Rajab Xolbek. Qora yo‘rg‘a. Qissa (1-20)

08От ёввойи бўлди.
Инсон уни ўзига бўйсундирди.
От инсонга дўст бўлди.
От инсонга ҳамроҳ бўлди.

Ражаб Холбек
ҚОРА ЙЎРҒА
07

007Ражаб Холбек (Мамаражаб Холов) 1956 йил 10 март куни Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида туғилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг гидромелорация факультетини тугатган. Қишлоқ хўжилигининг турли соҳаларида, вилоят телерадиокомпанияси радиоэшиттиришлар бўлимида ишлаган. Шеърлари ва ҳикоялари вақтли матбуотда, хусусан, «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифасида эълон қилинган..

07

«Қазисан-қартасан, охир, наслингга тортасан”
 (Халқ мақоли)

1

07От ёввойи бўлди.
Инсон уни ўзига бўйсундирди.
От инсонга дўст бўлди.
От инсонга ҳамроҳ бўлди.
От инсоннинг йироғини яқин, оғирини енгил қилди.
Шу боис, инсон-да, отни эъзозлади.
Ўзи буғдой унидан нон еди, отни-да, арпа билан сийлади.
Инсон отни гулбедалар билан сийлади.
Инсон отнинг белига эгар-жабдуқ, гулдор гиламлар солди.
Пешонасига, тарам-тарам ёйилган ёлларига тўғдонадан туморлар ясаттириб илиб қўйди.
Боиси, ёмон кўзлардан асраш бўлди.
Инсон ўзини, бола-чақасини ўйламаса, ўйламади,лекин отни унутмади.
Топганининг ярмини отга илинди.
Лекин от ёввойи табиатини унутмади, унутолмади.
От ёввойи табиатини қўмсаб яшади.
Ҳар қийқириб кишнаганда, йилқи отарларини чорлаш билан бирга, ёввойи табиатига ҳам алфироқлар айтди.
Видолар айтди.
От ёввойи табиатини қўмсаб қолганда, унинг кўзлари қўрқинчли тус олди.
От ёввойи табиатини қўмсаганда, унинг кўзлари ёнди.
Оғзидан олов сачраб тургандек бўлди.
Отнинг бу ҳолати қўрқинчли бўлди.
От бу ҳолати даҳшат бўлди.
Отнинг бундай ҳолатига гувоҳ бўлганлар қўрқувдан телбаланиб қолдилар.
Тилдан қолганлар-да, бўлди.
Оёқдан қолиб, шол бўлиб қолганлар-да, бўлди.
Бундай ҳолатга юраклари дош беролмайин, дунёдан кўз юмганлар-да, кўп бўлди.
Шу боис, одамлар отнинг деви бор дедилар.
Бу-дев, отни ёввойи табиатига чорлаб туради,- дедилар.
Бу-дев, ёввойилик бўлди.
Бу-дев, бўйсунмаслик бўлди.
Бу-дев, аслиятга қайтиш бўлди.
Лекин ҳамма отлар-да, аслиятга қайтмади.
Бундай ҳолатга тушган отларнинг кўпи нобуд бўлди.
Бу ҳолатга тушган отларга-да, осон бўлмади.
Бу-сеҳрмиди-жодумиди, буни-да, ҳеч ким билмади.
Отларнинг бундай ҳолатларига ҳеч бир кимса, тайинли изоҳ ҳам беролмади.Тайинли бир гап-да, айтолмади.
Шу боис, отлар тўғрисида ривоятлар кўп бўлди.
Отлар тўғрисида турли маҳобатли гаплар кўп бўлди.
Бу-маҳобатлар тилдан-тилга ўтди.
Бу-маҳобатлар элдан-элга ўтди.
Каттадан-кичикка ўтди.
Эркакдан аёлга ўтди.
Мен-да, улардан озгина олдим.
Ўзимдан-да, озгина қўшдим.
Йиғилганларни сизга-да, илиндим……

2

Саттор човоғон қора йўрғадан ёлчиди.
Шу қора йўрғани қўлга киритгандан буён от мингандек бўлди.
Қора йўрға унга омад келтиргандек бўлди.
Кўпкариларда довруқ солиб-довруқ солиб юрди.
Чин, қайси кўпкарида бўлмасин, Саттор човоғоннинг ўзи сусткашлик қилмаса, қора йўрға улоқни ҳалол айириб чиқди.
Қора йўрға кўпкарида ҳар қандай отни ўзидан ўздирмади.
Саттор човоғон бир амаллаб улоқни тақимига босса бас, қора йўрға ҳар қандай йиғиндан шамолдек ажралиб чиқиб кетди.
Қора йўрғанинг отлар орасида қандай сирғалиб чиқиб кетганини, баъзида Саттор човоғоннинг ўзи ҳам сезмайин қолди.
…. Текин томоқ улфатлар ҳамма ерда топилади.
Текин томоқ улфатлар ҳамиша топилади.
Ҳар кўпкарида охирини айираётган Саттор човоғоннинг ёнидан ҳам, улфатлар айланиб юрди.
Чин, улфатларни Саттор човоғон эмас, кўпкарининг охири қизиқтирди.
Буни яхши билган Саттор човоғон-да, аввалига тихирлик қилиб тургандек бўлди, кейин “кел-э” дегандек, улфатларга ён берди.
Шу боис, кейинги пайтларда Саттор човоғоннинг улфатлари кўпайгандан-кўпайди.
Саттор човоғонннинг номи-да, довруқ солгандан-довруқ солди.
Аслида, бу улфатлар Саттор човоғоннинг эмас, кўпкари охирининг улфатлари бўлди.
Саттор човоғон улфатларга ён бериб нима олди?
Кўпкари охирлашавериб, “ура-ура” кўпайди.
Кўпкари охирлашавериб, шовқин-сурон кўпайди.
Шовқин-сурон ичида “Саттор… Саттор… Саттор…” деб бақирадиганларнинг сони кўпайди.
Саттор човоғоннинг мухлислари бир неча баравар ортгандек бўлди.Саттор човоғоннинг ўзи-да, ҳуштакбозликка ўрганиб қолди.
Мухлисларининг ҳуштагини кутгандек бўлди.
Ҳуштаклар унга куч бағишлади.
Ҳуштаклар унинг ғайратига-ғайрат қўшди.
Аввалига, кўпкарининг охирига қўл силтаб кетадиган Саттор чавандознинг ҳам, кўпкарининг охирини айириб бермаса, шу кўпкарида нимадир камлик қилгандек бўлиб қолди.
Кўпкари бўлган кунлар, Саттор човоғоннинг исми улфатларнинг оғзидан тушмади.
Кўпкарининг охирини айирган Саттор човоғон, улоқни улфатларнинг ўртасига ташлаб, индамай кетадиган бўлди.
Саттор човоғоннинг мардлиги шу бўлди.
Саттор човоғоннинг тантилиги шу бўлди.
-Омад ҳар куни келавермайди, -деди ўз-ўзига Саттор човоғон.
Омад истаган пайтда ҳам келавермайди,-деди биров-яримга Саттор човоғон.
Бугун менга омад келиб турган бўлса, эртага уни излаб ҳам тополмаслигим мумкин.
Шу боис, улфатларнинг ҳам кўнглини қолдирмаслик керак.
Улфатларни ҳам норизо қилмаслик керак.
Боиси,мен бугун Саттор човоғон сифатида борман.Эртага билагимдан кучим кетиб, улоқ айиришга ярамай қолсам, йўқман.
Ўша пайтда,- човоғонлик қилиб ҳам бирор кўнгилни ололганинг йўқ эди,- деб, айтилган гап, менинг ғуруримга тўғри келмайди.
Элчилик-да, бундай гап айтилмайди деб, ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди.Шу боис, иложи борича улфатларнинг кўнглини қолдирмаслигим керак.
Зеро, улфатлар-да, бир эл. Элнинг ризолиги, омаднинг келгани.
Омаднинг келгани, элнинг ризолик белгисидир.
….Қора йўрға зийрак бўлди.
Қора йўрға айёр бўлди.
Қора йўрға эпчил бўлди.
Қора йўрға кучли бўлди.
Қора йўрға учқур бўлди.
Саттор човоғон қора йўрғанинг хислатларини санаб, баъзида унинг қанотсиз эканлигига ўзи ҳам шубҳаланиб қолгандек бўлди.
Қора йўрға фавқулодда учқур бўлди.
Қора йўрға фавқулодда абжир бўлди.
Унга тезликни ошириши учун қамчи эмас, “ҳайт” деган сўзнинг ўзи кифоя бўлди.
Қамчи тегди дегунча, қора йўрғанинг телбалиги ортди.
Қамчи тушса, қора йўрғани бошқариб бўлмайин қолди.
Саттор човоғон қора йўрғага қадар ҳам, кўп отлар минди.
Эсини таниб, билаги кучга тўлгандан буён кўпкари чопади.
Лекин минган отларининг ичида қора йўрғага тенг келадиган бўлмади.
Қора йўрғага тенг келадигани топилмади.
Қора йўрға отларнинг зўри бўлди.
Қора йўрға отларнинг телбаси бўлди.

3
Қора йўрғанинг ёшини қишлоқда ҳеч ким билмади.
Қорабайр зотидан бўлган бу отнинг хўжалик йилқисига қандай келиб қолганини-да, ҳеч ким айтиб беролмади.
Хўжалик йилқибоқари-да, бу борада елка қисиб қўйишдан бошқа тайинли бир гап айтолмади.
Фақатгина, кўпчилик бир ҳолатдан яхши хабардор бўлди.
Қора йўрға хўжалик йилқисида вояга етмаган.
Қора йўрға қандайдир отга алмаштирилган ёки от ўрнига келтирилган.
Боиси, хўжалик отлари сонига босилган “Э” тамғаси, қора йўрғада бўлмади.
“Э” тамғаси Энгельс дегани бўлди.Ўша пайтлар хўжалик Энгельс номи билан юритилди.
Дарвоқе, хўжалик йилқисидаги отларга шундайин тамға босиш шартмиди?
Бундай белги қўйиш кимнинг хаёлига келди?
Молга жабр, жонга жабр.
Жонга жабр, элга жабр,-дейди эл.
Белги қўямиз деб, хўжаликнинг юз-юз эллик йилқисига жабр кўрсатиш, қанчадан-қанча овворагарчиликлар мантиқсиздек кўринса-да, лекин ҳақиқатда бор гап эди.
Чин, кейинчалик одамлар, бу фикр кимдан чиққан ёки чиқмаганлигига ҳам эътибор қилмай қўйишди.
Йил-йилни босиб ўтди.Йиллар талашиб кетди.
Тамға босилган билан, хўжаликнинг отлари алмашиб-алмашиб кетди.
…. Қора йўрға Саттор човоғоннинг қўлига қандайин тушиб қолди?
Қора йўрға Саттор човоғоннинг қўлига бир тасодиф билан тушиб қолди.
….. Ўшанда, ўрим-йиғимнинг кеч куз палласи эди.
От билан галогов қилиб янчиладиган буғдой хирмонлари поёнига етай-етай деб қолганди.
Саттор човоғон боғотдаги томорқасини сувлаб, қуёш уфққа кираётган пайтларда қишлоққа пиёдалаб-пиёдалаб қайтди.
Йўли эски кўпкарижойдан ўтди.
Саттор човоғон кўпкарижой аталмиш даладан сўқмоқ йўл оралаб борар экан, йўлдан унчалик олис бўлмаган хирмонда хирмон янчаётган хирмончилар билан аҳволлашгани хирмонга ўтди.
Буғдой хирмони деярли янчиб бўлинган, хирмончилар донни тозалаш учун, кураклаб шопираётган бўлди.
Хирмонда-хирмончилардан бошқа хўжалик ҳосилоти, тафтиш раиси, Абдирайим элбошилар бўлди.
Саттор човоғон-да, хирмондагилар билан аҳволлашган бўлиб, уларга яқинроқ жойдаги буғдой чошига ёнбош уриб, оёғига дам берган бўлди.
Бирпасда гурунг-гурунгга уланиб кетди.
Гурунгдан-гурунг чиқди.
Гапдан-гап чиқди.
…. Бир пайт Абдирайим элбоши: — Саттор човоғон, анов от қорабайр зотидан кўринади. Кўриниши бироз абгорроқ бўлса-да, жони қаттиққа ўхшайди. Нима дейсан, менимча, қаров билан, қаровнинг ҳам фарқи бор. Ишончим комил, хўжаликда турса, шу от бу йилги қишдан чиқмайдиган кўринади. Йилқига қўйиб юборилса, галага етиб юролмайди. Шу отни қарамоғингга олиб, бирор зот олсанг бўлмайдими,-деб қолди, қора йўрғани кўрсатиб.
Саттор човоғон аввалига гапни ҳазил фаҳмлади.
Айтилган гапга эътиборсиздек бўлди.
Бироздан кейин , Абдирайим элбошига кўзи тушиб, унинг жавоб кутаётганлигини сезди.
Нима деб, жавоб қилишини билолмайин, отларга чуқурроқ разм солиб қаради.
Чин, аввал эътибор қилмаган экан. Саттор човоғоннинг кўзига боғлиқ турган отларнинг ичида қора йўрға бошқачароқ кўрингандек бўлди.
Негадир, қора йўрғанинг қулоқлари динг турган бўлса-да, кўриниши пакарроқ кўринди.
Ичидан нимадир ўтгандек бўлди.
Кўнгли нимадир сезгандек бўлди.
Ҳеч кимга, ҳеч нарса сездирмади.
Шундай бўлса-да, Саттор човоғоннинг қора йўрғага кўнгли кетгандек бўлди.
Саттор човоғон сукутга толгандек бўлди.
Саттор човоғон хаёлга толгандек бўлди.
Бироздан сўнг ўзига келиб, кулиб-кулиб, — от хўжаликнинг мулки бўлса, уни менга ким бериб қўяди?- қулоққа шовла осишни ҳам кифтини келтирасиз-да, Абдирайим ака,-деди.
Ўтирганлар кулиб қўйишди.
Абдирайим элбоши қора йўрғага тикилганча, сукут сақлади.
Саттор човоғоннинг кўзлари-да, қора йўрғада бўлди.
Қора йўрғанинг ориқликдан қовурғалари кўриниб турарди.
Қора йўрғанинг берисидан-нариси яқинроқ кўринарди.
Қора йўрғанинг келаётган қишдан чиқиш ё чиқмаслигига ҳам, ҳеч ким кафолот беролмасди.
Қора йўрғанинг аҳволи жуда ночор бўлди.
Шундай бўлса-да, Саттор човоғон:- Жим бўлиб қолдингиз, Абдирайим ака,-деди.
Абдирайим элбоши жимирайиб, Саттор човоғонга қаради.
Савол назари билан хўжаликнинг ҳосилоти ва тафтиш раисига қаради.
Ҳосилот билан тафтишдан бирор садо чиқмади.
Улардан бирор имдод-да, бўлмади.
Саттор човоғоннинг кўзлари ёниб тургандек бўлди.
Саттор човоғон нимадандир умидвор бўлгандек бўлди.
Шунда, Абдирайим элбоши мардлик қилди.
Ўзининг ҳисобида бўлмаган отга хўжайинлик қилди.
Абдирайим элбоши тантилик қилди.
Ўзига бирор ишончи бордирки,хўжалик ҳосилоти билан тафтиш раиси айтолмаган гапни айтди.
— Агар, шу отни ўлдирмайин, боқиб оламан десанг, мен сенга хўжалик ҳисобидан чиқартириб бераман,-деди.
Саттор човоғон беписанд-беписанд кулди.
Саттор човоғон ҳиринг-ҳиринг кулди.
Абдирайим элбошининг ўзига қўшилиб, ҳиринглаб кулмаётганини сезиб, бироз ҳушёр тортди.
Ўзини бироз жиддийроқ тутиб, кўзларини қўлларининг кафти билан сийпалаган бўлди.
Юзларини уқалаган бўлди.
Саттор човоғон-да, мардга-мард бўлди.
Саттор човоғон-да, ушлаган жойидан узди.
— Гап биттами,Абдирайим ака?- сўради Саттор човоғон.
Абдирайим элбоши ҳосилот билан тафтишга бир қараб қўйди-да, норози оҳангда,-Менинг сўзимда турмаганимни қачон кўрувдинг,-деди.
-Ё мен жиддий сўраяман Абдирайим ака,-деди Саттор човоғон.
-Мен ҳам жиддий айтаяпман.Шу туришда бу от бу йилги қишдан чиқмаслиги аниқ.
-Гап биттами, қайта сўради,- Саттор човоғон.
-Гап битта,-деди Абдирайим элбоши.
Саттор човоғон отни ўз қарамоғига оладиган бўлди.
Абдирайим элбоши отни хўжалик ҳисобидан чиқартириб берадиган бўлди.
Иккаласи қўл ташлашдилар.
Хирмонда ўтирганлар гувоҳ бўлиб қўл кесдилар.
…. Бир ҳафтадан кейин, Саттор човоғон отни уйига олиб кетди.

4

Қишлоқда қорабайр зотлар бўлмади.
Саттор човоғон-да, қорабайр зотга орзуманд бўлди.
Хашакироқ, қарироқ кўринса-да, қора йўрғадан Саттор човоғон нималардир умидвор бўлди.
Шу боис, отнинг чопишидан умидвор бўлмаса-да, ундан зот олмоқчи бўлди.
Олинадиган зот жуда қорабайр отлардек бўлмас-да, бундайроқ бўлар, деб кўнгиллади.
Қиш киргунча, Саттор човоғон қора йўрғани боғотларга ўтга боғлаб,ўт-хашакдан тўйдириб юрди.
Қора йўрғада секин-секин ўзгариш кўринди.
Саттор човоғоннинг отга қизиқиши ортди.
Кечда озроқ арпа бериб сийлаб турди.
Қора йўрғада ўзгаришлар кучайгандан-кучайди.
Саттор човоғон отга қаровни кучайтирди.
Кўпкари чопиб юрган отига бир кунда қанча ем берса, қора йўрғанинг ҳам емини шунга тенглаштириб қўйди.
Кунлар ўтгани сайин қора йўрғага ранг кириб бошлади.
Аввалида, бир жойда қадалиб, охур суяб турган бўлса, аста-секин қозиқ айланадиган, вақти-вақти билан кишнайдиган одат чиқарди.
Саттор човоғонда қора йўрғага қизиқиш ортди.
Чамаси, уч ойлардан сўнг, қора йўрғанинг сағриси кўринди.
Саттор човоғон отнинг ёнига борганда, от ҳиринглаб-ҳиринглаб, суйкалиб қўядиган бўлди.
Саттор човоғон отнинг ҳаракатларидан унинг ҳали қарувга ён бермаганлигини сезгандек бўлди.
Шунда, Саттор човоғоннинг хаёлига нимадир келди.
Саттор човоғон отга қаровни янада кучайтирди.
Отга бераётган емини-да, икки баравар ошириб, отни бойловга солди.
Саттор човоғон кун санади.
Саттор човоғон тун санади.
Саттор човоғон отни кузатди.
Қора йўрға кучга кирди.
Қора йўрға қозиқ айланди.
Қора йўрға ёшаргандек бўлиб, чирой кўрсатди.
Қора йўрға ҳиринг-ҳиринг кишнади.
Қора йўрға юлдуз кўзлагандек бўлди.
Саттор човоғон тавбалаб-тавбалаб, кўкрагига туфлади.
Саттор човоғон кўзларига ишонмай-ишонмай қўйди.
Саттор човоғон баъзида кулишни-да, йиғлашни-да, билмади.
Кимгадир, қора йўрға тўғрисида гапиришни-да, билмади.
Ким биландир хурсандчилигини баҳам кўришини-да, билмади.Боиси, одамлар нотўғри тушуниши мумкин.Орқаворотдан ҳар хил гап ташиши мумкин.
Лекин, қора йўрға асл ҳолига қайтгандек бўлди.
Боиси, ўлган кимса, қайта тирилгандек бўлди.

5

Саттор човоғон қора йўрғани бойловдан чиқариб, совутди.
Узун арғамчилаб, ҳовли айлантириб-ҳовли айлантириб ағанатди.
Қора йўрғанинг олдинги аҳволини кўрганлар, энди уни таниёлмайин ҳам қолдилар.
Қора йўрға ўмган кўтарди.
Қора йўрға ранг очди.
Қора йўрғанинг сағринлари йилтиллаб қолди.
Қора йўрға томоқдан урилган бўлди.
Қора йўрға қаровдан уринган бўлди.
Қора йўрға – Саттор човоғоннинг қўлида юлдуз кўзлаган бир пайтда, хўжалик ҳисобидан “ҳаром ўлиб қолди” деб чиқимга чиқарилиб юборилди.
Қора йўрғанинг яқин ўтмиш шундай бўлди.
Бу пайтда, қора йўрғанинг иккинчи умри- юлдузни кўзлаётган онлари бошланаётган бўлди.
Ё боши ё охири,-дейди эл.
Қора йўрғага бошида бўлмаган бўлса, охирида бўлаётгандир.Бу томондан бирор сўз айтишга Саттор човон-да, ожиз.
… Қора йўрға кўпкариларга шитоб билан кирди.
Куч тўлқинни кесиб ўтди.
Куч тўлқинни икки айрига ажратиб юборди.
Кўпкари-да, бамисоли тўлқин бўлди.
Кўпкарининг ғарови-қоралиқ бўлди.
Қоралиқ-кўпкарининг оловли халқаси бўлди.
Қоралиққа эса, ҳар қандай от боролмади.
Олов халқани ҳар қандай от кесиб чиқолмади.
Ғаровни кесиб чиқолмади.
Отлар қуюнини икки айрига ажратиб юборолмади.
Қора йўрға депсиниб турди.
Қора йўрға юлдуз кўзлади.
Қора йўрға отлар ўрамини ёриб-ёриб кирди.
Қора йўрға отлар ўрамини иккига айириб юборди.
Қора йўрға Саттор човоғоннинг тақими остида пишқириб-пишқириб чопадиган бўлди.
Қора йўрға кўпкари аталмиш салтанатнинг ўзагида бўлди.
Қора йўрғанинг нафаси ҳаво кесди.
Қора йўрғанинг туёқларидан тупроқ чангланди.

6

Саттор човоғон элда довруқли бўлди
Саттор човоғон оралаган кўпкаридан зот айирмайин қолмади.
Атроф қишлоқларда Саттор човоғондан ўтадиган чавандоз-да, бўлмади.
Қора йўрға майдонга тушгандан сўнг, Саттор човоғоннинг кўпкари чопадиган отига навбат ҳам тегмайин қолди.
Қора йўрға ишончли бўлди.
Қора йўрға синовлардан бекаму-кўст ўтди.
Қора йўрғанинг таърифи тилдан-тилга, элдан-элга, қишлоқдан-қишлоққа ўтди.
Саттор човоғон қора йўрғага батамом суяниб қолди.
Шундай эса-да, Саттор човоғон аввалги кўпкари чопиб юрган отини-да, эсдан чиқармади.
Вақтида озиғини бериб, уйда парваришда тутди.
Аввал кўпкари чопиб юрган оти Бурноч-да, кўп отлардан абжир бўлса-да, лекин қора йўрғанинг олдида хашаки кўриниб қолди.Бурночнинг чапдастлиги, абжирлиги қора йўрғага муқояса бўлолса-да,лекин қора йўрғанинг бошқа устунликлари яққол сезилиб турарди.
Саттор човоғон қора йўрғанинг пешонасига тўғдонадан ясалган туморлар тақиб қўйди.
Ёлининг остига туморлар боғлаб қўйди.
От элнинг кўзида бўлди.
От элнинг тилида бўлди.
Шу боис, Саттор човоғоннинг ирими шундай бўлди.
Ёмон кўзлардан асраш удуми шундай бўлди.
Қора йўрғанинг парвози баланд бўлди.
Қора йўрғанинг юлдузли кунлари кўп бўлди.
Қора йўрға кўпкариларда юлдуз терди.
Қора йўрға зот айирмаган бирор бир кўпкари бўлмади.
Қора йўрға кўпкариларда донг таратди.
Саттор човоғон ҳар кўпкаридан қўша-қўша улоқ айирди.
Саттор човоғон ҳар кўпкаридан қўша-қўша зот айирди.

7

Қора йўрға Саттор човоғон тасаввур қилганидан-да, бир неча баробар зиёд бўлди.
Қора йўрғадаги қобилият, Саттор човоғоннинг етти ухлаб тушига ҳам кирмади.
Саттор човоғон ёлғиз қолган кезлари, қора йўрғанинг хислатларини, имкониятларини санаб-санаб лаб тишлади.
Агар қора йўрғага яқин турган бўлса, отга томон қайрилиб туфлаб-туфлаб қўйди.
Қора йўрға от эмас, бир балонинг ўзи бўлди.
Қора йўрға ҳаддан ташқари кучли бўлди.
Агар, бирор кимса,-отнинг деви бор деса, Саттор човоғон “б-э” деб, қўл силташи мумкин эди.
Лекин қора йўрғага қараб туриб, Саттор човоғон-да, ёқа ушлади.
У-бу гурунгларда, кексалар: -Отнинг қулоғи энтик бўлади. Одам илғамаган товушни отлар илғайди,-дейишди.
Саттор човоғон авваллари бундай гапларга эътиборсиз бўлди.
Одамларнинг гапларини шунчаки гап-да, деб қўйди.
Лекин эртага кўпкари бўлади деган тунларда, қора йўрғанинг кўзлари ёнишини кўриб, ҳайратга тушди.
Одамлар билмасдан гапирмади.
Одамлар ҳаёт йўлларида синовдан ўтган гаплардан гапирди.
Кўпкарининг дарагини сезган қора йўрғанинг кўзлари ёнди.
Кўпкарининг дарагини сезган қора йўрға бир жойда туролмай қолди.
Шундай пайтларда, Саттор човоғонни-да, бемалол ётгани қўймади.
Қора йўрға ҳиринглаб-ҳиринглаб, Саттор човоғонни ёнига чорлаган бўлди.
Саттор човоғон бундай ҳолдан гоҳ хурсанд бўлди, гоҳ дарғазаб бўлди.
Хурсанд бўлишининг боиси, қора йўрға кўпкарига тайёр бўлди.
Қора йўрғанинг кайфияти кўпкари истаб-кўпкари истаб турди.
Дарғазаблиги, қора йўрға кўп безовталанди.
Қора йўрға сабр қилишни билмади.
Сўнгги пайтларда, қора йўрға Саттор човоғоннинг ўзидан бошқани ёнига яқин йўлатмайин қўйди.
Уйда ҳам, Саттор човоғоннинг ўзи ё учинчи ўғли отнинг емиш, сувини берарди, холос.
Бошқа кишининг қора йўрғанинг олдига бориши, бир фалокатни бошлаб келди.
Шундай бўлса-да, Саттор човоғон: -От одам танийди,-деб қўярди.
Бошқа иложи ҳам бўлмади.
От-отлигини қилиб турди, унга гап уқдириб бўлмади.
Отнинг тили-забони бўлмади, ундан бирор гап сўраб бўлмади.
Шу боис, Саттор човоғон отга ён берди.
Саттор човоғон отга ён беришга мажбур бўлди.
Саттор човоғон отни уриб йўлга солиб бўлмаслигини яхши билди.
Мадомики, от бошқаларни яқинлаштиришни хоҳламадими, демак истамайди.
От-да, жонли зот.
Отда-да, хоҳиш, истак бор.
Отда-да, ирода бор.
Отда-да, кўнгил бор….
Отнинг кўнглига қарши бориш, дев билан курашиш билан баробар.
Отнинг кўнглини қолдириш, дўстликка хиёнат қилиш билан баробар.
Саттор човоғон от кўнглини билди.
Очиқ ҳавода отни арқонлаб қўйиб, соатлаб от билан андармон бўлди.Болаларига қовоқ очмаган кунлари ҳам, отни эркалаб,баданларини қашлади,ёлларини тароқлаб турди.
Хотинининг,-мени яхши кўрасизми ё отингизни,-деган ҳазиломуз сўроқларига жавоб бермасдан кўзларини лўқ қилиб турди.
Кўзларини бақрайтириб қараб туришидан хотини ҳеч қачон аниқ бир жавоб ололмади.
Хотинининг сўровига аввал бақрайиб, бир замондан сўнг айтган жавобига хотини ҳам ишонмади.
Хотинини ишонтиролмаган Саттор човоғон кўп марталаб нозу-фироқ ва аразларда қолиб кетди.
Саттор човоғон орага совуқчилик солгиси келмади.
Саттор човоғон дўстликка хиёнат қилгиси келмади.
Шу сабаб, уйдагиларни отнинг ёнига яқинлаштирмади.
Отга ўзи қаради ё ўғлига буюриб қўйди.
8

Қора йўрға чопиш лаёқатини фавқулодда кўрсатди.
Шу от билан улоқ чопаман деб, Саттор човоғоннинг хаёлига келмаганди.
Боиси, от Саттор човоғоннинг қўлига келганда, тириклигидан ўлимлиги яқин кўринганди.
Терининг остидан қовурғалари шундоққина кўриниб турарди.
Отнинг қовурғаларини терининг устидан-да, санаса бўларди.
Елкасидаги яғирлари-да, ўйма ярадек бўлиб қолганди.
Ўшанда, анча-мунча гапга учмайдиган Саттор човоғон, қандай бўлиб, Абдирайим элбошининг гапига рози бўлиб қолганини ўзи ҳам сезмайин қолганди.
Чин, Саттор човоғон отни олганига мутлақо афсусланган эмас.
Лекин отнинг аҳволини кўриб-билиб туриб, Абдирайим элбошининг гапига қандай розилик берганини ҳанузгача тушуниб етолмайди.
Ё Абдирайим элбошида бирор сир-асрор бўлдимикин?
Абдирайим элбоши-да, эл орасида юрган одам.
Элнинг оғирини енгил қилса-қиладики, элга оғирлик туширмасликка интилади.
Худо суйган бандасини яхши хислатлар билан сийлайди дейишади.
Балким, Абдирайим элбоши-да, Худонинг суйган бандасидир?
Худонинг суйган бандаси бўлмаса, ўт-олов орасидан, иккинчи жаҳон урушида йўқ бўлиб кетмасдан соғ-саломат уйига қайтмасди.
Саттор човоғон ўйланиб қолди.
Саттор човоғон Абдирайим элбошида нима сир-асрор борлигини билмади-ю, лекин унинг эл орасида маънили гап айта олишига ишониб, тан бергандек бўлди.
…. Абдирайим элбошининг тантилиги шу бўлдики, орадан қанча вақт ўтса-да, Саттор човоғондан таъмагирлик қилмади.
Отнинг ҳақи борасида ҳеч нарса сўрамади.
Бу ҳақда, на Саттор човоғоннинг ўзига, на бирор бир даврада оғиз ҳам очмади.
Саттор човоғон,- Абдирайим элбоши шундай дебди,- деган гапни бирор кимсадан эшитмади.
Чин, от Абдирайим элбошига тегишли бўлмади.
От хўжалик мулки бўлди.
Хўжалик мулки ҳисобланган от, ўлсагина, чиқим бўлади.
Шунгача, хўжалик ҳисобида тураверади.
Хўжалик ҳисобида турган отга биров эгалик қилолмайди.
Боиси, хўжаликка тегишли молнинг эговидан тушови қиммат бўлади.
Ўлмаган отга, Абдирайим элбоши орачилик қилди.
Отнинг қолишидан, ўлиши аниқ эди.
Абдирайим элбоши бир савоб ишга қўл урди.
Хўжалик масъуллари билан Саттор човоғон орасида далоллик қилди,холос.
Абдирайим элбоши отни худди ўз укасига бериб қўйгандек, давраларда-да, хотиржам бўлди.
Гўёки, Абдирайим элбоши Саттор човоғонга отни олиб беришда воситачилик қилмади.
Саттор човоғон Абдирайим элбошидан ҳеч қандай от олмади.
Абдирайим элбоши отни қандай ажратиб олди? Кимлар билан келишди? Хўжалик фаолларига қандай важ кўрсатди.Орадаги ишлардан Саттор човоғоннинг хабари бўлмади.
Шу боис, аввалига ўзи индамай юрган Саттор човоғон, кўнглига алланималарни тугиб қўйди.
Лекин кўнглидаги гапни ҳеч кимга айтиб юрмади.

9

Саттор човоғон ўйлаб қўйган режасини пайсалга солмади.
Баҳор кўклайвериб, Бойсун томонларга бориб, бир бия сотиб олиб келди. Бия-да, кўринишдан бурноч бўлди.
Бурноч биянинг бўй-басти ўртачадан келган бўлса-да, лекин кўкрак қафаслари ва сағриси кенг бўлди.
Биянинг эгаси ҳам, танглайини тишлаганлардан экан.
Анов-манов савдога кўндим демади.
Биянинг савдоси, Саттор човоғоннинг терисини шилиб олгандек бўлди.
Шундай бўлса-да, Саттор човоғон ,-сотиб оламан,-деган лафзидан қайтмади.
Бу юртда човоғонлар лафзли саналди.
Полвонлар лафзли саналди.
Подавон, чўпонлар-да, лафзли саналди.
Бу тоифа одамларнинг лафзидан қайтиши элда орият саналди.
Лафздан қайтиш-ўлим билан баробар бўлди.
Лафздан қайтиш-одамгарчиликдан чиқиш билан баробар бўлди.
Бошқа тоифа одамларнинг лафзидан қайтишига эл унчалик эътиборли бўлмади.
Бошқа тоифа одамлар лафзидан қайтса-да, элда достон бўлмади.
Лекин полвонлар-у, човоғонларнинг лафзидан қайтиши, уруғ-аймоғининг юриш-туришига-да, таъсир кўрсатиб кетди.
Боиси, човоғонни эл таниди.
Полвонларни эл таниди.
Элнинг назарида, эл таниган инсонлар бир сўзли бўлди.
Айтилган сўз-отилган ўқ бўлди.
Бу юртда,-ўйнаб гапирсанг-да, ўйлаб гапир,-деган сўз-да, лафзга бориб тақалди.
Лафз-инсоннинг юзи бўлди.
Лафз-инсоннинг кўзи бўлди.
Лафз-инсоннинг тили бўлди.
Бурдли-бебурд,- деган сўзлар-да, шундан келиб чиқди.
Саттор човоғон-да, оқ-қорани таниган бўлди.
Чавандозлик сабаб, Саттор човоғонни эл таниган бўлди.
Саттор човоғон лафз қайтаришни истамади.
Авлод-аждодларига иснод олиб келишни истамади.
Бурноч бияни оламан деб оғиз солгач, бия эгасининг барча инжиқликларини кўтариб, бияни сотиб олиб келди.
Отнинг хушрўй бўлишини ҳамма ҳам билавермади.
Отнинг қандай зот беришини-да, ҳамма ҳам каромат қилавермади.
Ҳатто, йиллаб от минганлар ҳам, бунинг икир-чикирини билавермади.
Отни биладиган синчилар бўлди.
Отни биладиган чавандозлар бўлди.
Саттор човоғон-да, синчилардан қолишмади.
Саттор човоғон от тўғрисида билганларини, анов-манов йилқибоқарлар-да, билмади.
Боиси, Саттор човоғон отга ёшликдан кўнгил берди.
…. Эсида, ўшанда ўн-ўн икки ёшларда бўлса керак, бобосининг тўриқ қашқа бир оти бўларди.
Саксон ёшлардан ўтиб қолган бобоси ҳар куни от миниб юрмаса-да, ҳовлида доимо оти бойланган турарди.
Ушоққина гавдали момоси отга сув берар, емиш солар, кун аро тагини тозалаб турарди.
От жонивор ҳам, шунчалик юввош эдики, остидан одам ўтиб кетса-да, парвойига келмасди.
Сатторнинг шу пайтлар отга меҳри тушди.
Сатторнинг шу пайтлар отга Ишқи тушди.
Саттор от минишга қизиқарди.
Шу боис, момосининг рухсатини олиб, етаклаб катта ариқдан суғориб келар, олдига емиш солар, баъзи-баъзида тагини тозалаб ҳам қўярди.
Момоси-да, ёрдамчи топилиб қолганидан хурсанд.
Аксарият ҳолларда, момоси Саттор кўриниб қолса, ишларни Сатторга буюриб қўяқоларди.
Саттор -да, атайлаб, момосининг олдида айни пешинда ёки шомда пайдо бўларди.
Табиийки, пешин ёки шом намозига шошилаётган момоси отга қараш ишларни Сатторга буюрарди.
Саттор човоғон эса, отни миниш илинжида, зарурати борми-йўқми, тўриқ қашқани миниб, ариқдан суғориб келар, кейин олдига емишини ташлаб, момосининг талабларини бажариб қўярди.
Набирасининг ёрдамчи бўлиб қолганини кўриб, момоси ҳам суюнар, топган-тутганини Сатторга илинарди.
Бобоси эса, қачон бирор жойга борар бўлса, отнинг яқинига келар, бошқа вақтда отга яқин ҳам келмасди.
Лекин бобоси отлар тўғрисидаги ривоятларни кўп биларди.
Отлар тўғрисидаги гурунгларни хўб биларди.
Айниқса, қиш тунларида, сандални гупиллатиб қизитиб олиб, айтилган ривоят-у, гурунгларнинг сон-саноғига етиб бўлмасди.
Ривоятларда отларнинг фазилатлари тугамасди.
Отлар ранг-баранг хислатлар кўрсатарди.
Қанотсиз отлар кўкда учарди.
Қанотсиз отлар сувда сузарди.
Қанотсиз отлар тоғлардан ўтиб борар, отлар ўз эгаларини ҳар қандай қийинчиликлардан осонгина қутқариб кетарди.
Бу- ривоятлар Сатторнингг ичини қизитарди.
Бу-ривоятлар Сатторга-да, қанот бағишларди.
Саттор -да, ўзининг оти бўлишини истар, бундай отни ўзи тарбиялашга чоғланарди.
Бобоси айтаётган ривоятлар бус-бутунича Сатторнинг тушларига кирар, у отлар билан тун бўйи ер ва булутлар орасида учиб юрарди.
Сатторнинг ота-онаси бобосидан бўлак ҳовлида яшашса-да, бобосининг ҳикояларига қизиққан Саттор кўпинча, бобосининг уйида қолиб кетарди.
Саттор бош набира эмасди.Лекин ўзининг арзимас хизматлари билан бобоси ва момосининг меҳрини қозонганди.Уларнинг кўз нури айланганди.
Саттор деса, бобо ва момо жон берар бўлди.
Саттор -да, пандавақи бўлмади.
Саттор -да, тепса-тебранмас бўлмади.
Саттор -да, ерга урса, кўкка сапчийдиган бола бўлди.
Вақт ўтгани сайин, бобосининг тўриқ қашқа отига қараш Сатторнинг зиммасида бўлиб қолди.
Саттор бундан оғринмас, аксинча бобоси ва момоси отни унга ишониб қўйишганидан завқланар, ўзини катталардек ҳис этарди.

10

Керага тоғларида қор қуюқ ёғди.
Керага деворлари аллақачон қорнинг кўплигидан кўринмай кетган бўлса-да, ҳали қишнинг қоқ ўртаси бўлди.
Бу ерларда айни шу пайтлар, тўйлар бир-бирига уланиб, кўпкарилар авж олади.
…. Кеча тунда ҳам, қор гупиллатиб ёғди.
Қорнинг қалинлиги ҳам нақ тиззага уради.
Лекин қишлоқ одамлар бундай ҳолга ўрганиб қолишган.
Эрталаб қанчалик совуқ бўлишига қарамасдан, тўйхонадан Имомали метарчининг эрталабки тўйга чорлови ҳаммани ҳушёр торттиргандек бўлди.
Тоғ бағрида жойлашган Катта Вахшивор қишлоғида уч юз-уч юз эллик хўжалик истиқомат қилади.
Қишлоқ одамлари қадим удумларга риоя қилиб яшайди.
Қишлоқ одамлари эл удумларини ҳурмат қилади.
Бу юрт одамларининг яшаш тарзи шундай.
Бу юрт одамларининг иноқ-тотувлиги ҳам шунда.
…. Тушга қадар, тўйхонада карнай-сурнай, ўйин-кулгу бўлиб, элга ош тортилган бўлса, тушдан кейин бутун тўйхона кўпкарижойга йиғилди.
Кўпкари чопиладиган майдон қишлоққа яқин жойлашгани боис, бутун эл кўпкарижойга кўчиб келгандек бўлди.
Бир текис қор қоплаган кўпкарижойда ернинг паст-баландлигини билиб бўлмасди.
Шундай бўлса-да, кўпкарига йиғилган отларнинг сон-саноғи йўқ эди.
Саттор човоғон-да, қора йўрғани миниб майдонга кириб келди.
Кўпкари баковули аллақачон зотни айтиб, чавандозларни улоққа чорлаган бўлса-да, Саттор човоғон улоққа томон интилмади.
Саттор човоғон қора йўрғани совутиб юргандек бўлиб, кўпкарини чеккалаб от айлантирди.
Кўпкарижойда кун совуқ бўлишига қарамасдан, ўсмир ёшлар аллақачон кўпкарижойдаги ёнғоқ дарахтлари устидан жой олишган.
Ўрта ва кекса ёшдаги одамлар эса, кўпкарижойга қадар чўзилиб борган ҳовлиларнинг девори остида гилам, кўрпача ташлашиб жойлашиб олган бўлдилар.
Саттор човоғон отнинг жиловини одамлар томон бурди.
Саттор човоғон одамларнинг олдидан ўтиб бораркан, Абдирайим элбоши унга гап отди: — Саттор човоғон, бу дейман, кўпкарига киришга чоғингиз келмаяптими?
Агар шундай бўлса, малол келмаса, қора йўрғанинг оёқ олишини биз ҳам бир кўрсак.
Саттор човоғон одамларни қараб-қараб, Абдирайим элбошига кўзи тушди.
Саттор човоғон салом берган бўлди-ю,- Абдирайим ака, сиз сўрайсиз-у, биз йўқ деймизми. Келинг ака, келинг. Истасангиз кўпкарининг охиригача қора йўрғани миниб юринг,-деб, мулозамат кўрсатди.
Абдирайим элбоши ўрнидан туриб от ёнига келди.
От узангиси оёқ қўяр экан, Саттор човоғонга шивирлади:- Би-и-ир кўнгил кетди-да.
Саттор човоғон яна мулозамат қилди.
— Майли акахон, майли, ҳеч хижолат бўлманг.
Лекин айтиб қўяйин, бироз ҳушёрроқ бўлмасангиз, қора йўрғанинг ажаб қилиқлари ҳам йўқ эмас. Кўпкарининг раъйига қараб, фавқулодда бурилиш олиб кетиши мумкин.
— Майли, майли кўрамиз,-Абдирайим элбоши отнинг жиловини буриб, отлар тўдаланган қурга томон йўл олди.
Саттор човоғон девор тагида ўтирган одамлар даврасига кириб ўтирмади.
Кўпкарининг ройишини кузатиб тик туриб қолди.
Кўпкари тобора қизиб борарди.
Саттор човоғоннинг ҳурматини қилиб, от келтириб тутган чавандозлар қанча бўлди.
Саттор човоғон дам олаётганини айтиб, бегона отга минмади.
Табиий, Абдирайим элбоши кўпкари чопмади.
Абдирайим элбоши қора йўрғани миниб, унинг оёқ олишини кузатди.
Эрта-индин ўлиб қолади дейилган отнинг шу даражага келиб қолишини тасаввурига сиғдиролмайин ҳайратини бир тўхтамга келтирган бўлди.
Қора йўрғани миниб юраркан, Саттор човоғонга ичида тасаннолар айтган бўлди.
Қора йўрғанинг Саттор човоғоннинг қўлига тушганидан ич-ичидан севинган бўлди.
Кўпкаридаги зотлар каттаравериб, Абдирайим элбоши отни йўрттириб келиб, Саттор човоғоннинг қўлига топширди.
Саттор човоғоннинг:- Абдирайим ака, миниб юраверинг,- деганига ҳам қарамасдан, отдан тушаркан:
Бўлди, Саттор човоғон, бўлди.
Бизники ҳам, бир гулҳавас.
Кўнгил кетиб, би-и-ир човоғонликнинг ҳам чоғини кўрайлик, девдик,мана, кўрдик.
Энди, бизнинг ёшимизда, отда юришнинг ўзи қийин масала экан.
Отингизни олинг, Саттор човоғон, ўзингизга буюрсин.
Саттор човоғон ортиқча мулозамат қилиб ўтирмади.
Кўпкари қизиб бораётганди.
Саттор човоғон қора йўрғани миниб, ўзини отлар тўдаланган қурга урди.

11

Юртнинг тўй удумлари кўп бўлди.
Кўпкари, от пойга, эшак пойга, пиёда пойга-да, шу удумлардан саналди.
Одатда, чавандозларнинг кўплари кўпкари чопиладиган отларни от пойгага солишмасди.
Боиси, пойгага солинган от уриниқиб, кўпкарига ярамай қолиши мумкин бўлди.
Лекин қора йўрғанинг ҳаракатини синаб кўриш учун, Саттор човоғон уни пойгага-да, солиб кўрди.
Пойгада биринчи бўлиб келган қора йўрға, шу куни кўпкарида ҳам ҳеч нарса кўрмагандек, чопаверди.
Шундан кейин, Саттор човоғон ўғлига қора йўрғани миниб пойгаларда иштирок этишига рухсат берди.
Қора йўрға пойгаларда-да, биринчиликни бермади.
Бошқа отлар қора йўрғадан ўзиб кетолмади.
Ўша пайтларда, тоғ қишлоқлари бўлган Катта Вахшивор, Кичик Вахшивор, Бодиҳаво, Чинор, Зардақул, Тўхтамиш, Обшир, Хўжасоат, Сайрак, Лўкка, Куёвсув, Сина, Ўшор каби қишлоқларнинг барчасида тўйларда кўпкари ва от пойгалари бўлиб турарди.
Қора йўрға кўпкарида-да, от пойгаларда-да, ўзидан бошқа отларни ўзгани қўймади.
Қора йўрға биринчи бўлди.
Қора йўрға тагобни боғлади.
Қора йўрға ҳудудни боғлади.
Биров-ярим узангидошлар Саттор човоғонга ҳазиллашишарди:
— Саттор човоғон, нафсингиз бунча ҳакалак отмаса.Сиз ҳам, бировини тутинг-да. Ё кўпкарини денг, ё от пойгани.
Нима, сиздан бошқада нафс йўқми?
Кўпкарини-да айириб кетасиз, пойгани-да, айириб кетасиз.
Биз-да, умид билан келамиз.
Бизнинг-да, човоғон деган номимиз бор.
Ҳар битта тўйдан, қуруқ қўл билан қайтаверсак, хотинлар ҳам айнаб кетиши ҳеч гап эмас.Ўзингиз айтинг, улоқ айиролмаган эркакни хотинлар эркак демайди.Кундан-кун, оримиз-да, кетиб бораяпти.
Чин, биз сиз бўлолмаймиз.
Сизга, Худо берган.
Лекин қора йўрғадан бизга ҳеч нарса ортмаяпти.
Кўпкари билан пойгадан сўнг, ҳар сафар қўлимизни бурнимизга тиқиб, уйга сўппайиб қайтаверамиз.
Кейинги пайтларда,- чавандозман,- деб, от минишга ҳам уялиб қолаяпмиз.
Саттор човоғон ҳиринг-ҳиринг кулади.
Саттор човоғон мириқиб-мириқиб кулади.
Саттор човоғон сонларига шапатилаб-шапатилаб кулади.
Узангидошларининг ярим ҳазил, ярим чин айтаётган гапларида жон борлигини сезиб турса-да, кулаберади.
Узангидошларга бошқа нима ҳам десин.
Саттор човоғон заҳархандаликни-да, хижолатлиликни-да, кулги билан енгган бўлади.
Саттор човоғон бироз ўйланиб тургандек бўлади.
Чамаси, узангидошларининг гапига жавоб излагандек бўлади.
Сўнг, кулиб-кулиб: — Биродарлар, кўпкари-да, пойга-да, ҳазрати Алининг майдони саналади.
Бу — майдонда ғирромлик кетмайди.
Бу- майдонда таниш-билишчилик кетмайди.
Бу- майдонда номардлик-да, кетмайди.
Ким айирадиган бўлса, ҳалол айиради.
Ҳақни ҳалол айиргандан сўнг, бошқа кўнгилларда ғирромлик бўлмаслиги керак.
Бошқаларнинг муваффақиятидан ғаюрланмаслик керак.
Ғирромлик бўлган кўнгилдан, яратганнинг-да, ихлоси қайтади.
Ғаюр кўнгилда-яратганнинг илинжи ҳам камроқ бўлади.
Мен ғирромлик қилмадим.
Мен номардлик қилмадим.
Айириб олган ҳақимни ҳалол айирдим.
Шу боис, биродарлар, ғирромлик қилган бўлсам, айтингизлар.
Номардлик қилган бўлсам, айтингизлар.
Мадомики, кўнгилда ғализлик йўқ экан, бундайчикин, одамни ноқулай аҳволга солиб қўймангизлар.
Кўнгил-душман.
Кўнгил-ғайб.
Кўнгил деганлари шамолдек гап.
Кўнгил деганлари келиб-кетаверади.
Кўнгилда- шакл ҳам йўқ, шамойил ҳам йўқ.
Ҳалиги, нимайди…. китобларда ёзишади-ку,-кўнглингнинг кўчасидан деб.
Ана шунақа…
Ҳа, энди биз, китобий одам эмасмиз-ку, лекин биздаям, эл қатори- Кўнгил бор.
Човоғонда — Кўнгил бўлмайди,- деб, ким айтди?
Саттор човоғонда кўнгил йўқ деб ким айтди?
Ё бирор жойда ёзиб қўйган жойи бор эканми?
Барча одамларнинг тароғи тиллодан-у, бизнинг тароқ темирдан эканми?
Аввал игнани ўзингга санч, оғримаса, бошқага санч,-деган гаплар бор.
Мени оғринтирдиларингиз, узанги йўлдошлар.
Кўнглимни хуфтон қилиб қўйдингиз, биродарлар.
Сизлардан кўнглим қолиб-қолиб кетди.
Кўнглингизда шунча гаплар бор экан, яхшиям, юзага чиқардингизлар.Бўлмаса, бехабар юраверар эканмиз.
Дилдаги гапни тилга чиққани ҳам яхши.
Тилга чиққан гап очиқ гап бўлади.
Тилга чиққан гап дангал бўлади.
Хафа бўлиш йўқ.Кимнинг дасти узун бўлса, марҳамат, айираверсин.Кимнинг қўлидан келса, улоқни Саттор човоғоннинг қўлидан тортиб олсин.Кўнглимда заррача ғубор туйсам, шу куни юрагим ёрилсин…
Ана шунақа, узанги йўлдошлар.
Бундан кейин, ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб юрсангиз яхши бўларди.
Саттор човоғон-да, темир эмас.
Саттор човоғон Худо ҳам эмас.
Улоққа узалинг, улоққа жаблашинг…
Саттор човоғоннинг қўлидан улоқни юлиб олинг.Ҳалолингиз бўлсин.
Шундай қилсангиз, эркакнинг иши бўлади.
Шундай қилсангиз марднинг иши бўлади.
Юқоридаги гап… Билмадим… билмадим…
Бу –дўстнинг ҳам гапи эмас.
Узангидошнинг ҳам гапи эмас.
Ҳисобли дўст, айрилмас деганлар…..

12

Қиш ўтиб, Наврўзи олам кирди.
Тоққа туташиб кетган қир-адирлар-да, кўклаб қолди.
Вахшивор сойи тўлиб-тошиб оқди.
Вахшивор сойи суви тошлардан-тошларга урилиб оқди.
Тоғли қишлоқларда тўйлар охирлаб, кўпкариларни қизитган, одамларнинг қийқириғига мос қанот боғлаб учган чавандоз отлар, қозиқ айланиб-қозиқ айланиб қолди.
Бу-ҳолат, отларнинг маҳри бўлди.
Энди, бу — отлар келадиган кўпкари мавсумигача қозиқ айланади.
Энди, бу –отлар ёз бўйи, куз бўйи қозиқ айланади.
Қора йўрға-да, қозиқ айланиб қолди.
Саттор човоғон-да, илгаригидек кўп юришли эмас.
Яқин-йўриққа борадиган бўлса, отни сарсон қилиб юрмасдан, пиёдалаб кетаверади.
Икки-икки ярим ҳафтада бир Денов бозорига бориб, бозорлаб қайтади, холос.
Бошқа пайтларда, қора йўрға-да, боғлаб қўйилган жойида қозиқ айланиб тураверади.

13

Саттор човоғон кун санаб-кун санаб юрди.
Саттор човоғон ниманингдир ҳисобини олиб юрди.
Чин, Саттор човоғон бурноч бияни сотиб олиб келган билан, уни ҳали қора йўрғага бирор марта кўрсатмади.
Шу боис, Саттор човоғоннинг кўнгли хотиржам бўлди.
Кўпкарилар оёқлашини кутди.
Мана, ниҳоят, кўпкарилар оёқлаб, отлар қозиқ айланиб қолганда, Саттор човоғон ниятини амалга ошириш ҳаракатида бўлди.
…. Эрталаб ҳовлининг ўртасига қора йўрғани арғамчилаб қўйди.
Қора йўрға қозиқ айланиб-қозиқ айланиб чопди.
Ҳар айланганда қийқириб- қийқириб ўзининг борлигини билдириб турди.
Саттор човоғон-да, қувлик қилди.
Кун чошгоҳга келганда, бурноч бияни қора йўрғага яқин келтириб, қўйиб юборди.
Бурноч бия-да, ёлларини силкиллатганча, қора йўрғанинг ёнига бир чопиб келди-ю, сўнг ҳавони кесиб-кесиб искади.
Бурноч биянинг бурун катаклари катта-катта очилди.
Қора йўрға телбаланди.
Қора йўрға қозиқ айланиб чопа бошлади.
Бурноч бия-да, қора йўрға етар-етмас ердан кўм-кўк майсаларни чимдий бошлади.
Қора йўрға ҳаво кесди.
Қора йўрға зорланиб-зорланиб кишнади.
Қора йўрға боғлиқ арғамчини силтаб-силтаб тортди.
Лекин обдон пишитилган арғамчи қора йўрғанинг тортқилашларига узилиб кетмади.
Қора йўрға эркинликка чиқолмади.
Шунда, қора йўрға олдинги икки оёқда туриб, кейинги оёқлари билан ҳавони кесиб-кесиб, тепкилашга тушди.
Шундай тепкилашларнинг бири, тасодифан бурноч биянинг уччасига тегиб кетгандек бўлди.
Бурноч бия-да, ҳавони тўлдириб кишнаб юборди.
Бурноч бия шашт билан келиб, қора йўрғанинг бўйнига оғиз солди.
Қора йўрғага бурилиш имкони бўлмади.
Шунда, қора йўрға услуб қўллагандек бўлди.
Саттор човоғон-да, ҳайрат билан кузатди.
Қора йўрға ҳавога кўтарилди.
Қора йўрғанинг олдинги оёқлари ердан бир газ кўтарилиб кетди.
Бурноч бия қора йўрғанинг бўйнини қўйиб юборди.
Ердан ярим муаллақ турган қора йўрға бурилиб, бурноч биянинг бўйнидан тишлаб олди.
Қора йўрғадан узоқлашолмаган бурноч бия, қора йўрғанинг сағрисидан тишлади.
Бурноч бия қанчалик жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатмасин, қора йўрға куч бермади.
Отлар роса тишлашдилар.
Отларнинг ёллари тўзиб кетди.
Отлар бир-бирларини қўйиб юбориб, нафас ростлагандек бўлишди.
Бурноч бия ёлларини сарак-сарак қилиб, қозиқ айланди.
Қора йўрға ҳар-ҳар замонда кишнаб, атрофга шовқин солган бўлди.
Ниҳоят, отлар искашиб қолдилар.
Бурноч бия қора йўрғанинг сағрисидан тишлади.
Қора йўрға бурночнинг ёлларини қўшиб, бўйнидан тишлади.
Қора йўрға ҳаво кесди.
Бир майдон тишлашиб турган отлар, ўз-ўзидан бир-бирларини қўйиб юбордилар.
Бурноч бия шаталоқ отиб, чопди.
Шунда, Саттор човоғон яна қувлик қилди.
Саттор човоғон кўнгил ишга тўғаноқ бўлди.
Саттор човоғон келиб, бурноч биянинг арғамчисидан тортқилаб, қора йўрғадан бияни холислатиб кетди.
Қора йўрға телбаланди.
Қора йўрға ҳаво кесиб-ҳаво кесиб кишнади.
Қора йўрға қозиқ айланиб-қозиқ айланиб чопди.

14

Қора йўрғанинг егани татимади.
Қора йўрғанинг ичгани татимади.
Қора йўрға кечга томон ҳеч нарса емайин қўйди.
Қора йўрға тинимсиз қозиқ айланди.
Бурун катаклари катта-катта очилганча, ҳаво кесди.
Телбаланиб-телбаланиб, кишнади.
Саттор човоғон қора йўрғанинг аҳволини билиб турса-да, ўзини қувликка олиб юраверди.
Саттор човоғон отга ён бермади.
Шом оралаб-шом оралаб, қора йўрғанинг телбалиги янада ортди.
Қора йўрға нўхтасига боғланган арғамчини қанчалик силтаб тортмасин, арғамчини узиб юборолмади.
Шунда, қора йўрға орқа оёқлари билан ҳавони кесиб-ҳавони кесиб, тепағонлик қилди.
Қора йўрғанинг кўзлари чақнади.
Қора йўрғанинг ҳаво илиқ бўлишига қарамасдан, бурун катакларидан буғ чиқиб-буғ чиқиб турди.
Шундай эса-да, Саттор човоғон қувлигидан тушмади.
Отнинг яна-да, телбаланишини кутди.
Вақт ўтган сайин, қора йўрғанинг безовталиги ошди.
Гоҳ олд оёқларини, гоҳ орқа оёқларини кўтариб, ҳавони тепиб бошлади.
Саттор човоғон пешайвонда қўйилган сўрида ўтириб, қора йўрғанинг ҳаракатларини кузатди.
Бу пайтда, бурноч бия отхонада боғлаб қўйилган бўлиб, ем аралаштирилган беда гулини охурдан капалаб ерди.
Саттор човоғоннинг мўлжалига ҳали бироз вақт бордек кўринса-да, атрофга қоронғулик чўка бошлади.
Саттор човоғон қўлидаги қамчини кийиб юрган этик қўнжига тиқди-да, секин-секин қора йўрға томон борди.
Саттор човоғонни кўрган қора йўрға шодликданми ёки зорланибми, ҳавони тўлдириб-тўлдириб кишнади.
Қозиқ айланиб чопаётган қора йўрғанинг арғамчини ечишга-да, сабри етмаётгандек туйиларди.
Тортилавериб, таранглашиб қолган арғамчини ечиб олиш Саттор човоғонга осон кўчмади.
Қора йўрға-да, тортилавериб, арғамчини ечишга тўсқинлик қиларди.
Саттор човоғон арғамчини ечишга уринаркан, мийиғида кулиб-кулиб: -Кўнгил қурисин-а, кўнгил қурисин, қорабайр.
Жони бор одамда ҳам, жонзот-да, ҳам, кўнгил ғулғула солиб туради.
Жонлиларнинг ҳаммаси ҳам, кўнгил қули экан-да.
Мен бу борада хато қилганим йўқ.
Анча-мунча нарсани сезиб турганлигим-да, рост.
Бирозгина, қувлик қилганлигим-да, рост
Эҳ, қора йўрға, қора йўрға- куёв бўлмиш, шаҳзода, қандай кунларга қолдинг-а, қандай кунларга қолдинг?.
Ҳалиям, сен Саттор човоғоннинг қувлигини пайқамадингми?
Менинг жўгиртакка шундай қилаётганимни сезмадингми?
Мен сени интизор бўлсин,- дедим.
Мен сени қони янада қайнасин,- дедим.
Томирларида қони гупириб турсин,- дедим.
Қайнаган қондан, қайноқ қон дунёга келади,- дедим.
Бу дунёда ўзидан-да, зўрроқ зот қолдирсин,- дедим.
Тўғри қилдимми ё нотўғри қилдимми, жоннинг зоминига қолдимми ё жонга қурб бердимми, бунисини-да, билмадим, билолмадим.
Энди, бу ёғи яратганга ҳавола.
Нотўғри қилган бўлсам-да, мени кечир, қорабайр!
Тўғри қилган бўлсам, мени олқишлагин, қорабайр!
Хом сут эмган бандамиз.
Хатолардан холис эмасмиз.
Адашишлардан холис эмасмиз.
Хатосиз ёлғиз Парвардигор…
Ниҳоят, Саттор човоғон қорабайрнинг арғамчисини қозиқдан ечди.
Арғамчини калталатиб, қора йўрғани жиловлаган бўлди.
Қора йўрға Саттор човоғоннинг ортидан эргашди.
Ҳовлини айланиб, отхонага яқин келганда, қора йўрға бир кишнади.
Уч томони баланд девор билан ўралиб, усти ёпилган отхонанинг олд томонидан келмаса, ҳеч нарса кўринмасди.
Саттор човоғон билан қора йўрға отхонанинг сўл томонида бўлди.
Қора йўрға кишнаган пайтда, отхонадаги бурноч бияни кўрмаган бўлди.
Қора йўрғанинг овозини эшитиб, отхонадан бурноч бия-да, кишнади.
Қора йўрға биянинг овозини эшитиб, ёлларини сарак-сарак силкитди.
Бошини сарак-сарак силкитди.
Бурун катаклари катта-катта очилиб, қийқириб-қийқириб кишнади.
Бурноч биянинг-да, яна кишнаган овози эшитилди.
Шунда, Саттор човоғон қора йўрғани уддалолмайин қолди.
Қора йўрға бир силтаниб, Саттор човоғоннинг қўлидан чиқди.
Қора йўрға нўхтасига боғланган арғамчини судраганча, отхонага ўзини урди.
Саттор човоғон атрофга тобора қоронғулик чўкиб бораётгани боис, отларни кузатиб ўтирмади.
Саттор човоғон отларни ўз ҳолига қўйиб, ўзи уйга равона бўлди.

15

Тун беҳаловат бўлди.
Тун ғаройиб бўлди.
Тун ажойиб бўлди.
Саттор човоғон хотинига сир айтди.
Хотини жимирайиб-жимирайиб эрига қаради.
Хотини эрига маъноли-маъноли қаради.
Хотини пиқ-пиқ кулди.
— Ҳа, уккағарнинг қизи, куласан-да, куласан.
Дунёнинг ободлигини билмагандек бўласан.
Дунёнинг шодлигини сезмагандек бўласан.
Дунёнинг ишларига бепарводек бўласан.
Икки кўнгилни топиштирсам ёмонми?
Кўнгилни-кўнгилга қўшсам ёмонми?
Одамга савоб ҳам керак-да.
Ҳар бир хайрли ишнинг бир савоб томони бор,- деган машойихлар.
Ҳар бир яхши ишнинг эртаси бор,- деган машойихлар.
Ҳаракатда-баракат.
Шотим, ниятимиз амалга ошиб, қора йўрғадан зот қолса…..
Қора йўрға зотсиз ўтиб кетмаса, дейман.
Саттор човоғоннинг эгари қуримаса, дейман.
Саттор човоғоннинг ҳали кўп йиллар довруғи сўнмаса, дейман.
Хотин, қора йўрғасиз, мен ҳеч кимман.
Элда менга ўхшаган човоғон кўп. Лекин ҳаммасида ҳам, қора йўрғага ўхшаган от йўқ.
Ҳамма човоғонда ҳам, қора йўрға йўқ.
Қора йўрғаси бўлса, улар ҳам улоқни ҳеч кимга бермайди.
Минг отни қаратиб қўйиб, улоқни айириб чиқаверади.
Минг афсуски, қора йўрға битта…..
Қора йўрға ягона….
Қора йўрға битта бўлгани боис, келин бўлмишни ҳам ўзим излаб юрибман.
Келин бўлмишнинг қалинига қанча берганимни биласанми?
Келин бўлмиш-да, кўп қимматга тушди.
Шундай эса-да, сотиб олдим.
Қора йўрға қийналмасин дедим.
Қора йўрға келин излаб юрмасин дедим.
Қора йўрға бегона келинга кетмасин дедим.
Қора йўрғанинг зурриёди ҳам Саттор човоғонга бўлсин дедим.
Чин, менинг-да, кўзлаган мақсадларим бор.
Мен-да, ноумид эмасман.
Мен-да, боумид дунёдан умидлиман……
Лекин…. қора йўрға…..
Хотин, қора йўрға-да, куёв бўлди.
Куёвни пайғамбарлар сийлаган дейишади.
Куёвнинг айтилиши ёв бўлса-да, инсофлилари ҳам бўлади.
Ўғилдан зиёд бўлганлари-да, топилади.
Етти пуштни санайдиганлари-да, топилади.
Хотин, қора йўрғага, йўғ-э, куёвга атаган-патаганинг йўқми?
Ўзига бўлмаса-да, эгасига бериб қўйсанг-да, бўлади.
Менинг қора йўрғага хиёнат қилмаслигимни биласан.
Кўпкариларда- Саттор човоғон дегани, қора йўрға дегани.
Қора йўрға дегани- Саттор човоғон дегани.
Кўпкарида-човоғон номи айтилмайди.
Кўпкарида-отнинг номи айтилади.
Саттор човоғон-да, ҳазил гаплардан гапирди.
Саттор човоғон-да, кулгули гаплардан гапирди.
Кўнгил-да….
Саттор човоғон-да, кўнгил берди.
Саттор човоғон-да, кўнгил олди.
Ташқарида-кўкда юлдузлар порлади.
Ярим тундан сўнг, ой сутдек ёришиб кетди.
Саттор човоғон бир ташқарилаб келгандан сўнг, уйқуси учди.
Саттор човоғон тунга қулоқ тутди.
Саттор човоғонннинг отхона томонга қулоғи динг бўлди.
Отхонадан туёқ товуши эшитилиб турди.
Отхонада туёқ товуши тинмади.
Саттор човоғон-да, қулоқ тутиб-қулоқ тутиб, ухлаб қолди.
Саттор човоғон хотиржам бўлди.
Саттор човоғоннинг кайфияти дуруст бўлди.
Саттор човоғон ўз одати бўйича саҳар-саҳар уйғонди.
Олам жимжит бўлди.
Олам сокин бўлди.
Узоқ-яқиндан хўрозлар қичқириши-ю, итларнинг ҳургани эшитилиб турди.
Саттор човоғон ўрнидан туриб, отхона томон ўтди.
Қора йўрға отхонада бўлмади.
Саттор човоғон ўйланиб, ҳовли томон ўтди.
Қора йўрға арғамчисини судраб, ҳовлида ўт териб еб юрди.
Саттор човоғон мийиғида кулди.
Саттор човоғон кулиб-кулиб, ўзича гапиринди:
— Ҳа, уккағар, қора йўрға-я, қора йўрға-я, шаштинг бироз пасайдими, дейман.
Бироз бўлса-ям, энди эсинг кириб қолдими, дейман.
Энди, шўхлик қилмайсанми, шуйтиб.
Агар, шўхлигингни давом эттирадиган бўлсанг, нақд бурноч биянинг олдига ўзим солиб юбораман-а.
Саттор човоғон ҳиринглаб-ҳиринглаб кулди.
Саттор човоғон мўйлаб силкитиб-мўйлаб силкитиб кулди.
-Шундай, шундай….
Қора йўрға-я, сен мен билан кўпам ҳазиллашмагин. Аччиқлансам, нима бўлишини биласан-а.
Аччиқлансам…..
Лекин бу ҳол, бир сенинг бошингда эмас.
Бу ҳол, ҳар бир тирик жоннинг бошида бор.
Биласанми, одамлар буни нима дейишади.
Буни бизда одамлар “қаллиқ ўйин” дейишади.
Бу ўйин жон олар бўлади.
Бу ўйин жон берар бўлади.
Мана сенинг ҳам, ҳиринглашингдан асар ҳам қолмабди.
Бурноч бия жонингни олган кўринади.
Бошингни ўтдан кўтаролмай қолибсан-ку.
Ана шундай, қора йўрға. Лекин сен ҳали, Саттор човоғон учун кўп хизмат қилишинг керак.
Ҳали, Саттор човоғоннинг сендан умидлари кўп.
Бунчалик бўшашма-да, сиримиз ошкор бўлади-я.
Ким айтади, сени қора йўрға деб.
Қора йўрғалигингни кўрсатиб тургин-да, азамат….
Саттор човоғон хурсанд эди…
Хурсандчиликдан қора йўрғага нималар деганини-да, ўзи билмади.
Саттор човоғон қақраниб-қақраниб, қора йўрғага би-и-ир майдон тикилиб турди.
Қора йўрға ердаги кўм-кўк ўтларни чимдиб-чимдиб еяверди. Мийиғида жилмайиб, кулиб қўйган Саттор човоғон, отнинг сағрисига шапатилаб-шапатилаб, бомдод намозига таҳорат олгани, уй томон ўтиб кетди.

16
Бу йилги эрта баҳор серёғин келди.
Тоғлар бошидан булутлар кетмади.
Йилт этган қуёш ортидан, кутилмаганда, шаррос-шаррос ёмғирлар қуйиб берди.
Кунлар офтобшувоқни эслатди.
Кунлар тулки ёмғир бўлди.
Кунлар сим-сим ёмғир бўлди
Кунлар илиб-илиб борди.
Чорвоқлар яшилликдан қўшиқлар айтди.
Адирларда ўтлар бўй кўрсатди.
Баъзи бир жилғаларда ўтлар тиззага урса, баъзи жойларда одам бўйлайдиган бўлиб қолди.
Саттор човоғон қора йўрғани ўтга боғлади.
Саттор човоғон қора йўрғани адирлар оралатиб жилдириб-жилдириб юрди.
Саттор човоғон қора йўрға арғамчисини узунлатиб-узунлатиб боғлади.

17

Дунё умидли бўлди.
Дунё орзуманд бўлди.
Умидсизлар тупроқ баробар бўлди.
Умидсизлар тупроқ қадар бўлди.
Саттор човоғон-да, бурноч биядан умидлари катта бўлди.
Шу боис, Саттор човоғон бурноч бияга алоҳида меҳр кўрсатди.
Ҳар куни уч маҳал жилдириб, уч маҳал сувлатди.
Лекин бурноч бияни қора йўрғадан узоқроқ тутди.
Бир-биридан узоқроқда бўлган икки отдан хабарлашиб туриш, ўзига бироз қийинчилик туғдирса-да, Саттор човоғон шундай йўл тутди.
Тасаввурдан-тасаввур туғилди.
Сезимлардан-сезим туғилди.
Ҳомиладор бия-да, мисоли ҳомиладор аёл бўлди.
Унга-да, ғамхўрлик керак бўлди.
Унга-да, эҳтиёткорлик талаб бўлди.
Саттор човоғон эса, ҳар бир нарсада эътиборли бўлди.
Саттор човоғон бурноч бияни эҳтиётлади.
Ҳатто, тунлари-да, боғлиқ турган жойига келиб, хабарлашиб турди.
Саттор човоғоннинг отлари кўк майсадан тўйди.
Орадан икки ойлар ўтгандан сўнг, икки отнинг ҳам сағринлари йилтиллаб қолди.
Айниқса, бурноч бия тўлишиб, ёллари тарам-тарам бўлди.
Тўлишган биянинг пешонасидаги бир тутам оқ қашқаси янада кўркам кўрсатди.

18

Саттор човоғон ёшлигидан икки нарсага кўпроқ меҳр берди.
Меҳр берганининг бири от бўлса, иккинчиси дўмбира бўлди.
Отаси — Сатторнинг қизиқишларини кўриб, ёқа ушлади.
Отаси — Сатторнинг қизиқишларини кўриб, “тавба” деди.
Боиси, Сатторнинг қизиқишлари авлодлар удумидан холи бўлди.
Сатторнинг қизиқишлари, унинг бирор авлодига-да, бориб тақалмади.
Бундай қизиқиш-ота зоти-да, бўлмади, она зоти-да, ҳам бўлмади.
Ота қараб туриб-қараб туриб, Сатторнинг кимга тортганини ҳам билмайин, кулиб қўйди.
Чин, Сатторнинг отаси-да, от миниб ўтди.
Лекин Саттор каби отни кўрса, телба бўлмади.
Дўмбира чертишнинг-ку, кўчасидан ҳам ўтмади.
— Тавба, ота-онада йўқ қобилият-да, болада кўринар экан-да.
Отам қилмаганини қиламан дегани шу экан-да.
Ё тавба-ей, ё тавба-ей.
Шу бола андак бошқачароқ чиқди.
Феъли-атвори-да, бошқа болаларига ўхшамади.
Мен мулойим табиат бўлсам, онаси-ку, қўй оғзидан чўп олмаган, бировга озори тегмаган Худойимнинг бандаси.
Бу бола- ўжарроқ, ўрроқ.
Гап келса, отасини-да, аямайди.
Ё тавба-ей, ё тавба-ей, шундайи ҳам бўларкан-да.
Отанинг ўзи ҳайратда бўлгандан кейин, бошқалар нима деб ўйларкин?
Бу-фикрлар, Саттор отасининг фикрлари бўлди.
Сатторнинг қизиқишларига бу гапларнинг алоқаси бўлмади.
Саттор ўзининг қизиқишларидан қолмади.
Дарвоқе, хотин олишида ҳам, Саттор човоғоннинг шу қизиқишлари сабаб бўлди.
…. Ўшанда, Саттор човоғон эндигина ўн еттидан ўн саккизга қадам ташлаган, иягида тўрттагина соқол битган бир ўспирин бўлди.
Лекин Саттор човоғоннинг ғайрати кўкрагига сиғмади.
Ҳали, жуда ёш бўлишига қарамасдан, икки йилдан буён атроф қишлоқлардан унга тенг келадиган човоғон топилмайин қолди.
Кўпкарининг олд соврини Сатторники бўлди.
Кўпкарининг охири Сатторники бўлди.
Чин, Саттор човоғон улоққа қўл чўздими, бошқа чавандознинг улоққа ўнгилиб ётишининг ҳожати бўлмади.
Саттор човоғон ердан-да, улоқни илдам кўтарди.
От устида тортишганда-да, улоқни рақибига бериб қўймади.
Кўпкарида рақиблари қасдма-қасдига от солганда ҳам, Саттор човоғондан улоқни тортиб олиш қийин бўлди.
Чин, Саттор човоғон кўпкари рақиблари билан кураш тушганда, енгилган пайтлари кўп бўлди.
Лекин кўпкарида…..
Кўпкарида- Саттор човоғон ўзи сезмаган ҳолда билакларида куч пайдо бўлди.
Айниқса, улоқ тортишаётган пайтлари, билаклари шишиб, кийган кийими енгига сиғмайин кетаётгандек туйилаверди.
Шу боисми, кейинги пайтларда об-ҳавонинг қандай бўлишига қарамасдан, Саттор човоғон кўпкарида енги калта нимчада чиқадиган одат чиқарди.
Бундай ҳолни кўриб, Саттор човоғонга тиш ўтадиган кишилар унга кесатиб-кесатиб гапирадиган бўлишди.
Лекин Саттор човоғон уларнинг гапини-гап демади.
Саттор човоғон ўзи билганидан қолмади….
Одамлар-да, гапириб-гапириб, кесатиб-кесатиб чарчадилар.
Саттор човоғонни кўпкарида енги калта нимчада кўришга-да, кўзлар ўрганиб қолди.
Кўпкарида Саттор човоғонни енги калта нимчада кўриш оддий ҳолга айланиб қолди.
….. Тўхтамиш қишлоғида катта кўпкари бўлди.
Саттор човоғон кўпкарига йиғилган чавандозларни ғафлатда қолдириб, кўпкарининг биринчи кунида катта зотдан уч марта айирди.
Узанги йўлдошлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаб юрдилар.
Шу боис ҳам, узанги йўлдош саналди.
Кўпкарининг барордан келаётганини кўриб, узанги йўлдошлар иккинчи кунги кўпкарига-да, қолишни ихтиёр этдилар.
Қишлоқлар орасидаги масофа унчалик узоқ бўлмаса-да, чавандозларга ҳурмат кўрсатилиб, тўйхона удумига кўра, қўшхона ажратилди.
Меҳмон чавандозларнинг ўзига-да, отларига-да, улушлар берилди.
Катта Вахшивордан борган ўн-ўн икки чоғли чавандоз бир қўшхонада жам бўлишди.
Гурунг-да, қизигандан қизиди.
Чавандоз зоти нимадан гурунг қилади?
Чавандоз кўпкаридан гурунг қилади.
Чавандоз от пойгадан гурунг қилади.
Мабода, бошқа касб-кордаги киши чавандозларнинг орасига тушиб қолса, уларнинг гурунгидан зерикиб қолиши мумкин.
Сабаби, бу одамга кўпкарининг қизиғи бўлмаслиги мумкин.
Ё чавандозлар ўзаро айтаётган айтимларга кўпда тушунмай анграйиб ўтириши мумкин.
Лекин чавандозларнинг ўзлари, гурунглари, оқшомдан то тонгга қадар чўзилса-да, зерикиш нималигини билишмайди.
Бу-бўладиган гап.
Ўзидан ёши катталарнинг гурунгига жимгина қулоқ солиб, бир лўла-болишга тирсак уриб ётган Саттор човоғон орада бир неча бор мизғиб-мизғиб-да, олди.
Узанги йўлдошлари,-човоғон, чарчабди-да,-деб, унга халақит беришмади.
Қўшхона эгаси томонидан тайёрланган овқат сузилиб, тамадди қилиб бўлингач, яна гурунг-гурунгга уланди.
Шунда, Саттор човоғоннинг кўзи деворга осиғлиқ турган дўмбирага тушди.
Саттор човоғоннинг ичида чироқ ёнгандек бўлди.
Саттор човоғоннинг ичи бир ғимирлаб қўйгандек бўлди.
Секин ўрнидан туриб, девордаги дўмбирани қўлига олди.
Тик турган ҳолда бир-икки тинғирлатган бўлди.
Сўнг, Саттор човоғон жойига келиб ўтириб, дўмбиранинг қулоғини буради.
Қулоғини дўмбира торига яқин келтириб, дўмбиранинг товушини созлади.
Шунда, Саттор човоғонга яқин ўтирган Суюн човоғон гап қотди.
— Саттор, қўлингдан келса, чалиб, манови човоғонларнинг ҳам кўнглини хушнуд этгин.
Дўмбирани чалиш ёки сайратиш қўлингдан келмаса, тинғирлатиб қулоқни гаранг қилмагин,- деди.
Саттор човоғон Суюн човоғонга қараб бир кулиб қўйди-да, дўмбирани чала бошлади.
Дўмбиранинг овози аввал чавандозлар ўтирган хонани айланди.
Сўнгра, чавандозлар кўнглида айланди.
Чавандозлар руҳида айланди.
Айланиб-айланиб, ҳовлига чиқди.
Ҳовлидан ўтиб қўшни хоналарга, сўнг қўшни уйларга-да, ўтди.
Дўмбира овозига маҳлиё бўлганлар, меҳмонхона атрофига келиб, дўмбира овозига қулоқ тутдилар.
Саттор човоғон-да, дўмбирани эринмайин чалди.
Пешона терини артиб-артиб чалди.
Дўмбирани куйга солиб-куйга солиб чалди.
Ўтирганлар сел бўлди.
Эшитганлар-да, сел бўлди.
Ниҳоят, куй авжига чиққанда, Саттор човоғоннинг ўзи-да, ўтирганлар назарида, ўтирган жойида учиб-қўнаверди.
Саттор човоғоннинг учиб-қўнаётганини кўриб, Суюн човоғон Музроб човоғонни имлади.
— Музроб човоғон, шу боланинг дев-певи борми,-дейман.
Соғ одам, буйтиб, учиб-қўнавермайди.
— Эй-й, Суюн човоғон, Суюн човоғон, бу боланинг дев-певи борлигини билмадим-у, лекин дўмбиранинг кокил- пўпагида парилар рақс тушади деб эшитганим бор.
Балки, Саттор човоғоннинг кўзига ҳам, дўмбиранинг парилари кўринаётган бўлса, ажабмас.
Ҳали ёш-да.Ёшларнинг кўзига алламбалолар кўринади:
Парилар қиз бўлади.
Шайтонлар малак бўлади.
Қўрқманг,сиз билан менинг кўзимга бу нарсалар кўринмайди.
Сиз билан мен қирчилламадан ўтдик.
Ҳали ўтин бўлмасак-да, шунга яқинроқ бўлдик.
Парилар бизни бошига урадими?
Ёшларни излайди-да.
….. Эсимда, отамнинг бир қўнғирот ошнаси бўларди, секин гап бошлади Музроб човоғон.
Отамнинг шу ошнасининг умри тоғларда қўй боқиб ўтиб кетди. Ҳозир болалари бор. Қумқўрғонда яшашади.
Лекин болалари ота изидан кетишмади.
Болалари чўпонлик қилишмади.
Болалари ўқимишли бўлиб,катта одамлар бўлиб кетишди.
Лекин ҳозирда борди-келдимиз узилиб кетган.
Отамнинг ана шу ошнаси бахши ҳам эди.
Дўмбирани-ку, ўйнатиб чаларди.
Дўмбира чертиб-дўмбира чертиб, термалар, достонлар-да, айтарди.
Биз бирга овул ўтиришда кўп бор ёнма-ён ўтирганмиз.
Ўша пайтлар, тун чўкди дегунча, болалар-да, катталар-да, бобонинг ўтовига йиғилардик.
Бобо жўшиб кетган пайтлари, тонг отгунча бўлса ҳам айтаверарди.
Ай, бир кампири бор эди, бир кампири бор эди.
Аёлмисан, аёл эди.
Агар, одам зоти жаннатга кирадиган бўлса, шу момолар киради.
Ҳуру-ғилмонлар билан ўйнайдиган бўлса, шу момолар ўйнайди.
Мен умрим бино бўлиб, бундайин беозор аёлни кўрмаганман.
Термалар, достонлар айтиб, дўмбира чертган билан бобомиз бироз жиззаки, бироз аччиқли одам эди.
Бобомиз бироз тажангроқ эди.
Бўлса, бўлди, бўлмаса, қора уйнинг пешбандида доимий қистирувли турадиган, чўқмор бошли заранг таёғи бўларди. Шу таёқни ола солиб, сермаб юборарди.
Бобонинг феълу-атворини яхши билганлар, унинг жиғига тегмасликка ҳаракат қиларди.
Бобомиз ортиқча гапни кўтаролмасди.
Мана, ўзимиз ҳам, бобонинг тарсакиларидан бир неча бор баҳраманд бўлганмиз.
Уккағарнинг улини тарсакиси ҳам, тарсаки эди-да.
Лоф бўлса ҳам, ҳар бир қўли оқпарра ўтнинг шапалоғидек келарди.
Одамнинг эмас, оқпарра ўтнинг шапалоғидек….
Ўша, заранг таёқдан ўша пайтлар ҳеч ким омон қутилган эмас.
Бобомиз-болаларга заранг таёғини ишлатмасди, болаларга шапалоқнинг ўзи етарли эди.
Лекин бобомиз-да, дўмбира чертиб, терма, достон айтган пайтлар, ипакдек юмшоқ бўлиб қоларди.
Терма, достон айтаётганда бобомиз кўзлари-да, беихтиёр ёшланиб қоларди. Лекин бу пайтда, бобомиз ҳеч нарсани кўрмасди.
Ҳатто, атрофдагиларни ҳам сезмасди.
Бундай пайт бобомиз бошқа оламда бўларди.
Гоҳ йиғлаб айтарди, гоҳ шодон айтарди.
Шодон пайтлари, худди, Саттор човоғондек, ўтирган жойида учиб-қўнаверарди.
Бундай пайтлар, бобомизнинг гоҳ қоши ўйнаса, гоҳ елкалари ўйнаб кетарди.
Биз болалар-да, бобога жўр бўлардик.
Суюн човоғон инсон зотининг феълу-атворига тушуниб бўлмас экан-да: — Ана шу беозор момомиз, нима билгани бор, умр бўйи чолини “Сен”лаб ўтди.
Бирор марта чолига “Сиз” деганини эшитмадим.
Бунинг сабабини-да, ҳеч ким билмасди.
Бу ҳақда, на бобомиз, на момомиз ҳеч кимга оғиз очмади.
Баъзида, шўхлик қилиб, бунинг сабабини бобомиз билан момомиз у дунёга рихлат этар пайти сўрайман деб қўярдим, қайдам, бизга ҳам насиб этмаган экан.
Иккаласининг ҳам жони узилгандан кейин бизга хабар етди.
Охирги йўлга кузатишга бордик, холос.
Лекин юракка тугганимиз тўғри келмади….
Ана шундай….
Суюн човоғон сиз, учиб-қўнишни Саттор човоғондан эмас, қўлидаги дўмбирадан изланг.
Ҳа-ҳа, дўмбирадан изланг.
Дўмбиранинг бирор балоси бўлса керак!….. Бўлмаса, Саттор човоғон бунчалик учиб-қўнавермасди.
Ҳай, майли, дўмбира чалишни тўхтатсин, ўзидан сўраб кўрамиз-да….
Саттор човоғон бу гапларни эшитмади.
Саттор човоғон ўз оламида бўлди.
Саттор човоғон дўмбиранинг куйларида оқиб-оқиб кетди.
Саттор човоғон ўзи кашф этган фаслларни ёқиб-ёқиб кетди.
Гул пўпаклари селкиллаб, ўйинга тушаётган дўмбиранинг титрашига боқиб-боқиб кетди.
Буни даврада ўтирганларнинг ҳаммаси ҳам сезди деб бўлмади.
Ўтирганларнинг ҳаммаси ҳам дўмбира куйларини тушунди деб бўлмади.
Саттор човоғон дўмбирани ўйнатиб чалаберди.
Вақт деган оқариб кетаберди.
Бир пайт, Саттор човоғон бироз дам олган киши бўлиб, пиёладаги совиб турган чойни ичди-да, сўнг ташқарилади.
Шу ташқарилашидан, то тонггача уйга қайтиб кирмади.
Боиси, боиси…. Саттор човоғон шу тунда тушов узди.
Бўзболалик….
Ғўрболалик.
Боиси, бу ёшда кишининг ўт — олов пайти бўлади.
Кўзи кўкдаги юлдуздан бошқа нарсани кўрмайди.
Ғайрати кенгликларга сиғмайди.
Ўт-оловдан-да, қайтмайди.
Саттор човоғон-да, ўша тунда кутилмаганда, ўзи сезмайин бир юракка боғланиб қолди.
Саттор човоғон бир юракка кўнгил берди.
Саттор човоғон қўшхонадан бўлажак маъшуқасини топди…..

19

Саттор човоғон ташқарилаганда ой сутдек ёруғ бўлди.
Ҳовлининг ҳар ер-ҳар ерига бойланган отлар олдиларига ташланган бедани кумир-кумир ковшаётганлиги шундоққина эшитилиб турарди.
Саттор човоғон отидан хабарлашди.
Эртанги кўпкарига шайланиб турган от-да, Саттор човоғонни кўриб, ҳиринглаб-ҳиринглаб кишнаган бўлди.
Сўнг, сутдек ой ёруғига маҳлиё бўлиб, қўлини орқасига тутганча, ҳовлида бироз қолиб кетди.
Шунда, Саттор човоғон бир қизнинг тез-тез у ёқ- бу ёққа ўтиб турганлигини сезиб қолди.
Аввалига, уй эгаларидан бўлса керак деб, эътибор қаратмаган Саттор човоғон, қизнинг тез-тез ўтиб қайтишидан нимадир сезгандек бўлди.
Саттор човоғоннинг кўнглида ғаюрлик пайдо бўлди.
Йигитлик шавқи жўш уриб кетгандек бўлди.
Шундай бўлса-да, қизга гап отишга ўнғайсизланиб, қизнинг ортидан қараб турди.
Қиз яна бир неча марта ўтиб-қайтди.
Қиз дуркун бўлди.
Гавдаси полвонсифат бўлди.
Бўй-бастлари келишган бўлди.
Икки юзи олмадек кўринди.
Чақнаб турган кўзлари ойдек кулиб турди.
Кўнгил-да…
Саттор човоғоннинг ичидан нимадир ғимирлагандек бўлди.
Гап отишни-да, билмади, гап отмасликни-да, билмади.
Гарангсигандан, гарангсиди.
Олтмиш-етмиш кило келадиган улоқларни кўтариб чопган қўлларига титроқ киргандек бўлди. Танасига титроқ киргандек бўлди.
-Ёпирай, тушимми бу, ўнгимми?
Менга нимадир бўлаяпти-ёв…
Худди, қизларга кўзим тушмагандай, танам ўз-ўзидан қизиб кетаяпти.
Шунда, Саттор човоғоннинг икки елкасига икки фаришта миниб олди.
Бири:
Титроққа бало борми?
Йигитмисан?-лаллайишинг нимаси?
Бирор нима десанг-чи?
Кўнглига қўл солиб кўрсанг-чи?-деди.
Иккинчиси:
Ота-бувалар удумини поймол қилма.Бировнинг қизига кўз олайтириш гуноҳи азим.
У -гул бўлса, сен- булбул.Гул билан булбул қоронғуда учрашмайдилар.
Юрагингдаги олов-ҳирс бўлмаса, совчи юбор.
Розилик берса, бир умр сеники бўлади,-дегандай бўлди.
Саттор човоғон ўйланди.
Саттор човоғон бўйланди.
Саттор човоғон лаб тишлаб-лаб тишлаб атрофга боқди.
Ўйловчининг ўйи битгунча, таваккалчининг иши битди.
Ниҳоят, кейинги ўтиб-қайтишида, қизнинг ўзи Саттор човоғонга салом берди.
Салом-да, Худонинг каломи бўлди.
Салом-да, бошланмиш ишларнинг дебочаси бўлди.
Саттор човоғон қизга гап отишга йўл топди.
— Ичишга бирор коса муздек сув топилмайдими?-сўради Саттор човоғон.
Қиз бир зум Саттор човоғонга тикилиб турди.
Жавобсиз қолган Саттор човоғон ўзини бироз ўнғайсизроқ сезса-да, айтган гапини такрорлаб:- Ичишга бирор коса муздек сув топилмайдими?-дея қайта сўради.
Қиз Саттор човоғонга қараб кулди:
Нима, шу қиш кунида ҳам, юрагингиз куйиб кетаяптими?
Саттор човоғон-да, ҳозиржавоб бўлди.
— Сиздек, гўзал қизни кўргандан кейин, музлаб ётган юраклар-да, олов бўлиб кетаркан.
Қиз бурун жийириб, рўмол тузатгандек бўлди.
Бирпас каловланиб қолгандек бўлди.
Шундай бўлса-да, ўзини қўлга олиб, қиз кулди.
— У қандай юрак эканки, танимаган, билмаган бир қизни кўрган заҳоти олов олиб кетадиган.
— Энди, нима ҳам дердим. Шундай ҳам бўларкан-да.
Лекин, чинданам ҳам, юрак безовта, вой-вой, юрагим-ей.
— Юракка айтинг-да, кўп ҳам ўртанмасин.
Мен бу қизни ҳали танимайман денг.
Бу қиз, менинг гапларимга ишонмаяпти денг.
Айтинг, айтинг…..
— Нима дейин-да?
— Нима десангиз денг.
— Бу ёғи қизиқ бўлди-ку!
Мен юракка буйруқ беролмасам.
Унинг бу йўлдан қайтишини айтолмасам.
Мен юракни эмас, мени юрак бошқариб турганини ҳам биласизми?
Сиз гавдага ишонманг. Сумбат дегани юракнинг қули ҳисобланади.
Қиз кулиб, Саттор човоғонга қараб турар, лекин кетишга шошилмасди.
— Исмингизни билсам бўладими, гапни-гапга улаш учун,-сўради Саттор човоғон қиздан.
— Исмим…. Исмимни билиб нима қиласиз?
Тонг отгач бу ердан кетасиз ва ёддан ҳам чиқариб юборасиз.
— Сиз шундай деб ўйлайсизми?
— Бошқача ўйлолмайман ҳам….
— Майли, шундай бўлса-да, исмингизни айтинг?
— Исмимни нима қиласиз? Барибир, ёддан чиқариб юборасиз.
-Ҳа, энди, сўрадим-да.Билиб қўйганим яхши. Кейинчалик, қаерга боришимни билмайин, адашиб юрмайин.
— Исмим- Малика!
— Исмингиз, жисмингизга монанд экан-да.
Сўраганнинг айби йўқ. Кимнинг маликасисиз?
— Кимнинг бўларди? Отам билан онамнинг Маликасиман.
Ҳозирча, Маликасини излаб келган Шаҳзода йўқ.
Саттор човоғон ва қиз қўшилишиб кулишди.
— Менинг исмим-Саттор. Саттор човоғон деса, қишлоқда кўпчилик билади.
Боиси, қишлоғимизда мендан бошқа ҳам, етти-саккиз Саттор исмли кишилар бор-да.
-Боя, дўмбира чалган йигит сизмидингиз?- сўради қиз.
-Ҳа….
— Яхши чалар экансиз. Қаердан ўргангансиз дўмбирани бундай чалишни?.
…………………..
Мен-да, баъзи-баъзида дўмбира чалиб тураман.
Лекин сиз каби ўхшатиб чалолмайман. Билган куйларим-да, саноқли.
Уларнинг ҳам боши бўлса, охири йўқ.
Мустақил ўрганиш бироз қийинчилик туғдирар экан.
-Ўша дўмбира сизникими?
— Ҳа, бобомдан қолган.
— Маликахон, тўғрисини айтсам, сиз мени ҳайратга солаяпсиз.
Юрагим баттар оловланиб кетаяпти.
Чиндан ҳам, бир коса сув бермасангиз бўлмайди.
Қиз Саттор човоғонга бошдан-оёқ яна бир қараб чиқди.
-Агар ростдан ҳам куйиб кетаётган бўлсангиз, эсам сув бермасам бўлмайдиганга ўхшайди.Яна ёниб кетиб, мен товондор бўлиб қолмайин-да.
Саттор човоғоннинг кўзлари лўқ бўлди.
Қиз,-ҳозир,-деди-ю, ошхона томон қараб кетди.
Саттор човоғон қизнинг сув келтиришини кутиб тураркан, гап-гапга уланиб бораётганлигидан мамнунлик туйиб, бармоқларини қасирлатиб ўйнади.
Қиз-да, Саттор човоғонни кўп куттириб қўймади.
Бир сопол косада муздек сув олиб чиқди.
Косадаги сув тишларини музлатиб кетаётган бўлса-да, Саттор човоғон сувни шошилмасдан, зимдан қизни кузатиб-кузатиб ичди.Қизнинг ойдек жамолини кўриб, Саттор човоғоннинг ичи ғимирлади.
Саттор човоғоннинг кўзлари жимирлади.
-Хотининг бўлса, шундай бўлса-да, деб хаёллади.
Сув ичиш баҳона, қизнинг ой жамолига тўйиб-тўйиб боқди.
Худо бераман деса, кашф этиш учун кўп вақт керакмас.
Танлайман деса, танлаш учун лаҳзалар кифоя.
Фаришталар омин деса бас.
Қолгани ўз-ўзидан бўлаверади.
Омад деганлари йигитнинг ортидан чопиб юраверади.
Қизнинг-да, Саттор човоғондан кўзи узилмади.
Қизнинг-да, Саттор човоғонни ўзидан узоқлаштиргиси келмади.
Қиз-да, гаплар пайровини топган сайин, шамолга ўзини уриб қўйгандек бўлди.
Лекин Саттор човоғоннинг зимдан қараб-қараб қўяётганлигини сезган қиз, уни кўз остидан кузатди.
Ниҳоят, Саттор човоғон сувни ичиб бўлиб, лаб ялади.
Удумга кўра, миннатдорчилик билдирди:
— Сувдек сероб бўлинг. Бахтингизга, биздек йигитлар учрасин,-деди.
Қиз кулди:
— Сиздек, юраги куйганини нима қиламан, юраги бутун бўлсин-да,-деди.
Саттор човоғон-да, ҳозиржавоблик билан қизга жавоб айтди.
-Сиздек, пари-пайкарни кўрган юрак куйиб кетаверар экан. Лекин тассали гапларингизни эшитган заҳоти яна ўзини тиклаб олаверар экан.
Ўзингизни кўриб, юрагим куйгандан-куйди.
Гапларингизни эшитиб, аввалги ҳолига қайтди-қўйди,-деди.
Қиз жилмайди.Сўнг, Саттор човоғонга синчков тикилиб, деди:
-Йигитларга ишониб бўладими, аввалига куйиб, кейин куйдириб кетадиганлари кўп бўлади.
Саттор човоғоннинг кўзлари каттароқ очилди.
Саттор човоғон қизнинг ўзига мойиллиги борлигини сезгандек бўлди.
Саттор човоғон бир майдон нима дейишини билолмасдан гарангсиб турди-да, сўнг отни қамчилади.
-Сиз мени жуда хафа қилаяпсиз.
Кўзингизга шундай йигит бўлиб кўриндимми?
Агар, шундай кўринган бўлсам, минг марта узр сўрайман.
Башарам шундай кўринаётган бўлса, тонгда айтган гапларингизга пушаймонлар бўласиз.Бу кеча ухлаб турсам, бошқача бўлиб кетаман.Ҳозир юзларимга бугунги кўпкарининг ҳорғинликлари урган бўлса керак-да.
Қўрқманг, мен куйдириб кетадиганлардан эмасман.
Фақат, сиз розилик берсангиз бўлди. Қишлоққа қайтишим билан совчиларни жўнатаман.
Ё ҳозироқ олиб кетайинми?
-Манов, жигитни…. Шунчалик шошқалоқмисиз?
Бунча, шошилмасангиз. Ҳали, менинг кимлигимни ҳам яхши билмайсиз-ку-деди қиз.
— Шошилмасам, бирон кимса, сизни мендан олиб қўйиши мумкин деб қўрқаяпман-да.
Кейин додимни кимга айтаман,-деди Саттор човоғон кулиб-кулиб.
— Кундузлари сувларга, тунлари юлдузларга айтасиз,-деди қиз кулиб.
— Йўқ, мен бунга чидолмайман.
Сувга, юлдузларга додимни айтиб юргунча, мен эртагаёқ сизни ўзим билан олиб кетаман,-деди Саттор човоғон.
— Ҳе йўқ, бе йўқ, қандай қилиб олиб кетасиз?-сўради қиз.
— Қандай бўларди. Шундоқ отга мингизаман-у, олиб қочиб кетавераман,-деди Саттор човоғон.
— Ҳо-о, иштаҳангиз сурнай-ку,-кулди қиз.
— Сурнай деманг, сурнай деманг, карнай деяверинг, карнай денг.
Қиз атрофга ўйчан тикилди.
Қизнинг ота-онаси аллақачон уйқуга кетишган бўлса керак, ҳеч ким қизнинг бемалол Саттор човоғон билан гурунглашиб туришига халақит бермасди.
Бу орада Саттор човоғоннинг узанги йўлдошларидан уч-тўрттаси ташқарилаб, яна уйга кириб кетишди.
Саттор човоғон билан қиз турган жой, ҳовли йўлагига бурум бўлгани боис, ташқарилаганлар уларни кўрмасди. Лекин улар ким ташқарилади, ким уйга қайтиб кириб кетди, ҳаммасини кўриб туришарди.
Саттор човоғон билан қизнинг гапи қовушди.
Саттор човоғон эҳтирослар бўронида телбаланаётган бўлса-да, лекин қизни чўчитиб юбормаслик учун, ўз-ўзини назорат қилгандек бўлиб турарди.
Кўкда юлдузлар пирпираб турди.
Тўлин ой шуъласида ер-да, ёришиб-ёришиб турди.
Қиш тунининг совуқ шамоллари ҳилпираб-ҳилпираб эсди.
Лекин туйғулар оламида турган Саттор човоғон билан қиз, бу совуқ шамолларни сезишмасди.
Иккисини-да, ички бир ҳарорат иситиб тургандек бўларди.
Саттор човоғон билан қизнинг гурунглари тугамас бўлди.
Вақт эса, одимлаб борарди.
Қишлоқнинг безовта хўрозлари-да, вақти-вақти билан қичқириб қўярди.
Бир жойда туриб қолган кишига ташқарининг совуғи тез таъсир қилади.
Буни яхши билган Саттор човоғон совуқни ҳаракат билан енгишга уринди.
Қизни ҳам шунга чорлади.
Аввалига, бир жойда қўзғалмасдан гап сотиб турган қиз-да, совуқ таъсир қилдими, секин-секин Саттор човоғон билан бирга ҳаракатланиб турди.
Бир-бирига боғланиб келаётган гаплар орасида, аста-секин силжиб бораётган қадамлар, ўз ҳаракатларини сезмасди.
Бир-бир босиб, кўнгил излаётган икки кўнгил, ўтиб бораётган вақт ва масофага мутлақо эътиборсиз бўлди.
Тун сукунати икки қалб туйғуларини аллаларди.
Тун сукунатида уларнинг хоҳиш-иродасига ҳеч бир куч қарши чиқмасди.
Икки кўнгил бир-бирига суяниб, узоқ кезишди.
Катталиги ўртача бўлган ҳовлини эни-бўйига бир неча бор кезиб чиқишди.
Ниҳоят, улар бир-бирларига анчайин яқинлашиб қолишди.
Ваъдалар қуюқ бўлди.
Ваъдалар суюк бўлди.
Қиз тегарман бўлди
Йигит оларман бўлди.
Тонгга яқин, ёғоч билан ердан бироз кўтарилган, сўрига босилган беда уюмининг шамол панасида бироз туриб қолишди.
Лаҳзалар ҳаяжонли бўлди.
Лаҳзалар юз очар бўлди.
Олтмиш-етмиш килолик улоқни юк билмаган Саттор човоғон,улоқ кўтариб қалтирамаган Саттор човоғоннинг қўл-оёқлари қиз қаршисида титраб турди.
Саттор човоғон ўзини қанчалик босиб олишга ҳаракат қилмасин, қўл-оёқ титроқлари анча вақтгача босилмади.
Саттор човоғоннинг кўзлари ўйнади.
Қизнинг кўзлари сузилди.
Саттор човоғон сабрга бардош беролмади.
Саттор човоғон туйғуларини жиловлолмайин қолди.
Саттор човоғон журъатини йиғиб олиб, қизнинг қўлларидан ушлаб ўзига тортди.
Ишқ гуллари очилди.
Ишқ гуллари ифор сочди.
Саттор човоғон гул лабларига лаб қўйди….
Қиз бироз уялган киши бўлиб, Саттор човоғоннинг қучоғидан чиқиб кетишга уринса-да, лекин қаршиликлари астойдил эмаслиги сезилиб турарди.
Саттор човоғон қуйилиб келаётган туйғуларини босолмади. Тийиқсиз туйғулари билан қизнинг юз-кўзлари ва лабларида гуллар ундирди.
Қиз эса, енгил-елпи қаршилик кўрсатиб турган бўлса-да, тобора Саттор човоғоннинг қучоғига чуқурроқ кириб бораётганлигини сезмасди.
Юлдузлар живирлади.
Оймома хумор бўлди.
Рашкдан тўлғонаётган шамоллар, беда уюми устига ёпилган чодирни тортқилаб-тортқилаб ўтди.
Саттор човоғон ҳеч нарса сезмади.
Қиз-да, ҳеч нарса сезмади.
Улар оқ булутлар кўшкида бўлдилар.
Улар ўз сирли оламларида бўлдилар.
Тун қоронғуси қизарган юзларни кўрмади.
Тун қоронғуси уятдан яна-да, қароланган кўзларни кўрмади.
Ишқ куйлари қўшиқ айтди.
Ишқ куйлари юрак битди.
Бу-тун ҳовлида саҳармардон турадиган одамлар кўп бўлмаганда, ким билсин, тонг юлдузлари ва кўкда осилиб турган ой, қандай ишларга гувоҳ бўлмасди.
Тун эса, бизгача ва биздан кейин ҳам, гуноҳлардан кечган, кечаверади.
Тун- гуноҳкорларни кечираверади.
Хўрозлар қичқирди.
Отлар кишнади.
Итлар ҳурди.
Саттор човоғон ва қиз ҳушёр тортди.
— Ёмонсиз,-деди қиз.
— Қизғанчиқсиз,-деди Саттор човоғон.
— Сизга ишонсам бўладими?-сўради қиз.
— Худди, ўзингизга ишонгандек,-жавоб берди Саттор човоғон.
Саттор човоғоннинг қўллари юз сийпалади.
Саттор човоғоннинг қўллари соч сийпалади.
Қиз уялган киши бўлиб, ер сингалади.
— Ваъдамиз-ваъда,-деди Саттор човоғон.
Қиз унинг кўзларига умидвор тикилди.
Қизнинг кўзлари хуморланди.
Қизнинг кўзлари ороланди.
-Ҳаммаси биз ўйлагандек бўлади,-деди Саттор човоғон.
Қиз унга тикилиб турди.
Саттор човоғон қизнинг юзидан эркалаб қўйган бўлиб, бир чимдилаб қўйди-да, бойловлиқ турган оти томон йўл олди.
Қиз-да, бошидаги рўмолини тўғрилаб, Саттор човоғоннинг ортидан бироз қараб турди-да, сўнг бир-бир босиб уйига кириб кетди.

20

Саттор човоғон ваъдасида турди.
Кўп ўтмай қизга совчи юбортирди.
Саттор човоғон қиз билан ваъдани қатъий қилиб қўйган бўлса-да,лекин қиз томоннинг розилик бериши анчайин қийин кечди.
Розилик бермасликка айтарли сабаблар ҳам бўлмади.
Фақат, “қизи борнинг нози бор” дегандайин, қизнинг ота-онаси бироз қайсарлик қилишди.
Совчилар уч-тўрт марта келгандан кейин, қиз томон ўз-ўзидан розилик бериб қўйишди.
Чин, қиз томон қайсарликни яна ҳам давом эттириши мумкин эди.
Лекин Саттор човоғоннинг мансабдор тоғаси бир келди-ю, ишни пишитди-қўйди.
Тоғанинг бу атрофда ҳурмати баланд бўлди.
Саттор човоғоннинг ўзи-да, ҳудудда ном таратиб-ном таратиб юрган човоғонлардан бўлди.
Тоғанинг ҳурматими ё юлдузи юлдузига тўғри келдими, Саттор човоғон ниятига етди.
Саттор човоғоннинг нияти холис бўлди.
Саттор човоғон қизга берган ваъдасининг устидан чиқди.
Саттор човоғон тўй-томоша билан Малика аталмиш қизни гўшангага олиб кирди.
… Бирор тўйда бир марта кўпкари томоша қилган киши Саттор човоғонни яхши эслаб қолди.
Боиси, Саттор човоғон чиройли кўпкари чопди.
Cаттор човоғоннинг кўпкари ўйинлари кўп бўлди.
Бу ўйинлар олдида бошқа чавандозлар ип эшолмайин турди.
Саттор човоғон улоқни эгар айлантириб олди.
Саттор човоғин улоқни от ўмгани айлантириб олди.
Саттор човоғон улоқни от бели айлантириб олди.
Улоқни бундай ердан кўтаришда, улоқ кўтарилишини пойлаб турган бошқа чавандозлар ғафлатда қолди.
Баъзида, чавандозлар Саттор човоғон улоқни тўдадан қандай айириб кетганини сезмай ҳам қолишди.
Лекин….
Саттор човоғоннинг мардлиги-да, бўлди.
Саттор човоғон танти бўлди.
Саттор човоғон ҳалол кўпкари чопиши билан ҳам ном қозонди.
Саттор човоғон ғирромликни билмади.
Лекин бирор-бир чавандознинг кўпкарида ғирромлик қилаётганини сезиб қолса, унинг қўлига кўпкарининг охиригача улоқ ушлатмасликка интилди.
Бундай йигитни ким куёв қилишни истамайди.
Бундай йигитдан қайси бахтиқаро қиз юз ўгиради.
Ҳалоллик-поклик.
Тантилик-мардлик.
Саҳийлик — адолат.
Адолатдан оғишдими, эл удумини бузган ҳисобланади.
Қанчалик зўр човоғон бўлмасин, эл удумини бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Эл удуми-тил удуми.
Эл удуми-дил удуми.
Удумга зил кетгани, ота-боболардан ўтиб келаётган тарозу посангиси бузилгани.
Авлод-аждодлардан ўтиб келаётган удумларни келажак авлодга етказиб бериш, ҳар бир кишининг бурчи ва вазифаси саналади.
Инчунун, кўпкари удумлари ҳам, катта удумларнинг бир бўлаги ҳисобланади.
Бу-удумлар элнинг тарихи ҳисобланади.
Бу-удумлар элнинг қадриятлари саналади.
Бу-удумлар элнинг ойинаси ҳисобланади.
Шу боис, кўпкарининг ҳам азалий удумларини бузишга ҳеч бир чавандознинг ҳаққи йўқ.

Давоми бор

04Ot yovvoyi bo‘ldi.
Inson uni o‘ziga bo‘ysundirdi.
Ot insonga do‘st bo‘ldi.
Ot insonga hamroh bo‘ldi.

Rajab Xolbek
QORA YO‘RG‘A
07

Rajab Xolbek (Mamarajab Xolov) 1956 yil 10 mart kuni Surxondaryo viloyati Oltinsoy tumanidagi Katta Vaxshivor qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent irrigatsiya va qishloq xo‘jaligini mexanizatsiyalashtirish muhandislari institutining gidromeloratsiya fakultetini tugatgan. Qishloq xo‘jiligining turli sohalarida, viloyat teleradiokompaniyasi radioeshittirishlar bo‘limida ishlagan. She’rlari va hikoyalari vaqtli matbuotda, xususan, “Xurshid Davron kutubxonasi” sahifasida e’lon qilingan..

07

«Qazisan-qartasan, oxir, naslingga tortasan”
(Xalq maqoli)

1

043Ot yovvoyi bo‘ldi.
Inson uni o‘ziga bo‘ysundirdi.
Ot insonga do‘st bo‘ldi.
Ot insonga hamroh bo‘ldi.
Ot insonning yirog‘ini yaqin, og‘irini yengil qildi.
Shu bois, inson-da, otni e’zozladi.
O‘zi bug‘doy unidan non yedi, otni-da, arpa bilan siyladi.
Inson otni gulbedalar bilan siyladi.
Inson otning beliga egar-jabduq, guldor gilamlar soldi.
Peshonasiga, taram-taram yoyilgan yollariga to‘g‘donadan tumorlar yasattirib ilib qo‘ydi.
Boisi, yomon ko‘zlardan asrash bo‘ldi.
Inson o‘zini, bola-chaqasini o‘ylamasa, o‘ylamadi,lekin otni unutmadi.
Topganining yarmini otga ilindi.
Lekin ot yovvoyi tabiatini unutmadi, unutolmadi.
Ot yovvoyi tabiatini qo‘msab yashadi.
Har qiyqirib kishnaganda, yilqi otarlarini chorlash bilan birga, yovvoyi tabiatiga ham alfiroqlar aytdi.
Vidolar aytdi.
Ot yovvoyi tabiatini qo‘msab qolganda, uning ko‘zlari qo‘rqinchli tus oldi.
Ot yovvoyi tabiatini qo‘msaganda, uning ko‘zlari yondi.
Og‘zidan olov sachrab turgandek bo‘ldi.
Otning bu holati qo‘rqinchli bo‘ldi.
Ot bu holati dahshat bo‘ldi.
Otning bunday holatiga guvoh bo‘lganlar qo‘rquvdan telbalanib qoldilar.
Tildan qolganlar-da, bo‘ldi.
Oyoqdan qolib, shol bo‘lib qolganlar-da, bo‘ldi.
Bunday holatga yuraklari dosh berolmayin, dunyodan ko‘z yumganlar-da, ko‘p bo‘ldi.
Shu bois, odamlar otning devi bor dedilar.
Bu-dev, otni yovvoyi tabiatiga chorlab turadi,- dedilar.
Bu-dev, yovvoyilik bo‘ldi.
Bu-dev, bo‘ysunmaslik bo‘ldi.
Bu-dev, asliyatga qaytish bo‘ldi.
Lekin hamma otlar-da, asliyatga qaytmadi.
Bunday holatga tushgan otlarning ko‘pi nobud bo‘ldi.
Bu holatga tushgan otlarga-da, oson bo‘lmadi.
Bu-sehrmidi-jodumidi, buni-da, hech kim bilmadi.
Otlarning bunday holatlariga hech bir kimsa, tayinli izoh ham berolmadi.Tayinli bir gap-da, aytolmadi.
Shu bois, otlar to‘g‘risida rivoyatlar ko‘p bo‘ldi.
Otlar to‘g‘risida turli mahobatli gaplar ko‘p bo‘ldi.
Bu-mahobatlar tildan-tilga o‘tdi.
Bu-mahobatlar eldan-elga o‘tdi.
Kattadan-kichikka o‘tdi.
Erkakdan ayolga o‘tdi.
Men-da, ulardan ozgina oldim.
O‘zimdan-da, ozgina qo‘shdim.
Yig‘ilganlarni sizga-da, ilindim……

2

Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘adan yolchidi.
Shu qora yo‘rg‘ani qo‘lga kiritgandan buyon ot mingandek bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a unga omad keltirgandek bo‘ldi.
Ko‘pkarilarda dovruq solib-dovruq solib yurdi.
Chin, qaysi ko‘pkarida bo‘lmasin, Sattor chovog‘onning o‘zi sustkashlik qilmasa, qora yo‘rg‘a uloqni halol ayirib chiqdi.
Qora yo‘rg‘a ko‘pkarida har qanday otni o‘zidan o‘zdirmadi.
Sattor chovog‘on bir amallab uloqni taqimiga bossa bas, qora yo‘rg‘a har qanday yig‘indan shamoldek ajralib chiqib ketdi.
Qora yo‘rg‘aning otlar orasida qanday sirg‘alib chiqib ketganini, ba’zida Sattor chovog‘onning o‘zi ham sezmayin qoldi.
…. Tekin tomoq ulfatlar hamma yerda topiladi.
Tekin tomoq ulfatlar hamisha topiladi.
Har ko‘pkarida oxirini ayirayotgan Sattor chovog‘onning yonidan ham, ulfatlar aylanib yurdi.
Chin, ulfatlarni Sattor chovog‘on emas, ko‘pkarining oxiri qiziqtirdi.
Buni yaxshi bilgan Sattor chovog‘on-da, avvaliga tixirlik qilib turgandek bo‘ldi, keyin “kel-e” degandek, ulfatlarga yon berdi.
Shu bois, keyingi paytlarda Sattor chovog‘onning ulfatlari ko‘paygandan-ko‘paydi.
Sattor chovog‘onnning nomi-da, dovruq solgandan-dovruq soldi.
Aslida, bu ulfatlar Sattor chovog‘onning emas, ko‘pkari oxirining ulfatlari bo‘ldi.
Sattor chovog‘on ulfatlarga yon berib nima oldi?
Ko‘pkari oxirlashaverib, “ura-ura” ko‘paydi.
Ko‘pkari oxirlashaverib, shovqin-suron ko‘paydi.
Shovqin-suron ichida “Sattor… Sattor… Sattor…” deb baqiradiganlarning soni ko‘paydi.
Sattor chovog‘onning muxlislari bir necha baravar ortgandek bo‘ldi.Sattor chovog‘onning o‘zi-da, hushtakbozlikka o‘rganib qoldi.
Muxlislarining hushtagini kutgandek bo‘ldi.
Hushtaklar unga kuch bag‘ishladi.
Hushtaklar uning g‘ayratiga-g‘ayrat qo‘shdi.
Avvaliga, ko‘pkarining oxiriga qo‘l siltab ketadigan Sattor chavandozning ham, ko‘pkarining oxirini ayirib bermasa, shu ko‘pkarida nimadir kamlik qilgandek bo‘lib qoldi.
Ko‘pkari bo‘lgan kunlar, Sattor chovog‘onning ismi ulfatlarning og‘zidan tushmadi.
Ko‘pkarining oxirini ayirgan Sattor chovog‘on, uloqni ulfatlarning o‘rtasiga tashlab, indamay ketadigan bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning mardligi shu bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning tantiligi shu bo‘ldi.
-Omad har kuni kelavermaydi, -dedi o‘z-o‘ziga Sattor chovog‘on.
Omad istagan paytda ham kelavermaydi,-dedi birov-yarimga Sattor chovog‘on.
Bugun menga omad kelib turgan bo‘lsa, ertaga uni izlab ham topolmasligim mumkin.
Shu bois, ulfatlarning ham ko‘nglini qoldirmaslik kerak.
Ulfatlarni ham norizo qilmaslik kerak.
Boisi,men bugun Sattor chovog‘on sifatida borman.Ertaga bilagimdan kuchim ketib, uloq ayirishga yaramay qolsam, yo‘qman.
O‘sha paytda,- chovog‘onlik qilib ham biror ko‘ngilni ololganing yo‘q edi,- deb, aytilgan gap, mening g‘ururimga to‘g‘ri kelmaydi.
Elchilik-da, bunday gap aytilmaydi deb, ham hech kim kafolat berolmaydi.Shu bois, iloji boricha ulfatlarning ko‘nglini qoldirmasligim kerak.
Zero, ulfatlar-da, bir el. Elning rizoligi, omadning kelgani.
Omadning kelgani, elning rizolik belgisidir.
….Qora yo‘rg‘a ziyrak bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a ayyor bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a epchil bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a kuchli bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a uchqur bo‘ldi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aning xislatlarini sanab, ba’zida uning qanotsiz ekanligiga o‘zi ham shubhalanib qolgandek bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a favqulodda uchqur bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a favqulodda abjir bo‘ldi.
Unga tezlikni oshirishi uchun qamchi emas, “hayt” degan so‘zning o‘zi kifoya bo‘ldi.
Qamchi tegdi deguncha, qora yo‘rg‘aning telbaligi ortdi.
Qamchi tushsa, qora yo‘rg‘ani boshqarib bo‘lmayin qoldi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aga qadar ham, ko‘p otlar mindi.
Esini tanib, bilagi kuchga to‘lgandan buyon ko‘pkari chopadi.
Lekin mingan otlarining ichida qora yo‘rg‘aga teng keladigan bo‘lmadi.
Qora yo‘rg‘aga teng keladigani topilmadi.
Qora yo‘rg‘a otlarning zo‘ri bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a otlarning telbasi bo‘ldi.

3
Qora yo‘rg‘aning yoshini qishloqda hech kim bilmadi.
Qorabayr zotidan bo‘lgan bu otning xo‘jalik yilqisiga qanday kelib qolganini-da, hech kim aytib berolmadi.
Xo‘jalik yilqiboqari-da, bu borada yelka qisib qo‘yishdan boshqa tayinli bir gap aytolmadi.
Faqatgina, ko‘pchilik bir holatdan yaxshi xabardor bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a xo‘jalik yilqisida voyaga yetmagan.
Qora yo‘rg‘a qandaydir otga almashtirilgan yoki ot o‘rniga keltirilgan.
Boisi, xo‘jalik otlari soniga bosilgan “E” tamg‘asi, qora yo‘rg‘ada bo‘lmadi.
“E” tamg‘asi Engels degani bo‘ldi.O‘sha paytlar xo‘jalik Engels nomi bilan yuritildi.
Darvoqe, xo‘jalik yilqisidagi otlarga shundayin tamg‘a bosish shartmidi?
Bunday belgi qo‘yish kimning xayoliga keldi?
Molga jabr, jonga jabr.
Jonga jabr, elga jabr,-deydi el.
Belgi qo‘yamiz deb, xo‘jalikning yuz-yuz ellik yilqisiga jabr ko‘rsatish, qanchadan-qancha ovvoragarchiliklar mantiqsizdek ko‘rinsa-da, lekin haqiqatda bor gap edi.
Chin, keyinchalik odamlar, bu fikr kimdan chiqqan yoki chiqmaganligiga ham e’tibor qilmay qo‘yishdi.
Yil-yilni bosib o‘tdi.Yillar talashib ketdi.
Tamg‘a bosilgan bilan, xo‘jalikning otlari almashib-almashib ketdi.
…. Qora yo‘rg‘a Sattor chovog‘onning qo‘liga qandayin tushib qoldi?
Qora yo‘rg‘a Sattor chovog‘onning qo‘liga bir tasodif bilan tushib qoldi.
….. O‘shanda, o‘rim-yig‘imning kech kuz pallasi edi.
Ot bilan galogov qilib yanchiladigan bug‘doy xirmonlari poyoniga yetay-yetay deb qolgandi.
Sattor chovog‘on bog‘otdagi tomorqasini suvlab, quyosh ufqqa kirayotgan paytlarda qishloqqa piyodalab-piyodalab qaytdi.
Yo‘li eski ko‘pkarijoydan o‘tdi.
Sattor chovog‘on ko‘pkarijoy atalmish daladan so‘qmoq yo‘l oralab borar ekan, yo‘ldan unchalik olis bo‘lmagan xirmonda xirmon yanchayotgan xirmonchilar bilan ahvollashgani xirmonga o‘tdi.
Bug‘doy xirmoni deyarli yanchib bo‘lingan, xirmonchilar donni tozalash uchun, kuraklab shopirayotgan bo‘ldi.
Xirmonda-xirmonchilardan boshqa xo‘jalik hosiloti, taftish raisi, Abdirayim elboshilar bo‘ldi.
Sattor chovog‘on-da, xirmondagilar bilan ahvollashgan bo‘lib, ularga yaqinroq joydagi bug‘doy choshiga yonbosh urib, oyog‘iga dam bergan bo‘ldi.
Birpasda gurung-gurungga ulanib ketdi.
Gurungdan-gurung chiqdi.
Gapdan-gap chiqdi.
…. Bir payt Abdirayim elboshi: — Sattor chovog‘on, anov ot qorabayr zotidan ko‘rinadi. Ko‘rinishi biroz abgorroq bo‘lsa-da, joni qattiqqa o‘xshaydi. Nima deysan, menimcha, qarov bilan, qarovning ham farqi bor. Ishonchim komil, xo‘jalikda tursa, shu ot bu yilgi qishdan chiqmaydigan ko‘rinadi. Yilqiga qo‘yib yuborilsa, galaga yetib yurolmaydi. Shu otni qaramog‘ingga olib, biror zot olsang bo‘lmaydimi,-deb qoldi, qora yo‘rg‘ani ko‘rsatib.
Sattor chovog‘on avvaliga gapni hazil fahmladi.
Aytilgan gapga e’tiborsizdek bo‘ldi.
Birozdan keyin , Abdirayim elboshiga ko‘zi tushib, uning javob kutayotganligini sezdi.
Nima deb, javob qilishini bilolmayin, otlarga chuqurroq razm solib qaradi.
Chin, avval e’tibor qilmagan ekan. Sattor chovog‘onning ko‘ziga bog‘liq turgan otlarning ichida qora yo‘rg‘a boshqacharoq ko‘ringandek bo‘ldi.
Negadir, qora yo‘rg‘aning quloqlari ding turgan bo‘lsa-da, ko‘rinishi pakarroq ko‘rindi.
Ichidan nimadir o‘tgandek bo‘ldi.
Ko‘ngli nimadir sezgandek bo‘ldi.
Hech kimga, hech narsa sezdirmadi.
Shunday bo‘lsa-da, Sattor chovog‘onning qora yo‘rg‘aga ko‘ngli ketgandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘on sukutga tolgandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘on xayolga tolgandek bo‘ldi.
Birozdan so‘ng o‘ziga kelib, kulib-kulib, — ot xo‘jalikning mulki bo‘lsa, uni menga kim berib qo‘yadi?- quloqqa shovla osishni ham kiftini keltirasiz-da, Abdirayim aka,-dedi.
O‘tirganlar kulib qo‘yishdi.
Abdirayim elboshi qora yo‘rg‘aga tikilgancha, sukut saqladi.
Sattor chovog‘onning ko‘zlari-da, qora yo‘rg‘ada bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aning oriqlikdan qovurg‘alari ko‘rinib turardi.
Qora yo‘rg‘aning berisidan-narisi yaqinroq ko‘rinardi.
Qora yo‘rg‘aning kelayotgan qishdan chiqish yo chiqmasligiga ham, hech kim kafolot berolmasdi.
Qora yo‘rg‘aning ahvoli juda nochor bo‘ldi.
Shunday bo‘lsa-da, Sattor chovog‘on:- Jim bo‘lib qoldingiz, Abdirayim aka,-dedi.
Abdirayim elboshi jimirayib, Sattor chovog‘onga qaradi.
Savol nazari bilan xo‘jalikning hosiloti va taftish raisiga qaradi.
Hosilot bilan taftishdan biror sado chiqmadi.
Ulardan biror imdod-da, bo‘lmadi.
Sattor chovog‘onning ko‘zlari yonib turgandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘on nimadandir umidvor bo‘lgandek bo‘ldi.
Shunda, Abdirayim elboshi mardlik qildi.
O‘zining hisobida bo‘lmagan otga xo‘jayinlik qildi.
Abdirayim elboshi tantilik qildi.
O‘ziga biror ishonchi bordirki,xo‘jalik hosiloti bilan taftish raisi aytolmagan gapni aytdi.
— Agar, shu otni o‘ldirmayin, boqib olaman desang, men senga xo‘jalik hisobidan chiqartirib beraman,-dedi.
Sattor chovog‘on bepisand-bepisand kuldi.
Sattor chovog‘on hiring-hiring kuldi.
Abdirayim elboshining o‘ziga qo‘shilib, hiringlab kulmayotganini sezib, biroz hushyor tortdi.
O‘zini biroz jiddiyroq tutib, ko‘zlarini qo‘llarining kafti bilan siypalagan bo‘ldi.
Yuzlarini uqalagan bo‘ldi.
Sattor chovog‘on-da, mardga-mard bo‘ldi.
Sattor chovog‘on-da, ushlagan joyidan uzdi.
— Gap bittami,Abdirayim aka?- so‘radi Sattor chovog‘on.
Abdirayim elboshi hosilot bilan taftishga bir qarab qo‘ydi-da, norozi ohangda,-Mening so‘zimda turmaganimni qachon ko‘ruvding,-dedi.
-Yo men jiddiy so‘rayaman Abdirayim aka,-dedi Sattor chovog‘on.
-Men ham jiddiy aytayapman.Shu turishda bu ot bu yilgi qishdan chiqmasligi aniq.
-Gap bittami, qayta so‘radi,- Sattor chovog‘on.
-Gap bitta,-dedi Abdirayim elboshi.
Sattor chovog‘on otni o‘z qaramog‘iga oladigan bo‘ldi.
Abdirayim elboshi otni xo‘jalik hisobidan chiqartirib beradigan bo‘ldi.
Ikkalasi qo‘l tashlashdilar.
Xirmonda o‘tirganlar guvoh bo‘lib qo‘l kesdilar.
…. Bir haftadan keyin, Sattor chovog‘on otni uyiga olib ketdi.

4

Qishloqda qorabayr zotlar bo‘lmadi.
Sattor chovog‘on-da, qorabayr zotga orzumand bo‘ldi.
Xashakiroq, qariroq ko‘rinsa-da, qora yo‘rg‘adan Sattor chovog‘on nimalardir umidvor bo‘ldi.
Shu bois, otning chopishidan umidvor bo‘lmasa-da, undan zot olmoqchi bo‘ldi.
Olinadigan zot juda qorabayr otlardek bo‘lmas-da, bundayroq bo‘lar, deb ko‘ngilladi.
Qish kirguncha, Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani bog‘otlarga o‘tga bog‘lab,o‘t-xashakdan to‘ydirib yurdi.
Qora yo‘rg‘ada sekin-sekin o‘zgarish ko‘rindi.
Sattor chovog‘onning otga qiziqishi ortdi.
Kechda ozroq arpa berib siylab turdi.
Qora yo‘rg‘ada o‘zgarishlar kuchaygandan-kuchaydi.
Sattor chovog‘on otga qarovni kuchaytirdi.
Ko‘pkari chopib yurgan otiga bir kunda qancha yem bersa, qora yo‘rg‘aning ham yemini shunga tenglashtirib qo‘ydi.
Kunlar o‘tgani sayin qora yo‘rg‘aga rang kirib boshladi.
Avvalida, bir joyda qadalib, oxur suyab turgan bo‘lsa, asta-sekin qoziq aylanadigan, vaqti-vaqti bilan kishnaydigan odat chiqardi.
Sattor chovog‘onda qora yo‘rg‘aga qiziqish ortdi.
Chamasi, uch oylardan so‘ng, qora yo‘rg‘aning sag‘risi ko‘rindi.
Sattor chovog‘on otning yoniga borganda, ot hiringlab-hiringlab, suykalib qo‘yadigan bo‘ldi.
Sattor chovog‘on otning harakatlaridan uning hali qaruvga yon bermaganligini sezgandek bo‘ldi.
Shunda, Sattor chovog‘onning xayoliga nimadir keldi.
Sattor chovog‘on otga qarovni yanada kuchaytirdi.
Otga berayotgan yemini-da, ikki baravar oshirib, otni boylovga soldi.
Sattor chovog‘on kun sanadi.
Sattor chovog‘on tun sanadi.
Sattor chovog‘on otni kuzatdi.
Qora yo‘rg‘a kuchga kirdi.
Qora yo‘rg‘a qoziq aylandi.
Qora yo‘rg‘a yoshargandek bo‘lib, chiroy ko‘rsatdi.
Qora yo‘rg‘a hiring-hiring kishnadi.
Qora yo‘rg‘a yulduz ko‘zlagandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘on tavbalab-tavbalab, ko‘kragiga tufladi.
Sattor chovog‘on ko‘zlariga ishonmay-ishonmay qo‘ydi.
Sattor chovog‘on ba’zida kulishni-da, yig‘lashni-da, bilmadi.
Kimgadir, qora yo‘rg‘a to‘g‘risida gapirishni-da, bilmadi.
Kim bilandir xursandchiligini baham ko‘rishini-da, bilmadi.Boisi, odamlar noto‘g‘ri tushunishi mumkin.Orqavorotdan har xil gap tashishi mumkin.
Lekin, qora yo‘rg‘a asl holiga qaytgandek bo‘ldi.
Boisi, o‘lgan kimsa, qayta tirilgandek bo‘ldi.

5

Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani boylovdan chiqarib, sovutdi.
Uzun arg‘amchilab, hovli aylantirib-hovli aylantirib ag‘anatdi.
Qora yo‘rg‘aning oldingi ahvolini ko‘rganlar, endi uni taniyolmayin ham qoldilar.
Qora yo‘rg‘a o‘mgan ko‘tardi.
Qora yo‘rg‘a rang ochdi.
Qora yo‘rg‘aning sag‘rinlari yiltillab qoldi.
Qora yo‘rg‘a tomoqdan urilgan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a qarovdan uringan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a – Sattor chovog‘onning qo‘lida yulduz ko‘zlagan bir paytda, xo‘jalik hisobidan “harom o‘lib qoldi” deb chiqimga chiqarilib yuborildi.
Qora yo‘rg‘aning yaqin o‘tmish shunday bo‘ldi.
Bu paytda, qora yo‘rg‘aning ikkinchi umri- yulduzni ko‘zlayotgan onlari boshlanayotgan bo‘ldi.
Yo boshi yo oxiri,-deydi el.
Qora yo‘rg‘aga boshida bo‘lmagan bo‘lsa, oxirida bo‘layotgandir.Bu tomondan biror so‘z aytishga Sattor chovon-da, ojiz.
… Qora yo‘rg‘a ko‘pkarilarga shitob bilan kirdi.
Kuch to‘lqinni kesib o‘tdi.
Kuch to‘lqinni ikki ayriga ajratib yubordi.
Ko‘pkari-da, bamisoli to‘lqin bo‘ldi.
Ko‘pkarining g‘arovi-qoraliq bo‘ldi.
Qoraliq-ko‘pkarining olovli xalqasi bo‘ldi.
Qoraliqqa esa, har qanday ot borolmadi.
Olov xalqani har qanday ot kesib chiqolmadi.
G‘arovni kesib chiqolmadi.
Otlar quyunini ikki ayriga ajratib yuborolmadi.
Qora yo‘rg‘a depsinib turdi.
Qora yo‘rg‘a yulduz ko‘zladi.
Qora yo‘rg‘a otlar o‘ramini yorib-yorib kirdi.
Qora yo‘rg‘a otlar o‘ramini ikkiga ayirib yubordi.
Qora yo‘rg‘a Sattor chovog‘onning taqimi ostida pishqirib-pishqirib chopadigan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a ko‘pkari atalmish saltanatning o‘zagida bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aning nafasi havo kesdi.
Qora yo‘rg‘aning tuyoqlaridan tuproq changlandi.

6

Sattor chovog‘on elda dovruqli bo‘ldi
Sattor chovog‘on oralagan ko‘pkaridan zot ayirmayin qolmadi.
Atrof qishloqlarda Sattor chovog‘ondan o‘tadigan chavandoz-da, bo‘lmadi.
Qora yo‘rg‘a maydonga tushgandan so‘ng, Sattor chovog‘onning ko‘pkari chopadigan otiga navbat ham tegmayin qoldi.
Qora yo‘rg‘a ishonchli bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a sinovlardan bekamu-ko‘st o‘tdi.
Qora yo‘rg‘aning ta’rifi tildan-tilga, eldan-elga, qishloqdan-qishloqqa o‘tdi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aga batamom suyanib qoldi.
Shunday esa-da, Sattor chovog‘on avvalgi ko‘pkari chopib yurgan otini-da, esdan chiqarmadi.
Vaqtida ozig‘ini berib, uyda parvarishda tutdi.
Avval ko‘pkari chopib yurgan oti Burnoch-da, ko‘p otlardan abjir bo‘lsa-da, lekin qora yo‘rg‘aning oldida xashaki ko‘rinib qoldi.Burnochning chapdastligi, abjirligi qora yo‘rg‘aga muqoyasa bo‘lolsa-da,lekin qora yo‘rg‘aning boshqa ustunliklari yaqqol sezilib turardi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aning peshonasiga to‘g‘donadan yasalgan tumorlar taqib qo‘ydi.
Yolining ostiga tumorlar bog‘lab qo‘ydi.
Ot elning ko‘zida bo‘ldi.
Ot elning tilida bo‘ldi.
Shu bois, Sattor chovog‘onning irimi shunday bo‘ldi.
Yomon ko‘zlardan asrash udumi shunday bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aning parvozi baland bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aning yulduzli kunlari ko‘p bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a ko‘pkarilarda yulduz terdi.
Qora yo‘rg‘a zot ayirmagan biror bir ko‘pkari bo‘lmadi.
Qora yo‘rg‘a ko‘pkarilarda dong taratdi.
Sattor chovog‘on har ko‘pkaridan qo‘sha-qo‘sha uloq ayirdi.
Sattor chovog‘on har ko‘pkaridan qo‘sha-qo‘sha zot ayirdi.

7

Qora yo‘rg‘a Sattor chovog‘on tasavvur qilganidan-da, bir necha barobar ziyod bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘adagi qobiliyat, Sattor chovog‘onning yetti uxlab tushiga ham kirmadi.
Sattor chovog‘on yolg‘iz qolgan kezlari, qora yo‘rg‘aning xislatlarini, imkoniyatlarini sanab-sanab lab tishladi.
Agar qora yo‘rg‘aga yaqin turgan bo‘lsa, otga tomon qayrilib tuflab-tuflab qo‘ydi.
Qora yo‘rg‘a ot emas, bir baloning o‘zi bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a haddan tashqari kuchli bo‘ldi.
Agar, biror kimsa,-otning devi bor desa, Sattor chovog‘on “b-e” deb, qo‘l siltashi mumkin edi.
Lekin qora yo‘rg‘aga qarab turib, Sattor chovog‘on-da, yoqa ushladi.
U-bu gurunglarda, keksalar: -Otning qulog‘i entik bo‘ladi. Odam ilg‘amagan tovushni otlar ilg‘aydi,-deyishdi.
Sattor chovog‘on avvallari bunday gaplarga e’tiborsiz bo‘ldi.
Odamlarning gaplarini shunchaki gap-da, deb qo‘ydi.
Lekin ertaga ko‘pkari bo‘ladi degan tunlarda, qora yo‘rg‘aning ko‘zlari yonishini ko‘rib, hayratga tushdi.
Odamlar bilmasdan gapirmadi.
Odamlar hayot yo‘llarida sinovdan o‘tgan gaplardan gapirdi.
Ko‘pkarining daragini sezgan qora yo‘rg‘aning ko‘zlari yondi.
Ko‘pkarining daragini sezgan qora yo‘rg‘a bir joyda turolmay qoldi.
Shunday paytlarda, Sattor chovog‘onni-da, bemalol yotgani qo‘ymadi.
Qora yo‘rg‘a hiringlab-hiringlab, Sattor chovog‘onni yoniga chorlagan bo‘ldi.
Sattor chovog‘on bunday holdan goh xursand bo‘ldi, goh darg‘azab bo‘ldi.
Xursand bo‘lishining boisi, qora yo‘rg‘a ko‘pkariga tayyor bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aning kayfiyati ko‘pkari istab-ko‘pkari istab turdi.
Darg‘azabligi, qora yo‘rg‘a ko‘p bezovtalandi.
Qora yo‘rg‘a sabr qilishni bilmadi.
So‘nggi paytlarda, qora yo‘rg‘a Sattor chovog‘onning o‘zidan boshqani yoniga yaqin yo‘latmayin qo‘ydi.
Uyda ham, Sattor chovog‘onning o‘zi yo uchinchi o‘g‘li otning yemish, suvini berardi, xolos.
Boshqa kishining qora yo‘rg‘aning oldiga borishi, bir falokatni boshlab keldi.
Shunday bo‘lsa-da, Sattor chovog‘on: -Ot odam taniydi,-deb qo‘yardi.
Boshqa iloji ham bo‘lmadi.
Ot-otligini qilib turdi, unga gap uqdirib bo‘lmadi.
Otning tili-zaboni bo‘lmadi, undan biror gap so‘rab bo‘lmadi.
Shu bois, Sattor chovog‘on otga yon berdi.
Sattor chovog‘on otga yon berishga majbur bo‘ldi.
Sattor chovog‘on otni urib yo‘lga solib bo‘lmasligini yaxshi bildi.
Madomiki, ot boshqalarni yaqinlashtirishni xohlamadimi, demak istamaydi.
Ot-da, jonli zot.
Otda-da, xohish, istak bor.
Otda-da, iroda bor.
Otda-da, ko‘ngil bor….
Otning ko‘ngliga qarshi borish, dev bilan kurashish bilan barobar.
Otning ko‘nglini qoldirish, do‘stlikka xiyonat qilish bilan barobar.
Sattor chovog‘on ot ko‘nglini bildi.
Ochiq havoda otni arqonlab qo‘yib, soatlab ot bilan andarmon bo‘ldi.Bolalariga qovoq ochmagan kunlari ham, otni erkalab,badanlarini qashladi,yollarini taroqlab turdi.
Xotinining,-meni yaxshi ko‘rasizmi yo otingizni,-degan hazilomuz so‘roqlariga javob bermasdan ko‘zlarini lo‘q qilib turdi.
Ko‘zlarini baqraytirib qarab turishidan xotini hech qachon aniq bir javob ololmadi.
Xotinining so‘roviga avval baqrayib, bir zamondan so‘ng aytgan javobiga xotini ham ishonmadi.
Xotinini ishontirolmagan Sattor chovog‘on ko‘p martalab nozu-firoq va arazlarda qolib ketdi.
Sattor chovog‘on oraga sovuqchilik solgisi kelmadi.
Sattor chovog‘on do‘stlikka xiyonat qilgisi kelmadi.
Shu sabab, uydagilarni otning yoniga yaqinlashtirmadi.
Otga o‘zi qaradi yo o‘g‘liga buyurib qo‘ydi.
8

Qora yo‘rg‘a chopish layoqatini favqulodda ko‘rsatdi.
Shu ot bilan uloq chopaman deb, Sattor chovog‘onning xayoliga kelmagandi.
Boisi, ot Sattor chovog‘onning qo‘liga kelganda, tirikligidan o‘limligi yaqin ko‘ringandi.
Terining ostidan qovurg‘alari shundoqqina ko‘rinib turardi.
Otning qovurg‘alarini terining ustidan-da, sanasa bo‘lardi.
Yelkasidagi yag‘irlari-da, o‘yma yaradek bo‘lib qolgandi.
O‘shanda, ancha-muncha gapga uchmaydigan Sattor chovog‘on, qanday bo‘lib, Abdirayim elboshining gapiga rozi bo‘lib qolganini o‘zi ham sezmayin qolgandi.
Chin, Sattor chovog‘on otni olganiga mutlaqo afsuslangan emas.
Lekin otning ahvolini ko‘rib-bilib turib, Abdirayim elboshining gapiga qanday rozilik berganini hanuzgacha tushunib yetolmaydi.
Yo Abdirayim elboshida biror sir-asror bo‘ldimikin?
Abdirayim elboshi-da, el orasida yurgan odam.
Elning og‘irini yengil qilsa-qiladiki, elga og‘irlik tushirmaslikka intiladi.
Xudo suygan bandasini yaxshi xislatlar bilan siylaydi deyishadi.
Balkim, Abdirayim elboshi-da, Xudoning suygan bandasidir?
Xudoning suygan bandasi bo‘lmasa, o‘t-olov orasidan, ikkinchi jahon urushida yo‘q bo‘lib ketmasdan sog‘-salomat uyiga qaytmasdi.
Sattor chovog‘on o‘ylanib qoldi.
Sattor chovog‘on Abdirayim elboshida nima sir-asror borligini bilmadi-yu, lekin uning el orasida ma’nili gap ayta olishiga ishonib, tan bergandek bo‘ldi.
…. Abdirayim elboshining tantiligi shu bo‘ldiki, oradan qancha vaqt o‘tsa-da, Sattor chovog‘ondan ta’magirlik qilmadi.
Otning haqi borasida hech narsa so‘ramadi.
Bu haqda, na Sattor chovog‘onning o‘ziga, na biror bir davrada og‘iz ham ochmadi.
Sattor chovog‘on,- Abdirayim elboshi shunday debdi,- degan gapni biror kimsadan eshitmadi.
Chin, ot Abdirayim elboshiga tegishli bo‘lmadi.
Ot xo‘jalik mulki bo‘ldi.
Xo‘jalik mulki hisoblangan ot, o‘lsagina, chiqim bo‘ladi.
Shungacha, xo‘jalik hisobida turaveradi.
Xo‘jalik hisobida turgan otga birov egalik qilolmaydi.
Boisi, xo‘jalikka tegishli molning egovidan tushovi qimmat bo‘ladi.
O‘lmagan otga, Abdirayim elboshi orachilik qildi.
Otning qolishidan, o‘lishi aniq edi.
Abdirayim elboshi bir savob ishga qo‘l urdi.
Xo‘jalik mas’ullari bilan Sattor chovog‘on orasida dalollik qildi,xolos.
Abdirayim elboshi otni xuddi o‘z ukasiga berib qo‘ygandek, davralarda-da, xotirjam bo‘ldi.
Go‘yoki, Abdirayim elboshi Sattor chovog‘onga otni olib berishda vositachilik qilmadi.
Sattor chovog‘on Abdirayim elboshidan hech qanday ot olmadi.
Abdirayim elboshi otni qanday ajratib oldi? Kimlar bilan kelishdi? Xo‘jalik faollariga qanday vaj ko‘rsatdi.Oradagi ishlardan Sattor chovog‘onning xabari bo‘lmadi.
Shu bois, avvaliga o‘zi indamay yurgan Sattor chovog‘on, ko‘ngliga allanimalarni tugib qo‘ydi.
Lekin ko‘nglidagi gapni hech kimga aytib yurmadi.

9

Sattor chovog‘on o‘ylab qo‘ygan rejasini paysalga solmadi.
Bahor ko‘klayverib, Boysun tomonlarga borib, bir biya sotib olib keldi. Biya-da, ko‘rinishdan burnoch bo‘ldi.
Burnoch biyaning bo‘y-basti o‘rtachadan kelgan bo‘lsa-da, lekin ko‘krak qafaslari va sag‘risi keng bo‘ldi.
Biyaning egasi ham, tanglayini tishlaganlardan ekan.
Anov-manov savdoga ko‘ndim demadi.
Biyaning savdosi, Sattor chovog‘onning terisini shilib olgandek bo‘ldi.
Shunday bo‘lsa-da, Sattor chovog‘on ,-sotib olaman,-degan lafzidan qaytmadi.
Bu yurtda chovog‘onlar lafzli sanaldi.
Polvonlar lafzli sanaldi.
Podavon, cho‘ponlar-da, lafzli sanaldi.
Bu toifa odamlarning lafzidan qaytishi elda oriyat sanaldi.
Lafzdan qaytish-o‘lim bilan barobar bo‘ldi.
Lafzdan qaytish-odamgarchilikdan chiqish bilan barobar bo‘ldi.
Boshqa toifa odamlarning lafzidan qaytishiga el unchalik e’tiborli bo‘lmadi.
Boshqa toifa odamlar lafzidan qaytsa-da, elda doston bo‘lmadi.
Lekin polvonlar-u, chovog‘onlarning lafzidan qaytishi, urug‘-aymog‘ining yurish-turishiga-da, ta’sir ko‘rsatib ketdi.
Boisi, chovog‘onni el tanidi.
Polvonlarni el tanidi.
Elning nazarida, el tanigan insonlar bir so‘zli bo‘ldi.
Aytilgan so‘z-otilgan o‘q bo‘ldi.
Bu yurtda,-o‘ynab gapirsang-da, o‘ylab gapir,-degan so‘z-da, lafzga borib taqaldi.
Lafz-insonning yuzi bo‘ldi.
Lafz-insonning ko‘zi bo‘ldi.
Lafz-insonning tili bo‘ldi.
Burdli-beburd,- degan so‘zlar-da, shundan kelib chiqdi.
Sattor chovog‘on-da, oq-qorani tanigan bo‘ldi.
Chavandozlik sabab, Sattor chovog‘onni el tanigan bo‘ldi.
Sattor chovog‘on lafz qaytarishni istamadi.
Avlod-ajdodlariga isnod olib kelishni istamadi.
Burnoch biyani olaman deb og‘iz solgach, biya egasining barcha injiqliklarini ko‘tarib, biyani sotib olib keldi.
Otning xushro‘y bo‘lishini hamma ham bilavermadi.
Otning qanday zot berishini-da, hamma ham karomat qilavermadi.
Hatto, yillab ot minganlar ham, buning ikir-chikirini bilavermadi.
Otni biladigan sinchilar bo‘ldi.
Otni biladigan chavandozlar bo‘ldi.
Sattor chovog‘on-da, sinchilardan qolishmadi.
Sattor chovog‘on ot to‘g‘risida bilganlarini, anov-manov yilqiboqarlar-da, bilmadi.
Boisi, Sattor chovog‘on otga yoshlikdan ko‘ngil berdi.
…. Esida, o‘shanda o‘n-o‘n ikki yoshlarda bo‘lsa kerak, bobosining to‘riq qashqa bir oti bo‘lardi.
Sakson yoshlardan o‘tib qolgan bobosi har kuni ot minib yurmasa-da, hovlida doimo oti boylangan turardi.
Ushoqqina gavdali momosi otga suv berar, yemish solar, kun aro tagini tozalab turardi.
Ot jonivor ham, shunchalik yuvvosh ediki, ostidan odam o‘tib ketsa-da, parvoyiga kelmasdi.
Sattorning shu paytlar otga mehri tushdi.
Sattorning shu paytlar otga Ishqi tushdi.
Sattor ot minishga qiziqardi.
Shu bois, momosining ruxsatini olib, yetaklab katta ariqdan sug‘orib kelar, oldiga yemish solar, ba’zi-ba’zida tagini tozalab ham qo‘yardi.
Momosi-da, yordamchi topilib qolganidan xursand.
Aksariyat hollarda, momosi Sattor ko‘rinib qolsa, ishlarni Sattorga buyurib qo‘yaqolardi.
Sattor -da, ataylab, momosining oldida ayni peshinda yoki shomda paydo bo‘lardi.
Tabiiyki, peshin yoki shom namoziga shoshilayotgan momosi otga qarash ishlarni Sattorga buyurardi.
Sattor chovog‘on esa, otni minish ilinjida, zarurati bormi-yo‘qmi, to‘riq qashqani minib, ariqdan sug‘orib kelar, keyin oldiga yemishini tashlab, momosining talablarini bajarib qo‘yardi.
Nabirasining yordamchi bo‘lib qolganini ko‘rib, momosi ham suyunar, topgan-tutganini Sattorga ilinardi.
Bobosi esa, qachon biror joyga borar bo‘lsa, otning yaqiniga kelar, boshqa vaqtda otga yaqin ham kelmasdi.
Lekin bobosi otlar to‘g‘risidagi rivoyatlarni ko‘p bilardi.
Otlar to‘g‘risidagi gurunglarni xo‘b bilardi.
Ayniqsa, qish tunlarida, sandalni gupillatib qizitib olib, aytilgan rivoyat-u, gurunglarning son-sanog‘iga yetib bo‘lmasdi.
Rivoyatlarda otlarning fazilatlari tugamasdi.
Otlar rang-barang xislatlar ko‘rsatardi.
Qanotsiz otlar ko‘kda uchardi.
Qanotsiz otlar suvda suzardi.
Qanotsiz otlar tog‘lardan o‘tib borar, otlar o‘z egalarini har qanday qiyinchiliklardan osongina qutqarib ketardi.
Bu- rivoyatlar Sattorningg ichini qizitardi.
Bu-rivoyatlar Sattorga-da, qanot bag‘ishlardi.
Sattor -da, o‘zining oti bo‘lishini istar, bunday otni o‘zi tarbiyalashga chog‘lanardi.
Bobosi aytayotgan rivoyatlar bus-butunicha Sattorning tushlariga kirar, u otlar bilan tun bo‘yi yer va bulutlar orasida uchib yurardi.
Sattorning ota-onasi bobosidan bo‘lak hovlida yashashsa-da, bobosining hikoyalariga qiziqqan Sattor ko‘pincha, bobosining uyida qolib ketardi.
Sattor bosh nabira emasdi.Lekin o‘zining arzimas xizmatlari bilan bobosi va momosining mehrini qozongandi.Ularning ko‘z nuri aylangandi.
Sattor desa, bobo va momo jon berar bo‘ldi.
Sattor -da, pandavaqi bo‘lmadi.
Sattor -da, tepsa-tebranmas bo‘lmadi.
Sattor -da, yerga ursa, ko‘kka sapchiydigan bola bo‘ldi.
Vaqt o‘tgani sayin, bobosining to‘riq qashqa otiga qarash Sattorning zimmasida bo‘lib qoldi.
Sattor bundan og‘rinmas, aksincha bobosi va momosi otni unga ishonib qo‘yishganidan zavqlanar, o‘zini kattalardek his etardi.

10

Keraga tog‘larida qor quyuq yog‘di.
Keraga devorlari allaqachon qorning ko‘pligidan ko‘rinmay ketgan bo‘lsa-da, hali qishning qoq o‘rtasi bo‘ldi.
Bu yerlarda ayni shu paytlar, to‘ylar bir-biriga ulanib, ko‘pkarilar avj oladi.
…. Kecha tunda ham, qor gupillatib yog‘di.
Qorning qalinligi ham naq tizzaga uradi.
Lekin qishloq odamlar bunday holga o‘rganib qolishgan.
Ertalab qanchalik sovuq bo‘lishiga qaramasdan, to‘yxonadan Imomali metarchining ertalabki to‘yga chorlovi hammani hushyor torttirgandek bo‘ldi.
Tog‘ bag‘rida joylashgan Katta Vaxshivor qishlog‘ida uch yuz-uch yuz ellik xo‘jalik istiqomat qiladi.
Qishloq odamlari qadim udumlarga rioya qilib yashaydi.
Qishloq odamlari el udumlarini hurmat qiladi.
Bu yurt odamlarining yashash tarzi shunday.
Bu yurt odamlarining inoq-totuvligi ham shunda.
…. Tushga qadar, to‘yxonada karnay-surnay, o‘yin-kulgu bo‘lib, elga osh tortilgan bo‘lsa, tushdan keyin butun to‘yxona ko‘pkarijoyga yig‘ildi.
Ko‘pkari chopiladigan maydon qishloqqa yaqin joylashgani bois, butun el ko‘pkarijoyga ko‘chib kelgandek bo‘ldi.
Bir tekis qor qoplagan ko‘pkarijoyda yerning past-balandligini bilib bo‘lmasdi.
Shunday bo‘lsa-da, ko‘pkariga yig‘ilgan otlarning son-sanog‘i yo‘q edi.
Sattor chovog‘on-da, qora yo‘rg‘ani minib maydonga kirib keldi.
Ko‘pkari bakovuli allaqachon zotni aytib, chavandozlarni uloqqa chorlagan bo‘lsa-da, Sattor chovog‘on uloqqa tomon intilmadi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani sovutib yurgandek bo‘lib, ko‘pkarini chekkalab ot aylantirdi.
Ko‘pkarijoyda kun sovuq bo‘lishiga qaramasdan, o‘smir yoshlar allaqachon ko‘pkarijoydagi yong‘oq daraxtlari ustidan joy olishgan.
O‘rta va keksa yoshdagi odamlar esa, ko‘pkarijoyga qadar cho‘zilib borgan hovlilarning devori ostida gilam, ko‘rpacha tashlashib joylashib olgan bo‘ldilar.
Sattor chovog‘on otning jilovini odamlar tomon burdi.
Sattor chovog‘on odamlarning oldidan o‘tib borarkan, Abdirayim elboshi unga gap otdi: — Sattor chovog‘on, bu deyman, ko‘pkariga kirishga chog‘ingiz kelmayaptimi?
Agar shunday bo‘lsa, malol kelmasa, qora yo‘rg‘aning oyoq olishini biz ham bir ko‘rsak.
Sattor chovog‘on odamlarni qarab-qarab, Abdirayim elboshiga ko‘zi tushdi.
Sattor chovog‘on salom bergan bo‘ldi-yu,- Abdirayim aka, siz so‘raysiz-u, biz yo‘q deymizmi. Keling aka, keling. Istasangiz ko‘pkarining oxirigacha qora yo‘rg‘ani minib yuring,-deb, mulozamat ko‘rsatdi.
Abdirayim elboshi o‘rnidan turib ot yoniga keldi.
Ot uzangisi oyoq qo‘yar ekan, Sattor chovog‘onga shivirladi:- Bi-i-ir ko‘ngil ketdi-da.
Sattor chovog‘on yana mulozamat qildi.
— Mayli akaxon, mayli, hech xijolat bo‘lmang.
Lekin aytib qo‘yayin, biroz hushyorroq bo‘lmasangiz, qora yo‘rg‘aning ajab qiliqlari ham yo‘q emas. Ko‘pkarining ra’yiga qarab, favqulodda burilish olib ketishi mumkin.
— Mayli, mayli ko‘ramiz,-Abdirayim elboshi otning jilovini burib, otlar to‘dalangan qurga tomon yo‘l oldi.
Sattor chovog‘on devor tagida o‘tirgan odamlar davrasiga kirib o‘tirmadi.
Ko‘pkarining royishini kuzatib tik turib qoldi.
Ko‘pkari tobora qizib borardi.
Sattor chovog‘onning hurmatini qilib, ot keltirib tutgan chavandozlar qancha bo‘ldi.
Sattor chovog‘on dam olayotganini aytib, begona otga minmadi.
Tabiiy, Abdirayim elboshi ko‘pkari chopmadi.
Abdirayim elboshi qora yo‘rg‘ani minib, uning oyoq olishini kuzatdi.
Erta-indin o‘lib qoladi deyilgan otning shu darajaga kelib qolishini tasavvuriga sig‘dirolmayin hayratini bir to‘xtamga keltirgan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘ani minib yurarkan, Sattor chovog‘onga ichida tasannolar aytgan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aning Sattor chovog‘onning qo‘liga tushganidan ich-ichidan sevingan bo‘ldi.
Ko‘pkaridagi zotlar kattaraverib, Abdirayim elboshi otni yo‘rttirib kelib, Sattor chovog‘onning qo‘liga topshirdi.
Sattor chovog‘onning:- Abdirayim aka, minib yuravering,- deganiga ham qaramasdan, otdan tusharkan:
Bo‘ldi, Sattor chovog‘on, bo‘ldi.
Bizniki ham, bir gulhavas.
Ko‘ngil ketib, bi-i-ir chovog‘onlikning ham chog‘ini ko‘raylik, devdik,mana, ko‘rdik.
Endi, bizning yoshimizda, otda yurishning o‘zi qiyin masala ekan.
Otingizni oling, Sattor chovog‘on, o‘zingizga buyursin.
Sattor chovog‘on ortiqcha mulozamat qilib o‘tirmadi.
Ko‘pkari qizib borayotgandi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani minib, o‘zini otlar to‘dalangan qurga urdi.

11

Yurtning to‘y udumlari ko‘p bo‘ldi.
Ko‘pkari, ot poyga, eshak poyga, piyoda poyga-da, shu udumlardan sanaldi.
Odatda, chavandozlarning ko‘plari ko‘pkari chopiladigan otlarni ot poygaga solishmasdi.
Boisi, poygaga solingan ot uriniqib, ko‘pkariga yaramay qolishi mumkin bo‘ldi.
Lekin qora yo‘rg‘aning harakatini sinab ko‘rish uchun, Sattor chovog‘on uni poygaga-da, solib ko‘rdi.
Poygada birinchi bo‘lib kelgan qora yo‘rg‘a, shu kuni ko‘pkarida ham hech narsa ko‘rmagandek, chopaverdi.
Shundan keyin, Sattor chovog‘on o‘g‘liga qora yo‘rg‘ani minib poygalarda ishtirok etishiga ruxsat berdi.
Qora yo‘rg‘a poygalarda-da, birinchilikni bermadi.
Boshqa otlar qora yo‘rg‘adan o‘zib ketolmadi.
O‘sha paytlarda, tog‘ qishloqlari bo‘lgan Katta Vaxshivor, Kichik Vaxshivor, Bodihavo, Chinor, Zardaqul, To‘xtamish, Obshir, Xo‘jasoat, Sayrak, Lo‘kka, Kuyovsuv, Sina, O‘shor kabi qishloqlarning barchasida to‘ylarda ko‘pkari va ot poygalari bo‘lib turardi.
Qora yo‘rg‘a ko‘pkarida-da, ot poygalarda-da, o‘zidan boshqa otlarni o‘zgani qo‘ymadi.
Qora yo‘rg‘a birinchi bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a tagobni bog‘ladi.
Qora yo‘rg‘a hududni bog‘ladi.
Birov-yarim uzangidoshlar Sattor chovog‘onga hazillashishardi:
— Sattor chovog‘on, nafsingiz buncha hakalak otmasa.Siz ham, birovini tuting-da. Yo ko‘pkarini deng, yo ot poygani.
Nima, sizdan boshqada nafs yo‘qmi?
Ko‘pkarini-da ayirib ketasiz, poygani-da, ayirib ketasiz.
Biz-da, umid bilan kelamiz.
Bizning-da, chovog‘on degan nomimiz bor.
Har bitta to‘ydan, quruq qo‘l bilan qaytaversak, xotinlar ham aynab ketishi hech gap emas.O‘zingiz ayting, uloq ayirolmagan erkakni xotinlar erkak demaydi.Kundan-kun, orimiz-da, ketib borayapti.
Chin, biz siz bo‘lolmaymiz.
Sizga, Xudo bergan.
Lekin qora yo‘rg‘adan bizga hech narsa ortmayapti.
Ko‘pkari bilan poygadan so‘ng, har safar qo‘limizni burnimizga tiqib, uyga so‘ppayib qaytaveramiz.
Keyingi paytlarda,- chavandozman,- deb, ot minishga ham uyalib qolayapmiz.
Sattor chovog‘on hiring-hiring kuladi.
Sattor chovog‘on miriqib-miriqib kuladi.
Sattor chovog‘on sonlariga shapatilab-shapatilab kuladi.
Uzangidoshlarining yarim hazil, yarim chin aytayotgan gaplarida jon borligini sezib tursa-da, kulaberadi.
Uzangidoshlarga boshqa nima ham desin.
Sattor chovog‘on zaharxandalikni-da, xijolatlilikni-da, kulgi bilan yenggan bo‘ladi.
Sattor chovog‘on biroz o‘ylanib turgandek bo‘ladi.
Chamasi, uzangidoshlarining gapiga javob izlagandek bo‘ladi.
So‘ng, kulib-kulib: — Birodarlar, ko‘pkari-da, poyga-da, hazrati Alining maydoni sanaladi.
Bu — maydonda g‘irromlik ketmaydi.
Bu- maydonda tanish-bilishchilik ketmaydi.
Bu- maydonda nomardlik-da, ketmaydi.
Kim ayiradigan bo‘lsa, halol ayiradi.
Haqni halol ayirgandan so‘ng, boshqa ko‘ngillarda g‘irromlik bo‘lmasligi kerak.
Boshqalarning muvaffaqiyatidan g‘ayurlanmaslik kerak.
G‘irromlik bo‘lgan ko‘ngildan, yaratganning-da, ixlosi qaytadi.
G‘ayur ko‘ngilda-yaratganning ilinji ham kamroq bo‘ladi.
Men g‘irromlik qilmadim.
Men nomardlik qilmadim.
Ayirib olgan haqimni halol ayirdim.
Shu bois, birodarlar, g‘irromlik qilgan bo‘lsam, aytingizlar.
Nomardlik qilgan bo‘lsam, aytingizlar.
Madomiki, ko‘ngilda g‘alizlik yo‘q ekan, bundaychikin, odamni noqulay ahvolga solib qo‘ymangizlar.
Ko‘ngil-dushman.
Ko‘ngil-g‘ayb.
Ko‘ngil deganlari shamoldek gap.
Ko‘ngil deganlari kelib-ketaveradi.
Ko‘ngilda- shakl ham yo‘q, shamoyil ham yo‘q.
Haligi, nimaydi…. kitoblarda yozishadi-ku,-ko‘nglingning ko‘chasidan deb.
Ana shunaqa…
Ha, endi biz, kitobiy odam emasmiz-ku, lekin bizdayam, el qatori- Ko‘ngil bor.
Chovog‘onda — Ko‘ngil bo‘lmaydi,- deb, kim aytdi?
Sattor chovog‘onda ko‘ngil yo‘q deb kim aytdi?
Yo biror joyda yozib qo‘ygan joyi bor ekanmi?
Barcha odamlarning tarog‘i tillodan-u, bizning taroq temirdan ekanmi?
Avval ignani o‘zingga sanch, og‘rimasa, boshqaga sanch,-degan gaplar bor.
Meni og‘rintirdilaringiz, uzangi yo‘ldoshlar.
Ko‘nglimni xufton qilib qo‘ydingiz, birodarlar.
Sizlardan ko‘nglim qolib-qolib ketdi.
Ko‘nglingizda shuncha gaplar bor ekan, yaxshiyam, yuzaga chiqardingizlar.Bo‘lmasa, bexabar yuraverar ekanmiz.
Dildagi gapni tilga chiqqani ham yaxshi.
Tilga chiqqan gap ochiq gap bo‘ladi.
Tilga chiqqan gap dangal bo‘ladi.
Xafa bo‘lish yo‘q.Kimning dasti uzun bo‘lsa, marhamat, ayiraversin.Kimning qo‘lidan kelsa, uloqni Sattor chovog‘onning qo‘lidan tortib olsin.Ko‘nglimda zarracha g‘ubor tuysam, shu kuni yuragim yorilsin…
Ana shunaqa, uzangi yo‘ldoshlar.
Bundan keyin, hammasini hisob-kitob qilib yursangiz yaxshi bo‘lardi.
Sattor chovog‘on-da, temir emas.
Sattor chovog‘on Xudo ham emas.
Uloqqa uzaling, uloqqa jablashing…
Sattor chovog‘onning qo‘lidan uloqni yulib oling.Halolingiz bo‘lsin.
Shunday qilsangiz, erkakning ishi bo‘ladi.
Shunday qilsangiz mardning ishi bo‘ladi.
Yuqoridagi gap… Bilmadim… bilmadim…
Bu –do‘stning ham gapi emas.
Uzangidoshning ham gapi emas.
Hisobli do‘st, ayrilmas deganlar…..

12

Qish o‘tib, Navro‘zi olam kirdi.
Toqqa tutashib ketgan qir-adirlar-da, ko‘klab qoldi.
Vaxshivor soyi to‘lib-toshib oqdi.
Vaxshivor soyi suvi toshlardan-toshlarga urilib oqdi.
Tog‘li qishloqlarda to‘ylar oxirlab, ko‘pkarilarni qizitgan, odamlarning qiyqirig‘iga mos qanot bog‘lab uchgan chavandoz otlar, qoziq aylanib-qoziq aylanib qoldi.
Bu-holat, otlarning mahri bo‘ldi.
Endi, bu — otlar keladigan ko‘pkari mavsumigacha qoziq aylanadi.
Endi, bu –otlar yoz bo‘yi, kuz bo‘yi qoziq aylanadi.
Qora yo‘rg‘a-da, qoziq aylanib qoldi.
Sattor chovog‘on-da, ilgarigidek ko‘p yurishli emas.
Yaqin-yo‘riqqa boradigan bo‘lsa, otni sarson qilib yurmasdan, piyodalab ketaveradi.
Ikki-ikki yarim haftada bir Denov bozoriga borib, bozorlab qaytadi, xolos.
Boshqa paytlarda, qora yo‘rg‘a-da, bog‘lab qo‘yilgan joyida qoziq aylanib turaveradi.

13

Sattor chovog‘on kun sanab-kun sanab yurdi.
Sattor chovog‘on nimaningdir hisobini olib yurdi.
Chin, Sattor chovog‘on burnoch biyani sotib olib kelgan bilan, uni hali qora yo‘rg‘aga biror marta ko‘rsatmadi.
Shu bois, Sattor chovog‘onning ko‘ngli xotirjam bo‘ldi.
Ko‘pkarilar oyoqlashini kutdi.
Mana, nihoyat, ko‘pkarilar oyoqlab, otlar qoziq aylanib qolganda, Sattor chovog‘on niyatini amalga oshirish harakatida bo‘ldi.
…. Ertalab hovlining o‘rtasiga qora yo‘rg‘ani arg‘amchilab qo‘ydi.
Qora yo‘rg‘a qoziq aylanib-qoziq aylanib chopdi.
Har aylanganda qiyqirib- qiyqirib o‘zining borligini bildirib turdi.
Sattor chovog‘on-da, quvlik qildi.
Kun choshgohga kelganda, burnoch biyani qora yo‘rg‘aga yaqin keltirib, qo‘yib yubordi.
Burnoch biya-da, yollarini silkillatgancha, qora yo‘rg‘aning yoniga bir chopib keldi-yu, so‘ng havoni kesib-kesib iskadi.
Burnoch biyaning burun kataklari katta-katta ochildi.
Qora yo‘rg‘a telbalandi.
Qora yo‘rg‘a qoziq aylanib chopa boshladi.
Burnoch biya-da, qora yo‘rg‘a yetar-yetmas yerdan ko‘m-ko‘k maysalarni chimdiy boshladi.
Qora yo‘rg‘a havo kesdi.
Qora yo‘rg‘a zorlanib-zorlanib kishnadi.
Qora yo‘rg‘a bog‘liq arg‘amchini siltab-siltab tortdi.
Lekin obdon pishitilgan arg‘amchi qora yo‘rg‘aning tortqilashlariga uzilib ketmadi.
Qora yo‘rg‘a erkinlikka chiqolmadi.
Shunda, qora yo‘rg‘a oldingi ikki oyoqda turib, keyingi oyoqlari bilan havoni kesib-kesib, tepkilashga tushdi.
Shunday tepkilashlarning biri, tasodifan burnoch biyaning uchchasiga tegib ketgandek bo‘ldi.
Burnoch biya-da, havoni to‘ldirib kishnab yubordi.
Burnoch biya shasht bilan kelib, qora yo‘rg‘aning bo‘yniga og‘iz soldi.
Qora yo‘rg‘aga burilish imkoni bo‘lmadi.
Shunda, qora yo‘rg‘a uslub qo‘llagandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘on-da, hayrat bilan kuzatdi.
Qora yo‘rg‘a havoga ko‘tarildi.
Qora yo‘rg‘aning oldingi oyoqlari yerdan bir gaz ko‘tarilib ketdi.
Burnoch biya qora yo‘rg‘aning bo‘ynini qo‘yib yubordi.
Yerdan yarim muallaq turgan qora yo‘rg‘a burilib, burnoch biyaning bo‘ynidan tishlab oldi.
Qora yo‘rg‘adan uzoqlasholmagan burnoch biya, qora yo‘rg‘aning sag‘risidan tishladi.
Burnoch biya qanchalik jon-jahdi bilan qarshilik ko‘rsatmasin, qora yo‘rg‘a kuch bermadi.
Otlar rosa tishlashdilar.
Otlarning yollari to‘zib ketdi.
Otlar bir-birlarini qo‘yib yuborib, nafas rostlagandek bo‘lishdi.
Burnoch biya yollarini sarak-sarak qilib, qoziq aylandi.
Qora yo‘rg‘a har-har zamonda kishnab, atrofga shovqin solgan bo‘ldi.
Nihoyat, otlar iskashib qoldilar.
Burnoch biya qora yo‘rg‘aning sag‘risidan tishladi.
Qora yo‘rg‘a burnochning yollarini qo‘shib, bo‘ynidan tishladi.
Qora yo‘rg‘a havo kesdi.
Bir maydon tishlashib turgan otlar, o‘z-o‘zidan bir-birlarini qo‘yib yubordilar.
Burnoch biya shataloq otib, chopdi.
Shunda, Sattor chovog‘on yana quvlik qildi.
Sattor chovog‘on ko‘ngil ishga to‘g‘anoq bo‘ldi.
Sattor chovog‘on kelib, burnoch biyaning arg‘amchisidan tortqilab, qora yo‘rg‘adan biyani xolislatib ketdi.
Qora yo‘rg‘a telbalandi.
Qora yo‘rg‘a havo kesib-havo kesib kishnadi.
Qora yo‘rg‘a qoziq aylanib-qoziq aylanib chopdi.

14

Qora yo‘rg‘aning yegani tatimadi.
Qora yo‘rg‘aning ichgani tatimadi.
Qora yo‘rg‘a kechga tomon hech narsa yemayin qo‘ydi.
Qora yo‘rg‘a tinimsiz qoziq aylandi.
Burun kataklari katta-katta ochilgancha, havo kesdi.
Telbalanib-telbalanib, kishnadi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘aning ahvolini bilib tursa-da, o‘zini quvlikka olib yuraverdi.
Sattor chovog‘on otga yon bermadi.
Shom oralab-shom oralab, qora yo‘rg‘aning telbaligi yanada ortdi.
Qora yo‘rg‘a no‘xtasiga bog‘langan arg‘amchini qanchalik siltab tortmasin, arg‘amchini uzib yuborolmadi.
Shunda, qora yo‘rg‘a orqa oyoqlari bilan havoni kesib-havoni kesib, tepag‘onlik qildi.
Qora yo‘rg‘aning ko‘zlari chaqnadi.
Qora yo‘rg‘aning havo iliq bo‘lishiga qaramasdan, burun kataklaridan bug‘ chiqib-bug‘ chiqib turdi.
Shunday esa-da, Sattor chovog‘on quvligidan tushmadi.
Otning yana-da, telbalanishini kutdi.
Vaqt o‘tgan sayin, qora yo‘rg‘aning bezovtaligi oshdi.
Goh old oyoqlarini, goh orqa oyoqlarini ko‘tarib, havoni tepib boshladi.
Sattor chovog‘on peshayvonda qo‘yilgan so‘rida o‘tirib, qora yo‘rg‘aning harakatlarini kuzatdi.
Bu paytda, burnoch biya otxonada bog‘lab qo‘yilgan bo‘lib, yem aralashtirilgan beda gulini oxurdan kapalab yerdi.
Sattor chovog‘onning mo‘ljaliga hali biroz vaqt bordek ko‘rinsa-da, atrofga qorong‘ulik cho‘ka boshladi.
Sattor chovog‘on qo‘lidagi qamchini kiyib yurgan etik qo‘njiga tiqdi-da, sekin-sekin qora yo‘rg‘a tomon bordi.
Sattor chovog‘onni ko‘rgan qora yo‘rg‘a shodlikdanmi yoki zorlanibmi, havoni to‘ldirib-to‘ldirib kishnadi.
Qoziq aylanib chopayotgan qora yo‘rg‘aning arg‘amchini yechishga-da, sabri yetmayotgandek tuyilardi.
Tortilaverib, taranglashib qolgan arg‘amchini yechib olish Sattor chovog‘onga oson ko‘chmadi.
Qora yo‘rg‘a-da, tortilaverib, arg‘amchini yechishga to‘sqinlik qilardi.
Sattor chovog‘on arg‘amchini yechishga urinarkan, miyig‘ida kulib-kulib: -Ko‘ngil qurisin-a, ko‘ngil qurisin, qorabayr.
Joni bor odamda ham, jonzot-da, ham, ko‘ngil g‘ulg‘ula solib turadi.
Jonlilarning hammasi ham, ko‘ngil quli ekan-da.
Men bu borada xato qilganim yo‘q.
Ancha-muncha narsani sezib turganligim-da, rost.
Birozgina, quvlik qilganligim-da, rost
Eh, qora yo‘rg‘a, qora yo‘rg‘a- kuyov bo‘lmish, shahzoda, qanday kunlarga qolding-a, qanday kunlarga qolding?.
Haliyam, sen Sattor chovog‘onning quvligini payqamadingmi?
Mening jo‘girtakka shunday qilayotganimni sezmadingmi?
Men seni intizor bo‘lsin,- dedim.
Men seni qoni yanada qaynasin,- dedim.
Tomirlarida qoni gupirib tursin,- dedim.
Qaynagan qondan, qaynoq qon dunyoga keladi,- dedim.
Bu dunyoda o‘zidan-da, zo‘rroq zot qoldirsin,- dedim.
To‘g‘ri qildimmi yo noto‘g‘ri qildimmi, jonning zominiga qoldimmi yo jonga qurb berdimmi, bunisini-da, bilmadim, bilolmadim.
Endi, bu yog‘i yaratganga havola.
Noto‘g‘ri qilgan bo‘lsam-da, meni kechir, qorabayr!
To‘g‘ri qilgan bo‘lsam, meni olqishlagin, qorabayr!
Xom sut emgan bandamiz.
Xatolardan xolis emasmiz.
Adashishlardan xolis emasmiz.
Xatosiz yolg‘iz Parvardigor…
Nihoyat, Sattor chovog‘on qorabayrning arg‘amchisini qoziqdan yechdi.
Arg‘amchini kaltalatib, qora yo‘rg‘ani jilovlagan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a Sattor chovog‘onning ortidan ergashdi.
Hovlini aylanib, otxonaga yaqin kelganda, qora yo‘rg‘a bir kishnadi.
Uch tomoni baland devor bilan o‘ralib, usti yopilgan otxonaning old tomonidan kelmasa, hech narsa ko‘rinmasdi.
Sattor chovog‘on bilan qora yo‘rg‘a otxonaning so‘l tomonida bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘a kishnagan paytda, otxonadagi burnoch biyani ko‘rmagan bo‘ldi.
Qora yo‘rg‘aning ovozini eshitib, otxonadan burnoch biya-da, kishnadi.
Qora yo‘rg‘a biyaning ovozini eshitib, yollarini sarak-sarak silkitdi.
Boshini sarak-sarak silkitdi.
Burun kataklari katta-katta ochilib, qiyqirib-qiyqirib kishnadi.
Burnoch biyaning-da, yana kishnagan ovozi eshitildi.
Shunda, Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani uddalolmayin qoldi.
Qora yo‘rg‘a bir siltanib, Sattor chovog‘onning qo‘lidan chiqdi.
Qora yo‘rg‘a no‘xtasiga bog‘langan arg‘amchini sudragancha, otxonaga o‘zini urdi.
Sattor chovog‘on atrofga tobora qorong‘ulik cho‘kib borayotgani bois, otlarni kuzatib o‘tirmadi.
Sattor chovog‘on otlarni o‘z holiga qo‘yib, o‘zi uyga ravona bo‘ldi.

15

Tun behalovat bo‘ldi.
Tun g‘aroyib bo‘ldi.
Tun ajoyib bo‘ldi.
Sattor chovog‘on xotiniga sir aytdi.
Xotini jimirayib-jimirayib eriga qaradi.
Xotini eriga ma’noli-ma’noli qaradi.
Xotini piq-piq kuldi.
— Ha, ukkag‘arning qizi, kulasan-da, kulasan.
Dunyoning obodligini bilmagandek bo‘lasan.
Dunyoning shodligini sezmagandek bo‘lasan.
Dunyoning ishlariga beparvodek bo‘lasan.
Ikki ko‘ngilni topishtirsam yomonmi?
Ko‘ngilni-ko‘ngilga qo‘shsam yomonmi?
Odamga savob ham kerak-da.
Har bir xayrli ishning bir savob tomoni bor,- degan mashoyixlar.
Har bir yaxshi ishning ertasi bor,- degan mashoyixlar.
Harakatda-barakat.
Shotim, niyatimiz amalga oshib, qora yo‘rg‘adan zot qolsa…..
Qora yo‘rg‘a zotsiz o‘tib ketmasa, deyman.
Sattor chovog‘onning egari qurimasa, deyman.
Sattor chovog‘onning hali ko‘p yillar dovrug‘i so‘nmasa, deyman.
Xotin, qora yo‘rg‘asiz, men hech kimman.
Elda menga o‘xshagan chovog‘on ko‘p. Lekin hammasida ham, qora yo‘rg‘aga o‘xshagan ot yo‘q.
Hamma chovog‘onda ham, qora yo‘rg‘a yo‘q.
Qora yo‘rg‘asi bo‘lsa, ular ham uloqni hech kimga bermaydi.
Ming otni qaratib qo‘yib, uloqni ayirib chiqaveradi.
Ming afsuski, qora yo‘rg‘a bitta…..
Qora yo‘rg‘a yagona….
Qora yo‘rg‘a bitta bo‘lgani bois, kelin bo‘lmishni ham o‘zim izlab yuribman.
Kelin bo‘lmishning qaliniga qancha berganimni bilasanmi?
Kelin bo‘lmish-da, ko‘p qimmatga tushdi.
Shunday esa-da, sotib oldim.
Qora yo‘rg‘a qiynalmasin dedim.
Qora yo‘rg‘a kelin izlab yurmasin dedim.
Qora yo‘rg‘a begona kelinga ketmasin dedim.
Qora yo‘rg‘aning zurriyodi ham Sattor chovog‘onga bo‘lsin dedim.
Chin, mening-da, ko‘zlagan maqsadlarim bor.
Men-da, noumid emasman.
Men-da, boumid dunyodan umidliman……
Lekin…. qora yo‘rg‘a…..
Xotin, qora yo‘rg‘a-da, kuyov bo‘ldi.
Kuyovni payg‘ambarlar siylagan deyishadi.
Kuyovning aytilishi yov bo‘lsa-da, insoflilari ham bo‘ladi.
O‘g‘ildan ziyod bo‘lganlari-da, topiladi.
Yetti pushtni sanaydiganlari-da, topiladi.
Xotin, qora yo‘rg‘aga, yo‘g‘-e, kuyovga atagan-pataganing yo‘qmi?
O‘ziga bo‘lmasa-da, egasiga berib qo‘ysang-da, bo‘ladi.
Mening qora yo‘rg‘aga xiyonat qilmasligimni bilasan.
Ko‘pkarilarda- Sattor chovog‘on degani, qora yo‘rg‘a degani.
Qora yo‘rg‘a degani- Sattor chovog‘on degani.
Ko‘pkarida-chovog‘on nomi aytilmaydi.
Ko‘pkarida-otning nomi aytiladi.
Sattor chovog‘on-da, hazil gaplardan gapirdi.
Sattor chovog‘on-da, kulguli gaplardan gapirdi.
Ko‘ngil-da….
Sattor chovog‘on-da, ko‘ngil berdi.
Sattor chovog‘on-da, ko‘ngil oldi.
Tashqarida-ko‘kda yulduzlar porladi.
Yarim tundan so‘ng, oy sutdek yorishib ketdi.
Sattor chovog‘on bir tashqarilab kelgandan so‘ng, uyqusi uchdi.
Sattor chovog‘on tunga quloq tutdi.
Sattor chovog‘onnning otxona tomonga qulog‘i ding bo‘ldi.
Otxonadan tuyoq tovushi eshitilib turdi.
Otxonada tuyoq tovushi tinmadi.
Sattor chovog‘on-da, quloq tutib-quloq tutib, uxlab qoldi.
Sattor chovog‘on xotirjam bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning kayfiyati durust bo‘ldi.
Sattor chovog‘on o‘z odati bo‘yicha sahar-sahar uyg‘ondi.
Olam jimjit bo‘ldi.
Olam sokin bo‘ldi.
Uzoq-yaqindan xo‘rozlar qichqirishi-yu, itlarning hurgani eshitilib turdi.
Sattor chovog‘on o‘rnidan turib, otxona tomon o‘tdi.
Qora yo‘rg‘a otxonada bo‘lmadi.
Sattor chovog‘on o‘ylanib, hovli tomon o‘tdi.
Qora yo‘rg‘a arg‘amchisini sudrab, hovlida o‘t terib yeb yurdi.
Sattor chovog‘on miyig‘ida kuldi.
Sattor chovog‘on kulib-kulib, o‘zicha gapirindi:
— Ha, ukkag‘ar, qora yo‘rg‘a-ya, qora yo‘rg‘a-ya, shashting biroz pasaydimi, deyman.
Biroz bo‘lsa-yam, endi esing kirib qoldimi, deyman.
Endi, sho‘xlik qilmaysanmi, shuytib.
Agar, sho‘xligingni davom ettiradigan bo‘lsang, naqd burnoch biyaning oldiga o‘zim solib yuboraman-a.
Sattor chovog‘on hiringlab-hiringlab kuldi.
Sattor chovog‘on mo‘ylab silkitib-mo‘ylab silkitib kuldi.
-Shunday, shunday….
Qora yo‘rg‘a-ya, sen men bilan ko‘pam hazillashmagin. Achchiqlansam, nima bo‘lishini bilasan-a.
Achchiqlansam…..
Lekin bu hol, bir sening boshingda emas.
Bu hol, har bir tirik jonning boshida bor.
Bilasanmi, odamlar buni nima deyishadi.
Buni bizda odamlar “qalliq o‘yin” deyishadi.
Bu o‘yin jon olar bo‘ladi.
Bu o‘yin jon berar bo‘ladi.
Mana sening ham, hiringlashingdan asar ham qolmabdi.
Burnoch biya joningni olgan ko‘rinadi.
Boshingni o‘tdan ko‘tarolmay qolibsan-ku.
Ana shunday, qora yo‘rg‘a. Lekin sen hali, Sattor chovog‘on uchun ko‘p xizmat qilishing kerak.
Hali, Sattor chovog‘onning sendan umidlari ko‘p.
Bunchalik bo‘shashma-da, sirimiz oshkor bo‘ladi-ya.
Kim aytadi, seni qora yo‘rg‘a deb.
Qora yo‘rg‘aligingni ko‘rsatib turgin-da, azamat….
Sattor chovog‘on xursand edi…
Xursandchilikdan qora yo‘rg‘aga nimalar deganini-da, o‘zi bilmadi.
Sattor chovog‘on qaqranib-qaqranib, qora yo‘rg‘aga bi-i-ir maydon tikilib turdi.
Qora yo‘rg‘a yerdagi ko‘m-ko‘k o‘tlarni chimdib-chimdib yeyaverdi. Miyig‘ida jilmayib, kulib qo‘ygan Sattor chovog‘on, otning sag‘risiga shapatilab-shapatilab, bomdod namoziga tahorat olgani, uy tomon o‘tib ketdi.

16
Bu yilgi erta bahor seryog‘in keldi.
Tog‘lar boshidan bulutlar ketmadi.
Yilt etgan quyosh ortidan, kutilmaganda, sharros-sharros yomg‘irlar quyib berdi.
Kunlar oftobshuvoqni eslatdi.
Kunlar tulki yomg‘ir bo‘ldi.
Kunlar sim-sim yomg‘ir bo‘ldi
Kunlar ilib-ilib bordi.
Chorvoqlar yashillikdan qo‘shiqlar aytdi.
Adirlarda o‘tlar bo‘y ko‘rsatdi.
Ba’zi bir jilg‘alarda o‘tlar tizzaga ursa, ba’zi joylarda odam bo‘ylaydigan bo‘lib qoldi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani o‘tga bog‘ladi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘ani adirlar oralatib jildirib-jildirib yurdi.
Sattor chovog‘on qora yo‘rg‘a arg‘amchisini uzunlatib-uzunlatib bog‘ladi.

17

Dunyo umidli bo‘ldi.
Dunyo orzumand bo‘ldi.
Umidsizlar tuproq barobar bo‘ldi.
Umidsizlar tuproq qadar bo‘ldi.
Sattor chovog‘on-da, burnoch biyadan umidlari katta bo‘ldi.
Shu bois, Sattor chovog‘on burnoch biyaga alohida mehr ko‘rsatdi.
Har kuni uch mahal jildirib, uch mahal suvlatdi.
Lekin burnoch biyani qora yo‘rg‘adan uzoqroq tutdi.
Bir-biridan uzoqroqda bo‘lgan ikki otdan xabarlashib turish, o‘ziga biroz qiyinchilik tug‘dirsa-da, Sattor chovog‘on shunday yo‘l tutdi.
Tasavvurdan-tasavvur tug‘ildi.
Sezimlardan-sezim tug‘ildi.
Homilador biya-da, misoli homilador ayol bo‘ldi.
Unga-da, g‘amxo‘rlik kerak bo‘ldi.
Unga-da, ehtiyotkorlik talab bo‘ldi.
Sattor chovog‘on esa, har bir narsada e’tiborli bo‘ldi.
Sattor chovog‘on burnoch biyani ehtiyotladi.
Hatto, tunlari-da, bog‘liq turgan joyiga kelib, xabarlashib turdi.
Sattor chovog‘onning otlari ko‘k maysadan to‘ydi.
Oradan ikki oylar o‘tgandan so‘ng, ikki otning ham sag‘rinlari yiltillab qoldi.
Ayniqsa, burnoch biya to‘lishib, yollari taram-taram bo‘ldi.
To‘lishgan biyaning peshonasidagi bir tutam oq qashqasi yanada ko‘rkam ko‘rsatdi.

18

Sattor chovog‘on yoshligidan ikki narsaga ko‘proq mehr berdi.
Mehr berganining biri ot bo‘lsa, ikkinchisi do‘mbira bo‘ldi.
Otasi — Sattorning qiziqishlarini ko‘rib, yoqa ushladi.
Otasi — Sattorning qiziqishlarini ko‘rib, “tavba” dedi.
Boisi, Sattorning qiziqishlari avlodlar udumidan xoli bo‘ldi.
Sattorning qiziqishlari, uning biror avlodiga-da, borib taqalmadi.
Bunday qiziqish-ota zoti-da, bo‘lmadi, ona zoti-da, ham bo‘lmadi.
Ota qarab turib-qarab turib, Sattorning kimga tortganini ham bilmayin, kulib qo‘ydi.
Chin, Sattorning otasi-da, ot minib o‘tdi.
Lekin Sattor kabi otni ko‘rsa, telba bo‘lmadi.
Do‘mbira chertishning-ku, ko‘chasidan ham o‘tmadi.
— Tavba, ota-onada yo‘q qobiliyat-da, bolada ko‘rinar ekan-da.
Otam qilmaganini qilaman degani shu ekan-da.
Yo tavba-yey, yo tavba-yey.
Shu bola andak boshqacharoq chiqdi.
Fe’li-atvori-da, boshqa bolalariga o‘xshamadi.
Men muloyim tabiat bo‘lsam, onasi-ku, qo‘y og‘zidan cho‘p olmagan, birovga ozori tegmagan Xudoyimning bandasi.
Bu bola- o‘jarroq, o‘rroq.
Gap kelsa, otasini-da, ayamaydi.
Yo tavba-yey, yo tavba-yey, shundayi ham bo‘larkan-da.
Otaning o‘zi hayratda bo‘lgandan keyin, boshqalar nima deb o‘ylarkin?
Bu-fikrlar, Sattor otasining fikrlari bo‘ldi.
Sattorning qiziqishlariga bu gaplarning aloqasi bo‘lmadi.
Sattor o‘zining qiziqishlaridan qolmadi.
Darvoqe, xotin olishida ham, Sattor chovog‘onning shu qiziqishlari sabab bo‘ldi.
…. O‘shanda, Sattor chovog‘on endigina o‘n yettidan o‘n sakkizga qadam tashlagan, iyagida to‘rttagina soqol bitgan bir o‘spirin bo‘ldi.
Lekin Sattor chovog‘onning g‘ayrati ko‘kragiga sig‘madi.
Hali, juda yosh bo‘lishiga qaramasdan, ikki yildan buyon atrof qishloqlardan unga teng keladigan chovog‘on topilmayin qoldi.
Ko‘pkarining old sovrini Sattorniki bo‘ldi.
Ko‘pkarining oxiri Sattorniki bo‘ldi.
Chin, Sattor chovog‘on uloqqa qo‘l cho‘zdimi, boshqa chavandozning uloqqa o‘ngilib yotishining hojati bo‘lmadi.
Sattor chovog‘on yerdan-da, uloqni ildam ko‘tardi.
Ot ustida tortishganda-da, uloqni raqibiga berib qo‘ymadi.
Ko‘pkarida raqiblari qasdma-qasdiga ot solganda ham, Sattor chovog‘ondan uloqni tortib olish qiyin bo‘ldi.
Chin, Sattor chovog‘on ko‘pkari raqiblari bilan kurash tushganda, yengilgan paytlari ko‘p bo‘ldi.
Lekin ko‘pkarida…..
Ko‘pkarida- Sattor chovog‘on o‘zi sezmagan holda bilaklarida kuch paydo bo‘ldi.
Ayniqsa, uloq tortishayotgan paytlari, bilaklari shishib, kiygan kiyimi yengiga sig‘mayin ketayotgandek tuyilaverdi.
Shu boismi, keyingi paytlarda ob-havoning qanday bo‘lishiga qaramasdan, Sattor chovog‘on ko‘pkarida yengi kalta nimchada chiqadigan odat chiqardi.
Bunday holni ko‘rib, Sattor chovog‘onga tish o‘tadigan kishilar unga kesatib-kesatib gapiradigan bo‘lishdi.
Lekin Sattor chovog‘on ularning gapini-gap demadi.
Sattor chovog‘on o‘zi bilganidan qolmadi….
Odamlar-da, gapirib-gapirib, kesatib-kesatib charchadilar.
Sattor chovog‘onni ko‘pkarida yengi kalta nimchada ko‘rishga-da, ko‘zlar o‘rganib qoldi.
Ko‘pkarida Sattor chovog‘onni yengi kalta nimchada ko‘rish oddiy holga aylanib qoldi.
….. To‘xtamish qishlog‘ida katta ko‘pkari bo‘ldi.
Sattor chovog‘on ko‘pkariga yig‘ilgan chavandozlarni g‘aflatda qoldirib, ko‘pkarining birinchi kunida katta zotdan uch marta ayirdi.
Uzangi yo‘ldoshlar bir-birlarini qo‘llab-quvvatlab yurdilar.
Shu bois ham, uzangi yo‘ldosh sanaldi.
Ko‘pkarining barordan kelayotganini ko‘rib, uzangi yo‘ldoshlar ikkinchi kungi ko‘pkariga-da, qolishni ixtiyor etdilar.
Qishloqlar orasidagi masofa unchalik uzoq bo‘lmasa-da, chavandozlarga hurmat ko‘rsatilib, to‘yxona udumiga ko‘ra, qo‘shxona ajratildi.
Mehmon chavandozlarning o‘ziga-da, otlariga-da, ulushlar berildi.
Katta Vaxshivordan borgan o‘n-o‘n ikki chog‘li chavandoz bir qo‘shxonada jam bo‘lishdi.
Gurung-da, qizigandan qizidi.
Chavandoz zoti nimadan gurung qiladi?
Chavandoz ko‘pkaridan gurung qiladi.
Chavandoz ot poygadan gurung qiladi.
Maboda, boshqa kasb-kordagi kishi chavandozlarning orasiga tushib qolsa, ularning gurungidan zerikib qolishi mumkin.
Sababi, bu odamga ko‘pkarining qizig‘i bo‘lmasligi mumkin.
Yo chavandozlar o‘zaro aytayotgan aytimlarga ko‘pda tushunmay angrayib o‘tirishi mumkin.
Lekin chavandozlarning o‘zlari, gurunglari, oqshomdan to tongga qadar cho‘zilsa-da, zerikish nimaligini bilishmaydi.
Bu-bo‘ladigan gap.
O‘zidan yoshi kattalarning gurungiga jimgina quloq solib, bir lo‘la-bolishga tirsak urib yotgan Sattor chovog‘on orada bir necha bor mizg‘ib-mizg‘ib-da, oldi.
Uzangi yo‘ldoshlari,-chovog‘on, charchabdi-da,-deb, unga xalaqit berishmadi.
Qo‘shxona egasi tomonidan tayyorlangan ovqat suzilib, tamaddi qilib bo‘lingach, yana gurung-gurungga ulandi.
Shunda, Sattor chovog‘onning ko‘zi devorga osig‘liq turgan do‘mbiraga tushdi.
Sattor chovog‘onning ichida chiroq yongandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning ichi bir g‘imirlab qo‘ygandek bo‘ldi.
Sekin o‘rnidan turib, devordagi do‘mbirani qo‘liga oldi.
Tik turgan holda bir-ikki ting‘irlatgan bo‘ldi.
So‘ng, Sattor chovog‘on joyiga kelib o‘tirib, do‘mbiraning qulog‘ini buradi.
Qulog‘ini do‘mbira toriga yaqin keltirib, do‘mbiraning tovushini sozladi.
Shunda, Sattor chovog‘onga yaqin o‘tirgan Suyun chovog‘on gap qotdi.
— Sattor, qo‘lingdan kelsa, chalib, manovi chovog‘onlarning ham ko‘nglini xushnud etgin.
Do‘mbirani chalish yoki sayratish qo‘lingdan kelmasa, ting‘irlatib quloqni garang qilmagin,- dedi.
Sattor chovog‘on Suyun chovog‘onga qarab bir kulib qo‘ydi-da, do‘mbirani chala boshladi.
Do‘mbiraning ovozi avval chavandozlar o‘tirgan xonani aylandi.
So‘ngra, chavandozlar ko‘nglida aylandi.
Chavandozlar ruhida aylandi.
Aylanib-aylanib, hovliga chiqdi.
Hovlidan o‘tib qo‘shni xonalarga, so‘ng qo‘shni uylarga-da, o‘tdi.
Do‘mbira ovoziga mahliyo bo‘lganlar, mehmonxona atrofiga kelib, do‘mbira ovoziga quloq tutdilar.
Sattor chovog‘on-da, do‘mbirani erinmayin chaldi.
Peshona terini artib-artib chaldi.
Do‘mbirani kuyga solib-kuyga solib chaldi.
O‘tirganlar sel bo‘ldi.
Eshitganlar-da, sel bo‘ldi.
Nihoyat, kuy avjiga chiqqanda, Sattor chovog‘onning o‘zi-da, o‘tirganlar nazarida, o‘tirgan joyida uchib-qo‘naverdi.
Sattor chovog‘onning uchib-qo‘nayotganini ko‘rib, Suyun chovog‘on Muzrob chovog‘onni imladi.
— Muzrob chovog‘on, shu bolaning dev-pevi bormi,-deyman.
Sog‘ odam, buytib, uchib-qo‘navermaydi.
— Ey-y, Suyun chovog‘on, Suyun chovog‘on, bu bolaning dev-pevi borligini bilmadim-u, lekin do‘mbiraning kokil- po‘pagida parilar raqs tushadi deb eshitganim bor.
Balki, Sattor chovog‘onning ko‘ziga ham, do‘mbiraning parilari ko‘rinayotgan bo‘lsa, ajabmas.
Hali yosh-da.Yoshlarning ko‘ziga allambalolar ko‘rinadi:
Parilar qiz bo‘ladi.
Shaytonlar malak bo‘ladi.
Qo‘rqmang,siz bilan mening ko‘zimga bu narsalar ko‘rinmaydi.
Siz bilan men qirchillamadan o‘tdik.
Hali o‘tin bo‘lmasak-da, shunga yaqinroq bo‘ldik.
Parilar bizni boshiga uradimi?
Yoshlarni izlaydi-da.
….. Esimda, otamning bir qo‘ng‘irot oshnasi bo‘lardi, sekin gap boshladi Muzrob chovog‘on.
Otamning shu oshnasining umri tog‘larda qo‘y boqib o‘tib ketdi. Hozir bolalari bor. Qumqo‘rg‘onda yashashadi.
Lekin bolalari ota izidan ketishmadi.
Bolalari cho‘ponlik qilishmadi.
Bolalari o‘qimishli bo‘lib,katta odamlar bo‘lib ketishdi.
Lekin hozirda bordi-keldimiz uzilib ketgan.
Otamning ana shu oshnasi baxshi ham edi.
Do‘mbirani-ku, o‘ynatib chalardi.
Do‘mbira chertib-do‘mbira chertib, termalar, dostonlar-da, aytardi.
Biz birga ovul o‘tirishda ko‘p bor yonma-yon o‘tirganmiz.
O‘sha paytlar, tun cho‘kdi deguncha, bolalar-da, kattalar-da, boboning o‘toviga yig‘ilardik.
Bobo jo‘shib ketgan paytlari, tong otguncha bo‘lsa ham aytaverardi.
Ay, bir kampiri bor edi, bir kampiri bor edi.
Ayolmisan, ayol edi.
Agar, odam zoti jannatga kiradigan bo‘lsa, shu momolar kiradi.
Huru-g‘ilmonlar bilan o‘ynaydigan bo‘lsa, shu momolar o‘ynaydi.
Men umrim bino bo‘lib, bundayin beozor ayolni ko‘rmaganman.
Termalar, dostonlar aytib, do‘mbira chertgan bilan bobomiz biroz jizzaki, biroz achchiqli odam edi.
Bobomiz biroz tajangroq edi.
Bo‘lsa, bo‘ldi, bo‘lmasa, qora uyning peshbandida doimiy qistiruvli turadigan, cho‘qmor boshli zarang tayog‘i bo‘lardi. Shu tayoqni ola solib, sermab yuborardi.
Boboning fe’lu-atvorini yaxshi bilganlar, uning jig‘iga tegmaslikka harakat qilardi.
Bobomiz ortiqcha gapni ko‘tarolmasdi.
Mana, o‘zimiz ham, boboning tarsakilaridan bir necha bor bahramand bo‘lganmiz.
Ukkag‘arning ulini tarsakisi ham, tarsaki edi-da.
Lof bo‘lsa ham, har bir qo‘li oqparra o‘tning shapalog‘idek kelardi.
Odamning emas, oqparra o‘tning shapalog‘idek….
O‘sha, zarang tayoqdan o‘sha paytlar hech kim omon qutilgan emas.
Bobomiz-bolalarga zarang tayog‘ini ishlatmasdi, bolalarga shapaloqning o‘zi yetarli edi.
Lekin bobomiz-da, do‘mbira chertib, terma, doston aytgan paytlar, ipakdek yumshoq bo‘lib qolardi.
Terma, doston aytayotganda bobomiz ko‘zlari-da, beixtiyor yoshlanib qolardi. Lekin bu paytda, bobomiz hech narsani ko‘rmasdi.
Hatto, atrofdagilarni ham sezmasdi.
Bunday payt bobomiz boshqa olamda bo‘lardi.
Goh yig‘lab aytardi, goh shodon aytardi.
Shodon paytlari, xuddi, Sattor chovog‘ondek, o‘tirgan joyida uchib-qo‘naverardi.
Bunday paytlar, bobomizning goh qoshi o‘ynasa, goh yelkalari o‘ynab ketardi.
Biz bolalar-da, boboga jo‘r bo‘lardik.
Suyun chovog‘on inson zotining fe’lu-atvoriga tushunib bo‘lmas ekan-da: — Ana shu beozor momomiz, nima bilgani bor, umr bo‘yi cholini “Sen”lab o‘tdi.
Biror marta choliga “Siz” deganini eshitmadim.
Buning sababini-da, hech kim bilmasdi.
Bu haqda, na bobomiz, na momomiz hech kimga og‘iz ochmadi.
Ba’zida, sho‘xlik qilib, buning sababini bobomiz bilan momomiz u dunyoga rixlat etar payti so‘rayman deb qo‘yardim, qaydam, bizga ham nasib etmagan ekan.
Ikkalasining ham joni uzilgandan keyin bizga xabar yetdi.
Oxirgi yo‘lga kuzatishga bordik, xolos.
Lekin yurakka tugganimiz to‘g‘ri kelmadi….
Ana shunday….
Suyun chovog‘on siz, uchib-qo‘nishni Sattor chovog‘ondan emas, qo‘lidagi do‘mbiradan izlang.
Ha-ha, do‘mbiradan izlang.
Do‘mbiraning biror balosi bo‘lsa kerak!….. Bo‘lmasa, Sattor chovog‘on bunchalik uchib-qo‘navermasdi.
Hay, mayli, do‘mbira chalishni to‘xtatsin, o‘zidan so‘rab ko‘ramiz-da….
Sattor chovog‘on bu gaplarni eshitmadi.
Sattor chovog‘on o‘z olamida bo‘ldi.
Sattor chovog‘on do‘mbiraning kuylarida oqib-oqib ketdi.
Sattor chovog‘on o‘zi kashf etgan fasllarni yoqib-yoqib ketdi.
Gul po‘paklari selkillab, o‘yinga tushayotgan do‘mbiraning titrashiga boqib-boqib ketdi.
Buni davrada o‘tirganlarning hammasi ham sezdi deb bo‘lmadi.
O‘tirganlarning hammasi ham do‘mbira kuylarini tushundi deb bo‘lmadi.
Sattor chovog‘on do‘mbirani o‘ynatib chalaberdi.
Vaqt degan oqarib ketaberdi.
Bir payt, Sattor chovog‘on biroz dam olgan kishi bo‘lib, piyoladagi sovib turgan choyni ichdi-da, so‘ng tashqariladi.
Shu tashqarilashidan, to tonggacha uyga qaytib kirmadi.
Boisi, boisi…. Sattor chovog‘on shu tunda tushov uzdi.
Bo‘zbolalik….
G‘o‘rbolalik.
Boisi, bu yoshda kishining o‘t — olov payti bo‘ladi.
Ko‘zi ko‘kdagi yulduzdan boshqa narsani ko‘rmaydi.
G‘ayrati kengliklarga sig‘maydi.
O‘t-olovdan-da, qaytmaydi.
Sattor chovog‘on-da, o‘sha tunda kutilmaganda, o‘zi sezmayin bir yurakka bog‘lanib qoldi.
Sattor chovog‘on bir yurakka ko‘ngil berdi.
Sattor chovog‘on qo‘shxonadan bo‘lajak ma’shuqasini topdi…..

19

Sattor chovog‘on tashqarilaganda oy sutdek yorug‘ bo‘ldi.
Hovlining har yer-har yeriga boylangan otlar oldilariga tashlangan bedani kumir-kumir kovshayotganligi shundoqqina eshitilib turardi.
Sattor chovog‘on otidan xabarlashdi.
Ertangi ko‘pkariga shaylanib turgan ot-da, Sattor chovog‘onni ko‘rib, hiringlab-hiringlab kishnagan bo‘ldi.
So‘ng, sutdek oy yorug‘iga mahliyo bo‘lib, qo‘lini orqasiga tutgancha, hovlida biroz qolib ketdi.
Shunda, Sattor chovog‘on bir qizning tez-tez u yoq- bu yoqqa o‘tib turganligini sezib qoldi.
Avvaliga, uy egalaridan bo‘lsa kerak deb, e’tibor qaratmagan Sattor chovog‘on, qizning tez-tez o‘tib qaytishidan nimadir sezgandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning ko‘nglida g‘ayurlik paydo bo‘ldi.
Yigitlik shavqi jo‘sh urib ketgandek bo‘ldi.
Shunday bo‘lsa-da, qizga gap otishga o‘ng‘aysizlanib, qizning ortidan qarab turdi.
Qiz yana bir necha marta o‘tib-qaytdi.
Qiz durkun bo‘ldi.
Gavdasi polvonsifat bo‘ldi.
Bo‘y-bastlari kelishgan bo‘ldi.
Ikki yuzi olmadek ko‘rindi.
Chaqnab turgan ko‘zlari oydek kulib turdi.
Ko‘ngil-da…
Sattor chovog‘onning ichidan nimadir g‘imirlagandek bo‘ldi.
Gap otishni-da, bilmadi, gap otmaslikni-da, bilmadi.
Garangsigandan, garangsidi.
Oltmish-yetmish kilo keladigan uloqlarni ko‘tarib chopgan qo‘llariga titroq kirgandek bo‘ldi. Tanasiga titroq kirgandek bo‘ldi.
-Yopiray, tushimmi bu, o‘ngimmi?
Menga nimadir bo‘layapti-yov…
Xuddi, qizlarga ko‘zim tushmaganday, tanam o‘z-o‘zidan qizib ketayapti.
Shunda, Sattor chovog‘onning ikki yelkasiga ikki farishta minib oldi.
Biri:
Titroqqa balo bormi?
Yigitmisan?-lallayishing nimasi?
Biror nima desang-chi?
Ko‘ngliga qo‘l solib ko‘rsang-chi?-dedi.
Ikkinchisi:
Ota-buvalar udumini poymol qilma.Birovning qiziga ko‘z olaytirish gunohi azim.
U -gul bo‘lsa, sen- bulbul.Gul bilan bulbul qorong‘uda uchrashmaydilar.
Yuragingdagi olov-hirs bo‘lmasa, sovchi yubor.
Rozilik bersa, bir umr seniki bo‘ladi,-deganday bo‘ldi.
Sattor chovog‘on o‘ylandi.
Sattor chovog‘on bo‘ylandi.
Sattor chovog‘on lab tishlab-lab tishlab atrofga boqdi.
O‘ylovchining o‘yi bitguncha, tavakkalchining ishi bitdi.
Nihoyat, keyingi o‘tib-qaytishida, qizning o‘zi Sattor chovog‘onga salom berdi.
Salom-da, Xudoning kalomi bo‘ldi.
Salom-da, boshlanmish ishlarning debochasi bo‘ldi.
Sattor chovog‘on qizga gap otishga yo‘l topdi.
— Ichishga biror kosa muzdek suv topilmaydimi?-so‘radi Sattor chovog‘on.
Qiz bir zum Sattor chovog‘onga tikilib turdi.
Javobsiz qolgan Sattor chovog‘on o‘zini biroz o‘ng‘aysizroq sezsa-da, aytgan gapini takrorlab:- Ichishga biror kosa muzdek suv topilmaydimi?-deya qayta so‘radi.
Qiz Sattor chovog‘onga qarab kuldi:
Nima, shu qish kunida ham, yuragingiz kuyib ketayaptimi?
Sattor chovog‘on-da, hozirjavob bo‘ldi.
— Sizdek, go‘zal qizni ko‘rgandan keyin, muzlab yotgan yuraklar-da, olov bo‘lib ketarkan.
Qiz burun jiyirib, ro‘mol tuzatgandek bo‘ldi.
Birpas kalovlanib qolgandek bo‘ldi.
Shunday bo‘lsa-da, o‘zini qo‘lga olib, qiz kuldi.
— U qanday yurak ekanki, tanimagan, bilmagan bir qizni ko‘rgan zahoti olov olib ketadigan.
— Endi, nima ham derdim. Shunday ham bo‘larkan-da.
Lekin, chindanam ham, yurak bezovta, voy-voy, yuragim-yey.
— Yurakka ayting-da, ko‘p ham o‘rtanmasin.
Men bu qizni hali tanimayman deng.
Bu qiz, mening gaplarimga ishonmayapti deng.
Ayting, ayting…..
— Nima deyin-da?
— Nima desangiz deng.
— Bu yog‘i qiziq bo‘ldi-ku!
Men yurakka buyruq berolmasam.
Uning bu yo‘ldan qaytishini aytolmasam.
Men yurakni emas, meni yurak boshqarib turganini ham bilasizmi?
Siz gavdaga ishonmang. Sumbat degani yurakning quli hisoblanadi.
Qiz kulib, Sattor chovog‘onga qarab turar, lekin ketishga shoshilmasdi.
— Ismingizni bilsam bo‘ladimi, gapni-gapga ulash uchun,-so‘radi Sattor chovog‘on qizdan.
— Ismim…. Ismimni bilib nima qilasiz?
Tong otgach bu yerdan ketasiz va yoddan ham chiqarib yuborasiz.
— Siz shunday deb o‘ylaysizmi?
— Boshqacha o‘ylolmayman ham….
— Mayli, shunday bo‘lsa-da, ismingizni ayting?
— Ismimni nima qilasiz? Baribir, yoddan chiqarib yuborasiz.
-Ha, endi, so‘radim-da.Bilib qo‘yganim yaxshi. Keyinchalik, qayerga borishimni bilmayin, adashib yurmayin.
— Ismim- Malika!
— Ismingiz, jismingizga monand ekan-da.
So‘raganning aybi yo‘q. Kimning malikasisiz?
— Kimning bo‘lardi? Otam bilan onamning Malikasiman.
Hozircha, Malikasini izlab kelgan Shahzoda yo‘q.
Sattor chovog‘on va qiz qo‘shilishib kulishdi.
— Mening ismim-Sattor. Sattor chovog‘on desa, qishloqda ko‘pchilik biladi.
Boisi, qishlog‘imizda mendan boshqa ham, yetti-sakkiz Sattor ismli kishilar bor-da.
-Boya, do‘mbira chalgan yigit sizmidingiz?- so‘radi qiz.
-Ha….
— Yaxshi chalar ekansiz. Qayerdan o‘rgangansiz do‘mbirani bunday chalishni?.
…………………..
Men-da, ba’zi-ba’zida do‘mbira chalib turaman.
Lekin siz kabi o‘xshatib chalolmayman. Bilgan kuylarim-da, sanoqli.
Ularning ham boshi bo‘lsa, oxiri yo‘q.
Mustaqil o‘rganish biroz qiyinchilik tug‘dirar ekan.
-O‘sha do‘mbira siznikimi?
— Ha, bobomdan qolgan.
— Malikaxon, to‘g‘risini aytsam, siz meni hayratga solayapsiz.
Yuragim battar olovlanib ketayapti.
Chindan ham, bir kosa suv bermasangiz bo‘lmaydi.
Qiz Sattor chovog‘onga boshdan-oyoq yana bir qarab chiqdi.
-Agar rostdan ham kuyib ketayotgan bo‘lsangiz, esam suv bermasam bo‘lmaydiganga o‘xshaydi.Yana yonib ketib, men tovondor bo‘lib qolmayin-da.
Sattor chovog‘onning ko‘zlari lo‘q bo‘ldi.
Qiz,-hozir,-dedi-yu, oshxona tomon qarab ketdi.
Sattor chovog‘on qizning suv keltirishini kutib turarkan, gap-gapga ulanib borayotganligidan mamnunlik tuyib, barmoqlarini qasirlatib o‘ynadi.
Qiz-da, Sattor chovog‘onni ko‘p kuttirib qo‘ymadi.
Bir sopol kosada muzdek suv olib chiqdi.
Kosadagi suv tishlarini muzlatib ketayotgan bo‘lsa-da, Sattor chovog‘on suvni shoshilmasdan, zimdan qizni kuzatib-kuzatib ichdi.Qizning oydek jamolini ko‘rib, Sattor chovog‘onning ichi g‘imirladi.
Sattor chovog‘onning ko‘zlari jimirladi.
-Xotining bo‘lsa, shunday bo‘lsa-da, deb xayolladi.
Suv ichish bahona, qizning oy jamoliga to‘yib-to‘yib boqdi.
Xudo beraman desa, kashf etish uchun ko‘p vaqt kerakmas.
Tanlayman desa, tanlash uchun lahzalar kifoya.
Farishtalar omin desa bas.
Qolgani o‘z-o‘zidan bo‘laveradi.
Omad deganlari yigitning ortidan chopib yuraveradi.
Qizning-da, Sattor chovog‘ondan ko‘zi uzilmadi.
Qizning-da, Sattor chovog‘onni o‘zidan uzoqlashtirgisi kelmadi.
Qiz-da, gaplar payrovini topgan sayin, shamolga o‘zini urib qo‘ygandek bo‘ldi.
Lekin Sattor chovog‘onning zimdan qarab-qarab qo‘yayotganligini sezgan qiz, uni ko‘z ostidan kuzatdi.
Nihoyat, Sattor chovog‘on suvni ichib bo‘lib, lab yaladi.
Udumga ko‘ra, minnatdorchilik bildirdi:
— Suvdek serob bo‘ling. Baxtingizga, bizdek yigitlar uchrasin,-dedi.
Qiz kuldi:
— Sizdek, yuragi kuyganini nima qilaman, yuragi butun bo‘lsin-da,-dedi.
Sattor chovog‘on-da, hozirjavoblik bilan qizga javob aytdi.
-Sizdek, pari-paykarni ko‘rgan yurak kuyib ketaverar ekan. Lekin tassali gaplaringizni eshitgan zahoti yana o‘zini tiklab olaverar ekan.
O‘zingizni ko‘rib, yuragim kuygandan-kuydi.
Gaplaringizni eshitib, avvalgi holiga qaytdi-qo‘ydi,-dedi.
Qiz jilmaydi.So‘ng, Sattor chovog‘onga sinchkov tikilib, dedi:
-Yigitlarga ishonib bo‘ladimi, avvaliga kuyib, keyin kuydirib ketadiganlari ko‘p bo‘ladi.
Sattor chovog‘onning ko‘zlari kattaroq ochildi.
Sattor chovog‘on qizning o‘ziga moyilligi borligini sezgandek bo‘ldi.
Sattor chovog‘on bir maydon nima deyishini bilolmasdan garangsib turdi-da, so‘ng otni qamchiladi.
-Siz meni juda xafa qilayapsiz.
Ko‘zingizga shunday yigit bo‘lib ko‘rindimmi?
Agar, shunday ko‘ringan bo‘lsam, ming marta uzr so‘rayman.
Basharam shunday ko‘rinayotgan bo‘lsa, tongda aytgan gaplaringizga pushaymonlar bo‘lasiz.Bu kecha uxlab tursam, boshqacha bo‘lib ketaman.Hozir yuzlarimga bugungi ko‘pkarining horg‘inliklari urgan bo‘lsa kerak-da.
Qo‘rqmang, men kuydirib ketadiganlardan emasman.
Faqat, siz rozilik bersangiz bo‘ldi. Qishloqqa qaytishim bilan sovchilarni jo‘nataman.
Yo hoziroq olib ketayinmi?
-Manov, jigitni…. Shunchalik shoshqaloqmisiz?
Buncha, shoshilmasangiz. Hali, mening kimligimni ham yaxshi bilmaysiz-ku-dedi qiz.
— Shoshilmasam, biron kimsa, sizni mendan olib qo‘yishi mumkin deb qo‘rqayapman-da.
Keyin dodimni kimga aytaman,-dedi Sattor chovog‘on kulib-kulib.
— Kunduzlari suvlarga, tunlari yulduzlarga aytasiz,-dedi qiz kulib.
— Yo‘q, men bunga chidolmayman.
Suvga, yulduzlarga dodimni aytib yurguncha, men ertagayoq sizni o‘zim bilan olib ketaman,-dedi Sattor chovog‘on.
— He yo‘q, be yo‘q, qanday qilib olib ketasiz?-so‘radi qiz.
— Qanday bo‘lardi. Shundoq otga mingizaman-u, olib qochib ketaveraman,-dedi Sattor chovog‘on.
— Ho-o, ishtahangiz surnay-ku,-kuldi qiz.
— Surnay demang, surnay demang, karnay deyavering, karnay deng.
Qiz atrofga o‘ychan tikildi.
Qizning ota-onasi allaqachon uyquga ketishgan bo‘lsa kerak, hech kim qizning bemalol Sattor chovog‘on bilan gurunglashib turishiga xalaqit bermasdi.
Bu orada Sattor chovog‘onning uzangi yo‘ldoshlaridan uch-to‘rttasi tashqarilab, yana uyga kirib ketishdi.
Sattor chovog‘on bilan qiz turgan joy, hovli yo‘lagiga burum bo‘lgani bois, tashqarilaganlar ularni ko‘rmasdi. Lekin ular kim tashqariladi, kim uyga qaytib kirib ketdi, hammasini ko‘rib turishardi.
Sattor chovog‘on bilan qizning gapi qovushdi.
Sattor chovog‘on ehtiroslar bo‘ronida telbalanayotgan bo‘lsa-da, lekin qizni cho‘chitib yubormaslik uchun, o‘z-o‘zini nazorat qilgandek bo‘lib turardi.
Ko‘kda yulduzlar pirpirab turdi.
To‘lin oy shu’lasida yer-da, yorishib-yorishib turdi.
Qish tunining sovuq shamollari hilpirab-hilpirab esdi.
Lekin tuyg‘ular olamida turgan Sattor chovog‘on bilan qiz, bu sovuq shamollarni sezishmasdi.
Ikkisini-da, ichki bir harorat isitib turgandek bo‘lardi.
Sattor chovog‘on bilan qizning gurunglari tugamas bo‘ldi.
Vaqt esa, odimlab borardi.
Qishloqning bezovta xo‘rozlari-da, vaqti-vaqti bilan qichqirib qo‘yardi.
Bir joyda turib qolgan kishiga tashqarining sovug‘i tez ta’sir qiladi.
Buni yaxshi bilgan Sattor chovog‘on sovuqni harakat bilan yengishga urindi.
Qizni ham shunga chorladi.
Avvaliga, bir joyda qo‘zg‘almasdan gap sotib turgan qiz-da, sovuq ta’sir qildimi, sekin-sekin Sattor chovog‘on bilan birga harakatlanib turdi.
Bir-biriga bog‘lanib kelayotgan gaplar orasida, asta-sekin siljib borayotgan qadamlar, o‘z harakatlarini sezmasdi.
Bir-bir bosib, ko‘ngil izlayotgan ikki ko‘ngil, o‘tib borayotgan vaqt va masofaga mutlaqo e’tiborsiz bo‘ldi.
Tun sukunati ikki qalb tuyg‘ularini allalardi.
Tun sukunatida ularning xohish-irodasiga hech bir kuch qarshi chiqmasdi.
Ikki ko‘ngil bir-biriga suyanib, uzoq kezishdi.
Kattaligi o‘rtacha bo‘lgan hovlini eni-bo‘yiga bir necha bor kezib chiqishdi.
Nihoyat, ular bir-birlariga anchayin yaqinlashib qolishdi.
Va’dalar quyuq bo‘ldi.
Va’dalar suyuk bo‘ldi.
Qiz tegarman bo‘ldi
Yigit olarman bo‘ldi.
Tongga yaqin, yog‘och bilan yerdan biroz ko‘tarilgan, so‘riga bosilgan beda uyumining shamol panasida biroz turib qolishdi.
Lahzalar hayajonli bo‘ldi.
Lahzalar yuz ochar bo‘ldi.
Oltmish-yetmish kilolik uloqni yuk bilmagan Sattor chovog‘on,uloq ko‘tarib qaltiramagan Sattor chovog‘onning qo‘l-oyoqlari qiz qarshisida titrab turdi.
Sattor chovog‘on o‘zini qanchalik bosib olishga harakat qilmasin, qo‘l-oyoq titroqlari ancha vaqtgacha bosilmadi.
Sattor chovog‘onning ko‘zlari o‘ynadi.
Qizning ko‘zlari suzildi.
Sattor chovog‘on sabrga bardosh berolmadi.
Sattor chovog‘on tuyg‘ularini jilovlolmayin qoldi.
Sattor chovog‘on jur’atini yig‘ib olib, qizning qo‘llaridan ushlab o‘ziga tortdi.
Ishq gullari ochildi.
Ishq gullari ifor sochdi.
Sattor chovog‘on gul lablariga lab qo‘ydi….
Qiz biroz uyalgan kishi bo‘lib, Sattor chovog‘onning quchog‘idan chiqib ketishga urinsa-da, lekin qarshiliklari astoydil emasligi sezilib turardi.
Sattor chovog‘on quyilib kelayotgan tuyg‘ularini bosolmadi. Tiyiqsiz tuyg‘ulari bilan qizning yuz-ko‘zlari va lablarida gullar undirdi.
Qiz esa, yengil-yelpi qarshilik ko‘rsatib turgan bo‘lsa-da, tobora Sattor chovog‘onning quchog‘iga chuqurroq kirib borayotganligini sezmasdi.
Yulduzlar jivirladi.
Oymoma xumor bo‘ldi.
Rashkdan to‘lg‘onayotgan shamollar, beda uyumi ustiga yopilgan chodirni tortqilab-tortqilab o‘tdi.
Sattor chovog‘on hech narsa sezmadi.
Qiz-da, hech narsa sezmadi.
Ular oq bulutlar ko‘shkida bo‘ldilar.
Ular o‘z sirli olamlarida bo‘ldilar.
Tun qorong‘usi qizargan yuzlarni ko‘rmadi.
Tun qorong‘usi uyatdan yana-da, qarolangan ko‘zlarni ko‘rmadi.
Ishq kuylari qo‘shiq aytdi.
Ishq kuylari yurak bitdi.
Bu-tun hovlida saharmardon turadigan odamlar ko‘p bo‘lmaganda, kim bilsin, tong yulduzlari va ko‘kda osilib turgan oy, qanday ishlarga guvoh bo‘lmasdi.
Tun esa, bizgacha va bizdan keyin ham, gunohlardan kechgan, kechaveradi.
Tun- gunohkorlarni kechiraveradi.
Xo‘rozlar qichqirdi.
Otlar kishnadi.
Itlar hurdi.
Sattor chovog‘on va qiz hushyor tortdi.
— Yomonsiz,-dedi qiz.
— Qizg‘anchiqsiz,-dedi Sattor chovog‘on.
— Sizga ishonsam bo‘ladimi?-so‘radi qiz.
— Xuddi, o‘zingizga ishongandek,-javob berdi Sattor chovog‘on.
Sattor chovog‘onning qo‘llari yuz siypaladi.
Sattor chovog‘onning qo‘llari soch siypaladi.
Qiz uyalgan kishi bo‘lib, yer singaladi.
— Va’damiz-va’da,-dedi Sattor chovog‘on.
Qiz uning ko‘zlariga umidvor tikildi.
Qizning ko‘zlari xumorlandi.
Qizning ko‘zlari orolandi.
-Hammasi biz o‘ylagandek bo‘ladi,-dedi Sattor chovog‘on.
Qiz unga tikilib turdi.
Sattor chovog‘on qizning yuzidan erkalab qo‘ygan bo‘lib, bir chimdilab qo‘ydi-da, boylovliq turgan oti tomon yo‘l oldi.
Qiz-da, boshidagi ro‘molini to‘g‘rilab, Sattor chovog‘onning ortidan biroz qarab turdi-da, so‘ng bir-bir bosib uyiga kirib ketdi.

20

Sattor chovog‘on va’dasida turdi.
Ko‘p o‘tmay qizga sovchi yubortirdi.
Sattor chovog‘on qiz bilan va’dani qat’iy qilib qo‘ygan bo‘lsa-da,lekin qiz tomonning rozilik berishi anchayin qiyin kechdi.
Rozilik bermaslikka aytarli sabablar ham bo‘lmadi.
Faqat, “qizi borning nozi bor” degandayin, qizning ota-onasi biroz qaysarlik qilishdi.
Sovchilar uch-to‘rt marta kelgandan keyin, qiz tomon o‘z-o‘zidan rozilik berib qo‘yishdi.
Chin, qiz tomon qaysarlikni yana ham davom ettirishi mumkin edi.
Lekin Sattor chovog‘onning mansabdor tog‘asi bir keldi-yu, ishni pishitdi-qo‘ydi.
Tog‘aning bu atrofda hurmati baland bo‘ldi.
Sattor chovog‘onning o‘zi-da, hududda nom taratib-nom taratib yurgan chovog‘onlardan bo‘ldi.
Tog‘aning hurmatimi yo yulduzi yulduziga to‘g‘ri keldimi, Sattor chovog‘on niyatiga yetdi.
Sattor chovog‘onning niyati xolis bo‘ldi.
Sattor chovog‘on qizga bergan va’dasining ustidan chiqdi.
Sattor chovog‘on to‘y-tomosha bilan Malika atalmish qizni go‘shangaga olib kirdi.
… Biror to‘yda bir marta ko‘pkari tomosha qilgan kishi Sattor chovog‘onni yaxshi eslab qoldi.
Boisi, Sattor chovog‘on chiroyli ko‘pkari chopdi.
Cattor chovog‘onning ko‘pkari o‘yinlari ko‘p bo‘ldi.
Bu o‘yinlar oldida boshqa chavandozlar ip esholmayin turdi.
Sattor chovog‘on uloqni egar aylantirib oldi.
Sattor chovog‘in uloqni ot o‘mgani aylantirib oldi.
Sattor chovog‘on uloqni ot beli aylantirib oldi.
Uloqni bunday yerdan ko‘tarishda, uloq ko‘tarilishini poylab turgan boshqa chavandozlar g‘aflatda qoldi.
Ba’zida, chavandozlar Sattor chovog‘on uloqni to‘dadan qanday ayirib ketganini sezmay ham qolishdi.
Lekin….
Sattor chovog‘onning mardligi-da, bo‘ldi.
Sattor chovog‘on tanti bo‘ldi.
Sattor chovog‘on halol ko‘pkari chopishi bilan ham nom qozondi.
Sattor chovog‘on g‘irromlikni bilmadi.
Lekin biror-bir chavandozning ko‘pkarida g‘irromlik qilayotganini sezib qolsa, uning qo‘liga ko‘pkarining oxirigacha uloq ushlatmaslikka intildi.
Bunday yigitni kim kuyov qilishni istamaydi.
Bunday yigitdan qaysi baxtiqaro qiz yuz o‘giradi.
Halollik-poklik.
Tantilik-mardlik.
Sahiylik — adolat.
Adolatdan og‘ishdimi, el udumini buzgan hisoblanadi.
Qanchalik zo‘r chovog‘on bo‘lmasin, el udumini buzishga hech kimning haqi yo‘q.
El udumi-til udumi.
El udumi-dil udumi.
Udumga zil ketgani, ota-bobolardan o‘tib kelayotgan tarozu posangisi buzilgani.
Avlod-ajdodlardan o‘tib kelayotgan udumlarni kelajak avlodga yetkazib berish, har bir kishining burchi va vazifasi sanaladi.
Inchunun, ko‘pkari udumlari ham, katta udumlarning bir bo‘lagi hisoblanadi.
Bu-udumlar elning tarixi hisoblanadi.
Bu-udumlar elning qadriyatlari sanaladi.
Bu-udumlar elning oyinasi hisoblanadi.
Shu bois, ko‘pkarining ham azaliy udumlarini buzishga hech bir chavandozning haqqi yo‘q.

21

Yoz o‘tdi.
Kuz o‘tdi.
El yana chorbog‘lardan, bog‘otlardan qishloqdagi qishki uylariga ko‘chib kelib, qishloq ko‘chalari odamlar bilan gavjum bo‘lib qoldi.Yoz bo‘yi u yer-bu yerdagi el sochilmasi kech kuzga kelib tingandek bo‘ldi.El yo‘qlagan kishisini qishloqdan topadigan bo‘ldi.Daromad topib, yig‘inganlar-to‘y taraddusida bo‘ldi.
Elning topgani to‘yga.
To‘yning bo‘lgani elga.
Bekor qolgan odamlar qishloq to‘ylarini sanadi.
Polvonlar mashq qildi.
Chovog‘onlar ot qaradi.

22

Sattor chovog‘on tilagiga yetgandek bo‘ldi.
Burnoch biya qulunladi.
Bu qulun burnoch biya bilan qora yo‘rg‘aning bolasi bo‘ldi.
Janubliklarda:-Onasini ko‘rib, qizini ol, -degan gap yurdi.
Bu gap bejiz bo‘lmadi.
Bu gaplar sinalmish bo‘ldi.
Bu gaplar eldan-elga o‘tmish bo‘ldi.
Tug‘ilgan qulunning rangi otasiga tortgan bo‘lsa-da, peshonasida va orqa oyog‘ida bir tutam oq rangli qashqasi bo‘ldi.
Qulunning peshonasidagi ana shu oq qashqa, unga chiroy berib turdi.
Qulunga zeb berib turdi.
Sattor chovog‘on qulunga tikilib turarkan, miyig‘ida kulib qo‘ydi.
Shu damda, Sattor chovog‘onning xayolidan nimalar o‘tdi bizga qorong‘u, lekin uning jimrayishidan,-Axir, zotingga tortibsan-da,-degan gapni uqish mumkin bo‘ldi.

Davomi bor

07

(Tashriflar: umumiy 308, bugungi 1)

Izoh qoldiring