Nurulloh Muhammad Raufxon. Ruhimiz bir bo’lsin.

0-77
Бугун давлат мустақиллигини қўлга киритганимиз би­лан ҳали маънавиятимиз, дунёқарашларимиз тўла мустақил бўлиб улгурганича йўқ. Бугун ҳатто ҳозир мен айтаётган шу кичкина, оддий фикрларни кўтара оладиган даражада ҳам мустақил бўла олганимиз йўқ. Ўзликка қайтиш кўчасининг бошида турибмиз ҳали-ҳозирча. Кўча бошида ҳам ҳолат ҳар хил: айримлар чин юракдан ўзликка қайтмоқчи; бошқа айримлар эса, ўзлик уларнинг ҳозирги ҳолатларини инкор эти­шини билганларидан, қайтайликми-йўқми деган икки­ланишда туришибди; учинчи бир айримлар ҳам бор, улар ўзликка буткул қайтмоқчи эмаслар, улар ўзликни инкор этувчилардир, уларнинг юраклари ўзгариб қол­ган, аммо мафкурада уларнинг таъсири ҳали ҳам катта.

06
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
РУҲИМИЗ БИР БЎЛСИН
02

020Китобни севадиган бир оилада туғилдим ва эсим­ни таниганимдан бери адабиётга меҳр қўйганлар қуршовидаман. Раҳматли ота-онам қачон бўш қолишса, қўлларидан китоб, газит ё жўрнол тушмасди. Шу манзараларни кўриб катта бўлдим. Айниқса кичик опам Нозирахон китоб жинниси эдилар. Ёш болалигимда неча марта ўзим гувоҳ бўлганман: катталар опамга: “Бор, қозон (ё қумғон) тагига ўт қалаб қўй”, дейишса, тутантириққа қўйилган қоғоздаги ёзувларни ўқиб ту­гатмагунларича гугурт чақмасдилар. У қоғоз кўп бўл­­са, кўраверинг. Ичкарида биз, чой қачон қайнар экан, деб кутиб ўтираверардик. Қўлимга илк қалам тутқазган ҳам шу опам бўладилар. Мактаб ёшига ет­гунимча қанчадан-қанча дафтарни ёзувга тўлдириб ташлаганман. Аямнинг ўзларига хос эртаклари бў­ларди. Айниқса раҳматли дадам ҳикоя айтишга уста эдилар.

Узун қиш кечалари сандалда ўтириб кўрак чу­вирдик. Эрталабгача “сичқонча”ларни сандалнинг кўр­­­­­­паси тагида иситиб, сал паҳмоқлаштириб топ­ширишимиз лозим эди. Кечки овқатдан кейин чувишга тушардик. Дадам раҳматли ҳикоя айта бошлардилар, биз болалар мириқиб тинглаб, анча-мунча кўрак чу­виб қўйганимизни билмай қолардик. Дадам гапи­ра­верардилар, биз эшитаверардик. Улар ҳаммаси ро­са қизиқарли эди ва мен ўзимни ўша эртаклар ичида ҳис этворардим. Болаларча саволларни қалаштириб ташлардим. Кейинчалик билсам, кўп ҳикоялари дини­миз тарихидан бўларкан. Аммо у пайтлар дадам бу­ни билдирмасдилар. Совет даврида буни айтиб ҳам бўлмасди-да. Биз совет ўктабирчилари ёки пио­нер­лари эдик, билмасдан кўча-кўйда, мактабда оғзи­миздан гуллаб қўйсак, “Ёш совет боласини эскилик сарқити руҳида тарбиялаяпти”, деган айб билан да­да­жонимизнинг бошларига тўқмоқлар тушиши мум­кин экан. Энди ўйлаб қарасам, шунинг эҳтиётини қи­либ, манбаини айтмасдан ҳам вазифаларини аъло даражада бажариб кетибдилар. “Минг бир кеча”ни “Ал­фи лайло” дердилар. “Лайло”ни биронта аёл ки­шининг оти бўлса керак, деб ўйлардим. Кейин билсам, “кеча” дегани экан…

Булар бари қўшилиб менда адабиётга ҳавас уй­ғонишига сабаб бўлгандир балки, аммо ҳавас она ал­лаларидан ё болаликда эшитилган эртагу ҳи­коя­лардангина туғилмайди, деб ўйлайман. Чунки аллани ҳам, эртагу ҳикояларни ҳам деярли ҳамма бола эши­тади, лекин кимдир адабиётчи бўлади, кимдир меъмор, кимдир учувчи бўлади.

Демак, биз билмаган, биз ўзимиз ҳал эта ол­май­диган, бўлиши бизнинг иродаларимизга боғлиқ бўл­маган ҳолатлар ҳам бор. Яъни, она қорнидаёқ битиб қўйиладиган тақдирнинг улушини унутмайлик ҳеч қа­чон, демоқчиман.

Энди илк ёзган ҳикоямга келсак. Илк ёзганим сақ­ланиб қолмаган. Мавзуини ҳам эсламайман. Ле­кин илк эълон этилганининг ёзилиш тарихи ҳам, бо­силиш тарихи ҳам тафсилотлари билан эсимда. Ўзим­ча пишди деб ўйлаган ҳикоямни раҳматли Шукур Холмирзаевга кўтариб олиб борганман ва у кишидан жуда илиқ фикрлар эшитганман. Ёқармикан, нима дер­кинлар, деб ҳаяжонда борган бир ғўр талаба Шукур акадай ҳикоя устаси оғзидан: “Ҳикоянгиз ёқди, “Шарқ юлдузи”нинг келгуси сонларидан бирига тайёрлаб қўйдим”, деган хушхабарни эшитса, ўзини қандай ҳис этади! Ўша дамдаги қувончларимни эсласам, ҳозир ҳам айрича ҳузур туяман… “Ютуқ” деб номланган ушбу ҳикоям тақдир тақозоси билан “Шарқ юлдузи”да эмас, 1982 йили янги ташкил этилган “Ёшлик” журналининг илк сонларида машҳур ёзувчи Ўткир Ҳошимов “Оқ йўл”и билан чиққан. Бу ҳодиса том маънода менинг ютуғим эди!

Китоб шаклида эса, олдинига ҳикояларим “Йўл бошида” тўпламига киритилди, ундан кейин мустақил “Дунё кенг…” ҳикоялар тўпламим чоп бўлди, ундан ҳам кейинроқ қисса ва ҳикоядан иборат “Шу ерлик киши” номида китобим чиқди. Бирон-бир асарингизнинг маъқул топилиб матбуотда чиқиши ўзи бир олам қувонч, энди у китоб бўлиб чиқса, у ёғини ҳар ким ўзи тасаввур қилаверсин! Айниқса, совет даврида – минг хил чиғириқларни енгиб ўтишга тўғри келадиган, ҳар маънодаги талабчанлик қаттиқ бўлган бир даврда, юпқагина китобини қўлида ушлаш бошловчи ҳар бир ёзувчига чексиз сурурлар бахш этар эди! Унинг устига, ёзганларингизни одамлар ўқиса, сиз ҳақингизда, асар­ларингиз ҳақида у ер-бу ерларда гапирилса!..

Кейинроқ “Оқ бино оқшомлари” ҳикоям асосида киносенарий ёздим, режиссёр Ҳотам Файзиев суратга олди, ҳалигача телевизорда кўрсатиб турилади. Бу соҳада озгина тажриба орттирганимдан сўнг Алишер Навоийнинг мен жуда-жуда севадиган “Лайли ва Мажнун” достони асосида киноқисса қилдим, афсус, советнинг охирги паллалари пул қадри кундан-кун бузилиб, охири суратга олинмай қолиб кетди. Ҳазратнинг яхлит туғилган саналари боис 1991 йили 2-сон “Шарқ юлдузи” журналида чоп бўлди. Шунисига ҳам шукр…

“Ёшлик” журнали ташкил бўлган йили мен Сур­хондарё вилоятининг чекка бир чўл қишлоғида, ўқи­тувчи етишмайдиган тўлиқсиз бир ўрта мактабида саккизта фандан дарс берадиган бир “маълим” эдим. Тошкентдалигимда бир-иккита машқларим билан та­ниш бўлган Эркин Аъзам таҳририятга ишга чақирди. Лекин мен ҳеч бўлмаса бир ўқув йилини тугатиб қўяй деб мактабдан кетмадим. Журналнинг иккинчи сонида чоп этилган биринчи (“Ютуқ”) ҳикоямни ҳам ўша пайтдаги Ленин йўли районининг Араб қишлоғида кутиб олганман.

Қишлоқ одамлари содда, самимий эди. Бир-икки ой ишлаганимдан кейин кексалардан айримлари: “Қалай, бизнинг Ўзбекистон ёқдими, ўрганиб кетдингизми?” деб сўрашган. Рости, сал довдираб: “Нима, мен Ўз­бекистондан бўлмай, ойдан келибманми?” дедим. Шунда улар кулиб: “Сиз фарғоначисиз-ку”, деб жавоб қилишган. Аммо болаларининг “маълим”ини қаттиқ ҳур­мат қилишарди, мен ҳам уларни яхши кўриб қолдим. Ҳалигача борди-келдимиз бор, Оллоҳга шукр…

Бу айтилганлар кўпроқ шахсимга тегишли икир-чикирлар, бошқаларга унча қизиғи бўлмаса, узр сў­райман. Аслида адабиёт ҳақида гаплашмоқчи эдик.

Мени таниган, мени ёзувчи сифатида унутмаган, мендан нималардир янги асарлар кутиб юрган таниш­ларимга, дўстларимга таҳририят берган бу фурсат ва имкониятдан фойдаланиб баъзи нарсаларни бил­диргим келди.

Икки-учта китоб ёзиб, унча-мунча давраларда но­­­­мим ҳам чиқиб, ўзимга, кучимга, қобилиятимга ҳар­ҳолда маълум маънода ишонч ҳосил қилиб олганимдан кейин менда ғалати бир ҳолат юзага келди. Кетма-кет ёзиб, у ер бу-ерда кўриниб туриш, тобора ном қо­зониш, юксакликларга интилиш… каби истаклар бут­­­кул йўқолди. Ёзмай қўйдим. Ёзгим келмай қолди. Эшитган қулоққа ғалати туюлар, аммо бу йиллар ичи­да, айниқса, эндигина ёзмай қўйган йилларим мав­зулари, тўкис воқеалари, аниқ образлари билан, бош­ланишию тугашларигача тайёр ҳолда не-не ҳикоя, қисса ва роман режалари хаёлимга келди. Кўнглим сезарди: агар уларни ёзсам, ҳарҳолда қизиқарли бир нарсалар бўлиши, ҳатто яхшироқ нарсалар чиқиши ҳам мумкин эди. Лекин мен қайсарлик қилиб туриб олдим, келганини елкамнинг орқасига ташлайвердим, ёзмадим. Кўнглим нимадир бошқа нарса тусар эди. У нарсанинг нималигини у пайтлар ўзим тўла тасаввур этмас, қандай юзага чиқариш йўлларини ҳам билмас эдим. Тўқсонинчи йилларнинг яримларида “Ватан” га­зетасининг “Нимага ёзмай қўйдингиз?” деган саво­лига “Мен ҳозир ўзимни онадан қайта туғилгандай ҳис этяпман. Ўсай, вояга етай, ўқиб-ўрганай, ана ундан кейин, насиб этса, қўлимга қайтадан қалам оларман”, деганга ўхшаш жавоб берганим эсимда. Ўзимча эса: “Оллоҳ қўлимдан вақтинчага қаламимни олди, албатта бу нарса ҳикматсиз эмас, бир куни лозим топганида қаламимни қайтарар”, деб овунардим. Лекин бекор юрмадим: Оллоҳ менга ҳар бири ўнта-ўнта романга татигулик олти фарзанд, ҳозирча тўрт набира бер­ди – шулар менинг энг яхши асарларим деб ҳам юпа­наман…

Мана, ҳозир ўша ёзмай қўйган пайтимни ҳисоблаб кўрсам, яқин ўн саккиз йилча бўпқопти. Онадан қайта туғилган тақдиримда ҳам, ҳозир ўн саккиз ёшга кирган бўламан. Ҳарҳолда ўн саккиз юракда турли-туман ҳаваслар уйғонадиган ёш. Шу боисми, яқинлардан бе­ри ичимда бирнималар ғимирлаб қолган. Энди ҳақиқий тўлғоқни кутяпман. Унгача, қўлим ёзишдан чиқиб кетмадимикан, деган ҳадикда ва умидда бит­та-иккита ҳикоя ёзган эдим, биттасини “Тафаккур” (“Чил­ла”, 2009, 3-сон), иккинчисини “Шарқ юлдузи” (“Этакдаги кулба”, 2010, 1-сон) журналлари босиб, менга далда беришди. Ўқиганлар ҳам илиқ қабул эт­ганлари кўнглимни кўтарди.

Нима демоқчиман?

Ҳаётга, одамларга қарашларим буткул янгиланди. Бундан келиб чиққан ҳолда адабиёт тўғрисидаги фикр­ларимда ҳам ўзгаришлар юз берди. Кўнглим бош­қа нарсаларни тусаб, бошқача ёндашувларни ис­таб қолди. Кейинги асрларда адабиётимиз тобора ўзининг асл вазифасини унутаётгандай, ўзи билмаган-сезмаган ҳолда аста-секин бегона ўзанларга тушиб, энди ҳатто ўзининг қадрдон ўзанини йўқотгандай таассурот қол­диради менда. Балки камчилик менинг ўзимдадир, лекин адабиётнинг бунақа ҳолатидан қониқмай қол­ганим чин. Адабиётнинг бош мавзулари бўлмиш Одам, Ҳаёт, Ўлимнинг ҳақиқатини билмасдан, ҳис эт­масдан туриб қилинган ишлар, ёзилган асарларнинг қиммати узоққа бормаслигига ишонч ҳосил қилдим. Хаёлимда биз майда нарсалар орасида, кераксиз ғоя­лар теварагида ўралашиб юргандаймиз. Ҳақиқий адабиётнинг даражаси олий бўлади, олдига олижаноб мақсадларни қўяди, жамиятни олижаноб руҳда тар­биялайди. Унинг вазифаси саёз, тубан ҳаётни ҳам “бор бўйича” тасвирлаш эмас. Неча йиллар давомида “бор бўйича” тасвирлашга ўрганиб қолиб, қарашларимиз анча ўтмаслашиб, фикрларимиз саёзлашиб қолгандай. Масалан, бугун биз одамни, дарахтни, воқеа-ҳодисани, яъни, оламнинг ташини кўрамиз, кўраётганимиздай тасвирлай ҳам оламиз, лекин ичини кўрмаймиз ёки ичига киргимиз келмайди. Сабабларни кўрамиз, таҳлил қиламиз, аммо сабабларнинг Сабабчисини кўрмаймиз ёки ўзимизни кўрмаганга соламиз. Ҳаётнинг кўриниб турган томони ҳамиша ҳам асли бўлавермайди, ал­дамчи бўлиши ҳам мумкин, алдамчи дунёга боғ­ланиб қолиш ва шундан бошқасини кўрмаслик юза­ларда ўралашиб қолишга олиб келади. Ҳали эс­ларимиздан чиқмагандир, ота-боболаримиз ­–­­­­­­ бутун олам­­га маънавиятдан дарс берган ўтмишдошларимиз бу дунёни “ёлғон”, “беш кунлик” деб билишар эди ва балки шунинг учун уларнинг асарлари ҳамон яшаяпти ва яна яшайверади. Чунки аслини таниган одамнинг фикрлари теран, ғоялари тоза ва узоқ умрли бўлади.

Шоҳ Машраб (у кишига Оллоҳнинг раҳматлари ёғилсин) бир шеърида: “Дунёга кўнгул берса киши, бўлғуси расво, Бу фоний жаҳон мулкига шатто уруб ўттум” деса, бошқа бир шеърида шу фикрига ҳамоҳанг равишда: “Дунё ясаниб, жилва қилиб олдима келди, Борғил нари, деб кетиға бир шатталаб ўттум”, деган.

Бу дунёнинг чин юзини таниганлар унинг чин баҳосини ҳам бера олади. Тўғри англаш керак, Маш­раб бу сатрларида дунёни дунё ўлароқ инкор этмаяпти, – зотан ўзи ҳам шу дунёда яшаб, дунёнинг неъматларидан баҳраманд бўлиб ўтган, – балки дунёнинг чин юзи билан алдамчи юзини ажратиб олишга ва бу алдамчи дунёнинг инсонларни тўғри йўллардан чалғитувчи ёлғон жилваларига учмасликка, унинг кетидан қувмасликка чақиряпти бизларни. Чор-совет истилоси даврида узоқ йиллик мафкуравий ишловлар натижасида дунёга қарашларимиз ҳам ўзгариб кетди: чинини ёлғон, ёлғонини чин дейдиган бўлиб қолдик. Бугун давлат мустақиллигини қўлга киритганимиз би­лан ҳали маънавиятимиз, дунёқарашларимиз тўла мустақил бўлиб улгурганича йўқ. Бугун ҳатто ҳозир мен айтаётган шу кичкина, оддий фикрларни кўтара оладиган даражада ҳам мустақил бўла олганимиз йўқ. Ўзликка қайтиш кўчасининг бошида турибмиз ҳали-ҳозирча. Кўча бошида ҳам ҳолат ҳар хил: айримлар чин юракдан ўзликка қайтмоқчи; бошқа айримлар эса, ўзлик уларнинг ҳозирги ҳолатларини инкор эти­шини билганларидан, қайтайликми-йўқми деган икки­ланишда туришибди; учинчи бир айримлар ҳам бор, улар ўзликка буткул қайтмоқчи эмаслар, улар ўзликни инкор этувчилардир, уларнинг юраклари ўзгариб қол­ган, аммо мафкурада уларнинг таъсири ҳали ҳам катта.

Бугуннинг катта зиддиятларидан бири шу.

Жамиятимизнинг бу ҳолати адабиёт деб аталмиш соҳага ҳам қаттиқ таъсир этяпти. Бу йўлсизликлар, бу иккиланишлар масала қўйиш ва ечишда, мавзу ва қаҳрамон танлашда, ёзиш услубларида ва ҳатто тилда очиқ билиниб турибди. Биз ҳатто нималар қилаётганимизни ҳам, қилаётганларимиз миллатимизга кераклими-кераксизми эканини ҳам ажратолмайдиган даражага тушиб қолгандекмиз назаримда. Мудом ўзликка қайтишга бел боғлаган эканмиз, бу зорманда ўзлик ўзи нима эканини ажратиб олмасак, яна ҳар хил йўлларга улоқиб кетишимиз ҳеч гап эмас.

Мен “ўзлик” деганда миллий ўзига хосликнигина назарда тутмаяпман. Албатта, асрлар давомида шакл­­­­ланган миллий ўзига хослик ҳам дунёни чи­ройли ва ранг-баранг қилиб турадиган ижобий ҳо­дисадир, бундай ўзлик инкор этилмайди, балки қўл­­лаб-қувватланади. Аммо энг биринчи галда ўз­лик Одам зоти ўзининг кимлигини билиши, ўзини та­нишидир. Яъни: мен кимман – ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолган, қийматсиз, тасодифий бир нар­саманми ёки яратилишимдан кўзланган олий мақсадлар туфайли юксак даражада қиймат бе­рилган бир олий яралмишманми?! Ҳаёт нима – бугун бор, эртага йўқ бўладиган қийматсиз, мазмунсиз бир вақт тушунчасими ёки эртага ҳам давом этадиган абадий ҳаётнинг бошланғич палласими?! Ўлим нима – тасодифий келишнинг муқаррар якуни бўлмиш абадий йўқликми ёки вақтинчалик ҳаётдан абадий борликка, абадий ҳаётга ўтиш ҳолатими?!

Буларни ҳар ким, энг биринчи галда зиёлилар, ёзувчи-шоирлар, илм аҳли ўзлари учун аниқ ажратиб олишлари лозим. Акс ҳолда, чин билан ёлғон орасида аросатда қолиб кетилиши тайин. Аросатдаги дунёқараш билан қанақа адабиёт яралади? Ва бундай “адабиёт” қанақа юракларни тарбиялайди, кишилик жамиятига нима беради, уни қанақа йўлларга бошлайди?

Кўп “асар”лардан қониқмай қўйганимнинг сабаб­ларидан каттаси шу. Лекин қониқмаслик бошқа, одам­ларни тўғри йўлда қониқтирадиган асарлар ёзиш бошқа. Бу йўлда Оллоҳдан ёрдам сўрайман, доим тўғриликни кўрсатиб турувчи ақл-фаросат, чиройли нарсаларни чиройли ифодаловчи бадиий қобилият ва зеҳният, кучли қалам ва улкан тўзим берсин ҳаммамизга.

Ҳозирда бор адабиёт айрим қирралари ила кўн­гилларни тўла қониқтирмаётган бўлса, ўрни нима би­лан тўлади? Эҳтиёжлар ичида энг кучлиси маънавий эҳтиёждир. У вақтида ва тўғри қондирилмаса, тузалмас хатога йўл қўйилади – яхшиликка номзод киши ёмон­ликка бой берилади. Оллоҳга шукр, адабиётимиз бу­гундангина иборат эмас. Жуда катта маънавий мерос эгаларимиз биз. То ўзимиз тўғри йўлларга ту­шиб ол­гунимизча тўғри йўлда юрган ва тўғрилиги асрлар ичра исботланган адабиётимиз бизга ёрдамга келади. Адашмаслик учун ўшаларни маҳкам ушлаб, асосий маънавий тиргагимиз бўлмиш Қуръон ва суннат асо­сида шаклланган адабиётимиз ва қадриятларимиз доирасида озиқланиб туришимиз керак.

Буни мумтоз адабиёт дейилади ва у бекорга “мум­тоз” дейилмайди! (“Ўткан кунлар”дан бу ёғида мум­тозликка даъвогар асарлар борми? Бордир балки, ле­кин одам ўйланиб қоларкан…)

Лекин ўзликдан узилган, жуда унчалик узилиб кет­маган бўлса ҳам, ҳарҳолда узилишга яқин қол­ганларга мумтоз адабиётни тушуниш, англаш қийин туюлади. Тўғрироғи, зеҳнларга “уларни тушуниш қи­­­­­йин” деган тушунча сингиб қолгани тушуниш йў­ли­га асосий тўсиқдир. Яъни, етарли даражада ту­шу­нил­маётганига матнларнинг оғирлиги эмас сабаб, бал­ки “тушуниш оғир” деган тушунча у адабиётни биздан айириб турибди. Аслида уларни тушуниш жу­да осон, фақат кичкинагина битта шарти – ўзликка қайтиш, фикрда ва руҳда қайтадан уларга қовушиш лозим. Яъни, тил бир бўлгани билан руҳ бошқа бўлса, албатта тушунилмайди-да. Бошқача айтганда, мумтоз адабиётни тушуниш учун мумтоз адабиётга маҳрам бўлиш керак. Ўхшатиш жоиз бўлса, мумтоз адабиётимиз бор чиройини номаҳрамлардан яширган гўзал аёл кабидир. Суқланиб қараган одам нари борса бу аёлнинг ёпинчиғини кўради. Ўранган аёл ҳеч қачон номаҳрамга бор чиройини, гўзаллигини кўрсатмайди, уни фақат маҳрамигина кўра олади, у бутун гўзаллигини фақат маҳрамигагина очади. Шу маънода, маҳрам бўлмай туриб мумтоз (тасаввуф) адабиётимизни ту­шунтирмоқчи бўлаётганларга ҳайрон қоламан. Шун­­ча чиройли сўзлар, шунча тиришишлар ҳаммаси бе­кор, увол кўринади менга. Уни тушунаётганга ўх­шашади, ҳатто бошқаларга ҳам тушунтирмоқчи бў­лишади, аслида, ҳақиқатига ета олишмайди, чунки “…шунослар”нинг кўпи унга номаҳрамдирлар. Ичидаги одам бўлиб эмас, ташда туриб англамоқчи бўлишади. Худди музей таништирувчиси ойна тагидаги гўзалликни ташқарида туриб таърифлагани каби, даҳлизда туриб ичкарини таърифламоқчи бўлишади. Бунда албатта ҳақиқат очилмайди-да. Чунки таърифчи ичкарини минг завқу шавқ билан тасвирламасин, ташқаридаги одам нарсанинг ич юзини – аслини эмас, таш кўринишини – шаклинигина тасаввур эта олади, холос.

Қаёқларга ўтлаб кетдим? Йўқ, ўтламадим чоғи. Ҳамон бир гап теварагида – нега ёзмай қўйдим, ни­мани ва қандай ёзиш керак, деган савол теграсида айланяпман, шекилли.

Ўқувчилар хато англамасинлар, сўзларимда ҳо­зирги адабиётнинг мутлақ инкори ҳам, фақат мумтоз адабиёт каби ёзишга чақириқ ҳам йўқ. Чунки ҳаёт қонунига кўра, орқага қайтилмайди, фақат олдга юри­лади, ўсаётган дарахт каби юксакка интилинилади. Бу ерда гап соғлом тупроқдан озиқланиб, тоза сувдан ичиб юксалиш ҳақида кетяпти, холос.

Ўрни келиб қолди, мавзуга тегишли бўлгани учун, кейинги йилларда адабий давраларда тез-тез кузатилаётган бир тортишув ҳақида ҳам му­ло­ҳазаларимни билдириб ўтсам. Гап “модерн ада­биёти” номида кириб келган бир тушунча ҳақида. Илк айтмоқчи бўлганим: “модерн” сўзининг ҳеч ҳам сирлилик жойи йўқ, “янги” маъносини берувчи оддий сўздир у. Агар ғарб охирги юзйилликда адабиёт оламида кўринган ўзгачаликларни “модерн адабиёти” деб номлаган бўлса, бу ўзларининг тилида ва тушунчаларида “янги адабиёт” деганидир, холос. Бунинг одатдан ташқари ҳеч қанақа сири ҳам, юки ҳам йўқ. Чунки шаклда ҳам, мазмунда ҳам у бирон-бир назарий қоида, қолип ё ажралиб турувчи усулларга асосланмайди. Яъни, ёзилиши олдингиларга ва бошқаларникига ўхшамаган ҳар қандай асар янгидир, янгичадир. Бу маънода ҳар қандай янгиликка йўл кенг очиқ, буни биров қораламайди. Аксинча, тажрибада синалиб, халққа ёқиб, адабиёт уйидан ўзига муносиб бир токчани топиб ўрнашса, қандини урсин. Тортишув бу ном ус­тида бўлмаслиги керак, балки у янги адабиёт бизга нимани ва қандай беряпти – шу ҳақда кечиши лозим. Янгилиги қуруқ шаклида ёки бошқачароқлиги фақат тушунарсизлигида бўлса, унинг нимаси “модерн”? Ўтган аср бошлари ўзбек адабиёти деярли ҳар куни янгиланиб турди. Масалан, “Ўткан кунлар” романи нечоғли энг янги (“модерн”) асар бўлса, у билан деярли орқама-кетин ёзилган “Сароб” романи энди ундан ҳам “модерн”лашган эди. Чўлпон шеърлари модерн эди, Рауф Парфи шеърлари ундан ҳам модерн. Ва ҳоказо. Яъни, бу сўзга сирлилик юкламасдан, оддий кўз билан боқсангиз ҳам, адабиёт ҳар куни янгиланиб турадиган ҳодиса эканини кўрасиз. Лекин бу гап ғарб адабиётига тақлидан “модерн”лашмоқчи бўлаётганларга ё тушу­нарсиздир, ё, тушунарли бўлган тақдирда ҳам, ёқ­майди. Чунки бунда улар ўзларига юклаётган ва бор қилиб кўрсатаётган сирлилик йўқолади.

Биз бир нарсани аниқ билиб олайлик: янгилик (модерн) ғарбда фақат адабиётга хос бўлиб дунёга келмаган, аксинча, у энг олдин фикрда (фалсафада) кўринди. Гапнинг лўндасини айтадиган бўлсак, дунёни тушунишда диннинг тушунтиришидан нечоғ­ли узоқлашиши ва қочиши даражасига қараб ўзига турли ном ва “…изм”лар қўйиб олган фикрий-фал­сафий йўналишлар қиёфасида юзага келди. Шу фикр­лар асосида кейинроқ турли адабий оқимлар ҳам ўртага чиқди. Афсус, бир неча ўн йилдан бери бизда “модерн адабиёт” ҳақида гап бўлади, лекин бу тушунча остида нима ётибди, у қаерда ва қандай шарт-шароитлар натижасида пайдо бўлди – бу ҳақда ҳартомонлама асосли (фундаментал), илмий тадқиқот йўқ, уни яратишга (ўрганишга) жиддий ҳаракат ҳам сезилмаяпти. Натижада ким нимани хоҳласа “модерн” деб атаяпти, ўқувчиларнинг фикрини чалғитяпти.

Ғарбда бундай “…изм” ва оқимлар кўпинча йўл­сизликдан, чорасизликдан, тушкунликдан, ўлчов­сиз­ликдан, норозиликдан ва, ниҳоят, зерикишдан юзага келган – буни ўша ғарб тадқиқотчиларининг ўзлари ҳам қайд этишган. Бу чиройли ниқоб остида айрим ҳолларда асар тагига инсон фитратига терс ғоялар ҳам сингдириб юборилган бўлади, уни одам бирданига сезмай ҳам қолади, фикрлаш тарзи янгига ўхшаб туюлгани учун ихтиёрсиз равишда эргашиб кетиб қолиши ҳам мумкин. Эҳтиёт бўлинадиган нуқта худди мана шу ерда. Нимадан эҳтиёт бўлишни билиш учун эса, сал тепароқда айтганимиздек, синчи адабиётшунос-мутафаккир олимларимиз ғарбда пайдо бўлган бу ҳодисани таги-туги билан ўрганишлари ва сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб беришлари лозим. То биз ҳодисанинг шаклинигина эмас, маъносини ҳам билайлик, сарагини олиб, пучагини ахлат пақирга итқитайлик. Шунда хатар кам бўлади.

Лекин ўзлик асло бошқалардан узилиб олиш де­­гани эмас. Кишилар ва миллатлар бир-бири би­лан доимо алоқа қилиб турганидек, ўзаро адабий ало­қалар ва бир-бирининг адабий тажрибаларидан ўрганишлар ҳам бўлиб туради. Мен бу гаплар билан, иккала оёғимиз она тупроқларимизда мустаҳкам ту­риб ҳам янгича (модерн) адабиётни яратса бўлади, демоқчиман, холос. Шунда фақат эргашувчи ва олувчи бўлиб қолмаймиз, балки эргаштирувчи ва берувчи ҳам бўламиз.

Ҳар хил ёт ғоялар таъсиридан сақланиш ва соғ­лом йўлда собит қолиш учун айниқса зиёлилар, халқнинг ойдин кишилари, барча ижодкорлар ўзларида ҳимоя қобиғини яратиб олишлари керак. Бу қобиқни Одам боласига холис имон беради. Имон кўзи билан дунёга боқсангиз, дунё ўртадаги ҳамма пардасини кўтаради, бегона (номаҳрам)лардан яширган чин юзини бутун чиройи ва маънолари билан сизга очади, бегона (номаҳрам)ларга кўрсатмаган ҳақиқатини сиз­га кўрсатади. Ва сиз бирдан ўзингизни ҳар қан­дай зерикишдан, йўлсизликдан, чорасизликдан, ўлчов­сиз­­ликдан ҳимояланган ҳис этасиз, қаршингизда на­моён бўлган маънолардан, гўзалликлардан шундай ҳайратга тушасиз, шундай завқланасиз… мана шу ҳайратдан, мана шу завқдан туғилган адабиёт ҳақиқий ва мумтоз адабиёт бўлади!

033    АДИБ ҲАҚИДА
—————————
09 Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов) — 1955 йили Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилган. Ўрта мактабни 1972 йили тугаллаб, 1972-76 йиллар орасида Тошкент самолётсозлик заводида ишчи, “ТатЭнергоСтрой”га (Русия) қарашли химкомбинат қурилишида электрпайвандчи бўлиб ишлаган. 1976 йили ТошДУнинг (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) ўзбек филологияси факулътетига ўқишга кириб, 1981 йили аъло баҳолар билан битирган. Меҳнат фаолиятини 1981 йили Сурхондарё вилоятининг ҳозирги Қизириқ туманининг янги ўзлашган чекка бир қишлоғидаги тўлиқсиз ўрта мактабда бир нечта фандан дарс бериш билан бошлаган. Кейинчалик “Ёшлик” журналида муҳаррир, бўлим мудири (1982—1989), “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ходим (1989), “Муштум” журналида масъул котиб (1989—1991) “Мовароуннаҳр” нашриётида бош муҳаррир (1991—1993), “Шарқ юлдузи” журналида бўлим мудири (1993—1999) вазифаларида ишлаган. 1999 йилнинг июлидан “Ҳидоят” журнали Бош муҳаррири, 2010 йил августидан бошлаб эса «Мовароуннаҳр” нашриёти Бош директоридир.
“Йўл бошида”, “Дунё кенг…”, “Шу ерлик киши” сингари қисса ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилган. “Оқ бино оқшомлари” киносенарийи муаллифи. Дунё адабиётидан бир қатор асарларни ўзбек тилига ўгирган.

“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 9-сон.

хдк

(Tashriflar: umumiy 67, bugungi 1)

1 izoh

  1. Нуриллох ака бугунги адабиётимиз хакида жуда уринли фикрлар билдирибди. Шундай яхши ёзувчи нега ёзмай куйди, деган савол бор эди менда. Шу саволимга жавоб топгандек булдим. У кишининг рахматли Хотам Файзиев (жудаям халол, куйинчак, ажойиб инсон эди, худо рахмат килсин) билан биргаликда ёзган «Лайли ва Мажнун» киносценарийсини укиб, хаяжонга тушганман. Жудаям ажойиб сценарий. Якин орада бунака сценарий укимаган эдим. Вакти келиб, истеъдодли режиссёр топилса, унга етарли имконият яратилса ва шу сценарий кино тилига кучирилса, дунё даражасидаги фильм чикишига ишончим комил.

Izoh qoldiring