Nazar Shukur. She’rlar & Shoir haqida videofilm & Qozoqboy Yo’ldosh. Isyonkor tuyg’ular kuychisi

004   Таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдош эътироф этганидек, «Назар Шукур оригинал поэтик назарга эга шоир эди. Шунинг учун ҳам у олам ҳодисаларини мутлақо бетакрор йўсинда идрок этади ва тасвирлай билади». Мунаққид ҳақ. Назар Шукур покиза туйғулар таржимони эди. У қисқа умри давомида ёзган шеърларида шаффоф  Сўзга бурканган туйғулар шамнамлардай порлайди.

Қозоқбой ЙЎЛДОШ
ИСЁНКОР ТУЙҒУЛАР КУЙЧИСИ
09

   Қозоқбой Йўлдош 1949 йилда туғилган. Сирдарё давлат педагогика институти (ҳозирги Гулистон ДУ)нинг филология факультетини битирган. Педагогика фанлари доктори, профессор. Олим адабиётшунослик ва адабиёт ўқитиш методикасига оид китоблар, дарсликлар ва 500дан зиёд илмий мақолалар муаллифи. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

04Ўзбек шеърияти кенгликлари шундай ҳудудсизки, ҳушёр бўлмаган одам унинг пучмоқларида содир бўлаётган айрим ҳодисалардан хабарcиз қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Қанчалар аччиқ ва ёқимсиз бўлмасин чин гап шуки, ўзини миллий шеъриятдаги катта-кичик ҳодисаларни мунтазам кузатиб юради деб ҳисоблайдиган одам, Назар Шукур деган шоирнинг шеъриятимизга кириб келганини ҳам, энг ачинарлиси, ундан кетиб қолганини ҳам билмай қолибман. Водариғ!

Назарнинг миллий шеъриятда ўз ўрнига эга шоир эканини илк бор ёзувчи Абдурашид Нурмурод қаламига мансуб “Қон ҳиди” романининг иккинчи китоби қўлёзмасини ўқиганда билдим. Романда Назар тимсоли шундай тасвирланганки, киши беихтиёр шоир шахсини ёқтириб, унинг шеъриятига қизиқиб қолади. Маълумки, одатда, ижодкорга муҳаббат ва қизиқиш, унинг ижодига муҳаббат ва қизиқишни пайдо қилади. Роман қўлёзмаси билан танишгач, онда-сонда марҳум шоир меросидан матбуотда берилган намуналарни қидириб ўқийдиган бўлдим. Лекин ҳануз унинг бирор шеърий китобини кўрмаган ва унинг ижодини яхлит кузатмаган эдим. Назарнинг оқибатли жўраси бўлган Абдурашид бир кўришиб қолганимизда марҳум шоир ҳақида телефилм қилмоқчи эканини айтиб, унинг шеърлари тўғрисида фикр билдиришимни сўради. Табиийки, ҳаёти ва шахсиятини мутлақо, асарларини етарлича яхши билмайдиган ижодкор ҳақида фикр айтолмасдим. Абдурашид шоирнинг иниси Ўроз Ҳайдар томонидан тайёрлаб чоп этилган “Мени кечир, муҳаббат” ва “Видо” китобларини топиб берди. Кейинчалик таниқли шоир Баҳром Рўзимуҳаммад Назар Шукур шеърларидан тайёрланган йириккина тўплам қўлёзмасини жўнатди. Хуллас, мен ўзим учун ўзбекнинг ўттиз бир ёшида тирикликни тарк этган Назар Шукур деган битганлари чин ва ёлқинли саҳройи шоирини кашф қилдим. Бу кашфиётимнинг севинчу изтиробларини сизларгада илиндим, шеърсуяр бовурларим…

Ёзувчи, шоир ва адабиётшунос Улуғбек Ҳамдам: “…шоирлик – тинимсиз равишда табиатга қайтишлик”,- дейди. Чунки табиат қаршисида одамнинг кўнгли борича намоён бўлади. Табиатнинг олдида одам турланиш, аслидагидан яхшироқ кўринишга уриниш заруриятини сезмайди. Аслнинг олдида аслидагидай бўлгиси келади. Назар Шукурнинг шеърий меросида табиатнинг турфа ҳолатларини кўрсатиш асносида инсон кўнгли жилваларини моддийлаштириш, унинг энг қоронғу пучмоқларини ҳам муҳаббат ёғдуси билан нурлантириш устувор туради. Шоир “Кенгликлар қўшиғи” шеърида туғилиб ўсган отамаконнинг манзарасини чизиш орқали унга бўлган чексиз муҳаббатини изҳор этади. Назар манзарани нафақат жонлантира билгани, балки унга руҳ ҳам бера олгани учун шеърнинг ҳар бир сатридан улкан севги ва соғинч балқиб туради:

Қуёш ўпар –бола тани кийимсиз,
Дарахтлари зерикади қуюнсиз,
Озод қушлар яшолмагай ўйинсиз,
Деҳқонининг кетмонидан кун анқир,
Жўякларда шилдираган ун анқир.

Шоир болалиги ўтган маконга муҳаббат ва уни қўмсаш туйғусини чучмал оҳ-воҳларсиз, у ерлар учун табиий бўлган ҳолатни манзаралаштириш орқали таъсирли акс эттиради. Шоир қуёшнинг бола танини куйдирувчи иссиғида ўпични, доимо эсгувчи шиддатли қуюнларда дарахтлар овунчоғини, чўл қушлари ўйинида эркинликни, деҳқоннинг залворли кетмонида қуёшни, жўякларда оқаётган сувда ўзбекнинг ризқи бўлмиш унни кўра олади. Қисм орқали бутунни ифодалашнинг яхши намунаси бўлган бу тасвирлар ҳам акс эттирилаётган ҳодисалар моҳиятига мос келади, ҳам муаллифнинг кайфиятини кўрсатади.

Асл шоир тилсиз нарсаларга забон бахш эта, кўз илғамайдиган нарсаларни кўрсата билади. Назар шундай шоир бўлгани учун ҳам унинг шеъридаги кенглик образи инсонга хос белгилар билан зийнатланади ва бу ҳол кишига нотабиий туюлмайди: “Кўп камтардир, шовқин солмас кенгликлар, Қучоғида қават-қават жимликлар”. Жимликнинг кўпликда ишлатилиши ва унинг кенгликлар қучоғига сингиб кетган қават-қават ҳолатда тасаввур қилинишини таъминлаган бу иккигина қаторда шоирнинг катта истеъдоди намоён бўлган. Бу мисралар ҳаёт ҳақиқатига мос келадиган реаллик экани ва шоирнинг кўтаринки кайфиятини энг муносиб йўсинда акс эттира олиши билан диққатга моликдир. Назарнинг шеърияти учун табиатни тасвирлаш пировард мақсад эмас. Гарчи у деярли ҳар бир шеърида табиатнинг бирор бир ҳолатини “теша тегмаган” йўсинда ифода этган бўлса-да, у битганларида кўпроқ инсоннинг кўнгил ҳолатларини муҳрлашга интилади. Фақат бунга бевосита тасвирдан кўра, табиатни кўрсатиш йўли билан бориш кўпроқ самара беради, деб ҳисоблайди. Шоир “Хонсулув холанинг қўшиғи” шеърида бефарзанд аёлнинг чексиз фожиаси, ададсиз изтиробларини кўрсатишда одамлар ўртасидаги муносабатларни тасвирлашдан табиат манзарасини кўрсатиш сари боради ва аёлнинг дардларини бутун кўлами билан ифодалашга эришади:

Бахт сўрар аёл жим ўтган боладан,
Серямоқ устига солмасдан назар.
Не қилсин, безурёд ўша холадан
Бўй етган қизлар ҳам қилади ҳазар.

Маълумки, бахтсиз одамдан ҳамма четланади. Ғайрати ичига сиғмагани ва юпунлигидан “серямоқ” уст-бош кийган боланинг ҳам Хонсулув хола олдидан жим ўтиши, аёлнинг шу болакайданда бахт тиланиши тасвири ғоят таъсирли. Ўзбекнинг бўй қизлари бефарзанд аёлга яқинлашмайди, бундай аёлларнинг тўйларига аралашуви хосиятсиз ҳисобланади. Одамларнинг ундан ўзларини тортиб юришлари Хонсулувни қандай руҳий ҳолатга солгани юқоридаги мисралардан аён бўлади. Шеърнинг кейинги бандида шоир тасвирни одамлардан табиатга кўчиради. Бутун оламга шодлик олиб келган кўклам, унинг илк элчилари турналар, ҳатто дуч келган ерга бош уриб юргувчи еллар ҳам Хонсулувдан ҳазар қилгандай унга яқинлашмаслиги шеърда ўта таъсирли акс эттирилган:

Турналар келади кўкламни куйлаб,
Осмонга бир маржон мисрани ёзар.
Холанинг деворин ўтару бўйлаб
Еллар ҳам киришдан қилади ҳазар.

Сиртдан қараганда, беозор, аммо моҳиятан аёвсиз бу мисраларда ўз бахтсизлиги билан ёлғиз қолган одамга олам қанчалар қоронғи ва файзсиз кўриниши ёдда қоладиган тарзда акс эттирилган.

“Шеърият бу… эътироф ё исён, ё тарсаки, ё ўпичдир”,- дейди Расул Ҳамзатов. Шоирнинг туйғулари қандай руҳий ҳолатга дуч келишига қараб тинимсиз ўзгариб туради. Айни бир нарса-ҳодиса айни бир ижодкорга ҳаётининг турли дамларида тамомила турлича таъсир қилиши мумкин. Чунки ижодкор олам ва унинг ҳодисаларини, биринчи навбатда, сезимлари орқали идрок этади. Инсоннинг ҳиссиётига эса ўзгарувчанлик хосдир. Шунинг учун ҳам одамнинг бир замонлар жондан кечиб талпинган нарсасидан, кўп вақт ўтмай зада бўлиши мумкинлиги табиий ҳолдир. Шу маънода, Назар Шукурнинг “Кенглик” деб аталмиш шеъридаги:

Кенглик!
Бағринг тўрт девордай тор,
Вужудимга боряпсан ботиб.
Сиғмаяпман мен сенга зинҳор
Тол тагида ёрни йўқотиб

мисраларини мантиқсизлик, ўзини инкор этиш деб эмас, балки “Тол тагида ёрни йўқот”гач, нафақат кенглик, балки бутун дунёга сиғмай кетаётган ошиқ йигит ҳолатининг теран ифодаси сифатида қабул қилиш тўғри бўлади.

“Кенгликлар қўшиғи”да “қават-қават жимликлар”дан завқланган шоир “Манзара” шеърида ҳаётсевар бир йигит сифатида сукунат ва унинг юракларни ёриб юборар даражадаги бир оҳанглилигини ёқтирмаслигини тасвирлайди. Ва, қизиғи шундаки, туйғуларининг чинлигига ўқувчини ишонтиради. Шундан бўлса керак, шеърдаги “Ташланади менга ногаҳон Сукунатнинг ваҳший шарпаси” мисраларини ўқиган шеърхон, ҳеч бир оғринмай, Назарга туйғудош бўлиб қолади.

Назар Шукурнинг қўлингиздаги битиклари унинг қолипга тушмайдиган, қирғоқларни ювиб кетишга қодир қудратли туйғулар эгаси бўлганлигини кўрсатади. Чинакам шеър ҳамиша кучли туйғулар пўртанаси, ёниқ ҳислар оловидан туғилади. Бу ҳақда: “…шеъриятнинг мағзи маъно эмас, фикр… эмас, балки гўзалликка айлана билган туйғудир. Кўпинча, шеърнинг сўзларини ёқтириб ёдлашади. Аслида-чи? Аслида, шеърнинг ҳақиқий олови, кучу қудрати – унинг замиридаги туйғуда. Кечинма ва поэтик фикр эса мазкур туйғунинг кейинги умри. Назаримда, аввало, туйғуни ёдлаш керак. Чунки у шеърни тутиб турган тутқич асосу пойдевордир….ҳақиқий шеър – бу ўлмас туйғу”,- дейди Улуғбек Ҳамдам. Туйғулари ўзига хос шоирнинг битганлари ҳам ҳеч кимникига ўхшамайди. Чунки асл сезимлар шахснинг зот сифатларини намоён этгани учун бетакрор бўлади. Назар Шукур шеърлари муаллифнинг туйғулари йирик, сезимлари баланд шахс эканлигини англатиб туради. Шунинг учун ҳам марҳум шоирнинг: “Бўлдим пок, исёнкор ҳисларга асир, Қоғозга бергайман бағримнинг ўтин” тарзидаги иқрори чинакам ижодий йўриқнинг ифодаси сифатида кишида ўчмас таассурот қолдиради. Унинг: “Тилмоч тополмадим сизга, ҳисларим, Азиз туйғуларим бугун алвидо!” йўсинидаги ўкинчида покиза туйғулар жилвасини илғаб олиш ва унга тилмочлик қилишни орзулаган шоирнинг андуҳли дил изҳори самимий ифода этилган.

Менимча, Назар Шукур ғоят қисқа умри давомида тўлиб яшаган. Бундай дейишга унинг ҳаёт ҳодисаларидан кучли таъсирланиш маҳсули экани кўриниб турган ва шоирона сезимлар ҳеч бир жиловланмай акс эттирилган шеърлари асос беради. Шоир умрнинг мазмуни бўлишга арзигулик ҳар бир ишга ўзини аямай бахшида этади. У борлиғини қамраган туйғулардан ташқарида бўлолмайди. Шоир юксак сезимларни куйлабгина қолмайди, балки ўзидан кечиб, уларга айланиблар кетади. Шунинг учун ҳам “Ўтган завқ, висолдан омонсиз тониб, Ёт бағир ҳидидан… маст” тебранаётган ёрга қарата айтилган:

Кўксимда инграйди увол бўлган ишқ,
Мен ўзим эмасман. Мен – увол севги,-

сўзларида улкан ёниш, алангали андуҳ бор, лекин зўриқиш, сохталик йўқ. Чин туйғулар, оташин сезимлар орасида қалбакилик ва нотабиийликка ўрин бўлмайди.

Шоирнинг назари жуда ҳам ўткир. Шунинг учун у битганларида ҳамиша тасвир аниқлигига эришади. Назарнинг «Осмон ташбеҳлари” шеъри гўзал табиат қўйнида ўсган, унинг тозалигини бир он бўлсин унутмай, доим кўнглида сақлаган одам туйғусининг туғёнлари ифода қилинган. Чегара билмас хаёлот, руҳиятни эзиб, кишини майда ҳислар комига отгувчи ташвишлардан йироқлик шоирга болаликда осмонни силкитиб, юлдузларни тўкадиган даражада қудрат бахш этади: “Қаттиқ силкитаман. Қўзғалар осмон, Юлдузлар тўкилар, йўқ, чўғлар эмас”. Шоир осмонга доир ҳолатларни ўзгаларнинг хаёлига ҳам келмайдиган тарзда тасаввур этади. Бу ҳол Назарга чақмоқни жинлар томонидан оловдан ясалган илон тарзида тасвирлаш имконини беради:

Қоқ ёрай дерди-я момоқалдироқ,
Илонни оловдан ясарди жинлар.
Наъралар тортардинг. Ўша кун бироқ
Ерлардан унарди қўзиқоринлар!

Назар Шукур ҳолатлар мунтазамлиги ва кетма-кетлигини нозик ҳис қилади. Шу боис шеърда оқибат сабабдан кейин тасвирланади. Осмон ташбеҳлари беғубор ва беташвиш боланинг назаридан қилинаётгани учун ҳам унинг ҳар бир сатридан қувонч, шодумонлик барқ уриб туради. Шеърнинг оёғидан ўт чақнайдиган лирик қаҳрамони осмонни “ичади”, “кечади”, “топтайди”. Бу ҳол у ва тенгдошларининг кўксини осмондай юксак ҳамда кенг қилади:

Дув-дув тўкилардинг. Ичардик сени,
Кечардик сачратиб. Топтардик осон.
Ҳовучлаб ичганда мовий меҳрингни
Кўксимиз кенг тортиб, бўларди осмон.

Шеърда осмоннинг сифатлари шу йўсин хотирга михланиб қоладиган тарзда ва қувноқ оҳангларда анча тасвир этилади. Ўқирманда бу шеър табиат манзарасини тасвирлашга бағишланган эканда деганга ўхшаш таассурот шаклланиб боради. Лекин у кутилмаганда бу шодон сатрлар бор-йўғи прелюда эканлигини, аслида у бой берилган севги, топталган юксак туйғулари сабаб кўнгил осмони вайрон бўлган ошиқ йигит туйғулари ифодасилигини пайқаб қолади. Осмон гўзаллиги тасвиридан одам туйғулари осмонининг вайроналарига ҳеч бир тайёргарликсиз кўчиш шеърхонга лирик қаҳрамон руҳиятидаги фожиавий ҳолатни бутун кўлами билан туйиш имконни беради:

…Мамлакат, Рашиднинг осмонин қайтар!..
Муҳаббат унутган оқшомларини
Кўз ёши овозсиз қўшиқлар айтар.

Шеърнинг бошидаги бирор тасвир шунчаки келтирилмагани унинг охирроғига бориб маълум бўлади. Бир пайтлар осмонни силкитиб, унинг юлдузларини қоқиб олган йигит севги олдида ожиз. Осмондан ёмғир ёғиларди ва у майсаларни ўсдириб, қўзиқоринларни ундириб, шодлик келтирарди. Болаликда осмоннинг қаҳри бўлмиш қорни кураб ташлаш, ундан қорбобо ясаб, масхаралаш ҳам мумкин эди. Энди эса, муҳаббат кўнгил осмонини вайрон этди, кўзёш ёмғирларини ёғдирди. Бундан шодланиб бўлмайди, чунки бу ёмғир фақат ўкинч чечакларини ундиради. Болалигида осмонга ҳукмини ўтказолган йигит энди иложсизлик оташида жизғанак. Назар Шукур шеърида эзгин руҳий ҳолатни юксак самимият билан акс эттира олган.

Назарнинг лирик шеърлари воқеабанд бўлмасада, уларда ҳамиша қандайдир воқеа-ҳодисанинг излари, сюжетнинг кўз илғамас чизгилари борлиги кузатилади. Шунинг учун ҳам унинг қатор манзумаларида воқеабандликка ўхшаш ҳолат кўзга ташланади. Жумладан, шоирнинг “Хунук қиз тиловати” шеърида “ёниқ ҳисларга эга”, аммо хунуклиги боис ёлғиз қолаётган қизнинг аламли туйғулари унинг назари орқали акс эттирилади. Сезимлар самимий ифодалангани сабаб қизнинг қуйидаги муножоти кишига унчалар ботиб кетмайди:

Мен ёмон кўраман гўзал қизларни,
Йиллар ҳам сарғайтмас уларнинг тусин.
Камситма, мендаги ёниқ ҳисларни,
Эй тангрим, қизғанма, қарзга бер ҳусн!

Шоир хунук қизни жуда олижаноб, юксак маънавият ва тенгсиз руҳият эгаси деб тасвирламайди. Унинг орзуси ҳам хаёлий шаҳзодани қўлга киритиш эмас, энг оддий бир аёлнинг жўнгина тилаги холос – “керак битта эр!” Ана шу жўнгина орзуга ҳам етишолмаслик уни: “Кўзимда қор каби қотади тонглар”,- дея нидо қилишга олиб келади. Шоир қаҳрамон сезимларини ўта нозик ва ичдан ҳис этади. Шунинг учун кўкда чопаётган тўлин ой ҳам, ёмғир келтиргувчи момиқ булутлар ҳам қизга хунук кўринишини ишонарли тасвирлайди:

Яланғоч қиз каби кўкда чопар ой,
Лозимсиз булутлар гоҳ шаррос қўяр.
Энг тўлин умримни беряпманку бой,
Қайноқ кўз ёшлардан юзларим куяр.

Маяковскийдан эътиборан шеъриятда булутни “чалвор”ли, “лозим”ли санаш ва тасвирлаш расм бўлганди. Назар бу поэтик анъанани бузиш орқали хунук қиз туйғуларининг энг яширин жиҳатларига қадар кўрсатиш имконига эга бўлди. Чиндан ҳам ўз хунуклигидан зада бўлган қиз учун осмондаги тўлин ойнинг яланғоч гўзалга, кўклам булутлари тўккан кўз ёшлар лозимсиз санамларнинг “шаррос қўйи”шига ўхшашида нотабиийлик йўқ. Кўз ёшларнинг юзни ювишига одатланган шеърхонни “Қайноқ кўз ёшлардан юзлари куя”ётган қиз ҳолати тўла ишонтиради ва у қаҳрамоннинг ҳамдардига айланиб қолади.

Назар Шукур оригинал поэтик назарга эга шоир эди. Шунинг учун ҳам у олам ҳодисаларини мутлақо бетакрор йўсинда идрок этади ва тасвирлай билади. Шоирнинг “Сенга…” шеъридаги поэтик тимсоллар этни жимирлатар даражада совуқ ва ёқимсиз. Лекин у айрилиқдан юраги ёнаётган ошиқнинг ҳолатини тўла ифодалаши жиҳатидан тенгсиздир:

Сенга очдим қалбимдан қабр,
Ичида йўқ аммо жасадинг.
…Вужуд деган тобутда энди
Армонларим ётибди жонсиз.

Шеърнинг турли бандларидан олинган юқоридаги парчада руҳий ҳолатнинг манзараси чизилибгина қолинмай, кечинмаларнинг тадрижий йўли ҳам намоён бўлади. Назар “Эшик очиқ турсин!..” шеърида ҳар биримиз ҳар куни неча марталаб дуч келадиган эшик тамсилини қўллаб таъсирли поэтик тимсол яратади:

Эшик очиқ турсин!..
Эшик – айрилиқ,
Қамалиб ётмасин уйда ичкари.
Ташқари қошида жилмайсин илиқ,
Ташқари қолмасин эшикдан нари.

Чиндан-да эшик ичкарини ташқаридан, ташқарини ичкаридан айиради. Жўнгина маиший ҳолат замирида шундай гўзал шеърий чўғ мавжудлигини туймоқ ва буни ўзгаларга-да эсда ҳоладиган йўсинда туйдирмоқ учун бетакрор шоирона нигоҳ лозим бўлади. Эътибор беринг: шоир мавжуд ҳолатни шунчаки қайд этаётгани йўқ, балки уни ҳаракатлантириб, ташқари билан ичкари ўртасида уйғунлик, ўзаро тушуниш бўлиши учун интилиш лозимлигини ҳам сатрларга жо қилган.

Назарнинг: “Буғдойзорлар – она тупроқ битган шеър…” ташбеҳи ҳам топилма даражасидадир.

Чинакам истеъдод ҳаётнинг ҳар қандай ҳолатидан гўзаллик топиши, турмушдаги ҳар қандай жўн нарса замирида ҳикматни кўриши мумкин. Назарнинг шеърларидаги адоқсиз бадиий топилмалар фикримизга исбот бўлади. Шоир «Кетаяпман…» шеърида бахтидан масрур йигит ҳолатини ифодалаб ёзади:

Шаҳар узра қўнолмай Кеча,
Учиб юрар осмонда қушдай.
Вужуди тош, қоп-қора кўча
Чўзилади энг узун тушдай.

Бахтли одам учун қоронғилик ҳам ёруғ кўринади. Шунинг учун ҳам шоирга кеча (тун) шаҳарга қўнолмаётгандай, унинг ёруғлигига дахл қилолмаётгандай туюлади. Тош йўлнинг вужуди тошлигини ҳаммамиз биламиз, лекин уни шу тарзда аташ билан поэтик образ яратиш мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Юрар йўли бор, бахтиёр одамга йўлнинг “энг узун тушдай» чўзилиши мутлақо табиийдирки, буларнинг бари Назарнинг ўткир нигоҳи ва тасвир маҳоратидан далолатдир. Шоир “Силкинади қирлар елкаси” шеърида: “Йўртиб-йўртиб чопади йўлим, Йўртиб ўтар яшилсоч дала” мисраларида ҳам аллитерация, ҳам жонлантиришни қўллаб эсда қоладиган тимсол яратишга эришган.

Назар Шукур достонларида ҳам тасвир воситаларини оригинал қўллаш орқали эпик кўламли туйғуларнинг ишонарли тасвирини беролган. У, жумладан, “Най” достонида шундай ёзади: “Най инграр. Солдатлар жўнайди жангга, Қўзғалур най каби узун эшелон”. Чин истеъдод қисмга бутуннинг белгисини маҳорат билан жойлай олади. Бу ўринда ҳам шу ҳол намоён бўлган. Маълумки, най бир қадар узун соз. Лекин эшелоннинг узунлигига қиёслаш мумкин бўладиган даражада эмас. Сезгир ўқувчи шоир най орқали унинг ингроқ куйларини назарда тутганини пайқайди. Чиндан-да найнинг айрилиқни ифодаловчи куйлари узундан узун… Достондаги: “Жангчилар – вагонлар кўзидаги ёш…” тасвири замирига ҳам бир дунё ҳаётий ва бадиий маъно яширилган. Асардаги “Чарчоқдан киртайган вагон кўзлари” ифодаси ўша кунлар ҳақиқатини, ўша давр кишилари руҳиятини ифода этиши жиҳатидан тенгсиздир.

Назар Шукур шеърларида шоирнинг мавҳум ва мураккаб туйғуларни ўта моддийлаштириб бера олиш салоҳияти кўзга ташланади. “Кўзёшларим қўнар…” деб бошланадиган шеърнинг қуйидаги мисралари фикримизга далил бўла олади:

Ичаман ғамларни! Қалбимдир қадаҳ,
Вужудим – энг аччиқ шароб тўла хум.

Шоирнинг: “Кулгингга тақлидлар қилмоқ бўлар ой…” тарзидаги ташбеҳи ўқувчининг кўз олдига ойдай балқиб, қиқирлаб кулаётган санамни келтиради. Назарнинг бу кашфиёти тасвирдаги самимият кўп асрлик поэтик анъанани ҳам янгартиб юборишга қодирлигини кўрсатади.

Миллий шеъриятимизда «ҳижрон денгизи» ифодаси кўп қўлланади. Лекин Назарнинг шеърларидаги ичкинлик оҳори кетгандай туюлгувчи бу ташбеҳ орқали ҳам кучли шеърий эффект яратиш мумкинлигини кўрсатади. Шоир “Кўзёшларим кўлми бугун?” мисраси билан бошланадиган шеърида ёзади:

Чўкаётир Назар Шукур
Денгизига ҳижроннинг,
У ҳақиқий арвоҳидир
Саваланган виждоннинг!

Бундай ҳолатга тушган шахс руҳиятини сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Лекин бу шеър кишини ҳамдардликка ундайди, ўзганинг ҳолатини туйишга даъват этгандай бўлади. Назар бошқа бир шеърида: «Чўкиб ётар кўзимда Дунё…»,- дер экан ўзининг буюк дардкаш эканини аён этади.

Ўзини тинимсиз текширадиган, босган қадамини назорат қиладиган одам учун яшаш ҳеч қачон осон кечмаган. Ўзида йўқ фазилатларга маҳлиё бўлиб, оламга шишинган димоғ билан қарайдиган кимсаларгина ўзининг ҳар бир ишида тенгсиз фазилат, ҳар бир айтганида улкан ҳикмат кўради. Ўзига талабчан одам ёки маъшуқаси қаҳрига йўлиққан ошиқ назарида қилган эзгуликлари қилча, йўл қўйган нуқсонлари тоғча туюлаверади. Буни шоир “Қирлар сенга…” шеърида шундай ифода этади:

Булутлар ҳам бир қора япроқ,
Ер коптокча келмас, албатта.
Бари кичик! Дунёда бироқ –
Жиндай айбим баридан катта!

Шеърда тушунчаларнинг маҳорат билан қаршилантириши ўзидан кўнгли тўлмаётган инсон туйғуларининг ишонарли ва юқумли тасвирланишини таъминлаган. “Бир бошда битта…” деб бошланадиган шеърида сабабсиз озор чекаётган ошиқ сезимларининг аянчли манзарасини шундай чизади:

Ўйганман юрагимга
Исмингни мен беханжар.
Нигоҳинг кўкрагимга
Аммо тиғларин санчар.

Жавобсиз севги ёки нисор этилган туйғуларнинг қадр топмаслиги кўнгил кишиси учун улкан мусибат. Лекин ғаразсиз муҳаббат эвазига нафрат тиғларидан азоб чекишга маҳкум киши фожиаси ундан-да катта. Ўйноқи оҳангда битилган бу қисқа сатрлар қатида чексиз инсоний дард яширин.

Назар Шукур юрагини дунёнинг дардларига катта очган, оламни ва одам кўнгли пучмоқларини кирлардан тозалашга астойдил бел боғлаган, бу йўлда унга ҳузур-ҳаловат эмас, адоқсиз машаққат шерик эканини билган шоир эди. Шоирнинг “Биламан келмайсан…” шеърида айтилган: “Дунёнинг беминнат ҳузури эмас, Қийноқлар берармиш шеърга ортиқ зеб” тарзидаги қаноат унинг ижодий дастуриламали эди. Назар қисқагина умри давомида руҳий қийноқларнинг сон-саноқсиз манзараларини чизишдан қўрқмаганлиги билан ўзига сўз ва туйғудан ҳайкал тиклади. У бир шеърида ёзганди: “Эй Назар, яшаб қол, ўлиш қочмайди!”

Чин бадиий сўз ўлим билмайди. Кўнгил манзараларини сезгувчи, сўзнинг бетакрор таъмини туйгувчи кишилар бор экан асл шеър, бинобарин, унинг яратгувчиси бўлмиш шоир яшайверади. Чинакам шоирнинг туйғулари ҳамиша шеърхоннинг сезимларига ҳамоҳанг бўлади. Бу китобни ўқиган киши Назар Шукурнинг кўнгил ойнасида ўзини кўради. Сўзи ўлимга бўй бермаган шоирнинг салтанатига қиладиган сайрингиз қутлуғ бўлишига ишонамиз, азиз ўқувчи!


Назар ШУКУР

ШЕЪРЛАР
011

   Назар Шукур 1954 йилда Чироқчи туманидаги Наврўз қишлоғида туғилган. ТошДУнинг география факультетини тамомлаган (1979). «Кўкдаги умр» (1984), «Кишлоқ йўлларида» (1985), «Вақт хиёбонида» (1992), «Мени кечир, муҳаббат» (2004), «Видо» (2005), «Сен қайтмасанг…» (Сайланма, 2006) шеърий китоблари нашр этилган. 1985 йил 14 майда Тошкент шаҳрида автомобил ҳалокатидан вафот этган.

011

КУМУШБИБИ АЗАСИ

Кулфат ранги сачраган ёруғликлар қорайди,nazar-shukur.jpg
Қил сиғмаган юракдай олам бағри торайди,
Энди Отабек фақат ғуссаларга ярайди,
Ўн тўрт кунлик ой каби тўлгандинг, Кумушбиби,
Сўнгги жонга илиниб тўлғондинг, Кумушбиби.

Энди жонсиз севгингни шул қаро ер кўтаргай,
Йиғлаб қаро тобутни Отабек эр кўтаргай,
Менинг кўз ёшларимни титраб бу шеър кўтаргай,
Нурмас, йиғи-додларга чўлғондинг, Кумушбиби,
Сўнгги жонга илиниб тўлғондинг, Кумушбиби.

Қолмади-ку дунёда ёниб бағри бутунлар,
Кўкракларда туғилиб кўкда ўлар тутунлар,
Чар-чурс ёнар оромлар бўлиб ғамга ўтинлар,
Ҳар юракда «оҳ!» бўлиб уйғондинг, Кумушбиби,
Сўнгги жонга илиниб тўлғондинг, Кумушбиби.

Сен куйларга ўхшатган серавж сой ҳам йиғлайди,
Нурай-нурай яримта бўлган ой ҳам йиғлайди,
Сени ўзи яратган Жулқинбой ҳам йиғлайди,
Ногоҳ қучган бахтингдай кулгандинг, Кумушбиби,
Сўнгги жонга илиниб тўлғондинг, Кумушбиби.

1979

МИРТЕМИР ҚАЛБИ

Бир буюк қалб кўмилди ерга,
Давра қургай гирдида сукут.
Халқи билан қалқиди бирга,
Фарзандим деб ардоқлаган юрт.

Кенгликларга сиғмасди сира,
Хаёллари эди хўб узун.
Билар эди, шу олам ичра
Парча ерга сиғишин ўзин.

Бир буюк қалб, дўстлар, негадир
Оддийликдан қайта олмади.
“Қаламкашман” деди-ю,дадил,
“Шоирман” деб айта олмади!

ОНАМГА МАКТУБ

Тўлиб турар эди уйимиз, она,
Тўполон қилсак гар койирдинг бизни.
Бошимиз силардинг зум ўтмай яна,
Истардинг, ахир, тез ўсишимизни!

Бўй чўздик кун сайин офтобга қараб,
Бундай суст улғайиш сенга эди кам.
Ва бир кун кўнглингни қучди шавқ, шараф,
Аввало улғайди энг катта опам.

Сен эса қувондинг бу бахтдан чексиз,
Биринчи улғайиш келтирди севинч.
Ва лекин ҳасадгўй совчилар, эсиз,
Бу бахтни қўймади ўз ҳолига тинч.

Илк орзунг – тантана бошланди тезда,
Бизни ташлаб кетди опам улғайиб.
Опамсиз уйда сен кўниккан кезда
Кичиги улғайди сочларин ёйиб.

Зум ўтмай тўй бўлиб кичик опам ҳам
Қолдирди бу тўлиқ уй ичини бўш.
Уларни соғиниб кўзга олдинг нам,
Сени кўп чўчитиб қўйди улғайиш.

Қанотинг остидан олис шаҳарга
Бир куни улғайиб мен кетдим учиб.
Укамлар ҳам учди узоқ ёқларга
Бу хил улғайишдан қолсанг ҳам чўчиб.

Энди соғинамиз дил тортиб хира,
Баъзан улғайишни айблаб баримиз.
Учрашур сен билан бизлардан кўра
Кўпроқ биз жўнатган мактубларимиз.

Йўналур биз сари зафарлар изми,
Гоҳо кўп ютуқ ҳам тегади ғашга.
Улғайиш чорлади дийдорга бизни,
Ва лекин йўл қўймас бирга яшашга.

Хаёллар уйида учрашиб бирга,
Гоҳ паноҳ топамиз тунги тушлардан.
Меҳримиз айтамиз бир-биримизга
Бекиниб бешафқат улғайишлардан!

1981

ЖОКОНДА

Жоконда!
Кечиргин, сен – гўзал, маъсум,
Тўймайди ҳуснингга ҳеч қандай эркак.
Терилмоқ мен учун бўлмагай насиб,
Айғоқчи рашкни деб яшайман сергак.

Кечиргин, севаман қадду суратинг,
Севаман ғамгинлик, жилмайишингни.
Сен сари бормоққа етмас журъатим,
Кўп билгим келади кўрган тушингни.

Кўп билгим келади дунё санъатин,
Аёллар ҳайқирар «Гўзалликмиз!»деб.
Ҳар нега қодирдир улар лаънати,
Энг қайноқ бўсалар улар учун зеб.

Жоконда!
Кечиргин, ичаман шароб,
Ахир, май энг сулув қизларнинг ашки.
Май номин сўйласам этади хароб
Карима исмли дилбарнинг ашки.

Жоконда!
Кечиргин, сен – маъсум, гўзал,
Орзуйим ҳамзамон умрингдай узун.
Яланғоч суратли ёрларга ҳар гал
Айтолмай яшайман «Севаман!» сўзин.

Жонларни тўлдириб тортмасман мулзам,
Бу ўпич хиёнат аталсин нега?
Наҳотки, тақиқлар термулмоқ бўлсам
Нимочиқ тош ҳайкал Афродитага!

Тортганми эркаклар кўзи сира тўқ
Очиқ тан ёрларга нигоҳ тиккан дам?
Не қилай, боқмоққа менга рухсат йўқ,
Рухсат йўқ, ҳайкалу суратларга ҳам!

Не бўпти, Жоконда,
Термулсам бирров,
Айтсангчи, недан ҳам бўлардим жудо?
Севгилим расмига лек боқса биров
Шундаги рашкимни кечирсин худо!

19.09.82

* * *

Озор бермай, бездирмай
Суратингга чўқингум…
Миртемир

То бор экан танда жон, яшолмайман суймасдан,
Кўнглим кечолмас умрин, соғинч тўнин киймасдан.

Суратингга чўқингум… нафасим, сўзим – олов,
Ажаб, мудом суратинг омон қолар куймасдан.

Тошқин жанглар жилваси кўзимга чўкар сим-сим,
Муҳаббат шоҳми, билмам, тонгга бошлар қўймасдан.

Сойлар сочар салқин куй, барглардан томар тушлар,
Не бўлди? Кезмоқдаман улардан завқ туймасдан.

Нечун атрофга бунча боқмоқдаман парвосиз,
Бефарқман ё барига, ёр ҳуснига тўймасдан?

Ёр , нечук қолдинг тўхтаб, Назарман, билма беҳуд,
Соғдир кўринсанг руҳим, кел, телбага йўймасдан.

1981

БОЛАЛИК ПУЛЛАРИ

«Ота, дафтар олай беш тийин беринг?»
«Жон ота, кинога беринг ўн тийин?»
Бу пуллар васлидан кетардим эриб,
Бу пул кўп нарсага етарди кейин.

Жажжи севинчимга бу пул етарди,
Ҳадеб тиқар эдим чўнтагимга қўл.
Дафтар ҳам, қалам ҳам олиш битарди,
Шунда ҳам, эҳ ортиб қоларди бу пул!

Дафтар олиб берди шу чақа пуллар,
Хотиржам алмашлаб уни ўзига.
Эзгулик йўлида довдираб илк бор
Қаламни жим босдим варақ юзига.

Қаламга суяниб оппоқ қоғозда
Митти бармоқларим чиқарди «оёқ».
Бу пул олиб берди янгисин тезда
Дафтарим, қаламим тугамасданоқ.

…Ота, саломатман, шаҳарда бу зум,
Биласиз, яшайман шеъриятга ўч.
Маошим кўп дуруст – юз йигирма сўм,
Аммоки бир ойга етар учма-уч.

Гоҳ сиздан бекитиб пул берар онам,
Шаҳарда кам бўлма, юргин деб тетик.
Сиз берган шундаги жажжи пуллардан
Улкан маошим ҳам кўп келди кичик.

Ичиш-ейишлардан ортмайди сира,
Шу каби беҳуда сарфлар битмайди.
Бир дона қалам ё дафтарга эса
Негадир пулларим мудом етмайди.

Ота, қишлоқдамас улкан шаҳарда
Босаяпман, сиз босган йўлларингизни.
Маошим етмасдан қолса дафтарга
Қўмсайман шу жажжи пулларингизни!

1981

РАСКОЛЬНИКОВ

«Лизавета, йўқ эди сенга адоват!..»
Даҳшатдан мурдадай кетар кўкариб.
Бегуноҳ кунларга қотил адолат,
Барибир, болтасин киргай кўтариб.

* * *

Эшик очиқ турсин!..
Эшик – айрилиқ,
Қамалиб ётмасин уйда ичкари.
Ташқари қошида жилмайсин илиқ,
Ташқари қолмасин эшикдан нари.

Пардалар тортилар ҳар кеч бешавқат,
Пардалар –айрилиқ!
Пардалар –фироқ!
Сиз эса висолда бўлганда фақат,
Шўрликлар тун бўйи висолдан йироқ.

Эшик очиқ турсин!..
Бу икки исм –
Бир бирин қучишсин шу битта танда.
Иккиси, кун бўйи бўсағада жим –
Боқишиб туришсин ҳеч бўлмаганда.

***

Ёнбошлайман майса устига,
Бор шовқинлар бағримда нимта.
Тағин ҳарир ширинлик эга
Ёнбошлаган хаёлларимда.

Кўк узра бир турғай муаллақ,
Тилларида бир тансиқ ўлан.
Кузатаман маъсуду илҳақ
Ёнбошлаган завқларим билан.

Ёнбошлайди найчи чўпондек:
Хотирларим, сезгим, унларим…
Ҳайқиради аммо тўфондек
Ёнбошлашдан маҳрум кунларим.

Ёнбошлолмас ишончларимдай,
Дупуридан кўтарилар чанг.
Чиқараман ортидан тинмай:
-Ҳей, кунларим бир оз ёнбошланг?!

Толмайсизми қум каби сочиб
Кўпларнинг бахт, нолаларини.
Санамасин соатлар ҳадеб
Умримизнинг толаларини.

Кўкракларда юрак чопади,
Қадамларни ўлчайди уни.
Йўқса булар сукут кафани,
Дарахтлардай тик кечар куни!

Ёнбошлолмай майсалар узра
Оромларим сарсону забун.
Қалб оҳангларин тинглолмай сира
Нафасимни соғинар замин!…

“Болагинам, соғиндим жуда…”
Деб тикилар уфқлар сари,
Ёнбошлаган йўллар қўйнида
Ёнбошлолмай онам кўзлари!

Хат ёзаман,
“Ўқиш ҳам, мана,
Тез кунларда бўлади тамом.
Юрибдими соғ-омон, она,
Ёнбошлашдан чўчиган бобом!..”

Қаламим тик,
Қўлим кафтимда,
Нетай, орзу қалбга ўт солса.
Шоирмасман, қоғоз устида
Эсдан чиқиб ёнбошлаб қолса!

Ўтар яшил қирлар соғинчи,
Нурда тоблар уйимда отар.
Ўтлар эмас, оҳ, бу ерда-чи,
Асфальт йўллар ёнбошлаб ётар!

Она, баланд Ҳисор тоғлари
Ётибдими ҳали ҳам мудраб.
Бир кун сенга бораман, қари-
Ёнбошлаган дунёни судраб!”

***

Ой қалқийди ариқ сувида,
Қалқиб оқар бир биллур титроқ.
Шудрингларда ранглар ивиган,
Ичар гуллар кўз ёшин тупроқ.

Сой бўйида турган сўзлар ҳам,
Нуқта қўяр висолга “Хайр!”
Ажралишар аста излар ҳам,
Тун-кундузга чап берган байир.

Ўчар бир-бир уйларда чироқ,
Роз сўзлайди елларга ялпиз.
Тағин топмай бир дўст-яхшироқ,
Кеча билан қоламан ёлғиз.

* * *

Нима бўлди, ҳурмай қолди ит,
Тўхтадими менинг карвоним ?
Нимадандир кўнгил хира, хит,
Нимадандир қурир дармоним.

Чопдим, елдим — йўл босдим узоқ,
Юзларимда чарчоқнинг доғи.
Шунча юрган йўлларим бироқ,
Ёрдан нари ўтмабди чоғи.

Кўрдим қалбим пештоқида мен
Дарднинг ўйма пардозларини.
Яхши яқин дўстларим лекин
Кўрмай қолди парвозларимни.

Тегирмоним тиндими ногоҳ,
Шовваларим нега қолди жим?
Сукунатми барига даргоҳ,
Чашмам кўзин беркитди ё чим?

Сувлар, оқинг тегирмонимга
Кимдир дон деб тошлар солмасин.
Итлар, ҳуринг ғаним ёнида
Карвонларим тўхтаб қолмасин!

30.06.84

* * *

Хайрлашар мен билан толе,
Омад, доим хайрлашади.
Бир ғам келиб қучган маҳали
Кетмоқ бўлиб дўст ҳам шошади.

Кетар бахтим шундоқ силкиб қўл,
Хайрлашар севинч, сурурим.
Узоқларга олган пайти йўл
Эргашмоққа қўймас ғурурим.

Қучар афсус, надомат чиндан
Ва қаршимда алам жар солар.
Ажралгиси келмайди мендан
Хайрлашгим келганн нарсалар!

25.05.-11.06.84

ОДАМНИНГ ҚИЛИҒИ

Онадан туғилмас одам бад бўлиб,
Пок бўлиб туғилар шу энг улуғи.
Йил сайин бораркан ёш ақли тўлиб
Уни йўлдан урар баъзан қилиғи.

Жоннинг ширинлиги чеклар инсонни,
Қўймайди беҳуда жасорат томон.
Ишонгин, одамнинг бўлмас ёмони,
Кўпинча қилиғи кўрсатар ёмон!

1984

УМРИМ ЙЎЛЛАРИДА…

Қорлар кўмди ортимдан тизилган йилларимни,
Аёз урди, қанчалаб аяган гулларимни,
Баъзан топдим, баъзи пайт йўқотдим йўлларимни,
Қачон борсам ёнига дўстдан ширин ош бўлди,
Қай бировнинг дастидан еганимда тош бўлди.

Бу норавон дунёда феълим изга тушмади,
Муҳаббатсиз, севгисиз дилим изга тушмади,
Айтаман деб ҳақ гапни тилим изга тушмади,
Изга тушиб йилларим охир ўттиз ёш бўлди,
Мен ахтарган нарсалар гоҳ бор, гоҳо лош бўлди.

Умр ўткинчи экан қизлар ҳусни мисоли,
Сатримга насибмикан мангуликнинг висоли,
Нетайин, ўрним қолди Қашқадарёдан холи,
Юрагимнинг манзили гавжум шаҳри Шош бўлди,
Дўстлар дардим тутса сир, душманимга фош бўлди.

Ҳаётда гар қоқилсам қалам юпанч, шеър юпанч,
Қилсам неки тановул манглайдаги тер юпанч,
Одам кетса оламдан тупроқ юпанч, ер юпанч,
Назар, қайғу- ғамингни кўтаргувчи бош бўлди,
Шунданми менда бардош, гоҳ бир дарё ёш бўлди.

***

Бир бошда битта ўлим,
Ниятингдир қийнамоқ.
Бир жонни олган, гулим,
Ола қол, тоқатим тоқ!

Тошларни отма зимдан,
Кўрдим кўзингда қасос.
Олгин, ол, бисотимда
Битта жоним бор, холос.

Ўйганман юрагимга
Исмингни мен беханжар.
Нигоҳинг кўкрагимга
Аммо тиғларин санчар.

Рашк қилиб сени ортиқ
Сиғмаса ҳеч сарҳадга,-
Қасосга билдинг лойиқ,
Жоним, ол, жоним садқа!

Кўзёш — хато, рашк — хато,
Бир бошда битта ўлим.
Кўйингда бўлмоқ адо
Оҳ, гулим, қандай сўлим!

 У ШУНДАЙ КУЧЛИКИ

Ўрол Тансиқбоев хотирасига

У шундай кучлики…
Бўшлиқни ёйдай –
Замин тепасига қўёлган эгиб,
Тип-тиниқ осмонни баландроқ чизган
Кетмасин деб қушлар қаноти тегиб.

У шундай кучлики…
Чизган заволсиз –
Ерга тўктирмасдан ўрик гулларин.
То ғуж-ғуж довучча тугмагунича
Ўзи тўсиб турган шамол йўлларин

У шундай кучлики…
Ҳайрон қолмаган
Паға булутларни пахтадек ушлаб.
Турналар учмоқда сувратларида
Узун ва ялтироқ нурларни тишлаб.

Чизолган бир вақтлар севгани билан
Кезган қирғоқларни,
Қалин боғларни.
У шундай кучлики,
Ўз хонасига –
Киритиб қўёлган қорли тоғларни!

ОСМОН ТАШБЕҲЛАРИ
Рашидга

Қаттиқ силкитаман. Қўзғалар осмон,
Юлдузлар тўкилар, йўқ, чўғлар эмас.
Осмон, токайгача сен бошда посбон?
Осмон, ҳеч бир жонзод мевангни емас!

Ҳандалак атардим сап-сариқ ойни,
Талпиниб, вуй, бунча кетибман ўсиб?!
Сен таранг тортганча камалак – ёйни
Булутлар лашкарин қирардинг пусиб.

Осмон, сен йиғлардинг, кулардик бизлар,
Ашкларинг этарди уст-бошимни ҳўл.
Эҳ, тўйиб йиғласанг ўчарди излар,
Майсалар бўларди ҳар кунгидан мўл.

Қоқ ёрай дерди-я момоқалдироқ,
Илонни оловдан ясарди жинлар.
Наъралар тортардинг. Ўша кун бироқ
Ерлардан унарди қўзиқоринлар!

Дув-дув тўкилардинг. Ичардик сени,
Кечардик сачратиб. Топтардик осон.
Ҳовучлаб ичганда мовий меҳрингни
Кўксимиз кенг тортиб бўларди осмон.

Сен-чи ёғар эдинг бўлиб укпар қор,
Заминнинг бошини оқликка ўраб.
Шифтлардан оқма деб, осмон, неча бор
Томлардан биз сени ташладик кураб.

Қорбобо ясардик сендан қиш фасли,
Кулардик бошингга кийдириб челак.
Масхара, мазахга бўлмасдинг таслим,
Ёғардинг,
Булутлар бўларди элак.

Ёғардинг. Турибсан Тошкент устида,
Ёғяпсан, кетолмай Шош тепасидан.
Ҳозир ҳам зангорсан, содиқ дўстимсан,
Тўнқариқ турибсан Ер супасида.

Боряпман қоп-қора соябон тутиб,
Сочларни юволмай сапчийсан тўпдай.
Осмон, мени кечир, қўйдим унутиб,
Сал ёғсанг сен бугун туюлдинг кўпдай!

Ювасан турфа хил машиналарни,
Асфальтга урилдинг. Тошданми жонинг?
Жим босиб мармарбанд оқ зиналарни
Панага ошиқар вужуду жоним.

… Шўх-шон давралардан топмай тасалло
Севгисин шарҳ этиб йиғларди Рашид.
Ёшлари Тошкентга ёғарди, аммо
Яшарди эркини Марғилон ташиб.

Марғилон таширди оромларини,
Мамлакат, Рашиднинг осмонин қайтар?..
Муҳаббат унутган оқшомларини,
Кўз ёши овозсиз қўшиқлар айтар.

Севгисин кўмди у Хўжамажозга,
Тунади мозорда Отабек мисол.
Осмон, сололмадинг дардларин созга,
Бошида тургандинг шунда ҳайрон дол.

Ўша куни оҳ уриб бошидан эмас,
Кўзидан ёш бўлиб ёғардинг, осмон.
Шош узра уф тортиб йиғламагин, бас,
Кўчага чиқолмай турибман ҳамон.

Бандларинг ҳаводан ясалган қозон,
Булутлар пардасин қўйма тушириб.
Кел, мизғий, эртага туриб тонг азон
Қуёшни келтирай сенда пишириб!

* * *

Бир тош кўрсанг йўл ўртасида
Тепиб ўтма, ёр қилиб ҳазар.
Сени кутиб оёқ остида
Ётар тошга айланиб Назар.

Аямасдан ардоқларингни
Зангор сойни кечасан кулиб.
Билмайсанки, оёқларингни
Ўпар шу чоқ Назар сув бўлиб.

Бевафолик қилса гар санам
Ҳайиқмасдан мард эр тиғ санчар.
Ҳушёр тортгин, ичиб онт-қасам
Юргай Назар шаклида ханжар.

Топмас эди шеърларим сайқал
Ёр, бермасанг ишқинг билан зеб
Сенга тиклаб сўзлардан ҳайкал
Имзо чекдим «Назар Шукур» деб.

Соқчи каби турган ҳар дарахт
Манзилингга омон етказар.
Қўйганмисан уларга қараб?
Ахир, унинг ҳаммаси –Назар!

Сени кўздай асрамоқ учун
Жисми билан интилиб нурга,
Гирдингдаги нарсалар бугун
Айлангандир Назар Шукурга!

1.01.84

Яна шу мавзуда:

Назар Шукур. Шеърлар & Шоир ҳақида икки хотира.

 002Taniqli adabiyotshunos olim Qozoqboy Yo’ldosh e’tirof etganidek, «Nazar Shukur orginal poetik nazarga ega shoir edi. Shuning uchun ham u olam hodisalarini mutlaqo betakror yo’sinda idrok etadi va tasvirlay biladi». Munaqqid haq. Nazar Shukur pokiza tuyg’ular tarjimoni edi. U qisqa umri davomida yozgan she’rlarida shaffof So’zga burkangan tuyg’ular shamnamlarday porlaydi.

Qozoqboy YOʻLDOSH
ISYONKOR TUYGʻULAR KUYCHISI
09

Qozoqboy Yoʻldosh 1949 yilda tugʻilgan. Sirdaryo davlat pedagogika instituti (hozirgi Guliston DU)ning filologiya fakultetini bitirgan. Pedagogika fanlari doktori, professor. Olim adabiyotshunoslik va adabiyot oʻqitish metodikasiga oid kitoblar, darsliklar va 500dan ziyod ilmiy maqolalar muallifi. Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi.

002Oʻzbek sheʼriyati kengliklari shunday hududsizki, hushyor boʻlmagan odam uning puchmoqlarida sodir boʻlayotgan ayrim hodisalardan xabarciz qolib ketishi hech gap emas. Qanchalar achchiq va yoqimsiz boʻlmasin chin gap shuki, oʻzini milliy sheʼriyatdagi katta-kichik hodisalarni muntazam kuzatib yuradi deb hisoblaydigan odam, Nazar Shukur degan shoirning sheʼriyatimizga kirib kelganini ham, eng achinarlisi, undan ketib qolganini ham bilmay qolibman. Vodarigʻ!

Nazarning milliy sheʼriyatda oʻz oʻrniga ega shoir ekanini ilk bor yozuvchi Abdurashid Nurmurod qalamiga mansub “Qon hidi” romanining ikkinchi kitobi qoʻlyozmasini oʻqiganda bildim. Romanda Nazar timsoli shunday tasvirlanganki, kishi beixtiyor shoir shaxsini yoqtirib, uning sheʼriyatiga qiziqib qoladi. Maʼlumki, odatda, ijodkorga muhabbat va qiziqish, uning ijodiga muhabbat va qiziqishni paydo qiladi. Roman qoʻlyozmasi bilan tanishgach, onda-sonda marhum shoir merosidan matbuotda berilgan namunalarni qidirib oʻqiydigan boʻldim. Lekin hanuz uning biror sheʼriy kitobini koʻrmagan va uning ijodini yaxlit kuzatmagan edim. Nazarning oqibatli joʻrasi boʻlgan Abdurashid bir koʻrishib qolganimizda marhum shoir haqida telefilm qilmoqchi ekanini aytib, uning sheʼrlari toʻgʻrisida fikr bildirishimni soʻradi. Tabiiyki, hayoti va shaxsiyatini mutlaqo, asarlarini yetarlicha yaxshi bilmaydigan ijodkor haqida fikr aytolmasdim. Abdurashid shoirning inisi Oʻroz Haydar tomonidan tayyorlab chop etilgan “Meni kechir, muhabbat” va “Vido” kitoblarini topib berdi. Keyinchalik taniqli shoir Bahrom Roʻzimuhammad Nazar Shukur sheʼrlaridan tayyorlangan yirikkina toʻplam qoʻlyozmasini joʻnatdi. Xullas, men oʻzim uchun oʻzbekning oʻttiz bir yoshida tiriklikni tark etgan Nazar Shukur degan bitganlari chin va yolqinli sahroyi shoirini kashf qildim. Bu kashfiyotimning sevinchu iztiroblarini sizlargada ilindim, sheʼrsuyar bovurlarim…

Yozuvchi, shoir va adabiyotshunos Ulugʻbek Hamdam: “…shoirlik – tinimsiz ravishda tabiatga qaytishlik”,- deydi. Chunki tabiat qarshisida odamning koʻngli boricha namoyon boʻladi. Tabiatning oldida odam turlanish, aslidagidan yaxshiroq koʻrinishga urinish zaruriyatini sezmaydi. Aslning oldida aslidagiday boʻlgisi keladi. Nazar Shukurning sheʼriy merosida tabiatning turfa holatlarini koʻrsatish asnosida inson koʻngli jilvalarini moddiylashtirish, uning eng qorongʻu puchmoqlarini ham muhabbat yogʻdusi bilan nurlantirish ustuvor turadi. Shoir “Kengliklar qoʻshigʻi” sheʼrida tugʻilib oʻsgan otamakonning manzarasini chizish orqali unga boʻlgan cheksiz muhabbatini izhor etadi. Nazar manzarani nafaqat jonlantira bilgani, balki unga ruh ham bera olgani uchun sheʼrning har bir satridan ulkan sevgi va sogʻinch balqib turadi:

Quyosh oʻpar –bola tani kiyimsiz,
Daraxtlari zerikadi quyunsiz,
Ozod qushlar yasholmagay oʻyinsiz,
Dehqonining ketmonidan kun anqir,
Joʻyaklarda shildiragan un anqir.

Shoir bolaligi oʻtgan makonga muhabbat va uni qoʻmsash tuygʻusini chuchmal oh-vohlarsiz, u yerlar uchun tabiiy boʻlgan holatni manzaralashtirish orqali taʼsirli aks ettiradi. Shoir quyoshning bola tanini kuydiruvchi issigʻida oʻpichni, doimo esguvchi shiddatli quyunlarda daraxtlar ovunchogʻini, choʻl qushlari oʻyinida erkinlikni, dehqonning zalvorli ketmonida quyoshni, joʻyaklarda oqayotgan suvda oʻzbekning rizqi boʻlmish unni koʻra oladi. Qism orqali butunni ifodalashning yaxshi namunasi boʻlgan bu tasvirlar ham aks ettirilayotgan hodisalar mohiyatiga mos keladi, ham muallifning kayfiyatini koʻrsatadi.

Asl shoir tilsiz narsalarga zabon baxsh eta, koʻz ilgʻamaydigan narsalarni koʻrsata biladi. Nazar shunday shoir boʻlgani uchun ham uning sheʼridagi kenglik obrazi insonga xos belgilar bilan ziynatlanadi va bu hol kishiga notabiiy tuyulmaydi: “Koʻp kamtardir, shovqin solmas kengliklar, Quchogʻida qavat-qavat jimliklar”. Jimlikning koʻplikda ishlatilishi va uning kengliklar quchogʻiga singib ketgan qavat-qavat holatda tasavvur qilinishini taʼminlagan bu ikkigina qatorda shoirning katta isteʼdodi namoyon boʻlgan. Bu misralar hayot haqiqatiga mos keladigan reallik ekani va shoirning koʻtarinki kayfiyatini eng munosib yoʻsinda aks ettira olishi bilan diqqatga molikdir. Nazarning sheʼriyati uchun tabiatni tasvirlash pirovard maqsad emas. Garchi u deyarli har bir sheʼrida tabiatning biror bir holatini “tesha tegmagan” yoʻsinda ifoda etgan boʻlsa-da, u bitganlarida koʻproq insonning koʻngil holatlarini muhrlashga intiladi. Faqat bunga bevosita tasvirdan koʻra, tabiatni koʻrsatish yoʻli bilan borish koʻproq samara beradi, deb hisoblaydi. Shoir “Xonsuluv xolaning qoʻshigʻi” sheʼrida befarzand ayolning cheksiz fojiasi, adadsiz iztiroblarini koʻrsatishda odamlar oʻrtasidagi munosabatlarni tasvirlashdan tabiat manzarasini koʻrsatish sari boradi va ayolning dardlarini butun koʻlami bilan ifodalashga erishadi:

Baxt soʻrar ayol jim oʻtgan boladan,
Seryamoq ustiga solmasdan nazar.
Ne qilsin, bezuryod oʻsha xoladan
Boʻy yetgan qizlar ham qiladi hazar.

Maʼlumki, baxtsiz odamdan hamma chetlanadi. Gʻayrati ichiga sigʻmagani va yupunligidan “seryamoq” ust-bosh kiygan bolaning ham Xonsuluv xola oldidan jim oʻtishi, ayolning shu bolakaydanda baxt tilanishi tasviri gʻoyat taʼsirli. Oʻzbekning boʻy qizlari befarzand ayolga yaqinlashmaydi, bunday ayollarning toʻylariga aralashuvi xosiyatsiz hisoblanadi. Odamlarning undan oʻzlarini tortib yurishlari Xonsuluvni qanday ruhiy holatga solgani yuqoridagi misralardan ayon boʻladi. Sheʼrning keyingi bandida shoir tasvirni odamlardan tabiatga koʻchiradi. Butun olamga shodlik olib kelgan koʻklam, uning ilk elchilari turnalar, hatto duch kelgan yerga bosh urib yurguvchi yellar ham Xonsuluvdan hazar qilganday unga yaqinlashmasligi sheʼrda oʻta taʼsirli aks ettirilgan:

Turnalar keladi koʻklamni kuylab,
Osmonga bir marjon misrani yozar.
Xolaning devorin oʻtaru boʻylab
Yellar ham kirishdan qiladi hazar.

Sirtdan qaraganda, beozor, ammo mohiyatan ayovsiz bu misralarda oʻz baxtsizligi bilan yolgʻiz qolgan odamga olam qanchalar qorongʻi va fayzsiz koʻrinishi yodda qoladigan tarzda aks ettirilgan.

“Sheʼriyat bu… eʼtirof yo isyon, yo tarsaki, yo oʻpichdir”,- deydi Rasul Hamzatov. Shoirning tuygʻulari qanday ruhiy holatga duch kelishiga qarab tinimsiz oʻzgarib turadi. Ayni bir narsa-hodisa ayni bir ijodkorga hayotining turli damlarida tamomila turlicha taʼsir qilishi mumkin. Chunki ijodkor olam va uning hodisalarini, birinchi navbatda, sezimlari orqali idrok etadi. Insonning hissiyotiga esa oʻzgaruvchanlik xosdir. Shuning uchun ham odamning bir zamonlar jondan kechib talpingan narsasidan, koʻp vaqt oʻtmay zada boʻlishi mumkinligi tabiiy holdir. Shu maʼnoda, Nazar Shukurning “Kenglik” deb atalmish sheʼridagi:

Kenglik!
Bagʻring toʻrt devorday tor,
Vujudimga boryapsan botib.
Sigʻmayapman men senga zinhor
Tol tagida yorni yoʻqotib

misralarini mantiqsizlik, oʻzini inkor etish deb emas, balki “Tol tagida yorni yoʻqot”gach, nafaqat kenglik, balki butun dunyoga sigʻmay ketayotgan oshiq yigit holatining teran ifodasi sifatida qabul qilish toʻgʻri boʻladi.

“Kengliklar qoʻshigʻi”da “qavat-qavat jimliklar”dan zavqlangan shoir “Manzara” sheʼrida hayotsevar bir yigit sifatida sukunat va uning yuraklarni yorib yuborar darajadagi bir ohangliligini yoqtirmasligini tasvirlaydi. Va, qizigʻi shundaki, tuygʻularining chinligiga oʻquvchini ishontiradi. Shundan boʻlsa kerak, sheʼrdagi “Tashlanadi menga nogahon Sukunatning vahshiy sharpasi” misralarini oʻqigan sheʼrxon, hech bir ogʻrinmay, Nazarga tuygʻudosh boʻlib qoladi.

Nazar Shukurning qoʻlingizdagi bitiklari uning qolipga tushmaydigan, qirgʻoqlarni yuvib ketishga qodir qudratli tuygʻular egasi boʻlganligini koʻrsatadi. Chinakam sheʼr hamisha kuchli tuygʻular poʻrtanasi, yoniq hislar olovidan tugʻiladi. Bu haqda: “…sheʼriyatning magʻzi maʼno emas, fikr… emas, balki goʻzallikka aylana bilgan tuygʻudir. Koʻpincha, sheʼrning soʻzlarini yoqtirib yodlashadi. Aslida-chi? Aslida, sheʼrning haqiqiy olovi, kuchu qudrati – uning zamiridagi tuygʻuda. Kechinma va poetik fikr esa mazkur tuygʻuning keyingi umri. Nazarimda, avvalo, tuygʻuni yodlash kerak. Chunki u sheʼrni tutib turgan tutqich asosu poydevordir….haqiqiy sheʼr – bu oʻlmas tuygʻu”,- deydi Ulugʻbek Hamdam. Tuygʻulari oʻziga xos shoirning bitganlari ham hech kimnikiga oʻxshamaydi. Chunki asl sezimlar shaxsning zot sifatlarini namoyon etgani uchun betakror boʻladi. Nazar Shukur sheʼrlari muallifning tuygʻulari yirik, sezimlari baland shaxs ekanligini anglatib turadi. Shuning uchun ham marhum shoirning: “Boʻldim pok, isyonkor hislarga asir, Qogʻozga bergayman bagʻrimning oʻtin” tarzidagi iqrori chinakam ijodiy yoʻriqning ifodasi sifatida kishida oʻchmas taassurot qoldiradi. Uning: “Tilmoch topolmadim sizga, hislarim, Aziz tuygʻularim bugun alvido!” yoʻsinidagi oʻkinchida pokiza tuygʻular jilvasini ilgʻab olish va unga tilmochlik qilishni orzulagan shoirning anduhli dil izhori samimiy ifoda etilgan.

Menimcha, Nazar Shukur gʻoyat qisqa umri davomida toʻlib yashagan. Bunday deyishga uning hayot hodisalaridan kuchli taʼsirlanish mahsuli ekani koʻrinib turgan va shoirona sezimlar hech bir jilovlanmay aks ettirilgan sheʼrlari asos beradi. Shoir umrning mazmuni boʻlishga arzigulik har bir ishga oʻzini ayamay baxshida etadi. U borligʻini qamragan tuygʻulardan tashqarida boʻlolmaydi. Shoir yuksak sezimlarni kuylabgina qolmaydi, balki oʻzidan kechib, ularga aylaniblar ketadi. Shuning uchun ham “Oʻtgan zavq, visoldan omonsiz tonib, Yot bagʻir hididan… mast” tebranayotgan yorga qarata aytilgan:

Koʻksimda ingraydi uvol boʻlgan ishq,
Men oʻzim emasman. Men – uvol sevgi,-

soʻzlarida ulkan yonish, alangali anduh bor, lekin zoʻriqish, soxtalik yoʻq. Chin tuygʻular, otashin sezimlar orasida qalbakilik va notabiiylikka oʻrin boʻlmaydi.

Shoirning nazari juda ham oʻtkir. Shuning uchun u bitganlarida hamisha tasvir aniqligiga erishadi. Nazarning «Osmon tashbehlari” sheʼri goʻzal tabiat qoʻynida oʻsgan, uning tozaligini bir on boʻlsin unutmay, doim koʻnglida saqlagan odam tuygʻusining tugʻyonlari ifoda qilingan. Chegara bilmas xayolot, ruhiyatni ezib, kishini mayda hislar komiga otguvchi tashvishlardan yiroqlik shoirga bolalikda osmonni silkitib, yulduzlarni toʻkadigan darajada qudrat baxsh etadi: “Qattiq silkitaman. Qoʻzgʻalar osmon, Yulduzlar toʻkilar, yoʻq, choʻgʻlar emas”. Shoir osmonga doir holatlarni oʻzgalarning xayoliga ham kelmaydigan tarzda tasavvur etadi. Bu hol Nazarga chaqmoqni jinlar tomonidan olovdan yasalgan ilon tarzida tasvirlash imkonini beradi:

Qoq yoray derdi-ya momoqaldiroq,
Ilonni olovdan yasardi jinlar.
Naʼralar tortarding. Oʻsha kun biroq
Yerlardan unardi qoʻziqorinlar!

Nazar Shukur holatlar muntazamligi va ketma-ketligini nozik his qiladi. Shu bois sheʼrda oqibat sababdan keyin tasvirlanadi. Osmon tashbehlari begʻubor va betashvish bolaning nazaridan qilinayotgani uchun ham uning har bir satridan quvonch, shodumonlik barq urib turadi. Sheʼrning oyogʻidan oʻt chaqnaydigan lirik qahramoni osmonni “ichadi”, “kechadi”, “toptaydi”. Bu hol u va tengdoshlarining koʻksini osmonday yuksak hamda keng qiladi:

Duv-duv toʻkilarding. Ichardik seni,
Kechardik sachratib. Toptardik oson.
Hovuchlab ichganda moviy mehringni
Koʻksimiz keng tortib, boʻlardi osmon.

Sheʼrda osmonning sifatlari shu yoʻsin xotirga mixlanib qoladigan tarzda va quvnoq ohanglarda ancha tasvir etiladi. Oʻqirmanda bu sheʼr tabiat manzarasini tasvirlashga bagʻishlangan ekanda deganga oʻxshash taassurot shakllanib boradi. Lekin u kutilmaganda bu shodon satrlar bor-yoʻgʻi prelyuda ekanligini, aslida u boy berilgan sevgi, toptalgan yuksak tuygʻulari sabab koʻngil osmoni vayron boʻlgan oshiq yigit tuygʻulari ifodasiligini payqab qoladi. Osmon goʻzalligi tasviridan odam tuygʻulari osmonining vayronalariga hech bir tayyorgarliksiz koʻchish sheʼrxonga lirik qahramon ruhiyatidagi fojiaviy holatni butun koʻlami bilan tuyish imkonni beradi:

…Mamlakat, Rashidning osmonin qaytar!..
Muhabbat unutgan oqshomlarini
Koʻz yoshi ovozsiz qoʻshiqlar aytar.

Sheʼrning boshidagi biror tasvir shunchaki keltirilmagani uning oxirrogʻiga borib maʼlum boʻladi. Bir paytlar osmonni silkitib, uning yulduzlarini qoqib olgan yigit sevgi oldida ojiz. Osmondan yomgʻir yogʻilardi va u maysalarni oʻsdirib, qoʻziqorinlarni undirib, shodlik keltirardi. Bolalikda osmonning qahri boʻlmish qorni kurab tashlash, undan qorbobo yasab, masxaralash ham mumkin edi. Endi esa, muhabbat koʻngil osmonini vayron etdi, koʻzyosh yomgʻirlarini yogʻdirdi. Bundan shodlanib boʻlmaydi, chunki bu yomgʻir faqat oʻkinch chechaklarini undiradi. Bolaligida osmonga hukmini oʻtkazolgan yigit endi ilojsizlik otashida jizgʻanak. Nazar Shukur sheʼrida ezgin ruhiy holatni yuksak samimiyat bilan aks ettira olgan.

Nazarning lirik sheʼrlari voqeaband boʻlmasada, ularda hamisha qandaydir voqea-hodisaning izlari, syujetning koʻz ilgʻamas chizgilari borligi kuzatiladi. Shuning uchun ham uning qator manzumalarida voqeabandlikka oʻxshash holat koʻzga tashlanadi. Jumladan, shoirning “Xunuk qiz tilovati” sheʼrida “yoniq hislarga ega”, ammo xunukligi bois yolgʻiz qolayotgan qizning alamli tuygʻulari uning nazari orqali aks ettiriladi. Sezimlar samimiy ifodalangani sabab qizning quyidagi munojoti kishiga unchalar botib ketmaydi:

Men yomon koʻraman goʻzal qizlarni,
Yillar ham sargʻaytmas ularning tusin.
Kamsitma, mendagi yoniq hislarni,
Ey tangrim, qizgʻanma, qarzga ber husn!

Shoir xunuk qizni juda olijanob, yuksak maʼnaviyat va tengsiz ruhiyat egasi deb tasvirlamaydi. Uning orzusi ham xayoliy shahzodani qoʻlga kiritish emas, eng oddiy bir ayolning joʻngina tilagi xolos – “kerak bitta er!” Ana shu joʻngina orzuga ham yetisholmaslik uni: “Koʻzimda qor kabi qotadi tonglar”,- deya nido qilishga olib keladi. Shoir qahramon sezimlarini oʻta nozik va ichdan his etadi. Shuning uchun koʻkda chopayotgan toʻlin oy ham, yomgʻir keltirguvchi momiq bulutlar ham qizga xunuk koʻrinishini ishonarli tasvirlaydi:

Yalangʻoch qiz kabi koʻkda chopar oy,
Lozimsiz bulutlar goh sharros qoʻyar.
Eng toʻlin umrimni beryapmanku boy,
Qaynoq koʻz yoshlardan yuzlarim kuyar.

Mayakovskiydan eʼtiboran sheʼriyatda bulutni “chalvor”li, “lozim”li sanash va tasvirlash rasm boʻlgandi. Nazar bu poetik anʼanani buzish orqali xunuk qiz tuygʻularining eng yashirin jihatlariga qadar koʻrsatish imkoniga ega boʻldi. Chindan ham oʻz xunukligidan zada boʻlgan qiz uchun osmondagi toʻlin oyning yalangʻoch goʻzalga, koʻklam bulutlari toʻkkan koʻz yoshlar lozimsiz sanamlarning “sharros qoʻyi”shiga oʻxshashida notabiiylik yoʻq. Koʻz yoshlarning yuzni yuvishiga odatlangan sheʼrxonni “Qaynoq koʻz yoshlardan yuzlari kuya”yotgan qiz holati toʻla ishontiradi va u qahramonning hamdardiga aylanib qoladi.

Nazar Shukur original poetik nazarga ega shoir edi. Shuning uchun ham u olam hodisalarini mutlaqo betakror yoʻsinda idrok etadi va tasvirlay biladi. Shoirning “Senga…” sheʼridagi poetik timsollar etni jimirlatar darajada sovuq va yoqimsiz. Lekin u ayriliqdan yuragi yonayotgan oshiqning holatini toʻla ifodalashi jihatidan tengsizdir:

Senga ochdim qalbimdan qabr,
Ichida yoʻq ammo jasading.
…Vujud degan tobutda endi
Armonlarim yotibdi jonsiz.

Sheʼrning turli bandlaridan olingan yuqoridagi parchada ruhiy holatning manzarasi chizilibgina qolinmay, kechinmalarning tadrijiy yoʻli ham namoyon boʻladi. Nazar “Eshik ochiq tursin!..” sheʼrida har birimiz har kuni necha martalab duch keladigan eshik tamsilini qoʻllab taʼsirli poetik timsol yaratadi:

Eshik ochiq tursin!..
Eshik – ayriliq,
Qamalib yotmasin uyda ichkari.
Tashqari qoshida jilmaysin iliq,
Tashqari qolmasin eshikdan nari.

Chindan-da eshik ichkarini tashqaridan, tashqarini ichkaridan ayiradi. Joʻngina maishiy holat zamirida shunday goʻzal sheʼriy choʻgʻ mavjudligini tuymoq va buni oʻzgalarga-da esda holadigan yoʻsinda tuydirmoq uchun betakror shoirona nigoh lozim boʻladi. Eʼtibor bering: shoir mavjud holatni shunchaki qayd etayotgani yoʻq, balki uni harakatlantirib, tashqari bilan ichkari oʻrtasida uygʻunlik, oʻzaro tushunish boʻlishi uchun intilish lozimligini ham satrlarga jo qilgan.

Nazarning: “Bugʻdoyzorlar – ona tuproq bitgan sheʼr…” tashbehi ham topilma darajasidadir.

Chinakam isteʼdod hayotning har qanday holatidan goʻzallik topishi, turmushdagi har qanday joʻn narsa zamirida hikmatni koʻrishi mumkin. Nazarning sheʼrlaridagi adoqsiz badiiy topilmalar fikrimizga isbot boʻladi. Shoir “Ketayapman…” sheʼrida baxtidan masrur yigit holatini ifodalab yozadi:

Shahar uzra qoʻnolmay Kecha,
Uchib yurar osmonda qushday.
Vujudi tosh, qop-qora koʻcha
Choʻziladi eng uzun tushday.

Baxtli odam uchun qorongʻilik ham yorugʻ koʻrinadi. Shuning uchun ham shoirga kecha (tun) shaharga qoʻnolmayotganday, uning yorugʻligiga daxl qilolmayotganday tuyuladi. Tosh yoʻlning vujudi toshligini hammamiz bilamiz, lekin uni shu tarzda atash bilan poetik obraz yaratish mumkinligi hech kimning xayoliga ham kelmagan. Yurar yoʻli bor, baxtiyor odamga yoʻlning “eng uzun tushday» choʻzilishi mutlaqo tabiiydirki, bularning bari Nazarning oʻtkir nigohi va tasvir mahoratidan dalolatdir. Shoir “Silkinadi qirlar yelkasi” sheʼrida: “Yoʻrtib-yoʻrtib chopadi yoʻlim, Yoʻrtib oʻtar yashilsoch dala” misralarida ham alliteratsiya, ham jonlantirishni qoʻllab esda qoladigan timsol yaratishga erishgan.

Nazar Shukur dostonlarida ham tasvir vositalarini original qoʻllash orqali epik koʻlamli tuygʻularning ishonarli tasvirini berolgan. U, jumladan, “Nay” dostonida shunday yozadi: “Nay ingrar. Soldatlar joʻnaydi jangga, Qoʻzgʻalur nay kabi uzun eshelon”. Chin isteʼdod qismga butunning belgisini mahorat bilan joylay oladi. Bu oʻrinda ham shu hol namoyon boʻlgan. Maʼlumki, nay bir qadar uzun soz. Lekin eshelonning uzunligiga qiyoslash mumkin boʻladigan darajada emas. Sezgir oʻquvchi shoir nay orqali uning ingroq kuylarini nazarda tutganini payqaydi. Chindan-da nayning ayriliqni ifodalovchi kuylari uzundan uzun… Dostondagi: “Jangchilar – vagonlar koʻzidagi yosh…” tasviri zamiriga ham bir dunyo hayotiy va badiiy maʼno yashirilgan. Asardagi “Charchoqdan kirtaygan vagon koʻzlari” ifodasi oʻsha kunlar haqiqatini, oʻsha davr kishilari ruhiyatini ifoda etishi jihatidan tengsizdir.

Nazar Shukur sheʼrlarida shoirning mavhum va murakkab tuygʻularni oʻta moddiylashtirib bera olish salohiyati koʻzga tashlanadi. “Koʻzyoshlarim qoʻnar…” deb boshlanadigan sheʼrning quyidagi misralari fikrimizga dalil boʻla oladi:

Ichaman gʻamlarni! Qalbimdir qadah,
Vujudim – eng achchiq sharob toʻla xum.

Shoirning: “Kulgingga taqlidlar qilmoq boʻlar oy…” tarzidagi tashbehi oʻquvchining koʻz oldiga oyday balqib, qiqirlab kulayotgan sanamni keltiradi. Nazarning bu kashfiyoti tasvirdagi samimiyat koʻp asrlik poetik anʼanani ham yangartib yuborishga qodirligini koʻrsatadi.

Milliy sheʼriyatimizda “hijron dengizi” ifodasi koʻp qoʻllanadi. Lekin Nazarning sheʼrlaridagi ichkinlik ohori ketganday tuyulguvchi bu tashbeh orqali ham kuchli sheʼriy effekt yaratish mumkinligini koʻrsatadi. Shoir “Koʻzyoshlarim koʻlmi bugun?” misrasi bilan boshlanadigan sheʼrida yozadi:

Choʻkayotir Nazar Shukur
Dengiziga hijronning,
U haqiqiy arvohidir
Savalangan vijdonning!

Bunday holatga tushgan shaxs ruhiyatini soʻz bilan izohlab boʻlmaydi. Lekin bu sheʼr kishini hamdardlikka undaydi, oʻzganing holatini tuyishga daʼvat etganday boʻladi. Nazar boshqa bir sheʼrida: “Choʻkib yotar koʻzimda Dunyo…”,- der ekan oʻzining buyuk dardkash ekanini ayon etadi.

Oʻzini tinimsiz tekshiradigan, bosgan qadamini nazorat qiladigan odam uchun yashash hech qachon oson kechmagan. Oʻzida yoʻq fazilatlarga mahliyo boʻlib, olamga shishingan dimogʻ bilan qaraydigan kimsalargina oʻzining har bir ishida tengsiz fazilat, har bir aytganida ulkan hikmat koʻradi. Oʻziga talabchan odam yoki maʼshuqasi qahriga yoʻliqqan oshiq nazarida qilgan ezguliklari qilcha, yoʻl qoʻygan nuqsonlari togʻcha tuyulaveradi. Buni shoir “Qirlar senga…” sheʼrida shunday ifoda etadi:

Bulutlar ham bir qora yaproq,
Yer koptokcha kelmas, albatta.
Bari kichik! Dunyoda biroq –
Jinday aybim baridan katta!

Sheʼrda tushunchalarning mahorat bilan qarshilantirishi oʻzidan koʻngli toʻlmayotgan inson tuygʻularining ishonarli va yuqumli tasvirlanishini taʼminlagan. “Bir boshda bitta…” deb boshlanadigan sheʼrida sababsiz ozor chekayotgan oshiq sezimlarining ayanchli manzarasini shunday chizadi:

Oʻyganman yuragimga
Ismingni men bexanjar.
Nigohing koʻkragimga
Ammo tigʻlarin sanchar.

Javobsiz sevgi yoki nisor etilgan tuygʻularning qadr topmasligi koʻngil kishisi uchun ulkan musibat. Lekin gʻarazsiz muhabbat evaziga nafrat tigʻlaridan azob chekishga mahkum kishi fojiasi undan-da katta. Oʻynoqi ohangda bitilgan bu qisqa satrlar qatida cheksiz insoniy dard yashirin.

Nazar Shukur yuragini dunyoning dardlariga katta ochgan, olamni va odam koʻngli puchmoqlarini kirlardan tozalashga astoydil bel bogʻlagan, bu yoʻlda unga huzur-halovat emas, adoqsiz mashaqqat sherik ekanini bilgan shoir edi. Shoirning “Bilaman kelmaysan…” sheʼrida aytilgan: “Dunyoning beminnat huzuri emas, Qiynoqlar berarmish sheʼrga ortiq zeb” tarzidagi qanoat uning ijodiy dasturilamali edi. Nazar qisqagina umri davomida ruhiy qiynoqlarning son-sanoqsiz manzaralarini chizishdan qoʻrqmaganligi bilan oʻziga soʻz va tuygʻudan haykal tikladi. U bir sheʼrida yozgandi: “Ey Nazar, yashab qol, oʻlish qochmaydi!”

Chin badiiy soʻz oʻlim bilmaydi. Koʻngil manzaralarini sezguvchi, soʻzning betakror taʼmini tuyguvchi kishilar bor ekan asl sheʼr, binobarin, uning yaratguvchisi boʻlmish shoir yashayveradi. Chinakam shoirning tuygʻulari hamisha sheʼrxonning sezimlariga hamohang boʻladi. Bu kitobni oʻqigan kishi Nazar Shukurning koʻngil oynasida oʻzini koʻradi. Soʻzi oʻlimga boʻy bermagan shoirning saltanatiga qiladigan sayringiz qutlugʻ boʻlishiga ishonamiz, aziz oʻquvchi!

Nazar SHUKUR
SHE’RLAR
011

KUMUSHBIBI AZASI

Kulfat rangi sachragan yorug’liklar qoraydi,
Qil sig’magan yurakday olam bag’ri toraydi,8f5b5ba801c0fe35cc3120b32f76ba3b.jpg
Endi Otabek faqat g’ussalarga yaraydi,
O’n to’rt kunlik oy kabi to’lganding, Kumushbibi,
So’nggi jonga ilinib to’lg’onding, Kumushbibi.

Endi jonsiz sevgingni shul qaro yer ko’targay,
Yig’lab qaro tobutni Otabek er ko’targay,
Mening ko’z yoshlarimni titrab bu she’r ko’targay,
Nurmas, yig’i-dodlarga cho’lg’onding, Kumushbibi,
So’nggi jonga ilinib to’lg’onding, Kumushbibi.

Qolmadi-ku dunyoda yonib bag’ri butunlar,
Ko’kraklarda tug’ilib ko’kda o’lar tutunlar,
Char-churs yonar oromlar bo’lib g’amga o’tinlar,
Har yurakda «oh!» bo’lib uyg’onding, Kumushbibi,
So’nggi jonga ilinib to’lg’onding, Kumushbibi.

Sen kuylarga o’xshatgan seravj soy ham yig’laydi,
Nuray-nuray yarimta bo’lgan oy ham yig’laydi,
Seni o’zi yaratgan Julqinboy ham yig’laydi,
Nogoh quchgan baxtingday kulganding, Kumushbibi,
So’nggi jonga ilinib to’lg’onding, Kumushbibi.

1979

MIRTEMIR QALBI

Bir buyuk qalb ko’mildi yerga,
Davra qurgay girdida sukut.
Xalqi bilan qalqidi birga,
Farzandim deb ardoqlagan yurt.

Kengliklarga sig’masdi sira,
Xayollari edi xo’b uzun.
Bilar edi, shu olam ichra
Parcha yerga sig’ishin o’zin.

Bir buyuk qalb, do’stlar, negadir
Oddiylikdan qayta olmadi.
“Qalamkashman” dedi-yu,dadil,
“Shoirman” deb ayta olmadi!

ONAMGA MAKTUB

To’lib turar edi uyimiz, ona,
To’polon qilsak gar koyirding bizni.
Boshimiz silarding zum o’tmay yana,
Istarding, axir, tez o’sishimizni!

Bo’y cho’zdik kun sayin oftobga qarab,
Bunday sust ulg’ayish senga edi kam.
Va bir kun ko’nglingni quchdi shavq, sharaf,
Avvalo ulg’aydi eng katta opam.

Sen esa quvonding bu baxtdan cheksiz,
Birinchi ulg’ayish keltirdi sevinch.
Va lekin hasadgo’y sovchilar, esiz,
Bu baxtni qo’ymadi o’z holiga tinch.

Ilk orzung – tantana boshlandi tezda,
Bizni tashlab ketdi opam ulg’ayib.
Opamsiz uyda sen ko’nikkan kezda
Kichigi ulg’aydi sochlarin yoyib.

Zum o’tmay to’y bo’lib kichik opam ham
Qoldirdi bu to’liq uy ichini bo’sh.
Ularni sog’inib ko’zga olding nam,
Seni ko’p cho’chitib qo’ydi ulg’ayish.

Qanoting ostidan olis shaharga
Bir kuni ulg’ayib men ketdim uchib.
Ukamlar ham uchdi uzoq yoqlarga
Bu xil ulg’ayishdan qolsang ham cho’chib.

Endi sog’inamiz dil tortib xira,
Ba’zan ulg’ayishni ayblab barimiz.
Uchrashur sen bilan bizlardan ko’ra
Ko’proq biz jo’natgan maktublarimiz.

Yo’nalur biz sari zafarlar izmi,
Goho ko’p yutuq ham tegadi g’ashga.
Ulg’ayish chorladi diydorga bizni,
Va lekin yo’l qo’ymas birga yashashga.

Xayollar uyida uchrashib birga,
Goh panoh topamiz tungi tushlardan.
Mehrimiz aytamiz bir-birimizga
Bekinib beshafqat ulg’ayishlardan!

1981.

BOLALIK PULLARI

«Ota, daftar olay besh tiyin bering?»
«Jon ota, kinoga bering o’n tiyin?»
Bu pullar vaslidan ketardim erib,
Bu pul ko’p narsaga yetardi keyin.

Jajji sevinchimga bu pul yetardi,
Hadeb tiqar edim cho’ntagimga qo’l.
Daftar ham, qalam ham olish bitardi,
Shunda ham, eh ortib qolardi bu pul!

Daftar olib berdi shu chaqa pullar,
Xotirjam almashlab uni o’ziga.
Ezgulik yo’lida dovdirab ilk bor
Qalamni jim bosdim varaq yuziga.

Qalamga suyanib oppoq qog’ozda
Mitti barmoqlarim chiqardi «oyoq».
Bu pul olib berdi yangisin tezda
Daftarim, qalamim tugamasdanoq.

…Ota, salomatman, shaharda bu zum,
Bilasiz, yashayman she’riyatga o’ch.
Maoshim ko’p durust – yuz yigirma so’m,
Ammoki bir oyga yetar uchma-uch.

Goh sizdan bekitib pul berar onam,
Shaharda kam bo’lma, yurgin deb tetik.
Siz bergan shundagi jajji pullardan
Ulkan maoshim ham ko’p keldi kichik.

Ichish-yeyishlardan ortmaydi sira,
Shu kabi behuda sarflar bitmaydi.
Bir dona qalam yo daftarga esa
Negadir pullarim mudom yetmaydi.

Ota, qishloqdamas ulkan shaharda
Bosayapman, siz bosgan yo’llaringizni.
Maoshim yetmasdan qolsa daftarga
Qo’msayman shu jajji pullaringizni!

1981

RASKOL`NIKOV

«Lizaveta, yo’q edi senga adovat!..»
Dahshatdan murdaday ketar ko’karib.
Begunoh kunlarga qotil adolat,
Baribir, boltasin kirgay ko’tarib.

* * *

Eshik ochiq tursin!..
Eshik – ayriliq,
Qamalib yotmasin uyda ichkari.
Tashqari qoshida jilmaysin iliq,
Tashqari qolmasin eshikdan nari.

Pardalar tortilar har kech beshavqat,
Pardalar –ayriliq!
Pardalar –firoq!
Siz esa visolda bo’lganda faqat,
Sho’rliklar tun bo’yi visoldan yiroq.

Eshik ochiq tursin!..
Bu ikki ism –
Bir birin quchishsin shu bitta tanda.
Ikkisi, kun bo’yi bo’sag’ada jim –
Boqishib turishsin hech bo’lmaganda.

***

Yonboshlayman maysa ustiga,
Bor shovqinlar bag’rimda nimta.
Tag’in harir shirinlik ega
Yonboshlagan xayollarimda.

Ko’k uzra bir turg’ay muallaq,
Tillarida bir tansiq o’lan.
Kuzataman ma’sudu ilhaq
Yonboshlagan zavqlarim bilan.

Yonboshlaydi naychi cho’pondek:
Xotirlarim, sezgim, unlarim…
Hayqiradi ammo to’fondek
Yonboshlashdan mahrum kunlarim.

Yonboshlolmas ishonchlarimday,
Dupuridan ko’tarilar chang.
Chiqaraman ortidan tinmay:
-Hey, kunlarim bir oz yonboshlang?!

Tolmaysizmi qum kabi sochib
Ko’plarning baxt, nolalarini.
Sanamasin soatlar hadeb
Umrimizning tolalarini.

Ko’kraklarda yurak chopadi,
Qadamlarni o’lchaydi uni.
Yo’qsa bular sukut kafani,
Daraxtlarday tik kechar kuni!

Yonboshlolmay maysalar uzra
Oromlarim sarsonu zabun.
Qalb ohanglarin tinglolmay sira
Nafasimni sog’inar zamin!…

“Bolaginam, sog’indim juda…”
Deb tikilar ufqlar sari,
Yonboshlagan yo’llar qo’ynida
Yonboshlolmay onam ko’zlari!

Xat yozaman,
“O’qish ham, mana,
Tez kunlarda bo’ladi tamom.
Yuribdimi sog’-omon, ona,
Yonboshlashdan cho’chigan bobom!..”

Qalamim tik,
Qo’lim kaftimda,
Netay, orzu qalbga o’t solsa.
Shoirmasman, qog’oz ustida
Esdan chiqib yonboshlab qolsa!

O’tar yashil qirlar sog’inchi,
Nurda toblar uyimda otar.
O’tlar emas, oh, bu yerda-chi,
Asfal`t yo’llar yonboshlab yotar!

Ona, baland Hisor tog’lari
Yotibdimi hali ham mudrab.
Bir kun senga boraman, qari-
Yonboshlagan dunyoni sudrab!”

***

Oy qalqiydi ariq suvida,
Qalqib oqar bir billur titroq.
Shudringlarda ranglar ivigan,
Ichar gullar ko’z yoshin tuproq.

Soy bo’yida turgan so’zlar ham,
Nuqta qo’yar visolga “Xayr!”
Ajralishar asta izlar ham,
Tun-kunduzga chap bergan bayir.

O’char bir-bir uylarda chiroq,
Roz so’zlaydi yellarga yalpiz.
Tag’in topmay bir do’st-yaxshiroq,
Kecha bilan qolaman yolg’iz.

* * *

Nima bo’ldi, hurmay qoldi it,
To’xtadimi mening karvonim ?
Nimadandir ko’ngil xira, xit,
Nimadandir qurir darmonim.

Chopdim, yeldim — yo’l bosdim uzoq,
Yuzlarimda charchoqning dog’i.
Shuncha yurgan yo’llarim biroq,
Yordan nari o’tmabdi chog’i.

Ko’rdim qalbim peshtoqida men
Dardning o’yma pardozlarini.
Yaxshi yaqin do’stlarim lekin
Ko’rmay qoldi parvozlarimni.

Tegirmonim tindimi nogoh,
Shovvalarim nega qoldi jim?
Sukunatmi bariga dargoh,
Chashmam ko’zin berkitdi yo chim?

Suvlar, oqing tegirmonimga
Kimdir don deb toshlar solmasin.
Itlar, huring g’anim yonida
Karvonlarim to’xtab qolmasin!

30.06.84

* * *

Xayrlashar men bilan tole,
Omad, doim xayrlashadi.
Bir g’am kelib quchgan mahali
Ketmoq bo’lib do’st ham shoshadi.

Ketar baxtim shundoq silkib qo’l,
Xayrlashar sevinch, sururim.
Uzoqlarga olgan payti yo’l
Ergashmoqqa qo’ymas g’ururim.

Quchar afsus, nadomat chindan
Va qarshimda alam jar solar.
Ajralgisi kelmaydi mendan
Xayrlashgim kelgann narsalar!

25.05.-11.06.84

ODAMNING QILIG’I

Onadan tug’ilmas odam bad bo’lib,
Pok bo’lib tug’ilar shu eng ulug’i.
Yil sayin borarkan yosh aqli to’lib
Uni yo’ldan urar ba’zan qilig’i.

Jonning shirinligi cheklar insonni,
Qo’ymaydi behuda jasorat tomon.
Ishongin, odamning bo’lmas yomoni,
Ko’pincha qilig’i ko’rsatar yomon!

1984.

UMRIM YO’LLARIDA…

Qorlar ko’mdi ortimdan tizilgan yillarimni,
Ayoz urdi, qanchalab ayagan gullarimni,
Ba’zan topdim, ba’zi payt yo’qotdim yo’llarimni,
Qachon borsam yoniga do’stdan shirin osh bo’ldi,
Qay birovning dastidan yeganimda tosh bo’ldi.

Bu noravon dunyoda fe’lim izga tushmadi,
Muhabbatsiz, sevgisiz dilim izga tushmadi,
Aytaman deb haq gapni tilim izga tushmadi,
Izga tushib yillarim oxir o’ttiz yosh bo’ldi,
Men axtargan narsalar goh bor, goho losh bo’ldi.

Umr o’tkinchi ekan qizlar husni misoli,
Satrimga nasibmikan mangulikning visoli,
Netayin, o’rnim qoldi Qashqadaryodan xoli,
Yuragimning manzili gavjum shahri Shosh bo’ldi,
Do’stlar dardim tutsa sir, dushmanimga fosh bo’ldi.

Hayotda gar qoqilsam qalam yupanch, she’r yupanch,
Qilsam neki tanovul manglaydagi ter yupanch,
Odam ketsa olamdan tuproq yupanch, yer yupanch,
Nazar, qayg’u- g’amingni ko’targuvchi bosh bo’ldi,
Shundanmi menda bardosh, goh bir daryo yosh bo’ldi.

***

Bir boshda bitta o’lim,
Niyatingdir qiynamoq.
Bir jonni olgan, gulim,
Ola qol, toqatim toq!

Toshlarni otma zimdan,
Ko’rdim ko’zingda qasos.
Olgin, ol, bisotimda
Bitta jonim bor, xolos.

O’yganman yuragimga
Ismingni men bexanjar.
Nigohing ko’kragimga
Ammo tig’larin sanchar.

Rashk qilib seni ortiq
Sig’masa hech sarhadga,-
Qasosga bilding loyiq,
Jonim, ol, jonim sadqa!

Ko’zyosh — xato, rashk — xato,
Bir boshda bitta o’lim.
Ko’yingda bo’lmoq ado
Oh, gulim, qanday so’lim!

 U SHUNDAY KUCHLIKI

O’rol Tansiqboev xotirasiga

U shunday kuchliki…
Bo’shliqni yoyday –
Zamin tepasiga qo’yolgan egib,
Tip-tiniq osmonni balandroq chizgan
Ketmasin deb qushlar qanoti tegib.

U shunday kuchliki…
Chizgan zavolsiz –
Yerga to’ktirmasdan o’rik gullarin.
To g’uj-g’uj dovuchcha tugmagunicha
O’zi to’sib turgan shamol yo’llarin

U shunday kuchliki…
Hayron qolmagan
Pag’a bulutlarni paxtadek ushlab.
Turnalar uchmoqda suvratlarida
Uzun va yaltiroq nurlarni tishlab.

Chizolgan bir vaqtlar sevgani bilan
Kezgan qirg’oqlarni,
Qalin bog’larni.
U shunday kuchliki,
O’z xonasiga –
Kiritib qo’yolgan qorli tog’larni!

OSMON TASHBEHLARI
Rashidga

Qattiq silkitaman. Qo’zg’alar osmon,
Yulduzlar to’kilar, yo’q, cho’g’lar emas.
Osmon, tokaygacha sen boshda posbon?
Osmon, hech bir jonzod mevangni yemas!

Handalak atardim sap-sariq oyni,
Talpinib, vuy, buncha ketibman o’sib?!
Sen tarang tortgancha kamalak – yoyni
Bulutlar lashkarin qirarding pusib.

Osmon, sen yig’larding, kulardik bizlar,
Ashklaring etardi ust-boshimni ho’l.
Eh, to’yib yig’lasang o’chardi izlar,
Maysalar bo’lardi har kungidan mo’l.

Qoq yoray derdi-ya momoqaldiroq,
Ilonni olovdan yasardi jinlar.
Na’ralar tortarding. O’sha kun biroq
Yerlardan unardi qo’ziqorinlar!

Duv-duv to’kilarding. Ichardik seni,
Kechardik sachratib. Toptardik oson.
Hovuchlab ichganda moviy mehringni
Ko’ksimiz keng tortib bo’lardi osmon.

Sen-chi yog’ar eding bo’lib ukpar qor,
Zaminning boshini oqlikka o’rab.
Shiftlardan oqma deb, osmon, necha bor
Tomlardan biz seni tashladik kurab.

Qorbobo yasardik sendan qish fasli,
Kulardik boshingga kiydirib chelak.
Masxara, mazaxga bo’lmasding taslim,
Yog’arding,
Bulutlar bo’lardi elak.

Yog’arding. Turibsan Toshkent ustida,
Yog’yapsan, ketolmay Shosh tepasidan.
Hozir ham zangorsan, sodiq do’stimsan,
To’nqariq turibsan Yer supasida.

Boryapman qop-qora soyabon tutib,
Sochlarni yuvolmay sapchiysan to’pday.
Osmon, meni kechir, qo’ydim unutib,
Sal yog’sang sen bugun tuyulding ko’pday!

Yuvasan turfa xil mashinalarni,
Asfal`tga urilding. Toshdanmi joning?
Jim bosib marmarband oq zinalarni
Panaga oshiqar vujudu jonim.

… Sho’x-shon davralardan topmay tasallo
Sevgisin sharh etib yig’lardi Rashid.
Yoshlari Toshkentga yog’ardi, ammo
Yashardi erkini Marg’ilon tashib.

Marg’ilon tashirdi oromlarini,
Mamlakat, Rashidning osmonin qaytar?..
Muhabbat unutgan oqshomlarini,
Ko’z yoshi ovozsiz qo’shiqlar aytar.

Sevgisin ko’mdi u Xo’jamajozga,
Tunadi mozorda Otabek misol.
Osmon, sololmading dardlarin sozga,
Boshida turganding shunda hayron dol.

O’sha kuni oh urib boshidan emas,
Ko’zidan yosh bo’lib yog’arding, osmon.
Shosh uzra uf tortib yig’lamagin, bas,
Ko’chaga chiqolmay turibman hamon.

Bandlaring havodan yasalgan qozon,
Bulutlar pardasin qo’yma tushirib.
Kel, mizg’iy, ertaga turib tong azon
Quyoshni keltiray senda pishirib!

* * *

Bir tosh ko’rsang yo’l o’rtasida
Tepib o’tma, yor qilib hazar.
Seni kutib oyoq ostida
Yotar toshga aylanib Nazar.

Ayamasdan ardoqlaringni
Zangor soyni kechasan kulib.
Bilmaysanki, oyoqlaringni
O’par shu choq Nazar suv bo’lib.

Bevafolik qilsa gar sanam
Hayiqmasdan mard er tig’ sanchar.
Hushyor tortgin, ichib ont-qasam
Yurgay Nazar shaklida xanjar.

Topmas edi she’rlarim sayqal
Yor, bermasang ishqing bilan zeb
Senga tiklab so’zlardan haykal
Imzo chekdim «Nazar Shukur» deb.

Soqchi kabi turgan har daraxt
Manzilingga omon yetkazar.
Qo’yganmisan ularga qarab?
Axir, uning hammasi –Nazar!

Seni ko’zday asramoq uchun
Jismi bilan intilib nurga,
Girdingdagi narsalar bugun
Aylangandir Nazar Shukurga!

1.01.84

Yana shu mavzuda:

Nazar Shukur. She’rlar & Shoir haqida ikki xotira.

045

(Tashriflar: umumiy 1 178, bugungi 1)

Izoh qoldiring