O’rolboy Qobil. Muhokama yoxud qulog’i qizigan odam & Nuriddin Egamov. Mitti hikoyalar

Ashampoo_Snap_2018.03.17_13h50m27s_002_.png Машҳур қизиқчининг бир латифаси бор: “Гўшт ейиш бўйича иккинчи ўринда бўри турар экан. Биринчи ўринда – қашқадарёликлар…”

Ўролбой ҚОБИЛ
МУҲОКАМА ЁХУД
ҚУЛОҒИ ҚИЗИГАН ОДАМ

007

Кеч куз эди.

Адиб Турсунбой Боймировнинг янги тўпламини муҳокама қилгани акахоннинг уйида тўпландик. Миришкордан публицист ва адиб Абдунаби Абдиев, шаҳрисабздан кекса ижодкор Абдираҳим Абдисаматов, ношир ва адиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Темирпўлат Тиллаев, шоир “Шуҳрат” медали соҳиби Йўлдошбек Кенжаларнинг ўтириши даврага ўзгача файз киритган. Гурунгимиз қизиб турган маҳалда бехосдан телефоним товуш берди. Қарадим. Шошилинч хабар экан.

“Давра иштирокчиларига соғинчли салом! Шундай файзли гурунгларингизда қатнашолмаганимдан минг афсусдаман. Одамбормас хазинасидан қуруқ қолган Одам. Нуриддин Эгам”.

Хатни даврадагиларга ўқиб бердим.

“Баттар бўлсин!-деди Абдунаби баланд овозда -“Юр-юр”-деб худонинг зорини қилдим. “Ишим кўп” деб баҳона топди. Нима, биз бекорчими? Ана, катта мактабдаги ишларни ташлаб келиб ўтирибмиз. Билсангиз, бу дунёда дўстлар дийдоридан азиз нарса йўқ!

— Гапингиз тўғри,- суҳбатдошига қаради, Йўлдош ака кулимсираб. –Аммо укамизни ҳам тушуниш керакдир, ҳафтада бир кун дам олади, қолаверса, бу ёғи элчилик…тўй-маърака деганлари бор…

— Нуриддин билан бирга ишлаганман, касбининг устаси, билимдон йигит, -деди Темирпўлат ҳам Йўлдош аканинг гапини маъқуллаб.

— Анови “Қашқадарё” газетасида масъул котиб бўлиб ишлаган йигитни айтаяпсизларми? -сўради Абдираҳим домла ўтирганлардан.

— Ҳа, ўша болани,- деди Абдунаби бироз ҳовридан тушиб.

-Менинг Нуриддинжон билан илк танишувим қизиқ бўлганди,-дея суҳбатга қўшилди, мезбон Турсунбой ака чойни узатаркан.

— Қани, айтингчи,- дедим қизиқсиниб.

— Бунга анча йил бўлди, кунларнинг бирида ҳажвияларимни қўлтиқлаб вилоят газетаси таҳририятига бордим-да, биринчи дуч келган эшикни очдим.

Қишлоқ хўжалиги бўлими экан. Икки киши ўтирибди. Салом бериб ўзимни таништириб ёзганларимни кўрсатдим.

— Сиз иккинчи хонага, адабий ходим Эгамовга учрашинг, бунақа ишлар билан у шуғулланади,- деди ходимлардан кексароғи қовоғини солиб.

Айтган эшикни очдим, қарасам, ишонсангиз, “Кавказ асираси” деган кинодаги Шурикка ўхшаб кетадиган ўрис бола алланималарни ёзганча хаёл суриб ўтирибди.

Бирдан калламга: “Анови ходимлар мени ҳазиллашиб, русча чиқадиган газетага жўнатишди-ёв”, деган шумлик келди.

Яна қайтиб, биринчи хонага мўраладим.

— Ҳа, Боймиров ака, ёзганларингизни топширдингизми?- сўради ходимлардан бири.

— Кечирасизлар, мен русча ёзмайман,-дедим бироз кесатиб.

Ходимлар ҳайрон бўлиб бир-бирига қарашди.

Кейин уларнинг ёшроғи ўрнидан туриб, мени яна ўша хонага рўбарў қилди ва эшикни очиб:
-Нуриддинжон, сизни қамашилик акангиз ахтариб юрибди,-деди.

-Эй, келинг, акахон! — дея бояги йигит ўрнидан туриб кўришди ва жой кўрсатди.

Рости уялиб кетдим. Аммо сир бой бермадим. Иккаламиз дарров тил топишдик. Самимий, камтарин йигит экан. Кўп ўтмай ёзганларим газетада босилиб чиқди. Ҳозир ҳам укамизни тез-тез йўқлаб тураман.

Мезбоннинг гаплари Нуриддин Эгамовнинг тутинган акаси Йўлдошбек Кенжага унчалик ёқмади.

— Ана, Турсунбой ака, энди қўлга тушдингиз, сизнинг укамизни ўрис бола деганингизни ҳамма эшитди, шундайми?- дея Йўлдош ака ўтирганларга қаради.

Даврадагилар бараварига бош ирғашди.

— Ҳой, Ўролбой ука, телпонингни бу ёққа бер, меникининг пули тугаган, қани бундан бу ёғига Боймиров деганнинг биттагина ёзгани газетада чиққанини кўрибман-да, энди…

Турсунбой ака вазиятнинг бунчалик тез ўзгаришини кутмаган эди. Шу боис ранги оқариб, ўтирганларга илтижоли қаради. Фақатгина Ҳиндистонга бирга саёҳатга бориб мусофирчиликда ака-ука тутинган Абдираҳим домлагина унга ачинди чоғи, деди:

— Ҳай, Турсунбой-а, қачон эсингиз киради ўзи, аввал ёнингизда кимлар ўтирганига эътибор қилсангиз бўлмайдими? Энди, яна ўзим ўртага тушмасам бўлмайди чоғи,-дея Йўлдош ака тарафга боқди.

— Энди шоир укам, сиз ҳам, биз ҳам, ўша сўзни эшитмадик, дастурхоннинг ҳам ҳурмати бўлсин, гап шу ерда қолсин, ҳақини эса ҳозироқ Турсунбой тўлайди.

— Майли, домла, ёшингиз улуғ, қолаверса, меҳмонсиз, сиз учун бўлса, кечдим. Сўзим-сўз! Яна, қолгани акамизнинг “ҳаракати”га ҳам боғлиқ..-деди Йўлдош ака мулойимлик билан.

***

-Шу Нуриддиннинг газетада эндигина иш бошлаган пайтлари эди чоғи, мен туман газетасининг муҳаррири эдим.

Бир куни қўшсаҳифа материал тайёрлаш учун ёнимга борди. Икковмиз роса отамлашгандек. Материалларни эса тонгда икки соатда биргаликда ёзиб тугатдик. Саҳифа ҳам чиройли чиқди. Ўшандан бери ака-укамиз. Ҳафтада бир-икки бора йўқлаб тураман. Кўплар ҳавас қилгудек қалами бор. Бир йили ёзган “Тўхта, кимсан?” деган мақоласи анча шов-шув бўлганди. “Оила даврасида” ва “Оила ва жамият”, ҳозир ўзи бошқараётган “Баркамол авлод” газеталарида ўзига хос услубда ёзган мақолалари билан эл назарига тушди. Айниқса мени “Янги болалар” деб номланган туркум мақолалари роса қойил қолдирди. У истеъдодли шоир ҳам. Бир йили “Дарё” газетасида шеърларини эълон қилганди. Баъзи шоирликни даво қилиб юрганларга: “Ҳой, оғайнилар, шеър дегани мана бундай бўлади!” деб айтгим келади, -деди Абдунаби укаси ҳақида сўзлаб.

— Нуриддин укамиз, кам ёзади, аммо зўр ёзади!-дея суҳбат тизгинини қўлга олди Йўлдош ака Турсунбой ака тарафга сирли боқиб.

Даврадагилар тасдиқ ишорасини билдириб сукут сақлашди.

— Сизларнинг бир-бирингиз билан қилаётган ҳазил-ҳузулларингиз, меҳрингиз, мени ҳайрону лол қолдирди, шундай даврада ўтирганимдан хурсандман, ҳаммангизни шаҳри Кешга меҳмонга таклиф этаман,-деди Абдираҳим домла ўзгача такаллуф билан. Менинг сизлар билан ака-ука бўлишимга сабабчи бўлган Турсунбойга ҳам катта раҳмат.

***

Кунларнинг бирида пешиндан сўнг телефоним садо берди, олдим. Нуриддин Эгамов экан.
-Ҳозиргина Абдунаби Абдиевни жўнатдим. Менга қилган эркалигини кўрсангиз, ҳайрон бўлардингиз. Келгани ҳамон, столдаги, шкафдаги қоғозу китобларни бирма-бир титкилаб чиқади. Ҳеч нарса тополмагач, “Нима ёзаяпсан?” дея суроққа тутади. Мен “Ҳеч нарса!” деб елкамни қисаман. Кейин кўнгли жойига тушиб, Абдураззоқ укасининг ёнига йўл олади.

-Ҳа, энди ука, “От тепкисини – от кўтаради-да,”-дедим.

-Аслини олганда ўзим ҳам у кишига боғланиб қолганман. Уч кун кўрмасам соғиниб, дарров телефон қоқаман.

-Ижоддан гапиринг, ижоддан!-дейман гап ўзанини буриб.

-Сизга айтсам, кўнглимда анча “дард”лар йиғилиб қолган, аммо қоғозга тўколмаяпман, балки ишим тиғизлигидандир, ҳеч бўлмаса, сизлардек нафақага чиққач ёзарман…

-Ҳали, ёшсиз, албатта ёзасиз…
-Айтганингиз келсин…

***

Хуллас калом, ўша куни Турсунбой Боймировнинг янги тўплами муҳокамаси қолиб, гурунгимиз мавзуси ижодкор Нуриддин Эгамовнинг ижоди, шахсияти, феъл-атвори ҳақида бўлди. Бизнингча ўша куни унинг кулоғи роса “қизиган” бўлса керак. Турсунбой аканинг янги ҳикоялар тўплами муҳокамаси эса келаси ҳафтага қолдирилди. Ишқилиб, яна бирортаси қўнғироқ қилиб муҳокамани бузмаса бўлгани.

Мақола муаллифи:  Ўролбой Қобил 1955 йилда Қамаши тумани Дўнгсанчиқул қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Унинг “Кечиккан карвон қўнғироғи”, “Адир ортидаги қишлоқ”, “Жонбўзсойликлар”, “Ўланларда куйланар умр”, “Фақат гўзал сўз айт”, “Эна тупроқ”, “Қамаши ва қамашиликлар” , “Элда эъзоз топганлар” каби назмий ва насрий китоблари чоп этилган. Бир неча бор ижодий танловлар ғолиби бўлган.

Нуриддин ЭГАМОВ
МИТТИ ҲИКОЯЛАР

09

004Нуриддин Эгамов 1975 йилда Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида туғилган. 1997 йилда Қарши Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган.  1997 йилда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Қашқадарё” ва “Кашкадарья” газеталари таҳририятида мухбирликдан иш бошлаган. 2000-2015 йилларгача “Қашқадарё” газетаси масъул котиб лавозимида ишлаган бўлса, 2015 йил сентябрдан “Баркамол авлод” газетаси бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда. “Ўзбекистон мустақиллигига 10 йил”, “Ўзбекистон мустақиллигига 15 йил” эсталик нишонлари билан тақдирланган.

007

КИМСАЛАР ВА НАРСАЛАР

“Эндрю Мартиннинг даъвоси рад этилсин, у кимса эмас, нарса, деб ҳисоблансин…”

“Икки юз ёшли одам” фильмидаги бу хитоб мени ўйга толдиради. Фильм қаҳрамони робот Эндрю Мартин инсон сифатида тан олиниш учун қанча машаққат чекади, бу йўлда ҳатто мангу яшаш имкониятидан воз кечади. Алалоқибат, инсон сифатида эътироф этилгани ҳақидаги суд хабарини жони узилар маҳалигина эшитишга муяссар бўлади.

Ва бахтиёр ҳолда ҳаётдан кўз юмади…

Мен эса… Негадир баъзи жойларда ўзимни кимсалар эмас, нарсалар орасида туртиниб юргандек ҳис қилавераман…

КИТОБНИ ОДАМЛАР ЎҚИШАЯПТИ

ТВдаги суҳбатда таниқли актёрлардан бири шундай фикр билдирди:

“Яқинда бир танишим мендан сўради:
– Театрга одамлар тушаяптими ўзи?

Мен жавоб бердим:
– Театрга ОДАМлар тушаяпти…”

Менимча, “Одамлар китоб ўқимай қўйишдими?”, деган саволга ҳам худди шу сингари жавоб айтиш мумкин…

ОЧИЛМАЙДИГАН ЭШИКЛАР

– Ўғлим, эрталабдан бери кутиб ўтирибман, бу идора қачон очилади ўзи?

Нуфузли идора ёнидан ўтиб кетаётиб, кекса кишининг бу саволидан даставвал ажабланиб қолдим.

– Тоғажон, вақт пешин бўлаяпти-ку. Идора аллақачон очилган.

– Бўлмаса нега эшигини очишмаяпти?

– Эшиги… эшиги бу ерда эмас, ҳув бинонинг ёнбош томонида…

– Унда бу ҳашаматли эшикларни нега қуришган?

Рости, бу ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Мужмалгина жавоб бердим:

– Билмадим, тоғажон. Билганим шуки, бу эшиклар қурилганидан бери очилмаган…

АЙБДОР

Бир ҳамкасбим нолиб қолди:
– Фалончи билан тортишиб қолдим. Дуппа-дуруст одам десам, ғирт аҳмоқ экан.

– Унда тортишувга ўзингиз айбдор экансиз, – дедим унга.
– Нега энди? Мен унга ёмон гапирганим йўқ. Ўзи бошлади…

– Гёте айтган экан: “Икки киши тортишиб қолса, ақллироғи айбдор бўлади”.

Ҳамкасбим ўйланиб турди-да, деди:
– Ундай бўлса, айбдорман, айбдорман…

“ТАНДИР”

Машҳур қизиқчининг бир латифаси бор: “Гўшт ейиш бўйича иккинчи ўринда бўри турар экан. Биринчи ўринда – қашқадарёликлар…”

Машҳур хонандаларимиздан бири эса қўшиғида Қашқадарё йигитларини алқай туриб, гўё бошқа ишни боплаш қўлларидан келмагандай “Тандир”, “жиз”ни боплайдилар”, дея хониш этади.

Шу қизиқчию шу хонандани Қарши шаҳридаги “тандир” гўшти сотиладиган расталар ёнига бир олиб келишим керак экан-да.

Қоғоз қутиларга икки, уч, беш… килолаб тандир олаётган танишларимни “кимга олаяпсиз?” дея саволга тутиб кўрдим. Жавобларни эшитгингиз келаяптими? Марҳамат:

“Қариндошимиз тўй қилаяпти…”

“Ўғлимнинг домулласига. “Қашқадарёданман”, деган экан, имтиҳондан йиқитиб ўтирибди…”

“Бошлиқларга ҳисобот топширишим керак. Қаршидан қуруқ келдингизми, деб сўраб қолишади-да…”

“Отам касалхонада. Дўхтирларга…”

Қизиқчи “ўрин белгилаш”да нимани ўйлаганини билмадиму, бир нарсани аниқ биламан.

Ўша иштаҳани қитиқлайдиган ҳиддан тамшанганича, “Қашқадарёдан совға” деган ёзувли “коробка” кўтариб, “стоянка” томонга йўл олган танишларимнинг болалари… умрларида бирон марта ҳам “тандир” гўшт татиб кўришмаган…

“КОСМОПАЛИД”

– Бу одам амалидан айрилиб қолишдан шу даражада қўрқардики (аслида соясидан ҳам чўчирди), “хурмача қилиқ”ларини эшитсангиз, ёқа ушлайсиз.

Бир пайтлар саксондан ошган отаси билан “Нимага мачитга қатнайсиз, бу туришда менга гап тегдириб қўясиз”, деб жанжал қилган экан.

Маҳалладошлари идорасига ариза билан борган экан, “мен “таниш-билишчилик”ни билмайман”, деб қабул қилмабди.

Собиқ синфдошлари “гаштак”ка айтишган экан, “ҳар кимларнинг “чой”ини ичавермайман”, дебди.

Яхши бир ходимни идорасига ишга тавсия қилишган экан, “жуда малакали ходим экану, битта “но”си бор экан, асли бизнинг туманда туғилган экан, одамлар “ўзиникини тортаяпти”, деб гап қилишади”, деб қайтарибди.

– Бўлмаса, бу одам “космополит” экан-да?!
– Йўқ. “Космопалид”…

“КАМЕРА”

Йўналишли таксини йўл-патруль хизмати ходими тўхтатди. Ҳайдовчи ҳужжатларини олиб машинадан тушди. Бир оздан сўнг яна жойига ўтириб, машинани юргазди.

– “Камера” бор-да, тепасида, – деди машина ойнасидан назоратчига ишора қилиб. – Илгари шундай пайтларда одамни гаранг қилиб ташларди…

– Нима бор дединг, ўғлим? – деб сўради ёнидаги йўловчи отахон.

– “Камера”, буважон, анави симёғочга видеокамера ўрнатилган. Катталари кўриб туради. Бўлмаса…

Отахон елка қисиб деди:
– “Камера”ю, “катта”сидан қўрққунича, худодан қўрқса бўлмайдими? Ахир у ҳамма жойда ҳаммасини кўриб турибди-ку…

ЎҒИЛ

Тўй базми. Даврага бир ёши улуғроқ киши ва мўйловли йигит қўшилди. Косагул “кечикканларга штрафной” деб, иккаласига ароқ узатди. Йигит шошилганича ароқни сипқориб юбориб, газакка тармашди. Ёши улуғ киши бир унга, бир қўлидаги лиммо-лим пиёлага қараб, ўйланиб қолди. Сўнг ичмоққа тутинди. -Ие, тўхтанг, тўхтанг,- деди “мўйлов” унинг қўлларига ёпишиб, Унақамас-да, энди, сизам ичсангиз, мошинни ким ҳайдаб кетади.

ВИЖДОН

-Ҳеч ўргана олмаяпман-да, устоз, — деди ёш домла кекса домлага. – Кўзимга давдираб қараб турса, бунинг устига “контракт”га ўқиса… Қандай оламан?
— Сенга нима халақит бераяпти?
— Виждон… қийналаяпти…
— Ҳеч қиси йўқ,- деди кекса домла. – Мендаям бошида шундай бўлган. Виждон деганлари аввал қийналади… ёмон қийналади… жон азобида ўзини у ёқдан бу ёққа уради… Охири… ўлади бечора.
Ана ундан сўнг мазза қилиб яшайсиз, шогирд…

ЙЎҚЛОВ

Момо хамирли қўлларини артиб, набираси келтирган тугунни ечди.
Иссиққина патир устида қип-қизил бўлиб пишган сомсалар…
Ичида нариги қишлоқда яшайдиган қизини койиб қўйди: “Мен оч қолётувмидим?! Саккизта боласининг оғзидан юлиб, менга илинади-я… Ҳар куни шу аҳвол. Ҳали тўрттагина манти, ҳали юпқа…Уйи яқин бўлса экан. Кенжатойини беш чақиримдан ҳар куни югуртиради. Ҳаҳ, омон бўлгур-а…” Иккинчи тугунчани ечди.
Тугунча бир девор қўшни турадиган бизнесчи қизидан эди.
Тавба. Қаёқдан кун чиқди? Бу нима қилгани?
Э-ҳа, нон ёпибди-да…
Кеча нон сўраб чиқувди. Элакдай келдиган ноннинг ярмини синдириб олувди. Кўп олса, қотиб қолармиш. Ўзича… қарзини қайтарибди-да… Омон бўлгур…
Момо кичкинагина кулчага термулиб қолди…

ҲОШИЯДАН ТАШҚАРИДА…

Биров чала ижодкор аллақандай қораламаларини келтириб, деди:
– Машҳур адибимизнинг “Дафтар ҳошиясидан ташқарида” китобини севиб ўқийман. Мен ҳам “Ҳошиядан ташқаридаги битиклар” ёзувдим. Кўриб берасизми?
– Сиз айтган ёзувчининг “дафтар”и тўлиб қолгаи учун ҳошиядан ташқарига ёзишга мажбур бўлган. Сиз бемалол ҳошиянинг бу томонига ёзаверинг, шундоқ ҳам бўш турибди-ку…

БИР ЧИМДИМ МЕҲР

Бир дўстим ҳикоя қилади:
-Ишга шошиб тургандим. Тижорат юзасидан муҳим учрашувим бор эди. Ухлаб қолибман. Аксига олиб, янгангиз ҳам саҳардан болаларни олиб, бозорга кетганди. Хотин йўғида пайпоғинг тугул кўйлагингни ҳам тополмай қоларкансан. Чала-чулпа нонушта қилиб, туфлимни оёққа илаётгандим, дарвоза томондан “Келин-ув!” деган товуш эшитилди. Қарасам, тўрт-беш ҳовли нарида турадиган Норхол момо экан. Момо билан қўшқўллаб кўришдим. Чоли аллақачон ўтиб кетган. Уч қизини узатиб, ҳовлисида якка ўзи қолган бояқиш. Куни бўйича кўчада тўртта қўйини боқиб, ўтган-қайтгандан бир оғиз сўз маҳтал бўлиб турарди. Шу овунчоғини ҳам худо кўп кўрдими, қандайдир ноинсофлар қўйларини ўғирлаб кетишди. Шундан бери момо носқовоғини йўқотгандай тонгдан ҳовлима-ҳовли юради. Баъзи қўшнилар ғингшиб қолишади: “Пенсияни майдала-а-аб, уйгинада ётмайсизми, момой, эрталабдан бировникида нима бор? Ана, қизларингизникига бориб, “заптрак” қилинг…” Оёғимдагини қайта ечиб, момони чорпояга таклиф қилдим. Иссиққина чой дамладим. Нарвон қўйиб, вайишдан ҳусайни уздим. Момо чойга қотиброқ қолган нонни бўктириб еб олди. Қанд-қурсга қўл ҳам узатмади. Кемшик тишлари орасига икки дона узум ташлади. Тамшаниб, узумимни мақтади. Сўнг гапхалтаси очилди. Деҳқончилик, об-ҳавою нарх-наво… телевизордаги сериаллару ҳатто футбол… узоқдаги беоқибат қизлару куёвлар… Тоқатим тугаб, безовталана бошладим. Дуо сўраб, туфлимнинг боғичини боғловдим ҳамки, момо парвойифалак гурунг бериб ётибди.

-Моможон, хафа бўлмайсиз. Келингиз пешинда кеб қолади. Мен ишга борай…Катталарим уришади…

-Майли, болам, барака топ, раҳматли онанг ҳам ўзгинангга ўхшаган одамшаванада, фариштадеккина эди. Эҳ, бир пайтлар… Момо яна гапга тушди. Қизиқ, беихтиёр яна дастурхон бошига чўкдим. Ушоққина бўлиб қолган момо энди кўзимга онажоним бўлиб кўринар, унинг пойинтар-сойинтар гапларини жон қулоғим билан тинглар, дунёларни унутиб юборгандим гўё… Пешинга яқин момонинг чойини янгилаб, ошга уннадим…

Манба: “Қашқадарё” газетаси 2018 йил 22- феврал № 022 сони

7f1a567bad324e0dabf60f29054dd.jpgMashhur qiziqchining bir latifasi bor: “Go‘sht yeyish bo‘yicha ikkinchi o‘rinda bo‘ri turar ekan. Birinchi o‘rinda – qashqadaryoliklar…”

O’rolboy QOBIL
MUHOKAMA YOXUD QULOG‘I
QIZIGAN ODAM

007

Kech kuz edi.

Adib Tursunboy Boymirovning yangi to‘plamini muhokama qilgani akaxonning uyida to‘plandik. Mirishkordan publitsist va adib Abdunabi Abdiyev, shahrisabzdan keksa ijodkor Abdirahim Abdisamatov, noshir va adib, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi Temirpo‘lat Tillayev, shoir “Shuhrat” medali sohibi Yo‘ldoshbek Kenjalarning o‘tirishi davraga o‘zgacha fayz kiritgan. Gurungimiz qizib turgan mahalda bexosdan telefonim tovush berdi. Qaradim. Shoshilinch xabar ekan.

“Davra ishtirokchilariga sog‘inchli salom! Shunday fayzli gurunglaringizda qatnasholmaganimdan ming afsusdaman. Odambormas xazinasidan quruq qolgan Odam. Nuriddin Egam”.

Xatni davradagilarga o‘qib berdim.

“Battar bo‘lsin!-dedi Abdunabi baland ovozda -“Yur-yur”-deb xudoning zorini qildim. “Ishim ko‘p” deb bahona topdi. Nima, biz bekorchimi? Ana, katta maktabdagi ishlarni tashlab kelib o‘tiribmiz. Bilsangiz, bu dunyoda do‘stlar diydoridan aziz narsa yo‘q!

— Gapingiz to‘g‘ri,- suhbatdoshiga qaradi, Yo‘ldosh aka kulimsirab. –Ammo ukamizni ham tushunish kerakdir, haftada bir kun dam oladi, qolaversa, bu yog‘i elchilik…to‘y-ma’raka deganlari bor…

— Nuriddin bilan birga ishlaganman, kasbining ustasi, bilimdon yigit, -dedi Temirpo‘lat ham Yo‘ldosh akaning gapini ma’qullab.

— Anovi “Qashqadaryo” gazetasida mas’ul kotib bo‘lib ishlagan yigitni aytayapsizlarmi? -so‘radi Abdirahim domla o‘tirganlardan.

— Ha, o‘sha bolani,- dedi Abdunabi biroz hovridan tushib.

-Mening Nuriddinjon bilan ilk tanishuvim qiziq bo‘lgandi,-deya suhbatga qo‘shildi, mezbon Tursunboy aka choyni uzatarkan.

— Qani, aytingchi,- dedim qiziqsinib.

— Bunga ancha yil bo‘ldi, kunlarning birida hajviyalarimni qo‘ltiqlab viloyat gazetasi tahririyatiga bordim-da, birinchi duch kelgan eshikni ochdim.

Qishloq xo‘jaligi bo‘limi ekan. Ikki kishi o‘tiribdi. Salom berib o‘zimni tanishtirib yozganlarimni ko‘rsatdim.

— Siz ikkinchi xonaga, adabiy xodim Egamovga uchrashing, bunaqa ishlar bilan u shug‘ullanadi,- dedi xodimlardan keksarog‘i qovog‘ini solib.

Aytgan eshikni ochdim, qarasam, ishonsangiz, “Kavkaz asirasi” degan kinodagi Shurikka o‘xshab ketadigan o‘ris bola allanimalarni yozgancha xayol surib o‘tiribdi.

Birdan kallamga: “Anovi xodimlar meni hazillashib, ruscha chiqadigan gazetaga jo‘natishdi-yov”, degan shumlik keldi.

Yana qaytib, birinchi xonaga mo‘raladim.

— Ha, Boymirov aka, yozganlaringizni topshirdingizmi?- so‘radi xodimlardan biri.

— Kechirasizlar, men ruscha yozmayman,-dedim biroz kesatib.

Xodimlar hayron bo‘lib bir-biriga qarashdi.

Keyin ularning yoshrog‘i o‘rnidan turib, meni yana o‘sha xonaga ro‘baro‘ qildi va eshikni ochib:
-Nuriddinjon, sizni qamashilik akangiz axtarib yuribdi,-dedi.

-Ey, keling, akaxon! — deya boyagi yigit o‘rnidan turib ko‘rishdi va joy ko‘rsatdi.

Rosti uyalib ketdim. Ammo sir boy bermadim. Ikkalamiz darrov til topishdik. Samimiy, kamtarin yigit ekan. Ko‘p o‘tmay yozganlarim gazetada bosilib chiqdi. Hozir ham ukamizni tez-tez yo‘qlab turaman.

Mezbonning gaplari Nuriddin Egamovning tutingan akasi Yo‘ldoshbek Kenjaga unchalik yoqmadi.

— Ana, Tursunboy aka, endi qo‘lga tushdingiz, sizning ukamizni o‘ris bola deganingizni hamma eshitdi, shundaymi?- deya Yo‘ldosh aka o‘tirganlarga qaradi.

Davradagilar baravariga bosh irg‘ashdi.

— Hoy, O‘rolboy uka, telponingni bu yoqqa ber, menikining puli tugagan, qani bundan bu yog‘iga Boymirov deganning bittagina yozgani gazetada chiqqanini ko‘ribman-da, endi…

Tursunboy aka vaziyatning bunchalik tez o‘zgarishini kutmagan edi. Shu bois rangi oqarib, o‘tirganlarga iltijoli qaradi. Faqatgina Hindistonga birga sayohatga borib musofirchilikda aka-uka tutingan Abdirahim domlagina unga achindi chog‘i, dedi:

— Hay, Tursunboy-a, qachon esingiz kiradi o‘zi, avval yoningizda kimlar o‘tirganiga e’tibor qilsangiz bo‘lmaydimi? Endi, yana o‘zim o‘rtaga tushmasam bo‘lmaydi chog‘i,-deya Yo‘ldosh aka tarafga boqdi.

— Endi shoir ukam, siz ham, biz ham, o‘sha so‘zni eshitmadik, dasturxonning ham hurmati bo‘lsin, gap shu yerda qolsin, haqini esa hoziroq Tursunboy to‘laydi.

— Mayli, domla, yoshingiz ulug‘, qolaversa, mehmonsiz, siz uchun bo‘lsa, kechdim. So‘zim-so‘z! Yana, qolgani akamizning “harakati”ga ham bog‘liq..-dedi Yo‘ldosh aka muloyimlik bilan.

***

-Shu Nuriddinning gazetada endigina ish boshlagan paytlari edi chog‘i, men tuman gazetasining muharriri edim.

Bir kuni qo‘shsahifa material tayyorlash uchun yonimga bordi. Ikkovmiz rosa otamlashgandek. Materiallarni esa tongda ikki soatda birgalikda yozib tugatdik. Sahifa ham chiroyli chiqdi. O‘shandan beri aka-ukamiz. Haftada bir-ikki bora yo‘qlab turaman. Ko‘plar havas qilgudek qalami bor. Bir yili yozgan “To‘xta, kimsan?” degan maqolasi ancha shov-shuv bo‘lgandi. “Oila davrasida” va “Oila va jamiyat”, hozir o‘zi boshqarayotgan “Barkamol avlod” gazetalarida o‘ziga xos uslubda yozgan maqolalari bilan el nazariga tushdi. Ayniqsa meni “Yangi bolalar” deb nomlangan turkum maqolalari rosa qoyil qoldirdi. U iste’dodli shoir ham. Bir yili “Daryo” gazetasida she’rlarini e’lon qilgandi. Ba’zi shoirlikni davo qilib yurganlarga: “Hoy, og‘aynilar, she’r degani mana bunday bo‘ladi!” deb aytgim keladi, -dedi Abdunabi ukasi haqida so‘zlab.

— Nuriddin ukamiz, kam yozadi, ammo zo‘r yozadi!-deya suhbat tizginini qo‘lga oldi Yo‘ldosh aka Tursunboy aka tarafga sirli boqib.

Davradagilar tasdiq ishorasini bildirib sukut saqlashdi.

— Sizlarning bir-biringiz bilan qilayotgan hazil-huzullaringiz, mehringiz, meni hayronu lol qoldirdi, shunday davrada o‘tirganimdan xursandman, hammangizni shahri Keshga mehmonga taklif etaman,-dedi Abdirahim domla o‘zgacha takalluf bilan. Mening sizlar bilan aka-uka bo‘lishimga sababchi bo‘lgan Tursunboyga ham katta rahmat.

***

Kunlarning birida peshindan so‘ng telefonim sado berdi, oldim. Nuriddin Egamov ekan.
-Hozirgina Abdunabi Abdiyevni jo‘natdim. Menga qilgan erkaligini ko‘rsangiz, hayron bo‘lardingiz. Kelgani hamon, stoldagi, shkafdagi qog‘ozu kitoblarni birma-bir titkilab chiqadi. Hech narsa topolmagach, “Nima yozayapsan?” deya suroqqa tutadi. Men “Hech narsa!” deb yelkamni qisaman. Keyin ko‘ngli joyiga tushib, Abdurazzoq ukasining yoniga yo‘l oladi.

-Ha, endi uka, “Ot tepkisini – ot ko‘taradi-da,”-dedim.

-Aslini olganda o‘zim ham u kishiga bog‘lanib qolganman. Uch kun ko‘rmasam sog‘inib, darrov telefon qoqaman.

-Ijoddan gapiring, ijoddan!-deyman gap o‘zanini burib.

-Sizga aytsam, ko‘nglimda ancha “dard”lar yig‘ilib qolgan, ammo qog‘ozga to‘kolmayapman, balki ishim tig‘izligidandir, hech bo‘lmasa, sizlardek nafaqaga chiqqach yozarman…

-Hali, yoshsiz, albatta yozasiz…
-Aytganingiz kelsin…

***

Xullas kalom, o‘sha kuni Tursunboy Boymirovning yangi to‘plami muhokamasi qolib, gurungimiz mavzusi ijodkor Nuriddin Egamovning ijodi, shaxsiyati, fe’l-atvori haqida bo‘ldi. Bizningcha o‘sha kuni uning kulog‘i rosa “qizigan” bo‘lsa kerak. Tursunboy akaning yangi hikoyalar to‘plami muhokamasi esa kelasi haftaga qoldirildi. Ishqilib, yana birortasi qo‘ng‘iroq qilib muhokamani buzmasa bo‘lgani.

Maqola muallifi: O‘rolboy Qobil 1955 yilda Qamashi tumani Do‘ngsanchiqul qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining tarix fakultetida tahsil olgan. Uning “Kechikkan karvon qo‘ng‘irog‘i”, “Adir ortidagi qishloq”, “Jonbo‘zsoyliklar”, “O‘lanlarda kuylanar umr”, “Faqat go‘zal so‘z ayt”, “Ena tuproq”, “Qamashi va qamashiliklar” , “Elda e’zoz topganlar” kabi nazmiy va nasriy kitoblari chop etilgan. Bir necha bor ijodiy tanlovlar g‘olibi bo‘lgan.

Nuriddin EGAMOV
MITTI HIKOYALAR
09

Nuriddin Egamov 1975 yilda Qarshi tumanidagi Qovchin qishlog‘ida tug‘ilgan. 1997 yilda Qarshi Davlat universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetini bitirgan. 1997 yilda Qashqadaryo viloyat hokimligi muassisligidagi “Qashqadaryo” va “Kashkadarya” gazetalari tahririyatida muxbirlikdan ish boshlagan. 2000-2015 yillargacha “Qashqadaryo” gazetasi mas’ul kotib lavozimida ishlagan bo‘lsa, 2015 yil sentyabrdan “Barkamol avlod” gazetasi bosh muharriri lavozimida ishlab kelmoqda. “O‘zbekiston mustaqilligiga 10 yil”, “O‘zbekiston mustaqilligiga 15 yil” estalik nishonlari bilan taqdirlangan.

09

KIMSALAR VA NARSALAR

“Endryu Martinning da’vosi rad etilsin, u kimsa emas, narsa, deb hisoblansin…”

“Ikki yuz yoshli odam” filmidagi bu xitob meni o‘yga toldiradi. Film qahramoni robot Endryu Martin inson sifatida tan olinish uchun qancha mashaqqat chekadi, bu yo‘lda hatto mangu yashash imkoniyatidan voz kechadi. Alaloqibat, inson sifatida e’tirof etilgani haqidagi sud xabarini joni uzilar mahaligina eshitishga muyassar bo‘ladi.

Va baxtiyor holda hayotdan ko‘z yumadi…

Men esa… Negadir ba’zi joylarda o‘zimni kimsalar emas, narsalar orasida turtinib yurgandek his qilaveraman…

KITOBNI ODAMLAR O‘QISHAYAPTI

TVdagi suhbatda taniqli aktyorlardan biri shunday fikr bildirdi:

“Yaqinda bir tanishim mendan so‘radi:
– Teatrga odamlar tushayaptimi o‘zi?

Men javob berdim:
– Teatrga ODAMlar tushayapti…”

Menimcha, “Odamlar kitob o‘qimay qo‘yishdimi?”, degan savolga ham xuddi shu singari javob aytish mumkin…

OCHILMAYDIGAN ESHIKLAR

– O‘g‘lim, ertalabdan beri kutib o‘tiribman, bu idora qachon ochiladi o‘zi?

Nufuzli idora yonidan o‘tib ketayotib, keksa kishining bu savolidan dastavval ajablanib qoldim.

– Tog‘ajon, vaqt peshin bo‘layapti-ku. Idora allaqachon ochilgan.

– Bo‘lmasa nega eshigini ochishmayapti?

– Eshigi… eshigi bu yerda emas, huv binoning yonbosh tomonida…

– Unda bu hashamatli eshiklarni nega qurishgan?

Rosti, bu haqida hech o‘ylab ko‘rmagan ekanman. Mujmalgina javob berdim:

– Bilmadim, tog‘ajon. Bilganim shuki, bu eshiklar qurilganidan beri ochilmagan…

AYBDOR

Bir hamkasbim nolib qoldi:
– Falonchi bilan tortishib qoldim. Duppa-durust odam desam, g‘irt ahmoq ekan.

– Unda tortishuvga o‘zingiz aybdor ekansiz, – dedim unga.
– Nega endi? Men unga yomon gapirganim yo‘q. O‘zi boshladi…

– Gyote aytgan ekan: “Ikki kishi tortishib qolsa, aqllirog‘i aybdor bo‘ladi”.

Hamkasbim o‘ylanib turdi-da, dedi:
– Unday bo‘lsa, aybdorman, aybdorman…

“TANDIR”

Mashhur qiziqchining bir latifasi bor: “Go‘sht yeyish bo‘yicha ikkinchi o‘rinda bo‘ri turar ekan. Birinchi o‘rinda – qashqadaryoliklar…”

Mashhur xonandalarimizdan biri esa qo‘shig‘ida Qashqadaryo yigitlarini alqay turib, go‘yo boshqa ishni boplash qo‘llaridan kelmaganday “Tandir”, “jiz”ni boplaydilar”, deya xonish etadi.

Shu qiziqchiyu shu xonandani Qarshi shahridagi “tandir” go‘shti sotiladigan rastalar yoniga bir olib kelishim kerak ekan-da.

Qog‘oz qutilarga ikki, uch, besh… kilolab tandir olayotgan tanishlarimni “kimga olayapsiz?” deya savolga tutib ko‘rdim. Javoblarni eshitgingiz kelayaptimi? Marhamat:

“Qarindoshimiz to‘y qilayapti…”

“O‘g‘limning domullasiga. “Qashqadaryodanman”, degan ekan, imtihondan yiqitib o‘tiribdi…”

“Boshliqlarga hisobot topshirishim kerak. Qarshidan quruq keldingizmi, deb so‘rab qolishadi-da…”

“Otam kasalxonada. Do‘xtirlarga…”

Qiziqchi “o‘rin belgilash”da nimani o‘ylaganini bilmadimu, bir narsani aniq bilaman.

O‘sha ishtahani qitiqlaydigan hiddan tamshanganicha, “Qashqadaryodan sovg‘a” degan yozuvli “korobka” ko‘tarib, “stoyanka” tomonga yo‘l olgan tanishlarimning bolalari… umrlarida biron marta ham “tandir” go‘sht tatib ko‘rishmagan…

“KOSMOPALID”

– Bu odam amalidan ayrilib qolishdan shu darajada qo‘rqardiki (aslida soyasidan ham cho‘chirdi), “xurmacha qiliq”larini eshitsangiz, yoqa ushlaysiz.

Bir paytlar saksondan oshgan otasi bilan “Nimaga machitga qatnaysiz, bu turishda menga gap tegdirib qo‘yasiz”, deb janjal qilgan ekan.

Mahalladoshlari idorasiga ariza bilan borgan ekan, “men “tanish-bilishchilik”ni bilmayman”, deb qabul qilmabdi.

Sobiq sinfdoshlari “gashtak”ka aytishgan ekan, “har kimlarning “choy”ini ichavermayman”, debdi.

Yaxshi bir xodimni idorasiga ishga tavsiya qilishgan ekan, “juda malakali xodim ekanu, bitta “no”si bor ekan, asli bizning tumanda tug‘ilgan ekan, odamlar “o‘zinikini tortayapti”, deb gap qilishadi”, deb qaytaribdi.

– Bo‘lmasa, bu odam “kosmopolit” ekan-da?!
– Yo‘q. “Kosmopalid”…

“KAMЕRA”

Yo‘nalishli taksini yo‘l-patrul xizmati xodimi to‘xtatdi. Haydovchi hujjatlarini olib mashinadan tushdi. Bir ozdan so‘ng yana joyiga o‘tirib, mashinani yurgazdi.

– “Kamera” bor-da, tepasida, – dedi mashina oynasidan nazoratchiga ishora qilib. – Ilgari shunday paytlarda odamni garang qilib tashlardi…

– Nima bor deding, o‘g‘lim? – deb so‘radi yonidagi yo‘lovchi otaxon.

– “Kamera”, buvajon, anavi simyog‘ochga videokamera o‘rnatilgan. Kattalari ko‘rib turadi. Bo‘lmasa…

Otaxon yelka qisib dedi:
– “Kamera”yu, “katta”sidan qo‘rqqunicha, xudodan qo‘rqsa bo‘lmaydimi? Axir u hamma joyda hammasini ko‘rib turibdi-ku…

O‘G‘IL

To‘y bazmi. Davraga bir yoshi ulug‘roq kishi va mo‘ylovli yigit qo‘shildi. Kosagul “kechikkanlarga shtrafnoy” deb, ikkalasiga aroq uzatdi. Yigit shoshilganicha aroqni sipqorib yuborib, gazakka tarmashdi. Yoshi ulug‘ kishi bir unga, bir qo‘lidagi limmo-lim piyolaga qarab, o‘ylanib qoldi. So‘ng ichmoqqa tutindi. -Ie, to‘xtang, to‘xtang,- dedi “mo‘ylov” uning qo‘llariga yopishib, Unaqamas-da, endi, sizam ichsangiz, moshinni kim haydab ketadi.

VIJDON

-Hech o‘rgana olmayapman-da, ustoz, — dedi yosh domla keksa domlaga. – Ko‘zimga davdirab qarab tursa, buning ustiga “kontrakt”ga o‘qisa… Qanday olaman?
— Senga nima xalaqit berayapti?
— Vijdon… qiynalayapti…
— Hech qisi yo‘q,- dedi keksa domla. – Mendayam boshida shunday bo‘lgan. Vijdon deganlari avval qiynaladi… yomon qiynaladi… jon azobida o‘zini u yoqdan bu yoqqa uradi… Oxiri… o‘ladi bechora.
Ana undan so‘ng mazza qilib yashaysiz, shogird…

YO‘QLOV

Momo xamirli qo‘llarini artib, nabirasi keltirgan tugunni yechdi.
Issiqqina patir ustida qip-qizil bo‘lib pishgan somsalar…
Ichida narigi qishloqda yashaydigan qizini koyib qo‘ydi: “Men och qolyotuvmidim?! Sakkizta bolasining og‘zidan yulib, menga ilinadi-ya… Har kuni shu ahvol. Hali to‘rttagina manti, hali yupqa…Uyi yaqin bo‘lsa ekan. Kenjatoyini besh chaqirimdan har kuni yugurtiradi. Hah, omon bo‘lgur-a…” Ikkinchi tugunchani yechdi.
Tuguncha bir devor qo‘shni turadigan bizneschi qizidan edi.
Tavba. Qayoqdan kun chiqdi? Bu nima qilgani?
E-ha, non yopibdi-da…
Kecha non so‘rab chiquvdi. Elakday keldigan nonning yarmini sindirib oluvdi. Ko‘p olsa, qotib qolarmish. O‘zicha… qarzini qaytaribdi-da… Omon bo‘lgur…
Momo kichkinagina kulchaga termulib qoldi…

HOSHIYADAN TASHQARIDA…

Birov chala ijodkor allaqanday qoralamalarini keltirib, dedi:
– Mashhur adibimizning “Daftar hoshiyasidan tashqarida” kitobini sevib o‘qiyman. Men ham “Hoshiyadan tashqaridagi bitiklar” yozuvdim. Ko‘rib berasizmi?
– Siz aytgan yozuvchining “daftar”i to‘lib qolgai uchun hoshiyadan tashqariga yozishga majbur bo‘lgan. Siz bemalol hoshiyaning bu tomoniga yozavering, shundoq ham bo‘sh turibdi-ku…

BIR CHIMDIM MЕHR

Bir do‘stim hikoya qiladi:
-Ishga shoshib turgandim. Tijorat yuzasidan muhim uchrashuvim bor edi. Uxlab qolibman. Aksiga olib, yangangiz ham sahardan bolalarni olib, bozorga ketgandi. Xotin yo‘g‘ida paypog‘ing tugul ko‘ylagingni ham topolmay qolarkansan. Chala-chulpa nonushta qilib, tuflimni oyoqqa ilayotgandim, darvoza tomondan “Kelin-uv!” degan tovush eshitildi. Qarasam, to‘rt-besh hovli narida turadigan Norxol momo ekan. Momo bilan qo‘shqo‘llab ko‘rishdim. Choli allaqachon o‘tib ketgan. Uch qizini uzatib, hovlisida yakka o‘zi qolgan boyaqish. Kuni bo‘yicha ko‘chada to‘rtta qo‘yini boqib, o‘tgan-qaytgandan bir og‘iz so‘z mahtal bo‘lib turardi. Shu ovunchog‘ini ham xudo ko‘p ko‘rdimi, qandaydir noinsoflar qo‘ylarini o‘g‘irlab ketishdi. Shundan beri momo nosqovog‘ini yo‘qotganday tongdan hovlima-hovli yuradi. Ba’zi qo‘shnilar g‘ingshib qolishadi: “Pensiyani maydala-a-ab, uyginada yotmaysizmi, momoy, ertalabdan birovnikida nima bor? Ana, qizlaringiznikiga borib, “zaptrak” qiling…” Oyog‘imdagini qayta yechib, momoni chorpoyaga taklif qildim. Issiqqina choy damladim. Narvon qo‘yib, vayishdan husayni uzdim. Momo choyga qotibroq qolgan nonni bo‘ktirib yeb oldi. Qand-qursga qo‘l ham uzatmadi. Kemshik tishlari orasiga ikki dona uzum tashladi. Tamshanib, uzumimni maqtadi. So‘ng gapxaltasi ochildi. Dehqonchilik, ob-havoyu narx-navo… televizordagi seriallaru hatto futbol… uzoqdagi beoqibat qizlaru kuyovlar… Toqatim tugab, bezovtalana boshladim. Duo so‘rab, tuflimning bog‘ichini bog‘lovdim hamki, momo parvoyifalak gurung berib yotibdi.

-Momojon, xafa bo‘lmaysiz. Kelingiz peshinda keb qoladi. Men ishga boray…Kattalarim urishadi…

-Mayli, bolam, baraka top, rahmatli onang ham o‘zginangga o‘xshagan odamshavanada, farishtadekkina edi. Eh, bir paytlar… Momo yana gapga tushdi. Qiziq, beixtiyor yana dasturxon boshiga cho‘kdim. Ushoqqina bo‘lib qolgan momo endi ko‘zimga onajonim bo‘lib ko‘rinar, uning poyintar-soyintar gaplarini jon qulog‘im bilan tinglar, dunyolarni unutib yuborgandim go‘yo… Peshinga yaqin momoning choyini yangilab, oshga unnadim…

Manba: “Qashqadaryo” gazetasi 2018 yil 22- fevral № 022 son

05

(Tashriflar: umumiy 217, bugungi 1)

2 izoh

  1. Материалларни жойлаштиришда сал чалкашлик бўлибди. Аслида «МУҲОКАМА ёхуд ҚУЛОҒИ ҚИЗИГАН ОДАМ»ни Ўролбой Қобил, «Митти ҳикоялар»ни Нуриддин Эгамов ёзган.

Izoh qoldiring