Odil Yoqubov. O’lmas siymo

021

 Ойбек таваллудининг 110 йиллиги олдидан

   Халқимизда ўлмас сиймо, деган яхши бир гап бор. Ҳалқ ўзининг энг катта мутафаккирлари, улкан олим ва санъаткорларини шундай деб атайди, бу билан халқ ўзининг чексиз меҳри, иззат-ҳурмати, буюк ифтихорини изҳор этади. Ана шундай ўлмас сиймолардан бири Устод Ойбекдур.

021

01
Одил Ёқубов
ЎЛМАС СИЙМО
Устод Ойбек ҳақида ўйлар
02

03алқимизда ўлмас сиймо, деган яхши бир гап бор. Ҳалқ ўзининг энг катта мутафаккирлари, улкан олим ва санъаткорларини шундай деб атайди, бу билан халқ ўзининг чексиз меҳри, иззат-ҳурмати, буюк ифтихорини изҳор этади. Ана шундай ўлмас сиймолардан бири Устод Ойбекдур.

Адабиёт ва унинг энг нодир асарлари — халқ мулкидир, умумхалқ бойлигидир. Лекин адабиётнинг ўзига хос ва мураккаб хусусиятларидан бири шундаки, бу нодир асарларни айрим улкан санъаткорлар ўз истеъдодлари, фидойи меҳнатлари, ирода ва ақл-заковатларига суяниб яратадилар. Шунинг учун ҳам биз ўзларининг бутун салоҳиятлари, ирода ва иқтидорларини халқ хизматига бўйсиндира олган улкан санъаткорлар олдида доим бош эгамиз, уларнинг номларини чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламиз.

Ҳақиқатан, бугун биз халқимизнинг маънавий бойлиги ҳисобланмиш адабиётимиз ҳақида, бу руҳий хазинадаги энг ноёб асарлар тўғрисида ўйлар эканмиз, лоп этиб, бу бебаҳо бойликни яратган улуғ адибларимиз — Ҳамза ва Абдулла Қодирий, Садриддин Айний ва Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Гъафур Гъулом, Абдулла Қаҳҳор ва Мақсуд Шайхзодалар эсимизга тушади. Биз ўз маданиятимиз, ўз адабиётимизни бу табаррук зотларсиз тасаввур этолмаймиз.

Ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай китоблар, шундай асарлар учрайдиким, бу асарлар кишини ларзага солиб, унинг қалбида бир умр ўчмас из қолдиради. Шахсан менинг ҳаётимда шундай ўчмас из қолдирган асарлардан бири буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи, иккинчиси устод Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи бўлган эди. Адабиётимизнинг шоҳ асари бўлмиш «Қутлуғ қон» романини илк бор қўлимга олганимда мен ўн беш-ўн олти яшар бир ўспирин эдим. Лекин ҳали-ҳануз эсимдан чиқмайди. Содда, оқ кўнгил қишлоқ йигити Йўлчи фожиали муҳаббати тўғрисидаги бу нодир китобни мен бир кечада, хира лампа шуъласида ўқиб чиққан эдим. Албатта, у пайтларда мен бу улкан ижтимоий асар замирида ётган чуқур маънони, асарнинг ўлмас образлари асосида ётган катта ижтимоий мазмунни яхши тушунмас эдим. Лекин бир нарса ҳануз ёдимда.

Ўша кеча роман қаҳрамони Йўлчи ўз туғишган акамдан ҳам яқин, ундан ҳам азиз бўлиб қолди. Гулнорни, бу пок, олийжаноб, самимий ва бахтиқаро қизни эса ўз туғишган опамдан ҳам яхшироқ кўриб қолган эдим. Ўша кеча умримда биринчи бор менинг қалбимда зулм, ноҳақлик ва адолатсизликка қарши чуқур нафрат ва исён туйғуси уйғонган эди. Айни замонда эзгулик истаги туғилди.

Ўша кеча мен, «Қутлуғ қон»ни ўқиб ўтириб, яхшилик нима, ёмонлик нима, адолат ва адолатсизлик нима, инсоф ва ноинсофлик нима, тушунгандай бўлдим. Бошқача қилиб айтганда бу ўлмас асарнинг теран ижтимоий мазмуни бебаҳо эзгу туйғуларга айланиб, ўн олти яшар бир ўспириннинг қалбига ёруғ нур бўлиб қуюлган эди. Мен бу нур, бу ёруғ туйғуларни тоабад унутмайман…
Ойбек домланинг адабиётимиз учун, маданиятимиз учун қилган хизматларини сарҳисоб қилиш осон эмас. Бу беҳисоб хизматлари ичида мен устознинг яна бир улуғ хизматини алоҳида бир меҳр билан, шогирдлик бир ҳурмати билан айтиб ўтишни истардим, у ҳам бўлса Ойбек домланинг яна бир улуғ асари «Навоий» романига сингган меҳнатидир.

Устоз Ойбекнинг улуғлиги шундаки, у киши халқимиз учун буюк бобомиз Навоий ҳазратларини тирилтириб бердилар.
Албатта, биз онадан туғилибмизки, буюк бобомиз шеърлари қўшиқ ва куй бўлиб қулоғимизга қуйилади. Биз бу шеърлар, бу қўшиқ ва куйларни оналаримиз алласи билан бирга эшитамиз. Бобомизнинг ўлмас асарларини — «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин»ларнинг мунгли севгисини оналаримиз ва бувиларимиз бизга гўдаклик чоғларимиздаёқ эртак қилиб сўзлаб беришган. Лекин бу асарларни, беш юз йилдан бери бутун инсониятни лол қолдириб келаётган бу севги достонларини, чексиз мунг билан йўғрилган бу қўшиқларни, бу нурдай ёруғ шеърларни яратган инсон ўзи, Навоий ҳазратлари ўзлари қандай одам бўлган, бобомиз қандай ишлар қилган, бошидан қандай савдолар ўтган, қандай мусибатлар кечган — биз буни яхши билмас эдик, билсак ҳам бу буюк зотни бир одам сифатида, инсон сифатида яққол кўз олдимизга келтира олмас эдик. Бу мураккаб ишни, ижодий жасорат деб аталмиш бу бебаҳо ишни қилган одам — Устод Ойбекдур. Ойбек домла адабиётимизда биринчилардан бўлиб, буюк бобомиз сиймосини яратди. Улуғ аждодимизнинг ўйларини бизнинг ўйларимизга, дардларини бизнинг дардларимизга улаб, улуғ зотни ўз замондошларимиздай яқин, ҳамдард, ҳамфикр бир инсонга айлантирди.

Устод Ойбек улкан санъаткорларга хос бир куч билан буюк бобомизнинг руҳий оламини очиб берди, унинг муқаддас ижодхонасига олиб кирди, беш юз йилдан буён бутун инсониятни титратаётган асарларнинг яратилиш тарихини кўрсатди, бу ўлмас асарларни ёзган санъаткор ҳам буюк шоир, ҳам ўзимиз янглиғ ожиз бир инсон эканини, у ҳам яхшилик ва эзгуликдан қувониб, ноҳақликлардан эзилиб юргувчи бир одам эканини очиб берди, соддароқ қилиб айтганда, бобомизни бизга тирилтириб берди…
Албатта, устод тўғрисида, адабиётимизда реалистик прозани янги чўққиларга кўтарган бу улкан романист ва ажойиб шоир ва етук олим тўғрисида жуда кўп гапириш мумкин. Лекин камина олим эмасманким, бу беқиёс ижоднинг ҳамма қирраларини кўрсатиб берсам…

Мен фақат устод тўғрисида бир-икки оғиз гап айтишга журъат этдим, холос. Шу маънода устоднинг ўз шогирдларига, келгуси авлод адибларига қилган яна бир яхшилигини айтиб ўтгим келади, бу яхшилик шундан иборатки, Ойбек ака Абдулла Қодирий яратган тарихий романчилик анъаналарини янги босқичга кўтариб, бўлғуси адибларга жуда катта йўл очиб берди.
Шу кечаю-кундуз телевизор экранларида каминанинг «Улуғбек хазинаси» деган романим асосида яратилган спектакл намойиш қилинмоқда. Мен азиз телетомошабинларнинг бу асарга билдирган ҳурматидан бениҳоя хурсандман, албатта. Лекин оддий бир адиб сифатида шуни яхши биламанким, Абдулла Қодирий, Ойбек ака, Мақсуд Шайхзода каби устодлар ва улар яратган буюк тарихий асарлар бўлмаганда, агар ада-биётимизда «Ўтган кунлар», «Навоий» романи ва «Алишер Навоий» драмаси каби асарлар бўлмаганда камина ҳам бу камтарин асарни ёзолмаган бўлардим…

Ҳаёт экан, табиат қонуни шундай экан, устоз Ойбек ҳозир орамизда йўқ. Лекин у киши яратган асарлар биз билан биргадир, биз ва бизнинг фарзандларимиз бу ўлмас асарларни ёстиқларининг тагларига қўйиб ухлайдилар. Демак, устознинг руҳи шод. Устоз Ойбек ҳамиша биз билан, у киши тоабад тирикдир.

022

Odil Yoqubov
O’LMAS SIYMO
Ustod Oybek haqida o’ylar
02

03alqimizda o‘lmas siymo, degan yaxshi bir gap bor. Halq o‘zining eng katta mutafakkirlari, ulkan olim va san’atkorlarini shunday deb ataydi, bu bilan xalq o‘zining cheksiz mehri, izzat-hurmati, buyuk iftixorini izhor etadi. Ana shunday o‘lmas siymolardan biri Ustod Oybekdur.

Adabiyot va uning eng nodir asarlari — xalq mulkidir, umumxalq boyligidir. Lekin adabiyotning o‘ziga xos va murakkab xususiyatlaridan biri shundaki, bu nodir asarlarni ayrim ulkan san’atkorlar o‘z iste’dodlari, fidoyi mehnatlari, iroda va aql-zakovatlariga suyanib yaratadilar. Shuning uchun ham biz o‘zlarining butun salohiyatlari, iroda va iqtidorlarini xalq xizmatiga bo‘ysindira olgan ulkan san’atkorlar oldida doim bosh egamiz, ularning nomlarini chuqur hurmat va ehtirom bilan tilga olamiz.

Haqiqatan, bugun biz xalqimizning ma’naviy boyligi hisoblanmish adabiyotimiz haqida, bu ruhiy xazinadagi eng noyob asarlar to‘g‘risida o‘ylar ekanmiz, lop etib, bu bebaho boylikni yaratgan ulug‘ adiblarimiz — Hamza va Abdulla Qodiriy, Sadriddin Ayniy va Oybek, Hamid Olimjon va G’afur G’ulom, Abdulla Qahhor va Maqsud Shayxzodalar esimizga tushadi. Biz o‘z madaniyatimiz, o‘z adabiyotimizni bu tabarruk zotlarsiz tasavvur etolmaymiz.

Har bir insonning hayotida shunday kitoblar, shunday asarlar uchraydikim, bu asarlar kishini larzaga solib, uning qalbida bir umr o‘chmas iz qoldiradi. Shaxsan mening hayotimda shunday o‘chmas iz qoldirgan asarlardan biri buyuk yozuvchimiz Abdulla Qodiriyning «O’tgan kunlar» romani, ikkinchisi ustod Oybekning «Qutlug‘ qon» romani bo‘lgan edi. Adabiyotimizning shoh asari bo‘lmish «Qutlug‘ qon» romanini ilk bor qo‘limga olganimda men o‘n besh-o‘n olti yashar bir o‘spirin edim. Lekin hali-hanuz esimdan chiqmaydi. Sodda, oq ko‘ngil qishloq yigiti Yo‘lchi fojiali muhabbati to‘g‘risidagi bu nodir kitobni men bir kechada, xira lampa shu’lasida o‘qib chiqqan edim. Albatta, u paytlarda men bu ulkan ijtimoiy asar zamirida yotgan chuqur ma’noni, asarning o‘lmas obrazlari asosida yotgan katta ijtimoiy mazmunni yaxshi tushunmas edim. Lekin bir narsa hanuz yodimda. O’sha kecha roman qahramoni Yo‘lchi o‘z tug‘ishgan akamdan ham yaqin, undan ham aziz bo‘lib qoldi. Gulnorni, bu pok, oliyjanob, samimiy va baxtiqaro qizni esa o‘z tug‘ishgan opamdan ham yaxshiroq ko‘rib qolgan edim. O’sha kecha umrimda birinchi bor mening qalbimda zulm, nohaqlik va adolatsizlikka qarshi chuqur nafrat va isyon tuyg‘usi uyg‘ongan edi. Ayni zamonda ezgulik istagi tug‘ildi.

O’sha kecha men, «Qutlug‘ qon»ni o‘qib o‘tirib, yaxshilik nima, yomonlik nima, adolat va adolatsizlik nima, insof va noinsoflik nima, tushunganday bo‘ldim. Boshqacha qilib aytganda bu o‘lmas asarning teran ijtimoiy mazmuni bebaho ezgu tuyg‘ularga aylanib, o‘n olti yashar bir o‘spirinning qalbiga yorug‘ nur bo‘lib quyulgan edi. Men bu nur, bu yorug‘ tuyg‘ularni toabad unutmayman…

Oybek domlaning adabiyotimiz uchun, madaniyatimiz uchun qilgan xizmatlarini sarhisob qilish oson emas. Bu behisob xizmatlari ichida men ustozning yana bir ulug‘ xizmatini alohida bir mehr bilan, shogirdlik bir hurmati bilan aytib o‘tishni istardim, u ham bo‘lsa Oybek domlaning yana bir ulug‘ asari «Navoiy» romaniga singgan mehnatidir.

Ustoz Oybekning ulug‘ligi shundaki, u kishi xalqimiz uchun buyuk bobomiz Navoiy hazratlarini tiriltirib berdilar.
Albatta, biz onadan tug‘ilibmizki, buyuk bobomiz she’rlari qo‘shiq va kuy bo‘lib qulog‘imizga quyiladi. Biz bu she’rlar, bu qo‘shiq va kuylarni onalarimiz allasi bilan birga eshitamiz. Bobomizning o‘lmas asarlarini — «Layli va Majnun», «Farhod va Shirin»larning mungli sevgisini onalarimiz va buvilarimiz bizga go‘daklik chog‘larimizdayoq ertak qilib so‘zlab berishgan. Lekin bu asarlarni, besh yuz yildan beri butun insoniyatni lol qoldirib kelayotgan bu sevgi dostonlarini, cheksiz mung bilan yo‘g‘rilgan bu qo‘shiqlarni, bu nurday yorug‘ she’rlarni yaratgan inson o‘zi, Navoiy hazratlari o‘zlari qanday odam bo‘lgan, bobomiz qanday ishlar qilgan, boshidan qanday savdolar o‘tgan, qanday musibatlar kechgan — biz buni yaxshi bilmas edik, bilsak ham bu buyuk zotni bir odam sifatida, inson sifatida yaqqol ko‘z oldimizga keltira olmas edik. Bu murakkab ishni, ijodiy jasorat deb atalmish bu bebaho ishni qilgan odam — Ustod Oybekdur. Oybek domla adabiyotimizda birinchilardan bo‘lib, buyuk bobomiz siymosini yaratdi. Ulug‘ ajdodimizning o‘ylarini bizning o‘ylarimizga, dardlarini bizning dardlarimizga ulab, ulug‘ zotni o‘z zamondoshlarimizday yaqin, hamdard, hamfikr bir insonga aylantirdi.
Ustod Oybek ulkan san’atkorlarga xos bir kuch bilan buyuk bobomizning ruhiy olamini ochib berdi, uning muqaddas ijodxonasiga olib kirdi, besh yuz yildan buyon butun insoniyatni titratayotgan asarlarning yaratilish tarixini ko‘rsatdi, bu o‘lmas asarlarni yozgan san’atkor ham buyuk shoir, ham o‘zimiz yanglig‘ ojiz bir inson ekanini, u ham yaxshilik va ezgulikdan quvonib, nohaqliklardan ezilib yurguvchi bir odam ekanini ochib berdi, soddaroq qilib aytganda, bobomizni bizga tiriltirib berdi…

Albatta, ustod to‘g‘risida, adabiyotimizda realistik prozani yangi cho‘qqilarga ko‘targan bu ulkan romanist va ajoyib shoir va yetuk olim to‘g‘risida juda ko‘p gapirish mumkin. Lekin kamina olim emasmankim, bu beqiyos ijodning hamma qirralarini ko‘rsatib bersam…

Men faqat ustod to‘g‘risida bir-ikki og‘iz gap aytishga jur’at etdim, xolos. Shu ma’noda ustodning o‘z shogirdlariga, kelgusi avlod adiblariga qilgan yana bir yaxshiligini aytib o‘tgim keladi, bu yaxshilik shundan iboratki, Oybek aka Abdulla Qodiriy yaratgan tarixiy romanchilik an’analarini yangi bosqichga ko‘tarib, bo‘lg‘usi adiblarga juda katta yo‘l ochib berdi.

Shu kechayu-kunduz televizor ekranlarida kaminaning «Ulug‘bek xazinasi» degan romanim asosida yaratilgan spektakl namoyish qilinmoqda. Men aziz teletomoshabinlarning bu asarga bildirgan hurmatidan benihoya xursandman, albatta. Lekin oddiy bir adib sifatida shuni yaxshi bilamankim, Abdulla Qodiriy, Oybek aka, Maqsud Shayxzoda kabi ustodlar va ular yaratgan buyuk tarixiy asarlar bo‘lmaganda, agar ada-biyotimizda «O’tgan kunlar», «Navoiy» romani va «Alisher Navoiy» dramasi kabi asarlar bo‘lmaganda kamina ham bu kamtarin asarni yozolmagan bo‘lardim…

Hayot ekan, tabiat qonuni shunday ekan, ustoz Oybek hozir oramizda yo‘q. Lekin u kishi yaratgan asarlar biz bilan birgadir, biz va bizning farzandlarimiz bu o‘lmas asarlarni yostiqlarining taglariga qo‘yib uxlaydilar. Demak, ustozning ruhi shod. Ustoz Oybek hamisha biz bilan, u kishi toabad tirikdir.

022

(Tashriflar: umumiy 517, bugungi 1)

Izoh qoldiring