Matnazar Abdulhakim. She’rlar & O’rozboy Abdurahmonov. Lochinning shunqor qalbi.

03c_orig.png          Мен бу дунёга нимага келганини билмасдан кетганларнинг кўпини кўрганман. Лекин Матназар бекорга келмади, у шоирлик оламида Матназар дунёсини яратиб кетди…

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ
ЛОЧИННИНГ ШУНҚОР ҚАЛБИ
Матназар Абдулҳаким ҳаётига чизгилар
004

Нукус-Тошкент учоғидан пешинда тушиб, 25-автобусда тўғридан-тўғри Уюшмага бордим.

Пойтахт Тошкент, Пушкин кўчаси, 1-уй Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси…

Барча қалам аҳлининг тақдири жамланган бу иморатга бир кириб-чиқишнинг ўзи биз — ёшлар учун катта бахт – мартаба эди.

Талабаликдан мерос бўлиб қолган сумкамда “бошимга бало бўлган” Орол тақдирига боғлиқ эссе билан ҳаёт йўлини қидириб топа олмаётган бир йигит ҳақидаги роман қўлёзмалари ва ҳажми улардан кам эмас, “оқлаш, қоралаш” рецензиялари ҳамда муҳокама баённомалари… Мен адолат излаб келган эдим. Пешиндан кейин Уюшмада раҳбарлардан ҳечким йўқ экан. Анчадан буён аъзо бўлсам ҳам, Уюшманинг иш жараёнидан бехабар эканман чоғи унинг на “каттасини”, на “кичигини” танирдим. Асарлари ёққанларини катта, ёқмаганларини кичик деб ҳисоблардим… Котиба қиз келишдан мақсадимни эшитиб, раҳбариятнинг қабул қила олмаслигини, агар хоҳласам, пастдаги адабий маслаҳатчиларга мурожаат этишим мумкинлигини айтди…

Пастдаги маслаҳатчилар хонасида бири ёшулли, бири ёш йигит, икки киши ўтирган экан…

— Келинг, келинг, қорақалпоқ қадрдоним, қондошим-жондошим… — деди ёшулли. — Чамаси, Ўрозбой деганлари ўзлари бўлса керак, Абдураҳмонов, а?

Мен бошимни силкитдим ва Тошкентдек азми шаҳарда, айниқса, Уюшмадек муқаддас жойда олисда “қораланиб” юрган, мендек “чатоқ” ёзувчини таниганларидан хурсанд бўлдим.

— Ўқиганмиз, ўқиганмиз, анави Берунийдан чиққан девонагадойилар бор эди-ку, Талъат Нигматуллиннинг умрига зомин бўлган… ҳақида асарни боплабсиз, қойил, қойил сизга… Ўзбекчаси қачон чиқади?

— Билмадим, сизлар чиқарсангиз чиқар…
— Энди буёғи катталарга боғлиқ-да… Мана, ҳамюртинг Хоразмдан, Матназар Абдулҳаким, ёш шоир, қалами ўткир…

Биз Матназар билан қучоқлашиб, қайта кўришдик. Ёшуллининг илиқ муносабати ва унинг қабулидаги ҳамюртимнинг камгап, лекин самимий салом-алиги кўнгилга мадад берарди…

Биз Матназар иккаламиз ёшуллининг олдидан бирга чиқиб кетдик.

— Бу азми шаҳардан бир бокал пиво топиладими? — дедим ташқарида.
— Кетдик, — деди Матназар…

Биз бугуннинг катта шоири Матназар Абдулҳаким билан шундай танишганмиз…

Фасл танламаймиз. Ҳаммаси баҳор,
Қовжирайди фақат ёлғон-яшиқлар,
Биз абадий некбин. Мангу умидвор,
Биз — кўнгли совишни билмас ошиқлар.

* * *

Матназар камгап эди. Ҳатто Элликқалъадаги машҳур шеърият байрамларида ҳам ўртага гап қўшмасдан, фақат, ҳазилга ҳазил билан жавоб берибгина қўярди. У камроқ билиб, кўпроқ гапирганларни ёқтирмасди. Шоирлар давраси ёки китобхонлар билан учрашувларда ҳам ўзидан-ўзи зерикмасдан жим ўтирганини кўрганман.

Бир уй бор.
Бу уйда,
қачон қараманг,
совуқ ҳашам ҳоким,
ва қаттиқ тартиб.
Бу уй жуда тоза.
Кирадилар унга
фақат юракларга оёқни артиб…

* * *

“ЎзАС” газетасининг Навоий, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида ўтадиган кунларини ўтказишга таклиф келиб, Мурод Абдуллаев қўнғироқ қилди:

— Ўрозбой, машинада келасан-ку, йўл-йўлакай, жўранг Матназарни ола кел, — деб илтимос қилди.
— Бош устига!

…Эрта тонгда Урганчнинг келишилган жойидан Матназарни олиб йўлга тушдик. Биз жажжи “Тико” машинасида Қизилқумнинг изғирин эсган кенг бағрини қоқ ёриб, Газли йўлида борардик. Кино операторим Ҳасанбой орқа ўриндиқда жимгина ўтирарди.

— Секинроқ ҳайда, жўра, — деди Матназар, — бу саҳрода бир кори ҳол бўлиб қолса, ёрдам берадиган одам топиш қийин…

— Энди юздан кам ҳайдасак, манзилга қачон етамиз. Қўрқма, жўра, сен ўзбекнинг улуғ шоирисан, мени эса қорақалпоқнинг руҳи қўллаб турибди, худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Ундан кўра, янги шеърлардан бўлса ўқиб бер. Айтмоқчи, Матназар, сен шу дарёнинг нариги соҳилида, мен бу соҳилида яшаймиз. Энди, мана, дарё қақраб, Орол қуриб боряпти. Мен-ку, ёзаримни ёзаяпман, сен-чи, сен, олдингдаги дарё суви тортилиб, қуриб бораётганида буюк шоирман деб юраверасанми? Майли, Орол дарди ҳаммамизники, лекин Амударёдан уялмайсанми?

Матназар индамасдан совуқ дам олиб, сумкасидан қоғозларини олиб, қуйидаги сатрларни ўқиди!

… Бизлар ҳам кўп ёмон қаттиқ ухладик,
Доҳийлар уйғоқ деб кўнгил бўлгач тўқ.
Уйғониб қарасак — йўқдир дарёлар,
Уйғониб қарасак — денгизимиз йўқ.

Лекин бир ғаройиб фарқи шунда-ки,
Барин ухлаб ётиб ичган ўзимиз.
Бугун башарият олдида, мана,
Оқ пахта деб қаро бўлди юзимиз.

—У-у, — дедим ҳайратдан, — узр, дўстим, узр. Мен бу шеърингни ўқимаган эканман…

— Ухлаб ётган одам шеър ўқийдими? — деди Матназар танбеҳона ҳазил билан.

— Шу шеърни “Оролим — дардим менинг” китобимга алмаштирасанми? Халқаро мукофот олган…

— Қўлни ташла…

* * *

Навоий Давлат университети зали талабалар билан тўла. “Адабий учрашувлар аслида шоирларга яхши, мен гапирмай қўя қолай, нимани гапираман?” деб Мурод оғадан қилган илтимосим ўтмади. “Сен танимасанг ҳам, одамлар сени яхши танийди, гапиришинг керак”, деди у. Менга бир ёшулли шоирдан сўнг сўз беришди. Минбаргача “нима десам экан?” деган ўйга бордим ва залга қараб, “бўлганича бўлар” дегандек гапира бошладим:

— Мен қорақалпоқдан келган ёзувчиман… Нима ёзиб, нима қўйганимни мажлис оғамиз айтиб ўтди. Кўнгилдаги бор гапни айтсам, мана шундай учрашувларда шоирларга ўта ҳавасим келади. Бу шоир деганлари, мана, менинг жўрам Матназар Абдулҳаким сингари худо берган таланти билан қаерда юрмасин, кўнглида шеър тўқиб, уни қизларга ўқиб, бирданига яхши кўриниб қолади. Қарасангиз, қизларнинг сулуви, гулларнинг чиройлиси шоирларники… Биз наср ёзғувчиларнинг тақдири сал бошқачароқ… Бир китоб ёзиб уни нашр қилдириб, ўқувчига етказаман дегунча анча замон ўтадики, уни ўқиши керак бўлган қизларни шоирлар олиб қўйган ёки улар оилали, бола-чақали бўлиб кетган бўлади… Агар сизларга яхши кўринаман деб, ёзганимни ўқий бошласам… бир-икки кун керак бўлади… Сабр-тоқат масаласида қандай қарайсиз? Ҳа, барибир хўш кўрмас экансиз-да… Демак, мен сизларнинг номингиздан мажлис оғасидан келгуси сўзни шоир Матназар Абдулҳакимга беришни илтимос қилардим…

Зал нотиқдан осон қутулганига хурсанд шекилли, яхши қарсаклар билан кузатди. Шоир Матназар салобатли қадам ташлаб, ўртага чиқди ва босиқ овози билан шеърларини ўқий бошлади. Унинг ўзига хос овозида чуқур маъносини бирданига илғаб олиш амри-маҳол, лекин қалбларнинг қайси бир торларини сирли оҳангда чалиб юборадиган шеърлар жаранглади. Ҳар бир шеърга қарсаклар чалиниб, залнинг Матназардан айрилгиси йўқ эди. Етти-саккиз шеър ўқилгандан кейин шоир сўзга ўтди!

— Ҳозир мендан олдин гапирган қорақалпоқ Ўрозбой Абдураҳмонов нафақат катта ёзувчи, у ўта камтарин инсон ҳам. У қачон кўрсангиз, ўзининг шоирлигини яшириб юради. Аслида, мен шоирликни унинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб ўрганганман. Ижозат берсангиз, Ўрозбойнинг айтган шеърларидан бир-иккитасини ўзимнинг таржимамда ўқиб берсам… “Ўлар бўлсанг, ўл энди, Ўроз” дедим ичимда. Матназар ўзининг қизларга ёзган ажойиб ҳазил шеърларини ўқиб берди…

— Шеър ҳам ёзаркансиз-ку, айтмайсиз… — деди оқкўнгил Мурод жўрам.
— Бу шоирлик дегани юқумли касаллик бўлса, йўл-йўлакай мана шу Матназардан ўтгандир… — дедим ҳазиллашиб…

Пастда талабалар шоирларни қуршовга олиб, дастхат ёздираяпти. Чеккага чиқиб турсам, қўлида бир даста гул билан бир қиз мен томон келаяпти…

— Ўрозбой оға, мен китобингизни кўп ўқиганман. Сизни кекса ёзувчилардан деб ўйлардим, ўзингизни биринчи бор кўришим… Иложи бўлса, бир китобингизга дастхат ёзиб берсангиз, — деди у гулдастасини узатиб.

— Ҳозирча ёнимда китобим йўқ эди. Худо хоҳласа, кейинги сафарлари олиб келарман…
— Бўлмасам, мана бу шахсий дафтаримга ёзиб беринг…

Ёзиб бердиму, у қиз кетгач, талабалар қуршовидан чиққан Матназарга гулдастани тутқаздим.

— Жўра, менга энди сенинг ўрнингга дастхат тарқатиш қолувди… Йўқ нарсани таржима қилишингдан ўргилдим…

Матназар роҳатланиб кулди, сафаримизнинг бундан буёғига биз “шоир” тахаллусини олдик. Кейинги учрашувларда ҳам Матназар “бу Ўрозбойнинг ҳали ёзмаган шеърларининг таржимаси” деб ўзининг ҳазил шеърларини ўқиб юрди.

* * *

Бир куни эрта тонг уяли телефоним жиринглади.

— Уйғотмадимми, Ўрозбой? — деди Матназар овози.
— Уйғоқман, жўра, не омонликми?..

— Бугун оқшом тушимда Иброҳим оғани кўриб чиқдим. Зиёрат қилсак дегандим…
— Кел, кел, жўра…

Иккаламиз Шурчадаги халқ шоири Иброҳим Юсупов қабрини зиёрат қилиб, пешиндан сўнг Матназарни кузатиб қўйдим. Ўшанда кузатганим, чап қўли билан чап кўксини силай берган эди…

Қутлуғ бўлсин шеъриятнинг камоли,
Эзгуликдир, муҳаббатдир аъмоли.
Эсиб турсин мангу Жайхун шамоли,
Иброҳим Юсуф бир! Қорақалпоқ кўп…

* * *

Матназар Тахиатошдаги фахрийлар оромгоҳига тез-тездан келиб турар эди. Лекин уйдаги сўнгги меҳмондорчиликда ўртага ароқ қўймадим-да, туя сути — шубат келтирдим.

— Энди жўра, ароқнинг режасини иккаламиз ҳам ортиғи билан бажарганмиз шекилли. Бундан буёғига сут-қатиқ ҳам ичиб кўрайлик. Буларнинг таъми ҳам эсдан чиқиб кетгандир.

— Сен нима, мени қатордан чиқариб ташламоқчимисан? “Қоратов”ни оч…
— Бу шубат ҳам яхши кайф беради, жўра…
— Майли, олдин озгина “Қоратов” бўлсин, кейни шубат…

Меҳмоннинг истаги қонун, айтгани бўлди. Лекин ўшандан сўнг Матназарга шубат ёқиб қолди. Оромгоҳдан қайтганларида ҳам уни шубат билан кузатиб қўйганман.

…Кеч куз. Хоразмдан даҳшатли хабар келди. Матназар йўқ эмиш… Бордим, жанозага… Ростдан ҳам йўқ…
Мен ҳам Нукусга ўзимни йўқотиб қайтдим… Ўшандан буён қулоғимга шоирнинг овози келади!

Бу гулзорни ўзим яратдим,
Бу чаман деб терлар тўкдим мен.
Ер ҳайдай деб гоҳ қўшдим қўшлар,
Гоҳ чел чекдим, экин экдим мен.

Гарчи уқувсизроқ гулчиман,
Нуқсонларим гарчи бир талай…
Бироқ… келганим йўқ дунёга
Капалак тутмоққа ҳарқалай…

Мен бу дунёга нимага келганини билмасдан кетганларнинг кўпини кўрганман. Лекин Матназар бекорга келмади, у шоирлик оламида Матназар дунёсини яратиб кетди…

Мақола муаллифи

Ўрозбой Абдураҳмонов 1949 йил 27 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида туғилган. 1973 йили Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тамомлаган.Турли йилларда “Жеткинчик” болалар газетасида, “Амударё” журналида, Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмасида, “Қорақалпоқфилм” уюшмасида, “Ўзбектелефилм”нинг Қорақалпогистон бўлимида ишлаган. Айни пайтда Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси раҳбари ўринбосари лавозимида меҳнат қилмоқда.
Ўрозбой Абдураҳмонов Қорақалпоғистон Ёшлар мукофоти лауреати (1979), экология соҳасида ЮНЕСКО медали соҳиби (1987), Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1999), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2001), Қорақалпоғистон халқ ёзувчи (2004) унивонлари эгасидир. Унинг “Бир муҳаббат тарихи” (1977), “Қўшнилар” (1981), “Чангалзор пайғарбари ҳалокати” (1987), “Оролим, дардим менинг” (1985) китоблари чоп этилган. Унинг “Ўжар” комедияси 1981-йилдан шу кунгача Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат театрида саҳнадан тушмай келмоқда.

Манба: sizuchun.blogspot.com

Ashampoo_Snap_2016.09.24_16h39m48s_002_.pngМатназар АБДУЛҲАКИМ
ШЕЪРЛАР
009

ПУШАЙМОН

Иқбол бўлиб келган эди бизларга,
У софдилни синаб берганди тақдир.
Биз шўрликлар буни кечикиб билдик,
У энди бир умр биздан йироқдир.

Ҳисларни топтадик, оёқлар ёнди,
Ҳаяллаб туташди жонларга олов.
Мажруҳ ғуруримиз аянчдир энди,
Бамисли латтадан қилинган ялов.

У биз учун энди бахтли хотира,
Ўнгидан келмаган лаззатли бир туш.
Бизнинг юракларда илон бор эди,
Бизнинг юракларда яшолмасди қуш…

ҚАРЗ

Баҳор,
Ёз барқ уриб яшнаган япроқ,
Куз келгач, узилиб тушди сарғайиб.
Шамолда шитирлаб кезди-да ҳар ёқ,
Чириди… тупроқда бўлди зим ғойиб.

Тан олгим келмади буни сира ҳам
Азалий бу ҳолдан оғриндим нолиб.
Шунда гужум деди оҳистагина:
“Қайтармаслик уят, болам, қарз олиб”…

ВИДО

Шоир Рўзмат Отаев хотирасига

Қўлларимнинг патлари йўқлар,
Суякларим – қўрғошин йилик.
Мени бунча ёмон чорлайсан,
Жоним осмон, бу не кўргилик.

Самарлари узоқ куттирди,
Умид билан эккан мевамнинг.
Кўчмоқдасан гумбазларига
Сендан улгу олган Хевамнинг.

Тун – кунларининг талашадилар
Ғамларимни – аламларимни.
Тортишарлар чексизликларинг
Поёни йўқ оламларимни.

Юрагимни тортар бир юрак
Мендан олис-олис ерларда.
Мен мисралар билан дардлашиб
Саргардонман ғариб шеърларда.

Ишқдан бўлак титроғим йўқдир,
Йўқдир шеърдан бўлак ҳеч ларзам.
Дўстларимдан бошқа ҳеч кимим,
Ердан – кўкдан бошқа ҳеч нарсам.

Дўст меҳрини парҳез тутмадим,
Нодўст дунё гарчи ғамхона.
Ўлдирса ҳам олдим-да едим
Луқма тутгач хаста ҳамхонам.

Сиз ҳам тутманг меҳримни парҳез,
Жоним тандан бўларкан жудо.
Меросдирман ҳаммангизга тенг,
Тенг кўрганни тенг кўрар дунё.

Кўрингизлар баробар баҳам,
Дардманд сўзим шеъриники бўлсин.
Руҳим бўлсин сеники осмон,
Ва жасадим ерники бўлсин.

Дўстларимга бахшида бўлдим
Уммон эдим қолмай бир қатра.
Юрагимни тортган ошуфта
Юракники бўлсин хотирам…

СИР

Сени кўрганимдан ҳаёт билан тенг,
Ҳаётимни кўрдим сен билан баҳам.
Пешонам кенг менинг.
Бардошим ҳам кенг,
Лекин сиғмай қолдинг иккисига ҳам.

Соғиниш бу — асов дардлар уюри,
Борлиғимни тинмай юлқилар топтаб.
Чунки сен бир лаҳза ташриф буюриб,
Руҳимни қолдирдинг қутлуғ азобда.

Юрагимда йўқдир, ахир, пўлат зирҳ,
Бардош беролмадим бундай зарбларга.
Лекин мен қудуққа сўйламадим сир,
Сени айтдим фақат жимжит ҳарфларга.

Ҳаловатга келди шундан сўнг қаҳат,
Муқаддас телбалик бошланди сўнгра.
Яшадим, исмингни уриб қаҳ-қаҳа,
Яшадим, исмингни мен ҳўнграб-ҳўнграб.

Йўл кўрдимми, тамом, тикавердим кўз,
Муҳаббатдан бошқа эътиқодим йўқ…
Менга шафқат қилма, айтилган эй сўз,
Менга шафқат қилма, отилган эй ўқ.

Мен сени на дўст, на ғанимга айтдим,
Раво кўрганим йўқ ҳар ким-ҳар кимга.
Айтсам, сени мен ўз шаънимга айтдим,
Отсам, сени отдим ўз юрагимга!

O’rozboy ABDURAHMONOV
LOCHINNING SHUNQOR QALBI
Matnazar Abdulhakim hayotiga chizgilar
004

Nukus-Toshkent uchog’idan peshinda tushib, 25-avtobusda to’g’ridan-to’g’ri Uyushmaga bordim.

Poytaxt Toshkent, Pushkin ko’chasi, 1-uy O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi…

Barcha qalam ahlining taqdiri jamlangan bu imoratga bir kirib-chiqishning o’zi biz — yoshlar uchun katta baxt – martaba edi.

Talabalikdan meros bo’lib qolgan sumkamda “boshimga balo bo’lgan” Orol taqdiriga bog’liq esse bilan hayot yo’lini qidirib topa olmayotgan bir yigit haqidagi roman qo’lyozmalari va hajmi ulardan kam emas, “oqlash, qoralash” retsenziyalari hamda muhokama bayonnomalari… Men adolat izlab kelgan edim. Peshindan keyin Uyushmada rahbarlardan hechkim yo’q ekan. Anchadan buyon a’zo bo’lsam ham, Uyushmaning ish jarayonidan bexabar ekanman chog’i uning na “kattasini”, na “kichigini” tanirdim. Asarlari yoqqanlarini katta, yoqmaganlarini kichik deb hisoblardim… Kotiba qiz kelishdan maqsadimni eshitib, rahbariyatning qabul qila olmasligini, agar xohlasam, pastdagi adabiy maslahatchilarga murojaat etishim mumkinligini aytdi…

Pastdagi maslahatchilar xonasida biri yoshulli, biri yosh yigit, ikki kishi o’tirgan ekan…

— Keling, keling, qoraqalpoq qadrdonim, qondoshim-jondoshim… — dedi yoshulli. — Chamasi, O’rozboy deganlari o’zlari bo’lsa kerak, Abdurahmonov, a?

Men boshimni silkitdim va Toshkentdek azmi shaharda, ayniqsa, Uyushmadek muqaddas joyda olisda “qoralanib” yurgan, mendek “chatoq” yozuvchini taniganlaridan xursand bo’ldim.

— O’qiganmiz, o’qiganmiz, anavi Beruniydan chiqqan devonagadoyilar bor edi-ku, Tal’at Nigmatullinning umriga zomin bo’lgan… haqida asarni boplabsiz, qoyil, qoyil sizga… O’zbekchasi qachon chiqadi?

— Bilmadim, sizlar chiqarsangiz chiqar…
— Endi buyog’i kattalarga bog’liq-da… Mana, hamyurting Xorazmdan, Matnazar Abdulhakim, yosh shoir, qalami o’tkir…

Biz Matnazar bilan quchoqlashib, qayta ko’rishdik. Yoshullining iliq munosabati va uning qabulidagi hamyurtimning kamgap, lekin samimiy salom-aligi ko’ngilga madad berardi…

Biz Matnazar ikkalamiz yoshullining oldidan birga chiqib ketdik.

— Bu azmi shahardan bir bokal pivo topiladimi? — dedim tashqarida.
— Ketdik, — dedi Matnazar…

Biz bugunning katta shoiri Matnazar Abdulhakim bilan shunday tanishganmiz…

Fasl tanlamaymiz. Hammasi bahor,
Qovjiraydi faqat yolg’on-yashiqlar,
Biz abadiy nekbin. Mangu umidvor,
Biz — ko’ngli sovishni bilmas oshiqlar.

* * *

Matnazar kamgap edi. Hatto Ellikqal’adagi mashhur she’riyat bayramlarida ham o’rtaga gap qo’shmasdan, faqat, hazilga hazil bilan javob beribgina qo’yardi. U kamroq bilib, ko’proq gapirganlarni yoqtirmasdi. Shoirlar davrasi yoki kitobxonlar bilan uchrashuvlarda ham o’zidan-o’zi zerikmasdan jim o’tirganini ko’rganman.

Bir uy bor.
Bu uyda,
qachon qaramang,
sovuq hasham hokim,
va qattiq tartib.
Bu uy juda toza.
Kiradilar unga
faqat yuraklarga oyoqni artib…

* * *

“O’zAS” gazetasining Navoiy, Buxoro va Qashqadaryo viloyatlarida o’tadigan kunlarini o’tkazishga taklif kelib, Murod Abdullaev qo’ng’iroq qildi:

— O’rozboy, mashinada kelasan-ku, yo’l-yo’lakay, jo’rang Matnazarni ola kel, — deb iltimos qildi.
— Bosh ustiga!

…Erta tongda Urganchning kelishilgan joyidan Matnazarni olib yo’lga tushdik. Biz jajji “Tiko” mashinasida Qizilqumning izg’irin esgan keng bag’rini qoq yorib, Gazli yo’lida borardik. Kino operatorim Hasanboy orqa o’rindiqda jimgina o’tirardi.

— Sekinroq hayda, jo’ra, — dedi Matnazar, — bu sahroda bir kori hol bo’lib qolsa, yordam beradigan odam topish qiyin…

— Endi yuzdan kam haydasak, manzilga qachon yetamiz. Qo’rqma, jo’ra, sen o’zbekning ulug’ shoirisan, meni esa qoraqalpoqning ruhi qo’llab turibdi, xudo xohlasa, hammasi yaxshi bo’ladi. Undan ko’ra, yangi she’rlardan bo’lsa o’qib ber. Aytmoqchi, Matnazar, sen shu daryoning narigi sohilida, men bu sohilida yashaymiz. Endi, mana, daryo qaqrab, Orol qurib boryapti. Men-ku, yozarimni yozayapman, sen-chi, sen, oldingdagi daryo suvi tortilib, qurib borayotganida buyuk shoirman deb yuraverasanmi? Mayli, Orol dardi hammamizniki, lekin Amudaryodan uyalmaysanmi?

Matnazar indamasdan sovuq dam olib, sumkasidan qog’ozlarini olib, quyidagi satrlarni o’qidi!

… Bizlar ham ko’p yomon qattiq uxladik,
Dohiylar uyg’oq deb ko’ngil bo’lgach to’q.
Uyg’onib qarasak — yo’qdir daryolar,
Uyg’onib qarasak — dengizimiz yo’q.

Lekin bir g’aroyib farqi shunda-ki,
Barin uxlab yotib ichgan o’zimiz.
Bugun bashariyat oldida, mana,
Oq paxta deb qaro bo’ldi yuzimiz.

—U-u, — dedim hayratdan, — uzr, do’stim, uzr. Men bu she’ringni o’qimagan ekanman…

— Uxlab yotgan odam she’r o’qiydimi? — dedi Matnazar tanbehona hazil bilan.

— Shu she’rni “Orolim — dardim mening” kitobimga almashtirasanmi? Xalqaro mukofot olgan…

— Qo’lni tashla…

* * *

Navoiy Davlat universiteti zali talabalar bilan to’la. “Adabiy uchrashuvlar aslida shoirlarga yaxshi, men gapirmay qo’ya qolay, nimani gapiraman?” deb Murod og’adan qilgan iltimosim o’tmadi. “Sen tanimasang ham, odamlar seni yaxshi taniydi, gapirishing kerak”, dedi u. Menga bir yoshulli shoirdan so’ng so’z berishdi. Minbargacha “nima desam ekan?” degan o’yga bordim va zalga qarab, “bo’lganicha bo’lar” degandek gapira boshladim:

— Men qoraqalpoqdan kelgan yozuvchiman… Nima yozib, nima qo’yganimni majlis og’amiz aytib o’tdi. Ko’ngildagi bor gapni aytsam, mana shunday uchrashuvlarda shoirlarga o’ta havasim keladi. Bu shoir deganlari, mana, mening jo’ram Matnazar Abdulhakim singari xudo bergan talanti bilan qaerda yurmasin, ko’nglida she’r to’qib, uni qizlarga o’qib, birdaniga yaxshi ko’rinib qoladi. Qarasangiz, qizlarning suluvi, gullarning chiroylisi shoirlarniki… Biz nasr yozg’uvchilarning taqdiri sal boshqacharoq… Bir kitob yozib uni nashr qildirib, o’quvchiga yetkazaman deguncha ancha zamon o’tadiki, uni o’qishi kerak bo’lgan qizlarni shoirlar olib qo’ygan yoki ular oilali, bola-chaqali bo’lib ketgan bo’ladi… Agar sizlarga yaxshi ko’rinaman deb, yozganimni o’qiy boshlasam… bir-ikki kun kerak bo’ladi… Sabr-toqat masalasida qanday qaraysiz? Ha, baribir xo’sh ko’rmas ekansiz-da… Demak, men sizlarning nomingizdan majlis og’asidan kelgusi so’zni shoir Matnazar Abdulhakimga berishni iltimos qilardim…

Zal notiqdan oson qutulganiga xursand shekilli, yaxshi qarsaklar bilan kuzatdi. Shoir Matnazar salobatli qadam tashlab, o’rtaga chiqdi va bosiq ovozi bilan she’rlarini o’qiy boshladi. Uning o’ziga xos ovozida chuqur ma’nosini birdaniga ilg’ab olish amri-mahol, lekin qalblarning qaysi bir torlarini sirli ohangda chalib yuboradigan she’rlar jarangladi. Har bir she’rga qarsaklar chalinib, zalning Matnazardan ayrilgisi yo’q edi. Yetti-sakkiz she’r o’qilgandan keyin shoir so’zga o’tdi!

— Hozir mendan oldin gapirgan qoraqalpoq O’rozboy Abdurahmonov nafaqat katta yozuvchi, u o’ta kamtarin inson ham. U qachon ko’rsangiz, o’zining shoirligini yashirib yuradi. Aslida, men shoirlikni uning she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilib o’rganganman. Ijozat bersangiz, O’rozboyning aytgan she’rlaridan bir-ikkitasini o’zimning tarjimamda o’qib bersam… “O’lar bo’lsang, o’l endi, O’roz” dedim ichimda. Matnazar o’zining qizlarga yozgan ajoyib hazil she’rlarini o’qib berdi…

— She’r ham yozarkansiz-ku, aytmaysiz… — dedi oqko’ngil Murod jo’ram.
— Bu shoirlik degani yuqumli kasallik bo’lsa, yo’l-yo’lakay mana shu Matnazardan o’tgandir… — dedim hazillashib…

Pastda talabalar shoirlarni qurshovga olib, dastxat yozdirayapti. Chekkaga chiqib tursam, qo’lida bir dasta gul bilan bir qiz men tomon kelayapti…

— O’rozboy og’a, men kitobingizni ko’p o’qiganman. Sizni keksa yozuvchilardan deb o’ylardim, o’zingizni birinchi bor ko’rishim… Iloji bo’lsa, bir kitobingizga dastxat yozib bersangiz, — dedi u guldastasini uzatib.

— Hozircha yonimda kitobim yo’q edi. Xudo xohlasa, keyingi safarlari olib kelarman…
— Bo’lmasam, mana bu shaxsiy daftarimga yozib bering…

Yozib berdimu, u qiz ketgach, talabalar qurshovidan chiqqan Matnazarga guldastani tutqazdim.

— Jo’ra, menga endi sening o’rningga dastxat tarqatish qoluvdi… Yo’q narsani tarjima qilishingdan o’rgildim…

Matnazar rohatlanib kuldi, safarimizning bundan buyog’iga biz “shoir” taxallusini oldik. Keyingi uchrashuvlarda ham Matnazar “bu O’rozboyning hali yozmagan she’rlarining tarjimasi” deb o’zining hazil she’rlarini o’qib yurdi.

* * *

Bir kuni erta tong uyali telefonim jiringladi.

— Uyg’otmadimmi, O’rozboy? — dedi Matnazar ovozi.
— Uyg’oqman, jo’ra, ne omonlikmi?..

— Bugun oqshom tushimda Ibrohim og’ani ko’rib chiqdim. Ziyorat qilsak degandim…
— Kel, kel, jo’ra…

Ikkalamiz Shurchadagi xalq shoiri Ibrohim Yusupov qabrini ziyorat qilib, peshindan so’ng Matnazarni kuzatib qo’ydim. O’shanda kuzatganim, chap qo’li bilan chap ko’ksini silay bergan edi…

Qutlug’ bo’lsin she’riyatning kamoli,
Ezgulikdir, muhabbatdir a’moli.
Esib tursin mangu Jayxun shamoli,
Ibrohim Yusuf bir! Qoraqalpoq ko’p…

* * *

Matnazar Taxiatoshdagi faxriylar oromgohiga tez-tezdan kelib turar edi. Lekin uydagi so’nggi mehmondorchilikda o’rtaga aroq qo’ymadim-da, tuya suti — shubat keltirdim.

— Endi jo’ra, aroqning rejasini ikkalamiz ham ortig’i bilan bajarganmiz shekilli. Bundan buyog’iga sut-qatiq ham ichib ko’raylik. Bularning ta’mi ham esdan chiqib ketgandir.

— Sen nima, meni qatordan chiqarib tashlamoqchimisan? “Qoratov”ni och…
— Bu shubat ham yaxshi kayf beradi, jo’ra…
— Mayli, oldin ozgina “Qoratov” bo’lsin, keyni shubat…

Mehmonning istagi qonun, aytgani bo’ldi. Lekin o’shandan so’ng Matnazarga shubat yoqib qoldi. Oromgohdan qaytganlarida ham uni shubat bilan kuzatib qo’yganman.

…Kech kuz. Xorazmdan dahshatli xabar keldi. Matnazar yo’q emish… Bordim, janozaga… Rostdan ham yo’q…
Men ham Nukusga o’zimni yo’qotib qaytdim… O’shandan buyon qulog’imga shoirning ovozi keladi!

Bu gulzorni o’zim yaratdim,
Bu chaman deb terlar to’kdim men.
Yer hayday deb goh qo’shdim qo’shlar,
Goh chel chekdim, ekin ekdim men.

Garchi uquvsizroq gulchiman,
Nuqsonlarim garchi bir talay…
Biroq… kelganim yo’q dunyoga
Kapalak tutmoqqa harqalay…

Men bu dunyoga nimaga kelganini bilmasdan ketganlarning ko’pini ko’rganman. Lekin Matnazar bekorga kelmadi, u shoirlik olamida Matnazar dunyosini yaratib ketdi…

Maqola muallifi

0 ndex.jpgO’rozboy Abdurahmonov 1949 yil 27 avgust kuni Qoraqalpog’iston Respublikasi Kegeyli tumanida tug’ilgan. 1973 yili Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetini tamomlagan.Turli yillarda “Jetkinchik” bolalar gazetasida, “Amudaryo” jurnalida, Qoraqalpog’iston yozuvchilar uyushmasida, “Qoraqalpoqfilm” uyushmasida, “O’zbektelefilm”ning Qoraqalpogiston bo’limida ishlagan. Ayni paytda Qoraqalpog’iston yozuvchilar uyushmasi rahbari o’rinbosari lavozimida mehnat qilmoqda.
O’rozboy Abdurahmonov Qoraqalpog’iston Yoshlar mukofoti laureati (1979), ekologiya sohasida YUNESKO medali sohibi (1987), Qoraqalpog’istonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi (1999), O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (2001), Qoraqalpog’iston xalq yozuvchi (2004) univonlari egasidir.Uning “Bir muhabbat tarixi” (1977), “Qo’shnilar” (1981), “Changalzor payg’arbari halokati” (1987), “Orolim, dardim mening” (1985) kitoblari chop etilgan. Uning “O’jar” komediyasi 1981-yildan shu kungacha Berdaq nomidagi Qoraqalpoq davlat teatrida sahnadan tushmay kelmoqda.

Manba: sizuchun.blogspot.com

Matnazar ABDULHAKIM
SHE’RLAR
009

PUSHAYMON

Iqbol bo’lib kelgan edi bizlarga,
U sofdilni sinab bergandi taqdir.
Biz sho’rliklar buni kechikib bildik,
U endi bir umr bizdan yiroqdir.

Hislarni toptadik, oyoqlar yondi,
Hayallab tutashdi jonlarga olov.
Majruh g’ururimiz ayanchdir endi,
Bamisli lattadan qilingan yalov.

U biz uchun endi baxtli xotira,
O’ngidan kelmagan lazzatli bir tush.
Bizning yuraklarda ilon bor edi,
Bizning yuraklarda yasholmasdi qush…

QARZ

Bahor,
Yoz barq urib yashnagan yaproq,
Kuz kelgach, uzilib tushdi sarg’ayib.
Shamolda shitirlab kezdi-da har yoq,
Chiridi… tuproqda bo’ldi zim g’oyib.

Tan olgim kelmadi buni sira ham
Azaliy bu holdan og’rindim nolib.
Shunda gujum dedi ohistagina:
“Qaytarmaslik uyat, bolam, qarz olib”…

VIDO

Shoir Ro’zmat Otaev xotirasiga

Qo’llarimning patlari yo’qlar,
Suyaklarim – qo’rg’oshin yilik.
Meni buncha yomon chorlaysan,
Jonim osmon, bu ne ko’rgilik.

Samarlari uzoq kuttirdi,
Umid bilan ekkan mevamning.
Ko’chmoqdasan gumbazlariga
Sendan ulgu olgan Xevamning.

Tun – kunlarining talashadilar
G’amlarimni – alamlarimni.
Tortisharlar cheksizliklaring
Poyoni yo’q olamlarimni.

Yuragimni tortar bir yurak
Mendan olis-olis yerlarda.
Men misralar bilan dardlashib
Sargardonman g’arib she’rlarda.

Ishqdan bo’lak titrog’im yo’qdir,
Yo’qdir she’rdan bo’lak hech larzam.
Do’stlarimdan boshqa hech kimim,
Yerdan – ko’kdan boshqa hech narsam.

Do’st mehrini parhez tutmadim,
Nodo’st dunyo garchi g’amxona.
O’ldirsa ham oldim-da yedim
Luqma tutgach xasta hamxonam.

Siz ham tutmang mehrimni parhez,
Jonim tandan bo’larkan judo.
Merosdirman hammangizga teng,
Teng ko’rganni teng ko’rar dunyo.

Ko’ringizlar barobar baham,
Dardmand so’zim she’riniki bo’lsin.
Ruhim bo’lsin seniki osmon,
Va jasadim yerniki bo’lsin.

Do’stlarimga baxshida bo’ldim
Ummon edim qolmay bir qatra.
Yuragimni tortgan oshufta
Yurakniki bo’lsin xotiram…

SIR

Seni ko’rganimdan hayot bilan teng,
Hayotimni ko’rdim sen bilan baham.
Peshonam keng mening.
Bardoshim ham keng,
Lekin sig’may qolding ikkisiga ham.

Sog’inish bu — asov dardlar uyuri,
Borlig’imni tinmay yulqilar toptab.
Chunki sen bir lahza tashrif buyurib,
Ruhimni qoldirding qutlug’ azobda.

Yuragimda yo’qdir, axir, po’lat zirh,
Bardosh berolmadim bunday zarblarga.
Lekin men quduqqa so’ylamadim sir,
Seni aytdim faqat jimjit harflarga.

Halovatga keldi shundan so’ng qahat,
Muqaddas telbalik boshlandi so’ngra.
Yashadim, ismingni urib qah-qaha,
Yashadim, ismingni men ho’ngrab-ho’ngrab.

Yo’l ko’rdimmi, tamom, tikaverdim ko’z,
Muhabbatdan boshqa e’tiqodim yo’q…
Menga shafqat qilma, aytilgan ey so’z,
Menga shafqat qilma, otilgan ey o’q.

Men seni na do’st, na g’animga aytdim,
Ravo ko’rganim yo’q har kim-har kimga.
Aytsam, seni men o’z sha’nimga aytdim,
Otsam, seni otdim o’z yuragimga!

Matnazar Abdulhakim — Fasllar Qo’Shig’i by Khurshid Davron on Scribd

Matnazar Abdulhakim. Javzo Tashrifi -Saylanma by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 626, bugungi 1)

Izoh qoldiring