Nurulloh Muhammad Raufxon. Mehvar almashmaydi.

01

Албатта, ҳар қандай мавзу очиқ. У қанча нозик ё теран бўлмасин, ҳар ким уни ўрганишга, фикр-мулоҳазаларини билдиришга ҳақли. Бирдан-бир шарти – ўрганаётган шахс ўрганилаётган масалани пухта билиши керак. Чала билишдан ёки умуман билмасликдан юзага келадиган саёзлик муаллифни уялтириб қўйишидан ташқари, мавзудан хабари кам ёки буткул хабарсиз кўпчиликни асл ҳақиқатдан чалғитиши билан тескари хизмат ҳам қилиб қўяди.

033

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
МЕҲВАР АЛМАШМАЙДИ
“Ахлоқийлик меҳвари” (“Тафаккур” журнали 2012 йил 4-сон) мақоласини ўқиб…

Бошланғичда бундай бўлди:
Олдин дунё яратилди. Одамнинг келишига ҳозирланди. Сўнгра Одам яратилди. Жаннатга қўйилди. Ўзидан бир аёл ҳам яратилди. Оллоҳнинг иродаси, буюк ҳикмати ила иккаласи Ерга туширилди. Ерда тугул, бутун борлиқ оламда ёлғиз эди Одам билан Ҳавво. Бошқа кимса йўқ эди.Улар иккаласи ва билгисиз дунё! Энди нима бўлади, ер юзида ҳаётлари қандай кечади – билмасдилар. Бу билгисизлик қаршисида лол Одамга Оллоҳ таолодан билгилар тушди. Бир сўз билан айтганда, одоб-ахлоқ йўриқлари индирилди. Ўргатилди: Оллоҳгагина қуллуқ қил. Тўғри бўл. Алдама. Бир-бирингни ўлдирма. Ва ҳоказо.
Одам ва Ҳавводан бирин-кетин болалар туғила бошлади. Иблис ҳам енг шимариб ишга киришди: бир замонлар келиб, ака укани ўлдирди. Бири Оллоҳдан қўрқди, иккинчиси исён қилди. Оллоҳдан қўрққани – диндори ахлоқини бузмади, Унга исён қилгани ахлоқда илоҳий йўриқдан чиқди…

Мақолада жуда нозик масала, нозик бўлганида ҳам киши эътиқоди билан боғлиқ анча ҳассос ва теран ахлоқ масаласи кўтарилган. Лўнда қилиб айтилса, муаллиф “Кишилик жамиятига ахлоқ-одоб ўлчовларини ким (ёки нима) келтирган? Кишининг хулқи чиройли ё хунук бўлишида диннинг ҳиссаси қандай?” деган мавзуга қўл урган.

Албатта, ҳар қандай мавзу очиқ. У қанча нозик ё теран бўлмасин, ҳар ким уни ўрганишга, фикр-мулоҳазаларини билдиришга ҳақли. Бирдан-бир шарти – ўрганаётган шахс ўрганилаётган масалани пухта билиши керак. Чала билишдан ёки умуман билмасликдан юзага келадиган саёзлик муаллифни уялтириб қўйишидан ташқари, мавзудан хабари кам ёки буткул хабарсиз кўпчиликни асл ҳақиқатдан чалғитиши билан тескари хизмат ҳам қилиб қўяди.

Гарчи мақола бошида “…бугун дин ахлоқ назоратчиси вазифасини қанчалик ўтамоқда, деган савол атрофида мулоҳаза юритамиз”, деб вақт бугун билан чегараланганига алоҳида урғу берилган бўлса-да, хулосалар ҳам, йўлакай билдирилган мулоҳазалар ҳам бугуннинг ўзигагина тегишли эмас, тўғридан-тўғри динга, диннинг ахлоқий асосларига қаратилгандек. Бориб-бориб ҳатто умуман динларнинг, хоссатан, Ислом динининг кишилик жамияти хулқига таъсири бугун қолмади, дея хулоса қилинган. Ёш файласуф омма фикрини ўрганишга ихтисослашган тўртта ташкилотнинг қайси йўллар билан олингани шубҳали бўлган рақамларини бир-бирига уриштириш билан, бор-йўғи саккиз бетли мақоласида кишилик жамияти пайдо бўлганидан бери юзминглаб мутафаккир олим миллионлаб жилд китобда, миллиардлаб инсон эса ўз ҳаётида тасдиқлаб-исботлаб келган ҳақиқатни – ахлоқ диндандир, ахлоқни дин ушлаб туради, деган ҳақиқатни инкор этяпти!

Хўш, “ахлоқийлик – кишилар ўртасидаги муносабатда бутун жамият тўғри деб қабул қилган хулқ-атвор меъёрлари”ми ёки илоҳий йўл-йўриқлар асосида шаклланган ижтимоий муносабатлар тизимими?

Биринчидан, жамият одамлардан ташкил топади, одамлар эса ўзидан олдин ўтган ота-боболаридан ўрганганлари устига ўзларидан тажрибалар қўшади. Ахлоқнинг асосини қидириш учун боладан отага, отадан бобога, бободан катта бобога қараб хаёлан орқага юрилса, охири бир ота-онага – отамиз Одам билан момомиз Ҳаввога бориб тақалишингиз шубҳасиз. У битта ота-она кимдан ўрганган? Шубҳасиз, ўзларини яратган Зот – Оллоҳ таолодан ўрганган. Оллоҳга итоат этган боласида ҳам, исён қилган боласида ҳам битта ота-онадан ўтган хусусиятлар маълум миқдорда бор эди. Аммо бири имони кучлилигидан ахлоқини бузмади, иккинчиси имони заифлиги ёки исёни сабабли ахлоқсизлик қилди.

Иккинчидан, муайян бир хулқ-атвор меъёрларини жамият тўғри деб қабул қилиши учун олдин жамиятнинг қўлида тўғри билан хатонинг ўлчагичи бўлиши керак. Яъни, қайси ўлчовга солиб тўғри ёки хато дейди? У ўлчовни жамиятга ким берган? Бу саволларга жавоб ахтара бошласангиз, агар интилишингизда озгина холислик ва ҳақиқатга етишга самимий истак бўлса, хоҳлайсизми-йўқми, хулқ-атвор меъёрларининг булоғи илоҳий бўлиб чиқишини кўрасиз. Ҳар замоннинг энг ашаддий худосизи ҳам бир нарсани яхши ёки ёмон деркан, ўзи тан олмаса-да, қайсидир босқичда художўй бўлган ота-бобосидан қонма-қон ўтиб келган ўлчовларга таянади. Фарқи – у ўлчовларни айни чоқдаги эътиқодига (яъни, имонсизлигига) ва ўзига ўхшаганларнинг манфаатига мослаб-ўзгартириб олади.

Агар мақола муаллифи тахмин этаётганидек, “ахлоқийлик – кишилар ўртасидаги муносабатда бутун жамият тўғри деб қабул қилган хулқ-атвор меъёрлари” бўлса, унда жамиятни ташкил этувчи шахслар – алоҳида одамлар қачон ва қай тарз тўпланиб бу ўлчов-меъёрларни ишлаб чиққан ва бир тўхтамга келган? Бундай бўлиши имконсиз.

Учинчидан, то шу бугунгача ўртада яна қанчадан-қанча пайғамбар (ҳаммаларига Оллоҳдан омонлик бўлсин) келди. Ҳар замоннинг хусусиятларига уйғун одоб-ахлоқ ўлчовлари кетма-кет тушириб турилди. Тарихга қарасак, ҳамма пайғамбар, хоссатан, сўнгги пайғамбар юборилиш арафаларида одамлар ахлоқан бузилиб кетганини, жаҳолат ботқоғига ботганини кўрамиз. Ҳар гал янги илоҳий Китоб тушиб, одамлар бу янги йўл-йўриқларга завқ-шавқ билан боғланиб яшаган паллаларда ахлоқ юксак чўққиларга чиқди!

Кишилик жамияти тарихига, ахлоқ тарихига чинакам илмий назар билан боқилса, виждонли киши одамларни жаҳолат ботқоғидан гўзал ахлоқ боғларига олиб чиққан асосий омил дин бўлганини эътироф этади. Аммо ёш файласуф каби “дин маънавий ва моддий қадриятлар, қўйинг-чи, банибашар тамаддуни бешигини тебратган буюк кашфиётдир”, деган ғалат эътиқодда турилса, унда ҳақиқатга етиш қийин. Чунки дин асло кашфиёт эмас. Ақлли одамлар илм булоғига шўнғиб ўйлаб-излаб топган қонун-қоидалар ҳам эмас, уни ҳатто ҳеч бир пайғамбар кашф қилмаган! Дин мутлақо Оллоҳнингдир! Динда одамнинг заррача ҳиссаси бўлса, у одам учун, одамнинг ҳаётига уйғун қилиб туширилганидир, холос. Дин ишига одам бошқа йўсинда аралаша олмайди. Аралашса, айрим қавмлар каби, динни бузади.

Муаллиф бир ўринда мусулмон араб футболчиси билан насроний (ёки динсиз) инглиз футболчисининг ўйин чоғи ўзини қандай тутишини солиштириб, янглиш хулоса чиқарибди: “…ҳакамнинг кўзини шамғалат қилиб жарима ишлаб олиш илинжида майдонда ётиб олиб ўзини ҳар мақомга солаётган араб футболчиси ва турткилашларига парво ҳам этмай бор кучи билан олдинга интилаётган инглиз футболчисига эътибор қилганмисиз? Уларнинг ўйиндаги ғирромлиги ва ҳалоллиги (яъни, араб ғирром, инглиз ҳалол демоқчи. – Н.М.Р.) кишилар ўртасидаги реал муносабатларга кўчиб ўтмайди дея олмаймиз”.

Бу мисол хосликдан ташқари, юзаки ҳамдир. Бу хос ҳолатни ҳеч бир асосда умумга ёпиштириб бўлмайди. Масалан, битта ўзбек тижоратчиси шерикчиликда ғирромлик қилсаю бутун ўзбек халқи ҳақида хато хулосага келинса, тўғри бўладими? Аммо, мисол саёз бўлса ҳам, ундан чиқарилаётган хулоса хато бўлгани учун индамай ўтолмадик.

Биринчидан, “ғирром” арабнинг ҳам, “олижаноб” инглизнинг ҳам эътиқод даражасини ҳеч ким ўлчаб кўрмаган, бу ҳақда муаллифнинг қўлида ҳам аниқ далил йўқ. У бор-йўғи телевизордан ўйинни томоша қилиб ўтириб ўзича тахмин қиляпти, холос. Минглаб чақирим берилардан туриб! Қолаверса, балки араб футболчисининг ғирромлигига (ахлоқида камчилик борлигига) эътиқодининг сустлиги, инглиз футболчисининг ўзини олижаноб тутишига (гўзал хулқли эканига) унинг диндорлиги сабаб бўлгандир? Яъни, ўша сўровномадаги рақамлар айнан шу араб футболчиси ёки айнан шу инглиз футболчисининг эътиқод туйғусини ифодаламагани аниқ.

Иккинчидан, хайрият, мисолда “олижаноб” инглизни бир “ғирром” араб турткилади, дейилмапти. Демак, ўзининг ватандоши ё диндоши ва ё динсизликда фикрдоши турткилаган. “Турткилаш”нинг ўзи ахлоқсизлик эмасми? Ва бу ахлоқсизликни бошқа бир инглиз ёки немис қиляпти!

Учинчидан, агар “дин доим ҳам жамият ахлоқини яхшилай олмай”ди деган хулоса учун мисолни футболчиларнинг ҳолатидан келтириш лозим бўлса, ёш файласуф нега Олмония терма жамоаси ҳамда Мадриднинг “Реал” жамоаси ўйинчиси Месуд Ўзил ахлоқини мисол қилиб келтирмайди? Ўйинда бирон марта унинг ғирромлик қилганини ёки биров ғирромлик қилса, жаҳли чиқиб кетганини кўрган борми?! Рақиб дарвозаларига ўнлаб қойилмақом тўп киритганида ёки шерикларига ниҳоятда ўнғай тўп узатганида бирон марта телбаланиб, кўкракларини кериб ёки бошқа қилиқлар қилиб мақтанганини ёш файласуфимиз кўрдимикан?! Шериклари уни қуршаб олиб қутлаганида ҳам камтарона жилмайибгина қўйиши-чи! Ҳолбуки, Месуд Ўзил асли миллат ўлароқ аҳолисининг 98 фоизи мусулмон бўлган Туркияга тегишлидир. Гарчи олмониялик турк бўлса ҳам, мусулмон эътиқодли, ибодатли йигит у.

Ёки худди шу борада иккинчи мисол: нафақат Франсия терма жамоаси, балки жаҳон футболининг ёрқин юлдузларидан ҳисобланган Зайниддин Зидан майдонда ўзини қандай тутишлари наҳот ёш файласуфнинг нигоҳидан четда қолди?! Унинг одобига, ахлоқига бутун дунё тан берган бўлса-ю, бизнинг файласуфимиз битта инглиздан бошқани тилга олмаса? Чунки муаллифнинг олдиндан тайёр хулосаларига бу мисоллар халақит қилади!

Ўтган галги жаҳон биринчилигининг энг охирги ўйинида Франсиянинг қўли баланд келаётган эди. Айниқса, Зайниддин Зиданга ҳеч ким бас келолмади. Ғалаба ҳам яқиндек эди. Шундай бир вазиятда рақиб томон – Италия ўйинчиси Зайниддиннинг қулоғига “Террорчи!.. Сенинг онанг фалон!..” деб (Зайниддин Зидан бор-йўғи мусулмон бўлгани учун! – Н.М.Р.) ҳақоратлади. Зайниддин унинг кўкрагига битта калла қўйиб, қулатди. Ор-номусини ҳимоя этиб, чинакам эркакнинг ишини қилди. Италиялик ўйинчининг қилиғи эса шунчаки ғирромлик эмас, балки учига чиққан ахлоқсизлик ҳам эди. Ҳакам бу ахлоқсизни қўйиб, ахлоқлилик намунасини майдондан чиқариб юборди. Ўйинда Франсия ютқазди. Италия жаҳон чемпиони бўлди. Одоб ютқазди, одобсизлик ғолиб бўлди! Бутун Франсия энди Зайниддин Зиданни қораласа керак, деб ўйлаган эдик, аксинча, халқ уни қаҳрамонлардек кутиб олди! Ҳатто ўша вақтдаги мамлакат президенти Жак Ширак “Сенинг ўрнингда бўлганимда мен ҳам шундай қилар эдим!” деб, номусни ҳимоя қилиш ахлоқнинг энг юксак чўққиси эканини эътироф этди. Ўйинда ютқазган бўлса ҳам, ахлоқ бобида Зайниддин Зидан тимсолида, Франсия ютди. Ҳолбуки, Зайниддин Зидан фаранглик бўлса-да, келиб чиқиши мусулмон, мусулмон бўлганида ҳам, эътиқодли, ибодатли мусулмон эди. Унинг ҳатто ғайридинлар тан берган ахлоқини шакллантирган омил ҳам динидир!..

“Тўп тепиш”ни шу ерда тўхтатайлик-да, бошқа мисолларга боқайлик.

Гарчи салбий мисоллари кўпроқ мусулмонларга тегишли бўлса-да, мақолада умуман дин ва ахлоқ муносабатидан баҳс юритилган ўринлар ҳам бор. Масалан, 2011 йил 11 март куни Японияда юз берган тўфонли зилзила билан 2006 йил август ойида АҚШнинг Янги Орлеан шаҳрида юз берган “Катрина” тўфони чоғида икки мамлакат аҳолиси ўзини қандай тутгани қиёсланади ва “Жамиятнинг ахлоқий-маънавий ҳолати унинг диндорлик даражасига боғлиқми? Диний ақидаларга эътиқод қилиш кишилар хулқ-атворига қанчалик ижобий таъсир ўтказади?” деб кўндаланг қўйган саволига салбий жавоб беради. Ахлоқийлик диндорликка боғлиқ эмас, деган хато фикрни илгари суради.

Албатта, бу икки даҳшатли кулфат у ерларда яшайдиганлар бошига жуда катта талофотлар келтиргани маълум. Шу маънода, кулфат одамларнинг ахлоқини айириб берди, деб муаллиф тўғри хулоса қилади. Аммо одамларнинг ахлоқсизлигига диндорлиги тўсиқ бўлолмади, деган хулосаси асоссиздир. Чунки бу ёрқин мисолнинг қоронғи томони ҳам бор: сўров рақамларига суяниб муаллиф Амриқони диндор, Японияни динсиз мамлакатлар қаторига қўшади – хатоларнинг асоси ана шу ерда.

Биринчи хато: Амриқода тўфон кетидан содир бўлган ўғриликлар, талон-тарож янгиорлеанликларнинг ахлоқсизлигини кўрсатгани билан, улар буни диндор бўлгани учун қилганини билдирмайди. Худди шунингдек, японлар кулфат чоғи ўзларини мардона тутган бўлишса, бу ҳам уларнинг динсизлигидан эмас.

Иккинчи хато: телеэкранларга тушиб қолган амриқолик талончию ўғрилар балки айни динсизлардир, диндорлари юксак ахлоқини кўрсатиб, бу каби кирдикорлардан четда тургандир. Ўғрилик ва талон-тарождан ўзини сақлаган японлар эса айни диний тарбия кўрганлари, айниқса, Шарқ тарбиясига хос хусусиятда – ахлоққа катта эътибор беришда ўта ҳассос бўлганларидандир?

Учинчи хато: “Японлар эътиқод қиладиган динларда сомий динларида (яҳудийлик, христианлик, ислом) бўлгани каби ўзида илоҳий буйруқларни жамлаган, итоатсизлик учун жазодан огоҳлантирувчи, гуноҳ ва савоб учун ажримдан сўз юритувчи якка, қудратли Худо ғоясини ифодаловчи ягона илоҳий китоб мавжуд эмас (уларни маълум маънода худосиз динлар дейиш мумкин)” деган мулоҳазалар билан японларни мутлақо динсизга чиқариш, улардаги мустаҳкам ахлоқнинг манбаи, демак, бошқа нарса деган ғояни илгари суриш илмий-тарихий ҳақиқатга терсдир. Дунёдаги ҳамма диннинг (ёки динга айланиб кетган таълимотларнинг) катта қисми албатта ахлоқдан баҳс юритади. Масалан, кунфутсийлик илоҳий дин эмас, аммо шубҳасиз буюк шахс бўлган оддий бир мактаб ўқитувчиси Кунфутсийнинг таълимотини “Ахлоқ китоби” деса бўлади. Зардушт, Будда каби инсонлар яратган таълимотлар ҳам ахлоққа катта эътибор беради. Бошқача айтганда, агар ахлоқ меъёрларини белгилаб бермаса, ҳеч бир таълимот одамларга сингмас эди. Ёш файласуф ҳам ахлоқийликнинг ўзи инкор қилаётган манбалари ўрнига бошқа манба таклиф этаётгани бекорга эмас, у шундай қилишга мажбур. Бундай қилмаса, бутун ғоялари пуч бўлишини, одамларга сингмаслигини билиб турибди. Шунинг учун мақоласининг ҳар ер-ҳар ерида “қачонлардир ишлаб чиқилган қоидалар”, “жамият тўғри деб қабул қилган хулқ-атвор меъёрлари”, “тўғри йўлга қўйилган таълим ва қонунлар ижросининг қатъий таъминланиши”, “етарлича дунёвий таълим кўриш” деб хилма-хил тавсиялар бериб ётибди.

Тўртинчи хато. Асл ҳақиқат бундай – илоҳий низомга кўра, динсиз бир миллат, элат, қавм бўлмас. Жумладан, японлар ҳам қачонлардир динли бўлган. Ахлоқлари ўша ёқдан келади. Ақидалари кейин бузилиб кетган, аммо диний дунёқарашлари ипини ушлаб ўтмишга қараб юрилса, бориб-бориб бошланғич нуқтага – қайсидир бир диннинг тоза ҳолатига ва бирон пайғамбарга бориб тақалади. Оллоҳ таолонинг “То пайғамбар юбормагунимизча (бирон кимсани) азобловчи бўлмадик” (Исро сураси, 15-оят); “Ҳар бир уммат ичида ҳам, албатта, бир огоҳлантирувчи (пайғамбар) ўтгандир” (Фотир сураси, 24-оят); “Ҳар бир қавм учун ҳидоят қилувчи (Тўғри Йўлга бошловчи пайғамбар) бордир” (Раъд сураси, 7-оят); “Дарвоқе, Биз ҳар бир умматга “Оллоҳга қуллик қилингиз ва шайтондан йироқлашингиз!” (деган ваҳий билан) пайғамбар юборганмиз. Шунда улар орасида Оллоҳ ҳидоят қилганлари ҳам, шунингдек, йўлдан озиши қатъий бўлганлар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида юриб, (пайғамбарларини) ёлғончига чиқарганларнинг оқибати қандай бўлганини кўринглар!” (Наҳл сураси, 36-оят) деган Сўзлари қатъий ва энг ишончлидир! Биз ҳадисга таяниб, умумий ададини “бир юз йигирма тўрт минг (ҳатто икки юз қирқ саккиз минг)” деймиз, балки оздир, балки кўпдир, лекин пайғамбарлар ҳар бири ўз замонида ҳозирги халқларнинг ота-боболарига юборилгани ва содда жамиятларнинг ўша вақтдаги ҳолатига тўлиқ жавоб берадиган илоҳий йўл-йўриқ ва ахлоқ меъёрларини етказгани ҳақдир! Бугунги насл имонли бўладими, худосиз бўладими – у ота-боболардан ўтиб келган ахлоқни муайян бир шаклда тутиб келмоқда. Боши улуғ отамиз Одамга (у зотга Оллоҳдан омонлик ёғилсин) тақаладиган ва кейинги наслларга у зотдан мерос ахлоқий тамойиллар то бугунгача йўлда турли бузилишларга учраган бўлса-да, бузуқ хулқлар ёнида, уларни янада бузилиб кетишдан асраб, гўзал ахлоқ ҳам яшаб келди ва то қиёматгача яшаб қолажак.

Демак, дунёдаги ҳеч бир халқни, миллатни мутлақо динсиз бўлган, дея олмаймиз. Шу жумладан японларни ҳам. Ораларида ҳозир амал қилаётган хулқ-одобларнинг илдизлари қачонлардир уларга юборилган пайғамбар келтирган ахлоқдан сув ичади!

Мақолада “Ахлоқийликни биргина дин омили билан боғлаш ўта мураккаб муаммонинг содда, бироқ ишончсиз ечимини қабул қилишдан ўзга нарса эмас”, дейилибди. Тўласича бўлмаса-да, ахлоқийликда дин омили ҳам бор, демоқчи. Аммо динни бирламчи дейишдан қочяпти. Ҳатто, дин бошқа, ахлоқийлик меҳвари бошқа, деган ғояни илгари суриб, ҳақиқатнинг тескарисини исботламоқчи бўляпти. Яъни, жамият динсиз ҳам ахлоқли бўлиши мумкин, деяпти. Бу ғоя, ҳеч бўлмаганда, ўн тўрт асрдан бу ёғида ёзилиб келган ҳамма исломий манбани – ахлоқ диндандир деб таъкидлаган Имом Бухорийдан тортиб то бугунги Ислом олимларигача барча мутафаккирга (бутун маънавий меросимизга!), Ислом олами тўплаган бор маънавий хазинага соя ташлайди. Адабиётимизда эса Юсуф Хос Ҳожибу Аҳмад Яссавийдан то Фурқату Муқимийгача ўтган, ичида Алишер Навоийу Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам бўлган барча шоиру адибларимизни, улар илгари сурган ғояларни тарих сандиқларига қамаб, устидан “фан-техника тараққиёти вужудга келтирган бугунги муҳит”ни бостириб қўяди. Нега деганда, улар ахлоқийлик меҳварини дин деб билишган!

Кеча ахлоқийлик ўлчовларини дин келтирган ва уни назорат этиб турган бўлса ҳам, бугун бу ишни бажара олмайди, бугун жамият ахлоқини “тўғри йўлга қўйилган таълим ва қонун устуворлиги” тайин этади – “Ахлоқийлик меҳвари” мақоласининг бош ғояси ана шу. Яъни, ахлоқийлик масаласида дин бирламчими, қонун бирламчими? Жамият ахлоқини ўнглаш ва назорат қилишга бугун диннинг кучи етадими-йўқми, дея муаллиф ахлоқийликни таъминлашда қонунни илгари қўймоқда. Соғлом ақл ахлоқ масаласида барибир динни бирламчи ҳисоблайди. Дин қонундан илгари дейди. Ҳеч бўлмаганда, Яратувчисига қараб ҳам динни илгари қўяди. Қонун диндан кейин дер экан, қонуннинг жамият ҳаётидаги мавқеини камситмайди, балки унинг асл ўрнини қайд этади, холос. Ўйлашимизча, қонун ижод қилувчиларнинг ўзи ҳам ҳеч қачон уни диндан олдинга қўймайди. Чунки ҳар қандай қонун ўзгарувчан, дин эса ўзгармасдир. Қонун – даврий, дин – абадий. Қонун уни тузувчиларнинг салоҳияти даражасида бўлади, дин эса Яратувчисининг мақоми каби юксакдир. Булардан чиқадиган хулоса: жумладан, ахлоқ масаласида ҳам бирламчи диндир, қонун ахлоқнинг ҳосиласидир. Яъни, ахлоқ қонунни тақозо қилади, қонун ахлоққа хизмат қилади. Шунда ҳам, қонун яратувчилар ахлоқли бўлса, албатта! Акс ҳолда – қонун ижод қилувчиларнинг ўзи ахлоқсиз ёки ахлоқийлик ўлчовларини йўқотган бўлса, худди бугун айрим тараққий этган мамлакатларда, хоссатан, муаллиф диннинг таъсири сустлигига қарамай ахлоқи юксак деб ўрнак қилиб кўрсатаётган юртларда кузатилаётганидек, қонунлар ахлоқийликнинг эмас, ахлоқсизликнинг меҳварига айланади. Бугун Ғарб маданияти, ахлоқи (аслида, маданиятсизлиги, ахлоқсизлиги) эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг, ҳатто одам билан ҳайвоннинг жинсий алоқасини (“никоҳи”ни!) ахлоқийлик ўлчовлари ичидаги ҳол деб қабул қиляпти! Айниқса, ёш файласуф келтирган рақамларга кўра, ахлоққа дин таъсири масаласида энг паст кўрсаткичли Шветсия ҳамда “олижаноб инглиз футболчиси”ни етиштирган Англия каби мамлакатларда ҳатто черков икки бузуқнинг никоҳини қийиб беряпти!

Кимдир бузуқ бўлса, ўшанинг ўзи ахлоқсиз, аммо бу бузуқликни жамият ҳам тўғри деб қабул қилса, ахлоқсизликни қонун ҳимоясига олса, энди бутун жамият ахлоқсиз саналади! Камига бу ишга черков ҳам қўшилса, у ёғини кўксида виждони бор, ҳали ахлоқийлигини йўқотмаган ҳар ким ўзи билиб олаверсин. Меҳварлар алмашганида бундан бошқа натижага келинмайди! Яъни, ахлоқийлик меҳварини алмаштиришга уриниш орадан йиллар ўтиб, Оллоҳ кўрсатмасин, худди шунақа аянчли натижа беради!

Кечаги кунимизни бир эслайлик: коммунистик партия бошчилигидаги совет тузуми мафкурачилари ҳам етмиш йил давомида ахлоқ ҳақида, унинг меҳвари ҳақида бўлар-бўлмас ғоялар билан бошимизни қотириб келган эди. Улар ҳатто қонунни устувор демади. Диндан ҳам, қонундан ҳам коммунистик мафкурани устун деди. Ҳамма ижтимоий масаланинг, жумладан, ахлоқнинг ҳам асосига шу мафкурани қўйди. (Ҳолбуки, инсон фитратда динли қилиб, Сиғинувчисини изловчи қилиб яратилган. Дин ўртадан “олиб қўйилса”, фитратан динсиз туролмаганидан, одам ўзига тез бошқа бир сиғиноқ ахтаришга тушади. Кимдир пулга, кимдир ҳайвонга, кимдир мафкурага, кимдир ўзи каби одамга… сиғина бошлайди. Шуни ўзига “дин” қилиб олади.)

“Коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодекси”ни яратиб, то емаганига қўймай одамларнинг оғзигаю онгига зўрлаб тиқиштирганлари ёлғонми?! Натижа нима бўлди? Ул ғайриинсоний лойиҳа қандай якун топганини ёш файласуф билмаса, каттароқ ёшдагилар яхши билади. Совет мафкурасидан қутулинганига йигирма икки йил бўлди, аммо унинг асоратидан қутулолмаётганлар борлиги кишини ҳайрон қолдиради. Зўрлаб қусилса – ошқозон, ҳуқна қилдирилса – қорину ичак-чавоқ тоза бўлади, аммо миянинг иши оғир экан…

“Чинакам ахлоқли инсон диндор бўлгани ёки дўзахдан қўрққани учун эмас, аксинча, айнан ахлоқли бўлгани учун ҳам Яратганнинг кўрсатмаларига амал қилади”, дебди муаллиф. Бир қарашда чиройли кўринган бу сўз ўйини миямизга тубдан хато фикрни ерлаштиради. Ёш файласуф диндорликдан ахлоқлиликни ажратяпти. Бирламчилик ва бошланғичлик мақомини ахлоққа бериб, диндорликни натижа деяпти. Ахлоқ бирламчи бўлса, уни ким ва қай йўсин ишлаб чиққан ва жорий қилган? Пайғамбарлар (хоссатан, Охирзамон пайғамбари) келгунича жамиятлар ахлоқи қандай эдию улар келганидан кейин қандай бўлди? Ёки булар ҳаммаси ёлғон, “содда” ва “ишончсиз ечим”лар-у, муаллиф бизга тўғрисидан, “илмий” ва “ишончли ечим”лардан таълим беряптими?!

“Динлар ва маданиятларнинг ўзаро мулоқоти кучайган бугунги кунда ҳеч бир дин ахлоқ масаласида монопол мавқега эга бўлолмайди”.

Биринчидан, динлар ва маданиятларнинг ўзаро мулоқоти “бугунги кунда”гина пайдо бўлмаган ёки “бугунги кунда”гина кучайиб қолмаган, балки доим бўлиб келган, ҳеч бир замонда тўхтамаган ва ҳар даврга яраша кучайиб ё сусайиб турган. Буни билиш учун дунё тарихига бир назар ташлаш етарли деб ўйлаймиз.

Иккинчидан, муаллиф “ҳеч бир дин” деркан, динларни бир-биридан айри тушуняпти, манбаи битта эканини унутяпти. Динлар айри, манбаи бошқа-бошқа деса, ҳар бир диннинг илоҳи бошқа, деган илмдан йироқ фикрни илгари сурган бўлади. Бу ғоя бир замонлардаги “ҳар бир соҳа ёки ҳодисанинг худоси бор” деган кўпхудолик ғоясини эслатади ва асосда хатодир. “Худолар кўп” бўлса, борлиқ дунёда кўрилаётган бу муҳташам тартиб-интизом буткул издан чиқиб кетиши илмий исботланган ҳақиқатдир. Яратувчи – битта. Унинг шериги ҳам, тенги ҳам йўқ. Қуръони каримга кўра, инсониятга юборилган барча пайғамбар ва элчи битта динни – Исломни келтирган. Ислом эса тавҳид ва ахлоқдан иборат. Яъни, ҳамма пайғамбар яккахудоликни ва инсоний ахлоқни олиб келган. Ҳозирги ҳархилликлар уларнинг манбаи кўплигини билдирмайди, аксинча, манбаи битта, аммо илк замонлардан то охирги элчи тушгунига қадар ҳар гал олдинги пайғамбарга эргашганлар ичида Оллоҳнинг янги буйруғига бўйин суниб кейинги келган пайғамбарга ишонганлар ва бўйин сунмай “эски эътиқоди”да қолаверганлар ҳисобига ҳархиллик юзага келган ва гўё бошқа-бошқа динлар каби қабул қилинадиган бўлиб кетган. (Ҳамма пайғамбарга ишониш имоннинг етти асосидан биридир.)

Учинчидан, диннинг ахлоқ масаласида монопол мавқега эга бўлолмаслиги тўғрисидаги хулоса ҳам шу маънода ғализдир. Яъни, биз “иккинчидан” деб билдирган фикрларимизнинг мантиқий давоми ўлароқ, синчиклаб боқилса, умуман кишилик жамияти ахлоқининг бошланғич манбаи битта бўлиб чиқади ва шунга кўра мавқе талашиш йўқлиги маълум бўлади. Уни дунёнинг қайсидир бир чеккасида кимдир инкор этадими-йўқми, ҳақиқат ўзгармайди: ахлоқийлик меҳвари қатъий маълумдир! Бу меҳварни Эгасидан олиб бошқасига беришга ҳар қанча уринилмасин, ҳаракатлар увол кетади. Сабаби – “тўғри йўлга қўйилган таълим ҳам, ҳар қандай қонун ҳам” йўқ ердан пайдо бўлиб қолмайди, уларнинг албатта бошланғич нуқтаси бор, улар доим шу бошланғич нуқтага таянади. Таянч нуқта эса, яна-тағин айланиб келиб, ахлоқ меъёрларининг илк манбаига – динга (муаллиф айтмоқчи, динларга) бориб тақалади.

“Хўш, дин доим ҳам жамият ахлоқини яхшилай олмаса, у ҳолда бу вазифани нима бажаради? Бунга жавобимиз шундай: тўғри йўлга қўйилган таълим ва қонунлар ижросининг қатъий таъминланишигина вазиятни ўнглаши мумкин”, дейди муаллиф.

Аслида, дин доим ҳам жамият ахлоқини яхшилай олади. Ҳар қандай ҳолат ва вазиятда у мунтазам тарзда ахлоқ билан шуғулланади. Оллоҳ таоло яратиб қўйган табиатнинг ўзи ёки унга тақлидан одамлар кашф қилган махсус тозалаш қурилмалари кечаю кундуз тиним билмай чиқит сувларни тоза сувга айлантириб бераётганидек; Оллоҳ таоло яратган дарахтлар ёки унга тақлидан одамлар кашф қилган махсус тозалаш қурилмалари ифлос ҳавони кечаю кундуз тинимсиз тоза ҳавога айлантириб бераётганидек, Оллоҳ таоло ўртага қўйган ахлоқ ўлчовлари ҳам кишилар ва жамиятлар ўртасидаги ахлоқни кечаю кундуз муттасил кузатиб-тозалаб турибди! Неъмат ичида неъматнинг қадри унча билинмай қолади, оддий ҳолдай кўринади. Бу мукаммал “тозалаш қурилмаси” бирпас тўхтаб қолсин ё буткул ишдан чиқсин, нималар бўлиши ўшанда билинади! Ахлоқсизлик дин сусайганида бош кўтаради.

Қадимдан бир мисол. Ҳозирги Швейтсариянинг Лозанна шаҳрига беш-олти нафар араб савдогари келади. Дағал, қалин шолча матолардан уст-бош кийиб юрган лозанналиклар араблар олиб келган ҳарир, оппоқ матоларга ҳавас билан боқади. Аста-секин улар ҳам араблардек тоза кийина бошлайди. Ювинишни ўрганади. Савдо-сотиқ ривожланади. Араблар ҳам кўпаяди. Савдогарларнинг хуш муомаласи, савдода ҳалоллиги, бошқа одоб-ахлоқлари Лозанна аҳли диққатини тортмай қўймайди. Қизиқиш ортади. “Кимсизлар? Қанақа диндансизлар?” деб сўроқлай бошлашади. Уларнинг мусулмон эканини билгач, Ислом динига қизиқишади. Натижа бундай бўлади: қисқа фурсат ичида лозанналиклар Ислом динини қабул қилади, болаларини ҳам таълимга арабларга бера бошлайди. Бор-йўғи бир йигитнинг умричалик вақт ичида Лозанна аҳлининг катта қисми мусулмон бўлиб, йигирмадан ортиқ мактаб-мадраса очилиб, Оврупонинг қоқ ўртасида жойлашган мамлакатнинг бу шаҳри мусулмон шаҳрига айланиб қолади. Булар ҳаммаси йигирма-ўттиз нафар араб савдогарининг ахлоқи юзидан эди!

Ёки Индонезияни олайлик. Олис Индонезияга ҳам дин худди шу йўл – намунали хулқ билан кириб борган. Араб савдогарларидаги гўзал ахлоқни кўриб, унга маҳлиё бўлгач, маҳаллий халқ бундай ахлоқни келтирган динни ошиқиб қабул қилишга киришган. Бўлмаса Индонезия қаёқда, Араб яримороли қаёқда!

Энди мақола муаллифига бир-иккита саволимиз бор.

Омма фикрини ўрганувчи ўша “мўътабар” ташкилотлар Ер юзи аҳолисининг бешдан бири эътиқод қиладиган Қуръони каримни намойишкорона ёқаётган пасторларни ва шу алангада қўлини иситаётган кимсаларни ахлоқли дейдими, ахлоқсиз дейдими? Қуръони каримни ҳожатхонага ташлаган, оёғи остига олиб эзғилаган НАТО аскарининг иши қайси ахлоқ меъёрлари билан ўлчанади? Биронта мусулмон Таврот ё Инжилни бирон марта ёқмаган, ёқмайди ҳам. Буни эътироф этадими у ташкилотлар?

Нидерландиялик тубан рассом Суюкли Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) ҳажв қилиб чизган расмларни бутун Оврупа мамлакатлари газит-жўрноллари кўчириб босиш билан, мақола муаллифи ахлоқли деб таърифлаётган демократик давлатлар қанақа ахлоқий меъёрларга таянишини кўрсатди… Бунга қарши биронта мусулмон уларнинг муқаддасотини ҳажв қилдими?

Муаллиф улуғлаб, ўрнак қилиб кўрсатаётган Ғарб оламида айниқса кейинги йилларда Исломга, мусулмонларга қарши тинимсиз бўҳтонлар қилиняпти, Исломга ва мусулмонларга қарши шиор кўтариб чиққан гуруҳлар сайловларда ютяпти. Бу ҳол нимадан дарак беради? Сайловчиларнинг ҳам кўпи миллатчилик, ирқчилик кайфиятига ботганидан эмасми?! Миллатчилик, ирқчилик, бошқалар динини камситиш каби иллатлар ахлоқданми, ахлоқсизликданми?

Ёки Амриқо аскарларининг ироқлик асирлар устидан ҳақоратлари, “Абу Ғариб” қамоқхонасида мусулмон эркакларнинг энг ор-номусли нуқтасига тегиб, уларни яланғочлаб, ходадек устма-уст тахлаб, ораларида аёл аскарлар ҳам бўлган палидлар уларнинг бу ҳолларидан ҳо-ҳолаб кулишлари… қанақа ахлоқ ўлчовларига тўғри келади?!

Мақолада нега бу ва шу каби мисоллар йўқ? Чунки бу мисоллар мақола ғоясига, муаллифнинг олдиндан тайёр хулосаларига тўғаноқ бўлади. Ҳолбуки, далилдан хулосага келиш керак, акси эмас. Фикрдан ҳодиса туғилмайди, ҳодисадан фикр туғилади.

Хуллас, гапирилса гап кўп. Аммо мулоҳазаларни умумлаштирадиган палла ҳам келди.

Бир юз йигирма беш йиллик истибдод, шунинг ичида етмиш беш йил коммунистик мафкура зуғуми остида яшаш, ана шу мустамлака давомида тинимсиз олиб борилган “Сенлар қолоқ эдинг, биз маданият олиб келдик”, “Сенлар саводсиз эдинг, биз саводингни чиқардик”, кейинроқ эса “Худо йўқ, коммунистик партия бор”, “Жаннат йўқ, коммунизм бор”, “Ўтмишинг ҳаммаси сарқит, уларни ташлашинг, биз олиб келганларни сўзсиз олишинг шарт!” каби ёвуз тазйиқ ва ташвиқотлар, афсус, айримларга ўзидан, ўзлигидан тониш кайфиятини сингдириб қўйди. Оқпошшо ва совет мустамлакасидан қутулган бўлсак-да, қонтомирларимизда улар қолдириб кетган микроблардан ҳали-вери қутулолмаётганимиз шундан. Тушкун кайфиятнинг энг кўринарли аломати ўзни инкор, ўзгага шайдоликдир, бунинг натижасида, кейинги асрларда бошимизга тушган ҳамма кўргиликнинг ҳамда дунёдан орқада қолишимизнинг сабабини миллий руҳдан ва диндан деб биладиган бўлиб қолдик.

Бугун биз нурли манзилларни кўзлаган миллат ўлароқ, шубҳасиз, дунёдан ўрганишимиз, олишимиз керак бўлган яхшиликлар кўп: дунёвий илм-фан, техникавий тараққиёт, тартиб, интизом… Айни чоқда, ўзимизда ҳам дунёга берсак, улар биздан ўрганса арзийдиган жиҳатлар йўқ эмас. Жумладан, ахлоқ…

“Тафаккур” журнали, 2013 йил 3-сон

Манба: Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон сайти.

(Tashriflar: umumiy 37, bugungi 1)

Izoh qoldiring