Nazar Eshonqul. Qatag’on yili & Tun panjaralari. Qissa

Ashampoo_Snap_2017.12.29_17h01m37s_004_.png    Маҳкамада бўлиб ўтган, бир ҳафтага чўзилган турли даражадаги суҳбатлардан сўнг унга ишнинг кўлами ва аҳамияти ҳақида батафсил изоҳ беришди. Бу суҳбатларда буюртма шахсан раҳбарнинг назоратида экани, аслида бу ҳайкалларни яратиш ғояси ҳам раҳбарнинг ўзидан чиққани, шу сабабли ишга масъулият билан ёндашиш, кўрсатилган муддатда улгуриш, ҳайкалнинг ҳар бир мисқолигача, ҳатто қаҳрамонлар тирноқлари-ю қоши киприкларигача раҳбарнинг тасдиғидан ўтиши шартлиги ҳақда қайта-қайта уқдиришарди…

Назар ЭШОНҚУЛ
ҚАТАҒОН ЙИЛИ
05

0_166297_10666531_orig.jpgНазар Эшонқул 1962 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида ишлаб келади.

Илк асари – “Уруш одамлари” қиссасидан (1989) сўнг, “Момоқўшиқ” (1991), “Ялпиз ҳиди” (1996), “Уфқ ортидаги қуёш”, “Маймун етаклаган одам” (2004), “Шамолни тутиб бўлмайди” (2005), “Шафтоли гули” (2011) каби китоблари нашр қилинган.

05

Қатоғон қурбонларига бағишланади

Мақолаларда тилга олинган одамларнинг ўзларига тақсимланса ҳам етмай қоладиган нусхада чоп этиладиган нашрларда ўзи каби унутишга маҳкум этилган тенгдошларидан биронтасининг қачонлардир кўрилган алоғ-чалоғ тушлари каби дориломон даврларни қумсаб айтилган суҳбатида ёки бугунги олатасир даврнинг шиддати ичида йўл четида ўтирган тиланчичалик ҳам қадри қолмаган кекса ва ўзидек парти кетиб шарти қолган, аллақачон майдонни ташлаб кетган ақлу идрокнинг мағлубиятини ҳамон тан олмай келаётган ўжар санъатшуносларнинг даврга бўлган муносабати монанд ҳафсаласизлик билан ёзилган тақризларида номи кўриниб қолмаса, ўн-ўн беш йилдан бери дайди ит ҳам кўчасидан ўтмаган, ўз соатини ва пайтини кўтавериб, ҳолдан тойган зада ва озурда кўнглининг қирларида умидсизлик тутуни бурқсиб ётган, на санъатдан, на давралардан, на замондан топмаган ҳаётининг мазмунини излаб юргандек кейинги йилларда кунларини тоғ-тошларда ўтказиб юрадиган ҳайкалтарош Н.нинг омади бирдан келиб қолди. Унинг гуруҳига бира тўла учта ҳайкал, ҳайкал бўлганда ҳам эл-юртнинг ғурур ва фахрига айланадиган учта улкан ҳайкал ясашга буюртма тушди. Анча йиллардан бери иши чаппасига кетиб, бир пайтлардаги шон-шуҳрат довруғи сўна бошлаган, куни ўз оталарини сотиб, мартабаларини ошириб олган, энди эса виждон азобларидан қутулиш учун уйларини бир четига падари бузуквориларининг бюстларини ўрнатиб қўядиган қурумсоқ ва калондимоғ бойвачча-ю амалдорларнинг садақаларига кун кечираётган бир пайтда бундай муҳим буюртма топширилишининг ўзиёқ қашшоқнинг хазина топиб олиши билан борабар эди. Маҳкамада бўлиб ўтган, бир ҳафтага чўзилган турли даражадаги суҳбатлардан сўнг унга ишнинг кўлами ва аҳамияти ҳақида батафсил изоҳ беришди. Бу суҳбатларда буюртма шахсан раҳбарнинг назоратида экани, аслида бу ҳайкалларни яратиш ғояси ҳам раҳбарнинг ўзидан чиққани, шу сабабли ишга масъулият билан ёндашиш, кўрсатилган муддатда улгуриш, ҳайкалнинг ҳар бир мисқолигача, ҳатто қаҳрамонлар тирноқлари-ю қоши киприкларигача раҳбарнинг тасдиғидан ўтиши шартлиги ҳақда қайта-қайта уқдиришарди. Н. қўлига олган учта дастлабки чизмани – тарихий миллий қаҳрамон, буюк олим ва буюк шоирнинг мутахассислар тасдиқлаб берган ўлчамлари акс этган чизгиларини олгач, ҳаяжонланиб кетди. Ахир у бу сиймоларни илгари ҳам бир неча марта ўзи ясамоқчи бўлган, аммо унинг орзуси саҳро қумларига сингиб кетган ёз ёмғирлари каби умрининг сарҳадларида беиз, бенишон ғойиб бўлганди: бу улуғвор ва абадийликка муҳрланган қиёфаларни яратиш учун у умрининг ярмини сарфлаб бўлган, қолган ярмида ҳам бу орзуси турган чўққига чиқиши амримаҳол эди. У орзусидаги ҳайкалларни ясаш учун на маблағ, на рағбат тополди. Ўз халқининг тарих саҳнасида абадий муҳрланиб қолишига хизмат қилган миллий қаҳрамонлар ҳайкаллари ўзга элатларнинг катта-кичик шаҳарларида кўрк бериб турганини кўрган кезлари “Нега бизнинг шундай ҳайкалимиз йўқ, шундай ҳайкал ясаш менга насиб қилармикин?!”, деган ўй унинг хаёлидан юзлаб марта ўтган бўлса ажаб эмас. Навқиронлик пайтида ғайрати ичига сиғмай бу гапни ҳатто ўзининг жуда мартабали ва бообрў кекса маслакдошига ҳам айтганди. Ўшанда устоз унга “Қорним тўйиб юрсин десанг, бу фикрни миянгдан чиқар, ундан кўра, ана, қўллари қабарган пахтакор ҳайкалини ярат, ўша ҳам миллий қаҳрамон!” деб танбеҳ берганди. У ҳаммасига қўл силтаб, отаси каби сангтарошлик қилиш учун тоғу-тошлар кезиб юрганда, яратган унинг кўнгил оҳини эшитди — бирдан мўжиза юз берди. Бу фақат ўзининг эмас, шахсан раҳбарнинг орзуси, раҳбарнинг топшириғи, давлат аҳамиятига молик буюртма эди! Н. ана шундагина ростдан ҳам давр ўзгарганини ва ўша — устози билан гаплашган замонлардан анча илгарилаб, ҳатто уларнинг тушига ҳам кирмайдиган эмин-эркинлик, имкониятлар даврига етиб келишганини ҳис қилди. Қолаверса, бутун дунё бир-бирини чув тушириб, ўзларининг рўзғор муаммолари-ю, нафслари билан овора бўлиб ётганда, бутун бир халқнинг ғурури ва фахри бўлган учта буюк сиймонинг ҳайкалига бурютма тушиши — бу жиддий воқеа, тарихий ҳодиса деб баҳоласа ҳам бўларди. Дарвоқе, Н. билан маҳкамада гаплашган жиккаккина бир тўрабачча бу буюртмани “тарихий воқеа” деб изоҳлади ҳам. Тўрабачча Н.га ҳайкалнинг ўзидан кўра буюртманинг қанчалар муҳим ва нозик вазифа экани ҳақида нақ ярим соат тушунтириш берди. “Раҳбарнинг ўзи бу уч сиймо ҳайкалини шаҳарларимизга ўрнатиш орқали бир пайтлар дунё ҳавас қилган миллий ғуруримиз ва фахримизни ўзимизга қайтариб бермоқчи. Бу ҳайкалларни кўрган ҳар бир фуқаро ва шаҳримизга келган меҳмон бизнинг қандай халққа мансублигимизни ҳис этиб турсин. Ҳайкал миллий қиёфамиз ва улуғворлигимиз тимсоли бўлиб, асрлар оша бизнинг буюклик ва қудратимизни кўз-кўз қилиб туриши керак. Сиз ҳайкалларда ана шу жиҳатларни акс эттиринг. Ҳайкални кўрган ҳар бир одамнинг кўнглида ана шу ҳайкал орқали шаҳримизга ва ўзлигимизга бўлган эҳтиром пайдо бўлсин! Сиз ҳайкал орқали буюкликнинг ва абадийликнинг миллий қиёфасини яратинг! Раҳбар ана шундай кўрсатма берди. “Буюкликнинг миллий қиёфасини яратсин” деди! Тушунаяпсизми?! Буюкликнинг ва миллийликнинг!” деди у бу сўзларга яна алоҳида урғу бериб. Жиккак тўра кўринишига ва бўйига ярашмаган тарзда гапдон ва нотиқ чиқиб қолди. У Н.га раҳбарнинг кўрсатмаси ва ҳайкал ясаш ҳақидаги ғоясининг моҳияти ҳақида яна узоқ тушунтириш бермоқчи эди, аммо шу пайт хонага тарошланган тарашадай озғин йигит кириб, афтидан, жиккакдан кўра ҳам юқорироқ лавозимдаги амалдор Н.ни хонасига чақираётганини айтгачгина гапини тўхтатди. Уни бошқа бир хонага олиб киришди. Бу “аркону давлат” ҳам худди жиккак каби ҳайкал ҳақида эмас, кўпроқ ҳайкал орқали акс эттирилиши керак бўлган хусусиятлар ҳақида гапирди. “Сиз фақат ҳайкал эмас, бу уч сиймо орқали, тафаккуримиз, ижодий салоҳиятимиз ва қаҳрамонлигимизнинг қиёфасини яратиб беришингиз керак. Бу қиёфалар мангуликнинг қиёфасига айланиши керак! Бу раҳбарнинг буюртмаси эканлигини унутманг! Топшириқ шундай!” Маҳкамадаги барча суҳбатларда деярли бир хил гап такрорланди: булар шунчаки ҳайкаллар эмас, халқимиз қиёфаси, ўзимизнинг қиёфамиз, миллий қиёфамиз. Ҳайкал қандай бўлса, бизнинг асл қиёфамиз, буюклигимизнинг қиёфаси ҳам шундай бўлади. Бизни билмаганлар ҳайкалга қараб, биз ҳақимизда тасаввурга эга бўлсин, ҳайкални кўриб, қудратимизга тан берсин. Бу шахсан раҳбарнинг кўрсатмаси ва ҳакозо… Н. буюрматнинг аҳмиятини ўзи билса ҳам ва ўта масъулият билан ишлаш талаб қилиниаётганини тушуниб турса ҳам бир ҳафтача турли доирадаги амалдорларнинг бир хил ваъзларига чидашига тўғри келди. У бу гапларни ўзим ҳам биламан, бу ҳайкалларни худди сизлар айтгандай ясаш бир умрлик орзуим деб айтиб юборгиси келар, аммо ўн йиллардан бери ҳатто кўчасидан ҳам ўтмаган, бир пайтлар ўзи кўрган амалдорлардан тубдан фарқ қиладиган бошқа тоифадаги, янги, сергап, ҳушёр ва яна жуда кибрли, иззатталаб, нигоҳлари ва назарлари худди ўткир пичоқнинг тиғидай “Кесаман!” деб турган бу амалдорларнинг ғашини келтиргиси келмасди. Аслида буюк олим ва буюк шоир, буюк саркарданинг ҳайкалини ясашни қайси ижодкор орзу қилмайди?! Омаднинг чопгани шуки, учаласи ҳам ўзига, унинг гуруҳига топширилаяпти. Бўлмаса, ҳайкалторош камми? Н. илгарилари ҳам, яширин бўлса-да, улуғ шоир, миллий қаҳрамон, даҳо олим яшаган даврни, уларнинг қиёфалари чизгиларини, ўзига хос белгиларини ўша давр минатюралари ва тарихий китоблардан тасаввур қилиб, уларнинг кичкина бюстларини ясаб, қанча ошно-оғайнисига совға қилиб юбормаганди — шу сабабли уларнинг қиёфаларига қўли келишиб, кўзи ўрганиб қолган. Н. ўзида йўқ хурсанд эди. Мана энди, ўзининг кимлигини, доҳиёна истеъдод эгаси эканлигини кўрсатиб қўядиган пайт келди.

Бу хабар фақат Н.га эмас, барча санъат аҳли учун хушхабар бўлди. Раҳбарнинг буюртмасини унга расман топширишган куни анча йиллардан бери ўзининг на тириклигини, на ўликлигини билдирмаган, гўё узлатга яширингандек, дараксиз кетган, бир пайтлар унинг рухсатисиз адабиётга пашша ҳам учиб киролмаган кекса шоир сим қоқиб қолди. Кекса шоир кейинги йиллардаги ўзгаришлардан, айниқса, ўзига бўлган ёш авлоднинг шартаки муносабатидан норозилигини шу йўл билан билдириш учун ҳам ҳеч ким билан гаплашмай ва ҳеч кимни қабул қилмай қўйганди. Ҳамма нарсага қўл силтаб, ижоддан ҳам, эски танишлардан ҳам, матбуот-у мухбирлардан ҳам қўлини ювиб, қўлтиғига урган шоир қандай қилиб, ўзига берилган буюртма ҳақида бунча тез эшитди, Н.нинг ақли етмади. Шунинг ўзиёқ ўзини узлатга чекинган қилиб кўрсатган шоирнинг санъат оламида бўлаётган ҳар бир хабар ва воқеани аслида зимдан синчковлик билан кузатиб турганини билдирарди. Кекса шоир унга шундай масъулиятли вазифа топширилгани билан табриклади. Унинг товуши анча хириллаб, худди тобутдан чиқаётгандай, узуқ-юлуқ ва хира эди.

— Мен бу хабардан хурсандман,- деди шоир. – Бу маданий ҳаётимиздаги катта воқеа. Анчадан бери миллат тарихига бунчалик катта эътибор берилмаганди.

Н. миннатдорчилик билдирди, кейин бирдан шоирнинг бугунги кунда унутилиб кетиш арафасига келган тарихий асарлари эсига тушди.

— Айтгандай, менга сизнинг ёрдамингиз керак. Мен бу учала қиёфа ҳақида аниқ бир тўхтамга келишим учун сиз асарларингизда фойдаланган қўлёзмаларни ҳам бир кўздан кечирсам дегандим. — Н. шоирнинг рози бўлишига умид ҳам қилмай таваккал қилди. — Бир гаплашсак нима дейсиз? Менга маслаҳатингиз жуда зарур.

Шоир кутилмаганда рози бўлди. У анча йиллардан бери ҳатто энг яқин шогирдлари билан ҳам сим орқали гаплашарди.

-Келишдик. Индинга кечга яқин ўтиб келаверинг. Унгача тарихий асарлардан кўчирмалар ёзилган дафтаримни ҳам топиб қўяман.

Н. хурсанд бўлиб кетди. Шу куни ҳам, эртасига ҳам уни олимлар, шоирлар, ижодкорлар, ҳамкасблари, расссомлар бу шарафли вазифа ва катта ишонч билан муборакбод этишди. Гўё бутун мамлакатда бу ҳайкалларни ясашдан муҳимроқ вазифа қолмагандай барча зиёлилар фақат шу ҳақда гаплашишарди. Н.нинг олдига университет тарихчилари ҳам келиб кетишди. Улар Н.га турли хил таклифларни ва, табиийки, бу улуғ сиймоларнинг тарихий қиёфалари ҳақида ўз билганларини гапириб, турли маслаҳатлар беришди. Улар гарчи ўзлари ўқиган тарихий қўлёзмалар-у асарлардан келиб чиқиб, турли қарашларни таклиф қилишётган бўлишса-да, уларнинг бу улуғ сиймолар қиёфаси ҳақидаги фикрлари бир-бирига яқин эди. Чунки тарихий асарларда уларнинг қиёфалари нисбатан кенгроқ тавсифланган, шу сабабли ҳайкаллар қиёфасини тарихий қиёфаларига яқин қилиб яратишда муаммо кам бўлиши тайин эди. Шундай бўлса-да, Н. уларнинг асл қиёфалари ҳақида кенгроқ маълуомтга эга бўлишни истар, бу борада ҳар қандай маслаҳатга жон деб қулоқ тутарди.

Н. кекса шоирникига борганда уникида академик ва Н. билан доим рақобатлашиб юрадиган ҳайкалтарош Т. ҳам бор эди. Шоир Н.ни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Академик ҳам унинг кафтини қалтираётган, худди ўзи каби мана тўкиламан, ана тўкиламан деб турган қалтироқ қўллари билан қисиб, куч-қувват тилаб қўйди.

— Бу ҳаётимиздаги катта воқеа.- деди у.- Сизга олим ва шоирнинг ҳайкалини топширишнинг ўзиёқ юз беражак катта ўзгаришлардан дарак беради. Мен бундан хурсандман.

— Мен ҳам шунга умид қилаяпман. Миллий қаҳрамонни қўя турайлик, у ясалиши керак эди. Аммо раҳбар шоир ва олимнинг ҳайкалини шаҳар ўртасига ўрнатишни буюрдими, демак, яқин кунларда зиёлиларга катта имтиёзлар берилади, шу пайтгача бўлган эътиборсизлик ва лоқайдлик шу билан якун топса керак. Раҳбар ниҳоят ўз хатосини тушунган, ижодкорларсиз, олимларсиз тараққиёт бўлмайди, — деди кекса адиб ёшланган кўзларини кир рўмолчасига артар экан.

Т. бундай катта масъулиятли иш айнан Н.га топширилганидан ҳасади келаётанини яшириб ўтирмади.

— Шунинг учун ҳам сизларга ҳамма гап ҳайкалнинг қандай чиқишига боғлиқ деяпман-да. Агар худо кўрсатмасин, иш пачава бўлса, унда ижодкорларга бўлган муносабат яна ёмонлашади.

-Н. буни эплайди. Бунга имоним комил. Айтгандай, гуруҳга кимларни таклиф қилдингиз, — сўради шоир.

Н. тузган ва ҳайкал ясашга жалб қилинган гуруҳ аъзоларини санаб берди.

Шоир бош ирғади.
-Яхши. Истеъдодли одамларни жалб қилибсиз.

Т. бирдан норозилик билдирди.

-Н.ни гуруҳга олмаслик керак эди. У истеъдодли бўлгани билан масъулиятсиз. Ишни расво қилади. Унинг ичмаган кунини қўятурайлик, соати ҳам йўқ.

-Н.га катта вазифа юклатилмайди. У эскизлар билан ҳайкалнинг муқоясасига жавобгар. У бошқалар кўрмаган жиҳатларни тез илғагани учун ҳам гуруҳга таклиф қилдим,- деди Н.

— Энди бор умидимиз сиздан, — деди академик. — Агар буюртма кўнгилдагидай бажарилса, зиёлларнинг ҳам елкасига офтоб тегиб қоларди. Эҳтимол, раҳбар маданият ва фанда бўладиган ислоҳотларни айнан шу ҳайкалларни тиклаш билан бошлаб бермоқчидир?

-Мен ҳам шунга умид қилаяпман, — деди шоир. — Олим билан шоирнинг ҳайкали санъта ва илм-фаннинг қадрини яна бир карра кўтаради.

— Тўғри,- деди академик. — Мен кўпдан бери болаларимизга кўрсатадиган миллий қаҳрамонларимизнинг аниқ қиёфалари йўқлигидан ташвишга тушиб келардим. Ҳозирги замон болалари ўзимизнинг қаҳрамонларимизни тасаввур ҳам қилишолмайди.

-Улар қаердан билсин? Ахир қаҳрамонларимиз ҳақида на фильм бор, на сурат, на ҳайкал бор?! Бундай ўқисанг, баҳри дилинг очиладиган китоб ҳам йўқ. — Т. шу гапи билан қовун туширганини сезиб қолди. Шоирнинг миллий қаҳрамон, унинг авлодлари ҳақида бир неча тарихий асарлари борлиги эсига тушдими, бирдан гапни бурди. — Борини ҳам босиб чиқаришмайди. Болаларга ўз қаҳрамонларимизни яратиб беришимиз керак.

Т.нинг гапидан оғриндими ёки унинг “Босиб чиқаришмаяпти” деган гапидан сўнг эсига тушдими, шоир имиллаб ўрнидан туриб, мадор кетган оёқларини зўрға судраб, жавондан қалин эски дафтар олиб келиб, Н.га узатди.

— Мана, сизга айтган дафтарим. Бу ерда йигирмага яқин тарихий асарлардан айнан сиз ясамоқчи бўлган тарихий шахсларнинг қиёфалари ҳақида маълумотлар кўчирилган. Сизга ёрдам беради, деб ўйлайман.

Н. дафтарни олар экан, адиб бир муддат дафтарни бергиси келмай ушлаб қолганини сезди. Адиб дафтарга қараб турар, қўллари қалтирарди. У шу туришида бу дафтарга ёзилган маълумотлар орқали ҳар бири адабиётда воқеа сифатида қарши олинган ўндан зиёд асар ёзгани, бу асарлар бугун унутилиш арафасига келганидан кўнгли тўлиб кетганини қандай яширишни билмай дафтарга қараб турарди.

-Ўқиб бўлгач, қайтарарсиз, — деди шоир ниҳоят ўзини тутиб олиб. Кейин жойига бориб ўтирди. Кўзларини яна ўша кир рўмолча билан артди.

Н. нега шоир айнан кир рўмолчага кўзларини артаётганини тушунмади. Янгисини олмаган тақдирда ҳам ювдириб олиши мумкин эди-ку. Шоирнинг айнан кир рўмолча билан ўтиришида бир маъно сезди. Бу билан “Мана, мени нимага айлантиришди, куним шунга қолди!” деган иддао ҳам бор эди.

— Айтгандай, бу учала ҳайкални қайси майдонларга ўрнатишар экан?- савол берди академик.- Шаҳримизда учта хиёбон бор. Балки шу жойларга мўлжаллашаётгандир?

-Йўқ, менга тушунтиришларича, учала ҳайкал ҳам бир жойда, шаҳримизнинг бош майдонига ўрнатилади.- деди Н.- Учаласини бир яхлит асар сифатида, яъни худди суҳбатлашиб тургандек ишлаш топширилган. Шаҳардаги энг ҳайбатли ҳайкал бўлсин, узоқлардан кўриниб турсин, шаҳримизга келаётганлар даставвал ана шу ҳайкалларга кўзи тушсин, дейишаяпти.

-Ўҳҳу,- деди Т. ҳаваси келиб, ҳасад билан бош чайқаб қўйди.

-Унда яхши, — деди академик. Кейин шоирга юзланди.- Маъқул йўл танлашибди. Учаласи бир жойда бўлса, шунга яраша маҳобат бўлади. Миллатнинг уч устуни бир жойда туради. Бу доно ташаббуН.

Бирдан шоир қиҳ-қиҳлаб, истеҳзо оҳангида кулиб юборди. Куларкан, ҳадеб кир рўмолчада кўзидаги ёшни артарди.

— Мана…ахири шу хулосага келишибди-да.

Ўтирганлардан ҳеч ким бу истеҳзоли киҳ-киҳнинг маъносини тушунмади.

-Жуда ажойиб бўлибди…- деди жиддийлашиб шоир.- Ақл, ижод ва куч бир жойга йиғилибди. Улар ниҳоят буни англашибди. Аслида ҳар қандай тамаддуннинг асослари шулар. Мен уларга неча марта айтдим, шахсан раҳбарга ёзиб юбордим ҳам, куч, ақл, ижод аҳли бирлашиб ишлайлик, деб. Мен ҳатто ўша хатларим раҳбарга етиб борганига ҳам ишонмайман. — Кейин ёйилиб кулди. — Мана энди англаб етишибди. Тўғри, бу учаласини бир жойга ўрнатиш керак: куч, ақл, ижод — бу бизнинг қудратимиз тимсоллари.

Т. бу гаплардан бесаранжом бўлиб, бармоқларини асабий қарсиллатиб ўтирарди. Шоир Н.га чой қуйиб узатди.

-Менга қаранг, сиз шоир қиёфасини кўпроқ “Таворихи ахлоқ” асарига таяниб яратинг. У ерда аниқроқ ёзилган.

-Хўп. — деди Н. — “Таворихи ахлоқ”ни кутубхонага буюртма бериб қўйдим. У ердан кўчириб оламан. Бундан ташқари, мен қўлидаги асо ҳақида ҳам маълумот тўплашим керак.

-Асо?! — ажабланди шоир. Академик ҳам, Т. ҳам ҳушёр тортишди. –Қанақа асо?!

-Шоирнинг пирлик асоси. — Н. буюртма ҳақида гап бўлганидан бери ўзи хаёлида пишитиб юрган гапларни шошиб айта бошлади.- Мен қўлида асо ушлаб турган ҳолатда тасаввур қилаяпман. Асосининг бош қисми қуббали бўлади. Худди глобусга ўхшаб. Қубба устида ярим ой шакли берилади. Асонинг ўзи эса оқ билан сариқ ранг қоришмасида яратилади. Шоир гўё нурни, зиёни ушлаб турган, нур устида ер юзи ва коинот жамулжам бўлгандай манзара пайдо бўлади. Саркарданинг қўлида қалқон бўлади.

— Фақат қалқонми? — шошиб сўради Т. У Н.нинг ҳар бир гапидан айб излаётгандай ва бу айбни тўсатдан топгандай заҳарханалик билан гапирди. –У ахир умр бўйи қилич тақиб юрган. Зўр қиличбоз бўлган.

— Биламан,- деди Н.унинг гап оҳангига эътибор бермай — Қиличининг дастаси кўринади. Қалқон “Биз эл-юртни ҳимоя қиламиз, ким унга дахл қилса, қиличимиз ҳам бор” деган маънода бир қўли қилич сопида туради.

Шоир Н.га қараб жим қолди. У Н. ҳайкаллар орқали тасаввур қилаётган маънони англамоқчидай оғзини очди. Кейин бош ирғади.

— Яхши ўйлабсиз, — деди. – Агар маслаҳат керак бўлса, тортинмай келаверинг, жон деб ёрдам бераман.

-Албатта, — деди академик ҳам.- Бу энди фақат сизнинг ишингиз эмаН. Бу барча зиёлиларнинг иши. Ҳайкалларнинг муввафиқиятли чиқиши -зиёлиларнинг елкасига офтоб тегишини билдиради. Бу ишга ҳаммамиз масъулмиз. Олимлар ҳам сизга ёрдам беришга тайёр.

Н. эртасига кутубхонага борди. У ердан “Таворихи ахлоқ” билан бирга ўзи бир пайтлар ўқиган китобларни олиб, учта тарихий шахснинг қиёфаси ҳақидаги маълумотларни кўчириб олди. Кейин ҳайкалга улуғворлик бағишлаш учун бир неча кун дунёнинг машҳур ҳайкаллари суратларини, уларнинг яратилиш тарихини, шундай ҳайкаллар яратган ҳайкалтарошларнинг ижодий хотира ва лабораторияларини синчиклаб ўрганди. Гуруҳ рўйхатини яна қайтадан тузди, унга таниқли, ўз ишининг устаси бўлган энг истеъдодли ҳайкалтарошларни жалб қилди. Бу гуруҳ билан белгиланган муддатда ҳайкалларни яратиб улгуришига энди сира шубҳа қилмасди.

Аммо у олимлар ва китоблар орқали бир тўхтамга келган учала ҳайкал эскизи тасдиғи негадир чўзилиб борарди. У ҳайкал қиёфалари эскизини неча марта раҳбарга киритган бўлса, шунча марта қиёфалар устига қизил қалам тортилган жавоб келарди. Бу чизиқлар қиёфа раҳбарга ёқмаганини билдирарди. Н. ўз гуруҳини янаям кўпроқ маълумот тўплашга жалб қилди. Ўша олтин силсилали, миллий ғурур, тафаккур ва силоҳият уйғонган даврга оид барча хотиралар, хатлар, эсдаликлар, шунингдек кийим, соқол қўйиш удумлари ўрганиб чиқилди. Ана шулар асосида яна эскиз тайёрланди. Бу гал у хотиржам эди. У бор имкониятни ишга солиб, маълумотларни энг майда тафсилотларигача ўрганиб чиққанди, уч қаҳрамоннинг тарихий қиёфаларини деярли тўлиқ тиклаб бўлганди. Н. эскизларни тарихчи олимларга, сўнг тарихий мавзуда ижод қиладиган рассомларга кўрсатиб олди: уларнинг маслаҳати билан баъзи тузатишларни амалга оширди. Кейин фотиҳа олиш, ҳам яна бир карра фикрлашиш учун кекса шоиргга ҳам олиб борди. Орада ўтган икки ой ичида шоир ўзини анча олдириб қўйганди. У эскизлардаги қиёфаларга банди синиб тушган кўзойнаги билан узоқ разм солди.

— Буни қаранг-а, — деди у ниҳоят эскизларга тикилганига ҳам ҳолдан тойиб қолганини яширмай ҳансирар экан. — Менга ёқди. Ҳамма нарса ҳисобга олинган.

Уларнинг қиёфаси айнан шундай бўлганига аминман. Сизни танлаб адашишмабди. Қиёфалар ҳам миллий, ҳам улуғвор. Фахрлансак арзийди.

Н.га мақтов ёқса ҳам ўзини камтар тутди.

— Уч марта қайтаришди, -деди у нолинганнома оҳангда.- Ҳеч қайси қиёфа раҳбарга ёқмабди. Нима истаётганини очиқ айтмайди, қизил чизиқ тортиб беради. Бу – қиёфа маъқул эмас, дегани экан…

Шомр унга далда берган бўлди.

-Энди раҳбарни ҳам тушуниш керак. Ахир, у миллий қаҳрамонлар қиёфаси яратилишини истаяпти. Бу осон эмаН. Бу қиёфаларга бошқа миллатларнинг ҳам ҳаваси келиши керак. Шунинг учун қайтарган. Буниси аъло даражада. Ҳусн ҳам, виқор ҳам, қарашлару кийимлар ҳам жойида. Ҳаммаси жойида. Бунисини қайтаришмайди.

-Айтганингиз келсин! –деди Н. худди эскизи тасдиқдан аллақачон ўтгандек.

Эскизларни идорага Н.нинг ўзи олиб бориб берди. Ўз ишидан кўнгли тўқ қайтиб, шу куни буюртма олганидан бери биринчи марта майлларига эркинлик берди: лойлардан турли қиёфалар ясаб, хаёлига келган иш билан машғул бўлди. Оиласи билан боғ айланди, уларни буюртма ҳисобидан олган қарзлари эвазига шаҳар айлантирди, энг сара емакхоналарга олиб кирди. Унинг кайфияти чоғ, қушдай енгил, лойиҳани ўз муддатида бажаришга куч-қуввати етарли эди. Орадан икки кун ўтгач, унга қўнғироқ қилишиб, маданият бўлимига тез етиб келишини айтишди. Телефондаги овоз совуқ ва андак норози оҳангда эди. Идорада Н.ни яна ўша жиккак тўрабачча кутиб турарди. Н. буюртма олаётганда анча қолиб кетган хонага кирганда жиккак амалдор столи атрофида асабий юриб турарди. Н.ни кўриб, бир нафас норози бўлиб тикилиб турди. Кўзларида “Нима қилиб қўйганингизни биласизми?” деган ифода балқиб турарди. Н.унинг қарашидан бу гал ҳам эскизи тасдиқланмаганини ҳис этди. Бирдан ҳафсаласи пир бўлди. “Ўзи булар нима исташаяпти? Ҳайкалми ёки бирон фариштанинг қиёфасиними?!” У охирги эскизнинг ҳеч бир эътирозсиз қабул қилинишига ишонганди. Шунинг учун амалдор ишора қилмаса ҳам келиб, курсига ўтирди ва “Қани, гапир-чи, нима каромат кўрсатасан?” дегандай бошини эгиб олди. Амалдор зарда билан ўзини курсисига ташлади. Столга эскизларни “тарс” этиб қўйди. Эскизлар қизил билан қалин қилиб чизиб, кейин ундов белгиси қўйилганди.

— Мана…- деди амалдор худди хўрлиги келгандек товуши титраб. – Олинг бу лаш-лушларингизни…

Бу сафар Н. ўзини тутиб туролмади. У икки ой раҳбарларнинг райи ва қовоғига қараб, уларнинг кўнглини оламан деб тиришиб асаблари бўшашиб қолган эди.

-Бу лаш-лушлар эмас… Санъат асарининг эскизлари.

Амалдор унинг жиззакилигига эътибор бермади. У Н. билан гаплашишдан олдин унинг феъл-атворини яхшилаб ўрганиб чиққани кўриниб турарди. У Н.нинг ҳар қандай эътирози, ҳатто бақир-чақирига ҳам тайёр тураради.

— Биз сизга ишонгандик, — деди у худди айни вазиятда Н.нинг ўзини айбдор қилишни зиммасига олган терговчидек ўсмоқчилаб.- Аммо сиз уни суистеъмол қилдингиз. Эскизингиз тасдиқланмади. Раҳбарнинг ҳатто ғазаби қўзиб кетди. “Нима, шуни ҳам мен чизиб беришим керакми?! Шу башараларни дунёга ибрат қилиб кўрсатамизми?! Ўн марта қайтардим бу эскизларни. Аммо ҳали ҳам мақсад ва моҳиятни англамади бу ҳайкалтарошларинг. Уларга ишониб бўладими?!” деди. Жуда қаттиқ норози бўлди.

-Мен бу қиёфаларни тарихий хотиралар ва асарлар асосида яратганман,- деди Н. ўзига қилинаётган муомаладан жаҳли чиқиб. — Бу қиёфаларни тарихчи олимлар, рассомлар ҳам тасдиқлашган. Эскиз охирида уларнинг хулосалари илова қилинган.

— Кўрдик… улар ҳам масаланинг қанчалик муҳимлигини, ҳам халқаро миқёсда, ҳам миллий миқёсда… тасаввур қилишмаган, — амалдор ниманидир айтишга қийналаётгандай ёки гапни нимадан бошлашни билмаётгандай эди.- Раҳбар эса қандайдир шубҳали хотираларга эмас, масаланинг ана шу жиҳатларига эътибор беради.

— Хотиралар шубҳали эмас…- Н. ўзининг норозилигини билдирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлади. Аммо бу гаплар беҳуда эканини тушунди. Амалдор унинг эътирозини эшитиши билан худди типратиканга ўхшаб бирдан хурпайиб олди. Раҳбар “шубҳали” дедими, демак ҳар қандай тарихий асар, ҳатто ўша тарихнинг ўзи ҳам шубҳали эканига шубҳа қолмайди. Унинг бу эътирози амалдорни ҳушёр торттирди. Шу пайтгача иккиланиб, қийналиб турган ичидаги гапни айтишнинг пайти келганини, шу билан мабодо уни девордаги қулоқ орқали эшитиб туришган бўлса, раҳбарга бўлган ҳурматсизликка вақтида кескин жавоб қилган бўлишини тушунди. Энди чўзиб ўтирмади. Мақсадга кўчиб қўя қолди.

— Шунинг учун биз сизни гуруҳдан четлатдик. Раҳбарнинг сизга бўлган ишончи сўнди. Сиз ҳақингизда эшитишни ҳам истамаяпти. Шу сабабли лойиҳадан четлатилдингиз…

Н.нинг қаеридир оғриб кетди. Аммо ўзини тезда тутиб олди. У иродали, қатъиятли одам эди. Буюртмасиз ва лойиҳасиз ҳам ҳаёт ва санъат давом этишини яхши биларди. Истеҳзоли жилмайди, қўллари билан ўсиқ сочларини таради. У негадир ич-ичида бу лойиҳа менга янглишиб топширилди, қандайдир чалкашлик бор, бунақа давлат миқёсидаги юксак аҳамиятга молик лойиҳаларни менга ишонишмайди, бир куни барибир ҳушёр тортишиб, қайтариб олишади, деб ўзини ишонтириб юрарди. Мана энди кутган ўша вақт келди. У амалдорни ажаблантириб, бу хабардан ажабланмади. Аслида ҳам у хонага кириб, стол устида қизил чизиқ тортилган эскизларни кўргандаёқ бу лойиҳадан четга чиқишни истаб қолганди. Мана энди ҳаммаси хамирдан қил суғургандек юз берди.

-Яхши, — деди Н. -Унда мен бўш бўлсам керак.

-Бошқа бирон лойиҳа чиқса, албатта, сизни таклиф қиламиз, — амалдор ҳам ундан қутулганига шукр қилгандек ва бира тўла виждонини ҳам тозалаб олмоқчидек ҳамдардлик билдирган бўлди.

— Бунақа лойиҳалар ўзларига буюрсин! – деди Н. ҳар доимгидай уни машҳур қилган қўрс ва қўпол табиатига қайтиб. У шу лойиҳани деб феъл-атворига зид равишда жини суймаган қанчадан қанча амалдору ҳайкалтарошлар, адибу рассомлар билан тилини тишлаб муомала қилиб юрганди. Энди унга бу қобиқдан чиқишга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун қичиган тилини тийишни ҳам истмади.

— Мабодо ўзларига қабр усти бюстини буюртма беришни истасалар жон-жон дердим…

Амалдорнинг юзи гезариб кетди. Н. амалдор столнинг бир четида турган кулдонни ўзи томон тортганини эшик томон бурилаётиб кўрди. Эшик билан юзма-юз ҳолатда бир пас тик қотди. У кулдон қайси тарафдан учиб келади, ўнгданми, чапданми, қай тарафга қараб чап беради, ҳаммасини сонияларда ҳисоблаб, отилган жисмнинг шувиллаган овозини илғашга ўзини тайёрлади. Аммо у кутган шувиллаган товуш ўрнига гугуртнинг “чирқ” этган саси келди ва хонани тамаки ҳиди тутди. Амалдор кулдонни отганда Н. уни эҳтимол ҳурмат қилган бўларди. Ҳозир эса бор ҳурмати ҳам йўқолди. У “Отолмади, отса, амалдор бўлмасди” деб ўйлади. Бу пайтда эшик бутун бинони ларзага солиб изидан қарсиллаб ёпилди. Н.қабулхонадан чиқар экан, эшикда қўлтиғига бир ўрам қоғоз кўтариб олган пўрим кийинган Т. билан юзма-юз келди. Бир сония иккаласи бир-бирига худди иккита оч шердек тикилиб туриб қолишди. Н. ҳаммасини тушунди ва индамай ўтиб кетди

Н. аввалгидай ҳаммасига қўл силтаб тоққа чиқиб кетди. У елкасида асбоб-ускунаси солинган халтача билан худди сангтарош отаси каби мангу ва абадий қотган улкан тошлар оралаб юрар, улардан кўнглига ёққанини олиб, ҳафталаб йўнар, қиртишлар, шакл берар, кўнглининг айни пайтдаги ҳолатларини ва суратларини офтобда чирсиллаб ётган харсангларга ўярди. Бу шаклларга қараб туриб, биронтасида ярқ этган тик одам шаклини кўриш қийин эди: йиқилган, сурилган, тойғанган, оғир ва беадад мусибатдан қаддини эгган, худди кўтаришга уялгандек бошини оёқлари орасига тиқиб олган, тиззалаб ўтирганча осмонга кўз тиккан, оғир гуноҳларига ажр истаб сажда қилаётган, қўллари кўкка чўзилган одамлар шаклини эслатадиган ҳайкал — тошларга тўла эди. Агар тун сокинлигида қулоқ тутилса, ингроқ ва уввослар келарди бу тошлардан: уларнинг ҳаммаси хаёлнинг, музтар ва мазлум кўнгилнинг зуҳуротига, тахайюлнинг учи-қуйруғи йўқ, шамойилини тутиб бўлмас манзараларига ўхшарди. Н. умрининг олти ойини мана шу дарага бағишлади, бу ерда ўзининг ҳовурини босиб олди, олти ойлик умри, кечинмалари, ҳиссиётлари тошларга кўчиб, абадий битиклар шаклини олди. Ҳар қалай, бу ерда у эркин ишлади, ўз билганини, тасаввур қилганини, англаганини, хаёлига келганини яратди. У эскизларидаги сиймоларни ана шу тошларнинг сийратига сингдириб юборди. Агар осмон кўзи билан қаралса, у бу тошларга ҳаёт, умр, жамият ва инсоният ҳақида бутун меҳрини, маҳоратини, билимини бериб ишлаган эскизларини худди юзини, ҳаётини, ишонч-эътиқодини тилимлагандек қизил қалам билан чизиб ташлаган замона ҳақида нималар ёзганини, нималар деганини билиб олган бўларди. Аммо бу англаш жараёни ҳам тоғлар каби мангуликка муҳрланди. Дарадан чиқиб кетар экан, изига, ўзининг олти ойлик хаёллари мозорига айланган тошларга сўнгги марта қаради. “Эҳтимол, бу харсанглар худди менга ўхшаган ва қачонлардир яшаган ёлғиз ҳайкалтарошнинг асарлари бўлгандир ва мен уни яна одатдагидай бузиб қўйдим”, деган ғашлик ўтди хаёлидан. Қачонлардир абадийликнинг нариги чеккасидан худди ўзига ўхшаш яна бир ҳайкалтарош чиқиб, ишлов бермагунча бу харсанглар абадийлик элчилари бўлиб, шу ерда ётаверади. Бу мангу тошларга битилган қисмат ва ҳикматни ҳеч ким ўқий олмайди, уни ўқийдиган шахс келганда эса бу дунёда унинг хокининг чанги ҳам қолмаган бўлади.

Н. шаҳарга кузнинг ўрталарида қайтди. Йўл уловида келар экан, узоқ масофадан шаҳардан ҳам олдин кўриниб турган учта баланд тоғдай улкан кўланкага кўзи тушди. Кўланкалар аста-секин шакл олиб, шаҳарга яқинлашган сайин баҳайбат одамлар шаклига кирди. Н. шаҳарга кирганда бу шакллар ҳайкал эканини англади. “Ахийри ўрнатишибди-да”, деб ўйлади у алам билан. Бу ҳайкаллар қиёфасида ўзига мағлубияти ва омадсизлиги тикилиб тургандек ҳис қилди. Уларга қарамасликка тиришди. Аммо салдан сўнг у ичидаги ғурур ва шахсиятини енгишга қурб, қудрат топди. Чуқур нафас олди. Нима бўлганда ҳам, у умр бўйи ўз она шаҳрида ўрнатилишини орзу қилган буюк миллатдошларининг ҳайкали ўрнатилган. Шунинг ўзи улуғ ҳодиса. У ўзини тутиб олди. Шаҳарнинг бир четидан ҳайкалларни томоша қила бошлади. “Ким ясаган бўлишидан қатъи назар барибир ўрнатиб яхши қилишибди”, деган мамнуният чироғи унинг олти ойлик хира кўгнглини ёритди. “Ким яратганининг қизиғи йўқ. Муҳими ўрнатилгани!”. Ҳайкаллар ростданам бутун шаҳарга кўрк ва маҳобат бериб турарди. Бир ҳисоби, шу ердан уйига жўнаб кетмоқчи бўлди. Аммо қизиқиши устун чиқди. Оёғи беихтиёр марказий кўчага қараб тортиб кетаётганини сезгач, ўзи ҳам ўша томонга йўл олди. Уни, бу ҳайкалларда мен билмаган ва англамаган нима бор эдики, бу ишдан мени четлатишди, деган қизиқиш ҳам бошлаб кетаётганди. Нима бор эдики, у ўша нарсани кўролмади ва ярата олмади? Нима эди ўша?! Умри бўйи ўзини барча замондош ҳайкалтарошлардан ҳам маҳорат, ҳам истеъдод, ҳам дид масаласида устун сезиб юрарди. Аммо ўша дид ва савия қаерда унга панд берди? Ҳозир ҳаммаси маълум бўлади, ўзининг ва умрининг янги хулосаси билан юзма-юз келади. Эҳтимол, унинг бутун умри ана шундай бесамар мағлубиятдан иборат бўлгандир ва у буни ҳалигача тан олмай яшаб келаётгандир? Аслида у ҳайкалтарош эмас, тоғу дараларда дайдишни яхши кўрадиган оддий чўпон бўлиши керак бўлгандир-у, ҳаётининг ўзани адашиб, ҳайкалтарошлик томон бурилиб кетиб, шундан бери бу ўрадан чиқолмай, тирмашиб-тамшаниб, адашиб келаётгандир… Н. айни пайтда мағлубиятини ҳам, умрининг бесамар ўтганини ҳам, ўзининг арзимас ҳайкалтарош эканинни ҳам тан олишга тайёр эди. У бораётган кўча ҳайкалларнинг орқа томонидан чиқиб қолди. Яқинлашган сайин ҳайкаллар яна-да улканлашди, тоғдай юксалди. Чўққидай қад кериб турган ҳайкалларнинг бош қисмига қарайман деб йиқилиб тушаёзди. Ҳайкаллар ростданам сирли ва улуғвор қиёфа касб этганди. Улар хирқа, совут ва узун ридо кийган ҳолда тасвирланганди. Ахир, бу унинг ғояси эди-ку… Бу кийимлар, гардишдаги нақшлар, ҳаммаси унинг эскизида қандай бўлса, ўша ҳолатда тасвирланганди. Ридо ва хирқанинг этак қисмини шамол бироз кўтариб, ҳилпиратиб турибди. Бир-бирига елка тутиб туришлари, бутун миллатни бало-ю офатдан асраётгандек тасвирланган қалқон ва қиличга узалган қўл. Ҳатто асо ҳам… Н.да ўзининг йўқлигида эскизини тасдиқлашгандек, ўша эскизлар асосида ҳайкал яратилгандек тассурот пайдо бўлиб, юраги ҳаяжондан гупиллаб кетди. Н. шошиб олд томонга айланиб ўтди. У адашмаганди. Бу ҳайкаллар Н. олти ой илгари энг майда икир-чикиригача чизиб чиққан эскиз асосида яратилганди. Бунга шубҳа йўқ эди. Олимнинг олис осмонга тикилган нигоҳи ва фалак сари чўзилган қўли, шоирнинг асосидаги глобус шаклидаги ярим ой туширилган гумбаз. Бугун унутилиб кетган, аммо Н.га кекса либос устаси айтган мовут тўнларнинг ва алломалар хирқасининг кўтарма ёқаси. Саркардани жанг майдонида учратиб, нафислиги ва пишиқлигидан ғоятда ҳайратга тушган ҳамда бунақа енгил ва қулай жанг анжомлари ҳали ўзларининг мамлакатида ишлаб чиқилмагани ҳақида катта рисола ёзган элчининг хотираси орқали қайта тикланган майда халқали совут… Ҳа, совутнинг енгил ва мустаҳкам металдан олинганини, ўта майда халқадан иборат бўлганини Н. ўша элчининг ҳали таржима қилинмаган хотирасидан атайин она тилига ўгиртириб, билиб олганди. Буни Н.дан бошқа биронтаси билиши мумкин эмасди. Улуғворлик ва салобат бериш учун қаҳрамонлар елкаларини атайин тик ҳолда бўрттириб тасвирлаган эди. Бу ҳолатларнинг ҳаммаси унинг эскизида қандай бўлса шундай ва учала ҳайкал ҳам эскизида қандай жойлашган бўлса шундай, яъни буюк кучни ақл ва ижод ўраб туради, буюк олим ва буюк шоир икки четда, буюк саркарда ўртада – ўзаро уйғун, якдил кўринишда эди. Наҳотки Т. унинг эскизини ўғирлаб олиб олган бўлса? Аммо бу эскизлар уники эканини раҳбар ҳам, бошқа ҳайкалтарошлар ҳам, амалдорлар ҳам билишарди-ку. Демак, йўқлигида унинг эскизлари тасдиқланиб, ўша асосида ҳайкаллар яратилибди-да. Н. худди онасини топиб олган ёш боладай атрофдагиларни ажаблантириб ҳайкалнинг ҳар қаричини синчиклаб текширар, у ердан ўзини изларди. Шубҳа йўқ эди, бу унинг эскизлари асосида яратилган ҳайкаллар! Унда нега ишлаш учун унинг ўзига рухсат беришмади? Нега буюртмани ундан олиб қўйишди? Н. худди саволига жавоб бордай ҳайкалларнинг юзига ва кўзларига тикилди. Тикилди-ю, тошдай қотиб қолди. Улкан ёноғу қобоқларда ҳатто тошпичоқнинг изигача, қирилган жойларигача унга яққол кўриниб турарди. Юзни негадир ўта силлиқлаштириш учун роса ишлов беришганди. Бўяшган, кейин зарҳал ранг беришган. Худди олтиндай товланиб, кўзбўямачиликлари билинмаслиги учун. Лекин қириш ва йўниш ишларидаги кўзбўямачиликни Н. дарров англади. Бу Т.га хос услуб эди. Ўзининг кўзбўямачилигини ҳамиша ранглар ва зарҳал ҳил билан яширишга уринарди у. Н.ни бу кўзбўямачилик ҳайратга солгани йўқ эди. Уни учта қаҳрамоннинг қиёфаси ҳайратга солганди. Учта қиёфа бир-бирига жуда ўхшаш эди: миллий қаҳрамоннинг ҳам, улуғ шоир ва олимнинг ҳам юзи бир хил эди. Гўё улар худди эгизакдай, устларидаги кийимлари ва ташқи унсурларини ҳисобга олмаса, бир хил қиёфада тасвирланганди. Н. ҳеч нарсага тушунмай қиёфаларга қайта-қайта қарар, узоқлашиб, яқинлашиб тикилар, адашмадиммикин, деб кўзларини очиб-юмарди. Йўқ. У адашмаётган эди. Учта ҳайкал бир хил қиёфада эди. Н. шу ерда ҳам ҳаммани лақиллатгани учун ичида Т.ни буралаб сўкди. Наҳотки шуни бошқалар пайқашмаган бўлса?! Бу сўқирга ҳам кўриниб турибди-ку. У ён томондан қиёфаларга боқаркан, бирдан титраб кетди. Шу туришда қиёфаларга узоқ тикилиб қолди. Тикиларкан, бехосдан нимандир англади. Кўнгли ниманидир сезди. Кўзларини яна очиб-юмди ва шубҳасини йўққа чиқариш учун йўлнинг нариги тарафидаги катта бинонинг олд тарафига осиб қўйилган, нақ икки қаватни эгаллаган, “Ҳали ҳам тирикмисизлар?!” дегандек кўзларини лўқ қилиб турган раҳбарнинг суратига қаради… кейин яна ҳайкаллар — буюк сиймоларга тикилди. Яна суратга. Қаради-ю ҳаммасини – эскизлари нега тасдиқланмаганини, нега ҳайкаллар бир хил қиёфада эканини, нега у эсикзларини тасдиқлатолмай овораю-сарсон бўлиб, идорама идора югурганини, раҳбарнинг нега норози бўлганини, эскизларни ўн марталаб бесабаб қайтарганининг сабабини тушунди. Ҳайкалларнинг қиёфаси ҳаммасини гапириб турарди. Ҳаммаси тушунарли эди. Ҳайкалдаги уч сиймода ҳам раҳбарнинг қиёфаси, қошу кўзи, ҳатто ҳар кўрганда, суратига қараганда Н.ни ҳайратга соладиган икки хил бурун тешиги ҳам аслидагидай эди. Учта ҳайкал қиёфасида унга раҳбар боқиб турарди…

0 67.jpg Mahkamada bo‘lib o‘tgan, bir haftaga cho‘zilgan turli darajadagi  suhbatlardan so‘ng unga ishning ko‘lami va ahamiyati haqida batafsil izoh  berishdi. Bu suhbatlarda buyurtma shaxsan rahbarning nazoratida ekani,  aslida bu haykallarni yaratish g‘oyasi ham rahbarning o‘zidan chiqqani, shu  sababli ishga mas’uliyat bilan yondashish, ko‘rsatilgan muddatda ulgurish,  haykalning har bir misqoligacha, hatto qahramonlar tirnoqlari-yu qoshi  kipriklarigacha rahbarning tasdig‘idan o‘tishi shartligi haqda qayta-qayta uqdirishardi…

Nazar ESHONQUL
QATAG‘ON YILI
05

1371291798_nazar-eshonqul.jpgNazar Eshonqul 1962 yili tug‘ilgan. Toshkent davlat universiteti (hozirgi O‘zMU)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. Uzoq yillar O‘zbekiston Milliy teleradiokompaniyasi tizimida ishlab keladi.

Ilk asari – “Urush odamlari” qissasidan (1989) so‘ng, “Momoqo‘shiq” (1991), “Yalpiz hidi” (1996), “Ufq ortidagi quyosh”, “Maymun yetaklagan odam” (2004), “Shamolni tutib bo‘lmaydi” (2005), “Shaftoli guli” (2011) kabi kitoblari nashr qilingan.

05

Qatog‘on qurbonlariga bag‘ishlanadi

Maqolalarda tilga olingan odamlarning o‘zlariga taqsimlansa ham yetmay qoladigan nusxada chop etiladigan nashrlarda o‘zi kabi unutishga mahkum etilgan tengdoshlaridan birontasining qachonlardir ko‘rilgan alog‘-chalog‘ tushlari kabi dorilomon davrlarni qumsab aytilgan suhbatida yoki bugungi olatasir davrning shiddati ichida yo‘l chetida o‘tirgan tilanchichalik ham qadri qolmagan keksa va o‘zidek parti ketib sharti qolgan, allaqachon maydonni tashlab ketgan aqlu idrokning mag‘lubiyatini hamon tan olmay kelayotgan o‘jar san’atshunoslarning davrga bo‘lgan munosabati monand hafsalasizlik bilan yozilgan taqrizlarida nomi ko‘rinib qolmasa, o‘n-o‘n besh yildan beri daydi it ham ko‘chasidan o‘tmagan, o‘z soatini va paytini ko‘taverib, holdan toygan zada va ozurda ko‘nglining qirlarida umidsizlik tutuni burqsib yotgan, na san’atdan, na davralardan, na zamondan topmagan hayotining mazmunini izlab yurgandek keyingi yillarda kunlarini tog‘-toshlarda o‘tkazib yuradigan haykaltarosh N.ning omadi birdan kelib qoldi. Uning guruhiga bira to‘la uchta haykal, haykal bo‘lganda ham el-yurtning g‘urur va faxriga aylanadigan uchta ulkan haykal yasashga buyurtma tushdi. Ancha yillardan beri ishi chappasiga ketib, bir paytlardagi shon-shuhrat dovrug‘i so‘na boshlagan, kuni o‘z otalarini sotib, martabalarini oshirib olgan, endi esa vijdon azoblaridan qutulish uchun uylarini bir chetiga padari buzukvorilarining byustlarini o‘rnatib qo‘yadigan qurumsoq va kalondimog‘ boyvachcha-yu amaldorlarning sadaqalariga kun kechirayotgan bir paytda bunday muhim buyurtma topshirilishining o‘ziyoq qashshoqning xazina topib olishi bilan borabar edi. Mahkamada bo‘lib o‘tgan, bir haftaga cho‘zilgan turli darajadagi suhbatlardan so‘ng unga ishning ko‘lami va ahamiyati haqida batafsil izoh berishdi. Bu suhbatlarda buyurtma shaxsan rahbarning nazoratida ekani, aslida bu haykallarni yaratish g‘oyasi ham rahbarning o‘zidan chiqqani, shu sababli ishga mas’uliyat bilan yondashish, ko‘rsatilgan muddatda ulgurish, haykalning har bir misqoligacha, hatto qahramonlar tirnoqlari-yu qoshi kipriklarigacha rahbarning tasdig‘idan o‘tishi shartligi haqda qayta-qayta uqdirishardi. N. qo‘liga olgan uchta dastlabki chizmani – tarixiy milliy qahramon, buyuk olim va buyuk shoirning mutaxassislar tasdiqlab bergan o‘lchamlari aks etgan chizgilarini olgach, hayajonlanib ketdi. Axir u bu siymolarni ilgari ham bir necha marta o‘zi yasamoqchi bo‘lgan, ammo uning orzusi sahro qumlariga singib ketgan yoz yomg‘irlari kabi umrining sarhadlarida beiz, benishon g‘oyib bo‘lgandi: bu ulug‘vor va abadiylikka muhrlangan qiyofalarni yaratish uchun u umrining yarmini sarflab bo‘lgan, qolgan yarmida ham bu orzusi turgan cho‘qqiga chiqishi amrimahol edi. U orzusidagi haykallarni yasash uchun na mablag‘, na rag‘bat topoldi. O‘z xalqining tarix sahnasida abadiy muhrlanib qolishiga xizmat qilgan milliy qahramonlar haykallari o‘zga elatlarning katta-kichik shaharlarida ko‘rk berib turganini ko‘rgan kezlari “Nega bizning shunday haykalimiz yo‘q, shunday haykal yasash menga nasib qilarmikin?!”, degan o‘y uning xayolidan yuzlab marta o‘tgan bo‘lsa ajab emas. Navqironlik paytida g‘ayrati ichiga sig‘may bu gapni hatto o‘zining juda martabali va boobro‘ keksa maslakdoshiga ham aytgandi. O‘shanda ustoz unga “Qornim to‘yib yursin desang, bu fikrni miyangdan chiqar, undan ko‘ra, ana, qo‘llari qabargan paxtakor haykalini yarat, o‘sha ham milliy qahramon!” deb tanbeh bergandi. U hammasiga qo‘l siltab, otasi kabi sangtaroshlik qilish uchun tog‘u-toshlar kezib yurganda, yaratgan uning ko‘ngil ohini eshitdi — birdan mo‘jiza yuz berdi. Bu faqat o‘zining emas, shaxsan rahbarning orzusi, rahbarning topshirig‘i, davlat ahamiyatiga molik buyurtma edi! N. ana shundagina rostdan ham davr o‘zgarganini va o‘sha — ustozi bilan gaplashgan zamonlardan ancha ilgarilab, hatto ularning tushiga ham kirmaydigan emin-erkinlik, imkoniyatlar davriga yetib kelishganini his qildi. Qolaversa, butun dunyo bir-birini chuv tushirib, o‘zlarining ro‘zg‘or muammolari-yu, nafslari bilan ovora bo‘lib yotganda, butun bir xalqning g‘ururi va faxri bo‘lgan uchta buyuk siymoning haykaliga buryutma tushishi — bu jiddiy voqea, tarixiy hodisa deb baholasa ham bo‘lardi. Darvoqe, N. bilan mahkamada gaplashgan jikkakkina bir to‘rabachcha bu buyurtmani “tarixiy voqea” deb izohladi ham. To‘rabachcha N.ga haykalning o‘zidan ko‘ra buyurtmaning qanchalar muhim va nozik vazifa ekani haqida naq yarim soat tushuntirish berdi. “Rahbarning o‘zi bu uch siymo haykalini shaharlarimizga o‘rnatish orqali bir paytlar dunyo havas qilgan milliy g‘ururimiz va faxrimizni o‘zimizga qaytarib bermoqchi. Bu haykallarni ko‘rgan har bir fuqaro va shahrimizga kelgan mehmon bizning qanday xalqqa mansubligimizni his etib tursin. Haykal milliy qiyofamiz va ulug‘vorligimiz timsoli bo‘lib, asrlar osha bizning buyuklik va qudratimizni ko‘z-ko‘z qilib turishi kerak. Siz haykallarda ana shu jihatlarni aks ettiring. Haykalni ko‘rgan har bir odamning ko‘nglida ana shu haykal orqali shahrimizga va o‘zligimizga bo‘lgan ehtirom paydo bo‘lsin! Siz haykal orqali buyuklikning va abadiylikning milliy qiyofasini yarating! Rahbar ana shunday ko‘rsatma berdi. “Buyuklikning milliy qiyofasini yaratsin” dedi! Tushunayapsizmi?! Buyuklikning va milliylikning!” dedi u bu so‘zlarga yana alohida urg‘u berib. Jikkak to‘ra ko‘rinishiga va bo‘yiga yarashmagan tarzda gapdon va notiq chiqib qoldi. U N.ga rahbarning ko‘rsatmasi va haykal yasash haqidagi g‘oyasining mohiyati haqida yana uzoq tushuntirish bermoqchi edi, ammo shu payt xonaga taroshlangan tarashaday ozg‘in yigit kirib, aftidan, jikkakdan ko‘ra ham yuqoriroq lavozimdagi amaldor N.ni xonasiga chaqirayotganini aytgachgina gapini to‘xtatdi. Uni boshqa bir xonaga olib kirishdi. Bu “arkonu davlat” ham xuddi jikkak kabi haykal haqida emas, ko‘proq haykal orqali aks ettirilishi kerak bo‘lgan xususiyatlar haqida gapirdi. “Siz faqat haykal emas, bu uch siymo orqali, tafakkurimiz, ijodiy salohiyatimiz va qahramonligimizning qiyofasini yaratib berishingiz kerak. Bu qiyofalar mangulikning qiyofasiga aylanishi kerak! Bu rahbarning buyurtmasi ekanligini unutmang! Topshiriq shunday!” Mahkamadagi barcha suhbatlarda deyarli bir xil gap takrorlandi: bular shunchaki haykallar emas, xalqimiz qiyofasi, o‘zimizning qiyofamiz, milliy qiyofamiz. Haykal qanday bo‘lsa, bizning asl qiyofamiz, buyukligimizning qiyofasi ham shunday bo‘ladi. Bizni bilmaganlar haykalga qarab, biz haqimizda tasavvurga ega bo‘lsin, haykalni ko‘rib, qudratimizga tan bersin. Bu shaxsan rahbarning ko‘rsatmasi va hakozo… N. buyurmatning ahmiyatini o‘zi bilsa ham va o‘ta mas’uliyat bilan ishlash talab qiliniayotganini tushunib tursa ham bir haftacha turli doiradagi amaldorlarning bir xil va’zlariga chidashiga to‘g‘ri keldi. U bu gaplarni o‘zim ham bilaman, bu haykallarni xuddi sizlar aytganday yasash bir umrlik orzuim deb aytib yuborgisi kelar, ammo o‘n yillardan beri hatto ko‘chasidan ham o‘tmagan, bir paytlar o‘zi ko‘rgan amaldorlardan tubdan farq qiladigan boshqa toifadagi, yangi, sergap, hushyor va yana juda kibrli, izzattalab, nigohlari va nazarlari xuddi o‘tkir pichoqning tig‘iday “Kesaman!” deb turgan bu amaldorlarning g‘ashini keltirgisi kelmasdi. Aslida buyuk olim va buyuk shoir, buyuk sarkardaning haykalini yasashni qaysi ijodkor orzu qilmaydi?! Omadning chopgani shuki, uchalasi ham o‘ziga, uning guruhiga topshirilayapti. Bo‘lmasa, haykaltorosh kammi? N. ilgarilari ham, yashirin bo‘lsa-da, ulug‘ shoir, milliy qahramon, daho olim yashagan davrni, ularning qiyofalari chizgilarini, o‘ziga xos belgilarini o‘sha davr minatyuralari va tarixiy kitoblardan tasavvur qilib, ularning kichkina byustlarini yasab, qancha oshno-og‘aynisiga sovg‘a qilib yubormagandi — shu sababli ularning qiyofalariga qo‘li kelishib, ko‘zi o‘rganib qolgan. N. o‘zida yo‘q xursand edi. Mana endi, o‘zining kimligini, dohiyona iste’dod egasi ekanligini ko‘rsatib qo‘yadigan payt keldi.

Bu xabar faqat N.ga emas, barcha san’at ahli uchun xushxabar bo‘ldi. Rahbarning buyurtmasini unga rasman topshirishgan kuni ancha yillardan beri o‘zining na tirikligini, na o‘likligini bildirmagan, go‘yo uzlatga yashiringandek, daraksiz ketgan, bir paytlar uning ruxsatisiz adabiyotga pashsha ham uchib kirolmagan keksa shoir sim qoqib qoldi. Keksa shoir keyingi yillardagi o‘zgarishlardan, ayniqsa, o‘ziga bo‘lgan yosh avlodning shartaki munosabatidan noroziligini shu yo‘l bilan bildirish uchun ham hech kim bilan gaplashmay va hech kimni qabul qilmay qo‘ygandi. Hamma narsaga qo‘l siltab, ijoddan ham, eski tanishlardan ham, matbuot-u muxbirlardan ham qo‘lini yuvib, qo‘ltig‘iga urgan shoir qanday qilib, o‘ziga berilgan buyurtma haqida buncha tez eshitdi, N.ning aqli yetmadi. Shuning o‘ziyoq o‘zini uzlatga chekingan qilib ko‘rsatgan shoirning san’at olamida bo‘layotgan har bir xabar va voqeani aslida zimdan sinchkovlik bilan kuzatib turganini bildirardi. Keksa shoir unga shunday mas’uliyatli vazifa topshirilgani bilan tabrikladi. Uning tovushi ancha xirillab, xuddi tobutdan chiqayotganday, uzuq-yuluq va xira edi.

— Men bu xabardan xursandman,- dedi shoir. – Bu madaniy hayotimizdagi katta voqea. Anchadan beri millat tarixiga bunchalik katta e’tibor berilmagandi.

N. minnatdorchilik bildirdi, keyin birdan shoirning bugungi kunda unutilib ketish arafasiga kelgan tarixiy asarlari esiga tushdi.

— Aytganday, menga sizning yordamingiz kerak. Men bu uchala qiyofa haqida aniq bir to‘xtamga kelishim uchun siz asarlaringizda foydalangan qo‘lyozmalarni ham bir ko‘zdan kechirsam degandim. — N. shoirning rozi bo‘lishiga umid ham qilmay tavakkal qildi. — Bir gaplashsak nima deysiz? Menga maslahatingiz juda zarur.

Shoir kutilmaganda rozi bo‘ldi. U ancha yillardan beri hatto eng yaqin shogirdlari bilan ham sim orqali gaplashardi.

-Kelishdik. Indinga kechga yaqin o‘tib kelavering. Ungacha tarixiy asarlardan ko‘chirmalar yozilgan daftarimni ham topib qo‘yaman.

N. xursand bo‘lib ketdi. Shu kuni ham, ertasiga ham uni olimlar, shoirlar, ijodkorlar, hamkasblari, rasssomlar bu sharafli vazifa va katta ishonch bilan muborakbod etishdi. Go‘yo butun mamlakatda bu haykallarni yasashdan muhimroq vazifa qolmaganday barcha ziyolilar faqat shu haqda gaplashishardi. N.ning oldiga universitet tarixchilari ham kelib ketishdi. Ular N.ga turli xil takliflarni va, tabiiyki, bu ulug‘ siymolarning tarixiy qiyofalari haqida o‘z bilganlarini gapirib, turli maslahatlar berishdi. Ular garchi o‘zlari o‘qigan tarixiy qo‘lyozmalar-u asarlardan kelib chiqib, turli qarashlarni taklif qilishyotgan bo‘lishsa-da, ularning bu ulug‘ siymolar qiyofasi haqidagi fikrlari bir-biriga yaqin edi. Chunki tarixiy asarlarda ularning qiyofalari nisbatan kengroq tavsiflangan, shu sababli haykallar qiyofasini tarixiy qiyofalariga yaqin qilib yaratishda muammo kam bo‘lishi tayin edi. Shunday bo‘lsa-da, N. ularning asl qiyofalari haqida kengroq ma’luomtga ega bo‘lishni istar, bu borada har qanday maslahatga jon deb quloq tutardi.

N. keksa shoirnikiga borganda unikida akademik va N. bilan doim raqobatlashib yuradigan haykaltarosh T. ham bor edi. Shoir N.ni ochiq chehra bilan kutib oldi. Akademik ham uning kaftini qaltirayotgan, xuddi o‘zi kabi mana to‘kilaman, ana to‘kilaman deb turgan qaltiroq qo‘llari bilan qisib, kuch-quvvat tilab qo‘ydi.

— Bu hayotimizdagi katta voqea.- dedi u.- Sizga olim va shoirning haykalini topshirishning o‘ziyoq yuz berajak katta o‘zgarishlardan darak beradi. Men bundan xursandman.

— Men ham shunga umid qilayapman. Milliy qahramonni qo‘ya turaylik, u yasalishi kerak edi. Ammo rahbar shoir va olimning haykalini shahar o‘rtasiga o‘rnatishni buyurdimi, demak, yaqin kunlarda ziyolilarga katta imtiyozlar beriladi, shu paytgacha bo‘lgan e’tiborsizlik va loqaydlik shu bilan yakun topsa kerak. Rahbar nihoyat o‘z xatosini tushungan, ijodkorlarsiz, olimlarsiz taraqqiyot bo‘lmaydi, — dedi keksa adib yoshlangan ko‘zlarini kir ro‘molchasiga artar ekan.

T. bunday katta mas’uliyatli ish aynan N.ga topshirilganidan hasadi kelayotanini yashirib o‘tirmadi.

— Shuning uchun ham sizlarga hamma gap haykalning qanday chiqishiga bog‘liq deyapman-da. Agar xudo ko‘rsatmasin, ish pachava bo‘lsa, unda ijodkorlarga bo‘lgan munosabat yana yomonlashadi.

-N. buni eplaydi. Bunga imonim komil. Aytganday, guruhga kimlarni taklif qildingiz, — so‘radi shoir.

N. tuzgan va haykal yasashga jalb qilingan guruh a’zolarini sanab berdi.

Shoir bosh irg‘adi.
-Yaxshi. Iste’dodli odamlarni jalb qilibsiz.

T. birdan norozilik bildirdi.

-N.ni guruhga olmaslik kerak edi. U iste’dodli bo‘lgani bilan mas’uliyatsiz. Ishni rasvo qiladi. Uning ichmagan kunini qo‘yaturaylik, soati ham yo‘q.

-N.ga katta vazifa yuklatilmaydi. U eskizlar bilan haykalning muqoyasasiga javobgar. U boshqalar ko‘rmagan jihatlarni tez ilg‘agani uchun ham guruhga taklif qildim,- dedi N.

— Endi bor umidimiz sizdan, — dedi akademik. — Agar buyurtma ko‘ngildagiday bajarilsa, ziyollarning ham yelkasiga oftob tegib qolardi. Ehtimol, rahbar madaniyat va fanda bo‘ladigan islohotlarni aynan shu haykallarni tiklash bilan boshlab bermoqchidir?

-Men ham shunga umid qilayapman, — dedi shoir. — Olim bilan shoirning haykali san’ta va ilm-fanning qadrini yana bir karra ko‘taradi.

— To‘g‘ri,- dedi akademik. — Men ko‘pdan beri bolalarimizga ko‘rsatadigan milliy qahramonlarimizning aniq qiyofalari yo‘qligidan tashvishga tushib kelardim. Hozirgi zamon bolalari o‘zimizning qahramonlarimizni tasavvur ham qilisholmaydi.

-Ular qayerdan bilsin? Axir qahramonlarimiz haqida na film bor, na surat, na haykal bor?! Bunday o‘qisang, bahri diling ochiladigan kitob ham yo‘q. — T. shu gapi bilan qovun tushirganini sezib qoldi. Shoirning milliy qahramon, uning avlodlari haqida bir necha tarixiy asarlari borligi esiga tushdimi, birdan gapni burdi. — Borini ham bosib chiqarishmaydi. Bolalarga o‘z qahramonlarimizni yaratib berishimiz kerak.

T.ning gapidan og‘rindimi yoki uning “Bosib chiqarishmayapti” degan gapidan so‘ng esiga tushdimi, shoir imillab o‘rnidan turib, mador ketgan oyoqlarini zo‘rg‘a sudrab, javondan qalin eski daftar olib kelib, N.ga uzatdi.

— Mana, sizga aytgan daftarim. Bu yerda yigirmaga yaqin tarixiy asarlardan aynan siz yasamoqchi bo‘lgan tarixiy shaxslarning qiyofalari haqida ma’lumotlar ko‘chirilgan. Sizga yordam beradi, deb o‘ylayman.

N. daftarni olar ekan, adib bir muddat daftarni bergisi kelmay ushlab qolganini sezdi. Adib daftarga qarab turar, qo‘llari qaltirardi. U shu turishida bu daftarga yozilgan ma’lumotlar orqali har biri adabiyotda voqea sifatida qarshi olingan o‘ndan ziyod asar yozgani, bu asarlar bugun unutilish arafasiga kelganidan ko‘ngli to‘lib ketganini qanday yashirishni bilmay daftarga qarab turardi.

-O‘qib bo‘lgach, qaytararsiz, — dedi shoir nihoyat o‘zini tutib olib. Keyin joyiga borib o‘tirdi. Ko‘zlarini yana o‘sha kir ro‘molcha bilan artdi.

N. nega shoir aynan kir ro‘molchaga ko‘zlarini artayotganini tushunmadi. Yangisini olmagan taqdirda ham yuvdirib olishi mumkin edi-ku. Shoirning aynan kir ro‘molcha bilan o‘tirishida bir ma’no sezdi. Bu bilan “Mana, meni nimaga aylantirishdi, kunim shunga qoldi!” degan iddao ham bor edi.

— Aytganday, bu uchala haykalni qaysi maydonlarga o‘rnatishar ekan?- savol berdi akademik.- Shahrimizda uchta xiyobon bor. Balki shu joylarga mo‘ljallashayotgandir?

-Yo‘q, menga tushuntirishlaricha, uchala haykal ham bir joyda, shahrimizning bosh maydoniga o‘rnatiladi.- dedi N.- Uchalasini bir yaxlit asar sifatida, ya’ni xuddi suhbatlashib turgandek ishlash topshirilgan. Shahardagi eng haybatli haykal bo‘lsin, uzoqlardan ko‘rinib tursin, shahrimizga kelayotganlar dastavval ana shu haykallarga ko‘zi tushsin, deyishayapti.

-O‘hhu,- dedi T. havasi kelib, hasad bilan bosh chayqab qo‘ydi.

-Unda yaxshi, — dedi akademik. Keyin shoirga yuzlandi.- Ma’qul yo‘l tanlashibdi. Uchalasi bir joyda bo‘lsa, shunga yarasha mahobat bo‘ladi. Millatning uch ustuni bir joyda turadi. Bu dono tashabbuN.

Birdan shoir qih-qihlab, istehzo ohangida kulib yubordi. Kularkan, hadeb kir ro‘molchada ko‘zidagi yoshni artardi.

— Mana…axiri shu xulosaga kelishibdi-da.

O‘tirganlardan hech kim bu istehzoli kih-kihning ma’nosini tushunmadi.

-Juda ajoyib bo‘libdi…- dedi jiddiylashib shoir.- Aql, ijod va kuch bir joyga yig‘ilibdi. Ular nihoyat buni anglashibdi. Aslida har qanday tamaddunning asoslari shular. Men ularga necha marta aytdim, shaxsan rahbarga yozib yubordim ham, kuch, aql, ijod ahli birlashib ishlaylik, deb. Men hatto o‘sha xatlarim rahbarga yetib borganiga ham ishonmayman. — Keyin yoyilib kuldi. — Mana endi anglab yetishibdi. To‘g‘ri, bu uchalasini bir joyga o‘rnatish kerak: kuch, aql, ijod — bu bizning qudratimiz timsollari.

T. bu gaplardan besaranjom bo‘lib, barmoqlarini asabiy qarsillatib o‘tirardi. Shoir N.ga choy quyib uzatdi.

-Menga qarang, siz shoir qiyofasini ko‘proq “Tavorixi axloq” asariga tayanib yarating. U yerda aniqroq yozilgan.

-Xo‘p. — dedi N. — “Tavorixi axloq”ni kutubxonaga buyurtma berib qo‘ydim. U yerdan ko‘chirib olaman. Bundan tashqari, men qo‘lidagi aso haqida ham ma’lumot to‘plashim kerak.

-Aso?! — ajablandi shoir. Akademik ham, T. ham hushyor tortishdi. –Qanaqa aso?!

-Shoirning pirlik asosi. — N. buyurtma haqida gap bo‘lganidan beri o‘zi xayolida pishitib yurgan gaplarni shoshib ayta boshladi.- Men qo‘lida aso ushlab turgan holatda tasavvur qilayapman. Asosining bosh qismi qubbali bo‘ladi. Xuddi globusga o‘xshab. Qubba ustida yarim oy shakli beriladi. Asoning o‘zi esa oq bilan sariq rang qorishmasida yaratiladi. Shoir go‘yo nurni, ziyoni ushlab turgan, nur ustida yer yuzi va koinot jamuljam bo‘lganday manzara paydo bo‘ladi. Sarkardaning qo‘lida qalqon bo‘ladi.

— Faqat qalqonmi? — shoshib so‘radi T. U N.ning har bir gapidan ayb izlayotganday va bu aybni to‘satdan topganday zaharxanalik bilan gapirdi. –U axir umr bo‘yi qilich taqib yurgan. Zo‘r qilichboz bo‘lgan.

— Bilaman,- dedi N.uning gap ohangiga e’tibor bermay — Qilichining dastasi ko‘rinadi. Qalqon “Biz el-yurtni himoya qilamiz, kim unga daxl qilsa, qilichimiz ham bor” degan ma’noda bir qo‘li qilich sopida turadi.

Shoir N.ga qarab jim qoldi. U N. haykallar orqali tasavvur qilayotgan ma’noni anglamoqchiday og‘zini ochdi. Keyin bosh irg‘adi.

— Yaxshi o‘ylabsiz, — dedi. – Agar maslahat kerak bo‘lsa, tortinmay kelavering, jon deb yordam beraman.

-Albatta, — dedi akademik ham.- Bu endi faqat sizning ishingiz emaN. Bu barcha ziyolilarning ishi. Haykallarning muvvafiqiyatli chiqishi -ziyolilarning yelkasiga oftob tegishini bildiradi. Bu ishga hammamiz mas’ulmiz. Olimlar ham sizga yordam berishga tayyor.

N. ertasiga kutubxonaga bordi. U yerdan “Tavorixi axloq” bilan birga o‘zi bir paytlar o‘qigan kitoblarni olib, uchta tarixiy shaxsning qiyofasi haqidagi ma’lumotlarni ko‘chirib oldi. Keyin haykalga ulug‘vorlik bag‘ishlash uchun bir necha kun dunyoning mashhur haykallari suratlarini, ularning yaratilish tarixini, shunday haykallar yaratgan haykaltaroshlarning ijodiy xotira va laboratoriyalarini sinchiklab o‘rgandi. Guruh ro‘yxatini yana qaytadan tuzdi, unga taniqli, o‘z ishining ustasi bo‘lgan eng iste’dodli haykaltaroshlarni jalb qildi. Bu guruh bilan belgilangan muddatda haykallarni yaratib ulgurishiga endi sira shubha qilmasdi.

Ammo u olimlar va kitoblar orqali bir to‘xtamga kelgan uchala haykal eskizi tasdig‘i negadir cho‘zilib borardi. U haykal qiyofalari eskizini necha marta rahbarga kiritgan bo‘lsa, shuncha marta qiyofalar ustiga qizil qalam tortilgan javob kelardi. Bu chiziqlar qiyofa rahbarga yoqmaganini bildirardi. N. o‘z guruhini yanayam ko‘proq ma’lumot to‘plashga jalb qildi. O‘sha oltin silsilali, milliy g‘urur, tafakkur va silohiyat uyg‘ongan davrga oid barcha xotiralar, xatlar, esdaliklar, shuningdek kiyim, soqol qo‘yish udumlari o‘rganib chiqildi. Ana shular asosida yana eskiz tayyorlandi. Bu gal u xotirjam edi. U bor imkoniyatni ishga solib, ma’lumotlarni eng mayda tafsilotlarigacha o‘rganib chiqqandi, uch qahramonning tarixiy qiyofalarini deyarli to‘liq tiklab bo‘lgandi. N. eskizlarni tarixchi olimlarga, so‘ng tarixiy mavzuda ijod qiladigan rassomlarga ko‘rsatib oldi: ularning maslahati bilan ba’zi tuzatishlarni amalga oshirdi. Keyin fotiha olish, ham yana bir karra fikrlashish uchun keksa shoirgga ham olib bordi. Orada o‘tgan ikki oy ichida shoir o‘zini ancha oldirib qo‘ygandi. U eskizlardagi qiyofalarga bandi sinib tushgan ko‘zoynagi bilan uzoq razm soldi.

— Buni qarang-a, — dedi u nihoyat eskizlarga tikilganiga ham holdan toyib qolganini yashirmay hansirar ekan. — Menga yoqdi. Hamma narsa hisobga olingan.

Ularning qiyofasi aynan shunday bo‘lganiga aminman. Sizni tanlab adashishmabdi. Qiyofalar ham milliy, ham ulug‘vor. Faxrlansak arziydi.

N.ga maqtov yoqsa ham o‘zini kamtar tutdi.

— Uch marta qaytarishdi, -dedi u nolingannoma ohangda.- Hech qaysi qiyofa rahbarga yoqmabdi. Nima istayotganini ochiq aytmaydi, qizil chiziq tortib beradi. Bu – qiyofa ma’qul emas, degani ekan…

Shomr unga dalda bergan bo‘ldi.

-Endi rahbarni ham tushunish kerak. Axir, u milliy qahramonlar qiyofasi yaratilishini istayapti. Bu oson emaN. Bu qiyofalarga boshqa millatlarning ham havasi kelishi kerak. Shuning uchun qaytargan. Bunisi a’lo darajada. Husn ham, viqor ham, qarashlaru kiyimlar ham joyida. Hammasi joyida. Bunisini qaytarishmaydi.

-Aytganingiz kelsin! –dedi N. xuddi eskizi tasdiqdan allaqachon o‘tgandek.

Eskizlarni idoraga N.ning o‘zi olib borib berdi. O‘z ishidan ko‘ngli to‘q qaytib, shu kuni buyurtma olganidan beri birinchi marta mayllariga erkinlik berdi: loylardan turli qiyofalar yasab, xayoliga kelgan ish bilan mashg‘ul bo‘ldi. Oilasi bilan bog‘ aylandi, ularni buyurtma hisobidan olgan qarzlari evaziga shahar aylantirdi, eng sara yemakxonalarga olib kirdi. Uning kayfiyati chog‘, qushday yengil, loyihani o‘z muddatida bajarishga kuch-quvvati yetarli edi. Oradan ikki kun o‘tgach, unga qo‘ng‘iroq qilishib, madaniyat bo‘limiga tez yetib kelishini aytishdi. Telefondagi ovoz sovuq va andak norozi ohangda edi. Idorada N.ni yana o‘sha jikkak to‘rabachcha kutib turardi. N. buyurtma olayotganda ancha qolib ketgan xonaga kirganda jikkak amaldor stoli atrofida asabiy yurib turardi. N.ni ko‘rib, bir nafas norozi bo‘lib tikilib turdi. Ko‘zlarida “Nima qilib qo‘yganingizni bilasizmi?” degan ifoda balqib turardi. N.uning qarashidan bu gal ham eskizi tasdiqlanmaganini his etdi. Birdan hafsalasi pir bo‘ldi. “O‘zi bular nima istashayapti? Haykalmi yoki biron farishtaning qiyofasinimi?!” U oxirgi eskizning hech bir e’tirozsiz qabul qilinishiga ishongandi. Shuning uchun amaldor ishora qilmasa ham kelib, kursiga o‘tirdi va “Qani, gapir-chi, nima karomat ko‘rsatasan?” deganday boshini egib oldi. Amaldor zarda bilan o‘zini kursisiga tashladi. Stolga eskizlarni “tars” etib qo‘ydi. Eskizlar qizil bilan qalin qilib chizib, keyin undov belgisi qo‘yilgandi.

— Mana…- dedi amaldor xuddi xo‘rligi kelgandek tovushi titrab. – Oling bu lash-lushlaringizni…

Bu safar N. o‘zini tutib turolmadi. U ikki oy rahbarlarning rayi va qovog‘iga qarab, ularning ko‘nglini olaman deb tirishib asablari bo‘shashib qolgan edi.

-Bu lash-lushlar emas… San’at asarining eskizlari.

Amaldor uning jizzakiligiga e’tibor bermadi. U N. bilan gaplashishdan oldin uning fe’l-atvorini yaxshilab o‘rganib chiqqani ko‘rinib turardi. U N.ning har qanday e’tirozi, hatto baqir-chaqiriga ham tayyor turaradi.

— Biz sizga ishongandik, — dedi u xuddi ayni vaziyatda N.ning o‘zini aybdor qilishni zimmasiga olgan tergovchidek o‘smoqchilab.- Ammo siz uni suiste’mol qildingiz. Eskizingiz tasdiqlanmadi. Rahbarning hatto g‘azabi qo‘zib ketdi. “Nima, shuni ham men chizib berishim kerakmi?! Shu basharalarni dunyoga ibrat qilib ko‘rsatamizmi?! O‘n marta qaytardim bu eskizlarni. Ammo hali ham maqsad va mohiyatni anglamadi bu haykaltaroshlaring. Ularga ishonib bo‘ladimi?!” dedi. Juda qattiq norozi bo‘ldi.

-Men bu qiyofalarni tarixiy xotiralar va asarlar asosida yaratganman,- dedi N. o‘ziga qilinayotgan muomaladan jahli chiqib. — Bu qiyofalarni tarixchi olimlar, rassomlar ham tasdiqlashgan. Eskiz oxirida ularning xulosalari ilova qilingan.

— Ko‘rdik… ular ham masalaning qanchalik muhimligini, ham xalqaro miqyosda, ham milliy miqyosda… tasavvur qilishmagan, — amaldor nimanidir aytishga qiynalayotganday yoki gapni nimadan boshlashni bilmayotganday edi.- Rahbar esa qandaydir shubhali xotiralarga emas, masalaning ana shu jihatlariga e’tibor beradi.

— Xotiralar shubhali emas…- N. o‘zining noroziligini bildirmoqchi bo‘lib og‘iz juftladi. Ammo bu gaplar behuda ekanini tushundi. Amaldor uning e’tirozini eshitishi bilan xuddi tipratikanga o‘xshab birdan xurpayib oldi. Rahbar “shubhali” dedimi, demak har qanday tarixiy asar, hatto o‘sha tarixning o‘zi ham shubhali ekaniga shubha qolmaydi. Uning bu e’tirozi amaldorni hushyor torttirdi. Shu paytgacha ikkilanib, qiynalib turgan ichidagi gapni aytishning payti kelganini, shu bilan mabodo uni devordagi quloq orqali eshitib turishgan bo‘lsa, rahbarga bo‘lgan hurmatsizlikka vaqtida keskin javob qilgan bo‘lishini tushundi. Endi cho‘zib o‘tirmadi. Maqsadga ko‘chib qo‘ya qoldi.

— Shuning uchun biz sizni guruhdan chetlatdik. Rahbarning sizga bo‘lgan ishonchi so‘ndi. Siz haqingizda eshitishni ham istamayapti. Shu sababli loyihadan chetlatildingiz…

N.ning qayeridir og‘rib ketdi. Ammo o‘zini tezda tutib oldi. U irodali, qat’iyatli odam edi. Buyurtmasiz va loyihasiz ham hayot va san’at davom etishini yaxshi bilardi. Istehzoli jilmaydi, qo‘llari bilan o‘siq sochlarini taradi. U negadir ich-ichida bu loyiha menga yanglishib topshirildi, qandaydir chalkashlik bor, bunaqa davlat miqyosidagi yuksak ahamiyatga molik loyihalarni menga ishonishmaydi, bir kuni baribir hushyor tortishib, qaytarib olishadi, deb o‘zini ishontirib yurardi. Mana endi kutgan o‘sha vaqt keldi. U amaldorni ajablantirib, bu xabardan ajablanmadi. Aslida ham u xonaga kirib, stol ustida qizil chiziq tortilgan eskizlarni ko‘rgandayoq bu loyihadan chetga chiqishni istab qolgandi. Mana endi hammasi xamirdan qil sug‘urgandek yuz berdi.

-Yaxshi, — dedi N. -Unda men bo‘sh bo‘lsam kerak.

-Boshqa biron loyiha chiqsa, albatta, sizni taklif qilamiz, — amaldor ham undan qutulganiga shukr qilgandek va bira to‘la vijdonini ham tozalab olmoqchidek hamdardlik bildirgan bo‘ldi.

— Bunaqa loyihalar o‘zlariga buyursin! – dedi N. har doimgiday uni mashhur qilgan qo‘rs va qo‘pol tabiatiga qaytib. U shu loyihani deb fe’l-atvoriga zid ravishda jini suymagan qanchadan qancha amaldoru haykaltaroshlar, adibu rassomlar bilan tilini tishlab muomala qilib yurgandi. Endi unga bu qobiqdan chiqishga hech narsa to‘sqinlik qilmaydi. Shuning uchun qichigan tilini tiyishni ham istmadi.

— Mabodo o‘zlariga qabr usti byustini buyurtma berishni istasalar jon-jon derdim…

Amaldorning yuzi gezarib ketdi. N. amaldor stolning bir chetida turgan kuldonni o‘zi tomon tortganini eshik tomon burilayotib ko‘rdi. Eshik bilan yuzma-yuz holatda bir pas tik qotdi. U kuldon qaysi tarafdan uchib keladi, o‘ngdanmi, chapdanmi, qay tarafga qarab chap beradi, hammasini soniyalarda hisoblab, otilgan jismning shuvillagan ovozini ilg‘ashga o‘zini tayyorladi. Ammo u kutgan shuvillagan tovush o‘rniga gugurtning “chirq” etgan sasi keldi va xonani tamaki hidi tutdi. Amaldor kuldonni otganda N. uni ehtimol hurmat qilgan bo‘lardi. Hozir esa bor hurmati ham yo‘qoldi. U “Otolmadi, otsa, amaldor bo‘lmasdi” deb o‘yladi. Bu paytda eshik butun binoni larzaga solib izidan qarsillab yopildi. N.qabulxonadan chiqar ekan, eshikda qo‘ltig‘iga bir o‘ram qog‘oz ko‘tarib olgan po‘rim kiyingan T. bilan yuzma-yuz keldi. Bir soniya ikkalasi bir-biriga xuddi ikkita och sherdek tikilib turib qolishdi. N. hammasini tushundi va indamay o‘tib ketdi

N. avvalgiday hammasiga qo‘l siltab toqqa chiqib ketdi. U yelkasida asbob-uskunasi solingan xaltacha bilan xuddi sangtarosh otasi kabi mangu va abadiy qotgan ulkan toshlar oralab yurar, ulardan ko‘ngliga yoqqanini olib, haftalab yo‘nar, qirtishlar, shakl berar, ko‘nglining ayni paytdagi holatlarini va suratlarini oftobda chirsillab yotgan xarsanglarga o‘yardi. Bu shakllarga qarab turib, birontasida yarq etgan tik odam shaklini ko‘rish qiyin edi: yiqilgan, surilgan, toyg‘angan, og‘ir va beadad musibatdan qaddini eggan, xuddi ko‘tarishga uyalgandek boshini oyoqlari orasiga tiqib olgan, tizzalab o‘tirgancha osmonga ko‘z tikkan, og‘ir gunohlariga ajr istab sajda qilayotgan, qo‘llari ko‘kka cho‘zilgan odamlar shaklini eslatadigan haykal — toshlarga to‘la edi. Agar tun sokinligida quloq tutilsa, ingroq va uvvoslar kelardi bu toshlardan: ularning hammasi xayolning, muztar va mazlum ko‘ngilning zuhurotiga, taxayyulning uchi-quyrug‘i yo‘q, shamoyilini tutib bo‘lmas manzaralariga o‘xshardi. N. umrining olti oyini mana shu daraga bag‘ishladi, bu yerda o‘zining hovurini bosib oldi, olti oylik umri, kechinmalari, hissiyotlari toshlarga ko‘chib, abadiy bitiklar shaklini oldi. Har qalay, bu yerda u erkin ishladi, o‘z bilganini, tasavvur qilganini, anglaganini, xayoliga kelganini yaratdi. U eskizlaridagi siymolarni ana shu toshlarning siyratiga singdirib yubordi. Agar osmon ko‘zi bilan qaralsa, u bu toshlarga hayot, umr, jamiyat va insoniyat haqida butun mehrini, mahoratini, bilimini berib ishlagan eskizlarini xuddi yuzini, hayotini, ishonch-e’tiqodini tilimlagandek qizil qalam bilan chizib tashlagan zamona haqida nimalar yozganini, nimalar deganini bilib olgan bo‘lardi. Ammo bu anglash jarayoni ham tog‘lar kabi mangulikka muhrlandi. Daradan chiqib ketar ekan, iziga, o‘zining olti oylik xayollari mozoriga aylangan toshlarga so‘nggi marta qaradi. “Ehtimol, bu xarsanglar xuddi menga o‘xshagan va qachonlardir yashagan yolg‘iz haykaltaroshning asarlari bo‘lgandir va men uni yana odatdagiday buzib qo‘ydim”, degan g‘ashlik o‘tdi xayolidan. Qachonlardir abadiylikning narigi chekkasidan xuddi o‘ziga o‘xshash yana bir haykaltarosh chiqib, ishlov bermaguncha bu xarsanglar abadiylik elchilari bo‘lib, shu yerda yotaveradi. Bu mangu toshlarga bitilgan qismat va hikmatni hech kim o‘qiy olmaydi, uni o‘qiydigan shaxs kelganda esa bu dunyoda uning xokining changi ham qolmagan bo‘ladi.

N. shaharga kuzning o‘rtalarida qaytdi. Yo‘l ulovida kelar ekan, uzoq masofadan shahardan ham oldin ko‘rinib turgan uchta baland tog‘day ulkan ko‘lankaga ko‘zi tushdi. Ko‘lankalar asta-sekin shakl olib, shaharga yaqinlashgan sayin bahaybat odamlar shakliga kirdi. N. shaharga kirganda bu shakllar haykal ekanini angladi. “Axiyri o‘rnatishibdi-da”, deb o‘yladi u alam bilan. Bu haykallar qiyofasida o‘ziga mag‘lubiyati va omadsizligi tikilib turgandek his qildi. Ularga qaramaslikka tirishdi. Ammo saldan so‘ng u ichidagi g‘urur va shaxsiyatini yengishga qurb, qudrat topdi. Chuqur nafas oldi. Nima bo‘lganda ham, u umr bo‘yi o‘z ona shahrida o‘rnatilishini orzu qilgan buyuk millatdoshlarining haykali o‘rnatilgan. Shuning o‘zi ulug‘ hodisa. U o‘zini tutib oldi. Shaharning bir chetidan haykallarni tomosha qila boshladi. “Kim yasagan bo‘lishidan qat’i nazar baribir o‘rnatib yaxshi qilishibdi”, degan mamnuniyat chirog‘i uning olti oylik xira ko‘gnglini yoritdi. “Kim yaratganining qizig‘i yo‘q. Muhimi o‘rnatilgani!”. Haykallar rostdanam butun shaharga ko‘rk va mahobat berib turardi. Bir hisobi, shu yerdan uyiga jo‘nab ketmoqchi bo‘ldi. Ammo qiziqishi ustun chiqdi. Oyog‘i beixtiyor markaziy ko‘chaga qarab tortib ketayotganini sezgach, o‘zi ham o‘sha tomonga yo‘l oldi. Uni, bu haykallarda men bilmagan va anglamagan nima bor ediki, bu ishdan meni chetlatishdi, degan qiziqish ham boshlab ketayotgandi. Nima bor ediki, u o‘sha narsani ko‘rolmadi va yarata olmadi? Nima edi o‘sha?! Umri bo‘yi o‘zini barcha zamondosh haykaltaroshlardan ham mahorat, ham iste’dod, ham did masalasida ustun sezib yurardi. Ammo o‘sha did va saviya qayerda unga pand berdi? Hozir hammasi ma’lum bo‘ladi, o‘zining va umrining yangi xulosasi bilan yuzma-yuz keladi. Ehtimol, uning butun umri ana shunday besamar mag‘lubiyatdan iborat bo‘lgandir va u buni haligacha tan olmay yashab kelayotgandir? Aslida u haykaltarosh emas, tog‘u daralarda daydishni yaxshi ko‘radigan oddiy cho‘pon bo‘lishi kerak bo‘lgandir-u, hayotining o‘zani adashib, haykaltaroshlik tomon burilib ketib, shundan beri bu o‘radan chiqolmay, tirmashib-tamshanib, adashib kelayotgandir… N. ayni paytda mag‘lubiyatini ham, umrining besamar o‘tganini ham, o‘zining arzimas haykaltarosh ekaninni ham tan olishga tayyor edi. U borayotgan ko‘cha haykallarning orqa tomonidan chiqib qoldi. Yaqinlashgan sayin haykallar yana-da ulkanlashdi, tog‘day yuksaldi. Cho‘qqiday qad kerib turgan haykallarning bosh qismiga qarayman deb yiqilib tushayozdi. Haykallar rostdanam sirli va ulug‘vor qiyofa kasb etgandi. Ular xirqa, sovut va uzun rido kiygan holda tasvirlangandi. Axir, bu uning g‘oyasi edi-ku… Bu kiyimlar, gardishdagi naqshlar, hammasi uning eskizida qanday bo‘lsa, o‘sha holatda tasvirlangandi. Rido va xirqaning etak qismini shamol biroz ko‘tarib, hilpiratib turibdi. Bir-biriga yelka tutib turishlari, butun millatni balo-yu ofatdan asrayotgandek tasvirlangan qalqon va qilichga uzalgan qo‘l. Hatto aso ham… N.da o‘zining yo‘qligida eskizini tasdiqlashgandek, o‘sha eskizlar asosida haykal yaratilgandek tassurot paydo bo‘lib, yuragi hayajondan gupillab ketdi. N. shoshib old tomonga aylanib o‘tdi. U adashmagandi. Bu haykallar N. olti oy ilgari eng mayda ikir-chikirigacha chizib chiqqan eskiz asosida yaratilgandi. Bunga shubha yo‘q edi. Olimning olis osmonga tikilgan nigohi va falak sari cho‘zilgan qo‘li, shoirning asosidagi globus shaklidagi yarim oy tushirilgan gumbaz. Bugun unutilib ketgan, ammo N.ga keksa libos ustasi aytgan movut to‘nlarning va allomalar xirqasining ko‘tarma yoqasi. Sarkardani jang maydonida uchratib, nafisligi va pishiqligidan g‘oyatda hayratga tushgan hamda bunaqa yengil va qulay jang anjomlari hali o‘zlarining mamlakatida ishlab chiqilmagani haqida katta risola yozgan elchining xotirasi orqali qayta tiklangan mayda xalqali sovut… Ha, sovutning yengil va mustahkam metaldan olinganini, o‘ta mayda xalqadan iborat bo‘lganini N. o‘sha elchining hali tarjima qilinmagan xotirasidan atayin ona tiliga o‘girtirib, bilib olgandi. Buni N.dan boshqa birontasi bilishi mumkin emasdi. Ulug‘vorlik va salobat berish uchun qahramonlar yelkalarini atayin tik holda bo‘rttirib tasvirlagan edi. Bu holatlarning hammasi uning eskizida qanday bo‘lsa shunday va uchala haykal ham eskizida qanday joylashgan bo‘lsa shunday, ya’ni buyuk kuchni aql va ijod o‘rab turadi, buyuk olim va buyuk shoir ikki chetda, buyuk sarkarda o‘rtada – o‘zaro uyg‘un, yakdil ko‘rinishda edi. Nahotki T. uning eskizini o‘g‘irlab olib olgan bo‘lsa? Ammo bu eskizlar uniki ekanini rahbar ham, boshqa haykaltaroshlar ham, amaldorlar ham bilishardi-ku. Demak, yo‘qligida uning eskizlari tasdiqlanib, o‘sha asosida haykallar yaratilibdi-da. N. xuddi onasini topib olgan yosh boladay atrofdagilarni ajablantirib haykalning har qarichini sinchiklab tekshirar, u yerdan o‘zini izlardi. Shubha yo‘q edi, bu uning eskizlari asosida yaratilgan haykallar! Unda nega ishlash uchun uning o‘ziga ruxsat berishmadi? Nega buyurtmani undan olib qo‘yishdi? N. xuddi savoliga javob borday haykallarning yuziga va ko‘zlariga tikildi. Tikildi-yu, toshday qotib qoldi. Ulkan yonog‘u qoboqlarda hatto toshpichoqning izigacha, qirilgan joylarigacha unga yaqqol ko‘rinib turardi. Yuzni negadir o‘ta silliqlashtirish uchun rosa ishlov berishgandi. Bo‘yashgan, keyin zarhal rang berishgan. Xuddi oltinday tovlanib, ko‘zbo‘yamachiliklari bilinmasligi uchun. Lekin qirish va yo‘nish ishlaridagi ko‘zbo‘yamachilikni N. darrov angladi. Bu T.ga xos uslub edi. O‘zining ko‘zbo‘yamachiligini hamisha ranglar va zarhal hil bilan yashirishga urinardi u. N.ni bu ko‘zbo‘yamachilik hayratga solgani yo‘q edi. Uni uchta qahramonning qiyofasi hayratga solgandi. Uchta qiyofa bir-biriga juda o‘xshash edi: milliy qahramonning ham, ulug‘ shoir va olimning ham yuzi bir xil edi. Go‘yo ular xuddi egizakday, ustlaridagi kiyimlari va tashqi unsurlarini hisobga olmasa, bir xil qiyofada tasvirlangandi. N. hech narsaga tushunmay qiyofalarga qayta-qayta qarar, uzoqlashib, yaqinlashib tikilar, adashmadimmikin, deb ko‘zlarini ochib-yumardi. Yo‘q. U adashmayotgan edi. Uchta haykal bir xil qiyofada edi. N. shu yerda ham hammani laqillatgani uchun ichida T.ni buralab so‘kdi. Nahotki shuni boshqalar payqashmagan bo‘lsa?! Bu so‘qirga ham ko‘rinib turibdi-ku. U yon tomondan qiyofalarga boqarkan, birdan titrab ketdi. Shu turishda qiyofalarga uzoq tikilib qoldi. Tikilarkan, bexosdan nimandir angladi. Ko‘ngli nimanidir sezdi. Ko‘zlarini yana ochib-yumdi va shubhasini yo‘qqa chiqarish uchun yo‘lning narigi tarafidagi katta binoning old tarafiga osib qo‘yilgan, naq ikki qavatni egallagan, “Hali ham tirikmisizlar?!” degandek ko‘zlarini lo‘q qilib turgan rahbarning suratiga qaradi… keyin yana haykallar — buyuk siymolarga tikildi. Yana suratga. Qaradi-yu hammasini – eskizlari nega tasdiqlanmaganini, nega haykallar bir xil qiyofada ekanini, nega u esikzlarini tasdiqlatolmay ovorayu-sarson bo‘lib, idorama idora yugurganini, rahbarning nega norozi bo‘lganini, eskizlarni o‘n martalab besabab qaytarganining sababini tushundi. Haykallarning qiyofasi hammasini gapirib turardi. Hammasi tushunarli edi. Haykaldagi uch siymoda ham rahbarning qiyofasi, qoshu ko‘zi, hatto har ko‘rganda, suratiga qaraganda N.ni hayratga soladigan ikki xil burun teshigi ham aslidagiday edi. Uchta haykal qiyofasida unga rahbar boqib turardi…

06

(Tashriflar: umumiy 1 895, bugungi 1)

Izoh qoldiring