Тақдимот: Жаббор Эшонқул. Ўзбек фольклорида туш ва унинг бадиий талқини. Монография

monografiya

2011 йилнинг якунида Ўзбекистон Фанлар Академияси «Фан» нашриёти томонидан истеъдодли олим Жаббор Эшонқулнинг «Ўзбек фольклорида туш ва унинг бадиий талқини» монографияси нашр этилди.Мавзунинг кўпчиликка қизиқарли бўлганини эътиборга олиб монографиянинг I бобини (муаллифнинг рухсати билан) сизга тақдим этишни ният қилдик.

011
Жаббор Эшонқул
ЎЗБЕК ФОЛЬКЛОРИДА ТУШ ВА УНИНГ БАДИИЙ ТАЛҚИНИ
02

I БОБ
ТУШ ҲАҚИДАГИ МИФОЛОГИК ҚАРАШЛАР ВА УНИНГ ИЛМИЙ ЎРГАНИЛИШИ МАСАЛАЛАРИ
1.1. ТУШ ҲАҚИДАГИ МИФОЛОГИК ҚАРАШЛАР

Туш ҳақида шунчалик кўп айтилган, гапирилган, ёзилганки, уларни бир жойга йиғиш, жамлаш кўп вақт ва катта имкониятни талаб қилади. Бироқ туш махсус жуда кам ўрганилган. Шунинг учун бу мавзудаги илмий адабиётлар бармоқ билан санарли. Шундай бўлса-да, у ҳамма даврларда ҳам файласуфлар, тарихчилар ва адабиётчиларда катта қизиқиш уйғотиб келган. Жамият тараққиётининг бирор бир босқичи йўқ-ки, унда тушга аҳамият берилмаган бўлсин. Ибтидоий жамоа давридаёқ аждодларимиз тушга катта эътибор билан қарашган, ундаги рамзларнинг сири ва моҳиятини англашга ҳаракат қилишган. Ана шунинг маҳсули ўлароқ, тушнинг кўплаб таъбирлари юзага келган. Туш нима, деган саволга турли даврларда турлича жавоб беришган. Бу фикрлар бир-бирини инкор қиладиган ва бир-бирини такрорлайдиган фикрлардир. Туш деб аталмиш сирга инсоният ҳалигача ўзининг аниқ бир баҳосини берганича йўқ; у ҳақида сўнгги бир тўхтамга, аниқ бир фикрга келинмаган. Зеро, тушнинг ўзи каби у ҳақда билдирилаётган фикрлар ҳам поёнсиз ва ранг-барангдир.

«Туш» – туркийча қадимий бир сўз. Тушнинг арабчаси рўёдир. Рўё «туш» сўзининг синоними сифатида тилимизда бугунги кунда ҳам ишлатиб келинмоқда. Маҳмуд Кошғарий «Девону луғотит турк» асарида туш сўзининг бир неча хил маъно англатишини ёзиб, шундай дейди: «Туш – уйқудаги алданиш, ихтилом бўлиш. Туш кўрмиш ўғлон – ихтилом бўлган бола… Туш йорди – тушни йўйди, таъбирлади».

Қадимги ёзма ёдгорликлар, жумладан, «Қутадғу билиг»да ҳам туш айни шаклда қўлланган.

Одамига қараб йўрилар бу туш,
Уни яхши йўрсанг, маъқуллайди хуш.
Баъзи туш кишига амал келтирар,
Баъзи туш кишига касал келтирар.
Бунинг барчасини билишинг керак,
Кейин туш таъбирин қилишинг керак.
У тушинг қанақа, дегин-чи, очиб,
Уни мен йўрайин айириб, ечиб.

Тилимизда туш билан боғлиқ кўплаб сўз ва сўз бирикмалари мавжуд.
Турли изоҳли луғат ва энциклопедияларда тушга турлича изоҳ берилган.

Ўзбекистон миллий энциклопедиясида тушга шундай таъриф берилади: «Туш, туш кўриш – уйқуда содир бўладиган субъектив психик ҳодиса. …Тушда уйқудаги киши аниқ ва тасвирли кечинмаларнинг шоҳиди бўлади. Тушдаги воқелар бир-бирига боғлиқ, бир оз ноаниқ, ҳаяжонли, афсонавий тус олади. …Тушнинг хусусияти кишининг нерв системаси типига, унинг соғлигига, маълум даврдаги кечинмаларига боғлиқ».

Ўзбек тили изоҳли луғатининг олдинги нашрида «Туш уйқуда вужудга келадиган образлар, уйқу вақтида кўриладиган нарсалар», дея таърифланади. Ўзбек тили изоҳли луғатининг сўнгги нашрида эса «туш» сўзининг икки хил маънода келиши таъкидланади:
I. Туш – уйқуда вужудга келадиган субъектив психик ҳодиса, жараён; уйқуда кўриладиган образлар, нарсалар.
II. Туш – қуёш қоқ тепага келган пайт.
Туш сўзининг икки маъноси бир-бирига қарама-қаршидай туюлади. Бизнинг назаримизда, фақат юзаки қараганда шундай. Маълумки, уйқунинг энг ширин пайти, тунги соат 12 билан 3 оралиғи, яъни туннинг қоқ ярмига тўғри келади. Манбаларда, кўпинча инсонлар туннинг айни пайтидан бошлаб башоратли тушлар кўра бошлаши қайд этилган. Туш бу ерда бир чегара вазифасини ҳам ўтайди. Тушда кўрилган воқеалар рост ҳам, ёлғон ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун тушимизга баъзан жиддий эътибор қилсак, баъзан эса умуман эътиборсиз бўламиз. Бу инонч туш билан боғлиқ жуда кўпгина ибораларда ҳам ўз аксини топган. Кундалик ҳаётимизда кутилмаган воқеага ёки кимсага дуч келганимизда «туш кўрибманми», «уни туш кўрганмидим» каби ибораларни ишлатамиз. Қадимда тушда кўрилган воқеага қаттиқ ишонилган ва амал қилинган. Уйғониб, тушдаги кўрсатмаларни ижро этишга киришганлар. Бу ерда инсоннинг ички истак- хоҳиши, орзусининг амалга ошиши ҳақида гап кетмоқда.

«Тушингни сувга айт» иборасига кейинги саҳифаларда кенгроқ тўхталамиз. Бироқ бу ўринда бир нарсани айтиб ўтишимиз лозим. Қадим тасаввурга кўра, сув у дунё билан бу дунё ўртасидаги чегарадир. Яъни бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, «туш» сўзининг ҳар икки маъноси ҳам бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар икки маънода «туш» чегара, ҳолатни англатмоқда.
Фақат бизда эмас, бошқа халқларда туш сўзи ҳам уйқудаги ҳолат, ҳам истак-орзулар сифатида келади. Инглизча dream {dri:m}– сўзининг биринчи маъноси – туш, туш кўриш, уйқу бўлса, иккинчи маъноси – орзу, роҳат, фароғат ва гўзалликдир.
Dream {dri:m} – 1. Туш, туш кўриш, уйқу. 2. Орзу. 3. Роҳат, фароғат, гўзаллик.
Тушга қадимдан инсон ҳаётининг ажралмас бир бўлаги сифатида қараб келишган. Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам бир қатор тарихий асарларда, айрим илмий адабиётларда туш ёхуд туш билан боғлиқ мотив ва тимсоллар ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган.

Ибтидоий инсонлар тушга катта эътибор берганлар. Кундалик ҳаётини, келажагини тушсиз тасаввур эта олмаганлар.
Халқимизнинг маданий ҳаётида туш ва унинг таъбирлари алоҳида ўрин тутади. Қадим асотирлардан бирига кўра, дунёнинг яратилиши ҳам асли тушдан бошланган. Дунёнинг яратилиши ҳақидаги ушбу асотирда дунё тангрининг тушида яратилганлиги айтилади.

Туркиялик олим Баҳоуддин Ўгал шундай бир уйғур афсонасини келтиради: «Букухон қавмини ақл-идрок билан бошқарган. Тушига бир руҳ кириб, уни Қут тоғига олиб боради. Бу туш етти йилу олти ой ва йигирма икки кун такрорланади. Ҳар доим тушига Кўк руҳи киради. Охирги тушида Кўк руҳи унга бутун дунёга ҳоким бўлишини башорат этади».

Алишер Навоий ижодида туш талқини масаласи алоҳида тадқиқот мавзуси. Бироқ бу ўринда шуни айтиб ўтиш керакки, алломанинг деярли барча асарларида, жумладан, «Хамса»да қаҳрамоннинг ички кечинмалари, руҳият тасвири туш орқали очиб берилади. Айниқса, «Лисон ут — тайр»ни биз Шайх Санъон ва Тарсо маликасининг тушларисиз тасаввур қила олмаймиз. Тадқиқотчи Ф.Исомиддинов ўзининг «Шайх Санъон ҳақидаги қиссаларнинг қиёсий таҳлили» номли номзодлик ишида Аттор, Навоийнинг ҳаёти ва ижодида тушлар муҳим ўрин тутганига тўхталиб ўтган.

Бундан ташқари, Ўғузхон, Қорахон, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб тарихий шахсларнинг ҳаёти ҳам туш билан чамбарчас боғланиб кетганки, бу мавзу махсус тадқиқотларни талаб этади. Эътиборли томони шундаки, Амир Темур, Бобур каби аждодларимиз тушга жўн, тушуниксиз бир ҳолат деб эмас, аксинча, унга жиддий эътибор бериб, ўз тушларига кучли бир руҳиятшунос сифатида ёндашганлар.
Буюк соҳибқирон Амир Темур шундай ёзади: «Бир маҳал юмушларим ташвишида юриб, кўзим уйқуга кетди. Тушимда мени ҳар тарафдан даҳшатли жинлар, тўнғизлар, бадбашара эркаклар ва жирканч хотинлар, йиртқич ҳайвон ва қушлар ўраб олди. Мен қўрқиб уйғондим ва шайх Зайниддин Абу Бакр Тайободийга мактуб битдим. Тез орада шайхдан бундай жавоб олдим: «Сен тушингда кўрган даҳшатли махлуқлар сенинг гуноҳларингдир: агар гуноҳ қилган бўлсанг, энди тавба-тазарру қил».

Мен бу мўътабар қариянинг айтганларини дарров бажардим ва бундан сўнг илгариги тушимга ўхшамаган бўлакча туш кўрдим».

Энг аввало, шуни айтиш керакки, Амир Темур туш инсон ҳаёти ва руҳияти билан чамбарчас боғлиқлигини яхши англаган. Тушга беписандлик билан қарамаган, имкон қадар жиддий муносабатда бўлган ҳамда туш таъбирларига қатъий амал қилган. Юқоридаги шарҳга келсак, бу ерда туш соф илоҳий жиҳатдан шарҳланган. Аммо биз таржимаи ҳолни адабий асар ёки ёзма адабиёт сифатида баҳолаб, тушга шу нуқтаи назардан ёндашмоғимиз лозим. Таъбирчи тушнинг умумий манзарасини шарҳлаган, бизни эса ундаги рамзлар қизиқтиради. Аввало, рамзларни ажратиб олайлик: Ҳар тараф – бу, бизнингча, Темур салтанатининг ҳудудлари. Жин, тўнғиз, бадбашара эркаклар, жирканч хотинлар, йиртқич ҳайвонлар ва қушлар эса Амир Темурнинг ҳаёти ва руҳий дунёсидан келиб чиқиб шарҳланмоғи жоиз. Туш – инсон кечинмаларининг, хоҳ болаликда бўлсин, хоҳ вояга етган паллада, универсаллашган рамзларидир. Темур қанчалик жасур, иродали, енгилмас шоҳ бўлмасин, у ҳам одам ва барча инсоний кечинмалар унга ҳам хос. Хусусан, уни жаҳонгир сифатида ҳудудлар хавотирга солади. Бу хавотир ҳатто амирнинг ўзи англамаган тарзда мияга хавотир, шубҳа, гумон бўлиб ўрнашиб қолади. Қолаверса, у ўз ҳаётидан ҳам ҳамиша хавотирда. Гарчи барча буюк шахслар каби юзага чиқармаса-да, ҳатто аёллар билан эҳтиёткор муомалада бўлишга тўғри келади. Жаҳонгир сифатида ҳам у ўз душманини жин (чунки жин турли қиёфага кира олади, уни енгиш мушкулроқ), тўнғиз (тўнғиз рамзи кўпроқ хиёнаткор одамларга нисбатан ишлатилади, шунингдек, жуғрофий рамз бўлиши ҳам мумкин), бадбашара эркак (амир ўз душманларининг қиёфасини аниқ билмайди, шу сабабли бадбашара одам кўз олдига келади), жирканч хотинлар (барча саркардаларнинг ўз дўсти, биродари билан орасини бузишда, асосан, аёллар сабабчи бўлишган. Бу хавотир Амир Темурга ҳам тинчлик бермаган бўлиши мумкин), йиртқич ҳайвон ва қушлар («Темур тузуклари» ва мактубларида биз «ҳайвонсифат», «тўнғизсифат» каби ибораларга дуч келамиз. Темур ўз душманларига нисбатан ишлатадиган энг қаҳрли сўзлар эди бу – Ж.Э.). Қушлар яхши ва ёмон хабарлар символи, шунингдек, инсон руҳиятининг аллегориясини, йиртқич қуш ёвуз кишилар руҳини англатади. Биз буни «Лисон ут-тайр», «Зарбулмасал»да ҳам учратамиз. Буларнинг барчаси тушда ўз аксини топади. Юқоридаги тушни шарҳлаш учун биз Темурнинг туш кўриш арафасидаги кечинма ва фаолияти ҳақида тўлиқ маълумот олишимиз зарур. Тушни шарҳлаш эса бизга Амир Темур руҳияти ҳақида аниқ тасаввур берадики, жасурлиги ва буюклиги уни биздан қанчалик узоқлаштирса, бу аниқлик Темурни бизга шунчалик яқинлаштиради.

Бизда улуғ кишилар ҳаёти руҳиятшунослик нуқтаи назаридан кам ўрганилганлиги сабабли тушлари баёнидан фойдаланиб, Амир Темур руҳиятини билишга уриниб кўрдик. Ушбу шарҳ аниқ, тўлиқ дейишдан йироқмиз, аммо рамзлар бизга эркин мушоҳада қилиш имконини берадики, биз шундан фойдаландик.
«Бобурнома»да ҳам тушларга катта эътибор берилганлигини кўрамиз. Буни таниқли ёзувчи Хайриддин Султонов ҳам ўзининг «Бобурнинг тушлари» номли эссесида алоҳида таъкидлаб ўтади. «Бобурнома»нинг, – деб ёзади адиб, – илоҳий ёғду билан мунаввар саҳифаларида Бобурнинг ғаройиб тушлари тафсилига дуч келамиз».

Дарҳақиқат, «Бобурнома»нинг кўпгина ўринларида ана шундай башоратли тушлар билан боғлиқ саҳифаларни учратамиз. «Ўшал фурсатда ажиб туш кўрдим, – деб хотирлайди Заҳириддин Муҳаммад Бобур. – Туш кўрарканман, ҳазрати Хожа Убайдулло келмишлар. Мен истиқболларига чиқмишмен. Хожа келиб ўлтирдилар. Хожанинг олдига ғолибо бетакаллуфроқ дастурхон солмишлар. Бу жиҳатдан ҳазрат хотирига нима келмиш. Мулло Бобо менинг сари боқиб ишорат қиладур. Мен ҳам имо билан дедимким, мендан эмастур. Дастурхон солғучи тақсир қилубтур. Хожа фаҳм қилиб, бу узр маъсум тушти. Қўптилар. Узата чиқдим. Ушбу уйнинг долонида ўнг қўлимдан ё сўл қўлимдан тутиб, андоқ кўтардиким, бир оёғим ердан қўпти. Туркий дедиларким: Шайх маслаҳат берди. Ўша кеча кунда ўқ Самарқандни олдим».

Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу тушни Самарқанд шаҳрини олишдан олдин кўрган. Энди тушлардаги рамзларга эътибор қилайлик. Хожа Убайдуллонинг тушига кириши бу яхшилик аломати, албатта. Яъни Бобур тез орада ўз ниятига етишига ишора. Лекин унинг олдига ночор дастурхон ёзилганлиги бизнинг эътиборимизни тортади. Маълумки, тушдаги дастурхон – рисқ-насиба, тақдир маъноларида келади. Пирнинг олдига ёзилган ночор дастурхон Бобурнинг Самарқандни фатҳ этиши, бироқ у ерда узоқ вақт қололмаслигидан далолат беради. Ҳақиқатдан, биз биламизки, Бобур бу шаҳарни ўз қўлида узоқ вақт ушлаб туролмади. Энди кейинги рамзларга эътибор берайлик. Пир уни кўтарганда у юксакликка кўтарилаяпти-ю, лекин оёғи ердан узилаяпти. Бобурнинг мартабаси бундан ҳам улуғ бўлишини, бироқ бу ҳодиса ўз уйидан узоқда содир бўлишидан дарак бермоқда. Шоирнинг: «Оёғим етган жойгача кетгайман», деб ёзиши беҳуда эмас. Яна бир ҳолат эътиборга молик: Бобур ўз уйига келган меҳмондан хурсанд, лекин кўнглининг тубида унинг олдига ёзилган дастурхон туфайли бари бир бир афсусланиш, ўксиклик мавжуд. Ҳаётда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг кейинчалик Ҳинд ўлкасини забт этиб, Бобурийлар салтанатига асос солиши, бироқ шоир ўз юртидан узоқдалигидан бир умр афсусда бўлиши мана шу оддийгина тушда олдиндан башорат қилинмоқда. Зеро, бу тушнинг муҳим эканлигини Бобур ҳам сезган. Йўқса, уни «Бобурнома»га киритиб ўтирмаган бўларди.

«Бобурнома»даги яна бир туш Қутлуғ Муҳаммад билан боғлиқ: «Қутлуғ Муҳаммад барлос дедиким: – Ахсидан қочиб чиқғанда сиздан айрила тушганда Андижон келдимким, хонлар ҳам Андижон келибтурлар. Мен туш кўрдимким, Хожа Убайдуллоҳ дедиларким, Бобур подшоҳ Карнон деган кентдадур, бориб, ани олиб келингким, подшоҳлик маснади анга тааллуқ бўлубтур. Мен бу тушни кўриб хушҳол бўлиб, улуғ хон, кичик хонга арз қилдим». Қутлуғ Муҳаммад ўз тушидаги кўрсатмаларга амал қилиб, Бобурни излаб топади. Бу эса Бобур ҳам, унинг замондошлари ҳам ўз тушларига беэътибор бўлмаганидан далолат беради.
Адабиётшунос олим Ҳ.Қудратуллаев ўз тадқиқотида «Бобурнома» ва Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъ ул-воқеъ» асарида туш ҳақида қизиқ маълумотлар берилганини қайд қилиб ўтади.
Туш миянинг инсон руҳияти ҳақида рамзлар орқали етказган хабарларидир. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, эгасига тааллуқли бўлмаган тушнинг ўзи ҳаётда учрамайди. Туш нафақат хаёлга, балки танага ҳам таъсир қилиши Шарқда аввалдан маълум. Тушида дев, жин кўрганлар оғир хасталикка чалинади, деган қарашлар ҳам бор ва бундай кишиларни «жин ёки дев чалибди», дейишади.
Ибтидоий инсон назарида туш «маъбуд»лар билан алоқа қилиш воситаси ҳисобланган. Шунинг учун улар тушни муқаддас деб билишган. Тушдаги тақиқ ва кўрсатмаларга қаттиқ амал қилишган. Унга худди бугунги инсон каби алмойи-алжойи воқеалар акси, аҳамиятсиз бир ҳолат деб эмас, инсон ички олами ва ташқи дунёнинг тиниқ кўзгуси, руҳиятнинг бир парчаси деб қарашган. Улар тушга шу даражада жиддий муносабатда бўлишганки, таъбирларга қатъий риоя қилишган. Тушни ҳамма ҳам таъбирлайвермаган. Қабила ёхуд уруғнинг йўлбошчиси, донишманди даражасига кўтарила олган, махсус маросимлардан ўтган кишиларгина тушни таъбирлаши мумкин бўлган.
Мутахассислар туш тарихини анимистик тасаввурлар билан боғлашади. Маълумки, анимизм табиатнинг жонлилиги, «жон» ва «руҳ»нинг абадийлигига ишончдир. Анимистик тасаввурга кўра, ўлган кишининг руҳи мангу яшайди, фақат у турли кўриниш ва қиёфаларга киради, холос. Баъзан эса улар одам ўлгандан сўнг тушларда яшайди, деб ўйлашган. Тушга амал қилиб ҳаёт қурганлар, экин экканлар, ҳосил йиғиштирганлар, уруш қилганлар. Мағлубият ёхуд ғалаба эса уларга тушида аён бўлган. Зарур пайтда тушлари орқали улар руҳлардан мадад сўрашган. Баъзан бутун бошли қабила бир ёмон туш туфайли ўз жойини ташлаб, бошқа томонларга кўчиб кетган. Бобил афсоналаридан бирига кўра, ўлган кишиларнинг руҳлари тушларда яшайди. Улар тушда зиён етказмасликлари учун туш тангриси Мамуддан мадад сўраш керак, деб тушунилган.
Айниқса, бўлғуси шомонлар тушга алоҳида аҳамият берганлар. Шунинг учун шомонларнинг кўплаб маросимларида туш алоҳида ўрин тутади. Ҳатто, шомон ҳақиқий шомон бўлишдан олдин ўз фаолиятини тушида кўрган. Шомонлик қобилияти даставвал унга тушида аён бўлган. Борди-ю, у тушига амал қилмаса, бу туш уни тинимсиз таъқиб қилган ёхуд у оғир хасталикка чалинган. Шомонлар қачон ва қайси пайтда инсон башоратли тушлар кўриши мумкин ва уни қайси пайтда, қандай ҳолатда тўғри таъбир қилиш мумкинлигини жуда яхши билганлар.
«Алпомиш» достонида шундай сатрлар бор:

Хазон бўлиб боғда гуллар сўлганда,
Жон жасаддан бир беқарор бўлганда,
Зиён ётиб, раҳмат тошар бўлганда,
Раҳмат дарё айни тошиб келганда,
Туш кўрибман файзи саҳар бўлганда.

Бу – Барчиннинг ўз тушини Суқсурой канизига сўйлаб турган ҳолати. Достондаги бутун воқеа ана шу тушда баён этилгани ва ундаги кўплаб рамзлар алоҳида тадқиқот мавзуси. Бироқ бу ердаги «Туш кўрибман файзи саҳар бўлганда» мисраси бизнинг эътиборимизни тортади. Зеро, кўпгина башоратли тушлар айни саҳар пайти кўрилган. Бошқа кўплаб достонларимиз ва эртакларимизда ҳам саҳар пайти кўрилган туш ҳақида сўз боради. Нега айнан саҳар пайти? Юқоридаги парчада бунга аниқ жавоб бор. Биринчи мисра бу достонларимиздаги анъанавий формулага киради. У ҳар галги ижрода яна ва яна янгиланиб туради. Худди шу мисра «Хазон бўлиб боғда гуллар сўлдими» ёхуд «Хазон бўлиб боғда гуллар сўлибди» шаклида такрорланиб келади. Гўё бу мисранинг мазкур парчага алоқаси йўқдай кўринади. Бу сиртдан қараганда шундай. Моҳиятан эса айнан туш кўрувчининг ҳолатини тўлиқ ўзида ифодалаб турибди. Маълумки, Барчин бу тушни қалмоқлар хотинликка сўраб турган ва Алпомиш уни излаб йўлга чиққан пайтда кўрган. Шунинг учун бу тушда, энг аввало, хавотир акс этган. Иккинчи мисрани эса қолган тўрт мисра билан биргаликда шарҳлаш лозим бўлади. Башорат тушлар саҳар пайти кўрилишига сабаб, инсон кундузги толиқишлардан сўнг чарчаб ухлаб қолганда маълум пайтгача – унинг чарчоқлари ёзилиб, танаси, руҳияти ором олиб бўлгунга қадар у тиниқ тушлар кўра олмаслиги мумкин. Тана дам олгач, ундаги ўзгариш руҳиятда ҳам акс этади: онг энди «холис» фикрлай бошлайди. Ана шу «холис» фикрлашдан башоратли тушлар туғилади. Худди айнан шундай ҳолатда руҳ танага эмас, тана руҳга бўйсуна бошлайди. Биз келтирган парчадаги иккинчи мисрада айнан шу нарса ўз аксини топган. Саҳар пайти кишиларнинг тоза, тиниқ тушлар кўриши фанда ҳам илмий жиҳатдан ўз исботини топган. Учинчи, тўртинчи мисраларда ҳам иккинчи мисрадаги фикр ривожлантирилиб, янада чуқурроқ асосланади. Маълумки, тун, қоронғулик, зулмат инсон руҳиятига тинимсиз таъсир қилиб туради. Айниқса, қоронғу, зулмат пайтлари бу таъсир кўпроқ салбий хусусият касб этади. Саҳар пайтига яқинлашавергач эса коинотдаги ўзгаришлар инсон танасига кўпроқ ижобий таъсир эта бошлайди. Бахшиларимиз тили билан айтадиган бўлсак: «Зиён ётиб, раҳмат дарёси тоша бошлаган» бир пайт бўлади. Қадимги аждодларимиз бу нарсаларни яхши билган. Улар нафақат ўзларини, ўзларининг ички руҳий дунёсини, балки табиат – борлиқни, бутун коинотни ҳам яхши билганлар. Коинот билан ўзлари ўртасига ҳеч қандай чегара ўрнатмаганлар. Табиат – борлиқдаги ўзгаришлар инсон онгига ҳам таъсир қилишини яхши билганлар. Шунинг учун бор ҳаракатини худди бугунги замонавий одам каби табиатни енгишга, унинг устидан ғалаба қозонишга эмас, балки уни тушунишга, англашга қаратганлар. Демак, ибтидоий инсон биз ўйлагандек «оми» одам эмас, аксинча, табиатни жуда нозик тушунган ва унга инжа бир муносабатда бўлган, ўзини, ички «мен»ини яхшироқ англаган. Туш – шунчаки, тасодифий ҳолат бўлмай, инсон руҳиятининг бир кўриниши, онг ости кечинмаларининг ўзига хос намойиши деб талқин қилганлар. Биргина достонимиздаги кичик бир парча бизни ана шундай фикрга келишга мажбур этади. Умуман, туркий халқлар оғзаки ижодида тушга шунчалик кенг ўрин берилганки, эртак ва достонларимизда унинг турли хил намуналарини   учратамиз. Биз уларни ўқир эканмиз, мукаммал туш таъбирлари, энг аввало, нега айнан бизда яратилганининг сабабини тушуниб етамиз.

Ирқ битиги – «Таъбирнома» ҳам фикримизнинг далилидир. Мазкур ёдгорлик Шарқий Туркистоннинг Дуньхуанидан жаноб А.Стейн томонидан топилган. Мутахассислар мазкур асар туш кўриш ва унинг таъбирини баён қилиш асосида яратилганини эътироф этишади.

Ҳақиқатдан ҳам ушбу «Таъбирнома»да 65 та туш таъбирлари келтирилган. Мазкур ёдгорлик ўзбек ўқувчиларига яхши таниш. Даставвал, фольклоршунос олим Боқижон Тўхлиев ўзбекчалаштирган «Таъбирнома» «Адабий мерос» журналида нашр қилинди. Кейинчалик эса у Насимхон Раҳмон томонидан нашрга тайёрланиб, китоб ҳолида чоп этилди.

Албатта, бу икки таржиманинг ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бор. Бироқ биз ҳозир бунга тўхталмоқчи эмасмиз. Муҳими шуки, бу бебаҳо ёдгорлик халқимизнинг маънавий мулкига айланди ва кўплаб тадқиқотчиларнинг эътиборини ўзига жалб қилди. Б.Тўхлиев ҳам, Н.Раҳмонов ҳам «Таъбирнома»га манбашунослик нуқтаи назаридан ёндашганликлари учун улар манбадаги туш ва унинг таъбирлари билан боғлиқ рамзларни махсус тадқиқ этишмаган.

Мазкур ёдгорлик аждодларимизнинг тушга ва туш таъбирларига нечоғлик нозик муносабатда бўлганликларини кўрсатиб беради. «Таъбирнома»даги туш билан боғлиқ рамзлар, жумладан, от, туя, бўри, бургут, илон, ойна ва яна бошқа кўплаб тимсоллар халқимиз ҳаёти, тафаккурида нечоғлик муҳим ўрин тутишини ва уларнинг тарихий илдизлари қандай тушунча ва тасаввурлар билан боғлиқлигини тадқиқ этишда энг зарур манба бўлиб хизмат қилади.

Ирқ битиги – «Таъбирнома»дан бошқа қадимги хитой тилидан туркчага таржима қилинган туш таъбирларига бағишланган «Фол китоби» ҳам мавжуд. «Фол китоби»ни тадқиқ этган манбашунос олим Насимхон Раҳмонов таъбир илмининг илдизлари шомонлик тасаввурлари билан боғлиқ эканлигини ёзади.
Туш инсонни турли хил хабарлардан воқиф этар экан, ундаги турли хил рамзларга таъбир изланган. Тушдаги рамзлар ҳақида гапирганда, энг аввало, ибтидоий инсон кундалик турмушининг ажралмас қисмига айланган ўсимлик, ҳайвон, жонивор ёхуд бирор бир жисмни ҳам эътибордан қочирмаслик керак. Мисол учун – от. От инсон ҳаётида муҳим ўрин тутган. Отсиз ҳаётларини тасаввур этиша олмаган. «От – йигитнинг қаноти», деган мақол ҳам бежиз эмас. Кўплаб маросимларда от муҳим вазифа бажарган. От кўкдан тушган, илоҳий дейишган. Шунинг учун тушда дуркун отни кўриш яхшилик, мартаба ҳисобланган. Отдан йиқилиш касаллик, фалокат, ориқ от эса бирор бир нохушликдан дарак беради, деб ўйлашган.

Тушни кўпинча дин, диний дунёқараш билан боғловчилар ҳам бор. Исломда туш пайғамбарликнинг қирқ олти жузидан биридир, дейилган. Қуръони Каримнинг дастлабки оятлар пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳга тушида нозил бўлган. Қуръони Каримнинг «Юсуф» ва «Ва-с-саффот» сураларида илоҳий тушлар ҳақида сўз боради. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Исмоил Ал-Бухорийнинг «Ҳадис» китобида бир бўлим тушга бағишланган. Исломда туш, асосан, учга бўлинади: Оллоҳ ҳамда малоиклар томонидан нозил бўладиган ва шайтон васвасаси туфайли юз берадиган тушлар.

Тушга турли замонларда ҳар хил таъриф беришган, уни айрича таъбирлашган, турлича амал қилишган, бироқ ҳеч қайси даврда унга аҳамиятсиз ва эътиборсиз бир ҳодиса сифатида қаралмаган. Туш ҳамма замонларда ҳам инсонларда қизиқиш уйғотиб келган. Айниқса, ислом оламида туш ва туш таъбирларига жиддий эътибор билан қаралган. Исломда тушнинг учга бўлинишини юқорида таъкидладик. Лекин бажарадиган вазифасига кўра, асосан, иккига бўлинади: раҳмоний, яъни илоҳий тушлар ва шайтоний тушлар. Раҳмоний тушларни имонли-эътиқодли ва руҳияти пок инсонлар кўради. Шайтоний тушларни эса шайтон васвасага солиб, нафсига мағлуб бўлган кишилар кўради, деган қараш мавжуд. Шунинг учун тушни таъбир қилиш пайғамбарликнинг қирқ олти жузидан бири ҳисобланган.

Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳазратларига ҳам пайғамбарлик «Рўёи содиқа»да, яъни тушида аён бўлган. Ислом тарихидан маълумки, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалламга ваҳий келиши уйқуларида яхши тушлар кўриш билан бошлангач, Ҳақ субҳонаҳу ва таолога ибодат этиш учун Ҳиро тоғидаги муқаддас ғорга йўл оладилар. Муқаддас Қуръони Каримнинг дастлабки оятлари ҳам ана шу ерда ваҳий тарзида нозил бўлади.

Қуръони Карим ва ҳадислардан бизга маълумки, пайғамбарларнинг кўрган тушлари ваҳий ҳисобланган ва бунга қатъий амал қилинган. «Фатҳ» сурасида Оллоҳ пайғамбарларнинг кўрган тушларини рост қилгани ҳақида маълумот берилади. Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом Ҳудайбийя сулҳидан сўнг кўрган тушлари бир йилдан сўнг рост бўлиб чиқади. «27. Қасамки, Аллоҳ Ўз пайғамбарига (у киши кўрган) тушини ҳаққи рост қилди: албатта сизлар (эй мўминлар) иншооллоҳ Мажжид ал -Ҳарамга тинч-омон, бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (қисқартирилган) ҳолларингизда хавф-хатарсиз кирурсизлар».

Иброҳим алайҳиссалом ҳазратларига ҳам тушларида ўғли Исмоилни қурбонлик қилиш буюрилади. Иброҳим алайҳиссалом тушларидаги бу ваҳийга амал қилади. Қуръони Каримнинг «Ва-с-саффоти» сурасида ана шу ҳақда сўз боради: «103. Бас қачонки иккиси ҳам (Оллоҳнинг ваҳийсига) бўйсуниб, (Энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, 104 – 105. Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган тушингни) рост бажо қилдинг», албатта биз чиройли амал қилувчиларни мукофотлаймиз».

Қуръони Каримда марҳамат қилинишича, Юсуф алайҳиссалом тушларида ўн бир юлдуз, қуёш ва ойнинг унга сажда қилиб турганини кўради: «4. Эсланг, Юсуф отасига деган эди: «Эй Ота, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммаси менга сажда қилаётган эмиш». Юсуф алайҳиссалом ўз тушини отасига – Ёқуб алайҳиссаломга айтади. Бу тушни тўғри таъбир қилган Ёқуб алайҳиссалом Юсуф алайҳиссаломга бу ҳақида ака-укаларига айтмасликни тайинлайди. Бироқ тушдан воқиф бўлган биродарлари уни ўйнатиб келамиз деб қудуққа олиб бориб, ташлаб келадилар. Қудуқдан чиқарилган Юсуф алайҳиссалом жуда арзон баҳога қул қилиб сотилади ва Миср ҳокимининг уйига жойлаштирилади. Яна туҳмат билан зиндонга тушганда ўз шерикларининг тушларини бекаму кўст айтиб бера бошлайди.

«43. Кунларнинг бирида Миср мамлакатининг шоҳи (Райён бинни-л-Валид): «Мен тушимда етти ориқ сигир етти семиз сигирни еяётганини ва етти яшил башоқ билан бирга бошқа қуриган (етти башоқ)ни кўрдим. Аъёнларим, агар тушларнинг таъбирини айта олувчи бўлсангизлар, бу тушимнинг таъбирини (менга) айтинглар-чи», деди». Бироқ унинг тушини Юсуфдан бошқа ҳеч ким таъбир қилиб беролмайди.
«47. (Юсуф) деди: «Сизлар пайдар-пай етти йил (дон) экинглар. Кейин ўриб олган ҳосилингизни (бузилмасин учун) ўз бошоғида қолдиринглар, магар ейдиган озгина озуқаларингизни (янчиб олинглар). 48. Сўнгра ўшан (серҳосил етти йил)дан кейин етти йил қаҳатчилик бўлиб, улар учун тайёрлаб қўйган бор ҳосилингизни еб кетар. Магар озгина (уруғлик учун) асраб қўйган донларингизгина қолур. 49. Сўнгра, ўшал (қаҳатчилик йиллари)дан кейин бир йил келурки, унда одамлар ёғингарчилик остида қолурлар ва (турли мевалардан) шароблар тайёрлаб олурлар».

Оллоҳнинг инояти билан тушни тўғри таъбир қила олиш қобилияти туфайли зиндондан озод бўлади ва ўзи болалигида кўрган туши қирқ йилдан сўнг рўёбга чиқади.
Кўплаб манбаларда тушга турлича таъриф берилган бўлса-да, бироқ уларнинг барчасида бир нарса: тушнинг сирли ҳодиса эканлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар деярли бир хилдир. Ғарбда туш анча мукаммал ўрганилган бўлишига ва кўплаб тадқиқотларда тушнинг сирлилиги таъкидланишига қарамай, уларда тушнинг илоҳийлиги инкор этилади. Шарқда, айниқса, ислом оламида бунга тўғри баҳо берилган. Туш неча асрларки, қанчалик чуқур ва ҳар томонлама ўрганилган бўлмасин, у бари бир сирлилигича қолиб келмоқда.

Қуръони Карим ва ҳадислардаги туш талқинларидан шу нарса аён бўладики, туш, энг аввало, сирли ва илоҳий. Киши ўз тақдирига нима ёзилганини билмагани каби, қандай туш кўришини ва унга кимлар, нималар киришини олдиндан билмайди. Бироқ бу унинг инсондан ташқарида, яъни кўрилаётган тушнинг эгасига мутлақо алоқаси йўқ, дегани эмас. Аксинча, туш – бу инсон руҳиятининг кўзгуси. Инсон ахлоқи қандай бўлса, у кўрадиган тушлар ҳам шунга муносиб бўлади.

Имом Бухорийнинг «Ҳадис» китобида Расулуллоҳ (с.а.в.) тушларида кўрган боши тош билан мажақланаётганлар, лунжи бурнидан то кўзига қадар шилинаётганлар, тандирга ўхшаш чуқурда оловда ёнаётганлар, дарёда сузиб юриб, тош ютаётганлар каби ҳолатлар шундай таъбир қилинади: «Боя сен кўрган боши тош бирлан мажақланаётган киши авваллар Қуръон тиловат қилиб юриб, кейин ташлаб қўйган ҳамда фарз қилинган намозларни ўқимай, ғафлат босиб ухлаб ётган. Кейинги – лунжини бурнидан то кўзига қадар шилишаётган киши эрса, уйидан чиқиб, ёлғон гапларни айтар эди, унинг бўҳтонлари ҳатто уфққа қадар тарқалгандур. Тандирга ўхшаш чуқурдаги яланғоч эркак ва аёллар – зинокорлар эди. Дарёда сузиб юриб, тош ютаётган одам хусусига келсак, ул судхўр (порахўр) бўлган…».

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам буюради: «Кимки ростгўйроқ бўлса, унинг туши тўғрироқдир». Бу биринчи ҳолат, яъни туш бу бевосита инсон эътиқоди, ахлоқи ва руҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Туш кўрувчининг исми, шажараси, ёши, феъл-атвори, хулқи, ўша кунги ҳолати, еган-ичганлари, сўзлаган сўзи бу – ҳаммаси тушда ўз аксини топиши мумкин. Демак, имонли-эътиқодли одам ўз шажарасига ва исмига муносиб иш қилиши, феъл-атворига эътибор бериши, хулқини яхшилаши, ҳар бир кун иложи борича савоб ишлар қилиши, номақбул овқат ва ичимликни еб-ичмаслиги, ёшига, эътиқодига тўғри келмайдиган сўзларни айтмаслиги лозим. Булар бари инсоннинг кимлигини кўрсатиб турувчи жиҳатлардир.

Иккинчи ҳолат – унинг таъбири масаласи. Ҳазрат Юсуф алайҳиссалом ҳақидаги оятдан шу нарса маълум бўлаяптики, тушни ҳаммага ҳам айтиб, таъбир қилдириб бўлмайди. Уни солиҳ ва руҳияти пок кишилар таъбир қилиши керак. Бу туш кўрувчига ҳам, уни таъбир қилувчига ҳам улкан масъулият юклайди.

Ҳадиси Шарифда тушга кенгроқ шарҳ берилган. Унда кундузги ва тунги кўриладиган тушлар бир-биридан ажратилган. Бироқ улар иккаласи ҳам бир хил талқин этилади. Бундан ташқари, Ҳадисда тушлар билан боғлиқ ранглар, ҳар бир предметга алоҳида урғу бурилган. Мисол учун: кўзёш – яхши амал, сут – мусулмонлик, кўйлак – дин, яшил ранг – эътиқод мустаҳкамлиги, калит – мартаба, чодир – ислом дини ва ҳоказо.

Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Таъбирчи учун шарт шуки, у тушни эшитаётган пайтда таҳоратли бўлиши, туш айтаётган душмани бўлса, душманлиги сабабли нотўғри таъбир қилмаслиги, бир одамнинг сирини билса, бошқаларга ошкор қилмаслиги керак».
Демак, тушни нотўғри ёки ёлғон таъбир қилишнинг ҳам ўз жавобгарлиги бор. Юсуф алайҳиссалом зиндондаги шерикларидан бирининг тушини таъбир қилар экан, унга яхши сўзлар айтиб, тушни нотўғри таъбир қилиши мумкин эди. Бироқ Юсуф алайҳиссалом тушни тўғри таъбир қилади; нонвойга: «Сени уч кундан сўнг зиндондан чиқариб, дорга осадилар» , дейди.

Мағрибий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «…Рост туш бу Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан ваҳийдир, кимки ваҳийни орттирса ёки камайтирса, Ҳақ субҳонаҳу ва таолони ёлғончига чиқарган бўлади, туш Худойи таоло билан бандаси ўртасидаги омонатдир… Ҳар ким ёлғон тушни тўқиса, Расул саллаллоҳу алайҳи вассаллам сўзи бўйича осий (гуноҳкор) бўлғусидир. Бу эса тушнинг муаззам ва улуғлигига далилдир ва одоб шартини сақлаши муаббир ва савол қилувчига вожибдир».

«Исломий туш таъбирлари қомуси»нинг муаллифи Имом Наблусий ўзининг асарида 7500 та таъбирчининг исмини келтириб ўтади ва шулардан 600 тасининг туш таъбирига бағишланган китоблари мавжудлигини таъкидлайди. Яна эътиборлиси шундаки, Имом Наблусий тушни таъбир қилувчиларни ўн беш табақага ажратиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида изоҳ бериб ўтади. Мисол учун, биринчи табақада ҳазрати Иброҳим пайғамбар, ҳазрати Ёқуб пайғамбар, ҳазрати Юсуф пайғамбар, ҳазрати Дониёл алайҳи васаллам, ҳазрати Зулқарнайн ва пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам номлари келтириб ўтилса, еттинчи табақада Афлотун, Аристотель, Батлимус каби файласуфларнинг номлари келтириб ўтиладики, бу ҳолат муаллифнинг мазкур соҳадаги билими жуда кенглигидан далолат беради.

Исломда таъбирчи Оллоҳнинг китоби Қуръони Каримни, Ҳадиси Шарифни, ўз она тили, араб-форс тилларини, мақол-маталларни, илми нужумни, урф-одат ва маросимларни яхши билмоғи керак. Таъбирчи ҳар бир тушнинг таъбирини сир сақлаши, ундаги яхши ва ёмон жиҳатларни фарқлай билиши зарур.
Бундан ташқари, тушнинг қайси кунда кўрилгани ва қайси пайтда таъбир қилиниши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мисол учун, якшанба куннинг аввалида кўрилган туш яхши, уни таъбир қилиш ҳам осон. Чоршанба куннинг аввалида кўрилган тушни таъбир қилиб бўлмайди, деб тушунилади.

Таъбирчилар тушни эрта тонгда таъбир қилган яхши бўлади, дейишади. Хўш нега?! Сабаби, энг аввало, ҳар ишнинг эрта тонгда амалга ошгани маъқул ва тушдаги воқеалар, ундаги арзимас нарса ҳам туш кўрувчининг ёдидан чиқиб кетмаслиги лозим. Бу тушни таъбир қилаётганда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, туш кўрувчининг ҳам, уни таъбир қилувчининг ҳам эрта тонгда тани дам олган, кайфияти соз, хотираси тиниқ бўлади. Кўпчилик билан учрашиб, бирор бир нохуш гап эшитмаган, эҳтиётсизлик қилиб, қандайдир бир номақмул ишга қўл урмаган бўлади.

Хуллас, исломда тушга жуда инжа бир муносабатда бўлинган. Тушга катта аҳамият бериб, унинг таъбирига ҳам жиддий эътибор билан қараганлар. Туш – шунчаки, тасодифий ҳолат бўлмай, инсон руҳияти, эътиқоди ва ахлоқининг бир кўриниши, деб талқин этганлар.
«Сен тушингни менга айт, мен сенинг кимлигингни айтиб бераман», дейди руҳиятшунослар. Шу биргина сўзда инсоннинг руҳий олами ҳақидаги улкан ҳақиқат яширин.
Хўш, инсонни унинг кўрган туши орқали билиш имкони борми? Ҳа, имкони бор. Билганда ҳам, ўзимиз кутгандан ортиқроқ билишимиз мумкин. Бунинг учун биздан кўп нарса талаб этилмайди, бор-йўғи тушимизга эътиборлироқ бўлишимиз ва ундаги ҳар бир кичик нарсаларни ҳам эътибордан қочирмай таъбир қилишимиз лозим бўлади.

Маънисиз, яъни юқорида таъкидланганидек, бизга мутлоқ алоқаси бўлмаган тушлар бўлмайди. Фақат маъносига тушунмаган ва ўзимизга боғлиқ ўринларни топа олмаган, тушимизни тушунмаган ҳолатлар бўлиши мумкин, холос.
Алишер Навоий ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида сўзлар экан, шундай бир ривоятни келтириб ўтади: Ўз шогирдларига топшириқ бериб кетган зот анча муддат ўтгандан сўнг қайтиб келгач, унинг бир шогирди устидан шикоят қиладилар. «Алар андин сўрубдурларки, бизни ҳеч туш кўрдинг? Деди: – Ҳов, кўрдим! Дедиларки: – Сенга басдир».

Бу билан ҳазрат Алишер Навоий туш инсон руҳиятининг кўзгуси, инсоннинг ботинида кечаётган жараён тушида ҳам акс этишини таъкидламоқда. Яъни уйқу ҳолатида инсон руҳий дунёсининг эркинлиги, онг ости ҳисларини ақл каби маълум қолипда сақлаб бўлмаслиги улардаги ахборот ақлий ахборотдан кўра ҳаққонийроқ бўлишини таъминлайди. Шу сабабли уйқуда одам рост дунё билан тўқнашади, уйқу пайтидаги фаолият жисмнинг эмас, маънавий дунёнинг фаолиятидир. Бошқача айтганда, уйғоқ одамда сохталик кўпроқ бўлади. Уйқу пайти одам ҳақиқий ҳислар билан яқинлашади. Уйқу пайти инсон дунёсининг энг катта ростгўйлигидир. Мана шу уйқу давридаги ҳиссиётлар туш шаклида намоён бўлади. Биз уйғоқ пайти олган таассуротларимиз ўз шаклини бузиб, бироқ қатъий бир мантиққа суянган ҳолда рамзлашади ва тушда акс этади.

Имом Ғаззолий туш ҳақида гапирар экан, асосан, Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифга суянади. «Солиҳ ва содиқ кишиларнинг тушлари, – деб ёзади у, – рост тушдир. Ёлғончи кимсанинг туши алоқ-чалоқ, қўрқинчли ва ёлғон тушдир. Фасод ва гуноҳга ботган кишиларнинг қалби ҳам қорайиб кетади. Шубҳасиз, бундай кишиларнинг кўрган тушлари ҳам хатарлидир».

Имом Ғаззолий тушни жуда нозик тушунади. Унинг: «Туш ва уйқу оламида ғайбни билмак жаноби Ҳақнинг санъати ажойиботларидандир, одам ўғли фитратининг ғаройиботларидандир», – дея тушга берган баҳоси ниҳоятда қадрли. Бу баҳо тушга аниқ ва тўғри баҳодир. Маълумки, исломга қадар ҳам тушга ғайб оламининг бир мўъжизаси сифатида қараш мавжуд бўлган. Тушга руҳлар ва ўзга олам билан мулоқот қилиш воситаси сифатида ёндашилган. Бу тушнинг сирли, илоҳий эканлиги билан ҳам изоҳланади.

1.2. ТУШНИНГ ИЛМИЙ ЎРГАНИЛИШИ МАСАЛАЛАРИ

Дастлабки оғзаки ва ёзма таъбирномаларда тушнинг илмий ўрганилишига асос солинган, дея бемалол айта оламиз. Олдинги бобда биз сўз юритган «Ирқ битиги», «Фол китоби» ва бошқа таъбирномалар бунга мисол бўла олади. Бу манбалар билан бир қаторда ёзма адабий манбаларда, жумладан, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асарида тушга аниқ илмий таъриф берилганини кўрамиз. Мазкур асарнинг «Ўзгурмуш касал» бўлимида Ўгдулмуш Ўзгурмушга тушни таъбир қилишнинг тартиб- қоидалари ҳақида ўз билганларини айтади: «Тушга йўриқ турли-туман бўлади. Уни ҳар бир киши билмоғи шарт. Кўрган тушни кечаси – қоронғи тушгандан кейин ҳам таъбир сўралмайди. Кечаси кўрилган тушга таъбир кундузгисидан тамомила бошқача бўлади.

Туш таъбирининг шарт-шароитлари жуда кўп. Энг аввал уларни билиб олиш лозим.
Биринчидан, кўрган тушингни ўзинг йўрма, шунингдек, уни дуч келган кишига ҳам айтавермаслик керак. Кўрилган ҳамма тушни йўриш шарт эмас. Кўрилган тушларга таъбир жуда хилма-хил бўлади, уларни чуқур мулоҳаза қилиш лозим.
Аввало, туш йўришдан тийил, борди-ю йўрмоқчи бўлсанг, бу ишда билимга таян. Тушни бошқа ҳодисалар билан қиёсла, ундаги ҳар бир ҳолатга маъно бер, чуқур мулоҳаза юрит, яхшилаб ўйла.
Тушнинг фойдаси таъбирга қараб бўлади, агар уни йўришнинг уддасидан чиқмасанг, бу туш бефойда бўлиб қолиб кетади. Билими денгиз каби теран бўлган киши бу ҳақида яхши айтган, уни эшитиб сен юзингни қизил қилиб ол».

Бундан ташқари, «Қутадғу билиг»да туш мижозга қараб таъбир қилиниши, беморнинг кўрган тушига қараб уни даъволаш мумкинлиги ҳақида ҳам сўз юритилади.
Ғарб тадқиқотчилари Зигмунд Фрейддан сўнг тушни инсон руҳиятининг инъикоси сифатида ўргана бошладилар. Ваҳоланки, Имом Ғаззолий ХI асрдаёқ тушни: «Одам ўғли фитратининг ғаройиботларидандир», дея таъриф бериб, туш бевосита инсон ахлоқи ва маънавияти, янада аниқроғи, руҳонияти билан боғлиқлигини айтиб ўтган эди.
«Маънавият соҳиблари ғайб кўзи ила кўра олади. Баъзан унга ваҳий тарзида, баъзан унга туш тарзида аён бўлади. Инсон агар маънан бир оламга юксалса, ерда туриб ҳақиқатни кўради ва моҳиятни англайди. Тўғри туш пайғамбарликнинг қирқ олти жузидан биридир. Бу ҳолат ҳам энг юксак маънавиятнинг даражаларидан биридир».

Шу ўринда Юсуф Хос Ҳожиб, Имом Ғаззолий ва Ғарб файласуфларининг, жумладан, Зигмунд Фрейд қарашлари ўртасида яқинлик мавжудлигини кўрамиз. Гарчанд Зигмунд Фрейд ва унинг издошлари тушнинг илоҳийлигини инкор этсалар-да, аммо тушнинг сирли ва мўъжизали эканлигини тан оладилар. Бу борада Имом Ғаззолий фикрлари асослидек туюлади: «Тушда бирор бир ҳодисанинг олдиндан кўрилиши сабаби қалбнинг ажойиб сирлари билан боғлиқки, бу ҳол мукошифо илми билан изоҳланади». Зеро, шу пайтга қадар тушга турлича таъриф берилган ва ўрганилган бўлса-да, ҳамон туш сирлилигича ва мўъжизалилигича қолмоқда. Туш – инсон шахси, ахлоқи ва руҳий дунёси билан чамбарчас боғлиқ эканлиги борасида Имом Ғаззолий, Фрейд ҳамда унинг издошларининг фикрлари ҳамоҳангдир.
«Кароматли тушларга сабаб, – дейди Имом Ғаззолий, – уйқуда ғайб тажалли этади. Тушда киши ҳиссиётга бўйсунади, уйғонганда эса ҳиссиётга эътибор бермайди, ақлга бўйсунади».

Зигмунд Фрейд  фикрича эса тушда кишининг уйғоқ пайтидаги онг ости кечинмалари юзага қалқиб чиқади. Уйғоқ пайти инсон кўпроқ онгга, ақлга бўйсунади. Унинг хатти-ҳаракатлари чегараланган, маълум бир йўналишга йўналтирилган бўлади. Тушда эса инсон эркинроқдир.
Дарҳақиқат, уйқу пайти биз уйғоқ пайтимиз юзага чиқишига ақлий истакларимиз йўл қўймаган кечинмаларга гувоҳ бўламиз ва у билан бирга яшаймиз ҳамда буни туш деб атаймиз. Аслида туш инсон руҳий дунёсининг ажралмас, мураккаб ва муҳим қисмидир. Фрейд тушни таҳлил қилар экан, тушга эътиборсизлик, яъни ХХ аср инсонларининг руҳан майиб бўлиб қолишига олиб келди, деган хулосани ташлайди. Тушга – ички истак ва кечинмаларга эътиборсизлик туфайли одамзод энг катта фожиага дуч келди: у ўз қалбини унутиб қўйди.
Фрейд ХХ асрга хос ёвузлик, қуллик, мутелик, ахлоқий бузилишлар, маънавий юзсизликлар, эътиқодсизлик ва иймон сустлигини инсоннинг ички истак, кечинмаларига эътиборсизлиги ёхуд бу кечинмаларнинг зўрлик билан жиловлаб қўйилишида, деб тушунтиради. Фрейднинг бу назарияси туш ҳақидаги қадим тасаввурларга Ғарбдаги фан оламини жалб этди ва тушни, инсоннинг руҳиятини, инсон кечинмалари акс этган бадиий ижодни тадқиқ этувчи руҳий таҳлил методи деган метод юзага келди. Фрейд, Юнг ва бошқа ушбу метод вакиллари тушни таҳлил қилиб, ундаги рамзлар мифлардаги рамзлар билан вазифа жиҳатдан ўхшаш эканлигини кашф этдилар ҳамда тушни шарҳлаш мифларни шарҳлашни осонлаштиради, деган қарашни ўртага ташладилар.

Умуман, уйқу ва уйғоқ ҳолатлар инсон фаолиятининг икки қарама-қарши қутбидир. Бирида воқелик ва мантиқ ҳукмрон, иккинчисида эркинлик ва «Мен» ҳукмрон. Уйғоқ одам ўз фаолиятини мавжуд шароитнинг мантиқига мослайди: у шу даврга мос кийим кияди, уй қуради, ташвиш чекади ва шу давр мантиқидан келиб чиқиб фикр юритади, муносабат ва муомала қилади. Яъни у макон ва замон чегарасида яшашга, макон ва замон номидан гапиришга, фаолият қилишга, яшаш учун курашга, ундан ўзини ҳимоя қилишга мажбур. Уйқу ҳолатида макон ва замондан мутлақо халос бўлади, у ўз ички дунёси – ўз «Мен»и ихтиёрига ўтади. Макон ва замон ушлаб қололмайди. «Мен» шунчалик кенгки, у ўзида барча маконларни, барча замонларни мужассам этади. Бу ерда уйғоқ пайтдаги яшаш учун кураш мантиқи «ўлади». Кишининг уйғоқлигида унинг онгини жиловлаб турган бу мантиқ уйқуда мутлақо аҳамиятсиз бўлиб қолади. У макон ва замон ахлоқидан, тартиб-қоидасидан, қонунларидан, яшаш тарзидан, таъқиб ва тақиқ хавфидан буткул қутулади, яъни буткул эркин бўлади. Унинг замон тартиб-қоидасидан таранг бўлган ақлий зўриқишлари барҳам топади, ақл «дам» олади. Ана шу пайтда фақат «Мен»га – ички дунёга хос истак-кечинмалар бош кўтарадилар. Уйғоқ одам ўзини ўраб турган воқеликнинг ижрочиси, уйқу эса ички ҳиссиётлар – руҳий дунё билан юзма-юз келишдир. Уйғоқ пайти ақлий истаклар, ақлий муносабатлар пардалаб қўйган кечинмалар уйқу пайти одам билан юзма-юз келади, ўзини кўрсатади.

Тасаввуф аҳлларидан яна бири Иброҳим Ҳаққи ҳам ўзининг «Маърифатнома» асарида тушни иккига – рост ва ёлғон тушларга ажратади.
«Рост, яхши тушларни,– дейди у, – қалби тоза бўлганлар кўради… Инсон туш кўрдиги замон қалб панжаралари очилади ва малоиклар оламида бўлган лавҳи маҳфуздаги ҳолатларни идрок этади».
Америкалик олим Эрих Фромм тушга оид бир мақоласида шундай бир аҳамиятли мисол келтиради. А. ҳамда Б. деган шахслар учрашиб қолишади ва биргаликда тижорат қилишмоқчи бўлишади. Шу кеча А. тушида Б.нинг ўғирлаб олган пулларига сохта ҳужжат тўлдираётганини кўради. А. тушга катта аҳамият берса-да, бу гал эътиборсиз қолдиради. Бироқ бир йилдан сўнг Б. сохта ҳужжатлар билан катта миқдорда пул ўмарганига гувоҳ бўлади. Бу башорат тушни Фромм шундай шарҳлайди: «Одам уйғоқ пайти унинг ақлий салоҳияти Б.нинг асл қиёфасини тўлиқ қамраб ололмаган, бироқ ақлга нисбатан қамрови кенг бўлган онг ости ҳислари Б.нинг асл қиёфасини тўлиқ акс эттира олган ва бу таассурот хулосаси тушда намоён бўлган». Олимнинг фикрича, онг ости ҳислари онгли ҳисларга нисбатан сезувчан, ҳаракатчан, ўта аниқ кечинмалардир. Башорат тушлар ана шу ўта сезувчан кечинмалар ҳосиласи бўлиб, буни одам бирдан англаб олиши қийин бўлади, ақл бу сезувчан ҳисларни ўз мантиғига суяниб қабул қилолмайди. Уйқу пайти эса бу кечинмалар туш сифатида келажакни ўзида намоён қилади.

Иброҳим Ҳаққи ҳайвон суратлари ва коинот шакллари инсон онгида турли қиёфаларда акс этишини ва тушдаги бундай рамзлар инсон ахлоқи билан бевосита боғлиқ эканлигини айтиб, тушда кибр – қоплон, зўрлик – арслон, ҳасад эса бўри қиёфасида гавдаланишини таъкидлайди.
Руҳий таҳлил методининг асосчиси Фрейд ҳам инсондаги майлларнинг тушда турли ҳайвон кўринишида гавдаланишини таъкидлайди. Эрих Фромм эса «Қизил шапкача» эртагини таҳлил этар экан, мазкур эртакдаги бўри ишқий майл тимсоли сифатида талқин этилганини ёзади.

«Алпомиш» достонида Барчиннинг майли «йўлбарс» ва акс майли эса «маст туя» қиёфасида гавдаланади.
Бу мисоллар шундан далолат берадики, ибтидоий даврлардан то ХХI асргача кишиларнинг тушга бўлган муносабатларида унчалик фарқ сезилмайди. Улар кўраётган тушдаги рамзларда ҳам яқинлик мавжуд.
Шарқда тушга шунчалик бир инжа бир муносабатда бўлинганки, инсон табиатидан тортиб у еган таомгача тушга таъсир қилиши мумкинлигини яхши билишган. Мисол учун, «Қутадғу билиг»да бу ҳолат жуда гўзал мисраларда баён этилган:

Йўриқча қолар туш, тушинг яхши йўр,
Туби – аслини бил, уқув бирла кўр.
Не тарз йўрса тушни ўшандек бўлар,
Ёмон йўрма тушни, сенга қилар қўр.
Баъзи туш еб-ичмак таъсири бўлар,
Яроқсиз озиқдан ёмон туш келар.
Баъзан боғланади у йил фаслига,
Мижоз кучайиши сабаб аслига.
Кичик эрса ўғлон, йил фасли гар ёз,
Нарса қизил бўлса, ернинг ранги бўз.
Қони ошди деган унинг, шубҳасиз,
Унинг томиридан бир оз қон оқиз.
Куз ойи бўлса ҳам йигит навқирон,
Тушида кўринса қизил, заъфарон,
Сариғи кўчайган бўлар, эй доно,
Ўзини бўшатса, кетади бало.
Тушида бу ўрта яшар, куз ойи,
Агар кўрса қудуқ, тоғ, олов жойи.
Кучайган бўлади унинг савдоси,
Дори ичса, бўлар унинг давоси.
Куз чоғи эса-ю, кўрувчи улуғ,
Оқар сув, қор, ёмғир бўлса гар тўлиқ,
Кучайган бўлади унинг балғами,
Иссиқлик берилса, қилинар эми.
Тағин бир тоифа бўлар пойма-пой,
Бу хил туш таъбири бўлмас ҳойна-ҳой.
Узоқ ўйлаганда киши кўрса туш,
Таъбири бўлмагай унинг тенгу туш.
Яна биров касбин кўрар тушида,
Унга ҳам таъбир йўқ, уринма жуда.
Буларнинг барига қилиб фаросат,
Таъбирласанг кейин чиқади ҳожат.
Нима дер, эшитгин, таъбирчи ҳаким,
Сўрамоғи лозим туш кўрса ҳар ким:
«Таъбир қилма тушни билиб-билмайин,
Таъбирни не деса, бўлар шундайин.
Алам кўрса тушда, жавоби севинч,
Севинч кўрса, қайғу келар тундайин».
Тушингнинг таъбири ягона эмас,
Таъбирчи ҳакимлар ягона демас.
Тушда тўлиқ тутса ўзини шодон,
Алам-қайғуларга очилди гумон.
Тушида йиғласа, кўрса кўп алам,
Шодликка етишар, роҳати – бекам.
Баъзи туш бўлади, таъбири унинг
Бўлаклар учундир, у бўлмас сенинг.

Абулфазл Ҳусайн ат-Тифлисий ҳам ўз асарида Имом Жаъфар розиаллоҳу анҳу тушни учга бўлганлигини таъкидлайди. «Туш, аслида, уч қисмдур, – деб ёзади у ўзининг «Мукаммал туш таъбирнома»сида, – бири ҳукм деб айтилади, иккинчиси муташобиҳ (рамзий туш), учинчиси асғосу аҳлом (паришон) тушлардир». Паришон тушларни кўрувчиларни тўрт гуруҳга бўлар экан, улардан бири савдо қўзғатувчи овқатларни егувчилар, деб айтади.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, туш инсон ахлоқи, маънавияти, руҳияти билан чамбарчас боғлиқ экан. «Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама», дейди халқимиз. Ёмон, қўрқинчли тушларнинг сабабини чеккадан эмас, ўзимиздан, ўз табиатимиздан излашимиз зарур. Бу биринчи ҳолат. Иккинчи ҳолат бу тушни таъбирлаш билан боғлиқ жараён.

Юсуф Хос Ҳожиб туш таъбирчиларини ўрнига қараб юрумчи, йўрумчи, муаббир, дея уч хил номда атайди. Адиб ўзининг «Қутадғу билиг» асарида: «Туш қандай таъбир қилинса, шундай бўлади», «Тушни яхшига йўй, туш йўруғига кўра бўлади» , дер экан, тушни доимо яхшига йўйиш лозимлигини таъкидлайди.
Эртак ва достонларимиздан бизга маълумки, тушни ҳамма ҳам таъбир қилавермайди. «Алпомиш» достонида Барчиннинг тушини Суқсурой каниз, Бойбўрининг тушини эса қизи Қалдирғоч таъбир қилади. Мазкур достоннинг барча вариантларида Қалдирғоч ҳам, Суқсурой каниз ҳам Алпомиш ва Барчиннинг ёнидаги йўлдошлардир. Керак пайти улар ўз яқинларига маслаҳат берадиган, уларга йўл-йўриқ кўрсата оладиган донишманд, оқила аёл, янаям аниқроғи, достонда ҳомий образ сифатида гавдаланадилар. Шунинг учун достонда улар асосий қаҳрамонларга кўмакчи сифатида гавдаланади. «Манас» достонида Манаснинг отаси Жақибнинг тушини Бойжигитдан бошқа ҳеч ким таъбир қилолмайди.

«Тушингни сувга айт», дейди доно халқимиз. Сув культи ҳақидаги қадим тасаввурлар билан боғлиқ бу мақолдаги иккита энг муҳим жиҳат эътиборлидир. Биринчиси – бу тушнинг, албатта, кимгадир айтилиши лозимлиги. Шундай қилинса, инсон енгил тортади, кўнгли равшанлашади. Ғарб тадқиқотчилари айрим руҳий хаста беморларни кўрган тушларини ҳикоя қилиб бериш орқали даволаш мумкинлигини ёзишади. Иккинчиси – тушни ҳаммага ҳам айтиб бўлмаслиги. Уни энг яқин, қалби тоза кишиларга айтиш лозимлиги. Қолаверса, сувнинг тиниқлиги, мусаффолиги ва оқиб туриши инсон руҳиятига таъсир этувчи хусусиятга эга.
Халқ орасида ҳам туш ҳаммага айтилавермаган. Туш энг яқин кишиларга айтилган. Одатда, юксак мақомларга эришган, эл-юрт орасида катта ҳурматга сазовор бўлган, донишманд ва оқкўнгил кишиларгина тушларни таъбир қилган.

Юқорида тушни таъбир қилиш исломда пайғамбарликнинг қирқ олти жузидан бири ҳисобланишини таъкидлагандик. Зеро, «…Рост туш Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан ваҳийдир. Туш Худойи таоло билан банда ўртасидаги омонатдир».
Абулфазл ат-Тифлисий шундай ёзади: «Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Муаббир учун шарт шуки, у тушни эшитаётган пайтда таҳоратли бўлиши, туш айтаётган душмани бўлса, душманлиги сабабли нотўғри таъбир қилмаслиги, бир одамнинг ёмонлигини билса, бошқаларга ошкор қилмаслиги керак». Бу ўринда тушни таъбир қилишда муаббир, яъни таъбирчининг зиммасидаги масъулият алоҳида таъкидланмоқда.
Туш кўрувчининг табиати, ахлоқи, дини, эътиқоди, исми, шажараси, туш кўриш олдидаги ҳолати, тушни кўрган куни ва пайти – буларнинг бари тушни таъбир қилаётганда албатта эътиборга олиш зарур бўлган ҳолатлардир.

Ривоят қилишларича, бир киши Ибн Сирин раҳматуллоҳу алайҳга: «Тушимда азон айтаётган эканман», дейди. Ибн Сирин унга: «Ҳажга борасан!», – деб айтади. Шу пайт бошқа бир киши келиб: «Тушимда азон айтаётган эканман», деди. Ибн Сирин унинг тушини: «Сени ўғирликда айблашади», дея таъбир қилди. Нега айнан бир хил тушни икки хил таъбир қилдингиз, дея ундан сўрашганларида у киши шундай жавоб берибди: «Биринчиси яхши одам эди, шунинг учун унга: «Ҳажга борасан», дедим. Иккинчиси аҳли фасодлардан эканини билдим ва таъбирни бошқача қилиб: «Сени ўғирликда айблашади», дедим».

Бу ўринда бизнинг эътиборимизни тортадиган биринчи жиҳат – туш, энг аввало, инсон ахлоқи билан чамбарчас боғлиқ эканлиги бўлса, иккинчи ҳолат – тушдаги рамзлар ҳар бир тушда ўзгача маъно ташишидир. Тўғри, тушда ҳам умумий рамзлар, яъни ўзак рамзлар мавжуд. Бироқ ҳар бир туш таъбир қилинаётганда улар индивидуал маънога эга бўлади. Шунинг учун ҳам тушлар ва улардаги рамзларни шарҳлаш мушкул масала. Типик тушлар, яъни тез-тез учрайдиган тушлар ҳам бор. Уларда умумга хос бўлган сюжет ва рамзлар иштирок этади. Бироқ худди рамзий образлар аниқ бир матнда алоҳида маънога эга бўлгани каби, тушдаги сюжет ва рамзлар ҳам конкрет туш ва унинг руҳий ҳолатидан келиб чиқиб таҳлил этилиши керак.

Шарқдаги туш ҳақидаги қарашлар Ғарбда кейинги асрларда юзага келган таълимотнинг, эртак ва достонларимиз, ёзма адабиётимиздаги тушларнинг ва таъбирномаларнинг илмий асосга эга эканлигини кўрсатади. Хоҳ оғзаки, хоҳ ёзма манба бўлсин, туш лавҳаси ва ундаги рамзлар инсон руҳий оламининг рамзлари экан, уларга илмий ёндашиш ва илмий баҳо бериш бугунги кунимизнинг долзарб вазифасидир.

Ибн Ҳалдун, Имом Ғаззолий, Жалолиддин Румий каби мутасаввиф олимлар ҳам ўз асарларида туш ҳақидаги ўз қарашларини баён этганлар.
«Мукаммал туш таъбирлари энциклопедияси», «Мукаммал туш таъбирномаси», «Комил ат-таъбир», «Тушлар таъбири» каби асарлардан бизга маълумки, тушга аждодларимиз жиддий муносабатда бўлганлар.
Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб адибларимизнинг ижодида тушга алоҳида эътибор берилган. Айниқса, Алишер Навоийнинг «Сабъаи Сайёр», «Садди Искандарий», «Мажолис ун-нафоис» ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарларида тушнинг гўзал намуналари келтирилганки, улар алоҳида тадқиқот мавзуидир. Қисқача қилиб шуни айтиш мумкинки, то олис ўтмишдан бугунимизга қадар ҳеч бир ижодкор туш мавзуини четлаб ўтмаган.

Ғарбда туш ҳақида жуда кўп файласуфлар, тарихчилар, ижодкорлар фикр билдиришган. Аммо Зигмунд Фрейдга қадар тушни ҳеч бир ижодкор махсус ва мукаммал тадқиқ этган эмас. Зигмунд Фрейд узоқ вақт инсон ҳолати ва руҳияти устида кузатиш олиб борди ва инсонни англаш, унинг қалбига, юрагига кириб бориш, ундаги хасталикни енгиш учун, энг аввало, унинг руҳиятига «тил» топиш керак, деган фикрни илгари сурган. Файласуфнинг бу фикрлари ўз даврида кескин қаршиликларга дуч келди. «Туш ўрганилишга арзимас бир нарса, уни ўрганиш бизга ҳеч нарса бермайди», дея эътироз билдирган мухолифлари унинг тадқиқотларидан сўнг тушга бошқача муносабатда бўла бошлашди. Айниқса, Зигмунд Фрейд ўзининг «Туш таъбирлари» деган махсус тадқиқотини яратгандан сўнг энг ашаддий рақиблари ҳам унга тан беришди.

«Зигмунд Фрейд, – деб ёзади Стефан Цвейг ўзининг машҳур эссесида, – инсондаги буюк жасоратнинг тимсолидир! У инсониятни бахтлироқ эмас, онглироқ қилди… У олам манзарасини бутун бир авлод кўз ўнгида теранлаштирди».

Зигмунд Фрейд тадқиқотларидан сўнг унинг кўплаб издошлари ҳам тушни тадқиқ этишга киришдилар. Бироқ улар орасида Карл Густав Юнг ва Эрих Фроммларнинг тадқиқотлари алоҳида диққатга сазовордир.
Зигмунд Фрейд, Карл Густав Юнг ва Эрих Фромм тадқиқотларида, энг аввало, туш инсон руҳиятининг ифодасидир, деган қараш ётади. Бу олимлар тушни инсон руҳиятининг турли ҳолатлари билан боғлашади. З.Фрейд тушда инсоннинг болаликдан сақланиб қолган пинҳоний майллари, К.Г.Юнг оммавий онг ости ҳиссиётлари, Э.Фромм ташқи дунё рамзлари: онг даражасига ўсиб чиқмаган, бироқ инсон қалбида ташқи дунёнинг рамзи бўлиб қолган турли кечинмалар устуворлик қилади, деган фикрни ўртага ташлайдилар. Бу олимларнинг туш ҳақидаги фикрлари бир-бирини инкор этувчи эмас, аксинча, бир-бирини тўлдирувчи фикрлардир. Учала олимда ҳам бир нарса: туш – инсон руҳиятининг кўзгуси сифатида тадқиқ этилади.

З.Фрейд ва К.Г.Юнг тадқиқотларидан сўнг Ғарбда инсоннинг руҳий ҳолатларини очишда туш муҳим восита бўлиб қолди ва атайин тушга, унинг руҳий, жисмоний таъсирига бағишланган юзлаб туш ҳақидаги ҳикоялар юзага келдики, барчасида тушнинг инсон ҳаётидаги ўрни тадқиқ этилди. Лотин америкалик машҳур адиблар – Х.Л.Борхес ва Х.Кортасарларнинг асарлари бунинг мисолидир.

Туркиялик олимлардан Фикрат Туркман, Ҳасан Кўксал, Сулаймон Қазмаз каби олимларнинг илмий ишларида туш ҳақида сўз юритилади. Проф. Умай Гунайнинг «Ошиқ тарзи, шеър дунёси ва туш мотиви» номли монографиясининг икки боби турк фольклоридаги туш талқинига бағишланган. Бироқ бу тадқиқотларнинг кўпчилиги баён характерида, туш чуқур илмий таҳлил этилмаган.

Аждодларимиздан мерос қолган кўплаб адабий ёдгорликларда туш муҳим ўрин тутади. Халқ оғзаки ижодининг дурдоналари ҳисобланган достонларимизда, эртакларимизда, асотир ва ривоятларимизда, мақол, топишмоқ ва қўшиқларимизда туш ва туш билан боғлиқ рамзларга дуч келамиз.
Атоқли фольклоршунос олим Ҳоди Зарифов Виктор Жирмунский билан ҳамкорликда ёзган «Ўзбек қаҳрамонлик эпоси» номли китобида бахши ҳақидаги афсоналарда туш алоҳида ўрин тутишини қайд этиб ўтади.

Бунинг, албатта, қатор сабаблари бор. Маълумки, бахшичилик, яъни эпик анъана авлоддан авлодга ўтиб, асрлар оша оғзаки равишда сақланиб келган санъатдир. Бахши ўз эпик хотирасида ана шу анъаналарни сақлаб, уни авлодларга етказиб келган ва ҳар гал ижро этилганда бу эпик анъана янада бойиб, янгиланиб борган. Улар эпик билим ва эпик хотиранинг меросхўрлари, асровчилари эдилар. Аждодлардан мерос қолган бу эпик хотирани улар ўз қувваи ҳофизасига кўра ижро этганлар.

Бахшилар, айниқса, бахши шоирлар устоз-шогирдчилик анъаналарига жиддий қараганлар. Ўзбек бахшиларининг кўпчилиги ўз устозлари ҳақида деярли сўзлашмайди. Улар ўз қобилиятларини сир сақлайдилар ёхуд илоҳиёт билан боғлашади. Бунга сабаб – халқимизнинг бахшиларни, эпик ижодиётни муқаддас, деб билишидадир.

Эпик қатлам орасида бахшиларнинг ўз санъатини сирли – илоҳий эгаллаганлиги ҳақида турли афсоналар мавжуд. Бу ҳол фақат ўзбек бахшиларига хос хусусият эмас, халқаро миқёсда кенг тарқалган. Бахши илоҳий қобилият эгасидир. Ҳамма ҳам шомон бўлавермагани каби, ҳамма ҳам бахши бўлавермайди. Эҳтимол, мана шунга ўхшаш мифологик тасаввурлардан бахшиларнинг илоҳиёт билан боғланиши ҳақидаги қарашлар пайдо бўлгандир?!

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш лозим бўлади. Биринчи ҳолат – бахшилар билан боғлиқ бундай афсоналарнинг кўпчилигида бахшининг хасталикка йўлиқиши ва бўлажак бахшининг касал бўлиб қолиши ҳамда касалликдан фақат куйлаш орқали халос бўлиши. Иккинчи ҳолат – бахшининг тушга қаттиқ ишониши. Бахши реал воқеликка қандай ишонса, ўз тушига ҳам, туш билан боғлиқ афсоналарга ҳам чин ҳақиқат, деб ишонади. Худди туш каби унинг хаёл дунёси ҳам шу қадар кенг, чексиз-чегарасиз ва бепоёнки, уни фақатгина ўзи каби ижодкор одамгина тушуниши мумкин. Мана шу жараён биз учун жуда муҳим.

Бахшидаги қобилиятнинг туш, яъни илоҳиёт билан боғланиш сабабларини ҳеч ким айтиб беролмайди. Бу қобилият унга қандай келди, нега айнан уни қийнайди, азоблайди?
Бахшининг ўз қобилиятини сирли тарзда эгаллаши қанчалар ўрганилмасин, бари бир жумбоқлигича қолиб келмоқда. Бахшини, у яратган эпик ижодиёт намуналарини ўрганар экансиз, сиз ўзингиз ҳам тобора бу сирга кўпроқ ишонч ҳосил қиласиз, бу мафтункор, сирли ва сеҳрли дунёнинг асирига айланасиз.

Бу тасаввурлар, эҳтимол, мифологик тасаввурлар маҳсулидир?! Шомоннинг «ўзга дунё» – «нариги олам»га саёҳати «руҳлар билан мулоқоти» ҳақидаги тасаввурлар маҳсулидир?! Бу биз учун сирли, ҳақиқатдан узоқ афсонадек туюлади. Бироқ бунинг ҳақиқат эканига бахши ҳам, тингловчи ҳам ишонади. Ана шу ишонч туфайли бу дунёқараш бугунги кунга қадар яшаб келмоқда. Бироқ, энг муҳими, бирор бир бахши ўз-ўзидан ёхуд четдан пайдо бўлмайди. Бирор бир бахшини ўрганиш учун у вояга етган муҳитни ўрганиш лозим бўлади. Чунки у ана шу эпик муҳитда катта бўлади, вояга етади. Бўлажак бахши ўз тинглаганларини, кўрган-кечирганларини, ҳис этганларини, руҳиятидаги товланишларни аста-секин ўз хотирасига жойлай боради.

Кўпгина тадқиқотчилар қаҳрамонлик эпосининг эпик қатламда ҳам бадиий асар, ҳам тарихий, ҳам эстетик ва амалий бир асар сифатида қабул қилинишини ёзади. Қаҳрамонлик эпоси ўзининг дастлабки пайтида мифологик маросим характерида эди. Даврлар ўтиши билан бу эпик ижодиёт ўзининг дастлабки хусусиятларини йўқотиши билан бирга, унинг айрим жиҳатларини ўзида сақлаб ҳам қолди. Қадим тасаввурга кўра, эпосни куйлаш орқали табиатга таъсир қилиш мумкин, деб ўйлашган. Бахшилар куйлар экан, улар бевосита руҳлар билан мулоқотга киришган.

 

Касалликларнинг олдини олиш, табиатга таъсир қилиш, қурғоқчиликда сув сўраш, тошқиннинг олдини олиш, урушда ғолиб келиш, мўл ҳосил йиғиш, овда муваффаққиятларга эришиш, фарзанд кўриш, бойликка эгалик қилиш – буларнинг ҳаммаси бахшининг вазифасига кирган. Бахши одамлар билан руҳлар ўртасидаги воситачи ҳисобланган. Бахши икки дунёни туташтирувчи кўприк бўлган. Шунинг учун бахшининг ижтимоий мавқеи шу қадар юксак эди. Ибтидоий инсон тасаввурида сўз илоҳий ҳисобланган. У ҳаракат ва оғзаки ижрони асос қилиб олган. Ҳаракат танники, сўз эса руҳга, руҳиятга тегишли деб ўйлаган. Сўзга кишан солиб, асир қилиб бўлмайди, дейишган. Шунинг учун ҳам ёзувга қизиқишмаган. Ёзув пайдо бўлгунга қадар оғзаки ижро ўзининг мукаммал даражасига етган. Эҳтимол, қадим маросимларда такрор ва такрор ижро этилган дуо ва илтижолар тилимиздаги фразеологик бирикмаларнинг, эпик формулаларнинг юзага келишига асос бўлгандир. Шу тариқа Санъат ва Магия бир-бирига қоришиб кетган. Даставвал, у бир-биридан айро ҳолда тасаввур этилмаган. Эпик формулалардаги рамзлар, оҳанг ва қатъий тизим дастлаб магик функция бажарган бўлса, даврлар ўтиши билан унинг ўрнини эстетик функция ола бошлаган. Шунинг учун ҳам бахши ҳақида сўз юритганда бу санъатнинг шомонлик билан боғлиқ эканини англаш лозим бўлади. Эҳтимол, шунинг учун эпик жараён фақат шомонлик излари яхши сақланиб қолган халқлардагина бугунги кунга қадар яшаб келаётгандир?! Бахшининг:
Эшитганнинг кўнглида армон қолмасин, – дея айтган мисрасида ҳам ана шундай магик-ритуал тасаввур излари мавжуд. М.Н.Хангалов бурятлар тунда қўрқмаслик, ёвуз руҳлардан сақланиш учун Абай Гэсэр Богдахон ҳақидаги достонни айтишларини ёзади. Қирғиз жырчиси Келдибек куйлаганда осмонни қора булут қоплаган, ер силкинган. Олонхочи Артаман куйлаганда одамлар ҳушларидан айрилган, дарахтлар қулаган. Хакаслар эса қаҳрамонлик қўшиғи руҳларга таъсир қилади, ер ости ёвуз руҳларига етиб боради, деб ўйлашади. Қурғоқчилик ва ҳарбий урушлар пайти эпос куйланган. Кўпгина манбалар эпоснинг ов пайтида магик функция бажарганини ёзади. Бурятларда улигерлар куйланса, ов яхши бўлишига ҳалигача ишонишади. Мўғулларда касал бўлганларни «Гэсэр», яъни мўғул эпосини ўқиб тузатишади. Бизнинг бахшиларимиз эса ижро пайтида уларга азиз авлиёлар, эранлар кўмак бериб туришини айтишади. Юқоридагилардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, шомонлик маросимларида эпос ижро этилган ва, эҳтимол, шунинг учун эпосда шомонлик излари, у билан боғлиқ тасаввурлар яхшироқ сақланиб қолгандир?!

Сибирда шомон ижроси билан бахши ижроси ўзаро ўхшаш эканлиги кузатилган. Олмон эпосшуноси К.Райхл эса шундай бир фактни келтиради: «Кэт шомонидан қаҳрамонлик достонини куйлаб беришни илтимос қилишганда у айнан шомон гимнини куйлай бошлаган».

Бахши ижро этаётган эпик матнда ҳам худди шомонликдаги каби азиз авлиё ва эранларга мурожаат қилинади. Биз биламизки, шомон, асосан, руҳлар билан мулоқотга киришган, унинг руҳи нариги дунёга сафар қилган, турли руҳлар қиёфасига кирган. Шунинг учун ҳам ўз ижросида у ана шулар ҳақида, у дунёга боргани, ўлиб-тирилгани ва яна бу дунёга қайтиб келгани ҳақида ҳикоя қилган. Биз шунга ўхшаш ҳолатнинг бир оз ўзгаришга учраган кўринишини эпик бахшилар ижодида кўрамиз. Улар ижро этган достонлар, аслида, шомоннинг «нариги дунё», «ўзга олам»га қилган саргузаштини эслатади.
«Қизиғи шундаки, – деб ёзади Б.Путилов, – шомонлик матнлари характери жиҳатидан бахши матнларига ўхшаб кетиши кишини янада ҳайратга солади. Улар куйлаган матнлар, шубҳасиз, эпос намунасидир. Бироқ афсуслар бўлсинки, шомонлик қўшиқлари билан эпик ижро матнлари ҳали жиддий тадқиқ этилмаган».
Шомон ва эпик ижрочининг макон, замон, олам ҳамда одам ҳақидаги тасаввурлари, бадиий тасвир воситаларидаги ўхшашлик ана шундай хулосага келишимизга асос бўла олади. Кўпгина эпик терминларнинг шомонлик терминлари билан ўхшаш эканлиги, эҳтимол, шундандир. Халқимизда бахши сўзининг икки маънода қўлланиши ҳам фикримизнинг далилидир.

Эвинкларда Нимнгакан деганда ҳам эпик жанр, ҳам маросим, яъни камламоқ тушунилади. Малайцлардаги Паванг термини ҳам шомон, табиб, маросим ижрочиси сифатида келади. Туркий тилдаги «йумак», «ымак», «нумах» мўғулча «дамағ» – яъни афсона, эртак, ривоят, қадимги туркча «йом» – шомон ҳикояси маъносидадир. Худди бахши каби шомон ўз хоҳиши билан бўлолмайди. Балки уни руҳ танлайди. Шунинг учун у даставвал қаттиқ касалга чалинади. У руҳлар айтганини қилгачгина, дарддан фориғ бўлади. Худди бахши каби шомонга ҳам келгуси тақдири тушида аён бўлади.
Шомон ҳам устозга шогирд тушади. Ундан шомонлик маросим сирларини ўрганади. Аста-секин маросимларни ўзи бошқара бошлайди.
Архаик эпосда шомонлик қатлами яққол сезилиб туради. Олимлар «Калевала» эпосининг асосида шомонлик ётишини айтадилар. Ф.Ойнас эса «Калевала»ни шомонлик эпоси сифатида талқин этади.
«Алпомиш» достонида Алпомишнинг етти йил зиндонда ётиб, унинг ҳақида «ўлди» деган хабар тарқалиши ва унинг зиндондан сўнг қиёфасини ўзгартириб, юртига қайтиши беихтиёр шомоннинг нариги дунёга сафарини ёдимизга солади.

Қаҳрамон Алпнинг нариги дунёга сафаридан мақсад – магик қудратга эга бўлиб қайта туғилиш, бир мақомдан иккинчи бир мақомга кўтарилишдир. Шу сабабли турк, жумладан, Олтой шомонларининг ҳозиргача сақланиб қолган маросимларида беҳушликда ўзини чавақлаш, бошини кесиб ташлаш, танасини тилка-пора қилиш ҳолатлари учрайди. Бу ҳолат шомоннинг бир мақомдан иккинчи бир мақомга ўтишидаги маросим билан боғлиқ бўлиб, танани тўлиқ инкор этиб, руҳ билан бирлашишни билдиради. Танасини инкор этиб, янгидан туғилган, ҳомий руҳлар қувватини ўзида жамлай олган шомонга дунёни янгилаш, янгидан қуриш имкони берилади.

Шомон ва бахши тушунчалари бир-бирига боғлиқ тушунчалар эканидан Қўрқут ота ҳақидаги кўплаб афсоналар гувоҳлик беради. Уруғбоши, йўлбошчи, шунинг билан бир вақтда эпик маданият вакили Қўрқут ота мисолида шомоннинг қай тахлит даврлар ўтиши билан бахши – ижрочига эврилишини яққол кўриш мумкин. Эпик ижоднинг турлича, яъни лингвистик, психологик, фалсафий ва бадиий, мифологик талқинлари бизни бир нарсага – бахши ва шомон, аслида, бир синкретик образнинг турли даврлардаги турлича кўриниши эканлигини кўрсатишига ҳеч шубҳа йўқ. Замонлар ўтган сайин шомон ва бахши вазифалари аста-секин бир-биридан фарқлана борган.

Эпосни англашдаги бундай эврилишлар халқнинг тарихи, қаҳрамонлик ўтмиши ва маънавиятининг сарчашмаси бўлган эпик онгнинг тараққий этишида муҳим роль ўйнаган. Эпосдаги мифологик-магик жиҳатлар аста сўна бориб, шомон, табиб ва бахши функциялари бир-биридан тобора фарқлана борган. Энди бахши шомон функциясидан кўра эл донишманди, юрт маслаҳатчиси, эпик анъаналар давомчиси сифатида намоён бўла борган. Эпик қатлам онгидаги бундай эврилишларни англасаккина, нима учун эпик анъана баъзи жойларда тезда унутилиб, баъзи жойларда ҳозирги кунга қадар сақланиб келаётганлигининг сабабини тушуниб етамиз.

Буларнинг бари эпоснинг, бахшининг, қолаверса, этноснинг ижтимоий ҳаётда тутган мавқеи ва ўрни ҳақида сўзлашга мажбур қилади. Ижтимоий ҳаётда уларнинг мавқеи тушиши билан эпоснинг ҳам сўниш жараёни бошланади. Эпик хотира бу халқнинг тарихидир. У мифологик ёки қаҳрамонлик қобиғига қанчалик ўралган бўлмасин, у бари бир этнос учун муқаддас бўлиб қолаверади.

Кўпгина бахшилар ўзларидаги куйлаш қобилиятини туш, яъни илоҳиёт билан боғлаши табиий. Фольклоршунос олим Тўра Мирзаев ўзининг «Халқ бахшиларининг эпик репертуари» номли китобида Муродбахш ғори ҳақидаги худди ана шундай афсонани келтириб ўтади. Дастлаб чўпон ёхуд бирор бир касб эгаси бўлган бўлғуси бахши тушида ўзига кимдир дўмбира бериб кетганини ёхуд тушида куйлай бошлаганини кўради. Бу каби афсоналар фақатгина ўзбек бахшиларигагина хос эмас, балки жаҳон эпик ижодкорларига хос хусусият ҳамдир.

Ғарбда куйчи Кэдмон ҳақидаги афсона жуда машҳур. Бу афсонага кўра, черков хизматчиси Кэдмон ўзида куйлаш қобилияти йўқлигидан жуда уялиб юрган. Йиғинларда куйлаш навбати унга келганда давраларни тарк этган. Бир куни тушига бир чол кириб, унга: «Қани, Кэдмон менга куйлаб берчи», деган. Кэдмон куйлаш қобилияти йўқлигини айтгач, чол яна унга: «Куйла», деб буйруқ берган. Кэдмон тушида бирдан куйлай бошлаган. Шундан сўнг у черковнинг энг машҳур куйчисига айланган.
Кўрган туши туфайли фавқулодда поэтик қобилиятга эга бўлган бундай санъаткорлар ҳақидаги афсоналар типологик ҳодиса эканлигини В.М.Жирмунский ўзининг «Бахши ҳақидаги афсона» номли мақоласида яхши очиб берган.

Ёқут эпоси тадқиқотчиси В.В.Илларионовнинг келтирган маълумотига кўра, олонхочининг тушига ҳар доим руҳлар олонхо куйлаб кетишади. Қалмиқ бахшиси Муксбюн Басанговнинг айтишича, у ёшлигида касал бўлиб қолган ва Эрликхон, яъни ўликлар мамлакатига бориб қолган. Эрликхон унга жангарчи бўлишни айтиб, бу дунёга яна қайтариб юборган. Хакасларда Хайжи бу Хай руҳи билан боғлиқ. Хай руҳи тушига кирган одам бахши, яъни хайжи бўлади. Бахши – бу илоҳий руҳлар танлаган киши. Кўпгина афсоналарда Қўрқут ота бахшининг тушига кириб, унга куйлашни буюради. Ойротларда Этэн Гончак ҳақида шундай афсона бор: У мол боқиб юрганда олдига бир аждарҳони минган Алп келади-да, ундан куйлашни истайсанми, деб сўрайди. «Ҳа», деб жавоб бергач, унга бир жонлиқ қурбонлиқ қил, дейди. У уйғонганда атрофида ҳеч ким йўқ, фақат бир бўри бир эчкини ғажиётган бўлади. Шундан бошлаб у куйлай бошлаган экан. Туркиялик фольклоршунос олим Метин Эргун манасчиларнинг кўрган тушларини таҳлил этар экан, бахши, оқин, жиров, ўзон ва манасчиларнинг кўрган тушлари бир-бирига ўхшаб кетишини таъкидлайди. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш лозим бўлади. Биринчидан – бахшилар билан боғлиқ бундай афсоналарнинг кўпчилигида бахшининг хасталикка йўлиқиши ва бўлажак бахшининг касал бўлиб қолиши ҳамда касалликдан фақат куйлаш орқали халос бўлиши. Иккинчи ҳолат – бахшининг ўз тушига қаттиқ ишониши. Бахши реал воқеликка қандай ишонса, ўз тушига ҳам, туш билан боғлиқ афсоналарга ҳам чин ҳақиқат, деб ишонади.

Қирғиз фольклорининг тадқиқотчиси З.Қидирбоева ажойиб бир маълумот келтиради. «Бахшиларнинг туш кўриши билан боғлиқ афсоналар, – дейди у, – улар ўйлаб топган уйдирмалар эмас. Аксинча, узоқ йиллик ўқиб ўрганиш, кўникма ва маълум бир малака ҳосил бўлгандан сўнгги шогирднинг «пишиб етилгани»ни кўрсатувчи бир ҳолатдир».
Ҳақиқатдан ҳам шогирд бахши маълум бир поғонага кўтарилгандан сўнг, у ўнгида ҳам, тушида ҳам фақат бир нарсани, ўз устозидан ўрганганларини қандай ҳаётга татбиқ этиш, қандай ижро қилиш ҳақида тинимсиз ўйлай бошлайди. Бу бахшининг маълум бир малака ҳосил қилгандан кейин руҳий тайёргарлигини кўрсатувчи бир жиҳатдир. Худди тасаввуфдаги суфийлар каби улар ҳам ўз ижодининг маълум бир босқичига кўтарилгач, энди ўзлари ҳам ижод этиш қобилиятига эга эканлигини, бунга руҳий жиҳатдан кўникма ҳосил бўлганини ана шундай англаб олишлари мумкин.

Олимларимиз томонидан туш махсус ўрганилмаган бўлса-да, айрим мақола ва рисолаларда туш ҳодисаси фольклор манбаларида алоҳида ўрин тутишини таъкидлаганлар. Бу тадқиқотларнинг ичида фолькоршунос Тоҳир Ҳайдаровнинг мақоласи алоҳида ажралиб туради. У ўзининг «Туш таъбирининг қадимий асослари ҳақида» номли мақоласида «Гўрўғлининг туғилиши» достонидаги туш мотивини кенгроқ таҳлил этишга ҳаракат қилган. Бу мақола ХХ асрнинг 90-йилларига қадар фольклоршуносликда туш талқинига бағишланган бирдан-бир мақоладир. Зеро, шўро тузуми даврида туш на адабиётшунослик, на фалсафа, на руҳшунослик нуқтаи назаридан атрофлича ўрганилди.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг туш ва инсон руҳиятини ўрганишда янги давр бошланди. Энг аввало, туш билан боғлиқ кўплаб манбалар нашр этилди ва туш илмий жиҳатдан ўрганила бошланди. Турли таъбирномалар ва туш ҳақидаги Ғарб олимларининг рисолалари чоп этилди.

Мавжуд манбалар, «Алпомиш», «Гўрўғли», «Рустамхон» туркумлари ва бошқа юзлаб достонларимиз, эртакларимиз, асотир ва ривоятларимиз, мақол, топишмоқ, қўшиқларимиздаги туш ва у билан боғлиқ рамз, ҳолат,  кечинмалар монографик йўналишда махсус тадқиқ этишни талаб қилади. Зеро, туш шунчаки тасодифий ҳодиса бўлмай, инсон руҳиятининг бир кўриниши, онг ости кечинмаларининг ўзига хос намойиши ҳамдир.

Тафаккуримизга куч ва ва қувват бериб турувчи бундай кечинмаларни ўрганиш, руҳиятнинг турли товланишларини билиш адабиётшунослик учун ҳам, жамият тараққиёти учун ҳам муҳимдир. Тушни ўрганиш орқали халқимизнинг руҳий дунёсини, маънавияти тарихини, тафаккур тарзини теранроқ англаб етамиз.
Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб биринчи бобга шундай якун ясашимиз мумкин:

1. Туш феноменал физиологик-руҳий, инсоният тарихининг барча даврлари учун хос, умумий, айни пайтда, ўта индивидуал ҳодисадир. Инсон тушида худди реал ҳаётдагидек кўриши, эшитиши, ҳид ёки оғриқ сезиши, кулиши, йиғлаши, завқланиши, қайғуриши ва бошқа ҳиссий кечинмаларга дуч келиши мумкин. Шу жиҳатдан уни нафақат физиологик, балки англанмаган ўзига хос эстетик ҳодиса сифатида ҳам баҳолаш мумкинки, барча санъатлар тарихида ва бугунида мифлар каби туш мотиви, унинг образли ифодаларига такрор-такрор дуч келамиз.

2. Ҳозирги замон кишисининг онгини шартли равишда турли қатламлардан иборат, дейиш мумкин. Шу жиҳатдан олганда бир инсоннинг ижтимоий тараққиётнинг қайси босқичидаги мамлакатда ёки муҳитда яшаётгани, билими, дунёқараши даражасига қараб унинг онг қатламларидан бирида мифологик тасаввурлар устувор, иккинчи инсоннинг тафаккурида диний эътиқодлар, учинчи бировида илмий қарашлар етакчи бўлиши мумкин. Инсонлар онгининг бундай хилма-хиллиги туфайли, умуман олганда, ибтидоий даврлардан XXI асргача кишиларнинг тушга муносабатида катта фарқлар сезилмайди. Бироқ турли мамлакатлар, турли халқлар тараққиётнинг турли даражасида яшаётгани учун тушга муносабат тарихини шартли равишда қуйидагича таснифлаш мумкин:
а) Мифологик муносабат. Анимистик тасаввур, яъни жон-руҳнинг абадийлиги, унинг бир шаклдан иккинчи шаклдаги танага кўчиб юриши мумкинлиги туш ҳақидаги мифологик, анъанавий қарашларнинг асосидир. Мифологик тафаккурда қадимги аждодларимиз тушда кўрилган воқеанинг ҳақиқийлигига, албатта амалга ошишига қаттиқ ишонишган. Уни руҳлар, тириклар ва марҳумлар дунёси билан боғловчи ҳодиса, деб тушунишган. Ижтимоий тараққиётнинг дастлабки босқичида яшаган қадимги барча уруғ-қабилалар тушни инсон ухлаб ётганда жоннинг танадан чиқиб, турли жойларни айланиб, кўриб келиши, деб тушунишган, бу пайтда тана вақтинча ўлим ҳолатида бўлган. Бундай қараш анимизм, ибтидоий маданият босқичидаги барча халқлар, архаик ва замонавий динлар учун хосдир;
б) анъанавий, диний муносабат. Архаик динлар, жумладан, шомонлик, ислом дини ҳамда Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам тушга сирли ҳодиса сифатида қараш умумийлиги сақланиб қолган бўлса-да, Ғарбда тушнинг илоҳийлиги инкор этилган. Шомонлар фаолияти ва маросимларида тушга алоҳида эътибор берилган. Исломгача тушлар хосиятли ва хосиятсиз, деб тасниф қилинган. Ирқ битигидаги туш таъбирларининг «бу яхши», «бу ёмон» хулосалари ана шуни ифодалаган. Бундай тасниф оддий халқ ўртасида ҳозиргача сақланиб қолган. Исломда тушларга алоҳида эътибор берилиб, улар вазифасига кўра раҳмоний ва шайтонийга бўлинган.

3. Тушларнинг мукаммал таъбирлари, энг аввало, Шарқда яратилган. Ирқ битиги – «Таъбирнома»да 65 та туш таъбири келтирилган. Таъбирлар диний ва анъанавий характерга эга бўла борган. Туш ва унинг таъбири диалектик бирликдаги ҳодисалардир. Шарқда таъбирчилик юксак профессионал даражасига кўтарилган. Ибн Ҳалдун, Имом Ғаззолий, Жалолиддин Румий ва бошқа кўплаб мутасаввифларнинг асарларидаги туш ҳақидаги қарашларини дастлабки илмий талқинлар сифатида баҳолаш мумкин. Улар тушни инсон ахлоқи, руҳияти, эътиқоди билан боғлаб талқин қилганлар.

4 . Ғарбда туш ҳодисасини махсус ўрганган З.Фрейд тушда инсоннинг болаликдан сақланиб қолган пинҳоний майллари устуворлик қилади, деб, бадиий ижодда янги руҳий таҳлил методига асос солди. Унинг издошлари: К.Г.Юнгнинг тушни оммавий онг ости ҳиссиётлари, Э.Фроммнинг ташқи дунё рамзлари, деб талқин қилишлари бу методни янада бойитди. Уларнинг таълимотлари бадиий асарлар талқинида ҳам асослаб берилди.

5. Туш феноменига мифологик, анъанавий, диний, илмий қарашлар тарихи бошқа тадқиқ методлари қаторида психоаналитик методни ўзбек фольклори асарлари тарихи, поэтикасини ўрганишга ҳам тўлиқ татбиқ этиш мумкинлигини кўрсатадики, тадқиқотимизнинг кейинги бобларида бу метод моҳиятини изоҳлаш ва бундай татбиқни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

mukova

0111

(Tashriflar: umumiy 3 413, bugungi 1)

Izoh qoldiring