Obid Shofiyev. Erkin A’zamning “Anoyining jaydari olmasi” ni o’qib…

077
Эркин Аъзам ҳикоялари майин юморга йўғрилгани, умуман ўзбек тилининг бетакрор жозибаси, киноя, пичингга бойлиги тасвир имкониятлари чексизлигини кўрсатиши билан эътиборни тортади. Айниқса, “Анойининг жайдари олмаси”, “Совуқ”, “Бизнинг тоға”, “Навоийни ўқиган болалар”, “Таъзия”, “Ёзувчи”, “Аралашқўрғон”, “Ступка” сингари ҳикоялари юксак санъаткорлик намунасидир.

099
Обид Шофиев
БЕТАКРОР ҚАЛАМ СОҲИБИ
011

Таниқли адиб, публицист, кинодраматург Эркин Аъзам ўзбек адабиётининг пешқадам вакилларидан биридир. У ўз услуби, ўз йўлига эга бўлган бўлган ёзувчи.

040Эркин Аъзам 1950 йил 10 августда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида зиёли оилада таваллуд топган. 1972 йил Тошкент давлат университети (ҳоз. Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган Фаолияти давомида турли лавозимларда ишлаган. 1994 йилдан “Тафаккур” журналининг бош муҳарриридир.

Эркин Аъзам адабиётимизга ўтган асрнинг 70-йилларида кириб келди. Унинг илк ҳикоялар тўплами “Чироқлар ўчмаган кеча” 1977 йилда нашр этилган бўлса, шундан бери адибнинг ўндан ортиқ асарлари китобхонлар қўлига етиб борди. Шу кунга қадар Эркин Аъзамнинг “Отойининг туғилган йили” (1981), “Олам ям-яшил”(1984), “Жавоб”(1986), “Байрамдан бошқа кунлар”(1988), “Пакананинг ошиқ кўнгли”(2001), “Кечикаётган одам”(2002), “Жаннат ўзи қайдадир”(2007), “Эртак билан хайрлашув”(2007), “Гули-гули”(2009), “Шовқин”(2011) китоблари чоп этилди.Бу китобларда адибнинг ҳикоя, қисса ва драматик асарлари, романи ўрин олган.

Эркин Аъзам ҳикоялари майин юморга йўғрилгани, умуман ўзбек тилининг бетакрор жозибаси, киноя, пичингга бойлиги тасвир имкониятлари чексизлигини кўрсатиши билан эътиборни тортади. Айниқса, “Анойининг жайдари олмаси”, “Совуқ”, “Бизнинг тоға”, “Навоийни ўқиган болалар”, “Таъзия”, “Ёзувчи”, “Аралашқўрғон”, “Ступка” сингари ҳикоялари юксак санъаткорлик намунасидир.

Эркин Аъзам ўзбек қиссачилиги ривожига ҳам катта ҳисса қўшган. Унинг “Отойининг туғилган йили”, “Байрамдан бошқа кунлар”, “Жавоб”, “Шоирнинг тўйи”, “Чапаклар ва чалпаклар мамлакати”, “Пакананинг ошиқ кўнгли”, “Гули-гули” қиссаларида турли табиатли замондошларнинг тимсоли маҳорат билан яратилган. Адиб қиссаларида юмор, киноявийлик етакчилик қилса-да, унинг ортида инсон табиатининг яширин жиҳатлари акс эттирилади. Эркин Аъзам ўзбек тилининг имкониятларини жуда яхши билади ва ғоят усталик билан фойдаланади.

Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романида ўтган аср шўролар даври одамларининг қиёфаси, маънавияти акс эттирилган. Асар бош қаҳрамони Фарҳод Рамазон образи орқали адиб воқеликни очиб беради. Роман катта умуммиллий ва умуминсоний дард замирига қурилган.

Эркин Аъзам кинодраматургия соҳасида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Ҳозирга қадар унинг сценарийлари асосида 10 та фильм суратга олинган бўлса, уларнинг аксарияти халқаро кинофестивалларда иштирок этган. Жумладан, унинг қаламига мансуб “Эркак”, “Сув ёқалаб”, “Паризод” фильмлари Россия, Франция, АҚШдаги нуфузли фестивалларда эътироф этилган ва турли номинациялар бўйича тақдирланган.
Эркин Аъзамнинг асарлари дунёнинг турли тилларига таржима қилинган. Кейинги йилларда ёзувчи ижодига қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Унинг асарлари адабиётшунос ва танқидчиларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.

Эркин Аъзам 40 йилдан бери ижод қилиб келмоқда. У бир зум бўлса-да, ижоддан тўхтагани йўқ. Биз адибга бу йўлда ижодий баркамоллик тилаб, янги – янги асарлар кутиб қоламиз.

ҲИКОЯДА ИНСОН РУҲИЯТИ ТАСВИРИ
(Эркин Аъзамнинг “Анойининг жайдари олмаси” ни ўқиб…)
011

Ҳикоя бадиий адабиётнинг энг кичик жанрларидан бири. Ҳикоя ҳаёт манзараси, қиёфасини, қирраларини қисқа, лўнда тарзда акс эттиради. Ўтган асрнинг 70-йилларидан яратила бошланган аксар ҳикояларда бадиий концепциянинг янгиланиш жараёнини кўришимиз мумкин. Ижодкорлар ўзининг бадиий ниятини, концепциясини янги, такрорланмас образларда мужассамлаштира бошлади. Бу ҳолатни Эркин Аъзам ҳикояларида ҳам кузатамиз. Жумладан, унинг “Анойининг жайдари олмаси” ҳикояси миллий ҳикоячилигимизда ўзига хос янгилик бўлди. Ҳикоя ҳикоячи тилидан берилса-да, унинг асосий қаҳрамони Рамазондир. Ёзувчи ҳикоячи тилидан Рамазон образини кўз олдимизда гавдалантиради. Қаҳрамон психологияси унинг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари орқали кўрсатилади. “Анойининг жайдари олмаси”да ташқи портрет берилмаган. Унинг ички дунёси орқали ёзувчи Рамазон қиёфасини чизади.

Рамазон мураккаб образ. Ёзувчи унинг руҳияти, дарду қувончи, феъл-атворини кўрсатишда ўзига хос усулдан фойдаланади. Яъни Рамазон образини тўла-тўкис кўрсатишда ҳикоячи образи воситачи вазифасини ўтаган. Ҳикоячи бизга Рамазон ҳақида сўзлаб беради, уни бор бўй-басти билан кўрсатади: “… Рамазон, жўра, жўражон, мана – қўлимдан келганича сени нақл қилдим. Мен бу асарни сен учун, сенга бағишлаб ёздим. Баъзи ўринларда ошириброқ юборган бўлсам, кўнглингга олмассан. Бу иш қурғур ўзи шунақа, шундай қилмаса бўлмайди” .

Хўш, Рамазон қандай образ? Унинг ўзгаларга ўхшамайдиган, алоҳида хусусияти нималардан иборат? Рамазон, ҳикоячининг тили билан айтганда, “ҳар йили худди бир пайтда – ердан қор кетиб, тентак шамоллар эса бошлаган кўклам кунларида келарди; шамолларга қўшилиб, шамолдек тўполон билан кириб келарди. Тўсатдан елкасида – ҳа қўлида эмас, елкасида – икки тарафида ҳам “Барнаул” деб ёзилган пачоқ чамадон, чап кўзини қисинқираганча қаршингизда кераксиз буюмдек бир четга улоқтиради-да, қулочларини кенг ёзиб, болалигингизни ёдга соладиган, болалигингиздек шўх, болалигингиздек беғам овозда қийқиради:
Чантриморе-е!

Сиз эса – уни кўрганингиз заҳоти ғам босиб, ташвишга чўмасиз: хайр энди, осуда кунларим! У ҳали шундай ғала-ғовурга кўмиб юборадики! Бироқ айни дамда, ҳар иккалангиз учун қадрли, шартли бу ғалати таомилни бузишга ҳаққингиз йўқ.
Каламокаторе, – дейсиз истар-истамас. – Яна келдингми? Яна ўқишгами?
Сенгинанинг жонгинангга тегишга! – дейди у ва баттар ғашингизни қўзғамоқчидек, белингиздан маҳкам кўтаради, айлантиради. – Ҳа, жўрамданда, жўражонимдан-да! (62).

Рамазон образи ҳақида муайян тасаввур дастлабки лавҳаларданоқ кўринади. Шу лавҳанинг ўзидаёқ унинг бошқаларга ўхшамайдиган, ўзгача хислатларга эга эканлигига гувоҳ бўламиз. Рамазоннинг туғилган юрти (Бойсун) ҳақидаги янгиликларни етказиши (“Бойсундан гапирамиз! Тошкентда улоқиб юрган бойсунлик мусофирлар учун бериладиган эшиттиришимизни бошлаймиз! Она шаҳрингиз янгиликлари билан танишинг!” (63) ) даги лавҳаларни мириқиб, енгил табассум билан ўқиймиз. Яна ҳикоядаги лавҳалар билан танишишда давом этамиз:

“Рамазонга ҳаммаёқ – ўзиники, кўрган одами – аммаваччасидек синашта, дарров гап қўшиб, апоқ-чапоқ бўлиб олаверади. … у хўжалик дўконига кириб бошоғриқ дори сўраши ҳам мумкин, хотиржам бўлинг – албатта, топиб беришади. У қўпол қилиб сўрайди – унга мулойим жавоб қайтаришади.
Ана шундай бизнинг Рамазон!” (65).

Рамазон Бешёғочнинг безориси Тошнинг ҳам капалагини учирган:
“– Ўвв, келмайсанми мана бундоқ!
Нима дейсан? – Рамазон, кафтида нос, оёқларини керганча бепарво ғўддайиб турарди. – Гапинг бўлса, ўзинг ке!”(66).
“– Нимасидан қўрқаман? Бешёғоч энасининг маҳрига тушганми?!
Ана шундай бизнинг Рамазон!”(66).

Ҳикоянинг кейинги ўринларида Рамазоннинг янги қирралари очилиб бораверади:
“Малика иккимизга бошлаб оқ фотиҳа берган ҳам шу Рамазон. Эндигина танишган, кино-театрларга қатнаб юрган кезларимиз эди. “Юр, сенинг ҳам маданий савиянг ошсин”, деб бир гал Рамазонни театрга эргаштириб бордим. Маданий савияси ошган-ошмаганини билмадим-у югурди-елди, билет топиб бизни хурсанд қилди, танаффус маҳали шампан-у музқаймоқ улашиб, Маликанинг кўнглини топди. Аммо бир вақт томдан тараша тушгандек, унга қараб салмоқлаганча, “келин, энди-и, бизнинг Бойсунлар ҳам ёмон жой эмас”, деб қолса бўладими! Хижолатдан музлаб кетдим. Малика жимгина кулимсираб қўйди. Театрдан кейин уйига кузатаётиб, Рамазонни қўполлиги учун узр сўраганимда, у “Дўстларингиз ичида энг яхшиси шу экан”, деди.
Бизнинг Рамазон ана шундай!”.

Энди мана бу лавҳага диққат қилинг:
“Рамазон ҳамшаҳар студентларимиздан бир-иккитасини топиб, бор пулига ўшалар билан ялло қилган, уларга ош берган. Ошини еб бўлгач, мириқиб-мириқиб бу анойи аҳмоқнинг устидан кулишган. Қўшилишиб ўзи ҳам кулган. Энди эса йўлкирага пулни мендан ундирмоқчи!

“Ўқишга кираман!” дея керилиб келган азамат, имтиҳон тугул, китобнинг ҳам юзини кўрмай, қандай пайдо бўлган бўлса шундай жўнаб қолади: тўсатдан.
Акангни сафари қариди, жўражон!
Кетганинг рост бўлсин! Энди келиб овора бўлиб юрма!
Келаси баҳор кутаверасан!
Ана шундай бизнинг Рамазон! (68).

Юқоридаги парчалар орқали биз Рамазон образи ҳақида, унинг феъл-атвори, характери ҳақидаги манзараларга гувоҳ бўлдик. Ёзувчи ҳикоячи тилидан Рамазонни тўла таъриф ва тавсифлар экан, ҳикоянинг кейинги қисми-кульминациясига китобхонни тайёрлаб боради. Бу кульминация Рамазоннинг қамалиши воқеасидир. Рамазонни чайқовчиликда айблашади, яъни уни Новосибирск поездида уч чамадон олма-ю анор ва икки қути узум билан “қўлга” туширишади. Рамазоннинг чайқовчиликда айбланишига нима сабаб бўлди?

Буни ҳикоядан билиб оламиз:
“Рамазон ўшанда ҳам Барнаулга жўнаган экан. Поездни кутиб ўтириб, мана шу ерда, ресторанда бир киши билан танишиб қолади. Бирга овқатланишади. Кейин Рамазон унинг юкларини – ўша машъум чамадон ва қутиларни вагонга жойлашга кўмаклашади. Поезд жўнай-жўнай деб турганда купега икки одам кириб келади. Уларнинг шарпасини олдинроқ сезган ҳалиги киши таҳлика аралаш йиғлаб-ёлвориб Рамазонга ёпишади: “Жон ука, юклар меники, денг, ярми меники, денг. Чиқиб кетсак фойдани тенг бўламиз. Мени билишади, қўлга тушсам… Сиз ёшсиз, кечиришади”, алай-балай, Рамазон гўл, тайтув Рамазон лаққа ишонади, ҳеч балони ўйламасдан рози бўлади. Ҳушини йиғиб, қараса – атрофини миллиционерлар ўраб турибди. “Ҳа, меники, меники, – дейди саросимага қолиб, – ҳаммаси меники.
Ёнига қараса анави киши йўқ, ерга киргандек зим ғойиб” (77).

Кўринадики, Рамазон чайқовчига ишониб рози бўлган. У фойда олишни хаёлига ҳам келтирмас, фақатгина инсонийлик жиҳатдан жиноятга шерик бўлишга кўнган эди. Бунақа ишни фақатгина Рамазон қила олар эди. Энди Рамазон тилидан айтилган мана бу гапларга эътибор қилинг:
“– Мен ишондим-да, жўражон, нима қилай? “Еттита болам бор, – деди, – еттови ҳам қиз, – деди. – Учтаси бўй етган, узатишим керак, ўзим заводда оддий қоровулман, жигарим касал”, – деди. Аҳволини кўрган киши агар инсон бўлса, ишонарди, мен ҳам ишонибман-да, жўражон! (78).

“– Бундай қилмасам, уни тутар эди-да? Сўз берган эдим, номардлик бўларди…” (78).

Ўз сўзида туришлик, ваъдага вафо қилишлик, энг аввало, одамларга ишонч туйғуси Рамазоннинг яна бир хислатини намоён қилиб турибди.

Биз дунё адабиёти намуналари ёки ўзбек адабиётидаги кўплаб асарларда суд жараёнлари акс эттирилган лавҳаларга дуч келамиз. “Анойининг жайдари олмаси” ҳикоясидаги суд эпизоди ҳам ўзига хослиги, алоҳидалиги билан ажралиб туради. Ҳикояда суд жараёни шундай тасвирланади:
“Рамазоннинг суди ҳам ўзига ўхшади – қип-қизил ҳангома! Судья – кўзойнак таққан, ўрта ёшлардаги барваста аёл – йигирма йил шу соҳада ишлаб, бундай антиқа судни ҳам, бунақа ғалати судланувчини ҳам кўрмаган бўлса керак… Рамазон ҳозир айбланувчидан кўра кўпроқ қизиқчига, ўзини атай меровликка соладиган цирк масхарабозига ўхшарди… гўё бу ерда бўлаётган гапларнинг унга алоқаси йўқ – тўпланганларни шунчаки кулдириш, мароқлантириш лозим, холос (70).

Юқоридагилардан Рамазоннинг қилган ишидан заррача афсусланмаётганлиги, гарчи ўзи айбдорлик курсисида ўтирса-да, бир инсоннинг “ҳожати”ни чиқариб, берган ваъдасининг устидан чиққанлиги унга таскин беришини англаб олсак бўлади.

Судья ва Рамазон ўртасидаги диалог ҳикоянинг таъсирчанлик кучини янада оширади:
“– Айбланувчи Ҳайдаров Рамазон, олдин ҳам шу иш билан шуғулланганмисиз? – деб сўрайди судья.
Мен Ҳайдаров Рамазон, 1950 йили Бойсун районида туғилиб эдим. Кейин… – дея тутилиб қолади”.
“– … Сиз бизга айтинг: аввал ҳам қилганмисиз шу ишни?
Қанақа ишни?
Уфф! Чайқовчилик-да?
Йў-ўқ… Э, қилганман, қилганман.
Ия, дастлабки терговда “Чайқовчилик билан шуғулланмаганман”, деган экансиз-ку?
Шуғулланмаганман, десам … ишонасизми?
Уф-ф… Айтингчи, шеригингиз ким эди?
Шеригим, шеригим … билмайман … йўқ эди.
Шунча юкни бир ўзингиз қандай кўтариб чиқдингиз поездга? Бирор киши ёрдам бергандир?
Ҳеч ким ёрдам бергани йўқ, ўзимиз… Э, ўзим! Нима, чамадон кўтариб юриш қийинми? Ичида тўрт-беш килогина олмаси бор эди, холос”(71).

Рамазон суд ҳукмига қадар ўзининг бегуноҳ, айбсиз деб топилишига ишонади. Лекин уни бир йилга озодликдан маҳрум қилишади. Рамазоннинг тақдирга тан беришдан бошқа чораси қолмайди:
“– … Сиз энди – айбланувчисиз, айбдорсиз!
Мен … айбдорман?! Айбдорман, кечиринг…”(73).

Рамазон ўзининг ички қиёфасини ошкор этмайди. Биз буни гап сўзлари, хатти-ҳаракатлари орқали билиб оламиз. Рамазон ҳар йили Тошкентга ўқишга кириш учун келади. Ҳикоячининг: “Келгани билан кошки имтиҳонни ўйласа – каравотим остидаги, бурноғи йил ўзи ташлаб кетган дарсликларни бир-бир қўлига олади-ю очиб ҳам кўрмай қайтиб жойига улоқтиради”, – деган баёнида Рамазоннинг асл мақсади ўқишга кириш эмаслиги аён бўлади. Тошкентда ўқиётган ҳамюртларига бир чақаси қолмагунча зиёфат бериши унинг шахсиятига хос бўлган хислат бўлиб, ўзи талаба бўлмаса-да, уларга кўмак беришидан чексиз қувонади, шундан таскин топади. Рамазон Барнаулда ҳарбий хизмат бурчини ўтаган. Ҳикоячи тилидан берилган мана бу парча унинг руҳиятидаги ўзгаришларни англашимизга ёрдам беради: “Ўшанда у – ҳарбий хизматдан қайтаётган одам – уч-тўрт кун бемалол Тошкентда юрган, бир оқшом дабдурустдан “Барнаулга кетаман!” деб туриб олган эди. “Эсинг жойидами, хизматни тугатган бўлсанг, Барнаулда нима бор сенга?” “Э-э, уйга боргим келмаяпти, бир хат олган эдим…”. Аммо қанақа хатлигини айтмаган, қийин-қистов билан, бўйнидан боғлагандек аранг жўнаган уйига. Энди ҳам ўқиш баҳона ҳар келганида “Бир ёқларга кетсаммикан, жўра?” деб қолади ўз-ўзидан маъюс тортиб. “Ҳа, тағин Барнаулми? – дейсиз энсангиз қотиб. Худо урсин, миянг хато сенинг, Рамазон”. “Тўғри айтасан, жўра, хато. Нима қилай, ўша ёққа кетгим келаверади-да. Эй-й, сен тушунмайсан!”(63).

“Бир хат олган эдим…”. Бу қандай хат эканлигини ҳикоядаги лавҳалардан билиб олиш мумкин. Рамазоннинг отаси тилидан айтилган жумлалар юқоридаги ҳолатга жавоб бера олади: “– Тўйдан қочиб келиб эди. Тоғасининг қизига кўнгли йўқми, тўйдан гап очдингиз – ўқишни баҳона қилиб Тошкандга жўнайди. Армиядан қайтганидан бери шу аҳвол. Уёқда энаси оғир ётибди”(69).

Мана энди Рамазоннинг кечинмалари, дардини тушуна бошлаймиз. Ёзувчи қаҳрамонининг ботиний дунёсини тасвирламайди, балки унинг матн ости – тагматн қатламларига сингдириб юборади. Китобхон Рамазоннинг ҳолатини тушуна бошлайди. Бир умрлик ёстиқдошини ўз хоҳишига кўра танлай олмаслиги, ота-онанинг орзу-армонларига қарши чиқолмаслик, уларни норизо қилиш фарзандлик бурчини бажармаслик деб билиши Рамазонни қийнаётган ички дард бўлса ажаб эмас. Шунинг учун бўлса керак, у “бирёқларга кетишни” истайди. Унинг ботиний дунёсидаги исён тинчлик бермайди. Охир-оқибат бу исён унинг зоҳирий дунёсига ҳам кўчади: Барнаулга жўнайди. Лекин чайқовчиликда айбланиб қамалади. Озодликка ҳам чиқади. Шу билан Рамазоннинг “исён”и барҳам топади.

У тақдирга тан берди: “Шундай қилиб Рамазон кетди, бошқа келмади. Борган йили уйланди, барибир ўша қизга – тоғасининг қизига уйланди (онаси ҳам тузалиб қолган бўлса керак). Кейинги йили ўзига иморат қурди. Ҳозир тўй қилмоқ тараддудида юрганмиш…” (79).
Бадиий образ табиати, кечинма ва ҳолатини кўрсатишда тасвирий воситалар, деталь катта аҳамият касб этади. “Анойининг жайдари олмаси”да ҳам ёзувчи бундан ўринли фойдаланади. Бундай воситалар асарда бежиз келтирилмайди, ундан маълум бир мақсад кўзланади. Агар эътибор берсак, ҳикояда олма деталь вазифасини бажарганини билиб олиш мумкин. Унга муайян маъно, мақсад юклатилган. Худди рус ёзувчиси Антон Чехов айтганидек: “Биринчи пардада деворга осиғлик турган милтиқ кейинги пардаларда албатта отилиши керак. Акс ҳолда унда маъни йўқ”.

Ҳикоянинг кўп ўринларида олма билан боғлиқ тасвирларга дуч келамиз. Биринчи лавҳага эътибор қаратамиз: “Уйга кирилгач, эгасидек бетайин – қулфланса очилмайдиган, очилса қулфланмайдиган антиқа чамадон минг бир амал-тақал билан очилади. Хона кузаки олмаларнинг ҳидига бурканади. Бир ёғи қирмизи, бир ёғи хол-хол, бандининг туби қизил қумга тўлган олмалар; кўримсиз жайдари олмалар. Болалигингиз олмалари, болалингиз ҳидлари, кўп нарса бирдан эсингизга тушади, энтикасиз”(62).

Кўринадики, бу ерда олма олис хотираларни, болаликни, у билан боғлиқ ширин туйғуларни ёдга солади. Инсон умрининг энг гўзал, беғубор олами олма воситасида акс эттирилади. Кейинги ўринда Рамазоннинг олма кўтариб Барнаулга жўнаши, поездда бир инсонга ёрдам қўлини чўзаман деб қамалиши тасвирига дуч келамиз. Судья ва Рамазон ўртасидаги диалогда ҳам олма ҳақида сўз боради:
“– … Олмани қаердан олдингиз?
Қаерингиз нимаси: Чорбоғдан-да. Кузда боринг, Чорбоғимизда тўлиб ётади, ерга тўкилиб.
Ўша ёқдан олма кўтариб келиш шартмиди? Совғага экан, Тошкентдан олақолсангиз бўларди-ку?
Бу ернинг олмаси бўлмайди-да, тахир, дорининг таъми келади. Бизда шундай бир олма бор, Бойсуннинг олмаси, “жайдари олма” деймиз. Бошқа жойларда битмайди унақаси. Ўзи кўримсизроғ-у, лекин шундай ширин, шундай ширин, есангиз…
Майли, майли, Ҳайдаров, кейин еймиз олмани…
Зўр олма-да лекин. Бу, ҳозирги олмаларингизнинг бари бузилиб кетган. Ҳар балони пайванд қилавериб айнитиб юборишган-да. Фақат бизларда қолган унақаси. Мен ўзим олмани унча яхши кўрмайман. Есам кўнглим айнийди”(72).

Бу билан Рамазон нима демоқчи? Унинг даъвоси нимда? Бу даъвода табиат инъом этган неъматнинг инсон томонидан ўзгартиришга уриниши, асл нарсаларнинг камайиб кетиши, ўз чорбоғида қолган жайдари олмаларнинг бошқаларга ҳатто олис Барнаулдагиларга ҳам улашишни истаганда рамзий маъно йўқми? Гўё у “мен бу олмалардан кўп татиб кўрганман, чорбоғимизда улардан жуда кўп, сизлар ҳам баҳраманд бўлинглар, шунда, балки асл нарсаларни ўзгартириш камаярмиди”, – деяётгандек бўлади. Агар бу тасвирларга синчковлик билан разм солсак, гап олма тимсоли орқали меҳр-оқибат, самимийлик, сахийлик каби инсоний туйғулар ҳақида бораётганлигини билиб олиш мумкин. Ёзувчининг маҳорати шундаки, инсоний туйғулар, муносабатларга дарз кетаётганини шу тимсол орқали кўрсатиб бера олган. “Анойининг жайдари олмаси”даги яна бир лавҳа эътиборимиздан четда қолмайди. Ҳикоя сўнгида бозорда олма сотаётган Рамазон кўз олдимизда гавдаланади: “Олдида бир чой қути, бозорни бошига кўтариб, енг шимарганча олма сотяпти”(79).

Бу сатрларни ўқиб, Рамазоннинг олма сотишига ишонмаймиз, кўнглимизда ҳикоячи сингари шубҳа уйғонади. Лекин кейинги жумлалар шубҳангизни буткул тарқатиб юборади, енгил тин оласиз.
“У ҳай-ҳайлаб ўтган-кетганни чақирар, идиши бўлса идишини, бўлмаса – қўйни-қўнжини олмага тўлатиб жўнатар эди.
Пулини нимага олмаяпсан?
Э, отамга қавм бўлади, ноқулай.
Буниси-чи?
Э, эна жамоатимиздан қариндош…
Олманг кўп бўлса, давлатга топширвормайсанми, бундай қилиб ўтиргунча?
Қарзим борми? Арзон олади!
Ахир, ҳаммага текин улашяпсан-ку?
Э, бари хеш, бари табор.
Сенга бегонаси бормикан Бойсунда?
Бор, – деди Рамазон тиржайиб. – Мана – сен! Мусофир, сотқин, шаҳарлик!
У кечқурун бир тўрхалта сара олма кўтариб уйимизга келди.
Яхшими, ёмонми, шоир номинг бор, кўчада олма кўтариб юрсанг обрўйинг бузилади, дедим…
“Обрўйинг бузилади”, “тўкилади” эмас, “бузилади”!
Рамазоннинг гапи, Рамазонгина шундай дейиши мумкин! Ана сизга – Ра-ма-зо-он!”(79-80).

Ўз ҳамюртини эъзозлаш, улар билан фахрланиш туйғуси Рамазоннинг табиатидаги яна бир хислати эканлигини кўриб турибмиз. Юқоридаги лавҳаларни ўқир эканмиз, Рамазон гўё олма эмас, балки одамларга меҳрни, оқибатни улашаётгандек, пулдан-да, бойликдан-да юксакроқ нарсалар борлигини кўрсатаётгандек тасаввур уйғотади.

“Анойининг жайдари олмаси”да яна бир деталь келтирилади. Яъни Рамазон ва ҳикоячи бир-бири билан “Чантриморе” – “Каламакаторе” деган сўзлар билан сўрашади. Бу сўзлар қандай маънони англатишини иккаласи ҳам билмайди. Бу жумлалар болалигидан, бефарзанд қишлоқдоши Шоди гарангдан мерос қолган. Ҳикоячи айтгандай: “Бу нима дегани, Рамазон? Қайси тилдан бу ғалати сўзлар, маъноси нима? Мен билмайман, сен ҳам билмайсан. Шоди гарангдан сўрайлик десак, у энди йўқ – узоқ йили ўлган… Ундан тирноқ – фарзанд қолмади, мол-дунё қолмади – “чантриморе” қолди, “каламакаторе” қолди, бизга: сенга, менга… Нима дегани бу?
Ўйлашимча, буни фақат икки киши – иккаламизгина тушунадиганга ўхшаймиз: сену мен”(81).

Ҳикоядаги бу икки жумла дўстлик, оқибатлилик рамзи эканлигини англаб олиш қийин эмас. Болаликдан бирга улғайган, ҳамсинф бўлган икки дўстнинг кўнглидаги соф туйғуларни “Чантриморе” – “Каламакаторе”ларда акс эттирилиши ёзувчининг деталь яратишдаги топилмаси десак хато бўлмайди.
Ҳикояни қайта-қайта ўқийсиз. Тили равон, ширали, халқона. Рамазон образи ўз-ўзингизни тафтиш қилишга, ширин хотираларингизни ёдга олишга ундайди. Йўқ-йўқ! У сизга ақл ўргатмайди, йўл кўрсатмайди, фақатгина ўз “мен”ингизга қулоқ тутишга восита бўла олади, холос. Ёзувчи Эркин Аъзам “Анойининг жайдари олмаси” ҳикояси билан ўзининг санъаткорлик маҳоратини намоён этди. Ҳикоячилигимизда ўзига хос, такрорланмас янги образ, миллий характер намунасини яратди.

хдк

(Tashriflar: umumiy 94, bugungi 1)

Izoh qoldiring