Nurulloh Muhammad Raufxon. Kitob haqida 10 savolga 10 javob.

Ashampoo_Snap_2017.02.01_18h45m58s_002_.png   Ўқилмаган китобнинг ахлатда ётган қоғоздан фарқи йўқ. Сотиб олиб ўқимаган одам эса, Қуръони карим таъбири билан айтганда, “…сўнгра уни кўтармаган (ўқимаган ё ўқиганига амал қилмаган) кимсаларнинг мисоли худди китобларни ортиб кетаётган эшакка ўхшайди” (Жума сураси 5-оятдан) маъносидаги таърифга тушиб қолиш эҳтимоли бор, Оллоҳ сақласин.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
КИТОБ ҲАҚИДА ЎН САВОЛГА ЎН ЖАВОБ
009

nmr.jpgНуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов) 1955 йили Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган (1981).  «Йўл бошида» (1984) тўпламида ҳаммуаллиф, «Дунё кенг» (1985), «Шу ерлик киши» (1987) қисса ва ҳикоялар тўпламлари нашр этилган. «Оқ бино оқшомлари» қисқаметражли филм сенарийини ҳамда Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достони асосида киносенарий ёзган. Жаҳон ва туркий адабиёт намуналаридан бир қанча таржималар қилган.

009

Китоб ҳақида ўн савол

1. Китоб ҳаётингизда қандай ўрин тутади?

2. Илк бор ўқиб, завқ олган китобингиз эсингиздами? Болалигингизда ўқиган яна қайси китоблар ҳаётингизда ижобий таъсир кўрсатган?

3. Янги чоп этилаётган китобларни кузатиб борасизми? Улардан кўнглингиз тўлмаётган жиҳатлари ҳам борми?

4. Ҳозир бизда кийим-кечак, озиқ-овқат бозорининг харидорлари ниҳоятда сероб. Қачон китоб бозори гавжумлашади?

5. Устоз адиб Асқад Мухторнинг: “Китоб — бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани”, деган иборасини қандай изоҳлайсиз?

6. Жавонингизда қайта-қайта ўқийдиган, соғиниб қўлга оладиган китоб борми? Айтинг-чи, у қайси китоб?

7. Ҳозир нафақат болалар балки уларнинг ота-оналари ҳам кам китоб ўқиётганлиги ҳақидаги ташвишли фикрларга қандай қарайсиз? Уларни китобга қайтаришнинг ё`ли борми?

8. Агар ўзбек адабиёти бўйича “Олтин жавон” тузилиб, унга 10 та китоб киритиш зарурати туғилса, қайси китобларни киритган бўлардингиз?

9. Шу кунларда қандай китоб ўқияпсиз?

10. Журналхонларга қайси ва қандай китобларни ўқишни тавсия қиласиз?

 

Жавоблар

1. Оиламиз китоб ўқийдиган оилалардан эди. Кўзимиз очилибоқ китобни кўрганмиз десам ҳам бўлади. Раҳматли дадажоним билан аяжоним бўш қолишди дегунча китоб ўқиб ўтиришганини кўриб улғайганмиз. Ҳаётимни китобсиз сира тасаввур этолмайман. Лекин мақтанмай қўяқолай, мендан кўп китоб ўқийдиган, топганини китоб сотиб олишга сарфлайдиганлар анча-мунча. Уларга доим ҳавасим келади.

2. Кичик опамнинг ҳаракатлари билан ҳали мактабга бормасимдан саводим чиққан эди. Биринчи синф охирларига бориб ўзим китоб ўқий бошлаганман. Ўқиганим, ўқиб завқланганларим аниқ, лекин у илк китоб қайси эди – эсимда йўқ. Эртак китоб эди, албатта. “Беш жонлини бежон қилган баҳодир” деган эртакчалар бўларди. “Уч оға-ини ботирлар”даги Кенжа ботир мени қаттиқ ўзига тортган. Кейинроқ билсам, бу ботирда фаросат, куч, маҳорат ва олижаноблик тўпланган экан. Балки у пайтда ўзим англаб етмаган ҳолда унинг айни шу фазилатлари менга қаттиқ таъсир қилгандир. Бешинчи ё олтинчи синфда ўқиб юрганимда дадажонимнинг саккиз жилдлик “Минг бир кеча” китобларини ўқиб чиққанман. У катталар ўқийдиган китоб, лекин мен уйда бор китобни ўқийверар эдим.

3. Афсус, ҳар хил олди-қочди мавзулар урчиб, ялтироқ муқовалар билан безаниб, китоб шаклида дўконларнинг тўридаги токчаларга чиқиб ола бошлаганидан бери пича кўнглим чўкиб, китобга хафсаласизлик пайдо бўлди. Шунинг учунми, янги чиқаётган китобларни доим кузатиб бораман дея олмайман. Лекин орада тарихимизга тегишли, совет даврида халқдан яширилган китоблар ҳам чиқяпти, бу қувонарли ҳол. Бадиий адабиётга келсак, адабиётимиз тиниб, ғоялари теранлашгани сари салобати юксалиб, ота-боболаримиз эришган чўққилардан ҳам баландларни эгаллашига ишонаман.

4. Совет давридаги бир маълумотга кўра, аҳоли жон бошига китоб сотиб олиш бўйича ўша пайтдаги СССРдай катта мамлакатда Қўқон шаҳри биринчи ўринда, СССРда тугул, ҳатто Оврупода ҳам энг йирик ва маданий шаҳарлардан ҳисобланган Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) эса иккинчи ўринда турарди. Бу дегани халқимиз китобни жуда севадиган халқ. Эски дарё ўзанига яна қайтади, бир пайтлар шарқираб оққан сув яна тўлиб-тошиб оқади. Одамлар китоблардан кўнглидаги гапларни топа бошласа, китоб бозори яна қизийди, иншааллоҳ. Бугуннинг ўзида юз минг-икки юз минг сўм пулини аямай айрим китобларни сотиб олаётган одамларни кўрсам, кўзимга ёш келиб қувонаман. Китобларнинг қимматлиги иккинчи масала, одамларнинг шунча пулга китоб ола бошлагани ажойиб ҳодисадир!

5. Жуда топиб айтганлар! Ўқилмаган китобнинг ахлатда ётган қоғоздан фарқи йўқ. Сотиб олиб ўқимаган одам эса, Қуръони карим таъбири билан айтганда, “…сўнгра уни кўтармаган (ўқимаган ё ўқиганига амал қилмаган) кимсаларнинг мисоли худди китобларни ортиб кетаётган эшакка ўхшайди” (Жума сураси 5-оятдан) маъносидаги таърифга тушиб қолиш эҳтимоли бор, Оллоҳ сақласин.

6. Бор. Бир эмас, бир нечта. Аммо севган китобим ҳам севган кишимдек менинг бир маҳрамимдир. Маҳрами билан эл кўзида қучоқлашиб ўтирганларни ёқтирмайман. Айтмай қўяқолай.

7. Хоҳлаймизми-йўқми, билинтирмай-сездирмай китоб ўрнини телекинолар ва интернетлар эгаллаб боряпти. Танглайи китоб билан кўтарилган биз каби катталарга бу ҳол ёқмайди, албатта. Лекин интернет ва кинолар тарбиясини олаётган болаларнинг ўзи нима дейди? Нимага китоб ўқимаяпти? Ота-оналар нега китобга қизиқмай қўйишди? Уларнинг кўзини телеекрандан узиб китобга қаратиш учун, менимча, энг олдин эътиборларини торта оладиган, кўнгилларини овлай оладиган китоблар ёзилиши керак. Ҳозир ўзбек адабиёти мавзуини ва йўлини ахтаряпти. Бир куни топади. Демак, китоб ўлмайди, иншааллоҳ.

8. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк”и, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”и, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақоиқ”и, Алишер Навоийнинг “Хазоинул маъоний”и билан “Хамса”си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг дилбар ғазаллари билан “Бобурнома”си, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и билан “Меҳробдан чаён”и ҳамда Ойбекнинг “Наъматак” шеъри ҳар қандай олтин жавонга лойиқ асарлардир, менимча. Ўнтасини танланг дейилгани учун танлашга ҳаракат қилдим, аслида, яхши кўрадиган китобларим яна кўп. Масалан, энг замонавий адабиётдан Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон шеърларини қайта-қайта ўқиб ҳам зерикмайман. Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асари руҳимга уйғунлиги ва тилининг туркона гўзаллиги билан мени қаттиқ ҳаяжонга солади. Ва ҳоказо.

9. Яқин орада Исажон Султоннинг янги асарларидан учтасини ўқидим. Усмон Азимнинг “Фонус” китобини ўқияпман.

10. Китобларнинг китоби Қуръони каримни, маъно ва ҳикматларнинг кони ҳадиси шарифларни ҳар бир киши қўлидан қўймай ўқиши керак деб ўйлайман. Бадиий адабиётларга келсак, Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий”ини, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут тайр”ини, ўзимизга яқинроқлардан эса, АЪзам Ўктамнинг шеърларини, Тоҳир Маликнинг насиҳатномаларини тавсия қилган бўлардим.

“Гулхан” журналининг 2011 йил 4-сонида босилган.

0 Library-Books.jpgNurulloh Muhammad Raufxon
KITOB HAQIDA O‘N SAVOLGA O‘N JAVOB
009

nmr_2.jpgNurulloh Muhammad Raufxon (Nurullo Otaxonov) 1955 yili Farg‘ona viloyati O‘zbekiston tumanidagi Oyimcha Qaqir qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent davlat universitetining o‘zbek filologiyasi bo‘limini tamomlagan (1981). «Yo‘l boshida» (1984) to‘plamida hammuallif, «Dunyo keng» (1985), «Shu yerlik kishi» (1987) qissa va hikoyalar to‘plamlari nashr etilgan. «Oq bino oqshomlari» qisqametrajli film senariyini hamda Alisher Navoiyning «Layli va Majnun» dostoni asosida kinosenariy yozgan. Jahon va turkiy adabiyot namunalaridan bir qancha tarjimalar qilgan.

009

Kitob haqida o‘n savol

1. Kitob hayotingizda qanday o‘rin tutadi?

2. Ilk bor o‘qib, zavq olgan kitobingiz esingizdami? Bolaligingizda o‘qigan yana qaysi kitoblar hayotingizda ijobiy ta’sir ko‘rsatgan?

3. Yangi chop etilayotgan kitoblarni kuzatib borasizmi? Ulardan ko‘nglingiz to‘lmayotgan jihatlari ham bormi?

4. Hozir bizda kiyim-kechak, oziq-ovqat bozorining xaridorlari nihoyatda serob. Qachon kitob bozori gavjumlashadi?

5. Ustoz adib Asqad Muxtorning: “Kitob — boylik. Lekin sotib olingani emas, o‘qilgani”, degan iborasini qanday izohlaysiz?

6. Javoningizda qayta-qayta o‘qiydigan, sog‘inib qo‘lga oladigan kitob bormi? Ayting-chi, u qaysi kitob?

7. Hozir nafaqat bolalar balki ularning ota-onalari ham kam kitob o‘qiyotganligi haqidagi tashvishli fikrlarga qanday qaraysiz? Ularni kitobga qaytarishning yo`li bormi?

8. Agar o‘zbek adabiyoti bo‘yicha “Oltin javon” tuzilib, unga 10 ta kitob kiritish zarurati tug‘ilsa, qaysi kitoblarni kiritgan bo‘lardingiz?

9. Shu kunlarda qanday kitob o‘qiyapsiz?

10. Jurnalxonlarga qaysi va qanday kitoblarni o‘qishni tavsiya qilasiz?

Javoblar

1. Oilamiz kitob o‘qiydigan oilalardan edi. Ko‘zimiz ochiliboq kitobni ko‘rganmiz desam ham bo‘ladi. Rahmatli dadajonim bilan ayajonim bo‘sh qolishdi deguncha kitob o‘qib o‘tirishganini ko‘rib ulg‘ayganmiz. Hayotimni kitobsiz sira tasavvur etolmayman. Lekin maqtanmay qo‘yaqolay, mendan ko‘p kitob o‘qiydigan, topganini kitob sotib olishga sarflaydiganlar ancha-muncha. Ularga doim havasim keladi.

2. Kichik opamning harakatlari bilan hali maktabga bormasimdan savodim chiqqan edi. Birinchi sinf oxirlariga borib o‘zim kitob o‘qiy boshlaganman. O‘qiganim, o‘qib zavqlanganlarim aniq, lekin u ilk kitob qaysi edi – esimda yo‘q. Ertak kitob edi, albatta. “Besh jonlini bejon qilgan bahodir” degan ertakchalar bo‘lardi. “Uch og‘a-ini botirlar”dagi Kenja botir meni qattiq o‘ziga tortgan. Keyinroq bilsam, bu botirda farosat, kuch, mahorat va olijanoblik to‘plangan ekan. Balki u paytda o‘zim anglab yetmagan holda uning ayni shu fazilatlari menga qattiq ta’sir qilgandir. Beshinchi yo oltinchi sinfda o‘qib yurganimda dadajonimning sakkiz jildlik “Ming bir kecha” kitoblarini o‘qib chiqqanman. U kattalar o‘qiydigan kitob, lekin men uyda bor kitobni o‘qiyverar edim.

3. Afsus, har xil oldi-qochdi mavzular urchib, yaltiroq muqovalar bilan bezanib, kitob shaklida do‘konlarning to‘ridagi tokchalarga chiqib ola boshlaganidan beri picha ko‘nglim cho‘kib, kitobga xafsalasizlik paydo bo‘ldi. Shuning uchunmi, yangi chiqayotgan kitoblarni doim kuzatib boraman deya olmayman. Lekin orada tariximizga tegishli, sovet davrida xalqdan yashirilgan kitoblar ham chiqyapti, bu quvonarli hol. Badiiy adabiyotga kelsak, adabiyotimiz tinib, g‘oyalari teranlashgani sari salobati yuksalib, ota-bobolarimiz erishgan cho‘qqilardan ham balandlarni egallashiga ishonaman.

4. Sovet davridagi bir ma’lumotga ko‘ra, aholi jon boshiga kitob sotib olish bo‘yicha o‘sha paytdagi SSSRday katta mamlakatda Qo‘qon shahri birinchi o‘rinda, SSSRda tugul, hatto Ovrupoda ham eng yirik va madaniy shaharlardan hisoblangan Leningrad (hozirgi Sankt-Peterburg) esa ikkinchi o‘rinda turardi. Bu degani xalqimiz kitobni juda sevadigan xalq. Eski daryo o‘zaniga yana qaytadi, bir paytlar sharqirab oqqan suv yana to‘lib-toshib oqadi. Odamlar kitoblardan ko‘nglidagi gaplarni topa boshlasa, kitob bozori yana qiziydi, inshaalloh. Bugunning o‘zida yuz ming-ikki yuz ming so‘m pulini ayamay ayrim kitoblarni sotib olayotgan odamlarni ko‘rsam, ko‘zimga yosh kelib quvonaman. Kitoblarning qimmatligi ikkinchi masala, odamlarning shuncha pulga kitob ola boshlagani ajoyib hodisadir!

5. Juda topib aytganlar! O‘qilmagan kitobning axlatda yotgan qog‘ozdan farqi yo‘q. Sotib olib o‘qimagan odam esa, Qur’oni karim ta’biri bilan aytganda, “…so‘ngra uni ko‘tarmagan (o‘qimagan yo o‘qiganiga amal qilmagan) kimsalarning misoli xuddi kitoblarni ortib ketayotgan eshakka o‘xshaydi” (Juma surasi 5-oyatdan) ma’nosidagi ta’rifga tushib qolish ehtimoli bor, Olloh saqlasin.

6. Bor. Bir emas, bir nechta. Ammo sevgan kitobim ham sevgan kishimdek mening bir mahramimdir. Mahrami bilan el ko‘zida quchoqlashib o‘tirganlarni yoqtirmayman. Aytmay qo‘yaqolay.

7. Xohlaymizmi-yo‘qmi, bilintirmay-sezdirmay kitob o‘rnini telekinolar va internetlar egallab boryapti. Tanglayi kitob bilan ko‘tarilgan biz kabi kattalarga bu hol yoqmaydi, albatta. Lekin internet va kinolar tarbiyasini olayotgan bolalarning o‘zi nima deydi? Nimaga kitob o‘qimayapti? Ota-onalar nega kitobga qiziqmay qo‘yishdi? Ularning ko‘zini teleyekrandan uzib kitobga qaratish uchun, menimcha, eng oldin e’tiborlarini torta oladigan, ko‘ngillarini ovlay oladigan kitoblar yozilishi kerak. Hozir o‘zbek adabiyoti mavzuini va yo‘lini axtaryapti. Bir kuni topadi. Demak, kitob o‘lmaydi, inshaalloh.

8. Mahmud Qoshg‘ariyning “Devonu lug‘atit turk”i, Yusuf Xos Hojibning “Qutadg‘u bilig”i, Ahmad Yugnakiyning “Hibatul haqoiq”i, Alisher Navoiyning “Xazoinul ma’oniy”i bilan “Xamsa”si, Zahiriddin Muhammad Boburning dilbar g‘azallari bilan “Boburnoma”si, Abdulla Qodiriyning “O‘tkan kunlar”i bilan “Mehrobdan chayon”i hamda Oybekning “Na’matak” she’ri har qanday oltin javonga loyiq asarlardir, menimcha. O‘ntasini tanlang deyilgani uchun tanlashga harakat qildim, aslida, yaxshi ko‘radigan kitoblarim yana ko‘p. Masalan, eng zamonaviy adabiyotdan Rauf Parfi, Shavkat Rahmon she’rlarini qayta-qayta o‘qib ham zerikmayman. Alixonto‘ra Sog‘uniyning “Turkiston qayg‘usi” asari ruhimga uyg‘unligi va tilining turkona go‘zalligi bilan meni qattiq hayajonga soladi. Va hokazo.

9. Yaqin orada Isajon Sultonning yangi asarlaridan uchtasini o‘qidim. Usmon Azimning “Fonus” kitobini o‘qiyapman.

10. Kitoblarning kitobi Qur’oni karimni, ma’no va hikmatlarning koni hadisi shariflarni har bir kishi qo‘lidan qo‘ymay o‘qishi kerak deb o‘ylayman. Badiiy adabiyotlarga kelsak, Jaloliddin Rumiyning “Masnaviyi ma’naviy”ini, Fariduddin Attorning “Mantiqut tayr”ini, o‘zimizga yaqinroqlardan esa, A’zam O‘ktamning she’rlarini, Tohir Malikning nasihatnomalarini tavsiya qilgan bo‘lardim.

“Gulxan” jurnalining 2011 yil 4-sonida bosilgan.

005

(Tashriflar: umumiy 700, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum, Kun mavzusi ko’tarilibdi.Ajoyib maqola.Keyingi maqolalarda bugungi zamonaviy o’zbek va jahon adabiyotidan o’qish uchun tavsiya qilinadigan asarlar ro’yxatini berib borishingizni istar edik!

Izoh qoldiring