Nuriddin Egamov. Uch maqola

0_15a62c_93f002ab_orig.png     Талабалик йилларимизда университетдаги қаттиққўл домлаларимиздан бири шундай савол бериб қолди: “Ўткан кунлар”да Кумушбиби неча хил либосда намоён бўлади?”. Ва ортидан қўшимча қилди: “Ким биринчи бўлиб топиб келса, “беш” қўяман…”.

Нуриддин ЭГАМОВ
УЧ МАҚОЛА
007

004Нуриддин Эгамов 1975 йилда Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида туғилган. 1997 йилда Қарши Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган.  1997 йилда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Қашқадарё” ва “Кашкадарья” газеталари таҳририятида мухбирликдан иш бошлаган. 2000-2015 йилларгача “Қашқадарё” газетаси масъул котиб лавозимида ишлаган бўлса, 2015 йил сентябрдан “Баркамол авлод” газетаси бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда. “Ўзбекистон мустақиллигига 10 йил”, “Ўзбекистон мустақиллигига 15 йил” эсталик нишонлари билан тақдирланган.

007

“АЛДАМАНГ, ЎҚИМАГАНСИЗ…”
ёхуд Ёдгор Саъдиеву Том Круз…
“ўйнаган” ўзимизнинг “кино”

468441.jpg“Ўткан кунлар”… Тиззалардан тушмай, оқшомдан саҳаргача бекитиқча, фонус ёғдусида кўзлардан ёш тирқираб ўқилган, ёстиқлар остида авайлаб-асралган, балчиқлар сачраганида ҳам гавҳардек ярқираб тураверган, қатағонлар алангасидан қақнус мисол омон чиққан, не-не ошиқ-маъшуқларга муҳаббат сабоғини берган, не-не алломаи замонлар ҳали-ҳануз минг бир ҳайрат ила ўрганиб, тўла-тўкис кашф эта олмаётган бу китобнинг сеҳру синоати нимада ўзи? Яна қай бир асару қай адибга бундай улуғ толе насиб этган экан?

…Бир танишим хонадонида бир уй китоби билан мақтанди. “Ўткан кунлар”ни сўрасам, “йўқ эди”, – деди.

“Бўлмаса, китобинг йўқ экан”, – дедим унга…

Кумушбибининг етти либоси

…Бир гал бир гуруҳ воҳалик ижодкорлар сафида водийга сафар қилганимизда довондан ўтаётиб, кейинроқ Марғилон кўчаларини сайр этаётиб ҳам, ғалати бир ҳисни туйдим: гўё тоғу тошлар орасидаги ёлғиз сўқмоқда изғиринда чакмонига ўралган отлиқ Отабек суюклиси қошига ошиқиб кетаётгандай, атласнинг ватани бўлган кўҳна кент гузарларида Кумушбиби атрининг ифори кезиб юргандек… Завқланиб, ёнимдаги ҳамкасбимга сўз қотдим: “Мошинада шунча овора бўлдик, бу Отабек деганлари шунча тоғу тошни ошиб, Марғилонга отда қатнаганми?”. Ҳамкасбим жилмайиб қўйдию, мезбонлар қошига етганимизда лутф бобида “улоқни илиб кетди”: “Бундай дилкаш ва самимий инсонлар қошида нафақат Отабек сингари уловда, балки, довон оша тиззалаб, эмаклаб келсанг ҳам арзир экан…”. Сўз қудратини қарангки, мезбонлар завқдан қийқириб, ҳамкасбимнинг елкасига тўн ёпишди..
.
Талабалик йилларимизда университетдаги қаттиққўл домлаларимиздан бири шундай савол бериб қолди: “Ўткан кунлар”да Кумушбиби неча хил либосда намоён бўлади?”. Ва ортидан қўшимча қилди: “Ким биринчи бўлиб топиб келса, “беш” қўяман…”.

Бу “инжиқ” домладан “беш” олиш унча-бунча аълочига насиб этавермайдиган шараф эди. Шу боис кўпчилик дарҳол “Кумушбибининг кўйлаги”ни қидиришга тушди. Менга эса бу топшириқ малол келди. Назаримда домламиз бизни мазах қилаётгандек эди. Ўйладимки, (“шу ҳам иш бўптими йигит бошимга…”), кўйлак қидиришдан нима маъни, бунинг асарнинг моҳиятини англаб етишга қандай дахли бор?

Ва ниҳоят мен ҳам кўп қатори эринибгина романни қайта титкилашга тушдим. Ишонасизми, нақ етти марта ўқибман, денг. Охири “кўйлаклар”ни топдим. Ва Қодирийнинг маҳоратига ҳамда бу синовни ўйлаб топган домламизнинг ақлига тасаннолар айтдим.

Навоий бобомизнинг “Лисон-ут тайр” асарида ўттиз қуш Симурғни излаб йўлга тушадилар. Йўлда қанча-қанча машаққатлар чекадилар. Ва охири манзилга етганларида Симурғ – “ўттиз қуш” – ўзлари эканликларини англаб етадилар. Ўзликни англашдан сабоқ беради бу асар…

Домламизнинг жумбоғини ечишда ҳам худди шунга ўхшаш ҳолат бор экан. Гап “Кумушбибининг кўйлаги”да эмас, Қодирийнинг маҳоратида экан. “Кўйлак” баҳона асарни қайта-қайта мутолаа қилиш жараёнида унинг янги-янги қирраларини кашф этаркансан киши. Кўпчиликнинг назарида бу китоб Отабек ва Кумушбиби ўртасидаги оташин муҳаббат ҳақида. Аслида эса бу асар ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий воқеалар, миллий озодлик ҳаракати, халқ турмуш тарзи, маиший ҳаёти… сингари бир қанча мавзуларни ўзида мужассам этган экан. “Инжиқ” домламиз эса бизга уни қайта-қайта ўқитиб, бор жозибасини теранроқ ҳис этишимизни истаган экан холос…

Дарвоқе, “кўйлак”-чи?”, дейсизми? Салгина ҳафсала қилсангиз, уни ўзингиз ҳам топа оласиз. Эслатиб ўтамиз, биз етти ўринда Кумушбибига етти либосда “дуч келдик”. Масалан: “Тўй. Қизлар мажлиси” бобида “оқ шойи рўмол, оқ шоҳи кўйлак, оқ заррин пўстин”…

Кино – кино, китоб – бу КИТОБ!

“Ўткан кунлар”ни ўқиганман”, деб лоф урадиган айрим “китобхон”ларнинг ёлғонини фош этиб, мулзам торттириш учун, менимча, икки оғиз саволнинг ўзи кифоя. Масалан, улардан “Хушрўйбиби ёки “Кўз оғриғи”, “Қовоқ девона” ким?”, – деб сўраб кўринг-чи? Ёхуд “Уста Алим ва Саодатнинг ишқ достони қандай якун топади?”, – денг-а? Аниқ биламан, елка қисиб, ер чизиб қолишлари тайин.

Нега дейсизми?

Чунки “ўқиганман” дегувчиларнинг аксарияти китобни фақат қўлига ушлаб, ҳафсала қилганлари варақлаб кўришган холос. Мен юқоридаги каби саволларни кўплаб мактаб, коллеж ўқувчиларига, талабаларга, ҳатто айрим адабиёт муаллимларига бериб кўриб, жавоб ололмаганимдан сўнг шу хулосага келдим. Сабаби…

Ҳа, яшанг, топдингиз. Улар… киносини кўришган. “Китобини ўқишим шартми, шу бир хил гап-да?”, – дейишади. Кинода эса Саодат ҳам, Хушрўйбиби ҳам, “Қовоқ девона” ҳам… йўқ.

Нафсиламбирини айтганда асар асосида олинган бадиий фильм (биринчисини назарда тутаяпман) ўта маҳорат билан ишланганини оддий кино мухлисларидан тортиб, манаман деган экспертларгача юрак-юракдан эътироф этишади. Отабек ва Кумуш образлари онгу шууримизга Ўлмас Алихўжаев ва Гулчеҳра Жамилова талқинида сингиб кетган. Ёхуд Зайнаб деганда кўз олдимизга Гулчеҳра Саъдуллаева, Ҳомид деганда эса Ҳамза Умаров… келиши ҳам бор гап. Сабаби аниқ – бу санъат усталари ўз образларини маҳорат билан яратишган.
Фильмнинг бу каби муваффақиятларини, кино санъатининг ўрнию аҳамиятини эл қатори тан олган ҳолда бир гапни айтмоқчиман. Кино – кино, китоб – бу КИТОБ! Киночиларимиз маъзур тутишсину, дунёнинг Оскару яна алламбало мукофотлар олган манаман деган режиссёрларию актёрларини йиғиб келинг, китобни асл жозибасию тароватини йўқотмаган ҳолда кино ёки сериал қилиб беришнинг уддасидан чиқиша олмайди. Биргина мисол: Александр Дюманинг “Граф Монте-Кристо”сининг ўнлаб киноталқинлари бор. Бироқ уларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, китобнинг ўзини мутолаа қилишга ҳафсала топинг, шунчалик ҳайрат туясизки, унинг киноталқинидан бу ҳайратнинг юздан бирини тополмайсиз (эсимда, ўт ўчирувчи бўлиб ишлайдиган бир қўшним шу китоб ҳақидаги таассуротларини ўзгача завқ ва ҳаяжон билан сўзлаб берганди).

Сизда ҳам шундай бўлганми – агар аввал киносини кўрмаган бўлсангиз, яхши асар ўқиётиб, унинг қаҳрамонлари сиймосини ўзингизча тасаввур этасиз, ўзингиз сезмаган ҳолда, билиб-билмай, шу асар асосида тасаввурингиз фазосида ўз фильмингизни яратасиз. Бу фильмнинг “режиссёр”ию “продюсер”и – ўзингиз. Бош қаҳрамонлар “кастинг”ини ҳам ўзингиз ўтказасиз. Истасангиз, Ёдгор Саъдиевни ё Раъно Шодиевани, ҳатто Том Крузни ё Айшвария Райни “ўйнатишингиз” мумкин.

Мана, мутолаа тасаввурингизга қанчалик эркинлик бахш этади (“хаёл қандай яхши, акангга ўхшар…”).

Юсуфбек ҳожининг лутфи

Энди яна “Ўткан кунлар”га қайтсак.

Яқинда ҳамкасбим Мақсуд Ҳамроев (мен бу инсонни адабиёт билимдони, нозиктаъб китобхон сифатида ҳурмат қиламан) бир гапни айтиб қолди:

– Фильмда Юсуфбек ҳожининг машҳур ибораси бор: “Марғилонда шундай келинимиз бор экан, биз билмай юрган эканмиз-да…”. Эътибор берганмисиз, шу ерда жиддий бир хато бор. Қодирий асарда бундай деб ёзмаган. Биз билган Қодирий асло бундай демасди ҳам…

Эсладим. Сўнг асарни топиб, текшириб ҳам кўрдим. Мана, “биз билган Қодирий” Кумушбибининг Тошкентда ҳожи хонадонида кутиб олиниши лавҳаларини қандай тасвирлаган:
“— Қани, бек отаси, кўрманани беринг-чи! — деди Ўзбек ойим Кумушни имлаб.

Кумуш уялиб зўрғағина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқиниға келиб бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайиға тегизиб олған ўз қўлини ўпди:

— Бизнинг Марғилонда ҳам шундай келинимиз бор экан-ку, биз билмай юрған эканмиз-да, — деб теварагига қараб кулинди ва қўлини дуоға очди. — Бизни шунчалик сийлаб келибсизлар, бу яхшилиқларингиз биздан қайтмаса, худодан қайтсин. Оллоҳ таоло ёшларға тинч ва баракатлик умр берсин. Илоҳим, тақаббул дуо…

Ҳамма дуоға юз сийпашдилар. Сўнгра Юсуфбек ҳожи Кумуш билан Зайнабка қаради:

— Мен сизларнинг кўришиб турғанларингизни кўриб жуда қувондим, — деди. — Мундан сўнг ҳам шу йўсунда бир-бирларингизга эгачи-сингилдек бўлмоқларингизни тилайман, — деди ва Ўзбек ойимға:
— Қани, меҳмонларни ичкарига олинглар, — деб ўзи ташқариға бурилди”.

Вазиятга бир диққат қилинг-а. Ўзбекона лутф, андиша, муомала, маданиятни ўз хонадонида қатъий низомга айлантирган Юсуфбек ҳожидек одам марғилонлик келинини алқаш учун унга пешвоз чиққанлар сафида ҳамманинг хатти-ҳаракатию гап-сўзини кундошларга хос анчайин кек, гина ва аламзадалик билан синчиклаб кузатиб турган Зайнабнинг дилини оғритишга жазм эта олармиди? Қолаверса, ундан тили қисиқлик жойи ҳам йўқ эмас (бу ёқда ўғли “унинг қаршисида мени жонсиз бир ҳайкал деб билинг”, деб турган бўлса). Шу боис ҳам ҳожи “Марғилонда ҳам…”, дейди. Яъни унинг лутфида “Тошкандда ҳам шундай келинимиз бор…” деган маъно ҳам зоҳир эди. Қаранг, биргина “ҳам…”да қанча мазмун мужассам.

Мана бу – асл ўзбекона лутф, андиша, такаллуф…

***

Шубҳасиз, кино – зўр санъат. Бироқ ким нима деса, десину, менимча, барибир КИТОБни кино қилиб бўлмайди. Юқорида айтганимдай, ҳар биримиз мутолаа асносида ўз киномизни яратганимиз маъқул.

Дарвоқе, “киноси”да йўқ минг бир ҳолатдан яна бири. Отабекнинг Тошкентдан уйланганидан Ҳомид қай тариқа хабар топади? Адиб Содиқ Тошкентдан Марғилонга от чоптириб келадию, хожасидан “қайноқ хушхабар”нинг суюнчисини олади, деб битиши, овора бўлиб Қовоқ девонаю Кўз оғриғини жиқиллаштириб ўтирмаслиги ҳам мумкин эди…

Бироқ ўшанда у Мақсуд ака айтганидай “биз билган Қодирий” бўлмасди-да…

Бу ёғи энди бошқа мавзу…

КУЙИБ КЕТГАН “КАПАЛАК УМРИ
Ёхуд “эрта”га айланаётган “индин”лару
“кеча”га айланаётган “бугун”лар хусусида

“Иш кўп. Вақт йўқ!”

mental-500x500.jpgБеихтиёр оғзингиздан чиқиб кетади бу жумлалар.

Топшириқлар, режалар, муаммолар, вазифалар, турмуш, рўзғор ташвишлари… Гўё бўғзимизгача кўмилиб кетганмиз. Эрта тонгдан қай биридан бошлашни билмаймиз.

Яқин дўстимиз касалхонага тушибди. Йўқлаш керак. Бемор одам интиқ бўлади. Аммо…
Узоқ қариндошимиз вафот этибди. Элчилик. Таъзияхонада бир кўриниб келмасак бўлмайди. Лекин… Вақт йўқ.

Қўшнимиз тўй қилаяпти. “Хизмат-пизмат”и бордир. Қўли қисқароқ эди. Тўйнинг ўзи бўлмайди. Кўздек ҳамсоя, ёнбошида тиргак бўлиб туриш керак. Бироқ…

Болаларимиз эрталаб олма егимиз келаяпти, деб хархаша қилишувди. Бозорга боришга вақт борми?

Ишхонада бир киши учинчи марта мурожаатининг натижасини сўраб келди. Нима бўпти? Ундан бошқа ташвишимиз йўқми? Мажлисга бориш керак. Режа тузиш керак. Ўзи эрталабдан янги топшириқ олдик. Ҳали кечагисининг чаласи турибди.
Хуллас вақт йўқ. Иш кўп… Нима қилиш керак?

Шошамиз. Ҳовлиқамиз. Ҳаммасига улгуриш керак. Ҳаёт эса ана шу зайлда давом этаверади. Ана шу тарзда кунимизни ўлдириб бораверамиз. Биз йўқлагунимизча дўстимиз соғайиб, касалхонадан чиқиб кетади. Фотиҳа қаримайди, қариндошнинг “қирқ”ига борамиз-да, деб овутиб қўямиз ўзимизни. Тўй тарқаганидан сўнг қунишибгина кириб борамиз қўшниникига… “Узр, иш чиқиб қолди…” Ишдаги топшириқ ҳам барибир эртага қолади. Шукрки, худонинг “эрта”си кўп.

-Биз кунимизни аниқ режалай олмаганимиз учун шу кўйга тушиб қоламиз, — деб қолди бир ҳамкасбим. -Инсон аввало ўз-ўзини тафтиш қилишни, ўз-ўзига ҳисоб беришни ўрганиши керак.

“Кун бўйи нима қилдим?”

“Ежедневник” деган нарса бор, биласиз. Саҳифаларида саналари, ҳатто соатларигача қўйилган. Баъзиларида “Ким билан учрашиш керак?”, “Кимга қўнғироқ қилиш керак?”, “Кимни табриклаш керак?” сингари алоҳида ажратилган “графа”ларигача бўлади. Шундан сиз қандай фойдаланасиз? Бир йиғилишда эътибор қилиб қарасам, уч-тўртта нуфузли ташкилотлар раҳбарлари дафтарларининг 2006 йил …март, … июнь, … деган саналар турган саҳифаларга йиғилишда айтилган муҳим вазифаларни ёзиб ўтиришибди. Аниқ биламан, ўша раҳбарлар ўша дафтарларини кейинги мажлисгача очиб ҳам қарашмайди. Ахир ўз иш кунини, фаолиятини режалай олмайдиган, пала-партиш раҳбарнинг идорасида қанақасига тартиб, интизом, масъулият, ишида унум ва ривож бўлсин?! Гапларим сизга икир-чикир, майда-чуйдадек туюлаётгандир-а?!

Бир танишим Францияда малака ошириб қайтди. Айтишича, ўқувга кириш олдидан ўқитувчилари “Ўтган ҳафтадаги бажарган ишларингизни ҳар куни, ҳар соатга бўлиб, ҳисобот ёзиб беринг, ўқувни шунга қараб ташкил қиламиз”, -дейишибди. “Ишонасизми, ёзаман десам, “пичоққа илашадиган” бирор иш қилмабман, — дейди танишим. -Бир кунни соатларга бўлиб, нима иш қилганимни ёзиб чиқаман десам, арзийдиган ҳеч иш йўқ. Ҳайронман, бўлмаса кун бўйи қоғозга кўмилиб, дам олишга ҳам вақт тополмайман…”

“Бугун билан яша…”

Ривожланган мамлакатларда вақтга пул сифатида қарашади. Дунё бойваччалари ҳаёти ва фаолиятига назар ташласангиз, сонияларнида нечоғлик қадрлаганликлари, вақтга тобе бўлмасдан, унинг устидан ҳукмронлик ўрната олганликлари учун шу даражага эришганликларини эътироф этадилар. Халқимиз ҳам бу борада зап топиб айтган — “Вақтинг кетди- нақдинг кетди”.

Психологияга бағишланган бир рисолада ўқиганим бор — “Кечадан ва эртадан ажратиб олинган бугунинг билан яша!” Бу ақида аввалига анча эриш туюлди менга. Ахир барчамизни кечаги кунни, ўтмишни, хотирани эъзозлашга, эртанги кунни ўйлаб иш қилишга ўргатишган. Аммо ўйлаб қарасам, бу гапда жон бордек. Негаки бугунини қандай тасарруф этишни билмаган инсоннинг ўтмиши ҳам, келажаги ҳам мавҳум бўлади. Чунки кўз очиб юмгунимизча индин — эртага, эрта — бугунга, бугун — кечага айланаверади. Ота-бобомиз бир нарсани билиб айтган — “Бугунги ишни эртага қўйма!”

-Мен бир нарсани ўйлаб қолдим, — фикрини давом эттиради ҳамкасбим. -Иш кўп, деб биз биринчи навбатда ўзимизни алдаймиз. Менимча, ҳар бир кишининг камида ҳафталик иш режаси бўлиши шарт. Кундаликнинг тегишли санаси ёзилган саҳифасидаги соатлар қаршисига бирор нарса ёзишдан олдин “Худди шу соатда мен нима иш қилдим?” деб ўйлаб олиш зарур. Ана шунда мен нималарни ўйлаяпман, нималарни режа қилаяпман, нима иш қилаяпман, қандай овқатланаяпман, қандай дам олаяпман… — хуллас ҚАНДАЙ ЯШАЯПМАН деган савол бера бошлайсиз ўзингизга.

Совурилаётган олтинлар

…Ҳамкасбимнинг фикрларини эшитиб ўйланиб қолдим. Хаёлимга ардоқли шоиримиз Ғафур Ғуломнинг “Вақт” шеъридаги қуйидаги шоҳ сатрлар келди:

Ғунча очилгунча
ўтган фурсатни
Капалак умрига
қиёс қилгулик…

Афсуски биз (айримларимиз) неча юзлаб “капалак умри”ни арзимаган, майда-чуйда ишларга кўмилиб, ўралашиб ўтказиб юбораверамиз.

Капалак-ку бир неча соатлик умрида боғингизга, гулзорингизга зеб беради, кўнглингизга, шуурингизга завқ ҳадя этади. Бир капалакчалик ҳам ҳимматимиз, журъатимиз йўқми? Нега вақтнинг уволидан қўрқмаймиз? Олтинга тенг сонияларимизни, дақиқаларимизни нега беҳудага совураверамиз? Ахир Ҳаёт — инсонга бахш этилган энг улуғ неъмат эмасми? Ҳайф кетган ҳар бир дақиқада ўзимиз учун, ишхонамиз учун, дўстларимиз учун, яқинларимиз учун, оиламиз — рўзғоримиз учун, маҳалламиз учун,.. эл-юртимиз учун, Ватанимиз учун қанча иш қилишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмизми?

Ҳафсалангиз учун раҳмат. Ҳар ҳолда “эски пластинка”дек туюлган битикларимизни ўқишга вақт топдингиз. Ахир Сиз ишли одамсиз. Вақтингиз ўлчовли. Аммо бир ўзингизга ҳисоб бериб кўринг-а. Навбатдаги дақиқангизни нимага сарфламоқчисиз?

“КЎЗ-ҚУЛОҚ” БЎЛ – “КЎЗ” БЎЛ, “ҚУЛОҚ” БЎЛ…
Ёхуд оиланинг “вестибуляр аппарат”и

18485281_802331896602581_3800039099820412556_n.jpgНуроний кексаларимиз қирқ-элликка кириб қолган фарзандларига ҳам ўгит бериб чарчамайдилар: “Ҳай, болангга “кўз-қулоқ” бўл, ҳозир айни тойиб кетадиган ёшда у, ҳазир бўл, бохавар бўл…”. Ўйлаб қарасак, барча кексалардан эшитадиганимиз, қулоқларимизга сингиб кетган бу панднинг ҳеч бир янгилиги йўқдай, ҳай, кекса одам, эзмаланиб гапираверадилар-да, энди кап-катта олий маълумотли одам, шунча йил тарбия, маънавият соҳаларининг ичида юриб, шуни билмасак, нима қилиб юрибмиз, деб қолишимиз ҳам мумкин. Аммо … уйимизнинг фаришталари бўлган нуронийларимиз бир нарсани билмасдан гапиришмайди, бежизга “қари билганни пари билмас”, дейишмайди-ку…

Яқинда тиббий йўналишдаги нашрлардан бир маълумотни ўқиб, ўша ўгитлар яна ёдимга тушди.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, инсон организмида қулоқнинг сизу биз билган эшитишдан бошқа қандай вазифаси бор? “Энди қулоқ бўлганидан кейин фақат эшитади-да”, дейсизми? Тиббиёт мутахассисларининг қайд этишларича, қулоқнинг ички қулоқ деб аталадиган қисмида инсон мувозанатини сақлаб турадиган муҳим аъзо – вестибуляр аппарат жойлашган экан. Айри шохли ғўлани тик қилиб қўйсангиз, дарров қулаб тушади. Аммо икки оёқли инсоннинг ўз мувозанатини сақлаб, оёқда тура олиши, турли ҳаракатларни бажариши айнан вестибуляр аппаратга боғлиқ. Ҳолсизланган ёхуд маст-аласт одамнинг йиқилиши ёки дорбознинг ингичка арқон устида дор ўйнаши, акробатларнинг ҳайратомуз ҳаракатлари ҳам ана шу мувозанат тушунчасига боғланади.

Бунинг оила ва тарбия масалаларига қандай дахли бор дейсизми? Мен бу борада ўзимча, моҳиятан ниҳоятда нозик бўлган бир уйғунликни кашф этдим. Яъни кексаларимиз айтганидай, боламизга “кўз-қулоқ” бўлишимиз, бу борадаги масъулиятимизни теран англаб олишимиз ОИЛАМИЗДАГИ МУВОЗАНАТни таъминлар экан.

Айниқса боласи ўсмир ёшда бўлган ота-она ўзини худди дор устидаги дорбоздай ҳис этмоғи зарур экан. Биламизки, дорда ердагидай юра олиш дорбознинг лангардами ё лангарсиз ўз мувозанатини сақлай олиш маҳоратига боғлиқ…

Башарти гап мувозанат ҳақида кетар экан, эътиборингизга турмушда кунда-кунора ўзимиз гувоҳ бўладиган, кўзимиз кўникиб кетган айрим лавҳаларни ҳавола этсак.

Биринчи воқеа. Бола алгебрадан уйга вазифа учун берилган масаласини еча олмай, онасининг ёнига келди.

– Ая, ёрдам берворинг, “Поезд А пунктдан соатига 100 километр тезлик билан йўлга чиқди…”.

– Жим, ўчир овозингни, ҳе ўргилдим поездингдан, – сериалга шўнғиган она ўғлини жеркиб солади. – Ҳозир уйинг куйгур Синдура Видияни ўлдиргани йўлга чиқди…

– Ая, бир қарасангиз нима қилади, – йиғламсираб деди бола. – Ахир математика ўқитувчисиз-ку…

– Бор, ана, даданг бекор ўтирибди, буғалтир одам, масалангни “шест секунд”да ечиб беради. Ҳа, айтганча, пульт қаерда, тополмаяпман…

Бола қўшни хонадаги телевизордан футбол кўраётган отасининг ёнига боради.

– Дада, масалам…
– Ҳа, қани, ошир, – унга парво қилмай, ўрнидан туриб кетиб телевизорга бурнини тирайди ота. – Ур… ҳе лапашанг…
– Дада…

Ниҳоят биринчи тайм тугаб, ота дарсликни қўлига олди:
– Ҳимм, хў-ў-шшш… Бунинг лотинча экан-ку, биз кириллчага ўқиганмиз-да…

Иккинчи воқеа. Ота қизини таҳририятга етаклаб келди. Муҳаррирга керилиб гапирди:

– Муштдайлигидан шеър ёзади. Мана, кўринг, момосига бағишлаб ёзгани, буниси аммасига, буниси холасига, синглисига, устозига… Бу ёқда Ватан ҳақидагилари ҳам бор… шуларни чиқариб беринг, битта чой биздан, яна хизмат бўлса айтувринг…

Муҳаррир компьютерда “лотинча-кириллча” аралаштирилиб, саводсизларча кўчирилган битикларни қараб, бош чайқади. Бўлмайди, деди, қизалоққа ҳали кўп ўқиши кераклигини эринмасдан тушунтирди.

Ота аччиқланиб ўрнидан турдию, қизини етаклаб ташқарига чиқди. Эшикни қарсиллатиб ёпди…

Ҳўкизини сотиб, пулини белга тугиб, қизининг битикларини нашриётга олиб борди. Унга-бунга чой-пой олиб ериб, юз нусхалик шапалоқдай китобча чиқартирди. Қизи ўқийдиган коллежда китобчанинг тақдимотини дабдаба билан ўтказди. Тадбирга телевизордан чиқиб шеър ўқийдиган “казо-казо” шоирларни таклиф этди. Тушликка “тандир” осилганидан бохабар “казо”лар тамшанганларича “истеъдодли ёш ижодкор”ни деярли ўзбек адабиётининг ёрқин юлдузчасига чиқариб қўйишди.

…Ўша “юлдузча”ни кўп танловларда кўриб қоламан. Неча-неча ҳўкизнинг “бошини еган” тўрт-беш бемаза китобчасини қўлтиқлаб, “адолатсиз” ҳакамлар билан шаллақиларча жанжаллашиб юрипти (китобчаларидан бирида “қиз боланинг ибо-ҳаёси” ҳақида саккизта “шеър”и бор). На ўқишнинг бошини тутди, на ҳунарни…

Учинчи воқеа. Хорижда ишлаб келган ота ўқишга тараддуд кўраётган ўғлига компьютер совға қилди. Ўғил уззукун хонасига қамалиб оладиган бўлди. Ота хурсанд. Жўраларига мақтаниб ҳам қўяди: “Мен битта “кнопка”сини босишни-ям билмайман, ўғлим “шаққиллатиб” ишлайди. Бу туришда праписир бўп кетади-ёв…”.

Бир куни “бўлғуси праписир”нинг тоғаси меҳмонга келиб қолди. Опасидан жиянининг ўқишларини суриштирди. Жиян уйда йўқ эди. Тоға секин унинг хонасига кириб, компьютерини ёқди. Интернетга уланиб, “история”ни текширди. Сўнг нариги хонада маст бўлиб қолган поччасини чақирди:

– Қаранг, “праписир”ингиз интернетда “шаққиллатиб” нима қилиб ўтирибди?

Ширакайф отанинг ҳуши бошидан учди. Мониторда намоён бўлган сайтдаги беҳаё лавҳаларга қараб бақрайиб қолди.

Тўртинчи воқеа. Коллежда ўқийдиган қизи онасига хархаша қилади:

– Уяламан бу телефонни кўтариб юришга, – дейди оёқ тапиллатиб. – Бувам замонидан қопкетган…

– Буванг у ёқда турсин, отанг ҳам бундай тилпонларни тушидаям кўрмаган, қизим, – она қизини тинчлантиришга уринади. – Шу “қизил”и билан “яшил”ини босиб, “алло-лаббай” десанг, биз қаерда юрганингдан билиб турсак бўлди-да. Бошқа “ажи-бужи”сини нима қиласан? Кошки арзон бўлса ўша “смартфон” деганинг… Ўнта қўйнинг пули экан…

– Замондан орқада қопкетгансиз, – маҳмадоналик билан онасига ўшқиради қиз. – Ҳозир интернет асри. Интернетда шуғулланмасам, ўқишга қандай кираман?

“Меҳрибон” ота тантиқ қизининг ёнини олди. Бозорга чиқиб, ўзи қандай ёқишни ҳам билмайдиган ўша матоҳни қизига олиб берди. Бир ойдан сўнг онани коллежга, ота-оналар мажлисига чақиришди. Она мажлисдан қизариб-бўзариб қайтди.

– Дадаси, – деди каловланиб. – Қизингизнинг домласи мажлисда ёмон гапирди. “Болангизга қиммат тилпон обберманг”, деди. “Кимнинг тилпонини қўлидан олиб қўйган бўлсак, мажлисдан кейин бизга учрашсин”, деди. “Ичини бирга очиб кўрамиз, агар… юзингиз чидаса…”, деди. Ёнига бориб, тилпонни олишга ҳайиқдим. Энди нима бўлади, шунча пуллик нарса… Тилпонда ўзи нима бўлиши мумкин-а?

Бешинчи воқеа. Коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари биринчи босқичда ўқийдиган узоқ туманлик қизнинг онасини хонасига чақиртирди…

– Қизингиз қаерда ижарада яшашини биласизми?
– Билмадим, – чайналди она. – Бозор томонда, девди…

– Кимлар билан туришини-чи?
– Учта дугонаси билан. Бирга ўқишаркан…
– Ижара эгасини-чи?

– Қизим айтувди, қандайдир савдогар аёл экан. Эри ўлган экан. Ёш боласи бор экан. Боласига қараб тургани учун ўтган ойда ижара пулини ҳам олмапти омон бўлгур…

– Ўша “омон бўлгур” “ҳалигидай аёллар” рўйхатида турар экан. – директор ўринбосари аччиқланиб, ўрнидан туриб кетди. – Гуруҳ раҳбари билан бориб, суриштирдик. Яшаш шароитини ўргандик. Бутун маҳалласи биларкан у хотиннинг нима ишлар билан шуғулланишини. Сиз эса манзилиниям билмайсиз. Тасаввур қилинг, қизингиз қандай жойда яшаяпти? Кимлар билан яшаяпти? Шунчаям лоқайд бўладими одам? Қандай онасиз? Яна ўқитувчиман, дейсиз-а. Гулдек болангизни кимларнинг қўлига топшириб қўйибсиз? Яхшиям вақтида билиб қолдик…

Онанинг манглайидан совуқ тер чиқиб кетди…

***

Бундай лавҳаларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Серзарда ва жиззаки бўлиб бораётган ўсмир ўғлини бир тинглаб кўришга вақт тополмаётган ота хусусида… Уйига “дугонаси”нинг қимматбаҳо тақинчоғини тақиб келган қизига “ярашипти” деган она хусусида… Ижтимоий тармоқда жойлаштирилган ёлғон суратига маҳлиё бўлиб, ўз синглиси билан “гаплашиб” юрган ака ҳақида… Фаҳмига бормасдан синглисига хорижий тилда уят сўз ёзилган кийим совға қилган опа ҳақида…

Эътибор берган бўлсангиз, буларнинг барчаси замирида биргина иллат ётганига гувоҳ бўласиз. Яъни оиладаги мувозанат бузилган. “Кўз-қулоқ” бўладиган кўзлар сўқир, қулоқлар гаранг… Улар ёнидагилар тугул ўз қалбидаги тўфону гирдобларни кўрмайдилар, ўз кўнглининг нидосини-да эшитмайдилар…

Дарвоқе, инсон танаси мувозанатини таъминлайдиган вестибуляр аппарат бежизга айнан кўз ва қулоқнинг ёнида жойлашмагандир? Айтганча, яна бир гап, усталар текисликни ўлчашда ишлатадиган, ўрисчасига “уровень” деб аталадиган, шишага қамалган сув ўртасидаги муаллақ “томчича”си ўйнаб турадиган асбобнинг яна бир номи негадир “шайтон” экан…

4_1.jpgKapalak-ku  bir necha soatlik umrida bog‘ingizga, gulzoringizga zeb beradi, ko‘nglingizga, shuuringizga zavq hadya etadi. Bir kapalakchalik ham himmatimiz, jur’atimiz yo‘qmi? Nega vaqtning uvolidan qo‘rqmaymiz? Oltinga teng soniyalarimizni, daqiqalarimizni nega behudaga sovuraveramiz? Axir Hayot — insonga baxsh etilgan eng ulug‘ ne’mat emasmi?

Nuriddin EGAMOV
IKKI MAQOLA
007

Nuriddin Egamov 1975 yilda Qarshi tumanidagi Qovchin qishlog‘ida tug‘ilgan. 1997 yilda Qarshi Davlat universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetini bitirgan. 1997 yilda Qashqadaryo viloyat hokimligi muassisligidagi “Qashqadaryo” va “Kashkadarya” gazetalari tahririyatida muxbirlikdan ish boshlagan. 2000-2015 yillargacha “Qashqadaryo” gazetasi mas’ul kotib lavozimida ishlagan bo‘lsa, 2015 yil sentyabrdan “Barkamol avlod” gazetasi bosh muharriri lavozimida ishlab kelmoqda. “O‘zbekiston mustaqilligiga 10 yil”, “O‘zbekiston mustaqilligiga 15 yil” estalik nishonlari bilan taqdirlangan.

007

“ALDAMANG, O‘QIMAGANSIZ…”
yoxud Yodgor Sa’diyevu Tom Kruz…
“o‘ynagan” o‘zimizning “kino”

pv_463258.jpg“O‘tkan kunlar”… Tizzalardan tushmay, oqshomdan sahargacha bekitiqcha, fonus yog‘dusida ko‘zlardan yosh tirqirab o‘qilgan, yostiqlar ostida avaylab-asralgan, balchiqlar sachraganida ham gavhardek yarqirab turavergan, qatag‘onlar alangasidan qaqnus misol omon chiqqan, ne-ne oshiq-ma’shuqlarga muhabbat sabog‘ini bergan, ne-ne allomai zamonlar hali-hanuz ming bir hayrat ila o‘rganib, to‘la-to‘kis kashf eta olmayotgan bu kitobning sehru sinoati nimada o‘zi? Yana qay bir asaru qay adibga bunday ulug‘ tole nasib etgan ekan?

…Bir tanishim xonadonida bir uy kitobi bilan maqtandi. “O‘tkan kunlar”ni so‘rasam, “yo‘q edi”, – dedi.

“Bo‘lmasa, kitobing yo‘q ekan”, – dedim unga…

Kumushbibining yetti libosi

…Bir gal bir guruh vohalik ijodkorlar safida vodiyga safar qilganimizda dovondan o‘tayotib, keyinroq Marg‘ilon ko‘chalarini sayr etayotib ham, g‘alati bir hisni tuydim: go‘yo tog‘u toshlar orasidagi yolg‘iz so‘qmoqda izg‘irinda chakmoniga o‘ralgan otliq Otabek suyuklisi qoshiga oshiqib ketayotganday, atlasning vatani bo‘lgan ko‘hna kent guzarlarida Kumushbibi atrining ifori kezib yurgandek… Zavqlanib, yonimdagi hamkasbimga so‘z qotdim: “Moshinada shuncha ovora bo‘ldik, bu Otabek deganlari shuncha tog‘u toshni oshib, Marg‘ilonga otda qatnaganmi?”. Hamkasbim jilmayib qo‘ydiyu, mezbonlar qoshiga yetganimizda lutf bobida “uloqni ilib ketdi”: “Bunday dilkash va samimiy insonlar qoshida nafaqat Otabek singari ulovda, balki, dovon osha tizzalab, emaklab kelsang ham arzir ekan…”. So‘z qudratini qarangki, mezbonlar zavqdan qiyqirib, hamkasbimning yelkasiga to‘n yopishdi..
.
Talabalik yillarimizda universitetdagi qattiqqo‘l domlalarimizdan biri shunday savol berib qoldi: “O‘tkan kunlar”da Kumushbibi necha xil libosda namoyon bo‘ladi?”. Va ortidan qo‘shimcha qildi: “Kim birinchi bo‘lib topib kelsa, “besh” qo‘yaman…”.

Bu “injiq” domladan “besh” olish uncha-buncha a’lochiga nasib etavermaydigan sharaf edi. Shu bois ko‘pchilik darhol “Kumushbibining ko‘ylagi”ni qidirishga tushdi. Menga esa bu topshiriq malol keldi. Nazarimda domlamiz bizni mazax qilayotgandek edi. O‘yladimki, (“shu ham ish bo‘ptimi yigit boshimga…”), ko‘ylak qidirishdan nima ma’ni, buning asarning mohiyatini anglab yetishga qanday daxli bor?

Va nihoyat men ham ko‘p qatori erinibgina romanni qayta titkilashga tushdim. Ishonasizmi, naq yetti marta o‘qibman, deng. Oxiri “ko‘ylaklar”ni topdim. Va Qodiriyning mahoratiga hamda bu sinovni o‘ylab topgan domlamizning aqliga tasannolar aytdim.

Navoiy bobomizning “Lison-ut tayr” asarida o‘ttiz qush Simurg‘ni izlab yo‘lga tushadilar. Yo‘lda qancha-qancha mashaqqatlar chekadilar. Va oxiri manzilga yetganlarida Simurg‘ – “o‘ttiz qush” – o‘zlari ekanliklarini anglab yetadilar. O‘zlikni anglashdan saboq beradi bu asar…

Domlamizning jumbog‘ini yechishda ham xuddi shunga o‘xshash holat bor ekan. Gap “Kumushbibining ko‘ylagi”da emas, Qodiriyning mahoratida ekan. “Ko‘ylak” bahona asarni qayta-qayta mutolaa qilish jarayonida uning yangi-yangi qirralarini kashf etarkansan kishi. Ko‘pchilikning nazarida bu kitob Otabek va Kumushbibi o‘rtasidagi otashin muhabbat haqida. Aslida esa bu asar o‘sha davrdagi ijtimoiy-siyosiy voqealar, milliy ozodlik harakati, xalq turmush tarzi, maishiy hayoti… singari bir qancha mavzularni o‘zida mujassam etgan ekan. “Injiq” domlamiz esa bizga uni qayta-qayta o‘qitib, bor jozibasini teranroq his etishimizni istagan ekan xolos…

Darvoqe, “ko‘ylak”-chi?”, deysizmi? Salgina hafsala qilsangiz, uni o‘zingiz ham topa olasiz. Eslatib o‘tamiz, biz yetti o‘rinda Kumushbibiga yetti libosda “duch keldik”. Masalan: “To‘y. Qizlar majlisi” bobida “oq shoyi ro‘mol, oq shohi ko‘ylak, oq zarrin po‘stin”…

Kino – kino, kitob – bu KITOB!

“O‘tkan kunlar”ni o‘qiganman”, deb lof uradigan ayrim “kitobxon”larning yolg‘onini fosh etib, mulzam torttirish uchun, menimcha, ikki og‘iz savolning o‘zi kifoya. Masalan, ulardan “Xushro‘ybibi yoki “Ko‘z og‘rig‘i”, “Qovoq devona” kim?”, – deb so‘rab ko‘ring-chi? Yoxud “Usta Alim va Saodatning ishq dostoni qanday yakun topadi?”, – deng-a? Aniq bilaman, yelka qisib, yer chizib qolishlari tayin.

Nega deysizmi?

Chunki “o‘qiganman” deguvchilarning aksariyati kitobni faqat qo‘liga ushlab, hafsala qilganlari varaqlab ko‘rishgan xolos. Men yuqoridagi kabi savollarni ko‘plab maktab, kollej o‘quvchilariga, talabalarga, hatto ayrim adabiyot muallimlariga berib ko‘rib, javob ololmaganimdan so‘ng shu xulosaga keldim. Sababi…

Ha, yashang, topdingiz. Ular… kinosini ko‘rishgan. “Kitobini o‘qishim shartmi, shu bir xil gap-da?”, – deyishadi. Kinoda esa Saodat ham, Xushro‘ybibi ham, “Qovoq devona” ham… yo‘q.

Nafsilambirini aytganda asar asosida olingan badiiy film (birinchisini nazarda tutayapman) o‘ta mahorat bilan ishlanganini oddiy kino muxlislaridan tortib, manaman degan ekspertlargacha yurak-yurakdan e’tirof etishadi. Otabek va Kumush obrazlari ongu shuurimizga O‘lmas Alixo‘jayev va Gulchehra Jamilova talqinida singib ketgan. Yoxud Zaynab deganda ko‘z oldimizga Gulchehra Sa’dullayeva, Homid deganda esa Hamza Umarov… kelishi ham bor gap. Sababi aniq – bu san’at ustalari o‘z obrazlarini mahorat bilan yaratishgan.
Filmning bu kabi muvaffaqiyatlarini, kino san’atining o‘rniyu ahamiyatini el qatori tan olgan holda bir gapni aytmoqchiman. Kino – kino, kitob – bu KITOB! Kinochilarimiz ma’zur tutishsinu, dunyoning Oskaru yana allambalo mukofotlar olgan manaman degan rejissyorlariyu aktyorlarini yig‘ib keling, kitobni asl jozibasiyu tarovatini yo‘qotmagan holda kino yoki serial qilib berishning uddasidan chiqisha olmaydi. Birgina misol: Aleksandr Dyumaning “Graf Monte-Kristo”sining o‘nlab kinotalqinlari bor. Biroq ularni bir chekkaga yig‘ishtirib qo‘yib, kitobning o‘zini mutolaa qilishga hafsala toping, shunchalik hayrat tuyasizki, uning kinotalqinidan bu hayratning yuzdan birini topolmaysiz (esimda, o‘t o‘chiruvchi bo‘lib ishlaydigan bir qo‘shnim shu kitob haqidagi taassurotlarini o‘zgacha zavq va hayajon bilan so‘zlab bergandi).

Sizda ham shunday bo‘lganmi – agar avval kinosini ko‘rmagan bo‘lsangiz, yaxshi asar o‘qiyotib, uning qahramonlari siymosini o‘zingizcha tasavvur etasiz, o‘zingiz sezmagan holda, bilib-bilmay, shu asar asosida tasavvuringiz fazosida o‘z filmingizni yaratasiz. Bu filmning “rejissyor”iyu “prodyuser”i – o‘zingiz. Bosh qahramonlar “kasting”ini ham o‘zingiz o‘tkazasiz. Istasangiz, Yodgor Sa’diyevni yo Ra’no Shodiyevani, hatto Tom Kruzni yo Ayshvariya Rayni “o‘ynatishingiz” mumkin.

Mana, mutolaa tasavvuringizga qanchalik erkinlik baxsh etadi (“xayol qanday yaxshi, akangga o‘xshar…”).

Yusufbek hojining lutfi

Endi yana “O‘tkan kunlar”ga qaytsak.

Yaqinda hamkasbim Maqsud Hamroyev (men bu insonni adabiyot bilimdoni, nozikta’b kitobxon sifatida hurmat qilaman) bir gapni aytib qoldi:

– Filmda Yusufbek hojining mashhur iborasi bor: “Marg‘ilonda shunday kelinimiz bor ekan, biz bilmay yurgan ekanmiz-da…”. E’tibor berganmisiz, shu yerda jiddiy bir xato bor. Qodiriy asarda bunday deb yozmagan. Biz bilgan Qodiriy aslo bunday demasdi ham…

Esladim. So‘ng asarni topib, tekshirib ham ko‘rdim. Mana, “biz bilgan Qodiriy” Kumushbibining Toshkentda hoji xonadonida kutib olinishi lavhalarini qanday tasvirlagan:
“— Qani, bek otasi, ko‘rmanani bering-chi! — dedi O‘zbek oyim Kumushni imlab.

Kumush uyalib zo‘rg‘ag‘ina salom berdi va Yusufbek hojining yaqinig‘a kelib bo‘yin egdi. Hoji qo‘li bilan Kumushning yelkasiga qoqib suydi va Kumushning manglayig‘a tegizib olg‘an o‘z qo‘lini o‘pdi:

— Bizning Marg‘ilonda ham shunday kelinimiz bor ekan-ku, biz bilmay yurg‘an ekanmiz-da, — deb tevaragiga qarab kulindi va qo‘lini duog‘a ochdi. — Bizni shunchalik siylab kelibsizlar, bu yaxshiliqlaringiz bizdan qaytmasa, xudodan qaytsin. Olloh taolo yoshlarg‘a tinch va barakatlik umr bersin. Ilohim, taqabbul duo…

Hamma duog‘a yuz siypashdilar. So‘ngra Yusufbek hoji Kumush bilan Zaynabka qaradi:

— Men sizlarning ko‘rishib turg‘anlaringizni ko‘rib juda quvondim, — dedi. — Mundan so‘ng ham shu yo‘sunda bir-birlaringizga egachi-singildek bo‘lmoqlaringizni tilayman, — dedi va O‘zbek oyimg‘a:
— Qani, mehmonlarni ichkariga olinglar, — deb o‘zi tashqarig‘a burildi”.

Vaziyatga bir diqqat qiling-a. O‘zbekona lutf, andisha, muomala, madaniyatni o‘z xonadonida qat’iy nizomga aylantirgan Yusufbek hojidek odam marg‘ilonlik kelinini alqash uchun unga peshvoz chiqqanlar safida hammaning xatti-harakatiyu gap-so‘zini kundoshlarga xos anchayin kek, gina va alamzadalik bilan sinchiklab kuzatib turgan Zaynabning dilini og‘ritishga jazm eta olarmidi? Qolaversa, undan tili qisiqlik joyi ham yo‘q emas (bu yoqda o‘g‘li “uning qarshisida meni jonsiz bir haykal deb biling”, deb turgan bo‘lsa). Shu bois ham hoji “Marg‘ilonda ham…”, deydi. Ya’ni uning lutfida “Toshkandda ham shunday kelinimiz bor…” degan ma’no ham zohir edi. Qarang, birgina “ham…”da qancha mazmun mujassam.

Mana bu – asl o‘zbekona lutf, andisha, takalluf…

***

Shubhasiz, kino – zo‘r san’at. Biroq kim nima desa, desinu, menimcha, baribir KITOBni kino qilib bo‘lmaydi. Yuqorida aytganimday, har birimiz mutolaa asnosida o‘z kinomizni yaratganimiz ma’qul.

Darvoqe, “kinosi”da yo‘q ming bir holatdan yana biri. Otabekning Toshkentdan uylanganidan Homid qay tariqa xabar topadi? Adib Sodiq Toshkentdan Marg‘ilonga ot choptirib keladiyu, xojasidan “qaynoq xushxabar”ning suyunchisini oladi, deb bitishi, ovora bo‘lib Qovoq devonayu Ko‘z og‘rig‘ini jiqillashtirib o‘tirmasligi ham mumkin edi…

Biroq o‘shanda u Maqsud aka aytganiday “biz bilgan Qodiriy” bo‘lmasdi-da…

Bu yog‘i endi boshqa mavzu…

KUYIB KЕTGAN “KAPALAK UMRI
Yoxud “erta”ga aylanayotgan “indin”laru
“kecha”ga aylanayotgan “bugun”lar xususida

“Ish ko‘p. Vaqt yo‘q!”

5385.jpgBeixtiyor og‘zingizdan chiqib ketadi bu jumlalar.

Topshiriqlar, rejalar, muammolar, vazifalar, turmush, ro‘zg‘or tashvishlari… Go‘yo bo‘g‘zimizgacha ko‘milib ketganmiz. Erta tongdan qay biridan boshlashni bilmaymiz.

Yaqin do‘stimiz kasalxonaga tushibdi. Yo‘qlash kerak. Bemor odam intiq bo‘ladi. Ammo…
Uzoq qarindoshimiz vafot etibdi. Elchilik. Ta’ziyaxonada bir ko‘rinib kelmasak bo‘lmaydi. Lekin… Vaqt yo‘q.

Qo‘shnimiz to‘y qilayapti. “Xizmat-pizmat”i bordir. Qo‘li qisqaroq edi. To‘yning o‘zi bo‘lmaydi. Ko‘zdek hamsoya, yonboshida tirgak bo‘lib turish kerak. Biroq…

Bolalarimiz ertalab olma yegimiz kelayapti, deb xarxasha qilishuvdi. Bozorga borishga vaqt bormi?

Ishxonada bir kishi uchinchi marta murojaatining natijasini so‘rab keldi. Nima bo‘pti? Undan boshqa tashvishimiz yo‘qmi? Majlisga borish kerak. Reja tuzish kerak. O‘zi ertalabdan yangi topshiriq oldik. Hali kechagisining chalasi turibdi.
Xullas vaqt yo‘q. Ish ko‘p… Nima qilish kerak?

Shoshamiz. Hovliqamiz. Hammasiga ulgurish kerak. Hayot esa ana shu zaylda davom etaveradi. Ana shu tarzda kunimizni o‘ldirib boraveramiz. Biz yo‘qlagunimizcha do‘stimiz sog‘ayib, kasalxonadan chiqib ketadi. Fotiha qarimaydi, qarindoshning “qirq”iga boramiz-da, deb ovutib qo‘yamiz o‘zimizni. To‘y tarqaganidan so‘ng qunishibgina kirib boramiz qo‘shninikiga… “Uzr, ish chiqib qoldi…” Ishdagi topshiriq ham baribir ertaga qoladi. Shukrki, xudoning “erta”si ko‘p.

-Biz kunimizni aniq rejalay olmaganimiz uchun shu ko‘yga tushib qolamiz, — deb qoldi bir hamkasbim. -Inson avvalo o‘z-o‘zini taftish qilishni, o‘z-o‘ziga hisob berishni o‘rganishi kerak.

“Kun bo‘yi nima qildim?”

“Yejednevnik” degan narsa bor, bilasiz. Sahifalarida sanalari, hatto soatlarigacha qo‘yilgan. Ba’zilarida “Kim bilan uchrashish kerak?”, “Kimga qo‘ng‘iroq qilish kerak?”, “Kimni tabriklash kerak?” singari alohida ajratilgan “grafa”larigacha bo‘ladi. Shundan siz qanday foydalanasiz? Bir yig‘ilishda e’tibor qilib qarasam, uch-to‘rtta nufuzli tashkilotlar rahbarlari daftarlarining 2006 yil …mart, … iyun, … degan sanalar turgan sahifalarga yig‘ilishda aytilgan muhim vazifalarni yozib o‘tirishibdi. Aniq bilaman, o‘sha rahbarlar o‘sha daftarlarini keyingi majlisgacha ochib ham qarashmaydi. Axir o‘z ish kunini, faoliyatini rejalay olmaydigan, pala-partish rahbarning idorasida qanaqasiga tartib, intizom, mas’uliyat, ishida unum va rivoj bo‘lsin?! Gaplarim sizga ikir-chikir, mayda-chuydadek tuyulayotgandir-a?!

Bir tanishim Fransiyada malaka oshirib qaytdi. Aytishicha, o‘quvga kirish oldidan o‘qituvchilari “O‘tgan haftadagi bajargan ishlaringizni har kuni, har soatga bo‘lib, hisobot yozib bering, o‘quvni shunga qarab tashkil qilamiz”, -deyishibdi. “Ishonasizmi, yozaman desam, “pichoqqa ilashadigan” biror ish qilmabman, — deydi tanishim. -Bir kunni soatlarga bo‘lib, nima ish qilganimni yozib chiqaman desam, arziydigan hech ish yo‘q. Hayronman, bo‘lmasa kun bo‘yi qog‘ozga ko‘milib, dam olishga ham vaqt topolmayman…”

“Bugun bilan yasha…”

Rivojlangan mamlakatlarda vaqtga pul sifatida qarashadi. Dunyo boyvachchalari hayoti va faoliyatiga nazar tashlasangiz, soniyalarnida nechog‘lik qadrlaganliklari, vaqtga tobe bo‘lmasdan, uning ustidan hukmronlik o‘rnata olganliklari uchun shu darajaga erishganliklarini e’tirof etadilar. Xalqimiz ham bu borada zap topib aytgan — “Vaqting ketdi- naqding ketdi”.

Psixologiyaga bag‘ishlangan bir risolada o‘qiganim bor — “Kechadan va ertadan ajratib olingan buguning bilan yasha!” Bu aqida avvaliga ancha erish tuyuldi menga. Axir barchamizni kechagi kunni, o‘tmishni, xotirani e’zozlashga, ertangi kunni o‘ylab ish qilishga o‘rgatishgan. Ammo o‘ylab qarasam, bu gapda jon bordek. Negaki bugunini qanday tasarruf etishni bilmagan insonning o‘tmishi ham, kelajagi ham mavhum bo‘ladi. Chunki ko‘z ochib yumgunimizcha indin — ertaga, erta — bugunga, bugun — kechaga aylanaveradi. Ota-bobomiz bir narsani bilib aytgan — “Bugungi ishni ertaga qo‘yma!”

-Men bir narsani o‘ylab qoldim, — fikrini davom ettiradi hamkasbim. -Ish ko‘p, deb biz birinchi navbatda o‘zimizni aldaymiz. Menimcha, har bir kishining kamida haftalik ish rejasi bo‘lishi shart. Kundalikning tegishli sanasi yozilgan sahifasidagi soatlar qarshisiga biror narsa yozishdan oldin “Xuddi shu soatda men nima ish qildim?” deb o‘ylab olish zarur. Ana shunda men nimalarni o‘ylayapman, nimalarni reja qilayapman, nima ish qilayapman, qanday ovqatlanayapman, qanday dam olayapman… — xullas QANDAY YASHAYAPMAN degan savol bera boshlaysiz o‘zingizga.

Sovurilayotgan oltinlar

…Hamkasbimning fikrlarini eshitib o‘ylanib qoldim. Xayolimga ardoqli shoirimiz G‘afur G‘ulomning “Vaqt” she’ridagi quyidagi shoh satrlar keldi:

G‘uncha ochilguncha
o‘tgan fursatni
Kapalak umriga
qiyos qilgulik…

Afsuski biz (ayrimlarimiz) necha yuzlab “kapalak umri”ni arzimagan, mayda-chuyda ishlarga ko‘milib, o‘ralashib o‘tkazib yuboraveramiz.

Kapalak-ku bir necha soatlik umrida bog‘ingizga, gulzoringizga zeb beradi, ko‘nglingizga, shuuringizga zavq hadya etadi. Bir kapalakchalik ham himmatimiz, jur’atimiz yo‘qmi? Nega vaqtning uvolidan qo‘rqmaymiz? Oltinga teng soniyalarimizni, daqiqalarimizni nega behudaga sovuraveramiz? Axir Hayot — insonga baxsh etilgan eng ulug‘ ne’mat emasmi? Hayf ketgan har bir daqiqada o‘zimiz uchun, ishxonamiz uchun, do‘stlarimiz uchun, yaqinlarimiz uchun, oilamiz — ro‘zg‘orimiz uchun, mahallamiz uchun,.. el-yurtimiz uchun, Vatanimiz uchun qancha ish qilishimiz mumkinligi haqida o‘ylab ko‘rganmizmi?

Hafsalangiz uchun rahmat. Har holda “eski plastinka”dek tuyulgan bitiklarimizni o‘qishga vaqt topdingiz. Axir Siz ishli odamsiz. Vaqtingiz o‘lchovli. Ammo bir o‘zingizga hisob berib ko‘ring-a. Navbatdagi daqiqangizni nimaga sarflamoqchisiz?

“KO‘Z-QULOQ” BO‘L – “KO‘Z” BO‘L, “QULOQ” BO‘L…
Yoxud oilaning “vestibulyar apparat”i

SKUBKOSM-4.jpgNuroniy keksalarimiz qirq-ellikka kirib qolgan farzandlariga ham o‘git berib charchamaydilar: “Hay, bolangga “ko‘z-quloq” bo‘l, hozir ayni toyib ketadigan yoshda u, hazir bo‘l, boxavar bo‘l…”. O‘ylab qarasak, barcha keksalardan eshitadiganimiz, quloqlarimizga singib ketgan bu pandning hech bir yangiligi yo‘qday, hay, keksa odam, ezmalanib gapiraveradilar-da, endi kap-katta oliy ma’lumotli odam, shuncha yil tarbiya, ma’naviyat sohalarining ichida yurib, shuni bilmasak, nima qilib yuribmiz, deb qolishimiz ham mumkin. Ammo … uyimizning farishtalari bo‘lgan nuroniylarimiz bir narsani bilmasdan gapirishmaydi, bejizga “qari bilganni pari bilmas”, deyishmaydi-ku…

Yaqinda tibbiy yo‘nalishdagi nashrlardan bir ma’lumotni o‘qib, o‘sha o‘gitlar yana yodimga tushdi.

Hech o‘ylab ko‘rganmisiz, inson organizmida quloqning sizu biz bilgan eshitishdan boshqa qanday vazifasi bor? “Endi quloq bo‘lganidan keyin faqat eshitadi-da”, deysizmi? Tibbiyot mutaxassislarining qayd etishlaricha, quloqning ichki quloq deb ataladigan qismida inson muvozanatini saqlab turadigan muhim a’zo – vestibulyar apparat joylashgan ekan. Ayri shoxli g‘o‘lani tik qilib qo‘ysangiz, darrov qulab tushadi. Ammo ikki oyoqli insonning o‘z muvozanatini saqlab, oyoqda tura olishi, turli harakatlarni bajarishi aynan vestibulyar apparatga bog‘liq. Holsizlangan yoxud mast-alast odamning yiqilishi yoki dorbozning ingichka arqon ustida dor o‘ynashi, akrobatlarning hayratomuz harakatlari ham ana shu muvozanat tushunchasiga bog‘lanadi.

Buning oila va tarbiya masalalariga qanday daxli bor deysizmi? Men bu borada o‘zimcha, mohiyatan nihoyatda nozik bo‘lgan bir uyg‘unlikni kashf etdim. Ya’ni keksalarimiz aytganiday, bolamizga “ko‘z-quloq” bo‘lishimiz, bu boradagi mas’uliyatimizni teran anglab olishimiz OILAMIZDAGI MUVOZANATni ta’minlar ekan.

Ayniqsa bolasi o‘smir yoshda bo‘lgan ota-ona o‘zini xuddi dor ustidagi dorbozday his etmog‘i zarur ekan. Bilamizki, dorda yerdagiday yura olish dorbozning langardami yo langarsiz o‘z muvozanatini saqlay olish mahoratiga bog‘liq…

Basharti gap muvozanat haqida ketar ekan, e’tiboringizga turmushda kunda-kunora o‘zimiz guvoh bo‘ladigan, ko‘zimiz ko‘nikib ketgan ayrim lavhalarni havola etsak.

Birinchi voqea. Bola algebradan uyga vazifa uchun berilgan masalasini yecha olmay, onasining yoniga keldi.

– Aya, yordam bervoring, “Poyezd A punktdan soatiga 100 kilometr tezlik bilan yo‘lga chiqdi…”.

– Jim, o‘chir ovozingni, he o‘rgildim poyezdingdan, – serialga sho‘ng‘igan ona o‘g‘lini jerkib soladi. – Hozir uying kuygur Sindura Vidiyani o‘ldirgani yo‘lga chiqdi…

– Aya, bir qarasangiz nima qiladi, – yig‘lamsirab dedi bola. – Axir matematika o‘qituvchisiz-ku…

– Bor, ana, dadang bekor o‘tiribdi, bug‘altir odam, masalangni “shest sekund”da yechib beradi. Ha, aytgancha, pult qayerda, topolmayapman…

Bola qo‘shni xonadagi televizordan futbol ko‘rayotgan otasining yoniga boradi.

– Dada, masalam…
– Ha, qani, oshir, – unga parvo qilmay, o‘rnidan turib ketib televizorga burnini tiraydi ota. – Ur… he lapashang…
– Dada…

Nihoyat birinchi taym tugab, ota darslikni qo‘liga oldi:
– Himm, xo‘-o‘-shshsh… Buning lotincha ekan-ku, biz kirillchaga o‘qiganmiz-da…

Ikkinchi voqea. Ota qizini tahririyatga yetaklab keldi. Muharrirga kerilib gapirdi:

– Mushtdayligidan she’r yozadi. Mana, ko‘ring, momosiga bag‘ishlab yozgani, bunisi ammasiga, bunisi xolasiga, singlisiga, ustoziga… Bu yoqda Vatan haqidagilari ham bor… shularni chiqarib bering, bitta choy bizdan, yana xizmat bo‘lsa aytuvring…

Muharrir kompyuterda “lotincha-kirillcha” aralashtirilib, savodsizlarcha ko‘chirilgan bitiklarni qarab, bosh chayqadi. Bo‘lmaydi, dedi, qizaloqqa hali ko‘p o‘qishi kerakligini erinmasdan tushuntirdi.

Ota achchiqlanib o‘rnidan turdiyu, qizini yetaklab tashqariga chiqdi. Eshikni qarsillatib yopdi…

Ho‘kizini sotib, pulini belga tugib, qizining bitiklarini nashriyotga olib bordi. Unga-bunga choy-poy olib yerib, yuz nusxalik shapaloqday kitobcha chiqartirdi. Qizi o‘qiydigan kollejda kitobchaning taqdimotini dabdaba bilan o‘tkazdi. Tadbirga televizordan chiqib she’r o‘qiydigan “kazo-kazo” shoirlarni taklif etdi. Tushlikka “tandir” osilganidan boxabar “kazo”lar tamshanganlaricha “iste’dodli yosh ijodkor”ni deyarli o‘zbek adabiyotining yorqin yulduzchasiga chiqarib qo‘yishdi.

…O‘sha “yulduzcha”ni ko‘p tanlovlarda ko‘rib qolaman. Necha-necha ho‘kizning “boshini yegan” to‘rt-besh bemaza kitobchasini qo‘ltiqlab, “adolatsiz” hakamlar bilan shallaqilarcha janjallashib yuripti (kitobchalaridan birida “qiz bolaning ibo-hayosi” haqida sakkizta “she’r”i bor). Na o‘qishning boshini tutdi, na hunarni…

Uchinchi voqea. Xorijda ishlab kelgan ota o‘qishga taraddud ko‘rayotgan o‘g‘liga kompyuter sovg‘a qildi. O‘g‘il uzzukun xonasiga qamalib oladigan bo‘ldi. Ota xursand. Jo‘ralariga maqtanib ham qo‘yadi: “Men bitta “knopka”sini bosishni-yam bilmayman, o‘g‘lim “shaqqillatib” ishlaydi. Bu turishda prapisir bo‘p ketadi-yov…”.

Bir kuni “bo‘lg‘usi prapisir”ning tog‘asi mehmonga kelib qoldi. Opasidan jiyanining o‘qishlarini surishtirdi. Jiyan uyda yo‘q edi. Tog‘a sekin uning xonasiga kirib, kompyuterini yoqdi. Internetga ulanib, “istoriya”ni tekshirdi. So‘ng narigi xonada mast bo‘lib qolgan pochchasini chaqirdi:

– Qarang, “prapisir”ingiz internetda “shaqqillatib” nima qilib o‘tiribdi?

Shirakayf otaning hushi boshidan uchdi. Monitorda namoyon bo‘lgan saytdagi behayo lavhalarga qarab baqrayib qoldi.

To‘rtinchi voqea. Kollejda o‘qiydigan qizi onasiga xarxasha qiladi:

– Uyalaman bu telefonni ko‘tarib yurishga, – deydi oyoq tapillatib. – Buvam zamonidan qopketgan…

– Buvang u yoqda tursin, otang ham bunday tilponlarni tushidayam ko‘rmagan, qizim, – ona qizini tinchlantirishga urinadi. – Shu “qizil”i bilan “yashil”ini bosib, “allo-labbay” desang, biz qayerda yurganingdan bilib tursak bo‘ldi-da. Boshqa “aji-buji”sini nima qilasan? Koshki arzon bo‘lsa o‘sha “smartfon” deganing… O‘nta qo‘yning puli ekan…

– Zamondan orqada qopketgansiz, – mahmadonalik bilan onasiga o‘shqiradi qiz. – Hozir internet asri. Internetda shug‘ullanmasam, o‘qishga qanday kiraman?

“Mehribon” ota tantiq qizining yonini oldi. Bozorga chiqib, o‘zi qanday yoqishni ham bilmaydigan o‘sha matohni qiziga olib berdi. Bir oydan so‘ng onani kollejga, ota-onalar majlisiga chaqirishdi. Ona majlisdan qizarib-bo‘zarib qaytdi.

– Dadasi, – dedi kalovlanib. – Qizingizning domlasi majlisda yomon gapirdi. “Bolangizga qimmat tilpon obbermang”, dedi. “Kimning tilponini qo‘lidan olib qo‘ygan bo‘lsak, majlisdan keyin bizga uchrashsin”, dedi. “Ichini birga ochib ko‘ramiz, agar… yuzingiz chidasa…”, dedi. Yoniga borib, tilponni olishga hayiqdim. Endi nima bo‘ladi, shuncha pullik narsa… Tilponda o‘zi nima bo‘lishi mumkin-a?

Beshinchi voqea. Kollej direktorining ma’naviy-ma’rifiy ishlar bo‘yicha o‘rinbosari birinchi bosqichda o‘qiydigan uzoq tumanlik qizning onasini xonasiga chaqirtirdi…

– Qizingiz qayerda ijarada yashashini bilasizmi?
– Bilmadim, – chaynaldi ona. – Bozor tomonda, devdi…

– Kimlar bilan turishini-chi?
– Uchta dugonasi bilan. Birga o‘qisharkan…
– Ijara egasini-chi?

– Qizim aytuvdi, qandaydir savdogar ayol ekan. Eri o‘lgan ekan. Yosh bolasi bor ekan. Bolasiga qarab turgani uchun o‘tgan oyda ijara pulini ham olmapti omon bo‘lgur…

– O‘sha “omon bo‘lgur” “haligiday ayollar” ro‘yxatida turar ekan. – direktor o‘rinbosari achchiqlanib, o‘rnidan turib ketdi. – Guruh rahbari bilan borib, surishtirdik. Yashash sharoitini o‘rgandik. Butun mahallasi bilarkan u xotinning nima ishlar bilan shug‘ullanishini. Siz esa manziliniyam bilmaysiz. Tasavvur qiling, qizingiz qanday joyda yashayapti? Kimlar bilan yashayapti? Shunchayam loqayd bo‘ladimi odam? Qanday onasiz? Yana o‘qituvchiman, deysiz-a. Guldek bolangizni kimlarning qo‘liga topshirib qo‘yibsiz? Yaxshiyam vaqtida bilib qoldik…

Onaning manglayidan sovuq ter chiqib ketdi…

***

Bunday lavhalarni yana ko‘plab keltirishimiz mumkin. Serzarda va jizzaki bo‘lib borayotgan o‘smir o‘g‘lini bir tinglab ko‘rishga vaqt topolmayotgan ota xususida… Uyiga “dugonasi”ning qimmatbaho taqinchog‘ini taqib kelgan qiziga “yarashipti” degan ona xususida… Ijtimoiy tarmoqda joylashtirilgan yolg‘on suratiga mahliyo bo‘lib, o‘z singlisi bilan “gaplashib” yurgan aka haqida… Fahmiga bormasdan singlisiga xorijiy tilda uyat so‘z yozilgan kiyim sovg‘a qilgan opa haqida…

E’tibor bergan bo‘lsangiz, bularning barchasi zamirida birgina illat yotganiga guvoh bo‘lasiz. Ya’ni oiladagi muvozanat buzilgan. “Ko‘z-quloq” bo‘ladigan ko‘zlar so‘qir, quloqlar garang… Ular yonidagilar tugul o‘z qalbidagi to‘fonu girdoblarni ko‘rmaydilar, o‘z ko‘nglining nidosini-da eshitmaydilar…

Darvoqe, inson tanasi muvozanatini ta’minlaydigan vestibulyar apparat bejizga aynan ko‘z va quloqning yonida joylashmagandir? Aytgancha, yana bir gap, ustalar tekislikni o‘lchashda ishlatadigan, o‘rischasiga “uroven” deb ataladigan, shishaga qamalgan suv o‘rtasidagi muallaq “tomchicha”si o‘ynab turadigan asbobning yana bir nomi negadir “shayton” ekan…

07

(Tashriflar: umumiy 449, bugungi 1)

1 izoh

  1. Оғриқли нуқталар топилган. Мақолани ҳамма ўқишини хоҳлардим.

Izoh qoldiring