Nosirjon Jo’rayev. Noyabr kuyi. Qissa

077    Ёзишдан тўхтадим-у бошимни илкис кўтардим. Кўзимнинг олди қоронғилашиб, бир муддат хонани, ундаги буюмларни идрок қилолмай қолдим. Эҳтимол, яна қон босимим пасайиб кетгандир. Пича ўзимга келгач, қоғоз-қаламни йиғиштириб, даҳлизга ўтдим. Аёлимни чақирдим — қуюқроқ қора чой дамлаб берса яхши бўларди. Қўшни овлаганми, ҳадеганда овози келавермади.

Носиржон Жўраев
НОЯБРЬ КУЙИ
022

Олам ичра вужуд…
Вужуд ичра кўнгил…
Кўнгил ичра хотира…
Хотира ичра эса ҳеч нарса қолмади…

Уч кунда куз келди. Дунё қариди…
Иқбол МИРЗО

Ёзишдан тўхтадим-у бошимни илкис кўтардим. Кўзимнинг олди қоронғилашиб, бир муддат хонани, ундаги буюмларни идрок қилолмай қолдим. Эҳтимол, яна қон босимим пасайиб кетгандир. Пича ўзимга келгач, қоғоз-қаламни йиғиштириб, даҳлизга ўтдим. Аёлимни чақирдим — қуюқроқ қора чой дамлаб берса яхши бўларди. Қўшни овлаганми, ҳадеганда овози келавермади.

Ҳовлида гувраниб эсаётган кечки шамол деразаларга қопланган сувқоғозни шопиллатиб ойналарга уради, чоғроқ экинзордаги уюм-уюм хазонларни шопиради. Кўчага қулоқ солдим — на бирон бир қадам товуши, на бир шарпа эшитилади. Бундай рутубатда кўча кезиш кимга ёқади? Даҳлизга қайтиб кираётганимда, ичкари уйда қолган қўл телефонимнинг жиринглагани эшитилди.
— Алў, эшитаман, алў-ў.

У ёқдан ҳеч кимнинг овози келмади, аксинча, ёмғир ёғишиними, кўчага сув сепилишиними эслатувчи сас қулоғимга урилди. Тўртбурчак хонтахта ёнига чўкдим, телефонни елкам билан чап қулоғимга қисганча эшитиб ўтиравердим — нарёғда эса ҳануз шиғирлаган сас-садо. «Унга шу иши завқ берармикин?» дея ўйладим. Лекин миямга урилган бошқа бир ўйдан ўзим ҳам алланечук бўлиб кетдим — «Менга-чи, менгаям завқ берадими?!». Рости, унинг бу тахлит йўқлашларига йиллар давомида кўникиб бўлганман. Буни кундалик эҳтиёж, деса, кулгили бўлар-у, аммо мен унинг бундай қўнғироғини ҳар куни кутаман. Гарчи бир оғиз гапирмаса ҳам.

Газхонага ўтиб чой қўйдим, ширинтаъма бўлиб музлаткични очдим. Нонуштадан қолган беҳили мураббо бор эди, шуни чойга қўшиб ичсамми… Аммо ниятим ўзгарди, мураббони қайтариб жойига қўйиб, хонамга ўтдим, портфелимда бир бўлак шоколад қолганди, шуни еяқолай, дедим. Чой қайнашини кутиб, шоколаддан кичкина-кичкина синдириб оғзимга соларканман, ташқарига назар солдим. Ёмғир томчилаяпти, бояги рутубат бироз юмшаган, эгри-бугри дарахтлар, уларнинг остидаги моғор босган барг-хазонлар, чилп-чилп лой бўлиб қолган тупроқ йўлакчадан худди куй таралаётгандек — кузнинг эзгин куйи.

Унинг боягина қилган қўнғироғи ёдимга тушди, демак улар тарафда ёмғир ёға бошлаган экан-да. Менга ёмғирнинг овозини илинибди-да. Балки, бу сокин фаслнинг сеҳрли-сирли қўшиғини бирга тингламоқчи бўлгандир? Мен-чи, менинг хаёлимга келган бўлармиди бу фикр? Эҳтимол, бундай эслаш, яхши нарсаларни унга илиниш сира хаёлимга келмаслигини билгани учун ҳам вақтида йўқлагандир, қўнғироғимни кутиб, аммо уни шу тобда эсламаганим учун мендан хафа бўлиб қолмасликка уриниб қилгандир бу ишни? Хуллас, унинг ичи менга қоронҚу, сирлигича қолиб келаяпти.
Ўовлидаги тақир-туқирдан хаёлим йиҚиштирилди. Хотиним тарновлар тагига челак қўяётибди. Унинг ёмғирда қолган ул-бул нарсаларни йиғиб-саранжомлаб даҳлизга киришини кутдим. Бу орада чой қайнади.

— Қаерларда қолдинг?
— Шундоқ ўзим. Сизга халақит қилмай деб янги қўшниникига чиқувдим. Қайтгунимча ёмғир қуйиб юборди.

Аёлимнинг гапидан кейин ҳовлига яна бир қараб олдим. Энди ёмғир шитоблаган, ҳалидан бери қулоғимда айланаётган маҳзун оҳангдан асар ҳам қолмаганди. Ҳамма нарса ёмғирнинг шаштига кўниккандек мўмин-қобилгина бўлиб турибди.

«Чой ичасизми?» сўради хотиним. «Ҳа, дамлаб берақол». Мен унга бош ирғаётиб, кўзларини кўриб қолдим. Доимгидек ўйчан ва ҳадикка тўла, хижолат бўлиб кетдим. Мен бу аҳволга кўп бора тушганман, унинг нигоҳларида биргина савол бор — уни ҳам биламан, аммо ана шу саволга жавоб беришни ҳамиша орқага ташлаб келаяпман. Бу менинг «кузнинг куйи»дан-да оғирроқ, маъюсроқ куйим. Бу куй ҳар куни уйимда жаранглайди, уни қулоғим тугул юзим, кўзу қошларим билан ҳам тинглай оламан. Ва мана шу оҳанг сўнгги кунимгача қўлимдан тутиб етаклайдиган чорлов эканига имон келтирганман. Бу куйнинг ҳар бир пардасига, сокинлигию авжига мутлоқ тушунаман ва мен бир умрга шу куйга ҳукм қилинганман. Бу — ёлғизлик куйи, бу — кимсасизликнинг ғамгин мусиқаси.

* * *

«Болаларни боғчага ташлаб ўтасизми?». Хотиним кичкина қизимнинг нимчасини кийдираётиб, менга зимдан қараб қўйганини сездим. «Дадаси, шимингизнинг тахи бузилибдими, ўлсин, кеча эътибор қилмабман. Алмаштириб олақолинг».

У менинг бошқатдан ечиниб-кийинишга азалдан ҳафсалам йўқлигини билади, шундай бўлса-да, айтади-қўяди. Бошқаларда қандай — билмадим-у, аммо биз итғажиш бўлиб уришган кунларимиз ҳам салом-аликни, ишга жўнаш олдидан хайр-хўшни канда қилмаймиз. Эҳтимол, шунчаки ўрганишдир, балки ички бир адолатимиз йўл бермас, нима бўлганда ҳам, кечқурун ҳарқанча жанжаллашмайлик, эрталаб, ишга кетиш олдидан худди роботлардек дағал ва ҳиссиз овозда хайрлашамиз. «Яхши бориб келинг». «Ўзинг ҳам».

Лекин бугун ундай эмас, ҳартугур кайфиятимиз яхши. Эр-хотин суҳбатлашиб нонушта қилдик, болаларга иссиқ кийим-кечак олиш ҳақида гаплашдик. У менинг қалпоғим, ўзининг этиги бироз ўнгиганини эслатди. Мана энди иш олдидан… ўша гап: «Яхши бориб келинг». «Ўзинг ҳам».

Иккала қизимни машинанинг орқа ўриндиғига ўтирғизиб, камарларни танғидим. Йўлда ҳадеб савол беравермасликларини, фикрим чалғиши мумкинлигини одатдагидек тушунтирдим. Улар бу танбеҳимни эшитавериб ёдлаб олишган, гапим тугамасиданоқ, «хўп бўлади, хўп бўлади», дея машинани тезроқ юргизишимни кутишади.

Жиблажибонларимни боғча опасига топшириб, машинага бензин қуйиб, ишхонага ўн беш дақиқа кечикиб келдим. Кабинетим эшигига калит солишим билан котиба қиз югургилаб келиб, бироз олдин мени директор йўқлаганини айтди. «Яхши, ҳозир», дедим-у, кабинетга кириб ёмғирпўшимни қозиққа илдим. Хона совуқ, ҳали қишки иситиш тизими уланмаган, чироқни ёқсам ҳам ташқаридаги булутли ҳавонинг таъсирида ичкари унчалик ёришмади. «Нима гапи бор экан директорнинг?», котибанинг эслатмасини ўйлай бошладим. «Тунов кунги гап тағин қўзғалармикан? Ахир кап-катта раҳбар бўлса, бу ишни нима учун ўзи ҳал қилиб қўя қолмаяпти, нега ҳадеб менинг фикримни билишга қизиқаяпти? Хўп, ўша йигитга ёрдам бериш керак экан, берсин. Қўлёзманинг пешанасига гажакдор имзосини қўйиб берса, бўлди, вассалом». Шу хаёллар билан хонадан чиқаётгандим, қўққисдан эшигим очилди — «Кофе қайнатаётувдим, сизга ҳам олиб кирайми?», сўради қўшни хонада ишлайдиган янги ходима. «Яхши бўларди, раҳмат. Бокалим ювилган».

Директор одатдагидан кўра яхшироқ кайфиятда эди, салом-алиги ҳам қуюқроқ бўлди, ҳатто телевизорнинг овозини пастлатаётиб «Сизга шовқин ёқмаслигини биламиз, оғайни», деб қўйди. Доимо шундай, у мени ҳамиша «оғайни» деб чақиради, эҳтимол унга шу қулайроқдир. Инсоф билан айтганда, у яхши одам, ғамхўр раҳбар, аммо бир нарса — пулни отасидан ҳам азиз кўриши унинг афт-ангорига ҳам уриб кетган. Чувак юзида ҳамиша совуққонлик туради, ҳадеганда кулавермайди.
— Оғайни, яна ўша гап. Эҳтимол, бир-икки кун ичида фикрингиз ўзгаргандир. Ўша йигитни бир қўллаворсак, шу билан изига тушиб кетар?

Директор бу гапларни кўзимга қарамай сўзлади, чеҳрасида ғалати ифодалар ўзгариб турарди. Хижолат чекаяпти деб ўйлаганим учун у гапини якунлаб, савол назари билан қараши ҳамоно мен ҳам кўзимни олиб қочдим. Лекин бу масалани яна чувалашган ҳолда қолдириш керак эмас, ё директор, ё мен тезроқ ён беришимиз керак эди.

— Мўмин ака, сизга ўша куни ҳам айтдим, — иложи борича хотиржам гапиришга уриндим мен, — дейлик, ўша йигитнинг китобига қўл қўйиб берайлик, босишга топширайлик ҳам. Лекин бундан кимга фойда? Туппа-тузук жойда ишларкан, топиш-тутиши ҳам ёмонга ўхшамайди, нима қилади ўзининг ҳам, бизнинг ҳам бошимизни қотириб? Эртага китоби ялтир-юлтир муқовада нашр қилинади, пештахталарга чиройли қилиб териб қўйилади, бироқ бу асарни биров қўлига олиб қарайдими-йўқми, буёғи сизга ҳам қоронғу.

Директор авзойини ўзгартирмади, фақат юзимга тикилганча бир алпозда тураверди. Мен қизишиб кетиб унинг кўнглига тегадиган гап гапириб қўймадимми, деб ўзимни таҳлил қила бошладим. Лекин ичимдагини айтганимдан енгил тортган эдим, ана, столим устида дуппа-дуруст бир асар мана шу директорнинг рухсатини кутиб ётибди, ўзим неча бор шу хонага кўтариб кириб, бир-биридан ғалати баҳоналарни эшитиб чиққанман. Ахир одамлар нимани ўқишни яхши билади, биз зўрлаб тиқиштиролмаймиз.

Директор сокин овозда мурожаат қилди:
— Энди мундоқ, оғайни, гапнинг пўсткалласини айтсам, у бизга керакли одам. Ҳмм, нима демоқчиман, мен аслида бир оғиз гап билан бир ойга қолдирмай чиқариб берардим ўша китобни. Лекин гап бошқа ёқда, биз гаплашаётган йигитнинг ниятигина мени ушлаб турибди. Ўша укамиз биринчи китобига айнан сиз муҳаррир бўлиб беришингизни истаяпти. Энди тушунгандирсиз нега сизнинг оғзингизни пойлаётганимни?

Донг қотиб қолдим, унинг охирги гаплари мен учун тамоман ҳайратланарли эди. Ахир азбаройи асарнинг савиясизлиги учун ҳам унинг чоп қилинишига қарши эдим, нашриётнинг обрўйини йўқотмаслик учун раҳбарнинг таклифидан бўйин товлаётгандим-ку. Қандай қилиб ўзинг хом-хатала, бир пулга қиммат деб турган қўлёзмага муҳаррирлик қилиш мумкин? Фикрларимни жамлаб, директорга юзландим.

— Сиз айтаётган ўша «насиҳатнома»га муҳаррирлик қилишдан кўра, уни бошқатдан ёзиш осонроқ. Бир жумлани тўғри ёзолмайдиган савдогардан нега ёзувчи ясаяпмиз?! Ёзганлари, кечирасиз-у, мактабда ёзиладиган иншодан ҳам баттар!

Мен энди анчайин қизишиб кетгандим. Қўлларим титрай бошлаган, қулоқларимгача қизиб кетганди. Аммо раҳбарим ҳеч бир ўзгаришсиз, кўзларини менга қадаганча ўтираверди. Тавба, нега у миқ этмай эшитиб турибди, бошқа одам бўлса, мени қуюшқондан чиққанликда айбларди, ҳеч бўлмаганда ҳурматини пеш қиларди. Директор эса, биз худди яхши гаплардан гаплашаётгандек ним табассум билан пинагини ҳам бузмасди. Балки шунақа босиқлиги учун ҳам раҳбар бўлиб ўтиргандир, бу фазилатига қойил қолиш керак.

Унинг олдида ўзимни ноқулай сезиб, «Менга рухсат» дея қўзғалдим, ушбу гапим билан бу мавзудаги суҳбатимиз ҳам тамом бўлганини билдирмоқчи эдим. Директор мени эшик олдигача кузатди ва «Сизнинг истеъдодингизни жуда қадрлайман, сиз яхши ижодкорсиз. Аммо билиб қўйинг, ўша китоб барибир нашр этилади», деди.

* * *

Мен одамлардаги истак-майллар нега бу қадар хўрланиши ҳақида жуда кўп бош қотираман, уларнинг ҳис-туйғулари нималар эвазига бой берилишини, нега инсон боласи кўзлаган мақсадларига эришгани сайин дағаллашиб, қалби хира тортиб боришини таҳлил қилишга уринаман. Юракларни кўринмас ип сингари боғлаб-чирмаб турган ришталар, покиза ҳаяжонлар, ҳайратлар нега бунчалик жонсизланиб бораётганини ҳеч тушунолмайман. Энг аянчлиси, улар шу тахлит ҳаётни тобора афзал кўришаётгандек туюлади менга. Ҳар куни уйдан ишга, ишдан уйга бир маромда келиб-кетувчи одамлар ташқаридан қараганда жуда тартибли, сипо кўринишади. Бунинг устига, ҳар бир сўзни чертиб, орқа-ўнгига қараб гапирадилар. Фаслларнинг алмашиши, майсалар униши, хазон тўкилиши, бундай нарсалар аллақачон уларнинг эътиборидан четда қолган. Ҳеч ким минглаб машиналар остида эзилиб ётган асфальт йўлларнинг ёмғир ёғаётганда ажойиб бир рангга киришини кузатмайди. Бу жозиб манзараларга бир фурсатгина вақт ажратган одам ўзини ҳаётдан орқада қолган, чорасиз ва мискин сезади. Ва, алал-оқибат, вақт билан чопиша-чопиша кунларни, йилларни қурбон қилиб юборишади.
Нега буларни ўйлаяпман, ўзим ҳам ҳайронман.

Шом қоронғусида машинамни шаҳар четидаги «Пикко» кафеси олдида тўхтатдим. Ичкарига кираётиб бир қути тамаки сотиб олдим, шу пайт беихтиёр эътибор қилибман — дўкон дарчасидан тушаётган ёғдуда қор учқунлаяпти. Бу қанақаси бўлди, ҳали эрта эди-ку, ҳаво ҳам унчалик совуқ эмас. Бугун тўққизинчими, тавба, ҳали қишга бир ойча вақт бор, бу йил совуқ қаттиқ бўларкан-да.
Столга ўтиришим билан хизматчи қиз етиб келди. У жойлашиб олишимни кутиб, сўнгра одоб билан сўради:

— Нима ичасиз?
— Шафтоли шарбати, қуюқроқ бўлсин.
— А, юз грамни-чи, кейинроқми?

Нима дейишни билмай қолдим, ҳозир «Мен ичмайман» десам кулгили бўлса керак-а! Шундай расо эркак ичмайман деса, ишонишармикан, эҳтимол «Шарбатингни уйингга бориб ичсанг ҳам бўлади», деган хаёл ўтар бу қизларнинг бошидан.
— Мен ичмайман, — дедим ниҳоят.

Хизматчи қиз табассум билан «Яна нима буюрасиз?» дея сўради. Мен икки хил овқат айтдим, нарироққа борганда эса кулдонни ҳам тайинладим. Қиз кетгач, унинг табассуми ҳақида ўйлай бошладим. Бундай жилмайиш уларга одатмикан ёки истеҳзо қилдими, балки ичмаслигимни эшитиб қувонгандир ҳам. Қизиқ, одамнинг ҳатто кулгисини ҳам тўлалигича тушуниб бўлмайди. Ахир ҳеч жаҳонда кулаётган инсон «Мен шу сабаб билан кулаяпман», демайди-ку. Қайтиб келганда ўзидан сўраб кўрайми? Нима дерди — шунчаки ўзим, дейди-қўяди-да, қўшимчасига энсасини қотиради. Айтаяпман-ку, кулган одам шу-шу сабабдан кулаяпман, деб шарҳлаб ўтирмайди.

Атрофимни кузата бошладим, кимлар кулган, кимлар бошини бошига тираб гаплашиб ўтирибди, яна ким иштаҳа билан овқатланяпти. Кафенинг хилватроқ бурчакларида ёшлар. Мана сенга шунча сабаб. Шу чоққина бино ичида қанча қайғу, қанча соғинч, муаммолар, шодликлар, эҳтиросли суҳбатлар. Хўш, мен ўзим нима учун бу ерга келдим, тамадди қилганими — уйда овқатлансам ҳам бўларди, қолаверса, ҳар куни бу ерга келиб нонушта ёки кечлик қилаётган жойим йўқ. Нега иш тугаши билан уйга кетмадим? Дам олишим, қизалоқларим билан ўйнашим ёки бир-иккита китоб титишим мумкин эди-ку. Хўш, нега? Чунки мен қандайдир туйғу — ёлғиз қолишгами, бирор нарсани хотиржам ўйлаб олишгами ўхшаш, хуллас, уйдан ҳам, ишхонадан ҳам топиб бўлмайдиган таскин излаб келганман бу ерга. Бу ерда одам кўп, аммо шунга қарамай, сен бемалол ёлғиз, кишилар эътиборидан холи қолишинг мумкин. Кафеда ўтирганларнинг аксарияти ҳам аслида шу сингари сабаблар билан келишган.

Овқатни еб бўлиб, графиндаги охирги шарбатни қуяётганимда телефоним жиринглади, қулоғимга тутдим. У томонда шу қадар жимлик эдики, беихтиёр энтикиб кетдим. Унинг қулоғига қандай шовқин-сурон бораётганини ҳис қилиб, хижолат чекдим. Балки у уйимдаги осуда ҳаётни, қақажонларимнинг тўс-тўполонини, ё жимгина китоб варақлаб ўтирганимни эшитаман, деб ўйлагандир. Нархлар ёзилган қоғоз ва пулни хизматчи қизга имо билан кўрсатдим-да, ташқарига шошдим. Телефонда эса, ҳамон жимлик. Аммо машинамга ўтириб, эшикни ёпишим биланоқ, аппаратдан қисқа-қисқа гудок кела бошлади — у машинага ўтирганимга ишонч ҳосил қилганди. Бу орада дарахт шохларини, йўл четлари ва тунука томларни юпқа ва нафис қор қоплаб улгурганди.

* * *

Автомобиллар ғилдираги қолдираётган излардан мен ҳам ўтиб борарканман, тағин одамлар, турмушнинг ғимир-ғимирлари орасида мана бу асфальт йўл устида бир сониягина аввал борлиги энди эсдан чиқаётган қор парчаларидек изсиз йўқолаётган минглаб ҳис-туғёнлар ҳақида ўйлай бошладим. Бу хил мулоҳазалар ўзимга бетайин, тутуриқсиз туюлаётган бўлса-да, аммо кўнглимнинг аллақаеригадир хуш ёқаётганди. Балки, чиндан ҳам нималарнидир ўйлашга эҳтиёжим бордир. Мана шу сон-саноқсиз, бир-бирини кесиб-узиб ташлаган излардан минглаб машиналар ўтган, хўш, улар қаёққа кетади? Ўзимни олай, ҳозир уйга, эртага яна шу йўлдан ишга қайтаман. Нега энди хаёлимга келган заҳоти рулни хоҳлаган бир кўчага буриб юборолмайман. Мени нима ушлаб-жиловлаб туради? Оиламга садоқатми, ишхонамга ҳурматми, миллионлаб одамлар назаридаги тартибли ҳаётга муносиб бўлишликми — нима? Тасаввур қиламан, ҳозир уйга эмас, дуч келган бирор ёққа, масалан, дарё бўйигами бориб, совуқда дилдираб ўтирсам, аммо шунинг эвазига тип-тиниқ осмонни, ойни, изғирин кўчаларни томоша қилсам, эртага нима ўзгаради? Бирор киши бундан зиён-заҳмат чекадими? Хотиним ва болаларим хавотир олиши мумкин, туни билан мижжа қоқмай чиқади, бироқ эртасига мени соғ-омон кўргач, ўша заҳотиёқ кечаги хавотирларни унутади, яна ҳаёт ўз йўлида давом этаверади. Лекин мен шу нарсани билган ҳолда, рулни ҳеч қачон, ҳатто бир марта бўлса ҳам манзили номаълум йўлга бура олмайман. Бошқалар эса эҳтимол бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмас. Чунки бу тахлит «эркинлик»нинг оқибатини ўзгалардан эшитишган, вақтни бундай совуришга уларнинг кўзи қиймайди, уйида ағанаб ётса-ётадики, бундай дайдишларга ҳуши келмайди.

Дарвоқе, қор анча тезлашибди, энди қанча машина ўтмасин, йўлни шиддат билан қоплаб бораяпти. Лекин менга қор унчалик ёқмайди. Ёмғирнинг йўриғи бошқа — у инсон кўнгли билан ҳисоблашади, сочларингиз орасига, бўйин ва билакларингизга эркаланиб сингади, ёғиши ҳам чиройли, шаффоф томчилар кўзингизга кўриниб-кўринмай, худди осмондан ерга тортилган миллионлаб иплар бўйлаб оқаётгандек, ажиб сукунат билан ёғади. Ёмғирнинг яна бир муҳим томони шундаки, у ҳар қанча ёғмасин, нигоҳимиз тушиб турган бирор рангни кўмиб юборишга уринмайди, аксинча, аслиятни янада равшанроқ кўрсатади. Қор эса, қип-қизил, ям-яшил тунука томларни ҳам, қўнғир йўлларни ҳам, қоп-қора тоғларни ҳам фақат оққа бўяйди. Ахир одам деганнинг кўзи тиниб кетади-ку! Ерни ҳам, кўкни ҳам, одамлару машиналарни ҳам фақат бир рангда кўриш, бу — адолатсизлик эмасми?!

Менинг бу фикрларимни у ҳамиша оддийгина, гўё бирор ёқтирган мусиқасини тинглаётган одамдек хотиржам қабул қиларди, балки бу тентакнамо гапларимга қарши бўлса ҳам, индамай қўя қолармиди? Ёки айнан шу нарсаларга нисбатан ўз қарашларининг пинҳон-сирлигича қолишини истармиди, ҳарқалай, доимо жимгина тингларди, холос. Чамамда, уни бошқа нарсалар қизиқтирарди. Масалан, одамзоднинг ўзини ўзи ҳурмат қилишими, касал-кусал бўлмай, ҳамма нарсани ўрни-ўрнида, ўз вақтида бажаришими, шунга ўхшаш нарсаларни кўп гапирарди. Эсимда, бир куни поликлиникага борганимни айтиб қўйдим. Мен ҳар қанча тўсқинлик қилмай, у касаллик варақасини, буюрилган дори-дармонларни, яна алламбало майда-чуйда қоғозларни шоша-пиша, аммо синчиклаб ўқиб чиқди. Сўнг хавотирли кўзларини юзимга қадаб, яхшигина шамоллаганимни айтди. Очиғи, кулиб юбордим, тўғри-да, нимаси хавотирли бунинг. Шамоллаганлар камми?

Энди ўйласам, айнан унинг ҳадигу хавотирлари сабаб мен ўзимга ишониб юрар эканман. Атрофингизда сизга меҳрибон одам қанча кўп бўлса, сиз шунча талтаясиз, эркаликлар қилгингиз келади, мана буни е, мана буни ич, дейдиган одам бўлса, сиз айнан ўша кишига нисбатан ноз-фироқ қиласиз. Нега биз кўчада, ишхонада ёки меҳмондорчиликда ўзимизни сипо, бамаъни тутамиз-у, уйимизда сал нарсага бақир-чақир қиладиган, жиззаки, ҳовлиқма бўлиб қоламиз? Етти ёт аёлларнинг ҳурматини жойига қўйиб олқиш оламиз-у, онамизни силтаб-силтаб ташлаймиз. Ишхонада бирор сабаб билан тушлик бир-икки соатга чўзилса чидаймиз-у, чойи вақтида қайнамагани учун уйдагиларни гизиллатамиз. Бу одамликка хос тушунчалар, одатларми — нима бу?

Аслида, унинг меҳрибончиликлари ҳам мени алал-оқибат такаббурликка олиб бораётганди. Ва борган сари димоғдорлик мени маҳф этарди. Энди мен унинг ғамхўрликларидан азобланаётганим учун ҳам айнан унга нисбатан кибр сақлардим, худди ўзимни бекаму-кўст одамдек тутишга тиришардим.

* * *

Тонгда ҳовлига чиққанимда, ҳаво тозарган, аммо анчайин намчил-намхуш эди. Мен билган кузнинг куйига яна бир оҳанг қўшилган — «чак-чик, чак-чик» қилаётган бир маромдаги овозлар қулоқ-қулоқларгача сингиб, асабларни пармалашга атайлаб уринаётгандек, бутун ҳовлини тутиб кетганди. Кеча оқшом бошланган илк қор ернинг, ҳали чиримаган хазонларнинг тафтига дош беролмай эриётганди, қор эрияпти-ю деворлар, йўлаклар устидан, дарахтларнинг шир яланғоч шохларидан ҳовур кўтарилаяпти. Худди уйнинг ҳамма бурчагида митти-митти вулқонлар бору, ўшалар биқирлаб қайнаб ётгандек. Тамаки тутатдим, ичимга тутун билан муздек ҳаво ҳам тортдим, бадан-баданим сесканиб кетди. Шу алпозда, шу эзгинликда ўйга толдим. Тўғриси, табиатни кузата туриб, ташқи қиёфалар гўзаллиги ёки бунинг акси ҳақида тасаввур қила бошладим. Нега биз кўҳлик, кўркам қизларга қайта-қайта қараймиз. Уларнинг жозибаси нимада, нимаси маҳлиё қилади бизни? «Чиройли экан», деймиз, нимасига қараб баҳо берамиз? «Мутаносиблик» деган сўз келди хаёлимга. Рост-да, кўзу қоши, ранги-ю қомати, юзи-ю сочи бир-бирига уйғун қиёфалар кўзимизни олар, эҳтимол. Шу уйғунликни ўзимиз ҳам бузгимиз келмайди, дейлик бирорта чиройли қиз ҳақида ўйлаганимизда уни ножўя, хунук ишлар қилиб турганини, масалан, тупураётганиними, бетамизларча қичқираётганиними хаёл қилишдан ҳарчанд тийиламиз, бундай хаёлдан ўзимизни олиб қочгимиз келади. Аксинча, истарасиз ва ахлоқсиз аёлларга боғлиқ ёқимли таассуротларимиз ҳам унчалик кўп эмас. Агар бирор эркакшода, нафосатдан узоқ қиз ҳақида гапираётиб, унинг назокат билан музқаймоқ ейишиними, гулзорларда сайр қилиб юришиними айтсак, аксарият одамларнинг афти буришади. Чунки уларнинг кўнгли бундай тескари тасаввурларга тайёр бўлмайди, кўп ҳолларда буни хоҳлашмайди ҳам.

Ҳозирги манзара ҳам шундай тескари тасаввур уйғотарди кишида. Осмонга қарасанг, кўм-кўк ялангликда парча-парча булут қийқимлари, қуёшнинг кучсиз нурлари ерга осойишта оқиб турибди. Ерда эса… уюм-уюм қорайган хазонлар, мунғайган уйлар, қўнжигача лойга ботган оёқ кийимлари, хуллас шунақа чалкашликлар. Йўқ, булар ҳеч қандай чалкашлик эмас, аслида қандай бўлиши керак бўлса, шундай алпозда турипти. Фақат менинг кўзларим бу акс манзараларга кўника олмаётган бўлиши мумкин. Кўрдингми, дейман ўзимга ўзим, осмонга, оёғинг остидаги ерга бир лаҳза тикилиб, шунча изтироб чекаяпсан. Бошқалар ҳам ўзларини худди шундай ортиқ қийнамаслик учун бунақа нарсалардан, ўй-хаёллардан кўз юмиб-қулоқ ёпиб ўтишади, вассалом. Уларнинг наздида, сенинг бу каби ҳамма нарсадан азият чекишинг бемаънилик, жинниликдан бўлак нарса эмас! Бунинг ўрнига улар уйларига печка қуришади, ўтин ғамлашади, тешик-туйнукларни беркитишади ва шу тахлит тадбир-тадориклар билан ҳар қандай фаслни, ҳар қандай қулай-ноқулай шароитларни ҳам хотиржам, ортиқча ҳиссиётларга берилмай, баъзан эса беписандлик билан кутиб олаверишади.

Аслида, менинг энг катта йўқотишим ҳам мана шундай изтиробдан қочиш эвазига юз берганди, унинг кўзларига бир лаҳза бўлсин қараш, денгиз сатҳидаги улкан бир кемадек чайқалиб-тўлқинланиб ётган қалбидаги ҳар битта титраш-силкинишни тинглаш, тушуниш азобидан қўрқиш мени ундан узоқлаштирганди. Кузги япроқлардек омонат, мажолсиз ва сокин муҳаббатининг юки эзиб қўйганди, кўзларидаги тубсиз-ниҳоясиз умид, илинжнинг оғирлиги менинг бечоралигимни тобора юзага олиб чиқарди. Аммо мен, ана шу юк-заҳматлар орасида янчилиб-топталиб кетаётганимга қарамай, улғаяётган эдим, унинг муҳаббати улғайтираётганди. Мен қанча қочганим, ўзимни ожиз сезганим сари бу чеки-чегараси йўқ қочқинларнинг, чорасизликларнинг моҳиятини англашга маҳкум бўлиб борардим. Унинг севгиси шу қадар шафқатсиз эдики, мени бир сония, бир нафас бўлсин аямасди, таъқиб қилишдан чарчамасди қам. Муҳаббат менинг икки елкамдан тутиб, шундай қаттиқ силкирдики, иложсиз равишда қайтадан ўнгланишга, унинг бир нафасидан пардек тўзғиб кетган борлиғимни янгитдан тиклашга мажбур бўлардим. У шундай шафқатсиз севги эдики, менинг ҳар бир сўзим унинг учун қонун билан баробар эди, у фақат менинг борлигимни тан оларди холос ва шу йўл билан, яъни мени камситмасликка уриниб азобларди. Бу худди совуқда музлаётган одамни иситаман деб гуриллаб ёнаётган оловга отишдек гап эди. Бу — минг-минглаб ҳужайраларингни, томирларингни, сезгиларингни дўзахдан дўзахга солиб ўйнашдир. Мен бу адоқсиз хўрланишларга ҳукм қилинган, унинг сассиз-садосиз, маъсум ва сокин муҳаббати эса, шубҳасиз, ҳукмфармо эди. Мен уни ҳамиша қучгим, бағримга маҳкам босиб, бераётган уқубатлари учун ўч олгим, қучоғимда туриб қандай йиғлашини ҳузур билан томоша қилгим келарди. Бироқ бу ишларим унинг кўнглига қандай янги тўфонлар солишини яхши англардим, бу ўч-оловдан кейин ҳозирги азобу кўргиликларим ўн чандон, юз чандон ортишини ўйлаб, яна қуниш тортардим. Менинг ҳатто шунга ҳам имконим етмасди.

2

Агар куз ижозат берганида, уни бундай ғуссали куйларга эмас, шодумон, инсон кўнглига барча томирларидан оқиб кирувчи, агар бир кун тингламаса, дунёдаги жамики қалблар илҳақ-интизор бўлиб кутгувчи қувонч оҳангларига тўлдириб ташлаган бўлардим. Аммо хазонлар фасли оламнинг кўҳна қоидаларидан чекинмади, Тангри ва Замин ўртасидаги азалий меҳвардан бир лаҳзага бўлса ҳам узила олмади. Мен эса, бутун борлиғим билан қайтадан яралгандек бўлдим, ҳеч нарса кўрмагандек, ҳеч қайси ҳиссиётларни танимаган-билмагандек янгитдан яшай бошладим. Ва шундай уни йўқотдим, ва шундай одамлар кўз ўнгида аста-секин йўқола бошладим. Энди мени аввалги дунёим билан фақат биргина қўнғироқ боғлаб қолди, ана шу қўнғироқдан бошқа ҳаммаси мен учун тамомила янгилик эди.
Аммо бу янги ҳаётимда ўзимни ҳеч кимга тушунтира олмадим. Оилам учун ўша-ўша оғир феъл-атворли, кўча-кўйда эса такаббур қиёфали одам сифатида қолавердим. Аянчлиси, бирор кишига бўлсин, «Мен аслида мана бундай одамман», дея ўзимни изоҳлай олмадим. Энди, агар ишхонада бирор ҳамкасбимнинг сўзи кўнглимга оғир ботса, уни олдимга ўтирғизиб, керак бўлса соатлаб гаплашишни, уни ҳам, ўзимни ҳам виждон азобидан қутқаришни ўйлайман. Бироқ бу қўлимдан келмайди, аксинча, ё ичимга ютиб индамай кетаман, ё унинг ҳам дилини оғритаман. Ёки кўча-кўйда бирор нотаниш одамнинг нега изтироб чекаётганининг, нимадан қийналаётганининг сабабини билгим келади, мен унинг ҳаётига ўзимни жавобгар ёки тегишли деб ҳис этаман. Бироқ ҳеч қачон у билан гаплашмайман, аксинча, ўша одамнинг қаршисида жуда ҳам ортиқча сезаман ўзимни. Минг афсуски, бу тахлит ечимларнинг ҳаммаси иродамнинг кучсизлигини намоён қилиб қўяди. Мен энди аввалги қиёфамдан ҳам баттарроқ шамойилда эдим, тобора ўзимга ўзим кўмилиб-ўралиб борардим. Ундан, унинг меҳридан воз кечган кунимдан эътиборан шаклсиз ҳаётнинг оддий — минглаб одамлар қаторидаги жўн кишисига айлангандим. Бу менинг чинакам фожиам бўлди.

Бўйинбоғимни тақаётиб, хотинимнинг саволомуз нигоҳи эътиборимни жалб этди. У қўлида тутиб турган костюмни олиб, диван четига омонат қўйдим-да, дилимдан кечаётган ажиб туйғулар билан хотинимни бағримга тортдим. Сочларидан силаб, илк бор рўйи-рост нигоҳ билан кўзларига тикилдим. Мен бугун аёлимнинг кўнглидан ўтаётган барча ҳисларни, андуҳлар овозинию норизоликлар нидосини тингламоқчиман, қўлларидаги дағалликлар, юзидаги ҳорғинлик, вужудининг ич-ичларида яшаб келаётган, қачондир улкан ва қўрқинчли вулқондек портлаб чиқувчи аламларининг акс садосига жимгина, хайрихоҳлик ва мойиллик билан қулоқ тутмоқчиман. Ва, эҳтимолки, менинг ҳаётимдаги чигалликлар, руҳимдаги сиқиқлик, гуррос-гуррос оломон орасида ҳам ёлғиз-кимсасиз умр кечираётганимнинг сабабларини у билар.

«Ақалли бир марта бўлса ҳам тан олиб айтинг, сиз ҳаётдан бунчалик куюниб яшашингизнинг боиси нимада? Нега одамлар нигоҳидан узоқ бўлишга уринасиз? Аслида, уларни ўз ғам-ташвишингиздан ҳимоя қилгингиз, яқинларингизнинг кўнглига бевақт хавотир солиб қўймасликка тиришасиз. Лекин шу ишингизнинг ўзиёқ жигарларингизни ташвишга солади. Эслаб кўринг, қачон ота-онангиз билан ёзилиб, чин дилдан гаплашгансиз? Қачон опангиз ёки акангиз қаршисида қимтинмай дардлашгансиз? Бирон жойингиз оғриётганини улар қачон ўз тилингиздан эшитишган? Бу билан гўёки уларни бемаврид сиқилишлардан, сизни деб хавотир олишларидан асрагандек бўласиз. Ўзингизни улар қаршисида бекаму кўст, бой-бадавлат, хотиржам тутишга уринасиз. Яқинларингиз учун худди тоғдек суянч эканингизни уқтирасиз. Аммо сиз кетишингиз биланоқ ўзингиз ҳамиша ҳадиксираб юрадиган, юз беришидан чўчиб яшайдиган воқеалар бўй кўрсатади. Яъни сизнинг ортингиздан яқинларингиз доимо юраги хижил бўлиб қолади. На бирор дардингиз, на бирор ташвишингиздан хабардор бўла олмай, айни пайтда, сизга ёрдам беролмасликларини ўйлаб, адойи тамом бўлишади. Сиз эса ҳамиша ўзингиздан қочасиз. Ишдан келиб наридан-бери овқатланасиз, қизларингизнинг раъйига қараб, улар билан пича ўйнаган бўласиз, китоб варақлайсиз, аммо буларнинг бирортаси ҳам сизнинг ботинингиздаги бесаранжомлик, алағдалик, паришонликнинг юзига парда тўса олмайди. Ва, аксинча, бу қийноқлар, ичингиздаги иккиланишлар заҳар-заққумдек сизни емириб бораяпти».

Бу хотиним айтган айни ҳақиқатлар эди. У шу қадар ишонч билан гапирардики, мен то хотинимнинг гапи тугамагунча ўзимни оқлашга ҳам, уни тўхтатишга ҳам интилмадим, ҳеч нарса дея олмадим. Негадир унинг бу аччиқ ҳақиқатлари юрагимнинг туб-тубларига сингиб, ҳузур бағишлаётганди. Сўнг эса уни яна ҳам қаттиқроқ бағримга босиб, имкон қадар кўзларимни яширишга уриндим.

* * *

Машинамни гараждан олиб чиқмадим — бугун ишхонагача бўлган ўн чақиримча йўлни пиёда босиб ўтмоқчиман. Худди машҳур китобларда ёзилганидек, мана шу йўл давомида ўзимни ўзим бир англаб кўрмоқчиман, қарийб ўн йилдан буён илмилиқ кечаётган умримнинг барча сўқмоқларини хаёлан кезиб чиқмоқчиман. Лекин, ҳалитдан қўрқаяпманки, бунга менинг куч-мадорим етмайди. Чунки, ўтмишга қайтиш мен учун ҳазил гап эмас, қачонки чексиз сабот билан, эслаганларимнинг бирортаси мени тушкунликка туширмайди, деган хулосага кела олсамгина, бу ишга қўл урганим яхши. Бироқ, бугун шунга жазм қилдим.

Кўчада ҳамишадагидек қаерларгадир кетаётган йўловчилар. Ўзимнинг кўчамдан то катта йўлга чиққунимча бир-икки таниш одам бош силкиб ўтди, лекин сезиб турибманки, улар саломлашиб ўтибоқ ортига қайрилаяпти — нега машинасиз йўлга чиққаним уларга қизиқ туюляпти, Уларга эътибор бермай, ўз хаёлларим билан банд бўлишга уринаман, пальтомнинг ёқасини кўтарганча лойгарчиликдан исқирт кўринишга келиб қолган йўлкаларга тикилиб бораман.

Ҳаёт мен ўйлаганчалик осон кечмаслигини ўшанда, унинг мендаги чидаб бўлмас тушкунликни инкор этувчи, кучининг борича сочимдан тирноғимгача силтаб-қоқиб, ҳамма қатори оддий ҳаётга қайтаришга ундовчи сўзларини тинглаганимда илк бор тушунган эдим. Хаёлотимнинг ҳамма нуқтасини бир-бир кўздан кечириб, кечинмаларим ва орзу-истакларимни бор-йўғи икки оғиз гап билан чиппакка чиқаргунча бўлган ҳаёт — менинг ҳаётим бўлмай қолди. У мени шундай инкор қилдики, на ўзим, на орзу-майлларимнинг бирор нарсага арзишини англаб етдим. Унинг қаршисида тамаки тутатиб турарканман, ҳатто ана шу сигарет чекишимда ҳам кибр борлигини ҳис қилдим. «Сиз кучсиз одамсиз, — деганди ўшанда у, — на ўзингизни, на ҳаётингизни идора қила биласиз. Бир нарсани тушунинг, бу ҳаёт сизнинг қурбон қилаётган умрингизга, ўзлигингиздан кечиб топаётган нималарингизгадир арзимайди. Атрофга имкон борича оддий одам бўлиб қаранг, бу боришингизда ҳамма яқинларингиз сизни ташлаб кетади».

Бу гапларнинг тўғрилигига биринчи бор унингсиз қолган кунимда иқрор бўлгандим. Ва ўшандан бери шу беаёв иқрор билан ҳар куни юзма-юз бўламан. Менинг ақлга сиғмас такаббурлигим, кўтариб бўлмас инжиқликларим алал-оқибат, у айтгандек, бирин-кетин кўп ришталарни чирт-чирт узиб ташлади. Кейинроқ билдимки, инсон ҳар қанча яхши бўлмасин, агар ундан зерикишса, аяб ўтирмайдилар. Чунки у одамнинг атрофдагиларни қизиқтирадиган ҳеч нарсаси қолмайди. Унинг борлиги ҳам, яшаётгани ҳам изсиз-нишонсиз бўлиб қолади. У энди худди осмондан тушиб қолгандек ҳис қилади ўзини, чунки у ҳамма жойда инкор этилади. Бошқаларни менсимагани, ўз қаторида кўрмагани, инсонийлик андозаларидан четга чиқиб кетгани учун у тан олинмайди. Бу — ҳаёт ҳаёт бўлибдики, амал қилиб келинаётган буюк қоида.

Эрталаб аёлим айтган эътирозлар ҳам шу қоиданинг бир кўриниши эканини бехос англаб қолдим. Мен боя зерикиш ҳақида ўйладим, мана энди хотиним ҳам секин-секин ўша жараёнга етиб келаяпти, бугун кўнглимга тегмайдиган қилиб гапирган бўлса, эртага энсаси қотиб сўзлайди ва учинчи куни гапириш фойдасиз эканини фаҳмлагач, у мени бутунлай эътиборсиз қолдиради. Ва, афсуски, агар шундай давом этсам, ҳаётнинг бояги ёқимсиз ва қатъий қоидасига бош эгишимга тўғри келади.

Чорраҳани кесиб ўтаётганимда, телефоним жиринглади, юрагим ҳапқириб кетди. Худди менинг ичимдан ўтаётган туйғуларни билиб тургандек қилинган қўнғироқ эди бу. Йўлакчага ўтиб яшил тугмачани босдим, у ёқда жим-житлик. Мен йигирма қадамлар юриб боргунимча, оёқ товушларимни тинглаб турди, кейин қисқа-қисқа гудок. Ё алҳазар, бунинг боиси нимада, у қандай қилиб сезаяпти, бутун йўл бўйи ўйлаб келаётган кечинмаларим унинг кўнглига қандай етиб бораяпти. Эҳтимол, у нонуштадан кейин хотиним билан бўлган суҳбатдан ҳам хабари бордир. Нега у ҳамиша тушкунликка тушган, икки ўт орасида қолган кезларимда йўқлайди, у шу йўл билан мени юпатмоқчи, ўзи айтган теп-текис ҳаётга қайтармоқчи бўладими? Лекин бу ҳолатимни қаёқдан билади?

Ишхонага кириб келганимда ҳамма нарса ўрни-ўрнида, ходимлар ўз ишларини бошламоқда эдилар. «Тузукмисиз?», дея сўради менга биринчи дуч келган котиба қиз ранги-рўйимга эътибор қилиб. Мен унга бош ирғаб жилмайдим-да, шу билан «Ҳаммаси жойида», дегандек бўлдим. «Хонангизга киргандик», деди у авзойимни чамалашга уриниб, «У киши айтгандилар». Котиба бош бармоғи билан раҳбарнинг хонасига ишора қилди. Мен елка қисиб, кабинетимга кирдим. Одатдагидек, бугунги режадаги ишларимни ажратар эканман, раҳбар тиқилинч қилаётган йигитнинг қўлёзма жилди йўқлиги эътиборимни тортди. Айланма курсига чўкиб, бу жилд нега, нима сабабдан олинганини тахмин қила бошладим, балки қайтариб берилгандир ёки Мўмин ака унинг айтганини қилмаслигимга кўзи етиб, ҳафсаласи пир бўлгандир. Нима бўлганда ҳам, ўша жилднинг столим устидан кетгани мени анча енгил торттирди. Тамаки тутатаётиб, беихтиёр бошқа қоғозларга ҳам разм солдим, қолганлари жойида эди.

* * *

Тушга яқин ҳаво совиб кетди. Ёзиб ўтирган жойимда жунжика бошладим. Эшик орқасидаги қозиқдан пальтомни олиб елкамга ташлаётганимда кимдир киришга ижозат сўради ва жавоб беришимни кутмаёқ, хонамда янги ходима пайдо бўлди. У мени курсида ўтирган деб ўйлаган шекилли, кирибоқ бир-икки қадам ташлаб, сўнг ортга ўгирилди. Мен эса худди ҳеч нарса бўлмагандек жойимга қайтдим. Менинг бу бепарволигимни кўриб хафа бўлдими ёки шошилинч кирганига хижолат тортдими, негадир аста томоқ қириб қўйди. Қоғоз-қаламимни йиғиштирар эканман, «Хўш?» деган маънода унга қарадим. Ходима бироз тараддудланиб, «Бирон ёққа кетаяпсизми?», дея сўради.

— Ҳарқалай, шуни сўрагани кирмагандирсиз!
— Мўмин ака ҳамма ходимларга тайинланг, бугун тушликни жамоа билан қиламиз дегандилар, шуни айтиб қўяй деб…

Янги ходиманинг шошиб-пишиб айтаётган гаплари менинг кулгимни қистатди. «Келишдик», дедим унинг гапи тугагач ҳам туриб қолганини кўриб.

Мен хонамни қулфлаб коридор тўридаги залга бораётганимда ишхонамиз рўпарасидаги Марказий майдондаги соат ўн икки марта бонг урди. Залнинг ойнаванд эшигидан ичкари шундоқ кўриниб турарди — дабдабали безатилган стол, ўттизга яқин одам қолган бир-икки кишининг келишини кутиб турарди. Ичкари кириб сездимки, Мўмин аканинг жойи бўш эди. Мен қаерга ўтиришга иккиланиб турганимда бояги ходима илтифот қилди: «Келинг, қўшни, ёнимдаги стул бўш». Индамай кўрсатилган ўриндиққа чўкдим. Тавба, дедим ёнимдагиларни кузатарканман, битта идорада шунча одам ишларканмиз-у, салом-аликдан нарига ўтмас эканмиз-да. Эрталаб ҳамма хонасига шўнғийди, кечқурун соат олтида ҳамма уйига жўнайди. Бунақа тартиб-интизом ҳозирги шароитда анча қийин масала. Рўзғор ташвиши ҳамма нарсадан ошиб тушаётган бир пайтда бундай фидойилик билан хизмат қилиш чинакам эътиборли иш.

Бирдан ҳамма сергакланиб, ўтирганлар раҳбарнинг ҳурматига бир-икки қимирлаб қўйишди. Мўмин ака ёнида бир йигит билан кириб келди. У ҳаммага бир-бир қараркан, баралла овозда «Бу йигит бизда чоп этилаётган «Замон қўшиғи» китобининг муаллифи. Бугун ана шу китобнинг тасдиқдан ўтгани муносабати билан бизни меҳмон қилмоқчи!» деди дастурхонга ишора қилиб. Раҳбарнинг гапини эшитиб, баданимга тиғ теккандек сескандим. Худди ҳамма менга тикилаётгандек, Мўмин ака билан ўртамиздаги суҳбатдан бутун жамоа хабардордек ўзимни ноқулай сеза бошладим. Раҳбар эса менга истеҳзоли нигоҳ ташларкан, ҳаммани дастурхонга таклиф қилди. Мен икки ўт орасида қолган эдим — ўзимга қолса, шартта туриб чиқиб кетгим келарди, бу дастурхондан ҳам, жамоамдан ҳам тезроқ узилиб, холироқ жойга боришни, енгил нафас олишни хоҳлардим. Аммо, айни дамда, шунча одамни беҳурмат қилиб хонани тарк этиш ҳам мушкул эди.

Шу пайтда раҳбар ҳамманинг эътиборини қаратиб, менга «Шоир, сизга қанақасидан қуяй?!» деб қолди. Аъзойи баданимга ғазаб югурар экан, унга кескин эътироз билдириш учун илкис бошимни кўтарган чоғимда телефоним жиринглаб қолди. Бу ўша эди. Бир дам тараддудланиб тургач, ташқарига йўналдим. Ўзимнинг хонамга етганимда бироз ўйландим-да, хонага кирмай, пастга — аччиқ қаҳва ичгани тушиб кетдим.

Буфетчи қизга қаҳва ва бутерброд буюраётганимда ҳам, мўъжаз тамаддихонанинг энг бурчагидаги жойга ўтираётганимда ҳам ҳозиргина юз берган мулзамликни, йўқ, жирканч ҳодисани хаёлимдан чиқара олмасдим. Бу нима дегани, ош-нон билан тилингни қисқа қилиб қўйишса, кейин нима десалар, ғинг демай бажарсанг! Ким ўйлаб топган бундай маданиятли савдо-сотиқни, ўша ишбилармонларми ёки ўзимизнинг Мўмин акаларми! Ким бўлганда ҳам жуда паст ўйлаган экан!

Қаҳвани қошиқча билан аралаштирар эканман, қўнғироқни эсладим. Унинг жуда зарур пайтда бўлганини ўйладим, лекин шу заҳотиёқ хаёлимга келган фикр мени гангитиб-довдираб қўйди — ахир у шунча йиллардан буён бир кунда икки марта қўнғироқ қилмаган эди.

Ишхона фойесининг кенг деразаларидан ташқарига термулиб, кўчани томоша қила бошладим. Ҳовлига тўп-тўп одамлар тушлик қилиш учун чиқишаяпти, кимлардир тамаки тутатаяпти. Менинг ҳам хуморим тутди, сигарет ёндирдим. Аммо бояги қўнғироқ хаёлимдан чиқиб кетмасди, энди унутаман десам, ёнимда ўтирган кимнингдир телефони жиринглайди — яна ёдимга тушади. Мен то қаҳвани ичиб бўлгунимча, ишчилар тушликдан қайта бошлади. Шундагина бироздан сўнг тағин кабинетимга қайтишимни, бояги одамларни кўришимни ўйлаб юрагим хижил тортди. Буфетчи қиз ҳисоб-китоб қилгандан кейин ўрнимдан оғир қўзғалдим. Аммо ичимдаги бир товуш мени яна пича ўтиришга ундарди, оёғим ишга тортмасди. Мен яна унинг йўқловини эсладим. Ахир унга нима фойда? Шу биргина қўнғироқ энди унинг ҳаётига нима мазмун беради?! «Шошма!» дейман ўзимга ўзим, «Ахир шу қўнғироқ ҳозиргина сени бир синовдан асраб қолди, эҳтимол у сени чалғитмаганида, бу имтиҳондан ўта олмасдинг. Энг мушкул паллада ўша даврадан сени юлиб олиб, сенга қанчалик ёрдам бера олишини кўрсатди». Мен энди тушуна бошлаган эдимки, бу қўнғироқ менинг чинакам халоскорим эди. Неча бор тушкунликка тушган, тўғри йўл топишга қийналган кезларим у мени ўзимга келтирган эмасмиди? Мана, бугун менинг шундай ноқулай аҳволда қолишимни у туш кўрмаган, бироқ ҳис этганини, энг муҳими, унинг керак пайтда қўнғироқ қилганини инкор эта олмайман. Уни йўқотганимдан кейин бир марта бўлса ҳам қайта учратмадим, тасодифан бўлсин йўлиқиб қолмадик ҳам. Лекин у менинг ҳар бир кунимда яшади, яшаганда ҳам ростакамига, дардларимга қулоқ тутиб, беминнат яшади. Балки гўшак орқали бирон марта «Алло!» деганида, унинг барча ҳисларини тушуниб қолган ва қадрламай қўйган бўлишим мумкин эди. У эса бунинг ўрнига ҳамиша ўн битта рақам, менга ёдаки бўлиб кетган ўн битта рақам билан мурожаат қиларди, холос.

Мен дадил қадамлар билан хонамга йўналдим, чунки энди ўзимни жуда ҳам енгил, ғам-ташвишсиз сезаётан, бундан буёғига одамларнинг ҳар турли қиёфасига хотиржам қарай олишимга ишонаётган эдим. Мен шунча йиллардан бери кўнглимни қиймалаб келаётган қўнғироқнинг огоҳлик қўнғироғи, ҳаёт қўнғироғи эканини фаҳмлаган эдим.

* * *

Ҳали тонг ёришмасиданоқ хотиним туртиб уйғотди. Унинг бутун баданини тер босган, оғир-оғир нафас оларди. У шунча азобда ҳам юз-қўлимни ювиб келгунимча чидаб ётди ва ўрнидан қўзғаларкан жилмайганча “Вақти бўлди шекилли” деди, сўнгра “Қизлар уйғонса қўрқишмасмикан”, дея улар ётган хонага хавотирли қараб қўйди.

Биз туғруқхонага етиб келганимизда тонг бўзарган, аммо осмон булутли эди. Йўлларда қатнов кам, унда-бунда фаррошлар кўча супуришарди. “Ўн олтинчи палата”, деди хотинимни жойлаштириб чиққан ҳамшира ва кийимлар солинган халта билан қўлимга бир парча қоғоз тутқазди, “Керакли нарсалар, тезроқ олиб келарсиз”. Кўча эшик ёнида машинани тўхтатишим билан катта қизим чопиб чиқди, кўзларида ёш. Мен уни опичлаганча уйга йўналдим, хайриятки, кичкинаси ҳали уйғонмаган экан.

Товага тухум чаққан пайтимда телефоним жиринглаб қолди, хаёлимга “У бўлса керак, хурсандлигимни сезибди-да”, деган фикр келди. Катта қизим телефонни олиб келар экан, “Дада, тоғам”, деди. Чиндан ҳам хотинимнинг укаси йўқлаган экан, унга бугунги янгиликни, ўзгариш бўлса телефон қилишимни айтдим. Нонушта қилиб бўлгач, иккала қизимни кийинтиришга тутиндим. Ниятим уларни онасининг ёнига олиб бориб, бирров кўрсатиб келиш эди. Боғчасига олиб бормайман, агар улар ҳам куни бўйи уйда бўлмаса, зерикиб қолишдан қўрқардим. Ишдан эса ҳафсалам пир бўлганди.

Шарфимни боғлаётиб хаёлимга антиқа бир фикр келди: унга ўзим телефон қилиб айтсам-чи, ахир у ҳам хурсанд бўлади. Лекин шу заҳотиёқ фикримдан қайтдим. Ўтган тўрт йил ичида у бир марта бўлсин гапирмади, энди мен дабдурустдан қўнғироқ қилиб, “Хотинимни туғруқхонага жойлаштирдим, суюнчи бер”, дейманми? Анча иккиланишдан кейин телефондаги унинг рақамини босдим, бир оз жимликдан сўнг узун-узун гудок кетди. Ва шу пайт… Аввалига эътибор қилмадим, аммо пича муддат тинглаб тургач, жиринглаган овоз шу уйдан, аллақайси бурчакдан келаётганини фаҳмлаб қолдим. Бир зумга тахтадек қотиб, ҳушимни йўқотаёздим. Жиринглаган овоз тошойнак ғаладонидаги пардоз қутичасининг ичидан таралаётганди…

Менинг шунча йиллардан бери минг-минглаб ришталар, азобли хотиралар орқали боғланиб келаётган яхлит кечмишим шу лаҳзаларда митти-митти парчаларга бўлиниб, тобора кўздан йўқолаётган эди.

2008

032Nosirjon Jo’raev
NOYABR  KUYI
022

Olam ichra vujud…
Vujud ichra ko‘ngil…
Ko‘ngil ichra xotira…
Xotira ichra esa hech narsa qolmadi…

Uch kunda kuz keldi. Dunyo qaridi…
Iqbol MIRZO

1

Yozishdan to‘xtadim-u boshimni ilkis ko‘tardim. Ko‘z oldim qorong‘ilashib, bir muddat xonani, undagi buyumlarni idrok qilolmay qoldim. Ehtimol, yana qon bosimim pasayib ketgandir. Picha o‘zimga kelgach, qog‘oz-qalamni yig‘ishtirib, dahlizga o‘tdim. Ayolimni chaqirdim – quyuqroq qora choy damlab bersa yaxshi bo‘lardi. U yoq-bu yoqqa chiqqanmi, hadeganda ovozi kelavermadi.
Hovlida guvranib esayotgan kechki shamol derazalarga qoplangan suvqog‘ozni shopillatib oynalarga uradi, chog‘roq ekinzordagi uyum-uyum xazonlarni shopiradi. Ko‘chaga quloq soldim – na biron bir qadam tovushi, na bir sharpa eshitiladi. Bunday rutubatda ko‘cha kezish kimga yoqadi? Dahlizga qaytib kirayotganimda, ichkari uyda qolgan qo‘l telefonimning jiringlagani eshitildi.
– Alo‘, eshitaman, alo‘-o‘.
U yoqdan hech kimning ovozi kelmadi, aksincha, yomg‘ir yog‘ishinimi, ko‘chaga suv sepilishinimi eslatuvchi sas qulog‘imga urildi. To‘rtburchak xontaxta yoniga cho‘kdim, telefonni yelkam bilan chap qulog‘imga qisgancha eshitib o‘tiraverdim – naryog‘da esa hanuz shig‘irlagan sas-sado. «Unga shu ishi zavq berarmikin?» deya o‘yladim. Lekin miyamga urilgan boshqa bir o‘ydan o‘zim ham allanechuk bo‘lib ketdim – «Menga-chi, mengayam zavq beradimi?!». Rosti, uning bu taxlit yo‘qlashlariga yillar davomida ko‘nikib bo‘lganman. Buni kundalik ehtiyoj, desa, kulgili bo‘lar-u, ammo men uning bunday qo‘ng‘irog‘ini har kuni kutaman. Garchi bir og‘iz gapirmasa ham.
Gazxonaga o‘tib choy qo‘ydim, shirinta’ma bo‘lib muzlatkichni ochdim. Nonushtadan qolgan behili murabbo bor edi, shuni choyga qo‘shib ichsammi… Ammo niyatim o‘zgardi, murabboni qaytarib joyiga qo‘yib, xonamga o‘tdim, portfelimda bir bo‘lak shokolad qolgandi, shuni yeyaqolay, dedim. Choy qaynashini kutib, shokoladdan kichkina-kichkina sindirib og‘zimga solarkanman, tashqariga nazar soldim. Yomg‘ir tomchilayapti, boyagi rutubat biroz yumshagan, egri-bugri daraxtlar, ularning ostidagi mog‘or bosgan barg-xazonlar, chilp-chilp loy bo‘lib qolgan tuproq yo‘lakchadan xuddi kuy taralayotgandek – kuzning ezgin kuyi.
Uning boyagina qilgan qo‘ng‘irog‘i yodimga tushdi, demak ular tarafda yomg‘ir yog‘a boshlagan ekan-da. Menga yomg‘irning ovozini ilinibdi-da. Balki, bu sokin faslning sehrli-sirli qo‘shig‘ini birga tinglamoqchi bo‘lgandir? Men-chi, mening xayolimga kelgan bo‘larmidi bu fikr? Ehtimol, bunday eslash, yaxshi narsalarni unga ilinish sira xayolimga kelmasligini bilgani uchun ham vaqtida yo‘qlagandir, qo‘ng‘irog‘imni kutib, ammo uni shu tobda eslamaganim uchun mendan xafa bo‘lib qolmaslikka urinib qilgandir bu ishni? Xullas, uning ichi menga qoronqu, sirligicha qolib kelayapti.
G‘ovlidagi taqir-tuqirdan xayolim yiqishtirildi. Xotinim tarnovlar tagiga chelak qo‘yayotibdi. Uning yomg‘irda qolgan ul-bul narsalarni yig‘ib-saranjomlab dahlizga kirishini kutdim. Bu orada choy qaynadi.
– Qaerlarda qolding?
– Shundoq o‘zim. Sizga xalaqit qilmay deb yangi qo‘shninikiga chiquvdim. Qaytgunimcha yomg‘ir quyib yubordi.
Ayolimning gapidan keyin hovliga yana bir qarab oldim. Endi yomg‘ir shitoblagan, halidan beri qulog‘imda aylanayotgan mahzun ohangdan asar ham qolmagandi. Hamma narsa yomg‘irning shashtiga ko‘nikkandek mo‘min-qobilgina bo‘lib turibdi.
«Choy ichasizmi?» so‘radi xotinim. «Ha, damlab beraqol». Men unga bosh irg‘ayotib, ko‘zlarini ko‘rib qoldim. Doimgidek o‘ychan va hadikka to‘la, xijolat bo‘lib ketdim. Men bu ahvolga ko‘p bora tushganman, uning nigohlarida birgina savol bor – uni ham bilaman, ammo ana shu savolga javob berishni hamisha orqaga tashlab kelayapman. Bu mening «kuzning kuyi»dan-da og‘irroq, ma’yusroq kuyim. Bu kuy har kuni uyimda jaranglaydi, uni qulog‘im tugul yuzim, ko‘zu qoshlarim bilan ham tinglay olaman. Va mana shu ohang so‘nggi kunimgacha qo‘limdan tutib yetaklaydigan chorlov ekaniga imon keltirganman. Bu kuyning har bir pardasiga, sokinligiyu avjiga mutloq tushunaman va men bir umrga shu kuyga hukm qilinganman. Bu – yolg‘izlik kuyi, bu – kimsasizlikning g‘amgin musiqasi.

* * *

«Bolalarni bog‘chaga tashlab o‘tasizmi?». Xotinim kichkina qizimning nimchasini kiydirayotib, menga zimdan qarab qo‘yganini sezdim. «Dadasi, shimingizning taxi buzilibdimi, o‘lsin, kecha e’tibor qilmabman. Almashtirib olaqoling».
U mening boshqatdan yechinib-kiyinishga azaldan hafsalam yo‘qligini biladi, shunday bo‘lsa-da, aytadi-qo‘yadi. Boshqalarda qanday – bilmadim-u, ammo biz itg‘ajish bo‘lib urishgan kunlarimiz ham salom-alikni, ishga jo‘nash oldidan xayr-xo‘shni kanda qilmaymiz. Ehtimol, shunchaki o‘rganishdir, balki ichki bir adolatimiz yo‘l bermas, nima bo‘lganda ham, kechqurun harqancha janjallashmaylik, ertalab, ishga ketish oldidan xuddi robotlardek dag‘al va hissiz ovozda xayrlashamiz: «Yaxshi borib keling». «O‘zing ham».
Lekin bugun unday emas, hartugul kayfiyatimiz yaxshi. Er-xotin suhbatlashib nonushta qildik, bolalarga issiq kiyim-kechak olish haqida gaplashdik. U mening qalpog‘im, o‘zining etigi biroz o‘ngiganini eslatdi. Mana endi ish oldidan… o‘sha gap: «Yaxshi borib keling». «O‘zing ham».
Ikkala qizimni mashinaning orqa o‘rindig‘iga o‘tirg‘izib, kamarlarni tang‘idim. Yo‘lda hadeb savol beravermasliklarini, fikrim chalg‘ishi mumkinligini odatdagidek tushuntirdim. Ular bu tanbehimni eshitaverib yodlab olishgan, gapim tugamasidanoq, «xo‘p bo‘ladi, xo‘p bo‘ladi», deya mashinani tezroq yurgizishimni kutishadi.
Jiblajibonlarimni bog‘cha opasiga topshirib, mashinaga benzin quyib, ishxonaga o‘n besh daqiqa kechikib keldim. Kabinetim eshigiga kalit solishim bilan kotiba qiz yugurgilab kelib, biroz oldin meni direktor yo‘qlaganini aytdi. «Yaxshi, hozir», dedim-u, kabinetga kirib yomg‘irpo‘shimni qoziqqa ildim. Xona sovuq, hali qishki isitish tizimi ulanmagan, chiroqni yoqsam ham tashqaridagi bulutli havoning ta’sirida ichkari unchalik yorishmadi. «Nima gapi bor ekan direktorning?», kotibaning eslatmasini o‘ylay boshladim. «Tunov kungi gap tag‘in qo‘zg‘alarmikan? Axir kap-katta rahbar bo‘lsa, bu ishni nima uchun o‘zi hal qilib qo‘ya qolmayapti, nega hadeb mening fikrimni bilishga qiziqayapti? Xo‘p, o‘sha yigitga yordam berish kerak ekan, bersin. Qo‘lyozmaning peshanasiga gajakdor imzosini qo‘yib bersa, bo‘ldi, vassalom». Shu xayollar bilan xonadan chiqayotgandim, qo‘qqisdan eshigim ochildi – «Kofe qaynatayotuvdim, sizga ham olib kiraymi?», so‘radi qo‘shni xonada ishlaydigan yangi xodima. «Yaxshi bo‘lardi, rahmat. Bokalim yuvilgan».
Direktor odatdagidan ko‘ra yaxshiroq kayfiyatda edi, salom-aligi ham quyuqroq bo‘ldi, hatto televizorning ovozini pastlatayotib «Sizga shovqin yoqmasligini bilamiz, og‘ayni», deb qo‘ydi. Doimo shunday, u meni hamisha «og‘ayni» deb chaqiradi, ehtimol unga shu qulayroqdir. Insof bilan aytganda, u yaxshi odam, g‘amxo‘r rahbar, ammo bir narsa – pulni otasidan ham aziz ko‘rishi uning aft-angoriga ham urib ketgan. Chuvak yuzida hamisha sovuqqonlik turadi, hadeganda kulavermaydi.
– Og‘ayni, yana o‘sha gap. Ehtimol, bir-ikki kun ichida fikringiz o‘zgargandir. O‘sha yigitni bir qo‘llavorsak, shu bilan iziga tushib ketar?
Direktor bu gaplarni ko‘zimga qaramay so‘zladi, chehrasida g‘alati ifodalar o‘zgarib turardi. Xijolat chekayapti deb o‘ylaganim uchun u gapini yakunlab, savol nazari bilan qarashi hamono men ham ko‘zimni olib qochdim. Lekin bu masalani yana chuvalashgan holda qoldirish kerak emas, yo direktor, yo men tezroq yon berishimiz kerak edi.
– Mo‘min aka, sizga o‘sha kuni ham aytdim, – iloji boricha xotirjam gapirishga urindim men, – deylik, o‘sha yigitning kitobiga qo‘l qo‘yib beraylik, bosishga topshiraylik ham. Lekin bundan kimga foyda? Tuppa-tuzuk joyda ishlarkan, topish-tutishi ham yomonga o‘xshamaydi, nima qiladi o‘zining ham, bizning ham boshimizni qotirib? Ertaga kitobi yaltir-yultir muqovada nashr qilinadi, peshtaxtalarga chiroyli qilib terib qo‘yiladi, biroq bu asarni birov qo‘liga olib qaraydimi-yo‘qmi, buyog‘i sizga ham qorong‘u.
Direktor avzoyini o‘zgartirmadi, faqat yuzimga tikilgancha bir alpozda turaverdi. Men qizishib ketib uning ko‘ngliga tegadigan gap gapirib qo‘ymadimmi, deb o‘zimni tahlil qila boshladim. Lekin ichimdagini aytganimdan yengil tortgan edim, ana, stolim ustida duppa-durust bir asar mana shu direktorning ruxsatini kutib yotibdi, o‘zim necha bor shu xonaga ko‘tarib kirib, bir-biridan g‘alati bahonalarni eshitib chiqqanman. Axir odamlar nimani o‘qishni yaxshi biladi, biz zo‘rlab tiqishtirolmaymiz.
Direktor sokin ovozda murojaat qildi:
– Endi mundoq, og‘ayni, gapning po‘stkallasini aytsam, u bizga kerakli odam. Hmm, nima demoqchiman, men aslida bir og‘iz gap bilan bir oyga qoldirmay chiqarib berardim o‘sha kitobni. Lekin gap boshqa yoqda, biz gaplashayotgan yigitning niyatigina meni ushlab turibdi. O‘sha ukamiz birinchi kitobiga aynan siz muharrir bo‘lib berishingizni istayapti. Endi tushungandirsiz nega sizning og‘zingizni poylayotganimni?
Dong qotib qoldim, uning oxirgi gaplari men uchun tamoman hayratlanarli edi. Axir azbaroyi asarning saviyasizligi uchun ham uning chop qilinishiga qarshi edim, nashriyotning obro‘yini yo‘qotmaslik uchun rahbarning taklifidan bo‘yin tovlayotgandim-ku. Qanday qilib o‘zing xom-xatala, bir pulga qimmat deb turgan qo‘lyozmaga muharrirlik qilish mumkin? Fikr¬larimni jamlab, direktorga yuzlandim.
– Siz aytayotgan o‘sha «nasihatnoma»ga muharrirlik qilishdan ko‘ra, uni boshqatdan yozish osonroq. Bir jumlani to‘g‘ri yozolmaydigan savdogardan nega yozuvchi yasayapmiz?! Yozganlari, kechirasiz-u, maktabda yoziladigan inshodan ham battar!
Men endi anchayin qizishib ketgandim. Qo‘llarim titray boshlagan, quloqlarimgacha qizib ketgandi. Ammo rahbarim hech bir o‘zgarishsiz, ko‘zlarini menga qadagancha o‘tiraverdi. Tavba, nega u miq etmay eshitib turibdi, boshqa odam bo‘lsa, meni quyushqondan chiqqanlikda ayblardi, hech bo‘lmaganda hurmatini pesh qilardi. Direktor esa, biz xuddi yaxshi gaplardan gaplashayotgandek nim tabassum bilan pinagini ham buzmasdi. Balki shunaqa bosiqligi uchun ham rahbar bo‘lib o‘tirgandir, bu fazilatiga qoyil qolish kerak.
Uning oldida o‘zimni noqulay sezib, «Menga ruxsat» deya qo‘zg‘aldim, ushbu gapim bilan bu mavzudagi suhbatimiz ham tamom bo‘lganini bildirmoqchi edim. Direktor meni eshik oldigacha kuzatdi va «Sizning iste’dodingizni juda qadrlayman, siz yaxshi ijodkorsiz. Ammo bilib qo‘ying, o‘sha kitob baribir nashr etiladi», dedi.

* * *

Men odamlardagi istak-mayllar nega bu qadar xo‘rlanishi haqida juda ko‘p bosh qotiraman, ularning his-tuyg‘ulari nimalar evaziga boy berilishini, nega inson bolasi ko‘zlagan maqsadlariga erishgani sayin dag‘allashib, qalbi xira tortib borishini tahlil qilishga urinaman. Yuraklarni ko‘rinmas ip singari bog‘lab-chirmab turgan rishtalar, pokiza hayajonlar, hayratlar nega bunchalik jonsizlanib borayotganini hech tushunolmayman. Eng ayanchlisi, ular shu taxlit hayotni tobora afzal ko‘rishayotgandek tuyuladi menga. Har kuni uydan ishga, ishdan uyga bir maromda kelib-ketuvchi odamlar tashqaridan qaraganda juda tartibli, sipo ko‘rinishadi. Buning ustiga, har bir so‘zni chertib, orqa-o‘ngiga qarab gapiradilar. Fasllarning almashishi, maysalar unishi, xazon to‘kilishi, bunday narsalar allaqachon ularning e’tiboridan chetda qolgan. Hech kim minglab mashinalar ostida ezilib yotgan asfalt yo‘llarning yomg‘ir yog‘ayotganda ajoyib bir rangga kirishini kuzatmaydi. Bu jozib manzaralarga bir fursatgina vaqt ajratgan odam o‘zini hayotdan orqada qolgan, chorasiz va miskin sezadi. Va, alal-oqibat, vaqt bilan chopisha-chopisha kunlarni, yillarni qurbon qilib yuborishadi.
Nega bularni o‘ylayapman, o‘zim ham hayronman.
Shom qorong‘usida mashinamni shahar chetidagi «Pikko» kafesi oldida to‘xtatdim. Ichkariga kirayotib bir quti tamaki sotib oldim, shu payt beixtiyor e’tibor qilibman – do‘kon darchasidan tushayotgan yog‘duda qor uchqunlayapti. Bu qanaqasi bo‘ldi, hali erta edi-ku, havo ham unchalik sovuq emas. Bugun to‘qqizinchimi, tavba, hali qishga bir oycha vaqt bor, bu yil sovuq qattiq bo‘larkan-da.
Stolga o‘tirishim bilan xizmatchi qiz yetib keldi. U joylashib olishimni kutib, so‘ngra odob bilan so‘radi:
– Nima ichasiz?
– Shaftoli sharbati, quyuqroq bo‘lsin.
– A, yuz gramni-chi, keyinroqmi?
Nima deyishni bilmay qoldim, hozir «Men ichmayman» desam kulgili bo‘lsa kerak-a! Shunday raso erkak ichmayman desa, ishonisharmikan, ehtimol «Sharbatingni uyingga borib ichsang ham bo‘ladi», degan xayol o‘tar bu qizlarning boshidan.
– Men ichmayman, – dedim nihoyat.
Xizmatchi qiz tabassum bilan «Yana nima buyurasiz?» deya so‘radi. Men ikki xil ovqat aytdim, nariroqqa borganda esa kuldonni ham tayinladim. Qiz ketgach, uning tabassumi haqida o‘ylay boshladim. Bunday jilmayish ularga odatmikan yoki istehzo qildimi, balki ichmasligimni eshitib quvongandir ham. Qiziq, odamning hatto kulgisini ham to‘laligicha tushunib bo‘lmaydi. Axir hech jahonda kulayotgan inson «Men shu sabab bilan kulayapman», demaydi-ku. Qaytib kelganda o‘zidan so‘rab ko‘raymi? Nima derdi – shunchaki o‘zim, deydi-qo‘yadi-da, qo‘shimchasiga ensasini qotiradi. Aytayapman-ku, kulgan odam shu-shu sababdan kulayapman, deb sharhlab o‘tirmaydi.
Atrofimni kuzata boshladim, kimlar kulgan, kimlar boshini boshiga tirab gaplashib o‘tiribdi, yana kim ishtaha bilan ovqatlanyapti. Kafening xilvatroq burchaklarida yoshlar. Mana senga shuncha sabab. Shu choqqina bino ichida qancha qayg‘u, qancha sog‘inch, muammolar, shodliklar, ehtirosli suhbatlar. Xo‘sh, men o‘zim nima uchun bu yerga keldim, tamaddi qilganimi – uyda ovqatlansam ham bo‘lardi, qolaversa, har kuni bu yerga kelib nonushta yoki kechlik qilayotgan joyim yo‘q. Nega ish tugashi bilan uyga ketmadim? Dam olishim, qizaloqlarim bilan o‘ynashim yoki bir-ikkita kitob titishim mumkin edi-ku. Xo‘sh, nega? Chunki men qandaydir tuyg‘u – yolg‘iz qolishgami, biror narsani xotirjam o‘ylab olishgami o‘xshash, xullas, uydan ham, ishxonadan ham topib bo‘lmaydigan taskin izlab kelganman bu yerga. Bu yerda odam ko‘p, ammo shunga qaramay, sen bemalol yolg‘iz, kishilar e’tiboridan xoli qolishing mumkin. Kafeda o‘tirganlarning aksariyati ham aslida shu singari sabablar bilan kelishgan.
Ovqatni yeb bo‘lib, grafindagi oxirgi sharbatni quyayotganimda telefonim jiringladi, qulog‘imga tutdim. U tomonda shu qadar jimlik ediki, beixtiyor entikib ketdim. Uning qulog‘iga qanday shovqin-suron borayotganini his qilib, xijolat chekdim. Balki u uyimdagi osuda hayotni, qaqajonlarimning to‘s-to‘polonini, yo jimgina kitob varaqlab o‘tirganimni eshitaman, deb o‘ylagandir. Narxlar yozilgan qog‘oz va pulni xizmatchi qizga imo bilan ko‘rsatdim-da, tashqariga shoshdim. Telefonda esa, hamon jimlik. Ammo mashinamga o‘tirib, eshikni yopishim bilanoq, apparatdan qisqa-qisqa gudok kela boshladi – u mashinaga o‘tirganimga ishonch hosil qilgandi. Bu orada daraxt shoxlarini, yo‘l chetlari va tunuka tomlarni yupqa va nafis qor qoplab ulgurgandi.

* * *

Avtomobillar g‘ildiragi qoldirayotgan izlardan men ham o‘tib borarkanman, tag‘in odamlar, turmushning g‘imir-g‘imirlari orasida mana bu asfalt yo‘l ustida bir soniyagina avval borligi endi esdan chiqayotgan qor parchalaridek izsiz yo‘qolayotgan ming¬lab his-tug‘yonlar haqida o‘ylay boshladim. Bu xil mulohazalar o‘zimga betayin, tuturiqsiz tuyulayotgan bo‘lsa-da, ammo ko‘nglimning allaqaerigadir xush yoqayotgandi. Balki, chindan ham nimalarnidir o‘ylashga ehtiyojim bordir. Mana shu son-sanoqsiz, bir-birini kesib-uzib tashlagan izlardan minglab mashinalar o‘tgan, xo‘sh, ular qayoqqa ketadi? O‘zimni olay, hozir uyga, ertaga yana shu yo‘ldan ishga qaytaman. Nega endi xayolimga kelgan zahoti rulni xohlagan bir ko‘chaga burib yuborolmayman. Meni nima ushlab-jilovlab turadi? Oilamga sadoqatmi, ishxonamga hurmatmi, millionlab odamlar nazaridagi tartibli hayotga munosib bo‘lishlikmi – nima? Tasavvur qilaman, hozir uyga emas, duch kelgan biror yoqqa, masalan, daryo bo‘yigami borib, sovuqda dildirab o‘tirsam, ammo shuning evaziga tip-tiniq osmonni, oyni, izg‘irin ko‘chalarni tomosha qilsam, ertaga nima o‘zgaradi? Biror kishi bundan ziyon-zahmat chekadimi? Xotinim va bolalarim xavotir olishi mumkin, tuni bilan mijja qoqmay chiqadi, biroq ertasiga meni sog‘-omon ko‘rgach, o‘sha zahotiyoq kechagi xavotirlarni unutadi, yana hayot o‘z yo‘lida davom etaveradi. Lekin men shu narsani bilgan holda, rulni hech qachon, hatto bir marta bo‘lsa ham manzili noma’lum yo‘lga bura olmayman. Boshqalar esa ehtimol bu haqda o‘ylab ham ko‘rishmas. Chunki bu taxlit «erkinlik»ning oqibatini o‘zgalardan eshitishgan, vaqtni bunday sovurishga ularning ko‘zi qiymaydi, uyida ag‘anab yotsa-yotadiki, bunday daydishlarga hushi kelmaydi.
Darvoqe, qor ancha tezlashibdi, endi qancha mashina o‘tmasin, yo‘lni shiddat bilan qoplab borayapti. Lekin menga qor unchalik yoqmaydi. Yomg‘irning yo‘rig‘i boshqa – u inson ko‘ngli bilan hisoblashadi, sochlaringiz orasiga, bo‘yin va bilaklaringizga erkalanib singadi, yog‘ishi ham chiroyli, shaffof tomchilar ko‘zingizga ko‘rinib-ko‘rinmay, xuddi osmondan yerga tortilgan millionlab iplar bo‘ylab oqayotgandek, ajib sukunat bilan yog‘adi. Yomg‘irning yana bir muhim tomoni shundaki, u har qancha yog‘masin, nigohimiz tushib turgan biror rangni ko‘mib yuborishga urinmaydi, aksincha, asliyatni yanada ravshanroq ko‘rsatadi. Qor esa, qip-qizil, yam-yashil tunuka tomlarni ham, qo‘ng‘ir yo‘llarni ham, qop-qora tog‘larni ham faqat oqqa bo‘yaydi. Axir odam deganning ko‘zi tinib ketadi-ku! Yerni ham, ko‘kni ham, odamlaru mashinalarni ham faqat bir rangda ko‘rish, bu – adolatsizlik emasmi?!
Mening bu fikrlarimni u hamisha oddiygina, go‘yo biror yoqtirgan musiqasini tinglayotgan odamdek xotirjam qabul qilardi, balki bu tentaknamo gap¬larimga qarshi bo‘lsa ham, indamay qo‘ya qolarmidi? Yoki aynan shu narsalarga nisbatan o‘z qarashlarining pinhon-sirligicha qolishini istarmidi, harqalay, doimo jimgina tinglardi, xolos. Chamamda, uni boshqa narsalar qiziqtirardi. Masalan, odamzodning o‘zini o‘zi hurmat qilishimi, kasal-kusal bo‘lmay, hamma narsani o‘rni-o‘rnida, o‘z vaqtida bajarishimi, shunga o‘xshash narsalarni ko‘p gapirardi. Esimda, bir kuni poliklinikaga borganimni aytib qo‘ydim. Men har qancha to‘sqinlik qilmay, u kasallik varaqasini, buyurilgan dori-darmonlarni, yana allambalo mayda-chuyda qog‘ozlarni shosha-pisha, ammo sinchiklab o‘qib chiqdi. So‘ng xavotirli ko‘zlarini yuzimga qadab, yaxshigina shamollaganimni aytdi. Ochig‘i, kulib yubordim, to‘g‘ri-da, nimasi xavotirli buning. Shamollaganlar kammi?
Endi o‘ylasam, aynan uning hadigu xavotirlari sabab men o‘zimga ishonib yurar ekanman. Atrofingizda sizga mehribon odam qancha ko‘p bo‘lsa, siz shuncha taltayasiz, erkaliklar qilgingiz keladi, mana buni ye, mana buni ich, deydigan odam bo‘lsa, siz aynan o‘sha kishiga nisbatan noz-firoq qilasiz. Nega biz ko‘chada, ishxonada yoki mehmondorchilikda o‘zimizni sipo, bama’ni tutamiz-u, uyimizda sal narsaga baqir-chaqir qiladigan, jizzaki, hovliqma bo‘lib qolamiz? Yetti yot ayollarning hurmatini joyiga qo‘yib olqish olamiz-u, onamizni siltab-siltab tashlaymiz. Ishxonada biror sabab bilan tushlik bir-ikki soatga cho‘zilsa chidaymiz-u, choyi vaqtida qaynamagani uchun uydagilarni gizillatamiz. Bu odamlikka xos tushunchalar, odatlarmi – nima bu?
Aslida, uning mehribonchiliklari ham meni alal-oqibat takabburlikka olib borayotgandi. Va borgan sari dimog‘dorlik meni mahv etardi. Endi men uning g‘amxo‘rliklaridan azoblanayotganim uchun ham aynan unga nisbatan kibr saqlardim, xuddi o‘zimni bekamu-ko‘st odamdek tutishga tirishardim.

* * *

Tongda hovliga chiqqanimda, havo tozargan, ammo anchayin namchil-namxush edi. Men bilgan kuzning kuyiga yana bir ohang qo‘shilgan – «chak-chik, chak-chik» qilayotgan bir maromdagi ovozlar quloq-quloqlargacha singib, asablarni parmalashga ataylab urinayotgandek, butun hovlini tutib ketgandi. Kecha oqshom boshlangan ilk qor yerning, hali chirimagan xazonlarning taftiga dosh berolmay eriyotgandi, qor eriyapti-yu devorlar, yo‘laklar ustidan, daraxtlarning shir yalang‘och shoxlaridan hovur ko‘tarilayapti. Xuddi uyning hamma burchagida mitti-mitti vulqonlar boru, o‘shalar biqirlab qaynab yotgandek. Tamaki tutatdim, ichimga tutun bilan muzdek havo ham tortdim, badan-badanim seskanib ketdi. Shu alpozda, shu ezginlikda o‘yga toldim. To‘g‘risi, tabiatni kuzata turib, tashqi qiyofalar go‘zalligi yoki buning aksi haqida tasavvur qila boshladim. Nega biz ko‘hlik, ko‘rkam qizlarga qayta-qayta qaraymiz. Ularning jozibasi nimada, nimasi mahliyo qiladi bizni? «Chiroyli ekan», deymiz, nimasiga qarab baho beramiz? «Mutanosiblik» degan so‘z keldi xayolimga. Rost-da, ko‘zu qoshi, rangi-yu qomati, yuzi-yu sochi bir-biriga uyg‘un qiyofalar ko‘zimizni olar, ehtimol. Shu uyg‘unlikni o‘zimiz ham buzgimiz kelmaydi, deylik birorta chiroyli qiz haqida o‘ylaganimizda uni nojo‘ya, xunuk ishlar qilib turganini, masalan, tupurayotganinimi, betamizlarcha qichqirayotganinimi xayol qilishdan harchand tiyilamiz, bunday xayoldan o‘zimizni olib qochgimiz keladi. Aksincha, istarasiz va axloqsiz ayollarga bog‘liq yoqimli taassurotlarimiz ham unchalik ko‘p emas. Agar biror erkakshoda, nafosatdan uzoq qiz haqida gapirayotib, uning nazokat bilan muzqaymoq yeyishinimi, gulzorlarda sayr qilib yurishinimi aytsak, aksariyat odamlarning afti burishadi. Chunki ularning ko‘ngli bunday teskari tasavvurlarga tayyor bo‘lmaydi, ko‘p hollarda buni xohlashmaydi ham.
Hozirgi manzara ham shunday teskari tasavvur uyg‘otardi kishida. Osmonga qarasang, ko‘m-ko‘k yalang¬likda parcha-parcha bulut qiyqimlari, quyoshning kuchsiz nurlari yerga osoyishta oqib turibdi. Yerda esa… uyum-uyum qoraygan xazonlar, mung‘aygan uylar, qo‘njigacha loyga botgan oyoq kiyimlari, xullas shunaqa chalkashliklar. Yo‘q, bular hech qanday chalkashlik emas, aslida qanday bo‘lishi kerak bo‘lsa, shunday alpozda turipti. Faqat mening ko‘zlarim bu aks manzaralarga ko‘nika olmayotgan bo‘lishi mumkin. Ko‘rdingmi, deyman o‘zimga o‘zim, osmonga, oyog‘ing ostidagi yerga bir lahza tikilib, shuncha iztirob chekayapsan. Boshqalar ham o‘zlarini xuddi shunday ortiq qiynamaslik uchun bunaqa narsalardan, o‘y-xayollardan ko‘z yumib-quloq yopib o‘tishadi, vassalom. Ularning nazdida, sening bu kabi hamma narsadan aziyat chekishing bema’nilik, jinnilikdan bo‘lak narsa emas! Buning o‘rniga ular uylariga pechka qurishadi, o‘tin g‘amlashadi, teshik-tuynuklarni berkitishadi va shu taxlit tadbir-tadoriklar bilan har qanday faslni, har qanday qulay-noqulay sharoitlarni ham xotirjam, ortiqcha hissiyotlarga berilmay, ba’zan esa bepisandlik bilan kutib olaverishadi.
Aslida, mening eng katta yo‘qotishim ham mana shunday iztirobdan qochish evaziga yuz bergandi, uning ko‘zlariga bir lahza bo‘lsin qarash, dengiz sathidagi ulkan bir kemadek chayqalib-to‘lqinlanib yotgan qalbidagi har bitta titrash-silkinishni tinglash, tushunish azobidan qo‘rqish meni undan uzoqlashtirgandi. Kuzgi yaproqlardek omonat, majolsiz va sokin muhabbatining yuki ezib qo‘ygandi, ko‘zlaridagi tubsiz-nihoyasiz umid, ilinjning og‘irligi mening bechoraligimni tobora yuzaga olib chiqardi. Ammo men, ana shu yuk-zahmatlar orasida yanchilib-toptalib ketayotganimga qaramay, ulg‘ayayotgan edim, uning muhabbati ulg‘aytirayotgandi. Men qancha qochganim, o‘zimni ojiz sezganim sari bu cheki-chegarasi yo‘q qochqinlarning, chorasizliklarning mohiyatini anglashga mahkum bo‘lib borardim. Uning sevgisi shu qadar shafqatsiz ediki, meni bir soniya, bir nafas bo‘lsin ayamasdi, ta’qib qilishdan charchamasdi ham. Muhabbat mening ikki yelkamdan tutib, shunday qattiq silkirdiki, ilojsiz ravishda qaytadan o‘nglanishga, uning bir nafasidan pardek to‘zg‘ib ketgan borlig‘imni yangitdan tiklashga majbur bo‘lardim. U shunday shafqatsiz sevgi ediki, mening har bir so‘zim uning uchun qonun bilan barobar edi, u faqat mening borligimni tan olardi xolos va shu yo‘l bilan, ya’ni meni kamsitmaslikka urinib azob¬lardi. Bu xuddi sovuqda muzlayotgan odamni isitaman deb gurillab yonayotgan olovga otishdek gap edi. Bu – ming-minglab hujayralaringni, tomirlaringni, sezgilaringni do‘zaxdan do‘zaxga solib o‘ynashdir. Men bu adoqsiz xo‘rlanishlarga hukm qilingan, uning sassiz-sadosiz, ma’sum va sokin muhabbati esa, shubhasiz, hukmfarmo edi. Men uni hamisha quchgim, bag‘rimga mahkam bosib, berayotgan uqubatlari uchun o‘ch olgim, quchog‘imda turib qanday yig‘lashini huzur bilan tomosha qilgim kelardi. Biroq bu ishlarim uning ko‘ngliga qanday yangi to‘fonlar solishini yaxshi anglardim, bu o‘ch-olovdan keyin hozirgi azobu ko‘rgiliklarim o‘n chandon, yuz chandon ortishini o‘ylab, yana qunish tortardim. Mening hatto shunga ham imkonim yetmasdi.

2

Agar kuz ijozat berganida, uni bunday g‘ussali kuylarga emas, shodumon, inson ko‘ngliga barcha tomirlaridan oqib kiruvchi, agar bir kun tinglamasa, dunyodagi jamiki qalblar ilhaq-intizor bo‘lib kutguvchi quvonch ohanglariga to‘ldirib tashlagan bo‘lardim. Ammo xazonlar fasli olamning ko‘hna qoidalaridan chekinmadi, Tangri va Zamin o‘rtasidagi azaliy mehvardan bir lahzaga bo‘lsa ham uzila olmadi. Men esa, butun borlig‘im bilan qaytadan yaralgandek bo‘ldim, hech narsa ko‘rmagandek, hech qaysi hissiyotlarni tanimagan-bilmagandek yangitdan yashay boshladim. Va shunday uni yo‘qotdim, va shunday odamlar ko‘z o‘ngida asta-sekin yo‘qola boshladim. Endi meni avvalgi dunyoim bilan faqat birgina qo‘ng‘iroq bog‘lab qoldi, ana shu qo‘ng‘iroqdan boshqa hammasi men uchun tamomila yangilik edi.
Ammo bu yangi hayotimda o‘zimni hech kimga tushuntira olmadim. Oilam uchun o‘sha-o‘sha og‘ir fe’l-atvorli, ko‘cha-ko‘yda esa takabbur qiyofali odam sifatida qolaverdim. Ayanchlisi, biror kishiga bo‘lsin, «Men aslida mana bunday odamman», deya o‘zimni izohlay olmadim. Endi, agar ishxonada biror hamkasbimning so‘zi ko‘nglimga og‘ir botsa, uni oldimga o‘tirg‘izib, kerak bo‘lsa soatlab gaplashishni, uni ham, o‘zimni ham vijdon azobidan qutqarishni o‘ylayman. Biroq bu qo‘limdan kelmaydi, aksincha, yo ichimga yutib indamay ketaman, yo uning ham dilini og‘ritaman. Yoki ko‘cha-ko‘yda biror notanish odamning nega iztirob chekayotganining, nimadan qiynalayotganining sababini bilgim keladi, men uning hayotiga o‘zimni javobgar yoki tegishli deb his etaman. Biroq hech qachon u bilan gaplashmayman, aksincha, o‘sha odamning qarshisida juda ham ortiqcha sezaman o‘zimni. Ming afsuski, bu taxlit yechimlarning hammasi irodamning kuchsizligini namoyon qilib qo‘yadi. Men endi avvalgi qiyofamdan ham battarroq shamoyilda edim, tobora o‘zimga o‘zim ko‘milib-o‘ralib borardim. Undan, uning mehridan voz kechgan kunimdan e’tiboran shaklsiz hayotning oddiy – minglab odamlar qatoridagi jo‘n kishisiga aylangandim. Bu mening chinakam fojiam bo‘ldi.
Bo‘yinbog‘imni taqayotib, xotinimning savolomuz nigohi e’tiborimni jalb etdi. U qo‘lida tutib turgan kostyumni olib, divan chetiga omonat qo‘ydim-da, dilimdan kechayotgan ajib tuyg‘ular bilan xotinimni bag‘rimga tortdim. Sochlaridan silab, ilk bor ro‘yi-rost nigoh bilan ko‘zlariga tikildim. Men bugun ayolimning ko‘nglidan o‘tayotgan barcha hislarni, anduhlar ovoziniyu norizoliklar nidosini tinglamoqchiman, qo‘llaridagi dag‘alliklar, yuzidagi horg‘inlik, vujudining ich-ichlarida yashab kelayotgan, qachondir ulkan va qo‘rqinchli vulqondek portlab chiquvchi alamlarining aks sadosiga jimgina, xayrixohlik va moyillik bilan quloq tutmoqchiman. Va, ehtimolki, mening hayotimdagi chigalliklar, ruhimdagi siqiqlik, gurros-gurros olomon orasida ham yolg‘iz-kimsasiz umr kechirayotganimning sabablarini u bilar.
«Aqalli bir marta bo‘lsa ham tan olib ayting, siz hayotdan bunchalik kuyunib yashashingizning boisi nimada? Nega odamlar nigohidan uzoq bo‘lishga urinasiz? Aslida, ularni o‘z g‘am-tashvishingizdan himoya qilgingiz, yaqinlaringizning ko‘ngliga bevaqt xavotir solib qo‘ymaslikka tirishasiz. Lekin shu ishingizning o‘ziyoq jigarlaringizni tashvishga soladi. Eslab ko‘ring, qachon ota-onangiz bilan yozilib, chin dildan gaplashgansiz? Qachon opangiz yoki akangiz qarshisida qimtinmay dardlashgansiz? Biron joyingiz og‘riyotganini ular qachon o‘z tilingizdan eshitishgan? Bu bilan go‘yoki ularni bemavrid siqilishlardan, sizni deb xavotir olishlaridan asragandek bo‘lasiz. O‘zingizni ular qarshisida bekamu ko‘st, boy-badavlat, xotirjam tutishga urinasiz. Yaqinlaringiz uchun xuddi tog‘dek suyanch ekaningizni uqtirasiz. Ammo siz ketishingiz bilanoq o‘zingiz hamisha hadiksirab yuradigan, yuz berishidan cho‘chib yashaydigan voqealar bo‘y ko‘rsatadi. Ya’ni sizning ortingizdan yaqinlaringiz doimo yuragi xijil bo‘lib qoladi. Na biror dardingiz, na biror tashvishingizdan xabardor bo‘la olmay, ayni paytda, sizga yordam berolmasliklarini o‘ylab, adoyi tamom bo‘lishadi. Siz esa hamisha o‘zingizdan qochasiz. Ishdan kelib naridan-beri ovqatlanasiz, qizlaringizning ra’yiga qarab, ular bilan picha o‘ynagan bo‘lasiz, kitob varaqlaysiz, ammo bularning birortasi ham sizning botiningizdagi besaranjomlik, alag‘dalik, parishonlikning yuziga parda to‘sa olmaydi. Va, aksincha, bu qiynoqlar, ichingizdagi ikkilanishlar zahar-zaqqumdek sizni yemirib borayapti».
Bu xotinim aytgan ayni haqiqatlar edi. U shu qadar ishonch bilan gapirardiki, men to xotinimning gapi tugamaguncha o‘zimni oqlashga ham, uni to‘xtatishga ham intilmadim, hech narsa deya olmadim. Negadir uning bu achchiq haqiqatlari yuragimning tub-tublariga singib, huzur bag‘ishlayotgandi. So‘ng esa uni yana ham qattiqroq bag‘rimga bosib, imkon qadar ko‘zlarimni yashirishga urindim.

* * *

Mashinamni garajdan olib chiqmadim – bugun ishxonagacha bo‘lgan o‘n chaqirimcha yo‘lni piyoda bosib o‘tmoqchiman. Xuddi mashhur kitoblarda yozilganidek, mana shu yo‘l davomida o‘zimni o‘zim bir anglab ko‘rmoqchiman, qariyb besh yildan buyon ilmiliq kechayotgan umrimning barcha so‘qmoqlarini xayolan kezib chiqmoqchiman. Lekin, halitdan qo‘rqayapmanki, bunga mening kuch-madorim yetmaydi. Chunki, o‘tmishga qaytish men uchun hazil gap emas, qachonki cheksiz sabot bilan, eslaganlarimning birortasi meni tushkunlikka tushirmaydi, degan xulosaga kela olsamgina, bu ishga qo‘l urganim yaxshi. Biroq, bugun shunga jazm qildim.
Ko‘chada hamishadagidek qaerlargadir ketayotgan yo‘lovchilar. O‘zimning ko‘chamdan to katta yo‘lga chiqqunimcha bir-ikki tanish odam bosh silkib o‘tdi, lekin sezib turibmanki, ular salomlashib o‘tiboq ortiga qayrilayapti – nega mashinasiz yo‘lga chiqqanim ularga qiziq tuyulyapti. Ularga e’tibor bermay, o‘z xayollarim bilan band bo‘lishga urinaman, paltomning yoqasini ko‘targancha loygarchilikdan isqirt ko‘rinishga kelib qolgan yo‘lkalarga tikilib boraman.
Hayot men o‘ylaganchalik oson kechmasligini o‘shanda, uning mendagi chidab bo‘lmas tushkunlikni inkor etuvchi, kuchining boricha sochimdan tirnog‘imgacha siltab-qoqib, hamma qatori oddiy hayotga qaytarishga undovchi so‘zlarini tinglaganimda ilk bor tushungan edim. Xayolotimning hamma nuqtasini bir-bir ko‘zdan kechirib, kechinmalarim va orzu-istaklarimni bor-yo‘g‘i ikki og‘iz gap bilan chippakka chiqarguncha bo‘lgan hayot – mening hayotim bo‘lmay qoldi. U meni shunday inkor qildiki, na o‘zim, na orzu-mayllarimning biror narsaga arzishini anglab yetdim. Uning qarshisida tamaki tutatib turarkanman, hatto ana shu sigaret chekishimda ham kibr borligini his qildim. «Siz kuchsiz odamsiz, – degandi o‘shanda u, – na o‘zingizni, na hayotingizni idora qila bilasiz. Bir narsani tushuning, bu hayot sizning qurbon qilayotgan umringizga, o‘zligingizdan kechib topayotgan nimalaringizgadir arzimaydi. Atrofga imkon boricha oddiy odam bo‘lib qarang, bu borishingizda hamma yaqinlaringiz sizni tashlab ketadi».
Bu gaplarning to‘g‘riligiga birinchi bor uningsiz qolgan kunimda iqror bo‘lgandim. Va o‘shandan beri shu beayov iqror bilan har kuni yuzma-yuz bo‘laman. Mening aqlga sig‘mas takabburligim, ko‘tarib bo‘lmas injiqliklarim alal-oqibat, u aytgandek, birin-ketin ko‘p rishtalarni chirt-chirt uzib tashladi. Keyinroq bildimki, inson har qancha yaxshi bo‘lmasin, agar undan zerikishsa, ayab o‘tirmaydilar. Chunki u odamning atrofdagilarni qiziqtiradigan hech narsasi qolmaydi. Uning borligi ham, yashayotgani ham izsiz-nishonsiz bo‘lib qoladi. U endi xuddi osmondan tushib qolgandek his qiladi o‘zini, chunki u hamma joyda inkor etiladi. Boshqalarni mensimagani, o‘z qatorida ko‘rmagani, insoniylik andozalaridan chetga chiqib ketgani uchun u tan olinmaydi. Bu – hayot hayot bo‘libdiki, amal qilib kelinayotgan buyuk qoida.
Ertalab ayolim aytgan e’tirozlar ham shu qoidaning bir ko‘rinishi ekanini bexos anglab qoldim. Men boya zerikish haqida o‘yladim, mana endi xotinim ham sekin-sekin o‘sha jarayonga yetib kelayapti, bugun ko‘nglimga tegmaydigan qilib gapirgan bo‘lsa, ertaga ensasi qotib so‘zlaydi va uchinchi kuni gapirish foydasiz ekanini fahmlagach, u meni butunlay e’tiborsiz qoldiradi. Va, afsuski, agar shunday davom etsam, hayotning boyagi yoqimsiz va qat’iy qoidasiga bosh egishimga to‘g‘ri keladi.
Chorrahani kesib o‘tayotganimda, telefonim jiringladi, yuragim hapqirib ketdi. Xuddi mening ichimdan o‘tayotgan tuyg‘ularni bilib turgandek qilingan qo‘ng‘iroq edi bu. Yo‘lakchaga o‘tib yashil tugmachani bosdim, u yoqda jim-jitlik. Men yigirma qadamlar yurib borgunimcha, oyoq tovushlarimni tinglab turdi, keyin qisqa-qisqa gudok. Yo alhazar, buning boisi nimada, u qanday qilib sezayapti, butun yo‘l bo‘yi o‘ylab kelayotgan kechinmalarim uning ko‘ngliga qanday yetib borayapti. Ehtimol, u nonushtadan keyin xotinim bilan bo‘lgan suhbatdan ham xabari bordir. Nega u hamisha tushkunlikka tushgan, ikki o‘t orasida qolgan kezlarimda yo‘qlaydi, u shu yo‘l bilan meni yupatmoqchi, o‘zi aytgan tep-tekis hayotga qaytarmoqchi bo‘ladimi? Lekin bu holatimni qayoqdan biladi?
Ishxonaga kirib kelganimda hamma narsa o‘rni-o‘rnida, xodimlar o‘z ishlarini boshlamoqda edilar. «Tuzukmisiz?», deya so‘radi menga birinchi duch kelgan kotiba qiz rangi-ro‘yimga e’tibor qilib. Men unga bosh irg‘ab jilmaydim-da, shu bilan «Hammasi joyida», degandek bo‘ldim. «Xonangizga kirgandik», dedi u avzoyimni chamalashga urinib, «U kishi aytgandilar». Kotiba bosh barmog‘i bilan rahbarning xonasiga ishora qildi. Men yelka qisib, kabinetimga kirdim. Odatdagidek, bugungi rejadagi ishlarimni ajratar ekanman, rahbar tiqilinch qilayotgan yigitning qo‘lyozma jildi yo‘qligi e’tiborimni tortdi. Aylanma kursiga cho‘kib, bu jild nega, nima sababdan olinganini taxmin qila boshladim, balki qaytarib berilgandir yoki Mo‘min aka uning aytganini qilmasligimga ko‘zi yetib, hafsalasi pir bo‘lgandir. Nima bo‘lganda ham, o‘sha jildning stolim ustidan ketgani meni ancha yengil torttirdi. Tamaki tutatayotib, beixtiyor boshqa qog‘ozlarga ham razm soldim, qolganlari joyida edi.

* * *

Tushga yaqin havo sovib ketdi. Yozib o‘tirgan joyimda junjika boshladim. Eshik orqasidagi qoziqdan paltomni olib yelkamga tashlayotganimda kimdir kirishga ijozat so‘radi va javob berishimni kutmayoq, xonamda yangi xodima paydo bo‘ldi. U meni kursida o‘tirgan deb o‘ylagan shekilli, kiriboq bir-ikki qadam tashlab, so‘ng ortga o‘girildi. Men esa xuddi hech narsa bo‘lmagandek joyimga qaytdim. Mening bu beparvoligimni ko‘rib xafa bo‘ldimi yoki shoshilinch kirganiga xijolat tortdimi, negadir asta tomoq qirib qo‘ydi. Qog‘oz-qalamimni yig‘ishtirar ekanman, «Xo‘sh?» degan ma’noda unga qaradim. Xodima biroz taraddudlanib, «Biron yoqqa ketayapsizmi?», deya so‘radi.
– Harqalay, shuni so‘ragani kirmagandirsiz!
– Mo‘min aka hamma xodimlarga tayinlang, bugun tushlikni jamoa bilan qilamiz degandilar, shuni aytib qo‘yay deb…
Yangi xodimaning shoshib-pishib aytayotgan gaplari mening kulgimni qistatdi. «Kelishdik», dedim uning gapi tugagach ham turib qolganini ko‘rib.
Men xonamni qulflab koridor to‘ridagi zalga borayotganimda ishxonamiz ro‘parasidagi Markaziy maydondagi soat o‘n ikki marta bong urdi. Zalning oynavand eshigidan ichkari shundoq ko‘rinib turardi – dabdabali bezatilgan stol, o‘ttizga yaqin odam qolgan bir-ikki kishining kelishini kutib turardi. Ichkari kirib sezdimki, Mo‘min akaning joyi bo‘sh edi. Men qaerga o‘tirishga ikkilanib turganimda boyagi xodima iltifot qildi: «Keling, qo‘shni, yonimdagi stul bo‘sh». Indamay ko‘rsatilgan o‘rindiqqa cho‘kdim. Tavba, dedim yonimdagilarni kuzatarkanman, bitta idorada shuncha odam ishlarkanmiz-u, salom-alikdan nariga o‘tmas ekanmiz-da. Ertalab hamma xonasiga sho‘ng‘iydi, kechqurun soat oltida hamma uyiga jo‘naydi. Bunaqa tartib-intizom hozirgi sharoitda ancha qiyin masala. Ro‘zg‘or tashvishi hamma narsadan oshib tushayotgan bir paytda bunday fidoyilik bilan xizmat qilish chinakam e’tiborli ish.
Birdan hamma sergaklanib, o‘tirganlar rahbar¬ning hurmatiga bir-ikki qimirlab qo‘yishdi. Mo‘min aka yonida bir yigit bilan kirib keldi. U hammaga bir-bir qararkan, baralla ovozda «Bu yigit bizda chop etilayotgan «Zamon qo‘shig‘i» kitobining muallifi. Bugun ana shu kitobning tasdiqdan o‘tgani munosabati bilan bizni mehmon qilmoqchi!» dedi dasturxonga ishora qilib. Rahbarning gapini eshitib, badanimga tig‘ tekkandek seskandim. Xuddi hamma menga tikilayotgandek, Mo‘min aka bilan o‘rtamizdagi suhbatdan butun jamoa xabardordek o‘zimni noqulay seza boshladim. Rahbar esa menga istehzoli nigoh tashlarkan, hammani dasturxonga taklif qildi. Men ikki o‘t orasida qolgan edim – o‘zimga qolsa, shartta turib chiqib ketgim kelardi, bu dasturxondan ham, jamoamdan ham tezroq uzilib, xoliroq joyga borishni, yengil nafas olishni xohlardim. Ammo, ayni damda, shuncha odamni behurmat qilib xonani tark etish ham mushkul edi.
Shu paytda rahbar hammaning e’tiborini qaratib, menga «Shoir, sizga qanaqasidan quyay?!» deb qoldi. A’zoyi badanimga g‘azab yugurar ekan, unga keskin e’tiroz bildirish uchun ilkis boshimni ko‘targan chog‘imda telefonim jiringlab qoldi. Bu o‘sha edi. Bir dam taraddudlanib turgach, tashqariga yo‘naldim. O‘zimning xonamga yetganimda biroz o‘ylandim-da, xonaga kirmay, pastga – achchiq qahva ichgani tushib ketdim.
Bufetchi qizga qahva va buterbrod buyurayotganimda ham, mo‘‘jaz tamaddixonaning eng burchagidagi joyga o‘tirayotganimda ham hozirgina yuz bergan mulzamlikni, yo‘q, jirkanch hodisani xayolimdan chiqara olmasdim. Bu nima degani, osh-non bilan tilingni qisqa qilib qo‘yishsa, keyin nima desalar, g‘ing demay bajarsang! Kim o‘ylab topgan bunday madaniyatli savdo-sotiqni, o‘sha ishbilarmonlarmi yoki o‘zimizning Mo‘min akalarmi! Kim bo‘lganda ham juda past o‘ylagan ekan!
Qahvani qoshiqcha bilan aralashtirar ekanman, qo‘ng‘iroqni esladim. Uning juda zarur paytda bo‘lganini o‘yladim, lekin shu zahotiyoq xayolimga kelgan fikr meni gangitib-dovdirab qo‘ydi – axir u shuncha yillardan buyon bir kunda ikki marta qo‘ng‘iroq qilmagan edi.
Ishxona foyesining keng derazalaridan tash¬qariga termulib, ko‘chani tomosha qila boshladim. Hovliga to‘p-to‘p odamlar tushlik qilish uchun chiqi¬shayapti, kimlardir tamaki tutatayapti. Mening ham xumorim tutdi, sigaret yondirdim. Ammo boyagi qo‘ng‘iroq xayolimdan chiqib ketmasdi, endi unutaman desam, yonimda o‘tirgan kimningdir telefoni jiring¬laydi – yana yodimga tushadi. Men to qahvani ichib bo‘lgunimcha, ishchilar tushlikdan qayta boshladi. Shundagina birozdan so‘ng tag‘in kabinetimga qaytishimni, boyagi odamlarni ko‘rishimni o‘ylab yuragim xijil tortdi. Bufetchi qiz hisob-kitob qilgandan keyin o‘rnimdan og‘ir qo‘zg‘aldim. Ammo ichimdagi bir tovush meni yana picha o‘tirishga undardi, oyog‘im ishga tort¬masdi. Men yana uning yo‘qlovini esladim. Axir unga nima foyda? Shu birgina qo‘ng‘iroq endi uning hayotiga nima mazmun beradi?! «Shoshma!» deyman o‘zimga o‘zim, «Axir shu qo‘ng‘iroq hozirgina seni bir sinovdan asrab qoldi, ehtimol u seni chalg‘itmaganida, bu imtihondan o‘ta olmasding. Eng mushkul pallada o‘sha davradan seni yulib olib, senga qanchalik yordam bera olishini ko‘rsatdi». Men endi tushuna boshlagan edimki, bu qo‘ng‘iroq mening chinakam xaloskorim edi. Necha bor tushkunlikka tushgan, to‘g‘ri yo‘l topishga qiynalgan kezlarim u meni o‘zimga keltirgan emasmidi? Mana, bugun mening shunday noqulay ahvolda qolishimni u tush ko‘rmagan, biroq his etganini, eng muhimi, uning kerak paytda qo‘ng‘iroq qilganini inkor eta olmayman. Uni yo‘qotganimdan keyin bir marta bo‘lsa ham qayta uchratmadim, tasodifan bo‘lsin yo‘liqib qolmadik ham. Lekin u mening har bir kunimda yashadi, yashaganda ham rostakamiga, dardlarimga quloq tutib, beminnat yashadi. Balki go‘shak orqali biron marta «Allo!» deganida, uning barcha hislarini tushunib qolgan va qadrlamay qo‘ygan bo‘lishim mumkin edi. U esa buning o‘rniga hamisha o‘n bitta raqam, menga yodaki bo‘lib ketgan o‘n bitta raqam bilan murojaat qilardi, xolos.
Men dadil qadamlar bilan xonamga yo‘naldim, chunki endi o‘zimni juda ham yengil, g‘am-tashvishsiz sezayotan, bundan buyog‘iga odamlarning har turli qiyofasiga xotirjam qaray olishimga ishonayotgan edim. Men shuncha yillardan beri ko‘nglimni qiymalab kelayotgan qo‘ng‘iroqning ogohlik qo‘ng‘irog‘i, hayot qo‘ng‘irog‘i ekanini fahmlagan edim.

* * *

Hali tong yorishmasidanoq xotinim turtib uyg‘ot¬di. Uning butun badanini ter bosgan, og‘ir-og‘ir nafas olardi. U shuncha azobda ham yuz-qo‘limni yuvib kelgunimcha chidab yotdi va o‘rnidan qo‘zg‘alarkan jilmaygancha “Vaqti bo‘ldi shekilli” dedi, so‘ngra “Qizlar uyg‘onsa qo‘rqishmasmikan”, deya ular yotgan xonaga xavotirli qarab qo‘ydi.
Biz tug‘ruqxonaga yetib kelganimizda tong bo‘zargan, ammo osmon bulutli edi. Yo‘llarda qatnov kam, unda-bunda farroshlar ko‘cha supurishardi. “O‘n oltinchi palata”, dedi xotinimni joylashtirib chiqqan hamshira va kiyimlar solingan xalta bilan qo‘limga bir parcha qog‘oz tutqazdi, “Kerakli narsalar, tezroq olib kelarsiz”. Ko‘cha eshik yonida mashinani to‘xtatishim bilan katta qizim chopib chiqdi, ko‘zlarida yosh. Men uni opichlagancha uyga yo‘naldim, xayriyatki, kichkinasi hali uyg‘onmagan ekan.
Tovaga tuxum chaqqan paytimda telefonim jiring¬lab qoldi, xayolimga “U bo‘lsa kerak, xursandligimni sezibdi-da”, degan fikr keldi. Katta qizim telefonni olib kelar ekan, “Dada, tog‘am”, dedi. Chindan ham xotinimning ukasi yo‘qlagan ekan, unga bugungi yangilikni, o‘zgarish bo‘lsa telefon qilishimni aytdim. Nonushta qilib bo‘lgach, ikkala qizimni kiyintirishga tutindim. Niyatim ularni onasining yoniga olib borib, birrov ko‘rsatib kelish edi. Bog‘chasiga olib bormayman, agar ular ham kuni bo‘yi uyda bo‘lmasa, zerikib qolishdan qo‘rqardim. Ishdan esa hafsalam pir bo‘lgandi.
Sharfimni bog‘layotib xayolimga antiqa bir fikr keldi: unga o‘zim telefon qilib aytsam-chi, axir u ham xursand bo‘ladi. Lekin shu zahotiyoq fikrimdan qay¬tdim. O‘tgan to‘rt yil ichida u bir marta bo‘lsin gapirmadi, endi men dabdurustdan qo‘ng‘iroq qilib, “Xotinimni tug‘ruqxonaga joylashtirdim, suyunchi ber”, deymanmi? Ancha ikkilanishdan keyin telefondagi uning raqamini bosdim, bir oz jimlikdan so‘ng uzun-uzun gudok ketdi. Va shu payt… Avvaliga e’tibor qil¬madim, ammo picha muddat tinglab turgach, jiring¬lagan ovoz shu uydan, allaqaysi burchakdan kelayotganini fahmlab qoldim. Bir zumga taxtadek qotib, hushimni yo‘qotayozdim. Jiringlagan ovoz toshoynak g‘ala-donidagi pardoz qutichasining ichidan taralayotgandi…
Mening shuncha yillardan beri ming-minglab rishtalar, azobli xotiralar orqali bog‘lanib kelayotgan yaxlit kechmishim shu lahzalarda mitti-mitti parchalarga bo‘linib, tobora ko‘zdan yo‘qolayotgan edi.

2008

021

(Tashriflar: umumiy 335, bugungi 1)

Izoh qoldiring