Risolat Haydarova. Uchinchi bashorat.

055
Рисолат Ҳайдарова сўнгги йилларда ўзбек  китобхонига тарихимизнинг шукуҳли ва фожиалари мавсумлари ҳақида ҳикоя қилган «Учинчи бшорат» ҳикояси ва «Жавзо» романини тақдим этиб, кўпчиликнинг диққатини тортди. Атоқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад бир суҳбатида эътиборли асарлар ва муаллифларни номма-ном санаб, улар қаторида «“Учинчи башорат” ҳам айтиб  ўтган  ва  самимий ҳаяжон билан   тилга олинган ижодкорлар, шу жумладан Рисолат Ҳайдарова  тураржойини қўлида гулдаста тутиб излаб боришга тайёр ҳолатга тушганини айтиб, «Бугунги кун адабиётимизда мана шундай бадиий кашфиётлар юз бераётганидан самимий қувонганларимни ҳеч қаерда яширмайман» деб ёзган эди.

033
Рисолат Ҳайдарова
УЧИНЧИ БАШОРАТ
Тарихий ҳикоя
075

rasad  Мовароуннаҳрда саратон иссиқлари авжга чиққан пайт. Саҳарги салқинлик кўп ўтмай кундузги жазирама билан алмашади. Қуёш гўё одамзод, наботот ва ҳайвонот оламини ўз қудратига яна бир бор ишонтиришга қасд қилгандай… Бутун борлиқ, ҳатто шамол ҳам нафас олмай қотган каби.

Уч ошёналик муаззам расадхона ичи салқин. Яқинда қурилиши якунлангани боис бино ичида ганч ва бўёқ ҳиди анқийди. Хоналарнинг аксарияти ҳали бўш, оёқ босган сари қадамлар акс-садо беради.

Расадхона зиналаридан оппоқ ипак яктак устидан кенг, енгил шоҳи чакмон кийган ўттиз ёшлардаги йигит юқорилайди. Йигит эгнидаги кийимларнинг ёқа ўйиқлари ҳамда елкаларида нозик чокли безаклар кўринади. Бошига ўралган ихчам оқ дасторида ёнғоқ катталигидаги шаффоф тош ярқирайди. Бу йигит Эрон ва Турон хоқони, темурийзода Шоҳруҳ Мирзонинг тўнғич ўғли ҳамда ишончли ноиби, Мовароуннаҳр ва Туркистон ҳукмдори Мирзо Улуғбек эди. Улуғбек ортидан шогирди Али Қушчи эргашади.

– Алоуддин Али, – деди Мирзо Улуғбек, – эртан оқшомга мавлоно Муҳаммад Ардистонийни расадхонага таклиф этдим. Биласен, бир мунча вақт аввал у киши билан бир важдан баҳс этиб қолган эдик.

Али Қушчи устозининг кейинги сўзларини кутиб сукут сақлади. Чунки Мирзо Улуғбек бирон баҳсталаб мавзу ҳақида сўз кетганда ўз-ўзи билан мушоҳада юритаётган каби ярим овозда сўзлар, Али Қушчи шу одатини яхши кўрарди.

– Мавлоно Ардистоний рамл илмида соҳиби камол эрурлар, – дея сўзини давом эттирди Улуғбек, – аммо мен у киши тақдири азал борасида бир оз муболаға қилурлар, деб ўйламоқдамен. Оллоҳ ўз бандалари руҳига жисм бағишлар экан, дорилфанодаги умри учун ўлчов ҳамда вазифа ҳам ато этгай. Бу барҳақ рост. Аммо ҳамма ҳодисот фақат тақдири азалда битилган бўлса, инсонга нечун заковат ва идрок, шуур ва иқтидор берилмиш? Оллоҳ инсонни шу қадар суйиб, унга иқтидор ва истеъдод берар экан, уни тақдир олдида ожиз этиб қўймоғи мумкин эмас! Мен инсон дунёга бежиз келмас ва беиз кетмас деб билурмен.

Улуғбек учинчи ошёнага олиб чиқувчи пиллапоя адоғида тўхтаб, ортидан келаётган шогирдига қаради:

– Нечун индамайсен, мавлоно?

Али Қушчи кулимсиради:

– Устод, ўзингиз айтар эдингизким, фаразнинг муболаға эмаслигини исботламоқ учун синов лозимдур. Аммо мавлононинг сўзлари борасида илми синов иложсиз. Шундоқ экан…

Улуғбек қўлини кўтариб, шогирдининг кифтига қоқди.

– Балли, Алоуддин!

Кейин кулиб юборди:

– Илми синов иложсиз дегин? Аммо иложсиз нимарсанинг ўзи йўқдур!

Али Қушчи устози нима сабабдан кулганини тушуна олмади. Улуғбек эса миясига келган фикрдан лаззатланган мисол яна бир бор кулди. Сўнг ёш мударрисни ортидан келишга ишора қилиб, ичкари кирди.

– Ўн кунлардан кейин асад кирур, – деди Улуғбек, – бу йил Дубби Акбар айни асад пайтида эгилма авж бўйлаб кўринур. Янги устурлобнинг таглиги кечикиб қолмайдиму?

– Устод, фақир уста Муҳаммадқули ила сўзлашдум. Тагликни уч кунлар ичида битирамен, деб айтди. Нуқсон чиқмаслиги учун унинг кўзи олдида паркор билан қайта бошдан ҳисоблатиб кўрсатдум.

– Балли!

Улуғбек йўлак бўйлаб юраркан, расадхона деворларига юзинчи мартадир, суқланиб қаради. Учинчи ошёнанинг қоқ ўртасида, супача устида бўз матога авайлаб ўралган нимадир кўринди. Супача пастида икки ёш йигит – дурадгорлар қўлларида қирраси ярқираган теша, сувоқчиларнинг кичкина ҳавозасини пастга ётқизганча бўлаклашар эди. Улуғбек ортига қайтди. Али Қушчи яна унга эргашди.

Ҳовли саҳнида кун қизиғига қарамай одам кўп эди. Саҳн ўртасига улкан супа ясалган, атрофларда яна ўнларча кичик супачалар кўзга ташланар эди. Мешкобчилар супалар устига кўлоблатиб сув сепадилар, бозордан олиб келинган мардикор хизматчилар расадхона дарвозасидан бўйралар, гиламлар кўтариб кирадилар. Саҳн юзасида уч қават белбоғини айлантириб боғлаган девқомат ишбоши хизматлар тўғри адо этилишини назорат қилиб боради. Ора-сира қисқа буйруқлари эшитилади. Ҳовлига олиб чиқувчи эшик ёнида турган посбонлар ҳукмдорни кўришлари билан ғимирлаб қолишди. Ясовуллардан бири ҳукмдорнинг отини етаклаб келди. Иккинчиси уни отга миндиришга чоғланди. Ҳовлидаги хизматчилар таъзимга эгилишди. Улуғбек эса одамларнинг шошиб қолганига беэътибор, ясовул ёрдамида отга минди. Ва посбонлар қуршовида дарвозадан чиқди.

Бино ҳовлисидан ташқаридаги кенг майдонга ўчоқлар қазилиб, дошқозонлар ўрнатилган, бўз матодан тортилган улкан соябон тагига, текис ерга ташланган бўйралар устида кигизлар тўшалган, уларда элликка яқин киши ўтириб сабзи тўғрар эди. Катта давра ўртасидаги дастурхонда сап-сариқ сабзи уюми. Дошқозонлардан нарида енгларини шимариб олган чайир қассоб ўрик дарахтига осилган таначанинг терисини шилиб тушириш билан овора. Мирзо Улуғбек расадхона қурилиб битгани шарафига элга ош беришга қарор қилган, расадхона ҳовлиси, кенг майдондаги ҳаракат – ҳаммаси эртаси наҳорга ёзиладиган дастурхон учун эди.

Али Қушчи отлиқлар узоқлаб кетгунча қараб турди. Кейин Муҳаммад Ардистоний билан бўлажак суҳбат ва мунозарани ўйлаганча ичкари кирди.

* * *

Мирзо Улуғбек халойиқни одатдаги қилар ишидан чалғитмаслик мақсадида доимо Самарқанд кўчаларидан иложи борича тезроқ ва дабдабасиз ўтиб кетишга ҳаракат қиларди. Чунки баъзи аъёнлар ҳар бир кўчага чиқишини асъасага айлантириш, шу баҳона ёнида кетаётганларини оломонга кўрсатиб олишга интилишар, бу эса ғашини келтирар эди. Шу сабаб бугун ҳам у шитоб юриб Кўксаройга келди. Саломхонага кирмай, ўнг томондаги салқин хоналардан бирига ўтди. Бу хона деворларидаги чизма нақшларнинг ҳаво ранг жимжималари орасида майда оқ ғунчалар тасвири кўринади, шифтда осмон ва беғубор булутлар ранги уйғун, даричаларда оппоқ дарпардалар, товланади. Мирзо Улуғбек кўпинча шу ерда ором олишни, янги рисолалари ҳақида мушоҳада юритишни, чигал масалалар устида бош қотиришни хушларди. Шу сабаб сарой аъёнлари бу хонани ўзаро “гўшаи мушоҳада” деб аташар эди.

Улуғбек эгнидаги чакмонини ечиб эшик ёнидаги деворга ўрнатилган нақшдор қозиққа илди. Кейин дарича рўбарўсига ташланган ипак кўрпачага чўзилди. Ва беихтиёр Али Қушчининг сўзларини ўйлаб кетди. “Мавлоно Ардистонийнинг фаразлари борасида илми синов иложсиздур…”

Дарҳақиқат, заминдаги ҳаёт силсиласи юлдузларга боғлиқ. Яратганнинг амри бешак-шубҳадур. Аммо инсон ҳаётида не мазмун мавжуд? Тақдири азал борми? Бор бўлса, у ҳолда саъйи-ҳаракатлари боиси не? Наҳот одам бир умр яшаб, неларгадур интилиб, курашиб, меҳнат қилиб, жанг қилиб топгани фақат тақдири азал бўлса?

Агар мавлоно Ардистоний билан бўлган ўша суҳбат-у, ўзининг ҳазил илтимоси бўлмаса, Улуғбек балки бу ҳақда ўйламаган ҳам бўларди. Мана, орадан беш йил ўтибди, у эса ҳамон ўша воқеаларни унутолмайди.

* * *

Ўшанда илк баҳор, қиш изғиринлари илиқ шабадаларга ўрин бера бошлаган пайт эди. Мадрасанинг иссиққина кутубхонасидаги сабоқ ниҳоясига етган, одатда ҳукмдор дарс ўтгандан кейин муллавачча ва мударрислар учун бериладиган зиёфат тугаган, Али Қушчи устози ва мавлоно Муҳаммад Ардистоний ўртасида бошланган суҳбатга беихтиёр қулоқ солиб пастроқдаги кўрпача устида сукут сақлаб ўтирар, вақти-вақти билан содда нақшлар ила зийнатланган пиёлаларга кўзачадан илиққина олма шарбати қуйиб узатар эди.

– Ҳазратим, башорат рост келувига бир неча сабаблар бўлур, – деярди мавлоно, – бирламчи, инсон атрофидаги ҳаёт силсиласи ва муҳит башорат ўнгдан келмоғига шароит яратур. Иккиламчи, ҳодисотлар узвийлиги борким, бу ҳам башоратни ўнг келтирур.

– Давом этинг, мавлоно, – жилмайди Мирзо Улуғбек, – бунда башорат эгасининг иштироки бўлмасми?

Мавлоно дангал жавоб берди:

– Иштироки бевосита ва… билвосита бўлур.

– Яъни?

– Яъни… инсоннинг ўзи юз беражак ҳодисотларга бевосита сабаб бўлур. Баъзан эса одам содир бўлажак воқиётни ўзи яратадур!

– Воажаб! – Улуғбек қўлидаги пиёлани қисимлаб ўйга толди. Кейин эса кулимсираб сўради: – Мавлоно, меним учун фол очиб кўрмайсизми?

Ардистоний соқолини тутамлаб ўйга толди. Кейин ботинмайгина деди:

– Ҳукмдорлар ҳаётидан фол кўрмоқ салтанат тақдиридан башорат қилмоқ ила тенгдур, кўрагон.

– Йўқ, сиз меним салтанат ила боғланмаган ишларимдин фол кўрингиз!

Ардистоний кулиб қўйди. Кейин Али Қушчига қаради.

– Кўролмасман, бунда учинчи киши бор!

Улуғбек қўл силтади:

– Мавлоно, Алоуддин Али меним учун чет киши эмас! Айтаверингиз!

Ардистоний тасбеҳини қўлига олди. Шивирлаб дуо ўқиди ва киссасидан юпқа дафтар чиқарди.

Улуғбек юраги гурсиллаб, мавлононинг мош-гуруч соқолига, қовоқлари усти ва кўз тагини қоплаган майда ажинларга, пешонасининг ярмигача тушиб келган қаймоқранг дасторига, шивирлаётган қонсиз лабларига тикилди.

– Яқин кунларда кўрагон ҳаётида иккита нохушлик юз бергай, – деди ниҳоят мавлоно, – кўз очиб кўрганидин айрилгай, севганидин ажралгай. Биринчи воқеа иккинчисига сабаб бўлиб, оқибатда кўрагон ёлғиз қоладур.

Улуғбек кутилмаган башоратдан гангиб қолди. Чунки у икки йил олдин ўлган ўғли Ибодулла Мирзо ўрнига ўғил туғилиши каби башоратни кутган, ҳатто мана шу каби сўзларни эшитса, мавлонога қандай тақдирлов бериш тўғрисида ўйлаб ўтирган эди.

Ардистоний Улуғбек сукутидан хавотирга тушиб қолди.

– Магар кўрагон билвосита сабабкор бўлмасалар, балким, иккинчи башорат амалга ошмас! – деди секин.

– Аммо биринчиси бешак амалга ошадур?

– Шундоқ!

Ўртага сукут чўкди. Ниҳоят Улуғбек:

– Майли, ўлмаган қул барини кўрадур, – деб шивирлади.

Шу куни Али Қушчи:

– Устод, мавлононинг сўзларидан бу қадар мутаассир бўлдингиз. Балким ушбу башоратлар тўғри чиқмас? – деди.

– Алоуддин Али, мен бунга ишонганим йўқ. Киши ўз кўнгли ила ажраша оладурми? Бу ишни осон деб биласенми? Йўқ! Иккинчи башорат рост келмоғи учун меним дилимни ларзага келтирувчи ва кўнглимни ажрашувга даъват этувчи бир куч лозим. Бундоқ куч мавжуд бўлишини ақлимга сиғдиролмасмен! Ахир бу даъватга ким журъат эта олур?

Аммо, ажаб, шундоқ куч бор экан!

* * *

Малика Ўги беги Хоним хасталаниб қолди. Сарой табиби айтган ташҳис бир қарашда хавотирли эмасди. Малика баҳорнинг алдамчи қуёшига ишониб шамоллаган эди. Аммо хасталикнинг учинчи куни кутилмаганда иситма тутди. Тўртинчи куни эса кекса табиб ҳукмдор ҳузурида қалтираганча бош эгди:

– Маҳди улёнинг сиҳатлари хавотирлик, олампаноҳ. Пойтахтдаги маъруф табибларни чорлаб, машварат этиб кўрдук. Гумонимизча, дарди зотилжамдур.

– Тақсир, зотилжамнинг давоси мушкулми? – сўради Мирзо Улуғбек.

– Олампаноҳ, зотилжамни даволаб бўлур. Аммо фақирларингиз қўрқамизким, Маҳди улёнинг эски дарди – бод ўз ҳукмини ўтказмоқда…

Мирзо Улуғбек шу куни Ўги беги Хонимни кўргани ҳарамга кирди. Малика йигирма бир ёшга тўлган бўлса-да, ўз ёшидан каттароқ кўринарди. Ёш аёлнинг ранги хасталик боис синиққан, кўзлари остида кўкиш халтача осилган, лаблари иситма зўридан порсиллаб ёрилган, иккала қоши ўртасида кўндаланг тушган иккита чуқур чизиқ кўринади, қорачиқларида ҳасрат ёнади, кўрпа устига беҳол ташланган қўлларида титроқ сезилади. Улуғбек беморни кўрибоқ юраги эзилиб кетди. Тўшак ёнига ўтириб, маликанинг кўм-кўк томирлар бўртган озғин билагига қўлини қўйди.

– Оллоҳ шифо берар, хоним, – деди, – табиблар дардингизга даво бор демоқдалар.

Ўги беги Хоним ҳолсизгина жилмайди:

– Табиблар албатта таскин берарлар…

– Нечун ундоқ дейсиз? Киши ҳамиша умид ила яшамоғи лозимдур. Бу хасталик бедаво эмасдур, хоним. Қизалоғимиз Ҳабиба Султонни ҳам ўйлангиз.

Аёл ич-ичидан тошиб келаётган хўрсиниқни босмоқчи бўлгандек қўлларини кўкраклари ўртасига босди. Кўзларида ёш ялтиллади. Кейин ҳукмдор қўлларини ботинмайгина силади.

Мирзо Улуғбек шу куни маликанинг кўнглини ёзишга аҳд қилди: янги қурилаётган хонақоҳи ҳақида сўзлади, ўзи кўрган ва бошқалардан эшитган қизиқ воқеаларни айтиб берди. Ўги беги Хоним жон қулоғи билан тинглади. Кечга яқин Улуғбек ўрнидан қўзғалди. Малика кўзларида табассум билан:

– Руҳимда ажиб енгиллик, – деди, – сўзингиз рост, ҳазратим, меним дардимга даво бордур. Ҳабиба Султонни ҳам ўйламоғим даркор.

Аммо эртаси маликанинг аҳволи кескин ёмонлашди. Икки кундан кейин эса узилди.

Қабрга тупроқ ташланаётган чоқ Улуғбек бирданига мавлоно Муҳаммад Ардистоний айтган башоратни эслади. “Ажаб, – ўйлади у, – биринчи башорат рост келди. Аммо унинг ўнг келувига нелар сабаб бўлмиш? Муҳитми, ҳодисотлар узвийлигими ва ёхуд кишиларнинг бевосита ё билвосита иштирокими? Наҳот мавлоно ҳақ? Энди иккинчи башорат не бўлур?”

Беихтиёр юраги музлаб кетди, ранги бўзариб кетганини кўрган амирлардан бири қўлтиғидан олди.

* * *

Ўги беги Хоним Улуғбекнинг кўз очиб кўрган хотини эди. Бобоси соҳибқирон Амир Темур Шому Рум юришидан кейин Конигилда катта тўй бериб, набиралари Ийжал, Сайди Аҳмад, Пирмуҳаммад ва Бойқаро Мирзоларни уйлантириб, ўн бир ёшли Улуғбек ва Иброҳим Султонларни унаштирган эди. Шаҳзода етти ёшлардаги олд тиши тушган, соч ўримлари диккайган, озғингина қизчани кўрганда кулиб юборай дегани эсида. Укаси Иброҳим Султон енгидан тортқилагани ҳам кечагидек ёдида турибди.

– Келинчакларимиз хунук экан! – деганди у, – қаранг, меникининг иккита тиши йўқ.

– Етти ёшда ўзимизнинг ҳам тишларимиз тушган эди-ку, ёдингда йўқми? – деди Улуғбек.

– Қизларнинг ҳам тиши тушадими? – дея астойдил ҳайрон бўлди Иброҳим.

Улуғбек ўзини тутолмай хахолаб юборди.

Орадан олти йилга яқин фурсат ўтгандан кейин Улуғбек тўй-томоша билан Ўги Беги Хонимни никоҳига олди. Тўй оқшоми келинчакка аталган кўшкнинг мармар зиналаридан кўтарилар экан, бир вақтлар Конигилда Иброҳим Султон айтган сўзларни эслади: “Келинчакларимиз хунук экан. Тишлари ҳам йўқ…” Ва ўзича кулиб қўйди.

Чоғроқ хонада, оппоқ ипак парда панасида турган келинга яқинлашар экан, негадир юраги гурсиллай бошлади. Ўтган йиллар ичида қаллиғи ўзгарганини ақлан тушунса-да, лекин қандай қиз бўлиб етишганини тасаввур қила олмас, ёдида ҳамон ўша тиши кемшик, сочи диккайган, озғингина қизалоқ яшар эди.

Ёдида: келинчак юзидаги оппоқ ҳарир бурқаъни кўтарди. Улуғбек рўпарасида нозик қад, юмалоқ юзларида нафис қизиллик ўйнаган, бодомқовоқ, ёқимтой бир қизни кўрди. Келинчак куёвнинг довдираб қолганини кўриб билинар-билинмас жилмайди ва шу заҳотиёқ юзини четга бурди.

– Чеҳрангизни ўгирманг, – деди шошиб Улуғбек, – фақирдан табассумингизни дариғ тутманг!

Келинчак ийманиб бошини қуйи солди ва эшитилар-эшитилмас:

– Нечун ўзингизни фақир дейсиз, ҳазратим? – дея шивирлади.

– Ахир сиздан биргина табассумни ҳам ўтиниб сўрасам, фақир бўлмай ким бўлурмен?

Ўги Беги ҳайрон бўлганидан кўзларини катта очиб қаради:

– Нечун сизга табассум бу қадар даркор бўлиб қолмиш?

Улуғбек даставвал не деярини билмай қолди. Кейин бир хўрсинди-да:

– Мен… тишларингизни кўрмоқчиман, – деди.

Ўги Беги бу ғалати истакни эшитиб хандон уриб кулди. Шунда қизнинг икки қатор садафдек оқ тишлари кўринди-ю, Улуғбек енгил тортди…

* * *

Ўги Беги олти ёшида отадан етим қолганди. У Амир Темурнинг тўнғич ўғли Жаҳонгир Мирзонинг невараси бўлганиданми, соҳибқирон бу қизчани кичкина Муҳаммад Тарағай – Улуғбекка муносиб кўрган, севимли эвараси ва неварасини никоҳ иплари билан боғлаб, балки ёш кетган фарзанди Жаҳонгир Мирзо, ажал комига бевақт тортилган невараси Муҳаммад Султонлар сабабли дилига тушган жароҳатга малҳам босмоқни тилагандир, шу жажжигина етим қизалоқ балоғатга етганда ёт оилага келин бўлса ўксиб қолмасин дегандир? Ким билсин? Соҳибқирон дилидаги ёлғиз ўзи-ю, яратганга аён…

Ҳар ҳолда Улуғбек бошидан ўтган илк илиқ туйғулар мана шу аёл билан боғлиқ эди. Оталик туйғусини биринчи марта ҳадя қилган ҳам Ўги Беги эди. Мана энди қизчаси етим қолди…

Улуғбек тахтда ўтирганча ғамли ўйларга берилди.

* * *

– Нечун ғамбодасиз, ҳазратим? – Оқ Султон Хон Оғо ҳукмдорнинг иккала кифтини нозик оппоқ қўллари билан силай бошлади.

Мирзо Улуғбек бошини кўтариб қаради. Малика эгнидаги оппоқ ипак кўйлак устидан кийган кумуш ранг зарбоф мунсаги, кумуш иплар билан зийнатланган дурраси, қулоқларидаги катта олмос кўзли балдоқлари билан гўё тун авжида нурларини ёйган тўлин ой каби эди.

– Нечун ғамнок бўлмай, гўзалим? – ҳукмдор хўрсинди, – инсон умри гўёки япроққа қўнган шабнам эмиш. Ялт этармиш-у, ўчармиш.

– Шундоқ экан, ғам чекмоқдан не фойда? – малика ширин жилмайди, – ёким Ўги беги сиз учун суюкли эдими?

– Хоним, ахир Ҳабиба Султон етим қолди!

– Ҳеч бокиси йўқ. Ўги Бегимнинг қизи Гавҳаршодбегим ҳузурида. Онаси бор-йўғини сезмагай ҳам.

Мирзо Улуғбек уятсизларча айтилган сўзлардан лол бўлиб қолди.

– Гўзалим, севгилим дейсиз-у, кундошим учун ғам чекасиз! – деди малика, чиройли қайрилма қошларини чимириб.

– Мен бир она бевақт кўз юмгани учун қайғурмоқдамен, бир гўдак етим қолгани учун ғам чекмоқдамен. Бунда кундошлик ҳақда не сўз бўлиши мумкин, хоним? –– деди Мирзо Улуғбек бўғилиб.

– Мен эса маликангиз суймайдиган бир хотин учун ғам чекишингиздан норизо бўлмоқдамен, – Оқ Султон Хон Оғо “ажаб бўлди” дегандек терс бурилиб олди. Ва эркалаб қучишларини, ширин сўзлар айтишларини кутиб жим қолди. Чунки аввалги пайтлари икки ўртада бирон аразчилик бўлса, Оқ Султон қовоқ солар, Мирзо Улуғбек кула-кула бир-иккита ширин сўзларни айтар, малика бир оз гина сақлаган бўлиб турарди-да, кейин кўнгли эриган каби жилмаяр, ва ниҳоят, ярашиб олишарди. Лекин бу сафар ҳукмдор кўнглига гўзал маликанинг арази ҳам, карашмаси ҳам сиғмади. Малика эса бундан ростмана аччиқланди.

Мирзо Улуғбек шу куни икки ўртада бўлган сўзларни эсласа ҳали-ҳамон юраги зириллайди. Оқ Султон Хон Оғо – Улуғбек севган Хон қизи кундоши ўлимидан шодлигини беҳаёларча изҳор этиб, ҳатто ҳукмдорга шу қадар кинояли сўзлар айтдики, Улуғбек чидай олмай қолди. Ўрнидан даст турди-да, эшикни тепиб чиқиб кетди.

Шу куни у ғазабини босиш учун Кўксарой ортидаги боғ йўлкаларида узоқ тентиради.

Мирзо Улуғбек Оқ Султон Хон Оғога бир кўришдаёқ мафтун бўлганди. Бу қиз сутга чайилгандек юзлари, кескин қайрилма қошлари, қоп-қора қийғоч кўзлари, елкаларига шалола янглиғ тўкилган қуюқ қора сочлари билан эртакларда таърифланган париларни эслатарди. Оқ Султоннинг парилардан фақат биттагина фарқи бор эди. У ҳам бўлса, юрганида қадамидан гул унмас, сўзлаганда оғзидан гавҳар тўкилмас эди. Ва у Қўҳиқофдан келмаган, балки бир вақтлар соҳибқирон номигагина хон қилиб кўтарган мўғил Султон Маҳмудхоннинг қизи эди. Улуғбек шу қизга уйлангандан кейин “кўрагон” унвонига сазовор бўлган, сарой аҳли янги маликани ўзаро Хон қизи деб атай бошлаган эди. Оқ Султоннинг Ўги Бегини ёмон кўришга ҳам ҳеч бир асоси йўқ эди. Ахир Улуғбек унга уйлангандан кейин Ўги Бегини ойлар бўйи эсламаганди! Энди ўйлаб қараса, у сўнгги пайтлар ўз ишқидан кўзи қамашиб, бир мунглиғ аёлга ҳатто марҳамат ҳам кўрсатмаган экан! Ўги Беги – кўз очиб кўргани ойлар бўйи ундан меҳр кутиб яшабдур, меҳрсизлиги учун иддао ҳам қилмабдур, Улуғбек эса оёғи остидаги хокисор севгини сезмай ўтибдур…

Мирзо Улуғбек севимли хотини билан ортиқ бирга қола олмаслигини ақлан идрок этса-да, хаёлидан мавлоно Ардистоний айтган сўзлар кетмас эди: “…Магар кўрагон билвосита сабабкор бўлмасалар, балким, иккинчи башорат амалга ошмас…”

Мана, биринчи башорат рост келди. Иккинчиси амалга ошиши ёки ошмаслиги эса ўз қўлида, демак, малика таъналарига чидаш, беҳаёларча айтган сўзларини унутиш керак! Мирзо Улуғбек бунга қодирми?

Ниҳоят, кун ботиб, баҳорнинг илиқ куни изғиринга ўрин бўшатди. Ҳукмдор бир қарорга келди. Йўқ, биргина башорат рост келувидан чўчиб иккиланиш шаънига тўғри келмайдур!

Саройга қайтиб, ҳузурига шайхулислом Исомиддин ва қозикалон Хожа Мискин жанобларини чорлади. Улар етиб келганда ҳукмдор қарори янада қатъийлашган эди. Лекин сўз бошлаганда товуши ўзига бўйсунмай, томоғи бўғилиб қолди. Шайхулислом ва қозикалон жаноблари тўсатдан дийдорлашув сабабини англашга тиришиб, ҳукмдор оғзига тикилдилар.

– Меним сиз шариатпаноҳ жанобларни чорламоғимдин мурод, – деди Улуғбек ич-ичидан тошиб келаётган титроқни босишга тиришиб, – шаръий манкуҳам, мўғил хони Султон Маҳмудхоннинг қизи бўлмиш Оқ Султон Хон Оғони ҳарамдин эҳрож этмоқ ниятимни билдирмоқ ва ушбу иш юзасидан сизлардан фатво сўрамоқдур.

Шариат пешволари ҳукмдор ўз қарорини изоҳлашини кутиб сукут сақладилар. Лекин Мирзо Улуғбек фақат:

– Мен қарорим қатъий эканига аминмен, – деб қўя қолди.

Ниҳоят, қозикалон Хожа Мискин жаноблари тилга кирди:

– Давлатпаноҳ ўз қарорларига нелар сабаб бўлганини билдира оладиларми? Сабабларни билсак, балки ихтилофни бартараф этмоқ иложи топилар ва талоққа ҳожат қолмас?

– Бартараф этмоқ иложсиз, жаноблар, – деди Улуғбек қатъий, – мен Оқ Султон Хон Оғони талоқ қилмоқ қарорида собитмен.

– Ас-салотин зиллаллоҳу фил-арз! Султонлар оллоҳнинг заминдаги кўланкасидур. Демак, аларнинг амри вожибдур! – деди шайхулислом.

Шу онда Улуғбек юрагидан тошиб келаётган хўрсиниқ аралаш: “Мана, мавлоно яна ҳақ бўлиб чиқмиш, – деб ўйлади, – бу сафар ўзим билвосита сабабкор бўлдум…”

* * *

Мирзо Улуғбек бу қизни биринчи марта Оқ Султон Хон Оғонинг хизматида кўрган ва беихтиёр кулиб юборай деганди. Ўрта бўй, дўмбоққина малак юзларида гўдакларча табассум зоҳир, кўк кўзларида болаларча софлик, ўримга бўй бермаган жингалак сочлари диккайган, хуллас, бутун вужудидан самимият нафаси уфуриб турар эди.

Ёдида: Мирзо Улуғбекни кўриб шошиб қолди ва ҳукмдор ҳузурида сўзсиз таъзим этиш одатини унутиб қўйиб, салом берди.

– Ва алайкум ассалом, – деди Улуғбек.

Қиз олмадек қизарди.

– Исминг нима? – деб сўради Мирзо Улуғбек недир нашъа оғушида жилмаяркан.

– Исмим Руқия, – деди қиз титроқ овозда.

– Руқия? Бундоқ чиройли исмни сенга ким берган, қизалоқ?

Қиз соддадиллик билан елкасини қисди. Улуғбек кулиб юборди.

– Мен малика Оқ Султон Хон Оғонинг янги хос канизимен, – дея шоша изоҳ берди Руқия.

– Ҳа, дуруст, – деди ҳукмдор кула-кула ва хобгоҳга кириб кетди…

Мирзо Улуғбек Руқияни кейин ҳам кўп марта учратди. Қиз уни кўриши билан қизариб, кўзларини ерга тикар, бу эса Улуғбекка гўё шошқалоқ боланинг ширин қилиғидай нашъа қилиб, кулгиси келарди. Баъзан қизнинг самимий сўзларини эшитгиси келиб, уни гапга тутмоқчи бўлар, лекин каниз саволларга аксар қисқа жавоб бериб, тезроқ қочиш пайида бўларди. Мирзо Улуғбек эса ўзича: “Бу қиз бунча уятчан, алҳол бола”, – дея бепарвогина кулиб қўярди.

Шайхулислом ва қозикалонни ўз қароридан хабардор қилган куннинг эртасига Улуғбек ҳарамда Руқияни кўрди. Қиз ўжар кокилларини қизил шол рўмол билан танғиб боғлаган, қўлида кичикроқ қути, боши эгик эди.

Қовоғи солиқ Улуғбек бу соддадил қизни кўргач беихтиёр кўнгли ёришиб, салом эшитмаган бўлса-да:

– Ва алайкум ассалом, – деди.

Руқия чўчиб кетди ва бошини кўтармаёқ таъзимга шошилди.

Мирзо Улуғбек кулиб юборди:

– Ҳа, Руқия қиз, ассаломни еб қўйибсиз-да!.

Шу асно канизнинг кўзлари қизариб шишганини кўрди.

– Не бўлди, қизалоқ? Сени ким йиғлатди?

– Ҳазратим, мен ҳам Оқ Султон Хон Оғо ила ҳарамдин кетаменми? – сўради қиз титраб. – Ахир мен унинг канизиман-ку!

– Сен кетишни истамайсанми? – деди Улуғбек ҳайрон бўлиб.

– Истамаймен!

– Нечун?

Қиз гўё ўлимни бўйнига олган кишидек кўзларини чирт юмди ва тезгина:

– Магар кетсам… сизни кўролмасмен! – деди-ю, қочиб кетди.

* * *

“Руқия қиз бунча уятчан десам, сабаби бор эркан-да! – ўйлади Мирзо Улуғбек, – Э, қизгина-я! Улуғбекка шайдо бўлган соддадил қизалоқ… Бу дунёда севилмоқ осон, аммо севмоқ осон эмас…”

Тонг отгунча ўтган фурсат йиллар каби узайди. Ё ажаб, ўзганинг муҳаббати ҳам кўзга уйқу бермас экан! Изҳор сабаб титроққа тушмоқ учун севмоқ ҳам шарт эмас экан… Соддадил қиз оддийгина сўзлари билан ҳукмдор дили қандай ўзгаришлар ясаганини хаёлига ҳам келтирмаганди. Мирзо Улуғбек кўнглида уйғонган қайсар бир ҳис билан мавлоно Ардистоний башоратини чиппакка чиқаришга аҳд қилган эди. Йўқ, дунёда уни севган қиз бор эканми, ҳукмдор ёлғиз қолмагай!

Эрталаб сарой аҳлига ҳукмдорнинг қарори маълум қилинди. “Мовароуннаҳр ва Туркистон ҳукмдори, Муҳаммад Тарағай ибни Шоҳруҳ Улуғбек Мирзо хос канизлари Руқияни ўз муборак никоҳларига киритмоқни ихтиёр этдилар! Ушбу муносабат ила энди у карима Руқия Султон Хотун номини олгай!”

Бир ҳафталардан кейин эса Ҳиротдан чопар келди. Онаси Гавҳаршодбегим ёзар эди:

“Оқ Султон Хон Оғо сабаб дилингизни хуфтон этмангиз. Хоҳишингиз йўлида танлаганингиз Руқия Султон Хотун биз учун сизнинг жуфти ҳалолингиздур ва сизга рафиқангиз муборак бўлгай. Аммо Мовароуннаҳрга темурий малика лозим бўлиб, келинликка Халил Султон Мирзонинг қизи Ҳусн Нигор Хон Оғони муносиб кўрдук. Падари бузрукворингиз ҳоқони саид Шоҳруҳ Мирзо ҳазратлари тўйни Ҳиротда ўтказмоқни лозим топдилар ва зулқаъда ойининг йигирма учига қадар Хуросонга етиб келмоғингизни амр қилдилар”.

Мирзо Улуғбек мактубни ўқиб кулиб юборди: “Йўқ, мавлоно, башоратингиз рост келмади. Ҳукмдорни ёлғиз қўймадилар”.

* * *

Қуёш ҳали бош кўтармай туриб Самарқандни карнай ва сурнай садолари тутди. Халқ Кўҳак тепалиги томон оқар эди. Ўттиздан ортиқ дошқозонлардан таралган ислар мисли кўрилмаган бир тантанаворлик дарагидек таассурот берарди. Тепалик атрофида қатор ёзилган узундан-узун оппоқ дастурхонлар, қўлларида лаганлар билан қаторлар оралаб югуриб хизмат қилаётган мулозимлар, тепаликда савлат билан қад ростлаган муаззам айлана бино дарвозаси атрофида уймалашган одамлар, шодон ғала-ғовур – буларнинг барига Мирзо Улуғбек доруссалтанатда бунёд этган бемисл расадхона сабабчи эди. Халқ ўз ҳукмдорининг бунёдкорлигига аллақачон кўникиб улгурган, доруссалтанатдаги ҳар бир қурилиш одатий воқеа бўлиб, одамлар бинокор усталар шаҳарнинг ҳали у, ҳали бу ерида ғивирлаб қолишидан кўп ҳам ажабланишмас эди. Аммо расадхона катта шов-шувга айланди. Оломон ҳали қурилиш поёнига етмасданоқ бинони томоша қилиб кетадиган бўлди. Бугунги эҳсонга халқ оқиб келишининг яна бир боиси қизиқувчанлик, янги бинони бор маҳобати билан яна бир бор томоша қилиш истаги эди.

Мирзо Улуғбек расадхонанинг учинчи ошёнасига кўтарилиб, атрофга разм солди. Тепалик томон оқиб келаётган одамларни кўриб кўнгли ифтихор билан тўлди. Мана, ижтиҳодлари нишона бера бошлади. Бу расадхона ҳали мисли кўрилмаган изланиш ва кашфиёт маскани бўлур!

– Алоуддин Али, – деди Мирзо Улуғбек, – расадхона ортида катта боғ барпо эттирамен. Мана шунда киши учинчи ошёнадан туриб боққанда кўнгли гўё яшил уммон ичра сузиб кетаётгандек лаззат оладур! Сен не дейсан?

– Устод, яратилажак боғ расадхонага мувофиқ равишли бўлур, деб умид қилурмен.

– Менга яна недир демоқчимисан?

– Шундоқ.

– Сўзла!

– Устод, фақир мавлоно Ардистоний хусусида бир сўз эшитдум. У киши рамл илмидан этак силккан эмиш!

– Нечун?

– Билолмадум.

– Демак, мавлоно букун оқшом расадхонага келмас экан-да! – деди Мирзо Улуғбек ўйчан, – мен у киши бирлан яна бир суҳбат қурмоқчи эдим. Аттанг!

* * *

Мирзо Улуғбек мавлоно Муҳаммад Ардистоний очган фол сабаб инсон умри ва ижтимоиёт тўғрисида кўп мулоҳаза юритадиган бўлиб қолган, ҳатто бу мавзуда рисола ёзишни ҳам кўнглига туккан эди. У ижтимоиётнинг инсон тақдиридаги ўрни ҳамда ҳодисотлар силсиласи инсон ҳаётида қандай ўзгаришлар ясаши, ёхуд инсон ижтиҳоди унинг ўз қисматига, қолаверса, ижтимоиёт тақдирига қай тарзда таъсир этмоғи борасида ҳамон зиддиятли ўйлар сурар, жавоб излар эди.

Мирзо Улуғбек Али Қушчининг “рамл илмида синов ожиздур”, – деган сўзи сабаб миясига келган фикр таъсиридан ҳамон қутула олмас эди. Ахир нима учун синовнинг иложи йўқ? Ахир мавлоно Ардистоний бундан беш йил аввал айтган башорат ва ундан кейинги ҳодисалар синов ўрнига ўтмасми?

Мавлононинг биринчи башорати рост чиқди. Иккинчисини Улуғбекнинг ўзи била туриб амалга оширди. Яна бир сўзи чин келувига эса йўл бермади. Мана, яратганга шукур, Руқия Султон Хотун икки қиз туғиб берди. Ҳусн Нигор Хон Оғо Улуғбек ҳурматини баланд тутиб келади. Ўғиллари Абдулло Мирзо ва Абдураҳмон Мирзолар дилини умидларга тўлдириб улғаймоқдалар. Мана, яқинда у яна бир ўғиллик бўлди. Ва унга Абдуллатиф деган исм берди. Буларнинг бари инсон тақдир олдида ожиз эмаслигини кўрсатмайдими? Йўқ, оллоҳ инсонга заковат ва иқтидорни бежиз бермаган!

* * *

Мавлоно Муҳаммад Ардистоний фол кўрмоқдан этак силкканини кексайгани билан изоҳларди. Аммо асл сабаби дилида пинҳон эди.
Мавлоно иккала башорати рост келгач, яширинча яна бир бор, бу сафар Улуғбекнинг тақдиридан рамл очди. Ва… О, бу нақадар қўрқинч!

Мавлоно кўз олдида очилган башорат шундоқ эди:
– Ҳукмдорни суюкли ўғли маломатга қолдирар, шоир ўғли қатл эттирар! Падаркуш ўлимидан ўн беш йил ўтиб, Мирзо Улуғбек авлодидан нишон қолмас!

Мавлононинг қўлидаги тасбеҳи тушиб кетди. У саждага бош қўяр экан, кўзёшларини тўхтата олмас эди:
– Ўзинг раҳм қил, парвардигор!

011   Муаллиф ҳақида

рисолат   Рисолат Ҳайдарова 1966 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган.
Республика матбуотида унинг тарихий ва замонавий мавзудаги ҳикоялари, шеърлари, адабий-танқидий мақолалари чоп этилган. Унинг «Кетган қишнинг дардлари» номли шеърий,«Ғурғуртепада саратон» ҳикоялар туркумлари, «Мағрура» номли қиссаси китоб ҳолида нашр этилган. «Жавзо» тарихий романи адибанинг навбатдаги изланишлари маҳсулидир.

08

Рисолат Ҳайдарованинг «Жавзо» номли тарихий романини  мутолаа қилинг.
075

09

(Tashriflar: umumiy 63, bugungi 1)

Izoh qoldiring