Nodir Normatov. O’rol og’a saboqlari & O’rol Tansiqboev asarlari. Videoalbom

033    Ўрол оға ўзини табиат қўйнида худди ўз уйидагидек ҳис қилар, айниқса, тоғларнинг ашаддий ошиғи эди. Сон-саноқсиз тоғлар тасвири фикримизни тасдиқлаб турибди. Ҳатто, асарлар номи ҳам тоғ билан боғланган. Эътибор қилинг: “Тоғда куз”, “Тоғ ён бағирлари”, “Тоғ қишлоғи. Оқшом”, “Тоғда баҳор”, “Чимён йўли”, “Помирдаги баланд Қоракўл кўли”, “Тоғда колхозида”, “Олой водийси”. Рассом тоғнинг фақат рангларинигина илғабгина қолмай, у ердаги гиёҳларнинг ҳам номларини яхши билган.

Нодир Норматов
ЎРОЛ ОҒА САБОҚЛАРИ
08

 011   Ўрол оғани биринчи марта кўрганимда, уни сира ҳам “Иссиқкўл оқшоми”дек ёқимли картина муаллифи сифатида қабул қила олмаганман. Ўшанда у 1969 йилда Тошкентнинг қоқ марказидаги “Билимлар уйи” биносида очилган Рўзи Чориев кўргазмасига ташриф буюрган эди. Кўринишидан бадқовоқ, бироз ҳайбатли, жуссаси каттта, вазмин бу одам менга машҳур танбурчи Турғун Алиматовни эсга солар эди. Мен -ўн тўққиз ёшли йигитча ўша кезларда рассомларнинг қиёфаларидан Микеланжело яратган хушбичим,сарвқомат, ва яна аллақандай хислату тароватни излар эдим.Ижодкор руҳиятидаги сирли бундай тароват ҳар вақт ҳам қиёфада зоҳир бўлавермаслиги мен учун жумбоқ эди, Талабалик йилларимда, француз ёзувчиси Робер Андренинг “Бола қалби – кўзгу” асаридаги боладек жасур қаҳрамонларни, мағрур ва шиддатли кишиларни ёқтирар эдим. Йиллар ўтиши билан, Ўрол оғанинг бир зумлик кўзларидаги синчков ифода хаёлимда қайта жонланар экан, бу рассом руҳияти мен учун сирли, аммо дилимга эканлигини асарлари орқали англай бошладим.

Ўрол Тансиқбоев ўтган асрнинг эллигинчи йилларидаёқ манзара чизиш бобида “ўзбек левитани” деган номга сазовор бўлган эди. У кезларда Левитан номига, рус сайёр рассомлари номларига қиёслаш расм эди. Левитан чинданда рус табиатининг моҳир куйчиси сифатида довруқ солган рассомлардан.

Ўрол оға чизган манзаралар нега мунча машҳур бўлди? Санъатга бевосита алоқаси бўлмаган бир танишимнинг бир ҳикояси эсимга тушади. У бир куни олис вилоятда хизмат сафарида бўлибди. Кун иссиқ, саратон, нафас олиб бўлмайди. Туш пайти. У туман марказидаги кўримсизгина бир ресторанга кирибди. Бу ер ташқаридан ҳам баттар иссиқ экан. Танишим курсига ҳолсизланиб ўтираркан, бир маҳал деворда илиғлиқ Ўрол оғанинг “Иссиқкўл оқшоми” асари фоторепродукциясини кўриб қолибди. “Уни кўриб шундай роҳат қилдим-ки, ҳатто терлашдан ҳам тўхтадим, – дейди у. – Зўр асар киши кайфиятига таъсир қилади. Мен ўша асарда кўл оқшомини, сувнинг ажойиб ялтирашини, табиатнинг ёқимли рангларини кўриб, енгил тортдим”.

Билмадим, эҳтимол танишимнинг бу гапларида муболаға бордир, лекин у бир нарсани тўғри таъкидлади – ҳақиқий манзара асари кишида ҳаётга муҳаббат уйғотади. Ўрол Тансиқбоев чизган манзаралар таъсирчанлиги ҳам, қудрати ҳам ана шунда.

Лекин бундай таъсирчан манзаралар машаққатсиз яратилмайди, унинг ҳар бири ўзига хос тарихга эгалиги санъат тарихидан маълум.

Айниқса, рассом қадами етган жойлар ижодкорга қадрдон бўлиб қолганда, бу асарнинг таъсирчанлигини янада оширади. Асар оҳангидаги бундай ошно туйғуни диди ўткир томошабин тез илғайди.

Баъзан шундай бўлади: бир картина олдида беихтиёр тўхтаб коласан-у, унда акс этилган манзара сен қачонлардир кўрган қадрдон нарсаларни хотирангда жонлантириб юборади. Ушбу пайтда сен ёнингда турган ҳамроҳингга бу асар ҳақида узоқ сўзлагинг келади, лекин рассомнинг асарини сўзлаб бериш нақадар мушкуллигини кўргазма залидан чиққанингдан сўнг ҳис этасан.

Ўрол оға дунёни кўп кезган эмас, бор-йўғи Гуржистону Тожикистонга борган, холос. У Ўзбекистон ҳудудидан нари кетгиси келмас, Москва сафарларига, анжуманлару мажлисларга ҳам хизмат юзасидан бориб келарди, Унинг ўзбек заминига бунчалик ошиқлиги нимада деб ўйлаб қоласан.Буни рассомнинг айрим хотираларидан излаш ўринли.

Ўрол оға ҳамкасабаси Николай Қорахон билан бўлган бир суҳбатда “Тоққа йўл” картинасининг қандай яратилганлигини сўзлаб берган эди.

— Ўшанда кеч куз, кунлар совуқ, изғирин елиб турарди, — деб ҳикоя қилганди рассом. – Хўжакентдан у ёғига ҳа деганда машина бўлмади. Анча турганимдан кейин полуторка машина келиб қолди. Аксига олиб, кабинада жой йўқ экан. На чора, кузовга чиқиб олдим. Изғирин тобора кучаяди. Ўн беш чақиримча юргач, чидаб бўлмади. Машинадан тушиб қолдим. Яқинроқдаги хонадондан бир кекса киши набирасини кўтариб чиқиб қолди. Совуқдан дағ-дағ титрашимни кўриб, дарров уйига бошлади, тезда писта кўмирни лағча чўғ қилиб танчага босди. Танчанинг четига мени ўраб қўйди. Шундай бир роҳат қилдим-ки, роса терлаб ўзимга келдим. Овқатланиб, отахон билан суҳбатлашиб ўтирдик. Жуда одамшаванда экан, тунаб қолишимни илтимос қилди. Шунда мен халқимизнинг меҳри дарё, қалби осмон, меҳмондўст фарзандлари кўплигидан жуда-жуда фахрландим. Эрталаб йўлга тушдим, уч-тўрт чақирим юрганимдан кейин бир оз дам олиб, атроф-манзараларни кузатгим келди. Шунда тоққа олиб борадиган йўл диққатимни тортди. Наброскалар қилдим. Устахонамга келибоқ “Тоққа йўл” картинамни бошлаб, уч сеансдаёқ тамомладим. Юрганга, ўз кўзинг билан кўрганга нима етсин! Машаққатини чекмасанг роҳатини ҳам кўрмайсан.” Унинг бундай сайёҳатлари жуда кўп бўлар эди.

Ўрол оға бугунги айрим рассомлар каби хаёлот билан чизмас эди, у ўзини, қалбини, руҳини шу заминдан, унинг одамларию табиатидан излар эди. Рассомнинг ҳаёт йўлига назар ташлангиз бу изланишлар нақадар, кўп, хўб бўлгангилига иқрор бўласиз.

Ўрол оға болалигида тамаки саноатида ишчи, вино заводида вино тайёрловчи вазифаларида ишлаган. Тожикистон ва Грузияда бўлиб, вино қоғозларига суратлар ишлаган. Бу асарлардан вино заводида кўргазма қилган. Ана шундан сўнг, 1920 йилларда “Туркестанская правда” газетасида унинг фавқулодда истеъдоди ҳақида ёзишди. Ўрол энди бу соҳада ўқишга қарор қилди.

У 1925-1928 йилларда Тошкент Давлат Санъат музейи қошида ташкил этилган студияда, И.Е.Репиннинг шогирди, таниқли рассом Николай Розанов қўлида таҳсил кўради.

Ёш рассом 1929 йилда Пенза рассомлик мактабида ҳам таҳсил олади. Унинг ижодий услуби шаклланишида рассом Горюшкин-Сорокудовнинг ҳиссаси катта.

Ўрол оғанинг ўттизинчи йиллардаги ижоди изланишларга кўп ибратли. У энг аввало, амалий санъатимизга, халқимизга яқин бўлган шартли услуб-декоратив санъатни ўрганди. Маълумки, декоратив санъатда ранг биринчи ўринга чиқарилиши натижасида реал тасвирлар имконияти бирмунча чекланади. Рассомнинг илк ижодида ҳам бу ҳолат кўзга ташланади. Шу боис бу йилларда яратилган “Кўчманчиликда”, “Ўзбек” портрети”, “Қадрдон овулда”, “Қозоқ аёллари”, “Сирдарё оқшоми”, “Орол денгизи” сингари асарлари қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Нукус Давлат Санъат музейида сақланаётган бу асарлар рассомни умрининг охирида яна ўзига жалб этди, уларда ҳали ўзи англаб етмаган илоҳий муъжизалар маъноси, ранглар сири яширин эканлигини ҳис қилган эди.

Рассом Иккинчи жааҳон уруши йилларида ўзбек халқ делегацияси таркибида фронтга борди. Бу одамкушликни, унга қаршилик кўрсатганлар ҳаётини ҳикоя қилувчи “Уруш йўлларида” туркумига кирувчи “Партизан қиз”, “Озод қилинган ерда”, “Ватан меҳмонлари” асарларида рассомнинг Нафрат ва Муҳаббат, бунёдкорлик ва бузғунчилик, вайронгарчилик тимсоллари акс этган.

Атоқли рассомнинг урушдан кейинги ижоди том маънода янада гуллаб-яшнади. Майин оқшом ва сувнинг сокин мавжларидаги шуълалар, қуёшнинг табиат бағридаги гулгун нурланиши,тиниқ ҳаво таровати, гўзаллиги мужассам бўлган “Иссиқкўл оқшоми” асарини кўрган томошабин уни тез-тез эслаб туради.. “Ғўзани суғориш” картинаси рассомнинг дала сувчиларининг тунги меҳнатига нафақат зўр муҳаббат ва ҳурмат ифодаси, балки, табиатнинг мавжланган яширин рангларига ҳайратли бир нигоҳ солиш ҳамдир.Айни пайтда манзара ниҳоятда ҳаётий ва ишонарли эттирилган, амммо рассом учун фақат шу кифоя эмас, унинг мафтункор хислатларини илғай олиш муҳимдир.. “Жонажон ўлка”, “Ўзбекистонда баҳор” асарларида реализм тўла устивор, аммо рассом уларда Ўзбекистон далаларининг кенгликлари, гўзалликларини, чексиз товланишларини гоҳ эпик, гоҳ лирик ва жўшқинлик ҳукмрон тасвирларда беради.Худди шу аснода халқимизнинг бағри кенглиги, руҳий иқлимлари “Колхозда тушлик овқат”, “Тоғдаги колхоз”, “Ўрим-йиғим” каби асарларида намоён бўлди. Айниқса, унинг “Қайроққум тонги” асари 1957 йили Москвада очилган 12 та МДҲ давлатлари бадиий кўргазмасида намойиш қилиниб шуҳрат қозонган эди. Бу асарни таниқли рус рассоми Аркадий Пластов шундай таърифлаган: кўз ўнгимизда гуллаб-яшнаётган ўзбек диёрининг эпик манзараси гавдаланади, чексиз соҳиллар, сон-саноқсиз чироқларнинг чароғон нурига ғарқ бўлган, дилларга завқ берувчи мусаффо ҳаво. Суратда ҳамма нарса содда қилиб берилган. Фазо жуда нафис, аниқ ва ҳаққоний яратилган, колорити ниҳоятда жозибадор ишланган…”. Картинага синчиклаб назар солсангиз, рассом тўғон кўринишига алоҳида урғу бермайди, балки уни қуршаб олган табиат манзаралари билан уйғунликда акс эттиради. “Қайроққум тонги” асари табиатнинг ранг-баранг жилваларини, қудратини бир нуқтада йиғиб узатган, томошабин ҳис-туйғуларини жунбушга келтирадиган сифониядир. Самарқандлик рассом Рашид Тимуров Ўрол оға бу асар учун этюд чизишга чиққанида ҳамроҳ бўлган эди. у Ўрол оғанинг кенг жуссали, вазмин киши бўлишига қарамай, тепаликлар узра капалакдай елиб-югуришига ҳайрон қолган эди.

Ўрол оға ўзини табиат қўйнида худди ўз уйидагидек ҳис қилар, айниқса, тоғларнинг ашаддий ошиғи эди. Сон-саноқсиз тоғлар тасвири фикримизни тасдиқлаб турибди. Ҳатто, асарлар номи ҳам тоғ билан боғланган. Эътибор қилинг: “Тоғда куз”, “Тоғ ён бағирлари”, “Тоғ қишлоғи. Оқшом”, “Тоғда баҳор”, “Чимён йўли”, “Помирдаги баланд Қоракўл кўли”, “Тоғда колхозида”, “Олой водийси”. Рассом тоғнинг фақат рангларинигина илғабгина қолмай, у ердаги гиёҳларнинг ҳам номларини яхши билган. “Киши тоғу-тошда ёлғиз юриб, баъзан шикастланиб қолиши мумкин. Ана шундай пайтда ўт-ўланлардан фойдаланишни билмасанг бундан ёмони йўқ,” — деган эди у ҳамкасбларига. Унинг ўзи ҳам кўп марталаб ўт-ўланлардан дори-дармон сифатида фойдаланган.

Ўрол оға умрининг охирларида, 1974 йилнинг 15 апрелида ўттизинчи йилларда яратган асарларини кўргани Нукусга Қорақалпоғистон Давлат Санъат музейига боради. Тошкентда очиладиган шахсий кўргазмаси учун Нукусдаги асарларидан саралаб олиш ниятида эди. У 18 апрелда Нукусда вафот этди. Ўшанда у 70 ёшда эди. Мен ҳануз бир нарсанит ўйлайман. Рассом нима учун шахсий кўргазмасига “Қайроққум ГЕС и тонги” дек халқаро кўргазмаларда кумуш медалга сазовор бўлган, эндиликда Шарқ халқлари санъати Давлат музейини безаб турган асарини ёки “Сирдарё” каби Москвадаги Третьяков Давлат галереясининг мулки бўлган улуғвор манзарани эмас, балки илк ижодига мансуб бўлган ишларни танлагиси келди экан!?

Ўрол оғанинг Нукус музейида сақланаётган бу асарларини мен Нукусда ҳам, Тошкентда кўчма кўргазма қилинганда ҳам мириқиб томоша қилдим. “Ўтов олдидаги аёллар”, “Пичоқ чархловчи”, “Қирмизи куз”, “Ўзбек портрети”, “Хўжакент”, “Бирчмулла водийси”, “Ўзбек. Самарқанд”, “Хилватда” асарлари гарчи 30-йилларда яратилган бўлса-да, юракка яқин, оловланган ранглари ўзига тортади. Ўрол оға 1927 йилдан 1934 йилгача ана шундай декоратив услубда ижод қилган эди. Бу йилларда Ўрол оға деталларни умумлаштириб, Ўрта Осиёнинг рамзий манзараларини ишлашга интилган эди. У бу услубда сўзана ва гилам санъатининг ижодий тамойилларига асосланиб, рангларни яхлит-яхлит танлаган. Аслида бу услуббозликка интилиш эмас эди. Давр эса, ҳали нимадандир воз кечиш, ниманидир элакдан ўтказиш, ниманидир натижасини кутишни ўйлаб кўришга улгурмаган эди. Рассом Валерий Волковнинг ёзишича, баъзи европалашган туркистонликлар ўзбек халқининг амалий санъатига асосланиб ижод қилаётган Александр Волков, Уста Мўмин, Оганес Татевосян ҳамда Ўрол Тансиқбоевнинг бу изланишларига қарши чиққан эди. Тўғри, уларнинг бу изланишларида услуббозлик ҳам йўқ эмас эди. Лекин, уларнинг бу интилишлари шу замин табиатига, ҳаётга яқин эди. Натижада, улар бу услубдан воз кечиб, европа мактабига хос услубда ижод қила бошлашди. Ўрол оға умрининг охирларида яна айрим деталларни аниқ ишлашдан воз кечиб, табиат кўринишининг энг асосий рангларини яхлит-яхлит ишлашга интилди. Бундай услубда ишланган “Анзоб довонида”, “Тоғ баҳори”, “Чимёнга йўл”, “Оқшомда” асарларини тилга олиш мумкин.

Мен Ўрол оғанинг ўттизинчит йилларда яратилган 40 қа яқин рангтасвир, 300 га яқин графика асарлари Нукус музейида сақланаётгани, уларнинг бу музейга қай йўсинда келиб қолганлиги билан қизиққан эдим. Бу ҳақда менга 1975 йили музей асосчиси ва директори рассом Игорь Витальевич Савицкий гапириб берган эди. Нукусда музей энди ташкил этилаётган пайтлар экан. И.В.Савицкий Тошкентдаги рассомлар ҳузурига келиб ёрдам сўрайди. Шунда Ўрол Тансиқбоев Нукус музейига 150 та асарини совға қилади. Рассомнинг бундай сахийлигидан И.В.Савицкий ёш боладай йиғлаб юборади.

Мен буюк рассом Ўрол Тансиқбоев ижоди ҳақида ўйлаганимда, унинг мана бу сўзлари ёдимга тушади: “Миллий санъат бир кунда яратилмайди. У узоқ йиллар давомида кўплаб мусаввирларнинг узлуксиз саъий ҳаракатлари маҳсулидир. Уни унутмоқ ёки бекорга чиқармоқ мумкин эмас; унинг анъаналарига ўз тақдирини боғламасдан манзур бўларли ҳеч нарса яратиб бўлмайди”. Ўрол оғанинг бу сўзларида тажриба, адашишлар, изланишлар, ижод машаққатлари ўз ифодасини топган. Унинг ҳаёт фаолияти, ижодий йўли ёшларимиз учун ибрат мактаби. Қачонлардир ишини виночиликдан, ижодини эса вино тайёрлашда ишлатиладиган оқ сузма қоғозига чизишдан бошлаган Ўрол Тансиқбоев Ўрта Осиёнинг моҳир манзарачи рассоми сифатида машҳур бўлди. Халқимизга бой мерос қолдириб кетди. Бу мерос музейларимизда, жумладан Ўзбекистон Давлат Санъат музейи ва рассом номидаги уй-музейида кўз қорачиғидек авайлаб сақланмоқда. Бу асарлар Ўрта Осиё манзаралари ҳақида гўзал қўшиқлардир. Мен унинг “Қўшиқ” деб номланган асарини бир шофёрнинг кабинасида кўриб ҳайрон қолган эдим. Унда шундай манзара акс этган: Баҳор. Гулларга безанган қир. Яшил майсалар ҳамда чечакларга бурканган тепаликлар. Узоқларда тоғ ён бағирлари. Уфқ жозибали. Осмон зангори. Дашт қўйнида шўх қизалоқлар қўшиқ бошлаганлар. Бу қўшиқ баҳор ҳақида, гуллар ва кўкатлар ҳақида, қуёш ва ёмғир ҳақида. Қизларнинг ўзи ҳам табиатнинг ажиб гулдастасига ўхшаб кўринади. Олам ва ранглар яхлитлашиб, киши қалбига куй бўлиб қуйилади. Бу куй руҳият-қалбда янги-янги туйғуларнинг туғилишига сабаб бўлади. Туйғулар эса дилимизга мазмун берувчи руҳият қушларидир.

ЎРОЛ ТАНСИҚБОЕВ
05

033Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати Ўрол Тансиқбоев 1904 йил 14 январда туғилган. 1924—1928 йилларда Тошкент санъат музейи қошидаги рассом Н. Розанов студиясида, 1929 йилда Пенза Бадиий педагогика техникумида рус реалистик санъатининг моҳир усталаридан бири И. Горюшкин Сорокопудов қўлида таълим олди. Ижодини портретлар яратишдан бошлаган У. Тансиқбоев асосан 30-йилларда рассом сифатида шаклланди, ўз асарларини халққа яқин ва тушунарли бўлиши учун тинмай меҳнат қилди.
Бу вақтда «Ўзбек портрети», «Олтин куз», «Карвон», «Ҳосил» каби портрет, манзара асарларини яратди. «Озод бўлган шарқ аёллари», «16-йил қўзғалони» асарлари рассомнинг монументал рассомлик сари дадил қадам ташлаганини кўрсатди.
1940 йили яратилган «Алишер Навоий» портрети унинг ижодида алоҳида ўрин тутади. Иккинчи Жаҳон уруши йилларида «Ваҳшийнинг йўли», «Озод қилинган ерларда», «Партизан аёл» асарларини яратиш билан бирга жонажон ўлка манзараларини гавдалантирувчи «Қоплонбекда куз», «Тунги суғориш», 15 полотнодан иборат «Уруш йилларида» каби картина туркумларини ҳам яратди.
Кейинчалик рассом ижодида манзара етакчи ўринни эгаллади. «Пешин. Овқат пайти», «Ғўза суғориш», «Ўзбекистонда баҳор» картиналари шулар жумласидандир. Унинг «Тахиятош» «Қайроққум ГЭСи тонгги», «Янги ерда», «Тоғда куз», «Ўзбекистонда март», «Каттақўрғон сув омбори» «Бўстонлиқда баҳор» «Тоғдаги яйлов» каби асарлари ҳам тасвирий санъатнинг янги ютуғи сифатида кутиб олинган бўлса, «Чорвоқ қурилишида», «Мирзачўл канали» ва бошқа бир қатор картиналари уни моҳир рассом, табиат куйчиси сифатида элга танитди.
Ўрол Тансиқбоев асосан, лироэпик рассом эди. Унинг ҳар бир асарида жонажон ўлкага нисбатан чексиз муҳаббат бор. Ана шу муҳаббат билан Ўзбекистон манзарасининг улуғвор тасвирини чизди. У жамоат арбоби сифатида ҳам қатор ишларини амалга оширди. 1959-60 йилларда Ўзбекистон Рассомлар уюшмасининг раиси лавозимида ишлаб, ёш ижодкор мусаввирларга яқиндан ёрдам берди.
Таниқли рассом Ўрол Тансиқбоев 1974 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди. Ундан бой ва ранг-баранг мерос қолди. Унинг асарлари мамлакатнинг йирик музейлари — Третьяков галереяси, Шарк маданияти Давлат музейи, Олма-ота, Самарқанд, Нукус ва бошқа шаҳарлардаги расмлар галереяси ҳамда музейларидан муносиб ўрин эгаллаган.

ЎРОЛ ТАНСИҚБОЕВ АСАРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

Image

02

05

03

088

ЎРОЛ ТАНСИҚБОЕВ АСАРЛАРИНИ  ТОМОША ҚИЛИНГ
077

O‘rol og‘a o‘zini tabiat qo‘ynida xuddi o‘z uyidagidek his qilar, ayniqsa, tog‘larning ashaddiy oshig‘i edi. Son-sanoqsiz tog‘lar tasviri fikrimizni tasdiqlab turibdi. Hatto, asarlar nomi ham tog‘ bilan bog‘langan. E’tibor qiling: “Tog‘da kuz”, “Tog‘ yon bag‘irlari”, “Tog‘ qishlog‘i. Oqshom”, “Tog‘da bahor”, “Chimyon yo‘li”, “Pomirdagi baland Qorako‘l ko‘li”, “Tog‘da kolxozida”, “Oloy vodiysi”. Rassom tog‘ning faqat ranglarinigina ilg‘abgina qolmay, u yerdagi giyohlarning ham nomlarini yaxshi bilgan.

Nodir Normatov
O’ROL OG’A SABOQLARI
08

034  O’rol og’ani birinchi marta ko’rganimda, uni sira ham “Issiqko’l oqshomi”dek yoqimli kartina muallifi sifatida qabul qila olmaganman. O’shanda u 1969 yilda Toshkentning qoq markazidagi “Bilimlar uyi” binosida ochilgan Ro’zi Choriev ko’rgazmasiga tashrif buyurgan edi. Ko’rinishidan badqovoq, biroz haybatli, jussasi kattta, vazmin bu odam menga mashhur tanburchi Turg’un Alimatovni esga solar edi. Men -o’n to’qqiz yoshli yigitcha o’sha kezlarda rassomlarning qiyofalaridan Mikelanjelo yaratgan xushbichim,sarvqomat, va yana allaqanday xislatu tarovatni izlar edim.Ijodkor ruhiyatidagi sirli bunday tarovat har vaqt ham qiyofada zohir bo’lavermasligi men uchun jumboq edi, Talabalik yillarimda, frantsuz yozuvchisi Rober Andrening “Bola qalbi – ko’zgu” asaridagi boladek jasur qahramonlarni, mag’rur va shiddatli kishilarni yoqtirar edim. Yillar o’tishi bilan, O’rol og’aning bir zumlik ko’zlaridagi sinchkov ifoda xayolimda qayta jonlanar ekan, bu rassom ruhiyati men uchun sirli, ammo dilimga ekanligini asarlari orqali anglay boshladim.

O’rol Tansiqboev o’tgan asrning elliginchi yillaridayoq manzara chizish bobida “o’zbek levitani” degan nomga sazovor bo’lgan edi. U kezlarda Levitan nomiga, rus sayyor rassomlari nomlariga qiyoslash rasm edi. Levitan chindanda rus tabiatining mohir kuychisi sifatida dovruq solgan rassomlardan.

O’rol og’a chizgan manzaralar nega muncha mashhur bo’ldi? San’atga bevosita aloqasi bo’lmagan bir tanishimning bir hikoyasi esimga tushadi. U bir kuni olis viloyatda xizmat safarida bo’libdi. Kun issiq, saraton, nafas olib bo’lmaydi. Tush payti. U tuman markazidagi ko’rimsizgina bir restoranga kiribdi. Bu yer tashqaridan ham battar issiq ekan. Tanishim kursiga holsizlanib o’tirarkan, bir mahal devorda ilig’liq O’rol og’aning “Issiqko’l oqshomi” asari fotoreproduktsiyasini ko’rib qolibdi. “Uni ko’rib shunday rohat qildim-ki, hatto terlashdan ham to’xtadim, – deydi u. – Zo’r asar kishi kayfiyatiga ta’sir qiladi. Men o’sha asarda ko’l oqshomini, suvning ajoyib yaltirashini, tabiatning yoqimli ranglarini ko’rib, yengil tortdim”.

Bilmadim, ehtimol tanishimning bu gaplarida mubolag’a bordir, lekin u bir narsani to’g’ri ta’kidladi – haqiqiy manzara asari kishida hayotga muhabbat uyg’otadi. O’rol Tansiqboev chizgan manzaralar ta’sirchanligi ham, qudrati ham ana shunda.

Lekin bunday ta’sirchan manzaralar mashaqqatsiz yaratilmaydi, uning har biri o’ziga xos tarixga egaligi san’at tarixidan ma’lum.

Ayniqsa, rassom qadami yetgan joylar ijodkorga qadrdon bo’lib qolganda, bu asarning ta’sirchanligini yanada oshiradi. Asar ohangidagi bunday oshno tuyg’uni didi o’tkir tomoshabin tez ilg’aydi.

Ba’zan shunday bo’ladi: bir kartina oldida beixtiyor to’xtab kolasan-u, unda aks etilgan manzara sen qachonlardir ko’rgan qadrdon narsalarni xotirangda jonlantirib yuboradi. Ushbu paytda sen yoningda turgan hamrohingga bu asar haqida uzoq so’zlaging keladi, lekin rassomning asarini so’zlab berish naqadar mushkulligini ko’rgazma zalidan chiqqaningdan so’ng his etasan.

O’rol og’a dunyoni ko’p kezgan emas, bor-yo’g’i Gurjistonu Tojikistonga borgan, xolos. U O’zbekiston hududidan nari ketgisi kelmas, Moskva safarlariga, anjumanlaru majlislarga ham xizmat yuzasidan borib kelardi, Uning o’zbek zaminiga bunchalik oshiqligi nimada deb o’ylab qolasan.Buni rassomning ayrim xotiralaridan izlash o’rinli.

O’rol og’a hamkasabasi Nikolay Qoraxon bilan bo’lgan bir suhbatda “Toqqa yo’l” kartinasining qanday yaratilganligini so’zlab bergan edi.

— O’shanda kech kuz, kunlar sovuq, izg’irin yelib turardi, — deb hikoya qilgandi rassom. – Xo’jakentdan u yog’iga ha deganda mashina bo’lmadi. Ancha turganimdan keyin polutorka mashina kelib qoldi. Aksiga olib, kabinada joy yo’q ekan. Na chora, kuzovga chiqib oldim. Izg’irin tobora kuchayadi. O’n besh chaqirimcha yurgach, chidab bo’lmadi. Mashinadan tushib qoldim. Yaqinroqdagi xonadondan bir keksa kishi nabirasini ko’tarib chiqib qoldi. Sovuqdan dag’-dag’ titrashimni ko’rib, darrov uyiga boshladi, tezda pista ko’mirni lag’cha cho’g’ qilib tanchaga bosdi. Tanchaning chetiga meni o’rab qo’ydi. Shunday bir rohat qildim-ki, rosa terlab o’zimga keldim. Ovqatlanib, otaxon bilan suhbatlashib o’tirdik. Juda odamshavanda ekan, tunab qolishimni iltimos qildi. Shunda men xalqimizning mehri daryo, qalbi osmon, mehmondo’st farzandlari ko’pligidan juda-juda faxrlandim. Ertalab yo’lga tushdim, uch-to’rt chaqirim yurganimdan keyin bir oz dam olib, atrof-manzaralarni kuzatgim keldi. Shunda toqqa olib boradigan yo’l diqqatimni tortdi. Nabroskalar qildim. Ustaxonamga keliboq “Toqqa yo’l” kartinamni boshlab, uch seansdayoq tamomladim. Yurganga, o’z ko’zing bilan ko’rganga nima yetsin! Mashaqqatini chekmasang rohatini ham ko’rmaysan.” Uning bunday sayyohatlari juda ko’p bo’lar edi.

O’rol og’a bugungi ayrim rassomlar kabi xayolot bilan chizmas edi, u o’zini, qalbini, ruhini shu zamindan, uning odamlariyu tabiatidan izlar edi. Rassomning hayot yo’liga nazar tashlangiz bu izlanishlar naqadar, ko’p, xo’b bo’lgangiliga iqror bo’lasiz.

O’rol og’a bolaligida tamaki sanoatida ishchi, vino zavodida vino tayyorlovchi vazifalarida ishlagan. Tojikiston va Gruziyada bo’lib, vino qog’ozlariga suratlar ishlagan. Bu asarlardan vino zavodida ko’rgazma qilgan. Ana shundan so’ng, 1920 yillarda “Turkestanskaya pravda” gazetasida uning favqulodda iste’dodi haqida yozishdi. O’rol endi bu sohada o’qishga qaror qildi.

U 1925-1928 yillarda Toshkent Davlat San’at muzeyi qoshida tashkil etilgan studiyada, I.YE.Repinning shogirdi, taniqli rassom Nikolay Rozanov qo’lida tahsil ko’radi.

Yosh rassom 1929 yilda Penza rassomlik maktabida ham tahsil oladi. Uning ijodiy uslubi shakllanishida rassom Goryushkin-Sorokudovning hissasi katta.

O’rol og’aning o’ttizinchi yillardagi ijodi izlanishlarga ko’p ibratli. U eng avvalo, amaliy san’atimizga, xalqimizga yaqin bo’lgan shartli uslub-dekorativ san’atni o’rgandi. Ma’lumki, dekorativ san’atda rang birinchi o’ringa chiqarilishi natijasida real tasvirlar imkoniyati birmuncha cheklanadi. Rassomning ilk ijodida ham bu holat ko’zga tashlanadi. Shu bois bu yillarda yaratilgan “Ko’chmanchilikda”, “O’zbek” portreti”, “Qadrdon ovulda”, “Qozoq ayollari”, “Sirdaryo oqshomi”, “Orol dengizi” singari asarlari qizg’in bahslarga sabab bo’ldi. Nukus Davlat San’at muzeyida saqlanayotgan bu asarlar rassomni umrining oxirida yana o’ziga jalb etdi, ularda hali o’zi anglab yetmagan ilohiy mu’jizalar ma’nosi, ranglar siri yashirin ekanligini his qilgan edi.

Rassom Ikkinchi jaahon urushi yillarida o’zbek xalq delegatsiyasi tarkibida frontga bordi. Bu odamkushlikni, unga qarshilik ko’rsatganlar hayotini hikoya qiluvchi “Urush yo’llarida” turkumiga kiruvchi “Partizan qiz”, “Ozod qilingan yerda”, “Vatan mehmonlari” asarlarida rassomning Nafrat va Muhabbat, bunyodkorlik va buzg’unchilik, vayrongarchilik timsollari aks etgan.

Atoqli rassomning urushdan keyingi ijodi tom ma’noda yanada gullab-yashnadi. Mayin oqshom va suvning sokin mavjlaridagi shu’lalar, quyoshning tabiat bag’ridagi gulgun nurlanishi,tiniq havo tarovati, go’zalligi mujassam bo’lgan “Issiqko’l oqshomi” asarini ko’rgan tomoshabin uni tez-tez eslab turadi.. “G’o’zani sug’orish” kartinasi rassomning dala suvchilarining tungi mehnatiga nafaqat zo’r muhabbat va hurmat ifodasi, balki, tabiatning mavjlangan yashirin ranglariga hayratli bir nigoh solish hamdir.Ayni paytda manzara nihoyatda hayotiy va ishonarli ettirilgan, ammmo rassom uchun faqat shu kifoya emas, uning maftunkor xislatlarini ilg’ay olish muhimdir.. “Jonajon o’lka”, “O’zbekistonda bahor” asarlarida realizm to’la ustivor, ammo rassom ularda O’zbekiston dalalarining kengliklari, go’zalliklarini, cheksiz tovlanishlarini goh epik, goh lirik va jo’shqinlik hukmron tasvirlarda beradi.Xuddi shu asnoda xalqimizning bag’ri kengligi, ruhiy iqlimlari “Kolxozda tushlik ovqat”, “Tog’dagi kolxoz”, “O’rim-yig’im” kabi asarlarida namoyon bo’ldi. Ayniqsa, uning “Qayroqqum tongi” asari 1957 yili Moskvada ochilgan 12 ta MDH davlatlari badiiy ko’rgazmasida namoyish qilinib shuhrat qozongan edi. Bu asarni taniqli rus rassomi Arkadiy Plastov shunday ta’riflagan: ko’z o’ngimizda gullab-yashnayotgan o’zbek diyorining epik manzarasi gavdalanadi, cheksiz sohillar, son-sanoqsiz chiroqlarning charog’on nuriga g’arq bo’lgan, dillarga zavq beruvchi musaffo havo. Suratda hamma narsa sodda qilib berilgan. Fazo juda nafis, aniq va haqqoniy yaratilgan, koloriti nihoyatda jozibador ishlangan…”. Kartinaga sinchiklab nazar solsangiz, rassom to’g’on ko’rinishiga alohida urg’u bermaydi, balki uni qurshab olgan tabiat manzaralari bilan uyg’unlikda aks ettiradi. “Qayroqqum tongi” asari tabiatning rang-barang jilvalarini, qudratini bir nuqtada yig’ib uzatgan, tomoshabin his-tuyg’ularini junbushga keltiradigan sifoniyadir. Samarqandlik rassom Rashid Timurov O’rol og’a bu asar uchun etyud chizishga chiqqanida hamroh bo’lgan edi. u O’rol og’aning keng jussali, vazmin kishi bo’lishiga qaramay, tepaliklar uzra kapalakday yelib-yugurishiga hayron qolgan edi.

O’rol og’a o’zini tabiat qo’ynida xuddi o’z uyidagidek his qilar, ayniqsa, tog’larning ashaddiy oshig’i edi. Son-sanoqsiz tog’lar tasviri fikrimizni tasdiqlab turibdi. Hatto, asarlar nomi ham tog’ bilan bog’langan. E’tibor qiling: “Tog’da kuz”, “Tog’ yon bag’irlari”, “Tog’ qishlog’i. Oqshom”, “Tog’da bahor”, “Chimyon yo’li”, “Pomirdagi baland Qorako’l ko’li”, “Tog’da kolxozida”, “Oloy vodiysi”. Rassom tog’ning faqat ranglarinigina ilg’abgina qolmay, u yerdagi giyohlarning ham nomlarini yaxshi bilgan. “Kishi tog’u-toshda yolg’iz yurib, ba’zan shikastlanib qolishi mumkin. Ana shunday paytda o’t-o’lanlardan foydalanishni bilmasang bundan yomoni yo’q,” — degan edi u hamkasblariga. Uning o’zi ham ko’p martalab o’t-o’lanlardan dori-darmon sifatida foydalangan.

O’rol og’a umrining oxirlarida, 1974 yilning 15 aprelida o’ttizinchi yillarda yaratgan asarlarini ko’rgani Nukusga Qoraqalpog’iston Davlat San’at muzeyiga boradi. Toshkentda ochiladigan shaxsiy ko’rgazmasi uchun Nukusdagi asarlaridan saralab olish niyatida edi. U 18 aprelda Nukusda vafot etdi. O’shanda u 70 yoshda edi. Men hanuz bir narsanit o’ylayman. Rassom nima uchun shaxsiy ko’rgazmasiga “Qayroqqum GES i tongi” dek xalqaro ko’rgazmalarda kumush medalga sazovor bo’lgan, endilikda Sharq xalqlari san’ati Davlat muzeyini bezab turgan asarini yoki “Sirdaryo” kabi Moskvadagi Tret`yakov Davlat galereyasining mulki bo’lgan ulug’vor manzarani emas, balki ilk ijodiga mansub bo’lgan ishlarni tanlagisi keldi ekan!?

O’rol og’aning Nukus muzeyida saqlanayotgan bu asarlarini men Nukusda ham, Toshkentda ko’chma ko’rgazma qilinganda ham miriqib tomosha qildim. “O’tov oldidagi ayollar”, “Pichoq charxlovchi”, “Qirmizi kuz”, “O’zbek portreti”, “Xo’jakent”, “Birchmulla vodiysi”, “O’zbek. Samarqand”, “Xilvatda” asarlari garchi 30-yillarda yaratilgan bo’lsa-da, yurakka yaqin, olovlangan ranglari o’ziga tortadi. O’rol og’a 1927 yildan 1934 yilgacha ana shunday dekorativ uslubda ijod qilgan edi. Bu yillarda O’rol og’a detallarni umumlashtirib, O’rta Osiyoning ramziy manzaralarini ishlashga intilgan edi. U bu uslubda so’zana va gilam san’atining ijodiy tamoyillariga asoslanib, ranglarni yaxlit-yaxlit tanlagan. Aslida bu uslubbozlikka intilish emas edi. Davr esa, hali nimadandir voz kechish, nimanidir elakdan o’tkazish, nimanidir natijasini kutishni o’ylab ko’rishga ulgurmagan edi. Rassom Valeriy Volkovning yozishicha, ba’zi yevropalashgan turkistonliklar o’zbek xalqining amaliy san’atiga asoslanib ijod qilayotgan Aleksandr Volkov, Usta Mo’min, Oganes Tatevosyan hamda O’rol Tansiqboevning bu izlanishlariga qarshi chiqqan edi. To’g’ri, ularning bu izlanishlarida uslubbozlik ham yo’q emas edi. Lekin, ularning bu intilishlari shu zamin tabiatiga, hayotga yaqin edi. Natijada, ular bu uslubdan voz kechib, yevropa maktabiga xos uslubda ijod qila boshlashdi. O’rol og’a umrining oxirlarida yana ayrim detallarni aniq ishlashdan voz kechib, tabiat ko’rinishining eng asosiy ranglarini yaxlit-yaxlit ishlashga intildi. Bunday uslubda ishlangan “Anzob dovonida”, “Tog’ bahori”, “Chimyonga yo’l”, “Oqshomda” asarlarini tilga olish mumkin.

Men O’rol og’aning o’ttizinchit yillarda yaratilgan 40 qa yaqin rangtasvir, 300 ga yaqin grafika asarlari Nukus muzeyida saqlanayotgani, ularning bu muzeyga qay yo’sinda kelib qolganligi bilan qiziqqan edim. Bu haqda menga 1975 yili muzey asoschisi va direktori rassom Igor` Vital`evich Savitskiy gapirib bergan edi. Nukusda muzey endi tashkil etilayotgan paytlar ekan. I.V.Savitskiy Toshkentdagi rassomlar huzuriga kelib yordam so’raydi. Shunda O’rol Tansiqboev Nukus muzeyiga 150 ta asarini sovg’a qiladi. Rassomning bunday saxiyligidan I.V.Savitskiy yosh boladay yig’lab yuboradi.

Men buyuk rassom O’rol Tansiqboev ijodi haqida o’ylaganimda, uning mana bu so’zlari yodimga tushadi: “Milliy san’at bir kunda yaratilmaydi. U uzoq yillar davomida ko’plab musavvirlarning uzluksiz sa’iy harakatlari mahsulidir. Uni unutmoq yoki bekorga chiqarmoq mumkin emas; uning an’analariga o’z taqdirini bog’lamasdan manzur bo’larli hech narsa yaratib bo’lmaydi”. O’rol og’aning bu so’zlarida tajriba, adashishlar, izlanishlar, ijod mashaqqatlari o’z ifodasini topgan. Uning hayot faoliyati, ijodiy yo’li yoshlarimiz uchun ibrat maktabi. Qachonlardir ishini vinochilikdan, ijodini esa vino tayyorlashda ishlatiladigan oq suzma qog’oziga chizishdan boshlagan O’rol Tansiqboev O’rta Osiyoning mohir manzarachi rassomi sifatida mashhur bo’ldi. Xalqimizga boy meros qoldirib ketdi. Bu meros muzeylarimizda, jumladan O’zbekiston Davlat San’at muzeyi va rassom nomidagi uy-muzeyida ko’z qorachig’idek avaylab saqlanmoqda. Bu asarlar O’rta Osiyo manzaralari haqida go’zal qo’shiqlardir. Men uning “Qo’shiq” deb nomlangan asarini bir shofyorning kabinasida ko’rib hayron qolgan edim. Unda shunday manzara aks etgan: Bahor. Gullarga bezangan qir. Yashil maysalar hamda chechaklarga burkangan tepaliklar. Uzoqlarda tog’ yon bag’irlari. Ufq jozibali. Osmon zangori. Dasht qo’ynida sho’x qizaloqlar qo’shiq boshlaganlar. Bu qo’shiq bahor haqida, gullar va ko’katlar haqida, quyosh va yomg’ir haqida. Qizlarning o’zi ham tabiatning ajib guldastasiga o’xshab ko’rinadi. Olam va ranglar yaxlitlashib, kishi qalbiga kuy bo’lib quyiladi. Bu kuy ruhiyat-qalbda yangi-yangi tuyg’ularning tug’ilishiga sabab bo’ladi. Tuyg’ular esa dilimizga mazmun beruvchi ruhiyat qushlaridir.

O’ROL TANSIQBOEV
05

01 O’zbekiston xalq rassomi, O’zbekiston Davlat mukofoti laureati O’rol Tansiqboev 1904 yil 14 yanvarda tug’ilgan. 1924—1928 yillarda Toshkent san’at muzeyi qoshidagi rassom N. Rozanov studiyasida, 1929 yilda Penza Badiiy pedagogika texnikumida rus realistik san’atining mohir ustalaridan biri I. Goryushkin Sorokopudov qo’lida ta’lim oldi. Ijodini portretlar yaratishdan boshlagan U. Tansiqboev asosan 30-yillarda rassom sifatida shakllandi, o’z asarlarini xalqqa yaqin va tushunarli bo’lishi uchun tinmay mehnat qildi.
Bu vaqtda «O’zbek portreti», «Oltin kuz», «Karvon», «Hosil» kabi portret, manzara asarlarini yaratdi. «Ozod bo’lgan sharq ayollari», «16-yil qo’zg’aloni» asarlari rassomning monumental rassomlik sari dadil qadam tashlaganini ko’rsatdi.1940 yili yaratilgan «Alisher Navoiy» portreti uning ijodida alohida o’rin tutadi. Ikkinchi Jahon urushi yillarida «Vahshiyning yo’li», «Ozod qilingan yerlarda», «Partizan ayol» asarlarini yaratish bilan birga jonajon o’lka manzaralarini gavdalantiruvchi «Qoplonbekda kuz», «Tungi sug’orish», 15 polotnodan iborat «Urush yillarida» kabi kartina turkumlarini ham yaratdi.Keyinchalik rassom ijodida manzara yetakchi o’rinni egalladi. «Peshin. Ovqat payti», «G’o’za sug’orish», «O’zbekistonda bahor» kartinalari shular jumlasidandir. Uning «Taxiyatosh» «Qayroqqum GESi tonggi», «Yangi yerda», «Tog’da kuz», «O’zbekistonda mart», «Kattaqo’rg’on suv ombori» «Bo’stonliqda bahor» «Tog’dagi yaylov» kabi asarlari ham tasviriy san’atning yangi yutug’i sifatida kutib olingan bo’lsa, «Chorvoq qurilishida», «Mirzacho’l kanali» va boshqa bir qator kartinalari uni mohir rassom, tabiat kuychisi sifatida elga tanitdi.
O’rol Tansiqboev asosan, liroepik rassom edi. Uning har bir asarida jonajon o’lkaga nisbatan cheksiz muhabbat bor. Ana shu muhabbat bilan O’zbekiston manzarasining ulug’vor tasvirini chizdi. U jamoat arbobi sifatida ham qator ishlarini amalga oshirdi. 1959-60 yillarda O’zbekiston Rassomlar uyushmasining raisi lavozimida ishlab, yosh ijodkor musavvirlarga yaqindan yordam berdi.Taniqli rassom O’rol Tansiqboev 1974 yilda Toshkent shahrida vafot etdi. Undan boy va rang-barang meros qoldi. Uning asarlari mamlakatning yirik muzeylari — Tret`yakov galereyasi, Shark madaniyati Davlat muzeyi, Olma-ota, Samarqand, Nukus va boshqa shaharlardagi rasmlar galereyasi hamda muzeylaridan munosib o’rin egallagan.

ЎРОЛ ТАНСИҚБОЕВ УЙ-МУЗЕЙИ ҲАҚИДА ВИДЕОЛАВҲА
077

11
12
055

077

(Tashriflar: umumiy 3 862, bugungi 1)

Izoh qoldiring