Najmiddin Mavlonov — Jahon operasi sahnasini zabt etayotgan samarqandlik yigit

05     Осиёнинг энг яхши тенорларидан бири Нажмиддин Мавлонов куни-кеча, 11 январь куни жаҳон санъат оламида  Ковент-Гарден деб аталадиган  Лондондаги Қироллик опера (The Royal Opera) театрининг саҳнасида  машҳур итальян композитори Пуччинининг шоҳ асари  «Тоска» да  асар бош қаҳрамонларидан бири  Марио Каварадосси партиясини ижро этди.

Театр веб-саҳифасида маълум қилинишича, ўзбекистонлик опера қўшиқчиси Нажмиддин Мавлонов 2015—2016 йилги мавсумда Пуччинининг «Тоска» операсида илк бор Каварадосси партиясини ижро этади.

Опера қўшиқчиси-тенор Нажмиддин Мавлонов 1979 йилда Самарқандда туғилган. 2008 йилда Ўзбекистон Давлат консерваториясини қизил диплом билан тамомлаган. У Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Франция, Италия, Ирландия, Чехия ва бошқа мамлакатларнинг шаҳарлари бўйлаб гастролларни амалга оширган.

ЛОНДОН ОПЕРАСИ САҲНАСИНИ ЗАБТ ЭТАЁТГАН ЎЗБЕК
06

04Самарқандлик опера қўшиқчиси Нажмиддин Мавлонов — дунёдаги энг нуфузли опера театрларидан бири бўлмиш Лондон Қироллик опера театри (Royal Opera House) саҳнасида роль ўйнаган илк ўзбекистонлик тенор.

У ҳозирда Пуччинининг «Тоска» операсида Тосканинг севгилиси Марио Каварадосси қисмини ижро этмоқда. Тоска ролида эса операнинг энг машҳур прима донналаридан бўлган Анжела Гиоргиу.

Бугун Нажмиддин Мавлоновга берилган Каварадосси ролини Лучано Паваротти айни саҳнада бир неча бор ижро этган. Тоска қисмини эса яна бир машҳур сопрано — Мария Каллас куйлаган.

1732 йилда асос солинган бу даргоҳ саҳнасида чиқишни ҳар бир опера қўшиқчиси орзу қилади. Бу ҳар бир опера қўшиқчиси учун жуда кўп эшикларни очадиган маскандир.

37 ёшли Нажмиддин Мавлонов ўсмирлигида қўлига илк марта гитара олганида, сўнгра эстрада қўшиқларини айтиб вилоятларидаги концертлар ва тўй-маракаларда хизмат қилганида, бир кун келиб бу каби шарафга муносиб топилишини тасаввур ҳам қилмаганини айтади.

Олти ёшида отасининг вафот этиши унга тезда ҳунар ўрганиб, тўрт фарзандни боққан тикувчи онасига ёрдам беришга мажбур қилди. Юрагида мусиқага бўлган муҳаббати жўшиб турса ҳам, у ганчкорлик ва қурувчилик билан ўз таълимини молиялади.

Унинг саҳнадаги муваффақиятини кўрган онаси ўз вафотидан аввал ўғлига оқ фотиҳа берди. «Агар яхши куйлаб, янги чўққиларга эришсанг, мени ҳам бахтли қиласан ва мен узоқ яшайман», — деб айтганди унга онаси.

Нажмиддин Мавлоновни нозик дидли лондонлик опера мухлисларлари олқишларга кўмдилар. «Мен «Тоска»ни бу саҳнада 20 мартадан кўп кўрган бўлсам керак, лекин бу йигит энг яхши Марио Каварадоссилардан бири бўлди. Мен уни италян деб ўйлабман. Ҳеч нуқсон топмадим ундан», — дейди ёнимда ўтирган томошабин қария.

«У Ўзбекистонданми? Ажойиб! Сизларда опера борми?» — дейди мен интервалда суҳбатлашган аёл томошабин. «Бу жуда катта масъулият талаб қиладиган роль, Тоска — оғир опера. Бу ўзбек тенор уни маромига етказиб ижро этди», — дея қўшимча қилади у.

Мавлонов бир неча йилдан бери Москвадаги Станиславский ва Немирович-Данченко театрида доимий шартнома асосида куйлаб келади. Бу йил унинг Бельгиянинг Опера Влаандерен театри, Исроил опера театри ва Москвадаги Большой театрларида роллар ижро этиши мўлжалланган.

Манба: ББС ўзбек хизмати ва бошқа тармоқлар

065

(Tashriflar: umumiy 90, bugungi 1)

Izoh qoldiring