Nazar Eshonqul. “Goʻroʻgʻli yoxud Hayot suvi” romanidan parcha

011   Таниқли адиб Назар Эшонқулнинг «Гўрўғли» романининг журнал варианти бундан бир неча йил аввал эълон қилинган эди. Яқинда романнинг тўлиқ матни “Гўрўғли ёхуд Ҳаёт суви” (яна бир номи “Лаҳад”)номи билан нашр этилди. Қуйида ушбу романдан парчалар ўқийсиз.

Назар ЭШОНҚУЛ
ЛАҲАД
Романдан парчалар
05

04Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» 1988 йилида нашр этилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ», «Маймун етаклаган одам», «Шамолни тутиб бўлмайди», «Момо қўшиқ» ва бошқа асарлари нашр этилган. «Гўрўғли» романининг журнал варианти эълн қилинган. Хуан Карлос Онеттининг «Ҳикоялар ва қиссалар»ини, Албер Камюнинг «Эсселар»ини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ва бошқа кўплаб дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

«… ҳаёт сувин излаб кўрди Гилгамиш»
«Гилгамиш» достонидан

1. Хабар

…Ҳаммасига газетада босилган кичкинагина билдириш сабаб бўлди. Кейинги кун якшанба эди. Н. эрталаб соат ўнларда кўчага чиқди, бекатдаги дўкондан газета сотиб олди, уни буклаб чўнтагига солгач, автобусга ўтириб, қуйи қасабада яшайдиган таниш аёлникига жўнади. Бугун у аёлникига қатрий қарор билан бораётганди. Аёлни у билан боғлаб турадиган бирдан бир нарса, бу — ўттизга ҳам кирмаган жувоннинг ўзига қараганда бахтсиз эканини англагани эди — айнан ана шу шафқатга ўхшаган ҳис – аслида аёлга нисбатан ўзининг ҳаётда омадлироқ эканини билдириш истаги уни ўша тонгда аёлнинг уйи томон етаклади. Автобусда газета ўқийдиган одати йўқ эди. У газетага мук тушган йўловчиларга бирров кўз ташлади-ю, ўз хаёллари оғушига чўмди. Эртага уни саноқсиз ишлар кутиб ётарди. Буёғи йил охири яқинлашяпти, ҳисобот ёзишдан бўшамаса керак. Таниш аёл билан ҳам, эҳтимол, йилнинг охирги кунигача кўришолмас. Йил охирида унинг уйда ишлайдиган одати бор эди; шу сабабли кўп касбдошлари уддалай олмаган ёки номига тайёрланган ҳужжатларга қараганда уники асосли, аниқ, мантиқли бўларди. Уни ишхонада ҳурмат қилишар, бошлиқлар энг нозик ҳужжатларни, ўз маьрузаларини унга ишониб топширишар, ҳамиша раҳбарларнинг диққат- эътиборида эди. Тартибли ва хушмуомалалиги уни бамарни йигит сифатида танитган эди. Агар ишхонасини бино олидида турган чархпалак деб фараз қилсак, Н. шу чархпалакнинг бетиним айланиб туришини таъминлаб турувчи асосий парраклардан бири эди. Иши унга ёқар, зеро, бундан бошқа ишни тасаввур ҳам қилолмасди. Кейинги йилларда у ўз ишини аьло даражада ўзлаштириб олганди. Раҳбарлар ўзини кексайиб қолган бўлим мудирининг ўрнига тайинлашмоқчи бўлаётганини ҳам сезиб юрарди. Лекин орқаваротдан амалга кўтарилишига ўзининг сўққабошлиги сабаб бўлаётгани ҳақида ҳам гап-сўзлар юрганди. Идора ўта нуфузли бўлганидан фақат оилалиларгина раҳбар бўлишга ҳақли деган норасмий тартиб бор эди. Н. раҳбар ўзини чақирадиган кунлар яқинлигига шубҳа қилмасди. Н. эртага ўз курсиси, столи ва бир олам иш ва табиийки, уни янги тавсиялар кутиб турганини ўйлар экан, хушвақт жилмайиб қўйди. Чарчоқ ҳамиша унда хушвақтлик, руҳий енгиллик пайдо қиларди.

У ҳозир автобусдан тушмай хаёл сурганча бутун шаҳарни айланиб чиққиси келди. Шаҳарда оддий қиш куни ҳукмрон эди. Уч кун олдин ёққан қор ҳаммаёқни оққа бўяганди; қорга қопланганда шаҳар алланечук гўзал бўлиб кетишини энди сезаётгандай қиш ясаган манзарага қараб тўймасди. Бинолар олдида қор уйилиб ётарди, – йўловчилар тойғониб кетмаслик учун йўлакларда эҳтиёт бўлиб юриб боришарди, қиш шаҳарга фавқулодда осойишталик олиб кирган, дўконлар олдида навбатда турган одамлар ҳам бошқа фаслларга қараганда сокин ва ювош эдилар – уларнинг кўзларига қишнинг оғир кайфияти чўкиб қолганди. Маъюслик бутун шаҳарни худди қор мисоли қоплаб олгандай эди. Н. автобусдан тушиб, бекатнинг қарши томонидаги бино тамон йўл оларкан, олдидан қариб, мункиллаб қолган чол билан кампир бир-бирига суянганларича ўтиб кетди. Улар кўринишдан ё жуҳуд, ё армани эди; юзлари шу даражада ҳорғин эдики, худди ҳаётдан буткул безигандай зўрға юриб боришарди. Афтидан, юриш ҳам уларнинг жонига теккан, юрган сайин умрнинг сўнгги қояси томон тобора яқинроқ бошлаб бораётган қадамларини бир дақиқа бўлса ҳам шу дунёда ушлаб қолмоқчидек базўр босардилар.

Агар чолу кампир унга нурсиз ва шилпиқ кўзларини қаҳр билан қадаб ўтишмаганда у бу нарсаларга эътибор ҳам бермасди. Уларнинг нигоҳларида ёш ва навқирон йигитга нисбатан ҳасад барқ уриб турар ва буни унчалик яширгилари ҳам келмай, унинг яқинига келгач:

-Яхши йигит, кексаларга йўл беринг, ўзингиз қор оралаб юрсангиз ҳам бўлаверади, — дейишдан ўзларини тия олмадилар.

Кексалик хўрлаб ташлаган одамлар ҳамиша асабий бўладилар. Кексалик ўзининг хўрлик занжирини ҳамманинг устида ҳам айлантиравермайди. У ҳамма нарсани чертиб-чертиб, ибрат қилиб, намуна сифатида танлайди; аммо ҳамманинг бошида бир хил тирикчилик парраги айланаверади. Биров бу парракка юзини тутади, биров қўлини, биров кўзини, биров бошини, биров оёғини, биров кетини.

Ҳозиргина унинг олдидан чол-кампир ўтди. Қизиқ, ташвишдан холи ёки жилла қурса, иши юришиб турган кишига бошқаларнинг заҳархандаси ҳамиша эриш туюлади. Чол-кампирнинг гапи-ю, ҳатти-ҳаракатлари унинг кўнглида ҳамдардлик пайдо қилди. У бино даҳлизига кирар экан, изига бурилиб, майда қадамларда секин юриб бораётган чол-кампирга яна бир бор қаради. Улар тез ўтиб кетадиган қиш қуёшидек анча нари кетиб қолишганди. Бировнинг қуёши ботган жойдан бошқанинг қуёши чиқади. Гарчи одамзот юрган ҳар қандай йўлнинг охири йўқлик билан тугасада, барибир у яшаш касалига мубтало бўлаверади. Ҳаёт ўзи мубталоликдан бошқа нарса эмас. Чолу кампир ҳозир ҳасад ва гинага мубтало бўлишган, у эса мурувват ва шафқатга. Иши юришиб, ташвиш қарғалари дарахтига қўнмай қўйган одам ҳамиша мурувватли бўлгиси келади. Ҳаёт ҳамиша мурувват ва ҳасад курашидан иборат. Мурувват ҳасадга айланса, ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Ҳасад ҳам тириклик белгиси. Н. ёш бўлишига қарамай ўзини ҳаёт ҳақида етарли тажрибага эга деб ҳисобларди. У иккинчи қаватга чиқиб, чармининг исқирти чиқиб кетган ва афтидан, болаларнинг иши бўлса керак, бўр билан ҳар хил рақамлар, уятсиз сўзлар ёзиб ташланган эшик қўнғироғини босди. Бу ёзувлар пайдо бўлганига анча вақт бўлганига қарамай, уй бекаси уларни ўчириб ташламаганди. Балки унга шуниси ёқар. Нима бўлганда ҳам нимқоронғу даҳлизда бу эшик жуда шумшук кўринар, эҳтимол, бўялмаганига ҳам ўн йиллар бўлганди. Ичкаридан шип-шип этган қадам овози келди; бир оз сур ва беҳаёроқ, сал бўлмаса чинқириққа ўхшаб кетадиган товушда, аёл киши «Ким?” деб сўради. У исмини айтди. Эшик шарақлаб очилди. У бу эшик ҳеч қачон қулфлаб қўйилганини кўрмаганди. Эшик очилиши билан ичкаридан куйган пиёз ҳиди билан бирга қандайдир бадбўй ҳид даҳлизни тутган ва остонада калта бўй, жингалаксоч, кўзлари кишига тик ва беҳаё боқадиган, юзидаги палапартиш бўёқларни демаса, анча истараси иссиқ, чеҳрасидан очиқкўнгиллиги кўриниб турган ўттизларга яқинлашган аёл енгсиз халатда турарди.

— Ҳа, сенмисан,- деди аёл, жилмаймоқчи бўлди-ю, бироқ уддалай олмади.Юзида қандайдир жонсараклик, саросима бор эди.
— Ҳа, менман,- деди Н. зўраки хушмуомалалик билан.- Гули, биз гаплашиб олишимиз керак.

— Нимани гаплашамиз,- деди Гули ўзини гап нима ҳақда эканлигини билмаганга солиб. Сўнг бу найранги ўтмаслигини сезиб, дарров гап оҳангини ўзгартирди. — ҳозир қиш пайти, шу гап зарилми, ўлиб – пўлиб қолмассиз, офтобли кунлар келар!

У Гулининг ўзини ичкарига киритмасликка ҳаракат қилаётганини сезди. У ҳозир гаплашиб олиш зарурлигини билар ва кўп мулоҳоза , иккиланиш ҳамда ички қийноқлардан сўнг шу хулосага келганди. У барча нозиктарб одамлар каби кўп иккиланар, ўзини азоб- уқубатли мулоҳозаларга ғарқ қилар, тунлари фақат шу нарсалар ҳақида ўйлаб, уйғониб кетар, бироқ охир – оқибат шундай ҳукмга келардики, худди ўн етти яшар ошиқ маҳбубасининг савдойисига айланганидек, у ҳам шу ҳукм савдойиси бўлиб қоларди. Ишхонада унинг шу ҳолати, ферли кўпчиликка тушунарсиз ва бетайин бўлиб туюлар, бироқ унинг ўзи боодоб бўлгани учун унчалик эртибор беришмасди.

— Балки ўлиб қоларман, — деди у Гули гапирган оҳангда. -Балки ҳозир ҳам ўлгандирман. Сенинг олдинга арвоҳим келгандир? Нима бўлишидан қатьий назар мен сен билан гаплашиб олишим керак.

У товушини кўтариб юборди шекилли, ётоқдан ( у ўнг томондаги хона ётоқ эканини биларди) майкачан барваста йигитнинг боши кўринди.

-Ёрдам керак эмасми!- сўради у Гулидан кўзларини лўқ қилиб. Сўнг Н.ни бошдан оёқ кузатиб чиқди.

— Йўқ, -Гули шартта изига бурилди-да, бориб ётоқ эшигини зичлаб ёпди. Нимадир эсига тушгандай эшикни яна очиб, барваста йигитга нимадир деди ва қайта тортиб ёпди.

Гули чап томондаги ҳам меҳмонхона, ҳам ошхона ҳисобланадиган хонага кириб кетди ва у ердан «Киравер” деб бақирди. Н. даҳлизга кириб пальтосини ечди ва уни, барвастаники бўлса керак, қора пўстин олдига илди.

Ошхона ўртасида бир стол, тўртта курси турар ва бу хона ҳам даҳлиз каби исқирт, бўёқлари кўчган, синган дераза ўрнига қоғоз ёпиштирилган, газ ёқиғлиқ турар, шу сабабли хона дим ва иссиқ эди.

Н. бориб деворга тақаб қўйилган курсига ўтирди ва нима деярини билмай учи ёқасидан чиқиб турган газетани олиб, кўз югуртира бошлади.
-Нима дейсан? — деди Гули унинг қаршисига ўтирар экан. – Бу ерга газета ўқишга келдингми?- Гули унинг қўлидан газетани тортиб олди.- Гапир. Қулоғим сенда.

У бирдан нима дейишини билмай қолди. Ҳозир гапирадиган гапи ҳақида шунчалик кўп ўйлагандики, бирон нарсани бунчалик узоқ ўйлаганини эслай олмасди. Ўйлаган пайти рисоладагидай туюлганди. Бироқ ҳозир айтадиган гапи ҳеч қайси рисолага сиғмас, эшитган киши уни ақли жойида эмас, деб ўйлаши мумкин эди. Аммо у шундай хулосага келиб қўйган, уни бу йўлдан ҳеч ким қайтара олмасди.

— Мен сенга уйланмоқчиман! -деди у. Бу гапни айтишга айтди-ю, назарида сўзларни айтаётиб портлаб кетгандай туюлди.

Гули унга ажабланиб қараб турди-да, шарақлаб кулиб юборди.
— Менга-я, — деди кулгидан тўхтаб. Сўнг жилмайган кўйи, унга қўлларини чўзди. Лекин қўлларини ушлатмай тортиб олди.

— Яхшилаб ўйлаб кўрдингми?
— Кўп ўйладим. Бошқача бўлиши мумкин эмас.
— Сен шундай деб ўйлайсан, мен-чи? Мен рози эмасман.

Гули ҳозиргина ундан эшитган таклифи ғирт бемарни бўлса-да, бироқ ўзига ёқиб тушганини зўрға яшириб турарди. Зеро, аёл бу таклифни ҳеч қачон амалга ошириб бўлмаслигини билар, айнан ҳеч қачон амалга ошмайдиган таклиф билан Н. унинг олдида маликадан имо кутаётган қаролдек туриши унга завқ бағишлар, шу сабабли, ушбу сонияларни чўзиш учун қувлик билан Н.нинг қитиғига тегадиган қилиб, терс-терс гапирди.

Н. Гулига қаради. Гули кулиб турар, заррача ўзгариш юз бермаганди чеҳрасида. Гўё Гули уни масхара қилаётгандай эди.

-Тўғри, хатти-ҳаракатим кўпларни ажаблантирса керак. Кўплар мени ғирт аҳмоққа чиқаришади. Бироқ мен шундай қилишга аҳд қилдим. Кимдир шундай қилиши керак эди. Ўша кимдир мен бўлмоқчиман – у яна нимадир демоқчи эди, аммо бошқа гап тополмади ва оёғи синганидан деворга суяб қўйилган эски столнинг ўртасидаги ўйиққа қараб қолди.

Гули ўрнидан туриб, унинг олдига келди ва бўйнига қўл ташлаб, эркалагандек шапатилаб қўйди.
-Менинг кимлигимни биласанми? Одамлар мен ҳақимда нима дейишларини-чи? – деди у ўзи жиддий тортган бўлса-да, кўзлари кулиб турарди.

-Биламан, — деди у. –Эшигинг ёзиғлиқ турибди.
-Хўш, нима дейсан?..

-Фикримдан қайтаролмайсан,- деди у бир оз дадиллашиб, — Аслида мен сени эмас, ўзимни қутқармоқчиман. Умримда бирон марта ҳам таваккал қилганим йўқ. Қандай яшаш керак бўлса, шундай яшаганман. Энди эса таваккал қилмоқчиман.

-Мен беваман, сен эса ҳали бирон қизни ҳам ўпмаган бўлсанг керак, — деди Гули. У, чамаси, Н.нинг биронта қизни ўпиб турганини тасаввур қилди ва ўзини кулгидан тиёлмади. Гули бу бурни узун, япалоқ йигитнинг қизларни ўпишини сира хаёлига келтиролмади.

Гарчанд бу уйланиш қарори ғирт хомхаёл бўлса-да, барибир эркак кишидан уйланиш ҳақидаги таклифлар эшитиш аёлга мароқли. Илгарилари худди бошқа эркаклар каби келиб кетадиган, бошқа эркаклардан ҳеч бир жиҳати билан фарқ қилмаган йигитнинг томдан тараша тушгандай таклифи уни бир оз ажаблантирган, таклифнинг самимийлигига ҳам ишонгиси келмай, йигитни масхара қилиш учун ўзини ерга уриб гапирарди.

— Мени қизиқтирмайди, — деди Н.қатрий оҳангда. – Мен аллақачон шундай қилишим керак деб биламан.
— Меникига кўчиб келасанми? – деб сўради Гули ошкора масхара қилиб.

— Йўқ. Мен сени бу ҳаётдан бутунлай узиб олмоқчиман. Сенинг ҳар куни даҳлизда, қўшниларнинг юз-кўзида ва уйда ётган ўтмишинг билан қайта-қайта учрашишингни сира истамайман.- у ўзини босиб олган ва ўзи истамаса ҳам шу вақтгача бутун шуурини банд этган ўйлар тилига қуйилиб келарди. Гули унга ҳайрон бўлиб боқиб турар, энди унинг кўзларидан масхара йўқолган, фақат бу баландпарвоз гапларни лоқайдгина эшитарди.

— Бир кеча уйғониб кетдим, — деди Н. столнинг синиқ оёғига тикилганча. – Чироқни ёқиб хонага кўз тикдим. Ҳамма нарса тартиб билан жойлашган, ҳамма нарса етарли эди. Умуман, бир одам бахтли яшаши мумкин бўлган ҳамма нарса бор эди. Бироқ шунда нимадир етишмаётганини англаб қолдим.

— Биласанми, нима? Мен қандайдир ўликка ўхшаб яшарканман. Ўлик каби кечамдан бу кунимнинг, бугунимдан эртамнинг фарқи йўқ экан. Ўликларда шундай бўлади: менинг эса тирилгим келди ва олдингга мени тирилтир, азобларингни, уқубатларингни менга ҳам юқтир деб келдим. Ҳа, шундай, мени тирилтир, менинг ҳаётимга мазмун бағишла, изтироб бағишла! Қалбимни тита-тита сени топдим. Ҳа, мен сенга керак эдим. Менга фақат сенгина муҳтож эдинг. Олдин буни тан олмасдим. Мен ҳам танишганимдан бери ҳаммага ўхшаб ўшалардан деб ўйлардим. Энди билсам сен шу зиндонга тушиб қолгансан. Сени зиндондан қутқариш учун кимдир қурбон бўлиши керак. Ўша қурбон — менман. Адашган, йўлини йўқотган сен эмас, мен эканлигимни сездим ва мени тирилтир, менга ҳаёт бағишла, деб олдингга келдим.

У бундай демоқчи эмасди, бироқ ҳаяжонининг зўридан бир неча кундан буён хаёлини банд этган ўйларни гапириб юборди.

Гули унга ажабсиниб тикилди: аёлнинг нигоҳидан ҳеч нарсани англамагани шундай сезилиб турарди. Унинг кўп нарсани тез фаҳмлайвермайдиган пешонаси тиришиб, бу турқи тароватини келишган деб бўлмайдиган, бироқ тарби нозик кўринган йигитнинг нима демоқчилигини англолмай ҳайрон эди. Гули бирон нарса демай, столда ётган газетани олиб, кўзи тушган жойидан ўқий бошлади. У ҳам барча аёллар каби шу йўл билан вақтдан ютмоқчи ва нимадир ўйлаб топмоқчи эди. Бироқ газетани ўқиган жойини яна бир кўздан кечирди-да, Н.га бақрайиб тикилиб қолди. Гули бундай сўзамолликка ўрганмаганди, аммо бу сўзамоллик ичида қандайдир ҳолат, ғайритабиий хулоса бор эдики, у шу хулосанинг тагига етмоқчи эди. Гули учинчи марта газетанинг ўша жойига кўз югуртирди ва секин ўрнидан туриб, Н.дан кўзини узмай тисарила бошлади ва эшикка етгач, остонага суяниб, бақириб юборди.

Н.қўрқиб кетиб, остонага ўгирилди ва юзи оқариб кетган, қўлида газета ушлаганча қалтираб турган Гулини кўрди.

— Кет! — деб бақирди бирдан Гули унинг қарашидан ўзини олиб қочар экан. – Кет! Мен сенга ҳеч нарса қилганим йўқ. Кет. Мен арвоҳлардан қўрқаман.
У ажабсиниб, ўрнидан турди ва Гулига яқинлашмоқчи бўлди.

— Кет! — деб чинқириб юборди Гули ўзини даҳлизга олар экан ва қўлидаги газетани унга қаратиб отди.

У юзига келиб теккан газетани илиб олди-ю, буклаб, Гулининг изидан даҳлизга чиқмоқчи бўлди.
Унинг ўзига қараб келаётганини кўриб, Гули шундай чинқириб юбордики, у қўрқиб жойида таққа тўхтаб қолди. Ётоқ эшиги очилиб очилиб, барваста кўринди. Гули барвастанинг орқасига ўтиб олиб, юзини бекитганча йиғлаб юборди.

— Кет, — у йигларкан товушида таҳлика ва қўрқув зоҳир эди. — Мен сени ҳеч қачон қарғаганим йўқ эди. Кет.-Гулининг йиғисини кўриб барваста олдинга ўтди.
-Чиқариб ташлашимни истамасангиз, ўзингиз кетинг.

Вазият жиддий тус олган, Гули важоҳатидан уни барвастага судратиб чиқаришдан ҳам қайтмасди.
Н. индамай пальтосини кийди. Барваста сакрашга тайёр шердек, унинг ҳар бир ҳаракатини ҳушёр кузатиб турди. Фақат эшик ёпилгачгина унинг таҳдидли чеҳраси ичкарида қолди. Н. зинадан тушар экан, Гулининг бирдан титраб-қақшаб, қўрқиб кетишига мажбур қилган газетага кўз ташлади. Газетанинг букланган жойида «Навбатдаги худкушлик” сарлавҳаси тагида шундай хабар ёзилганди: «Кеча эрталаб Жанубий темир йўл вокзалида поезд остида қолган жасад топилди. Жасадга қараб кимлигини аниқлаб бўлмасди. Фақат ўлик чўнтагидан чиққан ҳужжатгина унинг шахсини аниқлаштирди. Бу одам С. ташкилотининг катта ходими Н. бўлиб чиқди. Дастлабки тахминларга кўра Н. худкушлик қилган ва кечаси ўзини поезд остига ташлаган”.

***

Орадан бир ойлар ўтди. Терговчининг шахсий котибидан ҳеч қандай дарак бўлмади: Н. уни ўзи излаб топишига қарор қилганда қиш охирлаб қолганди. Н. ҳар куни эрталаб кўчага чиқар, кечқурун уйга қайтар, эртадан кечгача идорама-идора юрарди. У учрашган ташкилотлар бошқа идорага учрашиш зарурлигини айтарди, баъзилари “Бу иш қўлимиздан келмайди, жуда мураккаб экан”, деб очиқдан-очиқ тан олишарди. Аммо унинг “ўлган” куни тобора узоқда қолиб, иш яна ҳам тушунарсиз, мавҳум тус олаётганди. Танишлари учраб қолганда, унга ачиниб қараб қўйишар ёки қандайдир маслаҳатлар беришарди. Н. бошида бу маслаҳатларнинг ҳаммасига амал қилишга ҳаракат қилди, бироқ вақт ўтган сайин унинг иши чўзилиб, оқибати кўринмагач, ҳаммасидан умид узиб, менга ҳеч ким ёрдам беролмайди, деган хулосага келди. У навбатдаги идорага кириб чиққанда ичидаги нимадир шу идорада қолиб кетгандай бўлар, ўзини ҳолсиз сезарди. У қиш чиққунга қадар ичидаги барча қувватини кезиб чиққан идораларга ташлаб чиқди. Бора-бора унда қувват ҳам, ҳафсала ҳам қолмади. Энди уйда худди тобутда ётгандек тўшакда чўзилиб ётар, бу англашилмовчиликнинг охири нимадир бўлиб қолар ва ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетар деб умид қиларди. Бу маслаҳатни ҳам аслида уй оқсоқоли берганди. Якшанба кунларининг бирида уй оқсоқоли кириб келди. Н. баджаҳл бу одам энди ўзидан уйни бўшатиб қўйишни талаб қилишини ўйлаб юраги шувиллаб кетди. Бироқ уй оқсоқоли у қуйиб берган чойни ҳўплар экан, кутилмаган оҳангда унга маслаҳат бера бошлади.
-Сизнинг бу ишни тўғрилайман деб югуриб юришингиз фойдасиз, — деди у бундай ишларнинг кўпини кўргандек. — Ишнинг изидан қанча кўп югурсангиз шунчалик кўп овора бўласиз, бу фақат сизга зиён келтиради. Сиз кутинг. Бир куни қайсидир амалдор ҳужжатингизга кўзи тушиб қолиб, чалкашликни англаса, ана ўшанда ўз-ўзидан ҳал бўлади. Аммо сиз югуриб, бу ишнинг тагига етолмайсиз.
Н. уй оқсоқолининг ўзи билан ҳурмат сақлаб гаплашаётганини кўриб, боядан бери уйдан айрилдим деб асабий ўтирганидан уялди.
— Сизнинг-ча, шундай амалдор топиладими? – сўради у, бироқ шубҳаси ноўринлигидан ўзи бирдан хижолат чекди.
— Бўлмасам-чи, — деди оқсоқол, — ҳамма нарса тугади деб ўтирганингизда, бирдан чалкашлик билиниб қолиб, ижобий ҳал қилинган ҳоллар кўп бўлган. Бу, албатта, мингдан битта ҳодисага тўғри келади, шундай бўлса ҳам, кутишдан бошқа илож йўқ. Чунки янги келган ҳар бир амалдор ўз вазифаси билан яхшироқ танишиш учун эски ҳужжатларни қайтадан кўриб чиқади.
Н. уй оқсоқолидан жуда миннатдор бўлди. Тартиб-интизомни яхши кўрадиган ярим ҳарбийча феъли билан уйдагиларни қўрқитиб чўчитиб қўйган бўлса-да, ҳозир ҳеч қандай дашномсиз гапирмоқда эди.
-Сиздан ва уйдаги бошқа истиқомат қилувчилардан жудаям хижолатдаман. Намунали уй деган фахрли ўринга мен туфайли эришолмай қолишингиз мумкин.
-Узр сўрашнинг ҳеч кераги йўқ, — гапини бўлди оқсоқол. — Сиз ҳижолат чекманг. Бу иш сизнинг айбингиз билан содир бўлмаган, биз буни яхши тушунамиз. Сиз ҳеч қандай уятли иш қилганингиз йўқ.
Н. оқсоқолнинг пакана бўйига, ажин туша бошлаган юзига бирров кўз югуртириб чиқди. Айтганлари самимийми, йўқми билолмади. Балки оқсоқол уни синаб кўраётгандир?
— Ҳа, айтгандай, сизни кеча бир йигит йўқлаб келди. — Оқсоқол Н. га синовчан кўзларини тикди.
-Қандай йигит? — ҳайрон бўлди Н.
-Ёш, олифта, — деди оқсоқол йигит ўзига ёқмаганини билдириб. — Бугун яна келаман деб кетганди.
Н. “Ким экан?” деб ўйлади, танишлари ичида уни йўқлаб келадигани йўқ эди. Уни ҳали ҳеч қачон ҳеч ким йўқлаб келгани йўқ. Н. улфатбоз, тез тил топишадиган йигитлардан эмасди, ишда уни тартибли, интизомли, ўз ишига қаттиқ берилгани учун ҳурмат қилишар, танишлари шунчаки кўча танишлари бўлиб, улар бирон марта Н.ни, Н. эса уларни уйга таклиф қилмаган эди. У ёлғиз ва сўққабош яшашга кўникиб қолган, кимдир оромини бузишдан жуда қўрқарди. У дам олиш кунлари қаҳва ичиб, тўшакка ярим чўзилганча китоб ёки бирон журнал ўқиб вақтини ўтказар, бу осойишта ҳаётини ҳеч кимга бузишини келмасди. Аммасига хат ёзмай қўйганига ҳам кўп йиллар бўлган, тўғрироғи, унинг бор-йўқлиги ҳам эсидан чиқиб кетганди. У ўзининг сўққабош ва осойишта ҳаётини шунчалик эъзозлардики, бу ҳаётга хавф туғдириши мумкин бўлган қизлар ёки аёллар билан ҳам яқин бўлмас, Гули билан танишган ва иккаласи ўртасидаги муносабат оддий танишлик чегарасидан ошиб кетган бўлса ҳам у Гулини ҳеч қачон уйига таклиф қилмаганди. У ёлғиз ҳаёти билан фахрланар ва бу ҳаётини ҳеч нарсага алмашмасди. Уй оқсоқолининг хабари дафъатан уни чўчитиб юборди: у ўзи йиллар оро берган тартибини кимдир бирдан бузиб, уни сўроқлаб келганидан чўчиб кетди.
Уй оқсоқоли тўсатдан вазифаси эсига тушиб қолгандай, уйни бир-бир кўздан кечира бошлади, ғуслхонани, ҳожатхонани очиб кўрди. У айвон тарафга ўтиб, шифтларга қаради, сўнг Н.нинг олдига қайтиб келди.
-Мен сиздек озода ва ораста одамларни ҳурмат қиламан, — деди мамнун қиёфада, бироқ унинг кўзлари қувлик билан ялтираб ёлғон гапираётганини билдириб турарди.
— Сизнинг бу ерда узоқ яшолмаслигингиз мени ташвишга солади. Ўзингиз биласиз, янги кўчиб келувчи қандай киши бўлади, балки у исқирт ва аблаҳдир?
Оқсоқол охирги гапини чин кўнгилдан хавотирланиб гапирди.
— Балки ҳаммаси яхши бўлиб кетар, — деди Н.- Бекорга ташвиш қилаётгандирсиз.
— Тўғри, — деди оқсоқол, — бекорга ташвиш қилаётган бўлишим ҳам мумкин. Бироқ мен жавобгар одамман, ҳар қандай вазиятга тайёр бўлиб туришим керак. Чунки бу иш жуда жиддий, олдиндан бирон нарса деб бўлмайди.
— Буни мен ҳам билиб қолдим. — деди Н. — Аввалига шунчаки англашилмовчилик деб ўйладим. Бироқ кейинчалик ўзим идорама-идора юриб, бирон натижа чиқишига ишонмай қолдим.
— Сиз сабр-тоқатли бўлишингиз керак, — деди оқсоқол, — бироқ ишнинг жиддийлигини бир дақиқа ҳам эсдан чиқарманг.
— Яна чой ичасизми? – сўради Н. оқсоқолнинг бўш пиёлани қўлига олганини кўриб.
— Йўқ, раҳмат. — деди оқсоқол, пиёлани қайтиб қўяркан, — энди мен борай, хизматдаги одамман. Менинг сал йўқ бўлганимни билишса ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилишади.
— Пиёла ёқиб қолган бўлса олиб кетишингиз мумкин, — деди Н. — Менда яна иккитаси бор.
— Шундайми, — деди оқсоқол пиёлани яна қўлига олиб томоша қиларкан. — Менга гули жуда ёқиб қолди. Дид билан ишланган экан. Ундан кейин, балки сизга бу мутлақо керак бўлмас..
Оқсоқол эшикка қараб юрди. Эшикни очиб чиқаркан унинг бўйи эшикнинг ярмига ҳам етмади. Н. уни зинагача кузатгач, қайтиб яна тўшакка чўзилди. У кейинги пайтларда тез-тез ҳорийдиган бўлиб қолган, доимий руҳсизлик, бошига тушган мусибатнинг охири кўринмаслиги танасидаги мадорни сўриб олган эди. У тўшакка чўзилгани билан кўзига уйқу келмас, уйқусида ҳам ором йўқлигидан эрталаб яна ҳолсиз бўлиб уйғонарди. Мавҳумликнинг қалин ва сирли тўри унинг ҳаётини аста-секин ўраб олар, у тўрга тушган балиқдек ҳар томон ўзини урса ҳам бу тўрни ёриб чиқа олмас, аслида тўр кимнинг қўлида эканини ҳам билмасди. У зим-зиё кечада бегона шаҳарда адашиб қолган одам каби қайси уйнинг эшигига борса, бегона, ёт кишиларга дуч келар, таниш уйни тополмай зир югуриб юрганга ўхшарди. Энди бу бетайин ҳаракатдан, кўз олдида турган мавҳумликдан чарчай бошлади. Бундан бир маъни ёки умид қидириш бефойда эди.
Н. ҳаётини мавҳумлик томон буриб юборган англашилмовчилик бошида ўз ишига совуқонлик билан қараган икки-уч киши ёки марҳумлар ҳақидаги хабарлар билан кун кўрадиган мухбир эмас, тушунарсиз, улкан ва бошию охири қаердалигини билиб бўлмайдиган, шафқатсиз, бир-бирига занжирдай боғланиб кетган бутун бошли гуруҳ турганини сеза бошлаганди. Бироқ бу чархпалакнинг бошини топиш, уни ўзгартириш, унга таъсир этиш сира мумкин эмас эди. Ва чархпалак жуда катта бинолар, калондимоғ нусхалар, ҳеч кимга кераги бўлмаган тартиблар, ялтоқ ва сур қоровуллар ортига яшириниб олган, уни излаб топишнинг сира иложи йўқ эди. Н. ўзини ана шу сирли, кўринмас, баҳайбат сир-синоат остига ташланганини ва энди ундан қутулиш мушкуллигини элас-элас англар, бироқ уни бир илинж тарк этмаганди. У ҳар бир нарсага шу илинж билан қарар, ҳар бир одамнинг маслаҳати нажот бўлиб туюларди. Н. энди фаолиятсизликка ғарқ бўлганди: у ўзининг илгариги ҳаётидан ётлашиб борар, ғала-ғовур, шовқин-суронли иш, доимо ниманидир талаб қилиб турадиган ва ана шу нарса нега зарурлигини ўзлари ҳам ҳеч қачон билмайдиган, бироқ талаб қилиш ва қўл остидагиларни ишлата олаётганидан ўзларича завқланиб яшайдиган бошлиқлар, ғийбат ва фитна-фасод гапларга ўч ҳамкасблари — ҳаммаси унинг назарида энди олисдаги қирғоқда қолишган эди: у энди эрталаблари ишга шошилмасди, вақт ўз моҳиятини мутлақо йўқотган, у хоҳлаган пайти ётиши ёки қаҳва ичиши мумкин эди. Вақт унинг учун гўёки ўзи ётган тўшакдай эди: у ўтаётганини, тинимсиз айланаётганини Н.га билдирмасди, шундоқ ёнидан, кўчадан Н.га ташвишлари ёт ва тушунарсиз одамлар билан бирга оқиб ўтмоқда эди. Н. эса на оқимни, на ўзларининг тирик эканларидан мамнун одамларни сезмасди.
Н. табиатан сабрсиз йигит эди: аммо бу унинг ўзини тутишида сезилмас, босиқ, тоқатли, мулоҳазали бўлиб кўринар, бироқ ичида доим ўзининг ювошлигидан, ҳар қандай танбеҳни ёки адолатсизликни ҳазм қилиб кетаверганидан норозилик уйғонар, ўзини қўрқоқ ҳисоблар, койир,чапдаст, кескир ва бетга чопар бўлишни орзу қиларди. Аммо бу ҳиссиёт тез ўтиб кетар, навбатдаги танбеҳларни эшитаётганида яна ювош ва сабрли ҳолига қайтар, зеро, ишхонадагилар унинг ана шу фазилатини жуда қадрлашар, ноҳақ танбеҳлар учун баъзан узр ҳам сўрашарди. Шу ўтган ойлар ичида у гўё икки киши бўлиб яшагандай эди: унинг кунлари сабр ва сабрсизлик, босиқлик ва қизиққонлик орасида кечар, тунда тузган режаларини эрталаб йўққа чиқарар, кечаси ўз ҳақ-ҳуқуқи учун кураш йўлларини ахтарар, эрталаб эса яна бир оз кутиш зарур деган хулосага келарди. Унинг айни пайтдаги ҳолати ана шу ўзига ҳам тушуниқсиз бўлган иккиланишлар, умид ва умидсизликлар қоришиғида ўтаётган эди.
Шундай кунларнинг бирида Н. рўпарасидаги бинонинг деразасидан ўзини кузатишаётганини сезиб қолди. Кузатаётган киши калта бўйли эди. Н. чироқ ёққан пайти у хонасининг чироғини ўчирар, деразадан унинг думалоқ шарпаси кўзга чалинарди. Кундуз кунлари кузатувчи деразани очиб қўяр, худди бутун бир шаҳарни томоша қилаётгандай кўчани, машиналарни кузатар, баъзи-баъзида Н.нинг деразасидан кўз узмай тикилиб қоларди. Н. кузатувчини сезиб қолгач, тунлари ҳам чироқ ёқмай қўйди, энди ўзи ўша деразадан кўз узмай, кузатувчини кузатарди. Баъзида бу эрмак топилганидан хурсанд ҳам бўлиб кетар, кузатувчи ва Н. соатлаб бир-бирини кузатиб ўтиришарди. Н. кўчага чиққан пайтлари кузатувчи изидан чиқар, Н. уни дўконлар, қаҳвахоналар, бекатлар аро изидан эргаштириб юрар, ҳеч қандай иши бўлмаса ҳам гавжум жойларда узоқ тўхтаб турар, бегона одамларни гапга тутар, мутлақо нотаниш одамларга қўл силкирди. У кузатувчига қасдма-қасд шаҳарга тушар, ҳеч ким билан учрашмай, бекатнинг ўзидан изига қайтарди. У кузатувчини чалғитишдан, бу билан бир оз бўлса-да, уларга қарши чиқаётганидан, ҳозирги ҳаётига, уни хўрлаганларига кўникмаётганидан хурсанд эди. Бироқ кузатувчи худди бадбўй ҳаво каби унинг бурни тагида ҳар доим анқиб турар, у эркинликка қанчалик кўп интилса, шунчалик атрофини ёт нигоҳлар ўраб олар, ҳар сония шу нигоҳ билан бирга унинг вайрона, мазмунсиз ва муштоқ кунларига кириб келар, шу нигоҳ билан бирга унинг ўша машъум кундан кейинги умрини тиклаб борарди. У бора-бора шу нигоҳсиз яшолмай қолди. Энди кўчага чиқса уни таъқиб этувчи ўша нигоҳни ўзи излар, сўнг ўша нигоҳ таъқиби билан шаҳар айланарди. Нигоҳ шунчалик ўткир ва қатъий эдики, уни чалғитиш сира мумкин эмасди. У ҳар қандай ҳолатда ҳам Н.нинг нақ елкасига тикилиб турар, гарчи нигоҳ эгаси кўринмаса ҳам Н. елкасида нигоҳ қадалиб турганини сезарди. Бир куни Н. елкасидаги нигоҳ яқин қолганини сезиб, изига илкис бурилди ва ўн қадамча нарида ўзига тикилиб, шошиб келаётган миттигина, думалоқ одамни кўрди. Бу одам Н.нинг ўзига тикилиб, тўхтаб турганини кўриб, жойида қотди ва атрофга нажот излаб, олазарак бўлиб қаради-да, нажот кўрмагач, ўзини кичкина дўкон орқасига урди. Н. яна тез-тез юриб кета бошлади. Тўсатдан ҳозиргина дўкон орқасига ўзини урган кузатувчига ўхшаш одамга тўқнашиб кетаёзди. Афтидан, у Н.ни кўриб тўхтаган ва Н. шошиб юра бошлагач, нима қилишини билмай қотиб қолганди. Н. бу одам билан орқасидан кузатиб келаётган одамнинг кийимлари ҳам, бўйи ва қиёфалари ҳам бир хиллигини кўрди. Салдан сўнг митти одамлар бир нечта эканини сезди: улар йўлнинг турли томонидан Н.ни кузатиб туришарди. Булар эгизаклар каби бир-бирига ўхшар, фақат баъзилари маллароқ уст-боши кийиб олишган, шляпаларининг соябонлари кесик эди. Н.нинг жаҳли чиқа бошлади. Назарида ўзини шунча одам кузатиб юриши безбетликдан бошқа нарса эмасди. У тез-тез юриб, олдиндаги митти одамга етиб олди ва унинг камзулининг орқа ёқасидан ушлаб бир силкиб тортди: митти одам ёқасини бўшатиш учун осилиб қолган оёғини ҳавода қимирлата бошлади. Сўнг ғазабнок Н.ни кўриб қўрқиб кетди ва унинг қўлида типирчилашга тушди.
— Сизга ким рухсат берди, — ўзини йўқотиб Н. уни бир қўли билан кўтариб, иккинчи қўли билан тўғри келган ерига ура бошлади. Митти одам оёқларини ҳавода қимирлатар, оғзи-бурнига тушаётган шаполоқдан юзини олиб қочиш учун гоҳ ўнг, гоҳ чап томонга мадад излаб алангларди. Н. бирдан шеригига ташланганини кўришгач, бошқа кузатувчилар урра қочиб қолишганини кўрди. Уларнинг биттаси йўлнинг нариги томонига ўтиб, бетон тўсин орқасидан Н.ни кузатиб турарди. Н. қўлидаги митти одамни шундоқ йўлакка отиб юборди. Митти одам йўлакда бир-икки умбалоқ ошиб тушди-ю, тура солиб қочиб жўнади. Н. пўписа учун унинг изидан югурган бўлди: митти одам бетон тўсиндан сакраб ўтиб, уйлар орасига ўзини урди.
— …ни. — деди Н. барибир қувлаб етолмаслигига ишонгач атайлаб таъқиб қилувчиларнинг жаҳлини чиқариш учун.
— Онадан келманг, — деди қочиб бораётган митти одам Н.нинг қувмаётганини кўргач тўхтаб, изига ярим бурилди. Унинг шу туриши ҳозир ўзини урган одамни сўкиб қочаётган ёш болага ўхшарди. — Сизларнинг кучларингиз менга ўхшаган кичкина одамларга етади. Агар мен бўлим бошлиғи бўлганимда ҳеч қачон уролмасдингиз. — Митти одам ўзининг кичиклигидан ўксиниб, бурнини тортиб қўйди ва Н.нинг ҳужум қилмаслигига ишонгач, нарироқда бир жойга тўплана бошлаган шериклари олдига жўнади. Н. уларнинг ўзидан ниҳоятда қўрқишини сезиб қолди: энди у ўзини кузатишаётганига эътибор ҳам бермас, кундузлари изидан эргашиб юрган митти одамларга қарамасди ҳам. Баъзан эса уларни тўсатдан қувиб қолар, миттилар шатолоқ отиб, бир-бирини йиқитиб, умболоқ ошиб қочишар, бироқ Н. изига қайтганини кўришгач, яна унинг изига тушишарди. Аслида Н.нинг улардан яширадиган сири ёки борадиган жойи ҳам йўқ эди: у дўконга ёки бозорга чиқар, баъзан шунчаки кўча айланиб юрар, бирон киши билан учрашмас, суҳбатлашмасди. У ўзини ҳар куни шунча киши пойлаб юришига ҳайрон қоларди ва ўзининг улар пойлаб юрадиган даражада хуфиёна ишлар қилолмаётганидан уялиб ҳам кетарди. Бироқ барибир митти одамлар унинг ғашини келтира бошлади. У кечга яқин таниш газета сотувчиси билан гаплашиб тураркан, миттилардан биттаси икки қадамча нарида суҳбатга қулоқ солиб турганини кўрди. Н. худди суҳбатга берилгандай тутиб, олдинга эгилди ва сотувчига шивирлаб гапира бошлади. Митти орқа тарафдан суҳбатни эштиш учун яна ҳам яқинроқ келди: унинг қўл етадиган даражада яқинлашганини кўриб, Н. бирдан унга ташланди-да, бўйинбоғидан тутиб олиб, дўконнинг орқа тарафига судраб кетди. Митти бўғилиб қолганидан типирчилар, ўзини ҳар ёққа ташлар, юзи бўғриқиб, хириллаб нафас оларди. Бошқа миттилар тумтарақай қочиб қолишганди. Дўкон орқасидаги қурилиши битмаган бино олдига келгач, Н. миттини даст кўтариб, тахлаб қўйилган тунука устига ўтирғизди.
— Кимсизлар? Ким сизларни жўнатди?
Н. бўйинбоғни қўлига қаттиқроқ ўраб тортди ва миттини тунука устига босиб олди.
— Бизга сизни кузатиб юриш буюрилган, — деди митти хириллаб, у ҳозир ўзини калтаклайди, деб ўйлади чоғи, Н.га илтижоли, қўрқув тўла кўзларини тикди. У худди ёш болага ўхшар, овози ҳам чийилдоқ эди. Гапирар экан, кўзларидан ёш қалқиб чиқди. Н. уни йиғлаб юборса керак деб ўйлаб, бўйинбоқни бир оз бўшатди.
— Ким буюрган?! – сўради у ўзини қаттиқ ғазабланганга солиб, қовоқларини уйиб.
— Буни биз билмаймиз! — деди митти одам, — биз шогирдлармиз. Биз топшириқни ёзма равишда оламиз. Унда ким буюрганлиги ёзилмаган.
-Аҳ-ҳа, — деди Н. шаполоқ тортишга чоғланган қўлларини баланд кўтариб. — Ким буюрганини билмайсизлар, лекин бир одамни хуфиёна таъқиб юрасизлар. Бу қанақаси бўлди?
— У рост гапиряпти, — деди орқадан яна бир чийилдоқ товуш. Н. орқасига ўгирилиб қаради ва уч қадамча нарида қатор тизилиб турган миттиларни кўрди. Улар айб иш устида қўлга тушган мактаб ўқувчиларини эслатар, ҳаммаси бир хил кийинган, камзулларининг тугмаларигача ягона андозада эди.
— Мана, кўпайиб қолишди, — деди Н. қўлидаги миттини тунукага силтаб — силтаб урaркан – хўш, нимани тўғри гапиряпти?
— Биз шогирдлармиз, — деди бараварига миттилар.
— Шогирд? — қайта сўради Н. — Сизлардан қандай шогирд чиқиши мумкин?! Кўринишларинг иштонини ҳўл қилган мишиқиларга ўхшайди.
— Кичкина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни, — деди миттилардан биттаси чийиллаб, худди шеър ўқиб бераётган боладай виқор билан.
— Ҳақорат қилманг. — деди яна биттаси.
— Э- ҳў, булар ҳали ҳақ ҳам талаб қила олишадими? Олдин иштонларингни кўтариб олинглар.
Миттилар иштонларини шошиб кўтариб олишди. Н. уларнинг иштонлари худди болаларникидек елкаларига кийдирилган тасма билан боғлаб қўйилганини кўрди. Миттиларнинг кийимлари кенг бўлиб, улар эгниларида қопдай осилиб турарди.
— Хўш, кимнинг шогирдларисиз? – сўради Н. уларнинг иштонлари яна тушиб кетганини кўриб, ўзини кулгидан зўрға тияр экан.
— Терговчининг! — деди бараварига миттилар.
— Тaрговчининг? – сўради Н. ва бирдан хохолаб кулиб юборди.
— Шундай ҳурматли зот келиб-келиб сизларни шогирд қиладими? — деди Н. қўлидаги миттининг иштонини тушириб, кетига шапатиларкан, бирдан кўзи икки тос ўртасида бўртиб чиққан, тошбақaникидан сал кичикроқ думга кўзи тушди.
— Ҳали думимиз ҳам бор денглар, — деди у ғазаби тошиб. — Миттиликларинг етмагандай, ҳали дум ҳам борми сенларда?
— Бор, — чийиллади нарида турган миттилар. — Думимиз бўлгани учун ҳам бизга кузатиш ишлари топширилган.
— Унда мен думларингни супуриб оламан, бошқа менга дум бўлмайсизлар.
Н. шундай деб миттининг думини қайира бошлади. Думи буралган митти бақириб юборди ва: “Қутқаринглар, ҳозир ўлдириб қўяди!”- деб ёлвора бошлади.
— Биз шогирдликка мосмиз, — деди боя “Кичкина деманг бизни…” деган митти. — Биз пойлоқчилик қилишга жуда қулаймиз. Ҳеч ким биздан шубҳаланмайди, ундан ташқари терговчи бўйи узунларни ёқтирмайди. Унинг ҳамма шогирдлари митти одамлар.
— Роса диди зўр экан, — деди масхаромуз оҳангда Н. — Унда мени пойлаб юришни терговчи буюрганми?
— Йўқ, — деди бояги митти, — буни биз билмаймиз. Бизга ёзма буйруқ берилади. Кимни пойлаб юришни аниқ биламиз, аммо ким буюрганини билмаймиз. Бу бизга айтилмайди. Бу касб сири!
— Фу, — деди Н. истеҳзо билан. — Касб сири эмиш! Ҳозир ҳаммангизнинг иштонларингни ечиб, хивчин билан савалайман, касб сирини ўшанда кўрaсизлар!
Миттилар қўрқиб кетишди ва секин орқага тисарила бошлашди. Уларнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетган, иштонларини икки қўллаб маҳкам ушлаб олишганди.
— Бизга шафқат қилинг! — деб ялинишга тушишди улар. — Бу ерда бизнинг ҳеч қандай айбимиз йўқ. Биз ўз бурчимизни бажаряпмиз. Агар кузатма, десангиз, бошқа пойлоқчилик қилмаймиз. Аммо бизни калтакламанг.
Уларнинг ёлвориши Н.нинг кўнглини юмшатди. “Буларни жазолашдан фойда йўқ, — деб ўйлади ичида Н. — Агар шогирдларини калтакласам терговчининг жаҳли чиқиши ва ишни янада чалкаштириб юбориши мумкин.”
— Бу марта сизларни калтакламайман, — деди Н. — агар яна изимдан пойлаб юрганларингни кўрсам аямайман.Терговчига ҳурматим туфайли кечираман. Аммо устларингдан барибир арз қиламан.
— Унда калтаклай қолинг, — бирдан чувиллашди миттилар. Ҳатто яқинроқ тургани иштонини еча бошлади. — Терговчи шогирдлари устидан арз қилишларини ёқтирмайди. У бизни қаттиқ жазолаши мумкин.
Н. уларнинг тез таслим бўлганини, устига-устак жазога ҳам рози бўлиб, товба қилиб турганини кўриб, қайишини яна белига боғлади: у ҳозир ўзини болалар билан тарбия соати ўтказаётган отадай ҳис қила бошлади.
— Иштонларингни кийиб олинглар, — деди у миттиларга.
Миттилар шошиб-пишиб иштонларини кия бошлашди, аммо улар ўзларини калтаклашмаганидан норози эди; мабодо калтаклашмаган экан,унда арз қилишлари табиий.
— Агар терговчининг шогирди бўлсаларингиз, демак терговчи билан шахсан таниш экансизлар-да, -сўради Н. миттиларнинг ювошлиги унга жудаям ёқиб қолган, бояги ғазаби ўрнини қизиқиш эгаллаганди, аммо у сир бой бермаслик учунгина хўмрайиб турарди.
Миттилар бирваракайига нимадир деб тушунтира бошлашди: улар бирдан гапирганидан нима деяётганини билиб бўлмас, биттасининг овози бошқасиникига қўшилиб, мутлоқо тушунарсиз тус олган, улар нотаниш тилдаги қўшиқни жуда беўхшов айтаётган хорга ўхшарди.
— Бас қилинглар! — бақирди Н. уларнинг овозидан қулоғи қоматга келиб. — Жуда бебош шогирд экансизлар! Қани, битта-битта, худди мактаб ўқувчисига ўхшаб гапиринглар.
Миттилар мактаб ўқувчилари каби қатор тизилиб олишди ва энг олдинда тургани қўл кўтарди ва бир қадам олдинга чиқди.
— Йўқ, — деди Н. – Сен эмас, анови гапирсин. – у шундай деб учинчи миттини кўрсатди.
— Биз терговчининг шогирдларимиз, аммо терговчини ҳеч қачон кўрмаганмиз, — деди учинчи митти.
— Унда шогирд эмас, терговчининг номидан фойдаланувчи товламачи экансизлар-да! – дўқ урди Н. қайишини қайтадан қўлига ушларкан.
— Биз товламачи эмасмиз! — бақиришди миттилар.
— Унда кимнинг шогирдисизлар?
— Терговчининг, -деди яна учинчи митти. – фақат терговчи буни билмайди: умуман, у нечта шогирди борлигини ҳам яхши билмайди. Унинг саноқсиз шогирдлари бор, уларнинг ҳеч бирини танимайди. Биз ўзимизни у кишига шогирд ҳисоблаганимиз учун бизга турли топшириқлар берилади. “Топшириқни аъло бажарган шотир”, деган нишон билан тақдирланади.
— Сизларда нишон ҳам борми ҳали? – сўради Н. уларнинг жиғига тегиш учун атайлаб. — Сизларда нишон нима қилсин? Нишон эмас, сизларга иштонларингизни осиб юришингиз учун тўға бериш керак. Ким ҳам сизларга нишон берарди?
— Бор,бор, берилган, — дейишди миттилар Н.нинг ўзларини назар-писанд қилмаганидан хафа бўлишгандек. Кейин камзулларининг ички томонини очиб кўрсатишди. У ерда шундоқ кўкрак устида икки бурчаги қиррадор, қолган икки бурчаги ўтмас, бир тепакал, барваста, юзи ноаниқ тасвирланган жилмайиб турган одам ва ёшгина йигит акси берилган хийла катта нишон осилиб турарди. Кексароқ одам ёш йигитнинг елкасига қўлини қўйиб турарди. Н. мулзам бўлди. У бу миттилар ҳеч нарсага ярамайдиган, шунчаки топшириқ беринглар деб безор қилишгач, қайсидир ўз ишига масъулиятсиз, қоғозбоз амалдорчалардан бири ўзини кузатиб юришни номига топширган деб ўйлаганди. Ҳозир эса нишонни кўргач, миттилар анча жиддий одамлар эканлигини сезди.
— Мен ишонмайман сизларга нишон беришганига. Сизлар ўғирлаб олгансизлар.
Миттилар яна шовқин қила бошлашди; улар ўзларини менсишмагани, устига-устак ўғри” дея ҳақорат қилишгани учун жуда хафа бўлишган, нишон ўзларига берилганини исботлаш учун чўнтакларидан қандайдир қоғозлар чиқаришиб, Н.нинг тумшуғи тагига тутганча бақириб чақиришарди.
-Қани ўқи-чи, — деди биринчи миттига. — Қандай ёлғонларни ёзиб олиб, кўтариб юрибсизлар?!
-Бу ерда ёлғон йўқ, — деди митти. — Содда ва қисқа қилиб ёзилган. Қонун олдидаги фидокорона хизматлари учун”, муҳр, имзо. Шахсан терговчининг ўзи имзо чеккан.
Н. қоғозни қўлига олиб кўз югуртирди: ҳаммаси тўғри эди; қоғозда нишон берилганлиги тўғрисида муҳр ва имзо турарди.
— Сизлар фидокор экансизлар-да, — деди Н. қоғозни қайтиб бераркан.
-Кечани кеча, куздузни кундуз демай, совуқ ва очликка қарамай ишлаяпмиз, — дейишди бирваракайига миттилар. – Биз энг намунали шогирдлармиз.
— Бировнинг изидан пойлаб юришнинг ҳам намуналиси бўларканми? — заҳарханда қилди Н.
— Бўлади, бўлади, — чувиллашди миттилар. – Мана биз намунали хизмат қилаётганларданмиз!
Миттилар бирдан ёш болалардай мақтана бошлашди.
-Қани жўнанглар! — бақирди Н. қўлига қайишини олиб. – Мен ҳозир фақат терговчининг шогирди бўлганларинг учунгина жазоламайман. Бироқ яна бир марта қўлга тушсаларинг аямайман: мен ҳам сизларга намунали хизмат кўрсатаман. Қани энди оёқларингни қўлга олиб бир югуринглар!
Миттилар шошиб қолишди: бир-иккитаси ҳатто оёқларини қўлига ушлаганларича югурмоқчи бўлишди-ю, аммо бир қадам ҳам юрмай умбалоқ ошиб тушишди.
— Оёқни қўлга олиб югуриб бўлмайди-ку, — норози бўлиб бақиришди улар уст-бошини қоқишаркан.
— Унда қўлларингни оёқларингга олинглар, — деди Н. – Агар бир неча сонияда жўнаб қолмасаларинг тутиб думларингни кесишга мажбур бўламан.
Н.нинг яна қўлига қайиш олганини кўриб, миттилар қўлларини тиззаларига қўйганча қочиб жўнашди. Йўлнинг нариги бетига ўтиб олиб, энди Н.нинг ўзларини қувиб етолмаслигига кўзлари етгач, унга қарата муштларини дўлайтириб қўйишди.

***

Қ. биноси шаҳарнинг бир четидаги ташландиқ хиёбонга туташ торкўчада жойлашганди. Н. бинога кириш учун аввал айланма зинадан тепага кўтарилди. Зинадан енгил чиқиб олди-ю, бироқ доира шаклидаги пиллапоялардан кўтарилгани учун боши айланиб қолди: ниҳоят зина катта темир эшикка бориб туташди. Н. эшикдан кириши билан торгина даҳлиз бошланди. Даҳлизнинг учта эшиги бўлиб, ҳаммаси очиқ турар, бироқ на даҳлизда, на эшикда, на очиқ турган йўлакларда ҳеч зоғ кўринмасди. Н. таваккал қилиб ўрта эшикдан ичкари кирди. Чақирув қоғозида 113-хона қайси тамондалиги кўрсатилмаганди. Устига-устак изидаги эшик ёпилиши билан зулмат ичида қолди. Н. йўлакдан тўғри кета бошлади ва бошқа бир охири кўринмайдиган даҳлиздан чиқиб қолди; бу даҳлизда ҳам чироқ йўқ, умуман, бинода чироқ кўринмас, ҳаммаёқ зим-зиё, тор, турли томонга зиналар қуриб ташланганди. Н. даҳлизда икки марта зиналардан ўмбалоқ ошиб тушиб, бурнини пачоқ қилишига оз қолди. Шундан кейин қўлларини олдинга чўзиб, эҳтиёткорлик билан қадам ташлай бошлади: у зиналардан юқори кўтарилар, сўнг яна пастга тушарди. Бинонинг пастиданми, юқорисиданми, турли овозлар келар, ғала-ғовур эшитилар, Н. товушларни мўлжаллаб қадамини илдамроқ босишга ҳаракат киларди. Бироқ бу даҳлиз тугаши билан бошқа,олдингисига қараганда ҳам торроқ бошқа даҳлиз бошланар, даҳлизлар охири йўқ йўл каби бир-бирига туташиб кетганди. Бу ерда нафақат хоналар, балки эшикнинг ўзи ҳам йўқ эди. Фақат даҳлиз охирида нимадир қоқиб ташланган деразадан хирагина нур тушиб турар, шу нур даҳлизни сал-пал ёртиб турарди. Н. даҳлиз бўйлаб узоқ юрди ва бир маҳал ўзига қараб келаётган шарпани кўриб, хурсанд бўлиб кетди, у даҳлизда ҳеч кимни учратмайман деб кўрққан эди. У шарпа яқинлашгач, 113 хонани сўради. Шарпанинг эркак-аёллигини фарқлаб бўлмас, фақат унинг гавдасигина кўзга ташланарди. Шарпа- унинг овозидан ҳам қайси жинсга тааллуқлигини билиб бўлмади- унга даҳлиз охиридан ўнгга, сўнг чапга бурилишини, у ердан зинадан пастга тушиб, узун даҳлизнинг охирига боришини айтди. Унинг товуши худди лаҳаддан чиқаётгандек чийиллаб чиқди. Оёқ товушлари деярли эшитилмаганига қараганда у оёқларида мадори ҳам қолмаган кекса киши эди. Н. миннатдорчилик билдириб, даҳлиз охирига қараб юрди, у ердан ўнгга, сўнг чапга бурилди ва торгина зинадан пастга туша бошлади. Зина даҳлизнинг энг қоронғи жойи бўлиб, бу ерда ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Ўн-ўн беш зинадан сўнг чол айтган даҳлиз бошланиши керак эди, аммо назарида зинада нақ йигирма дақиқалар чамаси юрса ҳам зинанинг охири кўринмади. Н. гўё ер ости дунёсига тушиб кетаётгандай эди. У узоқ юргач, зинда ўтириб қолган чанг, яна қандайдир бетон, захдан боши айланиб, зинага ўтириб олди. Бояги ғала-ғовур товушлар тинган, бирдан ҳаммаёққа ўлик сукунат чўкканди. Зина охирида зулмат ичида бир тола сочдек шуъла кўзга ташланар, бу шуъла худди қудуқ тубидан чиқаётгандек пастликдан келарди. У ирғиб туриб, ўша шуъла томон шошиб туша бошлади. Ёруғлик бор жойда тоза ҳаво ҳам бўлиши мумкин эди. Зиналар орқада қолган сайин шуъла каттариб, чироқ тушиб турган пастаккина даҳлиз кўринди. Даҳлизнинг икки ёнида ҳам хона бўлиб, бироқ биронтасида рақамни кўриб бўлмасди. У бир бошидан эшикларни тақиллатиб очиб кўриб, “Ким бор?”-деб бор овозда сўрай бошлади; хоналардан унинг саволига на сас, на садо келди, ҳатто стол-стул ҳам кўринмасди. Н. нечта хонани очмасин, ҳаммаси бўш, кимсасиз, ташландиқ ҳолатда эди. У энди бу даҳлизда одам бўлиши мумкинлигидан умид узиб қўйганди- эшикларни шунчаки очиб кўрар, хонага кўз ташламай қайтиб ёпар, ичкарида кимдир бўлишидан умидини узганди. У хоналарни кўнглидаги ҳали сўнмаган умидининг ҳоврини босиш, буткул сўндириш учун энди шунчаки очиб-ёпарди. Навбатдаги хонани ҳам очиб, бирдан ёпди, лекин шу дафъа унинг қулоғига “Келинг” деган товуш эшитилди-ю у эшикни қайта очди. Н. чўчиб тушди. Хонада қандайдир кўланка ўтирарди. Бу ер ҳам нимқоронғи бўлиб, кўланканинг юзи кўринмасди: буни хона ҳам деб бўлмасди: лаш-луш ташланадиган қазноққа ўхшарди. «Келинг», деган товуш келди яна ичкаридан.. Шундагина Н. енгил нафас олди. У энди бу бинода биронта одамни топишдан буткул умидини узганди.
Н ичкаридаги одамга 113 хонадаги ходимни излаётганини айтди. Ичкаридаги одам «Рафасними?» деб қайтариб сўради. «Ҳа. Рафас, менга унинг номидан чақириқ қоғози бор». Ичкаридаги одам бир нафас жим бўлиб қолди, боши кўтарилиб турганига қараганда у Н.га синчиклаб тикилаётган эди. «Рафас ўлганига беш йилча бўляпти» деди салдан кейин мутлақо бамайлихотир овозда. Н. ходимга чақириқ қоғози яқинда борганини, унда “113 хонага, Рафасга учрашинг” деб ёзиб қўйилганини айтди. «113 хона ёнимдаги хона, — деди ходим, — унда Рафасдан сўнг ҳеч ким ўтирмади.” «Унда мени овора қилиш учун чақиришибди-да», деди Н. жаҳли чиқиб зиналар ва даҳлизда адашиб юрганининг аламини бира тўла олиш учун. «Бу масхарабозлик-ку!» «Бунақа воқеалар бўлиб туради,-деди ичкаридаги ходим, — Рафас тириклигида ёзиб қўйган чақириқ қоғозларини топиб олишиб, энди жўнатишган чоғи. Унинг номидан чақириқ қоғози олганлар ҳали ҳам келиб туради». Н. чўнтагидаги чақириқ қоғозини олиб, кўз олдига келтирди. Бироқ ҳеч нарса ўқий олмади. «Сиз мени нега чақиришганини билмайсизми?» сўради у энди бир оз юмошоқроқ оҳангда. «Йўқ, — деди ходим, — буни фақат Рафас билади».
Н. агар юзига қараган тақдирда ҳам бу одамнинг юзини бунда хира ёруғда аниқ кўриб бўлмайди деб ўйлади. Ходим олдидаги қандайдир қалин жилдни очиб нималарнидир ўқиб ўтирарди. Н. унинг бундай зулматда қандай қилиб ўқиётганига ҳайрон қолди. «Сиз ўқияпсизми?» сўради у одамдан. «Ҳа», — тўрс ва хириллаб жавоб берди ходим. «Менинг ҳеч нарсага кўзим ўтмаяпти, ҳатто сизнинг юзингизни ҳам тузукроқ кўролмаяпман», — деди Н. «Юзимни кўришингизга ҳожат йўқ, лекин ҳужжатларни синчиклаб ўқиш керак. Бирон хато ёки англашилмовчилик ўтиб кетса, гап тегади». «Рафас ҳам сизга ўхшаб ҳужжат билан шуғулланармиди?» сўради Н. «Йўқ, — деди ходим жилддан бошини кўтармай. — У чақириқдар билан шуғулланарди». «Сизларнинг идораларингиз ўзи нима билан шуғулланади?»- Н. ўзининг бу ерга чақирилиш сабабини билиш учун сўради. «Билмайман, — деди ходим. — Менга ҳужжатни келтириб беришади, мен эсам ўқиб, тартибга солиб бераман. Бошқаси билан ҳеч қачон қизиқмаганман. Бу шарт ҳам эмас. Умуман, бу ишхонада одамлар бир-бирларининг ишларига бош суқаверишмайди». Ходим жилд устига мук тушиб ўтирар, нималарнидир чизар, айни пайтда Н.нинг гапларига ҳам жавоб қайтарарди. Ходим очиқ одам эди: унинг овозида расмиятчилик йўқ, самимий гапираётганга ўхшарди. Н. у билан яна бироз гаплашмоқчи эди, бироқ банд одамнинг бекорга вақтини олаётганидан ҳижолат бўлди ва изига қайтди. Шу пайт ходимнинг ўзи уни чақириб қолди. «Ҳозир ташқарида қиш бўлса керак?» деди у жилддан бош кўтармай яна нимадир ёзар экан. Н.га унинг гапи ғалати туюлди. «Йўқ, — деди у,- ҳозир баҳор». Шундай деб яна изига буриларкан сўради: «Мен келган йўлимдан кетаманми?» Ходим навбатдаги саҳифани очаётганди, чоғи, варақнинг шитирлаши эшитилди. «Қайси йўлдан келдингиз?» деб сўради. Н. келган даҳлизни тушунтириб берди. «Билмадим, — деди ходим. — Мен анча йиллардан бери тепага кўтарилганим йўқ. Афтидан, бинони янгидан қуришганга ўхшайди». «Демак бошқа йўл билан ҳам кўчага чиқса бўларкан-да?» — сўради Н. «Йўқ, — деди ходим. — Йўл битта». Н. ходимнинг гапини яхши эшитмади «Сиз хонадан чиқмай шу ерда ётиб, туриб ишлайман демоқчимисиз?» — сўради Н. «Ҳа, — деди ходим. — Иш кўплигидан вақтимиз тежамли. Вақт етмагач, ишхонанинг ўзида тунаб қоладиган бўлдик. Бу ҳам вақтни тежайди, ҳам меҳнатни унумли қилади». » Бу даҳлизда сиздан бошқа ходимлар ҳам борми?» сўради Н. ходим кўрсин учун қўлини хоналарга ишора қилиб. «Йўқ, — деди ходим. — Рафас бор эди. У ўлгач, ёлғиз ўзим қолдим». «Рафас ўз ажали билан ўлдими?» сўради Н. «Ҳа, — деди ходим. — Биномиз ёнидан қабристон қурилгач, уч кундан сўнг ўлиб қолди. Янги қабристонга биринчи бўлиб Рафасни кўмишди. Мен у билан шу ердаёқ видолашиб қўя қолдим. Ишим кўп эди, кўмиш маросимига қатнашолмадим. Аммо уни шундоқ хонасининг рўпарасига кўмишди. У жуда камтар йигит эди — ишда ҳам, оилада ҳам омади юришмади. Раҳбарлар унга танбеҳ бергани берган эди. Бир неча марта қўпол хатоларга йўл қўйса ҳам негадир ҳайдаб юборишмади. Бошқа одам бўлганда ҳайдаб юборишарди. Унга раҳм қилишди. Рафас буни билар ва ишхонамизни жуда қадрларди. Ўлими олдидан кўмиш маросими ўтказмасликни васият қилди. У ўзига шунча яхшиликлар қилган ишхонани ортиқча харажатга қўйгиси келмади. Шу сабабли ҳамма хонасида видолашди. Сўнг деразадан чиқаришиб, ўша ернинг ўзигаёқ кўмиб қўя қолишди». Ходим жилддан бош кўтариб, биринчи марта хонанинг қайсидир бурчагига — бўшлиққа қараб гапирарди — уни ҳозир хотиралар оғушига олганд. Н. унинг юзини кўрмаётган бўлса-да, ниҳоятда ҳам чекаяпди деб ўйлади. Бироқ ходим мутлақо жиддий оҳангда гапини давом эттирди: «Раҳбарлар Рафаснинг камсуқумгина ўлимини роса мақташди. “У ташкилотга юк бўлмаслик учун шундай ўлимни танлади. Ҳақиқий инсон шундай бўлиши керак”, дейишди. Мен Рафасдан сўнг ёлғизланиб колдим». Н. ходимнинг елкалари силкиниб кетаётганини кўриб, йиғлаётганини сезди.
«Қўйинг, — деди у, — ҳаммаси ўтиб кетади. Мана менинг бошимдан сизникидан ҳам ачинарлироқ воқеа ўтган». «Биламан, — деди ходим кўзларини артаркан. — Менга айтишувди». «Қандай? — ажабланди Н. -Мени ҳатто таниганингиз ҳам йўқ-ку?». «Сизнинг келаётганингизни менга боя хабар беришганди. Рафас йўқ бўлгани учун сиз билан гаплашиш менга топширилди», — шундай дея ходим олдидаги жилдни ёпди. «Унда ишим сиз билан битаркан-да?» хурсанд бўлиб кетди Н. — Мени нега чақиришганини ҳам биларсиз?». «Бундан хабарим йўқ, — деди ходим. -Сизни нега чақиришганини ишхонада биронта одам билмайди. Буни фақат Рафас биларди, бироқ у ўлган. Менга фақат сиз билан гаплашиш буюрилган. Нега бу ерга келганингизни аниқлашим керак». «Аниқлаш? — жаҳли чиқди Н.нинг. — Менга чақирув қоғози берилган, унда шу бугун соат шунчада шу ерга келишим шартлиги ёзилган». «Кўпинча, — деди ходим, — бизнинг ишхонага муносабатни билиш учун ҳам чақиришади. Баъзи одамлар ишхонамиз ҳақида жуда ёмон фикрда». «Ишхонангиз ҳақида бирон тасаввурга эга эмасман, — деди фиғони чиқиб Н. — қандай қилиб уни ёмон кўришим мумкин?» Ходим бирдан хурсанд бўлиб кетди. «Ишхонамиз ҳақида биз ҳам аниқ тасаввурга эга эмасмиз. Илгари жуда катта ташкилот эди. Кейинчалик кўплар кетиб қолди. Аммо раҳбарлар ишхонамиз салобатини сақлаб қолиш учун бинони илгарги ҳолатда ушлаб туришибди. Йўқса, одамлар ўртасида миш-миш кўпайиши мумкин». Н. ходим ўзига яқинлашганида унинг пакана, озғин ва кекса одам эканлигини кўрди. Хира ёруғда унинг юзи ҳали ҳам кўринмас, бироқ у анча хушмуомала бўлиб қолганди. «Сиз, — деди у столни айланиб ўтиб Н.га яқинлашар экан, -бизнинг ишхонага муносабатингизни ёзиб беришингиз керак. Тўғри, Рафас сизни бошқа масалада ҳам чақирган бўлиши мумкин, бироқ у йўқ. Шундай экан, фақат муносабат масаласида чақирган деб қўя коламиз». Ходим жавондан бир тутам қоғоз олиб, Н.га узатди. «Сиз Рафаснинг хонасига ўтиб бемалол ёзишингиз мумкин. У ерда стол ва махфил бор. Рафас шу ерда ётиб туриб иш қилаверарди, шу сабабли махфилни хонасига киритиб олганди».
Н. қоғозни олиб, қайтиб даҳлизга чиқди ва ўнг томондаги эшикни очиб, тусмоллаб ўртага юрди ва нимагадир қоқилиб, унга бурни билан урилаёзди. Қўли билан пайпаслаб унинг махфил эканлигини билгач, унга ўзини ташлади. У ҳавоси оғир даҳлизда юравериб, ҳолдан тойган, ҳозир ҳеч нарсага қўли бормас, бирпас бўлса ҳам мизғиб олгиси келарди. Рафаснинг хонаси ходимнинг хонасидан ҳам қоронғироқ эди, бироқ Н. чарчагани ва ухлаб олиш истаги зўр келаётгани учун бунга эътибор бергиси келмади. У диванга бош қўйиши билан уйқуга кетди. Тушида Т.ни, раҳбарни, шоирни кўрди. Негадир улар бир одам қиёфасида эди: Т. гоҳ раҳбар, гоҳ шоир қиёфасига кирар, Н.ни ичкарига киритмасди. Н. эса Т. турган хонада нима борлигини билгиси келарди. “Улар ўзи мендан нимани яширишмоқчи, нега мени ичкарига киритишмаяпти?” деган ўжар бир истак уни Т.нинг атрофида гирдикапалак қилиб, ушлаб турарди. Ичкарида қандайдир тобут ётганга ўхшарди. Т. Н. қаерга борса, ўша ерга бориб, бутун танаси билан йўлини тўсиб олар, тобутда ким ётганини кўрсатгиси келмасди. Н. яна аллақандай алоқ-чалоқ тушлар кўрди. Бу тушларнинг бир-бирига алоқаси йўқ, алмойи-алжойи эди. У уйғонганда дафъатан қаерда ётганинини билолмади. Кўзлари қоронғиликка ўрганган, хонада ҳеч ким йўқ эди. Қулоқлари сукунатдан шанғиллаб турарди. У бирдан ўзини лаҳад ичида ётгандай ҳис этди. Салдан сўнг у қаерда ётганини эслаб, ирғиб турди-да, эшикка қараб йўл олди. Эшик олдида нимагадир қоқилиб кетди ва тарақлаган овоз бутун бинони ларзага келтиргандай бўлди. У даҳлизга чиқиб, ходимнинг эшигини тақиллатди. Жавоб бўлмагач, дастакни ушлаб тортди- эшик қулф эди. Н. бир зум нима қилишин билмай туриб қолди. У ҳозир кечасими, кундузими, билолмас, ҳаммаёққа зулмат чўккан, бинодан қилт этган овоз эшитилмасди. У шаҳд билан келган зинани чамалаб, ўша ёққа югурди. У пиллапояларни айланиб, анча кўтарилгач, ўпкаси тиқилиб, нафас олиши оғирлашиб қолди. У нима қилиб бўлса ҳам бу зулмат қоплаган бинодан тезроқ чиқиб кетишни истарди. Унинг назарида ҳаммаси рўёдай, лаҳадга ўхшаш беадад ер ости дунёсини кезиб юргандай ваҳима ўралади кўнглида. Бирдан зина тугаб, зулмат ёйилиб ётган даҳлиз бошланди. Даҳлизга бўялган деразалардан кулранг шафақ тушиб турар, фақат бу ой ёруғими ёки қуёш нурими, билиб бўлмасди. Н. ҳудудсиз зулмат босган бўшлиқдан чиқиб қолгандай сезди ўзини. Шундоқ тепасида баҳайбат ҳайкаллар турарди- Н. уларни кўзи зулматга ўргангач, пайқади. Ҳайкаллар баҳайбат бўлиши билан бирга, қўлларини турли томонга чўзиб туришарди. Н. булар адашганларга йўл кўрсатиш учун қўйилгандир деб ўйлади ва бир ҳайкал кўрсатиб турган чап ёндаги даҳлиз бўйлаб юра бошлади. Бу даҳлиз қоғоз уюмига тўла, Н. ҳар дам оёғи остидан чиқиб қолган уюмга қоқилиб, йиқилиб тушарди. Анчадан сўнг у бошқа бир томондан чиқиб қолди: у боя ўзига йўл кўрсатиб юборган ҳайкалнинг баҳайбат панжалари остида турарди. Шундагина у ҳайкаллар шунчаки ортиқчалиги туфайли бу ерга келтириб қўйилган, деган фикрга келди. Ҳайкаллар унга мадад беролмас, аксинча, уларнинг тош, баҳайбат қоматлари зулматга яна ҳам кўпроқ ваҳима бағишларди. Энди у ўзининг доира ичидаги даҳлизга — зулмат қоплаган бўшлиққа чиқиб қолганини тушунди — шунда ҳаёт нақадар аянчли деган фикр келди хаёлига. Бу фикр унинг бутун танасига ҳорғинлик олиб кирди. Бўшлиқ ва зулматда ёлғиз ўзи қолганини ўйлаб, бирдан вуждини қўрқув қамраб олди. У олдинга қанчалик кўз тикмасин ҳеч нарсани кўрмас, пастда эса уни ҳолдан тойдирган саноқсиз зиналар ётар, қайдандир, қаршисидаги бўшлиқдан бўлса керак, сезилар-сезилмас шовуллашга ўхшаш товуш оқиб келарди. У Бўшлиққа қараб анча юрди, юрган сайин Бўшлиқ унинг мадорини сўриб олар, тобора ҳолсизланар, оёқлари ўзига бўйсунмай чалкашиб кетарди. У бутун кучини йиғиб, яна олдинга юра бошлади. Бир соатлар юргач, оёғини кўтариб босиш маҳол бўлиб қолди. У яна бир-икки қадам олдинга интилди-ю, гурсиллаб ерга қулади. Шу ётишда танасини ердан кўтармай узоқ ётди, сўнг қўлларига суяниб, гавдасини сал кўтарди-да, вужудини қамраб олаётган қўрқув ва ҳолсизлик қаршисида лол бўлиб қолмаслик учун олдинга — қаршисидаги бўшлиққа қараб «Ким бор?!» -деб бақирди. Бўшлиқда унинг товуши жаранглаб чиқди ва узоқларга олиб кетди. Бир муддатдан сўнг яна ўз товушини ўзига қайтариб олиб келди. Энди бутун бўшлиқда «Ким бор?!»- деган савол акс садо берар, зулмат садони гоҳо олисларга олиб қочиб кетар, гоҳо яна ўзига қайтарарди. Н. акс садо остида то мадорга келгунча шу ҳолатда тиззаларига суяниб ўтирди. Охири акс садо тингач, ёнидаги деворни пайпаслаб топиб, ўрнидан турди ва девор бўйлаб, қоқилиб-сурилиб кета бошлади.
Оёқ остида пол ғичирлаб асабга тегар, юзига ғужиллаб қандайдир ҳашоратлар уриларди. У девор бўйлаб ўнгга, сўнг чапга бурилди. Бу даҳлиз ҳам узун бўлиб, йўлак фақат чапга буриларди. Юзига урилаётган ҳашаротлар бурнига кириб кетар, Н. тинмай бурун қоқарди. У даҳлизда айланиб-айланиб, яна зина ёнидан чиқиб қолди. Шундагина у даҳлизлар бир-бирига туташ эканини сезди. Агар чап томондаги даҳлиздан кетса ўнг томондаги даҳлиздан яна шу ерга қайтиб келарди. Шунинг учун аввал чапга сўнг ўнгга бурилди ва торгина даҳлиздан тез-тез кета бошлади. У даҳлиз охирига борганда ўнгга ё чапга бурилиш кераклигини қўли билан деворни пайпаслаб билар, шундоқ даҳлизга уюб ташланган қоғоз уюмларига қоқилиб кетар, қоғоз уюмлари эса деярли ҳар қадамда учрар, очиқ даҳлизга чиққач, катта-катта қадам ташлаб юриб кетарди. У даҳлизларда узоқ айланиб юрди. Биронта даҳлиз ҳам уни кирган эшигига олиб бормади. Даҳлизларни айланиб-айланиб, у яна зина турган жойга қайтиб келар ва асабий тарзда тўғри келган даҳлиз бўйлаб юриб кетарди. Бу даҳлизлар қандайдир ер ости йўлакларига ўхшарди: эҳтимол, бу бино эмас, эртакларда боплаб ёзилган ер ости дунёсидир?
Ахири у юриб-юриб ҳолдан тойди ва чиқиш эшигини бу даҳлизлардан излаш бефойда эканлигини англади. У пойгадан чиққан отдай ҳансирар, баданидан тер сувдай оқарди.
Н. энди бу зинадан чиқиб кетишдан буткул умидини узди. У номига даҳлизларни айланиб юрар, афтидан, бинонинг даҳлизлари шунчалик кўп эдики, у биттасини айланиб чиқса, яна бошқаси чиқиб қолар, Н. эшик шу даҳлизда эмасмикин деган илинжда бу даҳлизни ҳам айланиб чиқарди. У ўн ёки ўн биринчи даҳлизга бурилганда узоқдан ерга тўшалиб ётган оқ нарса кўринди. У яқинлашган сайин оқ нарса кенгайиб, тўртбурчак тусини олди. У бу эшик тирқишидан тушиб турган шуъла эканини кўриб қувониб кетди. Эшик нимадан ясалганини билиб бўлмасди. Н. жонҳолатда уни муштлар экан, у данғиллаб, бутун даҳлизга садо берди. Ичкаридан «Ким?»- деган норози ва бўғиқ овоз эшитилди. «Мен адашиб қолдим, -деди Н. — ташқарига қандай чиқиб кетишни билмаяпман». «Мен ҳам билмайман, — деди ичкаридан тўрс ва қўпол овоз, — сизга ёрдам беролмайман». Бирдан сукунат чўкди. Ичкаридаги одам Н.ни унутиб қўйди, чоғи, “қилт” этган товуш эшитилмади. Н. эшикни яна муштлай бошлади. «Нима керак сизга?» ичкаридаги овоз энди жаҳл билан сўради. «Сизга бир оғиз гапим бор эди. Ичкарига кирсам бўладими?» деди. Н. «Ўша ерда туриб гапираверинг. Бу ер Қ. биноси. Ичкари киришга рухсат этилмайди. Мен, шикоятчиларни ўша ерда қабул қиламан», — деди ичкаридаги одам. «Мен жудаям ҳолдан тойганман, — деди Н. — Бу ерда гапиролмай йиқилиб қоламан деб қўрқаман». «Ҳечқиси йўк, — деди ичкаридаги овоз. -Агар йиқилиб тушсангиз ётиб гапираверинг». Н.нинг жаҳли чиқди. «Бу қандай гап? — деди у товушига расмий тус бериб. — Шикоятчиларнннг гапини эшик орқасида туриб эшитиш, сизга айтсам, тўрачиликдир. Тўрачилик эса қонунда тақиқланган. Мен арз қилишим мумкин». Ичкаридаги одам жимиб қолди, сўнг эшикнинг қулфлари шарақлаб кетди ва эшик бутун йўлакни бошига кўтариб, данғиллаб очилди. «Сиз қонунни биласизми?” — деди эшик очилиши билан хира шам ёруғида турган гавда. У япалоқ, қориндор, ўрта яшар киши бўлиб, олдинга сал эгилиб олган, юзидан ўзини яхши сақлагани кўриниб турарди. У калта ва семиз қўлларини орқасига қилиб, Н. га синовчан тикилиб турарди. Н. пайтдан фойдаланиб, унинг қўлтиғи тагидан лип этиб ўтиб, ичкарига кириб олди. «Йўқ, — деди Н. пойгакда турган курсига ўзини ташлар экан. — Мен фақат тўрачилик қилиш мумкин эмаслигини биламан». «Мен эсам, — деди қориндор, — кечаси билан қонун ўрганаман. Қонунлар шунчалик кўп чиқарилаяптики, бир соат ўқимасанг, орқ|ада қолишинг мумкин. Мен сизни қонунни яхши билса керак деб ўйлабман». У Н.ни янглишиб ичкарига киритганидан пушаймон бўлаётганини яшириб ўтирмади, тумшайиб олди. У китоблар, қоғозлар уйиб ташланган стол ортидаги курсисига бориб ўтирар экан, «ўзларини қонунни яхши биладиган қилиб кўрсатишади», деб ғулдиради. Н. стол ортида махфил , унинг ёнидаги илгичда кенг хирқа ва шим осилиб турганини кўрди. Хона тор, тўрда ўғрилар сардорига ўхшайдиган одамнинг баҳайбат сурати хонани яна ҳам тор қилиб қўйган эди. Шам эса эшиклари синиб тушган жавон устида турарди. «Сиз қонуншунос бўлсангиз керак», — деди Н. вазиятни юмшатиш учун товушига бир оз хушомад қўшиб. “Мен терговчининг ёрдамчисиман” — деди қориндор, — қонунларни ўзим учун ўрганяпман”. “Унда сиз менга керак одам экансиз, — деди Н. хурсанд бўлиб кетиб. — Мен терговчини излаб юргандим». «Терговчи бошқа бинода ишлайди», — деди ўзини лақиллатгани учун ҳали ҳам тўмшайиб ўтирган ёрдамчи. «Мен у кишини роса изладим, — деди Н. унинг кайфиятига эътибор бермай. — Лекин ҳеч қаердан тополмадим». «У кишининг иши кўп. Топиш жуда мушкул, — деди терговчининг ёрдамчиси. — Мен ҳам у киши зарур бўлганда ёки бирон ҳужжатга шошилинч имзо чекиш керак бўлса, тинимсиз ахтараман, аксарият ҳолларда излашларим беҳуда бўлиб чиқади». «Сиз терговчининг ёрдамчиси бўлсангиз, менинг ишимдан ҳам хабарингиз бўлса керак, — деди Н. — Балки ишим сиз билан битар?». «Қандай иш? — сўради ёрдамчи. — Терговчига тааллуқли барча масалалар менга ҳам тааллуқли, у кишининг номидан менга ҳам жавоб бериш топширилган». Н. бошига тушган чалкашликни кисқача баён қилди. «Эшитганман, — деди ёрдамчи Н.га катта кўзларини чақчайтириб тикаркан. — Жуда мураккаб масала. Бу иш билан шахсан терговчининг ўзи шуғулланади. Бунақа масалаларни бошқаларга ишониб бўлмайди». «Унда сиз иш қай ҳолатдалигидан хабарингиз бордир?! Ишнинг кетиши қандай?»-умидвор сўради Н. «Иш синчиклаб ва батафсил ўрганилмоқда, — деди ёрдамчи. — Барча зарур далиллар йиғиляпти. Тез кунда терговчи барча далилларни жамлаб хулоса қилади». «Унда умид қилсам бўлар экан-да, -деди Н. — Мен энди ҳеч нарсага умид қилмай қўйгандим». «Мен сизга умид қилинг деган гапни айтмадим, — деди ёрдамчи бирдан ҳушёр тортиб. — Бу жуда мураккаб масала. Балки зарур далиллар умуман йиғилмас, унда терговчи ҳеч қачон хулоса ёзмайди.Унинг столида йиллаб ётиши мумкин. Зарур далиллар йўқлиги учун қанчадан-қанча ишлар ўнлаб йиллар хулоса қилинмай ётади». Н. бироз нафас ростлаб олган, ўзини анча бардам сезди. «Мен терговчининг ўзини кўришим керак, — деди у.-Эҳтимол, хулоса учун зарур далилни менинг ўзим берарман». «Бўлиши мумкин, — деди ёрдамчи. – Бироқ у кишини топиш жуда мушкул». Н. энди бу одамдан ҳеч қандай наф йўқлигини ва шундан бошқа маълумот ололмаслигини англади. «Мен сизни ишдан қолдирдим, — деди у. — Энди мен борай, ҳали чиқиш эшигини излашим керак».
«Тўғрисини айтсам, — ёрдамчи Н.нинг кетмоқчилигидан хурсанд бўлиб кетиб. — Сиз мени анча ишдан қолдирдингиз. Бу пайтда мен қанча қонунларни ўрганардим».
Н. бу одамдан ҳеч қандай иш чиқмаслигига кўзи етди ва эшикка қараб юрди. Қориндор эса ўзини стол устида очиқ турган катта китоб устига ташлади. Н. эшикдан чиқиши билан эшик ўз-ўзидан шарақлаб қулфланди. Н. қай томонга юришини билмай тараддудланиб қолди. У бинони қанча айланмасин, ҳозир чиқиш эшигини тополмаслигини сезди. Зинадан пастга — Рафаснинг хонасига қайтишдан бошқа чора қолмаганди. У зинадан пастга тушар экан оёқлари қақшаб оғриётганини сезди. Назарида ёруғлик тушмайдиган шу бино ичида, зим-зиё зулматда бир умр қолиб кетадиганга ўхшади. Зинадан тушиб, даҳлиз охиридаги эшикни зўрға топиб қоқилиб кетмаслик учун эмаклаб махфилни топди ва унга зўрға танасини чиқарди-да, худди улкан ҳашаротдай чўзилди ва шу заҳоти уйқуга кетди. У жуда катта ва қирғинбарот жангдан ҳориб чиқкан паҳлавонга ўхшаб ухларди — ростдан ҳам зулмат билан бўлган жанг уни ҳоритиб қўйганди. У ухлар экан, қандайдир тубсиз қудуққа йиқилиб тушаётгандай бўлди. Н. уйқу аралаш кимдир ўзини кузатиб турганини сезди ва чўчиб уйғонди. Нақ бошида қандайдир шарпа унга тикилиб ўтирарди. Аввалига Н. бу одам қўшни хонадаги ходим бўлса керак деб ўйлади, бироқ тезда фикридан қайтди. Ходим пакана, бу эса жуссали киши эди. “Кимсиз?” — сўради Н. ўрнидан туриб қад ростлаб ўтираркан.
— Рафасман, — деди жуссали киши.
Н. бирдан чўчиб тушди. Ходим Рафасни беш йил илгари ўлган деб айтганди. У арвоҳларга, руҳларга унча ишонмас, уларни ҳеч тасаввур қилолмасди. Бироқ ҳозир зулмат босган хонада Рафаснинг арвоҳи унга қўрқинчли туюлди.
— Арвоҳмисиз? — сўради Н. қўрқиб кетганини яширишга тиришиб.
— Э, йўқ, — деди жуссали киши. — Мен ўлмаганман, фақат ўлдига чиқаришган.
— Қандай қилиб?!- Н. ўзи ҳам сезмаган ҳолда шошиб сўради.
— Шундай, — деди Рафас.- Бир кечаси кўчада дўстимни учратиб қолдим. Ҳоли хароб эди, ҳаммаёқ музлаб ётибди-ю, у калишда, кийимлари пора-пора бўлиб кетган. Пўк-пўк йўталади. Уни шу хонага бошлаб келиб кийимларимни бердим. Тонгга якин аҳволи оғирлашди. Уни шу ҳолда қолдириб бўлмасди: иситмаси кўтарилиб, алаҳсирай бошлади. Мен бирон доктор топиб келаман деган умидда яқинроқдаги касалхонага югурдим. Буни қарангки, касалхона бир ойдан бери ишламаётган экан. Кейин бошқасига югурдим. У ерда ҳали врачлар келмаганди. Охири шаҳар четидаги касалхонадан зарур врачни топдим. Аммо у эзма одам эди: касални, иситмаси нечалигини, ёшлигида қандай касал бўлганини мижғовлаб сўраб, ёзиб ола бошлади. Ниҳоят сиз бораверинг, ўзимиз борамиз», дейишди. Ишхонага қайтиб келсам менинг суратим осиғлиқ, «ўлди» деб ёзиб қўйилган мени ҳатто кўмиб хам бўлишган экан. Ўликни кўмишаётганда ҳатто юзига ҳам қарашмабди. Уларга менинг кийимим кифоя қилган, чоғи. Менга ҳам шундай беғалва ҳаёт керак эди. Тириклигимда ҳам одамовироқ, ишга берилгандим. Шунинг учун раҳбарлар ҳурматимни жойига қўйиб кўмишган.
— Ўшандан бери шу ерда яшаб юрибсизми? — ҳайратланиб сўради Н.
— Нима деяпсиз? — эътироз билдирди Рафас. — Мен, албатта, тинч турмадим. Мени ўлик аташларини ҳеч ҳазм қилолмадим. Эртасигаёқ ўзимнинг тириклигимни маълум қилдим. Ғавғони кўрсангиз эди! Ҳамма ҳайратга тушди, ҳамма ажабланди, ҳамма ачинди. Бироқ мен тириклигимни исбот қилиш унчалик жўн иш эмас экан. Аввало, мен шахсимни тасдиқловчи ҳужжатларни бир жойга тўпладим, сўнг уни идорама-идора олиб юрдим. Қайси идорага кирсам «кечикдингиз, ўлганингизни тасдиқлаб қўйдик, энди фалон идорага боринг, сизнинг тириклигингиз ҳақида ҳужжат беришсин, биз ўша ҳужжат асосида бунисини бекор қиламиз» дейишарди. Улар жўнатган идора эса мени бошқасига жўнатар, униси эса яна бошқасига. Уч йиллар тинимсиз югурганимдан сўнг мен шуни сезиб қолдимки, мен доира бўйлаб идорама-идора айланиб юрган эканман. Охирги идора менинг ишимни ҳал қилиб беришларини сўраб, биринчи идорага жўнатар, доира бўйлаб ҳаракат қайтадан бошланарди. Эрталаб уйқудан бардам бўлиб уйғонардим, қаршимда чексиз саргардонлик уқубати ётганини ҳис қилишим менга куч ва шижоат бағишларди. Кечқурун эса буткул ҳолдан тойиб, ҳеч бир натижага эришолмай, тор-мор қилинган қўшин каби қайтар, эрталаб яна кучга тўлиб уйғонар, яна шижоат билан жангга киришардим. У пайтлар аризамни ҳар куни қунт ва эътибор билан қайта кўчиришдан, қисматимни кутиб, навбатларда туришдан, турли амалдорлар, қоровуллар, эшик оғалари, посбонлар, қўриқбонлар, ҳаётини турли эшикларда илинж кутиб қаритган инжиқ, сассиқ аризабозлардан ҳақорат эшитишдан чарчамасдим. Аксинча, барча нарсани босиб-янчиб ўтадиган қувват бор эди менда. Вақт қандай ўтганини билмай қолибман. Аммо бир куни мана шу эшиккача зўрға судралиб келдим, остонадан ҳатладиму, гупиллаб ерга ағдарилдим. Туришга, қимирлашга мадорим қолмаган эди. Шижоатим, бутун умидим, ҳафсалам соврулиб бўлганди. Кучим бутунлай сўриб олинган, мен қайтиб ўнгланолмас бўлиб мадордан қолгандим. Энди эмаклаб юришгагина зўрға ҳолим етар, ўзимдаги барча қувватни совуриб бўлгандим. Менда энди на рағбат, на иштиёқ қолганди. Куч-қувватимни беҳуда ва арзимас нарсага сарфлаганимни англадим. Ўшанда биринчи марта менга тириклигимни исбот этишнинг не зарурати бор деган хаёл келди ва ҳамма нарсадан бирваракайига воз кечишга қарор қилдим.
Кучдан ва мадордан қолган, курашавериб чарчаган одам бошқача хаёлга бормайди ҳам. Қанча ҳаракат қилган бўлсам, оқибатда эса унга заррача зиён етказолмаган эдим: қўлини чопсам, қўли ўсиб чиқарди, оёғини чопсам оёғи. Уни ўлдириб бўлмаслигини сезган пайтда эса инсон сифатида яшашга ҳеч қандай мадорим қолмаганди. Бир неча жилд ҳужжатларни олдим-да, қабристон четидаги ертўлага бекиниб олдим…
Н. Рафасни шунчаки ақидапараст, инжиқ, шуҳратпараст идора ходимларидан деб ўйлаганди. Бироқ унинг бошидан ўтган воқаеларни эшитиб, бирдан унга нисбатан ҳамдардлик пайдо бўлди.
— Барибир сиз тез таслим бўлгансиз, — деди Н. унга ҳамдардона оҳангда. – Мана, мен охиригача курашмоқчиман.
Рафас Н. га қаради, афтидан, юзида истеҳзо пайдо бўлди, бироқ юз ифодаси қоронғида кўринмасди. У курсига бағрини берганча тинмай гапирар, афтидан, анчадан бери суҳбатдош тополмагани учун энди очилиб кетган, беш йил ёлғизликда юрган даврлари учун ҳам ҳозир бира тўла гапириб олмоқчидай эди. Рафаснинг гаплари аста-секин Н.нинг уйқусини келтира бошлади; у тинмай бидирлар, ишхонадаги тартиб-интизомни тушунтирарди.
-Нега ишхонамиз ёнига қабристон қуришган, биласизми? — деб сўраб қолди Рафас.
-Йўқ, — деди Н.
-Ана! — деди Рафас товушига сирли тус бериб, — илгари қабристон кичкинагина эди. Ҳозир каттариб кетди. Баъзилар қаердан бошланиб, қаерда тугашини яхши билишмайди. Бунинг барчаси бизнинг ишхонамиз шарофатидан. У тинмай қабристонни кенгайтиришни лойиҳалаштиряпти. Бу ерда инсонга ҳурмат жуда зўр. Марҳумларни безовта қилмаслик учун бинода ҳеч қачон чироқ ёқилмайди.
Н. Рафаснинг эзмалигидан хафа эмасди. Аксинча унга раҳми кела бошлади. “Бу мендан ҳам бахтсизроқ, — деб ўйлади у ичида. — Шунинг учун ҳам болага ўхшаб кўнгли нозик бўлиб қолган. Сал нарсадан дарров хафа бўлади”.
Н. тақдири ўзига ўхшаган одамни учратганидан, бир томони, хурсанд эди. Шу пайтгача у бундай чалкаш ва охири йўқ англашилмовчиликка ёлғиз мен дуч келганман, деб юрар, шунинг учун кўнгли ўксирди. Бироқ Рафаснинг гапидан кейин бошига тушган фожиа унчалик қўрқинчли туюлмай қолди. Бошқа томондан эса бу ўхшашлик тасодифийми, йўқми, билолмас, юраги ғашлана бошлаган эди.
-Мен терговчини топишим керак, — деди у Рафасни гапга тортиш учун. У Рафасдан кўпроқ нарсани билиб олишни истарди.
-Бунга, менимча, зарурат йўқ, — деди Рафас совуққон оҳангда. — Барибир тополмайсиз. Буни шунинг учун ҳам айтяпманки, ўз вақтида мен ҳам терговчини излаганман. Бироқ уни учрата олмадим.
Н.га унинг фойдасиз, беҳуда, деган хулосалари оғир ботди, Н. нимага умид ва илинж билан қараётган бўлса, Рафас ҳаммасини йўққа чиқараётган эди.
-Албатта, — деди Рафас Н.нинг жимиб қолганини кўриб. — Сизни тушкунликка туширмоқчи эмасман. Сизга шуни айтиб қўяй, бу иш шундай ғалатики, ҳаммасини ўз кўзинг билан кўрмасанг, ҳеч тинчимайсан, агар бунисини қилсанг, наригисини қилганимда мақсадимга етардим деган бир илинж тинимсиз таъқиб қилиб туради. Мана шу умид аслида кишини охир-оқибат адойи тамом қилади. Бир идорага кириб, ишим битмагач, агар бошқа идорага борсанг ишинг битарди, деган алдамчи умид пайдо бўлаверади. Мен ҳам шу умидга алданиб нариги идорага ҳам борардим, ишим битмагач, ўша умид “лип” этиб бошқа идора қиёфасида гавдаланар, худди оҳанрабодай чорларди. Мен нажоткор бўлиб туюлган қиёфалар изидан қувавериб ўзимни ҳолдан тойдирдим. Ҳозир шу ердан қабристонга зўрға бора оламан, шунинг ҳам ярмисини эмаклаб ўтаман. Кучим, қувватим бутунлай сўриб олинган. Шу сабабли сизни тушуниб турибман: сиз ўз кўзингиз билан кўрмасангиз, барибир бошқаларнинг маслаҳатига кирмайсиз. Сизни айни рўё итдай югуртириб-югуртириб, ҳолдан тойдириш учун жодулаб олган пайт. Бу бир касаллик, мубталолик касаллиги, сени йўқ нарсага мубтало қилади. Сен шу мубталолик изидан хор-зор бўлиб, ўлиб кетасан. Бу касаллик бошқа ҳеч нарса бермайди. Терговчига келсак, мен ҳам уни топиш учун уч йил изладим. Менинг сизга қараганда ҳар жиҳатдан имкониятим кенгроқ эди; ҳужжатлар билан ишлаб юрган пайтимдаёқ гўё бир куни излаб қолишимни, менга зарур бўлишини сезгандай ими-жимида терговчини суриштириб юрардим: унинг тахминан идораси қаерда жойлашганини ҳам билиб олгандим. Уни излаб борганимда, мени олдига киритишмади. Муҳим иш билан банд, дейишди. Бошқа марта эса у шошилинч иш юзасидан хорижга жўнаб кетган экан. Шундан сўнг унинг қайтган-қайтмаганини эшитмадим. Бу пайтга келиб, мен курашдан воз кеча бошлаган эдим: зеро, энди курашдан маъно қолмаган эди.
-Сиз, ҳар қалай, унинг идорасини топгансиз, мен эсам ҳатто унинг қайси муассасада ишлашини ҳам билмайман, — деди Н.
-Терговчи жуда улкан муассаса бошлиғи: унинг идора, бўлим, шўъба, ташкилотлари бутун шаҳарга сочилиб кетган. Бундан ташқари у жуда банд одам; ўта муҳим, усиз битмайдиган ишлар билан шуғулланади. Бирон дақиқа ҳам бўш вақти йўқ дейишганди менга. Мен бунга ишонаман. Бундай улкан муассасани бошқариш осон эмас: унинг бирон дақиқа ҳам бўш вақти йўқлиги ҳам рост. Агар у қўл остидаги идораларнинг тайёр ҳужжатларига фақат имзо қўйса ҳам шу билан бутун куни банд бўлади. Мен яна эшитдимки, ҳужжатлар ҳаддан ташқари кўплигидан терговчи уларни уйга олиб кетар, кечалари уйқудан уйғониб кетган пайтлари ҳам вақтдан ютиш учун имзо чекиб чиқар экан. Терговчи ишга берилган одам — ўз умрини шу ишга бутунлай бахшида қилган, унинг улуғ хислати ҳам шунда. — Рафас бир неча дақиқа жим қолди ва полни ғижирлатиб у ёқдан буёққа юра бошлади. Н. унинг ҳақиқатан ҳам терговчига ҳасади келаётганини сезди. Рафас хонада Н. борлигини буткул унутгандай бутун шуурини терговчининг фазилатлари қамраб олган, гап оҳангида ҳам унга нисбатан эҳтиром уфуриб турарди.
— У, шубҳасиз, давримизнинг улуғ инсони, — деди бирдан Рафас Н. чўзилиб ётган махфил бошига келиб. — У чарчашни ва оромни билмайди, ҳаётининг бирор дақиқасини бекор ўтказмайди. У роҳат-фароғатдан, шахсий манфаатлардан буткул воз кечиб, шаҳардаги ҳужжат ишларини бошқариб туради. Агар у бир дақиқа ишлашдан тўхтаса, биласизми, нима бўлади? — Рафас охирги сўзларни худди фожиа юз беришининг олдини олаётгандай ёки улкан фожиадан хабар бераётгандай деярли даҳшат аралаш бақириб айтди.
Н. чўчиб тушди ва нима бўлишини ўзича тасаввур қилди, бироқ тасаввурига ҳеч нарсани сиғдиролмади.
— Умумҳалокат юз беради, — деди Рафас шивирлаб, бироқ азбаройи зўриқиб шивирлаганидан овози вишиллаб чиқди. — Қанча ҳужжатлар имзо чекилмай қолади, қоғозларга имзо чекилмагач, шаҳардаги ҳаракат мароми ўзгариб, тартибсизлик бошланади, натижада бизга ўхшаган қанчадан-қанча тақдирнинг иши ҳал қилинмай қолади.
Н. терговчининг бир неча дақиқа ишлашдан тўхташи оқибатида юз берадиган фожиани тасаввур қилгандай, Рафасга бошини кўтариб, қўрқиб қаради. Унга ҳозир Рафаснинг бир оғиз гапи билан терговчи ишдан тўхтайди-ю, фожиа бошланадигандай туюлди. Аммо Рафас полни ғижирлатиб бориб, курсига чўкди ва ҳеч нарса юз бермагандай гапира бошлади:
— Мен ана шуларни ўйлаб ҳам терговчини ишдан чалғитишни истамадим. Терговчининг улуғвор вазифаси олдида менинг ишим арзимас ва ҳатто эътибор қилинмаса ҳам бўладиган масала эди.
-Мен бундай ўйлолмайман, — деди Н. — Унинг идораси чалкаштириши оқибатида тирикни ўлик қилиб ўтиришибди — бу ахир терговчининг ҳам ўз вазифасига панжа орасидан қарашини кўрсатади. Мен уни топмасдан қўймайман. У ўзи қаерда яшайди? — сўради Н.
-У жойини тез-тез ўзгартириб туради. Вазифаси шуни тақозо қилади.
Рафас терговчининг вазифасига доир ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни гапира бошлади. Терговчи масъул раҳбар сифатида қаерда ишлашини, яшашини жуда сир тутар экан.
-Агар унинг яшаш жойи барчага аён бўлиб қолса, биласизми, аризабозлар туфайли ўша жой қиёмат майдонига айланади, — деди Рафас.
Н. Рафаснинг гапини энди уйқу аралаш эшитарди. Зулмат тўшалиб ётган даҳлиз унинг бутун мадорини сўриб олган, ҳар қанча уринмасин, ўзини уйқудан тийиб туролмасди. Уйқу уни яна ўз комига тортар, бошқа бир истак эса уни Рафаснинг гапларини тинглашга ундарди. Бора-бора Н.ни уйқу комига бутунлай тортди. Энди уни ҳеч нарса бу комдан тортиб чиқаролмас, бу уйқу бинонинг узун ва беадоқ даҳлизлари бўйлаб югуриб, ҳориган танасига роҳат бағишларди.
У қандайдир ғўнғиллашлардан уйғониб кетди. Рафас йўқ эди. У ўтирган курси ўша ҳолатда жойида турар, михлаб ташланган деразадан бир тутам шуъла оқиб кирар ва хонани ёритишга қурби етмаганидан уялгандек бир парча ерда ожизона тўшалиб ётарди. Даҳлизда ва қўшни хонада кимлардир гаплашишарди. У бир неча сония қаерда ётганини англолмади: сўнг аста-секин онги ёришиб, Рафасни эслади. Даҳлизда кимлардир паст овозда гаплашишар, ниманидир тарақлатишарди. У эшикни қия очиб, даҳлизга қаради. У ерда иккита фонус ушлаган йигит ходимнинг хонасидан жилд-жилд қоғозлар олиб чиқишаётганди. Н. уларни кўриб, хурсанд бўлиб кетди. Даҳлизга чиқиб, қоғозларни эшик оғзига пала-партиш тахлаётган йигитга қараб юрди. Йигит уни кўриб ажабланмади ҳам.
-Ходимнинг ўзи қаерда? — сўради Н. йигитдан.
-Ўлди, — деди йигит унга қайрилиб ҳам қарамай.
-Қачон?! — сўради Н. чўчиб тушиб.
-Кеча, — деди йигит истамайгина. — қоқилиб тушиб, боши билан деворга урилибди.
Н. йигитлар тахлаётган қоғозлар кеча ходим ўқиб ўтирган жилдлар эканини билди-ю:
— Буни бошқа ходимга топширсаларинг керак,- деди Н.
-Буларнинг кимга кераги бор?- деди ичкаридан қоғоз кўтариб чиққан йигит.
-У буни зарур ҳужжатлар деганди… — Н. йигитнинг гапига ажабланиб қўшиб қўйди.
-Э-э, — деди йигит қўл силтаб. — У ўзини шундай деб овутарди. Бу қандай ҳужжат бўлсин, ҳаммаси фойдаланиб бўлинган ҳисоботлар. У безор қилгач, шу нозарур ҳисоботларни ўрганиб чиқинг, деб беришган. Унинг ҳеч кимга кераги йўқ.
Йигитлар қоғозларни тахлаб бўлгач, эшикни қулфлаб, даҳлиз бошига йўл олишди. Н. ичида ходим ўлгандан хурсанд ҳам бўлди: энди ундан ҳеч ким идорага муносабатини ёзиб беришни сўрамайди.
-Кўмиш маросими қачон? — сўради Н. йигитларни гапга тортиш учун.
-Маросим бўлмайди, — деди ичкаридаги йигит. — Уни аллақачон кўмиб бўлишди. Биз хонани йиғиштириб қўйяпмиз, холос.
-Мен ҳам сизлар билан кетсам майлими? — сўради Н. яна бинода адашиб қолишни ўйлаб юраги шувилларкан.
Йигитлар чурқ этишмади: уларнинг юзида унинг илтимосидан норозилик аломати ҳам сезилмади. Афтидан, улар Н.нинг ўзлари билан кетишларига қарши эмасди. Н. уларни зинанинг ёнига бориб кутиб турди. Йигитлар зинадан кўтарилиб ҳам ўтиришмади; уни айланиб ўтиб, торгина йўлакка бурилишди ва йўлак бошидаги катта темир дарвозани бир тепиб очишди. Тўсатдан урилган ёруғлик Н.нинг кўзига санчилди ва кўзларини юмиб олди. Эшик шундоқ гавжум кўчага олиб чиқарди. Н. ичида ўзидан роса кулди. Агар йигитлар бўлмаганда бу бинодан ҳеч қачон чиқиб кетолмасди.
-Тушликка чиқаяпсизларми? — сўради Н. йигитларга миннатдорчилик билдириш маъносида ўзини уларга яқин олиб.
-Биз бошқа бўлимданмиз, — деди эгнига ишчиларнинг коржомасини кийиб олган йигит. — Бизни хонани йиғиштиришга чақиришганди.
Н. йигитлар билан муюлишда хайрлашди. Улар индамас ва андак сирли йигитлар эди. Н. қорни очиб тургани учун хиёбонга қараб йўл олди. Бинодаги бадбўй ҳиддан сўнг унинг танаси тоза ҳаводан яйраётган эди- ҳолсизлиги тарқаб борарди. У ўзини қайта тирилгандай ҳис этмоқда эди.

***

…У тушида терговчини излаб юрарди. Терговчи у ўтирган гавжум хонада йўқ эди. Бу ерда одамлар терговчи ҳақида баҳслашишарди. Терговчи нариги хонада бўлса керак, деб ўйлади у. Бироқ умиди пучга чиқди. У хонада ёшлигида ўлиб кетган ота — онаси толқон туйишарди. Балки унга шундай туюлгандир. Ҳар қалай, улар нима биландир жуда банд эдилар, хаёллари паришон бўлганидан унга эътибор ҳам беришмади. У ертўлага тушди, бу ер нимқоронғи эди, балки терговчи қоронғиликни севар? У ерда уни бир пайтлар кўнгил қўйган, эндиликда уч-тўрт болалик бўлиб кетган таниш аёл кутиб олди. Аёл илк бор учратган пайтидагидек жуда гўзал ва қувноқ эди. Аёл унга бурчакка солинган тўшакни кўрсатди. У шунда аёлни ҳали ҳам севишини англади. У аёлга терговчини излаб юрганини айтди. Аёл эса ҳиринглаб кулди ва ташқарига олиб чиқадиган йўлни кўрсатди: ташқарида кимсасиз бўшлиқ ястаниб ётарди — бу ерда Йўқликдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Шундай бўлса ҳам у узоқдан шарпаси кўриниб турган тепаликкача борди, буёғи жарлик эди — дунё шу ерда тугарди, уёғида нима борлигини кўриб бўлмасди. Шунда у қаршисидаги беадад зулматга қараб, терговчи қаршисида турган зулматга жуда ўхшайди, деб ўйлади. Зулмат сирли ва қўрқинчли эди. Уёғига юришга юраги бетламади. Уйга қайтиб кирганида онаси койиди: “Кечаси билан дайдиб юрасан, ундан кўра бизга толқон туйишсанг бўлмайдими, қўлларимиз толиқиб қолди”. У онасига ҳеч нарса демади. Қўлларини зўрға кўтараётган отасига қараб қўйиб, нариги ҳужрага ўтди. Меҳмонлар кетиб қолган, кўчада уч-тўртта ароқхўр кезиб юрарди. У бурчакка қисилиб олди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди ва шу кўйи ухлаб қолди…
Саргардонлик энди уни туши ва ҳушида таъқиб этарди.Уй назоратчиси ҳар кирганда худди эгаси каби ташландиқ ва қаровсиз ҳолга келган хоналарни ҳафсала билан кузатиб чиқар, сўнг қайсидир буюмни олиб, “Энди бунинг сизга кераги йўқ”, дея олиб чиқиб кетарди. Қаршисидаги бинода яшовчи кузатувчи ҳам унинг сонияма – сония қандай сўнаётганини кузатиб бормоқчидек, ҳали ҳам кузатувда давом этарди, бироқ унинг Н.га заррача қизиғи қолмаганди. Унга танишлари юборган хатларда ҳам турли маслаҳатлар берилар, аммо моҳиятан олганда бу хатларнинг мазмуни кишида марҳумга ёзилган хатлардай таассурот қолдирарди. Хат эгалари билиб ёки билмай, бехосдан “ Сен ўлган кундан”, “ Сен ўлганингни эшитиб…”, деган сўзларни ишлатиб юборишарди. Кейин ўзр сўрашар, бироқ отилган ўқ нишонга теккан, унинг заҳрини узр билан ювиб бўлмасди. Шундан сўнг Н. бундан буён ҳеч ким билан на хат, на юзма-юз илиқ муносабатда бўлмасликка қарор қилди. Шу билан у ўзини бутунлай дафн этди гўё.
У ухлаб, ухлолмас, уйғониб, уйғонолмасди. Бир неча соат у худди зим-зиё ғорга бошини тиқиб ётгандек уйқу оғушида ётар, сўнг бирдан бутун танасини ғор аста-секин ямлаб ютаётгандай, нимадандир безовта бўлиб чўчиб уйғонар, кўзлари хонага кўниккунча худди тор ва узун даҳлизда туртиниб-суртиниб, кетиб бораётгандай бўларди: сўнг кўзлари бирдан ёришиб, ўз хонасида ётганини кўрар, атрофида оатий манзара, кундалик варақлари, яна аллақандай, Н. ишлаб юрган пайтлари йўлда автобусда кетаётиб зерикмаслик учун сотиб олган журналлар сочилиб ётарди. Хона бутунлай тўзиб кетган, бурчакларда ахлат уюмлари ётар, деразада идорадаги фаррош аёл маслаҳати билан сотиб олган гуллар бутунлай қуриб бўлганди. Деразада яна ярми ейилган олма, қотган нон, қаҳванинг бўш қутиси турар, гуллар гўё Н.нинг умидлари билан бирга сўлгандек эди. У гулнинг қурий бошлаганини билган куни уни асраб қолишга ҳаракат қилди, сув қуйди, қуриган баргларини кесиб ташлади, тупроғини юмшатди; бироқ нимжон гуллар хонанинг дим, бадбўй ҳавосига дош беролмади: бутунлай сўлиб қолди. Н. гулларни ташлаб юборишга ҳафсала қилмас, зеро, улар ўз тақдири ҳақида ниманидир эслатиб тургани ва айни пайтдаги аҳволу руҳиятига мос бўлгани учун ҳам кўзи қиймасди. У кечқурунлари эрталаб кучга тўлиб уйғонаман ва ўзини чалкашлик ботқоғига итариб юборган шум тақдир билан яна қайтадан кураша бошлайман, деб ўйлар, бироқ эрталаб кечагига қараганда яна ҳам ҳорғин ва ҳолсиз бўлиб уйғонар, ҳаммасини қайтадан бошлаш истаги танасини қамраб олган ҳорғинликни енга олмас, ҳолсизлик олдида бу истак заиф бир туйғуга айланиб қоларди. Унинг аҳволи таги тешик идишни тўлдираман, деб сув қуяётган тентакка ўхшар, кечалари уйқу олдидан вужудини қайтадан тиклашга уринса-да, эрталаб яна мадорсиз бўлиб уйғонарди. У куч йиғмасдан қаршисида турган ўнлаб муассасалар, идоралар, ташкилотлар ва қоғозларга қарши кураша олмасди; бироқ у мадорга киришни истагани сайин кундан кунга ҳолдан тойиб борар, аъзойи баданини қоплаган ҳорғинлик уни яна тўшакка михлаб ташларди. У ҳозир руҳсиз, мадорсиз ва тушкун ҳолатда мавҳумлик билан юзма-юз турар, унинг олдида миттигина ожиз ҳашаротга айланиб қолганди. У ҳар кеча бир-бирига ўхшаш туш кўрар, гарчи тушларида одамлар, вақт, макон ҳар хил бўлса-да, моҳиятан бир хил мазмунда бўларди. У бир кечаси тушида ўз қабри устида йиғлаб ўтирар, қабртошга “Бу ерга Н. кўмилган”, деб ёзиб қўйилганди. У анчадан сўнг қабрдаги жасади устида ўзини қўмсаб йиғлаётганини сезиб қолди. У ҳўнграб йиғлар, кўз ёшлари атрофини қуршаб, унга оч бўридай тикилиб турган номаълумлик ва бўшлиқ ичра сингиб кетар, кўкси тўлиб, вужуди қалтираб кетган пайтда бўйнига осиғлиқ хўрлик ва ҳақорат келтирувчи занжирлар шақирлаб кетарди. У ўзлигини соғинган, оёғи остидаги тош бостириб қўйилган жасади тинмай уни ўзига чорларди. У атрофидаги номаълумлик ва зим-зиё бўшлиқни ҳуркитиб юбормоқчи бўлиб, шаҳд билан юрди. Бироқ бирдан олдинга ташланган оёғи тагида ҳеч қандай замин йўқлигини ҳис қилди ва ўзини тутиб қололмай ўша бўшлиққа қулаб тушди. Анчадан сўнг у ўзини бўшлиқнинг энг тубида, қаърида ётганини сезди. Энди туш кўраётгани йўқ, ағдарилиб тушаётгандаёқ уйғониб кетганди: энди у уйғоқ ҳолда зулмат ичида, бўшлиқ қаърида ётарди. Ким билади, ўзи ётган жой бўшлиқнинг қоқ марказидир? Бу бўшлиқ қудуққа ўхшар, атрофи зим-зиё, фақат олис-олислардан бир тутам заиф шуъла кўринар, у ҳам зулматни ёриб ўтолмай ўша олислардан унга мўралаб турарди. У атрофидаги мавҳумликни ёриб ўтиш учун ўзини ўраб олган зулматдан халос бўлишни истарди. Аммо зулмат енгилмас ва ўтиб бўлмас қўрғон каби уни ўз чангалида тутиб турарди. У бирдан тепага, ўша заиф ва ҳали нималиги номаълум шуълага қараб юра бошлади. У қоронғиликда қоқиниб-суриниб узоқ юрди. Назарида шуъла турган жойга етиб келгандек эди. Аммо қаршисига қаради-ю, шуъланинг ўша жойда, олис-олисларда турганини кўрди: у шундагина шуълага қараб қанча юрса, шуъла шунчалик ўзидан қочишини сезди. У энди буткул ҳолдан тойиб йиқилиб қолди — шуъладан энди умидини узганди. У бир оз бўлса-да, атрофини тўлдирадиган, бўшлиқни чўчитадиган нимадир қилишни истарди; лекин ўша “нима” қандай нарса эканлигига ақли етмасди. Бирдан у ўз ичида ўша “нима”ни излашга тушди. У худи, бошимга тушган чалкашлик бир кун ечилар, деган умид билан идораларда изғигани каби шу зулмат ва номаълумлик ичида ўша “нима”ни топиш мумкин, деб ўйларди. У излар экан, бирдан ичида нимадир бўлиниб кетгандай, ўзи эса шу бўлинган икки нарсани бир-бирига қўшиш учун овора бўлиб қолгандай туюлди. Бўлинган нарсалар бирдан икки ёққа қараб кетди — энди у ташлаб кетган икки нарса орасида ўзининг умумий бир нарса эканлигини англади ва шу икки нарса мавжуд эканлигини ҳис этгач, шу иккиликни сақлаб туриш учун ҳам ўзининг умумий бўлиши зарурлигини англади. Агар у икки ёққа қараб кетаётган икки нарсани йўқотиб қўймайин деса шу умумийликни йўқотмаслиги керак эди. Агар бир лаҳза бўлса ҳам умумий бўлишдан воз кечса, ўша заҳоти ҳаммасидан айрилиб қоларди. Икки нарса ўртасидаги ўзининг умумий эканлигини ҳис этиш туйғуси зулмат ва номаълумлик қаршисида унда яна умид уйғотди. Токи у икки қутб ўртасидаги умумийлик экан, унда қаршисидаги саробни енга олишнинг ҳам имкони бор. Токи у икки қутбни йўқотмаган экан, зулмат ичида йўл топиб юришни ҳам йўқотмаган. У ўрнидан ирғиб турди-да, шуълага қараб юраверди — энди бу масофани охиригача забт этишга қарор қилди. У ўзида уйғонган умиднинг бирдан сўниб қолмаслигидан қўрқиб, жонҳолатда олдинга интилар, ундан айрилиб қолмаслик учун шуъла жудаям яқин қолди, у ёғи эркинлик бошланади ва мен бу тубсиз қудуқдан, албатта, чиқиб оламан, деб ўйларди. Лекин у қанча масофани босиб ўтмасин, шуъла ўша-ўша олис ва йироқлигича турар, бу қудуққа ўхшаш йўлакнинг охири йўқдай эди. Унга бирдан балки бу лаҳаддир! Лаҳадда одам шундай кезиб юрар, деган фикр келди-ю, бутун танасини музлатиб юборди. Уни энди яна умидсизлик чулғаб олди. У шуълага етишишга ва бу зулмат зиндонидан қутулишга кўзи етмасди. Умидсизлик ҳорғинликни бошлаб келди. У ҳорғин маслагу мақсадсиз, беному нишонсиз номаълумлик оёғи остида чўзилиб ётарди. Уни ҳамма унутган, у ҳаммага бегона эди. Ҳеч нарсани янгитдан бошлаб бўлмайди, ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди, ҳеч нарса ўзгармайди. Ҳаётни ўзгартириш, қуриш унинг ихтиёрига боғлиқ эмас. У ҳеч қачон ҳеч нарсани янгитдан бошлай олмайди, ҳаёти ва тақдири ўз ихтиёрида эмас, у ўзга бир ихтиёр қўлидаги ўйинчоқ. Уни хоҳлаган пайти хоҳлаган кўйга солишлари, хоҳлаган қиёфага киритишлари мумкин. Унинг ҳаёти анави шуъла каби алдоқчи, мана бу масофа каби бесамар, атрофини қуршаб турган зулмат каби умидсиздир. У шуълага қараб юргани сайин шуъла ундан узоқлашар, ҳаётидан маъно излаган сайин маънисизлашарди.
У энди шуълага барибир етолмаслигини англади. Ҳушидаги ҳорғинлик тушига кўчди ва у зулматнинг қоқ ўртасига оёқларини чўзиб ётиб олди. Ётган жойи қандайдир қия жой эди. У ўрнида туриб, ётган ерини пайпаслади- бу бир қулочча тепаликни топди. У шуъланинг хира ёруғида атрофини сон-саноқсиз тепалик қуршаб олганини кўрди — энди у қабристонда ётганига шубҳа қилмасди ва ҳозир ўзи устида турган қабр ўзиники эканлигини ички бир ҳис билан туйди; қабри узра унинг деразасида турган қовжироқ гулларнинг барглари сочилиб ётарди…

***

Олим айтган дераза улар турган қаватдан икки қават пастда эди, шу сабабли гарчи бино хийла узоқ бўлса ҳам дурбиндан хонадаги барча нарса яққол кўринарди. Бироқ хонада ҳеч ким йўқ эди. Деворда Н. қонун биносида, терговчининг ёрдамчиси хонасида кўрган хийла катта, шифт баробар сурат осиғлиқ эди, ўртадаги узун столда тобутга ўхшаш ёғоч қути турар, хонага қип-қизил гиламлар тўшаб ташланган, қути устига байроққа ўхшаш мато ташлаб қўйилганди. Н. столга рўбарў турган ярим очиқ эшикдаги ёзувни ўқиди: қизил ёзувлар билан катта-катта қилиб “Терговчи”, деб ёзиб қўйилганди. Лекин олим айтган хона назарда тутилганми ёки эшиги қия очиқ хонами. билиб бўлмасди.
-Хўш, — деган товуш эшитди Н. ичкаридан. — ҳаммасини кўра олдингизми?
— Ҳа, — деди Н. — Лекин ҳеч ким йўқ-ку! Қандайдир тобут турибди чоғи.
— Тўғри, — деган товуш келди ичкаридан. Олим, афтидан, ошхонада эди. – Тобут! Бу нимани билдиради? Баъзилар фанни менсимайди, унинг ютуқларини тан олишмайди. Лекин фан бўлмаса бунчалик юксак тараққиёт бўлмасди. — Н. чулдираган товуш эшитди. Салдан сўнг иккита финжон кўтарган олим чиқиб келди. У қўлидаги қаҳвани Н.га узатар экан, гапида давом этди. — Фақат фангина чалкаш масалаларни тўғри ечишни кўрсатади. Мана, сиз кўрган манзарага фан кўзи билан қараймиз. Жуда шинам хона, шундай эмасми? Сурат ҳам бошқа хоналардагидан хийла катта. Иккита ён хонада терговчининг ёрдамчилари жойлашган. Ана қаранг. — Олим дурбинни Н.га тутди. Н. аввал чап, сўнг ўнг хонани кузатди. Бу хоналарда жуда сипо одамлар ўтиришар, ниманидир муҳокама қилишарди. Уларнинг қаршисидаги курсида эса ёш йигит ўтирарди. Н.ни ҳар икки хонадаги йигит бир-бирига қуйиб қўйгандай ўхшаши ҳайратга солди. “Анови йигитлар ким?”- сўради у олимдан. Олим дурбинга кўз ҳам югуртириб ўтирмади. “Айбдорлар ёки айбдор деб гумон қилинганлар”, деди қаҳвасини симирар экан. — “Фан аниқ далилларга суянади, шу жиҳати билан бошқа барча ўзига яқин тадқиқот турларидан фарқ қилади. Кўриб турганингиз тобут, сурат, тобут устидаги байроқ ва хонадаги умумий манзара терговчининг ўлганидан дарак беради”. “Нималар деяпсиз?!” — деди Н. бирдан дурбинга қайта ёпишар экан. – Бу гапни қаердан олдингиз?” “Фан одами эмаслигингиз дарров билинди, — деди олим. — Мавжуд манзарадан мантиқий хулоса чиқаролмаяпсиз. Терговчи ўлган ва унинг ўлганини хонадаги манзарага қараганда сир тутишяпти”. “Сир? — деди ажабланиб Н. — Бунинг нима зарурати бор?” “Нега зарурати бўлмас экан? — олим Н.га шунга ҳам фаҳмингиз етмаяптими, дегандай писанда овозда саволни қайтарди. — Агар терговчининг ўлгани ошкор бўлиб қолса шаҳарда жиноятчилар бош кўтариши ва ақл бовар қилмас тартибсизлик бошланишини тасаввур қиляпсизми? Нақ қиёмат бошланади”. Н. олимнинг ўзи айтгандек далилга суянган фикрлари олдида мулзам бўлиб қолди. Ростдан ҳам, олим айтгандай, терговчининг ўлимини сир тутишаётган бўлишлари табиий-ку. Унда Н.ни терговчининг номидан беҳуда овораю сарсон қилиб юришган бўлади.
-Менинг кузатувларим охирлаб қолди. — деди олим. — Терговчининг ўлганини исботлаб беришга менда барча асослар бор. Фақат уни сўнгги кузатув хулосалари билан тўлдириш қолди, холос. Агар буни исботлаб берсам фанда буюк бурилиш юз беради. Тадқиқотимнинг моҳияти ҳам шунда. Энди ҳозиргина чиққан биномизнинг ёнидаги кичкина бинога разм солинг. Барча ёрдамчию, котиблар, казо-казолар эрталаб шу бинога йиғилишади: бу ер ҳаммом. Лекин бирон марта улар орасида терговчини кўрмадим.
Н. олим кўрсатган устидан узун мўриси чиқиб турган кичкина — омбор нусхадаги бинога кўз ташлади. Олим ҳақ эди: бу ерда барча қип-яланғоч бўлиб, буғи чиқиб турган ёғоч зиналарда қатор туриб олишганча тиззаларига китоб қўйиб ўқиб ўтиришарди. Н. уларнинг юзини бир-бир кузатиб чиқди. Энг пастки зинада тувакка ўтирган боладай зина четига омонатгина қўнган Бурундуққа кўзи тушди. “Мана, қаерда экан, — деди ғазаб билан у. — Терговчининг олдига кетдим, деб, кетини ювгани қочган экан-да. Мен эса уни жудаям банд одам деб, терговчини ўзим излаб топмоқчи бўлибман. Бу мансабни суиистеъмол қилиш-ку”. “Бу уларнинг хизмат вазифасига киради” деди унинг орқасида турган олим. “Ҳаммомга тушиш хизмат вазифасига кирадими? Сиз ҳам олиб қочасиз-да, олимман деб”. Н.нинг жаҳли чиқди. “Бўлмасам-чи, — деди олим. — Улардан мутлақо ҳалол ишлаш талаб этилади. Ҳалоллик эса бадан тозалиги билан белгиланади. Кимнинг бадани тоза бўлса, билингки, ўша кўпроқ ҳалолдир”. Бу гапдан сўнг Н. яна бир марта олимнинг мантиғини рад этиб бўлмаслигини сезди. Олимнинг гаплари унинг юзига биров тўсатдан шапалоқ тортгандай таъсир қилди.
-Биз уларни қоронғи хоналарда навбат билан кутиб ўтирамиз, булар эса ҳаммомга кириб олиб китоб ўқишади. Яна ким билади, бу қандай китоб эканки, ҳаммомда ўқишса, — Н. жаҳл билан уёқдан-буёққа юрар экан, тобора асабийлашарди.
— Қонун китоби, — луқма ташлади олим.
— Қонун китоби? — сўради ҳайрон бўлиб Н. ва таққа тўхтаб олимга қайрилиб қаради.
— Шундай. Улар ҳаммомда қонунни ўрганишади.
Н. қўлларини икки ёнга ёзиб, ҳеч нарсага тушунмаганини намойиш қилди.
— Буни қаранг, улар қонунни ҳаммомда ўрганишаркан? — деди асабий тарзда.
— Бунинг нимаси ёмон, — деди олим худди унинг жиғига тегмоқчидек мутлақо бамайлихотир оҳангда.
— “Нимаси ёмон деганингиз” нимаси? — деди Н. — Одамлар уларни кутиб хуноб бўлиб ўтирса-да, улар ҳаммомга кириб қонун ўрганишса.
— Уларнинг вазифаси шуни талаб қилади. Бир лаҳза ҳам қонунни эсдан чиқармасликлари шарт. — Олим курсига яхшилаб жойлашиб олди-да, худди маъруза қилаётгандай гапира бошлади. — Уларни кутиб турган ўша одамлар билан қонун тилида гаплашишлари керак. Улар ҳаммомда ўтириб, қонунни ёдлашади-да, сўнг шикоятчиларга айтиб беришади. Бусиз ахир мумкин эмас, вазифалари оғир.
Н. дурбинга кўзларини қўйиб, яна ҳаммомга қаради: қип-яланғоч ёрдамчилар ҳали ҳам китобга мук тушиб ўтиришар, энди китобга деярли бош қўйиб олишган, улар ҳаммомда ўтиргандан кўра ўқитувчисидан дашном эшитиб, энди бутун вужудлари билан китоб ўқиётган қуйи синф ўқувчиларига ўхшашарди. Н.га улар китобга бош қўйиб ухлаб ётишгандай туюлди. Дурбинни уларнинг кўзларига бир-бир олиб боргач, шубҳаси ҳақиқат эканига амин бўлди.
-Ухлаб қолишибди азаматлар, — деди товуш чиқариб ва шу гапи билан олимни узиб олмоқчи бўлди.
Бироқ олим унинг гапини эшитиб ажабланмади ҳам.
— Уларга ҳам осон эмас, — деди у. — Терговчи қонунни сув қилиб ичишни буюрган, яна устига-устак ҳарорати олтмишдан ошиқ ҳаммомда ўтириб! Бурчакдаги хумчани кўряпсизми? — Н. ҳаммомнинг бурчагига қараб, у ерда беўхшов, одам бўйи келадиган хум турганини кўрди. — Улар қонунни сув қилиб ичиб юборишлари учун китоб ўқиб-ўқиб, устидан сув ичиб туришади. Терговчи жуда қаттиққўл.
Н. олимга ажабланиб қаради. Олим мени масхара қилмаяптими, деган ўй кечди хаёлидан.
-Сиз терговчи ўлган дедингиз-ку, яна ким уларга қаттиққўллик қилади?
— Ўлишга ўлган, лекин ёрдамчилари худди терговчи тирик пайтидагидек ишлашга ўрганиб қолишган. Агар уларнинг ичига тушиб қолсангиз, ўзаро гаплашишганда “терговчи ундай деди”, “терговчи бундай кўрсатма берди”, “шахсан терговчининг ўзи кузатиб турибди”, деган гап-сўзларни эшитасиз. Ҳатто бир-бирига қўнғироқ қилиб, терговчининг номидан кўрсатмалар беришади, вазифалар белгилашади, режалар тузишади, сўнг эса шу вазифаларни астойдил бажаришга киришишади. Шунинг учун ҳам терговчига боғлиқ бирон масалани аниқламоқчи бўлсангиз, ҳеч қачон охирига етолмайсиз. Негаки, ўша масалани ким ҳал қилиши ва кимнинг кўрсатмаси билан амалга оширилгани номаълум бўлиб қолаверади. Яъни ҳаммаси терговчи номидан амалга оширилади: қоғозга “терговчи кўрсатмасига биноан”, деб ёзиб қўйишади. Хўш, сиз терговчининг ўша кўрсатмасини аниқлайман, деб кўринг-чи?.. Бошингизни ари уясига тиққан бўласиз.
— Сиз буларнинг ҳаммасини жуда яхши биларкансиз, — тан олди Н. — Тўғриси, ҳеч ким менга бу даражада батафсил, икир-чикиригача тушунтирмаганди.
-Мен, ахир олимман, — деди бир оз ғурур билан олим. — Фан аниқликни ёқтиради.
-Барибир терговчининг ўлганини яшириб ўтиришингизни маъқуллай олмайман, — деди Н.
Н. шунда бирдан толиққанини сезди. Ичидан ҳорғинлик босиб келди. “Буни қаранглар,-деди алам билан,- мен шунча умримни терговчини излаш билан, унга умид қилиш билан ўтказибман, у эса ўлиб ётибди”, У бутун аъзосида ҳорғинлик ҳис қилди. Тун бўйи бошидан кечирганлари уни ниҳоят ҳолдан тойдирган эди.
— Мен толиқдим, — деди Н. — Агар қарши бўлмасангиз, бирон бурчакка чўзилиб олсам дегандим.
— Бемалол, — деди олим. — Анави бурчакда махфил турибди, — у ичкаридаги қия очиқ хонани кўрсатди. — Мен кундузи тадқиқот олиб бориб, кечаси тунги сўроқда тик турганча мудраб олишга ўрганганман.
Н. эшикдан кириб, олим “махфил”, деб атаган ёғоч сандиқ устига солинган тўшакка чўзилди ва шу заҳоти уйқуга кетди.

***

У лаҳад ичида чўнқайиб ўтирган Н.ни ва лаҳадни кўздан кечириб, мамнуният билан бош ирғади. “Яхши, яхши”, — деди у. Ундан, ҳозиргина отиб олган бўлса керак, вино ҳиди келар, кўйлганининг увада ёқаси исқирт бўйнида осилиб турарди.
— Ковлаяпмиз, — деди Н. унга нимадир дейиш учун.
Гўрковнинг нигоҳида синчковлик акс этар, у шу туришида қўл остидагиларни ўзи буюрган вазифани қандай бажараётганини текшириб юрган амалдорга ўхшарди. У лаҳаднинг энига, бўйига бир-бир қараб чиқди, сўнг Н.нинг гавдасига бир қараб олиб, “Яна сал кавлаш керакмиди? Менимча, шу ёғи ҳам етса керак”, деди.
Н. майда икир – чикир айблар топиб юрадиган синчков одамларни ёқтирмасди. Бироқ ҳозир гўрковнинг ҳурматини сақлашга мажбур бўлди. “Қанча ковлаш, ковламаслик, албатта, менинг ишим,- деди у тўнғиллаб,- мен то жасад чиққунча ковлайман”. Н.шундай деб яна қабрнинг ёнини ковлай бошлади. “Жасад?!” – деб сўради гўрков.-Бу ерда ҳеч қандай жасад йўқ”, дея ҳиринглади у яна. Ҳиринглаш Н.нинг асабига тегди. “Қанақасига жасад йўқ??”- деди у ҳайрон бўлиб. — “Бу 3-29-чи қабр эмасми?” “3-29-чи”, деди гўрков. “Унда бу ерда жасад бўлиши керак”,- жаҳли чиқиб ғудуллади Н. “Мен сиз билан гаров ўйнашим мумкин, бу ерда ҳеч қандай жасад йўқ, — деди гўрков бўйнини қабр ичига чўзиб қараркан. – Умуман, бу ер энди кўмиладиганлар учун ажратилган”. Н.нинг жаҳли чиқди. “Сиз менга ҳалақит бераяпсиз”, — деди у жаҳли чиққанини билдириш учун. “Нега сизга ҳалақит берарканман, — деди гўрков унинг жаҳли чиққанига заррача эътибор бермай. – Мен бу ерда хизмат вазифамни ўтаяпман”. “Хизмат вазифаси эмиш? – Истеҳзо билан кулди Н. – Бировнинг жасад ковлаб олишига халақит бериш, устига-устак уни чалғитиш хизмат вазифасига кирадими?” Н. лаҳад ичидан сакраб ташқарига чиқди ва худди бостириб бораётгандай гўрковга қараб юрди. Гўрков бирдан қочмоқчи бўлди, аммо орқага икки-уч қадам ташлади-ю, жойида тошдай қотди. Ҳатто кўзларини ҳам юмиб олди. Н. урмоқчи ёки силкиб ташламоқчи эмасди. Бундан ташқари бу одамларга қўлинг тегиб кетса, мени ўладиган қилиб дўппослади дейишдан қайтмайди, деб ўйлади. Шу сабабли у ҳам гўрковнинг қаршисига бориб, қўлларини кўкрагига кийиштириб турди.
-Сиз, бўтам, суд ҳукмидан ҳам, суд жараёнидан ҳам хафага ўхшайсиз, — деди гўрков унинг урмаслигига амин бўлгач, кўзларини ярим очиб.- Аммо сиз бир нарсани – судда сиз ҳақингизда тўпланган далилларга қараб, хулоса чиқаришларини, далил қай ҳолатда бўлса, ҳукм шундай бўлишини унутиб қўяяпсиз. Суднинг бу ерда ҳеч қандай айби йўқ”.
-Сиз буни қаердан биласиз?- сўради Н. унинг суд ҳақида бу қадар кенг тушунчага эгалигидан ҳайрон бўлиб.
-Мен суд ижрочисиман, – деди гўрков.
-Суд ижрочиси? — қулоқларим нотўғри эшитмадимми деб қайта сўради Н.
-Суд ижрочиси! – деди гўрков тантановор оҳангда.
-Менинг бундан хабарим йўқ,- тан олди Н.
-Сизнинг ҳеч нарсадан хабарингиз йўқ, — деди гўрков энди мутлақо бамайлихотир. – Сиз курашни нотўғри танладингиз ва ютқаздингиз!
-Кураш?! – ажабланди Н.- Менинг ўз тириклигимни исботлаш учун қилган ҳаракатларим ҳам курашми?!
-Кураш!- тасдиқлади гўрков. — қонун жудаям нозик. Уни тушунмаганлар билмай жуда катта хатога йўл қўйишлари мумкин. Охир оқибатда бу хато суд ҳукмига таъсир қилади.
-Мен ўз хатомни тан оламан, — деди Н.,- имкониятларимни тўлиқ ишга сололмадим, кўпроқ бошқаларга ишондим.
-Яна ўзингизни чалғитаяпсиз, — деди гўрков. — Қилган хатоингиз шундан иборатки, сиз бошданоқ мен тирикман деб ҳаракат қилдингиз. Бу эса сизга жуда катта фожеа келтирди. Қонун ўз айбини бўйнига олганларга енгиллик беради, баъзан эса судда уни тўла оқлаб юборади.
-Менинг тан оладиган ҳеч қандай айбим йўқ, — деди Н. қизишиб. —
-Бунинг аҳамияти йўқ, — деди гўрков. – Муҳими сиз мен тирикман деб даъво қилгансиз, барча даллилар сизга қарши эди, натижада сизнинг даъвоингиз исбот этилмади. Қонундан хабари борлар ана шу нозик жойга катта эътибор беришади. Гарчи айблари бўлмаса ҳам айбини бўйнига олишади. Бундай одамларга қонун енгиллик беради. Сиз тирикман деб нимага эришдингиз? Бир ўзингиз бутун бошли қонунга, уни ижро этувчи ўнлаб муассасага қандай қилиб қарши курашмоқчи бўлдингиз?! Сиз ёлғизланиб қолдингиз”.
-Мен қонуннинг бундай нозикликларини тушунмайман, — деди Н. –Ҳеч ким менга сиздай маслаҳат бермаган.
-Бу табиий, — деди гўрков. -Баъзилар, гарчи қонун билан ишласаларда унинг нозикликларини тушунавермайдилар. Бошқалари эса бу нозикликка менсимай қарайдилар.
-Сиз суд ижрочиси бўлсангиз, мен ҳақимда ҳам маълумотга эгадирсиз.
-Бўлмасам-чи, — деди гўрков.
-Мен ҳақимда қандай кўрсатма олгансиз?
-Сиз қабр қазишингиз ва мен ҳукм қандай ижро этилаётганини назорат қилишим керак.
-Менга текширувчи гуруҳ келади, дейишганди, -деди Н.
-Ҳукмда ҳеч қандай гуруҳ ҳақида гап йўқ, – деди гўрков.
-Менга бу ҳақда хабарни суд котиби етказди, — деди Н.
-Бу суднинг оддий найранги, — деди гўрков. – Кўплар ҳукмни кўтаролмайди. Баъзилар ҳукмга қарши жанжал кўтариши мумкин. Шу сабабли ҳар эхтимолга қарши найранг ишлатилади.
Н. энди воқеани яққол тасаввур қилиб турарди: у алданганини сезди ва бу унга қаттиқ алам қилди. Танаси бунчалик оғир мусибатни кўтаролмагандай ерга ўтириб қолди. Гўрков эса энди лаҳад четига оёқ осилтириб ўтирар, тинмай қабрни мақтарди.
— Сизни ишингиз менга ёқди, — дерди у. – Кўплар ишни қўл учида чала-чулпа бажаради. Сиз эса ҳафсала билан ишлов берибсиз.”
— Сиз гўрковмисиз ёки суд ижрочисимисиз? — сўради Н. энди жасад қазиб олишдан бутунлай маҳрум бўлганини ҳис қилиб.
— Ҳам гўрков, ҳам суд ижрочисиман. Қабристоннинг бу тарафи маҳкум этилганлар учун асраб қўйилган.
— Мен телефон қилиб аниқлашим керак, — деди Н. – Бу ерда телефон йўқми?
Гўрков бош ирғади.
— Бу ерга телефон ўрнатишмайди, – деди у яна билағонлик қилиб. — Бу тартибга зид.
-Мен ҳеч нарсага тушунолмаяпман, — деди Н. – Мен унда кимнинг қабрини қаздим?.
Гўрков қўйнидан қоғоз чиқарди ва ундаги рўйхатни кўздан кечирди.
-Ўзингизга қабр қаздингиз,- деди у дафтарини яна Н.тортиб олишидан қўрққандай шоша-пиша қўйнига тиқар экан.
-Бўлиши мумкин эмас, -деди Н. ўрнидан сакраб туриб. – Бу ғирт майнавозчилик! Қабр марҳумларга қазилади. Буёғи энди ғирт чўпчак бўлиб кетди, — деди Н.
-Йўқ, — деди гўрков. – Бу- ҳаёт. Сиз фақат унга кўниколмаяпсиз!
Н.нинг уч соат уриниб, қазиган қабрига кўзи тушиб, яна ғазаби қайнаб кетди.
— Нега энди ўзимга қабрни ўзим қазишим керак? Судда қабр қазадиган топилмайдими?
— Топилади, — деди гўрков. – Фақат суд имкони борича кам харжни яхши кўради. Бировларга қаздириб, пул бергандан кўра маҳкумнинг ўзига қаздирган уч-тўрт марта арзон тушади.
Н.нинг суд котибига қўнғироқ қилишдан бошқа иложи қолмаганди. У қабристондан чиқиб, рўпарасидаги тамаддихонага кирди-да, эшик оғасидан телефон бор-йўқлигини сўради.
— Йигирма беш сўм, — деди эшик оғаси.
Н. чўнтакларини ковлаб, зўрға йигирма уч сўм топди. Эшик оғасига тутқазар экан, телефонга рухсат бермай қўйишидан қўрқиб, “қолганини телефон қилганимдан сўнг оласиз”, деди. Н. терган рақамни бир қиз кўтарди. “Иш вақти тугаяпти, тезроқ гапиринг”, деди ва узоқ вақт гап ким ҳақида кетаётганини тушунмади. Н. шундан билдики, у ерда бир неча суд котиби бор, қиз ҳаммасини ҳам танимасди. “Бугун қабрдан жасадни кавлаб олиш тўғрисида буйруқ олган суд котиби”, деди Н. ниҳоят қизга тушунарли бўлиши учун. Қиз узоқ жим қолди, афтидан, қаергадир кетди, пошнаси узоқ тўқиллаб, гўшакка эшитилиб турди, сўнг гўшакдан эркак кишининг зардали овози эшитилди: “Ким керак?”. Н. унга ҳам яна қайтадан тушинтирди. “Мен суд раисиман, — деди эркак Н.нинг минғиллашидан норози бўлиб. — Ҳеч кимга ҳеч қандай жасадни ковлаб олиш ҳақида буйруқ берилмаган”. Гўшак тўқ этиб қўйилди ва Н. қисқа-қисқа ғўнғиллашига қулоқ солиб узоқ турди. Кейин ўша рақамни қайта-қайта тера бошлади, аммо телефонни бошқа ҳеч ким қайтиб кўтармади.

Н. уйга яқинлашганда узоқдан ўзи яшайдиган йўлакда юк машинаси турганини кўрди. Кимдир кўчиб келган эди. Н. машинани айланиб ўтиб, ўзи яшайдиган хонадонга кўтарилди. Зинада жавон олиб кираётган иккита йигитга дуч келди.
— Кўчиб келишдими? – деди Н. уларнинг олдидан ўтиб кетаркан.
— Кўчиб келишди, — деди йигитлардан бири.
Зинадан чиқиб хонасига бурилганда хонаси очиқ, у ерда уй назоратчиси ва иккита номаълум одам гаплашиб турарди. Н. қадамини тезлатди, кимдир янглишиб, унинг хонасига кўчиб кираётганди. Номаълум кишилар унга кўзи тушгач, ичкаридан кимнидир чақиришди. Эшикдан қўлида қоғоз ушлаган Т. кўринди.
— Қайтинг, қайтинг, — деди у Н.нинг йўлини тўсаркан.
— Нималар бўлаяпти ўзи? — деди Н. – Нега менинг уйимнинг эшиги очиқ?
— Сизнинг уйингиз йўқ энди, — деди Т. шошиб қўлидаги қоғозни кўрсатаркан. – Мана бу ерда ҳаммаси ёзилган. Н.қоғозни юлиб олиб ўқишга тушди. Унда марҳум Н.нинг уйи ташкилотнинг янги ходимига берилгани тўғрисида раҳбарнинг кўрсатмаси бор эди.
-Нима ҳақларинг бор? – бақириб юборди Н. Т.ни туртиб четга чиқарар экан. – Мен ҳали тирикман. Уйимни ҳеч кимга бермайман.
Т.деворга суяниб қолди ва ичкарига нимадир деб бақирди. Ичкаридан иккита барзанги йигит чиқиб келди-да, Н.нинг йўлини тўсишди.
-Чиқариб ташланглар! — деб бақирди уларга Т. – Биз ўликлар тирикларни безовта қилишларини истамаймиз. Бошқа қадам босма бу ерга. Биз марҳумларни ҳурмат қиламиз, аммо улар бизга ҳалақит берса, чора кўришга мажбурмиз.
Т. жаҳли чиққанда ҳам ўзини йўқотмай, худди мажлис ўтказаётгандай совуқ ва қатъий қилиб гапирди. “Чора кўрамиз”, деркан, ўзини тутиб, бўйинбоғини тўғрилаб қўйди.
Барзангилар Н.нинг қўлтиғидан олиб, липиллатиб кўтарганча ташқарига олиб чиқишди ва бино орқасидаги йўлакка етишгач, изидан катта йўлга қараб итариб юборишди. Н. уларнинг қўлидан бўшалгач, силкиниб тушиб кетган костюмининг елкасини тўғрилади ва ердан тош олиб, жонҳолатда барзангиларга қараб отди. Барзангилар ёнларига эгилиб, чап беришди, тош иккаласининг ўртасидан зипиллаб ўтиб, бино деворига тарақлаб тегди. Барзангилар унинг изидан югуришди. Н. катта йўлга қараб қочди. Катта йўлда йўловчилар ичига кириб олгач, нафас ростлаш учун тўхтади-да изига қаради. Барзангилар бино деворига суяниб, уни кузатиб туришар, шу туришларида қўрғон дарвозасини қўриқлаётган соқчиларни эслатарди.
Н. энди уйдан айрилганига тўлиқ ишонди ва тушкун ҳолатда чекиш учун чўнтагига қўл тиқди. Чўнтагида тамаки ўрнига қандайдир қоғоз илашиб чиқди. Бу-эски уни адаштириб ўлдига чиқарган газета парчаси эди. Унинг кўзи “Кеча эрталаб Жанубий темир йўлнинг 8-бекатида поезд остида қолган жасад топилди. Жасадга қараб кимлигини аниқлаб бўлмасди. Фақат марҳум чўнтагидан чиққан ҳужжатгина унинг шахсини аниқлаштирди. Бу одам С ташкилотининг катта ходими Н. бўлиб чиқди”, деган жумлага кўзи тушди ва газетни жаҳл билан йиртиб ташлади-да, бўлакларини отиб юборди. Н. йўловчилар ўртасида, чироғи синиб қолган симёғочга суяниб турар, ўзини биринчи марта жуда ҳорғин, ожиз ва нотавон ҳис қилди. У ўзини ҳақоратлашганини, бу дунёда ҳеч қайси иш ўзининг ихтиёри билан содир бўлмаганини, содир бўлмаслигини англаганди. Суд котиби билан уйига янги ходимнинг кўчиб келиши ўртасида боғлиқлик борлигини сезганди – нафақат булар, балки ўша машъум кўмиш маросими, мухбир, муҳаррирнинг жияни, ҳеч қачон излаб топиб бўлмайдиган терговчи, суд воқеаси ўртасида сирли ва мавҳум умумийлик бор эди – булар бари унинг ихтиёридан ташқари содир бўлган ва у бу нарсаларга қарши курашавериб, кураши беамар кечганлигини англаганди. У энди эгасиз ит каби ташландиқ ва кераксиз эди. Уни ҳамма ўлганга чиқарган, энди бу ҳукмни ҳеч нарса билан ўзгартириб бўлмас, унинг тириклик даъво қилган барча ҳаракатлари зое кетган, аксинча, у тириклик даъво қилгани сайин уни шунчалик қабрга томон итаришган эди.
У дунё бўйлаб озгина — ўттиз уч йиллик саёҳати орқали ўзининг ҳеч ким эканлигини энди англаб етганди. У ҳеч ким эди ва ҳеч ким бўлиб яшаган эди. Дунё у билан яраш битими тузмади, дунё унга бегона, ёт эди. Унинг ўлик — тириклиги ҳеч кимни қизиқтирмасди, у ақл қирлари сари саёҳат қилгани сайин ўзининг ҳеч кимлигини англаб бораверди. У ҳеч кимлик чўққисига кўтарилгани сари вужудини бесамар чарчоқ қамраб олди; у кучдан, мадордан қолган эди; у энди ўз-ўзини енгиб, кўникиб яшаган Рафасни эслар ва унга ҳавас қиларди: у мана шу бир парча лаҳадда ўзини алдаб яшашга куч топа олганди. Унинг қимирлашга ҳоли қолмаганди – ўз кучини беҳуда сарфлаганини, ўзининг бутун кучини сўриб бўлишганини тушуниб турарди – у курашавериб ҳолдан тойган, ҳеч нарсага ярамайдиган ҳолга келиб қолган, ичида итнинг акиллашичалик ҳам садо қолмаган, ўзида бор кучи, товуши, ҳис-ҳаяжони, қудрати, умид-орзуларини сарфлаб бўлган, қуриган дарахт каби ҳолсиз, мадорсиз, қуруқ ва қақшаган жасадга айланганди. Унинг на яшашга, на ўйлашга, на хаёл қилишга мадори қолган, ҳозир фақат ухлашни, узоқ-узоқ ухлашни истарди. “Мени адойи тамом қилишди, – деб ўйлади у, — энди ҳатто анави бекатгача ҳам юриб боролмайман”. У симёғочга суяниб узоқ турди. Тун чўкди. Йўловчилар кўринмай қолди. Аёз тушиб, танаси қақшай бошлади. У ерга ўтирди-да, мадорсиз тиззаларини қучоқлаб олди. Энди бу тиззаларни иккита таёқдан фарқи йўқ, юравериб, югуравериб, қоқшол бўлиб қолгандай, ҳеч нарсани сезмасди. У олдинга эгилиб, бекатга томон эмаклашга тушди. Чарчоқ оёғидан тепага қараб силжиб келар, у қаерда бўлса ҳам бир оз мизғиб олгиси келарди. Бутун кучини тирсакларига жамлаб, титраб-қақшаганча бекатга қараб эмаклаб борар, ҳозирги ҳолати таланган, оёқлари синдирилган итнинг судралишига ўхшашини ўйлаб, бутун танасини заҳарханда кулги қамраб олди ва бутун танасидаги ҳордиқни увлаб ҳайдаб чиқаргиси келди, бироқ ҳатто увлашга ҳам мадори келмай қолди – бекатга етар-етмас чўзилиб қолди.

ххх

Жанубий темир йўл шаҳарнинг жануби шарқида жойлашган бўлиб, жанубий йўналишдаги поездлар қатнарди.
Н. шошган, ташвиш ва ҳорғинлик чулғаб олган оломон ичидан Жанубий темир йўл томон кетиб борарди. Тезда оломон, шовқин – сурон орқада қолди: у буларнинг биронтасига эътибор бермас, товушларни, шодлик ва хавотирга кўмилган шовқинни эшитмасди. У ҳаммасига қарор қилганди, ҳар қандай бошланган воқеанинг хотимаси бўлиши шарт эди. Унинг фожиаси ҳам шу воқеликдаги изчилликни бузаман, деб беҳуда уринганида эди. Ҳар қандай воқеанинг муқаддимаси, тадрижий давоми, ривожланиш тартиби бўлади – у воқеликни изга солиш, ўз ўрнида давом эттириш зарурлигини англаганди.
Қандайдир поезд яқинлашиб келар, у ҳозир ўзига ёзилган ҳукмни ўзи ижро этишга тайёр эди. Бу ҳуқуқини ҳеч ким йўққа чиқаролмасди, у ижро этилиши шарт, шундай бўлиб келган, шундай бўлиб қолади. У бу ҳақиқатни кеч тушунди. Кеч бўлса ҳам тушундим-ку, деб ўйларди ичида.
У яқинлашиб қолган поездга қараб қадам ташлади ва сўнгги бор вокзалга, бир-бирини туртиб-суртиб, бораётган оломонга кўз ташлади – у ерда ўзини гўрков – суд ижрочиси кузатиб турар, гўё у суд ҳукмининг қандай ижро этилишини кўргали келгандай эди; Н. охирги дақиқада гўрковнинг кўзини эслашга тиришди; бироқ эслолмади ва шу ҳолича, худди Искандар каби мен ҳам қўлимда ҳеч нарса олиб кетаётганим йўқ дегандек ўзини қора бўшлиқ ичига отди…

033Taniqli adib Nazar Eshonqulning “Goʻroʻgʻli” romanining jurnal varianti bundan bir necha yil avval eʼlon qilingan edi. Yaqinda romanning toʻliq matni “Goʻroʻgʻli yoxud Hayot suvi” (yana bir nomi “Lahad”)nomi bilan nashr etildi. Quyida ushbu romandan parchalar oʻqiysiz.

Nazar ESHONQUL
LAHAD
Romandan parchalar
05

Nazar Eshonqul 1962 yil 15 iyunda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanidagi Tersota qishlogʻida tugʻilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1986). Dastlabki asari — “Urush odamlari” 1988 yilida nashr etilgan. Shundan soʻng yozuvchining “Momo koʻshiq”, “Maymun yetaklagan odam”, “Shamolni tutib boʻlmaydi”, “Momo qoʻshiq” va boshqa asarlari nashr etilgan. “Goʻroʻgʻli” romanining jurnal varianti eʼln qilingan. Xuan Karlos Onettining “Hikoyalar va qissalar”ini, Alber Kamyuning “Esselar”ini, Chexovning “Boloxonali uy” hikoyasini va boshqa koʻplab dunyo adabiyoti namunalarini oʻzbek tiliga tarjima qilgan.

“… hayot suvin izlab koʻrdi Gilgamish”
“Gilgamish” dostonidan

1. Xabar

…Hammasiga gazetada bosilgan kichkinagina bildirish sabab boʻldi. Keyingi kun yakshanba edi. N. ertalab soat oʻnlarda koʻchaga chiqdi, bekatdagi doʻkondan gazeta sotib oldi, uni buklab choʻntagiga solgach, avtobusga oʻtirib, quyi qasabada yashaydigan tanish ayolnikiga joʻnadi. Bugun u ayolnikiga qatriy qaror bilan borayotgandi. Ayolni u bilan bogʻlab turadigan birdan bir narsa, bu — oʻttizga ham kirmagan juvonning oʻziga qaraganda baxtsiz ekanini anglagani edi — aynan ana shu shafqatga oʻxshagan his – aslida ayolga nisbatan oʻzining hayotda omadliroq ekanini bildirish istagi uni oʻsha tongda ayolning uyi tomon yetakladi. Avtobusda gazeta oʻqiydigan odati yoʻq edi. U gazetaga muk tushgan yoʻlovchilarga birrov koʻz tashladi-yu, oʻz xayollari ogʻushiga choʻmdi. Ertaga uni sanoqsiz ishlar kutib yotardi. Buyogʻi yil oxiri yaqinlashyapti, hisobot yozishdan boʻshamasa kerak. Tanish ayol bilan ham, ehtimol, yilning oxirgi kunigacha koʻrisholmas. Yil oxirida uning uyda ishlaydigan odati bor edi; shu sababli koʻp kasbdoshlari uddalay olmagan yoki nomiga tayyorlangan hujjatlarga qaraganda uniki asosli, aniq, mantiqli boʻlardi. Uni ishxonada hurmat qilishar, boshliqlar eng nozik hujjatlarni, oʻz maruzalarini unga ishonib topshirishar, hamisha rahbarlarning diqqat- eʼtiborida edi. Tartibli va xushmuomalaligi uni bamarni yigit sifatida tanitgan edi. Agar ishxonasini bino olidida turgan charxpalak deb faraz qilsak, N. shu charxpalakning betinim aylanib turishini taʼminlab turuvchi asosiy parraklardan biri edi. Ishi unga yoqar, zero, bundan boshqa ishni tasavvur ham qilolmasdi. Keyingi yillarda u oʻz ishini alo darajada oʻzlashtirib olgandi. Rahbarlar oʻzini keksayib qolgan boʻlim mudirining oʻrniga tayinlashmoqchi boʻlayotganini ham sezib yurardi. Lekin orqavarotdan amalga koʻtarilishiga oʻzining soʻqqaboshligi sabab boʻlayotgani haqida ham gap-soʻzlar yurgandi. Idora oʻta nufuzli boʻlganidan faqat oilalilargina rahbar boʻlishga haqli degan norasmiy tartib bor edi. N. rahbar oʻzini chaqiradigan kunlar yaqinligiga shubha qilmasdi. N. ertaga oʻz kursisi, stoli va bir olam ish va tabiiyki, uni yangi tavsiyalar kutib turganini oʻylar ekan, xushvaqt jilmayib qoʻydi. Charchoq hamisha unda xushvaqtlik, ruhiy yengillik paydo qilardi.

U hozir avtobusdan tushmay xayol surgancha butun shaharni aylanib chiqqisi keldi. Shaharda oddiy qish kuni hukmron edi. Uch kun oldin yoqqan qor hammayoqni oqqa boʻyagandi; qorga qoplanganda shahar allanechuk goʻzal boʻlib ketishini endi sezayotganday qish yasagan manzaraga qarab toʻymasdi. Binolar oldida qor uyilib yotardi, – yoʻlovchilar toygʻonib ketmaslik uchun yoʻlaklarda ehtiyot boʻlib yurib borishardi, qish shaharga favqulodda osoyishtalik olib kirgan, doʻkonlar oldida navbatda turgan odamlar ham boshqa fasllarga qaraganda sokin va yuvosh edilar – ularning koʻzlariga qishning ogʻir kayfiyati choʻkib qolgandi. Maʼyuslik butun shaharni xuddi qor misoli qoplab olganday edi. N. avtobusdan tushib, bekatning qarshi tomonidagi bino tamon yoʻl olarkan, oldidan qarib, munkillab qolgan chol bilan kampir bir-biriga suyanganlaricha oʻtib ketdi. Ular koʻrinishdan yo juhud, yo armani edi; yuzlari shu darajada horgʻin ediki, xuddi hayotdan butkul beziganday zoʻrgʻa yurib borishardi. Aftidan, yurish ham ularning joniga tekkan, yurgan sayin umrning soʻnggi qoyasi tomon tobora yaqinroq boshlab borayotgan qadamlarini bir daqiqa boʻlsa ham shu dunyoda ushlab qolmoqchidek bazoʻr bosardilar.

Agar cholu kampir unga nursiz va shilpiq koʻzlarini qahr bilan qadab oʻtishmaganda u bu narsalarga eʼtibor ham bermasdi. Ularning nigohlarida yosh va navqiron yigitga nisbatan hasad barq urib turar va buni unchalik yashirgilari ham kelmay, uning yaqiniga kelgach:

-Yaxshi yigit, keksalarga yoʻl bering, oʻzingiz qor oralab yursangiz ham boʻlaveradi, — deyishdan oʻzlarini tiya olmadilar.

Keksalik xoʻrlab tashlagan odamlar hamisha asabiy boʻladilar. Keksalik oʻzining xoʻrlik zanjirini hammaning ustida ham aylantiravermaydi. U hamma narsani chertib-chertib, ibrat qilib, namuna sifatida tanlaydi; ammo hammaning boshida bir xil tirikchilik parragi aylanaveradi. Birov bu parrakka yuzini tutadi, birov qoʻlini, birov koʻzini, birov boshini, birov oyogʻini, birov ketini.

Hozirgina uning oldidan chol-kampir oʻtdi. Qiziq, tashvishdan xoli yoki jilla qursa, ishi yurishib turgan kishiga boshqalarning zaharxandasi hamisha erish tuyuladi. Chol-kampirning gapi-yu, hatti-harakatlari uning koʻnglida hamdardlik paydo qildi. U bino dahliziga kirar ekan, iziga burilib, mayda qadamlarda sekin yurib borayotgan chol-kampirga yana bir bor qaradi. Ular tez oʻtib ketadigan qish quyoshidek ancha nari ketib qolishgandi. Birovning quyoshi botgan joydan boshqaning quyoshi chiqadi. Garchi odamzot yurgan har qanday yoʻlning oxiri yoʻqlik bilan tugasada, baribir u yashash kasaliga mubtalo boʻlaveradi. Hayot oʻzi mubtalolikdan boshqa narsa emas. Cholu kampir hozir hasad va ginaga mubtalo boʻlishgan, u esa muruvvat va shafqatga. Ishi yurishib, tashvish qargʻalari daraxtiga qoʻnmay qoʻygan odam hamisha muruvvatli boʻlgisi keladi. Hayot hamisha muruvvat va hasad kurashidan iborat. Muruvvat hasadga aylansa, hech ajablanarli joyi yoʻq. Hasad ham tiriklik belgisi. N. yosh boʻlishiga qaramay oʻzini hayot haqida yetarli tajribaga ega deb hisoblardi. U ikkinchi qavatga chiqib, charmining isqirti chiqib ketgan va aftidan, bolalarning ishi boʻlsa kerak, boʻr bilan har xil raqamlar, uyatsiz soʻzlar yozib tashlangan eshik qoʻngʻirogʻini bosdi. Bu yozuvlar paydo boʻlganiga ancha vaqt boʻlganiga qaramay, uy bekasi ularni oʻchirib tashlamagandi. Balki unga shunisi yoqar. Nima boʻlganda ham nimqorongʻu dahlizda bu eshik juda shumshuk koʻrinar, ehtimol, boʻyalmaganiga ham oʻn yillar boʻlgandi. Ichkaridan ship-ship etgan qadam ovozi keldi; bir oz sur va behayoroq, sal boʻlmasa chinqiriqqa oʻxshab ketadigan tovushda, ayol kishi «Kim?” deb soʻradi. U ismini aytdi. Eshik sharaqlab ochildi. U bu eshik hech qachon qulflab qoʻyilganini koʻrmagandi. Eshik ochilishi bilan ichkaridan kuygan piyoz hidi bilan birga qandaydir badboʻy hid dahlizni tutgan va ostonada kalta boʻy, jingalaksoch, koʻzlari kishiga tik va behayo boqadigan, yuzidagi palapartish boʻyoqlarni demasa, ancha istarasi issiq, chehrasidan ochiqkoʻngilligi koʻrinib turgan oʻttizlarga yaqinlashgan ayol yengsiz xalatda turardi.

— Ha, senmisan,- dedi ayol, jilmaymoqchi boʻldi-yu, biroq uddalay olmadi.Yuzida qandaydir jonsaraklik, sarosima bor edi.
— Ha, menman,- dedi N. zoʻraki xushmuomalalik bilan.- Guli, biz gaplashib olishimiz kerak.

— Nimani gaplashamiz,- dedi Guli oʻzini gap nima haqda ekanligini bilmaganga solib. Soʻng bu nayrangi oʻtmasligini sezib, darrov gap ohangini oʻzgartirdi. — hozir qish payti, shu gap zarilmi, oʻlib – poʻlib qolmassiz, oftobli kunlar kelar!

U Gulining oʻzini ichkariga kiritmaslikka harakat qilayotganini sezdi. U hozir gaplashib olish zarurligini bilar va koʻp mulohoza , ikkilanish hamda ichki qiynoqlardan soʻng shu xulosaga kelgandi. U barcha noziktarb odamlar kabi koʻp ikkilanar, oʻzini azob- uqubatli mulohozalarga gʻarq qilar, tunlari faqat shu narsalar haqida oʻylab, uygʻonib ketar, biroq oxir – oqibat shunday hukmga kelardiki, xuddi oʻn yetti yashar oshiq mahbubasining savdoyisiga aylanganidek, u ham shu hukm savdoyisi boʻlib qolardi. Ishxonada uning shu holati, ferli koʻpchilikka tushunarsiz va betayin boʻlib tuyular, biroq uning oʻzi boodob boʻlgani uchun unchalik ertibor berishmasdi.

— Balki oʻlib qolarman, — dedi u Guli gapirgan ohangda. -Balki hozir ham oʻlgandirman. Sening oldinga arvohim kelgandir? Nima boʻlishidan qatiy nazar men sen bilan gaplashib olishim kerak.

U tovushini koʻtarib yubordi shekilli, yotoqdan ( u oʻng tomondagi xona yotoq ekanini bilardi) maykachan barvasta yigitning boshi koʻrindi.

-Yordam kerak emasmi!- soʻradi u Gulidan koʻzlarini loʻq qilib. Soʻng N.ni boshdan oyoq kuzatib chiqdi.

— Yoʻq, -Guli shartta iziga burildi-da, borib yotoq eshigini zichlab yopdi. Nimadir esiga tushganday eshikni yana ochib, barvasta yigitga nimadir dedi va qayta tortib yopdi.

Guli chap tomondagi ham mehmonxona, ham oshxona hisoblanadigan xonaga kirib ketdi va u yerdan «Kiraver” deb baqirdi. N. dahlizga kirib paltosini yechdi va uni, barvastaniki boʻlsa kerak, qora poʻstin oldiga ildi.

Oshxona oʻrtasida bir stol, toʻrtta kursi turar va bu xona ham dahliz kabi isqirt, boʻyoqlari koʻchgan, singan deraza oʻrniga qogʻoz yopishtirilgan, gaz yoqigʻliq turar, shu sababli xona dim va issiq edi.

N. borib devorga taqab qoʻyilgan kursiga oʻtirdi va nima deyarini bilmay uchi yoqasidan chiqib turgan gazetani olib, koʻz yugurtira boshladi.
-Nima deysan? — dedi Guli uning qarshisiga oʻtirar ekan. – Bu yerga gazeta oʻqishga keldingmi?- Guli uning qoʻlidan gazetani tortib oldi.- Gapir. Qulogʻim senda.

U birdan nima deyishini bilmay qoldi. Hozir gapiradigan gapi haqida shunchalik koʻp oʻylagandiki, biron narsani bunchalik uzoq oʻylaganini eslay olmasdi. Oʻylagan payti risoladagiday tuyulgandi. Biroq hozir aytadigan gapi hech qaysi risolaga sigʻmas, eshitgan kishi uni aqli joyida emas, deb oʻylashi mumkin edi. Ammo u shunday xulosaga kelib qoʻygan, uni bu yoʻldan hech kim qaytara olmasdi.

— Men senga uylanmoqchiman! -dedi u. Bu gapni aytishga aytdi-yu, nazarida soʻzlarni aytayotib portlab ketganday tuyuldi.

Guli unga ajablanib qarab turdi-da, sharaqlab kulib yubordi.
— Menga-ya, — dedi kulgidan toʻxtab. Soʻng jilmaygan koʻyi, unga qoʻllarini choʻzdi. Lekin qoʻllarini ushlatmay tortib oldi.

— Yaxshilab oʻylab koʻrdingmi?
— Koʻp oʻyladim. Boshqacha boʻlishi mumkin emas.
— Sen shunday deb oʻylaysan, men-chi? Men rozi emasman.

Guli hozirgina undan eshitgan taklifi gʻirt bemarni boʻlsa-da, biroq oʻziga yoqib tushganini zoʻrgʻa yashirib turardi. Zero, ayol bu taklifni hech qachon amalga oshirib boʻlmasligini bilar, aynan hech qachon amalga oshmaydigan taklif bilan N. uning oldida malikadan imo kutayotgan qaroldek turishi unga zavq bagʻishlar, shu sababli, ushbu soniyalarni choʻzish uchun quvlik bilan N.ning qitigʻiga tegadigan qilib, ters-ters gapirdi.

N. Guliga qaradi. Guli kulib turar, zarracha oʻzgarish yuz bermagandi chehrasida. Goʻyo Guli uni masxara qilayotganday edi.

-Toʻgʻri, xatti-harakatim koʻplarni ajablantirsa kerak. Koʻplar meni gʻirt ahmoqqa chiqarishadi. Biroq men shunday qilishga ahd qildim. Kimdir shunday qilishi kerak edi. Oʻsha kimdir men boʻlmoqchiman – u yana nimadir demoqchi edi, ammo boshqa gap topolmadi va oyogʻi singanidan devorga suyab qoʻyilgan eski stolning oʻrtasidagi oʻyiqqa qarab qoldi.

Guli oʻrnidan turib, uning oldiga keldi va boʻyniga qoʻl tashlab, erkalagandek shapatilab qoʻydi.
-Mening kimligimni bilasanmi? Odamlar men haqimda nima deyishlarini-chi? – dedi u oʻzi jiddiy tortgan boʻlsa-da, koʻzlari kulib turardi.

-Bilaman, — dedi u. –Eshiging yozigʻliq turibdi.
-Xoʻsh, nima deysan?..

-Fikrimdan qaytarolmaysan,- dedi u bir oz dadillashib, — Aslida men seni emas, oʻzimni qutqarmoqchiman. Umrimda biron marta ham tavakkal qilganim yoʻq. Qanday yashash kerak boʻlsa, shunday yashaganman. Endi esa tavakkal qilmoqchiman.

-Men bevaman, sen esa hali biron qizni ham oʻpmagan boʻlsang kerak, — dedi Guli. U, chamasi, N.ning bironta qizni oʻpib turganini tasavvur qildi va oʻzini kulgidan tiyolmadi. Guli bu burni uzun, yapaloq yigitning qizlarni oʻpishini sira xayoliga keltirolmadi.

Garchand bu uylanish qarori gʻirt xomxayol boʻlsa-da, baribir erkak kishidan uylanish haqidagi takliflar eshitish ayolga maroqli. Ilgarilari xuddi boshqa erkaklar kabi kelib ketadigan, boshqa erkaklardan hech bir jihati bilan farq qilmagan yigitning tomdan tarasha tushganday taklifi uni bir oz ajablantirgan, taklifning samimiyligiga ham ishongisi kelmay, yigitni masxara qilish uchun oʻzini yerga urib gapirardi.

— Meni qiziqtirmaydi, — dedi N.qatriy ohangda. – Men allaqachon shunday qilishim kerak deb bilaman.
— Menikiga koʻchib kelasanmi? – deb soʻradi Guli oshkora masxara qilib.

— Yoʻq. Men seni bu hayotdan butunlay uzib olmoqchiman. Sening har kuni dahlizda, qoʻshnilarning yuz-koʻzida va uyda yotgan oʻtmishing bilan qayta-qayta uchrashishingni sira istamayman.- u oʻzini bosib olgan va oʻzi istamasa ham shu vaqtgacha butun shuurini band etgan oʻylar tiliga quyilib kelardi. Guli unga hayron boʻlib boqib turar, endi uning koʻzlaridan masxara yoʻqolgan, faqat bu balandparvoz gaplarni loqaydgina eshitardi.

— Bir kecha uygʻonib ketdim, — dedi N. stolning siniq oyogʻiga tikilgancha. – Chiroqni yoqib xonaga koʻz tikdim. Hamma narsa tartib bilan joylashgan, hamma narsa yetarli edi. Umuman, bir odam baxtli yashashi mumkin boʻlgan hamma narsa bor edi. Biroq shunda nimadir yetishmayotganini anglab qoldim.

— Bilasanmi, nima? Men qandaydir oʻlikka oʻxshab yasharkanman. Oʻlik kabi kechamdan bu kunimning, bugunimdan ertamning farqi yoʻq ekan. Oʻliklarda shunday boʻladi: mening esa tirilgim keldi va oldingga meni tiriltir, azoblaringni, uqubatlaringni menga ham yuqtir deb keldim. Ha, shunday, meni tiriltir, mening hayotimga mazmun bagʻishla, iztirob bagʻishla! Qalbimni tita-tita seni topdim. Ha, men senga kerak edim. Menga faqat sengina muhtoj eding. Oldin buni tan olmasdim. Men ham tanishganimdan beri hammaga oʻxshab oʻshalardan deb oʻylardim. Endi bilsam sen shu zindonga tushib qolgansan. Seni zindondan qutqarish uchun kimdir qurbon boʻlishi kerak. Oʻsha qurbon — menman. Adashgan, yoʻlini yoʻqotgan sen emas, men ekanligimni sezdim va meni tiriltir, menga hayot bagʻishla, deb oldingga keldim.

U bunday demoqchi emasdi, biroq hayajonining zoʻridan bir necha kundan buyon xayolini band etgan oʻylarni gapirib yubordi.

Guli unga ajabsinib tikildi: ayolning nigohidan hech narsani anglamagani shunday sezilib turardi. Uning koʻp narsani tez fahmlayvermaydigan peshonasi tirishib, bu turqi tarovatini kelishgan deb boʻlmaydigan, biroq tarbi nozik koʻringan yigitning nima demoqchiligini anglolmay hayron edi. Guli biron narsa demay, stolda yotgan gazetani olib, koʻzi tushgan joyidan oʻqiy boshladi. U ham barcha ayollar kabi shu yoʻl bilan vaqtdan yutmoqchi va nimadir oʻylab topmoqchi edi. Biroq gazetani oʻqigan joyini yana bir koʻzdan kechirdi-da, N.ga baqrayib tikilib qoldi. Guli bunday soʻzamollikka oʻrganmagandi, ammo bu soʻzamollik ichida qandaydir holat, gʻayritabiiy xulosa bor ediki, u shu xulosaning tagiga yetmoqchi edi. Guli uchinchi marta gazetaning oʻsha joyiga koʻz yugurtirdi va sekin oʻrnidan turib, N.dan koʻzini uzmay tisarila boshladi va eshikka yetgach, ostonaga suyanib, baqirib yubordi.

N.qoʻrqib ketib, ostonaga oʻgirildi va yuzi oqarib ketgan, qoʻlida gazeta ushlagancha qaltirab turgan Gulini koʻrdi.

— Ket! — deb baqirdi birdan Guli uning qarashidan oʻzini olib qochar ekan. – Ket! Men senga hech narsa qilganim yoʻq. Ket. Men arvohlardan qoʻrqaman.
U ajabsinib, oʻrnidan turdi va Guliga yaqinlashmoqchi boʻldi.

— Ket! — deb chinqirib yubordi Guli oʻzini dahlizga olar ekan va qoʻlidagi gazetani unga qaratib otdi.

U yuziga kelib tekkan gazetani ilib oldi-yu, buklab, Gulining izidan dahlizga chiqmoqchi boʻldi.
Uning oʻziga qarab kelayotganini koʻrib, Guli shunday chinqirib yubordiki, u qoʻrqib joyida taqqa toʻxtab qoldi. Yotoq eshigi ochilib ochilib, barvasta koʻrindi. Guli barvastaning orqasiga oʻtib olib, yuzini bekitgancha yigʻlab yubordi.

— Ket, — u yiglarkan tovushida tahlika va qoʻrquv zohir edi. — Men seni hech qachon qargʻaganim yoʻq edi. Ket.-Gulining yigʻisini koʻrib barvasta oldinga oʻtdi.
-Chiqarib tashlashimni istamasangiz, oʻzingiz keting.

Vaziyat jiddiy tus olgan, Guli vajohatidan uni barvastaga sudratib chiqarishdan ham qaytmasdi.
N. indamay paltosini kiydi. Barvasta sakrashga tayyor sherdek, uning har bir harakatini hushyor kuzatib turdi. Faqat eshik yopilgachgina uning tahdidli chehrasi ichkarida qoldi. N. zinadan tushar ekan, Gulining birdan titrab-qaqshab, qoʻrqib ketishiga majbur qilgan gazetaga koʻz tashladi. Gazetaning buklangan joyida «Navbatdagi xudkushlik” sarlavhasi tagida shunday xabar yozilgandi: «Kecha ertalab Janubiy temir yoʻl vokzalida poyezd ostida qolgan jasad topildi. Jasadga qarab kimligini aniqlab boʻlmasdi. Faqat oʻlik choʻntagidan chiqqan hujjatgina uning shaxsini aniqlashtirdi. Bu odam S. tashkilotining katta xodimi N. boʻlib chiqdi. Dastlabki taxminlarga koʻra N. xudkushlik qilgan va kechasi oʻzini poyezd ostiga tashlagan”.

***

Oradan bir oylar oʻtdi. Tergovchining shaxsiy kotibidan hech qanday darak boʻlmadi: N. uni oʻzi izlab topishiga qaror qilganda qish oxirlab qolgandi. N. har kuni ertalab koʻchaga chiqar, kechqurun uyga qaytar, ertadan kechgacha idorama-idora yurardi. U uchrashgan tashkilotlar boshqa idoraga uchrashish zarurligini aytardi, baʼzilari “Bu ish qoʻlimizdan kelmaydi, juda murakkab ekan”, deb ochiqdan-ochiq tan olishardi. Ammo uning “oʻlgan” kuni tobora uzoqda qolib, ish yana ham tushunarsiz, mavhum tus olayotgandi. Tanishlari uchrab qolganda, unga achinib qarab qoʻyishar yoki qandaydir maslahatlar berishardi. N. boshida bu maslahatlarning hammasiga amal qilishga harakat qildi, biroq vaqt oʻtgan sayin uning ishi choʻzilib, oqibati koʻrinmagach, hammasidan umid uzib, menga hech kim yordam berolmaydi, degan xulosaga keldi. U navbatdagi idoraga kirib chiqqanda ichidagi nimadir shu idorada qolib ketganday boʻlar, oʻzini holsiz sezardi. U qish chiqqunga qadar ichidagi barcha quvvatini kezib chiqqan idoralarga tashlab chiqdi. Bora-bora unda quvvat ham, hafsala ham qolmadi. Endi uyda xuddi tobutda yotgandek toʻshakda choʻzilib yotar, bu anglashilmovchilikning oxiri nimadir boʻlib qolar va hammasi oʻz oʻrniga tushib ketar deb umid qilardi. Bu maslahatni ham aslida uy oqsoqoli bergandi. Yakshanba kunlarining birida uy oqsoqoli kirib keldi. N. badjahl bu odam endi oʻzidan uyni boʻshatib qoʻyishni talab qilishini oʻylab yuragi shuvillab ketdi. Biroq uy oqsoqoli u quyib bergan choyni hoʻplar ekan, kutilmagan ohangda unga maslahat bera boshladi.
-Sizning bu ishni toʻgʻrilayman deb yugurib yurishingiz foydasiz, — dedi u bunday ishlarning koʻpini koʻrgandek. — Ishning izidan qancha koʻp yugursangiz shunchalik koʻp ovora boʻlasiz, bu faqat sizga ziyon keltiradi. Siz kuting. Bir kuni qaysidir amaldor hujjatingizga koʻzi tushib qolib, chalkashlikni anglasa, ana oʻshanda oʻz-oʻzidan hal boʻladi. Ammo siz yugurib, bu ishning tagiga yetolmaysiz.
N. uy oqsoqolining oʻzi bilan hurmat saqlab gaplashayotganini koʻrib, boyadan beri uydan ayrildim deb asabiy oʻtirganidan uyaldi.
— Sizning-cha, shunday amaldor topiladimi? – soʻradi u, biroq shubhasi nooʻrinligidan oʻzi birdan xijolat chekdi.
— Boʻlmasam-chi, — dedi oqsoqol, — hamma narsa tugadi deb oʻtirganingizda, birdan chalkashlik bilinib qolib, ijobiy hal qilingan hollar koʻp boʻlgan. Bu, albatta, mingdan bitta hodisaga toʻgʻri keladi, shunday boʻlsa ham, kutishdan boshqa iloj yoʻq. Chunki yangi kelgan har bir amaldor oʻz vazifasi bilan yaxshiroq tanishish uchun eski hujjatlarni qaytadan koʻrib chiqadi.
N. uy oqsoqolidan juda minnatdor boʻldi. Tartib-intizomni yaxshi koʻradigan yarim harbiycha feʼli bilan uydagilarni qoʻrqitib choʻchitib qoʻygan boʻlsa-da, hozir hech qanday dashnomsiz gapirmoqda edi.
-Sizdan va uydagi boshqa istiqomat qiluvchilardan judayam xijolatdaman. Namunali uy degan faxrli oʻringa men tufayli erisholmay qolishingiz mumkin.
-Uzr soʻrashning hech keragi yoʻq, — gapini boʻldi oqsoqol. — Siz hijolat chekmang. Bu ish sizning aybingiz bilan sodir boʻlmagan, biz buni yaxshi tushunamiz. Siz hech qanday uyatli ish qilganingiz yoʻq.
N. oqsoqolning pakana boʻyiga, ajin tusha boshlagan yuziga birrov koʻz yugurtirib chiqdi. Aytganlari samimiymi, yoʻqmi bilolmadi. Balki oqsoqol uni sinab koʻrayotgandir?
— Ha, aytganday, sizni kecha bir yigit yoʻqlab keldi. — Oqsoqol N. ga sinovchan koʻzlarini tikdi.
-Qanday yigit? — hayron boʻldi N.
-Yosh, olifta, — dedi oqsoqol yigit oʻziga yoqmaganini bildirib. — Bugun yana kelaman deb ketgandi.
N. “Kim ekan?” deb oʻyladi, tanishlari ichida uni yoʻqlab keladigani yoʻq edi. Uni hali hech qachon hech kim yoʻqlab kelgani yoʻq. N. ulfatboz, tez til topishadigan yigitlardan emasdi, ishda uni tartibli, intizomli, oʻz ishiga qattiq berilgani uchun hurmat qilishar, tanishlari shunchaki koʻcha tanishlari boʻlib, ular biron marta N.ni, N. esa ularni uyga taklif qilmagan edi. U yolgʻiz va soʻqqabosh yashashga koʻnikib qolgan, kimdir oromini buzishdan juda qoʻrqardi. U dam olish kunlari qahva ichib, toʻshakka yarim choʻzilgancha kitob yoki biron jurnal oʻqib vaqtini oʻtkazar, bu osoyishta hayotini hech kimga buzishini kelmasdi. Ammasiga xat yozmay qoʻyganiga ham koʻp yillar boʻlgan, toʻgʻrirogʻi, uning bor-yoʻqligi ham esidan chiqib ketgandi. U oʻzining soʻqqabosh va osoyishta hayotini shunchalik eʼzozlardiki, bu hayotga xavf tugʻdirishi mumkin boʻlgan qizlar yoki ayollar bilan ham yaqin boʻlmas, Guli bilan tanishgan va ikkalasi oʻrtasidagi munosabat oddiy tanishlik chegarasidan oshib ketgan boʻlsa ham u Gulini hech qachon uyiga taklif qilmagandi. U yolgʻiz hayoti bilan faxrlanar va bu hayotini hech narsaga almashmasdi. Uy oqsoqolining xabari dafʼatan uni choʻchitib yubordi: u oʻzi yillar oro bergan tartibini kimdir birdan buzib, uni soʻroqlab kelganidan choʻchib ketdi.
Uy oqsoqoli toʻsatdan vazifasi esiga tushib qolganday, uyni bir-bir koʻzdan kechira boshladi, gʻuslxonani, hojatxonani ochib koʻrdi. U ayvon tarafga oʻtib, shiftlarga qaradi, soʻng N.ning oldiga qaytib keldi.
-Men sizdek ozoda va orasta odamlarni hurmat qilaman, — dedi mamnun qiyofada, biroq uning koʻzlari quvlik bilan yaltirab yolgʻon gapirayotganini bildirib turardi.
— Sizning bu yerda uzoq yasholmasligingiz meni tashvishga soladi. Oʻzingiz bilasiz, yangi koʻchib keluvchi qanday kishi boʻladi, balki u isqirt va ablahdir?
Oqsoqol oxirgi gapini chin koʻngildan xavotirlanib gapirdi.
— Balki hammasi yaxshi boʻlib ketar, — dedi N.- Bekorga tashvish qilayotgandirsiz.
— Toʻgʻri, — dedi oqsoqol, — bekorga tashvish qilayotgan boʻlishim ham mumkin. Biroq men javobgar odamman, har qanday vaziyatga tayyor boʻlib turishim kerak. Chunki bu ish juda jiddiy, oldindan biron narsa deb boʻlmaydi.
— Buni men ham bilib qoldim. — dedi N. — Avvaliga shunchaki anglashilmovchilik deb oʻyladim. Biroq keyinchalik oʻzim idorama-idora yurib, biron natija chiqishiga ishonmay qoldim.
— Siz sabr-toqatli boʻlishingiz kerak, — dedi oqsoqol, — biroq ishning jiddiyligini bir daqiqa ham esdan chiqarmang.
— Yana choy ichasizmi? – soʻradi N. oqsoqolning boʻsh piyolani qoʻliga olganini koʻrib.
— Yoʻq, rahmat. — dedi oqsoqol, piyolani qaytib qoʻyarkan, — endi men boray, xizmatdagi odamman. Mening sal yoʻq boʻlganimni bilishsa hamma yoqni agʻdar-toʻntar qilishadi.
— Piyola yoqib qolgan boʻlsa olib ketishingiz mumkin, — dedi N. — Menda yana ikkitasi bor.
— Shundaymi, — dedi oqsoqol piyolani yana qoʻliga olib tomosha qilarkan. — Menga guli juda yoqib qoldi. Did bilan ishlangan ekan. Undan keyin, balki sizga bu mutlaqo kerak boʻlmas..
Oqsoqol eshikka qarab yurdi. Eshikni ochib chiqarkan uning boʻyi eshikning yarmiga ham yetmadi. N. uni zinagacha kuzatgach, qaytib yana toʻshakka choʻzildi. U keyingi paytlarda tez-tez horiydigan boʻlib qolgan, doimiy ruhsizlik, boshiga tushgan musibatning oxiri koʻrinmasligi tanasidagi madorni soʻrib olgan edi. U toʻshakka choʻzilgani bilan koʻziga uyqu kelmas, uyqusida ham orom yoʻqligidan ertalab yana holsiz boʻlib uygʻonardi. Mavhumlikning qalin va sirli toʻri uning hayotini asta-sekin oʻrab olar, u toʻrga tushgan baliqdek har tomon oʻzini ursa ham bu toʻrni yorib chiqa olmas, aslida toʻr kimning qoʻlida ekanini ham bilmasdi. U zim-ziyo kechada begona shaharda adashib qolgan odam kabi qaysi uyning eshigiga borsa, begona, yot kishilarga duch kelar, tanish uyni topolmay zir yugurib yurganga oʻxshardi. Endi bu betayin harakatdan, koʻz oldida turgan mavhumlikdan charchay boshladi. Bundan bir maʼni yoki umid qidirish befoyda edi.
N. hayotini mavhumlik tomon burib yuborgan anglashilmovchilik boshida oʻz ishiga sovuqonlik bilan qaragan ikki-uch kishi yoki marhumlar haqidagi xabarlar bilan kun koʻradigan muxbir emas, tushunarsiz, ulkan va boshiyu oxiri qayerdaligini bilib boʻlmaydigan, shafqatsiz, bir-biriga zanjirday bogʻlanib ketgan butun boshli guruh turganini seza boshlagandi. Biroq bu charxpalakning boshini topish, uni oʻzgartirish, unga taʼsir etish sira mumkin emas edi. Va charxpalak juda katta binolar, kalondimogʻ nusxalar, hech kimga keragi boʻlmagan tartiblar, yaltoq va sur qorovullar ortiga yashirinib olgan, uni izlab topishning sira iloji yoʻq edi. N. oʻzini ana shu sirli, koʻrinmas, bahaybat sir-sinoat ostiga tashlanganini va endi undan qutulish mushkulligini elas-elas anglar, biroq uni bir ilinj tark etmagandi. U har bir narsaga shu ilinj bilan qarar, har bir odamning maslahati najot boʻlib tuyulardi. N. endi faoliyatsizlikka gʻarq boʻlgandi: u oʻzining ilgarigi hayotidan yotlashib borar, gʻala-gʻovur, shovqin-suronli ish, doimo nimanidir talab qilib turadigan va ana shu narsa nega zarurligini oʻzlari ham hech qachon bilmaydigan, biroq talab qilish va qoʻl ostidagilarni ishlata olayotganidan oʻzlaricha zavqlanib yashaydigan boshliqlar, gʻiybat va fitna-fasod gaplarga oʻch hamkasblari — hammasi uning nazarida endi olisdagi qirgʻoqda qolishgan edi: u endi ertalablari ishga shoshilmasdi, vaqt oʻz mohiyatini mutlaqo yoʻqotgan, u xohlagan payti yotishi yoki qahva ichishi mumkin edi. Vaqt uning uchun goʻyoki oʻzi yotgan toʻshakday edi: u oʻtayotganini, tinimsiz aylanayotganini N.ga bildirmasdi, shundoq yonidan, koʻchadan N.ga tashvishlari yot va tushunarsiz odamlar bilan birga oqib oʻtmoqda edi. N. esa na oqimni, na oʻzlarining tirik ekanlaridan mamnun odamlarni sezmasdi.
N. tabiatan sabrsiz yigit edi: ammo bu uning oʻzini tutishida sezilmas, bosiq, toqatli, mulohazali boʻlib koʻrinar, biroq ichida doim oʻzining yuvoshligidan, har qanday tanbehni yoki adolatsizlikni hazm qilib ketaverganidan norozilik uygʻonar, oʻzini qoʻrqoq hisoblar, koyir,chapdast, keskir va betga chopar boʻlishni orzu qilardi. Ammo bu hissiyot tez oʻtib ketar, navbatdagi tanbehlarni eshitayotganida yana yuvosh va sabrli holiga qaytar, zero, ishxonadagilar uning ana shu fazilatini juda qadrlashar, nohaq tanbehlar uchun baʼzan uzr ham soʻrashardi. Shu oʻtgan oylar ichida u goʻyo ikki kishi boʻlib yashaganday edi: uning kunlari sabr va sabrsizlik, bosiqlik va qiziqqonlik orasida kechar, tunda tuzgan rejalarini ertalab yoʻqqa chiqarar, kechasi oʻz haq-huquqi uchun kurash yoʻllarini axtarar, ertalab esa yana bir oz kutish zarur degan xulosaga kelardi. Uning ayni paytdagi holati ana shu oʻziga ham tushuniqsiz boʻlgan ikkilanishlar, umid va umidsizliklar qorishigʻida oʻtayotgan edi.
Shunday kunlarning birida N. roʻparasidagi binoning derazasidan oʻzini kuzatishayotganini sezib qoldi. Kuzatayotgan kishi kalta boʻyli edi. N. chiroq yoqqan payti u xonasining chirogʻini oʻchirar, derazadan uning dumaloq sharpasi koʻzga chalinardi. Kunduz kunlari kuzatuvchi derazani ochib qoʻyar, xuddi butun bir shaharni tomosha qilayotganday koʻchani, mashinalarni kuzatar, baʼzi-baʼzida N.ning derazasidan koʻz uzmay tikilib qolardi. N. kuzatuvchini sezib qolgach, tunlari ham chiroq yoqmay qoʻydi, endi oʻzi oʻsha derazadan koʻz uzmay, kuzatuvchini kuzatardi. Baʼzida bu ermak topilganidan xursand ham boʻlib ketar, kuzatuvchi va N. soatlab bir-birini kuzatib oʻtirishardi. N. koʻchaga chiqqan paytlari kuzatuvchi izidan chiqar, N. uni doʻkonlar, qahvaxonalar, bekatlar aro izidan ergashtirib yurar, hech qanday ishi boʻlmasa ham gavjum joylarda uzoq toʻxtab turar, begona odamlarni gapga tutar, mutlaqo notanish odamlarga qoʻl silkirdi. U kuzatuvchiga qasdma-qasd shaharga tushar, hech kim bilan uchrashmay, bekatning oʻzidan iziga qaytardi. U kuzatuvchini chalgʻitishdan, bu bilan bir oz boʻlsa-da, ularga qarshi chiqayotganidan, hozirgi hayotiga, uni xoʻrlaganlariga koʻnikmayotganidan xursand edi. Biroq kuzatuvchi xuddi badboʻy havo kabi uning burni tagida har doim anqib turar, u erkinlikka qanchalik koʻp intilsa, shunchalik atrofini yot nigohlar oʻrab olar, har soniya shu nigoh bilan birga uning vayrona, mazmunsiz va mushtoq kunlariga kirib kelar, shu nigoh bilan birga uning oʻsha mashʼum kundan keyingi umrini tiklab borardi. U bora-bora shu nigohsiz yasholmay qoldi. Endi koʻchaga chiqsa uni taʼqib etuvchi oʻsha nigohni oʻzi izlar, soʻng oʻsha nigoh taʼqibi bilan shahar aylanardi. Nigoh shunchalik oʻtkir va qatʼiy ediki, uni chalgʻitish sira mumkin emasdi. U har qanday holatda ham N.ning naq yelkasiga tikilib turar, garchi nigoh egasi koʻrinmasa ham N. yelkasida nigoh qadalib turganini sezardi. Bir kuni N. yelkasidagi nigoh yaqin qolganini sezib, iziga ilkis burildi va oʻn qadamcha narida oʻziga tikilib, shoshib kelayotgan mittigina, dumaloq odamni koʻrdi. Bu odam N.ning oʻziga tikilib, toʻxtab turganini koʻrib, joyida qotdi va atrofga najot izlab, olazarak boʻlib qaradi-da, najot koʻrmagach, oʻzini kichkina doʻkon orqasiga urdi. N. yana tez-tez yurib keta boshladi. Toʻsatdan hozirgina doʻkon orqasiga oʻzini urgan kuzatuvchiga oʻxshash odamga toʻqnashib ketayozdi. Aftidan, u N.ni koʻrib toʻxtagan va N. shoshib yura boshlagach, nima qilishini bilmay qotib qolgandi. N. bu odam bilan orqasidan kuzatib kelayotgan odamning kiyimlari ham, boʻyi va qiyofalari ham bir xilligini koʻrdi. Saldan soʻng mitti odamlar bir nechta ekanini sezdi: ular yoʻlning turli tomonidan N.ni kuzatib turishardi. Bular egizaklar kabi bir-biriga oʻxshar, faqat baʼzilari mallaroq ust-boshi kiyib olishgan, shlyapalarining soyabonlari kesik edi. N.ning jahli chiqa boshladi. Nazarida oʻzini shuncha odam kuzatib yurishi bezbetlikdan boshqa narsa emasdi. U tez-tez yurib, oldindagi mitti odamga yetib oldi va uning kamzulining orqa yoqasidan ushlab bir silkib tortdi: mitti odam yoqasini boʻshatish uchun osilib qolgan oyogʻini havoda qimirlata boshladi. Soʻng gʻazabnok N.ni koʻrib qoʻrqib ketdi va uning qoʻlida tipirchilashga tushdi.
— Sizga kim ruxsat berdi, — oʻzini yoʻqotib N. uni bir qoʻli bilan koʻtarib, ikkinchi qoʻli bilan toʻgʻri kelgan yeriga ura boshladi. Mitti odam oyoqlarini havoda qimirlatar, ogʻzi-burniga tushayotgan shapoloqdan yuzini olib qochish uchun goh oʻng, goh chap tomonga madad izlab alanglardi. N. birdan sherigiga tashlanganini koʻrishgach, boshqa kuzatuvchilar urra qochib qolishganini koʻrdi. Ularning bittasi yoʻlning narigi tomoniga oʻtib, beton toʻsin orqasidan N.ni kuzatib turardi. N. qoʻlidagi mitti odamni shundoq yoʻlakka otib yubordi. Mitti odam yoʻlakda bir-ikki umbaloq oshib tushdi-yu, tura solib qochib joʻnadi. N. poʻpisa uchun uning izidan yugurgan boʻldi: mitti odam beton toʻsindan sakrab oʻtib, uylar orasiga oʻzini urdi.
— …ni. — dedi N. baribir quvlab yetolmasligiga ishongach ataylab taʼqib qiluvchilarning jahlini chiqarish uchun.
— Onadan kelmang, — dedi qochib borayotgan mitti odam N.ning quvmayotganini koʻrgach toʻxtab, iziga yarim burildi. Uning shu turishi hozir oʻzini urgan odamni soʻkib qochayotgan yosh bolaga oʻxshardi. — Sizlarning kuchlaringiz menga oʻxshagan kichkina odamlarga yetadi. Agar men boʻlim boshligʻi boʻlganimda hech qachon urolmasdingiz. — Mitti odam oʻzining kichikligidan oʻksinib, burnini tortib qoʻydi va N.ning hujum qilmasligiga ishongach, nariroqda bir joyga toʻplana boshlagan sheriklari oldiga joʻnadi. N. ularning oʻzidan nihoyatda qoʻrqishini sezib qoldi: endi u oʻzini kuzatishayotganiga eʼtibor ham bermas, kunduzlari izidan ergashib yurgan mitti odamlarga qaramasdi ham. Baʼzan esa ularni toʻsatdan quvib qolar, mittilar shatoloq otib, bir-birini yiqitib, umboloq oshib qochishar, biroq N. iziga qaytganini koʻrishgach, yana uning iziga tushishardi. Aslida N.ning ulardan yashiradigan siri yoki boradigan joyi ham yoʻq edi: u doʻkonga yoki bozorga chiqar, baʼzan shunchaki koʻcha aylanib yurar, biron kishi bilan uchrashmas, suhbatlashmasdi. U oʻzini har kuni shuncha kishi poylab yurishiga hayron qolardi va oʻzining ular poylab yuradigan darajada xufiyona ishlar qilolmayotganidan uyalib ham ketardi. Biroq baribir mitti odamlar uning gʻashini keltira boshladi. U kechga yaqin tanish gazeta sotuvchisi bilan gaplashib turarkan, mittilardan bittasi ikki qadamcha narida suhbatga quloq solib turganini koʻrdi. N. xuddi suhbatga berilganday tutib, oldinga egildi va sotuvchiga shivirlab gapira boshladi. Mitti orqa tarafdan suhbatni eshtish uchun yana ham yaqinroq keldi: uning qoʻl yetadigan darajada yaqinlashganini koʻrib, N. birdan unga tashlandi-da, boʻyinbogʻidan tutib olib, doʻkonning orqa tarafiga sudrab ketdi. Mitti boʻgʻilib qolganidan tipirchilar, oʻzini har yoqqa tashlar, yuzi boʻgʻriqib, xirillab nafas olardi. Boshqa mittilar tumtaraqay qochib qolishgandi. Doʻkon orqasidagi qurilishi bitmagan bino oldiga kelgach, N. mittini dast koʻtarib, taxlab qoʻyilgan tunuka ustiga oʻtirgʻizdi.
— Kimsizlar? Kim sizlarni joʻnatdi?
N. boʻyinbogʻni qoʻliga qattiqroq oʻrab tortdi va mittini tunuka ustiga bosib oldi.
— Bizga sizni kuzatib yurish buyurilgan, — dedi mitti xirillab, u hozir oʻzini kaltaklaydi, deb oʻyladi chogʻi, N.ga iltijoli, qoʻrquv toʻla koʻzlarini tikdi. U xuddi yosh bolaga oʻxshar, ovozi ham chiyildoq edi. Gapirar ekan, koʻzlaridan yosh qalqib chiqdi. N. uni yigʻlab yuborsa kerak deb oʻylab, boʻyinboqni bir oz boʻshatdi.
— Kim buyurgan?! – soʻradi u oʻzini qattiq gʻazablanganga solib, qovoqlarini uyib.
— Buni biz bilmaymiz! — dedi mitti odam, — biz shogirdlarmiz. Biz topshiriqni yozma ravishda olamiz. Unda kim buyurganligi yozilmagan.
-Ah-ha, — dedi N. shapoloq tortishga chogʻlangan qoʻllarini baland koʻtarib. — Kim buyurganini bilmaysizlar, lekin bir odamni xufiyona taʼqib yurasizlar. Bu qanaqasi boʻldi?
— U rost gapiryapti, — dedi orqadan yana bir chiyildoq tovush. N. orqasiga oʻgirilib qaradi va uch qadamcha narida qator tizilib turgan mittilarni koʻrdi. Ular ayb ish ustida qoʻlga tushgan maktab oʻquvchilarini eslatar, hammasi bir xil kiyingan, kamzullarining tugmalarigacha yagona andozada edi.
— Mana, koʻpayib qolishdi, — dedi N. qoʻlidagi mittini tunukaga siltab — siltab urarkan – xoʻsh, nimani toʻgʻri gapiryapti?
— Biz shogirdlarmiz, — dedi baravariga mittilar.
— Shogird? — qayta soʻradi N. — Sizlardan qanday shogird chiqishi mumkin?! Koʻrinishlaring ishtonini hoʻl qilgan mishiqilarga oʻxshaydi.
— Kichkina demang bizni, koʻtarib uramiz sizni, — dedi mittilardan bittasi chiyillab, xuddi sheʼr oʻqib berayotgan boladay viqor bilan.
— Haqorat qilmang. — dedi yana bittasi.
— E- hoʻ, bular hali haq ham talab qila olishadimi? Oldin ishtonlaringni koʻtarib olinglar.
Mittilar ishtonlarini shoshib koʻtarib olishdi. N. ularning ishtonlari xuddi bolalarnikidek yelkalariga kiydirilgan tasma bilan bogʻlab qoʻyilganini koʻrdi. Mittilarning kiyimlari keng boʻlib, ular egnilarida qopday osilib turardi.
— Xoʻsh, kimning shogirdlarisiz? – soʻradi N. ularning ishtonlari yana tushib ketganini koʻrib, oʻzini kulgidan zoʻrgʻa tiyar ekan.
— Tergovchining! — dedi baravariga mittilar.
— Targovchining? – soʻradi N. va birdan xoxolab kulib yubordi.
— Shunday hurmatli zot kelib-kelib sizlarni shogird qiladimi? — dedi N. qoʻlidagi mittining ishtonini tushirib, ketiga shapatilarkan, birdan koʻzi ikki tos oʻrtasida boʻrtib chiqqan, toshbaqanikidan sal kichikroq dumga koʻzi tushdi.
— Hali dumimiz ham bor denglar, — dedi u gʻazabi toshib. — Mittiliklaring yetmaganday, hali dum ham bormi senlarda?
— Bor, — chiyilladi narida turgan mittilar. — Dumimiz boʻlgani uchun ham bizga kuzatish ishlari topshirilgan.
— Unda men dumlaringni supurib olaman, boshqa menga dum boʻlmaysizlar.
N. shunday deb mittining dumini qayira boshladi. Dumi buralgan mitti baqirib yubordi va: “Qutqaringlar, hozir oʻldirib qoʻyadi!”- deb yolvora boshladi.
— Biz shogirdlikka mosmiz, — dedi boya “Kichkina demang bizni…” degan mitti. — Biz poyloqchilik qilishga juda qulaymiz. Hech kim bizdan shubhalanmaydi, undan tashqari tergovchi boʻyi uzunlarni yoqtirmaydi. Uning hamma shogirdlari mitti odamlar.
— Rosa didi zoʻr ekan, — dedi masxaromuz ohangda N. — Unda meni poylab yurishni tergovchi buyurganmi?
— Yoʻq, — dedi boyagi mitti, — buni biz bilmaymiz. Bizga yozma buyruq beriladi. Kimni poylab yurishni aniq bilamiz, ammo kim buyurganini bilmaymiz. Bu bizga aytilmaydi. Bu kasb siri!
— Fu, — dedi N. istehzo bilan. — Kasb siri emish! Hozir hammangizning ishtonlaringni yechib, xivchin bilan savalayman, kasb sirini oʻshanda koʻrasizlar!
Mittilar qoʻrqib ketishdi va sekin orqaga tisarila boshlashdi. Ularning koʻzlari ola-kula boʻlib ketgan, ishtonlarini ikki qoʻllab mahkam ushlab olishgandi.
— Bizga shafqat qiling! — deb yalinishga tushishdi ular. — Bu yerda bizning hech qanday aybimiz yoʻq. Biz oʻz burchimizni bajaryapmiz. Agar kuzatma, desangiz, boshqa poyloqchilik qilmaymiz. Ammo bizni kaltaklamang.
Ularning yolvorishi N.ning koʻnglini yumshatdi. “Bularni jazolashdan foyda yoʻq, — deb oʻyladi ichida N. — Agar shogirdlarini kaltaklasam tergovchining jahli chiqishi va ishni yanada chalkashtirib yuborishi mumkin.”
— Bu marta sizlarni kaltaklamayman, — dedi N. — agar yana izimdan poylab yurganlaringni koʻrsam ayamayman.Tergovchiga hurmatim tufayli kechiraman. Ammo ustlaringdan baribir arz qilaman.
— Unda kaltaklay qoling, — birdan chuvillashdi mittilar. Hatto yaqinroq turgani ishtonini yecha boshladi. — Tergovchi shogirdlari ustidan arz qilishlarini yoqtirmaydi. U bizni qattiq jazolashi mumkin.
N. ularning tez taslim boʻlganini, ustiga-ustak jazoga ham rozi boʻlib, tovba qilib turganini koʻrib, qayishini yana beliga bogʻladi: u hozir oʻzini bolalar bilan tarbiya soati oʻtkazayotgan otaday his qila boshladi.
— Ishtonlaringni kiyib olinglar, — dedi u mittilarga.
Mittilar shoshib-pishib ishtonlarini kiya boshlashdi, ammo ular oʻzlarini kaltaklashmaganidan norozi edi; mabodo kaltaklashmagan ekan,unda arz qilishlari tabiiy.
— Agar tergovchining shogirdi boʻlsalaringiz, demak tergovchi bilan shaxsan tanish ekansizlar-da, -soʻradi N. mittilarning yuvoshligi unga judayam yoqib qolgan, boyagi gʻazabi oʻrnini qiziqish egallagandi, ammo u sir boy bermaslik uchungina xoʻmrayib turardi.
Mittilar birvarakayiga nimadir deb tushuntira boshlashdi: ular birdan gapirganidan nima deyayotganini bilib boʻlmas, bittasining ovozi boshqasinikiga qoʻshilib, mutloqo tushunarsiz tus olgan, ular notanish tildagi qoʻshiqni juda beoʻxshov aytayotgan xorga oʻxshardi.
— Bas qilinglar! — baqirdi N. ularning ovozidan qulogʻi qomatga kelib. — Juda bebosh shogird ekansizlar! Qani, bitta-bitta, xuddi maktab oʻquvchisiga oʻxshab gapiringlar.
Mittilar maktab oʻquvchilari kabi qator tizilib olishdi va eng oldinda turgani qoʻl koʻtardi va bir qadam oldinga chiqdi.
— Yoʻq, — dedi N. – Sen emas, anovi gapirsin. – u shunday deb uchinchi mittini koʻrsatdi.
— Biz tergovchining shogirdlarimiz, ammo tergovchini hech qachon koʻrmaganmiz, — dedi uchinchi mitti.
— Unda shogird emas, tergovchining nomidan foydalanuvchi tovlamachi ekansizlar-da! – doʻq urdi N. qayishini qaytadan qoʻliga ushlarkan.
— Biz tovlamachi emasmiz! — baqirishdi mittilar.
— Unda kimning shogirdisizlar?
— Tergovchining, -dedi yana uchinchi mitti. – faqat tergovchi buni bilmaydi: umuman, u nechta shogirdi borligini ham yaxshi bilmaydi. Uning sanoqsiz shogirdlari bor, ularning hech birini tanimaydi. Biz oʻzimizni u kishiga shogird hisoblaganimiz uchun bizga turli topshiriqlar beriladi. “Topshiriqni aʼlo bajargan shotir”, degan nishon bilan taqdirlanadi.
— Sizlarda nishon ham bormi hali? – soʻradi N. ularning jigʻiga tegish uchun ataylab. — Sizlarda nishon nima qilsin? Nishon emas, sizlarga ishtonlaringizni osib yurishingiz uchun toʻgʻa berish kerak. Kim ham sizlarga nishon berardi?
— Bor,bor, berilgan, — deyishdi mittilar N.ning oʻzlarini nazar-pisand qilmaganidan xafa boʻlishgandek. Keyin kamzullarining ichki tomonini ochib koʻrsatishdi. U yerda shundoq koʻkrak ustida ikki burchagi qirrador, qolgan ikki burchagi oʻtmas, bir tepakal, barvasta, yuzi noaniq tasvirlangan jilmayib turgan odam va yoshgina yigit aksi berilgan xiyla katta nishon osilib turardi. Keksaroq odam yosh yigitning yelkasiga qoʻlini qoʻyib turardi. N. mulzam boʻldi. U bu mittilar hech narsaga yaramaydigan, shunchaki topshiriq beringlar deb bezor qilishgach, qaysidir oʻz ishiga masʼuliyatsiz, qogʻozboz amaldorchalardan biri oʻzini kuzatib yurishni nomiga topshirgan deb oʻylagandi. Hozir esa nishonni koʻrgach, mittilar ancha jiddiy odamlar ekanligini sezdi.
— Men ishonmayman sizlarga nishon berishganiga. Sizlar oʻgʻirlab olgansizlar.
Mittilar yana shovqin qila boshlashdi; ular oʻzlarini mensishmagani, ustiga-ustak oʻgʻri” deya haqorat qilishgani uchun juda xafa boʻlishgan, nishon oʻzlariga berilganini isbotlash uchun choʻntaklaridan qandaydir qogʻozlar chiqarishib, N.ning tumshugʻi tagiga tutgancha baqirib chaqirishardi.
-Qani oʻqi-chi, — dedi birinchi mittiga. — Qanday yolgʻonlarni yozib olib, koʻtarib yuribsizlar?!
-Bu yerda yolgʻon yoʻq, — dedi mitti. — Sodda va qisqa qilib yozilgan. Qonun oldidagi fidokorona xizmatlari uchun”, muhr, imzo. Shaxsan tergovchining oʻzi imzo chekkan.
N. qogʻozni qoʻliga olib koʻz yugurtirdi: hammasi toʻgʻri edi; qogʻozda nishon berilganligi toʻgʻrisida muhr va imzo turardi.
— Sizlar fidokor ekansizlar-da, — dedi N. qogʻozni qaytib berarkan.
-Kechani kecha, kuzduzni kunduz demay, sovuq va ochlikka qaramay ishlayapmiz, — deyishdi birvarakayiga mittilar. – Biz eng namunali shogirdlarmiz.
— Birovning izidan poylab yurishning ham namunalisi boʻlarkanmi? — zaharxanda qildi N.
— Boʻladi, boʻladi, — chuvillashdi mittilar. – Mana biz namunali xizmat qilayotganlardanmiz!
Mittilar birdan yosh bolalarday maqtana boshlashdi.
-Qani joʻnanglar! — baqirdi N. qoʻliga qayishini olib. – Men hozir faqat tergovchining shogirdi boʻlganlaring uchungina jazolamayman. Biroq yana bir marta qoʻlga tushsalaring ayamayman: men ham sizlarga namunali xizmat koʻrsataman. Qani endi oyoqlaringni qoʻlga olib bir yuguringlar!
Mittilar shoshib qolishdi: bir-ikkitasi hatto oyoqlarini qoʻliga ushlaganlaricha yugurmoqchi boʻlishdi-yu, ammo bir qadam ham yurmay umbaloq oshib tushishdi.
— Oyoqni qoʻlga olib yugurib boʻlmaydi-ku, — norozi boʻlib baqirishdi ular ust-boshini qoqisharkan.
— Unda qoʻllaringni oyoqlaringga olinglar, — dedi N. – Agar bir necha soniyada joʻnab qolmasalaring tutib dumlaringni kesishga majbur boʻlaman.
N.ning yana qoʻliga qayish olganini koʻrib, mittilar qoʻllarini tizzalariga qoʻygancha qochib joʻnashdi. Yoʻlning narigi betiga oʻtib olib, endi N.ning oʻzlarini quvib yetolmasligiga koʻzlari yetgach, unga qarata mushtlarini doʻlaytirib qoʻyishdi.

***

Q. binosi shaharning bir chetidagi tashlandiq xiyobonga tutash torkoʻchada joylashgandi. N. binoga kirish uchun avval aylanma zinadan tepaga koʻtarildi. Zinadan yengil chiqib oldi-yu, biroq doira shaklidagi pillapoyalardan koʻtarilgani uchun boshi aylanib qoldi: nihoyat zina katta temir eshikka borib tutashdi. N. eshikdan kirishi bilan torgina dahliz boshlandi. Dahlizning uchta eshigi boʻlib, hammasi ochiq turar, biroq na dahlizda, na eshikda, na ochiq turgan yoʻlaklarda hech zogʻ koʻrinmasdi. N. tavakkal qilib oʻrta eshikdan ichkari kirdi. Chaqiruv qogʻozida 113-xona qaysi tamondaligi koʻrsatilmagandi. Ustiga-ustak izidagi eshik yopilishi bilan zulmat ichida qoldi. N. yoʻlakdan toʻgʻri keta boshladi va boshqa bir oxiri koʻrinmaydigan dahlizdan chiqib qoldi; bu dahlizda ham chiroq yoʻq, umuman, binoda chiroq koʻrinmas, hammayoq zim-ziyo, tor, turli tomonga zinalar qurib tashlangandi. N. dahlizda ikki marta zinalardan oʻmbaloq oshib tushib, burnini pachoq qilishiga oz qoldi. Shundan keyin qoʻllarini oldinga choʻzib, ehtiyotkorlik bilan qadam tashlay boshladi: u zinalardan yuqori koʻtarilar, soʻng yana pastga tushardi. Binoning pastidanmi, yuqorisidanmi, turli ovozlar kelar, gʻala-gʻovur eshitilar, N. tovushlarni moʻljallab qadamini ildamroq bosishga harakat kilardi. Biroq bu dahliz tugashi bilan boshqa,oldingisiga qaraganda ham torroq boshqa dahliz boshlanar, dahlizlar oxiri yoʻq yoʻl kabi bir-biriga tutashib ketgandi. Bu yerda nafaqat xonalar, balki eshikning oʻzi ham yoʻq edi. Faqat dahliz oxirida nimadir qoqib tashlangan derazadan xiragina nur tushib turar, shu nur dahlizni sal-pal yortib turardi. N. dahliz boʻylab uzoq yurdi va bir mahal oʻziga qarab kelayotgan sharpani koʻrib, xursand boʻlib ketdi, u dahlizda hech kimni uchratmayman deb koʻrqqan edi. U sharpa yaqinlashgach, 113 xonani soʻradi. Sharpaning erkak-ayolligini farqlab boʻlmas, faqat uning gavdasigina koʻzga tashlanardi. Sharpa- uning ovozidan ham qaysi jinsga taalluqligini bilib boʻlmadi- unga dahliz oxiridan oʻngga, soʻng chapga burilishini, u yerdan zinadan pastga tushib, uzun dahlizning oxiriga borishini aytdi. Uning tovushi xuddi lahaddan chiqayotgandek chiyillab chiqdi. Oyoq tovushlari deyarli eshitilmaganiga qaraganda u oyoqlarida madori ham qolmagan keksa kishi edi. N. minnatdorchilik bildirib, dahliz oxiriga qarab yurdi, u yerdan oʻngga, soʻng chapga burildi va torgina zinadan pastga tusha boshladi. Zina dahlizning eng qorongʻi joyi boʻlib, bu yerda hech narsani koʻrib boʻlmasdi. Oʻn-oʻn besh zinadan soʻng chol aytgan dahliz boshlanishi kerak edi, ammo nazarida zinada naq yigirma daqiqalar chamasi yursa ham zinaning oxiri koʻrinmadi. N. goʻyo yer osti dunyosiga tushib ketayotganday edi. U uzoq yurgach, zinda oʻtirib qolgan chang, yana qandaydir beton, zaxdan boshi aylanib, zinaga oʻtirib oldi. Boyagi gʻala-gʻovur tovushlar tingan, birdan hammayoqqa oʻlik sukunat choʻkkandi. Zina oxirida zulmat ichida bir tola sochdek shuʼla koʻzga tashlanar, bu shuʼla xuddi quduq tubidan chiqayotgandek pastlikdan kelardi. U irgʻib turib, oʻsha shuʼla tomon shoshib tusha boshladi. Yorugʻlik bor joyda toza havo ham boʻlishi mumkin edi. Zinalar orqada qolgan sayin shuʼla kattarib, chiroq tushib turgan pastakkina dahliz koʻrindi. Dahlizning ikki yonida ham xona boʻlib, biroq birontasida raqamni koʻrib boʻlmasdi. U bir boshidan eshiklarni taqillatib ochib koʻrib, “Kim bor?”-deb bor ovozda soʻray boshladi; xonalardan uning savoliga na sas, na sado keldi, hatto stol-stul ham koʻrinmasdi. N. nechta xonani ochmasin, hammasi boʻsh, kimsasiz, tashlandiq holatda edi. U endi bu dahlizda odam boʻlishi mumkinligidan umid uzib qoʻygandi- eshiklarni shunchaki ochib koʻrar, xonaga koʻz tashlamay qaytib yopar, ichkarida kimdir boʻlishidan umidini uzgandi. U xonalarni koʻnglidagi hali soʻnmagan umidining hovrini bosish, butkul soʻndirish uchun endi shunchaki ochib-yopardi. Navbatdagi xonani ham ochib, birdan yopdi, lekin shu dafʼa uning qulogʻiga “Keling” degan tovush eshitildi-yu u eshikni qayta ochdi. N. choʻchib tushdi. Xonada qandaydir koʻlanka oʻtirardi. Bu yer ham nimqorongʻi boʻlib, koʻlankaning yuzi koʻrinmasdi: buni xona ham deb boʻlmasdi: lash-lush tashlanadigan qaznoqqa oʻxshardi. “Keling”, degan tovush keldi yana ichkaridan.. Shundagina N. yengil nafas oldi. U endi bu binoda bironta odamni topishdan butkul umidini uzgandi.
N ichkaridagi odamga 113 xonadagi xodimni izlayotganini aytdi. Ichkaridagi odam “Rafasnimi?” deb qaytarib soʻradi. “Ha. Rafas, menga uning nomidan chaqiriq qogʻozi bor”. Ichkaridagi odam bir nafas jim boʻlib qoldi, boshi koʻtarilib turganiga qaraganda u N.ga sinchiklab tikilayotgan edi. “Rafas oʻlganiga besh yilcha boʻlyapti” dedi saldan keyin mutlaqo bamaylixotir ovozda. N. xodimga chaqiriq qogʻozi yaqinda borganini, unda “113 xonaga, Rafasga uchrashing” deb yozib qoʻyilganini aytdi. “113 xona yonimdagi xona, — dedi xodim, — unda Rafasdan soʻng hech kim oʻtirmadi.” ”Unda meni ovora qilish uchun chaqirishibdi-da“, dedi N. jahli chiqib zinalar va dahlizda adashib yurganining alamini bira toʻla olish uchun. ”Bu masxarabozlik-ku!“ ”Bunaqa voqealar boʻlib turadi,-dedi ichkaridagi xodim, — Rafas tirikligida yozib qoʻygan chaqiriq qogʻozlarini topib olishib, endi joʻnatishgan chogʻi. Uning nomidan chaqiriq qogʻozi olganlar hali ham kelib turadi“. N. choʻntagidagi chaqiriq qogʻozini olib, koʻz oldiga keltirdi. Biroq hech narsa oʻqiy olmadi. ”Siz meni nega chaqirishganini bilmaysizmi?“ soʻradi u endi bir oz yumoshoqroq ohangda. ”Yoʻq, — dedi xodim, — buni faqat Rafas biladi».
N. agar yuziga qaragan taqdirda ham bu odamning yuzini bunda xira yorugʻda aniq koʻrib boʻlmaydi deb oʻyladi. Xodim oldidagi qandaydir qalin jildni ochib nimalarnidir oʻqib oʻtirardi. N. uning bunday zulmatda qanday qilib oʻqiyotganiga hayron qoldi. “Siz oʻqiyapsizmi?” soʻradi u odamdan. “Ha”, — toʻrs va xirillab javob berdi xodim. “Mening hech narsaga koʻzim oʻtmayapti, hatto sizning yuzingizni ham tuzukroq koʻrolmayapman”, — dedi N. “Yuzimni koʻrishingizga hojat yoʻq, lekin hujjatlarni sinchiklab oʻqish kerak. Biron xato yoki anglashilmovchilik oʻtib ketsa, gap tegadi”. “Rafas ham sizga oʻxshab hujjat bilan shugʻullanarmidi?” soʻradi N. “Yoʻq, — dedi xodim jilddan boshini koʻtarmay. — U chaqiriqdar bilan shugʻullanardi”. “Sizlarning idoralaringiz oʻzi nima bilan shugʻullanadi?”- N. oʻzining bu yerga chaqirilish sababini bilish uchun soʻradi. “Bilmayman, — dedi xodim. — Menga hujjatni keltirib berishadi, men esam oʻqib, tartibga solib beraman. Boshqasi bilan hech qachon qiziqmaganman. Bu shart ham emas. Umuman, bu ishxonada odamlar bir-birlarining ishlariga bosh suqaverishmaydi”. Xodim jild ustiga muk tushib oʻtirar, nimalarnidir chizar, ayni paytda N.ning gaplariga ham javob qaytarardi. Xodim ochiq odam edi: uning ovozida rasmiyatchilik yoʻq, samimiy gapirayotganga oʻxshardi. N. u bilan yana biroz gaplashmoqchi edi, biroq band odamning bekorga vaqtini olayotganidan hijolat boʻldi va iziga qaytdi. Shu payt xodimning oʻzi uni chaqirib qoldi. “Hozir tashqarida qish boʻlsa kerak?” dedi u jilddan bosh koʻtarmay yana nimadir yozar ekan. N.ga uning gapi gʻalati tuyuldi. “Yoʻq, — dedi u,- hozir bahor”. Shunday deb yana iziga burilarkan soʻradi: “Men kelgan yoʻlimdan ketamanmi?” Xodim navbatdagi sahifani ochayotgandi, chogʻi, varaqning shitirlashi eshitildi. “Qaysi yoʻldan keldingiz?” deb soʻradi. N. kelgan dahlizni tushuntirib berdi. “Bilmadim, — dedi xodim. — Men ancha yillardan beri tepaga koʻtarilganim yoʻq. Aftidan, binoni yangidan qurishganga oʻxshaydi”. “Demak boshqa yoʻl bilan ham koʻchaga chiqsa boʻlarkan-da?” — soʻradi N. “Yoʻq, — dedi xodim. — Yoʻl bitta”. N. xodimning gapini yaxshi eshitmadi “Siz xonadan chiqmay shu yerda yotib, turib ishlayman demoqchimisiz?” — soʻradi N. “Ha, — dedi xodim. — Ish koʻpligidan vaqtimiz tejamli. Vaqt yetmagach, ishxonaning oʻzida tunab qoladigan boʻldik. Bu ham vaqtni tejaydi, ham mehnatni unumli qiladi”. “ Bu dahlizda sizdan boshqa xodimlar ham bormi?” soʻradi N. xodim koʻrsin uchun qoʻlini xonalarga ishora qilib. “Yoʻq, — dedi xodim. — Rafas bor edi. U oʻlgach, yolgʻiz oʻzim qoldim”. “Rafas oʻz ajali bilan oʻldimi?” soʻradi N. “Ha, — dedi xodim. — Binomiz yonidan qabriston qurilgach, uch kundan soʻng oʻlib qoldi. Yangi qabristonga birinchi boʻlib Rafasni koʻmishdi. Men u bilan shu yerdayoq vidolashib qoʻya qoldim. Ishim koʻp edi, koʻmish marosimiga qatnasholmadim. Ammo uni shundoq xonasining roʻparasiga koʻmishdi. U juda kamtar yigit edi — ishda ham, oilada ham omadi yurishmadi. Rahbarlar unga tanbeh bergani bergan edi. Bir necha marta qoʻpol xatolarga yoʻl qoʻysa ham negadir haydab yuborishmadi. Boshqa odam boʻlganda haydab yuborishardi. Unga rahm qilishdi. Rafas buni bilar va ishxonamizni juda qadrlardi. Oʻlimi oldidan koʻmish marosimi oʻtkazmaslikni vasiyat qildi. U oʻziga shuncha yaxshiliklar qilgan ishxonani ortiqcha xarajatga qoʻygisi kelmadi. Shu sababli hamma xonasida vidolashdi. Soʻng derazadan chiqarishib, oʻsha yerning oʻzigayoq koʻmib qoʻya qolishdi”. Xodim jilddan bosh koʻtarib, birinchi marta xonaning qaysidir burchagiga — boʻshliqqa qarab gapirardi — uni hozir xotiralar ogʻushiga olgand. N. uning yuzini koʻrmayotgan boʻlsa-da, nihoyatda ham chekayapdi deb oʻyladi. Biroq xodim mutlaqo jiddiy ohangda gapini davom ettirdi: “Rahbarlar Rafasning kamsuqumgina oʻlimini rosa maqtashdi. “U tashkilotga yuk boʻlmaslik uchun shunday oʻlimni tanladi. Haqiqiy inson shunday boʻlishi kerak”, deyishdi. Men Rafasdan soʻng yolgʻizlanib koldim”. N. xodimning yelkalari silkinib ketayotganini koʻrib, yigʻlayotganini sezdi.
“Qoʻying, — dedi u, — hammasi oʻtib ketadi. Mana mening boshimdan siznikidan ham achinarliroq voqea oʻtgan”. “Bilaman, — dedi xodim koʻzlarini artarkan. — Menga aytishuvdi”. “Qanday? — ajablandi N. -Meni hatto taniganingiz ham yoʻq-ku?”. “Sizning kelayotganingizni menga boya xabar berishgandi. Rafas yoʻq boʻlgani uchun siz bilan gaplashish menga topshirildi”, — shunday deya xodim oldidagi jildni yopdi. “Unda ishim siz bilan bitarkan-da?” xursand boʻlib ketdi N. — Meni nega chaqirishganini ham bilarsiz?“. ”Bundan xabarim yoʻq, — dedi xodim. -Sizni nega chaqirishganini ishxonada bironta odam bilmaydi. Buni faqat Rafas bilardi, biroq u oʻlgan. Menga faqat siz bilan gaplashish buyurilgan. Nega bu yerga kelganingizni aniqlashim kerak“. ”Aniqlash? — jahli chiqdi N.ning. — Menga chaqiruv qogʻozi berilgan, unda shu bugun soat shunchada shu yerga kelishim shartligi yozilgan“. ”Koʻpincha, — dedi xodim, — bizning ishxonaga munosabatni bilish uchun ham chaqirishadi. Baʼzi odamlar ishxonamiz haqida juda yomon fikrda“. ”Ishxonangiz haqida biron tasavvurga ega emasman, — dedi figʻoni chiqib N. — qanday qilib uni yomon koʻrishim mumkin?“ Xodim birdan xursand boʻlib ketdi. ”Ishxonamiz haqida biz ham aniq tasavvurga ega emasmiz. Ilgari juda katta tashkilot edi. Keyinchalik koʻplar ketib qoldi. Ammo rahbarlar ishxonamiz salobatini saqlab qolish uchun binoni ilgargi holatda ushlab turishibdi. Yoʻqsa, odamlar oʻrtasida mish-mish koʻpayishi mumkin“. N. xodim oʻziga yaqinlashganida uning pakana, ozgʻin va keksa odam ekanligini koʻrdi. Xira yorugʻda uning yuzi hali ham koʻrinmas, biroq u ancha xushmuomala boʻlib qolgandi. ”Siz, — dedi u stolni aylanib oʻtib N.ga yaqinlashar ekan, -bizning ishxonaga munosabatingizni yozib berishingiz kerak. Toʻgʻri, Rafas sizni boshqa masalada ham chaqirgan boʻlishi mumkin, biroq u yoʻq. Shunday ekan, faqat munosabat masalasida chaqirgan deb qoʻya kolamiz“. Xodim javondan bir tutam qogʻoz olib, N.ga uzatdi. ”Siz Rafasning xonasiga oʻtib bemalol yozishingiz mumkin. U yerda stol va maxfil bor. Rafas shu yerda yotib turib ish qilaverardi, shu sababli maxfilni xonasiga kiritib olgandi».
N. qogʻozni olib, qaytib dahlizga chiqdi va oʻng tomondagi eshikni ochib, tusmollab oʻrtaga yurdi va nimagadir qoqilib, unga burni bilan urilayozdi. Qoʻli bilan paypaslab uning maxfil ekanligini bilgach, unga oʻzini tashladi. U havosi ogʻir dahlizda yuraverib, holdan toygan, hozir hech narsaga qoʻli bormas, birpas boʻlsa ham mizgʻib olgisi kelardi. Rafasning xonasi xodimning xonasidan ham qorongʻiroq edi, biroq N. charchagani va uxlab olish istagi zoʻr kelayotgani uchun bunga eʼtibor bergisi kelmadi. U divanga bosh qoʻyishi bilan uyquga ketdi. Tushida T.ni, rahbarni, shoirni koʻrdi. Negadir ular bir odam qiyofasida edi: T. goh rahbar, goh shoir qiyofasiga kirar, N.ni ichkariga kiritmasdi. N. esa T. turgan xonada nima borligini bilgisi kelardi. “Ular oʻzi mendan nimani yashirishmoqchi, nega meni ichkariga kiritishmayapti?” degan oʻjar bir istak uni T.ning atrofida girdikapalak qilib, ushlab turardi. Ichkarida qandaydir tobut yotganga oʻxshardi. T. N. qayerga borsa, oʻsha yerga borib, butun tanasi bilan yoʻlini toʻsib olar, tobutda kim yotganini koʻrsatgisi kelmasdi. N. yana allaqanday aloq-chaloq tushlar koʻrdi. Bu tushlarning bir-biriga aloqasi yoʻq, almoyi-aljoyi edi. U uygʻonganda dafʼatan qayerda yotganinini bilolmadi. Koʻzlari qorongʻilikka oʻrgangan, xonada hech kim yoʻq edi. Quloqlari sukunatdan shangʻillab turardi. U birdan oʻzini lahad ichida yotganday his etdi. Saldan soʻng u qayerda yotganini eslab, irgʻib turdi-da, eshikka qarab yoʻl oldi. Eshik oldida nimagadir qoqilib ketdi va taraqlagan ovoz butun binoni larzaga keltirganday boʻldi. U dahlizga chiqib, xodimning eshigini taqillatdi. Javob boʻlmagach, dastakni ushlab tortdi- eshik qulf edi. N. bir zum nima qilishin bilmay turib qoldi. U hozir kechasimi, kunduzimi, bilolmas, hammayoqqa zulmat choʻkkan, binodan qilt etgan ovoz eshitilmasdi. U shahd bilan kelgan zinani chamalab, oʻsha yoqqa yugurdi. U pillapoyalarni aylanib, ancha koʻtarilgach, oʻpkasi tiqilib, nafas olishi ogʻirlashib qoldi. U nima qilib boʻlsa ham bu zulmat qoplagan binodan tezroq chiqib ketishni istardi. Uning nazarida hammasi roʻyoday, lahadga oʻxshash beadad yer osti dunyosini kezib yurganday vahima oʻraladi koʻnglida. Birdan zina tugab, zulmat yoyilib yotgan dahliz boshlandi. Dahlizga boʻyalgan derazalardan kulrang shafaq tushib turar, faqat bu oy yorugʻimi yoki quyosh nurimi, bilib boʻlmasdi. N. hududsiz zulmat bosgan boʻshliqdan chiqib qolganday sezdi oʻzini. Shundoq tepasida bahaybat haykallar turardi- N. ularni koʻzi zulmatga oʻrgangach, payqadi. Haykallar bahaybat boʻlishi bilan birga, qoʻllarini turli tomonga choʻzib turishardi. N. bular adashganlarga yoʻl koʻrsatish uchun qoʻyilgandir deb oʻyladi va bir haykal koʻrsatib turgan chap yondagi dahliz boʻylab yura boshladi. Bu dahliz qogʻoz uyumiga toʻla, N. har dam oyogʻi ostidan chiqib qolgan uyumga qoqilib, yiqilib tushardi. Anchadan soʻng u boshqa bir tomondan chiqib qoldi: u boya oʻziga yoʻl koʻrsatib yuborgan haykalning bahaybat panjalari ostida turardi. Shundagina u haykallar shunchaki ortiqchaligi tufayli bu yerga keltirib qoʻyilgan, degan fikrga keldi. Haykallar unga madad berolmas, aksincha, ularning tosh, bahaybat qomatlari zulmatga yana ham koʻproq vahima bagʻishlardi. Endi u oʻzining doira ichidagi dahlizga — zulmat qoplagan boʻshliqqa chiqib qolganini tushundi — shunda hayot naqadar ayanchli degan fikr keldi xayoliga. Bu fikr uning butun tanasiga horgʻinlik olib kirdi. Boʻshliq va zulmatda yolgʻiz oʻzi qolganini oʻylab, birdan vujdini qoʻrquv qamrab oldi. U oldinga qanchalik koʻz tikmasin hech narsani koʻrmas, pastda esa uni holdan toydirgan sanoqsiz zinalar yotar, qaydandir, qarshisidagi boʻshliqdan boʻlsa kerak, sezilar-sezilmas shovullashga oʻxshash tovush oqib kelardi. U Boʻshliqqa qarab ancha yurdi, yurgan sayin Boʻshliq uning madorini soʻrib olar, tobora holsizlanar, oyoqlari oʻziga boʻysunmay chalkashib ketardi. U butun kuchini yigʻib, yana oldinga yura boshladi. Bir soatlar yurgach, oyogʻini koʻtarib bosish mahol boʻlib qoldi. U yana bir-ikki qadam oldinga intildi-yu, gursillab yerga quladi. Shu yotishda tanasini yerdan koʻtarmay uzoq yotdi, soʻng qoʻllariga suyanib, gavdasini sal koʻtardi-da, vujudini qamrab olayotgan qoʻrquv va holsizlik qarshisida lol boʻlib qolmaslik uchun oldinga — qarshisidagi boʻshliqqa qarab “Kim bor?!” -deb baqirdi. Boʻshliqda uning tovushi jaranglab chiqdi va uzoqlarga olib ketdi. Bir muddatdan soʻng yana oʻz tovushini oʻziga qaytarib olib keldi. Endi butun boʻshliqda “Kim bor?!”- degan savol aks sado berar, zulmat sadoni goho olislarga olib qochib ketar, goho yana oʻziga qaytarardi. N. aks sado ostida to madorga kelguncha shu holatda tizzalariga suyanib oʻtirdi. Oxiri aks sado tingach, yonidagi devorni paypaslab topib, oʻrnidan turdi va devor boʻylab, qoqilib-surilib keta boshladi.
Oyoq ostida pol gʻichirlab asabga tegar, yuziga gʻujillab qandaydir hashoratlar urilardi. U devor boʻylab oʻngga, soʻng chapga burildi. Bu dahliz ham uzun boʻlib, yoʻlak faqat chapga burilardi. Yuziga urilayotgan hasharotlar burniga kirib ketar, N. tinmay burun qoqardi. U dahlizda aylanib-aylanib, yana zina yonidan chiqib qoldi. Shundagina u dahlizlar bir-biriga tutash ekanini sezdi. Agar chap tomondagi dahlizdan ketsa oʻng tomondagi dahlizdan yana shu yerga qaytib kelardi. Shuning uchun avval chapga soʻng oʻngga burildi va torgina dahlizdan tez-tez keta boshladi. U dahliz oxiriga borganda oʻngga yo chapga burilish kerakligini qoʻli bilan devorni paypaslab bilar, shundoq dahlizga uyub tashlangan qogʻoz uyumlariga qoqilib ketar, qogʻoz uyumlari esa deyarli har qadamda uchrar, ochiq dahlizga chiqqach, katta-katta qadam tashlab yurib ketardi. U dahlizlarda uzoq aylanib yurdi. Bironta dahliz ham uni kirgan eshigiga olib bormadi. Dahlizlarni aylanib-aylanib, u yana zina turgan joyga qaytib kelar va asabiy tarzda toʻgʻri kelgan dahliz boʻylab yurib ketardi. Bu dahlizlar qandaydir yer osti yoʻlaklariga oʻxshardi: ehtimol, bu bino emas, ertaklarda boplab yozilgan yer osti dunyosidir?
Axiri u yurib-yurib holdan toydi va chiqish eshigini bu dahlizlardan izlash befoyda ekanligini angladi. U poygadan chiqqan otday hansirar, badanidan ter suvday oqardi.
N. endi bu zinadan chiqib ketishdan butkul umidini uzdi. U nomiga dahlizlarni aylanib yurar, aftidan, binoning dahlizlari shunchalik koʻp ediki, u bittasini aylanib chiqsa, yana boshqasi chiqib qolar, N. eshik shu dahlizda emasmikin degan ilinjda bu dahlizni ham aylanib chiqardi. U oʻn yoki oʻn birinchi dahlizga burilganda uzoqdan yerga toʻshalib yotgan oq narsa koʻrindi. U yaqinlashgan sayin oq narsa kengayib, toʻrtburchak tusini oldi. U bu eshik tirqishidan tushib turgan shuʼla ekanini koʻrib quvonib ketdi. Eshik nimadan yasalganini bilib boʻlmasdi. N. jonholatda uni mushtlar ekan, u dangʻillab, butun dahlizga sado berdi. Ichkaridan “Kim?”- degan norozi va boʻgʻiq ovoz eshitildi. “Men adashib qoldim, -dedi N. — tashqariga qanday chiqib ketishni bilmayapman”. “Men ham bilmayman, — dedi ichkaridan toʻrs va qoʻpol ovoz, — sizga yordam berolmayman”. Birdan sukunat choʻkdi. Ichkaridagi odam N.ni unutib qoʻydi, chogʻi, “qilt” etgan tovush eshitilmadi. N. eshikni yana mushtlay boshladi. “Nima kerak sizga?” ichkaridagi ovoz endi jahl bilan soʻradi. “Sizga bir ogʻiz gapim bor edi. Ichkariga kirsam boʻladimi?” dedi. N. “Oʻsha yerda turib gapiravering. Bu yer Q. binosi. Ichkari kirishga ruxsat etilmaydi. Men, shikoyatchilarni oʻsha yerda qabul qilaman”, — dedi ichkaridagi odam. “Men judayam holdan toyganman, — dedi N. — Bu yerda gapirolmay yiqilib qolaman deb qoʻrqaman”. “Hechqisi yoʻk, — dedi ichkaridagi ovoz. -Agar yiqilib tushsangiz yotib gapiravering”. N.ning jahli chiqdi. “Bu qanday gap? — dedi u tovushiga rasmiy tus berib. — Shikoyatchilarnnng gapini eshik orqasida turib eshitish, sizga aytsam, toʻrachilikdir. Toʻrachilik esa qonunda taqiqlangan. Men arz qilishim mumkin”. Ichkaridagi odam jimib qoldi, soʻng eshikning qulflari sharaqlab ketdi va eshik butun yoʻlakni boshiga koʻtarib, dangʻillab ochildi. “Siz qonunni bilasizmi?” — dedi eshik ochilishi bilan xira sham yorugʻida turgan gavda. U yapaloq, qorindor, oʻrta yashar kishi boʻlib, oldinga sal egilib olgan, yuzidan oʻzini yaxshi saqlagani koʻrinib turardi. U kalta va semiz qoʻllarini orqasiga qilib, N. ga sinovchan tikilib turardi. N. paytdan foydalanib, uning qoʻltigʻi tagidan lip etib oʻtib, ichkariga kirib oldi. ”Yoʻq, — dedi N. poygakda turgan kursiga oʻzini tashlar ekan. — Men faqat toʻrachilik qilish mumkin emasligini bilaman“. ”Men esam, — dedi qorindor, — kechasi bilan qonun oʻrganaman. Qonunlar shunchalik koʻp chiqarilayaptiki, bir soat oʻqimasang, orq|ada qolishing mumkin. Men sizni qonunni yaxshi bilsa kerak deb oʻylabman“. U N.ni yanglishib ichkariga kiritganidan pushaymon boʻlayotganini yashirib oʻtirmadi, tumshayib oldi. U kitoblar, qogʻozlar uyib tashlangan stol ortidagi kursisiga borib oʻtirar ekan, ”oʻzlarini qonunni yaxshi biladigan qilib koʻrsatishadi“, deb gʻuldiradi. N. stol ortida maxfil , uning yonidagi ilgichda keng xirqa va shim osilib turganini koʻrdi. Xona tor, toʻrda oʻgʻrilar sardoriga oʻxshaydigan odamning bahaybat surati xonani yana ham tor qilib qoʻygan edi. Sham esa eshiklari sinib tushgan javon ustida turardi. ”Siz qonunshunos boʻlsangiz kerak“, — dedi N. vaziyatni yumshatish uchun tovushiga bir oz xushomad qoʻshib. “Men tergovchining yordamchisiman” — dedi qorindor, — qonunlarni oʻzim uchun oʻrganyapman”. “Unda siz menga kerak odam ekansiz, — dedi N. xursand boʻlib ketib. — Men tergovchini izlab yurgandim”. “Tergovchi boshqa binoda ishlaydi”, — dedi oʻzini laqillatgani uchun hali ham toʻmshayib oʻtirgan yordamchi. “Men u kishini rosa izladim, — dedi N. uning kayfiyatiga eʼtibor bermay. — Lekin hech qayerdan topolmadim”. “U kishining ishi koʻp. Topish juda mushkul, — dedi tergovchining yordamchisi. — Men ham u kishi zarur boʻlganda yoki biron hujjatga shoshilinch imzo chekish kerak boʻlsa, tinimsiz axtaraman, aksariyat hollarda izlashlarim behuda boʻlib chiqadi”. “Siz tergovchining yordamchisi boʻlsangiz, mening ishimdan ham xabaringiz boʻlsa kerak, — dedi N. — Balki ishim siz bilan bitar?”. “Qanday ish? — soʻradi yordamchi. — Tergovchiga taalluqli barcha masalalar menga ham taalluqli, u kishining nomidan menga ham javob berish topshirilgan”. N. boshiga tushgan chalkashlikni kisqacha bayon qildi. “Eshitganman, — dedi yordamchi N.ga katta koʻzlarini chaqchaytirib tikarkan. — Juda murakkab masala. Bu ish bilan shaxsan tergovchining oʻzi shugʻullanadi. Bunaqa masalalarni boshqalarga ishonib boʻlmaydi”. “Unda siz ish qay holatdaligidan xabaringiz bordir?! Ishning ketishi qanday?”-umidvor soʻradi N. “Ish sinchiklab va batafsil oʻrganilmoqda, — dedi yordamchi. — Barcha zarur dalillar yigʻilyapti. Tez kunda tergovchi barcha dalillarni jamlab xulosa qiladi”. “Unda umid qilsam boʻlar ekan-da, -dedi N. — Men endi hech narsaga umid qilmay qoʻygandim”. “Men sizga umid qiling degan gapni aytmadim, — dedi yordamchi birdan hushyor tortib. — Bu juda murakkab masala. Balki zarur dalillar umuman yigʻilmas, unda tergovchi hech qachon xulosa yozmaydi.Uning stolida yillab yotishi mumkin. Zarur dalillar yoʻqligi uchun qanchadan-qancha ishlar oʻnlab yillar xulosa qilinmay yotadi”. N. biroz nafas rostlab olgan, oʻzini ancha bardam sezdi. “Men tergovchining oʻzini koʻrishim kerak, — dedi u.-Ehtimol, xulosa uchun zarur dalilni mening oʻzim berarman”. “Boʻlishi mumkin, — dedi yordamchi. – Biroq u kishini topish juda mushkul”. N. endi bu odamdan hech qanday naf yoʻqligini va shundan boshqa maʼlumot ololmasligini angladi. “Men sizni ishdan qoldirdim, — dedi u. — Endi men boray, hali chiqish eshigini izlashim kerak”.
“Toʻgʻrisini aytsam, — yordamchi N.ning ketmoqchiligidan xursand boʻlib ketib. — Siz meni ancha ishdan qoldirdingiz. Bu paytda men qancha qonunlarni oʻrganardim”.
N. bu odamdan hech qanday ish chiqmasligiga koʻzi yetdi va eshikka qarab yurdi. Qorindor esa oʻzini stol ustida ochiq turgan katta kitob ustiga tashladi. N. eshikdan chiqishi bilan eshik oʻz-oʻzidan sharaqlab qulflandi. N. qay tomonga yurishini bilmay taraddudlanib qoldi. U binoni qancha aylanmasin, hozir chiqish eshigini topolmasligini sezdi. Zinadan pastga — Rafasning xonasiga qaytishdan boshqa chora qolmagandi. U zinadan pastga tushar ekan oyoqlari qaqshab ogʻriyotganini sezdi. Nazarida yorugʻlik tushmaydigan shu bino ichida, zim-ziyo zulmatda bir umr qolib ketadiganga oʻxshadi. Zinadan tushib, dahliz oxiridagi eshikni zoʻrgʻa topib qoqilib ketmaslik uchun emaklab maxfilni topdi va unga zoʻrgʻa tanasini chiqardi-da, xuddi ulkan hasharotday choʻzildi va shu zahoti uyquga ketdi. U juda katta va qirgʻinbarot jangdan horib chiqkan pahlavonga oʻxshab uxlardi — rostdan ham zulmat bilan boʻlgan jang uni horitib qoʻygandi. U uxlar ekan, qandaydir tubsiz quduqqa yiqilib tushayotganday boʻldi. N. uyqu aralash kimdir oʻzini kuzatib turganini sezdi va choʻchib uygʻondi. Naq boshida qandaydir sharpa unga tikilib oʻtirardi. Avvaliga N. bu odam qoʻshni xonadagi xodim boʻlsa kerak deb oʻyladi, biroq tezda fikridan qaytdi. Xodim pakana, bu esa jussali kishi edi. “Kimsiz?” — soʻradi N. oʻrnidan turib qad rostlab oʻtirarkan.
— Rafasman, — dedi jussali kishi.
N. birdan choʻchib tushdi. Xodim Rafasni besh yil ilgari oʻlgan deb aytgandi. U arvohlarga, ruhlarga uncha ishonmas, ularni hech tasavvur qilolmasdi. Biroq hozir zulmat bosgan xonada Rafasning arvohi unga qoʻrqinchli tuyuldi.
— Arvohmisiz? — soʻradi N. qoʻrqib ketganini yashirishga tirishib.
— E, yoʻq, — dedi jussali kishi. — Men oʻlmaganman, faqat oʻldiga chiqarishgan.
— Qanday qilib?!- N. oʻzi ham sezmagan holda shoshib soʻradi.
— Shunday, — dedi Rafas.- Bir kechasi koʻchada doʻstimni uchratib qoldim. Holi xarob edi, hammayoq muzlab yotibdi-yu, u kalishda, kiyimlari pora-pora boʻlib ketgan. Poʻk-poʻk yoʻtaladi. Uni shu xonaga boshlab kelib kiyimlarimni berdim. Tongga yakin ahvoli ogʻirlashdi. Uni shu holda qoldirib boʻlmasdi: isitmasi koʻtarilib, alahsiray boshladi. Men biron doktor topib kelaman degan umidda yaqinroqdagi kasalxonaga yugurdim. Buni qarangki, kasalxona bir oydan beri ishlamayotgan ekan. Keyin boshqasiga yugurdim. U yerda hali vrachlar kelmagandi. Oxiri shahar chetidagi kasalxonadan zarur vrachni topdim. Ammo u ezma odam edi: kasalni, isitmasi nechaligini, yoshligida qanday kasal boʻlganini mijgʻovlab soʻrab, yozib ola boshladi. Nihoyat siz boravering, oʻzimiz boramiz“, deyishdi. Ishxonaga qaytib kelsam mening suratim osigʻliq, ”oʻldi» deb yozib qoʻyilgan meni hatto koʻmib xam boʻlishgan ekan. Oʻlikni koʻmishayotganda hatto yuziga ham qarashmabdi. Ularga mening kiyimim kifoya qilgan, chogʻi. Menga ham shunday begʻalva hayot kerak edi. Tirikligimda ham odamoviroq, ishga berilgandim. Shuning uchun rahbarlar hurmatimni joyiga qoʻyib koʻmishgan.
— Oʻshandan beri shu yerda yashab yuribsizmi? — hayratlanib soʻradi N.
— Nima deyapsiz? — eʼtiroz bildirdi Rafas. — Men, albatta, tinch turmadim. Meni oʻlik atashlarini hech hazm qilolmadim. Ertasigayoq oʻzimning tirikligimni maʼlum qildim. Gʻavgʻoni koʻrsangiz edi! Hamma hayratga tushdi, hamma ajablandi, hamma achindi. Biroq men tirikligimni isbot qilish unchalik joʻn ish emas ekan. Avvalo, men shaxsimni tasdiqlovchi hujjatlarni bir joyga toʻpladim, soʻng uni idorama-idora olib yurdim. Qaysi idoraga kirsam “kechikdingiz, oʻlganingizni tasdiqlab qoʻydik, endi falon idoraga boring, sizning tirikligingiz haqida hujjat berishsin, biz oʻsha hujjat asosida bunisini bekor qilamiz” deyishardi. Ular joʻnatgan idora esa meni boshqasiga joʻnatar, unisi esa yana boshqasiga. Uch yillar tinimsiz yugurganimdan soʻng men shuni sezib qoldimki, men doira boʻylab idorama-idora aylanib yurgan ekanman. Oxirgi idora mening ishimni hal qilib berishlarini soʻrab, birinchi idoraga joʻnatar, doira boʻylab harakat qaytadan boshlanardi. Ertalab uyqudan bardam boʻlib uygʻonardim, qarshimda cheksiz sargardonlik uqubati yotganini his qilishim menga kuch va shijoat bagʻishlardi. Kechqurun esa butkul holdan toyib, hech bir natijaga erisholmay, tor-mor qilingan qoʻshin kabi qaytar, ertalab yana kuchga toʻlib uygʻonar, yana shijoat bilan jangga kirishardim. U paytlar arizamni har kuni qunt va eʼtibor bilan qayta koʻchirishdan, qismatimni kutib, navbatlarda turishdan, turli amaldorlar, qorovullar, eshik ogʻalari, posbonlar, qoʻriqbonlar, hayotini turli eshiklarda ilinj kutib qaritgan injiq, sassiq arizabozlardan haqorat eshitishdan charchamasdim. Aksincha, barcha narsani bosib-yanchib oʻtadigan quvvat bor edi menda. Vaqt qanday oʻtganini bilmay qolibman. Ammo bir kuni mana shu eshikkacha zoʻrgʻa sudralib keldim, ostonadan hatladimu, gupillab yerga agʻdarildim. Turishga, qimirlashga madorim qolmagan edi. Shijoatim, butun umidim, hafsalam sovrulib boʻlgandi. Kuchim butunlay soʻrib olingan, men qaytib oʻnglanolmas boʻlib madordan qolgandim. Endi emaklab yurishgagina zoʻrgʻa holim yetar, oʻzimdagi barcha quvvatni sovurib boʻlgandim. Menda endi na ragʻbat, na ishtiyoq qolgandi. Kuch-quvvatimni behuda va arzimas narsaga sarflaganimni angladim. Oʻshanda birinchi marta menga tirikligimni isbot etishning ne zarurati bor degan xayol keldi va hamma narsadan birvarakayiga voz kechishga qaror qildim.
Kuchdan va madordan qolgan, kurashaverib charchagan odam boshqacha xayolga bormaydi ham. Qancha harakat qilgan boʻlsam, oqibatda esa unga zarracha ziyon yetkazolmagan edim: qoʻlini chopsam, qoʻli oʻsib chiqardi, oyogʻini chopsam oyogʻi. Uni oʻldirib boʻlmasligini sezgan paytda esa inson sifatida yashashga hech qanday madorim qolmagandi. Bir necha jild hujjatlarni oldim-da, qabriston chetidagi yertoʻlaga bekinib oldim…
N. Rafasni shunchaki aqidaparast, injiq, shuhratparast idora xodimlaridan deb oʻylagandi. Biroq uning boshidan oʻtgan voqayelarni eshitib, birdan unga nisbatan hamdardlik paydo boʻldi.
— Baribir siz tez taslim boʻlgansiz, — dedi N. unga hamdardona ohangda. – Mana, men oxirigacha kurashmoqchiman.
Rafas N. ga qaradi, aftidan, yuzida istehzo paydo boʻldi, biroq yuz ifodasi qorongʻida koʻrinmasdi. U kursiga bagʻrini bergancha tinmay gapirar, aftidan, anchadan beri suhbatdosh topolmagani uchun endi ochilib ketgan, besh yil yolgʻizlikda yurgan davrlari uchun ham hozir bira toʻla gapirib olmoqchiday edi. Rafasning gaplari asta-sekin N.ning uyqusini keltira boshladi; u tinmay bidirlar, ishxonadagi tartib-intizomni tushuntirardi.
-Nega ishxonamiz yoniga qabriston qurishgan, bilasizmi? — deb soʻrab qoldi Rafas.
-Yoʻq, — dedi N.
-Ana! — dedi Rafas tovushiga sirli tus berib, — ilgari qabriston kichkinagina edi. Hozir kattarib ketdi. Baʼzilar qayerdan boshlanib, qayerda tugashini yaxshi bilishmaydi. Buning barchasi bizning ishxonamiz sharofatidan. U tinmay qabristonni kengaytirishni loyihalashtiryapti. Bu yerda insonga hurmat juda zoʻr. Marhumlarni bezovta qilmaslik uchun binoda hech qachon chiroq yoqilmaydi.
N. Rafasning ezmaligidan xafa emasdi. Aksincha unga rahmi kela boshladi. “Bu mendan ham baxtsizroq, — deb oʻyladi u ichida. — Shuning uchun ham bolaga oʻxshab koʻngli nozik boʻlib qolgan. Sal narsadan darrov xafa boʻladi”.
N. taqdiri oʻziga oʻxshagan odamni uchratganidan, bir tomoni, xursand edi. Shu paytgacha u bunday chalkash va oxiri yoʻq anglashilmovchilikka yolgʻiz men duch kelganman, deb yurar, shuning uchun koʻngli oʻksirdi. Biroq Rafasning gapidan keyin boshiga tushgan fojia unchalik qoʻrqinchli tuyulmay qoldi. Boshqa tomondan esa bu oʻxshashlik tasodifiymi, yoʻqmi, bilolmas, yuragi gʻashlana boshlagan edi.
-Men tergovchini topishim kerak, — dedi u Rafasni gapga tortish uchun. U Rafasdan koʻproq narsani bilib olishni istardi.
-Bunga, menimcha, zarurat yoʻq, — dedi Rafas sovuqqon ohangda. — Baribir topolmaysiz. Buni shuning uchun ham aytyapmanki, oʻz vaqtida men ham tergovchini izlaganman. Biroq uni uchrata olmadim.
N.ga uning foydasiz, behuda, degan xulosalari ogʻir botdi, N. nimaga umid va ilinj bilan qarayotgan boʻlsa, Rafas hammasini yoʻqqa chiqarayotgan edi.
-Albatta, — dedi Rafas N.ning jimib qolganini koʻrib. — Sizni tushkunlikka tushirmoqchi emasman. Sizga shuni aytib qoʻyay, bu ish shunday gʻalatiki, hammasini oʻz koʻzing bilan koʻrmasang, hech tinchimaysan, agar bunisini qilsang, narigisini qilganimda maqsadimga yetardim degan bir ilinj tinimsiz taʼqib qilib turadi. Mana shu umid aslida kishini oxir-oqibat adoyi tamom qiladi. Bir idoraga kirib, ishim bitmagach, agar boshqa idoraga borsang ishing bitardi, degan aldamchi umid paydo boʻlaveradi. Men ham shu umidga aldanib narigi idoraga ham borardim, ishim bitmagach, oʻsha umid “lip” etib boshqa idora qiyofasida gavdalanar, xuddi ohanraboday chorlardi. Men najotkor boʻlib tuyulgan qiyofalar izidan quvaverib oʻzimni holdan toydirdim. Hozir shu yerdan qabristonga zoʻrgʻa bora olaman, shuning ham yarmisini emaklab oʻtaman. Kuchim, quvvatim butunlay soʻrib olingan. Shu sababli sizni tushunib turibman: siz oʻz koʻzingiz bilan koʻrmasangiz, baribir boshqalarning maslahatiga kirmaysiz. Sizni ayni roʻyo itday yugurtirib-yugurtirib, holdan toydirish uchun jodulab olgan payt. Bu bir kasallik, mubtalolik kasalligi, seni yoʻq narsaga mubtalo qiladi. Sen shu mubtalolik izidan xor-zor boʻlib, oʻlib ketasan. Bu kasallik boshqa hech narsa bermaydi. Tergovchiga kelsak, men ham uni topish uchun uch yil izladim. Mening sizga qaraganda har jihatdan imkoniyatim kengroq edi; hujjatlar bilan ishlab yurgan paytimdayoq goʻyo bir kuni izlab qolishimni, menga zarur boʻlishini sezganday imi-jimida tergovchini surishtirib yurardim: uning taxminan idorasi qayerda joylashganini ham bilib olgandim. Uni izlab borganimda, meni oldiga kiritishmadi. Muhim ish bilan band, deyishdi. Boshqa marta esa u shoshilinch ish yuzasidan xorijga joʻnab ketgan ekan. Shundan soʻng uning qaytgan-qaytmaganini eshitmadim. Bu paytga kelib, men kurashdan voz kecha boshlagan edim: zero, endi kurashdan maʼno qolmagan edi.
-Siz, har qalay, uning idorasini topgansiz, men esam hatto uning qaysi muassasada ishlashini ham bilmayman, — dedi N.
-Tergovchi juda ulkan muassasa boshligʻi: uning idora, boʻlim, shoʻba, tashkilotlari butun shaharga sochilib ketgan. Bundan tashqari u juda band odam; oʻta muhim, usiz bitmaydigan ishlar bilan shugʻullanadi. Biron daqiqa ham boʻsh vaqti yoʻq deyishgandi menga. Men bunga ishonaman. Bunday ulkan muassasani boshqarish oson emas: uning biron daqiqa ham boʻsh vaqti yoʻqligi ham rost. Agar u qoʻl ostidagi idoralarning tayyor hujjatlariga faqat imzo qoʻysa ham shu bilan butun kuni band boʻladi. Men yana eshitdimki, hujjatlar haddan tashqari koʻpligidan tergovchi ularni uyga olib ketar, kechalari uyqudan uygʻonib ketgan paytlari ham vaqtdan yutish uchun imzo chekib chiqar ekan. Tergovchi ishga berilgan odam — oʻz umrini shu ishga butunlay baxshida qilgan, uning ulugʻ xislati ham shunda. — Rafas bir necha daqiqa jim qoldi va polni gʻijirlatib u yoqdan buyoqqa yura boshladi. N. uning haqiqatan ham tergovchiga hasadi kelayotganini sezdi. Rafas xonada N. borligini butkul unutganday butun shuurini tergovchining fazilatlari qamrab olgan, gap ohangida ham unga nisbatan ehtirom ufurib turardi.
— U, shubhasiz, davrimizning ulugʻ insoni, — dedi birdan Rafas N. choʻzilib yotgan maxfil boshiga kelib. — U charchashni va oromni bilmaydi, hayotining biror daqiqasini bekor oʻtkazmaydi. U rohat-farogʻatdan, shaxsiy manfaatlardan butkul voz kechib, shahardagi hujjat ishlarini boshqarib turadi. Agar u bir daqiqa ishlashdan toʻxtasa, bilasizmi, nima boʻladi? — Rafas oxirgi soʻzlarni xuddi fojia yuz berishining oldini olayotganday yoki ulkan fojiadan xabar berayotganday deyarli dahshat aralash baqirib aytdi.
N. choʻchib tushdi va nima boʻlishini oʻzicha tasavvur qildi, biroq tasavvuriga hech narsani sigʻdirolmadi.
— Umumhalokat yuz beradi, — dedi Rafas shivirlab, biroq azbaroyi zoʻriqib shivirlaganidan ovozi vishillab chiqdi. — Qancha hujjatlar imzo chekilmay qoladi, qogʻozlarga imzo chekilmagach, shahardagi harakat maromi oʻzgarib, tartibsizlik boshlanadi, natijada bizga oʻxshagan qanchadan-qancha taqdirning ishi hal qilinmay qoladi.
N. tergovchining bir necha daqiqa ishlashdan toʻxtashi oqibatida yuz beradigan fojiani tasavvur qilganday, Rafasga boshini koʻtarib, qoʻrqib qaradi. Unga hozir Rafasning bir ogʻiz gapi bilan tergovchi ishdan toʻxtaydi-yu, fojia boshlanadiganday tuyuldi. Ammo Rafas polni gʻijirlatib borib, kursiga choʻkdi va hech narsa yuz bermaganday gapira boshladi:
— Men ana shularni oʻylab ham tergovchini ishdan chalgʻitishni istamadim. Tergovchining ulugʻvor vazifasi oldida mening ishim arzimas va hatto eʼtibor qilinmasa ham boʻladigan masala edi.
-Men bunday oʻylolmayman, — dedi N. — Uning idorasi chalkashtirishi oqibatida tirikni oʻlik qilib oʻtirishibdi — bu axir tergovchining ham oʻz vazifasiga panja orasidan qarashini koʻrsatadi. Men uni topmasdan qoʻymayman. U oʻzi qayerda yashaydi? — soʻradi N.
-U joyini tez-tez oʻzgartirib turadi. Vazifasi shuni taqozo qiladi.
Rafas tergovchining vazifasiga doir oʻzi guvoh boʻlgan voqealarni gapira boshladi. Tergovchi masʼul rahbar sifatida qayerda ishlashini, yashashini juda sir tutar ekan.
-Agar uning yashash joyi barchaga ayon boʻlib qolsa, bilasizmi, arizabozlar tufayli oʻsha joy qiyomat maydoniga aylanadi, — dedi Rafas.
N. Rafasning gapini endi uyqu aralash eshitardi. Zulmat toʻshalib yotgan dahliz uning butun madorini soʻrib olgan, har qancha urinmasin, oʻzini uyqudan tiyib turolmasdi. Uyqu uni yana oʻz komiga tortar, boshqa bir istak esa uni Rafasning gaplarini tinglashga undardi. Bora-bora N.ni uyqu komiga butunlay tortdi. Endi uni hech narsa bu komdan tortib chiqarolmas, bu uyqu binoning uzun va beadoq dahlizlari boʻylab yugurib, horigan tanasiga rohat bagʻishlardi.
U qandaydir gʻoʻngʻillashlardan uygʻonib ketdi. Rafas yoʻq edi. U oʻtirgan kursi oʻsha holatda joyida turar, mixlab tashlangan derazadan bir tutam shuʼla oqib kirar va xonani yoritishga qurbi yetmaganidan uyalgandek bir parcha yerda ojizona toʻshalib yotardi. Dahlizda va qoʻshni xonada kimlardir gaplashishardi. U bir necha soniya qayerda yotganini anglolmadi: soʻng asta-sekin ongi yorishib, Rafasni esladi. Dahlizda kimlardir past ovozda gaplashishar, nimanidir taraqlatishardi. U eshikni qiya ochib, dahlizga qaradi. U yerda ikkita fonus ushlagan yigit xodimning xonasidan jild-jild qogʻozlar olib chiqishayotgandi. N. ularni koʻrib, xursand boʻlib ketdi. Dahlizga chiqib, qogʻozlarni eshik ogʻziga pala-partish taxlayotgan yigitga qarab yurdi. Yigit uni koʻrib ajablanmadi ham.
-Xodimning oʻzi qayerda? — soʻradi N. yigitdan.
-Oʻldi, — dedi yigit unga qayrilib ham qaramay.
-Qachon?! — soʻradi N. choʻchib tushib.
-Kecha, — dedi yigit istamaygina. — qoqilib tushib, boshi bilan devorga urilibdi.
N. yigitlar taxlayotgan qogʻozlar kecha xodim oʻqib oʻtirgan jildlar ekanini bildi-yu:
— Buni boshqa xodimga topshirsalaring kerak,- dedi N.
-Bularning kimga keragi bor?- dedi ichkaridan qogʻoz koʻtarib chiqqan yigit.
-U buni zarur hujjatlar degandi… — N. yigitning gapiga ajablanib qoʻshib qoʻydi.
-E-e, — dedi yigit qoʻl siltab. — U oʻzini shunday deb ovutardi. Bu qanday hujjat boʻlsin, hammasi foydalanib boʻlingan hisobotlar. U bezor qilgach, shu nozarur hisobotlarni oʻrganib chiqing, deb berishgan. Uning hech kimga keragi yoʻq.
Yigitlar qogʻozlarni taxlab boʻlgach, eshikni qulflab, dahliz boshiga yoʻl olishdi. N. ichida xodim oʻlgandan xursand ham boʻldi: endi undan hech kim idoraga munosabatini yozib berishni soʻramaydi.
-Koʻmish marosimi qachon? — soʻradi N. yigitlarni gapga tortish uchun.
-Marosim boʻlmaydi, — dedi ichkaridagi yigit. — Uni allaqachon koʻmib boʻlishdi. Biz xonani yigʻishtirib qoʻyyapmiz, xolos.
-Men ham sizlar bilan ketsam maylimi? — soʻradi N. yana binoda adashib qolishni oʻylab yuragi shuvillarkan.
Yigitlar churq etishmadi: ularning yuzida uning iltimosidan norozilik alomati ham sezilmadi. Aftidan, ular N.ning oʻzlari bilan ketishlariga qarshi emasdi. N. ularni zinaning yoniga borib kutib turdi. Yigitlar zinadan koʻtarilib ham oʻtirishmadi; uni aylanib oʻtib, torgina yoʻlakka burilishdi va yoʻlak boshidagi katta temir darvozani bir tepib ochishdi. Toʻsatdan urilgan yorugʻlik N.ning koʻziga sanchildi va koʻzlarini yumib oldi. Eshik shundoq gavjum koʻchaga olib chiqardi. N. ichida oʻzidan rosa kuldi. Agar yigitlar boʻlmaganda bu binodan hech qachon chiqib ketolmasdi.
-Tushlikka chiqayapsizlarmi? — soʻradi N. yigitlarga minnatdorchilik bildirish maʼnosida oʻzini ularga yaqin olib.
-Biz boshqa boʻlimdanmiz, — dedi egniga ishchilarning korjomasini kiyib olgan yigit. — Bizni xonani yigʻishtirishga chaqirishgandi.
N. yigitlar bilan muyulishda xayrlashdi. Ular indamas va andak sirli yigitlar edi. N. qorni ochib turgani uchun xiyobonga qarab yoʻl oldi. Binodagi badboʻy hiddan soʻng uning tanasi toza havodan yayrayotgan edi- holsizligi tarqab borardi. U oʻzini qayta tirilganday his etmoqda edi.

***

…U tushida tergovchini izlab yurardi. Tergovchi u oʻtirgan gavjum xonada yoʻq edi. Bu yerda odamlar tergovchi haqida bahslashishardi. Tergovchi narigi xonada boʻlsa kerak, deb oʻyladi u. Biroq umidi puchga chiqdi. U xonada yoshligida oʻlib ketgan ota — onasi tolqon tuyishardi. Balki unga shunday tuyulgandir. Har qalay, ular nima bilandir juda band edilar, xayollari parishon boʻlganidan unga eʼtibor ham berishmadi. U yertoʻlaga tushdi, bu yer nimqorongʻi edi, balki tergovchi qorongʻilikni sevar? U yerda uni bir paytlar koʻngil qoʻygan, endilikda uch-toʻrt bolalik boʻlib ketgan tanish ayol kutib oldi. Ayol ilk bor uchratgan paytidagidek juda goʻzal va quvnoq edi. Ayol unga burchakka solingan toʻshakni koʻrsatdi. U shunda ayolni hali ham sevishini angladi. U ayolga tergovchini izlab yurganini aytdi. Ayol esa hiringlab kuldi va tashqariga olib chiqadigan yoʻlni koʻrsatdi: tashqarida kimsasiz boʻshliq yastanib yotardi — bu yerda Yoʻqlikdan boshqa hech narsa yoʻq edi. Shunday boʻlsa ham u uzoqdan sharpasi koʻrinib turgan tepalikkacha bordi, buyogʻi jarlik edi — dunyo shu yerda tugardi, uyogʻida nima borligini koʻrib boʻlmasdi. Shunda u qarshisidagi beadad zulmatga qarab, tergovchi qarshisida turgan zulmatga juda oʻxshaydi, deb oʻyladi. Zulmat sirli va qoʻrqinchli edi. Uyogʻiga yurishga yuragi betlamadi. Uyga qaytib kirganida onasi koyidi: “Kechasi bilan daydib yurasan, undan koʻra bizga tolqon tuyishsang boʻlmaydimi, qoʻllarimiz toliqib qoldi”. U onasiga hech narsa demadi. Qoʻllarini zoʻrgʻa koʻtarayotgan otasiga qarab qoʻyib, narigi hujraga oʻtdi. Mehmonlar ketib qolgan, koʻchada uch-toʻrtta aroqxoʻr kezib yurardi. U burchakka qisilib oldi-da, hoʻngrab yigʻlab yubordi va shu koʻyi uxlab qoldi…
Sargardonlik endi uni tushi va hushida taʼqib etardi.Uy nazoratchisi har kirganda xuddi egasi kabi tashlandiq va qarovsiz holga kelgan xonalarni hafsala bilan kuzatib chiqar, soʻng qaysidir buyumni olib, “Endi buning sizga keragi yoʻq”, deya olib chiqib ketardi. Qarshisidagi binoda yashovchi kuzatuvchi ham uning soniyama – soniya qanday soʻnayotganini kuzatib bormoqchidek, hali ham kuzatuvda davom etardi, biroq uning N.ga zarracha qizigʻi qolmagandi. Unga tanishlari yuborgan xatlarda ham turli maslahatlar berilar, ammo mohiyatan olganda bu xatlarning mazmuni kishida marhumga yozilgan xatlarday taassurot qoldirardi. Xat egalari bilib yoki bilmay, bexosdan “ Sen oʻlgan kundan”, “ Sen oʻlganingni eshitib…”, degan soʻzlarni ishlatib yuborishardi. Keyin oʻzr soʻrashar, biroq otilgan oʻq nishonga tekkan, uning zahrini uzr bilan yuvib boʻlmasdi. Shundan soʻng N. bundan buyon hech kim bilan na xat, na yuzma-yuz iliq munosabatda boʻlmaslikka qaror qildi. Shu bilan u oʻzini butunlay dafn etdi goʻyo.
U uxlab, uxlolmas, uygʻonib, uygʻonolmasdi. Bir necha soat u xuddi zim-ziyo gʻorga boshini tiqib yotgandek uyqu ogʻushida yotar, soʻng birdan butun tanasini gʻor asta-sekin yamlab yutayotganday, nimadandir bezovta boʻlib choʻchib uygʻonar, koʻzlari xonaga koʻnikkuncha xuddi tor va uzun dahlizda turtinib-surtinib, ketib borayotganday boʻlardi: soʻng koʻzlari birdan yorishib, oʻz xonasida yotganini koʻrar, atrofida oatiy manzara, kundalik varaqlari, yana allaqanday, N. ishlab yurgan paytlari yoʻlda avtobusda ketayotib zerikmaslik uchun sotib olgan jurnallar sochilib yotardi. Xona butunlay toʻzib ketgan, burchaklarda axlat uyumlari yotar, derazada idoradagi farrosh ayol maslahati bilan sotib olgan gullar butunlay qurib boʻlgandi. Derazada yana yarmi yeyilgan olma, qotgan non, qahvaning boʻsh qutisi turar, gullar goʻyo N.ning umidlari bilan birga soʻlgandek edi. U gulning quriy boshlaganini bilgan kuni uni asrab qolishga harakat qildi, suv quydi, qurigan barglarini kesib tashladi, tuprogʻini yumshatdi; biroq nimjon gullar xonaning dim, badboʻy havosiga dosh berolmadi: butunlay soʻlib qoldi. N. gullarni tashlab yuborishga hafsala qilmas, zero, ular oʻz taqdiri haqida nimanidir eslatib turgani va ayni paytdagi ahvolu ruhiyatiga mos boʻlgani uchun ham koʻzi qiymasdi. U kechqurunlari ertalab kuchga toʻlib uygʻonaman va oʻzini chalkashlik botqogʻiga itarib yuborgan shum taqdir bilan yana qaytadan kurasha boshlayman, deb oʻylar, biroq ertalab kechagiga qaraganda yana ham horgʻin va holsiz boʻlib uygʻonar, hammasini qaytadan boshlash istagi tanasini qamrab olgan horgʻinlikni yenga olmas, holsizlik oldida bu istak zaif bir tuygʻuga aylanib qolardi. Uning ahvoli tagi teshik idishni toʻldiraman, deb suv quyayotgan tentakka oʻxshar, kechalari uyqu oldidan vujudini qaytadan tiklashga urinsa-da, ertalab yana madorsiz boʻlib uygʻonardi. U kuch yigʻmasdan qarshisida turgan oʻnlab muassasalar, idoralar, tashkilotlar va qogʻozlarga qarshi kurasha olmasdi; biroq u madorga kirishni istagani sayin kundan kunga holdan toyib borar, aʼzoyi badanini qoplagan horgʻinlik uni yana toʻshakka mixlab tashlardi. U hozir ruhsiz, madorsiz va tushkun holatda mavhumlik bilan yuzma-yuz turar, uning oldida mittigina ojiz hasharotga aylanib qolgandi. U har kecha bir-biriga oʻxshash tush koʻrar, garchi tushlarida odamlar, vaqt, makon har xil boʻlsa-da, mohiyatan bir xil mazmunda boʻlardi. U bir kechasi tushida oʻz qabri ustida yigʻlab oʻtirar, qabrtoshga “Bu yerga N. koʻmilgan”, deb yozib qoʻyilgandi. U anchadan soʻng qabrdagi jasadi ustida oʻzini qoʻmsab yigʻlayotganini sezib qoldi. U hoʻngrab yigʻlar, koʻz yoshlari atrofini qurshab, unga och boʻriday tikilib turgan nomaʼlumlik va boʻshliq ichra singib ketar, koʻksi toʻlib, vujudi qaltirab ketgan paytda boʻyniga osigʻliq xoʻrlik va haqorat keltiruvchi zanjirlar shaqirlab ketardi. U oʻzligini sogʻingan, oyogʻi ostidagi tosh bostirib qoʻyilgan jasadi tinmay uni oʻziga chorlardi. U atrofidagi nomaʼlumlik va zim-ziyo boʻshliqni hurkitib yubormoqchi boʻlib, shahd bilan yurdi. Biroq birdan oldinga tashlangan oyogʻi tagida hech qanday zamin yoʻqligini his qildi va oʻzini tutib qololmay oʻsha boʻshliqqa qulab tushdi. Anchadan soʻng u oʻzini boʻshliqning eng tubida, qaʼrida yotganini sezdi. Endi tush koʻrayotgani yoʻq, agʻdarilib tushayotgandayoq uygʻonib ketgandi: endi u uygʻoq holda zulmat ichida, boʻshliq qaʼrida yotardi. Kim biladi, oʻzi yotgan joy boʻshliqning qoq markazidir? Bu boʻshliq quduqqa oʻxshar, atrofi zim-ziyo, faqat olis-olislardan bir tutam zaif shuʼla koʻrinar, u ham zulmatni yorib oʻtolmay oʻsha olislardan unga moʻralab turardi. U atrofidagi mavhumlikni yorib oʻtish uchun oʻzini oʻrab olgan zulmatdan xalos boʻlishni istardi. Ammo zulmat yengilmas va oʻtib boʻlmas qoʻrgʻon kabi uni oʻz changalida tutib turardi. U birdan tepaga, oʻsha zaif va hali nimaligi nomaʼlum shuʼlaga qarab yura boshladi. U qorongʻilikda qoqinib-surinib uzoq yurdi. Nazarida shuʼla turgan joyga yetib kelgandek edi. Ammo qarshisiga qaradi-yu, shuʼlaning oʻsha joyda, olis-olislarda turganini koʻrdi: u shundagina shuʼlaga qarab qancha yursa, shuʼla shunchalik oʻzidan qochishini sezdi. U endi butkul holdan toyib yiqilib qoldi — shuʼladan endi umidini uzgandi. U bir oz boʻlsa-da, atrofini toʻldiradigan, boʻshliqni choʻchitadigan nimadir qilishni istardi; lekin oʻsha “nima” qanday narsa ekanligiga aqli yetmasdi. Birdan u oʻz ichida oʻsha “nima”ni izlashga tushdi. U xudi, boshimga tushgan chalkashlik bir kun yechilar, degan umid bilan idoralarda izgʻigani kabi shu zulmat va nomaʼlumlik ichida oʻsha “nima”ni topish mumkin, deb oʻylardi. U izlar ekan, birdan ichida nimadir boʻlinib ketganday, oʻzi esa shu boʻlingan ikki narsani bir-biriga qoʻshish uchun ovora boʻlib qolganday tuyuldi. Boʻlingan narsalar birdan ikki yoqqa qarab ketdi — endi u tashlab ketgan ikki narsa orasida oʻzining umumiy bir narsa ekanligini angladi va shu ikki narsa mavjud ekanligini his etgach, shu ikkilikni saqlab turish uchun ham oʻzining umumiy boʻlishi zarurligini angladi. Agar u ikki yoqqa qarab ketayotgan ikki narsani yoʻqotib qoʻymayin desa shu umumiylikni yoʻqotmasligi kerak edi. Agar bir lahza boʻlsa ham umumiy boʻlishdan voz kechsa, oʻsha zahoti hammasidan ayrilib qolardi. Ikki narsa oʻrtasidagi oʻzining umumiy ekanligini his etish tuygʻusi zulmat va nomaʼlumlik qarshisida unda yana umid uygʻotdi. Toki u ikki qutb oʻrtasidagi umumiylik ekan, unda qarshisidagi sarobni yenga olishning ham imkoni bor. Toki u ikki qutbni yoʻqotmagan ekan, zulmat ichida yoʻl topib yurishni ham yoʻqotmagan. U oʻrnidan irgʻib turdi-da, shuʼlaga qarab yuraverdi — endi bu masofani oxirigacha zabt etishga qaror qildi. U oʻzida uygʻongan umidning birdan soʻnib qolmasligidan qoʻrqib, jonholatda oldinga intilar, undan ayrilib qolmaslik uchun shuʼla judayam yaqin qoldi, u yogʻi erkinlik boshlanadi va men bu tubsiz quduqdan, albatta, chiqib olaman, deb oʻylardi. Lekin u qancha masofani bosib oʻtmasin, shuʼla oʻsha-oʻsha olis va yiroqligicha turar, bu quduqqa oʻxshash yoʻlakning oxiri yoʻqday edi. Unga birdan balki bu lahaddir! Lahadda odam shunday kezib yurar, degan fikr keldi-yu, butun tanasini muzlatib yubordi. Uni endi yana umidsizlik chulgʻab oldi. U shuʼlaga yetishishga va bu zulmat zindonidan qutulishga koʻzi yetmasdi. Umidsizlik horgʻinlikni boshlab keldi. U horgʻin maslagu maqsadsiz, benomu nishonsiz nomaʼlumlik oyogʻi ostida choʻzilib yotardi. Uni hamma unutgan, u hammaga begona edi. Hech narsani yangitdan boshlab boʻlmaydi, hech narsani oʻzgartirib boʻlmaydi, hech narsa oʻzgarmaydi. Hayotni oʻzgartirish, qurish uning ixtiyoriga bogʻliq emas. U hech qachon hech narsani yangitdan boshlay olmaydi, hayoti va taqdiri oʻz ixtiyorida emas, u oʻzga bir ixtiyor qoʻlidagi oʻyinchoq. Uni xohlagan payti xohlagan koʻyga solishlari, xohlagan qiyofaga kiritishlari mumkin. Uning hayoti anavi shuʼla kabi aldoqchi, mana bu masofa kabi besamar, atrofini qurshab turgan zulmat kabi umidsizdir. U shuʼlaga qarab yurgani sayin shuʼla undan uzoqlashar, hayotidan maʼno izlagan sayin maʼnisizlashardi.
U endi shuʼlaga baribir yetolmasligini angladi. Hushidagi horgʻinlik tushiga koʻchdi va u zulmatning qoq oʻrtasiga oyoqlarini choʻzib yotib oldi. Yotgan joyi qandaydir qiya joy edi. U oʻrnida turib, yotgan yerini paypasladi- bu bir qulochcha tepalikni topdi. U shuʼlaning xira yorugʻida atrofini son-sanoqsiz tepalik qurshab olganini koʻrdi — endi u qabristonda yotganiga shubha qilmasdi va hozir oʻzi ustida turgan qabr oʻziniki ekanligini ichki bir his bilan tuydi; qabri uzra uning derazasida turgan qovjiroq gullarning barglari sochilib yotardi…

***

Olim aytgan deraza ular turgan qavatdan ikki qavat pastda edi, shu sababli garchi bino xiyla uzoq boʻlsa ham durbindan xonadagi barcha narsa yaqqol koʻrinardi. Biroq xonada hech kim yoʻq edi. Devorda N. qonun binosida, tergovchining yordamchisi xonasida koʻrgan xiyla katta, shift barobar surat osigʻliq edi, oʻrtadagi uzun stolda tobutga oʻxshash yogʻoch quti turar, xonaga qip-qizil gilamlar toʻshab tashlangan, quti ustiga bayroqqa oʻxshash mato tashlab qoʻyilgandi. N. stolga roʻbaroʻ turgan yarim ochiq eshikdagi yozuvni oʻqidi: qizil yozuvlar bilan katta-katta qilib “Tergovchi”, deb yozib qoʻyilgandi. Lekin olim aytgan xona nazarda tutilganmi yoki eshigi qiya ochiq xonami. bilib boʻlmasdi.
-Xoʻsh, — degan tovush eshitdi N. ichkaridan. — hammasini koʻra oldingizmi?
— Ha, — dedi N. — Lekin hech kim yoʻq-ku! Qandaydir tobut turibdi chogʻi.
— Toʻgʻri, — degan tovush keldi ichkaridan. Olim, aftidan, oshxonada edi. – Tobut! Bu nimani bildiradi? Baʼzilar fanni mensimaydi, uning yutuqlarini tan olishmaydi. Lekin fan boʻlmasa bunchalik yuksak taraqqiyot boʻlmasdi. — N. chuldiragan tovush eshitdi. Saldan soʻng ikkita finjon koʻtargan olim chiqib keldi. U qoʻlidagi qahvani N.ga uzatar ekan, gapida davom etdi. — Faqat fangina chalkash masalalarni toʻgʻri yechishni koʻrsatadi. Mana, siz koʻrgan manzaraga fan koʻzi bilan qaraymiz. Juda shinam xona, shunday emasmi? Surat ham boshqa xonalardagidan xiyla katta. Ikkita yon xonada tergovchining yordamchilari joylashgan. Ana qarang. — Olim durbinni N.ga tutdi. N. avval chap, soʻng oʻng xonani kuzatdi. Bu xonalarda juda sipo odamlar oʻtirishar, nimanidir muhokama qilishardi. Ularning qarshisidagi kursida esa yosh yigit oʻtirardi. N.ni har ikki xonadagi yigit bir-biriga quyib qoʻyganday oʻxshashi hayratga soldi. “Anovi yigitlar kim?”- soʻradi u olimdan. Olim durbinga koʻz ham yugurtirib oʻtirmadi. “Aybdorlar yoki aybdor deb gumon qilinganlar”, dedi qahvasini simirar ekan. — “Fan aniq dalillarga suyanadi, shu jihati bilan boshqa barcha oʻziga yaqin tadqiqot turlaridan farq qiladi. Koʻrib turganingiz tobut, surat, tobut ustidagi bayroq va xonadagi umumiy manzara tergovchining oʻlganidan darak beradi”. “Nimalar deyapsiz?!” — dedi N. birdan durbinga qayta yopishar ekan. – Bu gapni qayerdan oldingiz?” “Fan odami emasligingiz darrov bilindi, — dedi olim. — Mavjud manzaradan mantiqiy xulosa chiqarolmayapsiz. Tergovchi oʻlgan va uning oʻlganini xonadagi manzaraga qaraganda sir tutishyapti”. “Sir? — dedi ajablanib N. — Buning nima zarurati bor?” “Nega zarurati boʻlmas ekan? — olim N.ga shunga ham fahmingiz yetmayaptimi, deganday pisanda ovozda savolni qaytardi. — Agar tergovchining oʻlgani oshkor boʻlib qolsa shaharda jinoyatchilar bosh koʻtarishi va aql bovar qilmas tartibsizlik boshlanishini tasavvur qilyapsizmi? Naq qiyomat boshlanadi”. N. olimning oʻzi aytgandek dalilga suyangan fikrlari oldida mulzam boʻlib qoldi. Rostdan ham, olim aytganday, tergovchining oʻlimini sir tutishayotgan boʻlishlari tabiiy-ku. Unda N.ni tergovchining nomidan behuda ovorayu sarson qilib yurishgan boʻladi.
-Mening kuzatuvlarim oxirlab qoldi. — dedi olim. — Tergovchining oʻlganini isbotlab berishga menda barcha asoslar bor. Faqat uni soʻnggi kuzatuv xulosalari bilan toʻldirish qoldi, xolos. Agar buni isbotlab bersam fanda buyuk burilish yuz beradi. Tadqiqotimning mohiyati ham shunda. Endi hozirgina chiqqan binomizning yonidagi kichkina binoga razm soling. Barcha yordamchiyu, kotiblar, kazo-kazolar ertalab shu binoga yigʻilishadi: bu yer hammom. Lekin biron marta ular orasida tergovchini koʻrmadim.
N. olim koʻrsatgan ustidan uzun moʻrisi chiqib turgan kichkina — ombor nusxadagi binoga koʻz tashladi. Olim haq edi: bu yerda barcha qip-yalangʻoch boʻlib, bugʻi chiqib turgan yogʻoch zinalarda qator turib olishgancha tizzalariga kitob qoʻyib oʻqib oʻtirishardi. N. ularning yuzini bir-bir kuzatib chiqdi. Eng pastki zinada tuvakka oʻtirgan boladay zina chetiga omonatgina qoʻngan Burunduqqa koʻzi tushdi. “Mana, qayerda ekan, — dedi gʻazab bilan u. — Tergovchining oldiga ketdim, deb, ketini yuvgani qochgan ekan-da. Men esa uni judayam band odam deb, tergovchini oʻzim izlab topmoqchi boʻlibman. Bu mansabni suiisteʼmol qilish-ku”. “Bu ularning xizmat vazifasiga kiradi” dedi uning orqasida turgan olim. “Hammomga tushish xizmat vazifasiga kiradimi? Siz ham olib qochasiz-da, olimman deb”. N.ning jahli chiqdi. “Boʻlmasam-chi, — dedi olim. — Ulardan mutlaqo halol ishlash talab etiladi. Halollik esa badan tozaligi bilan belgilanadi. Kimning badani toza boʻlsa, bilingki, oʻsha koʻproq haloldir”. Bu gapdan soʻng N. yana bir marta olimning mantigʻini rad etib boʻlmasligini sezdi. Olimning gaplari uning yuziga birov toʻsatdan shapaloq tortganday taʼsir qildi.
-Biz ularni qorongʻi xonalarda navbat bilan kutib oʻtiramiz, bular esa hammomga kirib olib kitob oʻqishadi. Yana kim biladi, bu qanday kitob ekanki, hammomda oʻqishsa, — N. jahl bilan uyoqdan-buyoqqa yurar ekan, tobora asabiylashardi.
— Qonun kitobi, — luqma tashladi olim.
— Qonun kitobi? — soʻradi hayron boʻlib N. va taqqa toʻxtab olimga qayrilib qaradi.
— Shunday. Ular hammomda qonunni oʻrganishadi.
N. qoʻllarini ikki yonga yozib, hech narsaga tushunmaganini namoyish qildi.
— Buni qarang, ular qonunni hammomda oʻrganisharkan? — dedi asabiy tarzda.
— Buning nimasi yomon, — dedi olim xuddi uning jigʻiga tegmoqchidek mutlaqo bamaylixotir ohangda.
— “Nimasi yomon deganingiz” nimasi? — dedi N. — Odamlar ularni kutib xunob boʻlib oʻtirsa-da, ular hammomga kirib qonun oʻrganishsa.
— Ularning vazifasi shuni talab qiladi. Bir lahza ham qonunni esdan chiqarmasliklari shart. — Olim kursiga yaxshilab joylashib oldi-da, xuddi maʼruza qilayotganday gapira boshladi. — Ularni kutib turgan oʻsha odamlar bilan qonun tilida gaplashishlari kerak. Ular hammomda oʻtirib, qonunni yodlashadi-da, soʻng shikoyatchilarga aytib berishadi. Busiz axir mumkin emas, vazifalari ogʻir.
N. durbinga koʻzlarini qoʻyib, yana hammomga qaradi: qip-yalangʻoch yordamchilar hali ham kitobga muk tushib oʻtirishar, endi kitobga deyarli bosh qoʻyib olishgan, ular hammomda oʻtirgandan koʻra oʻqituvchisidan dashnom eshitib, endi butun vujudlari bilan kitob oʻqiyotgan quyi sinf oʻquvchilariga oʻxshashardi. N.ga ular kitobga bosh qoʻyib uxlab yotishganday tuyuldi. Durbinni ularning koʻzlariga bir-bir olib borgach, shubhasi haqiqat ekaniga amin boʻldi.
-Uxlab qolishibdi azamatlar, — dedi tovush chiqarib va shu gapi bilan olimni uzib olmoqchi boʻldi.
Biroq olim uning gapini eshitib ajablanmadi ham.
— Ularga ham oson emas, — dedi u. — Tergovchi qonunni suv qilib ichishni buyurgan, yana ustiga-ustak harorati oltmishdan oshiq hammomda oʻtirib! Burchakdagi xumchani koʻryapsizmi? — N. hammomning burchagiga qarab, u yerda beoʻxshov, odam boʻyi keladigan xum turganini koʻrdi. — Ular qonunni suv qilib ichib yuborishlari uchun kitob oʻqib-oʻqib, ustidan suv ichib turishadi. Tergovchi juda qattiqqoʻl.
N. olimga ajablanib qaradi. Olim meni masxara qilmayaptimi, degan oʻy kechdi xayolidan.
-Siz tergovchi oʻlgan dedingiz-ku, yana kim ularga qattiqqoʻllik qiladi?
— Oʻlishga oʻlgan, lekin yordamchilari xuddi tergovchi tirik paytidagidek ishlashga oʻrganib qolishgan. Agar ularning ichiga tushib qolsangiz, oʻzaro gaplashishganda “tergovchi unday dedi”, “tergovchi bunday koʻrsatma berdi”, “shaxsan tergovchining oʻzi kuzatib turibdi”, degan gap-soʻzlarni eshitasiz. Hatto bir-biriga qoʻngʻiroq qilib, tergovchining nomidan koʻrsatmalar berishadi, vazifalar belgilashadi, rejalar tuzishadi, soʻng esa shu vazifalarni astoydil bajarishga kirishishadi. Shuning uchun ham tergovchiga bogʻliq biron masalani aniqlamoqchi boʻlsangiz, hech qachon oxiriga yetolmaysiz. Negaki, oʻsha masalani kim hal qilishi va kimning koʻrsatmasi bilan amalga oshirilgani nomaʼlum boʻlib qolaveradi. Yaʼni hammasi tergovchi nomidan amalga oshiriladi: qogʻozga “tergovchi koʻrsatmasiga binoan”, deb yozib qoʻyishadi. Xoʻsh, siz tergovchining oʻsha koʻrsatmasini aniqlayman, deb koʻring-chi?.. Boshingizni ari uyasiga tiqqan boʻlasiz.
— Siz bularning hammasini juda yaxshi bilarkansiz, — tan oldi N. — Toʻgʻrisi, hech kim menga bu darajada batafsil, ikir-chikirigacha tushuntirmagandi.
-Men, axir olimman, — dedi bir oz gʻurur bilan olim. — Fan aniqlikni yoqtiradi.
-Baribir tergovchining oʻlganini yashirib oʻtirishingizni maʼqullay olmayman, — dedi N.
N. shunda birdan toliqqanini sezdi. Ichidan horgʻinlik bosib keldi. “Buni qaranglar,-dedi alam bilan,- men shuncha umrimni tergovchini izlash bilan, unga umid qilish bilan oʻtkazibman, u esa oʻlib yotibdi”, U butun aʼzosida horgʻinlik his qildi. Tun boʻyi boshidan kechirganlari uni nihoyat holdan toydirgan edi.
— Men toliqdim, — dedi N. — Agar qarshi boʻlmasangiz, biron burchakka choʻzilib olsam degandim.
— Bemalol, — dedi olim. — Anavi burchakda maxfil turibdi, — u ichkaridagi qiya ochiq xonani koʻrsatdi. — Men kunduzi tadqiqot olib borib, kechasi tungi soʻroqda tik turgancha mudrab olishga oʻrganganman.
N. eshikdan kirib, olim “maxfil”, deb atagan yogʻoch sandiq ustiga solingan toʻshakka choʻzildi va shu zahoti uyquga ketdi.

***

U lahad ichida choʻnqayib oʻtirgan N.ni va lahadni koʻzdan kechirib, mamnuniyat bilan bosh irgʻadi. “Yaxshi, yaxshi”, — dedi u. Undan, hozirgina otib olgan boʻlsa kerak, vino hidi kelar, koʻylganining uvada yoqasi isqirt boʻynida osilib turardi.
— Kovlayapmiz, — dedi N. unga nimadir deyish uchun.
Goʻrkovning nigohida sinchkovlik aks etar, u shu turishida qoʻl ostidagilarni oʻzi buyurgan vazifani qanday bajarayotganini tekshirib yurgan amaldorga oʻxshardi. U lahadning eniga, boʻyiga bir-bir qarab chiqdi, soʻng N.ning gavdasiga bir qarab olib, “Yana sal kavlash kerakmidi? Menimcha, shu yogʻi ham yetsa kerak”, dedi.
N. mayda ikir – chikir ayblar topib yuradigan sinchkov odamlarni yoqtirmasdi. Biroq hozir goʻrkovning hurmatini saqlashga majbur boʻldi. “Qancha kovlash, kovlamaslik, albatta, mening ishim,- dedi u toʻngʻillab,- men to jasad chiqquncha kovlayman”. N.shunday deb yana qabrning yonini kovlay boshladi. “Jasad?!” – deb soʻradi goʻrkov.-Bu yerda hech qanday jasad yoʻq”, deya hiringladi u yana. Hiringlash N.ning asabiga tegdi. “Qanaqasiga jasad yoʻq??”- dedi u hayron boʻlib. — “Bu 3-29-chi qabr emasmi?” “3-29-chi”, dedi goʻrkov. “Unda bu yerda jasad boʻlishi kerak”,- jahli chiqib gʻudulladi N. “Men siz bilan garov oʻynashim mumkin, bu yerda hech qanday jasad yoʻq, — dedi goʻrkov boʻynini qabr ichiga choʻzib qararkan. – Umuman, bu yer endi koʻmiladiganlar uchun ajratilgan”. N.ning jahli chiqdi. “Siz menga halaqit berayapsiz”, — dedi u jahli chiqqanini bildirish uchun. “Nega sizga halaqit berarkanman, — dedi goʻrkov uning jahli chiqqaniga zarracha eʼtibor bermay. – Men bu yerda xizmat vazifamni oʻtayapman”. “Xizmat vazifasi emish? – Istehzo bilan kuldi N. – Birovning jasad kovlab olishiga xalaqit berish, ustiga-ustak uni chalgʻitish xizmat vazifasiga kiradimi?” N. lahad ichidan sakrab tashqariga chiqdi va xuddi bostirib borayotganday goʻrkovga qarab yurdi. Goʻrkov birdan qochmoqchi boʻldi, ammo orqaga ikki-uch qadam tashladi-yu, joyida toshday qotdi. Hatto koʻzlarini ham yumib oldi. N. urmoqchi yoki silkib tashlamoqchi emasdi. Bundan tashqari bu odamlarga qoʻling tegib ketsa, meni oʻladigan qilib doʻpposladi deyishdan qaytmaydi, deb oʻyladi. Shu sababli u ham goʻrkovning qarshisiga borib, qoʻllarini koʻkragiga kiyishtirib turdi.
-Siz, boʻtam, sud hukmidan ham, sud jarayonidan ham xafaga oʻxshaysiz, — dedi goʻrkov uning urmasligiga amin boʻlgach, koʻzlarini yarim ochib.- Ammo siz bir narsani – sudda siz haqingizda toʻplangan dalillarga qarab, xulosa chiqarishlarini, dalil qay holatda boʻlsa, hukm shunday boʻlishini unutib qoʻyayapsiz. Sudning bu yerda hech qanday aybi yoʻq”.
-Siz buni qayerdan bilasiz?- soʻradi N. uning sud haqida bu qadar keng tushunchaga egaligidan hayron boʻlib.
-Men sud ijrochisiman, – dedi goʻrkov.
-Sud ijrochisi? — quloqlarim notoʻgʻri eshitmadimmi deb qayta soʻradi N.
-Sud ijrochisi! – dedi goʻrkov tantanovor ohangda.
-Mening bundan xabarim yoʻq,- tan oldi N.
-Sizning hech narsadan xabaringiz yoʻq, — dedi goʻrkov endi mutlaqo bamaylixotir. – Siz kurashni notoʻgʻri tanladingiz va yutqazdingiz!
-Kurash?! – ajablandi N.- Mening oʻz tirikligimni isbotlash uchun qilgan harakatlarim ham kurashmi?!
-Kurash!- tasdiqladi goʻrkov. — qonun judayam nozik. Uni tushunmaganlar bilmay juda katta xatoga yoʻl qoʻyishlari mumkin. Oxir oqibatda bu xato sud hukmiga taʼsir qiladi.
-Men oʻz xatomni tan olaman, — dedi N.,- imkoniyatlarimni toʻliq ishga sololmadim, koʻproq boshqalarga ishondim.
-Yana oʻzingizni chalgʻitayapsiz, — dedi goʻrkov. — Qilgan xatoingiz shundan iboratki, siz boshdanoq men tirikman deb harakat qildingiz. Bu esa sizga juda katta fojea keltirdi. Qonun oʻz aybini boʻyniga olganlarga yengillik beradi, baʼzan esa sudda uni toʻla oqlab yuboradi.
-Mening tan oladigan hech qanday aybim yoʻq, — dedi N. qizishib. —
-Buning ahamiyati yoʻq, — dedi goʻrkov. – Muhimi siz men tirikman deb daʼvo qilgansiz, barcha dallilar sizga qarshi edi, natijada sizning daʼvoingiz isbot etilmadi. Qonundan xabari borlar ana shu nozik joyga katta eʼtibor berishadi. Garchi ayblari boʻlmasa ham aybini boʻyniga olishadi. Bunday odamlarga qonun yengillik beradi. Siz tirikman deb nimaga erishdingiz? Bir oʻzingiz butun boshli qonunga, uni ijro etuvchi oʻnlab muassasaga qanday qilib qarshi kurashmoqchi boʻldingiz?! Siz yolgʻizlanib qoldingiz”.
-Men qonunning bunday nozikliklarini tushunmayman, — dedi N. –Hech kim menga sizday maslahat bermagan.
-Bu tabiiy, — dedi goʻrkov. -Baʼzilar, garchi qonun bilan ishlasalarda uning nozikliklarini tushunavermaydilar. Boshqalari esa bu noziklikka mensimay qaraydilar.
-Siz sud ijrochisi boʻlsangiz, men haqimda ham maʼlumotga egadirsiz.
-Boʻlmasam-chi, — dedi goʻrkov.
-Men haqimda qanday koʻrsatma olgansiz?
-Siz qabr qazishingiz va men hukm qanday ijro etilayotganini nazorat qilishim kerak.
-Menga tekshiruvchi guruh keladi, deyishgandi, -dedi N.
-Hukmda hech qanday guruh haqida gap yoʻq, – dedi goʻrkov.
-Menga bu haqda xabarni sud kotibi yetkazdi, — dedi N.
-Bu sudning oddiy nayrangi, — dedi goʻrkov. – Koʻplar hukmni koʻtarolmaydi. Baʼzilar hukmga qarshi janjal koʻtarishi mumkin. Shu sababli har extimolga qarshi nayrang ishlatiladi.
N. endi voqeani yaqqol tasavvur qilib turardi: u aldanganini sezdi va bu unga qattiq alam qildi. Tanasi bunchalik ogʻir musibatni koʻtarolmaganday yerga oʻtirib qoldi. Goʻrkov esa endi lahad chetiga oyoq osiltirib oʻtirar, tinmay qabrni maqtardi.
— Sizni ishingiz menga yoqdi, — derdi u. – Koʻplar ishni qoʻl uchida chala-chulpa bajaradi. Siz esa hafsala bilan ishlov beribsiz.”
— Siz goʻrkovmisiz yoki sud ijrochisimisiz? — soʻradi N. endi jasad qazib olishdan butunlay mahrum boʻlganini his qilib.
— Ham goʻrkov, ham sud ijrochisiman. Qabristonning bu tarafi mahkum etilganlar uchun asrab qoʻyilgan.
— Men telefon qilib aniqlashim kerak, — dedi N. – Bu yerda telefon yoʻqmi?
Goʻrkov bosh irgʻadi.
— Bu yerga telefon oʻrnatishmaydi, – dedi u yana bilagʻonlik qilib. — Bu tartibga zid.
-Men hech narsaga tushunolmayapman, — dedi N. – Men unda kimning qabrini qazdim?.
Goʻrkov qoʻynidan qogʻoz chiqardi va undagi roʻyxatni koʻzdan kechirdi.
-Oʻzingizga qabr qazdingiz,- dedi u daftarini yana N.tortib olishidan qoʻrqqanday shosha-pisha qoʻyniga tiqar ekan.
-Boʻlishi mumkin emas, -dedi N. oʻrnidan sakrab turib. – Bu gʻirt maynavozchilik! Qabr marhumlarga qaziladi. Buyogʻi endi gʻirt choʻpchak boʻlib ketdi, — dedi N.
-Yoʻq, — dedi goʻrkov. – Bu- hayot. Siz faqat unga koʻnikolmayapsiz!
N.ning uch soat urinib, qazigan qabriga koʻzi tushib, yana gʻazabi qaynab ketdi.
— Nega endi oʻzimga qabrni oʻzim qazishim kerak? Sudda qabr qazadigan topilmaydimi?
— Topiladi, — dedi goʻrkov. – Faqat sud imkoni boricha kam xarjni yaxshi koʻradi. Birovlarga qazdirib, pul bergandan koʻra mahkumning oʻziga qazdirgan uch-toʻrt marta arzon tushadi.
N.ning sud kotibiga qoʻngʻiroq qilishdan boshqa iloji qolmagandi. U qabristondan chiqib, roʻparasidagi tamaddixonaga kirdi-da, eshik ogʻasidan telefon bor-yoʻqligini soʻradi.
— Yigirma besh soʻm, — dedi eshik ogʻasi.
N. choʻntaklarini kovlab, zoʻrgʻa yigirma uch soʻm topdi. Eshik ogʻasiga tutqazar ekan, telefonga ruxsat bermay qoʻyishidan qoʻrqib, “qolganini telefon qilganimdan soʻng olasiz”, dedi. N. tergan raqamni bir qiz koʻtardi. “Ish vaqti tugayapti, tezroq gapiring”, dedi va uzoq vaqt gap kim haqida ketayotganini tushunmadi. N. shundan bildiki, u yerda bir necha sud kotibi bor, qiz hammasini ham tanimasdi. “Bugun qabrdan jasadni kavlab olish toʻgʻrisida buyruq olgan sud kotibi”, dedi N. nihoyat qizga tushunarli boʻlishi uchun. Qiz uzoq jim qoldi, aftidan, qayergadir ketdi, poshnasi uzoq toʻqillab, goʻshakka eshitilib turdi, soʻng goʻshakdan erkak kishining zardali ovozi eshitildi: “Kim kerak?”. N. unga ham yana qaytadan tushintirdi. “Men sud raisiman, — dedi erkak N.ning mingʻillashidan norozi boʻlib. — Hech kimga hech qanday jasadni kovlab olish haqida buyruq berilmagan”. Goʻshak toʻq etib qoʻyildi va N. qisqa-qisqa gʻoʻngʻillashiga quloq solib uzoq turdi. Keyin oʻsha raqamni qayta-qayta tera boshladi, ammo telefonni boshqa hech kim qaytib koʻtarmadi.

N. uyga yaqinlashganda uzoqdan oʻzi yashaydigan yoʻlakda yuk mashinasi turganini koʻrdi. Kimdir koʻchib kelgan edi. N. mashinani aylanib oʻtib, oʻzi yashaydigan xonadonga koʻtarildi. Zinada javon olib kirayotgan ikkita yigitga duch keldi.
— Koʻchib kelishdimi? – dedi N. ularning oldidan oʻtib ketarkan.
— Koʻchib kelishdi, — dedi yigitlardan biri.
Zinadan chiqib xonasiga burilganda xonasi ochiq, u yerda uy nazoratchisi va ikkita nomaʼlum odam gaplashib turardi. N. qadamini tezlatdi, kimdir yanglishib, uning xonasiga koʻchib kirayotgandi. Nomaʼlum kishilar unga koʻzi tushgach, ichkaridan kimnidir chaqirishdi. Eshikdan qoʻlida qogʻoz ushlagan T. koʻrindi.
— Qayting, qayting, — dedi u N.ning yoʻlini toʻsarkan.
— Nimalar boʻlayapti oʻzi? — dedi N. – Nega mening uyimning eshigi ochiq?
— Sizning uyingiz yoʻq endi, — dedi T. shoshib qoʻlidagi qogʻozni koʻrsatarkan. – Mana bu yerda hammasi yozilgan. N.qogʻozni yulib olib oʻqishga tushdi. Unda marhum N.ning uyi tashkilotning yangi xodimiga berilgani toʻgʻrisida rahbarning koʻrsatmasi bor edi.
-Nima haqlaring bor? – baqirib yubordi N. T.ni turtib chetga chiqarar ekan. – Men hali tirikman. Uyimni hech kimga bermayman.
T.devorga suyanib qoldi va ichkariga nimadir deb baqirdi. Ichkaridan ikkita barzangi yigit chiqib keldi-da, N.ning yoʻlini toʻsishdi.
-Chiqarib tashlanglar! — deb baqirdi ularga T. – Biz oʻliklar tiriklarni bezovta qilishlarini istamaymiz. Boshqa qadam bosma bu yerga. Biz marhumlarni hurmat qilamiz, ammo ular bizga halaqit bersa, chora koʻrishga majburmiz.
T. jahli chiqqanda ham oʻzini yoʻqotmay, xuddi majlis oʻtkazayotganday sovuq va qatʼiy qilib gapirdi. “Chora koʻramiz”, derkan, oʻzini tutib, boʻyinbogʻini toʻgʻrilab qoʻydi.
Barzangilar N.ning qoʻltigʻidan olib, lipillatib koʻtargancha tashqariga olib chiqishdi va bino orqasidagi yoʻlakka yetishgach, izidan katta yoʻlga qarab itarib yuborishdi. N. ularning qoʻlidan boʻshalgach, silkinib tushib ketgan kostyumining yelkasini toʻgʻriladi va yerdan tosh olib, jonholatda barzangilarga qarab otdi. Barzangilar yonlariga egilib, chap berishdi, tosh ikkalasining oʻrtasidan zipillab oʻtib, bino devoriga taraqlab tegdi. Barzangilar uning izidan yugurishdi. N. katta yoʻlga qarab qochdi. Katta yoʻlda yoʻlovchilar ichiga kirib olgach, nafas rostlash uchun toʻxtadi-da iziga qaradi. Barzangilar bino devoriga suyanib, uni kuzatib turishar, shu turishlarida qoʻrgʻon darvozasini qoʻriqlayotgan soqchilarni eslatardi.
N. endi uydan ayrilganiga toʻliq ishondi va tushkun holatda chekish uchun choʻntagiga qoʻl tiqdi. Choʻntagida tamaki oʻrniga qandaydir qogʻoz ilashib chiqdi. Bu-eski uni adashtirib oʻldiga chiqargan gazeta parchasi edi. Uning koʻzi “Kecha ertalab Janubiy temir yoʻlning 8-bekatida poyezd ostida qolgan jasad topildi. Jasadga qarab kimligini aniqlab boʻlmasdi. Faqat marhum choʻntagidan chiqqan hujjatgina uning shaxsini aniqlashtirdi. Bu odam S tashkilotining katta xodimi N. boʻlib chiqdi”, degan jumlaga koʻzi tushdi va gazetni jahl bilan yirtib tashladi-da, boʻlaklarini otib yubordi. N. yoʻlovchilar oʻrtasida, chirogʻi sinib qolgan simyogʻochga suyanib turar, oʻzini birinchi marta juda horgʻin, ojiz va notavon his qildi. U oʻzini haqoratlashganini, bu dunyoda hech qaysi ish oʻzining ixtiyori bilan sodir boʻlmaganini, sodir boʻlmasligini anglagandi. Sud kotibi bilan uyiga yangi xodimning koʻchib kelishi oʻrtasida bogʻliqlik borligini sezgandi – nafaqat bular, balki oʻsha mashʼum koʻmish marosimi, muxbir, muharrirning jiyani, hech qachon izlab topib boʻlmaydigan tergovchi, sud voqeasi oʻrtasida sirli va mavhum umumiylik bor edi – bular bari uning ixtiyoridan tashqari sodir boʻlgan va u bu narsalarga qarshi kurashaverib, kurashi beamar kechganligini anglagandi. U endi egasiz it kabi tashlandiq va keraksiz edi. Uni hamma oʻlganga chiqargan, endi bu hukmni hech narsa bilan oʻzgartirib boʻlmas, uning tiriklik daʼvo qilgan barcha harakatlari zoye ketgan, aksincha, u tiriklik daʼvo qilgani sayin uni shunchalik qabrga tomon itarishgan edi.
U dunyo boʻylab ozgina — oʻttiz uch yillik sayohati orqali oʻzining hech kim ekanligini endi anglab yetgandi. U hech kim edi va hech kim boʻlib yashagan edi. Dunyo u bilan yarash bitimi tuzmadi, dunyo unga begona, yot edi. Uning oʻlik — tirikligi hech kimni qiziqtirmasdi, u aql qirlari sari sayohat qilgani sayin oʻzining hech kimligini anglab boraverdi. U hech kimlik choʻqqisiga koʻtarilgani sari vujudini besamar charchoq qamrab oldi; u kuchdan, madordan qolgan edi; u endi oʻz-oʻzini yengib, koʻnikib yashagan Rafasni eslar va unga havas qilardi: u mana shu bir parcha lahadda oʻzini aldab yashashga kuch topa olgandi. Uning qimirlashga holi qolmagandi – oʻz kuchini behuda sarflaganini, oʻzining butun kuchini soʻrib boʻlishganini tushunib turardi – u kurashaverib holdan toygan, hech narsaga yaramaydigan holga kelib qolgan, ichida itning akillashichalik ham sado qolmagan, oʻzida bor kuchi, tovushi, his-hayajoni, qudrati, umid-orzularini sarflab boʻlgan, qurigan daraxt kabi holsiz, madorsiz, quruq va qaqshagan jasadga aylangandi. Uning na yashashga, na oʻylashga, na xayol qilishga madori qolgan, hozir faqat uxlashni, uzoq-uzoq uxlashni istardi. “Meni adoyi tamom qilishdi, – deb oʻyladi u, — endi hatto anavi bekatgacha ham yurib borolmayman”. U simyogʻochga suyanib uzoq turdi. Tun choʻkdi. Yoʻlovchilar koʻrinmay qoldi. Ayoz tushib, tanasi qaqshay boshladi. U yerga oʻtirdi-da, madorsiz tizzalarini quchoqlab oldi. Endi bu tizzalarni ikkita tayoqdan farqi yoʻq, yuraverib, yuguraverib, qoqshol boʻlib qolganday, hech narsani sezmasdi. U oldinga egilib, bekatga tomon emaklashga tushdi. Charchoq oyogʻidan tepaga qarab siljib kelar, u qayerda boʻlsa ham bir oz mizgʻib olgisi kelardi. Butun kuchini tirsaklariga jamlab, titrab-qaqshagancha bekatga qarab emaklab borar, hozirgi holati talangan, oyoqlari sindirilgan itning sudralishiga oʻxshashini oʻylab, butun tanasini zaharxanda kulgi qamrab oldi va butun tanasidagi hordiqni uvlab haydab chiqargisi keldi, biroq hatto uvlashga ham madori kelmay qoldi – bekatga yetar-yetmas choʻzilib qoldi.

xxx

Janubiy temir yoʻl shaharning janubi sharqida joylashgan boʻlib, janubiy yoʻnalishdagi poyezdlar qatnardi.
N. shoshgan, tashvish va horgʻinlik chulgʻab olgan olomon ichidan Janubiy temir yoʻl tomon ketib borardi. Tezda olomon, shovqin – suron orqada qoldi: u bularning birontasiga eʼtibor bermas, tovushlarni, shodlik va xavotirga koʻmilgan shovqinni eshitmasdi. U hammasiga qaror qilgandi, har qanday boshlangan voqeaning xotimasi boʻlishi shart edi. Uning fojiasi ham shu voqelikdagi izchillikni buzaman, deb behuda uringanida edi. Har qanday voqeaning muqaddimasi, tadrijiy davomi, rivojlanish tartibi boʻladi – u voqelikni izga solish, oʻz oʻrnida davom ettirish zarurligini anglagandi.
Qandaydir poyezd yaqinlashib kelar, u hozir oʻziga yozilgan hukmni oʻzi ijro etishga tayyor edi. Bu huquqini hech kim yoʻqqa chiqarolmasdi, u ijro etilishi shart, shunday boʻlib kelgan, shunday boʻlib qoladi. U bu haqiqatni kech tushundi. Kech boʻlsa ham tushundim-ku, deb oʻylardi ichida.

U yaqinlashib qolgan poyezdga qarab qadam tashladi va soʻnggi bor vokzalga, bir-birini turtib-surtib, borayotgan olomonga koʻz tashladi – u yerda oʻzini goʻrkov – sud ijrochisi kuzatib turar, goʻyo u sud hukmining qanday ijro etilishini koʻrgali kelganday edi; N. oxirgi daqiqada goʻrkovning koʻzini eslashga tirishdi; biroq eslolmadi va shu holicha, xuddi Iskandar kabi men ham qoʻlimda hech narsa olib ketayotganim yoʻq degandek oʻzini qora boʻshliq ichiga otdi…

022

(Tashriflar: umumiy 289, bugungi 2)

Izoh qoldiring