Qalbi bedor qahramonlar yoxud adabiyotning mangu qadri.

erkin-azam

Шу ёшга кириб ҳали бирор жойда “менинг ижодим, менинг асарим” деб лафз қилмаганман. Яқинда телевизорда бир ёш актриса билан суҳбат бўлди. “Менинг ижодим”, дея гап бошлаган эди, энсам қотиб кетди. Ижод, ижодкор деган сўзларга масъулият билан қараш керак-да… Раҳматли устозимиз Асқад Мухтор “Ёзувчиман десангиз – яхши одамман дегандай. Адибман деб қўя қоламан”, дердилар.

се

ҚАЛБИ БЕДОР ҚАҲРАМОНЛАР ЁХУД АДАБИЁТНИНГ МАНГУ ҚАДРИ
Таниқли адиб Эркин Аъзам билан суҳбат

Ижод кишиси билан қилинадиган ҳар бир мулоқот, аcлида, унинг битиклари шарҳи, таҳлилидир. Негаки, ижод аҳли ўзини мутолаа қилишга кўпроқ қобилдирки, шу боиc, ёзувчи билан суҳбат бевосита кўнгил ҳақида бўлмоғи табиий. Кўнгилда эса гап кўп. Таниқли адиб Эркин АЪЗАМ билан қуйидаги суҳбатимиз ҳам болалик, умр манзиллари, ижод ва ижодкорлик матлаби хусусида.

Эркин АЪЗАМ: — …61 ёшга кирдим. Кўнглимни энди 61 йиллик юк босиб турибди, эҳтирослар ҳам анчагина босилиб қолгандай, назаримда. Бир вақтлар Бойсунга довон ошиб борар эдик. У Сакиртма деб аталарди. Довондан туғилган юртим манзараси кўриниши билан юрагим уриб тўлиқиб кетар эдим.

Буни қарангки, вақт ўтиши билан энди Бойсунга борганимда аҳвол ­бошқача. Ҳозир йўллар ҳам текис, юрак ҳам дукилламай қўйган. Менимча, бу – туйғуларнинг дағаллашувидан бўлса керак.

Умримнинг асосий қисми Тошкентда ўтяпти. Аммо чет элларга борсам Тошкент хаёлимга келмайди, Бойсунимни соғинаман. Бўлмаса болаларим, оилам шу шаҳарда-ку! Бойсунга йилда бир-икки марта қариндошларимни, кекса онамни кўргани бораман, холос.

Тўғрисини айтадиган бўлсам: ҳозир менинг ул Бойсуним қолмаган. Биларсиз, шу кунларда кўпроқ кинога сценарийлар ёзяпман. Режиссёрлар мен тасвирлаган жойларни, одамларни ҳозирги Бойсундан тополмай овора. Кўп нарса ўзгариб кетган. Она тупроғимнинг менинг юрагимдаги, хотираларимдаги файзу таровати бошқача эди-да!.. Шоир дўстим айтганидай, “Қаерларга кетдинг, Бойсунжон!” дея “оҳ” чекиб юрибман…

Тошкентга ўн етти ёшда келганман. Одамнинг болаликдан қолган таассуротлари унинг кейинги умридаги таассуротлардан залворлироқ бўлар экан. Ана шу салмоқ ижодкорга кўп нарса бериши мумкин.

Ҳар йили туғилган кунимда Бойсундан дўстларим келади. Улар билан болаликдаги хотиралардан гурунг қиламиз. Таниган-билган ҳамқишлоқларимизнинг феъл-атворию гоҳо кўз илғамас қилиқларигача аниқ-тиниқ эслай бошласам, жўраларим ҳайратда қолади. Бу нарса хотиранинг зўрлигидан эмас, балки ўша – тошга ўйилган болалик таассуротлари билан боғлиқ жараён.

Болалигимда содир бўлган бир воқеани гапириб берай. Олти ёшларда эдим чамаси. Бобомнинг ўттиз сотихча келадиган катта ҳовлисида турардик. Ҳовли колхознинг боғига туташиб кетган. Ҳатто ўшанда кийган кийимим ҳам эсимда: отамнинг “пўрим” костюм-шимидан онам бўйимга мослаб тикиб берган эди. У замонларда ёш болаларга мос бунақа костюм-шимни магазинлардан топиш амримаҳол эди-да.

Хуллас, костюм-шим кийиб, ясанволиб аммаларим билан колхознинг боғига тушганмиз. Олчазору ўрикзорлар оралаб кетаётганимизда адашиб, ёлғиз қолганман. “Энди бутунлай шу ерда қолиб кетдим”, деган ваҳимада шунақа қўрққанманки, ўтириб олиб роса йиғлаганман. Кейинчалик ўша боғ билан уйимизнинг ўртасидаги масофани чамалаб кўрсам бор-йўғи икки юз қадам келар экан. Лекин дарахтзор жуда қуюқ бўлган-да. Шу ҳодиса хотирамга маҳкам муҳрланиб қолган. Гарчи бу гапга 55 йил бўлаётган бўлса-да, ҳозир ҳам баъзан ўшандай ҳолатга тушаман. Мени ҳеч ким тушунмаган кезлар кўпинча шундай бўлади. Сизни ҳеч ким тушунмаса, йўқолгандай гап-да, тўғрими? Гоҳо ўйлайман: йўқолиш ҳодисаси менинг қисматимга уйқаш бир ҳол экан-да…

Мухтаcар ТОЖИМАМАТОВА: – Ҳар бир боланинг ичида даҳо яшайди, деган ҳикмат бор. Агар шу бола бўлажак ёзувчи бўлса, энди бу болалик янада рангин, хаёл ва тасаввурларга бой бўлмоғи лозим, шундай эмасми?

– Китобхон болалик чиндан-да сеҳрли, саволлари мўл. Гоҳо Алпомишга айлансанг, гоҳ Авазхонга жўра тушасан. Болаликда ўқиган достонларим эсимда: “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”,”Алпомиш”лар… Пушкиннинг “Капитан қизи” асарини яхши кўрардим. Тушунсам-тушунмасам “Хамса”ни ўқирдим. Гарчи янги бўлмаса-да, меҳмонхонамизни “янги уй”, деб атардик. Ўша ерда отамнинг тузуккина кутубхоналари бор эди. Болаликда кўрган-билган воқеаларимдан ҳам кўра ўша ўқиган китобларимдан кўпроқ таъсирланганман.

Шу ўринда бир гапни таъкидлаб ўтсам – ёзадиган одамга, барибир, Тошкент яхши, Тошкент қулай. Шуни англабми, бу азим шаҳарда қолиб кетдим. Шоирона айтганда, шу ерда “нашъу намо топдим”.

Болалигимда ниҳоятда таъсирчан, тажанг бола эдим, унча-мунча гапга жизиллаб кетаверардим. Ҳозир айтса кулгили туюлар, биз ўқитувчиларимизга “ўртоқ муаллим”, деб мурожаат қилардик. “Домла” ёки “устоз” деган гаплар йўқ эди. Иккинчи курсда ўқиётганимда ўша мактаб даврларини эслаб “Кечирасиз, ўртоқ муаллим!” деган қисса ёзганман. Ижарада бирга турган акамиз Неъмат Қурбон у ер-бу ерга олиб борса, “Совет педагогикасига тўғри келмайди бу”, деб қайтиб берилган.

Яқинда лотин алифбосида тўпламим нашр этилди. “Шу нарсани ҳам қўшсак қандай бўлар экан”, деб Набижон Боқийга маслаҳат солган эдим, “Қайтага ўша вақтларда яхши ёзган экансиз”, дея тўпламга киритиб юборди.

– “Тафаккур” журналида эълон қилинаётган мақолаларнинг савияси, умуман, сизнинг муҳаррирлик масъулиятини чуқур англаб, бу вазифани сидқидилдан адо этаётганингизга, тўғриси, бир журналхон сифатида ҳавасимиз келади. Менга, айниқса, “ҳозирийлар” ҳақидаги мулоҳазаларингиз маъқул бҳлган.

– “Ҳозирийлар” ҳақидагиси денг… Бу менинг воқеликка талабчанроқ муносабатимдан туғилган бўлса керак. Ахир, умр бўҳйи яхши-ёмон мақолаларни саралаб иш кўрдим. Дўст орттирган бўлсам ҳам – шунинг устидан, нодўст орттирган бўлсам ҳам. Масалан, сиз олиб келган мақолани мақтасам, “Эркин Аъзам деганлари яхши одам экан”, дейсиз, бордию қўлёзмангизни қайтарсам – душман тайёр-да! Бу табиий ҳол.

Бугун энди таҳририятга келган қўлёзма эгаларига иложи борича яхши гап билан жавоб қайтаришга ҳаракат қиламан. Агар қўлёзмаси ёқмаса, “Яхши-ю, бир оз қиёмига етмабди-да”, дейман. Аслида эса, “Сиз бу турган-битгани азоб, машаққатли ҳунарни қўйинг, оғайни, яхшиси, бирон бир мансабнинг пайидан бўлганингиз тузук”, деб дангал айтиш керак.

– Биз кўп дуч келадиганимиз “Ижод бу – қисматдир” каби мулоҳазаларга сизнинг муносабатингиз?..

– Ўтган йили тобим қочиб касалхонага тушган эдим, бир ҳамшира опамиз “Эркин ака, ёзувчи экансиз, мен ҳақимда бирор нарса ёзсангиз-чи”, деб қолди. “Қани, кўнглингизда нима дардингиз бор?” деб сўрадим ажабланиб. “Оилам рисоладагидай, қайнона-қайнотам ҳам, эрим ҳам яхши. Болаларимнинг ҳаммаси эсли-ҳушли. Тақдирдан ҳеч бир шикоятим йўқ”, деб жавоб берди у. “Унда шукрона айтиб яшайвермайсизми, ахир! Армону азоблардан, дарддан холи ҳеч бир тақдирда ёзувчи учун қизиқ нарса йўқ. Дардсиз эса ҳеч нарса ёзиб бўлмайди”, дедим унга.

Дарҳақиқат, дард – ижодкорнинг юрагини ишга соладиган буюк куч, десак адашмаймиз. Унинг ўз қонуниятлари бор. Шу дарднинг ёғдуси ижод кишисини ўзига жодудай тортаверади.

Аммо, тўғриси, “ижод” сўзи менга китобий, эришроқ туюлади. Шу ёшга кириб ҳали бирор жойда “менинг ижодим, менинг асарим” деб лафз қилмаганман. Яқинда телевизорда бир ёш актриса билан суҳбат бўлди. “Менинг ижодим”, дея гап бошлаган эди, энсам қотиб кетди. Ижод, ижодкор деган сўзларга масъулият билан қараш керак-да… Раҳматли устозимиз Асқад Мухтор “Ёзувчиман десангиз – яхши одамман дегандай. Адибман деб қўя қоламан”, дердилар. Айтгандай, иғвогар кишини ҳам баъзан ёзувчи, ёзғувчи деб атайдилар-да.

— Ёзувчи саёз жойда чўкади, деган гап бор. Шу маънода, устоз адиб сифатида адабиётда холислик мезонини нималарда кўрасиз? Адабиётимизда айни пайтда ўткир сўзнинг, холис фикрнинг салмоғи бир оз пасайгандек, назаримда…

– “Офаринчилик”, нохолислик бемаза иш-да. Яхши нарсани ғараз билан ёмонга чиқарсак, ёмон нарсани яхши деб кўпиртирсак, худога ҳам ёқмас… Масалан, бирон ёш ижодкорга “Сендан барибир шоир чиқмайди”, деб ҳар қанча зуғум қилманг, у барибир танлаган йўлидан қолмайди. Асл истеъдодни эгиб, истеъдодсизликни эса даволаб бўлмайди. Чингиз Айтматовнинг гапи ёдга тушади: “Умр бўйи истеъдодсиз кимсаларга қарши курашдим, аммо қўлимдан ҳеч нарса келмади…”.

Билиб қўйинг, истеъдодли одамнинг жони қаттиқ бўлади. Сиз уни ҳар қанча инкор қилманг, камситманг, тошнинг орасидан бўлса ҳам ёриб чиқаверади. Айтмоқчиманки, тўғри, холис гапдан адабиёт ҳам, ҳзимиз ҳам ютамиз. Самимият барибир енгади-да…

– Замонамиз қаҳрамони – сизнинг талқинингизда ким ва у қандай бҳлмоҚи керак?

– Бадиий асарнинг қаҳрамони, аввало, жонли инсон бўлиши лозимлигини ҳамма билади. Дейлик, ҳозирги кунда улкан ишлар амалга ошириляпти. Бойсунга темир йўл борди, Қамчиқ довони қурилди… Бундай бунёдкорликларга бош қўшган одамни ҳақиқатан ҳам “қаҳрамон” деб атаса бўлади. Шуниси ҳам борки, бугунги адиб қаҳрамоннинг ижтимоий фаолияти билангина эмас, ички дунёси, руҳияти билан иш кўрмоғи керак.

Замонамиз қаҳрамони деганлари биринчи галда имон-инсофли, ҳалол инсон бўлиши керак. Кўпчиликнинг манфаати турганда ўз манфаатини нари сурадиган фидойи инсон. Бироқ ҳар қандай яхши одамнинг ҳам ўзига яраша камчиликлари бўлади. Ахир, дуога қўл очганимизда ҳам “Билиб-билмай қилган гуноҳларимизни Ўзинг кечиргайсан”, деб илтижо қиламиз-ку. Ёзувчи ана шуларни бор-борича, ҳаққоният билан тасвирлаб бермоғи лозим. Инсонни инсондай ёзиш керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, шўролар замонида буюртма билан ёзилган, кўтар-кўтар қилинган, мукофотларга сазовор бўлган “полотно”лар бугун қаёққа кетди? Ҳозир сўраса, унча-мунчасини эслаёлмайсиз ҳам. Лекин Абдулла Қодирий қолди, Ойбегу Қаҳҳорлар қолди. Нега бундай – ўйлаб кўринг-да.

Кўнглингиз тўқ бўлсин, ўткинчи воқеа-ҳодисалар тасвиридан иборат юзаки асарлар вақт синовидан ўта олмайди, ўчиб кетади. Инсон қолади – чигал тақдирли, қалби сиру жумбоқларга тўла инсон. Ҳаёти силлиқ кечмаётган, кўнгли безовта бўлса-да, кўкраги баланд, номусли одамларимиз жудаям кўп. Ёзувчи қаҳрамонни ана шундай одамлар сирасидан танласа адашмайди.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.

(Tashriflar: umumiy 41, bugungi 1)

1 izoh

  1. Рахмат,устоз! Сухбат газетада босилганидаям бунчанлик куп мухлислар эътироф этишмаганди.Сиз ва Эркин Аъзам каби адибларимиз адабийотимиз асл нжонкуярлари десам муболага эмас.

Izoh qoldiring