Nurilla Chori. Uch hikoya.

035

    Бошпуртсиз Жонузоқ араб ҳар сафар Ўртақўрғонга карвон тортганида Норбўта Шароф бўталар бўйнидаги қўнғироқ садолари эшитилмай, лўкиллаган нортуялару йўловчилар чанг йўлга сингиб,- лой изларга ботиб кетмагунча ортидан қараб қоларди. Ихтиёр ўзида бўлса Кўҳиқофда дев бўлишга орзуманд араб бир кетганида ҳилолни тўлдириб ё бўлмаса, баркашдек ойни нимталаб Элсаройнинг сойида бўй берарди. Ана шундай кеча-кундузларда карвону сарбонга илҳақ Норбўта Шароф ич-этини ер эди. Карвон йўлига кўзини тикмаслик учун ўзини овутиш баҳонасида эл оралаб тўю томоша кўрар, юрт кезиб ҳол сўрарди. Шу одати кейин-кейин унинг аъмолига айланиб кетди.

034
Нурилла Чори
УЧ ҲИКОЯ

БЎРОН ТИНГАН КЕЧА

Фармон тоғамга

«…Жонузоқ араб сал гуппироқ одам эди. Унинг назарида, бу ёруғ дунёда атиги иккита ҳурматга лойиқ одам бор эди: бири – галатепалик раис Раим Ғайбаров, иккинчиси – қамашилик раис Норбўта Шароф».
Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романидан

Ҳу-ув, у давронлар бошқача эди. Ҳар мардумнинг дили тили билан бир эди.
Бошпуртсиз Жонузоқ араб ҳар сафар Ўртақўрғонга карвон тортганида Норбўта Шароф бўталар бўйнидаги қўнғироқ садолари эшитилмай, лўкиллаган нортуялару йўловчилар чанг йўлга сингиб,- лой изларга ботиб кетмагунча ортидан қараб қоларди.

Ихтиёр ўзида бўлса Кўҳиқофда дев бўлишга орзуманд араб бир кетганида ҳилолни тўлдириб ё бўлмаса, баркашдек ойни нимталаб Элсаройнинг сойида бўй берарди. Ана шундай кеча-кундузларда карвону сарбонга илҳақ Норбўта Шароф ич-этини ер эди. Карвон йўлига кўзини тикмаслик учун ўзини овутиш баҳонасида эл оралаб тўю томоша кўрар, юрт кезиб ҳол сўрарди. Шу одати кейин-кейин унинг аъмолига айланиб кетди.
Бу кунда у ёлғиз эмас, эгиз юрарди. Алплиги Алпомишга тортган, келбати Қоражонга қора берган Шоҳимардон пирнинг боласи, Чим саройининг Шаймардон полвони ёнида бўларди. Билганлар полвонни Ибрайим (Иброҳим) аминнинг боласи, билмаганлар Норбўтанинг полвони дерди. Аммо иккиси-да рост эди.

Пешин… пешиннинг пешинлигини билиш-да қийин пайт… Этагини йиғмаган куздан қаҳрланган қиш қиличини қибладан туриб яланғочлаган. Қор кишининг қовоғини-да очирмайди, очгандаям ўн-ўн беш одим нари кўринмайди. Қулоққа от пишқириғи ва гунгур-гунгур овоз эшитилади. Овознинг қор парчаларидай олис-олисдан келаётганини пайқаш унчалик мушкул эмас. Гоҳ аниқ эшитилган сасдан гоҳо садоям бўлмайди. Яна бирпасда от дупурлари бўронда туртиниб ўчоққа ўт қалаётган, ош дамлаб эт қайнатаётган аҳли Қизғалдоқнинг диққатини тортади.

Шу бўронда отасидан мирохур нисбасини мерос олган Ташкан кал элга дастурхон ёзиб мирохурлигига муносиб бўлмоқчи, юрт кезиб тотган нон-насибасини оқламоқчи, кўп қор кўриб, сочини оқартирган аламни кўкайидан суғуриб отмоқчи, эл олдида тўққизинчи қизини «улим» деб елкасига қоқмоқчи!

Ташкан босар-тусарини билмаган Бойсаридай бой ҳам, Бойбўридай шой ҳам эмас, ёнида маслаҳат бергувчи Я(Ё)ртибойи ҳам йўқ. Унинг бисотидаги бойлиги минг қўйлиникидан-да зиёда. Кўнглининг бениҳоя кенг-лиги, жўрабозу ошнабозлигини айтмаганда, Қалдирғочдек қизларидан бошқа ҳеч вақоси йўқ. Мирохурнинг элга ва Эгамга бир ёққан томони бордирки, шу кунда Галатепаю Терсотадан, Хўжасоату Сангижумондан, Қувкаллаю Бақаҳовуздан, Накурту Арпали даштидан от ўйнатиб, пою пиёда мисли бўрондай меҳмон ёғиляпти.

Кўз кўрар, товуш етар оралиқ масофа ташлаб ёш-яланг тизилган. Улар келгувчиларнинг от-уловини ушлаб, тўй баҳона тикилган ўтовга чорлайди. Ўтовда Бухор мулла, Тиркаш кўса, Эшон Ташкан мирохурнинг қаватида меҳмонлар билан хушлашади, хешлашади.

Шу пайт кимдир ташқарида меҳмонлар талаш бўлаётганини айтди. Тиркаш кўса чўрт кесиб, бу меҳмонлар Қулмирзага (Қулмирзанинг ўзи бўлмаганда унинг исмига шайтон лақабини ҳам тиркарди) тобин эканини айтди.
– Ҳўв, Тиркаш бува, бизга қўноқ йўқми? – деб ичкарилади муртига қор инган қорувли йигит, унинг гапи тугар-тугамас.
– Меҳмоннинг ҳали қадами узилгани йўқ, – деди Эшон беписанд назар ташлаб.
– Сабр қилинг, эндигиси сизники, – деди тасбеҳ ўрнига бармоқлари бўғимини санаётган мулла.
– Учинчи марта шундай деганларингиз! Биз тўй берганимизда мирохур иззатли чавандозларни кузатган.
– Сиз ҳам иззатлисини кузатасиз, полвон, – деди кўса сийрак соқолини гўштдор панжалари билан тутамлаб.
– Мирохурнинг қайси меҳмони иззатсиз экан?! Менга меҳмон беринг, бошқасини билмайман. Меҳмонсиз ўтовдан чиқмайман, – дея ўтириб олган йигит ўзимизнинг Бозирган чавандоз бўлади.

Бу тортишувлардан кўнгли кўтарилган Ташкан ташқарилади, одамлар орасидан сийлиқди . Кўзидан ёш қалқиб, тошди… Елкаси нортуянинг ўркачидай силкинди, қайта-қайта учиб-учиб тушди…
Қор билан юзини ювиб қайтди. Ўтовни қуршаб турганларнинг суҳбати қулоғига илинди.
– Кўпкари бермаса, мирохурнинг мирохурлиги қаерда қолади?!
– Кўпкари бўлмасаям кураш беряпти-ку!
– Энди, айтаман-да, отбознинг қилган ишини?
– Мирохур улли бўлсам, кўпкари бераман, кўпкарига Норбўта Шароф баковул бўлади, деб ният қилган экан.
Бугун Норбўта Шароф қариган. Кўпкарига оралаши қийин.
– Ораламаса баковуллик қилиб бўлмасмикан?
– У баковул бўлган кўпкарида чавандозлар билан биртан чопган, дейишади.
– Mирохурга ҳалол билан ҳаромни ажратиб берадиган бошқа одам йўқ эканми?
– Бор. Раим оқсоқол!
– У ҳам қирчанғи чол-да, энди. Кейин, Норбўтанинг устидан от ҳайдамайди у.
– Нима бўлгандаям, отларнинг ўпкаси пишмайдиган бўлди-да. Кўпкари йўқ!
– Кўпкари бўлганда нима?! Полвоннинг тақимидан улоқни узиб оладигани борми?
– Балки Норбўта Шароф олишда Шаймардонга товоқни олиб бераман, деб баковулликка рози бўлгандир-а?!
– Шаймардон Норбўтасиз давраларнинг товоғини ҳам бировга бермаган. Кейин, ғирромлиги бўлса, мирохур уни ошна тутмасди.

Ташкан томоқ қириб тортишувни бўлди: – Мен Норбўта бува баковул бўлади, деганман. Шаймардонга зот бераман, деб олиш қилаётганим йўқ. Жонинг бўлса, элнинг ориман, Қизғалдоқ меники, деб кўкрагингга урсанг, полвон билан олиш, ол! Ўзим чиқсам уят бўлар… Меҳмонлар мирохур ноқис экан, полвонга зот бергиси келмай, бутига тармашди, демайдими?! Ҳали йўлдаги кишига шунча гап! Тағин қулоғи қизиб, Норбўта Шароф биздан гиналамасин, бўзанинг полвонлари!

– Ака, ғафлатда қолибсиз, оқсоқол бошли элсаройликлар Бозирган полвонникига аллақачон қўноқ бўлди…
Шомга бориб бўрон тинди. Қибла қонталаш тусга кирди. Ерни қоплаган қор тўпиқдан ошади. Ҳар қадамдан ғирчиллаган овоз чиқади. Совуқ суяк-суякка игна санчаётганига қарамай, барча бу кунги бўронни кўрмагандай, писанд этмагандай. Қишлоқда қанча ўчоқ бўлса, ҳаммасига ўт қаланяпти. Бу билан улар мирохурнинг тўйи, деб Тангрининг куҳна иморатини қизитмоққа урингандай.

Хуфтон кирди. Ойсиз, юлдузсиз, қор оқартган бир кеча. Кураш бошланишига илҳақ оломон баковулнинг овозига маҳтал.
– Биродарлар! Ташканбой бойлардан бой, беклардан бек йигит! Сазаси учун шайтоннинг бўйни узиладиган имонли, эътиқодли йигит. Худонинг ҳовлисида жонлиқни ҳаром қотирмаган. Ҳалоллаганини сизу менсиз тотмаган. Бугун бир баҳона билан барчамизни йиққан. Азалдан элга бераман, деган ҳотамтойнинг баҳонаси кўп. Нима бўлгандаям, «ўмганласам, суягувчи, қулоғим битса, ортимдан чақиргувчи, чўбин отимни етакловчи шу эл», деб билган мирохурнинг берганини ҳалоллаб, кўпнинг ризолиги билан оласиз, полвонларим! – деди ўрта бўй, юзидан нур ёғилган, овози ўктам бир чол майдонда туриб. – Даврада ҳалолни мен айтаман! Виждонини йиқитган ғирром полвон бўлса, Элсаройни аҳмоқ қилмай келсин, тўйчининг «товоққа ташлайман», деган туяси билан жандасини ҳозир бериб юбораман!
– Номарду нокасни полвон деманг, ундайлар бизнинг орамизда йўқ! – ҳайқирди оломон.

Полвонларга Тангри таолодан куч-қувват, йигит пиридан йўл сўраган баковулнинг овози янада ўктамлашди:
– Полвон, отингиз нима?
– Жолпон!
– Сизники-чи, полвон?
– Ортиқ!
– Ов-в, халойиқ! Ортиқ полвон билан Жолпон полвон элнинг катта полвони бўлсин! Ҳозир ҳам кам эмас, тиши бутун, ризқ-насибаси мўл, ўнгирини аёл тутмаган, кураги ер кўрмаган зўр полвонлар! Бу полвонларга тўйчи бир сўм пул, Ташман туя уч сўм пул, Тоштемир полвон бир чопон атаган. Ҳалоллаб ўйин кўрсатиб, олишсин. Нима дейсиз, қора кўзли қанотларим? – деб элга юзланди Норбўта Шароф.

Давранинг ҳар томонида меҳмон полвонлар Сайфининг алласича келмайдиган қишлоғи шаъни учун енг шимаряпти. Бир-бирини ботирим, деб майдонга ундаяпти. Аҳли Қизғалдоқ эса, бу курашда Шаймардондан бошқа полвон йўқдек, у билан тирашадиган бир мард излаяпти. Белидан мадори кетиб, кўзи тина бошлаган оқсоқоллар мурти сабза урган ҳар кишидан умидвор: термилди, тикилди, тамшаниб, милкини сўрди. Охири, ким майдондан мағрур қайтса, ўзларига жиклаб , қон-қариндош чиқара бошлади.
– Эшон, боя Йўлдош калнинг ули билан олишган ким?
– Кўса, кўзингга нима бўлган, изиллоқлик Ўроқнинг боласи-ку!
– Ҳа, Тоштемир бекорга унга тўнини тикмаган экан-да. Улар тоға-жиянлашади-я?
– Мен билмайман, ўзлари билишмаса…
– Нима дедингиз, Эшон? – деб суҳбатга аралашган мулла дафъатан- жойидан ирғиб турди: – Ўроқнинг ўзи қани?!
– Арзининг уйига қўноқ тушган экан, иззатини қилмаганми, курашга қарамай кетибди. Мирохурнинг ҳам номига яхши бўлмади.
– Эшон, жиғилдон билан гапирманг! Бир юмуши чиққандирки, кетган!
– Улини олиштираман, деб келган одамнинг нима иши чиқиши мумкин, сўфитўрғай!
– Ўв, Эшон, тилингнинг тагидан тилча чиқармай. Қулматни топ, шундан бошқа бари «оғироёқ».
– Шу сағирга бунчалар ишонмасангиз? Бори бир ялоқхўр бўлса, – деди Тиркаш кўса.
– Ошна, сизни элнинг кўса деганиям эъзоз экан-ку! Асли икки кўзи милтиллаган бир қоп гўшт экансиз!.. Менга Ўроқ керак. Сизларга керак бўлмаса, Қизғалдоққа керак! Ҳўв, Қулматбой болам, бери кел, Қулматбой! – деб бўғзига зўр бера бошлади мулла даврага термилиб турган жуссаси муштдек ўспиринга. – Болам, Қулматбой, Қулмуҳаммадбой, ҳозир Изиллоққа – Бўри тўпдан Ўроқнинг уйига борасан. Сиздан Ташкан мирохур хафа, де. Бормасангиз мирохурнинг кўп йиллик тугуни яна чийралиб қолар экан, дегин. Бухор мулла айтди, дегин. Майли, манови Тиркаш буванг билан Эшон бувангнинг авлод-аждоди номидан гапирсанг ҳам майли. Чоп, тўйхонаю қўноқ тушган уйлардаги истаган отингни мин. Фақат Норбўта Шарофнинг тўриғига тегмасанг бўлгани. Чоп, болам! Чоп!

Ойдин кечада оппоқ қор узра от чоптириб бораётган йигитча ортидан Бухор мулла бир муддат қараб қолди. Сўнг қайтиб жойига ўтира олмади. Бу орада бироз сепсиб қолган, бир хил жуссали, бир хил қувватли полвонларнинг ўртамиёна курашидан зериккан давра Шаймардон полвоннинг чакмонидан тутишга ким журъат этишини кутарди.

Тик туриб полвонларга разм солаётган муллани тобора яқинлашаётган от дупури даврадан суғуриб олди. Оғзидан оппоқ буғ чиқариб, пишнаб турган отнинг жиловини маҳкам чангаллаганча, келгувчиларни: «Ўроқбой полвон, яхши келдингизми, сизни давра кутиб қолди-ку, шундай курашниям ташлаб кетадими?!» – деб қаршилади.
– Мулла бува, нимага бунча зарур бўлдим?
– Сиздан бошқа биров Шаймардоннинг ёқасидан ушлаёлмайдиган кўринади, иним.
– Эй, бу нима деганингиз бўлди? Мен олишга ишқибозман. Ўзим тенгим- билан ҳам олишаман, тўғри. Катта полвонлар билан қачон олишувдим?
– Полвонжон, бунда Қизғалдоқнинг ори турибди!
– Қизғалдоқнинг ори бўлса, менга нима! Қизғалдоқ сизники…
– Нима десангиз ҳам мозоримиз бирлигини унутманг! – деб кўзининг ости билан қаради мулла.
– Мулла бува, оталар қабрини босиб ўтадиган Кўкаманнинг кўкайидан оламан. Лекин полвонни қишлоғингиздан топганингиз яхши эди.
– Полвон, ўзингиз оталар ётган жойни оёқости қилдирмайман, деб турибсиз-ку. Бошқа одам излаб нима қиламиз? Сиз бола эдингиз, билмайсиз. Отангиз, бу мозорис-тонга Элсаройдан бир аёлни суягим, деб олиб келиб қўйганди…
– Эшитганман, мулла бува, эшитганман! У киши аммамиз бўлади.
– Эшитган бўлсангиз, уларни оёқости қилиб қўясизми? Шуларни билсангиз яна нимага терсланасиз?
– Майли, сиз айтгандек бўлсин, – деб чуқур нафас олди Ўроқ махсум.
– Қўрқманг, полвон, сизни Шаймардон йиқита олмайди. Айтганимдай бўлмаса, Бухор тилидан кофир дейсиз!

Даврада Шаймардон полвоннинг қўлини баланд кўтариб, талабгор излаётган баковулнинг қаватига юрак ютиб биров яқинлашмади. Бундан элсаройликлар қанча мамнун бўлса, қизғалдоқликларнинг боши шунча хам эди. Шу боис, Ўроқ махсумнинг даврага кирганини биров билмай қолди.

Норбўта Шароф Шаймардон полвоннинг талабгори Ўроқ полвон эканини элга эълон қилди. Уларнинг чакмони устидан баковулнинг ўзи белбоғ боғлади. Томошаталабларнинг бутун вужуди кўзга айланган: лаб жуфтламай, киприк қоқмай даврага тикилади. Полвонлар аввал қўшқўллашиб саломлашди. Сўнг Шаймардон ўнгдан давра айланди. Рақиби унга эргашди. Бир-бирига юзланганча чап оёғидан ўнгини ярим қадам олдинга ташлаган полвонлар бироз энгашди. Гўё қанот қоқиб турган хўрозлардай бир-бирига тикилди.
Шаймардон полвон рақибига тикилганча… ўн яшар болага айланди.

…Пешиндагидек бўрон қўпган кун. Унинг пешонасидан бир одам ўпди. Маҳкам қучоқлаб, манглайини манглайига тиради ва: «Бу оламнинг савдоларини бир кун ўзинг ечасан, менга осон тутма, отангни ҳам кутма. Шу кунгача ғайридин олиб кетган бирор одам қайтмади. Кишининг молига тегинма. Қўлинг ҳалол, нима иш қилсанг-да, бир кун биз томонга Худойқул деб излаб бор. Етимни Яратган яхши кўради, бошини ёрмайди. Ўзингни эҳтиёт қил…» – деб, икки қоп сомон остидан фақат боши кўриниб турган оқ бурун, олақашқа саманга марҳумани юклади. Шаймардон биянинг ортидан йиғлаб чопди. Йиқилди, қорга ағанади. Шу ётганча олдинга тикилиб қолди. Тим қора дум қорда судралиб борарди…

Аввал сарбон, кейин бия, сўнг қорда қолган дум изи бўронда кўринмай кетди. Бияни етаклаб кетган одам – бодомқовоқ, қийиқкўз, ўсик қош, кенг бурун, кулча юзли, буғдойранг одам эди. У қартайиш ўрнига ёшариб, кичрайиб, бугун қаршисида турибди.

Шаймардон бу одамни икки марта излади: аввал урушга кетиш арафасида дараклаб келди. Билдики, бия етак-лаган сарбон элнинг мулласи экан, ўтиб кетибди. Онаси омонатини топширганида «ур-тиқ», «от-от» замон эди. Ота-си ҳам шунинг қурбони эканини кейин англади. Иккинчи марта урушдан қайтгандан сўнг қидирди. Худойқулдан қорахат келди, деб эшитди. Шу билан тоға томиридан, она авлодидан умидини узиб кетди. Худойқулнинг эл ичра Ўроқ отини олганини эса, кимсадан эшитмади. Бугун у қаршисида!..
Полвоннинг қомати «алиф» бўлди. Рақибининг ёқасини тутишга чоғланган қўллари тўқсонга тўқнашиб, асога кучи келмайдиган илклардай шалвираб қолди. Бирдан ортига тисланиб, қўлини осмон қадар кўтарганча «курашмайман» ишорасини берди.

Давра – ҳангу манг. Нима бўлганини ҳеч ким билмай қолди.

Осмон тоқидаги узун пардек булутнинг қишлоқ тепасидаги жойи тугундек. Гўё сомонйўлида бораётган «нортуялар» ҳориб, давра устида чўккан. «Йўловчилари» эл-улусни кузатган, кузатгану шу кузатишда жим тарқалаётгандек эди. Оломон ҳам қандай йиғилган бўлса, яна шундай тарқади.

Туни билан қўноқхоналарда Ўроқ махсум ва Шаймардон аминнинг тақдиридан гурунг қизиди. Қишлоқ аҳли бомдодда Шаймардон полвоннинг қабристонда қироат билан фотиҳа ўқиётганини эшитди.
Қизғалдоқдан қайтаётган отлиқлар орасида икки киши унсиз сўзлашдилар. Норбўта Шарофнинг кўзлари «олишганда отангни аяма, дейишарди. Бу ёғи қандай бўлди, Шаймардон?» деганини уққан полвоннинг кўзлари «Бир кун бу танни тупроққа топширар бўлсам, манзил-маконимга қўяр одамнинг қандай ёқасидан олай, оқсоқол?!» дерди.

Оқсоқол бўлса кўнглида, «Полвон, сен эмас, мен йиқилдим. Умримда бировнинг ёқасидан олмаган, кишининг ёқасини жуфтламаган мулладан йиқилдим-а! Мулладан! – дерди. – Давраларда юрсам-да, бақириб-бақириб турсам-да, қарибман… Қарибман-да, а?! Бир алдаркўса мениям, сениям, бизга қўшиб тоғангниям йиқитди. Энди у бу гапларни тўйлардаги давраларда эмас, азада ҳам қироат қилиб ўқийди. Шуни айтиб ўтади… Уҳ, оқ чалворли, кўнгли қора кас…»

Маҳзун суҳбат тилга кўчиб, кўнгилга чўкиб борарди:
– Оқсоқол, бу оламда тоға нега бунчалар мукаррам?
– Полвон, бу оламни-ку қўятур, зимистон, қоронғу лаҳад туққан жиянни тўрга ўтқазиб сийлаган ҳам юраги ёлдор баҳодир тоға эди-ку! Эр йигитни гўрдан олиб тахтга чиқазгани учун лаҳадга қўйиш ҳам унинг зиммасида қолгандир, балки. Элсаройда Норбўта Шароф бўлсам-да, улар нималарга таяниб яшайди, билмасам, полвон!

Оқсоқол узоқларга кўз тикиб, карвонга, карвоннинг эмас, Жонузоқ арабнинг йўлига қарарди. Қани энди, у кўринса. Келса-ю, кўрган-кечирганидан айтса. Норбўта ҳам кўнглининг черини ёзса, ёзса-ю, дилида бирор тугун қолмаса, чув тушган алами қалбини тирнамаса, кўкайида ҳам, карвон йўлларида ҳам чечаклар кўкласа, бу олам кўм-кўк бўлиб, кўкариб кетса… Олам яшарса, Норбўта Шароф ёшарса, Шаймардон эмас, мен олишаман, деб даврага отилиб кирса… Эҳ, қани энди шундай бўлса! Шундайлар бўлса…

ҚИЗҒАЛДОҚ

Турдихолнинг эри аскарликка кетди-ю, қайтмади. Ўлик тиригидан дарак йўқ. Бева боши билан кўзининг оқу қораси бир ўғил, бир қизини элга қўшаман деб ёшини яшамай ялмоғизнинг синглисига айланди-қолди.
Бу орада очиқ боши не бир маломатларга қолиб, юзи чанг солиниб сочи юлинди. Елкасидан қамчи еб, товони ёрилди. Аммо бировнинг эшигидан мўраламади, ўнгириниям ушламади.

Қизғалдоқ кенг дара. Калулоғи Турдихол, шувоғи маккажўхори, нўхат бўлди. Тиши зоғараю ёвғон ошга тегиб турди. Қизини номуси, ўғлини ори билди. Тунларни узундан-узоқ эртак айтиб тонгларга улади.
Эртагида юраги ёлдор ботир йигит мусофир юртда адашиб, ўз тупроғига қайта олмай дарбадар кезди, кексаймади. Битта, ўнта, мингта эртак айтди. Барчасида шу кўзлари чўғ узоқ сафардаги йигит бўлди.
Болалари дам-бадам тошга туртиниб, кесакка суриниб туриши етмаганидай илинган ит қопиб, эшак тепикисига қолиб улғайди. Ўғли ўғил бўлиб, қизи қиз бўлди. Энди Турдихол кампирнинг эрига эркалик қила олмай бошқаларга эрмак бўлиб ўтган, тул қолган йиллари унут, яралари бут.

Қизғалдоқлик йигитнинг бари Турдихолнинг қизига ошиқ, беқарорлариям кам эмас. Улар ўзларича талашиб-муштлашиб юрди. Қизи қурмағўр қизғалдоқликман деб кўксига уриб юрган кўпларга кўнгил бермай сарсон-саргардон этди. Ҳатто қош қоқиш нарида турсин, бир бора қиёям боқмади. Эшик қоқувчилар, остона ҳатлаб қизини сўровчилар кўпайди.

Оҳорсиз кўйлагу рўмол орасида-да Тўлғоной қиз тўлган ойдан-да сулув кўринади. Ўша ҳушрўйнинг онаси Турдихол аҳли Қизғалдоқнинг бировига сингил, бошқасига жиян, яна бирига чеча бўлишини кун кўриб мана энди билди. Желагини судраб келган хотин борки, «Шу қизгина бегона бўлмасин деб келдим», деди. Турдихол қизгинанинг ҳали «бир товоқ унни элаб уддасидан чиқмас»лигини айтиб жавобини берса, «Сени одам деб келувдим! Ўзимга тенг билиб адашибман! Аттанг! Турган туришингга қара, димоғингга тушган қуртдан ўргилай!» деб эшикни тарақа-туруқ ёпиб қунқиллаб кетарлар. Қора топилмаса сояси билан эмиш қилиб, тамшаниб тўймади.

Турдихол шу пичир-пичирлардан қўрққанидан мард кетди. Йўғ-а, мард кетмади, мўрт кетди. «Жесирга совчи аёл бўлади. Қизгинани сўраб келгувчи эр бўлади-да энди». Тилидан отилган товуш ёқасига етмай остонасида Эшпўлат даллол кўринди. Қизғалдоқда ким от сотар, ким мол сотар, ким дулдул, ким хўтик олар бўлса, шу Эшпул даллол нарх бичади. Барака олиб, барака сочади. Сотгувчи ҳам шу, олгувчи ҳам шу Эшпул.

* * *

Эшпул чойни иссиқ-иссиқ ҳўплади. «Шаштинг бир эрча бор, чеча!» деб Турдихолни кўйлагига сиғдирмай кўкларга парвоз эттирди. Аёл қушдай бўлади. Қушдайгина бўлмайди, аёл асли зоти қуш бўлади. Учса қўнар жойини билмай манзил-маконсиз қолади.

Парвоз қушга ярашаркан. Аёл асло учмасин экан.
— Чеча, чойни ким дамлаган?
— Ким ҳам дамларди, Тўлғоной-да.
— Эҳ-ҳе, Тўлғоной синглимиз чой дамлайдиган бўлдими, а?
— Оғажон, сиз Тўлғонойнинг чой дамлаганига ишонмайсиз, мен хамир қоришига. Билмайман, Қизғалдоқнинг кўзига шу ойқизимдан, сулувимдан бошқа кўринмай қолган. Дуч келгани, ўтганиям-қайтганиям, эшигимга соя солгани эрмаклагандай бир сўрайди.
— Унда нима деяпсиз, чеча?!
— Бирор нима деганимча йўқ.
— Демайсиз! Тўлғонойни бошқаларга бериб қўядиган олло(ҳ)ни бандасимас!
— Эи-и-й. Бу нима деганингиз, бўлди?
— Тўлғонойни ўзим келин қиламан!
— Шошилмаяпсизми? Бола-да!
— Эл сўраяптими, болалиги қолмабди. Чеча!
— Қизгинани кўнгли дегандай…
— Эй, кўнгил ҳам гап бўлибдими, – Эшпул оғзига келган гапни ичига ютиб гулдираб қўйди. – Йигитга қизнинг кўнглини олиш энангни деганидан осон-ку! Топган гапига ич-ичидан қувонди. Қувончи ичига сиғмай яна илжайиб Турдихол кампирга қулоқ тутди.
— Энди айтаман-да…
— Биздиям эшитинг унда, чеча. Тўлғонойни отаси бизга икки томир ошган акамиз бўларди. Буни биласиз!
— Билмай ўлибманми.
— Билсангиз, остонангизга султон суягини хўрламас деб келиб айб қилибмиз-да!
— Ундай… ундайлар деманг-а…
—Демасак, гапингизга қаранг-да. Ҳали бола дейсиз, ҳали кўнгил дейсиз. Кўнгли ўлгур қўтир бўлмаса, чимилдиқдаям ажойибдай топишиб кетади. Ё акам билан Назабулоқни этагида қизғалдоқ терувмидингиз?! Мана келинингиз, эҳ-ҳий, қудағайингиз, менга аталганида туғилмаганам. «Остона супур-сидир»лар бўлган. Ё у замонлар ўтиб, бизники гуноҳ бўлдими?!

Эшпулни гапи Турдихолни кўкайига ботди. Кампирнинг қайсар томири тортди. Гапини-да оғзидан олдириб қўйди.
— Қайним-ов! Аёл бошим билан бирор нарса дея олмайман. Менгаям, Тўлғонойгаям Сафар эга! У Тўлғонни кимга берса, опаси шунинг ўнгиридан тутади.
Даллол мум тишлади.

Кирлигидан ёғ босиб тусини, тусига қараб тикилган гулини фарқлаш қийин бўлиб қолган қалпоғини ўнг қўлига олиб, сўлига «қарс-қарс» урмоқчи бўлди-ю, чекинди. Қўшқўллаб ғижимлаб олди. «Беайб парвардигор. Суяксиз тил бошга бало», деб ғунқиллади, тили чиқди.
— Чеча, ундайлар бўлса Сафарбойни чақирмайсизми?
— Уни Абрай оқирақ ҳайровга олиб кетган. Ҳафта-ўн кунда келиб қолар. Сабр қилсангиз, Сафарнинг жавобиниям оларсиз. Худойимни даргайида ўн кун ўтмай қолмас.
— Ҳимм, шундай денг! — дея Эшпул чуқур нафас олди. Кутилмаганда тиззасига қарсиллатиб урди.
— Чеча, сиздай хотин ҳар маҳалда бир туғилса керак. Буям элни обрўси. Ҳали мўйига устара тегмаган улини шунча иззат қилиш. Энди бу оқил хотинди иши-да!

Бўларманнинг боласи еттисида бош бўлар, бўлмайдиганнинг боласи етмишидаям ёш бўлар, деган бўрингилар. Сафарбойям сириқдай йигит бўлибди-да. Кеча қоравақ(т) куни Жинжаклини бозоридан қайтиб келаётувдим, Бойиркўлни сойида бир тўда йигит олишиб ётибди. Бир пас туёқдам қилиб, олишни кузатдим. Сафарбойга тирашадигани топилмади. Бизниям томирдан даврагир чиқаркан-ку, деб хурсанд бўлганимдан тишимгача терлаб кетди. Рўзғорингизга Сафарбойни бош билганингиз дуруст. Мен бекорга шаштингиз ҳам, гап-сўзингиз ҳам бир эрча бор деб айтмайман. Қизғалдоқ катта эл, кўриб-билиб юрибмиз.
— Оғажон, оғринманг, оғринмасангиз-чи! Сиз нима десангиз шу-да. Мен нимаям дердим. Султонман деяпсиз-ку! Илоё султон бошингиз омон бўлсин. Султон оғамдан айланай.
— Тўйни қачон бошлаймиз?
— Энди, Сафарбойни олдидан бир ўтайлик…
— Сизнинг берганингизми? Чеча!
Уларнинг гурунгига устидан жимлик ғолиб келди. Турдихол кампир шу жимликни бўзмай бош ирғади…
— Эй, қандингни урни чечаси!

Тўлғоной чойнакдан ҳол сўрар бўлиб эшик тирқишидан мўралади. Онасининг кўзи Эшпулнинг оғзида бўлди. Қиз иложсиз қолиб томоқ қирди. Яна-яна томоқ қириб товуш берди. Эшик тирқишларидан борлиққа сўз қанот ёзди: «Ҳу-ув қизгина, ўзим бораман».

Қорақумғон шақир-шуқур қайнар, қопқоғи ўйнар, ҳушрўй қиз кул титарди. Турдихол кампирнинг ёноқларига кулгу югуриб ёшидан ёшариб чойнак тутди. «Қизгина, чойни дамла! Ҳайитлигингни ейин, сенгинани сотдим, елкамдан-да ошириб отдим». Тўлғонойнинг муштдек жуссасига минглаб қорамурчалар ўрмалади. Тилидан отилмиш сўроқ тишларидан чиқмади. Кўзлари «Кимга, кимга!» дея сўзлади. Онаси эса «Ўз қонинг ўзингга бўлди, қизим! Қошу қабоғим бўласан. Ҳу-ув пешонамда турасан. Шу қариндошга, қариндошнинг улига бердим!» Турдихол кампирни таний олмаётган қиз олисламаган болалик кунларидан, Эшпул даллолдан ижирғанди. «Қондош бўлса-да, ёндош эмас, номуссиз», деб қарғардингиз-ку, деди қизи ер сингалаганча онасига мўлтираб. «Олло(ҳ) кечиримли бўлганида, бандасига йўл бўлсин, болам! Кечиримлини Эгамнинг ўзи суяди, суяйди».
— Эна, кечиримли бўлинг, майли! Қизғалдоқда Маши масхарадан бошқа тенгим йўқми?
— Таррамакка кетгур. Мамашукурбойни масхара дегани уялмайсанми, ҳадемай эринг бўлади. Оғзим бор деб гапираверасанми, —дейишга дедию, масхарани Муҳаммадшукурбой дейишга кампирнинг фаросати етмади.
Кампирни остонада «тегмайман-тегмайман» деган ҳирқироқ овозлар қувиб етса-да, парво қилмай ичкарилади.
— Чеча, нима гап?
— Тўлғоной-да…
— Ҳим-м-м… Тегмасмишми… Ҳеч бир маҳалда қиз тегаман деганми, ўзи? Қиз тегмайман деб тегади, йигит оламан деб олади. Азалдан йўриғи шундай.

Турдихол ҳа±л оғушида. Ўз бахтидан сармаст бўлса. Ҳовлиси бир этак болаларнинг қий-чувига тўлганса. Тўй-тўйларга уланса, ўғлиям Қизғалдоқда бир одам тенгига ўтса. Гулдай қизни келин қилса, ул келин Турдихолнинг кўнглидан яралса. Армон не билмаса. Бахт дегани бўлса, ўғил-қизининг пешонасида кўрса.

* * *

Эшпул мол сотадиганга одамнинг қўлини силкилаб-силкилаб дилидагини ошкор қилди. Бозорига кирган семиз қўчқорнинг қуйруғини чангаллаб «тўй боп экан-да» дея сир берди. Қулоғи оғирга қичқириб, отлига мункайиб, эшаклига гердайиб айтди. «Тўлғонойни келин қилдим» деб Қизғалдоққа жар солиди.

Сафарбой ҳайров сафаридан қайтди. Аммо норизолик қилиб оғиз жуфтлай олмади. Онасини койишга тили бормай Эшпул даллолни, Маши масхарани бўралатиб сўкиб юрагининг черини ёзди. Элни «Эшпул Турдихол кампирнинг қизини келин қилибди», деган овоза тутди.

Неча алплар Тўлғонойга дираялмай тўлин ой билан сирлашиб келаётганди. Уларнинг барчаси кўксини зах ерга, Турдихол эса қизини Маши масхарага берди. Машининг мучали маймунлиги боисми, болалигидан дарахтга тирмашиб юрарди. Элнинг оғзига шамол ўйнатиб Раззоқ миршаб тўйига масхара олиб келди. Масхаралар Қизғалдоқ дарасига дор қурди. Дорда сакраб-сакраб умбалоқ ошиб чопди. Най чалиб илон ўйнатди. Елкасига маймун миндириб аҳли Қизғалдоқ липасидаги бир тангасигача шилиб олди. Шу куни Машибой йўқолиб қолди. Мана-мана, энди Тўлғонойга эгалик қилиб олди.

Бўғизни куйдирар чойлар пуфланмай хўпланди. Тўлғоной термулган кўзларни куйдирадиган, ойни суқлантирадиган келинчак бўлди. Ой ва юлдузларни важоҳатли булут қамал қилган кеча зимистон бўлди. Тонгга бормай Турдихол кампир уввос тортиб йиғлади. Йиғи оламни тутиб, осмон ҳам унга эргашди. Улар иккиси ўпкасини босолмай, қора ерни озонга қўймай шитта лой қилди.

Турдихолнинг ҳоли танг. Тилини ютган. Не қиларини, не деярини билмай ҳайрону лол қотган. Нимаям десин, қизғалдоқлик қолиб, Қизғалдоққа қишламоқ учун қўнган қора қарғалар-да бир тунда ўн тўрт кунлик ойни ҳижолат қиладиган гул қизини «Тўлғоной бузуқ, Тўлғон бузуқ»қа чиқариб, қағиллаб «бузуқ-бузуқ» дея қанот қоқиб кетган. Қанотлари остида Жинжакли, Чаман, Найзабулоқ ҳатто Ғармистон қолган бўлса.
Сафарбой ер муштлаб наъра тортиб ётибди. Аламдан ўкирганини эшитган кекса тоғларнинг оппоқ сочлари тўкилиб кетди. Олам гумбурлаб чақмоқ чақди. Тўлғоной этини юлиб, ўзини отиб, қон ютиб, кун кўрмай ўтказиб борлиқни кўкартириб юборди. Кампир ҳолига дунёям кулди. Яшнади, ёшарди.

Эшигидан ит мўраламай қўйган, эл ўзини олиб қочган кунлардан бирида бўсағани Бухор мулла ҳатлади.
— Турдихол, тузукмисан?
— «Мулла ака, Эгамнинг ўзи манглайимга етмайсан-юқолмайсан, тириклай жонингни оламан» деганми деб ўтирибман-да.
— Ақли ноқислик қилма. Ҳали шундай кунлар келса шаккоклигингдан мустар бўлиб қоласан!
— Яратганнинг ёруғ куни, бахт қуши бўлса, одам қуриб шериги шайтон жесирни бошига қўнармиди?!
— Тилингга эрк бермай Тўлғонойни чақир, ўзинг ҳам бери кел!
Қарға кўрганини чўқиганидай Бухор махсум ҳам билганича ўқиб, «суфлаб-суфлаб» дам сув ичириб, аччиқ-аччиқ танбеҳ бериб тадбир қилишини айтди.

Кампирнинг патагига қурт тушиб, Мохов фолчига чопди. Доирасини чертиб-чертиб кун ботарда кул тутганга чиқазиб, давоси кулранг товуқ эканидан сўзлади ва фақат чироқни Манғит қушноч ўтказишини тайин этди.
Тўлғонойнинг пешонасига товуқ қонидан сурилиб жандага солди ва олов билан савалаб қоққа бошлади. Қизнинг кўзига қушноч қўлидаги олов қизғалдоқ бўлиб кўринди. Хаёлини онасининг тонги узоқ тунларда айтадиган эртаги ўғирлади.

Қадим-қадимда бўри баковул, тулки ясавул, қарқа қақимчи, чумчуқ чақимчи бўлган пайтда илону чаён ҳам тинч эмас экан. У пайтлардаям камбағални туянинг устида ит қопаркан, ғарибнинг пойини пойлаб чаладиганлар бўллар экан.

Эй, нимасини айтайин, онангни қози ўйнаса, додингни кимга айтасан, деган замон экан-да. Кичик бир юрт Хоқоннинг мулки экан. Мол-мулкка муккасидан кетган Хоқон атрофидаги эллар орасида низо чиқариб, устига от ҳайдар, бағрига тиғ санчар экан. Тиғ санчишни эса қўймас, мол-дунёга тўймас Хоқон сарой хотин-халажга, қиз-жувонга тўла экан.

Ўша зўр хизматига шай хуфиялар сон-саноғи йўқ экан. Улар эл оралаб, юрт кезиб қаердаки ҳусндор қиз бўлса, хабарини Хоқонга етказар экан.
Кунлардан бирида шум қадамлар кўзи бир фақир ва ғариб, бечора чолу кампир қизига тушибди. Хоқон хуфиялари ўзини совчи деб айтиб, овчиликка келганида навкарларсиз юрмаскан. Қизни олиб кетишга келганида чол уларни ўтовига чорлаб, нон-намак тутиб, ўз ўтмишидан достон куйлабди. Йигит даврида Хоқон отасига навкарлик қилиб, жангларнинг бирида ўнг қўли қилич зарбидан узилиб, сонига найза санчилиб, яна қайсидир юртни олганида юзи куйганини айтиб, ёши ўтиб жангу жадалларга ярамай қолиб, олахуржинни бўйнига олиб, қиз кўрганини ва ёлғиз зурриёди шу эканини билдирибди.

Хуфиялар қизини ул зотга муносиб билгани ва навкарлар келганига мамнунлик билдириб, қизи билан хайр-хўшламоқ учун бир тун сўраб ялиниб-ёлворибди. Кекса навкарнинг гапларидан ўта олмаган йигитлар саҳарда келишини тайин қилиб, жўнаб кетишибди.

Чол кампирига «Куним битган, паймонам тўлган кўринади. Сен қизингни олиб қоч ё яшир» деса, кампир «ҳўнг-ҳўнг» йиғлаб, чолни ўтмишда кўп кишиларнинг ёстиғини қуритганликда айблаб, «Худойимнинг омонатини қаердаям асраш мумкин», деб зор қақшаб, Хоқоннинг қўли узунлиги, қўлидан тиғи узунлиги ҳақида айтиб, ўз пешонасидан домонгир бўлибди.

Ота-онасининг дардидан воқиф қиз ойдин тун қўйнида кўклам туфҳа этган оқ чечакларни оралаб, чангқовузни «бийв-бийв-бийв» этказиб чала бошлабди. Тиззаларига уриб турган оқ чечакларга ҳаваси кетиб, оқ чечакка айланишни ич-ичидан истаб, дилини чангқовузга жўр этиб чертаверибди, чертавериб ўзини буткул унутибди. Ҳусндор қизнинг гулғунчадек лаблари қонаб, оқ чечак косасига томиб беҳол йиқилибди.

Кўклам тонгининг шабадаси далада ястаниб ётган оқ чечакларни қизартириб юборибди. Қон либосини кийган оқ чечакларни чолу кампир Қизғалдоқ Қизим деб қучиб, овоз чиқаргани, аза очгани олис-олис ўлкаларгаям етибди.

Хоқон юртида «Қизғалдоқ бўлиб яшаётган қиз юртга тенг-тенги билан бўлмагунча одамлар орасига қайтмас эмиш… Қизлигини соғинган қизғалдоқ эса ҳар баҳор қир-адирларга чиқиб, кишиларга мўлтираб туришиям шундан экан…» деган узун-юлуқ гаплар томир отиб аждодлардан авлодларга ўтаверибди.

Тўлғонойнинг хаёлини сонияга ўғирлаган эртак аста-асталик билан бутун ақлу ҳушини банд этиб олди. Ойнинг тўлин бўлишини, қизғалдоқнинг қийғос очилишини кутди. Кундузи онасига ҳам кўринмайдиган, тунда эса чангқовуз чертиб тентирайдиган одат чиқазиб, «Қизғалдоқман», деб даъвоям қила бошлади. Кампир қизини жин ўйнаган билиб, фол кўрдириб, кулранг товуқ қони энмаганлигига йўйиб, кўк улоқларнинг ҳам бошини олдириб юрган кунларнинг ойдин тунида қизғалдоқлар орасида чангқовуз чалиб Тўлғоной ғойиб бўлиб қолди. У ойга йўл олдими, таррамакка кетдими, қоро ерга қоришдими, унисини Қизғалдоқ одамлари билмайди.

Турдихол кампир иддоасига «Ой куни тўлиб туғилмаган Тўлғоной қизимай, билармидинг дунёнинг ўзи шарманда эканлигин? Қорнимга жой бўлган ойқизим, илон эл бўлган, чаён сиққан дунё торлик қилган қизимай! Эй дунё, тор қорнимча йўқсан!» деганларига кўникиб кетди.

Эл энди биров-ярим дунёдан норизолик қилса, «Турдихол кампир бўлиб кетай», деб эрмак қилар одат чиқазди.
Турдихол – кекса дунёдан ҳам қари кампир аёздан кўкламни, кўкламдан қизғалдоқни, қизғалдоқдан қизини илҳақлик билан кутади. Ойдин тунда чангқовуз чертиб «Қизғалдоқ бўламан», деб йиғлайди. Сафарбойнинг бир этак неваралари кампирнинг кўзидан қизғалдоқни яшириб сарсон. Улар томлар устида, деворлар пардасида ўсган қадимий оқ чечакларни олиб қочса, «Қизғалдоқни босма, ўз бағрини тиғлаган қиздир у!», «Қизғалдоқни юлма, қон йиғлаган қиздир у!», «Қизғалдоқни юлма, босма, гул қизимдир у!» деб Тўлғонойни йўқлай-йўқлай тили тортиб кетади.

Кампирни «ана кетди-мана кетди», қилиб болалари «чоп-чоп» бўлиб қолади. Мулла Махсум кампирнинг кафтига кафтини қўйиб калима қайтариб ўтиради. У бир маҳалга бориб яна «Тўлғоной келдими», дея туради. Болалариям ўз юмуши билан андармон бўлиб кетади.
Тол туш қуёш тик ҳолга келиб соя бермай қўйган пайт. Кеча тили тортиб кетган Турдихол кампир тўрт оёқлаб том олдига ўрмалаб чиққан. Умидвор бўлиб олис-олисларга қарайди-ю икки одим наридагиниям илғай олмайди. «Қизғалдоқ, Қизғалдоқ, Тўлғоной, Тўлғон-ҳов», дея чақирди. Овозини кампирнинг ўзиям эшитмайди, дунёдан умидиниям узалмайди. Ўзи турган тақир жойидан эмаклаб қизғалдоқ излай…

ЛЎЛИТОПМАСЛИК ЧОЛ

Ўшанда нима бўлган, буни ёлғиз Эгам билади, яна Қулмат чол билан ити билади. Бошқалар ҳам билишга билади-я, аммо уларнинг на кўзлари, на қулоғи ва на тили бор. Ҳа, айтганча, уларнинг туққанидан тонган этаги йиртиқ қизи, шалварини кўтариб чопиб юрган ўғли йўқ. Поданинг ортидан таёғини судраб бир чиққанида ойлаб кетадиган қизғалдоқлик Қулмат подачи пешонаси тиришиб, буришиб, бурни оқиб мўйловига тушиб, соқолини кўз ёшлари ювиб, эшонларнинг пойқадамига ширбоз-бўрдоқи, олабош-қорабош қўйларни сўйиб, муллаларнинг этагини кўзига суртиб юрди.

Аёли Зубайда фолчи-ю қушночларга оқ товуқ-қора товуқ, кулранг ва чипор товуқ қилиб, авлиё-ю шаҳидларнинг мозорини бот-бот зиёрат этди. Дугоналари айтган «ёр-ёр»лар қулоғига элас-элас ҳам эшитилмай қолиб, қирмизи олмаёноқ юзини сўлғинлик маҳв этганида тақимини ўпган сочига оқ оралаб тирсагига етмай қолди. Эрининг чайир қўллари бўшашиб, ёши олтмишнинг остонасига етганида, «шўр» дея аталмиш манглайларига бир тирноқ битди. Битишга-ку битди-я, лекин у тирноқ, ҳа-ҳа-а, олти ой ичида, норасидалигида қазо қилди.

Аввалига шердай наъра тортди, кейин оч бўридай увиллади, тўпорилигига ярашадиган жиззакилигини йўқотиб қўйди.
Кеч куздан эрта баҳоргача чолдевордан нари-бери бир айвоннинг икки қанотидаги ҳужрасида у билан бойўғлилар истиқомат қилаётгандан бериям, ўҳ-ҳў, қанча мезон шамоллари эсиб, анорларнинг бағрини тилди. У индамас, одамови ва хаёлпараст бўлиб қолган бўлса-да, Қулмат исмига қапишиб, шу билан бирга, тирик эканидан нишона бериб келаётган подачилигини қўймади. Элининг подасини аёли ва ўша тирноқни кўрган ит билан боқиб, дардлашиб, ошалолини териб юрди.

Кўкламда қора қуюндай булут бостириб келиб, момоқалдироқ гумбурлаганидан сўнгги ёмғирига эркалик қилиб борлиққа бўй кўрсатган майсалар бўйи етмай поданинг мадорига айланади. Қуёш ерга бош урган паллада моллар жодраб*, қора ерни ютадигандай қирларга ўрлаб кетади.

Қулмат поданинг бошида, ити ортида, қўшни отарга қараб қирдан эна бошлади. Нонхалтасининг таги тешилганиданми ё бойўғлихона бўлиб қолган чолдеворга ошиққаниданми, кечадан бери қишлоққа кўзи учади. Тинчи йўқолган. Ҳаловатдан мосуво, гарангсиб юриб, ўзидан анча олислаб кетган чўпоннинг яқинига бориб тўхтади. Ит подани айланиб чопа бошлаганида юлдузлар кўлларга, дарёлар ва ариқларга, ирмоқларга ҳатто булоқнинг кўзига тўкилиб қолган, ой бўлса Қулмат подачи, подаси, ити ва унга қавмдош бўлмишларга этагидан жой берган тоғнинг бошида сочини тарарди.

— Ув-в, Қулматбой подачи, келсинлар, келсинлар! Биз томонга қайси шамол учирди? Йўқлардингиз-да, қишлоққа тушгандами, қишдами, а? — дея ундан икки-уч кўйлакни йиртишда ортда қолган, келбатига қарабми, одамлар исмига «туя» сўзини қўшиб атайдиган жинжаклилик чўпон қарши олди.
— Ҳеч одам бўлмадингиз-да.
— Сен одамман деб юриб тур қани. Бизам одам бўлиб қолармиз, Қулматбой!
— Сизданам тузук гап чиқадими ўзи?
— Чиқади-чиқади. Эгалик қилолмасанг, мен нима қилай?! Ҳи-ҳи-ҳи… Сенга ҳайронман, подангни боқиб юравермайсанми, туппа-тузук подачисан. Акамнинг ёқасини ушлашни ким қўювди. Раҳматли армонда ўлиб кетди. Мановининг кўзи бўлса кеча кўрардим, тилинг танглайингга ёпишгур бид-бидлаб тинмайди. Яна бир марта айтса, ўлиб қоладими ё осмон узилиб ерга тушадими, а? Уни сен ҳам эшитсанг, аҳ, бир борагина эшитсанг, — деб ўз майлида куйиб куйлаётган, алмисоқдан қолган пачоқ радиосини Ташман туя таёғи билан туртди.

— Нимани айтсин?
— Ғармистонда катта кураш бўлибди. Ана шуни айтсин! Ҳа-а, ана шуни айтсин! Шунда-а-а раҳматлини сирқиндиси Шамсиддин полвон бўлибди. Ана муни айтсин! Шамсиддин бизга тортган. Тоғаларига тортганида борми, уям ит тирсак, сатанг акасига ўхшаб гўрам бўлмасди. Унинг елкалариям меникидай-да. У худди ўзим! Қуйиб қўйгандай ўзим. Ҳа, ўзим у. Ўзим.
— Рўзимурод раҳматлини улини айтаяпсизми?
— Бўлмаса кимни айтаяпман?

Қулмат подачининг дами ичига тушиб ниманингдир ҳисобини олди ва тилга кирди:
— Рўзимуродни ули, Рўзимуродни ули… Полвон бўлдими? Ундай бўлса ҳалоли бўлсин. Сизнинг бу марсинишингизда* тонгам отади. Мен қишлоққа тушиб келай дегандим. Шу десангиз, сиздан…
— Дарди бўлмаса Қулмат подачи келмайди дегандим ўзимам, манови иштони ҳўл болага, — бўйи бўйидан баланд йигитга ишора қилган Ташман туя кулиб ва яна ўз сўзида давом этди: — Олдин бир пиёла чой ич, қишлоққа тушиш қочмайди. Подангга бўлса ўзим кўз-қулоқ…

Ой Қулмат подачининг йўлини сочлари билан супурмай қўйганида юлдузлар ердан йироқлаб кетди. У эшакнинг биқинига ниқтаб, «Бўрибосар» дея итини йўқлаб-йўқлаб Қизғалдоққа эниб келганида майин шабада қишлоқни аллаларди. Қишлоғи Зубайданинг хамирига ўхшаб кўпчиб кетганига Қулмат подачи шу тонг эътибор қилди. Унинг кўзига узоқдан чолдевори кўринмас, гувала-ю пахсадан қад ростлаётган иморатлар орасидан олдин ҳам ўтиб борганини эслади. Аммо шу кўкламда подани қаерга тўплаганини эслолмади.

Илгари унинг кулбаси олдига қишлоқдошларининг мол-ҳоли тўпланар, у кузатар, қайси бири подага эргашолмаса қўшмас эди. Бу одатларини қачон унутганини қизғалдоқликлар тугул энди Қулматнинг ўзи ҳам билмайди. У завжаси ва пешонасига сиғмаган зурриёти қайтиш қилганидан бери кўпчиб бораётган қишлоқ одамларининг хизматини қилиш учун кун кўраётган ва улардан умидворлигини бировга, ҳатто ўзига ҳам айтолмаган бўлса-да, кўнглининг туб-тубида қип-қизил қизғалдоқдай очилган дардини тунлари бошқаларга билдирмайди, ўзича тентирайди ва бир маҳалга бориб беҳол йиқилади. Шу йиқилишда ой нурларини Зубайданинг сочидай уриб, ол омонатингни, дея зорланади. Кўзини юмганча юлдуз санайди. Яктагидан қўлларини чиқариб, белбоғи билан, тиши оғриган бемордай жағини боғлаб, яна бир белбоғ билан юзини ёпади. Оёғининг бош бармоқларини бир-бирга теккизиб шардозлаб, таёқдай ётади. У шунга одатланиб қолди.

Эгри-бугри чатишиб, чигали ёзилмаган илонизи, ёлғизоёқ йўллар катта йўлларга туташиб подачини аҳли қишлоқ томонидан «Қулматнинг бойўғлихонаси», дея аталмиш кулбасига олиб келди.
Қийиқ кўзига чолдевор эмас, кампирдай букчайган ҳужрасининг тамбалаб қўйилган эшиги очиқ кўринди. Очиқ эшик подачининг хаёлларини аёли томон етаклади. Унинг йўлига қачонлардир канда қилмай пешвоз чиққан Зубайда ҳозир яна бир бор Қулматга, ҳа, ўша оғироёқ кунларидаги табассумидан ҳадя этадигандек ва унинг келишини кутган, кутганда ҳам узо-о-о-қ кутган туюлди.

Қулмат эса аёлининг чиқишини ич-ичидан истаб жуда секин, оҳиста одимлай-одимлай кўзини юмганча елкасидан сирғалиб тушиб кетган хуржуни устига ўтириб қолди. У кўзини очишни, очганда ҳам бошпанасига қарашни хоҳламасди: димоғига кўклам нафаси, олча гули ифори урилди, юзига олча гуллари бирин-кетин тўкила бошлаганида… Оғирлашиб қолган қулоғига бир лайчанинг акиллаши-ю, Бўрибосарнинг мағрур ириллашига қоришган ва шу дамгача Қулмат эшитмаган нолишли увиллаган овоз эшитилиб, хаёли жамланди. Ўзининг ғариб дунёсида кўз очди. Осмон гардсиз, тоғдан эсаётган шабада қишлоқдошларини уйғотишни истарди. Подачи итига кўз қирини ташлаб катта-катта очилган нурсиз кўзи бақрайиб турди ва кўзини уқалаб қаради, соқолини сийпаб, яктагини кўтарди ва кўксига «туп-туп»лади. Яна итига тикилди ва падарингга лаънат, дея уруғ-аймоғини ағдар-тўнтар қилиб, оғзи кўпириб, тупугини сачрата бошлади.

Ит тишлаган этни Қизғалдоқнинг иссиғида идраб кетган ва тердан сарғайиб ҳидланган яктагига ўраб-чирмаб олишга олди-ю, энди нима қилишни билмай мустар қотди. Эл оқсоқоли Тиркашов муаллимга хабар берсинми? Йўқ-йўқ, унинг ўғли Ғармистондай катта шаҳарда эгарга ўтиргандан бери Тиркашов муаллим қутурган. Қулматдан бошқаларни ҳам қопяпти. Уни ҳам қуруқ қўймай бир-икки даврада изза қилгани бор гап. Эшонникига боришга борди-я, лекин эшони тушмагур ўтган кузда барзанги, қориндор ва калбош раисга Қулмат назир қилган улоқни сўйиб, анави зормандадан қуйиб, «Биз эшон бобонгиз бўламиз, сиз муридимсиз. Раҳматли отангиз хўб яхши одам эди. Сизнинг камолингизни кўрмай ўтди-да, эссиз, одам дегани шундай ўтиб кетаркан. Билмай қоларкансиз. У киши бизни тез-тез йўқлаб келиб, ўғлимнинг мартабаси улуғ бўлсин, деб дуо олгич эди», дея совхоз чўчқасига эгалик қилиши Қулматга қаттиқ ботган. У бундай пайтда гина-кудуратларни унутиш кераклиги учун унутмади, балки айни дамда довдираб қолганди. Шу боисми, оқсоқолу эшоннинг измига кўпам кирмайдиган ва улар юрган йўлларда оқсаб қолмайдиган Мулла махсумни барчадан маъқул билдими, уникига қараб бўри йўртиш қилиб боргунича ҳарсиллаб қолди.

Махсумнинг эшигига борганида тонг отган эди. Мулла махсум аёлининг сочлари тўзғиб, бошидан сирғалган рўмолини нозик қўлига олиб, «Ҳув, ҳозир-ҳозир! Ҳу-в, ким? Ким эди?» деб овоз бериб подачига пешвоз чиқди.
— Кеча Турдихол момонинг тили тортиб кетиб, болалари «чабҳачаб» бўлиб қолди. Шунқор Мирзомнинг отаси ҳам ўша ерда эди. Келганига бирпас бўлди. Озгина дам олай деганди. Нима? Ишингиз бормиди? Ё ошалолни бизникидан бошладингизми, подачи буваси?

Кўзини йиртиб очган хотиннинг товуқдай пат-патлашини Қулмат бўлди:
— Муллага айтинг, бизнинг бўсағага бир тирноқни ташлаб кетибди. Уни ит ўйнабди.
— Аҳ? Нима!
— Бизникига борсин!

Мулла махсумнинг хотини сонига шапатилаб, додлаб уйига чопди: «Ҳу, отаси, кўргилик! Бу бир кўргилик! Сизга айтгандим тунавгида. Юзи қурғур янги ой ёнбошла-а-ган чалқанча, деб. Ўзига тинч, элга нотинч чиқди. Анави шўрникига, Қулмат шўрникига боринг! Туринг, турсангиз-чи, туринг… Отаси… Бу ётишингизда эртага Қизғолдоқни ер ютади ё сув олади. Шундайга ҳам Қулмат шўрни уйи куйибди. Куйиблар кетибди!».
Буватиннинг* додини эшитган борки, аввал Махсумникига, кейин подачиникига чопди. Кетмон елкалаб далага кетаётганлар тўхтади. Жомадон кўтариб шаҳарга отланган оёқ илди. Папка қўлтиқлаб мактабга бораётган муаллим кирди. Қулмат подачининг томорқаси одамга тўлди. Қари-қурри, юзига ажин, сочига оқ оралаган, бир-икки ёш-яланглар ҳам қўшилиб, бинойидай давра бўлди-қолди. Болани мулла билан подачи кўздан кечирган, эл унинг онасини, сўнг отасини билмоқчи. Қулматга қолса, уни индамай кўпга қўшиб келмоқчи. Мулла махсум ҳам шу гапни маъқуллаб турибди. Тиркашов муаллим билан Эшон бува мулланинг, қолаверса, Қулмат подачининг гапига кирадиган аҳмоқ эмас. Улар ўша иштони йиртиқ падарлаънатини топиш ва Қизғалдоқ қишлоғидан беномусларни қувиб солмаса, ўзини бу ерлик ҳисобламайди. Буни элнинг олдида айтиб қўйган.
Қулмат даврага умри бино бўлиб бир маротаба — мўйи сабза уриб қорая бошлаган, овози дўриллаб қолган паллада чиққан. Ўшанда тирамонинг туни эди. Жинжаклида бир кураш бўлди, бир кураш бўлди! Рўзимурод полвон қизғалдоқликнинг кўкрак кериб юрадиганидан тортиб, полвонман деганигача барини ердан осмонга олиб, осмондан ерга урди. Қизғалдоқлик эрман дегани борки, ер билан бир бўлди. Ана шунда адашибми-нетибми Қулмат ирғиб майдонга чиққанди. Давра «гурра» кулди. Қизғалдоқлик полвонларнинг изи шу сағирга қолибди-да, деганлар ҳам бўлди. У қанотини қиздираётганида Тиркашов муаллим, эй, (кечирасиз), Тиркашов студент: «Қулмат бу ишингни йиғиштир», деса-да. Баковулнинг ўнгида, Рўзимурод полвон сўлида, Қулмат давра айланди. Зотига бир момо тугун*, икки кигиз, бир улоқ айтилди.

Баковулнинг овози даврадаги кулгини, шовқин-суронни кесди. «Худойим полвонларнинг белига куч-қувват, топганига файзу баракот берсин. Эй, биздан нима кетди. Кетса ҳам шу полвонларга кетди. Суйганлари майиз ҳам берсин», деб яна кулгига буриб қўйди. Томошаталаблар кулиб, бирдан жимиб майдонга тикилди. Рўзимурод полвон ортидан Қулмат даврани кезиб кураш туша бошлади. Рўзимурод ўйнади. Қулмат қунишди. Полвон Қулматга беписанд бўлиб икки қафас йиқитмай эзғилаб қўйиб юборди-ю, учинчи қафасда анг қолди. Қулмат уни на елкадан, на қўшшадан, на бурамадан олди. Ўнгига силтаб тортиб, сўлдан қоқма бериб, ер искамаган куракларини намчил сомонга босди-қўйди. Жинчаклиликлар: «Бошқатдан! Бу ғирром, ғирром!», деб тинмаса-да, Рўзимурод полвон майдонни тарк этди. Баковулнинг: «Полвон, исмингиз кимиди? Нима дейсиз? А? Қулмат. Қулмуҳаммад денг, полвон! Қулмуҳаммад денг!», дея «Бугунги курашда қизғалдоқлик Қулмуҳаммад катта полвон бўлди», деб элни дуога қўл очтириб курашга якун ясади.
Бу олишув қизғалдоқлик тугул, жинжаклиликнинг, ҳа, айтганча, Ташман туяга ўхшаган бир-икки Рўзимурод полвоннинг жигарларини демаса, бошқаларнинг хотирасидан ўчиб кетган. Қулмат Рўзимурод полвондан бошқанинг ёқасидан тутмади. Қайтиб майдонга доримадиям. Шундай бўлса-да, унинг полвонлиги қоронғи тунларда, ёруғ кунларда оғиздан-оғизга ўтиб, шоҳулоқ пишган, қўноқ тушган даврани кезиб, «Қулмат ўшанда шалварини ҳўллаб қўйган, даврага чиқиш олдидан заранг таёғини сиққан жойи қизнинг сочидай тарам-тарам бўлиб қолган»лиги ҳақидаги миш-миш ва эмишлар орасида Зубайда билан бир мучал яшагунча исмига полвон сўзи эргашгани рост.

Фалакнинг гардишини қаранг-а, ҳозир у шармандалик, шармисорлик даврасига чиқиб турибди. Ота-онаси нотайин бир парча этга катта аза, катта можаро. Қулмат подачи ўз элига юзланиб, зор қақшаб, ялиниб Мулла махсумдан неларнидир умид қилиб, Тиркашов муаллим ва Эшон бува бошчи эл билан курашди. «Кўпга қўшмоқдан бошқа даъво йўқ», деб муддаосини айтса-да, Тиркашов муаллим: «Кўпга қўшиш қочмайди. Сен олдин уни қандай топганингни айт, эл билсин», деб қистовга олди. Қулмат подачи гуноҳкор. Қулмат подачи айбдор. Айтар сўзини тополмай, ахийри, ит ўйнаб юрганини, боланинг эр экани ва ниҳоят, унинг суннат қилар жойини ит еб қўйганини айтишга мажбур бўлди. Оломон барибир уни ва ўша жойини кўрмоқчи, Тиркашов муаллим ва Эшон бува билан кўрса, ота-онаси топиладигандек, ўша жойи битадигандек, Қулмат подачи Қулмат ёлғончига, Қулмат қасамхўрга айланиб қоладигандек бўлди.

Улар кўришди. Ундан ўзини олиб қочган кўпайди. Эшон бува Бўрибосарга ҳукм айтди. Оломон унинг ижросини талаб қилди. Ит осилди. Аммо у осонликча жон бермагач, Тиркашов муаллимнинг турткиси билан бир бўзбола итнинг бўғзига дами ўткир пичоқ тортди. Бўзболанинг бетига қон сачради. Қулмат подачининг юзини кўз ёшлари ювди.

Оломон гўё шу томошага йиғилган ва муддаосига етгандек тарқаб кетди. Улар орасида Эшон буваям ғойиб бўлди. Тиркашовни оқсоқоллик юки ушлаб қолдими, уни Мулла махсум ҳам, Қулмат подачи ҳам билмайди. Яна бир-икки киши билан қуёш қиблага оққанида боламозордан бир ўра кавлаб, подачининг бойўғлихонасидан чиқаришди.

Мулланинг юриш-туриши отамерос. Саҳарда азада, эртасига фотиҳада, сўнгига худойида қироат билан тиловот қилади. Азадорларнинг елкасига бош қўйиб, «Кўп куюнманг! У берганини олди-да», дейди-қўяди. Ачиниш, куюниш унга бегона. Негадир бугун унинг ранги қорайиб лаби ёрилибди. Қулматни-ку ўз дарди, қизғалдоқнинг иссиғи еб қўйган. Тиркашов муаллим асосига суянган. Икки-уч кишига «уй» кавлаганлар ҳам қўшилиб, саф кенгайиб мозордан жим қайтишяпти. Подачи чуқур «уҳ» тортди. Муаллим жимликни: «Қулмат, ичикма. Эл олдида айтганмиз, қачон бўлсаям Эшон бува билан у беномусларни топамиз. Қизғалдоқда қўймаймиз», деб бузди. Қулматнинг киртайган кўзлари гўристонга қадалди. Қип-қизил қизғалдоқлар очилиб ётган қабрлар орасидан митти мозорни топди. «Эҳ, сени шу кўйга солганнинг насли куйсин!» деганини билмай қолди. Бу негадир Тиркашов оқсоқолнинг қитиғига тегиб кетди.

— Қулмат, элга бундай дейишга ҳаққинг йўқ!
— Элни демадим.
— Ҳозир у кимдан, билмаймиз-ку?
— Билмасак, индаманг.
— Элга сенинг бойўғлихонанг етмайдими-а?
Кесакдан олов чиққанидай мўнди чўққа айланди. Тишсиз оғзидаги тупукни Тиркашовга тортиқ қилди. Изидан ёрилиб ётган бармоқлари етмай бўйнига асо тегиб тўнтарилди. Юз-кўзи демай бошига, кўкрагига тепкилаётган Тиркашовни Мулла махсум тортди. «Эй, Бухор алдаркўсани боласи, сен шу тиримурдага эга чиқиб қолдингми ҳали! Бунинг-ку ўлиб қутулмаса қутулмайди. Сен биланам кўраман. Саҳарга қўймай бу ялоқхўрни бойўғлихонасига қўшиб ўт қўяман. Сенинг бошинга итнинг кунини соламан. Ўзи, куни билан кўзингни ола қилганинг ортиқча…», дея тинмади.

Тиркашов муаллимдан ўтолмай мозорга бориб келаётганлар: «Домла, одам тенги билан жанжал қилади-да энди. Сиз у ялоқхўрни сўкканингиз ҳайф. Алдаркўсани боласиям бир гўр. Қулсан, қобилсан, асли наслингга тортасан, деган-ку. Шу алдаркўсага тортибди-да энди. Қўйинг, …вич эшитса хафа бўлади-я», деб овутган бўлди. У бўлса то уйгача мулла билан подачининг таърифини келтириб борди.

Подачининг оғзи-бурнидан оққан оч қизғиш қон Мулланинг яктагиниям бўяди. Қулматни қўлтиқлаб «бойўғлихона»га олиб бориб бир кафт сув топмай ариққа ювинтирди ва Шунқор Мирзодан ош-овқат бериб юборишини айтиб, Мулла махсум жўнаб кетди.

Туни билан Қулмат подачининг уйқуси қочиб узоқ хаёлларга чўмиб, шифтга тикилганча ётди. Сас-садо йўқ. Ҳатто бойўғлиям жим. Ёта-ёта кулбасини сағанага ўхшатди. Ўзини унда ётган ҳисоблади. «Наҳот мен ўлган, сағанада ётган бўлсам-а? Ўлигимга ким эгалик қилади-а?!» Ўлимдан илк бора қўрққанидан отилиб ташқарига чиқди-ю қўлига кесак олиб кулбасига дўқ қилди, отолмади. Ич-ичидан келган алам қайтадан тислантирди. Остонада отасини кўриб боладай чопди. Отаси бағрига ўзини отди. Қучди. Сароб экан. Пешонасини остонага уриб ўкириб юборди.

«Эй худо! Менга нега ризқ берувдинг!? Сарсон қиламан девмидинг!? Аҳмоқ қиламан девмидинг!? Ё, Тангри, айт, мендан нима ўтган, айт!? Сағир қилдинг, кўндим! Куттирдинг, чидадим! Отам сиғмаган дунёга, онам сиғмаган дунёга, болам сиғса бўлмасмиди, айтсанг-чи, айт!? Сенингам тилинг бор, айт!? Бировнинг молини олдимми ё жонини олдимми, уйини буздимми, айт қани, айт!? Ё берганингни мен нотавон билмадимми, айт!? Берганинг сағирликмиди ё бир гулни қўлимда сўлдирганингмиди!? Ўзи сен тўғри билан эгрини фарқлай оласанми, айт!? Ҳаромни урчитсанг, ҳалолни тўссанг, сенинг адолатинг шуми!? Менга яна нимани атаб турибсан, айт, айтсанг-чи!? Эсимни танибманки эзасан, эзғилайсан, тўймайсан, айт, ўзи қачон қўясан!?» Қулмат таъна қилиб, зорланиб толди, ҳовиридан тушди. Энди у ҳорғин овозда ғудранарди: «Эй, Тангрим мендан ўтгандир. Мендан бўлмаса аждодимдан ўтгандир. Майли, нима берган бўлсанг барига, қайғунгаям, қувончингаям шукур! Аммо мен сенинг луқмаси ҳаром, ҳирсига қул бандаларингдан нафратланаман. Нафратлансам нима қилай, ўзинг айт!?» Қулмат яна томоғига зўр бериб бақира кетди: «Нафратланаман, нафратланаман! Нафратланаман! …». Ўз ёқасидан олиб, ер муштлаб ётганини, яктагини йиртиб ташлаганини англаб, индамай осмонга тикилиб қолди.

Юлдузлар ўша-ўша. Сомон йўли бурунгидек. Эшак ҳанграшию хўрознинг қичқиришида ҳам ҳеч бир нуқсон йўқ. У тонг отарни кутмай елкасига тўнини ташлаб Қизғалдоқни тарк этди. Қишлоқдан чиқаётганида узун вагонларини судраган, белига Кимкўрган — Ғармистон ёзувли поезд шитоб билан келиб «тақа-тақ» қилиб Қизғалдоққа бир тўхтаб ўтиб кетди. Унинг хаёлида йигитлик даври, худди шундай бир тун жонланди. Ўшанда худди шу поезддан бир болани эргаштирган кўккўз хотин тушиб қолган ва Тиркашовнинг уйини сўраганди. Ҳа, у бола ҳозир Ғармистондай катта шаҳардаги кимсан …вич, аҳли Қизғалдоқ у билан фахрланади. Бирови тўғри йўлдан озса, уни йўқлаб боради. Бирови мақсадга етаман, деб эгри йўл излаб боради. У шундай катта одам бўлган. Қизғалдоққа юриб келиб Қизғалдоқдан чиққан ва қизғалдоқликман деганига соя бераётган …вич!

Қулмат кўп йўл юрмай подачилиги эсига тушиб таёғини излади. Ташман туянинг олдига бораман деб, бир қадам олса иккинчисини Тиркашов муаллимдан қочиб қўяди, учинчисини ўз ўтмишидан қутуламан дея ташлайди. У шу кетганча Жинжаклига, ундан Чаман гузарга, ундан Найзабулоққа ва Найзабулоқнинг суви тўкилиб турган дарёни ёқалаб яна кўп юриб Полвонариқнинг бошига келиб қолган.

Полвонариқ бўлса, ҳув, анави қишлоққа саҳарда бир тўйга етказган. У ўша тонгдан бери тўй-маъракаларда самовар ёқиб чой қайнатади. Тўйдан қайтишида болалар «самоварчи чол», деб ортидан эргашиб чопади. Бири тош отади. Бошқаси тош отганга дўқ қилади. Яна бири қўшиқ айтишини сўрайди. Унинг бисотида бор-йўғи такрор-такрор айтадиган битта қўшиғи болаларни анграйтириб қўяди.

Эчким туғди, сути йўқ.
Қумарасини* қути йўқ.

Овози эшитилмай, ўзиям кичрайиб-кичрайиб, бора-бора бир нуқтага айланиб, ёлғиз оёқ йўлга сингиб кетади.
Қаерда ётади, ким билан истиқомат қилади, буниси қоронғу. Қаерликсиз, деб сўраганларга чол шундай деган: «Ер куррасининг қоқ киндигидан кун чиқарга терс тарапдаги Лўлитоппасдан». Тўйдан олган қўниғини қўлтиғига қисиб, гоҳ тошлар орасида қолиб, гоҳ қўшиқ айтиб яна-яна ўз йўлига сингаверади. Кечалари узоқ-узоқлардан бир сибизғанинг товуши келса ҳамма «бу ўша — самоварчи чол», дейишади. Унинг ҳар замонда сакраб, қўлини баланд-баланд чўзиб рақсга тушиш одати борлигиниям, қишлоқ этагидаги кўл балчиғига ағанаб, шалварини байроқ қилиб чопиб юришиниям кўрганлар бор. Уни биров Қулмат деса, бошқа биров Қулмуҳаммад дейди. У ҳақидаги гап-сўзлар жуда урчиганидан қай бири рост, қайси ёлғонлигини ҳам билмайсиз.

__________________
Жодраб — яйраб
Марсиниш — мақтаниш
Буватин — Мулланинг хотинига шундай нисбат берилади.
Момо тугун — Ёши улуғ момолар тўйларда кураш ёки кўпкарига соврин учун махсус тугун тайёрлайди. Унинг ичига жойнамоз, белбоғ, маҳси ёки ширинлик солиб яхши ният билан тугиб қўйилади.
Қумараси — боласи

01 Муаллиф ҳақида

032 Нурилла Чори 1983 йили қишнинг адоғида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Изиллоқ қишлоғида туғилган.
2003-2007 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. У 2007-2011 йилларда “Ёш куч” журналида,“Маҳалла” газетасида фаолият юритган. Шу йиллар давомида бир қанча адабий гурунглар эълон қилган.
Ҳикоялари “Ёшлик” ва “Жаннат Макон” журналида чоп этилган. Шунингдек, ёш ижодкорларнинг “Олтин кўприк” тўпламидан ўрин олган.

хдк

(Tashriflar: umumiy 91, bugungi 1)

1 izoh

  1. Айни пайтда “Маҳалла” газетасида хизмат қилаётир. Eski ma`lumot. O`zbekfilmda ishlayapti.

Izoh qoldiring