Norqobil Jalil. Matnazar Abdulhakim bilan suhbat.

054Шеър ҳам, шоирлик ҳам осмондаги булут томчиларидан эмас, балки Яратган томонидан одамзот кўнглига у дунёга келганидаёқ солинадиган дурри шаҳвор десам, янглишмайман. Сизни ҳайратга солган нарса бошқаларни ҳам ҳайратга солиши шарт. Ҳайратланмаган одам таъсирланмайди, таъсирланмаган эса тарбияланмайди. Мана шунинг ўзи шоирликнинг вазифасини белгилаб қўяди. Ишонинг, истеъдоду иқтидорни ҳам худо беради.

021
ҲАММА ЙЎЛЛАР РИМГА ЭМАС, КЎНГИЛГА ЭЛТАР!
Таниқли шоир Матназар Абдулҳаким билан суҳбат
Суҳбатдош: Норқобил Жалил
03

005Матназар Абдулҳаким 1948 йилда Урганч туманида таваллуд топган. Хоразм Маъмун академиясида хизмат қилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. ”Қор қўшиғи”,“Ёнимдаги дарёлар”,”Ойдинлик”,”Ялдони ёритган нур”, “Иккинчи муаллим сабоқлари”,”Жавзо ташрифи”, ”Кўприк” ва бошқа ўнлаб номлардаги бадиий ва илмий китоблари чоп этилган.
Оиласида икки ўғил, икки қизи, ўндан ортиқ набиралари бор.

— Матназар оға, умримиз яна бир янги довонга юзланяпти, шу аснода сиз билан дийдорлашиб, кўнглингиздан кечаётган туйғулар, орзу-умидлар ҳақида билмоқчи эдик. Тарих саҳифасига муҳрланаётган 2009 йил бир ижодкор, зиёли сифатида сиз учун қандай кечди?

— Сизу бизнинг қаламкашлигимиз, адабиётга озгина дахлдорлик жиҳатимизни бир четга қўяйлик-да, оддий бир инсон сифатида ўтаётган йилга баҳо берадиган бўлсам, худога шукрки, хайрли кечди. Мен бу эътирофни шахсан ўз оилам, жамоам учун айтмаяпман, балки, юртимиз, халқимиз ҳаётидаги қувончли воқеа, ўзгаришларни ҳам назарда тутаяпман. Тўрт фаслда ҳам осмонга термулиб кун санайдиган деҳқону фермерни айтайинми, истиқлол йилларига келибгина елкасига офтоб тегиб, меҳнати ортидан қадр топаётган оддий муаллим ёки тақдири шу элга нафи тегадиган ҳар қандай соҳа билан чамбарчас боғланган соҳа вакилларини олайликми, хуллас, бу йил билан деярли кўпчилик кўнгиллари тўлиб хайрлашаётир, десам муболаға бўлмас.

— Ўзингиз ишлаётган Маъмун академияси фаолияти хусусида сўзлаб берсангиз?

— Мустақиллигимиз шарофати, Президентимиз ташаббуси билан қайта тикланган бу академияда ўтган 12 йиллик давр мобайнидада илмий-амалий жиҳати билан ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлган ишлар амалга оширилди. IX – XII асрларда шу заминда яшаб ўтган улуғ алломаларнинг бизгача етиб келган мероси изчил ўрганилмоқда. Шунингдек, воҳамиздаги ҳали тўлиқ очилмаган қатор археологик манзиллар мажмуаси рўйхатга олиниб, тадқиқот ишлари бошлаб юборилди. Айни пайтда академиямиз олимлари 16 та грант асосида фаолият юритиб, шу асосда давлатчилик тарихи, қўлёзмаларни тадқиқ этиш, тарихий-меъморий ёдгорликларни ўрганиш, экология муаммолари, қишлоқ хўжалиги ва биология соҳаларини қамраб олган 6 та устивор йўналиш бўйича изланишлар олиб боришяпти. Бу кенг қамровли ишлар академиямиз раиси, биология фанлари доктори Рўзимбой Эшчонов бошчилигида амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлашни истардим.

— Ўзингиз-чи ёшулли, айни пайтда қандай илмий-ижодий ишлар билан бандсиз?

— Устоз Эркин Воҳидов ёзганларидек, “Бизлар ишлаяпмиз, бу меҳнат холос”-да. Аммо мақтанишмасу, лекин шахсан мен учун бу йил нашр йили бўлди, десам арзийди. “Жавзо ташрифи”, “Кўприк”, “Азизлар анжумани” китобларим чоп этилди. Огаҳий ҳазратларининг 200 йиллик тўйига бағишлаб бу улуғ шоир ҳамда унинг салаф ва ворислари ижодига мансуб форсий асарларини ўзбекчага ўгириб, тўплам ҳолида китоб қилдим. Яна бир ибратли томони, биласиз, мен кўп йиллардан бери Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ижодига қайта-қайта мурожаат қилиб келаяпман. Ана шу, яхшими-ёмонми, узоқ йиллик ўрганиш ва изланишларим маҳсули сифатида “Таржимон талқинлари” деб аталган мақолалар туркумини ҳам ёзиб тугатдим, бу ҳам китоб бўлди. Бўш вақт йўқ, энди “Мангулик жамоли”, “Бўстон вақти” деб номланган китоблар устида ишлаяпман. Қаранг, то бошдаги дўппимиз бир айлангунича 2009 йил ҳам шамолдай ўтиб кетибди. Демак, Умр аталмиш дарё ҳам тўхтаб тургани йўқ. Бул зотларнинг хазинаси шу қадар бой ва улканки, уларни баҳоли қудрат тушуниш, англаш ва ниҳоят, ўз она тилимизга ўгириш учун ҳали қанча фурсатлар керак бўлади.

— Неча ўн йилларки, классик шоирларимиз бўлмиш Алишер Навоий, Шайх Нажмиддин Кубро, Мирзо Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Шермуҳаммад Мунис, Мирзо Бедил, Комил Хоразмий, Рожий, Аҳмад Табибий, Муҳаммад Ризо Огаҳийларнинг мумтоз ижод намуналарини таҳлил ва талқин этиш билан бирга уларнинг кўнгил кечинмаларини ҳам бизнинг юрагимизга сингдиряпсиз. Хўш, энди бир сирни айтинг-чи, неча асрларки, бутун дунё маърифат аҳлини ҳайратга солиб келаётган ул зотлар излаган ва истаган ҳақиқатлар не экан?

— Эҳ дўстим-а, қанийди, қуёшдек бўлсангу, жимгина нур сочаверсанг. Бунинг учун олов ўзингдан бўлиши керак-да. Ойдек нурни қуёшдан олсанг…буям яхши. Лекин қуёш бўлмоқ осонми? Қуёш бу — меҳр, Ой бу — мурувват. Юқорида сиз муборак номларини санаган улуғларни қуёшга менгзасам, ҳеч шубҳасиз арзийди!
Одам қорнига эмас, қадрига йиғлайди, деган гап бор, халқимизда. Ўйланг, одамнинг қорни насибасига яраша топган ҳақи эвазига бир бурда нон билан ҳам тўяди. Лекин кўнгилни тўйдириш қийин-да. Бир қарашда бу ҳам оппа-осондай туюладию… садағанг кетай кўнгилни тўйдириш учун аввал уни…топиш керак-ку!

Ҳеч эсимдан чиқмайди, дўстларимдан бирининг фарзанди бетоб бўлиб қолганида уни шифохонага ётқизишди. Дўхтирлар қўлларидан келгунича елиб-югуриб, дардни шукрки, чекинтиришди. Лекин боланинг юзи очилмади, ғамгин, тунд, руҳи эзгин эди. Отаси бечора ҳам сиқилиб “Намунча қисинасан ўғлим, мана, тузалиб қолдинг-ку” деса, у “Отажон, дўхтирларга айтинг, менга бир оғиз бўлсаям яхши гап айтсин” деб илтимос қилибди… Шу маънода айтмоқчиманки, ўзбек адабиётининг, ўлмас шеъриятининг фахри, ғурури тимсолига айланган ана шу шоирларимиз излаган ҳақиқат битта яъни КЎНГИЛ ҲАҚИҚАТИ эди!

Ўқигансиз, қадимги италияликлар “Ҳамма йўллар Римга элтади” деган гапни айтган экан. Бекор гап бу! Нега дейсизми? Қани айтинг, дунёда одамларнинг кўнглини топиш асосий бурчи, вазифаси бўлмаган бирон бир касб борми? Йўқ, вассалом!

— Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл бор. Сиз кўрган “уя”нинг тафти бугун хотираларингиз боғларини қанчалик ёритади, қанчалик соғинтиради?

— Раҳматли отам жуда маърифатли, илмли инсон эдилар. Мен асли она тарафдан отамнинг устози, кейинчалик эса қайнотаси бўлган Муҳаммадкарим охунлар сулоласига мансубман. Бу сулола вакиллари ўттизинчи йилларда Украинага бадарға қилиниб, тарқалиб кетган, тирик қолганлари бизнинг қавми қариндошларимиз ҳисобланади. Эсимда, уйимизда отам ўз дўст-биродарлари билан бирга навоийхонлик, огаҳийхонлик, бедилхонлик кечаларини уюштирарди. Ана шу давраларда эшитганларим менинг кўнглимда адабиётга, шеъриятга меҳр-муҳаббат уйғотган. Яна бир нарса, отамнинг фалсафаси қизиқ эди, инсон фақат ёшлигида эмас, умр бўйи “толиби илм” ҳисобланади, дердилар. У киши кимни ана шундай номга муносиб кўрсалар, бу энг қимматли мақтов эди. Энди англаб етаяпман, уйимизга тез-тез меҳмон бўлиб келгувчи Янгибой ота(тахаллуси шоир Орзу), Абдулқодир ота(Маҳбубий)лар чин маънода илм “толиб”лари эканлар…

Онамни эса элас-элас эслайман. Мурвати буралса, ўзи сакрайдиган ўйинчоқ — эҳтимол, қурбақадир, совға қилганлари ёки мен номини эмас, таъмини биладиган ширинлик(балки новвотдир)ни қўлим етмайдиган баландликда тутиб туриб, талпинтирганларини зўрға хотирлайман. Лекин онам раҳматлининг ҳам меҳр-шафқат бобида ғоят ибратли фазилатларга эга бўлганлиги билан боғлиқ ёруғ воқеаларни у кишини яқиндан билган одамлардан эшитганман.

— Шулардан бирортасини эслайсизми?

— Айтишларича, мен туғилмасимдан олдин, онам шом пайти даладан қайтиб келаётса, кўприк остидан кучукваччалар овози эшитилибди. Бориб қараса, катта ариқ суви тошиб, ҳалиги жонзотлар ҳаётларига хавф туғилганини сезиб, бир бурчакка тиқилиб, жон сақлаб қолишга уринаётган экан. Онам бирданига улар ётган жойни очиб, кучукчаларни уйимизга олиб келибди. Эртаси куни хонадонимизга келган меҳмонлар уларни битта-битта олиб кетишибди.

Орадан уч-тўрт йил ўтгач, отам билан онам Қорамон деган қишлоқда яшовчи танишлариникига тўйга бораётса, узоқдан бир баҳайбат ит югуриб келаётганмиш. “Иккимиз ҳам қўрқиб кетдик. Бир пайт каттакон бўрибосар Тўхтажон(онамнинг исмлари)нинг оёқлари остига ўзини ташлаб, суйкалар, эркаланиб маҳсиларини яларди, — деб ҳикоя қилган эди отам. — Бироздан сўнг у қандай тезликда келган бўлса яна шундай ҳолатда ортига қараб чопиб кетди. Биз эса ҳайрон бўлиб яна йўлга тушдик. Ва ярим соатча йўл юриб, ошнамизникига кириб борсак, ҳалиги ит мезбоннинг ёнида турар, онанг ҳайрон бўлиб “Бу кучукни қаердан олувдингиз?” деб сўровди. У кулимсираб “Эслайсизми, опа, сиз кўприк тагидан қутқарган кучукваччалардан бири шу эди-да” деб жавоб берди…

Кўряпсизми, меҳрни фақат қуёшдан, мурувватни эса ойдан эмас, ҳатто…ҳар иккаласини ҳам оддийгина сиз билан биз тил-забонсиз деб ўйлайдиган жонивордан ҳам ўрганиш мумкин экан-ку! Мен бу билан нима демоқчиман, ҳар биримиз меҳр-мурувват тимсолига айлансаккина, Савоб аталмиш бебаҳо бойликка эга бўламиз. Аксинча…

— Адабиётга дахлдор бир савол: Шоирлик нима ўзи? Қисматми, саодатми ёки “99 фоиз меҳнат”ми?

— Шу ўринда яна отам раҳматлидан эшитган бир ривоят эсимга тушади. Эмишки, баҳри муҳитда сон-саноқсиз балиқлар оғизларини каппа-каппа очиб, абри найсонлар яъни баҳор булутларидан томчилар тушишини муштоқлик билан кутишаркан. Ана шу саноғи йўқ булут томчиларида ягона бир қутлуғ томчи бўлиб, у ойдами, йилдами бир мартагина қайси балиқнинг оғзига тушса, муборак дур яъни дури шаҳвор пайдо бўлар экан. Бу ҳам тушадими ё йўқми, ёлғиз худога аён. Саодатли тасодиф рўй бериб, дур пайдо бўлган тақдирда ҳам у моҳир заргарнинг қўлига тушса-ку минг карра яхши, тушмаса-чи? Меҳр билан ишлов берилса, ҳақиқий баҳосини олади, аксинча оддий бир тош ҳолида қолаверади.

Қиссадан ҳисса: ҳазрат Навоийни ўқийлик:

Эй Навоий, ҳеч гулшаннинг сенингдек хушнаво
Булбули йўқ эрканин шоҳи суҳандонимга айт.

Ёки Муҳаммад Фузулийни эсланг:

Манда Мажнундин фузун ошиқлик истеъдоди вор,
Ошиқи содиқ манам, Мажнуннинг онжоқ оди вор.

Демак, шеър ҳам, шоирлик ҳам осмондаги булут томчиларидан эмас, балки Яратган томонидан одамзот кўнглига у дунёга келганидаёқ солинадиган дурри шаҳвор десам, янглишмайман. Сизни ҳайратга солган нарса бошқаларни ҳам ҳайратга солиши шарт. Ҳайратланмаган одам таъсирланмайди, таъсирланмаган эса тарбияланмайди. Мана шунинг ўзи шоирликнинг вазифасини белгилаб қўяди. Ишонинг, истеъдоду иқтидорни ҳам худо беради.

— Матназар ака, биз йил бошида газетамиз саҳифалари орқали “Энг зукко оила”деб номланган фикр беллашувига мухлисларимизни чорлаган эдик. Унда машҳур алломаларнинг адабиёт ва ҳаёт билан боғлиқ ибратли ҳикматларини эълон қилиб, шу билан бирга ўзбек оилаларида китобхонлик даражаси қай аҳволда эканлигини аниқлашга уриндик. Бизни суюнтиргани, ҳозиргача бу саволларга хатлар келаяпти, муносабат билдириляпти. Албатта, бизнинг авлод-аждодларимиз азалдан маърифатга ошно бўлиб келган, энг яхши китобларни уйининг тўрига қўйиб мақтанишдан кўра, уларни аввал оилавий бўлиб биргаликда мутолаа қилишган. Ҳатто зиёли оила соҳиблари қизларини узатаётганларида сепига энг сара китобларни ҳам қўшиб қўйишган…

— “Китоб — офтоб” деган гап ҳам бор. Лекин ғалати офтоб. Нега? У фалакиёт қонуниятларига биноан эмас, балки ақл ва кўнгил истагига қараб балқийдиган офтоб. Тўғри, ҳар иккисининг ҳам вазифалари муштарак, ҳамоҳанг: Ёритади, иситади, заҳарли микробларни ўлдиради. Чарақлаб чиқса, оламу одам кўнглини гулистон, чиқмаса зимистон қилади. Балиқ сувсиз яшолмагани каби зиёли халқи, китобга чин дилдан ошно бўлган одам учун ҳам китоб ўқиш, мутолаа қилиш нафас олишдек гап.

Дарвоқе, халқимизнинг маърифатпарварлигига мисоллар жуда кўп. Эслайлик, жуда кўплаб хонадонларда Навоий, Бедилу Фузулий, Огаҳий ва бошқа яна ўнлаб даҳо ижодкорларнинг асарлари, “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонларининг қўлма-қўл ўқилавериб, сарғайиб кетган нусхаларини кўрганмиз. Бу анъана ҳозир ҳам давом этаяпти. Айтганча, сеп ҳақида гап очдингиз, тўғриси, инсонийлик, ватанпарварлик, мардликка ва эзгуликка чорловчи китобларни бизнинг ўзбеклар грузинлардан аввалроқ ҳам ўз фарзандларига совға-салом сифатида улашганлар.

— Гурунгимиз ниҳоясида “Оила ва жамият” газетаси ўқувчиларига қандай тилак ва ниятларингиз бор?

— Китоб ўқиш, китобхонлик даражаси, мутолаа маданияти барибир газета-журналларга ҳам келиб тақалади. Яхши китоб танлай оладиган одам ўқишли, маърифий нашрларни ҳам ажрата билади. Пешона тери билан топган пулини бўлар-бўлмас, охири-адоғи йўқ ёлғон-яшиқ сериаллар ва ўқувчиларимиз дидини чархлаш ўрнига уни ўтмаслаштиришга “холис хизмат” қилаётган, энг ачинарлиси, эркак хотинидан, ота эса боласидан яшириб, бекитиб ўқиётган турли-туман семиз-ориқ газеталарга сарфламайди. “Оила ва жамият” газетаси йўналиши ва руҳиятидан келиб чиқиб айтадиган ниятим, энг аввало, юртимизга кўз тегмасин, халқимизнинг фаровонлиги, тинч-тотувлиги абадий бўлсин! Ҳар бир уйдан, хонадондан катталарнинг эмас, чақалоқлар йиғиси эшитилсин! Кириб келаётган “Баркамол авлод йили” ҳаммамизга муборак бўлсин!
Ва яна шуни унутмангки, азизлар,одамларга яхшилик қилишдан қўрқманг, фақат бир шарт, қилаётган яхшилигингиз фақат манфаат етказибгина қолмасдан, балки уларни тарбияласин ҳам!Норқобил ЖАЛИЛ суҳбатлашди.

Манба: “Оила ва жамият” газетаси, 2009 йил, 51-сон.

021
Норқобил Жалил
МАТНАЗАР ОҒАНИНГ ЧИРОҒИ
“Кундалик дафтарим”даги ёзувлардан
05

Матназар Абдулҳакимнинг беназир шоирлиги, зукко таржимонлигига сўз йўқ, таъриф йўқ. У киши билан неча ўн йиллардан бери салом-алигимиз, борди-келдимиз узилгани йўқ. 1990 йиллардан буён, яъни Рўзимбой Ҳасан (хоразмлик таниқли журналист дўстим, “Ёш ленинчи”— “Туркистон”да бирга ишлаганмиз) билан танишганимда у Матназар оға Тошкентга келганида уйимизда меҳмон бўлган, ва шундан бери дилдош, суҳбатдош эдик. Шу йиллар орасида ҳам укиши билан кўришиб турдик.

2009 йилнинг октябрь ойи ўрталарида Хоразмга борганимда мезбонлардан Матназар оғани суриштирдим. Бирининг юзида илиқ табассум пайдо бўлган бўлса, бошқасининг афти сал бўжмайди ҳам. Яна кимдир “Сал мазаси йўқ деб эшитувдик, яна билмадик” деб қўйди. Лекин барибир, менинг кўнглимга қарашди ва уйларига қўнғироқ қилиб, “Ёшулли, Тошкентдан Норқобил укангиз сизни йўқлаяпти” дейишгач, катта йўл устида кутиб туришини айтди.

Биз йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетдик, у киши пойтахтдаги дўстларини, ижод аҳлини сўрай кетди. “Хуршид Даврон нелар билан банд, Мирзо Кенжабек-чи, менам анча бўлди боролмаяпман, насиб этса қишда Дўрмонга бораман” деди. Кўҳна Хивани кечгача айландик, дилдан суҳбат қурдик. Роса шеърлар ўқиб берди бизга. Кейин қайтаётганимизда “Норқобил, Хоразмда Рустам Назар деган улуғ бир камтарин болалар шоири бор, шу йигит олтмишга кирди, имкони бўлса, республика матбуотида бир-иккита шеърларини бериб юборинг, хурсанд бўларди. Мана, менинг сумкамда китобчалари бор, сизга бераман, танлаб оларсиз” деб қолди. Шундаям ўзини ўйламасдан, бошқа бир дўстининг ижодини тарғиб этишдан чарчамаган бундан олийҳиммат инсонга ҳар қанча таъзим қилсак арзишини йўл-йўлакай шерикларимга айтиб келдим.

Хуллас, шундан кейин Матназар оға билан яна уч-тўрт марта телефонда гаплашдик. Шу орада Рустам Назар шеърларини газетамизда эълон қилдик. Кейин ўзи билан “Оила ва жамият” ( “Миллий тикланиш” газетаси ҳам кўчириб босди) бир саҳифалик маърифий суҳбат босилиб чиқди.

Роса суюниб, раҳматлар айтди. Кейин, баҳорда эди шекили, аввал Рўзимбой Ҳасан, кейин эса халқимизнинг маърифатпарвар зиёлиларидан бири, Элликқалъа тумани ҳокими Неъматилло ака телефон қилиб, “Матназар аканинг мазаси қочиб қолди, яна инсульт бўлибди, аҳволи оғир, реанимацияда ётибди” деди.
Шу орада уйларига икки-уч бора қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳволини сўраб турдим. Ва яна газетамизда учта шеърини эълон қилдим. Бир куни ўзлари қўнғироқ қилиб, роса қувониб, миннатдорчилик билдирди. Шу орада Рўзимбой олдига кўргани борган экан, телефонда мен билан гаплаштирди. Негадир алоқа яхши бўлмади шекилли, кўп гаплаша олмадик. Кейин…

18 сентябрь шанба куни кечки тўққизларда Рўзимбой телефон қилиб, “Матназар аканиям бериб қўйдик, эртага соат тўртда таъзияси” деганида ғалати бўлиб кетдим. Эҳ, бу дунёнинг омонатлигини қаранг. Қандай донишманд ва фозил одам эди раҳматлик. Кейин бу нохуш хабарни эрталаб Мирзо Кенжабекка айтдим.
У киши ҳам анча хомуш тортиб қолди ва кейин тоби йўқлигини, бўлмаса Урганчга албатта бориб келиши лозимлигини, ўзбек адабиёти яна бир забардаст вакилидан айрилганини афсус билан таъкидлади. Сўнг у кишининг бой меросини йиғиб, ўрганиб юрган бирон одам бор-йўқлигини суриштирди ва кейинги йилларда Матназар Абдулҳаким даражасида кўп ва хўб, баракали ижод қилган ижодкор йўқлигини ҳам изоҳлаб ўтди.
Оллоҳ Матназар оғани раҳмат қилсин, илоё! У кишининг илму маърифат осмонида ёққан чироқлари ҳамиша ёниб, нур таратиб туришига иймоним комил.

2010 йил январь

0_1   Муаллиф ҳақида

049Норқобил Жалил 1961 йилда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида таваллуд топган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) нинг ўзбек филологияси факультетини тугатган.
“Соғинчнинг ранги”, “Қуёшга тик қараб бўлмас” китоблари чоп этилган. Ҳозирда “Оила ва жамият” газетаси бош муҳаррири. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Манба: Норқобил Жалилнинг facebookдаги саҳифаси

хдк

(Tashriflar: umumiy 54, bugungi 1)

Izoh qoldiring