Nosir Fozilov. Besh barmoq tugilsa musht bo’lur & Farrux Jabbor. O’lmaydigan odam & Nosir Fozilov. Saylanma. 1-jild.

Ashampoo_Snap_2018.01.31_20h40m22s_001_.png   Ўзбек адабиётининг азим чинорларидан бири, салкам бир асрлик тарихимиз гувоҳи, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемирлар нафасини бугунги авлодларгача етказган улуғ зот Носир Фозилов вафоти ва бу машъум воқеадан бир неча кун олдинги гурунгимизни ўйласам, тириклик моҳияти тўғрисидаги уч-қуйруқсиз саволлар ёғилиб келаверади.

ЎЛМАЙДИГАН ОДАМ
Фаррух ЖАББОРОВ
05

Ҳаёт ва ўлим, чегара қаерда? Жон нима? Руҳ-чи? Куни кеча сен билан фикрлашган одам бугун гапларинг­га қулоқ қоқмай жим ётади. Нима ўзгарди?.. Адоқсиз саволлар… Минг марта, миллион марта сўралгандир. Лекин бунга жавобан айтилган гаплар инсонни ҳеч қачон қониқтирмаган. Айниқса, кўз ўнгингдаги тирик жон қаро тупроқ мулкига айланганида… ҳар қандай фалсафий мулоҳазалар ҳам ўз аҳамиятини йўқотади.

95Ўзбек адабиётининг азим чинорларидан бири, салкам бир асрлик тарихимиз гувоҳи, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемирлар нафасини бугунги авлодларгача етказган улуғ зот Носир Фозилов вафоти ва бу машъум воқеадан бир неча кун олдинги гурунгимизни ўйласам, тириклик моҳияти тўғрисидаги уч-қуйруқсиз саволлар ёғилиб келаверади.

Ўладиган одам қанақа бўлади?! Наҳотки танамиздан “пуф” этиб учган бир нафас билан ҳаммамиз шунчаки лошга айлансак?! Бир қоп гўштга айлансак?! Ўладиган одам ­бугун бутун мамлакатни қамраган ҳаётбахш ислоҳотларнинг эртанги самараларидан тўлиб-тошиб гапириши мумкинми? Эҳтимол, беш-ўн йилда, балки чорак аср ё ундан ҳам нарида рўёбга чиқажак орзулар, мақсадлар хусусида тўлқинланиб сўзлаши-чи? Ўлимни бўйнига олган одам шулар ҳақида ўйлайдими? Ўлимни бўйнига олмаган одамни эса ўлдириб бўладими?! Унинг қаршисида ажал ҳам ожиз қолмайдими?! Оқсоқол ўз танасини кемираётган дарддан асло қайғурмас, қадим Туркистоннинг очиқ яраларига боғланган малҳамлардан қувонарди. Умри қардош халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида ўтган устоз адиб ва таниқли журналист Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Ҳуррият” газетасида айни шу мавзуда эълон қилинган суҳбати жамоатчилик орасида тилга тушганини эсладик. Устознинг бир парча қораламасигача авайлаб йиғиб юрадиган, ҳам котибаси, ҳам муҳаррири ­– умр йўлдоши Муборак ая шифохонадаёқ чўнтагидан флешка чиқариб қўлимизга тутқазди. Суҳбатнинг тўлиқ электрон нусхаси борлигини айтди.

Туркистоннинг чўнг ва чин ўғлонини янги йилнинг 14 январида тупроққа қўйиб келиб, ўша тарихий гурунгга яна бир бор кўз ташладим. Инсонни ўлдириш мумкин, аммо енгиб бўлмайди, дейилганда унинг моҳиятини ташкил этадиган ­– меҳр, муҳаббат, орзу, мақсад сингари туйғу ва тушунчалар завол билмаслиги назарда тутилган бўлса, ажаб эмас. Умрбоқий ғоялар билан яшаган зотнинг ўз умри ҳам боқийлигига ишонгинг келади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Давлат мукофоти, “Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун” халқаро мукофоти (Қозоғис­тон) совриндори Носир Фозилов матбуотда ҳозиргача эълон қилинган энг сўнг­ги суҳбатида асосан беш масалага эътибор қаратган, жўяли таклифларини билдирган.

Носир ФОЗИЛОВ:
БЕШ БАРМОҚ ТУГИЛСА МУШТ БЎЛУР
07

04“…Биз бир-бирларимизни қўллаб-қувватлаш у ёқда турсин, унутиб қўяёздик, – дейди Носир Фозилов минтақада охирги йиллари ҳукм сурган сиёсий муҳитни эслаб. – Алоқаларимиз (гарчи қўполроқ ўхшатиш бўлса-да) чириб битаётган занжир ҳолига келиб қолди. Энди бу занжирни янгилаш пайти келган эди. Бундан бу ёғига муносабатлар аввалгидай давом этишини, таъбир жоиз бўлса, Аллоҳ ҳам истамади. Ўзаро алоқаларнинг янги, умрбоқий даврини бошлаш Президентимиз  Шавкат Мирзиёев зиммасига тушди. Дунёдаги энг қадим халқлардан ҳисобланган туркийларни қайтадан бирлаштириш, уларнинг бир-бирларига нисбатан қалбларидаги ўчиш ҳолатига келган қўрларини қайта оловлантириш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Бир муҳим жиҳатга эътибор беринг, Президентимиз ўз кўнглида ардоқлаб келган бу мақсадини унча-мунча ерда эмас, нақд Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб бутун жаҳонга билдирди: “Ўзбекистон, – деди Шавкат Мирзиёев, – бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда. Бу – ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўлдир.

Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон шу минтақа барқарорлиги, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир”.

***

“Марказий Осиё давлатлари билан ўртадаги муносабатларимиз яқин йигирма йил орасида совуқ сукунатга чўмган эди. Шунча вақт ичида “бармоқ вазни”да қадам ташлаб келдик. Энди “аруз вазни”да, яйраб қадам ташлаш пайти келганга ўхшайди. Илгари нима бўлар эди? Президентлар бир-бирига борса ёки у жой-бу жойда учрашиб қолишса, бир ҳафта-ўн кун тилимиздан “Биз ака-укалармиз, еримиз бир, сувимиз бир”, деб жаврашдан бўшамас эдик. Бугун ўша амалда йўқ гапларни ҳақиқатга айлантирадиган шабадалар эсмоқда. Масалани кўндаланг қўйиб, сўздан амалга ўтайлик энди, деб жон куйдиряп­ти Президентимиз. Унинг кунни тунга улаб қилаётган ҳаракатларининг боиси нима? Мен ҳайрон қоламан бу одамга: ҳар қандай раҳбар ҳам ўшандай суръат билан ишласа, толиқиб қолиши табиий. Асаблар чарчайди. Бугун Қирғизистонда, эртага Қозоғистонда, бошқа куни эса Америкада бизнесменлар, мамлакат раҳбарлари билан мулоқот қилаётганига гувоҳ бўласиз. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз ўз куч-қуввати, соғлиғини аямай шу юрт учун ҳаракат қилмоқда. Мақсад ­– шунча йиллар йўқотилган вақтни янада яхши, савобли ишлар билан тўлдириш. Нега биз мана шундай пайтда у кишини қўлламаслигимиз керак? Билганларимизни, тажрибаларимизни айтмаслигимиз керак?

…Конфуций шундай деган: “Мақсад йўли ўхшаш бўлмаган кишилар билан маслаҳатлашиб, кенгашиб бўлмайди”. Бизнинг мақсадларимиз эса Президентнинг ўйлари билан уйқаш. Айтмоқчи бўлган таклифларимиз маъқул бўлса, ўз жойини топар, йўқ эса бошимизни олишмайди-ку.

Ўзбекдаги “Меҳр кўзда” деган мақол, қозоқда ҳам, қирғиз ва туркманда ҳам бор. Халқларни ҳукуматлараро борди-келдилар ҳам, адабиёт ва санъат, маданият ҳам бирлаштиради. Лекин яна бир восита борки, бу – халқ дипломатияси бўлиб, унинг қудрати боягилардан-да кучлироқ. Халқ дипломатияси дегани оддий одамлар, ёзувчи ва шоирлар, маданият арбоблари ва ҳатто давлат раҳбарларининг ҳам ўзаро шахсий алоқаларига қурилади. Айтайлик, тўйми ё бирор маърака ўтказяпсиз, ўша йиғинга келган одамларнинг олдида ёнингизда туғишганларингиз турса, кўкрагингиз қандай баландга кўтарилади. Биродарларнинг бир-бирларига эътибори жуда улуғ саналади. Бунга мисол шуки, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекис­тонга қилган ташрифи давомида Президентимиз у кишига “Эл-юрт ҳурмати” орденини тақиб қўяр экан, Нурсултон оға бу эътибордан қувониб, мен кўп мамлакатларнинг мукофотларига лойиқ кўрилганман, аммо ўзбек халқининг ҳурматига сазовор бўлиш мен учун ўта қадрли, деган гапни айтганида, тўғриси, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Биз ана шундай борди-келдиларни, бир-биримизга бўлган эътиборни кучайтиришимиз лозим. Тарихда бу каби алоқалар, айниқса,
Ойбек, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Иззат Султонлар билан қозоқ адиблари Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Ғабит Мусреповлар ўртасида бўлиб, қандай дўст-иноқлик мавжуд эди-я. Ғафур Ғулом вафот этганида Собит оқсоқол “Вой бовурим!” деб ўкириб йиғлаб, ўша пайтнинг ўзидаёқ Тошкентга учиб кетганини Қозоғистонда ҳалигача гапириб юришади”.

***

“Европадан улгу олайлик демайман. Лекин бир ўйлаб кўрса бўладиган ибрат. Марказий Осиёда бешта давлат бор. Бу яқин етмиш миллион аҳоли дегани. Борди-келдиларимизни осонлаштириш учун шу мамлакатларнинг барчасида қўлланадиган, шунингдек, чет элларда алмаштириш қобилиятига эга ягона пул бирлигини, масалан, “Осиё” деган пулни муомалага киритсак, нима бизни биров сўкадими? Қачонгача бошқаларнинг тергашларига чидаб, мурувватларидан кўз қиймай ўтамиз. Бешта республика бу – бешта бармоқ дегани. Худонинг ўзи мушт қилиб бирлаштириб қўйибди-ку. Ягона пул бирлигига эришсак, кўп муаммоларимиз ҳал бўлади”.

***

“Бир пайтлар Қозоғистон халқ ёзувчиси Абдулла оға Тожибоев шундай деган эди: “Қозоғистонда шарқий туманлар (йигирманчи йилларда – Н. Ф.) ўзича автономия аталиб, жанубдаги – ҳозирги Қизил Ўрда, Чимкент, Жамбил ҳамда Қирғизистон Ўрта Осиё респуб­ликалари қаторида қолди. Бундай талотўп замонларда адабиётларимизни дўстлаштириш, замонга хос борди-келдиларни йўлга қўйиш ҳақида ҳеч қанақа гап-сўз бўлгани йўқ. Бинобарин, бунга ўша пайтда фурсат ҳам бўлмаган. Шунинг учун биз ўзимизнинг қадимий одатимиз бўйича чиғатой тилида босилган адабиётларни ўқиб, мутолаа қилиб юраверганмиз. Тошкентда чоп этилган ўшандай асарларни ўзбек тилига ёхуд туркман, қирғиз тилларига ағдаришнинг ҳожати йўқ эди. Бир-бирларимизни таржимасизоқ тушунаверар эдик”.

Энди-чи? У алифбодан бу алифбога, унисидан бунисига ўтавериб, халқнинг тинкаси қуриди. Саводсизлик урчиди. Лотинда қоладиган бўлсак, унинг ҳарфларини ислоҳ қилиб, товушларимизни тўла ифода этадиган ҳарфларга тўхтам қилайлик. Йигирманчи, ўттизинчи йилларда ўрта турк адабий тилини яратиш устида иш олиб борилган эди. Бу мақсадлар ҳам… қатағонга учраб йўқ бўлди. Энди нима қиламиз? Энди Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, истаса Тожикистон ҳам бир юмалоқ стол атрофига ўтириб, имломизни тартибга солишни, уни туркий тил – ҳаммамиз гаплашадиган тил меъёрларига мослаштиришни ўйлашимиз керак. Акс ҳолда, келгуси авлодлар бир-бирларидан бугунгидан ҳам йироқлашиб кетади. Шундай қилиб, ягона пул ва ёзув масаласи ҳал этилса, қадимгидай бир халқ, бир миллат бўлишимизга шубҳа йўқ”.

***

“Айтмоқчи бўлганларимдан бири бу – тарих дарсликлари масаласидир.

Хабарингиз бор, шўролар пайтида ҳамма мактаб ва олий, ўрта-махсус ўқув юртларида СССР тарихи дарслиги мажбурий ўқитилган. Мана, чорак асрдан кўп бўлди, СССР йўқ, ўша тарих ҳам йўқ. Албатта, ҳозир ҳам ўқув юртларида чет мамлакатлар тарихи ўтилаётган бўлса, ажабмас. Ўзимизда яратилаётган баъзи тарихий китобларни ўқиб ҳайрон қоламан. Уларда муаллифлар тарихий воқеалар ҳақида сўзлар экан, бувиларининг, кўкаларининг, тоға, боболарининг хотираларини бизга тарих ўрнида тақдим этишмоқда. Бу ҳам керак. Аммо тарих – алоҳида фан. Ростдан ҳам бўлиб ўтган воқеаларга, аниқ манбаларга асосланади. Қачон, қаерда, қандай, ким ва нима деган аниқ саволларга жавоб бериши керак. Ҳозир кунимиз қўлбола солномаларга қолмоқда.

Бизнинг Ватанимиз қадимий Туркистон шон-шавкатли тарихга эга. Кейинги минг йилликларни қўйинг, ҳатто милоддан аввалги бу ерлар билан боғлиқ манбалар ҳам кўп. Шу фикрлардан келиб чиқиб, барча қўшни давлатлар ўқув юртларида “Туркистон ёки Турон тарихи” деган фан ўқитилса. Бу соҳада зарур дарсликлар яратилса, деган таклифим бор. Мазкур тарих, кимгадир ёқиш-ёқмаслигидан қатъи назар, мавжуд. Уни ўрганиш эса ер-суви, тоғи-боғи бир, аммо кейинги йигирма йилларда янги тарихлари бошқа-бошқа бўлган халқларимизни фақат бирлаштиради, деб ўйлайман”.

***

“…Қирғизистонда расмий маълумотларга кўра бир миллионга яқин, Қозоғистонда олти юз мингдан кўп, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон ва бошқа ўнлаб мамлакатларда ҳам ўзбеклар истиқомат қилади. Бундан тахминан ўн йил илгариги ҳисоб-китобларга кўра бутун дунёда қирқ миллиондан ортиқ ўзбек бор эди. Ҳозирда бу рақам янада ошгани табиий. Шунча одамнинг битта кўзи тарихий Ватанлари бўлган Ўзбекистонда туради. Биз шу муборак юртда яшар эканмиз, четда умргузаронлик қилаётган ўзимизнинг ўзбекларни унутмаслигимиз фарз. Улар биздан нон-туз талаб қилишмайди. Бу одамларни аввало юрт соғинчи, қолаверса, Ўзбекистонда чоп этилаётган газета-журналлар, бадиий китоб­лар, Ватанда кечаётган ўзгаришлар ҳақида ахборотлар кўпроқ қизиқтиради. Қисқаси, уларнинг шундай эҳтиёжларини қондиришга Ўзбекистон масъул деб биламан.

Тошкентнинг Шота Руставели кўчаси билан эски Заводская кўчаси кесишган жойда қардош халқларнинг китоб дўкони бўлар эди. Ҳозир эса йўқ. Шунга ўхшаган дўконлар барча қардош республикаларнинг ҳечқурса катта шаҳарларида бўлиши керак.

Кузда мамлакатимизда чет эл валюталарининг расмий конвертацияси очилди-ку. Газета-журналларимиз, нашриётларимизнинг вакиллари энди қардош республикаларга боришсин, одамлар билан суҳбат қилишсин. Ўз обуначиларини, харидорларини албатта топишади”.

***

“Қардош республикаларда ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар, ўқитувчилар йилдан-йилга камайиб бораётгани ҳақида ҳам тўхталайлик, демоқчисиз-да? Бу жуда оғриқли масала…

…Бир пайтлар Тошкентда Ўрта Осиё давлат университети бўлар эди. Республикалардаги кўплаб мутахассислар ўша даргоҳни битиришган. Жумладан, ўзим ҳам. Кейинги йигирма беш йилда Тошкент ва бош­қа шаҳарлардаги олий ўқув юртлари қўшни республикаларда яшайдиган қанча абитуриентга жой берди экан. Битта-иккита бўлса бордир. Совет даврида нафақат четдаги ўзбеклар, шу билан бирга, бошқа миллат вакилларининг кўплаб болалари ҳам Тошкентда ўқиб кетишган. Кўнгилни кенгроқ қилишимиз керак. Қардошларимизнинг болалари учун олий ўқув юртларида маълум имтиёзлар бериб, таҳсил олишлари учун шароит яратиш ўта муҳим.

Ёқубжон, келинг, энди ўзимизнинг дўконимизга ҳам бир кириб чиқайлик. Хусусан, ёзувчиларнинг ҳаёти, иш фаолияти ҳақида тўхталмоқчиман. Бугун қардош халқларнинг ёзувчилари билан алоқамиз қандай? Уларга мақтаниб кўрсатадиган асарларимиз борми? Ёки бўлмасам, кейинги пайтда қайси қирғиз, қозоқ ёзувчисининг асарини ўқидик? Замонавий қозоқ, қирғиз, тожик ёзувчи-шоирларидан кимларни биламиз? Бизнинг адабиётларимиз юқорига қараб ўсяптими ёки пастга қарабми? Кўпчилик укаларимга ана шулар ҳақида айтсам, жим бўлиб қолишади. Чунки биз ўз қобиғимизга ўзимиз ўралиб, бир-биримизни яхши билмайдиган аҳволга тушиб қолдик. Ҳамма нарса қиёслаганда кўринади. Ҳадеб Ғафур Ғулом билан Собит Муқоновнинг дўстлигини айтаверсак ҳам ярашмайди. Бугуннинг Ғафур Ғуломларию Собит Муқонлари, Мирзо Турсунзодаю Абдулла Қаҳҳорлари, Берди Кербобоеву Ойбеклари, Миртемиру Тугелбой Сиддиқбековлари зарур бўлиб турибди. Бунинг учун ўзаро борди-келдиларни, адабий алоқаларни, хусусан, таржимачиликни катта йўлга олиб чиқишимиз талаб этилади.

Президентимизнинг адабиёт ва санъат, маданият ходимлари билан учрашувида бу соҳадаги долзарб муаммоларга эътибор қаратилди. Жумладан, ўша йиғилишда баъзи ижодий уюшмаларда йиллар давомида сайлов ўтказилмагани танқид қилинди. Бундай аҳволни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ҳам кузатиш мумкин. Бу ташкилотда сўнгги сайлов 1986 йили ўтказилган. Шундан буёнги янги раисларнинг барчаси олиб келиб қўйилди. Бизнингча, бу ташкилот аллақачон ислоҳталаб бўлиб қолганга ўхшайди.

Ўша тарихий учрашувда ижодкорларнинг моддий-маънавий эҳтиёжларини таъминлаш учун тураржойлар, ижод уйлари қурилиши ҳақида гап бўлди. Неча йиллардан буён у жойдан бу жойга кўчиб, сарсону саргардон бўлиб юрган ёзувчиларнинг ўз биноси яқинда фойдаланишга топширилади.

Президентимиз йиғилиш аҳлига қараб шундай деди: “…биз ҳаммамиз бир-биримизни яхши биламиз, машҳур бир қўшиқда айтилганидек, “ўртада бегона йўқ”. Бу гапларни Ўрта Осиё халқларига ҳам татбиқ этса бўлади. Республикалар раҳбарлари бир стол атрофига ўтириб, бу халқларнинг ҳамкорликда, бирдамликда оға-ини бўлиб ҳаёт кечириш йўриқларини бамаслаҳат келишиб олишса, нур устига нур бўлар эди. Зеро, ўртада бегона йўқ”.

nosir-fozilov.jpgO‘zbek adabiyotining azim chinorlaridan biri, salkam bir asrlik tariximiz guvohi, Oybek, G‘afur G‘ulom, Abdulla Qahhor, Mirtemirlar nafasini bugungi avlodlargacha yetkazgan ulug‘ zot Nosir Fozilov vafoti va bu mash’um voqeadan bir necha kun oldingi gurungimizni o‘ylasam, tiriklik mohiyati to‘g‘risidagi uch-quyruqsiz savollar yog‘ilib kelaveradi.

O‘LMAYDIGAN ODAM
Farrux JABBOROV
05

Hayot va o‘lim, chegara qayerda? Jon nima? Ruh-chi? Kuni kecha sen bilan fikrlashgan odam bugun gaplaring­ga quloq qoqmay jim yotadi. Nima o‘zgardi?.. Adoqsiz savollar… Ming marta, million marta so‘ralgandir. Lekin bunga javoban aytilgan gaplar insonni hech qachon qoniqtirmagan. Ayniqsa, ko‘z o‘ngingdagi tirik jon qaro tuproq mulkiga aylanganida… har qanday falsafiy mulohazalar ham o‘z ahamiyatini yo‘qotadi.

0_166bb1_6a14f8c1_orig.pngO‘zbek adabiyotining azim chinorlaridan biri, salkam bir asrlik tariximiz guvohi, Oybek, G‘afur G‘ulom, Abdulla Qahhor, Mirtemirlar nafasini bugungi avlodlargacha yetkazgan ulug‘ zot Nosir Fozilov vafoti va bu mash’um voqeadan bir necha kun oldingi gurungimizni o‘ylasam, tiriklik mohiyati to‘g‘risidagi uch-quyruqsiz savollar yog‘ilib kelaveradi.

O‘ladigan odam qanaqa bo‘ladi?! Nahotki tanamizdan “puf” etib uchgan bir nafas bilan hammamiz shunchaki loshga aylansak?! Bir qop go‘shtga aylansak?! O‘ladigan odam ­bugun butun mamlakatni qamragan hayotbaxsh islohotlarning ertangi samaralaridan to‘lib-toshib gapirishi mumkinmi? Ehtimol, besh-o‘n yilda, balki chorak asr yo undan ham narida ro‘yobga chiqajak orzular, maqsadlar xususida to‘lqinlanib so‘zlashi-chi? O‘limni bo‘yniga olgan odam shular haqida o‘ylaydimi? O‘limni bo‘yniga olmagan odamni esa o‘ldirib bo‘ladimi?! Uning qarshisida ajal ham ojiz qolmaydimi?! Oqsoqol o‘z tanasini kemirayotgan darddan aslo qayg‘urmas, qadim Turkistonning ochiq yaralariga bog‘langan malhamlardan quvonardi. Umri qardosh xalqlar do‘stligini mustahkamlash yo‘lida o‘tgan ustoz adib va taniqli jurnalist Yoqubjon Xo‘jamberdiyevning “Hurriyat” gazetasida ayni shu mavzuda e’lon qilingan suhbati jamoatchilik orasida tilga tushganini esladik. Ustozning bir parcha qoralamasigacha avaylab yig‘ib yuradigan, ham kotibasi, ham muharriri ­– umr yo‘ldoshi Muborak aya shifoxonadayoq cho‘ntagidan fleshka chiqarib qo‘limizga tutqazdi. Suhbatning to‘liq elektron nusxasi borligini aytdi.

Turkistonning cho‘ng va chin o‘g‘lonini yangi yilning 14 yanvarida tuproqqa qo‘yib kelib, o‘sha tarixiy gurungga yana bir bor ko‘z tashladim. Insonni o‘ldirish mumkin, ammo yengib bo‘lmaydi, deyilganda uning mohiyatini tashkil etadigan ­– mehr, muhabbat, orzu, maqsad singari tuyg‘u va tushunchalar zavol bilmasligi nazarda tutilgan bo‘lsa, ajab emas. Umrboqiy g‘oyalar bilan yashagan zotning o‘z umri ham boqiyligiga ishonging keladi. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan san’at arbobi, “El-yurt hurmati” ordeni sohibi, Davlat mukofoti, “Tinchlik va ma’naviy hamjihatlik uchun” xalqaro mukofoti (Qozog‘is­ton) sovrindori Nosir Fozilov matbuotda hozirgacha e’lon qilingan eng so‘ng­gi suhbatida asosan besh masalaga e’tibor qaratgan, jo‘yali takliflarini bildirgan.

Nosir FOZILOV:
BЕSh BARMOQ TUGILSA MUSHT BO‘LUR
07

055“…Biz bir-birlarimizni qo‘llab-quvvatlash u yoqda tursin, unutib qo‘yayozdik, – deydi Nosir Fozilov mintaqada oxirgi yillari hukm surgan siyosiy muhitni eslab. – Aloqalarimiz (garchi qo‘polroq o‘xshatish bo‘lsa-da) chirib bitayotgan zanjir holiga kelib qoldi. Endi bu zanjirni yangilash payti kelgan edi. Bundan bu yog‘iga munosabatlar avvalgiday davom etishini, ta’bir joiz bo‘lsa, Alloh ham istamadi. O‘zaro aloqalarning yangi, umrboqiy davrini boshlash Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyev zimmasiga tushdi. Dunyodagi eng qadim xalqlardan hisoblangan turkiylarni qaytadan birlashtirish, ularning bir-birlariga nisbatan qalblaridagi o‘chish holatiga kelgan qo‘rlarini qayta olovlantirish har kimga ham nasib etavermaydi.

Bir muhim jihatga e’tibor bering, Prezidentimiz o‘z ko‘nglida ardoqlab kelgan bu maqsadini uncha-muncha yerda emas, naqd Birlashgan Millatlar Tashkilotining yuksak minbaridan turib butun jahonga bildirdi: “O‘zbekiston, – dedi Shavkat Mirziyoyev, – bugungi kunda o‘zining tashqi siyosatida Markaziy Osiyo mintaqasiga ustuvor ahamiyat qaratmoqda. Bu – har tomonlama chuqur o‘ylab tanlangan yo‘ldir.

Markaziy Osiyoning qoq markazida joylashgan O‘zbekiston shu mintaqa barqarorligi, izchil taraqqiyot va yaxshi qo‘shnichilik hududiga aylanishidan bevosita manfaatdordir”.

***

“Markaziy Osiyo davlatlari bilan o‘rtadagi munosabatlarimiz yaqin yigirma yil orasida sovuq sukunatga cho‘mgan edi. Shuncha vaqt ichida “barmoq vazni”da qadam tashlab keldik. Endi “aruz vazni”da, yayrab qadam tashlash payti kelganga o‘xshaydi. Ilgari nima bo‘lar edi? Prezidentlar bir-biriga borsa yoki u joy-bu joyda uchrashib qolishsa, bir hafta-o‘n kun tilimizdan “Biz aka-ukalarmiz, yerimiz bir, suvimiz bir”, deb javrashdan bo‘shamas edik. Bugun o‘sha amalda yo‘q gaplarni haqiqatga aylantiradigan shabadalar esmoqda. Masalani ko‘ndalang qo‘yib, so‘zdan amalga o‘taylik endi, deb jon kuydiryap­ti Prezidentimiz. Uning kunni tunga ulab qilayotgan harakatlarining boisi nima? Men hayron qolaman bu odamga: har qanday rahbar ham o‘shanday sur’at bilan ishlasa, toliqib qolishi tabiiy. Asablar charchaydi. Bugun Qirg‘izistonda, ertaga Qozog‘istonda, boshqa kuni esa Amerikada biznesmenlar, mamlakat rahbarlari bilan muloqot qilayotganiga guvoh bo‘lasiz. Bir so‘z bilan aytganda, Prezidentimiz o‘z kuch-quvvati, sog‘lig‘ini ayamay shu yurt uchun harakat qilmoqda. Maqsad – shuncha yillar yo‘qotilgan vaqtni yanada yaxshi, savobli ishlar bilan to‘ldirish. Nega biz mana shunday paytda u kishini qo‘llamasligimiz kerak? Bilganlarimizni, tajribalarimizni aytmasligimiz kerak?

…Konfutsiy shunday degan: “Maqsad yo‘li o‘xshash bo‘lmagan kishilar bilan maslahatlashib, kengashib bo‘lmaydi”. Bizning maqsadlarimiz esa Prezidentning o‘ylari bilan uyqash. Aytmoqchi bo‘lgan takliflarimiz ma’qul bo‘lsa, o‘z joyini topar, yo‘q esa boshimizni olishmaydi-ku.

O‘zbekdagi “Mehr ko‘zda” degan maqol, qozoqda ham, qirg‘iz va turkmanda ham bor. Xalqlarni hukumatlararo bordi-keldilar ham, adabiyot va san’at, madaniyat ham birlashtiradi. Lekin yana bir vosita borki, bu – xalq diplomatiyasi bo‘lib, uning qudrati boyagilardan-da kuchliroq. Xalq diplomatiyasi degani oddiy odamlar, yozuvchi va shoirlar, madaniyat arboblari va hatto davlat rahbarlarining ham o‘zaro shaxsiy aloqalariga quriladi. Aytaylik, to‘ymi yo biror ma’raka o‘tkazyapsiz, o‘sha yig‘inga kelgan odamlarning oldida yoningizda tug‘ishganlaringiz tursa, ko‘kragingiz qanday balandga ko‘tariladi. Birodarlarning bir-birlariga e’tibori juda ulug‘ sanaladi. Bunga misol shuki, Qozog‘iston Prezidenti Nursulton Nazarboyev O‘zbekis­tonga qilgan tashrifi davomida Prezidentimiz u kishiga “El-yurt hurmati” ordenini taqib qo‘yar ekan, Nursulton og‘a bu e’tibordan quvonib, men ko‘p mamlakatlarning mukofotlariga loyiq ko‘rilganman, ammo o‘zbek xalqining hurmatiga sazovor bo‘lish men uchun o‘ta qadrli, degan gapni aytganida, to‘g‘risi, ko‘zimdan yosh chiqib ketdi. Biz ana shunday bordi-keldilarni, bir-birimizga bo‘lgan e’tiborni kuchaytirishimiz lozim. Tarixda bu kabi aloqalar, ayniqsa, Oybek, G‘afur G‘ulom, Said Ahmad, Izzat Sultonlar bilan qozoq adiblari Muxtor Avezov, Sobit Muqonov, G‘abit Musrepovlar o‘rtasida bo‘lib, qanday do‘st-inoqlik mavjud edi-ya. G‘afur G‘ulom vafot etganida Sobit oqsoqol “Voy bovurim!” deb o‘kirib yig‘lab, o‘sha paytning o‘zidayoq Toshkentga uchib ketganini Qozog‘istonda haligacha gapirib yurishadi”.

***

“Yevropadan ulgu olaylik demayman. Lekin bir o‘ylab ko‘rsa bo‘ladigan ibrat. Markaziy Osiyoda beshta davlat bor. Bu yaqin yetmish million aholi degani. Bordi-keldilarimizni osonlashtirish uchun shu mamlakatlarning barchasida qo‘llanadigan, shuningdek, chet ellarda almashtirish qobiliyatiga ega yagona pul birligini, masalan, “Osiyo” degan pulni muomalaga kiritsak, nima bizni birov so‘kadimi? Qachongacha boshqalarning tergashlariga chidab, muruvvatlaridan ko‘z qiymay o‘tamiz. Beshta respublika bu – beshta barmoq degani. Xudoning o‘zi musht qilib birlashtirib qo‘yibdi-ku. Yagona pul birligiga erishsak, ko‘p muammolarimiz hal bo‘ladi”.

***

“Bir paytlar Qozog‘iston xalq yozuvchisi Abdulla og‘a Tojiboyev shunday degan edi: “Qozog‘istonda sharqiy tumanlar (yigirmanchi yillarda – N. F.) o‘zicha avtonomiya atalib, janubdagi – hozirgi Qizil O‘rda, Chimkent, Jambil hamda Qirg‘iziston O‘rta Osiyo respub­likalari qatorida qoldi. Bunday taloto‘p zamonlarda adabiyotlarimizni do‘stlashtirish, zamonga xos bordi-keldilarni yo‘lga qo‘yish haqida hech qanaqa gap-so‘z bo‘lgani yo‘q. Binobarin, bunga o‘sha paytda fursat ham bo‘lmagan. Shuning uchun biz o‘zimizning qadimiy odatimiz bo‘yicha chig‘atoy tilida bosilgan adabiyotlarni o‘qib, mutolaa qilib yuraverganmiz. Toshkentda chop etilgan o‘shanday asarlarni o‘zbek tiliga yoxud turkman, qirg‘iz tillariga ag‘darishning hojati yo‘q edi. Bir-birlarimizni tarjimasizoq tushunaverar edik”.

Endi-chi? U alifbodan bu alifboga, unisidan bunisiga o‘taverib, xalqning tinkasi quridi. Savodsizlik urchidi. Lotinda qoladigan bo‘lsak, uning harflarini isloh qilib, tovushlarimizni to‘la ifoda etadigan harflarga to‘xtam qilaylik. Yigirmanchi, o‘ttizinchi yillarda o‘rta turk adabiy tilini yaratish ustida ish olib borilgan edi. Bu maqsadlar ham… qatag‘onga uchrab yo‘q bo‘ldi. Endi nima qilamiz? Endi O‘zbekiston, Qozog‘iston, Qirg‘iziston, Turkmaniston, istasa Tojikiston ham bir yumaloq stol atrofiga o‘tirib, imlomizni tartibga solishni, uni turkiy til – hammamiz gaplashadigan til me’yorlariga moslashtirishni o‘ylashimiz kerak. Aks holda, kelgusi avlodlar bir-birlaridan bugungidan ham yiroqlashib ketadi. Shunday qilib, yagona pul va yozuv masalasi hal etilsa, qadimgiday bir xalq, bir millat bo‘lishimizga shubha yo‘q”.

***

“Aytmoqchi bo‘lganlarimdan biri bu – tarix darsliklari masalasidir.

Xabaringiz bor, sho‘rolar paytida hamma maktab va oliy, o‘rta-maxsus o‘quv yurtlarida SSSR tarixi darsligi majburiy o‘qitilgan. Mana, chorak asrdan ko‘p bo‘ldi, SSSR yo‘q, o‘sha tarix ham yo‘q. Albatta, hozir ham o‘quv yurtlarida chet mamlakatlar tarixi o‘tilayotgan bo‘lsa, ajabmas. O‘zimizda yaratilayotgan ba’zi tarixiy kitoblarni o‘qib hayron qolaman. Ularda mualliflar tarixiy voqealar haqida so‘zlar ekan, buvilarining, ko‘kalarining, tog‘a, bobolarining xotiralarini bizga tarix o‘rnida taqdim etishmoqda. Bu ham kerak. Ammo tarix – alohida fan. Rostdan ham bo‘lib o‘tgan voqealarga, aniq manbalarga asoslanadi. Qachon, qayerda, qanday, kim va nima degan aniq savollarga javob berishi kerak. Hozir kunimiz qo‘lbola solnomalarga qolmoqda.

Bizning Vatanimiz qadimiy Turkiston shon-shavkatli tarixga ega. Keyingi ming yilliklarni qo‘ying, hatto miloddan avvalgi bu yerlar bilan bog‘liq manbalar ham ko‘p. Shu fikrlardan kelib chiqib, barcha qo‘shni davlatlar o‘quv yurtlarida “Turkiston yoki Turon tarixi” degan fan o‘qitilsa. Bu sohada zarur darsliklar yaratilsa, degan taklifim bor. Mazkur tarix, kimgadir yoqish-yoqmasligidan qat’i nazar, mavjud. Uni o‘rganish esa yer-suvi, tog‘i-bog‘i bir, ammo keyingi yigirma yillarda yangi tarixlari boshqa-boshqa bo‘lgan xalqlarimizni faqat birlashtiradi, deb o‘ylayman”.

***

“…Qirg‘izistonda rasmiy ma’lumotlarga ko‘ra bir millionga yaqin, Qozog‘istonda olti yuz mingdan ko‘p, Turkmaniston, Tojikiston, Afg‘oniston va boshqa o‘nlab mamlakatlarda ham o‘zbeklar istiqomat qiladi. Bundan taxminan o‘n yil ilgarigi hisob-kitoblarga ko‘ra butun dunyoda qirq milliondan ortiq o‘zbek bor edi. Hozirda bu raqam yanada oshgani tabiiy. Shuncha odamning bitta ko‘zi tarixiy Vatanlari bo‘lgan O‘zbekistonda turadi. Biz shu muborak yurtda yashar ekanmiz, chetda umrguzaronlik qilayotgan o‘zimizning o‘zbeklarni unutmasligimiz farz. Ular bizdan non-tuz talab qilishmaydi. Bu odamlarni avvalo yurt sog‘inchi, qolaversa, O‘zbekistonda chop etilayotgan gazeta-jurnallar, badiiy kitob­lar, Vatanda kechayotgan o‘zgarishlar haqida axborotlar ko‘proq qiziqtiradi. Qisqasi, ularning shunday ehtiyojlarini qondirishga O‘zbekiston mas’ul deb bilaman.

Toshkentning Shota Rustaveli ko‘chasi bilan eski Zavodskaya ko‘chasi kesishgan joyda qardosh xalqlarning kitob do‘koni bo‘lar edi. Hozir esa yo‘q. Shunga o‘xshagan do‘konlar barcha qardosh respublikalarning hechqursa katta shaharlarida bo‘lishi kerak.

Kuzda mamlakatimizda chet el valyutalarining rasmiy konvertatsiyasi ochildi-ku. Gazeta-jurnallarimiz, nashriyotlarimizning vakillari endi qardosh respublikalarga borishsin, odamlar bilan suhbat qilishsin. O‘z obunachilarini, xaridorlarini albatta topishadi”.

***

“Qardosh respublikalarda o‘zbek tilida o‘qitiladigan maktablar, o‘qituvchilar yildan-yilga kamayib borayotgani haqida ham to‘xtalaylik, demoqchisiz-da? Bu juda og‘riqli masala…

…Bir paytlar Toshkentda O‘rta Osiyo davlat universiteti bo‘lar edi. Respublikalardagi ko‘plab mutaxassislar o‘sha dargohni bitirishgan. Jumladan, o‘zim ham. Keyingi yigirma besh yilda Toshkent va bosh­qa shaharlardagi oliy o‘quv yurtlari qo‘shni respublikalarda yashaydigan qancha abituriyentga joy berdi ekan. Bitta-ikkita bo‘lsa bordir. Sovet davrida nafaqat chetdagi o‘zbeklar, shu bilan birga, boshqa millat vakillarining ko‘plab bolalari ham Toshkentda o‘qib ketishgan. Ko‘ngilni kengroq qilishimiz kerak. Qardoshlarimizning bolalari uchun oliy o‘quv yurtlarida ma’lum imtiyozlar berib, tahsil olishlari uchun sharoit yaratish o‘ta muhim.

Yoqubjon, keling, endi o‘zimizning do‘konimizga ham bir kirib chiqaylik. Xususan, yozuvchilarning hayoti, ish faoliyati haqida to‘xtalmoqchiman. Bugun qardosh xalqlarning yozuvchilari bilan aloqamiz qanday? Ularga maqtanib ko‘rsatadigan asarlarimiz bormi? Yoki bo‘lmasam, keyingi paytda qaysi qirg‘iz, qozoq yozuvchisining asarini o‘qidik? Zamonaviy qozoq, qirg‘iz, tojik yozuvchi-shoirlaridan kimlarni bilamiz? Bizning adabiyotlarimiz yuqoriga qarab o‘syaptimi yoki pastga qarabmi? Ko‘pchilik ukalarimga ana shular haqida aytsam, jim bo‘lib qolishadi. Chunki biz o‘z qobig‘imizga o‘zimiz o‘ralib, bir-birimizni yaxshi bilmaydigan ahvolga tushib qoldik. Hamma narsa qiyoslaganda ko‘rinadi. Hadeb G‘afur G‘ulom bilan Sobit Muqonovning do‘stligini aytaversak ham yarashmaydi. Bugunning G‘afur G‘ulomlariyu Sobit Muqonlari, Mirzo Tursunzodayu Abdulla Qahhorlari, Berdi Kerboboyevu Oybeklari, Mirtemiru Tugelboy Siddiqbekovlari zarur bo‘lib turibdi. Buning uchun o‘zaro bordi-keldilarni, adabiy aloqalarni, xususan, tarjimachilikni katta yo‘lga olib chiqishimiz talab etiladi.

Prezidentimizning adabiyot va san’at, madaniyat xodimlari bilan uchrashuvida bu sohadagi dolzarb muammolarga e’tibor qaratildi. Jumladan, o‘sha yig‘ilishda ba’zi ijodiy uyushmalarda yillar davomida saylov o‘tkazilmagani tanqid qilindi. Bunday ahvolni O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ham kuzatish mumkin. Bu tashkilotda so‘nggi saylov 1986 yili o‘tkazilgan. Shundan buyongi yangi raislarning barchasi olib kelib qo‘yildi. Bizningcha, bu tashkilot allaqachon islohtalab bo‘lib qolganga o‘xshaydi.

O‘sha tarixiy uchrashuvda ijodkorlarning moddiy-ma’naviy ehtiyojlarini ta’minlash uchun turarjoylar, ijod uylari qurilishi haqida gap bo‘ldi. Necha yillardan buyon u joydan bu joyga ko‘chib, sarsonu sargardon bo‘lib yurgan yozuvchilarning o‘z binosi yaqinda foydalanishga topshiriladi.

Prezidentimiz yig‘ilish ahliga qarab shunday dedi: “…biz hammamiz bir-birimizni yaxshi bilamiz, mashhur bir qo‘shiqda aytilganidek, “o‘rtada begona yo‘q”. Bu gaplarni O‘rta Osiyo xalqlariga ham tatbiq etsa bo‘ladi. Respublikalar rahbarlari bir stol atrofiga o‘tirib, bu xalqlarning hamkorlikda, birdamlikda og‘a-ini bo‘lib hayot kechirish yo‘riqlarini bamaslahat kelishib olishsa, nur ustiga nur bo‘lar edi. Zero, o‘rtada begona yo‘q”.

07

(Tashriflar: umumiy 403, bugungi 1)

Izoh qoldiring