Qozoqboy Yo’ldosh. Modernizm: ildiz, mohiyat va belgilar

034     Модернизм – фалсафа, санъат ва адабиёт со­ҳа­сидаги ноклассик қарашлар тизимини умумлаштирувчи атама. Кунботиш мамлакатларида 19 асрнинг сўнгги чорагида юзага келган ва французча “энг янги”, “замонавий” маъноларини англатувчи модернизм ўзини ўша замон ҳамда келажакдаги ягона ҳақиқий эстетик ва фалсафий йўналиш ҳисоблаб, оламни фалсафий ҳамда бадиий идрок этиш, изоҳлаш ва тасвирлаш борасида мавжуд бўлган анъанавий ёндашувларни инкор қилиши билан ажралиб туради.

Қозоқбой Йўлдош
МОДЕРНИЗМ: ИЛДИЗ, МОҲИЯТ ВА БЕЛГИЛАР
0902

Кунботиш ўлкаларидаги назарий типологияга кў­ра бадиий адабиёт тараққиётининг тарихи шартли равишда а) классик адабиётгача бўлган босқич; б) классик адабиёт босқичи; в) ноклассик адабиёт бос­қичи; г) постклассик адабиёт босқичи сингари босқичлардан иборат экани қайд этилади. Агар эстетика тарихи ва назариясида аристотелча-гегелча-кантча ёндашув классик йўналиш дейиладиган бўлса, унгача, яъни ан­тик давргача бўлган босқичнинг классик адабиётгача дейилишида мантиқ борлиги кўринади. Модернизм эса айнан ана шу классик қарашлардан юз ўгириш, уни инкор этиш натижаси ўлароқ юзага келган илмий-эстетик қарашлар тизими бўлган эди. Дастлаб модернизм ўзини энг сўнгги бадиий-эстетик йўналиш тарзида тақдим этди, аммо вақт бу даъво тўғри эмаслигини, адабиёт ва санъат ҳодисаларига ёндашиш ҳамда изоҳлашнинг шу вақтгача бўлган барча йўналишларидан тамомила фарқ қилувчи постклассик босқичи ҳам борлигини кўрсатди.

Жуда узоқ йиллар мобайнида амалда бўлиб келган классик йўналишнинг ўрнини эгаллаган ноклассик фалсафий ва бадиий тафаккур тарзининг ифодаси бўлмиш модернизм йўналишига хос етакчи белгилар нималардан иборат эканини аниқлаш ғоят муҳим илмий-назарий ва амалий аҳамият касб этади. Модернизмнинг назарий қарашлар тизими ва бадиий амалиётида аристотелча-гегелча-кантча классик қарашларга зид равишда фақат борлиқ ҳодисалари ҳамда одамнинг муайян мақсадга йўналтирилган фаолиятигина эмас, балки инсондаги зерикиш, сиқилиш, тушкунлик, қўрқув сингари анъанавий классик санъат эътиборидан четда бўлган руҳий тушунча ва ҳолатлар ҳам бадиий тасвир объекти мақомига кўтарилди; синкретизм кучайгани сабаб фалсафа бадиийлашди, мусиқада оҳанг уйғунлигидан юз ўгирилди, тасвирий санъатда ташқи ўхшашлик ва шаклий гармониядан воз кечилди, адабиёт, театр ва кинода ҳаётий ҳаққонийлик ўрнига абсурд, ношайин, эротик ҳамда жирканч ҳолатлар тас­вирига устувор мақом берилди. Айни вақтда, мо­дернис­тик санъатнинг юксак намуналари яратилиб, улар ХХ аср эстетик тафаккурининг ўзига хос классикаси бўлиб қолди. Негаки, ҳар бир модерн асар олдиндан пухта ўйлаб олинган қонун-қоидалар, талабу тартиблар асосида яратилди. Ҳатто, ҳар қандай азалий қолипу тартибларнинг инкори ўлароқ дунёга келган асарларда ҳам муайян ички бадиий-эстетик интизом мавжуд эди.

Модернизм – фалсафа, санъат ва адабиёт со­ҳа­сидаги ноклассик қарашлар тизимини умумлаштирувчи атама. Кунботиш мамлакатларида 19 асрнинг сўнгги чорагида юзага келган ва французча “энг янги”, “замонавий” маъноларини англатувчи модернизм ўзини ўша замон ҳамда келажакдаги ягона ҳақиқий эстетик ва фалсафий йўналиш ҳисоблаб, оламни фалсафий ҳамда бадиий идрок этиш, изоҳлаш ва тасвирлаш борасида мавжуд бўлган анъанавий ёндашувларни инкор қилиши билан ажралиб туради. Модернизм олам ҳодисалари ва одамга муносабат, улардаги турли-туман ҳолатларни изоҳлаш ҳамда тасвирлашда ўзига хосликка интилиб, классик ёндашув йўсинини инкор этиш йўлидан борган ғоят кўп тармоқли фалсафий-эстетик ҳодисадир.

Модернизм классик фалсафадаги санъатга реал воқеликнинг инъикоси тарзида қарашдан воз кечиб, борлиққа қатъий боғланиб қолиш санъаткорни чеклаб қўяди, у ўз ўю хаёллари билан воқеликдан ташқарида турганида кўпроқ ижодий имкониятга эга бўлади деб қарайди. Реалистик назария санъатнинг ягона объекти борлиқ деб билгани сабабли ҳам ундан юз ўгириш керак деб ҳисоблайди. Санъат борлиқнинг нусхаси эмас, балки унинг ўзи алоҳида мустақил борлиқ деб билади. Модернистик адабиёт ва санъатнинг барча йўналишларда яратилган асарларда унга қадар қўлланиб келинган анъанавий бадиий восита ва усуллар ё бутунлай инкор қилинади, ёхуд улардан таниб бўлмайдиган даражада ўзгартирилган ҳолда фойдаланилади.

Маълумки, санъат ва адабиётдаги классик қа­рашлар тизими шароитида бадиий яратиқнинг ақл­га мувофиқлиги (рационаллик), ижодий тажриба да­­­­вомида шаклланган бадиий қолипларга риоя қи­лиши (нормативлик), тасвир восита ва унсурлари орасида уйғунликнинг мавжудлиги (гармония), бадиий ифоданинг аниқ, осон ва бир хил тушуниладиган бўлиши, композициянинг формал инсоний мантиққа мувофиқ қурилиши, ҳар қандай бадиий асарнинг реал ҳаётга мувофиқ келадиган йўсиндаги муайян тахминий схематик моделга эгалиги, идеални тасвирлаш кераклиги, тилнинг оддий сўзлашув нутқидан фарқ қиладиган тарзда силлиқланган бўлиши лозимлиги сингари талаблар қўйилар эди. Бадиий ижодни муайян талабларга бўйсундирадиган бундай классик ёндашувларга исён ўлароқ юзага келган модернизм турли-туман кўринишларга эга серқатлам фалсафий-эстетик қарашлар тизимидан иборат бўлиб, бу йўналишдаги изланишлар жамият ҳаётида кескин тўнтаришлар ҳамда қалтис катаклизмлар юз берган шароитда, айниқса, кучаяди. Негаки, инсон ижтимоий турмушидаги кескин чайқалишлар унинг туйғуларини мувозанатдан чиқариб, таъсирланиш ва бу таъсирни ифодалаш йўсинларига таҳрир киритади, қарашлар тизимини ўзгартириб юборади. Бу ўзгаришлар эса одамнинг бадиий дидини янгилайди.

Модернизмнинг акмеизм, символизм, дадаизм, футуризм, имажинизм, сюрреализм, экспрессионизм, фовизм, шоизм, супрематизм, абсурд каби оқимлари турли ижтимоий-маънавий қалқишлар даврида юзага келиб, бадиий адабиётда ёрқин намоён бўлган йў­налишлардир. Таъкидлаш керакки, агар олдинлари бу хилдаги ижтимоий-ахлоқий силкинишлар башарият учун ҳар замонда юз берадиган тасодифий ҳолат ҳисобланган бўлса, эндиликда тобора доимийлик касб этиб бормоқда.

Модернистик ҳиссий-интеллектуал ёндашувга кў­ра ҳаёт ҳамиша тартибсиз ва бебошвоқ; инсон тирик­лигининг тийиқсиз ва тайинсизлиги одамнинг ҳаётдан ўз ўрнини тополмай ёлғизланиб қолишига олиб келади; инсоннинг ҳаёти ечими ҳеч қачон топилмайдиган зиддиятлардан иборатдир. Бундай кайфият модернчи ижодкорларда санъат ҳаётга ижобий таъсир кўрсатиб, унга тартиб ва маъно бахш эта олмайди деган умидсиз тўхтам шаклланишига сабаб бўлади. “Санъат санъат учун” чақириғи модернистик йўналишдаги барча адабий оқимларнинг асосий шиори эканининг боиси шунда. Ҳамонки, санъат асари ижтимоий борлиқни ўзгартириш ва унга муайян тартиб беришга қодир эмас экан, ҳаёт ва унинг муаммоларини акс эттиришдан маъно йўқ деб қаралди. Шунинг учун модернизмда кўпроқ бадиий яратиқнинг ифодавий жиҳатларига эътибор қаратилиб, объектив олам ҳодисалари ва унда қатнашадиган тимсолларни тасвирлашдан кўра объектив дунё тўғрисидаги субъектив таассуротларни, онгос­ти импулсларнинг ўйинларини акс эттириш муҳимроқ саналади. Бу хил ёндашув санъат ва адабиётга ҳеч ким ва ҳеч нарса олдида бурчли бўлмаган идтимоий-эстетик феномен тарзида қараш имконини беради.

Модернизм ўзининг илмий-назарий асоси сифа­тида Ф. Ницшенинг менчилик (индивидуалистик) фал­сафасига таянган бўлса, бадиий ижод моҳиятини тушуниш ва изоҳлашда З. Фрейднинг психоаналитик қа­­­рашларига суянади.

Ф. Ницшенинг менчилик фалсафасига кўра жамият ҳамиша шахсга қарши туради, индивид ва унинг манфаатлари жамият томонидан доим камситилади, ахлоқ ва қонун кўпчилик томонидан алоҳида шахснинг эркини занжирбанд қилиш учун ўйлаб топилган ижтимоий-этик бўғовлардир. Демак, жамият мавжудлигининг ўзи билан алоҳида шахснинг эркига дахл қилади, унинг ўйлари, туйғулари ва амалларини чеклашга уринади. Ҳолбуки, одам ҳеч қандай сабабга кўра ўз истак­ларини жиловламаслиги керак. Инсонни суйиш, яъни гуманизм шуни тақозо этади. Инсонпарварлик даражаси шахсга берилган эрк миқёси билан ўлчанади.

Одам руҳиятидаги турли-туман оғишлар жараёнини синчиклаб ўрганган Фрейд инсонда содир бў­ладиган жуда кўпчилик интеллектуал-руҳий муносабат (реакция)лар унинг онгига боғлиқ эмас, одамнинг “мен”и табиий равишда ҳамиша кўнгилсизликлардан нарироқ бўлиб, имкон борича кўпроқ лаззат олиб қолишга мойил деган хулосага келади. У инсон хатти-ҳаракатларининг кўпчилиги онгости майллари туфайли юзага келади ва уларнинг моҳиятида асосан қўрқув, очлик ҳамда ҳирсий хоҳишларни қондириш истаги ётади деб ҳисоблайди. Шу тариқа Фрейд ижтимоий ҳаёт ҳодисалари юзага келишини ҳам онгости майллари билан тушунтириб, инсон хулқи ва руҳияти шаклланишида ижтимоий омилларнинг ўрни катталигини инкор этади.

Минглаб йиллар мобайнида маърифат ва илму фан тараққиётига кўз тикиб, илмий-техник ривожланиш инсоният ҳаётини фаровонлаштириб, одамлараро муносабатларнинг эзгулашувига хизмат қилишидан умидланиб юрган ижодкорлар XIX аср охири ва ХХ юз йиллик бошларида фаннинг шиддат билан ўсиши улар кутганидан бутунлай тескари натижалар берганини кўриб, тамомила ҳафсалалари пир бўлди. Биринчи жаҳон уруши келтирган вайронгарчиликлар фалсафа ва санъатда модернистик кайфиятлар авж­ланиб, мустақил йўналиш даражасига кўтарилишига сабаб бўлди. Очун миқёсидаги уруш туфайли одатий ҳаёт нормаларининг бузилиши янгича қараш ва муносабатлар тизимининг юзага келиши тафаккур ва ижод одамларининг кўпчилигида фалсафа ва санъатни ҳам янгилаш майлини юзага келтирди. Зеро, фалсафа ва санъат борасида шаклланган ақидалар башариятнинг айни замондаги фикрий ва руҳий ҳолатларига мос келмай қолганди.

Модернистик санъат жаҳон уруши сабабли ижод­корларнинг одатий ўзанидан чиқариб юборилган кай­­фияти ҳамда умумий ижтимоий негизларнинг ту­шу­нарсизлиги аралашувидан юзага келди. Чунки ке­чагина ижодкорлар учун ғоят тушунарли ва тўлиқ изоҳлаш мумкин бўлган дунё бу даврга келиб бутунлай чигал ва тушунарсиз бўлиб қолган эди. Қандайдир номаълум куч ижодкорни қонга ботган одамлар тўдаси ва маънили йўсинда изоҳлаб бўлмайдиган тизгинсиз ҳодисалар ўпқонига улоқтириб юборгандай эди.

Модернчилар ўзгарган даврда яшаётган кишиларнинг янгиланган эстетик таъбига мувофиқ келадиган тамомила янги санъат, адабиёт яратиш ниятида рационализм, нормативлик ва гармонияга таянган ва борлиққа боғланиб қолган мумтоз бадиий-эстетик анъаналардан воз кечдилар. Анъанавий санъат ва адабиётда қарор топган қарашлардан кескин фарқ қилароқ, бадиий тасвирда ҳаётга мувофиқлик эмас, балки ҳар бир санъаткорнинг оламни бошқаларга ўхшамаган тарзда индивидуал кўра билиши бош эстетик қадрият саналадиган бўлди. Чунки модернчи ижодкорларнинг кўпчилиги шахсдан ташқарида ва ҳаммага тегишли ҳақиқат бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблардилар. Бошқача айтганда, улар ҳақиқатнинг объективлигини инкор этишарди. Модернчилар ҳар бир шахснинг ҳақиқати алоҳида бўлади деб ҳисоблардилар. Шунинг учун ҳам онг билан онгсизлик ҳамда уларнинг ўзаро муносабатлари тасвири модернчилар учун энг севимли ва доимий мавзуга айланди. Модернчилар адабиёт тараққиётининг олдинги даврларида ижодкорлар назаридан бутунлай четда қолган, бошқалардан ажралиб турмайдиган ғоят оддий, элқатори (среднестатис­тик) одамларнинг ҳаёти ва ички дунёсини кўрсатишга айрича эътибор қаратдилар: модерн асарларда бундай шахсларнинг руҳиятидаги ғоят ичкин туйғулар, ўта нозик сезимлар майда икир-чикирларига қадар батафсил қаламга олина бошлади. Персонажлар ҳаёти ва руҳиятининг олдинлари тасвирлаш айб саналадиган хунук ва уятли жиҳатларига қадар авра-астари ағдариб кўрсатиладиган бўлди.

Модернчи ёзувчилар бадиий тасвирга янгича кўриниш бериш, бир-бирига ўхшамайдиган одамлар руҳиятининг қайтарилмас манзарасини чизиш учун шакл, восита, усул, услуб устида адоқсиз ижодий тажрибалар ўтказишдан эринмадилар. Аммо улар бош қаҳрамонни жамият қаршисида гангиб қолган ёхуд унга қарши ботиний ёхуд зоҳирий норозилиги бор шахс сифатида тасвирлаш борасида бир-бирига яқин позицияларда эдилар. Шафқатсиз борлиқ қаршисида ёлғиз ва ҳимоясиз қолган бу кимсанинг туйғулар олами уни ўраб турган воқелик қарқини (суръати) босимига дош беролмаслиги оқибатида жамиятдан бегоналашиб абгор бўлишини тасвирлаш ғоят кенг ёйилди.

Ўзигача бўлган барча адабий йўналишлардан фарқли равишда айнан модернизм ўз эътиборини оддий одамнинг ички оламини тасвирлашга қаратди. Модернчи ижодкорлар инсонни ўраб турган воқелик ва ижтимоий муҳитни ё тасвирламасдилар, ёхуд уни ўзларининг бадиий ниятларига мос келадиган тарзда истаганча ўзгартириб кўрсатиш йўлидан боришарди. Бунда ҳаётий аниқликка амал қилмаслик, анахронизм оддий ҳол саналарди.

Кўпчилик адабиёттанувчилар модерн адабиётни кишида қайғу, чорасизлик ва зулмат туйғуларини уйғотадиган бадиий ҳодиса ҳисоблайдилар. Аслида бундай тасаввур уйғотадиган битиклар кўпинча тирик­лик моҳиятини тўла англаб етмоқчи бўлган ва бунга эришолмагани учун дунёи дун тартиботларидан норози ҳолатда юрадиган муаллифларнинг кайфиятлари натижаси ўлароқ юзага келган бўлади.

Модерн адабиётнинг ўзига хослиги, биринчи нав­­батда, олдин шаклланган адабий анъаналарда та­лаб қилингани каби бадиий тасвирда муаллиф ва ўқирман қарашларида уйғунлик бўлишига уринишдан воз кечишда намоён бўлади. Агар классик адабиёт босқичидаги бадиий тасвирнинг ҳаётга ўхшашлиги, воқелик ва одамлараро муносабатларни сабаб-оқибат боғланишлари оғушида кўрсатиш модернчи носирлар тарафидан рад этилган бўлса, модерн шеъриятда қатъий поэтик тизим ва мавжуд ифодавий арсеналлар эркин шеърий шакл ҳамда ифода хилма-хиллиги томонидан инкор қилинди. Модернчи ёзувчилар олдинги бадиий қадриятларни улоқтириб ташлаб, ўқувчиларни ҳам чуқур ўйланишга, ҳам қайсидир даражада муаллифга шерик бўлишга мажбур этадиган мураккаб ва янги адабий шакл ҳамда усуллар қўллашга уриндилар. Модернчи адиблар бадиий асарлардаги воқеалар ривожи тасвирининг хронологик тартибдаги ифода йўсинини ҳам бузиб юбордилар. Кўпчилик модернис­тик асарларда тартиб билан кечадиган воқеалар эмас, балки одамнинг боши-кети йўқ ўй-хаёллари ва чигал кечинмалари оқими акс эттириларди. Туйғулар ва ўй-хаёллар кечими тасвири ҳам олдинги каби ички интизом билан эмас, балки бетартиб йўсинда ёпирилиб келадиган онг оқими тарзида бериладиган бўлди.

Классик адабиёт намуналарида олам ва унда содир бўлган ҳодисотларнинг муайян даражада тугалланган универсал образи яратилгани сабабли уларни борлиқнинг ўзига хос бадиий макети ўрнида қабул қилиш мумкин эди. Чиндан ҳам ҳар қандай одам учун хаос (тартибсизлик) бўлиб кўринадиган борлиқ классик бадиий асарларда муайян бошланиш ва тугалланишга эга космос (тартиб) ҳолатида тасвирланарди. Модернизм эса очун ва унда умр кечираётган одам ҳаёти англаб етилиши ҳеч қачон мумкин бўлмайдиган тартибсизликдан иборатдир ва ижодкорнинг вазифаси реал хаосдан сунъий равишда эстетик космос яратиш эмас, балки хаос ҳолатининг ўзини мавжудликнинг универсал ва доимий шакли сифатида бадиий тасвирлаб бера олишдан иборат деб ҳисоблади.

Менчи (индивидуалист) якка шахс онги ҳамда руҳиятининг чексиз олам ва тартибсиз (хаотик) ҳаётдаги ўрни, қиммати нимадан иборат эканини тушуниш ҳамда тасвирлашга модерн адабиёт ва санъатнинг бош масаласи деб қаралди. Модернчи санъаткорлар олам ва одамнинг мавжудлик табиати ушбу масаланинг мантиқий рационал ечими бўлиши мумкин эмаслигини тақозо этгани сабаб уни ҳал қилишнинг иррационал йўли самаралироқ бўлади деб қарайдилар. Бошқача айтганда, модернчилар олам ва одамга доир ҳолатларни тушуниш ҳамда тасвирлашда рационал тафаккурнинг ижтимоий қолипга солинган совуқ, ҳиссиз ва зерикарли фикрлаш йўсинига индивидуал шахснинг онгости ва хаёлий бўлгани боис ғайриихтиёрий, иррационал ўйлаш тарзини қарши қўядилар.

Айни шу сабаб модернчи ижодкорлар ўз бадиий яратиқларида турли мўъжиза, ривоят, сирли мифологик ҳодисалар тасвиридан мўл-кўл фойдаланишади. Таъкидлаш керакки, шу каби модернча ёндашувларнинг исломий Кунчиқиш адабий тажрибаларига яқинлашуви кўзга ташланади. Негаки, исломий-туркий адабиётда азал-азалдан инсоний ақл билан изоҳлаш ва англаш мумкин бўлавермайдиган илоҳий ҳолатлар тасвири ўта муҳим ўрин тутиб келган. Фақат биргина ва асосий фарқ шундаки, туркий-исломий мумтоз адабиёт намуналарида ақл билан изоҳлаш мушкул бўлган ғайбга доир тасвирлар мушкулотларнинг ечилиши ва қаҳрамонлар ишининг ўнгланишига хизмат қилса, модерн асарларда персонажлар қисматини янада оғирлаштириш, улар уриниб-суриниб топаётган йўлни йўқ қилишга қаратилган бўлади. Масалан, “Малика айёр” достонида Шозаргар маҳбубасини олмага айлантириб ёнида, маҳбубаси эса ўйнашини игнага айлантириб, ёқасида олиб юрса, Назар Эшонқулнинг “Баҳовуддиннинг ити” ҳикоясида маънавиятсиз одамлар билан яшашдан қийналган овоз режиссёри итга айланиб, улар орасида умр кечира бошлайди. “Алпомиш” достонида тошга чандиб боғлаб ташланган Қоражон Алпомишнинг пири Ражабхўжанинг руҳунати ёрдамида тутқунликдан халос бўлса, “Жараён” романидаги Йозеф К. ғайриихтиёрий тарзда ишга кетаётиб, суддан, судга кетаётиб, ибодатхонадан чиқиб қолаверади. Яъниким, фольклор ёхуд мумтоз адабиёт намуналарида мистик тасвирлар қаҳрамоннинг ҳолатини енгиллатишга хизмат қилса, модерн асарларда уларнинг қисматини оғирлаштиради. Айни шу мистик ҳолатлар тасвири акс этган ўринларда ҳамиша Яратганга ишониб, унга таваккал қилган ва бутун ихтиёрини берган мўмин билан Кунботишнинг ҳар бир қадамини ўз тафаккурига таяниб босадиган ва шунга яраша натижага эришишни кутадиган одами руҳияти ва қисмати ўртасидаги кескин айирма намоён бўлади.

Ботиш адабиётида, айниқса, маърифатчилик давридан эътиборан, олам ва одамга доир барча ҳолату ҳодисаларни инсон ақли билан изоҳлаш мумкин ва лозим, одамнинг тафаккури ҳар қандай мушкулотни ечишга қодир деган қараш қарор топган эди. Д. Дефонинг “Робинзон Крузо”, Ж. Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари”, Ж. Руссонинг “Эмил ёки тарбия”, “Янги Элоиза” сингари кўп асарларда фикр одами ўз йўлида дуч келадиган барча мушкулотларни бартараф қила олиши акс эттириларди. Адабиёт ривожининг романтизм, танқидий реализм ва реализм сингари босқичларида ҳам инсоният тақдирида тафаккур беқиёс катта ўрин тутиши тасвирига алоҳида эътибор берилди. Жуда кўпчилик ижодкорлар ҳар қандай жамиятни разолату ёвузликлардан айнан ақл қутқаришига ишонар эдилар ва бу инончларини бадиий яратиқларида акс эттирардилар. Шунингдек, адабиёт аҳлида ҳаётнинг бадиий тасвирга тортилган қисми шартли бўлса-да, бутунлик хусусиятига эга ҳолда акс эттирилиши керак деган қараш ҳоким эди. Модернис­тик адабиёт бадиий тасвирнинг маконий ва замоний доирасини чеклайдиган ана шу қарашларни инкор этиш орқали бадиий адабиётнинг имкониятини янада кенгайтирмоқчи бўлди. Яъни, модерн адабиёт инсоният тафаккурининг юксалиши унга бах­ту саодат эмас, балки азобу уқубат олиб келиши ҳам мумкинлигини конкрет инсоний тақдирлар мисолида кўрсатиб берди. Шунингдек, модернизм борлиқ ва ҳаётга ҳеч қандай тугалликка эга бўлмаган, сон-саноқсиз умр ва тақдирларни ўз гумига тортиб кетаверадиган узлуксиз оқим тарзида ёндашиш тажрибасини бошлаб берди.

Модернчилар классик санъат асарларидаги барча таркибий тузилмаларни ислоҳ қилдилар. Бу ҳол ҳар қандай бадиий асарда муҳим ўрин тутадиган образларга характеристика беришнинг ўрни ва усулларидай масалада, айниқса, яққол намоён бўлади. Модернистик адабиётга персонажлар руҳиятининг универсал тасвирини бериб ўтирмаслик ёки антипсихологизм хосдир. Яъни, классик адабиётда одамга унинг руҳиятидаги муайян белгиларга таяниб, кейинги хатти-ҳаракатларини башорат қилиш мумкин бўлган яратиқ сифатида ёндашиш хос эди. Модерн адабиётда эса, одамни ҳар бир конкрет ҳолатда ўзгача руҳий жараёнлар оғушида бўладиган яратиқ сифатида тасвирлаш қарор топди. Негаки, модернизмда одам прог­раммалаштириб қўйилган механизм эмас, балки онгости ёхуд онгдан ташқаридаги импулслар таъсирида ҳам иш кўриши мумкин бўлган яратиқ экани кўзда тутиларди. Модернчилар одамнинг ҳолатига доир барча ўринларда сабаб-оқибат муносабатларига риоя этувчи детерминистик ёндашувга қарама-қарши ўлароқ, адабий тимсолларга ижтимоий тавсиф бериш ёки уларнинг руҳий ҳолатлари сабабларини уларнинг ўзидан ташқаридаги омиллар билан изоҳлаш адабиётнинг рационал фанлар билан келишуви оқибатидир ва айни шу боис ғайриинсонийдир деб ҳисоблайдилар.

Модернчилар томонидан севиб тасвирланадиган тимсоллар: Кафканинг “Эврилиш”идаги хизматчи Грегор Замза, Жойснинг “Улисс”идаги Маклер Блум, Камюнинг “Бегона”сидаги Клерк Мерсо сингари фавқулодда ёрқин хислатларга эга бўлмаган “кичик одам”лардир. Улар – интеллект ё эътиқод кучи, ёки характер хусусия­ти билан ташқаридан бўладиган зуғумларга етарлича қаршилик кўрсата олмайдиган кимсалар. Бу образлар адабиёттанувчилар айтадиган “қаҳрамонлар” эмас, балки айнан қаҳрамон бўлмаган ва бўлолмайдиган кўпқатори оддий одамлардан чиққан адабий персонажлардир, холос. Оила, давлат, жамият, ишхона улар учун ҳеч қачон англаб бўлмайдиган бегона, ҳатто, душманлик қиладиган ижтимоий институтлардир.

Адабий персонажга модернистик ёндашув баён йўсинининг макон ва замон жиҳатдан изчиллиги ва воқеаларнинг хроникал кетма-кетликда тасвирланиши шартлиги талабига ҳам барҳам берди. Модерн ижодкорлар баённинг ички ва ташқи ритмини бир-биридан ажратиб, бадиий ҳамда бирламчи реал замон ўртасидаги фарқни ўзаро яқинлаштириб бўлмайдиган даражада чуқурлаштириб юбордилар. Бирламчи реал вақт бу тарихий замондир. Тарих англамсиз ва одамларга ўз мавжудлик сирини очмагани учун модернчиларнинг қаҳрамонлари тарихий замонда яшамайдилар ёки яшай олмайдилар. Улар кўпроқ ўтмиш ва ҳозир ёнма-ён бўлган ҳамда келажакдан ажратиш мумкин бўлмаган ўзига хос шартли хаёлий замонда ҳаёт кечирадилар. Модернистик асарларда нимаики тасвирланган бўлса, у ҳамиша содир бўлган ва ҳеч қачон содир бўлмаган; ҳамма ерда юз берган ва ҳеч қаерда юз бермаган ҳодисалардир дейиш мумкин.

Модернизм бадиий адабиёт ихтиёридаги тасвирий воситалар тизимини ҳам тубдан янгилашга уринди. Адабиётнинг ифодавий уфқини кенгайтирган, одамни идрок этиш ва тасвирлаш маромини тамомила янгилаган “онг оқими” унинг асосий кашфиётидир. Модернизм бадиий асарнинг маконий ва замоний чегараларини хаёл етмас даражада кенгайтирди. Агар олдинлари бадиий асарларда бир-икки, ошиб борса, уч-тўрт сюжет чизиғи тасвирланган бўлса, модерн яратиқларда кўплаб сюжет чизиқларининг ўзаро бирлашуви, кесишуви, қоришиб-чатишуви, айрилуви тасвирланаверадиган бўлди.

Модернистик асарларда қаҳрамоннинг ички мо­нологи, унинг ўйлари, изтироблари тасвирининг мав­қеи мисли кўрилмаган даражада ўсганлиги бадиий яратиқларда муаллиф нуқтаи назари ва унинг нутқи аҳамиятининг пасайишига олиб келди. Модернистик адабиёт учун ҳаёт ҳақиқати ва анъаналарга мувофиқ амалга оширилган тасвирга нисбатан олам ҳамда одамни ўз хоҳишига мувофиқ тарзда тасвирлай оладиган санъаткорнинг эркин назари устувор ҳисобланади. Муаллифнинг нимани назарда тутгани эмас, битганида нималар тасвирлангани муҳим саналади.

Санъатнинг ижтимоий, сиёсий, диний, мафкуравий каби турли нобадиий бўғовлардан устун турадиган эркин ва озод ҳодиса эканига устуворлик берадиган эстетик стратегия модернистик йўналишнинг асосий белгиси саналади. Модернизмда классик санъатдаги миметик (тақлид) принципидан бутунлай воз кечилиб, бадиий мазмундан кўра шаклга бирламчи аҳамият қаратилди, шаклнинг ўзига мазмундан асло кам бўлмаган моҳият тарзида ёндашиладиган бўлди. Натижада, бадиий яратиқнинг кўриладиган (визуал) ҳамда эшитиладиган (аудиал) жиҳатлари мутлақлаштирилиб, у бошқа эстетик ҳодисалар томонидан қўллаб-қувватланишга эҳтиёж сезмайдиган, ўзи ўз борлигини оқлайдиган тамомила ўзига хос бадиий-эстетик борлиқ тарзида тақдим этиладиган бўлди.

Модернизмда юзага келтирилган бадиий яра­тиқларнинг адабий тур ва жанрлар борасидаги одатий қолипларига мувофиқ келишига кўпда эътибор қилинмайди. Бунда санъат билан борлиқ ўртасидаги чегара бузилиб, ўқирманни эстетик истеъмолчидан ижодий кечимнинг иштирокчисига айлантиришга уринилади. Модернизмда адабиёт ва санъат зиммасига ортиқча ноэстетик юк ортиш кўзда тутилмайди. Бу қарашга кўра ёзувчи ва бадиий асар ҳеч кимнинг олдида бурчли ҳам, ҳеч кимга хизмат қилишга мажбур ҳам эмас. Бу хил ёндашув модерн ва постмодерн йўналишларидаги асарлари билан ном қозонган ҳамда модернизмнинг назарий асосини яратган италиялик адиб Умберто Эко 1980 йилда билдирган фикр­да яққол кўзга ташланади: “…фақат замонни ҳисобга олиб ва дунёни ўзгартириш мўлжали билангина ёзиш мумкин деган қараш мавжуд эди. Ўн йилдирки, ёзувчи шахсининг эрки борлиги ҳамда азбаройи яратиш кечимига муҳаббат туфайли ҳам асар ёзса бўлишига кўпчилик кўникиб қолди” . Шу вақтга қадар бадиий адабиёт жамиятни ўзгартириш, даврни яхшилаш, одамларнинг ҳаётини тўғри йўлга солиш сингари буюк ниятларга хизмат қилиши лозим бўлган ҳодиса тарзида қараб келинарди. Айниқса, бизда адабиёт “адаб”дан олинган ва у, албатта, ўқирманга одоб ўргатиши керак деган ёндашув ҳукмрон эди (бу қараш ҳозирда ҳам ўз мавқеини йўқотгани йўқ). Модернистлар ёзувчи ҳам кўп қатори хом сут эмган банда ва у ўз битикларини юқоридагидай оламшумул мақсадларни кўзда тутиб ўтирмай, шунчаки ўзининг ёзишга бўлган ички эҳтиёжини қондириш учун ҳам яратиши мумкин деган қарашга таянадилар.

Модернизмда бадиий ижод турли даражадаги ижтимоий муаммоларни кўтариш ва ҳал этиш учун эмас, балки, аввало, санъаткорнинг ёзиш кечимининг ўзидан баҳра олиб, ички безовталикдан халос бўлиши, иккинчидан, дунёга келган асарнинг рецепиент (ўқирман, истемолчи)га завқ берадиган гедонистик функцияни бажара олиши ижодкорнинг асосий вазифаси ҳисобланади. “Санъат санъат учун” деган қараш ҳам айнан шу ёндашувдан сувланади. Модернизмда санъат асари яратилишининг ўзи муҳимдир, ундан муайян маъно келтириб чиқариш ёки чиқармаслик ўқирманнинг таъби ва интеллектуал даражасига боғ­лиқдир деб қаралади.

Модернизмнинг, биринчи навбатда, илмий нуқтаи назар, фалсафа ва психология экани, санъатдаги турли кўринишлар модернистик қарашлар тизимининг амалда намоён бўлиши эканини кўзда тутиш уни тушуниш сари йўл очади. Кўпчилик ўзбек олимлари ва ижодкорларида шаклий-мундарижавий жабҳадаги ҳар қандай янгиликни модернизм ҳисоблашга мо­йил ёндашув қарор топганки, буни асло тўғри деб бўлмайди. Модернизм узоқ вақт давомида маърифат юксалиши, илм-фан ва техника тараққиёти инсоннинг ҳаётини фаровонлаштириб, одамнинг табиатига эзгулик бағишлашига ишонган Кунботиш ойдинларининг фан-техника ривожининг инсоният бошига солган даҳ­­шатли фожиаларидан воқиф бўлгандан кейин пир бўлган ҳафсаласи, синган кўнгли ва умидсиз тафаккури маҳсулидир.

Эзгулик, олижанобликнинг ёмонлик ва ёвузлик томонидан жаҳоний миқёсда маҳв этилиши ижодкор кишиларда қадриятларга муносабатни ўзгартириш зарур деган фикрни келтириб чиқарди. Бунда инсоннинг ўзи бош қадрият экани, у ҳеч ким ва ҳеч нарса олдида бурчли бўлмаслиги, ўз кўнгил майли ва хоҳиш-истакларигагина бўйсуниб яшаши мақсадга мувофиқ деган тўхтам устувор бўлади. Модернизмда ҳар бир одамга алоҳида яратиқ сифатида қаралади, ҳар қан­дай одам ҳам одамдир ва унинг атрофидаги табиий ҳамда ижтимоий борлиқ унинг истагу манфаатларига мувофиқ бўлиши керак деган қарашга асосланган менчилик фалсафасига таянилади. Олами сағир бўлмиш инсон ақлининг олами кабир саналмиш ўн саккиз минг оламдаги хаотик ҳодисаларни тўлиқ идрок қилиш, бехато изоҳлаш ва башорат қила олмаслиги модернизмда тартибсиз дунёни тушуниш мумкин эмас, бинобарин, олам ва одамга тегишли ҳодисаю ҳолатларни бошу охири бор мавжудлик сифатида кўрсатиш сунъийликдир деган тўхтамни юзага келтирди.

Фрейд томонидан илгари сурилган онг оқими ту­шунчаси инсоннинг нафақат ижтимоий турмуши, балки ақлий фаолияти ҳам хаосдан иборатдир деган қарашнинг қарор топишига хизмат қилди. Бу таълимот таъсирида инсонни ҳаракатлантирадиган ёлғизгина омил либидо, яъни ҳирсий майлдир, одам умри давомида нималарни ўйлар, сўйлар ёки қилар экан, аслида, эҳтимол, ўзи ҳам билмаган ҳолда ҳирсий майллар етовида юрган, ўша майллар истагини бажараётган бўлади деган тўхтам шаклланди. Ўз навбатида бу қараш инсонга ижтимоий-биологик жиҳатдан маъқул бўлган барча нарса тўғридир ва одам ўзига мақбул бўлган бирор нарсадан уялмаслиги, хижолат чекмаслиги керак тарзидаги ёндашувни юзага келтирди. Модернизмда яланғоч тасвирлар кўпайиши, эротик саҳналар бадиий тасвир объектига айланишининг сабаби шунда. Бу майл, айримлар айтаётганидек, инсониятнинг ахлоқини бузиб юбориш ниятида ўйлаб топилмади, балки инсон эркини ҳар қандай чеклаш зулмдир, инсонга маъқул ҳар қандай тутум эса ахлоқийдир деган максималистик қараш туфайли дунёга келди. Бундай ёндашувнинг юзага келишига сабаб менчилик фалсафасига кўра индивиднинг истакларига ўтказилган ҳар қандай зуғум зулмдир, ҳар бир одам бетакрор бўлгани учун ҳам шахснинг хоҳишларини ҳар қандай қолипга солиш унга қилинган зўрлик бўлади. Бу фалсафа назарида, ҳатто, ахлоқ ҳам, жамиятда ўрнатилган маънавий нормалар ҳам инсон шахсига қилинган зўрликдан бошқа нарса эмас.

Шу хилдаги қарашлар тизими модернизм фалсафасини юзага келтирди. Кўриниб турибдики, у адабиёт ва санъатдаги шаклий тажрибалардангина иборат эмас, балки асосан олам моҳиятини англаш йўлидаги фалсафий-руҳоний изланишлар натижаси­дир. Шу изланишларга мувофиқ олам ва одамга ўзгача кўз билан қараш, ўзгача кўрилганларни ўзгача йўсинда изоҳлаш ва тасвирлаш тамойил ҳамда тизимлари юзага келди. Умумлаштириб айтганда, модернизмни инсоннинг Аллоҳ ва У яратган оламни ту­шуниш ҳамда изоҳлашдаги қонуний ожизлигидан табиий равишда келиб чиққан исён натижасидир де­йиш мумкин. Илоҳий тартиботга қилинган ҳар қандай исён куфрдир. Одам тафаккури кучига ортиқча баҳо бериш инсонда кибр пайдо қилиб, уни куфрга етаклайдиган асосий омил ўлароқ ёзғиришга лойиқдир. Айни вақтда қандайлигидан қатъи назар модернизм фалсафа, санъат ва адабиётда анча чуқур томир отган ҳодиса, бинобарин, илмнинг вазифаси ана шу ҳодиса моҳиятини тўғри изоҳлашдан иборат.

Миллат тараққиётининг муайян давридан эътиборан ўзбек санъат ва адабиётида ҳам модернистик ёндашувлар бўй кўрсата бошлади. Шуни айтиш керакки, ўзбек модернизми бир қатор ўзига хосликларга эгадир. Эътибор қилинган бўлса, ушбу мақоланинг бошида “Модернизм ўзининг илмий-назарий асоси сифатида Ф. Ницшенинг менчилик (индивидуалистик) фалсафасига таянган бўлса, бадиий ижод моҳиятини тушуниш ва изоҳлашда З. Фрейднинг психоаналитик қарашларига суянади”,- дейилган эди. Ўзбек модернизмининг ўзига хослиги айни шу ҳал қилувчи икки жиҳатга муносабатнинг бошқача эканлигида намоён бўлади. Яъни ҳар қандай ўзбек санъаткори шахс билан жамиятни бир-бирига мутлақ ва ўзгармас қарама-қарши бўлган ҳодисалар тарзида қарамайди. Шунингдек, ўзбек борлиққа шахсни маҳв этишгагина хизмат қиладиган яратиқ сифатида ёндашмайди. Ўзбек ижодкори минглаб йиллик этно-генетик хусусиятларига кўра ва эътиқод жиҳатидан мўмин бўлгани сабаб у одам деб аталмиш яратиқ ақлан қанчалик етишмасин, маънан нечоғлик камолотга эришмасин, олам ҳодисалари моҳиятини ҳеч қачон тўлиқ англаб етолмаслигини билади. Шунингдек, ўзбек одам қанчалик уринмасин, у тўла мукаммал бўлолмаслиги ва инсонликнинг энг муҳим белгиси унинг мавжудлиги ўзга одамнинг мавжудлигига халал бермасликда эканини табиий ҳисоблайди.

Кўпчилик ўзбеклар Яратган амридан ташқари ти­кан ҳам кирмаслигига ишонади ва умри давомида шунга кўникиб боради. Унинг қарашлар тизими шунга мутаносиб тарзда шаклланади. Худди шу жиҳатлар миллат фалсафий қарашлар тизимида модернистик ёндашув етакчи бўлолмаслигини келтириб чиқаради. Кунботишликлар эса оламда тасодиф борлигига ишонишади. Муайян ҳозирликлар билан ўша тасодифларнинг олдини олиш ёки унинг таъсир кучини камайтириш мумкин деб ҳисоблашади. Уларнинг, ҳатто, қиёмат қоимдан четда қолиш мумкин деб ўйлашлари 2012 йил 21 декабрда юз бериши кутилган “апокалипсис”га муносабатда яққол намоён бўлди. Айримларнинг ғорга, баъзиларнинг ертўлаларга, кимларнингдир ерости йўлакларига кириб жон сақламоқчи бўлганликларидан уларнинг бу борадаги тушунчалари аёнлашди. Мусулмон дунёсида эса, аввало, бундай “аниқ”ликка ишонилмади. Иккинчидан, кимнингдир қиёматдан четда қолиши мумкинлигини хаёлга ҳам келтирилмади. Тўғри, ўзбеклар орасида ҳам тамомила кунботишча ўйлайдиган ижодкор шахслар бўлиши мумкин. Аммо улар ҳеч қачон бутун бир фалсафий-эстетик йўналиш мавқеига эриша олмайдилар.

Айтилган сабабларга кўра ўзбек адабиёти ҳамда санъатида модернизм олам ва одамга тегишли ҳодисаю ҳолатларни изоҳлашда олдин мавжуд бўл­ган қарашларни инкор этиш тарзида эмас, балки уларни кўриш ва бадиий акс эттиришнинг бир қадар ўзгачалигида намоён бўлади. Шу туфайли ўзбек мо­­дернизмини Кунботиш модернизмидан фарқли ўла­роқ, олам тартиботи ва унинг Яратувчисига ижодий исён натижаси эмас, балки айни шу ижодкор шахсда кечаётган инжа руҳий-интеллектуал ҳолатнинг ифодаси тарзида юзага келган ҳолатдир дейиш тўғрироқ бўлади. Модернча ёзаётган ўзбек санъаткорлари мум­тоз тажрибаларга таянган ҳолда модернизмнинг фалсафий постулатларига эмас, балки кўпроқ ифода йўсинидаги инжалик ва кутилмаганликка эътибор қаратишяпти.

Ўзбек ойдинлари орасида модернизмга истеъдодсизликни яшириш воситаси деб қараш анча кенг ёйил­ган. Ҳолбуки, айнан модернизм бадиий адабиётни истеъдодсизлик ва қолипдан халос этиш мақсадида юзага келган ҳодисадир. Айнан модернизм бадиий яратиқ мавзу долзарблиги, фикр янгилиги, ифоданинг тушунарлилиги сингари ташқи белгилар сабабли эмас, балки чиндан ҳам бетакрор ва оригинал битилгани учун ўқилишини исташ оқибатида пайдо бўлган. Шунингдек, ижодкор ва синчи-адабиёттанувчилар орасида модернизмга оммавий маданиятнинг ёйилиши ва миллий диднинг пасайишига сабаб бўладиган фалсафий-эстетик ҳодиса тарзида қараш ҳам бир қадар тарқалган. Аслида айнан модернизм чинакам бадиий ижод ҳеч қачон оммавий бўлмаган ва бўлмаслиги ҳам керак деган қараш натижаси ўлароқ юзага келган. Модернистик санъатнинг ўнлаб оқимларидан бирортаси бадиий ижод жараёни ва бу кечим маҳсулининг оммавий бўлишини талаб қилмайди. Модернизм узоқ йиллар давомида айнан оммавий бўлмагани, кўпчилик томонидан тушунилмагани учун танқид қилиб келинди. Ҳатто, бугунги кунда ҳам модерн йўналишидаги битикларнинг кенг омма орасида ёйилмаётганлиги, у ҳамиша ўзининг хос ўқирманларини кўзда тутиши маълум-ку?!

Модернизм ўзининг барча турли-туман кўри­ниш­ларида реал борлиқдан юксак мавжудлик ёки онгости макони сингари ҳодисаларни билиб олиш ва татбиқ этишга интилади. У асл ҳақиқат, ҳаётнинг моҳияти айнан ўша реал борлиқдан юксак мавжудликда яширинган деб ҳисоблайди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, гарчи, модернизм бадиий тилга кўп ўз­гачаликлар киритган, тасвирий ифода борасида жиддий ислоҳотлар қилган бўлса-да, мавжуд бадиий тилни мутлақо инкор этмайди. Лекин у бадиий асар тили шахснинг онгли, онг ости ва онг оқими таъсиридаги руҳий ҳолатини ифодалайдиган бўлиши керак деб ҳисоблайди.

Ўзбек адабиёттанувчилигида модернизм ҳо­ди­саси ва шу йўналишда битилган асарларга муносабат ҳам ўзига хос тараққиёт йўлини босиб ўтди дейиш мумкин. Кейинги ярим аср мобайнида модернизм “Бу адабий оқим халққа ёт бўлган мазмунсиз санъатни тарғиб этиш, мистикани, фаҳшни куйлаш, адабий формаларнинг ташқи безакларига берилиб кетиш каби буржуа адабиётига хос хусусиятлар билан характерланади” йўсинидаги сиёсий айбловдан “…объектив воқеликнинг тасвири ўрнига унинг ижодкор тасаввуридаги бадиий моделини яратишни мақсад қилади. Яъни …воқеликни акс эттириш эмас, ижодкорнинг ўз-ўзини ифодалаши устувор аҳамият касб этади. Ижодда субъективликнинг олдинги ўринга чи­қарилиши мантиқий билишдан интуитив билишнинг юқори қўйилиши, инсон ички оламида кечувчи тизгинсиз эврилишларга айрича эътибор берилиши, ижодкор шахс тахайюли ва у акс эттирган воқеликнинг бетакрор ҳодиса сифатида тушунилиши, ўз ўй-ҳис­ларини ҳеч қандай (маънавий, ахлоқий, сиёсий ва ҳ.) чекловларсиз ифодаланиши ҳуқуқининг эътироф этилиши модернизмга хос хусусиятлардандир” тарзидаги илмий эътироф даражасига ўсиб етилди. Гарчи, бугунги кунда ҳам “Модернизм – ашаддий нигилист, ҳеч қандай қонун-қоидани, ақидани, жамоани ва жамиятни тан олмайди. Ҳеч нарсага ишонмайди, бунинг устига беҳаё, сурбет. Диққатини ғоявий мазмунга эмас, асосан шаклга, мавҳум шаклбозликка қаратади. Символизм, импрессионизм, сюрреализм, модерн, экспрессионизм деганлари ҳам модернизмнинг турли тармоқларидир. Барчаси реализмга қарши, барчасига тушкунлик хос ” тарзидаги ҳамда модернистик йўналиш ўзбек адабиёти учун мутлақо бегона, миллий адабиётимизда бу йўлда яратилган бирорта ҳам асар йўқ, у айрим ижодкорларнинг ўз истеъдодсизликларини яшириш воситасидан бошқа нарса эмас қабилидаги ёндашувлар мавжуд бўлса-да, адабиёт жабҳасида юз бераётган ўзгаришларга соғлом ва холис назар билан қарайдиган кўпчилик мутахассислар томонидан “Модернизм ҳаётни юзаки, натуралистик …қолипда тасвирлашдан кўра воқеа-ҳодисаларнинг фалсафий моҳиятини очиш, ички жараёнини ёритишни афзал билган адабий оқим” экани қайд этилмоқда. Айни вақтда, модерн йўналишнинг моҳиятини “…модернизм танқидий реализм, хусусан, социалистик реализм ақидаларига қарши турган адабий оқим бўлиб, асрнинг олтмишинчи йилларида ўз умрини яшаб бўлди ва ўрнини постмодернизм деб аталувчи янги оқимга бўшатиб берди” тарзида бироз шошқалоқлик билан изоҳлашга уринишлар ҳам барҳам топгани йўқ.

Миллий адабиёттанув илмида модернизмни фа­қат турли шаклий изланишларни амалга оширишдангина иборат кечим тарзида тушуниш ҳам кенг ёйилган. Бунга кўра, бадиий ифодада мавжуд анъаналардан ҳар қандай чекинишга модернизмнинг юзага келиши тарзида қаралади. Умуман олганда, жуда теран ёзилган бир мақоладаги: “Салим Ашур ижодида шак­лий, мантиқий тажрибалар, яъни модерн шеърлар салмоқли ўрин тутади. Айни пайтда шаклбозликка, экспериментларга маҳлиё бўлиб, шеърнинг асосий шарти – тирик қалбнинг тирик туйғуларини четлаб ўтмайди”, – шаклидаги қарашлар битилгани фикримизнинг асосидир. Модернизмдай серқирра эстетик ҳодисани бу қадар жўн ва енгил изоҳлашга доир мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ёндашувлар тизимидаги бундай хилма-хилликни тушуниш мумкин. Чунки жараён тўхтагани йўғу ҳамон кечмоқда. Тўхтамаган кечим борасидаги тўхтамлар ҳам хилма-хил бўлиши табиий. Шунга таянган ҳолда бадиий ижодда пайдо бўлган бирор йўналиш, жумладан, модернизм ҳам изсиз йўқолиб кетмайди. Инсониятнинг бадиий диди такомиллашиб боргани сари ижод кечими ҳам борган сари турфалашиб бораверади деб ўйлаймиз.

Манба: “Ёшлик” журнали, 2014 йил, 9-сон

090

Qozoqboy Yo’ldosh
MODERNIZM: ILDIZ, MOHIYAT VA BELGILAR
0902

Kunbotish o‘lkalaridagi nazariy tipologiyaga ko‘­ra badiiy adabiyot taraqqiyotining tarixi shartli ravishda a) klassik adabiyotgacha bo‘lgan bosqich; b) klassik adabiyot bosqichi; v) noklassik adabiyot bos­qichi; g) postklassik adabiyot bosqichi singari bosqichlardan iborat ekani qayd etiladi. Agar estetika tarixi va nazariyasida aristotelcha-gegelcha-kantcha yondashuv klassik yo‘nalish deyiladigan bo‘lsa, ungacha, ya’ni an­tik davrgacha bo‘lgan bosqichning klassik adabiyotgacha deyilishida mantiq borligi ko‘rinadi. Modernizm esa aynan ana shu klassik qarashlardan yuz o‘girish, uni inkor etish natijasi o‘laroq yuzaga kelgan ilmiy-estetik qarashlar tizimi bo‘lgan edi. Dastlab modernizm o‘zini eng so‘nggi badiiy-estetik yo‘nalish tarzida taqdim etdi, ammo vaqt bu da’vo to‘g‘ri emasligini, adabiyot va san’at hodisalariga yondashish hamda izohlashning shu vaqtgacha bo‘lgan barcha yo‘nalishlaridan tamomila farq qiluvchi postklassik bosqichi ham borligini ko‘rsatdi.

Juda uzoq yillar mobaynida amalda bo‘lib kelgan klassik yo‘nalishning o‘rnini egallagan noklassik falsafiy va badiiy tafakkur tarzining ifodasi bo‘lmish modernizm yo‘nalishiga xos yetakchi belgilar nimalardan iborat ekanini aniqlash g‘oyat muhim ilmiy-nazariy va amaliy ahamiyat kasb etadi. Modernizmning nazariy qarashlar tizimi va badiiy amaliyotida aristotelcha-gegelcha-kantcha klassik qarashlarga zid ravishda faqat borliq hodisalari hamda odamning muayyan maqsadga yo‘naltirilgan faoliyatigina emas, balki insondagi zerikish, siqilish, tushkunlik, qo‘rquv singari an’anaviy klassik san’at e’tiboridan chetda bo‘lgan ruhiy tushuncha va holatlar ham badiiy tasvir ob’ekti maqomiga ko‘tarildi; sinkretizm kuchaygani sabab falsafa badiiylashdi, musiqada ohang uyg‘unligidan yuz o‘girildi, tasviriy san’atda tashqi o‘xshashlik va shakliy garmoniyadan voz kechildi, adabiyot, teatr va kinoda hayotiy haqqoniylik o‘rniga absurd, noshayin, erotik hamda jirkanch holatlar tas­viriga ustuvor maqom berildi. Ayni vaqtda, mo­dernis­tik san’atning yuksak namunalari yaratilib, ular XX asr estetik tafakkurining o‘ziga xos klassikasi bo‘lib qoldi. Negaki, har bir modern asar oldindan puxta o‘ylab olingan qonun-qoidalar, talabu tartiblar asosida yaratildi. Hatto, har qanday azaliy qolipu tartiblarning inkori o‘laroq dunyoga kelgan asarlarda ham muayyan ichki badiiy-estetik intizom mavjud edi.

Modernizm – falsafa, san’at va adabiyot so­ha­sidagi noklassik qarashlar tizimini umumlashtiruvchi atama. Kunbotish mamlakatlarida 19 asrning so‘nggi choragida yuzaga kelgan va frantsuzcha “eng yangi”, “zamonaviy” ma’nolarini anglatuvchi modernizm o‘zini o‘sha zamon hamda kelajakdagi yagona haqiqiy estetik va falsafiy yo‘nalish hisoblab, olamni falsafiy hamda badiiy idrok etish, izohlash va tasvirlash borasida mavjud bo‘lgan an’anaviy yondashuvlarni inkor qilishi bilan ajralib turadi. Modernizm olam hodisalari va odamga munosabat, ulardagi turli-tuman holatlarni izohlash hamda tasvirlashda o‘ziga xoslikka intilib, klassik yondashuv yo‘sinini inkor etish yo‘lidan borgan g‘oyat ko‘p tarmoqli falsafiy-estetik hodisadir.

Modernizm klassik falsafadagi san’atga real voqelikning in’ikosi tarzida qarashdan voz kechib, borliqqa qat’iy bog‘lanib qolish san’atkorni cheklab qo‘yadi, u o‘z o‘yu xayollari bilan voqelikdan tashqarida turganida ko‘proq ijodiy imkoniyatga ega bo‘ladi deb qaraydi. Realistik nazariya san’atning yagona ob’ekti borliq deb bilgani sababli ham undan yuz o‘girish kerak deb hisoblaydi. San’at borliqning nusxasi emas, balki uning o‘zi alohida mustaqil borliq deb biladi. Modernistik adabiyot va san’atning barcha yo‘nalishlarda yaratilgan asarlarda unga qadar qo‘llanib kelingan an’anaviy badiiy vosita va usullar yo butunlay inkor qilinadi, yoxud ulardan tanib bo‘lmaydigan darajada o‘zgartirilgan holda foydalaniladi.

Ma’lumki, san’at va adabiyotdagi klassik qa­rashlar tizimi sharoitida badiiy yaratiqning aql­ga muvofiqligi (ratsionallik), ijodiy tajriba da­­­­vomida shakllangan badiiy qoliplarga rioya qi­lishi (normativlik), tasvir vosita va unsurlari orasida uyg‘unlikning mavjudligi (garmoniya), badiiy ifodaning aniq, oson va bir xil tushuniladigan bo‘lishi, kompozitsiyaning formal insoniy mantiqqa muvofiq qurilishi, har qanday badiiy asarning real hayotga muvofiq keladigan yo‘sindagi muayyan taxminiy sxematik modelga egaligi, idealni tasvirlash kerakligi, tilning oddiy so‘zlashuv nutqidan farq qiladigan tarzda silliqlangan bo‘lishi lozimligi singari talablar qo‘yilar edi. Badiiy ijodni muayyan talablarga bo‘ysundiradigan bunday klassik yondashuvlarga isyon o‘laroq yuzaga kelgan modernizm turli-tuman ko‘rinishlarga ega serqatlam falsafiy-estetik qarashlar tizimidan iborat bo‘lib, bu yo‘nalishdagi izlanishlar jamiyat hayotida keskin to‘ntarishlar hamda qaltis kataklizmlar yuz bergan sharoitda, ayniqsa, kuchayadi. Negaki, inson ijtimoiy turmushidagi keskin chayqalishlar uning tuyg‘ularini muvozanatdan chiqarib, ta’sirlanish va bu ta’sirni ifodalash yo‘sinlariga tahrir kiritadi, qarashlar tizimini o‘zgartirib yuboradi. Bu o‘zgarishlar esa odamning badiiy didini yangilaydi.

Modernizmning akmeizm, simvolizm, dadaizm, futurizm, imajinizm, syurrealizm, ekspressionizm, fovizm, shoizm, suprematizm, absurd kabi oqimlari turli ijtimoiy-ma’naviy qalqishlar davrida yuzaga kelib, badiiy adabiyotda yorqin namoyon bo‘lgan yo‘­nalishlardir. Ta’kidlash kerakki, agar oldinlari bu xildagi ijtimoiy-axloqiy silkinishlar bashariyat uchun har zamonda yuz beradigan tasodifiy holat hisoblangan bo‘lsa, endilikda tobora doimiylik kasb etib bormoqda.

Modernistik hissiy-intellektual yondashuvga ko‘­ra hayot hamisha tartibsiz va beboshvoq; inson tirik­ligining tiyiqsiz va tayinsizligi odamning hayotdan o‘z o‘rnini topolmay yolg‘izlanib qolishiga olib keladi; insonning hayoti yechimi hech qachon topilmaydigan ziddiyatlardan iboratdir. Bunday kayfiyat modernchi ijodkorlarda san’at hayotga ijobiy ta’sir ko‘rsatib, unga tartib va ma’no baxsh eta olmaydi degan umidsiz to‘xtam shakllanishiga sabab bo‘ladi. “San’at san’at uchun” chaqirig‘i modernistik yo‘nalishdagi barcha adabiy oqimlarning asosiy shiori ekanining boisi shunda. Hamonki, san’at asari ijtimoiy borliqni o‘zgartirish va unga muayyan tartib berishga qodir emas ekan, hayot va uning muammolarini aks ettirishdan ma’no yo‘q deb qaraldi. Shuning uchun modernizmda ko‘proq badiiy yaratiqning ifodaviy jihatlariga e’tibor qaratilib, ob’ektiv olam hodisalari va unda qatnashadigan timsollarni tasvirlashdan ko‘ra ob’ektiv dunyo to‘g‘risidagi sub’ektiv taassurotlarni, ongos­ti impulslarning o‘yinlarini aks ettirish muhimroq sanaladi. Bu xil yondashuv san’at va adabiyotga hech kim va hech narsa oldida burchli bo‘lmagan idtimoiy-estetik fenomen tarzida qarash imkonini beradi.

Modernizm o‘zining ilmiy-nazariy asosi sifa­tida F. Nitsshening menchilik (individualistik) fal­safasiga tayangan bo‘lsa, badiiy ijod mohiyatini tushunish va izohlashda Z. Freydning psixoanalitik qa­­­rashlariga suyanadi.

F. Nitsshening menchilik falsafasiga ko‘ra jamiyat hamisha shaxsga qarshi turadi, individ va uning manfaatlari jamiyat tomonidan doim kamsitiladi, axloq va qonun ko‘pchilik tomonidan alohida shaxsning erkini zanjirband qilish uchun o‘ylab topilgan ijtimoiy-etik bo‘g‘ovlardir. Demak, jamiyat mavjudligining o‘zi bilan alohida shaxsning erkiga daxl qiladi, uning o‘ylari, tuyg‘ulari va amallarini cheklashga urinadi. Holbuki, odam hech qanday sababga ko‘ra o‘z istak­larini jilovlamasligi kerak. Insonni suyish, ya’ni gumanizm shuni taqozo etadi. Insonparvarlik darajasi shaxsga berilgan erk miqyosi bilan o‘lchanadi.

Odam ruhiyatidagi turli-tuman og‘ishlar jarayonini sinchiklab o‘rgangan Freyd insonda sodir bo‘­ladigan juda ko‘pchilik intellektual-ruhiy munosabat (reaktsiya)lar uning ongiga bog‘liq emas, odamning “men”i tabiiy ravishda hamisha ko‘ngilsizliklardan nariroq bo‘lib, imkon boricha ko‘proq lazzat olib qolishga moyil degan xulosaga keladi. U inson xatti-harakatlarining ko‘pchiligi ongosti mayllari tufayli yuzaga keladi va ularning mohiyatida asosan qo‘rquv, ochlik hamda hirsiy xohishlarni qondirish istagi yotadi deb hisoblaydi. Shu tariqa Freyd ijtimoiy hayot hodisalari yuzaga kelishini ham ongosti mayllari bilan tushuntirib, inson xulqi va ruhiyati shakllanishida ijtimoiy omillarning o‘rni kattaligini inkor etadi.

Minglab yillar mobaynida ma’rifat va ilmu fan taraqqiyotiga ko‘z tikib, ilmiy-texnik rivojlanish insoniyat hayotini farovonlashtirib, odamlararo munosabatlarning ezgulashuviga xizmat qilishidan umidlanib yurgan ijodkorlar XIX asr oxiri va XX yuz yillik boshlarida fanning shiddat bilan o‘sishi ular kutganidan butunlay teskari natijalar berganini ko‘rib, tamomila hafsalalari pir bo‘ldi. Birinchi jahon urushi keltirgan vayrongarchiliklar falsafa va san’atda modernistik kayfiyatlar avj­lanib, mustaqil yo‘nalish darajasiga ko‘tarilishiga sabab bo‘ldi. Ochun miqyosidagi urush tufayli odatiy hayot normalarining buzilishi yangicha qarash va munosabatlar tizimining yuzaga kelishi tafakkur va ijod odamlarining ko‘pchiligida falsafa va san’atni ham yangilash maylini yuzaga keltirdi. Zero, falsafa va san’at borasida shakllangan aqidalar bashariyatning ayni zamondagi fikriy va ruhiy holatlariga mos kelmay qolgandi.

Modernistik san’at jahon urushi sababli ijod­korlarning odatiy o‘zanidan chiqarib yuborilgan kay­­fiyati hamda umumiy ijtimoiy negizlarning tu­shu­narsizligi aralashuvidan yuzaga keldi. Chunki ke­chagina ijodkorlar uchun g‘oyat tushunarli va to‘liq izohlash mumkin bo‘lgan dunyo bu davrga kelib butunlay chigal va tushunarsiz bo‘lib qolgan edi. Qandaydir noma’lum kuch ijodkorni qonga botgan odamlar to‘dasi va ma’nili yo‘sinda izohlab bo‘lmaydigan tizginsiz hodisalar o‘pqoniga uloqtirib yuborganday edi.

Modernchilar o‘zgargan davrda yashayotgan kishilarning yangilangan estetik ta’biga muvofiq keladigan tamomila yangi san’at, adabiyot yaratish niyatida ratsionalizm, normativlik va garmoniyaga tayangan va borliqqa bog‘lanib qolgan mumtoz badiiy-estetik an’analardan voz kechdilar. An’anaviy san’at va adabiyotda qaror topgan qarashlardan keskin farq qilaroq, badiiy tasvirda hayotga muvofiqlik emas, balki har bir san’atkorning olamni boshqalarga o‘xshamagan tarzda individual ko‘ra bilishi bosh estetik qadriyat sanaladigan bo‘ldi. Chunki modernchi ijodkorlarning ko‘pchiligi shaxsdan tashqarida va hammaga tegishli haqiqat bo‘lishi mumkin emas deb hisoblardilar. Boshqacha aytganda, ular haqiqatning ob’ektivligini inkor etishardi. Modernchilar har bir shaxsning haqiqati alohida bo‘ladi deb hisoblardilar. Shuning uchun ham ong bilan ongsizlik hamda ularning o‘zaro munosabatlari tasviri modernchilar uchun eng sevimli va doimiy mavzuga aylandi. Modernchilar adabiyot taraqqiyotining oldingi davrlarida ijodkorlar nazaridan butunlay chetda qolgan, boshqalardan ajralib turmaydigan g‘oyat oddiy, elqatori (srednestatis­tik) odamlarning hayoti va ichki dunyosini ko‘rsatishga ayricha e’tibor qaratdilar: modern asarlarda bunday shaxslarning ruhiyatidagi g‘oyat ichkin tuyg‘ular, o‘ta nozik sezimlar mayda ikir-chikirlariga qadar batafsil qalamga olina boshladi. Personajlar hayoti va ruhiyatining oldinlari tasvirlash ayb sanaladigan xunuk va uyatli jihatlariga qadar avra-astari ag‘darib ko‘rsatiladigan bo‘ldi.

Modernchi yozuvchilar badiiy tasvirga yangicha ko‘rinish berish, bir-biriga o‘xshamaydigan odamlar ruhiyatining qaytarilmas manzarasini chizish uchun shakl, vosita, usul, uslub ustida adoqsiz ijodiy tajribalar o‘tkazishdan erinmadilar. Ammo ular bosh qahramonni jamiyat qarshisida gangib qolgan yoxud unga qarshi botiniy yoxud zohiriy noroziligi bor shaxs sifatida tasvirlash borasida bir-biriga yaqin pozitsiyalarda edilar. Shafqatsiz borliq qarshisida yolg‘iz va himoyasiz qolgan bu kimsaning tuyg‘ular olami uni o‘rab turgan voqelik qarqini (sur’ati) bosimiga dosh berolmasligi oqibatida jamiyatdan begonalashib abgor bo‘lishini tasvirlash g‘oyat keng yoyildi.

O‘zigacha bo‘lgan barcha adabiy yo‘nalishlardan farqli ravishda aynan modernizm o‘z e’tiborini oddiy odamning ichki olamini tasvirlashga qaratdi. Modernchi ijodkorlar insonni o‘rab turgan voqelik va ijtimoiy muhitni yo tasvirlamasdilar, yoxud uni o‘zlarining badiiy niyatlariga mos keladigan tarzda istagancha o‘zgartirib ko‘rsatish yo‘lidan borishardi. Bunda hayotiy aniqlikka amal qilmaslik, anaxronizm oddiy hol sanalardi.

Ko‘pchilik adabiyottanuvchilar modern adabiyotni kishida qayg‘u, chorasizlik va zulmat tuyg‘ularini uyg‘otadigan badiiy hodisa hisoblaydilar. Aslida bunday tasavvur uyg‘otadigan bitiklar ko‘pincha tirik­lik mohiyatini to‘la anglab yetmoqchi bo‘lgan va bunga erisholmagani uchun dunyoi dun tartibotlaridan norozi holatda yuradigan mualliflarning kayfiyatlari natijasi o‘laroq yuzaga kelgan bo‘ladi.

Modern adabiyotning o‘ziga xosligi, birinchi nav­­batda, oldin shakllangan adabiy an’analarda ta­lab qilingani kabi badiiy tasvirda muallif va o‘qirman qarashlarida uyg‘unlik bo‘lishiga urinishdan voz kechishda namoyon bo‘ladi. Agar klassik adabiyot bosqichidagi badiiy tasvirning hayotga o‘xshashligi, voqelik va odamlararo munosabatlarni sabab-oqibat bog‘lanishlari og‘ushida ko‘rsatish modernchi nosirlar tarafidan rad etilgan bo‘lsa, modern she’riyatda qat’iy poetik tizim va mavjud ifodaviy arsenallar erkin she’riy shakl hamda ifoda xilma-xilligi tomonidan inkor qilindi. Modernchi yozuvchilar oldingi badiiy qadriyatlarni uloqtirib tashlab, o‘quvchilarni ham chuqur o‘ylanishga, ham qaysidir darajada muallifga sherik bo‘lishga majbur etadigan murakkab va yangi adabiy shakl hamda usullar qo‘llashga urindilar. Modernchi adiblar badiiy asarlardagi voqealar rivoji tasvirining xronologik tartibdagi ifoda yo‘sinini ham buzib yubordilar. Ko‘pchilik modernis­tik asarlarda tartib bilan kechadigan voqealar emas, balki odamning boshi-keti yo‘q o‘y-xayollari va chigal kechinmalari oqimi aks ettirilardi. Tuyg‘ular va o‘y-xayollar kechimi tasviri ham oldingi kabi ichki intizom bilan emas, balki betartib yo‘sinda yopirilib keladigan ong oqimi tarzida beriladigan bo‘ldi.

Klassik adabiyot namunalarida olam va unda sodir bo‘lgan hodisotlarning muayyan darajada tugallangan universal obrazi yaratilgani sababli ularni borliqning o‘ziga xos badiiy maketi o‘rnida qabul qilish mumkin edi. Chindan ham har qanday odam uchun xaos (tartibsizlik) bo‘lib ko‘rinadigan borliq klassik badiiy asarlarda muayyan boshlanish va tugallanishga ega kosmos (tartib) holatida tasvirlanardi. Modernizm esa ochun va unda umr kechirayotgan odam hayoti anglab yetilishi hech qachon mumkin bo‘lmaydigan tartibsizlikdan iboratdir va ijodkorning vazifasi real xaosdan sun’iy ravishda estetik kosmos yaratish emas, balki xaos holatining o‘zini mavjudlikning universal va doimiy shakli sifatida badiiy tasvirlab bera olishdan iborat deb hisobladi.

Menchi (individualist) yakka shaxs ongi hamda ruhiyatining cheksiz olam va tartibsiz (xaotik) hayotdagi o‘rni, qimmati nimadan iborat ekanini tushunish hamda tasvirlashga modern adabiyot va san’atning bosh masalasi deb qaraldi. Modernchi san’atkorlar olam va odamning mavjudlik tabiati ushbu masalaning mantiqiy ratsional yechimi bo‘lishi mumkin emasligini taqozo etgani sabab uni hal qilishning irratsional yo‘li samaraliroq bo‘ladi deb qaraydilar. Boshqacha aytganda, modernchilar olam va odamga doir holatlarni tushunish hamda tasvirlashda ratsional tafakkurning ijtimoiy qolipga solingan sovuq, hissiz va zerikarli fikrlash yo‘siniga individual shaxsning ongosti va xayoliy bo‘lgani bois g‘ayriixtiyoriy, irratsional o‘ylash tarzini qarshi qo‘yadilar.

Ayni shu sabab modernchi ijodkorlar o‘z badiiy yaratiqlarida turli mo‘‘jiza, rivoyat, sirli mifologik hodisalar tasviridan mo‘l-ko‘l foydalanishadi. Ta’kidlash kerakki, shu kabi moderncha yondashuvlarning islomiy Kunchiqish adabiy tajribalariga yaqinlashuvi ko‘zga tashlanadi. Negaki, islomiy-turkiy adabiyotda azal-azaldan insoniy aql bilan izohlash va anglash mumkin bo‘lavermaydigan ilohiy holatlar tasviri o‘ta muhim o‘rin tutib kelgan. Faqat birgina va asosiy farq shundaki, turkiy-islomiy mumtoz adabiyot namunalarida aql bilan izohlash mushkul bo‘lgan g‘aybga doir tasvirlar mushkulotlarning yechilishi va qahramonlar ishining o‘nglanishiga xizmat qilsa, modern asarlarda personajlar qismatini yanada og‘irlashtirish, ular urinib-surinib topayotgan yo‘lni yo‘q qilishga qaratilgan bo‘ladi. Masalan, “Malika ayyor” dostonida Shozargar mahbubasini olmaga aylantirib yonida, mahbubasi esa o‘ynashini ignaga aylantirib, yoqasida olib yursa, Nazar Eshonqulning “Bahovuddinning iti” hikoyasida ma’naviyatsiz odamlar bilan yashashdan qiynalgan ovoz rejissyori itga aylanib, ular orasida umr kechira boshlaydi. “Alpomish” dostonida toshga chandib bog‘lab tashlangan Qorajon Alpomishning piri Rajabxo‘janing ruhunati yordamida tutqunlikdan xalos bo‘lsa, “Jarayon” romanidagi Yozef K. g‘ayriixtiyoriy tarzda ishga ketayotib, suddan, sudga ketayotib, ibodatxonadan chiqib qolaveradi. Ya’nikim, folklor yoxud mumtoz adabiyot namunalarida mistik tasvirlar qahramonning holatini yengillatishga xizmat qilsa, modern asarlarda ularning qismatini og‘irlashtiradi. Ayni shu mistik holatlar tasviri aks etgan o‘rinlarda hamisha Yaratganga ishonib, unga tavakkal qilgan va butun ixtiyorini bergan mo‘min bilan Kunbotishning har bir qadamini o‘z tafakkuriga tayanib bosadigan va shunga yarasha natijaga erishishni kutadigan odami ruhiyati va qismati o‘rtasidagi keskin ayirma namoyon bo‘ladi.

Botish adabiyotida, ayniqsa, ma’rifatchilik davridan e’tiboran, olam va odamga doir barcha holatu hodisalarni inson aqli bilan izohlash mumkin va lozim, odamning tafakkuri har qanday mushkulotni yechishga qodir degan qarash qaror topgan edi. D. Defoning “Robinzon Kruzo”, J. Sviftning “Gulliverning sayohatlari”, J. Russoning “Emil yoki tarbiya”, “Yangi Eloiza” singari ko‘p asarlarda fikr odami o‘z yo‘lida duch keladigan barcha mushkulotlarni bartaraf qila olishi aks ettirilardi. Adabiyot rivojining romantizm, tanqidiy realizm va realizm singari bosqichlarida ham insoniyat taqdirida tafakkur beqiyos katta o‘rin tutishi tasviriga alohida e’tibor berildi. Juda ko‘pchilik ijodkorlar har qanday jamiyatni razolatu yovuzliklardan aynan aql qutqarishiga ishonar edilar va bu inonchlarini badiiy yaratiqlarida aks ettirardilar. Shuningdek, adabiyot ahlida hayotning badiiy tasvirga tortilgan qismi shartli bo‘lsa-da, butunlik xususiyatiga ega holda aks ettirilishi kerak degan qarash hokim edi. Modernis­tik adabiyot badiiy tasvirning makoniy va zamoniy doirasini cheklaydigan ana shu qarashlarni inkor etish orqali badiiy adabiyotning imkoniyatini yanada kengaytirmoqchi bo‘ldi. Ya’ni, modern adabiyot insoniyat tafakkurining yuksalishi unga bax­tu saodat emas, balki azobu uqubat olib kelishi ham mumkinligini konkret insoniy taqdirlar misolida ko‘rsatib berdi. Shuningdek, modernizm borliq va hayotga hech qanday tugallikka ega bo‘lmagan, son-sanoqsiz umr va taqdirlarni o‘z gumiga tortib ketaveradigan uzluksiz oqim tarzida yondashish tajribasini boshlab berdi.

Modernchilar klassik san’at asarlaridagi barcha tarkibiy tuzilmalarni isloh qildilar. Bu hol har qanday badiiy asarda muhim o‘rin tutadigan obrazlarga xarakteristika berishning o‘rni va usullariday masalada, ayniqsa, yaqqol namoyon bo‘ladi. Modernistik adabiyotga personajlar ruhiyatining universal tasvirini berib o‘tirmaslik yoki antipsixologizm xosdir. Ya’ni, klassik adabiyotda odamga uning ruhiyatidagi muayyan belgilarga tayanib, keyingi xatti-harakatlarini bashorat qilish mumkin bo‘lgan yaratiq sifatida yondashish xos edi. Modern adabiyotda esa, odamni har bir konkret holatda o‘zgacha ruhiy jarayonlar og‘ushida bo‘ladigan yaratiq sifatida tasvirlash qaror topdi. Negaki, modernizmda odam prog­rammalashtirib qo‘yilgan mexanizm emas, balki ongosti yoxud ongdan tashqaridagi impulslar ta’sirida ham ish ko‘rishi mumkin bo‘lgan yaratiq ekani ko‘zda tutilardi. Modernchilar odamning holatiga doir barcha o‘rinlarda sabab-oqibat munosabatlariga rioya etuvchi deterministik yondashuvga qarama-qarshi o‘laroq, adabiy timsollarga ijtimoiy tavsif berish yoki ularning ruhiy holatlari sabablarini ularning o‘zidan tashqaridagi omillar bilan izohlash adabiyotning ratsional fanlar bilan kelishuvi oqibatidir va ayni shu bois g‘ayriinsoniydir deb hisoblaydilar.

Modernchilar tomonidan sevib tasvirlanadigan timsollar: Kafkaning “Evrilish”idagi xizmatchi Gregor Zamza, Joysning “Uliss”idagi Makler Blum, Kamyuning “Begona”sidagi Klerk Merso singari favqulodda yorqin xislatlarga ega bo‘lmagan “kichik odam”lardir. Ular – intellekt yo e’tiqod kuchi, yoki xarakter xususiya­ti bilan tashqaridan bo‘ladigan zug‘umlarga yetarlicha qarshilik ko‘rsata olmaydigan kimsalar. Bu obrazlar adabiyottanuvchilar aytadigan “qahramonlar” emas, balki aynan qahramon bo‘lmagan va bo‘lolmaydigan ko‘pqatori oddiy odamlardan chiqqan adabiy personajlardir, xolos. Oila, davlat, jamiyat, ishxona ular uchun hech qachon anglab bo‘lmaydigan begona, hatto, dushmanlik qiladigan ijtimoiy institutlardir.

Adabiy personajga modernistik yondashuv bayon yo‘sinining makon va zamon jihatdan izchilligi va voqealarning xronikal ketma-ketlikda tasvirlanishi shartligi talabiga ham barham berdi. Modern ijodkorlar bayonning ichki va tashqi ritmini bir-biridan ajratib, badiiy hamda birlamchi real zamon o‘rtasidagi farqni o‘zaro yaqinlashtirib bo‘lmaydigan darajada chuqurlashtirib yubordilar. Birlamchi real vaqt bu tarixiy zamondir. Tarix anglamsiz va odamlarga o‘z mavjudlik sirini ochmagani uchun modernchilarning qahramonlari tarixiy zamonda yashamaydilar yoki yashay olmaydilar. Ular ko‘proq o‘tmish va hozir yonma-yon bo‘lgan hamda kelajakdan ajratish mumkin bo‘lmagan o‘ziga xos shartli xayoliy zamonda hayot kechiradilar. Modernistik asarlarda nimaiki tasvirlangan bo‘lsa, u hamisha sodir bo‘lgan va hech qachon sodir bo‘lmagan; hamma yerda yuz bergan va hech qaerda yuz bermagan hodisalardir deyish mumkin.

Modernizm badiiy adabiyot ixtiyoridagi tasviriy vositalar tizimini ham tubdan yangilashga urindi. Adabiyotning ifodaviy ufqini kengaytirgan, odamni idrok etish va tasvirlash maromini tamomila yangilagan “ong oqimi” uning asosiy kashfiyotidir. Modernizm badiiy asarning makoniy va zamoniy chegaralarini xayol yetmas darajada kengaytirdi. Agar oldinlari badiiy asarlarda bir-ikki, oshib borsa, uch-to‘rt syujet chizig‘i tasvirlangan bo‘lsa, modern yaratiqlarda ko‘plab syujet chiziqlarining o‘zaro birlashuvi, kesishuvi, qorishib-chatishuvi, ayriluvi tasvirlanaveradigan bo‘ldi.

Modernistik asarlarda qahramonning ichki mo­nologi, uning o‘ylari, iztiroblari tasvirining mav­qei misli ko‘rilmagan darajada o‘sganligi badiiy yaratiqlarda muallif nuqtai nazari va uning nutqi ahamiyatining pasayishiga olib keldi. Modernistik adabiyot uchun hayot haqiqati va an’analarga muvofiq amalga oshirilgan tasvirga nisbatan olam hamda odamni o‘z xohishiga muvofiq tarzda tasvirlay oladigan san’atkorning erkin nazari ustuvor hisoblanadi. Muallifning nimani nazarda tutgani emas, bitganida nimalar tasvirlangani muhim sanaladi.

San’atning ijtimoiy, siyosiy, diniy, mafkuraviy kabi turli nobadiiy bo‘g‘ovlardan ustun turadigan erkin va ozod hodisa ekaniga ustuvorlik beradigan estetik strategiya modernistik yo‘nalishning asosiy belgisi sanaladi. Modernizmda klassik san’atdagi mimetik (taqlid) printsipidan butunlay voz kechilib, badiiy mazmundan ko‘ra shaklga birlamchi ahamiyat qaratildi, shaklning o‘ziga mazmundan aslo kam bo‘lmagan mohiyat tarzida yondashiladigan bo‘ldi. Natijada, badiiy yaratiqning ko‘riladigan (vizual) hamda eshitiladigan (audial) jihatlari mutlaqlashtirilib, u boshqa estetik hodisalar tomonidan qo‘llab-quvvatlanishga ehtiyoj sezmaydigan, o‘zi o‘z borligini oqlaydigan tamomila o‘ziga xos badiiy-estetik borliq tarzida taqdim etiladigan bo‘ldi.

Modernizmda yuzaga keltirilgan badiiy yara­tiqlarning adabiy tur va janrlar borasidagi odatiy qoliplariga muvofiq kelishiga ko‘pda e’tibor qilinmaydi. Bunda san’at bilan borliq o‘rtasidagi chegara buzilib, o‘qirmanni estetik iste’molchidan ijodiy kechimning ishtirokchisiga aylantirishga uriniladi. Modernizmda adabiyot va san’at zimmasiga ortiqcha noestetik yuk ortish ko‘zda tutilmaydi. Bu qarashga ko‘ra yozuvchi va badiiy asar hech kimning oldida burchli ham, hech kimga xizmat qilishga majbur ham emas. Bu xil yondashuv modern va postmodern yo‘nalishlaridagi asarlari bilan nom qozongan hamda modernizmning nazariy asosini yaratgan italiyalik adib Umberto Eko 1980 yilda bildirgan fikr­da yaqqol ko‘zga tashlanadi: “…faqat zamonni hisobga olib va dunyoni o‘zgartirish mo‘ljali bilangina yozish mumkin degan qarash mavjud edi. O‘n yildirki, yozuvchi shaxsining erki borligi hamda azbaroyi yaratish kechimiga muhabbat tufayli ham asar yozsa bo‘lishiga ko‘pchilik ko‘nikib qoldi” . Shu vaqtga qadar badiiy adabiyot jamiyatni o‘zgartirish, davrni yaxshilash, odamlarning hayotini to‘g‘ri yo‘lga solish singari buyuk niyatlarga xizmat qilishi lozim bo‘lgan hodisa tarzida qarab kelinardi. Ayniqsa, bizda adabiyot “adab”dan olingan va u, albatta, o‘qirmanga odob o‘rgatishi kerak degan yondashuv hukmron edi (bu qarash hozirda ham o‘z mavqeini yo‘qotgani yo‘q). Modernistlar yozuvchi ham ko‘p qatori xom sut emgan banda va u o‘z bitiklarini yuqoridagiday olamshumul maqsadlarni ko‘zda tutib o‘tirmay, shunchaki o‘zining yozishga bo‘lgan ichki ehtiyojini qondirish uchun ham yaratishi mumkin degan qarashga tayanadilar.

Modernizmda badiiy ijod turli darajadagi ijtimoiy muammolarni ko‘tarish va hal etish uchun emas, balki, avvalo, san’atkorning yozish kechimining o‘zidan bahra olib, ichki bezovtalikdan xalos bo‘lishi, ikkinchidan, dunyoga kelgan asarning retsepient (o‘qirman, istemolchi)ga zavq beradigan gedonistik funktsiyani bajara olishi ijodkorning asosiy vazifasi hisoblanadi. “San’at san’at uchun” degan qarash ham aynan shu yondashuvdan suvlanadi. Modernizmda san’at asari yaratilishining o‘zi muhimdir, undan muayyan ma’no keltirib chiqarish yoki chiqarmaslik o‘qirmanning ta’bi va intellektual darajasiga bog‘­liqdir deb qaraladi.

Modernizmning, birinchi navbatda, ilmiy nuqtai nazar, falsafa va psixologiya ekani, san’atdagi turli ko‘rinishlar modernistik qarashlar tizimining amalda namoyon bo‘lishi ekanini ko‘zda tutish uni tushunish sari yo‘l ochadi. Ko‘pchilik o‘zbek olimlari va ijodkorlarida shakliy-mundarijaviy jabhadagi har qanday yangilikni modernizm hisoblashga mo­yil yondashuv qaror topganki, buni aslo to‘g‘ri deb bo‘lmaydi. Modernizm uzoq vaqt davomida ma’rifat yuksalishi, ilm-fan va texnika taraqqiyoti insonning hayotini farovonlashtirib, odamning tabiatiga ezgulik bag‘ishlashiga ishongan Kunbotish oydinlarining fan-texnika rivojining insoniyat boshiga solgan dah­­shatli fojialaridan voqif bo‘lgandan keyin pir bo‘lgan hafsalasi, singan ko‘ngli va umidsiz tafakkuri mahsulidir.

Ezgulik, olijanoblikning yomonlik va yovuzlik tomonidan jahoniy miqyosda mahv etilishi ijodkor kishilarda qadriyatlarga munosabatni o‘zgartirish zarur degan fikrni keltirib chiqardi. Bunda insonning o‘zi bosh qadriyat ekani, u hech kim va hech narsa oldida burchli bo‘lmasligi, o‘z ko‘ngil mayli va xohish-istaklarigagina bo‘ysunib yashashi maqsadga muvofiq degan to‘xtam ustuvor bo‘ladi. Modernizmda har bir odamga alohida yaratiq sifatida qaraladi, har qan­day odam ham odamdir va uning atrofidagi tabiiy hamda ijtimoiy borliq uning istagu manfaatlariga muvofiq bo‘lishi kerak degan qarashga asoslangan menchilik falsafasiga tayaniladi. Olami sag‘ir bo‘lmish inson aqlining olami kabir sanalmish o‘n sakkiz ming olamdagi xaotik hodisalarni to‘liq idrok qilish, bexato izohlash va bashorat qila olmasligi modernizmda tartibsiz dunyoni tushunish mumkin emas, binobarin, olam va odamga tegishli hodisayu holatlarni boshu oxiri bor mavjudlik sifatida ko‘rsatish sun’iylikdir degan to‘xtamni yuzaga keltirdi.

Freyd tomonidan ilgari surilgan ong oqimi tu­shunchasi insonning nafaqat ijtimoiy turmushi, balki aqliy faoliyati ham xaosdan iboratdir degan qarashning qaror topishiga xizmat qildi. Bu ta’limot ta’sirida insonni harakatlantiradigan yolg‘izgina omil libido, ya’ni hirsiy mayldir, odam umri davomida nimalarni o‘ylar, so‘ylar yoki qilar ekan, aslida, ehtimol, o‘zi ham bilmagan holda hirsiy mayllar yetovida yurgan, o‘sha mayllar istagini bajarayotgan bo‘ladi degan to‘xtam shakllandi. O‘z navbatida bu qarash insonga ijtimoiy-biologik jihatdan ma’qul bo‘lgan barcha narsa to‘g‘ridir va odam o‘ziga maqbul bo‘lgan biror narsadan uyalmasligi, xijolat chekmasligi kerak tarzidagi yondashuvni yuzaga keltirdi. Modernizmda yalang‘och tasvirlar ko‘payishi, erotik sahnalar badiiy tasvir ob’ektiga aylanishining sababi shunda. Bu mayl, ayrimlar aytayotganidek, insoniyatning axloqini buzib yuborish niyatida o‘ylab topilmadi, balki inson erkini har qanday cheklash zulmdir, insonga ma’qul har qanday tutum esa axloqiydir degan maksimalistik qarash tufayli dunyoga keldi. Bunday yondashuvning yuzaga kelishiga sabab menchilik falsafasiga ko‘ra individning istaklariga o‘tkazilgan har qanday zug‘um zulmdir, har bir odam betakror bo‘lgani uchun ham shaxsning xohishlarini har qanday qolipga solish unga qilingan zo‘rlik bo‘ladi. Bu falsafa nazarida, hatto, axloq ham, jamiyatda o‘rnatilgan ma’naviy normalar ham inson shaxsiga qilingan zo‘rlikdan boshqa narsa emas.

Shu xildagi qarashlar tizimi modernizm falsafasini yuzaga keltirdi. Ko‘rinib turibdiki, u adabiyot va san’atdagi shakliy tajribalardangina iborat emas, balki asosan olam mohiyatini anglash yo‘lidagi falsafiy-ruhoniy izlanishlar natijasi­dir. Shu izlanishlarga muvofiq olam va odamga o‘zgacha ko‘z bilan qarash, o‘zgacha ko‘rilganlarni o‘zgacha yo‘sinda izohlash va tasvirlash tamoyil hamda tizimlari yuzaga keldi. Umumlashtirib aytganda, modernizmni insonning Alloh va U yaratgan olamni tu­shunish hamda izohlashdagi qonuniy ojizligidan tabiiy ravishda kelib chiqqan isyon natijasidir de­yish mumkin. Ilohiy tartibotga qilingan har qanday isyon kufrdir. Odam tafakkuri kuchiga ortiqcha baho berish insonda kibr paydo qilib, uni kufrga yetaklaydigan asosiy omil o‘laroq yozg‘irishga loyiqdir. Ayni vaqtda qandayligidan qat’i nazar modernizm falsafa, san’at va adabiyotda ancha chuqur tomir otgan hodisa, binobarin, ilmning vazifasi ana shu hodisa mohiyatini to‘g‘ri izohlashdan iborat.

Millat taraqqiyotining muayyan davridan e’tiboran o‘zbek san’at va adabiyotida ham modernistik yondashuvlar bo‘y ko‘rsata boshladi. Shuni aytish kerakki, o‘zbek modernizmi bir qator o‘ziga xosliklarga egadir. E’tibor qilingan bo‘lsa, ushbu maqolaning boshida “Modernizm o‘zining ilmiy-nazariy asosi sifatida F. Nitsshening menchilik (individualistik) falsafasiga tayangan bo‘lsa, badiiy ijod mohiyatini tushunish va izohlashda Z. Freydning psixoanalitik qarashlariga suyanadi”,- deyilgan edi. O‘zbek modernizmining o‘ziga xosligi ayni shu hal qiluvchi ikki jihatga munosabatning boshqacha ekanligida namoyon bo‘ladi. Ya’ni har qanday o‘zbek san’atkori shaxs bilan jamiyatni bir-biriga mutlaq va o‘zgarmas qarama-qarshi bo‘lgan hodisalar tarzida qaramaydi. Shuningdek, o‘zbek borliqqa shaxsni mahv etishgagina xizmat qiladigan yaratiq sifatida yondashmaydi. O‘zbek ijodkori minglab yillik etno-genetik xususiyatlariga ko‘ra va e’tiqod jihatidan mo‘min bo‘lgani sabab u odam deb atalmish yaratiq aqlan qanchalik yetishmasin, ma’nan nechog‘lik kamolotga erishmasin, olam hodisalari mohiyatini hech qachon to‘liq anglab yetolmasligini biladi. Shuningdek, o‘zbek odam qanchalik urinmasin, u to‘la mukammal bo‘lolmasligi va insonlikning eng muhim belgisi uning mavjudligi o‘zga odamning mavjudligiga xalal bermaslikda ekanini tabiiy hisoblaydi.

Ko‘pchilik o‘zbeklar Yaratgan amridan tashqari ti­kan ham kirmasligiga ishonadi va umri davomida shunga ko‘nikib boradi. Uning qarashlar tizimi shunga mutanosib tarzda shakllanadi. Xuddi shu jihatlar millat falsafiy qarashlar tizimida modernistik yondashuv yetakchi bo‘lolmasligini keltirib chiqaradi. Kunbotishliklar esa olamda tasodif borligiga ishonishadi. Muayyan hozirliklar bilan o‘sha tasodiflarning oldini olish yoki uning ta’sir kuchini kamaytirish mumkin deb hisoblashadi. Ularning, hatto, qiyomat qoimdan chetda qolish mumkin deb o‘ylashlari 2012 yil 21 dekabrda yuz berishi kutilgan “apokalipsis”ga munosabatda yaqqol namoyon bo‘ldi. Ayrimlarning g‘orga, ba’zilarning yerto‘lalarga, kimlarningdir yerosti yo‘laklariga kirib jon saqlamoqchi bo‘lganliklaridan ularning bu boradagi tushunchalari ayonlashdi. Musulmon dunyosida esa, avvalo, bunday “aniq”likka ishonilmadi. Ikkinchidan, kimningdir qiyomatdan chetda qolishi mumkinligini xayolga ham keltirilmadi. To‘g‘ri, o‘zbeklar orasida ham tamomila kunbotishcha o‘ylaydigan ijodkor shaxslar bo‘lishi mumkin. Ammo ular hech qachon butun bir falsafiy-estetik yo‘nalish mavqeiga erisha olmaydilar.

Aytilgan sabablarga ko‘ra o‘zbek adabiyoti hamda san’atida modernizm olam va odamga tegishli hodisayu holatlarni izohlashda oldin mavjud bo‘l­gan qarashlarni inkor etish tarzida emas, balki ularni ko‘rish va badiiy aks ettirishning bir qadar o‘zgachaligida namoyon bo‘ladi. Shu tufayli o‘zbek mo­­dernizmini Kunbotish modernizmidan farqli o‘la­roq, olam tartiboti va uning Yaratuvchisiga ijodiy isyon natijasi emas, balki ayni shu ijodkor shaxsda kechayotgan inja ruhiy-intellektual holatning ifodasi tarzida yuzaga kelgan holatdir deyish to‘g‘riroq bo‘ladi. Moderncha yozayotgan o‘zbek san’atkorlari mum­toz tajribalarga tayangan holda modernizmning falsafiy postulatlariga emas, balki ko‘proq ifoda yo‘sinidagi injalik va kutilmaganlikka e’tibor qaratishyapti.

O‘zbek oydinlari orasida modernizmga iste’dodsizlikni yashirish vositasi deb qarash ancha keng yoyil­gan. Holbuki, aynan modernizm badiiy adabiyotni iste’dodsizlik va qolipdan xalos etish maqsadida yuzaga kelgan hodisadir. Aynan modernizm badiiy yaratiq mavzu dolzarbligi, fikr yangiligi, ifodaning tushunarliligi singari tashqi belgilar sababli emas, balki chindan ham betakror va original bitilgani uchun o‘qilishini istash oqibatida paydo bo‘lgan. Shuningdek, ijodkor va sinchi-adabiyottanuvchilar orasida modernizmga ommaviy madaniyatning yoyilishi va milliy didning pasayishiga sabab bo‘ladigan falsafiy-estetik hodisa tarzida qarash ham bir qadar tarqalgan. Aslida aynan modernizm chinakam badiiy ijod hech qachon ommaviy bo‘lmagan va bo‘lmasligi ham kerak degan qarash natijasi o‘laroq yuzaga kelgan. Modernistik san’atning o‘nlab oqimlaridan birortasi badiiy ijod jarayoni va bu kechim mahsulining ommaviy bo‘lishini talab qilmaydi. Modernizm uzoq yillar davomida aynan ommaviy bo‘lmagani, ko‘pchilik tomonidan tushunilmagani uchun tanqid qilib kelindi. Hatto, bugungi kunda ham modern yo‘nalishidagi bitiklarning keng omma orasida yoyilmayotganligi, u hamisha o‘zining xos o‘qirmanlarini ko‘zda tutishi ma’lum-ku?!

Modernizm o‘zining barcha turli-tuman ko‘ri­nish­larida real borliqdan yuksak mavjudlik yoki ongosti makoni singari hodisalarni bilib olish va tatbiq etishga intiladi. U asl haqiqat, hayotning mohiyati aynan o‘sha real borliqdan yuksak mavjudlikda yashiringan deb hisoblaydi. Shuni ham alohida ta’kidlash kerakki, garchi, modernizm badiiy tilga ko‘p o‘z­gachaliklar kiritgan, tasviriy ifoda borasida jiddiy islohotlar qilgan bo‘lsa-da, mavjud badiiy tilni mutlaqo inkor etmaydi. Lekin u badiiy asar tili shaxsning ongli, ong osti va ong oqimi ta’siridagi ruhiy holatini ifodalaydigan bo‘lishi kerak deb hisoblaydi.

O‘zbek adabiyottanuvchiligida modernizm ho­di­sasi va shu yo‘nalishda bitilgan asarlarga munosabat ham o‘ziga xos taraqqiyot yo‘lini bosib o‘tdi deyish mumkin. Keyingi yarim asr mobaynida modernizm “Bu adabiy oqim xalqqa yot bo‘lgan mazmunsiz san’atni targ‘ib etish, mistikani, fahshni kuylash, adabiy formalarning tashqi bezaklariga berilib ketish kabi burjua adabiyotiga xos xususiyatlar bilan xarakterlanadi” yo‘sinidagi siyosiy ayblovdan “…ob’ektiv voqelikning tasviri o‘rniga uning ijodkor tasavvuridagi badiiy modelini yaratishni maqsad qiladi. Ya’ni …voqelikni aks ettirish emas, ijodkorning o‘z-o‘zini ifodalashi ustuvor ahamiyat kasb etadi. Ijodda sub’ektivlikning oldingi o‘ringa chi­qarilishi mantiqiy bilishdan intuitiv bilishning yuqori qo‘yilishi, inson ichki olamida kechuvchi tizginsiz evrilishlarga ayricha e’tibor berilishi, ijodkor shaxs taxayyuli va u aks ettirgan voqelikning betakror hodisa sifatida tushunilishi, o‘z o‘y-his­larini hech qanday (ma’naviy, axloqiy, siyosiy va h.) cheklovlarsiz ifodalanishi huquqining e’tirof etilishi modernizmga xos xususiyatlardandir” tarzidagi ilmiy e’tirof darajasiga o‘sib yetildi. Garchi, bugungi kunda ham “Modernizm – ashaddiy nigilist, hech qanday qonun-qoidani, aqidani, jamoani va jamiyatni tan olmaydi. Hech narsaga ishonmaydi, buning ustiga behayo, surbet. Diqqatini g‘oyaviy mazmunga emas, asosan shaklga, mavhum shaklbozlikka qaratadi. Simvolizm, impressionizm, syurrealizm, modern, ekspressionizm deganlari ham modernizmning turli tarmoqlaridir. Barchasi realizmga qarshi, barchasiga tushkunlik xos ” tarzidagi hamda modernistik yo‘nalish o‘zbek adabiyoti uchun mutlaqo begona, milliy adabiyotimizda bu yo‘lda yaratilgan birorta ham asar yo‘q, u ayrim ijodkorlarning o‘z iste’dodsizliklarini yashirish vositasidan boshqa narsa emas qabilidagi yondashuvlar mavjud bo‘lsa-da, adabiyot jabhasida yuz berayotgan o‘zgarishlarga sog‘lom va xolis nazar bilan qaraydigan ko‘pchilik mutaxassislar tomonidan “Modernizm hayotni yuzaki, naturalistik …qolipda tasvirlashdan ko‘ra voqea-hodisalarning falsafiy mohiyatini ochish, ichki jarayonini yoritishni afzal bilgan adabiy oqim” ekani qayd etilmoqda. Ayni vaqtda, modern yo‘nalishning mohiyatini “…modernizm tanqidiy realizm, xususan, sotsialistik realizm aqidalariga qarshi turgan adabiy oqim bo‘lib, asrning oltmishinchi yillarida o‘z umrini yashab bo‘ldi va o‘rnini postmodernizm deb ataluvchi yangi oqimga bo‘shatib berdi” tarzida biroz shoshqaloqlik bilan izohlashga urinishlar ham barham topgani yo‘q.

Milliy adabiyottanuv ilmida modernizmni fa­qat turli shakliy izlanishlarni amalga oshirishdangina iborat kechim tarzida tushunish ham keng yoyilgan. Bunga ko‘ra, badiiy ifodada mavjud an’analardan har qanday chekinishga modernizmning yuzaga kelishi tarzida qaraladi. Umuman olganda, juda teran yozilgan bir maqoladagi: “Salim Ashur ijodida shak­liy, mantiqiy tajribalar, ya’ni modern she’rlar salmoqli o‘rin tutadi. Ayni paytda shaklbozlikka, eksperimentlarga mahliyo bo‘lib, she’rning asosiy sharti – tirik qalbning tirik tuyg‘ularini chetlab o‘tmaydi”, – shaklidagi qarashlar bitilgani fikrimizning asosidir. Modernizmday serqirra estetik hodisani bu qadar jo‘n va yengil izohlashga doir misollarni ko‘plab keltirish mumkin.

Yondashuvlar tizimidagi bunday xilma-xillikni tushunish mumkin. Chunki jarayon to‘xtagani yo‘g‘u hamon kechmoqda. To‘xtamagan kechim borasidagi to‘xtamlar ham xilma-xil bo‘lishi tabiiy. Shunga tayangan holda badiiy ijodda paydo bo‘lgan biror yo‘nalish, jumladan, modernizm ham izsiz yo‘qolib ketmaydi. Insoniyatning badiiy didi takomillashib borgani sari ijod kechimi ham borgan sari turfalashib boraveradi deb o‘ylaymiz.

Manba “Yoshlik” jurnali, 2014 yil, 9-son

0366

(Tashriflar: umumiy 260, bugungi 1)

Izoh qoldiring