Rauf Parfi. Muvashshahlar.

334
Рауф Парфи шеърда мўъжиза яратиш, сўзларни ўйнатиш санъатини пухта эгаллаган эди. Мазкур хортиралар – дил сўзларини ёзиш жараёнида шоирнинг қўлимда қолган “Тасвир”, “Қайтиш”, “Сабр дарахти”, “Тавба”, “Сўнгги видо” тўпламларини қайта-қайта ўқир эканман, юқоридаги хулосага чин дилдан иқрор бўлдим. Ва илгари сезмаганим яна бир ҳолатни ҳам пайқаб қолдим. Шоир кўпгина мувашшаҳлар ёзган экан. Масалан, Абдурауф Фитрат сонетида буюк шоирнинг номи яширинган экан. “Шеърият” (Дилором), “Барно бону” (Барно бону) “Сенсиз” (“Севара Вафо”) “Мунажжим” (Мўътабар), “Йўловчи” (Сулҳида) шеърлари аслида нафис мувашшаҳлардир.
Шоир қизлари Муножот, Севинч номларига ҳам муавашшаҳлар боғлаган экан. Бу ҳам гўзал санъат намунаси. Муҳими, юқоридаги шеърлар ишқий мазмунда эмас, жиддий, ижтимоий мавзуларга бағишланган. Шоирнинг бу борадаги маҳоратига ҳам тан бермоқ лозим. У шеърни беҳуда эрмак қилишга асло йўл қўйган эмас ( Ортиқбой Абдуллаев мақоласидан).

456

Рауф Парфи
МУВАШШАҲЛАР

АБДУРАУФ ФИТРАТ

Нега сени чулғаб олди бунча тиконлар?
Нега чиқди юрагингдан юзга бу қонлар?

Абдурауф  Фитрат

1. Ажаб мудҳиш қора тун кафан тутар,
Бир замон тинмайдир, изғирар шамол.
Дарё кўпирадир, одамни ютар,
Ул гўзалдир, ул ирганчдир, ул — хаёл.

Риёзат қамчиси каби савайдир,
Алкан ёмғир бузғун танизоримни.
Улуғ Туркистонни кимлар севмайдир?!
Фиръавнлар севмас менинг боримни.

Фироқнинг нағмасин чалар най синиқ
Исрофнинг ичиндан силқир бу наво,
Таралар, ҳув, чўккан тоғлардан тиниқ:
Риёлар, ришватлар… Заҳарли ҳаво.

Азон товушини тинглайман оғир.
Туркистон. Қора тун. Шамол ва ёмғир.

2. Айтадир ой дардин булут қўйнида,
Булутлар ҳурпайган, на-да қорадир.
Дорлари муҳаққақ азлом бўннида,
Унутилган, хўрланган халқ борадир.

Рақам қилди менга манфур жаҳолат,
Алам ортган карвон борар мунғайиб.
Уринадир, суринадир, бу ҳолат
Фақат пайдо бўлар ва бирдан ғойиб.
Фасиқалар кўринар сочлари олов,
Ивирсир гумроҳлар кўзи-қўли қон…
Туркистон, Туркистон, мукаррам ялов…
Рад этдимми сени, қолдимми бежон?
Амалим шамълари сўндими, Она?
Тилагим юлдузи тўйдими, Опа?

3. Айрилиқ шамшири бошимда синди,
Борлигим чопилди, ичдим қонимни,
Дунё тарихини ўқиб юкиндим,
Уйқудан уйғотдим Туркистонимни.
Ризқимизни ахир кимларга бердик.
Ахир одам эдик, муҳтож, нотавон.
Улар хирмон-хирмон, биз нушқурт тердик.
Фарёдимиз етиб бормас ҳеч қачон.
Фалокат устига фалокат тутди,
Интиқом, интиқом, дедим, югурдим…
Туркистон, Туркистон, Туркистон ўтди —
Разолат қабринда бош эгиб турдим.
Ай, улуғ тоғларим, ай, шонли Турон,
Токай уйғонмассан, ай қонли Турон!

ТАВБА

1. Додимни эшитгил, қодир Аллоҳим,
Ишқ сенсан, ошиқ ҳам сен, мен қулингман.
Лойиқман қаҳрингга, дўзахим-боғим,
Омонат деворман, ўтман, қулингман.

Рубъи маскун ичра сайёд, ўзим сайд,
Ортиқ мадорим йўқ, воқифсан ахир.
Манглайда ёзилган фармонингни айт,
Даъват қил, гуноҳкор бандангнп чақир.

Иймон бер руҳимга, жисмимга жон бер,
Лойимни қориштир, поклаб бер менга.
Ожиз томиримга покиза қон бер,
Равшан қил, қорамни оқлаб бер менга.

Охират илмидан қил мени огоҳ,
Муродим шаъмини сўндирма, Аллоҳ.

2. Мозийга урилиб синар овозим,
Умр ўтиб борар бенафъ, бенаво —
Наҳотки бу — қўлим? Бу — менинг созим?
Аллоҳдан сўрайман — Нечун бу жафо?!

Жами жудоликлар жонимга етди,
Ол, дейман, Аллоҳим, омонатингни.
«Тавба» қил, — деди Ул, бир Китоб тутди —
Муродинг мустажо, мингил отингни.

Уммонлар йўлингда, жангал йўлингда,
Номаълум ҳар жойда қурилган доринг.
Оламнинг калиди сенинг қўлингда,
Жафо ҳабибингдир, хиёнат — ёринг».

Аллоҳим, лаҳза — мен, сен эрса мангу,
Таскин берганингми, шафқатингми, бу?!

3. Семурғ қушим, подшо қушим, хуш келдинг,
Етти гумбаз, етти водий сарвари.
Васлинг неъматидан баҳравар қилдинг,
Интизор жонингман, йўлсиз, сарсари.

Нола айлаб Семурғ деди: — Эй, бедор,
Чорлар сени биру борим. Бор, Ишон!
Сен фано водийси, Ҳақ қошига бор,
Еру осмон чўкмакдадир бенишон,

Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди коинот.
Набийлар, доҳийлар, шоирлар турди,
Чора, чора, дея сўрдилар нажот…

Аллоҳим, билурсан қай сори кетдим,
Аллоҳим… мен ўлдим… Мен Сенга етдим…

МУНОЖОТ

1. Ишқ сенсан, ошиқ ҳам сен, мен қулингман.
Лойиқман қаҳрингга, дўзахим — боғим,
Омонат деворман, ўтман, кулингман.
Рубби маскун ичра сайёд, ўзим сайд,
Ортиқ мадорим йўқ, воқифсан аҳир.
Манглайда ёзилган фармонингни айт,

Даъват қил, гуноҳкор бандангни чақир.
Иймон бер руҳимга, жисмимга жон бер,
Лойимни қориштир, поклаб бер менга.
Ожиз томиримга покиза қон бер,
Равшан қил, қорамни оқлаб бер менга.
Охират илмидан қил мени огоҳ,
Муродим шамини сўндирма, Оллоҳ.

2. Мозийга урилиб синар овозим,
Умр ўтиб борар бенаф, бенаво —
Наҳотки бу — қўлим? Бу менинг созим?
Оллоҳдан сўрайман: — Нечун бу жафо,
Жами жудоликлар жонимга етди,
Ол, дейман, Оллоҳим, омонатингни.
Тавба қил?- деди ул, бир Китоб тутди —

Муродинг мустажоб, мингил отингни,
Уммонлар йўлингда, чангал йўлингда,
Номаълум ҳар жойда қурилган доринг.
Оламнинг калиди сенинг қўлингда,
Жафо ҳабибингдир, хиёнат — ёринг?..
Оллоҳим, лаҳза – мен, сен эрса мангу,
Таскин берганингми, шафоатингми бу?!

3. Семурғ қушим, подшо қушим, ҳуш келдинг,
Етти гумбаз, етти водий сарвари,
Васлинг неъматидан баҳравар қилдинг,
Интизор жонингман, йўлсиз, сарсари.
Нола айлаб Семурғ деди: — Эй бедор,
Чорлар сени Бируборим. Бор. Ишон.

Сен фано водийси, ҳақ қошига бор,
Еру осмон чўкмакдадир бенишон.
Ваҳший дунё, қонҳўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди коинот,
Набийлар, доҳийлар, шоирлар турди,
Чора, чора!, — дея сўрдилар нажот…

Оллоҳим, билурсен қай сори кетдим,
Оллоҳим… Мен ўлдим… Мен сенга етдим…

БАРНО БОНУ

1. Бир замон фалакнинг кўзлари сўнди,
Аста қора кийди мудраган жаҳон.
Руҳимнинг асрлик музлари синди,
Нимадир бўғзимни кесди беомон.
Отилдим, номаълум, қоронғу нигоҳ,
Биров қулоғимга совуқ шивирлар.
Азиз бир товушни эсладим ногоҳ,
Рангин овоздир бу, гўзал ғимирлар.
Нақадар гўзалдир бу чиркин товуш,
Оҳанг вужудимни чирмади буткул,
Бўғилдим, инградим, титрадим беҳуш,
Ожиз баданимга суйканди бир гул.
Надир бу?! Қўлимда қора лоладир,
Ул кўздан ғойибдир, тирик ноладир.

2. Бош эгди қоялар, тоғлар чўкдилар,
Ахир қисмат парчин, хилқат бешумор.
Ромиллар, даҳолар борин тўкдилар—
Наҳот, мангулик йўқ, фано—манзил бор.
Оғир-огир одимлайдир бу карвон,
Буюклар омонат, пастлар омонат,
Афсуслар омондир, хиёнат омон,
Радди бало бўлгур каслар омонат.
Нечун бошим узра қора шамоллар,
Осмонда игнадек нур йўқдир, нечун?
Балки судрар мени мудҳиш хаёллар,
Очғил кўзларингни, эй сўнгсиз очун,
Нақадар ғарибсан, борми бир сўзинг?
Учиб кел, малагим, мадад бер ўзинг.

3. Эй, дил, ором надир? Кечдинг дунёдан,
Кўзинг қонли, бағринг сомон—янчилдинг.
Сен қўрқмадинг ҳақиқатдан, бу ёвдан,
Хиёнатнинг ботқоғига санчилдинг.
Тангритоғдан ваҳий келди, қайрилдим,
Олтинларга — темирларга босдилар.
Мен билмадим, сен билмадинг, айрилдим,
Оёғимдан ҳақ дорига осдилар.
Изғирин Турондан, тўфонлар Чиндан,
Ёмғирли ёлғизлик, ғубор ичиндан,
Муножотлар қилдим, қақшаб сиғиндим.
Шафтолиранг олам найза учинда…
Дунёлари ёлғон, мен ўлдим чиндан…
Барно Бону, сизни аччиқ соғиндим.

МУНАЖЖИМ

Сен менинг эркимсан, менинг қафасим.
Асқад Мухтор

1. Маъсума бинафша япроқларида
Ўзинг юз кўрсатдинг. Маъсум боқурсан.
Телба юрагимнинг сўқмоқларида
Азобимнинг чақмоқларин чақурсан.
Баҳорнинг ўткинчи, гизли сирлари
Аниқ нишон олур, ўчар нафасим.
Ростин айт, ёлғон де бу гаплар бари,
Менинг эрким сенсан, менинг қафасим.
Ўғри уриб куйган кулбам сочилган,
Тақдирнинг ўйини чексиз нақадар.
Аммо йўлларимда бир боғ очилган
Бахтдан, бахтсизликдан бермоқда хабар.
Ажалнинг ўроғи мангу осилган
Ранжу маломатдан асрар бу мақбар.

2. Мунажжим кўкларга термулар ҳайроп,
Ўлмас Ҳақиқатнинг каломин айтар.
Таскин излар йиғлаб, вужуди вайрон,
Аламзор боғига эзилиб қайтар.
Беҳуда, дунёнинг кибру ҳавоси.
Ачинмакка арзимайдир шайтанат.
Разил олимларга, сотқин, ҳаёсиз
Маддоҳ шоирларга тўлган салтанат.
Ўртада талошдир кечмиш ва бу кун
Тупроқ сочар, инграр, қўлтиғида тиғ.
Ахир ҳақиқат бор, валвала нечун?
Бунча осмон йироқ, бунча ер қаттиқ?!
Ақлу ҳушдан айро, вола мунажжим,
Рад бўлмиш оламдан кўзин юмди жим.

3. Муҳаббат не ўзи? Надир садоқат?
Ўзингдан минг бора сўрарсан ўзинг.
Титраб тоқатингга тиларсан тоқат,
Айтурсан хилқатга илоҳий Сўзинг.
Бу дунё барчадан қолур бегумон,
Армон саҳроси бу, алам чўли бу.
Руҳингни сўндирма, Аллоҳга инон,
Мадад бер ўзингга, иймон йўли бу.
Ўлим каби ҳақдир бу—муҳаббат, бас,
Танҳо сени дея дунёлар кездим.
Айирма Борлиқдан мени бир нафас
Буздим танизорим, кўзимни эздим.
Акс-садо берди фалакда оҳим,
Рақибимга омонлик бер, Аллоҳим,

СЕНСИЗ

1. Совуқ. Атроф темир. Қўлимни очдим,
Елкамда чатнади қайноқ қўрғошин…
Вайрона қаъридан кўкларга қочдим —
Арзонга олдилар Мажнуннинг бошин.
Раҳмсиз оломон, сизга не керак?
Англадим, жисмимни, руҳимни боғлар.
Ваҳий келди менга, чирпанди юрак
Акс-садо берди муқаддас тоғлар.
Фароғат зирваси. Олам—билгисиз,
Охири сен келдинг. Хаёлга толдинг.
Водий оғушида сўзсиз, белгисиз,
Аста одимлар-ла кўздан йўқолдинг.
Фақат қайга кегдинг, қайларда қолдинг,
Оҳ, қандай яшайман сенсиз-севгисиз.

2. Соҳилда бир ўзим. Денгиз қоронғу.
Елкансиз кеманинг ичинда шубҳам.
Ваҳима шивири, бўғзимда оғу,
Ақлим бир фалокат сезадир мубҳам.
Рангги ўчган осмон хунук ғулдирар,
Аччиқ чирқирайдир номаълум бир қуш.
Ва ёнимда қонли булоқ чулдирар,
Атиргуллар, сенинг гулларинг беҳуш.
Феруза, зумуррад гулларинг пайҳон.
Оҳ, тушдинг кемадан. Карнай чалдилар,
Ва кўзга кўринмас қўллар шу замон
Агдардилар мени, кишан солдилар.
Фарёдим ичимда, отма гулингни…
Отма, ёлғизликдан—бахтли қулингни.

3. Сўлдирма гулингни, илоҳим, ёнсин,
Еру осмон кўрсин кўз юммай бедор.
Вақт—улуғ ҳакам. Руҳинг уйғонсин.
Асрий умидим—Сен. Сен борсан. Ссн—бор.
Ровийлар не учун? Ҳақ ва Ҳақиқат!
Асирлик занжирин парчалаб ташла.
Вужудингни ёқсин аламли фикрат,
Аён ҳақиқатга, ҳақ йўлга бошла.
Фурсат ўтмакдадир. Вақт бу—беомон,
Омонат дунёда омонат одам —
Виждон шеваси бор, меҳроби иймон —
Асл инсонларин чорлайди бу дам.
Фалакка саичилиб қолгаи кўзим бор,
Оловлар, чаманлар ичра ўзим бор.

1994

(Tashriflar: umumiy 61, bugungi 1)

Izoh qoldiring