Ne’mat Arslon. «Valfajr»ni o’qiyotgan qush

08
    Осмондан учиб ўтаётган турналар қалбларимизни ҳаяжонга солади. Улар токи зиғирдек кичик нуқтага айланиб кўк қаърига сингиб кетгунча ортидан қараб қоламиз. Турналар гоҳ арғамчи, гоҳ супра шаклини ясаб учадилар. Биз бундан рамзий маъно излаймиз. Улар гоҳ баландлаб ҳаволаниб учадилар, гоҳида пастлайдилар.

09
Неъмат Арслон
«ВАЛФАЖР»НИ ЎҚИЁТГАН ҚУШ
011

I. ТУРНА

Осмондан учиб ўтаётган турналар қалбларимизни ҳаяжонга солади. Улар токи зиғирдек кичик нуқтага айланиб кўк қаърига сингиб кетгунча ортидан қараб қоламиз. Турналар гоҳ арғамчи, гоҳ супра шаклини ясаб учадилар. Биз бундан рамзий маъно излаймиз. Улар гоҳ баландлаб ҳаволаниб учадилар, гоҳида пастлайдилар. Аждодларимиз бу ҳолни ҳам ўзларича шарҳлаб, йилнинг келиши, тўкинчилик ёки тақчиллик каби ҳолатларга боғлаганлар. Инсон ҳаётининг кўп асрлик тажрибалари ва кузатувлари ана шундай хулосалар чиқаришга изн берган.

Биз йилида икки марта бу ажойиб фазилатли қушни кузатиш имкониятига эгамиз. Улар эрта баҳорда учиб келадилар ва кузда иқлими иссиқ юртларга томон қайтадилар. Турналарнинг «қуррув-қуррув» деган овозларини бутун йил давомида унутмаймиз ва қўмсаймиз.

«Қуррув-қуррув» дегани нима ўзи? Агар бу товушларни сўз деб олсак, турналар бизга нимани айтишмоқчи? Буни ким шарҳлай олади? Аммо шубҳа йўқки, турналар ҳам, бошқа қушлар ҳам бекорга, эрмак учун сайрашмади. Шу боис ҳам подшо ўзининг доно вазиридан тунда осмондан бир гала қуш «қанг-қанг-қунг» деб учиб ўтди. Бу нима дегани деб сўрайди.

Дарвоқе, халқимизнинг қадим эртакларидан бирида ана шу гап бор. Эртак воқеалари қушларнинг тунда сайраб ўтиши ва подшонинг юқоридаги саволлари асосида қурилган.

Вазири доно подшо берган саволга жавоб топиш учун қирқ кун муҳлат сўрайди. Ва қирқ кун кўксини ерга бериб ўйлайди. Аммо жавоб тополмайди. Отанинг ҳолатини кўриб ташвиш чеккан қиз падари бузрукворидан бунинг сабабини сўрайди. Вазир айтади. Беимкон қолган қиз оғир ўйлар оғушида юрганда подшонинг қизига дуч келади. Дугонасининг ғамгинлигини кўрган шоҳ қизи бунинг сабабига қизиқади ва унинг жавобини эшитгач, қушлар тунда «Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин» деб сайраб ўтди. Отангга шундай деб айт, дейди.

Эртак давомида бу гапнинг тўғрилиги ўз исботини топади. Ўша қушларнинг тунда учиб ўтиши ва сайрашига қараганда улар турналар бўлганлигини тахминлаш мумкин.

Хуллас, ҳар йил турналар учиб ўтаётганда юрагим ҳаприқиб уларга қарайман. Бир тўда ўғил-қизлар «Арғамчи бўл, супра бўл!» деганча уларнинг ортидан қўл силкиб, қичқириб югуришади. Мен эса тунда турналар овозига қулоқ тутганча подшонинг саволини ўйлайман.

Турналар нима деб сайрашади ўзи?

II. ҚАЛДИРҒОЧ

Қалдирғоч тонгда «Валфажр»ни ўқийди. Қуръони каримда шундай сура бор. Валфажр – тонг. Тонгни, қуёш чиқишини куйлайдиган қушлар жуда кўп. Аммо қалдирғоч уларнинг энг ардоқлиси. Хосияти улуғ қуш. Бизда ҳеч ким қалдирғочга тош отмайди, уни қувиб ҳайдамайди. Ҳатто энг безори бола ҳам бундан тийилади.

Қалдирғочнинг ташрифи… Ҳа, мен бу сўзни янглишиб айтмаяпман. (Чунки ҳозир ёш болалар ҳам «ташриф буюрдик» дейдиган бўлишган.) Аслида бу сўз лафзимизда улуғ одамларнинг оддий хонадонга келишига нисбат бериб айтилган. Шу маънода қалдирғочнинг уйингизга келишини қутлуғ ташриф деб қабул қилишингиз мумкин.

Ана у уй пештоқига қўнди, ғужур-ғужур қилганча сайраб юборди. Кейин айвон бўйлаб учиб қанот ёзди ва деразанинг кичкинагина туйнугидан кириб хона ичини ҳам кўздан кечириб чиқди. Хонадон эгалари ўтирган жойнинг яқингинасига қўниб, қорамуғдек тимқора кўзлари билан уларга бир-бир қараб олди. Хонадон эгалари эса нафасларини ичга ютиб, қимирлашга ҳам истиҳола қилганча уни кузатиб туришибди.

«Қани эди, уйимизда ин қурса!..» Ҳамманинг кўнглида ана шундай истак бор. Қалдирғоч учиб кетди ва бироздан кейин жуфти билан қайтиб келди. Улар яна хонадонни «разведка» қилишди. Ҳаммаси маъқул. Яхши хонадон, яхши одамлар.

Қалдирғочлар айвон бурчагидан бир жойни танлаб ин қура бошлашди:

Бу жуда ажойиб жараён. Қалдирғочларни энг моҳир меъморлар десак, янглишмаймиз. Улар қоп-қора тумшуқчаларида лой олиб келишади, тупуклари билан уни меъёрига келтиришади ва худди ғишт қалагандай чиройли, бир текис қилиб ин қуришади. Ин қуришда энг маҳоратлиси тоғ қалдирғочлари ҳисобланади. Улар «уй» тўрини кенгроқ олиб, ин оғзига томон кичрайтириб келишади. Тоғ қалдирғочларининг ини деворга ёпиштириб қўйилган кўзачани эслатади.

Табиат бу ажойиб паррандаларга кўплаб яхши фазилатлар ато этган: кўриниши чиройли, қанот-патлари силлиқ. Оқ-қора ранглар уйғунлашиб кетган. Айримлари қизил рўмолини томоғ боши қилиб ўраб олган. У энг тезучар қушлардан. Фақат зараркунанда ҳашаротлар билан озиқланади.

Шудай бўлгач хонадон эгалари уйларида бу жониворнинг ин қураётганидан ўзларида йўқ шод. Қалдирғоч эса том бўғотига қўнганча «валфажр» ўқияпти. Бу ҳолатдан таъсирланган шоир дафтарига мана бундай мисраларни туширяпти:

Уйинг пештоқига қалдирғоч қўнса,
Билгилки, уйингдан илон чиқмаган.

III. ҲУДҲУД

Ҳудҳуд ул нури хираддин баҳраманд,
Роҳбарлиғ афсаридан сарбаланд.
Зотида иззат шараф меърожидин,
Бошида зевар ҳидоят тожидин.

Яъни: ҳудҳуд (попишак) ақл нуридан баҳраманд ва боши раҳбарлик жиғаси билан сарбаланд бир қуш. Унинг зотида шараф ва иззат ниҳоятда юксак бўлиб, бошини тўғри йўл кўрсатувчи тож безаб туради.

Ҳазрат Навоий «Лисонут-тайр» достонида бизнинг қадрдон попишагимизни ана шундай таърифлайдилар. Боши ақл нуридан баҳраманд бу қуш паррандалар подшосини кўриш, унга етишишни истаган, ўрмон, денгиз ва биёбон қушларини тўғри йўлга бошлайди. Уларни талаб водийси, ишқ водийси, маърифат, истиғно, тавҳид, ҳайрат, фақру фано водийларидан олиб ўтади. Йўл азоби ва бошқа қийинчиликлардан умидсизликка тушган қушларга ўз ақлининг кучи билан ёрдам беради, ибратли ҳикоятлар сўзлаб, уларни дадил бўлишга ундайди.

Ниҳоят қушлар кўпгина денгиз ва қуруқликларни босиб ўтиб, кўзлаган манзилларига етиб бордилар.

Сиз достонда тасвирланган ана шу ақлли қушни кўрганмисиз? Бундай савол беришимизнинг боиси шундаки, ҳудҳуд, яъни попишак (уни сассиқпопишак ҳам дейишади) одамлардан ўзини йироқроқ тутади. Мабодо учиб келиб ҳовлингизга қўнса ҳам узоқ турмайди. Ҳавода парвоз қилаётганда унинг бошида тожи борлиги сезилмайди. Фақат қўнаётанда боши узра чиройли тож очилиб бирров намоён бўлади-ю, яна дарҳол йиғрилиб, кичик бир чўпга ўхшаб қолади. Тўғри-да, бундай жозибадор безакни ҳа деб «кўз-кўз» қилавериш, унинг қадрини пасайтиради.

Попишак кўп сайрамайди ҳам. Балки «камгаплик»нинг донолик аломати эканлигидан хабардордир.

Ҳар замонда бир «поп-пиш-пиш» деган овоз чиқаради, холос. Унга берилган попишак номи ана шу «нутқи»дан олинганлигига шубҳа йўқ.

Попишак бағоят чиройли қуш. Уни кўрганда бепоён далаларни эслайсиз. Рангларида кенг адирларга хослик бор. Қанот-патларида оқ-қора чизиқлар бор, аммо сариқ, қўнғир-қизғиш бўёқлар мўлроқ кўринади. Шу боис, унинг ўзида ҳам қушлар шоҳи Семурғ патидан нишоналар мавжуддек туюлади.

053

09
Ne’mat Arslon
«VALFAJR»NI O’QIYOTGAN QUSH
011

I. TURNA

Osmondan uchib o’tayotgan turnalar qalblarimizni hayajonga soladi. Ular toki zig’irdek kichik nuqtaga aylanib ko’k qa’riga singib ketguncha ortidan qarab qolamiz. Turnalar goh arg’amchi, goh supra shaklini yasab uchadilar. Biz bundan ramziy ma’no izlaymiz. Ular goh balandlab havolanib uchadilar, gohida pastlaydilar. Ajdodlarimiz bu holni ham o’zlaricha sharhlab, yilning kelishi, to’kinchilik yoki taqchillik kabi holatlarga bog’laganlar. Inson hayotining ko’p asrlik tajribalari va kuzatuvlari ana shunday xulosalar chiqarishga izn bergan.

Biz yilida ikki marta bu ajoyib fazilatli qushni kuzatish imkoniyatiga egamiz. Ular erta bahorda uchib keladilar va kuzda iqlimi issiq yurtlarga tomon qaytadilar. Turnalarning «qurruv-qurruv» degan ovozlarini butun yil davomida unutmaymiz va qo’msaymiz.

«Qurruv-qurruv» degani nima o’zi? Agar bu tovushlarni so’z deb olsak, turnalar bizga nimani aytishmoqchi? Buni kim sharhlay oladi? Ammo shubha yo’qki, turnalar ham, boshqa qushlar ham bekorga, ermak uchun sayrashmadi. Shu bois ham podsho o’zining dono vaziridan tunda osmondan bir gala qush «qang-qang-qung» deb uchib o’tdi. Bu nima degani deb so’raydi.

Darvoqe, xalqimizning qadim ertaklaridan birida ana shu gap bor. Ertak voqealari qushlarning tunda sayrab o’tishi va podshoning yuqoridagi savollari asosida qurilgan.

Vaziri dono podsho bergan savolga javob topish uchun qirq kun muhlat so’raydi. Va qirq kun ko’ksini yerga berib o’ylaydi. Ammo javob topolmaydi. Otaning holatini ko’rib tashvish chekkan qiz padari buzrukvoridan buning sababini so’raydi. Vazir aytadi. Beimkon qolgan qiz og’ir o’ylar og’ushida yurganda podshoning qiziga duch keladi. Dugonasining g’amginligini ko’rgan shoh qizi buning sababiga qiziqadi va uning javobini eshitgach, qushlar tunda «Erni er qiladigan ham, qaro yer qiladigan ham xotin» deb sayrab o’tdi. Otangga shunday deb ayt, deydi.

Ertak davomida bu gapning to’g’riligi o’z isbotini topadi. O’sha qushlarning tunda uchib o’tishi va sayrashiga qaraganda ular turnalar bo’lganligini taxminlash mumkin.

Xullas, har yil turnalar uchib o’tayotganda yuragim hapriqib ularga qarayman. Bir to’da o’g’il-qizlar «Arg’amchi bo’l, supra bo’l!» degancha ularning ortidan qo’l silkib, qichqirib yugurishadi. Men esa tunda turnalar ovoziga quloq tutgancha podshoning savolini o’ylayman.

Turnalar nima deb sayrashadi o’zi?

II. QALDIRG’OCH

Qaldirg’och tongda «Valfajr»ni o’qiydi. Qur’oni karimda shunday sura bor. Valfajr – tong. Tongni, quyosh chiqishini kuylaydigan qushlar juda ko’p. Ammo qaldirg’och ularning eng ardoqlisi. Xosiyati ulug’ qush. Bizda hech kim qaldirg’ochga tosh otmaydi, uni quvib haydamaydi. Hatto eng bezori bola ham bundan tiyiladi.

Qaldirg’ochning tashrifi… Ha, men bu so’zni yanglishib aytmayapman. (Chunki hozir yosh bolalar ham «tashrif buyurdik» deydigan bo’lishgan.) Aslida bu so’z lafzimizda ulug’ odamlarning oddiy xonadonga kelishiga nisbat berib aytilgan. Shu ma’noda qaldirg’ochning uyingizga kelishini qutlug’ tashrif deb qabul qilishingiz mumkin.

Ana u uy peshtoqiga qo’ndi, g’ujur-g’ujur qilgancha sayrab yubordi. Keyin ayvon bo’ylab uchib qanot yozdi va derazaning kichkinagina tuynugidan kirib xona ichini ham ko’zdan kechirib chiqdi. Xonadon egalari o’tirgan joyning yaqinginasiga qo’nib, qoramug’dek timqora ko’zlari bilan ularga bir-bir qarab oldi. Xonadon egalari esa nafaslarini ichga yutib, qimirlashga ham istihola qilgancha uni kuzatib turishibdi.

«Qani edi, uyimizda in qursa!..» Hammaning ko’nglida ana shunday istak bor. Qaldirg’och uchib ketdi va birozdan keyin jufti bilan qaytib keldi. Ular yana xonadonni «razvedka» qilishdi. Hammasi ma’qul. Yaxshi xonadon, yaxshi odamlar.

Qaldirg’ochlar ayvon burchagidan bir joyni tanlab in qura boshlashdi:

Bu juda ajoyib jarayon. Qaldirg’ochlarni eng mohir me’morlar desak, yanglishmaymiz. Ular qop-qora tumshuqchalarida loy olib kelishadi, tupuklari bilan uni me’yoriga keltirishadi va xuddi g’isht qalaganday chiroyli, bir tekis qilib in qurishadi. In qurishda eng mahoratlisi tog’ qaldirg’ochlari hisoblanadi. Ular «uy» to’rini kengroq olib, in og’ziga tomon kichraytirib kelishadi. Tog’ qaldirg’ochlarining ini devorga yopishtirib qo’yilgan ko’zachani eslatadi.

Tabiat bu ajoyib parrandalarga ko’plab yaxshi fazilatlar ato etgan: ko’rinishi chiroyli, qanot-patlari silliq. Oq-qora ranglar uyg’unlashib ketgan. Ayrimlari qizil ro’molini tomog’ boshi qilib o’rab olgan. U eng tezuchar qushlardan. Faqat zararkunanda hasharotlar bilan oziqlanadi.

Shuday bo’lgach xonadon egalari uylarida bu jonivorning in qurayotganidan o’zlarida yo’q shod. Qaldirg’och esa tom bo’g’otiga qo’ngancha «valfajr» o’qiyapti. Bu holatdan ta’sirlangan shoir daftariga mana bunday misralarni tushiryapti:

Uying peshtoqiga qaldirg’och qo’nsa,
Bilgilki, uyingdan ilon chiqmagan.

III. HUDHUD

Hudhud ul nuri xiraddin bahramand,
Rohbarlig’ afsaridan sarbaland.
Zotida izzat sharaf me’rojidin,
Boshida zevar hidoyat tojidin.

Ya’ni: hudhud (popishak) aql nuridan bahramand va boshi rahbarlik jig’asi bilan sarbaland bir qush. Uning zotida sharaf va izzat nihoyatda yuksak bo’lib, boshini to’g’ri yo’l ko’rsatuvchi toj bezab turadi.

Hazrat Navoiy «Lisonut-tayr» dostonida bizning qadrdon popishagimizni ana shunday ta’riflaydilar. Boshi aql nuridan bahramand bu qush parrandalar podshosini ko’rish, unga yetishishni istagan, o’rmon, dengiz va biyobon qushlarini to’g’ri yo’lga boshlaydi. Ularni talab vodiysi, ishq vodiysi, ma’rifat, istig’no, tavhid, hayrat, faqru fano vodiylaridan olib o’tadi. Yo’l azobi va boshqa qiyinchiliklardan umidsizlikka tushgan qushlarga o’z aqlining kuchi bilan yordam beradi, ibratli hikoyatlar so’zlab, ularni dadil bo’lishga undaydi.

Nihoyat qushlar ko’pgina dengiz va quruqliklarni bosib o’tib, ko’zlagan manzillariga yetib bordilar.

Siz dostonda tasvirlangan ana shu aqlli qushni ko’rganmisiz? Bunday savol berishimizning boisi shundaki, hudhud, ya’ni popishak (uni sassiqpopishak ham deyishadi) odamlardan o’zini yiroqroq tutadi. Mabodo uchib kelib hovlingizga qo’nsa ham uzoq turmaydi. Havoda parvoz qilayotganda uning boshida toji borligi sezilmaydi. Faqat qo’nayotanda boshi uzra chiroyli toj ochilib birrov namoyon bo’ladi-yu, yana darhol yig’rilib, kichik bir cho’pga o’xshab qoladi. To’g’ri-da, bunday jozibador bezakni ha deb «ko’z-ko’z» qilaverish, uning qadrini pasaytiradi.

Popishak ko’p sayramaydi ham. Balki «kamgaplik»ning donolik alomati ekanligidan xabardordir.

Har zamonda bir «pop-pish-pish» degan ovoz chiqaradi, xolos. Unga berilgan popishak nomi ana shu «nutqi»dan olinganligiga shubha yo’q.

Popishak bag’oyat chiroyli qush. Uni ko’rganda bepoyon dalalarni eslaysiz. Ranglarida keng adirlarga xoslik bor. Qanot-patlarida oq-qora chiziqlar bor, ammo sariq, qo’ng’ir-qizg’ish bo’yoqlar mo’lroq ko’rinadi. Shu bois, uning o’zida ham qushlar shohi Semurg’ patidan nishonalar mavjuddek tuyuladi.

053

(Tashriflar: umumiy 199, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring