Naim Karimov. Oybek cho’qqisi.

044

Агар йўлингиз тушиб, Ойбекнинг уй-музейига бориб қолсангиз, бу «адабий» қадамжодаги тоғ манзараси тасвир этилган расмга эътибор беринг. Рассом ва альпинист Юрий Стрельников мўйқаламига мансуб бу расмда Ойбек чўққиси тасвир этилган.

022

Наим Каримов
ОЙБЕК ЧЎҚҚИСИ
033

 011   Ўтган асрнинг 50-йиллари бошларида СССР Гидрометерология Давлат комитети раиси академик Ю.А. Израиль раҳбарлигидаги бир гуруҳ альпинистлар Помир тоғ тизмаларининг шу вақтгача инсон оёғи тегмаган чўққиларидан бирини забт этганлар. Бу, 3000 метрдан зиёд баландликдаги, аммо кўтарилиш ғоят қийин ва машаққатли бўлган тоғ чўққиси эди. В.Эльчибеков, В.Рацек, Ю.Стрельников сингари тажрибали альпинистлардан иборат гуруҳнинг бу чўққини забт этиши ўзбекистонлик альминистларнинг улкан зафари бўлган. Академик Ю.А. Израилнинг ташаббуси билан бу номсиз чўққига ўша кунларда хасталик тўшагида ётган буюк ўзбек адиби Ойбек номи берилган.
Агар йўлингиз тушиб, Ойбекнинг Ишчилар шаҳарчасидаги уй-музейига бориб қолсангиз, бу «адабий» қадамжодаги тоғ манзараси тасвир этилган расмга эътибор беринг. Рассом ва альпинист Юрий Стрельников мўйқаламига мансуб бу расмда Ойбек чўққиси тасвир этилган.

* * *

Ойбек авлоди адабиёт оламига кириб келган вақтда М. Беҳбудий, А. Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Ҳамза сингари устозлар туфайли ўзбек адабиёти ва тилининг янги тараққиёт даври бошланган эди. Шеъриятда бармоқ вазнининг камол топиши, насрда реалистик ҳикоя, қисса ва роман жанрлари ҳамда драматургиянинг пайдо бўлиши биринчи навбатда шу устозлар номи билан боғлиқ.

Ойбек 1922 йилдан бошлаб шеъриятда тетапоя қила бошлаган пайтда Чўлпон ва янги турк шеърияти намояндаларининг асарлари ёшлар ўртасида машҳур эди. У 20-йилларда, бошқа тенгдошлари қатори, ана шу шеърият жилғаларидан баҳраманд бўлди. Ойбек 1927-1929 йилларда Ленинграддаги Плеханов номли халқ хўжалиги институтида ўқиб юрган кезларида Александр Блок, Валерий Брюсов, Владимир Маяковский сингари рус ва Эмиль Верхарн сингари Ғарб шоирлари ижоди билан танишди. 1936 йилда «Евгений Онегин» шеърий романини таржима қилиш жараёнида А.С. Пушкиннинг сеҳрли шеъриятини кашф этди. 1938 йили эса Ойбекнинг «Рим адабиёти» хрестоматиясини таржима этиши унга жаҳон адабиётининг олтин саҳифалари билан танишиш имконини берди… Ана шу тарзда адабий билим доирасининг кенгайиши билан Ойбек шеърияти ҳам сайқалланиб, янги шакл, ранг ва оҳанглар билан бойиб, ўн тўрт кунлик ойдек гўзаллашиб борди.

Шеърият – ҳис-туйғулар гулшанидир. Биз Чўлпоннинг «Гўзал» сингари лирик шеърларини ўқиганимизда, қалбимиз шу гулшандан таралган нафосат уфори билан тўйинади. Аммо, афсуски, бир томондан, ўз ижоди билан эрк ва ҳуррият учун курашгани, иккинчи томондан, шу туфайли тазийиқ ва таҳдид остига олингани ҳамда шу курашда соғлиғини батамом йўқотгани учун Чўлпон 30-йилларда ўзбек лирик шеъриятини янги ижодий босқичга олиб чиқиш вазифасини қўймади.

Ойбекнинг шеърий истеъдоди худди шу даврда олмос қирралари билан порлаб-товланиб юборди. Айниқса, 1936 йили ёзилган ва «Чимён дафтари» туркумини ташкил этган шеърларида Ойбек, Чўлпондан кейин, бармоқ вазнининг аруз сингари, ҳатто арузга нисбатан ҳам катта бадиий имкониятларга эга эканини исботлаб берди. У ўзбек шеърининг мусиқий-ритмик оҳангларини бойитиб, нафис ташбеҳлар билан безанган тилига янада сайқал берди. Лирик қаҳрамоннинг руҳий оламини шу қадар ажойиб поэтик топилмалар ва тасвир воситалари ёрдамида очиб юбордики, шоирнинг лирик туйғу ва кечинмалар силсиласини ифодалашда нафақат Чўлпон, балки Пушкин мактабидан ҳам таълим олгани кундек равшан бўлди. У шеърларидаги замон ва маконни ёрқин бўёқлар билан нурлантириб юборди; бинобарин, унинг шеърларида ҳаётийлик, ҳаққонийлик, бадиий ҳақиқат кучайди. Лирик туйғунинг теранлиги, бокиралиги, порлоқлиги, поэтик тилнинг эса фавқулодда нафислиги Ойбек шеъриятининг ўзига хос белгилари сифатида намоён бўлди.
Мана бу сатрларга эътибор беринг:

Сен ғурубнинг олтин қўлларидасен,
Табассуминг, Қуёш, сўнар оҳиста.
Дала ва қирлардан тиниқлик учар,
Сувлар ойнасига шом қора суркар,
Хаёлнинг мен сокин чўлларидамен…

Қуёш ботаётган ва табиат маъюсона бир кайфият оғушига кира бошлаган манзарани Ойбек шундай аниқ ва нафис бўёқлар билан чизган. Биз бу сатрларни ўқиганимизда, шоирнинг ҳар бир сўзи, рассомнинг бўёқлари каби, оқшом манзарасини аниқ гавдалантириб берганини кўрамиз. Биз айни пайтда табиатнинг шу лаҳзадаги манзараси киши руҳида уйғотадиган ҳазин ва мунгли бир ҳолатни сезамиз. Бу ҳолат эса бизда мавҳум фалсафий ўйларга мойиллик уйғотади. Ойбек ўзини забт этган ана шундай ҳолатни: «Хаёлнинг мен сокин чўлларидамен» сатрларида аниқ ва гўзал ифодалаган.
Ойбек — лирик шеър устаси. Аммо у айни вақтда ўткир нигоҳли ижодкор. Шунинг учун ҳам у табиат манзараси ёки инсон образини тасвирлар экан, сийқа сўзлар ва туссиз бўёқларга мурожаат этмайди, балки шу манзара ва шу инсонга хос энг муҳим ҳаётий тафсилларни топиб, шеърият маржонига тизади.
Шоир 1931 йили марҳума онаси Шаҳодат Назар қизини эслаб ёзган шеърида поэтик тафсил санъатидан шундай маҳорат билан фойдаланганки, биз шу ҳол туфайли шоирнинг маъсума онасини кўз олдимизга яққол келтирамиз:

…Ёз чоғи… Сен якка ариқ бўйида
Ёдингга келган бир дардли қўшиқни
Куйлаб секингина… хаёл қўйнида
Қатим тортиб қучдинг умид-тўпиқни.

Қуйиларкан секин руҳсиз оқшомлар
Сенинг ёниқ кўзларинг қорачиғида,
Кундузги меҳнатнинг излари қатор…
Биз-ла ўлтирардинг айвон бурчида.

Еттинчи лампанинг олов тилчаси
Қоронғилик бағрин аста тиларкан,
Тиззангда бир дўппи ё тўн жияги,
Ишлардинг тинмасдан, асло тинмасдан.

Қаҳратон қиш… Совуқ… Титрар қўлларинг…
Тутолмас игнани… Ўлик бир кеча
Илиқ нафаслари сўнган танчага
Ётиқизгач бизларни, очиб китобинг –
Ўқирдинг ичингда…

Аслида, 14 банддан иборат бу шеърни достон деб аташ ўринли. Ойбек бутун бир достонда ҳам тасвирлаш осон бўлмаган она образини ана шу шеърда буюк шоирона маҳорат билан мужассамлантирган. Бу шеърдан келтирилган сатрлардаёқ замон ва макон образлари ёрқин қиёфага эга: Она ана шу замон ва маконда секингина «дардли қўшиғи»ни куйлаб, қаҳратон қишда, «еттинчи лампа»нинг жонсиз шуъласида совуқдан титраган қўллари билан қатим тортади. Она кўзларининг қорачиғида кундузги меҳнатнинг излари аён сезилиб туради.
Шоир она образини тасвирлар экан, фақат бир нарсани: унинг тинмасдан ишлашини, асло тинмасдан ишлашини таъкидлайди. Биз айни вақтда онанинг айвон тўрида эмас, балки бир бурчида ўтиришига эътибор қаратмоқчимиз. Зеро, худди шундай тафсилларда ўта меҳнаткаш, меҳридарё, камтар, жабрдийда, хоксор ўзбек аёлларининг образлари очилади. Ойбек шеъридаги яна бир ғоят муҳим нарса – онанинг болаларини ётқизгач, ўша совуқ кечада китобини очиб ўқишидир. Лирик сюжет ана шу нуқтага етганида шеър портлаб юборгандек бўлади…

«Онамни эслаб…» шеъри — ойбекона лиро-эпик шеъриятнинг юксак намунаси. Ойбекнинг шеърий меросида бундай дурдоналар оз эмас. Кези келганда айтиш жоизки, Ҳамид Олимжон қаламкаш дўстини «прозада шоиру поэзияда прозаикдир», деб бежиз таърифламаган. Ойбек ўз истеъдодининг хусусиятидан келиб чиқиб, 1933 йилдан то сўнгги нафасига қадар достон жанрида бошқа барча ўзбек шоирларига қараганда изчил ва самарали меҳнат қилган ва 18 та достон ёзган. Бу достонлар халқ, мамлакат ва Ойбек яшаган давр ҳаётининг энг муҳим масалаларига бағишланганлиги, халқ манфаати йўлида яшаган ва курашган фидойи кишилар образини яратишга бағишланганлиги, ўзбек шеъриятида реалистик тасвир санъатининг қарор топишидаги ўрни ва аҳамияти билан, айниқса, қимматлидир.

Ойбек шоир сифатида лирик ва лиро-эпик дурдоналар яратибгина қолмай, лирик (масалан, «Навоий»), драматик (масалан, «Маҳмуд Торобий»), публицистик (масалан, «Даврим жароҳати») достон жанрларига асос солди; уч сатрли (терцет) ва «Онегин банди» таъсирида ўн сатрли («Қизлар» достонида) банд тизимларини, шунингдек, мансур шеър жанрини бошлаб берди; энг муҳими, Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар туфайли шаклланган ўзбек адабий тилига ойбекона сайқал берди.

Ўзбек шеъриятининг ХХ асрда янги, юксак босқичга кўтарилишида Ойбекнинг ҳиссаси буюкдир.
Ойбек-шоирни уч муҳим фазилат ажратиб туради. Булар — билим ва дунёқарашнинг кенглиги, туйғу ва фикрнинг ўзаро муносабатида фикрнинг устуворлиги, шунингдек, лиро-эпик тасвирга мойилликдир. Худди шу хусусиятлар Ойбекнинг наср оламига дадил кириб келишида асос бўлди.

Ойбек биринчи романи — «Қутлуғ қон»ни 1938 йили, 33 ёшида ёза бошлади. Шу вақтда у «Туйғулар», «Кўнгил найлари», «Машъала», «Бахтигул ва Соғиндиқ» сингари шеърий китобларнинг, «Евгений Онегин» шеърий романи таржимасининг муаллифи, машҳур шоир эди. Ойбек шеърият соҳасида катта ютуқларга эришганига қарамай, шеърият торлик қила бошлаганини сезди. Чиндан ҳам, 30-йилларнинг ўрталарига келиб, у катта ижодий куч-қувватга тўлган, халқ ва мамлакатнинг олис ва яқин ўтмиши ҳамда ҳозирги куни ҳақидаги билими, мушоҳадалари, дардли фикрлари боши ва юрагига сиғмай қолган эди. Шунинг учун ҳам шоир ички эҳтиёж талаби билан наср майдонижа от чоптириб, «Қутлуғ қон» романини ёзишга киришди.

1937-1938 йилларнинг қонли кунларида Ойбек камбағал оиладан чиққанлиги ва шўро ўқув юртларида тарбияланганлиги туфайли қатағон қиличидан омон қолган, лекин хизмат қилаётгани Тил ва адабиёт институти ҳамда Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдалган эди. Бундай кимсанинг нафақат асарлари, ҳатто номининг ҳам матбуотда чиқиши мумкин эмас эди, ўшанда. Ойбекнинг шундай қалтис тарихий даврда ва мушкул иқтисодий-руҳий шароитда роман ёза бошлашининг ўзи том маънода жасорат эди.

«Қутлуғ қон» — ўзбек халқининг ХХ аср бошларидаги миллий уйғониши ҳақидаги асар. Ойбек Тошкентдаги 1916 йил воқеаларининг шоҳидигина бўлмай, Туркистондаги миллий уйғониш ҳаракатининг раҳнамоларидан бири Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг шогирди ҳамдир. Шу сўнгги омил адиб дунёқарашининг шаклланишига катта таъсир кўрсатган. У «Қутлуғ қон»да мустамлака шароитида яшаган, чексиз-чегарасиз зулм орқасида сабр косаси тўлган халқнинг Биринчи жаҳон уруши арафасидаги оғир аҳволини Л.Н. Толстой сингари даҳо санъаткорларга хос зўр бадиий куч билан очиб берди.

Адиб бадиий мақсадининг рўёбга чиқиши учун халқнинг мустамлакачилик шароитида икки соҳилга ажралиб чиққан вакилларини, бир томондан, Йўлчи ва Гулнорни, иккинчи томондан, Мирзакаримбой ва унинг куёву фарзандларини қаҳрамон қилиб танлади. Аслида, Йўлчи Мирзакаримбойнинг жияни бўлади: улар қариндош. Бинобарин, асарда ўзаро яқин қариндошлар ҳаёти мисолида ўзбек халқи тарихининг муҳим бир даври бадиий тадқиқ этилган.

Ойбекнинг ушбу асарни ёзишдан мақсади халқ миллий онгининг уйғонишини кўрсатишжир. Шунинг учун ҳам у, бир томондан, халқнинг ижтимоий омиллар таъсирида турли қатламларга бўлиниб кетишини, иккинчи томондан эса, зулм ва зўравонлик қурбони бўлган қатламнинг қашшоқланиши ва инсоний ҳуқуқларининг поймол этилишини тасвирлашга алоҳида эътибор берди. Халқ икки қатламга ажралиб чиққач, бойлар қатлами камбағаллар қатламига зулм ўтказиши, уларни хизматкорларга айлантириши, уларнинг инон-ихтиёри, эрк-иродаси билан ҳисоблашмаслиги табиий. Худди шунингдек, бу икки қатлам ўртасида низо ва жанжал чиқиши ҳам тайин. Мустамлакачи давлат эса халқнинг парчаланишиданҳ ам, ички низо ва курашлардан ҳам манфаатдор. Лекин у Туркистон аҳолисини муте ва итоаткор омма ҳисоблаб, катта хатога йўл қўяди: Биринчи жаҳон урушида Россия танг аҳволга тушиши муносабати билан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган кишиларнинг фронт орқасида қора ишларни бажариши учун сафарбарлик эълон қилади. Бу, сабр косаси тўлган халқнинг миллий уйғониши ва кураш майдонига чиқишига туртки беради. Ойбек ўз асарида катта ижтимоий аҳамиятга молик шу воқеани бадиий тасвир доирасига тортган.

«Ўтган кунлар» романининг китобхонларга манзур бўлишининг асосий сабаби Отабек билан Кумуш муҳаббатининг илоҳий маҳорат билан тасвир этилишида. Агар «Қутлуғ қон»да ҳам Отабек билан Кумуш муҳаббатига тенг ёки яқин ишқий сюжет чизиғи бўлмаганида китобхонлар оммаси асарни, шак-шубҳасиз, шавқ-завқ билан ўқимаган бўларди. Ойбекнинг санъаткорлик маҳорати шундаки, у ўз олдига муҳим ижтимоий масалани бадиий тадқиқ этишни қўйганига қарамай, муҳаббат чизиғини асарнинг бадиий тўқимасига усталик билан сингдириб юборган. Натижада китобхон Йўлчи билан Гулнор фожиали муҳаббатининг тасвири оша асарда тасвирланган ижтимоий масалаларни ҳаяжон билан идрок этиш имконига эга бўлди.

Хуллас, адиб 1937-1938 йиллардаги қонли воқеаларни бошидан кечирган ва яна шундай воқеалар туфайли азоб-уқубат чекиши мумкин бўлган замондошларига халқнинг 1916 йил воқеаларига бўлган фаол муносабатини эслатиш билан бирга, ўз истамаган ҳолда, улар нигоҳини ижтимоий фаоллик ва муросасизлик сари қаратди.
Агар Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» асари билан романтик тасвир тамойилига асосланган ва Шарқ адабиёти анъаналари билан уйғун бўлган ўзбек романчилик мактабига асос солган бўлса, Ойбек Европа адабиётидаги бадиий тасвир мезонларига тўла жавоб бера олувчи биринчи реалистик ўзбек романини яратди.
«Қутлуғ қон» — ўзбек халқи тарихининг мустамлакачилик даври ҳақидаги асар. Аёнки, ўзбек халқи тарихининг бу шармандали давридан аввал халқ ва мамлакатнинг гуллаб-яшнаган даврлари кўп бўлган. Шулардан бири Амир Темур ва Темурийлар давридир.

Ойбек ўзининг иккинчи буюк романида ана шу даврга, шу даврнинг тимсоли бўлган буюк мутафаккир шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳаётига мурожаат этди.
Адибнинг «Навоий» романи яратилгунига қадар Европа, шу жумладан, рус ижтимоий фанларида «Навоий – форс шоирларининг тақлидчиси», деган қараш ҳукмронлик қилган. Шўро мафкураси Навоийга берилган бундай «баҳо» билангина кифояланиб қолмай, улуғ ўзбек шоирини дастлаб «феодал давр куйчиси», деб ҳам атади. Бу, ўз моҳиятига кўра, Навоий билан ХХ асрдаги ўзбек халқи ўртасига қўйилган темир парда эди. Ойбек ўз романи билан ана шу темир пардани парчалаб ташлади. У «Навоий» романини ёзишдан аввал шоир яшаган даврни, унинг ҳаёти ва ижодини тадқиқотчи олим сифатида пухта ўрганиб, шундай илмий мақолалар ёздики, бу мақолалар ўзбек адабиётшунослигида навоийшунослик фанининг вужудга келишида пойдевор бўлиб хизмат этди.
Шундай катта тайёргарлик билан асар ёзишга киришган адиб Навоийни ўзбек халқи тарихининг бурилиш нуқтасида майдонга келган, шу даврдаги миллий уйғонишнинг тимсоли ҳисобланган мутафаккир ва гуманист (инсонпарвар) шоир сифатидаги пурвиқор образини яратди. Роман Ғарб ва Шарқдаги қатор тилларга, жумладан, хитой тилига икки марта таржима қилинди. Турли мамлакатлардаги китобхонлар роман муаллифига Навоийни халққа тирилтириб, қайтиб берган ёзувчи сифатида ҳурмат қиладилар. Ойбек бу ўлмас асари билан ўзбек адабиётида тарихий-биографик роман жанрига асос солди.

«Навоий» романининг «Ўтган кунлар» тарихий романидан фарқи аввало шундаки, биринчидан, Ойбек ўз асарига тарихий шахсларни асосий қаҳрамонлар сифатида олиб кирган бўлса, иккинчидан, асарда бош қаҳрамоннинг муҳаббати тарихини эмас, балки Султонмурод билан Дилдорнинг – иккинчи режадаги қаҳрамонларнинг муҳаббатини тасвир этди ва китобхоннинг «ишқий чизиғи»га бўлган руҳий эҳтиёжини шундай йўл билан қондирди. Айни пайтда бу муҳаббат чизиғини романдаги асосий воқеалар тизмаси билан узвий равишда боғлай билди. Учинчидан, адиб адолатли шоҳ ва халқ, Навоий ва халқ, Навоий ва уруш, Навоий ва маданият тақдири, Навоий ва халқлар ҳамжиҳатлиги сингари масалаларни бадиий талқин этди ҳамда замондошлари учун муҳим, келгуси авлодлар учун эса ибратли бўлган ижтимоий-фалсафий қарашларини шоир образи орқали олға сурди.

«Қутлуғ қон» ҳам, «Навоий»ҳам ғоят нафис, ширали, камалак нурлари билан товланувчи адабий тилда ёзилган. Бу ҳар иккала асар Ойбек қаламидан тўкилган ҳикматли иборалар билан тўла. Мана, бир-икки мисол:
«Чақмоқ қанчалик баландда чақмасин, эгри бўлгани учун ернинг қаърига борур. Шамки, тўғри, адлдир – куйса ҳам бошдан-оёқ нур бўлиб куюр»; «Кишиларни бахтли кўрмакнинг ўзи бахтдир»; «Кўмирчининг юзи қаро, жаллоднинг кўзи қон бўлганидек, разилларнинг разолати улар учун жазо ва шармандаликдир»;
«Бир гул юз ғунча очади»; «Табиатнинг ўзи ҳусни мутлақнинг бепоён жилвалар кўрсатган улуғ кўзгусидир»…
«Навоий» — ана шундай шоҳи иплар билан тўқилган ажойиб асар.

Ҳикоя қилишларича, мазкур роман шўро давлатининг юксак мукофотига тавсия этилганида, давлат раҳбари А.А. Фадеевдан: «Қани, айтинг-чи, Александр Александрович, «Навоий» романининг қандай фазилатлари учун унинг муаллифига мукофот бермоқчисиз?» деб сўраган ва шунда СССР Ёзувчилар уюшмасининг бош котиби бундай жавоб берган экан: «Агар Алексей Толстой «Улуғ Пётр» романида Пётр сиймоси орқали рус халқининг бундан 250 йил аввалги ҳаётини бадиий мужассамлантирган бўлса, Ойбек ўз романида Навоий сиймоси воситасида ўзбек халқининг бундан 500 йил аввалги ҳаётини шундай мужассамлантирган».
Чиндан ҳам, биз Ойбек асарини ўқир эканмиз, унда Навоий сиймоси орқали ХУ асрда Моварауннаҳрда яшаган халқ ҳаётининг ёрқин манзараларини кўрамиз. Шу маънода «Навоий» романи ХУ асрдаги ўзбек халқи ҳаётининг ўзига хос қомусидир.

Ойбек Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар номи халқ хотирасидан ситиб чиқарилган, асарлари куйдириб ташланган, уларни ўқиш эса ўта хавфли бўлган замонларда зикр этилган бадиий полотнолари билан ўзбек романчилик мактабига ғубор қўндирмади, аксинча, уни янада юксак поғонага кўтарди. Унинг бу икки буюк асари яратилажак янги ўзбек романлари учун бадиий мезон вазифасини бажарди.

Навоий — Ойбек ижодининг қалби.
Ойбек 1928 йилдан – Ленинграддаги Плеханов номли Халқ хўжалиги институтида ўқиб, айни пайтда Жонли Шарқ тиллари институтида ишлаб юрган кезларидан то умрининг сўнгги кунларига қадар Навоий яшаган тарихий даврни, шоир ҳаёти ва ижодини тинмай ўрганди ва у ҳақда турли жанрларда асарлар яратди. Айтиш мумкинки, у бутун умри давомида Навоий олами билан яшади.
Ойбекнинг бу қутлуғ мавзуга бағишланган «Навоий ҳақида» ва «Хамса»нинг асосий образлари» деган икки йирик тадқиқоти 1935-1936 йилларда навоийшунослик илмининг илк намуналари сифатида майдонга келди. Шундан кейин Ойбекнинг «Навоийнинг дунёқараши масаласига доир», «Навоийнинг «Мажолис-ун нафоис» асари ҳақида» (1940), «Навоийнинг таржимаи ҳоли» (1941), «Навоийнинг адабий меросига доир» (1948) деган тадқиқотлари юзага келди. Ойбек Навоийнинг 500 йиллиги муносабати билан 1948 йил май ойининг ўзида қардош халқларнинг 10 дан зиёд тилида 30 дан ортиқ газета ва журнал мақолаларини эълон қилди. У, бошқа навоийшунос олимлардан фарқли ўлароқ, улуғ шоир ҳаёти ва ижодини рус тили орқали собиқ шўро мамлакати ва жаҳон миқёсида тарғиб этишга ҳам алоҳида эътибор берди. Ойбекнинг рус адиби ва адабиётшуноси Александ Дейч билан ҳамкорликда ёзган мақолалари 1968 йили алоҳида китоб шаклида нашр этилди. 1948 йилда Навоий юбилейининг собиқ иттифоқ миқёсида баланд савияда нишонланишида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, навоийшунос олим ва адиб Ойбекнинг хизматлари улкандир.

Ойбек Навоий сиймосига шоир сифатида илк бор 1937 йил майида, ўзбек санъатининг Москвадаги ўнкунлиги кунларида мурожаат этиб, «Навоий» лирик достонини яратди. 1942 йилнинг қаҳратон қишида тугалланган «Навоий» романи 1944 йилда нашр этилиб, рус (1945), латиш (1947), литва, эстон, чех, француз (1948), қозоқ (1949), украин (1950), уйғур (1952), туркман» (1955), хитой (2002, 2008) тилларига таржима қилинди. (Бирорта ўзбек ёзувчисининг асари шу вақтгача бу қадар кўп тилларга таржима қилинлмаган.) Ойбек ана шу тарзда, ҳам навоийшунос олим, ҳам шоир, ҳам романнавис адиб сифатида Алишер Навоийни ҳар бир ўзбек хонадонига барҳаёт сиймо сифатида олиб кирди, унинг жаҳон бадиий маданиятидаги қонуний ўрнини тиклаб берди.

Ойбек адабиётшунос, тарихчи, адиб сифатида ўзбек фани ва маданияти равнақига қўшган катта хизматлари учун 1943 йилда янги ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академиясигаҳақиқий аъзо этиб сайланди.
Адиб «Навоий» романини ёзган вақтда «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонлари муаллифининг муҳаббати тарихи ҳамда болалик ва ёшлик йилларини тасвирлашни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган эди. Шунинг учун ҳам у ҳаётининг сўнгги фаслида ижодидаги шу «кемтик»ни тўлдириш ниятида «Бола Алишер» қиссаси ҳамда «Гули ва Навоий» достонини ёзди (1968).
Агар умр вафо қилганида Ойбек адабий ва илмий навоийномасини яратишда яна давом этган бўларди.

Ойбек — нафақат Навоий ижоди билан шуғулланган адабиётшунос ва тарихчи олим, айни пайтда замонавий адабий жараённинг ҳам нозик билимдони ва тадқиқотчиси бўлган. У 1934-1937 йилларда ҳозирги Тил ва адабиёт институтининг илмий ходими, 1943-1951 йилларда эса янги ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги ва академия гуманитар фанлар бўлимининг раҳбари бўлиб хизмат қилган. Шу даврда у «Сўнгги йиллар ўзбек поэзияси», «Ўзбек поэзиясида тил» (1934), «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» (1936), «Ўзбек совет адабиётининг юқори ғоявийлиги учун» (1947), «Ўзбек поэзиясининг тарихий тараққиёти тўғрисида» (1948), «Йигирма беш йил мобайнида ўзбек совет поэзияси» (1949) сингари тадқиқотлар, А.С. Пушкин, И.А. Крилов, Л.Н. Толстой, А.П. Чехов, А.М. Горький, Н.С. Тихонов сингари рус, Ҳамза, Садриддин Айний, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ҳасан Пўлат каби ўзбек, Файз Аҳмад Файз, Мухтор .Ауэзов, Берди Кербобоев сингари Шарқ адабиёти намояндалари тўғрисида кўплаб мақолалар ёзган. (Афсуски, Ойбекнинг Отажон Ҳошим билан 1935 йилда ёзиши режалаштирилган 12 босма табоқли «Мустамлака даври адабиёти» ҳамда 5 босма табоқли «Муқимий ва унинг «Танланган шеърлари» тадқиқотларининг тақдири бизга маълум эмас.)
Ойбекнинг адабиётшуносликка оид тадқиқот ва мақолалари орасида Абдулла Қодирий ва Чўлпонга бағишланганлари, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» монографияси шўро дври мафкурасининг таъсиридан холи бўлмаган ва буни Ойбекнинг ўзи ҳам эътироф этган бўлса-да, мазкур тадқиқотнинг асосий пафоси «Ўтган кунлар» романи муаллифининг бадиий маҳоратини очишга қаратилди. Ойбек бу тадқиқоти билан биринчи ўзбек романини вульгар социологизм марраларидан туриб баҳолаган Сотти Ҳусайнга кескин зарба берди. Унинг 1927 йилда Усмонхон Эшонхўжаевнинг «Ўзбек шоирлари. Чўлпон» ғайриилмий мақоласига қарши «Шоир Чўлпон ижодини қандай текшириш керак», яна шу муаллифнинг «Мунаққиднинг мунаққиди» мақоласига қарши «Мунаққиднинг мунаққиди» мақоласининг муаллифига жавоб» деган мақолалари эса унинг том маънода илмий ва ижодий жасоратидир. Ойбек бу мақолаларида Чўлпонни рус аристократиясидан етишиб чиққан Пушкинга муқояса қилиш орқали устоз шоирни доноларча ҳимоя қилди.

Ойбекнинг бой адабий меросида таржима алоҳида ўринни эгаллайди.
Адиб 1937 йилнинг бўронли кунлари тингач, 1938 йил охирида Ўқув-педагогика Давлат нашриётига таржимон лавозимида ишга қабул қилинди. Шу даврда у «Антик адабиёти» мажмуасининг Рим адабиётига бағишланган 2-жилдини таржима қилиб, ўзбек китобхонларига жаҳон адабиётининг илк манбаларидан бири билан танишиш имконини яратди. Шундан аввал ва кейин у А.С. Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романи, М.Ю. Лермонтовнинг «Маскарад» драмаси, В.Г.Белинскийнинг машҳур мақолалари, Мольернинг «Тартюф» комедияси, «Довуд Сосунли» арман эпоси ҳамда қатор хорижий шоир ва ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига ўгирди.
У ҳаётининг бир кунини ҳам адабий меҳнатсиз ўтказган эмас. Ҳамиша ижод иқлимида яшаган адиб учун адабиёт халқ ва мамлакатни юксак ғоялар ва идеаллар асосида олға етакловчи буюк куч эди. У ўзининг олтин қалами билан ўзбек халқини ер куррасидаги маданияти тараққий этган халқлар қаторига олиб чиқишга интилди. Афсуски, 30-40 йиллар шароитида шундай истак ва орзу билан ижод қилган қаламкашлар мустабид давлат раҳбарлари назарида «миллатчи»лар бўлишган.
Сталинча қатағоннинг навбатдаги тўлқинида 1937 йил доридан базўр омон қолган Ойбек бошига туҳмат ва маломат тошлари ёғилди. «Дўстлар» «Навоий» романини титкилаб чиқиб, ундан миллатчилик нишоналарини, «Ўзбек поэзиясининг антологияси»га ёзган кириш мақоласи ва Ойбек муҳаррирлик қилган «Ўзбек адабиёти» дарслигидан мафкуравий «хато»ларни «топдилар». Адиб қардош ёзувчилар билан бирга Покистонга борганида ўша ерда қолмоқчи бўлган, деб иғво тарқатдилар.
Ойбекнинг кундан-кунга ортиб бораётган шуҳрати туфайли кимлардир роҳат ва фароғатларини йўқотган эди. Улар НКВДнинг Ойбек атрофига қўйган тузоқларини интиқлик билан кузатибгина қолмай, унинг шу тузоққа илиниши учун баҳоли қудрат саъай-ҳаракат ҳам қилдилар. Натижада 1951 йил 16 апрель куни Ойбек инсульт хасталигига йўлиқиб, тили ва ўнг қўлидан ҳаёт асари кетди.
Бу, Ойбек ижодининг минглаб мухлислари учун фожиа эди. Ўзбекистон шу кунларда Ойбек ташвиши билан яшади. Китобхонлар севимли ёзувчиларининг соғайиб кетиши учун турли-туман табибларни, даво усул ва воситаларини тавсия этдилар.
Тошкент, Москва ва Пекиндаги бир неча йиллик даволанишдан сўнг Ойбек яна ижодий ҳаётга қайтди. У ўз қўли билан ёза олмагани сабабли кўнглида туғилган катта-кичик асарларни вафодор хотини Зарифахонимга қийинчилик билан бўлса-да, айтиб турди. У шундай йўл билан 1968 йили вафот этгунига қадар «Олтин водийдан шабадалар» романини қайта ишлади, чала қолган «Қуёш қораймас» романини тугатди, «Улуғ йўл» романи, «Нур қидириб», «Болалик хотираларим», «Бола Алишер» қиссалари, «Даврим жароҳати», «Гули ва Навоий» достонлари, талайгина шеър ва мақолаларини ёзди.
Ижодга ўта ташна адиб 1959 йили дилидаги орзу ва армонини ифодалаб, бундай ёзган эди:

Ҳастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб,
Ой менга ҳамқадам – сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен…

Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур – менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам.

Ойбекнинг бу мовий орзуси рўёбга чиқмади. Аммо у хаста ҳолда ҳам, шоир айтмоқчи, ўлимларни доғда қолдириб, умрининг сўнгги нафасига қадар она халқи учун, адабиёт учун мардона меҳнат қилди. Унинг 17 йил давом этган хасталик даврида шу қадар самарали ижод қилганининг ўзи мислсиз жасоратдир. Ойбек ўзининг 20 жилдлик адабий мероси билан кўп асрлик ўзбек адабиётининг энг юксак чўққиларидан бирини забт этиб турибди.
Бу, Ойбек чўққисидир.

Манба: uforum.uz/

(Tashriflar: umumiy 1 887, bugungi 2)

Izoh qoldiring