Nazar Eshonqul. Momoqo’shiq.Qissa.

023
Қўшиқ хаёлни торқилаб-торт­қилаб олис-олисларга, хаёлот, орзу, самимият ва мўъжизалар гуллаб ётган болалик адирлари томон олиб қочарди. У хасис дунёнинг қўйнидан бу гўзал оҳангларни парча-парча қилиб қўпориб олаётгандай ва жароҳатлар бижғиб ётган қалбларга малҳам қилиб босаётгандай эди… Ота-боболардан мерос қолган, қувғин қилинган, қатл этилган, ёқиб юборилган, лекин охир-оқибатда зулмлардан, қатллардан яна тирилаверган, яна ҳам гўзаллашган… қўшиқ

04

077Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота кишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» (1988). Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ» (1989), «Маймун етаклаган одам» (2001), «Шамолни тутиб бўлмайди» (2004), «Момо қўшиқ» (2006) каби асарлари нашр этилган. Ф. К. Аниттининг «Ҳикоялар ва қиссалар»ини, А. Камюнинг «Эсселар»ини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ўзбек тилига таржима қилган.

04

022
«МОМОҚЎШИҚ» — МОМОЛАРДАН МЕРОС ҚЎШИҚ
Дилмурод ХОЛДОРОВ
04

Миллатнинг мутеликка гирифтор қилиниши ҳамиша ўзга миллат вакиллари томонидан амалга оширилавермайди. Маълум бир кишиларнинг онгига сингдирилган оғу секин-аста бутун халқни инқирозга олиб келиши ҳам мумкин.
Назар Эшонқулнинг “Момоқўшиқ” қиссаси миллатнинг қадриятлари ва ўзлигини сақлаш йўлидаги курашлар ҳақида.
Қиссадаги қаҳрамонларнинг ҳаммаси ўзимизнинг миллатдошларимиз. “Хуллас, барчаси маданият ходимлари деса дегулик келбатда”ги замонавий одамлар. Фақат воқеликка, ҳаётга миллий мезонлар орқали эмас, европача тамойиллар асосида қарайдилар. Уларнинг наздида оддий урф-одатлар “қолоқлик” белгиси сифатида баҳоланади.

Ёзувчи китобхонни асар руҳига киритиш учун шундай тасвир чизадики, бевосита ўқувчида ўша одамлар даврасида бўлгандек, уларни шундоқ кузатиб тургандек таассурот пайдо бўлади. Ҳашарчилар “… гўё ўзлари бу сокин чўл қўйнига шаҳарнинг сершовқин ва бетартиб ҳаётини ҳам бирга олиб келгандай эдилар — шийпон тевараги ингичка, йўғон, ширали, ширасиз, нозли, ишвадор, хирилдоқ, совуқ, хиринглаган, чириллаган, йиғламсираган, кулинқираган, босинқираган, ҳадиксираган, чўчинқираган. Тасвирда келтирилган овозлар воситасида ҳашарга келган юзга яқин инсонларнинг руҳиятини, хатти-ҳаракатларини бемалол кинода кўргандек тасаввур этиш мумкин.

Асар қаҳрамони Москвада таълим олган, учта китоб чиқариб, ўқувчилар томонидан эътироф этилган, европача маданиятни жуда яхши ўзлаштирган, “халқ ҳаётини ўрганиш” мақсадида ҳашарчиларга қўшилиб пахта далаларига келган Шамси Салоҳдир.

Ёзувчининг маҳорати шундаки, бундай инсонларга таъсир этадиган ягона восита “Қўшиқ” эпизодини асарга киритади. “Қўшиқ” бу она алласи, гўдаклигида қулоғига айтилган азон, ота-онанинг меҳрга тўла эркалашлари, биринчи талаффуз қилинган калом. У гоҳ-гоҳида ўзининг борлигини билдириб, хира тортган кўнгилларга исён қилади. Асарда ўзларини маданиятли ва зиёли деб ҳисобловчи кишилар миллийликнинг бош мезони ҳисобланувчи қўшиқ олдида “тонг қотиб” қолишади.
“Қўшиқ хаёлни торқилаб-торт­қилаб олис-олисларга, хаёлот, орзу, самимият ва мўъжизалар гуллаб ётган болалик адирлари томон олиб қочарди. У хасис дунёнинг қўйнидан бу гўзал оҳангларни парча-парча қилиб қўпориб олаётгандай ва жароҳатлар бижғиб ётган қалбларга малҳам қилиб босаётгандай эди”. “Ота-боболардан мерос қолган, қувғин қилинган, қатл этилган, ёқиб юборилган, лекин охир-оқибатда зулмлардан, қатллардан яна тирилаверган, яна ҳам гўзаллашган… қўшиқ”, “тўртта ҳашарчи”ни ҳайратга солади.

Адиб шу ўринда насрдан чиқади, назмга киради. Ўқувчи тасвирни ўқимайди, балки қўшиқ тинглаётгандай, ўзи ҳам шу куйга мафтун бўлиб, жўр бўлаётгандай сезади. Хаёллар асрлар қаърига бошлайди, макон ва замон деб аталмиш файласуф қарашлар хаёлот оламида парчаланади: “О, момоқўшиқ! Қалбимнинг муқаддас қўшиғи. О, ўлмас қўшиқ кемаси! Суз, сузавер! Ул олис дарёлардан менга томон сузиб кел, менинг юрагимга лангар ташла!”

Қўшиқ таъсирида Шамси Салоҳнинг хаёллари паришон тортади. Қалбининг туб-тубидан ғалаёнлар бошланади, “бўғзида тошдай нарса тиқилиб” йиғлагиси, фарёд ургиси келади. Қўшиқ “унинг қалбида нафис ташбиҳлар остида кўмилиб қолган унут хотираларини юзага чиқаради”. Лекин заҳарланиб улгурган кўнгил дарҳол аслига қайтади. Ҳозиргача кўнгилларни сел қилиб, қўшиқ куйлаган қизнинг “товуқ қувлаб юришига ажабланади”. Яна овозига “қўрс”ликни қайтаради.

Асардаги Муаззам — миллий қадриятларни ўзида тўла жамулжам этган образдир. У ўта содда, меҳтанкаш, оила шаъни ва болаларини ўз манфаатларидан юқори қўяди. Шунинг баробарида жуда ишонувчан. Соддадиллигидан аёллар эркинлигини ўзга тамойиллар мезонидан тушунувчи Шамси Салоҳнинг чўпчакларига ишона бошлайди. Лекин тез орада ундаги собитлик устун келади. “Бизнинг халқимизнинг, анави қишлоқдошларингизнинг фожиаси шуки, улар бахт билан бахтсизликни фарқлай олмайди; уларнинг кўзи кўр, қулоғи кар; улар ожиз, муте, заиф одамлар”, деган гапларига содда, лекин мантиқли жавоб қайтаради. Аёл киши учун оила, фарзандлар, эр олдидаги масъулият бирламчи эканлигини айтади. Унинг “Сизга бир нарсанинг фарқига бормайдиган, фаросатсиз бўлиб кўринган эрим ҳеч қачон, мен майиб бўлиб қолсам ҳам ташлаб кетмайди. Аёл киши учун шунинг ўзи бахт эмасми?! Менинг илдизим шу ерда, шу одамлар орасида. Мен бошқа жойда кўкармайман” деган гаплари замоннинг ҳар қандай талатўпларида ўзлигидан кечмаган миллатнинг ҳайқириғидай жаранглайди. Умидлари пучга чиққан Шамси Салоҳ “Бу аёлни эридан, туғилганидан бери яшаб келаётган, жоҳиллигию қолоқлиги билан бирга қадрдон бўлиб қолган одамлардан, ҳатто бир кесагигача оёғининг ҳиди ўрнашиб кетган бу далалардан нимага ишониб ажратиб олмоқчи” бўлганини ўйлаб қолади.

Назар Эшонқул ижодидан бохабар — Нормат полвон, Райим полвон, Ҳотам чавандоз каби образларга ошно бўлган китобхон, бригадир Отақул образининг сустлигидан, ўртада гап хотини устида кетаётганида ҳам сукут сақлашидан бироз ранжийди. Унинг “зиёли”лигидан ўпкаланади. Лекин ёзувчининг асл мақсадини англагани сари бу фикрлар тумандай тарқай бошлайди. Отақул “зиёлинома” кишига “зиёли”часига муомала қилади: “Сиз ҳали бу халқни билмас экансиз. У ҳомийликка муҳтож эмас… У сизнинг мурувватингизсиз ҳам буюкдир”, деган сўзларни айтадики, бундан юқоридаги номлари тилга олинган боболарнинг жўмардлиги сезилиб туради.

“Момоқўшиқ”да кўтарилган муаммолар бир қарашда жўндек туюлса-да, аслида халқнинг халқ бўлиши, аждодлардан давом этиб келаётган қадриятларнинг йўқолиши, инқирозга юз буриши мана шундай оддийликдан бошланишини уқтирувчи огоҳлик белгисидир.

09у
НАЗАР ЭШОНҚУЛНИНГ «МОМОҚЎШИҚ» ҚИССАСИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ
022

хдк

(Tashriflar: umumiy 60, bugungi 1)

Izoh qoldiring