Olim Otaxon. Qismat

05    Рутубатли ҳавода яқин-атрофда тутаб ётган хазоннинг ачқимтил ҳиди анқийди; яланғоч дарахтларнинг мўрт, қинғир-қийшиқ шохлари оғир силкинади; таналарини қоплаган бужур пўстлоқ ажинларидан ёмғир суви силқийди; яқин-атрофдан оҳангдор куй эшитилади –буларнинг барчаси одамда пала-партиш, пароканда хаёллар уйғотади. Гўё куйни мана шу оқшом оғушидаги яланғоч дарахтлар, қорайиб ётган пастқам кўча ижро этаётгандек туйилади. Осмон эса тобора сарғайиб, кичрайиб бораёгандек…

Олим ОТАХОН
ҚИСМАТ
045

045Олим Отахон 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини тамомлаган (1974). Дастлабки тўплами — «Болалик кабутарлари» (1981). Шундан сўнг ёзувчининг «Оқшом хаёллари» (1986), «Озод қушлар ҳақида қисса» (1988), «Адоқсиз кўчалар» (1990) каби насрий асарлари нашр этилган. Акутагава Рюноскэ, Ясунари Кавабата, Уильям Фолкнер, Банана Ёсимото, Хулио Кортасар, Юрий Казаков, Генрих Манн, Хорхе Луис Борхес, Марио Бенедетти каби дунё адабиётининг етук вакиллари ҳикояларини таржима қилган.

Кеч кузнинг ҳазин, дилгир оқшоми.

Рутубатли ҳавода яқин-атрофда тутаб ётган хазоннинг ачқимтил ҳиди анқийди; яланғоч дарахтларнинг мўрт, қинғир-қийшиқ шохлари оғир силкинади; таналарини қоплаган бужур пўстлоқ ажинларидан ёмғир суви силқийди; яқин-атрофдан оҳангдор куй эшитилади –буларнинг барчаси одамда пала-партиш, пароканда хаёллар уйғотади. Гўё куйни мана шу оқшом оғушидаги яланғоч дарахтлар, қорайиб ётган пастқам кўча ижро этаётгандек туйилади. Осмон эса тобора сарғайиб, кичрайиб бораёгандек…

Кеч куз.

Зах босган пахса деворга суяниб ўсган қари нок дарахтининг пастки шохида қунушиб ўтирган мусича қушдан кўра кўпроқ дарахт шохларида учрайдиган пўкак шишга ўхшайди. Мусича анчагача қимир этмади, сўнг ҳолсизгина ўрнидан қўзғалиб сал нарироқ сурилди. Дафъатан унинг ўзи қўниб турган шохдаги сўнгги япроқ бандидан чирт узилиб ҳавода учди. Мусичанинг ҳаловати бузилди, бўйнини чўзиб япроқ ортидан қаради ва патларини ҳурпайтириб олди, зум ўтмай япроқнинг ортидан “пар” этиб ҳавога учиб тушди. Гарчи, ҳовлида биронта тирик жон кўринмаса ҳам, у биров таъқиб қилаётгандек таҳлика ичида атрофга жавдираб қаради-да, ерсупанинг нариги томонига учиб ўтиб, хазон уюми ёнига келди, сўнг айвон ёнига бориб дераза тагидаги нон ушоқларини чўқиган бўлди-да, изига қайтди, бу кераксиз, ортиқча ҳаракат бориш-келиш ҳозир унга ёқарди. Чунки мусичанинг қорни тўқ эди.

Мусича гуллари қуриб-қовжираган гулзор этагида “сайр” қилаётганида бирдан париллаб бориб деворга қўнди. Алланима ўзини таъқиб қилаётгандек туйилиб, ҳавога кўтарилиб ерсупа ёнига келиб тушди. У ҳаддан зиёд қўрқоқ, восвос эди. Бутун умри шундай кечганлиги ва бу одатга кўникиб қолгани учун эмас, балки ҳар доим ҳам чинданам нимадир човут солишга чоғланаётгандек туйилаверганидан ҳадиксирар, ҳадеб васвасага тушаверарди.

Бу сершовқин, серғалва дунёда у ўн етти йил яшади. Зерикарли, бири иккинчисини айнан такрорловчи йиллар, фасллар унинг хотирасидан учиб кетган кечаги кунни ўйламас, зотан, эслашни ўзига лойиқ кўрмас эди.

Мусича эриниб ҳавога кўтарилди-ю, бояги нок дарахтинингкўчага қараб ўсган қуйи шохига қўнди. Жунжиккан каби яна қунушиб олди. Ҳамон ўзига илашиб юрган нотинч жимлик оғушида кимдир муфсид бир ишга ҳозирлик кўраётганга ўхшар, сукунат, чинданам шубҳали эди: шундоқ девор остида алланима – майда шохчаларми, шиша синиқларими – чирс-чирс синди; кетма-кет супа ёнида нимадир тарақлаб кетди, у ер-бу ерди япроқлар ёпишиб қолган қизил, ёмғир ювган тунука том устидан чиройли бошчасини кўтарганча бир маҳлуқ енгил чопиб ўтди. Сўнг аста-секин яқинлашаётган куз кечасининг нафаси кезиб юрган теварак яна сув қуйгандек жимлик оғушига чўкди.

“Ку-ку-ку-ку-ку-кув”.

Оқшомги сукунат қўйнида ёлғиз мусичанинг тиниқ товуши атрофга таралиб кетди.

“Ку-ку-ку-ку-ку-кув”.

Бу овоз ҳаддан зиёд маҳзун эди, унинг замиридаги чуқур мунг ва ҳасрат оҳанглари ҳавода садоланарди. Гўё мусича шафқатсиз ҳаётнинг бунчалик қаҳрли, аёвсиз эканлигини кеч бўлса ҳам… ҳозир тушуниб қолгану бошқаларни шундан эртароқ огоҳ қилиб қўйишга ошиққандек сайрашдан тўхтамас, ора-чора тин олиб, тобора секинроқ ва ғамгинроқ товушда нола қиларди.

“Ку-ку-ку-ку-ку-кув”.

Восвос ҳаёлот унинг мўъжазгина вужудини эзиб, сирқиратмоқда эди. Туйқус мусича ҳаётдан мудом безиб яшагани ҳақиқат эканини чуқур ҳис қилди-ю, имкони борича бу восвос хаёллардан қутулмоқ пайига тушди. Қаёқда… У то шу кунгача зерикиб, ваҳима ичида яшаганлиги етмаганидек, бу одат унинг қон-қонига сингиб кетган эди. Шунинг учун умри давомида айтишга, эслашга арзигулик воқеа рўй бермаганди.. У ҳаёт қонунига бўйсуниб яшаган: уй қурди, парвоз қилди, тухум очди…

Мусича шу сингари гоҳ номаълум, гоҳ ғира-шира англаш душвор оғир хаёлотдан қутулолмасди. Аммо бу хаёллар, айтайлик, ожиз ва оний, ҳар қанча тушкун, бири-биридан умидсиз бўлса ҳам, уларнинг ичида зулмат қаърида порлаган нур каби порлоқ ўйлар ҳам мавжудга ўхшарди. Минг афсус, бу равшан, дилпазир ўйлар нажотбахш ва ёрқин эканига қарамай, барибир ҳаёт моҳиятини англаш учун бениҳоя зарур, кейинги ҳафталар ичида тамом сўниб улгураёзган истак-хоҳиш чўғини алангалатишга қодир эмасди.

Бирдан чуғур-чуғур шовқин кўтарилиб унинг хаёли бўлинди. Салгина нарида шохдан-шохга сакраб, дунёни бошига кўтаргудек чирқиллаганча шамол учирган япроқлар сингари чумчуқ галаси мусича томон яқинлашиб келмоқда эди. Улар ўзаро қувалашиб, тинмай чуғурлаб, пастак жийда дарахтида тўхтади. Чумчуқларнинг шўхлиги, беғам ўйинқароқлигида мусичани таҳқирловчи алланима бордек эди. Балки, бу шодлик, бу ўйин остида тақдирга тан беришдек фиғон яққол кўзга ташланмасаям, бу тантанаворлик ва беҳад қувониш замирида аччиқ қисматнинг чекланган, мунг тўла шарпаси сезилиб қолар, деган умидда чумчуқларни жимгина узоқ кузатиб турди. Ниҳоят, излаган нарсасини топди шекилли, қўниб ўтирган ерида ёйилиб олди… “Демак, уларнинг шодлиги кўр-кўрона”, деган қарорга келди-да, мамнун ғуриллаб қўйди. Лекин митти қушчалар ҳамон учиб-қувишдан тинчимас, ҳали-бери тинчимайдиганга ўхшарди. Мусича мана шунга ажабланди ва улардан кўз узолмай қолди.

Зум ўтмай рўпарасидан учиб келаётган ёш, бақувват, думи юлиқ мусичага кўзи тушиб, чумчуқларни унутди. Ҳамжинсини зимдан, аммо қизиқсиниб кузатиб турди. Думсиз мусича эса ҳаволаниб, ёнгинасидан учиб ўтаркан, ақалли бир марта бўлсин унга қайрилиб қарамади. Соғлом қанотларини вазмин ва куч билан силкиб, аста-секин кўздан ғойиб бўлди. Думи юлуқ, бўйни одатдагидан калтароқ мусича анча кўркам эди, қанот қоқишида шиддатли, навқирон куч яширингани сезилиб турарди. Мусича шуни ўкиниб ҳис қилди-да, ўзининг қариб қолгани алам қилиб, яна қунушиб олди.

Юрагини чуқур армон туйғулари ўртаб юборди. Бирмунча вақт шундай ўтиргандан кейин вазмин қўзғалиб боши оққан тарафга қанот қоқди.

Унинг парвозида қандайдир тушкунлик кўзга ташланар, бемадор қанотлари ўзига бўйсунмас эди. Шунга қарамай, мусича ўзини мажбур қилиб, узоқ вақт у ёндан-бу ёнга учиб тентиради. Охири, очиқди шекилли, биринчи дуч келган сайҳонликка тушди.

У жовдираб атрофни кузатди. Бу ерда унинг кўнгли тусаган сокинлик хукмрон эди. Мусича ҳаприқиб, қувончдан шошиб, ҳузур билан кўксини топ-тоза юмшоқ гиламдек тўшалган хазонга босди. Кўксидан паст, хириллаган, аммо мамнунона ғуриллаш чиқди. У ниҳоятда ўзини бахтиёр сезарди. Мусича ошиқмай силлиқ, янги тўкилган нам япроқлар оралаб емак излайди. Ҳамон шубҳа, ҳадик кўксида турган бўлса ҳам ўзини бу ерда бироз бемалолроқ тутади. Шу сайҳонликда насибасини топиб унча-мунча қорнини тўйғазади. Қорни тўйгач, одатдагидай енгил тортади. Дарвоқе, унинг учун тўймоқ арзимаган иш эмасди. У ҳатто бошига кулфат тушган чоғда ҳам ғам ташвишини қорин ғами билан алмаштиришга кўникиб қолган эди. Бир ҳисобдан ўн етти йилдан бери ҳаётнинг саховати, гўзаллиги, ранг-баранглигини ҳис қилолмай яшаб келаётганига ҳам асосий сабаб шу эди. Ҳолбуки, шундай пайтарда қорин тўйгач, ғамдан, ўзини таъқиб қилган мусибатдан маълум даражада қутулган ҳисобларди, баъзан эса чинданам қутулар, яъни жилла бўлмаса ўша ғам-ташвиш ҳақида қайғуриш, ўйлашдан қутуларди. Аммо ҳозир эса бу сайҳонликда қорин тўйғазиш унга анчайин маънавий ҳузур ҳам бахш этди. У енгил тортди. Бу енгил тортиш кўп нарсадан овқат туфайли қониқиш одатига бориб тақалар эди. Бу бир фожиа эди. Негаки – ҳаётга атрофда юз бераётган мавсумий ва кундалик ўткинчи ва доимий ўзгаришларга бефарқ, лоқайд бўлиш, ҳар дақиқа ҳар нарсадан зерикиш туйғулари аллақачон унинг қон-қонига сингиб кетган ва мусича энди бундан ҳеч қачон қутулолмас эди.

У ҳозир мана шуни тўсатдан тушунгандек бўлди. Илгари бу ҳақда жуда кам ташвиш чекарди. Аммо шунда ҳам ҳар сафар “турмушим”ни ўзгартириш мумкин эмас, ўлгунча шу тахлит ҳаёт кечиришга маҳкумман”, дея хулоса чиқарар ва шу тариқа юрагида ниш ура бошлаган ҳар қандай завқ, иштиёқни ваҳм, сиқилиш, ишончсизлик туйғуси парчинлаб ташларди. Сўнг умидсиз, лоқайд ва бепарво тарзда яна пуч, бемаъни умрини давом эттираверарди; оқибат, қараса, мана икки йилдирки, ҳалокат жари ёқасида жон ҳовучлаб турибди. Бу ҳалокат жари ёқасига келиши ҳамоно унинг учун курашмоқ, севмоқ, интилмоқ, ҳаёт завқини тотмоқ имкон хорижидаги нарсаларга айланиб қолди. Зотан, ҳалиям, “балким шундоқ ҳам ҳаётим яхшидир” деган қониқиш ҳисси вужудига бирмунча енгиллик бахш этмоқда эди.

Мусича шу кўйи узоқ қимирламади.

Охири ердан оҳиста кўтарилди-да, қайси тарафдан келган бўлса, ўша йўл билан ортига қайтди. Зеро, ҳозир унга қай томон орқа, қай томон олди – қизиғи ҳам йўқ эди. Фақат ўша нокли ҳовлида кўнгилгоҳ топгандек бўлгани ва кеча ўша ерда тунагани, яна тағин у ер бошқа жойларга нисбатан холироқ, хавфсизроқ экани учун ўша ҳовли томон учди.

У жуда толиққан эди. Учиб бораётганида танасида ланж оғриқ қўзғалди, қанотлари ўзига бўйсунмас, аҳён-аҳён ўқ егандек лапанглаб кетарди. Аксинча, изғирин туриб, ҳавода аччиқ рутубат кеза бошлади.

У тут шохидаги омонатгина, ноқулай инига келиб қўнганида, қоронғилик қуюқлашди. Ҳовлида одамлар бир оз ғимирлаб юришди-да, кейин кўздан ғойиб бўлишди. Ҳаммаёқ сукунат оғушига чўмди.
Мусича негадир яна беҳаловат бўла бошлади. Ажабо, унинг кўзлари сира юмилмасди. Худди қоронғилик қаъридан даҳшатли шакл-шамойилдаги шарпалар чиқиб, унга яқинлашиб, тобора яқинлашиб ва муттасил яқинлашиб келаётгандек ваҳима босиб, бўғиқ овоз чиқаради, қўрқади, аммо бу ердан кетиб, ўзини таъқиб қилаётган васвасадан қутулиш қўлидан келмайди.

Шу алфозда тунни ўтказди. Тонг отди. Куз тонги…

Эрталаб у бир оз тараддудланиб, ошиқмай инидан қўзғалди. Ҳовлининг этагидаги кенг, ёруғ айвоннинг очиқ деразасидан ичкари кириш унинг хаёлига ўрнашиб қолди-ю, ҳеч қандай овоз, шарпа йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, кимсасиз айвон ўртасидаги хонтахта устига келиб қўнди. Илдам-илдам увоқларни чўқилай бошлади.

Бирдан кимнингдир овозидан чўчиб, ташқарига отилди. Кутилмаганда дераза ойнасига урилди. У ўзини йўқотиб қўйди. Жон талвасасида, ҳовлиққанидан кетма-кет уч марта ойнага келиб урилди. Сўнгги дафъа ўзини тутиб юқорига кўтарилди-да, жон-жаҳди билан ҳовлига отилди. Деразанинг юқори қисмидаги кичкина кўз “дарз” кетди. У жони ҳалқумига тиқилгандек даҳшатга тушди. Илож тополмай равон бўйлаб уча бошлади. Боши айланиб, кўзи тинди. Иккита бола ҳамма тешикларни беркитиб, қувнаб қичқирганча уни қувлашга тушишди. Шўрлик мусича уч-тўрт лаҳза айлангач, мадори қуриди, сўнгги марта чиқмаган жондан умид дегандек, ойнага келиб урилди-да, латтадек шалвираб ерга тушди. То ҳушини йиғиб олгунча, ўзини болаларнинг қўлида кўрди.

Ҳаял ўтмай, оёғидан ип бойлаб, уни ҳовлига қўйиб юборишди. У аввалига қутулдим, деб ўйлади шекилли, илкис пар этиб осмонга кўтарилди. Аммо кўзлаган ерига етай, деганда, оёғидан нимадир қаттиқ силтаб, тортди. Мадорсизлик уни тамом енгиб, заифгина талпинди-да, сўлиган олмадек “пўп” этиб девор тагига тушди. Кўксини ерга бериб олди. Болалар унинг бу ҳолатини кўриб, аввалига қотиб-қотиб кулишди-да, кейин ипни айвон устунига боғлаб, кўздан ғойиб бўлишди.

У ёлғиз қолди. У кўпдан бери ёлғиз қолишни истаб юрарди. Бу сафар у тутқин эди-ю, аммо шунга қарамай, бирмунча ҳаловат ва таскин топаётганини ҳис қилди. У ҳайрон бўлди. “Тутқинликда таскин?!” Мусича кўзларини юмиб ғуриллаб қўйди. Негадир кўз ўнгида илк бор осуда, эҳтимол, мазмунли ҳаёт шарпаси гавдаланди. Назарида, мана шу болалардан қутулса бас, ўзи учун мутлақ янги, ботиний оламини ёритувчи, энди уйғонаётган яшаш истагини бемалол қондирувчи ҳаёт бошланадигандек эди. Юрагида пайдо бўлган бу ишонч ҳаққий ҳаётнинг ғира-шира манзарасини кўз олдига келтириб қўйди. Ҳатто назарида ўша ҳаёт кутиб тургандек туйилди. Томирларидаги қонга янги бир туйғу – бесабрлик туйғусининг тотли оқими келиб қуйилди. У ўзининг ҳали яшашга ҳаққи борлигини ва ҳали имкони ҳам мавжудлигини пайқади.

Шу чоқ кутилмаганда девордан шувиллаб тупроқ тўкилди. Мусича юқорига қарамаёқ ола-тасир сўл қанотга отилди. Биқинида, думида оғриқ сезди. Оёғига боғланган ип таранг тортилди-ю, аммо у дарахт шохига амаллаб илинди. Бу ҳолатда узоқ туришнинг иложи йўқ эди. Чунки у банди чириган олмадек осилиб турарди.

Чангалини кир-чир патлардан сузилиб тозалаётган мушук вазиятни англагандек дарахтга тармашди. Мусича энди жон ҳолатда девор тарафга шўнғиди. Бахтига дарахт билан девор орасидаги масофа қисқа эди. Мушук ҳам энди пайсалламай унинг ортидан девор томонга югурди. Етиб боргани ҳамоно дарахт тарафга отилган мусичага сапчиди. Етолмади. Шундан сўнг, девор билан дарахт оралиғида ястаниб, жирканч қониқиш ва умид билан қўрқувдан патлари ҳурпайиб кетган мусичадан кўз узмай кузата бошлади. Мабодо болалар келиб қолмаганида, албатта, ўлим билан тугагувчи бу даҳшатли таъқиб ва қочиш қанча давом этарди, номаълум…

Мусича бир сакрашда кўздан ғойиб бўлган мушукни ҳам, оёғидаги ипни ечиб ташлаган болаларни ҳам пайқашга ҳоли қолмади. У қаттиқ толиққан эди. Ўтмишга айланиб қолган мана шу қисқа муддат унинг юрагидаги ҳаётга бўлган пинҳоний муҳаббат чўғи ўт олиши мумкинлигини кўрсатди.

Аммо у чинданам толиққан эди. Мусича қандоқ бўлмасин, бу ердан кетиши керак эди. Унинг кўнгли кечаги сайҳонликни тусади. У бор кучини қанотига тўплаб, базўр қўзғалди.

Қош қорайди. У ҳаётида бирон яхшилик юз бериши мумкинлигига ишонмасди. Бироқ, ажабо, ўзини нохуш сезсаям, бутун танасидаги оғриқ кучайган бўлсаям, бунга қарама-қарши ўлароқ вужудида бир навқирон куч ўсиб бормоқда эди. Афсуски, у ўзи кутиб юрган ҳодиса – ўлимдан қаттиқ қўрқа бошлагани ҳам рост эди. Шу тариқа, унинг юрагида биринчи марта ҳақиқий ҳаётга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғонди…

Тез орада қиш ҳам бошланди. Бир тутам аёзли қиш кунлари ҳеч нарса ваъда қилмас, узундан-узоқ кечалари нотинч ўтарди. Биринчи қор ёққан куни мусича унчалик совқотмади. Аммо орадан ҳафта ўтгач, чилла кириб, қора совуқ бошланган куни аёз унинг жон-жонидан ўтиб кетди.

Қишнинг ўрталарида бошпана излай-излай охири ҳали қуриб битказилмаган эшик-ромсиз бўлса-да, қор-ёмғирдан сақланиш мумкин бўлган уй топди. Кечки пайт эди. Мусича ҳали-ҳозиргина ўзига бошпана сифатида топган уйга кириб, ағдарилиб ётган ҳавоза устига келиб қўнди. У ўзини жуда ёмон сезарди. Томирларидаги қон аста-секин совиб бораётгандек туйиларди. Буни ҳис қилиш жудаям оғир эди.

Ярим соатдан сўнг у учишга ҳаракат қилиб кўрди, аммо учолмади. Қанотлари музлаб қолибди. Унинг умри аста-секин тугаб борарди. Ҳаёт вужудини, танасини тарк эта бошлади. Алҳол, чивиқдек ингичка, қоқсуяк чангалини қаттиқ сиқди. Ҳавозадан қулаб тушай деди.

Рўпарадаги одамлар яшаётган уйда чироқ ёнди, хира шуъласи бу ерга ҳам етиб келди. Шамол турди. Аччиқ шамол. Совуқ кучайди. Томда алланима бўғиқ увиллади. Соянинг бир қисми эшиксиз уй деворида шарпадай лопиллай бошлади.

Тўсатдан хира чироқнинг заиф шуъласини ўқдек кесиб ичкарига бир қуш отилиб кирди-да, ҳавозанинг энсиз тиргагига тошдек урилиб, ерга қулади. Қоқ оёқлари сўнгги бор қимирлаётгандек туйилди унга. Афтидан, қуш совуққа бардош беролмаганди. Кутилмаганда у совуқ урган бу қуш сайҳонликда ёнидан бепарво, беғам учиб ўтган ўша, навқирон, думсиз мусича эканини пайқади-ю, қўрқувдан қотиб қолди. Ўзини ҳам шу қисмат кутаётганини ва бунга кўп вақт қолмаганини ҳис қилиб, даҳшатга тушди. Унинг зинҳор-базинҳор ўлгиси келмасди. Нотаниш ерда бекордан-бекорга, аҳмоқона ўлим топиб, дунёдан ўтиш унинг учун бутун ўн етти йиллик умридан кўра даҳшатлироқ эди. Аҳмоқона ўлим…

Вақт ҳаддан зиёд имиллаб ўтарди.
Минг имилласин, барибир ўтар эди.
Совуқ тобора кучаярди…

Бирдан атроф ёришиб, ҳамма нарса ҳаддан зиёд ярқираб кетгандек ва ўзидан хаёлий, кўкиш шуъла таратаётгандек туйилди. Кўз олдига ҳадеб ўтган умри келаверди. У қаттиқ ўкинди. Ниманидир кеч, жуда кеч тушуниб етганига биринчи марта очиқдан-очиқ иқрор бўлди.

Аммо бу иқрор вақтни тўхтатмайди.

Шу топда, мана шу совуқ, қоронғи уйчада аста-секинлаётган заиф қушчанинг яшагиси келиб қолганди. Ҳеч қачон буначалик яшагиси келмаганди! Қанийди яна бир соат яшаса!

У шу чоққача ҳаётни ҳеч қачон севмаган эди…Ажабо, ҳаётга бефарқ, бепарво қараб, ундан буткул безиб, арзимас, пуч нарсалардан чўчиб, ҳайиқиб юрибди-я…

…Эртасига, чошгоҳга яқин, ярим вайрона уйга кириб қолган ўн тўрт ёшлардаги бола ғалати манзаранинг гувоҳи бўлди. Аввалига ҳайратланиб, кўзларига ишонмади. Унинг кўз олдида гавдаланган манзара чиндан ҳам ҳайратомуз эди: ағдарилиб ётган ҳавоза устида қотириб қўйилгандек бир чиройли мусича қимир этмай турар, ерда эса яна уч-тўртта мусичанинг тарашадек қотган ўлиги, остонада эса момиқ патлар сочилиб ётарди.

Ҳавозадаги мусича тирикдек, бола сал эҳтиётсизлик қилса учиб кетадигандек эди.

021   Rutubatli havoda yaqin-atrofda tutab yotgan xazonning achqimtil hidi anqiydi; yalang’och daraxtlarning mo’rt, qing’ir-qiyshiq shoxlari og’ir silkinadi; tanalarini qoplagan bujur po’stloq ajinlaridan yomg’ir suvi silqiydi; yaqin-atrofdan ohangdor kuy eshitiladi –bularning barchasi odamda pala-partish, parokanda xayollar uyg’otadi. Go’yo kuyni mana shu oqshom og’ushidagi yalang’och daraxtlar, qorayib yotgan pastqam ko’cha ijro etayotgandek tuyiladi. Osmon esa tobora sarg’ayib, kichrayib borayogandek…

Olim OTAXON
QISMAT
045

Olim Otaxon 1951 yilda Toshkent shahrida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakultetini tamomlagan (1974). Dastlabki to’plami — «Bolalik kabutarlari» (1981). Shundan so’ng yozuvchining «Oqshom xayollari» (1986), «Ozod qushlar haqida qissa» (1988), «Adoqsiz ko’chalar» (1990) kabi nasriy asarlari nashr etilgan. Akutagava Ryunoske, Yasunari Kavabata, Uilьyam Folkner, Banana Yosimoto, Xulio Kortasar, Yuriy Kazakov, Genrix Mann, Xorxe Luis Borxes, Mario Benedetti kabi dunyo adabiyotining yetuk vakillari hikoyalarini tarjima qilgan.

Kech kuzning hazin, dilgir oqshomi.

Rutubatli havoda yaqin-atrofda tutab yotgan xazonning achqimtil hidi anqiydi; yalang’och daraxtlarning mo’rt, qing’ir-qiyshiq shoxlari og’ir silkinadi; tanalarini qoplagan bujur po’stloq ajinlaridan yomg’ir suvi silqiydi; yaqin-atrofdan ohangdor kuy eshitiladi –bularning barchasi odamda pala-partish, parokanda xayollar uyg’otadi. Go’yo kuyni mana shu oqshom og’ushidagi yalang’och daraxtlar, qorayib yotgan pastqam ko’cha ijro etayotgandek tuyiladi. Osmon esa tobora sarg’ayib, kichrayib borayogandek…

Kech kuz.

Zax bosgan paxsa devorga suyanib o’sgan qari nok daraxtining pastki shoxida qunushib o’tirgan musicha qushdan ko’ra ko’proq daraxt shoxlarida uchraydigan po’kak shishga o’xshaydi. Musicha anchagacha qimir etmadi, so’ng holsizgina o’rnidan qo’zg’alib sal nariroq surildi. Daf’atan uning o’zi qo’nib turgan shoxdagi so’nggi yaproq bandidan chirt uzilib havoda uchdi. Musichaning halovati buzildi, bo’ynini cho’zib yaproq ortidan qaradi va patlarini hurpaytirib oldi, zum o’tmay yaproqning ortidan “par” etib havoga uchib tushdi. Garchi, hovlida bironta tirik jon ko’rinmasa ham, u birov ta’qib qilayotgandek tahlika ichida atrofga javdirab qaradi-da, yersupaning narigi tomoniga uchib o’tib, xazon uyumi yoniga keldi, so’ng ayvon yoniga borib deraza tagidagi non ushoqlarini cho’qigan bo’ldi-da, iziga qaytdi, bu keraksiz, ortiqcha harakat borish-kelish hozir unga yoqardi. Chunki musichaning qorni to’q edi.

Musicha gullari qurib-qovjiragan gulzor etagida “sayr” qilayotganida birdan parillab borib devorga qo’ndi. Allanima o’zini ta’qib qilayotgandek tuyilib, havoga ko’tarilib yersupa yoniga kelib tushdi. U haddan ziyod qo’rqoq, vosvos edi. Butun umri shunday kechganligi va bu odatga ko’nikib qolgani uchun emas, balki har doim ham chindanam nimadir chovut solishga chog’lanayotgandek tuyilaverganidan hadiksirar, hadeb vasvasaga tushaverardi.

Bu sershovqin, serg’alva dunyoda u o’n yetti yil yashadi. Zerikarli, biri ikkinchisini aynan takrorlovchi yillar, fasllar uning xotirasidan uchib ketgan kechagi kunni o’ylamas, zotan, eslashni o’ziga loyiq ko’rmas edi.
Musicha erinib havoga ko’tarildi-yu, boyagi nok daraxtiningko’chaga qarab o’sgan quyi shoxiga qo’ndi. Junjikkan kabi yana qunushib oldi. Hamon o’ziga ilashib yurgan notinch jimlik og’ushida kimdir mufsid bir ishga hozirlik ko’rayotganga o’xshar, sukunat, chindanam shubhali edi: shundoq devor ostida allanima – mayda shoxchalarmi, shisha siniqlarimi – chirs-chirs sindi; ketma-ket supa yonida nimadir taraqlab ketdi, u yer-bu yerdi yaproqlar yopishib qolgan qizil, yomg’ir yuvgan tunuka tom ustidan chiroyli boshchasini ko’targancha bir mahluq yengil chopib o’tdi. So’ng asta-sekin yaqinlashayotgan kuz kechasining nafasi kezib yurgan tevarak yana suv quygandek jimlik og’ushiga cho’kdi.

“Ku-ku-ku-ku-ku-kuv”.

Oqshomgi sukunat qo’ynida yolg’iz musichaning tiniq tovushi atrofga taralib ketdi.

“Ku-ku-ku-ku-ku-kuv”.

Bu ovoz haddan ziyod mahzun edi, uning zamiridagi chuqur mung va hasrat ohanglari havoda sadolanardi. Go’yo musicha shafqatsiz hayotning bunchalik qahrli, ayovsiz ekanligini kech bo’lsa ham… hozir tushunib qolganu boshqalarni shundan ertaroq ogoh qilib qo’yishga oshiqqandek sayrashdan to’xtamas, ora-chora tin olib, tobora sekinroq va g’amginroq tovushda nola qilardi.

“Ku-ku-ku-ku-ku-kuv”.

Vosvos hayolot uning mo»jazgina vujudini ezib, sirqiratmoqda edi. Tuyqus musicha hayotdan mudom bezib yashagani haqiqat ekanini chuqur his qildi-yu, imkoni boricha bu vosvos xayollardan qutulmoq payiga tushdi. Qayoqda… U to shu kungacha zerikib, vahima ichida yashaganligi yetmaganidek, bu odat uning qon-qoniga singib ketgan edi. Shuning uchun umri davomida aytishga, eslashga arzigulik voqea ro’y bermagandi.. U hayot qonuniga bo’ysunib yashagan: uy qurdi, parvoz qildi, tuxum ochdi…

Musicha shu singari goh noma’lum, goh g’ira-shira anglash dushvor og’ir xayolotdan qutulolmasdi. Ammo bu xayollar, aytaylik, ojiz va oniy, har qancha tushkun, biri-biridan umidsiz bo’lsa ham, ularning ichida zulmat qa’rida porlagan nur kabi porloq o’ylar ham mavjudga o’xshardi. Ming afsus, bu ravshan, dilpazir o’ylar najotbaxsh va yorqin ekaniga qaramay, baribir hayot mohiyatini anglash uchun benihoya zarur, keyingi haftalar ichida tamom so’nib ulgurayozgan istak-xohish cho’g’ini alangalatishga qodir emasdi.

Birdan chug’ur-chug’ur shovqin ko’tarilib uning xayoli bo’lindi. Salgina narida shoxdan-shoxga sakrab, dunyoni boshiga ko’targudek chirqillagancha shamol uchirgan yaproqlar singari chumchuq galasi musicha tomon yaqinlashib kelmoqda edi. Ular o’zaro quvalashib, tinmay chug’urlab, pastak jiyda daraxtida to’xtadi. Chumchuqlarning sho’xligi, beg’am o’yinqaroqligida musichani tahqirlovchi allanima bordek edi. Balki, bu shodlik, bu o’yin ostida taqdirga tan berishdek fig’on yaqqol ko’zga tashlanmasayam, bu tantanavorlik va behad quvonish zamirida achchiq qismatning cheklangan, mung to’la sharpasi sezilib qolar, degan umidda chumchuqlarni jimgina uzoq kuzatib turdi. Nihoyat, izlagan narsasini topdi shekilli, qo’nib o’tirgan yerida yoyilib oldi… “Demak, ularning shodligi ko’r-ko’rona”, degan qarorga keldi-da, mamnun g’urillab qo’ydi. Lekin mitti qushchalar hamon uchib-quvishdan tinchimas, hali-beri tinchimaydiganga o’xshardi. Musicha mana shunga ajablandi va ulardan ko’z uzolmay qoldi.

Zum o’tmay ro’parasidan uchib kelayotgan yosh, baquvvat, dumi yuliq musichaga ko’zi tushib, chumchuqlarni unutdi. Hamjinsini zimdan, ammo qiziqsinib kuzatib turdi. Dumsiz musicha esa havolanib, yonginasidan uchib o’tarkan, aqalli bir marta bo’lsin unga qayrilib qaramadi. Sog’lom qanotlarini vazmin va kuch bilan silkib, asta-sekin ko’zdan g’oyib bo’ldi. Dumi yuluq, bo’yni odatdagidan kaltaroq musicha ancha ko’rkam edi, qanot qoqishida shiddatli, navqiron kuch yashiringani sezilib turardi. Musicha shuni o’kinib his qildi-da, o’zining qarib qolgani alam qilib, yana qunushib oldi. Yuragini chuqur armon tuyg’ulari o’rtab yubordi. Birmuncha vaqt shunday o’tirgandan keyin vazmin qo’zg’alib boshi oqqan tarafga qanot qoqdi.

Uning parvozida qandaydir tushkunlik ko’zga tashlanar, bemador qanotlari o’ziga bo’ysunmas edi. Shunga qaramay, musicha o’zini majbur qilib, uzoq vaqt u yondan-bu yonga uchib tentiradi. Oxiri, ochiqdi shekilli, birinchi duch kelgan sayhonlikka tushdi.

U jovdirab atrofni kuzatdi. Bu yerda uning ko’ngli tusagan sokinlik xukmron edi. Musicha hapriqib, quvonchdan shoshib, huzur bilan ko’ksini top-toza yumshoq gilamdek to’shalgan xazonga bosdi. Ko’ksidan past, xirillagan, ammo mamnunona g’urillash chiqdi. U nihoyatda o’zini baxtiyor sezardi. Musicha oshiqmay silliq, yangi to’kilgan nam yaproqlar oralab yemak izlaydi. Hamon shubha, hadik ko’ksida turgan bo’lsa ham o’zini bu yerda biroz bemalolroq tutadi. Shu sayhonlikda nasibasini topib uncha-muncha qornini to’yg’azadi. Qorni to’ygach, odatdagiday yengil tortadi. Darvoqe, uning uchun to’ymoq arzimagan ish emasdi. U hatto boshiga kulfat tushgan chog’da ham g’am tashvishini qorin g’ami bilan almashtirishga ko’nikib qolgan edi. Bir hisobdan o’n yetti yildan beri hayotning saxovati, go’zalligi, rang-barangligini his qilolmay yashab kelayotganiga ham asosiy sabab shu edi. Holbuki, shunday paytarda qorin to’ygach, g’amdan, o’zini ta’qib qilgan musibatdan ma’lum darajada qutulgan hisoblardi, ba’zan esa chindanam qutular, ya’ni jilla bo’lmasa o’sha g’am-tashvish haqida qayg’urish, o’ylashdan qutulardi. Ammo hozir esa bu sayhonlikda qorin to’yg’azish unga anchayin ma’naviy huzur ham baxsh etdi. U yengil tortdi. Bu yengil tortish ko’p narsadan ovqat tufayli qoniqish odatiga borib taqalar edi. Bu bir fojia edi. Negaki – hayotga atrofda yuz berayotgan mavsumiy va kundalik o’tkinchi va doimiy o’zgarishlarga befarq, loqayd bo’lish, har daqiqa har narsadan zerikish tuyg’ulari allaqachon uning qon-qoniga singib ketgan va musicha endi bundan hech qachon qutulolmas edi.

U hozir mana shuni to’satdan tushungandek bo’ldi. Ilgari bu haqda juda kam tashvish chekardi. Ammo shunda ham har safar “turmushim”ni o’zgartirish mumkin emas, o’lguncha shu taxlit hayot kechirishga mahkumman”, deya xulosa chiqarar va shu tariqa yuragida nish ura boshlagan har qanday zavq, ishtiyoqni vahm, siqilish, ishonchsizlik tuyg’usi parchinlab tashlardi. So’ng umidsiz, loqayd va beparvo tarzda yana puch, bema’ni umrini davom ettiraverardi; oqibat, qarasa, mana ikki yildirki, halokat jari yoqasida jon hovuchlab turibdi. Bu halokat jari yoqasiga kelishi hamono uning uchun kurashmoq, sevmoq, intilmoq, hayot zavqini totmoq imkon xorijidagi narsalarga aylanib qoldi. Zotan, haliyam, “balkim shundoq ham hayotim yaxshidir” degan qoniqish hissi vujudiga birmuncha yengillik baxsh etmoqda edi.

Musicha shu ko’yi uzoq qimirlamadi.

Oxiri yerdan ohista ko’tarildi-da, qaysi tarafdan kelgan bo’lsa, o’sha yo’l bilan ortiga qaytdi. Zero, hozir unga qay tomon orqa, qay tomon oldi – qizig’i ham yo’q edi. Faqat o’sha nokli hovlida ko’ngilgoh topgandek bo’lgani va kecha o’sha yerda tunagani, yana tag’in u yer boshqa joylarga nisbatan xoliroq, xavfsizroq ekani uchun o’sha hovli tomon uchdi.

U juda toliqqan edi. Uchib borayotganida tanasida lanj og’riq qo’zg’aldi, qanotlari o’ziga bo’ysunmas, ahyon-ahyon o’q yegandek lapanglab ketardi. Aksincha, izg’irin turib, havoda achchiq rutubat keza boshladi.
U tut shoxidagi omonatgina, noqulay iniga kelib qo’nganida, qorong’ilik quyuqlashdi. Hovlida odamlar bir oz g’imirlab yurishdi-da, keyin ko’zdan g’oyib bo’lishdi. Hammayoq sukunat og’ushiga cho’mdi.
Musicha negadir yana behalovat bo’la boshladi. Ajabo, uning ko’zlari sira yumilmasdi. Xuddi qorong’ilik qa’ridan dahshatli shakl-shamoyildagi sharpalar chiqib, unga yaqinlashib, tobora yaqinlashib va muttasil yaqinlashib kelayotgandek vahima bosib, bo’g’iq ovoz chiqaradi, qo’rqadi, ammo bu yerdan ketib, o’zini ta’qib qilayotgan vasvasadan qutulish qo’lidan kelmaydi.

Shu alfozda tunni o’tkazdi. Tong otdi. Kuz tongi…

Ertalab u bir oz taraddudlanib, oshiqmay inidan qo’zg’aldi. Hovlining etagidagi keng, yorug’ ayvonning ochiq derazasidan ichkari kirish uning xayoliga o’rnashib qoldi-yu, hech qanday ovoz, sharpa yo’qligiga ishonch hosil qilgach, kimsasiz ayvon o’rtasidagi xontaxta ustiga kelib qo’ndi. Ildam-ildam uvoqlarni cho’qilay boshladi.

Birdan kimningdir ovozidan cho’chib, tashqariga otildi. Kutilmaganda deraza oynasiga urildi. U o’zini yo’qotib qo’ydi. Jon talvasasida, hovliqqanidan ketma-ket uch marta oynaga kelib urildi. So’nggi daf’a o’zini tutib yuqoriga ko’tarildi-da, jon-jahdi bilan hovliga otildi. Derazaning yuqori qismidagi kichkina ko’z “darz” ketdi. U joni halqumiga tiqilgandek dahshatga tushdi. Iloj topolmay ravon bo’ylab ucha boshladi. Boshi aylanib, ko’zi tindi. Ikkita bola hamma teshiklarni berkitib, quvnab qichqirgancha uni quvlashga tushishdi. Sho’rlik musicha uch-to’rt lahza aylangach, madori quridi, so’nggi marta chiqmagan jondan umid degandek, oynaga kelib urildi-da, lattadek shalvirab yerga tushdi. To hushini yig’ib olguncha, o’zini bolalarning qo’lida ko’rdi.

Hayal o’tmay, oyog’idan ip boylab, uni hovliga qo’yib yuborishdi. U avvaliga qutuldim, deb o’yladi shekilli, ilkis par etib osmonga ko’tarildi. Ammo ko’zlagan yeriga yetay, deganda, oyog’idan nimadir qattiq siltab, tortdi. Madorsizlik uni tamom yengib, zaifgina talpindi-da, so’ligan olmadek “po’p” etib devor tagiga tushdi. Ko’ksini yerga berib oldi. Bolalar uning bu holatini ko’rib, avvaliga qotib-qotib kulishdi-da, keyin ipni ayvon ustuniga bog’lab, ko’zdan g’oyib bo’lishdi.

U yolg’iz qoldi. U ko’pdan beri yolg’iz qolishni istab yurardi. Bu safar u tutqin edi-yu, ammo shunga qaramay, birmuncha halovat va taskin topayotganini his qildi. U hayron bo’ldi. “Tutqinlikda taskin?!” Musicha ko’zlarini yumib g’urillab qo’ydi. Negadir ko’z o’ngida ilk bor osuda, ehtimol, mazmunli hayot sharpasi gavdalandi. Nazarida, mana shu bolalardan qutulsa bas, o’zi uchun mutlaq yangi, botiniy olamini yorituvchi, endi uyg’onayotgan yashash istagini bemalol qondiruvchi hayot boshlanadigandek edi. Yuragida paydo bo’lgan bu ishonch haqqiy hayotning g’ira-shira manzarasini ko’z oldiga keltirib qo’ydi. Hatto nazarida o’sha hayot kutib turgandek tuyildi. Tomirlaridagi qonga yangi bir tuyg’u – besabrlik tuyg’usining totli oqimi kelib quyildi. U o’zining hali yashashga haqqi borligini va hali imkoni ham mavjudligini payqadi.

Shu choq kutilmaganda devordan shuvillab tuproq to’kildi. Musicha yuqoriga qaramayoq ola-tasir so’l qanotga otildi. Biqinida, dumida og’riq sezdi. Oyog’iga bog’langan ip tarang tortildi-yu, ammo u daraxt shoxiga amallab ilindi. Bu holatda uzoq turishning iloji yo’q edi. Chunki u bandi chirigan olmadek osilib turardi.

Changalini kir-chir patlardan suzilib tozalayotgan mushuk vaziyatni anglagandek daraxtga tarmashdi. Musicha endi jon holatda devor tarafga sho’ng’idi. Baxtiga daraxt bilan devor orasidagi masofa qisqa edi. Mushuk ham endi paysallamay uning ortidan devor tomonga yugurdi. Yetib borgani hamono daraxt tarafga otilgan musichaga sapchidi. Yetolmadi. Shundan so’ng, devor bilan daraxt oralig’ida yastanib, jirkanch qoniqish va umid bilan qo’rquvdan patlari hurpayib ketgan musichadan ko’z uzmay kuzata boshladi. Mabodo bolalar kelib qolmaganida, albatta, o’lim bilan tugaguvchi bu dahshatli ta’qib va qochish qancha davom etardi, noma’lum…

Musicha bir sakrashda ko’zdan g’oyib bo’lgan mushukni ham, oyog’idagi ipni yechib tashlagan bolalarni ham payqashga holi qolmadi. U qattiq toliqqan edi. O’tmishga aylanib qolgan mana shu qisqa muddat uning yuragidagi hayotga bo’lgan pinhoniy muhabbat cho’g’i o’t olishi mumkinligini ko’rsatdi.

Ammo u chindanam toliqqan edi. Musicha qandoq bo’lmasin, bu yerdan ketishi kerak edi. Uning ko’ngli kechagi sayhonlikni tusadi. U bor kuchini qanotiga to’plab, bazo’r qo’zg’aldi.

Qosh qoraydi. U hayotida biron yaxshilik yuz berishi mumkinligiga ishonmasdi. Biroq, ajabo, o’zini noxush sezsayam, butun tanasidagi og’riq kuchaygan bo’lsayam, bunga qarama-qarshi o’laroq vujudida bir navqiron kuch o’sib bormoqda edi. Afsuski, u o’zi kutib yurgan hodisa – o’limdan qattiq qo’rqa boshlagani ham rost edi. Shu tariqa, uning yuragida birinchi marta haqiqiy hayotga nisbatan mehr-muhabbat uyg’ondi…

Tez orada qish ham boshlandi. Bir tutam ayozli qish kunlari hech narsa va’da qilmas, uzundan-uzoq kechalari notinch o’tardi. Birinchi qor yoqqan kuni musicha unchalik sovqotmadi. Ammo oradan hafta o’tgach, chilla kirib, qora sovuq boshlangan kuni ayoz uning jon-jonidan o’tib ketdi.

Qishning o’rtalarida boshpana izlay-izlay oxiri hali qurib bitkazilmagan eshik-romsiz bo’lsa-da, qor-yomg’irdan saqlanish mumkin bo’lgan uy topdi. Kechki payt edi. Musicha hali-hozirgina o’ziga boshpana sifatida topgan uyga kirib, ag’darilib yotgan havoza ustiga kelib qo’ndi. U o’zini juda yomon sezardi. Tomirlaridagi qon asta-sekin sovib borayotgandek tuyilardi. Buni his qilish judayam og’ir edi.

Yarim soatdan so’ng u uchishga harakat qilib ko’rdi, ammo ucholmadi. Qanotlari muzlab qolibdi. Uning umri asta-sekin tugab borardi. Hayot vujudini, tanasini tark eta boshladi. Alhol, chiviqdek ingichka, qoqsuyak changalini qattiq siqdi. Havozadan qulab tushay dedi.

Ro’paradagi odamlar yashayotgan uyda chiroq yondi, xira shu’lasi bu yerga ham yetib keldi. Shamol turdi. Achchiq shamol. Sovuq kuchaydi. Tomda allanima bo’g’iq uvilladi. Soyaning bir qismi eshiksiz uy devorida sharpaday lopillay boshladi.

To’satdan xira chiroqning zaif shu’lasini o’qdek kesib ichkariga bir qush otilib kirdi-da, havozaning ensiz tirgagiga toshdek urilib, yerga quladi. Qoq oyoqlari so’nggi bor qimirlayotgandek tuyildi unga. Aftidan, qush sovuqqa bardosh berolmagandi. Kutilmaganda u sovuq urgan bu qush sayhonlikda yonidan beparvo, beg’am uchib o’tgan o’sha, navqiron, dumsiz musicha ekanini payqadi-yu, qo’rquvdan qotib qoldi. O’zini ham shu qismat kutayotganini va bunga ko’p vaqt qolmaganini his qilib, dahshatga tushdi. Uning zinhor-bazinhor o’lgisi kelmasdi. Notanish yerda bekordan-bekorga, ahmoqona o’lim topib, dunyodan o’tish uning uchun butun o’n yetti yillik umridan ko’ra dahshatliroq edi. Ahmoqona o’lim…

Vaqt haddan ziyod imillab o’tardi.
Ming imillasin, baribir o’tar edi.
Sovuq tobora kuchayardi…

Birdan atrof yorishib, hamma narsa haddan ziyod yarqirab ketgandek va o’zidan xayoliy, ko’kish shu’la taratayotgandek tuyildi. Ko’z oldiga hadeb o’tgan umri kelaverdi. U qattiq o’kindi. Nimanidir kech, juda kech tushunib yetganiga birinchi marta ochiqdan-ochiq iqror bo’ldi.

Ammo bu iqror vaqtni to’xtatmaydi.

Shu topda, mana shu sovuq, qorong’i uychada asta-sekinlayotgan zaif qushchaning yashagisi kelib qolgandi. Hech qachon bunachalik yashagisi kelmagandi! Qaniydi yana bir soat yashasa!

U shu choqqacha hayotni hech qachon sevmagan edi…Ajabo, hayotga befarq, beparvo qarab, undan butkul bezib, arzimas, puch narsalardan cho’chib, hayiqib yuribdi-ya…

…Ertasiga, choshgohga yaqin, yarim vayrona uyga kirib qolgan o’n to’rt yoshlardagi bola g’alati manzaraning guvohi bo’ldi. Avvaliga hayratlanib, ko’zlariga ishonmadi. Uning ko’z oldida gavdalangan manzara chindan ham hayratomuz edi: ag’darilib yotgan havoza ustida qotirib qo’yilgandek bir chiroyli musicha qimir etmay turar, yerda esa yana uch-to’rtta musichaning tarashadek qotgan o’ligi, ostonada esa momiq patlar sochilib yotardi.

Havozadagi musicha tirikdek, bola sal ehtiyotsizlik qilsa uchib ketadigandek edi.

25

(Tashriflar: umumiy 246, bugungi 1)

1 izoh

  1. Бу ҳикоя худди «Ҳозир дунёни мусича ҳақида ёзиб ҳайрон қолдириб бўлмайди» деган гапга жавобдай.
    Гап нимани ёзишда эмас, қандай ёзишда.

Izoh qoldiring