Rauf Parfi. She’rlar.

4456
Рауф Парфи Ҳамлету Отелло тўғрисида ёзганда ҳам, Байрон ва Егише Чаренцга мактуб битганда ҳам, Тҳакур ва Вейденбаумга назира битганида ҳам Туркистон ва туркийларни, Ўзбекистон ва ўзбекларни ёзарди. Рауф Парфининг 1981 йилда ёзиган ва ўша замонда чоп этилган «Муктибодҳ дуоси» аталган шеъри гўё Ҳиндистон мавзуида. Аммо ундаги ташбиҳ ва тасвирга эътибор қилинг:

Токай шундоқ қолур муқаддас бу ер.
Кундуз талвасада, кеча жон узган,
Сўқир вужудларнинг шаҳпарлари йўқ,
Руҳ – ташлаб кетилган уй каби тўзган,
Кўз – туман пинжида сўнаётган чўғ.

Сўнг тасвир яна ҳам қуюқлашади, сатрлар ҳукмдай жаранглайди: «Юракнинг энг чуқур қоронғусида Қор ичра беркинган сингари қўрқув. Ул бўшлиқ, бемантиқ меҳроб имдоди, Ундан ўлим ҳиди гуп этиб урар, Умиднинг, илҳомнинг, гулнинг жаллоди, Қонли қиличини сермаб югурар». Ахир бунда «Токи пул, амалдир ҳукми ом чиндан, Ахлоқ есирликда, имон қолгай тул, Нафосат – бир латта, этик ичинда, Кўрки, инсонликнинг қиммати бир пул!»
(Абдулкарим Баҳриддиннинг «Рауф Парфи: Мен куйиниб сўзлайман,холос…» мақоласидан.)

099

ТАГОР ВА СРАБОН ЁМҒИРЛАРИ

Срабоннинг кўлкаси фироқ, совуқ…
Тагор

Шоир, чатака қуш уйғотди сени,
Паришон ёмғирлар ичра паришон.
Омонлик излайдир срабон сели,
Бир Ватан сўрайдир ғариб срабон.

Шоир юрагини очди ва ёмғир
Сўзларга айланди, ҳар недан жудо.
Ухлаб ётганларни уйғот, эй шоир,
Йўқса уммонларни тўнкарар худо.

Ахир ҳақиқатга эрк ҳам керак-ку…
Мандарда тангрилар ёвуздир ахир,
Бўрон кўзларига келмайдир уйқу.

Вайтаран тўғони доимо ҳозир…
Ёмғирларга чўкиб яшади шоир.
Урён юрак билан мангу қолди у.

1973

ТҲАКУРНИНГ ОХИРГИ ШЕЬРИ
(7.05.1941)

Айролиқ кунидир туғилган куним…
Робиндранатҳ ТҲАКУР

I. Соҳир Саравасти! Надир бу ақлим,
Надир тану надир дилу надир жон?
Бу қандай каҳкашон? Бу қайси иқлим?
Алдандимми туғилиб? Ростми? Ё ёлғон?..
Эй менинг паришон, эй шўрлик халқим,
Бағрим, қачон туғиласан, сен, қачон?!

Қрайиб тиркашар ўз музтар кўлкам,
Изиллар сўзимнинг маьюс жарангги.
Визиллар музларга бурканган кўклам,
Очиқ поёнларнинг баёнсиз рангги.

Совуқ қоронғунинг оппоқ садоси,
Бўғзимда бўғилар мусиқам, уним.
Ажр саҳаридир, ҳажр саҳроси,
Ал-видо кунимдир, туғилган куним.

II. Ай сен, она халқим, лойларга ботдим,
Пилла ҳаловатнинг ғилофидан чиқ!
Сўйилган сағримга заҳролуд қотдим,
Камолот сўқмоғи нақадар аччиқ.

Тириклар! Ёндирманг эски маьвони,
Сувларга бостирманг. Сизсиз ҳам битар.
Ҳавони қизғонманг, озод ҳавони,
Тупроқни булғаманг! О, Шива, етар!

Ерга қўйинг мени. Онамдир тупроқ,
Тобиниб ўпайин онамнинг изин.
Онамнинг юзини, ой юзида доғ.

Яшин беринг менга, чатнайин ўзим,
Менга денгиз беринг, дарёлар урфоқ,
Нафас беринг менга, берингиз Сўзим.

III. Изғирдим саргардон мен сизни излаб,
Товонимни тешди срабон, ёмғир.
Ўзимни лаьнатлаб, сизимни сизлаб
Ўлмай туриб ўлдим, сиз учун охир.

Ёниб айтдим, чексизликнинг чеки бор,
Чексизликнинг чекларига етармен.
Мендан рози бўлинг, тириклар, дўст-ёр,
Бир чимдим меҳрингиз олиб кетармен.

Менинг соғинганим қайларга кетди?
Тамом! Бор-йўғимни совуриб бўлдим,
Ўлимим соғинган додига етди.

Агар мен Коинот бўлсам, Мен – Тўлдим.
Хайр, хайр энди! Биз кетдик? Ул кетди?
Мен букун туғилдим. Мен бу кун ўлдим.

IV. Ўзимни топканда сизни қидирдим,
Унутдим ўзимни, топдим еримни.
Мен сизга бир дунё, дунё қолдирдим,
Мен сизга қолдирдим қонли шеьримни.

Сафарим олдидан яна ўйладим,
Начора, қарзларим кўп эди,эсиз.
Йаманинг руҳига сокин сўйладим,
Уёқларда қайндай яшайман сизсиз?

Ўғри ташлаб кетган бир тугин молим,
Мен ортиб кўчмасман, сизга бу тугин.
Сизсиз уёқларда не кечар ҳолим,

Сиз бор нарса йўқ. Томирда тугун,
Юзингизда кўрдим Аллоҳ жамолин.
Охирги сафарим. Мен туғилган кун.

2003

* * *

Тирик ўликзорга сен учун келди…
Робиндранатҳ ТҲАКУР

Шоир, Илҳомнинг бир қўлида ханжар,
Бир қўлида порлар зумуррад маржон.
Қоқар вужудингнинг эшигин, очар.
У сендан мурувват кутмас ҳеч қачон.

Кўзларингнинг дарчасини очадир,
Танингга тўлдирар англанмас ғулув.
Сени фалакларга тортиб учадир,
Борлиқни сен бирла ютмак истар у.

Ўлимнинг қоронғу қаьридан келар,
Юрагингга кирар сувайдо каби.
Сенинг журьатингни Аллоҳдан тилар,
Сенинг жасоратинг унинг матлаби.

Ярим дунё унга керакмас фақат,
Бутун коинотни забт этмаги шарт.

2003

001
002
003

«Муктибодҳ дуоси» шеъридаги тузатишлар Рауф Парфи қўли билан қилинган.

Айрим сўзларга изоҳлар:

Саравасти – Фан ва санҳат илоҳаси
Шива — Бунёд ва барбод маьбуди
Срабон – Тинимсиз ёмғир ёғадиган ой
Йама – У дунё, ўлим маьбуди.

 

(Tashriflar: umumiy 118, bugungi 1)

Izoh qoldiring