Olloyor Begaliyev. Adabiy etyudlar

077

У ҳар куни соат милини тонгги еттиларга тўғрилаб ухлашга ётади. Соат жуда эски. Шу қадар омонат соатки, уни тик ҳолда ишлашидан умид қилмаса ҳам бўлади. Ўн беш дақиқалар чиқиллаб туради-ю, кейин ўз-ўзидан тўхтаб қолади. Шуниинг учун уни юзтубан ётқизиб қўйиш лозим. Шундагина у тўхтовсиз, то мурватларида жавланган қуввати соб бўлмагунча, инқиллаб-синқиллаб дақиқаларни ўтмишга ўтказиб ётаверади. Ётиб ишлайдиган эски соат бу…

04
Оллоёр Бегалиев
АДАБИЙ ЭТЮДЛАР
07

011  Оллоёр Бегалиев 1961 йилда туғилган. Тошкент Маданият институтини битирган(1988). Узоқ йиллар марказий нашрлар (“Гулхан” журнали, “Чўлпон” нашриёти) ва “Ўзтелерадио”да муҳаррирлик қилган. Илк шеърлари билан ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларидан матбуотда қатнашиб, кейинчалик бадиий ижоднинг ҳикоянавислик, адабий эртаклар, ҳажвиёт, адабий танқид ва таржимачилик соҳаларида ҳам самарали қалам тебратган. Болалар учун “Сеҳрли уйқу”(1990), “Ёлғонга ишонган дараҳт”(1992), “Рангин қорлар”(2003) адабий эртаклар тўпламлари, “Бир булоқ бор”(1994), “Жин чалган жувон”(2005), “Жўнатилмаган мактуб”(2007), “Бекободлик самурай” (2009) каби шеърий ва насрий тўпламлари нашр этилган. 1991 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган. “Сеҳрли уйқу” эртаклар тўплами учун 1993 йилда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини Усмон Носир номидаги мукофоти билан тақдирланган. 1999 йилда “Шуҳрат” медали билан нишонланган. Ҳозирда эркин ижод билан машғул. Оилали. Уч ўғли бор. Бекобод шаҳрида истиқомат қилади.

07

ТАСКИН

089нинг тушига онаси кирибди. Сочлари тамом оқариб кетганмиш онасининг. У қачонлардан бери онасининг дийдорини кўриш учун ҳар гал ухлашга ётган маҳалиида марҳума онасинит узоқ-узоқ ўйлаб ётар эди. Бу соғинч тўла хаёллар уйқуга, уйқудаги тушларга уланиб кетарди ҳам. Бироқ, унинг иродасига, умуман одамзод иродасига бўйсинмайдиган қандайдир куч ҳар гал уни алдар, тушларида мия қабатларининг қай бир кунжакларида унутиш чанг-ғуборлари босиб ётган воқеа ва чеҳраларнинг ғайритабиий қоришмасини намоён қилаверарди. Худа «ўтамахфий» хужжатларни етти қат ер остида сақлайдиган маҳкама янглиғ унинг хотираси азиз сиймо — онасининг дийдорини доимо ана шу ғалат ва кераксиз тушлар пардаси ортига беркитарди.

…Мана ниҳоят, худога минг қатла шукурким, унинг хотираси ўз эгасига марҳамат кўргазди. Бироқ, тезда у эрта қувонганлигини англаб қолди. Сочлари батамом оқариб кетган онаси «Қариялар уйи»да эмиш… О-о, иснод, ҳатто тушда бўлса ҳам бу ҳол ғоят иснод эди унинг шаънига. У ахир, кечагина катта бир рўзномада кекса ота-оналарини «Қариялар уйи»га ташлаб қўйган ноқобил фарзандлар хусусида оташин мақоласини эълон қилдирганди. Унинг ўткир қалами бу фарзандларга лаънат селини пуркаган, дўзаҳ азобларини ваъда қилганди. Энди эса унинг ўз онаси ҳам «Қариялар уйи»даги ўзидек ўнлаб кексалар даврасида ўғлининг йўлига термулибгина ўтирганмиш. Унинг виждони қийнала бошлади.

Ҳа, ҳатто туш кўраётган бўлса ҳам, уйқуда бўлса ҳам виждони чидай олмади бу иснодга. Бироқ, туш уни бу азоблардан ҳали-вери халос қиладиганга ўхшамасди. Одатда, туш кўраётган кимсада бир имкон — кўзни ярқ этиб очганча тушда дуч келган даҳшатлардан халос бўлиш имкони мавжуд. Ҳеч бўлмаганда, туш ўз маромида давом этаркан: «булрнинг бари тушимда содир бўлаяпти!»- деган фикр кўнгилга таскин бериб туриши мумкин. Шу фикр мавжудлиги туфайли кундага қўйилган бошинг узра кўтарилган ўткир қиличнинг дамии қайтади, қаёққадир учиб ғойиб бўлади…

…Бироқ, ҳозир унга бу икки имкониятнинг иккиси ҳам шафқатсизларча раво кўрилмаётганди. Бу жуда узоқ, унинг умрида энг узоқ давом этган туш эди. балки, бу туш унчалигам узоқ давом этмагандир. Шунчаки, иснод ва муштипар онасининг ўтрўсида тутган уятдан вақт ўтиши қийинлашган бўлиши ҳам мумкин. Ҳаммасидан ҳам, у ўзининг туш кўраётганлигини англасди. Бу унинг ихтиёридаги нарса ҳам эмасди. Булар бари чинакамига, ўнгида содир бўлаётган ҳолат деб ўйлаётганди ва шу туфайлидан нафсонияти азобланаётганди.

Бир кеча минг кечамас, деганларидай, бу дахшатли туш лойқалана-лойқалана уни ўз исканжасидан озод қилди. У ҳозиргина кўрган шармандали ҳол туш эканлигини англаб қувониб кетди. Ахир, қандай қилиб онаси «қариялар уйи»да бўлсин?! Онасининг ўлиб кетганига ўн йилдан ошган бўлса, яна қанақа «Қариялар уйи»?! У енгил тортди. Лаънати туш! Онаси билан тушда бир дийдорлашишининг баҳоси наҳотки шунча қиммат бўлса?! У уятдан жиққа терга ботганлигидан, хўл бўлиб кетган уст-бошини пайпаслади. Ҳозир шу ҳолида ташқарига чиқса шамоллаб қолиши тайин. «Хўш, ўйлади у, бу тушнинг таъбири қандай бўлди, энди?!» Шунда унинг ёдига узоқ, беш-олти йилдан бери онасининг қабрини зиёрат қилмай қўйганлиги ёдига тушди. «Ҳар ҳолда бунга чидаса бўлади,-ўйлади у.-Қабрни зиёрат қилиш-қилмаслик билан онасини «қариялар уйи»га ташлаб, хабар олмай қўйиш орасида ер билан осмонча фарқ бор!»
У ўз фикридан қониқиш ҳосил қилганча, ишга отланиш учун тараддудга тушди…

МАҚОЛ

«Бузоқнинг югургани сомонхонагача» деган мақол айнан ёзувчи ва ёзиш, бадиий ижод дардига мубтало бўлган бандалар учун тўқиб чиқарилган. Ҳа, айнан шулар учун, зеро бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Жуда катта, дабдабали асарларни ўйлаб, хаёлида уларни тезроқ битириш учун турли-туман режалар тузиб юрган ҳар бир қаламкашнинг йўли бориб-бориб ўз «сомонхонаси»бўлмиш оқ қоғоз қошида тугайди. У кўзлаган, мўлжаллаган манзили, қаҳрамонлари, саробдек жимирлаб кўзини тиндирган шон-шуҳрати шундоқ қўл етгулик жойда, юпқагина қоғоз девор ортида турган бўлади. Шу, биргина қоғоз уни мана шунча даҳмазалардан ажратиб тургандай. Балки, битта эмас, бу қоғоз деворлар ўнтадир, юзтадир… Аммо, барибир уларнинг қоғоздан эканлиги аниқ. Ахир, шу пайтгача бирор адиб ўз асарини тош ёки темирга ўйиб битганлигини кўз кўриб, қулоқ эшитмаган-да!..

Аммо, ана шу юқагина қоғоз девордан ошиб ўтиш ҳаммагаям насиб қилавермайди. Бир шоир:» Ижодкорнинг довюраклиги унинг оқ қоғоз қошида қўрқувга тушишидир» — деган экан. Афсуски, оқ қоғоз олдида ҳамма ҳам қўрқувга тушавермайди. Оқ қоғоздан унга айтадиган гапи бўлмаган ёки айтадиган гапи қоғозга тушириш учун лойиқлигига шубҳаланган қаламкашларгина қўрқув ҳиссини туядилар. Кўпчилик эса ўз қўрқувини хас-пўшлаш учунми, қоғоз-деворни алдаш учунми унинг юзига ўқ қадалган юрак, гул, қуёш шаклларини чизиб ўтиради. Бу қоғоз деворни алдаб бўлмаслигини англагандан сўнг эса уни асабийларча ғижимлаб, отиб юборишади. Аммо, ўша аёвсиз ҳижимлаб ташланган қоғоз билан бирга унинг ортига яширинган, шундоқ қўл узатса етгулик манзаралар, қаҳрамонлари ва эгаллаяжак шон-шухрати ҳам кўздан ғойиб бўлади. Буни дарров илғаш қийин, албатта. Шунинг учун кўплар навбатдаги оппоқ қоғоз унинг олдида нитма қилиб ётганлигини сирига ета олмай каловланиб қолишади. Гўё, улар бегона бир девор тагига келиб, унинг ортида нималар борлигини билолмай боши қотган болакай ҳолига тушадилар. Бироқ, уларнинг айримлари ўзлари йўқотиб қўйган мўлжал-мўъжизаларини ўша ғижимлаб ташлаган қоғоз билан бирга ахлат қутисига ташлаб юборганлигини англаб қолади ҳам. Сиз ахлат қутисидаги ғижим қоғозларни олиб, шоша-пиша тексилаб кўздан кечираётган одамни кўрганмисиз?! Бу худди ана ўша, қоғозга қўшиб ўз мўъжизасини ғижимлаб ташлаган қаламкашдир…

ҲАДИК ҚЎНҒИРОҒИ

У ҳар куни соат милини тонгги еттиларга тўғрилаб ухлашга ётади. Соат жуда эски. Шу қадар омонат соатки, уни тик ҳолда ишлашидан умид қилмаса ҳам бўлади. Ўн беш дақиқалар чиқиллаб туради-ю, кейин ўз-ўзидан тўхтаб қолади. Шуниинг учун уни юзтубан ётқизиб қўйиш лозим. Шундагина у тўхтовсиз, то мурватларида жавланган қуввати соб бўлмагунча, инқиллаб-синқиллаб дақиқаларни ўтмишга ўтказиб ётаверади. Ётиб ишлайдиган эски соат бу. Керакли пайти ишламаганига яраша, кераксиз пайти уни тўхтатиб ҳам бўлмайди. Бир гал уни соатсозга кўрсатиш учун жилддаги дарсликларига қўшиб, ўзи билан дарсга олиб борганида роса тўполон бўлганди. Ўқув залининг охирги ўриндиғида, дарсликлар ёнида жимгина ётган соат бирдан ишга тушиб кетиб, чиқиллашга тушганида ҳеч уни тўхтатиб бўлмаса денг. Унинг «чиқ-чиқи» эшитилмаслиги учун ечиб қўйган кийимига қанча ўраб-чирмамасин эски соатнинг «чиқ-чиқи» барибир сукунат ҳоким бўлган аудиторияда баралла эшитилиб, олдинда ўтирганлар у ёқ-бу ёққа аланглай бошлашди. Кўзойнакли профессор ҳам қаторларни оралаб чиқишдан хадиксирадими, секин ташқарига чиқиб кетиб, фавқулодда вазиятлар билан шуғулланадиганларни чақиртириб келганди…

Ана шунақа, эски, тузалмас дардга чалинган соат эди-да. Уни керакли вақтга тўғрилаб, ухлаш учун ётган талабанинг кўнглида ҳар кеча бошқа бир ҳадик бош кўтаради. Бу кўҳна соат ётган ҳолидаям тўхтаб қолса нима бўлади?! Унақада дарсга кеч қолиши тайин. Ўзи ишласаю, қўнғироғи ишламай қолса, тағин бир бало… Уф-ф! У шундай ҳадик тўла хаёллар билан ухлаб қолади ҳам. Бироқ тун ярмидан оғганида уни ўз оғушига олган уйқу ўз дўкон-дастгоғини йиғиштиришга тушади. Уйқунинг ўрнини яна ҳадикли хаёллар эгаллайди. Соат неча бўлдийкин?! Тўхтаб қолмадимикан?! «Тўхтаганимча йўқ ҳали!» — эски соат юзтубан ётганча баъзўр чиқиллашда давом этади. «Худога шукур, тўхтаб қолмабди!»- у соат неча бўлганлигиним кўра олмаса-дка, бироз таскин топади. Бироқ, унинг таскин-тасаллиси янги ҳадик зарбидан тутдай тўкилади: «Қўнғироғи жиринглармикан?!» Шу алфозда ўтган дақиқалар унинг тунги уйқу туфайли топган бор орми, куч-қудратини елга совуради: «Қўнғироғи жиринглармикин?! Қўнғироғи жиринглармикан?! Жирингласаям, эшитармиканман? Қўнғироғи…»

Даъфатан жарангос солган соат қўнғироғи унга бир олам қувонч бағишлайди. Хайрият, дейди у, охири жиринглади-я! Шу қўнғироқни янгарш-янграмаслигини тахминлаб, таранглашган асаблари бўшашади. У энди туннниг катта қисмини ухламай шу лаънати саволлар остида ўтказганлигидан гувиллаётган бошини остона ҳатламай қайтиб келган уйқу иродасига топширади.
У ухлаб қолади…

ХАЗОНРЕЗ

Дараҳтлар баргини тўкарди… Баргрезон уларни ҳол-жонига қўймасди.Қилт этган шамолсиз тунлардан тонгга етишган дараҳтларнинг ҳам пойида улар ёз бўйи кўз-кўз қилиб, эгниларига кийиб чиққан яшил либосларинининг сарғайган парчалари тўп-тўп бўлиб ётарди. Шоирнинг:»Бугун бош устингда яшнаган япроқ Шовуллаб тўкилар эрта пойингга»-деб атйган сатрларидаги «эрта» бугунга айланган эди.

Мен дараҳтларнинг яланғочланаётган бутоқларига термулиб, ичимни хасадга ўхшаш бир нима кемираётганлигини ҳис қилдим. Ахир, унчалигам чиройли эмас экан-ку бу дов-дараҳтларнинг қинғир-қийшиқ новдалари. Агар тўкилаётган шу япроқлардан иборат либосини демаса, сираям ҳавас қилгулик кўринишлари йўқ!

Шунда «Қурбақа-малика» ҳақидаги эртакда тилга олинган бир ҳолат ёдимга тушди. Унда малика қурбақа либосини ечиб қўйганча шахзода билан базмга кетган пайти, шахзода пайт пойлаганча қайтиб келади-да, қайлиғининг бадбашара либосини оловга ташлайди. Шу йўл билан у маликани совуқ либосдан халос қилмоқчи эди. Мен эса, аксинча, дараҳтларнинг блу гўзал либосларини ёқиб юбораман. Улар ўз либосларини қайта тополмай, яланғочлигича қолишади! Ҳа, шундай қиламан.

Мен хаскашни қўлга олганча, шитоб билан ишга тушиб кетдим. Икки-уч дарахт остида сочилиб ётган рангоранг либос парчаларини тўплаб, уларга ўт қўйиб чиқа бошладим. Намхуш хазон орасидаги қақраб қуриган япроқлар чирсиллаб ёнар, нами қочиб улгурмаганларидан эса қуюқ ва аччиқ дуд бурқсирди.

Хазон уюмларидан ер бағирлаб ўрмалаганча кўкка кўтарилаётган тутунлар сўнгги марта япроқлари тарк этган бутоқларни чулғаб олишга ҳаракат қиларди. Дараҳтлар ҳам ўз бутоқларидан хазон сипоғлари беаёв уриб тушурган япроқларнинг арвоҳи бўлмиш ачқимтил дуд-тутунлар пардасини яланг бутоқлари билан тутиб қолишга, уларнинг хира шоҳи пардаси ортига ўз яланғочликларини яширишга ожизларча харакат қилишарди.

«Ана шунақа!»- мен яна-да кўпроқ ғайратга миниганча янги-янги дараҳтлар остига тўкилган ҳазонларни тўплар, гугурт чаққанча уларга ўт қўйиб чиқардим. Дараҳтлар менинг бу ҳатти-ҳаракталаримни сукут ичра кузатишаркан, шох-бутоқларида сақланиб қолган саноқли япроқларини тўкиб юбормасликка тиришардилар. Шоир дўстим Равшан Файз бу ҳолатни «Куз» шеърида мана бундай ифодалаганди: «Болалар кўнгилни этганча вайрон, Тушмаган баргларни дув-дув қоқарлар…»

Мен ҳам қўйларимни ҳайдаб чиқдим-да, узун таёқ билан новдалардаги сўнгги япроқларни қоқиб чиқа бошладим. Кейин эса бир четга ўтганча, сарғайиб тшкилган либосларини олов ва қўйлар ямлаётган дараҳтлар ҳолини кузатдим. Есенин бу ҳолни:»Дараҳтларнинг яланғоч тани Очиқ қолган устихон мисол…» дея тасвирлаганини эсладим.

Бирданига хазон сипоҳлари яланғочлаган, устига-устак маним тарафимдан либосларига ўт қўйилган дараҳтларга ачина бошладим. Ҳазон уюмларидан бурқсиётган тутунлар димоғимни ачитди, кўзларим ёшланди…

09

04
Olloyor Begaliev
ADABIY ETYUDLAR
07

Olloyor Begaliev 1961 yilda tug’ilgan. Toshkent Madaniyat institutini bitirgan(1988). Uzoq yillar markaziy nashrlar (“Gulxan” jurnali, “Cho’lpon” nashriyoti) va “O’zteleradio”da muharrirlik qilgan. Ilk she’rlari bilan o’rta maktabda o’qib yurgan paytlaridan matbuotda qatnashib, keyinchalik badiiy ijodning hikoyanavislik, adabiy ertaklar, hajviyot, adabiy tanqid va tarjimachilik sohalarida ham samarali qalam tebratgan. Bolalar uchun “Sehrli uyqu”(1990), “Yolg’onga ishongan daraht”(1992), “Rangin qorlar”(2003) adabiy ertaklar to’plamlari, “Bir buloq bor”(1994), “Jin chalgan juvon”(2005), “Jo’natilmagan maktub”(2007), “Bekobodlik samuray” (2009) kabi she’riy va nasriy to’plamlari nashr etilgan. 1991 yilda O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zoligiga qabul qilingan. “Sehrli uyqu” ertaklar to’plami uchun 1993 yilda O’zbekiston Yoshlar ittifoqini Usmon Nosir nomidagi mukofoti bilan taqdirlangan. 1999 yilda “Shuhrat” medali bilan nishonlangan. Hozirda erkin ijod bilan mashg’ul. Oilali. Uch o’g’li bor. Bekobod shahrida istiqomat qiladi.

07

TASKIN

089ning tushiga onasi kiribdi. Sochlari tamom oqarib ketganmish onasining. U qachonlardan beri onasining diydorini ko’rish uchun har gal uxlashga yotgan mahaliida marhuma onasinit uzoq-uzoq o’ylab yotar edi. Bu sog’inch to’la xayollar uyquga, uyqudagi tushlarga ulanib ketardi ham. Biroq, uning irodasiga, umuman odamzod irodasiga bo’ysinmaydigan qandaydir kuch har gal uni aldar, tushlarida miya qabatlarining qay bir kunjaklarida unutish chang-g’uborlari bosib yotgan voqea va chehralarning g’ayritabiiy qorishmasini namoyon qilaverardi. Xuda «o’tamaxfiy» xujjatlarni yetti qat yer ostida saqlaydigan mahkama yanglig’ uning xotirasi aziz siymo — onasining diydorini doimo ana shu g’alat va keraksiz tushlar pardasi ortiga berkitardi.

…Mana nihoyat, xudoga ming qatla shukurkim, uning xotirasi o’z egasiga marhamat ko’rgazdi. Biroq, tezda u erta quvonganligini anglab qoldi. Sochlari batamom oqarib ketgan onasi «Qariyalar uyi»da emish… O-o, isnod, hatto tushda bo’lsa ham bu hol g’oyat isnod edi uning sha’niga. U axir, kechagina katta bir ro’znomada keksa ota-onalarini «Qariyalar uyi»ga tashlab qo’ygan noqobil farzandlar xususida otashin maqolasini e’lon qildirgandi. Uning o’tkir qalami bu farzandlarga la’nat selini purkagan, do’zah azoblarini va’da qilgandi. Endi esa uning o’z onasi ham «Qariyalar uyi»dagi o’zidek o’nlab keksalar davrasida o’g’lining yo’liga termulibgina o’tirganmish. Uning vijdoni qiynala boshladi.

Ha, hatto tush ko’rayotgan bo’lsa ham, uyquda bo’lsa ham vijdoni chiday olmadi bu isnodga. Biroq, tush uni bu azoblardan hali-veri xalos qiladiganga o’xshamasdi. Odatda, tush ko’rayotgan kimsada bir imkon — ko’zni yarq etib ochgancha tushda duch kelgan dahshatlardan xalos bo’lish imkoni mavjud. Hech bo’lmaganda, tush o’z maromida davom etarkan: «bulrning bari tushimda sodir bo’layapti!»- degan fikr ko’ngilga taskin berib turishi mumkin. Shu fikr mavjudligi tufayli kundaga qo’yilgan boshing uzra ko’tarilgan o’tkir qilichning damii qaytadi, qayoqqadir uchib g’oyib bo’ladi…

…Biroq, hozir unga bu ikki imkoniyatning ikkisi ham shafqatsizlarcha ravo ko’rilmayotgandi. Bu juda uzoq, uning umrida eng uzoq davom etgan tush edi. balki, bu tush unchaligam uzoq davom etmagandir. Shunchaki, isnod va mushtipar onasining o’tro’sida tutgan uyatdan vaqt o’tishi qiyinlashgan bo’lishi ham mumkin. Hammasidan ham, u o’zining tush ko’rayotganligini anglasdi. Bu uning ixtiyoridagi narsa ham emasdi. Bular bari chinakamiga, o’ngida sodir bo’layotgan holat deb o’ylayotgandi va shu tufaylidan nafsoniyati azoblanayotgandi.

Bir kecha ming kechamas, deganlariday, bu daxshatli tush loyqalana-loyqalana uni o’z iskanjasidan ozod qildi. U hozirgina ko’rgan sharmandali hol tush ekanligini anglab quvonib ketdi. Axir, qanday qilib onasi «qariyalar uyi»da bo’lsin?! Onasining o’lib ketganiga o’n yildan oshgan bo’lsa, yana qanaqa «Qariyalar uyi»?! U yengil tortdi. La’nati tush! Onasi bilan tushda bir diydorlashishining bahosi nahotki shuncha qimmat bo’lsa?! U uyatdan jiqqa terga botganligidan, xo’l bo’lib ketgan ust-boshini paypasladi. Hozir shu holida tashqariga chiqsa shamollab qolishi tayin. «Xo’sh, o’yladi u, bu tushning ta’biri qanday bo’ldi, endi?!» Shunda uning yodiga uzoq, besh-olti yildan beri onasining qabrini ziyorat qilmay qo’yganligi yodiga tushdi. «Har holda bunga chidasa bo’ladi,-o’yladi u.-Qabrni ziyorat qilish-qilmaslik bilan onasini «qariyalar uyi»ga tashlab, xabar olmay qo’yish orasida yer bilan osmoncha farq bor!»
U o’z fikridan qoniqish hosil qilgancha, ishga otlanish uchun taraddudga tushdi…

MAQOL

«Buzoqning yugurgani somonxonagacha» degan maqol aynan yozuvchi va yozish, badiiy ijod dardiga mubtalo bo’lgan bandalar uchun to’qib chiqarilgan. Ha, aynan shular uchun, zero boshqacha bo’lishi ham mumkin emas. Juda katta, dabdabali asarlarni o’ylab, xayolida ularni tezroq bitirish uchun turli-tuman rejalar tuzib yurgan har bir qalamkashning yo’li borib-borib o’z «somonxonasi»bo’lmish oq qog’oz qoshida tugaydi. U ko’zlagan, mo’ljallagan manzili, qahramonlari, sarobdek jimirlab ko’zini tindirgan shon-shuhrati shundoq qo’l yetgulik joyda, yupqagina qog’oz devor ortida turgan bo’ladi. Shu, birgina qog’oz uni mana shuncha dahmazalardan ajratib turganday. Balki, bitta emas, bu qog’oz devorlar o’ntadir, yuztadir… Ammo, baribir ularning qog’ozdan ekanligi aniq. Axir, shu paytgacha biror adib o’z asarini tosh yoki temirga o’yib bitganligini ko’z ko’rib, quloq eshitmagan-da!..

Ammo, ana shu yuqagina qog’oz devordan oshib o’tish hammagayam nasib qilavermaydi. Bir shoir:» Ijodkorning dovyurakligi uning oq qog’oz qoshida qo’rquvga tushishidir» — degan ekan. Afsuski, oq qog’oz oldida hamma ham qo’rquvga tushavermaydi. Oq qog’ozdan unga aytadigan gapi bo’lmagan yoki aytadigan gapi qog’ozga tushirish uchun loyiqligiga shubhalangan qalamkashlargina qo’rquv hissini tuyadilar. Ko’pchilik esa o’z qo’rquvini xas-po’shlash uchunmi, qog’oz-devorni aldash uchunmi uning yuziga o’q qadalgan yurak, gul, quyosh shakllarini chizib o’tiradi. Bu qog’oz devorni aldab bo’lmasligini anglagandan so’ng esa uni asabiylarcha g’ijimlab, otib yuborishadi. Ammo, o’sha ayovsiz hijimlab tashlangan qog’oz bilan birga uning ortiga yashiringan, shundoq qo’l uzatsa yetgulik manzaralar, qahramonlari va egallayajak shon-shuxrati ham ko’zdan g’oyib bo’ladi. Buni darrov ilg’ash qiyin, albatta. Shuning uchun ko’plar navbatdagi oppoq qog’oz uning oldida nitma qilib yotganligini siriga yeta olmay kalovlanib qolishadi. Go’yo, ular begona bir devor tagiga kelib, uning ortida nimalar borligini bilolmay boshi qotgan bolakay holiga tushadilar. Biroq, ularning ayrimlari o’zlari yo’qotib qo’ygan mo’ljal-mo»jizalarini o’sha g’ijimlab tashlagan qog’oz bilan birga axlat qutisiga tashlab yuborganligini anglab qoladi ham. Siz axlat qutisidagi g’ijim qog’ozlarni olib, shosha-pisha teksilab ko’zdan kechirayotgan odamni ko’rganmisiz?! Bu xuddi ana o’sha, qog’ozga qo’shib o’z mo»jizasini g’ijimlab tashlagan qalamkashdir…

HADIK QO’NG’IROG’I

U har kuni soat milini tonggi yettilarga to’g’rilab uxlashga yotadi. Soat juda eski. Shu qadar omonat soatki, uni tik holda ishlashidan umid qilmasa ham bo’ladi. O’n besh daqiqalar chiqillab turadi-yu, keyin o’z-o’zidan to’xtab qoladi. Shuniing uchun uni yuztuban yotqizib qo’yish lozim. Shundagina u to’xtovsiz, to murvatlarida javlangan quvvati sob bo’lmaguncha, inqillab-sinqillab daqiqalarni o’tmishga o’tkazib yotaveradi. Yotib ishlaydigan eski soat bu. Kerakli payti ishlamaganiga yarasha, keraksiz payti uni to’xtatib ham bo’lmaydi. Bir gal uni soatsozga ko’rsatish uchun jilddagi darsliklariga qo’shib, o’zi bilan darsga olib borganida rosa to’polon bo’lgandi. O’quv zalining oxirgi o’rindig’ida, darsliklar yonida jimgina yotgan soat birdan ishga tushib ketib, chiqillashga tushganida hech uni to’xtatib bo’lmasa deng. Uning «chiq-chiqi» eshitilmasligi uchun yechib qo’ygan kiyimiga qancha o’rab-chirmamasin eski soatning «chiq-chiqi» baribir sukunat hokim bo’lgan auditoriyada baralla eshitilib, oldinda o’tirganlar u yoq-bu yoqqa alanglay boshlashdi. Ko’zoynakli professor ham qatorlarni oralab chiqishdan xadiksiradimi, sekin tashqariga chiqib ketib, favqulodda vaziyatlar bilan shug’ullanadiganlarni chaqirtirib kelgandi…

Ana shunaqa, eski, tuzalmas dardga chalingan soat edi-da. Uni kerakli vaqtga to’g’rilab, uxlash uchun yotgan talabaning ko’nglida har kecha boshqa bir hadik bosh ko’taradi. Bu ko’hna soat yotgan holidayam to’xtab qolsa nima bo’ladi?! Unaqada darsga kech qolishi tayin. O’zi ishlasayu, qo’ng’irog’i ishlamay qolsa, tag’in bir balo… Uf-f! U shunday hadik to’la xayollar bilan uxlab qoladi ham. Biroq tun yarmidan og’ganida uni o’z og’ushiga olgan uyqu o’z do’kon-dastgog’ini yig’ishtirishga tushadi. Uyquning o’rnini yana hadikli xayollar egallaydi. Soat necha bo’ldiykin?! To’xtab qolmadimikan?! «To’xtaganimcha yo’q hali!» — eski soat yuztuban yotgancha ba’zo’r chiqillashda davom etadi. «Xudoga shukur, to’xtab qolmabdi!»- u soat necha bo’lganliginim ko’ra olmasa-dka, biroz taskin topadi. Biroq, uning taskin-tasallisi yangi hadik zarbidan tutday to’kiladi: «Qo’ng’irog’i jiringlarmikan?!» Shu alfozda o’tgan daqiqalar uning tungi uyqu tufayli topgan bor ormi, kuch-qudratini yelga sovuradi: «Qo’ng’irog’i jiringlarmikin?! Qo’ng’irog’i jiringlarmikan?! Jiringlasayam, eshitarmikanman? Qo’ng’irog’i…»

Da’fatan jarangos solgan soat qo’ng’irog’i unga bir olam quvonch bag’ishlaydi. Xayriyat, deydi u, oxiri jiringladi-ya! Shu qo’ng’iroqni yangarsh-yangramasligini taxminlab, taranglashgan asablari bo’shashadi. U endi tunnnig katta qismini uxlamay shu la’nati savollar ostida o’tkazganligidan guvillayotgan boshini ostona hatlamay qaytib kelgan uyqu irodasiga topshiradi.
U uxlab qoladi…

XAZONREZ

Darahtlar bargini to’kardi… Bargrezon ularni hol-joniga qo’ymasdi.Qilt etgan shamolsiz tunlardan tongga yetishgan darahtlarning ham poyida ular yoz bo’yi ko’z-ko’z qilib, egnilariga kiyib chiqqan yashil liboslarinining sarg’aygan parchalari to’p-to’p bo’lib yotardi. Shoirning:»Bugun bosh ustingda yashnagan yaproq Shovullab to’kilar erta poyingga»-deb atygan satrlaridagi «erta» bugunga aylangan edi.

Men darahtlarning yalang’ochlanayotgan butoqlariga termulib, ichimni xasadga o’xshash bir nima kemirayotganligini his qildim. Axir, unchaligam chiroyli emas ekan-ku bu dov-darahtlarning qing’ir-qiyshiq novdalari. Agar to’kilayotgan shu yaproqlardan iborat libosini demasa, sirayam havas qilgulik ko’rinishlari yo’q!

Shunda «Qurbaqa-malika» haqidagi ertakda tilga olingan bir holat yodimga tushdi. Unda malika qurbaqa libosini yechib qo’ygancha shaxzoda bilan bazmga ketgan payti, shaxzoda payt poylagancha qaytib keladi-da, qaylig’ining badbashara libosini olovga tashlaydi. Shu yo’l bilan u malikani sovuq libosdan xalos qilmoqchi edi. Men esa, aksincha, darahtlarning blu go’zal liboslarini yoqib yuboraman. Ular o’z liboslarini qayta topolmay, yalang’ochligicha qolishadi! Ha, shunday qilaman.

Men xaskashni qo’lga olgancha, shitob bilan ishga tushib ketdim. Ikki-uch daraxt ostida sochilib yotgan rangorang libos parchalarini to’plab, ularga o’t qo’yib chiqa boshladim. Namxush xazon orasidagi qaqrab qurigan yaproqlar chirsillab yonar, nami qochib ulgurmaganlaridan esa quyuq va achchiq dud burqsirdi.

Xazon uyumlaridan yer bag’irlab o’rmalagancha ko’kka ko’tarilayotgan tutunlar so’nggi marta yaproqlari tark etgan butoqlarni chulg’ab olishga harakat qilardi. Darahtlar ham o’z butoqlaridan xazon sipog’lari beayov urib tushurgan yaproqlarning arvohi bo’lmish achqimtil dud-tutunlar pardasini yalang butoqlari bilan tutib qolishga, ularning xira shohi pardasi ortiga o’z yalang’ochliklarini yashirishga ojizlarcha xarakat qilishardi.

«Ana shunaqa!»- men yana-da ko’proq g’ayratga minigancha yangi-yangi darahtlar ostiga to’kilgan hazonlarni to’plar, gugurt chaqqancha ularga o’t qo’yib chiqardim. Darahtlar mening bu hatti-haraktalarimni sukut ichra kuzatisharkan, shox-butoqlarida saqlanib qolgan sanoqli yaproqlarini to’kib yubormaslikka tirishardilar. Shoir do’stim Ravshan Fayz bu holatni «Kuz» she’rida mana bunday ifodalagandi: «Bolalar ko’ngilni etgancha vayron, Tushmagan barglarni duv-duv qoqarlar…»

Men ham qo’ylarimni haydab chiqdim-da, uzun tayoq bilan novdalardagi so’nggi yaproqlarni qoqib chiqa boshladim. Keyin esa bir chetga o’tgancha, sarg’ayib tshkilgan liboslarini olov va qo’ylar yamlayotgan darahtlar holini kuzatdim. Yesenin bu holni:»Darahtlarning yalang’och tani Ochiq qolgan ustixon misol…» deya tasvirlaganini esladim.

Birdaniga xazon sipohlari yalang’ochlagan, ustiga-ustak manim tarafimdan liboslariga o’t qo’yilgan darahtlarga achina boshladim. Hazon uyumlaridan burqsiyotgan tutunlar dimog’imni achitdi, ko’zlarim yoshlandi…

077

(Tashriflar: umumiy 273, bugungi 1)

Izoh qoldiring