Ozod Sharafiddinov. Cho’lponni anglash.

Ashampoo_Snap_2016.10.01_22h19m56s_004_.png      37  йилга келганда қатлиом машинасининг парраклари бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган шиддат билан айлана бошлаган эди.  1937 йилнинг ёзида Чўлпон қамоққа олинди, бир йиллик даҳшатли қийноқлардан кейин 1938 йилнинг 4 октябрь куни отиб ташланди…

Озод Шарафиддинов
ЧЎЛПОННИ АНГЛАШ

003

Айтишларича, олим бирор оламшумул кашфиёт яратса, уни халққа англатмоқ учун бу кашфиётни тафаккур юксакликларидан кундалик турмуш заминига олиб тушмоғи, мавҳум ва мураккаб формулалар тилидан жўн, кўникилган тушунчалар, оддий тасаввурлар тилига кўчирмоғи лозим. Санъатда эса бунинг акси. Шоир ҳам оламшумул кашфиётлар қилади — бетакрор рангларга, мафтункор жилоларга, сехрли маъноларга, дурдона ҳикматларга тўла гўзал дунё яратади. Бироқ бу дунёни англамоқ ва англатмоқ учун жўнлаштириб, оддий маиший тилга кўчириб бўлмайди. Жўнлаштиришимиз биланоқ гўзаллик ғойиб бўлади, асарнинг сеҳру жодуси йўқолади, ҳозиргина сизни ларзага солиб турган поэтик мисралар бетаъсир сўз тизмаларига айланади…

Шоир яратган кашфиётни англамоқ учун одам, албатта, ўша кашфиёт юксаклигига кўтарилмоғи шарт. Одамнинг юраги шоир юраги билан бир маромда тепсагина, одамнинг юраги ҳам шоир юрагидаги нафосатга ташна бўлсагина, муаллиф юрагидек гўзалликка эшикларини ланг очиб қўйсагина инкишоф этган олий гўзалликни идрок этмоғи мумкин. Бу эса ғоят мураккаб иш.

Албатта, ҳамма ҳам шоир кўтарилган юксакликларга кўтарилиш бахтига муяссар бўлавермайди. Ахир, «халқ» деган тушунча тез-тез тилга олиниб турилса-да, ҳеч қачон ҳар жихатдан тенг, яхлит бир кучни англатмайди. Ҳамиша халқ бор, оломон бор, авом бор, орифлар бор… Одатда, қалби уйғоқ, ҳақиқатга ва гўзалликка ташна орифларгина шоир яратган нафосат оламини идрок қиладилар ва ғофилларни унинг гўзалликларидан огоҳ этадилар. Шу тариқа шоирлар яратган гўзаллик халқ мулкига айланади ва унинг маънавий дунёсининг юксалишига хизмат қилади. Афсуски, юқорида айтилганидек, бу жараён сира-сира осон кечмайди — ўзининг англанилмаганидан зорланган, қадрсизлигидан шикоятлар қилган, замондошларининг меҳрсизлигидан изтироб чекиб ўтган шоирлар озмунчами?! Ҳатто, Пушкиндай шоир ҳам қатор шеърларида гўзаллик кўчасига яқин юролмайдиганларни «авом» («чернь») деб атаб, уларга нафратини изхрр қилган эди. Ўз вақтида Пушкинни «буюк халқ шоири» деб атаган «марксист» адабиётшунослар эса шоирнинг бундай «шаккоклигини», «халққа нисбатан мутакаббирлиги»ни «синфийлик» қолипларига сиғдиролмай роса хуноб бўлган эдилар. Ҳолбуки, буни изоҳлаш қийин эмас эди — бунинг учун «гўзалликнинг илоҳий даргоҳларига кўтарилиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди» деган ҳақиқатни эътироф этиш кифоя эди.

150810112847_chulpon_640x360_bbc_nocredit.jpg Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ҳам ўзига хос бетакрор шеърият оламини яратишга қодир бўлган ва яратган улуғ шоирлар сирасидандир. У ижодини 1914 йилдан бошлади, бироқ унинг парвози 20 йилларга тўғри келди. Айниқса, 1920—1927 йиллар мобайнида Чўлпон илҳоми жўшқин булоқдай қайнаб тошди, пўртанадай қирғоқларга сиғмай кўпириб жўш урди — у учта шеърий тўпламидан ташқари, кўплаб шеърлар, ҳикоялар, мақола ва очерклар яратди, ўнлаб драматик асарлар ёзиб, адабиётимиз хазинасини қатор баркамол таржималар билан ҳам бойитди. Ана шу асарлари уни фавқулодда юксак баҳолашга асос бўлди.

Айниқса, хориждаги баъзи бир адабиётшунослар шоир ижодининг моҳиятини холислик билан тўғри белгилашга ҳаракат қилишди.

Улар Чўлпонни ҳароратли, айни пайтда ниҳоятда ҳассос, қалби нозик ва шу боисдан бўлса ажаб эмаски, қўркмас санъаткор эди деб баҳолашди. Уларнинг фикрича, Чўлпон ўзини халқдан айри ҳолда, шеърий илҳом булоғи бўлиб хизмат қилган замондошларининг ҳаёти, маънавий дунёсидан ташқарида деб тасаввур ҳам эта олмайди. Чўлпон лирикасининг бутун оҳанглари ана шу ҳолатдан келиб чиқади. Энди ана шу буюк шоирнинг тақдирига бир назар ташлайлик. Дунёдаги истаган адабиётнинг ифтихори бўлишга арзийдиган, ҳар қандай маданиятли жамиятда Худо ато этган буюк истеъдод эгаси тарзида қабул қилинадиган, «устоз», «муаллим» сифатида эъзозланиши мумкин бўлган Чўлпоннинг қисмати қандай бўлди?

Маълумки, «ўзини халқдан айри ҳолда, замондошларининг ҳаёти, маънавий дунёсидан ташқарида деб тасаввур ҳам қилолмайдиган» бу шоир деярли етмиш йил давомида қораланиб келинди. Бу давр мобайнида шоир шаънига айтилмаган бўҳтон қолмади; уни қоралаш, таҳқирлаш бобида ким ўзар мусобақалар авж олди. Юзлаб мақолаларда, китобларда, маърузаларда унга «буржуа шоири», «жадид», «мафкураси бузуқ», «босмачилар куйчиси», «миллатчи», «аксилинқилобчи», «Октябрь инқилобини тушунмаган овсар», «ёшлар онгини заҳарловчи ёт унсур», «халқ душмани» ва яна алланима балолар деган тавқи лаънат ёпиштирилди. Бир йил эмас, ўн йил эмас, салкам етмиш йил давомидая!

Савол туғилади: наҳотки, шунча йил мобайнида ўзбек халқидай кўп сонли халқ ичидан Чўлпонни англай оладиган, унинг чинакам улуғ шоир эканини идрок этган ва бу ҳақиқатни айтишдан чўчимайдиган биронта ҳам ориф одам топилмади? Наҳотки, бизнинг халқимиз ўз олдидан оққан сувнинг кадрига етмайдиган бу қадар ношукр халқ? Наҳотки, бизнинг одамларимиз гўзаллик қаршисида шунчалар сўкир ва кар? Ғоят қийин ва мураккаб савол. Негаки, совет замонасида биз халқ тўғрисида кўпинча умумий, тумтароқ, баландпарвоз гаплар гапириб ўрганиб қолганмиз — халқ доно, халқ улуғ, халқ бағри кенг, халқ яратувчи, халқ ижодкор ва қоказо…

Аммо халқнинг тафаккури чекланган, маданий савияси чатоқроқ, халқ ўзининг асл фарзандларини унча эъзозламайдиган эканини айтиб бўлмасди ёки айтилмасди. Бунақа гаплар ҳақми, ноҳақми эканидан қатъи назар — халққа ҳурматсизлик, унинг шаънига туҳмат, деб ҳисобланарди. Ҳолбуки, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат, Усмон Носир, Ҳабиб Абдулла… (яна қанчадан қанча умри фожиалар ичида кечган буюклар номини эслаш мумкин) уларнинг ҳаёти, фожиаси халқнинг кўз ўнгида кечди-ку! Бироқ халқ оғзига талқон солиб олгандек чурқ этмай сукут сақларди, оддий томошабин бўлиб турарди, турардигина эмас, кези келганда, масаланинг моҳиятига етмай, билиб-билмай, чапаклар чалиб, «миллатчиларга ўлим!» дея бўғила-бўғила ҳайқириб қўярди. Ҳа-ҳа, кўзлари ғазабдан қонга тўлиб, оғизларидан тупуклар сачратиб, жазавага тушиб ҳайқирарди. Афсуски, шунда «Ҳай, биродарлар! Нима қиляпсизлар? Булар, ахир, миллатнинг гули-ку! Булар миллат йўлида жон фидо қилувчи қахрамонлар-ку!» дея овозини кўтарган биронта азамат чиқмади. Ҳа, бу — факт, бу кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқат.

Бироқ, ана шу аччиқ ҳақиқатга қарамай, «етмиш йил давомида халқимиз ичидан Чўлпонни англашга қурби етадиган одамлар мутлақо чиқмади» деган гапни айтишга ҳам тил бормайди. Негаки, жуда кам бўлса-да, бундай азаматлар бор эди. Юқорида мақоласидан парча келтирганимиз Боймирза Ҳайит билан бир қаторда татар-бошқирд маданиятининг йирик арбоби Закий Валидий, ўзбек муҳожирларининг раҳнамоларидан бири Вали Қаюмхон, 20 йилларда Берлинга ўқишга бориб, ўша ёқларда қолиб кетган доктор Иброҳим Ёрқин ва бошқалар Чўлпон ҳақида жуда юқори фикр билдиришган. Уни XX асрнинг энг истеъдодли санъаткорларидан бири деб аташган. Аммо шуниси борки, уларнинг ҳаммаси ўз фикрларини хорижда туриб айтишган ва бизнинг социалистик Ватан билан хориж ўртасидаги ғоят баланд, ғоят юксак темир девор туфайли уларнингфикрлари бизгача етиб келган эмас. Хўш, бизда-чи? Ўзимизда Чўлпон тўғрисида бирон-бир холис фикр, бирон-бир илиқ гan айтилганми? Ҳа, ўзимизда ҳам айтилган бундай фикрлар. Шундай замонлар бўлганки, Чўлпон асарлари танқидчилик томонидан илиқ кутиб олинган, уларга ижобий муносабат билдирилган.

Чўлпон хақида матбуотда биринчи бўлиб илиқ фикр билдирган олим Зариф Башарий бўлган эди. Бу одам асли Татаристондан бўлиб, 20 йилларда Ўзбекистонда яшаган, ўзбек тилида кўплаб мақолалар ёзган, ҳикоялар эълон қилган, табдиллар қилган, ўша давр мунозараларида фаол қатнаштан, ҳатто замонавий ўзбек адабиётидан мажмуа тузиб, уни 1929 йилда Қозонда бостириб ҳам чиқарган эди. Зариф Башарий 1923 йилнинг 4 май куни «Туркистон» газетасида Чўлпоннинг биринчи тўплами «Уйғониш»га тақриз эълон қилади. У тақризнинг бошидаёқ «Чўлпон ўртоқ кейинги даврдаги ўзбек шоирларидан энг олдингиси ва чин маъноси билан шоир деб аталишга лойиқ бўлганидан унинг шеърларини чин адабиёт ва шеър кўзи билан кўриб, текшириш ва танқид қилишга ярайдир» дейди ва шундан сўнг «Чўлпон ўртоқнинг чин юрак ва ҳис шоири», яъни ҳассос лириклигини айтиб, бу фикрни тасдиқловчи мисоллар келтиради. Мунаққид таҳлил ёрдамида Чўлпон шеърларидаги тасвирийликни, туйғулар теранлигини, сўз қўллаш мақоратининг юксаклигини кўрсатади.

Бошқа бир мунаққид Вадуд Маҳмуд ҳам «Булоқлар» тўпламига ёзган тақризида «бугунги ўзбек адабиётига янги бир тўн кийгизилди» дейди ва бу «тўнни кийгизган» одам Чўлпон эканини маълум қилиб, «Булоқлар» тўпламининг бадиий сифатлари ҳақида мулоҳаза юритади. Мунаққид «Амалнинг ўлими» деган шеърдан парча келтириб, унда «қанча шеърият, қанча оҳанг уйғоқ» эканини тасдиқлайди-да, шу билан бирга юртнинг дардини, қулларнинг инграган жонлар бўлишини, кўнглида йиғлаган малакларнинг шарқ оналари, жувонларидан иборат эканини қанча очиқ, муассир ижод билан тасвир этадир» деган фикрни билдиради. Бу парчада Вадуд Махмуд жиндай баёнчиликка йўл қўяётган эса-да, у Чўлпон шеъриятининг моҳиятига анча кириб борган дейиш мумкин.

1924 йилда «Зарафшон» газетасининг икки сонида «Ўзбек ёш шоирлари», «Чўлпон» деган мақола босилди. Унинг муаллифи Абдураҳмон Саъдий Чўлпон ижодини анча батафсил текширади ва шоирни жуда «қисқа бир таъриф билан» «у ёнадур ҳам ёндирадур» деб таърифлайди. Мақолада Чўлпоннинг «чин маъноси билан романтик бир юрак шоири (лирик)» экани ҳам далиллар билан очиб берилган.

Худди шунингдек, жуда ихчам шаклда бўлса ҳам Абдулла Қодирий Чўлпоннинг «Тонг сирлари» китобига ёзган шапалоқдеккина сўзбошисида матбуотда Чўлпон шаънига айтилган «Чўлпон йиғлоқи шоирдир» деган таъна-дашномларни рад этади, шоир шеърларида кўз ёши кўп учраса-да, Чўлпон «улардан чечаклар ундирмоқчи эканини» айтади.
Чўлпон ҳақидаги илк мақолаларнинг яна бир муштарак хусусиятлари шундаки, уларнинг муаллифлари шоир шеърияти хақида батамом ҳолис фикр юритишга интиладилар. Шунинг учун тақризларда Чўлпоннинг кучли томонлари билан бирга нуқсонлари, заифликлари ҳақида ҳам фикр юритилади. Бу вазифалар ҳар хил, аммо икки мақолада бир нуқсон таъкидланадики, кейинчалик айни шу «нуқсон» Чўлпон шеъриятини бутунлай қоралаш учун асосий далиллардан бўлди.
Зариф Баширий ёзади: «Чўлпон ўртоқ «эл» ва «халқ» сўзларини қанча кўп ёзса ва сўзласа ҳам, ул халқ шоири эмас. Халққа яқин бўлган зиёлилар шоиридир. Унинг услуб ва руҳида халқчиллик жуда оз».
Орадан бир йил ўтказиб мақола эълон қилган Абдураҳмон Саъдий ёзади: «Чўлпон оммахалқ шоири эмас, ўқимишлилар, зиёлилар шоиридир. Уни оммажалпи халқ тез англайди. Лекин шунинг баробаринда, у халқ қайғуси билан (фақат ҳеч бир синфга айирмасдан) ёзғувчи «халқчи» (народник) бир шоирдир. Чўлпонда асл кўзга қаттиғ берилиб турғон туб хусусият ҳам шундадир».
Бу ўринда шуни айтмоқ жоизки, бу гаплар ёзилган вақтда, яъни 1923 ва 1924 йилларда ҳали «халқ шоири эмас, зиёлилар шоири» деган тасдиқ сиёсий айбдай қабул қилинмас эди. Шунинг учун бу «айблар» унча катта акс садо бермай ўтиб кетган У кейинчалик эса «халқ шоири эмас, зиёлилар шоири» бўлиш шоирни гапсўзсиз ўлим чоҳининг лабига олиб борадиган даҳшатли сиёсий айбга айланган. Бу тўғрида ўз ўрнида батафсил гаплашамиз.

Ҳозир эса, Чўлпон ҳақидаги илк тақризлар муносабати билан юритган мулоҳазаларимизга якун ясайлик — бу тақризлар қанча холисона ёзилган бўлмасин, уларнинг ҳаммасидан ҳам янги чиққан ёш шоирга нисбатан меҳр ва эътибор ҳар қанча барқ уриб турмасин, уларни биз Чўлпонни англаш йўлидаги бирон-бир жиддий ютуқлар деб атай олмаймиз. Улар Чўлпон юксаклигига олиб борувчи улкан зинанинг биринчи пиллапоялари эди, холос.

Эҳтимол, муайян шароит бўлса, жамиятнинг манфаатдорлиги сезилиб турса, балки бу пиллапоялардан кўтарилиб бориб, Чўлпон яратган оламнинг баъзи бир жиддий қирраларини кашф этиш ҳам мумкин бўларди. Аммо бундай бўлмади, аксинча бўлди. Чўлпонни англаш йўлида қўйилган илк қадамлар қўйиб улгирилмай, шу он бўғилди. Чўлпонни англаш учун унинг юксаклигига кўтарила олган шеърият шайдоси, юраги том маънода гўзаллик ва нафосат иштиёқида ёнган оташин ориф одам яна топилмади. Нега? Йўлимизда яна кўндаланг бўлаётган бу қонуний саволга жавобни кейинга қолдирайлик-да, Чўлпон теварагида ўша кезларда юз берган ажойиб воқеаларга юз ўгирайлик.

«Тонг сирлари»да Абдулла Қодирийнинг муқаддимаси эълон қилингандан кейин бир йил ўтар-ўтмас 1927 йилнинг 14 февраль куни «Қизил Ўзбекистон» газетасида Айн имзоси билан «Ўзбек шоирлари Чўлпон» деган мақола босилди. Мақола сўнггида илова тарзида босилган изоҳда таҳририят шу мақола билан Чўлпон хақида баҳс бошлаганини маълум қилган ва «барча қизиққан ўртоқлар»нинг баҳсда иштирок этииб даъват этган эди. Бундай «ўртоқлар» кўп зориқтирмай, топила қолди — орадан кўп ўтмай, газета сахифаларида 22 ёшли Ойбек «Чўлпон. Шоирни қандай текшириш керак?!» деган мақола билан чиқди. Ундан кейин эса Усмонхон баҳсга аралашди — у «Мунаққиднинг мунаққиди» деган мақоласида Ойбекнинг қарашларини кескин танқид остига олди. Ойбек мунозарада яна бир марта сўз олишга мажбур бўлади — у газетанинг 1927 йил 29 август сонида «Мунаққиднинг мунаққиди» мақоласининг эгасига» деган мақола билан чиқиб, ўз қарашларини ҳимоя қилди. Шу мақола билан баҳс тўхтайди — унга якунни ўша йили октябрь ойининг 4—5 кунларида Самарқандда ўтган Ўзбекистон маданият ходимларининг қурултойида маъруза қилган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Биринчи котиби Акмал Икромов ясайди.
Мен қатъий аминманки, фақат Чўлпон тақдиридагина эмас, балки бутун ёш ўзбек адабиётининг кейинги ривожини белгилашда, шунингдек, адабиётшунослик ва адабий танқидчиликдаги йўналишларни маълум изларга солиб юборишда бу баҳснинг роли бениҳоя катта бўлади. Шунинг учун унинг мазмуни ҳақида, қандай масалалар атрофида баҳс кетгани тўғрисида, қандай хулосаларга келингани ва адабиётга кириб келаётган ёш ижодкорларга қандай йўл-йўриқлар берилгани борасида батафсилроқ мулоҳаза юритсак фойдадан холи бўлмас. Чунки ўзбек адабиётининг социалистик реализм адабиёти сифатида орттирган анча-мунча «фазилатлари»нинг томири худди шу мунозарага бориб тақалади.
Юқорида айтганимиздек, газета саҳифаларидаги мунозара Айннинг мақоласи билан бошланди. «Айн» — адабиётшунос ва мунаққид Олим Шарафиддиновнинг тахаллуси эди. Шуниси муҳимки, Олим Шарафиддинов адабиёт оламига шахсий манфаатларини ўйлаб кириб қолган тасодифий одам эмас эди. Кейинчалик у ўзининг кўпгина тадқиқотларида адабиёт тарихини чуқур билишини, адабиётнинг моҳияти ҳақида анча маънодор ва ибратли мулоҳазалар юрита олишини исбот қилган. Айниқса, унинг 1940 йилда нашр қилинган ва кейинчалик бир неча марта чоп этилган «Алишер Навоий» деган танқидий биографик очерки ўша давр адабиётида катта воқеа бўлди. Бу китоб ҳозир самарали ижод қилаётган кўпгина адабиётшунослар учун жуда яхши қўлланма бўлган эди. Шунинг учун 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси тузилганда, адабиётшунослар ичида биринчилардан бўлиб, Олим Шарафиддиновнинг мухбир аъзоликка сайланиши ҳеч кимни ажаблантиргани йўқ. Бу одам кўнгилли равишда фронтга кетади ва жанг майдонларида ҳалок бўлади. Бу факт ҳам Олим Шарафиддиновнинг шахсиятига беихтиёр эҳтиром уйғотади. Лекин «Афлотун, сен менинг дўстимсан, бироқ ҳақиқат мен учун қадрлироқ» деган гап бор. Факт фактлигича қолади — уни турлича шарҳласа бўлади, бироқ ўзгартириб бўлмайди. Факт эса шундан иборатки, олис 1927 йилда Олим Шарафиддинов адабиётни ҳукмрон мафкуранинг хизматкорига айлантиришдек номуносиб ишни бошлаб берган эди.
Олим Шарафиддинов мазкур мақоласида ўзбек адабиётшунослигида биринчилардан бўлиб марксча методология принципларига амал қилган, яъни у адабиётга тўлалигича синфийлик назарияси нуқтаи назаридан ёндашиб, унинг пролетар идеологиясининг қуроли бўлиши зарурлиги ҳақидаги қарашни олға суради: «Ёш шоирларимиз йўқсулларнинг синфий тилакларини, манфаатларини, мафкурасини жозибадор бир йўсинда тасвирлашга, жонлантиришга бошлади», деб ёзади Олим Шарафиддинов мамнуният билан.
Албатта, Олим Шарафиддинов мақолада иложи борича ўзини холис қилиб кўрсатишга уринади, шунинг учун у шоирнинг баъзи бир ижобий сифатларидан кўз юммайди. У Чўлпоннинг «энг кўп ёзувчи», «адабиётда айрим ўрин тутгувчи шоир» эканини эътироф этади. Олим бу фактни таъкидлаш билан чекланмай, бу «айрим ўрин»нинг моҳиятини ҳам очади: «эски классицизмнинг тор рамкасини бузиб, парчалаб, унинг (классицизмнинг) ифода йўсинини, оммага англашилмайдирган тилини соддалаштириб, оммага яқин қўйиш учун уринадир. Ҳам яна шул содда ифода йўсинда содда тилда амалий намуналар билан бизни таъмин этадир».
Чўлпоннинг тили ҳақида гап кетганда, айниқса, Олим Шарафиддинов ўзини тўхтатолмайди, у шоирни ёйилиб-ёйилиб мақтайди, унга жуда юксак таърифлар беради: «Бу кунги ўзбек адабий тили, шубҳасиз, Чўлпон тилидир. Бутун адабий ёшлик унинг тилини ўрнак танийдир. Унга тақлид қилади».
Бироқ Олим Шарафиддинов синфийлик кўзойнагини тутиб олиши биланоқ ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб кетади — энди Чўлпоннинг шеърларидаги қуюшқондан жиндай чиқиб кетган жойлар жуда хавфли айбдай, совет ҳокимиятининг тагига сув қуядиган гуноҳдай кўрина бошлайди.

«Синфийлик» принципи тадқиқотчидан бир саволга аниқ жавоб беришни талаб қилади — хўш, бу шоир ёҳуд бу адиб қайси синфнинг вакили? Унинг асарлари қайси синф манфаатларига хизмат қилади? Унинг ижодида қайси синфнинг қарашлари ўз ифодасини топган. Совет адабиётшунослари етмиш йил мобайнида ҳар бир ёзувчи, наинки, ёзувчи, балки ҳар бир асар тўғрисида мушоҳада юритганда ана шу саволларга жавоб беришга уриниб, адабиётни жуда хароб қилиб юборишди. Негаки, анчаинки жўндай қўринган бу саволларга жавоб бериш ғоят қийин эди. Негаки, ёзувчи ёки муайян асарини соқит қилиб, умуман олиб гапирганда адабиётнинг синфийлиги ҳақидаги гап тўғридай туюларди. аммо орага конкрет шахс аралашиши биланоқ масалани тўғри ҳал қилиш амри маҳол бўлиб қоларди. Дарҳақиқат, Пушкинни қайси синфнинг вакили деса бўлади? Деҳқонлар синфинингми? Дворянлар вакилими? Ёҳуд шаҳарда яшовчи хунарманд-косиблар шоирими? Алишер Навоий-чи? У кимнинг вакили бўлади? Ҳукмрон эксплуататорлар манфаатини кўзлаганми? Ё бошқа бирон синф вакилими? Кўриниб турибдики, масалани бу тарзда қўядиган бўлсак, адабиётнинг моҳиятини бузувчи, шоирни масхара қилишдан бошқага ярамайдиган хулосаларга келинади. Бироқ, марксча принципнинг талаби қатъий. Хўш, бу шоир қайси синфнинг вакили? Талаб қатъий бўлгач, олим жавоб беришга мажбур — фактлар унга хизмат қилмаса, у фактларнинг қулоғидан чўзиб, ўзига бўйсунишга мажбур қилади. Шунинг учун Олим Шарафиддинов «Чўлпон йўқсул халқнинг шоири эмас, у миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлиларнинг шоиридир. Унинг мафкураси шуларнинг мафкурасидир. У шу мафкура йўлида уринадир, талпинадир. Уни қайнатган, илҳом берган нарсалар шулардир», деб ёзади.
Эътибор беринга, бу фикр Зариф Башир ва Абдураҳмон Саъдий томонидан айтилган эди. Улар ҳам Чўлпон зиёлилар шоиридир, деб даъво қилишган эди. Олим Шарафиддинов уларнинг фикрига жиндай аниқлик киритади, холос, яъни у зиёлиларга «миллатчи, ватанпараст, бадбин» деган сифатларни тақади. Қарабсизки, ана шу жиндай аниқлик билан «Чўлпон йўқсул халқ шоири эмас» деган жўнгина гап даҳшатли айбномага айланади. Синфийлик принципи шунақа ғаройиб фокуслар қилишга ва шу йўл билан томошабиннинг кўзини (ёҳуд китобхоннинг ақлини) боғлашга имкон беради. Бу гапларни қўяйлик-да, масалага бошқа томондан ёндашайлик. Майли, фараз қилайлик — Чўлпон зиёлилар шоири. Аммо ким, қачон, қаерда исбот қилганки, зиёлилар шоири халқ шоири бўлаолмайди?
Мақоланинг давомидан аён бўладики, муаллиф Чўлпонни эркни қўмсагани учун, юртини озод ва обод кўрмоқни истагани учун, баданларда қонли излар қолдирувчи кишанлардан нафратлагани учун, «кишан кийма, бўйин эгма!» деб хўрланган одамларни ғурурга чақиргани учун зиёлилар шоири, деб атаяпти. Бироқ савол туғилади — наҳотки, эрк туйғуси, озод яшаш истаги, бошда дўппи билан ҳар жойда мағрур юришни исташ фақат ва фақат зиёлиларга хос бўлса? Наҳотки, «йўқсул халқ» чоризм даврида ҳам, совет империяси даврида ҳам мустамлака зулмини тўла қабул қилиб, эркка лоқайд бўлиб яшаган бўлса? Аксинча, Чўлпон 20 йилларнинг биринчи ярмидаги шеърларида бутун юртнинг дардиаламини ёрқин ифодалагани учунгина бутун халқнинг муҳаббатини қозонмадими? Унинг шеърларининг умрбоқийлигини таъминлаган биринчи омил худди шу эмасми?

Марксча принципнинг яна бир ажойиб «фазилати» шундаки, у ҳар қандай илмий тафаккурнинг заминида ётадиган энг оддий мантиқни ҳам тан олмаслиги мумкин. Олим Шарафиддинов ҳам худди шу йўлдан боради — у мақола давомида «Чўлпон халқ шоири эмас, зиёлилар шоири» деган бемаъни, тутуриқсиз даъвони нима қилиб бўлса-да, «исботлаш»га уринади. Бу аснода борган сари мантиқ талабларидан узоқлашиб бораётганини ўзи сезмай қолади. У ёзади: «Чўлпон хаёлпарастдир. Чунки миллатчилар, зиёлилар ва шу мафкурани қабул қилганлар учун хаёлдан ширин, хаёлдан лаззатли нарса йўк».
Қизиқ, нега энди хаёлпараст фақат «миллатчилар, зиёлилар» маҳрига тушар экан? Нега энди бошқа тоифалар учун «хаёлдан ширин, хаёлдан лаззатли» нарсаларга берилиш имкони йўқ? Кўриниб туриптики, «хаёлпарастлик» негадир иллат, айб сифатида караляпти ва ундан Чўлпонни қоралаш учун фойдаланиляпти. Буларнинг бари зўрма-зўраки, сунъий равишда қилинади. Шоир ҳақида, асар тўғрисида мулоҳаза юритадиган мунаққид учун бир зарурий қонуният бор — у биринчи навбатда асар матнига  таяниши керак, унинг учун бадиий асар матни ҳар нарсадан муқаддас, ҳар нарсадан мўътабар манба бўлмоғи керак. Аммо Олим Шарафиддиновнинг мақоласида марксча принципга сиғиниш оқибатида кейинчалик совет адабиётшунослиги ва танқидчилигида жуда кенг илдиз отган бир ёмон иллатга дуч келамиз — бу асар матнига беписандлик билан қарашдир. Шоир шеърида бир гапни айтади, аммо мунаққид бу гапни англашга интилиш ўрнига, бу гапга асосланиш ва унга таяниш ўрнига, унга бутунлай эътибор бермайди-да, адабий фактларни ўзининг аввалдан белгилаб қўйилган мақсадига бўйсундиради. Масалан, Чўлпон жуда кўп шеърларида ўзининг «ер шоири» эканини, доимий излагай нарсаси, кўнглига яқин нарсаси «ер юлдузи — ер қизи» эканини, оддий бир баргни кўк малакларидан ортиқ кўришини айтган. Аммо мунаққид бу ҳақца ўйлаб ҳам ўтирмай, ўзининг «синфий» хулосаларини чиқараверади: «Кўкларда «жинниларча ҳовлиқиб» юришда баъзан чарчайди, фақат ерга тушгиси келмайди, ундан лаззат олмайди. Мабодо, қайтиб ерга тушгудек бўлса, ўзини ҳақоратлар, сафолатлар, тубанликлар ичида ҳис қилади, кўнглининг кишанлар билан боғланганини кўради».

Мунаққид эхтимол ерда чиндан ҳам «ҳақоратлар, сафолатлар, тубанликлар кўпдир, шоир шундан изтироб чекса, унда нима айб?» деб ҳам ўйлаб кўрмайди, чунки, «синфийлик принципи» унинг учун жавобни тайёрлаб қўйган — шоир миллатчи, шунинг учун ердаги ҳақоратларни шеърга солади:
«Ерга тушган онларида жуда қаттиқ миллатчи бўлиб кетади. Чунки бу тубанликка, сафолатга сабаб бўлувчи ажнабийларни кўради. Улар руслардан иборат. Русларни ҳеч қандай гуруҳга, қавмга ажратмайдилар. Бутун руслар унинг назарида мустамлакачилардир».
Бу ўринда ҳам мунаққид ноҳақ — Чўлпон ҳамиша русларни «гуруҳга, қавмга» ажратиб қараган, ҳеч қачон барча русларни мустамлакачи, деб ҳисоблаган эмас. Буни далиллайдиган фактлар анча-мунча. Бу ҳақда баҳслашмай қўяқолайлик-да, бир масалада мунаққиднинг чиндан ҳам ҳақлигини эътироф этайлик.  Баҳс бўлгандан кейин бир-бири билан тортишади, бир-бирини танқид қилади. Гап шундаки, Усмонхон мақоласида ҳам кейинчалик совет танқидчилигида «гуллаб-яшнаб» кетган яна бир иллат кўзга ташланади. У «Чўлпон ва унинг «тузғон» «чўлпонизми» ёшлар учун ғоятда зарарли» деган фикрни ўртага ташлар экан, «Чўлпонда саботлик, мустақил дунёга қараш йўқ», «У у шохдан бу шохга қўниб юради», «Чўлпон ўзининг шоирлик вазифасини тўғри тушунмайди», «Чўлпон тараққийпарвар рассом эмас, таназзулпарвар хаёлпарастдир» деганга ўхшаш ҳақоратомуз ибораларни қўллайди. Ҳолбуки, бу мақола ёзилган кезларда Чўлпон учта шеърлар тўплами эълон қилган, ўнлаб драматик асари саҳналаштирилган, юзлаб мақолалари босилган, кўпгина асарларни таржима қилган, жамоатчилик томонидан истеъдодли ижодкор сифатида тан олинган эди. Наҳотки, жиндай ўйлаб ўтирмай, жиндай андишага бормай, шундай одамни «тушунмайди», «дунёқараши йўқ», «беқарор», «бетайин», «таназзулпарвар» деб ҳақоратлаш мумкин бўлса?! Ҳа, мумкин эди — марксча адабиётшунослик, совет танқидчилиги ана шу беандишалиги билан ҳам машҳур бўлди. Кейинчалик яратилган минглаб мақолалар ва китобларда танқидчи ва адабиётшунослар истеъдод эгаларига мутлақо беписанд карайдилар, шоир ва адибларни менсимайдилар, улар билан прокурорча оҳангда гаплашадилар, ўзлари айтаётган гапни энг баркамол, бекаму кўст ҳақиқат деб ҳисоблайдилар. Ҳар ҳолда, ижодкор ҳақида, асар тўғрисида мулоҳаза юритишдан кўра, таҳлил ва тадқиқ қилишдан кўра, унинг ҳақида ҳукм чиқаришни афзал кўрган совет адабиётшунослари ва мунаққидларининг анчаси бутун дунёда энг бетакаллуф, энг беандиша, энг қўпол ва энг дағал одамлар бўлишса керак. Шундай қусурларига қарамай 1927 йилдаги баҳсдан муайян ижобий хулосалар чиқарса ҳам бўлар эди. Жумладан, Ойбекнинг мақолаларида шундай ўринлар бор эдики, улар адабиётшуносликдаги ақидапарастлик ва вульгар социологизмга қарши курашда, ижодкорларни беҳуда калтаклардан, ўринсиз зуғумлардан асраб қолиш учун дурустгина замин бўлиши мумкин эди. Аммо бундай бўлмади. Афсуски, расмий доиралар Олим Шарафиддинов билан Усмонхон қарашларини ҳимоя қилдилар. 1927 йилнинг 4 октябрида Самаркандда Ўзбекистон маданият ходимларининг  қурултойи бўлди. Унда маъруза қилган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Биринчи котиби Акмал Икромов Чўлпон ҳақидаги мунозарага ҳам якун ясаб, шундай дейди: «Бизда Айннинг Чўлпон ижоди ҳақидаги мақоласи баҳонасида қатор мунозаралар бўлиб ўтди. Айн Чўлпон ижодининг ғоявий тутуриқсизлигини тўғри таъкидлади. Бу тақризнинг адабиётшунослик жиҳатидан қандай қимматга эгалиги ҳақида гапиришга журъат этмайман. Фақат шуни такрор айтаманки, мафкура соҳасида шундай соғлом танқид бўлиши зарурлиги шак-шубхасиздир».

Шу тарзда «маданият ходимлари»нинг фатвоси билан Чўлпоннинг юзига қора тортилди. У йўқсул халқдан узоқ миллатчи зиёлилар шоири деб эълон қилинди, ижоди мафкуравий жиҳатдан зарарли деб топилди. Чўлпон устидан биринчи маънавий катлиом шу тарзда содир бўлган эди. тақдирнинг ғалати ўйинини қарангки, орадан роппароса ўн бир йил ўтгач, айни 4 октябрь куни уни отиб ташлайдилар.
Умуман, социалистик жамиятдаги жорий тартиблар ғоятда ғалати эди, бирон адиб ёхуд шоир мафкуравий жиҳатдан ишончдан қолса, унинг бўйнига ташланган сиртмоқ то бўғилиб, жони узилгунча қисилиб борилаверарди. Бу ишда мафкурачиларга дарров маъмуриятчилар ёрдамга етиб келишар ва ҳайрон қоладиган даражада ҳамжиҳатлик билан жазолаш жараёнини охирига етказардилар.
1932 йилнинг 5 майидан 17 июлигача Ўзбекистон Олий судининг прокурори Шамси Бадриддиновнинг «жиноий» иши кўрилган. Табиийки, бу одам халқ душмани сифатида отувга ҳукм қилинган. Шу судда Катанян деган одам айблов нутқи сўзлаган ва ҳар нима қилиб бўлса-да, Бадриддинов ишига сиёсий туе беришга уринган. Шу мақсадда йўлида мафкураси «бузуқ» шоирларнинг номини айтмай бўлса-да, ишга аралаштиришга ҳаракат қилган. Катанян дейди: «Шу билан бир вақтда бунда 1927—29 йилларда мана шу йиғинда «қандайдир» шоирлар ўзларининг Фарғонага бағишланган хаёлий шеърларини ўқиб, декламация қилиб берадилар. Бу шеърларда гўзал Фарғона водийсида гуллар очилишдан тўхтагани, булбулнинг овози кесилгани, одамлар ҳазин бўлганликлари сўзланади. Бу ҳазинлик чиндан ҳам хон-помешчиклар замонасини хаёллаган кишиларнинг далилларини, яширин, қочиб ишлашга кетган, уйқусида қора реакциянинг қайтганини кўрган кишиларнинг юрагини тўлдиргон эди»  ( Катанян. Бадриддинов судидаги айблов нутқидан. «Қизил Ўзбекистон». 1932 йил. 16 июн).
1927 йилдаги мунозара ва ундан кейинги воқеалар ҳақида бунчалик батафсил тўхтаётганимизнинг боиси бор, албатта. Гап шундаки, салкам етмиш йил аввал бўлиб ўтган ва ҳозир деярлик унутилиб кетган воқеалардан адабиётшунослик учунгина эмас, умуман, маънавий ҳаётимиз учун фавқулодда муҳим бир хулоса чиқариш мумкин. Эсингизда бўлса, мақоламизнинг бошида халқимиз ичидан Чўлпон яратган поэтик юксакликларга кўтарила оладиган орифлар чиқмагани ҳақида мулоҳаза юритган эдик. Маълум бўладики, гап халқнинг маданий-маънавий савияси пастлигида, Чўлпон кашф этган олам гўзалликларини идрок этишга қодир одамларнинг йўқлигида эмас экан. Гап ҳукмрон мафкуранинг шиддатли йўл-йўриғида, қолаверса, ҳокимият тепасидаги кучларнинг, биринчи навбатда, коммунисток партия арбобларининг санъатга, адабиётга душманлигида, ҳар бир фикрлайдиган ақлли одамдан, ҳар бир мустақил истеъдод эгасидан қўрқишида экан. Фикрлайдиган одам янги ҳокимиятнинг, улар барпо этаётган янги тузумнинг чинакам  башарасини дарров пайқаб олиши ва ҳаммага ошкор қилмоғи мумкин-да. Шунинг учун уларнинг боридан йўғи яхши.

Эътибор берган бўлсангиз, 1927 йил баҳсидаги мақолалар ҳам, Акмал Икромовнинг нутқи ҳам, Катаняннинг таҳдидлари ҳам бир муштарак хусусиятга эга — улар «қизим, сенга айтаман, келиним сен эшит» қабилидаги гаплар. Албатта, улар биринчи навбатда Чўлпонга қаратилган, уни фош қилишга, шаҳдини қайтаришга, «ўзимиз қатори» шоирга айлантиришга қаратилган. Айни чоғда, уларда Чўлпон баҳонасида бошқа одамларга аталган ботиний мурожаат ҳам бор: Эй биродар, кўзингга қараб юр, чизган чизиғимиздан чиқма, буюрган ишни қил, буюрган гапни гапир, ҳаётинг кечаётган сассиқ ҳовузни зинҳор-базинҳор сассиқ дея кўрма. Акс ҳолда, Чўлпоннинг куни сенинг ҳам бошингга тушади. Бир зумда синфий душман бўлиб қолганингни ўзинг ҳам билмай қоласан.
Бундай таҳдидлар ҳаётда ҳар қадамда амалга ошиб турган бир шароитда қўрқув салтанати вужудга келади. Одамлар юрагида қўрқув туйғуси ҳукмрон бўладиган бўлса, ундай одамларнинг руҳий ҳаёти карахтланади, гўзалликка эҳтиёж ўтмаслашади. Ҳатто энг зўр орифлар ҳам ҳолсизланиб, гўзаллик самовиятларига кўтарила олмай қоладилар. Даҳо санъаткорлар яратган гўзалликни англаш, унинг моҳиятини идрок эта билиш, сирларини кашф этиб, бу гўзалликни қалб мулкига айлантириш учун, биринчи навбатда, санъаткорга қассобдек, прокурордек, жаллоддек бўлиб эмас, унга муҳаббат ва хайрихоҳлик билан муносабатда бўлмоқ керак. Санъаткор инкишоф этган оламнинг калити «Симсим, оч эшикни!» деган афсонавий хитобда эмас, жамиятнинг санъаткорга эҳтиромида, хайрихоҳлигида, муҳаббатидадир! Бунинг учун эса жамият эркинлик салтанати яратмоғи лозим. Токи ҳар бир одам туйғуларини намоён этишда, фикрларини баён қилишда бунинг оқибатидан, таъқиб-тазйиқларга учрашдан, жазога мустаҳиқ бўлишидан қўрқмасин!

* * *

«Адабиётшунослик ва танқиднинг манқуртга айланиши» деган кўп йиллик ва кўп пардалик фожианинг биринчи пардаси шундай бўлганди. Савол туғилади: нега энди бу фожианинг биринчи пардаси келиб-келиб 1927 йилда, яъни большевиклар ҳокимият бошига келгандан кейин 10 йил ўтгач ўйналинди? Мен «Чўлпон» деган рисоламда бу саволга жавоб беришга уриниб кўргандим. Рисолада бу тўғрида шундай дейилган: «1925 йилнинг 18 июнида РКП(б) Марказий Комитетининг «Партиянинг бадиий адабиёт соҳасидаги сиёсати тўғрисида» деган резолюцияси қабул қилинди. Унда амалда ўша кезларда турли-туман адабий гуруҳлар ва оқимлар мавжудлиги айтилган ва улар ўртасида пролетар адабиётининг гегемонлигини таъминлаш асосий мафкуравий вазифа қилиб қуйилганди. Тўғри, резолюцияда бу гегемонликка «эркин ижодий мусобақалар» орқали эришиш кераклиги уқдирилади. Аммо қарор чиққандан кейин бир зумда «эркин ижодий мусобақа» ҳақидаги гаплар паққос унутилади-ю, зўравонлик билан, ёзувчиларни ур-калтак қилиш билан, ҳақорату хўрлашлар билан «пролетар адабиётининг гегемонлиги» таъминлана бошланади. Инқилобнинг илк йилларида бир неча муддат мобайнида мавжуд бўлган ижод эркинлиги барҳам топа бошлайди. «Йўқсулларнинг ҳаётини, мафкурасини, бошидан ўтказган аччиқ-чучук ҳолларини сувратлантириш… шуни тараннум этиш» адабиётнинг бирдан-бир мақсади деб тарғиб қилинди. Хуллас, шу тарзда адабиётни янги тузумнинг маддоҳига айлантириш учун, уни сиёсатнинг муте бир оқсочи қилиш учун кураш бошланди». Ўз рисоламдан узунгина парча келтирганим учун узр. Рисола чиққандан сўнг юқоридаги парчани ўқиган айрим ўртоқлар: «Ия, қизиқ-ку? Наҳотки, мафкура соҳасидаги ур—йиқитнинг илдизи фақат 1925 йилга бориб тақалса? Наҳотки, большевиклар ҳокимияти 1917 йилдан то 1925 йилгача мафкура соҳасида, адабиёт соҳасида эркинликка йўл қўйиб қўйган бўлса?» дея таажжуб билдира бошладилар. Дарҳақиқат, 1927 йилда биринчи пардаси саҳнага қўйилган фожианинг муқаддимаси 1925 йилга эмас, тўғридан—тўғри 1917 йилга бориб тақалади. Большевиклар ҳокимият тепасига келишлари биланоқ мафкура жиловларини қўлга олишга ҳаракат қилдилар. Улар сўз эркинлигини тан олган бўлсалар—да, амалда ҳамма нарсани таъқиқлаш, ман этиш, тазйиқ остига олиш йўлидан бордилар. Лениннинг инқилобнинг илк йилларида хар хил муносабатлар билан сўзлаган нутқларини олинг. Уларда «улуғ доҳий» зўр бериб совет ҳокимиятининг қаттиққўллигини, террор сиёсатини оқлайди — унингча кўпчилик номидан қилинган зўравонлик, меҳнаткаш халқ манфаати йўлида амалга оширилган террор ҳақиқий эркинлик намуналари бўлар эмиш. Аслида эса, совет ҳокимияти, айниқса, зиёлиларга нисбатан ашаддий душманлик сиёсатини олиб борди. Ўша кезларда миллионлаб зиёлилар қамоққа олинди, мол—мулки мусодара қилинди, бир қисми отилди, бир қисми хорижга бадарға қилинди. Большевиклар жамиятни зиёлиларга нафрат ва ишончсизлик руҳида тарбиялай бошладилар. Бу ҳол фақат марказда, Россия ё Украинадагина содир бўлмай, жойларда, жумладан, Туркистонда ҳам кенг кўламда амалга оширилди. Большевиклар илк қадамлариданоқ маҳаллий зиёлиларни қаттиқ таъқиб остига олдилар, уларнинг бемалол фаолият кўрсатишларига йўл қўймадилар. Бу ўринда атоқли адабиётшунос олим Абдурауф Фитратнинг 1928 йилда эълон қилинган «Ёпишмаган гажаклар» деган мақоласида тилга олган бир фактни эслайлик. Олим 1919 йилда «Чиғатой гурунги» тўгарагининг илмий мажлислари қуролли қизил гвардиячиларнинг назорати остида ўтганини эслайди. Шўрлик зиёлилар — пешонасига милтиқ тираб турган ҳолда қандай гурунглашдилар экан?

Большевиклар маҳаллий зиёлиларни чеклаш ва таъқиб қилиш борасида энг қабиҳ ва энг тубан усуллардан ҳам қайтишган эмас — улар дўстларинигина эмас, оила аъзоларини ҳам бир-бирига душманга айлантириб, бир-бирига айғоқчилик қилишга мажбур этганлар. Инқилоб йилларида йирик сиёсий арбоб ва жамоатчи сифатида танилган атоқли олим Закий Валидий хотираларида жуда характерли бир воқеани ҳикоя қилади. 1920 йилда у бир неча муддат Бухорода исгиқомат қилган, лекин бухоролик зиёлилар билан эркин мулоқотда бўлишга чўчиган, негаки, шўроларнинг маъмурий идоралари таъқиб остидаги зиёлининг ҳузурига келадиган ҳар қандай одамдан айғоқчи ёки чақимчи сифатида фойдаланишга уринган. Адабиёт ва санъат масаласига келсак, бу соҳада ҳам шўро ҳукумати 20 йиллардаёқ «қаттиқ цензура» ўрнатиб улгурган эди — бу борада Олим Шарафиддиновнинг маслаҳати кечикиб қолганди.
Шундай қилиб, шўролар хукумати ўзининг илк қадамлариданоқ ижод эркинлигини чеклаш, зиёлилар фаолиятига тўсиқлар қўйиш, меҳнаткаш халқни уларга нисбатан ишончсизлик руҳида тарбиялаш сиёсатига амал қилдилар. Улар бу сиёсатни етарли даражада фаоллик билан амалга оширдилар. Лекин шундоқ бўлса-да, конкрет шоирлар ёҳуд адибларга нисбатан маънавий қатлиом 1925 йилдан кейин, РКП(б) Марказий Комитетининг резолюциясидан сўнг амалга оширила бошлади. Чўлпон шу қатлиомнинг биринчи қурбонларидан бўлди. Чўлпонни қоралаган «маданият ходимлари» эҳтимол, ўша кезларда партия манфаатига, халқ манфаатига хизмат қиляпмиз деб ўйлагандир, лекин аслида улар мафкура жабҳасида, адабиёт ва санъат соҳасида Сталин истибдодининг қарор топишига хизмат қилишган эди. Улар Чўлпонни қоралаб чапак чалганларида аслида, ижод эркинлигини кўмиб, унинг гўри устида мотам маршини чалишганди. Шу тарзда энди қанот ёзиб келаётган янги навқирон ўзбек адабиётининг канотлари қайрилди ва у 60 йиллик муддатга парвоз имконидан маҳрум этилди.
Орадан кўп ўтмай мафкура соҳасидаги большевиклар сиёсати «янги самаралар» бера бошлади. Бу аснода шу сиёсатни амалга оширишнинг асосий воситаси бўлган марксча адабиётшунослик ва танқидчиликнинг яна бир хислати намоён бўлди — адабиётшунослик ва танқидчилик ҳарбий санъатнинг анча-мунча усулларини ўзлаштириб олиб, ўз фаолиятида қўллай бошлади: темирни қизиғида босишга уринди, биринчи зарбадан кейин довдираб қолган, саросимага тушган «душман»ларини ўзига келишига йўл қўймай, узил-кесил тормор қилишга ҳаракат қилди ва бунинг учун бутун мафкура фронти бўйлаб, ялпи ҳужумни кучайтирди. Бунинг оқибатида биргина Чўлпон эмас, кўзга кўринган ўзбек адибларининг ҳаммаси том маънода қақшатқич зарбага учрадилар. 1929 йилда Сотти Ҳусайн «Ўткан кунлар» ва ўткан кунлар» деган узундан-узоқ мақола ёзиб, аллақачон халқ ўртасида жуда катта обрў орттирган Абдулла Қодирийни дунёқараши чекланган, мафкураси бузуқ, ўз йўлини тополмаган, майда буржуа таъсирига берилган миллатчи, худбин, йўқсулларга ёт бир одамга чиқарди. Абдурауф Фитрат муттасил равишда танқиднинг тиғи-парронига дучор қилинди. Кейин Боту қораланди ва ҳатто қамоққа олинди. Ўша кезларда энди адабиётга кириб келаётган Абдулла Қаҳҳор ва Миртемирлар ҳам қамоқ жазосидан бенасиб қолмадилар. Адабиёт қаддини ростлаб олмаслиги керак эди. У доимо ҳукмрон мафкура қаршисида таъзим қилиб туриши, унинг истаган хоҳишини бажо келтиришга тайёр турмоғи лозим эди. Бунга эришмоқ учун эса қатлиом гулхани ўчиб қолмаслиги, доим гуриллаб ёниб турмоғи, унга муттасил ўтин қалаб туриш талаб қилинарди. Бизнинг 30 йиллардаги олимларимиз ва танқидчиларимизнинг анча-мунчаси бу қора ишни мамнуният билан ва ҳатто ифтихор билан ўринлатиб бажаришди.
1927 йилги қурултойда қоралангандан сўнг 30 ёшлик Чўлпон ҳаётининг фожиаларга, драмаларга тўла қора кунлари бошланди. Булар оз эмас, кўп эмас, ўн йил давом этди. Ўн йил мислсиз руҳий изтироблар шоир жисмини кемирди, асабларини қақшатди. Унинг асарларини босмай қўйишди, номлари қора рўйхатларга тушди, ҳатто ёру дўстлари кўришиб қолганда кўчанинг нариги бетига ўтиб кетадиган бўлишди. На совет ёзувчиси деб тан олинган, на буржуа ёзувчиси деб узил-кесил қораланган Чўлпон аросатда қолди. Аммо бу йиллар мобайнида Чўлпонни қораловчи мақолалар босилишдан тўхтагани йўқ. Албатта, қудратли истеъдод эгаси бўлган Чўлпон 1927 йилдан кейин ҳам асар ёзишдан тўхтагани йўқ, бирок у қайси жанрда қандай асар ёзмасин, уларнинг ҳаммаси беистисно «ғоявий зарарли, миллатчилик руҳидаги асар» сифатида баҳолана бошлади, ҳатто унинг таржималаридан ҳам миллатчилик унсурларини кўплаб топа бошладилар.
Мақолаларда «чўлпончилик» деган атама борган сари тез-тез учрай бошлади. Замон эса ҳамон оғирлашиб бормоқда эди. Қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш сиёсати икки-уч йил ичида бутун қишлоқни абгор қилди — бу жараёнда миллионлаб асл деҳқонларнинг ёстиғи қуриши билан бирга, умуман, қишлоқ ишлаб чиқариши том маънода дабдала қилинди. Натижада, бутун мамлакатда даҳшатли очлик бошланди. Бу эса умумхалқ норозилигини туғдирди. Бундай шароитда халқнинг қаҳр—ғазабини бошқа томонга буриб юбориш керак эди. Яна эски синалган йўл қўл келди — ҳамма муваффақиятсизликлар «ниқобланган синфий душманлар» зиммасига, зимдан иш кўраётган аксилинқилобий кучлар устига қўйилди. Бу душманлар эса, албатта, зиёлилар эдилар. Шу тарзда «социализм ривожланган сари синфий кураш кучайиб боради» деган машъум назария вужудга келди. Бу шунчаки оддий назария эмас, йиртқич, қонхўр назария эди. У амалга кирса, унинг «тасдиғи» учун миллионлаб янги курбонлар зарур бўлар эди. Шундай бўлиб чиқди ҳам, 30 йиллардан бошлаб бутун мамлакатда янги қатағонлар тўлқини кўтарилди. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно қолгани йўқ. Бунинг энг фожиали намуналари сифатида Ўзбекистонда 30 йилларнинг бошида Маннон Рамзий, Боту ва Ўзбекистон Олий Судининг раиси Саъдулла Қосимов устидан бўлиб ўтган суд жараёнини айтиш мумкин. Суд мажлислари атайин халқни қўрқувга солишга, айниқса, биринчи навбатда, шаккок зиёлиларни тийиб қўйишга қаратилган эди. Табиийки, бундай шароитда Чўлпон бошидаги булутлар жуда қуюқлашиб қолади — уни сўкиб-қарғашлар, «миллатчи»дан олиб, «миллатчи»га, «синфий душман»га солишлар жамоатчилик фикрини тайёрлаб бориб, уни қамоққа олиш учун замин яратиши керак эди. Шунда Чўлпон Файзулла Хўжаевнинг маслаҳати билан Тошкентни тарк этади ва Москвага кўчиб бориб, ССР Иттифоқи Марказий Ижроия Комитета аппаратида таржимон бўлиб ишлайди. Эҳтимол, шу факт унинг қамоққа олинишини бир неча йил кечиктирган бўлиши мумкин. Аммо, Чўлпоннинг қамалиши орқага сурилган бўлса-да, унинг теварагидаги «жинлар базми» тўхтамаган эди. Яна уни таҳқирловчи, камситувчи, ёлғон-яшиқ ва бўҳтонларга тўла мақолалар оқими матбуотда давом этди.

Расмий доиралар Чўлпондан шу даража қўрққанларки, унинг ижодини жуда-жуда синчиклаб кузатиб борганлар. 30 йилларнинг бошларида Тошкентда ВКП(б) Марказий Комитетининг Ўрта Осиё бюроси иш олиб борарди. Ўша кезларда унинг тепасида Зеленский деган одам турган. Баъзи маълумотларга қараганда Чўлпоннинг матбуотда босилган ва ҳатто босилмаган ҳар бир асари рус тилига таржима қилиниб, Зеленскийнинг қўлига етказилар экан. Шундай шароитда Чўлпон теварагидаги ҳақоратлар оқими жиндай сусайиб қолса, расмий доираларга яқин бирор одам йўл кўрсатувчи бирон мақола билан чиқар эди-да, бу ур-йиқит ўйинини янгидан авж олдиришга фатво бўларди. Фикримнинг далили учун битта мисол кетираман. 1931 йилнинг 15 январь куни «Правда Востока» газетасида М.И.Шевердиннинг «Ўзбек йўқсул адабиётининг илк катта асари» деган макрласи эълон қилинади. Кизиғи шундаки, ўзбек тилини билмайдиган, ўзбек адабиётидан йироқ турадиган бу одам ўзбеклардан чиққан ҳақиқий истеъдод эгаларини қоралаб, ерга уриб, уларга истеъдодсиз адибларни қарама—қарши қўйишни, уларнинг хом-хатала, тутуриқсиз асарларини кўкларга кўтаришни касб қилиб олган эди. У 1927 йилда Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини ёмонотлиққа чиқарди. Энди эса Умаржон Исмоиловнинг «Пахта шумғиялари» деган ўта бўш асарини «ўзбек йўқсул адабиётининг илк катта асари» деб кўкларга кўтарар экан, йўл-йўлакай Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирийларни бир тепиб ўтишни ўзи учун ҳам қарз, ҳам фарз билади:
«Буржуй ёзувчилари Фитрат («Арслон»), Чўлпон («Ёрқиной»), Қодирий («Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён»), Элбек Муҳаммаджонов («Турмуш уринишлари») ва бошқалар ўзбек адабиётининг ўта ўнг қанотини эгаллаб келишаётир. Бу ерда Фитратнинг қатор асарларидаги туркпарастлик ҳақида, Чўлпон ижодидаги босмачилик кайфиятлари тўғрисида, Жулқунбой — Қодирийнинг савдо буржуазияси ва феодализмини мадҳ этгани хусусида, Муҳаммаджоновнинг шовинизми борасида гапириб ўтиришнинг ўрни эмас». (Услубнинг гажакдорлигига қаранг — айтадиганини айтиб бўлиб, «гапириб ўтиришнинг ўрни эмас» дейди-да, юввошгина бир чеккага чиқиб қараб тураверади). Матбуотда эълон қилинган бунақа гаплар, айниқса, Михаил Иванович Шевердиндек «мўътабар зот»нинг оғизларидан чиққани учун кўпгина ўзбек адабиётчилари томонидан дастуриламал ўрнида қабул қилинарди. Шунақа пўписалардан кейин Чўлпонга яқин одамлар ҳам бутунлай қарашларини ўзгартириб, ҳукмрон мафкура хизматига бел боғлар эдилар. Юқорида Абдураҳмон Саъдийнинг 1924 йилда Чўлпонга, умуман, илиқ муносабат билдириб мақола эълон қилганини айтгандик. Афсуски, домланинг эътиқоди унчалик мустаҳкам эмас эканми ёки бошқа бирон сабаб биланми, 30 йилларда энди Чўлпонни аямай дўппослай бошлайди. Жумладан, «Ҳозирги пролетар адабиётида синфий кураш» деган мақоласида ёки «Ўзбек буржуа адабиёти» деган дарслигида Абдураҳмон Саъдий Чўлпонни муттасил «жадид, буржуа ёзувчиси, ашаддий миллатчи» деб таъкидлайди. Яна бир мисол. 30 йилларнинг бошида жуда қобилиятли марксист олим сифатида шуҳрат қозонган ва ижтимоий фанлар ривожига анча катта ҳисса қўшган Отажон Ҳошим Чўлпонни жуда яхши кўрган, чин юракдан ҳурмат қилган ва ҳатто яқин қариндош—уруғларига Чўлпон шеърларидан ўқиб бериб турган ҳамда уларни ёд олишни тавсия қилган. Отажон Ҳошим Москвада ўқиб юрган кезларидаёқ Чўлпон билан яқиндан танишиб, дўстона муносабатлар ўрнатган. Бироқ, мақолаларида эса у ҳам Чўлпонни қоралашга мажбур бўлган Хуллас, 30 йилларнинг биринчи ярмида зўр эҳтирос билан, жазавага тушиб Чўлпонни фош этган мақолалар жуда кўпайиб кетган. Албатта, уларнинг ҳаммаси тўғрисида тўхталишнинг иложи йўқ. Шунинг учун бу ўринда ҳам бир-икки мисол билан чекланаман.

Чўлпонни «чуқур назарий асослар»да қаттиқ қоралаганлардан бири Миёнбузрук Солиҳов бўлган. Қизиғи шундаки, бу одам ўзбек адабиётшунослари ичида энг билимдонларидан бири бўлган. У ўнлаб китоблар ва мақолалар муаллифи — унинг ўзбек театри тарихига оид монографияси ҳозирга қадар материалга бойлиги билан тадқиқотчилар эътиборини жалб қилиб келмоқда. У нафақат Туркистон мадрасаларида, балки Истамбул дорилфунунида таҳсил кўрган, Қобулда дипломатик вазифаларда ишлаган одам эди. Аммо афсуски шундай юксак маданиятли, пухта билимли одам ҳам Чўлпонга тош отишда фаол қатнашган. Афтидан у ҳам оёғи остидаги замин нураб бораётганини сезгану ҳукмрон мафкурага садоқат кўрсатиб жон сақлаб қолмоқчи бўлган. Шу мақсадда 1933 йилда «Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари» деган китоб эълон қилган, лекин бу садоқати уни қатағон бўронидан сақлаб қола олмаган. Айтиш керакки, Миёнбузрукнинг бу китоби ҳам материалга бой, аммо у нима қилиб бўлса-да, Чўлпон билан Фитратни миллатчига чиқаришни мақсад қилиб олади ва бу йўлда адабий матнларни бузиб талқин қилишдан ҳам қочмайди. Масалан, у «Уйғониш» тўплами ҳақида ёзади:
«Бундаги баъзи шеърлар худди уришиб турган аскарни руҳлантириш учун сўзланган нутқларни хотирлатади». Шундан кейин «Халқ» шеъридан парча келтирилади-да, унинг ғоявий зарарли асар экани ҳақида шундай дейилади:
«Табиий, бундаги халқни пролетар оммаси деб ўйлашга имкон йўқ. Бу халқ миллий демократчиларнинг ўйлаганларича бой, руҳоний ва босмачи, муштумзўрларни ўз ичига олган бир халқцир».
Қизиқ, мунаққид шоирдан нимани талаб қиляпти ўзи? Наҳотки, шоир ҳар гал шеърида «халқ» сўзини ишлатса, «шунинг ичида босмачи ва муштумзўр йўқ» дея изоҳ бериши керак бўлса?!

«Тонг сирлари» ҳақида Миёнбузрук «бу тўплам ўз эгасининг лириклик ва санъат жиҳатидан анча ўсганини кўрсатадир» деб тан олади-да, шу ўриндаёқ «лекин»ни айтишни ҳам унутмайди: «…бу тўпламда шоирнинг мафкуравий жиҳатдан шўролар тарафига қараб ўсув кўрсатгани ҳеч кўринмайдир».
Миёнбузрук талқинида Чўлпоннинг шеърий китобларигина эмас, ҳатто драматик асарлари ҳам миллатчилик оғуси билан заҳарланган. Масалан, «Ёрқиной» драмасида Чўлпон ошкора тарзда буржуа тузумини тарғиб қилади: бу пьеса «мамлакатда ўлиб, сўниб бормоқда бўлган босмачилик ҳаракатини идеаллаштиради. Бунинг натижасида миллий демократизм асосида бўлган машрутали конституцияли, яъни мажлиси мабусанга эга бўлган бир хонлик бўла олишини кўрсатмоқчи бўладир».
«Ёрқиной» пьесасини холисона ўқиб чиққан ҳар қандай одам амин бўладики, пьесада Миёнбузрук айтаётган «босмачилик ҳаракатини идеаллаштиришдан» асар ҳам йўқ, унда «мажлиси мабусанга эга бўлган бир хонлик» тўғрисида ҳам лом-мим дейилмайди. Наҳотки, Миёнбузрук асар қаҳрамони Пўлатнинг адолат ва ҳақиқат талаб қилиб, зулмга қарши курашмоқ учун саройни тарк этиб, тоғу тошларга чиқиб кетганини «босмачилик»ни идеаллаштириш деб тушунган бўлса? Наҳотки, Пўлатнинг «Тожу тахт… салтанат… сизнинг юклаб қўйган юкингиз… Уни мен ҳар қанча оғир бўлса ҳам кўтариб олиб боришим керак… Тожу тахтнинг орқасида юрт бор, эл бор, халқ бор… Уни ўйлаш керак. Унинг ғамини ейиш керак… Сиз менга тожу тахтни бурунги хонлардай эмиб—сўриб ётиш учун олиб берган бўлсангиз, ўзингизга қайтариб бераман. Менга ундай тожу тахтнинг кераги йўқ! Сиз олиб берган тожу тахт юртнинг дардига даво бўлмаса, йўқ…» деган сўзларини «конституцияли» монархизмни тарғиб қилиш» деб тушуниш мумкин? Ундай бўлса, маърифатли подшо, адолатли шоҳ ғояларини куйлаган ўнлаб мумтоз шоирларимиз, ҳатто буюк Алишер Навоий ҳам «мажлиси мабусанга эга бўлган бир хонлик» тарғиботчилари бўлиб чиқмайдими? Шу мантиққа асосланиб, уларга ҳам «буржуа мафкурасининг тарғиботчилари» деган ёрлиқни ёпиштириш мумкин эмасми? Мунаққид матнни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, хаёлдаги нарсани ёзувчига ёпиштирса-да, кейин бундан ўзига керакли «мафкуравий» хулосаларни чиқариб олса бу, албатта, илм бўлмайди. Бу йўл билан истаган шоирга истаган айбни қўйиш мумкин.

Миёнбузрукнинг бундай хуружлари ўша пайтдаги бошқа мақолалардан кўпроқ хавфлироқ эди — чунки мақолаларнинг кўпчилиги енгил-елпи ёзилган, уларда далил ўрнига шаллақи одамлар қўллайдиган усул «диғоним—диғон» қабилида иш тутиш устивор эди. Миёнбузрукнинг китоби эса ҳар ҳолда китоб эди ва унда «илмийнамо» далиллар бордай туюларди. Бу эса жамоатчиликни чалғитиб, «Чўлпон чиндан ҳам аксилинқилобчи унсур бўлган экан—да», деган тўхтамга олиб келиши мумкин эди.
Миёнбузрукнинг китоби муносабати билан яна бир муҳим гапни айтиш керак — 1927 йилдан бошлаб ўзбек танқидчилигида ҳам «марксча методология»ни қўллаш, «синфийлик принципи»га амал қилиш, социалистик реализм йўлларига ўта бошлаш туфайли вульгар социологизм иллати билан жуда кенг кўламда заҳарлангандир.

Вульгар социологизм шу даражада хавфли касаллик эдики, у билан оғриган вужуднинг шифо топиб кетиши жуда амримаҳол эди. Адабиётшунослик ва танқидчиликда ҳам шу ҳол юз берди — биз бу иллатдан ҳозирга қадар ҳам буткул қутилганимиз йўқ — шунақа яшовчан нарса эканки, эшикдан қувласанг, тешикдан киради, бир қур мажақлаб, йўқ қилиб ташласанг, иккинчи қур башарасини ўзгартириб, янгироқ қиёфага кириб, яна ишшайиб тураверади. Хўш, қаердан пайдо бўдди бу иллат? Унинг моҳияти нимада? Вульгар социологизмнинг илдизи «адабиёт ижтимоий ҳодиса, ундаги ҳар бир ҳаракат, ҳар бир ўзгариш, ҳар бир сифат ижтимоий ҳаёт билан, биринчи навбатда, синфий кураш билан белгиланади» деган таълимотга бориб тақалади. Бу ақидага қатъий амал қилган совет олимлари секин—аста адабиётнинг санъат ҳодисаси эканини унутдилар, унинг бадиий табиатини мутлақо инобатга олмай қўйдилар. Натижада асар фақат мавзулар, ғоялар йиғиндиси тарзида қаралди, қахрамонлар ҳақида ҳам фақат уларнинг синфий мансублигига қараб фикр юрита бошладилар. Бу ахир пировардида адабиётни санъат сифатида тугатишга олиб келди, «талант, истеъдод» деган нарсага эҳтиёж қолмади, гениал санъаткор билан оддий назмбоз ўртасида ёки «ёз—ёз» касалига учраган бирор руҳий шикаста одам ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмади. Адабиётшунос ҳам ўз навбатида осон йўлга ўтиб олди — энди у матнни таҳлил қилмайди, бадиий тафаккур қонуниятларини аниқламайди, балки бирда чечанлик билан, бирда нўноққина қилиб, асарнинг мазмунини айтиб қўя қолади. Унинг ғояларини ёки ғоявий проблематикасини аниқлаб, ўша асосда ўзининг мулоҳазаларини айта беради. Бундай «методология»га амал қилганда, бадиий асар матнини эътибордан соқит қилиб иш тутганда, ҳар қандай ёзувчини асоссиз равишда мақтаб кўкларга кўтариш мумкин бўлганидек, ёмонотлиқ қилиб, «уриб» ерга киргизиб юбориш ҳам мумкин.

Шундай қилиб, 30 йиллар собиқ СССР таркибига кирувчи бошқа миллий адабиётлар қаторида ўзбек адабиёти учун ҳам жуда оғир кечди. 20 йилларнинг иккинчи ярмида пролетар адабиёти гегемонлигини ўрнатиш учун бошланган ҳаракат 30 йилларда адабиёт адирларига социалистик реализм байроқларини тикиш учун ялпи ҳужумга айланди. Бошқача қилиб айтганда, Чўлпон ва у билан бирга яна Абдулла Қодирий, Фитрат, Усмон Носир ва яна бошқа ўнлаб ижодкорлар шафқатсиз равишда мафкура тўпига тутилди. Адабиётшунослик ва танқидчилик каби адабиётни ҳам манқуртга айлантириш жараёни давом этмоқда эди. Ҳукмрон мафкурага ҳамиша чест бериб турадиган қул адабиёт, ҳаётдаги ҳамма нарсани маъқуллаб борадиган маддоҳ адабиёт керак эди. Бу мафкура, айниқса, ҳар нарсани синчиклаб тагига етишга уринадиган, ўринсиз ва илмоқли саволлар бериб, жонга тегадиган, мустақил фикрли, истеъдодли ёзувчилардан безор эди. Шунинг учун айни шу йилларда «талант» буржуа олимлари ўйлаб чиқарган нарса» деган гаплар чиқди, «станокдан адабиётга» деган шиорлар ташланиб, илғор ишчилардан ёзувчилар ясала бошланди. 30 йилларнинг бошларида ана шундай ясама ёзувчиларнинг асарларини ўз ичига олган «Бизнинг довруқ» деган мажмуа чиқарилган эди. Унга юзга яқин муаллифнинг шеърлари, ҳикоя ва очерклари киритилган. Қизиғи шундаки, оламга довруқ солиб адабиётга кириб келган шу юз ёзувчидан лоақал биттаси кейинчалик адабиётда яшаб қолмади. Шунга қарамай, ҳукмрон мафкура йўқсуллардан чиққан қўлбола ёзувчиларни қўллаб—қувватлашда давом этди. Бу ишда унга манқуртликни мукаммал эгаллаган, бичилган танқид ёрдам берди. Адабиётдаги давомли маънавий ва жисмоний террор, биринчи навбатда ёзувчиларнинг, зиёлиларнинг иродасини синдиришга, уни эгиб олишга, ундаги инсоний ғурурни таг—томири билан суғуриб ташлашга қаратилган эди. Айтиш керакки, анча-мунча ҳолларда ҳукмрон мафкура бу қора ниятига эришди ҳам. Биргина мисол: 30 йилларда матбуот саҳифаларида Анқабой Худойбахтов деган ном тез-тез учраб туради. Бахмалдан чиққан бу йигит журналист бўлган. Кейин партия ходими ҳам бўлган ва ёзувчиларнинг ишларига ҳам бот—бот аралашиб турган. 1930 йилда Боту қамалиб, отишга ҳукм қилингандан сўнг, Анқабой 1931 йилнинг 3 февраль куни «Қизил Ўзбекистон» газетасида «Йиртилган ниқоб» деган мақола эълон қилади-ю, Ботунинг «чала қолган ниқобини» йиртади — уни йўқсулларнинг ёвуз душмани деб атайди. Шу билан у мафкуравий жиҳатдан соғломлигини намойиш этиб, ҳукмрон мафкурага содиқ фуқарочилик туйғуларини кўз—кўз қилади. Аммо орадан роппа—роса бир йил ўтгач, 1932 йилнинг 4 февраль куни яна ўша «Қизил Ўзбекистон» газетасида Х.Бурлақ билан Р.Чўрағулнинг «Зарарли икки китоб» деган икки мақоласи чиқади. Унда Анқабойнинг китобидаги сиёсий хатолар фош қилинади. Бироқ масаланинг энг таажжубли томони шундаки, газетанинг айни шу сонида Анқабойнинг танқидга жавоби ҳам босилган. Дунё тарихи ҳали бунақа тезкорликни кўрмаган бўлса керак. «Бошқармага хат»да Анқабой танқидни «большевикларча» мардлик билан тан олади: «… биринчи китобим зарарли, уни қатъиян қўлга олмаслик керак… биринчи китобим жуда катта зарарларни келтирганлигини большевикларча масъулиятимга олиб, биринчи китобимнинг фойдаланишдан тўхталишини талаб этаман». Баайни Гоголь асаридаги унтер офицернинг ўз-ўзини калтаклаган хотини! Албатта, ҳар қандай одам қилмишлари учун матбуот орқали узр сўраши — тавба-тазарру қилиши мумкин — бунинг ҳеч қанақа айби йўқ, лекин китобини «қатъиян қўлга олмасликни» ва «фойдаланишдан тўхтатилишини талаб этмоғи» учун одам ҳар қандай ғурурдан маҳрум бўлмоғи керак. Айтганча, бундай ялтоқланиб қилинган тавба-тазаррулар ҳам фойда бергани йўқ — кейинчалик Анқабой қамоққа олиниб, бошқа «халқ душманлари» қаторида 1938 йил 4 октябрда отиб ташланди.

30 йиллардаги ижодий муҳит ана шундай даҳшатли эди. Аммо муҳит ҳар қанча даҳшатли бўлмасин, айрим ёзувчилар унинг қутқусига учиб, эътиқодларига хиёнат қилганлари, иймондан воз кечгандари йўқ. Улар орасида Чўлпон ҳам бор эди. Албатта, «вазият Чўлпонга сира ҳам таъсир қилгани йўқ» десак, унча тўғри бўлмайди. Чўлпоннинг айрим шеърларида замонасозлик майллари кўринади. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ — замон унга боқмагандан кейин, у замонга боқишга мажбур эди. Лекин Чўлпонда бундай асарлар кўп эмас. Умуман, энг таажжубли жойи шундаки, шароит ҳар қанча оғир бўлмасин, Чўлпон ижод қилишдан тўхтагани йўқ. 1937 йилда ёзувчилар уюшмасида ўтган бир йиғинда сўзлаган нутқида Чўлпон қилган ишларини санаб беради: «Менинг Москвадан қайтганимга икки йил бўлди. Шу вақт мобайнида Горькийнинг «Она» романини, «Егор Буличев» пьесасини, Пушкиннинг «Дубровский» ва «Борис Годунов»ини, яна 25 та шеърини, Лоҳутийнинг «Европа сафари»ни таржима қилдим. Яна бошқа майда ишлар ҳам бўлди. Булардан ташқари, 1935-1937 йиллар мобайнида «Кеча ва кундуз» романи, «Соз» деган шеърлар тўплами босилиб чиқди. «Жўр» деган шеърлар тўплами тайёрланиб, нашриётга топширилди».
Энди ўзингиз тасаввур қилинг — бутун мамлакат бўйлаб, биринчи навбатда, зиёлиларнинг, ёзувчиларнинг шўрини қуритаётган қатағон бўрони қутириб турган, тузукроқ ёзувчилар бирин—кетин ўз-ўзидан «ғойиб» бўлаётган, матбуотда оқ калтак — қора калтак кампанияси давом этаётган, на дурустроқ ўйлаш, на ўтириб ёзишнинг имкони қолган бўлсаю, шундай шароитда ҳам шунчалик иш қилинган бўлса?! Бундай одамни нима деб баҳолаш керак? Менимча, бу фақат бир нарсадан далолат беради — Чўлпон нафақат темир иродали одам бўлган, унинг истеъдоди ҳам фавқулодда қудратга эга бўлган. Ер бағридаги булоқ ҳеч қандай тўсиқларни тан олмай, юзага ёриб чиққани каби, Чўлпоннинг истеъдоди ҳам теварак—атрофдаги булутлар ҳар қанча қуюқлашиб, даҳшатли тус олмасин, зулматни ёриб чиқиб, Чўлпонни ижод қилишга мажбур этган. Бу Чўлпон шахсиятининг муҳим қиррасидир.

Адабиётшунослик ва танқидчилик холис бўлса, чинакам илмий асосларга таянса, ҳукмрон мафкуранинг малайи эмас, ҳақиқатга хизмат қилишни муқаддас деб билган соҳа бўлса, Чўлпон асарларини таҳлил қилиш билан бирга, шахсиятидаги ана шу фавқулодда жиҳатларни ҳам ўрганган бўларди. Афсуски, у пайтдаги танқидчилик бунга қодир эмасди. Тўғри, танқидчилик Чўлпонни сира—сира эътиборсиз қолдиргани йўқ, лекин эндиги эътибор аввалгиларидан янада даҳшатлироқ эди.
30 йилларнинг ўрталаридан бошлаб Чўлпонни қораловчи мақолалар оқими янада кучайди. Табиийки, уларда Чўлпонни англашга интилишдан асар ҳам йўқ эди. Аксинча, машъум 37 йил яқинлашгани сари бундай мақолалардан ҳар қандай андиша ва инсонийлик йўқолади. Мақолалар гўё муайян ташкилотнинг буюртмаси билан ёзилгандай бир-бирига жуда ўхшарди. Уларда фактлардан кўз юмилиб, шеърий парчалар ағдар—тўнтар қилиниб, бирорта далил-исбот келтирмаган ҳолда яна ўша эски айб — «Чўлпон — миллатчи» деган айб қайта—қайта такрорланаверарди. Аҳвол шу даражага етдики, Чўлпоннинг эълон қилинмаган китоблари ҳақида ҳам тақризлар босила бошлади. Шундай тақризлардан бири Туйғуннинг қаламига мансуб бўлиб, Чўлпоннинг ҳибсга олиниши арафасида, яъни 1937 йил 22 май куни «Ёш ленинчи» газетасида босилган. Туйғун 20 йилларнинг охирларида адабиётга кириб келган. 30 йиллар бошида 4-5 та шеърий китоблар эълон қилган, кейинчалик драмалар ҳам ёзиб кўрган ўртамиёна ижодкор эди. Аммо, қалам билан адабиётдан тузукроқ ўрин эгаллай олмагач, ўзини содиқ фуқаро қилиб кўрсатиш йўли билан обрў орттирмоқчи бўлди. Бу йўлда у қаламкаш дўстлари устидан ошкора чақувлар ёзишгача бориб етди, чунки юқоридаги мақолани мақола деб эмас, балки органлар қулоғига айтилган чақув десак тўғрироқ бўлади. Бу тақриз Чўлпоннинг нашриётга топширилган, лекин дунё юзини кўрмай қолиб кетган ва шу кўйи йўқолган «Жўр» деган шеърий тўплами ҳақида. Туйғун, афтидан, буни аввал ички тақриз сифатида ёзгану, кейин ҳеч қанлай андишага бормай матбуотда эълон қилган. Мақоладаги таҳлил йўли жуда жўн — муаллиф бирон шеърий парчани кўчиради-да, ундан баъзи ибораларни юлиб олиб, шулар асосида ўзича «чуқур» хулосалар чиқаради. Масалан, шоирнинг «Кузак» деган шеъридан қуйидаги парча олинган:

Мевалар шохлардан таппа-тап тушди,
Сўниқ чеҳра билан ерга уюшди.
Муздай тупроқлар шимтирашдилар,
Етимдай сарғайиб тентирашдилар
.

Сўнг бу парча хақда мулоҳаза юритилади: «Бу сатрлардаги «сўниқ чеҳра», «муздай тупроқлар», «етимдай сарғайиб тентирар» каби ифодаларда Чўлпоннинг ўша миллатчи буржуазия руҳида ёзган шеърларидаги кайфият сингиб туради». Ана шундай мулоҳазалар асосида мақола муаллифи Чўлпоннинг ҳанузгача «ўзининг миллатчи буржуазия идеяларига» содиқ қолаётганини тасдиқлайди. Бу ўринда тақризчининг «маҳорати»га тан бериш керак. «Большевиклар ололмайдиган бирон қўрғон йўқ» деганларидек Туйғун буржуа миллатчилигининг таъсирини қидириб тополмайдиган бирон шеър, бирон мисра йўқ — у истаган маънодаги ибораларни ўзи истаган томонга буриб юбора олади. Масалан, у тўпламга кирган «Бу ўлканинг кўклами» деган шеърдан парча келтиради:

Бу ўлканинг кўклами жуда ҳам намгарчилик,
Қуёш булутлар билан ўйнашади, шекиллик
Қачон кўрсам яширинган ўйинқароқ боладай,
Мени энтиктирмоқчи ўйнашиб алдай-алдай.

Оддий бир кўклам манзараси. Аммо Туйғун шу оддий манзара тагидан кир қидириб топади:
«Мана, равшандирки, Чўлпон 1936 йилда ҳали эски куйларини чуқурлаштиради. Ҳамон кўкламда кўкламни кўрмайди, ўзини булутлар қоплаган ҳолда кўради. «Куёш» унга бевафо. Қачон қараса, уни яширинган ҳолда кўради, кўнгли зориқади, энтикиб қолади…»
Юқоридаги парчадан шунақа «сиёсий» хулосалар чиқармоқ учун юмшоқ қилиб айтганда, одам ноинсоф бўлмоғи керак. Шуниси эътиборга лойиқки, Туйғун Чўлпонни «фош қилиш»да жуда катта жонбозлик кўрсатган одамлардан бири — у биргина 37 йилнинг ўзида газета ва журналларда ўзбек ва рус тилларида Чўлпонга ҳамда бошқа «халқ душманлари»га қарши бештадан ортиқ мақола эълон қилган. Шунинг учун ўша кезларда ўзбек ёзувчилари ичида энг сиёсий ҳушёри бўлган дейиш мумкин. У Чўлпонни жазавага тушиб душманга чиқаргану, аммо дурустроқ далил-исбот келтиришга ожизлик қилиб қолган. Бироқ шуниси ҳам борки, у замонларда бировни «миллатчи» ёҳуд «халқ душмани» десанг, бунинг учун тузукроқ далил-исбот келтириш талаб қилинмас эди.
Туйғуннинг мақоласи эълон қилингандан сўнг Чўлпон қамоққа олинди. Мен бу ўринда «Чўлпоннинг қамалишига Туйғун ёлғиз сабаб бўлган» демоқчи эмасман. Ўша кезларда Чўлпонга қарши Туйғунникидан бошқа анча-мунча мақолалар эълон қилинган. Ўйлайманки, бундай мақолалар пайдо бўлмаган тақдирда ҳам маъмурий органлар Чўлпонни соғ қўймаган бўларди — чунки, биринчидан, йигирма йилдан бери Чўлпон устидан йиғиб келинган материаллар шоирни бир ёқлик қилишни тақозо этарди. Иккинчидан, 37 йилга келганда қатлиом машинасининг парраклари бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган шиддат билан айлана бошлаган эди. Бироқ шунга қарамай, Туйғун ва уникига ўхшаш мақолаларни мутлақо беозор, қатлиомга дахлсиз мақолалар деб бўлмайди. Ҳеч шубҳа йўқки, бундай мақолалар халқнинг онгига адиблар ва шоирлар ҳақидаги туҳмат ва бўҳтонларни, ёлғон—яшиқ гапларни сингдириб, қатағон тегирмонига сув қуйди. Сталин жаллодларининг ишини осонлаштирди.
Шундай қилиб, 1937 йилнинг ёзида Чўлпон қамоққа олинди, бир йиллик даҳшатли қийноқлардан кейин 1938 йилнинг 4 октябрь куни отиб ташланди.
Муаллифи ва режиссёри шўро ҳукумати ҳамда большевиклар партияси бўлган, ижрочилари маъмурий жазо органлари, маҳаллий адабиётшунос ва мунаққидлар бўлган кўп йиллик ва кўп пардалик даҳшатли фожианинг иккинчи пардаси шундай кечди ва бу гал Чўлпонни жисмонан маҳв қилиш билан якунланди.

* * *

Чўлпон отилди. Чўлпон билан бирга яна юзлаб, балки минглаб миллатнинг энг асл фарзандлари — адиблар, шоирлар, олимлар, давлат арбоблари, саркардалар, хўжалик ходимлари, ишнинг кўзини биладиган деҳқонлар отилди. Лекин бу билан ҳам қоронғи кечаларнинг тонги отмади — халқ бошига тушган даҳшатли фожиа тугамади — ҳали унинг кейинги пардалари ўйналиши керак эди. Бу орада фашистлар мамлакатга бостириб кирди-ю, тарихдаги энг қонли, энг шафқатсиз, энг қирғин уруш бошланди. Шу туфайли Сталин қирғинлари бироз сусайгандек бўлди, аниқроғи, сусайди, бошқачароқ тус олди. Ниҳоят, 1945 йилда уруш ғалабамиз билан якунланди. 1945 йил баҳори халққа янги умидлар бахш этди — ғолиб халқ энди жиндай бўлса-да, тузукроқ яшашдан, лоақал бир парча бахтга муяссар бўлишдан умидвор эди. Ғалаба учун совет халқига таъзим қилган, унга миннатдорчилик билдирган генераллиссимус энди зулмни бўшаштиради, одамларга енгиллик беради, яшаш энди чиндан ҳам масрур ва кувноқ бўлиб қолади! Кўпчилик шундай бўлишига астойдил ишонган эди. Одамзод ҳайрон қоладиган даражада ғалати махлуқ — унинг ландавурлигини ҳам, донолигини ҳам ажратиб бўлмайди. Одам ўзи истаган вақтда кўр ва кар бўлиб ола билади — у кўришни истамаган нарсасини кўрмайди, билишни истамаган нарсасини билишга уринмайди ҳам. Шундай бўлмаганда, у босиб ўтилган ўттиз йиллик тарихдан хулосалар чиқармасмиди? Чеккан мислсиз азобларидан, тортган жафоларидан, адоқсиз хўрликлардан сабоқ олмасмиди? Йўқ, ундай бўлмади? Бу гал ҳам «халқлар отаси»нинг уч-тўртта баландпарвоз нутқига, тумтароқ ваъдасига учди қўйди ва белидаги камарини янада таранг тортиб, енгини шимариб, «порлоқ келажак» сари шахдам юриб кетди. Ҳа, ҳукмрон коммунистик мафкура жуда маккор ва жуда тадбиркор мафкура эди — у адабиёт ва санъатдан фойдаланиб, оммавий ахборот воситаларини ишга солиб, халқ онгини заҳарлаб улгурган эди. Халқ «Правда» газетасининг бош мақоласига қараб фикрлайдиган бўлиб қолган ва шунинг учун уни лақиллатиш жуда осон эди. Урушдан кейин ҳам шундай бўлди — халқ ўзининг «бахтиёр» ҳаёти учун «улуғ доҳий»га миннатдорчилик билдириб, саждалар қилар экан, «улуғ доҳий» янги қатағонлар тўлқинини бошлаб юборди. 1949-1950 йилларда Сталиннинг оғир гурзиси биринчи навбатда яна ёзувчилар бошига тушди. Бу гал Шуҳрат, Шайхзода, Саид Аҳмад, Мирзакалон Исмоилий, Ҳамид Сулаймон ва яна бошқа кўпгина ўзбек адиблари ва шоирлари қамалди. Бундай шароитда, албатта, Чўлпонни англаш эмас, унинг номини тилга олиш ҳам мумкин эмас эди. Дарсликларда ҳатто «Чўлпон — миллатчи» деган иборалар ҳам йўқолиб, уларнинг ўрнига анча мавҳум ва мужмал бир ибора — «бир гуруҳ буржуа миллатчилари» деган ибора қўллана бошлади.
1953 йилнинг март ойида Сталин вафот этди. Ўша йили март ойи бошидан охиригача мотам ойи бўлди — бутун халқ — миллатидан, ёшидан, жинсидан катъи назар Сталин учун аза тутди. Ҳар корхонада, ҳар хонадонда, майдонларда, кўчаларда аза, йиғи-сиғи! Газеталарда қора рамкаларда дунёнинг ҳамма гўшаларидан келган таъзия телеграммалари… Ўшанда камдан-кам одам халқ бошига тушган бу мотамсаро қора кунлардан кейин кўп ўтмай ёруғ кунлар бошланишини кўз олдига келтирган бўлса керак. Партиянинг XX съездида Никита Хрушчев жуда катта жасорат билан Сталин ҳақдаги ҳақиқатни тўкиб солди, унинг шафқатсизлигини, мустабид бўлганини, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритганини очиқ айтди. Ўшанда чиндан ҳам қуёш чақнаб турган осмонда тўсатдан момақалдироқ гумбурлагандек бўлганди. Бу гапдан кимлардир эсанкираб, довдираб қолди — чунки улар неча йиллардан бери сиғиниб келган идеалларидан маҳрум бўлгандилар. Кимлардир эса бу гапларни хушнудлик билан кутиб олишди. Зиёлилар, айниқса, ёзувчиларнинг катта гуруҳи ҳаётга яна умидбахш нигоҳ билан қарай бошлади. Кўп йиллар мобайнида уларнинг кўксига биринчи марта илиқ шабада теккан эди. Бу илиқ нафас кетидан батамом янгича шароит, янгича ҳаёт, янгича ижод келиши керак эди. Кейинги уч-тўрт йил ичида чиндан ҳам адабиётда эркин руҳ билан яратилган турли асарлар пайдо бўла бошлади. Адиблар ва шоирлар, драматурглар ва публицистлар, ҳатто, адабиётшунослар ва танқидчилар ҳам борган сари ўткирроқ ва дадилроқ тарзда совет ҳукмронлиги йилларида тоғ-тоғ бўлиб йиғилиб қолган иллатларни фош қила бошладилар. Лекин адабиёт бу масалаларда чуқурлашган сари бир қатор саволлар кўндаланг бўла бошлади: шу пайтгача мақталиб келган социалистик жамиятда бу қадар қонунсизликларга йўл қўйилган экан, миллионлаб одамлар мутлақо гуноҳсиз бўла туриб, ҳибсга олинган, бадарға қилинган, отилган экан, биз қурган жамият чиндан ҳам «ёвузлик салтанати» эканда? Агар шундай бўлса, бунга ким айбдор? Сталинми? Сталин айбдор бўлса, унинг ёнидаги Сиёсий бюро қаерда эди? Жонажон партиямизнинг мияси ҳисобланган Марказий Комитет қаёққа қараб турганди: Гап фақат бир шахсдами? Ёки, умуман, социалистик тузумда шахсга сиғинишни ўз-ўзидан туғдираверадиган хислат борми? Кўряпсизки, кавлаган сари масала чуқурлашиб, энг нозик сирлар ҳам очилиб қоладиганга ўхшайди. Шундоқ бўлгач, дарҳол чора кўриш керак. Шундай қилиб, орадан кўп ўтмай, илиқ шабадаларнинг йўли тўсилди, жиндай янги ҳаво кириб турган тешиклар беркитилди, чала—чулпа берилган эркинликлар бекор қилинди, оёғи тагидаги замин қимирлаб қолган мафкура бир силкиниб яна аввалги қудратини касб этди, яна таъқиқлашлар, ман этишлар, қолипга солишлар, таъқиб остига олишлар бошланди. Яна ғоявий душманлар қидирила бошланди. Н.С.Хрушчев Сталиннинг «социализм ривожланган сари синфий кураш кучаяди» деган «назария»сини дабдаба билан танқид қилган эди. Энди «социалистик лагер билан капиталисток лагер тинч—тотув яшаши мумкин, лекин улар ўртасидаги мафкуравий кураш бир лаҳза ҳам тўхтамайди, аксинча, кучайгандан кучая боради» деган «назария» чиқди. Бу — «биров билан дўст бўлсанг, ёнингда ойболтанг бўлсин» деганга ўхшаш бир гап эди. Хуллас, раҳбарларнинг кўрган тадбирлари туфайли яна «эски ҳаммом, эски тослигича» қолди. Тўғри, бир марта бир лаҳза бўлса-да, эркин ҳаволардан нафас олган одамнинг яна қайтиб қафасга кириши қийин, аммо бутун мамлакат битта яхлит қафас бўлса, иложи қанча!
Бу гапларнинг ҳаммаси, албатта, Чўлпоннинг тақдирига ҳам бевосита алоқадор — шундай шароитда Чўлпон фожиасининг учинчи пардаси ўйналди.
Чўлпон отилгандан кейин ҳам ҳукмрон мафкура муҳиблари унинг номидан ўтдан қўрққандек қўрқишда давом этишди. Шунинг учун улар Чўлпоннинг номини адабиёт тарихидан бутунлай йўқ қилиб юбориш ҳаракатига тушдилар. Кутубхоналарда унинг китоблари ҳибсга олинди — уларни темир эшикли махсус хоналарда сақлашар, улардан фойдаланиш ман қилинган эди. Журналларда бир замонлар чоп этилган Чўлпон сувратларига қора сиёҳ чаплашди, китоблар ва мақолаларда унинг исмлари ўчирилди. Уни фақат «ватан хоини, миллатчи, жосус, халқ душмани» дебгина тилга олиш мумкин эди. Шунда ҳам унинг душманлигини далиллаш мақсадида шеърларидан парча келтирилса, бу «танқид ниқоби остида Чўлпон ижодини тарғиб қилиш» деб баҳоланиши мумкин эди. Табиийки, унинг китобларини ўқиш қатъиян ман қилинган эди. Аммо қуёш нурини ҳеч нарса билан тўсиб бўлмайди. Ҳақиқат йўлида айтилган оташин Сўз мангу яшайди. Бу Сўзнинг одамлар юрагига бориш йўлига ҳеч нарса ғов бўлолмайди. Ўша шароитларда ҳам Чўлпон ва Абдулла Қодирий асарларини яшириб ўқиган одамлар бўлган. Шахсан мен «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Кеча ва кундуз»ни уруш йилларида — мактабда ўқиб юрган кезларимда ўқиган эдим. Бир ўзим эмас, бутун синф ўқиган эдик. Ҳозир бу китобларни қаердан топганимиз эсимда йўқ. Шуниси эсимдаки, ҳар қайси китоб бир болага бекитиқча фақат бир кечага бериларди — эрталабгача ўқиб тугатиб, қайтариб бериш керак эди. Шуниси қизиқки, ҳаммамиз шунга улгурардик — кечқурун ўқишга бошлагандан кейин туни билан аллақанча нашъали ҳисларни ва изтиробларни кечириб, тонг саҳарлаб сўнгги саҳифани ёпардик. Биз, албатта, Қодирийнинг, Чўлпоннинг ҳам «миллатчи» эканини эшитгандик. Уларнинг «заҳарли ғоялари»га берилмаслик кераклигини ҳам билардик. Аммо мурғак онгимиз билан бу «заҳарли ғоялар» нимада эканини англаёлмас эдик. Романларни ўқий бошлаш билан уларнинг сеҳрига маст бўлиб, муаллифларнинг «миллатчи»лигини унутиб қўярдик. Шу тарзда юракда уларнинг асарларидан олинган илиқ ва ёрқин таассуротлар билан, онгда эса «улар душман, ватан хоини» деган ақида билан 1956 йилгача яшадик.

Ўша йилдан бошлаб отувлардан омон қолиб, сургунларда, лагерларда умр кечираётган гуноҳсиз қурбонлар қайтиб кела бошлади. Ўзбек зиёлиларининг қурултойида ўша пайтдаги Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Нуриддин Акрамович Муҳиддинов бутун залнинг тик туриб чалган гулдирос қарсаклари остида улуғ ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг оқланганини эълон қилди. Ўша кезларда залда Абдулла Қодирийни кўрган, эҳтимолки, у билан шахсан мулоқотда бўлган одамлар анча-мунча эди. Кўплар ўшанда ошкора йиғлаган эди. Орадан бироз вақт ўтгач, Чўлпон ҳам оқланди. Ёзувчилар уюшмаси ҳайрон қоладиган даражада чаққонлик билан бошқа қатағон қилинганлар қатори Чўлпоннинг ҳам меросини ўрганувчи комиссия тузди. Комиссия раиси Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги биринчи котиби Баҳром Раҳмонов, аъзолари эса Уйғун, Мирзакалон Исмоилий, Ғулом Каримов ва мен эдим. Албатта, мен «Чўлпон ижоди энди объектив ўрганилади, холис баҳоланади, унинг ғоявий кемтиклари, миллатчилиги аниқланади-ю, ижодининг соғлом қисми халққа қайта такдим этилади» деган ўйлар билан мерос комиссиясига кирганимдан хурсанд бўлдим. Лекин аҳвол тез орада мен кутганчалик бўлавермади — комиссия негадир иш бошлашга ошиқмади. Кейин Баҳром Раҳмонов дунёдан ўтиб қолди-ю, иш яна орқага чўзилди—кетди. Шундан кейин мен Ёзувчилар уюшмасига бир-икки мурожаат қилдим. Ўртоқлар менга ошиқмасликни маслаҳат беришди. Менку ошиқмай юраверишим ҳам мумкин эди, бироқ бир кун эмас, бир кун жамоатчилик мендан «қани, биродар, комиссия аъзоси бўлиб нима иш килдингиз, деб сўраб қолади-ку! Нима деб жавоб бераман? Шу ўй билан ўзимча Чўлпоннинг баъзи асарларини топиб ўргана бошладим.
Қарасам, Чўлпон бинойидек шоир, ҳатто ўша кезларда керилиб юрган анча-мунча шоирлардан зўрроқ. Унинг асарлари ичида «миллатчилик» руҳидагилар ҳам бор, албатта, лекин бугун ҳам (яъни, бугун 60 йилларнинг бошларида) ўкувчиларга ҳеч иккиланмай тақдим қилса бўладиганлари кўп. Шу тўхтамга келгандан кейин мен Ёзувчилар уюшмасидаги йиғинларда бу фикрни айта бошладим. Мен айтган асосий фикр бундай эди: «Чўлпон мураккаб шоир. Унинг 20 йиллардаги шеъриятида миллатчилик бор, ғоявий жиҳатдан бизга ёт асарлар учрайди. Лекин совет воқелиги ривожланган сари у Чўлпонга ҳам ижобий таъсир кўрсатган ва у 20 йилларнинг охирларига келиб, совет позициясига ўтган. Уни совет шоири деб аташ мумкин. Шундай зўр шоирни, яхши адибни совет адабиёти доирасидан чиқариб ташлаш тўғри бўлмайди». Бугунги кунда бу фикрнинг нотўғрилиги ўз-ўзидан кўриниб турибди. Бу анча чала ва анча думбул гап, муросаи мадорага бориб айтилган гап. Ҳали унда ҳукмрон мафкура томонидан онгимизга қўйилган заҳарнинг қўланса ҳиди мана ман деб сезилиб турибди. Лекин буни қарангки, ҳатто шундоқ юмшоқ фикр ҳам баъзи бир ўртоқларни ва, айниқса, мафкура бошлиқларимизни ғазабга келтирди. Кейин билсам, улар бир томондан, «ўзбек совет адабиётининг асосчиси, буюк классигимиз Ҳамза Ҳакимзоданинг» обрўйига путур етказмаслик учун, иккинчи томондан эса, 37 йилдаги қинғир ишларни кавлаштириб, Чўлпон фожиасининг асл сабабларини ошкора қилиб қўймаслик учун Чўлпонни тирилтириб, сафга қайтаришга тиш—тирноқлари билан қарши эканлар. Раҳбарларимиз менга тушунтиришди: «Сиз, биродар, кўп ҳовлиқаверманг. Тўғри, биз Чўлпонни оқлаганмиз, лекин уни граждан сифатида оқлаганмиз. Чўлпонни шоир сифатида оқлаган эмасмиз ва оқламаймиз ҳам».
Ўшанда баъзи бир рутбалик ўртоқлар шундай катта кетишдики, ҳатто кўкракларига уриб, «Чўлпонни фақат мени ўлдириб оқлайсан!» деб ўшқиришди. Мен мафкура бошлиқларимизнинг изоҳига сира тушунолмадим. Очиғини айтсам, ҳозиргача ҳам тушуна олганим йўқ. Ахир, шоирлиги билан гражданлигини қандай қилиб ажратиб бўлади? Улар ўртасидаги чегара қаердан ўтади? Белдан ўтармикан? Унда қайси қисми шоиру, қайси қисми граждан? Ахир, ҳар қайси шоирнинг гражданлиги шеърида намоён бўлади-ку?! Ва, аксинча, шоирлиги гражданлигида ифодаланади. Хуллас, менинг бу саволларимга ҳеч ким тузукроқ жавоб бергани йўқ. Шунинг учун мен ҳам фикримдан қайтганим йўқ. Билъакс, бу қарашларимни 1967 йилда эълон қилинган «Йиллар ва йўллар» деган мақоламда анча батафсил баён қилдим. Иш шу билан тугадики, мен совет адабиётининг асосига, ғоявийлигига, партиявийлигига болта кўтараётган ишончсиз бир одам деган таъриф олдим. «Чўлпоннинг тарғиботчиси», бинобарин, миллатчиликка майли бор одам сифатида қора рўйхатларга тиркалдим.

Менга яна бир бор «ғоявий» зарба 1969 йилда берилди. Бу «Тирик сатрлар» китоби атрофидаги воқеалар эди. Мен бу воқеалар ҳақида «Тирик сатрлар»нинг қийин тақдири» деган мақолада батафсил ёзган эдим. Шунинг учун бу ерда жуда қисқа гапириб қўя қоламан. «Тирик сатрлар»га Чўлпоннинг 23та щеъри киритилган эди. Адашмасам, 1967 йилда «Ўзбек тили ва адабиёти» журналида Чўлпоннинг 3—4 та шеъри билан «Шўро ҳукумати ва саноеъ нафиса» деган мақоласи эълон қилинганди. Чўлпон қоралангандан кейин 30 йил ўтгач, бу журналда унинг асарлари биринчи марта дунё юзини кўрди. «Тирик сатрлар»да эса унинг шеърлари нисбатан кенг берилган эди — бу китобнинг нашр этилиши моҳият эътибори билан Чўлпонни шоир сифатида ҳам оқланганини билдирарди. Албатта, 23 та шеърнинг ҳаммаси цензуранинг синчков назаридан ўтган эди. Фақат цензура эмас, ўша даврнинг таомилига кўра, Марказий Комитетнинг Мафкура бўлими ҳам китоб билан икки марта синчиклаб танишиб чиққач, уни босишга рухсат берган эди. Китобнинг тиражи босилди, кейин унинг тарқалишига қўл қўйилди. Бироқ китоб савдо тармоқларига етиб боришга улгурмади — у Шароф Рашидовнинг қаҳру ғазабига учради ва ман этилди. Китобнинг тарқалган нусхалари битталаб йиғиб олинди ва кейинроқ бутун тираж маҳв этилди. Ҳа, 1967 йилга келиб бизнинг жамиятимиз мафкура соҳасида 1937 йилдан анча илгарилаб кетди, жонажон партиямиз адабиёт соҳасида таъқибу ман этишларга барҳам бериб, янгича сиёсат юрита бошлади дейиш учун асос йўқлиги очиқ кўриниб турипти. Ҳамон ҳамма нарсани бир киши — энг юқори мансабни эгаллаб турган одам ҳал қилади, қолган ақли норасолар фақат унга бўйсуниши, қўлини кўксига қўйиб, унинг гапини маъқуллаб туриши керак. Ижод эркинлиги ҳақидаги гаплар эса ҳамон бир афсона, холос.

«Тирик сатрлар»нинг тақиқланиши Чўлпон асарларини қайта босиш ишини номаълум муддатга кечиктириб юборди. Бу ишларнинг яна бир таажжубли томони шунда эдики, Россияда ҳам, Украина ва Белоруссияда ҳам, шунингдек, бизга қўшни Озорбайжон, Крзоғистон ва Қирғизистон каби республикаларда эндиликда оқланган «собиқ миллатчи» ёзувчиларнинг асарларини нашр этиш қатъий режалар асосида тезкорлик билан амалга оширилмоқда эди. Фақат биздагина бу масалада ҳамон сусткашлик ва қатьиятсизлик ҳукм сурар эди. Бу, эҳтимол, ортиқ даражада содиқ фуқарочилик касалига чалинганимиздан ёҳуд «бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур?» деган гапга қаттиқ ишонганимиздандир.
Мен бу даврга келиб, мафкуравий ишимизнинг баъзи бир сиру асрорларига фаҳмим етиб қолганди — мафкурани айлантирадиган машина жуда бесўнақай ва жуда баҳайбат бўлса-да, жуда қудратли эди, унинг парраклари орасига тушиб қолган одам мажақ бўлиши аниқ эди, шунинг учун унга қарши ёлғиз курашиб ҳеч нарсага эришиб бўлмас эди. «Беҳуда уриниш белни синдирар» дейдилар. Мафкура машинаси ҳеч кимни аяб ўтирмас ва, умуман, раҳм—шафқатни билмас эди. Шунинг учун Чўлпонни ҳам «йўқлайдиган яхши замонлар» келишига умид боғлаб, сабр қилишдан ўзга илож йўқ эди. Аммо мен бир нарсани сира тушуна олмайман — кўпни кўрган, қилни қирқ ёрадиган, ҳақиқатга хизмат қилиши лозим бўлган баъзи бир адабиётшунос олимларимизга нима бўлган? Нега улар ҳам Чўлпоннинг ярми гражданин, ярми шоир экани ҳақидаги танқиддан тубан турадиган бемаъни гапга чиппа—чин ишониб қолдилар? Биламан, олимлар ҳам одам, уларга ҳам жон ширин, улар ҳам тириклик килмоқлари керак. Тириклик йўлида эса муросаи мадора деган гап бор. Ҳукмрон мафкура «Чўлпон миллатчи, душман» деб турса, бунга ошкора қарши чиқишга ҳамманинг ҳам журъати етавермайди. Аммо нима учун олим одам «Рим папасидан ҳам ортиқроқ художўй бўлишга» уриниши керак? Нима учун ҳақиқатга хиёнат қилиб, виждонини ютиб, Чўлпоннинг «душманлигини» ёлғон—яшиқ далиллар билан «исботламоғи» керак? Мен бу ўринда баъзи бир нопок одамларнинг ўз манфаатлари йўлида илмга ҳам, одамгарчиликка ҳам тупуриб, ҳеч қандай туҳмат ва бўҳтонлардан қайтмай ёзиб ташлаган мақолалари ёки химоя қилган диссертацияларини назарда тутаётганим йўқ. Бунақа мунаққидлар ёҳуд «олимлар» ноғорачининг бачасига ўхшайди — ҳали ноғоранинг тактуми эшитилмасдан, ноғорачи чўпини қўлига олиши биланоқ муқом қилиб йўрғалай бошлайди. Мен жиддий олимлардан — уларнинг нохолисликларидан, эринчоқликларидан, ўзлари ўрганаётган, балки бир вақтлар ҳамнафас, ҳамқадам бўлган, эҳтимол бирга улфатчилик қилишган ёки баҳс—мунозара қилиб талашиб—тортишган шоирнинг тақдирига лоқайд қаровчи олимлардан нолиб гапиряпман. 1965 йилда Маҳмудали Юнусовнинг «Традиция ва новаторлик проблемалари» деб аталган китоби чиқди. Китобда 20 йиллар ўзбек поэзияси материаллари асосида традиция ва новаторлик проблемалари ҳақида мушоҳада юритилади. Муаллиф ўша йилларнинг даврий матбуотида эълон қилинган мақолаларни, айрим китобларни қунт билан синчиклаб ўрганган. Албатта, тадқиқотда анча-мунча ўринли мулоҳазалар, кузатишлар бор. Бироқ, айни чоқда, китобнинг энг заиф жойи шундаки, у бой фактик материаллар таҳлилидан илмий хулосалар чиқариш йўлидан бормайди, балки ҳамма материалларни аввалдан белгилаб қўйилган хулосаларга мослаштириш йўлидан боради. Бу эса ўз навбатида ҳукмрон мафкуранинг 20 йиллар воқелиги ҳақидаги маълум концепциясини тасдиқлашга хизмат қилади. Тадқиқотнинг бир боби «Поэзияда буржуа миллатчилик йўналиши ва унинг инқирози» деб аталадики, шунинг ўзи муаллифнинг масалага тайёр қолиплар асосида ёндашганини кўрсатади. Тадқиқотчи ўша давр воқелигининг мураккаблиги ёҳуд ижодкор йўлининг ҳамиша зиддиятли бўлиши ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайди — унинг учун Чўлпон, Фитрат, Элбек ва Ботуларнинг миллатчилиги сира ҳам шубҳа туғдирмайдиган факт. Шунинг учун у Чўлпоннинг «ғоявий эволюцияси» ҳақида ўйлаб ўтиришга ўрин қолдирмайдиган қатъият билан шундай деб ёзади:
«Ўтмишни қайтадан тиклашга қанчалик уринмасин, барибир, «қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботган» бу шоир асарларини кўздан кечирганда, ундаги ўзига хос «эволюцияси», тўғрироғи, буржуа миллатчилик қарашларидаги ўзгариш босқичларини пайқаб олиш қийин эмас. Бу босқичлар дастлаб афессив ниятнинг кучлилиги, аксилинқилобий ҳаракатга ташвиқ қилишдир, кейин ўз уринишлари беҳуда эканини сезиб, ноиложлиқдан қайғуга чўмгани ва «кўзида сўнгги ёши қолиб, амалга етмак истагани»да, охирида эса унинг кўнглида «на исён, на тўлқин, на тўфон, на ўт» қолиб, фақат кўзида «оғир бир таслим нури бор»лигида равшан кўринади».

1967 йилда А.С.Пушкин номидаги Тил ва адабиёт института уч жилдлик «Ўзбек совет адабиёти тарихи»ни босмадан чиқарди. Табиийки, бу китобда ҳам, ундан кейин 1970 йилда Москвада рус тилида нашр этилган «История узбекской советской литературы» китобида ҳам 20 йиллардаги адабий жараён ҳукмрон мафкура қолипига солиниб тақдим этилган, яъни Октябрь инқилоби инсоният тарихида янги давр очди, буржуа миллатчилари инқилобни қабул қилмади, улар билан ёш шўровий кучлар ўртасида кураш кетди ва бу курашда шўро мафкураси ғалаба қозонди. 20 йиллар воқелигидан олинган ҳар қандай ҳодиса ёҳуд ҳар қандай факт ана шу қолип асосида талқин қилинади. Агар ҳодиса ёҳуд факт ҳадеганда бу қолипга тушавермаса, унинг қулоғидан чўзиб, тортиб унга солинади.
Даъвомиз куруқ бўлмасин учун мисол келтирамиз. Китобнинг биринчи жилдида Чўлпоннинг миллатчилиги, совет тузумини кўролмагани ҳақида кўп марталаб гапирилади-да, кейин бу фикрни далиллашга ҳаракат қилинади. Шу мақсадда шоирнинг «Баҳорни соғиндим» деган шеъридан парча берилади:

Тала-туз
Экин-текин
Сўла бошлади.
Сарғайиб япроқ.
Бўяниб тупроқ
Ўла бошлади, ўла бошлади.

Бу парча қуйидагича шарҳланади: «У далани туз, аччиқ, заҳар деб ҳаётда фақат йўқолишни кўради».
Буни ўқиб кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан киши. Муаллифнинг «фош қилиш жазаваси» шу қадар жўш уриб кетганки, шеърдаги «туз» овқатга ишлатиладиган «намак» эмас, «яланглик, кенглик» деган маънода эканини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Борингки, «туз» улар айтгандек, «намак» ҳам бўлақолсин. Нега энди овқатга таъм киритадиган намак «аччиқ» ёҳуд «заҳар»ни англатиши керак?
Иккинчидан, муаллифлар шу шеърнинг давомини ўқишдан эринмасалар амин бўлардиларки, шоир «ҳаётда фақат йўқолишни кўраётгани» йўқ. Мана, ўша шеърнинг давоми:

Йўқ… ўлим йўқдир!
Ёлғиз бир ўчиб, бир сўниш бордир.
Бир ўчиб… сўниб, яна ёниш бор
Яна баҳорлар,
Яна лолалар.
Яна сиз, ой… эркин тилаклар!

Кўринадики, муаллифлар ё шеърни, умуман, тушунмаган ёҳуд ундан ўзларининг мақсадларига мос келадиган бир бўлакни ажратиб олишгану, «шеърнинг қолганини бошқалар ҳеч қачон ўқимайди» деган ишонч билан юқоридаги иғвони тўқиганлар».
Шунга ўхшаш мисолларга дуч келганда хаёлимга бир фикр келади — одатда, коммунисток мафкура дарғалари ўта шафқатсиз ва қаттиққўл бўлган деб нолишади. Чиндан ҳам шундай. Улар йўлларида кўндаланг бўлган ҳар қандай тўсиқни аёвсиз супуриб ташлаганлар. Улар на халқни, на ижодкорларни менсимай улар билан мутлақо ҳисоблашмай ҳукмронлик қилганлар. Бироқ улар нима сабабдан шу даражада сурбет ва беандиша бўлишган? Уларнинг бундай бўлишига, қисман бўлса-да, олимларимизнинг мутелиги, мустаҳкам эътиқодларининг йўқлиги, мабодо бор бўлса, уларни қаттиқ туриб ҳимоя қилишга журъатлари етишмаслиги, талаб қилинганда ҳар қандай одамни ҳам оёқкўлини боғлаб, ўша дарғалар оёғи остига ташлаб беришга тайёр турганлари сабаб бўлмаганми?
Яшиннинг гаплари мени таажжубга солди. Чунки Комил Яшин билан бу масалада илгарилар ҳам бир-икки суҳбатлашган эдим. Яшин, айниқса Чўлпон ижодини жуда чуқур билар эди. У Чўлпон шеърларининг кўпини ёд билар ва фикрини далиллаш учун уларни бемалол келтираверарди. Гарчи у оғзидан «Чўлпон шеърларининг мухлисиман» деган гапни айтмаган бўлса-да, бу шеърларга хайрихоҳдиги шундоққина сезилиб турарди. 60-йилларнинг бошидаги суҳбатда Чўлпон шеърларини босиш масаласига ўта эҳтиёткорлик билан қараганини тушуниш мумкин. Ҳар қалай, унда замон бошқа эди. Аммо энди-чи? 1987 йилда-чи? Наҳотки, ҳамон ҳадиклар, қўрқувлар замони бўлса? Нима бўлганда ҳам ўша куни Комил Яшин Чўлпон ва Фитратларни қайтаришга қарши овоз берди. Аввалги замонлар бўлганида, албатта, бу қараш устун келган бўларди. Лекин 1987 йилда ҳатто Марказком котиби ҳам кўпчиликнинг фикри билан ҳисоблашишга мажбур бўлиб қолган эди. Шундай қилиб, ўша кенгашда Чўлпон ва Фитрат асарларини нашр этиш ва ижодларини янгича баҳолаш тўғрисида бир қарорга келинди. Лекин шундан кейин ҳам яна анча вақтгача бу борада сира ўзгариш бўлгани йўқ. Тўғри, газета ва журналларда Чўлпоннинг асарларидан намуналар ва унинг тўғрисида баъзи бир маълумотлар кўрина бошлади, лекин бу иш ҳануз тасодифийроқ характерда эди. Унинг йирикроқ асарини эълон қилиш эса ҳамон қандайдир ички қаршиликларга учрар эди. Жумладан, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романининг эълон қилиниши шундай бўлди — роман «Шарқ юлдузи» журналида териб қўйилган ҳолда бир неча марта тўхтатиб қўйилди ва ниҳоят, юқориларга маъқул келадиган сўзбоши билангина босишга рухсат берилди. Бу сўзбошида албатта, «Чўлпон миллатчи бўлган, ғоявий хатолари кўп, кейин совет воқелиги таъсирида ўзгарган» деган фикр олдинга сурилиши керак эди. Сўзбошини ёзиш менга топширилди. Бир вақтлар мен юқоридаги фикрлар тарафдори эдим, лекин энди — 1988 йилга келганда бу фикрларим ўзгарган эди. Шундай бўлса-да, романнинг эълон қилинишини истаганимдан ўша фикрни марказга қўйиб, сўзбоши ёздим. Шу тарзда 1988 йилда роман эълон қилинди. 1991 йилда эса «Яна олдим созимни» эълон қилинди.
Аммо Чўлпонни англаш йўлидаги дадил қадамлар моҳият эътибори билан 1991 йилдан кейин — республикамиз мустақил тараққиёт йўлига киргандан кейин қўйилди. Республикамизнинг биринчи Президента И.А.Каримов қатор нутқдарида ўзбек халқининг кўнглидаги туйғуларни ифодалаб, Чўлпонга жуда катта баҳо берди ва унинг шеърларидан парчалар келтириб, бу шоирнинг бугунги кун билан ҳамнафаслигини таъкидлади.
Республикамизда янги таъсис этилган Алишер Навоий номидаги Давлат мукофотининг Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат билан бирга Чўлпонга ҳам берилиши жуда теран рамзий маънога эга.
Ҳар йили республикамизда шоирнинг туғилган юрти Андижонда Чўлпон кунларининг ўтказилиши ҳам халқимизнинг бу улуғ ижодкорга ихлосидан нишона. «Хазина» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси Чўлпоннинг уч жилдлик «Асарлар»ини ва «Чўлпон дунёси» деган тадқиқотлар китобини нашр қилишга тайёрлади. Чўлпон номидаги нашриётда эса шоирнинг «Адабиёт надур?» деган китоби босмадан чиқди. Буларнинг бари Чўлпоннинг сафимизга қайтаётгани чин эканидан далолат беради. Булар яхши, албатта, лекин бу ишлар ҳар қанча яхши бўлмасин, ҳали улар Чўлпонни англаб етганимиз-ни билдирмайди. Чунки Чўлпонни англаш, уни мақтаб кўкларга кўтариш эмас, уни идеаллаштириш эмас, унинг номига кўчалару санъат кошоналари қўйиш эмас, Чўлпонни англаш сўз санъатининг ботиний қонуниятларини теран англаш, уларнинг шоир ижодида қандай зоҳир топишини англашдир. Чўлпонни англаш унинг буюк умумбашарий ғояларини, унинг юксак инсоний туйғуларини юракка сингдириб олишдир. Чўлпонни англаш — Ватанни, кўҳна Туркистонимизни Чўлпон кўзи билан кўриб, Чўлпон юраги билан сева билмоқдир. Бир сўз билан айтганда, Чўлпон ҳар бир адабиёт мухлисининг юрак мулкига айланмоғи шарт. Бунинг учун эса Чўлпон меросини янги тафаккур асосида бағрикенглик билан тадқиқ этмоқ лозим. Шуни қувонч билан таъкидлашни истайманки, бугун бизнинг орамизда ана шу тадқиқотни амалга оширишга қодир, шу ишга маънавий ҳаққи бор, зукко олимларимиз бор. Бу борада Наим Каримов,Салоҳиддин Мамажонов, Умарали Норматов, Сирожиддин Аҳмедов, Шерали Турдиев каби тажрибали олимларимиз анча иш қилиб қўйишди. Аммо мени келажакка умид билан карашга ундайдиган нарса шундаки, бугунги чўлпоншунослар қаторида Дилмурод Қуронов, Улуғбек Султонов, Нормамат Йўлдошев сингари қобилиятли ёшлар бор. Уларнинг тафаккури бизнинг мияларимизни заҳарлаган мафкуравий оғулардан холи, уларнинг адабиётга ёндашиши, адабиётни тушуниши бизнинг авлодга хос бўлган қолиплардан ташқарида. Энг муҳими эса, уларнинг кўнглида қўрқув туйғуси йўқ. Улар ўз асарлари билан кимларгадир хушомад қилиш, кимларнингдир кўнглини олишни ўйламайди. Эҳтимол, шунинг учунмикин, мен уларнинг адабиётшуносликни ўзининг асл изига солиб юборишларига ишонаман. Ва яна ишонаманки, улар Чўлпонни англашда чинакам жонбозлик кўрсатадилар ва ҳаммамизни Чўлпон юксакликларига элтувчи кўприкларни бунёд этадилар.

1994

Maqolani  lotin alifbosida yuklab oling.

Ozod Sharafiddinov. Cho’Lponni Anglash by Khurshid Davron on Scribd

006

(Tashriflar: umumiy 137, bugungi 1)

Izoh qoldiring