Olim Otaxon. Gulzor chekkasidagi quyosh

0032     Октябрнинг ўрталарида уч ойдан буён даволанаётган Муайядга шифохонада ўтказилган кенгаш хулосасига кўра, жавоб беришга қарор қилинди.Ўша куниёқ тушдан кейин Муайядни олиб кетгани укаси, онаси ҳамда хотини Зарифа келди. Учовининг, айниқса, иккала аёлнинг йиғидан қизарган кўзлари ўтинчли савол назари билан боқарди. 

Олим ОТАХОН
ГУЛЗОР ЧЕККАСИДАГИ ҚУЁШ
012

088  Олим Отахон 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини тамомлаган (1974). Дастлабки тўплами — «Болалик кабутарлари» (1981). Шундан сўнг ёзувчининг «Оқшом хаёллари» (1986), «Озод қушлар ҳақида қисса» (1988), «Адоқсиз кўчалар» (1990) каби насрий асарлари нашр этилган. Акутагава Рюноскэ, Ясунари Кавабата, Хорхе Луис Борхес ҳикояларини таржима қилган.

08

04  Октябрнинг ўрталарида уч ойдан буён даволанаётган Муайядга шифохонада ўтказилган кенгаш хулосасига кўра, жавоб беришга қарор қилинди.
Ўша куниёқ тушдан кейин Муайядни олиб кетгани укаси, онаси ҳамда хотини Зарифа келди. Учовининг, айниқса, иккала аёлнинг йиғидан қизарган кўзлари ўтинчли савол назари билан боқарди. Уларни касалхонада ҳеч ким юпатмади, кўнглини ҳам кўтармади, керакли қоғозларни тайёрлаб бўлгач, Муайяднинг касали туфайли унинг оила аъзоларига ўз қадрдонларидек бўлиб қолган бош врач кампирдан ҳол-аҳвол сўради, сўнг Зарифага эҳтиёт шарт йўриқларини тушунтирди. Гарчи, шу уч ой мобайнида нима гаплиги аён эса-да, ҳаммалари бирдан жавоб беришганини тушунолмай юракларини ҳовучлаб турарди.

— Муайяд насиб қилса кўрмагандек бўлиб кетади ҳали, хола, – деди бош врач.

Аммо бу илиқ ва самимий тасалли ҳам қоронғи уйнинг эшигини очиб, ичкарида нима борлигини тушунтиришга ўхшагандек гап эди.

Улар биринчи қаватнинг нариги қанотига қараб ошиқдилар. Муайяд ётган хонанинг эшиги очиқ эди. У тўрда, дераза ёнидаги каравотда соқоллари ўсган кўйи шифтдан кўз узмай ётарди. Улар хонага кирганларида секин бошини буриб қарашга одатланган Муайяд жим ётаверди. Кампир рўмолининг учини кўзларига босди, Зарифа эрига яқинлашди, Муайяд уни кўрди, кулимсиради ва ҳамма гапни бирдан тушунгандек ётган еридан бош қимирлатди.

Кампир уввос солиб юборди.

Касалхонанинг замбилини олиб киришганда Муайяд унамади, улар ҳайрон бўлиб, ўз ҳолига қўйишган эди, анчагача кўзини бир нуқтадан узмай бақрайиб ўтирди, сўнгра дафъатан бошини кўтариб, атрофидагиларга бирма-бир қараб чиқди: нигоҳи хотинида тўхтади. Муайяднинг ранг-рўйида ўзгариш сезилиб, кўзларида умидбахш учқунлар пайдо бўлаётганига қарамай, унинг ҳали жуда дармонсиз экани ва муттасил ўлим билан олишиб, силласи қуриганлиги бир қарашдаёқ сезиларди: у ниҳоятда озиб кетган, кўзлари киртайиб, ёноқ суяклари беўхшов туртиб чиққан, одамга беихтиёр ночор ва маънисиз боқар эди. Зарифа ҳозир, айниқса, эри ўзига қараб турганида мана шуни чуқур ҳис қилди. У чидаб туролмади, югура келиб эрининг қоқсуяк, шалвираган қўлларидан тутди-да, юзини илкис четга бурди.

Кузак қуёшининг юмшоқ нури хонага қиялаб тушарди. Муайяднинг елкаси, тиззаларида тебранган шуълалар ерда ҳам увинтўда бўлиб сочилиб ётарди. У гўё шундай ажиб, бебаҳо эҳсон увол ётибди, дегандек, дам-бадам оёқлари тагига назар соларди.

Муайяд хотинининг билагига таяниб ўрнидан туришга чоғланди-ю туролмади, уриниши эса зое кетди – бемажол чўзилди. Зарифа эрининг юзига, юзидаги ифодаларга термулди – унинг катта-катта кўзлари ғилт-ғилт ёш эди.

— Зарифа, ойи… шукр, яхшиман… – деди Муайяд ва ночор кулимсиради. Кейин худди гапини амалда тасдиқламоқчидек, иккала қўлини баравар олдинга узатди. Деразадан тушаётган қуёш нури энди унинг енг остидан аянчли чиқиб турган нимжон билакларини ҳам ёритди. Бир қўлидан укаси, иккинчисидан хотини қўлидан тутгач, Муайяд базўр ўрнидан турди. Қўлида кичкина тугунча, ҳовлиқиб кираётган ҳамшира қиз остонада тўхтаб, худди тушида кўрган ҳодисага ўнгида дуч келган одамдек қотиб қолди. У кўзларига ишонолмасди.

Муайяд эса бир қадам ҳам юролмади. У аввал рўпарасида турган онасига илжайиб қаради, кейин чап ёнбошидаги укасига юзини буриб илжайди, алоҳа замбилга ётишга розиман, дегандек имо қилди.

Онаси рўмолининг учи билан ҳеч кимга сездирмай кўз ёшларини артиб олди. Ҳамма Муайяд билан банд бўлгани учун буни сезмади. У замбилга чалқанча тушиб ётганида она боёқиш замбилнинг бир учига бармоғини теккизиб кўзига суртди.

Муайяд қушдеккина эди. Уни кўтариб чиққанларида ғира-шира йўлакда тўдалашиб турган беморлар унинг тепасига ёпирилдилар. Муайяд улардан биронтасининг исмини билолмади, аммо юраги жуда тез уриб кетганида ҳолсизланди, кўзига ёш қyйилди. Қулоғига ғалати олис товушлар эшитила бошлади. У йўлак шифтида парпираган сутчироқларга, икки томонида ўзини кузатиб чиқаётган одамларнинг юзларига ҳайрон қараб ётди-ю, ҳовлига чиққанида хотинини ёнига чақирди ва жуда сўник, аммо ишонч билан пичирлади:

— Зарифа, қушлар сайраяпти шекилли!..

Орадан ўн беш кунлар чамаси вақт ўтгач, ҳадеб қистайверганидан кейин, ноилож уни ҳовлига олиб чиқишди.

У ҳамон дармонсиз эди, ҳамон ич-ичига ботган кўзларидан қўрқув ва ночорлик аломати аримаганди, лекин шунга қарамай, ўша касалхонадан чиққан кунидаги аҳволига нисбатан кўриниши ҳийла дуруст – рангига ним қизиллик югура бошлаган эди. Аслида зоҳиротида сезилаётган бу ўзгариш унинг руҳиятидаги жуда катта ўзгаришларнинг инъикоси эди. Денгизнинг сокин чайқалишида унинг тубидаги қудратли, тинимсиз ҳаракатлар белгиси унчалик сезилмайди.

Аммо Муайяд кўп нарсани эслолмас, аҳён-аҳён кейинги уч-тўрт ой ичида бошдан кечирган воқеалар тушида ёки олис болалигида юз берган ҳодисалардек элас-элас хотирида жонланиб қоларди. У ҳарчанд кўзларини бир нуқтадан узмай ёки кўзларини юмиб ўйламасин, барибир, бу ғира-шира хотиралар риштасини бир-бирига улаёлмасди. Бу хотиралар нимадан дарак берар эди? Ғайришуурий ҳис қилинган ҳаётданми? Ёки онг фаолиятининг инсонга номаълум таъсириданми? Мана шундай эслашга уриниб кўриш чоғларида Муайяднинг дардчил чеҳрасида руҳий изтироб аломатлари пайдо бўлар, хотинига бунинг сабабини сира тушунтириб беролмас, тушунтиришга уринганларида эса нуқул ғўлдирар, нуқул бир ниманинг номини эслолмай калкаланар эди. Зарифа эса буни кўриб, ич-ичидан зил кетарди. Бироқ кейинги ўн беш кун мобайнида, ўша касалхонадан чиққан лаҳзаларида бирдан зўрайган товушларни ҳаддан зиёд, фавқулодда ҳис қилиш туйғуси энди ўқтин-ўқтин вулқон сингари жонланиб қолар ва руҳий изтироблар доғини ювиб ташлар, худди шу лаҳзаларнинг шифобахш қудрати унинг ҳаёт-мамотига бениҳоя зарур шароитлар яратиб берар эди.

Хотиранинг кескин сусайиши унинг нигоҳидан, баъзан саволларидан сезилиб турса, бу фавқулодда ҳис қилиш сезгиси мамнун бўлган ва руҳий ҳаловат топган чоқларида билинарди.

Зарифа кўпинча унинг ички зўриқишдан қийшайган афтини кўриб ва ғалати саволларини эшитиб, сиқилиб кетарди. Баъзан-баъзан эрини турли хаёллардан чалғитиш ва зериктирмай ўтириш мақсадида кейинги уч-тўрт ой мобайнида рўй берган воқеаларни гапириб берарди, кунлардан бир кун эҳтиётсизлик қилиб, унинг қаттиқ касалга чалиниб, деярли бир ой “ҳушига келмай, одамни қўрқитиб юборгани”ни айтиб юборган эди, ҳайриятки, Муайяд ҳеч нарсани тушунмади. Худди гап йўқолган тугмачалар ҳақида бораётгандек, беозоргина жилмайиб бош чайқаб қўйди, холос.

Аммо шунга қарамай, Муайяд ҳеч кимга аён бўлмаган синоатни сўз билан ифодалаш ва тушунтириб бериш мушкул даражада жуда чуқур биладиганга ўхшарди. Ҳар қандай инсон ўзига алоқадор маълумотни эшитгач, агар у бутунлай ақлини йўқотмаган бўлса, эътибор қилади ва чеҳрасида, нигоҳида жиндаккина ўзгариш юз беради. Аммо Муайядда худди мана шу, одамга хос таъсирланиш хусусияти мутлақо йўқолганга ўхшарди. Бироқ бу унинг фавқулодда кучли ғайритабиий сезиш қобилятини кўмиб юбормас, аксинча, уни аниқроқ пайқаб олишларига имкон яратарди. Муайяд ақлдан озмаган эди. Лекин ҳеч нарсани эслолмас ва мабодо айтиб берсалар ҳам тушунмас, анграйиб ўтираверарди. Шунда ҳам унинг фавқулодда сезгига эга эканлиги ошкора сезилиб турарди. Унинг ўзи, табиийки, буни билмас, Зарифа эса кун сайин буни ҳис қилар ва қўрқар эди.

Таажжубланарли ери шунда эдики, фавқулодда сезиш қобилятини қўяверинг, Муайяд сон-саноқсиз, ғира-шира шарпалар, кўланкалар сингари қиёфалар шуурида акс этиб қолганига қарамай, ҳар қанча зўр бермасин, уларнинг лоақал биттасини эслолмай қийналар ва ноилож Зарифани чақириб ундан сўрарди.

— Зарифа, менга нима бўлди? Сенга сезилмаяптими, менга бир нима бўлганга ўхшайди, худди…

Унга аслида ҳеч нима бўлмаган эди. У соғайиши, иложи борича тезроқ кўрмагандек бўлиб кетиши керак эди. Зарифа шуни кўнглидан ўтказарди-да, унинг сочларини бармоқлари билан тарар ва нима десам, қандай тушунтирсам, дея боши қотарди. Хотинининг индамаганини кўриб, Муайяд саволларига унинг юзидаги ифодалардан жавоб изларди.

Кун сайин Зарифа ҳам ўзида ғалати, илгари сезмаган қизиқ бир ўзгариш сезарди. У табиатан очиққина эди, ичида гап ётмасди, бироқ энди у табиатига хилоф равишда эридан кўп нарсаларни яшириш лозимлиги, ҳар бир нарсани айтавермасликдан ташқари, мабодо эри шу ҳақда сўраб қолгудай бўлса ҳам, сир бой бермай, гапни бошқа мавзуга буриб юбориш зарурлигини ҳис қила бошлади.

Муайяд эса аҳволи енгиллашган сари ўзида нима ўзгариш юз бераётганига камроқ қизиқадиган бўлди. Охирги марта, ҳовлига чиқмасидан икки кун аввал, кечқурун хотинидан:

— Зарифа, тўғрисини айт, менга бир нима бўлганга ўxшайди. Сезмаяпсанми? – деб сўради.

— Ҳеч нима бўлгани йўқ. Ҳеч нарса сезаётганим ҳам йўқ, – деб жавоб қилди Зарифа кўзгу олдида сочларини ёйиб тураркан.

Муайяд хотинининг тим қора сочлари чироқ шуъласида жилва қилаётгани, оппоқ елкаларида ғалати бир тарзда чирмашганидан кўз узмай тураркан, уни илк бор шу ҳолатда кўраётгандек бўлди.

— Йўқ, кўп нарсаларни биринчи марта кўраётгандекман…

— Сизда ундай нарса сезилмаяпти. Бунақа хаёлларга берилаверманг ҳадеб.

— Товушлар-чи… Товушлар мутлақо бошқача эшитиляпти… буни билмаслигим мумкинмасдир. Мана, ҳозир ҳам…

…Чиндан ҳам Муайяд товушлар бағридаги юзага чиқмаган ва ҳали товушга айланмаган садоларни ҳам илғайдиган, ҳис қиладиган бўлиб қолган эди. Шунинг учун, мана шундай ҳолатлар чоғида унинг қулоғи остида турли оҳанглар тўкилиб қолаётгандек туюларди. Масалан, бир куни, дарахт шохларининг томни тирнаётгани унга яқин-атрофдаги тарновдан сув шариллаб оқиб тушаётгандек бўлиб туюлди. Бошқа сафар, элас-элас куй оҳанглари эшитилганди, шамол бўляпти, деган ҳаёлга келди. Бир куни эса шифтга тикилиб ётаркан, бирдан Зарифани чақирди-да:

— Зарифа, деразани очиб юбор, кимдир най чаляпти, – деди.

Бундай пайтларда унинг талабларини сўзсиз бажаришга одатланиб қолган Зарифа деразанинг бир тавақасини очиб қулоқ солди, ҳатто ҳовлига тушиб тинглади ҳамки, ҳеч қандай най товушини эшитмади.

Кейин маълум бўлишича, най оҳанглари Муайяднинг хаёлида янграган экан.

Зарифа шу ва шунга ўхшаш ўзини ташвишга солаётган нарсалар ҳақида врачдан сўраганида, у узоқ ўйланиб турди-да:

— Билмадим, синглим, бир нима дейишга ҳам ҳайронман, – деди. – Аммо-лекин, бундай нарсани мен ўз тажрибамда учратмаганман. Ҳа, ҳар қалай, қизиқ, йигирма кун ичида шунча ўзгариш…

Муайяд ташқарига чиққан куни эрталаб ёмғир шивалаб ўтганига қарамай, ҳаво иссиқ эди. Чошгоҳ пайти ҳовлининг офтобрўя қисмига оромкурси қўйиб кўрпача тўшадилар. Хиёл наридаги сўрига эса энди қавишга тутинган қип-қизил, чўғдек дўхоба кўрпасини кўтариб онаси жойлашиб олди.

Муайяд ҳовлини кўздан кечира бошлади.

Япроқлари қондек қизарган: қизғиш илдизлари қўпорилиб қолган гилос, қуёшнинг равшан нурлари акс этган равон ойналари… Булар Муайядда яхлит таассурот қолдирмасди, булар кузнинг маъсум ҳомиласидек покиза, сокин туйғулар уйғoтаётганига қарамай, мана шу яхлитлик йўқлиги, бир-бирини тўлдира олмасликлари учун Муайяд руҳини – узоқ дард чекиб, ҳар нарсага маҳлиё ва мутаассир бўлишга интизор йигитнинг юрагини бирдан яшнатиб юборишга ожиз эди. Лекин, барибир, қисман бўлса ҳам бу номукаммал манзарадан кўз узмай ўтирган Муайяднинг кўнглида яшашга нисбатан ҳар қачонгидан кўра кучлироқ бир майл, истак ғунчалай бошлади.

Ҳовли тепасидан қушлар галаси учиб ўтди.

Муайяднинг димоғига номаълум, аммо шифобахш ҳидлар урилди.

Қулоғи остида эса жажжи кумуш қўнғироқчаларнинг нафис садолари янграй бошлади.

Муайяд боши айланиб кўзларини оҳиста юмди. Кўзини очганида эса чоғроққина гулзор этагида нозик бандини кўтара олмаганидан ерга тегай-тегай деб турган нимпушти гул ва чалқанча ётиб оёқчалари билан гулни оҳиста, беозоргина туртиб-туртиб ўйнаётган малла мушукчани кўрди. Ҳовлидаги манзаранинг яхлитлиги, таъсир кучи худди мана шу мушук билан гулга боғлиқдек ёки шу манзаранинг тугаллик касб этиши учун малларанг мушукча билан нимпушти гул етмаётгандек бирдан ҳамма нарса жонланиб кетди. Муайяд кўриб кўзларига ишонмасди. Назарида, ногаҳон кўзини юмса, ўша заҳоти гул билан маъсум мушукча хаёлот дунёсига ўтиб кетадигандек.

Муайяднинг қаттиқ ҳаяжонланиши мумкин эмасди, бироқ у истаган тақдирда ҳам қаттиқ ҳаяжонлана олмасди, чунки ҳиссиётнинг қуввати ҳали тикланмаган эди. Зеро, унинг кўнглида малла мушукча билан нимпушти гул уйғотган ҳиссиёт сокин ва шикаста дилни мафтун этишгагина етарли эди.

“Жудаям чиройли мушукча экан, – дея кўнглидан кечирарди Муайяд, – аммо кутилмаганда бу ерга қаердан келиб қолди?”

Кумуш қўнғироқчалар бир меъёрда силкинар ва нафис садолар бир меъёрда тарқалмоқда эди.

Бу манзара жуда ғалати: нимпушти гул билан ўйнамоқ илинжидаги мушукча ҳар қанча кутилмаган ва нодир ҳолат бўлса ҳам, айни ҳақиқат эди.

Муайяд хўрсинди.

“Қизиқ , – дея ўйлар эди у, – худди атай қилгандек, рўпарамда шундай пайдо бўладими? Яхшиям шу бугун ҳовлига чиқаман деганим.”

Гул билан мушукчанинг ранги шунчалар ҳам уйғун эдики, одамни ҳайратга соларди. Гул оқишга мойил нимпушти, мушукча эса оқишга мойил малларанг эди. Ҳатто гулнинг сарғиш ёғдуси оғушида уларнинг рангини адаштириб юбориш ҳам мумкин эди.

Мушукча ўрнидан турди-да, миёвлади ва сакраб гулнинг устидан ўтди, кейин орқа оёқларида тик туриб олганича, қўлчалари билан гулни беозоргина тирнай бошлади. Гулбарглар орқасида бир ҳовуч дур сингари оппоқ томчилар тўкилди.

Мушукча ортига чекинди ва югуриб келиб гулни боши билан туртди. Гул шамол тебратган митти фонус каби чайқала-чайқала мушукчанинг керишиқ бели устида омонатгина тўхтади. Муайяд чапак чалиб юбораёзди. Атиги бир неча дақиқагина чўзилган бу манзара бениҳоя гўзал эди: жажжигина мушукча бир даста гулни орқалаб кетаётганга ўхшарди.

Муайяд шуурида бирин-сирин гўзалликка тобе туйғуларнинг қопқалари очилиб бормоқда эди. Энг муҳими, шу лаҳзаларда унинг бутун вужуди дарддан фориғланаётганга ўхшарди.

Мушукча бир нафас тиним билмасди.

Гул ҳам худди шундай шерик топилганидан беҳад мамнундек чиройли тебранар, аҳён-аҳён битта-яримта гулбарглари капалаклар сингари учиб тушарди.

Муайяднинг юзи қизиди, кўнглидан “Зарифа қаерда экан?” деган хаёл ўтди. Алоҳа онасига назар солди. Онаси мук тушиб кўрпа қавир, дока рўмoлининг бир учи қип-қизил духоба кўрпага тегиб турарди. Муайяднинг қалбида номаълум туйғулар қулф ура бошлади. Аслида, булар номаълум туйғулар бўлмай, унутилаёзган туйғулар эди. Мана шу унутилаёзган туйғулар жонланган ёки қайта уйғонган сари унинг вужуди офтоб нурида жонланган ёки уйғонган гиёҳ сингари барқ уриб борарди. Унинг ўзи буни сезмасди-ю, бироқ нимжон ва ўта таъсирчан ҳаста вужудида юз бераётган оний ўзгаришлар орқали ҳис қилар эди.

У яна гул билан мушукча томонга қаради. Энди бир парчагина нур уларни бошдан-оёқ ёритарди.

Мабодо, бундай манзарага одам умри давомида дуч келиб қолса, унинг турмушида ҳеч қандай ўзгариш юз бермайди; аммо ҳамма гап бундай манзарани кўриш камдан-кам одамга насиб қилиши мумкинлигида! Мана шунинг учун бундай манзара муҳим воқеа сифатида тилга олинса арзийди. Қолаверса, бундай ноёб манзара диди, қалби, маърифатига қараб одамга жуда катта таъсир қилиши ҳам мумкин. Бу фақат кўзга кўринмайди, бироқ табиат оламидаги шунга ўхшаш сирли ва ғалати ҳодисаларни мушоҳада этиш орқали бундай манзараларнинг ҳам айни таъсирини аниқласа бўлади.

Муайяд жажжи мушукчага хос табиий ғайрат билан нимпушти атиргулга хос маъсумлик вужудига оқиб кираётганини сезди. Пинҳоний қувонч ва мамнуният билан табиат ато этган гўзал ўйин аҳди, сирли рақс истаги, мукаммал ва соғлом ҳаракатлар талаби намоён бўлган манзарадан кўз узмас экан, беихтиёр дунёдаги ҳар бир нарса муҳим, нечоғлик кутилмаган, ғайритабиий эканлигига қарамай, ҳар қандай фаолият аҳамиятга эга эканлиги, уни тўхтатиш ва йўқ қилишга уриниш шафқатсизлик ва ноинсофликдир, деган фикрлар Муайяд кўнглидан кечарди.

Бирдан қўнғироқчаларнинг нафис садолари тиниб, ҳазин наво эшитила бошлади. Мушукча ҳам бу товушни эшитиб қолгандек, ерни тирноқчалари билан тимдалашдан тўхтади, оқишга мойил малларанг бошчасини баланд кўтарди.

Муайяд яна кўзини юмди. Ажабо, кўз олдидан мушукча билан гул кетмади, фақат бу вазиятда – кўзини юмиб турганида мушукчанинг ранги мовий, гул эса сариқ эди.

Унинг назарида тун қўйнида жажжи фонус шуъла сочаётгандек бўлди.

Малла мушукча ҳеч бир жиҳати билан улкан парвонага, нимпушти гул эса зинҳор-базинҳор тун қўйнида ёғду сочган фонусга ўхшамаса ҳам, аммо барибир, малларанг мушукча муттасил келиб суйкалаётган нимпушти гулдан тун қўйнида порлаб турган фонус сингари бир зиё таралаётгандек эди…

Эҳтимол, бундай манзарани Муайяд шифо топгач кўрганида завқланган ва шу завқдан кайфияти чандон кўтарилиб кетган бўларди, холос. Ҳозир эса, бу манзара дунёга, одамларга, кунларга ғанимат, азиз бебаҳо нарсалар сингари аҳамият бериш лозимлигини ўргатарди. Айни чоқда, у ҳеч нарса ҳақида ўйламас, мулоҳаза юритмас эди-ю, бироқ ажабо: толиққан ва ўзини қайта кашф этаётган қалби оддий қувонч бағрида энтикиб, борган сари жуда кўп синоатлар: яхшилик, мурувват, покдомонлик сингари туйғулар оламга татигулик фазилатлар эканини ҳис қила бошлаган эди.

“Гул шохларини ҳар йили шу пайтда бутаб қўйишарди, – дея ўйларди Муайяд. – Агар бу йил ҳам шундай қилишганда бундай манзарани кўриш насиб этмасмиди?!”

У ўз хаёлларидан ажабланиб онасига назар ташлади. Онаси энди қип-қизил чўғдек духоба кўрпанинг бир учини тиззасига олиб, хаёлчан нигоҳини ундан узмай ўтирарди.

Муайяд ажабланди. Чунки назарида гул ва мушукчадан таралиб, унинг вужудига, қалбига таъсир этаётган ҳиссий шуълалар онасининг нуроний чеҳрасидан, нигоҳидан, умуман, қиёфасидан ва вужудидан келаётган меҳр олдида нурсизланиб қолиши мумкиндек туюлди. У энтикди ва:

— Ойи, қаранг мушукчани, – деб юборди беихтиёр.

— Ҳа, гулни жуда яхши кўраркан, – деди онаси. – Одамга ўхшаб яхши кўраркан.

Муайяд яна ажабланди. Чунки унинг ҳам кўнглидан айни шундай гаплар ўтаётганди. Аммо онаси кўнглидаги туйғуларга бунчалик яқин ва ҳамоҳанг фикр билдирганига қарамай, барибир, улар – она билан боланинг ҳиссиётлари орасида жуда катта тафовут бор эди. Негаки, ҳар қанча кекса бўлмасин, онаси соғлом эди. Муайяд эса энди тузала бошлаган эди: бу айни чоқда, рўйи-равшан кўзга ташланарди. Лекин, барибир, минг қилса ҳам онанинг ҳиссиётида фарзанднинг ички дунёсига сиғмаган туйғулар яшарди.

Муайяд яна Зарифа ҳақидаги хаёлга тўхтади. “Агар ҳозир Зарифа кириб қолса, мен унга кўнглимдан кечаётган гапларни айтармидим, – дея ўзига-ўзи савол берди-ю, кетидан жавоб қайтарди. – Йўқ, айтиб беролмасдим. Чунки қандай қилиб тушунтириб бераман. Умуман, нимани ҳам гапириб бера олардим, ахир ҳали ўзим ҳам нималигини тушунганим йўқ-ку!” Муайяд хотинига баъзи нарсаларни айтиш шарт эмас, деган қарорга келаётган бўлса ҳам, бу ўзаро ишончсизлик ёки меҳру оқибатсизликдан дарак бермасди. Зотан, улар энди худди мушук билан гул сингари бир-бирларини беихтиёр узлуксиз ардоқлай бошлаган эдилар. Буни дастлаб Муайяд тушунди. Аммо нимпушти гулнинг яшил баргини ялай бошлаган мушукчага қараб тураркан, бу ҳақда Зарифага ҳеч нима демасликка аҳд қилди.

065

Olim OTAXON
GULZOR CHEKKASIDAGI QUYOSH
012

088 Olim Otaxon 1951 yilda Toshkent shahrida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakultetini tamomlagan (1974). Dastlabki to’plami — «Bolalik kabutarlari» (1981). Shundan so’ng yozuvchining «Oqshom xayollari» (1986), «Ozod qushlar haqida qissa» (1988), «Adoqsiz ko’chalar» (1990) kabi nasriy asarlari nashr etilgan. Akutagava Ryunoske, Yasunari Kavabata, Xorxe Luis Borxes hikoyalarini tarjima qilgan.

08

 Oktyabrning o’rtalarida uch oydan buyon davolanayotgan Muayyadga shifoxonada o’tkazilgan kengash xulosasiga ko’ra, javob berishga qaror qilindi.
O’sha kuniyoq tushdan keyin Muayyadni olib ketgani ukasi, onasi hamda xotini Zarifa keldi. Uchovining, ayniqsa, ikkala ayolning yig’idan qizargan ko’zlari o’tinchli savol nazari bilan boqardi. Ularni kasalxonada hech kim yupatmadi, ko’nglini ham ko’tarmadi, kerakli qog’ozlarni tayyorlab bo’lgach, Muayyadning kasali tufayli uning oila a’zolariga o’z qadrdonlaridek bo’lib qolgan bosh vrach kampirdan hol-ahvol so’radi, so’ng Zarifaga ehtiyot shart yo’riqlarini tushuntirdi. Garchi, shu uch oy mobaynida nima gapligi ayon esa-da, hammalari birdan javob berishganini tushunolmay yuraklarini hovuchlab turardi.

— Muayyad nasib qilsa ko’rmagandek bo’lib ketadi hali, xola, – dedi bosh vrach.

Ammo bu iliq va samimiy tasalli ham qorong’i uyning eshigini ochib, ichkarida nima borligini tushuntirishga o’xshagandek gap edi.

Ular birinchi qavatning narigi qanotiga qarab oshiqdilar. Muayyad yotgan xonaning eshigi ochiq edi. U to’rda, deraza yonidagi karavotda soqollari o’sgan ko’yi shiftdan ko’z uzmay yotardi. Ular xonaga kirganlarida sekin boshini burib qarashga odatlangan Muayyad jim yotaverdi. Kampir ro’molining uchini ko’zlariga bosdi, Zarifa eriga yaqinlashdi, Muayyad uni ko’rdi, kulimsiradi va hamma gapni birdan tushungandek yotgan yeridan bosh qimirlatdi.

Kampir uvvos solib yubordi.

Kasalxonaning zambilini olib kirishganda Muayyad unamadi, ular hayron bo’lib, o’z holiga qo’yishgan edi, anchagacha ko’zini bir nuqtadan uzmay baqrayib o’tirdi, so’ngra daf’atan boshini ko’tarib, atrofidagilarga birma-bir qarab chiqdi: nigohi xotinida to’xtadi. Muayyadning rang-ro’yida o’zgarish sezilib, ko’zlarida umidbaxsh uchqunlar paydo bo’layotganiga qaramay, uning hali juda darmonsiz ekani va muttasil o’lim bilan olishib, sillasi quriganligi bir qarashdayoq sezilardi: u nihoyatda ozib ketgan, ko’zlari kirtayib, yonoq suyaklari beo’xshov turtib chiqqan, odamga beixtiyor nochor va ma’nisiz boqar edi. Zarifa hozir, ayniqsa, eri o’ziga qarab turganida mana shuni chuqur his qildi. U chidab turolmadi, yugura kelib erining qoqsuyak, shalviragan qo’llaridan tutdi-da, yuzini ilkis chetga burdi.

Kuzak quyoshining yumshoq nuri xonaga qiyalab tushardi. Muayyadning yelkasi, tizzalarida tebrangan shu’lalar yerda ham uvinto’da bo’lib sochilib yotardi. U go’yo shunday ajib, bebaho ehson uvol yotibdi, degandek, dam-badam oyoqlari tagiga nazar solardi.

Muayyad xotinining bilagiga tayanib o’rnidan turishga chog’landi-yu turolmadi, urinishi esa zoe ketdi – bemajol cho’zildi. Zarifa erining yuziga, yuzidagi ifodalarga termuldi – uning katta-katta ko’zlari g’ilt-g’ilt yosh edi.

— Zarifa, oyi… shukr, yaxshiman… – dedi Muayyad va nochor kulimsiradi. Keyin xuddi gapini amalda tasdiqlamoqchidek, ikkala qo’lini baravar oldinga uzatdi. Derazadan tushayotgan quyosh nuri endi uning yeng ostidan ayanchli chiqib turgan nimjon bilaklarini ham yoritdi. Bir qo’lidan ukasi, ikkinchisidan xotini qo’lidan tutgach, Muayyad bazo’r o’rnidan turdi. Qo’lida kichkina tuguncha, hovliqib kirayotgan hamshira qiz ostonada to’xtab, xuddi tushida ko’rgan hodisaga o’ngida duch kelgan odamdek qotib qoldi. U ko’zlariga ishonolmasdi.

Muayyad esa bir qadam ham yurolmadi. U avval ro’parasida turgan onasiga iljayib qaradi, keyin chap yonboshidagi ukasiga yuzini burib iljaydi, aloha zambilga yotishga roziman, degandek imo qildi.

Onasi ro’molining uchi bilan hech kimga sezdirmay ko’z yoshlarini artib oldi. Hamma Muayyad bilan band bo’lgani uchun buni sezmadi. U zambilga chalqancha tushib yotganida ona boyoqish zambilning bir uchiga barmog’ini tekkizib ko’ziga surtdi.

Muayyad qushdekkina edi. Uni ko’tarib chiqqanlarida g’ira-shira yo’lakda to’dalashib turgan bemorlar uning tepasiga yopirildilar. Muayyad ulardan birontasining ismini bilolmadi, ammo yuragi juda tez urib ketganida holsizlandi, ko’ziga yosh qyyildi. Qulog’iga g’alati olis tovushlar eshitila boshladi. U yo’lak shiftida parpiragan sutchiroqlarga, ikki tomonida o’zini kuzatib chiqayotgan odamlarning yuzlariga hayron qarab yotdi-yu, hovliga chiqqanida xotinini yoniga chaqirdi va juda so’nik, ammo ishonch bilan pichirladi:

— Zarifa, qushlar sayrayapti shekilli!..

Oradan o’n besh kunlar chamasi vaqt o’tgach, hadeb qistayverganidan keyin, noiloj uni hovliga olib chiqishdi.

U hamon darmonsiz edi, hamon ich-ichiga botgan ko’zlaridan qo’rquv va nochorlik alomati arimagandi, lekin shunga qaramay, o’sha kasalxonadan chiqqan kunidagi ahvoliga nisbatan ko’rinishi hiyla durust – rangiga nim qizillik yugura boshlagan edi. Aslida zohirotida sezilayotgan bu o’zgarish uning ruhiyatidagi juda katta o’zgarishlarning in’ikosi edi. Dengizning sokin chayqalishida uning tubidagi qudratli, tinimsiz harakatlar belgisi unchalik sezilmaydi.

Ammo Muayyad ko’p narsani eslolmas, ahyon-ahyon keyingi uch-to’rt oy ichida boshdan kechirgan voqealar tushida yoki olis bolaligida yuz bergan hodisalardek elas-elas xotirida jonlanib qolardi. U harchand ko’zlarini bir nuqtadan uzmay yoki ko’zlarini yumib o’ylamasin, baribir, bu g’ira-shira xotiralar rishtasini bir-biriga ulayolmasdi. Bu xotiralar nimadan darak berar edi? G’ayrishuuriy his qilingan hayotdanmi? Yoki ong faoliyatining insonga noma’lum ta’siridanmi? Mana shunday eslashga urinib ko’rish chog’larida Muayyadning dardchil chehrasida ruhiy iztirob alomatlari paydo bo’lar, xotiniga buning sababini sira tushuntirib berolmas, tushuntirishga uringanlarida esa nuqul g’o’ldirar, nuqul bir nimaning nomini eslolmay kalkalanar edi. Zarifa esa buni ko’rib, ich-ichidan zil ketardi. Biroq keyingi o’n besh kun mobaynida, o’sha kasalxonadan chiqqan lahzalarida birdan zo’raygan tovushlarni haddan ziyod, favqulodda his qilish tuyg’usi endi o’qtin-o’qtin vulqon singari jonlanib qolar va ruhiy iztiroblar dog’ini yuvib tashlar, xuddi shu lahzalarning shifobaxsh qudrati uning hayot-mamotiga benihoya zarur sharoitlar yaratib berar edi.

Xotiraning keskin susayishi uning nigohidan, ba’zan savollaridan sezilib tursa, bu favqulodda his qilish sezgisi mamnun bo’lgan va ruhiy halovat topgan choqlarida bilinardi.

Zarifa ko’pincha uning ichki zo’riqishdan qiyshaygan aftini ko’rib va g’alati savollarini eshitib, siqilib ketardi. Ba’zan-ba’zan erini turli xayollardan chalg’itish va zeriktirmay o’tirish maqsadida keyingi uch-to’rt oy mobaynida ro’y bergan voqealarni gapirib berardi, kunlardan bir kun ehtiyotsizlik qilib, uning qattiq kasalga chalinib, deyarli bir oy “hushiga kelmay, odamni qo’rqitib yuborgani”ni aytib yuborgan edi, hayriyatki, Muayyad hech narsani tushunmadi. Xuddi gap yo’qolgan tugmachalar haqida borayotgandek, beozorgina jilmayib bosh chayqab qo’ydi, xolos.

Ammo shunga qaramay, Muayyad hech kimga ayon bo’lmagan sinoatni so’z bilan ifodalash va tushuntirib berish mushkul darajada juda chuqur biladiganga o’xshardi. Har qanday inson o’ziga aloqador ma’lumotni eshitgach, agar u butunlay aqlini yo’qotmagan bo’lsa, e’tibor qiladi va chehrasida, nigohida jindakkina o’zgarish yuz beradi. Ammo Muayyadda xuddi mana shu, odamga xos ta’sirlanish xususiyati mutlaqo yo’qolganga o’xshardi. Biroq bu uning favqulodda kuchli g’ayritabiiy sezish qobilyatini ko’mib yubormas, aksincha, uni aniqroq payqab olishlariga imkon yaratardi. Muayyad aqldan ozmagan edi. Lekin hech narsani eslolmas va mabodo aytib bersalar ham tushunmas, angrayib o’tiraverardi. Shunda ham uning favqulodda sezgiga ega ekanligi oshkora sezilib turardi. Uning o’zi, tabiiyki, buni bilmas, Zarifa esa kun sayin buni his qilar va qo’rqar edi.

Taajjublanarli yeri shunda ediki, favqulodda sezish qobilyatini qo’yavering, Muayyad son-sanoqsiz, g’ira-shira sharpalar, ko’lankalar singari qiyofalar shuurida aks etib qolganiga qaramay, har qancha zo’r bermasin, ularning loaqal bittasini eslolmay qiynalar va noiloj Zarifani chaqirib undan so’rardi.

— Zarifa, menga nima bo’ldi? Senga sezilmayaptimi, menga bir nima bo’lganga o’xshaydi, xuddi…

Unga aslida hech nima bo’lmagan edi. U sog’ayishi, iloji boricha tezroq ko’rmagandek bo’lib ketishi kerak edi. Zarifa shuni ko’nglidan o’tkazardi-da, uning sochlarini barmoqlari bilan tarar va nima desam, qanday tushuntirsam, deya boshi qotardi. Xotinining indamaganini ko’rib, Muayyad savollariga uning yuzidagi ifodalardan javob izlardi.

Kun sayin Zarifa ham o’zida g’alati, ilgari sezmagan qiziq bir o’zgarish sezardi. U tabiatan ochiqqina edi, ichida gap yotmasdi, biroq endi u tabiatiga xilof ravishda eridan ko’p narsalarni yashirish lozimligi, har bir narsani aytavermaslikdan tashqari, mabodo eri shu haqda so’rab qolguday bo’lsa ham, sir boy bermay, gapni boshqa mavzuga burib yuborish zarurligini his qila boshladi.

Muayyad esa ahvoli yengillashgan sari o’zida nima o’zgarish yuz berayotganiga kamroq qiziqadigan bo’ldi. Oxirgi marta, hovliga chiqmasidan ikki kun avval, kechqurun xotinidan:

— Zarifa, to’g’risini ayt, menga bir nima bo’lganga o’xshaydi. Sezmayapsanmi? – deb so’radi.

— Hech nima bo’lgani yo’q. Hech narsa sezayotganim ham yo’q, – deb javob qildi Zarifa ko’zgu oldida sochlarini yoyib turarkan.

Muayyad xotinining tim qora sochlari chiroq shu’lasida jilva qilayotgani, oppoq yelkalarida g’alati bir tarzda chirmashganidan ko’z uzmay turarkan, uni ilk bor shu holatda ko’rayotgandek bo’ldi.

— Yo’q, ko’p narsalarni birinchi marta ko’rayotgandekman…

— Sizda unday narsa sezilmayapti. Bunaqa xayollarga berilavermang hadeb.

— Tovushlar-chi… Tovushlar mutlaqo boshqacha eshitilyapti… buni bilmasligim mumkinmasdir. Mana, hozir ham…

…Chindan ham Muayyad tovushlar bag’ridagi yuzaga chiqmagan va hali tovushga aylanmagan sadolarni ham ilg’aydigan, his qiladigan bo’lib qolgan edi. Shuning uchun, mana shunday holatlar chog’ida uning qulog’i ostida turli ohanglar to’kilib qolayotgandek tuyulardi. Masalan, bir kuni, daraxt shoxlarining tomni tirnayotgani unga yaqin-atrofdagi tarnovdan suv sharillab oqib tushayotgandek bo’lib tuyuldi. Boshqa safar, elas-elas kuy ohanglari eshitilgandi, shamol bo’lyapti, degan hayolga keldi. Bir kuni esa shiftga tikilib yotarkan, birdan Zarifani chaqirdi-da:

— Zarifa, derazani ochib yubor, kimdir nay chalyapti, – dedi.

Bunday paytlarda uning talablarini so’zsiz bajarishga odatlanib qolgan Zarifa derazaning bir tavaqasini ochib quloq soldi, hatto hovliga tushib tingladi hamki, hech qanday nay tovushini eshitmadi.

Keyin ma’lum bo’lishicha, nay ohanglari Muayyadning xayolida yangragan ekan.

Zarifa shu va shunga o’xshash o’zini tashvishga solayotgan narsalar haqida vrachdan so’raganida, u uzoq o’ylanib turdi-da:

— Bilmadim, singlim, bir nima deyishga ham hayronman, – dedi. – Ammo-lekin, bunday narsani men o’z tajribamda uchratmaganman. Ha, har qalay, qiziq, yigirma kun ichida shuncha o’zgarish…

Muayyad tashqariga chiqqan kuni ertalab yomg’ir shivalab o’tganiga qaramay, havo issiq edi. Choshgoh payti hovlining oftobro’ya qismiga oromkursi qo’yib ko’rpacha to’shadilar. Xiyol naridagi so’riga esa endi qavishga tutingan qip-qizil, cho’g’dek do’xoba ko’rpasini ko’tarib onasi joylashib oldi.

Muayyad hovlini ko’zdan kechira boshladi.

Yaproqlari qondek qizargan: qizg’ish ildizlari qo’porilib qolgan gilos, quyoshning ravshan nurlari aks etgan ravon oynalari… Bular Muayyadda yaxlit taassurot qoldirmasdi, bular kuzning ma’sum homilasidek pokiza, sokin tuyg’ular uyg’otayotganiga qaramay, mana shu yaxlitlik yo’qligi, bir-birini to’ldira olmasliklari uchun Muayyad ruhini – uzoq dard chekib, har narsaga mahliyo va mutaassir bo’lishga intizor yigitning yuragini birdan yashnatib yuborishga ojiz edi. Lekin, baribir, qisman bo’lsa ham bu nomukammal manzaradan ko’z uzmay o’tirgan Muayyadning ko’nglida yashashga nisbatan har qachongidan ko’ra kuchliroq bir mayl, istak g’unchalay boshladi.

Hovli tepasidan qushlar galasi uchib o’tdi.

Muayyadning dimog’iga noma’lum, ammo shifobaxsh hidlar urildi.

Qulog’i ostida esa jajji kumush qo’ng’iroqchalarning nafis sadolari yangray boshladi.

Muayyad boshi aylanib ko’zlarini ohista yumdi. Ko’zini ochganida esa chog’roqqina gulzor etagida nozik bandini ko’tara olmaganidan yerga tegay-tegay deb turgan nimpushti gul va chalqancha yotib oyoqchalari bilan gulni ohista, beozorgina turtib-turtib o’ynayotgan malla mushukchani ko’rdi. Hovlidagi manzaraning yaxlitligi, ta’sir kuchi xuddi mana shu mushuk bilan gulga bog’liqdek yoki shu manzaraning tugallik kasb etishi uchun mallarang mushukcha bilan nimpushti gul yetmayotgandek birdan hamma narsa jonlanib ketdi. Muayyad ko’rib ko’zlariga ishonmasdi. Nazarida, nogahon ko’zini yumsa, o’sha zahoti gul bilan ma’sum mushukcha xayolot dunyosiga o’tib ketadigandek.

Muayyadning qattiq hayajonlanishi mumkin emasdi, biroq u istagan taqdirda ham qattiq hayajonlana olmasdi, chunki hissiyotning quvvati hali tiklanmagan edi. Zero, uning ko’nglida malla mushukcha bilan nimpushti gul uyg’otgan hissiyot sokin va shikasta dilni maftun etishgagina yetarli edi.

“Judayam chiroyli mushukcha ekan, – deya ko’nglidan kechirardi Muayyad, – ammo kutilmaganda bu yerga qaerdan kelib qoldi?”

Kumush qo’ng’iroqchalar bir me’yorda silkinar va nafis sadolar bir me’yorda tarqalmoqda edi.

Bu manzara juda g’alati: nimpushti gul bilan o’ynamoq ilinjidagi mushukcha har qancha kutilmagan va nodir holat bo’lsa ham, ayni haqiqat edi.

Muayyad xo’rsindi.

“Qiziq , – deya o’ylar edi u, – xuddi atay qilgandek, ro’paramda shunday paydo bo’ladimi? Yaxshiyam shu bugun hovliga chiqaman deganim.”

Gul bilan mushukchaning rangi shunchalar ham uyg’un ediki, odamni hayratga solardi. Gul oqishga moyil nimpushti, mushukcha esa oqishga moyil mallarang edi. Hatto gulning sarg’ish yog’dusi og’ushida ularning rangini adashtirib yuborish ham mumkin edi.

Mushukcha o’rnidan turdi-da, miyovladi va sakrab gulning ustidan o’tdi, keyin orqa oyoqlarida tik turib olganicha, qo’lchalari bilan gulni beozorgina tirnay boshladi. Gulbarglar orqasida bir hovuch dur singari oppoq tomchilar to’kildi.

Mushukcha ortiga chekindi va yugurib kelib gulni boshi bilan turtdi. Gul shamol tebratgan mitti fonus kabi chayqala-chayqala mushukchaning kerishiq beli ustida omonatgina to’xtadi. Muayyad chapak chalib yuborayozdi. Atigi bir necha daqiqagina cho’zilgan bu manzara benihoya go’zal edi: jajjigina mushukcha bir dasta gulni orqalab ketayotganga o’xshardi.

Muayyad shuurida birin-sirin go’zallikka tobe tuyg’ularning qopqalari ochilib bormoqda edi. Eng muhimi, shu lahzalarda uning butun vujudi darddan forig’lanayotganga o’xshardi.

Mushukcha bir nafas tinim bilmasdi.

Gul ham xuddi shunday sherik topilganidan behad mamnundek chiroyli tebranar, ahyon-ahyon bitta-yarimta gulbarglari kapalaklar singari uchib tushardi.

Muayyadning yuzi qizidi, ko’nglidan “Zarifa qaerda ekan?” degan xayol o’tdi. Aloha onasiga nazar soldi. Onasi muk tushib ko’rpa qavir, doka ro’molining bir uchi qip-qizil duxoba ko’rpaga tegib turardi. Muayyadning qalbida noma’lum tuyg’ular qulf ura boshladi. Aslida, bular noma’lum tuyg’ular bo’lmay, unutilayozgan tuyg’ular edi. Mana shu unutilayozgan tuyg’ular jonlangan yoki qayta uyg’ongan sari uning vujudi oftob nurida jonlangan yoki uyg’ongan giyoh singari barq urib borardi. Uning o’zi buni sezmasdi-yu, biroq nimjon va o’ta ta’sirchan hasta vujudida yuz berayotgan oniy o’zgarishlar orqali his qilar edi.

U yana gul bilan mushukcha tomonga qaradi. Endi bir parchagina nur ularni boshdan-oyoq yoritardi.

Mabodo, bunday manzaraga odam umri davomida duch kelib qolsa, uning turmushida hech qanday o’zgarish yuz bermaydi; ammo hamma gap bunday manzarani ko’rish kamdan-kam odamga nasib
qilishi mumkinligida! Mana shuning uchun bunday manzara muhim voqea sifatida tilga olinsa arziydi. Qolaversa, bunday noyob manzara didi, qalbi, ma’rifatiga qarab odamga juda katta ta’sir qilishi ham mumkin. Bu faqat ko’zga ko’rinmaydi, biroq tabiat olamidagi shunga o’xshash sirli va g’alati hodisalarni mushohada etish orqali bunday manzaralarning ham ayni ta’sirini aniqlasa bo’ladi.

Muayyad jajji mushukchaga xos tabiiy g’ayrat bilan nimpushti atirgulga xos ma’sumlik vujudiga oqib kirayotganini sezdi. Pinhoniy quvonch va mamnuniyat bilan tabiat ato etgan go’zal o’yin ahdi, sirli raqs istagi, mukammal va sog’lom harakatlar talabi namoyon bo’lgan manzaradan ko’z uzmas ekan, beixtiyor dunyodagi har bir narsa muhim, nechog’lik kutilmagan, g’ayritabiiy ekanligiga qaramay, har qanday faoliyat ahamiyatga ega ekanligi, uni to’xtatish va yo’q qilishga urinish shafqatsizlik va noinsoflikdir, degan fikrlar Muayyad ko’nglidan kechardi.

Birdan qo’ng’iroqchalarning nafis sadolari tinib, hazin navo eshitila boshladi. Mushukcha ham bu tovushni eshitib qolgandek, yerni tirnoqchalari bilan timdalashdan to’xtadi, oqishga moyil mallarang boshchasini baland ko’tardi.

Muayyad yana ko’zini yumdi. Ajabo, ko’z oldidan mushukcha bilan gul ketmadi, faqat bu vaziyatda – ko’zini yumib turganida mushukchaning rangi moviy, gul esa sariq edi.

Uning nazarida tun qo’ynida jajji fonus shu’la sochayotgandek bo’ldi.

Malla mushukcha hech bir jihati bilan ulkan parvonaga, nimpushti gul esa zinhor-bazinhor tun qo’ynida yog’du sochgan fonusga o’xshamasa ham, ammo baribir, mallarang mushukcha muttasil kelib suykalayotgan nimpushti guldan tun qo’ynida porlab turgan fonus singari bir ziyo taralayotgandek edi…

Ehtimol, bunday manzarani Muayyad shifo topgach ko’rganida zavqlangan va shu zavqdan kayfiyati chandon ko’tarilib ketgan bo’lardi, xolos. Hozir esa, bu manzara dunyoga, odamlarga, kunlarga g’animat, aziz bebaho narsalar singari ahamiyat berish lozimligini o’rgatardi. Ayni choqda, u hech narsa haqida o’ylamas, mulohaza yuritmas edi-yu, biroq ajabo: toliqqan va o’zini qayta kashf etayotgan qalbi oddiy quvonch bag’rida entikib, borgan sari juda ko’p sinoatlar: yaxshilik, muruvvat, pokdomonlik singari tuyg’ular olamga tatigulik fazilatlar ekanini his qila boshlagan edi.

“Gul shoxlarini har yili shu paytda butab qo’yishardi, – deya o’ylardi Muayyad. – Agar bu yil ham shunday qilishganda bunday manzarani ko’rish nasib etmasmidi?!”

U o’z xayollaridan ajablanib onasiga nazar tashladi. Onasi endi qip-qizil cho’g’dek duxoba ko’rpaning bir uchini tizzasiga olib, xayolchan nigohini undan uzmay o’tirardi.

Muayyad ajablandi. Chunki nazarida gul va mushukchadan taralib, uning vujudiga, qalbiga ta’sir etayotgan hissiy shu’lalar onasining nuroniy chehrasidan, nigohidan, umuman, qiyofasidan va vujudidan kelayotgan mehr oldida nursizlanib qolishi mumkindek tuyuldi. U entikdi va:

— Oyi, qarang mushukchani, – deb yubordi beixtiyor.

— Ha, gulni juda yaxshi ko’rarkan, – dedi onasi. – Odamga o’xshab yaxshi ko’rarkan.

Muayyad yana ajablandi. Chunki uning ham ko’nglidan ayni shunday gaplar o’tayotgandi. Ammo onasi ko’nglidagi tuyg’ularga bunchalik yaqin va hamohang fikr bildirganiga qaramay, baribir, ular – ona bilan bolaning hissiyotlari orasida juda katta tafovut bor edi. Negaki, har qancha keksa bo’lmasin, onasi sog’lom edi. Muayyad esa endi tuzala boshlagan edi: bu ayni choqda, ro’yi-ravshan ko’zga tashlanardi. Lekin, baribir, ming qilsa ham onaning hissiyotida farzandning ichki dunyosiga sig’magan tuyg’ular yashardi.

Muayyad yana Zarifa haqidagi xayolga to’xtadi. “Agar hozir Zarifa kirib qolsa, men unga ko’nglimdan kechayotgan gaplarni aytarmidim, – deya o’ziga-o’zi savol berdi-yu, ketidan javob qaytardi. – Yo’q, aytib berolmasdim. Chunki qanday qilib tushuntirib beraman. Umuman, nimani ham gapirib bera olardim, axir hali o’zim ham nimaligini tushunganim yo’q-ku!” Muayyad xotiniga ba’zi narsalarni aytish shart emas, degan qarorga kelayotgan bo’lsa ham, bu o’zaro ishonchsizlik yoki mehru oqibatsizlikdan darak bermasdi. Zotan, ular endi xuddi mushuk bilan gul singari bir-birlarini beixtiyor uzluksiz ardoqlay boshlagan edilar. Buni dastlab Muayyad tushundi. Ammo nimpushti gulning yashil bargini yalay boshlagan mushukchaga qarab turarkan, bu haqda Zarifaga hech nima demaslikka ahd qildi.

хдк

(Tashriflar: umumiy 248, bugungi 1)

2 izoh

  1. Олимхон окамлада янгиларидан йўқмикин?

  2. Ўзбек адабиётидаги энг гўзал, энг мукаммал ҳикоялардан бири. Олим ака мабодо шу ҳикоядан бошқа бирор нарса ёзмаганида ҳам ўзбек адабимётини шу муаллифсиз тасаввур этиш мумкин бўлмаган бўлар эди.

Izoh qoldiring