Nilufar To’ychiyeva. «Qalandar» atamasining etimologiyasi haqida.

kalandar
Олимлар “қаландар” атамасининг этимологияси хусусида хозиргача бир тўхтамга келмаганлар. Зеро, баъзи олимларнинг фикрича, қаландарларнинг дастлабки аҳволлари ва тариқатнинг пайдо бўлиш жараёнига оид қарашлари нисбий. Ҳатто “қаландар” сўзининг илдизи ва қайси тилдан келиб чиққани, илк маротаба қайси манбада қўлланилгани ҳам аниқ эмас. Аммо, бу борада баъзи тахмин ва қарашлар мавжуд.

778

“ҚАЛАНДАР” АТАМАСИНИНГ ЭТИМОЛОГИЯСИ ХУСУСИДА
Нилуфар Тўйчиева
Тошкент ислом университети стажёр-тадқиқотчи-изланувчиси.

XI асрга келиб қаландарийлар тариқати ҳам айнан ички дунёни гўзаллаштиришга интилиши туфайли Марказий Осиёда юзага келди. Аммо фаолияти давомида ташқи унсурлар ва амалларга катта аҳамият бера бошлади. Натижада маломатийликдан фарқли ўлароқ, ошкораликка қаттиқ берилиб кетилди.
“Қаландария” тариқат ва силсилага ном сифатида юзага келган. Эронлик суфий Жамолиддин Савий (ваф.1232 й.) томонидан асос солинган ушбу силсиланинг иккинчи номи “жавлақийлар” сифатида машҳур бўлган. Сабаби улар наматдан тикилган дағал либос кийишни одат қилган бўлиб, уни “жавол” деб атардилар.
Шу ўринда “қаландар” атамасининг келиб чиқиш тарихига назар солиш ўринли бўлади. “Қаландар” атамаси ижтимоий ва маънавий ҳаётимиздан чуқур жой олиб келган. Турли даврларда ушбу атамага турлича таърифлар берилган. Атама тарихий, илмий ва адабий аҳамиятга эгадир. Бизнинг тадқиқотимиз асосан XI асрдан кейинги даврлардаги “қаландар” атамаси билан боғлиқ[1].

Олимлар “қаландар” атамасининг этимологияси хусусида хозиргача бир тўхтамга келмаганлар. Зеро, баъзи олимларнинг фикрича, қаландарларнинг дастлабки аҳволлари ва тариқатнинг пайдо бўлиш жараёнига оид қарашлари нисбий. Ҳатто “қаландар” сўзининг илдизи ва қайси тилдан келиб чиққани, илк маротаба қайси манбада қўлланилгани ҳам аниқ эмас. Аммо, бу борада баъзи тахмин ва қарашлар мавжуд.

1. Қаландар – форсчада каттароқ, йирикроқ, оғир юк кўтарган бесўнақай одам, дарвоза орқасидан тираб қўйиладиган, текисланмаган, қалин ёғоч тўнка маъноларини билдиради[2].

2. Калонтар – форсча, “калон” ўзагидан олинган бўлиб, катта, йирик маъноларини англатади. Калонтар эса каттароқ сўзини ифодалаган[3].

3. Қаландар — грекчада “тақдирламоқ”, “таклиф қилмоқ” маъноларида қўлланилади[4].

4. Қаландар — сўзи “қалан” ва ”андар” сўзларининг бирикишидан ҳосил бўлган. Маъноси: “оғир юк ташиган”, ”оғир юк остида қолган” ёки арабча “ақалл” ва форсча ”андар” сўзларидан таркиб топиб, “оз, аҳамиятсиз бир аҳволда”, деган маъноларни англатади. Бу атама мажзуби соликин, сулукдан сўнгра жазбага етишган бир солики мажзубнинг лақаби бўлиши ҳам мумкин[5].

5. Қаландар — сўзи эски форсийдаги “ко” ва “лангар” сўзларидан ясалган бўлиб, “ко” сўз ясовчи қўшимча бўлиб, тегишлиликни англатган, лангар эса жамоавий истиқомат манзилидир. Қаландар – лангархонада яшовчи шахс[6].

6. Коланжар — “колан” (қора) ва “жар” (қалъа) сўзларининг бирикмасидан ясалган бўлиб, “қора қалъа” маъносини англатган. Ушбу атама Маҳмуд Ғазнавий (ваф.1030й.)нинг фатҳларидан бирининг номи бўлиб, унга кўра Ғазнавий риндлар яшайдиган масканни қўлга олган. Унинг номи эса коланжар бўлган. Бу бир афсона бўлиб, кейинчалик қаландар атамасига айланган[7].

7. Каландар – санскритча, “қонундан ташқари”, “қонунни бузувчи” маъноларини ҳам билдиради[8].

Қаландар атамасининг пайдо бўлиши ҳалигача аниқланмаган бўлиб, бу сўз риндлар, гадолар ва дарвешлар бир гуруҳининг номи бўлгани эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Тариқат асосига хос қоидабузарлик қадимда ҳам айрим гуруҳларда мавжуд бўлиб, жумладан юнон риндларига ҳам хос бўлган. Шу сабабдан балки уларни “ринд”лар деб ҳам атайдилар[9].

“Ғиёс ул-луғот”да ёзилишича: “Қаландар аслида арабий “коф” билан “каландар” эди, эшик тез очилмаслиги учун орқасидан қўйиладиган тарошланмаган кунда маъносида. Араб ва ажам тилларидаги ихтилоф сабабли арабий “қоф” билан “қаландар” бўлди. Баъзилар қаландарни арабийлашган сўз дейдилар. Арабча сўз эканлиги тўғри. “Хиёбон”да ва “Жавоҳирул улум”да “қаландар аслида ғаландар эди” деб ёзилган”[10].

Қаландар атамаси тарқалган ҳудуди ва даврига кўра, дарвеш атамаси билан ҳам синоним сифатида қўлланилиб келинган. Гарчи маъно жиҳатдан тўлиқ мос тушмасада, амалиёти жиҳатидан ўхшаш томонлари етарлича бўлган. Қаландар киши дарвеш каби Худо ишқида сарҳушлик (сукр)ка мубтало шахс бўлиб, мазкур ҳолатга йўлиққанда кундалик диний амалларни бажаришга аҳамият бермайди. Буни оддий ҳол сифати баҳолайди. XIV асрда ушбу атама суфий сўзи билан мос равишда қўлланилган. Бечорасифатлик, Худо ишқида дарбадар кезиш, У билан руҳий жиҳатдан боғланганда қалбни тоза бўлишига ишониш, фано ҳолатига эришиш уларга хос хусусият бўлган. Ушбу маънода қаландар сўзи суфийлар Абдуллоҳ Ансорий (ваф. 1089й.), XII асрда ижод қилган шоир Ҳаким Саноий (ваф. 1131й.), мутасаввиф шоир Фаридуддин Аттор (ваф. 1220й.) кабиларнинг ижодларида қўлланилганлигини кўришимиз мумкин. XI асрдан кейин Марказий Осиё ва Хуросонда “риё”га қарши куч сифатида юзага келган мактаб маломатийлик, кейинчалик қаландария тариқатига асос бўлиб хизмат қилди. Ҳиндистон, Эрон, Марказий Осиёда қаландар сўзига маънодош сифатида “дарвеш” атамаси қўлланилган. Туркияда эса, абдоллар, ишқийлар, торлаклар қаландар маъносини англатган. Европада бу атама “шарлатан” ва “айёрлар” маъносини англатган[11].

“Қаландар” бир қанча маъноларни билдиради: 1. Диний ғазаллар ўқиб, мусулмон динини тарғиб қилиб, дарбадар кезувчи, тарки дунё қилган дарвеш. 2. Кўчма маънода: дунёдан воз кечган, тарки дунё қилган киши, зоҳид. 3. Ўзбек халқ куйларидан бирининг номи. 4. Қаландар (эркаклар исми). Қаландарбачча – қаландарнинг шогирди. Қаландархона – қаландарлар йиғиладиган ва тунайдиган жой[12].

Марказий Осиёда “қаландар” ва “қаландарий” атамаси кўплаб тарихий, адабий ва тасаввуфий манбаларда учраб туради. Улар ҳамма вақт ҳам бир хил маънода қўлланилмайди. Улар орасидаги фарқни англамаслик жиддий хатоларга олиб келади.
Қаландар муайян жамоа (сулук)га бирлашиб, унинг таълимотини тарғиб этган, ўз муршиди (шайх, эшон ёки пири)нинг кўрсатмаларини бажариши шарт бўлган[13].
Демак, қаландар нақшбандийлик, яссавийлик, кубравийлик сулукига мансуб бўлиши ҳам мумкин. Хатти-ҳаракатлари, кўриниши қаландарийни эслатадиган бу кишилар ўзларининг йўлбошчилари сифатида юқоридаги тариқатлардан бирини кўрсатадилар. Масалан, самарқандлик шайх Сафо Валий (ваф.1732й.)ўзининг раҳнамоси сифатида Баҳоуддин Нақшбандни зикр этади[14].

XVIII асрнинг биринчи ярмида яшаган Хожа Пирмуҳаммад Қаландар кубравия сулукига мансуб киши бўлган[15].

Бу ҳолатни шундай изоҳлаш мумкинки, қаландария тариқати Эрон орқали мўғуллар босқини натижасида Марказий Осиёга кириб келган даврда ерлик аҳоли орасида нақшбандийлик, яссавийлик, кубравийлик каби йирик тариқатлар кенг ёйилган эди. Бу каби нуфузли тариқатлар турган бир вақтда қаландарийликнинг ёйилиши бироз ноқулайлик туғдирарди. Эҳтимол, қаландарийликнинг йўқолиб кетишини олдини олиш мақсадида ўлкада мавжуд тариқатлар билан муроса қилишнинг ягона йўли уларга қўшилиш бўлгандир. Бунда уларнинг жаҳонгашталик принципи қўл келди. Бу орқали ўзлари қўшилган тариқат одатларини тарғиб қилиб юрганлар. Натижада юқоридаги тариқат вакиллари орасида ҳам қаландар, девона, хароботий каби шахслар пайдо бўлди.
Аммо ўз асл қиёфасини йўқотмаган, қаландарийлик тариқатига амал қилувчи қаландарийлар ҳам мавжуд бўлганини назардан четда қолдирмаслик керак. Улар халқдан узилган, таркидунё қилган дарвешлар эди. Биз уларни қаландарийлар, деб аташимиз мумкин.

XVIII аср адабиётида Бобораҳим Машраб ҳаётининг ёритилишида бир мунча чигалликлар мавжуд бўлиб, Нақшбандия тариқати вакили сифатида кўрсаларда, унинг шеърларини ўқиган кишида қаландарийлик тариқатининг аъзоси деган фикр уйғонади. Айниқса унинг “Қаландар бўл” радифли шеъри халқ орасида жуда машҳур бўлиб, унда қаландарлик ғоялари акс эттирилади.

Муродингга етай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл,
Ситам аҳлин ютай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл,
Оғиздан дур сочай десанг, шароби ишқ ичай десанг,
Ёмонлардан қочай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Машрабшунос олим Муҳсин Зокиров Машрабнинг мазкур шеърини шундай изоҳлайди: “Бу шеър маълум маънода қаландарнинг даст уриламалидир. Тасаввуфнинг сўл тараққийпарвар мазҳаблари ва унинг қаландария тариқати Машраб яшаган замонда жамиятнинг маънавий-ижтимоий ҳаётида ижобий тарихий аҳамиятга эга бўлганлиги шубҳасиздир”[16].
“Қаландар бўл” деганда, ана ўша ҳаёт тарзини татбиқ этиш деган маънода. Машраб қаландарийликни оммага тарғиб этган.

XVIII – XIX асрга келиб мажзуб ва девона атамалари ҳам баъзи ўринларда қаландарларга нисбатан қўлланилган. Жумладан, Машрабни ҳам мажзуб деб атаганлар. Машрабнинг замондоши ва шогирди Пирмат Сеторий “Тазкираи қаландарон”[17] рисоласида устозини шу ном билан атаган. “Шоҳ Машраби мажзубнинг муборак даврасинда бўлмиш, ул табаррук зоти шариф суҳбатлариға мушарраф ўлмиш девоналар қирқ қаландарлар: ….”[18]

Шуни айтиш ўринлики, Машрабни қаландарийлик тариқати аъзоси деб ҳисоблаш бироз хато бўлади. Машраб нақшбандийлик тариқати вакили ва шу билан бирга қаландарийликдаги баъзи ғоялар, яъни бир қолипга тушишдан четлашиш, маълум бир қоида ва чекловлар асосида тор доирада яшамаслик тарафдори эди. У ўз сўзларини эркин куйлаш, адолатсизликка тик боқиш ва уни бартараф этиш каби қарашлари билан ажралиб турган. Унинг руҳиятидаги олов бўлиб ёниш, жўшқинлик қаландарлик йўлини ихтиёр этган кишига айнан мос эди. Шу сабаб у мазкур маслакни ёқлаган ва ижобий ҳисоблаган.

XVIII аср охири – XIX аср биринчи ярмида яшаб ижод этган шоир ва нақшбандия тариқатининг таниқли вакилларидан яна бири Мажзуб[19]дир. Унинг асл исми Муҳаммад Азиз бўлиб, Мажзуб тахаллуси остида ижод қилган[20] ва Халифа Муҳаммад Азиз Намангоний номи билан машҳур бўлган. Туғилган ва вафот этган йиллари номаълум.
Мажзуб Намангоний бадиий воситалар ёрдамида қаландарлик ғоялари орқали ишқ ва жазба ҳолатларини фавқулотда ташбеҳлар билан баён этади. Шоир Мажзуб шеъриятида кўп маротаба “қаландар” атамаси қўлланилган[21].
Мажзуб Намангоний мисраларида қаландар атамаси бевосита ошиқлик, кўнгил дардларининг турфа ҳолатларини ифодалайди. Қаландарлар ҳаёти, урф-одатлари, қилиқ-қиёфалари мажозий маънода ошиқликнинг ранг-баранг кўринишларини, қалб туғёнларини ифода этади.
Мажзуб бир байтида Аллоҳга қарата: “Мени ўзингга машғул эт, яъни ошиқ қил”, — деб хитоб қилар экан, бу ошиқлик йўлида дунёнинг ҳою ҳавасларидан кечиб, қаландар бўлишни истайди. Чунки, ишқ йўлида қаландарлик унга шарафдир. У қаландарлик орқали сулук йўлида юксак мақомларни кўзлайди ва шу орқали ҳазрати Баҳоуддин Нақшбандга хизматкор бўлишни илтижо этади:

Машғул этиб ўзингга, айла мани қаландар,
Ул Нақшбанд валига айла ғулому чокар[22].

Маълумки, нақшбандия тариқати хуфя зикрга асосланган ва унда қаландарларга хос ҳаёт тарзи урф бўлмаган. Аммо, нақшбандийликка оид кўплаб асарларда қаландар атамаси ижобий маънода қўлланилганини инобатга олиб айтиш мумкинки, қаландар атамаси айнан шу тариқат аъзоси сифатида эмас, балки ишққа муккасидан кетиб ўзлигини унутган бир суфий мисолида тилга олинган бўлса керак.

Мажзуб тазкирасида “қаландар” атамаси айрим ўринларда “фақир”, ”девона” сўзлари билан ҳам ифодаланади. Қаландар атамаси билан бирга ориф, обид, зоҳид, ринд, хароботий ва бошқа шунга ўхшаш атамалар ҳам ёнма-ён қўлланилади. Шоир қаландар тимсоли орқали ҳақиқий Ҳақ ошиғини назарда тутган.
Эронлик шоир Хатиби Форсийнинг “Қаландарнома”сида келтирилишича Жамолиддин Савий Муҳаммад Балхий[23]га “қаландарий” сўзининг рамзий маъносини очиб берган. Унга кўра, “қаландар” беш ҳарфдан ташкил топган бўлиб, ҳар бири алоҳида маъно касб этади. Биринчи ҳарф “қоф” бўлиб, у қаноатни англатади. Қаноат шундай нарсаки, у ганжу дурлардан яхшироқ. Қаноатли киши тамадан йироқ бўлади. Қаноат сиддиқларнинг сифати, тамагирлик эса дилни сиёҳ қилади.

“Лом” латифлик[24]дир. Чунки, бу сифат Яратганга хосдир. Аллоҳ бандаларига нисбатан латифдир. Хулқларнинг нақши латифликдир.
“Нун” ҳарфи надомат демакдир. Яъни, қилган гуноҳ ва маъсиятларига надомат қилиш, ачиниш. Инсон қиёматда исёнлари учун надомат қилади. Фақир эса тириклигида гуноҳларига афсус ва надомат қилиши лозим.
“Дол” диёнат д ан да лолатдир. Дин кўрсатмаларига амал қилиш, диёнатли киши олий мақомда эканини амалда кўрсатиб бериш диёнатдир. Диёнат бу ҳақиқатдир.
“Ре” риёзатдир. Қаландар бўлишни ихтиёр этган кишини оқибат риёзат кутади. Бу охирги босқич бўлиб, Муҳаммад пайғамбардан меросдир. Риёзат нафс ва майлни сўндиради. Инсоннинг нафси ўзига душман бўлиб, риёзат руҳни, қалбни поклайди. Кимки камолотга эришган бўлса бу риёзатдандир[25].

Шу тариқа Жамолиддин му р и д и , қаландарийликнинг Туркияда тарқалишига сабабчи бўган шахс Муҳаммад Балхий (ваф.1216 й.)га ушбу тариқатга хос сифатларни баён қилган.
Хулоса шуки, қаландар атамасининг қайси тилдан олингани ва унинг маъноси ҳалигача аниқланган эмас. Унинг араб ва форс тилидан олингани ҳақидаги тахмин бизнинг фикримизча, ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин. Бу атаманинг истилоҳий маъноси эса, юқорида келтирилганидек, Худо йўлида боридан кечиб, унинг ишқини ихтиёр қилган кишидир. Жомий ва Навоий шеъриятида қўлланилган қаландар атамасининг ҳаммаси ҳам тариқатга тегишли эмас. Баъзи ўринларда зоҳид ва суфийларга нисбатан ҳам ушбу атама ишлатилган бўлиши мумкин.

ИЗОҲЛАР

[1] Саъдиддин Хўжатурк. Қаландария тариқати ва Хатиби Форсийнинг қаландарномаси. Армуғон. Истанбул. 1971. – Б.223.
[2] Turk ansiklopedisi. Maarif Basimevi. Ankara. 1974. – Cilt.21. – S 159.
[3] Рафиддинов С. Қаландар атамасининг этимологияси ҳақида. // Ўзбек тили ва адабиёти. 1998. №5. – Б. 60.
[4] Ислам: энциклопедический словарь. – М.: Наука, 1991. – С. 129.
[5] Turk ansiklopedisi. Maarif Basimevi. Ankara. 1974. – Cilt. 21. – S. 221.
[6] Муҳаммад Ризо Шафиъий Кадканий. Қаландария дар тарих. Теҳрон. Сахн. 1386. – Б.42.
[7] Ўша манба. Б.46.
[8] Ahmet Yashar Ocak. Osmanli imparatorlugunda marjinal sufilik: Kalenderiler. Ankara. Turk Tarix Kurumu Basimevi. 1992.
[9] Зарринқуб А. Чустичу дар тасаввуфи Эрон. Душанбе. 1992. – Б.303.
[10] Ғиёс ул-луғот. 3 томлик. 3-том. Душанбе, 1988. – Б.141.
[11] Ислам: энциклопедический словарь. – М.: Наука. 1991. – Б. 130.
[12] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 2-том. – Т., 1981. – Б. 545.
[13] Ислом энциклопедияси. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси нашриёти, 2003. – Б.290.
[14] Бу ҳақда қаранг: Снесарев. Г.П. Под небом Хорезма. – М.: Мысль. 1973. – С.85.; Троицкая А.Л. Каландары и Маддахи. // Домусульманские верования и обряды в Средней Азии. – М.: Наука, 1975. – С.192.; Сухарева О.А. Ислам в Узбекистане. – Т.: Издательство Академии Наук Узбекистанской ССР, 1960. – С.53. : Рассудова Р.А. К истории одежды среднеазиатского духовенства. Памятники традиционно-бытовой культуры народов Средней Азии, Казахстана и Кавказа. Сборник Музея Антроп. и Этногр., выпуск 43. Л. 1989 г; Ғаниев – Т. Кўнгил дуржи. – Т., 2009. – Б.146.
[15] Хўжаев М. Шермуҳаммадбек қўрбоши. Масъул муҳаррирлар: Шамсуддинов М, Ражабов Қ. – Т.: Шарқ нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. 2008. – Б.30.
[16] Хошимхонов М. Машраби мўътабар ўзум. – Т.: Шарқ, 2001. – Б.100.
[17] Зокиров М. Тазкираи қаландарон. //Шарқ юлдузи. 1990, №8. – Б.153.
[18] Ўша жойда. – Б.153.
[19] Мажзуб – араб. «тортилган, ошиқ бўлган». Тасаввуфда мажзуб деб Аллоҳ томонидан қалбига ишқ-муҳаббат оташи берилган, жазба ҳосил бўлган шахс. У икки турда бўлади: мажзуби солик – Аввал Аллоҳ томонидан жазба берилган ва кейин тариқат йўлига кирган солик; мажзуби абтар – жазба берилган, аммо ҳали тариқат йўлига кириб улгурмаган.
[20] Мажзуб Намангонийга “Мажзуб” тахаллусининг берилиши ҳам тасаввуф билан боғлиқ. Маълумки, тасаввуфда бу атама “Аллоҳдан “жазба” берилган” ёки “қалбига Аллоҳ муҳаббати солинган”, деган маънони англатади.
[21] Рафиддинов С. Мажзуб ва қаландарлик. // Ўзбек тили ва адабиёти. 2009. №3. – Б. 21.
[22] Мажзуб Намангоний. Тошбосма нусхаси. Тошкент, 1330 ҳижрий (1912 қамарий). – Б.37.
[23] Жамолиддин Савийнинг тўрт халифаларидан бирининг номи.
[24] “Латиф” – арабча сўз бўлиб, юмшоқ, феъли кенг инсонларнинг сифатидир.
[25] Рафиддинов С. Қаландар атамасининг этимологияси ҳақида. // Ўзбек тили ва адабиёти. 1998. №5. – Б.61.

Image

Манбаъ: Тошкент Ислом Университети вебсаҳифаси

(Tashriflar: umumiy 243, bugungi 1)

Izoh qoldiring