Sadullo Quronov. Teorema.

003
Икки ойча аввал  «Jahon adabiyoti» журналида (2012 ,9-сон)  эълон қилиниши билан кўпчиликнинг диққатини тортган истаъдодли адиб Абдуқаюм Йўлдошевнинг «Пуанкаре» ҳикоясини сизга тақдим этган эдик (Ҳикоя билан мана бу саҳифада танишинг). Ҳикоя интернет тизимидаги ўзбек адабиёти билан боғлиқ саҳифаларда ҳам қизғин баҳсу мунозарага сабаб бўлди. Адабиётшунос олим Садулло Қуронов мазкур ҳикоя хусусида биринчилардан бўлиб ўз мулоҳазаларини билдирган эди. Дастлаб қатра-қатра бўлиб кўринган фикрлар бугун кичик,аммо яхлит бир шаклдаги мақолага айланди. Бугун эса худди тадқиқ объекти бўлмиш ҳикоя каби мураккаб,аммо изчил фикрлардан иборат мақолани сизга тақдим этамиз.

090

Садулло Қуронов
ТЕОРЕМА
(Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” номли ҳикояси ҳақида)

Психология илмида синестезия истилоҳи мавжуд. Синестезия инсон ҳиссий аъзоларининг бир вақтда, бир нарса воситасида фаолият олиб бориши, олинган ҳиснинг қоришиб кетиши демакдир. Америкалик олим Мелиссой Саэнс ўз илмий фаолиятида баъзи одамлар кўз билан кузатилаётган ҳаракатда ҳам муайян товушларни эшита олишини асослаб беради. Дейлик, қобилиятли синестет Айвазовскийнинг денгиз манзаралари туширилган картиналарида тўлқинлар овозини, шўр сув ҳидини туйиши мумкин. Умуман, синестезия озми-кўпми ҳар бир инсонда мавжуд. Кўпчилигимиз тўқ сариқ рангида иссиқни, тўқ кўк рангида совуқни ҳис қиламиз. Баъзан бир сўз одамда шундай хисларни уйғотиши ҳам мумкин… Машҳур математик Пуанкаренинг ҳам “товушларни рангли қабул қилишдек айрича салоҳият”и бўлган экан. Ажаб, бизни ўраб турган бу оламда сиру синоатдан кўпи борми?!
Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” номли ҳикоясини ўқирканман, хаёлимда шу каби ўйлар айланаверди. Чунки ҳикоя ҳам сиру синоатларга бой эди-да. Бир қарашда истеъдодли математикнинг кўрган кечирганлари, оламшумул кашфиётлар, инсон орзу-умидларини ўзида жо қилгандай кўринувчи қизиқарли сюжет ортидаги улкан маънолар кишини ром этиб қўяди… Асарда реал ва нореал тушунчалари ўртасидаги чегара бузилиб кетади. Тўғри-да, реаллик ҳам нисбий тушунча эмасми? Аслида, биз кўриб кузатаётган олам ҳодисалари реалликми ёки уларнинг замиридаги ҳақиқатлар? Мен ҳам, сиз ҳам, умуман, ҳаммамиз жуда яхши биламиз – бу олам бизнинг тафаккуримизга сиғмайдиган сирли ва мўъжизакор ҳодисотларга бой. Майли, буни том маънода англаб етмасак-да, чуқур ҳис қилиб турамиз-ку. Ҳис қилиб турамиз, айни шундай силсилалар замирида ҳаёт кечираётганимизни ҳам биламиз, лекин реал, нореал тушунчаларидан ҳеч қачон воз кечолмаймиз. Чунки турМУШ деймиз, рўзҒОР деймиз…
Адиб “Пуанкаре” ҳикояси воситасида асли бу дунёнинг ўзи улкан гипотезани текшириб кўриш учун қўйилган теорема, унда ҳар биримиз ўша теоремага ечим излаётган “математик” эканлигимизни уқтираётгандай бўлади. Лекин бу жараёнда кимнинг йўли тўғрироқ? Биргина урғочи бўрининг аъзосига эътиқод қилиб, топган бахтни “Кампирминан тиззани тиззага текизиб гурунглашиб ўтириш”да кўраётган Тиркашнинг йўлими? Ёки ҳаётини маъни излашга бағишлаб, бу йўлда хору зор, телба бўлган қаҳрамонимиз тақдири? Балки турли эҳтиёжлардан ҳоли, Петербургнинг бир четида онаси билан яшайдиган, на пулга қизиқадиган ва на одамлар билан мулоқот қиладиган, кун бўйи деразадан термулиб, мураккаб гипотезалар ечими билан шуғулланувчи Перельман тутган йўл тўғридир? Албатта, инсон иродаси бу саволларга жавоб топиш учун ожизлик қилади. Зеро, бутун маданият, инсоният тарихи шу саволлар теграсида, шу мунозараларда юзага келган ва бу бардавом: “Ҳар қалай, тараққиёт спиралсимон шаклда эканлиги рост шекилли”.
Асар қаҳрамоннинг портфель сотиб олиш воқеалари билан бошланади. Аслида, бу портфель қаҳрамоннинг ўзи эди. Яъни, “Тоза чарм. Сизга юз йил хизмат қилади” деганларида лаққа ишонган, умр бўйи топган-йиққанларини унга солиб, қўйнида асраб юрган, биргина фалокат туфайли барча мазмунни сочиб юборганида қайта унга жо этолмаган қаҳрамон кечмишлари портфелникидан қанчалар фарқ қилади? Умуман, бундай портфель ҳаммамизда ҳам бор эмасми? Ахир, у бўлмаса тўғрими ё нотўғри, англанганми ёки йўқ – ҳаётимизда топган маъноларни қаерда сақлаймиз? Аммо бу қурғур матоҳ ҳам ишончли эмас, “Вақт таъсирини ўтказмайдиган нарсанинг ўзи қолмапти. Ҳатто асл мол ҳам унинг қошида ожиз экан” деганларидай, портфель ҳам барча маънини ўзида олиб юришга қодир эмас. Лекин на илож, бизда ундан ортиқроғи йўқ-да!..
Машҳур психолог-файласуф Карл Юнг “Оламни тушуниш учун бир интеллект тафаккури ожизлик қилади” деганида нақадар ҳақ эди. “Пуанкаре” ҳикояси қаҳрамонларининг айрича муносабатдаги тақдирига ҳам шу нуқтаи назардан ёндашиш ўринли бўлади. Аввало, адибнинг “Мен ҳар бир инсонни Коинот мўъжизаси, гултожи деб биламан. Инчунин, ҳар бир инсон азиз ва мукаррам” деган таъкиди мутлоқ асослидир. Лекин ҳар биримиз дунёни турли ракурсларда кўрамиз, таъбир жоиз бўлса, олам биз учун ўзимизча кузатган, англаганимиз ҳақиқатлардан иборат, асло аслиятдан эмас: “Биз ўзимиз тўқиб чиқарган ривоятларга-да ишониб кун кечирамиз, зарурат туғилиб қолганда уйдирмаларимизни ялов қилиб қўтарамиз”. Хатто буни энг илғор илмий методлар ҳам тасдиқлаб турибди: “Квант механикаси ва нисбийлик назарияси изчил ва улар кўпгина экспериментларда ўз тасдиғини топмоқда. Аммо мазкур билим тизимлари қандай талқин қилинишидан қатъи назар, олинувчи экспериментал маълумотлардан ва уларга мос келувчи назарий конструкциялардан экспериментчи одамни узоқлаштириш мумкин эмас. Бошқача қилиб айтганда, инсон ҳар қанча ҳаракат қилмасин, микродунё ҳақидаги ахборотни микрообъект, уни ўлчаш мумкин бўлган макроскопик асбоб билан ўзаро таъсирга киришиши натижасида олади” . Бу қадар узоқдан келаётганим учун маъзур тутинг, зеро, асарни тушунишда инсоният мавжудлигининг бу каби ўзига хос жиҳатларидан айро туриб бўлмайди. Чунки XX аср аввалида бутун революцион ривожланишларнинг калити сифатида кашф этилган илмий назариялар, хусусан, Пуанкаренинг гипотезаси ҳам рационал тафаккурдан фарқли ўлароқ, оламни мўъжизакор силсилаларга бой эканини тасдиқлаган ҳолда вужудга кела бошлади. Мазмун-моҳиятида шу каби қараш ва сир-синоатларни қориштириб ташлаган “Пуанкаре” ҳикоясига ҳам, аввало, шу жиҳатдан ёндашмоқ зарур: “Аслида ҳаётимизнинг ўзи идеалликдан, ҳайратомуз мукаммаллик қонуниятларидан иборат. Акс ҳолда дунё аллақачон чок-чокидан сўкилиб кетган бўларди”. Хўш бизни ўраб турган борлиқ шундай экан, биз инсонлар шуни ҳис қилиб, тушуниб ҳаёт кечиряпмизми? Бизнингча, асарда кўндаланг қўйилган масала ҳам шунда. Яъни ҳикоя марказидаги қаҳрамон Ҳақиқатни, олам моҳиятининг Идеал ечимини қидираётган кимса. Унинг натижага эришишига бир қадам, атиги, бир поғона қолган. Аммо турли ҳаётий-ижтимоий заруратлар уни охирги қадамдан чеклаб қўяди. Биз инсонлар доим Идеал ёки идеал Мўъжиза кетидан қувиб юрамиз. Ўзимизча унинг қаерга яширинганини ҳам биламиз. Лекин излайверамиз, топиб олганимизда эса “ҳақиқий”сини қидирамиз: “Мисол излаб узоққа ҳам бориб ўтирманг, мактаб даврида физика дарсида ёдлаган газ қонунларингизни эсланг. Хўш, бу қонунларнинг бари нимага татбиқ этади? Ҳа, балли, идеал газларга. Аслида Пуанкаре ҳам тадқиқ этилаётган геометрик жисмни идеал деб билади”. Гипотеза исботлангандан сўнг қаҳрамон “Ахир… ахир бу тўқсон тўққиз бутун-у юздан тўқсон тўққиз фоиз менинг ечимим-ку” деб қолаверади. Лекин ҳаммаси шу бир қадамда, бутуннинг мингдан бир улушида-да! Эсингиздами, олим ўзининг шогирдига “Шунинг учун ҳеч ким бу гипотезани ечишга астойдил киришмаяпти. Очиғи, йигитча, мен бу соҳада у-бу иш қилиб қўйганман” деганида шогирди ҳайрон бўлиб “Сиз-а” деган саволни берган эди. Бу шогирд тушмагур қаёқдан билсинки “гипотеза”ни ечишда нафақат ўша фақиру нотавон устози, балки унинг ўзи, умуман, барча одамларнинг “у-бу иш қилиб қўйган”ини: “Баайни саҳар палла, биллур ҳовузда чўмилаётган жойида сиз илоҳани учратиб қолдингиз, аммо у эсанкирамади, чўчимади, бильакс, сизга андаккина ҳаёсизлик ҳам аралашгандай туюладиган ноз-карашмалар, сирли имо-ишоралар қилади, бундан жўшиб кетиб, юрагингиз гуппилаб урганча “Худо бериб қолдиёв” дея ҳовлиқиб-энтикиб ёнига чопсангиз, қиқирлаб кулганча шартта самога кўтарилади-кетади”. Йўқ, ҳар биримиз шундай воқеаларга гувоҳ бўлганмиз демоқчи эмасман. Лекин кун ора моҳиятан шунга яқин ҳодисаларга дуч келиб туришимизни ким инкор эта олади? Нима демоқчилигимни тушуняпсиз-а? Демак, ҳаммаси ўша бир қадам, охирги қадамда… ахир ҳаммасини кўриб, билиб турибмиз дегани, чин дилдан ишонаяпмиз дегани эмас-ку! Агар ишонч деганлари шу қадар жўн тушунча бўлганида эди, сўфийнинг нафсни ўлдиришу иймонни мустаҳкамлаш йўлида кечган азоб-уқубатларидан маъни қолармиди?..
Биласизми, “Гипотеза”ни еча олмаслигимизга турли субъектив ва объектив омиллар сабаб бўлади. Айни дамда уни ечсак ҳам бу қурбонликларсиз амалга ошмайди. Шу маънода юқорида таъкидлаб ўтганимиз ҳикоя қаҳрамонлари тақдирининг айрича ифодаси асарда илгари сурилаётган ғоя ва мазмунга жуда мос келди. Яъни ҳикоя марказидаги қаҳрамон ҳар қанча уринмасин, дунёга дўсти Тиркашнинг кўзлари билан қаролмайди, худди шундай, у муайян маънода ижтимоийликдан йироқ ва эҳтиёжлардан ҳоли Перельман каби фикр юритолмайди. Албатта, Тиркаш ва Перельман ҳам булардан мустасно эмас. Айтмоқчимизки, инсон бир вақтнинг ўзида оламни турли ракурсларда кўриб, англашга қодир эмас. Аслида замонавий илм-фан олға сураётган назариялар ҳам шу каби тамойиллар билан чамбарчас боғлиқ. Ҳикоя қаҳрамони ҳали уйланмаган, фақат илм, Пуанкаре гипотезаси ортидан “чопиб” юрган пайтларини эсланг: “Тунлари қандайдир сирли шивир-шивирларни эшита бошладим, тонглари сарин шабада тўлқинида нафис, шудрингга чўмган майин либос юзимни силаб ўтарди. Мен ҳатто буни овоз чиқариб айтиш у ёқда турсин, ўйлашга ҳам қўрқардим: наҳотки, наҳотки”. Демак, у ўша кезлари ўзининг Табиат билан нақадар уйғун эканлигини ҳис қила бошлаганди. Албатта, бу ўринда гап олимнинг уйланиши ёки бўйдоқлиги масаласида кетмаяпти. Қаҳрамоннинг уйланиши, хотинининг дийдиё ва дашномлари ифодавийликдаги бир бадиий восита эди. Айни шу воситалар билан қаҳрамон бутун ижтимоийликка шўнғиб кетади. Яъни ёш олим уйланмасидан олдин одамлар турмуш-тарзидан узоқлашиб кетган бир “ландавур” эди, холос. Шу маънода қаҳрамонимизнинг бахтсизлигини ижтимойлик билангина боғлаш тўғри эмас. Айни дамда, Тиркашнинг бахти унинг “Кимсан тоғбеги!” экани, ёки Перельманнинг даҳолиги хонасида қамалиб олиб, гипотезани ечгани билан бахоланиши ҳам соғлом мантиққа зид келади…
Ҳикоянинг бутун мазмун-моҳияти, ёзувчи илгари сурган ғоянинг асл илдизлари асарнинг охирида ошкор бўлади: “Бу гипотеза Перельманнинг тушига ҳам нима қилмаган? Кирмаган. Бу сизга Пуанкаре эмас! Бу бутунлай бошқа масала. Буни Шарқ деб қўйибдилар”.
Аслида, сизу биз муҳокама қилаётган ва ёзувчи эътиборини тортган масалалар Шарқ фалсафаси теграсида айланаётир. Умуман, XX аср фан-техникаси тараққиётини Ғарб олимларининг Шарққа, унинг битмас-туганмас маънавий бойликларига нисбатан ортган қизиқишларида кўриш ҳам мумкин. Оламни тушунишда, асосан, рационал билимга таяниб келган Ғарб олимларининг илмий фаолиятига инсон қалби ва руҳини тадқиқ этиб келган Шарқ донишмандларининг қарашлари кучли таъсир эта бошлади. Хусусан, Анри Пуанкаре, Жак Адамар, Альберт Эйнштейн каби буюк олимлар кашфиётларига биз айтаётган омилларнинг таъсири беқиёс. Дейлик, Альберт Эйнштейннинг масса ва энергия уйғунлигини исботловчи кашфиёти Шарқ файласуфларининг руҳ ва жисм бутунлиги ҳақидаги қарашлари билан бевосита алоқадор. Математикага интуитизмни олиб кирган олимлардан бири Пуанкаренинг гипотезаси ҳам аввал бошидаёқ Шарқ фалсафасида оламдаги барча жисмлар бир бутун ва бир вужудда мужассам (Ваҳдатул вужуд), деган қарашда яшаб келаётган эди. Шу боис асар сўнгига келиб қаҳрамонимизнинг бу таҳлит ҳайқириши, ҳикояни сўфиёна руҳда битилган дейишимиз учун етарли бўлади. Зеро, асар учун Ғарб намояндаси ва унинг илмий гипотезаси асос қилиб олинган бўлса-да, муаллифнинг олам ҳақидаги таассуротлари, уни тушунтириш йўсинлари Шарқ фалсафаси, унинг қадриятлари асосида кечмоқда. Яъни ёзувчи излаганимиз узоқда эмас, ёнверимизда, ўзимизда дея уқтираётгандай бўлади.
Албатта, ҳозирги глобаллашув даври инсоният турмуш ҳаётидан идеалларни сиқиб чиқармоқда. Ҳатто тараққий этган илм-фан ҳам якуний хулосаларнинг борлигига шубҳа билан қарайди. Аммо Шарқ донишмандлиги идеал доим инсон қалби, унинг руҳида яшаб келади, деб ўргатади.

89       Мақола муаллифи ҳақида:
1989-йил, 31-январда Андижон туманида туғилган. 2004-йил тумандаги 4-умумтаълим мактабини, 2006-йил 11-академик лицей-интернатини, 2010-йили эса Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факултетини тамомлади. У шу йилдан университетнинг магистратурасига қабул қилинди.
Саъдулло Қуроновнинг бир қанча илмий мақолалари юртимизнинг нуфузли журналларида эълон қилинган. У “Шеъриятда синтез” мавзуси устида иш олиб бормоқда. Жумладан, магистратура диссертация учун “Ўзбек модерн шеъриятида синтез муаммолари” мавзусини танлаган.

Манбаъ: Мақола муаллиф томонидан тақдим этилган

(Tashriflar: umumiy 73, bugungi 1)

Izoh qoldiring