Ro’zimboy Hasan. Surxondanmisiz, Qo’qondanmi? & Ro’zimboy Hasan haqida ikki maqola & Jayxun mirobi

Ashampoo_Snap_2017.06.14_13h36m07s_003_a.pngСаҳифа таниқли ўзбек журналисти Рўзимбой Ҳасаннинг 60 йиллигига бағишланади

   Рўзимбой Ҳасан  ўтган асрнинг  80-90 йилларнинг бошида ўзбек матбуоти тарихида сезиларли из қолдирган, ўз ўрни, нуфузига эга бўлган журналист. Айни санада 60 ёшга тўлган қалам соҳибининг нега энди мақолалари кейинги даврда камнамо бўлиб қолди?

Аҳрор АҲМЕДОВ
МЕНИНГ ДЎСТИМ РЎЗИМБОЙ…
03

12079873_1030757610310436_6907932691248018102_o.jpgРўзимбой билан дўстмиз.
Дўстлик изоҳ талаб қилмайди.

Яна биз у билан ҳаммуаллифмиз.Ҳаммуаллифлик эса асли қизиқ ҳодиса.  Тўғри, муҳаррирнинг топшириғи билан битта-яримта мақолани ( бирор жойга бориб келгандан кейин) ҳаммуаллифликда ёзиш мумкин. Аммо ижодининг асосий қисмини бирга ёзиш бу энди анчайин жиддий, шаклланган ҳамуаллифликдир.Биз Рўзимбой билан 50дан ошиқ катта-катта мақолаларни бирга ёзганмиз. Буни энди муҳаррирнинг топшириғи билан қилиб бўлмайди. Бунинг учун икковлоннинг ҳам дунёқарашида, фикрлашида, масалаларга муносабатида,табиатида, ёзиш тарзида яқинлик бўлиши керак.

Ана шу яқинлик туфайли “Сиёсий суратга чизгилар” туркумида ўнлаб давлат раҳбарлари тўғрисидаги очерклар, “Мезон” туркумида кўҳна тарихда из қолдирган саркардалар ҳақидаги эсселар, Амир Темур экспедициясида қатнашган кезларимизда ёзган мақолаларимиз юзага келди.

У Хоразмда, мен Тошкентда турамиз.

Асосан телефон орқали, кўпинча хат билан муомилаю мулоқот қиламиз.Бирор мавзуни фикрда пишириб юрамиз-да, кейин уни “тенг иккига бўламиз”.Бу қанақа дерсиз? Дейлик, бирор арбоб ҳақида бўлса, мустақиликкача бўлган қисмини биримиз, кейинги даврини иккинчимиз ёзамиз.У почта ё бирор йўловчи таниш-нотаниш орқали юборади.Мен иккаласини қўшиб, устидан кўриб чиқаман.Битта-яримта жўяли гапимиз бўлса, бир-биримизнинг “томорқамизга” ҳам ўтиб кетаверамиз, яъни ўзимизга тегмаган бўлакка ҳам фикрларимизни киритамиз.

Шуни ҳам айтиш керак, унинг тили бироз “заҳарроқ”.Сал “юмшатишга” тўғри келади.Ана шундай қилиб бир-биримизга посанги бўлиб, туртиб турувчи “хала” бўлиб, баҳоли қудрат қалам тебратиб юрибмиз.

Рўзимбойни беш қўлимдай биламан, десам балки хато бўлар, лекин ҳаётини, туриш-турмушини бир қаҳрамонимни ўргангандай биламан.

Илк мақоласи 1968 йил “Тонг юлдузи”да босилиб чиққан.Шунда ўн яшар болакай эди.

…Илк танқидий чиқиши 1973 йилда “Хоразм ҳақиқати”да босилган.Мактаб буфетчесининг ўқувчилар ҳақига хиёнат қилишдан тоймаслиги ҳақида эди.Мақола босилгач, буфетчи аёл жиноий жавобгарликка тортилади, мактаб директори райкўм бюросида партиявий чора олади.Бу воқеа тўққизинчи синф ўқувчисини минг бола таълим олаётган ўрта мактабда салкам “ўз даврининг қаҳрамони”га айлантиради.

Сермаҳсуллик унга йўргакда теккан-ҳали ўқувчи пайтидаёқ туман рўзноасида ҳатто штатдаги мухбирлардан ҳам кўп ёзарди.Шу боисдан ўқишга кириш учун келганида бир эмас, иккита мақолаларга лиқ тўла альбом келтирган.

Ўзининг аниқ ҳисоб-китобларига қараганда, ўтган ўн тўрт йилда республиканинг 22 номдаги газета ва журналларида икки ярим мингта турли жанрдаги мақолалари босилиб чиққан.Шу боисдан ҳали тўқсонинчи йиллар бошларида Набижон Боқий “ Ватан” газетасида чоп қилдирган бир мақоласида ёзувчи Хайридин Султон “Рўзимбой Ҳасан сермаҳсулликда ота-бола Дюмаларни ҳам ортда қолдирди” деган гапини келтирган эди.

Юрт тарихи, этнографияси кишилари ҳақда ўндан ошиқ китоблари босилиб чиққан.

…Отаси Бобохон Ҳасан ўғли ғирт саводсиз киши ўтган.Бу хокисор инсоннинг тириклигида 1-2 суҳбатларини олганмиз.Суҳбат ҳам ўзига яраша, 3-4 минут,холос.Салом-алик.Кейин ёшулли хонасига кириб кетган.Биз сўрида тонггача гурунг қилганмиз.Эрталаб яна 3-4 минут.Хайр-хўш.Онаси Рўзигул мом эса арабий имлодаги эски китобларни умр бўйи мутоала қилади.Аҳмад Яссавийнинг бутун шеъриятини ёд олган.

Туман рўзномасида ишлаб юрган, чекка қишлоқдаги журналистнинг республика матбуотига, яна тағин ўз даврида ўта машҳур “Туркистон” ( “Ёш ленинчи”)га Қуйи Амударё минтақаси бўйича сайёр мухбир бўлиб ишга киришига эса 1988 йил “Ёшлик” журналининг икки сонида давомли босилиб, шов-шувга сабаб бўлган “Хива: хаёлот ва ҳақиқат” мақоласи хизмат қилди.

Биз у билан –“Туркистон”да танишдик, дўстлашдик.Туркистон мактаби уни тарбиялади, бир йилдаёқ илғор журналистлар қатрига олиб чиқди.Ўша кезлари газетанинг деярли ҳар бир сонида унинг мақоласи босилиб чиқарди.Баъзи бир сонда 2-3та мақоласини чоп этишга тўғри келиб қолганда, Рўзимбой Ҳасанов, Р.Ҳасан, Ҳ.Рўзимов каби имзолар қўйишарди.
1989 йилда “Муштум” журналида унинг “Арбобнинг минг бир боби” сарлавҳали фельетони чоп қилинди ва ўн кун ўтмасдан фельетон “қаҳрамони” бўлган Боғот тумани райқўми биринчи котиби вазифасидан олиб ташланди.Бу воҳа тарихидаги илк ва ягона шу тахлит ҳодиса саналади.

У вилоятда кўпгина раҳбарлар томонидан “ёзмаслиги учун ҳурмат қилинадиган” мухбир саналади.Яъни бошқа мухбирларга иззат-икром кўрсатиб, айбини бекитадиган, ўз ишини ора-сирада мақтаб кўрсатиб, туришга ҳавасманд раҳбарлар унга ҳам ҳазил, ҳам чин маънода “Чойимни ичинг, илтимосим, ҳеч нарса ёзманг!” дейишади.Чунки у ҳар қандай мақолада ҳам бир чимдим муаммони тилга олади, бир оғиз сўз бўлса-да танқидий фикр айтмасдан ўтолмайди.

1993 йилда Туркманистон Президенти билан интервью олиш учун борганида Туркмабошига ҳеч тап тортмасдан : “Бизлар Сталин шахсига сиғиниш балосидан зўрға қутулдик, қолаверса, сиз ҳажга борган мусулмон бандасисиз, дини Исломда Яратган Эгамдан ўзгани улуғлаш куфр саналади, шундай бўлса-да, нима учун ҳамма жойда номингиз абадийлаштирилаётганига ўзингиз қандай муносабат билдирасиз?” деб савол берган.

Яна бир гап.1991-92 йилларда “Оқшом тўлқинларида” эшитдириши томонидан ўтказилган сўровда республиканинг энг зўр журналисти деб топилган.

1989-93 йилларда “Туркистон”, “Оила ва жамият”, “Ватан” газеталарининг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикалари бўйича мухбири бўлиб ишлаган.Бир пайтда уч йирик газетанинг мухбири бўлиш камёб воқеа саналади.

Қизиқарли саравҳа топишга уста.
Сарлавҳани топмагунча ёзишга ўтирмайди.

Мақолани ҳеч қачон қўлёзма қилмайди.Фикрларни жамлаб, ҳужжатларни тўплаб ( бир қути сигаретни ёнига қўйиб), сўнг ёзув машинкаси ёнига чўкади.Бу машинка қурғур ҳам русча имлода. “Ў”, “қ”, “ғ”, “ҳ”ларнинг белгисини қўйиб чиқиш энгдиққинафас иш. Ҳафсала қилганида ўзи қўйиб чиқади, шунда ҳам иккитадан биттасига, ҳафсала қилмаса шу ҳам йўқ.Редакцияда ўтириб ўзимиз қўйиб чиқардик.

Ёзганда мақолани бир ўтиришда тугатмагунча тинчимайди. Шундай бўлсада, унинг бир зарб билан ёзилган мақолаларини таҳрир қилишга ҳожат сезилмайди.Фақат бояги “заҳари” бор учун бир оз қисқартиришга тўғри келади.

Эсини танибдики, ҳаёти дала-боғ билан боғлиқ.Деҳқончиликни бир ҳосилотдан, техниканинг ҳолатини бир муҳандисдан, қонунларни бир ҳуқуқшуносдан кам билмайди.Уни алдаш қийин.Шу боисдан айрим мақтанчоқ раҳбар-мутахассислар у билан иш юзасидан суҳбатлашганда кўпинча изза тортиб қоладилар.

“Оқ уй” фермер хўжалиги аъзоси.Ишдан бўш вақтларида деҳқончилик билан машғул.  Шу тахлит, катта оиласини ҳалол меҳнати билан боқади, қишлоқ хўжалигида рўй бераётган ўзгаришларга озми-кўпми ҳисса қўшишга интилади.

“Юртнинг келажаги мулкчилик.Фақат шу йўл билан шўролар тамойилига киритган бюрократик аппарат қолдиқларини, “умумжамоа мулки” деган, аслида фақат бир гуруҳ мансабдорларга манфаат келтираётган трирзирлмадан қутулиш мумкин”, дейди у.

Истиқлолдан кейин миллий қадриятларга қайтиш, исми-шарифининг ота-боболаримиз русуми бўйича аталишига воҳада биринчи бўлиб амал қилган.

На хизмат, на шахсий машинага эга (2003 йилда Комил Авазнинг “Тико” машинасини харид қилган, аммо 2011 йилда бузилганидан буён тузатишга имкон-пул топилмаяпти-У.Б.).Камтарона умргузаронлик қилади.

Эл қатори жамоат транспортида юради.Ўтган даврда республика, вилоят доирасида таклиф қилинган вазифаларни доим рад қилади.

“Журналист”-мухбир фақат ёзиш учун дунёга келган”.Бу унинг фикри, шиори.

Дўстона, лекин очиғини ёзадиган бўлсам, юриш-туриши, муомиласи, ёзишда ўзига хос тартиб-интизоми бўлгани ҳолда, баъзида кийинишида палапартишликни кузатиш мумкин.Бу ҳам феълидан келиб чиққан-ҳашамга хуши йўқ.Умрида бўйинбоғ тақмаган.Комсомол даврида катта бир йиғинга чақиришди.Хонамда турадиган “запас” галстуклардан бирини тақиб ол, десам кўнмади.Ноилож кетавердик.Боргач, кутиб олувчилар мени ичкарига олишди, уни “ҳойнаҳой, ҳайдовчи бўлса керак”, деб бошқа хонага олиб киришди.

Футболга бир фанатдек қизиқади.1966 йилдан бошлаб барча жаҳон ва бошқа халқаро беллашувларни қолдирмасдан томоша қилиб келади.

У келганда биз дўстлари-Қурбон Эшмат, Сувонқул Рустам, Набижон Боқий 1-2 кун яйраб қоламиз.Топган-тутганини, йиққанини сочиб кетади.Ўзи “тошкентлик” ижодкорларнинг одати қизиқ.Вилоятга борсак ҳам меҳмонмиз, вилоятдагилар Тошкентга келса ҳам яна биз меҳмонмиз.Шаҳар одамни бузади, деганлари шу бўлса керак-да!

Хоразмнинг кўҳна Қулон Қорабоғ қишлоғида кичкинагина Месит элати бор ( “Месит аслида туркий уруғнинг номи).Ҳамон хутор кўринишида.

Вилоят марказидан эллик чақиримча, тағин транспорт йўлларига чет гўшада яшаб, ўн тўрт йилки республика матбуотининг бир ҳуддуддаги мухбири бўлиш осон эмас.Қиш-ёзда саҳармардонда йўлга отланиш, вилоят, туман қишлоқларига бориш, аризаларни ўрганиш…Айтишга осон.Қишлоққа боғлангани шунчаликки вилоят марказидан ақалли бир хоналик уй олиш ҳаракатини қилмаган.”Бўрини ҳам, мухбирни ҳам оёғи боқади”.Бу ҳам унинг ибораси.

Рўзимбой “мустақиллик” сўзини энг кам ишлатган, лекин ўз ижодида у учун энг кўп курашган, уни янада барқарор бўлишида энг кўп азият чекаётган жасоратли, журъатли, журналистлардан биридир, айни пайтда ўта одми ва камтарин инсондир.

Мен шундайин дўстим борлигидан фахрланаман.

“Ҳуррият” газетаси 2002 йил 14-август.

Умид БЕКМУҲАММАД
РЎЗИМБОЙ ҲАСАННИНГ ДАРДЛАРИ
03

Рўзимбой Ҳасан -1980 йилларнинг охири, 1990 йилларнинг бошида ўзбек матбуоти тарихида сезиларли из қолдирган, ўз ўрни, нуфузига эга бўлган журналист.Айни санада 60 ёшга тўлган қалам соҳибининг нега энди мақолалари кейинги даврда камнамо бўлиб қолди? Бир пайтлари довруқ қозонган “Туркистон”, “Ватан”, Оила ва жамият” газеталарининг қуйи Амударё бўйича мухбири бўлиб, газетанинг бир сонида 2-3 тагача мақоласи чоп этилиб турган Рўзимбой оғамизнинг кейинги пайтларда ижодидаги сустлик ёшга боғлиқми ё бошқа сабаблари борми?Наҳотки, китоб ёзишга, кимларнингдир асарларини таҳрир қилишга кетган вақт таниқли журналистнинг қалами қудратини пасайтирган бўлса? Ёки ёзишга чоғланган роман, қисса, драмалари матбуотдан бир оз чекинишга сабаб бўлган ? Ёхуд фермерчилик, бола-чақа улғайиши-ю, рўзғор ташвиши замондошимизнинг қўлини қоғоздан, қаламдан узоқроқ тутишга мажбур қилган?

Хуллас, саволлар кўп.Балки 60 ёшлик ортга бир назар солиш имкони Рўзимбой акада юқоридаги сингари саволларга жавоб беришни тақозо қилар.Мен эса қутлуғ ёш баҳона элдошимни қутлаш асносида, билганим, кузатганимни сиз билан баҳам кўришни лозим топдим.

Рўзимбой Ҳасан номини мен илк бора ўқувчилик пайтимда “Ёш ленинчи” , “Туркистон” саҳифаларида, талабалик пайтимда эса “Оила ва жамият”, “Ватан” газеталарида учратганман, ёзганлари, уларнинг савияси,сарлавҳалари,ёзилиш услуби менда ҳавас уйғотган, шу туфайлиям менда журналистикага қизиқиш уйғонганди. Шу ҳавас иштиёқида , талабалик пайтим- 1993йилларда ёзганларимни Рўзимбой акага чоп қилдириш ниятида берганман.Ўшанда, бир-икки оғиз гаплашганимизни айтмаса, бемалол гурунглаша олмаганмиз ҳам.Аммо вақт ўтиб матбуот саҳифаларида “гурунг”лашганмиз,тортишганмиз-баҳс юритганмиз.  Яъни,1995 йилда ёшлик ҳаваси, шижоати туфайли вилоят нашри” Манзара”да тарихий мавзудаги баҳсимиз-“Рўзимбой Ҳасанга эътирозларим”, унга жавобан “Рўзимбой Ҳасаннинг эътирозлари” чоп этилиб катта шов-шувга сабаб бўлганди.

2001 йилдан эса бевосита юзма-юз ўтириб суҳбатлашишга имкон топилди ва мана орадан йиллар ўтиб гоҳ телефонда, гоҳида Гурлан-у,Урганчда учрашиб гурунглашиб турамиз.Мавзу эса тарих, матбуот, адабиёт, шахслару-бандалар тақдири, тирикчилиги.

Икковимизнинг ўхшаш жиҳатимиз-мендаям, Рўзимбой акадаям вилоят марказида ақалли бир хоналик уйимиз йўқлиги-ю, таклиф қилинадиган турли тадбирларга қатнашавермаслигимиз,ТВ га интерьвю беришдан, кўрсатувларда қатнашишдан “қочиш”имиздир.Шунингдек, икковимиз ҳам қишлоқда яшаб тирикчилик-молу дала ишлари билан қўлимиз бандлигию,хаёлимиз тарихдаги кечмишларда эканлигида.Яна бир ҳолат, икковимизнинг ҳам вилоятдаги турли ҳокиму , соҳа раҳбарлари, мулкдор тадбиркорлар орасида танишларимиз, бизларни чинми, носамимийми ҳурмат қилиб “бизга не хизматлари бор?”, дейдиган ёшуллилар олдига боравермаслигимиздир. Шу каби мен ҳам, Рўзимбой акаям республика газетаси мухбири бўлиб ишлаган пайтимизда биронта раисбува-ю, фермерни мақтаб, таъма илинжида мақола ёзмаганимиздир. Икковимизнинг ҳам камчилигимиз-интернетга ҳануз ўрганолмаётганимиз.

Яна бир ҳолат-айрим мухбирларнинг, ҳаттоки ўзини журналист сифатида ниқоблаб кўрсатувчи кишиларнинг таъма илинжида дайдиб юришини ёқтирмаслигимиз, нафратланишимиздир.Рўзимбой акага бир неча шу тарздаги воқеаларни айтиб бергандим.Яъни, туман ҳокимининг ёрдамчиси сифатида ишлаётганимда, кўплаб мухбирлар келиб пахта заводи директори, бош врач, донгдор фермерни, раисбуваларни сўрар, мен эса уларни гўё “топаолмасдим”.Яъни, “обуна мавсуми ўтган бўлса, сизнинг нашрингиз йўналиши бошқа бўлса, улар устидан шикоят бўлмаса, нима қиласиз уларнинг вақтини олиб?Қандайдир фактлар керак бўлса статистика бўлимига боринг!” деярдим.Чунки, келганиданоқ салом-аликдан сўнг “машинамнинг бензини йўқолибди”, “тўй бошлаб қўйгандим, қарашадиган ёшуллилар топилар”, “Гурлан гурунч макони дейишади” каби таъмали сўзларни эшитишга тоқатим йўқ эди.

Бир гал мухбир айтган одамларни топиб бермаганимдан сўнг ўзича дағдаға қилиб “Тошкентга,муҳаррирга устингиздан шикоят қиламан”, деган. Мен эса “марҳамат” дея столимдаги телефонларга ишора қилгандим.Ўшанда кулгили жиҳати, фақат вилоятга чиқадиган телефондан ўзича рақам териб,(мен китоб ўқиб ўтирган, гўё эътибор бермаётгандай эдим) Тошкент шевасида “ Гурланнинг помошнигиниям Шовотники сингари танқид қиламан, тегишли раҳбарларни топиб бермаяпти.Кейинги даҳшатли танқидий мақолани эндиги сонда бермасангиз бўлмайди, буларга ибрат бўлсин”, деб бақирганди.Мен эса оҳиста уни эшитиб, “бу телефонда “8” йўқ,Тошкентга чиқаолмайсиз, мени алдаманг, бош муҳаррирингиз номерини беринг , биргаликда олдинма-кейин гаплашамиз”, десам қизариб кўзини олиб қочган, аммо алдаётганини тан ҳам олмаганди.Кейин эса ўзим Тошкентга чиқиб,бош муҳаррир билан гаплашсам, “ у менда штат бўйича ишламайди, шартнома асосида мақола тайёрлайди, унга обунага ёрдамлашасан, Гурланга бориб мақола тайёрлайсан”, дея айтмаганини, пахта заводдан мақола ёзишни тобширмаганини гапириб берганди.Бу пайтда эса шоввоз “мухбир” аллақачон хонамдан чиқиб кетганди.Ёки бошқа бир гал “Ватан” номли журнал мухбири дея ўзини таништирган киши гувоҳномасини кўрсатганди. Табиийки, компеюьтер равнақ топган даврда гувоҳноманиям, муҳрниям ясаш, ясатиш мумкин.Бундай деяётганим-кўрсатилган муассис журнал таъсис этмаслиги аниқ, бундай номдаги журнални мен умуман эшитганим, ўқиганим йўқ эди.(воқеа “Ватан” газетаси нашр этилган йиллар эмас, 2006 йил бўлаяпти) Шубҳаланганим боис “Таҳририятингиз Тошкентда қайси кўчада жойлашган?”, десам, “мен Самарқандликман, таҳририятга мақолани почтадан юбораман, бормайман ҳисоб”, деди. “Почтада манзил кўрсатилиши кераку, наҳотки ёдингизда бўлмаса, унда журналдан бир нусха беринг, мавзулар билан танишайлик, бош муҳаррирнгиз ким?”, дея сўраётгандим, хонага ҳоким (эндиликда нафақада) келгани заҳоти у мендан олдиноқ ўзини мухбир дея таништириб, биргаликда кабинетига кириб кетишди. Мен шубҳамни айтишга ҳам улгурмадим.Орадан вақт ўтиб у ҳоким ёнидан чиққач ортиқча меним ёнимда турмай жуфтакни ростлаганди.
Мен бу сингари воқеаларни Рўзимбой акага айтиб бергач,” дардимни қўзғама, қўй “ дея бош чайқаб афсусланганди. Менда шундан сўнггина “оғамиз балки шу туфайлиям матбуотда камнамодир”, деган ўй туғилганди.

…Табийки,бир-биримизга тўғри келмайдиган жиҳатларимиз,ўй-фикрларимиз ҳам бор…

Хуллас, Рўзимбой Ҳасан матбуотда камнамо бўлгани билан, тарихий мавзудаги китобларни, ҳаттоки, роман, драмаларни ёзиш билан банд. Мавзу, ёзиш услуби эса доимгидек-Рўзимбой акагагина хос.Буни бир неча китобини мутоалла қилганим, Муҳаммад Аминаддиновдек Ўрта Осиёлик илк маҳаллий ирригатор ҳақидаги роман-эссесини ўқиганим учун айтаётибман. Яъни, мақолалар ёзишга сарфланмаган куч-қувват тарихий, бадиий асарларга сарфланаётибди-ки, бу қувончли.

Шу боис Рўзимбой акадан янада шижоат билан ижод қилишини, мухлисларига бир даврлардаги сингари ғоятда шов-шувли, савияли асарлар туҳфа этишини тилаб қоламиз.
Қутлуғ олтмиш ёшингиз муборак бўлсин УСТОЗ!

Рўзимбой ҲАСАН
СУРХОНДАНМИСИЗ, ҚЎҚОНДАНМИ?
03

images.jpg— Ким дединг?.. Хоразмлик бўлса керак-да! Исми айтиб турибди: Оллошукур! Э-э, уларнинг ҳаммаси шунақа. Қизларини четга узатишмайди, фақат бир-бирига сотишади, холос.

— Ўзимизнинг водийликлар зўр! Ҳатто «Куйди жоним»ни ёзган шоир ҳам — Водийга куёв бўлган, ҳа!

Талабалар ётоқхонасида қулоққа чалинган ушбу суҳбатнинг астарини ағдариб кўринг… Айни чоқда уларнинг ҳаммаси ал-Форобий, Фарғоний, Бобур авлодларини боплаб тузлайдилар. Ҳатто номларини тилга олишни исташмайди — «ўшалар» деб қўяқолишади.

Маҳаллийчилик!

Маҳаллийчилик ҳукуматимиз томонидан доимо қораланган. Айниқса, жамият ҳаётини қайта қуришдек эзгу ишнинг бошланмаси бўлган КПСС Марказий Комитетининг 1985 йил апрель Пленумидан буён ўтган уч ярим йиллик муддатда мамлакат ички ва ташқи сиёсати муҳокама қилинган неки йиғин бор маҳаллийчилик тўғрисида албатта гап-сўз бўлди. Сир эмаски, турғунлик йилларида рўй берган салбий ҳодисаларнинг бир учи ўша иллатга — маҳаллийчиликка бориб тақалади. Асосан — кадрлар масаласида.

Маҳаллийчилик — жамиятга ёт унсур: тинч-тотув кун кечираётган қўшнилар орасига нифоқ тушади, пахса-девор ошириб қўшни чорбоғга тош отилади. Маҳаллийчилик — бир қориндан талашиб тушган, бир қозондан овқат еб, бир дастурхондан туз тотган ака-укаларни, опа-сингилларни бир-бирига гиж-гижлайди. Фарзанд падарга, қиз модарга ўгай бўлиб қолади. Биродаркушлик — маҳаллийчиликнинг серҳосил меваси!

Ўзбек тили — буюк тил. Буни тилимизда мавжуд бўлган қирқдан ошиқ лаҳжа ва шевалар ҳам исботлайди.

Ўзбекистон республикаси деб аталадиган гўша — икки дарё оралиғига ҳам сиғмаган юртимизнинг бир-биридан гўзал манзилгоҳлари, қадамжойлари бисёр. Шимолда Хоразм, жанубда Сурхон, шарқда Тошкент қўр тўкиб турибди. Бир томонда Фарғона — таърифи хамсага сиғмайдиган гавҳар, бир томонда юртимизнинг юраги, тарихимизнинг бебаҳо зийнати — Самарқанд, яна бир томонда қиблагоҳимиз, ишонч ва ироданинг мустаҳкам қўрғони — қадим Бухоро…

«Мен самарқандликман!» «Мен бухороликман!» «Биз тошкентликмиз!» «Камина сурхондарёлик», «ўзларидан сўрасак? Дўппингизга қараганда Намангандансиз шекилли, янглишмадим-а?» Булар — ҳар кунги одатий суҳбатлар; замонавий мусофирхоналар остонасида бўш ҳужра излаб, қош-кўзи попукдеккина таъвияларга илтижо билан боқиб турган пайтингизда ўзингизга ҳамроҳ бўлган нотаниш кимсага айтадиган сўзларингиз. Туғилиш гувоҳномасида ҳам, гўрковнинг сўнгги расмий ҳужжатида ҳам ҳар бир одамнинг туғилган жойи хатланган бўлади. Бу яхши. Юртинг бор, ўз уйинг — ўлан тўшагинг бор. Лекин… туғилган жойини фахр билан айтаётган киши бошқа бир жўғрофий нуқтани беписанд оҳангда тилга олса-чи? Масалан, мана бундай: «Ўзимизнинг Сурхон одамларига тенг келадигани йўқ! Э-э, қўй, ўша бухороликларни эслатма!»

Маҳаллийчилик!

«ФАН» (Фарғона, Андижон, Наманган), «Сурқаш» (Сурхондарё, Қашқадарё) каби нолегал группа ва ташкилотлар борлигини биласизми, эшитганмисиз? Пойтахтда бир-икки йил таҳсил кўриб, талабалик нонини еган бўлсангиз — биласиз. Балки, вақтида ўшалардан бирига аъзо бўлиб, гердайиб юргандирсиз? Тўғрими? Ҳа, балли! Эсдан чиқадими, «Хуршидани бир хоразмлик йигит кинога олиб тушибди» деган миш-мишдан кейин, ётоқхонада хоразмликлар билан бўлган олишув! Ёки сигарет сўраган бухоролик «борзи» бачанинг танобини тортиб қўйиш учун экс ётоқхонани «погром» қилганларингиз… Айтаверсак — гап кўп. Салгина баҳона топилса — бас, муштумзўрлик бошланиб кетарди. Хоразмликлар О. Отажоновнинг қўшиқларини севишади, водий ҳамда бошқа бир қатор вилоят ёшлари Шерали Жўраевнинг мухлислари, самарқандлик йигит тўртинчи қават айвончасида О. Отажоновни «сайратаётган» андижонлик йигитга зуғум қилади: «Ўчир!» «Сен ўчир Шералингни!» Ана, тамом! Қарабсизки, мусиқа илмида алифни ҳасса дейдиган икки йигит бир-бирини ғажиб ташлашга тайёр икки оломонни бошига тўплайди. Ишқибозлар орасидаги «мангу жанг» — маҳаллийчиликка айланади. О. Отажоноа ҳам, Ш. Жўраев ҳам шунчаки баҳона, ёлғондакам байроқ холос. Ўртада бировнинг: «Мен Хоразм фарзандиман!», деганию бошқасининг: «Билиб қўй, шерларнинг макониданман!» деб куйлаган қўшиғи сарсон. Концертда ногоҳ айтиб юборилган бир-икки жумла эса шундоқ ҳам ловуллаб бораётган гулханга керосин сепади. «Менннг шогирдларим кўп. Улар қўшиққа қалбини ҳам қўшиб юборишади. Улар танти юртнинг ўғлонлари…» Ана шундан кейин истайсизми-йўқми, шу сўзлар чақириққа айланади-кетади. Гумроҳлар уни инқилобий «Байналминал» каби жўр бўлишиб куйлай бошлайдилар. Кимга қарши, кимларга қарши? Ака-укаларига, оға-иниларига, қондош, жондош биродарларига қарши, албатта.

Маҳаллийчилик!

Олтмишинчн йилларда Пелега, етмишинчи йилларда Круиффга, саксонинчи йилларда Марадонага сиғинган ёшларнинг — ишқибозларнинг тақлидчиларини кўрганмисиз? «Буларнинг адабини бериб қўйиш керак! «Навбаҳор» дарвозасига урилган ҳар бир голни ўшаларнинг бурнидан булоқ қиламиз. Қани, кетдик!»

Кетишди… Ўйин тугаган. Мағлуб команда аъзолари ҳорғин қиёфада, бошларини хам қилишиб (яшириш қийин) кийиниш хонасига йўл олишади. Стадионда эса курашнинг «учинчи тайми» бошланмоқда. Мағлуб команда бнлан ғолиб команданинг ашаддий ишқибозлари ўзаро «ҳисоб-китоб» қилишмоқда.

Ур-йиқит! «Бўш келманг, наманганликлар!» «Андижонликлар, олға, ахир сизлар шерларнинг маконидансиз!» «Учинчи тайм»ни бошқарадиган «ҳакам»— қози йўқ. Улар ноилож бир четда ҳай-ҳайлаб туришибди. Истаклари, қани ҳозир елкаларига зилдек ботган погонларни чўнтакка уриб, енгни шимариб издиҳомга ўзларини уришса! Тўпурар команданинг ишқибозларини «нокаут» қилишса! Шунда сменалари яхши ўтиб, кечаси тинч ухлашармиди? Уларни тўхтатиш қийин. Гап-сўз ортиқча. Ваҳшийлашган тўданинг «зуваласи» болаликда пиширилган, аввало, ўз уйини қўшни болалардан ҳимоя қилади. Кейин маҳалла маҳалла билан ҳисоб-китобни тўғрилайди. Сўнгра колхоз колхоз билан, қарабсизки, район районга «уруш эълон қилиб» ўтирибди. Мактабда шундай таҳсил кўриб, катта «саваш»ларда ҳам олиб, ҳам олдирган ўсмир пойтахтга илм излаб келибдики, тағин ўша «севимли машғулот» якун топмайди. Курашларда чиниққан «акахон»лари уни дарров «земляк»ка айлантиришади…

Маҳаллийчилик!

national-hat3.jpgБу лаънати иллат бизга бобомерос. Икки дарё оралиғида яшаган аждодларимиз учун не-не асрлар биродаркушлик одатий ҳол бўлиб келди. Кушонлар, сомонийлар, хоразмийлар, қорахонийлар, темурийлар… Бир тилда сўзлашиб, бир тупроқда улғайган, бир дарёдан сув ичган халқ «Ватан» тушунчасини «ҳокимият» тушунчасига айирбошлаган тахт эгаларининг айби билан бир-бирларига қирпичоқ бўлишди. Қодирий алам билан ёзган, «тарихимизнинг энг қора кунлари» — уч хонлик даврини олинг: Хива хонлиги, Бухоро хонлиги, Қўқон хонлиги. Бу бўлиниш замирида ҳам ўша иллат — маҳаллийчилик. Маҳаллийчилик туфайли бўлинган халқ — ташқи душман ҳамласига дош беролмайди, пароканда бўлган давлатлар таназзулга юз тутади…

Маҳаллийчилик!

Бир райком секретарининг колхозга янги раис сайлаш пайти тавсия этилаётган номзодни (у бошқа хўжаликдан бўлиб, одамлар унга норозилик билдиришган эди) куйиб-пишиб ҳимоя қилганининг шоҳиди бўлганман. У шундай деган: «Мана ҳозир айрим колхозчилар ўзимизнинг қишлоқда туғилиб, ўсган одам раис бўлсин дейишмоқда. Майли, улар айтганча бўла қолсин. Лекин мен ҳозирданоқ бунинг «минус» томонларини кўриб турибман. Дейлик, колхознинг «оёқ» участкасидан биров раис бўлди. Қарабсизки, бир йил ўтар-ўтмас хўжалик фондининг катта қисми ўша участканинг йўлларини тузатишга, кўчаларини обод қилишга, ўша ерда янги иморатлар қуришга сарфланади. Агар колхознинг «атов» участкасидан раис қўйилса, асосий маблағ энди таскари томонга оқа бошлайди. Бу ҳаёт тажрибасида кўп марта кузатилган ҳодиса. Улар ҳамма ишни қонуний равишда амалга оширишади. Олдинги раисларингизнинг фаолиятига бир назар ташланг, ахир! Яна, ўзингиздан сайланадиган раиснинг бутун қариндош-уруғи ҳам шу ерда… Агар бошқа хўжаликдан раис сайласак унга «оёқ»ликлар ҳам, «атов»ликлар ҳам — бир. Дўстига колхоз ҳисобидан иморат қуриб беролмайди, яқин қариндошини «ёғлиқ» жойга ишга қўёлмайди. Айтадиган гапим шу. Ўзларинг ўйлаб кўринглар…»

Ўшанда райком секретари ёқлаётган номзод — қўшни колхозлик агроном йигит раисликка сайланди. Одамлар қамровни кенгроқ олдилар, шекилли. Партия ходими гарчи бу зиддият тагида маҳаллийчилик ётганини айтмаса-да, турғунлик даврида болалаб кетган иллат — маҳаллийчиликни қайта қуриш мезони инкор этаётганини биларди.

Бошқа бир хўжаликда район партия комитети бюроси тавсия этган ёш кадр бошқа хўжаликдан бўлгани сабабли ҳам сайловдан ўта олмади. Гарчи бу хўжалик «бурнигача» қарзга ботган, олдинги раислар одамларни кўп сарсон қилишган бўлишига қарамасдан колхозчилар, ўзимиздан раис сайлаб берасан, деб туриб олишди. Кекса бир колхозчининг райком секретарига айтган гапи сира эсимдан чиқмайди: «Бу йигит осмонни ерга олиб тушадиган бўлса-да, керакмас. Агар итни раис қилсанг ҳам, ўша ит ўзимизнинг колхоздан бўлсин!..» Бу ўринда изоҳ ортиқча.

Маҳаллийчилик!

Бу лаънати бидъатни даврнинг онгли, илғор кишилари — солномачилар ҳам енга олишмаган. Адабий гуруҳлар орасида айрим пайтлари маҳаллийчилик юқори чўққига кўтарилади. Айтайлик, водийлик бирор қаламкаш нуфузли нашриётга «катта» бўлдими, демак водийлик аҳли қаламнинг ошиғи олчи: қўлёзмаси тортмаларда йиллаб чанг босиб ётмайди, асарлари кўп нусхада, ялтироқ муқоваларда босилади. Самарқандлик мунаққид ёки хоразмлик шоир ноширлар курсисига ўтирдими, юртдошлари (бу сўзни шартли равишда ишлатяпмиз, албатта) қўлини-қўлига ишқаб (Эҳ, замон келди-ку!) келишаверади, келишаверади: «Қачонгача водийликлар потирлатиб китобларини чиқариб ётишаверади?!»

Шу тариқа маҳаллийчиликни байроқ қилиб олган тўдалар бирлашиб, мазмун ва моҳиятан якдил адабий доираларда жуда катта кучга — ҳатто бир-бирига тазйиқ ўтказадиган, зуғум қиладиган қудратга айланади. Катта-катта давраларда бирор асарнинг бадиийлиги, ёзилиш услуби, тил бойлиги ҳақида баҳс бошланиб кетса, «Адабиёт назарияси» бир четда қолиб тўмтоқ фикр, чиркин ғоя, маҳаллийчилик «зарбдор куч»га айланади. «Ур, деса номард қочур, мард қолур майдон ичинда». Аслида, гуруҳбозлар орасида мард деб аташга арзийдиган кишининг ўзи йўқ. Акасига қўл кўтарган, синглисини ҳақоратлайдиган, отасига ақл ўргатадиган одам қачон мард саналган? Бу қайси рисолада бор?

Водийда киндик қони томган мунаққид ўз юртдошининг дўконларда чанг босиб ётган достонлар мажмуасини кўкларга кўтаради: «Ҳазрати Навоий давридан буён ҳали бундай етук мисралар яралган эмас!» Воҳалик танқидчи эса элдошининг сўнгги асари (кошки шу сўнггиси бўлса!) — хўппасемизлигидан носфурушлар кунда «ўқиб», элга «тарғиб» қилаётган романини ҳамду саноларга кўмиб юборади: «Ҳатто Қодирий бу даражада ёза билмаган!»

Раҳмат, минг карра раҳмат сизларга!

Журналистлар даврасига бир назар солинг! Маҳаллий нашрларда маҳаллийчилик сал бўлмаса қонуний тус олган. Адабий журналларда бирор нима чиқариш учун камида икки «камёб» нарсадан бири сизда бўлиши шарт: ё тенгсиз талант ёки юртдошингиз редакцияда ишлаши лозим. Республика матбуотларининг областлардаги ўз мухбирлари адо этадиган ишлардан бири — ўз юртдошларини бир-биридан ошириб мақташ. Маълумки, сон кетидан қувиш ўша даҳшатли «олти миллион» рақамини дунёга келтирган. Юртимизни «олти миллион»ли қуруқ рақамга айлантиришга энг кўп ҳисса қўшганлар ҳам ўшалар — шошқалоқ журналистлар. «Фалон райондан шикоят хати тушган. Танишиб, ўқишли бир матариал тайёрласангиз бўларди», деб топшириқ беради бўлим мудири областдаги ўз мухбирига қўнғироқ қилиб. «Энди… биласиз, шу ерда яшаб тургандан кейин… Бизга ҳам қийин. Яхшиси, бошқа бировни юбора қолинг», дейди ўз мухбир ўта одоб билан. Пойтахтдан келган махсус мухбир воқеани батафсил ўрганиб, айбдорнинг ҳар туки тикланиб кетадиган фельетон эълон қилган куни, ўша «ўз мухбир» кун ора юз-юзга тушадиган ҳамтовоқларидан бирига замзама қилади: «Мен-ку ёзмагандим. Ўша йигитга ҳам шунча айтдим, ҳеч рози бўлмади-да. Асли водийлик-да, аяб ўтирармиди…»

«Ўсадиган эл бир-бирини «ботирим» дейди!»

Университетда таҳсил кўриб юрган пайтимизда гувоҳ бўлган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳар эсга тушганда майдалашиб, бачканалашиб бораётганимиз, бутунлик, улуғлик биздан кун ора юз ўгираётганини ўйлаб кетаман.

Жиккаккина гавдаси учундир балки, талабалар орасида «Саккокий» деган лақаб олган адабиётчи домламиз машғулотлардан бирида темурийлар даври ҳақида ҳикоя қиларкан, томдан тараша тушгандек бирдан: «Фалон йили Мирзо Улуғбек исён кўтарган тошкентликларнинг додини бериб…» У шундай дея тингловчиларга маънодор назар ташлаган эди. Тошкентликлар ерга қапишиб кетишган, самарқандликларнинг бўйлари бир газ ўсган…

Пойтахтдаги катта бир министрликка нозир бўлган «акахони» ортидан чумолидек эргашиб борадиган маддоҳларни айтинг. «Раз, нозир биздан бўлдими, қолганлари ҳам ўзимиздан бўлади-да! Фақат эшиги олдида ўтирадиган «ғалча»си бошқа жойники. Рости, бошқаларни ўпган дуруст». Қарабсизки, ҳаммаси гўё рисолада ёзилгандек. Дейлик, республикага раҳбарлик қилаётган тармоқ нозирлиги бир гуруҳ маҳаллийчилар қўлида. Ноёб ускуналар, дастгоҳлар юртига оқаверади. Ўша жойдан шу «акахон»ини қора тортиб келишаверади. Бошқаларга эса лимит рўкач қилинади. Чидасангиз — шу!

Энди партиянинг сайлаб қўйиладиган юқори органлари хусусида. Узоқ йиллар пойтахт кўчаларида «тирикчилик қилган» ГАИчилар учун яккаю ягона орзу — «ДД»дан бошланадиган номерли машиналар ҳайдовчиларининг талонини бир марта тешиш бўлиб келди. Рашидов қулаган йилдан бошлаб эса «ДД»лар иложи борича пойтахт ГАИчилари кўзига кўринмасликка интилишди. Лекин бу пайтда бечора ГАИчилар қўрқадиган бошқа ҳарф пайдо бўлган эди — «Ф». Энди эса…

«Ўзбекистон ССР маъмурий-территориал бўлинишига ўзгартишлар киритиш тўғрисида» республика Олий Совети Президиумининг Фармони ҳали эълон қилинмасдан туриб, бўлиб ўтган гап-сўзлар, машмашаларни айтинг. «Менинг районим тугармиш». «Бизнинг областни йўқ қилишмоқчи эмиш…» Гўё райони тугатиладию бўзликлар, олотликлар, пешкуликлар, чортоқликлар, норинликлар, зарбдорликлар, навбаҳорликлар ўз юртидан айри тушишади. Майда-чуйда курсиларга елимланиб қолган айрим калтабинлар бундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишни кўзлашди: «Ана, сизларни йўқ қилиб юборишмоқда. Минг йиллик районингизни бошқаларга қўшишмоқчи. Қарам бўлиб қоласизлар…»

Ахир биз ЎЗБЕКлармиз. Ер юзида атиги ўн олти миллион бўлган, шундан ўн уч миллиондан ошиқроғи қадимий тупроғида яшаб, кун кечираётган ўзбеклармиз. Уни яна юз пора қилиш, кичик-кичик бўлакларга ажратиб юбориш кимга фойда?! Бўлинганни бўри ейди, деган экан донолар. Бизни бўри емайди, Биз бир-биримизни ғажиймиз, холос.

Айтаверсак — гап кўп. Пойтахтликлар ҳар дақиқада гувоҳ бўлиб турган кўринишлар — маҳаллийчилик иллатининг томири узун, у чуқурликлардан озуқ олмоқда. Укаларимиз (тарбияни ёшлардан бошламоқ керак), тенгқурларимиз ва ақли ноқис катталар танасига ўйлаб кўриб, ақл билан иш юритадиган, маҳаллийчиликни таг-томири билан тугатиб юборадиган фурсат етмадими? Етди! Агар бугун шу ҳақда ўйламасак, дўппини бошдан олиб, мушоҳадани кенгроқ юритмасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Эртага, севимли шоиримиз ёзганидек, «худо урган халқнинг» ҳолига маймунлар йиғламайдими?

Мен ЎЗБЕКМАН! Хоразмлик ёки Қўқонлик эмасман! Сизчи?!

Манба: “Ёшлик” журнали, 1988 йил, 12 (84)–сон

12.jpgSahifa taniqli o‘zbek jurnalisti Ro‘zimboy Hasanning 60 yilligiga bag‘ishlanadi

Ro‘zimboy Hasan o‘tgan asrning 80-90 yillarning boshida o‘zbek matbuoti tarixida sezilarli iz qoldirgan, o‘z o‘rni, nufuziga ega bo‘lgan jurnalist. Ayni sanada 60 yoshga to‘lgan qalam sohibining nega endi maqolalari keyingi davrda kamnamo bo‘lib qoldi?

Ahror AHMЕDOV
MЕNING DO‘STIM RO‘ZIMBOY…
03

Ro‘zimboy bilan do‘stmiz.
Do‘stlik izoh talab qilmaydi.

Yana biz u bilan hammuallifmiz.Hammualliflik esa asli qiziq hodisa. To‘g‘ri, muharrirning topshirig‘i bilan bitta-yarimta maqolani ( biror joyga borib kelgandan keyin) hammualliflikda yozish mumkin. Ammo ijodining asosiy qismini birga yozish bu endi anchayin jiddiy, shakllangan hamualliflikdir.Biz Ro‘zimboy bilan 50dan oshiq katta-katta maqolalarni birga yozganmiz. Buni endi muharrirning topshirig‘i bilan qilib bo‘lmaydi. Buning uchun ikkovlonning ham dunyoqarashida, fikrlashida, masalalarga munosabatida,tabiatida, yozish tarzida yaqinlik bo‘lishi kerak.

Ana shu yaqinlik tufayli “Siyosiy suratga chizgilar” turkumida o‘nlab davlat rahbarlari to‘g‘risidagi ocherklar, “Mezon” turkumida ko‘hna tarixda iz qoldirgan sarkardalar haqidagi esselar, Amir Temur ekspeditsiyasida qatnashgan kezlarimizda yozgan maqolalarimiz yuzaga keldi.

U Xorazmda, men Toshkentda turamiz.

Asosan telefon orqali, ko‘pincha xat bilan muomilayu muloqot qilamiz.Biror mavzuni fikrda pishirib yuramiz-da, keyin uni “teng ikkiga bo‘lamiz”.Bu qanaqa dersiz? Deylik, biror arbob haqida bo‘lsa, mustaqilikkacha bo‘lgan qismini birimiz, keyingi davrini ikkinchimiz yozamiz.U pochta yo biror yo‘lovchi tanish-notanish orqali yuboradi.Men ikkalasini qo‘shib, ustidan ko‘rib chiqaman.Bitta-yarimta jo‘yali gapimiz bo‘lsa, bir-birimizning “tomorqamizga” ham o‘tib ketaveramiz, ya’ni o‘zimizga tegmagan bo‘lakka ham fikrlarimizni kiritamiz.

Shuni ham aytish kerak, uning tili biroz “zaharroq”.Sal “yumshatishga” to‘g‘ri keladi.Ana shunday qilib bir-birimizga posangi bo‘lib, turtib turuvchi “xala” bo‘lib, baholi qudrat qalam tebratib yuribmiz.

Ro‘zimboyni besh qo‘limday bilaman, desam balki xato bo‘lar, lekin hayotini, turish-turmushini bir qahramonimni o‘rganganday bilaman.

Ilk maqolasi 1968 yil “Tong yulduzi”da bosilib chiqqan.Shunda o‘n yashar bolakay edi.

…Ilk tanqidiy chiqishi 1973 yilda “Xorazm haqiqati”da bosilgan.Maktab bufetchesining o‘quvchilar haqiga xiyonat qilishdan toymasligi haqida edi.Maqola bosilgach, bufetchi ayol jinoiy javobgarlikka tortiladi, maktab direktori rayko‘m byurosida partiyaviy chora oladi.Bu voqea to‘qqizinchi sinf o‘quvchisini ming bola ta’lim olayotgan o‘rta maktabda salkam “o‘z davrining qahramoni”ga aylantiradi.

Sermahsullik unga yo‘rgakda tekkan-hali o‘quvchi paytidayoq tuman ro‘znoasida hatto shtatdagi muxbirlardan ham ko‘p yozardi.Shu boisdan o‘qishga kirish uchun kelganida bir emas, ikkita maqolalarga liq to‘la albom keltirgan.

O‘zining aniq hisob-kitoblariga qaraganda, o‘tgan o‘n to‘rt yilda respublikaning 22 nomdagi gazeta va jurnallarida ikki yarim mingta turli janrdagi maqolalari bosilib chiqqan.Shu boisdan hali to‘qsoninchi yillar boshlarida Nabijon Boqiy “ Vatan” gazetasida chop qildirgan bir maqolasida yozuvchi Xayridin Sulton “Ro‘zimboy Hasan sermahsullikda ota-bola Dyumalarni ham ortda qoldirdi” degan gapini keltirgan edi.

Yurt tarixi, etnografiyasi kishilari haqda o‘ndan oshiq kitoblari bosilib chiqqan.

…Otasi Boboxon Hasan o‘g‘li g‘irt savodsiz kishi o‘tgan.Bu xokisor insonning tirikligida 1-2 suhbatlarini olganmiz.Suhbat ham o‘ziga yarasha, 3-4 minut,xolos.Salom-alik.Keyin yoshulli xonasiga kirib ketgan.Biz so‘rida tonggacha gurung qilganmiz.Ertalab yana 3-4 minut.Xayr-xo‘sh.Onasi Ro‘zigul mom esa arabiy imlodagi eski kitoblarni umr bo‘yi mutoala qiladi.Ahmad Yassaviyning butun she’riyatini yod olgan.

Tuman ro‘znomasida ishlab yurgan, chekka qishloqdagi jurnalistning respublika matbuotiga, yana tag‘in o‘z davrida o‘ta mashhur “Turkiston” ( “Yosh leninchi”)ga Quyi Amudaryo mintaqasi bo‘yicha sayyor muxbir bo‘lib ishga kirishiga esa 1988 yil “Yoshlik” jurnalining ikki sonida davomli bosilib, shov-shuvga sabab bo‘lgan “Xiva: xayolot va haqiqat” maqolasi xizmat qildi.

Biz u bilan –“Turkiston”da tanishdik, do‘stlashdik.Turkiston maktabi uni tarbiyaladi, bir yildayoq ilg‘or jurnalistlar qatriga olib chiqdi.O‘sha kezlari gazetaning deyarli har bir sonida uning maqolasi bosilib chiqardi.Ba’zi bir sonda 2-3ta maqolasini chop etishga to‘g‘ri kelib qolganda, Ro‘zimboy Hasanov, R.Hasan, H.Ro‘zimov kabi imzolar qo‘yishardi.
1989 yilda “Mushtum” jurnalida uning “Arbobning ming bir bobi” sarlavhali felyetoni chop qilindi va o‘n kun o‘tmasdan felyeton “qahramoni” bo‘lgan Bog‘ot tumani rayqo‘mi birinchi kotibi vazifasidan olib tashlandi.Bu voha tarixidagi ilk va yagona shu taxlit hodisa sanaladi.

U viloyatda ko‘pgina rahbarlar tomonidan “yozmasligi uchun hurmat qilinadigan” muxbir sanaladi.Ya’ni boshqa muxbirlarga izzat-ikrom ko‘rsatib, aybini bekitadigan, o‘z ishini ora-sirada maqtab ko‘rsatib, turishga havasmand rahbarlar unga ham hazil, ham chin ma’noda “Choyimni iching, iltimosim, hech narsa yozmang!” deyishadi.Chunki u har qanday maqolada ham bir chimdim muammoni tilga oladi, bir og‘iz so‘z bo‘lsa-da tanqidiy fikr aytmasdan o‘tolmaydi.

1993 yilda Turkmaniston Prezidenti bilan intervyu olish uchun borganida Turkmaboshiga hech tap tortmasdan : “Bizlar Stalin shaxsiga sig‘inish balosidan zo‘rg‘a qutuldik, qolaversa, siz hajga borgan musulmon bandasisiz, dini Islomda Yaratgan Egamdan o‘zgani ulug‘lash kufr sanaladi, shunday bo‘lsa-da, nima uchun hamma joyda nomingiz abadiylashtirilayotganiga o‘zingiz qanday munosabat bildirasiz?” deb savol bergan.

Yana bir gap.1991-92 yillarda “Oqshom to‘lqinlarida” eshitdirishi tomonidan o‘tkazilgan so‘rovda respublikaning eng zo‘r jurnalisti deb topilgan.

1989-93 yillarda “Turkiston”, “Oila va jamiyat”, “Vatan” gazetalarining Xorazm viloyati va Qoraqalpog‘iston Respublikalari bo‘yicha muxbiri bo‘lib ishlagan.Bir paytda uch yirik gazetaning muxbiri bo‘lish kamyob voqea sanaladi.

Qiziqarli saravha topishga usta.
Sarlavhani topmaguncha yozishga o‘tirmaydi.

Maqolani hech qachon qo‘lyozma qilmaydi.Fikrlarni jamlab, hujjatlarni to‘plab ( bir quti sigaretni yoniga qo‘yib), so‘ng yozuv mashinkasi yoniga cho‘kadi.Bu mashinka qurg‘ur ham ruscha imloda. “O‘”, “q”, “g‘”, “h”larning belgisini qo‘yib chiqish engdiqqinafas ish. Hafsala qilganida o‘zi qo‘yib chiqadi, shunda ham ikkitadan bittasiga, hafsala qilmasa shu ham yo‘q.Redaksiyada o‘tirib o‘zimiz qo‘yib chiqardik.

Yozganda maqolani bir o‘tirishda tugatmaguncha tinchimaydi. Shunday bo‘lsada, uning bir zarb bilan yozilgan maqolalarini tahrir qilishga hojat sezilmaydi.Faqat boyagi “zahari” bor uchun bir oz qisqartirishga to‘g‘ri keladi.

Esini tanibdiki, hayoti dala-bog‘ bilan bog‘liq.Dehqonchilikni bir hosilotdan, texnikaning holatini bir muhandisdan, qonunlarni bir huquqshunosdan kam bilmaydi.Uni aldash qiyin.Shu boisdan ayrim maqtanchoq rahbar-mutaxassislar u bilan ish yuzasidan suhbatlashganda ko‘pincha izza tortib qoladilar.

“Oq uy” fermer xo‘jaligi a’zosi.Ishdan bo‘sh vaqtlarida dehqonchilik bilan mashg‘ul. Shu taxlit, katta oilasini halol mehnati bilan boqadi, qishloq xo‘jaligida ro‘y berayotgan o‘zgarishlarga ozmi-ko‘pmi hissa qo‘shishga intiladi.

“Yurtning kelajagi mulkchilik.Faqat shu yo‘l bilan sho‘rolar tamoyiliga kiritgan byurokratik apparat qoldiqlarini, “umumjamoa mulki” degan, aslida faqat bir guruh mansabdorlarga manfaat keltirayotgan trirzirlmadan qutulish mumkin”, deydi u.

Istiqloldan keyin milliy qadriyatlarga qaytish, ismi-sharifining ota-bobolarimiz rusumi bo‘yicha atalishiga vohada birinchi bo‘lib amal qilgan.

Na xizmat, na shaxsiy mashinaga ega (2003 yilda Komil Avazning “Tiko” mashinasini xarid qilgan, ammo 2011 yilda buzilganidan buyon tuzatishga imkon-pul topilmayapti-U.B.).Kamtarona umrguzaronlik qiladi.

El qatori jamoat transportida yuradi.O‘tgan davrda respublika, viloyat doirasida taklif qilingan vazifalarni doim rad qiladi.

“Jurnalist”-muxbir faqat yozish uchun dunyoga kelgan”.Bu uning fikri, shiori.

Do‘stona, lekin ochig‘ini yozadigan bo‘lsam, yurish-turishi, muomilasi, yozishda o‘ziga xos tartib-intizomi bo‘lgani holda, ba’zida kiyinishida palapartishlikni kuzatish mumkin.Bu ham fe’lidan kelib chiqqan-hashamga xushi yo‘q.Umrida bo‘yinbog‘ taqmagan.Komsomol davrida katta bir yig‘inga chaqirishdi.Xonamda turadigan “zapas” galstuklardan birini taqib ol, desam ko‘nmadi.Noiloj ketaverdik.Borgach, kutib oluvchilar meni ichkariga olishdi, uni “hoynahoy, haydovchi bo‘lsa kerak”, deb boshqa xonaga olib kirishdi.

Futbolga bir fanatdek qiziqadi.1966 yildan boshlab barcha jahon va boshqa xalqaro bellashuvlarni qoldirmasdan tomosha qilib keladi.

U kelganda biz do‘stlari-Qurbon Eshmat, Suvonqul Rustam, Nabijon Boqiy 1-2 kun yayrab qolamiz.Topgan-tutganini, yiqqanini sochib ketadi.O‘zi “toshkentlik” ijodkorlarning odati qiziq.Viloyatga borsak ham mehmonmiz, viloyatdagilar Toshkentga kelsa ham yana biz mehmonmiz.Shahar odamni buzadi, deganlari shu bo‘lsa kerak-da!

Xorazmning ko‘hna Qulon Qorabog‘ qishlog‘ida kichkinagina Mesit elati bor ( “Mesit aslida turkiy urug‘ning nomi).Hamon xutor ko‘rinishida.

Viloyat markazidan ellik chaqirimcha, tag‘in transport yo‘llariga chet go‘shada yashab, o‘n to‘rt yilki respublika matbuotining bir hudduddagi muxbiri bo‘lish oson emas.Qish-yozda saharmardonda yo‘lga otlanish, viloyat, tuman qishloqlariga borish, arizalarni o‘rganish…Aytishga oson.Qishloqqa bog‘langani shunchalikki viloyat markazidan aqalli bir xonalik uy olish harakatini qilmagan.”Bo‘rini ham, muxbirni ham oyog‘i boqadi”.Bu ham uning iborasi.

Ro‘zimboy “mustaqillik” so‘zini eng kam ishlatgan, lekin o‘z ijodida u uchun eng ko‘p kurashgan, uni yanada barqaror bo‘lishida eng ko‘p aziyat chekayotgan jasoratli, jur’atli, jurnalistlardan biridir, ayni paytda o‘ta odmi va kamtarin insondir.

Men shundayin do‘stim borligidan faxrlanaman.

“Hurriyat” gazetasi 2002 yil 14-avgust.

Umid BЕKMUHAMMAD
RO‘ZIMBOY HASANNING DARDLARI
03

12079873_1030757610310436_6907932691248018102_o.jpgRo‘zimboy Hasan — 1980 yillarning oxiri, 1990 yillarning boshida o‘zbek matbuoti tarixida sezilarli iz qoldirgan, o‘z o‘rni, nufuziga ega bo‘lgan jurnalist.Ayni sanada 60 yoshga to‘lgan qalam sohibining nega endi maqolalari keyingi davrda kamnamo bo‘lib qoldi? Bir paytlari dovruq qozongan “Turkiston”, “Vatan”, Oila va jamiyat” gazetalarining quyi Amudaryo bo‘yicha muxbiri bo‘lib, gazetaning bir sonida 2-3 tagacha maqolasi chop etilib turgan Ro‘zimboy og‘amizning keyingi paytlarda ijodidagi sustlik yoshga bog‘liqmi yo boshqa sabablari bormi?Nahotki, kitob yozishga, kimlarningdir asarlarini tahrir qilishga ketgan vaqt taniqli jurnalistning qalami qudratini pasaytirgan bo‘lsa? Yoki yozishga chog‘langan roman, qissa, dramalari matbuotdan bir oz chekinishga sabab bo‘lgan ? Yoxud fermerchilik, bola-chaqa ulg‘ayishi-yu, ro‘zg‘or tashvishi zamondoshimizning qo‘lini qog‘ozdan, qalamdan uzoqroq tutishga majbur qilgan?

Xullas, savollar ko‘p.Balki 60 yoshlik ortga bir nazar solish imkoni Ro‘zimboy akada yuqoridagi singari savollarga javob berishni taqozo qilar.Men esa qutlug‘ yosh bahona eldoshimni qutlash asnosida, bilganim, kuzatganimni siz bilan baham ko‘rishni lozim topdim.

Ro‘zimboy Hasan nomini men ilk bora o‘quvchilik paytimda “Yosh leninchi” , “Turkiston” sahifalarida, talabalik paytimda esa “Oila va jamiyat”, “Vatan” gazetalarida uchratganman, yozganlari, ularning saviyasi,sarlavhalari,yozilish uslubi menda havas uyg‘otgan, shu tufayliyam menda jurnalistikaga qiziqish uyg‘ongandi. Shu havas ishtiyoqida , talabalik paytim- 1993yillarda yozganlarimni Ro‘zimboy akaga chop qildirish niyatida berganman.O‘shanda, bir-ikki og‘iz gaplashganimizni aytmasa, bemalol gurunglasha olmaganmiz ham.Ammo vaqt o‘tib matbuot sahifalarida “gurung”lashganmiz,tortishganmiz-bahs yuritganmiz. Ya’ni,1995 yilda yoshlik havasi, shijoati tufayli viloyat nashri” Manzara”da tarixiy mavzudagi bahsimiz-“Ro‘zimboy Hasanga e’tirozlarim”, unga javoban “Ro‘zimboy Hasanning e’tirozlari” chop etilib katta shov-shuvga sabab bo‘lgandi.

2001 yildan esa bevosita yuzma-yuz o‘tirib suhbatlashishga imkon topildi va mana oradan yillar o‘tib goh telefonda, gohida Gurlan-u,Urganchda uchrashib gurunglashib turamiz.Mavzu esa tarix, matbuot, adabiyot, shaxslaru-bandalar taqdiri, tirikchiligi.

Ikkovimizning o‘xshash jihatimiz-mendayam, Ro‘zimboy akadayam viloyat markazida aqalli bir xonalik uyimiz yo‘qligi-yu, taklif qilinadigan turli tadbirlarga qatnashavermasligimiz,TV ga intervyu berishdan, ko‘rsatuvlarda qatnashishdan “qochish”imizdir.Shuningdek, ikkovimiz ham qishloqda yashab tirikchilik-molu dala ishlari bilan qo‘limiz bandligiyu,xayolimiz tarixdagi kechmishlarda ekanligida.Yana bir holat, ikkovimizning ham viloyatdagi turli hokimu , soha rahbarlari, mulkdor tadbirkorlar orasida tanishlarimiz, bizlarni chinmi, nosamimiymi hurmat qilib “bizga ne xizmatlari bor?”, deydigan yoshullilar oldiga boravermasligimizdir. Shu kabi men ham, Ro‘zimboy akayam respublika gazetasi muxbiri bo‘lib ishlagan paytimizda bironta raisbuva-yu, fermerni maqtab, ta’ma ilinjida maqola yozmaganimizdir. Ikkovimizning ham kamchiligimiz-internetga hanuz o‘rganolmayotganimiz.

Yana bir holat-ayrim muxbirlarning, hattoki o‘zini jurnalist sifatida niqoblab ko‘rsatuvchi kishilarning ta’ma ilinjida daydib yurishini yoqtirmasligimiz, nafratlanishimizdir.Ro‘zimboy akaga bir necha shu tarzdagi voqealarni aytib bergandim.Ya’ni, tuman hokimining yordamchisi sifatida ishlayotganimda, ko‘plab muxbirlar kelib paxta zavodi direktori, bosh vrach, dongdor fermerni, raisbuvalarni so‘rar, men esa ularni go‘yo “topaolmasdim”.Ya’ni, “obuna mavsumi o‘tgan bo‘lsa, sizning nashringiz yo‘nalishi boshqa bo‘lsa, ular ustidan shikoyat bo‘lmasa, nima qilasiz ularning vaqtini olib?Qandaydir faktlar kerak bo‘lsa statistika bo‘limiga boring!” deyardim.Chunki, kelganidanoq salom-alikdan so‘ng “mashinamning benzini yo‘qolibdi”, “to‘y boshlab qo‘ygandim, qarashadigan yoshullilar topilar”, “Gurlan gurunch makoni deyishadi” kabi ta’mali so‘zlarni eshitishga toqatim yo‘q edi.

Bir gal muxbir aytgan odamlarni topib bermaganimdan so‘ng o‘zicha dag‘dag‘a qilib “Toshkentga,muharrirga ustingizdan shikoyat qilaman”, degan. Men esa “marhamat” deya stolimdagi telefonlarga ishora qilgandim.O‘shanda kulgili jihati, faqat viloyatga chiqadigan telefondan o‘zicha raqam terib,(men kitob o‘qib o‘tirgan, go‘yo e’tibor bermayotganday edim) Toshkent shevasida “ Gurlanning pomoshniginiyam Shovotniki singari tanqid qilaman, tegishli rahbarlarni topib bermayapti.Keyingi dahshatli tanqidiy maqolani endigi sonda bermasangiz bo‘lmaydi, bularga ibrat bo‘lsin”, deb baqirgandi.Men esa ohista uni eshitib, “bu telefonda “8” yo‘q,Toshkentga chiqaolmaysiz, meni aldamang, bosh muharriringiz nomerini bering , birgalikda oldinma-keyin gaplashamiz”, desam qizarib ko‘zini olib qochgan, ammo aldayotganini tan ham olmagandi.Keyin esa o‘zim Toshkentga chiqib,bosh muharrir bilan gaplashsam, “ u menda shtat bo‘yicha ishlamaydi, shartnoma asosida maqola tayyorlaydi, unga obunaga yordamlashasan, Gurlanga borib maqola tayyorlaysan”, deya aytmaganini, paxta zavoddan maqola yozishni tobshirmaganini gapirib bergandi.Bu paytda esa shovvoz “muxbir” allaqachon xonamdan chiqib ketgandi.Yoki boshqa bir gal “Vatan” nomli jurnal muxbiri deya o‘zini tanishtirgan kishi guvohnomasini ko‘rsatgandi. Tabiiyki, kompeyuter ravnaq topgan davrda guvohnomaniyam, muhrniyam yasash, yasatish mumkin.Bunday deyayotganim-ko‘rsatilgan muassis jurnal ta’sis etmasligi aniq, bunday nomdagi jurnalni men umuman eshitganim, o‘qiganim yo‘q edi.(voqea “Vatan” gazetasi nashr etilgan yillar emas, 2006 yil bo‘layapti) Shubhalanganim bois “Tahririyatingiz Toshkentda qaysi ko‘chada joylashgan?”, desam, “men Samarqandlikman, tahririyatga maqolani pochtadan yuboraman, bormayman hisob”, dedi. “Pochtada manzil ko‘rsatilishi keraku, nahotki yodingizda bo‘lmasa, unda jurnaldan bir nusxa bering, mavzular bilan tanishaylik, bosh muharrirngiz kim?”, deya so‘rayotgandim, xonaga hokim (endilikda nafaqada) kelgani zahoti u mendan oldinoq o‘zini muxbir deya tanishtirib, birgalikda kabinetiga kirib ketishdi. Men shubhamni aytishga ham ulgurmadim.Oradan vaqt o‘tib u hokim yonidan chiqqach ortiqcha menim yonimda turmay juftakni rostlagandi.
Men bu singari voqealarni Ro‘zimboy akaga aytib bergach,” dardimni qo‘zg‘ama, qo‘y “ deya bosh chayqab afsuslangandi. Menda shundan so‘nggina “og‘amiz balki shu tufayliyam matbuotda kamnamodir”, degan o‘y tug‘ilgandi.

…Tabiyki,bir-birimizga to‘g‘ri kelmaydigan jihatlarimiz,o‘y-fikrlarimiz ham bor…

Xullas, Ro‘zimboy Hasan matbuotda kamnamo bo‘lgani bilan, tarixiy mavzudagi kitoblarni, hattoki, roman, dramalarni yozish bilan band. Mavzu, yozish uslubi esa doimgidek-Ro‘zimboy akagagina xos.Buni bir necha kitobini mutoalla qilganim, Muhammad Aminaddinovdek O‘rta Osiyolik ilk mahalliy irrigator haqidagi roman-essesini o‘qiganim uchun aytayotibman. Ya’ni, maqolalar yozishga sarflanmagan kuch-quvvat tarixiy, badiiy asarlarga sarflanayotibdi-ki, bu quvonchli.

Shu bois Ro‘zimboy akadan yanada shijoat bilan ijod qilishini, muxlislariga bir davrlardagi singari g‘oyatda shov-shuvli, saviyali asarlar tuhfa etishini tilab qolamiz.
Qutlug‘ oltmish yoshingiz muborak bo‘lsin USTOZ!

Ro‘zimboy HASAN
SURXONDANMISIZ, QO‘QONDANMI?
03

duppi1.jpg— Kim deding?.. Xorazmlik bo‘lsa kerak-da! Ismi aytib turibdi: Olloshukur! E-e, ularning hammasi shunaqa. Qizlarini chetga uzatishmaydi, faqat bir-biriga sotishadi, xolos.

— O‘zimizning vodiyliklar zo‘r! Hatto «Kuydi jonim»ni yozgan shoir ham — Vodiyga kuyov bo‘lgan, ha!

Talabalar yotoqxonasida quloqqa chalingan ushbu suhbatning astarini ag‘darib ko‘ring… Ayni choqda ularning hammasi al-Forobiy, Farg‘oniy, Bobur avlodlarini boplab tuzlaydilar. Hatto nomlarini tilga olishni istashmaydi — «o‘shalar» deb qo‘yaqolishadi.

Mahalliychilik!

Mahalliychilik hukumatimiz tomonidan doimo qoralangan. Ayniqsa, jamiyat hayotini qayta qurishdek ezgu ishning boshlanmasi bo‘lgan KPSS Markaziy Komitetining 1985 yil aprel Plenumidan buyon o‘tgan uch yarim yillik muddatda mamlakat ichki va tashqi siyosati muhokama qilingan neki yig‘in bor mahalliychilik to‘g‘risida albatta gap-so‘z bo‘ldi. Sir emaski, turg‘unlik yillarida ro‘y bergan salbiy hodisalarning bir uchi o‘sha illatga — mahalliychilikka borib taqaladi. Asosan — kadrlar masalasida.

Mahalliychilik — jamiyatga yot unsur: tinch-totuv kun kechirayotgan qo‘shnilar orasiga nifoq tushadi, paxsa-devor oshirib qo‘shni chorbog‘ga tosh otiladi. Mahalliychilik — bir qorindan talashib tushgan, bir qozondan ovqat yeb, bir dasturxondan tuz totgan aka-ukalarni, opa-singillarni bir-biriga gij-gijlaydi. Farzand padarga, qiz modarga o‘gay bo‘lib qoladi. Birodarkushlik — mahalliychilikning serhosil mevasi!

O‘zbek tili — buyuk til. Buni tilimizda mavjud bo‘lgan qirqdan oshiq lahja va shevalar ham isbotlaydi.

O‘zbekiston respublikasi deb ataladigan go‘sha — ikki daryo oralig‘iga ham sig‘magan yurtimizning bir-biridan go‘zal manzilgohlari, qadamjoylari bisyor. Shimolda Xorazm, janubda Surxon, sharqda Toshkent qo‘r to‘kib turibdi. Bir tomonda Farg‘ona — ta’rifi xamsaga sig‘maydigan gavhar, bir tomonda yurtimizning yuragi, tariximizning bebaho ziynati — Samarqand, yana bir tomonda qiblagohimiz, ishonch va irodaning mustahkam qo‘rg‘oni — qadim Buxoro…

«Men samarqandlikman!» «Men buxorolikman!» «Biz toshkentlikmiz!» «Kamina surxondaryolik», «o‘zlaridan so‘rasak? Do‘ppingizga qaraganda Namangandansiz shekilli, yanglishmadim-a?» Bular — har kungi odatiy suhbatlar; zamonaviy musofirxonalar ostonasida bo‘sh hujra izlab, qosh-ko‘zi popukdekkina ta’viyalarga iltijo bilan boqib turgan paytingizda o‘zingizga hamroh bo‘lgan notanish kimsaga aytadigan so‘zlaringiz. Tug‘ilish guvohnomasida ham, go‘rkovning so‘nggi rasmiy hujjatida ham har bir odamning tug‘ilgan joyi xatlangan bo‘ladi. Bu yaxshi. Yurting bor, o‘z uying — o‘lan to‘shaging bor. Lekin… tug‘ilgan joyini faxr bilan aytayotgan kishi boshqa bir jo‘g‘rofiy nuqtani bepisand ohangda tilga olsa-chi? Masalan, mana bunday: «O‘zimizning Surxon odamlariga teng keladigani yo‘q! E-e, qo‘y, o‘sha buxoroliklarni eslatma!»

Mahalliychilik!

«FAN» (Farg‘ona, Andijon, Namangan), «Surqash» (Surxondaryo, Qashqadaryo) kabi nolegal gruppa va tashkilotlar borligini bilasizmi, eshitganmisiz? Poytaxtda bir-ikki yil tahsil ko‘rib, talabalik nonini yegan bo‘lsangiz — bilasiz. Balki, vaqtida o‘shalardan biriga a’zo bo‘lib, gerdayib yurgandirsiz? To‘g‘rimi? Ha, balli! Esdan chiqadimi, «Xurshidani bir xorazmlik yigit kinoga olib tushibdi» degan mish-mishdan keyin, yotoqxonada xorazmliklar bilan bo‘lgan olishuv! Yoki sigaret so‘ragan buxorolik «borzi» bachaning tanobini tortib qo‘yish uchun eks yotoqxonani «pogrom» qilganlaringiz… Aytaversak — gap ko‘p. Salgina bahona topilsa — bas, mushtumzo‘rlik boshlanib ketardi. Xorazmliklar O. Otajonovning qo‘shiqlarini sevishadi, vodiy hamda boshqa bir qator viloyat yoshlari Sherali Jo‘rayevning muxlislari, samarqandlik yigit to‘rtinchi qavat ayvonchasida O. Otajonovni «sayratayotgan» andijonlik yigitga zug‘um qiladi: «O‘chir!» «Sen o‘chir Sheralingni!» Ana, tamom! Qarabsizki, musiqa ilmida alifni hassa deydigan ikki yigit bir-birini g‘ajib tashlashga tayyor ikki olomonni boshiga to‘playdi. Ishqibozlar orasidagi «mangu jang» — mahalliychilikka aylanadi. O. Otajonoa ham, Sh. Jo‘rayev ham shunchaki bahona, yolg‘ondakam bayroq xolos. O‘rtada birovning: «Men Xorazm farzandiman!», deganiyu boshqasining: «Bilib qo‘y, sherlarning makonidanman!» deb kuylagan qo‘shig‘i sarson. Konsertda nogoh aytib yuborilgan bir-ikki jumla esa shundoq ham lovullab borayotgan gulxanga kerosin sepadi. «Mennng shogirdlarim ko‘p. Ular qo‘shiqqa qalbini ham qo‘shib yuborishadi. Ular tanti yurtning o‘g‘lonlari…» Ana shundan keyin istaysizmi-yo‘qmi, shu so‘zlar chaqiriqqa aylanadi-ketadi. Gumrohlar uni inqilobiy «Baynalminal» kabi jo‘r bo‘lishib kuylay boshlaydilar. Kimga qarshi, kimlarga qarshi? Aka-ukalariga, og‘a-inilariga, qondosh, jondosh birodarlariga qarshi, albatta.

Mahalliychilik!

Oltmishinchn yillarda Pelega, yetmishinchi yillarda Kruiffga, saksoninchi yillarda Maradonaga sig‘ingan yoshlarning — ishqibozlarning taqlidchilarini ko‘rganmisiz? «Bularning adabini berib qo‘yish kerak! «Navbahor» darvozasiga urilgan har bir golni o‘shalarning burnidan buloq qilamiz. Qani, ketdik!»

Ketishdi… O‘yin tugagan. Mag‘lub komanda a’zolari horg‘in qiyofada, boshlarini xam qilishib (yashirish qiyin) kiyinish xonasiga yo‘l olishadi. Stadionda esa kurashning «uchinchi taymi» boshlanmoqda. Mag‘lub komanda bnlan g‘olib komandaning ashaddiy ishqibozlari o‘zaro «hisob-kitob» qilishmoqda.

Ur-yiqit! «Bo‘sh kelmang, namanganliklar!» «Andijonliklar, olg‘a, axir sizlar sherlarning makonidansiz!» «Uchinchi taym»ni boshqaradigan «hakam»— qozi yo‘q. Ular noiloj bir chetda hay-haylab turishibdi. Istaklari, qani hozir yelkalariga zildek botgan pogonlarni cho‘ntakka urib, yengni shimarib izdihomga o‘zlarini urishsa! To‘purar komandaning ishqibozlarini «nokaut» qilishsa! Shunda smenalari yaxshi o‘tib, kechasi tinch uxlasharmidi? Ularni to‘xtatish qiyin. Gap-so‘z ortiqcha. Vahshiylashgan to‘daning «zuvalasi» bolalikda pishirilgan, avvalo, o‘z uyini qo‘shni bolalardan himoya qiladi. Keyin mahalla mahalla bilan hisob-kitobni to‘g‘rilaydi. So‘ngra kolxoz kolxoz bilan, qarabsizki, rayon rayonga «urush e’lon qilib» o‘tiribdi. Maktabda shunday tahsil ko‘rib, katta «savash»larda ham olib, ham oldirgan o‘smir poytaxtga ilm izlab kelibdiki, tag‘in o‘sha «sevimli mashg‘ulot» yakun topmaydi. Kurashlarda chiniqqan «akaxon»lari uni darrov «zemlyak»ka aylantirishadi…

Mahalliychilik!

national-hat5.jpgBu la’nati illat bizga bobomeros. Ikki daryo oralig‘ida yashagan ajdodlarimiz uchun ne-ne asrlar birodarkushlik odatiy hol bo‘lib keldi. Kushonlar, somoniylar, xorazmiylar, qoraxoniylar, temuriylar… Bir tilda so‘zlashib, bir tuproqda ulg‘aygan, bir daryodan suv ichgan xalq «Vatan» tushunchasini «hokimiyat» tushunchasiga ayirboshlagan taxt egalarining aybi bilan bir-birlariga qirpichoq bo‘lishdi. Qodiriy alam bilan yozgan, «tariximizning eng qora kunlari» — uch xonlik davrini oling: Xiva xonligi, Buxoro xonligi, Qo‘qon xonligi. Bu bo‘linish zamirida ham o‘sha illat — mahalliychilik. Mahalliychilik tufayli bo‘lingan xalq — tashqi dushman hamlasiga dosh berolmaydi, parokanda bo‘lgan davlatlar tanazzulga yuz tutadi…

Mahalliychilik!

Bir raykom sekretarining kolxozga yangi rais saylash payti tavsiya etilayotgan nomzodni (u boshqa xo‘jalikdan bo‘lib, odamlar unga norozilik bildirishgan edi) kuyib-pishib himoya qilganining shohidi bo‘lganman. U shunday degan: «Mana hozir ayrim kolxozchilar o‘zimizning qishloqda tug‘ilib, o‘sgan odam rais bo‘lsin deyishmoqda. Mayli, ular aytgancha bo‘la qolsin. Lekin men hozirdanoq buning «minus» tomonlarini ko‘rib turibman. Deylik, kolxozning «oyoq» uchastkasidan birov rais bo‘ldi. Qarabsizki, bir yil o‘tar-o‘tmas xo‘jalik fondining katta qismi o‘sha uchastkaning yo‘llarini tuzatishga, ko‘chalarini obod qilishga, o‘sha yerda yangi imoratlar qurishga sarflanadi. Agar kolxozning «atov» uchastkasidan rais qo‘yilsa, asosiy mablag‘ endi taskari tomonga oqa boshlaydi. Bu hayot tajribasida ko‘p marta kuzatilgan hodisa. Ular hamma ishni qonuniy ravishda amalga oshirishadi. Oldingi raislaringizning faoliyatiga bir nazar tashlang, axir! Yana, o‘zingizdan saylanadigan raisning butun qarindosh-urug‘i ham shu yerda… Agar boshqa xo‘jalikdan rais saylasak unga «oyoq»liklar ham, «atov»liklar ham — bir. Do‘stiga kolxoz hisobidan imorat qurib berolmaydi, yaqin qarindoshini «yog‘liq» joyga ishga qo‘yolmaydi. Aytadigan gapim shu. O‘zlaring o‘ylab ko‘ringlar…»

O‘shanda raykom sekretari yoqlayotgan nomzod — qo‘shni kolxozlik agronom yigit raislikka saylandi. Odamlar qamrovni kengroq oldilar, shekilli. Partiya xodimi garchi bu ziddiyat tagida mahalliychilik yotganini aytmasa-da, turg‘unlik davrida bolalab ketgan illat — mahalliychilikni qayta qurish mezoni inkor etayotganini bilardi.

Boshqa bir xo‘jalikda rayon partiya komiteti byurosi tavsiya etgan yosh kadr boshqa xo‘jalikdan bo‘lgani sababli ham saylovdan o‘ta olmadi. Garchi bu xo‘jalik «burnigacha» qarzga botgan, oldingi raislar odamlarni ko‘p sarson qilishgan bo‘lishiga qaramasdan kolxozchilar, o‘zimizdan rais saylab berasan, deb turib olishdi. Keksa bir kolxozchining raykom sekretariga aytgan gapi sira esimdan chiqmaydi: «Bu yigit osmonni yerga olib tushadigan bo‘lsa-da, kerakmas. Agar itni rais qilsang ham, o‘sha it o‘zimizning kolxozdan bo‘lsin!..» Bu o‘rinda izoh ortiqcha.

Mahalliychilik!

Bu la’nati bid’atni davrning ongli, ilg‘or kishilari — solnomachilar ham yenga olishmagan. Adabiy guruhlar orasida ayrim paytlari mahalliychilik yuqori cho‘qqiga ko‘tariladi. Aytaylik, vodiylik biror qalamkash nufuzli nashriyotga «katta» bo‘ldimi, demak vodiylik ahli qalamning oshig‘i olchi: qo‘lyozmasi tortmalarda yillab chang bosib yotmaydi, asarlari ko‘p nusxada, yaltiroq muqovalarda bosiladi. Samarqandlik munaqqid yoki xorazmlik shoir noshirlar kursisiga o‘tirdimi, yurtdoshlari (bu so‘zni shartli ravishda ishlatyapmiz, albatta) qo‘lini-qo‘liga ishqab (Eh, zamon keldi-ku!) kelishaveradi, kelishaveradi: «Qachongacha vodiyliklar potirlatib kitoblarini chiqarib yotishaveradi?!»

Shu tariqa mahalliychilikni bayroq qilib olgan to‘dalar birlashib, mazmun va mohiyatan yakdil adabiy doiralarda juda katta kuchga — hatto bir-biriga tazyiq o‘tkazadigan, zug‘um qiladigan qudratga aylanadi. Katta-katta davralarda biror asarning badiiyligi, yozilish uslubi, til boyligi haqida bahs boshlanib ketsa, «Adabiyot nazariyasi» bir chetda qolib to‘mtoq fikr, chirkin g‘oya, mahalliychilik «zarbdor kuch»ga aylanadi. «Ur, desa nomard qochur, mard qolur maydon ichinda». Aslida, guruhbozlar orasida mard deb atashga arziydigan kishining o‘zi yo‘q. Akasiga qo‘l ko‘targan, singlisini haqoratlaydigan, otasiga aql o‘rgatadigan odam qachon mard sanalgan? Bu qaysi risolada bor?

Vodiyda kindik qoni tomgan munaqqid o‘z yurtdoshining do‘konlarda chang bosib yotgan dostonlar majmuasini ko‘klarga ko‘taradi: «Hazrati Navoiy davridan buyon hali bunday yetuk misralar yaralgan emas!» Vohalik tanqidchi esa eldoshining so‘nggi asari (koshki shu so‘nggisi bo‘lsa!) — xo‘ppasemizligidan nosfurushlar kunda «o‘qib», elga «targ‘ib» qilayotgan romanini hamdu sanolarga ko‘mib yuboradi: «Hatto Qodiriy bu darajada yoza bilmagan!»

Rahmat, ming karra rahmat sizlarga!

Jurnalistlar davrasiga bir nazar soling! Mahalliy nashrlarda mahalliychilik sal bo‘lmasa qonuniy tus olgan. Adabiy jurnallarda biror nima chiqarish uchun kamida ikki «kamyob» narsadan biri sizda bo‘lishi shart: yo tengsiz talant yoki yurtdoshingiz redaksiyada ishlashi lozim. Respublika matbuotlarining oblastlardagi o‘z muxbirlari ado etadigan ishlardan biri — o‘z yurtdoshlarini bir-biridan oshirib maqtash. Ma’lumki, son ketidan quvish o‘sha dahshatli «olti million» raqamini dunyoga keltirgan. Yurtimizni «olti million»li quruq raqamga aylantirishga eng ko‘p hissa qo‘shganlar ham o‘shalar — shoshqaloq jurnalistlar. «Falon rayondan shikoyat xati tushgan. Tanishib, o‘qishli bir matarial tayyorlasangiz bo‘lardi», deb topshiriq beradi bo‘lim mudiri oblastdagi o‘z muxbiriga qo‘ng‘iroq qilib. «Endi… bilasiz, shu yerda yashab turgandan keyin… Bizga ham qiyin. Yaxshisi, boshqa birovni yubora qoling», deydi o‘z muxbir o‘ta odob bilan. Poytaxtdan kelgan maxsus muxbir voqeani batafsil o‘rganib, aybdorning har tuki tiklanib ketadigan felyeton e’lon qilgan kuni, o‘sha «o‘z muxbir» kun ora yuz-yuzga tushadigan hamtovoqlaridan biriga zamzama qiladi: «Men-ku yozmagandim. O‘sha yigitga ham shuncha aytdim, hech rozi bo‘lmadi-da. Asli vodiylik-da, ayab o‘tirarmidi…»

«O‘sadigan el bir-birini «botirim» deydi!»

Universitetda tahsil ko‘rib yurgan paytimizda guvoh bo‘lgan bir voqea hech esimdan chiqmaydi. Har esga tushganda maydalashib, bachkanalashib borayotganimiz, butunlik, ulug‘lik bizdan kun ora yuz o‘girayotganini o‘ylab ketaman.

Jikkakkina gavdasi uchundir balki, talabalar orasida «Sakkokiy» degan laqab olgan adabiyotchi domlamiz mashg‘ulotlardan birida temuriylar davri haqida hikoya qilarkan, tomdan tarasha tushgandek birdan: «Falon yili Mirzo Ulug‘bek isyon ko‘targan toshkentliklarning dodini berib…» U shunday deya tinglovchilarga ma’nodor nazar tashlagan edi. Toshkentliklar yerga qapishib ketishgan, samarqandliklarning bo‘ylari bir gaz o‘sgan…

Poytaxtdagi katta bir ministrlikka nozir bo‘lgan «akaxoni» ortidan chumolidek ergashib boradigan maddohlarni ayting. «Raz, nozir bizdan bo‘ldimi, qolganlari ham o‘zimizdan bo‘ladi-da! Faqat eshigi oldida o‘tiradigan «g‘alcha»si boshqa joyniki. Rosti, boshqalarni o‘pgan durust». Qarabsizki, hammasi go‘yo risolada yozilgandek. Deylik, respublikaga rahbarlik qilayotgan tarmoq nozirligi bir guruh mahalliychilar qo‘lida. Noyob uskunalar, dastgohlar yurtiga oqaveradi. O‘sha joydan shu «akaxon»ini qora tortib kelishaveradi. Boshqalarga esa limit ro‘kach qilinadi. Chidasangiz — shu!

Endi partiyaning saylab qo‘yiladigan yuqori organlari xususida. Uzoq yillar poytaxt ko‘chalarida «tirikchilik qilgan» GAIchilar uchun yakkayu yagona orzu — «DD»dan boshlanadigan nomerli mashinalar haydovchilarining talonini bir marta teshish bo‘lib keldi. Rashidov qulagan yildan boshlab esa «DD»lar iloji boricha poytaxt GAIchilari ko‘ziga ko‘rinmaslikka intilishdi. Lekin bu paytda bechora GAIchilar qo‘rqadigan boshqa harf paydo bo‘lgan edi — «F». Endi esa…

«O‘zbekiston SSR ma’muriy-territorial bo‘linishiga o‘zgartishlar kiritish to‘g‘risida» respublika Oliy Soveti Prezidiumining Farmoni hali e’lon qilinmasdan turib, bo‘lib o‘tgan gap-so‘zlar, mashmashalarni ayting. «Mening rayonim tugarmish». «Bizning oblastni yo‘q qilishmoqchi emish…» Go‘yo rayoni tugatiladiyu bo‘zliklar, olotliklar, peshkuliklar, chortoqliklar, norinliklar, zarbdorliklar, navbahorliklar o‘z yurtidan ayri tushishadi. Mayda-chuyda kursilarga yelimlanib qolgan ayrim kaltabinlar bundan o‘z maqsadlari yo‘lida foydalanishni ko‘zlashdi: «Ana, sizlarni yo‘q qilib yuborishmoqda. Ming yillik rayoningizni boshqalarga qo‘shishmoqchi. Qaram bo‘lib qolasizlar…»

Axir biz O‘ZBЕKlarmiz. Yer yuzida atigi o‘n olti million bo‘lgan, shundan o‘n uch milliondan oshiqrog‘i qadimiy tuprog‘ida yashab, kun kechirayotgan o‘zbeklarmiz. Uni yana yuz pora qilish, kichik-kichik bo‘laklarga ajratib yuborish kimga foyda?! Bo‘linganni bo‘ri yeydi, degan ekan donolar. Bizni bo‘ri yemaydi, Biz bir-birimizni g‘ajiymiz, xolos.

Aytaversak — gap ko‘p. Poytaxtliklar har daqiqada guvoh bo‘lib turgan ko‘rinishlar — mahalliychilik illatining tomiri uzun, u chuqurliklardan ozuq olmoqda. Ukalarimiz (tarbiyani yoshlardan boshlamoq kerak), tengqurlarimiz va aqli noqis kattalar tanasiga o‘ylab ko‘rib, aql bilan ish yuritadigan, mahalliychilikni tag-tomiri bilan tugatib yuboradigan fursat yetmadimi? Yetdi! Agar bugun shu haqda o‘ylamasak, do‘ppini boshdan olib, mushohadani kengroq yuritmasak, ertaga kech bo‘lishi mumkin. Ertaga, sevimli shoirimiz yozganidek, «xudo urgan xalqning» holiga maymunlar yig‘lamaydimi?

Men O‘ZBЕKMAN! Xorazmlik yoki Qo‘qonlik emasman! Sizchi?!

Manba: “Yoshlik” jurnali, 1988 yil, 12 (84)–son

Komil Nurjon, Ro’zimboy Hasan. Jayhun mirobi — XDK by Khurshid Davron on Scribd


09

(Tashriflar: umumiy 458, bugungi 1)

1 izoh

  1. «…Бўлинганни бўри ейди, деган экан донолар. Бизни бўри емайди, Биз бир-биримизни еймиз, холос…». Раҳмат-ей, оға…лар! Худо умрингизни узун, сабрингизни сертўзим қилсин!

Izoh qoldiring