Nuriddin Egamov. «Pardon», … «Pardon» aka yoxud «Ajoyib xayolparast» filmidagi farang tili o‘qituvchisi Vahob Ismoilovga konvertsiz maktub

Ashampoo_Snap_2017.07.24_17h19m18s_002_.png  Менинг хаёлимда Сиз асло қаримайсиз. Ўша-ўша чекка қишлоқ болаларини олифта машиналарга миндириб, антиқа сигналини “бабиллатиб”, гардиши кенг шляпангизни қийшайтирганча гердайиб, кўчаларни чангитиб юргандексиз.

Нуриддин ЭГАМОВ
“ПАРДОН”, … “ПАРДОН” АКА…
Ёхуд “Ажойиб хаёлпараст” фильмидаги
фаранг тили ўқитувчиси Ваҳоб Исмоиловга
конвертсиз мактуб

05

Салом, э кечирасиз, “бонжур”, “Пардон” ака!

054Менинг хаёлимда Сиз асло қаримайсиз. Ўша-ўша чекка қишлоқ болаларини олифта машиналарга миндириб, антиқа сигналини “бабиллатиб”, гардиши кенг шляпангизни қийшайтирганча гердайиб, кўчаларни чангитиб юргандексиз. Қулоғимга қишлоқ болаларининг сиз ўргатган “жак-жак-жак…” деган фарангча хиргойилари эшитилиб кетади…

Аслида орзуга айб йўқ, қуён боқиш билан шаҳарлик қайнотасига нималарга қодирлигини кўрсатиб, бир вагон совға-салом билан бир пайтлар ўзини назар-писанд этмаган “хотин уруғи”нинг оғзини ланг очиб қўймоқчи бўлган жўрангиз Ҳасан дўхтир ҳам, “Интурист”даги оғайниларингиз кўмагида шаҳарда сайёҳларга гид бўлиб ишлашни хаёл қилган Сиз ҳам ўзингизча ҳақсиз.

Нафсиламбирини айтганда, нима қипти, дўхтир одам қуён боқса – пешона тери билан пул топмоқчи бўпти, ўғирлик қилмапти, беморининг қўлига қарамапти, Сойиб буванинг чипқонига малҳам босишу гаровга ишқибоз мижоз Турсунбойга бонка қўйишдан ортиб, аслида диссертация учун тажрибага деб олинган, кейин “фаровон ҳаёт” орзусида кўпайтирилган “шалпангқулоқ”ларининг олдига ҳаллослаб югурипти, ишлатса, шундоқ ҳам таътилда бекорчиликдан зерикиб, Санобар билан кинома-кино, кўлма-кўл “лақиллаб” юрган талаба жияни Каримни ишлатибди, қайтага унда замонавий тил билан айтганда “тадбиркорлик кўникмаларини шакллантирибди”, шунга ҳам “ота гўри қозихона”ми?! Шундоқ одам фильмда Карим таъна қилганидек “олибсотар, бадном, юлғич, виждонсиз, худбин, нобакор” бўладими?

Аслида иккалангиз ҳам сал илгарироқ туғилиб қўйгансизларми, дейман- да, “оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди” деб армон қилиб юрмасдингиз, ўша ғайрат-шижоатингизни бугун енг шимариб сарфлаганингизда сизлардай ишбилармон одамларни елкангизга қоқиб, “отангизга раҳмат!”, деб тўрдан-тўрга ўтқазишармиди?
Қанийди, ўша Ҳасан дўхтирнинг “эчки қасам” ичган айрим ҳамкасблари ҳам ўзи шундоқ ҳам дард исканжасида тутдай тўкилиб турган хаста мардумнинг “нарху наво”сини эмас, малҳаму давосини ўйласаю, нафс доғидан кирланган оқ халатини ечган кезлари рўзғорининг кам-кўстини жўрангиз сингари эчкими, товуқми боқиш, ажриқ босиб ётган томорқасида бодрингми-шолғомми етиштириш орқали тўлдириш ҳақида бош қотирса…

Қанийди, “Пардон” ака, бугун Сиз каби “тил билгич”лар туризм борасидаги имкониятлари “тиқилиб ётган” жаннатмонанд ўлкамизга сайёҳларни жалб қилиш ишига ҳисса қўшиш, шу орқали юртига ҳам, чўнтагига ҳам валюта олиб кириш орзусида ёнса…

***

Узр, Устоз, бир оз чалғиб кетдим. Аслида бошқа баҳона билан Сизга мактуб ёзишга чоғлангандим. Боиси, “бошдан ўтказган табиб”, деганларидек, Сиз бу борада менга яхши дардкаш бўласиз, деб ўйладим.
Шаҳарга кетишга отланган пайтингиз, Ҳасан жўрангизнинг хонадонида, ўчоқбошида “қизишиб” олганингиздан кейин айтган гапларингиз ёдингиздами? Ҳамон бу сўзлар қулоқларим остида жаранглаб турибди: “Энди илм-маърифат йўлида қандай фойдали иш қилдим – билмайман, талабаларим эртага Мопассанни француз тилида ўқишадими-йўқми, лекин “Пардон ака” деган унвонга ҳалол эга бўлдим”.

Ҳа, бу УНВОНни ҳалоллаб олдингиз. Болаларни тоққа обчиқиб, сайр қилдириб, кўлда чўмилтириб, машинада айлантириб, қирдаги ҳар бир гулнинг фарангча номини бўғинлаб, ҳижжалаб ўргатиб… уларни ҳар дам соғиниб, минг бир фароғат ичидаги ҳаётингизни мактабдаги оддий муаллимликка алмашиб олдингиз. “Кетишингиз тантанаю қайтишингиз шалдироқ арава” бўлса-да, “бундоқ мазза яна қайда бор?”, – дея ўзингизни мана шу оддийгина ҳаёт оқимига отдингиз.

Бу мактубимга кўзи тушганлар “бу мухбир алжиб қопти, соғ бўлса, йўқ одамга ҳам хат ёзадими”, дейиши тайин. Бироқ Сиз мен учун шунчаки кинодаги Мурод Ражабов яратган образ эмассиз.

Мен Сизни болалигимда … кўрганман. Тўғриси, Сиздай фидойи “Пардон” акаларни кўп кўрганман. Қишлоқнинг энг бообрў одамлари эди улар. Давраларнинг тўри уларники эди. Тўй-маъракаларда раису “биргад”лар қаторида эъзозланарди. Кийинишдан тортиб, рўзғор тутишгача ҳаммага ибрат, хуллас, турган-битгани маданият эди улар. Биз мурғак болалар наздида улар шундай улуғ одам эдиларки, айтсам, куласиз, бир гал тўйда шўрва ичаётганларини кўрганимда анча пайтгача ҳайратланиб юрганим эсимда: “Тавба, маълим ҳам овқат ер экан да…”.

Ишонсангиз, “Синф бурчаги”нинг “Ким бўлсам экан?” деган жойига ҳар икки ўқувчининг бири “ўқитувчи” деб ёздирардик. Ҳа, ҳар биримизнинг қалбимизга бир қатим бўлса да, нур олиб кира олган муаллимларимиз бизнинг Идеалларимиз эди. Биз ҳам улардек катта шаҳарларда ўқиб, ҳамма ҳавас қиладиган КАТТА ОДАМлар бўлиб етишишни орзу қилардик. Назаримизда дунёда муаллимдан зўр одам йўқ эди…

Лекин… Кўнглингизга келмасину яқинда бир ўсмирдан эшитдим: синфдошлари олдида устозига катта бўлсам, ўқитувчи бўламан, деган экан, оғайнилари бурнини жийирибди: “Э, бу аёлларнинг иши ку…”

Сиз билмайсизми, Пардон ака, қачон муаллимликдай улуғ мартаба шу даражага тушиб қолди? Наҳотки миллатнинг келажагини тарбиялашдек улуғ вазифа фақат аёлларнинг иши бўлиб қолди?

Мана бир рақамларга бир диққат қилинг-а: республика Таълим маркази маълумотларига қараганда, биргина вилоятимизнинг кўпгина туманларида халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг 80—85 фоизи… аёллар экан. Ҳатто пойтахтимизда ҳам бу борадаги статистика юрагингизни ўртаб юборадиган аҳволда. Хўш, мактабларимиздаги шогирдларининг келажаги учун ёниб ишлайдиган “Пардон” акаларимиз қаерга кетди?

Мен фидойи муллималаримиз меҳнатини асло камситмоқчи эмасман. Улар ҳар қанча таҳсину эҳтиромга муносиб. Бироқ тарбиядек энг оғир юмушни уларнинг зиммасига ташлаб қўйиш ҳам адолатдан эмас-ку. Ахир миллатнинг асл бекларини, белида белбоғи бор, ор-номусни жон қадар авайлайдиган, Ватани учун кўксини қалқон қилишга қодир эркакларни тарбиялаш фақат “аёлларнинг иши” эмас ку…

***

Эзмаликка йўймасангиз, улуғларнинг шу мавзудаги фикрларидан икки оғиз келтирсам. “Шўро ҳокимияти ҳукм сурган кейинги 15-20 йил давомида мактаблару олий ўқув юртларида аёл ўқитувчиларнинг миқдори кескин кўпайиб кетди, – дея куюниб айтган эди “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобида буюк адиб Чингиз Айтматов. — Ҳозирги ёшлар болалар боғчаларида, мактабларда, олий ўқув юртларида асосан хотинлар қўлида тарбия олишаяпти. Эркак таъсирини сезмаган болалар, ўсмирлар беихтиёр аёл мураббийларнинг айрим сифатларига тақлид қила бошлайдилар. Ўз лафзидан қайтгандан кўра, ўлимни афзал деб биладиган ор-номусли эркаклар ўрнига тинимсиз маҳмадоналик қиладиган, фақат ўзининг ҳузур-ҳаловатини ўйлайдиган беномус эркаклар бемаза қовуннинг уруғидай кўпайиб кетди. Бу масала жамиятимиз учун жиддий муаммога айланди. Оқибат шундай бўлдики, ўзимиз истамаган ҳолда эркак билан аёлнинг асл вазифаси тўғрисида чўлтоқ тасаввурга эга бўлган авлодни вояга етказиб қўйдик.

Эркаклар нима учун ўқитувчи бўлишдан ор қиладилар? Бу саволнинг жавоби кундай равшан: биринчидан, бу касб эгалари эътибордан қолган; иккинчидан, маоши кам. Мисол учун, айтайлик, Олмония билан Францияда (ўйлайманки, Ғарбдаги бошқа тараққий этган мамлакатларда ҳам шундай) энг обрў-эътиборли касб эгалари деб ўқитувчилар, дўхтирлар, полициячилар ҳисобланади. Масалан, Англияда болалар боғчасига тарбиячи ёки мактабга ўқитувчи бўлиб ишга кириш учун жуда катта кўрик-танловда ғолиб чиқиш керак. Ниҳоятда адолатли йўл шу: бошқа иш қўлидан келмагани учун таълим-тарбия соҳасига тасодифан кириб қолган беғам кимсалар болаларнинг тарбияси билан шуғулланишини ота-оналар мутлақо истамайдилар.

Нафсиламбирини айтганда, бир пайтлари Шарқда ҳам домла-муаллимлар бениҳоя ҳурматли зотлар каби эъзозланарди. Ҳозир-чи?!”

Афсуски, ҳозир ҳам бу мартаба билан тўрга чиқиб бўлмайди (агар собиқ синфдошлар учрашувларидаги хуш-нохуш базмларни ҳисобга олмаганда). Шу ўринда беихтиёр раҳматли Ҳожибой қизиқнинг “Ўқитувчиларми, чиқар меҳмонхонадан, тракторчилар келаяпти” деган аччиқ заҳархандаси ёдингизга тушаверади…

Беш қўлдай аён-ку бу ҳақиқат, аслида ўша тракторчилару фермерлар, тадбиркору банкирлар, мансабдору мансабсизлар, нишондору нишонсизлар, погондору погонсизлар… ҳамма-ҳаммасига “минг ранж ила” ҳаёт ҳарфларини ўргатган Сизлар “оддий муаллим” деб камситилиб келинган “Пардон ака”лар эмасми? Дарвоқе, оддий деган “олий мақом” нега доим Сизнинг мартабангизга ҳуда-беҳуда ёпиштирилаверади ўзи? “Оддий прокурор”, “оддий банкир”, “оддий солиқчи” деб кўринг, қани, ақалли тилингиз қовушармикан?!

Қизиқ, негадир энг яхши тадбиркор, фермер, ҳунармандлар, спортчилар, ҳатто ҳамширалар танловларига олий соврин сифатида машина қўйиладию, энг яхши ўқитувчига келганда бу ҳиммат унутилади?

Машинаниям қўя туринг, елкасига ўзининг минг бир ташвишидан ташқари яна “бепул тасаддуқ” минг бир вазифа юклаб ташлангани боис ҳам севимли ишини ташлаб кетмаяптимикан муаллимларимиз?

***

“Кетишим тантанаю қайтишим шалдироқ арава бўлди” девдингизми, “Пардон” ака? (Ўшанда ҳам Ҳасан дўхтир ортингиздан қулоғингизни “қизитиб” қўйганди: “Шунча йил юриб юриб, топгани чемоданига ёпиштирган тўртта расм бўпти-да”, деб). Сизники ҳали ҳолва экан. Бу ёғини эшитинг.

Россияда ишлаб қайтган бир қишлоқ муаллими (дарвоқе, у институтни ҳам ўша томонлада тугатиб келганди) нинг ҳасрати ёдимга тушиб кетди: “Э, у томонларда топган пулингиз ҳам, кўрган кунингиз ҳам қуриб кетсин, – зорланганди у. – Бир бойваччанинг ўрмондаги дачасида қоровул бўлиб ишладим. Бу дача деганларига ойлаб ҳам инсон зоти қадам қўймас экан. Ҳайҳотдек ҳовлида бир ўзим. Робинзондан сира фарқим йўқ. Мактабда болаларнинг чуғур-чуғурига ўрганган эмасманми, портлаб кетишимга сал қолди. Ҳали ёнимдаги овчарка ит билан, ҳали ўрмондаги қушлар билан гаплашаман…”

Яқинда вилоят театрида бир спектакль кўрдим “Адашганман” деган… Ихтиёр исмли бир қишлоқ муаллими ихтиёрсиз тарзда, мол-дунё ҳаваси кўзини кўр қилган онасининг қистови билан, ўша ёқларда “крутой” бўлиб юрган ҳамсоясини қора тортиб, ноқонуний тарзда ишлаш учун Россия томонга кетворди. Бу ёқда хотин-бола-чақа қолаверди чирқиллаб. Борса, “крутой” қўшни фирибгарлиги учун қамалиб кетган экан, кўчада қолиб кетди. Мусофирчиликда пулсиз, бошпанасиз қолиб, ахийри ўша томонларда адашиб юрган нотавон юртдошлари кўмагида зўрға фаррошлик жандасини эгнига илишга “мушарраф” бўлди бояқиш. Алалоқибат, уйига кўр бўлиб қайтди…

Томоша залидан юрагим зирқираб чиқдим…

Бугун севимли касбини ташлаб, устачилик, қассоблик, таксичилик, мол бозорида даллоллик… қилиб юрган устозларимни кўрганимда ҳам ана шундай зирқирайди-да юрак…

***

Бугун Юрт раҳбари қайта-қайта жон куйдириб уқтираяпти: “Ўз болангни ўзинг асра” деб.

Бугун қуш учса оёғи куядиган араб саҳроларида нима қилаётганини ўзи ҳам билмай, қурол кўтариб юрган манқуртлар сафида ўзимизнинг болаларимиз ҳам борлиги юракларимизни ёмон ачиштираяпти. “Нега улар шу манфур йўлга кирди, уларга нима етмади?” каби саволларимиз билан минг бир жойимизни узиб олсак-да, юрак дардимизга малҳам топишимиз мушкул. Ич-ичимиздан Президентимиз уқтираётган аччиқ ҳақиқатни эътироф этамиз: “тарбия, тарбия ва фақат тарбия…”

Тарбиячиларимизнинг эса аҳволи бу бўлса…

“Ўқув даргоҳларида қизларимиз учун махсус тўгараклар ишлаб турибди, аммо ўғил болаларга-чи? – дейди Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Бўстон Раҳмонова. – Ахир жуда кўп иллатлар аксарият ҳолларда ўғил болалардан чиқаяпти ку. Уларнинг тарбиясида фақат спорт машғулотлари етарлимикин? “Белбоғли йигитлар”, “Мард ўғлонлар” сингари тўгараклар очиш вақти етмадими? Машғулотларни эса албатта эркак ўқитувчилар олиб бориши шарт. Оилада отанинг ўрни қандай бўлса, таълим даргоҳида эркак ўқитувчиларнинг ўрни шундай. Афсуски, бугун кўплаб мактабларимиз асл эркакча таълим-тарбия нималигини кўрсатиб қўядиган эркак муаллимларга муҳтож…”

***

Ҳа, “Пардон” ака, бугун мактабларимизга Сизлар кераксиз. Жуда жуда кераксиз! “Кўзимни юмсам, қулоқларимга мана шу чурвақаларимнинг “Пардон” ака, “Пардон” ака, деб чуғурлаб юрганлари эшитилади”, “Қочоққа ўхшаб қолмадиммикан?!”, дейдиган фидойилар керак!

“Пардон ака” деган унвонга ҳалол эга бўлган, муқаддас касби масъулиятини теран англайдиган, бу табаррук бурчни тирикчилик йўлига асло қурбон қилмайдиган, юрагида ўти бор, асл зиёли Мураббийлар сув билан ҳаводек зарур!

Кўзимизнинг оқу қораларига Ватан нималигини, эрку озодлик нималигини, ор-номус ва бурч, мардлик, садоқат ва жасорат нималигини, эркакчилик нималигини эркакча қилиб уқтиришга қодир Муаллимлар зарур!
Сизни соғиндик, Устоз!

Гапларим бир оз оғирроқ ботган бўлса, минг бор узр, э, кечирасиз, “пардон”, “Пардон” ака…

 

629718.jpgNuriddin EGAMOV
“PARDON”, … “PARDON” AKA…
Yoxud “Ajoyib xayolparast” filmidagi
farang tili o‘qituvchisi Vahob Ismoilovga
konvertsiz maktub

05

Salom, e kechirasiz, “bonjur”, “Pardon” aka!

Mening xayolimda Siz aslo qarimaysiz. O‘sha-o‘sha chekka qishloq bolalarini olifta mashinalarga mindirib, antiqa signalini “babillatib”, gardishi keng shlyapangizni qiyshaytirgancha gerdayib, ko‘chalarni changitib yurgandeksiz. Qulog‘imga qishloq bolalarining siz o‘rgatgan “jak-jak-jak…” degan farangcha xirgoyilari eshitilib ketadi…

Aslida orzuga ayb yo‘q, quyon boqish bilan shaharlik qaynotasiga nimalarga qodirligini ko‘rsatib, bir vagon sovg‘a-salom bilan bir paytlar o‘zini nazar-pisand etmagan “xotin urug‘i”ning og‘zini lang ochib qo‘ymoqchi bo‘lgan jo‘rangiz Hasan do‘xtir ham, “Inturist”dagi og‘aynilaringiz ko‘magida shaharda sayyohlarga gid bo‘lib ishlashni xayol qilgan Siz ham o‘zingizcha haqsiz.

Nafsilambirini aytganda, nima qipti, do‘xtir odam quyon boqsa – peshona teri bilan pul topmoqchi bo‘pti, o‘g‘irlik qilmapti, bemorining qo‘liga qaramapti, Soyib buvaning chipqoniga malham bosishu garovga ishqiboz mijoz Tursunboyga bonka qo‘yishdan ortib, aslida dissertatsiya uchun tajribaga deb olingan, keyin “farovon hayot” orzusida ko‘paytirilgan “shalpangquloq”larining oldiga halloslab yuguripti, ishlatsa, shundoq ham ta’tilda bekorchilikdan zerikib, Sanobar bilan kinoma-kino, ko‘lma-ko‘l “laqillab” yurgan talaba jiyani Karimni ishlatibdi, qaytaga unda zamonaviy til bilan aytganda “tadbirkorlik ko‘nikmalarini shakllantiribdi”, shunga ham “ota go‘ri qozixona”mi?! Shundoq odam filmda Karim ta’na qilganidek “olibsotar, badnom, yulg‘ich, vijdonsiz, xudbin, nobakor” bo‘ladimi?

Aslida ikkalangiz ham sal ilgariroq tug‘ilib qo‘ygansizlarmi, deyman- da, “oh, sening yoshliging menda bo‘lsaydi” deb armon qilib yurmasdingiz, o‘sha g‘ayrat-shijoatingizni bugun yeng shimarib sarflaganingizda sizlarday ishbilarmon odamlarni yelkangizga qoqib, “otangizga rahmat!”, deb to‘rdan-to‘rga o‘tqazisharmidi?
Qaniydi, o‘sha Hasan do‘xtirning “echki qasam” ichgan ayrim hamkasblari ham o‘zi shundoq ham dard iskanjasida tutday to‘kilib turgan xasta mardumning “narxu navo”sini emas, malhamu davosini o‘ylasayu, nafs dog‘idan kirlangan oq xalatini yechgan kezlari ro‘zg‘orining kam-ko‘stini jo‘rangiz singari echkimi, tovuqmi boqish, ajriq bosib yotgan tomorqasida bodringmi-sholg‘ommi yetishtirish orqali to‘ldirish haqida bosh qotirsa…

Qaniydi, “Pardon” aka, bugun Siz kabi “til bilgich”lar turizm borasidagi imkoniyatlari “tiqilib yotgan” jannatmonand o‘lkamizga sayyohlarni jalb qilish ishiga hissa qo‘shish, shu orqali yurtiga ham, cho‘ntagiga ham valyuta olib kirish orzusida yonsa…

***

Uzr, Ustoz, bir oz chalg‘ib ketdim. Aslida boshqa bahona bilan Sizga maktub yozishga chog‘langandim. Boisi, “boshdan o‘tkazgan tabib”, deganlaridek, Siz bu borada menga yaxshi dardkash bo‘lasiz, deb o‘yladim.
Shaharga ketishga otlangan paytingiz, Hasan jo‘rangizning xonadonida, o‘choqboshida “qizishib” olganingizdan keyin aytgan gaplaringiz yodingizdami? Hamon bu so‘zlar quloqlarim ostida jaranglab turibdi: “Endi ilm-ma’rifat yo‘lida qanday foydali ish qildim – bilmayman, talabalarim ertaga Mopassanni fransuz tilida o‘qishadimi-yo‘qmi, lekin “Pardon aka” degan unvonga halol ega bo‘ldim”.

Ha, bu UNVONni halollab oldingiz. Bolalarni toqqa obchiqib, sayr qildirib, ko‘lda cho‘miltirib, mashinada aylantirib, qirdagi har bir gulning farangcha nomini bo‘g‘inlab, hijjalab o‘rgatib… ularni har dam sog‘inib, ming bir farog‘at ichidagi hayotingizni maktabdagi oddiy muallimlikka almashib oldingiz. “Ketishingiz tantanayu qaytishingiz shaldiroq arava” bo‘lsa-da, “bundoq mazza yana qayda bor?”, – deya o‘zingizni mana shu oddiygina hayot oqimiga otdingiz.

Bu maktubimga ko‘zi tushganlar “bu muxbir aljib qopti, sog‘ bo‘lsa, yo‘q odamga ham xat yozadimi”, deyishi tayin. Biroq Siz men uchun shunchaki kinodagi Murod Rajabov yaratgan obraz emassiz.

Men Sizni bolaligimda … ko‘rganman. To‘g‘risi, Sizday fidoyi “Pardon” akalarni ko‘p ko‘rganman. Qishloqning eng boobro‘ odamlari edi ular. Davralarning to‘ri ularniki edi. To‘y-ma’rakalarda raisu “birgad”lar qatorida e’zozlanardi. Kiyinishdan tortib, ro‘zg‘or tutishgacha hammaga ibrat, xullas, turgan-bitgani madaniyat edi ular. Biz murg‘ak bolalar nazdida ular shunday ulug‘ odam edilarki, aytsam, kulasiz, bir gal to‘yda sho‘rva ichayotganlarini ko‘rganimda ancha paytgacha hayratlanib yurganim esimda: “Tavba, ma’lim ham ovqat yer ekan da…”.

Ishonsangiz, “Sinf burchagi”ning “Kim bo‘lsam ekan?” degan joyiga har ikki o‘quvchining biri “o‘qituvchi” deb yozdirardik. Ha, har birimizning qalbimizga bir qatim bo‘lsa da, nur olib kira olgan muallimlarimiz bizning Ideallarimiz edi. Biz ham ulardek katta shaharlarda o‘qib, hamma havas qiladigan KATTA ODAMlar bo‘lib yetishishni orzu qilardik. Nazarimizda dunyoda muallimdan zo‘r odam yo‘q edi…

Lekin… Ko‘nglingizga kelmasinu yaqinda bir o‘smirdan eshitdim: sinfdoshlari oldida ustoziga katta bo‘lsam, o‘qituvchi bo‘laman, degan ekan, og‘aynilari burnini jiyiribdi: “E, bu ayollarning ishi ku…”

Siz bilmaysizmi, Pardon aka, qachon muallimlikday ulug‘ martaba shu darajaga tushib qoldi? Nahotki millatning kelajagini tarbiyalashdek ulug‘ vazifa faqat ayollarning ishi bo‘lib qoldi?

Mana bir raqamlarga bir diqqat qiling-a: respublika Ta’lim markazi ma’lumotlariga qaraganda, birgina viloyatimizning ko‘pgina tumanlarida xalq ta’limi tizimida faoliyat ko‘rsatayotgan xodimlarning 80—85 foizi… ayollar ekan. Hatto poytaxtimizda ham bu boradagi statistika yuragingizni o‘rtab yuboradigan ahvolda. Xo‘sh, maktablarimizdagi shogirdlarining kelajagi uchun yonib ishlaydigan “Pardon” akalarimiz qayerga ketdi?

Men fidoyi mullimalarimiz mehnatini aslo kamsitmoqchi emasman. Ular har qancha tahsinu ehtiromga munosib. Biroq tarbiyadek eng og‘ir yumushni ularning zimmasiga tashlab qo‘yish ham adolatdan emas-ku. Axir millatning asl beklarini, belida belbog‘i bor, or-nomusni jon qadar avaylaydigan, Vatani uchun ko‘ksini qalqon qilishga qodir erkaklarni tarbiyalash faqat “ayollarning ishi” emas ku…

***

Ezmalikka yo‘ymasangiz, ulug‘larning shu mavzudagi fikrlaridan ikki og‘iz keltirsam. “Sho‘ro hokimiyati hukm surgan keyingi 15-20 yil davomida maktablaru oliy o‘quv yurtlarida ayol o‘qituvchilarning miqdori keskin ko‘payib ketdi, – deya kuyunib aytgan edi “Cho‘qqida qolgan ovchining ohi-zori” kitobida buyuk adib Chingiz Aytmatov. — Hozirgi yoshlar bolalar bog‘chalarida, maktablarda, oliy o‘quv yurtlarida asosan xotinlar qo‘lida tarbiya olishayapti. Erkak ta’sirini sezmagan bolalar, o‘smirlar beixtiyor ayol murabbiylarning ayrim sifatlariga taqlid qila boshlaydilar. O‘z lafzidan qaytgandan ko‘ra, o‘limni afzal deb biladigan or-nomusli erkaklar o‘rniga tinimsiz mahmadonalik qiladigan, faqat o‘zining huzur-halovatini o‘ylaydigan benomus erkaklar bemaza qovunning urug‘iday ko‘payib ketdi. Bu masala jamiyatimiz uchun jiddiy muammoga aylandi. Oqibat shunday bo‘ldiki, o‘zimiz istamagan holda erkak bilan ayolning asl vazifasi to‘g‘risida cho‘ltoq tasavvurga ega bo‘lgan avlodni voyaga yetkazib qo‘ydik.

Erkaklar nima uchun o‘qituvchi bo‘lishdan or qiladilar? Bu savolning javobi kunday ravshan: birinchidan, bu kasb egalari e’tibordan qolgan; ikkinchidan, maoshi kam. Misol uchun, aytaylik, Olmoniya bilan Fransiyada (o‘ylaymanki, G‘arbdagi boshqa taraqqiy etgan mamlakatlarda ham shunday) eng obro‘-e’tiborli kasb egalari deb o‘qituvchilar, do‘xtirlar, politsiyachilar hisoblanadi. Masalan, Angliyada bolalar bog‘chasiga tarbiyachi yoki maktabga o‘qituvchi bo‘lib ishga kirish uchun juda katta ko‘rik-tanlovda g‘olib chiqish kerak. Nihoyatda adolatli yo‘l shu: boshqa ish qo‘lidan kelmagani uchun ta’lim-tarbiya sohasiga tasodifan kirib qolgan beg‘am kimsalar bolalarning tarbiyasi bilan shug‘ullanishini ota-onalar mutlaqo istamaydilar.

Nafsilambirini aytganda, bir paytlari Sharqda ham domla-muallimlar benihoya hurmatli zotlar kabi e’zozlanardi. Hozir-chi?!”

Afsuski, hozir ham bu martaba bilan to‘rga chiqib bo‘lmaydi (agar sobiq sinfdoshlar uchrashuvlaridagi xush-noxush bazmlarni hisobga olmaganda). Shu o‘rinda beixtiyor rahmatli Hojiboy qiziqning “O‘qituvchilarmi, chiqar mehmonxonadan, traktorchilar kelayapti” degan achchiq zaharxandasi yodingizga tushaveradi…

Besh qo‘lday ayon-ku bu haqiqat, aslida o‘sha traktorchilaru fermerlar, tadbirkoru bankirlar, mansabdoru mansabsizlar, nishondoru nishonsizlar, pogondoru pogonsizlar… hamma-hammasiga “ming ranj ila” hayot harflarini o‘rgatgan Sizlar “oddiy muallim” deb kamsitilib kelingan “Pardon aka”lar emasmi? Darvoqe, oddiy degan “oliy maqom” nega doim Sizning martabangizga huda-behuda yopishtirilaveradi o‘zi? “Oddiy prokuror”, “oddiy bankir”, “oddiy soliqchi” deb ko‘ring, qani, aqalli tilingiz qovusharmikan?!

Qiziq, negadir eng yaxshi tadbirkor, fermer, hunarmandlar, sportchilar, hatto hamshiralar tanlovlariga oliy sovrin sifatida mashina qo‘yiladiyu, eng yaxshi o‘qituvchiga kelganda bu himmat unutiladi?

Mashinaniyam qo‘ya turing, yelkasiga o‘zining ming bir tashvishidan tashqari yana “bepul tasadduq” ming bir vazifa yuklab tashlangani bois ham sevimli ishini tashlab ketmayaptimikan muallimlarimiz?

***

“Ketishim tantanayu qaytishim shaldiroq arava bo‘ldi” devdingizmi, “Pardon” aka? (O‘shanda ham Hasan do‘xtir ortingizdan qulog‘ingizni “qizitib” qo‘ygandi: “Shuncha yil yurib yurib, topgani chemodaniga yopishtirgan to‘rtta rasm bo‘pti-da”, deb). Sizniki hali holva ekan. Bu yog‘ini eshiting.

Rossiyada ishlab qaytgan bir qishloq muallimi (darvoqe, u institutni ham o‘sha tomonlada tugatib kelgandi) ning hasrati yodimga tushib ketdi: “E, u tomonlarda topgan pulingiz ham, ko‘rgan kuningiz ham qurib ketsin, – zorlangandi u. – Bir boyvachchaning o‘rmondagi dachasida qorovul bo‘lib ishladim. Bu dacha deganlariga oylab ham inson zoti qadam qo‘ymas ekan. Hayhotdek hovlida bir o‘zim. Robinzondan sira farqim yo‘q. Maktabda bolalarning chug‘ur-chug‘uriga o‘rgangan emasmanmi, portlab ketishimga sal qoldi. Hali yonimdagi ovcharka it bilan, hali o‘rmondagi qushlar bilan gaplashaman…”

Yaqinda viloyat teatrida bir spektakl ko‘rdim “Adashganman” degan… Ixtiyor ismli bir qishloq muallimi ixtiyorsiz tarzda, mol-dunyo havasi ko‘zini ko‘r qilgan onasining qistovi bilan, o‘sha yoqlarda “krutoy” bo‘lib yurgan hamsoyasini qora tortib, noqonuniy tarzda ishlash uchun Rossiya tomonga ketvordi. Bu yoqda xotin-bola-chaqa qolaverdi chirqillab. Borsa, “krutoy” qo‘shni firibgarligi uchun qamalib ketgan ekan, ko‘chada qolib ketdi. Musofirchilikda pulsiz, boshpanasiz qolib, axiyri o‘sha tomonlarda adashib yurgan notavon yurtdoshlari ko‘magida zo‘rg‘a farroshlik jandasini egniga ilishga “musharraf” bo‘ldi boyaqish. Alaloqibat, uyiga ko‘r bo‘lib qaytdi…

Tomosha zalidan yuragim zirqirab chiqdim…

Bugun sevimli kasbini tashlab, ustachilik, qassoblik, taksichilik, mol bozorida dallollik… qilib yurgan ustozlarimni ko‘rganimda ham ana shunday zirqiraydi-da yurak…

***

Bugun Yurt rahbari qayta-qayta jon kuydirib uqtirayapti: “O‘z bolangni o‘zing asra” deb.

Bugun qush uchsa oyog‘i kuyadigan arab sahrolarida nima qilayotganini o‘zi ham bilmay, qurol ko‘tarib yurgan manqurtlar safida o‘zimizning bolalarimiz ham borligi yuraklarimizni yomon achishtirayapti. “Nega ular shu manfur yo‘lga kirdi, ularga nima yetmadi?” kabi savollarimiz bilan ming bir joyimizni uzib olsak-da, yurak dardimizga malham topishimiz mushkul. Ich-ichimizdan Prezidentimiz uqtirayotgan achchiq haqiqatni e’tirof etamiz: “tarbiya, tarbiya va faqat tarbiya…”

Tarbiyachilarimizning esa ahvoli bu bo‘lsa…

“O‘quv dargohlarida qizlarimiz uchun maxsus to‘garaklar ishlab turibdi, ammo o‘g‘il bolalarga-chi? – deydi O‘zbekiston xalq o‘qituvchisi Bo‘ston Rahmonova. – Axir juda ko‘p illatlar aksariyat hollarda o‘g‘il bolalardan chiqayapti ku. Ularning tarbiyasida faqat sport mashg‘ulotlari yetarlimikin? “Belbog‘li yigitlar”, “Mard o‘g‘lonlar” singari to‘garaklar ochish vaqti yetmadimi? Mashg‘ulotlarni esa albatta erkak o‘qituvchilar olib borishi shart. Oilada otaning o‘rni qanday bo‘lsa, ta’lim dargohida erkak o‘qituvchilarning o‘rni shunday. Afsuski, bugun ko‘plab maktablarimiz asl erkakcha ta’lim-tarbiya nimaligini ko‘rsatib qo‘yadigan erkak muallimlarga muhtoj…”

***

Ha, “Pardon” aka, bugun maktablarimizga Sizlar keraksiz. Juda juda keraksiz! “Ko‘zimni yumsam, quloqlarimga mana shu churvaqalarimning “Pardon” aka, “Pardon” aka, deb chug‘urlab yurganlari eshitiladi”, “Qochoqqa o‘xshab qolmadimmikan?!”, deydigan fidoyilar kerak!

“Pardon aka” degan unvonga halol ega bo‘lgan, muqaddas kasbi mas’uliyatini teran anglaydigan, bu tabarruk burchni tirikchilik yo‘liga aslo qurbon qilmaydigan, yuragida o‘ti bor, asl ziyoli Murabbiylar suv bilan havodek zarur!

Ko‘zimizning oqu qoralariga Vatan nimaligini, erku ozodlik nimaligini, or-nomus va burch, mardlik, sadoqat va jasorat nimaligini, erkakchilik nimaligini erkakcha qilib uqtirishga qodir Muallimlar zarur!
Sizni sog‘indik, Ustoz!

Gaplarim bir oz og‘irroq botgan bo‘lsa, ming bor uzr, e, kechirasiz, “pardon”, “Pardon” aka…

022

(Tashriflar: umumiy 290, bugungi 1)

2 izoh

  1. Мақолада Пардон ака баҳонасида жудаям катта муаммо кўтарилган. Яъни ўқитувчи шаъни, қадр-қиммати, обру эътибори нега тушиб бораяпти? Нега эркак ўқитувчилар мактаб остонасига яқин йўламаяпти, ўқитувчи нега йўл тозалашу, ғўза чопиғи, пахта теримига мажбуран жалб қилинаяпти. Куюнча журналист Нуриддин Эгамов ана шу муаммоларни кўтариб, яхши иш қилган. Табриклайман, Нуриддинжон, ижодингизга барака! Сиздан ижтимоий ҳаётимизда учраб турадиган муаммоларга оид кўплаб мақолалар кутиб қоламиз. Сизнинг ўзбек фильмларига қиёслаб ёзган мақоалларингизни ўқигач, ўаш фильмни қайтадан кўриб, янгича моҳият топаяпмиз. Филь тарғиботида ҳам сизнинг ўрнингиз катта, миннтадорман.

  2. Нуриддин ака сизга нисбатан хурматим Яна бир бор ортди АКа сиздан илтимос депутат Кушербоев билан шу мавзуда бир чакириб сухбат ташкилаштириш йулини уйлаб куриб уз номзодингизни хам депутатликга беришингизни миллатимиз келажаги учун сураб коламан мактаб узгармас экан келажак узгариши мумкун эмас

Izoh qoldiring