Qunduzxon Husanboyeva. Ko’ngildan sizgan satrlar

Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. Отаси — Умматқул Худойберди ўғли боғбон эди. Онаси — Шарофат Хонназар қизи бўлажак шоира икки ёшлигида вафот этади, шундан сўнг унга холаси Қаршигул Хонназар қизи оналик қилади. Ўрта мактабни тугатиб, 1968-1977 йилларда Москвадаги Горький номидаги Жаҳон адабиёти институтининг Олий курсларида ўқиган, 1985 йилдан бошлаб салкам 10 йил мобайнида «Саодат» ойномасининг бош муҳаррири лавозимида ишлади. 1990 йилда «Муқаддас аёл» тўплами учун Ҳамза номидаги Давлат мукофоти, 1991 йилда эса “Ўзбекистон халқ шоираси” унвони берилди.
Шоиранинг “Илк муҳаббат”- илк тўплами(1969), “Oқ олмалар”, “Чаман”, “Суянч тоғларим» (!991), “Бу кунларга етганлар бор” (1993) каби бир қанча шеърий тўпламлари бор.

Қундузхон Ҳусанбоева
 КЎНГИЛДАН СИЗГАН САТРЛАР

     Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева қаламига мансуб “Мен сени топгандим…” шеъри мазмун-моҳияти билан кўнгил битиги ҳисобланади. Унда баланд орзулар дунёсида кезган ёш бир қалбнинг изтироблари самимий тасвирланган.
Бу асарнинг қаҳрамонини барча шеърларга “эгалик” қилувчи қиёфасиз “лирик қаҳрамон” дейиш, менимча, ўринли эмас. У ҳеч кимга ўхшамаган, ўз қалби ва ўзгача туйғулар соҳиби. Шунинг учун шеър қаҳрамонини оддийгина қилиб Қиз деб аташ мумкин. Унда, аввало, Қизнинг ёшликда билиб-билмай қилиб қўйган хатоларидан чеккан изтироби, бунинг устига шу хатолар туфайли иккинчи бир қалбнинг бесабабдан-бесабаб жабрланганини ҳис қила туриб кўнглидан кечаётган руҳий қийноқлари тасвирланган. Мазкур битикдаги ҳар бир мисра рост. Бор-йўғи уч банддан иборат бу шеърнинг ҳар бир сатридан кўнгил дардининг зардоби сизиб турибди.
Бу шеърга, менимча, адабиёттанувдаги назарий ўлчовлардан кўра руҳият мезонлари билан ёндашиш маъқулроқ бўлади. Чунки қаҳрамон руҳиятидан тўкилган туйғулар кўнгил кишиси бўлган шеърхонни мувозанатдан чиқаради, қалбини жунбушга келтиради. Бундай безовта вазиятда шеърхон ҳам самимий бўлади.
Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш жоиздир, бу шеър асосида яратилган Ҳилола Ҳамидова ижросидаги қўшиқ сўзнинг таъсир кучини янада оширган. Маълумки, шеърни ҳамма ҳам ўқийвермайди. Айримлар ўқиса ҳам моҳиятига киравермайди. Шеър қўшиққа айланганда, хусусан, сўз билан куй бир-бирига монанд келиб, ҳар иккиси кўнгилдаги туйғулар билан ҳамоҳанг бўлганда, сўзнинг таъсир қудрати янада ортади. Баъзи қўшиқлар бор, мусиқаси ёқимсизлигидан таниш шеърнинг, гўзал сўзнинг таъсир кучи ҳам йўқолиб кетади. Ҳ. Худойбердиеванинг мазкур шеърига куй ёзган бастакор сўзни шунчалар нозик ҳис қилган, унга монанд куйни кўнгли билан топганки, қўшиқ самимий ижроси билан тингловчига ҳузур бағишлайди. Унинг асаб томирларини бўшаштириб, маънавий озуқа беради.
Шеърнинг биринчи мисрасидаёқ қаҳрамоннинг романтик туйғулар соҳиби эканлигини кўриш мумкин:

Мен сени топгандим, аммо яхши қол,
Сен: “Яхши қол!” – дегил, “Кўришгунча”мас.
Бул қуёш ҳали кўп ол бўладир, ол,
Бул ой ҳам умримга кўп қиладир қасд.

Мисрадаги “топгандим” сўзи шундан далолат беради. Инсон “топдим” деган сўзни қидирган, истаган ёки орзу қилган нарсасига эришганда қўллайди. Демак, Қиз Жабрланувчи тимсолида ўзининг орзусидаги илк муҳаббатини, унинг ишқида телбавор Мажнунни топдим деб ўйлаган. Шу мисранинг ўзидаёқ “аммо” сўзининг келтирилиши унинг адашганлигини, муҳаббат борасида биринчи хатога йўл қўйганлигини кўрсатади. Тийиқсиз туйғулар етовида юрган, хаёлан оқ отлик шаҳзодани кутган бўй қиз ўз наздида истаклари, баландпарвоз орзуларига эришган эди, лекин у висолдан кутилган натижани – бахтдан мастлик лаззатини туёлмади. Орзулари сароб бўлиб чиққанини тезда пайқади.
Албатта, шеърда кўнгилдаги муҳаббатнинг топилиши билан унинг сароб эканлигини англаш ва бу муҳаббатдан воз кечгунгача бўлган оралиқдаги ҳаёт машаққатлари, “яхши қол” деган қарорга келгунгача руҳиятда рўй берган кураш ҳамда бу жараёндаги қийноқлар ҳақида ҳеч сўз дейилмайди. Орадаги бутун бошли ҳаёт “топгандим” ва “аммо” сўзлари ҳамда улар орасидаги тиниш белгига жойлаштирилгандек тасаввур пайдо бўлади кишида: “Мен сени топгандим, аммо яхши қол”. Буни руҳи безовта шеърхон ўзи англаб олади.
Кўринадики, Қиз жуда катта журъат эгаси. Одатда аёллар итоаткор, тақдир етовига бўйсунувчан яратиқ бўлади. Аёл табиатан орқасида суянчиғи бўлишига мойил. Шоиранинг қаҳрамони эса исёнкор. У тақдирга қарши чиқа олган, узул-кесил қарорни қабул қилишга ўзида куч топа билган аёл. Бунга ҳамма аёл ҳам қодир эмас. Қиз эртага ҳаётида нималар бўлишини, келажакда уни қандай синовлар кутаётганини билмайди, лекин муҳаббатсиз яшашни, айбсиз бир одамни алдашни истамайди. Қолаверса, нега шундай қилаётганини асослаб ҳам ўтирмайди. Унинг асоси шеърхонга бутун матн мутолааси давомида аён бўлади.
Шеърнинг иккинчи бандида ғамга ботган «айбдор» ўз ёғига ўзи қовурилаётгани тасвирланган:

Сен шерик бўлмайсан энди ғамимга,
Дарвоқе, ҳеч қачон шерик қилмадим.
Хайр энди, маъзур тут ортиқ-камимга,
Мен сени Лайлидай сева олмадим.

Қиз дард-изтиробларини ҳеч ким билан бўлишолмайди, жабрдийда йигит билан-ку, инчунун. Чунки у билан авваллари ҳам ҳеч нарсани ўртоқлашмаган, на ғамига, на шодлигига уни шерик қилган. Боиси – улар бошқа-бошқа дунёнинг одамлари. Қиз жабрдийда йигитни камситмайди, лекин йигит уни ҳеч қачон тушунмаслигини ҳам яхши билади. Йигитдан ёзғирмайди ҳам. Бу йигитнинг ҳам айби эмас. Балки мана шу ҳақиқат Қизнинг дардини енгиллаштирар?! Виждони олдида ўзини оқлашга асос бўлар?! Буларнинг ҳаммасини англаб етган, фақат кечроқ тушунган Қиз ошиғига бор вазиятни тушунтиришга ҳаракат қиларкан, ҳамма-ҳаммаси учун уни кечиришини сўрайди: “…маъзур тут ортиқ-камимга”.
Ҳаммасига ақли етиб турган Қиз қандай қилиб ошиғини Лайлидек сева олсин? Маъшуғини Лайлидек севиш – ошиқ учун ўзликдан кечиш-ку! Шеърда жабрланувчининг ўзи, унинг табиати ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Лекин Қизнинг назарида у Лайлидек севишга муносиб эмас, туйғулари жўш урган, орзулар қанотида учиб юрган қиз истаган одам эмас. Шундан келиб чиқиб жабрланувчи йигитнинг табиатини тахмин қилиш мумкин. Агар у туйғулар кишиси бўлганида шоиранинг қахрамони: уни “Лайлидай сев”иб қолиши табиий ҳам эди ва “Лайлидай сева олма”гани учун ҳижолат чекмаган бўларди. Қолаверса, севиш ёки севмаслик инсоннинг ихтиёрида эмас. Севиш – кўнгилнинг иши. Уни одам ақли билан бошқаролмайди. Агар муҳаббат ишига ақл аралашса, у муҳаббат эмас, манфаатга айланади. Демакки, бу туйғу рост бўлмайди. Шеърнинг қаҳрамони – Қиз эса ёлғонларга қодир эмас. Ўзини ҳам, ўзгани ҳам алдагиси йўқ. Шунинг учун ўзида мардона кетишга журъат топа олган. У тақдирга тан бериб, борига шукур қилиб, кўникиб яшайверадиганлардан эмас. У бошқача яшашга буюрилган одам. Шу боис ошиғидан чинакамига рози-ризолик тиламоқда, абадул-абад видолашмоқда: “Хайр энди…”.
Шеърнинг учинчи бандида асар қаҳрамонининг жабрланувчига ачинаётгани яққол сезилади:

Ўртанма бул хато мушкулларидан,
Ё раббий, лаҳзада бор орзулар пуч.
Мен ҳам қайдан билай ишқ йўлларида –
Мажнун эмас, Сенга келаримни дуч…

Мазкур вазият – ҳар икки қаҳрамон тушиб қолган ҳолат хато. Бу хатода, балки ҳар икки тарафнинг ҳам айби бордир. Балки улар иккаласи ҳам бир-бирини севмас. Фақат тақдирларида шу кўргилик борлиги учун қовушишгандир. Тўғри, бир хато ортидан кишининг бошига олам-олам ташвишлар ёғилиши мумкин. Улар кишини ҳам жисман, ҳам маънан қийнайди. Айниқса, фикр кишиси кўпроқ кийналади. Демак, шеърнинг иккинчи қаҳрамони ҳам маълум даражада фикр кишиси, буни қиз билади. Шунинг учун уни қийналмасликка даъват қилмоқда. Ўртанмасликнинг, албатта, иложи йўқ. Маънан соғлом одам тақдиридаги, ҳаётидаги муаммолардан, айниқса, бу каби номутаносибликдан, ўйламай босиб қўйилган қадамлардан фикрга толмаслиги мумкин эмас, албатта. “Ё раббий, лаҳзада бор орзулар пуч” мисраси мазкур вазиятдан Қиз ҳам, шоира ҳам ларзага тушаётганини кўрсатади. Бу мисрадаги “лаҳза” сўзида “аммо яхши қол” деган видолашув иборасининг айтилгунигача бўлган оралиқ назарда тутилган. Бу сўзни айтган Қизнинг ўзини ҳам бирданига қўрқув босган. Лекин айтилган гап, отилган ўқ – ҳаммаси тамом бўлди.
Банднинг сўнгги икки мисрасида шеър қаҳрамонининг орзуси билан бирга армонлари ҳам ўз аксини топган. У “ишқ йўлларида” Мажнунни учратишни, ўз Мажнунига дуч келишни истаган, Лайлидек севилишни, севишни орзу қилганди. Тақдирларида бундай бурилиш бўлгани учун, албатта Қиз айбдор эмас, лекин инсофли бир одам сифатида у ўзини гуноҳкор ҳис қиляпти. “Мен ҳам қайдан билай ишқ йўлларида – Мажнун эмас, Сенга келаримни дуч…”. Бу Қизга бир умрлик армон бўлиши ҳам мумкин. Ким билади, энди умрининг қолган қисмида у ўз Мажнунини балки топар, балки топмас. Балки шу бахтдир-у, қаҳрамонимиз бунинг қадрига етмай, унинг бахт эканлигини билмай қўя қолар?! Буни келажак кўрсатади. Инсон олдида нималар борлигини, ҳаётда уни нималар кутиб турганини билмайди.
Хуллас, шоира бу шеърида ўз фикри ва қарашига эга бўлган кўнгил кишисининг чин туйғуларини унинг ўзидек ҳис қилган ва самимий ифодалай билган. Бунга ўқувчисини ҳам ишонтира олган.

Манба: «Yoshlik» jurnali — 2011 yil, 7-son

(Tashriflar: umumiy 58, bugungi 1)

Izoh qoldiring