Odamlar yuksak tog’lardek yashasa yoxud O’zbekiston xalq yozuvchisi Tog’ay Murod hayotiga chizgilar

011     Боботоғ ва Бойсунтоғ оралиғида Сурхондарё қоқ иккига бўлиб оқувчи воҳани балки яхши биларсиз, билмассиз, аммо Тоғай Мурод туғилган манзилни излаб йўлга чиққан одам Олтинсой туманидаги Хўжасоат қишлоғини топишга қийналмайди. Нега десангиз, адиб асарларининг ўзи йўловчига харита бўлиб хизмат қилади.

Сарварбек Тўраев*
ОДАМЛАР ЮКСАК ТОҒЛАРДЕК ЯШАСА
ёхуд Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод ҳаётига чизгилар
033

“Ҳар банданинг кўкда ўз юлдузи бўлади, ошна. Шу юлдузнинг ёнгани шу банданинг ёнганидир. Шу юлдузнинг сўнгани шу банданинг сўнганидир.
…. Юлдузим мангу ёнади”
Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасидан.

   Боботоғ ва Бойсунтоғ оралиғида Сурхондарё қоқ иккига бўлиб оқувчи воҳани балки яхши биларсиз, билмассиз, аммо Тоғай Мурод туғилган манзилни излаб йўлга чиққан одам Олтинсой туманидаги Хўжасоат қишлоғини топишга қийналмайди. Нега десангиз, адиб асарларининг ўзи йўловчига харита бўлиб хизмат қилади.

    Мана Хўжасоатликлар билан доимо ор талашиб келган Шўрчиликлар манзили, мана бу эса Деновнинг сершовқин ва азалий серғалва гавжум бозори, ана у бийдек дашт Сайрак даштлари, дўпппидеккина бўлсада адабиётга кирган Обшир ва Лўкка қишлоқлари, пурвиқор Сурхонтоғ этагидаги Вахшивор қишлоғи ва Суфи Оллоёр зиёратгоҳи… Ва албатта тарихи, табиати, тасвири, одамлари, борингки бутун бўйи-басти билан адиб асарларида мужассам бўлган маълум ва машҳур Хўжасоатни топиб келасиз. Бу манзилда Тоғай Мурод туғилган уй, у чопқилаб юрган ҳовли, хивичдан от қилиб, миниб, чангитиб юрган кўчалар, сумкасини қўлтиғига қистириб биринчи синфга мактабга йўл олганида катта йўлга бошлаган кўча ёқасидаги таравақайлаб кетган чинор дарахти, бўлажак адиб ўн йил ўқиган қадрдон мактаби, мактаб ёнидаги ўшанда ҳам шовуллаш нималигини билмайдиган, суви жимирлаб оқувчи сувликсой, буларни барчасини Хўжасоатни ўз бағрига олган ўркач ўркач қир адирлар сизни маскан одамлари сингари бироз қизиққонлик билан ва албатта ўзига хос ғўддайиброқ кутиб олади.

Миллий адабиётимизнинг ноёб вакили туғилиб вояга етган бу манзил ҳақида асарларда завқ шавқ билан ўқиганимиз туфайли ҳайрат ва ҳаяжон билан теледастур тайёрлаш илинжи билан йўл олганимиз рост. Вилоят марказидан 156 километр масофада жойлашган Хўжасоат қишлоғига етиб келганимизда қуёш уфқдан аллақачон бош кўтарган. Қишлоқ аҳли аллақачонлар ўз ишига машғул бўлган. Кимдир қишлоқ тепасида ястанган қир адирларда отарини ҳайдаб чиқиб кетган, равон йўлнинг икки томонида жаннатмонанд қиёфа касб этган боғларда зироаткорлар ўз иши билан машғул, ўқитувчи ва ўқувчилар қишлоқдаги учта ўрта таълим мактаби ва касб ҳунар коллежи томон йўл олган ёки қайтган. Серташвиш ва шовқинзор шаҳардан кўнглида сокинликни оройиш топишини истаганича мафтункор қишлоқларга томон сафарга чиққан кишилар каби йўл манзараларига мафтунликда қишлоқ марказига етиб келдик.

Бугунги кунда Хўжасоат ҚФЙдаги учта маҳаллада 12 мингдан ортиқ аҳоли яшаб келмоқда. Аҳоли масканида учта мактаб, Олтинсой транспорт коллежида ёш авлод вакиллари теран ва соғлом тафаккур соҳиби бўлиш йўлида илм-фан сирларини мукаммал ўрганишаётганлигини гувоҳи бўлдик. Тоғаймурод Менгноров ўқувчилик пайтларида қишлоқда, уларнинг уйидан унча узоқ бўлмаган ҳозирги 43-сонли мактаб ўрнида битта пастқам ва қоронғу хоналарга эга таълим муассасаси бўлган эсада бугун бу манзилдаги қатор таълим масканлари шаҳардагидан асло қолишмайди. Ўқувчилар бундан ярим аср муқаддамдагидек, қишда доимо чакки ўтиб турадиган синфхоналарда тушгача ўқиб, тушдан сўнг далага пахта чегана ва ғўза челпиш, териш ишлари билан машғул бўлишмайди. Ўша замонлар шундай эди… Ўшандай шароитда Тоғай Мурод сингари адабиётимизнинг ноёб истеъдодлари муз қатламларини ёриб чиққан бойчечак сингари борлиққа нафосат ва ифор тарата билган эди.

Тоғай Мурод туғилган уй ҳозир ҳам бор. Бу уйда айни пайтда ёзувчининг синглиси Орзугул ая, куёви, синфдоши Дамин отанинг бир этак болалари истиқомат қилиб келади. Қиблага қараган уч хонали, дабдабаликлардан ҳоли, ҳовлисида ихчамгина шийпони ва осмонга бўйлаган, ёзувчига соя берган кекса тут дарахти бор уй. Бу уй гарчи тилга киргудек бўлса кўп нарсаларни ёзувчининг муҳибларга сўзлаб берарди. Масалан, катта адиб дунёга келган ўша кунни, гўдаклигида ҳовлида тетапоя бўлганликларини, тили чиқа бошлаган болакайнинг осмонга қуёшдан ўғирлаётган нурларини заминга беминнат узатаётган ойга боқиб, жажжи қўлчалари билан — Оймомо-деганини, пахтазордан, буғдойзордан ҳолсиз, сувсизликдан томоғи қақраганча қиқилган елкасига этагини осилтирибганча ҳовлига кириб келган онасига Тоғаймуроднинг –Эна,эна-дея талпинишини, биринчи бор мактабга йўл олганини, севиб қолган синфдош қизига ёзган дастлабки севги мактубини, кураш томоша қилиб тонгги яқин кириб келганларини, катта орзуларни елкалаб, пойтахти азимга жўнаган бўлажак ёзувчини ота-онаси, яқинлари билан элас элас хиралашиб кўздан ўчгунча кузатиб қўйганлигини ўзига хос завқ-шавқ билан гапириб беради.

Орзугул ая Менгнорова ҳикоя қилади:

— Тоғай акам билан орамиздаги фарқ олти ёшни ташкил этарди. Биз оилада отам, онам, акам ва мен эдик. Онамизнинг биринчи турмушларидан Тоғай акам, иккинчи турмушларидан мен туғилганман. Тоғай акамнинг оталарини Бўрибой дегич эканлар, акам уч ёшликларида вафот этганидан сўнг онам Тожигул, отам Ғаффорбой билан тақдирларини боғлаганлар ва акам ҳам эргашиб келганлар. Бир нарсага аминлар бўламанки, токи бўйим етиб, оқ-қорани теран тушунганимга қадар ўгай эканлигимизни билмаганман ва муносабатларга ҳам бу борада йўл қўйилмаган. Отам мени қанчалар суйса, акамни ўғил бўлганликлари учунми, мендан ҳам аълороқ яхши кўрарди.

Мен акамнинг тўққизинчи синфда ўқиб юрганлигиданоқ аниқ эслай бошлайман. Синфдошлари орасида ҳам бироз ўз кучини ҳам билимда ҳам кучда намойиш этадиганроқ, бироз олифтароқ кийинадиган бола эди. Тун яримлаганда ҳам хонасини фонус ёритиб турарди. Эртасида онам — Ўғлим сен нега ухламайсан? Бирор жойинг оғрийдими, бетобмасмисан?-дея сўрарди. – Яхшиман, эна. Денов бозордан ёки кутубхонадан олган китобни ўқишга шўнғиб кетибман дерди. Қаердадир, нафақат Хўжасоатда, балки қўшни қишлоқларда бўладиган кўпкари ва курашларда кетиб қолар, қайтганида отам ва онам қоронғуда юрмагин -танбеҳ беришар, у жимгина, бош эгибгина эшитарди-да, аммо яна оқшомдаёқ кураш бўладиган тўйхоналар томон кўзни шамғалат қилиб қочиб қоларди. Кейинчалик асарларида кураш ва от ҳақидаги ёзганларини кўпчилигини ўша маҳалларда кўрганларини, эшитганларини ёзган бўлса ажаб эмас.

Тошкентга кетди. Ўқиди. Ҳарбий хизматни ўтаб қайтди. Тошкентга ишга қолди. Ўқиб юрган кезлари ҳар келганида, ўзи ёзганидек, онам унга атаб олиб қўйган мева-чевами, пулми, кийимликми… унинг олдига чиқарарди ва кетаётганида сумкаларини тўлдириб ташларди. У — Йўл олис, техника йўқ, қийналаман- дея унамас эди. Онам эса шоир бўлишинг керак дея, у отам пул берди, дейишига қарамай, қўлига тутамгина пул бериб кузатарди. Кейин ёзувчи бўлиб танилди. Давлат, эл эътироф этди. Оғзи ошга энди етди деганда, унга умр вафо қилмади. Уни вафоти куни сўнгги манзилга кузатишга чақиришди, бормадим. Тўғри қилганманми…боиси уни ўлганига ҳамон ишонмайман. У худдики уй дарчасини тиққилатганча, томоқ қирганча, кулибгина Даминбой, Орзугул…қандайсан, бола-чақанг тинчми?- дея кириб келаётгандек бўлаверади. Ўша дамлар, ота-онам, акам энди йўқ. Ҳамонки, ўша даврнинг, акамнинг шамоли билан ҳамон яшаб келаяпман. Менинг шундай акам борлигидан фахрланаман.

Дамин Жумаев, синфдоши:
— Тоғай Мурод билан тўққиз йил бир синфда ўқиганман. Ўзига нисбаттан анчагина талабчан, билимли, тиришқоқ, киришимли, бироз эркасифат эди. Полвонкелбат бўлиб улғайди. Каттагина китоб захирасига эга мактаб кутубхонаси бўларди. Биз уни кўпроқ шу ерда китоб ўқиб ўтирганлигини, китоб олиб уйига кетаётганлигини кўп кўрардик. Шундан бўлса керакки, унда адабиётга, ёзувчиликка иштиёқ уйғона бошлаганлигини. Аммо мен ёзувчи бўламан деб ҳеч қачон айтганлигини эшитмаганман.

Дўстлигимиз кейинчалик, қариндошлик ришталари билан боғланди. Унинг синглисига уйландим. Тоғайнинг отаси ва онаси яхши инсонлар, доимо кишиларга яхшилик қилиш керак деб яшайдиганлардан эдилар. Шундан бўлса керак, бу хислатлар Тоғайда ҳам мужассам эди. Билиб-билмаганлар уни бироз қўрс, мақтовларни яхши кўрадиган, тунд, одамови, сўзини ўтказишга уринадиган кишилардан эди дея таъкидлашганларида, бу гапларга сира ишонгиларим келмайди. Ўзига хос характери бор эдики, одам танламасди, бироқ кўнгли айтганини, қалбига йўл топа олганлар даврасида очилиб, ўзини шу қадар эркин ҳис этарди. Бу эса ёзувчини давра танлайди деган гапнинг юзага келишига сабаб бўлгандир. Онаси ва синглиси билан бўлган муносабати беҳад самимийлик билан бўларди.

Биз болалигимизданоқ, кейинчалик ҳам бир биримизни яқин олганимизданми, сенлаб гаплашардик. Кайфиятнинг одами эди. Ноҳақликка чидай олмас эди. Агар шу ҳолатнинг устидан чиқса, полвонлиги қўзиб кетар. Шундай воқеалардан бирини сизга баён этсам. Ўша пайтлар Хўжасоатдан Деновга кунида бир марта афтобус бориб келар, тонгда йўлга чиққан йўловчи Денов бозоридан бозорлигини қилиб, ишини, юмушини бажариб, тушдан сўнг соат иккида яна қишлоқ сари йўл олади. Афтобусда одамларнинг тирбандлиги, йўлларнинг носозлиги, техниканинг тез-тез бузилиб қолиши асабий ҳолатни келтириб чиқарарди. Бу қишлоқда шофёрнинг ошиғи олчи, айтгани- айтган эди ўша маҳаллар.

Тоғай Мурод қайсидир асари учун манба тўплаш учун қишлоқда келиб юрган маҳаллар эди. Шундай кунларнинг бирида афтобус шофёрининг кекса йўловчига бўлган муносабатидан жаҳли чиққан ёзувчи билан ҳайдовчи ўртасида аввалида бошланган даҳанаки жанг, муштлашувга айланиб кетади. Гарчи ҳайдовчи ноҳақ бўлсада, афтобусдан қолиб кетишни истамаган йўловчиларнинг ҳам кўпчилик қисми ёш ёзувчини айбдорга чиқаришади. Эътиқодига қарши чиққан қишлоқдошлардан анча вақтгача кўнгли оғриб юргани эсимда. Тошкентга, уйига борганимда, гапдан-гап чиқиб, — Тоғай изингдан из қолмади-да, отам деб изиллайдиганинг ҳам йўқ! — дедим. У — ана мени болаларим – деди жавон томонга боқиб. Мен шу томондаги китоблар атрофидан бирор бир суратни излашга тушиб кетганимда, у изоҳ берди.

— Китобларим — менинг болаларим. Изимдан қоладигани шулар.- деди бамайлихотир. Орадан йиллар ўтди. Биз Хўжасоатда ёзувчи билан бир синфда ўқиган синфдошлар етмишнинг остонасида сийраклашганча кетиб бораяпмиз. Англаганим, орамиздан Тоғай Муроднинг фарзандлари яна ўзидек зўр чиқди.

 Умбар Жалилов, ёзувчи ўқиган Олтинсой туманидаги 43 сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси:

Тоғай Мурод билан орамизда бир ёш фарқ бор. Укам Зиёдбой билан бирга ўқишган. Бир қишлоқда, кўчада улғайганмиз. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Хўжасоат кичиккина, ўз номи билан айтганда қишлов учун манзил эди. Кеч кузда даштдан чорвасини, боғидан узумини йиғиб келган қишлоқ аҳли эрта баҳордан ўтов тикиб чиқиб кетарди. Тоғайлар ҳам боққа кўчиб чиқишарди. Олтмишинчи йилларнинг ўрталарида Қарши педагогика институтига ўқишга кирдим. Таътил вақтида бир жомадон китоб билан қишлоққа қайтганимни укамдан эшитган шекилли, Тоғай бир куни шомга яқин дарвозамиз олдига келиб, мени чақирди. Саломлашганимиздан сўнг, у мен олиб келган китоблар билан қизиқди ва ўқишга бериб туришимни сўради. Мен ўшанда гарчи ҳали мактаб ёшида бўлсада, адабиётга, китоб танлашда ўзига хос диди борлигини сезганман.

Тошкентда ўқиди. Ишга қолди. Пойтахтга борганимда ва у Хўжасоатга келганида кўп суҳбат қурар эдик. Роман, қисса, ҳикоялар ёзди. Унинг ёзган асарларидаги кўпчилик қаҳрамонларни танийман. Полвонлар, чопағонлар, раислар, қишлоқ одамлари, жойлар… кўпчилиги ҳаётдан олинганлигини англайман. У ҳар йили кузга яқин Сурхондарёга албатта келарди. Қишлоқ тепасидаги қирлар сари ўрлаб кетарди, узоқдан кўриниб турарди, қир ёнбағрида ёнбошлаб узоқ вақт қолиб кетарди ва уйга кўнгли ёришганча эниб келарди.

У Хўжасоатни юртга танитди. Бугун қайси бир манзилга бормайлик, қишлоғимиз номини айтишимиз биланоқ,- Тоғай Мурод туғилган қишлоқ? – дейишади. Кўнглимиз тоғдек кўтарилади. Адиб ўқиган 43 сонли мактаб ҳовлисида бугунги кунда унинг номи билан аталадиган боғ ва музей ташкил этишни анчадан буён дилга тугиб қўйганмиз. Хўжасоатдан кўплаб илм фан фидоийлари, таниқли тиббиёт ходимлари, ижод аҳли вакиллари этишиб чиққан. Қишлоқ аҳли мана шу манзилдан етишиб чиққан, таниқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод ҳақидаги хотираларни алоҳида завқ шавқ билан сўзлаб беришдан ҳеч қачон чарчамайдилар.

Албатта, Тоғай Мурод жаҳон адабиётидаги йирик намоёндалар Расул Ҳамзатов ўзининг Цада овулини, Чингиз Айтматов Шакар овулини, Абдулла Орипов Некўз овулини танитганидек, у ўзининг Хўжасоат қишлоғини адабиётга олиб кирди. Албатта, ёзувчилар кўпинча ўзи улғайган муҳит тасвири таъсирида иш кўради. Чунки ҳеч қайси воқеликни ўзи яшаб кўрган, нафас олаётган муҳитчалик яхши била олмайдилар. Ўз тажрибалари уларга ёрдам беради. Катта адабиёт яширинган Хўжасоатни кашф этган ёзувчи қисқа умри давомида ҳаётда, турмуш сўқмоқларида, адабиётда не бир кунларни кўрмади. Унинг адабий диди, адабиётга муносабати юқори даражада бўлганлигидан ва полвонлик ҳислатидан оқни-оқ, қорани-қора деди, лаганбардорлик қилмади. Ялтоқланмади.

Бразилия ёзувчиси Жоржи Амадунинг “Кимки ўз ватандошлари наздида қанчалик юксакликка турса, шунчалик катта мавқени эгалласа, у шунча тез ҳасадгўйларга нишон бўлади.” деган гаплари айни ҳақиқат эканлигини унинг ҳаёти мисолида яққол англаш мумкин. Эрк қуёши юртдошларимиз елкасини ёритди. Ғуборлар ариди. Доруломон кунлардан элнинг дилида шодумонлик инди. Тарлон от қиссаси “От қишнаган оқшом”даги Зиёдулла чопағончасига айтганда, асар аввалида таъкидланганидек, … улоқни ҳақиқатдан ҳам Тоғай Мурод илиб кетди.

* “Diyor” телеканалининг Сурхондарё вилояти бўйича муҳаррири
“Diyor” телеканалининг “Мўъжаз ватан” кўрсатувидан олинди

012

Sarvarbek  To’raev*
ODAMLAR YUKSAK TOG’LARDEK YASHASA
yoxud O’zbekiston xalq yozuvchisi Tog’ay Murod hayotiga chizgilar
033

“Har bandaning ko’kda o’z yulduzi bo’ladi, oshna. Shu yulduzning yongani shu bandaning yonganidir.Shu yulduzning so’ngani shu bandaning so’nganidir.
…. Yulduzim mangu yonadi”
Tog’ay Murodning “Yulduzlar mangu yonadi” qissasidan.

Bobotog’ va Boysuntog’ oralig’ida Surxondaryo qoq ikkiga bo’lib oquvchi vohani balki yaxshi bilarsiz, bilmassiz, ammo Tog’ay Murod tug’ilgan manzilni izlab yo’lga chiqqan odam Oltinsoy tumanidagi Xo’jasoat qishlog’ini topishga qiynalmaydi. Nega desangiz, adib asarlarining o’zi yo’lovchiga xarita bo’lib xizmat qiladi.

Mana Xo’jasoatliklar bilan doimo or talashib kelgan Sho’rchiliklar manzili, mana bu esa Denovning sershovqin va azaliy serg’alva gavjum bozori, ana u biydek dasht Sayrak dashtlari, do’pppidekkina bo’lsada adabiyotga kirgan Obshir va Lo’kka qishloqlari, purviqor Surxontog’ etagidagi Vaxshivor qishlog’i va Sufi Olloyor ziyoratgohi… Va albatta tarixi, tabiati, tasviri, odamlari, boringki butun bo’yi-basti bilan adib asarlarida mujassam bo’lgan ma’lum va mashhur Xo’jasoatni topib kelasiz. Bu manzilda Tog’ay Murod tug’ilgan uy, u chopqilab yurgan hovli, xivichdan ot qilib, minib, changitib yurgan ko’chalar, sumkasini qo’ltig’iga qistirib birinchi sinfga maktabga yo’l olganida katta yo’lga boshlagan ko’cha yoqasidagi taravaqaylab ketgan chinor daraxti, bo’lajak adib o’n yil o’qigan qadrdon maktabi, maktab yonidagi o’shanda ham shovullash nimaligini bilmaydigan, suvi jimirlab oquvchi suvliksoy, bularni barchasini Xo’jasoatni o’z bag’riga olgan o’rkach o’rkach qir adirlar sizni maskan odamlari singari biroz qiziqqonlik bilan va albatta o’ziga xos g’o’ddayibroq kutib oladi.

Milliy adabiyotimizning noyob vakili tug’ilib voyaga yetgan bu manzil haqida asarlarda zavq shavq bilan o’qiganimiz tufayli hayrat va hayajon bilan teledastur tayyorlash ilinji bilan yo’l olganimiz rost. Viloyat markazidan 156 kilometr masofada joylashgan Xo’jasoat qishlog’iga yetib kelganimizda quyosh ufqdan allaqachon bosh ko’targan. Qishloq ahli allaqachonlar o’z ishiga mashg’ul bo’lgan. Kimdir qishloq tepasida yastangan qir adirlarda otarini haydab chiqib ketgan, ravon yo’lning ikki tomonida jannatmonand qiyofa kasb etgan bog’larda ziroatkorlar o’z ishi bilan mashg’ul, o’qituvchi va o’quvchilar qishloqdagi uchta o’rta ta’lim maktabi va kasb hunar kolleji tomon yo’l olgan yoki qaytgan. Sertashvish va shovqinzor shahardan ko’nglida sokinlikni oroyish topishini istaganicha maftunkor qishloqlarga tomon safarga chiqqan kishilar kabi yo’l manzaralariga maftunlikda qishloq markaziga yetib keldik.

Bugungi kunda Xo’jasoat QFYdagi uchta mahallada 12 mingdan ortiq aholi yashab kelmoqda. Aholi maskanida uchta maktab, Oltinsoy transport kollejida yosh avlod vakillari teran va sog’lom tafakkur sohibi bo’lish yo’lida ilm-fan sirlarini mukammal o’rganishayotganligini guvohi bo’ldik. Tog’aymurod Mengnorov o’quvchilik paytlarida qishloqda, ularning uyidan uncha uzoq bo’lmagan hozirgi 43-sonli maktab o’rnida bitta pastqam va qorong’u xonalarga ega ta’lim muassasasi bo’lgan esada bugun bu manzildagi qator ta’lim maskanlari shahardagidan aslo qolishmaydi. O’quvchilar bundan yarim asr muqaddamdagidek, qishda doimo chakki o’tib turadigan sinfxonalarda tushgacha o’qib, tushdan so’ng dalaga paxta chegana va g’o’za chelpish, terish ishlari bilan mashg’ul bo’lishmaydi. O’sha zamonlar shunday edi… O’shanday sharoitda Tog’ay Murod singari adabiyotimizning noyob iste’dodlari muz qatlamlarini yorib chiqqan boychechak singari borliqqa nafosat va ifor tarata bilgan edi.

Tog’ay Murod tug’ilgan uy hozir ham bor. Bu uyda ayni paytda yozuvchining singlisi Orzugul aya, kuyovi, sinfdoshi Damin otaning bir etak bolalari istiqomat qilib keladi. Qiblaga qaragan uch xonali, dabdabaliklardan holi, hovlisida ixchamgina shiyponi va osmonga bo’ylagan, yozuvchiga soya bergan keksa tut daraxti bor uy. Bu uy garchi tilga kirgudek bo’lsa ko’p narsalarni yozuvchining muhiblarga so’zlab berardi. Masalan, katta adib dunyoga kelgan o’sha kunni, go’dakligida hovlida tetapoya bo’lganliklarini, tili chiqa boshlagan bolakayning osmonga quyoshdan o’g’irlayotgan nurlarini zaminga beminnat uzatayotgan oyga boqib, jajji qo’lchalari bilan — Oymomo-deganini, paxtazordan, bug’doyzordan holsiz, suvsizlikdan tomog’i qaqragancha qiqilgan yelkasiga etagini osiltiribgancha hovliga kirib kelgan onasiga Tog’aymurodning –Ena,ena-deya talpinishini, birinchi bor maktabga yo’l olganini, sevib qolgan sinfdosh qiziga yozgan dastlabki sevgi maktubini, kurash tomosha qilib tonggi yaqin kirib kelganlarini, katta orzularni yelkalab, poytaxti azimga jo’nagan bo’lajak yozuvchini ota-onasi, yaqinlari bilan elas elas xiralashib ko’zdan o’chguncha kuzatib qo’yganligini o’ziga xos zavq-shavq bilan gapirib beradi.

Orzugul aya Mengnorova hikoya qiladi:

— Tog’ay akam bilan oramizdagi farq olti yoshni tashkil etardi. Biz oilada otam, onam, akam va men edik. Onamizning birinchi turmushlaridan Tog’ay akam, ikkinchi turmushlaridan men tug’ilganman. Tog’ay akamning otalarini Bo’riboy degich ekanlar, akam uch yoshliklarida vafot etganidan so’ng onam Tojigul, otam G’afforboy bilan taqdirlarini bog’laganlar va akam ham ergashib kelganlar. Bir narsaga aminlar bo’lamanki, toki bo’yim yetib, oq-qorani teran tushunganimga qadar o’gay ekanligimizni bilmaganman va munosabatlarga ham bu borada yo’l qo’yilmagan. Otam meni qanchalar suysa, akamni o’g’il bo’lganliklari uchunmi, mendan ham a’loroq yaxshi ko’rardi.

Men akamning to’qqizinchi sinfda o’qib yurganligidanoq aniq eslay boshlayman. Sinfdoshlari orasida ham biroz o’z kuchini ham bilimda ham kuchda namoyish etadiganroq, biroz oliftaroq kiyinadigan bola edi. Tun yarimlaganda ham xonasini fonus yoritib turardi. Ertasida onam — O’g’lim sen nega uxlamaysan? Biror joying og’riydimi, betobmasmisan?-deya so’rardi. – Yaxshiman, ena. Denov bozordan yoki kutubxonadan olgan kitobni o’qishga sho’ng’ib ketibman derdi. Qaerdadir, nafaqat Xo’jasoatda, balki qo’shni qishloqlarda bo’ladigan ko’pkari va kurashlarda ketib qolar, qaytganida otam va onam qorong’uda yurmagin -tanbeh berishar, u jimgina, bosh egibgina eshitardi-da, ammo yana oqshomdayoq kurash bo’ladigan to’yxonalar tomon ko’zni shamg’alat qilib qochib qolardi. Keyinchalik asarlarida kurash va ot haqidagi yozganlarini ko’pchiligini o’sha mahallarda ko’rganlarini, eshitganlarini yozgan bo’lsa ajab emas.

Toshkentga ketdi. O’qidi. Harbiy xizmatni o’tab qaytdi. Toshkentga ishga qoldi. O’qib yurgan kezlari har kelganida, o’zi yozganidek, onam unga atab olib qo’ygan meva-chevami, pulmi, kiyimlikmi… uning oldiga chiqarardi va ketayotganida sumkalarini to’ldirib tashlardi. U — Yo’l olis, texnika yo’q, qiynalaman- deya unamas edi. Onam esa shoir bo’lishing kerak deya, u otam pul berdi, deyishiga qaramay, qo’liga tutamgina pul berib kuzatardi. Keyin yozuvchi bo’lib tanildi. Davlat, el e’tirof etdi. Og’zi oshga endi yetdi deganda, unga umr vafo qilmadi. Uni vafoti kuni so’nggi manzilga kuzatishga chaqirishdi, bormadim. To’g’ri qilganmanmi…boisi uni o’lganiga hamon ishonmayman. U xuddiki uy darchasini tiqqilatgancha, tomoq qirgancha, kulibgina Daminboy, Orzugul…qandaysan, bola-chaqang tinchmi?- deya kirib kelayotgandek bo’laveradi. O’sha damlar, ota-onam, akam endi yo’q. Hamonki, o’sha davrning, akamning shamoli bilan hamon yashab kelayapman. Mening shunday akam borligidan faxrlanaman.

Damin Jumaev, sinfdoshi:
— Tog’ay Murod bilan to’qqiz yil bir sinfda o’qiganman. O’ziga nisbattan anchagina talabchan, bilimli, tirishqoq, kirishimli, biroz erkasifat edi. Polvonkelbat bo’lib ulg’aydi. Kattagina kitob zaxirasiga ega maktab kutubxonasi bo’lardi. Biz uni ko’proq shu yerda kitob o’qib o’tirganligini, kitob olib uyiga ketayotganligini ko’p ko’rardik. Shundan bo’lsa kerakki, unda adabiyotga, yozuvchilikka ishtiyoq uyg’ona boshlaganligini. Ammo men yozuvchi bo’laman deb hech qachon aytganligini eshitmaganman.

Do’stligimiz keyinchalik, qarindoshlik rishtalari bilan bog’landi. Uning singlisiga uylandim. Tog’ayning otasi va onasi yaxshi insonlar, doimo kishilarga yaxshilik qilish kerak deb yashaydiganlardan edilar. Shundan bo’lsa kerak, bu xislatlar Tog’ayda ham mujassam edi. Bilib-bilmaganlar uni biroz qo’rs, maqtovlarni yaxshi ko’radigan, tund, odamovi, so’zini o’tkazishga urinadigan kishilardan edi deya ta’kidlashganlarida, bu gaplarga sira ishongilarim kelmaydi. O’ziga xos xarakteri bor ediki, odam tanlamasdi, biroq ko’ngli aytganini, qalbiga yo’l topa olganlar davrasida ochilib, o’zini shu qadar erkin his etardi. Bu esa yozuvchini davra tanlaydi degan gapning yuzaga kelishiga sabab bo’lgandir. Onasi va singlisi bilan bo’lgan munosabati behad samimiylik bilan bo’lardi.

Biz bolaligimizdanoq, keyinchalik ham bir birimizni yaqin olganimizdanmi, senlab gaplashardik. Kayfiyatning odami edi. Nohaqlikka chiday olmas edi. Agar shu holatning ustidan chiqsa, polvonligi qo’zib ketar. Shunday voqealardan birini sizga bayon etsam. O’sha paytlar Xo’jasoatdan Denovga kunida bir marta aftobus borib kelar, tongda yo’lga chiqqan yo’lovchi Denov bozoridan bozorligini qilib, ishini, yumushini bajarib, tushdan so’ng soat ikkida yana qishloq sari yo’l oladi. Aftobusda odamlarning tirbandligi, yo’llarning nosozligi, texnikaning tez-tez buzilib qolishi asabiy holatni keltirib chiqarardi. Bu qishloqda shofyorning oshig’i olchi, aytgani- aytgan edi o’sha mahallar.

Tog’ay Murod qaysidir asari uchun manba to’plash uchun qishloqda kelib yurgan mahallar edi. Shunday kunlarning birida aftobus shofyorining keksa yo’lovchiga bo’lgan munosabatidan jahli chiqqan yozuvchi bilan haydovchi o’rtasida avvalida boshlangan dahanaki jang, mushtlashuvga aylanib ketadi. Garchi haydovchi nohaq bo’lsada, aftobusdan qolib ketishni istamagan yo’lovchilarning ham ko’pchilik qismi yosh yozuvchini aybdorga chiqarishadi. E’tiqodiga qarshi chiqqan qishloqdoshlardan ancha vaqtgacha ko’ngli og’rib yurgani esimda. Toshkentga, uyiga borganimda, gapdan-gap chiqib, — Tog’ay izingdan iz qolmadi-da, otam deb izillaydiganing ham yo’q! — dedim. U — ana meni bolalarim – dedi javon tomonga boqib. Men shu tomondagi kitoblar atrofidan biror bir suratni izlashga tushib ketganimda, u izoh berdi.

— Kitoblarim — mening bolalarim. Izimdan qoladigani shular.- dedi bamaylixotir. Oradan yillar o’tdi. Biz Xo’jasoatda yozuvchi bilan bir sinfda o’qigan sinfdoshlar yetmishning ostonasida siyraklashgancha ketib borayapmiz. Anglaganim, oramizdan Tog’ay Murodning farzandlari yana o’zidek zo’r chiqdi.

Umbar Jalilov, yozuvchi o’qigan Oltinsoy tumanidagi 43 sonli umumiy o’rta ta’lim maktabi o’qituvchisi:

Tog’ay Murod bilan oramizda bir yosh farq bor. Ukam Ziyodboy bilan birga o’qishgan. Bir qishloqda, ko’chada ulg’ayganmiz. O’tgan asrning oltmishinchi yillarida Xo’jasoat kichikkina, o’z nomi bilan aytganda qishlov uchun manzil edi. Kech kuzda dashtdan chorvasini, bog’idan uzumini yig’ib kelgan qishloq ahli erta bahordan o’tov tikib chiqib ketardi. Tog’aylar ham boqqa ko’chib chiqishardi. Oltmishinchi yillarning o’rtalarida Qarshi pedagogika institutiga o’qishga kirdim. Ta’til vaqtida bir jomadon kitob bilan qishloqqa qaytganimni ukamdan eshitgan shekilli, Tog’ay bir kuni shomga yaqin darvozamiz oldiga kelib, meni chaqirdi. Salomlashganimizdan so’ng, u men olib kelgan kitoblar bilan qiziqdi va o’qishga berib turishimni so’radi. Men o’shanda garchi hali maktab yoshida bo’lsada, adabiyotga, kitob tanlashda o’ziga xos didi borligini sezganman.

Toshkentda o’qidi. Ishga qoldi. Poytaxtga borganimda va u Xo’jasoatga kelganida ko’p suhbat qurar edik. Roman, qissa, hikoyalar yozdi. Uning yozgan asarlaridagi ko’pchilik qahramonlarni taniyman. Polvonlar, chopag’onlar, raislar, qishloq odamlari, joylar… ko’pchiligi hayotdan olinganligini anglayman. U har yili kuzga yaqin Surxondaryoga albatta kelardi. Qishloq tepasidagi qirlar sari o’rlab ketardi, uzoqdan ko’rinib turardi, qir yonbag’rida yonboshlab uzoq vaqt qolib ketardi va uyga ko’ngli yorishgancha enib kelardi.

U Xo’jasoatni yurtga tanitdi. Bugun qaysi bir manzilga bormaylik, qishlog’imiz nomini aytishimiz bilanoq,- Tog’ay Murod tug’ilgan qishloq? – deyishadi. Ko’nglimiz tog’dek ko’tariladi. Adib o’qigan 43 sonli maktab hovlisida bugungi kunda uning nomi bilan ataladigan bog’ va muzey tashkil etishni anchadan buyon dilga tugib qo’yganmiz. Xo’jasoatdan ko’plab ilm fan fidoiylari, taniqli tibbiyot xodimlari, ijod ahli vakillari etishib chiqqan. Qishloq ahli mana shu manzildan yetishib chiqqan, taniqli adib, O’zbekiston xalq yozuvchisi Tog’ay Murod haqidagi xotiralarni alohida zavq shavq bilan so’zlab berishdan hech qachon charchamaydilar.

Albatta, Tog’ay Murod jahon adabiyotidagi yirik namoyondalar Rasul Hamzatov o’zining Sada ovulini, Chingiz Aytmatov Shakar ovulini, Abdulla Oripov Neko’z ovulini tanitganidek, u o’zining Xo’jasoat qishlog’ini adabiyotga olib kirdi. Albatta, yozuvchilar ko’pincha o’zi ulg’aygan muhit tasviri ta’sirida ish ko’radi. Chunki hech qaysi voqelikni o’zi yashab ko’rgan, nafas olayotgan muhitchalik yaxshi bila olmaydilar. O’z tajribalari ularga yordam beradi. Katta adabiyot yashiringan Xo’jasoatni kashf etgan yozuvchi qisqa umri davomida hayotda, turmush so’qmoqlarida, adabiyotda ne bir kunlarni ko’rmadi. Uning adabiy didi, adabiyotga munosabati yuqori darajada bo’lganligidan va polvonlik hislatidan oqni-oq, qorani-qora dedi, laganbardorlik qilmadi. Yaltoqlanmadi.

Braziliya yozuvchisi Jorji Amaduning “Kimki o’z vatandoshlari nazdida qanchalik yuksaklikka tursa, shunchalik katta mavqeni egallasa, u shuncha tez hasadgo’ylarga nishon bo’ladi.” degan gaplari ayni haqiqat ekanligini uning hayoti misolida yaqqol anglash mumkin. Erk quyoshi yurtdoshlarimiz yelkasini yoritdi. G’uborlar aridi. Dorulomon kunlardan elning dilida shodumonlik indi. Tarlon ot qissasi “Ot qishnagan oqshom”dagi Ziyodulla chopag’onchasiga aytganda, asar avvalida ta’kidlanganidek, … uloqni haqiqatdan ham Tog’ay Murod ilib ketdi.

* “Diyor” telekanalining Surxondaryo viloyati bo’yicha muharriri
“Diyor” telekanalining “Mo»jaz vatan” ko’rsatuvidan olindi

012

(Tashriflar: umumiy 474, bugungi 1)

Izoh qoldiring