Qodiriyning ilk ustozi.

011
Қодирийдай буюк феномен ортида, албатта, кимларнингдир борлиги бизни масалага чуқурроқ киришга ундади. Маълумки, тақдир Қодирийга йигирма уч ёшидаёқ “европа гази билан ўлчанганда” ҳам мезон талаби даражасидаги бетакрор биринчи ўзбек романини яратишни насиб этди. ХХ аср бошида янгича услубда асар ёзиш ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бу жараённинг бир қанча манбалари мавжуд. Биз “Абдулла Қодирийга ким устозлик қилди, илк ўзбек романи қайси заминда унди ва ёзувчи нима учун айнан тарихий мавзуларга қўл урди?” каби саволларга оила ва муҳит муаммоси қамровида жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

07
ҚОДИРИЙНИНГ ИЛК УСТОЗИ
Санобар Тўлаганова
02

Миллат дардини ўз дардига алиштира олиш миссиясини олган ижодкор шахсининг буюк феноменга эврилиш жараёни мураккаб ҳодиса. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби зиёлиларнинг ижодкор-шахс мақоми даражасига етишиш йўлидаги босқичларни ўрганиш адабиёт илмидаги бир қанча муаммоларни ечиши аниқ. Сир эмаски, асримиз бошидаги машъум йилларда ижодкорлар биографияси асосан хронологик рақамлардан иборат мафкуравий андоза асосида “ясалган”, яъни у албатта камбағал, саводсиз, шўро туфайли ўқиган, ўтмишга нафрати чексиз, онги инқилоб орқасида ёришган бўлиши шарт эди. Шунинг учун Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Ойбек каби адибларимиз биографиясида ҳалигача бизга қоронғи бўлган жиҳатлар йўқ эмас. Бунда, асосийси, ижодкор шахси биографияси рақамлар соясида қолиши билан биргаликда, улар орасидаги тахминий маълумотларнинг борлиги ҳамон бизни чалғитмоқда. Ёзувчи ҳаётида нима бўлса, ўша ҳолатларни айнан, ўз ҳолича тасвир этиш, баъзан ҳаёт ҳақиқатидан чекинмай, тарихан тўлдириш, унинг таржимаи ҳоли ва бу унинг асарларида нечоғли аҳамиятли эканлигини ўрганиш, излаб топиш, ҳаёт ҳақиқатига содиқ қолиш бугунги адабиётшунослик олдида турган вазифалардан.

Ижодкор таржимаи ҳолини унинг ижоди билан боғлаб ўрганиш адабиётшуносликдаги кўп муаммоларнинг ечимини топишга ёрдам беради. Биз кўпинча асарни ўрганамиз, таҳлил қиламиз, баҳслашамиз, аммо ижодкор шахсини, ҳаётини эътибордан четда қолдирамиз. Зеро, биографик метод асосчиси Сент-Бёв: “Ҳар қандай бадиий асар бу – сўзлаётган шахсдир, шахс эса бу – ижодкорнинг ички дунёси… ёки инсонни асаридан айро тушунмаслик керак”[1], деб айтганидек ижодкор ҳаёти ва ички дунёсидаги изтироб ва кечинмалар унинг ҳар бир асарида из қолдириши аниқ. Ижодкор ҳам тирик жон, унда қон, насл, насаб, асаб, тананинг ҳам ҳаққи борлиги баъзида диққат марказидан четда қолади.

Инсон ҳам социал, ҳам биологик мавжудот. Руҳшуносларнинг таъкидлашларича, бола асосий сўз захирасини беш ёшгача тўплаб, қолган умри давомида эса шу хазинани ҳаётда қўллаб, изланганлар эса бойитиб боради. “Ёшлигингда олганинг – тошга ёзганинг” деб бежиз айтишмайди. Шундай экан, бола тарбиясида асосий ўчоқ: оила ва уни ўраб турган муҳит ҳисобланади. Пушкиннинг энагаси, Ойбекнинг бобоси, Ҳамид Олимжон, Чингиз Айтматовларнинг бувилари бўлажак ижодкорлар истеъдодининг уйғониши, маънавий “багаж” йиғиши, дунёқараши шаклланиши ҳамда уларнинг аниқ мақсад сари йўналишларида камарбаста бўлишган.

022Биз ушбу масалани Абдулла Қодирийнинг ҳаёти, оилавий муҳити мисолида ўрганишга чоғландик. Қодирийдай буюк феномен ортида, албатта, кимларнингдир борлиги бизни масалага чуқурроқ киришга ундади. Маълумки, тақдир Қодирийга йигирма уч ёшидаёқ “европа гази билан ўлчанганда” ҳам мезон талаби даражасидаги бетакрор биринчи ўзбек романини яратишни насиб этди. ХХ аср бошида янгича услубда асар ёзиш ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бу жараённинг бир қанча манбалари мавжуд. Биз “Абдулла Қодирийга ким устозлик қилди, илк ўзбек романи қайси заминда унди ва ёзувчи нима учун айнан тарихий мавзуларга қўл урди?” каби саволларга оила ва муҳит муаммоси қамровида жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Шу вақтгача тадқиқотчилар ёзувчи оиласининг ижтимоий жиҳатларигагина эътибор қаратишган. Сотти Ҳусайн уни “майда буржуазиядан” деса, Иззат Султон “савдогар ўғли” деб қайд этган. Умарали Норматов[2] “Қодирий мўъжизаси” китобида дастлаб Қодирмуҳаммад бобо ҳақида “номсиз, насабсиз, амалсиз бир қари чол ўғли” деб айтиб ўтиб, шу китоб охиридаги “Отага таъзим” номли мақоласида эса ёзувчининг отасига алоҳида тўхталиб, ёзувчининг камолотида “олтин ҳалқа” вазифасини бажарган Қодирбобога таъзим этажагини таъкидлайди. Бундай қараш адабиётшуносликдаги адиб таржимаи ҳолига дастлабки чизги эканлигини эътироф этиш жоиз. Биз устозларни такрорлаб қўймаслик ниятида бу муаммони, яъни ёзувчининг шаклланишида оиланинг ўрни, мақоми ва ҳаёт ҳақиқатининг бадиий воқеликка айланиш жараёни каби масалаларни Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида”, Абдулла Қодирийнинг кичик асарлари жамланган “Диёри бакр”, Шеркон Қодирийнинг “37-хонадон” китобларидаги маълумотлар орқали кузатдик. Матнга таяниш адабиётшуносликда кўп масалаларга аниқлик киритиб, воқеликнинг туб сабабларини очишга хизмат қилади. Қодирий 1926 йили суддаги нутқида шундай ёзади “бошида бой оилада туғилдимми ёки камбағал оиладами, албатта билмадим”[3]. Шу ўринда ёзувчи ўзининг “бой, камбағал”лигини айта олмаётганлигини сезиш қийин эмас. Бу қачон, нима учун, қандай талаблар, ”андоза” асосида ёзилганлигини унутмаслигимиз лозим.

Қодирмуҳаммад Ҳожимуҳаммад ўғли жисмонан бақувват, серғайрат, дунё таниган, шижоатли ва йигитлик чоғларида хон, беклар қўлида сарбоз бўлган, вақт ўтиб, 1865 йили Русия истилосидан (у асосан Отабек сингари фақат русларга қарши жанг қилган – С.Т.) кейин Эски Жўвада бир баққоллик дўкони очиб, савдо қилади ва тижорат важи билан узоқ юртларда, масалан, Карачида[4] бўлиб, умрининг охиригача деҳқончилик ва боғбончилик билан оиласини боқади. Қодирмуҳаммад бобонинг ўн уч фарзанди бўлиб, тўнғичи Раҳимбердидан (1879) сўнг ўн икки фарзанди кетма-кет нобуд бўлади, бобо етмиш икки-етмиш уч ёшларда бўлганда Абдулла (1894) туғилган. Узоқ умр кўрсин деган ниятда қулоғи тешилиб, Жосиятбибининг “мен Абдуллани ердан игна билан қулоғидан тортиб олганман” ёки “ўн икки болани ерга қўйиб олганман” дейиши бунга далил. Бобо етмиш олти-етмиш етти ёшларда учинчи фарзанди Қудратилла (1897) туғилади. Бу хонадонда ҳар бир боланиинг ўзига мос юклатилган вазифаси бўлиб, уларнинг ҳеч бирини чол эркалаб, талтайтирмас, шўхлик қилишса, уларни жазолар, аяб ўтирмасди. Бобо қийинчилик билан тирикчилик қилса-да, илмни қадрлаган. “У меҳнатга аёвсиз бўлса-да, болалар мактабга бораман, сабоқ қиламан, деса ишдан озод қиларди. Ўқишга раъйи бўлмаганлиги учун Раҳимбердини “одам бўлмайсан” деб койир, ҳовузга пишиб урарди”. Бобонинг бошқа фарзандлари ўқиш орқасида отасидан калтак ейишса-да, Абдулла калтак тугул, танбеҳ ҳам эшитмаганлиги хотираларда ёзилган[5]. Абдулланинг ўқишга иштиёқи баланд бўлиб, серфикр, тиришқоқ, камгап, зеҳни ўткир, эшитганини ёдда олиб қолиб, ўзи таъкидлаганидек, табиатан ёлғизликни хуш кўрган.

Бобо зиёратига келувчилар орасида, табиийки, ота билан бирга тарихий воқеаларнинг, урушларнинг гувоҳи бўлганлар кўп бўлиб, бирга ўтиришиб, ўша даврни хотирлаб, завқланган давраларда Абдининг (ёзувчини дадаси шундай деб атаган – С.Т.) ҳам бўлганлиги эҳтимолдан узоқ эмас. Ёзувчининг онаси Жосиятбибининг (1862-1936) отаси Азиз сўфи ҳам Тошкент ҳокими Азизбек қўлида сарбоз бўлиб, кексайгандан сўнг масжидда муаззинлик қилган. Қодирмуҳаммад бобо ва Азизбой сўфининг ўртасидаги гурунглар ҳам Абдулласиз ўтмаганлиги тайин. Шундай суҳбатлар таъсирида ёзувчи ёзилажак роман лойиҳасининг хомаки чизмасини, сочилиб ётган эпизодларнинг дастлабки штрихларини хаёлан аста-секин пишитиб борган. Қодирмуҳаммад бобо халқона оҳангни мукаммал даражада ўзлаштирган бўлиб, тарихий афсона, ривоят, хон ҳарами билан боғлиқ ишқий саргузашт воқеаларни сўзлашни яхши кўрган. Отадан учала фарзанд ҳам бу ҳикояларни тинглаган бўлса-да, уларни умумлаштириб, ягона ғояга бўйсундириб, янги шаклдаги бадиий асарга айлантириб, халққа қайтариш миссиясини фақат “Абди” ўз зиммасига олди. Чунки унга берилган истеъдод ва қондан ўтиб келаётган ровийликнинг қайта қувватга кириши бу имкониятни берди. “Истеъдод бу – қисмат, ҳаётдан ўзига аталганларини йиғувчи (танланган) шахсдир”[6]. Қодирмуҳаммад бобонинг ғайрат-шижоати, меҳнатсеварлиги, талабчанлиги фарзандлар орасида Абдуллага ўтганди. Ойбек: “У (Абдулла Қодирий – С.Т.) ақлий меҳнат кишиларига ҳар маҳал ҳам насиб бўлавермайдиган даражада меҳнатга ўч киши эди”, – деб ёзса, Ҳ.Қодирий: “У шу қадар тез ва шахт билан ёзардики, ёзиш суръати стенограф тезлигида эди, десам муболаға бўлмас”, – деб Ойбекнинг фикрларини тасдиқлайди[7]. Қодирмуҳаммад бобо 1924 йилда вафот этади, бу ҳақда “Туркистон” газетасида хабар берилиб, бобонинг онаси 117, акаси 106 йил умр кўрганлиги айтилади.

Бевосита ёзувчининг ўзи отаси ҳақида 1922 йил “Инқилоб” журналида шундай ёзади. “Отам 1242 ҳижрий – 1823 мелодий йиллари Тошкандда туғилуб, Тошкандни руслардан мудофаа қилған қаҳрамонлардан биридир.

Туркистон хонларидан Шералихонни, Худоёрхон, Маллахон ва Тошкент бекларидан (ҳокимларидан) Муҳаммад Шариф оталиқ, Салимсоқбек, Азизбек, Нормуҳаммад қушбеги, Қаноатшоҳ, Маллахонларнинг беклигини кўруб ўткузган. Пискатлик Қошғар амири машҳур Ёқуббекни Қашқарға кузаткан. Шундоқ қилуб, қирқ йиллаб мусулмон хонлари замонини, элли йиллаб Русия чор истибобдодини ва энди беш йиллабдирки меҳнаткашлар ҳокимиятини кўрадир”[8]. Ўз юртидан қувғин қилиниб, Қошғарда хитойларни енгиб, ўз ҳокимиятини барпо этиб, “Амир ал-мўминин” номини олган Ёқуббекнинг (1865) садоқатли олтмиш олти сарбози ичида Қодирмуҳаммад ҳам бўлган. Мулла Алимқул, Ёқуббек русларга қарши урушни жиҳод деб атаб, навкарларига шу руҳни сингдирган эди. Худди шу руҳ Қодирмуҳаммад бобони умрнинг охиригача тарк этмади. Ёши улуғ, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган, урушларнинг шоҳиди бўлиш, унинг жафоларини бошдан ўтказиб, ёт юртларда бўлиш, у ердаги ҳаётни ўрганиб, ўз ҳаёти билан солиштириш инсонга ҳаётни, тирикликни, дунёни янаям чуқурроқ идрок этиш имкониятини беради. Абдуллага дунёни ёшига номуносиб, яъни катталарга хос тарзда кўра билиш, мулоҳаза имконияти қон орқали отаси Қодирмуҳаммаддан ўтган. “Табиий, отам Русия, чор ҳукуматини сира ҳам тиламайдир. Чунки унинг элли йиллик истибдодини ўзи истиқбол эткан, Чорнинг аччиғ-чучугини кўб татиған.

Баъзан чолингиз истиқбол қўмсай бошлайдир. (Худди шу ерда киноя, пичингни сезиш қийин эмас. – С.Т)

– Худонинг хоҳлагани-да, кофирнинг қўлида қолиб кетдик… Ўзимизда ғайрат йўқ. Агар юрт бир оғизга тупуруб, яроғ тополмағанда ҳам қора калтак бўлуб чиқса, исни-биска қўймас эди.

– Тузук, тузук, кўб яхши. Болшевойинг одамохун экан, сарбоздан кел, сарбоздан. Ўзимиздан сарбозлар борми?

– Бор, лекин бўлса ҳам йўқ ҳисобда.

– Аттанг, шуниси чакки экан.

– Нима зарари бор, дада.

– Эй, ўғлим, одам бўлгандан кейин ҳар нарсанинг ҳам бошида бўлиши керак, “Нон қўйнимда, ит кейинимда!..”[9].

Бобо ўзи ҳарбий бўлганлигидан, кўплаб урушларни ўз бошидан ўтказганлиги боис маҳаллий аҳолидан аскарларнинг бўлиши сиёсий-иқтисодий жиҳатдан муҳимлигини тажрибада кўрган, буни ортиқча ҳис-туйғуга берилмай, ақл билан мулоҳаза этади, афсус чекиб, аламли ўкинади. Ота суҳбатларида нафақат ишқий саргузашт воқеаларни, балки ўзи кўрган мамлакатларидаги давлат тузуми, тартиблари, идора усулларидаги ўрнак оларлик жиҳатлар, ижтимоий-сиёсий аҳволи билан боғлиқ муаммолар ҳақида ҳам болаларига сўзлаб берганлиги хотираларда ёзилган[10]. Отанинг “кофирнинг қўлида қолиб кетдик, юрт бир оғизга тупуруб, яроғ тополмағанда ҳам қора калтак бўлуб чиқса, исни-биска қўймас эди” каби миллат ноаҳиллигидан, парокандалигидан армони ҳақида адиб 1919 йилда ёзилган “Бизда аскарлик масаласи” номли мақоласида фикр юритар экан, миллатнинг ҳарбий салоҳияти билан боғлиқ муаммолар бобонинг гапларидаги дардчил оҳанглар билан бирлашиб кетиб, миллат дарди адиб ижодининг асос ўқ илдизига айланиб кетганлигини кузатиш мумкин. Худди шу миллат ноаҳиллиги мавзуси унинг йирик асарлари ёзилгунга қадар кичик ҳикояларида уч бериб кўринган эди. “Отам ва большевик”ни ёзиш билан Қодирий гўё содда отасидан беозоргина кулмоқчидай, аммо муаммонинг бизга кўринмаган бошқа тарафига эътибор қаратади. Ҳ.Қодирий шундай ёзади: “1932-1936 йиллар миёнасида боғ қўшнимиз Ёқуб Алиев ҳар сафар таътилга келганда дадамга тинимсиз саволлар берар, дадам романнинг ёзилиш тарихи ҳақида қуйидагича ҳикоя қилдилар:

“Қарийб ярим умрини хон замонларида яшаган, талай ўтмиш воқеаларининг шоҳиди бўлган отам ёшлигимда қизиқ-қизиқ хотираларини сўзлаб берарди. Бу хотиралар менда тарихга қизиқиш уйғотди. Сўнгра ўша даврларимиз тарихига оид анча китоб манбалари билан ҳам танишиб, ўтмишимиздан ғарб романчилиги асосида каттароқ бир асар яратиш ҳисси туғилди. Тарихий воқеалар бошимда шу қадар кўп, гўё қайнар, менга тинчлик бермас эдилар. Аммо бу воқеаларни қандай қилиб бир ипга тизишни, қоғозга туширишни тасаввур қила олмасдим. Кунларнинг бирида боғимизга отамни кўргани эшак миниб шаҳардан бир чол чиқди. Отам шу чоғларда юз ёшларда бўлиб, меҳмон эса ундан беш-ўн ёш кичик кўринар эди. Отам меҳмондан сўради: “Андижондаги хотинингиздан неча болангиз бор?”. Уларнинг суҳбатидан мен англадимки, бу меҳмон тошкентлик бўлиб, уйли-жойли, бола-чақали киши экан. Аммо ёшлик чоғларида савдо важи билан Андижонга бориб қолиб, у ерда ҳам кўп йиллаб истиқомат қилган, уйланиб, бола-чақали бўлган ва кексайгач, ўз шаҳрига қайтиб келган экан. Меҳмоннинг шу соддагина тарихи менга чувалган ипнинг учини топиб бергандай, ёзмоқчи бўлган китобимнинг шаклини чизиб бергандай бўлди”[11]. Кўчирмада бир қанча эътибор берадиган жиҳатлар бор:

Ота айтган хотиралар қизиқиш уйғотди.
Тарихий китоблар билан танишиш.
Ғарб романчилиги асосида асар яратиш ҳаваси.
Шу хотираларга мос “макет” – шакл топиш.

Ёзувчининг шу вақтгача чувалган фикр-ўйларига “шакл” топиб берган бу лавҳа бизга “Ўткан кунлар” яратилиши ҳақидаги кўп нарсаларни ойдинлаштириб беради. Қодирий кейинчалик кўплаб тарихий асарларни мутолаа қилиши, унинг араб, турк, эрон, форс, рус тилларини билиши, шарқ адабиётидан, ислом фалсафасидан яхшигина хабардорлиги, халқ жонли тилини мукаммал ўзлаштирганлиги ғарб романчилиги мактабини, адабиётшуносликдаги турли оқимларни ўрганганлиги, тинимсиз меҳнат… англаганларини айтиш эҳтиёжи машҳур асарнинг юзага келишига замин бўлиб, халқнинг савиясини, дидини диққат марказида тутиб, воқеликни бир тизимга солиб, мақсадни ягона нуқтага уюштириб, ёзувчи ғояси модели бўлмиш – роман яратилди.

Савдо-сотиқ ишлари билан Карачига борган Қодирмуҳаммад бобо болаларига сўзлаб берган ҳикоясини кичик ўғли Раҳимберди шундай хотирлайди. Бобо Карачи шаҳрига савдо-сотиқ иши билан борганда савдо қилиб бўлгандан кейин бозорда ҳамёнини йўқотиб қўйиб, ҳокимнинг олдига арз қилиб боради. Шунда ҳоким бободан ҳамёнида қанча пули бўлганлигини, ўзининг кимлигини, қаерда яшашини сўраб, ёзиб олади ва унга ҳамёнидаги миқдорида пул бериб, “пулингизни топиб, сизга юборамиз” деб кузатиб қўяди. Бобо ҳоким берган пулга бозордан керакли молларни олиб, уларнинг ҳақларига дуо қилиб, хурсанд бўлиб уйга қайтади. Бир қанча вақт ўтгандан сўнг Тошкентга бобони қидириб бир мусофир келиб унга Карачи шаҳрида йўқотган ҳамёнини беради. Бобо ҳайрон қолиб: “Ҳамёним ҳисобига тилла олган эдим-ку, ўша тиллани қайтаришим керакми?”, – деб сўрайди. Шунда мусофир: “Асло ташвиш чекманг. Ҳоким жанобларини дуо қилиб, борган юртингиздан хурсанд бўлиб, розилик билдирсангиз кифоя”, – дейди. Абдулла отасининг бу ҳикоясини эшитиб: “Мен ҳам хориж мамлакатларга сафар қилишни орзу қиламан. Боришга йўл берк, рухсат бўлганда эса сармоя …”, – деб орзу қилар экан. Шундай давлат тизимини, бошқарувини орзу қилиш Отабекнинг Шамай таассуротларини ёдга солади.

Қодирий иккинчи романи “Меҳробдан чаён”ни 1926 йилда ёзишни бошлайди. Бу вақтда Қодирмуҳаммад бобо дунёдан ўтган бўлса-да, барибир, асосий ҳикоячи эди. Ёзувчи айнан хон ўрдаси ичида юз берган ҳаётий воқеликни бадиий тўқимага айлантириб, керакли воқеликни ундиришида у асарни тутиб турувчи асосий таянч бўлган. Бу ҳақда ёзувчи романнинг сўнгида, “мирзо Анвар ҳикоясини “отам марҳумдан эшитганлигини, имом намоздан сўнг барчани “Худоёрхоннинг мирзоси” ифторликка таклиф қилганини, мирзони ўз кўзи билан кўрганлиги, ифторликдан сўнг Анвар ва Раънонинг никоҳ хутбаси ўқилганлиги ва шу воқеада иштирок этганлигини айтиб берганлар”. Кейинчалик мирзо билан танишиб, у билан кўп марталаб учрашганлигини ҳам фарзандларига айтиб берган. Бобо воқеликка бир қадар таажжуб билан муносабатда бўлади. Яъни, бир мирзонинг хон канизига ишқи тушиб, уни олиб қочганлигидан, “боплаганлиги”дан завқланади. Худди шу вазият роман воқеалари ривожига ўт берганлиги, узлуксиз импульс бериб турганлиги асарда яққол кўринади. Ёзувчи эса бир ўқ билан бир неча муаммони нишонга ола билган. Роман хотимасида ёзувчи асар воқеаларини отасидан эшитганлиги ва унинг хотираларига таянганлигини таъкидлаган. Тошкентга Қўқондан қочиб келган мирзо йигит билан шахсан танишганлиги, унинг муҳаббат тарихи билан боғлиқ хотираларни болаларига қайта-қайта ҳикоя қилган.

Қодирий ўз романларини яратар экан, Ғарбдан, Толстой, Достоевский, Чехов, Тагор, Зайдондан қандайдир баён этиш усули – “приём”ларни, жаҳон адабиётидаги оқимларни ўргангани ростдир. Аммо илк сабоқларни ислом фалсафасига йўғрилган маънавий меросимиз билан биргаликда, таъбир жоиз бўлса, Қодирмуҳаммад бобо мактабидан олганини айтмоққа жазм этдик. “Ўзи билган ва ўзи ишонган нарсалар” ҳақида ёзишни маъқул билган ёзувчи миллат дардини ўзига хос йўсинда айтишга чора қидиради, авом диди ва савиясига муносиб “приём” топа олди. Бизда кўпинча ижодкор оиласининг ижтимоий келиб чиқиши ва биографиясидаги рақамлар ўрганилиб, унинг ота-онаси кимлиги, улар қандай одамлар эканлиги, маслаги, мақсади, эътиқоди, дунёқараши каби масалалар тадқиқотчиларимиз эътиборидан четда қолиб кетади. Ижодкор шахсини асарлари билан биргаликда ўрганиш адабиётшуносликнинг ривожланишига, умумлаштирувчи хулосаларга келишига таянч бўлиши мумкин.

Хулоса шуки, йиллар давомида ота ундирган заминдаги уруғ кучга кириб ҳосил берди, шу заҳирадан қувват олиб, юксалиб борди. Тирик тарихга айланган Қодирмуҳаммад бобо ўғлига сен ёзувчи бўласан, деб таъкидламаса-да ёки ўзи ижод билан шуғулланмаса ҳам, аммо у Қодирийда ижод этишга “ҳавас”, “рағбат” уйғотишда мураббийлик қилган, десак, муболаға бўлмас. Болалигидан сермулоҳаза, тамизли бўлган “Абди” ўзбек миллатини дунёга танитадиган асарларини, аввало, халқ, ҳаёт мактабида ўрганди. Қодирмуҳаммад бобо сингари одамлар унинг қалбига ҳаётнинг сирли кодларини жойлаштириш имконини яратишга маълум маънода ҳиссасини қўшди. Бу кодлар унинг асарларига махсус дастур, бадиий концепция сифатида татбиқ этилиб, дунё юзини кўрди.

Ҳар бир буюк феномен ортида қойим турувчи ҳаёт мактабининг катта ўқитувчилари саналган бобо, буви, ота-оналар улуғ тарбиячи сифатида миллатни вояга етказади. Абдулла Қодирийнинг дунёқараши, тафаккури шаклланишида, дунёни англашида отаси илк устоз мақомида бўлиб, романлар яратилишида унинг хизмати, ўрни беқиёс бўлганлигини таъкидлаб, масаланинг ушбу жиҳатига урғу бердик.

[1] С е н т –Б ё в Ш.- О. Литературные портреты. М., 1970. С. 48.
[2] Н о р м а т о в У. Қодирий мўъжизаси. Тошкент, 2010.11-бет
[3] Қ о д и р и й Ҳ. Отамдан хотира. Тошкент, 2005. 12-бет.
[4] А б д у л л а е в М. Ўтканлар ёди. Тошкент, 2012. 67-бет.
[5] Қ о д и р и й Ҳ. Отамдан хотира. Тошкент, 2005. 16-бет.
[6] Зарубежная эстетика и теория литературы ХХ в. М., 1987. С. 47.
[7] Қ о д и р и й Ҳ. Отамдан хотира. Тошкент, 2005. 6-бет.
[8] Қ о д и р и й А. Диёри бакр. Тошкент: Янги аср авлоди, 2007. 88-бет.
[9] Ўша асар. 89-бет.
[10] Адуллаев М. Ўтканлар ёди. 67-бет.
[11] Қодирий Ҳ. Отамдан хотира.123-бет.

003

(Tashriflar: umumiy 124, bugungi 1)

Izoh qoldiring