Nurilloh. «Poyezd»ni o’qib

nurulloh

Нуриллоҳ
(Нурилла Нарзуллаев)

«ПОЕЗД»НИ ЎҚИБ

“Поезд”ни ўқиб, авахтада ўтирган икки инсон ҳақидаги ибратли воқеа эсимга тушди. Икки маҳбусдан бири авахтанинг кичкинагина туйнугидан нуқул атрофдаги чиркинликка, ифлос манзараларга қарайди. Иккинчиси эса, дарахтларни, гулларни, мовий осмон ва юлдузларни кузатади. Биринчи маҳбусни кимга ўхшатишни билмайсан, лекин аниқки, иккинчи маҳбус ҳақиқий санъаткордир.
...Ҳикоя қаҳрамони кирган купеларнинг бари чиркин, даҳшатли. Бирор бир купеда ёруғлик йўқ. Қаҳрамонларнинг деярли барчаси одам сонидан чиққан одамлар…
Тўғри, воқеликни очиқ-ошкор баён қилиш – бадииятда гарчи фазилат саналмаса-да – қусур ҳисобланмайди, ўша баён бадиият мезонлари нуқтаи назаридан ўзини оқласа, бас. Санъат асарида воқеа бундан ҳам аянчлироқ бўлиши ва ўзини том маънода оқлаши мумкин, қачонки, ёзувчи инсонни шафқатсиз равишда таҳлил қилиб, ҳар қандай ифлос, чиркин манзаралар воситасида ўқувчига илоҳий нурни кўрсата билса, ҳар қандай ҳайвонсифат одамнинг ҳам қалб тубида жавҳар борлигини, у албатта қалбига қайтиши кераклигини санъаткорга хос тарзда етказа олса. Аксинча, агар ёзувчининг мақсади фақат ўша тубанликни кўрсатишдангина иборат бўлса, бундай асар санъат асари эмас, балки садизм асари бўлади.
Достоевскийнинг шаҳватпараст, муттаҳам, очкўз, разил қаҳрамонларини эсланг… (“Ака-ука Карамазовлар”) Ёки Чехов ўзининг бу каби қаҳрамонларини ёмғирда арава четига боғланган итдан ҳам баттарроқ, ўша итдан ҳам тубанроқ деб билади. Аммо бундай аянчли тасвирларда аввало, ёзувчининг қайғули нигоҳини кўрасиз. У мана шу ҳолатда ҳам авахтадаги маҳбусдай юлдузларга тикилади. У ўзининг тубан қаҳрамонларини ўша тубанликдан қутқаришга уринади. “Кўриб қўйинглар, бу қаҳрамонларнинг аҳволи мана шунақа, биз мана шундай миллатмиз” деб эмас, балки уларнинг оғир шароитдаги руҳий изтиробларини, аламларини, фожеасини очиш орқали ўша қаҳрамонни ва у билан бирга ўқувчини ҳам юксакликка ундайди.
Ёзувчиликни шараф деб билган Кафкада бир ҳикмат бор: “Ниманидир айтиш учун эмас, ниманидир айтмаслик учун ёзадилар.” Ҳолбуки, ёзувчи “Поезд”даги воқеани бор-йўғи айтиш учун, айтганда ҳам, очиқчасига айтиш учун ёзганга ўхшайди. Ўқувчига унинг ўз қаҳрамонларини шарманда қилишдан бошқа мақсади йўқдек туюлади. Қаҳрамоннинг купеларга кириб чиқиш ҳолатлари Россиядан баъзилар ўлиб қайтаяпти, деган гапни ҳам атай тиқиштириб ўтиш учун келтирилгандек… Ҳақиқий ёзувчилар бу каби фожеаларни ўқувчига мурда кўрсатмасдан туриб очадилар.
“Поезд” муаллифи ёзувчига хос бўлмаган тескари ишни қилган. Ҳаётдаги баъзи типларни бадиий деталлар воситасида очиб кўрсатиш ўрнига воқеани айнан ҳикоя қилиб беради. Ҳикоя қилганда ҳам уларнинг ички дунёсига кирмайди, таши-ичи бир, демоқчи бўлади. Шундай бўлишига қарамасдан, “Поезд”ни ёқлаб ёзилган бир мақолада психоанализ талқинга тўхтаб ўтилган… Ҳолбуки, “Поезд” ҳақида гапираётиб, руҳий талқин борасида гап очиш ортиқча. Ҳикояда бундай мураккаб ва нозик таҳлилни кўрмадик.
Тўғри, адабиёт айниқса кейинги асрларда эркин ҳодисага айланди. Ўн тўққизинчи асрнинг ўрталарига келиб, Европа бутунлай янгиланиш босқичига кирди. Бунинг натижасида “Санъат санъат учун” деган ўзига хос адабий қарашлар пайдо бўлди. Бизда айримлар буни, демак, санъат халқ учун эмас экан-да, санъатни фақат ўзинигина исботлайдиган ҳодиса демоқчилар, деб тушунишди. Ҳатто, санъат агар халқ учун бўлмаса, унда санъатнинг нима кераги бор, деб ўринсиз тортишдилар ҳам. Аслида эса, санъат ҳар қандай шакли ва ҳолатига кўра албатта инсон, халқ, керак бўлса, омма учундир. Беҳуда баҳслашишга ҳожат йўқ. “Санъат санъат учун” бу – рамзий ибора. Аниқроқ ифодалайдиган бўлсак, санъат омма олдида ўзини-ўзи очиқ-ошкор кўрсатишга, ёки санъаткор ҳамма бирдай тушунадиган тилни, кўпчиликка маъқул бўладиган услубни танлашга маҳкум эмас, деганидир. Шу, холос. Санъатнинг мураккаб ва ижтимоий ҳаётга дахлсиздек кўринган намуналари инсоннинг раҳмоний ҳаётига, юксак онги ва ақлига бевосита хизмат қилиши мумкин.
Бу асар аслида юксак санъат учун ёзилган, дейилса-да, у айнан ер юзидаги энг улуғ мавжудот бўлган инсонга дахлдордир. Бироқ, мана шу қарашнинг иккинчи томони ҳам бор. Адабий эркинлик соясида разилликлар ошкор қилинади, инсоннинг асл зотига эмас, балки ҳайвоний сифатларига урғу берилади… Ва мана шу нуқтада инсонийликнинг чегараси бузилади.
Адабиётда инсонийлик чегарасининг бузилишини ҳар хил адабий оқимларга мансуб бўлган асарларда кузатишингиз мумкин. Масалан, Европада одамнинг ўзидан узоқлашувини модернист ўзича талқин қилган бўлса, садизмга мойил шахс ўзича талқин қилди. Ўзидан айрилган одам модернистларнинг талқинида ҳатто онасининг ўлимига ҳам бепарво, бадбахт ўғил (Камю “Бегона”) қиёфасида гавдаланади. У ўзини излаётган одам, ўзини тополмасдан, фақат ўзининг қурбонига айланган шўрпешона… Унга раҳмимиз келади. Унинг фожеасида ўзимизни ҳам кўрамиз. Бу-санъат.
Аммо ўзидан узоқлашган одам садизмга мойил ёзувчининг талқинида умуман бошқа қаҳрамон, бошқа образлар тимсолида ҳаракат қилади. Эркин ҳодисага айланган адабиётда садизм тарафдори унинг номидан иш кўрди ва инсоннинг тубан майлларини нисбатан жунбушга келтира олди. Бугун садизм адабиётининг ҳаётдаги қаҳрамонлари қонхўр вампирлар, раҳмсиз маняклар, бир жинсли эр-хотинлар ва ҳоказо… Энг ачинарлиси, ботинан санъатга, адабиётга алоқаси бўлмаган нарсалар санъат ва адабиёт номидан иш кўриб, ёвузликка хизмат қилди ва ҳозир ҳам хизмат қилаётир. Айни ҳодиса бугунги жамиятдаги ошкора қотиллик ҳаракатларини эсга солади. Террористлар одам ўлдиришни энг оғир гуноҳ деб билган динни рўкач қилганлари ҳолда одам ўлдираётирлар. Ёвузликнинг шакли ҳар-хил бўлиши мумкин, лекин ҳамиша моҳияти битта бўлади: у инсоннинг шайтоний сифатларига хизмат қилади. Худди маънисиз оммавий маданият сингари.
Қуръони каримнинг “Шуаро” сурасида “Шоирларга йўлдан озганлар эргашурлар. Уларнинг ҳар водийда (мавзуда) дайдишларини кўрмадингизми?! Ўзлари қилмайдиган нарсаларни гапиришларини ҳам?!” (Шайх Абдулазиз Мансур таржимаси) деган мазмундаги оятлар бор. Бу ҳукмнинг ортидан “эзгуликка хизмат қиладиганлари бундан мустасно” маъносидаги ҳукм келади. Қуръонда ҳукми келган шоир-ёзувчилар, мантиқан, ёки шайтоннинг хизматкорлари, ёки асл санъаткорлардир. Санъаткор нима иш қилади ва кимга хизмат қилади деган асосли саволларга Қуръони каримдан бошқа ҳеч жойда аниқ жавоб йўқ. Яъни, санъаткор (эҳтимол ўзи билиб-билмаган, тушуниб-тушунмаган ҳолда) ё шайтонга хизмат қилади, ё Раҳмонга.
Масаланинг бошқа бир жиҳати ҳам бор. Жалолиддин Румий ёмонликни ёки ёвузликни биз оддий одамларга ўхшаб лаънатламайди, балки унинг асосига теран нигоҳ ташлайди. Бошқача қилиб айтганда, биз билган ёмонликларнинг барчаси яхшиликларнинг сабабчисидир, деб уқтиради. Зулмат бўлмаса, нур ҳам бўлмасди, дегандай… Ҳар қандай ёмон нарсанинг ҳам қайсидир маънода яхшиликка хизмати бор, албатта. Лекин бу ёруғ дунёда ёвузликнинг асл хизматкори борлигини унутмаслик керак. Айниқса, иблис бутун инсониятга миллий заминдан узилган оммавий «маданият» шакллари орқали хуруж қилаётган ҳозирги кунда. Ёзувчи муқаддас Сўзнинг эгасидир. У Раҳмонга хизмат қилиши лозим деган гапни ёзувчининг олдига тўғридан-тўғри шарт қўйиш маъносида эмас унинг юксак маслаги бўлиши зарур, деб тушуниш керак.
Биз “Поезд” муаллифини танқид қилаётган бўлишимиз мумкин, аммо маломат қилиш фикридан йироқмиз. Гап шундаки, “Поезд”нинг паравозидагилар қайсидир маънода садизмнинг йўналишига тушиб қолгандай туюлаётир…
Шу ўринда Фридрих Дюррренматтнинг “Туннель” номли ажойиб ҳикояси сюжетига қисқача тўхталиб ўтамиз. Чунки ҳар иккала ҳикояда ҳам воқеалар нисбатан бир-бирига ўхшаш. Иккаласида ҳам сюжет поездда кечади. Иккаласида ҳам турли қаҳрамонлар бор… лекин санъаткорлик ва санъаткорга хос бўлган профессионализм нуқтаи назаридан иккала ҳикоянинг ўртасидаги фарқ – ер билан осмонча.
Фридрих Дюрренматтнинг поезди одатдагидай туннельга киради ва маълум бир вақтдан кейин табиий равишда туннельдан чиқиши кутилади. Поезд ҳа деганда туннельдан чиқавермайди. Дақиқалар ичида босиб ўтилиши мумкин бўлган туннель беш соатда ҳам тугамайди… Йўловчилар мутлоқо эътиборсиз… Поезд қаёққа кетаяпти? – уларга фарқи йўқ…
Туннель энди тугамайди, дейди ёзувчи. У аянчли бир фожеани очиб кўрсатади: поезддаги одамлар худодан юз ўгирган эдилар, худо уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйди ва энди улар буюк яратувчи томон кўтарилаётир.
Бизнинг “Поезд”имиз эса… ошқозони ишламайдиган, гиёҳвандликка муккасидан кетган, фоҳиша, тирик-ўлик қаҳрамонлари билан бирга яна ортга қайтди.

nurulloh

Nurilloh (Nurilla Narzullaev)

Nurilloh (Nurilla Narzullaev) 1974 yilning 16 avgust kuni Samarqand viloyatining Oqdaryo tumanida tugilgan. 12 yoshidan boshlab she’rlar bita boshlagan. 1993 yilda Samarqand Zooveterinariya texnikumini, 2003 yilda esa O’zbekiston Davlat Jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakultetini tamomlagan.

Ayni paytda Nurilloh «O’zbekiston» teleradiokanalida faoliyat ko‘rsatmoqda. She’rlari respublika vaqtli matbuotida muntazam chop etilib turadi. Shoirning «Fano yomg‘iri» nomli she’riy to‘plami chop etilgan.

(Tashriflar: umumiy 147, bugungi 1)

2 izoh

  1. Жуда зўр таҳлил бўпти. «Поезд» ҳикоясини ўқимаган эдим ҳали. Энди ўқимасам керак. «Туннел»ни қаердан топса бўлади?

Izoh qoldiring