Nazar Eshonqul. Go’ro’g’li. Roman. Jurnal varianti

077
Муаллифдан: Ушбу романга 90 — йилларнинг бошида сўнгги нуқта қўйилган эди. Шу сабабли асарда деворларини зах босган, қулаш арафасига келиб қолган, инсоннинг ботиний қувватини сўриш эвазига яшаган тузумнинг бадбўй ҳидлари анқиб турибди. Ўтган йиллар давомида мен асарни фақат таҳрир қилиш билан шуғулландим, холос. Неча бор уринмай, уни қайта ёзиш, воқеликни бошқа изга солишга кучим етмади. Ўтган йиллар ичида роман сифатида ўзини оқламайди деб, ичидаги баъзи бир бобларни мустақил ҳикоя сифатида эълон ҳам қилдим. Узоқ иккиланишлардан сўнг уни қайта тарзда яралган бўлса, ўша ҳолатда қолгани маъқул деган ҳулосага келдим. Ўзининг тириклигини, мавжудлигини исбот қилиб беролмаган, инсоннинг тириклиги ва мавжудлигини тан олмаган, инсонийлик шаън ва ғурурини хўрлаш ва ҳақоратлаш эвазига яшаган ўша мустабид тузумдан чиқариладиган кичик бир сабоқ бўлиб қолиши учунгина уни барибир эълон қилишга жазм этдим.

028
Назар Эшонқул
ГЎРЎҒЛИ
Романнинг журнал варианти

“… ҳаёт сувин излаб ўтди Гилгамиш”

“Гилгамиш” достонидан

ХАБАР

Н.ни янги лавозимга тавсия қилишди. Буни ўзи ҳам кутмаганди. Тўғрироғи, бунчалик тез тавсия қилишади деб ўйламаганди. У вазифасига кўра, хонада шифтгача тахлаб ташланган ҳужжатларни титиб ўтирар экан, унга раҳбарнинг қабулига кириш зарурлиги ҳақида қўнғироқ қилишди. Н. хабарни эшитиб, бир зум анграйиб қолди. Шунча йил ишлаб, ақалли бирон марта раҳбарнинг қабулида бўлмаганди. У кийимларини тўғрилаган, сочларини тузатган бўлди. Лекин соқоли бир оз ўсган эди. Сартарошга боришдан бошқа иложи қолмади. Сартарошхона бинонинг пастки қаватидаги бир бурчакда жойлашганди. Н.дан олдин икки киши бор эди, уни кўриб, негадир типирчилаб қолишди. Умуман, буларнинг безовта бўлишига ҳеч қандай асос йўқ эди. Лавозимлари ҳам Н. билан бир хил, бироқ иккала ходим ҳам Н.га алоҳида эҳтиром билан муомала қила бошлашди.

– Раҳбар ҳар куни ҳам, ҳар кимни ҳам қабул қилавермайди, навбатсиз оҳорланиб – тартибланишингиз мумкин, бизга ҳали йўл бўлсин, – иккаласи ҳам Н.ни ўтқазишга жой тополмасди. Ҳатто биттаси курсини енги билан артиб, унга Н.ни таклиф қилди. Н. ўзини ноқулай сеза бошлади. Негадир бирдан ҳамманинг эътиборига тушиб қолгандай эди. Иккита ҳамкасби ундан кўз узмай, маҳлиё бўлиб туришар, юзларида эҳтиром балқир, гўё унга қараб, кўзлари тўймаётгандай эди. Сартарош ҳам унга алоҳида хизмат қилишга киришди. Юзига кўпик сурар экан, Н.дан узр сўраб қўяр, қизариб-бўзариб кетганди. Унинг ҳаяжонланаётгани билиниб турарди.

– Раҳбар синчков одам, – деди сартарош унга соқолини қиртишлаётганда. – Орасталикни яхши кўради. Ўзи ҳар куни икки марта соқол олдиришга чақиради. Айнан бугун чақиришининг ҳам хосияти бор.

Навбатда турган икки ходим бу фикрга сўзсиз қўшилгандай, бараварига бош ирғаб тасдиқлашди.

Н. сартарошхона эшигидан ўзига қараб мўралаб ўтирган яна бир нечта ҳамкасбини кўрди. Улар қандайдир қизиқ томоша кўришга келгандай бир-бирини итариб, суриб, хонага мўралашарди. Сартарош уларга “Бу ерда маймун ўйнатаяптими?” деб бақириб бергач ҳам тарқашмади. Улар соч-соқол олдиришга келганларга ўхшамасди. Ҳаммаси бирдан катта ютуқ эгасига айланган бахтли одамни томоша қилишгандек, Н.ни ҳам бир кўриб қолиш учун бу ерга йиғилишгани кўриниб турарди.

– Фақат сизлар билан эмас, биз билан ҳам гаплашсин, – деди у ердагилардан биттаси. – Бизга ҳам юқсин деб келдик.

Ичкаридаги ходимлар ҳозир остонада турганлар тортиб олишадигандек, тагларидаги курсиларини икки қўллаб ушлаб олишди ва бараварига чийиллашди.

– Эртароқ ҳаракат қилиш керак эди. Югурганники эмас, буюрганники.

Остонадагилар бу гапга эътироз билдира бошлашди. Биттаси “Мен олдинроқ билувдим, лекин сал кеч қолдим, агар соқолимни эрталаб олмаганимда ҳозир сизларнинг ўринларингда бўлардим”, деди бевақт соқолини олиб қўйганидан афсуслангандек тумшайиб оларкан.

Н. ўзини баттар ноқулай сеза бошлади. Тўғри, раҳбар ҳамиша ҳам ҳаммани қабул қилавермайди, айниқса, Н.га ўхшаган лавозимдагиларни. Аммо қабул қилишини ҳам фавқулодда ҳодиса деб бўлмайди. Сирасини айтганда, остонада ўзини кўриш учун талашиб туришга арзийдиган янгиликмас. Бу бориб турган майнавозчиликнинг ўзи. Қолаверса, улар Н.га фикрини бир жойга тўплаб олишига, демак, раҳбар билан бўладиган савол-жавобга тайёрланишига халақит беришаяпти. Лекин бу гапларни айтиб, улар билан баҳслашиб ўтиришга вақти йўқ эди. Мабодо, уларга шу ёқаркан, билганларини қилишсин.

Н. хонасига қайтиб келиб, ўзини яна ойнага солди. Нимадир етишмаётгандай эди.

– Ичингизда дуо ўқиб олинг, – деди унинг бир оз бесаранжом бўлаётганини сезган ҳамхонаси. Унинг овозидан ҳасад қилаётгани билиниб турар, лекин айни чоғда Н.га ўзини жуда яқин олиб, эски қадрдонлардек тутаётган эди.

Н. бундай пайтда ўзини қандай тутиш кераклигини билмасди. Шунинг учун бош ирғаб қўя қолди. Ҳамкасби ҳасади келаётганини билдирмаслик учун Н.нинг бўйинбоғларини тўғрилаб, елкасидаги чангларни қоқиб қўяр, раҳбарнинг олдида ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақида йўл-йўриқ кўрсатарди.

– Раҳбарнинг олдига кирганда, ўзингизни жуда сипо тутинг, яна ҳар нарсаларни, айниқса, иш билан боғлиқ муаммоларни гапирманг. Аксинча, ҳамма иш режадагидай ва ҳатто жуда яхши кетаётганини, ишлаш учун барча шароитлар яратилганини айтинг. Раҳбар қўл остидагилар ўзини мақташларини ёқтиради. Кейин ҳар қандай саволга қисқа ва лўнда жавоб беринг. Ҳар бир гапингизда раҳбардан бутун идора миннатдор экани, ялпи эҳтиромимиз билиниб турсин. Сизни синаш учун савол бериб ҳам қолиши, турли масалалар юзасидан фикрингизни сўраши мумкин. Шундай пайтда, айниқса, ҳушёр бўлинг. Яхшиси, ўзингизга тааллуқли масалалар ҳақида гапирсангиз, кифоя. Шунда ҳам аниқ жавоб берманг. Жавобингиз турлича изоҳланишга ўрин қолдирсин. Чунки раҳбар сиздан қай маънода жавоб кутаётганини билмайсиз.

Н. ўзини айнан у айтгандай тутишга ваъда бериб, ҳамхонасини тинчитди.

Н. қабулхонага чиққанда, котиба ойна олдида ўзига оро бериб ўтирарди: Н.га ўгирилиб ҳам қарамади. Н. унинг ўзини бамайлихотир тутишидан шу ерда бўлиб туришим зарур экан деб ўйлади. Одатда қабулхонага раҳбарнинг имзоси керак ва танишиши шарт бўлган ҳужжатларни олиб кириб туришар, ҳамма ҳам юрак бетлаб киравермасди. Котиба пардоз қилишда давом этарди. Қабулхона икки бўлмадан иборат эди. Биринчи бўлмада катта эшик ёнига курсилар териб қўйилган, бундан ташқари, хийла катта, икки киши ҳам ётса бўладиган, кирган одамни ётишга ундайдиган суянчиғи баланд махфил турар, унинг бир ёнбошига раҳбарникими ёки котибаникими, ювиниш пайти кийиладиган халат ташлаб қўйилганди. Узун ва виқорли, қўшқанотли эшик ёпиқ турарди. Демак, ёрдамчи ҳам шу ерда. Эшик ёрдамчининг хонасига олиб чиқади деб тушунтирганди сартарош. Ундан кейин раҳбарнинг хонасига кирилади. Котиба эса келди-кеттини белгилаб турувчи шунчаки ходим. Раҳбар билан боғлиқ ишларнинг ҳаммаси ёрдамчиси орқали битади. Агар ёрдамчи Н.ни таклиф қилибдими, демак, раҳбарнинг қабул қилиши аниқ. Хонанинг ҳавоси бўғиқ, устига-устак упа-элик, атир ҳиди анқиб турарди. Бу бўлма қабулхонадан кўра ҳар қандай маҳал ҳар қандай эркакни қабул қилишга муштоқ турган аёлнинг ётоғига ўхшарди. Деворда эса турли жадваллар, идоранинг турли бўлим ва шўъбаларининг телефон рақамлари, яна Н. тушунмайдган қандайдир ёзувли устунлар бор эди. Ёрдамчи эшигининг рўпарасидаги ойна билан тўсилган, эшиги очиқ иккинчи бўлма эса ойнаванд залга ўхшаган ярим очиқ, болохона шаклидаги хона эди. Н. котибанинг пардоз қилаётганига қараб ўтириш ноқулай бўлгани учун ўша хонага чиқиб турди. Мабодо ёрдамчи таклиф қилган экан, котиба ҳам огоҳлантирилган. У хоҳлаган пайти Н.ни ичкарига таклиф қилиб қолиши мумкин. Н. катта ойна тўсин олдига бориб, кўчани кузата бошлади. Қабулхонага турли одамлар ўз ишлари билан кириб-чиқиб турар, баъзилари Н.ни таниб, ўша ердан салом беришар, баъзилари олдига келиб қуюқ кўришар, гарчи раҳбар чақиргани ҳақидаги хабарни фақат ўзи эшитган, дастакни шахсан унинг ўзи олган бўлса-да, бу гапдан кўпчиликнинг хабари борга ўхшарди. Н. уларнинг раҳбар нима мақсадда чақиргани ҳақидаги саволларига жавобан елка қисиб қўяр, улар эса унга омад тилашарди. Н. фақат шундагина раҳбарнинг олдига кириб-чиқиш нечоғли обрў эканлигини ҳис қилди… Ҳатто котибага ҳужжат олиб кирган бир-иккита танишлари раҳбарнинг олдига кирса, ўзларининг муаммоларини, хусусан, бир хонали уйда бутун бошли саккиз нафар оила тиқилиб яшаётганини, кекса ходимларга эътибор камайиб кетганини, мабодо раҳбарнинг номига қайнонасидан шикоят келса, ишонмаслигини, қайнонасининг ўзи қариб, эсини еб қўйгани ва ҳоказоларни раҳбарга шипшитиб қўйишни тайинлашди. Н. бунча гапни раҳбарга бирданига қандай айтишни тасаввур қилолмаган бўлса ҳам, уларнинг сазасини ўлдирмаслик учун ваъда берди. Бошқалар ҳам ўз дардларини айтмасин деб, Н. энди ойнага юз буриб, кириб-чиқаётганларга орқа қилиб туриб олди. Ташқарида, идора олдидаги чархпалакни икки бола ҳадеб айлантиришга уриниб, лойга ботган пойафзаллари билан чираниб, силкитишар, лекин паррак жойидан ҳам қўзғалмас, уларнинг ўртоғи бўлса керак, яна бир бола уларга қараб ишшайиб турарди. У иккита болага қараб, кўрсаткич бармоғини чаккасида айлантириб, масхара ҳам қилиб қўйди. Улар бўлса, паррак устига чиқиб ҳам сакрашди, уни суриб-силкитишди, уддасидан чиқишолмади. Паррак сал ғимирлаб, яна жойига қайтиб келарди. Н. ишга келгандан бери бу чархпалакнинг айланганини билмайди. Ҳозир-ку, айни қиш, анҳорда сув йўқ. Сув тўлиб оққанда ҳам бу чархпалак барибир айланмайди. Уни ким қурган бўлса, парракларини темирдан ясаб, оғир қилиб юборган. Касбдошлари ҳазиллашиб, “Бу чархпалак бизнинг идорага ўхшайди, агар бир айланса, ҳамма нарсани ямлаб ютади” дейишарди. Болалар парракни айлантиришга кучлари етмаслигини англашдими, нари кетишди. Учинчи бола эса янаям ғолибона ишшайиб олди. Унинг хатти-ҳаракатида менинг айтганим бўлдими дегандай ифода бор эди. Ҳаво рутубатли, авзойи бузуқ, қор учқунлаб турар, шаҳар тўзон остида қолгандай эди. Н.нинг хаёлига яхшиям пальтомни кийиб келганман, деган ўй ўрмалади. Агар кечагига ўхшаб костюмда келганида шамоллаб қолиши ҳеч гап эмасди. Ҳаво кутилмаганда айниб, бирдан қиш ҳавоси кириб келгандай эди. Узоқлашиб кетаётган болаларга қараб турар экан, негадир ташқаридаги йўловчилар ҳам унга тикилиб ўтишаётгандай туюлди. Аввалига улар идоранинг ходимлари деб ўйлади, лекин синчиклаб қараб, уларнинг мутлақо бегона одамлар эканини билди. Мутлақо бегоналар ҳам унга қўл силкиб қўйишар, узоқдан туриб, омад тилашарди. Уни таниб қолишдими, бирпасда дераза тагида бир тўда одам пайдо бўлди. Улар бир-бирларига қўллари билан Н.ни кўрсатишар, нималардир деб баҳслашишар ва Н.га эса икки қўларини кўтариб, силкиб қўйишарди. Раҳбарнинг қабул қилиши ҳақидаги хабар бирдан ўзини машҳур қилиб юборганидан бир оз ажабланса ҳам жамоадошларининг эътиборига тушиши ўзига ёқаётганди.

Шу пайт унинг елкасидан кимдир туртди. Н. ҳансираш овозини эшитиб, орқасига ўгирилди. Бу идора қоровули эди. У узоқ масофадан чопиб келгандай, ҳансирар, юзларини кир рўмолчаси билан артарди.

– Яхшиям ҳали кирмабсиз, – деди у ҳансираганча, – эшитиб, шунча қаватга югуриб чиқдим.

– Менда зарур ишингиз борми? – сўради Н.

– Бор, – деди қоровул. – Бутун умидим сиздан. Раҳбар сизни қабул қилса, менинг масаламни ҳам бир эслатинг.

Н. қоровулни ҳурмат қиларди. Лекин ҳали ўзи нега чақирилганини билмай туриб, бунча одамнинг масаласини раҳбарга биратўла қандай айтаман деган ўй уни ташвишга солиб турарди.

– Сиз эслатсангиз бўлди, раҳбарнинг ўзи дарров гап нимадалигини тушунади, – деди Н.нинг йўқ деб қолишидан чўчиб. – Ўзи икки йил олдин ваъда берган, менга фақат эслатсангиз бўлди, ҳал бўлади деган.

Н. раҳбар қоровулга қандай иш юзасидан ваъда берганини тўлиқ англолмади. Ҳатто бир оз жаҳли ҳам чиқди, бир оз аччиқланиб соатига қаради. Раҳбар уни ярим соат бурун қабул қилиши керак эди. У белгиланган вақтдан беш дақиқа олдин чиққанди. “Мана, ўзлари бошлаб беришади тартибсизликни” деб ўйлади ичида. У қоровулнинг ҳансирашларидан бир илож қилиб қутулиб, жаҳл билан котибанинг олдига борди. Котиба энди тирноқ бўяб ўтирарди.

– Мени ярим соат олдин қабул қилишлари керак эди, – деди у бир оз зардали овозда бу ер пардозхона эмас дегандай. Котиба аввалига унга ҳайрон бўлиб қаради, кейин шошиб қолди-да, пардоз анжомларини йиғиштириб:

– Қачон? Ким айтди сизга? – деб сўради.

Н. ўзига ким қўнғироқ қилганини ва раҳбар кутаётганини яна бир марта қайтарди. У иложи борича котибага бирон гап айтиб юбориб, муносабати совушидан хавотирланиб, босиқ оҳангда, дона-дона қилиб такрорлади. Котибанинг ранги энди батамом оқариб кетди. У шошганча кимгадир қўнғироқ қилди. Кейин олдидаги рўйхатга қаради. У икки-уч марта рўйхатни ўқиб бўлгач, ўзига келди.

– Сизни чақиришгани ҳақида менда ҳеч қандай маълумот йўқ, – деди котиба. Бояги титраб кетган овоздан асар ҳам қолмаган, аксинча, у анча зарда билан гапирди.

– Сиз яхшилаб эсланг, қайта кўринг, менга ярим соат олдин раҳбар билан учрашишим шартлиги айтилган эди, – деди бир оз писанда билан “мен бекорга бу ерга келдимми” деган оҳангда. Котиба яна бир марта рўйхатни ўқиб чиқди. Н. ҳам кўз қирини ташлаб турди – ким билади, бу кўзи ўйнаб турадиган котиба ҳали ўқишни билармикин? Лекин котибанинг қўлидаги рўйхатда унинг номи йўқ эди. Бунга ўзи ҳам амин бўлди. Бу ерда четдан келадиган учта одамнинг исми-шарифи турар, идоранинг ўзидан ҳеч кимнинг номи қайд этилмаган эди. Шунда бирдан даҳлизда гувиллаган товушни эшитиб, Н. орқасига ўгирилди. Боя сартарошхона остонасида турган ҳамкасблари энди даҳлизда, қабулхонага бош суқиб қараб туришар ва Н.ни раҳбар қабул қиладиган рўйхатда йўқлиги уларни довдиратиб қўйганди.

– Ҳали рўйхатда ҳам йўқ экан-у, бунинг катта кетишини қаранглар,– деди биттаси ниҳоят гувиллаш босилгач. – Мени раҳбар чақирди деб обрў олмоқчи бўлибди-да ҳали…

Н. уларнинг биронтасига ўзини раҳбар чақиргани ҳақида гапирмаганди. Шунинг учун уларга эътироз билдириш учун бурилди. Бироқ шу пайт ёрдамчи хонасининг эшиги зарб билан очилди. У ердан узун бўйли, ўта жиддий кийинган йигит кўринди. Бу ёрдамчи эди.

– Нима шовқин? – деди у жаҳл билан. Шундай деб бир даҳлиздагиларга, бир котибага ва табиийки, Н.га ҳайрон бўлиб қаради. Даҳлизда бирдан сув қуйгандек жимлик чўкди. Котиба унга Н.нинг гапини айтди. Ёрдамчи бу хабарни эшитиб, бир оз ажабланиб, Н.га қаради. Унинг юзида ҳам бир зум довдираш пайдо бўлди. Раҳбар чақирган ходимни қандай қилиб ярим соатдан бери ушлаб туриш мумкин? Лекин котиба гапини яна давом эттирди, нақ қулоғига бориб, афтидан, рўйхатда йўқлигини айтди. Ёрдамчи яна жиддий қиёфага кирди ва котиба узатган рўйхатни бир кўзини қисиброқ ўқиб чиқди.

– Менга шахсан сизнинг номингиздан раҳбар чақирганини маълум қилишди, – деди Н. унинг ўзига савол назари билан қараётганига жавобан.

Энди табиийки, ёрдамчининг ўзи ажабланди. Бу идорада ҳали ҳеч ким ёрдамчининг номидан ходимни раҳбар ҳузурига чорламаганди. Мабодо чорлабдими, бирон асос бор. Ёрдамчи шошиб қолди. Агар Н.ни раҳбар чақирган бўлиб, унинг ўзи котибага рўйхатни чалкаштириб берган бўлса-чи? У шошиб ичкарига кириб кетди. Ёрдамчининг довдираганини кўрган ва боя норози бўлиб гапирган даҳлиздаги ҳамкасбининг бирдан попуги пасайди. Н.га у худди қатл олдидан шафқат сўраётган маҳкумдай тикилиб турарди. Юзида аянч бир ифода зуҳр этган эди. Даҳлизда можаронинг давоми қандай тугашини кутиб турганлар бир унга, энди нима бўлади, шафқат қиладими, йўқми деган савол назари билан бир Н.га қарарди. Буни сезган ҳамкасби тинмай бурнини торта бошлади. Шу пайт қўлида бир тўда қоғоз кўтарган ёрдамчининг ўзи чиқиб қолди. У Н.ни кўриб, уф тортди-да, бош чайқаб қўйди.

– Биласизми, – деди у қўлидаги қоғозга кўз ташлаб оларкан, – бу ерда англашилмовчилик юз берибди. К.ни кимдир Н. деб ёзиб юборган. Оқибатда сизга янглиш хабар берилган. Албатта, бунинг тагига етиб, айбдорни сиздан узр сўрашга мажбур қиламиз.

Ҳамкасби енгил нафас олди. У воқеанинг айнан шундай якун топганидан хурсанд бўлганини яшириб ўтирмади ҳам.

– Мен шундай бўлишини олдиндан билардим, – деди у юзидаги терни артар экан Н.га ҳолинг шу экан-ку, менга ўқрайиб қарашингга ўлайми дегандек қараб.

– Аслини олганда,– деди ёрдамчи иложи борича ўзининг айбини енгиллатиб кўрсатиш учун, – Н. бўлди нима-ю, К. бўлди нима? Раҳбар барибир иш ҳақида гаплашади, табиийки, иш ҳақида барча ходимларнинг фикри бир хил.

– Мен ҳам шу фикрдаман, – деди гарчи сўрамаса ҳам хижолатпазликдан тезроқ қутулиш учун бояги ҳамкасби. – Умуман, биз К. бўламизми, Ў. бўламизми ёки Т. бўламизми, фарқи йўқ, ҳаммамиз шу идоранинг ходимларимиз. Шунинг учун ким деб чақириш муҳим эмас. К. бу Н. дегани, Н. эса К. дегани. Биз ҳаммамиз бир одаммиз. Номнинг фарқи йўқ, – у гапини тасдиқлатиш учун ёрдамчига қаради. Ёрдамчи унга бош силкиб қўйди. У ўзига фикрдош топилганидан хурсанд эди. Лекин айнан охирги гап Н.ни тутақтириб юборди. У шу пайтгача иложи борича хотиржам гаплашишга ҳаракат қилаётган эди. Чалкаштирган ўзлари. Демак, айбдор ҳам ўзлари. Нега энди бу айбларидан кўз юмиб, масалани бошқа ёққа буришаяпти. Товушини кўтариб, бир оз жаҳл ва ҳаяжон билан ҳамкасбига эътироз билдирдики, ҳамманинг назарида унинг норози оҳангга тўлиб-тошган товушидан деворлар ҳам зириллаб кетгандай бўлди.

– Балким сизга бунинг фарқи йўқдир. Лекин менга фарқи бор. Исм – бу одамга ўзини ифода этиш учун берилган. Менинг исмим – бу менинг ўзим, яъни бу мен. Шундай экан, мен ҳеч қачон мени К. Ў. ёки сиз айтгандай, Т. деб чақиришларини истамайман. Мен Н.ман. Н. бўлиб қолишни истайман. Менга ҳам Н. деб мурожаат қилишларини, мен айни шу Н. исми орқали мени танишларини талаб қиламан. Раҳбар ҳам мени айнан К. деб эмас, айнан Н. деб чақиришини истайман.

Бу гаплар йиғилганларга худди тинч шаҳарда тўсатдан кўтарилган тўзондек таъсир қилди. Сирасини айтганда, Н.нинг ҳар бир сўзида норозилик яққол сезилиб турарди. Атрофдагилар эътироз билдиришни ҳам, билдирмасликни ҳам билмай, довдирашганича, ёрдамчига қараб туришарди. Ёрдамчи нима дейишни билмай қизариб кетди. Унинг ҳолати иштонини ҳўл қилиб қўйиб, онасига билдирмай ўтирган болага ўхшарди. Кимсан, раҳбарнинг қабулхонасида бу хил норозиликларга йўл қўйиб бўлмасди. У бирдан ўзини тутиб олди. Томоқ қириб қўйди. Нақ жанжалга айланаётган можарога чек қўйиш вазифаси экани эсига тушди.

– Ҳамма ўз ишига! – деб бақирди у. – Сизнинг эса, муҳтарам Н. раҳбарга бўлган ҳурматингизни у кишига, албатта, етказаман. Ўйлайманки, шу кунларда сизни учрашувга чақирамиз. Мен ваъда бериб айтаманки, раҳбар сизни қандайдир К.лар сифатида эмас, айнан Н. сифатида қабул қилади.

Ёрдамчининг гапи бу мунозарага нуқта қўйди. Ҳамма секин тарқала бошлади.

Бу воқеа жума куни содир бўлганди. Агар Н.нинг ҳаёти кейинчалик бошқа бир ўзанга тушиб кетмаганида, эҳтимол, у жума куни юз берган бу чалкашликни бутунлай унутиб юборган бўларди. У кейинчалик бу чалкашлик ҳақида кўп марта эслади ва айнан ўша адашиб қилинган қўнғироқ менинг ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди, менинг ҳаётим айнан ўша кундан сўнг бошқа оқимга қараб бурилиб кетди, табиийки, раҳбарнинг қабулига адашиб чақиришгани охир-оқибат ойдинлашгани каби бир куни ҳаммаси ўз ўрнига тушади деб ўзини овутиб юрди.

* * *

Кейинги кун якшанба эди. Н. эрталаб ўнларда кўчага чиқди, бекатдаги дўкондан газета сотиб олди, уни буклаб чўнтагига солгач, автобусга ўтириб, қуйи қасабада яшайдиган таниш аёлникига жўнади. Бугун у аёлникига қатъий қарор билан бораётганди. Аёлни у билан боғлаб турадиган бирдан бир нарса, бу – ўттизга ҳам кирмаган жувоннинг ўзига қараганда бахтсиз эканини англагани эди – айнан шу шафқатга ўхшаган ҳис – аслида аёлга нисбатан ўзининг ҳаётда омадлироқ эканини билдириш истаги уни ўша тонгда аёл томон етаклади. Автобусда газета ўқийдиган одати йўқ эди. У газетага мук тушган йўловчиларга бирров кўз ташлади-ю, ўз хаёллари оғушига чўмди. Эртага уни саноқсиз ишлар кутиб ётарди. Бу ёғи йил охирлашяпти, ҳисобот ёзишдан бўшамаса керак. Таниш аёл билан ҳам, эҳтимол, йилнинг охирги кунигача кўришолмас. Йил охирида унинг уйда ишлайдиган одати бор эди; шу сабабли кўп касбдошлари уддалай олмаган ёки номига тайёрланган ҳужжатларга қараганда уники асосли, аниқ, мантиқли бўларди. Уни ишхонада ҳурмат қилишар, бошлиқлар энг нозик ҳужжатларни, ўз маърузаларини унга ишониб топширишар, ҳамиша раҳбарларнинг диққат эътиборида эди. Тартибли ва хушмуомалалиги уни бамаъни йигит сифатида танитган эди. Агар ишхонаси бино олдида турган бир чархпалак деб тасаввур қилинса, Н. шу чархпалакнинг бетиним айланиб туришини таъминлаб турувчи асосий мурватлардан бири эди. Иши унга ёқар, зеро, бундан бошқа ишни тасаввур ҳам қилолмасди. Кейинги йилларда у ўз ишини аъло даражада ўзлаштириб олганди. Раҳбарлар уни кексайиб қолган бўлим мудирининг ўрнига тайинлашмоқчи бўлаётганини ҳам сезиб юрарди. Лекин орқаворотдан амалга кўтарилмаётганига ўзининг сўққабошлиги сабаб бўлаётгани ҳақида ҳам гап-сўзлар юрганди. Идора ўта нуфузли бўлганидан фақат оилалиларгина раҳбар бўлишга ҳақли деган норасмий тартиб бор эди. Н. раҳбар ўзини чақирадиган кунлар яқинлигига шубҳа қилмасди. Н. эртага ўзини курсиси, столи ва бир олам иш ва табиийки, уни янги тавсиялар кутиб турганини ўйлар экан, хушвақт жилмайиб қўйди. Чарчоқ ҳамиша унда хушвақтлик, руҳий енгиллик пайдо қиларди.

У ҳозир автобусдан тушмай хаёл сурганча бутун шаҳарни айланиб чиққиси келди. Шаҳарда оддий қиш куни ҳукмрон эди. Кеча ёққан қор ҳамма ёқни оққа бўяган; қорга қопланганда шаҳар алланечук гўзал бўлиб кетишини энди сезаётгандай қиш манзарасига қараб тўймасди. Бинолар олдида қор уюлиб ётарди – йўловчилар тийғониб кетмаслик учун йўлакларда эҳтиёт бўлиб юриб боришарди. Қиш шаҳарга фавқулодда осойишталик олиб кирган, дўконлар олдида навбатда турган одамлар ҳам бошқа фаслларга қараганда сокин ва юввош эдилар – уларнинг кўзларига қишнинг оғир кайфияти чўкиб қолганди. Маъюслик бутун шаҳарни худди қор мисоли қоплаб олгандай эди. Н. автобусдан тушиб, бекат қаршисидаги бинога қараб йўл оларкан, олдидан қариб, мункиллаб қолган чол ва кампир бир-бирига суяниб ўтиб кетди. Улар кўринишдан ё жуҳуд ё армани эди; юзлари шу даражада ҳорғин эдики, худди ҳаётдан буткул безиб бўлишгандай зўрға юриб боришарди. Афтидан, юриш ҳам уларнинг жонига теккан, юрган сайин умрнинг сўнгги қояси томон тобора яқинроқ бошлаб бораётган қадамларини бир дақиқа бўлса ҳам шу дунёда ушлаб қолмоқчидек базўр босардилар.

Агар чолу кампир унга нурсиз ва шилпиқ кўзларини қаҳр билан қадаб ўтишмаганда у бу нарсаларга эътибор ҳам бермасди. Уларнинг нигоҳларида ёш ва навқирон йигитга нисбатан ҳасад барқ уриб турар ва буни унчалик яширгилари ҳам келмай, унинг яқинига келгач:

– Яхши йигит, кексаларга йўл беринг, ўзингиз қор оралаб юрсангиз ҳам бўлаверади, – дейишдан ўзларини тия олмадилар.

Кексалик хўрлаб ташлаган одамлар ҳамиша асабий бўладилар. Кексалик ўзининг хўрлик занжирини ҳамманинг устида ҳам айлантиравермайди. У ҳамма нарсани чертиб-чертиб, ибрат қилиб, намуна сифатида танлайди; аммо ҳамманинг бошида бир хил тирикчилик парраги айланаверади. Биров бу паракка юзини тутади, биров қўлини, биров кўзини, биров бошини, биров оёғини, биров кетини.

Ҳозиргина унинг олдидан чол-кампир ўтди. Қизиқ, ташвишдан холи ёки ҳеч қурса, иши юришиб турган кишига бошқаларнинг заҳархандаси ҳамиша эриш туюлади. Чол-кампирнинг гапи-ю, хатти-ҳаракатлари унинг кўнглида ҳамдардлик пайдо қилди. У бино даҳлизига кирар экан, изига бурилиб, майда қадамларда секин юриб бораётган чол-кампирга яна бир бор қаради. Улар тез ўтиб кетадиган қиш қуёшидек анча нари кетиб қолишганди. Бировнинг қуёши ботган жойдан бошқанинг қуёши чиқади. Гарчи одамзот юрган ҳар қандай йўлнинг охири йўқлик билан тугаса-да, барибир у яшаш касалига мубтало бўлаверади. Ҳаёт ўзи мубталоликдан бошқа нарса эмас. Чол-у кампир ҳозир ҳасад ва гинага мубтало бўлишган, у эса мурувват ва шафқатга. Иши юришиб, ташвиш қарғалари дарахтига қўнмай қўйган одам ҳамиша мурувватли бўлгиси келади. Ҳаёт ҳамиша мурувват ва ҳасад курашидан иборат. Мурувват ҳасадга айланса, ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Ҳасад ҳам тириклик белгиси. Одамзот бир умр шундай яшайди, алдов унинг қувончига, ҳашамига, умрининг мазмунига айланади. Алдовга ўрганган кўнгил усиз яшай олмай қолади, у ўзини бахтли кўрсатиш учун бир умр алдайди, алданади, бир кун умр поёнига етганда изига қараса, алдов ва ёлғондан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Ёлғон бу дунёга кўнгил қувончи, шавқи, завқи қилиб жўнатилган. Ёлғон одамдан, одамзотдан кўра кучлироқ салтанат, одамзотни қириб ташлаш, йўқ қилиш мумкин, лекин ёлғонни йўқ қилолмайди, чунки у қалб ўйини, қалб ҳарами, қалб қароргоҳи… Н. ёш бўлишига қарамай ўзини ҳаёт ҳақида етарли тажрибага эга деб ҳисобларди. У иккинчи қаватга чиқиб, чармининг исқирти чиқиб кетган ва, афтидан, болаларнинг иши бўлса керак, бўр билан ҳар хил рақамлар, уятсиз сўзлар ёзиб ташланган эшикнинг қўнғироғини босди. Бу ёзувлар анча аввал пайдо бўлганига қарамай, уй бекаси уларни ўчириб ташламаганди. Балким унга шуниси ёқар? Нима бўлганда ҳам нимқоронғи даҳлизда бу эшик жуда шумшук кўринарди. Эҳтимол, бўялмаганига ҳам ўн йиллар бўлгандир? Ичкаридан шип-шип этган қадам саси келди; бир оз сур ва беҳаёроқ, сал бўлмаса чинқириққа ўхшаб кетадиган товушда, аёл киши “Ким?” деб сўради. У исмини айтди. Эшик шарақлаб очилди. У бу эшик ҳеч қачон қулфлаб қўйилганини кўрган эмасди. Эшик очилиши билан ичкаридан куйган пиёз ҳиди билан бирга қандайдир бадбўй даҳлизга югуриб чиқди ва остонада калта бўй, жингалаксоч, кўзлари кишига тик ва беҳаё боқадиган, юзидаги палапартиш бўёқларни демаса, анча истараси иссиқ, чеҳрасидан очиқкўнгиллиги кўриниб турган ўттизларга яқинлашган аёл елкаси очиқ халатда пайдо бўлди.

– Ҳа, сенмисан, – деди аёл, жилмаймоқчи бўлди-ю, бироқ уддалай олмади. Юзида қандайдир жонсараклик, саросима бор эди.

– Ҳа, менман, – деди Н. зўраки хушмуомалалик билан. – Ҳаво, биз гаплашиб олишимиз керак.

– Нимани гаплашамиз, – деди Ҳаво ўзини гап нима ҳақда эканлигини билмаганга олиб. Сўнг бу найранги ўтмаслигини сезиб, дарров гап оҳангини ўзгартирди. – Ҳозир қиш пайти, шу гап зарилми, ўлиб-пўлиб қолмассиз, офтобли кунлар келар!

У Ҳавонинг ўзини ичкарига киритмасликка ҳаракат қилаётганини сезди. У ҳозир гаплашиб олиш зарурлигини билар ва кўп мулоҳаза, иккиланиш ҳамда ички қийноқлардан сўнг шу хулосага келганди. У барча нозиктаъб одамлар каби кўп иккиланар, ўзини азоб-уқубатли мулоҳазаларга ғарқ қилар, тунлари фақат шу нарсалар ҳақида ўйлаб, уйғониб кетар, бироқ охир- оқибатда шундай ҳукмга келардики, худди ўн етти яшар ошиқ маҳбубасининг савдойисига айланганидек, у ҳам шу ҳукм савдойиси бўлиб қоларди. Ишхонада унинг шу ҳолати, феъли кўпчиликка тушунарсиз ва бетайин бўлиб туюлар, бироқ унинг ўзи баодоб бўлгани учун унчалик эътибор беришмасди.

– Балки ўлиб қоларман, – деди у Ҳаво гапирган оҳангда. – Балким ҳозир ҳам ўлгандирман. Сенинг олдинга арвоҳим келгандир? Шундай экан, мен сен билан гаплашиб олишим керак.

У товушини баланд кўтариб юборди, шекилли, ётоқдан (у ўнг томондаги хона ётоқ эканини биларди) майкачан, барваста йигитнинг боши кўринди.

– Ёрдам керак эмасми! – сўради у Ҳаводан кўзларини лўқ қилиб. Сўнг Н.ни бошдан оёқ кузатиб чиқди.

– Йўқ, – Ҳаво шартта изига бурилди-да, бориб ётоқ эшигини зичлаб ёпди. Нимадир эсига тушгандай яна очиб, барвастага нимадир деди ва қайта тортиб ёпди.

Ҳаво чап томондаги ҳам меҳмонхона, ҳам ошхона ҳисобланадиган хонага кириб кетди ва у ердан “Киравер” деб бақирди. Н. даҳлизга кириб пальтосини ечди ва уни, барвастаники бўлса керак, қора пўстин олдига илди.

Ошхона ўртасида бир стол, тўрт курси турар ва бу хона ҳам даҳлиз каби исқирт, бўёқлари кўчган, синган дераза ўрнига қоғоз ёпиштирилган, газ ёқиғ турар, шу сабабли хона дим ва иссиқ эди.

Н. бориб деворга тақаб қўйилган курсига ўтирди ва нима деярини билмай учи чўнтагидан чиқиб турган газетани олиб, кўз югуртира бошлади.

– Нима дейсан? – деди Ҳаво унинг қаршисига ўтирар экан. – Бу ерга газета ўқишга келдингми?– Ҳаво унинг қўлидан газетани тортиб олди.– Энди гапир. Қулоғим сенда.

У бирдан нима дейишини билмай қолди. Ҳозир айтадиган гаплари ҳақида шунчалик кўп ўйлагандики, бирон нарсани бунчалик узоқ ўйлаганини эслай олмасди. Ўйлаган пайти рисоладагидай туюлганди. Бироқ ҳозир айтадиган гапи ҳеч қайси рисолага сиғмас, эшитган киши ақли жойида эмас, деб ўйлаши мумкин эди. Аммо у шундай хулосага келиб қўйган, уни бу йўлдан ҳеч ким қайтара олмасди.

– Мен сенга уйланмоқчиман! – деди у. Бу гапни айтишга айтди-ю, назарида сўзларни айтаётиб портлаб кетгандай туюлди.

Ҳаво унга ажабланиб қараб турди-да, шарақлаб кулиб юборди.

– Менга-я, – деди кулгидан тўхтаб. Сўнг жилмайган кўйи, унга қўлларини чўзди. Лекин қўлларини ушламай тортиб олди.

– Яхшилаб ўйлаб кўрдингми?

– Кўп ўйладим. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

– Сен шундай ўйлайсан, мен-чи? Мен рози эмасман.

Ҳаво ҳозиргина ундан эшитган таклифи ғирт бемаъни бўлса-да, бироқ ўзига ёқиб тушганини зўрға яшириб турарди. Зеро, бу таклифни ҳеч қачон амалга ошириб бўлмаслигини у билар, айнан ҳеч қачон амалга ошмайдиган таклиф билан Н. унинг олдида маликадан имдод кутаётган қаролдек туриши унга завқ бағишлар, шу сабабли, ушбу сонияларни чўзиш учун қувлик билан Н.нинг қитиғига тегадиган тарзда тарс-тарс гапирди.

Н. Ҳавога қаради. Ҳаво кулиб турар, заррача ўзгариш юз бермаганди чеҳрасида. Гўё Ҳаво уни масхара қилаётгандай эди.

– Тўғри, хатти-ҳаракатим кўпларни ажаблантирса керак. Кўплар мени ғирт аҳмоққа чиқаришади. Бироқ мен шундай қилишга аҳд қилдим. Кимдир шундай қилиши керак эди. Ўша кимдир мен бўлмоқчиман, – у яна нимадир демоқчи эди, аммо бошқа гап тополмади ва оёғи синганидан деворга суяб қўйилган эски столнинг ўртасидаги ўйиққа қараб қолди.

Ҳаво ўрнидан туриб, унинг олдига келди ва бўйнига қўл ташлаб, эркалагандек шапатилаб қўйди.

– Менинг кимлигимни биласанми? Одамлар мен ҳақимда нима дейишларини-чи? – деди ўзи жиддий тортган бўлса-да, кўзлари кулиб тураркан.

– Биламан, – деди у. – Эшигинда ёзиғлиқ турибди.

– Хўш, нима дейсан!..

– Фикримдан қайтаролмайсан, – деди у бир оз дадиллашиб, – аслида мен сени эмас, ўзимни қутқармоқчиман. Умримда бирон марта ҳам таваккал қилганим йўқ. Қандай талаб қилишса, шундай яшаганман. Энди эса таваккал қилмоқчиман.

– Мен беваман, сен эса ҳали бирон қизни ҳам ўпмаган бўлсанг керак, – деди Ҳаво. У, чамаси, унинг биронта қизни ўпиб турганини тасаввур қилди ва ўзини кулгидан тиёлмади.

Барибир эркак кишидан уйланиш ҳақидаги таклифни эшитиш аёлга мароқли, гарчанд бу уйланиш ғирт хом хаёл бўлса-да. Илгарилари худди бошқа эркаклар каби келиб кетадиган, бошқа эркаклардан ҳеч бир жиҳати билан фарқ қилмаган йигитнинг томдан тараша тушгандай таклифи уни бир оз ажаблантирар, таклифнинг самимийлигига ҳам ишонгиси келмай, йигитни масхара қилиш учун ўзини ерга уриб гапирарди.

– Бу мени қизиқтирмайди, – деди Н. қатъий оҳангда. – Бу ишни аллақачон қилишим керак эди, деб биламан.

– Меникига кўчиб келасанми, – деб сўради Ҳаво ошкора масхаралаб.

– Йўқ. Мен сени бу ҳаётдан бутунлай узиб олмоқчиман. Сенинг ҳар куни даҳлизда, қўшниларнинг юзида ва уйда ётган ўтмишинг билан қайта-қайта учрашишингни сира истамайман. – У ўзини босиб олган ва ўзи истамаса ҳам шу вақтгача бутун шуурини банд этган ўйлар тилига қуюлиб келарди. Ҳаво унга ҳайрон бўлиб боқиб турар, энди унинг кўзларидан масхара йўқолган, фақат бу баландпарвоз гапларни лоқайдгина эшитарди.

– Бир кеча уйғониб кетдим, – деди Н. столнинг синиқ оёғига тикилганча. – Чироқни ёқиб хонага кўз тикдим. Ҳамма нарса тартиб билан жойлашган, ҳамма нарса етарли эди. Умуман, бир одам бахтли яшаши мумкин бўлган ҳамма нарса бор эди. Бироқ шунда нимадир етишмаётганини англаб қолдим. Биласанми, нима? Мен қандайдир ўликка ўхшаб яшарканман. Ўлик каби кечамдан кунимнинг, бугунимдан эртамнинг фарқи йўқ экан. Ўликларда шундай бўлади: менинг эса тирилгим келди ва олдингга мени тирилтир, азобларингни, уқубатларингни менга ҳам юқтир деб келдим. Ҳа, шундай, мени тирилтир, менинг ҳаётимга мазмун бағишла, изтироб бағишла! Қалбимни тита-тита сени топдим. Ҳа, мен сенга керак эдим. Менга фақат сенгина муҳтож эдинг. Олдин буни тан олмасдим. Мен ҳам танишганимдан бери ҳаммага ўхшаб ўшалардан деб ўйлардим. Энди билсам сен шу зиндонга тушиб қолгансан. Сени зиндондан қутқариш учун кимдир қурбон бўлиши керак. Ўша қурбон – менман. Адашган, йўлини йўқотган сен эмас, мен эканлигимни сездим ва мени тирилтир, менга ҳаёт бағишла, деб олдингга келдим.

У бундай демоқчи эмасди, бироқ ҳаяжонининг зўридан бир неча кундан буён хаёлини банд этган ўйларни гапириб юборди.

Ҳаво унга ажабсиниб тикилди: нигоҳидан ҳеч нарсани англамагани шундай сезилиб турарди. Унинг кўп нарсани тез фаҳмлайвермайдиган пешонаси тиришиб, бу суну сумбатини келишган деб бўлмайдиган, бироқ таъби нозик кўринган йигитнинг нима демоқчилигини англолмай ҳайрон эди. Ҳаво бирон нарса демай, столда ётган газетани олиб, кўзи тушган жойидан ўқий бошлади. У ҳам барча аёллар каби шу йўл билан вақтдан ютмоқчи ва нимадир ўйлаб топмоқчи эди. Бироқ, газетани ўқиган жойини йўқотиб қўйди-да, бир газетага, бир Н.га жонсарак тикилди. Ҳаво бундай сўзамолликка ўрганмаганди, аммо бу сўзамоллик ичида қандайдир ғалати, ғайритабиий хулоса бор эдики, у шу хулосанинг тагига етмоқчи эди. Ҳаво учинчи марта газетанинг ўша жойига кўз югуртирди ва секин ўрнидан туриб, Н.дан кўзини узмай тисарила бошлади ва эшикка етгач бақириб юборди.

Н. қўрқиб кетиб, унга қаради ва юзи оқариб кетган, қўлида газета ушлаганча қалтираб турган Ҳавони кўрди.

– Кет, – деб бақирди бирдан Ҳаво унинг қарашидан ўзини олиб қочар экан. – Кет. Мен сенга ҳеч нарса қилганим йўқ. Кет. Мен арвоҳлардан қўрқаман.

У ажабсиниб, ўрнидан турди ва Ҳавога яқинлашмоқчи бўлди.

– Кет, – деб чинқириб юборди Ҳаво ўзини даҳлизга олар экан ва қўлидаги газетани унга қараб отиб.

У юзига келиб теккан газетани илиб олди-ю, буклаб, Ҳавонинг изидан даҳлизга чиқмоқчи бўлди.

Бироқ, ҳаво шундай чинқириб юбордики, у жойида таққа тўхтаб қолди. Ётоқ эшиги очилиб, барваста кўринди. Ҳаво барвастанинг орқасига ўтиб олиб, юзини бекитганча йиғлаб юборди.

– Кет, – у йиғларкан товушида таҳлика ва қўрқув зоҳир этганди. – Мен сени ҳеч қачон қарғаганим йўқ. Кет. – Ҳавонинг йиғисини кўриб барваста олдинга ўтди.

– Чиқариб ташлашимни истамасангиз, ўзингиз кетинг.

Вазият жиддий тус олган, важоҳатига қараганда, Ҳаво уни барвастага судратиб, чиқартириб ташлашдан ҳам қайтмасди.

Н. индамай пальтосини кийди. Барваста сакрашга тайёр шердек, унинг ҳар бир ҳаракатини ҳушёр кузатиб турди. Фақат эшик ёпилгачгина унинг таҳдидли чеҳраси ичкарида қолди. Н. зинадан тушар экан, Ҳавонинг бирдан титраб-қақшаб, қўрқиб кетишига мажбур қилган газетага кўз ташлади. Газетанинг букланган жойида “Навбатдаги худкушлик” сарлавҳаси тагида шундай хабар ёзилганди: “Кеча эрталаб Жанубий темир йўл вокзалида поезд остида қолган жасад топилди. Жасадга қараб кимлигини аниқлаб бўлмасди. Фақат мурданинг чўнтагидан чиққан ҳужжатгина унинг шахсини аниқлаштирди. Бу одам С. ташкилотининг катта ходими Н. бўлиб чиқди. Дастлабки тахминларга кўра Н. худкушлик қилган – кечаси ўзини поезд остига ташлаган”.

ДАФН

С. ташкилоти марказий кўчалардан биридаги ҳашаматли бинога жойлашган обрўли идоралардан бири эди. Бу ердагилар асли нима билан шуғулланишларини ва идора ишлаб чиқарган қарорлар ва кўрсатмаларнинг нима учун зарурлигини ўзлари ҳам унчалик тушунмас, бироқ идорадагилар тиним билишмас, хоналардан ишга доир баҳс-мунозаралар, қаватлар деразаларидан тинимсиз шақиллаётган ёзув машинкаларининг шовқини эшитилар, хизматчилар у қаватдан бу қаватга, у хонадан бу хонага югургилаб юришарди.

Н. бинога одатдагича саккизга қолмай кириб борди, тўғри иккинчи қаватга кўтарилиш учун зинага қараб юрди. Унинг хонаси иккинчи қаватда жойлашганди. Эшик оғаси ҳар доимгидай кўришиш учун унга қўл чўзди-ю, сўнг нимадир эсига тушиб, қўли чўзилган ҳолда бақрайганча қотиб қолди. Н. хонасига бурилаверишда – зинада ҳисобчи аёлга дуч келди ва бош ирғаб салом берди-да, унинг ўтиб кетишини кутиб, бир муддат тўхтади. Бироқ ҳисобчи аёл уни кўриб тўхтаган жойида қотиб қолган, кўзлари қинидан чиқиб кетгудай катта очилган лаблари пирпирарди.

– Марҳамат, – деди Н. ҳамишагидек юмшоқ овозда, – ўтинг.

Ҳисобчи аёл унинг товушини эшитиб сесканиб тушди ва қўлидаги қоғозларни асабий ғижимлаганча “Сиз… сиз… – деб ғудранди ва кейин, – ҳозир… ҳозир… раҳмат” деди ва шошиб юқори қаватдаги раҳбарнинг қабулхонасига қараб, югургилаб чиқиб кетди. Н. опанинг елкасига уриб кўришишга ва кайфиятини сўрашга ўрганган эди; унинг довдираб қолганини кўриб, ажабланди ва опа чақириб қолармикин деган умидда хонасига қараб секин кета бошлади. Хонасига кирар экан, қаватдаги бир неча хонадан бош чиқариб ўзига қараб турган хизматчиларни кўрди. Ҳаммасининг юзида ҳисобчи опанинг юзидагига ўхшаш ҳадик акс этган эди. “Раҳбар яна мажлис қилмоқчи, чоғи”, деб ўйлади у. Раҳбар мажлис қиладиган куни ҳамиша палапартишлик бошланар, ҳамма вақтида ишга келиб, қилинмаган ишларини тезроқ бажариб, Раҳбарга кўрсатишга шошилар ва хизматчилар югургилаб қолишарди. Н. хонага кириб, курсига ўтирди-да, жума куни улгуролмаган ишларини тартибга келтириш учун қоғозларни тита бошлади. Хона тор бўлса ҳам шинамгина эди; тўрга диван, диванга ёнма-ён икки жавон қўйилган, хонадошининг столи эса кираверишда чап қўлда жойлашган эди. У ҳали зарур қоғозни топишга улгурмасдан остонада хонадоши кўринди ва уни кўриб, худди эшик оғасига ўхшаб серрайиб қолди. Сўнг даҳлизга кўз югуртириб секин орқага тисарилди ва салдан кейин даҳлизда шошиб ташланаётган қадам товушлари эшитилди.

Н. озроқ чақимчилик ва хушомадгўйлик қилиб юрадиган хонадошини ёқтирмасди – даҳлизда қадам товушлари тингач, у ишини давом эттирди. Бу қоғозлар идорада ҳар куни юзлаб нусхада тайёрланар ва Раҳбарнинг имзоси қўйилгач, қайгадир юбориларди. Идора хизматчилари маълумотли ва бошқа муассасалар ҳасад қиладиган даражада саводли кишилар бўлиб, кўпчиликнинг ҳаваси келарди. Шу сабабли ҳам янги ғоялар, ташаббуслар дастлаб шу идорадан чиқар, ҳар хил мавзуга бағишланган йиғинлар ўтказилар, машваратларга келадиган машҳур олимлар, шоирлар, алломалар фикри узлуксиз ёзиб борилар, баъзида хориждан ҳам қайсидир мавзуга бағишланган йиғинларга олимлар таклиф қилинар, ўша мавзуни ҳар томонлама ва қизғин муҳокама қилишар, уларни тартибга солиш, тўплаш, таҳрир қилиш ва тавсия қилиш учун идора хизматчилари ойлаб бош қашигани вақт топишолмас, ҳисоботлар тайёрланар, қайтарилар, текширилар, қайта тавсия қилинар ва сўнг янги ишлар бошланар, баъзан идора фақат бир масала юзасидан ойлаб текширишлар олиб борарди. Идорада иш босқичма-босқич амалга оширилар, биринчи босқичдагилар тайёрлаб берар, иккинчиси таҳрир, учинчиси хулоса, тўртинчиси тавсия қилар, бешинчиси умумлаштирар, шундан кейингина Раҳбарнинг столига борар, агар бирор ноаниқлик бўлса, яна ўша босқичлар орқали аввалгисига қайтариларди. Идорада тартиб жуда қаттиқ бўлиб, қуйи босқичдагилар учун юқори босқичдагилар кўрсатмаси ва буйруғи қатъий ҳисобланар ва унга сўзсиз амал қилинарди. Қуйи босқичдагилар кўпинча оддий хизматчи ёшлар ёки омади чопмаган кексалардан иборат эди. Бутун идора Раҳбарнинг хоҳиш-иродаси билан бошқарилар, агар Раҳбар қувноқ бўлса, ўша куни бутун идора хуш-хандон бўлар, агар Раҳбарнинг авзои бузуқ бўлса, бутун идора хўмрайиб, мотам кайфиятида юрар, юқори поғонадагиларнинг айримлари ростдан ҳам қора кийиниб олишгача борарди.

Раҳбар ўз қўл остидагилари билан деярли гаплашмас, барча буйруқларни бешинчи поғонадагилар орқали жўнатар ва назорат қилар, ҳамда шу поғона орқали ишга қабул қилинганини ёки бўшатилганини билдирарди. Бешинчи поғонадагиларнинг қовоғидан қор ёғса, демак, идора осмони булутли эканини билиб олиш мумкин эди.

Н. мансаб жиҳатдан учинчи поғонага мансуб эди ва яқин орада уни тўртинчи поғонага ўтказиш мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар бўлмоқда ва шахсан Раҳбарнинг ўзи буйруққа аллақачон имзо чеккан, гап фақат тўртинчи поғонадаги кекса мудирнинг нафақага чиқишига қараб қолганди. Н. қоғозларни титиб ўтириб, бирдан нега Ҳаво билан бўлган воқеани кундалигига ёзмагани эсига тушди ва тортмадан яшил жилдли дафтарни олиб, олдига қўйди ва ҳамишагидек шошмасдан, бошидан ўтганини бир-бир кўз олдига келтириб, чиройли ва катта ҳарфларда ёза бошлади. Бироқ у бир варақ ёзмасдан эшикда уч кишининг боши кўринди: булар бешинчи поғонадаги ходимлар бўлиб, улар деярли бир хил тусда кийинишган, камзуллари Раҳбарникига мос мовий рангда эди. Уларнинг юзида ҳам фақат фавқулодда ҳолатларда юз берадиган таҳлика ва малол зуҳур этганди. Учаласи ҳам хонага шошиб киришди ва Н.нинг қаршисида бир сафда тизилганча тек қотишди, сўнг бир-бирига кўз ташлашди. Эшикдан яна бир неча киши қараб турар, афтидан, даҳлизга бутун идора йиғилган, у ердан шивир-шивир ва полнинг тинимсиз ғичирлаши эшитиларди.

– Ҳурматли Н. – деди ўртадагиси шерикларига яна бир бор кўз ташлаб олгач, – сиз кечаги газеталарни ўқидингизми?

– Ҳа, – деди Н. иложи борича юмшоқ ва бепарво оҳангда. – Қандайдир англашилмовчилик юз берибди.

– Бироқ у ерда, – деди ўнг тарафдаги ходим, – сизнинг поезд тагида қолганингиз ҳақида ёзилган.

Н. унинг қалин қошлари пирпираб кетганини кўрди. Н. ўз хизмат даврида бу ходимлар билан бирон марта ҳам юзма-юз гаплашмаган эди.

– Ҳозир газетага телефон қилмоқчиман. Улар кимнидир мен билан адаштиришибди. Мен агар поезд тагида қолганимда бу ерда ўтирмаган бўлардим. – Н. шундай дея олдидаги дафтарни ёпди. Бироқ бирдан юрагига нохуш бир ҳис ўрмалаб кирди: у ўзига қарши нимадир тайёрланаётганини сезиб қолди.

– Биз ҳам шунга ҳайронмиз, – деди ўртадагиси. – Кўмиш маросимига идора анча чиқим қилди. Ҳозир гулдаста ҳам олиб келишди. Сизни сўнгги йўлга кузатиш учун бутун идора ходимлари бир неча дақиқадан сўнг қабристонга бориши керак. Автобус ва зарур бўлган барча нарсалар ҳозирланган. Вазирликка бу ҳақда хабар қилинган. Кўриб турибсизки, иш жиддий тус олган.

Н. даҳлиздаги одамларнинг шовур-шувури босилиб, бир неча сония жимлик чўкканини сезди. Учта ходим ҳам жуда ноқулай вазиятда қолган, устига-устак даҳлиздаги одамларнинг қабристонга боришга астойдил тайёргарлик кўришгани юзларидан шундай кўриниб турарди. Н.нинг ўзи ҳам шунча одамни қабристонга боришдан маҳрум қилиши мумкинлигини ўйлаб хижолат тортди.

– Нима бўлганда ҳам ҳурматли Т. – деди у хижолат бўлганини яширмай. – Бу тадбирни тўхтатиш зарур. Жуда хунук иш бўлибди. Кеча ҳам мени биттаси ўлган деб ўйлаб уйидан ҳайдаб чиқарди.

– Бу бизнинг қўлимиздан келмайди, – деди ўртадагиси, – сизни кўмиш министрлик билан келишилган. Эҳтимол, министрнинг ўзи ҳам қатнашар. Ахир уларга қандай қилиб янглишибмиз, деб айта оламиз. Йўқ, бу сира мумкин эмас.

Ёнидаги икки шериги ҳам бир овоздан “мумкин эмас”, деб тасдиқлади.

Даҳлиздагилар ҳам бош чайқашга киришди: бири чапга, бири ўнга бош чайқаб, бунинг иложи йўқлигини тасдиқлашарди.

Н. ишнинг бу даражада жиддий тус олишини кутмаган эди. Агар министрнинг ўзи ҳам келмоқчи экан, бунга Раҳбар бош қўшган ва ҳаммаси ҳал бўлган. Бироқ у бирдан қўрқиб кетди: булар қабристонга кимни кўмишга боради, ахир у тирик-ку! Идорада бошқа ҳеч ким ўлмаганди. У ходимлардан шундай деб сўради.

– Албатта сизни… – бир оз тутилиб жавоб берди Т. Аммо айтган гапидан ўзи уялди, шекилли, – ҳаммаси сизнинг номингиз билан бажарилаяпти, – деди изидан юмшоқроқ қилиб.

– Мени кўмиш мумкин эмас, – деди нохуш бир ҳодисадан кўнгли ғашланиб, – мен ахир тирикман. – Бироқ гапи шундай қатъиятсиз чиқди-ки, у бирдан хижолат тортиб тўхтаб қолди.

– Айтишга осон, – деди Т. унинг довдираганини сезиб.

– Айтишга осон! – деб такрорлади ҳамроҳлари ҳам. Улар бир-бирлари билан кўз уриштириб олишди.

– Сизнинг барча ҳужжатларингиз кечаёқ марҳумлар қаторига қўшиб қўйилган. Биз учаламиз кеча эрталабдан буён тинганимиз йўқ. Бугун соат ўнга тайёр бўлсин деган буйруқ бўлди. Биз буйруқни шошилинч бажаришга мажбурмиз.

– Ахир ҳеч қурса ўликни кўриб, мен эмаслигимни сезгандирсизлар? – Н. уларни бир оз ҳовуридан туширмоқчи бўлди.

– Бўлмасам-чи, – такрорлади чап ва ўнг тарафдаги ходимлар. – Бу масалада ҳеч кимга ишонилмади. Шахсан ўзимиз ўликхонага бордик. Юз, қўл, оёқдан ҳеч нарсани билиб бўлмади, бироқ бўйи, танасининг ранги ва ҳужжат бизда шубҳа қолдирмади. Шундан кейин биз барча ҳужжатларингизни расмийлаштириб қўйдик.

– Ҳатто ўрнингизга одам ҳам олинди! – деб юборди биттаси.

– Ўрнимга одам олдиларингиз?!. – Н. энди курсидан туриб, уларга яқин келди. Ходимлар ҳар эҳтимолга қарши орқага чекинди.

– Ўзингиз биласиз, – деди Т. унинг яқинлашиб келаётганини кўриб, бир оз юмшоқ оҳангда, – идорада бирон соат ҳам иш тўхтамаслиги керак. Иш масаласи кеча ҳал бўлган. Ҳужжатларингизни елимлаётиб, ахир эртага ўрнингизда ҳеч ким ишламайди-ку, деган фикр ўтди хаёлимдан ва тезда чора излашга тушдик. Кечга яқин шундай йигит топилди ва Раҳбар буйруққа имзо қўйди.

Н. эшикка қараб, у ерда энди ўнлаб киши бошини тиқиб турганини ва яна орқада кимлардир бошини суқишга ҳаракат қилиб, шовқин қилишаётганини кўрди. Эшикдан мўралаб турганлар ичида ҳамхонаси ҳам бор эди; у ёнидаги шеригининг қулоғига Н.ни кўрсатиб нимадир деб шивирларди.

– Ҳурматли Т. – деди Н. товушини кўтариб, – биламан, сизларни анча овора қилдим. Аммо бу ерда менинг заррача айбим йўқ. Бу хабар мен учун ҳам кутилмаган бўлди. Ҳужжат масаласига келсак, мен сизга бир ой олдин ҳужжатларимни ҳаммомда ҳамёним билан қўшиб ўмариб кетишганини айтган эдим. Шундан бери керакли жойларга бир неча марта мурожаат қилишимга қарамай, ҳужжат қўлимга теккани йўқ. Шу сабабли бу ерда жуда катта англашилмовчилик юз бераяпти. Сиздан илтимос, маросимни тўхтатсангиз ва идорага менинг тирик эканлигимни маълум қилсангиз. Йўқса, мен Раҳбарга мурожаат қилишга мажбур бўламан.

Унинг товушидаги қатъият даҳлиздагилар ва ичкаридагиларга таъсир қилди чоғи, бирдан сукунат чўкди. Ҳатто остонада турганлар ҳам шивир- шивирини тўхтатди. Уч ходим бир-бирига қараб олди, уларнинг юзларида довдираш аломатлари пайдо бўлди. Бироқ Т. шу заҳоти ўзини тутиб олди ва Н.га қараганда ҳам қатъиятлироқ қилиб жавоб берди.

– Биринчидан, – деди у, – пўписангиз беҳуда. Бизни олдингизга шахсан Раҳбарнинг ўзи жўнатди. У кишига хонада қандайдир бегона одам ўтиргани маълум қилинган. Сизнинг гапларингиз уни ажаблантирмайди.

– Асло ажаблантирмайди, – деди иккала шериги ҳам. – Шунинг учун ҳам у Раҳбар!

– Бироқ бир йўли бор, менимча, – деди Т. унга хайрихоҳлик билан. –Агар одамлар қабристонга боришдан бош тортишса ва буни раҳбар тасдиқласа, бу масалани ўйлаб кўриш мумкин. Бироқ шунда ҳам бирон натижа чиқишига ишонмайман. Шундай бўлса-да, одамлардан сўраб кўриш керак. – У шундай дея эшикда жой талашаётганларга мурожаат қилди:

– Хўш, бугун маросимни қолдирамизми?

Даҳлизда бирдан ғола-ғовур кўтарилди. Орқада, юзи кўринмаётган бир киши “Йўқ, бўлмайди, одам ўлади-ю, қабристонга бормас эканмизми?” деди. Шундан сўнг бошқалар унга жўр бўлишди: “Атайлаб кийиниб келганмиз, қолдириш мумкин эмас”, “Бизни ўйинчоқ қилишмасин, борамиз дедикми, борамиз”, “Кўмиладиган кишини тезроқ кўмиш керак, ўлик қараб турмайди”, “Биз ўз ходимларимизга ҳурматимиз қандайлигини бошқаларга кўрсатиб қўйишимиз керак”.

Т. Н.га қараб елка қисди.

– Кўриб турибсиз, бунинг сира иложи йўқ. Сизни булар аллақачон ўлганга чиқаришган. Ундан кейин биз нимага асосланиб сизнинг ҳақиқатдан ҳам Н. эканлигингизга ишонамиз. Сизда ҳеч қандай ҳужжат йўқ, шундай эмасми?

– Бу англашилмовчиликнинг тагига етгунча сиз кутиб туришингиз керак. Мен шу бугун ҳаммасини ойдинлаштираман, – деди Н. Т.ни яна бир бор муросага чақириб.

– Бу мумкин эмас. – деди Т. – роппа роса ўттиз дақиқадан сўнг автобуслар жўнайди. Биз ҳали ўликхонага боришимиз керак. Сизга эса одамгарчилик юзасидан – Т. “одамгарчилик” деган сўзни алоҳида такидлади, – маросим тугагунча хонада ўтириб туришингизга рухсат берамиз. Раҳбар ҳам шундай деди. Орамиздан яқин дўстимиз кетди, шундай кунда бировнинг кўнглини чўктирмайлик, майли хонада ўтиргиси келган экан, ўтириб тура қолсин деди. Биз ҳам шундай деб ўйлаймиз. Вақтимиз зиқ, шу сабабли сизни холи қолдиришга мажбурмиз.

Т. шундай деб, изига бурилди. Ҳамроҳлари ҳам пилдираб эргашишди. Бир пасда даҳлиз бўшаб қолди. Хизматчилар хона-хоналарига кириб, маросимга тайёргарлик кўра бошлашди. Ҳар-ҳар дамда уларнинг бир-бири билан маросимда қандай галстук ёки қайси рангдаги костюм кийиш расм бўлгани ҳақида баҳслари қулоққа чалинарди. Очиқ эшикдан қандайдир қоғозлар кўтариб олган ўта жиддий аёллар ўтиб қоларди. Н. хонада узоқ ўтирди. У маросимни энди тўхтатиб бўлмаслигини ўзи ҳам сезган, идорадаги руҳ унга ҳам ўтган, кўп йиллик кўникмаси билан маросимни беками-кўст ўтказиш ташвиши чулғаган эди; у ҳам ўзи сезмаган ҳолда тағин маросимда бирон камчилик бўлиб, идорамиз шаънига доғ тушмасин деган бир хавотирга тушган, у ёқ-буёққа шошиб ўтаётган хизматчиларни кўрганда ўзининг ҳам улар билан қўшилиб нимадир қилгиси келиб қоларди. У маросимни ўтказиш учун каттагина харажат қилишганини, ташкилий иш қаттиққўллик билан бошқарилаётганини сезиб турарди: шу сабабли бирданига Раҳбарга меҳри товлаб кетди ва ўзининг идорада шундай обрўси борлигидан ичида ғурурланиб қўйди. У бу ерга ишга келганидан буён идорага бутун умри сингган хизматчиларни ҳам бундай алоҳида ҳурмат билан кўмишганини эслолмасди. Ҳатто министрнинг ҳам қатнашиши Н.га маросимнинг аҳамияти беқиёс эканлигини кўрсатарди. Н. ўзига қилинаётган бундай иззат-ҳурматдан ғурурланиб қўйди ва худди бешинчи поғона ходимларидек хона бўйлаб, салобатли қадам ташлаб юра бошлади.

Эшикдан узун бўйли, эски пальто кийган, ёшига нисбатан жуда жиддий кўринадиган йигит кириб келди ва Н. билан қуюқ кўришгач, пальтосини эҳтиёткорлик билан илгичга осди. Кейин тўғри унинг курсисига бориб ўтирди-да, Н.га бошдан оёқ разм солиб йўғон товушда:

– Бирга ишларканмиз-да, – деди.

Н. йигитни танимаган бўлса-да, бош ирғади.

– Сизларда маросимми? – сўради йигит яна худди Н.ни кўзлари билан эгиб олмоқчидек ўткир нигоҳини қадаб.

– Ҳа, – деди Н. – жиддий тайёрланишаяпти.

– Мени унинг ўрнига ишга олишди, – йигит “жойи жаннатда бўлсин” дегандай юзига фотиҳа тортди. – Кейинги пайтда ўлим кўп бўлаяпти, – қўшиб қўйди изидан. Н. ҳали Т. Айтган, ўзининг ўрнига ишга олинган янги ходим шу йигит эканлигини тушунди. Идорадаги ходимларнинг қон-қонига сингиб кетган тартиб-интизомга кўра, йигитнинг гапларини сира ажабланмай қабул қилди. Аммо кейин англашилмовчилик бўлмаслиги учун йигитга ўзини танитишни маъқул кўрди.

– Улар мени кўмиб келишмоқчи?

Янги ходим қошларини пирпиратиб Н.га чўчиброқ тикилди.

– Газетада англашилмовчилик билан менинг номимни ёзиб юборишибди. Энди булар кўмиб келишмоқчи, – қўшиб қўйди Н. янги ходим навбатдаги саволни бермаслиги учун.

– Қизиқ, – деди йигит. – Демак сизнинг ўрнингизга келибман-да.

– Ҳа. Аммо бу ерда сизнинг айбингиз йўқ.

– Маросимни тўхтатсангиз бўлмайдими? – деди йигит бирдан чўнтак ковлаётиб қўлга тушган ўғридек хижолатомуз.

– Нималар деяпсиз? – чин юракдан эътироз билдирди Н. – Ахир қанча тайёргарлик кўришди. Ҳатто министрни ҳам хабардор қилишган. Шундай маросимни тўхтатиб бўларканми?

Янги ходим ҳам вазиятнинг ниҳоятда жиддийлигини тушунди, чоғи, Н.га бошқа савол бермади.

Даҳлизда бирдан талотўп бошланди. Ходимлар шошилиб хоналарини қулфлашга киришдилар. Кимдир “Автобус келди” деб бақирди. Н. ҳам беихтиёр ходимлар сафига қўшилиб, пастга туша бошлади. Энди унга ҳеч ким эътибор бермас, ҳар ким ўз иши билан овора, яхшироқ жой олиш учун автобусга шошилишарди. Н. автобусга чиққанда у лиқ тўлган, жойлар банд эди. У орқа тарафга ўтиб кетмоқчи бўлди; орқа тарафда тик туриб бўлса-да, тиқилиб-суқилиб кетса бўладиган жой бор эди. Бироқ бирдан кимдир қўлидан тортди; Н. қайрилиб қараб, хонадошини кўрди.

– Ўтиринг, – деди хонадоши ўзига ярашмаган такаллуф билан. – Марҳумни ахир тик олиб кетиб бўлмайди.

Бу гапдан сўнг автобусдагилар бирдан эсларига тушгандай унга мулозамат қила бошлашди: “Албатта”, “Ўтиринг”, “Сизни қанчалик севишимизни билишингиз керак”, “Сизни жуда ҳурмат қиламиз”… Н. бу гапларга эътибор қилмай хонадошига бош ирғаб, ўриндиққа чўкди ва автобус ойнасидан бирма-бир орқада қолаётган биноларга қараб, “Наҳотки, ўзимнинг дафн маросимимда ўзим иштирок этсам?!” деб ўйлади.

Қабристонда одам ғужғон эди. Дарвоза олдида йигирмага яқин енгил машина турар, афтидан, министр ростдан ҳам келган, қоп-қора узун енгил машина олдида иккита миршаб машинаси ҳам бор эди. Н. бундай машиналарни олдин фақат кўчаларда кўрарди. У одамларга қўшилиб, ичкарига йўл олди. Тобутни аллақачон олиб келишган, мурдани лаҳадга қўйиб ҳам бўлишганди, чоғи. Энди фақат дафн этиш қолганди. Қабр бошидан министр, Раҳбар ва идоранинг масъул ходимлари жой олган, ҳаммасининг қўлида қоғоз ва ҳаммаси нутқ сўзлашга ҳозирланиб туришарди. Автобусдан тушганлар ҳам қабр бошига йиғилгач, минстролдинга чиқди ва томоқ қириб олгач, қўлидаги қоғозга қараб, овозига бир оз расмий тус бериб, гапира бошлади.

– Биз ёш ва навқирон, ҳаммамиз учун қадрли бўлиб қолган дўстимиздан айрилдик. Бу кун ҳаммамизнинг кўнглимизда абадий сақланиб қолади. Н. ғоят хушмуомала, одобли, ғайратли ва келажаги порлоқ йигит эди. Унинг бирон киши билан гап талашганини ёки қўполлик қилганини ҳеч ким эслай олмайди. У фавқулодда маданиятли йигит эди. Унинг худкушлик қилганига шахсан мен ишонмайман ва изқуварларимиздан бу жиноятнинг тагига етишларини талаб қиламан. Бизнинг ходимларни ҳеч ким хўрлашга ҳақи йўқ. Бу жиноятни бутун идорага, бутун министрликка нисбатан қилинган жиноят деб баҳолайман. Бизда ҳар бир ходим иззат ва эътиборда. Биз сени нақадар эъзозлар эдик, ҳурматли Н. Келинглар, бугун у билан видолашар эканмиз, уни қанчалик севганимизни, ҳурмат қилганимизни намойиш қилайлик. Ходимимизнинг қабри хор бўлмаслиги учун министрлик қабр устига мармардан ишланган тош ўрнатишга қарор қилди. Сизлар ҳам ҳамкасбларингизнинг қабрини мунтазам зиёрат қилишга, яхши-ёмон кунларда эслаб туришга сўз беринглар. Қабрда тинч ёт, қадрдон дўстим. Сен улгуролмаган ишларни биз давом эттирамиз ва номингни ҳеч қачон унутмаймиз!

Сўз тугаши билан уни қўлловчи қарсаклар бошланди. Баъзилар ростакамига йиғлаб ҳам олди. Ходимлар бир-бирига қараб, бош ирғашар ва министрнинг гапларини маъқуллаб шивирлашарди.

– Бағоят таъсирли, – деди Н.нинг ёнида турган ўриндоши пиқиллаб йиғлаб. – Мен шундай яхши инсоннинг ўрнига келганимдан фахрланаман.

Унинг гапи бир оз баландпарвозроқ чиққан бўлса-да, бироқ министрнинг нутқидан кейинги айни таассурот бўлгани учун Н.га эриш туюлмади, аксинча, ўзининг ҳам кўнгли анча вайрон бўлиб, унинг қўлини қаттиқ қисиб қўйди.

– Ҳеч қачон унутмайман, – деди яна ўриндош ўпкасини босолмай пиқилларкан, Н.нинг елкасига бошини қўйиб баралла ҳўнграб юборди.

Раҳбар ҳам министрга тақлид қилиб, худди у каби нутқ сўзлади. “Н.ни, – деди у оппоқ рўмолчаси билан кўзёшларини артар экан (қабр бошига йиғилганлар ҳам кўзёшларини артиб олишди), – мен бағоят севар эдим ва унинг келажаги порлоқлигига ишонардим. Мана шу қўлларим билан унга бир неча марта мақтов ёрлиқлари топширганман; энди менга унинг қабри устида нутқ сўзлаш ғоят оғирлик қилаяпти”. Н. Раҳбар ўзига ҳеч қачон мақтов ёрлиғи топширмаган бўлса ҳам ичида шундай бўлганига шубҳа қилмади. Бир ходим унга бирров кўз ташлади-да, кўзларини пирпиратиб, яна Раҳбарга тикилди. Унинг Н.га ҳасади келаётгани билиниб турарди. У Н.га дам-бадам ўғринча кўз ташлар, гоҳида бир муддат тикилиб ҳам қоларди.

– Керак бўлса, – деди у ниҳоят гапиришга журъат топиб, худди Н.ни узиб олмоқчидек аламли товушда. – Менинг отамни ҳам худди шундай ҳурмат билан кўмишган.

– Сизнинг отангизни, бу кишининг эса ўзини кўмишаяпти, – деди Т. ходимга шунга ҳам фаросатинг етмадими дегандек елкаси оша қараркан. Т. ўзининг иккита ҳамроҳи билан Н.нинг орқасида турар, афтидан, унинг бирон можаро бошлаб қолишидан хавотирда эди. Улар ўзларини сўзга чиққанларнинг гапларини диққат билан эшитаётгандай тутишса-да, икки кўзлари ҳам Н.га қадалган, унинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб туришарди. Сўзга энди Н. мутлақо танимайдиган, умрида кўрмаган одамлар чиқмоқда, уларнинг ҳаммаси ҳам бир оз кўзёш қилишиб, “дўстим”, “қадрдоним”, “фалон жойда шундай деган эдинг эсингдами”, деб хитоб қилишар ва марҳум ўзларининг бениҳоя яқин кишилари бўлганини, бу фожиа юракларини пора-пора қилганини қайта-қайта таъкидлашарди.

Сўзга чиққанлар шундай самимий гапиришардики, охир-оқибатда Н. улар билан таниш, ёру дўст эканлигига, қаердадир улар билан ўтириб, қадрдонлардек ўпишиб ажралганларига, ҳаётнинг қайсидир сўқмоғини бир- бирларига суянчиқ бўлиб кезиб чиққанларига ишона бошлади. У олдини тўсиб қўйган кишини айланиб, олдинга чиқиш учун қабр томон қадам босгандики, икки қўлтиғидан икки киши маҳкам қисиб ушлади, сўнг даст кўтарганча орқага судраб жўнашди. Нима гаплигини англагунча бўлмай уни қабристон дарвозасидан чиқариб қўйишди ва дарвозани тўсиб олишди. У қўлтиғидан олганлардан биттаси Т. эканлигини кўриб, ажаблангандек елкаси оша ўгирилиб қаради.

– Мен маросимни охиригача кўрмоқчи эдим. Ахир бунга ҳақим бор- ку! – деди муросали товушда. – Бунинг ёмон жойи йўқ.

– Бу гапларнинг энди сизга аҳамияти йўқ, – деди Т. унинг йўлини тўсаркан – раҳбар сизни қабристондан чиқариб юборишни буюрди.

– Тушуниб турибман. У киши маросимни бузиб қўяди, деб мендан хавотир олаяптилар. Бироқ унақа бўлмайди. Маросим менга жуда ёқиб қолди, уни қандай бузишим мумкин?

Т. ҳамроҳларига кўз ташлаб олди.

– Бўлиши мумкин, – деди у. – Бироқ биз буйруқни бажармасак, гап тегади. Сизнинг бу ерда бўлишингиз раҳбарнинг шаънига тегиб кетиши мумкин.

Н. кетишдан бошқа иложи йўқлигини англади. Бир-икки қадам ташлаб, яна Т.га мурожаат қилди.

– Эртага ишга чиқсам бўладими?

– Қанақа ишга? – ажабланди Т. – Ахир сизни кўмиб бўлишди-ку!

Н. шундагина ҳаётида бошқача, шу вақтгача яшаганидан кўра ўзгачароқ давр бошланганини сезди ва юраги шувиллаб кетди.

У қабристондан чиқиб, кўприк томон буриларкан, йўлда қабристон олдига йиғилган машиналарни кузатиб турган йўловчилардан бири ундан “Бу ерда нима бўлаяпти? Нега мунча машина кўп”, деб сўради.

– Биттасини кўмишаяпти, – деди Н. жаҳл аралаш.

– Тоза бехосият экан-да, шундай совуқдаям ўладими одам деган, – деди йўловчи машина ва миршабларга қўли билан имо қилиб.

Н. индамади, бош ирғаб қўйди. Сўнг қор кечиб нарига – анҳор бўйидаги сўқмоққа қараб йўл олди.

ЭРТАСИ

Н. кечаси анчагача ухлаёлмай ётди. Кейинги икки кун ичида бошидан ўтказганларининг тагига етишга уринар, бироқ ўйлашга қўрқарди. У ҳамон англашилмовчилик деб ўйлаётган бўлса-да, ишдан кетгани энди аниқлигини ҳис қилар, юраги ғашланар, аммо ҳаммаси ўтиб кетади деган бир умид уни овутиб турарди. У кўникмасига кўра уйқу олдидан эрталаб ўз вақтида туриш зарурлигини ўйлади, бироқ, бирдан эртасига ишга бормаслиги ёдига тушди. Ўзини бу рўёдан олиб қочишни истар, бироқ бўлаётган ҳодисалар олдида ўзининг ожизлигини сезиб, балки энди ҳаммаси беҳудадир деган тушкунлик бошланарди руҳиятида. У қачон ухлаб қолганини билмайди. Эрталаб уйғонганда тонг оқариб кетганди, у ювинди ва соқолларини қиртишлаб олди. Сўнг нонушта қилди, иштаҳаси йўқ эди. Аччиқ қилиб қаҳва ичди. Ўзига оро бериб кийинди, галстугини тақди. Кундалик одати бўйича занжири ялтироқ сумкасини олди-ю, бугун ўзини ҳеч қандай иш кутмаётгани эсига тушиб, бир зум серрайиб қолди. Кўп йиллардан бери у биринчи марта бегим кунлари ишсиз қолган эди. Ўзини бир оз чалғитиш учун яна қаҳва қуйиб ичди. Борадиган жойи йўқ эди. Кимга бориб мурожаат қилишни билмас, англашилмовчилик кимдан, қаердан бошлангани унга қоронғи эди. Умуман, у ҳеч нарсани тушунмаётгандай эди. Бироқ тартиб-қоидадан четга чиққиси келмасди. У кундалик ҳаётининг маромини бузиб ўрганмаганди. Кийимлари билан тўшакка чўзилди. Хонадан бўёқ ҳиди келарди – у хонасини яқиндагина бўятган, ҳали баъзи жойлари қуриб улгурмаганди. Шу ётишда узоқ ётди. Эшик қўнғироғи жиринглаганда бирдан чўчиб тушди; уни ҳеч ким барвақт йўқлаб келмасди. Ўрнидан зўрға туриб, эшикни очди. Ташқарида Т. ва ишхонанинг яна бир вакили турарди. Т. уни кўриб, ҳамишагидек тавозе қилди ва шляпасини қўлига олди. Шериги беўхшов ёмғирпўш кийиб олган, бир қўлини чўнтагига тиқиб турар, бошқа қўлида қоғоз қути бор эди.

– Биз сизга ҳамдардмиз, – деди Т. ўзини қайғураётгандай қилиб кўрсатиб. – Раҳбар ҳам сизга ҳамдард эканлигини билдириб қўйишни тайинлади.

– Раҳмат. У кишидан миннатдорман,– Н. ҳам ўз навбатида хуш такаллуф қилди.

– Бу ерда ҳужжатларингиз… – деди Т. қоғоз қутини ҳамроҳидан олиб, Н.га узатар экан. – Раҳбар вазият шуни талаб қилишини айтиб қўйишни тайинлади. Ҳужжатларингизнинг ҳаммасига “ўлди” деб муҳр босилган.

– Айтинг-чи, мен бу масалада қаерга мурожаат қилсам бўлади, – деб сўради Н. унинг гапидан бир оз мулойимлашиб.

– Бу ҳақда бизга маълумот айтиш буюрилмаган, – шоша-пиша деди Т.нинг ҳамроҳи. У Н.нинг саволидан қўрқиб кетганга ўхшар, эшикка яқинлашмай Т.нинг орқасида кўзини лўқ қилиб турарди.

– Сиз, афтидан, мендан чўчиётганга ўхшайсиз, – деди Н. вакилнинг олазарак бўлиб туришидан ўзини айбдор ҳис қилиб. – Лекин мен ҳаммасини тартиб-қоидага мос қиламан. Сизларнинг юзларингизни ҳеч қачон шувут қилмасликка сўз бераман.

Вакил Т.га бир қараб олди. У Н.нинг гапидан яна ҳам безовталаниб қолганди.

– Уни зўрға ўзим билан олиб келдим, – деди Т. ҳамроҳининг пачоқ бўлиб қолган шляпасига қараб. – У ўлган одамлардан жуда қўрқар экан. Ҳатто отаси ўлганда ўлик ётган хонага кирмаганман дейди. Ёшлигида кимдир уни арвоҳ билан роса қўрқитган, шекилли.

– Сиз қўрқмасангиз ҳам бўларди, – деди Н. вакилга чин дилдан ачиниб. – Мен ўлган эмасман, сизга ўхшаган тирикман, фақат англашилмовчилик бўлиб, мени ўлганга чиқаришди, холос.

– Ўлмаган эмиш, – деб ўзича ғўлдиради вакил. – У кишини аллақачон кўмиб келишди-ю, ҳали ҳам ўлмаганман деб ўтирибди.

Вакил унинг ўлганлигига сира шубҳа қилмаётган эди. Унинг қўрқувдан тақиллаб кетаётган жағига қараб Н. ҳохолаб кулиб юборди. Бунча калтабин экан бу одам, ўлган бўлганимда эшик очиб, уларни кутиб олган бўлармидим, деб ўйлади.

– Сиз бизни масхара қилманг, – деди Т. бирдан жиддийлашиб.

– Сизни масхара қилаётганим йўқ, – деди Н. уларни чўчитиб юбормаслик учун. – Менинг ўлмаганимни ҳамма билади-ку. Бу барчага маълум нарса.

– Маълум эмас, – деди Т. кўзларини пирпиратиб. У ҳам асабийлаша бошлаганди. – Сизни ҳамма аллақачон ўлганга чиқариб бўлди ва сиз ростдан ҳам ўлган одамсиз. Агар ўлмаган бўлганингизда ҳужжатларингизга “ўлган” деган муҳр босилмасди.

– Ҳурматли Т. – Н. иложи борича бу икки собиқ касбдошининг ҳурматини жойига қўйиб гапиришга тиришди. – Менинг ўлмаганимни, бу ерда жуда қўпол хатога йўл қўйилганини ўзингиз яхши биласиз. Бироқ негадир ўзингизни ҳеч нарса билмаганга олаяпсиз.

Т. бир оз типирчилаб қолди. Унинг аччиғи чиққани кўриниб турар, бурнининг учи терлаб кетган, қовоғи пир-пир учарди.

– Мен ҳеч нарса билмайман, – деди Т. жаҳл билан. – Биз кичик одаммиз. Ўлган деб буйруқ беришса ўлганга чиқарамиз. Асли сизни бир ҳафта олдин котиба қизнинг айби билан ўлганлар рўйхатига қўшиб қўйишган, Раҳбар имзо чекиб юборганди. Мен рўйхатдаги хатони Раҳбарнинг олдига олиб кирганимда андак жаҳли чиқди: “Шу арзимас хато деб мен бутун бошли рўйхатни қайтадан ёздираманми?! Қўйинг тураверсин, ўлган куни қайта рўйхатга киритиб ўтирмаймиз”, деди. У киши узоқни кўра оладиган киши, мана бир ҳафта ўтмай сизнинг ўлганингиз тасдиқланди.

“Ўлганингиз тасдиқланди”, деган гап Н.нинг жаҳлини чиқарди; булар кўзлари олдида турган одамнинг тириклигига ишонмай, қоғозга ишонадилар деб ўйлади.

– Балким, ҳали бу англашилмовчиликни ўнгласа бўлар, – деди у ўзи ҳам унчалик ишонмай. – Мен ахир тирикман-ку!

– Билмадим, – деди Т. шляпасини кияр экан, – ҳали биронта ўлик тирилганини эшитганим йўқ. – Шундай дея Т. зинага қараб йўл олди.

– Фақат арвоҳ бу дунёга қайтади, – деди вакил ва унга чўчиб қараб олиб, Т.нинг изидан жўнаркан. У зинага етгунча ҳам Н.га бир неча марта қараб қўйди. Афтидан, у Н. ҳужум қилиб қолишидан қўрқаётган эди. Улар зинада кўринмай қолгач, Н. эшикни ёпди ва қўлидаги қутини очди. Унда ўзига тегишли барча ҳужжатлар, маълумотномалар, суратлар бор эди ва ҳар бирига қалин қизил қаламда катта-катта қилиб “Марҳум” деб ёзиб қўйилганди. Н. қутини жавонга қўйди-да, деразадан бекат тарафга қаради. Т. Билан вакил зинадан тушган жойда уч-тўртта қўшни билан гаплашиб турар ва ора-сирада унинг деразасини кўрсатишарди. Н. қутини бир четга улоқтириб, курсига чўкди. Агар қўшнилар билиб қолса, унинг бу ерда яшаши анча мушкул бўлади. Н. уй назоратчисининг қаттиққўл ва баджаҳл одам эканлигини биларди. “Нима бўлса ҳам тезроқ олдини олишим керак”, деб ўйлади ва апил-тапил пальтосини кийиб, зинага югурди. У Т. гаплашиб турган қўшниси билан зинада дуч келди. Н.ни кўриб қўшнисининг ранги оқариб кетди ва ўзини четга олди.

Н. кўчага чиққанда Т. ҳам, вакил ҳам ғойиб бўлганди. У қорни ғачирлатиб қор кечганча бекатга қараб юрди. Кун совуқ эмас, аммо аёз нусхи бор эди. Пальтосининг тугмаларини қадар экан, изидан кимдир кузатаётгандай туюлди. Изига қараб ҳеч кимни кўрмади. Аммо йўлни кесиб ўтаркан, яна кузатишаётгандек туюлди ва бекатга етиб, изига қаради: боя у ўтиб келган йўл чеккасида қора узун ёмғирпўш кийган пакана йигит унга тикилиб турарди. У Н.нинг қараётганини кўргач, тез-тез юриб, нарироқдаги газета дўкони томон кетди. Н. буни тасодиф бўлса керак деб ўйлади. У йигитни танимади. Демак, нотаниш йигит уни кузатиб юрибди. Аммо у ўзини кузатишлари мумкинлигига сираям ишонмас, зеро у кузатиб юриладиган ҳеч қандай иш қилмаганди. Қора ёмғирпўшли йигит газета дўконига бориб, у ердан газета олди ва четга ўтиб варақлай бошлади; бошқа бир худди шундай кийинган озғин йигит газета дўкони орқасидан чиқиб, тўғри бекатга қараб кела бошлади. Н. йигитга разм солишга улгурмади – автобус келиб қолди. Бекатда турганлар уни суриб, бир пасда автобусга чиқариб қўйишди.

Автобус лиқ тўла, ҳатто ўртага тик туриш ҳам амри маҳол, кўплар оёқ остида қолмаслик учун суянчиққа осилиб олган, Н.нинг юзи қандайдир йўғон, юзи товоқдай, бағбақаси осилиб қолган аёлнинг юзига тегиб турар, аёл тинмай ҳансирарди, бироқ автобусга улгурганидан хурсанд эди чоғи, катта оғзини ёйиб, беўхшов жилмайиб қўярди. Кейинги икки бекатга автобус тўхтамай ўтди, шаҳар марказидаги кўчага бурилиши билан Н. автобусдан тушаркан, бояги ёмғирпўшли йигит шундоқ орқасида ўзига тикилиб турганини сезди. Н. сакраб тушиши билан митти одам шошиб қолди; у ҳам сакраб тушмоқчи бўлди-ю, бироқ автобус эшиги ёпилиб, юриб кетди.

Н. бутун шаҳарни ютаман дегандай атайлаб баҳайбат қурилган бино томонга юрди. Бу шаҳардаги энг баланд бинолардан бўлиб, шаҳар чеккаларидан ҳам бемалол кўзга ташланарди. Илгарилари у бу бинога эътибор бермаганди. Бугун унинг ниҳоятда улканлигини англади. Бино баҳайбат қўрғонни эслатар, Н. яқинлашган сайин янада улканлашиб борарди. Бу ҳол уни ҳайратга солди. У менга шундай туюлаётгандир деб, изига қайтиб кўрди, бинодан узоқлашаркан у яна кичрая бошлади. Соат ўн бирга яқинлашиб қолган, Н. бинонинг сир-синоатига узоқ маҳлиё бўлиб туролмасди. Бино қўрқинчли, сирли бўлса ҳам у тез-тез юриб, панжара билан ўралган дарвозага яқинлашди. Кираверишига кўплаб лавҳалар илиб ташланган, пўрим ва олифта кийинган одамлар бири кириб, бири чиқиб турар, ҳамма зарур иш билан банддай, атрофига қарамасдан шошиб, югуриб юришарди. Н. ойнаванд эшикдан кириб, ичкари дим ва бадбўйлигини сезди: димоғига аллақандай ёқимсиз ҳидлар урилди. Ўтиришаверганидан исқирти чиқиб, қайси рангдалигини билиб бўлмайдиган курсида калтагина хирқа кийиб олган семиз қоровул ўтган-кетганларга шубҳали нигоҳ ташлаб, ҳўмрайиб ўтирарди. “Ҳаёт” газетаси қайси қаватдалигини сўраганда, у Н.ни бошдан оёқ кузатиб чиқди, сўнг бўғиқ ҳарбийлик нуқси урган товушда “Ҳужжатингиз борми?” – деб сўради. Н. елка қисди.

– Ҳужжатсиз кириш мумкин эмас, – деди қоровул ўта расмий қилиб.

– Ҳужжатни унутибман, – деди Н. қоровулни чўчитиб юбормаслик учун.

– Ҳужжатсиз киритолмайман, – деди қоровул унинг олдини тўсиб, эшикка қараб ҳайдар экан. – Бу ер тартиб-интизомли жой. Ҳар хил қаланғи- қасанғилар кириши мумкин эмас.

Н. қоровул билан тортишиш бефойдалигини билиб, ўзини чиқиб кетаётганга солиб, эшиккача қайтди.

Қоровул ўтиш жойини гавдаси билан тўсиб турар экан, баъзи-баъзида таниш ходимларни кўрганда четга чиқиб тавозе билан сўйлоқ тишларини кўрсатиб жилмаяр ҳамда оёқларини ҳарбийларга хос қилиб бир-бирига уриб, ғоз бўлиб турарди. Кейин “Мана кўрдингми, бу ер қандай муҳим жой” дегандек, Н.га қараб-қараб қўярди. Н. эшик олдида узоқ кутди. Эшикдан тепакал, бўйи узун, пўрим кийинган киши кириб келиши билан қоровул яна ирғиб турди ва тепакалнинг қўлини олиб тавозе қилди. Сўнг четроққа тортиб, Н.ни кўрсатганча нимадир деб шивирлай бошлади. Тепакал ҳам Н.ни укки кўзи билан кузатиб чиқди, қоровул эса тинмай худди бир давлат аҳамиятига молик сирни айтаётгандай, қулоғига шивирларди. Охири тепакал қоровулга бош ирғади-да, Н.га қараб кела бошлади.

– Сизга “Ҳаёт” газети керакми? – тепакал Н.нинг рўпарасига келиб сўради. Н. шошиб бош ирғади.

– Нима масалада эди?

Н. узоқ тушунтирди. Бироқ тепакал ҳеч нарса тушунмагани унинг сур юзидан кўриниб турар, бироқ ўзини тушунгандай қилиб кўрсатиш учун тинмай бош ирғарди. Ниҳоят тепакал бари бир ҳеч нарса тушунмаслигига ақли етди чоғи, унга юринг ишорасини қилди ва қоровулга бош ирғаб қўйди. Улар қоровул олдидан ўтиб узун, номигагагина ёритилган даҳлизга ўтишди ва ғира-ширада зах ҳиди анқиб турган зинадан юқори қаватга кўтарила бошлашди. Тепакал зинадан чиқиб бўлгунча жим борди, қайсидир қаватга кўтарилишгач, у Н.га даҳлизнинг охирини кўрсатди. Бўёқ ҳиди анқиб ётган даҳлизда одам кўринмас, лекин бутун даҳлиз шарақлаб ишлаётган ёзув машинкалари шовқинига тўлганди. Даҳлиз охирида очиқ турган хонага қараб юрди. У ерда озғин, новча одам нимадир ёзиб ўтирарди. Н. ундан “Менга У. керак эди”, – деб сўради. Новча Н.га эътибор бермади, ҳатто бошини ҳам кўтармади.

Н. саволини товушини кўтариб такрорлади: унинг товуши кичкина хонани жаранглатиб юборди.

– Кар эмасман, – деди новча ёзишдан тўхтаб, Н.га разм соларкан. – Бандман, кўраяпсиз-ку!

Н. бир оз хижолат тортди. Новча секин, лекин жуда қатъиятли қилиб гапирганди.

– Менга У. керак эди, – деди бу гал юмшоқроқ оҳангда.

– Сизни бу ерга ким юборди ўзи, – сўради новча малол келганини яширмай.

– Ўзим… Бир хабар масаласида, – деди Н. ва яна бир марта воқеани бошдан оёқ тушунтиришга мажбур бўлди: гапираркан новча ҳеч нарса эшитмаётганини, ҳатто хомуза тортиб қўйганини сезди.

– Мени олдингизга бир ходим жўнатди.

– Тепакалми? – сўради новча хомуза тортишдан тўхтаб.

– Ҳа, – деди Н.

– Аблаҳ! – деди новча ўрнидан ирғиб тураркан, сўнг Н.нинг қўлидан тортиб ичкари киритди-да, эшикни ёпиб, яна такрорлади. – Аблаҳ у. Мени кўролмайди. Ҳаммани менинг олдимга жўнатади. – Кейин нақ Н.нинг қулоғи тагига келиб шивирлай бошлади. – Бўлим мудири ишдан кетаяпти. Муҳаррир мени мўлжаллаган. Шунга у ҳасад қилиб, ким келса, менинг олдимга жўнатади.

Н. яна У.ни сўради.

– У. мутлақо бу қаватда ишламайди, – деди новча. – Сиз иккинчи қаватга тушиб, 14-хонага боринг, уни ўша ердан топасиз.

Н. чиқиб кетмоқчи эди, новча яна тўхтатди.

– Мақола бўлса ўзимиз ҳам чиқариб бераверамиз, – деди ва Н.дан жавоб ҳам кутмай яна ярим шивирлаб давом этди. – Анави аблаҳни ҳам ўзим одам қилганман. Худди сизга ўхшаб мақола кўтариб келганди. Бир етим экан, қайтадан ёзиб чиқариб юбордим. Кейин ҳар куни мақола кўтариб келадиган бўлди. Акам, отам деди-ю, ишга жойлашиб олди. Ўзи ғирт саводсиз.

Н. ҳеч қандай мақола келтирмаганини айтди ва худди бу одам ўзини узоқ ушлаб қоладигандек, даҳлизга югуриб чиқди. Новча унга нимадир деди, бироқ Н. хоналардан чиқаётган шовқин остида унинг гапини эшитмади. Н. даҳлизда кимларгадир урилиб кетар, дарҳол узр сўрар, сўнг йўлида давом этарди. Бироқ ҳеч ким унинг узрига ортиқча эътибор бермасди – афтидан, бу ердагилар бир-бири билан тўқнашавериб кўникиб кетишган, тўқнашув ёки оёқ босишларга эътибор бермай ўтиб, қайтишаверарди.

Гўё тилсим юз бергандай бирдан даҳлизда ёзув машинкалари товушларини ҳам босиб қўядиган даражада ғала-ғовур бошланди: бир пайтда барча эшиклар очилиб, у ердан турли ёшдаги одамлар чиқиб кела бошлашди. Улар турли ёшда, турли қиёфада бўлса-да, негадир сочи тўкилган бошлари бир-бирига ўхшаб кетарди. Н. даҳлиз охирига етганда рўпарасидан келаётган тепакалга дуч келди. У Н.нинг қайтишини пойлаб ўтирганмиди ёки бирон ёққа чиқаётганмиди, Н. билолмади.

– Топдингизми? – деди у тиржаяр экан.

– Мен сизни жиддий одам бўлсангиз керак деб ўйлагандим, – деди Н. ва жаҳл билан олдидан ўтиб кетмоқчи эди, бироқ тепакал ушлаб олди.

– Сизни ҳеч ким лақиллатаётгани йўқ, – деди у яна ҳам тавозе билан. – Мен сизни бирон ўлик ҳақида хабар олиб келдингизми деб ўйлабман. Шу сабабли унинг олдига жўнатдим. Иккаласиям бир гўр, – кейин худди новча каби товушини пасайтириб шивирлади. – Ўликлар ҳақида ёзиб кун кўради. Бошқа нарсага ярамайди. Ёзганлари бир пул!

Н. тепакалнинг қўлларини куч билан сидириб ташлаб, зина томон юрди.

– Ўзим ёрдам бераман, нима хизмат бор эди, – бақирди изидан тепакал. У яна нималардир деди. Н. у ҳозир ушлаб оладигандек зинадан югуриб туша бошлади.

14-хона қия очиқ турарди. Н. эҳтиёт юзасидан аввал эшикни тақиллатди. Ичкаридан “Киринг” деган жавоб бўлгач, эшикни очиб мўралади. Хонада калта бўйли, думалоқ, сариқ одам нималардир ёзиб ўтирарди. У Н.ни кўриб, “Келаверинг” деди ва негадир уни кўриб хурсанд бўлганини яширмади. Н. у кўрсатган курсига ўтирар экан, хонада жуда бўғиқ бир ҳид борлигини сезди. Ҳиднинг ўткирлигидан унинг афти бужмайиб кетди.

– Нима бу? – сўради бурнини жийирар экан.

– Ҳа, ҳидми, – бепарвогина сўради бақалоқ. – Ҳечқиси йўқ, ҳозир кўникиб қоласиз. Бу хлорофин ҳиди. Тез-тез ўликхоналарда бўлганим учун уларнинг ҳиди ўтириб қолмасин деб, хонага хлорофин сепиб қўйганман.

Бақалоқ қув кўзлари билан кирган заҳоти кузатиб чиққан ва Н.ни онда- сонда келиб турадиган ҳаваскорлардан деб хаёлга борган чоғи, бирдан очиқ юз билан гапира бошлаганди.
Ҳақиқатдан ҳам салдан кейин Н. ҳидга анча кўникиб қолди.

– Бир марта, – деди бақалоқ ўзига суҳбатдош топилганидан хурсанд бўлгандек, ишини ёпиб қўйиб, Н.нинг қаршисига келиб тик тураркан, – ўлик сасиб кетган экан, кириб суратга олиб чиққунимча ҳид баданимга ўрнашиб қолибди. Юваман, ҳар хил атир сепаман, қани кетса. Ҳамма мендан мурда кўргандай қочади. Охири хлорофин билан ҳидни бир оз кеткиздим. Шундан бери хонамда хлорофин туради. Ишимиз оғир, лекин масъулиятли. Сиз менга нима хизмат билан келдингиз?

Н. нима учун келганини айтди.

– Ўша С. ташкилотининг ходими менман, – деди гапининг охирида.

– Демак, сиз ўша ўлган одамсиз, – деди бақалоқ қайтиб жойига ўтирар экан, ҳатто бу гапдан ажабланмади ҳам.

Н. воқеани батафсил ҳикоя қилиш учун жойлашиброқ ўтирди.

– Бир куни ҳаммомда ҳамёним билан ҳужжатимни ўғирлаб кетишибди. Мен кейин билдим. Поезд тагида қолган одамда топилган ҳужжат меники.

– Ҳужжат сизники бўлса, ўлган ким?

– Ҳамма гап шунда-да, – Н. босиқ ва дона-дона гапира бошлади. – Ҳужжат меники, аммо мен тирикман. Марҳум ё менинг ҳужжатимни топиб олган ёки ўша ҳамёнимни ўғирлаган кишининг ўзи.

– Бунақаси кетмайди, – деди бақалоқ, қўлини бигиз қилиб ҳирингларкан, – бировнинг ҳаётига кўз олайтириш яхши эмас. Сизга ўхшаб даъво қилиб келганларни жуда кўп кўрдим. Аммо биронтаси ҳам исбот этишолмади. Даъво қилиш осон. Исботлаш қийин.

– Мана сизнинг олдингизда турганимнинг ўзи исбот эмасми? – Н. бақалоққа ўзининг тириклигини исбот этмоқчидек ўрнидан туриб кетди.

– Ўтиринг, ўтиринг, – бақалоқ ҳар эҳтимолга қарши тортмасига қўл тиқди. – Бу далил бўлолмайди. Мен сизнинг ўлганлигингиз ҳақида жиноят бўлимидаги ҳужжатни кўрдим. Умуман, ҳужжатлар фавқулодда ҳолларда ўзгаради. Биз эса ҳужжатларга асосланамиз.

Бақалоқ ҳужжат ишларини узоқ тушунтирди. Гапирар экан, Н.га тез-тез кўз ташлаб қўяр ва тортмадан қўлини олмасди. Н. бақалоқнинг гапларига икки марта эътироз билдириш учун ўрнидан турди, аммо бақалоқ ўтиринг ишорасини қилди ва яна узундан узоқ тушунтирди. Н.га унинг гаплари аста- секин тушунарсиз тус олди. У ҳужжатларга кимлар имзо қўйиши-ю, кейин қаерларга тарқатилиши, имзо қўйган шахсларнинг ниҳоятда инжиқ одамлар эканлиги, аввало, ҳужжатларга қўл қўйишлари даргумон эканлиги, мабодо имзо чекиб қолишса, бу имзодан сира ҳам воз кечишмаслигини бидирлаб, бармоқларини букиб-очиб изоҳлади.

– Афсуски, сизнинг ҳужжатларингизга имзо чекиб юборишган. Энди сиз расман ўлгансиз.

Бақалоқнинг охирги гапи Н.га устидан совуқ сув қуйиб юборгандай таъсир қилди: эти жимирлаб кетди. Бақалоқнинг қаршисида ўтирган одамга қараб, “Ўлгансиз” дейиши, гарчи икки кундан буён бу иборага ўрганиб қолган бўлса-да, ўта сурбетлик билан айтилгандай туюлди-ю, энди бу гапи турқи совуқ одам билан гаплашиб ўтириш бефойда деган хулосага келди.

Н. бақалоқдан ўлик топилган бўлинманинг қаердалигини сўради.

– Айтилмайди, – деди бирдан бақалоқ сирли қилиб, бармоғи билан тепани кўрсатар экан. – Бу касб сири.

– Бу ерда қандай сир бўлиши мумкин? – ажабланди Н. У ҳатто кулмоқчи бўлди. Аммо бақалоқ унинг гапини бўлди.

– Қанақа сир бўлмаслиги мумкин? – деди бақалоқ ажабланган бўлиб. – Ахир ҳар бир газетчи ўзининг қорнини тўйғазиб турган манбани фош қилмайди-ку. Агар мен тўғри келган ҳар бир одамга бўлинманинг манзилини айтаверсам, ёзаётган нарсаларимнинг сирлилиги қаёқда қолади? Балким сиз бошқа бир газетанинг мухбиридирсиз? Балким айғоқчидирсиз? Мендан гап олиш, сўнг бўлинмани ўзингизники қилиб олиш учун келгандирсиз? Ҳатто ҳужжат ҳам йўқ-ку сизда. Сизга ўхшаганлар кўпи бу хонага жосуслик учун келишади. Бир марта “Тонг” газетасининг мухбири келди. “Сиз, – дейди, – бу рўйхатларни қаердан оласиз?”, дейди. “Балким уйдирмадир?” дейди. “Балким ҳеч ким ўлмаса ҳам сиз ўлди деб ёзиб юбораётгандирсиз?”, дейди. Мен, ҳурматли жаноб, миқ этмадим. Сир бермадим. Ахир газетамизнинг энг ўқишли саҳифаси айнан мен тайёрлаб берадиган саҳифа. Уни фош қилишга ҳақим йўқ, фош қилмаслик менинг бурчим!

Н. бирдан тушкун бўлиб қолди. Назарида ўзининг тириклигини ҳеч қачон исбот этиб бўлмайдигандай туюлди. Бироқ шу пайт бақалоқнинг шивирлаб гапираётганини эшитди.

– Сизга, – деди бақалоқ оғзига қўлини қўйиб шивирлар экан, – бир сирни очишим мумкин. Мен шаҳардаги ҳар бир ташкилотга биттадан одам қўйганман. Ташкилотлардан биронта ходим қазо қилса, менга хабар қилади. Қазо қилган одам ҳақидаги хабар биринчи бизнинг газетада чиқади. Сиз тасаввур қилолмайсиз, бу саҳифани одамлар қандай севиб ўқишини? Ҳатто баъзи газетхонлар бутун газетани ўлган одамлар ҳақидаги хабарга бағишланишини талаб қилишмоқда. Кеча мени муҳаррир шахсан шу масалада чақирди. Ҳозир барча ходимлар ўлган одамлар ҳақидаги хабарларга жалб этилган. Яқин орада газетамиз яна ҳам машҳур бўлиб кетса керак, – бақалоқ шу сўзларни айтиб бир оз керилиб қўйди. – Мана сиз бизнинг газетани мунтазам ўқиб борасизми?

– Йўқ, – тан олди Н. – Фақат қўлга тушганда ўқийман.

– Ана кўрдингизми? – деди бақалоқ хафа бўлгандек. – Ўзингиз мунтазам ўқимайсиз, яна тирикман деб даъво қилаяпсиз.

Н. газетани мунтазам ўқиб боролмагани учун уялиб кетди ва бақалоққа мулзам бўлиб қаради.

– Ўзлари ўқишмайди, – тўнғиллади бақалоқ, – яна ёзганингни кўришолмайди.

– Йўқ, йўқ, – Н. айбдор оҳангда унинг гапини бўлди. – Гап шундаки, мен сизнинг ёзганларингиз ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Аммо ўша мақоладаги англашилмовчилик туфайли мени ўлганга чиқаришган. Албатта, бу ерда сизнинг айбингиз йўқ. Сизга чалкаш ҳужжат беришган.

– Ундай деманг, – деди бақалоқ чийиллаб, қошини асабий чимираркан. – Менинг мижозларим ҳеч қачон адашмайди. Ундан кейин ҳужжатнинг чалкаш эканлигини олдин исботлаш керак.

– Сизнингча, ҳужжатнинг ҳақиқийлигини ким исботлайди? – Н. бақалоқнинг яна чийиллаб юборишидан қўрқиб, мутлақо осойишта ҳолатда сўради.

– Буни ҳеч ким билмайди. Бу бизга боғлиқ эмас, – деди бақалоқ жиддийлашиб. – Бу бизнинг ихтиёримизда эмас. Биз фақат бор ҳужжатларга таянамиз. Ҳужжатлар бизга келтириб берилади ва кейин қайтиб олинади. Ҳозиргача ҳеч ким ҳужжатлар қаердан келиб, қаерга кетишини билган эмас, ҳатто суриштиришмаган ҳам. Бунга ҳожат ҳам йўқ. Ҳужжатлар бизга тайёр ҳолда келади. Бизнинг бурчимиз унга сўзсиз ишониш ва кўз қорачиғидай асраб, яна қайтариб бериш. Ҳали ҳеч ким, энг юқоридагилар ҳам ҳужжатнинг қаердан келиб, қаерга кетишини билишмайди. Шу сабабли унинг тўғри нотўғрилигини исботлаб бўлмайди. Яқинда бир аёл қазо қилгани ҳақида хабар бериб юбордик. У қандайдир амалдорнинг онаси экан, касалхонада чалкашиб, ўлганлар рўйхатига тушиб қолибди, ўзи эса тирик. Амалдор газетамизни ағдар-тўнтар қилди, ҳамма ҳужжат излашга тушди; аммо у йўқ эди, у аллақачон пастдан юқорига, юқоридан пастга қараб айлана бошлаган эди. Уни ушлаб олиш мумкин эмас. Амалдор узр сўрайсизлар деб туриб олди. Бироқ муҳарриримиз қаттиқ турди: ҳали газетамиз тарихида узр сўраш ҳодисаси бўлмаган. Амалдор пўписа қилди, юқоридан кимларнидир ишга солди, муҳаррир миқ этмади. Бизнинг газета фақат бугунни эмас, эртани ҳам аниқ кўради. Уч ҳафтадан кейин амалдор бир варақ қоғоз кўтариб келди: онаси ростдан ҳам ўлиб қолибди. Шунақа гаплар.

Бақалоқ Н.ни синчиклаб кузатиб турди-да, кейин худди ниманингдир олдини олмоқчидай огоҳлантирди.

– Муҳарриримиз амалдорни хонасига киритмаган эди, сизни эса яқин йўлатмаса ҳам керак.

– Мен муҳаррирнинг олдига киришга зарурат сезганим йўқ. Сизга ўша хабарни қайси идора берганини аниқламоқчи эдим, – деди Н. бақалоқнинг ҳикоясидан яна ҳам мутаассир бўлиб.

– Қандай қилиб? – бақалоқ яна ўрнидан сапчиб турди.– Ахир ҳар қандай масала муҳаррир орқали ҳал бўлади-ку. Ундан кейин мен олдимга келган ҳар бир одам ҳақида тўлиқ ахборот беришим керак. У киши эса ўз навбатида юқоридагиларга шундай ахборот берадилар. Йўқ, оғайни, сиз муҳаррирни пашша қўриб ўтирадиган бошлиқлардан деб ўйласангиз хато қиласиз. Катта хато. Муҳаррир ҳар бир ходим учун ва газетамизга келиб кетган ҳар бир одам учун жавобгар, у барча нарсани билиши, хабардор бўлиши керак. Гарчи мен айтмасам ҳам муҳаррир сизнинг келиб ўтирганингиз ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Шу сабабли ҳар бир ишда у кишининг ижозати зарур.

Бақалоқ муҳаррирнинг фаолиятини узоқ таърифлади.

– Хоналарни мурда ҳиди босиб кетавергач, хлорофин сепишга мажбур бўлдик, – деди у. – Бу ҳидни босишга босди-ю, бироқ жамоатчилик орасида ҳар хил бўлмағур гаплар пайдо бўла бошлади. Шунда муҳарриримиз мутахассис чақирди. Бу мутахассис мурда ҳидини босувчи атир ўйлаб топди. Тўғри, бу атир ҳозир жуда кам ишлаб чиқарилаяпти, муҳаррир ва унинг ўринбосарлари хонасига зўрға етади. Аммо келажакда ишлаб чиқаришни кенгайтириш мўлжалланмоқда. – Бақалоқ яна бир оз мақтанмоқчи эди, бироқ унга халақит беришди. Эшикдан озғин ва жуда ораста кийинган ёш йигит кўринди; бақалоққа муҳаррир йўқлаётганини айтди. Бақалоқ ўрнидан ирғиб турди ва Н.га ана сизга айтмадимми, сизнинг келганингиздан аллақачон хабар топишган дегандек қаради: хонадан тез юриб чиқиб кетмоқчи бўлди-ю, Н.га қараб каловланиб қолди. Сўнг олифта йигитга нимадир деб шивирлади ва Н.га бурилиб: – Мен ҳозир келаман, бу киши сиз билан ўтириб туради, – деди. – Агар зериксангиз мана буни ўқиб туришингиз мумкин. Истеъдодли мухбиримизники, кейинги сонга тайёрланган. Ғалати нарса. Сизнинг ҳаётингизга ўхшаш томонлари бор…

Н. бақалоқнинг қўлидан хийла қалин қўлёзмани олди, олифта эса тўғри унинг рўпарасига яхшилаб жойлашиб олди. У қўриқчи итдай Н.дан кўз узмай ўтирар, гўё ўрнидан қимирласа таппа босадигандек шашти бор эди: Н. қўлёзма ўқир экан, у эса Н.ни синчиклаб ўқиётгандек эди. Н. аввалига унинг тикилиб туришидан ўзини ноқулай сезди-ю, бироқ қўлёзмани ўқий бошлагач, эътибор бермай қўйди. Қўлёзма пала-партиш ва хунук хат билан ёзилганди. Н. баъзи жумлаларига тушунмай икки-уч марта ўқирди:

“…Сен уйғонганингда қуёш аллақачон ҳовли адоғидаги тутнинг шохлари орасидан мўралаб турар, фарахбахш, осуда ёз тонгининг мусаффо ҳавоси дарахтлар соясини ҳали ҳам тарк этмаган; сен кеча қандай ётган бўлсанг сўрида ўша ҳолатда юз тубан тушиб ухлаб қолган эдинг; сенинг бутун вужудинг кечаги ичкиликнинг асоратидан қақшаб оғрирди, кўнглинг айниб, томоғинг қуруқшиб қолганди – сен кеча уйга қай ҳолатда келганингни ҳам яхши эслолмадинг, улфатларинг сени машинага ўтирғизиб юборишганди. Эсингда, фақат машинанинг тез юрганидан гувиллаган товуши ҳамда сенга номаълум бўлган қандайдир лойсувоқ уйлар ва жинкўчаларгина сақланиб қолганди. Бошқасини эслолмасдинг. Тўшак ботиб кетиб, елкаларинг уюшиб қолганди. Ўрнингдан туриб, хотининг уч кунча бурун ҳали отасиникига кетмасдан олиб келган бир шиша қатиқни музхона бурчагидан топиб олиб ичганингдан кейин кўнглинг айнигани бир оз босилди, ўзингни бардам сеза бошладинг.

Карахтлигингни ёзиш учун ювиниб олмоқчи бўлдинг, ярим ечиниб жўмракни бураганингда ер остидан узоқ гувиллаган товуш эшитилди ва бугун ҳам сув йўқлигини билиб асабийлашиб тупурдинг. Аксига олиб пақирлар ҳам бўм-бўш эди.

Сўрининг бир четига ўтириб, қуёш нурларига чўмилиб ётган осмонга қарадинг, осмон гўзал ва сенинг хаёлларинг каби бепоён, хаёл каби жозибали эди; тут шохлари орасидан осмон парча-парчаларга бўлиниб кўринарди; тут шохида иккита чумчуқ ўйнаб юрар, бир-бирига қараб ҳадеб чирқиллашарди. Шунда бирдан сенга қўшни ҳовлиларни ҳам, машиналар тинимсиз ўтиб турадиган кўчани ҳам қандайдир ғалати осойишталик қоплагандай туюлди. Сен бирдан ҳушёр тортиб, атрофга яхшилаб қулоқ солдинг, йўқ, ростдан ҳам атрофга ғайритабиий осойишталик чўккан эди. Бундай бўлиши сира кутилмаган ҳол эди, чунки бугун дам олиш куни, қолаверса, шундоқ эшикнинг тагидан ўтган кўча шаҳарнинг энг гавжум кўчаларидан бири эди. Сен сўрининг четига суяниб, оралиқ девордан бош чиқариб қўшнингнинг кенг ҳовлисига қарадинг, қўшнингнинг кенг ҳовлисида ҳеч ким йўқ, лекин ойнаванд айвоннинг эшиги ланг очиқ турарди – ҳовли ўртасидаги торда чойшаблар ва кир-чир осилган, сўрига худди меҳмон кутишаётгандек атлас кўрпачалар тўшалиб, дастурхон тузаб қўйилган эди, бироқ на қўшнининг ўзи, на ҳовлини ҳар доим бошига кўтариб ўйнашадиган болаларнинг биронтаси кўринмасди…”

Н. ҳали ҳикояда нима ҳақда сўз бораётганини ва бу ҳикоянинг ўзининг тақдирига қандай ўхшашлиги борлигини англагани ҳам йўқ эди, қаршисида унга тикилиб турган олифта йигит сўз қотиб қолди.

– Мен сизни танидим, – деди у Н.га чиройли ва бир оз қув кўзларини қадаб. – Сиз С. ташкилотининг ўлган ходимисиз.

Н. қоғоздан бошини кўтариб жуда ораста кийинган, юзидан унчалик фаҳмли деб бўлмайдиган йигитга қаради.

– Сизнинг суратингиз тоғамнинг столида ётибди, – деди у Н.нинг ажабланиб тикилганини кўриб. – У ерга вазир ҳам имзо чеккан. Афтидан, кўмиш маросими ҳақида.

Н. йигитга бошидан ўтганни тушунтиргиси келди-ю, бироқ фойдаси йўқ деб ўйлади. У йигитни мана шу бинонинг югурдакларидан бўлса керак деган хаёлга борди. У идораларда югурдаклик қилиб юрадиган, бироқ олифта кийиниб олиб, ўзларини шу идоранинг жудаям муҳим кишиси қилиб кўрсатадиган нусхаларни ёқтирмасди. Ўзи ишлайдиган идорада ҳам бундайлар кўп эди, Н. улар билан деярли салом-аликдан нарига ўтмас, топшириқ бериб, хонасидан тез чиқариб юборишга ҳаракат қиларди. Бироқ йигит уни ҳоли-жонига қўймади.

– Сиз суратингизга жудаям ўхшайсиз. Эртага босилиб чиқади, кўрасиз. Мен сизни бир кўришдаёқ танидим. Сизни ишхонангизда ҳурмат қилишса керак, “Хотирамизда бир умр сақланади…” Роса қойиллатиб ёзишган. Бирон қалами ўткир киши ёзиб берган бўлса керак. Марсияси ҳам зўр.

Йигит эшикка бир дам қулоқ тутиб турди-да, Н.га ўзини яқин олган оҳангда, товушини паст қилиб сўради.

– Нима масалада келгандингиз? Мен сизга ёрдам беришим мумкин.

– Қандай? – ҳайрон бўлди Н. – Менга мухбирнинг ўзи ёрдам беролмаяпти-ю, сиз қандай ёрдам беришингиз мумкин?!

– Улар ёрдам беришолмайди, – деди йигит. – Муҳаррир менинг тоғам бўлади, у кўп нарсаларга мени вакил қилиб қўйган. Мен шикоятчилар билан бевосита гаплаша олишим, уларнинг ишини ҳал қилиб беришим мумкин.

Н. йигит ўз вазифасини бир оз бўрттираётганини англади. Бироқ муҳаррирнинг жияни бўлиш кўп нарсани ҳал қилиши мумкин эди. Н. йигитга қисқача қилиб, бошига тушган англашилмовчиликни гапириб берди.

– Ўзим ҳам роса ҳайрон қолган эдим. Ўлган одам бу ерда нима қилиб юрибди деб, – деди йигит. – Бу жудаям мушкул масала. Бироқ мухбир сизга ёрдам беролмайди.

– Нега? – йигитнинг қатъий фикридан ҳайрон бўлиб сўради Н.

– Қанақасига, нега? – ўз навбатида Н.нинг шу оддий нарсани тушунмаганидан хафа бўлди йигит. – Сизнинг ўлганингиз ҳақидаги хабарни мухбир ёзган. Энди у сизнинг тирик эканлигингиз ҳақида лом– мим деёлмайди. Газетхонлар унинг қаламига ишонмай қўйиши мумкин. Кейин жамоамиз обрўсига ҳам жиддий путур етади. Агар сизнинг тириклигингиз исботланса, унда кимдир жазоланишига тўғри келади. Бундан ташқари бу газета терговчининг госи дарахтлар соясини ҳали ҳам тарк этмаган; сен кеча қандай ётган бўлсанг сўрида ўша ҳолатда юз тубан тушиб ухлаб қолган эдинг; сенинг бутун вужудинг кечаги ичкиликнинг асоратидан қақшаб оғрирди, кўнглинг айниб, томоғинг қуруқшиб қолганди – сен кеча уйга қай ҳолатда келганингни ҳам яхши эслолмадинг, улфатларинг сени машинага ўтирғизиб юборишганди. Эсингда, фақат машинанинг тез юрганидан гувиллаган товуши ҳамда сенга номаълум бўлган қандайдир лойсувоқ уйлар ва жинкўчаларгина сақланиб қолганди. Бошқасини эслолмасдинг. Тўшак ботиб кетиб, елкаларинг уюшиб қолганди. Ўрнингдан туриб, хотининг уч кунча бурун ҳали отасиникига кетмасдан олиб келган бир шиша қатиқни музхона бурчагидан топиб олиб ичганингдан кейин кўнглинг айнигани бир оз босилди, ўзингни бардам сеза бошладинг.азетаси. Сизнинг ўлимингиз ҳақидаги хабарни газетага терговчи муассасаси берган, терговчи эса жуда ўжар ва қайсар одам; у ўзининг хато қилганини ёки исмларни чалкаштириб юборганини тан олгиси келмайди, агар хато қилганини билган тақдирда ҳам унинг сўзидан қайтишига ишонмайман. У “эркак бир гапиради” деган ҳикматга амал қилади, арслон изидан, терговчи сўзидан қайтмайди. У ўз газетасида ёлғон ёзиб, сўнгра узр сўрайдиганларни жинидан ёмон кўради. Шунинг учун иложи борича сизни чалғитишга ҳаракат қилишади. Қисқаси, бу масалага аралашиб қолганлар сизнинг ўлик бўлиб қолишингиздан ҳар томонлама манфаатдор.

– Масала бунчалик мураккаблигини ўйламабман, – тан олди Н. – Менга мухбир самимий гапираётгандай туюлди.

– Бу ердагиларнинг ҳаммаси шундай, – деди йигит товушини пасайтириб, эшикка бир қараб оларкан. – Ҳаммаси самимий гапиришади, бироқ ҳеч қачон ўзларига зарар келтирадиган ишларни қилишмайди. Бу ҳаёт-мамот масаласи. Ҳеч ким тупугини қайтиб ютмайди. Лекин мен сизга ёрдам беришим мумкин.

– Қандай қилиб? Сиз-а?! – деди Н. – Мухбирнинг қўлидан келмайдиган иш сизнинг қўлингиздан келадими?! Менимча, сиз ҳали йигирмага ҳам кирмагансиз.

– Йигирма бирга кирдим, – деди йигит жаҳли чиқиб. У ўзини ёш бола деб ўйлашаётганидан хафа бўлаётган эди. – Аммо газетчиликда анча тажрибам бор. Тоғам бошқаларга ишонмайдиган вазифаларни менга бемалол ишониб топширади. – Йигит жаҳли чиққанидан қизариб кетди. Унинг қовоғи пир-пир учар, лабларини қимтиб тишлаб олган, Н.га ғазаб билан қараб турарди.

– Сизни хафа қилмоқчи эмасдим, – деди Н. – фақат менинг ўзим ҳам ўзимга қандай ёрдам беришим мумкинлигини ўйлаб, бошим қотяпти. Шунинг учун ҳар нарсага шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолдим.

– Сиз менга энг яқин танишларингиз қаерда яшашини айтинг, – деди йигит чийиллаб. – Улар сизнинг тириклигингизни тасдиқлашса, бу гувоҳликни ҳужжатга киритиш, кейин терговчига топшириш мумкин.

– Мен деярли ёлғиз одамман, – деди Н. – Тўғри, бир поччам бор, аммо у ўн беш йиллар олдин қишлоққа кўчиб кетган. Охирги кўришганимизга ҳам беш йиллар бўлди. У болажон одам, шаҳарга келишининг деярли имкони йўқ.

– Қаерда яшашини биласизми? – сўради йигит. Н. поччасининг яшайдиган жойини айтди.

– Ҳаракат қилиб кўриш керак, – деди йигит поччаси яшайдиган қишлоқ номи ёзилган қоғозни апил-тапил чўнтагига тиқаркан. – Бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса деманг. – Йигит қоғозни чўнтагига тиқиши билан эшикдан мухбир кўринди. У жудаям хурсанд кўринарди.

– Сизнинг масалангизда терговчига телефон қилдим – деди у бир оз керилиб. – Терговчи йўқ экан. Унинг шахсий котиби билан гаплашдим. У сизни қабул қиладиган бўлди: бу ҳақда унинг ўзи сизга маълум қилади.

Мухбир унга қув кўзларини тикди, сўнг ундан кўзларини олиб қочди, яна бирров кўз ташлаб олди.

– Ишнинг бориши ҳақида мени хабардор қилиб туринг, – деди у яна. – Бу менга қанчалик қимматга тушганини билсангиз эди. Яна сиз мендан хафа бўлаяпсиз.

– Мен сиздан жуда миннатдорман, – деди Н. унинг ҳам муҳаррирнинг жиянидай ўпка-гинага ўтганидан хавотирга тушиб – Сиз менга ўзим кутганимдан ҳам кўпроқ ёрдам бердингиз. Сиз улуғ одамсиз, сиз билиб туриб, мен учун ўзингизни, мартабангиз ва обрўйингизни қурбон қилаяпсиз, мен буни ҳеч қачон унутмайман. –Н.нинг бирдан йиғлагиси келди. Бир томчи ёш юзи орқали юмалаб ўтиб, ёқасига тушди. – Терговчи олдига боришим, тириклигимнинг исботланиши сизга жуда қимматга тушишини биламан, шуни билиб туриб, ёрдам қўлини чўзаётганингиз, сиз нафақат қалами ўткир мухбир, балки мурувватли қалб эгаси эканлигингиздан дарак беради. Бундай саховат учун мен хонангизда ётиб қолиб хизматингизни қилишга тайёрман.

Муҳаррирнинг жияни унга “Шу гапга лаққа тушаяпсанми, бу туллак– ку”, дегандек кўрсаткич бармоғини бошига нуқиб айлантирди. Бироқ тилида бошқа гапни гапирди.

– Ана айтмадимми, ишингиз бу ерда осон битади деб, – деди. – Энди бемалол кетаверишингиз мумкин. – Шундай деб у қўли билан эшикни кўрсатди.

Н. тўлқинланиб кетиб яна гапирмоқчи эди, бироқ йигит билан мухбир уни хонадан суриб чиқаришди, афтидан, улар Н.нинг хонада ростдан ҳам ётиб қолиши мумкинлигидан қўрқиб кетишган эди. Н.ни йўлакка бир илож қилиб итариб чиқаришгач, эшикни шарақлатиб ёпиб олишди.

Н. бинодан чиқаркан, ўзини ғолибдай сезарди. Ўзини тирик ҳолда кўриб, довдираб қолишганидан хурсанд бўлди. Довдирашдими, энди хатоларини тан олдириш қийин эмас. Автобусга ўтираркан, ғолибона иршайди, қаппайиб турган чўнтагини ушлаб қўйди. У мухбир ва муҳаррир жиянининг кўзини шамғалат қилиб, боя ўқиб ўтирган қўлёзмани чўнтагига уриб чиққанди. Ана энди тўполонни кўринг, деб ўйлади у. Кейинги сонларига босилиб чиқадиган ҳикоя бирдан йўқолиб қолса, қиёмат қойим бўлади. Баттар бўлишсин. Н. ўзи ҳақидаги чалкаш хабарни эълон қилиб, ҳаётини остин-устун қилиб юборган газетадан арзимас бўлса ҳам ўч олганидан хурсанд эди. “Бу ҳали бошланиши, – деди у ичида қилган ишидан бир қоп семириб. – Мен уларнинг бошига ит кунини соламан. Берган хабарларига минг марта пушаймон бўлишади”.

*    *   *

Айтсам етгаймикин, энажон, зорим,
Юракда ғамим кўп, ичда зангларим”.

“Гўрўғлининг туғилиши”  достонидан

СУД

Икки кундан сўнг бошланадиган суд Н.нинг тақдирини ҳал қилиши аниқ бўлиб қолди. Н. ўзини нега суд қилишаётганини, унда нима кўрилишини билмаса ҳам, ҳар қалай, драматург шундай деди: “Сизнинг тақдирингизни ҳал қилади”. Суд, драматургнинг айтишича, жамоатчиликнинг кўз олдида, очиқ тарзда, театрнинг залида бўлиб ўтади. “Очиқ тарзда ўтиши ёмон, – деди драматург. – Ёпиқ тарзда ўтганда ҳакамлар билан келишиш имкони бўлади. Энди эса… Сизга ҳеч қандай имконият қолмади”. Драматург негадир суднинг натижасидан Н.дан ҳам кўпроқ хавотирланар, Н.нинг нега бамайлихотир юрганидан ажабланарди.

– Ахир сизнинг ҳаётингиз ҳал бўлади. Суд қилишга қарор қилишибдими, демак, масала жиддий. Ишингиз обдон ўрганилган, терговчи сизни суд қилишларига рухсат берган. Яна очиқ суд қилишга. Бунинг ҳаммаси ёмон аломат.

Драматург бирдан бир нарсани эслагандек, тиззасига шапатилади.

– Менга қаранг, мабодо адиб сизга биронта ривоятми, масалми айтиб, мағзини чақишни сўрамаганмиди? – драматург савол аралаш Н.га тикилди.

– Ривоят айтгани йўғ-у, лекин бошидан ўтган бир воқеани айтиб берди, – деди Н. унинг хавотирланишидан ажабланиб. – Қандайдир жазога тортилган одамлар ва терговчининг ёшлиги ҳақида.

– Аҳ… – худди пашша ушламоқчидек кафтини бир-бирига урди драматург. – Ўзим ҳам суд бунчалик тез бошланди деб ҳайрон бўлиб тургандим-а, гап бу ёқда экан-да.

– Адиб чўпчагининг судга қандай алоқаси бор? – ажабланди Н. – У шунчаки менга ўз хотирасини гапириб берди.

– Хотира?! – ўрнидан туриб кетди драматург. – Адибга сизни жазога тайёрлаш топширилган. У ўз ҳикояси орқали сизни кутилаётган ҳар қандай жазога рози бўлишга тайёрлаши керак эди.

– Мени тайёрлаши керак эди?! Қўйсангиз-чи, нега тайёрлаши керак? Қолаверса, мени нега жазога тортишади? Қайси айбим учун? – Н. юраги шув этган бўлса ҳам тан олгиси келмай қўл силкиди.

– Ўша хотира орқали адиб сизни берилажак жазога бўйин эгишга ундаган. Сизнинг хотиржамлигингиздан сўнг судга у жазо олишга тайёр деган хулоса берган. Шунинг учун суд шошилинч ва ошкора ўтмоқда. – Драматург тиззасига ура-ура хона бўйлаб юрарди.

– Ҳаммасига тупурдим, – деди Н. ҳафсаласи пир бўлиб. – Ҳужжатни чалкаштирганлар қолиб, нега мени суд қилишаркан? Буларнинг ҳаммаси терговчи ёмон ишлашидан дарак беради.

– Ҳамма гап шунда-да, – драматург худди роль ўйнаётгандай тиззасига шаппатилади. – Улар сизга қарши рад этиб бўлмас ниманидир топишган. Шунинг учун очиқ тарзда суд қилиб, жамоатчилик олдида изза қилмоқчи. Шунинг учун адиб сизни жазога тайёрлаган.

Драматург унга судда бўладиган савол-жавобларни тушунтира бошлади. Н. судда кам гапириши, фақат сўралган саволларга жавоб бериши, ҳакамларнинг жаҳлини чиқармасликка, улар билан хушмуомала бўлишга ҳаракат қилиши зарур. “Ҳакамлар иззатталаб одамлар бўлишади, – дея давом этди драматург, – уларга “муҳтарам ҳакам” деб мурожаат қилган маъқул. Улар сиздан бошқа нарсани сўрамоқчи бўлади-ю, аслида бу билан мутлақо бошқа нарсани билиб олишга ҳаракат қилишади. Баъзида ишга алоқаси йўқ саволлар берилади, айбланувчи бунинг ишга алоқаси йўқ экан-ку, деб ҳис-ҳаяжонига эрк беради, лекин ишга алоқаси бўлмаган саволнинг ўзи йўқ, баъзилари алоқаси йўқдек туюлса-да, моҳиятан барибир ишга бориб тақалади. Ҳакам сизни чалғитиш учун шунақа усуллар қўллайди. Чалғитишга уриндими, демак бу айбланувчига уюштирилаётган катта ҳужумдан дарак беради, бундай вазиятда ҳар бир сўз, ҳаракат ўйлаб қилиниши шарт. Ўйламасдан айтилган гап судда сизга қарши ишлайди. Бу мавжуд қонунчиликнинг ўзига хос айёрлиги”…

– Буларнинг ҳаммаси навбатдаги сансалорлик, – ҳафсаласизлик билан эътироз билдирди Н. – Менга бу манзара яхши таниш. Улар ўзларини масъ

улиятдан холи қилиш учун судни ўйлаб топишган…

Шундай бўлса-да, Н. суд куни алоҳида тайёрланиб келди. Унда балким ҳаммаси яхшиликка бўлаётгандир, кимдир менинг ҳужжатларимдаги чалкашликни билиб қолиб, буни фақат суд орқали ҳал қилиш мумкин деган хулосага келгандир, дея умид қила бошлади. Шу сабабли у худди ишлаб юрган пайтлардагидек, ювиниб-тараниб, театрга каллаи саҳарлаб етиб келди. Театр биноси бўм-бўш эди. Ичкарига кираётганда иккита қоровул унга ғалати қараш қилди. “Булар ҳам бугун тақдирим ҳал бўлишини билади,” деб ўйлади ичида Н. Ҳатто улардан бири ўта расмий қилиб, “Сизни залда кутишаяпти”, – деди. Н. ўзини каллаи саҳарлаб ким кутиши мумкинлигига ҳайрон қолди. “Суд шундай эрта бошланадими?” – сўради Н. Қоровулларнинг у билан гаплашгиси йўқ, жуда муҳим бир масала устида мунозара қилишар ва ора-сирада Н.га қараб қўйишарди. “Суд ўз вақтида бўлади”, – деди биттаси совуққина қилиб. Кейин иккаласи ниманидир муҳокама қилишга тушди. Улар бу билан суд ҳукмини олдиндан билишларини писанда қилишаётгандек эди гўё. Н.нинг ғаши келди: уларнинг жиғига тегмоқчи бўлди. Ахир, бор-йўғи қоровул бўла туриб, ўзларини худди шу бинонинг хўжайинидай тутишса-я . “Сизларга айтсам, – деди у улар ўтирган оёғи синиқ курси ва увадаси чиқиб кетган тўшакдаги кўрпани кўрсатиб, – суд ҳақида бирон тасаввурга эга бўлмай туриб, ўзларингизга бино қўйишларингиз менга ёқмаяпти. Сизлар ўз вазифангизни бажаришингиз керак. Суд билан ишларингиз бўлмасин”. Қоровуллар бу гапдан бир оз довдираб қолишди. “Сизнинг биз вазифамизни тўлиқ бажараётганимизга шубҳангиз борми?” деб сўради биттаси. Н. уларнинг вазифаси ҳақида айтарли тасаввурга эга эмасди. Лекин уларнинг олдига қўйиб олган қандайдир пьесага кўзи тушгач, айтган гапидан қайтгиси келмади. “Сизлар бу ерда ўтириб олиб, бечора қаламкашларнинг қонини сўрасизлар. Уларни ичкарига драматургнинг ёнига киритиш ўрнига ўзларингиз пьеса ҳақида фикр билдириб, қайтариб юборасизлар. Бу ахир ўз вазифасини суъистеъмол қилиш-ку”. Бу зардали гапдан қоровуллардан бирининг юзи гезариб кетди. Шошиб олдидаги пьесани тортмага тиқди. “Биз, – деди шеригига қараб ютиниб оларкан, – бу ерда ўттиз йилдан бери ишлаб, драматургга қандай пьеса ёқишини жуда яхши биламиз. Драматургнинг вақтини ҳар қандай қаланғи-қасанғилар олмасликлари учун олдин биз ўқиб чиқамиз”. Н. кулди: “Ие пьесаларни сизлар ўқийсизларми, қоровуллар-а?!” Қоровуллар бундай беҳурмат муносабатдан хафа бўлишди, чоғи, бир-бири билан бош чайқаб шивирлаша бошлашди. “Сиз бизнинг вазифамизни муҳокама қилгунча, айбингизни бўйнингизга олсангиз яхши бўларди, – деди биттаси ниҳоят. – Тақдирингиз қил устида турибди-ю, бошқаларнинг ишига бурун тиқишингизга ўлайми?” “Қонун айбини бўйнига олиб, унга бундан буён тўлиқ амал қилишни истаганларга енгиллик беради. Қонун – бу, асли итоат дегани”, – деди иккинчиси. “Бу кишида қонунга ҳурматдан асар ҳам йўқ, – деб тасдиқлади биринчиси, – аксинча, димоғи жуда баланд. Сиздақа калондимоғларни кўп кўрганмиз, кираётганда бурни кўтарилиб кириб, қўли кишанлангач, юмшоқ супурги бўлиб чиқиб кетишади”. Н. тиззасига шапатилаб кулиб юборди. “Сизлар ҳали қонунни ҳам тўлиқ биламиз демасаларинг эди? Агар қонуннинг куни сизларга ўхшаш қоровулларга қолган бўлса, унда мен исмимни чалкаштириб ўликлар ичига қўшиб қўйишганидан хафа бўлмасам ҳам бўлади”, – деди у бошини истеҳзоли чайқаганча. Бу гап иккала қоровулга ҳам тегиб кетди. “Ҳали судда кўрамиз ҳолингизни, – деди биттаси ёш боладай аламзадалик билан. – Ана ўшанда бу гапларингизга пушаймон бўласиз”. Н. яна хохолаб кулди. Унинг кулгиси даҳлиз бўйлаб жаранглаб кетди. Қоровулларнинг жаҳли чиққан, Н. бўлса ниятига эришган эди. Шу сабабли уларнинг гапларига эътибор бермай залга қараб йўл олди. Қоровуллардан бири унинг изидан нимадир деб шивирлади. Лекин энди бу гапларнинг Н.га қизиғи йўқ эди.

Н. залга кирди. Бу ер қоп-қоронғу эди. Эшик ёпилиши билан уни аёл оғуши бағрига олди. Аёлнинг кийимидаги нафталин ҳиди Н.нинг димоғини куйдириб, нафасини қайтариб юборди. У ҳам аёлни қаттиқроқ бағрига босди. Чунки, нафталин ҳидидан бошқа йўл билан асранишнинг иложи йўқ, агар яна бир оз шу бадбўйлик бурнида турса, ҳушидан кетиши аниқ эди.

– Сизни суд қилишади, мен бунга чидолмайман. – Н. аёлнинг юзини кўрмаган бўлса ҳам, унинг йиғлаётганини сезди. Гулининг товушида эрини жангга жўнатаётган аёлники каби мунг бор эди. – Биламан, сиз судга жиддий қарамаяпсиз, сизга ҳаммаси англашилмовчилик бўлиб туюлаяпти, ваҳоланки, тақдири ҳал қилинадиганларни суд қилишади.

Н.нинг кўнгли айниб, ўқчий бошлади. У бошини Гулининг бағридан қутқариб қолишга неча марта уринган бўлса, шунча марта аёл уни яна нафталин ҳидига тоқат қилишга мажбур қиларди.

– Сизни ҳеч кимга бермайман. Ҳеч кимга! Сиз меникисиз! Мен сизсиз ўлиб қоламан.

Н. аёлнинг кўзёшларини этагига артиб олаётганидан фойдаланиб, бошини унинг бағридан қутқарди-да, ўзини олиб қочди, аёл унга яна ташланмоқчи эди, бироқ Н. ўзини четга олиб қолди. Аёлнинг қучоғи зулматни қучоқлаб, кейин ёпилди.

– Суд ҳукмидан менинг оғушим афзал эмасми? – Гулининг товушида энди алам ва зорланиш бор эди. Фақат у Н. қайси томонда турганини кўрмай хонанинг минбар турган томонига қараб бақирарди.

– Менга энди фарқи йўқ, – деди Н. минбар тагида эмаклаб юраркан. – Ҳаммага тупурдим.

Унинг товуши минбар томондан келаётгани учун аёл ўша томонга бир-икки қадам ташлади. Лекин зулматда бирон нарсага суриниб кетишдан чўчидими, тўхтади.

– Мен, ахир, ўша Гулиман. Сен менга уйланмоқчи эдинг. Эсингдан чиқдими?

Гули пиқиллаб йиғлар, овози эса умидсиз, тушкун эди.

– Сенинг ўша Гули эканингни биламан, – тан олди Н.

– Унда нега қочаяпсан? Ваъдаларинг эсингдан чиқдими, вафосиз?

– Ёдимда, – деди Н. – Бироқ у пайтлар мен тирик эдим, ҳозир ўлганман. Ўлган одамдан ваъдангни бажар деб талаб қилинмайди.

Гули ҳўнграб йиғлашга тушди. Ростдан ҳам у худди ошиғи ташлаб кетган қизга ўхшаб ўксиб йиғларди. Н. Гулини юпатмади.

– Ўшанда мени ҳайдаб юбординг, – деди Н. – Энди мени излашдан нима фойда? Агар ўшанда сен мени ҳайдаб юбормаганингда, эҳтимол, мен хабарни ўқимас, ўзимнинг ўлганимни билмаган бўлардим. Лекин сен ўша хабарни ўқидинг – шу ўқишинг билан мениниг ёздиғимни ўқидинг – мен тавқи-лаънатга йўлиқдим. Ўша кундан бери бу дашту биёбонда сарсон-саргардонман. Энди эса мени ўша хабар учун суд қилишади. Сенга уйланолмайман. Ҳаммасига ўзинг айбдорсан.

– Ваъдабоз! – деган зардали ва фироқ тўла товуш эшитилди зулмат ичидан.

– Тирикларнинг ваъдаси ўликларга ўтмайди, – айни пайтда зардали жавоб қилди Н. ҳам.

– Унда илоё суддан қайтиб чиқма! – деб қарғай бошлади Гули. – Мен суддан олдин сенга далда бермоқчи эдим. Менга уйланмас экансан, унда ваъданг билан қўшмозор бўл!

Гули қарғаганча залнинг қайсидир бурчагига ўтиб кетди. Унинг қадам товушлари узоқлашгач, Н. минбар остидан чиқди ва нафас ростлаб олиш учун боққа югурди.

хххх

Суд бошланиши учун ҳамма нарса тахт қилиб қўйилганди. Ҳакамлар ҳаммага кўриниб туриши, айни пайтда, суд жараёнига халақит бермасликлари учун саҳнанинг бир четига, котибга эса шундай шоҳсупанинг тагига жой қилинганди. Суд котиби Н. келганини тасдиқловчи қандайдир қоғозларга имзо чектиргач, унга жойини кўрсатди. Драматургнинг хавотирида жон бордай эди. Худди катта томоша бўладигандай, зал томошабинлар билан лиқ тўла эди. Улар баъзида қийқириб қолишар, баъзилари очиқчасига сурбетлик қилиб, “Шайба, шайба” деб бақиришганча, ҳуштак чалишиб, суднинг тезроқ бошланишини талаб қилишарди. Залнинг лиқ тўлалиги, суд котибининг ўзини ўта сипо тутиши, Н.га саҳнанинг бир четидан оёғи синган курси қўйиб беришгани, олдинги қатордан ўрин олган, Н. бу ерга келавериб таниб қолган, театрнинг баобрў кишиларининг ўзига қараб, ачингандек, бош чайқаб қўйишларидан суд анча жиддий ўтадиганга ўхшарди. Суд котиби ҳам олдидаги қоғозларга ниманидир ёзар экан, ёзишдан тўхтаб, бир қоғозга, бир Н.га қараб оларди. Бу билан Н.га ачинаяптими ёки унинг руҳий аҳволидан, ўзини қандай тутишидан бохабар бўлаяптими, билиб бўлмасди. Бир маҳал у ирғиб турди.

– Туринг, суд келаяпти! – деди у чийилдоқ товушда.

Залдагилар тўпир-тўпир қилишиб, ўринларидан турди. Залга саҳна томондан устларига ҳакамлик либосини кийган учта одам кириб келди. Уларнинг ҳар бири учтадан катта-катта ҳужжат тўла жилдларни кўтариб олишганди. Ҳакамлар ўзларига ажратилган жойга боришгач, “тап” этиб стол устига ҳужжатларни ташлашди – қоғозлардан чиққан чанг бир пас уларни тўсиб қўйди. Кейин кетларидаги курсини худди биров тортиб оладигандек, шошиб ўтиришди.

– Иш чатоқ, – деган шивирлаш келди парда орқасидан. Бу драматург эди. У овозидан жуда безовтага ўхшарди. Н. унинг нега парда орқасига ўтиб олганини тушунмади. Балки менга яқин бўлиш учун шундай қилгандир деб ўйлади. – Булар ўта ҳалол, қаттиққўл ҳакамлар. Жараён сизнинг фойдангизга ҳал бўлишига ишонмай қолдим. Ҳужжатларнинг кўплигини қаранг.

Н. ҳакамлар олдида турган қоғоз уюмларига қараб, бироз довдиради ва агар туғилганимдан бери ҳар бир кунимни қоғозга битишганда ҳам бунчалик кўп ҳужжат тўпланмасди, деб ўйлади. Лекин боядан бери устларига илиб олган ҳакамлик либосларининг салобати бир оз босилгани учунми, ҳакамларни таниб қолиб, кулиб юбораёзди. Булар театрнинг қоровуллари эди. Н.нинг жаҳли чиқа бошлади. Булар ўзи нима қилаяпти? Қоровул ҳам ҳакам бўлиши мумкинми?

– Мен сизга айтгандим, – деган овоз келди яна парда орқасидан. – Сизга театрдаги ҳар бир одам билан яхши муомалада бўлинг, ҳар бири қайсидир ташкилотнинг махфий аъзоси деб. Ана, кўрдингизми? Сиз яна қоровуллар билан жанжаллашиб юрибсиз. Энди жараён жуда оғир кечади.

Худди драматургнинг гапини кутиб тургандай ўртадаги ҳакам – афтидан, у раис эди, Н.га “Ҳолинг қалай энди, қўлга тушаркансан-ку!” дегандай қараш қилди. Н. жилднинг рангидан таниб қолди: бу боя иккита қоровул ўқиб, муҳокама қилиб ўтирган жилд эди. Қоровуларнинг ўртасида ўтирган ҳакам (ўртада ўтирганига қараганда у раис эди) Н.нинг жилдни таниганини билгандай, олдидаги ҳужжатлар устига бир қўлини қўйиб, бир қўлини кўтарди. Боядан бери шивир-шивир қилиб ётган зал бирдан жим бўлди.

– Айбланувчи устидан етарли ва ўта ишончли мана бу (у кўтарган қўлини ҳам қалин жилд устига қўйиб олди) ҳужжатлар тўпланган. Ҳужжатларнинг мукаммал даражада тайёрлангани, айбланувчи инкор этолмайдиган далиллар билан асослангани, бу ҳужжатларнинг ҳар бир варағи қонунга қарши ҳар қандай ҳаракатни фош этишга тайёр эканини инобатга олиб, судни очиқ деб эълон қиламан!

Раис шундай деб ёнидаги болғани олиб, столга урди. Унинг овозидаги важоҳат босдими ёки ўзи расми шунақами, Н. англолмади, залдагилар бирдан қарсак чалиб юборишди. Ҳатто бир-иккитаси ҳуштак ҳам чалиб қўйди. Қандайдир бир киши қўлида гулдаста кўтарганча, ҳакамни кўрсатиб, саҳнага чиқишни истар, лекин назоратчилар унга йўл бермасди.

– Ҳакамнинг ҳурмати қандай баланд эканини кўраяпсизми? – сўради драматург парда орқасидан. Унинг товушидаги хавотир яна кучайганди. Драматург энди ўрнидан туриб кетган, парда орқасидан унинг у ёқдан бу ёққа шошиб бориб келаётган шарпаси кўриниб турарди. – Буларнинг ҳаммаси сизнинг зарарингизга ишлайди.

Ғала-ғовурни раиснинг ўзи тинчитишга тўғри келди. У яна болғасини зарб билан столга урди.

– Бу ер театр эмас, суд зали. Агар шундай шовқин қилаверсангиз, сизларни залдан чиқариб юбораман!

Ўта жиддий ва баланд пардада айтилган бўлса ҳам, негадир бу огоҳлантиришдан сўнг ҳам зал анчагача тинчимади. Ҳакамлар залнинг тинчишини кутишга мажбур бўлиб, бир-бири билан бемалол суҳбатга киришиб кетдилар. Зал ниҳоят шовқин қилишдан зерикди, шекилли, ўз-ўзидан тинчиди. Пайтдан фойдаланган суд котиби бутун зал эшитсин дегандай яна ўша баланд товушда бақирди:

– Иш юзасидан гувоҳ Гулини таклиф қиламиз!

Залда яна қарсакбозлик, шовқин бошланди. Ҳакам энди столни кетма-кет, худди ноғора чалаётгандай уриб туришига тўғри келди. Олдинги қаторда ўтирган Гули ўрнидан туриши билан уни бир тўда ёш-яланг, кампирлар ўраб олишди. Н. аввалига улар нега Гулини ўраб олишганини тушунмади, кейин Гулининг уларга дастхат ёзиб бераётганини кўриб, ўзи назарга илмаган аёлнинг машҳурлигидан бироз ажабланди ҳам. Гули гувоҳлар учун ажратилган жойга эмас, негадир саҳнанинг ўртасига туриб олди. У худди тўйи бўлаётгандай ясаниб олганди. Устида оппоқ кўйлак, қўлида боя мухлислари берган гулдаста, айни пайтда у раисга қараб кўз қисиб қўярди.

– Мен Гулининг гувоҳ эканини билмас эканман, – деди Н. парда томон эгилиб шивирлаб.

– Сизга айтувдим-ку, вазият жиддий деб. Суд кутилмаган гувоҳларни чақириб, сизнинг режангизни чиппакка чиқаришга тайёр турибди. Ишга жиддий тайёргарлик кўрилгани аниқ.

Н. энди ростданам кўнглида хавотир ҳис қилди. Мабодо Гули гувоҳликка чақирилганми, унда у ўзининг газетадаги хабаридан бошқа гапни айтмайди. Бу хабар эса Н.нинг зарарига ишлайди. Лекин негадир Гули гувоҳга ўхшамасди. Унинг кўз қисишлари раисга ёқиб қолди, чоғи, у ҳам кўз қисиб қўйди. У бу ёқимли машғулот билан анчагача шуғулланмоқчи эди, лекин ёнидаги ҳакам уни туртиб қўйди.

– Сиз, муҳтарама Гули, иш юзасидан судга айтадиган қандай гапингиз бор? – сўради раис шеригининг огоҳлантиришидан сўнг ўзини тутиб олиб.

Гули гапиришидан олдин Н.га қараб қўйди. Кейин гапирадиган гапи эсидан чиққандек, юзида саросималик пайдо бўлди. Унинг ҳолати ҳаммага таъсир қилди. Бир аёл залнинг ўртасидан бақирди: “Биз сен билан, дадил бўл! Бор истеъдодингни намойиш қил, Гули!”

– Мен унинг маҳбубаси эдим! – деди Гули. Залда бирдан шивир-шивир бошланди. Раис бу эътирофдан сўнг Гулига бир неча оғиз аччиқ-тизиқ гап айтмоқчи бўлди-ю, лекин вазифаси эсига тушдими, яна томоқ қириш ва Н.га ёвқараш қилиш билан чекланди.

– Мен, – деди Гули шошқин тарзда, агар кейинги гапини айтмаса, раис ва залда ўзларини худди жазманларидек бемалол тутаётган мухлислари жанжал қилиб қолишидан қўрққандек. – Унинг ўлганини эшитгач, қабрига гул қўйдим. Унинг қабри бирам бежирим эдики, у ҳозир тирилиб қоладигандек туюларди. Мен ҳамон уни кутаман. Назаримда, у ҳамиша менинг ёнимда юргандек туюлади.

– Сиз иш юзасидан гапиринг, – деди бошқа бир ҳакам Гулининг раис билан кўз қисишаётганини билиб қолиб ғаши келгандек. Лекин ўзи ҳам Гулига ҳаво орқали бўса жўнатгандек, лабларини чўччайтирди. Айни пайтда худди шуни кутиб тургандек, Гули лабларини чўччайтириб қўйди. Эътироз билдирган ҳакам бундан боши осмонга етди, чоғи, раисга “Кўрдингизми?” дегандек виқор билан қаради-да, оғзидан сўлаги оқиб кетаётганини сезиб, лабларини ялаб қўйди.

– Мен анчагача унинг ўлганини ҳазм қилолмадим. Унинг айби нима деган савол хаёлимдан кетмай юрди. Эҳтимол, у ҳам шундай ўйлагандир? Уни ўлимга ва сарсон- саргардон бўлишга маҳкум этган гуноҳи нимада? – Гули бу саволларни боягина ўзига бўса жўнатган ҳакамга қараб айтдики, ҳакам типирчилаб қолди. У худди шу саволга жавоб беришга мажбур қилингандай тутди ўзини.

– Нега буни мендан сўраяпсиз? – жаҳл аралаш жиззакилик қилди у. – Агар бу саволга жавоб топилганда ҳозир суд қилиб, овора бўлиб ўтирмасдик. Айнан шу саволга жавоб топиш учун биз суд қилаяпмиз.

У шундай деб раисга қараб қўйди. Раис унинг гапини маъқуллаб бош ирғади.

– Шунча оворагарчиликка ўрин қолмасди, – деб қўшиб қўйди у, – унинг тирикман деб даъво қилишини аллақачон йўққа чиқариб қўйган бўлардик.

– Мен бу саволга жавоб топдим, – деди Гули. Бирдан залга сукут чўкди. Раиснинг оғзи очилиб қолди. Икки ҳакам эса ўрнидан туриб кетди.

– Топдингиз?! – деди иккаласи ҳам бирданига.

– Топдим, – деди Гули. – Унинг гуноҳи нималигини ва нима учун шундай тақдирга мустаҳиқ этилганининг сабабини билдим.

– Унда бизга ҳам айтинг, – деди раис иккала ҳакамнинг Гулига суқ билан қараб турганига чидаёлмай иккаласининг ҳам этагидан тортиб, жойига ўтирғизар экан. – Эшитайлик, унинг ўзи ҳам эшитсин. Ахир шунинг учун йиғилганмиз-да бу ерга!

– Биз боғ оралаб сайр қилиб юрардик, – деди Гули бирдан овозига мустарлик бериб. – Мен унинг садоқатини синаб кўргим келди. Назаримда у менга хиёнат қилаётгандай туюларди. Мен у фақат меники бўлишни истардим. Мендан бошқа унга ҳеч бир мавжудот қиё боқмасин дердим. Уни ўзимники қилгим келди. Унга боғда пишиб ётган олмани узиб беришни сўрадим. У ҳам иккиланмай менинг макримга лаққа тушди. Ўшандаёқ, мен учун олма узгандаёқ ,у тавқи лаънатга шундай – тақдирга маҳкум этилди.

Ҳамма Гулидан бошқа бир жавоб кутиб турганди. Унинг бу важлари бирдан ҳамманинг ҳафсаласини пир қилди. Раис бу эътирофни эшитиб қўл силкиб қўйди. Залдан эса “Фу, шу ҳам сабабми?” деган товушлар эшитилди.

– Сиз яна судни чалғитаяпсиз, – деди раиснинг этагини тортиб ўтирғизганидан мулзам бўлган ҳакамлардан бири.

– Тўғри, – деди раис ҳам энди ҳафсаласи пир бўлиб. – Сиз иш юзасидан гапиринг. Ораларингиздаги муҳаббат судни қизиқтирмайди.

Гули раиснинг бирдан шериги томонга ўтиб олганидан хафа бўлди. Араз қилган маъшуқадек, тумтайиб олди.

– Наҳотки, садоқатим, маъшуғимни унинг ўлганига қарамай шунча узоқ кутганим, уни деб бирон эркакка қиё боқмаганимнинг судга алоқаси бўлмаса?

Гулининг бу саволи ҳакамларни довдиратиб қўйди. Улар бир-бирларига қараб олишди. Залда ўтирганлар шовқин кўтарди. ”Қўйинглар, гапирсин! Ахир биз бу ерга адолат тантанасини томоша қиламиз деб келганмиз”. “Шундай садоқатли аёлга тасаннолар айтиш керак! Яна қандай исбот керак сизларга?!” “Агар бу аёлнинг беғубор дардлари судга қизиқ бўлмаса, унда суднинг ўзи нега керак?” дейишарди залдагилар бири олиб, бири қўйиб.

Раис зални тартибга чақириш учун болғасини яна ишга солди. Овозлар сал босилгач, Гулига “Давом этинг” дегандек ишора қилди.

… Мен уни тушларимда кўрардим, – деди Гули худди залдаги ўзига хайрихоҳлардан куч олгандек, айни пайтда раиснинг кўз қисишига энди кўз остида зарда қилганча. – Унинг йўлида кўзларим тўрт бўлди, юзим сарғайди, қошларим эгилди, ҳаётим шами сўнди. Усиз менга яшашнинг ҳеч қандай қизиғи йўқ эди. Кунларимни унинг суратига тикилиб ўтказдим. Кечалари ёстиқни қучиб чиқардим-да, эрталаб нам бўлган ёстиқни унинг оғушидан даракчи деб офтобнинг нурига қуритиб олардим. Шамолни унинг нафаси, тун билан кунни унинг кўзлари деб, ўзимни унинг кўзларига ғарқ қилардим.

Гулининг охирги гаплари залдагиларга шунчалик таъсир қилдики, пашша учса билинар, баъзиларининг оғизлари ланг очилиб қолган, қилт этишга қўрқар, ўнг томондаги ҳакам эса очиқчасига йиғлаб ўтирарди.

– Муҳтарам раис, – ютиниб олгач давом этди Гули. – Уни жазира ўлкаларгами ёки совуқ юртгами, ҳукм қилсангиз, мен ҳам у билан ўша ерларга кетишга, жазирада қовурилиб қолишга, музлаб ўлишга, этим қолмаса суякларимгача унга садоқат билан яшашга тайёрман. Фақат ҳукм қилсангиз, мен билан бирга ҳукм қилинг… – Гули охирги гапларини йиғлаб туриб, раисга қўлларини чўзганча айтди. Охирги гаплари бўғзига тиқилиб, гапиролмай қолди ва энди ошкора ҳўнграб юборди. Худди шуни кутиб тургандай залдагиларнинг аксарияти у билан қўшилиб йиғлашга тушди. Дийдалари қаттиқлари ҳам кўзларидаги ёшни зўрға ушлаганча, лабларини тишлаб туришарди. Парда орқасида ҳам бирдан пиқиллаш эшитилди. Бу драматург эди.

– Мен ҳали шу ёшга кириб бунчалик таъсирли воқеани эшитмаган эдим ва бундай садоқатли аёлни кўрмаган эдим, – деди у йиғили товушда.

Гули йиғлаган кўйи Н.га қаради. Унга қараб қучоқларини очди. Кейин “Оҳ!” деди-ю, йиқилди. У йиқилиб тушар экан, залдагилар ўринларидан туриб, қарсак чалиб юборишди. Ҳакамлар ҳам ўринларидан туриб кетишган, улар ҳам қарсак чалишарди. Залдагилар эса “Зўр!”, “Қойил!”, “Яшасин!”, “Зўр ўйнади!” деб басма-басига бақиришарди.

Салдан сўнг Гули ўрнидан турди. Унга қараб гуллар отилди. У олқишлар ичида залга қайтиб тушар экан, юзидаги бояги азобли изтиробдан асар ҳам йўқ эди. Ҳаммага ҳаводан ўпич ҳадя қилар, ўзини ўпмоқчи бўлганларга икки юзини тутиб берарди. Фақат Н. ҳеч нарсага тушунмасди. У гоҳ Гулига, гоҳ ҳамон қарсак чалаётган ва бир-бирларига қараб, мамнун бош ирғаётган ҳакамларга қараб қўярди.

– Нима бўлаяпти ўзи? – деди у ниҳоят парда орқасида турган кўйи қарсак чалаётган драматургга ўгирилиб. – Бу ерда томоша бўлаяптими ёки суд?

– Сиз бу нарсага алданманг, – деди драматург “Яша!” деб бақириб қўяркан, уни ҳушёрликка чақириб. – Театрдаги суднинг одатий судлардан фарқи шуки, худди томоша кўрсатаётгандай қилиб, айбланувчини тузоққа туширади-да, кейин “пақ” этиб ҳукм чиқаришади. Айбланувчини чалғитувчи усуллардан бири бу!

Ниҳоят суд котиби вазиятни қўлга олди.

– Суд ишини давом эттиради. Энди бошқа гувоҳлар чақирилади. Сўз гувоҳ уй назоратчисига.

Зал тинчиб улгурмай, у ердан қўлида пиёла ушлаган уй назоратчиси чиқиб келди. У гувоҳлик супасидан жой олгач, залда жимлик пайдо бўлди. Уй назоратчиси гап бошлашдан олдин Гулига бир-икки марта кўз ташлади. Гулининг ўзига эътибор бермай, ёнидагиларнинг табрикларини олаётганини кўргач, ўзини сал тутиб олди.

– Сизнинг судга айтадиган қандай гапингиз бор? – сўради раис суд котибига нимадир деб шивирлар экан.

Назоратчи қизариб кетди. Лекин суд котибининг ўзига хайрихоҳ бўлиб тикилиб турганини кўргач, ўзини тутиб олди ва қўлидаги пиёлани ҳамма кўрсин, дегандек баланд кўтарди.

– Мен мана шу пиёла ҳақида гапирмоқчиман, – деди у.

Раис ва ҳакамлар ҳайрон бўлиб бир-бирларига қараб олишди. Залда ҳам бирдан пиёлага қизиқиш ортди. Ҳамма назоратчининг қўлидаги пиёлага қаради.

– Пиёланинг ишга нима алоқаси бор? – аччиғи келиб сўради ҳакамлардан бири.

– Шунинг учунки, – назоратчи яна довдиради. Айтмоқчи бўлган гапи яна эсдан чиқди. Раис унга танбеҳ берган ҳакамга норози бўлиб қаради.

– Сиз бемалол гапираверинг. Бу пиёла қандай пиёла? Ишга қандай алоқаси бор? Уни қаердан олдингиз?

– Манови одамдан, – деди назоратчи Н.ни кўрсатиб. Н. шундагина ўзи берган пиёлани таниди. – Бу ашёвий далил!

– Ашёвий далил?!– сўради раис ва икки ёрдамчиси билан кўз уриштириб олди. Улар елка қисишди. – Қани, давом этинг.

– Бу пиёлани муҳтарам Н. ўлмасидан олдин ҳам бир уйига кирганимда менга совға қилинг деб сўрагандим. Пиёла менга жуда ёқиб қолганди. Лекин ўшанда пиёла менга ёдгорлик деб бермаганди. У ўлгач, яъни ўлди деб хабар берилгач, манови одамни унинг уйида учратдим ва бу одам ўзини менга Н. деб таништирди. Гарчи у Н.га ўхшаса ҳам менда шубҳа пайдо бўлди. Шу ўринда уни пиёлани сўраб синамоқчи бўлдим. Бу одам пиёлани, Н. учун жуда азиз бўлган пиёлани иккиланмасдан менга совға қилиб юборди.

– Бунинг нимаси ашёвий далил? – сўради чап ёндаги ҳакам. – Бунақа пиёлани бемалол совға қилиш мумкин. Нимаси ашёвий далил?

– Чунки… чунки… пиёла бу кишига тегишли эмаслиги маълум бўлди. Демак бу киши Н. эмас. Агар Н. бўлганда пиёлани бермасди.

Бирдан залга сукут чўкди. Ҳакамлар бир-бирига қараб олишди. Суд котиби Н.га тикилиб қолди, кейин олдидаги қоғозга ниманидир шошиб ёза бошлади. Назоратчи эса муҳим кашфиёт қилгандек пиёлани баланд тутиб турарди. Раис ўрнидан туриб, гувоҳнинг олдига келди. У пиёлани айланиб кўриб чиқди. Ҳатто тагига ҳам қаради. Кейин жойига бориб ўтириб, шериклари билан гаплаша бошлади. Гули эса елкасида турган қандайдир мўйловдорнинг қўлини беҳуда олиб ташлашга уринганча, пиёладан кўзини узмасди. Раис бирдан болғани урди.

– Сиз бунга нима дейсиз? – деб сўради Н.дан.

Н. ўрнидан турди. Ҳамма, бутун зал ўзини кузатиб турганини кўрди. Нимадир демоқчи бўлди. Лекин ютинишдан нарига ўтмади.

– Сиз ростдан ҳам гувоҳ ушлаб турган ашёвий далилни совға қилганмисиз?

– Ҳа,– деди Н.

Унинг бу гапидан сўнг залда ўтирганлар шивир-шивирга ўтишди. Баъзилари ҳатто бақириб гапирарди.

– Демак, ашёвий далилни рад этмайсиз, – сўради раис.

– Йўқ, – деди Н. – Мен уни бу кишига ўз ихтиёрим билан совға қилганман

Залда яна ғала-ғовур бошланди. Ҳамма ўзича бу ҳолатнинг муҳокамасига киришганидан кимнинг нима деётганини билиб бўлмасди. Раис асабий тарзда болға урди.

– Ҳозир сизларни залдан ҳайдаб чиқараман. Айбланувчининг гапларини эшитишга имкон беринглар.

Унинг бақириб айтган гаплари ҳам залдагиларни тинчитолмади. Фақат бирдан жиринглаган қулоқни қоматга келтирувчи қўнғироқ овози ғала-ғовурни босиб кетди. Қўнғироқ овозини эшитиб, ҳакамлар ҳам ўринларидан туришди. Суд котиби ҳам ғала-ғовурни, ҳам қўнғироқ овозини босиш учун бор овозда чийиллади.

– Суд бугунги ишини якунлади. Маслаҳатчиларни раис ўз хонасига таклиф қилади.

Шундай деб олдидаги қоғозларни йиғиштиришга тушди. Залдагилар чиқиб кета бошлади. Кимдир чиқиб кета туриб, бор овозда гапирди.

– Энди йигитга қийин бўлади. Ўз тили билан ашёвий далилни тан олиб ўтирибди-я.

– Энди ҳеч қаёққа қочиб қутилолмайди, – деди шериги ҳам.

Бир пасда зал бўшаб қолди. Н. ҳайрон бўлиб, суд котибига яқинлашди.

– Нима, суд тугадими? Менинг ишим нима бўлади?

– Сизга суднинг ҳукмини маълум қиламиз…

Шундай деб у Н.нинг олдидан пилдираб ўтиб кетди.

– Бу судми ёки майнавозчиликми? – сўради Н. жаҳли чиқиб. – Ҳакамларингиз нега ишни бир ёқли қилмасдан қочиб қолди?

– Улар суд ҳукмини ишлаш учун кетишди, – деди суд котиби ва худди Н. ўзига етиб олиб, бурнини пачоқ қиладигандек, эшикни очасолиб, югуриб кетди.

Н.нинг бир ўзи саҳнада турар, оёқ остида эса турли қоғозлар сочилиб ётарди. Н. ҳакамлар столидаги ҳужжат уюмларига бир пас қараб турди. Лекин барибир қизиқиш устун чиқди. У ўзи устидан қандай ҳужжатлар тўпланганини билгиси келди. ”Булар шунча ҳужжат тўплаб, энди қаровсиз қолдириб кетишди. Ҳужжатга муносабат шундай бўлгач, чалкашлик юз беради-да”. У бориб ҳужжатларни очиб кўра бошлади. Олдин биринчисини, кейин иккинчисини ва қолганларини варақлаб чиқди. Булар сарғайиб кетган эски газета қийқимлари, мактаб болалари ёзган бўлса керак, қандайдир иншолар, турли ёзишмалар эди. Буларнинг ҳужжат эмаслиги ва ҳакамлар боплаб алдагани аниқ эди. Н. буни тушуниб, бирдан бутун зални бошига кўтариб кулиб юборди. Залдан чиқиб кетаётган томошабинларнинг охиргилари унга ҳайрон бўлиб қарашди, кейин судни кўтаролмай ақлдан озди деган хулосага келишди, чоғи, бошларини ҳамдардона чайқаб қўйишди. Н.эса жилдларга солинган қоғозларни осмонга сочиб, товушининг борича бақириб, ўзига зўр томоша кўрсатишганидан ҳузур қилиб куларди.

БУРУНДУҚ, СОҚЧИ ВА ОЛИМ

Суддан сўнг орадан олти ойдан ортиқ муддат ўтган бўлса ҳам Н.нинг ҳаётида ҳеч қандай ўзгариш юз бермади – афтидан, уни бутунлай эсдан чиқариб қўйишгандай эди ва агар уни эсдан чиқариб қўйишган бўлса, Н.нинг барча умидлари пучга чиқар, воқеа эскирган сайин таъсири камайиб, унинг тақдири охир-оқибат унут қисматга айланиб қолиши мумкин эди.

Н. барибир терговчининг шахсий котиби ўзини чақирмаслигига амин бўлгач, уни ўзи излаб топишга аҳд қилди. Тоғ Муҳаммаднинг олдига келмагач, Муҳаммаднинг ўзи тоғ олдига борган эди. Бироқ у излаб борган жойда ҳеч қандай муассаса йўқ. Қанчалик изламасин бу биноларнинг қай бири терговчи муассасаси эканини аниқлай олмади; бинолар бир хил, эски, зиналари нимқоронғи, бўм-бўш, қўрқинчли сукунат оғушида ётарди. Н. кўчани икки марта кезиб чиқди. Ўнлаб биноларга кириб чиқди ва фақат бир хил жавоб эшитди: бунақа муассаса борлигини билмас эканмиз, дейишди. Н. батамом тушкунликка тушай деб турганда ҳозиргина кириб чиққан бинонинг юқори қаватида “Тунги сўров” деган катта лавҳага кўзи тушди. Н. бинога қайтиб кириб, узун ва қоронғи зиналардан юқорига кўтарила бошлади. Охири бирдан гавжум ва ғала-ғовур қаватдан чиқиб қолди. У биринчи марта бир идорада шунча одам ишлашини ва шунча одам иш юзасидан чақирилишини кўриши эди. Узун йўлакда одамлар навбат кутиб туришар, гоҳ у эшикдан, гоҳ бу эшикдан ходимлар чиқиб, бошқа хонага шошиб кириб кетишар, йўлак узун бўлганлиги сабабли хоналар ҳам шунчалик кўп эди. Бу ерда чоллар, кампирлар, ёшгина ўсмирлар ва жуда башанг кийинган, савлатли одамлар ҳам бор эди. Гоҳида хоналардан бири очилиб ичкаридан “навбатдаги” деган овоз келар, хона эшиги олдида турган чўчиб тушар ва атрофга нажот кутгандек бир-бир тикилиб, қалтираётган бармоқларини бошқаларга кўрсатмасликка уринса ҳам, аммо эшик очаётганда титроқ босган қўлини бир зум ҳавода силкитиб турганча хонага кириб кетар, ичкаридан бақириш-чақириш, йиғи-фарёд овозлари келиб тургани учун сўроққа чақирилганлар деярли гаплашишмас, даҳлизни қоматга келтирган ғала-ғовур ичкаридаги хоналардан чиқиб, бутун йўлакни тўлдираётган эди. Н. бу ердаги одамларнинг кайфияти ва иш жараёнидан терговчининг шахсий котиби айнан шу қаватда ишлайди, деган қарорга келди. Даҳлизда пайдо бўлиб, қаёққадир шошиб ўтаётганлар йўлакда навбат кутиб турганларга деярли эътибор бермас, баъзи бирлари эшик орқасида турганларни нарироққа ҳайдаб юборар, бироқ навбат кутувчилар салдан сўнг яна эшик олдига йиғилиб келишар, ичкарига қулоқ тутишарди, ҳамма хонада деярли қайноқ иш палласи эди – кимдир чиқар, кимдир кирар, даҳлизда ўтирганлари чиққан одамни ўраб олишиб, саволга кўмишар, сўнг уни ҳасад билан кузатиб қолишарди. Н. бу эшиклардан қайси бири терговчининг шахсий котибиники эканлигини билолмай, ўнг тарафдаги эшикдан чиққан озғин жингалак соч йигитдан сўради.

– Бурундуқми? Шу ерда, – деди йигит унга қарамай йўлида давом этаркан, – даҳлизнинг охирида.

Н. раҳмат айтишга ҳам улгурмади, йигит ўнлаб эшиклардан бирига кириб ғойиб бўлди. Бу тергов муассасасидан кўра ким ошди савдоси уюштирилаётган гавжум бозорни эслатарди: одамлар сўлғин, мунгли, гўё ичкарида уларни ўлим кутаётгандек, руҳсиз, тушкун эди ва бир-бирига ҳамда даҳлизга чиққан ходимларга нажот излаб тикилишар, ходимлар бепарво ўтиб кетгач яна маҳкум-мустағриқ ҳолатига қайтиб, тақдирга тан бергандек, бошларини эгиб, ўз навбатларини кутиб туришарди. Н. Бурундуқнинг хонасини излаб, йўлакдан ичкарироқ юрган сайин хоналардаги ғала-ғовур кучайиб борарди. Йўлакнинг бу қисми хира ёритилган, навбат кутиб турганларнинг қиёфасини кўриб бўлмасди.

– Бурундуқнинг хонаси қайси? – сўради Н. товуш чиқариб. Йўлакнинг нариги бошида турган Н.га юзи кўринмаган кимдир “Бу ерда!” деб бақирди. Н. қоронғида ўтирганларнинг оёғига сурина-сурина йўлакнинг нариги бошига ўтиб олди ва қия очилган эшик олдида тик турган одамни кўрди: унинг бошида шляпаси бўлиб, қайси рангдалиги билинмас, юзи япалоқ киши эди. Н. унинг кўзи-қошини барибир кўролмади.

– Сиз Бурундуқнинг хонасини излаяпсизми? – деди у одам мулойимлик билан. – Мен ҳам у кишининг олдига келганман.

– Мени чақирганига анча бўлди, – деди Н. – Лекин у кишини тополмадим. Сиз ҳам иш юзасиданми?!

– Мени сўроққа чақирган, – деди эшик олдидаги одам. – Нима учунлигини билмайман.

Ичкарида кимдир чинқириб юборди. Эшикдан тушаётган ёруғда Н. шляпали кишининг оёқлари қалтираб кетганини кўрди.

– Ўн киши кириб кетди, – деди шляпали киши шивирлаб. – Лекин қайтиб чиқишмади.

Н. унинг ичкарига киришга қўрқаётганини сезди. Шу пайт хонадан “навбатдаги” деган товуш эшитилди. Шляпали одам бирдан атрофга аланглай бошлади – шляпасини қўлига олди, ёқасини тўғирлаган бўлди, эшикка икки марта қўл чўзди-да, яна қўлини қайтариб олди.

– Мен кирсам майлими, – деди Н. унинг иккиланаётганини кўриб. – Балким менинг ишим битгунча сиз ўзингизни анча босиб оларсиз?

Шляпали киши иккиланиб қолди: эшик дастасига ёпишганча бир Н.га, бир ичкарига қараб-қараб қўярди. Ниҳоят бир қарорга келди, чоғи, эшикнинг дастасини тутқазди. Н. унинг юзига атайлаб қарамади, аммо қаттиқ ҳаяжонланганидан кўзидан ёш чиқиб кетганини сезди. Н. ичкарига кирди. Хонада икки чўнтакли қалин кўйлак устидан тасмача ўтказиб олган, сарғиш митти йигит ўтирарди. Йигит ўтирган стол ёнида ва қаршисида эшик бўлиб, чинқириқ ўнг тарафдаги эшикдан келаётган эди.

– Исми-шарифингиз, – деди йигит Н.нинг юзига қарамай қандайдир қоғоз олиб тўлдираркан.

Н. ўзини танитди.

– Нима учун чақирилгансиз? – деди йигит Н.нинг исмини ёзиб оларкан.

– Мени Бурундуқ чақирган, – деди Н.

Йигит ялт этиб Н.га қаради ва олдидаги қоғозларни титиб, қандайдир қоғозни топди-да, “Сизни тўққизинчида чақирганмиз, нега кечикдингиз?” – деди зарда билан.

– Мен ҳеч қандай чақирув қоғози олмадим, – деди Н. – Мен ўзим сизни излаб келгандим.

– Сизни қабул қилиш-қилмасликни муҳтарам Бурундуқнинг ўзи ҳал қилади, – деди йигит қовоғини осиб. – Сиз анави хонага кириб ўтириб туринг.

– Сиз Бурундуқ эмасмисиз? – сўради чап томондаги эшикка қараб юраркан.

– Мен унинг ёрдамчисиман, Бурундуқ ичкарида, – деди йигит қўли билан чинқириқ келаётган хонага ишора қилиб.

Чап томондаги хонага кириши билан Н. баъзилари тўғри полга ётиб олган, баъзи бирлари курсига чўкканча чуқур ўйга толган ўнга яқин кишини кўрди. Улар Н.га парво ҳам қилишмади, фақат четроқда ўтиргани жой бериш учун нари сурилди. Булар турли ёшдаги одамлар бўлса ҳам хонадаги кайфият бир хил: қайғули, ташвишли, безовта ва мусибатли эди.

– Сизлар кимни кутаяпсизлар? – сўради Н. ўзига жой бўшатган мўйлови қуюқ, ўрта яшар одамдан.

– Ҳеч кимни, – деди у Н.га қарамай ҳам. – Биз тунги сўроққа чақирилганмиз. Аммо сўроқ қилишмай бизни бу хонага киритиб қўйишди.

“Ана гап қаёқда, – деб ўйлади Н. – Навбат кутиб турганлар буларга роса азоб бераяпти деб қалтираб ўтиришибди. Буларни эса сўроқ ҳам қилишмаган.

Эшик очилиб, Бурундуқ ёрдамчисининг юзи кўринди.

– Н – деди у қўли билан имлар экан. – Чиқинг.

Н. ўзини бунчалик тез чақиришади деб ўйламаганди.

Ўрта хонада ёрдамчидан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Ёрдамчи уни ўнг тарафдаги хонага киритиб юборди. Бу хона хийла катта бўлиб, саранжом сариштали, жавонлар қўйилган, Т шаклидаги стол бошида майдагина, курсида зўрға боши кўриниб турган пакана одам ўтирар, хонанинг тўрига, пакананинг боши устига ёши олтмишлар атрофидаги, сочига оқ оралай бошлаган барваста одамнинг сурати осиб қўйилганди.

– Сиз нега чақирилган вақтда келмадингиз? – деди чийилдоқ товушда пакана, – сизни деб биз иш жадвалимизни бузолмаймиз.

У шундай дея чинқириқ эшитилаётган хийла катта магнитофоннинг тугмачасини босди. Хонага жимлик чўкди. “Булар ташқаридагиларни атайлаб қўрқитиш учун магнитофон қўйиб қўйишган. У ёқда эса ҳамма роса азоб бераяпти деб ўйлаб ўтиришибди, – деб ўйлади. Жуда пихини ёрганга ўхшайди”.

Н. Бурундуққа унинг ёрдамчисига тушунтиргандай тушунтира бошлади. Пакана унинг гапини бўлар, деярли гапини тингламас, нуқул савол берарди.

– Сиз муҳаррир олдига шикоят қилиб боргансиз, терговчига учрашмоқчи эканлигингизни айтгансиз, – деди пакана стул устидаги бир варақ қоғозга тикилар экан. – Терговчига учрашмоқчи бўлган одам билан биз суҳбатлашишимиз керак. Терговчига нима масалада учрашмоқчи эдингиз, ҳаммасини бизга очиқ айтинг. Масаланинг жиддий ёки жиддий эмаслигига қараб, терговчига билдирамиз, агар у киши хоҳиш билдирса қабул қилади.

– Олдин билсам бўладими, ким билан гаплашаётганимни, – деди Н.

Пакана унга ажабланиб тикилди, кейин қаддини бироз тиклади-да, тантанавор оҳангда деди:

– Терговчининг шахсий котиби ва ёрдамчиси Бурундуқман.

– Буни қаранг, – деди Н., – сизни излаб юргандим. Менга сизни бировлар шахсий котиб дейишди, бошқалар эса ёрдамчи дейишди. Бундан чиқди сиз ҳам котиб, ҳам ёрдамчи экансиз-да!

– Шундай, – деди Бурундуқ. – Ишим жуда кўп. Тезроқ гапиринг.

Н. бошидан ўтганни бир бошдан гапириб бера бошлади. Бурундуқ боягидай гапини бўлиб-бўлиб, бир неча савол берди, елка қисди ва охирида Н. ўзини қандай кўмишганини айтиб бераркан ишшайиб қўйди.

– Менинг номимни чалкаштириб, бошқа одамнинг ўрнида мени ўлди, деб ёзиб юборишгани учун бу чалкашликни текширган бўлим, яъни шахсан терговчининг ўзи ҳал қилиши мумкин, деб ўйладим. Чунки жасадга актни сизларнинг бўлимларингиз ёзган бўлиб, энди уни янгилаш, ўликнинг ҳақиқий исмини аниқлаш ва менинг номим чалкашиб кетганини тасдиқловчи ҳужжат керак. Бундай ҳужжатни, эшитишимга қараганда, фақат терговчи бериши мумкин.

– Сизнинг терговчига бўлган ишончингизни сўндиришни истамайман, – деди худди ўқитувчисига бор овоз билан дарсни такрорлаб бераётган боладай чийилдоқ товушда Бурундуқ. – У ҳар қандай ишонч ва муҳаббатга муносиб одам. Бироқ терговчининг шахсий котиби сифатида шуни сизга билдириб қўйишим керакки, терговчининг бундай майда ишлар билан шуғулланишга сира ҳам вақти йўқ. У ниҳоятда банд одам. Сизнинг ишингизни кимгадир топширган, у ходим бу иш билан шуғулланмоқда. Терговчи эса кимга нима иш буюрганини эслаб қололмайди, бунинг иложи ҳам йўқ. Сизнинг ишингизни олган ходим қачон барча иш бажарилди деган хулосага келгачгина терговчига олиб киради, терговчи ўшанда сизнинг ишингизни кимга топширганини эслаши мумкин. Биз ҳаммамиз терговчининг буйруғи асосида ишлаймиз. Кўриб турибсизки, сизнинг ишингизни бирдан ёки фалон вақтда ҳал қилишнинг ва ваъда беришнинг сира иложи йўқ.

– Унда мени нега чақирдингиз? – деди Н. бирдан унинг “нега вақтида келмадингиз” деб ўдағайлагани эсига тушиб. – Мен сизга жуда зарур бўлганман деб, ўйлабман.

– Сизни мен чақирганим йўқ, – деди Бурундуқ гавдасини тик тутиб, ўзининг паканалигини яширишга урингандай, – менга сизни шу масалада қабул қилинг дейишди, мен қабул қилишга розилик бердим. Бундан ташқари улар сизни бизнинг ҳужжат ишларимиздан норози дейишди. Менинг қабул қилмаслигимнинг иложи йўқ эди. Норозилик – хавфли аломат. Норози одам ҳар қандай жиноятга тайёр турган одамдир. Терговчининг бундай одамлар билан шуғулланиш тўғрисида махсус кўрсатмаси бор. Биз теварак атрофни ҳар қандай хавфдан асрашимиз керак.

– Менинг норозилигим бу терговчига эмас, балки қуйи поғоналарда иш юритишни билмайдиган, ўз ишига масъулиятсиз ёндашиши оқибатида мени марҳумга чиқариб қўйишганларга қаратилган эди, – деди Н. Бурундуқнинг чийиллашидан қулоғи битиб. – У пайтлари бу чалкашликнинг олдини олса бўлади деб ишонардим. Лекин энди бахтиқаро эканлигимни англаяпман.

Бурундуқ ўзини курсига ташлади ва стол орқасида деярли кўринмай қолди.

– Бу ёмон, бу жуда ёмон, – деган минғирлаш эшитилди у ердан. – Биз буни ўрганишимиз, сизни сўроқ қилишимиз керак. Бахтсиз одамдан ҳар нарсани кутиш мумкин. Терговчи бунга йўл қўёлмайди. Сиз ҳуқуқшуносликда, умуман жиноятни очишда руҳиятшуносликнинг аҳамиятини қандай тушунасиз? – стол орқасидан яна унинг думалоқ, тепакал боши кўринди.

– Бу соҳада мен умуман тасаввурга эга эмасман, – деб тан олди Н. – Тўғри, қандайдир чет эл киносида шунақа усул билан жиноят очиларди, чоғи. Лекин аниқ эсимда йўқ.

– Мана менинг паканалигим, – деди Бурундуқ, – жиноятчида яхши таассурот қолдиради, тўғрироғи, мен билан очиқ гаплашишни осонлаштиради. Чунки кичкина одамлар ҳамиша ҳар қандай одамда самимият пайдо қилади, баъзан уларни назарларига илмайдилар. Шунинг учун ҳамма нарсани очиқ гапириб ташлашади, жиноятни аниқлашга эса худди шу нарса керак. Агар менинг ўрнимда узун, олифта кийинган, баҳайбат одам ўтирганда нима қилардингиз?! Масалан, сиз эшикдан ҳозиргидай бемалол кириб келармидингиз ёки ийманиб, иккиланармидингиз?

– Шундай бўлса керак, – деди Н. – Сизни кўриб, ростдан ҳам менда ортиқча хижолат йўқолди. Сиз билан бемалол гаплашиш мумкин.

– Ана кўрдингизми, – Бурундуқнинг кўзлари қувониб кетди. – Мана шу руҳиятшунослик дейилади. Жиноятни очишда ёки олдини олишда бу фаннинг аҳамияти катта. Мана сиз, ўзингиз айтгандай, бахтсиз одамсиз. Сизни қонун кўзи билан ўрганиш мушкул, бироқ, руҳиятшунослик сизни тўлиқ ўргана олади. Бахтсизлик ёмон ҳиссиёт. Бахтсизлик ҳам жиноят ҳисобланади, тўғрироғи, жиноят қилишга тайёргарлик ҳисобланади, у ҳар лаҳзада аламзадалик билан жиноятга қўл уриши мумкин, ўзини бахтсиз ҳисоблаган одам жиноятчилар қаторида туради. Бизнинг вазифамиз жиноятнинг олдини олиш. Шу туфайли биз бахтсиз одамлар ҳақида ҳамиша маълумот йиғиб, уларни назорат қилиб турамиз.

– Тўғри, – деди Н. – мен кейинги ойларда ўзимни жудаям бахтсиз ҳис қилаяпман. Бироқ жиноят қилиш хаёлимга ҳам келгани йўқ.

– Сизга шундай туюлади, – деди Бурундуқ ўзининг гапи бўлинганидан ранжиб, юзини буриштирар экан. – Сизнинг ўзингиз ҳам бахтсизлик билан бирга ичингизда жиноятчилик бошланганини билмайсиз. Жиноят – онг ости туйғу ва кечинмаларнинг хуружи. У ҳеч қачон онгингизга қалқиб чиқмайди, пайт пойлаб ётаверади, бир пайт келадики, бир неча сонияда сизни бошқара бошлайди, бутун ихтиёрингизни унга бериб қўйганингизни билмай қоласиз. Бу эса катта жиноятга йўл очиши мумкин. Фақат бахтиёрлик, хушвақтлик – жиноятнинг олдини олувчи биринчи восита. Ўзингизни бахтиёр ҳисобламас экансиз – сиз жиноятчисиз. Хўш, ўзингизни бахтиёр ҳисоблашингизга нима халақит бераяпти? – Бурундуқ қув, қитмир кўзларини пастдан туриб Н.га тикди. – Балким сизга бахтиёр бўлишингиз учун шароит йўқдир? Балким сиз бизнинг тартиблардан норозидирсиз? Бахтсизлик бу шахсий масала эмас. Жамиятга хавф туғдирувчи касаллик. Шу сабабли ҳам биз бахтсизликка ёки одамларнинг ўзларини бахтсиз ҳисоблашларига йўл қўйишга ҳақимиз йўқ. Шу сабабли ҳам биз ўзларини қандай ҳис қилишаётганини аниқлаш учун одамларни тез-тез чақириб турамиз. Сиз мана, ўзингизни бахтсиз ҳисоблайсиз. Бунга ким айбдор? Ҳужжатларимни йўқотиб қўйдим деяпсиз, хўш, ҳужжатларни ўзингиз йўқотгансиз, ўзингиз бу бахтсизликка сабабчи бўлгансиз, ўз вақтида ҳушёр бўлмагансиз. Оқибатда, мана, бахтсиз кишига айландингиз. Биз эса овора бўлиб, сизни тунги сўроққа чақириб турибмиз.

– Ҳеч ким чақиргани йўқ, – эътироз билдирди Н. – Менинг ўзим келдим… – У энди бир оз қувлик қилмоқчи бўлди.

– Бунинг аҳамияти йўқ, – гапини бўлди Бурундуқ. – Кўп кишилар бизнинг чақиришимизни олдиндан билиб ўзлари келишади ва сўроқ беришади. Гарчи айбини бўйнига олиб келгани унинг гуноҳини енгиллатса-да, қонун нуқтаи – назаридан чақирилган ёки ўзи келганлар орасида фарқ йўқ. Иккаласи ҳам бир хил жавобгарликка тортилади ва бир хил саволга жавоб беради.

– Мен, – деди Н. унинг чийилдоқ товушини бироз босиш учун. – Мухбирнинг илтимоси билан келганман. Жавобгарликка ҳеч қандай алоқам йўқ.

– Бу хом хаёл! – деб чийиллади Бурундуқ ва курси устида тик туриб олди, шундагина бўйи Н. билан баробарлашди. – Мухбир илтимос қилгани учун сизни менинг ўзим қабул қилдим – бу сизнинг бахтингиз. Баъзи кишилар ойлаб сўроқ беришга келадилар, бироқ сўроқ беролмай қайтиб кетадилар.

– Мен имтиёзлилар ҳисобида эканлигимни билмасдим, – тан олди Н. – Бунинг учун, албатта, сизга миннатдорчилик билдираман. Лекин менга бу имтиёзнинг зарурати йўқ эди…

– Ана шунақа-да, бировга яхшилик қиласан-у, эвазига яна таъна ҳам эшитасан. – Бурундуқ хафа бўлгандек тумшайиб олди. – Аммо сиз хурсанд бўлмасангиз ҳам бўлади. Сизнинг имтиёзлилар ичига қўшилиб қолганлигингизнинг сабаби бизнинг сизга бўлган алоҳида эътиборимиз туфайли эмас. Мен мухбирнинг илтимосини бажардим. Ўз навбатида мухбир ҳам менинг илтимосимни алоҳида масъулият билан бажаради. Бу ишдаги ўзаро ҳамжиҳатлик.

– Мен, умуман, имтиёзлилар ҳисобида эканимни билмасдим, – деди яна хижолат бўлиб Н. – Эшик олдидаги киши мени навбатсиз ўтказиб юборди: масаланинг бунчалик мураккаблиги хаёлимга ҳам келмаган эди. Ундан кейин мен сўроққа эмас, ўз ишимни аниқлаштириш учун келгандим.

– Ишингиз жуда жиддий ва мураккаб масала, – деди Бурундуқ. – Бу бир кунда ҳал қилинадиган масала эмас.

– Менга айтишувди, – деди Н. – Лекин ҳал қилинишини бир умр кутиш керак эмасдир? Буларнинг ҳаммаси сизларнинг ёмон ишлаётганларингизни билдиради.

Бурундуқ нималардир деб, эътироз билдирмоқчи эди, бироқ тилига жўяли гап келмади, чоғи, дум-думалоқ бошини калта, семиз қўллари орасига олиб, кўзларини ерга тикканча анча ўтирди. Кейин Н.га мўлтираб қаради – кўзларидан ҳали ҳам бир қарорга келолмаётгани кўриниб турарди.

– Мен, – деди у бирдан товушини пасайтириб, худди муҳим сирни очаётгандай, – ҳозир терговчи билан сизнинг масалангизни гаплашаман. Агар у сизни қабул қила олса, вақтини белгилаймиз. Лекин буни ҳеч ким билмаслиги керак. Сизга жуда ачинаётганим учун шундай қилишга мажбурман. Бундан ташқари сизнинг иш юритишимиз ҳақида фикрингиз жуда ёмон экан.

Шу пайт телефон жиринглаб, Бурундуқнинг гапини бўлди. Бурундуқ шошиб гўшакни кўтарди ва: “хўп, ҳозир бораман”, – деди, сўнг курсидан оёқларини осилтириб тушиб олгач: “Мени терговчи чақираяпти, шошилинч мажлис бор экан, кутиб туринг, келаман”, – деди-да, хонанинг орқа тарафдаги гўё атайлаб Бурундуқ учун қурилгандек кичкина, худди қадимги ҳужралар ва қазноқларнинг эшигига ўхшаш туйнукка кириб кетди. “Терговчи шу бинода экан-да, – ўйлади Н. ичида,– уни бутун шаҳар бўйлаб излаб юрибман”. Н. қарор қилиш учун унчалик кўп ўйланмади. Ҳозир унинг терговчи билан юзма-юз бўлиш имконияти пайдо бўлганди. У кенг столни ва курсиларни айланиб ўтиб, Бурундуқ кириб кетган туйнукка қараб юрди: туйнукдан деярли ўтириб олиб, эмаклаб ўтиши билан хира даҳлиз бошланди: аммо бу даҳлизда ҳеч ким кўринмас, сув қуйгандай жимжит эди. Қадам товушлари даҳлизнинг охиридан келарди. Сал юргач, даҳлиз чапга, сўнг ўнгга бурилди. Даҳлиз охирида энсиз зина турар, қадам товушлари пиллапоядан пастга тушиб борарди. Бу кўҳна саройларнинг яширин ҳужраларига олиб бориладиган зиналарга ўхшарди. Н. товуш чиқармаслик учун оёқ учида енгил юриб зинадан пастлай бошлади. Зинадан рутубат, ғубор, тош ҳиди келар, пастлаган сайин рутубат ҳиди кучаяр, оёқлари мармар пиллапояда сирғаниб кетарди. У Бурундуқ олдига киришда қанча юқори кўтарилган бўлса, шунча қават пастлади. Бу, афтидан,хизмат зинапояси эди, деворга ҳар хил кўрсатгичлар чизиб ташланганди. Зина уни кенг тавақали темир эшикка олиб чиқди.

Эшик очилаётганда ғичирлаб кетди ва Н. бирдан бийдай кенг даладан чиқиб қолди. Зулмат қўйнида дарахтлар, қандайдир балчиқ ҳиди тутган ариқ зўрға кўзга ташланарди. Бурундуқ кўринмас, фақат узоқда деразаларида хира чироқ ёниб турган бино томон қандайдир кўланка кетиб борарди. Н. уни чақирди, аммо овозини бийдай дала ютиб юборди. У тез-тез юриб, кўланка изидан узоқда, қизарган тун шафағида худди чўкиб қолган кемадек зўрға кўриниб турган бинога қараб юрди. Уни шаҳар марказидаги улкан бино ортида бундайин кенг дала яширингани ҳайратга солганди. Кўланка дам юқори кўтарилар, дам тепаликлар орасида кўринмай қолар, ўзи митти бўлгани билан Бурундуқ илдам юрадиганлардан эди, чоғи, Н. унинг изидан югуриб, ҳаллослаб қолди. У бино қаршисига борганда кўланка аллақачон бино ичига кириб кетган, ичкаридан зиналарга теккан қадам товушлари эшитиларди.

Н. бинога киришдан олдин бироз тараддудланди; мабодо у кириб борса-ю, унинг бу ўзбошимчалиги терговчининг жаҳлини чиқарса-чи? Бироқ Н.нинг иккиланиб туришга вақти қолмаганди; бинога кириб кетган қадам товушлари ундан тобора узоқлашарди. У зинадан шошиб кўтарилди ва қўштавақали, жуда бақувват ишланган эшикни очиб ичкарига бош суқди ва қаршисида чироқлари хира ёритилган узун, кимсасиз, жимжит даҳлизни кўрди. Ичкарига кириб олгач, қадам товушлари қайси томондан келаётганини билиш учун бир зум қулоқ тутди: қадам товушлари даҳлиз охиридан – юқоридан келаётган эди. Демак даҳлиз охирида зина бўлса керак, деб ўйлади у. Даҳлиз бўйлаб шошиб борар экан, қадам товушларини йўқотиб қўймасликка тиришар, ўзи ҳам қадамларини енгил ташлашга уринар, бироқ қанчалик ҳаракат қилмасин пойафзали гурсиллаб тушарди. У даҳлиз охирига етай деб қолганда бирдан қаршисида барваста, узун, соқчи кийимидаги одам кўринди.

– Тўхта, – деди соқчи, қўлида нимадир ўқталаганча. – Қўлингни кўтар!

Н. шошиб қолди. У бундай бўлишини, олдидан соқчи чиқиб қўлини кўтаришни талаб қилишини кутмаганди. У ўзига ўқталган қуролни кўргач, масала анча жиддийлигини тушунди ва беихтиёр қўллари осмонга кўтарилди.

– Деворга бориб тур, – деди соқчи унинг осонгина қўлини кўтарганини кўргач, хурсанд бўлиб кетганини яширмай. – Кимсан? Бу ерда нима қилиб юрибсан?

– Мен терговчининг ёрдамчисиман, – Н. хаёлига келган гапни айтиб юборди ва шунда дафъатан тилига келган бу гапдан ўзи ҳатто севиниб ҳам кетди. – Мени терговчи чақирган.

Соқчи қанчалик тез хурсанд бўлган бўлса, шунчалик тез шошиб қолди. Аввал қуролини бир чеккага улоқтирди, сўнг Н.дан узр сўрай бошлади. Н. оёғи остига келиб тушган қуролга қараб, қўлини туширди. Бу милтиқ эмас, дастасига темир уланган супурги эди.

– Сизни танимабман, – деди соқчи, – илгари кўрмаган эдим. Қайси соҳа бўйича ёрдамчисиз?

– Ўлган одамлар бўйича, – деди Н.

– Ўлган одамлар бўйича? – қайта сўради соқчи. – Менимча, ўлган одамлар бўйича Ашнан ёрдамчи эди. Ё сиз Ашнаннинг ёрдамчисимисиз?

–Йўқ, – деди Н. – Ашнан ўлган одамлар бўйича ёрдамчи, мен эса ўлган-у, бироқ ўзлари тириклар бўйича ёрдамчиман.

– Ҳа-а, – деди соқчи. – Бунақалар кўп.

– Бўлмасам-чи, – деди Н. – Худди шу масалада мени терговчи чақирган.

– Ишимга аралашаяпти деманг-у, муҳтарам ёрдамчи, – деди соқчи, – сиз янгиларданмисиз?

– Йўқ, – деди Н. – Анча бўлди. Нима, янгига ўхшайманми?

Унинг саволи бироз зардали чиқди, чоғи, соқчи шошиб жавоб қайтарди.

– Агар саволим ноўрин бўлса мени кечиринг. Лекин бу ерда терговчи йўқ. Сизга ё нотўғри ахборот беришган ёки сиз бинони чалкаштиргансиз.

– Нега ундай деяпсан? – сўради Н. – Нега йўқ бўлар экан? Бирон ёққа кетдими?

– Ҳеч қаёққа кетгани йўқ, – деди соқчи, – чунки у ҳеч қачон бу бинода бўлмаган.

– Расмий қоғозларда у шу бинода ишлайди, деб ёзилган-ку!

– Тўғри, расмий қоғозларда шу ерда ишлайди деб ёзилган, – деди соқчи. – Лекин бу шикоятчиларни чалғитиш учун. Барча қоғозларга терговчи шу ерда ишлайди, деб ёзилади. Ҳаммаси шикоятчилар ўз шикоятларини шу бинога олиб келишади.

– Унда бу ерда унинг бирон ёрдамчиси ишласа керак-да, – деди Н.

– Йўқ, бу ерда ҳеч ким ишламайди. Барча/pарса-чи? Бироқ Н.нинг иккиланиб туришга вақти қолмаганди; бинога кириб кетган қадам товушлари ундан тобора узоқлашарди. У зинадан шошиб кўтарилди ва қўштавақали, жуда бақувват ишланган эшикни очиб ичкарига бош суқди ва қаршисида чироқлари хира ёритилган узун, кимсасиз, жимжит даҳлизни кўрди. Ичкарига кириб олгач, қадам товушлари қайси томондан келаётганини билиш учун бир зум қулоқ тутди: қадам товушлари даҳлиз охиридан – юқоридан келаётган эди. Демак даҳлиз охирида зина бўлса керак, деб ўйлади у. Даҳлиз бўйлаб шошиб борар экан, қадам товушларини йўқотиб қўймасликка тиришар, ўзи ҳам қадамларини енгил ташлашга уринар, бироқ қанчалик ҳаракат қилмасин пойафзали гурсиллаб тушарди. У даҳлиз охирига етай деб қолганда бирдан қаршисида барваста, узун, соқчи кийимидаги одам кўринди. хоналар бўм-бўш.

– Бўлмаса шикоятчиларни ким қабул қилади? – ажабланди Н.

– Ҳеч ким, – деди соқчи. – Аввало шикоятчилар терговчини кўриш учун келишади, шу сабабли биронта ёрдамчига кириб ўтиришмайди.

– Ғалати, — деди Н. – Индамай қайтиб кетишадими?!

– Йўқ. Улар шу бинода терговчи бор деб ўйлашади ва эртадан кечгача уни кутиб ўтиришади. Кеч тушгач уйларига қайтиб, эртасига яна келишади.

– Эртасига бирон киши билан учрашадими?

– Йўқ, – деди соқчи. – Улар ойлаб қатнайверишади, кечгача ўтириб, яна қайтиб кетишади. Баъзилари йиллаб қатнайди. Лекин шу пайтгача ҳеч ким қабул қилмаган ёки қилинмаган. Чунки у терговчига шикоят қилиб келган. Ёрдамчилари терговчи номига ёзилган шикоятни ҳал қилишолмайди. Уни фақат терговчи ҳал қилиши мумкин. Бошқа ҳеч ким.

Н. ичида “Мен ҳали шуларга шикоят ёзиб, чалкашликни ҳал қилиб, ҳаётимни изга солади деб ишониб ўтирибман-а, булар шикоятчини масхара қилишаркан-ку!” – деб ўйлади.

– Жуда қизиқ экан, – деди тил учида Н. – Агар ёрдамчилар қабул қилмаса, терговчи эса йўқ бўлса, шикоятчиларни овора қилишнинг нима кераги бор?

Соқчи Н.га бир зум ишонқирамай тикилиб турди. У энди Н.нинг ёрдамчилардан бири эканига шубҳа қилаётган эди.

– Кераги бор, – деди у энди бироз қўполроқ овозда. – Шикоятчилар ҳали бундай тартибдан бирон марта нолишгани йўқ. Аксинча, кўплари шунга кўникиб ҳам қолишган. Бу ерга худди байрамга келаётгандай тайёрланиб келишади. Ёрдамчиман дейсиз-у, оддийгина нарсаларни суриштираётганингизга ҳайронман.

– Мен атайлаб суриштираяпман, – деди Н. қовун тушираёзганини сезиб. – Аслида сиз ўз вазифангизни биласизми, йўқми, шуни билмоқчи эдим. Сиз жудаям намунали соқчи экансиз, буни, албатта, терговчига етказиб қўяман. Сиздай ўз вазифасини сидқидилдан уддалаётган соқчилар кам.

Н.нинг мақтови соқчининг шубҳага тўла бошлаган юз ифодасини ёриштириб юборди.

– Ўзим ҳам ичимда мени синаб кўриш учун келгансиз деб ўйлаётгандим, – деди. – Сиздай ёрдамчи шу оддий нарсаларни билмаслиги мумкин эмас. Бироқ терговчига айтиб қўйинг, бу ерда ўз вазифасини биладиганлар ўтирибди. Кўплар мени қаттиққўлликда айблашади, лекин қаттиққўл бўлмасанг, тартиб бўладими? Масалан, шикоятчилар шунчалик кўп келадики, даҳлизга сиғмай қолади, ғала-ғовур қилишади, бизни алдаяпти дейишади. Мен эса уларга жуда илтифот билан муомала қиламан. Кўраяпсизми, даҳлизда қатор қилиб юмшоқ курсилар қўйдирдим. Илгаригиси ёғочдан эди. Бир соат ўтирса бели оғриб қоларди. Ахир шикоятчига ҳурматсизлик қилиб бўладими? Уларнинг ичида умр бўйи ҳар куни келадиганлари ҳам бор. Энди юмшоқ курсида бемалол дам олишлари мумкин. Ҳатто вақт қандай ўтгани ҳам билинмай қолади. Вақт ўтгани билинмаса, шикоятчи ҳам бу ердан асабийлашиб, хафа бўлиб чиқиб кетмайди. Шу йўлда тинмай меҳнат қилаяпмиз…

У ён томондаги оғзига қулф солинган сандиқчани кўрсатди.

– Мана бу шикоятлар ташланадиган сандиқ. Кўраяпсизми, пўлатдан. Уни ҳеч ким очолмайди. Калити эса терговчида. Лекин ҳали бирон марта ҳам очилмаган.

– Унда бу хатларни ким ўқийди? – ҳайрон бўлди Н. сандиқни айланиб томоша қиларкан.

– Мен, – деди соқчи.

– Сиз? – баттар ажабланди Н. – Калит терговчида дедингиз-ку!

– Ҳа, тўғри, терговчида! – деди соқчи. – Лекин сиз бир нарсага эътибор бермаяпсиз. Сандиқнинг мана бу мен турган тарафдаги таги тешик. Мана кўринг, – соқчи Н.ни ёнига имлаб чақирди. Н. унинг олдига ўтиб, сандиқнинг бу тарафда умуман таги йўқлигини кўрди. – Илгарилари шикоятларни шундай олиб ёқиб юборишарди, шунда мен Ашнанга шунча одам умид билан келади, шикояти ўқилмаса, роса алам қилади, шу сабабли мен шикоятларни ўқиб чиққандан сўнг ёқиб юборишсин дедим. Ашнаннинг ўзи ҳам шу нарсани ўйлаб юрган экан, рози бўлди. Шундан бери тунлари шикоят ўқиб чиқаман, баъзиларини ўқиб, юрагим эзилиб кетганидан тўйиб-тўйиб йиғлайман ҳам. Шикоят ўқиш менинг касбим бўлиб қолди. Сандиққа хат ташлаётган шикоятчини кўрсангиз эди, – у сал бўлмаса нутқ ирод қилади. “Мен, – дейди у, – қирқ беш йил шу шикоятимни терговчи ўқисин деб қатнадим. Энди умрим охирлашиб қолди, шу сабабли армон билан ўлиб кетмай, майли, терговчи сандиқдан олиб бўлса ҳам ўқий қолсин, бунга имоним комил”. Мен эса сандиқнинг бу тарафида турганча, унга “Шикоятни терговчи албатта ўқийди” деб ишонтираман. У бахтиёр бўлиб чиқиб кетади – ахир эртага ўлиши муқаррар одамни бахтиёр қилишдан ҳам каттароқ шараф борми? Бу хатларни ўқисангиз эди! Баъзилар терговчига самимий муҳаббатларини изҳор қилишади, ичига “бутун умидимиз сиздан” деб ёзиб қўйишади. Баъзилар эса суратларини солиб юборишади. Мен бу одамзотнинг ғалати феълини кўрсатувчи шикоятларни туни билан ўқиб чиқаман-да, эрталаб ёқиб юбораман, бўлмаса сандиқ шикоятга тўлиб қолади-да. Эрталаб келган шикоятчилар сандиқнинг бўшаб қолганини кўриб, шикоятларини терговчи олиб ўқиганига шубҳа қилишмайди. Шикоятларида кўтарилган муаммолар ҳал қилинишига ва ҳаётларида порлоқ кунлар бошланишига умид қила-қила қайтиб кетишади. Буни кўрган терговчининг ўзини кўраман деб ўжарлик қилаётганлар ҳам шу заҳотиёқ шикоят ёзиб, сандиққа ташлашга киришади. – Соқчи “Хўш, қалай?!” дегандай Н.га ялтоқланиб, мақтов кутиб қаради.

– Баракалла! – деди Н. – Мен, албатта, буни терговчига етказиб қўяман.

Соқчи унинг бу гапидан талтайиб кетди ва Н.ни ҳозиргина ўзи мақтаган курсиларга ўтиришга таклиф қилди.

– Йўқ, раҳмат, – деди Н. – Мен бу ерга Бурундуқни излаб келгандим. У тепага чиқиб кетди, чоғи.

– Бурундуқ? – деб сўради соқчи. – Бу ерга ҳеч ким келгани йўқ.

– Сиз кўрмай қолгандирсиз, – деди Н. – У юқори қаватга чиқиб кетди, чамамда.

– Мен бир сония ҳам жойимдан жилганим йўқ, – деди соқчи. – Бу ердаги хоналарнинг эшиги михлаб ташланган. Бу ерда ҳеч ким йўқ.

ххх

Н. Бурундуқнинг хонасига қайтиб кирганда у ерда Бурундуқнинг ўрнида дароз йигит ўтирар, телефонда ким биландир гаплашарди. Н.ни кўриб, шоша-пиша гўшакни жойига қўйди-да, Бурундуқникига ўхшаш чийилдоқ товушда бақира кетди:

– Қаерларда юрибсиз? Сизни изламаган жойим қолмади. Сўроққа келганмисиз ёки мен билан сичқон мушук ўйнамоқчимисиз?

– Мен Бурундуқни излаб юрибман, – деди Н. Аммо дароз паст лавозимлилар юқори лавозимли бошлиқнинг исмини эшитганда дарҳол шаштидан тушадиган аксарият кишилардек, товушини пасайтирмади. Аксинча, Н.нинг гапидан бирдан тутаб кетди ва олдидаги қоғозларни бир четга улоқтирди.

– Сизнинг Бурундуқни излашингизга ҳожат йўқ, – чийиллади у Бурундуққа ўхшаб қўлларини бигиз қилар экан. – Эътиборингиз учун шуни маълум қилмоқчиманки, шу соатдан эътиборан, Бурундуқнинг ўрнига мени ёрдамчи қилиб тайинлашди.

– Унда Бурундуқ кўтарилибди-да, – деди Н. беихтиёр Бурундуқнинг бу муассасада бошлиқнинг мансаби кўтарилгач, муовини ўрнига ўтиши одати ҳақида гапирганини эслаб.

– Бу ҳали номаълум, – деди дароз иззат-нафси ҳақорат қилингандек тумшайиб. – Унинг қайси мансабга ўтказилгани менга қоронғи. Лекин энди сизнинг масалангизни мени ҳал қиламан.

– Сизни муносиб равишда тақдирлашганларига имоним комил, – деди Н. атайин тилёғмалик қилиб. – Мени бемалол сўроқ қилишингиз мумкин. Мен тайёрман.

Бироқ у гапини тугатмай даҳлиздан қулоқни қоматга келтирувчи қўнғироқ эшитилди. Салдан сўнг пастки ва юқори қаватдан, даҳлиздан гупирлаган қадам товушлари келди ва анча пайтгача ҳар қандай товушни босиб қўйди. Афтидан, одамлар қайгадир шошиб кетишаётган эди.

Дароз столнинг бир четига кетини қўйиб, қўнғироқ тинишини кутиб турар, унинг шу туриши қўлтиғидан тушиб кетган тарвузга қараб турган одамни эслатарди.

– Энди сўроқ қилишнинг иложи йўқ, – деди у Н.га мўлтираб қараркан. Унинг кўзларида “Агар қўнғироқ бўлмаганда роса адабингни берардим”, деган ифода бор эди. – Тунги сўроқ вақти тугади. Бу ёғига сўроқ қилиш тўхтатилади.

– Унда менинг ишим нима бўлади? – сўради сабрсизлик билан Н.

– Куни тайин бўлгач, яна ўзимиз чақиртирамиз, ҳозир эса бўшсиз.

Шундай деб дароз эшикни кўрсатди. Н. даҳлизга қайтиб чиққанда у ерда ҳеч ким йўқ эди, нимқоронғи даҳлиз бўшаб, жимжит бўлиб қолганди. У даҳлиз охирига қараб юрди. Тонгги шуъла даҳлиз адоғидаги ойнаванд тўсин орқали бутун йўлакни ёритиб юборган, оёқ остида сўроққа келганлар кун бўйи чақиб ташлаган писта пўчоғи, қоғоз, мева қолдиқлари, бўшаб қолган курсиларда газета қатламлари сочилиб ётарди. Н. йўлак охирига етмай, изидан чақираётган товушни эшитиб ўгирилди – йўлак тўрида шляпа кийган киши ҳаллослаганча унга қўл силкир, нималардир деб чақирарди. У яқинлашгач, Н. бу одамнинг кечаси ўзига навбат берган киши эканини кўрди.

– Сизни кутиб тургандим, – деди шляпали унга яқинлашар экан. Тез юрганидан ўпкаси шишиб қолган, айтмоқчи бўлган гапи бўғзига тиқилиб, ҳеч бир маъносиз ғўлдирашга ўхшаб чиқарди. Н. у яқин келгач анча келишган, бақалоқлиги ўзига ярашиб турган киши эканини кўрди. – Тез юрар экансиз, етиб олишим қийин бўлди.

– Мени кутиб турибсизми? – сўради Н. – Бирон ишингиз борми?

Шляпали киши терлаб кетган бўйнини артар экан бош ирғади.

– Сизга миннатдорчилик билдириб қўймоқчи эдим, – деди у ниҳоят артиниб бўлгач, Н.нинг қўлларини қисар экан.

– Нима учун? – ҳайрон бўлди Н.

– Нима учунингиз нимаси, — баттар ҳайрон бўлди шляпали. – Ахир ўрнимга кириб, мени қутқариб қолдингиз. Яна нима учун дейсиз-а?

– Шунга мени атайлаб кутиб ўтириш шартмиди? – деди Н. – Мен барибир киришим керак эди. Аксинча, навбатингизни берганингиз учун сизга мен миннатдорчилик билдиришим керак. Барибир шу билан қутилмайсиз, сизни кечга яна чақиришади.

– Биламан, – деди шляпали, – лекин мен бир кун ютдим, шу ҳам катта бахт. Кечгача ҳали ўйнаб қолиш мумкин. Ким билади, ташқарини кўриш яна насиб қиладими, йўқми?

– Унчаликмас, – деди Н. – Сизни бу ерда ушлаб қолишмайди. Нимадир чалкашлик бўлган, шунга чақиришган. Ичкарида ҳеч кимни ушлаб қолаётганлари йўқ. Қолаверса, бу ер одамлар тасаввуридагидек, терговчининг муассасаси ҳам эмас. Қандайдир тушуниксиз ташкилот. Афтидан, одамларни шунчаки чалғитиб туриш учун бир гала бекорхўжалар хаёлларига келган майнавозчилик билан шуғулланадиган идора экан.

– Сиз бугун келдингиз, – деди шляпали. – Ҳали ҳеч нарсани билмайсиз. Биринчидан, бу ерга бекорга чақиришмайди. Кейин эса ким кирган бўлса қайтиб чиққани йўқ.

– Нега чақиришганини ўзингиз билмайсизми? – Н. у билан тортишиб ўтирмади ва айни пайтда бу одамнинг бу қуён юраги билан ҳеч қачон ичкарига киролмаслигини англади.

– Йўқ, – деди шляпали. – Бу ерга келаётганларнинг аксарияти нима учун чақиришганини билишмайди.

Улар зинадан туша бошладилар. Шляпали тинмай жаврар ва Н.га миннатдорчилик билдирарди.

– Сизга бу яхшилигингизни қандай қайтаришни билмайман, – деди у. – Балким мендан бирон нарса сўрарсиз?

– Ҳеч нарса керакмас, – деди Н. – Ташвишланманг. Мен ўз ишимни қилиб чиқдим. Сизнинг миннатдорлигингизга лойиқ иш қилганим йўқ.

Шляпали зинадан тушгунча яна ҳаллослаб қолди. Улар кўчага чиқишганда қуёш шаҳар устида энди бош кўтарганди.

– Биласизми, – деди бирдан шляпали Н.нинг қўлтиғига осилганча. – Мени ҳар кеча чақиришади, бироқ ҳамиша кимдир менинг ўрнимга киришни илтимос қилиб келиб қолади. Йўқ, деёлмайман. Албатта, менинг ўзимга ҳам шундай бўлгани тузук. Шунинг учун ҳам миннатдорчилик билдириш менинг бурчим.

– Хўп майли, – деди Н. ундан айтганини қилмай қутулолмаслигини сезгач. – Миннатдорчилигингизни қабул қилдим. Ҳамиша хизматингизга тайёрман. Энди мен кетай.

Н. бурилиб жўнамоқчи эди, бироқ шляпали унинг қўлини худди қадрдонлардек қаттиқ қисди.

– Ўлгунимча унутмайман, – деди у қўлини сиқиб силкитаркан. Сўнг бирдан ўзини яқин олиб, ҳамдардлик қилаётгандай сўраб қолди. – Сизни нега чақиришган?

Н.нинг жаҳли чиқди. Афтидан шляпали уни ҳали вери қўйиб юборадигандай эмасди.

– Мени чақиришмаган, – деди у гапни калта қилиш учун. – Менинг ўзим терговчини излаб келганман.

– Терговчини? Ўҳ-ҳў… – деди бош чайқаб Н.ни бошдан оёқ ҳавас билан кузатиб чиқаркан. – Хўш, уни топдингизми?

– Йўқ, – деди Н. – Унинг идорасини негадир ҳамма сир тутишади. Тополмадим.

– Мен биламан, – деди бирдан шляпали кўзларини қувлик билан пирпиратаркан.

– Сиз қаердан биласиз? – сўради Н. бу одам рост-ёлғон айтаётганини билолмай.

– У мен яшайдиган уйнинг рўпарасида ишлайди. Мен ҳар куни уни дурбиндан тамоша қилиб ўтираман.

– Бунинг сизга нима қизиғи бор? – ҳайрон бўлди Н. – Бу, менимча, одобдан эмас.

Шляпали ўғирлик устида қўлга тушгандай қизариб кетди; сўнг шошиб чўнтагини кавлай бошлади, у ердан қандайдир малла рангдаги ҳужжат чиқариб, Н.га узатди.

– Бу нима? – сўради Н. унинг хатти-ҳаракатидан ҳайратланиб.

– Агар бу ҳужжатни ўқисангиз мени ноўрин айбламасдингиз. Мен олимман, – деди бир оз тумшайиб шляпали.

Н. дафтарчани очиб, у ерда катта ҳарфлар билан “Олим Шомон” деган ёзувга ва сурат устига урилган катта муҳрга кўзи тушди.

– Фанда уят бўлмайди, – деди олим Н.нинг танбеҳидан хафа бўлгандек. – Мен тадқиқот олиб бораяпман. Хулоса мукаммал бўлиши учун хоҳлаганча кузатув олиб боришим мумкин. Бунга ҳуқуқим бор.

Н. ноўрин айблагани учун хижолат бўлди.

– Мени кечиринг, – деди у ҳужжатни қайтариб бераркан. – Сизнинг олимлигингизни билмасдим.

– Билмасдан айбламаслик керак, – деди бироз гинапарастлик билан олим. – Фан асоссиз айбловни ёқтирмайди.

Н. ундан яна кечирим сўради ва агар билганимда асло кўнглингизни оғритмасдим деди.

– Ҳа, майли, – деди олим, – менга қилган яхшилигингиз эвазига кечирдим. Лекин бошқа бундай қилманг.

Н. бош ирғади. Улар тонгги ҳавода йўлак бўйлаб кетишарди. Диққинафас бинодан сўнг мезон ҳавоси роҳат бағишларди. Олим эса ўзининг тадқиқотининг моҳияти ва фанда шов-шув бўладиган кашфиёт билан бандлиги ҳақида гапира бошлади. Бунинг учун эса узоқ ва муттасил кузатув зарур экан. Текширув олиб борар, тадқиқотига зарур далиллар излар, тажриба қилар, кечқурун эса сўроқ бергани келар экан.

– Хўш, текширувингиз бўйича кузатаётганингиз терговчи эканлиги аниқми? – сўради Н. унинг нафас ростлаш учун бирпас тўхтаганидан фойдаланиб.

– Фан аниқ шу деган кўрсатмани бермайди, балки фаразларни ўртага ташлаб, тажриба олиб боради, шу тажрибага кўра маълум хулосани айтади. Бу хулосани бошқа бир олим текшириб кўриб, сўнг у ҳам хулоса қилади. Ана шундан кейин бирон бир тахминни айтиш мумкин бўлади. Ҳозирча, мен шу терговчи деган қараш тарафдориман, кузатувларим унинг терговчилигини тасдиқлаяпти, – олим масаланинг нақадар нозиклигини кўрсатиш учун кўрсатгич бармоғини осмонга нуқиб қўйди. – Хоҳласангиз сизни кузатувларимга шерик қилишим мумкин.

Н. худди шу таклифни кутиб тургандай бирдан розилик берди. “Менга жуда катта ёрдам берган бўлардингиз, ахир терговчини бутун шаҳарни зир югуриб, тополмай юрибман. Лекин эсдан чиқарманг, бу ҳаммаси кечаги хизматингиз учун. Мабодо ўрнимга кирмаганингизда мен текширувимни давом эттиролмасдим”, – деди олим. Улар ҳозиргина чиқишган бинонинг орқа томонидаги кўчада жойлашган худди шундай бинога киришди. Бу бинонинг ҳам зиналарида чироқ йўқ, лекин тонгги қуёш шуълалари туйнукнинг исқирт ойналаридан ўтиб, зинани хира ёритиб турар, шу сабабли зиналарда кечагига ўхшаб қоқилиб юришга ҳожат йўқ эди. Улар энг юқори қаватга кўтарилишди ва темирдан ясалган, ҳамма томони панжара билан ўралган эшик олдида тўхташди. Олим эшикни очар экан, ўз ихтироси ҳақида ҳалитдан шов-шув бошланганини, шу сабабли жуда эҳтиёт бўлиш шартлигини, ўғирлаб кетиш эҳтимоли йўқ эмаслигини гапира бошлади. Н. унинг бирдан фикридан қайтиб қолишидан қўрқиб, гапини маъқуллаб турар, тезроқ бу қават-қават эшиклар очила қолсайди, деб ўйларди. Ниҳоят улар уйга кирдилар.

– Қаҳвага таъбингиз қалай? – сўради олим улар одмигина, қоғозлар сочилиб ётган пала-партиш хонага киришгач.

– Йўқ демайман, – деди Н. – Лекин унгача мен терговчини бир кўрсам девдим.

– Албатта, – деди олим. – Бу ёққа юринг.

Улар торгина болахонага чиқишди. Бу ерда уч оёқли суянчиққа катта дурбин ўрнатилган эди.

– Мана дурбин. Рўпарадаги бинонинг чапдан тўртинчи деразасига қаранг. Сиз кузатаверинг, мен қаҳва тайёрлайман.

Олим айтган дераза улар турган қаватдан икки қават пастда эди, шу сабабли гарчи бино хийла узоқ бўлса ҳам дурбиндан хонадаги барча нарса яққол кўринарди. Бироқ хонада ҳеч ким йўқ эди. Деворда Н. қонун биносида, терговчининг ёрдамчиси хонасида кўрган хийла катта, девор бўйи сурат осиғлиқ эди, ўртадаги узун столда тобутга ўхшаш ёғоч қути турар, хонага қип-қизил гиламлар тўшаб ташланган, қути устига байроққа ўхшаш мато ташлаб қўйилганди. Н. столга рўбарў турган ярим очиқ эшикдаги ёзувни ўқиди: қизил ёзувлар билан катта-катта қилиб “Терговчи” деб ёзиб қўйилганди. Лекин олим айтган хона назарда тутилганми ёки эшиги қия очиқ хонами билиб бўлмасди.

– Хўш, – деган товушни эшитди Н. Ичкаридан, – ҳаммасини кўра олдингизми?

– Ҳа, – деди Н. – Лекин ҳеч ким йўқ-ку! Қандайдир тобут турибди, чоғи.

– Тўғри, – деган товуш келди ичкаридан. – Тобут. Бу нимани билдиради? Баъзилар фанни менсимайди, унинг ютуқларини тан олишмайди. Лекин фан бўлмаса бунчалик юксак тараққиёт бўлмасди. – Салдан сўнг иккита финжон кўтарган олим чиқиб келди. У қўлидаги қаҳвани Н.га узатар экан, гапида давом этди. – Фақат фангина чалкаш масалаларни тўғри ечишни кўрсатади. Мана, сиз кўрган манзарага фан кўзи билан қараймиз. Жуда шинам хона, шундай эмасми, сурат ҳам бошқа хоналардагидан хийла катта. Иккита ён хонада терговчининг ёрдамчилари жойлашган. Ана қаранг. – Олим дурбинни Н.га тутди. Н. аввал чап, сўнг ўнг хонани кузатди. Бу хоналарда жуда сипо одамлар ниманидир муҳокама қилардилар. Уларнинг қаршисидаги курсида эса ёш йигит ўтирарди. Н.ни ҳар икки хонадаги йигит бир-бирига қуйиб қўйгандай ўхшаши ҳайратга солди. “Анови йигитлар ким?” – сўради у олимдан. Олим дурбинга кўз ҳам югуртириб ўтирмади. “Айбдорлар ёки айбдор деб гумон қилинганлар, – деди қаҳвасини сипқорар экан. – Фан аниқ далилларга суянади, шу жиҳати билан бошқа барча ўзига яқин тадқиқот турларидан фарқ қилади. Кўриб турганингиз тобут, сурат, тобут устидаги байроқ ва хонадаги умумий манзара терговчининг ўлганидан дарак беради”. “Нималар деяпсиз?! – деди Н. бирдан дурбинга қайта ёпишар экан. – Бу гапни қаердан олдингиз?” “Фан одами эмаслигингиз дарров билинди, – деди олим. – Мавжуд манзарадан мантиқий хулоса чиқаролмаяпсиз. Терговчи ўлган ва унинг ўлганини хонадаги манзарага қараганда сир тутишаяпти”. “Сир? – деди ажабланиб Н. – Бунинг нима зарурати бор?” “Нега зарурати бўлмас экан? – олим Н.га шунга ҳам фаҳмингиз етмаяптими дегандай писанда овозда саволни қайтарди. – Агар терговчининг ўлгани ошкор бўлиб қолса, шаҳарда жиноятчилар бош кўтаришини ва ақл бовар қилмас тартибсизлик бошланишини тасаввур қилаяпсизми? Нақ қиёмат бошланади”. Н. олимнинг ўзи айтгандек далилга суянган фикрлари олдида мулзам бўлиб қолди. Ростдан ҳам, олим айтгандай, терговчининг ўлимини сир тутишаётган бўлишлари табиий-ку. Унда Н.ни терговчининг номидан беҳуда овораю-сарсон қилиб юришган бўлади.

– Менинг кузатувларим охирлаб қолди, – деди олим. – Терговчининг ўлганини исботлаб беришга менда барча асослар бор. Фақат уни сўнгги кузатув хулосалари билан тўлдириш қолди, холос. Агар буни исботлаб берсам фанда буюк бурилиш юз беради. Тадқиқотимнинг моҳияти ҳам шунда. Энди ҳозиргина чиққан биномизнинг ёнидаги кичкина бинога разм солинг. Барча ёрдамчи-ю, котиблар, казо-казолар эрталаб шу бинога йиғилишади: бу ер ҳаммом. Лекин бирон марта улар орасида терговчини кўрмадим.

Н. олим кўрсаткич бармоғи билан кўрсатган, устидан узун мўриси чиқиб турган кичкина – омбор нусхадаги бинога кўз ташлади. Олим ҳақ эди: бу ерда барча қип-яланғоч бўлиб, буғи чиқиб турган ёғоч зиналарда қатор туриб олишганча тиззаларига китоб қўйиб ўқиб ўтиришарди. Н. уларнинг юзини бир-бир кузатиб чиқди. Энг пастки зинада тувакка ўтирган боладай зина четига омонатгина қўнган Бурундуққа кўзи тушди. “Мана қаерда экан, – деди ғазаб билан у. – Терговчининг олдига кетдим деб, кетини ювгани қочган экан-да. Мен эса уни жудаям банд одам деб, терговчини ўзим излаб топмоқчи бўлибман. Бу мансабни суъистеъмол қилиш-ку”. “Бу уларнинг хизмат вазифасига киради”, – деди унинг ортида турган олим. “Ҳаммомга тушиш хизмат вазифасига кирадими? Сиз ҳам олиб қочасиз-да, олимман деб. Н.нинг жаҳли чиқди. “Бўлмасам-чи, – деди олим. – Улардан мутлақо ҳалол ишлаш талаб этилади. Ҳалоллик эса бадан тозалиги билан белгиланади. Кимнинг бадани тоза бўлса, билингки, ўша кўпроқ ҳалолдир”. Бу гапдан сўнг Н. яна бир марта олимнинг мантиғини рад этиб бўлмаслигини сезди. Олимнинг гаплари унинг юзига биров тўсатдан шапалоқ туширгандай таъсир қилди.

– Биз уларни қоронғи хоналарда кутиб ўтирамиз, булар эса ҳаммомга кириб олиб китоб ўқишади. Яна ким билади, бу қандай китоб эканки, ҳаммомда ўқийдиган, – Н. жаҳл билан у ёқдан буёққа юрар экан, тобора асабийлашарди.

– Қонун китоби, – луқма ташлади олим.

– Қонун китоби? – сўради ҳайрон бўлиб Н. ва таққа тўхтаб олимга қайрилиб қаради.

– Шундай. Улар ҳаммомда қонунни ўрганишади.

Н. қўлларини икки ёнга ёзиб, ҳеч нарсага тушунмаганини намойиш қилди.

– Буни қаранг, улар қонунни ҳаммомда ўрганишаркан? – деди асабий тарзда.

– Бунинг нимаси ёмон, – деди олим худди унинг жиғига тегмоқчидек мутлақо бамайлихотир оҳангда.

– Нимаси ёмон деганингиз нимаси? – деди Н. – Одамлар уларни кутиб хуноб бўлиб ўтирса-да, улар ҳаммомга кириб қонун ўрганишса.

– Уларнинг вазифаси шуни талаб қилади. Бир лаҳза ҳам қонунни эсдан чиқармасликлари шарт. – Олим курсига яхшилаб жойлашиб олди-да, худди маъруза қилаётгандай гапира бошлади. – Уларни кутиб турган ўша одамлар билан қонун тилида гаплашишлари керак. Улар ҳаммомда ўтириб, қонунни ёдлашади-да, сўнг шикоятчиларга айтиб беришади. Бусиз ахир мумкин эмас, вазифалари оғир.

Н. дурбинга кўзларини қўйиб, яна ҳаммомга қаради: қип-яланғоч ёрдамчилар ҳали ҳам китобга мук тушиб ўтиришар, энди китобга деярли бош қўйиб олишган, улар ҳаммомда ўтиргандан кўра ўқитувчисидан дашном эшитиб, энди бутун вужудлари билан китоб ўқиётган қуйи синф ўқувчиларига ўхшашарди. Н.га улар китобга бош қўйиб ухлаб ётишгандай туюлди. Дурбинни уларнинг кўзларига бир-бир олиб боргач, шубҳаси ҳақиқат эканига амин бўлди.

– Ухлаб қолишибди, азаматлар, – деди товуш чиқариб ва шу гапи билан олимни узиб олмоқчи бўлди.

Бироқ олим унинг гапини эшитиб ажабланмади ҳам.

– Уларга ҳам осон эмас, – деди у. – Терговчи қонунни сув қилиб ичишни буюрган, яна устига-устак ҳарорати олтмишдан ошиқ ҳаммомда ўтириб! Бурчакдаги хумчани кўряпсизми? – Н. ҳаммомнинг бурчагига қараб, у ерда беўхшов, одам бўйи келадиган хум турганини кўрди. – Улар қонунни сув қилиб ичиб юборишлари учун китоб ўқиб-ўқиб, устидан сув ичиб туришади. Терговчи жуда қаттиққўл.

Н. олимга ажабланиб қаради. “У мени масхара қилмаяптими”, – деган ўй кечди хаёлидан.

– Сиз терговчи ўлган дедингиз-ку, яна ким уларга қаттиққўллик қилади?

– Ўлишга ўлган, лекин ёрдамчилари худди терговчи тирик пайтидагидек ишлашга ўрганиб қолишган. Агар уларнинг ичига тушиб қолсангиз ўзаро гаплашишганда “терговчи ундай деди”, “терговчи бундай кўрсатма берди”, “шахсан терговчининг ўзи кузатиб турибди” деган гап-сўзларни эшитасиз. Ҳатто бир-бирига қўнғироқ қилиб, терговчининг номидан кўрсатмалар беришади, вазифалар белгилашади, режалар тузишади, сўнг эса шу вазифаларни астойдил бажаришга киришишади. Шунинг учун ҳам терговчига боғлиқ бирон масалани аниқламоқчи бўлсангиз ҳеч қачон охирига етолмайсиз. Негаки, ўша масалани ким ҳал қилиши ва кимнинг кўрсатмаси билан амалга оширилгани номаълум бўлиб қолаверади. Яъни ҳаммаси терговчи номидан амалга оширилади: қоғозга “терговчи кўрсатмасига биноан” деб ёзиб қўйишади. Хўш, сиз терговчининг ўша кўрсатмасини аниқлайман деб кўринг-чи?.. Бошингизни ари уясига тиққан бўласиз.

– Сиз буларнинг ҳаммасини жуда яхши биларкансиз, – тан олди Н. – Тўғриси, ҳеч ким менга бу даражада батафсил, икир-чикиригача тушунтирмаганди.

– Мен, ахир олимман, – деди бир оз ғурур билан олим. – Фан аниқликни ёқтиради.

– Барибир терговчининг ўлганини яшириб ўтиришингизни маъқуллай олмайман, – деди Н. – Жамотчиликни хабардор қилиб, терговчи номидан иш кўраётганларнинг адабини бериш, саргардонликларнинг олдини олиш керак.

Н. шунда бирдан толиққанини сезди. Ичидан ҳорғинлик босиб келди. “Буни қаранглар, – деди алам билан, – мен умримни терговчини излаш билан, унга умид қилиш билан ўтказибман, у эса ўлиб ётибди”. У бутун аъзосида ҳорғинлик ҳис қилди. Тун бўйи бошидан кечирганлари уни ниҳоят ҳолдан тойдирган эди.

– Мен толиқдим, – деди Н. – Агар қарши бўлмасангиз бирон бурчакка чўзилиб олсам девдим.

– Бемалол, – деди олим. – Анави бурчакда махфил турибди, – у ичкаридаги қия очиқ хонани кўрсатди. – Мен кундузи тадқиқот олиб бориб, кечаси тунги сўроқда тик турганча мудраб олишга ўрганганман.

Н. эшикдан кириб, олим “махфил” деб атаган ёғоч сандиқ устига солинган тўшакка чўзилди ва шу заҳоти уйқуга кетди.

ГЎРКОВ

Ўша ёз ва куз бошларида Н. кўчага қайтиб чиқмади – энди уйда тарки дунё қилган одамдек, ҳаммасидан кўнгли совиб, бировга бор-йўқлигини билдирмай яшар, илгариги ҳафсаласи йўқ, уй бетартиб ва бесаришта маконга айланган, унинг ҳеч бир ишга қўли бормас, қўйган идиши ёки буюми жойида қолар, қайтиб йиғиштирмас, хоналар эгаси шошилинч кўчиб кетган уй каби тўзғоқ ва исқирт эди. Н. ўша ёз соқолини бор-йўғи икки марта, унда ҳам юзи кўринмай қолгач ва нафас олишига халақит беравергач қайчи билан ҳафсаласиз қиртишлаб қўйди. Кир-чирга беланган кийим-бошининг ранги кўринмай қолган, хона тамаки ҳидига ва қолдиғига тўлганди. Н. ҳаво алмаштиришни истамас, деразадан ташқарига – ўзини тириклайин кўмиб масхара қилаётган дунёга қарагиси келмас, шу сабабли ёз ўтиб, куз келган бўлишига қарамай унинг деразаси ҳамон ёпиғлигича турар, хоналар Н.нинг юраги каби хуфтон ва зулматга бурканганди. Н. бир кечаси итларнинг увлашини эшитди ва биринчи марта деразадан ташқарига – зим-зиё тунга қаради. Қор ёғарди. Итлар ахлат ундуғи олдида увлашар, уларнинг товуши қандайдир мунгли ва ёввойи эди. Н. ҳар куни итларнинг увлашини деразадан туриб эшитадиган бўлди, баъзи кунлари ўша итлар увлаши эшитилмай қолса, безовта бўларди. Итлар увлар экан, Н. ўзининг ичида ҳам нимадир увлаб юбораётганини сезиб қоларди. Энди у итларнинг увлашини қўмсаб чиқар, ўзи билан итлар орасида қандайдир боғланиш пайдо бўлганини сезарди. Бу боғланиш унинг заволга юз тутган ҳаётига шунчалик жозиба бағишлардики, энди у бир пайтлардаги каби ўз тақдирининг адолатли ҳал қилинишини эмас, итларнинг увлашини кутиб яшарди. У қиш бўйи итларнинг увлаши билан бирга ҳаёт кечирди: у аста-секин итларни ўргана бошлади. Қоплондай қоп-қора ит ундуқ олдига келиб увлаши билан атрофида бир неча ит пайдо бўлар, сўнг улар худди жам бўлиб бир мунгли қўшиқни куйлашаётгандай биргаликда увлай бошлашарди. Н. ўзининг ичида уйғонган ва бутун вужудини қамраб олаётган ҳис нималигини дафъатан англолмас, итлар увлаши билан унинг вужуди қизиб, танаси олов бўлар, юрагида ёввойи бир шавқ уйғонар, ичида ҳамма нарсани тилка-пора қилиш, бадбўй ҳидлардан маст бўлиш истаги уйғонар, баъзи кечалари у бу истак олдида ожиз қолиб танасини тишлаб ташлар, елкаларидан оқаётган қонни кўриб, баттар қутуриб кетар ва бўғзидан хўрлик каби ёввойи бир увлаш отилиб чиқарди. Н. итларга қўшилиб, аста-секин увлашни ўрганди – ўша қоп-қора ит ундуқ олдида увлар экан, Н. дераза олдида унга жавоб қайтарар, сўнг иккаласи бараварига увлай бошлар, увлаган сайин вужудида енгиллик, бахтиёрлик ва йиртқичона бир шафқатсизлик пайдо бўлганини туярди. Ташқаридаги ит ё эгаси ташлаб кетган, ёки кўп йиллар ўрганган кишиси оламдан ўтган, шунинг учун ҳар куни ундуқ олдига келиб, бошқа итларни ҳам ундаб увлар, Н. эса унга ўз мусибатини ҳайвоний тил билан ифода этиш учун увларди – нима қилганда ҳам иккаласи-да ёлғиз эди, иккаласи ҳам бу дунёга бегона, ёт бўлиб қолганди. Н.нинг увлаши бора-бора итникидан фарқ қилмай қўйди, энди ит келмаган кунлари Н.нинг ўзи увлаб чиқар, увлаган сайин ўзини олис ва шафқатсиз аждодларининг шуури қоплаб олар, увлашда илтижо ҳам, ҳасрат ҳам, қаҳр ва ғазаб ҳам мужассам эди. Назоратчи “Қўшниларингиз арз қилишаяпти, уйингизда ит асраяпсиз экан”, – деб икки марта унинг уйини тинтиб чиқди. Н. назоратчига ёт, совуқ ва бироз қаҳр билан тикилиб турар, унга на эътироз билдирар, на тасдиқларди.

Назоратчи хоналарни кўздан кечириб чиққач, Н.га чақчайган, жаҳлдан ёшланиб кетган кўзларини тикди.

– Бу ер қабристон эмас, – бақирди у, – исқиртингизга ўша ерда рухсат берилади.

Н.нинг қон тўла кўзлари совуқ ялтираб кетди ва бўғзидан итнинг ирриллашига ўхшаш товуш чиқди. Унинг ўзи қоп-қора бўлиб кетган, ғазабдан мушаклари бўртиб чиққанди. Назоратчи буни сезди ва эшикни очиб, пастга пилдираганча югургилаб қолди. Н. эшик қайта жиринглаганда ўзини йўқотиш даражасида ғазабланди – у энди яна безбетларча қайтиб келган уй назоратчисини тилка-пора қилишга тайёр ҳолда эшикни зарб билан очди. Бироқ эшик ортида қоп-қора костюм кийган, қўлига ялтироқ қоғоздон кўтариб олган озғин йигит турарди. Олифталиги кимнидир эслатди. Йигит уни кўриб шошиб қолди ва гапи эсидан чиқди, чоғи, чийиллоқ товушда нимадир деб ғўлдирай бошлади. Бу суд котиби эди.

– Хўш, хизмат? – деди Н. унинг қилтириқ гавдасига ярашмайдиган ғўддайишидан энсаси қотиб. Суд унинг хотирасидан деярли унутилаёзган, унинг ҳаётида/p бу воқеа энди ўзини таъқиб этган думли одамларчалик ҳам таассурот қолдирмаган эди.

Йигит гапиришдан олдин аввал бош суқиб уй ичига, сўнг Н.нинг ўзига қаради. У энди баттар ғўддайиб олган, ўта муҳим сирни очмоқчидай нуқул тамшанар, оғиз жуфтлаб, сўнг нимагадир яна уй ичига қараб оларди.

– Мен суд ҳукмини келтирдим, – деди у ниҳоят қоғоздонини очиб. – Суд ҳукми ижро этилиши шарт.

– Бу мен учун янгилик эмас, – деди Н. – Бу тартибни эшитганман.

– Тўғри, – деди суд котиби, – буни сизга маълум қилганмиз. Аммо суд сизнинг масалангизда озгина истисно қилди. Сиз ҳукм тўлиқ ва адолатли бажарилиши учун қабрни қазишингиз ва мурдани бизга тақдим этишингиз кераклиги қайд этилган.

Н.нинг ишонгиси келмади. Аммо юрагида кўпдан бери сўниб қолган умидлар қайта бош кўтарди.

– Мурданинг нима алоқаси бор? – сўради у суд котибидан воқеани батафсил билиб олиш учун.

– Қанақа алоқаси йўқ?! – чийиллади суд котиби. Н.нинг назарида суд котиби ҳозир ўзини судда ўтиргандай ҳис қилди, чамаси, бемалол бақира бошлади. – Мурдани қазиб олгач, сиз махсус гуруҳга тавсия қиласиз, улар мурдани текшириб, ўлган одам бошқа киши эканлигини аниқлаб беришади. – Котиб “шунга ҳам ақлинг етмадими”, дегандай ғўддайиб қаради. Унинг шу туришида ўзининг ақлий устунлигини кўрсатиб қўйиш истаги бор эди. – Яна шуни билдириб қўяйки, гуруҳ бугун соат учда қабристонга боради. Қабр қазишга бизнинг одамимиз йўқ, шу сабабли қабрни ўзингиз қазишингизга тўғри келади.

Н. рози бўлганини билдириб, бош ирғади. Суд котиби энди масаланинг бошқа томонини гапира бошлади. Албатта, Н. судда ўзини ғалати ва шубҳали тутган бўлса-да, бироқ ҳакамларда яхши таассурот қолдирган, натижада, терговчи, тўғрироғи унинг муассасаси билан бўлган узоқ ёзишмалардан сўнг у мурдани текшириб кўриш учун гуруҳ тузишга эришган. Энди қабрни ўта эҳтиёкор бўлиб қазиш керак, бу ишда гўрковларга ишониб бўлмайди, улар қўпол, қўрс бўлишади. Агар мурда қазиб олинаётганда қўполлик қилинса, жасадга жиддий зарар етиши, ўта нозик текширувчилар жасадни текширишдан бош тортиши мумкин. Суд котиби ўз вазифасини ошириб уддалагандек Н. га яна бир қанча йўл-йўриқлар бериб, изига қайтди. У зинадан тушиб кетар экан, Н.га яна нималардир деди. Н. эшитмади, аммо унинг минғирлашидан тезроқ йўлга отланиши зарурлигини англади.

Н. қабристонни осонгина топди: бир йилча муқаддам ўзини сўнгги йўлга кузатиш учун келган йўлак уни қабристонга олиб чиқди. Қабристон эшиги очиқ, у ерда курсида эллик ёшлардаги қошлари узун одам мудраб ўтирарди.

Н. унга ўзини танитди. У одам бир пас нима гаплигини англолмай уйқу ёпишиб турган кўзларини очиб-юмиб турди. Н. унга яна бир марта воқеани бошдан оёқ гапириб берди.

Киши “Агар юборишган бўлса бажариш керак”, – деб ғўлдиради ва Н.ни бошдан оёқ худди қаричлаб ўлчаётгандай кузатиб чиқди. У сарғишдан келган, кўзи ўйнаб турадиган, тўзиб қолган уст-боши тупроқ ва чангга беланган, маймоқроқ одам эди. У ўрнидан оқсоқланиб турди-да, дарвоза ёнидаги ҳужрага кириб кетди ва у ердан титилиб кетган дафтар кўтариб чиқди: дафтарни узоқ титкилади, сўнг уни чўнтагига тиқди.

– Сизни безовта қилдик, чоғи, – деди Н. унинг уйқудан уйғотиб юборишганига норози эканлигини сезиб, – ҳаммаси англашилмовчилик оқибати.

– Албатта, албатта, – деди гўрков ва унга кетмон билан белкурак тутқазаркан. – Вазифамиз шу. Биз ҳукмнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашимиз керак. Шунинг учун бизни бу ерга масъул қилиб тайинлашган.

Гўрков кўринишига ярашмаган илтифот билан гапирар, ўзини жуда муҳим киши қилиб кўрсатар, суд ва ижро ҳақида яна нималардир дерди.

– Менга 3-29 -қабрни қазиш буюрилган, – деди Н. унинг гапини бўлиб. Бир йил бурун келганман, бироқ унда одам кўплигидан қабр қаерда жойлашганини унутиб қўйибман.

Гўрков унга 3-29-қабр қаерда жойлашганини тушунтирди.

Қабристон хийла катта бўлиб, йўлнинг икки томони ёдгорлик тошлари билан тўлганди. Н. ҳозир ўша поезд тагидан чиққан одамнинг жасади кўмилган қабрни эслолмас, шу сабабли қабрлар ёнидаги тошга ёзилган рақамларни кўздан кечириб борарди. 3-29-сонли қабр ялангда жойлашган, атрофини икки тепалик тўсиб турарди. Темир парчага ёзилган рақам атрофини тахминий ўлчаб олгач, у ишга киришди. Изғирини бор шамол эсар, Н.нинг этини жунжиктирарди. Н. ернинг юза қисмини тозалаб бўлгач, нам тупроқ бошланди. Бу ёғи осон эди. Н. белни қўл кучи билан ботириб олар, оёқ билан тепишга зарурат йўқ эди. Ер негадир тез кавланарди. Қуёш оға бошлаганда у тиззагача кавлаб ташлаганди. У вақт борлигини билгач, бир оз нафас ростламоқчи бўлди. Шундоқ қабрнинг ичига мук тушиб, ўтириб олди. Шошиб қазиганидан терлаган баданидан тер ҳиди анқир, юраги гурсилларди. Анчадан бери у бундай чарчаб ишламаганди. Уни ҳаёт турли синовларга ташлаб, мутлақо тушкун, умидсиз бўлиб қолганида жасадни текшириб кўриш ҳақидаги топшириқ кутилмаган хабар эди. Хабар унда яна умид уйғота бошлаган, шу сабабли жасадни тезроқ қазиб чиқариб, ўзига ёпишиб олган шум тақдир тамғасини улоқтириб ташлагиси келарди. Офтоб унинг юзига совуб қолган тафтини босар, аммо у текширувчилар келиб, кутиб қолмасин деб тез-тез кавлар, ҳар-ҳар дамда чарчоғини чиқариш учун бурни билан пишнаб қўярди. У бел бўйи қазигачгина қабр нега чуқур кавланган экан деб ўйлай бошлади. Энди у бошини чиқариб қарамаса қабр ичидан теварак атроф кўринмасди. У энди одам бўйи қилиб ён томонини қириб тозалар, тўсатдан суякка тегиб кетмаслик учун белни эҳтиёт қилиб ботирарди. У дам олиш учун чўққайиб ўтирди-да, соатига қаради. Соат иккидан ошганди. Демак у уч соат тинимсиз кавлаганди. У бошини чиқариб текширувчилар келмаяптимкин деб йўлга қарамоқчи бўлди.

Аммо бирдан тепасида гўрковнинг сарғиш башараси кўринди. У лаҳад ичида чўнқайиб ўтирган Н.ни ва лаҳадни кўздан кечириб, мамнуният билан бош ирғади. “Яхши, яхши,” – деди у. Ундан, ҳозиргина отиб олган бўлса керак, вино ҳиди келар, увада ёқаси исқирт бўйнида осилиб турарди.

– Кавлаяпмиз, – деди Н. унга нимадир дейиш учун.

Гўрковнинг нигоҳида синчковлик акс этар, у шу туришида қўл остидагиларни ўзи буюрган вазифани қандай бажараётганини текшириб юрган амалдорга ўхшарди. У лаҳаднинг энига, бўйига бир-бир қараб чиқди, сўнг Н.нинг гавдасига бир қараб олиб, “Яна сал кавлаш керакмиди? Менимча, шу ёғи ҳам етса керагов?!” деди.

Н. майда икир-чикир айблар топиб юрадиган синчков одамларни ёқтирмасди. Бироқ ҳозир гўрковнинг ҳурматини сақлашга мажбур бўлди. “Қанча кавлаш, кавламаслик, албатта, менинг ишим, – деди у тўнғиллаб, – мен то жасад чиққунча кавлайман”. Н.шундай деб яна қабрнинг ёнини кавлай бошлади. “Жасад?!” – деб сўради гўрков, – бу ерда ҳеч қандай жасад йўқ”, – дея ҳиринглади у яна. Ҳиринглаш Н.нинг асабига тегди. “Қанақасига жасад йўқ?!, – деди у ҳайрон бўлиб, – “Бу 3-29- қабр эмасми? “3-29-чи”,– тасдиқлади гўрков. “Унда бу ерда жасад бўлиши керак”, – жаҳли чиқиб ғудуллади Н. “Мен сиз билан гаров ўйнашим мумкин, бу ерда ҳеч қандай жасад йўқ, – деди гўрков бўйнини қабр ичига чўзиб қараркан. – Умуман, бу ер энди кўмиладиганлар учун ажратилган”. Н.нинг жаҳли чиқди. “Сиз менга халақит бераяпсиз”, – деди у жаҳли чиққанини билдириш учун. “Нега сизга халақит берарканман, – деди гўрков унинг жаҳли чиққанига заррача эътибор бермай. – Мен бу ерда хизмат вазифамни ўтаяпман”. “Хизмат вазифаси эмиш? – Истеҳзо билан кулди Н. – Бировнинг жасад кавлаб олишига халақит бериш, устига-устак уни чалғитиш хизмат вазифасига кирадими?” Н. лаҳад ичидан сакраб ташқарига чиқди ва худди бостириб бораётгандай гўрковга қараб юрди. Гўрков бирдан қочмоқчи бўлди, аммо орқага икки-уч қадам ташлади-ю, жойида тошдай қотди. Ҳатто кўзларини ҳам юмиб олди. Н. урмоқчи ёки силкиб ташламоқчи эмасди. Бундан ташқари бу одамларга қўлинг тегиб кетса, мени ўладиган қилиб дўппослади дейишдан қайтмайди, деб ўйлади. Шу сабабли у ҳам гўрковнинг қаршисига бориб, қўлларини ўзининг кўкрагига кийиштириб турди.

– Сиз, бўтам, суд ҳукмидан ҳам, суд жараёнидан ҳам хафага ўхшайсиз, – деди гўрков унинг урмаслигига амин бўлгач, кўзларини ярим очиб. – Аммо сиз бир нарсани – судда сиз ҳақингизда тўпланган далилларга қараб хулоса чиқаришларини, далил қай ҳолатда бўлса, ҳукм шундай бўлишини унутиб қўяяпсиз. Суднинг бу ерда ҳеч қандай айби йўқ. Профессор сиз ҳақингизда терговчига тиббий кўрик хулосасини берган. Суд шу хулосага ва далилларга асосланиб, ҳукм қилган.”. “Худди суд идорасидаги югурдакларга ўхшаб гапираяпсиз. Унақаларни жиним суймайди. Сиз ҳечам гўрковга ўхшамайсиз” – деди Н. унинг суд ҳақида бу қадар кенг тушунчага эгалигидан ҳайрон бўлиб. “Мен ҳам гўрков, ҳам суд ижрочисиман,” – деди гўрков. “Суд ижрочиси?” – қулоқларим нотўғри эшитмадими деб қайта сўради Н.

“Суд ижрочиси!” – такрорлади гўрков тантановор оҳангда. “Менинг бундан хабарим йўқ”, – тан олди Н. “Сизнинг ҳеч нарсадан хабарингиз йўқ, – деди гўрков энди мутлақо бамайлихотир. – Энг катта хатонгиз шарт бўлмаган нарсани исботламоқчи бўлганингизда! Сиз курашни нотўғри танладингиз ва ютқаздингиз!” “Кураш?! – ажабланди Н. – Менинг ўз тириклигимни исботлаш учун қилган ҳаракатларим ҳали курашми?!” “Кураш! – тасдиқлади гўрков. – Қонун жудаям нозик. Уни тушунмаганлар билмай жуда катта хатога йўл қўйишлари мумкин. Охир-оқибатда бу хато суд ҳукмига таъсир қилади”. “Мен ўз хатомни тан оламан, – деди Н.,– имкониятларимни тўлиқ ишга сололмадим, кўпроқ бошқаларга ишондим”. “Яна ўзингизни чалғитаяпсиз, – деди гўрков. – Қилган хатонгиз шундан иборатки, сиз бошданоқ мен тирикман деб ҳаракат қилдингиз. Ҳар бир идорага кириб, ўзингизнинг тириклигингизни исботламоқчи бўлдингиз. Бу эса сизга жуда катта фожеа келтирди. Қонун ўз айбини бўйнига олганларга енгиллик беради, баъзан эса судда уни тўла оқлаб юборади”.

“Менинг тан оладиган ҳеч қандай айбим йўқ”, – деди Н. қизишиб. “Бунинг аҳамияти йўқ, – деди гўрков. – Муҳими сиз мен тирикман деб даъво қилгансиз, барча даллилар сизга қарши эди, натижада сизнинг даъвонгиз исбот этилмади. Қонундан хабари борлар ана шу нозик жойга катта эътибор беришади. Гарчи айблари бўлмаса ҳам айбини бўйнига олишади. Бундай одамларга қонун енгиллик беради. Сиз тирикман деб нимага эришдингиз? Бир ўзингиз бутун бошли қонунга, уни ижро этувчи ўнлаб муассасага қандай қилиб қарши курашмоқчи бўлдингиз?! Сиз ёлғизланиб қолдингиз”. “Мен қонуннинг бундай нозикликларини тушунмайман, – деди Н. – Ҳеч ким менга сиздай маслаҳат бермаган”. “Бу табиий, – деди гўрков. – Баъзилар, гарчи қонун билан ишласалар-да, унинг нозикликларини тушунавермайдилар. Бошқалари эса бу нозикликка менсимай қарайдилар”. “Сиз суд ижрочиси бўлсангиз, мен ҳақимда ҳам маълумотга эгадирсиз”. “Бўлмасам-чи”, – деди гўрков. “Мен ҳақимда қандай кўрсатма олгансиз?” ”Сиз қабр қазишингиз ва мен ҳукм қандай ижро этилаётганини назорат қилишим керак”. “Менга текширувчи гуруҳ келади, дейишганди,” – деди Н. “Ҳукмда ҳеч қандай гуруҳ ҳақида гап йўқ”, – деди гўрков. “Менга бу ҳақда хабарни суд котиби етказди”, – деди Н. “Бу суднинг оддий найранги, – деди гўрков. – Кўплар ҳукмни кўтаролмайди. Баъзилар ҳукмга қарши жанжал кўтариши мумкин. Шу сабабли ҳар эҳтимолга қарши найранг ишлатилади”. Н. энди воқеани яққол тасаввур қилиб турарди: у алданганини сезди ва бу унга қаттиқ алам қилди. Танаси бунчалик оғир мусибатни кўтаролмагандай ерга ўтириб қолди. Гўрков эса энди лаҳад четига оёқ осилтириб ўтирар, тинмай қабрни мақтарди.

– Сизни ишингиз менга ёқди, – дерди у. – Кўплар ишни қўл учида чала-чулпа бажаради. Сиз эса ҳафсала билан ишлов берибсиз.

– Мен телефон қилиб аниқлашим керак, – деди Н. – Бу ерда телефон йўқми?

Гўрков бош ирғади.

– Бу ерга телефон ўрнатишмайди, – деди у яна билағонлик қилиб. – Бу тартибга зид.

– Мен ҳеч нарсага тушунолмаяпман, – деди Н. – Мен унда кимнинг қабрини қаздим?!.

Гўрков қўйнидан қоғоз чиқарди ва ундаги рўйхатни кўздан кечирди.

– Ўзингизга қабр қаздингиз, – деди у дафтарини яна Н.тортиб олишидан қўрққандай шоша-пиша қўйнига тиқар экан. – Суд шундай ҳукм қилган.

– Бўлиши мумкин эмас, – деди Н. ўрнидан сакраб туриб. – Бу ғирт майнавозчилик! Қабр марҳумларга қазилади. Бу ёғи энди ғирт чўпчак бўлиб кетди, – деди Н.

– Йўқ, – деди гўрков. – Бу ҳаёт. Сиз фақат унга кўниколмаяпсиз!

Н.нинг уч соат уриниб, қазиган қабрига кўзи тушиб, яна ғазаби қайнаб кетди.

– Нега энди ўз қабримни ўзим қазишим керак? Судда қабр қазадиган малай топилмайдими?

– Топилади, – деди гўрков. – Фақат суд имкони борича камхаржлиликни яхши кўради. Бировларга қаздириб, пул бергандан кўра маҳкумнинг ўзига қаздирса, арзон тушади.

Н.нинг суд котибига қўнғироқ қилишдан бошқа иложи қолмаганди. У қабристондан чиқиб, рўпарасидаги тамаддихонага кирди-да, эшик оғасидан телефон бор-йўқлигини сўради.

– Йигирма беш сўм, – деди эшик оғаси. Н. ҳамма чўнтагини кавлаб, зўрға йигирма уч сўм топди. Эшик оғасига тутқазар экан, телефонга рухсат бермай қўйишидан қўрқиб, “қолганини телефон қилганимдан сўнг оласиз”, деди. Н. терган рақамни бир қиз кўтарди. “Иш вақти тугаяпти, тезроқ гапиринг” – деди ва узоқ вақт гап ким ҳақида кетаётганини тушунмади. Н. шундан билдики, у ерда бир неча суд котиби бор, қиз ҳаммасини ҳам танимасди. “Бугун қабрдан жасадни кавлаб олиш тўғрисида буйруқ олган суд котиби”, – деди Н. ниҳоят қизга тушунарли бўлиши учун. Қиз узоқ жим қолди, афтидан, қаергадир кетди, пошнаси узоқ тўқиллаб, эшитилиб турди, сўнг дастакдан эркак кишининг зардали овози эшитилди: “Ким керак?”. Н. унга ҳам яна қайтадан тушунтирди. “Мен суд раисиман, – деди эркак Н.нинг минғиллашидан норози бўлиб. – Ҳеч кимга ҳеч қандай жасадни кавлаб олиш ҳақида буйруқ берилмаган”. Дастак тўқ этиб қўйилди ва Н. қисқа-қисқа ғўнғиллашига қулоқ солиб узоқ турди. Кейин ўша рақамни қайта-қайта тера бошлади, аммо телефонни бошқа ҳеч ким қайта кўтармади.

Н. уйга яқинлашганда узоқдан ўзи яшайдиган йўлакда юк машинаси турганини кўрди. Кимдир кўчиб келган эди. Н. машинани айланиб ўтиб, ўзи яшайдиган хонага кўтарилди. Зинада жавон олиб кираётган иккита йигитга дуч келди.

– Кўчиб келишдими? – деди Н. уларнинг олдидан ўтиб кетаркан.

– Кўчиб келишди, – деди йигитлардан бири.

Зинадан чиқиб хонасига бурилганда хонаси очиқ, у ерда уй назоратчиси ва иккита номаълум одам гаплашиб турарди. Н. қадамини тезлатди, кимдир янглишиб, унинг хонасига кўчиб кираётганди. Номаълум кишилар унга кўзи тушгач, ичкаридан кимнидир чақиришди. Эшикдан қўлида қоғоз ушлаган Т. кўринди.

– Қайтинг, қайтинг, – деди у Н.нинг йўлини тўсаркан.

– Нима бўлаяпти ўзи, – деди Н. – Нега менинг уйимнинг эшиги очиқ?

– Сизнинг уйингиз йўқ энди, – деди Т. шошиб қўлидаги қоғозни кўрсатаркан. – Мана бу ерда ҳаммаси ёзилган. Н.қоғозни юлиб олиб ўқишга тушди. Унда марҳум Н.нинг уйи Ташкилотнинг янги ходимига берилгани тўғрисида раҳбарнинг кўрсатмаси бор эди.

– Нима ҳақларинг бор? – бақириб юборди Н. Т.ни туртиб четга чиқарар экан. – Мен ҳали тирикман. Уйимни ҳеч кимга бермайман.

Т. деворга суяниб қолди ва ичкарига нимадир деб бақирди. Ичкаридан икки барзанги йигит чиқиб келди-да, Н.нинг йўлини тўсишди.

– Чиқариб ташланглар, – деб бақирди уларга Т. – Биз ўликлар тирикларни безовта қилишларини истамаймиз. Бошқа қадам босма бу ерга. Биз марҳумларни ҳурмат қиламиз, аммо улар бизга халақит берса, чора кўришга мажбурмиз.

Т. жаҳли чиққанда ҳам ўзини йўқотмай, худди мажлис ўтказаётгандай совуқ ва қатъий қилиб гапирди. “Чора кўрамиз” деркан ўзини тутиб, бўйинбоғини тўғрилаб қўйди. Барзангилар Н.нинг қўлтиғидан липиллатиб кўтарганча ташқарига олиб чиқишди ва бино орқасидаги йўлакка етишгач, изидан катта йўлга қараб итариб юборишди. Н. уларнинг қўлидан бўшалгач, силкиниб тушиб кетган костюмининг елкасини тўғрилади ва ердан тош олиб, жон ҳолатда барзангиларга қараб отди. Барзангилар ёнларига эгилиб, чап беришди, тош иккаласининг ўртасидан зипиллаб ўтиб, бино деворига тарақлаб тегди. Барзангилар унинг изидан югуришди. Н. катта йўлга қараб қочди. Катта йўлда йўловчилар ичига кириб олгач, нафас ростлаш учун тўхтади-да, изига қаради. Барзангилар бино деворига суяниб, уни кузатиб туришар, шу туришларида қўрғон дарвозасини қўриқлаётган соқчиларни эслатарди. Н. энди уйдан айрилганига тўлиқ ишонди ва тушкун ҳолатда чекиш учун чўнтагига қўл тиқди. Чўнтагида тамаки ўрнига қандайдир қоғоз илашиб чиқди. Бу – эски, уни адаштириб ўлдига чиқарган газета қирқими эди. Унинг кўзи “Кеча эрталаб Жанубий Темир йўлнинг 8-бекатида поезд остида қолган жасад топилди. Жасадга қараб кимлигини аниқлаб бўлмасди. Фақат марҳум чўнтагидан чиққан ҳужжатгина унинг шахсини аниқлаштирди. Бу одам С. ташкилотининг катта ходими Н. бўлиб чиқди” – деган жумлага кўзи тушди ва газетни жаҳл билан йиртиб ташлади-да, бўлакларини отиб юборди. Н. йўловчилар ўртасида, чироғи синиб қолган симёғочга суяниб турар, ўзини биринчи марта жуда ҳорғин, ожиз ва нотавон ҳис қиларди. У ўзини ҳақоратлашганини, бу дунёда ҳеч қайси иш ўзининг ихтиёри билан содир бўлмаганини, содир бўлмаслигини англаганди. Суд котиби билан уйига янги ходимнинг кўчиб келиши ўртасида боғлиқлик борлигини сезганди – нафақат булар, балки ўша машъум кўмиш маросими, мухбир, муҳаррирнинг жияни, ҳеч қачон излаб топиб бўлмайдиган терговчи, суд воқеаси ўртасида сирли ва мавҳум умумийлик бор эди – булар бари унинг ихтиёридан ташқари содир бўлган ва у бу нарсаларга қарши курашавериб, кураши беҳуда эканлигини англаганди. У энди эгасиз ит каби ташландиқ ва кераксиз эди. Уни ҳамма ўлганга чиқарган, энди бу ҳукмни ҳеч нарса билан ўзгартириб бўлмас, унинг тириклик даъво қилган барча ҳаракатлари зое кетган, аксинча, у тириклик даъво қилгани сайин уни шунчалик лаҳадга қарата итаришган эди. У дунё бўйлаб озгина – ўттиз уч йиллик саёҳати орқали ўзининг ҳеч ким эканлигини энди англаб етганди. У ҳеч ким эди ва ҳеч ким бўлиб яшаган эди. Дунё у билан яраш битими тузмади, дунё унга бегона, ёт эди. Унинг ўлик – тириклиги ҳеч кимни қизиқтирмасди, у ақл қирлари сари саёҳат қилгани сайин ўзининг ҳеч кимлигини англаб бораверди. У ҳеч кимлик чўққисига кўтарилгани сари вужудини бесамар чарчоқ қамраб олди; у кучдан, мадордан қолган эди; у энди ўз-ўзини енгиб, кўникиб яшаган Рафасни эслар ва унга ҳавас қиларди: у лаҳад ичида ўзини алдаб яшашга куч топа олганди. Унинг қимирлашга ҳоли қолмаганди – у ўз кучини беҳуда сарфлаганини, ўзининг бутун кучини сўриб бўлишганини тушуниб турарди – у курашавериб ҳолдан тойган, ҳеч нарсага ярамайдиган ҳолга келиб қолган, ичида итнинг акиллашичалик ҳам садо қолмаган, ўзида бор кучи, товуши, ҳис ҳаяжони, қудрати, умид-орзуларини сарфлаб бўлган, қуриган дарахт каби ҳолсиз, мадорсиз, қуруқ ва қақшаган жасадга айланганди. Унинг на яшашга, на ўйлашга, на хаёл қилишга мадори қолган, ҳозир фақат ухлашни, узоқ-узоқ ухлашни истарди. “Мени адои тамом қилишди, – деб ўйлади у, – энди ҳатто анави бекатгача ҳам юриб боролмайман”. У симёғочга суяниб узоқ турди. Тун чўкди. Йўловчилар кўринмай қолди. Аёз тушиб, танаси қақшай бошлади. У ерга ўтирди-да мадорсиз тиззаларини қучоқлаб олди. Энди бу тиззаларни иккита таёқдан фарқи йўқ, юравериб, югуравериб, қоқшол бўлиб қолгандай, ҳеч нарсани сезмасди. У олдинга эгилиб, бекатга томон эмаклашга тушди. Чарчоқ оёғидан тепага қараб силжиб келар, у қаерда бўлса ҳам бироз мизғиб олгиси келарди. Бутун кучини тирсакларига жамлаб, титраб-қақшаганча бекатга қараб эмаклаб борар, ҳозирги ҳолати таланган, оёқлари синдирилган итнинг судралишига ўхшашини ўйлаб, бутун танасини заҳарханда кулгу қамраб олди ва бутун танасидаги ҳордиқни увлаб ҳайдаб чиқаргиси келди, бироқ ҳатто увлашга ҳам мадори келмай қолди – бекатга етар-етмас чўзилиб ётиб олди.

*   *   *

Жанубий Темир йўл шаҳарнинг жануби-шарқида жойлашган бўлиб, жанубий йўналишдаги поездлар қатнарди. Н. шошган, ташвиш ва ҳорғинлик чулғаб олган оломон ичидан Жанубий темир йўл томон кетиб борарди. Тезда оломон, шовқин- сурон орқада қолди: у буларнинг биронтасига эътибор бермас, товушларни, шодлик ва хавотирга кўмилган шовқинни эшитмасди. У ҳаммасига қарор қилганди, ҳар қандай бошланган воқеанинг хотимаси бўлиши шарт эди. Унинг фожеаси ҳам шу воқеликдаги изчилликни бузаман деб беҳуда уринганида эди. Ҳар қандай воқеанинг муқаддимаси, тадрижий давоми, ривожланиш тартиби бўлади – у воқеликни изга солиш, ўз ўрнида давом эттириш зарурлигини англаганди.

Қандайдир поезд яқинлашиб келар, у ҳозир ўзига ёзилган ҳукмни ўзи ижро этишга тайёр эди. Бу ҳуқуқини ҳеч ким йўққа чиқаролмасди, у ижро этилиши шарт, шундай бўлиб келган, шундай бўлиб қолади. У бу ҳақиқатни кеч тушунди. Кеч бўлса ҳам тушундим-ку, деб ўйларди ичида.

У яқинлашиб қолган поездга қараб қадам ташлади ва сўнгги бор вокзалга, бир-бирини туртиб, суртиб, бораётган оломонга кўз ташлади – у ерда уни гўрков – суд ижрочиси кузатиб турар, гўё у суд ҳукмининг қандай ижро этилишини кўргани келгандай эди; Н. охирги дақиқада гўрковнинг кўзини эслашга тиришди; бироқ эслолмади ва шу ҳолича, худди Искандар каби мен ҳам қўлимда ҳеч нарса олиб кетаётганим йўқ дегандек ўзини қора бўшлиқ ичига отди…

Manba: “Шарқ юлдузи” журнали 2012 йил 2-3 сон

(Tashriflar: umumiy 2 588, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum, yaxshimisiz? Bu to‘liq variantimi?
    Kitobini qayerdan sotib olsak bo‘ladi?

Izoh qoldiring