Safar Kattaboyev. G’alati o’g’ri. Qissa

08   Тўхтамурод иш куни тугаётганига қарамай яна комбайн тагига кирди. Унинг тагига ётиб, у ер-бу ерини ключ билан тортаётгандек бўлар, уриб кўрар, аммо кўзи атрофда олазарак. Ана, ишчилар бирин-кетин чиқиб кетишаяпти. Аста кеч кириб, қоронғулик ҳам туша бошлади. Мана, охирида судралиб Ўсар чўлоқ ҳам кетяпти. Негадир у бир нарсани сезгандай, чиқиб кетавермасдан қайтиб келяпти. Ҳозир савол-жавобни бошлайди. Оббо чўлоғи-ей. Бировларнинг ишига аралашгани-аралашган.

Сафар КАТТАБОЕВ
ҒАЛАТИ ЎҒРИ
Қисса
03

05Сафар Каттабоев 1954 йил Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини битарган (1975).  38 йил давомида рокуратура ва адлия соҳаларида ишлади.  Катта адлия маслаҳатчиси. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.  Қисса ва ҳикоялардан тузилган «Ғалати ўғри” китоби нашр эталган (2005).

03

Тўхтамурод узоқ ўйлади. Нима қилса экан? Ўтган ҳафта отасидан ярим халта буғдой қарз олувди. Унга тегирмончининг айтганига қарамасдан тенгма-тенг маккажўхори қўшди. Маккажўхори сув бўлиб оқиб кетди. Буғдойга нисбатан учга бир қилиб қўшса бўларкан. Э, аттанг. Тегирмончи огоҳлантирди-я, қулоқ солмади. Эссиз маккажўхори, бир ҳафта еяр эди.

Бу йил ўғилчаси мактабга боради. Унга ҳам дафтар-қалам, ҳам кийим-кечак керак. Уф-ф! Бунинг устига хотинининг ҳам касаллиги. Ўт қопида тош бор эмиш. Қони кам. Ўзи ёш бўлса, бунча касални қаердан орттирди экан. Ҳа майли, иссиқ жоннинг иситмаси ҳам бўлади. Майли, касал бўпти. Лекин ҳеч бўлмаса, ўзининг ишлагани, ўзининг даволанишига етса-чи. Рўзғорга-ку бир нарса орттириб келмайди. Ишдан қайтгунча моллар учун бир боғ ўт кўтариб келади демаса. Уям ойлик олмаганига анча бўлди. Бу йил Аваз фермерда ишлаяпти. Иш ҳақи беролмайман, лекин пахта теримидан сўнг мана шу ўн икки қатор ғўзапоянинг ғўзаси сеники деди. Бир амаллаб қишни ўтказади. Илгари ўтин деган нарсалар эсга ҳам келмасди. Қаерга йўқолди?

Ҳали-вери маош оладиганга ўхшамайди. Хўжалик бўлса йилдан-йилга қарзга ботиб боряпти. Бу аҳволдан қачон чиқишади ҳеч ким билмайди. Янги техникадан ҳам дарак йўқ. Унисидан бунисига улайвериб эслари кетишди. Эскисини ямагунча эсинг кетади, деганлари шу бўлса керак-да.

Тўхтамурод ана шу ўйлар билан таъмирланавериб шалоғи чиққан комбайн тагидан чиқди. Кўзи яна омборга тушди. Буни омбор деб ҳам бўлмайди. Илгари цех эди. Цех тугаб кетгач, ўртасидан тахта девор қилиб иккига бўлишди-ю, нариги томонини эҳтиёт қисмлар турадиган омборга айлантиришди. Лекин тахта деворнинг усти шипгача очиқ қолди. Тахта етмади. Бемалол одам сиғадиган жой қолган. Ташқарисига анови бочкани тик қилиб қўйса, ҳеч қийналмай ичкарига ошиш мумкин. Қисқаси, иложи бор. Олса бўлади. Лекин биров кўриб қолса-чи? Кўришга-ку, кўрмайди. Аммо эртасига бу ерда тўполон бошланиши тайин. Ким олди деб. Олди эмас, ўғирлади, дейишади. Барибир эмасми, олди нима-ю, ўғирлади нима.

Тўхтамурод негадир «ўғирлик» сўзини ишлатмасликка ҳаракат қилар, олди деса гўё гуноҳи енгиллашаётгандек туюларди.

Яхшиси, эртага. Нега эртага? Кеча ҳам эртага эди, бугун ҳам. Нима бўлса бўлди, албатта, бугун.

Тўхтамурод иш куни тугаётганига қарамай яна комбайн тагига кирди. Унинг тагига ётиб, у ер-бу ерини ключ билан тортаётгандек бўлар, уриб кўрар, аммо кўзи атрофда олазарак. Ана, ишчилар бирин-кетин чиқиб кетишаяпти. Аста кеч кириб, қоронғулик ҳам туша бошлади. Мана, охирида судралиб Ўсар чўлоқ ҳам кетяпти. Негадир у бир нарсани сезгандай, чиқиб кетавермасдан қайтиб келяпти. Ҳозир савол-жавобни бошлайди. Оббо чўлоғи-ей. Бировларнинг ишига аралашгани-аралашган.

Ўсар чўлоқ комбайн олдига келиб, ўнг қўли билан унга суяниб каловланиб турди-да, сўнг комбайн тагига эгилиб қараб, «Ҳа, ғайратинг кеп қопти, кетмайсанми, Ҳалим хўкизникида сабзи тўғраш бор, эртага тўйи, юр, кетдик» деди. Тўхтамурод кучаниб болтни ключ билан тортар экан, «бораверинг, озгина қолди, тамомлаб қўяй» деди. Лекин Ўсар чўлоқ шошилмасди. Унинг бир нарсанинг тагига етмасдан қўймайдиган одати бор эди. У кетиш ўрнига, ерга чўнқайиб ўтириб олди. «Нимани тамомлайсан, отанг эллик йил трактор тагидан чиқмай ишлаб, тамомлай олмади, сен тамомлайсанми, юрсанг-чи, эртага ҳам худонинг куни бор», деди шанғиллаб.

Хуллас, Тўхтамурод у деса, бу деди, бу деса, у деди. Охири Тўхтамуроднинг кетмаслигига ишонди шекилли, орқасига қарай-қарай «бунга ўзи бир бало бўлган» деб ўзича гапириб кетди. Лекин кетатуриб дарвоза олдидаги қоровулга Тўхтамурод ишлаётган томонни кўрсатиб нимадир деди.

Бўлди, ҳеч ким қолмади. Тўхтамурод худди бир нарсадан қўрққандай секин комбайн тагидан сирғалиб чиқди. Ключларни ерга аста қўйиб қўлларини латтага артди. Ҳеч ким йўқ. Айни пайти. Э, худо, ўзинг шарманда қилма, нима бўлса бўлди. Худонинг ўзи кечирар. Ким билади, ҳали пул топса, ўша «помпа»ни қайтарар ҳам. Доим шундай камбағал бўлмас-ку.

Тўхтамуроднинг юраги гупиллаб урар, омбор томонга ўзича гоҳ пасайиб, гоҳ эгилиб борарди, қўли қалтираганча, сув солинадиган бочкани аста думалатиб келиб девор тагига тикка қилди ва устига шошиб чиқди. У ёқ-бу ёққа яна қаради. Ҳеч ким йўқ. Ким ҳам бўларди, ҳамма кетди-ку.

Тўхтамурод тахта деворга тирмашиб чиқиб ичкарига тушди. Қаерда эди. Қоп-қоронғи, ҳеч нарса кўринмайди. Мана, бу бурчакда, йўқ, бунисида. Ҳа, ҳа, шу ерда. Бир ҳафта олдин Қосим омборчи бешта «помпа» келтирувди, уларни ташишга ўзи ҳам ёрдам қилувди. Ҳа, мана. Биттасини олади. Атиги биттасини. Олди. Бўлди. Уни шошиб ҳар куни нон солиб келадиган халтачасига солди. Энди – ташқарига. Ичкаридаги трактор балонини деворга суяб устига чиқди-ю, ташқарига ошди. Ерга тушгач у ёқ-бу ёққа яна қаради, ҳеч ким йўқ. Энди кетди. Қоровулхонадан омон-эсон ўтса бўлди. Э, тўхта бочкани жойига қўймади-ку. Э, галварс, деворнинг бир томонида бочка тик турса, у ёқда балон. Омборчи бирдан сезади-ку.

Тўхтамурод шошиб орқага қайтиб бочкани секин жойига қўйди. «Ичкаридаги балон-чи», ҳансираганча ўйлади у. Йўқ, уни энди жойига қўйиб бўлмайди, иложи йўқ, нима бўлса бўлди, энди тезроқ кетиш ксрак. Кўрган одам «кечаси нима қилиб юрибди», дейди. Шундоғам кеч бўлиб қолди. Ҳали қоровулхонадан ҳам ўтиш керак.

Қоровул «тўхта, нима олиб кетаяпсан, халтангни кўрсат» деб қолса-я. Худо урди деяверинг. Ким унга ўғирлик қил, деди. Барибир, қўлга тушади-ку. Нега гараж ҳовлисининг орқа деворидан ошиб кетмай, тўғри дарвозага келяпти. Орқага қайтсамикин? Қадамини секинлатди.

Йўқ бўлмайди, Ўсар чўлоқ қоровулга айтиб кетди-ку, бир киши ичкарида қолди, деб. Нега ўзи бугун ўғирлик қилди. Чўлоқ кўрган бўлса ҳаммадан кейин қолганини, ҳозир қоровул ҳам кўради, йўқ кўради эмас, бирданига ушлайди. Ёки орқага қайтиб шу сабил «помпа»ни жойига қўйсамикин? Унга ҳам анча вақт керак.

Шу ташвишли ўйлар билан Тўхтамурод қоровулхонага яқинлашди. Ана қоровул, уни кўриб қоровулхонадан чиқиб келяпти. Ҳозир ушлайди. Бирдан бақирса керак ёки индамай «иккинчи қилма», деб «Помпа»ни олиб қолиб, ўзини қўйиб юборармикан? Унга ялинади, отам билан ошнасиз, ҳеч кимга айтманг деб. Кўнармикан? Аҳмоқ бўлмасам, ўғирланган нарсани кўтариб, қоровулнинг олдига ўзим келаманми? Мана, ўғирлик қилдим, ушлаб топширинг деб.

– Ҳа, Тўхтамурод, бугун кеч қопсан, сендай ҳеч ким ишламайди. Ҳамма сал кеч бўлди дегунча уйга қараб қочади, тирикчилигимни қилай деб. Боя чўлоқ ҳам ҳайрон бўлиб гапирувди.

– Ҳа, энди, шу комбайнни бир йўла ремонтдан чиқарай, эртага бирдан бошқасини бошлайман девдим.

-Тўғри, тўғри. Отанг билан бизлар ҳам ана шундай кечаси билан ишлар эдик. Ҳозир одамлар ундай ишламайди. Хўжалик ҳам аввалгидай ҳақ бермайди. Ишлаб чарчаганмисан дейман, бунча ҳансирайсан.

Шу пайт қоровулхонада ички телефон жиринглади. Қоровул шошиб орқага қайтиб, «йўқ, бу ерда йўқ, инженер келган эмас, мендан бошқа ҳеч ким йўқ. Олим полвоннинг ўғли Тўхта бор эди, уям кетяпти» деб раис билан гаплаша бошлади.

Тўхтамурод пайтдан фойдаланиб қоровул бобойга бош қимирлатиб хайрлашган бўлди-ю, қадамини тезлатди. Э, Худо, ўзингга шукур. Омон-эсон қутилди-я, лекин ишдан кейин қолиб ишлаганини раисгача билди. Раис ҳам ҳайрон бўлгандир, одамларнинг бошида таёқ айлантириб зўрға ишлатаман, бунга нима бўлган деб. Буниси-ям майли-я, эртага гап бўлса, «Қайси куни ўғирлик бўлди? Олим полвоннинг ўғли Тўхтамурод ишдан қолиб ишлаган куни» дейишса-чи? Ана шармандалик. Бир бечора айтган экан «мен ўғирлик қилган куни ой ҳам ёруғ бўлди» деб. Отаси эшитса нима қилар экан. Қувалаб уриши аниқ. Ахир, уларнинг уруғидан ўғри чиқмаган.

Тўхтамурод ана шу хаёллар билан уйига қандай келганини ҳам билмай қолди. «Помпа»ни қаерга яширса экан. Ётадиган уйига қўйиб бўлмайди. Болалар бу нима деб бирданига ёпишиб, ушлаб кўрмоқчи бўлади. Уларга ўйин бўлса бўлди, отасининг уларни боқаман, деб ўғирлик қилиб юргани қизиқтирмайди. Қизиқ, ўзининг отаси ўн болани қандай боққан экан-а. Ё ошхонага қўйсаммикан, чой яшикнинг орқасига. Бўлмайди. Хотини кўриб қолиб, «бу нима» деб кўтариб юрмасин. Яхшиси, сомонхонага. Ҳа, балли, энг тепасига, бурчакка яшириб қўяди. Тўхтамурод сомон устига чиқмоқчи эди, ўпирилиб кетиб, ҳаммаёқ чанг-тўзон бўлиб, ҳеч нарса кўринмай қолди. Бир бало қилиб, сабил қолгурни бурчакка тиқди. У ердан чангга ботиб чиқаётганини кўрган хотини «кечаси сомонхонада нима қилиб юрибсиз», деди.

Тўхтамурод ичида хотинини сўкса-да, аммо тишини-тишига қўйиб «ўзим шундай, қанча сомон бор экан деб чамалаб кўрдим» деб уст-бошини қоқа бошлади.

Хотини ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам севиниб «нима, сигир олмоқчимисиз», деди. «Падарингга лаънат, бунча майда гап бўлмаса, мен нима ғамда-ю, бу нима дейди». Тўхтамурод бошқа пайтда хотинининг ҳақини берарди-ку, лекин ҳозир ичидагини ташига чиқаролмас, шунинг учун жаҳлини ичига ютди-ю, нима деганини ўзи ҳам тушунмай, бир нарса деб ғудурлаб ичкарига кириб кетди.

Тўхтамурод хато гапирганини энди тушунди. Ахир, сомон ейдиган молларини аллақачон сотиб буғдой олган, иккита эчкисидан бошқа ҳеч нарсаси қолмаган эди-ку. Ўтган йили қандайдир касаллик тарқаб, бутун қишлоқ бўйича товуқлар ҳам қирилиб кетди. Хотини бечора сомонни чамалаб кўраяпти, сигир олади-ёв, деб севинди шекилли. Боя хотинини ичида сўкиб турган Тўхтамурод энди унга ачинди. У бечора ҳам нима қилсин, уйда сут-қатиқ бўлганга нима етсин.

Бугунги ишлардан кайфияти бузилган Тўхтамурод чой ҳам ичмасдан ухлашга ётди. Қани энди уйқу келса. Эртага гаражда жанжал бошланади. Омборчи Қосим қирриқ милиция ҳам чақирса керак. Ўсар чўлоқ билан қоровул гувоҳ бўлади. Ҳаммадан кейин Тўхтамурод қолувди деб. Ўз-ўзидан гумон туғилиши тайин. Бирданига ушлаб қамашади, уйни келиб кўришса, сомонхонадан «Помпа»ни топиб олишади. Кейин суд, ким билади гаражга олиб келиб иш жойида суд қилишадими, ҳамма кўрсин, ибрат бўлсин деб. Тўғрида, ким ўғирлик қилса, жазо ҳам олиши керак. Неча йил беришар экан?

Тўхтамурод «Уф-ф» тортиб, нариги томонга ағдарилди. Нима қилса экан ёки эртага эрталаб бориб ҳеч ким йўқ пайти яна жойига қўйиб қўйсамикин? Биров кўриб қолса-я. Кўрмаса ҳам қоровул яна ҳайрон бўлади, кеча кеч кетувди, бугун азонда келаяпти, бунга ўзи бир гап бўлди деб.

Тўхтамурод ана шундай ўйлар билан тонг оттирди. Эрталаб турганда на ухлаганга, на ухламаганга ўхшарди. Апил-тапил ювинди-ю, бир пиёла чой ичиб, шоша-пиша ишга жўнади. Бугун нима бўлар экан? Қани эиди Қосим қирриқ аста келиб секин сўраса, кеча охирида сен қолган экансан, мабодо сен ўғирламадингми деб. У бирданига бўйнига олиб, келтириб берар эди. Ишқилиб, ҳеч кимсезмаса бўлди-да. Нима бўлса ҳам, шу гап иккаласи ўртасида қолиши керак.

Тўхтамурод ишга келгач, гоҳ комбайн тагига кирар, гоҳ чиқар, икки кўзи омборхонада эди. Ана, Қосим қирриқ ҳам гоҳ кириб, гоҳ чиқиб турибди. Лекин кайфияти одатдагидек. Мана, тушлик ҳам бўлди. У жим. Умуман, ҳамма ёқда жимжитлик. Ҳамма ўзича куймаланиб юрибди. Ахир, шунча темир-терсакнинг ичидан битта «помпа» йўқолса ким ҳам билиб ўтирибди. Ким билади, омборчининг ўзи ҳам бирортасини сотиб юборгандир. Қайсисини техникаларга қўйди-ю, қайсисини ўзи сотиб пуллади, нечтаси қолди, ҳисоб-китоб қилиб юрармикан? Нима, бошқа иши йўқми?

Кечга яқин Тўхтамуродда аввалги қўрқув, иккиланишлар йўқола бошлади. Арзимаган нарсага шунча ваҳима қилди-я. Мана, ҳеч ким, ҳатто «помпа»нинг эгаси ҳам сезмади. Энди секин «помпа»ни пуллаш керак. Хўш, кимга сотади. Э, тўхта, буёғини ўйламапти-ку. Чиндан ҳам, кимга сотади. Бу ердагиларга-ку, сотиш у ёқда турсин, гапириб ҳам бўлмайди? Лекин битта «помпа»ни кўтариб бозорга борадими. Умрида темир-терсак сотмаган-ку. Ана холос. Бу ёғи ўғирлик қилишдан ҳам қийин бўладиганга ўхшайди. Нимага аввал шуни ўйламади.

Тўхтамурод ўйлай-ўйлай қўшни жамоа-хўжалигидаги божасиникига жўнади. Ҳар ҳолда кўздан пана, узоқроқ. Божаси биронтасига пуллаб берар. Машинаси бор одам олар. Арзонроқ «помпа» топаман деб юрганлар бордир.

Божаси «помпа»нинг у ёқ-бу ёғини айлантириб кўриб, «майли, бизда Эргаш қассоб деган одам бор. «Газ:53», «КамАЗ» машинаси бор, ўғиллари билан ижарага олган. Ўзи ҳар ҳафта Тошкентга қорамол сотиб келади, сўраб келай-чи», деб кетди. Бироздан сўнг қайтиб келиб «олиб қолди икки минг бераман, ҳозирча беш юз олиб тур, қолганини бир ҳафтадан сўнг оласан деяпти, мен эгасидан сўраб келай деб келдим, ўзи неча сўмга сотмоқчи эдингиз божа, сўрамабман ҳам», деди.

Тўхтамурод аввал «помпа» сотиб юрибдими, шунинг учун «билмасам, бозорда қанча экан, сиз билмайсизми» деди. Ўхшатмасдан учратмас деганларидек, божа ҳам унинг ўзига ўхшар, гоҳ у фермада, гоҳ бу фермада қорамолларнинг тагини курар, гоҳ пахтада ишлаб қолар, ҳозир эса бекор эди. Машина билан тракторнинг фарқига борса-да, аммо «помпа» деган нарсани тушунишдан анча йироқ эди. Шунинг учун божасининг саволига савол билан «ўзи шу нарсангиз машинанинг қаерига кетади, қассоб ҳам янги экан деб олиб қолди» деди. Тўхтамурод «помпа» машинанинг мотор қисмига сув ҳайдаш вазифасини ўташини тушунтирди.

– Э, ундай бўлса, керак нарса экан-ку, шу сув ҳайдамаса машина ҳам юрмайдима, – деди.

– Ҳа, бўлмасамчи, сув айланмагандан кейин машина қизиб кетади-да, – деди Тўхтамурод, гўё у каттароқ нарсани ўмариб келган-у божаси қадрига етмай арзон сотиб қўйгандек.

– Бўлмаса, беш минг деймиз. Йўқ, нега беш минг, ўн минг деймиз, ким билади бозорда ундан ҳам қимматдир, ўн мингга неча халта ун беради. Икки божа ҳисоблашди. Беш халта. Бир халтаси сотиб берганга, қолгани мол эгасига. Иккаласи ҳам рози. Лекин қассоб ўн мингга олармикан. Ҳамма гап шунда-да.

Божаси «помпа»нинг нархини ошириш учун жўнаётган эди, Тўхтамурод уни тўхтатди.

– Шошманг божа, аввал ундан-бундан аста суриштирайлик, нархи қанча экан, кейин қассобга шунча десак тўғри бўлади, рози бўлмаса, бозорга олиб чиқарсиз, барибир, бекор ҳам юрибсиз, фақат йўл пулини бировдан қарз олиб турсангиз бўлди, «помпа» сотилгандан сўнг қарзни узаверасиз, ҳозирча «помпа» қассобда тураверсин», – деди.

Бу фикр божага ҳам маъқул тушди. Лекин у бир нарсани сезгандек бўлса-да, боядан бери сўролмаётган эди. Тўхтамуроднинг «нархини аста суриштирайлик» деган гапи шубҳасини яна оширди. Нега энди «аста суриштиради». Шунинг учун ботиниб-ботинолмай «ўзи шу нарсани қаердан олган эдингиз божа, нархини ўша пайтда суриштирмапмидингиз» деди ўсмоқчилаб.

«Вой аҳмоғей, гапининг тагдорлигини қаранг», ичида божасини сўкса-да, аммо «Ҳа аввалдан ётган эди, биласиз-ку нарх-наво кундан-кунга ўзгариб турибди», деб гапни олиб қочди. Божаси ҳам бир нарсани тушунгандек «тўғри-тўғри» деб қўйди.

«Узумини е, боғини суриштириб нима қиласан», Тўхтамурод кета-кетгунча божасини сўкиб кетди. Бориб-бориб шу лақмага айтганимни. У ҳали машинаси бор одамдан сўраб чиқса-я, «помпа» бозорда қанча, ким олади деб. Ҳамма унинг лақмалигини билади. Кимдан олдинг деса, у божамдан олдим деса, эртами-индинми «помпа»нинг ўғирланганлиги билиниб қолиб, бу ёқда текшир-текшир бошланса, божаси қаерда ишлайди, анави «помпа» ўғирланган гаражда слесарь. Тамом, бошқа қандай далил керак. Тўхтамурод бир кўнгли қайтиб бориб, божасига сиз суриштирманг, ўзим суриштираман, деб айтсамми ҳам деб хаёлга борди. Лекин ҳозир ҳамма қўлга тушган нарсани сотиш билан овора-ку, ким ҳам шубҳаланади, ким билади, омборчи сезмас ҳам, деб ўзини овунтирди.

Аммо орадан бир кун ўтиб омборчи сезиб қолди. Аввал бориб қоровулнинг ёқасидан олди. «Сен биласан, ўғирламаган бўлсанг ҳам, йўқолдими, сен жавобгарсан, топасан» деди. Қоровул ундан ҳам ошириб бақирди: «Мен сендан ҳар куни эшикни қулфланган олиб, қулфланган топшираяпманми, ана клейланган қоғозинг ҳам бутунми, ким билади, ўзинг сотиб еб, энди туҳмат қилаётгандирсан, бор ишингни қил», деди.

Бўлди жанжал, бўлди тўполон. Текин томоша ёқиб тушди шекилли, ҳамма ишини ташлаб келди. Аввал бироз қулоқ солишди, нима воқеа бўлганини тушуниб олишгач, ўзаро муҳокамани бошлашди. Фақат Тўхтамурод комбайн тагидан чиқолмас, қора терга ботиб ишлар эди. Бу Ўсар чўлоқнинг назаридан четда қолмади. Бир нарсани сезгандек у ёқ-бу ёққа аланглаб, омборчидан, гоҳ бошқалардан «қачон, қайси куни ўғирлик бўлган, Ҳалим хўкизнинг тўйи қачон бўлувди, йўқ тўйи эмас, сабзи қирқари қайси числода эди» деб сўрай бошлади.

Тўй куни, сабзи тўғраш куни ҳам аниқ бўлса-да, аммо омборчи «помпа» қачон ўғирланганини билмасди. Бугун ремонт қилинган машинага янги «помпа» қўймоқчи бўлган-у тасодифан сезиб қолган. Лекин ўғирлик билан Ҳалим хўкизнинг тўйи ўртасида қандай боғлиқлик бор, ҳамма тушунмай ҳайрон. Сабабини Ўсар чўлоқ айтмайди, «ўзим, шундай» деб қўяди. Одамларда эса ҳар хил тахмин кўпайиб бораяпти. «Ким билади, адашиб нотўғри ҳисоблагандирсан, бошқа машинага ҳужжатсиз қўйилиб кетгандир».

Омборчи эса гапида қатъий турибди: «Йўқ, адашишим мумкин эмас, ўзи бешта «помпа» бўлса, нечта машинага қўйганим ҳаммаси ҳужжатлашган, бировга сотдим ҳам дейлик, унда нега бунча шовқин кўтараман, ҳар қандай шофёр билан келишиб ими-жимида машинага қўйилди қилиб юбораман-ку» деб ўзиникини маъқулларди.

Қарашса, ҳақиқатан ҳам омборчи ҳақ. Майли, нафси гўлгўла қилиб, бировга сотди ҳам дейлик, унда бунча одамни йиғиб, ўзини-ўзи шарманда қилмас эди. Ҳисобдан адашмаган бўлса. Лекин эшик бутун, бузилмаган. Битта деразаси бор, у ҳам михлаб ташланган, темир панжарасиям бор, яқин орада очилмагани кўриниб турибди. Унда ўғри қаердан киради?

Барибир, Ўсар чўлоқнинг синчковлиги иш берди. У аввал тахта деворнинг у ёғини, кейин бу ёғини ликкиллаганча айланиб кўрди. Девордаги оёқ кийимидан қолган билинар-билинмас қорайган изларни ўзича пайпаслаб кўриб «мана, ўғри қаердан кирган, ҳов анови очиқ жойдан одам сиғадими, сиғади, қани бирорта одам девордан ошиб кўрсин-чи», деди. Битта ёшроқ йигитни кўтаришган эди, бемалол девордан ошиб ичкарига тушди. Демак, ўғрилар икки киши бўлган, бирови оёғидан кўтарган, иккинчиси ичкарига кириб олиб чиққан, буниси қоровул бўлиб турган. Ундай бўлса, ичкаридан қандай чиқади, деб атрофдагилар шовқин кўтаришган эди, Ўсар чўлоқ бунга ҳам жавоб топди. Трактор балонини олиб келиб суяди, мана бунинг устига чиқиб ошиб кетаверади, сен менга қачон ўғирлик бўлганлигини айтсанг бўлди, ўғрини ўзим топаман, милиса-пилиса керак эмас, деб бақирди.

Қоровул бобо ўзиникини маъқулларди. «Мен Қосимга неча марта айтдим, шу жойингни бекит-бекит деб, тахта тополмаяпман деб юрди, мана оқибати, охири ўғри кирди, энди ҳамма гумонда»!!!

Омборчи ҳам ўзиникини маъқулларди. «Мен қаердан билай ўғри киришини, агар билганимда, уйимдан тахта олиб келиб бўлса ҳам шу жойни ёпар эдим, ахир, биров ўғирлайди деб ким ўйлабди, агар билганимда ҳар куни келиб бирма-бир санар эдим».

Хуллас, айнан қайси куни ўғирлик бўлганини аниқлаб бўлмади. Аммо кўпчилик ўғирликни шу ерда ишловчилардан бири қилган, чунки «помпа» борлигини бегона билмайди, деган хулосага келишди.

Шунинг учун Қосим қирриқ ҳам, гараж мудири ҳам «оғайнилар ким олган бўлса ҳам келтириб берсин, агар уялса, мана шу қутига ташлаб кетсин» деб бир бўш яшикни келтириб қўйишди.

Бечора омборчи ҳар куни келиб яшикни қарайди, ичидан кимдир ҳазиллашиб ташлаган йиртиқ ботинка ёки бир пой эски этик чиқади, аммо «помпа»дан дарак йўқ.

Ўша кундан бери Тўхтамурод божасиникига ғизиллаб қатнагани-қатнаган. Божасининг хотини ҳам ҳайрон, нега бунча серқатнов бўлиб қолди, деб. Икки божа бир четга чиқиб пичир-пичир қилади-ю, униси ғизиллаб яна орқага қайтади. Уйга ҳам кирмайди. Божасининг келиши сабабини эри ҳам гапирмайди. Қандай ҳам айтсин. Эргаш қассоб шу Тошкентга кетганича йўқ, кимдир йўлда милициями, божхонами ушлаган эмиш, моллар ўғирланган экан, иши терговда эмиш деса, кимдир молларни Тошкентда сотолмай Қозоғистонга олиб кетибди дейди. Хуллас гап кўп-у, қассобдан ном-нишон йўқ, қачон келиши номаълум. «Помпа»ни машинасига қўйиб кетдими ёки бирон жойга яшириб қўйдими, ҳеч ким билмайди.

Гаражда эса муҳокама-ю мунозара кундан-кун қизимоқда.

Ўсар чўлоқ бир нарсадан гумонсирагандай Тўхтамуроднинг гоҳ у ёғидан, ғоҳ бу ёғидан ўтиб, билдирмай юзига разм солади. Йўқ, сен ўғирламадингми, демайди, аммо нимагадир сен ҳеч гапирмайсан, аралашмайсан ҳам, деб талмовсираб сўрайди.

Тўхтамурод муҳокамага аралашгандай бўлади-ю, аммо гаплари ишончли чиқмайди ёки чўлоқнинг синчков назари ҳалақит қиляптими, ҳар ҳолда унинг гумонсираган башараси кўз олдидан кетмайди. Қаёққа қарамасин уни кўради. Нега у далада ғўза ичида ухлаб ётганда трактор оёғидан эмас, нақ белидан босмаган-а, ҳамма қутиларди. Йўқ, шунда ҳам у ўлмасди.

Хуллас Тўхтамурод «помпа» эмас, бир дард-у балони ўғирлаганини тушунди. Бу ёқда Қосим қирриқ ҳам ҳар куни эрталабдан зориллайди. Бекорга унга одамлар қирриқ деб лақаб қўйишмаган. Бир нарсага ёпишдими ажралмайди, тортишгани-тортишган. Ёлғондан бўлса ҳам ёки зўрма-зўраки бўлса-да енгиб чиқади. Аммо бу гал унинг гаплари маънили эди.

«Оғайнилар, – деди у бугун тушликда, – шунча кун сизларни ҳурмат қилиб, милицияга хабар қилмадим. Энди мажбур бўляпман. Неча йиллардан бери бирга ишлаганмиз, бир-биримиздан нон-туз бўлганмиз, яхши-ёмон кунларда бирга бўлганимизни ҳурмат қилувдим, ўзлари инсофга келар, девдим. Бўлмади. Агар илгаригидай замон бўлганда, битта машинага қўйилди, деб бир варақ қоғоз қилардим, ҳеч ким билмасди ҳам. Лекин ҳозир биронта ҳам шофёр кўнмайди. Битта «помпа» ўн беш минг сўм туради. Бунча пулни мен қаердан оламан. Майли бола-чақамнинг ризқини қийиб, охирги сигиримни ҳам сотиб тўларман, лекин сизларда бор бола-чақа менда ҳам бор. Болаларимнинг оғзини қуритиб, кимнингдир ноинсофлиги учун сут-қатиқдан маҳрум қилсам, уларнинг қарғиши урмайдими? Номим омборчи бўлгани билан аҳволимни биласизлар. Қўл калталигидан иккита ўғлимни шу йил тўй қила олмай, дўхтирга кестириб келдим. Сизларга ишонганим учун ҳам орқайин бўлганман. Биров ўғирлайди, деб хаёлимга ҳам келмаган. Тўғри, ҳозир ҳаммага қийин. Хўжалик қарзга ботиб қолган. Қарзи неча миллион сўм дейишади, тушунмайман ҳам. Майли, бу кунлар ҳам ўтар-кетар, лекин бугун биров «помпа» ўғирласа, эртасига бошқа биров бошқа нарсани ўғирласа, биз бир-биримиздан гумон қилаверсак, бир-биримизни пойласак, ишимизда унум, хайр-барака бўлармикин? Нега шуни ўйламаяпсизлар. Эртага ҳаммамиз милицияга қатнаб юрсак яхши бўладими-а, бир ўйланглар», – деди.

Ҳамма жим қолди. Бироздан сўнг яна «гув» этиб муҳокама бошланди. Кимдир ҳаммамиз пул йиғайлик деса, кимдир нега энди биров ўғирлайди-ю, биз пул йиғиб беришимиз керак, деб рози бўлмади. Кимдир ҳамма бирма-бир нон ушлаб, қасам ичсин деди, бу ҳам маъқул тушмади, ўғирлик қилган одам қасамдан қўрқадими, дегувчилар бўлди.

Хуллас, гап кўп, муҳокама-ю мунозара етарли, инсофга чақириш-у, худодан қўрқиш ҳақида анча-мунча гаплар бўляпти-ю, аммо «помпа»дан дарак йўқ.

Тоқати-тоқ бўлган омборчи участковой милиса Норқизилни айтиб келди. Аммо у норози кайфиятда аввал омборнинғ у ёғини, кейин бу ёғини айланиб қаради. Нега норози бўлмасин, ахир, бор-йўғи битта «помпа» деб унинг тинчлигини бузишса-я. Одамларда инсоф деган нарса қолмади. Хўш, нима бўпти ўғирласа, топиб жойига қўй, тополмасанг сен ҳам бирон жойдан ўғирла, ўғирлик қўлингдан келмаса, нарсангга эҳтиёт бўлда, энди бир ками омборни қўриқлаш қолувди.

Кошки ўғрини топиб бўлса. Олди-кетди-да, аллақачон сотиб ҳам юборгандир. Бу ёқда қанчадан-қанча ўғирликлар очилмай ётибди, бунинг устига яна ўғирлик. Началник ҳам роса сўкадиган бўлди-да. Бу «қирриқ»дан қандай қутулса экан. Бўзрайиб тикилишини айтмайсизми, худди «помпа» топшириб қўйгандай. Булар ўзи шунақа. Бошқа пайти участковой эсига ҳам келмайди.

Икки қўли чўнтагида, «папка»си қўлтиғида участковой елкасини қисди. Омборчи бўлса унинг оғзига тикилади. Қани энди гапирса. Ниҳоят, гапирди.

– Нима йўқолган дединг?

Ана холос, боядан бери унинг орқасидан нима деб жавраб эргашиб юрибди-ю саволини қаранг. Шундай бўлса ҳам омборчи:

– «Помпа», «помпа», – деди, ҳам қўли билан шу савил қолгурнинг кўринишини ўзича тушунтириб, – бўлади-ку, моторнинг олдига парракка қўйилади.

– Ҳа, тушундим, хўш қаерда эди?

– Ана у ерда, мана бу бурчақда, – омборчи чопиб омборхонага кирди, – мана бу ерда.

Аммо энди участковой жойидан ҳам жилмай қўйди. Боя кириб омборга қараган бўлса, яна қарайдими, нима фарқи бор қайси бурчакдалиги. Қайси бурчакдан йўқолган бўлса, ўша бурчакка топиб қўй, тамом-вассалом. Бурчагингни менга кўрсатиб нима қиласан. Омборчи ичкаридан чиқиб, яна участковойнинг оғзига тикилди. У яна гапирмайди. Ниҳоят, тилга кирди.

– Қачон ўғирланди дединг?

– Бир ҳафта олдин сезиб қолдим.

– Сезиб қолдинг, нимани сезиб қолдинг?

– «Помпа»ни, «помпа»ни деяпман-ку.

– Тушундим, нега бунча бақирасан. Сезиб қолдим деганинг нимаси, қайси куни, қайси соатда, ҳа майли, соати ҳам шарт эмас, қайси числода ўғирланган, шуни гапир. Бу, биринчидан, иккинчидан, нега бир ҳафтадан бери айтмадинг. Учинчидан, мен нима учун бу нарсаларни сўраяпман, чунки из-пиз деган нарсаларни олиш мумкин эди. Энди тушундингми, сен бўлса ҳа деб «помпа», «помпа» дейсан. Нима, қайси числода ўғирланганини билмайсан, ким билади, ўғирлик, эҳтимол, умуман бўлмагандир, ўзинг гумдон қилиб, яна ўзингни жабрланган қилиб кўрсатаётган бўлмагин тағин, аммо бунақаси кетмайди. Инсофга келар девдинг, ҳа бўлмаса кутиб туравер, ким билади, ўғри ҳақиқатан ҳам инсофга келиб, сенинг кўз ёшларингга раҳм қилиб келтириб берар, ундай бўлса, нега мени айтиб келасан, ўзларинг ҳал қилаверинглар.

Участковой кета бошлаган эди, омборчи тўхтатди.

– Ўртоқ командир, йўғ-е, Норқизил ака, мен нима қилай, мана аризам.

– Аризангни нима қиламан.

– Билмасам, текширасизми девдим, ё бўлмаса начальник милисага борайми?

– Ҳозир начальник ҳам пахта компанияси билан чопиб юрибди, дарди сенинг «помпа»нгми.

Участковой бу ёғини ҳам мужмал қилиб, аризани олмасдан жўнаворди. Энди омборчининг ҳафсаласи янаям пир бўлди.

Мана, участковойга ҳам айтиб кўрди, нажот йўқ, нима қилса экан. Нима қиларди, яна одамларга ёпишди. Улар бўлса, буни кўрса, қочадиган бўлишди, отини «помпа» деб қўйишди. Ана «помпа» келяпти дейишса, кимдир трактор тагига, ким комбайн тагига кириб кетади, ишқилиб, шунинг дийдиёсини эшитмаса бўлгани. Ўғрининг онаси ҳам, отаси ҳам қолмади, ҳамма бирма-бир сўкиб чиқди. Қани энди ўша номинг ўчгур топила қолса. Аммо омборчи ҳам бўш келмас эди. Ахир, бекорга унинг оти «қирриқ» эмасда. Ўғри ё топиб бериб қутилади, ё ўлиб. Бугун тушликда яна ҳаммани йиғди. Айримлар келмаган эди, кўрсатгич бармоғини кўрсатиб «бир минутга, охирги марта» деб айланиб чақириб чикди.

Ҳамма норози оҳангда ўзича тўнғиллаб йиғила бошлади. Ахир, давлатнинг иши қолиб кетяпти. Бунинг бўлса, гапи тугамайди. Келмаса ҳам бўлмайди, гумон қилиши аниқ. Шу ақидада ҳамма йиғилди.

Биров ўргатганми ёки ўзидан чиққан ақлми, билишмайди, аммо Қосим қирриқ бир таклифни, йўқ таклиф эмас, талабни ўртага ташлади:

– Ҳаммамиз шунча йилдан бери ана шу темир-терсак, техникани орқасидан кун кўриб, бола-чақа боқиб келяпмиз. Ҳар йили пиримиз Ҳазрати Довуд отага («Ҳазрати Довуд» – темир-терсак билан ишлайдиганлар пири. Таъкид бизники, таҳририят) атаб мол сўйиб, қон чиқарамиз. Хуллас, эртага эрталаб ҳамма йиғилсин. Ўртага битта темирни ташлайман. Ҳамма ундан «агар ўғирлаган бўлсам, Ҳазрати Довуд ота урсин», деб қасам ичиб ҳатлаб ўтсин. Майли, инсофи бўлмаса, ана шу ўғирлаган одам ҳатлаб ўтар. Агар шунда ҳам топилмаса, майли мен тўлайман, мелисага ҳам айтиб кўрдим, фойдаси бўлмади, ўзларинг кўрдиларинг, охирги чорам шу, – деди.

Кимдир рози бўлди, кимдир йўқ. Қоровул бобо бирданига узди: «Мен темирдан ҳатламайман, шу ёшгача қасам ичмадим, бундан кейин ҳам ичмайман, бўпти, ярим пулини мен тўлайман, ярмини сен тўла, битта «помпа» деб одамларни ҳам қасамга таяма» – деди.

Лекин омборчи рози бўлмади. «Мен бировга тўлатмайман, тўласам ўзим тўлайман, агар сизнинг хабарингиз бўлмаса, бемолол темирдан сакрайверинг, қўрқманг, қасам ичганингиз билан, агар чиндан ҳам ўғирлик қилмаган бўлсангиз, ҳеч нарса қилмайди», – деди.

– Ундай бўлса, ўзинг биринчи бўлиб сакрайсан, – деди қоровул.

Омборчи бунга ҳам рози.

Кимдир «Мен ҳозир сакрашга тайёрман, шу «помпа»ям жонга тегди. Эртага яна келиб ўтираманми», – деди.

Аммо унга рози бўлишмади, чунки бугун айримлар йўқ, айримлар нимадир иш билан чиқиб кетган, уларни ҳам йиғиб, ҳамманинг кўз олдида амалга оширадиган бўлишди. Ахир, кўпчиликнинг шашти бошқача-да. Бундай ишга чалакам-чатти қараб бўлмайди. Бунақа темирдан сакраш илгари ҳеч бўлмаган. Қани, қандай бўлар экан, кўрайлик-чи.

Шу билан ҳамма тарқади.

«Ҳали ҳам кеч эмас, – шошиб ўйларди Тўхтамурод, – бугун қоронғулатиб яна божасиникига боради. Эргаш қассоб келган бўлса, «помпа»ни олади-ю, кечаси ҳеч кимга билдирмай, девордан ошиб, қутига ташлаб кетади. Шу билан қутилади.

Йўқ, Эргаш қассоб ҳали ҳам келмабди. Ўғли аввалроқ келибди, унинг айтишича, отаси икки кундан кейин келар экан.

Темирдан ҳатлаш эртага. Ким билади, қассоб шу кечаси келиб қолар ёки эртага эрталаб келар. Ахир, машинанинг олдида Тошкент нима.

Тўхтамурод кечаси билан юриб чиқди. Эртаганима қилса экан, ҳатласа нима бўпти. Фалончини қасам урибди, деб ҳали эшитмаган. Агар қасам ураверса, одам қоладими. Лекин бирданига урмайди, вақт-соати билан кўрсатади дейишади-ку. Умид билан икки фарзанд ўстираяпти. Уларга тегса-чи? Ким билади. Омборчининг ҳам уникига ўхшаган болалари бор. У бечора ҳам нима қилсин. Иложи бўлганда, бунча жаврамасди. Тўғри, унчалик яхши одам эмас. Лекин бу гал у ҳақ, алдамаяпти. «Помпа» ўғирлангани рост. Ҳамма ишонмаса ҳам у билади. Фол очирган экан, ўғри ўзларингдан, ҳали сота олмаган, ўзида турибди, дебди. Бу қирриқ фолчининг ўзини олиб келиб, одамларни бирма-бир кўрсатишдан ҳам тоймайди. Бориб-бориб ундан ўғирлаганини қаранг. Далада юрган мол-полни ўғирласа бўлмасмиди. Нима бўлса бўлсин, эртага темирдан сакрайди, қасам урса урар, шу билан жазосини ҳам олади. Олим полвоннинг ўғли ўғирлик қипти, дегандан кўра, ўлгани яхши. Шундайку-я, лекин кейин нима бўлади. Барибир қирриқ то эсидан чиққунча сўкиб-қарғаб юраверади, у бўлса индамай эшитишга мажбур. Агар бўйнига олса, одамлар бир гапиради-ю кейин эсидан чиқаришади. Ахир, «эгилган бошни қилич кесмайди», деган гап бор-ку.

Тўхтамурод қанча ўйламасин, барибир, бир тўхтамга келолмадм. Темирдан ҳатлашга ҳам талайгина асос бор, ҳатламасликка ҳам. Ундай қилса ҳам тўғри,бундай қилса ҳам. Энг ёмони бировга дардини айтолмайди. Ўзини гоҳ оқлайди, гоҳ қоралайди.

Мана хўроз ҳам қичқирди. Тонг отишига ҳам озгина қолди. Бироз ухлаб олса бўларди. Ким билади, биронта ақиллироқ одам чиқиб ҳаммамиз қасам ичиб ётамизми, яна бирон ҳафта кутайлик, ўғирлаган одам бировга сотиб юборган бўлса ҳам топиб келар, деб гапирса муддатни узайтиришар. Ҳамма ҳам қирриққа ўхшаб эзма эмас-ку. Тўхтамурод сал овунгандай бўлди.

Йўқ, эртасига ҳеч ким янги таклифни ўртага ташламади. Бу машмаша ҳамманинг жонига теккани сезилиб турибди, кимлардир тезроқ биринчи бўлиб сакраб, кўрсатмоқчи бўларди, қандай бахтли одамлар-а. Сакраш бўлса сакрашда, бемалол сакрайверади. Ҳеч нарсани ўйламайди, кеча ҳам бемалол оёғини узатиб ухлаган. Фақат унинггина, Тўхтамуроднинг дарду дунёси қоронғу, на биров билан очилиб гаплашади, на дадил туриб бир нарса дея олади, на тўйиб ухлайди.

Биринчи бўлиб Қосим қирриқнинг ўзи темирдан ҳатлади. Қолганлар ҳам «агар шу «помпа»ни ўғирлаган бўлсам, Ҳазрати Довуд ота урсин» деб устидан бирин-кетин ўта бошлади.

Мана навбат ҳам яқинлашаяпти. Тўхтамуродни тер боса бошлади. Ҳеч кимга билдирмай, қўли қалтираб пешонасини бир икки марта артди. Гўё ҳамма унга қараб тургандек. Йўқ, ҳамма эмас, фақат Ўсар чўлоқ қараяпти. Боя нимагадир томоғини икки-уч маъноли қириб, унинг олдидан ўтди, аммо ҳеч нарса демади. Ҳозир эса «энди сен ўт, сенинг навбатинг» деб даврани бошқариб турибди, ўзи аллақачон ўтиб кўрсатди.

Беш киши, тўрт киши, уч киши қолди. Тўхтамурод гўё бир бало-ю азимдан қўрққандек орқага тисарилди. Аммо орқага ҳам йўл йўқ, ҳеч ким орқага ўтмоқчи эмас, фақат олдинга, ҳов ана у темир олдига. Навбат-навбатда, ё сакра, ё сакрама. Сакраш ҳам керак эмас, ана у ерда ётган дизель тракторининг бир парча занжири устидан ўтсанг бўлди, фақат оёғингни сал кўтарасан холос.

– Тўхтамурод, сенинг навбатинг, – Ўсар чўлоқнинг таҳдидли овози эшитилди. Нима дейишаяпти, ҳа, навбатинг дейишаяпти, қанақа навбат, э, қанақа навбат бўларди, темирдан сакраш навбати-да.

Тўхтамурод гангиб қолган, талмовсираганча темирга яқинлашди, негадир одамларнинг ҳам овози эшитилмаяпти, қулоғи ўз-ўзидан битиб қолди, илгари бундай бўлмасди. Мана, мана темир, тўрт қадам, уч қадам, икки қадам, бир қадам қолди, атиги бир қадам, сакра, йўқ. Ҳатлаб ўт, ҳатлаш ҳам керак эмас, фақат юраётгандек устидан ўтиш керак. Бўл, қайси оёқни биринчи кўтариш керак: ўнгими, чапими, фарқи йўқ, фақат устидан ўтса бўлди. Бўл, бўлақол. Нега, нега тўхтаб қолди. Бўлсанг-чи.

Негадир, Тўхтамуроднинг оёқлари ўзига бўйсунмасди. Калласида бир фикр сакра-сакра, ҳатла-ҳатла, оёқларида эса мажол йўқ. Ахир, оёғи ўзига бўйсунмаса, нима қилсин.

Тўхтамурод темир олдида тўхтаб, атрофга иложсиз илтижо билан қаради. Нимагадир ҳамма унга қараб бақираяпти, нега бақираяпти у нима қилди ахир, ҳа, айтгандай сакраб ўтиш керак эди. Энди уларнинг овози қулоғига эшитиляпти, энди қулоғи очилди. Нега бунча қаттиқ бақиришаяпти, «Сакра, сакра». Тўхтамурод орқага қаради, орқада ҳам, олдинда ҳам, атрофда ҳам одамлар, уни қўйиб юборишмайди, ё сакрайди, ё ўғирликни бўйнига олади, иккинчи йўл йўқ.

Ана, Ўсар чўлоқ билан омборчи ҳам унга яқинлашаяпти, йўқ чўлоқ ликкиллаганича чопиб келяпти.

– Нимага сакрамаяпсан, сакра, – иккаласи ҳам бирин-кетин бақирди.

– А…?

– Нимага сакрамаяпсан деяпман.

– Нимага, нимага дейсизми? – мажолсиз зўрға овози чиқди.

– Ҳа, нимага? – энди иккаласи ҳам баробар бақирди. Энди давра ҳам торайиб, унга яқинлашиб кела бошлади, уларнинг ҳам саволи битта «нега сакрамаяпсан нега, нега?»

– Нега, нега дейсизларми?

– Ҳа, нега, – энди деярли ҳамма баробар тоқатсизларча бақирди.

………………………..

– Мен, мен олувдим.

– Нимани олувдинг? – Ўсар чўлоқ бир сапчиб унинг ёнига келди, унинг башараси ёришиб кетган эди.

– Анави, «помпа»ни.

– «Помпа»ни, ана айтмовдимми, – Ўсар чўлоқнинг овози ғолибона янгради, – мен ўша куниёқ гумон қилувдим, лекин ҳеч кимга айтмовдим. Кеча Сизга ҳам айтдимми, – чўлоқ қоровул билан омборчига юзланди, – шу Тўхтамуродда бир гап бор-ов, ҳеч кимга қўшилмайди, ўйловчан бўлиб қолган, бир куни ҳаммадан кейин қолувди, деб айтдимми-йўқми, – қоровул билан омборчи тасдиқлагач, – Сизлар бўлсаларинг Олим полвоннинг ўғилларидан ўғри чиқмайди, деб енгдинглар, мана ўғри, халойиқ мана ўғри, кўрдиларингми? Ҳамма ўйлайди, бу чўлоқ ниманиям билади деб, йўқ фақат қачон ўлишимни билмайман, шу ердагиларнинг қайсиси нима хаёлда юрибди, шунгача биламан. Бу ўша куни ишдан кейин қолиб ишлаганидан бирдан шубҳаландим: «бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур». Адашмаган эканманми, мана исботи, ўша куни олибмидинг, – Тўхтамурод бош ирғаб тасдиқлагач, – мана, мана ўзларинг кўрдиларинг…

Ўсар чўлоқнинг жағи очилган, илгари замонларда уруғ-аймоғидан кимдир синчи ўтгани-ю, амирга от танлашда бебаҳо маслаҳат бергани, эвазига сарпо олганигача қолмади, гапирди.

Тўхтамурод ҳамон темир олдида қаққайиб турар, нимагадир бадани совқотгандай аста титрар эди. У четга чиқиш учун атрофга аланглади. Ҳамма тиғиз ўраб олган, йўл йўқ. Тарқалишни, унга йўл беришни хаёлига ҳам келтиришмаяпти. Ахир, ўғри топилди. Мана, ўртада. Шунча кундан бери ҳаммани қийнаб келаётган саволга ниҳоят жавоб топилди. Бундай пайтда бирдан тарқалиб бўладими, бунинг устига Ўсар чўлоқнинг маърузаси ҳам мароқли бўляпти. Уларнинг ҳаммаси тўғри, ўғри эса мана ўртада ранги бир алпозда ерга қараб турибди. Ҳолинг шу экан-ку, ҳаммани овора қилмасдан, бирданига айтиб қўя қолсанг бўлмасмиди?

Ниҳоят, гараж мудири «бўлди чўлоқ, гапни қисқа қил, тарқалинглар, ҳамма ишга» деди. Шундан сўнг одамлар аста-секин тарқала бошлашди.

Тўхтамуродга ҳам йўл очилди. У бироз гандираклаганича ўзи тузатаётган трактор томонга юрди. Аввал ўтирди, кейин ўрнидан туриб ишламоқчи эди, қўли ишга бормади. Яна бир четга чиқиб ўтирди.

Одамлар ҳам негадир ишламасдан икки-учтадан бўлиб яна ўзаро гаплашишда, тортишишда давом этишяпти. Кимдир атайлаб қаттиқ-қаттиқ гапиряпти, уларнинг узуқ-юлуқ гаплари қулоғига чалинарди.

«Ўғирлик қилмаган одамнинг ўзи йўқ, маош олмагандан кейин нима қилсин, ҳали ҳам инсофи бор экан, бўйнига олди, индамай сакраб ўтиб кетса нима қилардинг», «илгари ҳам ключ-плюч йўқолиб турарди, шу олганми, ким билади: шериклари ҳам бордир, камбағаллик қурсин».

Тўхтамурод бу гапларнинг айримларидан тасалли топса, айримларидан ранжирди, одамлар бунчалик ноинсоф бўлмаса, ахир, бўйнига олди-ку, мен ўғирладим деб, яна нима керак экан уларга.

Тўхтамурод ўрнидан туриб уйига жўнади. Бу ерда бугун ишлаб бўлмайди. Ҳамманинг нигоҳи унда. Энди, яна бирон нарса йўқолса, ундан кўришади, гумон биринчи бўлиб унга тушади. Умуман, тўғри қилдими? Агар бўйнига олмаганида ҳам ишлай олмас эди. Омборчининг дод-войига ҳар куни қулоқ солиб юришнинг ўзи бўладими?

Бўлди, энди ишламайди. Тошкентга кетади. Мардикорчиликка. Хотинини қайнатасиникига юбориб туради. Икки-уч ой қараб турар. Кейинчи, кейин нима бўлади. Кейин – худо пошшо, бир гап бўлар.

Тўхтамурод эртасига ҳам, индинга ҳам ишга бормади. Фақат «помпа»ни олиб бориб берди холос. Қосим қирриқ аввал «помпа»ни у ёғини бу ёғини роса айлантириб кўрди, эски эмасми, алмаштирилмаганми, ўша «помпа» эканлигига ишонч ҳосил қилгач, бир оғиз «раҳмат» деб олиб қолди.

Гараж мудири «ишлайвер, ҳечқиси йуқ, шундай ҳам бўлиб туради», деса-да, аммо Тўхтамуроднинг ишга боришга ҳеч оёғи тортмас эди.

Бу орада унинг ўғирлик қилганини ҳамма эшитди. Айниқса, Ўсар чўлоқ дуч келган одамга мириқиб ҳикоя қиларди. Албатта, бу ўғирликни фош қилишда ўз хизматини таъкидлашни ҳам унутмасди.

* * *

Бу гап участковой Норқизилнинг ҳам қулоғига етди. Аввал ишонмади. Шунча йил ишлаб биринчи эшитиши, ўғрининг ўзи бўйнига олиб, ўғирлаган нарсасини ўзи келтириб берганини. Шошилиш ярамайди. Аввал суриштириш керак. Суриштирди, тўппа-тўғри. Омборчи ҳам тасдиқлади. Шунча одамнинг олдида бўйнига олибди. Гувоҳлар етарли. Далилий ашё ҳам бор, ана омборхонада турибди. Ёмонмас. Ўзи, иш юришгиси келса, ана шундай, ўз-ўзидан юришиб кетаверади.

У хизмат қиладиган ҳудудда шу йилнинг ўзида бешта ўғирлик бўлди, биронтаси бўйича ўғрилар ҳам, ўғирланган нарсалар ҳам топилмади. Бу – олтинчиси. Буниси очилган. Йўқ, энди очилади. Аввал номаълум киши ўғирлик қилган, деб жиноят иши кўзғатиш керак. Бунинг учун омборчидан тегишли тартибда ариза олиш лозим. Кейин бир неча кундан сўнг ўғри топилди бўлади, унгача ҳеч кимга ҳеч нарса демайди. Қарабсизки, номаълум ҳолатларда содир қилинган жами олтита ўғирликдан биттаси фош қилинди, демак, милиция ишлаяпти, йўғ-е участковой Норқизил ишлаяпти. Биттаси очилдими, қолгани ҳам топилади, иншооллоҳ. Тўғри, очиш осон эмас, лекин хизматчилик, ишлайди, топади, шунга яраша обрўйи, иш ҳақи дегандай.

Қулоғи ҳам бироз тинчийдиган бўлди-да. Бошлиқ ҳар куни сўкади: ишламайсан, топмайсан, ишдан кет ва ҳоказо. Нега кетади, ишлайди, ахир, ҳамма нарса бирданига бўлмайди-ку, аста-секин дегандай. Мажлисларда кўп гапириладиган, ҳали нима эди, ҳа, касбий маҳорат, ана шу унда ҳам ошиб бораяпти, мана энди уни намойиш этиш вақти етди.

Норқизил тўғри гаражга йўл олди. Хайрият, омборчи жойида экан. Аввал у ёқ, бу ёқдан гаплашди, тинчликми, тинчлик, бошқа ўғирлик бўлгани йўқми, йўқ. Жуда яхши, энди ўша кунги аризани олинг.

– Қайси аризани, – ажабланди омборчи.

– Қайси бўларди, «помпа» ўғирланди, деган аризани-да.

– Уни йиртиб ташладим, нима қиламан олмаганингиздан кейин.

– Ким олмади, менми, шошманг, шошманг, биринчидан, Сиз менга мана ариза деб қўлимга тутқаздингизми, йўқ, тўғрими, тўғри, иккинчидан, ўзингиз начальник милицияга бораман дедингиз, лекин бормадингиз, тўғрими, тўғри. Хўп майли, келинг, тортишиб ўтирмайлик, шартта битта ариза ёзиб беринг, тамом-вассалом, шунгаям ота гўри-қозихонами.

– Нимага, ахир «помпа» топилди-ку, – омборчи ҳайратининг чеки йўқ эди.

– Биламан топилганини, гап топилишида эмас, биз қоғоз-қалам қилиб қўйишимиз керак. Эртага бирон гап бўлса, нимага ўша пайтда айтмовдинглар, нимага ҳужжатлаштирмовдинглар, деган гап-сўз бўлмаслиги учун.

– Ундай бўлса, нега ўша куни аризани олмадингиз, нега
ўшанда қоғоз-қалам қилмадингиз, шунчалик ҳужжатлаштирмаса бўлмас экан, – омборчи ҳам участковойнинғ гапидаги ноаниқлик ва ғирромликни сезиб
қолган, шунинг учун ҳам паст келмас эди.

Вой аблаҳ-ей, жон жойидан ушлади-ку. Буни бекорга қирриқ дейишмас экан. Эшшакдек қайсар-а. Бунинг устига, анча қувга ўхшайди. Ёки бирон киши тушунтирдимикин, ўша куни аризани қабул қилмасликнинг ўзи қонунни бузиш, бунинг учун нафақат милициядан ҳайдашади, балки жавобгар ҳам қилишади деб. Унақага ўхшамайди. Нима бўлганда ҳам яхши гапириш керак, бир бало қилиб ариза олса бўлди, бунақа имконият ё бўлади, ё бўлмайди.

– Қосим ака, тушунсангизчи, менинг ҳеч кимга ёмонлигим йўқ. Келгусида ўзингизга ҳам гап тегиши мумкин. Масалан, ўша ким ўғирлик қилган, бир нима Мурод, ҳа, Тўхтамурод, пақ этиб одам ўлдириб қўйса, нима бўлади, кейин текшир-текшир бошланса, бу илгари ҳам ўғирлик қилган экан, ҳамма билган экан, қани «дело»си дейишса, бизда бўлса бир варақ қоғоз ҳам йўқ. Нега ўшанда чора кўрмовдинглар, агар кичкинагина бўлса ҳам чора кўрилганда бунақа оғир жиноят бўлмас эди, дейишлари мумкин. Менга барибир, ҳозир ариза бермади, деб актлаштириб кетавераман, ўшанда ҳам ўзингизга қийин бўлади.

Бу гапларни эшитиб омборчи бироз бўшашди. Ҳақиқатан ҳам эртага Тўхтамурод яна бирон-бир иш қилмайди, деб ким кафил бўла олади. Ахир, қўй оғзидан чўп олмагандек кўрингани билан, биринчидан, ўғирлик қилди, иккинчидан, то қасамга таямагунча бўйнига олмади-ку. Милициянинг ўзи ариза бер, деб сўраб тургандан кейин берса нима бўпти, ахир, унинг ўзи ихтиёрий бермаяпти-ку. Тўхтамуродни нима қилса қонун билади, менга деса ҳеч қандай чора кўрмасин. Лекин шундай бўлса-да, раисдан бир сўраб кўриш керак. Бу ерда ўзбошимчалик кетмайди. Ҳозирча тайсаллаб туради. Қани кўрайлик-чи, охири нима бўлади. Эҳтимол, участковой ҳафсаласи пир бўлиб кетар.

Омборчи бироз юмшагандек бўлиб туюлса-да, аммо ариза беришни хаёлига ҳам келтирмасди. Участковой бор амалини қўллади, аммо у пинагини ҳам бузмади. Ахир, темир-терсакнинг ичида аралишиб юрган бу кимсаларга қонунни тушунтириш осонми. Ким айтади милицияда ишлаш мазза деб. Мана, мазза.

Участковой терга ботиб кетди, қани энди бу қирриққа, йўқ, тўнкага гап уқтириб бўлса. Башарасини рўмолчаси билан бўйни аралаш артар экан омборчига деди:

– Хўш, нима қилдик, охирги марта сўраяпман, актлаштираверайми ариза бермади деб.

Омборчи қараса бўлмайдиган, ё ариза бериб қутилади, ё участковой бир балони бошлайди.

– Бўпти, юринг раиснинг олдига борайлик-чи, у киши нима деркан, шунга қараб иш қиламиз.

Иккаласи раиснинг олдига боришди, унга тушунтиришди. Аммо раис ҳам омборчи тарафда. «Нима кераги бор, «помпа» топилди-ку, ўзи ёмон ишчи эмас, ота-боболари ҳам яхши одамлар, ҳа энди, хом сут эмган банда-да, бир адашиб олса олибди, ўзимиз ҳал қилдик-ку» ва ҳоказо шунга ўхшаш насиҳатомуз гаплар.

Қани энди буларга тушунтириб бўлса. Участковой бўғилиб кетди. Раис билан омборчи ҳайрон, нега кечагина ўғирлик ҳақида эшитишни ҳам истамаган одам, бугун ариза бер деб жон талваса қиляпти.

Қараса бўлмайдиган, участковой бошқача йўл тутди. Билади, бу хўжаликдагилар бирининг айбини бошқаси ёпади, шу йил ғалла компаниясида қанча буғдой четга сотилиб кетди, унга бир тонна беришиб алдаб қўйишди. Сомон ҳашакни, фермадаги емларни айтмайсизми, ҳар куни сот-хо сот, моллар бўлса тугади ҳисоб, у ҳам билади нима қилишни, лекин раиснинг обрўйи тўкилмасин деб индамай юрибди, бўпти кўрамиз бугун битта ариза олишга кучи етмаяптими, кейин гаплашади…

Бу билан участковой нима демоқчи эканлигини раис тушунди. Ҳақиқатан ҳам бечора участковой ёмон одам эмас, нима деса хўп дейди, фақат молларига емиш топиб берса бўлди, машинасига ора-сирада бензин дегандай, кўп нарса керак эмас. Ҳа, энди ким Тўхтамуродга ўғирлик қил деди. Ҳеч ким, ана жавобини ўзи бераверсин, уни деб участковой билан ёвлашсинми, хўжалик бўлгандан сўнг юз фоиз қонуний ишлаб бўлмаса, албатта, камчилик бўлади, унинг биронтасини участковой шартта илдириб олса-ю катталарга етказса ёки текширишни бошлаб юборса, ўзимни оқлаб оламан, дегунча она сутим оғзимга келади. Тўхтамуродсиз қолдимми, ана қонун билади.

Раис ўйлаб туриб омборчига «майли, ариза ёзсангиз ёза қолинг, қамалмайди, штраф-пиштираф қилиб қўйиб юборамиз деяпти-ку» – деди.

Аммо Қосим қирриқ ҳам анойи эмас эди. Ариза ёзишга ёзди-ю «помпа»нинг топилгани, ҳеч кимга ҳеч қандай даъвоси йўқлигини кўрсатишни ҳам унутмади.

Участковой аризани кўриб фиғони фалакка чиқди. Шунча йил ишлаб бунчалик қийналмаган эди. Яна терга ботганча тушунтира бошлади. Ахир ариза бундай ёзилмайди. Просто, номаълум киши фалон куни, ҳа майли, куни ҳам шарт эмас, тахминан шунча кун олдин омборхонага кириб «помпа» ўғирлаган, ана шу ўғрини топиб, қонуний чора кўришингизни, «помпа»ни эса ундириб беришингизни сўрайман, тамом-вассалом. Бугунги число, имзо. Нима қиласиз бу ерда Тўхтамуродни кўрсатиб, кераги йўқ, ариза қисқа ёзилади, қачон ўғирлади, ким ўғирлади, қандай ўғирлади, бу нарсалар кейин, тушуняпсизми, кейин ёзилаверади.

Қани энди бу галварслар тушунса. Йўқ, тушунмайди. Ариза дедингиз, мана ариза, яна нима керак, бор нарсани ёзди-ку, ёлғон эмас-ку.

Тўғри ёлғон эмас, лекин ариза бундай ёзилмайди, ҳар нарсанинг ўз қоидаси бор, қоидаси.

Хуллас, анча тортишувдан кейин участковой ўзи айтгандек ариза олишга муваффақ бўлди. Ярим варақ ариза олиш учун ярим кун вақтини йўқотган участковой чуқур энтикиб «уф-ф» торттида, аризани сумкасига авайлаб солиб, бошлиғи олдига жўнади. Раис ва омборчи ҳам бир нарсадан қутилгандек енгил нафас олишди.

* * *

Участковой аризани секин туман милиция бошлиғининг олдига қўйиб, аризани терговчига чиқарсангиз бўлди, бу ёғи ҳал бўлган, деди.

Лекин бошлиқ телефон билан чалғиб, участковойнинг охирги сўзларини эшитмади. Аммо аризадаги «номаълум киши ўғирлик содир қилган» деган жойига кўзи тушиб, бир сакраб тушди. Нима, «номаълум ўғирлик». Энди ариза участковой томон учиб кела бошлади.

«Нега номаълум ўғирлик бўлади, бу нечанчиси, олтинчисими, еттинчисими ёки ўнинчиси? Менга ўргатасан нима деб виза қўйишни, сенсиз ҳам биламан, муттаҳам, сен аввал айт, нега ҳамма ёқни ўғри босиб кетди, фақат сенинг участкангда, ким очади буларни, катта холанг очадими, ишлолмасанг нима қиласан ҳамманинг бошини қотириб, йўқолсанг бўлмайдими, ҳаммани инфаркт қилдинг-ку. Сенга ўзи милицияда нима бор, педагог бўлсанг, мактабингга бориб ўқитувчилигингни қилавермайсанми, ким сени милицияга олган бўлса ҳам падарига минг ланъат. Кўрсатгичларни икки қўлинг билан мақкам ушлаб, икки оёғингни маҳкам тираб, орқага тортиб турибсан, фақат сенинг участкангда очилмаган ўғирлик кўп, чиқ кабинетдан, чиқ турқингни кўрмай, сен ўйлайсанки, шундай очилмаган ўғирликларни кўпайтиравераман, бошлиқни ишдан олади деб, чучварани хом санабсан, мен аввал сенга ўхшаган участковой, оперлардан бир-иккитасининг бошини еб, кейин кетаман, чиқ деяпман сенга, чиқ, кимдан ариза олган бўлсанг, ўша билан пишириб е, менга иккинчи кирма, чиқ, деяпман сенга…»

Аммо участковой кабинетдан чиқишга шошилмас, аввал унга қараб улоқтирилган аризани ушлаб қолмоқчи бўлди-ю, лекин уддасидан чиқолмагач, ердан авайлаб олиб текислади, кейин эса оғзини жуфтлагунча гапиришга роса уриниб тамшанди. Қани энди навбат келса. Аввал жойида ўтириб бақираётган бошлиқ энди ўрнидан туриб олган, хезланганча унга яқинлашиб келар, важоҳатидан ҳозир тарсаки тортиб юборадигандек эди.

Бунинг устига, сурбетлик билан кабинетдан чиқмаётган участковойни кўриб янада жаҳли чиқар, бостириб келар, участковой қўлида ариза орқага, эшикка томон тисаралиб чекинарди. Ниҳоят, озгина жимликдан участковой дарҳол фойдаланди.

– Ўртоқ бошлиқ, ўртоқ бошлиқ, ўғри топилган.

– А, нима дединг, топилган?!

– Ҳа, ҳа топилган.

– Қани гапирчи.

Участковой энтика-энтика тушунтирди. Бошлиқ ҳам аста-секин ўрнига қайтди, участковой ҳам унга эргашди.

Бошлиқ ўзини креслога гуп этиб ташлаб, гап бошлади: «Оббо Норқизилбой, гапни аввал шундан бошламайсизми, дабдурустдан олдимга аризани қўймасдан, ўтиринг ука, ўтиринг. Қани аризани олинг-чи, йиртилмабдими ўзи, ҳа яхши, мана виза қўйиш бўлса қўямизда, яъни «терговчи фалончиев аризани мазмунан ҳал қилинг, жиноят иши қўзғатиб, жиноятни фош қилиш чоралари кўрилсин. Бугунги число, нечанчи, ўн еттинчи, ҳа яшанг мана бўлди. Энди мендан хафа бўлмайсиз ука мени ҳам вилоятдан шунақаям сўкишадики, бошлиқ бўлганимга пушаймон еб кетаман. Аризадаги «номаълум ўғрилик» деган жойини ўқиб давлениям юз саксонга чиқиб кетди-ёв. Мана энди аста-секин жойига тушаяпти. Одамлар ҳам бизнинг ишимиздан норози, улар ҳақ, чунки тўрт-бешта молининг орқасидан кун кўриб туришибди, лекин уларни ҳам ўғри уриб кетяпти, ахир, норози бўлишади-да. Бу ерда нима ўғирланган, ҳа, «помпа», ким билади анови мол ўғирликларини ҳам шу қилгандир, эҳтимол, группаси бордир, яхшилаб текшириш керак, терговчи оперлар билан бир ҳаракат қилиб кўринглар. Бўпти, аризани терговчига киритиб беринг, лекин унга ўғри аниқлиги ҳақида бир оғиз ҳам ҳеч нарса деманг, ҳа, бу ёғини тушунасиз, айниқса, прокурор билмасин, тағин терингизни шилиб олмасин, тушунасиз-а, ҳа яшанг, бўшсиз».

Милиция терговчиси ҳам унчалик содда эмас эди. Бошлиқнинг уст хати билан аризани участковойнинг ўзи олиб келганидан тушундики, жиноят очилган. Аммо бошлиққа ҳам, участковойга ҳам ҳозир номаълум киши ўғирлик қилган, деб жиноят иши кўзғатиш муҳимроқ. Ҳар кимнинг ўз дарди бор. Унга барибир, чунки жабрланувчи, яъни омборчи номаълум киши ўғирлик қилди, деб ариза ёзган, у шуни билади. Эртага унга ҳеч ким танбеҳ беролмайди. Чунки ўғрининг аниқлиги тўғрисида ҳеч ким унга ҳеч нарса демаяпти, у ҳам сўраб нима қилади, вақти-соати билан ўзлари айтишар.

Орадан уч кун ўтгач, участковой терговчининг олдига яна бошлиқнинг имзоси билан битилган хатни олиб келди. Унда «олиб борилган тезкор-хуфёна ишлар натижаларига қараганда, ушбу ўғирликни Отчопар қишлоғида яшовчи, ҳеч жойда ишламайдиган Олимов Тўхтамурод деган шахс содир қилган бўлиши мумкин, уғирланган «помпа»ни топиш мақсадида унинг уйида зудлик билан тинтув ўтказиш лозим бўлади».

– Жуда яхши, тинтув бўлса, тинтувда. Ҳозир бу ҳақда қарор ёзамиз. Прокурордан санкция оламиз, кейин кетдик-да, – деди бамайлихотир терговчи.

Участковой шошиб изоҳ берди.

– Санкция шарт эмас, бугун якшанба, прокурор ишламайди, бекорга хатда зудлик билан дейилмаган. Эртага кеч бўлади, ким билади, ўғирланган нарсани йўқотиб юбориши мумкин. Тинтувдан сўнг прокурорга бу ҳақда ёзиб, натижасини билдириб қўясиз, ҳеч қандай қонун бузишга кирмайди шекилли.

Аҳа, демак, бекорга бугун танланмаган. Ҳозирча бу гапларни прокурор билмагани маъқул. Қонунни ушлаб олиб, бир ваҳима қилгандан сўнг у кишидаи қутилиб бўлмайди. Майли, бошлиқ ҳам, участковой ҳам бир хурсанд бўлса бўла қолсин, нима керак, бир жойда ишлаб, улар билан тортишиб.

– Қани кетдик, Норқизилбой, зудлик билан бўлса, бўпти-да, қани, ўша муттаҳам ўғрининг уйини кўрсатинг-чи. Ўзингиз ҳам Шерлок Холмс бўлиб кетинг-е, ўғирланган нарсанинг кимникида, қаерда турушигача биласиз-а. Абед-пабедни ҳам бирон жойга заказ қилгандирсиз-а.

Улар ўзаро ҳазиллашиб жўнашди.

Ўғирланган нарса яширилган, деб гумон қилинаётган ҳовлида бир неча киши уларни кутаётган экан. Участковой таништирди, мана буниси уй эгаси, мана булар иккови холислар, қидириб юрамизми деб топиб қўйдим, мана бу омборчи, агар «помпа» топилса, таниб олиш учун керак бўлар.

– Яшанг, Норқизилбой, аллақачон елкангиздаги юлдузчаларни кўпайтириш керак, бошлиқлар қадрингизга етмайди, зарари йўқ, бу гал шахсан ўзим тақдирлаш ҳақида тақдимнома ёзаман. Қани энди ҳамма участковойлар шундай ишласа, бир жойга тинтувга борсанг, ярим кун холис ахтарасан, унгача бор нарса ҳам йўқолади. Бу ерда ҳамма нарса тахт. Қани бошладик.

Терговчи тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарорни ўқиб берди.

– Агарда уйингизда ўғирланган нарсалар масалан, «Помпа» бўлса, ўз ихтиёрингиз билан топиб беринг, агар шундай қилсангиз, қонунга кўра енгиллик берилади, бу ҳақда тузилажак баённомада ҳам кўрсатамиз, – деди.

Негадир у ер-бу ерига сомон илашган уй эгаси шошиб, – ҳа, ҳа бор. Ана сомонхонада турибди. Аввал билмасдан ўғирловдим, кейин ана, Қосим акага қайтариб бердим, бугун участковой иккаласи келиб илгариги яширилган жойида, сомонхонада туриб турсин, терговчи келади…

– Тўхтанг, тўхтанг. Жуда кўп гапирар экансиз. Жавоб қисқа ва аниқ бўлиши керак. Ўғирлаган нарса борми йўқми? Агар бўлса қаерда, тамом, нима қиласиз гапни кўпайтириб. Сизникига ким келди, Сиз кимникига бордингиз, ахир, мен Сиздан сўраётганим йўқ-ку. Тушунарлими? Ҳа, балли. Демак, ўғирланган «помпа» сомонхонада турибди. Йўқ, турибди эмас, яширилган ҳолда турибди. Сиз уни ўз ихтиёрингиз билан топиб бермоқчисиз. Шундайми? Шошманг, шошманг, қаёққа, аввал мана шу ердан туриб сомонхонани кўрсатинг, ана шундай, қўлингизни чўзинг, ҳозир расмга оламан. Менга қаранг, қўлингизни у ёққа, башарангиз бу ёққа, мен томонга, ҳа яшанг, бир минут. Бўлди. Энди сомонхонага боринг, эшик оғзида туриб яна қўлингизни ичкарига, афтингизни менга қаратинг, ҳа балли. Бўлди. Энди ичкарига, қани, энди қайси бурчакка яширганингизни кўрсатинг, хўш, энг тепасига, оббо пастроқ ҳам бўларди-ку, ҳа майли, қани чиқинг, э, ие, нима қилаяпсиз, ҳамма ёқ чангиб кетди-ку. Уф-фу, қандай расмга оламан, эшик қаерда, эшик…

Терговчи сомонхонадан йўталиб, ҳамма ёғи сомонга беланиб чопиб чиқди. Падарингга лаънат, «помпа»нг билан. Бугун кийган янги «импортний» костюм-шими расво бўлди-да. «Чўтка борми, чўтка?» Тўхтамуроднинг хотини бўлаётган ишлардан эси оғиб гарангсиганча турарди. Нима эди, яхши англамади, ҳа, ҳа, чўтка. Қанақа одамлар-а нечанчи асрда яшаяпмиз, ҳали чўтка топилмаса эди. Ана айтмадимми. Йўқ. Булар, нима, кийимни чўткаламас эканми? Ҳаммасига мана шу участковой сабабчи, шунча нарсага ақли етган, битта чўтка топиб қўйса ўлармиди?

Ўзини айбдордек ҳис қилаётган участковой холислардан бирини қўшниларникига, чўткага чоптирди. Қани энди у келақолса.

Бу орада Тўхтамурод қўлида «помпа» билан сомонхонадан чиқиб келди. Уни расмга олиб бўлмайди, чунки суратга олишда ёнида иккита холис бўлиши керак. Холисларнинг бири чўткага кетди, қачон келиши номаълум.

– Нега анграйиб «помпа»нгни кўтариб турибсан, шу туришда тураверасанми, ерга қўйиб турсанг-чи, ҳе сендай ўғридан ўргилдим, уйингда битта чўтканг йўқ, ҳали бутун қишлоқ бўйича топилмаса эди, – терговчи Тўхтамуродга заҳрини сочди.

Ниҳоят, холис ҳаллослаганича етиб келди. Дастаси синган чўтка топибди. Майли, бори-да. Терговчи ҳафсала билан уст-бошини тозалади.

Яна суратга олиш бошланди. Омборчи ҳам «помпа»сини таниб олиб, уни қўли билан нуқиб, суратга тушди. «Помпа» топилиб, эгасига эсон-омон қайтарилгани тўғрисида баённомада кўрсатилди.

Отасини фотосуратга тушираётганини кўрган ўғилчаси мен ҳам суратга тушаман, деб хархаша қила бошлади. Терговчининг сахийлиги тутиб кетиб, майли, онангни олдига бориб тур, битта сурат ишлаб бериш мендан деди.

Кейинчалик Тўхтамурод қамоқхонада жазони ўтаётиб, ранги қув ўчиб кетган бир алфоздаги хотини ва суратга тушганидан хурсанд ўғилчасининг фотосуратини кўп бора қўлига олар, улар ҳозир нима қилаяпти экан, ҳоли не кечди экан, деб кўзига ихтиёрсиз ёш келарди.

Ҳозир унгача анча бор, Тўхтамуродни у ёққа жўнатиш учун ҳали кўп қоғозлар қораланиши керак эди.

Ниҳоят, терговчи ёзиб бўлди. Ҳамма бирма-бир баённомага имзо кўйди. Тўхтамурод ҳам енгил нафас олди. Қутилди шекилли. Ҳа, энди қоидаси эканда, участковой айтгандек, қоғоз-қалам қилиб кўйиш керак экан шекилли.

Йўқ, Тўхтамурод адашган эди. Терговчи унга қараб, «Қани кетдик», – деди.

– Қаёққа? – овози титраб сўради.

– Қаёққа бўларди, гаражга.

– Га-га-гаражга?

– Ҳа, га-га-гаражга. У ерда ҳам худди шу ердагидек расмга тушасан, чунки «помпа» ўша ердан ўғирланган. Бундан ташқари, биз текшириб кўришимиз керак, қани, битта одам ўғирлик қила оладими-йўқми, шеригинг борми йўқми, жойида кўриб, агар айтаётганингдек, шеригинг бўлмаса, ишонч ҳосил қилиб, бу ҳақда ҳам баённома тузиб қўямиз. Бўлмаса, эртага группавой бўлиб суд бўлиб ўтирма, буларнинг ҳаммаси сенинг фойдангга, тушундингми?

Тўхтамуроднинг кўнгли бироз жойига тушди ва хотинига «қайтиб келаман» дегандек қараб қўйди.

* * *

Гаражда ҳамма йиғилиб келди. Ахир, текин томоша кимга ёқмайди. Тўхтамурод устига чиқиб ўғирлик қилган бочкани қаергадир олиб кетишган экан, аввал уни топиб келишди. Ўғирликдан сўнг тахта деворнинг очиқ жойига тахта қоқиб ёпишган экан, уни яна қўпориб олишди. Чунки у ердан ҳақиқатан ҳам одам сиғиш-сиғмаслигини текшириш керак экан.

Шундан кейин терговчининг бу ёққа қара, у ёққа қара, афтингни у ёққа бур, қўлингни чўз, унисимас, бунисини. Ленинга ўхшаб чўз, тепага пастга ва ҳоказо буйруқлари янгради.

Тўхтамурод аввал ичкарига ошиб кўрсатди, кейин яна бу ёққа чиқди. Фақат девордан ошиб тушаётганда терговчининг фотоаппарати ишламай қолди. Энсиз девор қорнига ботиб кетяпти, гоҳ икки оёғи икки томонга шалвираб тушиб кетади, уларни йиғиштириб девор устига устма-уст қўяди. Ўтириб бўлмайди, жой тор, ўзини ўнглаб олиш учун илкис бошини кўтарган эди, тақ этиб шипга, бетон плитага уриб олди, бўлди кулги, қалпоғи ҳам тушиб кетди. Кимдир қалпоғини узатган эди, эгилиб оламан деб йиқилиб тушаёзди. Яна кулги. Айниқса, Ўсар чўлоқ мазза қилди. Яқин орада бундай юракдан кулмаган бўлса керак. Ахир, ўғрининг жазоси шу-да, ким унга ўғирлик қилсин деди.

Терговчи бўлса, шошилмайди, фотоаппаратининг қаеринидир бурайди, кейин пуфлайди, бир кўзини қисиб ёруққа тутиб кўради.

Тўхтамурод «катта бобо тушиб турайми» деган эди, терговчи бамайлихотир «яна чиқиб ётасанми, озгина қолди» деди.

Ниҳоят, фотоаппарат соз бўлди. Терговчи «менга қара» деди. Тўхтамурод қоп-қора терга ботганча бир алфозда унга қаради. Негадир терговчи суратга олишга шошилмаяпти. Ҳа, акса ургаси келиб, қуёшга қараяпти экан. Ап-шуу…

– Боя сомоннинг чанги бурнимгача кириб кетган экан. Ҳа, майли, хизматчилик, чидаймизда. Менга қара, ана шундай, бир секунд. Чиқ. Бўлди. Яна бир марта. Ҳа, яшанг, бўлди энди, тушавер.

Яна узундан-узоқ баённома ёзиш бошланди, яна ҳамма бирма-бир имзо қўйиб чиқди. Ана энди уйга кетаверса бўлар. Чучварани хом санабди, аввал уйга кетса ҳам энди кетмайди.

Терговчи қоғозларни йиғиштирар экан участковойга боши билан имо қилиб Тўхтамуродни кўрсатди-да, «буни олиб чиқаверинг» деди. Яна қаёққа? Участковой секин унинг билагидан ушлаб машина томон бошлади. Тўхтамурод ранги оқарганча атрофга аланглади. Энди ҳамкасблари кулишмас, ҳамма жиддий эди. Улар бекорга бунча қоғоз ёзишмаётгани, фотоаппарат тинимсиз ишламаётгани, булар ҳазил ёки шунчаки қоғозбозлик эмаслигини тушуна бошлашган эди. «Ким яна милицияга хабар берди экан, ахир, ҳаммаси жойига тушган эди-ку. Омборчи айтмагандир. Ўсар чўлоқ қанча шовқин солиб гапирмасин, аммо унинг бировнинғ устидан ариза ёзганини эслашолмайди. Ҳар ҳолда, яхши бўлмади, бечорани қўйиб юборишармикан? Эҳтимол, ўн беш сутка беришар. Ишқилиб, уриб-нетиб юришмасин-да. Отасига хабар бериш керак, фронтовой одам, у ер-бу ерга мурожаат қилар».

Тўхтамурод гараждан чиққунча участковойдан «қаерга кетяпмиз?» деб аста сўраган эди, у бепарво елкасини қисди, «билмасам, бу ёғини энди терговчи билади, энди менга даҳли йўқ, ихтиёр у кишида, у ёғи менинг вазифамга кирмайди» деди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам у вазифасини бажариб бўлган, бажарганда ҳам аъло даражада эди.

***

Терговчи кўп бош қотириб ўтирмади. Ҳаммаси тушунарли. Аммо бу шўрингга шўрва тўкилгурни очиққа ҳам қўйиб бўлмайди. Қонунда тўғридан-тўғри оғир жиноят эканлиги кўрсатилган. Ана шу қонунга кўра эса оғир жиноят бўйича қамоққа олиниши керак. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Тўғри, камбағал, тўғри, ноиложликдан қилган, тўғри, чин кўнгилдан пушаймон, қолаверса, моддий зарар ҳам йўқ, ўғирланган нарса қайтарилган. Аммо булар билан кимнинг неча пуллик иши бор? Эртага участковой ҳам, оперлар ҳам, яъни жиноят қидирув ходимлари ҳам бошлиққа кириб арз-дод қилишади. Биз ўлиб-тирилиб номаълум ҳолатда содир қилинган ўғирликни бир бало қилиб фош қиламиз, терговчи бўлса қамоққа олиш ўрнига очиққа қўйиб, эркалатиб ўтирибди. Бу аҳволда жиноятчиликка қарши курашиб бўладими? Бу ерда бир гап бор. Мушук бекорга офтобга чиқмайди.

Ўйлари шу ерга етганда терговчи ўзигами, Тўхтамуродгами ачиниб кетди. Бунинг бўлса, уйида чўткаси ҳам йўқлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ўзи терговчи бўлган билан эртага бирон гап бўлса, унинг ўртасига тушадиган ҳеч кими йўқ, ўзи бир амаллаб «отанг яхши, онанг яхши» деб илашиб ишлаб юрибди. Ҳозир бу гўрсўхтани гумондор тариқасида ушлаш тўғрисида қарор чиқариб қамоққа оламан. Уч кунгача прокурор санкциясисиз қамаб туришга ҳаққи бор. Кейин ҳеч нима билмагандек прокурорга қамоққа олишга санкция беринг, деб қарор чиқариб бораман. Хоҳласин, прокурор санкция берсин, хоҳласин, бермай чиқариб юборсин, бу ёғи унинг иши, лекин у гап-сўздан ҳоли бўлади, мана, прокурор санкция бермади, нима қилай, деб тураверади. Бошлиқларнинг кучи етса, ана прокурор билан гаплашаверсин, энг қулай ва энг тўғри йўл шу.

Терговчи тезда қарорини чиқарди. Унга Тўхтамуродга имзо қўйдирди. У фарқига ҳам бормасдан қўли қалтираб имзо қўйди. Ахир, бугун қанча қоғозларга қўл қўйди, шуларнинг биридир-да.

Терговчи уни шу қоғозлар билан милициянинг навбатчилик қисмига олиб бориб, у ердаги икки милиция ходимига топширди-да, ўзи кетди. Бояги милиционерлар шошмасдан унинг чўнтакларини кўришди, кир рўмолча, синиқ тароқ ва 12 сўм пули борлиги ҳақида ҳужжат тузишиб, унга ҳам имзо қилдиришди. Нимагадир шимидаги қайишини ҳам ечиб олишди. Кейин улардан бири эргаштириб милиция ҳовлиси тўридаги баланд девор билан ўралган жойга олиб борди. У ерда темир дарвозадан даҳлизга киришди, даҳлизнинг усти тиконли сим билан ёпилган, олдида катта темир панжарали эшиклар. Уларнинг айримлари узун-узун калитлар билан, айримлари эса автоматик усулда ғириллаб очилади.

Ичкаридаги милиция ходими Тўхтамуродга тааллуқли қоғозга бир қаради-да, «ҳозирча 16-камерада турсин, кейин жойлаштирамиз» деди. Бошқа бир милиция ходими уни узун коридор бўйлаб эргаштириб бориб, бир хонага киритди. Орқасидан темир эшик қарсиллаб ёпилди, калитнинг шарақ-шуруқи эшитилди. Тамом, у қамалди.

Тўхтамурод қайиши олинган шимини бир қўли билан кўтарганча эшик олдида туриб қолди. Ичкарида икки киши папирос тутатиб, секин гаплашиб ўтирибди. Улар Тўхтамуродга қиё ҳам боқишмади. Кимсан, нимасан, нега бу ердасан, ҳеч кимнинг иши йўқ. Хонанинг икки томонидан икки қатор устма-уст одам ётишга мўлжалланган темир кроватлар. Кроват ҳам деб бўлмайди, пружина ўрнида ҳам темир. Темир чорпоя деса ҳам бўлади. Устида биттадан кир матрац ва ёстиқ. Стол, стул йўқ. Бояги иккаласи ана шу темир чорпоянинг пастида тўғрима-тўғри ўтиришибди. Бурчакда пластмасса пақир. Хона ичида аччиқ папироснинг тутунидан ташқари қандайдир қўланса ҳид ҳам анқийди. Хона тўрида, тепада кичкина темир панжарали темир дераза. Ташқарида овчарка итнинг занжирини у ёқдан бу ёққа шарақлатиб югуриб ҳурган овози эшитилади.

Тўхтамуроднинг томоғи қуриб қолган, гапиришга ҳам мажоли йўқ. Буларга нима деса экан. Ҳойнаҳой, одам ўлдиришган бўлса керак. Ҳа, айтгандай салом бермади-ку. У қалтираб – «С, Саломалайкум», – деди.

Улар яна эътибор беришмади. Ниҳоят, улардан бири эринибгина аста «статьянг» деди. Тўхтамуроднинғ қулоғи негадир шанғиллаб қолган, шунинг учун унинг гапини яхши англамади.

– Нима, нима дедингиз? Нима у..? Армия дедингизми…?

Энди бояги йигит эринибгина кулди ва бироздан сўнг яна шундай эриниб, ҳам уни мазаҳ қилгандай гапни чўзиб-чўзиб аста гап бошлади:

– Нима бало, армияда ҳам хизмат қилганмисан дейман, стройбат бўлса керак-да, а тўғрими, ҳа, айтмадимми, ундай бўлса гупак-супакка ҳам тушганмисан, а, бир марта, ҳа, ундай бўлса нима айб қилганингга қараб статья белгилайди, ана шуни сўраяпман.

– Уни ким беради?

Энди бояги йигит кулмади. Бунга гапиргани-ю, одам деб гап қўшганига ачингандек индамай қолди. Папиросини бир-икки чуқур тортгач:

– Ҳеч ким, ҳа бўпти билмас экансан, ўзимиз айтамиз, нима иш қилгансан?

– Ислесарь.

Энди улар иккаласи ҳам кула бошладилар. Тўхтамурод бўлса ҳайрон, нима иш қиласан дейишди шекилли, тўғрисини айтди-ку, нега булар кулишади.

– Эй ислесарь, сендан у ишингни эмас, бу ерга тушиш учун нима иш қилгансан деяпман, нима каромат кўрсатгансан, биров билан муштлашиб жағини синдирдингми ёки бировни ўлдирдингми, ё бировнинг қизини…

– Йуғ-е, худо сақласин ундай ишлардан, билмасдан ўғирлик қилувдим.

– Ўғирлик? Э, ҳамкасб эканмиз-ку. Нима ўғирловдинг, – бояги савол-жавоб қилаётган йигит анча жонланди.

– «Помпа».

– «Помпа»? Яна нима? Бошқа ҳеч нарса. Нима, ушлаб олишдими ўғирлаётганингда.

– Йўқ, ўзим келтириб бердим.

– Ўзим? Тушунмадим, биров сезиб қолгандир-да?

– Йўқ, у вақтда милиция билмас эди, «помпа»ни олиб келиб берганимдан кейин орадан ўн беш кунлар ўтгандан сўнг билди.

– Унда нега келтириб берасан? – ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам бироз жаҳли чиққандек сўради бояги йигит.

Тўхтамурод ярим-ёрти қилиб тушунтирди.

Боя умуман эътибор бермай ўтирган йигитлар энди ҳайвонот боғида, Африкада учрайдиган бир жонзотни томоша қилаётгандек ҳайратда унга қарашар, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билишмасди.

Бироздан сўнг у билан гаплашаётган узун бўйли, ориқ, қорачадан келган йигит, ўзига келди шекилли, шеригига бир қараб олди-ю, аста ўрнидан туриб, унга яқинлашди. Унинг важоҳати ёмон эди.

– Ким у, Ҳазрати Довуд, кўрганмисан?

– Йўқ, кўрмаганман.

– Қаерда туради, биласанми?

– Йўқ, билмайман.

– Унда нега ўзи йўқ одамдан қўрқасан, онангни…, – қўлини кўтариб тўсатдан шарақлатиб шапалоқ туширди.

Тўхтамуроднинг аввал капалаги учиб кетган эди, зарбадан сўнг қалпоғи учиб кетди. Ўзи йиқилаёзди. Унинг қулоғи тарсаки зўридан қип-қизариб гувиллаб қолди. Бояги йигит эса унга яқинлашиб, – сендан сўраяпман, лопух, – деб яна қўлини кўтариб урмоқчи бўлди.

Шу пайт устки қаватдан, – «Тегма, Репик», – деган овоз секин эшитилди. Бўлаётган гап-сўзлардан қалтираб қолган Тўхтамурод ўша томонга қаради. Тепа қаватдан ёши олтмишлардан ошган кўса соқол, юзи ясси бобой аста бош кўтариб ўрнидан тура бошлади. Унинг гавдаси унча катта бўлмаганиданми ёки ним қоронғуга кўзи ўрганмагани учунми Тўхтамурод боядан бери пайқамаган экан.

У тепадан инқиллаб-синқиллаб аста туша бошлади. Бобой ерга тушгач, чопонига яхшилаб ўралиб ўрнашиб ўтириб олди ва бир қўли билан шимини кўтарган, иккинчи қўлига қалпоғини олиб, кийишни ҳам, киймасликни ҳам билмай довдираб турган Тўхтамуродга шошмасдан бошдан-оёқ разм содди. Унинг нигоҳи ўткир, юзида билинар-билинмас қувлик бор эди. У секин гап бошлади:

– Бу ўғри эмас. Ана, кийиб юрган йиртиқ калишига қара. Ўғри деб сени айтса бўлади, бошдан оёқ «адидас» кийиб олгансан. Булар худонинг шўр бандалари. На ўғирлик қилиб кун кўради, на ишлаб. У ёқлик ҳам эмас, бу ёқлик ҳам. Жами бўлиб йигирма икки йил ўтирдим, бунақаларнинг кўпини кўрдим.

– Паҳан, ҳеч тушунмаяпман, ким у Ҳазрати Довуд, нимага ўзи йўқ одамдан манави бунча қўрқади. Қолаверса, нега бу бизлар билан ўтириши керак, – қандайдир жиркангандек гапирарди бояги йигит. – Ладно, мен кисавурман, мана бу чекади, игнада ўтирибди – боядан бери гапга аралашмай чекиб ўтирган шеригини кўрсатди, – лекин бунга бу ерда нима бор.

– Э, ўғлим, сен ҳали ниманиям биласан ва ниманиям кўрдинг. Детдомда ўсган бўлсанг, бор-йўғи икки марта қамалибсан холос. Ўтир, сен ҳам ўтир. Ҳар касбнинг ўз пири бор. Биринчи қамалишимдамикин, иккинчисида эди шекилли, шунга ўхшаш бир чўпон бобойни кўрувдим. Бечора ўғлини ўқишга киритаман, деб совхознинг ўттиздан ортиқ қўйини сотибди. Бир пайт ревизия келиб босибди. Бояги чўпон сотганини айтмасдан, қиш қаттиқ келиб қўйлар касалланиб ҳаром ўлиб кетди, деб тураверибди. Шунда бир сельсоветнинг раиси чўпоннинг таёғини ерга ташлаб, агар сотмаган бўлсанг таёқдан ҳатла, ёлғон гапираётган бўлсам ана шу таёқдай қуриб қолай, пиримиз Занги Ота («Занги Ота» – чўпон ва подачиларнинг пири. – Таҳририят.) урсин деб айт дебди. Бечора чўпон оми одам эмасми таёқдан, ҳатлайолмай, тўғрисини айтибди, қўйларнинг пулини қариндош-уруғлари билан йиғиб тўлабди ҳамки, барибир, қамашибди. Биз билан бирга бир заготканторанинг раиси ҳам ўтирувди. Бояги хўракроқ эканми, ҳаш-паш дегунча районнинг ярмини еб қўйган экан. Лекин чўпондан ҳам муддати оз эди. Мингга яқин қўйи бор экан, ярми тоғда, ярми чўлда. Бояги чўпон билан узоқроқ қариндош ҳам чиқиб қолди. Менга айтмабсиз, ўша ревизия пайтида юзта қўй бўлса ҳам ўзим бериб турар эдим, деб кўп афсус қилди. Унга овқат, майда-чуйда келиб турарди. Мен билан чўпонга ҳам берарди. Чўпон иккаламизнинг хизматимизни қиларди. Мендан нима кетди, сенга ўхшаган шипаналарга, раисга тегинма, ўзимиздан, деб қўярдим холос. Раис қамоқдан чиқиб кетишда чўпонга «ишингга ёрдам қиламан, бирон йилини судга айтиб олдириб ташлайман», девди. Нима бўлди, кейин билмадим, мен ҳам бошқа колонияга ўтиб кетдим. У ерда ҳам бир бойваччани топиб олиб, «крыша» бўлиб қўриқлаб юрдим.

– Ҳа, майли, у бир ўқимаган саводсиз бобойдир, лекин бу мактаб кўрган-ку, неча йил ўқигансан, ана, даже ўн бир йил, уху, ҳали техникум-пехникумда ҳам ўқигандирсан, нима, нима, айтмадимми, завучний политехникумни, яна армияда ҳам хизмат қилган. Нима, бу ақлини еганми? Мен энди ўғирликни бошлаган пайтларим эди, ҳали у вақтлари мактабда ўқирдим. Бир уйга энди ўғирликка кирувдим, уй эгаси ушлаб олди. Ҳали ҳеч нарса олишга успет ҳам қилолмовдим. Милицияда роса тергов қилишди. Мен шу уй эгасининг қизи билан юраман, уни яхши кўраман, иккаламиз келишганимизга кўра учрашувга «келувдим», деб туравердим. Қиз бечора «йўқ» дейди. Мен «отасидан қўрқиб айтмаяпти», дейман. Хуллас, мен ўғирликка кирдимми ёки учрашувга келдимми, ҳеч ким исботлай олмади. Охири, уйнинг эгаси обрўйидан қўрқиб, аризасини қайтариб олди. Бирон жойга гапириб юрма, деб қўлимга беш-олти сўм пул ҳам берди. Милицияга ҳам шу керак эди, орқамга бир-икки тепиб қўйиб юборишди. А, буни ҳеч ким ушламаган, ҳеч ким гумон ҳам қилмаяпти, ҳеч ким кўрмаяпти, милицияга тушгани йўқ, оти нима эди, бир нима Довуд, ҳа, Ҳазрати Довуд, ана шу ўзи йўқ одамдан қўрқиб, топиб бериб ўтирибди, қўрқар экансан, нега ўғирлик қиласан?

– Э, ўғлим, армияга ҳам шу атрофга борган чиқар, тўғрими, ҳа, ана, техникум дегани ҳам ўша гап, топганини олиб бориб берган бўлса домлалар уч-пуч қўйиб берган. Қисқаси, бу бола ҳеч нарсани кўрмаган. Қишлоғи атрофида айланиб юрибди бечоралар. Ота-онаси нима деса, шуни қилишади. Кейин бу шўрлик «помпа»ни топиб берсам бўлди, қамалмайман, деб ўйлаган. Участковой қарасаки, нақд иш, тайёр «дело», ҳеч бош қотиришнинг кераги йўқ, шартта терговчи билан келишиб, йўлини қилиб ҳужжатлаштирган-у буни уриб юборган. Ҳали бунинг бўйнига бошқа ўғирликларни хам қўйиб юборишади. Яхшилаб боягидай бир-икки тарсаки еса, қилмаган ишини ҳам қилдим деб бўйнига олиб тураверади. Боя айтгандим-ку булар худонинг шўр бандалари деб. Сен бунга қаттиқ гапирма-да, ёрдам бер, терговчига, прокурорга, судга нима дейиш керак тушунтир, фойдаси тегса тегар, тегмаса қамалиб кетар, лекин буни у ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам…, – овозини пастлатиб имо-ишоралар билан ўзининг тилида гоҳ русча аралаштириб кисавурга нимадир деди.

Фақат Тўхтамурод кисавурнинг «бу ҳеч нарсага арзимайди, тушириб қўяди» деган гапларини англагандай бўлди, лекин улар нима ҳақида гаплашаяпти, тушунмади.

Аммо бобой «узоқни ўйла, узоқни, кейинчалик» деб секин қўли билан нималарнидир тушунтирди. Лекин кисавур рози бўлавермагач, бобой наркоман билан жой алмашиб, кисавур иккаласи бошини дераза томон буриб, секин гаплашишда давом этишди.

Энди наркоман Тўхтамурод билан тўғрима-тўғри ўтириб қолди. У ҳаддан ташқари ориқ, кўзлари маъносиз ва совуқ бўлиб, бутун вужуди чекаётган папиросида эди. Уни ҳеч нарса қизиқтирмас, деярли гапирмас, қўли ва оёқларидаги томирларнинг тешилмаган жойи қолмаганди. Уларга шприц орқали наркотик юбораверганидан ярага айланганди. У қўли билан имо қилиб чекасанми деб Тўхтамуроддан сўради, у йўқ деб имо қилгач, ҳафсаласи пир бўлди. Бироздан кейин у «қайси камерадан келяпсан, Славикни кўрмадингми» деб сўради. Тўхтамурод унинг нима деяётганини тушунмай турган эди, бобой наркоманга «унга гапирма, сенинг Славигингни қаердан билади» деб урушиб берди. Шу билан наркоманнинг ҳам овози ўчди.

Бироздан сўнг улар иккаласи гаплашиб бўлишди, кисавур ҳам нимагадир рози бўлгандек эди. Энди улар тезда эртага Тўхтамурод прокурор олдига борганда қандай кўрсатма бериши кераклигини муҳокама қилишни бошлади. Тўхтамуроднинг жавобларидан маълум бўлдики, терговчи унинг ўз ихтиёри билан аввал «помпа»ни топиб берганини «дело»нинг ҳеч жойига ёзмаган. Эртага ёки индинга прокурор уни қамоққа олишга санкция беришдан олдин жиноят ишини ўрганади. Иш эса оддий қурилган. Номаълум киши омборхонадан «помпа» ўғирлаган, омборчи милицияга ариза берган. Милиция тегишли ишларни олиб бориб, ўғирланган нарсанинг қаерда эканлигини аниқлаб, тинтув ўтказмоқчи бўлган, аммо айбланувчи қидириб топиб олишлари, бўйнига олмасдан иложи йўқлигини билиб, ўз ихтиёри билан «помпа»ни сомонхонадан топиб беришга мажбур бўлган. Кейин эса қандай ўғирликка кирганини гаражда ҳам кўрсатган. Лекин у бундан олдин бутун гараж аҳли олдида милиция аралашувисиз «помпа»ни ўғирлаганини бўйнига олиб, ўз ихтиёри билан келтириб бергани ҳақида жиноят ишида бир оғиз ҳам сўз йўқ. Демак, Тўхтамурод айнан мана шу ҳақда, яъни Ҳазрати Довуд отаси ҳақида прокурорга гапириши керак. Зора, бу прокурорнинг кўнглини юмшатса-ю, қамоққа олишга санкция бермасдан очиққа қўйса. Аммо бу эҳтимолдан ҳоли, чунки оғир жиноят қилган одамни қамамай чиқариб юборибди, бу ерда бир гап бор, деган гап-сўздан прокурор ҳам қўрқади.

Нима деб гапириш ҳақида улар Тўхтамуродга қайта-қайта тайинлашди. Мабодо бизнинг маслаҳатимиз яхши натижа берса-ю очиққа чиқсанг, сендан кичкинагина арзимас бир илтимосимиз бор, яхшилаб эшит, ахир, сенга биз ёрдам берганимиздан кейин, сен ҳам қандайдир хизмат билан жавоб қайтаришинг керак, тўғри эмасми, дейишди.

Боя тарсаки еган Тўхтамуродга оталарча меҳрибонлик қилаётган бобой ва жон куйдириб тушунтираётган кисавур энди кўзига яхши кўринар, уларнинг ҳар қандай илтимосини бажаришга тайёр эди. Қани энди бу ердан чиқиб кетса-ю, болалари олдига тезроқ борса.

– Мана эшит, Тўхтабой, – давом этди бобой, – уйингга борасанда бир пичоқми ё ўроқними оласан.

– Пи…Пичоқ? – мажолсиз сўради Тўхтамурод. Ҳали булар бировни ўлдирасан дейишса эди, ундан кўра бу ерда ўтиравергани маъқул эмасми. Унинг ранги оқариб, оёқлари ўз-ўзидан қалтирай бошлади.

Унинг кўнглидан нима ўтганини сезган бобой тасалли берди:

– Қўрқма, сен ҳеч кимни ўлдирмайсан, бу иш қўлингдан ҳам келмайди, буни биз яхши биламиз, мана, яхшилаб эшит. Ана шу пичоқни олиб бозор ёнидаги армани чархчига борасан. Унинг мўйлови бор, чап юзи пастроғида озгина ширами – тиртиғи бор, тепа тиши тўла тиллодан. Унга пичоқни чархлатасан, ҳеч ким йўқ пайти «мени Жаббор жар юборди, арава тоқ кунлари контейнерсиз айтилган жойга кетар экан» дейсан-у индамай кетаверасан.Чархчи сендан пул олмайди, агар йўл пулинг бўлмаса, пул ҳам беради, тушундингми?

– Тушундим-у, кейин пичоқни нима қиламан.

– Ҳе, онангни…, – кисавурнинг жаҳли чиқиб кетиб яна тарсаки туширмоқчи эди бобой қўймади.

– Нима қилардинг, рўзғорингга ишлатасан. Пичоқ шунчаки, нима учун чархчининг олдига борувдинг дейишса, ўзингни оқлаш учун керак. Ахир, чархчининг олдига нима учун боради, у-бу нарсани чархлатиш учунда. Қани, нима дейишингни бир такрорла-чи. Ҳа, балли, лекин бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса демайсан.

– Агар очиққа қўйиб юборишмай, қамалиб кетсам-чи?

– Унда ҳам ҳеч қиси йўқ. Мабодо керак бўлсанг, ўзимиз сени топиб оламиз, ким бориб мени Жаббор жар юборди деса унинг гапига қулоқ солиб бажарасан, тушундингми?

– Тушундим-у, ким у Жаббор жар?

– Менман, – кўкрагига секин урди бобой, – охирги икки мартадан бери отангнинг омади юришмаяпти, икки марта ҳам отни миниб қочаётиб, жарнинг устидан тўғри келиб қолиб от-пот билан жарга ағдарилаяпман, отлар ўлаяпти-ю, мен тирик қолаяпман, аммо охиргисида синмаган жойим қолмади деб ўйловдим, йўқ ҳали умримдан бор экан, тирик қолдим. Шундан бери мени Жаббор жар дейишади. Яна нимани тушунмаяпсан.

– Шу, мен ҳам Сизлар билан юраверсам бўлмайдими, ким билади Сизнинг номингизни тутган одам ёлғон ғапириб бошқа нарса деса, Сиз бошқа нарса деган бўлсангиз. Кейин отам қатори одам экансиз. Сиз билан бирга юраверсам яхши бўларди.

– Э, ўғлим, бизнинг йўлимиз бошқа. Бизларни Сенга ўхшаганлар билан қўшиб қўймайди. Илгари қамалганлар биринчи қамалганлар билан ўтириши мумкин эмас. Орган нима иш қилишини яхши билади. Ҳозир сени бу ердан олиб кетишади, сенга ўхшаган биринчи тушаётганларнинг камерасида жой бўлмагандан вақтинча турибсан. Сен ҳафа бўлма, бошқа жойда бўлсанг ҳам тез топиб оламиз, бирон маслаҳат ёки ёрдам керак бўлса ҳам, ўша, мен юборган одамга айтавер, отангнинг қўлидан кўп нарса келади, бунга ҳали ўзинг ҳам ишонасан. Менинг номимни ҳали қеч ким сотолмаган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Шунинг учун ким нима деб борса ишонавер. Сен менга ёқиб қолдинг. Кўнглингда киринг йўқ экан. Менинг ҳам сенга ўхшаган ўғилларим бор, улар ҳам сендек қишлоқи содда болалар. Улар мени эсдан ҳам чиқариб юборишган бўлса керак, тўғри ҳам қилишади. Лекин бояқишлар ҳар суд бўлганда келиб хабар олишади, уларга омон бўлсаларинг бўлди, деб қўяман…

Тўхтамурод унинг гапларини берилиб эшитар, уни кисавурга уришга йўл қўймай қўриқлаётган бобойнинг гапларига тўлиқ ишонарди. Бобойнинг гапларини эшитиб бир нарсани сўрамоқчи бўлди-ю, аммо ботина олмасди. Бобой буни дарҳол сезиб деди:

– Агар биронта гапинг бўлса, бемолол сўрайвер ёки бирон нарсани тушунмадингми?

– Йўқ, тушундим-у, – чайналди Тўхтамурод, – сўрасам қандай бўларкин, уришиб бермайсизми?

– Хўш, бемолол, тортинма, сен нима савол берсанг ҳам кечирарли, чунки биринчи тушишинг, ҳали кўп нарсани тушунмайсан, айтиш мумкинки, кўзи очилмаган кучукваччасан. Сенга йўл кўрсатиш бизнинг вазифамиз.

– Шу ўғилларингиз бор экан… бундай юргандан…

– Ҳа, тушундим нима демоқчи эканлигингни, нима қиласиз бу ерларда қамалиб юриб демоқчисан.

Гапга кисавур ҳам аралашди:

– Паҳан, бунинг гапида ҳам жон бор-у, мен бошқа нарсани сўрамоқчиман, агар малол келмаса.

– Хўш, сен ҳам гапир, қуруқ қолма.

– Шу, нима қиласиз ҳадеб от ўғирлаб, неча марта қамалган бўлсангиз ҳам фақат от ўғирлагансиз. Унинг ўзи бир даҳмаза бўлса, минишнинг ўзи бир даҳшат-ку. Ҳа, ана ўғирладингиз ҳам дейлик. Уни сотиш керак, бунинг учун савдо қилиш керак, у бир магнитафон ёки радио бўлса эканки, сумкага солиб келиб шартта сотаб юбораверсанг. Отни бутун насл-насабигача суриштиришар экан, ҳеч шошилишмайди. Ҳу анави отни сотганингизни кўрдим. Даллол, паттачи, харидор, неча одам у ёғидан-бу ёғидан ўтиб қарайди, бу дегани шунча гувоҳ дегани, адресингизни ҳам ёзиб олишади, эҳ-ҳе. Сиз бўлсангиз ҳеч шошилмай, бемалол савдо қиляпсиз, мен бир жойда туролмайман, у ёқдан-бу ёққа ўтаман, отнинг эгаси келиб қолса-я деб. Кайфиятим бўлмаганидан шу куни атиги битта чўнтакни тозаладим холос. Отни сўйиб сотиш бундан ҳам даҳмаза, қанча гўшт, уни биров олади ёки йўқ, териси, калла пойчасини бир ёқлиқ қилиш керак. Вой-бу. Мана бизнинг ишимиз. Тиқилинч автобус ёки бозор. Сумкадаги ёки чўнтакдаги нарса бу чўнтакка секин ўтади. Биров кўриш у ёқда турсин, сезмайди ҳам. Фақат эгаси анчадан кейин, пул олиш учун чўнтагига қўл тиқади-ю бармоғи нарёғидан ўйнаб чиққач сезиб қолади. Дод-вой қилади, фойдаси йўқ. Пул пулга ўхшайди. Фақат ҳозирги «импортный» лезвиелар жуда нозик чиқаяпти, сумкани кесиб бўлмайди, бирданига синиб кетади. Илгари ўзимиздан чиқадиган советский «Нева»лар яхши эди. Ана шу бироз қийнайди холос.

– Бўлди, бўлди, сизларни тушундим. Айтсам айтақолай. Ана энди, эшитинглар. Ҳар касбнинг ҳам ўз гашти бор. Мана кўз олдингга келтир, – бобой бир қимирлаб ўрнашиб олдида, секин гап бошлади. – Қиш, ярим кеча, ер музлаган. Осмонда ой, атроф сутдек ёруғ, юлдузлар чарақлаган. Ҳамма ширин уйқуда, ана шу пайти отни миниб қочдинг. От тақаси музлаган ерда қасир-қусур қилади, орқангдан анчадан кейин шовқин-сурон бошланади, сен эса яйдоқ далада от суриб кетаяпсан, бай, бай, – бобой шошилмай нос олиб чекди ва гапида давом этди, – ана шу кетишда тоғдан ёки қирдан ошиб кетдинг, оҳ, оҳ. Бунга нима етсин, – бобой ўзгача бир кайфиятда кўзларини юмиб, бирпас жим қолди.

Тўхтамурод анграйганча унга қараб турар, наркоман ҳам папирос тутатишдан тўхтаган, фақат кисавур ишонқирамай, икки қўли чўнтагида, ўқрайиб қараб турарди.

Бироздан кейин бобой яна давом этди.

– Отни ҳеч қачон ўзининг жойида сотмайдилар, бошқа вилоятда сотилади. Бунинг учун у яхшилаб ясатилади, эгар-жабдуқ отга бошқача кўрк беради. Отдан отнинг фарқи бор. Чиройли саман отинг бўлса, устида қип-қизил эгар-жабдуғи, оёғингда хиром этик, устингда оқ чакмон, оғзинг тўла тилло тиш, бошингда қимматбаҳо сур телпак, соқолинг яхши кузакланган. От ўйноқлайди, бир қир-адирларни бегона юртларни айлансанг, кўпкари тўйларни томоша қилсанг. Энди булар насиб қиларми-йўқми, билмадим, агар ўлмасдан чиқсам, энди бу ишни тўхтатаман, ёшим ҳам кетди. Икки мартадан бери панд ҳам еяпман. Худога ҳам бу ёшда ўғирлик қилишим ёқмаяпти шекилли. Битта чиройли от сотиб оламан-у тинчгина яшайман, – бобой носини тупуриб, яна жим қолди.

Ҳамма унинг оғзига тикилганча турарди. Бобойга бу ёқиб тушдими яна гапни узоқдан бошлади.

-Менинг бобом ҳам зўр ўғри ўтган. Лекин ҳеч қачон ўз юртидан ўғирлик қилмаган. Агар бирон жойга узоқроқ сафарга жўнаса, «Мен кетяпман, фалон вақтдан сўнг қайтаман, қишлоқ устидан қуш ҳам учиб ўтмасин», – дер экан. Бу бошқа ўғрилар учун огоҳлантириш бўлган. У вақтнинг ўғриларида ор-номус бўлган. Бўри ўз овулига ораламайди деган гап бор. Фақат четдан ўғирлик қилган, уям от ўғирлаган экан, раҳматли. Бу ёғи Туркманистон. Отни ўғирлаб келиб Самарқанд, Қозоғистон томонларга сотар экан. Охири ўша томоннинг ўғрилари сезиб қолиб бобомни ўлдирмоқчи бўлишибди. Бобом ҳам сезиб қолибди. Орқасидан одам тушганини билиб бир жойга отини боғлаб, олдига чопон, саллаларини ечибди. Одам ўралиб ухлаётгандек қилиб жой тўшаб, ўзи яширинибди. Бояги отда келиб қолибди ва бобомни ухлаб ётибди, деб ўйлаб «қирқинчиси» деб милтиқдан ўқ узибди. Бобом «қирқ биринчиси» деб тепадан бешотарини бўшатибди. Шу ерга бояги орқасидан тушган одамни кўмиб, жанозасини ўқиб отни миниб кетган экан. Николай пошшо даврида Сибирга сургун қилишибди, у ёқдан ҳам қочиб келибди. Ўзи жуда синчи бўлган экан. Сибирда юрганида Тожикистондан бир ўғри ошнаси бўлган, у ўша ёқда ўлган экан. Самарқандда чойхонада ўтириб, ўша ўғри ошнасининг ўғлини кўзидан танибди, бўлмаса уни умрида кўрмаган, отасининг кўзига ўхшатиб таниган. У бола ҳам Тожикистондан Самарқандга бир юмуш билан келган экан. Уни уйга олиб келиб меҳмон қилиб, болалари билан таништириб, борди-келди қилган, отасининг гапларини ўғлига етказган экан. Ана шундай мард, оқибатли одам бўлган. Ўзи умуман кечаси ухламас экан. Кечқурун уйга меҳмон келса, уларни ухлатиб ўзи чордора қуриб, тасбеҳ ўгириб ўтираверар экан, эрталаб туриб қарашса ҳам шу ўтириш. Ҳеч ким билмас эканки, ҳамма ухлагач кечаси бориб бир жойдан бир нарсани ўмариб келганини. Қадимда ана шундай ўткир ўғрилар ўтган. Мабодо қишлоққа бирон ўғирлик бўлса, ким келганини дарров билиб уни четга чиқариб, роса таъзирини берар экан. Мен тирик пайтимда қишлоққа оралама дер экан. Ҳозирги ўғрилар ўғрими, мана бунинг қилиб ўтирган ишини қара, «помпа”ми ”сомпа”ми ўғирлабди. Мошинанинг бир темири экан. У нима бўлар эди денг, берса икки халта ун берар. Унгаям шунча шовқин, тўполон, тергов, қама-қама. Ҳа майли, ўғирлабсан ҳам, яна нима қиласан олиб келиб бериб, э…, – бобой бехафсала қўл силтади.

Гапга кисавур аралашди.

– Бу бояги бир нима отаси, ҳа, Ҳазрати Довуд отасидан қўрққанда, ўзининг пиридан, ҳа, айтгандай бизнинг ҳам пиримиз борми, отам?

Шу пайт эшик шарақа-шуриқ очилиб, «Олимов, ташқарига» деди навбатчи. Тўхтамурод шошиб каридорга чиқди. Энди қўйиб юборишар-ов, нимагадир кўнглида қандайдир илинж бор эди. Йўқ, қўйиб юборишмади. Бобойнинг айтгани тўғри чиқди, уни олиб бориб бошқа камерага қамашди. У ерда ҳақиқатан ҳам унга ўхшаганлар кўп экан.

* * *

Прокурор жиноят ишини варақлаши биланоқ тушундики, одатдаги ишлардан бири. Ўғри иқрор, пушаймон, далилий ашё – «помпа» топилган. Тўғри, ноиложлигидан қилгани кўриниб турибди. Буни суд жазо тайинлашда эътиборга олади. Бемалол қамоққа олишга санкция, яъни рухсат берса бўлади. Бундан гап сўраган билан ишдаги гапларни яна такрорлайди. Ҳожати бормикан? Прокурор имзо қўйиш учун қўлига ручка олар экан, анкета маълумотномаларга кўз югуртирди. Ҳеч қаерда ишламаган. Нега? Гаражда ишлаган-ку, слесарь бўлиб. Ана шундай деб ёзиш керак эди. Эҳтимол, терговчи эътиборидан четда қолгандир. Лекин иш жойидан берилган мана шу ҳужжатга қараганда, «помпа» топилишидан ўн беш кун олдин ишга келмай қўйган. Сабаби эса кўрсатилмаган ёки шу ҳолат, яъни ишга келмай қўйганлиги ундан гумон қилиш учун асос бўлдимикин? Ҳар ҳолда, бунга аниқлик киритиш керак.

– Олимов, нега ишга келмай қўйгансиз? – сўради прокурор.

– «Помпа»ни топиб берганимдан сўнг ўша ерда яна ишлашга юзим чидамади, – қалтираб жавоб берди Тўхтамурод.

– Сиз «помпа»ни 20-число куни топиб беряпсиз, ишга эса 5-числодан бошлаб, яъни ўн беш кун аввал келмаяпсиз. 5-числода ҳали «помпа»ни топиб бермаган бўлгансиз-ку?

– Числосини билмайман, ўша бешинчи число бўлса керакда, аввал топиб берувдим, темирдан ҳатлаш бўлгандан сўнг.

– Қандай темирдан ҳатлагандан сўнг? У нима деганингиз? Тушунмаяпман. Сиз неча марта «помпа» топиб бергансиз ўзи?

– Икки марта. Бир марта ўзим, иккинчи марта бу кишига, терговчига.

– Яна тушунмадим. Сиз шошмасдан, бирма-бир эсланг. Мана, «помпа»ни ўғирладингиз, эртасига нима бўлди, индинига-чи, ундан кейин-чи, тушундингизми, қани, гапирингчи.

Тўхтамурод тутила-тутила гапириб берди.

Мана гап қаерда! Прокурорнинг авзойи ўзгарди. У ручкани жаҳл билан жойига қўяр экан, терговчидан шаҳд билан сўради.

– Нега бу ҳолат жиноят ишида йўқ.

Терговчи эса ҳадеб қоғозларини ковлаштирар, боя Тўхтамурод гапни бошлаганидан ишнинг расво бўлганлигини сезган, ўзини нима деб оқлаш ҳақида жавоб қидирар эди. Нима деса экан? Бу галварсга неча марта тайинлади темирдан ҳатлашингни гапирма, бунинг иш учун ҳеч қандай алоқаси йўқ деб. Бўйнингни эгиб кечирим сўраб, пушаймонман деб туравер деди-я. Ахир, бу бечора ҳам нима қилсин. Прокурор сўраб тургандан сўнг. Эҳ, ўзидан ҳам бўлди. Гараждан берилган ҳужжатга аҳамият бермабди. Ишга йигирманчи числогача келган, деб ёздириб олса бўлар экан. Ахир, кимнинг хаёлига келибди прокурор шунга ҳам эътибор беради деб.

– Сиздан сўраяпман, – прокурорнинг қатъий овозидан ўзига келди терговчи.

– Анави, мана бу, менга аввал «помпа»ни топиб берганини, темирдан хатлаганини айтгани йўқ ёки айтибмидинг, а, тўғрисини айт.

Тўхтамурод унга жавдираб тикилаётган терговчининг ҳолатини кўриб иккиланди. Ҳақиқатан ҳам айтган эмас эди шекилли. Бу киши сўрамади, у ҳам айтмади. Ҳа, терговчининг ўзи билади, участковой айтгандир деб ўйловди. Тўғри, тўғри, терговчи фақат ундан «помпа» қаерда деб сўради, у топиб берди. Темирдан ҳатладингми, деб сўраган эмас. Сўрамаган нарсани айтиб нима қилади. Бунинг шунчалик керак эканлигини қаердан билсин.

Тўхтамурод бош чайқади, «йўқ айтмовдим».

Терговчи енгил нафас олди.

– Ана айтмовдимми, менга барибир эмасми, агар у айтганда, унинг иш бўйича берган кўрсатмасига қўшиб кетар эдим, мендан нима кетди, темирдан ҳатлашга қатнашган бир-иккита одамларни ҳам гувоҳ қаторида сўроқ қилардим, тамом-вассалом. Ҳеч оғирлик жойи йўқ эди.

Аммо прокурорни ишонтириш қийин эди.

– Бундан чиқдики, Сиз қулоғингизни бекитиб олиб, фақат Олимов билан гаплашибсизда, қоровул, омборчи, гараж мудири, у ерда ишловчилардан ҳам бирон киши айтмадими? Нима бу лўттибозлик. Кимни лаққиллатмоқчи бўляпсиз. Бундан келиб чиқдики, ҳали омборчи ариза бермасдан олдин, жиноят иши қўзғатилмасдан ҳам аввал «помпа» топилган бўлган. Лекин аризада ҳам, жиноят ишини қўзғатиш ҳақидаги қарорда ҳам номаълум киши ўғирлик қилди, деб кўрсатилган. Яна сон кетидан қувиш. Ўзимизнинг иш билмаслигимизни шу йўл билан яширамиз. Бунақа сохта обрў кимга керак. Қачон тугайди бу ишлар?

Терговчи минғирлаганча бу ишлар унга боғлиқ эмас эканлиги, у ҳам кичкина одамлиги, бошлиқ, участковой, жиноят қидирув ходимларининг ҳам ўзларини қизиқтирган томонлари борлигини тушунтиришга ҳаракат қилиб шама қиларди.

– Менга гап ўргатманг. Масаланинг бу томонини ўзим яхши биламан. Улар билан алоҳида суҳбат бўлади, улар тегишли жазосини олади. Аммо Сизга ўхшаган «ўзимнинг чиқиб олган тепам омон бўлса бўлди» дегувчилар ҳам жавоб бериши керак. Бу биринчиси эмас. Агар яна бир марта такрорланса, ўзингиздан кўринг. Олимовни эса қамоққа олишга санкция берилмайди, уни тилхат орқали очиқда қолдиринг. Иш, яшаш жойи аниқ экан, илгари судланмаган, ҳеч қаёққа кетмайди, ишониш мумкин, шундай деб ёзиб бераман. Сиз эса терговда бунинг нима учун шунча вақтдан бери иш ҳақи, болаларининг нафақа пулини олмаётгани ҳақида ҳужжат олиб ишга қўшасиз, хўжалик раҳбарларини сўроқ қиласиз, яшаш шароитини ўрганасиз…

Терговчи бошини қимирлатиб, маъқуллаганча шошиб терга ботганча ёзиб олар, ичида эса участковойни топган «Помпа» иши билан қўшиб сўкар, омон-эсон қутилганига шукур қиларди.

Прокурор Тўхтамуродга юзланиб: – «Сиз яна ишингизни давом эттиринг, ишламаган одамни очиқда қўйиш мумкин эмас. Ҳали Сизни ҳеч ким ишдан бўшатмаган, бу ҳақда буйруқ ҳам йўқ, фақат ўзингиз ишга бормай қўйгансиз холос. Тушунарлими? Яна чақирган пайтда келасиз, иш ва яшаш жойингизни то мана шу жиноят иши мазмунан ҳал бўлгунча ўзгартирмайсиз. Бўпти, бўшсизлар», – деди.

Улар чиқиб кетишгач, прокурор ўйга толди. Антиқа ўғирликлар бўляпти. Ўғри ҳам, ўғирлик ҳам ўзгараяпти. Бозор иқтисодиёти нима эканлигини тушуниб олишнинг ўзи амри-маҳол бўляпти, бунга эса психологик томондан ҳеч ким тайёр эмас. Замоннинг бундай мутлақо бошқа томонга ўзгариб кетиши ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди. Ҳаммаси осмондан тушгандек бўлди. Қонунларни ҳам ҳозирги кун муаммоларига мослаштириш керак шекилли. Мана, ҳозирги иш. Ғалати ўғирлик, ўғирлик деб ҳам бўлмайди, Яхши, у қамоққа олишга санкция бермади, аммо буни вилоятдагилар тушунармикин? Ҳали бу ишни суддан ўтказиш ҳам бор. Қанча асаббузарликлар ҳали олдинда турибди. Эҳ-ҳе…

Унинг хаёлини эшик тақиллаши бузди. Эшикда бошқа терговчи бошқа бир жиноят иши билан киришга рухсат сўрарди. Прокурор рухсат бергач, терговчи изига қараб «кираверинглар» деди. Соқчи милиционер билан устига янги чопон кийиб олган йигит ҳам кирди. Унинг соқоллари ўсиб кетганидан бир неча кундан бери гумондор тариқасида ушланиб турилганини пайқаш мумкин эди. Аммо у нега янги чопонда, бунинг устига куёвлар киядиган чопон. Одатда одамлар қамалишидан олдин эскироқ кийим кийишади.

Терговчи қисқача ахборот берди. Кўшнисининг сигирини ўғирлаган, сигир эгалари бозорда сотаётганда ушлаб олишган, қамоққа олишга санкция керак.

Прокурор жиноят ишини варақлар экан, бояги йигитга қараб: «Қани, гапиравер-чи, нима воқеа бўлди», – деди.

Йигит бамайлихотир гап бошлади:

– Шу денг ака, уйланишимга тўғри кеп қолди. Қарз-ҳавола қилиб тўй қилдик. Магазинчидан ўн тўққиз минг сўм қарз олувдик. Тўйдан бир ҳафта ўтди ҳамки, уйга келиб олиб «пулни бер, ревизия келди», деб туриб олса бўладими. Отам ҳам, мен ҳам хўжаликда ишлаймиз. Тўй ҳаражатларига деб уйдаги бор молларни сотиб бўлувдик. Нима қилишни билмай, ҳамсоямизнинг сигирини ўғирлаб сотаятувдим, бозорда мол эгалари ушлаб олишди, бир-икки уришдиям, майли, урсаямда, лекин кўпайлашиб милисага олиб келиб топширгани чатоқ бўлди-да.

– Нима қилиш керак эди, қўйиб юбориши керакмиди? – сўради прокурор.

– Йўғ-е, энди ҳамсоячилик, бунчалик уриб шалоғимни чиқариб ҳам милисага топширганини айтаяпманда. Ўзи беш-олти кун аввал уйланувдим.

– Ахир, сен ҳамсоячиликни унутган бўлсанг, улар ҳам нима қилсин. Саломга яраша аликда, тўғри эмасми?

– Тўғри-куя, – минғирлади бояги йигит.

– Нега аввал тўйга тайёргарлик кўрмасдан, керакли нарсаларни йиғмасдан, тўй бошлайсан, кўрпангга қараб оёқ узатсанг бўлмайдими, тўйни ҳам катта қилгансан-да.

– Шу денг, саксонга кирган момом бор, у ўладиган касал бўлдими билмадим, ҳаша-калла ўламан, деб туриб олди, тўйимизни кўрсин, деб шоша-пиша тўй қилувдик. Унчаям катта туй эмас, қишлоқ, хўжаликни айтдик, у ер-бу ердан қариндош-уруғлар деганидек.

Шу пайт эшик томондан вағур-вуғур бошланиб, бир бобой котиба қизнинг тўхтанг деганига ҳам қарамасдан кириб кела бошлади.

– Хўш, нима гап? – сўради прокурор.

– Мен мана шу боланинг орқасидан келдим. Ҳозир киринг, прокурор подпись босгандан сўнг кеч бўлади, деб шоширгани учун кирувдим. Кечирасизда, ўғлим, қаерга ўтирай, қарилик ҳам қурсин, ўпкам оғзимга кеп қолди. Шошманг, бирпас напасимни ростлай, кейин гапираман. Унгача мана буни ўқиб туринг.

Бобой қўлидаги бир неча варақ қоғозни прокурорга берди.

Бундай ҳолларда ёзиладиган одатдаги аризалардан бири. Йигирмадан ошиқ одам имзо қилган. Ўғри йигитнинг камбағаллиги-ю, момосининг оғир аҳволда эканлиги, фақат «қани, Нормуроджон» деб интиқ бўлаётгани, қисқаси, ўла олмай тургани, шунинг учун зудлик билаи тилхат орқали очиқда қолдиришни ўтиниб илтимос қилишар эди.

Унгача бобой ҳам ўзига келди.

– Энди гапираверайми, мана шу бола ҳамсоям бўлади. Сигир ҳам меники эди, ҳеч қандай ўғлимники эмас, жувонмарг, буни бозорда ушлаб олиб, мендан сўрамасдан тўғри милисага оп борибди. Ўзиниям бир-икки таёқ урдим, ҳали, қочиб кетди. Энди, ўғлим, менинг ёшим саксондан ошди, бунинг ҳам саксонга кирган момоси бор, иккита қариянинг бир дуосини олингда, шу бола пақирни қамаманг. Умрингиздан барака топинг, бола-чақангизнинг ҳузурини кўринг, менинг ҳеч қандай даъвом йўқ, ана, сигирим уйимда турибди. Ҳа, энди, хом сут эмган банда, бир адашганда. Энди, агар бу қамалиб кетса, шунча йиллик икки ҳамсоя юз кўришмас бўлиб кетамиз. Нима бўлсаям очиққа қўйинг, ҳеч жойга кетмайди, мен кафил бўламан. Урушда одамлар тўрт йил бўлган бўлса, мен армияда саккиз йил бўлдим. Урушдан кейин ҳам особый отрядда ўрмонда бандитларга, немисларнинг қолган-қутганига қарши урушдим, эҳ-ҳе, биз кўрган кунлар, айтаверсам адо бўлмайди, шу денг ўғлим, яхши одамга ўхшайсиз, бир гап келди сизга айтсам…

Бобойнинг гапи тугамас, костюмига тақилган урушда қатнашганлиги ҳақидаги медаллар кўринсин деб чопонининг олдини очиб-очиб қўяр эди.

Ҳали куёвлик гаштидан қайтмаган йигит эса худди бир нарсани қойил қилиб қўйгандек икки қўлини икки тиззасига тираб бамайлихотир ўтирар, ҳар замонда томоғини қаттиқ-қаттиқ қириб, елкасини ўйнатиб қўяди. Ахир, бобой сигирнинг эгаси мен деб турибди. Аслида, ўғлиники. Ким билиб ўтирибди. Даъвоси йўқ. Ўзиям юз марталар такрорлади. Қани энди прокурор пинагини бузса. Фақат қоғоз титкилайди, китобларини ковлаштирадими-ей. Ана, ўрнидан туриб шкафдан яна битта китоб олди. Униям ўқиб чиқсайди. Уфф-ф, бунча секин ишлашмаса. Бир-икки яхшилаб сўкиб ё бўлмаса, бир-икки шапалоқ қўйиб, бор, иккинчи қилма», деб қўйиб юборишса бўлади-ку. Йўқ, ҳеч ўғри кўрмагандай шошилишмайди, нималарнидир ёзишгани ёзишган. У ёқдан-бу ёққа судраганини айтмайсизми. Ҳаммасидан ҳам терговчининг сигирни қандай қилиб олиб чиқувдинг, деб молхонада суратга олгани чатоқ бўлдида. Бунча одамни кўриб ҳуркдими жонивор, ҳеч жойидан қимирламайди. У бўлса, чираниб ипидан тортади. Роса томоша бўлди. Ўғирлаган кечаси индамай эргашиб кетувди. Ишқилиб Наргиза кўрмаган бўлсин-да.

Прокурор бошқа ўйлар билан банд. Аввалгисини очиққа қўйишга ҳар ҳолда асос бор эди. Бунисини-чи? Ҳадеб ўғриларни қамоққа олмай, чиқариб юбораверса, эртага гап бўлиши аниқ. Қолаверса, буни очиққа чиқаришга асос ҳам йўққа ўхшайди. Чунки агар бозорда ушлаб олишмаганда, сигирни сотиб пулини магазинчига келтириб бериб, қарзидан қутиларди-да, бемолол юраверарди. Аммо буни улар тушунармикин? У ёқда келин чимилдиқда, момо эса ўла олмаяпти, бу ерда бобойнинг жағи тинмайди, «…бу болани ўзим қўлим билан момосига топширмасам шунча йиллик қадрдон нариги дунёга мендан норози бўлиб кетади, бечора ҳамсоям иккаламиз очликни ҳам, қимматчиликни ҳам бирга кўрдик. Шу пайтлари ҳам битта зоғора нон топсак, бирга баҳам кўрардик, лекин бир-биримизнинг хасимизга ҳам хиёнат қилганимиз йўқ эди. Ҳозир одамларга бир гап бўлди ўзи, ҳамманинг боши гангиб қолдими, ишқилиб, охири бахайр бўлсинда, прокурор ўғлим. Шу болани қўйиб юборинг, ана мошин, ташқарида, шундай мингазиб уйига олиб борайлик, момо ўлар чоғида бир хурсанд бўлсин. Раҳматли хўжайини ҳам урушда ярадор бўлганида ўзим оп чиқувдим орқамга кўтариб, ўқ ноқулай теккан эканми, ўлувди бечора, униям ўзим бир дарахтнинг тагига кўмиб белги қўювдим, ўлар чоғида бир оғиз «ҳамсоя, болаларимдан бохабар бўлиб тур», девди раҳматли…

***

Тўхтамурод милициядан чиқиб келганидан бери бетоқат.

Гоҳ қўлига пичоқ олади, гоҳ ўроқ. Бирпас хаёл суриб турадида, яна жойига қўйиб қўяди. Хотини сездирмасдан унинг ҳолатини кузатади. Аҳволини кўриб ҳам ҳайрон бўлади, ҳам ачинади, ҳам қўрқади. Ниманидир режалаштираяпти шекилли. Ишқилиб, ўзини бир бало қилиб қўймасинда. Ёки иш жойига бориб «ким милицияга хабар берди, кимга ёмонлик қилувдим, ана битта «помпа» олган бўлсам қайтариб бердим-ку, яна нима керак, мен қамалганим билан сизларга жой кўп қоладими», деб жанжал қилиб, бировга зиён етказса-я. Эрининг ундай одати йўқ-да, янаям эркак одам орига чидай олмай тағин… Бунинг устига, одамларнинг ўғри деб гапираётгани озлик қилгандай, газетага ҳам ёзишибди. Ёзганда ҳам жуда ўхшатишибди. «Бузоқнинг югургани сомонхонагача». Ҳойнаҳой, бузоқ деб эрини назарда тутишган бўлса керак. Сомонхонаси тушунарли. «Помпа»ни ўша ерга яширганини айтишаяпти шекилли. Лекин нега эри милиция сўрамасдан ҳам аввал топиб берганини ёзишмабди. Милицияни мақташибди холос. Ўғри ҳар қанча устомон бўлмасин, барибир, топишади деб. Газетани ўқигач, эри янаям ҳафа бўлди. Шундан бери янаям хаёлпараст бўлиб, ҳеч кимга дардини ёрмайдиган бўлиб қолди.

Тўхтамурод ҳақиқатан ҳам дардини ҳеч кимга ёролмайди. Ахир, бировга айтиб бўладиган нарса ҳам эмас-да. Бунинг устига бобой қаттиқ тайинлади «ҳеч ким билмасин ҳам, сезмасин ҳам», деб. Қандайдир арава тоқ куними, жуфт куними, қаёққадир кетар экан. Бор гап шу. Йўқ, арзимаган гапга ўхшамайди. Бу қандайдир пароль шекилли. Ҳу, анови киноларда бўлади-ку. Лекин кинодаги пароль айтувчи ҳам, эшитувчи ҳам паролнинг мазмунини билади. Шунга қараб кейин қандайдир иш қилади. Аммо у билмайди. Шартта ушлаб олиб у нима деганинг, тушунтириб бер деб роса қийнашса-я. Билмайман деганига ҳеч ким ишонмайди. Ким билади, ўша чархчи шпиондир. Уф-ф. Яхшиси, бормайди. Ўзи зўрға қутилди. Бўлмаса у темир панжара ичидан чиқиб келиш осон эдими. Ким билади Ҳазрати Довуд отаси қўллаб юбордими, ё бобой билан кисавурнинг маслаҳати иш бердими? Ҳар ҳолда, темирдан ҳатлашини айтгандан сўнг прокурорнинг ҳам фикри ўзгарди. Кейин терговчини ҳам уришиб кетди. Ана энди шунча яхшилик қилган, ҳам кисавурга урдиргани қўймаган бобойнинг бир оғиз қарз гапини бориб айтишга қўрқиб ўтирибди. Ҳали суд ҳам бўлиши керак. Ким билади, суд шартта қамаб юборса. Бобой «менинг топшириғимни бажармабсан, энди сенга ёрдам бермайман», деса ёки биронта одам юбориб уни бир бало қилишса. Анави кисавур, ё анави наркоманга озгина наша бериб, «шуни бир ёқлик қил», деса, уларнинг кўзига одам кўринадими. Йўқ, бормаса бўлмайди. Нима бўлса бўлсин, боради. Ҳеч ким йўқ пайти тез-тез айтади-ю шартта орқасига қайтади.

Эртасига Тўхтамурод эски бир пичоқни олиб йўлга тушди. Ана айтилган жой. Бозорнинг бир бурчаги, ана армани чархчи, бемолол мўйловини силаб чархлаб ётибди. Аста олдига бориб у ёқ-бу ёғидан ўтди. Чап юзида тиртиғи ҳам бор. Биров билан пичоқлашганми? Лекин оғзини очмаяпти. Ана очди, ана тилло тиши ҳам бор экан. Аниқ шу. Лекин ҳозир айтиб бўлмайди. Одам кўп, бир айланиб келади.

Тўхтамурод бир эмас, бир неча бор айланиб келди ҳамки, чархчининг олдидан одам аримайди. Мана, туш пайти ҳам бўлди. У бўлса у ёқдан-бу ёққа ўтгани-ўтган. Энди борай деса, у боргунча яна биров ўроғиними, пичоғиними кўтариб келади. Ташлаб кетавермайди ҳам, то чархлаб бўлгунча қараб ўтиришади. Эринмаган одамлар-а. Ҳа, пичоқни берда, бир соат ё икки соатдан кейин, ё эртага келаман деб кет. Йўқ, ҳеч бошқа иши йўқдай, ўша ерда ўтириб олади.

Ниҳоят, мана, одам қолмади. Тўхтамурод бир нарсадан қуруқ қолгандай, тез юриб чархчининг олдига борди-ю, шартта пичоқни чиқариб чархчига узатди. У ҳеч нарса демай чархлашга киришди. Нима ҳам дейди. Чархлатишга келгани кўриниб турибди, унинг касби шу бўлса. Нима «сизники қаердан, бирон гапингиз йўқми», деб сўрасинми. Шундайку-я, лекин бирданига арава кетар экан, деб дабдурустдан тарақа-туруқ қилиб гапирса, қандай бўлар экан. Унда нима деб гап бошлаши керак. Мен «помпа» ўғирлаб қамалувдим деб гап бошласа, чархчи ҳа нима қилай қамалган бўлсанг деса. Боя шу томонларини ўйлаб қўймаган эканда. Ҳозир гап ҳам қўшиб бўлмайди. Ҳеч қаёққа қарамай, ҳафсала билан чархлаяпти. У гап қўшса қўли тойиб кетиб, пичоқ кесиб кетиши ҳам мумкин. Ҳар томонга учқунлар сачрайди. Мана бўлди, пичоқнинг қиловини ҳам қайроқ билан эринмай олди. Ўттиз сўм бўлади. Мана. Тўхтамурод пичоқни латтага шошиб ўрар экан, атрофга аланглади. Чархчи бунгача яна бир бошқа пичоқни чархлашга киришди. Яна гап қўшиб бўлмайди. Шу пайт иккита одам келиб баланд овозда бир-бири билан гаплашиб, улар ҳам бир тўда пичоқ, даскалла узатишди. Ўзлари ялпайиб ўтириб олишди. Ана энди то чархчи чархламагунча кутиб ўтираверади. Хўш, у нима қилсин, пичоқни чархлатган бўлса, сўппайиб тикка тураверадими.

Тўхтамурод нарироқ бориб кута бошлади. Бир ерда туриш ҳам ноқулай. Яна у ёқдан-бу ёққа айланиб ўтиб турди. Уни чархчи ҳам сезиб қолди. Нимага бу одам боядан бери кетмай, гарангсиб шу ерларда юрибди. Йўқ, у эрталабдан бери шу ерда. Боя пичоғини чархлатгунча ҳам унга қараб-қараб қўйди. Бу тек эмас, бир гап бор. Ё милициянинг хуфиясимикин? Қишлоқ одамларига ўхшаб кийиниб олиб, уни кузатаяпти. Ё рақибларидан бири изидан одам қўйдимикин? Чархчи ўз шубҳасини шеригига айтди. Шериги секин дўкондан чиқиб Тўхтамуродни узоқдан кузата бошлади. Қани ким билан учрашар экан, қаёққа боради. Йўқ, ҳеч қаёққа бормаяпти, фақат нарироқ боради-да, дўконга қараб туради. Одам камайиши билан тез юради-да, биров келиб қолса, яна орқага қайтади. Пайт пойлаётгани аниқ. Қўли чўнтакда. Ҳойнаҳой, пичоқ бўлса керак. Ўзи чархлаган пичоқ билан чархчининг ўзини шартта… Ким билади, айтиб бўладими. Кўнглида нима гап. Ҳар ҳолда, эҳтиёт бўлиши керак. Шериги чархчига келиб гумонини айтди. Чархчининг ҳам кайфи учди. Ҳар ҳолда, бир гап бор, ҳушёр бўлиб тайёр туриш керак. Мабодо пичоқ уришга ҳаракат қилса, мана бу болта билан… Чархчи шеригига ҳам биронта пичоқ олиб тайёр туришни тайинлади. Ўзи, нимагадир, бугун ишга келишга оёғи тортмади-я. Нима бўлар экан? Кутишдан ёмон нарса йўқ. Анови аблаҳ келса эди ёнига, ниятини билса эди.

Ана, бояги кузатаётган одам ўша томон тез юриб келаяпти. Кўзлари бежо. Қўли чўнтакда. Болта қаерда. Мана, бирдан урсамикин. Йўқ, қандай бўлади, аввал билиш керак нима гаплигини. Ким билади, ёмон нияти йўқдир. Ҳеч бўлмаса, олдин бирон гапини эшитиши керак-ку. Ахир, ҳеч нарса демасдан бирданига пичоқ урмайди-ку. Унинг гапига қараб ким юборганини билиб олиш мумкин.

Тўхтамурод тез юриб келиб, атрофга қараб олди-ю, «Сизда ишим бор, йўқ бир гапим бор», – деди.

Чархчи ҳам ҳужумга тайёрланган хўроздек ҳурпайиб, овози хириллаб, «Хўш нима гап?» – деди.

Тўхтамурод унинг важоҳатини кўриб, қўрқиб кетди. Шошиб орқасига қараган эди, яна бир киши авзойи бузуқ тахт турибди. Бўлди, уни ўраб олишди. Асли ажали шулардан экан. Секин бир четга чиқмоқчи эди, иккаласи икки томондан қуршаб, кетгани қўймади. Ҳеч гапиришмайди. Тўхтамуроднинг ҳам тили танглайига ёпишиб қолган. Ниҳоят, у бир бармоғини кўрсатиб «бир, бир» деди.

– Қўлингни чўнтагингдан чиқар, пичоқни ерга ташла, – деди чархчи. Тўхтамурод пичоқни ташлади.

– Энди дўконга кир, – чархчи яна хириллади.

Тўхтамурод ҳам ўзича уларга эҳтиёт бўлиб, атрофига қараб-қараб ичкарига кирди. Бозорда ҳам одам сийраклашган, ана, у ер-бу ерда фаррошлар чангитиб супуришга тушди.

Улар бирданига дўконни ичкаридан ёпиб олишди. Икки томонидан икки пичоқ тиралди. «Қани гапир, гапингни, ким юборди, мақсадинг не».

Тўхтамурод дир-дир титраганча:

– Би…бобой юборди, – деди.

– Ким у бобойинг?

– Ж…жар, Жаббор бобо, йўқ жар.

– Жар! Қанақа жар? Ким у Жабборинг?

– А…Анови бор-ку. Ҳозир қамоқда.

– Қамоқда! Нимага у сени юборди?

– А…Арава кетар экан-ку, тоқ куними, бир нимаси эсимдан чиқаяпти.

Улар бир-бирларига секин кўз уриштириб олишди. Нимагадир тушунгандек бўлиб бироз жим қолишди. Аммо пичоқлар ҳамон тиралган. Яна савол ёғилди:

– Жаббор жарни қаердан биласан, қаерда кўрдинг, олдида ким бор эди, яна нима деди.

Тўхтамуроднинг гоҳ овози чиқади, гоҳ чиқмайди. Нима бўлсаям, бир бало қилиб тушунтирди.

Ҳайрият, шундан кейин пичоқларнинг аввал биттаси, кейин иккинчиси нари кетди. Тирик қолди шекилли. Э, худо, ўзингга шукур.

Улар ўзларининг тилида тез-тез нималарнидир гаплашишди ва Тўхтамуродга таҳдид билан «ўтириб тур» деб ўзлари дўкондан чиқишди. Йўқ, ҳали қутилганга ўхшамайди. Ана дераза пардасини тушириб, дўконнинг ташқарисидан қулфлашди. Улар бир балони бошлайди. Секин пардани кўтариб қараган эди, биттаси нарироқда турган машинасини миниб қаёққадир кетди, биттаси эшик олдида пойлоқчи бўлиб қолди. Бақирсинми? Биров эшитармикин? Ҳозир овози ҳам чиқмайди. Анови тургани шартта кириб чавақлаб ташласа-я. Ана, қоронғи ҳам тушди. Энди уйга қандай кетади. Уйига? Ҳали бу ердан тирик чиқишни ўйласа-чи?

Орадан анча ўтиб шериги машинасида тез келиб тўхтади. Иккаласи яна тез-тез гаплашишди. Нима дейишяпти экан? Қаерда ўлдирамиз дейишяптими? Мана, гаплашиб бўлишди. Дўконни ҳам очишди. Унга «чиқ» дейишди. Чиқди. Уларнинг авзойи ёмон эмас.

Тўхтамурод ташқарига чиққач, тик тураверди.

Улар «ҳа, нимага қараб турибсан» дейишди.

Нима қилсин. Чиқ дейишди, чиқиб турибди-да. Улар дўконга нарсаларни индамай киритишар экан, яна ҳайрон бўлиб Тўхтамуродга қарашди.

У бўлса ҳалиям турибди. Нега турибди. Ҳа, пичоғимни бер демоқчи шекилли. Унга пичоғини қайтариб беришди. У бўлса яна жойидан қимирламайди. Бунга ўзи бир гап бўлган. Ё қўрқиб эси оғиб қолдимикин? Бобойнинг ҳам юборган одамини қаранг. Тўғри, бобой буни синаб кўрган экан, тушунарли. Аммо бунга ўхшаганлар синовга ҳам арзимайди-ку, кўринишидан нимага қодирлиги маълум-ку. Лекин айтилган гапни бажарди. Бажаргани қурсин, то бобой юборганми ёки бошқа одам юборганми, аниқлагунча улар ҳам бўлганича бўлишди.

– Нега қараб турибсан, яна бирор гапинг борми, ё?

– Йўқ, туриб тур дедингизлар-ку.

– Ким айтди, бизми, ўзинг турибсан-ку, кетавермайсанми, уйинг борми ўзи.

Тўхтамурод энди тушунди. Ҳа, у боя дўкондан чиққанидан кейин кетиши мумкин экан-ку. У бўлса нима хаёлда.

Тўхтамурод уйига ярим кечаси келди. Хотини ухламай дарвозадан кириб-чиқиб турган экан. У яқинлашиши билан, – «Сизми келаётган»? – деди.

– Ҳа, мен, – чарчаганидан овози зўрға чиқди. Қанчалик чарчамасин, йўлда машина тўхтатишга ҳам қўрқиб, райондан пиёда келди. Ишониб бўладими, боягилар орқасидан келиб машинасида бир четга чиқариб…

– Вой ўлмасам, Сизга нима бўлди. Рангингиз кўкариб кетган. Биров урдими ёки бир нарсадан қўрқдингизми, нима бўлди, отангизга хабар берайми?

– Йўқ, жой сол, тезроқ, ҳеч нарса сўрама. «Помпа» ўғирламай менўлай. Битта ўғирлик қилган менми? Ажалим шу «помпа»данми дейман. Сал қолди ўлиб кетишимга, бир худо асради.

Эрталаб Тўхтамуроднинг лабларидан учуқ чиқиб, касалдек ўрнидан турди. Тушида бояги иккаласи роса тепишибди. Тоқ куними, жуфт куними, аниқ айт деб. Улардан яна бобой қутқарибди. Бу менинг ўғлим, урманглар, яхши бола дермиш. У бўлса бобойни қучоқлаб «отамсиз» деб ҳўнг-ҳўнг йиғлармиш.

Хотини, барибир, отасига хабар берди. Отаси ўғлининг ўғирлик қилганини эшитгандан бери уникига келмай ҳам, гаплашмай ҳам қўйган эди. Аммо келинининг кечаси билан алаҳсираб, «ота, ота» деб чиқди деган гапини эшитиб, барибир, ота-да, келди. Ўғлининг аҳволини кўриб, «бу қамалган жойда одам ўлдирган-у ҳар хил ўғри-ю каззоблар ҳам ётган. Оғир жой, бунинг юраги тушган, биронта оқ товуқ сўйиб қоқтириб ташланглар» деди. Ўғлини роса уришиб, аламини олмоқчи эди, аммо аҳволини кўриб, раҳми келдими, индамади.

* * *

– Периферияларда нима бўляпти ўзи-а? Ҳалиям биз Тошкентдан келиб, ҳар замонда бир текшириб турамиз. Бўлмаса, безобразие. Мана бу жиноят ишини бир қаранг Мираброр Мирпўлатович! Жа, даҳшат-у.

-Хўш, хўш Азимжон Бозорович! Қани, ахборот беринг-чи. Ўзи справкага киритса бўладиган мисолми?

– Бўлмасамчи, солидный мисол бўлади. Значит, ўғри, объекновенный ўғри. Нима қилган денг. Ўзи ишлайдиган гараж омборхонасига кечаси кириб, «помпа» ўғирлаган. Кароче, ўғрини топишган. Майли, аввал ўзи топиб бердими ёки милиция аралашгандан сўнг топилдими, не важно. Нима қилибди денг. Милиция терговчиси уч кун гумондор тариқасида ушлабди. Отасига раҳмат. Как положено иш қилган. Лекин прокурор санкция бермапти. Бу бир, иккинчидан, бу ахир, ўғри бўлса, ким билади ҳали яна нималар қилмаган. Текшириш керакми, керак. Лекин ўғри очиқда юрса, қамалмаса, яна қандай жиноят қилганини ўзи айтадими? Йўқ, албатта! Энди қаранг, ҳа хўп, тергов даврида очиққа ҳам қўйишибди денг. Ишни судга юбораётганда айбланувчини қамоққа олса-чи? Йўқ! Ахир қонунга кўра, Жиноят Кодексининг 169-модда 3-қисми «б» банди оғир жиноят ҳисобланадими?. Оғир жиноят қилган одам қамалиши керакми, керак. Йўқ, уни очиққа қўйишвотти. Представляете? Ишни суд ҳам кўряпти. Прокурор ўғрини очиққа қўйгандан сўнг суд қамайдими. Албатта, йўқ. Қандай жазо тайинлаяпти денг, уч йил ахлоқ тузатиш иши, ўттиз фоиздан иш ҳақидан ушлаб қолиш шарти билан.

– Аҳа, ҳақиқатан хам енгил жазо. Яхши, суд ҳукмини нима деб асослаган экан. Енгил жазо бериш сабабини кўрсатаяптими ахир.

– Ҳа, ҳа. Нима эмиш, биринчи судланиши, анчадан бери иш ҳақи олмаган, ўз ихтиёри билан «Помпа»ни топиб берган, моддий зарар йўқ, ўзи пушаймон ва ҳоказо. Бундай пайтларда ишлатиладиган одатдаги гаплар.

– Тушунарли, тушунарли. Ахир, енгил жазо бергандан сўнг асосни ҳам топишади-да. Иш ҳақи олмагани, менимча, асос эмас. Пушаймон. Ҳа, бўлса бўпти. Ўғирланган нарса топилиб тургандан сўнг пушаймон бўлади-да. Агар топилмаганда, қўлга тушмаганда, пушаймон бўлмасмиди. Ким билади, қўлга тушганидан пушаймондир.

– Шуни айтаманда. Мана 169-модда 3-қисмида мол-мулкини мусодара қилиб ё қилмай, беш йилдан саккиз йилгача озодлиқдан маҳрум қилиш кўрсатилган. Хўш, ана, жа, ёрдам бергинг келиб қолди, ҳам дейлик, ладно, мол-мулкини мусодара қилиш шарт эмас, лекин беш йил берма-ю, шунинг ярмини бер – икки ярим йил. Ўғриям почуствовать қилсин, что ўғирлик қилиш мумкин эмас. Йўқ, ундай эмас. Ҳеч нарса бўлмагандай, бемалол ўзи ўғирлик қилган жойда ҳозир ҳам ишлаб юрибди. У ердаги коллектив нима деб ўйлайди, что можно ўғирлик қилиш. Ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Қани бу ерда қонун. Шундай савол туғиладими, туғилади. Менимча, бу «дело»ни шундай қолдириб бўлмайди.

– Вообще, сомнительный дело. Бу ерда бир гап бор. Прокуроридан ҳам, судидан ҳам прямо тушунтириш хати олиб коллегия йиғилишига тайёрланг. Булар жа ўзидан кетишяпти. Нима дейди, улар билан гаплашиб кўрдингизми?

– Вой, прокурорнинг гапини қаранг. Нима эмиш, ҳали милиция аралашмасдан туриб «помпа»ни ўзи топиб берган эмиш. Ўғирликни ночорлиқдан қилган эмиш. Ҳа, яна бир интересный жойи – гаражда темир ҳатлаш бўлган экан, ўшанда у бўйнига олибди, прокурор ўшанга урғу беряпти.

– Темир ҳатлаш. У нима дегани.

– Э, бўлади-ку. Ўзимизда ҳам ҳар замонда бирор техникаси борлар Ҳазрати Довудга атаб қон чиқариб юборишади. Ҳа, ўша. Яъни темирчиларнинг каттаси бундай айтганда. Мен ҳам «Хонда»ни «БМВ»га алмаштирдим-у. Бизнинг пахан ҳам бир каттакон қўчқорни сўйиб, худойи қилворди. Гаражда ҳам темирчилар ишлашади-ку. Ана шулар ҳаммани қасамга таяшган. Чунки қараса бўлмайдиган. «Помпа» топилмавотти. Нима қилиш керак. Давай, қасам ичишга, дейишган. Вот, ана шунда бу ноиложликдан бўйнига олган. Ана шуни айтаяпти. Қасам ичирмагунча бўйнига олмаяпти. Ҳамма ўртага олиб мажбур қилишгандан сўнг, қараса бўлмайдиган, «помпа»ни олиб келиб беряпти.

– Бўлди, тушунарли. Короче, назорат тартибида протест тайёрланг. Жазо енгил деб. Нечего подобного, раз кражу совершил, пусть сидит. Бунақада ўғирликка қарши курашиб бўладими. Ҳамма ёқни ўғри босиб кетган. Протест қилишга улар розими, рози бўлишмаса ўзимиз имзо қилаверамиз. Нима дейишаяпти, улар билан гаплашдингизми?

– Айтдим, анави прокурор норози. Жа ўзиям қуруқдан қуруқ тортишадиганлар хилидан экан. Қамашдан мақсад нима, жазолашдан мақсад не дейдими-ей. Агар мақсад қайта тарбиялаш бўлса, бунинг нимасини қамаб тарбиялайди, қамаш бу охирги чора, бу эса қамашга ҳам, тарбияга ҳам муҳтож эмас, просто, қандайдир бир хаёл билан ўғирлик қилган ва шунга ўхшаш гаплар. Вообще, тушунтириб бўлмайди. Мораль ўқийди. Худди менинг саводим йўқдай. Яна камбағал, ҳеч нарсаси йўқ дейдими-ей. Биров ундан сўраяптими, бир нарсаси борми деб. Короче шунга ўхшаш гаплар. Мен унга айтдим, камбағал одам ўғирлик қилса ҳам қамалмасин, деган қоидани қонундан топиб беринг десам яна тортишади. Гаплашиш бефойда. Суд бечора, ҳа энди ёрдам қилинглар, мен ҳам ирокурорнинг гапига кириб, енгил жазо берибман, ахир, прокурорнинг ўзи судда айблов нутқини сўзлашда енгил жазо сўраб тургандан сўнг мен нима қилай, ҳа энди битта-яримта ишга шундай енгил жазо берилади-да, лекин биров ўртага тушиб илтимос қилгани йўқ, деб ялинаяпти. Йўқ, анави прокурор қуруқ ўзиникини маъқуллайди. Бўпти, маъқуллайверсин. У ўзининг фикрида, биз ўзимизнинг фикримизда.

– Жуда тўғри. Бунақа прокурор, судларнинг попугини пасайтириб қўйиш қўлимиздан келади. Ҳали протест ўтсин, кейин гаплашамиз. Давай протест тайёрланг.

* * *

– 51-отряд. Маҳбус Олимов Тўхтамурод.

– Мен.

– Нарсаларинг билан ташқарига. Этап.

Тўхтамуроднинг нимаям нарсаси бор. Хотинидан келган иккита хат, хотини ва ўғилчасининг сомонхона олдида тушган расми, суд ҳукми, аризаларига жавоблар, ярим килоча оқ қанд, шунча чеснок, яримта нон. Мана, тахт.

Турма ҳовлисида элликтача маҳбуслар саф тортишди. Яна бирма-бир фамилияларни ўқиш ва санаш давом этди. Бу ерларнинг қоидаси бошқача экан. Санашгани-санашган. Кирса ҳам санашади, чиқса ҳам. Турманииг энг оддий бошлиғини кўрсанг ҳам бош кийимингни олиб салом беришинг, агар гап сўраса, аввал нечанчи модда билан неча йил беришгани, қачон муддат бошланиб, қачон тугашини айтишинг керак. Кейин сендан бошқа нарсаларни сўрашади. У айтилавериб ёд бўлиб кетди. 169-модда 3-қисми «б» банди, икки ярим йил озодликдан маҳрум қилиш. Мабодо бошлиқлар келганда англамай қолиб ўрнингдан турмасанг ё салом бермасанг ҳам битта қоида бузиш деб шахсий ишингга ёзиб қўйишади. У-ку тўполон қилмайди, тўполон қилганларни алоҳида хонага қамаб қўйишади. Қамоқнинг ичида қамоқ. Штраф хонасими, нимадир дейишар экан. Ишқилиб, бу ерларга тушгулик қилмасин. Бир марта овқат ташиганди. Олти ойлаб ётганлар бор экан. Ранги сомон бўлиб кетган. Барибир, улар безор бўлмайди, тушгани-тушган. Уларнинг бола-чақаси йўқмикин? Ота-онаси-чи. Орқасидан ҳеч ким келмайди ҳам. Лекин шериклари бохабар бўлиб туришади. Унинг орқасидан бир марта хотини ўғилчаси билан келди. Уларни укаси эргаштириб келди. Отаси оғир касал эмиш. Ишқилиб, у боргунча тирик турсинда. Отаси қабри устига бир сиқим тупроқ сочса армони йўқ эди. Онасининг ҳам мазаси йўқ экан. Уларга бошқа келманглар, деб тайинлади. Ахир, келишнинг ўзи бўладими. Яна қарз-ҳавола бўлиб, бир амаллаб келишибди.

Энди, мана, уни яна бошқа колонияга олиб кетишаяпти. То адресини билгунча уйидагилар ҳам сарсон бўлишади. Ҳалиям бобой бор экан. Ўзи бошқа колонияда ўтирса ҳам оқ қанд, чеснокларни одамларидан бериб юборибди. Кўнглини чўктирмасин, бир йилда чиқади, ўзим ёрдам қиламан, дебди. Чархчига бояги гапни бориб айтганини эшитиб, хурсанд бўлибди. Яқинда этап бўлади, деб огоҳлантирган эди. Мана, этап ҳам бўлаяпти, яъни бу колониядан бошқасига жўнатишаяпти. Бировни юборган экан, у қайишини сездирмай алмаштириб кетди. Ҳеч тушунмайди. Бобойнинг одамлари бир хил қайиш тақишади. Ҳозир тақиб олган қайишини у колонияга боргач, бошқаси ечиб олиб, унга яна худди шундай қайиш беришади. Албатта, қайиш ичига нимадир тиқилган ёки шимдирилган. Унга айтишмайди. Фақат ечиб олиб кетишади.

Мана, текширувчилар ҳам келишди. Ўзиям уларнинг бармоғи кирмаган жой қолмайди. Қулоғингнинг орқаси-ю тилингнинг тагигача кўришади. Ишқилиб, сезиб қолишмасинда. Мана, ёшгина солдат унга яқинлашаяпти. Одатдаги буйруқ, нарсаларингни стол устига ағдар, ўзинг ечин. Шатур-шутур кўряпти. Кўйлагининг ёқалари, шимининг қайрилган жойлари, ботинкаси, унинг таги, мана, навбат қайишга. Солдат қайишнинг устидан қўлини бир юргизди, яна бир марта қўлини орқага юргизди. Негадир, қўли секинлашди. Йўқ, хайрият, қайишни кийимлари устига ташлаб «кийин, сафга» деди. Жўнагунча бўлган текширишдан омон-эсон ўтди. Бошқа колонияга бориб тушгач, энди у колониянинг солдатлари ҳам текширишади. Улар ҳам яхши тушунишади. Одатда келаётган янги одам, албатта, биронта «совға-салом» билан келади. Пул, доллар, наркотик моддалар, кичкина хатчалар, одатда уларда ўзга хос буйруқ ва кўрсатмалар бўлади. Ҳар қанча эҳтиёт бўлишмасин, барибир, «турма телеграфи» бекаму кўст ишлайди. Ҳар қандай янгилик, қачон амнистия, ташқаридаги ўзгаришлар, ким қайси колонияда ўтирибди, ўзини қандай тутаяпти, кимлар билан алоқаси бор, унга нисбатан қандай муносабатда бўлиш керак, кимнинг гапига қулоқ солиш лозим-у кимни йўқотиш керак, ким хоин, ким айғоқчи, ким қайси табақадан ва ҳоказо-ҳоказолар.

Албатта, буларнинг Тўхтамуродга ҳеч алоқаси йўқ. Унга ўхшаганлар сонда ҳам, саноқда ҳам йўқ. Лекин унинг содда кўриниши, бўш-баёв туриши, айтилган топшириқни индамай бажариши, мана уларга у нима учун керак. Биринчи кўришдаёқ бобой унда ҳеч қандай ғирромлик йўқлиги, садоқат билан хизмат қилиши мумкинлигини аниқ пайқаган эди. Шунинг учун ҳам, ҳар ҳолда, қандайдир ҳисобда бор. Масалан, у ҳозир қаёққа, нима билан кетаяпти, аниқ билишади, уни жим кутишаяпти.

Мана, этап билан жўнаганларнинг узун-узун машиналарга миниши ҳақида топшириқ бўлди. Машиналарнинг ҳамма томони қалин темир панжаралар билан ўралган. Маҳбуслар сафи икки томонда автомат осган солдатлар қуршови ва овчарка итларнинг акиллаши остида машиналарга чиқишаяпти, яна бирма-бир санаш, машинадан тушишда, поездга чиқишда, ундан тушишда яна санаш, санаш, санаш. Уларни қабул қилиб олганлар ҳам бошқатдан санашда давом этишади. Ахир, бошқа нима ишлари ҳам бор. Унинг қайишини яна текширишади. Яна унинг юраги пўкиллайди. Солдатнинг қўли қайиш устида бориб келаверади. Унга неча бор ўргатишган: қайишга қарама, бошқа нарсани ўйла, юзингда, ҳаракатингда ҳеч қандай ўзгариш, ҳаяжон бўлмаслиги керак деб. Бу айтишга осон, ахир, қандай қилиб бошқа нарса ҳақида ўйлайди, бу мумкин эмас.

Мабодо қайишдан бирон нарса чиқса, яна муддат қўшиб беришади. Неча йил қўшишар экан. Айтишларича уч йил, шунда ҳам тасодифан тушиб қолган, билмасдан сақлаган деб ҳисоблашса. Агарда била туриб, ундаги нарсани бошқага етказгани аниқланса, камида ўн йил. Унга бу тўғрида яхшилаб тушунтиришган. Агар қўлга тушса, кимники деса, у фақат бир сўзни такрорлаши керак: «билмайман». Тамом, ана шунда камроқ муддат олиши мумкин. Акс ҳолда… Буларни ўйласа, Тўхтамуроднинг юраги увишиб кегади. Кеча-ю кундуз ўйи битта: тезроқ бу ердан чиқиб кетиш. Шундан кейин бобой ва унинг одамлари билан шартта алоқани узади. Аслида чархчининг олдига нотўғри боргани, уларга мутлақо аралашмаслиги кераклигини энди тушуняпти. Аммо энди кеч. Улар кўзга кўринмас тўрлар билан уни аста-секин ўраб-чирмаб олишаяпти. Тўғри, унга ҳеч ким ҳеч нарса демайди, биров камситмайди, бошқа биров хўжайинлик қилолмайди. Илгарироқ қандайдир ота безори бадбашара унинг оққандини тортиб олди, ўзини эса баракнинг ўртасидаги кроватга кўчириб юбориб, унинг дераза олдидаги жойига ўзи ётиб олди.

Тўхтамурод худди ўргатилгандек ҳаракат қилди. У ҳеч нарса демади, фақат бобойнинг одамларига секин шипшитиб қўйди. Икки кундан сўнг бояги безори ўзи келиб ундан кечирим сўради, қандини қайтариб берди, жойини ҳам илгариги ўрнига ўзи тўшаб берди. Унинг башарасини таниб бўлмас, олдидан тўртта тиши ҳам йўқ. У ердан тили беўхшов ўйнаб чиқар эди. Турма бошлиқлари сўрашган эди, ўзим йиқилдим, деб туриб олди. Бундай жароҳат олиш учун бир эмас, ўн марта йиқилиш кераклигини ҳамма англар, аммо жим эди. Ахир, жабрланувчининг ўзи шикоят қилмагандан кейин кимнинг ҳам иши бор. Шундан бери бояги безори ундан олдин салом беради, негадир, «хизмат йўқми» деб қўяди. Тўхтамурод ҳеч кимга аралашмайди. Айниқса, унга сигарет чекиш, ароқ ичишни бобой қаттиқ таъқиқлаган. Фақат нос чекиши мумкин холос, носни эса хоҳлаганча етказиб беришади. Наркотик ва ароқ истеъмол қилиб пияниста бўлиб қолган одамда сезгирлик йўқолади, озгина наркотик берилса, ҳар қандай сирни сотиб қўйиши мумкинлигини бобой жуда яхши тушунади. Ҳозирги пайтда Тўхтамуродга ўхшаш ишончли кадрлар камлигидан бобой ҳар замонда зорланади.

Мана, ҳозир ҳам Тўхтамурод этап билан бошқа колонияга ҳеч тўсиқсиз ишонч билан кетаяпти. Аммо шундаймикин? Эртага, қўлга тушмасмикин? Буни на бобой, на Тўхтамурод, ҳеч ким билмас эди.

* * *

– Ҳукм. Республика номидан.

Судланувчи Олимов Тўхтамурод илгари оғир жиноят содир қилиб судланганидан тегишли ижобий хулоса чиқармасдан яна қайта жиноят қилган.

Яъни у илгариги жинояти учун, жазони умумий тартибли колонияда ўтаётиб қонунсиз равишда гиёҳванд воситасини сақлаш жиноятини содир қилган. Шу йил 20-декабрь куни шахсий тинтув қилинганда унинг ёнида шимига ўтказилган қайиши орасига 8 грамм миқдорида гиёҳванд воситаси, яъни марихуанна тиқиб яширилганлиги аниқланиб, колония ходимлари томонидан расмийлаштирилган. Олимов бу ҳаракати билан ЎзР ЖКнинг 276-модда 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилган. Олимов қайишидан топилган бу гиёҳванд воситаси қаердан пайдо бўлганини билмаслигини, унга тегишли эмаслигини, тергов ва суд даврида кўрсатса-да, аммо суд унинг айби ишдаги далилий ашёлар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблайди. Жумладан, Олимов шу қайиш ўзиники эканлиги, у шимини кийиб юрганда колония ходимлари ушлашиб, холислар иштирокида ечиб олиб текширишгани, фотосуратга олишгани, ҳақиқатан ҳам ундан гиёҳванд моддаси чиққанлигини рад қилмайди. Бундан ташқари…

Тўхтамурод ҳукм ўқиётган судьянинг овозига бошқа қулоқ солмади. Ҳаммаси тушунарли. Суд уни айбдор деб топаяптими, демак, унга яна муддат қўшиб беришади. Энг муҳими, ана шу муддат. Тезроқ ҳукмнинг охирини ўқиса экан. Унга нима керак, ким қандай кўргазма бергани-ю экспертизанинг хулосаси қандай. Буларнинг унга энди қизиғи йўқ. Уни яна неча йилдан сўнг ўз уйида бўлиши қизиқтиради. Майли, қандай яшаса ҳам. Фақат бу ердан чиқиши, чиққанда ҳам тезроқ чиқиши керак. Бу ер унга ўхшаганлар учун эмас экан, бу ернинг ўз одамлари бор, улар бу ерга ўрганиб қолишган. Нафақат ўрганиб қолишган, қандайдир меҳр ҳам қўйишган. Қайта-қайта жиноят содир қилиб қайтиб келишаверади, худди одам ўз уйига талпинган каби улар бу ёққа шошилади. Чунки озодликдан кўра уларга бу ер яхши. Озодликда уларни ҳеч ким кутмайди. Бу ерда бола-чақа ташвиши, уларни боқиш ўйи йўқ. Фақат ўзини ўйлайди. Унга эса у ёқ маъқул, ўз юрти, ўз қишлоғи, ўз гаражи, ўз одамлари ёқади. Бу ерга ҳеч кўниколмади. Бу ерда бекорчилиқдан тарс ёрилай дейсан, нима иш қилишни ҳам билмайсан. Энг ёмони – бекорчилик. Шундай бўлса-да, эрталаб соат 6 да ўрнингдан туришинг керак, 8 да эрталабки чой, 12 да тушлик ва ҳоказо. Ҳамма нарса соатма-соат белгиланган. Айнан айтилган соатда ўрнингдан туришинг, айтилган соатда ётишинг керак. Йўқ, сени ҳеч ким урмайди, сўкмайди, ҳақорат қилмайди, фақат ички тартиб-қоидани бузмасанг бўлди. Ўлмас овқат ҳам беришади. Аммо ана шу соатма-соат одамнинг тинкасини қуритади.

Бир хил, зерикарли ҳаёт. Ана шу бир хиллик ҳаммани бир хил фикрлашга ҳам ўргатади. Ҳаракатинг, гапинг, юриш-туришинг ҳам ўз-ўзидан бир қолипга туша бошлайди. Бир неча йил бир нарсани ҳадеб такрорлаш, бир муҳитда, бир доирада яшаш ўз таъсирини ўтказади. Маҳбуслар у ер-бу ерда уч-тўрттадан бўлиб сигарет чекишиб, шошмасдан ўзаро гурунг қиладилар. Қаерга ҳам шошади. Кимдир кун бўйи нарда ўйнайди. Вақт ўтказишнинг энг яхши йўли. Кимдир эзилиб хаёл суради. Энг ёмон одат. Улар жазо муддатининг ярмини ҳам ўтамасдан яримжон бўлиб қоладилар-да, тезда бирон-бир жиддий касал орттирадилар. Нарёғи эса маълум, уларни даволашга дори-дармон ҳам, ҳеч кимда ҳафсала ҳам йўқ. Агар уларнинг бирон-бир дадилроқ қариндоши бўлса ёрдамлашиши мумкин, бўлмаса, улар касалхонада ҳам хаёл суриб ётаверишади. Турмада тасодифан учрашиб қолганларида унга бобой қаттиқ тайинлаган: ҳеч қачон тушкунликка тушма, турма ўз сўзи билан турма, яъни турмасдан кет дегани. Ҳеч ким бу ерда абадий қолиб кетмайди, барибир, кетади. Аммо иродаси бўш одамлар нафақат бу ердан, балки ҳаётдан ҳам эртароқ кетишади. Бунга уларнинг ўзлари сабабчи. Чунки улар ўз ўлимларини ўзлари тезлаштиради. Тун-кун ўйлайдилар. Кимларнидир айбдор деб ҳисоблайдилар. Аммо бош айбдор ўзлари эканлигини тан олгилари келмайди. Мана шу ички қарама-қарши кураш уларни емиради. Уларнинг фақат сурати, шакли қолади. Оддий бир баҳона сабаб чин дунёга равона бўладилар. У ёқда ҳам уларни сўроқ кутади. Бу дунёдаги барча яхши-ёмон, савобу нопок ишлар учун ҳисоб беришади. Яна суд: бу жаннатга, анависи дўзахга. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ. Шундай экаи, у ёққа кетишга ҳар доим улгурасан ва у жуда осон, у ёққа борадиган манзилинг ҳам тайин, бу ерни ўйла ўғлим, бу ерни. Ҳақиқий санъат, яъни яшаш санъати мана бу ер, мана бу ёруғ дунё. Бу дунё эса бошидан-оёқ найранг, аввалдан ҳам шундай бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам омонат дунё дейишади. Бу ерда барқарор, собит, муқим нарсанинг ўзи йўқ. Ҳамма нарса бир-бирини инкор қилади. Ҳамма ўзича тўғри, фақат у ўғри эмас, бошқалар ҳаммаси ўғри, мени от ўғриси дейишади, сени билмадим, нима дейишар экан, чунки сендақа ўғри камдан-кам бўлади, ғалати ўғри деса ҳам бўлади, а нима дединг…

– Бинобарин суд… Жиноят-процессуал кодекснинг… моддалари қўлланиб… ҳукм қилади.

Тўхтамурод қийин аҳволга тушганда аёвсиз ва аччиқ ўйлар гирдобида қолганда, бобойнинг юқоридаги гапларини эслаб, ҳовуридан тушар, бироз босилар эди. Энди бобойнинг бу насиҳатларини хаёлдан қувиб, суд ҳукмини эшитиши керак. Унинг учун энг муҳим нарсани суд ҳозир айтади. Мана, ниҳоят айтди.

– …Уч йил озодликдан маҳрум қилинсин, жазонинг ўталмай қолган қисми, яъни уч ой муддат қўшиб, охирги жазо уч йил, уч ой озодликдан маҳрум қилиш белгилансин. Жазо қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгилансин. Ҳукмдан норози томон шу суд орқали вилоят судига ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн кун муддат ичида кассация тартибида шикоят қилишга ҳақли.

Бирпасда суд зали бўшади. У ерда ҳеч ким ҳам йўқ эди. Судья иккита маслаҳатчиси билан, прокурор ва оқловчи ҳамда котиба. Улар ҳам қоғозларини йиғиштириб чиқиб кетишди. Унинг орқасидан ҳеч ким келгани йўқ. Терговчи оилангизга хат юбораман деган эди, билмади, юбордими-йўқми, агар юборган бўлса ҳам улар олишдими-йўқми? Улар келгани билан нима ҳам қилиб беришарди. Фақат дардига дард қўшиб кетади холос. Унга эса энди барибир. Аввалги судда қанчалар хафа бўлган, эзилган эди. Бугун негадир хотиржам. Ички бир норозилик, қандайдир тушкунлик бўлса-да, аммо илгаригидай эмас. Чунки аввалги судда атрофида юрганлар ўзига ўхшаб озодликда юришган, улар ичида битта ўзининг қамалиши оғир эди. Ҳозир эса атрофидагиларнинг ҳаммаси ўзига ўхшаб қамалганлар, энди у ҳам шуларнинг бири холос, ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Мана ҳозир суддан сўнг уни бошқа хонага киритиб қўйишди. У билан бирга турмадан келган бошқаларни бошқа-бошқа хоналарда суд қилишаяпти. Уларнинг суди тугаши билан уни ҳам қўшиб битта машинага солиб, яна турмага олиб қайтишади. Ҳозир эса бемалол хаёл суриш мумкин.

Ташқарида майдалаб ёмғир ёғаяпти. Кечадан бери тинимсиз ёғади. Қишлоқлардаги деворларнинг ҳаммаси нураб тушгандир. Баҳор тугаши билан одамлар бир-бириникига ҳашарга бориб девор уришади. Хозир қишлоқ ичида оралаб бўлмайди, тиззагача лой бўлса керак. Бу ерда, шаҳарда лой йўқ, ҳаммаёқ асфальт. Ана, ташқарида одамлар бемалол юришибди, улар ичида шаҳарлик ҳам, қишлоқлик ҳам бор. Уларни бир-биридан ажратиш қийин эмас. Аввал кийими, юриш-туришидан, кейин гапидан. Турмада ҳам шундай. Кийиниши-ю турма тилида гапиришидан англайверки, у бу ерларда меҳмон эмас, бир-пасдан кейин унинг қайси табақага мансублиги ҳам маълум бўлади-қўяди. Ё хизматкор бўлиб, унинг буйруғини бажариб юрасан ёки жазо муддатинг тугагунча буйруқ бериб ўтасан, агар шундай бўлсанг, сени ҳамма эшитади, гапингга қулоқ солади. Ҳурмат қилади. У даражага етишинг учун анчагина ўзингни кўрсатишинг керак. Мана, у ҳам бу ерларнинг яна битта синовидан ўтди. Ҳар қанча қийнашмасин, ҳеч кимни сотмади. Ундан бобой мамнун. Кадр танлашда адашмаганидан ичида суюниб қўяди. Энди унга қайиш тақтиришмайди, энди у бу вазифани бажармайди. Қизиқ, нима юмуш топширишар экан. Бола-чақалари ҳам бир амаллаб кун кўришар, ахир, ака-укалари, қолаверса, хотанининг ота-оналари ташлаб қўйишмас. Хўш, уларга қийин ҳам дейлик. Аммо у нима ҳам қила олади. «Қўлимдан ҳеч нарса келмайди», деб эзилишдан эса бобой айтгандек, ҳеч фойдаси йўқ.

Ана ташқарида бир аёл резина этигини юваяпти, энди ёнидаги ўғилчасининг ҳам каттакон кирза этигини юваяпти, бечора, қишлоқдан келган бўлса керак. Бу ердаги одамлардан ажралиб турибди. Ана, ювиб бўлишиб, аста-секин суд биноси томон юришди. Ие, хотини билан ўғли-ку. Аниқ, шулар. Ўғилчасининг бўйи чўзилиб қолибди. Ана ундан, бундан ниманидир сўрашаяпти, суд қаерда бўляпти, деб сўрашаяпти шекилли. Одамлар бўлса елкасини қисишаяпти. Ахир, бу ерда ҳар куни бирданига бир нечта залларда суд бўлади. Тўхтамуродга ўхшаганлар озми. Хотинининг ҳам, ўғилчасининг ҳам кийимлари абгор. Тўхтамурод уларнинг аҳволини кўриб кўнгли бўшашди, кўзларига ёш келди. Бояги кўнгли қаттиқлик, бу дунёнинг ғавғосидан қўл силтаганидан асар ҳам қолмади. Хотини ва ўғилчаси уни яна бу ташвишли ва оромсиз дунёга қайтарди. Чунки улар озодликдан келишаяпти, уларнинг ўз орзу-умидлари бор. Уларга Тўхтамурод керак. Қайтишини интиқлик билан кутишаяпти. Шунинг учун ҳам хотини терговчининг хатини олиши билан уни тушуниб-тушунмай йўлга тушди. Оғир касал қайнонасининг «қўй, узоққа борма, узоқ юрт, бегона шаҳар, пешонасида борини кўрар, сарсон бўлма, хат ёзиб нима гаплигини тушунтирар», деганига ҳам қулоқ солмади. Тўхтамуроднинг ака-укалари ҳам унга ҳамроҳ бўлишни хоҳлашмади. Ахир, ҳамманииг ўзига яраша ташвиши бор, фақат қўлларидан келганча тўрт-беш сўм йиғиб беришди холос.

Энди Тўхтамуроднинг кўзларидан ёш қуйилиб келарди. Ахир, уни ҳам сўроқловчи одамлари бор. Энди бобойнинг насиҳатларини эслашга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, улар ёдига келмас, ҳеч қандай тасалли бермас эди. Лаънати бобой, ўз манфаати учун нималар деб уни аврамади, мана, оқибати. Ана, унинг энг яқинлари, мана у кимларга керак. Буларга тушунтириб бўладими, асли бу дунё шундай экан, менинг пешонамда шу нарсалар бор экан, қайтаверинглар, хафа бўлманглар, дея оладими? Улар тушунадими? Нима деб, қандай тушунтиради?

Тўхтамурод аста ўрнидан туриб, соқчилардан бирини чақириб ташқарини кўрсатди, у ўпкасини босолмас эди. Соқчи ҳайрон бўлиб ташқарига қаради. Одамлар ўтиб, қайтиб туришибди, кимдир кимнидир кутяпти.

– Анави, ана у кўк жимпер, устига чопон кийган аёл ўғилчасини ушлаб олган кўряпсизми, а кўряпсизми?

– Ҳа, ҳа, – деди соқчи.

– Ана шулар, ана шулар менинг болаларим бўлади, уларни бу ерга чақиринг, бир кўрай, бағримга босай, айтай бугунги аҳволимни, яна не кунларга тушганимни, ҳали улар билишмайди, сўраб овора бўлишмасин, мен ўзим айтақолай, илтимос, уларга бориб айтинг, бу ерга киришсин, менга мана шу шеригингиз қараб туради, ҳеч қаёққа қочмайман.

– Тўғри-ку, – чайналди соқчи, – лекин мумкин эмас-да. Фақат бориб суддан рухсат олинглар учрашувга, дейишим мумкин. Аммо бу ерга киритолмайман, бошлиқлар айланиб юришибди, нега рухсатсиз учрашув бердинг, деб балога қоламан. Суддан қоғоз олишса, бемалол, унда ҳам турмада, махсус жойда учрашасиз, ўзингиз яхши биласиз-ку.

– Ахир, судим тамом бўлди-ку. Илтимос, укажон. Сиздан ҳам илтимос, – деди иккинчи соқчига юзланиб Тўхтамурод, – бир одамгарчилик қилинглар, ахир, мусулмон фарзандисизлар-ку.

Йўқ, улар учун энг муҳими ўзларининг қонун-қоидалари битилган ва риоя қилиши шарт бўлган йўриқнома эди. Йўриқномадан эса чиқиб бўлмайди.

Соқчилардан бири Тўхтамуроднинг аҳволини кўриб, «майли, ҳозир бориб уларга айтаман, деразага яқинроқ келишади», деди. У чиқиб кетаётганда Тўхтамурод тўрвачасидан битта ручка чиқариб, ўғлимга беринг, деди. Соқчи бироз иккиланди-да, олди. Ахир, маҳбусдан бирон нарса олиб, озодликдаги бирон кишига бериш мумкин эмас.

Ана, соқчи уларнинг олдига борди. Нималарнидир тушунтирди, кейин у турган деразани кўрсатди. Хотини аввал суд биноси томон, кейин у турган томон юрди, қаёққа юришини билмай, каловланиб қолди бечора. Ўғлини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа судрайди. Йўқ, охири, у томонга юришди. Мана, яқин келишди, гоҳ у деразага, гоҳ бу деразага қарашаяпти. Ана, уни кўришди шекилли, у турган дераза яқинига келишаяпти. Аммо пастда турган бошқа соқчи деразага жуда яқин келишга рухсат бермаяпти. У ҳам қоидани бузолмайди, қамоқдаги ва очиқдаги одам бир-бири билан гаплашиши мумкин эмас.

Деразага тушаётган ёмғир зарралари ташқаридаги одамни ҳам, ичкаридаги одамни ҳам хира кўрсатади, лекин Тўхтамурод хотинининг кийимлари бошқача эканлигини кўриб тушунмасди, нега у бир хил оқ-кўкиш кийим кийиб олган, пешонасини ҳам оқ рўмолча билан боғлаган. Э, воҳ, отаси… Энди у кўз ёшларини тўхтатолмас, фақат ўкириб йиғлаб юборишдан бир амаллаб ўзини тиярди. Хотини ҳам Тўхтамуродни кўриб таниди, ана телпагини бостириб қараб турибди. Ориқлаб кетибди бояқиш. Шунинг учун бўйи узун кўринаяпти эканми? Лекин эри йиғлаяптими ёки куляптими ҳеч англамади. Кўзлари ёшга ўхшайди ёки ёмғирга шундай кўринаяптими? Ўғилчасига «ана, отангни кўрдингми, қўлингни кўксингга қўйиб салом бер, мактабда ўқияпман, беш оляпман», деб қўлингни кўрсат, деб ўзича у ҳам йиғлаб гапирар эди. Ана, эри ҳам нимадир демоқчи шекилли қўлини кўтарди, тинчмисизлар демоқчими? У ҳам қўлини кўтариб, тинчлик дегандай имо қилди. Аммо эрининг қўли пастга тушмаяпти, негадир учта бармоғини кўрсатаяпти, у нима дегани экан. Ҳа, эсим қурсин, қамоқдан чиқишимга уч ой қолди, деяпти, тушундингми, ўғлим, бор-йўғи уч ой қолибди. Тўхта, унда нега эрининг яна суд қилишаяпти ёки аввал суд қилиб кейин жавоб беришармикин, иккинчи ўғирлик қилма, деб тайинлашса керакда. Терговчи хат юборган экан, ҳеч тушунмади. Қандайдир модда билан айбланиб, жиноят иши судга кетди дебди. У модда нима экан, нега судга кетади. Аввалги иши яна судга кетдими, ўша иш қайта кўриляптими? Қани энди яқинига бориб аниғини сўраса. Йўқ, солдатлар яқин йўлатишмайди, тезроқ суддан қоғоз олишга бориши керак. Унгача эрини олиб кетиб қолишса-чи? Нима қилса экан? Ҳа, ўғилчасига тайинлайди: «Шу ерда қимирламай тур, Қаҳрамонжон, тушундингми, агар отангни олиб кетаверишса, қачон уйга борасиз отажон, деб сўра, тушундингми, эсингдан чиқмайдими, а, эсингдан чиқмайдими? Мен чопиб бориб суддан қоғоз олиб келаман».

Тўхтамурод кўзида ёш, уларни деразадан кузатиб турибди. Ана, хотини шошиб қаёққадир кетди. Нега болани ёлғиз ташлаб кетяпти? Ўғилчаси онасининг орқасидан бир эргашди-ю яна жойига қайтди. Ўғилчаси у томонга мўлтиллаганча қараб турибди. Ишқилиб, онаси келгунча отасини олиб кетиб қолишмасинда. Теварак-атрофга аланглаб қўяди. Бир ўзи бегона жойда қўрқаяпти шекилли. Ана ручкаси борлиги эсига тушдими, уни чўнтагидан чиқариб, аввал қўлининг устига чизиб кўрди, кейин кафтига нималарнидир ёза бошлади. Ҳар замонда бошини қўтариб, деразага қарайди-да, отаси жойида турганини кўриб, хотиржам бўлганча, яна ёзишда давом этади. Қизиқ, нима деб ёзаяпти экан? Ўғилчаси қўлига «ота, уч ой қолди» деб ёзганини Тўхтамурод билмас, фақат ўғлига ручка совға қилиб, унинг ўксик кўнглини бир оз бўлса-да овунтирганидан тасалли топарди. Қани энди имкон бўлса-ю, унга биронта ўйинчоқ совға қилса. Афсуски, иложи йўқ.Колонияда маҳбуслар ўзлари шахмат, нарда, ҳар хил ручкалар ясашади. Вақт кўплигидан бўлса керак, ҳеч эринмай, ҳафсала билан, дид билан безак беришади. У ҳам қамоқдан чиқишимга уч ой қолди, деб иккита ручка ясатган эди. Афсус, уйига бориш насиб этмади.

Ана, ўғилчаси ёзиб бўлиб, ручканинг у ёқ-бу ёғини айлантириб кўряпти. Ахир, бунақаси ҳеч кимда йўқ. Бир ошналарига кўрсатиб, мақтанадиган бўлди-да. Кимнинг отаси ана шундай ручка олиб келган. Ҳеч кимнинг. Ручка ҳақиқатан ҳам антиқа ясалган. Унинг пластмассадан ясалган юқори қисмига сув солиниб, ичига кабутар шакли киритилган. Ручка у ёқ-бу ёққа қийшайса, кабутар ҳам у ёқдан-бу ёққа бориб келади, лекин чиқолмайди. Чунки ҳамма томони берк.

1998 йил.

QISSANI LOTIN ALIFBOSIDA MUTOLAA QILING
021

034

(Tashriflar: umumiy 115, bugungi 1)

Izoh qoldiring