Rauf Parfi. Aleksandr Blok.

012

БЛОК Александр Александрович (1880. 16 (28). 11, Петербург 1921. 7.8, Петроград] — рус шоири. Петербург унтини тамомлаган (1906). «Золотое руно» жур. (1907—08) ва Жаҳон адабиёти нашриётида (1918 й.дан) ишлаган, Бутун Россия шоирлар уюшмаси Петроград бўлимини бошқарган (1920 й.дан). Илк тўплами — «Гўзал Бону ҳақида шеърлар» (1904) рафиқаси Любовь Дмитриевна (кимёгар Д. Менделеевнинг қизи)га бағишланган. Дастлаб Блок символист шоир сифатида танилган. 1905 й. инқилобий ўзгаришлар таъсирида символизмдан воз кечиб, ижтимоий мавзуда «Шаҳар» (190408), «Ватан» (190716), «Даҳшатли олам» (190816), «Қасос» (190713) туркум шеърлари ва «Томошахона» (1906), «Атиргул вахоч» (191213) каби драмалар ёзган. Блок 1917 й.ги Октябрь тўнтаришини шодхуррамлик б-н кутиб олмаган бўлсада, аммо у большевикларнинг ашаддий мухолифлари (И.А. Бунин, Н. Гумилёв, 3. Гиппиус, А. Куприн, М. Цветаева каби) сафида ҳам бўлмаган. Большевиклар ҳокимиятни қўлга олгандан сўнг 5 ой давомида Б. «Ўн икки» достонини, «Зиёлилар ва инқилоб» мақоласини ёзиб, Октябрь воқеалари ва Россия такдири ҳақида ижодий мушоҳада юритишга ҳаракат қилди. Ҳар икки acap зиёлилар ўртасида қизғин баҳсга сабаб бўлди. Шу ҳодиса шоир ижодида чуқур инқироз ва турғунликни юзага келтирди. Блок 1918 й.нинг март ойидан сўнг то умрининг охиригача (1921) ҳеч қандай янги асар ёзмайди, фақат «Қасос» поэмасини ниҳоясига етказиш б-н машғул бўлади.
«Ўн икки» поэмаси (Асқад Мухтор), кўплаб шеърлари (Эркин Воҳидов, Мавлон Икром, Омон Мухтор, Ойгул Суюндиқова  ва б.)  ўзбек тилига таржима қилинган.

011

Рауф Парфи
АЛЕКСАНДР БЛОК

Билурман,хун ҳақи,ҳалокат ҳақи,
Бари бир мен сени қутлайман,ҳаёт.

А.Блок

1.Қора булутларни ўйнар осмон.
Олис юлдузларнинг сирли шуъласи.
Тумонли соҳилдан ундар бегумон
Бу сўлғин шамларнинг игналик саси.

Ташналик сасидир, бу — туш, бу — олам,
Кимдир тишлаб олган оловни унда.
О,Рус, сен — ёрим,сен — синглим,сен — Онам,
Қандай олиб чиқай мен сени тундан.

Сира қувиб бўлмас бу қонли тушни,
Куйдиргувчи юлдуз сапчир дафъатан.
Ҳеч синмас руҳ ичра осмоннинг ҳусни.

Томоққа тиқилган кўз ёшим — Ватан.
Ўт ичиндан термоқдаман товушни.
Куйиб бўлган нарса куймас қайтадан.

2.Мадор йўқ,қанот йўқ.Тамом.Чарчадим.
Чўқир жигаримни бу ўтрук,ёлғон.
Бу таъна қадимий, бу сўзлар қадим,
Бу совуқ сайёддир кўҳна палаҳмон.

Ёлғиз менми ахир?! Дард бор,ҳамдард йўқ.
Бу ёлғон дунёда мен ёлғиз эмас.
Нақадар тиниқдир,зангоридир кўк,
Нақадар шириндир,узундир нафас.

Русия! Йиғлама,кўз ёшингни сот,
Сўйилган ой кезар — у менинг хуним.
Сен билурсан холос.Бошқа ҳеч бир зот.

Жисмим совиб борар,сўнмоқда уним,
Гирдоб қўйнида мен,қўлингни узат…
Хайр! Бу кун менинг охирги куним.

3. Қайда,қайда қолди ўзғир ғалаён?!
Наҳот унинг синмас қиличи синди.
Титра,чексиз уммон,сен,мудроқ жаҳон,
Темир дарбозангни тепарман энди.

Қара,қўлларим қон,тирноқларим қон,
Тургил,ғафлатингни ётмагил босиб.
Эшикни очсанг-чи,эй ялқов посбон,
Қаршингда мана мен,жаҳон садоси.

Ваҳмзор жаҳонсен,қалбимни ёқиб,
Шеърият қаърига шўнғирман ношод.
Русия,Русия севиб,ютақиб,

Шўрлик,омон бўл деб топиндим бедод.
Билурман,хун ҳақи,ҳалокат ҳақи,
Бари бир мен сени қутлайман,ҳаёт.

044

Rauf Parfi
ALEKSANDR BLOK

Bilurman,xun haqi,halokat haqi,
Bari bir men seni qutlayman,hayot.

A.Blok

1.Qora bulutlarni o’ynar osmon.
Olis yulduzlarning sirli shu’lasi.
Tumonli sohildan undar begumon
Bu so’lg’in shamlarning ignalik sasi.

Tashnalik sasidir, bu — tush, bu — olam,
Kimdir tishlab olgan olovni unda.
O,Rus, sen — yorim,sen — singlim,sen — Onam,
Qanday olib chiqay men seni tundan.

Sira quvib bo’lmas bu qonli tushni,
Kuydirguvchi yulduz sapchir daf’atan.
Hech sinmas ruh ichra osmonning husni.

Tomoqqa tiqilgan ko’z yoshim — Vatan.
O’t ichindan termoqdaman tovushni.
Kuyib bo’lgan narsa kuymas qaytadan.

2.Mador yo’q,qanot yo’q.Tamom.Charchadim.
Cho’qir jigarimni bu o’truk,yolg’on.
Bu ta’na qadimiy, bu so’zlar qadim,
Bu sovuq sayyoddir ko’hna palahmon.

Yolg’iz menmi axir?! Dard bor,hamdard yo’q.
Bu yolg’on dunyoda men yolg’iz emas.
Naqadar tiniqdir,zangoridir ko’k,
Naqadar shirindir,uzundir nafas.

Rusiya! Yig’lama,ko’z yoshingni sot,
So’yilgan oy kezar — u mening xunim.
Sen bilursan xolos.Boshqa hech bir zot.

Jismim sovib borar,so’nmoqda unim,
Girdob qo’ynida men,qo’lingni uzat…
Xayr! Bu kun mening oxirgi kunim.

3. Qayda,qayda qoldi o’zg’ir g’alayon?!
Nahot uning sinmas qilichi sindi.
Titra,cheksiz ummon,sen,mudroq jahon,
Temir darbozangni teparman endi.

Qara,qo’llarim qon,tirnoqlarim qon,
Turgil,g’aflatingni yotmagil bosib.
Eshikni ochsang-chi,ey yalqov posbon,
Qarshingda mana men,jahon sadosi.

Vahmzor jahonsen,qalbimni yoqib,
She’riyat qa’riga sho’ng’irman noshod.
Rusiya,Rusiya sevib,yutaqib,

Sho’rlik,omon bo’l deb topindim bedod.
Bilurman,xun haqi,halokat haqi,
Bari bir men seni qutlayman,hayot.

(Tashriflar: umumiy 52, bugungi 1)

Izoh qoldiring