Odil Yoqubov. Boysun safari.

boysun
      Ўзбекчилик. Бир зумда Шукурнинг тоға-жиянлари, амма-холалари ёпирилиб келишди. Шукур билан Усмонни қучоқлаб ўпишди, айланиб-ўргилишди. Бу ширин сўзлардан камина ҳам бебаҳра қолмади. Уларда қучоқлашиб кўришиш одат экан. Бир зумда ўтлоққа гилам ёзилиб, қўш-қўш патнисларда нимта-нимта гўштлар, патир ва бўғирсоқлар келди. Кўк чой десангиз кўк чой, оқидан десангиз, оқ «чой»… Усмон ўша маҳалда довруғ қозонган «Бойчечак» шеърини ўқиб, олқиш олди. Шукур эса, сўз берилганда ўзи ҳақида гапириш ўрнига мени осмон баробар мақтаб (унинг бундай мақташини биринчи бор кўришим, унга камдан-кам ижодкор ва камдан-кам асар ёқар эди), сўз навбатини каминага оширди. Мен бунақа тўйни биринчи кўришим, биз томонларда тўйлар бошқача ўтарди.

kalam

Одил Ёқубов,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
БОЙСУН САФАРИ

     Кунлардан бир кун истеъдодли ёзувчимиз Шукур Холмирзаев:
– Юринг, Одил ака, бизнинг Бойсун томонларга бориб келайлик. Сизни Бойсун тоғларига олиб чиқамиз, биз томонларнинг одамлари ҳам бошқача: тўғрисўз, мард, чапани. Уларни кўрасиз, танишасиз, хуллас, ўйнаб келамиз, — деб қолди. Таклиф менга ёкди, чунки ундан беш-олти ой аввал мен Қашқадарёга бориб, у ердаги газ кончилари ҳақида «Чори Умировга ёрдам берайлик», деган мақола ёзгандим.
Биз уч киши – камина, Шукур Холмирзаев ва ўша маҳалда яхши шеърлари билан тилга туша бошлаган Усмон Азим йўлга отландик.
Қаршигача поездда бордик. Қаршида ёш дўстларимнинг оға-инилари кутиб олишди, пачоқроқ бир «Виллис» топиб келишди ва биз Бойсун томон йўлга тушдик. Ҳали асфальт қилинмаган нотекис йўлдан машинада сакрай-сакрай Бойсунга қош қорайганда аранг етиб бордик. Борсак, вадаванг тўй. Ҳар жой-ҳар жойда гулхан ловуллайди, карнай-сурнай, чилдирма, дўмбира, ашула осмону фалакка етган.
Шукур негадир тўй ҳақида лом-мим демаган эди. Борганда билсак, жиянларининг ўғил тўйи экан. Мен койиб, «айтсанг бўлмайдими, совға-салом олармидик», десам, Шукур:
– Қўяверинг, бизнинг шу келишимизнинг ўзи булар учун катта совға, – деб мени тинчитди.
Ўзбекчилик. Бир зумда Шукурнинг тоға-жиянлари, амма-холалари ёпирилиб келишди. Шукур билан Усмонни қучоқлаб ўпишди, айланиб-ўргилишди. Бу ширин сўзлардан камина ҳам бебаҳра қолмади. Уларда қучоқлашиб кўришиш одат экан. Бир зумда ўтлоққа гилам ёзилиб, қўш-қўш патнисларда нимта-нимта гўштлар, патир ва бўғирсоқлар келди. Кўк чой десангиз кўк чой, оқидан десангиз, оқ «чой»… Усмон ўша маҳалда довруғ қозонган «Бойчечак» шеърини ўқиб, олқиш олди. Шукур эса, сўз берилганда ўзи ҳақида гапириш ўрнига мени осмон баробар мақтаб (унинг бундай мақташини биринчи бор кўришим, унга камдан-кам ижодкор ва камдан-кам асар ёқар эди), сўз навбатини каминага оширди. Мен бунақа тўйни биринчи кўришим, биз томонларда тўйлар бошқача ўтарди.
Мен, албатта, тўй эгасига ташаккур билдириб, икки ёш дўстларим ижодини кўкларга кўтардим.
Эртасига Шукурнинг волидаси, ўша маҳалда олтмишларга бориб қолган бўлса-да, ҳамон кўҳлигини йўқотмаган аёл дастурхонни сузма дейсизми, коса-коса қаймоғу ҳозиргина узилган патир нонларга дейсизми, тўлдириб қўйиб, Шукурнинг бош томонида ўғлига тикилиб ўтирган экан, қайта саломлашдик. Онаизор нимани истайди?! Мендан ўғлининг ишлари, оиласи, фарзандлари ҳақида сўради. Набираларини роса соғинган экан, уларни эслаб кўзларига ёш олди.
Мен Шукурнинг келажаги порлоқ эканини, унинг истеъдоди ноёб эканини айтиб, онаизорнинг кўнглини кўтардим.
Онаизор:
– Илойим айтганингиз келсин, – деб дуо қилди.
Барча оналарнинг тупроғи бир жойдан олинган экан-да, дедим ичимда ўз волидамни эслаб.
Йўлга чиқаётганимизда Шукур Бойсунда бир зобит дўсти борлигини, у ашаддий овчи эканини айтганди. Нонушта пайтида Шукур айтган «катта лейтенант» ҳам кириб келди. У жуда бақувват ва хушсурат йигит экан. Устига-устак, ичи тўла латифа экан.
Катта лейтенант келганидан кейин шу кунги режани туздик. Мен авваламбор шаҳарни, шаҳардан ҳам аввал баъзи корхоналарни, мактабларни кўрсакмикан, деган эдим, катта лейтенант:
– Шаҳар ҳеч қаёққа қочмайди, уни эрта-индин ҳам кўраверасизлар, — деди. – Бугун тоққа чиқайлик. Мен машинамга битта серка ташлаб қўйганман. Уни Худо йўлига сўйиб, кабоб қиламиз, қуён овлаймиз, – деб туриб олди.
Бу таклиф ҳаммага ёқци. Шу билан машинага кигиз-пигиз, қозон-товоқ, болта-молта солиб тоққа қараб йўл сурдик.
Шаҳардан чиққач, сал ўтмай эски ташландиқ уйга дуч келдик. Биз унга яқинлашганимизда бир гала каптар учиб чиқиб, осмонга парвоз қилди.
Катта лейтенант дарҳол ерга сакраб тушиб, бир-икки марта милтиқ отди. Ўқ теккан каптарлар тап-тап этиб ерга тушди. Биз бу манзарага маҳлиё бўлиб анграйиб қолган эканмиз, тўсатдан машинада қолган шофёр:
– Э вой, кетди, қочди! – деб бақириб қолди. Бундоқ қарасак, катта лейтенантнинг серкаси машинадан сакраб тушиб, ортда қолган ялангликда югургилаб кетяпти. Серканинг орқасидан биринчи бўлиб катта лейтенант югурди, унинг кетидан шофёр, шофёр кетидан Усмон, Усмоннинг кетидан Шукур чопди. Мен на чопишни, на қолишни билмай анграйиб туравердим.
Бир маҳал тўрт «овчи», оғизлари қулоқларида, шўрлик серкани судраб қайтишди. Йўлда давом этдик. Сал ўтмай йўл чапга бурилиб, пастлаб кетди-ю, шарқираб оқаётган бир ариққа дуч келдик.
Тол ва тераклар билан қуршалган каттагина сой ёқасида бир юк машинаси турар, дарахтлар соясида беш-олтита ҳарбийлар ичишиб, чақчақлашиб ўтиришарди. Бу манзарани кўриши билан катта лейтенант:
– Браконьерлар! Ҳужжатсиз ов қилиб юришибди! Ҳозир текшириб кўрамиз! — деб қолди. Биз бир фикрга келгунимизча у ерга сакраб тушди. Биз ҳам эргашдик. Маишат қилиб, ёнбошлаб ётганлардан бири – алпқомат, турқи совуқ ҳарбий (кейин билсак полк командири экан) биз томон юриб:
– Хўш? Нима гап ўзи? — деб ўдағайлади. Орқасидан етиб келган бошқа майор бизни юмшатмоқчи бўлиб:
– Хўш, нима гуноҳ қилдик? — деб сўради.
– Ҳеч гап йўқ! Ҳужжатларингизни кўрсатингизлар! — деди катта лейтенант. – Ҳозир ов вақти эмас! Қани овчилик ҳужжатларингиз? Қани, ов қилишга рухсатнома?
– Қанақа ҳужжат? Қанақа рухсатнома? — деди подполковник ғазабдан хириллаб. — Автоматни бер, Алёша! – деб қичқирди у аскарларнинг бирига. – Мен ҳужжатларни кўрсатиб қўяй буларга…
Бу орада машинага сакраб чиққан бизнинг шофёр юк машинасидаги қуруқ пичанларни тепкилаб, ҳарбийлар отган қуёнларни ерга ташлай бошлади: бир, икки, уч… қуёнлар сони ўн биттами, ўн иккитагами етди. Буни кўрган подполковник:
– Биз чегарани қўриқлаётган ҳарбийлармиз! – деб хириллади. – Бизни тергашга ҳақларинг йўқ! – У бақирганча автоматни қўлга олган эди, хайрият, етиб келган майор командирини маҳкам қучоклаб олди.
Шунда камина ҳам мухбирлигим эсимга тушиб, чўнтагимдан гувоҳномани чиқардим.
– Мен «Литературная газета»нинг махсус мухбири бўламан, – дедим, ўзимни дадил тутишга ҳаракат қилиб: – Агар биз билан тўғри муомала қилмайдиган бўлсангиз, мен эртага ТуркВО раҳбарларига мурожаат қиламан. Ана ўшанда кўрасиз ким-кимга кўрсатиб қўяркан!
Шукур бўлса, ўзбекча-русча сўзларни аралаш-қуралаш қилиб, бўралаб сўкинарди.
Қисқаси, «Литературная газета»ни эшитгач, бошда ҳовлиқиб, автомат кўтарган подполковник бирдан паст тушди.
Уни қучоқлаб олган майор – кейин билсак, у сиёсий ишлар бўйича полк командирининг муовини экан – бу қалтис машмашадан тезроқ қутулиш кераклигини тушунди, шекилли, командирини зўрлаб ўз машиналарига ўтқазди. У бизга отилган қуёнларни ҳадя қилмоқчи бўлди, лекин биз, ғуруримиз устун келиб, унинг таклифини рад этдик. Шундан кейин омадсиз овчилар шаҳар томонга, биз эса тоққа қараб кетдик. Ўша куни биз тоғ ёнбағирларидаги арчазорда серкани сўйиб дам олдик-да, хушнуд кайфиятда Бойсунга қайтиб келдик. Бизнинг ишимиздан, айниқса, Шукур хурсанд бўлиб, боши осмонга етди.
Унинг қалами ўзига хос, асарлари на тенгдошлари ва на классикларимизникига ўхшар эди.

(Мақола Сайёра Холмирзаева масъул муҳаррирлигида чоп этилган “Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида” (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2010) тўпламида эълон қилинган. Мақолада учрайдиган имло хатолари бизнинг айбимиз, бунинг учун узр сўраймиз – Отабек Муҳаммадий)

Manba: Shukur Xolmirzayevning facebookdagi sahifasi.

Sahifani bezashda O’zbekiston Xalq rassomi Akmal Ikromjonovning «Boysun» asaridan foydalandik.

(Tashriflar: umumiy 97, bugungi 1)

Izoh qoldiring