Odil Hotam. She’rlar & Iskandarning shoxi bor!..Shoir bilan suhbat

Ashampoo_Snap_2017.07.06_00h46m35s_008_.png Бугун шоир Одил Ҳотамнинг туғилган куни. Чин юракдан қутлаймиз

   Шеър қоғозга қандай тушади? Баъзан бир мисра ёки биттагина сўз ҳақида йиллаб ўйлайсиз… Гоҳо кутилмаганда…… Мен учун буюк тарихимиз, бугунги улуғвор эврилишлар, атрофимиздаги одамларнинг орзу-армонлари, биз етишга илҳақ бўлган келажак қоғозга тушадиган битиклар бешигидир…

ИСКАНДАРНИНГ ШОХИ БОР!..
Таниқли шоир Одил Ҳотамов билан суҳбат
004

Ashampoo_Snap_2017.07.06_00h31m45s_004_.png— Сизда адабиётга ҳавас қачон уйғонган, матбуотдаги илк чиқишларингиз, сўнгра, биринчи китобингиз ўқувчилар қўлига етиб борган дамларни бир эслаб ўтсангиз.

– Бу саволингиз менга олис болалик йилларимни яна бир марта эслатди. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларидаги мактаб дарсликлари, бадиий китоблар, айниқса, халқ эртаклари кўз олдимга келди. Ўша пайтлардаги имло қоидаларига биноан “ўқувчи” сўзи “ўқучи”, “билан” сўзи “блан” тарзида ёзилар эди.

Уй тўридаги токчаларни отам ўқиган, энди ўқийдиган китоблар эгаллаган. Ҳали ҳарф танимаган тўрт-беш ёшларимда уларни менга Зулфия опам (мени кўтариб катта қилган холам Зоҳида Маманазаровани ҳаммамиз Зулфия опа дер эдик) ўқиб берардилар. “Уч оғайни ботирлар”, “Муқбил тошотар” ва бошқа халқ эртаклари менга ёд бўлиб кетган.

Қаҳратон қишда ҳафталаб, баъзан ойлаб ерларни шудгор қилишга кетган отам керосин, солярка ҳиди ўтириб қолган ки­йимларини алмаштириб, ювиниб, сандали (танча)га ўтирар, чой ичиб бўлгач, бироз мизғиб оларди. Кейин токчадаги китоблар сандали устига тушарди. Отам ўзбек тилида, мен ҳали тушунмайдиган рус тилидаги китобларни аввал бир варақлаб, сўнг ўқишга киришардилар. Ўқиб-ўқиб ухлаб қолардилар. Отамнинг устига кўрпа ёпиб қўярдим.

Тўғри, у пайтларда “адабиёт” сўзининг луғавий маъносини тушунмаганман. Тенгдошларим қатори мен ҳам ҳарф таниб, савод чиқардим. Мактабда она тили, математика, физика, кимё, биология фанлари қатори адабиёт ҳам ўқитиларди.

Онам ҳар икки гапларининг бирига мақол, турли ибораларни қўшиб ишлатардилар. Масалан, “Бунга соя ҳам керак эмас, ҳамсоя ҳам…” каби.

Қачонки, адабиёт ҳақида ўйласам, онам билан Зулфия опамнинг қуёшдай чеҳралари кўз олдимга келади.

Демак, адабиётга илк ҳавас болалигимда уйғонган. Мактабни шу қадар яхши кўрар эдимки, қайтишда кимдир мени судраб уйга олиб кетаётгандай туюларди. Икки кўзим орқада: мактабда…

Биринчи синфни битиргач, ёзги уч ойлик таътил мен учун ит азобига айланди. Кунда-куноша бориб мактабимни, синфимизни, ўтирадиган биринчи партамни кўриб келаман. “Партангни ҳидлаб келдингми?” деб қўярдилар опам.

Охири, “Мактабимни соғиндим” сарлавҳали “шеър” ёзиб юбордим денг.

Зулфия опам мактабда ёшлар етакчиси эдилар. Менинг ажи-бужи ёзган “шеърим” мактаб деворий газетасига чиқиб, овоза бўлиб кетди. Ўша йиллари ҳамқишлоғимиз, бўлажак шоир Сулаймон Раҳмон мактабимизнинг тўртинчи ёки бешинчи синфларида ўқирдилар.

– Шу “шеър”ни ўзинг ёздингми ёки опанг ёрдамлашдими?

Сулаймон аканинг саволига жавобим шу бўлди:

– Ўзим ёздим. Мактабимни соғиндим-да!
– Яхши! Кўпроқ шеър ёдла!

Туман газетасида чоп этилган биринчи мақолам пахта йиғим-теримида қатнашган чолу кампирлар ҳақида эди. Исми шарифлари газетада чиққан боболару момоларнинг менга айтган раҳматлари ҳамон қулоғимда.

Худонинг берган куни туман газетаси таҳририяти йўлини чуқур қилар эдим. Ёзиб борган уч-тўртта “мақолам”дан биттаси чиқса ҳам мен учун байрам. Адабиёт фани ўқитувчимиз Узоқ ака Ҳайитов мени қўллаб-қувватлаб турадилар. У киши туман газетасининг қишлоғимиздаги энг фаол мухбири. Маҳмуд Саъдий таъбири билан айтганда, “шеър” деб аталган “тимтимак”ларимнинг барчаси таҳририятга борган хатларнинг рўйхатини оширган, холос…

Тошкентда ўқиб юрган йилларимда бекободлик дўстларимдан бири икки-учта машқ шеъримни оққа кўчириб, Бекобод тумани газетасига олиб борган. Рауф Парфи кўпинча “Бу воқеа қачон содир бўлди?” деб қўярди. Алқисса, мен учун бу “тарихий” воқеа 1970 йил 9 май куни юз берди… Ўшанда 20 ёшда эдим.

Биринчи тўпламим 1985 йили Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида (“Булоқ кўз очди” жамоа тўпламида) “Кечки майсалар” номи билан чоп этилган. Ўша йиллари шеър ёзиш масъулияти жуда юксак, тўплам чиқариш эса ўҳҳу-у!.

Фарғона вилоятидаги бир неча мактаб ўқувчилари ушбу камтарона тўпламдаги шеърларимга муносабат билдиришган. Пойтахтимиздан, бошқа вилоятлардан бўлган ҳаяжонли телефон қўнғироқлари… Ўзимча осмону фалакда учиб юрган кунларим… Адабиётшунослардан бири баъзи камчиликларимни ёзиб, бироз танобимни тортиб қўйган. Тортинчоқлигим туфайли тенгдошларим орасида ҳаёт неъматларига кейинроқ эришганман. Хуллас, ёзаверсам, гап кўп.

— Қандай устозларнинг таълимини олгансиз? Улар турмуш тарзингизга, ижодий фаолиятингизга қандай таъсир этган?

– Аввало, дунёдан ўтган устозларимнинг азиз руҳларини Аллоҳим ўз раҳматига олган бўлишини тилайман.

Отам, онам, Зулфия опамни, адабиёт муаллимларимиз – Узоқ Ҳайитов ва Норқул Аҳмедовлар биринчи устозларимдир. Университетда Бегали Қосимов, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Ботирхон Акрамов, Талъат Солиҳовларнинг ўй-хаёлларимиз, орзуларимизга қанот боғлаган узундан-узоқ маърузалари… Озод Шарафиддинов, Умарали Норматовларнинг донишмандона давра суҳбатлари… Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева мушоиралари…

Курсдошларимиздан бирининг таъбири билан айтганда, Талъат Солиҳов домламиз Мопассаннинг “Дўндиқ” ҳикоясини моҳир жарроҳ сингари “операция” қилиб, ҳикоя қандай ёзилишини кўрсатиб берганлар. Улар менинг ҳамду саноларимга, олқишларимга, боринг, ана, мақтовларимга муҳтож эмас.

Бегали Қосимовнинг илм-фан ривожи йўлидаги фидойилиги тилларда достон.

Шогирдпарвар Ғайбуллоҳ ас-Салом домламиздан олган инсонийлик сабоқларимиз бизга ҳозир ҳам асқотмоқда.

Ботирхон Акрамов эса (мус­табид тузум даврида) жонини гаровга қўйиб, Пайғамбаримиз ҳадисларининг мазмун-моҳиятини онгу шууримизга сингдирганлар.

Талъат Солиҳов, Ғайбуллоҳ ас-Салом чет эл адабиётининг зукко билимдони сифатида биз учун ҳамон тирик.

Озод Шарафиддиновнинг “сопини ўзидан чиқарувчи” енгил юморга, кулгига бой ўгитларию суҳбатларини унутиб бўлар эканми…

Ёшларнинг севимли устози Умарали Норматовнинг юраги, бутун илмий ва бадиий фаолияти меҳр булоғига қиёс…

Устоз Эркин Воҳидов адабиётда улкан мактаб яратиб кетди. Бу мактаб халқимизнинг келажакда ҳаётга қадам қўядиган миллионлаб фарзандлари учун юксак инсонийлик дорулфунуни бўлиши аниқ.

Шак-шубҳасиз, Абдулла Орипов шеърияти миллатимиз қадри, шаъни, орияти учун тикланган ҳайкал – бадиий обида.

Талабалик йилларимизда Рауф Парфи ижодидаги ватанпарварликка, миллатпарварликка, мажнунона фикрлаш тарзидаги тафаккур салоҳиятига ҳавасимиз юз эмас, минг чандон эди, ҳозир ҳам.

Менга қолса, Ҳалима Худойбердиева шеърни эркакчасига ёзади. Ҳозирги айрим “тимтимак”лардан Ҳалима опанинг бир мисраси авло. Худо хоҳласа, ҳадемай ўзининг етмишинчи баҳорига қадам қўядиган опанинг асарларида буюк Тўмарис меҳри, Широқ шиддати-шижоати мужассам…

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, раҳматли Қосим Ҳасановдан касбга, оилага, дўстларга садоқатни ўрганганман. Таҳририятимиз дарвозаси ёнида устоз Қосим аканинг мармарга ишланган сурати бор.

Сайди ака Умиров домламиз билан ҳозир ҳам гоҳо телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашиб турамиз, гоҳида эса ватанпарвар фотограф Абдуғани Жума устахонасида ҳозирги адабий жараёнларнинг у бошидан кириб, бу бошидан чиқамиз.

Ҳаётимда ул-бул “нимарсалар” қоралашимда камина учун ғоят азиз бўлган бу инсонларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Туғилажак фарзандга ота-­онани танлаш имконияти йўқ. Шогирдда эса… Мабодо, Худонинг қудрати билан қайтадан дунёга келадиган бўлсам, яна шу азиз устозларимнинг этагидан маҳкам тутардим.

— Одил Ҳотамнинг ижодхонаси қандай олам? У асарларини қандай яратади? Ижод жараёнингиздаги изтироб ва севинч ҳақида сўзлаб берсангиз…

– Тўғриси, бу саволингизга жавоб қайтариш мен учун бироз эмас, жуда ноқулай.

Бир неча йил илгари пойтахтдаги ижодкорлардан бири оғзини тўлдириб шундай деб қолди:

– Устозим уйимизга келганида “Ижодхонангни кўрсатасан?” деб туриб олди. Олиб кирдим. Ранг-қути учиб кетди: “Менинг ижод намуналарим – асарларимни нега иш столингга қўймадинг? Улар сен учун адабиёт дарслиги-ку! Мана бу бурчакка Афродита ҳайкалини қўй! Уйга ўтсанг, дунёга машҳур рассомларнинг асарлари рўйхатини бераман. Камида ўн-ўн бештасини танла! Энг сўнгги модадаги гилам ҳам келтир. Ҳар куни икки дона атиргул бўлсин! Келинга айт, кунда-куноша эринмай уларни алмаштириб турсин!” дедилар. Ер ёрилмади, ерга кириб кетмадим. Устоз топшириқларини бажардим, фақат Афродита ҳайкали топилмади. Бир шогирдимнинг отасига заказ бердим. Икки-уч кунда тайёрлаб етказади. Устозим айтганларидай – “бу ҳайкалча илҳом манбаи”.

… Оббо!.. Ана, бўлмасам… менда бунақа музей–ижодхона йўқ, ўзимга яраша ижодий оламим бор, холос.

Кечирасизу “асарларим” де­йишга тилим бормаяпти. Нимани қойил қилиб ёзиб қўйдим, ўзи… Тўғри, бир неча тўпламим чоп этилган.

Шеър қоғозга қандай тушади? Баъзан бир мисра ёки биттагина сўз ҳақида йиллаб ўйлайсиз… Гоҳо кутилмаганда…

Ижодий оламнинг дарвозаси ҳам, таъбир жоиз бўлса, пойдевори ҳам, боринг, ана, ҳавоси ҳам СЎЗ… Яқин дўстингизга, қадрдонингизга айланган китоблар. Беназир устозларнинг ўгитлари. Кўп йиллик тажриба… Мен учун буюк тарихимиз, бугунги улуғвор эврилишлар, атрофимиздаги одамларнинг орзу-армонлари, биз етишга илҳақ бўлган келажак қоғозга тушадиган битиклар бешигидир.

Ижодий жараённинг ўзига хос изтироблари, севинчлари хилма-хил, унутилмас… Антон Чехов сиёҳдон ҳақида роман ёзиши мумкинлигини айтганидек, улар хусусида ёстиқдай-ёстиқдай китоблар ёзса бўлади. Борингки, шундай китоблар ёзилди ҳам денг, аммо саноқли кишилардан бошқа ҳеч кимга уларнинг кераги йўқ.

Ҳар бир ижодкорнинг ўз ижодий олами бор, бўлган, бўлади.

— Айтинг-чи, шу пайтгача чоп этилган китобларингизнинг сони, умумий адади қанчага етди? Уларнинг ҳаммасидан кўнглингиз тўлганми?

– Шу пайтгача менинг номим билан бешта шеърий тўплам, битта ҳужжатли қисса чоп этилган. Ўндан ортиқ жамоа тўпламларини ҳисобга қўшмадим. “Онажон” тўплами бир неча йил мобайнида уч марта нашр этилди.

Шу ўринда ўтган асрнинг 80-90-йилларида шоирнинг биринчи китоби 10 минг нусхада, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа машҳур шоирларимизнинг тўпламлари 75 минг нусхада, улкан адибларнинг романлари 80 минг нусхада чоп этилгани бор гап.

Неча йиллар илгари ёзувчи Ашурали Жўраев таниқли шоир Хуршид Даврон асарларининг адади бир миллион нусхадан ортгани ҳақида ҳазилнамо бир нарса ёзган эди.

Кейинги йилларда “Шарқ” нашриёт– матбаа концернида таниқли шоирларнинг асарлари беш минг нусхада босилмоқда. Умуман олганда, ҳозир халқ шоирларию халқ ёзувчилари ҳам китоби адади билан мақтанолмайди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказиладиган “Истеъдод мактаби” республика ёш ижодкорлар семинарида нашрга тавсия этилган “Биринчи китобим” рукнидаги тўпламлар “Ижод” фонди томонидан молиялаштирилиб, 20 минг нусхада чоп этилиши ёш ижодкорларимизга қанот бўлаётгани шубҳасиз.

Нашриётларда йилдан-йилга китобнинг нархи ошиб бораяпти.

Ҳозир интернетдан дунёдаги таниқли адибларнинг истаган асарини саноқли дақиқаларда чиқариб олиш имконияти бор.

Бир замонлар пойтахтимизда бир йил Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кино ижодкорлари фестивали бўлиб ўтса, кейинги йили худди шу қитъалар ёзувчи ва шоирларининг халқаро анжуманлари, мушоиралари ташкил этилар эди. Келган ёзувчи ва шоирлар китобларининг адади 200-300 нусхадан ортмаслигини кўриб, таажжубдан ёқа ушлар эдик.

Сўзларимни ажойиб адиб ва адабиётшунос Аҳмад Аъзамнинг “Тил номуси” (Тошкент “Akademnashr”, 2013) китобидаги мисол билан давом эттирсам: “Саксон еттинчи йилмиди, ёзувчилар уюшмасига Париждан “Аксион поэтик” деган журнал вакиллари келди. Улар билан танишдик, суҳбатлашдик. Гапдан гап чиқиб, қайсимиздир бизда Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповнинг шеърий тўпламлари саксон-юз минг нусхада чоп этилишини айтган эди, французлар анграйиб қолди. “Сизларда қанча нусхада босилади?” – деб қизиқдим, э-э, буларни тоза уриб кетган экан-ку деган маънода. Улардан бири: “Юз-икки юз нусхада. Буни ҳам шоирнинг ўзи чоп қилдиради, ёру дўстларига тарқатади, ўтса, яна чиқаради. Катта тираж беш юзга боради-да”, – деди. Мен ажабланиб: “Дунёга машҳур шоирларингиз ҳам шу аҳволдами?” – деб сўрадим. “Ҳа, мен буюкларни айтаяпман”, – деди. “Шеърият бундай бўлса, прозанинг аҳволи қандай? Масалан, Францияда яшаётган Нобел мукофоти лауреати Семьюэл Беккет асарлари қанчадан босилади?” – деб сўрасам, “Беккетни уни тушунган одамларгина ўқийди. Булар ҳам кўп эмас. Беккет театри ҳам бор, унга эллик-олтмиш хос мухлисларгина тушади”, – деди. Мен Чингиз Айтматовни сўрадим, “Унинг асарлари катта тиражларда босилар экан-ку сизларда ҳам?” деган саволимга: “Ҳа, Айтматов катта тиражда босилади. Лекин у бестселлер”, – деб гапни лўнда қилди”( 81-82-бетлар).

Ўзимни жабрдийда қилиб кўрсатмоқчи эмасману кейинги йилларда ўндан ортиқ шеърий ва насрий тўпламларимни турли нашриётларга олиб бордим. Нархи осмонда. Орадан йиллар ўтиб, уларнинг деярли барчасини қайтариб олдим. Фарзандларимни ўқитдим, оила, рўзғор ташвишлари, дегандай. Айрим катта-катта пулдор ташкилотлар раҳбарларига шеър бағишлаб китоб чиқаришга эса ҳеч уқувим йўқ. Бу билан шундай қилаётганларнинг устидан кулмоқчи эмасман. Адабиёт ҳар қандай шахсий манфаатлардан устун ва холи бўлиши керак-ку, ахир…

“Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида, “Шарқ зиёси” ва бошқа газеталарда мунтазам қатнашиб келаман. Машқларни канда қилганим йўқ.

Шу пайтгача чиққан китобларим ҳақида турли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Уларни тўғри қабул қилдим. Ҳар кимнинг ўз қаричи бор, албатта.

Мақтаниш ёки катта кетиш эмас-ку, раҳматли шоир дўстим Назар Шукур хотирасига бағиш­ланган “Юксакдаги дарахт” ҳужжатли қисса ҳақида Қашқадарёда, Навоийда, пойтахтимизда анча-мунча самимий муносабатлар билдирилди. Хатоларим ўзимники, агар бор бўлса, ютуқларим, озми-кўпми, китобхонларники. Бу тўпламларимдан кўнглим тўлди, дегани эмас.

— Хотираларда ўқиймиз: бир вақтлар шоирлар варанглатиб шеър ўқишган, тингловчилар олқишлаган. Бугун бу ҳол йўқ. Бунга баъзилар ҳозир шеърни ҳамма ўзича – телефонда, компьютерда ўқийди, эшитади, деб изоҳлаши мумкин. Лекин бошқа ҳолат ҳам бор: бугун даврада шеър ўқишга кўпчилик ийманади. Шуни сиз ҳам сезганмисиз? Бунинг сабаби нимада?

– Ҳа, айтганингиздек, бир вақтлари шоирлар варанглатиб шеърлар ўқишар эди. Ўтган асрнинг 70-йилларида бир машҳур шоир Тошкентга келиб, “Залда беш минг киши бўлмаса шеър ўқимайман” деб туриб олади.

Билмадим, Тошкентда қандай, лекин жойларда мушоиралар, олқишлар ҳамон авжида. Масалан, Навоий давлат педагогика ва кончилик институтларида шундай. Бу олий таълим даргоҳлари ўқитувчиларининг аксарият қисми шоир. Уларнинг шоирликка асло даъвоси йўқ…

Айтганингиз тўғри: ҳозир ҳамма телефонда, компьютерда ёзади, ўқийди, тинглайди.

Қуйидаги мисол жойига тушадими-йўқми, билмадим. Бир пайт­лари университетдаги домламиз – масалчи шоир Мухтор Худойқулов янги масал ёзиб, бизга ўқиб бергани ёдимда. Унинг мазмуни шундай: “Бир курка тўқай тўрида учиш назарияси бўйича бургут полапонларига узундан-узоқ лекция ўқийди. Семестр якунида имтиҳонларни аъло ва яхши баҳоларга топширганларнинг қувончи чексиз. Домланинг ҳам кайфияти зўр. Нега аъло бўлмасин, ахир, шогирдлар ҳаво сокин ёки турли даражада шамол турганда неча градус бурчак остида қанот ёзиш кераклигини яхши ўзлаштириб олишди.

Курка хурсанд ҳолда сўнгги саволини ўртага ташлади:
– Кимда қандай савол бор?

Охирги қатордаги эндигина тухумдан чиққан полапон ўнг қанотини кўтаради. Устоздан ижозат бўлгач, савол беради:
– Домла, ҳаммаси яхши бўлдию, шу…

– Хўш?
– Би-и-ир учиб кўрсатмадингиз-да, устоз!

Домланинг ҳамон шашти баланд:
– Учишни бошқа домладан ўрганасизлар!
Шу билан семестр якунланади…”

Вилоятимизга бир шоир келди. Теша тегмаган саволлар, кутилмаган жавоблардан ҳамма ҳайратда.

Тадбир ниҳоясида зал адоғидан бир қиз шоирдан шеър ўқиб беришини илтимос қилди.

– Ҳамманг мана бу китобимдан сотиб олгансан, тўғрими?
– Ҳа! – залнинг турли жойларидан узуқ-юлуқ товушлар эшитилди.

– Уйга бориб, ёнбошлаб бемалол ўқийверасанлар! Мен аэропортга шошаяпман!

Ҳар-ҳар жойда шап-шуп чапак­лар… Шу билан шоир бирорта ҳам шеър ўқимай келган жойига жўнаворди…

Агар зерикмаган бўлсангиз яна бошқа бир мисолни айтсам…

80-йиллар ўрталарида бир тўйга бордик. Тўйни қайси бир тумандан келган 35-40 ёшлардаги киши олиб борди. Ишонасизми, қарийб икки-уч соат давом этадиган давра шиддатли шеърлар билан бошланди. Таклиф этилган созандаю хонандаларнинг тоқати тоқ. Тасаввур қилинг: “отарчи”лар “қистир-қистир”дан қолишаяпти. Раққосалар аламидан аччиқ-аччиқ шароб ичмоқдалар. “Состав” “каттаси” тўй эгасига ўдағайлайди.

– Сизларга келишилгани бў­йича тўлайман! – дейди тўй эгаси. – Мен бу йигитга ҳавасим кетиб олиб келганман. Қаранг, Эркин Воҳидовдан, Абдулла Ориповдан қандай зўр шеърлар ўқияпти!

– Биз қанча навалдан қолаяпмиз! – жазавага тушади “катта”.
– Бўлмасам… Ҳозир, шунисини тугатсин! Ўзим айтаман!..

Шу орада чироқ ўчса бўладими… Давра раиси микрофонсиз шеър ўқийверди. Кейин товуши чиқмай қолди. Давранинг эркак­лар ўтирган томонида “жангу жадал” авжида: шақару шуқур!!!

– Шеърни зўр ўқир экан-эй! – дейди бирови.
– Оч қоринга шеър ёқадими, ҳа, жигар…

Яна шақара-шуқур…

Ярим соатлар ўтдими, чироқ ёнди. Мусиқа варанглаб, “Лаълихон” ҳаммани даврага чорлади: “кишан-кишан” бошланди. Қолганлар аланглайди: ҳалиги шеър ўқиган давра раиси кўринмади. Битта-иккитаси тўй эгасидан сўради, у елка қисди.

Раққосалар давра айланишга тушишди. Пуллар дарёси… Бунинг оти – “навал”…

Орадан анча вақт ўтиб, кимдир гап топиб келди. Ҳалиги йигит ҳув наридаги “Жигули” ичида маст бўлиб ётган эмиш… Эртасига маълум бўлди: бу ишни “отарчи-санъаткорлар” уюштиришибди… Шу-шу ўша йигит қайта тўйга чиқмайдиган бўлди…

Менимча, бугун кўпчиликнинг шеър ўқишга ийманишининг сабаби…

— Ёзиш қачон эҳтиёжга айланади? Шоир учун ёзолмай қолиш нима?

– Эшитгансиз… Искандарнинг шохи бор!.. Ёзиш ана шундай ўжар эҳтиёжга айланиши керак. Усмон Носирнинг сўнгги кунларини хаёлан кўз олдингизга келтиринг… Менимча, ёзолмай қолиш шоир учун Усмон Носирнинг сўнг­ги кунидир.

Шу пайтгача ёзганларим олтин суви югуртирилган байтлар эмаслиги ўзимга аён.

Шоир ёзолмай қолишидан Ўзи асрасин.

— Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги ҳақида нима дейсиз? Шоирга илҳом қанчалик зарур?

– Бунга Алишер Навоийдан, Лев Толстойдан, жаҳонга машҳур бошқа ижодкорлардан истаганча мисоллар келтириш мумкин. “Худо юқтирмаса, мол бозорига даллол ҳам бўлолмайди” деган мазмундаги гап бор. “Истеъдоднинг 99 фоизи меҳнат” деган ҳикматни эшитгансиз. Қолган бир фоизи юқоридан.

Бани башарга сув билан ҳаво, олов билан тупроқ қанчалик зарур бўлса, шоир учун илҳом ҳам худди шундай… Ўткир Ҳошимовнинг “Асар илҳом билан яратилиши керак” деган мазмундаги гапини яхши биласиз. Менимча, илҳом ҳолати ижодкорнинг қайсидир маънода Оллоҳга яқинлашишидир. Мендан ошириб таърифлайдиганларнинг ҳалоли бўлсин.

— Бугунги кунда кўпчилик ижодкорлар, айниқса, ёшлар ижодида мадҳиябозлик кучайиб кетгандай. Ёш қизчалар, дейлик қўғирчоғи мушуги, ҳа, ана, дугонаси, онаси ҳақида ёзиши табииймасми? Наинки, ватанпарварлик, унга жон фидо қилишни қаламга олса… Бу ҳол сохталикни келтириб чиқаришга ва алал-оқибаттуйғуни ўтмаслаштиришга хизмат қилмайдими?

– Бошқаларни билмадиму, менбоп савол. Бунинг ҳаётий сабаби бор, албатта.

Гап шундаки, қарийб қирқ йилдан буён таҳририятимиз ҳузуридаги “Чашма” адабий тўгараги машғулотларини ўтказиб келаман. Тўгарагимизнинг собиқ аъзолари туманимиз, вилоятимиз, республикамиз миқёсидаги турли матбуот нашрларида, радио ва телевидениеда, бошқа соҳаларда қизғин фаолият кўрсатишмоқда.

Кўпчилигининг неча-неча китоб­лари, таржима асарлари ёруғлик юзини кўрган. Улардан бир неча нафари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Тўгарагимиз аъзоларининг аксарият қисмини шоира, қизлар ташкил этади. Агар вақтингизни олмасам, журналхонни зериктирмасам, иккита мисол келтирсам майлими?

– Марҳамат!

– Раҳмат! Йигирма йилча илгари 2– ёки 3-синфда ўқийдиган бир қизалоқни отаси таҳририятимизга етаклаб келди:

– Қизим Ватан ҳақида шеърлар ёзган. Ўшаларнинг тўрт-бештасини Тошкентга юбормоқчиман!

– Ҳали шошмай туринг, вақти бор! Қизимиз тўгаракдаги акаларига , опаларига етиб олсин. Қўли келгач, Сиз айтмасангиз ҳам нафақат Ватан ҳақидаги, балки бошқа шеърий машқларини ҳам ўзим республика газета ва журналларига юбораман! – Сўнг қизалоққа юзландим:

– Уйингда олма дарахти борми?
– Сизга неччи кило олма керак! Ҳозир келтириб бераман! – деди у.

Орадан икки-уч кун ўтиб яна келди:

– Шеър чиқарадиган жой билан гаплашдим, “юборинг” де­йишди.
– Онаси, олма дарахти, қўғирчоғи, товуғи, мушукчаси ҳақида ёзсин, демоқчиман.

Ота безовталанди:
– Нима, Ватан ҳақида ёзмасинми? Нега унга қаршилик қиласиз?

– Қизимиз улуғ Ватан туйғусини ҳозирча сиз ёки менчалик ҳис қилмайди-ку.
– Сиз нимани ҳам тушунардингиз! – деди отаси.

– Ҳали ҳам кеч эмас, юборманг! Қўли тўғри бўлсин! Шошқалоқлик қилманг!
– Э!..

Эртасига у менга қўнғироқ қилди:
– Юбордим!
– Оббо!..

Икки-уч ҳафталар ўтибми, у сувга тушган латтадай бўлиб келди…

– Хўш?
– “Шеърларингизни олдик, ёзаверинг!” деган жавоб хати келди.

– Шу билан қизингиз истеъдодли бўлиб қолдими?
– Совға-повға юборишадими, деб ўйлаган эдим.

У индамай чиқиб кетди… Қизи тўгарагимизга қайта қадам босмади…

Иккинчиси эса қуйидагича: мактаблардан бирининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари иккита папкани столимга қўйди:

– Еттинчи синфда ўқийдиган бир қизимиз зўр шеърлар ёзиб, тўплам тайёрлаган. Мана буниси лотинда, буниси кириллда. Отаси нашриёт билан гаплашган. Сўзбоши ёзиб берасиз. Китоб қилиб чиқарамиз!
Папкаларни очдиму…

– Домла, шошмаяпсизми?
– Йўқ, нимайди?
– Мен ҳозир…

Қўшни кабинетга ўтиб шоир, таржимон Вафо Файзуллоҳнинг “Жон йўли” шеърий тўпламини келтирдим-да, папкалар устига қўйдим:
– Буниси лотин имлосида, буниси кириллдагиси!..

Муаллима аввалига ҳайрон қолди, сўнг китобларни варақлади, папкаларни очди, солиштириб кўрди. Ҳалиги қиз китоб муқовасидаги муаллиф ўрнига ўзининг исми шарифини қўйган, тўплам номи ўзгарган. Қисқаси, китобни нуқта-вергулигача кўчириб олган.

– Кечирасиз!..

Муаллима кўзда ёш билан чиқиб кетди. Кейин эшитсам мактабга қизнинг ота-онасини чақиртириб, муҳокама қилибди…

Афсуски, бундай мисоллар битта-иккита эмас.

Шундай ҳолда ҳис-туйғулар қандай ўткирлашсин? Ҳар қандай шароитда ҳам ёшларга тўғри йўл кўрсатиш бизнинг вазифамиз. Улардан умидимиз катта.

— Адабиётнинг жамиятда тутган ўрнини сиз қандай тасаввур этасиз ва адабиётимизда қандай анъаналар давом этишини, қандай иллатлар барҳам топишини истар эдингиз?

– Кўнгилга ўтиришадиган савол, унга жавоб қайтаришим шарт ва зарур, албатта.

Эрнест Хемингуэй “Чол ва денгиз” асари учун олган ўша Нобель мукофотини. Нега айнан шу қисса учун? Негаки, бу мўъжаз асарда инсон матонати улуғланади.

Адабиёт – адаб, одоб. Адабиётсиз жамият бир қадам ҳам олға силжимайди. Менга қолса, жамият улкан машина бўлса, адабиёт уни ҳаракатга келтирувчи куч.

“Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Юлдузли тунлар” асарлари миллий адабиётимизнинг ноёб дурдоналари. Уларда анъаналаримиз бетакрор ёрқин бўёқларда муҳрланган. Табиат тасвири, қаҳрамонлар портрети…

Кейинги йилларда яратилаётган айрим насрий асарларда қаҳрамоннинг асл қиёфасини илғай олмайсиз.

Раҳматли Аҳмад Аъзам вафотидан бир ҳафтами-ўн кун илгари қўнғироқ қилиб қолди.

– Нималар ёзаяпсиз? – сўрадим ундан.
– Ҳа, шу, соғлиқ…

– Хабарим бор, лекин сиз бекорчи эмаслигингизни яхши биламан.

– Бир нарсалар қоралаяпман, жўра. Асар диалоглардан иборат бўлади. Табиат манзаралари ҳам, қаҳрамонлар портрети ҳам суҳбат жараёнида очилиб бораверади…
А
ҳмаднинг бу қўлёзмаси ниҳоясига етганми-йўқми, билмайман.

Тўғриси, ҳозир яратилаётган асарларнинг айримлари жаҳон адабиётининг баъзи намуналарига тақлиддан бошқа нарса эмас.

Назар Эшонқул, Хуршид Дўстмуҳаммад асарлари бундан мус­тасно. Ҳақиқий миллий асаргина ўз эътибори, қадрини топади, ўша машҳур масалда айтилганидай: “Тарихда мисоллар жуда кўп бунга…”

Дарвоқе, иллатлар ҳақида… Ўрик, гилос, олмалар пишиши билан оиламиз бекалари улардан мураббо тайёрлаб, қишга олиб қўйишади. Агар “банка” талаб даражасида қайнатилмаган, мева-чева яхши ювилмаган бўлса, вақти-соати билан ўша “банка” қопқоғи албатта “отилади”. Мабодо, қопқоқ отилмасдан аввал кимдир уни истеъмол қилса, заҳарланиши, шубҳасиз. Хоҳ каттами-кичикми, бундай “асар” ўқувчи қалбини заҳарлаши табиий.

Мазмуни ҳамду санолардан иборат, ялтироқ муқоваларда чоп этилган ана шундай “китоб”ларни кўрганимда Абдулла Қаҳҳорнинг “Бу асарни “дўппимни ҳидлаб-ҳид­лаб ўқидим” деб ёзгани ёдимга тушади. Жасоратли адабиётшунос олим, ҳозирги замонавий тил билан айтганда, битта таҳлилий мақола билан ана шундай “китоб­”­­­­­­­­­ларнинг “жойини кўрсатадиган” Озод Шарафиддиновни эслайман…

Қани Озод акадай адабиётшунослар!

Биз улкан тараққиёт асри фуқароларимиз. Айни шу кунларда Саҳрои Кабирда улфатлари билан гап-гаштак, масалан, пивохўрлик қилиб ўтирган Мажнуннинг (Худо кечирсин!) Такламакан чўлларида сочини қирқтириб, қошларини тердириб, (Астағфуруллоҳ!) дугоналари билан “кола” ичиб турган Лайлига SМS орқали севги изҳор қилишини бир тасаввур этиб кўринг… Бу ақлга сиғадими?..

Гапни кўпайтирмай. Менимча, иллатлар ҳақида адабиётшунослар гапиргани маъқулмикан… Чумчуқ сўйса ҳам…

— Бугунги ўзбек адабиётини янада ривожлантириш учун нималар қилиш зарур деб ҳисоблайсиз?

– Менга қолса, айрим ёзувчи, шоирларимиз манманлик, кибру ҳаво, маҳаллийчилик осмонидан бир замонлар уларни улғайтирган ерга қайтиб тушсалар…

Ойдами-йилдами, озиб-ёзиб вилоятлардан пойтахтга бир бориб қолган, нашриётлар эшигида сарғайиб турган ижодкорларга ҳам одамдай муомала қилсалар, ҳеч бўлмаса, ўзбекчилигимизни унутмай, одамдай саломлашишга одатлансалар… Ҳаддингиз сиғиб, бир замонлар сизга таниш бўлган ижодкор ҳузурига борасиз… У эса… “осмонни ушлаб” турибди. Агар у қўйворса борми…

Давлатимиз томонидан адабиётимиз равнақи учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Шоир, ёзувчи, умуман, ижодкорлар халқни эзгуликка бошловчи кишилар эканлиги аён ҳақиқат. Гоҳо “Ижодкорларнинг ахлоқ кодексини тузиш керакмикан?” деган хаёлларга борганимни билмай қоламан.

Нима бўлганда ҳам худо ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин! Ҳар ким ўз ажали билан ўлади. Ҳар ким ўз қўли билан ёзади.

Қолгани – ВАҚТнинг олий ҳукмида…

Ҳурмат қилиб суҳбатга чорлаганингиз учун минг раҳмат!..

Суҳбатдош – Ғиёсиддин ЎНАРОВ
Манба: “Ижод олами” журнали 2017 йил, 2-сон

Одил Ҳотам
ШЕЪРЛАР
09

* * *

…Тун ваъдасин шивирлар япроқ,
Соҳилларда тентийди соғинч.odil_hotam.jpg
Тўлқинларда мавжланар титроқ,
Сочилади елларга ўтинч.

…Табиат ўз кўнглини хушлар,
Варақлайди сардафтарини.
Дарахтларда мизғиган қушлар
Тушларида кўрар барини…

ОШИҚ БЎЛИБ
Умид Худойқуловга

Тоғу тошдан излаганинг жайронмидир,
Чаманлардан кўзлаганинг райҳонмидир,
Ота-онанг бу ҳолингга ҳайронмидир,
Қиёматли ошиқ бўлиб суйгил СЎЗни.

Дарё бўйи – соҳил сенга торлик қилар,
Наҳот, бир кун яқин дўстинг морлик қилар,
Аллоҳ ўзи иноятин ёрлиқ қилар,
Қиёматли ошиқ бўлиб суйгил СЎЗни.

Юрак асли отилмаган тўпдир, бўтам,
Сўзнинг нозу истиғноси кўпдир, бўтам,
Висолига етсанг агар хўпдир, бўтам,
Қиёматли ошиқ бўлиб суйгил СЎЗни.

Шеър битасан ярим тунлар нурли-нурли,
Тушларингга қизлар кирар турли-турли,
Ранглар сендан шарҳин тилар сирли-сирли,
Қиёматли ошиқ бўлиб суйгил СЎЗни.

Сўзни асра сўз ишқида куймагандан,
Уни жону жаҳонидай суймагандан,
Эътиқод, ишқ ҳирқасини киймагандан,
Қиёматли ошиқ бўлиб суйгил СЎЗни.

Суйганингни нокасларга сездирмагил,
Ғанимингни боғларингда кездирмагил,
То қиёмат сўзни асло бездирмагил,
Қиёматли ошиқ бўлиб суйгил СЎЗни.

Навоийнинг қўли силар бошларингни,
Бобур артар тонголди кўзёшларингни,
Ватан олар йўлингдаги тошларингни,
Қиёматли ошиқ бўлиб суйгил СЎЗни.

* * *

Дунё ишларига хоҳ йиғла, хоҳ кул,
Арслондай изидан қайтмайди, ўжар.
Кимнингдир наздида юлдузлар хок, кул,
Кимнингдир наздида мушфиқ Ер – ўр, жар…

Шамол – фаслларнинг башоратчиси,
Қош-қовоғинг билан асло иши йўқ.
Шафақлардан келар ишорат иси,
Япроқлар бандини узган вақтдир ўқ.

Қўл силтаб қўясан барига пурғам,
Ҳур қуёш таърифи сиғмагай сўзга.
Бу дунёда ҳеч ким – ҳатто ўғлинг ҳам,
Йўриғингга юрмас ўзингдан ўзга…

Дунё ишларига хоҳ йиғла, хоҳ кул…

* * *

Ярқироқ шуълалар аталган кимга,
Кимларга аталган оппоқ булутлар.
Эртаклар сўйлаган болалигимга
Паҳлавон келбатли азим балхтутлар.

Йиллар энтикади мозий пинжида,
Асрлар тарҳига тор келар қоғоз.
Мен фақир юрибман СЎЗ илинжида,
Бўғзимда “Алифбо” – ям-яшил овоз…

* * *

Деразангда сен тилаган тун,
Япроқларда шуъла жимжима.
Майин еллар чиқармай сас, ун,
Ҳисларингни қилар таржима.

Бир йигитнинг кўнгил таскини –
Яшил-яшил қирлар тўшида,
Арғумоғи ёнида. Сени –
Кўрар узун-узун тушида…

* * *

…Қадим бу қалъани ёвлар сўраган,
Ярқираб кетгандир киличда жони.
Уни олов ҳалқа бўлиб ўраган
Жасур ўғлонларнинг тўкилган қони.

Ким Ватанни севса тамасиз, кинсиз,
Дилига жо қилса шеър – қайдларини.
Миноралар бунда такрорлар тинсиз
Жасур шоирларнинг шоҳбайтларини…

* * *

Кимдир қизғанади сени кимдандир,
Кимдир тушларингга киролмай ҳалак.
Сўзингга маҳталдир нечалаб тақдир,
Сен эса барига парвойи палак.

Мосуво эмассан ўтли туйғудан,
Хаёлларинг билан кирасан жангга.
Мактублар битасан кечиб уйқудан,
Қизғанганлар қолиб, қизғанмаганга…

* * *

Пастаккина кулба… Улкан балхтут,
Уфққа кетган йўл… Чексиз осмон.
Умидга ўхшайди парча оқ булут,
Бағрида чақинлар яшар бегумон.

Ўша йўлдан кетмоқ тақдир эҳсони,
Орзуга пойандоз парча оқ булут.
Мақсадга етказиш аҳду паймони,
Қўриқлаб боради мени балхтут.

…Уйғониб кетаман олис уйқудан,
Пастак уйдан бола беради овоз.
Лавҳгами ўхшаган стол устида
Мени кута-кута сарғаяр қоғоз…

Манба: «Ёшлик» журнали веб-саҳифаси

* * *

Боғлар аро ранглар тўлғоғи
Туйғуларга олтин бешикдир.
Яшилликнинг сим-сим титроғи
Оқшомдаги ойдин қўшиқдир.

Табиатни англамоқ ҳам бахт,
Бахтдир ёмғир сирин тингламоқ.
Чақинларнинг чарақлаган шаҳд –
Қиличига ётдир зангламоқ.

…Тўлғоқларда туғёнлар чақнар,
Лабларингда туғилар исмим.
Кўзларингда мингингчи марта
Эриб кетар юрагим, жисмим…

УЧЛИК

Баҳор қутлар сени мендан ҳам аввал,
Баҳор қутлар мени сендан ҳам аввал,
Баҳор қутлар уни ундан ҳам аввал,
Биз қачон қутлаймиз бир-биримизни?

Сенда ҳам эҳтиёж, имконинг бисёр,
Менда ҳам эҳтиёж, имконим бисёр.
Унда ҳам эҳтиёж, имкони бисёр,
Биз қачон қутлаймиз бир-биримизни?

Вужудинг ўзингга, кўнглинг ўзингга,
Вужудим ўзимга, кўнглим ўзимга.
Вужуди ўзига, кўнгли ўзига,
Биз қачон қутлаймиз бир-биримизни?

Битта уйда яшаб, “Салом” демадинг,
Битта уйда яшаб, “Салом” демадим,
Битта уйда яшаб, “Салом” демади,
Биз қачон қутлаймиз бир-биримизни?

Наҳотки, эшиклар қолса сарсари,
Наҳотки, бешиклар қолса сарсари,
Наҳотки, қўшиқлар қолса сарсари,
Биз қачон қутлаймиз бир-биримизни?

* * *

…Саҳфаларда чайқалар дунё,
Дилга мезбон турфаранг сўзлар.
Вужуд ва руҳ тентиб, зим-зиё,
Кечалардан исмингни излар…
…Еллар ифор сочар, тупроқ йўл,
Чангдан ортиқ не берар танга.
Севилганга қадрдондир ул,
Ундан яқин севилмаганга…

* * *

1. Шакллар сурати, суратлар шакли,
Қаҳратон қаҳридан музлаган, қотган.
Ҳаётга ташналаб илдизлар шаксиз,
Она-ер бағрига чуқурроқ ботган.
Суратларга сиғмас кўнгил саҳроси –
Ялдо кечасидай узун ингроқ, зор.
Қоп-қора туйғулар ошиб сафроси,
Рангларга йўл бермас, кутқу – нобакор…

…Ташналаб илдиздай бағрингга ботиб,
Поклана олсайдим, улуғвор ҳаёт.
Қаҳратонда қотган гулни уйғотиб,
Самога ўрласа музаффар баёт.
Ранглар қатларида мўъжиза бисёр –
Руҳ ила пайваста бўлгани чоғи.
Ям-яшил бонг чалиб уйғонар баҳор,
Бошланар бойчечак, майса тўлғоғи…

2. Шакллар сурати, суратлар шакли.
Маъно-мазмунидан фикр тўқисам.
Ўсмир Алишердай адашмай асли,
“Мантиқ ут-тайр”ни ёддан ўқисам.
Синдириб аламлар харсангтошини,
Бобур нигоҳида Тожмаҳал тарҳи.
Синдирар ғофиллик зилдай лошини,
Аниқ аён бўлар фасллар шарҳи.

Яратган ишқида Машрабдай куйсам,
Қайта тирилтирса исмин нафаси.
Ҳолим баён этгач, қайтадан суйсам,
Мавлоно Румийдан қолган най саси.
Курашлар, қиёслар тинмагай асло,
Бедор тафаккурга келмагай малол.
Мангу жумбоқларни ечгайдир, аммо,
Одамзоднинг ўзи энг улкан савол…

* * *

Пастак кулба – уйимда,
Ўйлайман дунёларни.
Ҳайдайман зил ўйимдан:
Сароблар, рўёларни.

Келар айлабон шукур,
Улкан олам хам бўлиб,
Тонггача тушгай зикр –
Юрак жамулжам бўлиб.

* * *

Қалбим аро ўтли туғёнлар
Ўтга солар жону жисмимни.
Менсиз ҳолдан тойган имконлар
Нажот билиб чорлар исмимни.

Юлдузларин ёқади оқшом,
Ҳилол – орзу қалами билан.
Армонларга умрлар ош-нон,
Ошиқ ёнар алами билан.

Узун кеча. Соялар дилдош,
Қўшиқларим айтавераман.
Ипак қурти – энг содиқ сирдош,
Ўзлигимга қайтавераман.

* * *

Бахтдан кўзим ёшлаёлмайман,
Сидирганча кўлка, лошларни.
Йўлдан олиб ташлаёлмайман,
Товонимни тилган тошларни.

Боғланганман шунчалар ортиқ,
Минорадай ҳақиқатларга.
Юрагимни айлайман тортиқ,
Нур уммони – тариқатларга.

Тинсиз чорлар ям-яшил эпкин,
Яқинлашар юрсанг гар қуёш.
Юзларимни ювади секин,
Бахтдан ортган бир томчи кўзёш.

* * *

Қирлар зинапоя осмон сари,
Тоғлар мангуликка тахтиравондир.
Боғларда шамоллар машваратлари,
Минг йиллик балхтутлар ҳамон омондир.

Юрсанг, сурилгайдир уфқ кўздан нари,
Қайтмаган изларим қай йўлда йитмиш.
Олис болалигим қизғалдоқлари
Томлардан даштларга аразлаб кетмиш.

* * *

Ҳайрат асли тилсимланган ранг,
Тушни ўнгга йўйгайдир ҳилол.
Сир-синоат сандиғи-жаранг,
Тафаккурдан топгайдир камол.

Ҳайрат асли бедор, тинсиз жон,
Руҳ сувратин мусаввиридир.
Камалакка аталган эҳсон,
Чечакларнинг тасаввуридир.

Кишанларга азал кушанда,
Зиндонларга сиғмаган шуур.
Унга ноил бўлсин ҳар банда,
Пешонасин силасин ишқ, нур.
…Ҳайрат асли…

* * *

Мансаб, бойлик, обрў, муҳаббат,
Гоҳи жилға, гоҳи уммондир.
Игна учидай ҳам йўқ шафқат,
Сендан ғолиб келган гумондир.

Бахт йўллари тикан, ғам-алам,
Машаққати шунчалар тахир.
Меҳнат қилиб етолмасанг ҳам,
Орзу қилмоқ мумкин-ку, ахир…

* * *

… Тўлғоқ тутар дарахт жисмини,
Англамайсан, недан бу титроқ.
Сен билмаган бир қиз исмини,
Қулоғингга шивирлар япроқ.

…Харсангтошлар келар жунбушга,
Англамайсан, недан бу титроқ.
Орзуларинг ўхшайди қушга
Ҳамон сим-сим шивирлар япроқ.

…Толиқади охири бир кун,
Англайдирсан недан бу титроқ.
Қуёш эса ботар… сен бутун
Сарғаясан мисоли япроқ.

ҲАМОН…

Вазмин харсанг тошлар, жасур қоялар,
Мангулик ҳукмига маҳкум посбондир.
Булут, қуш қаноти солгай соялар,
Осмонда уммону уммон осмондир.

Бари ўз ўрнида, бари мунтазам,
Ҳаракат жадвали боқий, устувор.
Табиат – мўъжиза, борлиқ – муҳташам,
Ҳар бир зарра ўрни аниқ, барқарор.

Яхлит бир хулоса, яхлит силсила –
Машшоқ қўлидаги мукаммал чолғу.
Оҳанглар борлиғи – умид, ғулғула –
Шўх наво кўнгулдан олгайдир улгу.

Саҳролар сарғаяр, ёшарар боғлар,
Селдай оқаверар шамол хониши.
Ҳамон кетмагандир ойдаги доғлар,
Борлиққа мезондир қуёш ёниши.

…Ҳаёт-мамот аро топганча омон,
Тафаккур амрида ташларкан қадам.
Ўзини, шайтонни енголмай ҳамон,
Икки жаҳон аро кетмоқда ОДАМ…

ИХТИЁР

Ғофил вужуд қароргоҳида
Юрак зарби—ҳаётга иқрор.
Бандасининг ихтиёрида
Орзу қилиш имкони ҳам бор.

Телба кўнгил қароргоҳида
Юрак зарби – нафсга иқрор.
Бандасининг ихтиёрида
Гуноҳ қилиш имкони ҳам бор.

* * *

Намчил ҳаво, ҳазин, рутубат,
Парво қилмай қарға, зоғларга.
Вужудингга қилмай ҳеч шафқат,
Чиқиб кетсанг баланд тоғларга.

Олавериб ўзлигинг ҳақин,
Мувозанат жадвалини туз.
Бораверсанг қуёшга яқин,
Қолиб кетса пастда ҳорғин куз…

* * *

Қоронғу боғ йўлкаларини,
Ёритади хира ой мунгли.
Шубҳа, гумон кўлкаларини,
Ҳайдаб борар бир ошиқ кўнгли.

…Шеър излаган шоир қалами,
Аямасдан тўкар қалб қўрин.
Ошиб ётса ҳамки алами
Ой улашар қоғозга нурин…

ГУРЛОВУҚДА

Абдуғани Жумаевга

Осмон кенгаяди юрганинг сайин,
Тоққа чиқа-чиқа тораяди йўл.
Шўх ел бодомзорни эркалар майин,
Вазмин харсангтошлар силкиб қолар қўл.

Неларни шивирлар қушларнинг лаби,
Уфққа сингишар жилвагар боғлар.
Тикланар курашга тушмоқчи каби,
Мушаклари бўртган паҳлавон тоғлар.

Илҳом тошқинида қалқир мўъжиза,
Буюк қудратга лол қолаверасан.
Ўнгданми, сўлданми, қоя устига,
Ёнбошлаб сувратга олаверасан.

Бошингдан қуёшнинг нури кетмагай,
Руҳларми, ортингдан борар изма-из.
Барчага ҳам сендек насиб этмагай
Абадият билан бўлмоқ юзма-юз.

183231-725ad-75547111-m750x740-u31b97.jpg Bugun shoir Odil Hotamning tug’ilgan kuni. Chin yurakdan qutlaymiz    

   She’r qog’ozga qanday tushadi? Ba’zan bir misra yoki bittagina so’z haqida yillab o’ylaysiz… Goho kutilmaganda…… Men uchun buyuk tariximiz, bugungi ulug’vor evrilishlar, atrofimizdagi odamlarning orzu-armonlari, biz yetishga ilhaq bo’lgan kelajak qog’ozga tushadigan bitiklar beshigidir…

ISKANDARNING SHOXI BOR!..
Taniqli shoir Odil Hotamov bilan suhbat
004

Ashampoo_Snap_2017.07.06_00h36m20s_005_.png— Sizda adabiyotga havas qachon uyg‘ongan, matbuotdagi ilk chiqishlaringiz, so‘ngra, birinchi kitobingiz o‘quvchilar qo‘liga yetib borgan damlarni bir eslab o‘tsangiz.

– Bu savolingiz menga olis bolalik yillarimni yana bir marta eslatdi. O‘tgan asrning elliginchi yillaridagi maktab darsliklari, badiiy kitoblar, ayniqsa, xalq ertaklari ko‘z oldimga keldi. O‘sha paytlardagi imlo qoidalariga binoan “o‘quvchi” so‘zi “o‘quchi”, “bilan” so‘zi “blan” tarzida yozilar edi.

Uy to‘ridagi tokchalarni otam o‘qigan, endi o‘qiydigan kitoblar egallagan. Hali harf tanimagan to‘rt-besh yoshlarimda ularni menga Zulfiya opam (meni ko‘tarib katta qilgan xolam Zohida Mamanazarovani hammamiz Zulfiya opa der edik) o‘qib berardilar. “Uch og‘ayni botirlar”, “Muqbil toshotar” va boshqa xalq ertaklari menga yod bo‘lib ketgan.

Qahraton qishda haftalab, ba’zan oylab yerlarni shudgor qilishga ketgan otam kerosin, solyarka hidi o‘tirib qolgan ki­yimlarini almashtirib, yuvinib, sandali (tancha)ga o‘tirar, choy ichib bo‘lgach, biroz mizg‘ib olardi. Keyin tokchadagi kitoblar sandali ustiga tushardi. Otam o‘zbek tilida, men hali tushunmaydigan rus tilidagi kitoblarni avval bir varaqlab, so‘ng o‘qishga kirishardilar. O‘qib-o‘qib uxlab qolardilar. Otamning ustiga ko‘rpa yopib qo‘yardim.

To‘g‘ri, u paytlarda “adabiyot” so‘zining lug‘aviy ma’nosini tushunmaganman. Tengdoshlarim qatori men ham harf tanib, savod chiqardim. Maktabda ona tili, matematika, fizika, kimyo, biologiya fanlari qatori adabiyot ham o‘qitilardi.

Onam har ikki gaplarining biriga maqol, turli iboralarni qo‘shib ishlatardilar. Masalan, “Bunga soya ham kerak emas, hamsoya ham…” kabi.

Qachonki, adabiyot haqida o‘ylasam, onam bilan Zulfiya opamning quyoshday chehralari ko‘z oldimga keladi.

Demak, adabiyotga ilk havas bolaligimda uyg‘ongan. Maktabni shu qadar yaxshi ko‘rar edimki, qaytishda kimdir meni sudrab uyga olib ketayotganday tuyulardi. Ikki ko‘zim orqada: maktabda…

Birinchi sinfni bitirgach, yozgi uch oylik ta’til men uchun it azobiga aylandi. Kunda-kunosha borib maktabimni, sinfimizni, o‘tiradigan birinchi partamni ko‘rib kelaman. “Partangni hidlab keldingmi?” deb qo‘yardilar opam.

Oxiri, “Maktabimni sog‘indim” sarlavhali “she’r” yozib yubordim deng.

Zulfiya opam maktabda yoshlar yetakchisi edilar. Mening aji-buji yozgan “she’rim” maktab devoriy gazetasiga chiqib, ovoza bo‘lib ketdi. O‘sha yillari hamqishlog‘imiz, bo‘lajak shoir Sulaymon Rahmon maktabimizning to‘rtinchi yoki beshinchi sinflarida o‘qirdilar.

– Shu “she’r”ni o‘zing yozdingmi yoki opang yordamlashdimi?

Sulaymon akaning savoliga javobim shu bo‘ldi:

– O‘zim yozdim. Maktabimni sog‘indim-da!
– Yaxshi! Ko‘proq she’r yodla!

Tuman gazetasida chop etilgan birinchi maqolam paxta yig‘im-terimida qatnashgan cholu kampirlar haqida edi. Ismi shariflari gazetada chiqqan bobolaru momolarning menga aytgan rahmatlari hamon qulog‘imda.

Xudoning bergan kuni tuman gazetasi tahririyati yo‘lini chuqur qilar edim. Yozib borgan uch-to‘rtta “maqolam”dan bittasi chiqsa ham men uchun bayram. Adabiyot fani o‘qituvchimiz Uzoq aka Hayitov meni qo‘llab-quvvatlab turadilar. U kishi tuman gazetasining qishlog‘imizdagi eng faol muxbiri. Mahmud Sa’diy ta’biri bilan aytganda, “she’r” deb atalgan “timtimak”larimning barchasi tahririyatga borgan xatlarning ro‘yxatini oshirgan, xolos…

Toshkentda o‘qib yurgan yillarimda bekobodlik do‘stlarimdan biri ikki-uchta mashq she’rimni oqqa ko‘chirib, Bekobod tumani gazetasiga olib borgan. Rauf Parfi ko‘pincha “Bu voqea qachon sodir bo‘ldi?” deb qo‘yardi. Alqissa, men uchun bu “tarixiy” voqea 1970 yil 9 may kuni yuz berdi… O‘shanda 20 yoshda edim.

Birinchi to‘plamim 1985 yili G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotida (“Buloq ko‘z ochdi” jamoa to‘plamida) “Kechki maysalar” nomi bilan chop etilgan. O‘sha yillari she’r yozish mas’uliyati juda yuksak, to‘plam chiqarish esa o‘hhu-u!.

Farg‘ona viloyatidagi bir necha maktab o‘quvchilari ushbu kamtarona to‘plamdagi she’rlarimga munosabat bildirishgan. Poytaxtimizdan, boshqa viloyatlardan bo‘lgan hayajonli telefon qo‘ng‘iroqlari… O‘zimcha osmonu falakda uchib yurgan kunlarim… Adabiyotshunoslardan biri ba’zi kamchiliklarimni yozib, biroz tanobimni tortib qo‘ygan. Tortinchoqligim tufayli tengdoshlarim orasida hayot ne’matlariga keyinroq erishganman. Xullas, yozaversam, gap ko‘p.

— Qanday ustozlarning ta’limini olgansiz? Ular turmush tarzingizga, ijodiy faoliyatingizga qanday ta’sir etgan?

– Avvalo, dunyodan o‘tgan ustozlarimning aziz ruhlarini Allohim o‘z rahmatiga olgan bo‘lishini tilayman.

Otam, onam, Zulfiya opamni, adabiyot muallimlarimiz – Uzoq Hayitov va Norqul Ahmedovlar birinchi ustozlarimdir. Universitetda Begali Qosimov, G‘aybulloh as-Salom, Botirxon Akramov, Tal’at Solihovlarning o‘y-xayollarimiz, orzularimizga qanot bog‘lagan uzundan-uzoq ma’ruzalari… Ozod Sharafiddinov, Umarali Normatovlarning donishmandona davra suhbatlari… Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Omon Matjon, Halima Xudoyberdiyeva mushoiralari…

Kursdoshlarimizdan birining ta’biri bilan aytganda, Tal’at Solihov domlamiz Mopassanning “Do‘ndiq” hikoyasini mohir jarroh singari “operatsiya” qilib, hikoya qanday yozilishini ko‘rsatib berganlar. Ular mening hamdu sanolarimga, olqishlarimga, boring, ana, maqtovlarimga muhtoj emas.

Begali Qosimovning ilm-fan rivoji yo‘lidagi fidoyiligi tillarda doston.

Shogirdparvar G‘aybulloh as-Salom domlamizdan olgan insoniylik saboqlarimiz bizga hozir ham asqotmoqda.

Botirxon Akramov esa (mus­tabid tuzum davrida) jonini garovga qo‘yib, Payg‘ambarimiz hadislarining mazmun-mohiyatini ongu shuurimizga singdirganlar.

Tal’at Solihov, G‘aybulloh as-Salom chet el adabiyotining zukko bilimdoni sifatida biz uchun hamon tirik.

Ozod Sharafiddinovning “sopini o‘zidan chiqaruvchi” yengil yumorga, kulgiga boy o‘gitlariyu suhbatlarini unutib bo‘lar ekanmi…

Yoshlarning sevimli ustozi Umarali Normatovning yuragi, butun ilmiy va badiiy faoliyati mehr bulog‘iga qiyos…

Ustoz Erkin Vohidov adabiyotda ulkan maktab yaratib ketdi. Bu maktab xalqimizning kelajakda hayotga qadam qo‘yadigan millionlab farzandlari uchun yuksak insoniylik dorulfununi bo‘lishi aniq.

Shak-shubhasiz, Abdulla Oripov she’riyati millatimiz qadri, sha’ni, oriyati uchun tiklangan haykal – badiiy obida.

Talabalik yillarimizda Rauf Parfi ijodidagi vatanparvarlikka, millatparvarlikka, majnunona fikrlash tarzidagi tafakkur salohiyatiga havasimiz yuz emas, ming chandon edi, hozir ham.

Menga qolsa, Halima Xudoyberdiyeva she’rni erkakchasiga yozadi. Hozirgi ayrim “timtimak”lardan Halima opaning bir misrasi avlo. Xudo xohlasa, hademay o‘zining yetmishinchi bahoriga qadam qo‘yadigan opaning asarlarida buyuk To‘maris mehri, Shiroq shiddati-shijoati mujassam…

O‘zbekiston Respublikasida xizmat ko‘rsatgan jurnalist, rahmatli Qosim Hasanovdan kasbga, oilaga, do‘stlarga sadoqatni o‘rganganman. Tahririyatimiz darvozasi yonida ustoz Qosim akaning marmarga ishlangan surati bor.

Saydi aka Umirov domlamiz bilan hozir ham goho telefon orqali hol-ahvol so‘rashib turamiz, gohida esa vatanparvar fotograf Abdug‘ani Juma ustaxonasida hozirgi adabiy jarayonlarning u boshidan kirib, bu boshidan chiqamiz.

Hayotimda ul-bul “nimarsalar” qoralashimda kamina uchun g‘oyat aziz bo‘lgan bu insonlarning o‘rni va ahamiyati beqiyos.

Tug‘ilajak farzandga ota-­onani tanlash imkoniyati yo‘q. Shogirdda esa… Mabodo, Xudoning qudrati bilan qaytadan dunyoga keladigan bo‘lsam, yana shu aziz ustozlarimning etagidan mahkam tutardim.

— Odil Hotamning ijodxonasi qanday olam? U asarlarini qanday yaratadi? Ijod jarayoningizdagi iztirob va sevinch haqida so‘zlab bersangiz…

– To‘g‘risi, bu savolingizga javob qaytarish men uchun biroz emas, juda noqulay.

Bir necha yil ilgari poytaxtdagi ijodkorlardan biri og‘zini to‘ldirib shunday deb qoldi:

– Ustozim uyimizga kelganida “Ijodxonangni ko‘rsatasan?” deb turib oldi. Olib kirdim. Rang-quti uchib ketdi: “Mening ijod namunalarim – asarlarimni nega ish stolingga qo‘ymading? Ular sen uchun adabiyot darsligi-ku! Mana bu burchakka Afrodita haykalini qo‘y! Uyga o‘tsang, dunyoga mashhur rassomlarning asarlari ro‘yxatini beraman. Kamida o‘n-o‘n beshtasini tanla! Eng so‘nggi modadagi gilam ham keltir. Har kuni ikki dona atirgul bo‘lsin! Kelinga ayt, kunda-kunosha erinmay ularni almashtirib tursin!” dedilar. Yer yorilmadi, yerga kirib ketmadim. Ustoz topshiriqlarini bajardim, faqat Afrodita haykali topilmadi. Bir shogirdimning otasiga zakaz berdim. Ikki-uch kunda tayyorlab yetkazadi. Ustozim aytganlariday – “bu haykalcha ilhom manbai”.

… Obbo!.. Ana, bo‘lmasam… menda bunaqa muzey– ijodxona yo‘q, o‘zimga yarasha ijodiy olamim bor, xolos.

Kechirasizu “asarlarim” de­yishga tilim bormayapti. Nimani qoyil qilib yozib qo‘ydim, o‘zi… To‘g‘ri, bir necha to‘plamim chop etilgan.

She’r qog‘ozga qanday tushadi? Ba’zan bir misra yoki bittagina so‘z haqida yillab o‘ylaysiz… Goho kutilmaganda…

Ijodiy olamning darvozasi ham, ta’bir joiz bo‘lsa, poydevori ham, boring, ana, havosi ham SO‘Z… Yaqin do‘stingizga, qadrdoningizga aylangan kitoblar. Benazir ustozlarning o‘gitlari. Ko‘p yillik tajriba… Men uchun buyuk tariximiz, bugungi ulug‘vor evrilishlar, atrofimizdagi odamlarning orzu-armonlari, biz yetishga ilhaq bo‘lgan kelajak qog‘ozga tushadigan bitiklar beshigidir.

Ijodiy jarayonning o‘ziga xos iztiroblari, sevinchlari xilma-xil, unutilmas… Anton Chexov siyohdon haqida roman yozishi mumkinligini aytganidek, ular xususida yostiqday-yostiqday kitoblar yozsa bo‘ladi. Boringki, shunday kitoblar yozildi ham deng, ammo sanoqli kishilardan boshqa hech kimga ularning keragi yo‘q.

Har bir ijodkorning o‘z ijodiy olami bor, bo‘lgan, bo‘ladi.

— Ayting-chi, shu paytgacha chop etilgan kitoblaringizning soni, umumiy adadi qanchaga yetdi? Ularning hammasidan ko‘nglingiz to‘lganmi?

– Shu paytgacha mening nomim bilan beshta she’riy to‘plam, bitta hujjatli qissa chop etilgan. O‘ndan ortiq jamoa to‘plamlarini hisobga qo‘shmadim. “Onajon” to‘plami bir necha yil mobaynida uch marta nashr etildi.

Shu o‘rinda o‘tgan asrning 80-90-yillarida shoirning birinchi kitobi 10 ming nusxada, Erkin Vohidov, Abdulla Oripov va boshqa mashhur shoirlarimizning to‘plamlari 75 ming nusxada, ulkan adiblarning romanlari 80 ming nusxada chop etilgani bor gap.

Necha yillar ilgari yozuvchi Ashurali Jo‘rayev taniqli shoir Xurshid Davron asarlarining adadi bir million nusxadan ortgani haqida hazilnamo bir narsa yozgan edi.

Keyingi yillarda “Sharq” nashriyot– matbaa konsernida taniqli shoirlarning asarlari besh ming nusxada bosilmoqda. Umuman olganda, hozir xalq shoirlariyu xalq yozuvchilari ham kitobi adadi bilan maqtanolmaydi.

O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi tomonidan o‘tkaziladigan “Iste’dod maktabi” respublika yosh ijodkorlar seminarida nashrga tavsiya etilgan “Birinchi kitobim” ruknidagi to‘plamlar “Ijod” fondi tomonidan moliyalashtirilib, 20 ming nusxada chop etilishi yosh ijodkorlarimizga qanot bo‘layotgani shubhasiz.

Nashriyotlarda yildan-yilga kitobning narxi oshib borayapti.

Hozir internetdan dunyodagi taniqli adiblarning istagan asarini sanoqli daqiqalarda chiqarib olish imkoniyati bor.

Bir zamonlar poytaxtimizda bir yil Osiyo, Afrika va Lotin Amerikasi kino ijodkorlari festivali bo‘lib o‘tsa, keyingi yili xuddi shu qit’alar yozuvchi va shoirlarining xalqaro anjumanlari, mushoiralari tashkil etilar edi. Kelgan yozuvchi va shoirlar kitoblarining adadi 200-300 nusxadan ortmasligini ko‘rib, taajjubdan yoqa ushlar edik.

So‘zlarimni ajoyib adib va adabiyotshunos Ahmad A’zamning “Til nomusi” (Toshkent “Akademnashr”, 2013) kitobidagi misol bilan davom ettirsam: “Sakson yettinchi yilmidi, yozuvchilar uyushmasiga Parijdan “Aksion poetik” degan jurnal vakillari keldi. Ular bilan tanishdik, suhbatlashdik. Gapdan gap chiqib, qaysimizdir bizda Erkin Vohidov, Abdulla Oripovning she’riy to‘plamlari sakson-yuz ming nusxada chop etilishini aytgan edi, fransuzlar angrayib qoldi. “Sizlarda qancha nusxada bosiladi?” – deb qiziqdim, e-e, bularni toza urib ketgan ekan-ku degan ma’noda. Ulardan biri: “Yuz-ikki yuz nusxada. Buni ham shoirning o‘zi chop qildiradi, yoru do‘stlariga tarqatadi, o‘tsa, yana chiqaradi. Katta tiraj besh yuzga boradi-da”, – dedi. Men ajablanib: “Dunyoga mashhur shoirlaringiz ham shu ahvoldami?” – deb so‘radim. “Ha, men buyuklarni aytayapman”, – dedi. “She’riyat bunday bo‘lsa, prozaning ahvoli qanday? Masalan, Fransiyada yashayotgan Nobel mukofoti laureati Semyuel Bekket asarlari qanchadan bosiladi?” – deb so‘rasam, “Bekketni uni tushungan odamlargina o‘qiydi. Bular ham ko‘p emas. Bekket teatri ham bor, unga ellik-oltmish xos muxlislargina tushadi”, – dedi. Men Chingiz Aytmatovni so‘radim, “Uning asarlari katta tirajlarda bosilar ekan-ku sizlarda ham?” degan savolimga: “Ha, Aytmatov katta tirajda bosiladi. Lekin u bestseller”, – deb gapni lo‘nda qildi”( 81-82-betlar).

O‘zimni jabrdiyda qilib ko‘rsatmoqchi emasmanu keyingi yillarda o‘ndan ortiq she’riy va nasriy to‘plamlarimni turli nashriyotlarga olib bordim. Narxi osmonda. Oradan yillar o‘tib, ularning deyarli barchasini qaytarib oldim. Farzandlarimni o‘qitdim, oila, ro‘zg‘or tashvishlari, deganday. Ayrim katta-katta puldor tashkilotlar rahbarlariga she’r bag‘ishlab kitob chiqarishga esa hech uquvim yo‘q. Bu bilan shunday qilayotganlarning ustidan kulmoqchi emasman. Adabiyot har qanday shaxsiy manfaatlardan ustun va xoli bo‘lishi kerak-ku, axir…

“Sharq yulduzi”, “Yoshlik” jurnallarida, “Sharq ziyosi” va boshqa gazetalarda muntazam qatnashib kelaman. Mashqlarni kanda qilganim yo‘q.

Shu paytgacha chiqqan kitoblarim haqida turli fikr-mulohazalar bildirildi. Ularni to‘g‘ri qabul qildim. Har kimning o‘z qarichi bor, albatta.

Maqtanish yoki katta ketish emas-ku, rahmatli shoir do‘stim Nazar Shukur xotirasiga bag‘ish­langan “Yuksakdagi daraxt” hujjatli qissa haqida Qashqadaryoda, Navoiyda, poytaxtimizda ancha-muncha samimiy munosabatlar bildirildi. Xatolarim o‘zimniki, agar bor bo‘lsa, yutuqlarim, ozmi-ko‘pmi, kitobxonlarniki. Bu to‘plamlarimdan ko‘nglim to‘ldi, degani emas.

— Xotiralarda o‘qiymiz: bir vaqtlar shoirlar varanglatib she’r o‘qishgan, tinglovchilar olqishlagan. Bugun bu hol yo‘q. Bunga ba’zilar hozir she’rni hamma o‘zicha – telefonda, kompyuterda o‘qiydi, eshitadi, deb izohlashi mumkin. Lekin boshqa holat ham bor: bugun davrada she’r o‘qishga ko‘pchilik iymanadi. Shuni siz ham sezganmisiz? Buning sababi nimada?

– Ha, aytganingizdek, bir vaqtlari shoirlar varanglatib she’rlar o‘qishar edi. O‘tgan asrning 70-yillarida bir mashhur shoir Toshkentga kelib, “Zalda besh ming kishi bo‘lmasa she’r o‘qimayman” deb turib oladi.

Bilmadim, Toshkentda qanday, lekin joylarda mushoiralar, olqishlar hamon avjida. Masalan, Navoiy davlat pedagogika va konchilik institutlarida shunday. Bu oliy ta’lim dargohlari o‘qituvchilarining aksariyat qismi shoir. Ularning shoirlikka aslo da’vosi yo‘q…

Aytganingiz to‘g‘ri: hozir hamma telefonda, kompyuterda yozadi, o‘qiydi, tinglaydi.

Quyidagi misol joyiga tushadimi-yo‘qmi, bilmadim. Bir payt­lari universitetdagi domlamiz – masalchi shoir Muxtor Xudoyqulov yangi masal yozib, bizga o‘qib bergani yodimda. Uning mazmuni shunday: “Bir kurka to‘qay to‘rida uchish nazariyasi bo‘yicha burgut polaponlariga uzundan-uzoq leksiya o‘qiydi. Semestr yakunida imtihonlarni a’lo va yaxshi baholarga topshirganlarning quvonchi cheksiz. Domlaning ham kayfiyati zo‘r. Nega a’lo bo‘lmasin, axir, shogirdlar havo sokin yoki turli darajada shamol turganda necha gradus burchak ostida qanot yozish kerakligini yaxshi o‘zlashtirib olishdi.

Kurka xursand holda so‘nggi savolini o‘rtaga tashladi:
– Kimda qanday savol bor?

Oxirgi qatordagi endigina tuxumdan chiqqan polapon o‘ng qanotini ko‘taradi. Ustozdan ijozat bo‘lgach, savol beradi:
– Domla, hammasi yaxshi bo‘ldiyu, shu…

– Xo‘sh?
– Bi-i-ir uchib ko‘rsatmadingiz-da, ustoz!

Domlaning hamon shashti baland:
– Uchishni boshqa domladan o‘rganasizlar!
Shu bilan semestr yakunlanadi…”

Viloyatimizga bir shoir keldi. Tesha tegmagan savollar, kutilmagan javoblardan hamma hayratda.

Tadbir nihoyasida zal adog‘idan bir qiz shoirdan she’r o‘qib berishini iltimos qildi.

– Hammang mana bu kitobimdan sotib olgansan, to‘g‘rimi?
– Ha! – zalning turli joylaridan uzuq-yuluq tovushlar eshitildi.

– Uyga borib, yonboshlab bemalol o‘qiyverasanlar! Men aeroportga shoshayapman!

Har-har joyda shap-shup chapak­lar… Shu bilan shoir birorta ham she’r o‘qimay kelgan joyiga jo‘navordi…

Agar zerikmagan bo‘lsangiz yana boshqa bir misolni aytsam…

80-yillar o‘rtalarida bir to‘yga bordik. To‘yni qaysi bir tumandan kelgan 35-40 yoshlardagi kishi olib bordi. Ishonasizmi, qariyb ikki-uch soat davom etadigan davra shiddatli she’rlar bilan boshlandi. Taklif etilgan sozandayu xonandalarning toqati toq. Tasavvur qiling: “otarchi”lar “qistir-qistir”dan qolishayapti. Raqqosalar alamidan achchiq-achchiq sharob ichmoqdalar. “Sostav” “kattasi” to‘y egasiga o‘dag‘aylaydi.

– Sizlarga kelishilgani bo‘­yicha to‘layman! – deydi to‘y egasi. – Men bu yigitga havasim ketib olib kelganman. Qarang, Erkin Vohidovdan, Abdulla Oripovdan qanday zo‘r she’rlar o‘qiyapti!

– Biz qancha navaldan qolayapmiz! – jazavaga tushadi “katta”.
– Bo‘lmasam… Hozir, shunisini tugatsin! O‘zim aytaman!..

Shu orada chiroq o‘chsa bo‘ladimi… Davra raisi mikrofonsiz she’r o‘qiyverdi. Keyin tovushi chiqmay qoldi. Davraning erkak­lar o‘tirgan tomonida “jangu jadal” avjida: shaqaru shuqur!!!

– She’rni zo‘r o‘qir ekan-ey! – deydi birovi.
– Och qoringa she’r yoqadimi, ha, jigar…

Yana shaqara-shuqur…

Yarim soatlar o‘tdimi, chiroq yondi. Musiqa varanglab, “La’lixon” hammani davraga chorladi: “kishan-kishan” boshlandi. Qolganlar alanglaydi: haligi she’r o‘qigan davra raisi ko‘rinmadi. Bitta-ikkitasi to‘y egasidan so‘radi, u yelka qisdi.

Raqqosalar davra aylanishga tushishdi. Pullar daryosi… Buning oti – “naval”…

Oradan ancha vaqt o‘tib, kimdir gap topib keldi. Haligi yigit huv naridagi “Jiguli” ichida mast bo‘lib yotgan emish… Ertasiga ma’lum bo‘ldi: bu ishni “otarchi-san’atkorlar” uyushtirishibdi… Shu-shu o‘sha yigit qayta to‘yga chiqmaydigan bo‘ldi…

Menimcha, bugun ko‘pchilikning she’r o‘qishga iymanishining sababi…

— Yozish qachon ehtiyojga aylanadi? Shoir uchun yozolmay qolish nima?

– Eshitgansiz… Iskandarning shoxi bor!.. Yozish ana shunday o‘jar ehtiyojga aylanishi kerak. Usmon Nosirning so‘nggi kunlarini xayolan ko‘z oldingizga keltiring… Menimcha, yozolmay qolish shoir uchun Usmon Nosirning so‘ng­gi kunidir.

Shu paytgacha yozganlarim oltin suvi yugurtirilgan baytlar emasligi o‘zimga ayon.

Shoir yozolmay qolishidan O‘zi asrasin.

— Adabiyotning, ijodning, ilhomning ilohiyligi haqida nima deysiz? Shoirga ilhom qanchalik zarur?

– Bunga Alisher Navoiydan, Lev Tolstoydan, jahonga mashhur boshqa ijodkorlardan istagancha misollar keltirish mumkin. “Xudo yuqtirmasa, mol bozoriga dallol ham bo‘lolmaydi” degan mazmundagi gap bor. “Iste’dodning 99 foizi mehnat” degan hikmatni eshitgansiz. Qolgan bir foizi yuqoridan.

Bani basharga suv bilan havo, olov bilan tuproq qanchalik zarur bo‘lsa, shoir uchun ilhom ham xuddi shunday… O‘tkir Hoshimovning “Asar ilhom bilan yaratilishi kerak” degan mazmundagi gapini yaxshi bilasiz. Menimcha, ilhom holati ijodkorning qaysidir ma’noda Ollohga yaqinlashishidir. Mendan oshirib ta’riflaydiganlarning haloli bo‘lsin.

— Bugungi kunda ko‘pchilik ijodkorlar, ayniqsa, yoshlar ijodida madhiyabozlik kuchayib ketganday. Yosh qizchalar, deylik qo‘g‘irchog‘i mushugi, ha, ana, dugonasi, onasi haqida yozishi tabiiymasmi? Nainki, vatanparvarlik, unga jon fido qilishni qalamga olsa… Bu hol soxtalikni keltirib chiqarishga va alal-oqibattuyg‘uni o‘tmaslashtirishga xizmat qilmaydimi?

– Boshqalarni bilmadimu, menbop savol. Buning hayotiy sababi bor, albatta.

Gap shundaki, qariyb qirq yildan buyon tahririyatimiz huzuridagi “Chashma” adabiy to‘garagi mashg‘ulotlarini o‘tkazib kelaman. To‘garagimizning sobiq a’zolari tumanimiz, viloyatimiz, respublikamiz miqyosidagi turli matbuot nashrlarida, radio va televideniyeda, boshqa sohalarda qizg‘in faoliyat ko‘rsatishmoqda.

Ko‘pchiligining necha-necha kitob­lari, tarjima asarlari yorug‘lik yuzini ko‘rgan. Ulardan bir necha nafari O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.

To‘garagimiz a’zolarining aksariyat qismini shoira, qizlar tashkil etadi. Agar vaqtingizni olmasam, jurnalxonni zeriktirmasam, ikkita misol keltirsam maylimi?

– Marhamat!

– Rahmat! Yigirma yilcha ilgari 2– yoki 3-sinfda o‘qiydigan bir qizaloqni otasi tahririyatimizga yetaklab keldi:

– Qizim Vatan haqida she’rlar yozgan. O‘shalarning to‘rt-beshtasini Toshkentga yubormoqchiman!

– Hali shoshmay turing, vaqti bor! Qizimiz to‘garakdagi akalariga , opalariga yetib olsin. Qo‘li kelgach, Siz aytmasangiz ham nafaqat Vatan haqidagi, balki boshqa she’riy mashqlarini ham o‘zim respublika gazeta va jurnallariga yuboraman! – So‘ng qizaloqqa yuzlandim:

– Uyingda olma daraxti bormi?
– Sizga nechchi kilo olma kerak! Hozir keltirib beraman! – dedi u.

Oradan ikki-uch kun o‘tib yana keldi:

– She’r chiqaradigan joy bilan gaplashdim, “yuboring” de­yishdi.
– Onasi, olma daraxti, qo‘g‘irchog‘i, tovug‘i, mushukchasi haqida yozsin, demoqchiman.

Ota bezovtalandi:
– Nima, Vatan haqida yozmasinmi? Nega unga qarshilik qilasiz?

– Qizimiz ulug‘ Vatan tuyg‘usini hozircha siz yoki menchalik his qilmaydi-ku.
– Siz nimani ham tushunardingiz! – dedi otasi.

– Hali ham kech emas, yubormang! Qo‘li to‘g‘ri bo‘lsin! Shoshqaloqlik qilmang!
– E!..

Ertasiga u menga qo‘ng‘iroq qildi:
– Yubordim!
– Obbo!..

Ikki-uch haftalar o‘tibmi, u suvga tushgan lattaday bo‘lib keldi…

– Xo‘sh?
– “She’rlaringizni oldik, yozavering!” degan javob xati keldi.

– Shu bilan qizingiz iste’dodli bo‘lib qoldimi?
– Sovg‘a-povg‘a yuborishadimi, deb o‘ylagan edim.

U indamay chiqib ketdi… Qizi to‘garagimizga qayta qadam bosmadi…

Ikkinchisi esa quyidagicha: maktablardan birining ma’naviyat va ma’rifat ishlari bo‘yicha direktor o‘rinbosari ikkita papkani stolimga qo‘ydi:

– Yettinchi sinfda o‘qiydigan bir qizimiz zo‘r she’rlar yozib, to‘plam tayyorlagan. Mana bunisi lotinda, bunisi kirillda. Otasi nashriyot bilan gaplashgan. So‘zboshi yozib berasiz. Kitob qilib chiqaramiz!
Papkalarni ochdimu…

– Domla, shoshmayapsizmi?
– Yo‘q, nimaydi?
– Men hozir…

Qo‘shni kabinetga o‘tib shoir, tarjimon Vafo Fayzullohning “Jon yo‘li” she’riy to‘plamini keltirdim-da, papkalar ustiga qo‘ydim:
– Bunisi lotin imlosida, bunisi kirilldagisi!..

Muallima avvaliga hayron qoldi, so‘ng kitoblarni varaqladi, papkalarni ochdi, solishtirib ko‘rdi. Haligi qiz kitob muqovasidagi muallif o‘rniga o‘zining ismi sharifini qo‘ygan, to‘plam nomi o‘zgargan. Qisqasi, kitobni nuqta-verguligacha ko‘chirib olgan.

– Kechirasiz!..

Muallima ko‘zda yosh bilan chiqib ketdi. Keyin eshitsam maktabga qizning ota-onasini chaqirtirib, muhokama qilibdi…

Afsuski, bunday misollar bitta-ikkita emas.

Shunday holda his-tuyg‘ular qanday o‘tkirlashsin? Har qanday sharoitda ham yoshlarga to‘g‘ri yo‘l ko‘rsatish bizning vazifamiz. Ulardan umidimiz katta.

— Adabiyotning jamiyatda tutgan o‘rnini siz qanday tasavvur etasiz va adabiyotimizda qanday an’analar davom etishini, qanday illatlar barham topishini istar edingiz?

– Ko‘ngilga o‘tirishadigan savol, unga javob qaytarishim shart va zarur, albatta.

Ernest Xeminguey “Chol va dengiz” asari uchun olgan o‘sha Nobel mukofotini. Nega aynan shu qissa uchun? Negaki, bu mo‘’jaz asarda inson matonati ulug‘lanadi.

Adabiyot – adab, odob. Adabiyotsiz jamiyat bir qadam ham olg‘a siljimaydi. Menga qolsa, jamiyat ulkan mashina bo‘lsa, adabiyot uni harakatga keltiruvchi kuch.

“O‘tkan kunlar”, “Mehrobdan chayon”, “Navoiy”, “Ulug‘bek xazinasi”, “Yulduzli tunlar” asarlari milliy adabiyotimizning noyob durdonalari. Ularda an’analarimiz betakror yorqin bo‘yoqlarda muhrlangan. Tabiat tasviri, qahramonlar portreti…

Keyingi yillarda yaratilayotgan ayrim nasriy asarlarda qahramonning asl qiyofasini ilg‘ay olmaysiz.

Rahmatli Ahmad A’zam vafotidan bir haftami-o‘n kun ilgari qo‘ng‘iroq qilib qoldi.

– Nimalar yozayapsiz? – so‘radim undan.
– Ha, shu, sog‘liq…

– Xabarim bor, lekin siz bekorchi emasligingizni yaxshi bilaman.

– Bir narsalar qoralayapman, jo‘ra. Asar dialoglardan iborat bo‘ladi. Tabiat manzaralari ham, qahramonlar portreti ham suhbat jarayonida ochilib boraveradi…
A
hmadning bu qo‘lyozmasi nihoyasiga yetganmi-yo‘qmi, bilmayman.

To‘g‘risi, hozir yaratilayotgan asarlarning ayrimlari jahon adabiyotining ba’zi namunalariga taqliddan boshqa narsa emas.

Nazar Eshonqul, Xurshid Do‘stmuhammad asarlari bundan mus­tasno. Haqiqiy milliy asargina o‘z e’tibori, qadrini topadi, o‘sha mashhur masalda aytilganiday: “Tarixda misollar juda ko‘p bunga…”

Darvoqe, illatlar haqida… O‘rik, gilos, olmalar pishishi bilan oilamiz bekalari ulardan murabbo tayyorlab, qishga olib qo‘yishadi. Agar “banka” talab darajasida qaynatilmagan, meva-cheva yaxshi yuvilmagan bo‘lsa, vaqti-soati bilan o‘sha “banka” qopqog‘i albatta “otiladi”. Mabodo, qopqoq otilmasdan avval kimdir uni iste’mol qilsa, zaharlanishi, shubhasiz. Xoh kattami-kichikmi, bunday “asar” o‘quvchi qalbini zaharlashi tabiiy.

Mazmuni hamdu sanolardan iborat, yaltiroq muqovalarda chop etilgan ana shunday “kitob”larni ko‘rganimda Abdulla Qahhorning “Bu asarni “do‘ppimni hidlab-hid­lab o‘qidim” deb yozgani yodimga tushadi. Jasoratli adabiyotshunos olim, hozirgi zamonaviy til bilan aytganda, bitta tahliliy maqola bilan ana shunday “kitob­”­­­­­­­­­larning “joyini ko‘rsatadigan” Ozod Sharafiddinovni eslayman…

Qani Ozod akaday adabiyotshunoslar!

Biz ulkan taraqqiyot asri fuqarolarimiz. Ayni shu kunlarda Sahroi Kabirda ulfatlari bilan gap-gashtak, masalan, pivoxo‘rlik qilib o‘tirgan Majnunning (Xudo kechirsin!) Taklamakan cho‘llarida sochini qirqtirib, qoshlarini terdirib, (Astag‘furulloh!) dugonalari bilan “kola” ichib turgan Layliga SMS orqali sevgi izhor qilishini bir tasavvur etib ko‘ring… Bu aqlga sig‘adimi?..

Gapni ko‘paytirmay. Menimcha, illatlar haqida adabiyotshunoslar gapirgani ma’qulmikan… Chumchuq so‘ysa ham…

— Bugungi o‘zbek adabiyotini yanada rivojlantirish uchun nimalar qilish zarur deb hisoblaysiz?

– Menga qolsa, ayrim yozuvchi, shoirlarimiz manmanlik, kibru havo, mahalliychilik osmonidan bir zamonlar ularni ulg‘aytirgan yerga qaytib tushsalar…

Oydami-yildami, ozib-yozib viloyatlardan poytaxtga bir borib qolgan, nashriyotlar eshigida sarg‘ayib turgan ijodkorlarga ham odamday muomala qilsalar, hech bo‘lmasa, o‘zbekchiligimizni unutmay, odamday salomlashishga odatlansalar… Haddingiz sig‘ib, bir zamonlar sizga tanish bo‘lgan ijodkor huzuriga borasiz… U esa… “osmonni ushlab” turibdi. Agar u qo‘yvorsa bormi…

Davlatimiz tomonidan adabiyotimiz ravnaqi uchun keng imkoniyatlar yaratib berilmoqda.

Shoir, yozuvchi, umuman, ijodkorlar xalqni ezgulikka boshlovchi kishilar ekanligi ayon haqiqat. Goho “Ijodkorlarning axloq kodeksini tuzish kerakmikan?” degan xayollarga borganimni bilmay qolaman.

Nima bo‘lganda ham xudo har kimning o‘ziga insof bersin! Har kim o‘z ajali bilan o‘ladi. Har kim o‘z qo‘li bilan yozadi.

Qolgani – VAQTning oliy hukmida…

Hurmat qilib suhbatga chorlaganingiz uchun ming rahmat!..

Suhbatdosh – G‘iyosiddin O‘NAROV
Manba: “Ijod olami” jurnali 2017 yil, 2-son

Odil Hotam
SHE’RLAR
09

* * *

…Tun va’dasin shivirlar yaproq,
Sohillarda tentiydi sog‘inch.
To‘lqinlarda mavjlanar titroq,
Sochiladi yellarga o‘tinch.

…Tabiat o‘z ko‘nglini xushlar,
Varaqlaydi sardaftarini.
Daraxtlarda mizg‘igan qushlar
Tushlarida ko‘rar barini…

OSHIQ BO’LIB…
Umid Xudoyqulovga

Tog‘u toshdan izlaganing jayronmidir,
Chamanlardan ko‘zlaganing rayhonmidir,
Ota-onang bu holingga hayronmidir,
Qiyomatli oshiq bo‘lib suygil SO‘Zni.

Daryo bo‘yi – sohil senga torlik qilar,
Nahot, bir kun yaqin do‘sting morlik qilar,
Alloh o‘zi inoyatin yorliq qilar,
Qiyomatli oshiq bo‘lib suygil SO‘Zni.

Yurak asli otilmagan to‘pdir, bo‘tam,
So‘zning nozu istig‘nosi ko‘pdir, bo‘tam,
Visoliga yetsang agar xo‘pdir, bo‘tam,
Qiyomatli oshiq bo‘lib suygil SO‘Zni.

She’r bitasan yarim tunlar nurli-nurli,
Tushlaringga qizlar kirar turli-turli,
Ranglar sendan sharhin tilar sirli-sirli,
Qiyomatli oshiq bo‘lib suygil SO‘Zni.

So‘zni asra so‘z ishqida kuymagandan,
Uni jonu jahoniday suymagandan,
E’tiqod, ishq hirqasini kiymagandan,
Qiyomatli oshiq bo‘lib suygil SO‘Zni.

Suyganingni nokaslarga sezdirmagil,
G‘animingni bog‘laringda kezdirmagil,
To qiyomat so‘zni aslo bezdirmagil,
Qiyomatli oshiq bo‘lib suygil SO‘Zni.

Navoiyning qo‘li silar boshlaringni,
Bobur artar tongoldi ko‘zyoshlaringni,
Vatan olar yo‘lingdagi toshlaringni,
Qiyomatli oshiq bo‘lib suygil SO‘Zni.

* * *

Dunyo ishlariga xoh yig‘la, xoh kul,
Arslonday izidan qaytmaydi, o‘jar.
Kimningdir nazdida yulduzlar xok, kul,
Kimningdir nazdida mushfiq Yer – o‘r, jar…

Shamol – fasllarning bashoratchisi,
Qosh-qovog‘ing bilan aslo ishi yo‘q.
Shafaqlardan kelar ishorat isi,
Yaproqlar bandini uzgan vaqtdir o‘q.

Qo‘l siltab qo‘yasan bariga purg‘am,
Hur quyosh ta’rifi sig‘magay so‘zga.
Bu dunyoda hech kim – hatto o‘g‘ling ham,
Yo‘rig‘ingga yurmas o‘zingdan o‘zga…

Dunyo ishlariga xoh yig‘la, xoh kul…

* * *

Yarqiroq shu’lalar atalgan kimga,
Kimlarga atalgan oppoq bulutlar.
Ertaklar so‘ylagan bolaligimga
Pahlavon kelbatli azim balxtutlar.

Yillar entikadi moziy pinjida,
Asrlar tarhiga tor kelar qog‘oz.
Men faqir yuribman SO‘Z ilinjida,
Bo‘g‘zimda “Alifbo” – yam-yashil ovoz…

* * *

Derazangda sen tilagan tun,
Yaproqlarda shu’la jimjima.
Mayin yellar chiqarmay sas, un,
Hislaringni qilar tarjima.

Bir yigitning ko‘ngil taskini –
Yashil-yashil qirlar to‘shida,
Arg‘umog‘i yonida. Seni –
Ko‘rar uzun-uzun tushida…

* * *

…Qadim bu qal’ani yovlar so‘ragan,
Yarqirab ketgandir kilichda joni.
Uni olov halqa bo‘lib o‘ragan
Jasur o‘g‘lonlarning to‘kilgan qoni.

Kim Vatanni sevsa tamasiz, kinsiz,
Diliga jo qilsa she’r – qaydlarini.
Minoralar bunda takrorlar tinsiz
Jasur shoirlarning shohbaytlarini…

* * *

Kimdir qizg‘anadi seni kimdandir,
Kimdir tushlaringga kirolmay halak.
So‘zingga mahtaldir nechalab taqdir,
Sen esa bariga parvoyi palak.

Mosuvo emassan o‘tli tuyg‘udan,
Xayollaring bilan kirasan jangga.
Maktublar bitasan kechib uyqudan,
Qizg‘anganlar qolib, qizg‘anmaganga…

* * *

Pastakkina kulba… Ulkan balxtut,
Ufqqa ketgan yo‘l… Cheksiz osmon.
Umidga o‘xshaydi parcha oq bulut,
Bag‘rida chaqinlar yashar begumon.

O‘sha yo‘ldan ketmoq taqdir ehsoni,
Orzuga poyandoz parcha oq bulut.
Maqsadga yetkazish ahdu paymoni,
Qo‘riqlab boradi meni balxtut.

…Uyg‘onib ketaman olis uyqudan,
Pastak uydan bola beradi ovoz.
Lavhgami o‘xshagan stol ustida
Meni kuta-kuta sarg‘ayar qog‘oz…

Manba: “Yoshlik” jurnali veb-sahifasi

* * *

Bog‘lar aro ranglar to‘lg‘og‘i
Tuyg‘ularga oltin beshikdir.
Yashillikning sim-sim titrog‘i
Oqshomdagi oydin qo‘shiqdir.

Tabiatni anglamoq ham baxt,
Baxtdir yomg‘ir sirin tinglamoq.
Chaqinlarning charaqlagan shahd –
Qilichiga yotdir zanglamoq.

…To‘lg‘oqlarda tug‘yonlar chaqnar,
Lablaringda tug‘ilar ismim.
Ko‘zlaringda mingingchi marta
Erib ketar yuragim, jismim…

UCHLIK

Bahor qutlar seni mendan ham avval,
Bahor qutlar meni sendan ham avval,
Bahor qutlar uni undan ham avval,
Biz qachon qutlaymiz bir-birimizni?

Senda ham ehtiyoj, imkoning bisyor,
Menda ham ehtiyoj, imkonim bisyor.
Unda ham ehtiyoj, imkoni bisyor,
Biz qachon qutlaymiz bir-birimizni?

Vujuding o‘zingga, ko‘ngling o‘zingga,
Vujudim o‘zimga, ko‘nglim o‘zimga.
Vujudi o‘ziga, ko‘ngli o‘ziga,
Biz qachon qutlaymiz bir-birimizni?

Bitta uyda yashab, “Salom” demading,
Bitta uyda yashab, “Salom” demadim,
Bitta uyda yashab, “Salom” demadi,
Biz qachon qutlaymiz bir-birimizni?

Nahotki, eshiklar qolsa sarsari,
Nahotki, beshiklar qolsa sarsari,
Nahotki, qo‘shiqlar qolsa sarsari,
Biz qachon qutlaymiz bir-birimizni?

* * *

…Sahfalarda chayqalar dunyo,
Dilga mezbon turfarang so‘zlar.
Vujud va ruh tentib, zim-ziyo,
Kechalardan ismingni izlar…
…Yellar ifor sochar, tuproq yo‘l,
Changdan ortiq ne berar tanga.
Sevilganga qadrdondir ul,
Undan yaqin sevilmaganga…

* * *

1. Shakllar surati, suratlar shakli,
Qahraton qahridan muzlagan, qotgan.
Hayotga tashnalab ildizlar shaksiz,
Ona-yer bag‘riga chuqurroq botgan.
Suratlarga sig‘mas ko‘ngil sahrosi –
Yaldo kechasiday uzun ingroq, zor.
Qop-qora tuyg‘ular oshib safrosi,
Ranglarga yo‘l bermas, kutqu – nobakor…

…Tashnalab ildizday bag‘ringga botib,
Poklana olsaydim, ulug‘vor hayot.
Qahratonda qotgan gulni uyg‘otib,
Samoga o‘rlasa muzaffar bayot.
Ranglar qatlarida mo‘’jiza bisyor –
Ruh ila payvasta bo‘lgani chog‘i.
Yam-yashil bong chalib uyg‘onar bahor,
Boshlanar boychechak, maysa to‘lg‘og‘i…

2. Shakllar surati, suratlar shakli.
Ma’no-mazmunidan fikr to‘qisam.
O‘smir Alisherday adashmay asli,
“Mantiq ut-tayr”ni yoddan o‘qisam.
Sindirib alamlar xarsangtoshini,
Bobur nigohida Tojmahal tarhi.
Sindirar g‘ofillik zilday loshini,
Aniq ayon bo‘lar fasllar sharhi.

Yaratgan ishqida Mashrabday kuysam,
Qayta tiriltirsa ismin nafasi.
Holim bayon etgach, qaytadan suysam,
Mavlono Rumiydan qolgan nay sasi.
Kurashlar, qiyoslar tinmagay aslo,
Bedor tafakkurga kelmagay malol.
Mangu jumboqlarni yechgaydir, ammo,
Odamzodning o‘zi eng ulkan savol…

* * *

Pastak kulba – uyimda,
O‘ylayman dunyolarni.
Haydayman zil o‘yimdan:
Saroblar, ro‘yolarni.

Kelar aylabon shukur,
Ulkan olam xam bo‘lib,
Tonggacha tushgay zikr –
Yurak jamuljam bo‘lib.

* * *

Qalbim aro o‘tli tug‘yonlar
O‘tga solar jonu jismimni.
Mensiz holdan toygan imkonlar
Najot bilib chorlar ismimni.

Yulduzlarin yoqadi oqshom,
Hilol – orzu qalami bilan.
Armonlarga umrlar osh-non,
Oshiq yonar alami bilan.

Uzun kecha. Soyalar dildosh,
Qo‘shiqlarim aytaveraman.
Ipak qurti – eng sodiq sirdosh,
O‘zligimga qaytaveraman.

* * *

Baxtdan ko‘zim yoshlayolmayman,
Sidirgancha ko‘lka, loshlarni.
Yo‘ldan olib tashlayolmayman,
Tovonimni tilgan toshlarni.

Bog‘langanman shunchalar ortiq,
Minoraday haqiqatlarga.
Yuragimni aylayman tortiq,
Nur ummoni – tariqatlarga.

Tinsiz chorlar yam-yashil epkin,
Yaqinlashar yursang gar quyosh.
Yuzlarimni yuvadi sekin,
Baxtdan ortgan bir tomchi ko‘zyosh.

* * *

Qirlar zinapoya osmon sari,
Tog‘lar mangulikka taxtiravondir.
Bog‘larda shamollar mashvaratlari,
Ming yillik balxtutlar hamon omondir.

Yursang, surilgaydir ufq ko‘zdan nari,
Qaytmagan izlarim qay yo‘lda yitmish.
Olis bolaligim qizg‘aldoqlari
Tomlardan dashtlarga arazlab ketmish.

* * *

Hayrat asli tilsimlangan rang,
Tushni o‘ngga yo‘ygaydir hilol.
Sir-sinoat sandig‘i-jarang,
Tafakkurdan topgaydir kamol.

Hayrat asli bedor, tinsiz jon,
Ruh suvratin musavviridir.
Kamalakka atalgan ehson,
Chechaklarning tasavvuridir.

Kishanlarga azal kushanda,
Zindonlarga sig‘magan shuur.
Unga noil bo‘lsin har banda,
Peshonasin silasin ishq, nur.
…Hayrat asli…

* * *

Mansab, boylik, obro‘, muhabbat,
Gohi jilg‘a, gohi ummondir.odil_hotam.jpg
Igna uchiday ham yo‘q shafqat,
Sendan g‘olib kelgan gumondir.

Baxt yo‘llari tikan, g‘am-alam,
Mashaqqati shunchalar taxir.
Mehnat qilib yetolmasang ham,
Orzu qilmoq mumkin-ku, axir…

* * *

… To‘lg‘oq tutar daraxt jismini,
Anglamaysan, nedan bu titroq.
Sen bilmagan bir qiz ismini,
Qulog‘ingga shivirlar yaproq.

…Xarsangtoshlar kelar junbushga,
Anglamaysan, nedan bu titroq.
Orzularing o‘xshaydi qushga
Hamon sim-sim shivirlar yaproq.

…Toliqadi oxiri bir kun,
Anglaydirsan nedan bu titroq.
Quyosh esa botar… sen butun
Sarg‘ayasan misoli yaproq.

HAMON…

Vazmin xarsang toshlar, jasur qoyalar,
Mangulik hukmiga mahkum posbondir.
Bulut, qush qanoti solgay soyalar,
Osmonda ummonu ummon osmondir.

Bari o‘z o‘rnida, bari muntazam,
Harakat jadvali boqiy, ustuvor.
Tabiat – mo‘’jiza, borliq – muhtasham,
Har bir zarra o‘rni aniq, barqaror.

Yaxlit bir xulosa, yaxlit silsila –
Mashshoq qo‘lidagi mukammal cholg‘u.
Ohanglar borlig‘i – umid, g‘ulg‘ula –
Sho‘x navo ko‘nguldan olgaydir ulgu.

Sahrolar sarg‘ayar, yosharar bog‘lar,
Selday oqaverar shamol xonishi.
Hamon ketmagandir oydagi dog‘lar,
Borliqqa mezondir quyosh yonishi.

…Hayot-mamot aro topgancha omon,
Tafakkur amrida tashlarkan qadam.
O‘zini, shaytonni yengolmay hamon,
Ikki jahon aro ketmoqda ODAM…

IXTIYOR

G‘ofil vujud qarorgohida
Yurak zarbi—hayotga iqror.
Bandasining ixtiyorida
Orzu qilish imkoni ham bor.

Telba ko‘ngil qarorgohida
Yurak zarbi – nafsga iqror.
Bandasining ixtiyorida
Gunoh qilish imkoni ham bor.

* * *

Namchil havo, hazin, rutubat,
Parvo qilmay qarg‘a, zog‘larga.
Vujudingga qilmay hech shafqat,
Chiqib ketsang baland tog‘larga.

Olaverib o‘zliging haqin,
Muvozanat jadvalini tuz.
Boraversang quyoshga yaqin,
Qolib ketsa pastda horg‘in kuz…

* * *

Qorong‘u bog‘ yo‘lkalarini,
Yoritadi xira oy mungli.
Shubha, gumon ko‘lkalarini,
Haydab borar bir oshiq ko‘ngli.

…She’r izlagan shoir qalami,
Ayamasdan to‘kar qalb qo‘rin.
Oshib yotsa hamki alami
Oy ulashar qog‘ozga nurin…

GURLOVUQDA

Abdug‘ani Jumayevga

Osmon kengayadi yurganing sayin,
Toqqa chiqa-chiqa torayadi yo‘l.
Sho‘x yel bodomzorni erkalar mayin,
Vazmin xarsangtoshlar silkib qolar qo‘l.

Nelarni shivirlar qushlarning labi,
Ufqqa singishar jilvagar bog‘lar.
Tiklanar kurashga tushmoqchi kabi,
Mushaklari bo‘rtgan pahlavon tog‘lar.

Ilhom toshqinida qalqir mo‘’jiza,
Buyuk qudratga lol qolaverasan.
O‘ngdanmi, so‘ldanmi, qoya ustiga,
Yonboshlab suvratga olaverasan.

Boshingdan quyoshning nuri ketmagay,
Ruhlarmi, ortingdan borar izma-iz.
Barchaga ham sendek nasib etmagay
Abadiyat bilan bo‘lmoq yuzma-yuz.

045

(Tashriflar: umumiy 1 145, bugungi 1)

Izoh qoldiring