Nazar Eshonqul. Bahoviddinning iti

022

    Назар Эшонқул, ҳеч шубҳасиз, янги жараён яратаётган адиб. Адабиётимизнинг кейинги авлодлари орасида тубдан ўсиб келаётган пойдор чўққиларидан бири. Бу адиб мисолида адабиётимизнинг бир жойда турғун эмаслиги, ундоқ бўлди, бундоқ бўп кетяпти деган илмона башоратларга зид ўлароқ унинг ўз қонунияти бўйича ўсиб, тараққий топиб, янги кенгликларга чиқаётганини урғулаш мумкин. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки янгиланиш — адабиётнинг мазмун-моҳиятидаги замон ва шахс ўзгариши инъикоси бўлмиш ички ҳаракат ва бу ўтмиш адабиётини ёки адибларини инкор қилмайди,
яратилганга суянган, ундан чиқиб келган ҳолда ўзгача йўлларни очаверади, айни ўзигача яратилганнинг ҳам мартабасини кўтариб берадигап оқим. Унинг ҳаракатланиши адабиётнинг ички қонуниятларидан келиб чиқади ва у қандайдир ҳамма ижодкорга ёппасига тегишли интилиш эмас, бу оқимнинг қўзғатиб, ҳаракатга бурган етакчилари бўлади, шулар таъсирида адабий жараёнда ўзгаришлар рўй беради, бадиий тафаккур миқёслари кенгаяди.(Аҳмад Аъзамнинг «Янги воқеликлар яратаётган адиб» мақоласидан)

Назар Эшонқул
БАҲОВИДДИННИНГ ИТИ
09

“…Шайх у гўзалнинг жамолини кўриш
умидида кечаси ёр кўчасидаги итлар
орасига қўшилди…”
“Мантиқ ут-тайр”

      Ҳаммасига муҳаррирнинг инжиқлиги сабаб бўлди. Аслида ташқи овозлар-у шовирларсиз ҳам радиопьеса тузуккина чиққанди. Унга актёрлар билан ойлаб сайқал берган, бастакор атайлаб пъеса учун мусиқа ёзган, мен ва ёрдамчим олти ой кеча-ю кундуз фақат шу асар устида бош қотирган, тушимиз ҳам, ҳушимиз ҳам шу пъеса бўлган, мана энди машаққатдан қутулдик деганда, муҳаррирда бирдан янги фикр туғилиб қолганди. Аслида бу фикр янги ҳам эмасди. Мен пъесага ишлов бераётганда ёки монтажда ўтирганда, агар табиий шовқинларни ҳам қўшсак, асар мукаммал чиқади деб ўйлаган, аммо иш кўплигидан ва яна вақт кетишини билганим учун бу режадан воз кечиб қўя қолгандим. Энди эса бирдан муҳаррир биздан талаб қилиб қолди.

— Асар жуда яхши. Лекин биз танловда ютиб чиқишимиз учун бу ерга табиий шовқинларни қўшишимиз керак. Қушлар сайроғими, дарахтлар шовқиними, шамол, қўй-қўзиларми…умуман, асарнинг саҳналарига қараб табиий шўх-шодон оҳанглар қўшиш керак. Пъесадаги қувноқ, хушнуд оҳангларга уйғунлашиб кетиши, бахтиёрлик ва хушанашинлик нафақат қаҳрамонларга, балки бутун табиатга хос эканини, табиат ҳам биз билан бирга ва у ҳам қаҳрамонларимизнинг иқболидан қувониб, шўх садолар таратаётганини кўрсатиб беролсак, мукофот чўнтакда деб ҳисоблайверинглар…

Бош муҳаррир танловга оз муддат қолганини билдириш учун оғиз жуфтлади-ю, аммо муҳаррирнниг “чўнтагингизда деб ҳисоблайверинг” деган аниқ ишончидан сўнг бирдан бош ирғади.
— Албатта, қилиш керак. Шунча маблағ сарфлангандан сўнг яна бироз қийналсаларинг ҳеч нарса қилмайди. Харажат ошса, мукофотдан чиқариб оларсизлар. Аммо шошилиш керак. Вақт оз қолган.

Норозилик билдиришга ўрин қолмади. Шусиз ҳам бош муҳаррир радиопъесага сарфланган маблағ ошиб кетгани учун биздан норози бўлиб турганди. Унинг бу мукофотни қўлга киритишимизни астойдил истаётганидан фақат биз эмас, унинг ўзи ҳам манфатдор эди. У пъесага бадиий раҳбар, табиийки, мукофотда унинг ҳам улуши бор эди.

Гарчи ёрдамчим билан мен энди ишни тугатдик деб турганда яна бошоғриқ бошлангани ёқмаётган бўлса ҳам эртасигаёқ ишга киришдик. Биз олдин ўзимиздаги- радиофонддаги шовқинлар жамғармасини кўриб чиқдик. Шунда бу шовқинларнинг биронтаси ҳам ярамаслигига, биттаси ёзилавериб, хиралашган бўлса, бошқасида қандайдир сунъийлик борлигига амин бўлдик. Буларнинг биронтаси биз кутган хушанишинликни табиий тарзда акс эттиролмасди. Демак, шовқинни табиат қўйнидан ёзиб олишга тўғри келади.

Бунинг учун биз турли жойларни кўз олдимизга келтириб кўрдик. Масалан, шаҳарга туташ қишлоғу далалар. Аммо бу қишлоқларнинг ҳаммасида ҳозир дала ишлари қизғин, тракторларнинг шовқини тушиб қолади. Микрофонларимиз шунчалик сезувчанки, агар бошқа товушлар тушса, кейин тозалаб олиш амримаҳол. Бизга қушлар ё ҳашоратларми, бири қўйиб, бири сайрайдиган, айни уйғониш фаслига хос бахтиёр ва кўтаринки шовурлар керак: у қушники бўладими ёки ҳашорату-ариникими, фарқи йўқ, ана шундай сасларни ўзида мужассам этган боғ керак эди. Шу сабабли қушлар шовқинини шаҳар четидаги эски хиёбонда ёзадиган бўлдик. Шаҳарда уларнинг ихтиёрисиз бирорта гулнинг ҳам кўкаришга ҳаққи йўқ ободончилик корхонасидагилар негадир уни тартибга солишни унутиб қўйишганди. Шу сабабли хиёбонда дарахтлар шунчалик зич ва тарвақайлаб кетган, устига устак, шаҳарнинг барча қушлари анча йиллардан бери арра товушини эшитмаган дарахтларга уя қурганди. Ёрдамчим телефон орқали ободончилик маъмурияти билан олдиндан келишиб қўйди. Маъмурият эрталаб ўнгача хиёбонга ҳеч кимни киритмайди. Саҳардан соат ўнгача бир олам шовқинларни, дарахтми, қушлар чуғурими ёки ҳаётдан миннатдор бўлиб, уни ўзгартиришга астойдил бел боғлаган, ҳаётда ўз ўрни ва бахтини топганларидан ичларига сиғмай ҳаммани бахтиёр қилгиси келаётган бизнинг пъеса қаҳрамонларимиз каби шўх-шодон эсаётган шамолми, ҳашорат овозими, ёзиб олишимиз мумкин. Бу таклиф бизга маъқул тушди.

Эртасига қуёш энди бош кўтараётганда ёрдамчим ва овоз режиссёри билан бирга бориб, микрофонларни хиёбонга ўрнатдик. Яқин-атрофда катта машина ва темир йўллари бўлмагани учун бу ер худди биз истагандек осуда эди. Дарахтлар секин шовуллаб турар, қушлар чуғури ҳаммаёқни қоплаган, гўё қушлар ҳам одамлар бу ерга йиғилмасдан бурун бир яйраб қолмоқчидек, бор овозлари билан чуғурлашар, дарахтдан дарахтга учиб, ўзига хос саодатманд сайроқилар хорини ташкил қилганди. Баъзи-баъзида гулларга келиб қўнаётган ариларнинг ёки ниначилар ва сўналарнинг ғунғиллаган овозлари бу шовқинни бир пас босиб кетгандек туюлар, лекин бу ҳашоратлар овозида ҳам бизнинг пъесамизга мос уйғунлик ва кўтаринкилик бор, шу сабабли ҳаммаси табиий ва гўзал эди. Мен режиссёр сифатида ҳамиша ишлатилавериб, қолаверса, атайин техник жило берилган, бироз сунъийлашган “Шовқинлар жамғармаси”даги овозлардан фойдаланганим учун бу ердаги овозларнинг табиийлигидан ҳайратланиб турардим. Шу пайтгача ортиқча иш кўпайганидан норози бўлиб юрган ёрдамчимнинг юзида ҳам табассум пайдо бўлди. У қушлар чуғури-ю, ҳашоратлар навоси, ўсимликлар шитирлаши, дарахтларнинг майин шовуллаши уйғунлашиб кетган, гўё биз яратган пъеса билан бахтиёрлик бобида бас бойлашгандек таралаётган табиатнинг мусиқий “пъеса”сини берилиб эшитаркан, менга қараб қўяр, овоз режиссёрининг эса юзида мамнуният зуҳурланган, қушлар чуғури, дарахтлар шовқинидан илҳом олгандек, берилиб ишлар, ҳар-ҳар дамда магнитафонга қулоқ тутиб, овоз қандай ёзилаётганини эшитиб кўрар, ишидан қониқиб, бизга қараб қўярди. Осмонда оқ булутлар сузиб юрар, лекин бу булутлар ҳам кўм-кўк осмонга энди гард бўлолмаслигини билиб, секин тоғ тараф силжирди. Баҳор охирлаб қолган бўлса ҳам ҳали майсалар ям-яшил, дарахтлар гуллаб, хиёбонни гулу-чаманга айлантириб юборганди. Ёрдамчим бекорга бу хиёбонни танламаганини энди сезиб турардим. Бу ерда бошқа хиёбонларда учрамайдиган мевали дарахтлар билан бирга ҳали тарошланмаган, тартибга солинмаган, ўн йиллардан бери ўз ҳолича шохлаб, гуллаб, эмин-эркин тарвақайлаб кетган дарахтлар ҳам бор эди. Эҳтимол, айнан шунинг учун бу ерда қушлар чуғури кўпдир? Мен бутун вужудимни қулоққа айлантириб овозларнинг қайси бири ариники, қайси бири қалдирғочники, қайси бири оддий чумчуқники дея ўзимча ажратиб олишга тиришиб, кўзларимни юмиб ётардим. Қушлар чуғури билан бирга яна қандайдир тушуниқсиз увиллаш элас-элас чалинарди. Лекин мен бу сас нималигини ажрата олмадим, у итнинг ҳам, бўрининг ҳам, ёки бирон яқинидан айрилган жониворнинг изтиробли ноласига ўхшарди. Эҳтимол, бу шаҳарнинг хиёбонга ўрмалаб кирган одатдаги шовқинидир? Нима бўлганда ҳам бу шовқин қушлар шовқинига халал беролмаётган, қолаверса, бу менинг қулоғимнинг шанғиллаши бўлиши ҳам мумкин эди.
-Бўлди, етади,- деган овоз эшитилди ёнимда.

Кўзларимни очиб, тепамда менга қараб турган овоз режиссёрини кўрдим. У аллақачон асбобларини ва магнитафонни йиғиштириб бўлган, энди кетишга тайёр турарди. Менинг савол назари билан қараганимга ўзича изоҳ қилди.
-Етади. Бу ерда сизга зарур овозларни икки марта қайта ёздим. Яна ўнта пъесага ишлатсангиз ҳам бу овозлар тугамайди.

Худди ғайришуурий лаззатдан бемаврид бебаҳра қилгандек, унга соатимни кўрсатиб, норозилик билдирмоқчи бўлдим. Аммо соат ўн беш дақиқаси кам ўнни кўрсатиб турарди. Яна ўн беш дақиқадан сўнг бу ерга қуёшдан қочган бекорчиларнинг ҳаммаси бостириб келади. Кетишдан бошқа иложимиз қолмаганини тушундим.

Биз хиёбон ўртасига келганимизда дарвозадан бир тўда қувноқ ёшлар кириб келди. Улар хиёбонга киришлари билан турли томонларга тарқаб кетишди ва бирдан боғда ўзига хос шодонлик бошланди. Радиокарнайлардан қувноқ ва шўх қўшиқлар, мусиқа, сотувчиларнинг чорловлари, чархпалак, ҳалинчакларнинг ғийқиллаши бир пасда хиёбонни тутиб кетди. Гўё хиёбоннинг биз боягина ҳис этган ва гувоҳ бўлган манзаралари, ҳар бир ўтирғичигача ўрнашиб қолган қушларнинг саодатманд чуғурлари, дарахтларнинг маҳобатли ва ғолибона шовуллашлари, ҳашоратларнинг бири-қўйиб, бири бизга ненидир англатмоқчидек, хиёбон узра шодон таралаётган наволари радиокарнайлар шовқинлари олдида бирдан ғойиб бўлганди. Бу нарса таъбимизни бироз тирриқ қилса ҳам, ночора, биз ишимиз битганидан хурсанд бўлиб, ишхонага йўл олдик.
-Сиз бу шовқинларни келишган саҳналаримизга қўйиб чиқинг.- дедим мен трамвайга чиққач овоз режиссёрига.- Ёрдамчим сизга ёрдам беради. Мен бошлиқларни топиб, уларни тушдан кейин эшитишга таклиф қиламан.

Овоз режиссёри ва ёрдамчим бош ирғашди. Улар бу ишдан тезроқ қутулиб, бир-икки кун таътил олишни сўрашгани учун ҳам мен уларни шошилтираётгандим.

Тушдан кейин одатдагидек менинг хонамга йиғилдик. Бош муҳаррир оромкурсига яхшилаб жойлашиб олди. Кенгаш аъзолари бўлмиш қулоқлари оғирлаша бошлаган иккита кекса режиссёр эса магнитафонга яқинроқ ўтиришди. Муҳаррир одатдагидек бош муҳаррирнинг ёнидан жой олди. У ўзининг таклифи билан шунча ишлар қилингани ва ҳаммасига ўзи бош-қош бўлиб турганидан мамнун бўлиб, бироз гердайиб қўярди. Овоз режиссёри худди ишни дўндириб қўйгандек, эшик ортидаги курсида чой ҳўплаб ўтирар, рўмолча билан юзини елпиб, бизга “ҳозир мен яратган мўъжизани кўрасилар” деётгандай писанда билан қараб турарди. Ёрдамчим биз эрталаб боғда ёзиб олган шовқинлар билан бойитилган саҳналарни қўйиб бера бошлади. Олдинига мен ҳеч нарса тушунмадим. Балки менга шундай эшитилаяптими деб ўйладим ва секин кўз остим билан бош муҳаррирга қарадим. Йўқ. Қулоқларим алдамаётган эди. Бош муҳаррир ҳам негадир ҳеч нарса тушунмай, муҳаррирга ва менга савол назари билан қарай бошлади. Иккита кекса режиссёр эса қулоқларига қўлларини қўйиб, ҳеч нарсага тушунмай оғизларини ланг очиб туришарди. Ёрдамчимнинг эса дами ичига тушиб кетганди. У магнитафон тугмасини босишни ҳам, босмасликни ҳам билмай менга қараб, довдираб турарди. Биз кўтаринки кайфият акс этиши керак бўлган ва табиатнинг шодон наволарига тўла билан уйғунлашган саҳнада қандайдир мунгли, мустар ва юракни эзадиган бир дардли, эрталаб хиёбонда қулоғимга элас-элас эшитилган увиллаш эшитиларди. Мен ҳеч нарсага тушунмай ёрдамчимга қарадим.
-Бу нима?!- ниҳоят бош муҳаррирнинг қаҳрли овози янгради.- Бизни масхара қилаяпсиларми?

Ёрдамчим овоз режиссёрига қаради. Овоз режиссёрининг юзи гезариб кетганди. У ирғиб туриб, ёрдамчимга жаҳл билан тикилиб, қўйиб бераётган тасманинг рақамига яқин бориб қаради. Кейин ажаблангандек, чўнтагидаги дафтарчани олиб, у ердан ниманидир, афтидан, тасманинг рақамини излади. Кейин топди, шекилли, яна тасмага қаради. Бирпас ҳеч нарсага тушунмагандек, безрайиб туриб қолди.
-Шу тасмага ёзгандик, чоғи. Аниқ шу тасма эди. Қизиқ…- деди у довдираб.
-Бизнинг бекорчи вақтимиз борми,- зарда қилди муҳаррир.- Аниқ шу тасмамиди?
-Ҳа,- деди ўзига ишонмай овоз режиссёри.- Шу эди… Яна ким билади.. Балки адашиб…

У бизга узрхоҳлик билан қаради-да, шошиб хонадан чиқиб кетди. Унинг даҳлизда югуриб кетаётганини ҳаммамиз эшитиб турардик.
-Буларнинг хаёли жойида эмас,- деди бош муҳаррир норози бўлиб.- Мана шундан ҳам ишга бўлган муносабатни билса бўлади. Тасманинг рақамини ҳам адаштирадими эси жойида одам?
Ҳамиша ўзим билан ишлайдиган гуруҳнинг ёнини олганим учун у менга иддао қилиб гапирарди. Бу марта унга қарши ҳеч нарса демадим: у ҳақ эди. Энг муҳим пайтда ёрдамчим билан овоз режиссёри мени уялтириб қўйганди. Салдан кейин бир қучоқ тасма кўтарган овоз режиссёри кириб келди.
-Мана, бугунги овоз ёзган ва монтаж қилган тасмаларим. Балким чарчаб, рақамни адаштиргандирмиз…
Шундай деб у бирин-кетин тасмаларни қўйиб кўра бошлади. Аммо у қўйган биронта ҳам тасмада биз кутган шовқинлар йўқ эди. Овоз режиссёри бундан баттар ажабланар ва довдирарди.
-Менга қаранг,- деди охири муҳаррир.- Сизлар эрталаб ёзиб келган тасмани қўйиб беринг. Бизнинг ўзимиз қайси шовқинларни қўйишни айтамиз. Қайтадан қўйиб чиқасизлар. Бу кетишда бизга бутун жамғармадаги тасмани қўйиб берасиз, чоғи.

Бу гап менга ҳам маъқул бўлди. Кулгу бўлиб ўтиргандан кўра эрталаб ёзиб олган шовқинларни қўйиб, қайси шовқинни қайси саҳнага қўйишни келишиш осонроқ эди. Овоз режиссёри маъқул дегандек, бир тасманинг устига қаради-да, ўша тасмани магнитафонга қўйди. Энди буниси устимиздан бир челак сув қуйгандек таъсир қилди. Тасмадан биз боягина пъеса саҳналарида эшитган нола тўла увиллаш аниқ-тиниқ келиб турарди. Овоз режиссёри беҳол ўтириб қолди. Унинг юзлари оқариб, рангида ранг қолмаганди.
-Ахир эрталаб шу тасмага ёзгандик, бу шовқин қаердан пайдо бўлди?
-Балки охирроғига ёзгандирмиз. Айлантириб кўрингчи,-деди ёрдамчим умид билан.

Овоз режиссёри тасмани олдин бошига, кейин охирига қараб айлантирди. Аммо бутун тасмага ўша нола ёзилган, худди устимиздан кулгандек, қаерида тўхтатиб, тугмачани босса, ўша ердан эшилиб-буралиб, соҳибидан айрилган каби нола чекаётган итнинг увиллаши чиқиб келарди. Бу шунчаки увиллаш эмасди. Қандайдир табиатдаги жами товушлар, сайрашлар ва шовуллашлар уйғунлашган ўта ғамгин, дилни ўртайдиган, одамни ғамгин ва дилгир қилиб қўядиган, бизнинг пъесамизга мутлақо зид андуҳ тўла увиллаш эди.
-Бу нима ?!- энди ўрнидан туриб тутоқиб кетди бош муҳаррир.- Сизлар бизни майна қилишга чақирдиларингми?
У кўпроқ менга кўзларини лўқ қилиб, важоҳат билан қараб турарди. Мен елкамни қисдим.
-Бугун эрталаб биз энг зарур шовқинларни ёзиб келгандик. Билмадим, нима бўлаяпти?

Шундай деб, овоз режиссёрига ва ёрдамчимга қарадим. Улар шошиб қолишган, бир тасмани олиб, иккинчисини магнитафонга тиқишар, эшитиб, кутилган овоз келмагач, яна бошқасини тиқишарди. Ниҳоят овоз режиссёри чарчади. У бизга қарамай курсига ўтириб, ниманидир эсламоқчидек ўйга толди.
-Сиздан сўраяпман, нима бўлди? Яна тасмани ўчириб юборибсизларми?-Бош муҳаррир студияда тез-тез бўлиб турадиган вазият бўлган, булар тасмани билмасдан ўчириб юборган деб ўйлаётган эди.

Овоз режиссёри унга индамай қаради. У энди бошлиқдан ҳайиқмаётган, тўғрироғи, унга нимадир жуда қаттиқ таъсир қилганидан ўзига келолмаётган, энди йўқотадиган нарсаси йўқ одам каби терс ва қўпол бўлиб қолганди.
-Йўқ. Биз адашиб, ўчириб юбормадик. Агар ўчирсак, ёзиб келган иккала тасма турарди. Боғдан ёзиб олинган тасмага ҳам шу шовқин ёзилиб турибди.
-Тушунмадим, -дедим мен энди баттар ажабланиб.- Сал олдин бўлди, шовқинларни саҳналарга қўйиб бўлдик, энди эшитсак бўлади деган сиз эмасми?
Овоз режиссёри кўзларини юмиб-қайта очди.
-Ҳа, шундай дегандик. Лекин кўраяпсиз-ку…
-Эрталабки тасма-чи?
-Эрталаб ҳар эҳтимолга қарши иккитадан тасмага нусхаси билан ёзиб олганман. Аммо иккаласи ҳам ўша увиллаш билан тўлиб турибди. Ахир бу увиллаш ҳам, яқин атрофимизда ит ҳам йўқ эди…

Шунга ҳайрон қолаяпман. Боя саҳналарга қўяёётганимизда ҳам ҳаммаси ўз жойида эди. Буни ким қилиши мумкин, билолмаяпман.
Бош муҳаррир гапимиздан ҳеч нарсани тушунмаган бўлса ҳам аммо муроса қилгандек, уфлади.
-Мабодо эрталабдан халқумни ҳўллаб олмаганмидиларинг? Балки мастликда шу шовқинни ёзиб келгандирсизлар?

Мен туҳмат қилманг дегандек унга зарда билан қарадим. У менинг ичкиликка ўч эмаслигимни, айниқса, эрталабдан ичиб олмаслигимни биларди. Шунинг учун мендан кўзини олиб қочиб, овоз режиссёрига таҳдид қилди.
-Етар. Тасмаларни топсангиз, топинг, бўлмаса, эртага қайтадан ёзиб келинг. Бу марта ёнингизга бошқа овоз режиссёрини ҳам олволинг. Эҳтиёт шарт. Шусиз ҳам ишни чўзиб юбордиларинг…

Шу гапни айтиб, норози ва асабий қиёфада чиқиб кетди. Унинг изидан муҳаррир ва иккита кекса режиссёр ҳам чиқиб кетди. Биз энди тасмаларни олиб, шошилмай бирма-бир эшита бошладик. Аммо ёзиб келган шовқинлардан асар ҳам йўқ эди. Эрталаб шу иш учун атайин рақамлаган тасмаларда ҳам ўша мунгли, мустар нола-соҳибини йўқотган ит увиллаши эшитилиб турарди. Ким биз билан ҳазиллашаган бўлса ҳам қўпол ҳазиллашган эди.
-Балким биз тушликка чиққанда кимдир ўчакишиб, устига ёзиб юборгандир?-деди ёрдамчим. –Кўролмайдиганлар қанча?
Овоз режиссёри бошини ирғади.
-Йўқ. Бўлиши мумкин эмас. Мен бу тасмаларни ўзимнинг сейфимга солиб, тушликка чиққандим. Биров қилиши мумкин эмас.
-Нима, сейфингизнинг калити бошқада йўқ деяпсизми? Одамларнинг сейфи очилмасдан пули йўқолаяти-ю…

Мен уларнинг баҳсига қўшилмадим. Эртага эрталаб яна боққа боришимизни, қайта овоз ёзиб олишимизни ва ўзлари билан яна битта овоз режиссёри ва қўшимча магнитафон олиб олишини тайинлаб, уйга жўнадим. Трамвайда кетарканман биз эшитган мунг қулоғим остида жаранглагандай бўлди. Қизиқ, мен шунча йил радиода ишлаб, овозлар ва мусиқа жамғармасини беш қўлдай била туриб, бундай увиллашни ҳеч эшитмаган эдим. Бу кимнинг ҳазили ёки ўчакишиши оқибати экан? Хаёлимдан мукофотга номзод бўлган бошқа студиядаги ҳамкасбларим бирма-бир келди. Аммо уларнинг бу даражада пасткашлик қилишларига ишонгим келмасди.

Эртасига биз яна ўша хиёбонда овоз ёзиб ўтирардик. Бу сафар овоз режиссёри иккита, ёзиш ускуналаримиз эса учта эди. Овоз режиссёри ўзи билан иккинчи магнитафонни ҳам олиб келганди. Биз яна ўша тонгги наботот, ҳашорат ва парранда овозларини- табиатнинг улуғворлигини мадҳ этаётган, борлиқ билан уйғунлашиб кетган тириклик ва яратувчилик оҳангларини ёзиб ола бошладик. Мен кўзларимни юмиб ётарканман, бирдан қушлар ва ҳашоратларнинг қувноқ овозлари остида кечаги тасмадаги увиллаш келаётгандек бўлди. Чўчиб, бошқаларга қарадим. Улар индамай ишини давом эттиришарди. Демак, кеча асабийлашганим учун қулоғимга эшитилаяпти деб ўйладим. Аммо бу сас энди менга аниқ эшитилаётган эди. Қушлар чуғури остида у бирдан қулоққа чалинмас, аммо бутун вужудингизни шу шовқинларга берсангиз, унда ана шу шодонликлар остида маҳзун увиллаш келиб турар, у бир йўқолиб, бир пайдо бўлар, гўё бахтиёрлик ва шодонлик билан баҳс бойлашиб, ютқизаётгандек эди. Мен ҳар эҳтимолга қарши чакалакзорга қарадим: у ерда биронта ит йўқмикин? Шунча меҳнатимиз яна зоя кетса деган фикрдан кўз олдим бижирлаб кетди-назаримда, чакалакзор ичида қандайдир катта бир ит менга қараб, масхара қилиб, тилини чиқариб тургандек туюлди. Кўзимни юмиб очдим- итга ўхшаб ҳурпайиб турган шохга кўзим тушди-да, кулгим келди. Лекин мен ит увиллашини аниқ эшитдим. Бу итнинг увиллаши экани кундай аён-ку. У қанақа ит экан, бунчалик бағри хун бўлган?! Овоз режиссёрлари шовқинларнинг тиниқ ва аниқ ёзиб олинаётганига гувоҳ бўлиш учун қулоқларини ускуналарга тегизиб туришар, кейин мамнун бош ирғашарди. Демак, ҳеч қандай ғайритабиий нарсанинг ўзи йўқ. Менинг қулоғимга шундай эшитилаяпти, бунинг ҳаммаси кечаги можаронинг таъсири. Биз энди бу марта ишимиз юришишга заррача шубҳа қилмасдик. Шунинг учун мен саҳналарга қўйилган шовқинларни эртага эшитамиз деб, улар билан трамвайда хайрлашдим.

Кечқурун ёрдамчим телефон қилди. У жудаям ҳаяжонда эди.
-Айтсам, ишонмайсиз. Барча тасмалар яна ўша увиллашни ёзиб олибди.- У, афтидан, йиғламоқдан бери ҳолатда, у телефон қилаётган хонада овоз режиссёрлари бўлса керак, асабий овозлар келарди.- Келмасангиз бўлмайди.
Мен тезда кийиниб жўнадим. Овоз ёзиш студиясида энди бошқа режиссёрлар ҳам йиғилган, муҳаррир ҳам шу ерда эди.
-Сира ақлим етмаяпти. Бу қаердан келди? Ахир биз бошқа шовқинни ёзиб олгандик?- Овоз режиссёри асабий гапирарди.
-Балки бошқа каналга ёзгандирсизлар?- кимдир, менимча, муҳандислардан бири сўради.
-Ҳамма канални текширдик. Шу увиллашдан бошқа овоз йўқ.

Ростанам тасмалардан яна ўша-мунгли ва маҳзун нола-энг қизиғи, хиёбонда менга шундай туюлаяпти деган увиллаш келарди. Мен энди тонг қотдим. Ва гап тасмада ҳам, ёзиш ускунасида ҳам эмаслигини сезиб турардим. Хиёбонда менинг кўзимга кўринган ит аслида бўлган ва у ўша дарахтлар орасида туриб увиллаяпти, биз гарчи қанча уринмайлик, фақат унинг овозини ёзиб оляпмиз. Бу ерда қандай сир бор? У қандай ит бўлди? Унинг увиллашида бизни нимадандир огоҳ қилмоқчи бўлаётгандек, сирли нола бор эди. Ускуналаримиз гарчи қушлар овозини ёзаётгандек туюлса-да, аслида қулоққа элас-элас чалинадиган ўша сирли увиллашни ёзиб оляпти. Нега? У қандай нола бўлдики, ўзига замонавий ускуналарни ҳам бўйсундириб, саодатманд оҳангларни эшитамиз десак, бизга асрий ғам-андуҳ акс этган итнинг увиллашини тақдим этаяпти? У қандай ит? У қандай увиллаш, нола?

Муҳаррирнинг фиғони фалакка чиқди. У бир пайтлардаги келишмовчилигимизни эслади, чоғи, мени атайлаб шундай қиляпти деб ўйлади. Менга бақрайиб тикилганча кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб кўрсатди:
— Сиз… сиз бу ишингиз билан жавоб берасиз. Бу билан нима демоқчисиз? Бу мазхарабозликнинг тагида нима ётибди ўзи?! Ҳали тингловчига ит увиллашини қўйиб берасизми? Ит нега увиллаяпти? А?
— Мен ҳам шуни билмоқчиман, -дедим фавқулодда ўзимни босиқ тутиб.- Бу ўзи нима? Табиат бу увиллаш орқали бизга нима демоқчи? Менинг ҳам ақлим етмаяпти. Лекин бу жудаям ғаройиб нола. Буни атайлаб яратиб бўлмайди. Бу тайёр куйнинг ўзи.

Муҳаррир менга нимадир демоқчи бўлиб, яна кўрсаткич бармоғини бигиз қилди. Унинг мусиқадан умуман саводи йўқлигини эслаб, гапларим беҳуда кетганини сездим. У аксар ҳолларда эшиттириш матнини бериб, кейин режиссёрларга “Ўқилгач, бир тинғин-тинғир қўйиб юборинглар” дерди. Режиссёрлар “Аслида эшиттиришда ана шу тинғир-тинғирдан бошқа нарса ҳам йўқ, тингловчи фақат ўша тинғир-тинғирни эшитади”, деб изидан майна қилишарди. У режиссёрларнинг ўзига муносабатини билар, лекин улар билан гап талашиб, обрўсини кеткизмасди. Ҳозир ҳам ҳушёр ақли бирдан ишлаб кетди. Заҳрини ичига ютди.
— Беш дақиқадан кейин бош муҳаррирнинг олдида учрашамиз.

У эшикни зарб билан ёпиб чиқиб кетди. Мен овоз режиссёрига қарадим. У елка қисди. Биз яна бир марта ёзиб келган тасмаларни эшитиб кўрдик. Барча тасмаларни ўша увиллаш босиб кетганди. Мен ёрдамчимга бу оҳангларни аудио тасмага кўчириб, ўзимга беришини тайинлаб, бош муҳаррирнинг олдига йўл олдим.

Эртасига бизни асарга безак беришдан четлатишди. Итнинг увиллашини ёзиб келганимиз учун бошимизга ит кунини солишмоқчи эди, аммо танлов яқин қолгани сабабли истисно қилишди: бошқа гуруҳ пъесага шовқинлар ишловини берадиган бўлди. Бизга ҳам айнан шу керак эди. Энди ғирт бекорчи эдим. Ёрдамчим ёзиб берган тасмадаги итнинг увиллашини яна бир неча кун эшитиб юрдим. Эшитганим сайин бу ит нега увиллаяпти, у кимни чорлаяпти, кимга нола қилаяпти деган ўй бутун фикру хаёлимни эгаллаб олди. Энди фақат нола қилаётган ит ҳақида ўйлар ва эрта-ю-кеч қулоғим тагида фақат ўша итнинг фиғони жарангларди. У қандай ит? Эгаси бормикин? Нега у бунчалик нола чекаяпти? Бир неча кунлик саволларимга худди ташландиқ боғ жавоб берадигандек, ўша итга ўхшаб ҳурпайиб олган шохлар орасида мени жавоб кутиб тургандек, хиёбонга йўл олдим. Қуёш энди шаҳарнинг тоққа туташ қисмидан бош кўтариб келарди. Боғ қушлар ва паррандалар, умуман, тирикликнинг гўзал қўшиғига тўлганди. Мен яна ўша овоз ёзган жойга бориб ўтирдим. Майса ҳиди келарди боғдан. Шудринг ҳовурида димоққа урилиб, кейин қушлар чуғурига қўшилиб кетарди. Бу ерда ҳамма нарса бахтиёрлик, яшнаш ва уйғонишдан дарак берарди. Ғайритабиий нарсанинг ўзи, айниқса, бу атрофда итдан дарак йўқ эди. Унда увиллаш қаердан келаяпти? Қандай қилиб тасмаларга жойлашиб олди? Мен дарахтлар орасини, орқадаги, дала билан туташ, шаббалаб кетганидан чакалакзорга айланган дафназор ва тутзорни бирма-бирма кўздан кечирдим. Боғда шохлар орасини титиб юрганимни кўрган танишларим эсдан оғибди деб ўйлашлари мумкин эди. Қаредаки хилват ва ит бекиниб олиши, қаердаки ётиши, пусиши ёки уя қилиши мумкин бўлса, ҳамма жойни излаб чиқдим. Ҳеч қанақа ит йўқ эди. Унда увиллаш қаердан келаяпти? Ҳолдан тойиб, синиб ётган дарахтга ўтирдим. Худди телбалардай хиёбонни ахтарганим ўзимга нашъа қиларди. Шу билан бирга мен ўша сирли увиллашнинг тагига етишни истардим. Тин олмоқчидай кўзларимни юмдим. Атрофимни қуршаган хушанишин чуғурлардан куч олиш учун бирпас уларнинг сеҳрига берилдим, кейин ҳар қандай товушлардан ўзимни узиб, яна ўша увиллашни эшитиш учун элас-элас келаётган шовурларга қулоқ солдим. Шу ҳолатда узоқ ўтирдим. Хаёлим орқали боғнинг мен ҳали етиб бормаган ичкарисига кириб кетдим. У ерларда анвойи гуллар гуркирар, ҳамма нарса ўз ҳолича ва ўз эркича ўсиб ётарди. Дарахтлар чиркинликни инкор этиб, янги барглар чиқарар, кейин тўкилган гуллар ўрнига янги ғунчалар очилар, минглаб ранглар боққа зеб бериш учун шайланиб турарди. Бу ерда гўзаллик билан хунуклик, завол билан яшариш, тубанлик билан юксаклик ўртасида кураш кетарди. Бир маҳал кўзим илиндими, ё менга шундай туюлдими, бирдан тасмаларда эшитган нола олдин секин, кейин баралла эшитила бошлади. Салдан кейин мен увиллашни аниқ эшитдим. Увиллаш бир олисдан, бир ёнимдан эшитилар, кўзимни очиб қарагим, увиллаётган итни кўзим билан кўргим келар, аммо бирдан ит ҳам бўлмай, нола ҳам йўқолиб қолса-чи деган хавотирда кўзларимни очгим келмасди. Увиллашда мунис андуҳ бор эди. Ундан дард, мусибат, изтироб, ғам-уқубат тараларди. Бу дардга ва бу ғамга чидаб бўлмасди. Уни эшитган сайин шунчалик дард кўпаяр, мусибат улуғлашар, ғам юракни тўлдирар, йиғлагим келарди, аммо увиллашдан таралаётган хўрлик олдида йиғи нима бўлибди деб ўзимни овутардим. Одам қандай чидайди бу нолага деб ўкириб юборгинг келарди. У ўзининг андуҳи билан сеҳрлар, андуҳи билан мафтун қилар, мусибати билан жодулаб қўярди. Бу увиллашни эшитган одам бошқа оҳангни қайта эшита олармикин? Бу нола, бу маҳзунлик бошқа барча оҳангларни фош қилиб, сохталаштириб қўярди. Нега мен шу пайтгача бу андуҳни эшитмаганман, нега шу пайтгача бу мусибатдан узоқ бўлганман? Нега бу нола ўзини хушанишин оҳанглар тагига яширди экан? Нега увиллаётган ит одамлардан ўзини пинҳон тутяпти экан? Увиллашдаги андуҳ таъсирида кўзларимдан юм-юм ёш оқаётганини билардим. Йиғлаган сайин енгил тортар, янаям ўкириб йиғлагим келарди. Йиғига ғарқ қилувчи бу нола қайдан келаяпти, қайга кетаяпти? Нега у мени мунгга ва мусибатга ошно этаяпти?

Эртасига ҳам, кейинги кунлар ҳам мен боғнинг бир четида ўтириб, кўзларимни юмганча кунимни шу ҳолатда, мусибат ва андуҳдан титраб ўтказдим. Мен увиллаётган итни кўргим, унинг ғамига шерик бўлгим, мусибат эзган бошини силагим келарди. Энди бир умр бу ноладан ҳам, итдан ҳам айрилолмайдигандай эдим. Кўзларимни очганимда увиллаш йўқолар, юмиб олишим билан қулоғим тагида пайдо бўлар, мени ўз оҳангига олиб кириб кетарди. Увиллашда хўрлик ва ҳақорат тўла эди. Маҳкумлик ва мутелик, ожизлик ва зулм қоришиқ эди. Бу хўрлик билан одам яшаши мумкин эмасди. Мен кўзларимни очиб, “Қаердасан, нега мени бунчалик эзасан, кел, сени кўрай, мақсадинг нима?!” деб пичирлардим. Пичирлашим қулоғим тагида худди ҳайқириқдай садо берарди. Ўшандай лаҳзаларда мен бир нарсани билиб қолдим: кўзимни юмишим билан менинг ичимдан нимадир ташқарига сакраб чиқиб кетар, менга ўша сакраб чиқиб кетган нарса итдай бўлиб туюлар, аммо менинг ичимда ит нима қилади дея бу шубҳани инкор қилардим. Аста-секин боққа келишим билан ичимдан сакраб чиқиб кетган шарпанинг итга ўхшашлигига ишона бошладим. Ичимдан чиқиб кетаркан, кўкрагимда ит панжалари билан тирналгандек оғриқни ҳис қилардим. Бир куни кўзимни юмганча, итнинг ноласи бошланишини кутиб турарканман, увиллаш шундай ёнгинамдан келаётгандай туюлди. Беихтиёр, ўзим кутмаган шиддат билан кўзимни очдим. Сезгиларим алдамаган эди. Ёнимда қоп-қора ит турарди. У каттагина эди. Аммо кўринишининг ўзиданоқ бу итни ғам адо қилган деган фикр келарди. Унинг кўзларида мунг ва ҳасрат қотиб олган, ўзи афтода, озғин, қовурғалари кўриниб ётар, оёқда зўрға тургандай туюлганди менга. Гўё бир неча кун эмас, бир ойдан бери туз тотмаганга ўхшарди. Ўрнимдан қимиллашга қўрқиб, уни кузатиб турардим. Ит ҳар доимгидай боққа одамлар кириб келгунча, шовқин бошлангунча увиллади, кейин секин чакалакзор орасига кириб кетди. Мен унинг изидан югурдим. У чакалакзордан чиқиб, деворнинг тирқишидан ўтди-да, шаҳарга қараб кетди. Девор ошиб тушганимда, у аллақачон одамлар ичига кириб, ғойиб бўлганди. Мен енгил тортдим. Тирикчилик шовқини-ю ҳамиша думни ликиллатишга ва кетни қимиллатишга ундайдиган куй ҳамда шунга мос оломон билан тўлаётган боғда итни кўрганимдан ва уни топганимдан хурсанд эдим. Эртасига ит мендан ўзини олиб қочмади. У энди мени ҳар куни шу ерда кўриб кўникиб қолгандек эди. Ёнимга келиб, орқа оёқларига ўтирарди-да, осмон-у фалакка қараганча яна ўша ноласини бошларди. У нега айнан шу ерга келиб увиллаяпти, сира ақлим етмасди. Аммо у ҳар доим бир пайтда бир жойга келиб увларди. Итнинг менга қараб туришининг ўзидаёқ мунг ва ҳасрат бор эди. Эҳтимол, у ўзининг қанчалар афтода эканини билмас ҳам? Эҳтимол, ана шу ғариблиги билан боққа келиб, эрта-ю кеч ўйиндан бошқасини билмайдиган такасалтанглар-у олифталарга нимадир ишора қилмоқчидир? Билмадим, аммо бир қарашдаёқ унинг нақадар ожиз ва мушфиқ эканини билиб олса бўларди. У ўзига ҳеч четдан қараб кўрганмикин? Ўзини бир марта бўлсин кузатганмикин? Бунча ғариб ва фақир бўлмаса вужуд дегани? Унга қараб бу афтода танани эзғилагинг, эзғилаган сайин таҳқирлагинг, таҳқирлаган сайин унинг оёқлари остида ўзинг таҳқирлангинг келарди. Унинг қўтир босган вужудида қандайдир сеҳрли бир куч бордай эди. Биз тезда бир-биримизга ўрганиб қолдик. Энди мен ҳам ит билан бирга девор туйнугидан эмаклаб, кўчага чиқар, кейин унинг изидан санқиб юрардим. Биргаликда шаҳарнинг шунча йиллардан бери бирон марта кўрмаган ғарибгина кулбалар, тўкилай деб турган масжиду мадрасалар жойлашган эски тор кўчаларини, қадимий қалъалару қасрлар харобалари қолган тепаликларни айланиб чиқардик. Анча кундан кейин мен итнинг ҳар куни бир хил йўналиш бўйлаб бир хил кўчаларни айланишини, фақат шаҳар четида қолган тор кўчаларнинг биридаги ўйма нақшларини йиллар ёмғири сидириб юбораёзган иккита дарвоза тагига чиқариб қўйилган егуликдан ейишини, яна ўша йўл билан изига — боққа қайтиб киришини сездим. Ит бошқа — шаҳарнинг гуллаб-яшнаб ётган қисмига деярли бурилмас, бошқа бирон жойдан егулик ахтариб умидвор ҳам бўлмас, йўлидаги дайди мушуклар ва санғи лайчалар ўралашиб юрган ошхона-ю базмхоналар олдидан индамай, бошини эгиб ўтиб кетарди. Суяк талашаётган лайчаларга бир кўз ташларди-да, йўлидан давом этарди. Агар ўша эски дарвоза олдида егулик бўлмаса, индамай изига қайтар, кун бўйи оч юрса ҳам, ўзини хўрак талашиб ириллашаётган лайчалар ичига урмасди. Шунинг учун унга егулик олиб кела бошладим. У мен кутгандай егулик деб думини ликиллатиб, суйкалмас, минг бир мулозамат билан берган пишлоқ ёки бўтқани олдин роса ҳидлаб, кейин бир бўлак ер, қолганига эътибор ҳам бермасди. Менга у касалдай туюлди. Эҳтимол, шунинг учун у мана шу овлоққа маскан қургандир, эҳтимол танасидаги оғриқни енгиш учун нола қилар?! Ахир соғ ит хўракдан ўзини тийолмайдику. Шундай бўлса-да, уни ўзимга ўргатиш учун егулик олиб келар, увиллаш маросими тугагач, биз биргаликда шаҳар айланардик. У менинг тасаввуримдаги итга ўхшамасди-камсуқум, ғариб, ва устига устак ўта қўрқоқ эди. Худи фил олдини тўсган қоплонлардек, дайди лайчалар олдини ҳуриб тўсса, улар билан талашиб ўтирмасди- улар нимани талаб қилса, ўша ёққа индамай бурилиб, бепарво кетаверарди. Унинг бирон марта тишини кўрсатиб, ириллаганини, фp style=»text-align: justify;»еълини кўрсатиб, бировга ёт қараш қилганини кўрмадим. Ундаги камсуқумлик ва озурдалик менга ҳам аста-секин юқа бошлади. Бир куни уни уйимга олиб кетдим. У мен билан кетишни истамади. Аммо унга қараб, ўзимнинг бор муҳаббатимни изҳор қилиб, нималардир дедим. Аслида ҳам итга меҳрим тушиб қолганди. Уни энди ўзимдан айро тасаввур қилолмасдим. Сал кўрмасам соғинар ва унга мафтун бўлиб қолгандим. У ҳис-ҳаяжонга тўлган гапимни тушунгандай бир пас мулоҳаза қилиб, кўзларимга тикилиб турди, кейин изимдан индамай эргашди. Ўша кеча биз, тўғрироғи мен унга ўзим ҳақимда ҳикоя қилиб бердим. Хаёлчан болалигим, изтиробда ўтган ўсмирлик, балоғатнинг алдов ва хиёнатлари, тирикчиликнинг мазахомуз қуллиги, дўстликнинг жуда осон сотилгани, ҳаётнинг аёвсиз синовлари ва табиийки, эришилмаган муҳаббат ҳам бу ҳикоядан четда қолмади. У менинг гапимни оёқлари устига тумшуғини қўйиб эшитиб ётарди. Кўп марта дўстлар билан бўлгандек ва кейин нега шуларга дардимни ёздим деб ўзимдан нафратланиб юрган пайтимдагидек, узоқ ҳикоя давомида у ухлаб қолмади. Аксинча, ақалли бирон марта ҳам мендан кўзини узмади ҳам, юммади ҳам. Унга гапларим ва ўтмишим таъсир қилди. Орада бир-икки менга ҳамдарддек ҳуриб қўйди. Сўққабошлигим иккаламизга ҳам қўл келди. Ит меникида қолди. Биз энди худди туғишгандай ёки ошиқ-маъшуқдай бир-биримизсиз туролмайдиган ҳолатга етгандик. Иккаламиз жимгина шаҳар кўчаларини кезардик. Иккаламиз ҳам тилсиз, забонсиз бир-биримизни тушунардик. Иккаламиз кечгача кўчаларни айланар, юзлари ўзини фош қилиб қўяётган бахтиёрликдан синиққан ва ташвишлардан гезарган издиҳом ичида юрар, одамларнинг бизга ажабланиб қарашларига парво ҳам қилмай, ёнма-ён кетганча тилсиз-товушсиз сўзлашиб кетардик. У кўпинча мени ишгача кузатиб борар, кейин қаёққадир, менимча, ўша овлоқ боққа кетар, ишдан чиқар пайтим кўча юзида кутиб турарди. Танишларим менинг ит асраётганимни кўриб ажабланишарди. Атиги бир неча ой олдин итни кўрса ижирғанадиган мендай келажаги порлоқ, ҳарқалай, бир силтов кам таниқли бўлиб қолган йигитнинг қандайдир кўринишиёқ одамда ёқимсиз ҳис ва ирганиш уйғотадиган касалманд ва қўтир ит билан яшашини тасаввур қилишолмасди. Буни менга ошкора айтганлар ҳам бўлди. Аммо менинг парвойимга ҳам келмади. Мен уларга сиз агар унинг увиллашини бир эшитсангиз эди, дегим келар, лекин бу гапимдан уялардим. Ахир итнинг увиллаши ҳам одамни сеҳрлаб қўйиши ёки одам ит ноласига ҳам ошуфта бўлиши мумкинми? Бу улар учун ғирт бемаънилик бўлиб туюларди. Шунинг учун уларга жавобан индамай қўяқолардим. Менга уларнинг кулишидан кўра мана шу касалманд итнинг меҳрини қозониш афзалдай туюларди.

Бир куни тушликдан қайтишда даҳлизда менинг хонам олдида йиғилиб турган ҳамкасбларимни кўрдим — у ерда худди тўпалон бўлаётгандек эди. Қадамимни тезлатдим. Мени кўриб ёрдамчим қаршимга югурди. Унинг ранглари оқариб кетган, анчадан бери мени излаб юрган экан.
-Сизни бош муҳаррир хонангизда кутаяпти-, деди хавотир ва ҳамдардлик билан.
-Нима гап? Мукофотни бўлишаяптими,-дедим хонам олдида бутун бошли жамоа йиғилиб олишганига ишора қилиб.
-Йўқ. Кимдир сизнинг хонангизда ит ётганини кўрибди,-деди.- Бошқалар ҳам итни кўрган экан. Ҳаммаси гувоҳлик беришга йиғилган.

Унинг гапи менинг кулгимни қистатди. Ҳамкасбларим ақлдан озганга ўхшайди деб ўйладим. Хонамга шошиб кирарканман, у ерда бош муҳаррирдан ташқари муҳаррир, яна хўжалик бўлимидан ҳам икки киши борлигини кўрдим. Улар ниманидир шивирлашиб гаплашишарди. Бош муҳаррир қўлидаги рўмолча билан бурнини ушлаб турарди. Мени кўришлари билан жим бўлишди. Нима гап дегандай бош муҳаррирга ва муҳаррирга қарадим.

-Сиз ишхонага ит олиб келиш мумкин эмаслигини биласизми,- деди бош муҳаррир ўсмоқчилаб, худди мени айб устида қўлга туширгандай.
-Биламан,- дедим. –Бу ерга ит олиб келганим йўқ.
-Бекор гап,- деди хўжалик бўлимидаги калта киши.- Фаррошлар бир ойдан бери сизнинг хонангиздан ит ҳиди келаётганини айтишаяпти. Қолаверса…- у бош муҳаррирга айтаверайми дегандай қаради. Бош муҳаррир бош ирғагач, гапида давом этди.-… бу хонадан ҳар куни ит тезаги чиқаяпти.
-Бўлиши мумкин эмас,- дедим мен.- Мен ҳеч қачон бу ерга ит олиб кирмадим. Бу туҳмат.

Муҳаррир бош муҳаррирнинг қулоғига бир нима деб шивирлади.
-Уйингизда ит асраётганингиз ростми,-деди бош муҳаррир салдан кейин.
-Рост, асраяпман…-дедим муҳаррирнинг яқинда уйимга борганда итни кўриб, остонамдан ҳам кирмай қайтиб кетганини эслаб, бор мажорани шу олифта уюштирдимикан деган шубҳада.
-Унда сиз бизга туҳмат қилаяпсиз, –деди бош муҳаррир.-Хуллас, гап шу. Сиз ё итни, ё ишни танлайсиз. Шу бугун ҳал қилинг. Шусиз ҳам ходимлар ишхонани ит ҳиди босиб кетгани ҳақида гап-сўз қилиб юришибди. Мен юқоридагиларнинг қулоғига бу гап етиб боришини истамайман.

У гап тамом дегандай ўрнидан турди. У ҳамон қўлидаги рўмолча билан бурнини ушлаб турар, хонадаги ҳиддан ўзига келолмаётганди. Муҳаррирнинг ҳам бурни жийрилиб турарди. Фақат мен бу ерда ҳея қандай ғайритабиий ҳид сезмасдим.
-Хонангизни ит ҳиди босиб кетибди. Шамоллатиш керак,- деди хўжалик бўлимидаги калта киши. Унга қараб заҳарханда қилиб кулдим. Бошлиқ биронтани тепса, булар бориб янчиб ўтадиганлар тоифасидан эди.
-Менга қаранг, бу тасмадаги ит увиллаши билан сизнинг ит асрашингиз-у мана бу ҳид ўртасида боғлиқлик йўқми?- сўради муҳаррир катта бир сирни очгандай.- Сиз бизни ит увиллаши билан мазах қилганингиз етмагандай энди итни хонангизга ҳам киритиб олиб, ишхонани итхонага айлантираяпсизми?
Мен индамадим. Уларга гапириш бефойдалигини билардим. Йўлакда мажоранинг қандай якун топишини кузатиб турган томошаталаб ҳамкасбларимнинг юзида ҳам муҳаррирнинг гапини тасдиқлашаётгани билиниб турарди. Эртасига мен кимни танлаганимни айтиб, итим билан боққа йўл олдик.

У ерга бориб, итим увиллар, мен эса кўзларимни юмиб, ёнимда турган итдан узилиб, уни увиллаши билан шу боғда қолдирганча, увиллашдаги мусибатга қўшилиб, олис-олисларга, ўзим ҳам англамаган, гўё ҳамма нарсанинг ибтидоси бўлиб туюлаётган олисларга кетиб қолардим. Нола мени энди ҳали яхлит бўлган руҳнинг жилваларга қараб бошлаб кетарди. Ҳали ҳеч нарсага исм ҳам, ном ҳам берилмаган ўша ерда мен итим билан яна юзма-юз келардик ва шундагина биз битта вужуд эканимизни сезиб қолардим. Энди боққа келган пайтларим ичимдан чиққан ва қайтиб кирган нарса итлигига сира шубҳа қилмасдим. Ўша дақиқаларда бўлакларга бўлиниб, бир қисмим итга айланиб кетганини билардим. Увиллаш мени бўлаклаб, боғнинг турли бурчакларига сочиб ташлар, кейин яна ўзи ит қиёфасига кириб, секин бир жойга йиғар ва яна сочиб юборарди. Шунда бутун ҳаётим ана шу сочилиш ва йиғилиш орасидаги бир лаҳза эканини ҳис қилардим. Ит мени сочиб юборар экан, мен машаққатлар билан турли томонга адашиб — улоқиб кетган ўзимни йиғиб келардим, у эса худди мен билан ўйнашаётгандай яна сочиб юборарди. Тарқоқ ва таравақайлаган ҳолатда вужудимни тариқдай сочиб юбораётган кучни кўрмоқчидек, итга қараб “Кимсан, мендан нима истайсан, сен ит, нега ичимга кириб олдинг?!” деб шивирлардим… Эҳтимол, у ҳам менга шундай деб тикилаётган ва сўраётгандир? Биз юзма-юз турганча бир-биримизнинг кимлигимизни аниқлашга уринардик. У менга қанча боғланиб қолса, мен ҳам унга шунча боғланиб борардим. Биз энди бир-бирига тикилиб турган бир вужуддай эдик. Бир вужуд бўла туриб айро-айро эдик. Менга ундан таралаётган айрилиқ азоб берарди. Биз қачон бирга бўлсак, айрилиқ мусибати босилар, салгина айрилсак, вужудимни андуҳ тўлдирарди. Мен унга айланишни, унинг ёнида бўлишни, унинг қўтир босган танасини узун, ўзиникидай, худди муҳаббат яловидай осилиб турадиган тилим билан ялашни, унинг ҳам танамни ялаб ҳаловат бағишлашини истардим. Унинг ёнида хаёл лаззатига ғарқ бўлиб, шу лаззатга чўкиб кетишни орзу қилиб ўтирардим…

“Бош муҳаррирга,
Режиссёр ёрдамчиси …дан
Билдирги

Эълон қилинган танлов бўйича бизнинг “Баҳовиддиннинг ити” радиопьесамиз “Энг яхши адабий режиссёр” мукофотига сазовор бўлгани сабабли менга режиссёрни зудлик билан топишни тайинлаганингиз учун уни қаердан бўлса ҳам излаб топишга қарор қилдим. Дастлаб уйига бордим. Уйни ҳеч ким очмади. Қўшниларининг хабар беришича, у бир неча ҳафтадан бери уйга келмаётган экан. Шунинг учун нима қилишни билмай қолдим. Шунда ёдимга унинг ишдан ҳайдалгач, кунини биз уч ой муққадам овоз ёзган овлоқ боққа бориб ўтказаётганини айтгани эсимга тушди. Зудлик билан ўша ёққа йўл олдим. Қайта таъмирлаш мақсадида анчадан бери боғ ишламаётган экан. Шундай бўлса-да, сизнинг топшириғингизни бажариш учун қаровсиз боққа кириб, режиссёрни излашга қоровулдан рухсат олдим. Аммо боғда ҳеч ким йўқ эди. Мен бирон овлоқроқ жойда ўтиргандир деб боғнинг хилват жойларини ахтара бошладим. Бир соатлар чамаси изласам ҳам одам зотига дуч келмадим. Ҳафсалам пир бўлиб энди қайтмоқчи бўлганимда девор туйнугидан кириб келган, бир-бирини қувлаб юрган иккита итга кўзим тушди. Улар гоҳ мендан узоқлашиб боғ бўйлаб югуришар, гоҳ бир-бирини эркалаб тишлаганча, ёнимдан қувлашиб ўтар, худди икки ошиққа ўхшар, бир-бирларининг қўтирларини тиллари билан ялашар, бир-бирининг яраларига кўзларини суртишар, шу даражада бахтиёр эдики, менинг ёнларида турганимни ҳам, изидан анча ергача эргашиб борганимни ҳам сезишмасди: улар бутун дунёни унутишгандек, улар учун фақат иккаласидан бошқа ҳеч нарсанинг, боғнинг ҳам, одамларнинг ҳам, улкан ва шовқинли шаҳарнинг ҳам аҳамияти йўқдек эди. Уларнинг бир-бирига муҳаббатига қараб менинг ҳам ҳавасим келди. Беихтиёр тасмаларга ёзилган увиллаш ёдимга тушди. Балки шулардан бирининг ноласи бизнинг тасмага тушиб, бизни роса овора қилгандир деб ўйладим. Энг қизиғи ва сизга бу нарсаларни батафсил ёзаётганимнинг сабаб шуки, итлардан бирининг бўйнида мен режиссёрнинг бўйнида кўп марта кўрганим-чарм тумор осилиб турарди. Боғда бошқа ҳеч кимни учратмадим…Режиссёрни топишнинг иложи бўлмади.”

2008 йил

077

Nazar Eshonqul
 BAHOVIDDINNING  ITI
034

“…Shayx u go’zalning jamolini ko’rish
umidida kechasi yor ko’chasidagi itlar
orasiga qo’shildi…”

“Mantiq ut-tayr”

Hammasiga muharrirning injiqligi sabab bo’ldi. Aslida tashqi ovozlar-u shovirlarsiz ham radiop`esa tuzukkina chiqqandi. Unga aktyorlar bilan oylab sayqal bergan, bastakor ataylab p’esa uchun musiqa yozgan, men va yordamchim olti oy kecha-yu kunduz faqat shu asar ustida bosh qotirgan, tushimiz ham, hushimiz ham shu p’esa bo’lgan, mana endi mashaqqatdan qutuldik deganda, muharrirda birdan yangi fikr tug’ilib qolgandi. Aslida bu fikr yangi ham emasdi. Men p’esaga ishlov berayotganda yoki montajda o’tirganda, agar tabiiy shovqinlarni ham qo’shsak, asar mukammal chiqadi deb o’ylagan, ammo ish ko’pligidan va yana vaqt ketishini bilganim uchun bu rejadan voz kechib qo’ya qolgandim. Endi esa birdan muharrir bizdan talab qilib qoldi.

-Asar juda yaxshi. Lekin biz tanlovda yutib chiqishimiz uchun bu yerga tabiiy shovqinlarni qo’shishimiz kerak. Qushlar sayrog’imi, daraxtlar shovqinimi, shamol, qo’y-qo’zilarmi…umuman, asarning sahnalariga qarab tabiiy sho’x-shodon ohanglar qo’shish kerak. P’esadagi quvnoq, xushnud ohanglarga uyg’unlashib ketishi, baxtiyorlik va xushanashinlik nafaqat qahramonlarga, balki butun tabiatga xos ekanini, tabiat ham biz bilan birga va u ham qahramonlarimizning iqbolidan quvonib, sho’x sadolar taratayotganini ko’rsatib berolsak, mukofot cho’ntakda deb hisoblayveringlar…

Bosh muharrir tanlovga oz muddat qolganini bildirish uchun og’iz juftladi-yu, ammo muharrirnnig “cho’ntagingizda deb hisoblayvering” degan aniq ishonchidan so’ng birdan bosh irg’adi.
— Albatta, qilish kerak. Shuncha mablag’ sarflangandan so’ng yana biroz qiynalsalaring hech narsa qilmaydi. Xarajat oshsa, mukofotdan chiqarib olarsizlar. Ammo shoshilish kerak. Vaqt oz qolgan.
Norozilik bildirishga o’rin qolmadi. Shusiz ham bosh muharrir radiop’esaga sarflangan mablag’ oshib ketgani uchun bizdan norozi bo’lib turgandi. Uning bu mukofotni qo’lga kiritishimizni astoydil istayotganidan faqat biz emas, uning o’zi ham manfatdor edi. U p’esaga badiiy rahbar, tabiiyki, mukofotda uning ham ulushi bor edi.

Garchi yordamchim bilan men endi ishni tugatdik deb turganda yana boshog’riq boshlangani yoqmayotgan bo’lsa ham ertasigayoq ishga kirishdik. Biz oldin o’zimizdagi- radiofonddagi shovqinlar jamg’armasini ko’rib chiqdik. Shunda bu shovqinlarning birontasi ham yaramasligiga, bittasi yozilaverib, xiralashgan bo’lsa, boshqasida qandaydir sun’iylik borligiga amin bo’ldik. Bularning birontasi biz kutgan xushanishinlikni tabiiy tarzda aks ettirolmasdi. Demak, shovqinni tabiat qo’ynidan yozib olishga to’g’ri keladi.

Buning uchun biz turli joylarni ko’z oldimizga keltirib ko’rdik. Masalan, shaharga tutash qishlog’u dalalar. Ammo bu qishloqlarning hammasida hozir dala ishlari qizg’in, traktorlarning shovqini tushib qoladi. Mikrofonlarimiz shunchalik sezuvchanki, agar boshqa tovushlar tushsa, keyin tozalab olish amrimahol. Bizga qushlar yo hashoratlarmi, biri qo’yib, biri sayraydigan, ayni uyg’onish fasliga xos baxtiyor va ko’tarinki shovurlar kerak: u qushniki bo’ladimi yoki hashoratu-arinikimi, farqi yo’q, ana shunday saslarni o’zida mujassam etgan bog’ kerak edi. Shu sababli qushlar shovqinini shahar chetidagi eski xiyobonda yozadigan bo’ldik. Shaharda ularning ixtiyorisiz birorta gulning ham ko’karishga haqqi yo’q obodonchilik korxonasidagilar negadir uni tartibga solishni unutib qo’yishgandi. Shu sababli xiyobonda daraxtlar shunchalik zich va tarvaqaylab ketgan, ustiga ustak, shaharning barcha qushlari ancha yillardan beri arra tovushini eshitmagan daraxtlarga uya qurgandi. Yordamchim telefon orqali obodonchilik ma’muriyati bilan oldindan kelishib qo’ydi.

Ma’muriyat ertalab o’ngacha xiyobonga hech kimni kiritmaydi. Sahardan soat o’ngacha bir olam shovqinlarni, daraxtmi, qushlar chug’urimi yoki hayotdan minnatdor bo’lib, uni o’zgartirishga astoydil bel bog’lagan, hayotda o’z o’rni va baxtini topganlaridan ichlariga sig’may hammani baxtiyor qilgisi kelayotgan bizning p’esa qahramonlarimiz kabi sho’x-shodon esayotgan shamolmi, hashorat ovozimi, yozib olishimiz mumkin. Bu taklif bizga ma’qul tushdi.

Ertasiga quyosh endi bosh ko’tarayotganda yordamchim va ovoz rejissyori bilan birga borib, mikrofonlarni xiyobonga o’rnatdik. Yaqin-atrofda katta mashina va temir yo’llari bo’lmagani uchun bu yer xuddi biz istagandek osuda edi. Daraxtlar sekin shovullab turar, qushlar chug’uri hammayoqni qoplagan, go’yo qushlar ham odamlar bu yerga yig’ilmasdan burun bir yayrab qolmoqchidek, bor ovozlari bilan chug’urlashar, daraxtdan daraxtga uchib, o’ziga xos saodatmand sayroqilar xorini tashkil qilgandi. Ba’zi-ba’zida gullarga kelib qo’nayotgan arilarning yoki ninachilar va so’nalarning g’ung’illagan ovozlari bu shovqinni bir pas bosib ketgandek tuyular, lekin bu hashoratlar ovozida ham bizning p’esamizga mos uyg’unlik va ko’tarinkilik bor, shu sababli hammasi tabiiy va go’zal edi. Men rejissyor sifatida hamisha ishlatilaverib, qolaversa, atayin texnik jilo berilgan, biroz sun’iylashgan “Shovqinlar jamg’armasi”dagi ovozlardan foydalanganim uchun bu yerdagi ovozlarning tabiiyligidan hayratlanib turardim. Shu paytgacha ortiqcha ish ko’payganidan norozi bo’lib yurgan yordamchimning yuzida ham tabassum paydo bo’ldi. U qushlar chug’uri-yu, hashoratlar navosi, o’simliklar shitirlashi, daraxtlarning mayin shovullashi uyg’unlashib ketgan, go’yo biz yaratgan p’esa bilan baxtiyorlik bobida bas boylashgandek taralayotgan tabiatning musiqiy “p’esa”sini berilib eshitarkan, menga qarab qo’yar, ovoz rejissyorining esa yuzida mamnuniyat zuhurlangan, qushlar chug’uri, daraxtlar shovqinidan ilhom olgandek, berilib ishlar, har-har damda magnitafonga quloq tutib, ovoz qanday yozilayotganini eshitib ko’rar, ishidan qoniqib, bizga qarab qo’yardi. Osmonda oq bulutlar suzib yurar, lekin bu bulutlar ham ko’m-ko’k osmonga endi gard bo’lolmasligini bilib, sekin tog’ taraf siljirdi. Bahor oxirlab qolgan bo’lsa ham hali maysalar yam-yashil, daraxtlar gullab, xiyobonni gulu-chamanga aylantirib yuborgandi. Yordamchim bekorga bu xiyobonni tanlamaganini endi sezib turardim. Bu yerda boshqa xiyobonlarda uchramaydigan mevali daraxtlar bilan birga hali taroshlanmagan, tartibga solinmagan, o’n yillardan beri o’z holicha shoxlab, gullab, emin-erkin tarvaqaylab ketgan daraxtlar ham bor edi. Ehtimol, aynan shuning uchun bu yerda qushlar chug’uri ko’pdir? Men butun vujudimni quloqqa aylantirib ovozlarning qaysi biri ariniki, qaysi biri qaldirg’ochniki, qaysi biri oddiy chumchuqniki deya o’zimcha ajratib olishga tirishib, ko’zlarimni yumib yotardim. Qushlar chug’uri bilan birga yana qandaydir tushuniqsiz uvillash elas-elas chalinardi. Lekin men bu sas nimaligini ajrata olmadim, u itning ham, bo’rining ham, yoki biron yaqinidan ayrilgan jonivorning iztirobli nolasiga o’xshardi. Ehtimol, bu shaharning xiyobonga o’rmalab kirgan odatdagi shovqinidir?

Nima bo’lganda ham bu shovqin qushlar shovqiniga xalal berolmayotgan, qolaversa, bu mening qulog’imning shang’illashi bo’lishi ham mumkin edi.
-Bo’ldi, yetadi,- degan ovoz eshitildi yonimda.Ko’zlarimni ochib, tepamda menga qarab turgan ovoz rejissyorini ko’rdim. U allaqachon asboblarini va magnitafonni yig’ishtirib bo’lgan, endi ketishga tayyor turardi. Mening savol nazari bilan qaraganimga o’zicha izoh qildi.
-Yetadi. Bu yerda sizga zarur ovozlarni ikki marta qayta yozdim. Yana o’nta p’esaga ishlatsangiz ham bu ovozlar tugamaydi.
Xuddi g’ayrishuuriy lazzatdan bemavrid bebahra qilgandek, unga soatimni ko’rsatib, norozilik bildirmoqchi bo’ldim. Ammo soat o’n besh daqiqasi kam o’nni ko’rsatib turardi. Yana o’n besh daqiqadan so’ng bu yerga quyoshdan qochgan bekorchilarning hammasi bostirib keladi. Ketishdan boshqa ilojimiz qolmaganini tushundim.

Biz xiyobon o’rtasiga kelganimizda darvozadan bir to’da quvnoq yoshlar kirib keldi. Ular xiyobonga kirishlari bilan turli tomonlarga tarqab ketishdi va birdan bog’da o’ziga xos shodonlik boshlandi. Radiokarnaylardan quvnoq va sho’x qo’shiqlar, musiqa, sotuvchilarning chorlovlari, charxpalak, halinchaklarning g’iyqillashi bir pasda xiyobonni tutib ketdi. Go’yo xiyobonning biz boyagina his etgan va guvoh bo’lgan manzaralari, har bir o’tirg’ichigacha o’rnashib qolgan qushlarning saodatmand chug’urlari, daraxtlarning mahobatli va g’olibona shovullashlari, hashoratlarning biri-qo’yib, biri bizga nenidir anglatmoqchidek, xiyobon uzra shodon taralayotgan navolari radiokarnaylar shovqinlari oldida birdan g’oyib bo’lgandi. Bu narsa ta’bimizni biroz tirriq qilsa ham, nochora, biz ishimiz bitganidan xursand bo’lib, ishxonaga yo’l oldik.
-Siz bu shovqinlarni kelishgan sahnalarimizga qo’yib chiqing.- dedim men tramvayga chiqqach ovoz rejissyoriga.- Yordamchim sizga yordam beradi. Men boshliqlarni topib, ularni tushdan keyin eshitishga taklif qilaman.

Ovoz rejissyori va yordamchim bosh irg’ashdi. Ular bu ishdan tezroq qutulib, bir-ikki kun ta’til olishni so’rashgani uchun ham men ularni shoshiltirayotgandim.
Tushdan keyin odatdagidek mening xonamga yig’ildik. Bosh muharrir oromkursiga yaxshilab joylashib oldi. Kengash a’zolari bo’lmish quloqlari og’irlasha boshlagan ikkita keksa rejissyor esa magnitafonga yaqinroq o’tirishdi. Muharrir odatdagidek bosh muharrirning yonidan joy oldi. U o’zining taklifi bilan shuncha ishlar qilingani va hammasiga o’zi bosh-qosh bo’lib turganidan mamnun bo’lib, biroz gerdayib qo’yardi. Ovoz rejissyori xuddi ishni do’ndirib qo’ygandek, eshik ortidagi kursida choy ho’plab o’tirar, ro’molcha bilan yuzini yelpib, bizga “hozir men yaratgan mo»jizani ko’rasilar” deyotganday pisanda bilan qarab turardi. Yordamchim biz ertalab bog’da yozib olgan shovqinlar bilan boyitilgan sahnalarni qo’yib bera boshladi. Oldiniga men hech narsa tushunmadim. Balki menga shunday eshitilayaptimi deb o’yladim va sekin ko’z ostim bilan bosh muharrirga qaradim. Yo’q.

Quloqlarim aldamayotgan edi. Bosh muharrir ham negadir hech narsa tushunmay, muharrirga va menga savol nazari bilan qaray boshladi. Ikkita keksa rejissyor esa quloqlariga qo’llarini qo’yib, hech narsaga tushunmay og’izlarini lang ochib turishardi. Yordamchimning esa dami ichiga tushib ketgandi. U magnitafon tugmasini bosishni ham, bosmaslikni ham bilmay menga qarab, dovdirab turardi. Biz ko’tarinki kayfiyat aks etishi kerak bo’lgan va tabiatning shodon navolariga to’la bilan uyg’unlashgan sahnada qandaydir mungli, mustar va yurakni ezadigan bir dardli, ertalab xiyobonda qulog’imga elas-elas eshitilgan uvillash eshitilardi. Men hech narsaga tushunmay yordamchimga qaradim.
-Bu nima?!- nihoyat bosh muharrirning qahrli ovozi yangradi.- Bizni masxara qilayapsilarmi?

Yordamchim ovoz rejissyoriga qaradi. Ovoz rejissyorining yuzi gezarib ketgandi. U irg’ib turib, yordamchimga jahl bilan tikilib, qo’yib berayotgan tasmaning raqamiga yaqin borib qaradi. Keyin ajablangandek, cho’ntagidagi daftarchani olib, u yerdan nimanidir, aftidan, tasmaning raqamini izladi. Keyin topdi, shekilli, yana tasmaga qaradi. Birpas hech narsaga tushunmagandek, bezrayib turib qoldi.
— Shu tasmaga yozgandik, chog’i. Aniq shu tasma edi. Qiziq…- dedi u dovdirab.
— Bizning bekorchi vaqtimiz bormi,- zarda qildi muharrir.- Aniq shu tasmamidi?
— Ha,- dedi o’ziga ishonmay ovoz rejissyori.- Shu edi… Yana kim biladi.. Balki adashib…

U bizga uzrxohlik bilan qaradi-da, shoshib xonadan chiqib ketdi. Uning dahlizda yugurib ketayotganini hammamiz eshitib turardik.
— Bularning xayoli joyida emas,- dedi bosh muharrir norozi bo’lib.- Mana shundan ham ishga bo’lgan munosabatni bilsa bo’ladi. Tasmaning raqamini ham adashtiradimi esi joyida odam?

Hamisha o’zim bilan ishlaydigan guruhning yonini olganim uchun u menga iddao qilib gapirardi. Bu marta unga qarshi hech narsa demadim: u haq edi. Eng muhim paytda yordamchim bilan ovoz rejissyori meni uyaltirib qo’ygandi. Saldan keyin bir quchoq tasma ko’targan ovoz rejissyori kirib keldi.
— Mana, bugungi ovoz yozgan va montaj qilgan tasmalarim. Balkim charchab, raqamni adashtirgandirmiz…
Shunday deb u birin-ketin tasmalarni qo’yib ko’ra boshladi. Ammo u qo’ygan bironta ham tasmada biz kutgan shovqinlar yo’q edi. Ovoz rejissyori bundan battar ajablanar va dovdirardi.
— Menga qarang,- dedi oxiri muharrir.- Sizlar ertalab yozib kelgan tasmani qo’yib bering.

Bizning o’zimiz qaysi shovqinlarni qo’yishni aytamiz. Qaytadan qo’yib chiqasizlar. Bu ketishda bizga butun jamg’armadagi tasmani qo’yib berasiz, chog’i.
Bu gap menga ham ma’qul bo’ldi. Kulgu bo’lib o’tirgandan ko’ra ertalab yozib olgan shovqinlarni qo’yib, qaysi shovqinni qaysi sahnaga qo’yishni kelishish osonroq edi. Ovoz rejissyori ma’qul degandek, bir tasmaning ustiga qaradi-da, o’sha tasmani magnitafonga qo’ydi. Endi bunisi ustimizdan bir chelak suv quygandek ta’sir qildi. Tasmadan biz boyagina p’esa sahnalarida eshitgan nola to’la uvillash aniq-tiniq kelib turardi. Ovoz rejissyori behol o’tirib qoldi. Uning yuzlari oqarib, rangida rang qolmagandi.
— Axir ertalab shu tasmaga yozgandik, bu shovqin qaerdan paydo bo’ldi?
— Balki oxirrog’iga yozgandirmiz. Aylantirib ko’ringchi,-dedi yordamchim umid bilan.

Ovoz rejissyori tasmani oldin boshiga, keyin oxiriga qarab aylantirdi. Ammo butun tasmaga o’sha nola yozilgan, xuddi ustimizdan kulgandek, qaerida to’xtatib, tugmachani bossa, o’sha yerdan eshilib-buralib, sohibidan ayrilgan kabi nola chekayotgan itning uvillashi chiqib kelardi. Bu shunchaki uvillash emasdi. Qandaydir tabiatdagi jami tovushlar, sayrashlar va shovullashlar uyg’unlashgan o’ta g’amgin, dilni o’rtaydigan, odamni g’amgin va dilgir qilib qo’yadigan, bizning p’esamizga mutlaqo zid anduh to’la uvillash edi.
— Bu nima ?!- endi o’rnidan turib tutoqib ketdi bosh muharrir.- Sizlar bizni mayna qilishga chaqirdilaringmi?

U ko’proq menga ko’zlarini lo’q qilib, vajohat bilan qarab turardi. Men yelkamni qisdim.
— Bugun ertalab biz eng zarur shovqinlarni yozib kelgandik. Bilmadim, nima bo’layapti?
Shunday deb, ovoz rejissyoriga va yordamchimga qaradim. Ular shoshib qolishgan, bir tasmani olib, ikkinchisini magnitafonga tiqishar, eshitib, kutilgan ovoz kelmagach, yana boshqasini tiqishardi. Nihoyat ovoz rejissyori charchadi. U bizga qaramay kursiga o’tirib, nimanidir eslamoqchidek o’yga toldi.
— Sizdan so’rayapman, nima bo’ldi? Yana tasmani o’chirib yuboribsizlarmi?-Bosh muharrir studiyada tez-tez bo’lib turadigan vaziyat bo’lgan, bular tasmani bilmasdan o’chirib yuborgan deb o’ylayotgan edi.

Ovoz rejissyori unga indamay qaradi. U endi boshliqdan hayiqmayotgan, to’g’rirog’i, unga nimadir juda qattiq ta’sir qilganidan o’ziga kelolmayotgan, endi yo’qotadigan narsasi yo’q odam kabi ters va qo’pol bo’lib qolgandi.
— Yo’q. Biz adashib, o’chirib yubormadik. Agar o’chirsak, yozib kelgan ikkala tasma turardi.
Bog’dan yozib olingan tasmaga ham shu shovqin yozilib turibdi.
-Tushunmadim, -dedim men endi battar ajablanib.- Sal oldin bo’ldi, shovqinlarni sahnalarga qo’yib bo’ldik, endi eshitsak bo’ladi degan siz emasmi?

Ovoz rejissyori ko’zlarini yumib-qayta ochdi.
— Ha, shunday degandik. Lekin ko’rayapsiz-ku…
— Ertalabki tasma-chi?
— Ertalab har ehtimolga qarshi ikkitadan tasmaga nusxasi bilan yozib olganman. Ammo ikkalasi ham o’sha uvillash bilan to’lib turibdi. Axir bu uvillash ham, yaqin atrofimizda it ham yo’q edi… Shunga hayron qolayapman. Boya sahnalarga qo’yayoyotganimizda ham hammasi o’z joyida edi. Buni kim qilishi mumkin, bilolmayapman.

Bosh muharrir gapimizdan hech narsani tushunmagan bo’lsa ham ammo murosa qilgandek, ufladi.
— Mabodo ertalabdan xalqumni ho’llab olmaganmidilaring? Balki mastlikda shu shovqinni yozib kelgandirsizlar?
Men tuhmat qilmang degandek unga zarda bilan qaradim. U mening ichkilikka o’ch emasligimni, ayniqsa, ertalabdan ichib olmasligimni bilardi. Shuning uchun mendan ko’zini olib qochib, ovoz rejissyoriga tahdid qildi.

-Yetar. Tasmalarni topsangiz, toping, bo’lmasa, ertaga qaytadan yozib keling. Bu marta yoningizga boshqa ovoz rejissyorini ham olvoling. Ehtiyot shart. Shusiz ham ishni cho’zib yubordilaring…
Shu gapni aytib, norozi va asabiy qiyofada chiqib ketdi. Uning izidan muharrir va ikkita keksa rejissyor ham chiqib ketdi. Biz endi tasmalarni olib, shoshilmay birma-bir eshita boshladik. Ammo yozib kelgan shovqinlardan asar ham yo’q edi. Ertalab shu ish uchun atayin raqamlagan tasmalarda ham o’sha mungli, mustar nola-sohibini yo’qotgan it uvillashi eshitilib turardi. Kim biz bilan hazillashagan bo’lsa ham qo’pol hazillashgan edi.
-Balkim biz tushlikka chiqqanda kimdir o’chakishib, ustiga yozib yuborgandir?-dedi yordamchim. –Ko’rolmaydiganlar qancha?
Ovoz rejissyori boshini irg’adi.
-Yo’q. Bo’lishi mumkin emas. Men bu tasmalarni o’zimning seyfimga solib, tushlikka chiqqandim. Birov qilishi mumkin emas.
-Nima, seyfingizning kaliti boshqada yo’q deyapsizmi? Odamlarning seyfi ochilmasdan puli yo’qolayati-yu…

Men ularning bahsiga qo’shilmadim. Ertaga ertalab yana boqqa borishimizni, qayta ovoz yozib olishimizni va o’zlari bilan yana bitta ovoz rejissyori va qo’shimcha magnitafon olib olishini tayinlab, uyga jo’nadim. Tramvayda ketarkanman biz eshitgan mung qulog’im ostida jaranglaganday bo’ldi. Qiziq, men shuncha yil radioda ishlab, ovozlar va musiqa jamg’armasini besh qo’lday bila turib, bunday uvillashni hech eshitmagan edim. Bu kimning hazili yoki o’chakishishi oqibati ekan? Xayolimdan mukofotga nomzod bo’lgan boshqa studiyadagi hamkasblarim birma-bir keldi. Ammo ularning bu darajada pastkashlik qilishlariga ishongim kelmasdi.

Ertasiga biz yana o’sha xiyobonda ovoz yozib o’tirardik. Bu safar ovoz rejissyori ikkita, yozish uskunalarimiz esa uchta edi. Ovoz rejissyori o’zi bilan ikkinchi magnitafonni ham olib kelgandi. Biz yana o’sha tonggi nabotot, hashorat va parranda ovozlarini- tabiatning ulug’vorligini madh etayotgan, borliq bilan uyg’unlashib ketgan tiriklik va yaratuvchilik ohanglarini yozib ola boshladik. Men ko’zlarimni yumib yotarkanman, birdan qushlar va hashoratlarning quvnoq ovozlari ostida kechagi tasmadagi uvillash kelayotgandek bo’ldi. Cho’chib, boshqalarga qaradim. Ular indamay ishini davom ettirishardi. Demak, kecha asabiylashganim uchun qulog’imga eshitilayapti deb o’yladim. Ammo bu sas endi menga aniq eshitilayotgan edi. Qushlar chug’uri ostida u birdan quloqqa chalinmas, ammo butun vujudingizni shu shovqinlarga bersangiz, unda ana shu shodonliklar ostida mahzun uvillash kelib turar, u bir yo’qolib, bir paydo bo’lar, go’yo baxtiyorlik va shodonlik bilan bahs boylashib, yutqizayotgandek edi. Men har ehtimolga qarshi chakalakzorga qaradim: u yerda bironta it yo’qmikin? Shuncha mehnatimiz yana zoya ketsa degan fikrdan ko’z oldim bijirlab ketdi-nazarimda, chakalakzor ichida qandaydir katta bir it menga qarab, masxara qilib, tilini chiqarib turgandek tuyuldi. Ko’zimni yumib ochdim- itga o’xshab hurpayib turgan shoxga ko’zim tushdi-da, kulgim keldi. Lekin men it uvillashini aniq eshitdim. Bu itning uvillashi ekani kunday ayon-ku. U qanaqa it ekan, bunchalik bag’ri xun bo’lgan?! Ovoz rejissyorlari shovqinlarning tiniq va aniq yozib olinayotganiga guvoh bo’lish uchun quloqlarini uskunalarga tegizib turishar, keyin mamnun bosh irg’ashardi. Demak, hech qanday g’ayritabiiy narsaning o’zi yo’q. Mening qulog’imga shunday eshitilayapti, buning hammasi kechagi mojaroning ta’siri. Biz endi bu marta ishimiz yurishishga zarracha shubha qilmasdik. Shuning uchun men sahnalarga qo’yilgan shovqinlarni ertaga eshitamiz deb, ular bilan tramvayda xayrlashdim.

Kechqurun yordamchim telefon qildi. U judayam hayajonda edi.
-Aytsam, ishonmaysiz. Barcha tasmalar yana o’sha uvillashni yozib olibdi.- U, aftidan, yig’lamoqdan beri holatda, u telefon qilayotgan xonada ovoz rejissyorlari bo’lsa kerak, asabiy ovozlar kelardi.- Kelmasangiz bo’lmaydi.

Men tezda kiyinib jo’nadim. Ovoz yozish studiyasida endi boshqa rejissyorlar ham yig’ilgan, muharrir ham shu yerda edi.
-Sira aqlim yetmayapti. Bu qaerdan keldi? Axir biz boshqa shovqinni yozib olgandik?- Ovoz rejissyori asabiy gapirardi.
-Balki boshqa kanalga yozgandirsizlar?- kimdir, menimcha, muhandislardan biri so’radi.
-Hamma kanalni tekshirdik. Shu uvillashdan boshqa ovoz yo’q.

Rostanam tasmalardan yana o’sha-mungli va mahzun nola-eng qizig’i, xiyobonda menga shunday tuyulayapti degan uvillash kelardi. Men endi tong qotdim. Va gap tasmada ham, yozish uskunasida ham emasligini sezib turardim. Xiyobonda mening ko’zimga ko’ringan it aslida bo’lgan va u o’sha daraxtlar orasida turib uvillayapti, biz garchi qancha urinmaylik, faqat uning ovozini yozib olyapmiz. Bu yerda qanday sir bor? U qanday it bo’ldi? Uning uvillashida bizni nimadandir ogoh qilmoqchi bo’layotgandek, sirli nola bor edi. Uskunalarimiz garchi qushlar ovozini yozayotgandek tuyulsa-da, aslida quloqqa elas-elas chalinadigan o’sha sirli uvillashni yozib olyapti. Nega? U qanday nola bo’ldiki, o’ziga zamonaviy uskunalarni ham bo’ysundirib, saodatmand ohanglarni eshitamiz desak, bizga asriy g’am-anduh aks etgan itning uvillashini taqdim etayapti? U qanday it? U qanday uvillash, nola?

Muharrirning fig’oni falakka chiqdi. U bir paytlardagi kelishmovchiligimizni esladi, chog’i, meni ataylab shunday qilyapti deb o’yladi. Menga baqrayib tikilgancha ko’rsatkich barmog’ini bigiz qilib ko’rsatdi:
— Siz… siz bu ishingiz bilan javob berasiz. Bu bilan nima demoqchisiz? Bu mazxarabozlikning tagida nima yotibdi o’zi?! Hali tinglovchiga it uvillashini qo’yib berasizmi? It nega uvillayapti? A?
— Men ham shuni bilmoqchiman, -dedim favqulodda o’zimni bosiq tutib.- Bu o’zi nima? Tabiat bu uvillash orqali bizga nima demoqchi? Mening ham aqlim yetmayapti. Lekin bu judayam g’aroyib nola. Buni ataylab yaratib bo’lmaydi. Bu tayyor kuyning o’zi.

Muharrir menga nimadir demoqchi bo’lib, yana ko’rsatkich barmog’ini bigiz qildi. Uning musiqadan umuman savodi yo’qligini eslab, gaplarim behuda ketganini sezdim. U aksar hollarda eshittirish matnini berib, keyin rejissyorlarga “O’qilgach, bir ting’in-ting’ir qo’yib yuboringlar” derdi. Rejissyorlar “Aslida eshittirishda ana shu ting’ir-ting’irdan boshqa narsa ham yo’q, tinglovchi faqat o’sha ting’ir-ting’irni eshitadi”, deb izidan mayna qilishardi. U rejissyorlarning o’ziga munosabatini bilar, lekin ular bilan gap talashib, obro’sini ketkizmasdi. Hozir ham hushyor aqli birdan ishlab ketdi. Zahrini ichiga yutdi.
— Besh daqiqadan keyin bosh muharrirning oldida uchrashamiz.

U eshikni zarb bilan yopib chiqib ketdi. Men ovoz rejissyoriga qaradim. U yelka qisdi. Biz yana bir marta yozib kelgan tasmalarni eshitib ko’rdik. Barcha tasmalarni o’sha uvillash bosib ketgandi. Men yordamchimga bu ohanglarni audio tasmaga ko’chirib, o’zimga berishini tayinlab, bosh muharrirning oldiga yo’l oldim.

Ertasiga bizni asarga bezak berishdan chetlatishdi. Itning uvillashini yozib kelganimiz uchun boshimizga it kunini solishmoqchi edi, ammo tanlov yaqin qolgani sababli istisno qilishdi: boshqa guruh p’esaga shovqinlar ishlovini beradigan bo’ldi. Bizga ham aynan shu kerak edi. Endi g’irt bekorchi edim. Yordamchim yozib bergan tasmadagi itning uvillashini yana bir necha kun eshitib yurdim. Eshitganim sayin bu it nega uvillayapti, u kimni chorlayapti, kimga nola qilayapti degan o’y butun fikru xayolimni egallab oldi. Endi faqat nola qilayotgan it haqida o’ylar va erta-yu-kech qulog’im tagida faqat o’sha itning fig’oni jaranglardi. U qanday it? Egasi bormikin? Nega u bunchalik nola chekayapti? Bir necha kunlik savollarimga xuddi tashlandiq bog’ javob beradigandek, o’sha itga o’xshab hurpayib olgan shoxlar orasida meni javob kutib turgandek, xiyobonga yo’l oldim. Quyosh endi shaharning toqqa tutash qismidan bosh ko’tarib kelardi. Bog’ qushlar va parrandalar, umuman, tiriklikning go’zal qo’shig’iga to’lgandi. Men yana o’sha ovoz yozgan joyga borib o’tirdim. Maysa hidi kelardi bog’dan. Shudring hovurida dimoqqa urilib, keyin qushlar chug’uriga qo’shilib ketardi. Bu yerda hamma narsa baxtiyorlik, yashnash va uyg’onishdan darak berardi. G’ayritabiiy narsaning o’zi, ayniqsa, bu atrofda itdan darak yo’q edi. Unda uvillash qaerdan kelayapti? Qanday qilib tasmalarga joylashib oldi? Men daraxtlar orasini, orqadagi, dala bilan tutash, shabbalab ketganidan chakalakzorga aylangan dafnazor va tutzorni birma-birma ko’zdan kechirdim. Bog’da shoxlar orasini titib yurganimni ko’rgan tanishlarim esdan og’ibdi deb o’ylashlari mumkin edi. Qaredaki xilvat va it bekinib olishi, qaerdaki yotishi, pusishi yoki uya qilishi mumkin bo’lsa, hamma joyni izlab chiqdim. Hech qanaqa it yo’q edi. Unda uvillash qaerdan kelayapti? Holdan toyib, sinib yotgan daraxtga o’tirdim. Xuddi telbalarday xiyobonni axtarganim o’zimga nash’a qilardi. Shu bilan birga men o’sha sirli uvillashning tagiga yetishni istardim. Tin olmoqchiday ko’zlarimni yumdim. Atrofimni qurshagan xushanishin chug’urlardan kuch olish uchun birpas ularning sehriga berildim, keyin har qanday tovushlardan o’zimni uzib, yana o’sha uvillashni eshitish uchun elas-elas kelayotgan shovurlarga quloq soldim. Shu holatda uzoq o’tirdim. Xayolim orqali bog’ning men hali yetib bormagan ichkarisiga kirib ketdim. U yerlarda anvoyi gullar gurkirar, hamma narsa o’z holicha va o’z erkicha o’sib yotardi. Daraxtlar chirkinlikni inkor etib, yangi barglar chiqarar, keyin to’kilgan gullar o’rniga yangi g’unchalar ochilar, minglab ranglar boqqa zeb berish uchun shaylanib turardi. Bu yerda go’zallik bilan xunuklik, zavol bilan yasharish, tubanlik bilan yuksaklik o’rtasida kurash ketardi. Bir mahal ko’zim ilindimi, yo menga shunday tuyuldimi, birdan tasmalarda eshitgan nola oldin sekin, keyin baralla eshitila boshladi. Saldan keyin men uvillashni aniq eshitdim.

Uvillash bir olisdan, bir yonimdan eshitilar, ko’zimni ochib qaragim, uvillayotgan itni ko’zim bilan ko’rgim kelar, ammo birdan it ham bo’lmay, nola ham yo’qolib qolsa-chi degan xavotirda ko’zlarimni ochgim kelmasdi. Uvillashda munis anduh bor edi. Undan dard, musibat, iztirob, g’am-uqubat taralardi. Bu dardga va bu g’amga chidab bo’lmasdi. Uni eshitgan sayin shunchalik dard ko’payar, musibat ulug’lashar, g’am yurakni to’ldirar, yig’lagim kelardi, ammo uvillashdan taralayotgan xo’rlik oldida yig’i nima bo’libdi deb o’zimni ovutardim. Odam qanday chidaydi bu nolaga deb o’kirib yuborging kelardi. U o’zining anduhi bilan sehrlar, anduhi bilan maftun qilar, musibati bilan jodulab qo’yardi. Bu uvillashni eshitgan odam boshqa ohangni qayta eshita olarmikin? Bu nola, bu mahzunlik boshqa barcha ohanglarni fosh qilib, soxtalashtirib qo’yardi. Nega men shu paytgacha bu anduhni eshitmaganman, nega shu paytgacha bu musibatdan uzoq bo’lganman? Nega bu nola o’zini xushanishin ohanglar tagiga yashirdi ekan? Nega uvillayotgan it odamlardan o’zini pinhon tutyapti ekan? Uvillashdagi anduh ta’sirida ko’zlarimdan yum-yum yosh oqayotganini bilardim. Yig’lagan sayin yengil tortar, yanayam o’kirib yig’lagim kelardi. Yig’iga g’arq qiluvchi bu nola qaydan kelayapti, qayga ketayapti? Nega u meni mungga va musibatga oshno etayapti?

Ertasiga ham, keyingi kunlar ham men bog’ning bir chetida o’tirib, ko’zlarimni yumgancha kunimni shu holatda, musibat va anduhdan titrab o’tkazdim. Men uvillayotgan itni ko’rgim, uning g’amiga sherik bo’lgim, musibat ezgan boshini silagim kelardi. Endi bir umr bu noladan ham, itdan ham ayrilolmaydiganday edim.

Ko’zlarimni ochganimda uvillash yo’qolar, yumib olishim bilan qulog’im tagida paydo bo’lar, meni o’z ohangiga olib kirib ketardi. Uvillashda xo’rlik va haqorat to’la edi. Mahkumlik va mutelik, ojizlik va zulm qorishiq edi. Bu xo’rlik bilan odam yashashi mumkin emasdi. Men ko’zlarimni ochib, “Qaerdasan, nega meni bunchalik ezasan, kel, seni ko’ray, maqsading nima?!” deb pichirlardim. Pichirlashim qulog’im tagida xuddi hayqiriqday sado berardi. O’shanday lahzalarda men bir narsani bilib qoldim: ko’zimni yumishim bilan mening ichimdan nimadir tashqariga sakrab chiqib ketar, menga o’sha sakrab chiqib ketgan narsa itday bo’lib tuyular, ammo mening ichimda it nima qiladi deya bu shubhani inkor qilardim. Asta-sekin boqqa kelishim bilan ichimdan sakrab chiqib ketgan sharpaning itga o’xshashligiga ishona boshladim. Ichimdan chiqib ketarkan, ko’kragimda it panjalari bilan tirnalgandek og’riqni his qilardim. Bir kuni ko’zimni yumgancha, itning nolasi boshlanishini kutib turarkanman, uvillash shunday yonginamdan kelayotganday tuyuldi. Beixtiyor, o’zim kutmagan shiddat bilan ko’zimni ochdim. Sezgilarim aldamagan edi. Yonimda qopqora it turardi. U kattagina edi. Ammo ko’rinishining o’zidanoq bu itni g’am ado qilgan degan fikr kelardi. Uning ko’zlarida mung va hasrat qotib qolgan, o’zi aftoda, ozg’in, qovurg’alari ko’rinib yotar, oyoqda zo’rg’a turganday tuyulgandi menga. Go’yo bir necha kun emas, bir oydan beri tuz totmaganga o’xshardi.

O’rnimdan qimillashga qo’rqib, uni kuzatib turardim. It har doimgiday boqqa odamlar kirib kelguncha, shovqin boshlanguncha uvilladi, keyin sekin chakalakzor orasiga kirib ketdi. Men uning izidan yugurdim. U chakalakzordan chiqib, devorning tirqishidan o’tdi-da, shaharga qarab ketdi. Devor oshib tushganimda, u allaqachon odamlar ichiga kirib, g’oyib bo’lgandi. Men yengil tortdim. Tirikchilik shovqini-yu hamisha dumni likillatishga va ketni qimillatishga undaydigan kuy  hamda shunga mos olomon bilan to’layotgan bog’da itni ko’rganimdan va uni topganimdan xursand edim. Ertasiga it mendan o’zini olib qochmadi. U endi meni har kuni shu yerda ko’rib ko’nikib qolgandek edi. Yonimga kelib, orqa oyoqlariga o’tirardi-da, osmon-u falakka qaragancha yana o’sha nolasini boshlardi. U nega aynan shu yerga kelib uvillayapti, sira aqlim yetmasdi. Ammo u har doim bir paytda bir joyga kelib uvlardi. Itning menga qarab turishining o’zidayoq mung va hasrat bor edi.

Ehtimol, u o’zining qanchalar aftoda ekanini bilmas ham? Ehtimol, ana shu g’aribligi bilan boqqa kelib, erta-yu kech o’yindan boshqasini bilmaydigan takasaltanglar-u oliftalarga nimadir ishora qilmoqchidir? Bilmadim, ammo bir qarashdayoq uning naqadar ojiz va mushfiq ekanini bilib olsa bo’lardi. U o’ziga hech chetdan qarab ko’rganmikin? O’zini bir marta bo’lsin kuzatganmikin? Buncha g’arib va faqir bo’lmasa vujud degani? Unga qarab bu aftoda tanani ezg’ilaging, ezg’ilagan sayin tahqirlaging, tahqirlagan sayin uning oyoqlari ostida o’zing tahqirlanging kelardi. Uning qo’tir bosgan vujudida qandaydir sehrli bir kuch borday edi. Biz tezda bir-birimizga o’rganib qoldik. Endi men ham it bilan birga devor tuynugidan emaklab, ko’chaga chiqar, keyin uning izidan sanqib yurardim.

Birgalikda shaharning shuncha yillardan beri biron marta ko’rmagan g’aribgina kulbalar, to’kilay deb turgan masjidu madrasalar joylashgan eski tor ko’chalarini, qadimiy qal’alaru qasrlar xarobalari qolgan tepaliklarni aylanib chiqardik. Ancha kundan keyin men itning har kuni bir xil yo’nalish bo’ylab bir xil ko’chalarni aylanishini, faqat shahar chetida qolgan tor ko’chalarning biridagi o’yma naqshlarini yillar yomg’iri sidirib yuborayozgan ikkita darvoza tagiga  chiqarib qo’yilgan yegulikdan yeyishini, yana o’sha yo’l bilan iziga — boqqa qaytib kirishini sezdim. It boshqa -shaharning gullab-yashnab yotgan qismiga deyarli burilmas, boshqa biron joydan yegulik axtarib umidvor ham bo’lmas, yo’lidagi daydi mushuklar va sang’i laychalar o’ralashib yurgan oshxona-yu bazmxonalar oldidan indamay, boshini egib o’tib ketardi. Suyak talashayotgan laychalarga bir ko’z tashlardi-da, yo’lidan davom etardi. Agar o’sha eski darvoza oldida yegulik bo’lmasa, indamay iziga qaytar, kun bo’yi och yursa ham, o’zini xo’rak talashib irillashayotgan laychalar ichiga urmasdi. Shuning uchun unga yegulik olib kela boshladim. U men kutganday yegulik deb dumini likillatib, suykalmas, ming bir mulozamat bilan bergan pishloq yoki bo’tqani oldin rosa hidlab, keyin bir bo’lak yer, qolganiga  e’tibor ham bermasdi. Menga u kasalday tuyuldi. Ehtimol, shuning uchun u mana shu ovloqqa maskan qurgandir, ehtimol tanasidagi og’riqni yengish uchun nola qilar?!

Axir sog’ it xo’rakdan o’zini tiyolmaydiku. Shunday bo’lsa-da, uni o’zimga o’rgatish uchun yegulik olib kelar, uvillash marosimi tugagach, biz birgalikda shahar aylanardik. U mening tasavvurimdagi itga o’xshamasdi-kamsuqum, g’arib, va ustiga ustak o’ta qo’rqoq edi. Xudi fil oldini to’sgan qoplonlardek, daydi laychalar oldini hurib to’ssa, ular bilan talashib o’tirmasdi- ular nimani talab qilsa, o’sha yoqqa indamay burilib, beparvo ketaverardi. Uning biron marta tishini  ko’rsatib, irillaganini, fe’lini ko’rsatib, birovga yot qarash qilganini ko’rmadim. Undagi kamsuqumlik va ozurdalik menga ham asta-sekin yuqa boshladi. Bir kuni uni uyimga olib ketdim. U men bilan ketishni istamadi. Ammo unga qarab, o’zimning bor muhabbatimni izhor qilib, nimalardir dedim. Aslida ham itga mehrim tushib qolgandi. Uni endi o’zimdan ayro tasavvur qilolmasdim. Sal ko’rmasam sog’inar va unga maftun bo’lib qolgandim. U his-hayajonga to’lgan gapimni tushunganday bir pas mulohaza qilib, ko’zlarimga tikilib turdi, keyin izimdan indamay ergashdi. O’sha kecha biz, to’g’rirog’i men unga o’zim haqimda hikoya qilib berdim. Xayolchan bolaligim, iztirobda o’tgan o’smirlik, balog’atning aldov va xiyonatlari, tirikchilikning mazaxomuz qulligi, do’stlikning juda oson sotilgani, hayotning ayovsiz sinovlari va tabiiyki,erishilmagan muhabbat ham bu hikoyadan chetda qolmadi. U mening gapimni oyoqlari ustiga tumshug’ini qo’yib eshitib yotardi. Ko’p marta do’stlar bilan bo’lgandek va keyin nega shularga dardimni yozdim deb o’zimdan nafratlanib yurgan paytimdagidek, uzoq hikoya davomida u uxlab qolmadi. Aksincha, aqalli biron marta ham mendan ko’zini uzmadi ham, yummadi ham. Unga gaplarim va o’tmishim ta’sir qildi. Orada bir-ikki menga hamdarddek hurib qo’ydi.

So’qqaboshligim ikkalamizga ham qo’l keldi. It menikida qoldi. Biz endi xuddi tug’ishganday yoki oshiq-ma’shuqday bir-birimizsiz turolmaydigan holatga yetgandik.

Ikkalamiz jimgina shahar ko’chalarini kezardik. Ikkalamiz ham tilsiz, zabonsiz bir-birimizni tushunardik. Ikkalamiz kechgacha ko’chalarni aylanar, yuzlari o’zini fosh qilib qo’yayotgan baxtiyorlikdan siniqqan va tashvishlardan gezargan izdihom ichida yurar, odamlarning bizga ajablanib qarashlariga parvo ham qilmay, yonma-yon ketgancha tilsiz-tovushsiz so’zlashib ketardik. U ko’pincha meni ishgacha kuzatib borar, keyin qayoqqadir, menimcha, o’sha ovloq boqqa ketar, ishdan chiqar paytim ko’cha yuzida kutib turardi. Tanishlarim mening it asrayotganimni ko’rib ajablanishardi. Atigi bir necha oy oldin itni ko’rsa ijirg’anadigan menday kelajagi porloq, harqalay, bir siltov kam taniqli bo’lib qolgan yigitning qandaydir ko’rinishiyoq odamda yoqimsiz his va irganish uyg’otadigan kasalmand va qo’tir it bilan yashashini tasavvur qilisholmasdi. Buni menga oshkora aytganlar ham bo’ldi. Ammo mening parvoyimga ham kelmadi. Men ularga siz agar uning uvillashini bir eshitsangiz edi, degim kelar, lekin bu gapimdan uyalardim. Axir itning uvillashi ham odamni sehrlab qo’yishi yoki odam it nolasiga ham oshufta bo’lishi mumkinmi? Bu ular uchun g’irt bema’nilik bo’lib tuyulardi. Shuning uchun ularga javoban indamay qo’yaqolardim. Menga ularning kulishidan ko’ra mana shu kasalmand itning mehrini qozonish afzalday tuyulardi.

Bir kuni tushlikdan qaytishda dahlizda mening xonam oldida yig’ilib turgan hamkasblarimni ko’rdim — u yerda xuddi to’palon bo’layotgandek edi. Qadamimni tezlatdim. Meni ko’rib yordamchim qarshimga yugurdi. Uning ranglari oqarib ketgan, anchadan beri meni izlab yurgan ekan.
-Sizni bosh muharrir xonangizda kutayapti-, dedi xavotir va hamdardlik bilan.
-Nima gap? Mukofotni bo’lishayaptimi,-dedim xonam oldida butun boshli jamoa yig’ilib olishganiga ishora qilib.
-Yo’q. Kimdir sizning xonangizda it yotganini ko’ribdi,-dedi.- Boshqalar ham itni ko’rgan ekan. Hammasi guvohlik berishga yig’ilgan.

Uning gapi mening kulgimni qistatdi. Hamkasblarim aqldan ozganga o’xshaydi deb o’yladim. Xonamga shoshib kirarkanman, u yerda bosh muharrirdan tashqari muharrir, yana xo’jalik bo’limidan ham ikki kishi borligini ko’rdim. Ular nimanidir shivirlashib gaplashishardi. Bosh muharrir qo’lidagi ro’molcha bilan burnini ushlab turardi. Meni ko’rishlari bilan jim bo’lishdi. Nima gap deganday bosh muharrirga va muharrirga qaradim.
— Siz ishxonaga it olib kelish mumkin emasligini bilasizmi,- dedi bosh muharrir o’smoqchilab, xuddi meni ayb ustida qo’lga tushirganday.
— Bilaman,- dedim. –Bu yerga it olib kelganim yo’q.
-Bekor gap,- dedi xo’jalik bo’limidagi kalta kishi.- Farroshlar bir oydan beri sizning xonangizdan it hidi kelayotganini aytishayapti. Qolaversa…- u bosh muharrirga aytaveraymi deganday qaradi. Bosh muharrir bosh irg’agach, gapida davom etdi.-… bu xonadan har kuni it tezagi chiqayapti.
— Bo’lishi mumkin emas,- dedim men.- Men hech qachon bu yerga it olib kirmadim. Bu tuhmat.

Muharrir bosh muharrirning qulog’iga bir nima deb shivirladi.
— Uyingizda it asrayotganingiz rostmi,-dedi bosh muharrir saldan keyin.
— Rost, asrayapman…-dedim muharrirning yaqinda uyimga borganda itni ko’rib, ostonamdan ham kirmay qaytib ketganini eslab, bor majorani shu olifta uyushtirdimikan degan shubhada.
-Unda siz bizga tuhmat qilayapsiz, –dedi bosh muharrir.-Xullas, gap shu. Siz yo itni, yo ishni tanlaysiz. Shu bugun hal qiling. Shusiz ham xodimlar ishxonani it hidi bosib ketgani haqida gap-so’z qilib yurishibdi. Men yuqoridagilarning qulog’iga bu gap yetib borishini istamayman.

U gap tamom deganday o’rnidan turdi. U hamon qo’lidagi ro’molcha bilan burnini ushlab turar, xonadagi hiddan o’ziga kelolmayotgandi. Muharrirning ham burni jiyrilib turardi. Faqat men bu yerda heya qanday g’ayritabiiy hid sezmasdim.
-Xonangizni it hidi bosib ketibdi. Shamollatish kerak,- dedi xo’jalik bo’limidagi kalta kishi. Unga qarab zaharxanda qilib kuldim. Boshliq birontani tepsa, bular borib yanchib o’tadiganlar toifasidan edi.
-Menga qarang, bu tasmadagi it uvillashi bilan sizning it asrashingiz-u mana bu hid o’rtasida bog’liqlik yo’qmi?- so’radi muharrir katta bir sirni ochganday.- Siz bizni it uvillashi bilan mazax qilganingiz yetmaganday endi itni xonangizga ham kiritib olib, ishxonani itxonaga aylantirayapsizmi?

Men indamadim. Ularga gapirish befoydaligini bilardim. Yo’lakda majoraning qanday yakun topishini kuzatib turgan tomoshatalab hamkasblarimning yuzida ham muharrirning gapini tasdiqlashayotgani bilinib turardi. Ertasiga men kimni tanlaganimni aytib, itim bilan boqqa yo’l oldik.

U yerga borib, itim uvillar, men esa ko’zlarimni yumib, yonimda turgan itdan uzilib, uni uvillashi bilan shu bog’da qoldirgancha, uvillashdagi musibatga qo’shilib, olis-olislarga, o’zim ham anglamagan, go’yo hamma narsaning ibtidosi bo’lib tuyulayotgan olislarga ketib qolardim. Nola meni endi hali yaxlit bo’lgan ruhning jilvalarga qarab boshlab ketardi. Hali hech narsaga ism ham, nom ham berilmagan o’sha yerda men itim bilan yana yuzma-yuz kelardik va shundagina biz bitta vujud ekanimizni sezib qolardim. Endi boqqa kelgan paytlarim ichimdan chiqqan va qaytib kirgan narsa itligiga sira shubha qilmasdim. O’sha daqiqalarda bo’laklarga bo’linib, bir qismim itga aylanib ketganini bilardim. Uvillash meni bo’laklab, bog’ning turli burchaklariga sochib tashlar, keyin yana o’zi it qiyofasiga kirib, sekin bir joyga yig’ar va yana sochib yuborardi. Shunda butun hayotim ana shu sochilish va yig’ilish orasidagi bir lahza ekanini his qilardim. It meni sochib yuborar ekan, men mashaqqatlar bilan turli tomonga adashib — uloqib ketgan o’zimni yig’ib kelardim, u esa xuddi men bilan o’ynashayotganday yana sochib yuborardi. Tarqoq va taravaqaylagan holatda vujudimni tariqday sochib yuborayotgan kuchni ko’rmoqchidek, itga qarab “Kimsan, mendan nima istaysan, sen it, nega ichimga kirib olding?!” deb shivirlardim… Ehtimol, u ham menga shunday deb tikilayotgan va so’rayotgandir? Biz yuzma-yuz turgancha bir-birimizning kimligimizni aniqlashga urinardik. U menga qancha bog’lanib qolsa, men ham unga shuncha bog’lanib borardim. Biz endi bir-biriga tikilib turgan bir vujudday edik. Bir vujud bo’la turib ayro-ayro edik. Menga undan taralayotgan ayriliq azob berardi. Biz qachon birga bo’lsak, ayriliq musibati bosilar, salgina ayrilsak, vujudimni anduh to’ldirardi. Men unga aylanishni, uning yonida bo’lishni, uning qo’tir bosgan tanasini uzun, o’zinikiday, xuddi muhabbat yaloviday osilib turadigan tilim bilan yalashni, uning ham tanamni yalab halovat bag’ishlashini istardim. Uning yonida xayol lazzatiga g’arq bo’lib, shu lazzatga cho’kib ketishni orzu qilib o’tirardim…

Bosh muharrirga,
Rejissyor yordamchisi …dan

Bildirgi

E’lon qilingan tanlov bo’yicha bizning “Bahoviddinning iti” radiop’esamiz “Eng yaxshi adabiy rejissyor” mukofotiga sazovor bo’lgani sababli menga rejissyorni zudlik bilan topishni tayinlaganingiz uchun uni qaerdan bo’lsa ham izlab topishga qaror qildim. Dastlab uyiga bordim. Uyni hech kim ochmadi. Qo’shnilarining xabar berishicha, u bir necha haftadan beri uyga kelmayotgan ekan. Shuning uchun nima qilishni bilmay qoldim. Shunda yodimga uning ishdan haydalgach, kunini biz uch oy muqqadam ovoz yozgan ovloq boqqa borib o’tkazayotganini aytgani esimga tushdi. Zudlik bilan o’sha yoqqa yo’l oldim. Qayta ta’mirlash maqsadida anchadan beri bog’ ishlamayotgan ekan. Shunday bo’lsa-da,sizning topshirig’ingizni bajarish uchun qarovsiz boqqa kirib, rejissyorni izlashga qorovuldan ruxsat oldim. Ammo bog’da hech kim yo’q edi. Men biron ovloqroq joyda o’tirgandir deb bog’ning xilvat joylarini axtara boshladim. Bir soatlar chamasi izlasam ham odam zotiga duch kelmadim.

Hafsalam pir bo’lib endi qaytmoqchi bo’lganimda devor tuynugidan kirib kelgan, bir-birini quvlab yurgan ikkita itga ko’zim tushdi. Ular goh mendan uzoqlashib bog’ bo’ylab yugurishar, goh bir-birini erkalab tishlagancha, yonimdan quvlashib o’tar, xuddi ikki oshiqqa o’xshar, bir-birlarining qo’tirlarini tillari bilan yalashar, bir-birining yaralariga ko’zlarini surtishar, shu darajada baxtiyor ediki, mening yonlarida turganimni ham, izidan ancha yergacha ergashib borganimni ham sezishmasdi: ular butun dunyoni unutishgandek, ular uchun faqat ikkalasidan boshqa hech narsaning, bog’ning ham, odamlarning ham, ulkan va shovqinli shaharning ham ahamiyati yo’qdek edi. Ularning bir-biriga muhabbatiga qarab mening ham havasim keldi. Beixtiyor tasmalarga yozilgan uvillash yodimga tushdi. Balki shulardan birining nolasi bizning tasmaga tushib, bizni rosa ovora qilgandir deb o’yladim. Eng qizig’i va sizga bu narsalarni batafsil yozayotganimning sabab shuki, itlardan birining bo’ynida men rejissyorning bo’ynida ko’p marta ko’rganim-charm tumor osilib turardi. Bog’da boshqa hech kimni uchratmadim…Rejissyorni topishning iloji bo’lmadi.

2008 yil

034

(Tashriflar: umumiy 1 538, bugungi 18)

Izoh qoldiring