O’lmas Umarbekov. To’rt hikoya va «Odam bo’lish qiyin» romani.

07
Бир воқеани айтиб бермоқчиман. Воқеанинг тўқима эмаслигига, ҳар бир сўзимнинг ҳақлигига гувоҳим бор. Бу гувоҳ дўстим, улкан ёзувчи Шукур Холмирзаев.
Ёз кунларининг бирида ўша, Марказда ҳикояларимни китоб қилиб чиқариш ташаббускори бўлган акамиз уюшмада мени кўриб қолиб севиниб кетди.
— Ука, жуда яхши бўлди сизни кўрганим. Машинангиз бор-а? Ишхонангиздан рухсат олиб бераман. Марказдан бир редактор келган. Таржимонлик ҳам қилади. Шуни икки кун айлантириб келмайсизми? Илтимос сиздан!
Мен Шукур Холмирзаевга қарадим. Бирга эдик. Шукур ихтиёр ўзингизда, дегандек елкаларини сезилар-сезилмас кўтариб қўйди.

077

Шарофат Йўлдошева
«ИЛОЖИ БЎЛСА,МЕНИ УНУТМА…»

0344 Пойтахтнинг Яккасарой туманидаги Абдулла Қаҳҳор маҳалласи юзлаб оддий маҳаллалардан бири — ҳовли жойлар ва йигирмадан зиёд кўп қаватли уйлардан иборат, беш мингга яқин аҳолисининг ҳам эл қатори ташвишу хурсандчиликлари бор. Улар эрталаб ишга, кечқурун эса уйларига ошиқадилар. Йўли маҳалланинг Хумо тор кўчасидан ўтадиганлар «Бу уйда 1959-1994 йиллар Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўлмас Умарбеков яшаб, ижод қилган» лавҳасини кўриб, нурли хотираларини ёдга олсалар ажаб эмас. Тенгдошлари унинг гўзал суҳбатларини, ёшлар эса маслаҳатларини, шу билан бирга амалий ёрдамини эсга олишади.

Ҳозир бу хонадоннинг чироғини ёзувчининг рафиқаси ёқиб ўтирибди.

Филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Зуҳра Умарбекова билан суҳбатимиз уларнинг танишуви мавзуидан бошланди.

Зуҳра ҳозирги ЎзМУнинг рус филологияси, Ўлмас эса журналистика факультетида, икки курс юқорида ўқийди.

Талабалар пахта теримига ҳашарга чиққанларида улар илк бор учрашдилар. Елкасидаги пахта тўла зилдек оғир этакни олиб, хирмонгача элтиб қўйган йигит Ўлмас эканини қиз кейин билди. Университетни битирган йили Ўлмас Зуҳрага, болалар уйида тарбияланган қизга уйланди.

— Онам болалигимда вафот этган, отам иккинчи жаҳон урушида жанг майдонларида ҳалок бўлган. Турмушга чиққанимдан сўнг энди менинг суянчим борлигини ҳис қилдим, — дейди Зуҳра опа.

Суянч… Агар кузатган бўлсангиз, оиласида яқинларига суянч бўлган инсонгина ишхонасида, жамоада ҳам кимгадир ёрдам бера олиши мумкин экан. Ва бундай кишилар, яхшилик қадрини билганлари учун, ўзлари кўрсатган меҳр ҳақида эмас, кўрган оқибатлари тўғрисида кўпроқ гапирадилар. Ўлмас Умарбековнинг «Қизимга мактублар» асарида ҳам бу ҳақиқат ёрқин намоён бўлади:

«Шу ўринда айтиб ўтишим керак, мен ҳам бахтли одам эканман. Касалликка чалинаверганимдан кейин атрофимда ниҳоятда яхши одамлар кўп эканлигини кўрдим. Улар мени ёлғизлатиб қўйишмади. Қачонлардир мен ишга жойлаштирган журналист, ҳамкасб укам Тоҳир Малик, маданият жонкуярлари Маҳмуд Муродов, Давлат Алимовлардан тортиб ҳурматли Президентимиз Ислом Каримовгача менга ғамхўрлик қилиб келишяпти: иш беришди, унвон, яхши пенсия…»

Яқиндагина «Ўлмас Умарбеков замондошлари хотирасида» номли тўплам нашрдан чиқди.

Китобни Ўлмас Умарбековнинг қизи Умида чоп эттирди, ёзувчи Омон Мухтор материалларни тўплаш ва саралашда холис хизмат қилди.

— Ўзимиз сотиб, харажатларни қоплашимиз учун нашриёт китоб тиражининг бир қисмини бизга берди. Биласизми, уларни сотишга қўлим бормайди, фақат совға қиляпман. Ахир хотираларни сотиб бўладими? — Зуҳра опанинг кўзларида ёш айланади.

Опа ҳозир ҳам ана шу хотиралар таскини билан яшаяпти.

— Қимматбаҳо нарсалар харид қилманг, дерди Ўлмас. — Мен ҳеч нарсадан хавфсирамай яшашни, эшигимиз доим очиқ туришини истайман.

— Мен етимлик азобини тортганман, Ўлмаснинг ҳам елкасига оила ташвиши эрта тушган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрганимиз учун бойлик тўплашга сира қизиқмасдик — яна ҳикоя қилади Зуҳра опа.

Ўлмас «Ўзбекфильм» киностудияси раҳбари эди. Бир куни ошхонамиздаги кран қувури ёрилиб, сув тошиб кетди. Босим жуда кучли эди. У кишига қўнғироқ қилдим, дарҳол ишхоналаридан одам жўнатдилар. Усталар қайтиб боргач, ходимлар уларни ўртага олишибди.

— Хўш, раҳбаримизнинг уйи қанақа экан?
— Китобдан бошқа ҳеч нарса йўқ экан, — дейишибди усталар.

Ўлмаснинг вафотидан кейин бир куни таъзияга келганларнинг шивири ҳам қулоғимга етди.
— Шунча китоблари чиққан, шунча катта лавозимларда ишлаган одам кошонада яшаса керак, деб ўйлагандим…

Кўрмаган-билмаганлар наздида «кошонада яшайдиган» ўша одам умрининг сўнгги кунларида шифохонада ўлим тўшагида ётар экан, рафиқасига шундай деган эди:

— Сиз бош эгиб, бировдан бир нарса сўрамайсиз, ор қиласиз. Ўлсам, маъракаларим анча қийнаб қўйса керак, бор-будимизни касалимни даволашга сарф қиляпмиз. Пулга зориқсангиз, ана «Волга»ни сотинг, фақат бу ишни ўзингиз эплай олмайсиз, алданиб қолишингиз мумкин. Саид Аҳмад акага айтинг, сотишга ёрдамлашади…

— Отам вафотидан кейин оиланинг бутун оғирлиги Ўлмас акамнинг зиммасида эди, — эслайди адибнинг синглиси Мавжуда опа. — Опам турмушга чиққан, мен ва синглим, укамни оёққа турғазиш керак эди. Акамнинг ёрдами билан ҳаммамиз олий маълумот олдик, ўзим техника фанлари номзоди бўлиб, турли лавозимларда ишладим, кўп йиллар давомида институтда дарс бердим.

Бир этак набирали бўлган Мавжуда опа ҳозир ҳам тез-тез ўзининг никоҳ тўйини ёдга олиб туради. Элда анча танилиб қолган ҳофизнинг тўйга келишини истаганди у. Аммо оиланинг моддий аҳволини назарда тутиб, бу орзусини тилига чиқармади ҳам. Тўйи куни ҳайратдан ва қувончдан юраги ҳаяжонга тўлди — радиода оддий ходим бўлиб ишлайдиган акаси, унинг кўнглидагини уққандек ўша ҳофизни бошлаб келганди.

Катта набираси бир ёшга тўлганида уни етаклаб меҳмонга келди. Ўлмас акаси ҳол-аҳвол сўрашиб, индамай ижодхонасига кириб кетди ва ўзининг бир ёшлигидаги суратини кўтариб чиқди.

— Синглим, буни қара, набиранг тоғасининг қуйиб қўйгандек ўзи-ку!

Ўша жиян — Бахтиёр ҳозир Архитектура ва қурилиш институтининг талабаси. Тоғасининг асарларини севиб ўқийди, бу китоблар кўпинча унинг дўстларининг қўлида бўлади, таассуротларини ўртоқлашадилар. «Севгим, севгилим» «Бобоёнғоқ», «Одам бўлиш қийин», «Фотима ва Зуҳра», «Ёз ёмғири», «Қиёмат қарз», «Қизимга мактублар» каби ҳикоя, қисса, романларнинг қаҳрамонлари бугунги ёшлар дилидан ҳам жой оляпти.

…Ўлмас Умарбеков Москвада даволанаётган кезларида қизига ёзган мактубларидан бирида унга насиҳат-маслаҳатларини айтади. Жумладан, «бу ёғи ойинг билан бор имкониятга қараб яша, сендан шароити яхши ҳеч кимга рашк билан қарама, бировни кўролмаслик ҳеч қачон одамга бахт келтирмаган» деб ёзар экан, охирида қўшиб қўяди:
«Яна нима демоқчи эдим? Иложи бўлса, мени унутма».
Яккаю ёлғиз фарзандидан уни унутмаслигини сўраш учун қанчалик хокисор, қанчалик камтар бўлиши керак экан инсон?!
Уни бугун бутун эл-юрт унутмаяпти.

— Ўлмас ака худди мана шу ерда ўтирардилар. Шу хонага кирсам ҳозир ҳам ўринларида хиёл таббасум билан боқиб ўтиргандек туюлаверади, — дейди ёзувчининг ён қўшниси Абдулла Парпиев. — Ҳарбий хизматдан келиб, бекор юрганимни эшитиб, машинасига ўтқазиб, Маданият институтига элтиб қўйди. Кейин бутун ҳаётим давомида ишим, турмушимдан бохабар бўлиб турди…

— Отам — Усмон Шамсимуҳамедов ношир, таржимон бўлган, — хотирлайди яна бир қўшниси Исроил. — Уйимизда ижод аҳллари, санъаткорлар тез-тез меҳмон бўлиб турарди. Улар орасидаги қўшнимиз Ўлмас Умарбековнинг ёзувчи ва отамнинг синфдоши эканлигини билардим. У кишига бутун маҳалла болалари меҳр қўйган, бунинг сабаби бор эди. Чунки биз фақат Ўлмас ака ва Зуҳра кеннойининг эшиги олдидагина бемалол тўп тепардик, шовқин-сурон кўтариб ўйнай олардик. Бу уй эгалари бошқаларга ўхшаб болаларни қувиб солиш тугул, бизни ичкарига олиб кириб кичкинагина боғларида пишиб ётган меваларидан ёки бирон ширинликни илинардилар.

Ёшим улғайиб ақлимни таниганимдан кейин яна бир нарсага эътибор бердим. Ўлмас ака тонгда елкаларига тўнини ташлаб, кўча бошидаги новвойхонага чиқардилар. Ноннинг тандирдан чиқишини пойлаб, навбатда турган ёшми қарими, ким бўлишидан қатъи назар, ширин суҳбат қурганларига кўп бор гувоҳ бўлганман. Ўшанда ҳайрон бўлгандим, бундай катта раҳбарларнинг хизматида шофёрлари ҳозир туришади, ҳеч бўлмаса оила аъзоларидан биронтаси ҳам чиқса бўлади-ку нонга? Энди тушунаяпман, Ўлмас ака оддий одамлардан, халқдан узилиб қолишни истамаган, ҳар бир дақиқаси ҳисобли раҳбар учун эса эрта тонгда нонга чиқиш бу йўлдаги бир имконият экан.

Лавозим курсисига ўтириб маҳалла билан ўзининг орасига кўзга кўринмас тўсиқ қўйишга уринадиган баъзи раҳбарларни кўрганлар учун бу гаплар балки эртакдек туюлар?

— Ўлмас ака билан бир мактабда ўқиганмиз, — эслайди Абдулла Қаҳҳор номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Турғун Азимов. — Умримда у каби зиёли одамни учратмаганман. Тасодифан бир-икки оғиз суҳбатлашган киши ҳам уни яна бир бор кўрсам, гаплашсам, деб орзу қиларди.

Ўлмас Умарбековнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида қабрига бюст ўрнатилди, пойтахтимизнинг Ҳамза туманидаги кўчаларнинг бирига унинг номи берилди. Афсуски, ҳозир ўша кўча йўқ, бузилиб кетган…

— Катта лавозимларда ишлаб юрган пайти ҳам Ўлмас билан оддийгина синфдош, оддийгина қўшни, маҳалладош сифатида муомала қилардик, — дейди Ўлмас Умарбековнинг синфдоши ва маҳалладоши, олим Мираҳмад Муҳамедов. — Давраларда ўзини «ярқ» этиб кўрсатишга уринмасди. Тўйга айтиб келган қўшнидан аввало «Мендан нима хизмат?» деб сўрарди. Таъзия бўлган хонадондан кўнгил сўраб чиқишни ўзининг бурчи деб биларди. Менинг назаримда у бир умр одамларга меҳр улашиб яшади. Бугун ҳам маҳалламиздаги турли тадбирларда унинг номи ҳурмат билан, қўмсаш билан ёдга олинади. У нафақат машҳур ёзувчи, балки том маънодаги яхши одам ҳам эди. Ўлмас Умарбеков яшаб ўтган кўча Ҳумо тор кўчаси деб аталади, унинг ёнгинасида Ҳумо кўчаси ҳам бор. У яшаган, унинг қадам излари тушган кўчага ёзувчининг номи берилишини жуда-жуда истардик…

Мустақиллик айёми кунлари Зуҳра опанинг кўнгли тоғдек ўсди. Телевизордан Юртбошимизнинг Тошкентнинг 2200 йиллигига бағишланган тантаналардаги нутқида азиз исмни эшитиб юраги ҳаяжонга тўлди. Президентимиз эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган алломалар қаторида Ўлмас Умарбековни ҳам эҳтиром билан тилга олди.

Нутқ тугаши билан бошланган телефон қўнғироқлари ҳали ҳам давом этяпти. Қариндош-уруғ, таниш-билишлар уни табриклаяпти. Ўлмас Умарбековнинг умр йўли, инсонийлик фазилатлари яна қайта-қайта тилга олиняпти.

Биттагина фарзандидан ўзини унутмаслигини хокисорлик билан сўраган бу буюк инсонга халқнинг эҳтироми сабабини қисқагина изоҳлаш мумкинмикан? Тўғри, адиб эл кўнглидан жой олган асарлар яратди, турли вазифаларда ишлаганда эл корига яради. Эл эҳтиромининг яна бир бошқа сабаби ҳам бор. Буни яна «Қизимга мактублар»даги мана бу оддийгина сўзлардан илғаб олиш қийин эмас:

«Давр ўзгариб кетди, қадриятлар ўзгарди. Лекин ҳамма даврда ҳалол меҳнат, поклик, одамийлик қадрланган. Шу ёдингда бўлсин».

2009

Маньа: «Ўзбекистон овози» газетаси

044

Ўлмас Умарбеков
ТЎРТ ҲИКОЯ ВА «ОДАМ БЎЛИШ ҚИЙИН» РОМАНИ

КУЗ ҲАВОСИ

Саври хола хиёбондан битта-битта юриб борарди, шошмасди. Шошиб нима қилади? Уйда болалари йиғлаяптими ё биронта иши чала қоляптими? Ҳамма иши жойида, болалар йўқ. Болаларни Худо унга кўп кўрган. Нима қилади шошиб? Иннайкейин, ҳали кун эрта. Офтоб энди икки терак бўйи кўтарилди. Эрталабки муздек шабада ҳали илигани йўқ, лекин тафти босилган, этни жунжитмайди. Шудринг тушган япроқларнинг учларида мунчоқдек-мунчоқдек кумуш исирғалар пайдо бўлибди. Офтоб кўп қизиқ нарса-да. У бўлмаганда шу исирғалар бўлармиди?! Қушлар ҳам гала-гала бўлиб офтобда дарахтларга ёпишиб олибди. Илгари йўлнинг устида кам кўринарди, чуғур-чуғурлар хиёбоннинг пастки томонларидан эшитиларди. Мана энди бу ёқда, очикда. Одамлар ҳам шундай. Дарахт соясидан қочиб юришибди. Хиёбонда одам кам. Ҳамма ишда. Борлари бозор-ўчар қилиб юрганлар, ё бўлмаса унга ўхшаб ишдан қайтаётганлар. Лекин у ўзининг ишлаганлигини сезмасди. Ишлаган одам чарчайди, мадори қурийди. Унинг сира мадори қуримайди. Тағин кампир нарса. Уч кам етмишга кирди. Ҳа, бу йил товуқ йили бўлса шу ёшга кирган бўлади. Наҳотки, иш шунақа бўлса?! Ё Сотиболди тушмагур уни шунақа ишга қўйиб қўйдими? Эрталаб келади, супуради-сидиради. Баъзан хоналарнинг полини ювади. Деразаларни артади. Хизматчилар келганда ҳамма ёқ чиннидек тоза, саришта. Бўлди, шу билан иш тамом. Мана, икки ой бўпти ишлаётганига, аҳвол доим шунақа. Лекин суриштиргани уялади. Суриштириши унга норози бўлаётгандай туюлади. Шунинг учун ишхонасининг аниқ номини ҳам билмайди. Ҳамма хоналар баланд-баланд қийшиқ столлар билан тўлиб кетган. Хизматчилар типпа-тик туриб шу столлардаги катта-катта қоғозларга нималарнидир чизишади, нималигини у билмайди. Сотиболдининг хонаси алоҳида, эшигининг тагида доим битта жувон ўтиради. Лекин жувонни у кам кўради. Эрталаб келганида ишни аввал шу хонадан бошлайди-да. У пайтда ҳеч ким бўлмайди. Сотиболди ҳам бўлмайди. Бу ерни супуриб-сидириб, бошқа ёққа ўтганидагина келади. Бирин-чи куни Сотиболди анчагача тепасида қараб турди. Кейин:
— Ҳорманг. Чарчамадингизми? — деб сўради. Саври хола кулди.
— Нега чарчарканман, болам! Шу ҳам иш бўптими?
— Билганга иш бўлмасаям, билмаганга иш, — деди шунда Сотиболди. — Сиздан олдин нечтаси келиб кетди.
Саври хола индамади. Лекин бу гапдан кейин бирон нарса қилгиси келди, ҳозиргина артган жойларига янгитдан латта уриб чиқди. Иш тамом бўлгач, Сотиболдининг ўзи эшиккача кузатиб қўйди.
— Адашмайсизми? — деб сўради хайрлаша туриб, — Нега адашарканман, болам? Хиёбондан ўтсам бўлди. Катта кўча билан тўғри уйимга бораман, — деди кампир ва кўчани кесиб ўтиб, хиёбонга кирди.
Хиёбон ёзда яхши эди, гавжум бўларди. Қаёққа қарама одам, бўш жой йўқ ўтиришга. Эрталаб ҳам шунақа, кундузи ҳам, кечқурун ҳам. Энди бунақа эмас. Ҳамма ёқ ҳувиллаб ётибди. Скамейкалар бўм-бўш. Тағин қанақанги скамейкалар!.. Ўтирсанг, ўтирганинг билинмайди, ётгандайсан. Бўёқлари ҳам турли-турли: оқ, сариқ, қизил, кўк… Бамисоли Ҳазрат Алининг ёйлари дейсан. Кампир шу скамейкаларда бирпас-бирпас ўтган-кетганга қараб ўтирарди. Кейин хиёбонни айланарди. Нима йўқ унда. Дунёда бор дарахтлар, гуллар таг-туги билан кўчирилгану шу ёққа олиб келинган.
Айниқса, қўғирчоқ уйдек кичкина, жимжимадор уйнинг атрофи чиройлик. Гўё шу уйга келин тушадигану ерга палакдан пояндоз ясаб қўйишган. Кампир шу томонда кўпроқ юради, кейин катта кўчага чиқиб, пиёда уйига кетади. У пиёда юришни яхши кўради, иннайкейин кўникиб ҳам қолган. Шу ёшга кириб, ҳали бирон марта машина ёки трамвайга тушган эмас. Раҳматли эри Усмон ака агар бирон жойга бирга боришадиган бўлса роса хуноб бўларди. Жонингга жабр қилиб нима қиласан, деб сўкарди. Бу ҳам кор қилмагач, ҳукуматда қасдинг борми, нега у чиқариб қўйган трамвайга чиқмайсан, деб қўрқитарди. Лекин фойда бермасди. Саври хола унинг гапларига парво қилмай, сабабини билмаса ҳам, пиёда кетаверарди. Мана, жонига жабр қилмай эллик ёшида Усмон ака оламдан ўтиб кетди. Касал бўлгани йўқ. Майиб бўлгани йўқ. Кечқурун шавла еб ўтириб — раҳматли шавлани яхши кўрарди, — мудроқ босяпти, бирпас мизғиб олай, деб шундай танчанинг ёнига ёнбошлади. Шу ётганича турмай қўя қолди. Раҳматли паст бўйли — Саври холанинг елкасидан келарди — жиккаккина, мўмин-қобил одам эди. Шунчалик мўмин эдики, кўпинча уйда бор-йўқлиги ҳам билинмасди. Бечоранинг ўлими ҳам ўзига ўхшаб билинмай ўтиб кетди. Саври хола кўп қайғурмади. Юракда изи қолмаганидан кейин қийин экан. У ҳатто эрининг юз-кўзи қандай бўлганини ҳам эслолмайди. Лекин ҳар ҳайитда мозорбошига бориб, қабрини зиёрат қилиб келади. Уйидан Минор анчагина олис, айланма бўлса ҳам, пиёда боради. Пиёда юришга нима етсин?! Кўрмаганингни кўрасан, билмаганингни биласан. Сотиболди ишга киритиб қўйиб, кўчага чиқадиган бўлди-ю, дарди енгиллашди. Урушда бедарак кетганлар кўп экан, битта унинг ўғли эмас экан. Аза очиб бекор қилибди. Буни Сотиболди ҳам айтди. Қўйинг, боши омон бўлиб кириб келиб қолса, нима деган одам бўласиз, деди. Қулоқ солмади. Тилаб олган ўғлининг дарди бошқача бўлар экан. Омон бўлса келади, умри тугаган бўлса жанозасиз ётмасин, деди. Лекин ўшанда тўғри қилибдими, ё нотўғри қилдими, ҳали ҳам билолмайди. Кўчага чиқиб, биттаси йигирма бир йил деганда келганини эшитди. Бердиалининг кетганига қанча бўпти? Энди ўн етти йил! Ажаб эмас келиб қолса. Кўпинча кечқурунлари бир капгир ош қилиб, чимчилаб еб ўтирганда хаёл қурғур минг ёққа олиб кетади-ю, Бердиали иккита қовунни қўлтиқлаб кириб келаётгандай бўлади. Нега албатта қовун қўлтиқлаб келади — Саври хола билмайди. Лекин бир нарса доим эсида. Бердиали қаёқдан келмасин, ўқишиданми, бошқа ёқданми, барибир, ишқилиб бир нарса кўтариб келарди. Жўнашидан бир кун олдин ҳам шундай қилган эди. Хаёли урушда-ю, бир сумка шафтоли олиб келибди. Шунинг учунми, хаёлидан Бердиали ўтса, қўлида қовун билан ўтади. Қовун миясига ўрнашиб қолган. Ўтади-ю, кулиб турган қиёфаси бир неча кун кўз олдидан кетмай қолади. У чиройли куларди. Болалигидан шундай. Кулганда чап юзида кулгич пайдо бўларди. Ҳамма шу кулгичга ишқибоз эди. Бирпас кўчага чиқдими, чап юзи қизариб қайтиб келарди. Қўни-қўшнилар ўпаверишарди. Саври холанинг ўзи ҳам уни ҳолжонига қўймасди. Бўлар-бўлмасга кулдириб, ўпаверарди. Жўнаётган куни ҳам вок-залда Саври хола уни шу кулгичидан ўпган эди.
Бу сўнгги ўпич унинг хотирасидан сира чиқмайди. Уни эслаганда, беихтиёр кўзлари ёшланади. Бунинг устига ёлғизлиги қўшилиб, бир дарди ўн бўлади.
Яхшиям Сотиболди бор экан. Аза тутгандан бери тинч қўймай, охири, ишхонасига киритиб қўйди. Биринчи куни ўзи машинада олиб кетди. Хиёбонни ўшанда кўрди. Кўрди-ю, пиёда юргиси, шу хиёбондан ўтгиси, умрида кўрмаган танаси бир қулоч-бир қулоч келадиган дарахтларни, ҳуснини кўз-кўз қилиб турган хилма-хил гулларни томоша қилгиси келиб қолди. Қайтишда шундай қилди, хиёбонга йўл солди. Мана, икки ойдан бери шу йўлдан юради. Боришдаям, келишдаям. Бунга пиёда юришни яхши кўришидан ташқари, бошқа сабаб ҳам бор. У шу йўлдан юриб Собиржон билан танишиб қолди. Собиржон катта кўчада ямоқчилик қилади. Дўкони бор. Ноп-нозандай йигитсан, нега ямоқчилик қиласан, бўй-бастингга яраша иш қилсанг бўлмайдими, деб кўпинча сўрамоқчи бўлади Саври хола, лекин сўрай олмайди, уялади. Иннайкейин, унинг нима иши бор? Ҳар кимнинг ўз ихтиёри, кўнгли тусаган ишни қилаверади. Сирасини айтганда, Собиржон қўли гул йигит. Косиблик гўё унинг учун яратилган дейсиз. Қорайиб тарам-тарам бўлиб кетган бақувват қўлларида бигиз, игна ўйнаб туради. Унинг хушмуомалалигини айтмайсизми?! Ҳар кўрганида қўлини кўксига қўйиб салом беради, ҳол-аҳвол сўрайди.
— Ассалому алайкум, холажон, — дейди. — Йўл бўлсин?
— Уйга болам, уйга, — дейди Саври хола қадамини секинлатиб, кейин мағрурлик билан қўшиб қўяди. — Ишдан келяпман.
— Чарчагандирсиз бўлмаса, — дейди Собиржон ишини қўйиб. — Бирпас ўтириб чой ичиб кетинг. Селон чой. Янги дамлаганман.
Саври хола уйдан кўнгли тўқ бўлса, рози бўлади. Уйдан эса кўпинча кўнгли тўқ. Овқатга анча бор. Ҳовли шипший-дам. Ўтиради. Собиржон кичкина курсича қўйиб беради. Ана шунда, ишда озгина чарчагани билинади. Лекин бир-икки пиёла аччиқ цейлон чойидан ичиб, танаси яйрайди. Буни бутун баданига иссиқ тарқаб, пешонасидаги уч-тўртта калин чизиқларнинг остида, қирра бурни учида тер томчилари пайдо бўлганидан билади-да, тургиси келмай қолади. Шунақа пайтлари баъзан оқшомгача шу ерда қолиб кетади. Собиржоннинг ишига маҳлиё бўлиб, гапларига қулоқ солиб ўтираверади. Собиржонда гап кўп, тағин бирам маънили. Дунёда нима гап, подшолар нима қилишяпти, нима дейиш-япти. Америка яна қанақа найранг қилмоқчи — ҳаммасидан хабардор. Ҳаммасини эринмасдан гапириб беради. Жуда гап тополмай қолса, қўлидаги ямаётган нарсасидан маъно чиқариб гапиради.
— Манави ботинкага қаранг, — дейди. — кўряпсизми, таги туянинг кўзидай тешилиб кетибди. Пошнаси ҳам қолмаган. Эгаси қанақа одам, биласизми?
Саври хола бошини сарак-сарак қилиб, йўқ, дейди. Собиржон гапида давом этади:
— Бу одам ўлгудек меҳнаткаш. Иш бўлса бўлди унга. Елиб-югураверади, ўзини ўйламайди. Оёғига тош-пош ботганда қараб қўяди. Усти бутун. Яна парво қилмай кетаверади. Ечиб, тагини қарашга вақти йўқ.
Собиржон унга тагдўзи қоқиб, ён-верини яхшилаб текислайди-да, бошқа бир туфлини қўлига олади.
— Бунга нима дейсиз? — сўрайди кампирдан, кўзларини айёрона сузиб.
Саври хола туфлининг ямоқ-ямоқ бўлиб кетганини кўриб:
— Бечора, жуда камбағал бўлса керак, — дейди.
Собиржон жилмаяди. Анчагача жавоб бермай туфлига қараб туради-да:
— Йўқ, хола, топмадингиз, — дейди. — Бунга қаранг. Бутун жойи қолмабди, ҳаммаси ямоқ бўлиб кетибди. Шундоқ бўлсаям яна яматгани олиб келибди. Энди, тозалигига қаранг. Гард юқмаган-а! Ким шунақа кияди? Ўлгудек зиқна, хасис одам шунақа кияди. Ўзиниям ўн йил кийган бўлса керак. Камбағал шунақа киядими?! Уники ёзгаям, қишгаям, лойгаям, сувгаям битта. Худо пошшо, деб кияверади. Соб бўлгунча кияди. Яматмайди. Яматгани орса ёқ яланг Қолади. Шунинг учун кияверади. Соб бўлганда, ташлаб, янгисини олади. Тўғри эмасми?
Саври хола тўғри, дегандай бош қимирлатади. «Шунча ақлинг билан битта катта идорани тебратишинг мумкин, бу ерданима қилиб ўтирибсан», демоқчи ҳам бўлади-ю, демайди. Ўғлини эслаб кетади. «Шундоқ ўтирса ҳам катта давлат эди», дейди ичида ва томоғига нимадир келиб тиқилади. Яна бирпас ўтирса кўзи ёшга тўлишини билиб:
— Умринг узоқ бўлсин, болам, — деб фотиҳа ўқийди-да, ўрнидан туради. — Қўлинг дард кўрмасин!
— Раҳмат, хола, — дейди Собиржон. — Яхши боринг.
Саври хола йўл-йўлакай ўзини тутиб олади. Жуда хаёлга берилиб кетса, уйга келиб, дарров овқатга уннайди. Баъзан бу ҳам фойда бермайди, ёш қуйилиб келаверади. Шунда қуруқ чойни қулт-қулт ютиб, тонг отишини кутади. Хўроз қичқирганда кўнгли анча жойига тушади. Ишхонада, кейин Собиржоннинг олдида овунишини билади. Лекин уч кундан бери дўкон берк. Собиржон йўқ. Биринчи куни унча парво қилмади. Шундай бўлса ҳам дўкон берклигини кўриб юраги увушиб кетди. Бирпас, келиб қолар, деган хаёл билан кутди. Йўқ, келмади. Иккинчи куни ҳам шундай бўлди. Собиржонга жуда ўрганиб қолган экан. Зарур нарсасини йўқотиб қўйган одамдек карахт бўлиб уйига қайтди. Овқат татимади. Кечаси билан ҳам ухлолмай чиқди. Нима бўлдий-кин? У ёқ-бу ёққа кетиб қолдимикин? Ундай бўлса айтарди. Иннайкейин, қаёққа боради? Ҳеч кими йўқ. Нима бўлдийкин?
Саври хола битта-битта юриб борарди, шошмасди. Шошиб нима қилади? Уйда болалари кутяптими ё биронта иши чала қолганми? Ҳамма иши жойида. Иннайкейин, ҳали кун эрта. Офтоб энди тиккага келибди. Универмагга ҳам кириб чиқса бўлади. Бугун ойлик олди. Арзимаган ишгаям анча пул беришаркан. Илгари пенсиянинг тийини ҳам ҳисоблик эди. Энди бунақа эмас. Универмагга кириб чиқса бўлади. Битта маҳси олиш керак. Қиш ҳам келиб қолди.
Саври хола шу хаёллар билан ўзини чалғитишга уринди. Лекин, барибир, фикр-зикри Собиржонда эди. Охири чарчади шекилли, ўзига ихтиёр бериб юборди. Қадамлари бирдан тезлашди. Универмаг қолиб кетди. Катта кўчага чиқиб, театрга етганда эса қадамлари баттар тезлашди. У энди бутун вужуди билан олдинга интиларди. Кўзлари йўлда эди, лекин ҳеч нарсани кўрмасди. Лаблари нималарнидир шивирлар, лекин нималигини ўзи билмасди.
Йўловчилар ҳам ҳайрон эди. Қора духоба нимчасининг тугмачаларини ечиб, қўлларини қаттиқ-қаттиқ силтаганича, йўлканинг ўртасидан ҳеч кимга парво қилмай кетаётган бу кумуш соч кампирни кўриб, баъзилар тўхтаб орқасидан қараб қолишарди. Олдиндагилар эса худди аскар этигининг темир нағалидек асфальтга тапиллаб тушаётган овозни эшитиб орқаларига ўгирилишар ва кекса аёлнинг зарб билан келаётганини кўриб, шошганларича йўл беришарди.
Кўп ўтмай олисдан Собиржоннинг дўкони кўринди. Саври хола тўхтади. У ҳансирарди. Нимчасини ечиб қўлига олди. Шу билан дам олган бўлди-да, яна жадал юриб кетди. Шунча ҳаракат қилса ҳам дўконнинг очиқ-ёпиқлигини билолмади, қадамини яна тезлаштирди. Бир чақиримча юриб, дўконга етди. У очиқ эди. Кампир овозининг борича:
— Собиржон! — деб юборди. Деразадан кимдир мўралади.
— Лаббай, хола?!
Саври хола уни кўрди-ю бўшашиб кетди. Бу — Собиржон эмас эди:
— Собиржон қани? — сўради у бор кучини йиғиб. Лекин овози чиқмади.
— Лаббай? — дўкон эшиги очилди, ичкарида шоп мўйлов бир киши ўтирарди.
— Келинг, кампир, — деди у ва курсига ишора қилди. — Ўтиринг.
Саври хола худди шуни кутиб тургандай шилқ этиб курсига ўтирди. Унинг бутун мадори қуриган, рангида ранг қолмаган эди.
— Собиржон қани? — сўради у бир оз ўзини босиб олгач.
— Собиржонми? — деди шоп мўйлов киши. У кампирга парво қилмасдан, қўлидаги этикка нағал қоқиш билан банд эди. — Собиржоннинг тоби йўқ. Ётибди.
— Нима қилди? — шошиб сўради Саври хола. — Қаерда?
— Уйда, — этиқцан кўзини узмай жавоб берди шоп мўйлов киши. — Уйида ётибди. Нима қилганини билмайман. Ўрнига бориб тур, дейишди, келдим.
Саври хола секин турди. Бутун бадани қақшарди. Оёқлари зўрға қимирларди.
— Ҳа, кампир, ўтирибсиз-да, — деди ямоқчи. — Собиржонда нима ишингиз бор эди? Мен қилиб берай?!
Саври хола индамади. Битта-битта қадам босиб уйи томон юриб кетди. У шошмасди. Қўлида нимчаси судралиб борарди. Нима қилади шошиб? Уйида нима, болалари борми йиғлайдиган? Йўқ. Болаларни Худо унга кўп кўрган. Шошиб нима қилади? Кун ҳам ҳали кеч эмас. Энди қиём бўлибди. Ана, муздек шабада эса бошлади. Ҳаво совиди. Терлагани учунми, Саври хола буни дарров сезди. Нимчасини кийиб олди. Офтоб кўп яхши нарсада. Қурт-қумурсқаям, жонивор ҳам, одам ҳам офтобга интилади. Усиз нима бўларди?
Саври хола уйига келиб, айвонга чўккалади. Анча ўтирди. Кейин самоварга озгина сув солиб, ўт ёкди. Цейлон чой ичгиси келди. Собиржон бир пачкасини қўярда-қўймай бериб юборган эди. Таҳорат олиб, юз-қўлини ювгунча самовар қайнаб чиқди. Аччиқ қилиб дамлади. Шу тоб бир нарса эсига тушиб қолди. Нимчаси устидан апил-тапил камзул кийди-да, эшикка отилди. Тўғри дўконга келди. Дўкон берк эди. Кампир ўйланиб қолди. У нима қилишини билмасди. Кейин нимадир эсига тушиб, дўкон орқасидаги уч қаватли бинонинг ҳовлисига кирди. Ҳовлида йўл-йўл камзул-шим кийган, қўқон дўппили бир киши ғилдирак симини тўғрилаётган боланинг тепасида томоша қилиб турарди.
— Айланай, — деди Саври хола унга рўпара келиб. — Собиржоннинг уйини билмайсизми?
— Собиржон? — сўради қўқон дўппили киши. — Қайси Собиржон?
— Ямоқчи йигит.
— Танимайман, — деди у, гап тамом, дегандай яна болага қараб. — Ямоқчига ишим тушмаган.
— Мен биламан, — деди бола шу пайт ўрнидан туриб. — Бир марта халталарини кўтаришиб олиб борганман. Кўрсатиб қўяйми?
— Бўйингга қоқай! — Саври хола севиниб кетди.
— Майли, — деди бола бурнини шўлқ этиб тортиб. — Фақат машинада борамиз.
— Машинада? Қанақа машинада?
— Мана кўрмаяпсизми! — деди бола ғилдирак билан симини кўрсатиб. — Мен олдинда кетаман. Орқамдан сиз юрасиз. Қўрқманг, олдинга кетиб қолсам, қайтиб келаман. Майлими?
— Майли, болам, майли, — деди Саври хола.
Шундай қилиб, у умрида иккинчи марта машинага «тушди». Лекин бу гал эътироз билдирмай тушди. Бола ғилдирагини ғилдиратиб ҳовлидан чиқди.
— Бип, бип, кетдик! Юринг!
Собиржоннинг уйи олис эмас экан. Бирпасда етишди.
— Мана, — деди бола кичкина қизил эшикни кўрсатиб, — шу ерда турадилар. Кираверинг. Мен кетдим. Бип, бип!
— Бўйингга қоқай, ойинг роҳатингни кўрсин!
Саври хола ичкарига кирди. Торгина ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Тўрда эшик кўринди. Шу ёққа юрди. Юраги дукиллаб ура бошлади. Эшикка яқинлашиб, секин тақиллатди.
— Ким? Кираверинг!
Бу Собиржон эди. Кампир овозидан дарров таниди. Таниди-ю, энтикиб кетди. Эшикни очиб, ичкарига кирди.
Собиржон эшикка қараганича, каравотда ёнбошлаб ётарди.
— Ие! Хола! Келинг! — деди қаддини ростлаб, лекин турмади.
— Келдим, — деди Саври хола. У ўзини энди анча босиб олган эди. — Нима қилди, болам? Тузукмисан?
— Эски ярам қўзиди, — деди Собиржон.
— Қанақа яра?
— Оёғим…
— Оёғингга нима қилган, болам? — хавотирланиб сўради Саври хола каравотга яқинлашиб.
— Оёғимгами? — деди Собиржон ўйланиб. — Оёғим… оёғим йўқ.
— А?! — Саври хола қотиб қолди.
Собиржон ҳам жим эди. У нимадандир уялиб, кўзларини юмиб олган эди. Бир маҳал у жилмайди, кўзларини очиб, Саври холага қаради. Кампирнинг юз-кўзи ёш эди.
— Қўйинг, йиғламанг, фойдаси йўқ. Урушнинг оқибати бу. Йиғламанг. Яхшиси, ишингиздан гапиринг, Қалай, хурсандмисиз.
Саври хола жавоб бермади. У Собиржоннинг оёқ томонидаги юпқа кўрпани чангаллаганича қотиб қолган эди. Бирдан у қаттиқ ютинди, серажин юзи тортилиб, ёш боладек ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Болам, болажоним! Оти қурсин урушнинг, оти қурсин! — дерди йиғи аралаш.
Шу куни Саври хола алламаҳалгача Собиржонникида қолиб кетди. Кўчага чиққанида қош қорайиб қолган эди. Уйи томон борар экан, у шошиларди. Нега шошилмасин? Бутун ишлари чала. Собиржонга иссиқ овқат қилмаса бўладими? Ўзига ўхшаб у ҳам ошни яхши кўрар экан. Йўл-йўлакай Сотиболдиникига кириши керак ҳали. Кўрпа-ёстиғини, кампир нарса, олиб кела олармиди? Иннайкейин, куни бирам яхши! Эрталабки юзни ачитадиган муздек шабада йўқ.
Жоннинг роҳати, куз ҳавоси кўп қизиқ-да. Айнаб қолмасин тағин? Шошиш керак.

1962

ЕР ЁНГАНДА

Тонгги ғира-ширада шаҳарга тушиб кетган келинини Солиҳабиби бу гал қандайдир умид ва сабрсизлик билан кутди. Аммо кун ўтиши қийин бўлди. Пешингача ҳовлида ғимирлаб юрди: оғилхона олдида ғужанак бўлиб ётган помидорни тиргович қўйиб таради, бўйи келиб турсин деб, айвонга яқин экилган бўйрадек жойдаги ошрайҳоннинг тагини чопди. Чорсигина, уч сотих ерда яна нима қилиш мумкин эди? Молга қарай деса, йўқ, сотилиб кетган. Неварасининг тўйига атаб боқиб қўйилган думбаси ҳали тахтакачдек қўчқорни ҳам бир ой бўлди колхозга олинган қарзлар ҳисобига топшириб юборишди, тирик мол-ҳолдан қолгани битта калоннур товуқ. Унинг нимасига қарайди? Ўзи сув, ўзи дон топса?.. Пешиндан кейин қўшнисининг беқасам кўрпасини қавишга ўтирди. Яхши ҳам шу ҳунари бор экан, корига яраб турибди. Кўрпанинг баҳоси бир челак картошка бўлди. Сўрагани йўқ. Қўшнисининг ўзи ташлаб кетди. Шу картошка билан кун ўтиб турибди. Эртага битади кўрпа, бир бурчаги қолди холос. Кейин нима қилади? Қавиғи маъқул келса, талабгорлар чиқиб қолар. Қавиғи маъқул келиши турган гап. Солихабиби кўрпага бу гал палак нусхасини берди. Ўртасида офтоб, тўрттала бурчагида тўртта қўқонгули. Тўғри қавиганида уч кундаёқ битарди. Майли, бахтли бўлсин қиз. Ўғли қайтса, келинига ҳам шундай кўрпа қилиб беради. Ҳозиргиси титилиб, пахтаси копток-копток бўлиб қолибди. Бир қаричда камида элликта қавиқ бўлиши керак. Ана ўшанда қанча тутма, теп-текис тураверади, пахтаси силжимайди.
Товуқнинг қа-қолагани эшитилди. Солиҳабиби беихтиёр ҳовлига назар ташлади. Кун ботди. Нега келинидан дарак йўқ? Ҳеч маҳал у шаҳарда бунчалик қолиб кетмас эди. Яхшиликкамикан? Ажаб эмас, тузук хабар билан келса! Қишлоққа охирги автобус кун ботганда келади. Шунга улгурармикан? Улгурмаса қўлидаги эмизуклик боласи билан қийналиб кетади, болабояқиш.
Солиҳабиби эҳтиётлик билан кўрпани тиззасидан олиб қўйди-да, ҳовлига тушди. Невараси мактабига китоб алмаштиргани кетган эди. Ҳализамон келади. Нима едирса экан унга? Яна товуқ қа-қолади, бир-икки қанот қоқиб, бошини сарак-сарак қилди-да, оғилхонага кириб кетди. Солиҳабибининг яхши кўрган овқати эсига тушди. Оғилхонага кириб, ҳувиллаб турган охурнинг бурчагидаги товуқнинг инидан моякни олиб чиқди. «Ўрнига пиёз қўйиб қўйса ҳам бўлади. Бола бояқиш бир ҳафтадан бери гўшт кўргани йўқ, ранги кетиб қолди. Дадаси қамалди-ю, илгариги шўхлиги йўқолди, кўчага чиқмайди, қачон қараманг, уйнинг у ёки бу бурчагида хаёл суриб ўтиради, китоб варақлайди. Тўққиз ёшлик бола ҳам шунчалик эзиладими?!»
Солиҳабиби қозон тагига ўт ёқиб, озгина пиёз, битта помидор тўғради, сопол товоқнинг юқидаги ёғни қозонга солиб, нон олиб келгани айвонга ўтди. Раҳматли онаси рамазон ойларида саҳарликка кўпинча шундай қовурдоқ қиларди, помидор билан ҳали қотмай хил-хиллаб турган тухумнинг мазаси нонга ўтиб жуда ширин бўлиб кетарди. Дадаси ҳам иштаҳа билан ерди, у ҳам. Шу-шу ўрганиб қолган, вақт тиғиз бўлса, ё уйда бошқа нарса бўлмаса, дарров шундай қовурдоқ қилади.
Тухум чақиб турган пайти ҳовлидан неварасининг тапир-тупир оёқ товушлари келди:
— Ойи?!
— Келавермайсанми, буёқдаман!..
Солиҳабиби шошилиб қовурдоқни бир-икки ағдарди, тухум нон бурдаларига ёпишиб, оқ-сариққа ажради.
— Овқат қилиб турибман, сенга, келавер!.. Турсунбой!
Ўчоқбошининг эшиги олдида Турсун пайдо бўлди.
— Мунча ичикмасанг? — сўради Солиҳабиби сопол товоққа қовурдоқни оларкан.
Турсун жавоб бермади. Унинг кўзлари ўйнар, тер босган юзлари қип-қизариб кетган эди.
— Ойи! Тўлаган… Тўлаганнинг дадасини олиб кетишди. Солиҳабибининг қўлидан капгири тушиб кетди.
— Нега олиб кетишади? Қачон?
Тўлаган невараси тенгги бола эди, у билан бир синфда ўқирди. Отаси колхоз бухгалтери эди.
— Нега олиб кетишади? Қачон? — қайта сўради Солиҳабиби.
— Ҳозир! — деди Турсун. — Мактабдан келаётгандим. Бундай қарасам, дарвозалари олдида милициянинг машинаси турибди. Югуриб бордим. Шундоқ олдимда олиб чиқиб кетишди Мирвали акани. Ойи! Биласизми?! Қўлларини… қўлларини орқасига қайириб олиб кетишди!
Турсуннинг овозида ҳам қандайдир хурсандлик бор эди. Солиҳабиби ичида зил кетди, аммо ҳеч нарса демади. Неварасининг ўзи хурсандчилигининг сабабини ҳаяжон билан айтиб берди:
— Дадам қамалганларидан кейин Тўлаган бошқа партага ўтиб олган эди, айтмовдим сизга. Иннайкейин мен билан ўйнамай қўйган эди. Энди баравар бўлдик!..
— Нима қилган экан Мирвали? — хаёлчан сўради Солиҳабиби.
Турсун елкасини қисди.
— Прписка қилган бўлса керак, — ўзича хулоса қилди Солиҳабиби.— Уйидан бирон нарса чиқибдими?
— Билмадим, — деди Турсун.
— Ишқилиб чиқмасин. — Солиҳабиби тинтувдан қўрқиб қолган эди. — Чиқса кўпга кесиб юборишади. Юр, овқатингни еб ол.
— Кейин!
Турсун яна югуриб кўчага чиқиб кетди.
Солиҳабиби: «Ҳой! Тўхта!» деганича қолди. Товоқни қозонга қўйиб, тувоғини ёпди-да, ҳовлига чиқди. Тўлаганларникига бориб келиш кўнглидан ўтди, йўлак томон юра-бошлади ҳам, аммо ўзини тўхтатиб қолди. Ўғлини олиб кетишаётган кун эсига тушди. Милиционерлар ҳайдамаганда эшикнинг олди уёқда турсин, ҳовли ҳам одамга тўлиб кетарди. Ҳамма нарса одамнинг юзида ёзуғлик бўлар экан. Буни Солиҳабиби алам, азоб, уятдан ичини ит тимдалаётган бўлса ҳам ўша куни яққол кўрди. Тинтув бошланиши билан ўз уйига бегона бўлиб қолиб, тинтувчиларнинг ёнида соядек юрар экан, ер остидан одамларга — қўни-қўшнилари, аллақаёқдан пайдо бўлиб қолган нотаниш башараларга ер остидан қараб қўярди. Шунда билди, ачинганлар бор. Аммо томошага келганлар кўпроқ эди. Улар учун тинтув қанча чўзилса, қанча кўп нарса чиқса, шунча яхши эди. Бу истак, бу ният шундай юз, кўзларига ёзиб қўйилган эди. Бу ҳам майли, ҳаракатларида ҳам, шивир-шивирларининг оҳангида ҳам ниятлари аниқ эди. Милиционерлар ҳайдайди, нари туринглар, ҳалақит берманглар, дейди, зум ўтмай аввалги жойларига қайтиб келишади, ундан ҳам яқинроққа ўтишга интилишади.
Шунинг учун ўзини ушлаб қолди, бормади. Аммо бориши керак эди. Дардман одамгина бировнинг дардини тушунади, ачинади. Бориб, уйдагилардан ҳол-аҳвол сўраши керак эди. Майли, келини қайтсин, қоронғи тушсин, шунда ўтиб келади. Турғун қамалганидан бери, ўзи сезиб-сезмай қоронғини яхши кўрадиган бўлиб қолган эди. Тонг саҳарда туриб, тезроқ кун ботишини тилайди, заруратдан кўчага чиқмаса, ўзича чиқмайди, уй ичида, ҳовлида ғимирлаб кунни кеч қилади. Келини, неваралари ухлаши билан ўрнидан туради, ҳовлига тушиб ўғли юрган йўлларга тикилади, кўчага чиқади, қоп-қоронғи онда-сонда фонарлари милтиллаб турган қишлоқ кўчасида йўл пойлайди, яна ҳовлига қайтиб, айвон зинапоясига омонатгина ўтиради-да, осмонга қарайди, юлдузларга, ойга тикилиб кун санайди. Етмишга етиб, у шундай кулфат бошига тушишини билмаган эди. Баъзи-баъзида Худодан ўлим тилаб, қўлларини чўзади, аммо кексалик ақл-идроки билан ниятидан қайтиб, қўлларини юзига суртмайди, аксинча, ўғли эсон-омон қайтгунича, невараларини йўлга солиб олгунча, соғлик, қувват тилайди. Ун уч ойдан бери шундай қоронғи кеча унинг маслаҳатчиси, овунчи. Кечаларигина у ўзини одамдек ҳис қилади, режалар режалаб чиқади. Кун туғиши билан яна тунни кутади.
Келини намозшом пайти Турсун билан бирга кириб келди.
Солиҳабиби унинг авзойидан бу галги сафари ҳам натижасиз бўлганини сезди. Бунинг устига Турсун Мирвали воқеасини айтиб берган бўлса керак, келини унинг қўлига боласини ташлади-ю, эшикларни тарс-турс очиб, ичкарига кириб кетди. Турсун орқасидан бормоқчи эди, Солиҳабиби тўхтатди:
— Опанг чарчаган, ўзига келсин.
Иккалови иссиқда пишиб кетган, олис йўл элитиб ухлаб қолган чақалоқни ечинтириб, қуруқ чойшабига ўрашди. Отаси қамалгандан кейин туғилган, эндигина саккиз ойлик бўлган болага улар отасисиз, ўзлари исм қўйишган эди. Кичкина Тўлқин қош-кўзлари, бурнининг кичкина бугри билан отасига, бувасига ўхшар эди. Солиҳабиби унинг туғилганидан қанчалик қувонмасин, дилида унга ачинар, отаси қамоқдалигида туғилган, шум қадам, деган гап умр бўйи унга ёпишиб қолишидан қўрқар, кечалари ухламай ўтирган пайтлари Худога ёлбориб, ўғлининг тезроқ қайтишини, шўр пешона невараларига бахт, узоқ умр тиларди.
Кўп ўтмай Раҳима айвонга чиқди. Шишган қовоқлари, чимирилган қошларидан ҳали асабидан тушмаганлиги билиниб турарди. Солиҳабиби неварасига қилган овқатни олиб келди, чой қўйди. Турсуннинг иккала кўзи опасида эди.
— Мунча тикиласан?! Овқатингни есанг-чи! — жеркиб берди Раҳима. — Эртага шуям борми — Худо билади!
У товоққа қўл узатди. Бир бурда ёғлиқ нонни қотиб қолган тухумдан ажратди, тухумни ўғлининг олдига суриб, нонни оғзига солди. Аммо ютолмай чайналиб ўтирар экан, қайинонасига қаради:
— Ҳақиқат йўқ дунёда ойи. Ўғлингиз ҳеч кимга керакмас. Биз ҳам. Биров кимсан, одаммисан демайди. Нега туғдим буларни, ойи? Нега эрга тегдим?!
Раҳиманинг кўзларига ёш келди. Зўрға ютиниб, ёнида ёстиқ устида ухлаб ётган Тўлқинни қўлига олди, бағрига босиб, нам кўзларини чойшабга суртди.
— Йиғламанг опа, — ялинди Турсун.
— Ўзингни бос, болам, — Солиҳабиби уни юпатди. — Ҳечкимга керак бўлмасаларинг ўзларингга кераксизлар, менга кераксизлар. Кўйворишмаса қўйворишмас. Саккиз йил хаш-
паш дегунча ўтиб кетади. Турсунинг ўн бешга тўлади, туппа-туззук йигит бўлади. Эринг қайтади. Ана ўшанда иккаламиз тўрт қават кўрпанинг устида ўтирамиз. Ташвишимиз бўлмайди.
— Овқатларниям ўзим қиламан! — деди Турсун.
Раҳима лабининг четида жилмайди.
— Тоғангга учрашдингми?! — унинг бироз тинчиганини кўриб сўради Солиҳабиби.
— Ҳа, — деди Раҳима. — У кишига ҳам биззи керагимиз йўқ. У кишигаям биз ўғримиз, порахўрмиз. Биздан жирканади у киши. Иложи бўлса бизни кўрмаса!
— Уришиб қолдингми? — Солиҳабиби хавотир олди.
— Уришадиган ҳолим борми, ойи? — истеҳзо билан жавоб қилди Раҳима. — Нимамга ишониб уришаман у киши билан? Тиланчиман-ку ман, ойи!
— Унақа дема, болам, — Авваламбор жигаринг. Қолаверса, буванг кўп қарашган унга. Менам… Менам қараб турмаганман. Уйланганда бир сидра кўрпа-ястиғини ман қилиб берганман. Нима бўлди ўзи?
— Биринчи облсудга бордим, — ўзига келган Раҳима оҳиста гапира бошлади. — Ёзилиб қўйганимни билишаркан, иккинчи эканман раиснинг қабулига. Биринчи ғазалкентлик чол-кампирларакан. Хўп дедим. Фақат раис бугун ҳар галгидек ўн бирда эмас, иккидан кейин қабул қиларкан. Шошилинч юқорига, мажлисга чақириб қолишибди. Майли, дедим, ишқилиб қабул қиларкан-ку, дедим ичимда. Пастга тушиб, облсуднинг олдидаги боққа ўтдим. Шўтта кутай, дедим-да.
— Тоғангникига борсанг бўлмасмиди, иссиқда кўчада ўтирмай? — сўради Солиҳабиби.
Раҳима бир чимирилди-ю, лекин ўзини тутиб олди:
— Шу пайтда у киши ишда бўладилар. Ишхоналарига боргани уялдим. Қўлимда бола, қандай бораман? Боғда скамейка кўп, биттасида ўтириб кутдим. Ҳалиги чол-кампир ҳам келиб ёнимда ўтиришди. Бир жойга иш тушгандан кейин яқин бўлиб қоларкансан одам. Бечораларга юрагим ачиди. Ўғиллари тўрт ярим йилдан бери қамоқда экан. Учта боласи, хотини бор экан. Эси пас одам гапга қўшилиб қолган экан. Навбати келиб гап берибди. Хотини яхши дастурхон ёзибди. Қуюқ-суюқ тортибди. Ошналари кетгандан кейин, кайф баланд, бечорани тутволиб урибди, ўртоқларимни яхши кутмадинг, деб. Кўр бўласиз мени билмасайиз, деб йиғлабди хотини. Билмайман, талоқсан, дебди эри. Учта бола билан қаёққа бораман, ундан кўра, ўлдириб қўяқолинг, деб хотин бояқиш маст эрининг қўлига пичоқ узатибди. Эр ўлгур ўйлаб-нетиб ўтирмасдан, маст-да, қорнига пичоқ солиб юборибди.
— Вой яшшамагур! — Солиҳабиби ҳайрон бўлиб кели-нига тикилиб қолди. — Ўлдириб қўйибдими?
— Йўқ, қўлини тутиб қолган экан, юрагига тегмабди.
— Вой яшшамагур!
Солиҳабибининг ҳайрат ва ғазабдан юзлари чўзилиб кетди.
Турсун ҳам опасига хайрон қараб қолган эди. Ичида адаси қамоқда ётган бўлса ҳам бундай одам эмаслигидан, ҳечмаҳал у бундай қилмаслигидан, опасини яхши кўришидан хурсанд эди. Унинг кўз олдида опаси қамоқхонага олиб борган кун пайдо бўлди. Адаси озиб, ранги кетиб қолган, илгариги қошларигача тушиб турадиган қуюқ қора сочлари олинган эди. Аммо ўша-ўша, ўзи билган, ўзи кўрган адаси. Учрашув хонасига кириши билан уни кўтариб олди, юз-кўзларидан, бошидан ўпди. Кейин Тўлқинни қўлига олди. Ана ўшанда адаси опаси билан қандай яхши гаплашганини кўрди. Опасини ҳам қучоқлади, секин ўпди, қўлларини қўлларига олиб юзига суртди. Йўқ, адаси яхши одам, ҳечмаҳал бундай қилмайди, ҳечкимга пичоқ урмайди.
— Қанчага кесилибди?
Бувисининг саволи унинг хаёлини бўлди.
— Тўққиз йилга. Чол-кампир илгари келишмаган экан. Ярми ўтгани учун келишибди. Чол жуда доно одам экан. Менга шундай ёқди, шундай ёқди! Кампир ҳам ёмон эмас. Аммо анча кўнгли бўш экан. Салга йиғлайди. Рўмолини иккала учи жиққа ҳўл. Айб ўғлимизда, дейди чол, ўлдириб қўйиши мумкин эди. Учта боласи етим қоларди. Қамалгани бир ҳисобда ёмон бўлмади. Эсини йиғиб олди. Хотин нималигини, бола-чақа, ота-эна нималигини ўша ерда билди. Тавбасига таяниб ўтирибди ҳозир. Энди кечиришсин, айтинг, дермиш. Энди қўлига пичоқ олган одам номард, дермиш. Ҳикоятнинг соясига салом бериб ўтаман энди, дермиш. Ҳикоят келинлари, — тушунтирди қайинонасига Раҳима. — Йигит кишининг тавбаси янгитдан дунёга келгани билан баравар, дейди чол, инобатга олмаслиги гуноҳ. Келин барака топкур кечирди уни, ҳукумат ҳам кечирсин, деб келдик, дейди. Кампир нима дейди денг? — Раҳима беихтиёр кулиб юборди. — Ўғлимнинг қўлига келинни ўзи пичоқ тутқазди, гуноҳҳи ярми уни бўйнида, маст одамми қўлига пичоқ бериб бўлами? — дейди. Тўрт ярим йил иккалови — бири қамоқда, бири уйда баравар азоб чекди. Қўшса тўққиз йил бўлади. Етади шу, — дейди. Мундоқ қараганда тўғримасми, ойи?
Раҳима қандайдир умид ва ўзини юпатиш истаги билан қайинонасига қаради. Солиҳабиби унинг ниятини сезди.
— Тўғри, болам. Кампир тўғри гапирибди. Эр-хотиннинг орасида нима ўтмайди? Эрнинг азоби — хотиннинг азоби. Келин эрининг гуноҳидан ўтиб яхши қилибди. Яхши жувон экан. Сенам кўп эзилаверма. Ажаб эмас Турғунбоям тез қайтса!
— Кошкийди?.. — Раҳима яна жиддийлашди, қуюқ қора қошлари чимирилиб, лаблари титрай бошлади.
— Суд нима деди? — унинг хаёлини бўлди Солиҳабиби.
— Нима дерди?! Яна ўша гап. — Раҳима хаёлчан жавоб берди. — Чол-кампир кириб чиққандан кейин кирдим. Қовоқ-тумшуғи осилиб ўтирибди раисни. Билади нимага келганимни. Кўришиминан ўзи гапириб кетди. Пахта бўйича қамалганларни бошқатдан кўриб чиқишаяпти. Эрингизга ҳам навбат келади. Сабр қилинг. Лекин ҳеч нарса ваъда беролмайман, деди. Айбини бўйнига олган, деди. Шуни инобатга олишсин, иккинчи қилмайди, болаларига, менга раҳмингиз келсин, дедим. Йиғладим. Парвойи палак. Без бўлиб ўтираверди. Шу тоб Тўлқин биғиллаб йиғлаб берди. Овитай дейман, бағримга босаман, қани энди тинса! Ўзимми босолмай сўрадим. Қандай бағритош одамсиз, айтинг, нима қилай? Қўлидаги қаламини ўйнаб манга тикилиб турди-да, кейин ўрнидан туриб ёнимга келди. Хафа бўлманг, деди, ростини айтай. Эрингизнинг ишида ўзгариш бўлмайди, деди. Муз бўб кетдим. Билардим шундоқ дейишини. Аммо шундоқ дейди, деб ўйламаган эдим. Ойи! Бу қандоқ кўргилик?! Саккиз йил саккиз кун эмас, чидолмайман ойи, чидолмайман!…
Раҳима йиғлаб юборди. Унга қўшилиб, аллақачон уйғониб кетган, кўзларини шифтга қадаб ётган чақалоқ ҳам йиғлай бошлади, Раҳима беихтиёр уни бағрига босди, аллалаб тебрана бошлади, лекин анчагача ўзи ҳам, бола ҳам йиғидан тинишмади. Солиҳабибининг юпатишлари, Турсуннинг ялинишлари кор қилмади.
Тун кирди. Юлдузлар чарақлай бошлади. Ҳалигина оқариб турган ой сариқ хандалақдек тўлишиб қўшни том устига келди. Шаббода айвонни айланиб эса бошлади. Тунги салқин таъсир қилдими, ё чарчадими, Тўлқин онасининг қўлида ухлаб қолди. Раҳима ҳам ўзига келгандек бўлди. Боласини ёнига ётқизиб ўрин солгани турди. Турсун хонтахтага бошини қўйганича мудраб ўтирар эди. Уни жойига ётқизди. Кийимларини ечар экан, юз-кўзларидан ўпди. Кейин тоғасини кўрганини айтиб берди. Уни ҳам тасодифан учратибди. Уйга овқатлангани келган экан. Келинойисининг энсаси қотса ҳам индамай гаплаштирибди. Тоғаси янаги ҳафтага бир келиб кет, суриштириб кўраман, дебди.
Солиҳабиби келинининг бирмунча тинчиганидан хурсанд бўлиб, ҳовлига тушди. Эшикдан хабар олиб, водопровод тагида таҳорат қилди. Айвонга кўтарилар экан, бир пас қулоқ солди, уй жимжит эди. Келинини ётибди деб ўйлади у. «Бечора, қандай қувноқ эди, хаёлидан ўтди унинг, кулгисидан дил яшнарди, бир йилда тўкилди-қўйди, сочигаям оқ тушибди. Кўрдимикан ўзи? Кўрса яна эзилади».
Раҳима у қайтгунча айвоннинг биқинига ўрнини солиб қўйибди. Кўрпа устига чузилди. Шу тоб ичкаридан ички оқ кўйлагини кийган Раҳима чиқди.
— Ҳа, болам? — сўради Солиҳабиби.
— Ювинмоқчиман, — деди Раҳима. — Ичим ёниб кетаяпти.
— Қарашворайми? — Солиҳабиби бошини кўтарди.
— Йўқ, ўзим. Шундай, водопроводнинг тагига ўтираман.
Раҳима оёқ яланг ҳовлига тушиб кетди.
Кўп ўтмай Солиҳабиби сувнинг шарқираб очилганини, келинининг аввал сесканиб, кейин ҳузур қилиб, ҳаммаёққа сув сачратиб ювинаётганини эшитди. «Нимани кўрди бечора, — хаёлидан ўтди унинг. — Шундоқ қувнаб-яшнаб яшаши ўрнига, боши ташвишдан чиқмай қолди».
Раҳима қайинонасини безовта қилгиси келмадими, ё уялдими, оёқ учида айвонга чиқди. Солиҳабиби беихтиёр унга тикилиб қолди, келинини хушбичимлигини биларди, аммо анчагина кўҳлик экан. Бўйи баланд, сарвдек тикка экан. Сочлари ҳам узун экан. Шундай ёйилиб белигача тушиб турибди. Нозик баданига тарам-тарам бўлиб ёпишган жиққа ҳўл кўйлагидан чак-чак томаётган сув томчиларидан бир томчиси сачраб Солиҳабибининг лабига тушди. Баҳор нафаси, бинафшанингми, ялпизнингми ёқимли иси димоғига урилгандек бўлиб кетди. «Ишқилиб бахти очилиб кетсин», — яшин тезлигида хаёлидан ўтказди Солиҳабиби.
Раҳима ичкарига кириб кетди.
«Ишқилиб бахти очилиб кетсин», — деди яна ичида Сдлиҳабиби. Кейинги пайтларда у ўғлидан ҳам кўра кўпроқ келинини ўйлайдиган бўлиб қолган эди. Бировнинг боласи, якка ёлғиз қизи. Уникига келиб, келин тушиб, нима кўрди? Энди бири икки бўлай деганда ёш боши билан ташвишга қолди. Тағин ҳам фил экан, касал-пасал бўлиб, ётиб қолса нима бўлади? Болаларининг ҳоли нима кечади?
Солиҳабиби шундай оғир хаёллар билан ётар экан, тун яримлаб қолганини сезмади. Аммо унинг ҳамон уйқуси келмасди. Ҳаммаёқ жимжит. Осмон тинч, юлдузлар тинч. Том орқалаб юрган ой тиккага кўтарилган. Фақат олисда, қишлоқнинг олдидаги катта йўл томондан итларнинг вовуллагани, пахса деворларнинг ковакларидан чигирткаларнинг чирқиллагани онда-сонда қулоққа чалинарди. Бошқа ҳамма нарса, бор тирик жон тин олаяпти, уйқуда. Ҳаммамикан? Бугундан бошлаб қишлоқнинг яна бир уйида тинчлик йўқолди. Мирвалиларникида. Келини оғиз очмади бу ҳақда. Унинг ҳам гапиргиси келмади. Ярага туз сепиб нима қилади? Беайб парвардигор. Лекин наҳотки шунча одам айбдор бўлса? Шунча одам ҳаром яшаса? Саид оқсоқол ўн саккиз минг, деди. Наҳотки ўн саккиз минг кишидан инсоф, диёнат кетган бўлса?
Ичкари уйнинг эшиги секин очилиб, Раҳима пайдо бўлди.
— Ойи? — чақирди у бўғиқ овозда.
Солиҳабиби нима қилишини билмай қолди. Ҳа деса, яна ухламаяпсизми, деб хафа бўлади. Индамаса, дардини ёзолмай тонггача эзилиб чиқади. Яхшиси, индамагани маъқул. Ётсин, бирпас болабояқиш дам олсин. Шундай қилди, овоз бермади.
Раҳима оёқ учида ҳовлига тушди. Солиҳабиби кўзларини очди. Шаҳарга кийиб тушган товар кўйлагини кийиб олган келини оғилхона томон юриб борарди. Кечаси ҳовлига чиқиб юрадиган одати йўқ эди унинг, қўрқарди. Қорни очдимикан? Қозонда ҳеч вақо йўқ-ку?! Солиҳабиби бошини кўтарди. Раҳима ўчоқбошига кирмади, бирпас эшик олдида турди-да, девордаги қозикда осиғлиқ турган арқонни олди. Кейин қаёққадир ғойиб бўлди. Шафтоли шохлари тўсиб турган оғилхона эшиги «ғийқ» этиб очилиб-ёпилгани эшитилди. Солиҳабибининг юраги орқасига тортиб кетди. Даҳшатли гумон хаёлидан ўтди. «Раҳима!» деб қичқирди. Лекин қўрқув ва ҳаяжондан овози чиқмади. Шошиб ўрнидан турди-да, айвондан қандай тушганини билмай оғилхонага югурди. Эшикни очганда, Раҳима ғишт охурнинг устига чиқиб, бўйнига сиртмоқ солаётган эди.
Солиҳабиби «Ҳой!» деди-ю, югуриб бориб, қўлларига чанг солди.
— Нима қилаяпсан, аҳмоқ?!
Раҳима бўшашиб охурга ўтирди.
— Жинни бўлдингми? — қичқирди яна уни елкаларидан силкитиб Солиҳабиби. — Болларни ўйламадингми? Манда нима касдинг бор? Шарманда қилмоқчимисан ҳаммамиззи?!
— Тўйдим, — Раҳиманинг овозида на алам бор эди, на ғазаб. — Тўйдим, ойи. Ҳамма мендан юз ўгирди. Эртага болага нима бераман? Ишга чиқай десам, Тўлқинни қаёққа қўяман? Ўғлиз ҳали-вери қайтмайди. Нима қилай? Ўзимми бозорга солайми?
Солиҳабиби унинг ёнига ўтирди. Елкаларидан қучоқлаб, бағрига тортди.
— Болажоним! Шўрпешонам! Қўй, ўзийни бос. Иккита кап-катта хотин жўжадек болларни боқолмаймизми? Боқамиз. Қўғирчоқдек ясатиб ҳам қўямиз. Сабр қил, болам, сабр қил. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ. Одам бошидан нималар ўтмайди? Отилиб кетганларнинг ҳам бола-чақаси юрибди. Иннайкейин санда нима гуноҳ? Нимангдан уяласан? Париштанинг ўзисан. Эринг қайтади. Ундан уялаётган бўлсанг, мен онасиман, билиб қўй. Унда гуноҳ йўқ. Унинг бошини айлантиришган. Бир балоларни ваъда қилишган, ё қўрқитишган. Очилади бу ҳали. Тинч бўл, болам. Иккинчи бунақа иш қилма. Қани, манга қара-чи? Манга қара!
Солиҳабиби келиннинг бошидан, юзларидан силаб, ўзига қаратди.
— Оппоғим! Беғуборгинам!..
Шу алпозда улар бир-бирларига суяниб охур устида ўтиришганича тонг ота бошлаганини сезишмади. Раҳима кампирни аяса, Солиҳабиби уни уйдами, шу ердами, ёлғиз қолдиришдан қўрқди.
Тонг отиб, қишлоқдан чиқаверишдаги бозорчадан Солиҳабиби бир товоқ қаймоқ ва иккита иссиқ нон олиб келган-да, Раҳима гўё ҳеч нарса бўлмагандек кўйлагининг этагини липпасига қистириб, ҳовли супурарди.
— Мунча эрта турмасанг, болам? Ҳовлиям чиннидек эди!
Раҳима бошини кўтармади:
— Кун исийдиганга ўхшайди. Уйнинг ичи ёнаяпти. Ухлолмадим. Қалин қилиб сув сепмоқчиман.
У ниманидир хиргойи қилабошлади. Кейин бирдан тўхтади:
— Ойи! Тоғам ҳаракат қилармиканлар?
— Нега ҳаракат қилмасакан? Жигаринг-ку! Қилади, — айвонда дастурхон ёзабошлаган Солиҳабиби келинига ўгирилди. — Турғунни у яхши кўрарди. Иши чиқиб қолса ҳовлисида, чақириб турарди. Ҳаракат қилади.
У шундай деди-ю, ўз гапига ўзи ишонмаётганини сезди. Турғунни олиб кетишган куни ўзи бориб келди жияниникига. Кейин икки марта Раҳима борди, кеча мана, яна кириб келибди. Аммо Тошкентда каттакон ишдаги жиянидан аниқ гап эшитгани йўқ. Наҳотки шунчалик бемеҳр бўлса? Ё у ҳам қўрқаётганмикан? Нимадан қўрқади? Турғунда айб йўқ. Айби бошлиғининг айтганини қилгани. Ўзига нима олибди? Тинтувда чиқарди олган бўлса? Иннайкейин у, ё бўлмаса келини биларди олган нарсасини. Бунинг устига, уйига ҳаром нарса, ўғирлик нарса келтирармиди?! Ўзи боради, ўзи бориб, гаплашади. Солиҳабиби миннат қиладиган одамлардан эмас. Иннайкейин, туғишган акаси, қони бир одамнинг боласидан миннат қилармиди?! Адҳамбек урушда бедарак кетгандан кейин эр-хотин топишганини укасининг оиласи билан бўлиб ейишди. Равшанбек буни яхши билади. Ўзи гапирган неча марта. Наҳотки, бошларига шундай оғир ташвиш тушганда, ўзини четга олса?
Бугуноқ боради, нонушта қилади-ю, жўнайди.
Шу фикр миясига келиб, Солиҳабиби анча енгил тортди, тунги даҳшатли воқеани унутди. Келини олдига нон ушатиб қўяр экан, яна уни ўзича юпатди:
— Худо пошшо, болам. Ҳеч маҳал бандасини зор қилиб қўймайди. Чойингни ичиб бўлиб, манга кичкина челакда помидор териб бер. Турсунбойни ясантир.
— Нима қилмоқчисиз?
Раҳима ҳайрон бўлди.
— Шаҳарга тушиб чиқаман, — Солиҳабиби гап қайтариб бўлмайдиган, қатъий оҳангда гапирди. — Равшанбекка ўзим учрашиб келаман…
Қорақишлоқ Янгийўлнинг шундай биқинида. Эллик йил муқаддам Андижоннинг Найманчасидан қулоқ қилинганлар шу, Тошкентнинг юқорисидаги, Сариоғочга туташ ташландиқ жойга кўчиб келишган. Улар орасида Солиҳабибининг отаси Ҳамробек ака ҳам бор эди. Солиҳа ўшанда худди Турсундек ёш, эндигина тўққизга кирган, Равшанбек ҳали туғилмаган эди. Уруш бошланишидан бир ой бурун уни узатишди. Эри Обиджон урушга кетди. Солиҳабиби у йилларни эслашни ёмон кўрарди. Кетма-кет отасини, онасини кўмди. Бунинг устига ҳали таниб-билиб улгурмаган эрининг хонадонига кулфат тушди. Қайинотаси ҳам урушга кетиб, йил ўтмай ҳалок бўлди. Икки оиланинг ташвиши унинг елкасига тушди. Ўқишни ташлаб, фермага ишга кирди. Қоронғида кетиб, қоронғуда қайтади. Қайтганида ҳам тинчлик йўқ, кечаси билан кийим тикади. Енгсиз пахталик нимчани ўша йиллари у ўйлаб топди. Қўшни қишлоқлардан келиб буюриб кетишади, Қорақишлоқнинг ярми қишни унинг шу пахталик нимчаларида ўтказадиган бўлди.
Обиджон бир қўлидан ажраб урушдан қайтган йили Калинин ўлди-ю, Қорақишлоққа унинг номи берилди. Лекин ҳалигача қари ҳам, ёш ҳам бу номга кўниккани йўқ. Расмий қоғозлардагина ёзилади, холос. Оғизда ҳамма Қорақишлоқ дейди. Бутун водийга донғи кетган Найманчанинг қора анжири бу ерда ҳам битадиган бўлганиданми, ё қулоқ қилинган қора кунлардан хотирами, ё уруш йиллари қора хат кўп келганданми, ҳечким аниқ билмайди, бу ташландиқ жой Қорақишлоқ бўлиб кетди, ҳамма шунга ўрганиб ҳам кетди.
Обиджон колхозга ишга кирди, хотини билан фермада ишлай бошлади, кейин мудирлик қилди. Учинчи фарзандлари, Турғунбой туғилганда (олдинги иккитаси турмади, қизамиқдан ўлиб кетишди) Обиджон фермада эди. Хушхабарни эшитиши билан отга миниб, уйга жўнади. Қаттиқ ҳаяжонга тушиб кўрмай қолдими ёки от ҳуркдими, темир йўлдан ўтаётганда поезд уриб юборди. От омон қолди, тўрт йиллик даҳшатли урушдан ўтиб келган одам эса уйининг олдида жон берди. Солиҳабибининг энг катта алами шу эди. Отаси сингари, кўпчилик тенгқурлари сингари урушда ҳалок бўлганида бунчалик алам қилмасди. Омон қайтса-да, пишқириб келаётган поездни кўрмай, унинг тагида қолиб ўлса?! Бундан ҳам қаттиқ алам, дард бўлиши мумкинми?
Отасининг еттиси куни, чақалоққа Турғун деб исм қўйишди. Ўшанда Солиҳабиби ўттиз уч ёшда эди. Турмуш қурмади, не-не жойлардан совчилар келди, йўқ деди. Битта бола билан қолди. Мана энди шу болани деб, шаҳарга кетаяпти. Акасининг ўғли Равшанбек шаҳарда ўқиб, шаҳарда қолиб кетди. Уч-тўрт йилдан бери министр ўринбосари бўлиб ишлайди. Нимжон, касалманд бола эди, отасига иккита келадиган бўлиб кетган. Солиҳабиби уни яхши кўрарди, болалигида кўтарарди, катта ариқда оёқларидан, қўлларидан ушлаб, чўмилтирарди. Обиджон ҳам «годовой» чиққанида, бир арава-бир арава сабзи, пиёз қилиб ташлаб келарди. Наҳотки шуларни унутган бўлса? Аммо одам боласини билиш қийин. Ичига кириб бўлмаса! Давлат келиб, ақли кетганлар, босар-тусарини билолмай, бу дунёга омонат эканларини унутганлар оз эмас. Келинига жуда қатъий гапирса ҳам, Солиҳабибининг дилида шундай шубҳа ғимирлаб турарди. Турғун кесилганидан бери Равшанбек тайинли бир гапни уларга ваъда қилгани йўқ.
Шаҳарга тушишидан, тағин бувиси билан тушишидан Турсун ҳам хурсанд эди.
— Ойи, адамларниям кўрамизми?
— Кўрсатса, — деди Солиҳабиби. — Кўрсатмаса, опанг билан тушганингда кўрасан.
— Ойи! Тўлаганниям адаси порахўрми? — сўради Турсун.
— Қайдам? — иккиланиб жавоб қилди Солиҳабиби. — Пора олганми, пора берганми, билмайман. Иккаловиям бир гўр. Гуноҳ. Тўхта! — ҳушёр тортди бирдан у. — Тўлаганниям адаси, деганинг нимаси? Адангни порахўр деб ўйлаяпсанми?
Турсун уялиб бошини қимирлатди.
— Йўқ, аданг порахўр эмас. Порахўрларни пичоғи мой устида бўлади. Аданг лабарант эди. Лабарантда нима бўларди? Адангни алдашган. Манавини хўжайинизга бериб қўйинг, дейишган. Адангам бу газетага ўроғлиқ нарса нима экан, деб суриштирмай-нетмай олиб қолган. Хўжайинига бергунча милиса босган. Адангни гуноҳи шу. Аданг порахўрмас, ўғрияммас.
Солиҳабиби ишонч билан гапирди. Неварасини ҳам, ўзини ҳам у алдашни истамасди. Агар ўғли чиндан пора олганида бундай демасди. Ёлғон ҳам порахўрлиқдан баттар гуноҳ. Ростини айтарди, неварасини бошқа гаплар билан овутарди, бошқача насиҳат берарди. Аммо ўғли фақат унга эмас, судда ҳам шундай деди, қоғозга ўроғлик нарса пуллигини билганимда, поралигини билганимда олмас эдим, деди. Суд ишонмади. Нега у, она, ўз боласига ишонмас экан? Иннайкейин шундай оғир пайтда бола онасини алдармиди?!
— Катта бўлсам, ман ҳечам бухгалтер бўлмайман, лаборантам бўлмайман.
Унинг хаёлини бўлди Турсун.
— Тўғри қиласан, — маъқуллади Солиҳабиби. — Олим бўгин, ё дўхтир бўгин. Олимлар ҳар хил китоблар ёзишади, одамларни яхшиликка ўргатишади. Дўхтирлар шифо келтиради. Ёшу қарининг дуосини олади. Пора нималигини билмайди. Ким бўласан? Дўхтир бўласанми?
— Майли, дўхтир бўламан, — бувисини хафа қилгиси келмай рози бўлди Турсун. — Тиш дўхтири бўламан. Анави ғит-ғит машина билан Тўлаганни адабини бераман.
— Ундоғ дема, қўй, — Солиҳабиби неварасини ёмон ниятидан қайтарди. — Бечора бола адабини еб ўтирибди отаси қамалиб. Сени мазах қилмайди энди.
Улар шундай гаплар билан катта кўчага чиқаверишдаги толзорга етишди. Автобуснинг сўнгги бекати шу ерда, чойхона рўпарасида эди.
Солиҳабиби қўлидаги усти дока билан ёпилган челакни ерга қўйиб, қаддини ростлади. У ҳам невараси каби бирдан қарор қилиб, шаҳарга тушаётганидан хурсанд эди. Ҳар ҳолда бир гап топиб келади, хотири жам бўлади. Келинидан ҳам кўнгли тинч эди. Ёмон фикр одамнинг хаёлига кечаси келади, қоронғида келади. У эса қоронғи тушгунча қайтади.
Чойхона томонда ёз бўлишига қарамай, кўк мовут чакмон кийиб олган бир чол кўринди. У ҳассага таяниб битта-битта юриб келади. Солиҳабиби таниди. Қишлоқ мутаввалиси Саидоқсоқол эди. Айтишларича, динга қарши юриш авжига чиққан йиллари Ширинсойдаги мачитни бузишга қарор қилишибди. Аммо ҳеч кимнинг юраги дов бермабди. Шунда яқинда комсомолга ўтган Саид мачитнинг томига чиқиб биринчи кетмон урган экан. Ўшандан кўп ўтмай ўнг тарафи, юзидан оёғигача қотиб қолган. Не-не докторлар кўрмади. Қўли, оёғи ҳаракатга келди-ю, аммо юзи қотганича қолди. Шундан бўлса керак, халқ уни орқасидан Саидқийшиқ ҳам дейди. Анчагина ўқимишли бўлганидан, ваъзхонлигидан узоқ йил қишлоқ кенгашида ишлади. Уруш йиллари халқ унинг гуноҳидан ўтиб мутаввали қилиб қўйди. Шу-шу бирон маърака усиз ўтмайди, катталар қатори уйнинг тўри уники. Обид аканинг йилигача ҳамма маъракаларида ўзи бош бўлиб турди, Турғун қамалгандан кейин ҳам бир неча марта келиб ҳол сўраб кетди.
— Ҳа, чевар, йўл бўлсин? Шаҳаргами? — сўради яқинлашганда.
— Шундоқ, — Солиҳабиби ийманиб жавоб қилди, хайрли ишга кетаётиб биринчи кўрган одами Саидоқсоқол бўлганидан, яхшиликкамикан, ёмонликкамикан, билолмай хавотирланди. — Айланиб келайлик она-бола.
— Тўғри қиласиз, чевар, — Саидоқсоқол тўхтади. — Кўрган эшитгандан маъқул. Турғунбойга салом айтинг. Сабр қилсин. Яхши ишласин. Яхши ишлаганга бир кун уч кунга ўтармиш.
— Кўрсатадими, кўрсатмайдими, билмайман, — жавоб қилди Солиҳабиби. — Бугун кўрсатадиган кунимас.
— Кўрсатади! Шундай паҳлавон билан борасиз-ку, кўрсатмайдими?!
Саидоқсоқол Турсуннинг бошидан силади. Автобус келди. Солиҳабиби челакни қўлига олди.
— Саломни унутманг, чевар! — бир юзи билан жилмайиб қичқирди Саидоқсоқол. Солиҳабиби неварасини машинага чиқариш билан овора эди, индамади.
Бир ярим соат чамаси ҳар ер-ҳар ерда тўхтаб, автобус уларни Олой бозорига олиб келди. Шу ердан у орқага қайтарди. Солиҳабиби бир кўлида челак, бир қўли билан неварасини маҳкам ушлаганича автобусдан тушди. Жиянига учрашиш зарурлигини тушунса ҳам аввал турмага боришга қарор қилди. Бозор дарвозасидан сал нарида трамвай тўхтарди. Шу ёққа юрди. Турсун унинг ниятини сезди.
— Адамларни кўрамизми олдин? — сўради у қувониб.
— Борайликчи, болам. Зора кўрсатса!.. Солиҳабиби буёғига йўлни яхши биларди.
Турғунни суддан кейин тўғри шу ёққа олиб келишганда, орқама-орқа у ҳам келган эди. Суд ҳукмини яхши эшитган бўлса ҳам, ўғлининг қамалганига ишонмай, уч кун турма олдида қолиб кетди. Гўё хато тузалади-ю, Турғун мана, ҳозир бўшаб чиқади! Қорни оч чиқади ҳойнаҳой. У шу фикр билан уч кун турмадан бозорга, бозордан турмага қатнаб иссиқ-иссиқ нарсалар олиб келиб ўтирди. Аммо турманинг бесўнақай темир дарвозаси унинг ўғлига очилмади.
Трамвай тез келди. Одам кам эди. Иккаловлари юмшоқ курсиларда ўтириб турмага етиб боришди. Аммо орзулари ушалмади. Солиҳабиби қанча илтимос қилмасин, ичкарига киритишмади. Погонига қўш юлдуз таққан ўғли тенги ёш милиционер чиқиб, ҳатто койиб берди. Мумкин эмас, деди. Якшанба куни келинглар, деди. Турсун йиғлаб жон амаки, деб ялинса ҳам кўнмади, ҳаққим йўқ, деди.
Суви қуриган ариқ лабида, қовжираган ўт устида кетолмай ўтиришар экан, Турсун баланд темир дарвозага сим-симдек тарақ-туриқ қилиб ҳар очилганда қизарган кўзларини мўлтиратиб қарар, ичкарига кириб кетаётган усти берк машиналар ортидан югургиси, дадасининг бўйнига ёпишиб: «Ада! Сизни жудаям соғиндим, тезроқ уйга қайтинг!» дегиси келарди. Эрталаб онаси кийинтираётганда ҳам, автобусда келишаётганида ҳам дадасига айтадиган кўп гапларни ўйлаб қўйган эди, арифметикадан охирги чоракка беш олганини, синф раҳбари уни мақтаб, ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатганини айтмоқчи эди, яна анча ўйлаган гаплари бор эди, ҳаммаси ичида қолди.
— Хафа бўлма, болам, — юпатди уни Солиҳабиби. — Отдих куни опанг билан келасан, кўрасан адангни. Буларга ҳам қийин, ҳар ким хоҳлаган куни келаверса, турма турма бўладими? Тартиб бўлиши керак, айниқса шунақа жойда. Келасанми отдих куни?
Турсун ёшга тўлиб турган кўзларини муштлари билан артиб, бошини қимирлатди.
— Хафа бўлма. Ўзим четларига гул солиб патир нон ёпиб бераман. Аданг патир нонни яхши кўради. Санам яхши кўрасан-а? — Турсун яна бошини силкитди. — Ўргулай сандан, қоқиндиғим. Чанқамадингми? Чанқаган бўлсанг, газ сув обераман. Қанақасини оберай? Қизил сувми, ё сариқ сувми?
— Қизил, — деди ўпкаси тўлиб Турсун ва бирдан ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
Солиҳабиби уни ўзига тортиб, бағрига босди. Елкаларидан, бош-кўзидан силаб, ўпди. Турсун анчагача ўзига келолмай, бўғилиб-бўғилиб йиғлади-да, чарчадими, ё бувисининг эркалагани элитдими, ухлаб қолди…
Кун тиккага келганда, улар қариндошлариникига етиб боришди. Ҳайвонот боғига яқин сокин ва салқин кўчадаги эшиклари ҳам ҳовлига, ҳам кўчага чиқадиган тўрт қаватли ғишт уйнинг кенг зиналаридан кўтарилишар экан, Турсун хавотир олиб, сўради:
— Уйда ҳеч ким бўлмаса-я, ойи?
— Унда ҳайвонот боғига олиб кираман сани, — деди Солиҳабиби юраги ғулғулага тушиб. — Узоқмас, ҳов ана, кўчанинг охирида.
— Биламан, опам олиб тушганлар. Тоғамми кўрганимиз яхши.
Турсун югуриб учинчи қаватга кўтарилди ва таниш эшикнинг қўнғироғини босди. Алламбало музика чалиниб бўлиши билан эшик очилди.
— Вой, Турсунмисан?
— Ассаломалайкум!
Турсун узун гулли халат кийиб олган хуш табиат аёлга қўлини узатди. Аёл уни қучоқлаб, пешонасидан ўпди.
— Ким билан келдинг? Опанг қани?
Турсун жавоб бериб улгурмади, пастдан бувисининг овози келди:
— Зумрадхон! Ман келдим, болам!..
Улар қуюқ кўришишди. Ичкарига киришганда, Турсун келинойисига яхши кўрингиси келдими, ё очиқ чеҳра билан кутиб олганидан хурсанд бўлиб кетдими, шошиб бувисининг қўлидаги челакни кўрсатди:
— Биз сизга помилдори олиб келдик. Дориси йўқ. Ойим ўзлари экканлар! Қаранг!
— Вой, ойингдан айланай! Овора бўлиб нима қилардинглар шу иссиқда?
Зумрадхон шундай деди-ю, Турсун билан бирга Солиҳабибининг қўлидан челакни олиб, устини ечди.
— Мунча чиройлик?!
— Мазасини айтинг, болам, мазасини! — Солиҳабиби ҳам келиннинг чеҳраси ёришиб турганидан енгил тортиб гапга аралашди. — Шакар, шакар!..
Зумрадхон бир хил, қип-қизил олма нав помидордан биттасини олиб ҳидлади.
— Ҳидиям бошқача! — мақтади у ва ичкари хоналардан бирига кириб, бир ҳовуч зар қоғозли конфет олиб чиқди-да, Турсуннинг қўлларига солди. — Катта йигит бўлиб кетибсан-ку, Турсун?!
Турсун уялиб жилмайди.
Фотиҳадан сўнг Зумрадхон дастурхон ёзаётган эди, Солиҳабиби тўхтатмоқчи бўлди.
— Бирров кўргани келдик. Овора бўлманг, болам. Равшанбек яхши юрибдими?
— Яхшилар, раҳмат. — Келин барибир дастурхон тузади, нон, қанд-қурс олиб келиб қўйди. — Э, опа, уззу кун ишдалар. Шанба йўқ, отдих йўқ, узилиб қоласиз бунақада, сал ўзингизга қаранг, дейман. У кишини биласиз-ку, оналари ишга туққан. Ҳамманинг иши, ташвиши у кишининг бошида. Министр бор, бошқа ўринбосарлар ҳам бор-ку, дейман жаҳлим чиқиб. Йўқ, ўз билганларидан қолмайдилар. Кошки одамлар қадрига етса, етмайди.
Солиҳабиби Зумрадхоннинг гап орасида гап қистириб кетиш одатларини биларди, ҳозир ҳам унинг нима демоқчилигини сезди, лекин бошқа иложи йўқ эди, шунинг учун мақсадга ўтақолди.
— Барака топсин Равшанбек. Ҳожат чиқариш ота касби. Бировлар қадрига етмаса етмас. Ўзи хурсанд бўлса бўлди. Болам, манам Турғунбойни гаплашиб келай, деб келдим. Нима деркин, нима ёрдам бераркин… Йилдан ошди, ҳеч ўзгариш йўқ.
— Турғунни яхши кўрадилар жияниз. Қўлларидан келганини қиладилар.
Зумрадхон шундай деб, бурчакда, телевизор устида турган телефонни олди.
— Раҳмат, барака топинг, болам.
Солиҳабиби рўмоли учи билан намланган кўзларини артди.
— Равшан ака? Менман, ҳа, — Зумрадхон унга эътибор бермай, трубкага гапирди. — Тинчлик. Солхапам келганлар. Гаплари бор экан сизда. Келасизми? Ош қилиб тураман.
Лаббай?
Солиҳабиби унга илтижо билан тикилди. Зумрадхон телефонни жойига қўйди.
— Обедга келадилар. Хурсанд бўлиб кетдилар келганингизни эшитиб.
— Барака топсин Равшанбек. — Солиҳабиби дуо қилиб, қўлларини юзига суртди ва келиннинг ўрнидан турганини кўриб, қўшиб қўйди. — Бизани ўйлаётган бўлсангиз овора бўлманг, болам.
— Овораси бор эканми! Иннайкейин тузукроқ овқат едирмасам бўлмайди жиянизга. Оч қолиб кетадилар, ҳеч ўзларини ўйламайдилар.
Зумрадхон ошхонага йўл олди, нимадир эсига тушиб қайтди-да, телевизорни қўйди.
— Зерикманглар. Мен дарров.
Турсун ўзида йўқ шод эди. Ейишга уялиб, зарҳал қоғозларга ўралган конфетларни стол устига гоҳ ундай, гоҳ бундай тахлаб ўйнар экан, севинчини яширолмай бувисига қаради. Унинг бу қарашида ҳам ҳавас, ҳам шундай қариндошлари, шундай чиройли, келишган, мулойим келинойиси борлигига ғурур ёзуғлик эди. Солиҳабиби жилмайиб қўйди. Телевизорда қандайдир фильм кетаётган эди. Кўзлари экранда бўлса ҳам, аммо ҳеч нарса кўришмади, иккалови ўз хаёллари билан банд эди. Турсуннинг бояги, қамоқхона олдидаги аламларидан асар қолмаган, келинойисининг муомаласидан семириб, тоғаси келади-ю, битта телефон қилиши билан адасини қўйиб юборишадигандек яшириб бўлмайдиган сабрсиз ҳаяжон ичида ўтирарди. Солиҳабиби ҳам бирдан-бир умиди Равшанбек билан учрашишга муяссар бўлганидан анча ўзига келган, невараси олдида жуда бўлмаганда битта иши амалга ошганидан кўнгли таскин топган эди. «Ҳарҳолда қариндош-ку, — ўйларди у жиянини. — Ҳаракат қилар. Келин тушмагур ҳеч ким қадрига етмайди, дейди. Йўқ, яхши одам кўп дунёда. Қадрига етади. Ҳаракат қилса, Турғуни чиқса, бошига кўтаради иккаловини, соясига салом бериб ўтади».
Дам еяётган гурунчнинг ёқимли иси димоққа урилди.
— Хурсандмисан, болам? — сўради Солиҳабиби неварасидан.
Турсун оғзи қулоғига етиб жилмайди.
Равшанбек келиб, иккалови билан қуюқ кўришди, Турсунни ҳатто даст кўтариб, пешонасидан ўпди. Ош келгунча гап бермай, ҳаммани бир-бир сўраб чиқди. Солиҳабиби унинг кўнглини олиш учун ичини ит тимдалаётган бўлса ҳам ниятига ўтмай, ҳамма саволларига тоқат билан, ҳатто керагидан ҳам зиёд, бафуржа жавоб берди, Зумрадхон қип-қизил, ҳар битта гурунчи дона-дона бўлиб ялтираб турган ош олиб келганида ҳам ўз гапига ўтмади.
— Ачичувни қаранг, Солхапам олиб келган помидордан. Бирам ширин, — мақтади Зумрадхон.
— Дори солинмаган, тоға, — қўшиб қўйди Турсун.
Равшанбек аччиқ-чучукни ҳам, ошни ҳам иштаҳа билан еди. Солиҳабиби чайналиб ўтирди. Кўз олдига ўғли, тунги қилиғи билан юрагини тилка-пора қилган келини келди-да, томоғидан ўтмади, неварасини ундади. Аммо Турсун ҳам чайналиб ўтирди. Ҳашаматли уй, тоғаси, икки гапнинг бирида олинглар, деб қистаган келинойисининг салобати босди.
Овқатдан сўнг, Равшанбекнинг ўзи гап очди, Раҳимага кеча яна бир суриштиришни ваъда қилганини айтди. «Турғунда айб йўқ. Албатта қонун нуқтаи назаридан пора олган ҳам, пора берган ҳам жазога тортилиши керак», — деди у. Турғун ўртада турган, холос. Пахта пунктининг бошлиқлари билан порахўрга чиқариб қўйишганига у ҳам қўшилмайди. Бир нарса қилиш керак. Маслаҳатлашиб кўради, таниш-билиш қидиради.
Шу тоб ошхонада юрган Зумрадхон эрини чақирди. Равшанбек анчагача йўқ бўлиб кетди. Улар нимани гаплашишди, Солиҳабиби эшитмади. Аммо жияни ўзгариб қайтди.
— Танишларни суриштираман, — деди у гапга хулоса қилгандек. — Лекин биласиз-ку, опа, ҳозир қанақа давр, қамалибдими, демак бирон пап бўлса керак, деб ўйлайди ҳамма. Нима қилиш керак, билолмадим. Қуруқ гапдан бошқа бирон исбот йўқ.
— Исбот унинг рост гапи, — эътироз билдирган бўлди Солиҳабиби. — Йўқ дема, болам. Бир уннаб кўр. Обис қилишди, обисда ҳеч нарса чиқмади, шу исботмасми?
— Ҳаракат қиладилар. — Янги чой кўтариб қелган Зумрадхон гапга аралашди. — Таниш-билишлари суд идораларида йўқ-ку, лекин ҳаракат қиладилар. — У эрига мурожаат қилди. — Солхапамми гаплари тўғри. Рост гап исботамасми, Равшан ака?
— Исбот-ку, аммо… — Равшанбек ўйланиб қолди. Соатига бир қараб қўйиб, Солиҳабибига ўгирилди. — Ҳаракат қиламан.
— Шундай қил, болам. Қачон хабар олай? — сўради Солиҳабиби.
Эри учун Зумрадхон жавоб берди.
— Вой, сиз овора бўлиб нима қиласиз? Тагларида машина. Ўзлари хабар берадилар. Иложлари бўлмаса, машина бериб турадилар, мен ғир этиб бориб келаман.
— Ҳа, сиз овора бўлманг, — уни қувватлади Равшанбек ўрнидан турар экан. — Мен энди борай. Турсунбой, хайр, жиян. Келиб тургин, хайр, опа. Ўзимиз хабар берамиз.
У шошилиб, орқасидан биров қуваётгандек, эшикка отилди.
«Ҳаракат қилмайди», — хаёлидан ўтказди Солиҳабиби.
У жиянининг ҳечмаҳал суд идораларига иши тушмаганини, бундай ишлардан мутлақо четда эканлигини билмасди. Гап жиянимнинг ўзида, деб ўйларди.
Шу мулоҳаза билан ноумид шайтон, юзига табассум юргизиб, эрини кузатиб келган келинига мурожаат килди:
— Зумрадхон, манави диванизга кўрпача ёзиб қўйса бўлар экан. Беқасамдан. Қавиб берайми? Ёш нарса қийналманг, айтиб туринг шунақа ишла бўса.
Зумрадхон суюниб кетиб:
— Вой раҳмат, опа! Жияниз кўрпачани яхши кўрадилар. Ўзимам битта хонани шунақа, ўзбекча қилиб қўймоқчиман. Хонтахтада, атропида кўрпачала.
— Ўзим қилиб бераман. Майда қавиқ қилиб, енгил қилиб!..
Солиҳабиби гапи маъқул тушганини кўриб мақсадга ўтди.
— Жон болам, айтинг! Равшанбек ҳаракат қилсин, битта-ю битта ўғлим-а!
Зумрадҳоннинг ўзи сезмаган ҳолда қошлари чимирилди.
— Ваъда қилдилар-ку, опа! Майли, яна айтаман.
— Айтинг. Умр бўйи дуойилани қилиб ўтаман!

* * *

…Автобус қишлоққа кириб келганда, кун ҳали ёруғ эди, иссиқнинг тафти тушмаган, машинанинг кўкиш тутуни чангга қўшилиб ҳавода жимирларди.
— Ойи, қорним очди, — деди Турсун ерга тушишганда.
— Уйга келдик, болам, — юпатди уни Солиҳабиби. — Опанг ҳойнаҳой бирон овқат қилаётгандир. Тўхта-чи! — унинг эсига қўлидаги челак тушди. — Қарайлик, келинпошша нима солиб қўйдийкин…
У шундай деб, йўл ёқасида ётган харсанг тош устига ўтирди.
— Чарчадим-а жиндак.
У челак устидаги докани кўтарди. Зумрадхон икки қути печенье, ҳар хил конфет солиб қўйибди. Битта қутини йиртиб, неварасига узатди.
— Ол. Яхшига ўхшайди.
Турсун юпқа, чети гуллик сап-сариқ печеньедан олиб, биттасини тишлади. Қарс-қурс қилиб чайнар экан, ҳайрон бўлди:
— Булани печеннийсиям бошқача-я, ойи? Ширинмас. Еб кўринг.
Солиҳабиби невараси узатган печеньенинг бир четини синдириб оғзига солди.
— Улани ҳамма нарсаси бошқача. Ула ширинлик ейишмайди.
— Нега? — қизикди Турсун.
— Ширинлик семиртиради, дейишади. Аччиқ нарсаям ейишмайди. Туз кам ишлатишади. Боя ачичувдан едингми?
Турсун йўқ, деб бошини қимирлатди.
— Яхши қипсан. Тузсизиди. Келинпошша майли, пигурасидан қўрқади. Равшанбекни нима жин урди? Ачичувни тузсиз еб бўларканми?! Ўз номиминам аччиқ-чучук.
Солиҳабиби жиянини тилга олиб ўйланиб кетди. «Наҳотки ҳаракат қилмаса? Нима қиларкан, шундай телефонни олиб, бир йилдан буён қамалиб ётган Турғунбой жияним бўлади, бошқатдан текширинглар, уни жуда катта айби йўқ, деса? Айби ўртада тургани. Майли, шунгаям жазо керак бўлса, жазосини тортди. Бир йилдан буён қамалиб ётибди. Уйида иккита боласи қолган. Иккаловиям ёш. Биттаси, қамалгандан кейин туғилган. Хотини, онасини боришмаган жойи қолмади, яхшилаб бошқатдан текширинглар, деса? Ё ўзидан қўрқаяптимикан?
Солиҳабиби шундай ўйлаб, нима учун ҳаракат қилмаслигининг сабабини топгандек бўлди. Зумрадхонга ўхшаганлар бировга ёрдам қўлини чўзмайди. Гап билан авраб, ўзини олиб қочади, улар ўзини ўйлайди. Равшанбек ҳам бошини оғритиб, тинчлигини бузиб нима қилади?
Нимадир гувиллагандек бўлди. Солиҳабиби ҳушёр тортиб, атрофига қаради. Ҳаммаёқ тинч эди. Бекатга бирин-кетин йиғилган одамлар хотиржам автобус кутишарди, чойхона томонда, толзорнинг тагида тизгини шохларига ўраб қўйилган тарғил сигир эриниб кавшанарди. Нима гувиллади? Солиҳабиби тошга қўлини қўйди. Тош ёнарди. Яна гувиллаган товуш қулоғига чалинди. У таниди бу товушни. Найманчадан кўчишаётган пайти яқин қўшнилардан бири уйига ўт қўйиб юборган эди. Қий-чув бўлгани йўқ, ҳеч ким тўпалон қилгани йўқ ўшанда. Ёшу-қари индамай уйнинг ёнишига тикилиб туришди. Қамиш ёпилган лой том, ёғоч устунлар ана шундай, товуш чиқариб, гувиллаб ёнган эди.
Солиҳабиби хавотирланиб яна атрофига қаради, қимир этмай турган дарахтларнинг учига, осмонга тикилди. Ҳеч қаерда ёнғин нишонаси йўқ, ҳаммаёқ тинч эди.
— Ер ёнаяпти, — хулоса қилди ўзича у. — Бу ернинг ёнгани.
— Нима дедиз, ойи? — сўради Турсун.
— Ер ёняпти, — қайтарди Солиҳабиби.
— Қани?
Турсун қизиқиб атрофига қарай бошлади. Аммо ҳеч нарса кўрмади.
— Ҳеч нарса йўқ-ку? — ҳайрон бўлди у.
Солиҳабиби болани қўрқитиб қўяётганини сезди.
— Иссиқ бўлганда шунақа дейишади, болам. Ҳеч нарса ёнаётгани йўқ. Қани, кетдик!
— Челакни манга беринг, оғирмас.
Солиҳабиби йўқ демади. Иккалови яна йўлга тушишди. Йўллари энди яқин эди. Уйларигача бир қадам. Ҳали замон етишади. Солиҳабиби келинини тинчитади. Тоғанг Равшан астойдил ваъда қилди, дейди. Кейин қолган-қутган нарсаларни йиғиштириб, бир коса бўлса ҳам иссиқ овқат қилади. Болаларга иссиқ овқат керак. Ёш болалик келинига ҳам. У шундай ўйлаб, битта-битта юриб борар экан, ичи ёниб кетаётганини сезди, томоғи, оғзини куйдириб юрагидан олов гуриллаб чиқаётгандек бўлди. Ярим кечада ўғлини олиб кетишганда ҳам, суднинг ҳукми ўқилганда ҳам у бундай аҳволга тушмаган эди. Нима бугун уни бунчалик қийноққа солди? Ўғлини кўрсатишмаганими, ё жиянининг сохта муомаласими? Ҳаммаси қўшилган, бугунги азоблари ҳам, келинининг тунги қўрқитишлари ҳам, ҳаммаси юрагига тугилиб қолган эди. Унинг назарида иссиқдан ҳаво жимирлаб, ер ёнаётгандек бўлса, йиғилиб-йиғилиб, ёрилай деб турган дардларидан ўзи ёнаётгандек эди.
Уйга киришганда, Раҳима айвон зихида боласини эмизиб ўтирарди. Турсун югуриб бориб челакни тутқазди.
— Қаранг!
Солиҳабиби жилмайди.
— Эрингни кўролмадик. Қўйишмади. Аммо тоғанг барака топсин, ваъда қилди. Катта-катта одамламинам зуд гаплашаман, деди.
Турсун оғзи қулоғига етиб, келинойиси ош қилиб келганини, тоғаси қўлига кўтариб, пешонасидан ўпганини гапириб берди.
— Олдинроқ борсангиз бўлар экан, — жиндек ўпкаланди Раҳима.
— Шуни айт, болам! — қўшилди унга Солиҳабиби ва келини бошқа гапга тутмаслиги учун ўчоқбошига йўл олди.
Раҳима ҳеч нарсага уннамаган эди. Ким билади, балки кечаги воқеадан кейин бу томонга келишга чўчиган ҳамдир?
Солиҳабиби қозоннинг тувоғини кўтарди. Нима қилса экан?
У тандирнинг ёнида қоғоз қопда картошка борлигини биларди. Яна нима бор экан? Сабзи бор. Битта товокда оқ ёғнинг жиззаси бўлиши керак. Шу жиззага картошкани паррак-паррак қилиб тўғраб, помидор билан қовурсамикан?
Солиҳабиби супанинг бурчагида турган хумларни қарамоқчи бўлди. Бир пайтлар шу катта-кичик хумларда ун, ёғ, дон турарди. Нимадир балки қолгандир? Анчадан бери қарамаган эди. У супага кўтарилиб биринчи хумга қўл солди. Бўм-бўш. Битта-иккита гуруч доналари қўлига ботди. Иккинчи хумга қўл солди. У ҳам бўш эди. Ёғ турган экан унда, панжалари ялтираб чиқди. Учинчи хумда нимадир бор эди. Унми, кепакми, билолмади. Қўлини суғурмасдан ковлаб кўрди. Кепак бўлса керак, панжаларига тикан ботгандек бўлди. Умид билан яна ковлади. Қаттиқ бир нарса қўлига тегди. Нима бўлди экан? У яна ковлади. Хамиртуруш бўлса керак. Лекин ким солиб қўйди уни? У эслолмади. Ўзи солмагани аниқ эди. Раҳима солдимикан? Кепакка ҳам хамиртуруш соладими, тентак? Хамиртуруш кафтига зўрға сиғди.
Қўлини суғурганда кўрди, бу хамиртуруш эмас, целлофанга ўралиб устидан каноп билан танғиб ташланган бир нарса эди. Нима бўлди экан?
Солиҳабиби канопни ечиб, целлофанни очабошлади. Очди-ю, ҳанг-манг бўлиб қолди. Целлофаннинг ичи бир ҳовуч Николай подшонинг суврати солинган тилла танга эди. Санади. Ўнта экан. Юз сўмдан бўлса минг сўм. Бундан ҳам қимматдир балки? Қаердан келиб қолди бу тилла пуллар? Ким беркитиб қўйди бу ерга?
Солиҳабиби ўйлади-ю, юраги оркасига тортиб кетди. «Турғунжон болам! Нима қилиб қўйдинг?! — деди ичида тиззаларига таяниб чўккалар экан. — Нима қилиб қўйдинг, бола тушмагур?!»
Турғундан бошқа бу ишни ҳеч ким қилмасди. Бир кўнгли келинидан сўрамоқчи бўлди. Лекин ўзини тутди. У бу ишни қилмайди. Тийинга зор ўтирибди-ю, шу ишни қиладими? У фариштанинг ўзи. Бу ишни қилиш у ёқда турсин, эшитса, ўзини бир бало қилиб қўяди. Бу Турғун. Демак, хўжайинларининг қинғир ишларига у шерик. Улар билан бирга. Тинтув бўлишини билиб, буёққа яширган. Милициянинг хаёлиға келмаган бу ёқни кўриш. Нега айтмади, ойисига, Хотинига? Улардан ҳам яширдими? Ё омонатмикан? Омонатлиги учун айтмадимикан? Барибир, омонат бўлса ҳам ўғирлик бу. Унинг Турғуни, яккаю ягона, гард юқтирмасдан, етимликни сезмасин, деб, тул ўтиб ўстирган боласи ўғри. Нима қилиш керак? Келинига қандай айтади? Одамларнинг кўзига, Равшанбекка қандай қарайди энди? Турсунга нима дейди?
Солиҳабиби миясини чулғаб олган шундай ўй, хаёллар билан анча ўтирда. Кейин тангаларни битта-битта тахлаб, қоғозига ўради. Йўқ, айтолмайди келинига, тили бормайди, айтишга ор қилади. У шу қарорга келиб қоғозни хумга солди, негадир устидан яна кепак ҳам сочиб қўйди. Пастга тушиб бутун вужуди бўшашиб кетган бўлса ҳам бир амаллаб овқатга уннади. Картошка қовурди. Иш билан овора фикрини жамлаб олгандек бўлди шекилли, бир-икки келиб хабар олиб кетган Раҳима ҳам, невараси ҳам ундаги ўзгаришни сезишмади.
— Эрталаб, сизлардан кейин исполкомга бориб келдим, — деди овқат маҳали Раҳима. — Раис боракан, колхоз билан гаплашиб сигирни қайтариб берадиган бўлишди.
—Яхши қипсан, — маъқуллади Солиҳабиби ва ичида: «Сигир энди жудаям керак буларга», — деб кўйди. Шундай деди-ю, чўчиб кетди. Тўсатдан, ҳеч ўйламай у ўзини улардан ажратиб гапирган эди. Нега шундай деди, у ҳали аниқ билмасди. Бошида ғувиллаб турган минг хил фикрлар ичида шу қарор ҳам пайдо бўлган эди, қариганида гуноҳга ботган одамдан ўзи сезмаган ҳолда, оналик, аёллик ҳисси билан покиза келинини, норасида, ғуборсиз невараларини ажратиб олган эди.
Раҳима жой солиб болаларини ичкарига олиб кириб кетганда, у одатдагидек таҳорат қилиб келди-да, жойига ётди. Аммо уйқу йўқ эди. Шундай бўлса ҳам ухлаб қолишдан қўрқиб, ўрнидан турди. Ҳовлига тушиб тунги енгил шабададан силкиниб турган шафтоли шохларига, нимранг ой нурида дам ялтираб, дам қорайиб шитирлаган баргларга, толёғочларга ўзи бир текисда кеча териб чиққан помидорларга суқ билан тикилди. Водопровод ёнидаги ошрайҳондан бир шох синдириб олиб, кафтига урди. Ёқимли ҳид димоғини қитиқлади. Кўчага чйкди. Кўча жимжит, ҳамма ётган эди. У ер-бу ерда худди юлдузлардек фонарлар милтиллаб турибди. Эрталаб улар ўчади, юлдузлар ҳам ўчади. Кун ёрийди, офтоб чиқиб ер юзини қиздиради. Ҳамма уй-уйидан чиқиб ўз насибасини тергани кетади. У ҳам яқин-яқингача шу одамларнинг бири эди. Умид билан турарди, умид билан кунни кеч қилиб, яна тонгни кутарди. Энди унга тонг керакмас, тонг одамларнинг назари, виждони, одамларга қаролмайди энди.
Ичкаридан товуқнинг безовта қа-қолагани эшитилди. Солиҳабиби эшикни тамбалаб, орқасига қайтди. Оғилхонадан катта қора мушук чиқди, пахса деворни тимдалаб-тимдалаб томга кўтарилди. Чўғдек кўзларини айвон томонга бирпас тикиб турди-да, ғойиб бўлди. «Бекорга овора бўлдинг, жонивор, — хаёлидан ўтказди Солиҳабиби. — Тухум бўлганда овқатга солардим. Пиёз турибди тухум ўрнида».
У айвон зихига ўтирди.
— Худоей! Манда нима қасдинг бор эди!
У овозини чиқариб шундай деб юборганини ўзи билмай қолди. Ҳавотирланиб ичкарига қулоқ солди. Йўқ, ҳеч ким эшитмади уни. Эшитмагани маъқул. Уйқулари безовта бўлади эшитишса. Ордона қолгурни нега яна хумга солиб қўйди? Кўз кўрадиган жойда тургани яхши эмасми? Тезроқ топишади. У ўзи айтолмайди. Ожизлик қилади айтишга. Ўз оғзи билан ўз боласини ўғри, дейдими? Ё олиб, уёқ-буёққа ташлаб юборсинми? Ҳеч ким билмагани маъқулми? Шундай ўйлади-ю, кафтлари ёнгандек бўлиб кетди. «Турғунбой, болам, нима қилиб қўйдинг? Нега қари онангга раҳминг келмади?»
Солиҳабиби ошхонага борди, тимискиланиб, хумдан целофанни олди-да, ўчоқ ёнига қўйиб қўйди. Шу жой маъқул. Раҳимадан бошқа ҳеч ким кўрмайди. У ҳам дарров кўрмайди, анчадан кейин кўради.
Ошхонадан чиқиб осмонга қаради. Ой тиккага келган эди. «Ҳали вақт бор, — хаёлидан ўтди унинг. — Ғира-ширага яқин туззук».
У айвонга қайтди. Ичкари хонада қатор ётишган неваралари, келини устига келди. Турсун исиб кетибди шекилли, устини очиб ташлабди. Раҳима Тўлқиннинг бошини билагига қўйганича, ёнбошида ухлаб қолибди. Ҳеч ким унинг кирганини сезмади.
Солиҳабиби энгашиб, Турсуннинг пешонасидан ўпди. Келинига теккани чўчиди, уйғониб кетади деб. Бир пас меҳр билан тикилиб турди-да, ҳовлига тушди. Назарида кун ёришаётгандек бўдци.
— Вақт бўпти, — деди ўзича у ва ошхона томон йўл олди.
Керосин солиғлиқ темир канистрнинг қаердалигини у яхши биларди. Дарров топди. Тандир тагида эди. Ҳовлига олиб чиқди. Қўлида қаердан гугурт қути пайдо бўлиб қолди, билмайди. Демак, бўлди. Шундай чақса тамом, гувиллаб, ўша, болалигида кўрган Найманчадаги уйдек ёнади-кетади. Дардлари, ташвишлари шу билан тугайди. Ўзининг, ўғлининг гуноҳларини шу билан ювади, неваралари, келинининг юзи ёруғ бўлади.
У қанча ўйламасин, тўғри иш қилаётганига ишончи комил эди, боя, ўчоқбошида чарсиллаб ёнаётган ғўзапояга тикилиб турганида шу қарорга келдими, ё тилла тангаларни кўрганидами, бунинг энди аҳамияти йўқ эди. Бу дунёда энди у бош кўтариб юролмайдиган бўлиб қолган эди.
Ер бекорга ёнмаган экан, унга хабар берган экан, чақирган экан ўз бағрига…
Шу пайт: «Ойи!» деган овоз қулоғига чалингандек бўлди.
Таниди, бу Турғуннинг овози эди, «Ойи! Нима қилаяпсиз? Тўхтанг!» дегандек бўлди ўғли яна.
Солиҳабиби умид билан эшик томонга қаради. У ўғлининг келиб қўлидан тортишини, ниятидан қайтаришини истаган эди.
Аммо қоронғи ҳовлининг бошида ҳеч ким кўринмади. Олов аввал «гуп» этиб, юзига урди. У беихтиёр кўзларини юмди, бошини орқага тортди. Шу заҳоти жизғанак, куюнди ҳиди димоғига урилди, сочлари чирсиллай бошлади. Бир амаллаб кўзларини очганда, олов гувиллаб, ошхонанинг қамиш томига ўтаётгандек бўлди. У хавотир олиб, ўзини помидор ичига отди.
— Худо ўзинг кечир! Кечир мани Худо!
Унинг охирги гаплари шу бўлди.

* * *

Саидоқсоқол тупроқ тортилиб, гўрков бир-икки кетмон уриб қўйгунча кутиб турди. Кейин сўради:
— Халойиқ! Марҳума қандай одам эди?
Ҳозиргина ғала-ғовур бўлиб турган қабристонга сукунат чўкди. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Саидоқсоқол яна сўради:
— Марҳума қандай одам эди, халойиқ?
Кетмон сопига қўлларини тираб, хомуш турган гўрков бошини кўтарди.
— Яхши одам эди! — деди у тиниқ овоз билан.
— Яхши одам эди! — қичқирди орқа қатордан яна кимдир.
Саидоқсоқол қўлларини ёзди:
— Омин! Жойи жаннатда бўлсин!
Иш куни, бошни ёрадиган иссиқ бўлишига қарамай, қабристонда одам кўп эди.

Январь, 1989 йил.

ҚАЙТАР ДУНЁ

Яқинда юз берган бир воқеа сабаб бўлиб, отамни эслаб кетдим, уни бевақт ўлимга олиб келган кулфат, касалманд онам бошлиқ оиламиз чекига тушган оғир кунлар тўғрисида ўйлаб, юрагимдаги жароҳат янгиланди.
Отам асли паркентлик, уч ака-уканинг кенжаси эди. Кенжалиги туфайли отасидан, яъни бобом Дўсимбек полвондан қолган уйда турар, амакиларим эса шу уйнинг икки қанотидан ўзларига ҳовли-жой қилиб олишган эди. Қариндош-уруғларнинг айтишларича, отам ҳам, амакиларим ҳам инқилобдан олдин, ўша давр шароитига чақиб айтганда, ўзларига тўқ яшаган эканлар, ҳар бирининг битта-иккитадан сигири, беш-ўнтадан қўйи бўлган экан, ота касблари деҳқончиликда эса бутун қишлоқнинг уларга ҳаваси келар экан. Ҳар йили ширинлигидан тилни ёрадиган бозорнинг олд қовун-тарвузи уларники бўларкан. Қурбилари етганиданми, ё тасодиф ёрдам бердими, икки амаким уйларининг томини оқ, ялтироқ тунука билан ёптириб олишган экан. Уста ўзбек бўлмаса керак, баланд томдан йўлкаларгача тушган оппоқ тарновларнинг тепасига биттадан тунука хўроз қоқиб қўйибди. Бундай хўрозли тарнов Паркентда бошқа йўқ экан.
Амакиларимни мен кўрмаганман. Отамдан, ҳали айтганимдек, қариндошларимиз ҳикояларидан биламан. Ҳамма уларни ҳурмат билан полвон, дер экан. Шу жумладан, отамни ҳам. Билишимча, гап фақат ҳурматда эмас эди. Отамни кўрган одам уни чиндан ҳам полвон дерди. Бўйи баланд, кўкрак, елкалари кенг, қадам босганида, ер гурсилларди. Бир тўйда қоп-қоп унни устма-уст гарданига қўйиб, болахонага олиб чиққанини ўзим кўрганман. Амакиларим отамдан ҳам тикроқ, йўғонроқ экан. Уларни «полвон» дейишларига яна бир сабаб бор эди. Муҳтожлик сезганда, Тошкентга бориб, жанггоҳда кураш тушиб келишар экан, шу билан, кам-кўстларини бутлаб олишар экан. Қанчалик рост, билмайман, лекин айтишларича, амакиларимнинг кураш тушиб елкалари ерга тегмаган. Фақат бир марта, катта амаким машҳур Саксовул полвонга ўзи йиқилиб берган экан. Ўшанда Паркентда оқ тунука Саксовул полвондан йиқилгани эвазига, деган гап тарқалган экан. Бу, албатта, шунчаки миш-мишлардан. Лекин катта амакимнинг Саксовул полвондан йиқилгани рост. Шундан гап очилганда, отам тутақиб кетардилар: «Тунукани Саксовул полвон олиб келиб берган бўлса бергандир. Билмайман. Аммо-лекин акам шу тунукани деб йиқилмаганлар. Ердан даст кўтариб Саксовулга қарасалар, кўзлари ёшмиш. Раҳмлари келиб, шундоқ устиларига ташлабдилар-қўйибдилар!»
Лекин офтобда кўзни қамаштириб, олис-олисдан ялтираб кўринадиган шу оқ тунука томли, синч девор уйларда узоқ яшаш амакиларимга насиб қилмади. Тўнтариш шамоли Паркентни ҳам алғов-далғов килиб юборди. Халқ иккига ажраб кетди. Ўз қўли, меҳнатига ишонган амакиларимга ошиқча мол-мулк керак эмас эди, ярим оч яшашни ҳам исташмасди. Шунинг учун у томонга ҳам, бу томонга ҳам ўтмай, ўз ишлари билан юраверишди. Аммо бу кўпга чўзилмади. Йигирма учинчи йили кечаси дон-дун қидириб тоғдан тушган қўрбошининг йигитлари билан олишувда катта амаким, Тўлаганбек полвон ҳалок бўлди. Йигирма тўққизинчи йилда Қоплонбек амакимнинг ҳам бошига ташвиш тушди. Ўз ерида қовун узиб турган пайтида қишлоқ активи ва милиция келиб, уни қамоққа олди. Отам ўшанда оёғига эски маҳси тортиб, оғилхона томига қамиш босаётган эканлар. Эшитибдилар-да, маҳсида милиция идорасига югурибдилар. Аммо у пайтда ким кимга қулоқ осарди? Ҳамма ўзича ҳақ эди. Бунинг устига камдан-кам одамда иккита сигир, ўнта қўй бор эди. Мардикор ишлатмай, ўз хўжалигини ўзи тебратиб келган амаким колхозга кирмагани, шунча қорамоли бўлгани учун қулоқ қилиниб, мол-мулки, уй-жойи колхозга ўтиб кетди. Ўзи, хотини, иккита боласи билан Украинадаги Николаев деган шаҳарга сургун қилинди. Ўша томонда амаким картошка, ерёнғоқ экишни ўрганади. Дарёнинг қирғоғида шоликорлик қилади. Унча-мунча пахта ҳам экиб туради. Уч-тўрт йил деганда янги шароитга кўникиб, турмушини тузатиб олади, таниш-билиш орттиради. Меҳнаткашлиги, миришкор деҳқонлиги маҳаллий халққа ёқиб, анча обрў-эътибор қозонади. Отамга унинг охирги хати урушнинг иккинчи йили келиб теккан. Партизан отрядидан ёзган экан. Урушдан кейин отам уни кўп қидирдилар. Ҳатто Николаевга бориб ҳам келдилар. Аммо на ўзидан, на оиласидан дарак топилди. Ҳатто уйидан ҳам нишон қолмаган эди. Қариндош-уруғ, таниш-билишлар жаноза очишни бир неча бор маслаҳат беришди. Отам кўнмадилар. Биронтасининг дараги чиқиб қолса, ё ўзи кириб келиб қолса, кўзига қандай қарайман, деб туриб олдилар. Орадан, мана, шунча йил ўтиб кетди, аммо ҳеч қандай дарак чиқмади. Баъзиларнинг тахмини бўйича, Николаевда қолган барча болаларни Германияга ҳайдаб кетишган, аёлларни хуторларнинг ўзида отиб ташлашган. Баъзилар эса бомбардимон пайти ҳаммалари ҳалок бўлишган, бўлмаса уйлар битта қолмай вайрон бўлмасди, дейишади. Амаким ҳақида яна бир тахмин юради. Гўё, немислар келиши билан уларга қўшилган эмиш. Улар билан бирга кейин Германияга ўтиб кетган эмиш. Сайёҳ бўлиб борганлар уни кўрганмиш. Лекин ҳеч ким отамнинг олдида, бизнинг олдимизда бундай деган эмас. Амакимнинг бирон жангда ҳалок бўлгани ҳақиқатга яқин эди. Лекин қайси жангда, қаерда, қачон? — ҳеч ким билмайди.
Отам амакимни оиласи, рухсат берилган икки бўғча юки билан темир йўлга кузатиб келган кунлариёқ, ярим кечада арава қўшадилар, ойимни, етти яшар опамни ўтқазиб, Тошкентга йўл оладилар. Уйдаги бирон нарсага тегмайдилар, оғилхонада сигир-бузоқ, қирда қўйлар қолганича қолади. Нега ҳеч нарса олмадилар, қанча сўрамайлик, ҳеч қачон отам аниқ бир жавоб берган эмаслар. Назаримда, у кишининг бу ишида тобуткаш, бир лагандан ош еб келган ҳамқишлоқларига зардаси, бегуноҳ, қишлоқнинг бирон маъракасидан қолмайдиган, оч-яланғочга доим ёрдам қўлини чўзиб келган акасига ачиниш бор эди. Балки хато қилаётгандирман? Балки янги ҳокимиятдан норози бўлганларидан шундай иш тутгандирлар? Лекин отамни яхши билганимдан бунга қўшилишим қийин. Ўлимларигача бошларига не-не
кунлар тушмасин, отам ҳукуматга норизолик билдирганлари йўқ.
Хуллас, қуп-қуруқ аравада уч киши тонгги ғира-ширада бобомнинг синглиси, аммамизникига кириб келишади.
Аммам Тошкентнинг Миробод маҳалласига, зиёлилар хонадонига келин бўлиб тушган, эри, қайнотаси ёнида ўқитувчилик қиларди. Қайнотаси ўша даврдаги илғор фикрли зиёлилардан бўлиб, асрнинг бошида ота-бобосидан мерос қолган ичкари-ташқарилик катта ҳовлининг ярмини ажратиб, янги усулда мактаб очган эди. Мактабда фақат ўғил болалар эмас, қиз болалар ҳам бепул ўқитиларди. Аммам шу қизларга раҳбарлик қилар, бундан ташқари ҳамма синфларда ўзбек тилидан дарс ўтарди. Учинчи синфни битиргунимча, мен ҳам унинг қўлида ўқиганман. Аммамнинг оламдан ўтганига ярим аср бўлганига қарамай, мен ҳамон уни яхши эслайман. У ҳам отамга ўхшаб новча, бурни катта, аммо ўзига ярашган эди, йирик кўзлари доим кулиб турарди. Бўйи, жуссасига яраша, овози ҳам бардам эди, шошмасдан, сўзларни дона-дона қилиб гапирарди уни эшитганимда, кўз олдимда ғалати бир манзара жонланарди: кенг, бепоён чўл. Бўйниларига кўнғироқ осилган қатор туялар карвони битта-битта босиб келаяпти… Бу манзарани эслатадиган, у ўргатган бир шеър ҳалигача эсимда:
Бу на кун бўлдиким, қулоқ кар, тилим лол,
Рус лисонин билмайин кўзимиз мўлтир-мўлтир.
Миллат бари арбокашдир, ё ҳаммол,
Афти-ангори қаро, кийгани жулдир-жулдир…
Аммам, унинг қариндошлари қочоқларни яхши кутиб олишди. Дарров битта хона ажратиб беришди. Қудабобонинг таклифи билан отам ўз от-араваси билан мактабнинг хўжалик ишларини қиладиган бўлди. Кейин у шу мактабда қолиб кетди. Умрининг охиригача хўжалик ишлари мудири бўлиб юрди.
Орадан кўп вақт ўтмай отам шу маҳалланинг этагида бўш ётган ерни сотиб олди. Отасидан қолган беш ғиштлик машҳур полвон қолипда ўзи ғишт қуйиб, иморат солди. Ҳавас қилиб қўйганиданми, ё ўртанча амакимни қулоқ қилганларга ўчакишганданми, ўртасига катта айвон тушган икки хонали уйнинг томини — қаердан топди, билмайман — оқ, ялтироқ тунука билан ёптирди. Айвоннинг чеккаларидан тушган иккита тарновнинг тепасига иккита тунука хўроз ҳам қоқтириб қўйди.
Мен шу уйда туғилганман. Унинг ҳар бир ғишти, ҳар бир ёғочи менга азиз ва қадрдон эди. Нонқути, идиш-товоқлар териб қўйилган кенг ва баланд токчалар, иккала хонанинг тўридаги гулли дорпечлар билан тўсилган тахмонларни ҳозир ҳам кўриб тургандекман. Ҳар куни эрталаб ўринларни йиғиштириб шу тахмонларга тахлаш опамнинг бўйнида эди. Кўрпаларни кўтарса ҳам, бечора, тўшакларга кучи етмасди. Мени чақирарди. Иккаламиз инқиллаб-кучайиб йиғиштирардик. Мен уялардим, хотинларнинг иши, деб. Қочардим. Опам ҳовлини бошига кўтариб, орқамдан қувларди. Тутолмаса, айвоннинг остонасига ўтириб олиб, кап-катта, бўйи етган қиз йиғларди. Ориқ, касалманд ойим аралашганларидан кейингина қарашардим. Ойимнинг шу уйдалик пайтлари хотирамда қолган. Қишда айвоннинг ўртасига қуриладиган танча ёнида ўтирувдилар, ёзда остонага яқин жойда. Олдиларида доим сариқ самовар шақиллаб қайнаб турарди.
Уруш бошланишидан бир-икки ой олдин ҳовлимизнинг ўртасидан водопровод ўтди. Одам зўрға ҳатлаб ўтадиган зовур қазилди. Қулочга сиғмайдиган қувурлар ётқазилди. Отам ишчилар билан гаплашиб, ўзимизга ҳам водопровод ўтказиб олдилар. Уруш бошланган куни сув келди. Мен бунақа ширин, муздек сувни сира билмайман. Нима учун бизнинг ҳовлимиздан ўтказилганини ҳам билмайман. Ўтказишди-ю, зовурларнинг устини ёпиш эсларидан чиқиб кетди. Қувурлар очиқ қолди, ёздан келаси йили эрта баҳоргача ҳовлида тоғ-тоғ бўлиб, тупроқ уюлиб ётди. Отам бир неча марта турли идораларга бориб келдилар. Ҳеч ким ёпишни ўйламади. Ёмғиргарчилик тугаши билан ўзлари ёпдилар. Ҳовли яна очилиб кетди. Сувнинг таърифи маҳаллага ёйилди. Қўни-қўшнилар овқатга, чойга бизникидан сув олиб кетадиган бўлишди. Ёз кунларининг бирида, ўқишдан келсам, ойим водопроводни шарқиратиб очиб, тагида ўтирибдилар. Мени кўриб уялиб кетдилар.
— Паркентдан кетганимиздан бери оқар сувда чўмилгим келарди. Босими яхши экан, худди дарёга ўхшайди.
Ҳали-ҳали кўриб тургандекман, ойимни сўлғин кўзларида орзуси ушалган одамнинг илиқ табассуми, таскини бор эди.
Ойим, отам сингари одамларнинг арзимаган нарсадан тиним, қувонч топганини шу воқеаларни менга эслатиб юборган, оиламизнинг кулфатларига сабабчи бўлган киши умрида бирон марта кўрганмикан? Шундай тиним, қувончлар ўша одамлар учун чинакам бахт бўлганини тасаввур қилганмикан? Ё ўз ниятлари йўлида ҳаммани хор қилиб, устидан босиб, топтаб кетаверганмикан? Шундай кишиларнинг чанқаганга бир пиёла сув, очқаганга бир бурда нон берганини, ўлим чиққан уйдан бориб ҳол сўраганини билмайман…
Аввал мен уни танимадим. Ўттиз йилдан зиёд вақт ўтган, унутган эдим. Кейин кўримсиз эди. Ранги ҳам бузуқ эди, эндигина захдан чиққан қурбақанинг рангига ўхшарди. Ижроқомга эртароқ келиб, зарур ҳужжатлар билан танишиб ўтирсам, уялинқираб котиба қиз кирди.
— Сизни бир одам сўраяпти. Қабул қилармишсиз.
— Қабул куни келсин, — дедим бошимни кўтармай.
— Жуда илтимос қиляпти, — деди яна котиба. — Қабул қила қолинг, ветеран экан.
Ветеранлардан у қўрқарди. Уларнинг баъзилари билан гаплашишга эса менинг тоқатим йўқ эди.
— Ҳай, кирсин.
Шу заҳотиёқ паст бўйли, тўладан келган, думалоқ юзи кўкимтир бир киши пилдираб хонага кирди.
— Саламалайкум, раис ука!
У узун мажлис столини ёш йигитдек чаққонлик билан айланиб ўтди-да, рўпарамга келиб, қўлини узатди. Ўрнимдан туриб, қўлини олдим. Назаримда бармоқлари биртекисда болта билан чопиб ташлангандек, кичкина қўлининг суяги йўқ эди.
— Келинг, ўтиринг.
У таклифимни кутмасданоқ икки қўли билан стулни суриб, ўтириб олди. Тезроқ мақсадга ўтиш ниятида сўрадим:
— Келинг?
У мунчоқдек кичкина кўзларини менга қадаб илжайди.
— Раис ука, сизни кўрганимдан хурсандман. Кўп яхши гаплар эшитаман. Барака топинг. Мартабангиз бундан ҳам баланд бўлсин.
— Отахон!..
Уни бўлмоқчи эдим, аммо гап бермади.
— Бир пайтлар Қорасув одам назар-писанд қилмайдиган кичкина район эди. Энди қаранг, бай-бай, бай!… Ана қурилиш, мана қурилиш! Раис ука, мен ҳам узоқ йиллар ижроқўмларда ишлаганман. Эллигинчи йилларда ҳатто райижроқўм раисининг муовини ҳам бўлганман. Бутун қурилиш ишлари менда эди. Меҳмонхона, йўл, комбинат!..
Шу пайт уни танигандек бўлдим. Башарасига тикилдим.
— Фрунзе районида ишламаганмисиз? — аниқроқ билиш учун сўрадим.
Саволимдан у хурсанд бўлиб кетди.
— Ҳа-да! Ўша энг оғир районда, энг оғир йиллари ишлаганман. Меҳмонхонани кўрсангиз ҳозир, ҳавасингиз келади. Кўчалар-чи? Икки баравар кенгайиб кетди. Лоҳутий, Шота Руставели… Жониз роҳат қилади.
Ҳа, бу ўша, отам не-не қийинчиликлар билан қурган, мен туғилган уйни буздирган одам эди. Қўчқоров. Али Қўчқоров. Ўзини унутибман-у, исми-шарифи ёдимда қолибди. Нима қилиш керак? Ёқасидан кўтариб, тепиб-тепиб, ҳайдайми? Ҳаққим йўқ. Бечора онамга, отамга кўрсатган ҳунарини эслатайми? Нима дерди? Топшириқни бажарганман, дейди. Менда айб йўқ дейди, Қизиқ, мени у таниганмикан? Ўша, уйи бузилиб, бевақт ўлиб кетган девдек одамнинг ўғли эканимни билармикан? Тақдирни қаранг, райижроқом раиси ўринбосари буздирган уйнинг эгаси ҳозир райижроқом раиси бўлиб ўтирибди, ва ўша, бошига кулфат ёғдирган одамни қабул қилаяпти!.. Қайтар дунё, деб шуни айтсалар керак. Нима иш билан келган экан? Шу савол хаёлимга келди-ю, аламларимдан чиқиш ниятида унинг гапини бўлдим.
— Ўртоқ Қўчқоров! Вақт зиқ. Хизмат?
— И-я!? Мени биласизми? — у севиниб кетди.
— Сизни Мирободда кўпчилик билади. Айниқса, уйи бузилганлар. Мен мирободликман.
У кинояни тушунмади. Думалоқ қўллари билан бирпасда нам бўлган кўзларини арта бошлади.
— Баракалла! Баракалла! Раҳмат сизга, раис ука!..
— Ишга ўтайлик. Хизмат? — яна сўрадим.
Бу гал қўполроқ сўраганимни у сезиб, мақсадига ўтди.
— Бизни уйни устидан кўча ўтадиган бўпти. Йўқ-йўқ, ҳеч қарши эмасман. Кўча хайрли иш. Лекин… Лекин қариганимда бир парча бўлса ҳам ерда бўлай дейман. Опоқингиз ҳам шу гапни эшитиб, тинчини йўқотиб қўйди. Домда турмайман, дейди., Тобутимни қандоқ олиб чиқишади, дейди. Болалар бошқа гап. Аммо бизга, кексаларга раҳм қилинг, раис ука.
— Нима, кўчани бошқа жойдан ўтказайликми? — жаҳл билан сўрадим. — Ё участка беришмаяптими?
— Участка беришаяпти, раис ука. Қулоқ солинг. Аммо олисда. Иннайкейин қари одамни иморат қуришга қурби етармиди? Йўлниям бошқа ёқдан ўтказиш керак эмас, жойида қолаверсин…
— Нима дейсиз, бўлмаса? — ҳайрон бўлдим.
Қўчқоров ўрнидан туриб, стол устидан мен.томон эгилди ва сирли оҳангда деди:
— Архитектор бола узоқ қариндош чиқиб қолди. Йўл сизнинг уйингиздан ўтишини билганим йўқ, дейди. Агар раис рози бўлсалар, бир метр четга буриб юбораман. Шунда уйингиз ҳам қолади, йўлга ҳам зиён етмайди, дейди. Ота-онангиз роҳатингизни кўрсин, раис ука, хўп денг. Бир оғиз гапингиз. Умр бўйи дуойингизни қилиб ўтаман.
У жойига ўтириб, кўзларига яна ёш олди. Чиндан ҳам қайтар дунё! Ўттиз йил бурун, мен, студент йигит, худди шундай кўз ёши қилиб, худди шундай илтимос билан шу одамнинг олдида турган эдим. Аммо менинг кўз ёшларим аччиқ алам ёшлари эди. Эслатсаммикан?
— Архитектор билан гаплашаман, қани нима дер экан, — дедим зўрға ўзимни босиб олиб.
— Гаплашиб овора бўласизми? — Қўчқоров яна жонланиб кетди. Кичкина кўзлари ўйнай бошлади. Афтидан, мени, рози бўлади, деб ўйлади шекилли. — Сиз менга хўп десангиз бўлди, уёғини ўзим тинчитаман. Барака топинг, раис ука.
— Бари бир архитектор билан гаплашмасам бўлмайди, — ўз гапимда турдим мен. — Йўлни бир метр чеккага суриб юбориш нимага олиб келишини билмайман. Суриштиришим керак! Кейин бу лойиҳа ижроқўмда тасдиқланган.
— Э, ука! Исполкомни биз ҳам биламиз, — мен томон эгилиб ўтирган Қўчқоров гавдасини ростлади, калта панжаларини стол устига тираб, елкаларини кўтарди. — Раис нима деса исполком аъзолари шуни қилади. Қилмаса, кейинги сафар сайланмайди.
У мийиғида кулиб қўйди.
— Ҳозир исполкомлар ўзгариб кетган, давр бошқа.
— Менинг гапимга қулоқ солинг, раис ука! Раис-раис! Шундай бўлиб келган. Шундай бўлиб қолади. Акс ҳолда ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетади. Хўп, денг, жон ука!
Унга бирон нарсани тушунтириш фойдасиз эканини кўриб, ўрнимдан турдим.
— Архитектор сизга жавобимни айтади. Бораверинг.
У менга анграйиб қараб қолди. Қўлини олиб хайрлашаётганимда ҳам кўзини мендан узмади. Ундан ўгирилиб, жойимга ўтирганимдагина, секин сўради:
— Хўп дейсизми? Ишонсам бўладими? А, раис ука?
— Сиз бораверинг. Маслаҳат қиламиз, — шундай деб, эшик томонга қичқирдим. — Сурайё!
Котиба қиз кирди.
— Буларни кузатиб қўйинг. Мени, Пўлатов, район архитектори билан уланг кейин.
Қўчқоров эшик олдида тўхтади.
— Раис ука, бир яхшилик қилинг. Савоб бўлади.
Яхшилик, савоб… Мен ҳам унга ўзим билган энг сара гапларни топиб ялинган эдим. Касал онамга раҳм қилинг, жуда бўлмаганда бир йил сабр қилинг, деган эдим.
Ўшанда университетнинг иккинчи курсида ўқирдим. Лекция кетаётган маҳали деканатдан бир аёл келиб, мени чақириб кетди. Ҳайрон бўлиб, деканатга кирсам, опам йиғлаб ўтирибди. Қўрқиб кетдим. Хаёлимдан дарҳол онам ўтдилар.
— Нима бўлди?
— Уйимизни бузишвотти! Ошхонани бузиб бўлишди!
— Ким бузвотти? Нега?
Ўзини йўқотиб қўйган опамнинг елкаларини силтаб сўрадим.
— Раисполкомми одамлари.
— Дадам уйдамилар?
— Ҳа, чақириб келдим мактабдан. Лекин дадам индамай ўтирибдилар. Шунийчун сенга келдим. Бир нарса қилиш керак. Энди қаёққа борамиз.
Опам ҳўнграб йиғлаб юборди. Судраб кўчага олиб чиқдим. Зўрға битта машинани тутиб, уйга келдим.
Чиндан ҳам уйимиз тўполон эди. Томда, деворларнинг устида лом, болта кўтарган одамлар юрибди. Яна қандайдир одамлар ҳовлидаги дарахтларни кесишаяпти. Томдан, ҳовлининг бурчагидаги ярим ағдарилиб бўлган ошхонадан чанг осмонга кўтарилаяпти. Барзанги-барзанги йигитлар кўчирилган тунукаларни бир чеккага тахлаш йўқ, тарақлатиб ҳовлига отишаяпти. Нима қилишни билмай, анграйиб қолдим. Кейин овозим борича, бутун вужудимни титроқ босиб, томга қараб қичқирдим:
— Тўхта! Тўхталаринг!
— Фойдаси йўқ, ўғлим.
Шундай ёнимдан сокин товуш эшитилди. Бу отам эдилар. Кўча деворга яқин ўрикнинг тагида ўтирган эканлар, кўрмабман.
— Фойдаси йўқ, — қайтардилар яна отам. У кишини мен ҳеч қачон бундай хомуш кўрмаган эдим. — Мелиса ҳам чақирдим, ҳеч нарса қилишолмади. Қўлларида қоғозлари бор.
— Қаерда турар эканмиз?
— Чилонзорга, домга борармишмиз. Истамасак, Дўмбирободдан олти сотих ер беришармиш.
Отам ниҳоятда хотиржамлик билан гапирдйлар Аммо сезиб турибман, ичлари ёниб кетаяпти. Ҳали-ҳали эсймда, ўзларини овутиш ниятида ёнларида олиб юрадиган ўзбекча пичоқлари билан хивич йўнаяптилар. Дили вайрон бўлган, ҳамма нарсадан умиди узилган одамгина шундай иш билан машғул бўлади.
— Нима қиламиз?
— Ойингизни биласиз, ўғлим, — отам мени доим сизлаб гапирардилар. — Ойингиз домга чиқмайдилар. Менга ҳам бир парча ер бўлса бўларди.
Шу пайт нимадир гумбурлаб кетди. Ижроком ишчилари тунука аралаш тўсинларни ҳам бузиб, ҳовлига ташлай бошлашган эди.
Қандай қилиб, томга кўтарилганимни, иккинчи бир тўсинни кўчираётган одамнинг бошини кўтариб туриб, кўкрагига мушт туширганимни билмайман. У гандираклаб томнинг зиҳига йиқилди. Ўрнидан туриб ҳужум қилса керак, деб ўйлаб, қўлимға оёғим остида ётган ломни олдим. Лекин ишчи энгагини ушлаб секин ўрнидан турди, унинг буйруғини кутиб турган шерикларига парво қилманглар, дегандек қўл силтади-да, менга қаради.
— Бекор урдинг, ўғлим. Бизда айб йўқ. Кичкина одаммиз биз. Буйруқни бажаряпмиз. Сен райсоветга бор. Катталар билан гаплаш. Қўчқоров билан гаплаш. Шундай мустаҳкам иморатни бузиб, биз ҳам эзилиб кетаяпмиз. Ҳали юз йил қилт этмай турарди уйларинг. Бор, вақтни кетказма. Пойлаб турамиз келгунингча.
Ўша заҳотиёқ пастга тушиб, кўчага югурдим. «Қўчқоров, Қўчқоров! Ким экан Қўчқоров?» Ҳансираб ижроком томон кетаяпман-у, ўзимдан ўзим сўрайман. Ким бўлса ҳам гапи гап бўладиган, ишни ҳал қиладиган одам бўлса керак. Ишқилиб ўзида бўлсин. Ўзида бўлса тушуниши керак. Ахир, ноҳақлик, жиноят юз бераяпти-ку? Тушуниши керак? Шундай ишонч, шундай умид билан райижроком биносига етиб келдим. Қўчқоров ижроком раисининг ўринбосари экан. Қабулхонасида еттитами, саккизта одам ўтирибди. Уларга парво қилмай. ҳансираганимча, эшикни шартта очиб, ичкарига кирдим. Узун хонанинг тўрида қорачадан келган бир одам газета ўқиб ўтирибди. Тепасида Сталиннинг расми осиғлиқ. Трубка чекиб, менга қараб турибди.
— Ўртоқ Қўчқоров! Ака! — нафасим томоғимга тиқилиб турганидан зўрра гапирардим. — Ердам беринг! Уйимизни бузишаяпти. Исполкомнинг қарори бор эмиш. Ёрдам беринг, жон ака! Онам касал ётнбдилар. Ҳозир борадиган жойимиз йўқ. Дадам… Дадам…
— Қаерда уйларинг? — сўради гапимни бўлиб Қўчқоров.
— Сапёрная кўчасида, — шошиб жавоб бердим. — Йигирма иккинчи уй.
— Бекнинг уйими? — у гавдасини ростлаб менга тикилди.
— Ҳа, мен Сулаймонбек аканинг ўриллари бўламан. — Юрагимда кандайдир илиқлик пайдо бўлди, шу одамнинг ўзини топганимдан севиниб кетдим. «Бу ҳал қилади, жиноятни тўхтатади!» деган фикр яшин тезлигида хаёлимдан ўтди. — Ўқишда эдим. Келишибди-ю, бузабошлашибди. Томнинг ярмини бузиб бўлишди. Мени буёққа, сизнинг олдингизга келганимни билишади. Жавобингизни кутиб туришибди. Жон ака! Ёрдам беринг. Шу йилча қолдиринг. Ўзимиз бузиб берамиз кейин.
Қўчқоров индамади. Қўлидаги газетани шилдиратиб, уёқ-буёғини кўрган бўлдида, ўрнидан турди, Шунда ҳайрон қолдим. У пак-пакана, лилипутдек одам эди. Бунинг устига семизлигидан теп-текис тўнкага ўхшарди.
У кенг столни айланиб ўтиб, хонанинг бурчагида турган, ўзи каби пакана сейф устидаги икки қулфлик эски қора чарм портфелини олди-да, мен томон юрди. Унинг ниятини билмай, рўпарамга келгунича юрагим эзилиб кетди. Рўпарамга келганда, менга қарамади ҳам. Жуссасига келишмаган йўғон овозда:
— Қани, юр! — деди ва эшик томон йўл олди.
Юрагим қинидан чиқиб кетай деди унинг гапини эшитиб.
— Раҳмат. Раҳмат, ўртоқ Қўчқоров! — дедим севинчим ичимга сиғмай ва орқасидан чиқдим.
Қабулхонадагилар гурр этиб ўринларидан турдилар. Қўчқоров ҳеч кимга қарамади:
— Икки соатдан кейин келаман.
Биронта одам сўз қайтаргани йўқ.
Уйга етай деб қолганимизда, Қўчқоров кимнидир кўриб қолди. Икковлари қуюқ кўришишди, кейин гапга тушиб кетдилар. Қўчқоров икки гапнинг бирида қўлларини белига тираб, кичкина думалоқ бошини орқага ташлаб куларди ва ҳар замон-ҳар замонда бизнинг уй томонга қараб қўярди. Мен эса бетоқат эдим, ичимни ит тимдаларди, тезроқ уйга бориб, отамни тинчитгим келарди. Охири чидолмадим, яқинроқ келиб рухсат сўрадим. Қўчқоров ҳам, унинг шериги ҳам ҳайрон бўлиб менга тикилишди, лекин ҳеч нарса дейишгани йўқ. Мен уйга югурдим.
Отам ҳовлининг ўртасидаги яқиндагина сувокдан чиққан супанинг зиҳида ўтирардилар. Супанинг ўртасидаги хонтахта ёнида эса ойим ишчиларга чой қуяётган эди. Опам ёзги ўчоқбошда овқат қилаяпти.
Биринчи бўлиб мени ҳалиги мен урган ишчи кўрди.
— Келдингми, ўғлим? Мана, ҳеч нарсага текканимиз йўқ. А, опа, тўғрими?
Ойим миннатдор бўлиб, жилмайдилар.
— Ўртоқ Кўчқоровнинг ўзлари келаяптилар! — дедим мен ҳам миннатдор оҳангда. — Яхшиям мени исполкомга юбордингиз. Ҳозир ўзлари келадилар. Кўчада ушланиб қолдилар.
Отам меҳрибонлик билан менга қарадилар.
— Раҳмат, ўғлим.
Кўп ўтмай Қўчқоров кириб келди. Ҳамма беихтиёр ўрнидан туриб кетди.
Қўчқоров ҳеч ким билан сўрашмади. Тўппа-тўғри ҳалиги мен урган ишчининг олдига келиб бақирди:
— Самад! Нега ялпайиб ўтирибсанлар? Бир ҳафта бурун келишларинг керак эди бу уйга. План нималигини биласанларми сенлар?! Турларинг! Бугуноқ тугатларинг!
Унинг гапларидан мен ҳанг-манг бўлиб қолган эдим. Маккорлик билан мени ёш бола қилиб аддагани ҳам майли, ота-онам олдида, ишчилар олдида мени у бу гаплари билан шарманда қилган эди. Ҳеч кимга қаролмай, иликларимгача бўшашиб, супага ўтирдим.
Қўчқоров отамга ўгирилди.
— Сулаймонбек! Беклигингизни ташланг. Сал ерга тушинг. Билъакс акангизнинг йўлидан кетасиз. Фақат Украинага эмас, Сибирга. Ҳукумат сизга, бир ой бурун қарор юборди. Тамом-вассалом! Одамларни ўртага қўйиб, ўғлингизни исполкокга юбориб нима қиласиз? Билиб қўйинг, уйингизнинг устидан совет кўчаси ўтади, совет меҳмонхонаси тушади шу ерга!
Ўзидан икки баравар баланд одамга бўйни сингудек бўлиб пастдан юқорига қараб, савлатлироқ кўриниш учун оёқларини йириб, дағал муомала қилаётган кўримсиз пакана бир кишининг ҳолати ғайри табиий, кулгили ҳолат. Аммо ўшанда бундай кўрингани йўқ. Ҳаммамиз ичимизда ғазабимиз қайнаётган бўлса ҳам жим уни эшитардик.
— Ҳамма тўполон қилса ҳам, сиз қилманг. — У ҳовридан тушгандек бўлиб маслаҳат берди. — Урушда бедарак кетганларнинг кўпи қаердалигини яхши биламиз. Ўшаёқларда ҳам душманлик қилиб юришибди. Акаси душман бўлгандан кейин, укаси ким бўларди?
Мен ялт этиб отамга қарадим. Шу пайтгача, оғирлик қилиб, сукут сақлаб турган отамнинг йирик қўллари мушт бўлиб тугилди. Шундан кейинги унинг ҳаракатларини аниқ айтиб беролмайман. Бир маҳал Қўчқоровнинг калта оёқлари тепамизда, бошимиз устида пилдирай бошлади. Отам уни бошлари узра даст кўтарганларича, кўча эшик томон уч-тўрт қадам босдилар, кейин бир силтаниб улоқтирдилар. Кўчқоров учиб бориб, сомон тиқилган қопдек дўп этиб йўлкага тушди. Бир-икки думалаб ўрнидан турар экан, йўтал аралаш «мелиса! мелиса»! деб қичқирди ва оқсоқланиб кўчага қочиб чиқиб кетди.
— Ҳароми!
Отамнинг айтган гаплари шу бўлди. Бирдан гандираклаб кетдилар. Югуриб бориб қўлтиқларидан олдим. Бир амаллаб супага ўтказдим. Аммо ўтиролмадилар, ётиб, ойим узатган ёстиққа бошларини қўйдилар. Опам муздек водопровод сувида сочиқ ҳўллаб келди. Пешоналарига қўйдик. Доктор чақиришга кўнмадилар. Эсимни таниганимдан бери биринчи марта, у кишини шундай, бетоб ҳолда кўришим эди, хўрлигим келиб кетди. Ичимда йиғладим ҳам. Ҳовлида эса тақира-туқир яна бошланган, ижроком ишчилари энди ҳеч иккиланмасдан, ҳеч нарсани аямасдан уйни бузишга тушган эдилар.
— Камолбек, — чақирдилар бир маҳал отам. — Шу ердамисиз?
— Шу ердаман, дада!
Кўкракларига қўлимни қўйдим. Отам кўзларини очмоқчи бўлдилар, аммо очолмадилар. Тимискиланиб, тирсагимдан ушладилар,
— Битта ишингиз бор, ўғлим…
— Хўп бўлади, дада! — дедим қўлларини силаб.
— Аҳмаджон тунукапуруш деган одам бор. Мактабнинг рўпарасида туради. Шундан икки ярим минг қарзим бор. Узиб қўйиш керак.
— Хўп бўлади, дада, — дедим мен, аммо гапимни эшитдиларми, йўқми, билмайман. Тирсагимни ушлаб турган қўллари шилқ этиб кўрпача устига тушди.
— Дада!!
Бор овозим билан қичқириб юборганимни ўзим билмай қолдим.
Бирпасда уйимизни қий-чув босиб кетди. Отам ўшанда олтмишга кирган эдилар. Маҳалла имоми, кексалар икки ёш қўшиб, пайғамбар ёшида, деб чиқаришди. Еттиларини ҳам шу, ўзлари қурган, энди эса ярми бузилиб вайрон бўлиб ётган уйда ўтказдиқ. Эртасига аммамнинг ўғиллари яна ўз ҳовлиларига бизни кўчириб олиб кетишди. Ижрокомнинг икки хоналик квартирага берган ордери супада, эски шолчанинг тагида қолганича қолди.
Отамизга йил оши берганимиздан сўнг, ойим, тоғаларимнинг қистови билан опам аммамизнинг неварасига турмушга чиқди. Турмушлари яхши. Поччам иккалови боболаридан қолган, аммо энди анча кенгайган мактабда ўқитувчилик қилишади. Бешта фарзанд кўришган. Ҳаммаси ўғил. Қонга тортар экан. Жиянларим ҳам гавдали, полвон йигитлар. Энди оила қуриб, бола-чақалик бўлиб кетишган. Ойимнинг маслаҳати билан бўлса керак — амакиларим, отам бир жойда яшаганларини мақтаб-мақтаб гапирардилар, — ўша ҳовлининг ўзида, опам билан ёнма-ён туришади.
Опамнинг тўйидан кейин йил ўтмай, ойим иккаламиз Дўмбирободдаги участкага кўчиб бордик. Каникул пайти зоминлик курсдошим Абдукарим деган, худди менинг жиянларимга ўхшаган паҳлавон йигит билан отамдан қолган полвон қолипда ғишт қуйдик. Эски уйдан деярли бутун ғишт чиқмади. Бульдозер солиб ағдарилгандан кейин бутун чиқармиди? Тунукаларнинг ҳам ярмидан кўпи қоқишга ярамади, лом билан кўчириб илма-тешик қилиб юборилганидан чиқиндига чиқиб кетди.
Ойим иморат битганини кўрмадилар. Ҳовлининг этагида омонат қурилган ҳужрада отамнинг ўлимидан ўн йил ўтгач, қандай тинч яшаган бўлсалар, шундай тинч қазо қилдилар. Уйни хотиним иккимиз бозордан биттадан ёғоч, биттадан тахта ташиб, қуриб олдик. Ҳали ҳам битди дейиш қийин, ҳали ҳам чаласи кўп. Аммо уйнинг икки четидан йўлкаларга тушган иккита тарновни том ёпилган йилиёқ қоқтириб қўйганмиз. Иккаловининг тепасида отамдан қолган иккита хўроз турибди. Шамол кўтарилган пайтлари иккалови тебранади. Қанот ёзиб, қичқиргандек бўлади. Уларнинг овозини эшитаман, отам кўз олдимга келадилар, болалигим ўтган эски ҳовлини эслаб кетаман.
Учинчи курсга ўтганимда дилимда турган отамнинг васиятини бажариш имконияти туғидди. Математикадан ўтказилган конкурсда ғолиб чиқиб, икки минг сўм мукофот олдим. Бўлажак хотиним билан Аҳмаджон тунукафурушнинг уйига бордик. Отам тенги одам экан. Шунга қарамай, биз борганимизда, баланд пахса деворга миниб олиб тунука карнизни тузатаётган эди. Эзилиб кетдим. Ҳеч иш қилмасалар ҳам, отам ўз тенгдошлари қатори юрсалар бўлмасмиди?!
Аҳмаджон ота аввал олмайман деб туриб олди. Қистаганимиздан сўнг олиб, дуо қилди, бизга бахт тилади.
— Отангиз яхши одам эди, — деди кетаётганимизда, — Мабодо, зарурат бўлиб қолса, келинг. Мен ё уйда бўламан, ё отангиз, Сулаймонбекнинг чойхонасида.
Ҳайрон бўлиб унга қарадим.
— Ҳа, отангиз бош бўлиб, чойхона қурганмиз, — деди уста мени тушуниб. — Шундоқ Мирободнинг белида. Ҳар куни қари-қартанглар ўшатда бўлади…
Мана шунга чорак асрдан ошди. Аҳмаджон тунукафуруш ўлиб кетди. Отамнинг тенгқурлари, таниш-билишларидан деярли ҳеч ким қолмади. Қўчқоров юрибди. Юриш-туришидан, гапларидан ҳали тетик. Мен унга ўлим истаганим йўқ. Яшасин, бола-чақасининг роҳатини кўрсин. Лекин нега яхши одамлар кам яшайди? Нега уларнинг ҳаёти кўпинча азоб-уқубатда ўтади? Кимнинг адолатсиз ҳукми, қандай бемантиқ қонун шундай қолади? Яхшига кун, ёмонга ўлим йўқ.Ким буни тўқиган?
Ўша, Қўчқоров келиб-кетган куни архитектор билан гаплашдим. Йўл бир оз сурилса бўлар экан. Шундай қилинг, дедим. Дедим-у, ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Чап юзингга урганларга ўнг юзингни тут, деганлари шу бўлса керак. Нима зарурати бор эди? Ким мени уришарди йўл лойиҳадагидек қолса? Ҳеч ким. Лекин биламан, ўзим азоб чекардим.
Эртасига эрталаб ишхонага келсам, ижроқом эшиги олдида Қўчқоров турибди. Мени кўриб қаршимга юрди.
— Сизни кутиб турувдим. Раис ука, раҳмат! Мартабангиз бундан ҳам баланд бўлсин, дард кўрманг.
Мен индамай ёнидан ўтиб кетмоқчи эдим, тўхтатди.
— Ука!… Сизга айтадиган зарур гапларим бор… Район…
Ўзимни тутолмадим, тутоқиб кетдим:
— Халқ душманининг ўғлига қандай гапингиз бўлиши мумкин? Мен Сулаймонбек аканинг ўғлиман.
— Тўхтанг, тўхтанг, ука! Қайси Сулаймонбек? — У даккам-дуккам қошларини чимириб менга ёпишди. — Ҳали-ги…
— Ўша, ўша! — дедим зарда билан ва юмшоқ қўлларини силтаб қўлимни бўшатдим-да, ичкарига кириб кетдим.
Кун бўйи ўзимни билмай, қилган ишларймда тайин бўлмай юрдим. Шу кичкина, бадбашара, дўпписини деб кел деса, боши билан олиб келадиган бешафқат одам туфайли кўрган кулфатларимизни хаёлимдан ҳайдайман, лекин яна бўлмайди. Қайтар дунё! Нимаси қайтар? Яхшининг бевақт ўлими-ю, ёмоннинг умри боқийлигими? Қайтар эмас, вафосиз дунё.
Шундай, нохуш хаёллар билан кунни кеч қилдим. Уйга кетай деб турганимда, котиба қиз кирди.
— Бир гуруҳ қариялар сиз билан учрашишни илтимос қилишаяпти.
— Кимлар?
— Мирободликлар. Боришга қийналамиз. Иложи бўлса ўзлари келсалар, дейишаяпти. Сулаймонбекнинг чойхонасида кутишармиш. Борасизми?
Бу гапни эшитиб, енгил тортиб кетдим, кўкрагимдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Сулаймонбекнинг чойхонаси… Демак, отам тирик. Яхшилик қолар экан, топтаб бўлмас экан уни.
— Бораман, албатта бораман. Қайтар дунё!
— Нима? — ҳайрон бўлиб сўради котиба.
— Халкда шундай гап бор, — тушунтирдим ўзимча. — Қайтар дунё. Бир кун гапириб бераман.
У ҳеч нарсани тушунмади.

1990.

ҚАДАҲ
(Тўқилмаган ҳикоялар туркумидан)

Болалигимда бувим айтиб берган бир афсона ҳеч ёдимдан кўтарилмайди.
Умрим ўтиб қолди, аммо ярим аср бурун шу эшитган афсонам, бувимнинг товуши ҳамон қулоғим остида…
Бир саҳоба ҳар куни мактабга бориб, ўғлига битта олма бериб келар экан.
Бир куни мактабга боришнинг ҳеч иложи бўлмабди. Нима қилишини билмай, йўлда турган экан, юпун кийинган бир одам олдидан ўтиб қолибди.
Саҳоба сўрабди:
— Мабодо мактабга кетмаяпсизми?
— Топдингиз, тақсир, мактабга кетаяпман, — дебди йўловчи.
— Ундай бўлса бир илтимосим бор… Мактабда ўғлим ўқийди. Мана шу олмани бериб қўйсангиз…
— Уни мен қандай танийман? — сўрабди йўловчи.
— Киришингиз билан кўзингиз тушади. Энг чиройли бола менинг ўғлим.
Йўловчи индамай саҳоба узатган катта, қип-қизил олмани олибди.
Саҳоба кечқурун уйига қайтса, ўғли йиғлаб ўтирган эмиш. Сабабини сўрабди.
— Нега бугун олма олиб бормадингиз мактабга?
Саҳоба уни алдашганини айтиб, ўғлини юпатибди. Эртасига ўша одамни койибди.
— Сиз, мени, ўғлимни хафа қилдингиз. Нега олмани унга бермадингиз?
— Кечирасиз, — дебди йўловчи. — Мен сизни ҳам, ўғлингизни ҳам хафа қилишни ўйлаганим йўқ. Сиз, менга энг чиройли болага олмани беринг, дедингиз. Менинг кўзимга ўз ўғлимдан чиройлироқ бола кўрингани йўқ. Шунинг учун олмани унга бердим.
Саҳоба ҳеч нарса деёлмабди.
Мен ҳеч қайси халқ, ҳеч қайси миллатни камситмоқчи эмасман. Лекин менинг учун менинг халқимдан чиройли, сабр-тоқатли, бағри кенг, кўли очиқ халқ йўқ.
Бир воқеани айтиб бермоқчиман. Воқеанинг тўқима эмаслигига, ҳар бир сўзимнинг ҳақлигига гувоҳим бор. Бу гувоҳ дўстим, улкан ёзувчи Шукур Холмирзаев.
Тахминан ўттиз йилча бурун мени Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига чақиришди.
— Ука, анча-мунча ҳикоялар ёзиб қўйдингиз, — деди уюшма раҳбарларидан бири. — Пойтахтда чиқаришга қарор қилдик. Зудлик билан йиғиштириб олиб келинг. Яхши сўзма-сўз таржима қиладиганларга уюшма ҳисобидан ҳақ тўлаймиз, кейин хат билан жўнатамиз!
Ҳикояларни тўплаб олиб бордим. Сўзма-сўз таржима ҳам қилинди. Гапнинг қисқаси, ўша йили Ёзувчилар уюшмасининг бош раҳбари атоқли ёзувчимиз Комил Яшин илтимос хати билан ҳикояларим ўша ерга жўнатилди.
Уч-тўрт ҳафта ҳаяжонланиб юрдим. Пойтахт нашриётидагилар ҳикояларни олишлари билан ўқиб чиқадилар. Дарҳол менга шартнома лойиҳасини юборадилар. Қарабсизки, яқиндагина адабиётга кириб келган одамнинг уч юз саҳифали китоби рус тилида чиқиб турибди!

Аммо, уч-тўрт ҳафта эмас, йил ўтиб кетди. Жавоб келмади. Русча чиқадиган китобдан совиб кетдим, унутиб ҳам юбордим.
Орадан яна анча вақт ўтди. Эсимда йўқ, бир куни ишдан келсам, хотиним почта қоғозини кўрсатди.
Бандерол. Китоблар бўлса керак. Ёзувчилар дўконига илтимосларимизни юборган эдик. Почтахонага бордим. Бандерол анча оғир эди. Сезиб турибман, қоғозликка қоғоз-ку, лекин китоб эмас.
Эр-хотин очдик. Пойтахтдан келган бандерол — ҳикояларим эди. Ичида нашриётнинг хати билан иккита, ҳар бири беш-олти қоғоздан иборат тақриз ҳам бор. Аввал нашриётнинг хатини ўқиб чиқдим: Ҳикояларингиз, тақризларни юборяпмиз. Нашриёт бундай ҳикояларни чоп этолмайди. Хатнинг мазмуни тахминан шундай эди. Кейин тақризларни ўқиб чиқдим. Уларда ҳикоялар ҳаёт ҳақиқатидан йироқ, бундай воқеалар бўлиши мумкин эмас, дейилган эди. Адашмасам, тақризларни биттаси Тошкентдан жўнатилган эди.
Эр-хотин бироз хафа бўлдик, жаҳлимиз чиқди. Лекин нашриёт билан баҳслашишни ўзимизга эп кўрмадик. Бунинг устига худди шу пайтда марказий газета ва журналларда ҳикояларимнинг баъзилари босиладиган, ҳатто босилиб ҳам турган эди.
Ёз кунларининг бирида ўша, Марказда ҳикояларимни китоб қилиб чиқариш ташаббускори бўлган акамиз уюшмада мени кўриб қолиб севиниб кетди.
— Ука, жуда яхши бўлди сизни кўрганим. Машинангиз бор-а? Ишхонангиздан рухсат олиб бераман. Марказдан бир редактор келган. Таржимонлик ҳам қилади. Шуни икки кун айлантириб келмайсизми? Илтимос сиздан!
Мен Шукур Холмирзаевга қарадим. Бирга эдик. Шукур ихтиёр ўзингизда, дегандек елкаларини сезилар-сезилмас кўтариб қўйди.
— Майли, — дедим мен. — Меҳмон қаерда?
— Меҳмонни ҳозир пастга туширамиз. Менинг хонамда ўтирибди.
Кўп ўтмай уйларимизга хабар қилиб, меҳмонни олдик-да, довон орқали Фарғона водийсига қараб йўл олдик.
Мўлжалимиз бўйича кечқурун тўққизларда Қўқондан Фарғонага ўтиш, меҳмонхонада тунаб, эртаси кун бўйи водийни айланиш ва кечки салқин билан Тошкентга қайтиш эди. Меҳмон ҳам режамизни маъқуллади. У биз тенги йигит эди. Катта-катта ёзувчиларга ўрганиб қолган бўлса керак, уюшмамиз раҳбари бизни таништирганда, анчагина совуқ кўришди. «Куним сенларга қолдими?» дегандек тутди ўзини. Машинанинг орқасига ўтириб олиб, худди ҳар куни Фарғонага бориб келадиган одамдек кўзларини юмиб ухлаб ҳам олди. Тағин қизиқ одати бор экан, ҳеч нарса билан қизиқмайди, сўрасангизгина жавоб беради.
Бу одати Шукур билан бизни мутлақо ранжитгани йўқ. Иккаламиз маза қилиб гаплашиб кетдик.
Тошкентдан жўнаётганимизда меҳмон биздан жиндек ранжиб ҳам олди.
Танишиб бўлганимиз, қаёққа боришимизни гаплашиб олганимиздан кейин, машинага таклиф қилдим. Меҳмон ҳеч иккиланмай олдинги эшикни очиб, ўтира бошлади. Бу жойда ҳар доим, ҳозир ҳам уёқ-бу ёққа борадиган бўлса, Шукур ўтиради. Орқа ўриндиққа ўтириб қалин сочлари тўзғишини ва ҳамманинг олдида тарашни, умуман тароқ тутишни у ёмон кўради. Сезиб қолдим, жаҳли чиқиб, қошлари бир пастда чимирилиб кетаяпти. Лекин-гапиришга улгурмади.
— Илтимос, Сиз орқага ўтиринг, — дедим меҳмонга. Кейин ҳафа қилмаслик учун қўшиб қўйдим, — йўл-йўлакай биз маршрутни, йўлларни маслаҳатлашиб кетамиз.
Шукур тинчиб, ёнимга ўтирди.
Довонга кўтарилмасдан Тангатопди қишлоғига кираверишда, шундай сувнинг бўйида шинамгина чойхона бор. Шу ерга етиб борганимизда, Шукур иккаламиз беихтиёр бир-биримизга қарадик. Тушдик. Кабобпаз зира хиди анқиб турган қўй гўштини сихларга тортаётган экан. Чойхоначи йигит бизни салқин бир жойга ўтказиб битта кўк, битта памил чой келтирди. Тандирдан янги узилган иккита баркашдек-баркашдек жойдари нон қўйиб кетди.
Кабобпаз кабобларни кўра устига териб олдимизга келди:
— Озгина аччиқ-чучук ҳам қилиб ҳам берайми?
Миннатдор бўлдик. Аччиқ-чучук бор жойда, озгина бўлса ҳам ичилади. Машинага бир-иккита шиша солиб олган эдик, биттасини келтириб, водопровод остига қўйиб қўйдим.
— Умарбеков! Бу қандай бўлар экан? — деди Шукур жиддий оҳангда. — Сиз ичмайсиз, рулдасиз. Бу одамни мен биринчи марта кўришим. Индамай у билан ичавераманми? Кейин нима бўлади?
— Фарғона тонг отгунча бўлади, — дедим мен ҳазиллашиб, кейин унга ўхшаб жиддий оҳангда қўшиб қўйдим. — Агар меҳмон ичмаса, сиз ҳам ичмайсиз-да. Шу ҳам ташвишми?
— Бу гапингиз ҳам маъқул. — деди Шукур. — Лекин фаҳмлашимча, яхшилаб таклиф қилинса, рад этмайди.
Мен кулиб юбордим. Кулгининг боисини меҳмонга тушунтирдим. Биринчи марта унинг чеҳраси ёришганини шунда кўрдик.
Аччиқ-чучук, барра кабоб, муздек ароқ, иссиқ нон, булоқ суви… Бунинг устига ғир-ғир эсиб турган тоғ шамоли… Анча қолиб кетдик чойхонада. Мўлжал бузилди. Маршрутни ўзгартиришга тўғри келди. Кечаси соат ўн иккиларда Катта Фарғона каналининг Куйганёрдаги бўлимига кириб бордик.
Бўлим бошлиғи Нўъмонжон деган ажойиб йигит эди. Саид Аҳмад ака таништирган. У билан сўрашдик. Кимдир мотоциклда келиб биз билан кўришди-да, орқамда юринглар, деб мотоциклига ўтирди. Кўп юрганимиз йўқ. Икки кўча айланиб, Усмон Юсупов музейи ва шу ердаги кичкина меҳмонхонага кириб бордик.
Кўп ўтмай, Нўъмонжоннинг ўзи етиб келди. Қучоқлашиб кўришдик. Шукурни, меҳмонни таништирдим.
Меҳмонхонага кўтарилдик. Аччиқ чой, кетидан катта бир лаганда ош келди.
— Қани олиб турайлик, — деди Нўъмонжон ва ўзи биринчи ошга қўл узатиб бошлаб берди. — Ростини айтинглар. Уйқу босаяптими, йўқми?
— Нима эди? — сўрадим тушунмай.
— Балиқ овласак нима дейсизлар? Тунги балиқ овининг зап гашти бўлади-да!
Мен меҳмонимизга айтувдим, хурсанд бўлиб кетди.
Ўрнимиздан турганимиздан тўғоннинг бир тарафидаги сув чиқарилиб тизза бўйи қолган эди. Фонарлар, ой нурида кумушдек товланиб, ўзини ҳар ёққа ташлаётган балиқларни қўл билан тутса бўларди. Шундай қилдик. Тутганимизни челакка солиб узатамиз, зум ўтмай, қовуриб келишади… Яна тутамиз. Хуллас, оёқлар музлагунча ов қилдик.
— Мен биринчи марта қўл билан балиқ тутишим! — деди меҳмон. — Айтиб берсам, ўлай агар, ишонишмайди!
Нўъмонжон кулиб қўйди. Ўша куни у бизни хурсанд қиладиган яна бир иш қилиб қўйган экан. Буни эрталаб билдик. Меҳмонхонанинг катта даҳлизига дастурхон ёзиб, бизни таклиф қилишди. Боғда бурнининг учларигача шарбат босиб шафтоли, узум, еб юрган меҳмонни етаклаб, кўтарилдик.
Даҳлизда Нўъмонжон билан бирга фарғоналик ҳамкасб дўстларимиз Охунжон Ҳакимов, Йўлдошали Сулаймонов туришарди. Пешинда Қуйганёрдаги машҳур, Охунбобоев, Усмон Юсупов, Юсуфжон Қизиқлар табаррук қилиб кетган Қорадарё устидаги чойхонада девзира палов еб, Фарғонага жўнадик.
— Тўғри Адҳам аканикига борамиз. Сизларни кутиб ўтирибдилар, — деди Йўлдошали.
Турган-битгани афсона, латифа, ҳазилдан иборат бўлган, оғзаки том-том китоблар ёзиб ташлаган атоқли ёзувчи, уруш қаҳрамони, водийнинг эрка фарзанди Адҳам Ҳамдам билан кўришмасдан бўлмасди. Аввало у хафа бўларди. Кейин у билан бир дақиқа бўлишни фақатгина биз эмас, кўпгина қалам ахли қувонч деб биларди.
Адҳам ака ҳазул-ҳузул гаплар билан бизни кутиб олди. Бирпас Фарғона раҳбарлари ҳақида шўх, кулгули, аммо ҳеч кимни ҳақорат қилмайдиган латифалардан айтиб берди.
Келинойимиз ярим коса-ярим косадан серқатиқ мастава олиб келди.
Кейин иккита машинага ўтириб, баланд кумушбарг тераклар соясидаги текис кўчалардан юриб, озода, одамнинг баҳрини очадиган шаҳарни айландик. Адҳам ака меҳмонни тарихий ўлка музейига олиб кириб чиқди. Соат бешларда педагогика институтида бордик. Зал тўла одам эди. Бизни пича кутиб қолишибди. Шу сабабли ректорнинг кабинетига кирмай, учрашувни бошлаб юбордик. Охунжон ҳаммамизни, шу жумладан меҳмонимизни ҳам таништириб чиқди. Савол-жавоб, режалар ҳақида гапириб қоронғи тушганини билмай қолдик. Адҳам ака аралашмаса, учрашув тонготаргача чўзилиши мумкин эди. У киши жиддий ишларни баҳона қилиб, кечани тугатди. Ректорнинг кабинетида чой ичдик. Ҳаммамизнинг елкамизга тўн ташланди.
Меҳмон елкасидаги банорас тўнга ҳавас билан қараб, мендан сўради.
— Пулини кимга бериш керак?
— Шукурга, — дедим мен. — Унинг закази билан олиб келишган, ёқдими?
— Жуда ҳам, — деди меҳмон. — Яна битта сотиб олсам бўладими?
— Бўлади, — дедим мен.
Фарғоналик ҳамкасбларимиз билан теракзор такъяда ўтирганимизда Шукур ёнимга келди.
— Умарбеков, бу тўн неча сўм тураркан, билмайсизми?
— Нима эди?
— Меҳмонимиз қизиқаяпти.
— Адҳам акадан сўраб кўринг.
— Ҳафа бўладилар. Совғанинг ҳам баҳосини суриштирасанми, деб, койийдилар.
— Меҳмонга худди шундай тушунтиринг. Афтидан мен ножўя ҳазил қилдим. Энди яхшилаб ростини тушунтириш керак.
Шукур кулиб юборди.
Ярим кечада меҳмон мени уйғоқ ўтирганимни кўриб ёнимга келди.
— Бугунги учрашув планлаштирилганмиди?
— Йўқ. Эскпромт.
Меҳмон индамади. У нималарнидир ўйлар, мулоҳаза қилар, аммо айтишга ийманарди.
— Ёзувчиларни яхши кўришар экан.
— Ҳа, бизда адабиётни, санъатни севишади, — дедим мен.
Эрталаб нонуштадан сўнг, уч-тўрт машина бўлиб, Шоҳимардонга кетдик.
У ердан қоронғида қайтиб Қўқонда тунадик.
Меҳмонимиз шу кунлар ичида сезиларли ўзгариб кетди. Аввало офтоб тегиб, юзлари, қўллари қорайди. Озгина тўлишди ҳам. Лекин гап бунда эмас, гап унинг бирдан афсона ичига тушиб қолганлигида ва бу ҳолатни яширмаётганида эди. Биз, Шукур иккаламиз унга маъқул келиб қолдик, нима уни қизиқтирса, хайратга солса, энг яқин дўстларидек бизга мурожаат қилар, билиб олар, уччаламиз қолганимизда ўзининг, онасининг ҳаётидан баъзи, ўзи учун қизиқ туйилган воқеаларни айтиб берарди. Ёлғиз ўғил экан. Шеъриятга қизиқиб, адабиётчи бўлибди. Аммо ундан шоир чиқмабди. Яшаш керак, касалманд онани боқиш керак. Нашриётга шунинг учун ишга кирибди. Ҳали ёшлигини, шоир бўлиб кетиши мумкинлигини айтиб, биз уни юпатдик.
Хуллас, икки кунга йўлга чиққан одамлар, тўрт кун водийда қолиб кетдик.
Тушликда яна Қўқон такъяларидан бирида ош еб йўлга тушдик. Йўлдошали бизнинг машинамизда Пунгангача борди. Шу ерда у билан хайрлашдик. Яна бир марта ҳаммага салом ва миннатдорчилик билдириб қўйишни меҳмонимиз биздан олдин илтимос қилди. Йўлга тушдик. Ниятимиз кечки салқинда Тошкентга кириб келиш, бизникида овқатланиб, тарқалиш эди.
Довонга етганимизда меҳмон елкамга қўлини қўйди.
— Бирон салқинроқ жойда тўхтасак бўладими?
— Марҳамат, — дедим мен.
— Йўлдошали, Адҳам акалар машина орқасига нималарнидир қўйишди. Афтидан ичадиган нарсалар ҳам бўлса керак?
— Бор, — деди Шукур. — Ҳали ўзимиз Тошкентдан олганларимиз ҳам турибди.
— Мен ичмоқчиман. — деди меҳмон.
Меҳмон амри вожиб. Чодакдан ўтгандан сўнг, йўлнинг чап томони салқин эди. Тузукроқ жой қидириб ўтирмасдан машинани тўхтатмоқчи бўлдим, меҳмон кўнмади.
— Кабоб еган жойдек жой бўлса яхши бўларди.
— Сиздан шоир чиқишига шубҳа йўқ, — деди Шукур. — Мен ҳам чиройлироқ жойда тўхтасак дейман. Сиз-чи, Умарбеков?
— Кемага тушганнинг жони бир.
Довондан тушаверишдаги булоқ бошида тўхтадик. Шу ерда чойхона бор эди. Лекин чойхонадан идиш-товоқдан бўлак нарса олишга тўғри келмади. Ҳамма нарсани Фарғоналик дўстларимиз иккита тугун қилиб, машина орқасига жойлаб қўйишган экан. Яхна гўшт, мева, ичимликлар, катта сопол товоқда полов ош, нон…
Шунга қармай, чойхоначи амаки таомил деб, иссиқ нон, қанд-қурс келтириб қўйди.
Меҳмон сабрсизлик билан идишларга ичкилик қуйилишини кутарди. Ниҳоят ҳамма тайёргарлик кўриб бўлингач, Шукур пиёлаларга тўлатиб ароқ қуйди.
— Мана, меҳмон, олинг.
— Менинг гапим бор, — деди меҳмон. — Илтимос қиламан, эшитинглар. Мен Тошкентга келиб сизлар билан учрашишимни билганим йўқ эди. Аммо учрашганимдан хурсандман. Энди хурсандман. Шукур, сизнинг олдингизда мен Ўлмасдан кечирим сўрашим керак. Унинг ҳикояларини мен қайтариб юборганман. Ичида тақризлар ҳам бор эди. Нашриётнинг хати ҳам бор эди. Ўлмас, олганмисиз?
— Ҳа, — дедим мен.
— Ўқиганмисиз ҳаммасини?
— Ўқиганман.
— Мендан хафа бўлсангиз арзийди, Нашриётнинг хати ҳам, уюштирилган иккала тақриз ҳам ҳикояларингизга, энг муҳими, халқингизга туҳмат. Сиз, ўзбек ёзувчилари шундай кўнгли очиқ, камтар, ёзувчига ҳурмати баланд халқингиз билан фахрлансангиз арзийди. Ўлмас, ҳикояларингиз, қаҳрамонларингизга ишончсизлик билдириб биз гуноҳ қилдик. Мен гуноҳ қилдим. Қўлёзмаларингизни олиб кетаман. Китобингизни чоп этишни талаб қиламан. Биз Тошкентдан борган бир тақризга қаттиқ ишониб юбордик. Мени кечиринг. Шу қадаҳ ўзбек халқи учун, Ўлмас, Шукур сиз бахтли ёзувчиларнинг қаҳрамонлари учун ичаман!
Мўлжалимиз қайтишда ҳам бузилди. Довонда узоқ қолиб кетиб, Тошкентга ярим кечаси кириб келдик.
Бу воқеани мен ҳикояларимни мақташ учун гапириб бераётганим йўқ. Сиз ҳам, ҳурматли ўқувчи, мен ҳам, бир нарсага севинишимиз керак.
Ажойиб халқимиз бор. Унинг ақл-идроки, қадоқ қўллари билан ҳозирги қийинчиликлардан эсон-омон чиқиб кетамиз, ҳар бир хонадонда «очил дастурхон»лар пайдо бўлади, танишми, нотанишми, ҳамма меҳмонларни иззат-икром билан кутиб оламиз. Эшик олдидаги одамга: «Ким керак эди сизга?» демай, «Қани, ичкарига киринг», деган халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.
Халқим! Олис, машаққатли йўлинг бехатар бўлсин! Омад ва бахт ҳамиша сенга ёр бўлсин!

1994, май

088

ЎЛМАС УМАРБЕКОВНИНГ «ОДАМ БЎЛИШ ҚИЙИН» РОМАНИНИ CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ ВА ЮКЛАБ ОЛИНГ.

011  Ўлмас Умарбеков ҳақида

091 Ўлмас Умарбеков 1934 йил 25 январда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1992). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1980). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1984). Ўрта Осиё университетининг филология факултетини тугатган (1956). Илк китоби — «Ҳикоялар» (1958). «Хатингни кутаман», «Юрак сўзлари» (1960), «Бобоёнғоқ» (1961), «Юлдузлар», «Менга ишонмайсанми?» (1962), «Ҳаёт абадий» (1964), «Чарос» (1966), «Кўприк» (1968), «Болгар қўшиқлари», «Олтин япроқлар» (1972), «Қиёмат қарз» (1976, шу ҳикоя асосида саҳна асари ҳам бор), «Ер ёнганда» (1993) каби ҳикоя тўпламлари нашр этилган. У «Одам бўлиш қийин» (1970), «Фотима ва Зуҳра» (1994) романлари ҳамда «Севгилим — севгилим» (1963), «Кимнинг ташвиши йўқ» (1965), «Уруш фарзанди» (1972), «Ёз ёмғири» (1973), «Оқ қалдирғоч» (1974) цингари киссалар муаллифи. Бир қанча драмалар ҳам ёзган («Оқар сувлар», 1971; «Туҳмат», 1987; «Оқсоқол», 1991; «Ўзинг учун ўл етим», 1992 ва бошқа). «Қизимга мактублар» («Мангу ҳаёт бўсағасида») деб номланган публитсистик асари ҳам бор.
Ўлмас Умарбеков 1994 йил 10 ноябрда Тошкентда вафот этган.

(Tashriflar: umumiy 803, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring