишталин” дегани учун отувга ҳукм қилинади; ўлаётган чоғида “Яшасин, Ишталин!” деб ўлади…
Икки адаш мириқиб кулади.

– Ростданми? – дейди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. – Балки “Иштихон” тумани ҳам Сталин номига қўйилгандир…
– Шунақами? – дейди Нуруллоҳ Остон ва Достон.
– Ҳа, шунақа… Йўқ, унақа бўлмаса керак. Сталин Иштихонга келмаган.
– Нима, эсларингда йўқми, Муҳаммаджоннинг “Қора қуёш” достони, янглишмасам, 1986 йилда “Ёшлик” журналида эълон қилинган эди, – дейман. – Ҳойнаҳой, Сталин Марҳаматга (Андижон) борган бўлса керак…
– Достони борлигини биламан-у, лекин сюжети эсимда йўқ, – дейди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. – Муҳаммад Юсуфни Эркин Воҳидов давридаги “Ёшлик” журнали машҳур қилган.
– Мен ўқимаганман, – дейди Нуруллоҳ Остон. – У пайтларда ўзим ҳам машҳур эдим.
– Тахаллусингиз “Достон” бўлгани учун достон ўқимайсизми?
– Йўғ-е, бу тахаллусни менга Рауф Парфи қўйган… Битта китоб чиқарганимдан сўнг яна “Нурулло Остон” бўлдим, – дейди Нуруллоҳ Остон ва Достон. – Яқинда Хўжа Аҳрор вали бобомизга бағишланган достонимни китоб ҳолида чоп этиб, бепул тарқатаман…

Умиджон бизнинг ҳазил аралаш гап-сўзларимизга қизиқиб қулоқ солади.
– Рассом бўласанми, болам? – деб сўрайди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.
– Ҳа, рассом бўламан, – дейди Умиджон ишонч билан.
– Расм чизишга қизиқади, – дейди Ойниса опа. – Билмадим, бирдан рассомликка қизиқиб қолди. Бизнинг уруғимизда умуман рассом йўқ. Бу нега расм чизишга қизиқиб қолди экан? Билмадим.
– Бизнинг авлодимизда ҳам на журналист бор, на ёзувчи, на шоир! – деймиз.
– Сиз Умиджоннинг қизиқишига халақит берманг. Майли, рассом бўлсин. Лекин мактабди ҳамма фанлардан фақат “аъло” ўқиш керак, – деб “наказ” беради Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. – Рассом биологияни ҳам, анотомияни ҳам, физика ва геометрияни ҳам яхши билиши керак.
– Қайси тилларни биласиз, Умид?
– Инглизчани ўрганяпман, ўрисчани ҳам ўрганяпман.
– Яхши. Чет тилларни билиш керак.
– Шу китобларга дастхат ёзиб беринг, илтимос, – дейди Ойниса опа.

– Хўп, – деб сумкамдан ручка оламан, – бу китобга мен “сўнгсўз” ёзганман, – деб Шавкат Раҳмон сайланмасининг охирги саҳифаларини варақлайман, номим ёзилган саҳифани кўрсатиб, бўш жойга “буюк мусаввир”га тилакларимни изҳор қиламан. – Шавкат Раҳмон руҳи сизни қўллаб-қувватласин!
Нуруллоҳ сайланманинг “сўзбоши”си остига дастхат ёзиб, она-болага ўқиб беради. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон бизнинг суҳбатимиз қизғин тус олган чоғларда Ойниса опага омонат гапларини айтиб, хийла савол-жавоб қилади, опанинг дастхатини мақтайди, “саводли ёзар экансиз”, дейди. Опа хижолат бўлади… Хижолатпазликка йўл қўймаслик учун Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон нари кетади. Опа барибир хижолат бўлади… Қайтишда опа тўлқинланиб, кўзёшларини тия олмайди. Нуруллоҳ Остон юзини тескари буриб олади; у ҳам йиғлаб юборишдан ўзини аранг тийиб турарди.

– Нега йиғлаяпсиз, ойи? – деб сўрайди Умиджон хавотирланиб. – Нима бўлди?
Ойинса опа жилмайишга ҳаракат қилади, Умиджонни юпатади…
– Илойим, биздан қайтмаса, Худодан қайтсин! – деб алқайди Ойниса опа.
– Умиджон катта одам бўлади, мана кўрасиз! Ўғлингиз билан ҳали фахрланиб юрасиз! Бу кунлар ҳам тушдай бўлиб қолади, – дейди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.
– Илойим, айтганингиз келсин.
– Умиджон, рассом бўлиш учун ҳам, ёзувчи-шоир бўлиш учун ҳам ҳамма фанлардан яхши ўқишинг керак. Бу иш қўлингдан келадими?
– Қўлимдан келади, – дейди ишонч билан Умиджон.
– Ваъда берасанми?
– Ваъда бераман.
– Бўпти, кеч бўляпти. Биз Хўжа Аҳрор вали ҳазрат турбасини зиёрат қилмоқчимиз. Лекин баҳорда яна келамиз. Устозларингга бизнинг номимиздан албатта салом айтиб қўйгин! Кейинги келганимизда баҳоларингни текшириб кўрамиз, – дейди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. – Келишдикми?
– Келишдик, – дейди Умиджон.

Биз она-бола билан хайрлашиб, панжаранинг нариги тарафида турган уловимиз томон юрамиз. Она-бола ҳаяжон ичра бизни кузатиб қолади. Одамлар эса у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа ўтиб турарди.
Йўл-йўлакай таассуротлар билан ўртоқлашамиз: Ойниса опа камбағал бўлса-да, ориятли ўзбек аёлининг тирик тимсоли бўлса, Умиджон миллат учун қайғурадиган навқирон инсон тимсоли эди. Умиджон зийрак йигитча. У келажакда “Онасининг тиззасида ўтирган умид” номли бетакрор суврат чизиб, онасининг тимсолини яратади. Ўша сувратни томоша қилаётган одамларнинг кўзларидан дув-дув ёшлар тўкилажак. Ўша сувратни томоша қилаётган одамларнинг юзларида нури ҳидоят пайдо бўлажак. Ўша сувратни томоша қилаётган одамларнинг лабларида ханда пайдо бўлажак. Умиджон чизадиган суврат мутеликка қарши исён бўлади, ҳокисорлик заминида яширинган қатъият бўлади, чин инсон тимсоли бўлади.
Она-болани сарвари олам ўз паноҳида асрасин!

2014 йил 26 январь
Тошкент, Дўрмон.

01

(Tashriflar: umumiy 88, bugungi 1)

Izoh qoldiring