Qamchibek Kenja. Baliq ovi & Ikki kitob va radiohikoya

02    Мен биринчи синфга қатнардим. Акам еттида ўқирди. Отам хўжалик мудири эди. Уйимизга тез-тез меҳмон келиб турарди. Ҳар сафар ҳар хил кишилар: ориқ, семиз, новча, пакана, мўйловли, мўйловсиз….

Қамчибек Кенжа
БАЛИҚ ОВИ
07

05   Қамчибек Кенжа 1946 йил 15 августда Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги Гуркуров қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. ТошДУнинг филология факултетини тугатган (1969). Дастлабки шеърий тўплами — «Соғинч» (1975). Ёзувчининг «Яшил барг» деган биринчи ҳикоялар тўплами эса 1977 йилда нашр этилган. «Кўнгил кўчалари» (1979), «Ишқинг тушса» (1981), «Орзумандлар» (1982), «Нотаниш гул» (1986), «Тоғ йўлида бир оқшом» (1987), «Соҳилдаги сув париси» (1993), «Қизил гуллар» (1995), «Сохибжамол аёл сири» (1996), «Кулгибахш умр» (1997), «Бобурийлардан бири» (2000), «Бахт қуши ёки ушалган орзулар» (2001), «Хамир учидан патир ёхуд кулча ҳикоялар» (2005),«Тошқин» (2010), «Кўнгил кечинмалари» (2011) «Палахмон» (2011), «Жасорат» (2012) 2 жилдли «Сайланма» (2006-2007) каби шеърий, насрий ва публицистик китоблари чоп этилган. Сафарномалар ёзган («Хинд сориға», «Буюклар изидан» ва бошқа).А. С. Пушкин, Х. Хейне, Ш. Петефи, В. Брюсов, М. Светлов каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

07

Мен биринчи синфга қатнардим. Акам еттида ўқирди. Отам хўжалик мудири эди. Уйимизга тез-тез меҳмон келиб турарди. Ҳар сафар ҳар хил кишилар: ориқ, семиз, новча, пакана, мўйловли, мўйловсиз… Уларнинг кўпини танимасам-да, ўзимда йўқ севиниб кетардим. Чунки меҳмон келса, акам иккимиз, албатта, балиқ овига жўнардик. Қишлоғимизнинг кунботар томонида тўқай бўлиб, ҳали зовурлар қазилмаган, захоб сувлар қуритилмаганди. Катта-кичик булоқларда, айниқса, Димариқда (димланиб оққани учун шундай дейиларди) балиқ мўл бўлар эди. Сув кўпайганда ҳатто тўқай ичидаги шолипояларга ҳам балиқ чиқиб кетарди. Шанба-якшанбада бу ерга болалар тўлиб кетардики, ким қармоқ кўтарган, ким тўр судраган…
Мен акамнинг балиқ тутишини кўришга ишқибоз эдим. У балиқ овлашга уста эди. Тўрдаям, санчиқдаям бир зумда бир пақирини илинтирарди. Ҳатто қўлдаям. Сув остига шўнғиб, балиқларни ўз камаридан тутиб чиқарди. Ҳеч нарсадан, илондан ҳам қўрқмасди. Илон кўрдими, тамом, уни думидан ушлаб айлантириб-айлантириб отиб юбормагунча кўнгли жойига тушмасди. Қирғоқда кулча бўлиб, мудраётган илонлар шарпамизни сезди дегунча жилиб қолишар ё ўзларини сувга уришарди.
Ўртоқларимнинг ҳаваси келар, мен керилиб, «аканг Қарағайнинг акаси шунақа», деб кўкрагимга урардим. Болалар чувиллашиб акамнинг изидан эргашиб юришар, ундан илон ушлаб кўрсатишни сўраб, ялиниб-ёлворишарди. Акам кўпинча уларга йўқ демасди. Бундай вақтда болалар акамнинг қўлидаги илоннинг ҳавода доира ясаб, чириллаб айланишини узоқдан, бир-бирининг пинжига киришганича, қўрқа-писа тамоша қилишарди. Илон ўттиз-қирқ қадам нарига шалоплаб тушгач, ўшаёққа чопишар, сулайиб ётган газанданинг ўлганига ишонч ҳосил қилишгандан сўнггина унга яқинлашишарди. Биронта юраклиси (у ҳам иложи борича ўзини орқароққа олиб) илоннинг думига ҳадиксираб қўл узатарди. Шундан кейин бошқалар, мен бир айлантирай, мен бир ушлаб кўрай, деб талашиб кетишар, сўнгра муросага келишиб, тўқай ўртасидаги кенг чимзор майдонда навбатма-навбат, ким узоққа отар ўйнардилар.
Акам уларга қўшилишимга рухсат бермасди. Бирпас ўксиниб турардим-у, акам саёз жойга, қуруқликка ирғитган зоғора балиқнинг жон ҳолатда сапчиб-сапчиб тушишини, сувнинг чуқурроқ ерига интилишини, тангаларининг офтобда ялт-юлт қилишини кўриб, аразни эсдан чиқарардим. Кейин акам тол ё юлғиндан кесиб берган илмоқли чивиққа балиқларни тизиб, шолипояларнинг энсиз полида лангарсиз дорбозлардай лапанглаб, акам қаёққа борса, орқасидан кўтариб юрардим. Кўп ўтмай болалар сувни шалоплатиб югуриб келишар ва яна хархашасини бошлашарди. Акам тағин илон қидириб кетар, лекин энди уни ушлаб, болаларни қувиб қоларди. Уларнинг ҳар ёққа тирақайлаб қочишини кўриб, қотиб-қотиб кулардим.
Ўшанақа пайтларда мен жуда яйраб кетардим. Шунинг учун ҳам меҳмоннинг қорасини кўришим билан ирғишлаб, похол ёядиган каттакон айри ёғочга ипдан тўқилган кичкинагина, бир кишилик тўр турадиган баланд сўрига чопардим. Акам бўлса, менга хўмрайиб, биқинимга секингина бир мушт туширар, такага ўхшаб ирғишлама, деб жеркиб берарди. Попугим пасайиб, кўзимни енгим билан ишқалаганча индамай уйнинг орқасига ўтиб, ўтириб олардим. Бирпасдан кейин акамнинг ўзи чақирарди:
— Ком! Тўрни ол, кетдик.
Тўрни елкамга ташлаб, акамнинг олдига тушардим.
Биламан, балиқ овлаш акамнинг жонига тегиб кетган. Шунинг учун эшикдан бегона товушни эшитса пешонаси тиришарди. Аммо, тўқайгача суст борарди-ю, сувга тушди дегунча ҳамма нарсани унутиб, ишга жон-жаҳди билан киришиб кетарди. У балиқни меҳмонларнинг сонига қараб тутар, чамасига етмагунча сувдан чиқмасди.
Меҳмонлар одатда учта-тўртта бўлиб келишарди.
Кўпинча уларни отам ўзи бошлаб кирар, бироқ отамнинг йўғида ҳам келишаверарди. Фақат бир киши ҳамиша отам билан келарди. Фақат шу одамгина менга ёқмасди. Гавдаси бесўнақай, ранги совуқ, чақчайган кўзларига қарашга юрагим дов бермасди. Мўйлови ҳам бошқаларникига ўхшамас: лабининг икки четида осилиб турарди. У менга доим ҳиссиз, дағал овозда: «Ҳа, Қоравой, юрипсанми», деб қўяр, пешанамга тушган калта, тартибсиз пат-сочимни қўйнинг жунини чамалаб кўргандай ғижимлаб, эркалаган бўларди. Бошим зирқираб, кўзларимдан ёш чиқиб кетай дерди. Лекин сир бой бермас, гапига ҳам жавоб қайтармай, ерга қараб тураверардим. Кейин у қизларнинг майда сочидай ингичка ўрилган ва учи боғичли қилиб тугилган, юлғин сопи йилтиллаб кетган қамчинини: «Ма!» деб узатарди. Мен уни айвон устунидаги михга илиб қўярдим. Балиқдан кейин палов ҳам ейилиб бўлгач, у мени чақирарди: «Қоравой, қани, қамчинни опке-чи». У панжалари орасидан сизиб тушаётган ёғни қамчин дастасига суртиб-суртиб, яна менга қайтариб бергач, кафтини чарм этигининг қўнжига ишқалай бошларди. Сўнг товоққа чой қуярди-да, айлантириб-айлантириб бир кўтарарди ва хўрда ичгандай хўриллатиб, симириб юборарди. Ҳаммасидан ҳам унинг балиқ ейишини томоша қиладиган эди. У балиқни кўп ва жуда тез ер, бироқ кам нушхурт чиқарарди. Нима бало, қилтаноғини ҳам ютиб юборармикин, деб ҳайрон бўлардим.
Мен отамнинг ёнида ўтириб, унинг балиқни ошалаб ейишини ҳайрат билан кузатар, айрим хатти-ҳаракатларини кўрганимда бошимни отамнинг панасига эгиб, секин кулиб олардим. Кекирганида ҳиқилдоғи ўйнаб чиқар, учи ингичка ва узун мўйловлари балиқ қилтаноғига илашиб ҳадеб оғзига кириб кетар, у чайнашдан тўхтамаган ҳолда бош бармоғи билан чиқариб қўярди.
Дастурхонга фотиҳа ўқишгач, отам: «Қани, Комронбек!» дерди. Меҳмоннинг орқамдан: «Шу ўғлингиз эпчил, чаққон, улоққа тушадиган йигит бўлади-да», деганини эшитиб, қадамимни тезлатардим. Балиқхўр кишининг оти дарвозахонамизда турарди. Эгар қошига илинган қора, йилтироқ корзинкани бир сакрашда олиб, зум ўтмай отамга етказардим. Отам пиширилмасдан олиб қўйилган балиқларни қоғозга ўраб унга жойлаштирарди. Мен эсам қамчинни олиб, ғизилланимча отни дарвозахонадан кўчага етаклаб чиқардим.
Акамнинг-ку, уни кўришга кўзи йўқ эди-я, ҳатто опам ҳам: «Яна кепти балиқхўр киши», деб қўярди. Ўчоқ бошидан жилмайдиган онам хурсандми ё хафами — буни билолмасдим, тўғриси, энди эсласам, қизиқмаган эканман. Фақат бир марта опам ғудраниб тандирга ўт қўяётганида унинг: «Қовоғингни оч, Саломат, отанг сезиб қолса, ҳали ҳаммамизни қақшатади, у отангнинг хўжайинларидан», дегани қулоғимга чалинган.
«Балиқхўр» бизникига охирги сафар келганида тахминан эрта баҳор эди. Қаттиқ келган қишнинг ҳали заҳри кетмаганди. «Балиқхўр киши» биринчи марта кўпчилик билан келди. Шериклари ҳам ўзига ўхшаган қориндор-қориндор-у фақат мўйловлари йўқ эди, холос.
Отам меҳмонларни катта уйга жойлаштириб, тезда ҳаммамиз тиқилиб ўтирган даҳлизга қайтиб чиқдида паст овозда иш тақсимлай кетди:
— Онаси, дарров суюқ ошга урин, қўй ёғидан кўпроқ тўғрамчилаб, жазла. Саломат, баланд сўридаги узум, анордан олиб туш, қовунданам, эски чакмонга ўраб қўйганман. Кейин қўшнилардан қатиқ топ, кўпроқ, ҳа, сарёғам. Бўла қол, оёғингни қўлингга ол. Комил, укангни бошла тўқайга. Мўлроқ тутиб келинглар. Судралмай илдамроқ қимирла.
Акам анграйиб отамга, кейин кўзларини мўлтиллатиб онамга қаради.
— Шундай совуқда-я?.. — Онам акамдан кўз узмай, юрак ютиб, аммо журъатсизгина шундай деди.
— Ҳеч нарса қилмайди, тўрда овлашади. Атайлаб балиқхўрликка келишган. Қани, нонни опке, чойни тезлаштир! — Отам онамнинг олдига борди-да, унинг қулоғига бир нарсалар деб шивирлади. Бу гап онамга ёқмади шекилли, пешанасини тириштирди.
Акам ҳамон жойидан қимир этмас, кўзларини ўчоқда гувиллаб ёнаётган оловга қадаганча киприк қоқмай турарди. Ўша пайтда унинг хаёлидан нималар кечгани менга ҳозиргача қоронғи. Катта уйга кириб кетаётган отам қўлини эшик тутқичига узатганча тўхтаб қолди, кифти оша акамга қаради ва анча силлиқлашган то-вушда: «Иссиқроқ кийинвол, ўғлим»… дедию нигоҳини тезда қайириб, шаҳд билан тутқичга ёпишди. Лекин ичкаридан эшикни оҳиста ва зич ёпди. Назаримда, у эшикка суяниб бир оз туриб қолгандай туюлди.
Човгумдан чойнакка қайноқ сув қуяётган онам: «Шу пайтда зарилаканми?.. Кимга нима қайғи… Сал кун илиганда келишсаям бўларди, тўқайга ўт тушиб, балиқ қирилиб кетмасди…» деб ғудранди. Кейин у бизга зўрлаб икки пиёладан иссиқ чой ичирди, қалин кийинтирди.
Тўғриси, шу пайтда балиқ овига менинг ҳам ҳеч боргим йўқ эди. Акам оёғига илашган тош-кесакларни жаҳл билан тепиб кетар, ўзича минғирлар, мен қунишганча унинг орқасидан индамай тўр судраб борардим.
Ариқларнинг бўйларида, марзаларда кўклам нишонаси — ялпизлар бодроқ-бодроқ бўлиб чиқа бошлаган, бақаларнинг «вақ-вақа»си авжида, чимзорлардаги кузда ўт қўйиб куйдирилган ажриқларнинг томирларидан чиққан янги, кўм-кўк гиёҳлар ер бағридаги ҳаётнинг қайтадан жонланганидан далолат берарди. Сўппайган қовжироқ қамишлар изғиринли кўклам шамолида бир-бирига урилиб, нохуш овоз таратарди. Икки лаби кўкариб қолган Димариқ ҳали ҳеч ким ва ҳеч нима лойқалатиб улгурмагани учун тип-тиниқ, билинар-билинмас, майин чайқалиб ётарди. Сув остида онда-сонда майда-чуйда балиқлар кўзга ташланиб қоларди.
Акам Димариқнинг торроқ жойига тўр солди. Мен ариқнинг тепароғига бориб, узун калтак билан балиқларни ҳайдай бошладим. Сув бир зумда қоп-қора бўтанага айланди. Акам тўрни кўтарди. Ҳавода бир неча майда чавақ ялт-юлт этдию чўлп-чўлп қилиб сувга гушиб кетди. Қайтадан тўр солдик. Бу сафар иримигаям биронта илинмади.
— Ҳали балиқлар камаридан чиқмапти, — деди акам тўнғиллаб.
— Энди нима бўлади?
— Нима бўларди, камарга тушаман-да.
— Совуғ-у ака, совқотмайсизми?
— Нима қиламан? Балиқ топиб бориш керак.
Акам отамнинг гапини икки қилмас, бошлаган ишини, албатта, охирига етказарди. «Фалон нарса битмай қолди» ё «йўқ экан» деганини билмайман. Бундай бўлишига отам йўл қўймасди ҳам.
Яна бир марта уриниб кўрганимиздан кейин акам тўрни қўриққа отиб юбориб, ечина бошлади. Акамга Димарикдаги, умуман, тўқайнинг ҳамма булоқ ва ариқлардаги балиқ камарлари беш қўлдай маълум эди. У ариқнинг чуқурроқ жойини, балиқнинг камарини мўлжаллаб шўнғиди. Сув тиниқ бўлгани учун унинг ҳаракатлари аниқ кўринарди. Тўғри бориб пўсти қолмаган, сув ялаб ўтаётган япасқи тол тўнкаси остига қўл суқди. Амфибия одамдай сув остида ҳар замонда оёқларини силтаб, муаллақ ҳолда анча туриб қолди, кейин орқасига тисарилиб, сув бетига отилиб чикди. Унинг икки қўлида бир ярим-икки қарич келадиган иккита зоғора балиқ типирчиларди. Акам балиқларни қирғоққа ирғитиб яна шўнғиди. Кейин яна… Афтидан, улгуржи балиқ топиб олганидан у ҳам ўзида йўқ хурсанд, совуқни ҳам унутган эди. У ҳар гал балиқни менга ташлаётиб «нечта бўлди» деб сўрарди-ю, лекин жавоб кутмай шўнғиб кетарди. Ўн бештага борганда акам сувдан чиқди. Бадани қорда ишқалангандай қип-қизариб кетган, дағ-дағ қалтирар, тишлари бир-бирига тегиб такилларди.
Уйга етгунча югургилаб келдик. Акам даҳлизга кирдию ўзини сандалга урди. Онам: «Бечора болам-эй», деб унинг юзларини, кўкракларини, қўлларини ишқалади, иссиқ чой ичирди, устига якандозлардан ташлади, сандалга яна икки хокандоз чўғ содди. Акам совқотиб кетяпман, жунжикиб кетяпман, деб бир оз ётдию ухлаб қолди.
Балиқни опам иккаламиз айвонда тозалаб бериб турдик, онам қовуришга тушди. Отам тайёр бўлганини пешма-пеш ичкарига олиб кириб кетарди. Меҳмонлар жуда ҳурсанд: хохолашар, айниқса, «балиқхўр киши»нинг кулгиси момагулдиракдай уйнинг деразаларини зириллатиб юборарди.
— Бўронбекнинг ўғли қишда муз тешиб бўлсаям балиқ тутиб беради, демадимми сизларга!
— Отасининг ўғли-да! Мард, улфат одамнинг фарзандиям мард, улфат бўлиши керак-да!
— Ҳа, ҳамма гап отасида.
Қизиқ гап бўлмаса ҳам қийқириқ, кулги кўтарилди.
— Мана энди бундан бу ёғи балиқ сайли, — яна «балиқхўр киши»нинг овози эшитилди. — Қачон десанглар келаверамиз, хўжалик мудиримизни ҳамиша эшиги очиқ.
Меҳмонлар қоронғи тушганда қўзғалишди Эшик тарақлаб очилиб, остонада «балиқхўр» кўринди. У чайқалиб кетишдан ўзини аранг тутиб турар, қулочини кериб, икки қўли билан эшик кесакиларидан маҳкам ушлаб олганди. Унинг пашша қўнса сирғалиб кетадиган силлиқ бошида тер ялтирар, гўштдор, қора юзлари чўғдай қизариб, кўзларининг оқи жигарранг тусга кира бошлаганди.
— Келин! Раҳмат… Аммо балиқни зўр қовурибсиз. Бу… биззи қаҳрамон кўринмайди?.. Ие, ухлаб қопти-да, ҳа, майли, дамини олсин…
У эҳтиёткорлик билан қадам ташлаб сандал ёнига келди. Энгашмоқчи бўлганди, азбаройи тўйиб кетганидан эгилолмади. Амаллаб қўлини акамнинг жағига етказиб, эркалаган бўлди.
— Шоввоз йигит, ботир йигит… Ўғилдан хўп берганда сизларга… Мана шу Комилбек бор деб келамизда биз… Яшаворсин, азамат. Балиқни зўридан тутибди. Маза қилдик…
Меҳмонлардан бири уни қўлтиғидан суяб ташқарига бошлади.
Бу пайтда онам ўчоқ оддида бошини хам қилганича юзини ярим яшириб турар, отам эса пиширмай олиб қўйилган балиқларни қора корзинкага жойлаш билан банд эди.
Меҳмонлар телва-тескари босишиб кўча томон юришди. Пичан еяётган отларини тимирскиланиб аранг ечишди-да, сувлиғини ҳам солмай эгарга ёпишишди.
От туёқларининг «тақа-туқ»и анчагача эшитилиб турди.
Қайтиб кирганимда уйнинг деразалари ланг очиқ, онам оғзини дока рўмол билан тўсиб олиб, дастурхонни йиғиштирарди.
— Комрон, манави савил қоғур шишаларни йўқот кўзимдан нарироққа! — деб қичқириб қолди у менга.
Хона димиқиб, папирос тутунлари шифтнинг тўсинлари орасида сийрак булутга ўхшаб сузиб юрар, тахир, ачимтир, қўланса таъмлар, балиқ ҳиди, нос иси аралаш-қуралаш бўлиб кетганди.
Уйни тозалаб бўлиб печкани қайтадан ёқдик-да, Унинг яқинига жой қилиб, акамни уйғотдик. Онам:
«Тур, тур ўғлим, ичкарига жой солиб қўйдим, иссиққина, кириб ёт», деб эланар, акам бўлса унинг гапларини эшитмагандай нуқул: «А, а, нима?»… дерди. Хуллас, уни бир амаллаб турғаздик. Лекин у карахт одамдай жойидан жилмас, қовоқларини зўр билан кериб очган кўзлари юмилиб кетарди. Онам унинг тирсагидан тутиб ичкарига бошлади. Акам ўринга кирдию устига кўрпани тортди. Онамнинг: «Чой ичиб олмайсанми, овқат есанг-чи», деган илтижолари жавобсиз қолди.
Отам меҳмонларни кузатиб қайтганида биз ҳаммамиз акамнинг бошида ўтирардик. Онам уни кўрдию тутоқиб кетди:
— Қайси гўрда қолдингиз? Йўқ ердан балиқ топиб сийлаганингизам етарди-ю, уйларигача обориб қўйдингизми?! Бола қийналиб кетди! Дўхтир топиб келиш керак!
Қамчинни этигига уриб келаётган отам таққа тўхтаб, онамга ғазаб билан тикилди, лекин кўзлари нурсизланиб ранги оқариб кетган эди. Кейин шитоб келиб акамнинг ёнига чўнқайиб, кафтини унинг манглайига қўйди.
— Комил! Комилжон!
Акам жавоб бермади. У қисқа, аммо тез-тез нафас оларди. Отам онамга юзланди:
— Овқат-повқат едими?!
— Туз тотгани йўқ, болам шўрлик, — дея жавоб берди онам йиғламсираб.
Отам чиқиб кетди. Кўчада от туёқларининг тасир-тусири эшитилди.
Опам акамнинг оёқларини уқалаб, пиқиллаб йиғлар, онам эса унинг пешонасига оқ дуррачани қайта-қайта ҳўллаб босар, мен нима қилишимни билмай бир чеккада уларнинг хатти-ҳаракатини, онамнинг ҳолатини кузатиб ўтирардим. Онам ҳар замонда: «Вой, онагинанг ўргилсин-эй, вой томоғингга қилтаноқ тиқилгурлар-эй, бирор сафар балиқ емай кетишса нима қиларди-я, бадани ёняпти буни, қўлни куйдиради-я», дея уф тортар, акам бўлса ўзи билан ўзи овора бўлиб, иситма билан олишар, алаҳларди. У хаёлида нуқул менга гапирарди: «Комиш, топдим! Балиқнинг конини топдим! Икки қаричли сазан… Ол! Ушла, сувга тушиб кетмасин!.. Нечта бўлди?.. Ҳозир, ҳозир чиқаман…»
Қачон, қандай ухлаб қолганимни билмайман. Эрталаб турсам, акам энди тинчиб ором олаётган экан. Кечаси доктор келиб укол қилибди, хавфли эмас, сал совуқ ўтибди холос, деб кетибди. Чиндан ҳам акамнинг иситмаси пасайди, озроқ овқат еган ҳам бўлди. Лекин барибир алаҳсирайверди. Ҳаммамиз унинг атрофида парвона эдик. Айниқса, отам олдидан бир қадам ҳам жилмади, десам бўлади. Ўзи мажбурлаб озгина шолғом шўрва, иссиқ чой ичирди. Устини бирдай ўраб турди. Бир-икки марта киприкларида нимадир йилтиллаганини кўриб қолдим. Ҳаммасидан ҳам опам иккимизни «сиз»лагани ғалати туюларди. Ғайрати терисига сиғмайдиган, чапдаст ва жангари одам бир кеча-кундузда чўкиб, хаста, синиқ қарияга айланиб қолди. Назаримда, бир соатда бир энлик этидан тушаётгандай эди.
Онам бўлса, кун бўйи қовоғини очмади. Ҳар замонда ўзича ғудраниб қўярди.
Акам кундузи тез-тез безовталаниб ётдию кечга бориб иситмаси яна кўтарилиб кетди. У ўқтин-ўқтин қалтираб-титраб кетар, лаблари пирпираб учиб-учиб қўяр, тилини чапиллатиб тамшанарди. Алаҳсираши кучайди. Узуқ-юлуқ гапларидан худди ниманидир қувалаётгандай, кимдандир нажот кутиб, мадад сўраётгандай бўларди. Ярим кечага борганда тинчиб ухлаб қолди. Шундан кейин биз ҳам ётдик.
Қаттиқ дод-войдан уйғониб кетдим. Онам билан опам акамнинг устига ётиб олишганича ҳўнграб йиғлашар, отам бир қўлида акамнинг жағини ушлаб, иккинчи қўли билан ҳадеб унинг қовоқларини ишқалар, «ҳиқ-ҳиқ» қилганида елкалари титрар, икки кўзидан шовуллаб ёш қуюларди. Мен аввалига ҳеч нарсага тушунмай анграйиб қараб қолдим. Кейин юрагим совуқ бир нарсани сезиб, акамнинг устига ўзимни ташладим. Мук тушганча, тушунибми-тушунмайми, узоқ йиғладим. Ўзимни тутолмас, нимадир мени йиғлашга мажбур қиларди. Лекин барибир бола эдим-да. Бир оздан сўнг акам эсимдан чикди. Ҳовлимизга кираётган одамларнинг кўплигини кўриб оғзим очиларди. Ҳатто тўйимда ҳам бунча одам келганмас, деб ўйлардим ўзимча.
Отам гангиб қолгандай, ким гапирса ўшанинг оғзига Қарарди. У нуқул мени бағрига босар, ёнидан жилдирмасди.
Биз отам билан дарвозахонамизда турардик. Баъзилар отамни қучоқлаб йиғлашар, биров сўрашиб, бошқаси бош қимирлатганча индамай ҳовлига ўтиб кетарди.
Бир маҳал келаётганлар орасида «балиқхўр киши кўриниб қолди. Мен ҳозир сочимдан тортқилайди, деб ўзимни отамнинг орқасига яширдим. Агар қўл чўзадиган бўлса шартта қочиб кетаман деб мўлжаллаб турдим. Лекин у менга эътибор ҳам бермади. Ҳатто бошини ҳам кўтармасди. Отамнинг олдига келиб тўхтади-да, бир нималар деб пичирлади. Мен фақат «бандачилик-да, бандачилик…» деганини эшитдим. Ота тескари ўгирилди…
Ўшандан бери балиқни кўрсам сесканиб кетаман.

Men birinchi sinfga qatnardim. Akam yettida o‘qirdi. Otam xo‘jalik mudiri edi. Uyimizga tez-tez mehmon kelib turardi. Har safar har xil kishilar: oriq, semiz, novcha, pakana, mo‘ylovli, mo‘ylovsiz… 

Qamchibek Kenja
BALIQ OVI
07

https://4.downloader.disk.yandex.com/preview/57f1dd9184eb23bae747fc7afbbed78f624c9f2413e9071f21f7b162ebc11094/inf/fUX3ip2BiYU5_cl7RsddhYIT8I4fEbEygwXIns34leqdGVnQHnfijzFh6z5Wz61Aq_J6bpmRyOJonT3VoXnDag%3D%3D?uid=395936343&filename=0_14ce96_616e08e2_orig.png&disposition=inline&hash=&limit=0&content_type=image%2Fpng&tknv=v2&size=1903x889Qamchibek Kenja 1946 yil 15 avgustda Andijon viloyatining Izboskan tumanidagi Gurkurov qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi. ToshDUning filologiya fakultetini tugatgan (1969). Dastlabki she’riy to’plami — «Sog’inch» (1975). Yozuvchining «Yashil barg» degan birinchi hikoyalar to’plami esa 1977 yilda nashr etilgan. «Ko’ngil ko’chalari» (1979), «Ishqing tushsa» (1981), «Orzumandlar» (1982), «Notanish gul» (1986), «Tog’ yo’lida bir oqshom» (1987), «Sohildagi suv parisi» (1993), «Qizil gullar» (1995), «Soxibjamol ayol siri» (1996), «Kulgibaxsh umr» (1997), «Boburiylardan biri» (2000), «Baxt qushi yoki ushalgan orzular» (2001), «Xamir uchidan patir yoxud kulcha hikoyalar» (2005),«Toshqin» (2010), «Ko’ngil kechinmalari» (2011) «Palaxmon» (2011), «Jasorat» (2012) 2 jildli «Saylanma» (2006-2007) kabi she’riy, nasriy va publitsistik kitoblari chop etilgan. Safarnomalar yozgan («Xind sorig’a», «Buyuklar izidan» va boshqa).A. S. Pushkin, X. Xeyne, SH. Petefi, V. Bryusov, M. Svetlov kabi shoirlarning asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

07

Men birinchi sinfga qatnardim. Akam yettida o‘qirdi. Otam xo‘jalik mudiri edi. Uyimizga tez-tez mehmon kelib turardi. Har safar har xil kishilar: oriq, semiz, novcha, pakana, mo‘ylovli, mo‘ylovsiz… Ularning ko‘pini tanimasam-da, o‘zimda yo‘q sevinib ketardim. Chunki mehmon kelsa, akam ikkimiz, albatta, baliq oviga jo‘nardik. Qishlog‘imizning kunbotar tomonida to‘qay bo‘lib, hali zovurlar qazilmagan, zaxob suvlar quritilmagandi. Katta-kichik buloqlarda, ayniqsa, Dimariqda (dimlanib oqqani uchun shunday deyilardi) baliq mo‘l bo‘lar edi. Suv ko‘payganda hatto to‘qay ichidagi sholipoyalarga ham baliq chiqib ketardi. Shanba-yakshanbada bu yerga bolalar to‘lib ketardiki, kim qarmoq ko‘targan, kim to‘r sudragan…
Men akamning baliq tutishini ko‘rishga ishqiboz edim. U baliq ovlashga usta edi. To‘rdayam, sanchiqdayam bir zumda bir paqirini ilintirardi. Hatto qo‘ldayam. Suv ostiga sho‘ng‘ib, baliqlarni o‘z kamaridan tutib chiqardi. Hech narsadan, ilondan ham qo‘rqmasdi. Ilon ko‘rdimi, tamom, uni dumidan ushlab aylantirib-aylantirib otib yubormaguncha ko‘ngli joyiga tushmasdi. Qirg‘oqda kulcha bo‘lib, mudrayotgan ilonlar sharpamizni sezdi deguncha jilib qolishar yo o‘zlarini suvga urishardi.
O’rtoqlarimning havasi kelar, men kerilib, «akang Qarag‘ayning akasi shunaqa», deb ko‘kragimga urardim. Bolalar chuvillashib akamning izidan ergashib yurishar, undan ilon ushlab ko‘rsatishni so‘rab, yalinib-yolvorishardi. Akam ko‘pincha ularga yo‘q demasdi. Bunday vaqtda bolalar akamning qo‘lidagi ilonning havoda doira yasab, chirillab aylanishini uzoqdan, bir-birining pinjiga kirishganicha, qo‘rqa-pisa tamosha qilishardi. Ilon o‘ttiz-qirq qadam nariga shaloplab tushgach, o‘shayoqqa chopishar, sulayib yotgan gazandaning o‘lganiga ishonch hosil qilishgandan so‘nggina unga yaqinlashishardi. Bironta yuraklisi (u ham iloji boricha o‘zini orqaroqqa olib) ilonning dumiga hadiksirab qo‘l uzatardi. Shundan keyin boshqalar, men bir aylantiray, men bir ushlab ko‘ray, deb talashib ketishar, so‘ngra murosaga kelishib, to‘qay o‘rtasidagi keng chimzor maydonda navbatma-navbat, kim uzoqqa otar o‘ynardilar.
Akam ularga qo‘shilishimga ruxsat bermasdi. Birpas o‘ksinib turardim-u, akam sayoz joyga, quruqlikka irg‘itgan zog‘ora baliqning jon holatda sapchib-sapchib tushishini, suvning chuqurroq yeriga intilishini, tangalarining oftobda yalt-yult qilishini ko‘rib, arazni esdan chiqarardim. Keyin akam tol yo yulg‘indan kesib bergan ilmoqli chiviqqa baliqlarni tizib, sholipoyalarning ensiz polida langarsiz dorbozlarday lapanglab, akam qayoqqa borsa, orqasidan ko‘tarib yurardim. Ko‘p o‘tmay bolalar suvni shaloplatib yugurib kelishar va yana xarxashasini boshlashardi. Akam tag‘in ilon qidirib ketar, lekin endi uni ushlab, bolalarni quvib qolardi. Ularning har yoqqa tiraqaylab qochishini ko‘rib, qotib-qotib kulardim.
O’shanaqa paytlarda men juda yayrab ketardim. Shuning uchun ham mehmonning qorasini ko‘rishim bilan irg‘ishlab, poxol yoyadigan kattakon ayri yog‘ochga ipdan to‘qilgan kichkinagina, bir kishilik to‘r turadigan baland so‘riga chopardim. Akam bo‘lsa, menga xo‘mrayib, biqinimga sekingina bir musht tushirar, takaga o‘xshab irg‘ishlama, deb jerkib berardi. Popugim pasayib, ko‘zimni yengim bilan ishqalagancha indamay uyning orqasiga o‘tib, o‘tirib olardim. Birpasdan keyin akamning o‘zi chaqirardi:
— Kom! To‘rni ol, ketdik.
To‘rni yelkamga tashlab, akamning oldiga tushardim.
Bilaman, baliq ovlash akamning joniga tegib ketgan. Shuning uchun eshikdan begona tovushni eshitsa peshonasi tirishardi. Ammo, to‘qaygacha sust borardi-yu, suvga tushdi deguncha hamma narsani unutib, ishga jon-jahdi bilan kirishib ketardi. U baliqni mehmonlarning soniga qarab tutar, chamasiga yetmaguncha suvdan chiqmasdi.
Mehmonlar odatda uchta-to‘rtta bo‘lib kelishardi.
Ko‘pincha ularni otam o‘zi boshlab kirar, biroq otamning yo‘g‘ida ham kelishaverardi. Faqat bir kishi hamisha otam bilan kelardi. Faqat shu odamgina menga yoqmasdi. Gavdasi beso‘naqay, rangi sovuq, chaqchaygan ko‘zlariga qarashga yuragim dov bermasdi. Mo‘ylovi ham boshqalarnikiga o‘xshamas: labining ikki chetida osilib turardi. U menga doim hissiz, dag‘al ovozda: «Ha, Qoravoy, yuripsanmi», deb qo‘yar, peshanamga tushgan kalta, tartibsiz pat-sochimni qo‘yning junini chamalab ko‘rganday g‘ijimlab, erkalagan bo‘lardi. Boshim zirqirab, ko‘zlarimdan yosh chiqib ketay derdi. Lekin sir boy bermas, gapiga ham javob qaytarmay, yerga qarab turaverardim. Keyin u qizlarning mayda sochiday ingichka o‘rilgan va uchi bog‘ichli qilib tugilgan, yulg‘in sopi yiltillab ketgan qamchinini: «Ma!» deb uzatardi. Men uni ayvon ustunidagi mixga ilib qo‘yardim. Baliqdan keyin palov ham yeyilib bo‘lgach, u meni chaqirardi: «Qoravoy, qani, qamchinni opke-chi». U panjalari orasidan sizib tushayotgan yog‘ni qamchin dastasiga surtib-surtib, yana menga qaytarib bergach, kaftini charm etigining qo‘njiga ishqalay boshlardi. So‘ng tovoqqa choy quyardi-da, aylantirib-aylantirib bir ko‘tarardi va xo‘rda ichganday xo‘rillatib, simirib yuborardi. Hammasidan ham uning baliq yeyishini tomosha qiladigan edi. U baliqni ko‘p va juda tez yer, biroq kam nushxurt chiqarardi. Nima balo, qiltanog‘ini ham yutib yuborarmikin, deb hayron bo‘lardim.
Men otamning yonida o‘tirib, uning baliqni oshalab yeyishini hayrat bilan kuzatar, ayrim xatti-harakatlarini ko‘rganimda boshimni otamning panasiga egib, sekin kulib olardim. Kekirganida hiqildog‘i o‘ynab chiqar, uchi ingichka va uzun mo‘ylovlari baliq qiltanog‘iga ilashib hadeb og‘ziga kirib ketar, u chaynashdan to‘xtamagan holda bosh barmog‘i bilan chiqarib qo‘yardi.
Dasturxonga fotiha o‘qishgach, otam: «Qani, Komronbek!» derdi. Mehmonning orqamdan: «Shu o‘g‘lingiz epchil, chaqqon, uloqqa tushadigan yigit bo‘ladi-da», deganini eshitib, qadamimni tezlatardim. Baliqxo‘r kishining oti darvozaxonamizda turardi. Egar qoshiga ilingan qora, yiltiroq korzinkani bir sakrashda olib, zum o‘tmay otamga yetkazardim. Otam pishirilmasdan olib qo‘yilgan baliqlarni qog‘ozga o‘rab unga joylashtirardi. Men esam qamchinni olib, g‘izillanimcha otni darvozaxonadan ko‘chaga yetaklab chiqardim.
Akamning-ku, uni ko‘rishga ko‘zi yo‘q edi-ya, hatto opam ham: «Yana kepti baliqxo‘r kishi», deb qo‘yardi. O’choq boshidan jilmaydigan onam xursandmi yo xafami — buni bilolmasdim, to‘g‘risi, endi eslasam, qiziqmagan ekanman. Faqat bir marta opam g‘udranib tandirga o‘t qo‘yayotganida uning: «Qovog‘ingni och, Salomat, otang sezib qolsa, hali hammamizni qaqshatadi, u otangning xo‘jayinlaridan», degani qulog‘imga chalingan.
«Baliqxo‘r» biznikiga oxirgi safar kelganida taxminan erta bahor edi. Qattiq kelgan qishning hali zahri ketmagandi. «Baliqxo‘r kishi» birinchi marta ko‘pchilik bilan keldi. Sheriklari ham o‘ziga o‘xshagan qorindor-qorindor-u faqat mo‘ylovlari yo‘q edi, xolos.
Otam mehmonlarni katta uyga joylashtirib, tezda hammamiz tiqilib o‘tirgan dahlizga qaytib chiqdida past ovozda ish taqsimlay ketdi:
— Onasi, darrov suyuq oshga urin, qo‘y yog‘idan ko‘proq to‘g‘ramchilab, jazla. Salomat, baland so‘ridagi uzum, anordan olib tush, qovundanam, eski chakmonga o‘rab qo‘yganman. Keyin qo‘shnilardan qatiq top, ko‘proq, ha, saryog‘am. Bo‘la qol, oyog‘ingni qo‘lingga ol. Komil, ukangni boshla to‘qayga. Mo‘lroq tutib kelinglar. Sudralmay ildamroq qimirla.
Akam angrayib otamga, keyin ko‘zlarini mo‘ltillatib onamga qaradi.
— Shunday sovuqda-ya?.. — Onam akamdan ko‘z uzmay, yurak yutib, ammo jur’atsizgina shunday dedi.
— Hech narsa qilmaydi, to‘rda ovlashadi. Ataylab baliqxo‘rlikka kelishgan. Qani, nonni opke, choyni tezlashtir! — Otam onamning oldiga bordi-da, uning qulog‘iga bir narsalar deb shivirladi. Bu gap onamga yoqmadi shekilli, peshanasini tirishtirdi.
Akam hamon joyidan qimir etmas, ko‘zlarini o‘choqda guvillab yonayotgan olovga qadagancha kiprik qoqmay turardi. O’sha paytda uning xayolidan nimalar kechgani menga hozirgacha qorong‘i. Katta uyga kirib ketayotgan otam qo‘lini eshik tutqichiga uzatgancha to‘xtab qoldi, kifti osha akamga qaradi va ancha silliqlashgan to-vushda: «Issiqroq kiyinvol, o‘g‘lim»… dediyu nigohini tezda qayirib, shahd bilan tutqichga yopishdi. Lekin ichkaridan eshikni ohista va zich yopdi. Nazarimda, u eshikka suyanib bir oz turib qolganday tuyuldi.
Chovgumdan choynakka qaynoq suv quyayotgan onam: «Shu paytda zarilakanmi?.. Kimga nima qayg‘i… Sal kun iliganda kelishsayam bo‘lardi, to‘qayga o‘t tushib, baliq qirilib ketmasdi…» deb g‘udrandi. Keyin u bizga zo‘rlab ikki piyoladan issiq choy ichirdi, qalin kiyintirdi.
To‘g‘risi, shu paytda baliq oviga mening ham hech borgim yo‘q edi. Akam oyog‘iga ilashgan tosh-kesaklarni jahl bilan tepib ketar, o‘zicha ming‘irlar, men qunishgancha uning orqasidan indamay to‘r sudrab borardim.
Ariqlarning bo‘ylarida, marzalarda ko‘klam nishonasi — yalpizlar bodroq-bodroq bo‘lib chiqa boshlagan, baqalarning «vaq-vaqa»si avjida, chimzorlardagi kuzda o‘t qo‘yib kuydirilgan ajriqlarning tomirlaridan chiqqan yangi, ko‘m-ko‘k giyohlar yer bag‘ridagi hayotning qaytadan jonlanganidan dalolat berardi. So‘ppaygan qovjiroq qamishlar izg‘irinli ko‘klam shamolida bir-biriga urilib, noxush ovoz taratardi. Ikki labi ko‘karib qolgan Dimariq hali hech kim va hech nima loyqalatib ulgurmagani uchun tip-tiniq, bilinar-bilinmas, mayin chayqalib yotardi. Suv ostida onda-sonda mayda-chuyda baliqlar ko‘zga tashlanib qolardi.
Akam Dimariqning torroq joyiga to‘r soldi. Men ariqning teparog‘iga borib, uzun kaltak bilan baliqlarni hayday boshladim. Suv bir zumda qop-qora bo‘tanaga aylandi. Akam to‘rni ko‘tardi. Havoda bir necha mayda chavaq yalt-yult etdiyu cho‘lp-cho‘lp qilib suvga gushib ketdi. Qaytadan to‘r soldik. Bu safar irimigayam bironta ilinmadi.
— Hali baliqlar kamaridan chiqmapti, — dedi akam to‘ng‘illab.
— Endi nima bo‘ladi?
— Nima bo‘lardi, kamarga tushaman-da.
— Sovug‘-u aka, sovqotmaysizmi?
— Nima qilaman? Baliq topib borish kerak.
Akam otamning gapini ikki qilmas, boshlagan ishini, albatta, oxiriga yetkazardi. «Falon narsa bitmay qoldi» yo «yo‘q ekan» deganini bilmayman. Bunday bo‘lishiga otam yo‘l qo‘ymasdi ham.
Yana bir marta urinib ko‘rganimizdan keyin akam to‘rni qo‘riqqa otib yuborib, yechina boshladi. Akamga Dimarikdagi, umuman, to‘qayning hamma buloq va ariqlardagi baliq kamarlari besh qo‘lday ma’lum edi. U ariqning chuqurroq joyini, baliqning kamarini mo‘ljallab sho‘ng‘idi. Suv tiniq bo‘lgani uchun uning harakatlari aniq ko‘rinardi. To‘g‘ri borib po‘sti qolmagan, suv yalab o‘tayotgan yapasqi tol to‘nkasi ostiga qo‘l suqdi. Amfibiya odamday suv ostida har zamonda oyoqlarini siltab, muallaq holda ancha turib qoldi, keyin orqasiga tisarilib, suv betiga otilib chikdi. Uning ikki qo‘lida bir yarim-ikki qarich keladigan ikkita zog‘ora baliq tipirchilardi. Akam baliqlarni qirg‘oqqa irg‘itib yana sho‘ng‘idi. Keyin yana… Aftidan, ulgurji baliq topib olganidan u ham o‘zida yo‘q xursand, sovuqni ham unutgan edi. U har gal baliqni menga tashlayotib «nechta bo‘ldi» deb so‘rardi-yu, lekin javob kutmay sho‘ng‘ib ketardi. O’n beshtaga borganda akam suvdan chiqdi. Badani qorda ishqalanganday qip-qizarib ketgan, dag‘-dag‘ qaltirar, tishlari bir-biriga tegib takillardi.
Uyga yetguncha yugurgilab keldik. Akam dahlizga kirdiyu o‘zini sandalga urdi. Onam: «Bechora bolam-ey», deb uning yuzlarini, ko‘kraklarini, qo‘llarini ishqaladi, issiq choy ichirdi, ustiga yakandozlardan tashladi, sandalga yana ikki xokandoz cho‘g‘ soddi. Akam sovqotib ketyapman, junjikib ketyapman, deb bir oz yotdiyu uxlab qoldi.
Baliqni opam ikkalamiz ayvonda tozalab berib turdik, onam qovurishga tushdi. Otam tayyor bo‘lganini peshma-pesh ichkariga olib kirib ketardi. Mehmonlar juda hursand: xoxolashar, ayniqsa, «baliqxo‘r kishi»ning kulgisi momaguldirakday uyning derazalarini zirillatib yuborardi.
— Bo‘ronbekning o‘g‘li qishda muz teshib bo‘lsayam baliq tutib beradi, demadimmi sizlarga!
— Otasining o‘g‘li-da! Mard, ulfat odamning farzandiyam mard, ulfat bo‘lishi kerak-da!
— Ha, hamma gap otasida.
Qiziq gap bo‘lmasa ham qiyqiriq, kulgi ko‘tarildi.
— Mana endi bundan bu yog‘i baliq sayli, — yana «baliqxo‘r kishi»ning ovozi eshitildi. — Qachon desanglar kelaveramiz, xo‘jalik mudirimizni hamisha eshigi ochiq.
Mehmonlar qorong‘i tushganda qo‘zg‘alishdi Eshik taraqlab ochilib, ostonada «baliqxo‘r» ko‘rindi. U chayqalib ketishdan o‘zini arang tutib turar, qulochini kerib, ikki qo‘li bilan eshik kesakilaridan mahkam ushlab olgandi. Uning pashsha qo‘nsa sirg‘alib ketadigan silliq boshida ter yaltirar, go‘shtdor, qora yuzlari cho‘g‘day qizarib, ko‘zlarining oqi jigarrang tusga kira boshlagandi.
— Kelin! Rahmat… Ammo baliqni zo‘r qovuribsiz. Bu… bizzi qahramon ko‘rinmaydi?.. Ie, uxlab qopti-da, ha, mayli, damini olsin…
U ehtiyotkorlik bilan qadam tashlab sandal yoniga keldi. Engashmoqchi bo‘lgandi, azbaroyi to‘yib ketganidan egilolmadi. Amallab qo‘lini akamning jag‘iga yetkazib, erkalagan bo‘ldi.
— Shovvoz yigit, botir yigit… O’g‘ildan xo‘p berganda sizlarga… Mana shu Komilbek bor deb kelamizda biz… Yashavorsin, azamat. Baliqni zo‘ridan tutibdi. Maza qildik…
Mehmonlardan biri uni qo‘ltig‘idan suyab tashqariga boshladi.
Bu paytda onam o‘choq oddida boshini xam qilganicha yuzini yarim yashirib turar, otam esa pishirmay olib qo‘yilgan baliqlarni qora korzinkaga joylash bilan band edi.
Mehmonlar telva-teskari bosishib ko‘cha tomon yurishdi. Pichan yeyayotgan otlarini timirskilanib arang yechishdi-da, suvlig‘ini ham solmay egarga yopishishdi.
Ot tuyoqlarining «taqa-tuq»i anchagacha eshitilib turdi.
Qaytib kirganimda uyning derazalari lang ochiq, onam og‘zini doka ro‘mol bilan to‘sib olib, dasturxonni yig‘ishtirardi.
— Komron, manavi savil qog‘ur shishalarni yo‘qot ko‘zimdan nariroqqa! — deb qichqirib qoldi u menga.
Xona dimiqib, papiros tutunlari shiftning to‘sinlari orasida siyrak bulutga o‘xshab suzib yurar, taxir, achimtir, qo‘lansa ta’mlar, baliq hidi, nos isi aralash-quralash bo‘lib ketgandi.
Uyni tozalab bo‘lib pechkani qaytadan yoqdik-da, Uning yaqiniga joy qilib, akamni uyg‘otdik. Onam:
«Tur, tur o‘g‘lim, ichkariga joy solib qo‘ydim, issiqqina, kirib yot», deb elanar, akam bo‘lsa uning gaplarini eshitmaganday nuqul: «A, a, nima?»… derdi. Xullas, uni bir amallab turg‘azdik. Lekin u karaxt odamday joyidan jilmas, qovoqlarini zo‘r bilan kerib ochgan ko‘zlari yumilib ketardi. Onam uning tirsagidan tutib ichkariga boshladi. Akam o‘ringa kirdiyu ustiga ko‘rpani tortdi. Onamning: «Choy ichib olmaysanmi, ovqat yesang-chi», degan iltijolari javobsiz qoldi.
Otam mehmonlarni kuzatib qaytganida biz hammamiz akamning boshida o‘tirardik. Onam uni ko‘rdiyu tutoqib ketdi:
— Qaysi go‘rda qoldingiz? Yo‘q yerdan baliq topib siylaganingizam yetardi-yu, uylarigacha oborib qo‘ydingizmi?! Bola qiynalib ketdi! Do‘xtir topib kelish kerak!
Qamchinni etigiga urib kelayotgan otam taqqa to‘xtab, onamga g‘azab bilan tikildi, lekin ko‘zlari nursizlanib rangi oqarib ketgan edi. Keyin shitob kelib akamning yoniga cho‘nqayib, kaftini uning manglayiga qo‘ydi.
— Komil! Komiljon!
Akam javob bermadi. U qisqa, ammo tez-tez nafas olardi. Otam onamga yuzlandi:
— Ovqat-povqat yedimi?!
— Tuz totgani yo‘q, bolam sho‘rlik, — deya javob berdi onam yig‘lamsirab.
Otam chiqib ketdi. Ko‘chada ot tuyoqlarining tasir-tusiri eshitildi.
Opam akamning oyoqlarini uqalab, piqillab yig‘lar, onam esa uning peshonasiga oq durrachani qayta-qayta ho‘llab bosar, men nima qilishimni bilmay bir chekkada ularning xatti-harakatini, onamning holatini kuzatib o‘tirardim. Onam har zamonda: «Voy, onaginang o‘rgilsin-ey, voy tomog‘ingga qiltanoq tiqilgurlar-ey, biror safar baliq yemay ketishsa nima qilardi-ya, badani yonyapti buni, qo‘lni kuydiradi-ya», deya uf tortar, akam bo‘lsa o‘zi bilan o‘zi ovora bo‘lib, isitma bilan olishar, alahlardi. U xayolida nuqul menga gapirardi: «Komish, topdim! Baliqning konini topdim! Ikki qarichli sazan… Ol! Ushla, suvga tushib ketmasin!.. Nechta bo‘ldi?.. Hozir, hozir chiqaman…»
Qachon, qanday uxlab qolganimni bilmayman. Ertalab tursam, akam endi tinchib orom olayotgan ekan. Kechasi doktor kelib ukol qilibdi, xavfli emas, sal sovuq o‘tibdi xolos, deb ketibdi. Chindan ham akamning isitmasi pasaydi, ozroq ovqat yegan ham bo‘ldi. Lekin baribir alahsirayverdi. Hammamiz uning atrofida parvona edik. Ayniqsa, otam oldidan bir qadam ham jilmadi, desam bo‘ladi. O’zi majburlab ozgina sholg‘om sho‘rva, issiq choy ichirdi. Ustini birday o‘rab turdi. Bir-ikki marta kipriklarida nimadir yiltillaganini ko‘rib qoldim. Hammasidan ham opam ikkimizni «siz»lagani g‘alati tuyulardi. G’ayrati terisiga sig‘maydigan, chapdast va jangari odam bir kecha-kunduzda cho‘kib, xasta, siniq qariyaga aylanib qoldi. Nazarimda, bir soatda bir enlik etidan tushayotganday edi.
Onam bo‘lsa, kun bo‘yi qovog‘ini ochmadi. Har zamonda o‘zicha g‘udranib qo‘yardi.
Akam kunduzi tez-tez bezovtalanib yotdiyu kechga borib isitmasi yana ko‘tarilib ketdi. U o‘qtin-o‘qtin qaltirab-titrab ketar, lablari pirpirab uchib-uchib qo‘yar, tilini chapillatib tamshanardi. Alahsirashi kuchaydi. Uzuq-yuluq gaplaridan xuddi nimanidir quvalayotganday, kimdandir najot kutib, madad so‘rayotganday bo‘lardi. Yarim kechaga borganda tinchib uxlab qoldi. Shundan keyin biz ham yotdik.
Qattiq dod-voydan uyg‘onib ketdim. Onam bilan opam akamning ustiga yotib olishganicha ho‘ngrab yig‘lashar, otam bir qo‘lida akamning jag‘ini ushlab, ikkinchi qo‘li bilan hadeb uning qovoqlarini ishqalar, «hiq-hiq» qilganida yelkalari titrar, ikki ko‘zidan shovullab yosh quyulardi. Men avvaliga hech narsaga tushunmay angrayib qarab qoldim. Keyin yuragim sovuq bir narsani sezib, akamning ustiga o‘zimni tashladim. Muk tushgancha, tushunibmi-tushunmaymi, uzoq yig‘ladim. O’zimni tutolmas, nimadir meni yig‘lashga majbur qilardi. Lekin baribir bola edim-da. Bir ozdan so‘ng akam esimdan chikdi. Hovlimizga kirayotgan odamlarning ko‘pligini ko‘rib og‘zim ochilardi. Hatto to‘yimda ham buncha odam kelganmas, deb o‘ylardim o‘zimcha.
Otam gangib qolganday, kim gapirsa o‘shaning og‘ziga Qarardi. U nuqul meni bag‘riga bosar, yonidan jildirmasdi.
Biz otam bilan darvozaxonamizda turardik. Ba’zilar otamni quchoqlab yig‘lashar, birov so‘rashib, boshqasi bosh qimirlatgancha indamay hovliga o‘tib ketardi.
Bir mahal kelayotganlar orasida «baliqxo‘r kishi ko‘rinib qoldi. Men hozir sochimdan tortqilaydi, deb o‘zimni otamning orqasiga yashirdim. Agar qo‘l cho‘zadigan bo‘lsa shartta qochib ketaman deb mo‘ljallab turdim. Lekin u menga e’tibor ham bermadi. Hatto boshini ham ko‘tarmasdi. Otamning oldiga kelib to‘xtadi-da, bir nimalar deb pichirladi. Men faqat «bandachilik-da, bandachilik…» deganini eshitdim. Ota teskari o‘girildi…
O’shandan beri baliqni ko‘rsam seskanib ketaman.

02

(Tashriflar: umumiy 1 824, bugungi 1)

Izoh qoldiring